📅 2026-yil 13-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 13-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 13 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
РЎЙХАТИ
СХЕМАСИ
Меҳмонхона хўжалиги соҳасида халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 19 ноябрдаги ПҚ-348-сон қарори ижросини таъминлаш, меҳмонхона хизматлари соҳасида экологик барқарорлик тамойилларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатлаш тизимини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Меҳмонхоналарда халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
меҳмонхоналарга қўйиладиган талаблар;
харажатларнинг 50 фоизини қоплаш учун ариза бериш тартиби ҳамда тақдим этиладиган ҳужжатлар;
аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби;
ажратиладиган маблағларни тадбиркорлик субъектларга ўтказиш тартиби.
2. Белгилансинки, мазкур қарор доирасида меҳмонхоналар томонидан халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми Туризм қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан унинг маблағларидан фойдаланишнинг белгиланган тартибига мувофиқ қопланади.
3. Туризм қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда мазкур қарор кучга кирган кундан бошлаб бир ой муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматини Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали кўрсатишни таъминласин.
4. Адлия вазирлиги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматини кўрсатишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши бўйича уларнинг фаолияти юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А.Ў. Аққулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 июндаги 312-сон қарорига 1-ИЛОВА
Меҳмонхоналарда халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Маъмурий регламент (кейинги ўринларда — Регламент) меҳмонхоналар томонидан халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш тартибини белгилайди.
2. Харажатлар Давлат хизматлари маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) томонидан қопланади.
3. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
талабгор — мазкур Регламентга 2-илова билан тасдиқланган халқаро эътироф этилган «яшил» сертификат олган, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга кўра мувофиқлик сертификати асосида фаолият юритувчи меҳмонхона хўжалиги;
харажатларни қоплаш — халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаб бериш;
«яшил» сертификат — мазкур Регламентга 1-иловада келтирилган рўйхатда назарда тутилган халқаро эътироф этилган сертификатлаш органлари томонидан меҳмонхоналарга берилган сертификат.
4. Талабгор харажатларни қоплаш учун ҳужжатларни топшириш санасида қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги;
қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;
фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган бўлмаслиги;
суд қарори асосида тўловга қобилиятсиз деб эълон қилинган бўлмаслиги.
5. Харажатлар битта меҳмонхона учун бир марта қоплаб берилади.
6. Харажатларни қоплаш учун маблағлар ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ схема бўйича ажратилади.
2-боб. Харажатларни қоплаш учун ариза тақдим этиш ва уни кўриб чиқиш тартиби
7. Талабгор харажатларни қоплаш учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали Қўмитага ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ ариза билан мурожаат қилади.
Бунда аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
«яшил» сертификатнинг нусхаси;
меҳмонхона ва халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш учун сертификатлаш органи билан белгиланган тартибда тузилган икки томонлама шартнома ва тўлов топшириқномасининг нусхалари.
8. Талабгор аризани ЯИДХП орқали тўлдирганда, ундан электрон рақамли имзо талаб этилмайди.
9. Қўмита ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш кунида унинг мазкур Регламентда белгиланган талабларга мослигини ўрганиб чиқади.
Аризани кўриб чиқишда қўшимча ўрганиш ўтказиш талаб этилса, Қўмита ариза берувчини давлат хизматлари маркази (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки ЯИДХП (электрон тарзда мурожаат қилинганда) орқали хабардор қилган ҳолда, аризани кўриб чиқиш муддатини беш иш кунигача узайтириши мумкин.
10. Қўмита талабгорнинг аризасини ўрганиш даврида қуйидаги ҳужжатларни масъул давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан, «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграция платформаси орқали онлайн текшириб олади:
талабгорнинг номи, жойлашган жойи (почта манзили), унинг рўйхатдан ўтган рақами, санаси, гувоҳнома берган орган номи, СТИРи ва тижорат банкидаги ҳисобварағи реквизитлари;
меҳмонхонага берилган мувофиқлик сертификати;
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида ва бошқа ҳужжатларда назарда тутилган солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслиги.
11. Қўмита томонидан тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган аризаларни Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кенгаши томонидан кўриб чиқилиши ҳамда тегишли қарор қабул қилинишини ташкил этади.
12. Қўмита аризани ўрганиб чиқиб, бир иш кунида харажатларни қоплаш ёки харажатларни қоплашни рад этиш тўғрисида (рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда) қарор қабул қилади ҳамда қарорнинг электрон нусхасини қарор қабул қилинган кундан сўнг бир иш кунида Давлат хизматлари маркази (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки ЯИДХП (электрон тарзда мурожаат қилинганда) орқали талабгорга юборади.
13. Харажатни қоплаш тўғрисидаги қарорда қопланаётган сумма миқдори, меҳмонхонанинг жойлашган жойи (почта манзили) ва унинг кадастр рақами, харажатнинг 50 фоизи қопланаётган тадбиркор номи ва СТИРи ҳамда тижорат банкидаги ҳисобварағи реквизитлари кўрсатилади.
14. Харажатларни қоплаш қуйидаги асосларга кўра рад этилади:
аризада ушбу Регламентга 3-иловада назарда тутилган маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаганда ёки нотўғри маълумот тақдим этилганда;
талабгор мазкур Регламентнинг 4-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқ келмаганда.
15. Харажатларни қоплашни ушбу Регламентда назарда тутилмаган асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
16. Талабгор харажатларни қоплашни рад этиш тўғрисидаги қарор нусхасини олган кундан бошлаб кўпи билан бир ой давомида қарорда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиши ҳамда уларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Қўмитага такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
17. Ариза такроран тақдим этилган кундан бошлаб етти иш кунида қайта кўриб чиқилади. Бунда харажатларни қоплашни янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
18. Ушбу Регламентнинг 16-бандида кўрсатилган муддат тугагандан сўнг тақдим этилган ариза янги берилган деб ҳисобланади.
19. Қўмита харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида талабгорнинг хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидаги ҳисобварағига маблағларни ўтказиб беради.
20. Жамғарма маблағи ҳисобидан харажатлари қопланган меҳмонхоналар рўйхати Қўмитанинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
21. Талабгор харажатларни қоплаш учун тақдим этилган маълумотлари ва ҳужжатларининг тўғрилигига жавобгар ҳисобланади.
22. Қўмита мазкур Регламентга асосан ишларни ташкил этиш, мувофиқлаштириш ҳамда ажратилган маблағларнинг талабгорга ўтказилишини таъминлаш учун масъул ҳисобланади.
23. Талабгор Қўмитанинг харажатларни қоплаб беришни рад этиш тўғрисидаги қароридан рози бўлмаган тақдирда, Қўмитанинг қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
24. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Меҳмонхоналарда халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатлар
Т/р Сертификат номи Мамлакат 1. Green Key International Дания 2. Green Globe АҚШ 3. Travelife for Accommodation Буюк Британия 4. WTTC Нotel Sustainability Basics 5. US Green Building Council (USGBC) АҚШ 6. Earth Check Certified Австралия 7. Blue Angel Германия 8. НП «Экологический союз» (Программа «Листок жизни») Россия Федерацияси 9. Yashil belgi Ўзбекистон 10. N ordic swan Шимолий Европа (Дания, Финляндия, Норвегия, Исландия, Швеция) 11. Eco mark Туркия 12. Зеленый журавль (Зелёный журавлик) Украина 13. Green Label Туркия 14. Korean Eco-Label Жанубий Корея 15. Singapore Green Labelling Scheme Сингапур
Меҳмонхоналарда халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
Меҳмонхоналарда халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини қоплаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Талабгор Туризм қўмитасига Давлат хизматлари маркази ёки Ўзбекистон Республикаси ЯИДХП орқали харажатларни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Туризм қўмитаси Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кенгаши билан келишилган ҳолда аризани кўриб чиқади ва харажатларнинг 50 фоизини қоплаш ёки қоплаб беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда Давлат хизматлари марказига ёки талабгорнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборади. 10 иш кунида 3-босқич Талабгор Харажатларни қоплашни рад этиш тўғрисидаги қарорни олганда, қарорда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Туризм қўмитасига такроран Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади. 1 ойдан кўп бўлмаган муддатда 4-босқич Туризм қўмитаси Ариза такроран тақдим этилганда, уни қайта кўриб чиқади. 7 иш кунида 5-босқич Туризм қўмитаси Харажатларнинг 50 фоизини қоплаш тўғрисида қарор қабул қилинганда, талабгорнинг тижорат банкидаги ҳисобварағига маблағларни ўтказиб беради. 10 иш кунида
Меҳмонхоналарда халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА
НАМУНА Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасига Меҳмонхонага халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатни расмийлаштириш бўйича сарфланган харажатларнинг 50 фоизини қоплаш тўғрисида АРИЗА __________________________________________________________ _______________________ ________ (талабгорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномага мувофиқ ариза берувчининг тўлиқ номи) ____________________________________________________ _______________________ ______________ (жойлашган жойи, почта манзили) _____________________________________________________________ _______________________ _____ _________________________________________________ манзил бўйича рўйхатдан ўтган, Директори (ишончли вакил): _________________________________________________________________ ____________ ____ номидан (ариза берувчи раҳбари / ишончли вакил Ф.И.О.) ____________________________________________________ ____________ ______ манзилда жойлашган (вилоят, туман, шаҳар, кўча, бино рақами) халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб беришни сўрайман. Халқаро эътироф этилган «яшил» сертификат номи: _____________ _____ _________________________ Жами сарфланган харажатлар миқдори: ________________________ _____ ______________ Ажратилиши сўралаётган маблағ миқдори: ____________________________ _____ __________ Банк реквизитлари ва ҳисобварағи: ____________________________ _____ __________ ______________________________________ _____ Алоқа маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили): ______________________________________ _____ _________________________________________________________________________________________ (ариза берувчининг лавозими, Ф.И.О.) 20 ____ йил _____________
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 июндаги 312-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 ноябрдаги «Оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш, ушбу соҳада давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 622-сон қарорида :
а) 1-иловада :
5 ва 6-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Меҳмон уйи хизматлари меҳмон уйини ташкил этиш учун яроқли турар жой объектига эга бўлган якка тартибдаги тадбиркор ёки оилавий тадбиркорлик субъекти томонидан кўрсатилади.
6. Хостел, ўтовли ва чодирли оромгоҳларда ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва қўшимча хизматлар якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар томонидан кўрсатилади»;
15-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«тадбиркорлик субъекти фаолияти белгиланган тартибда тугатилганда ёки унинг фаолияти тўхтатилганда, бу ҳақида ваколатли органга хабар берилиши».
б) 2-иловада :
14 ва 15-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Сўровномада нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар аниқланган тақдирда, ваколатли орган ариза берувчига аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун ўн иш кунидан ошмаган муддат беради.
15. Қуйидаги ҳолатлар давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади:
ариза берувчи томонидан ушбу Регламентда белгиланган муддатда аниқланган камчиликлар бартараф этилмаган бўлса;
ўрганиш натижаларига кўра объектнинг мазкур Регламентда назарда тутилган талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланса»;
23-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«23. Реестрдан кўчирма электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади ва ваколатли органнинг электрон имзоси билан тасдиқланади»;
24-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
25-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«25. Реестрдан кўчирма қуйидаги ҳолларда қайта расмийлаштирилади:
объект номи ўзгарганда;
объектнинг почта манзили ўзгарганда;
қўшимча жойлаштириш хоналари ташкил этилганда;
ҳуқуқий ворислик юзага келганда.
Реестрдан кўчирмани қайта расмийлаштириш учун ариза берувчи Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.
Ваколатли орган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч иш куни ичида Реестрдан кўчирмани қайта расмийлаштиради ёки қайта расмийлаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 сентябрдаги «Меҳмонхона хўжалиги фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 550-сон қарорининг 1-иловаси 3-банди еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«яшил меҳмонхона» — Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатда назарда тутилган халқаро эътироф этилган ёки миллий экологик сертификатлардан камида бирига эга бўлган меҳмонхона».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 13 июнь,
312-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
MAʼMURIY REGLAMENTI
ROʻYXATI
SXEMASI
Mehmonxona xoʻjaligi sohasida xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni joriy etishni qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasi faoliyatini tashkil etish va turizm sohasini jadal rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 19-noyabrdagi PQ-348-son qarori ijrosini taʼminlash, mehmonxona xizmatlari sohasida ekologik barqarorlik tamoyillarini keng joriy etish, energiya samaradorligini oshirish hamda xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlash tizimini ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Mehmonxonalarda xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarning 50 foizini qoplash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
mehmonxonalarga qoʻyiladigan talablar;
xarajatlarning 50 foizini qoplash uchun ariza berish tartibi hamda taqdim etiladigan hujjatlar;
arizani koʻrib chiqish va qaror qabul qilish tartibi;
ajratiladigan mablagʻlarni tadbirkorlik subyektlarga oʻtkazish tartibi.
2. Belgilansinki, mazkur qaror doirasida mehmonxonalar tomonidan xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarning bir qismi Turizm qoʻmitasi huzuridagi budjetdan tashqari Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi hisobidan uning mablagʻlaridan foydalanishning belgilangan tartibiga muvofiq qoplanadi.
3. Turizm qoʻmitasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda mazkur qaror kuchga kirgan kundan boshlab bir oy muddatda ushbu qaror bilan tasdiqlangan Maʼmuriy reglamentga muvofiq davlat xizmatini Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali koʻrsatishni taʼminlasin.
4. Adliya vazirligi davlat organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan davlat xizmatini koʻrsatishning belgilangan tartibiga rioya etilishi boʻyicha ularning faoliyati yuzasidan, shu jumladan, YIDXP orqali doimiy nazorat oʻrnatsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasi raisi A.Oʻ. Aqqulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 13-iyundagi 312-son qaroriga 1-ILOVA
Mehmonxonalarda xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarning 50 foizini qoplash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Maʼmuriy reglament (keyingi oʻrinlarda — Reglament) mehmonxonalar tomonidan xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarning 50 foizini qoplash tartibini belgilaydi.
2. Xarajatlar Davlat xizmatlari markazi va Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) tomonidan qoplanadi.
3. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
talabgor — mazkur Reglamentga 2-ilova bilan tasdiqlangan xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikat olgan, qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga koʻra muvofiqlik sertifikati asosida faoliyat yurituvchi mehmonxona xoʻjaligi;
xarajatlarni qoplash — xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarning 50 foizini qoplab berish;
“yashil” sertifikat — mazkur Reglamentga 1-ilovada keltirilgan roʻyxatda nazarda tutilgan xalqaro eʼtirof etilgan sertifikatlash organlari tomonidan mehmonxonalarga berilgan sertifikat.
4. Talabgor xarajatlarni qoplash uchun hujjatlarni topshirish sanasida quyidagi talablarga javob berishi zarur:
Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksida nazarda tutilgan soliq va yigʻimlar boʻyicha qarzdorligi boʻlmasligi;
qayta tashkil etish yoki tugatish jarayonida boʻlmasligi;
faoliyati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vaqtincha toʻxtatilgan boʻlmasligi;
sud qarori asosida toʻlovga qobiliyatsiz deb eʼlon qilingan boʻlmasligi.
5. Xarajatlar bitta mehmonxona uchun bir marta qoplab beriladi.
6. Xarajatlarni qoplash uchun mablagʻlar ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha ajratiladi.
2-bob. Xarajatlarni qoplash uchun ariza taqdim etish va uni koʻrib chiqish tartibi
7. Talabgor xarajatlarni qoplash uchun Davlat xizmatlari markaziga yoki YIDXP orqali Qoʻmitaga ushbu Reglamentga 3-ilovaga muvofiq ariza bilan murojaat qiladi.
Bunda arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
“yashil” sertifikatning nusxasi;
mehmonxona va xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish uchun sertifikatlash organi bilan belgilangan tartibda tuzilgan ikki tomonlama shartnoma va toʻlov topshiriqnomasining nusxalari.
8. Talabgor arizani YIDXP orqali toʻldirganda, undan elektron raqamli imzo talab etilmaydi.
9. Qoʻmita ariza kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kunida uning mazkur Reglamentda belgilangan talablarga mosligini oʻrganib chiqadi.
Arizani koʻrib chiqishda qoʻshimcha oʻrganish oʻtkazish talab etilsa, Qoʻmita ariza beruvchini davlat xizmatlari markazi (oʻzi kelgan holda murojaat qilinganda) yoki YIDXP (elektron tarzda murojaat qilinganda) orqali xabardor qilgan holda, arizani koʻrib chiqish muddatini besh ish kunigacha uzaytirishi mumkin.
10. Qoʻmita talabgorning arizasini oʻrganish davrida quyidagi hujjatlarni masʼul davlat organlari va tashkilotlardan mustaqil ravishda, shu jumladan, “Elektron hukumat” tizimining Idoralararo integratsiya platformasi orqali onlayn tekshirib oladi:
talabgorning nomi, joylashgan joyi (pochta manzili), uning roʻyxatdan oʻtgan raqami, sanasi, guvohnoma bergan organ nomi, STIRi va tijorat bankidagi hisobvaragʻi rekvizitlari;
mehmonxonaga berilgan muvofiqlik sertifikati;
Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksida va boshqa hujjatlarda nazarda tutilgan soliq va yigʻimlar boʻyicha qarzdorligi mavjud yoki mavjud emasligi.
11. Qoʻmita tomonidan tadbirkorlik subyektlaridan kelib tushgan arizalarni Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi Kengashi tomonidan koʻrib chiqilishi hamda tegishli qaror qabul qilinishini tashkil etadi.
12. Qoʻmita arizani oʻrganib chiqib, bir ish kunida xarajatlarni qoplash yoki xarajatlarni qoplashni rad etish toʻgʻrisida (rad etish asoslarini koʻrsatgan holda) qaror qabul qiladi hamda qarorning elektron nusxasini qaror qabul qilingan kundan soʻng bir ish kunida Davlat xizmatlari markazi (oʻzi kelgan holda murojaat qilinganda) yoki YIDXP (elektron tarzda murojaat qilinganda) orqali talabgorga yuboradi.
13. Xarajatni qoplash toʻgʻrisidagi qarorda qoplanayotgan summa miqdori, mehmonxonaning joylashgan joyi (pochta manzili) va uning kadastr raqami, xarajatning 50 foizi qoplanayotgan tadbirkor nomi va STIRi hamda tijorat bankidagi hisobvaragʻi rekvizitlari koʻrsatiladi.
14. Xarajatlarni qoplash quyidagi asoslarga koʻra rad etiladi:
arizada ushbu Reglamentga 3-ilovada nazarda tutilgan maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmaganda yoki notoʻgʻri maʼlumot taqdim etilganda;
talabgor mazkur Reglamentning 4-bandida nazarda tutilgan talablarga muvofiq kelmaganda.
15. Xarajatlarni qoplashni ushbu Reglamentda nazarda tutilmagan asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
16. Talabgor xarajatlarni qoplashni rad etish toʻgʻrisidagi qaror nusxasini olgan kundan boshlab koʻpi bilan bir oy davomida qarorda koʻrsatib oʻtilgan kamchiliklarni bartaraf etishi hamda ularning bartaraf etilganini tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda, Qoʻmitaga takroran ariza bilan murojaat qilishi mumkin.
17. Ariza takroran taqdim etilgan kundan boshlab yetti ish kunida qayta koʻrib chiqiladi. Bunda xarajatlarni qoplashni yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
18. Ushbu Reglamentning 16-bandida koʻrsatilgan muddat tugagandan soʻng taqdim etilgan ariza yangi berilgan deb hisoblanadi.
19. Qoʻmita xarajatlarni qoplash toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida talabgorning xizmat koʻrsatuvchi tijorat banklaridagi hisobvaragʻiga mablagʻlarni oʻtkazib beradi.
20. Jamgʻarma mablagʻi hisobidan xarajatlari qoplangan mehmonxonalar roʻyxati Qoʻmitaning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
21. Talabgor xarajatlarni qoplash uchun taqdim etilgan maʼlumotlari va hujjatlarining toʻgʻriligiga javobgar hisoblanadi.
22. Qoʻmita mazkur Reglamentga asosan ishlarni tashkil etish, muvofiqlashtirish hamda ajratilgan mablagʻlarning talabgorga oʻtkazilishini taʼminlash uchun masʼul hisoblanadi.
23. Talabgor Qoʻmitaning xarajatlarni qoplab berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaroridan rozi boʻlmagan taqdirda, Qoʻmitaning qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
24. Ushbu Reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Mehmonxonalarda xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarning 50 foizini qoplash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlar
T/r Sertifikat nomi Mamlakat 1. Green Key International Daniya 2. Green Globe AQSH 3. Travelife for Accommodation Buyuk Britaniya 4. WTTC Notel Sustainability Basics 5. US Green Building Council (USGBC) AQSH 6. Earth Check Certified Avstraliya 7. Blue Angel Germaniya 8. NP “Ekologicheskiy soyuz” (Programma “Listok jizni”) Rossiya Federatsiyasi 9. Yashil belgi Oʻzbekiston 10. N ordic swan Shimoliy Yevropa (Daniya, Finlyandiya, Norvegiya, Islandiya, Shvetsiya) 11. Eco mark Turkiya 12. Zeleniy juravl (Zelyoniy juravlik) Ukraina 13. Green Label Turkiya 14. Korean Eco-Label Janubiy Koreya 15. Singapore Green Labelling Scheme Singapur
Mehmonxonalarda xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarning 50 foizini qoplash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
Mehmonxonalarda xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarining 50 foizini qoplash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Talabgor Turizm qoʻmitasiga Davlat xizmatlari markazi yoki Oʻzbekiston Respublikasi YIDXP orqali xarajatlarni qoplash toʻgʻrisida ariza bilan murojaat qiladi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Turizm qoʻmitasi Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi Kengashi bilan kelishilgan holda arizani koʻrib chiqadi va xarajatlarning 50 foizini qoplash yoki qoplab berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi hamda Davlat xizmatlari markaziga yoki talabgorning YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yuboradi. 10 ish kunida 3-bosqich Talabgor Xarajatlarni qoplashni rad etish toʻgʻrisidagi qarorni olganda, qarorda koʻrsatib oʻtilgan kamchiliklarni bartaraf etish va ularning bartaraf etilganini tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda, Turizm qoʻmitasiga takroran Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali murojaat qiladi. 1 oydan koʻp boʻlmagan muddatda 4-bosqich Turizm qoʻmitasi Ariza takroran taqdim etilganda, uni qayta koʻrib chiqadi. 7 ish kunida 5-bosqich Turizm qoʻmitasi Xarajatlarning 50 foizini qoplash toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, talabgorning tijorat bankidagi hisobvaragʻiga mablagʻlarni oʻtkazib beradi. 10 ish kunida
Mehmonxonalarda xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarning 50 foizini qoplash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA
NAMUNA Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasiga Mehmonxonaga xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatni rasmiylashtirish boʻyicha sarflangan xarajatlarning 50 foizini qoplash toʻgʻrisida ARIZA __________________________________________________________ _______________________ ________ (talabgorni davlat roʻyxatidan oʻtkazish toʻgʻrisidagi guvohnomaga muvofiq ariza beruvchining toʻliq nomi) ____________________________________________________ _______________________ ______________ (joylashgan joyi, pochta manzili) _____________________________________________________________ _______________________ _____ _________________________________________________ manzil boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan, Direktori (ishonchli vakil): _________________________________________________________________ ____________ ____ nomidan (ariza beruvchi rahbari / ishonchli vakil F.I.O.) ____________________________________________________ ____________ ______ manzilda joylashgan (viloyat, tuman, shahar, koʻcha, bino raqami) xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarning bir qismini qoplab berishni soʻrayman. Xalqaro eʼtirof etilgan “yashil” sertifikat nomi: _____________ _____ _________________________ Jami sarflangan xarajatlar miqdori: ________________________ _____ ______________ Ajratilishi soʻralayotgan mablagʻ miqdori: ____________________________ _____ __________ Bank rekvizitlari va hisobvaragʻi: ____________________________ _____ __________ ______________________________________ _____ Aloqa maʼlumotlari (telefon raqami, elektron pochta manzili): ______________________________________ _____ _________________________________________________________________________________________ (ariza beruvchining lavozimi, F.I.O.) 20 ____ yil _____________
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 13-iyundagi 312-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 27-noyabrdagi “Oilaviy mehmon uylari, xostellar, oʻtovli va chodirli oromgohlar faoliyatini tashkil etish, ushbu sohada davlat xizmatlari koʻrsatish tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida” 622-son qarorida :
a) 1-ilovada :
5 va 6-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“5. Mehmon uyi xizmatlari mehmon uyini tashkil etish uchun yaroqli turar joy obyektiga ega boʻlgan yakka tartibdagi tadbirkor yoki oilaviy tadbirkorlik subyekti tomonidan koʻrsatiladi.
6. Xostel, oʻtovli va chodirli oromgohlarda tashrif buyuruvchilarga (turistlarga) vaqtincha yashash va qoʻshimcha xizmatlar yakka tartibdagi tadbirkorlar yoki yuridik shaxslar tomonidan koʻrsatiladi”;
15-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“tadbirkorlik subyekti faoliyati belgilangan tartibda tugatilganda yoki uning faoliyati toʻxtatilganda, bu haqida vakolatli organga xabar berilishi”.
b) 2-ilovada :
14 va 15-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“14. Soʻrovnomada notoʻgʻri yoki toʻliq boʻlmagan maʼlumotlar aniqlangan taqdirda, vakolatli organ ariza beruvchiga aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish uchun oʻn ish kunidan oshmagan muddat beradi.
15. Quyidagi holatlar davlat xizmatini koʻrsatishni rad etish uchun asos hisoblanadi:
ariza beruvchi tomonidan ushbu Reglamentda belgilangan muddatda aniqlangan kamchiliklar bartaraf etilmagan boʻlsa;
oʻrganish natijalariga koʻra obyektning mazkur Reglamentda nazarda tutilgan talablarga muvofiq emasligi aniqlansa”;
23-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“23. Reyestrdan koʻchirma elektron hujjat shaklida rasmiylashtiriladi va vakolatli organning elektron imzosi bilan tasdiqlanadi”;
24-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
25-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“25. Reyestrdan koʻchirma quyidagi hollarda qayta rasmiylashtiriladi:
obyekt nomi oʻzgarganda;
obyektning pochta manzili oʻzgarganda;
qoʻshimcha joylashtirish xonalari tashkil etilganda;
huquqiy vorislik yuzaga kelganda.
Reyestrdan koʻchirmani qayta rasmiylashtirish uchun ariza beruvchi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali murojaat qiladi.
Vakolatli organ ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqib, uch ish kuni ichida Reyestrdan koʻchirmani qayta rasmiylashtiradi yoki qayta rasmiylashtirishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi”.
2. Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 7-sentabrdagi “Mehmonxona xoʻjaligi faoliyatini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash sohasidagi ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 550-son qarorining 1-ilovasi 3-bandi yettinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“yashil mehmonxona” — Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan roʻyxatda nazarda tutilgan xalqaro eʼtirof etilgan yoki milliy ekologik sertifikatlardan kamida biriga ega boʻlgan mehmonxona”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 13-iyun,
312-son