📅 2026-yil 16-iyun · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 16-iyun · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 16 июнь · Президент қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 июня 2026 г. · Постановления Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 June 2026 · Presidential resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
ТАРКИБИ
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»
Солиқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Солиқ соҳасида замонавий талаблар даражасида профессионал фаолият юрита оладиган, сунъий интеллект ҳамда рақамли технологияларни самарали қўллайдиган юқори билимга эга бўлган малакали кадрлар ва салоҳиятли раҳбар ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, солиққа оид илмий-тадқиқот фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда аҳолининг солиқ маданиятини юксалтириш ва тизимли тарғибот ишларини йўлга қўйиш мақсадида қарор қиламан:
I. Асосий мақсадлар
1. Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгилансин:
(а) солиқ соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминловчи узлуксиз занжирни яратиш орқали юқори малакали кадрлар тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш;
(б) халқаро тажриба ва замонавий таълим стандартлари талабларидан келиб чиққан ҳолда солиқ соҳасида касбий компетенцияни ривожлантириш;
(в) солиқ соҳасини фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни амалга ошириш орқали такомиллаштириш;
(г) 2030 йилга қадар Солиқ қўмитасининг олий таълим муассасасидаги педагог кадрлар илмий салоҳиятини 60 фоизга етказиш;
(д) солиқ органлари учун ҳар йили камида 50 нафар сунъий интеллект ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва автоматлаштирилган таҳлил услублари билан ишлаш кўникмасига эга бўлган мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.
II. Солиқ таълимини ривожлантириш ва солиқ тизимида кадрлар тайёрлашнинг янгича моделини жорий этиш
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 19 майдаги «Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-95-сон Фармонига асосан:
(а) Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби (кейинги ўринларда — Олий мактаб);
(б) Олий мактаб таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Малака ошириш ва компетенцияларни ривожлантириш маркази ҳамда Солиққа оид тадқиқотлар маркази ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Олий мактаб Солиқ қўмитаси ҳузуридаги алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган, солиқ органлари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, солиқ соҳасида фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борувчи республиканинг базавий илмий-методик маркази ва таянч давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади;
(б) Олий мактабга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган академик, молиявий ва ташкилий мустақилликка оид тартиб-таомиллар татбиқ этилади;
(в) Олий мактабда:
(i) 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ўқиш давомийлиги камида уч йил бўлган бакалавриат таълим йўналишларига талабгорлар ўқишга қабул қилинади;
(ii) 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичи жорий этилади;
(г) Олий мактабда солиқлар ва солиққа тортиш, рақамли солиқ маъмурчилиги, солиқ ҳуқуқи ва молиявий назорат каби йўналишларда кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади;
(д) Олий мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги диплом билан бирга солиқ маслаҳатчиси ва аудитор малака сертификатини олиш учун ўқув курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги ҳужжат берилади;
(ж) бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг сертификатларини (ACCA, DipIFR, CAP/CIPA, CIA, AСА) олган Олий мактаб талабаларига ушбу сертификатларни олиш бўйича ўқиш харажатлари Олий мактаб томонидан қопланади.
4. Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (А. Арипов) 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
(а) ҳар йили давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларига қўшимча равишда Олий мактаб учун давлат гранти бўйича 50 та, лекин умумий қабул квотасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда қабул квоталарини ажратиб борсин;
(б) солиқлар ва солиққа тортиш йўналиши бўйича давлат буюртмасининг устувор равишда Олий мактабга ажратилишини таъминласин.
5. Қуйидагилар:
(а) Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактабининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари 1-иловага мувофиқ;
(б) Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактаби Солиққа оид тадқиқотлар марказининг асосий вазифалари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Белгилансинки, Солиққа оид тадқиқотлар марказида:
(а) сунъий интеллект йўналиши бўйича рақамли солиқ маъмурчилиги инновацион лабораторияси ташкил этилади;
(б) солиқ сиёсати ва маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда хуфиёна иқтисодиётни қисқартириш юзасидан ахборот-таҳлилий ва илмий тадқиқотлар амалга оширилади;
(в) солиқ соҳасида илғор халқаро тажриба, замонавий ютуқлар ва амалиётдан фойдаланиш асосида ташаббуслар тайёрланади;
(г) солиқ соҳасидаги илмий изланишларни умумий мувофиқлаштириш, солиқ ислоҳотларининг иқтисодиётга таъсирини баҳолаш ҳамда «ақл марказлари» билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2027 йилдан бошлаб Олий мактабга солиқ соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш мақсадида аккредитациядан ўтган ихтисосликлар бўйича таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталари ажратилишини назарда тутсин.
8. Солиқ органларида хизматни ўташ тартибига қуйидагиларни назарда тутувчи узлуксиз ўқув тизими жорий этилсин:
(а) 2026 йил 1 августдан бошлаб Олий мактабда солиқ органлари ходимларининг уч йилда камида бир марта малака ошириш тизимини йўлга қўйиш;
(б) солиқ органларига биринчи марта ишга қабул қилинган (бундан Олий мактаб битирувчилари мустасно) мансабдор шахсларни солиқ қонунчилиги ва маъмурчилиги, шунингдек, иш юритишни ташкил этиш асослари бўйича давомийлиги уч ойгача бўлган махсус мослашишга кўмаклашиш (onboarding) ўқув курсида ўқитиш;
(в) солиқ органларининг тегишли тузилма раҳбарлигига, шунингдек, солиқ инспекцияси ва солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимларига захирага олинган ходимларни камида икки ҳафта муддатда малака ошириш курсларида ўқитиш;
(г) солиқ органлари ходимларини бир таркибий тузилмадан бошқасига ротация қилиш ёки ўтказишда уларни ишдан ажралмаган ҳолда бир ҳафталик қисқа муддатли малака ошириш курсларида қайта тайёрлаш.
9. Солиқ соҳасида таълим ва тарғибот ишларини ривожлантириш ҳамда аҳолининг солиқ маданиятини юксалтириш мақсадида Жамиятда солиқ таълими ва тарғиботини ривожлантириш бўйича республика кенгаши (кейинги ўринларда — Республика кенгаши) 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ҳамда унинг асосий вазифалари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Республика кенгаши (А. Арипов) ҳар олти ойда камида бир марта солиқ таълими ва тарғиботини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб борсин.
11. Солиқ қўмитаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
(а) икки ой муддатда ҳар бир ҳудудда камида биттадан солиқ соҳасида кенгайтирилган таълим бериладиган мактаблар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин;
(б) солиқ маданияти ва молиявий саводхонликни ёшликдан шакллантириш мақсадида мазкур банднинг «а» кичик бандига мувофиқ тасдиқланган мактабларга ҳудудий солиқ органларини бириктирган ҳолда ҳар ойда дарсдан ташқари вақтларда тўгарак ва ўқув машғулотларини ташкил қилиб борсин.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Солиқ қўмитаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу қарорнинг 11-бандига мувофиқ тасдиқланган мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ўқувчиларнинг касбий мотивациясини ошириш чораларини кўрсин.
13. Солиқ қўмитаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
(а) мактаб, ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар йили «Солиқ билимдонлари» кўрик-танловларини ўтказиш;
(б) «Солиқ билимдонлари» кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини уларнинг ихтиёрига кўра Олий мактабга имтиёзли йўлланма асосида ўқишга қабул қилиш.
14. Солиқ соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича «йўл харитаси» 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
III. Молиявий ресурслар
15. Қуйидагилар Олий мактаб ва унинг ҳузуридаги муассасалар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
(а) Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
(б) хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
(в) Солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси (кейинги ўринларда — Махсус жамғарма) маблағлари;
(г) ҳомийлик хайриялари ва грантлар;
(д) халқаро молия институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар маблағлари;
(ж) қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
16. Белгилансинки:
(а) Олий мактаб фаолиятини молиялаштириш 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Солиқ қўмитасига ажратиладиган маблағлар ва Махсус жамғарма маблағлари, 2027 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади;
(б) солиқ органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
17. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Олий мактаб ректори, проректорлари, факультет деканлари, декан ўринбосарлари ва профессор-ўқитувчилари лавозим маошлари — олий таълим муассасаларининг, ўқув жараёни билан боғлиқ бўлим бошлиқлари лавозим маошлари — кафедра мудири, илмий ходимларининг лавозим маошлари эса илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорида белгиланади;
(б) Олий мактаб бошқарув (бундан ўқув жараёни билан боғлиқ бўлим бошлиқлари мустасно), техник, хизмат кўрсатувчи, ўқув-ёрдамчи ва бошқа ходимларининг лавозим маошлари Солиқ қўмитаси марказий аппаратининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларида белгиланади;
(в) Олий мактабнинг раҳбар, бошқарув ходимлари ва профессор-ўқитувчилари таркибига Солиқ қўмитаси марказий аппарати ходимларининг тегишли тоифалари учун хизматни ўташ ва мукофотларни тўлаш тартиблари татбиқ этилади;
(г) Олий мактаб ва унинг ҳузуридаги муассасаларнинг фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлган ходимларига ҳар ойда лавозим маошининг ўттиз фоизи миқдорида, фан доктори (DSс) илмий даражасига эга ходимларига лавозим маошининг олтмиш фоизи миқдорида устамалар белгиланади.
18. Олий мактаб ва унинг ҳузуридаги муассасаларнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ишлари бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси» давлат муассасаси ҳамда жиҳозлаш ишлари бўйича Олий мактаб буюртмачи этиб белгилансин.
19. Солиқ қўмитаси Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан Олий мактаб ва унинг ҳузуридаги муассасаларни зарур компьютер ва техник воситалар билан жиҳозлашни, уларнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилишни, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказишни таъминласин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
20. Солиқ қўмитаси икки ой муддатда:
(а) Олий мактаб фаолиятини самарали йўлга қўйиш, бино ва иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, моддий-техника базасини шакллантириш ва бошқа ташкилий масалалар бўйича таклифларни;
(б) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Солиқ қўмитаси раиси Ф.Ж. Пулатов белгилансин.
22. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 июндаги ПҚ-227-сон қарорига 1-ИЛОВА
Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактабининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари
1. Солиқ соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, олий таълимдан кейинги таълим босқичида юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар салоҳиятини ривожлантириш.
2. Таълим жараёнини илғор хорижий тажриба ва замонавий таълим технологиялари асосида ташкил этиш, назария ва амалиёт узвийлигини таъминлаш.
3. Кадрлар тайёрлаш борасида хорижий давлатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашиш ҳамда ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб қилиш.
4. Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий услублари, маълумотларни таҳлил қилиш технологиялари ҳамда солиқ маъмурчилигида илғор ахборот тизимларидан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш.
5. Солиқ органлари учун илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва автоматлаштирилган таҳлил услублари билан ишлаш кўникмасига эга бўлган мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.
6. Солиқ идораларига биринчи марта ишга қабул қилинган, раҳбарлик лавозимларига захирага олинган ҳамда бир таркибий тузилмадан бошқасига ротация қилинаётган ёки ўтказилаётган шахсларни солиқ қонунчилиги ва маъмурчилиги, шунингдек, иш юритишни ташкил этиш асослари бўйича махсус мослашишга кўмаклашиш ўқув курсларида ўқитиш.
7. Ўқув дастурларига Python, SQL ва Business Intelligence (BI) технологиялари воситасида катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилишга йўналтирилган чуқурлаштирилган махсус модулларни татбиқ этиш.
8. Талабалар учун солиқ органларида ҳар йили камида бир ойлик мажбурий малакавий амалиёт тизимини йўлга қўйиш, тажрибали ходимларни «устоз-шогирд» анъанаси асосида таълим жараёнига тизимли жалб этиш.
9. Таълим жараёнини миллий, минтақавий ва глобал интеграция тамойиллари асосида ташкил этиш, турли давлатларнинг солиқ тизимларини чуқур ўрганиш, шунингдек, халқаро молиявий ҳисобот стандартлари бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқув жараёнларини кенг жорий этиш.
10. «Солиқчи — кўмакчи» тамойили асосида солиқ хизмати тизимини ривожлантириш ва солиқ қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 июндаги ПҚ-227-сон қарорига 2-ИЛОВА
Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактаби Солиққа оид тадқиқотлар марказининг асосий вазифалари
1. Солиқ сиёсати ва маъмурчилигини илмий-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соҳани такомиллаштириш ҳамда иқтисодиётдаги хуфиёна айланмаларни қисқартириш бўйича илмий асосланган таклиф ва услубий ишланмалар ишлаб чиқиш.
2. Солиқ қонунчилигини амалда қўллаш жараёнидаги бўшлиқ ва қарама-қаршиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш.
3. Илғор хорижий давлатларнинг солиқ соҳасидаги қонунчилиги ва амалиётини ўрганиш асосида миллий солиқ тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
4. Солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳаларида тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижалари асосида солиқ органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган инновацион ишланма ва лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш.
5. Солиқ соҳасидаги илмий изланишларни мувофиқлаштириш, амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг иқтисодиётга таъсирини комплекс баҳолаш ҳамда маҳаллий ва хорижий «ақл марказлари» (think tanks) билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш.
6. Сунъий интеллект технологиялари асосида «рақамли солиқ маъмуриятчилиги» инновацион лабораториясини ташкил этиш ҳамда хизмат кўрсатиш ва солиқ назоратида юқори технологик жараёнларни қўллаш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш.
7. Солиқ соҳасидаги илмий лойиҳаларни амалга оширишда республиканинг етакчи илмий ва таълим муассасалари билан интеграцияни таъминлаш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва илмий ишланмалар базасини шакллантириш.
8. Халқаро солиққа тортишнинг долзарб масалалари, шу жумладан, трансфер нархларни белгилашда солиқ назорати ва рақамли иқтисодиёт субъектларини солиққа тортиш бўйича миллий услубиёт ва регламентларни ишлаб чиқиш.
9. Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материаллар ва илмий мақолаларни чоп этадиган журнал ҳамда илмий тўпламлар тайёрлаш.
10. Иқтисодиёт тармоқлари кесимида ресурслар сарфи, ишлаб чиқариш ҳажми, молиявий натижалар ва солиқ кўрсаткичларини ўзаро таҳлил қилиш учун аналитик инструментларни ишлаб чиқиш.
11. Солиқ хавфларини баҳолаш ва яширин иқтисодиёт ҳолатларини аниқлашнинг илмий асосланган усуллари ва индикаторларини ишлаб чиқиш, уларни солиқ органлари амалиётига жорий этиш ҳамда методик қўллаб-қувватлаш.
12. Солиқ сиёсатининг иқтисодиётга таъсирини комплекс баҳолаш, солиқларни ундириш харажатларини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш ва имтиёзларнинг бюджет тушумларига таъсирини эконометрик моделлаштириш.
13. Ўз ваколатлари доирасида халқаро тузилма ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда иштирок этиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 июндаги ПҚ-227-сон қарорига 3-ИЛОВА
Жамиятда солиқ таълими ва тарғиботини ривожлантириш бўйича республика кенгаши
1. А.Н. Арипов — Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Кенгаш раиси 2. Ф.Ж. Пулатов — Солиқ қўмитаси раиси, Кенгаш раиси ўринбосари 3. Э.Ф. Гадоев — Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси (келишув асосида) 4. Ш.Х. Назаров — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси (келишув асосида) 5. К.А. Шарипов — олий таълим, фан ва инновациялар вазири 6. Э.Г. Каримова — мактабгача ва мактаб таълими вазири 7. А.Ю. Мавлонов — Божхона қўмитаси раиси 8. А.Я. Хайдаров — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари 9. Д.А. Вахабов — Савдо-саноат палатаси раиси 10. Н.Ф. Каримов — Ўзбекистон аудиторлар палатаси кенгаши раиси 11. М.М. Тулаходжаева — Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси кенгаши раиси 12. Б.С. Набижонов — Ўзбекистон солиқ маслаҳатчилари палатаси бошқаруви раиси 13. М.М. Перпер — Ўзбекистон сертификатланган молия мутахассислари уюшмаси (ACFP) раиси 14. А.З. Саъдуллаев — Ёшлар ишлари агентлиги директори 15. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари 16. Лавозимига кўра — Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактаби ректори, Кенгаш котиби
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 июндаги ПҚ-227-сон қарорига 4-ИЛОВА
Жамиятда солиқ таълими ва тарғиботини ривожлантириш бўйича республика кенгашининг асосий вазифалари
1. Солиқ таълими ва тарғиботи соҳасида устувор йўналишларни ишлаб чиқиш ва шу асосда белгиланган вазифаларни амалга оширишни мувофиқлаштириш.
2. Солиқ таълими ва тарғиботи соҳасида давлат органлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш.
3. Солиқ органларининг тажрибали ходимлари, сертификатланган солиқ маслаҳатчилари ва соҳа мутахассисларидан иборат «миллий маърузачилар реестри»ни шакллантириш ва тасдиқлаш.
4. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажаришни рағбатлантирувчи иқтисодий механизмларни ишлаб чиқиш.
5. Ҳар йили август ойининг биринчи ўн кунлигида республикада «солиқ ҳафталиги» тарғибот тадбирини ташкил этиш орқали солиқлар бўйича аҳоли хабардорлигини ошириш, солиқларнинг иқтисодий ва ижтимоий моҳиятини тушунтириш ва «Мен тўлаган солиқ — менинг келажагим» ғоясини сингдириш.
6. Солиқ соҳасига оид ўқув адабиётларини янгилаш, ўқувчиларнинг ёш тоифасидан келиб чиқиб, соддалаштирилган ва қизиқарли (интерактив) ўқув қўлланмалари ҳамда медиа-материаллар ишлаб чиқишни ташкил этиш.
7. Солиқ соҳасида рақамли таълим ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда ахборот платформаларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш.
8. Умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида «солиқ саводхонлиги» дарсларини ҳамда ўқувчилар ва олий таълим муассасалари талабалари ўртасида тегишли тартибда «Солиқ билимдонлари» ва «Зукко талаба» каби кўрик-танловларини ўтказиш орқали солиқ тарғиботини кенг йўлга қўйиш.
9. Солиқ тарихини ўргатиш ва солиқ тўлаш маданиятини ёшликдан сингдириш мақсадида Солиқ олий мактабида «Солиқ музейи»ни ва туман (шаҳар)ларда камида 1 тадан ўрта таълим мактабларида жиҳозланган «солиқ синфи»ни ташкил этиш.
10. Солиқ маданиятини оширишга қаратилган ташаббуслар, илмий тадқиқотлар ва ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни белгилаш.
11. Меҳнат жамоалари ва жамоат масканларида «Тўланган солиқ — фаровонлик асоси», «Солиқ — давлат таянчи» каби мавзуларда очиқ мулоқотлар, семинар ва тренинглар ташкил этиш ҳамда солиқ тушумларининг аниқ ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилишини оддий ва халқчил тилда тушунтириш.
12. «Маҳалла еттилиги» орқали солиқлар моҳиятини, имтиёз ва преференциялар имкониятларини тушунтириш, фаолиятни легаллаштириш ҳамда солиқ тўлашни аҳоли фаровонлиги, маҳалла ва юрт ободлигига йўналтирилган ижтимоий масъулият сифатида кенг тарғиб қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 июндаги ПҚ-227-сон қарорига 5-ИЛОВА
Солиқ соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича
Т/р Чора-тадбирлар номи Амалга ошириш механизми Амалга ошириш шакли Ижро муддатлари Молиялаштириш манбалари Масъул ижрочилар I. Солиқ олий мактаби фаолиятини ташкил этиш 1. Солиқ олий мактабини (кейинги ўринларда — Олий мактаб) давлат рўйхатидан ўтказиш ва унинг тузилмасини тасдиқлаш. Олий мактаб уставини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, давлат рўйхатидан ўтказиш, штат жадвалини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Амалий чора-тадбирлар Бир ой муддатда - Солиқ қўмитаси, Солиқ олий мактаби 2. Олий мактабнинг Кузатув кенгаши таркибини тасдиқлаш. Олий мактаб Кузатув кенгаши таркибини шакллантириш, тасдиқлаш ҳамда унинг бошқарув ва назорат бўйича ваколатларини белгилаш. Муассисларнинг умумий йиғилиши қарори Икки ой муддатда - Солиқ қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Солиқ олий мактаби 3. Олий мактаб ва унинг таркибий тузилмаларини илмий салоҳият ва амалий тажрибага эга педагог кадрлар билан тўлдириш. Олий мактабга иқтисодиёт тармоқларида, жумладан, солиқ соҳасида катта илмий-амалий тажрибага эга малакали мутахассислар, шунингдек, ўқитишнинг замонавий шакллари ва усулларини қўллай оладиган ходимларни ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномаларини белгиланган тартибда расмийлаштириш. Амалий чора-тадбирлар 2026 йил 1 август - Солиқ қўмитаси, Солиқ олий мактаби 4. Олий мактабда ходимлар ва профессор-ўқитувчилар таркибини моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш. Олий мактабнинг бошқарув, илмий ва профессор-ўқитувчилари таркиби, шунингдек, ўқув-ёрдамчи ходимларига уларнинг иш натижаларига мувофиқ ҳар ойлик шахсий устамаларни ўрнатишнинг тартиби ва мезонларини белгилаш. Ички идоравий ҳужжат Икки ой муддатда - Солиқ қўмитаси, Солиқ олий мактаби 5. Олий мактаб битирувчиларини солиқ органларига ишга йўналтириш ва жойлаштириш тизимини жорий этиш. 1. Олий мактаб битирувчиларини солиқ органларига ишга йўналтириш ва жойлаштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш. 2. Олий мактаб битирувчиларини солиқ органларига ишга йўналтириш ва жойлаштириш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш. Ички идоравий ҳужжат 2026 йил декабрь - Солиқ қўмитаси, Бошқарув самарадорлиги агентлиги II. Ўқув-услубий фаолиятни ташкил этиш 6. Солиқ соҳасида мутахассисларни тайёрлаш жараёнларини ташкил этиш. 1. Солиқ соҳасида таълим йўналишларини (мутахассисликларни) белгилаш. 2. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул параметрларини шакллантириш. Комплекс чора-тадбирлар 2026 йил июнь - Солиқ қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Солиқ олий мактаби 3. Таълим стандартлари, давлат таълим талаблари, малака талабларини инобатга олган ҳолда халқаро рейтингларда топ-300 таликка кирган олий таълим ташкилотларининг тажрибалари асосида ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш. 2027 йил август 7. Ўқув жараёнини рақамлаштириш. 1. Олий мактабда масофавий таълимни ташкил этиш учун тармоқ ва сервер қурилмалари, тегишли зарурий қисмлар ва ускуналар, қурилмалар ва дастурий маҳсулотларни харид қилиш ва ўрнатиш. 2. Олий мактаб ходимлари ва ўқув аудиторияларини замонавий компьютер, интерфаол панеллар, видео-конференцалоқа жиҳозлари, дастурий таъминотлар, офис техникалари билан таъминлаш. 3. Олий мактабни керакли алоқа, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан, унинг интернет тармоғига кенг полосали кириш билан таъминлаш. 4. «Электрон таълим» миллий тармоғига уланишини таъминлаш. Комплекс чора-тадбирлар 2027 йил январь Давлат бюджети ва Солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари Солиқ қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Солиқ олий мактаби 8. Таълимнинг солиқ маъмурчилиги амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлаш. 1. Солиқ тизимидаги дастурий маҳсулотлар ва автоматлаштирилган ахборот тизимларининг ўқув-тренажёр версияларини яратиш ва Олий мактаб серверларига ўрнатиш. Ички идоравий ҳужжат 2026 йил 1 август Солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари Солиқ қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Солиқ олий мактаби 2. Рақамли солиқ маъмуриятчилиги киберлабораториясини ташкил этиш, ўқув жараёнида шакллантиришга мўлжалланган «савдо нуқтаси», «хизмат кўрсатиш объекти», «ишлаб чиқариш корхонаси» каби вазиятли-имитацион ва виртуал полигонларни ташкил этиш. Комплекс чора-тадбирлар 9. Фанларнинг ўқув-услубий таъминотини таъминлаш. Ўқув режаларига киритилган фанлар бўйича янги авлод дарсликлари, ўқув ва ўқув-амалий қўлланмаларни тайёрлаш. Комплекс чора-тадбирлар 2027 йил май Давлат бюджети ва Солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари Солиқ олий мактаби, Солиқ қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 10. Таълим дастурларига халқаро ташкилотларнинг малака сертификатлари бўйича касбий кўникмаларини киритиш. Бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг малака сертификатлари бўйича махсус билимларни ўзлаштиришга доир фанларни жорий этиш. Амалий чора-тадбирлар 2027 йил август - Солиқ қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 11. Олий мактабнинг Ахборот-ресурс маркази фондини шакллантириш ва электрон ахборот-кутубхона фондларидан фойдаланиш имкониятини яратиш. 1. Ахборот-ресурс маркази фондини замонавий ўқув, илмий ва бошқа адабиётлар билан тўлдириш ва бойитиб бориш. 2. Ахборот-ресурс марказини А. Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг электрон ахборот-кутубхона фонди (natlib.uz)га ва ягона электрон кутубхона тизими (unilibrary.uz)га бепул асосда улаш. 3. Соҳага оид хорижий олий таълим ташкилотларининг кутубхона фондига онлайн аъзо бўлиш ва уларнинг рақамли ресурсларидан масофавий фойдаланиш имкониятини яратиш. Комплекс чора-тадбирлар 2027 йил январь Давлат бюджети ва Солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Солиқ олий мактаби III. Сифатли илмий-тадқиқот фаолияти ва халқаро ҳамкорлик учун шарт-шароитлар яратиш 12. Олий мактабнинг Солиққа оид тадқиқотлар маркази фаолиятини ташкил этиш. 1. Солиққа оид тадқиқотлар маркази фаолиятини белгиланган вазифалар асосида йўлга қўйиш. 2. Тадқиқот марказини илмий ва амалий тажрибага эга бўлган етук олим ва мутахассислар билан жамлаш. 3. Фаолиятни амалга ошириш учун зарур жиҳозлар ва бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаш. Комплекс чора-тадбирлар 2026 йил 1 октябрь - Солиқ қўмитаси, Солиқ олий мактаби 13. Олий мактабнинг илмий-амалий журналини таъсис этиш. 1. Талабалар, мустақил изланувчилар ва амалиёт ходимлари учун илмий-амалий журнал таъсис этиш. Комплекс чора-тадбирлар 2027 йил январь - Солиқ қўмитаси, Солиқ олий мактаби, Олий аттестация комиссияси 2. Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан тавсия этилган рўйхатга киритиш орқали журнални мунтазам равишда нашр этишни ташкиллаштириш. 2027 йил январь 3. Журналнинг халқаро миқёсдаги мавқеини кўтариш мақсадида уни етакчи илмий базалар (РИНЦ, DOI, Web of Science Scopus )га босқичма-босқич киритиш, шунингдек, журналнинг алоҳида сонларини хорижий давлатларнинг нуфузли журналлари билан ҳамкорликда нашр этиш. 2027 йил июнь 14. Олий мактабда халқаро ҳамкорликнинг самарали тизимини яратиш. Олий мактабда қуйидагиларни назарда тутувчи халқаро ҳамкорликнинг самарали тизимини яратиш: ходимлар ва профессор-ўқитувчилар таркибининг етакчи хорижий олий таълим муассасаларида малака ошириши ва стажировка ўташини, халқаро (хорижий) илмий-амалий тадбирларда иштирок этишини мунтазам ташкил этиш; ўқув жараёнига юқори малакали хорижий мутахассисларни кенг жалб қилиш; таълим дастурларидан фойдаланган ҳолда ўқитиш ва талабалар алмашинувини ташкил этиш; етакчи хорижий, шу жумладан, халқаро тан олинган рейтингларда биринчи 300 талик рўйхатга кирган олий таълим, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар ва келишувларни тайёрлаш ва имзолаш. Комплекс чора-тадбирлар 2026 йил декабрь - Солиқ қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Солиқ олий мактаби 15. Олий мактабнинг иқтидорли талабаларида илмий-таҳлилий салоҳиятни шакллантириш ва ривожлантириш. Олий мактабнинг кафедралари ихтисослашувидан келиб чиқиб, илмий мактаб ва тўгаракларни, шунингдек, «Ёш солиқчилар клуби»ни ташкил этиш. Комплекс чора-тадбирлар 2026 йил ноябрь - Солиқ олий мактаби 16. Илмий даражали кадрлар тайёрлаш учун стажёр-тадқиқотчилик ва олий таълимдан кейинги таълим институтлари ҳамда фан доктори (PhD, DSc) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш ташкил этиш. 1. Олий мактабнинг устувор илмий-тадқиқот йўналишларини аниқлаш. Комплекс чора-тадбирлар 2026 йил 1 ноябрь - Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Олий аттестация комиссияси, Солиқ қўмитаси, Солиқ олий мактаби 2. Илмий даражали кадрлар тайёрлаш учун стажёр-тадқиқотчилик ва олий таълимдан кейинги таълим институтлари фаолиятини ташкил этиш. 2027 йил 1 март 3. Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолиятини йўлга қўйиш. 2027 йил 1 май IV. Олий мактабнинг моддий-техника базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш 17. Олий мактабга ўз фаолиятини бошлаши учун моддий-техник воситаларни ажратиш. Тошкент шаҳар, Кичик ҳалқа йўли 3 ва 3а-уй манзилларидаги бино ва иншоотларни моддий-техник воситалари билан бирга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Олий мактаб балансига бепул ўтказиб бериш. Комплекс чора-тадбирлар Бир ой муддатда - Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Солиқ олий мактаби 18. Олий мактабнинг моддий-техника базасини шакллантириш. 1. Олий мактабнинг моддий-техника базасини шакллантириш ва харидларни амалга ошириш. 2. Бунда қуйидагиларни назарда тутиш: Комплекс чора-тадбирлар Икки ой муддатда Давлат бюджети ва Солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўқув жараёнини рақамлаштириш учун зарур техник параметрларга эга бўлган серверлар харид қилиш ва ўрнатиш; масофавий (электрон) таълимни ташкил этиш ва видеоконференцалоқалар ўтказиш учун ускуналарни харид қилиш ва ўрнатиш; ўқув жараёнини рақамлаштириш ва масофавий таълимни жорий қилиш учун тегишли дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ёки харид қилиш; Ахборот-ресурс марказини замонавий техника, зарур жиҳозлар ва қўшимча воситалар билан жиҳозлаш, Интернет тармоғига уланиш; Олий мактабнинг расмий веб-сайти ва саҳифасини яратиш; хизмат автотранспорт воситалари билан таъминлаш. Режа асосида 19. Олий мактабга ажратилган бино ва иншоотларни қуриш ва таъмирлаш. 1. Бино ва иншоотларни таъмирлаш, зарур янги бинолар қуриш, жиҳозлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. Лойиҳа-смета ҳужжатлари Икки ой муддатда Давлат бюджети ва Солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 2. Белгиланган тартибда тегишли бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, таъмирлаш, янги бинолар қуриш, жиҳозлаш, зарур мебель жамланмаси, компьютер техникалари билан таъминлаш чораларини кўриш Тегишли шартномалар Режа асосида V. Ёшлар ўртасида молиявий саводхонлик ва солиқ маданиятини ошириш 20. Солиқларни тарғиб қилишга қаратилган кўрик-танловларни ўтказиш. 1. «Солиқ билимдонлари», «Зукко талаба» кўрик-танловлари низомларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Идоравий ҳужжат 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич Давлат бюджети маблағлари Солиқ қўмитаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги 2. Тасдиқланган низомлар асосида кўрик-танловларни иштирокчилар тоифаларига кўра (мактаб ўқувчилари, ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари) алоҳида тартибда ташкил этиш ва ўтказиш. Комплекс чора-тадбирлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 16 июнь,
ПҚ-227-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING
QARORI
TARKIBI
“YOʻL XARITASI”
Soliq sohasida malakali kadrlar tayyorlashning yangi tizimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Soliq sohasida zamonaviy talablar darajasida professional faoliyat yurita oladigan, sunʼiy intellekt hamda raqamli texnologiyalarni samarali qoʻllaydigan yuqori bilimga ega boʻlgan malakali kadrlar va salohiyatli rahbar xodimlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, soliqqa oid ilmiy-tadqiqot faoliyatini yanada rivojlantirish hamda aholining soliq madaniyatini yuksaltirish va tizimli targʻibot ishlarini yoʻlga qoʻyish maqsadida qaror qilaman:
I. Asosiy maqsadlar
1. Quyidagilar ushbu qarorni qabul qilishdan koʻzlangan asosiy maqsadlar etib belgilansin:
(a) soliq sohasida taʼlim, ilm-fan va amaliyot integratsiyasini taʼminlovchi uzluksiz zanjirni yaratish orqali yuqori malakali kadrlar tayyorlashni tizimli yoʻlga qoʻyish;
(b) xalqaro tajriba va zamonaviy taʼlim standartlari talablaridan kelib chiqqan holda soliq sohasida kasbiy kompetensiyani rivojlantirish;
(v) soliq sohasini fundamental, amaliy va innovatsion ilmiy tadqiqotlarni amalga oshirish orqali takomillashtirish;
(g) 2030-yilga qadar Soliq qoʻmitasining oliy taʼlim muassasasidagi pedagog kadrlar ilmiy salohiyatini 60 foizga yetkazish;
(d) soliq organlari uchun har yili kamida 50 nafar sunʼiy intellekt hamda ilgʻor axborot-kommunikatsiya texnologiyalari va avtomatlashtirilgan tahlil uslublari bilan ishlash koʻnikmasiga ega boʻlgan mutaxassislar tayyorlash tizimini yoʻlga qoʻyish.
II. Soliq taʼlimini rivojlantirish va soliq tizimida kadrlar tayyorlashning yangicha modelini joriy etish
2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 19-maydagi “Soliq organlari faoliyatini institutsional jihatdan takomillashtirish va soliq maʼmuriyatchiligida zamonaviy yondashuvlarni joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-95-son Farmoniga asosan:
(a) Soliq qoʻmitasi huzurida Soliq oliy maktabi (keyingi oʻrinlarda — Oliy maktab);
(b) Oliy maktab tarkibida yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan Malaka oshirish va kompetensiyalarni rivojlantirish markazi hamda Soliqqa oid tadqiqotlar markazi tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
3. Belgilab qoʻyilsinki:
(a) Oliy maktab Soliq qoʻmitasi huzuridagi alohida yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan, soliq organlari uchun kadrlar tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, shuningdek, soliq sohasida fundamental hamda ilmiy-amaliy tadqiqotlar olib boruvchi respublikaning bazaviy ilmiy-metodik markazi va tayanch davlat oliy taʼlim muassasasi hisoblanadi;
(b) Oliy maktabga qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilangan akademik, moliyaviy va tashkiliy mustaqillikka oid tartib-taomillar tatbiq etiladi;
(v) Oliy maktabda:
(i) 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab oʻqish davomiyligi kamida uch yil boʻlgan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga talabgorlar oʻqishga qabul qilinadi;
(ii) 2027/2028 oʻquv yilidan boshlab magistratura va oliy taʼlimdan keyingi taʼlim bosqichi joriy etiladi;
(g) Oliy maktabda soliqlar va soliqqa tortish, raqamli soliq maʼmurchiligi, soliq huquqi va moliyaviy nazorat kabi yoʻnalishlarda kadrlarni tayyorlash yoʻlga qoʻyiladi;
(d) Oliy maktab bitiruvchilariga davlat namunasidagi diplom bilan birga soliq maslahatchisi va auditor malaka sertifikatini olish uchun oʻquv kurslarini oʻtaganligi toʻgʻrisidagi hujjat beriladi;
(j) buxgalteriya hisobi va audit sohasidagi xalqaro tashkilotlarning sertifikatlarini (ACCA, DipIFR, CAP/CIPA, CIA, ASA) olgan Oliy maktab talabalariga ushbu sertifikatlarni olish boʻyicha oʻqish xarajatlari Oliy maktab tomonidan qoplanadi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasi (A. Aripov) 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab:
(a) har yili davlat oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilishning davlat buyurtmasi parametrlariga qoʻshimcha ravishda Oliy maktab uchun davlat granti boʻyicha 50 ta, lekin umumiy qabul kvotasining 50 foizidan oshmagan miqdorda qabul kvotalarini ajratib borsin;
(b) soliqlar va soliqqa tortish yoʻnalishi boʻyicha davlat buyurtmasining ustuvor ravishda Oliy maktabga ajratilishini taʼminlasin.
5. Quyidagilar:
(a) Soliq qoʻmitasi huzuridagi Soliq oliy maktabining asosiy vazifa va faoliyat yoʻnalishlari 1-ilovaga muvofiq;
(b) Soliq qoʻmitasi huzuridagi Soliq oliy maktabi Soliqqa oid tadqiqotlar markazining asosiy vazifalari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
6. Belgilansinki, Soliqqa oid tadqiqotlar markazida:
(a) sunʼiy intellekt yoʻnalishi boʻyicha raqamli soliq maʼmurchiligi innovatsion laboratoriyasi tashkil etiladi;
(b) soliq siyosati va maʼmurchiligini takomillashtirish hamda xufiyona iqtisodiyotni qisqartirish yuzasidan axborot-tahliliy va ilmiy tadqiqotlar amalga oshiriladi;
(v) soliq sohasida ilgʻor xalqaro tajriba, zamonaviy yutuqlar va amaliyotdan foydalanish asosida tashabbuslar tayyorlanadi;
(g) soliq sohasidagi ilmiy izlanishlarni umumiy muvofiqlashtirish, soliq islohotlarining iqtisodiyotga taʼsirini baholash hamda “aql markazlari” bilan hamkorlik yoʻlga qoʻyiladi.
7. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 2027-yildan boshlab Oliy maktabga soliq sohasida ilmiy tadqiqotlarni amalga oshirish maqsadida akkreditatsiyadan oʻtgan ixtisosliklar boʻyicha tayanch doktorantura va doktoranturaga qabul kvotalari ajratilishini nazarda tutsin.
8. Soliq organlarida xizmatni oʻtash tartibiga quyidagilarni nazarda tutuvchi uzluksiz oʻquv tizimi joriy etilsin:
(a) 2026-yil 1-avgustdan boshlab Oliy maktabda soliq organlari xodimlarining uch yilda kamida bir marta malaka oshirish tizimini yoʻlga qoʻyish;
(b) soliq organlariga birinchi marta ishga qabul qilingan (bundan Oliy maktab bitiruvchilari mustasno) mansabdor shaxslarni soliq qonunchiligi va maʼmurchiligi, shuningdek, ish yuritishni tashkil etish asoslari boʻyicha davomiyligi uch oygacha boʻlgan maxsus moslashishga koʻmaklashish (onboarding) oʻquv kursida oʻqitish;
(v) soliq organlarining tegishli tuzilma rahbarligiga, shuningdek, soliq inspeksiyasi va soliq boshqarmasi boshligʻi lavozimlariga zaxiraga olingan xodimlarni kamida ikki hafta muddatda malaka oshirish kurslarida oʻqitish;
(g) soliq organlari xodimlarini bir tarkibiy tuzilmadan boshqasiga rotatsiya qilish yoki oʻtkazishda ularni ishdan ajralmagan holda bir haftalik qisqa muddatli malaka oshirish kurslarida qayta tayyorlash.
9. Soliq sohasida taʼlim va targʻibot ishlarini rivojlantirish hamda aholining soliq madaniyatini yuksaltirish maqsadida Jamiyatda soliq taʼlimi va targʻibotini rivojlantirish boʻyicha respublika kengashi (keyingi oʻrinlarda — Respublika kengashi) 3-ilovaga muvofiq tarkibda tashkil etilsin hamda uning asosiy vazifalari 4-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
10. Respublika kengashi (A. Aripov) har olti oyda kamida bir marta soliq taʼlimi va targʻibotini rivojlantirish yuzasidan amalga oshirilayotgan ishlarni muhokama qilib, kelgusidagi vazifalarni belgilab borsin.
11. Soliq qoʻmitasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda:
(a) ikki oy muddatda har bir hududda kamida bittadan soliq sohasida kengaytirilgan taʼlim beriladigan maktablar roʻyxatini shakllantirsin va tasdiqlasin;
(b) soliq madaniyati va moliyaviy savodxonlikni yoshlikdan shakllantirish maqsadida mazkur bandning “a” kichik bandiga muvofiq tasdiqlangan maktablarga hududiy soliq organlarini biriktirgan holda har oyda darsdan tashqari vaqtlarda toʻgarak va oʻquv mashgʻulotlarini tashkil qilib borsin.
12. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, Soliq qoʻmitasi hamda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ushbu qarorning 11-bandiga muvofiq tasdiqlangan maktablarning moddiy-texnika bazasini mustahkamlash va oʻquvchilarning kasbiy motivatsiyasini oshirish choralarini koʻrsin.
13. Soliq qoʻmitasi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Yoshlar ishlari agentligining quyidagi takliflariga rozilik berilsin:
(a) maktab, oʻrta maxsus va kasbiy taʼlim muassasalari oʻquvchilari hamda oliy taʼlim muassasalari talabalari oʻrtasida har yili “Soliq bilimdonlari” koʻrik-tanlovlarini oʻtkazish;
(b) “Soliq bilimdonlari” koʻrik-tanlovining respublika bosqichi gʻoliblarini ularning ixtiyoriga koʻra Oliy maktabga imtiyozli yoʻllanma asosida oʻqishga qabul qilish.
14. Soliq sohasida malakali kadrlarni tayyorlashning yangi tizimini joriy etish boʻyicha “yoʻl xaritasi” 5-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
III. Moliyaviy resurslar
15. Quyidagilar Oliy maktab va uning huzuridagi muassasalar faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
(a) Davlat budjeti mablagʻlari, toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
(b) xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;
(v) Soliq qoʻmitasining Moddiy yordam, ijtimoiy himoya, soliq organlarini rivojlantirish va koʻzda tutilmagan xarajatlar maxsus jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Maxsus jamgʻarma) mablagʻlari;
(g) homiylik xayriyalari va grantlar;
(d) xalqaro moliya institutlari, xalqaro va xorijiy tashkilotlar mablagʻlari;
(j) qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
16. Belgilansinki:
(a) Oliy maktab faoliyatini moliyalashtirish 2026-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Soliq qoʻmitasiga ajratiladigan mablagʻlar va Maxsus jamgʻarma mablagʻlari, 2027-yildan boshlab esa Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi;
(b) soliq organlari xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish xarajatlari Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
17. Belgilab qoʻyilsinki:
(a) Oliy maktab rektori, prorektorlari, fakultet dekanlari, dekan oʻrinbosarlari va professor-oʻqituvchilari lavozim maoshlari — oliy taʼlim muassasalarining, oʻquv jarayoni bilan bogʻliq boʻlim boshliqlari lavozim maoshlari — kafedra mudiri, ilmiy xodimlarining lavozim maoshlari esa ilmiy-tadqiqot muassasalarining tegishli xodimlari mehnatiga haq toʻlash boʻyicha bazaviy lavozim maoshlari miqdorida belgilanadi;
(b) Oliy maktab boshqaruv (bundan oʻquv jarayoni bilan bogʻliq boʻlim boshliqlari mustasno), texnik, xizmat koʻrsatuvchi, oʻquv-yordamchi va boshqa xodimlarining lavozim maoshlari Soliq qoʻmitasi markaziy apparatining tegishli lavozimlari uchun nazarda tutilgan mehnatga haq toʻlash miqdorlarida belgilanadi;
(v) Oliy maktabning rahbar, boshqaruv xodimlari va professor-oʻqituvchilari tarkibiga Soliq qoʻmitasi markaziy apparati xodimlarining tegishli toifalari uchun xizmatni oʻtash va mukofotlarni toʻlash tartiblari tatbiq etiladi;
(g) Oliy maktab va uning huzuridagi muassasalarning fan nomzodi yoki falsafa doktori (PhD) ilmiy darajasiga ega boʻlgan xodimlariga har oyda lavozim maoshining oʻttiz foizi miqdorida, fan doktori (DSs) ilmiy darajasiga ega xodimlariga lavozim maoshining oltmish foizi miqdorida ustamalar belgilanadi.
18. Oliy maktab va uning huzuridagi muassasalarning bino va inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash ishlari boʻyicha Toshkent shahar hokimligi huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasi” davlat muassasasi hamda jihozlash ishlari boʻyicha Oliy maktab buyurtmachi etib belgilansin.
19. Soliq qoʻmitasi Maxsus jamgʻarma mablagʻlari hisobidan Oliy maktab va uning huzuridagi muassasalarni zarur kompyuter va texnik vositalar bilan jihozlashni, ularning bino va inshootlarini rekonstruksiya qilishni, loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish va ekspertizadan oʻtkazishni taʼminlasin.
IV. Qaror ijrosini tashkil etish, taʼminlash va nazorat
20. Soliq qoʻmitasi ikki oy muddatda:
(a) Oliy maktab faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyish, bino va inshootlarini qurish hamda rekonstruksiya qilish, moddiy-texnika bazasini shakllantirish va boshqa tashkiliy masalalar boʻyicha takliflarni;
(b) Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
21. Mazkur qarorning ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsan javobgar etib Bosh vazir oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov va Soliq qoʻmitasi raisi F.J. Pulatov belgilansin.
22. Qaror ijrosini muhokama qilib borish, ijro uchun masʼul idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 16-iyundagi PQ-227-son qaroriga 1-ILOVA
Soliq qoʻmitasi huzuridagi Soliq oliy maktabining asosiy vazifa va faoliyat yoʻnalishlari
1. Soliq sohasi uchun oliy maʼlumotli mutaxassislar tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, shuningdek, oliy taʼlimdan keyingi taʼlim bosqichida yuqori malakali ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlar salohiyatini rivojlantirish.
2. Taʼlim jarayonini ilgʻor xorijiy tajriba va zamonaviy taʼlim texnologiyalari asosida tashkil etish, nazariya va amaliyot uzviyligini taʼminlash.
3. Kadrlar tayyorlash borasida xorijiy davlatlarning soliq organlari va oʻquv muassasalari bilan tajriba almashish hamda oʻquv-taʼlim jarayoniga xorijiy olimlar va mutaxassislarni jalb qilish.
4. Buxgalteriya hisobi va moliyaviy hisobotning zamonaviy uslublari, maʼlumotlarni tahlil qilish texnologiyalari hamda soliq maʼmurchiligida ilgʻor axborot tizimlaridan foydalanish koʻnikmalariga ega boʻlgan yuqori malakali kadrlarni tayyorlash.
5. Soliq organlari uchun ilgʻor axborot-kommunikatsiya texnologiyalari va avtomatlashtirilgan tahlil uslublari bilan ishlash koʻnikmasiga ega boʻlgan mutaxassislar tayyorlash tizimini yoʻlga qoʻyish.
6. Soliq idoralariga birinchi marta ishga qabul qilingan, rahbarlik lavozimlariga zaxiraga olingan hamda bir tarkibiy tuzilmadan boshqasiga rotatsiya qilinayotgan yoki oʻtkazilayotgan shaxslarni soliq qonunchiligi va maʼmurchiligi, shuningdek, ish yuritishni tashkil etish asoslari boʻyicha maxsus moslashishga koʻmaklashish oʻquv kurslarida oʻqitish.
7. Oʻquv dasturlariga Python, SQL va Business Intelligence (BI) texnologiyalari vositasida katta hajmdagi maʼlumotlarni tahlil qilishga yoʻnaltirilgan chuqurlashtirilgan maxsus modullarni tatbiq etish.
8. Talabalar uchun soliq organlarida har yili kamida bir oylik majburiy malakaviy amaliyot tizimini yoʻlga qoʻyish, tajribali xodimlarni “ustoz-shogird” anʼanasi asosida taʼlim jarayoniga tizimli jalb etish.
9. Taʼlim jarayonini milliy, mintaqaviy va global integratsiya tamoyillari asosida tashkil etish, turli davlatlarning soliq tizimlarini chuqur oʻrganish, shuningdek, xalqaro moliyaviy hisobot standartlari boʻyicha amaliy koʻnikmalarni shakllantirishga qaratilgan oʻquv jarayonlarini keng joriy etish.
10. “Soliqchi — koʻmakchi” tamoyili asosida soliq xizmati tizimini rivojlantirish va soliq qonunchiligini takomillashtirishga qaratilgan takliflar ishlab chiqish.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 16-iyundagi PQ-227-son qaroriga 2-ILOVA
Soliq qoʻmitasi huzuridagi Soliq oliy maktabi Soliqqa oid tadqiqotlar markazining asosiy vazifalari
1. Soliq siyosati va maʼmurchiligini ilmiy-tahliliy jihatdan qoʻllab-quvvatlash, sohani takomillashtirish hamda iqtisodiyotdagi xufiyona aylanmalarni qisqartirish boʻyicha ilmiy asoslangan taklif va uslubiy ishlanmalar ishlab chiqish.
2. Soliq qonunchiligini amalda qoʻllash jarayonidagi boʻshliq va qarama-qarshiliklarni aniqlash hamda ularni bartaraf etishga qaratilgan takliflar tayyorlash.
3. Ilgʻor xorijiy davlatlarning soliq sohasidagi qonunchiligi va amaliyotini oʻrganish asosida milliy soliq tizimini takomillashtirish yuzasidan takliflar ishlab chiqish.
4. Soliqqa tortish va moliyaviy nazorat sohalarida tadqiqotlar olib borish, ularning natijalari asosida soliq organlari faoliyati samaradorligini oshirishga qaratilgan innovatsion ishlanma va loyihalarni amaliyotga tatbiq etish.
5. Soliq sohasidagi ilmiy izlanishlarni muvofiqlashtirish, amalga oshirilayotgan soliq islohotlarining iqtisodiyotga taʼsirini kompleks baholash hamda mahalliy va xorijiy “aql markazlari” (think tanks) bilan tizimli hamkorlikni yoʻlga qoʻyish.
6. Sunʼiy intellekt texnologiyalari asosida “raqamli soliq maʼmuriyatchiligi” innovatsion laboratoriyasini tashkil etish hamda xizmat koʻrsatish va soliq nazoratida yuqori texnologik jarayonlarni qoʻllash boʻyicha tavsiyalarni ishlab chiqish.
7. Soliq sohasidagi ilmiy loyihalarni amalga oshirishda respublikaning yetakchi ilmiy va taʼlim muassasalari bilan integratsiyani taʼminlash, qoʻshma tadqiqotlar oʻtkazish va ilmiy ishlanmalar bazasini shakllantirish.
8. Xalqaro soliqqa tortishning dolzarb masalalari, shu jumladan, transfer narxlarni belgilashda soliq nazorati va raqamli iqtisodiyot subyektlarini soliqqa tortish boʻyicha milliy uslubiyot va reglamentlarni ishlab chiqish.
9. Oʻzbekistondagi ijtimoiy-iqtisodiy islohotlarning borishiga oid tahliliy materiallar va ilmiy maqolalarni chop etadigan jurnal hamda ilmiy toʻplamlar tayyorlash.
10. Iqtisodiyot tarmoqlari kesimida resurslar sarfi, ishlab chiqarish hajmi, moliyaviy natijalar va soliq koʻrsatkichlarini oʻzaro tahlil qilish uchun analitik instrumentlarni ishlab chiqish.
11. Soliq xavflarini baholash va yashirin iqtisodiyot holatlarini aniqlashning ilmiy asoslangan usullari va indikatorlarini ishlab chiqish, ularni soliq organlari amaliyotiga joriy etish hamda metodik qoʻllab-quvvatlash.
12. Soliq siyosatining iqtisodiyotga taʼsirini kompleks baholash, soliqlarni undirish xarajatlarini baholash metodologiyasini ishlab chiqish va imtiyozlarning budjet tushumlariga taʼsirini ekonometrik modellashtirish.
13. Oʻz vakolatlari doirasida xalqaro tuzilma va tashkilotlar bilan hamkorlik qilishda ishtirok etish.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 16-iyundagi PQ-227-son qaroriga 3-ILOVA
Jamiyatda soliq taʼlimi va targʻibotini rivojlantirish boʻyicha respublika kengashi
1. A.N. Aripov — Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri, Kengash raisi 2. F.J. Pulatov — Soliq qoʻmitasi raisi, Kengash raisi oʻrinbosari 3. E.F. Gadoyev — Oliy Majlis Senatining Budjet va iqtisodiy masalalar qoʻmitasi raisi (kelishuv asosida) 4. Sh.X. Nazarov — Oliy Majlis Qonunchilik palatasining Budjet va iqtisodiy masalalar qoʻmitasi raisi (kelishuv asosida) 5. K.A. Sharipov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri 6. E.G. Karimova — maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri 7. A.Yu. Mavlonov — Bojxona qoʻmitasi raisi 8. A.Ya. Xaydarov — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari 9. D.A. Vaxabov — Savdo-sanoat palatasi raisi 10. N.F. Karimov — Oʻzbekiston auditorlar palatasi kengashi raisi 11. M.M. Tulaxodjayeva — Oʻzbekiston buxgalterlar va auditorlar milliy assotsiatsiyasi kengashi raisi 12. B.S. Nabijonov — Oʻzbekiston soliq maslahatchilari palatasi boshqaruvi raisi 13. M.M. Perper — Oʻzbekiston sertifikatlangan moliya mutaxassislari uyushmasi (ACFP) raisi 14. A.Z. Saʼdullayev — Yoshlar ishlari agentligi direktori 15. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlari 16. Lavozimiga koʻra — Soliq qoʻmitasi huzuridagi Soliq oliy maktabi rektori, Kengash kotibi
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 16-iyundagi PQ-227-son qaroriga 4-ILOVA
Jamiyatda soliq taʼlimi va targʻibotini rivojlantirish boʻyicha respublika kengashining asosiy vazifalari
1. Soliq taʼlimi va targʻiboti sohasida ustuvor yoʻnalishlarni ishlab chiqish va shu asosda belgilangan vazifalarni amalga oshirishni muvofiqlashtirish.
2. Soliq taʼlimi va targʻiboti sohasida davlat organlari, taʼlim muassasalari, ommaviy axborot vositalari va jamoat tashkilotlari oʻrtasida samarali hamkorlikni taʼminlash.
3. Soliq organlarining tajribali xodimlari, sertifikatlangan soliq maslahatchilari va soha mutaxassislaridan iborat “milliy maʼruzachilar reyestri”ni shakllantirish va tasdiqlash.
4. Aholi va tadbirkorlik subyektlari uchun soliq majburiyatlarini ixtiyoriy bajarishni ragʻbatlantiruvchi iqtisodiy mexanizmlarni ishlab chiqish.
5. Har yili avgust oyining birinchi oʻn kunligida respublikada “soliq haftaligi” targʻibot tadbirini tashkil etish orqali soliqlar boʻyicha aholi xabardorligini oshirish, soliqlarning iqtisodiy va ijtimoiy mohiyatini tushuntirish va “Men toʻlagan soliq — mening kelajagim” gʻoyasini singdirish.
6. Soliq sohasiga oid oʻquv adabiyotlarini yangilash, oʻquvchilarning yosh toifasidan kelib chiqib, soddalashtirilgan va qiziqarli (interaktiv) oʻquv qoʻllanmalari hamda media-materiallar ishlab chiqishni tashkil etish.
7. Soliq sohasida raqamli taʼlim va sunʼiy intellekt imkoniyatlaridan keng foydalanish hamda axborot platformalarini rivojlantirish boʻyicha chora-tadbirlarni belgilash.
8. Umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va oliy taʼlim muassasalarida “soliq savodxonligi” darslarini hamda oʻquvchilar va oliy taʼlim muassasalari talabalari oʻrtasida tegishli tartibda “Soliq bilimdonlari” va “Zukko talaba” kabi koʻrik-tanlovlarini oʻtkazish orqali soliq targʻibotini keng yoʻlga qoʻyish.
9. Soliq tarixini oʻrgatish va soliq toʻlash madaniyatini yoshlikdan singdirish maqsadida Soliq oliy maktabida “Soliq muzeyi”ni va tuman (shahar)larda kamida 1 tadan oʻrta taʼlim maktablarida jihozlangan “soliq sinfi”ni tashkil etish.
10. Soliq madaniyatini oshirishga qaratilgan tashabbuslar, ilmiy tadqiqotlar va ijtimoiy loyihalarni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha chora-tadbirlarni belgilash.
11. Mehnat jamoalari va jamoat maskanlarida “Toʻlangan soliq — farovonlik asosi”, “Soliq — davlat tayanchi” kabi mavzularda ochiq muloqotlar, seminar va treninglar tashkil etish hamda soliq tushumlarining aniq ijtimoiy loyihalarga yoʻnaltirilishini oddiy va xalqchil tilda tushuntirish.
12. “Mahalla yettiligi” orqali soliqlar mohiyatini, imtiyoz va preferensiyalar imkoniyatlarini tushuntirish, faoliyatni legallashtirish hamda soliq toʻlashni aholi farovonligi, mahalla va yurt obodligiga yoʻnaltirilgan ijtimoiy masʼuliyat sifatida keng targʻib qilish.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 16-iyundagi PQ-227-son qaroriga 5-ILOVA
Soliq sohasida malakali kadrlarni tayyorlashning yangi tizimini joriy etish boʻyicha
T/r Chora-tadbirlar nomi Amalga oshirish mexanizmi Amalga oshirish shakli Ijro muddatlari Moliyalashtirish manbalari Masʼul ijrochilar I. Soliq oliy maktabi faoliyatini tashkil etish 1. Soliq oliy maktabini (keyingi oʻrinlarda — Oliy maktab) davlat roʻyxatidan oʻtkazish va uning tuzilmasini tasdiqlash. Oliy maktab ustavini ishlab chiqish va tasdiqlash, davlat roʻyxatidan oʻtkazish, shtat jadvalini ishlab chiqish va tasdiqlash. Amaliy chora-tadbirlar Bir oy muddatda - Soliq qoʻmitasi, Soliq oliy maktabi 2. Oliy maktabning Kuzatuv kengashi tarkibini tasdiqlash. Oliy maktab Kuzatuv kengashi tarkibini shakllantirish, tasdiqlash hamda uning boshqaruv va nazorat boʻyicha vakolatlarini belgilash. Muassislarning umumiy yigʻilishi qarori Ikki oy muddatda - Soliq qoʻmitasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Soliq oliy maktabi 3. Oliy maktab va uning tarkibiy tuzilmalarini ilmiy salohiyat va amaliy tajribaga ega pedagog kadrlar bilan toʻldirish. Oliy maktabga iqtisodiyot tarmoqlarida, jumladan, soliq sohasida katta ilmiy-amaliy tajribaga ega malakali mutaxassislar, shuningdek, oʻqitishning zamonaviy shakllari va usullarini qoʻllay oladigan xodimlarni ishga qabul qilish va mehnat shartnomalarini belgilangan tartibda rasmiylashtirish. Amaliy chora-tadbirlar 2026-yil 1-avgust - Soliq qoʻmitasi, Soliq oliy maktabi 4. Oliy maktabda xodimlar va professor-oʻqituvchilar tarkibini moddiy qoʻllab-quvvatlash va ragʻbatlantirish tizimini yoʻlga qoʻyish. Oliy maktabning boshqaruv, ilmiy va professor-oʻqituvchilari tarkibi, shuningdek, oʻquv-yordamchi xodimlariga ularning ish natijalariga muvofiq har oylik shaxsiy ustamalarni oʻrnatishning tartibi va mezonlarini belgilash. Ichki idoraviy hujjat Ikki oy muddatda - Soliq qoʻmitasi, Soliq oliy maktabi 5. Oliy maktab bitiruvchilarini soliq organlariga ishga yoʻnaltirish va joylashtirish tizimini joriy etish. 1. Oliy maktab bitiruvchilarini soliq organlariga ishga yoʻnaltirish va joylashtirish boʻyicha hamkorlikni yoʻlga qoʻyish. 2. Oliy maktab bitiruvchilarini soliq organlariga ishga yoʻnaltirish va joylashtirish tartibini ishlab chiqish hamda tasdiqlash. Ichki idoraviy hujjat 2026-yil dekabr - Soliq qoʻmitasi, Boshqaruv samaradorligi agentligi II. Oʻquv-uslubiy faoliyatni tashkil etish 6. Soliq sohasida mutaxassislarni tayyorlash jarayonlarini tashkil etish. 1. Soliq sohasida taʼlim yoʻnalishlarini (mutaxassisliklarni) belgilash. 2. 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab tashkil etiladigan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha qabul parametrlarini shakllantirish. Kompleks chora-tadbirlar 2026-yil iyun - Soliq qoʻmitasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Soliq oliy maktabi 3. Taʼlim standartlari, davlat taʼlim talablari, malaka talablarini inobatga olgan holda xalqaro reytinglarda top-300 talikka kirgan oliy taʼlim tashkilotlarining tajribalari asosida oʻquv rejalari va dasturlarini ishlab chiqish. 2027-yil avgust 7. Oʻquv jarayonini raqamlashtirish. 1. Oliy maktabda masofaviy taʼlimni tashkil etish uchun tarmoq va server qurilmalari, tegishli zaruriy qismlar va uskunalar, qurilmalar va dasturiy mahsulotlarni xarid qilish va oʻrnatish. 2. Oliy maktab xodimlari va oʻquv auditoriyalarini zamonaviy kompyuter, interfaol panellar, video-konferensaloqa jihozlari, dasturiy taʼminotlar, ofis texnikalari bilan taʼminlash. 3. Oliy maktabni kerakli aloqa, shu jumladan, hukumat aloqasi bilan, uning internet tarmogʻiga keng polosali kirish bilan taʼminlash. 4. “Elektron taʼlim” milliy tarmogʻiga ulanishini taʼminlash. Kompleks chora-tadbirlar 2027-yil yanvar Davlat budjeti va Soliq qoʻmitasining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlari Soliq qoʻmitasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, Soliq oliy maktabi 8. Taʼlimning soliq maʼmurchiligi amaliyoti bilan uzviy bogʻliqligini taʼminlash. 1. Soliq tizimidagi dasturiy mahsulotlar va avtomatlashtirilgan axborot tizimlarining oʻquv-trenajyor versiyalarini yaratish va Oliy maktab serverlariga oʻrnatish. Ichki idoraviy hujjat 2026-yil 1-avgust Soliq qoʻmitasining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlari Soliq qoʻmitasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, Soliq oliy maktabi 2. Raqamli soliq maʼmuriyatchiligi kiberlaboratoriyasini tashkil etish, oʻquv jarayonida shakllantirishga moʻljallangan “savdo nuqtasi”, “xizmat koʻrsatish obyekti”, “ishlab chiqarish korxonasi” kabi vaziyatli-imitatsion va virtual poligonlarni tashkil etish. Kompleks chora-tadbirlar 9. Fanlarning oʻquv-uslubiy taʼminotini taʼminlash. Oʻquv rejalariga kiritilgan fanlar boʻyicha yangi avlod darsliklari, oʻquv va oʻquv-amaliy qoʻllanmalarni tayyorlash. Kompleks chora-tadbirlar 2027-yil may Davlat budjeti va Soliq qoʻmitasining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlari Soliq oliy maktabi, Soliq qoʻmitasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 10. Taʼlim dasturlariga xalqaro tashkilotlarning malaka sertifikatlari boʻyicha kasbiy koʻnikmalarini kiritish. Buxgalteriya hisobi va audit sohasidagi xalqaro tashkilotlarning malaka sertifikatlari boʻyicha maxsus bilimlarni oʻzlashtirishga doir fanlarni joriy etish. Amaliy chora-tadbirlar 2027-yil avgust - Soliq qoʻmitasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 11. Oliy maktabning Axborot-resurs markazi fondini shakllantirish va elektron axborot-kutubxona fondlaridan foydalanish imkoniyatini yaratish. 1. Axborot-resurs markazi fondini zamonaviy oʻquv, ilmiy va boshqa adabiyotlar bilan toʻldirish va boyitib borish. 2. Axborot-resurs markazini A. Navoiy nomidagi Milliy kutubxonaning elektron axborot-kutubxona fondi (natlib.uz)ga va yagona elektron kutubxona tizimi (unilibrary.uz)ga bepul asosda ulash. 3. Sohaga oid xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarining kutubxona fondiga onlayn aʼzo boʻlish va ularning raqamli resurslaridan masofaviy foydalanish imkoniyatini yaratish. Kompleks chora-tadbirlar 2027-yil yanvar Davlat budjeti va Soliq qoʻmitasining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlari Soliq qoʻmitasi, Oʻzbekiston Milliy kutubxonasi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Soliq oliy maktabi III. Sifatli ilmiy-tadqiqot faoliyati va xalqaro hamkorlik uchun shart-sharoitlar yaratish 12. Oliy maktabning Soliqqa oid tadqiqotlar markazi faoliyatini tashkil etish. 1. Soliqqa oid tadqiqotlar markazi faoliyatini belgilangan vazifalar asosida yoʻlga qoʻyish. 2. Tadqiqot markazini ilmiy va amaliy tajribaga ega boʻlgan yetuk olim va mutaxassislar bilan jamlash. 3. Faoliyatni amalga oshirish uchun zarur jihozlar va boshqa moddiy-texnika vositalari bilan taʼminlash. Kompleks chora-tadbirlar 2026-yil 1-oktabr - Soliq qoʻmitasi, Soliq oliy maktabi 13. Oliy maktabning ilmiy-amaliy jurnalini taʼsis etish. 1. Talabalar, mustaqil izlanuvchilar va amaliyot xodimlari uchun ilmiy-amaliy jurnal taʼsis etish. Kompleks chora-tadbirlar 2027-yil yanvar - Soliq qoʻmitasi, Soliq oliy maktabi, Oliy attestatsiya komissiyasi 2. Fanlar akademiyasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi tomonidan tavsiya etilgan roʻyxatga kiritish orqali jurnalni muntazam ravishda nashr etishni tashkillashtirish. 2027-yil yanvar 3. Jurnalning xalqaro miqyosdagi mavqeyini koʻtarish maqsadida uni yetakchi ilmiy bazalar (RINS, DOI, Web of Science Scopus )ga bosqichma-bosqich kiritish, shuningdek, jurnalning alohida sonlarini xorijiy davlatlarning nufuzli jurnallari bilan hamkorlikda nashr etish. 2027-yil iyun 14. Oliy maktabda xalqaro hamkorlikning samarali tizimini yaratish. Oliy maktabda quyidagilarni nazarda tutuvchi xalqaro hamkorlikning samarali tizimini yaratish: xodimlar va professor-oʻqituvchilar tarkibining yetakchi xorijiy oliy taʼlim muassasalarida malaka oshirishi va stajirovka oʻtashini, xalqaro (xorijiy) ilmiy-amaliy tadbirlarda ishtirok etishini muntazam tashkil etish; oʻquv jarayoniga yuqori malakali xorijiy mutaxassislarni keng jalb qilish; taʼlim dasturlaridan foydalangan holda oʻqitish va talabalar almashinuvini tashkil etish; yetakchi xorijiy, shu jumladan, xalqaro tan olingan reytinglarda birinchi 300 talik roʻyxatga kirgan oliy taʼlim, ilmiy-tadqiqot va axborot-tahlil muassasalari bilan oʻzaro hamkorlik boʻyicha memorandumlar va kelishuvlarni tayyorlash va imzolash. Kompleks chora-tadbirlar 2026-yil dekabr - Soliq qoʻmitasi, Tashqi ishlar vazirligi, Soliq oliy maktabi 15. Oliy maktabning iqtidorli talabalarida ilmiy-tahliliy salohiyatni shakllantirish va rivojlantirish. Oliy maktabning kafedralari ixtisoslashuvidan kelib chiqib, ilmiy maktab va toʻgaraklarni, shuningdek, “Yosh soliqchilar klubi”ni tashkil etish. Kompleks chora-tadbirlar 2026-yil noyabr - Soliq oliy maktabi 16. Ilmiy darajali kadrlar tayyorlash uchun stajyor-tadqiqotchilik va oliy taʼlimdan keyingi taʼlim institutlari hamda fan doktori (PhD, DSc) ilmiy darajasini beruvchi ilmiy kengash tashkil etish. 1. Oliy maktabning ustuvor ilmiy-tadqiqot yoʻnalishlarini aniqlash. Kompleks chora-tadbirlar 2026-yil 1-noyabr - Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Oliy attestatsiya komissiyasi, Soliq qoʻmitasi, Soliq oliy maktabi 2. Ilmiy darajali kadrlar tayyorlash uchun stajyor-tadqiqotchilik va oliy taʼlimdan keyingi taʼlim institutlari faoliyatini tashkil etish. 2027-yil 1-mart 3. Ilmiy darajalar beruvchi ilmiy kengashlar faoliyatini yoʻlga qoʻyish. 2027-yil 1-may IV. Oliy maktabning moddiy-texnika bazasini shakllantirish va mustahkamlash 17. Oliy maktabga oʻz faoliyatini boshlashi uchun moddiy-texnik vositalarni ajratish. Toshkent shahar, Kichik halqa yoʻli 3 va 3a-uy manzillaridagi bino va inshootlarni moddiy-texnik vositalari bilan birga operativ boshqaruv huquqi asosida Oliy maktab balansiga bepul oʻtkazib berish. Kompleks chora-tadbirlar Bir oy muddatda - Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, Soliq oliy maktabi 18. Oliy maktabning moddiy-texnika bazasini shakllantirish. 1. Oliy maktabning moddiy-texnika bazasini shakllantirish va xaridlarni amalga oshirish. 2. Bunda quyidagilarni nazarda tutish: Kompleks chora-tadbirlar Ikki oy muddatda Davlat budjeti va Soliq qoʻmitasining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlari Soliq qoʻmitasi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻquv jarayonini raqamlashtirish uchun zarur texnik parametrlarga ega boʻlgan serverlar xarid qilish va oʻrnatish; masofaviy (elektron) taʼlimni tashkil etish va videokonferensaloqalar oʻtkazish uchun uskunalarni xarid qilish va oʻrnatish; oʻquv jarayonini raqamlashtirish va masofaviy taʼlimni joriy qilish uchun tegishli dasturiy mahsulotlarni ishlab chiqish yoki xarid qilish; Axborot-resurs markazini zamonaviy texnika, zarur jihozlar va qoʻshimcha vositalar bilan jihozlash, Internet tarmogʻiga ulanish; Oliy maktabning rasmiy veb-sayti va sahifasini yaratish; xizmat avtotransport vositalari bilan taʼminlash. Reja asosida 19. Oliy maktabga ajratilgan bino va inshootlarni qurish va taʼmirlash. 1. Bino va inshootlarni taʼmirlash, zarur yangi binolar qurish, jihozlash boʻyicha takliflar ishlab chiqish. Loyiha-smeta hujjatlari Ikki oy muddatda Davlat budjeti va Soliq qoʻmitasining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlari Soliq qoʻmitasi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi 2. Belgilangan tartibda tegishli bino va inshootlarni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash, yangi binolar qurish, jihozlash, zarur mebel jamlanmasi, kompyuter texnikalari bilan taʼminlash choralarini koʻrish Tegishli shartnomalar Reja asosida V. Yoshlar oʻrtasida moliyaviy savodxonlik va soliq madaniyatini oshirish 20. Soliqlarni targʻib qilishga qaratilgan koʻrik-tanlovlarni oʻtkazish. 1. “Soliq bilimdonlari”, “Zukko talaba” koʻrik-tanlovlari nizomlarini ishlab chiqish va tasdiqlash. Idoraviy hujjat 2027/2028 oʻquv yilidan boshlab bosqichma-bosqich Davlat budjeti mablagʻlari Soliq qoʻmitasi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi 2. Tasdiqlangan nizomlar asosida koʻrik-tanlovlarni ishtirokchilar toifalariga koʻra (maktab oʻquvchilari, oʻrta maxsus va kasbiy taʼlim muassasalari oʻquvchilari, oliy taʼlim muassasalari talabalari) alohida tartibda tashkil etish va oʻtkazish. Kompleks chora-tadbirlar
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2026-yil 16-iyun,
PQ-227-son