UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 13-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 13 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 мая 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 May 2026 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ўзбЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (19-сонли БҲС) «Даромад»ни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 161-моддасига мувофиқ ва бюджет ҳисобини давлат секторида бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (19-сонли БҲС) «Даромад» 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 13 майдаги 363-сон буйруғига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (19-сонли БҲС) «Даромад»

Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (19-сонли БҲС) «Даромад» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) томонидан молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига даромад операцияларидан келиб чиқадиган тушумларнинг ва пул оқимларининг хусусияти, миқдори, муддати ҳамда даромаднинг ноаниқлиги ҳақидаги маълумотлар бўйича бухгалтерия ҳисобини тақдим этиш тартибини белгилайди.

Мазкур Стандарт бюджет ҳисобининг бошқа стандартлари билан биргаликда қўлланилади.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

алоҳида қиймат — товар ёки хизматнинг алоҳида ички эҳтиёж учун фойдаланиш ёки харидорга (учинчи шахсга) тақдим этиш учун белгиланган баҳоси;

мажбурий келишув — келишув иштирокчиларига ҳуқуқлар ва мажбуриятларни юклаган ҳамда қонунчилик ёки унга тенглаштирилган воситалар орқали ижро этилиши таъминланадиган келишув;

мажбурий келишув активи — ташкилотларнинг мажбурий келишув шартларига мувофиқ келишув шартларига риоя этиш бўйича ўз мажбуриятларини бажарганлиги учун тўлов ёки бошқа ресурс олиш ҳуқуқи бўлиб, ушбу ҳуқуқ вақт ўтиши билан автоматик равишда пайдо бўлмасдан, балки мажбурий келишувда белгиланган шартларнинг бажарилишига боғлиқ бўлади;

мажбурий келишув мажбурияти — бу ташкилотларнинг ресурс таъминловчидан тўлов олган (ёки тўлов олиши керак бўлган) ижро мажбуриятини бажариши бўйича масъулияти;

ижро мажбурияти — ташкилотларнинг мажбурий келишувда назарда тутилган шарти бўлиб, у алоҳида товар (хизмат) бўйича ресурсларни ички фойдаланиш учун сарфлаш ёки ушбу товарларни (хизматлар) харидорга (ёки учинчи томон манфаатдорига) тақдим этиш (топшириш) мажбуриятини ўз ичига олади;

харидор — бу ташкилотлар билан мажбурий келишув тузган ва ташкилотлар фаолияти натижаси бўлган товарлар ёки хизматларни белгиланган ҳақ (тўлов) эвазига олувчи томон;

йиғимлар — норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, муайян давлат дастурларини таъминлаш учун фойдаланиладиган маблағларни шакллантириш мақсадида ташкилотларга тўланадиган ёки тўланиши лозим бўлган пул маблағлари ёки бошқа активлар;

солиқ тизими орқали тўланадиган харажатлар — бенефициарлар солиқ тўлаш ёки тўламаслигидан қатъи назар, тақдим этиладиган маблағлар;

солиқ имтиёзлари — солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан, солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти;

солиқ солинадиган ҳодиса — тегишли ваколатли орган томонидан солиққа тортилиши керак деб белгиланган ҳодиса;

солиқлар — Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ёки давлат мақсадли жамғармасига тўланадиган мажбурий беғараз тўловлар. Шахснинг зиммасига суд тартибида юклатилган жарималар ва бошқа тўловлар, шунингдек ижро ишини юритиш тартибида қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари, қонунда белгиланган ҳолларда мол-мулкни мусодара қилиш ҳамда бошқача тарзда олиб қўйиш солиқлар ёки йиғимлар жумласига кирмайди;

жарималар — қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тартибларни бузганлик учун суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан белгиланган тўловлар;

ресурс таъминловчи — ресурс таъминотчиси, субъектга ресурс тақдим этувчи томон;

учинчи томон бенефициари — келишувда тўғридан-тўғри иштирок этмаган, бироқ келишув натижасидан манфаатдор бўладиган жисмоний ва юридик шахслар;

келишув бўйича ҳақ — бу ташкилотлар олиш ҳуқуқига эга бўлган ресурслар миқдори;

даромадлар — ҳисобот даври мобайнида активларнинг кириб келиши ёки қийматининг ошиши ёхуд мажбуриятларнинг камайиши натижасида юзага келадиган ташкилот соф активларининг (капиталининг) кўпайишига олиб келадиган иқтисодий наф ёки хизмат кўрсатиш салоҳиятининг ялпи кириб келишидир (бу мулкдорларнинг бадаллари билан боғлиқ кўпайишлардан ташқари);

Бошқа бюджет ҳисоби стандартларида қўлланилган атамалар ушбу Стандартда ҳам худди шу маънода қўлланилади.

2. Ушбу Стандартнинг мақсади ташкилотларнинг даромад операцияларини ҳисобга олишда қўлланиладиган талабларни, шу жумладан даромад операцияларининг турини аниқлаш, даромадларни тан олиш, баҳолаш ва молиявий ҳисоботда акс эттиришдан иборат.

3. Мазкур Стандарт қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (5-сонли БҲС) «Қишлоқ хўжалиги» (рўйхат рақами 3106, 2018 йил 25 декабрь) доирасига кирувчи биологик активларни дастлабки тан олиш ёки уларнинг ҳақиқий қийматидаги ўзгаришлар;

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (6-сонли БҲС) «Ижара» (рўйхат рақами 3142, 2019 йил 4 март) доирасидаги ижара шартномалари;

ташкилотлар фаолияти натижаси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар» (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март) ёки Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (9-сонли БҲС) «Номоддий активлар» (рўйхат рақами 3169, 2019 йил 24 июнь) доирасидаги номолиявий активларни сотишдан олинган фойда;

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (13-сонли БҲС) «Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар» (рўйхат рақами 3361, 2022 йил 1 апрель) доирасидаги мажбурий келишувлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар;

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (15-сонли БҲС) «Хизмат кўрсатиш бўйича концессия келишувлари» (рўйхат рақами 3532, 2024 йил 22 июль) доирасидаги мажбурий келишувлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар;

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар» (рўйхат рақами 3562, 2024 йил 22 октябрь) доирасидаги мажбурий келишувлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар;

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (17-сонли БҲС) «Ходимларнинг даромадлари» (рўйхат рақами 3578, 2024 йил 21 ноябрь) доирасидаги мажбурий келишувлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар;

халқаро ёки миллий бухгалтерия стандартлари доирасидаги суғурта шартномалари (агар қўлланиладиган бўлса);

бир хил фаолият тури билан шуғулланувчи ташкилотлар ўртасидаги пул иштирокисиз айирбошлашлар;

кейинги баҳолашдан сўнг жорий ва узоқ муддатли активлар қийматида юзага келадиган ўзгаришлар;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ операциялар.

2-боб. Даромадларни аниқлаш

4. Даромадлар соф активлар ёки қийматнинг кўпайишини англатади. Ташкилот маблағни Ҳукумат, давлат ташкилоти ёки учинчи шахс номидан йиғаётган бўлса, ташкилот ушбу йиғилган маблағлардан фойдаланишни назорат қила олмаганлиги ёки улардан бошқа мақсадларда фойда олмаганлиги сабабли, ушбу ташкилотнинг даромади ҳисобланмайди.

5. Ташкилотлар даромад операциясидан келиб чиқадиган даромадга оид маълум харажатларни амалга оширса, даромад келажакдаги иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш салоҳиятининг ялпи тушуми ҳисобланади ва ресурсларнинг ҳар қандай ўтказилиши операция харажати сифатида тан олинади.

Мисол учун, агар ташкилотлар бошқа ташкилотдан (ресурс таъминловчидан) жиҳоз ускунасини қабул қилиш билан боғлиқ етказиб бериш ва ўрнатиш харажатларини тўлаши керак бўлса, бу харажатлар жиҳоз ускунасини қабул қилишдан келиб чиқадиган даромаддан алоҳида тан олинади. Етказиб бериш ва ўрнатиш харажатлари Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»га (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март) мувофиқ тан олинади.

1-§. Солиқларни ҳисобга олиш

6. Солиқлар ва йиғимлар ҳукумат ва давлат секторининг бошқа ташкилотлари учун асосий даромад манбаи ҳисобланади.

Ҳукумат ёки давлат сектори ташкилотларига ихтиёрий равишда ўтказиладиган маблағлар, хайриялар ва тўловлар солиқ ҳисобланмайди (улар мажбурий келишувсиз битимлар натижаси бўлса ҳам). Давлат ўзининг ваколатларига асосан, ўз ваколатлари амал қиладиган ҳудудда жисмоний ва юридик шахслардан (солиқ тўловчилардан) солиқ ундиришни амалга оширади.

7. Солиқлар ҳукуматни даромад билан таъминлаш учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат сектори субъектларига мажбурий равишда тўланадиган ёки тўланиши лозим бўлган иқтисодий наф ёки хизмат кўрсатиш салоҳияти сифатида белгиланади, қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун белгиланадиган жарималар ёки бошқа пеня турлари бундан мустасно.

2-§. Даромад операциясини аниқлаш

8. Давлат сектори даромадлари мажбурий келишувсиз ёки мажбурий келишув асосидаги операциялардан юзага келиши мумкин.

Ҳукумат ва ташкилотлар даромадларининг катта қисми одатда, мажбурий келишувсиз операциялардан ёки ташқи томонларга алоҳида товар етказишни ёки хизматларни ўтказишни ўз ичига олмайдиган мажбурий келишув асосидаги операциялардан олинади .

9. Ташкилотлар фаолиятини бошлашда, аввало, даромад операциясини мажбурий келишув асосида ёки мажбурий келишувсиз амалга оширилишини аниқлаши лозим.

3-§. Мажбурий келишув мавжудлигини аниқлаш

10. Мажбурий келишув бўлиши учун у қонунчилик ҳужжатлари орқали ижро этилиши лозим. Мажбурий келишув турли тартиблар асосида ижро этилади. Бунда ушбу тартиблар ташкилотларга мажбурий келишув шартларининг ижросини таъминлаш ва томонларни ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавобгарликка тортиш имкониятини таъминлаши керак.

11. Мажбурий келишувнинг ижро этилиши мумкинлигини аниқлашда ташкилотлар келишувнинг ҳуқуқий шаклидан кўра унинг моҳиятини кўриб чиқади. Мажбурий келишувнинг ижро этилиши мумкинлигини баҳолаш ташкилотларнинг келишувнинг белгиланган шартлари ва бошқа иштирокчиларнинг айтилган мажбуриятларини бажаришга асосланади.

12. Мажбурий келишув икки ёки ундан ортиқ томонлар учун бажарилиши шарт бўлган мажбуриятлар ва ҳуқуқларни ўз ичига олади. Мажбурий келишувда ҳар бир томоннинг бажарилиши шарт бўлган мажбуриятлари ва ҳуқуқлари ўзаро боғлиқ ҳамда ажралмас ҳисобланади.

13. Мажбурий келишувнинг мавжудлигини бир неча усулда исботлаш мумкин. Мажбурий келишув ёзма ёки ташкилотларнинг фаолиятига асосланган бўлиши мумкин. Мажбурий келишувларни тузиш амалиёти ва жараёнлари турли ҳудудлар, соҳалар ва ташкилотларда фарқланади. Бундан ташқари, улар бир ташкилот доирасида ҳам турлича бўлиши мумкин. Масалан, ресурс таъминловчининг тоифасига (давлат ташкилоти, нодавлат нотижорат ташкилот ёки жисмоний шахс) ёки ташкилотларнинг мажбурий келишувдаги шартининг моҳиятига (молиявий маблағ ажратиш, маҳсулот ёки хомашё етказиб бериш, хизмат кўрсатиш ёки инфратузилма билан таъминлаш) қараб турлича бўлади.

14. Ташкилотлар мазкур Стандартда белгиланган тан олиш ва баҳолаш мезонларини даромадларга нисбатан қуйидаги тартибда қўллайди:

мажбурий келишувсиз операциялардан олинган даромадлар мазкур Стандартнинг 16 — 49-бандлари , шунингдек, солиқлар бўйича кўрсатмалар мазкур Стандартнинг 32 — 49-бандлари асосида ҳисобга олинади;

б) мажбурий келишув асосидаги операциялардан олинган даромадлар мазкур Стандартнинг 50 — 133-бандлари асосида ҳисобга олинади.

3-боб. Мажбурий келишувсиз операциялардан олинган даромад

1-§. Тан олиш

15. Мажбурий келишувсиз амалга ошириладиган ташкилотларнинг даромад операциялари ҳуқуқлар ва (ёки) мажбуриятларни келтириб чиқаради ҳамда ушбу операцияларни амалга ошириш жараёнида ташкилотлар:

мажбурий келишувсиз амалга оширилган даромад операциясидаги ҳар қандай ҳуқуқлари мазкур Стандартнинг 16 — 22-бандларига мувофиқ актив таърифига мос келиш-келмаслигини;

мажбурий келишувсиз амалга оширилган даромад операциясидаги ҳар қандай мажбуриятлари мазкур Стандартнинг 23-24-бандларига мувофиқ мажбурият таърифига мос келиш-келмаслигини аниқлаши лозим.

2-§. Ресурсларнинг бошланғич келиб тушишини таҳлил қилиш

16. Ташкилотлар даромадга оид операция натижасида мажбурий келишувсиз ҳам ресурсларнинг дастлабки киримини олиши мумкин.

Агар ташкилотлар олдинги ҳодисалар натижасида олинган ресурсларни (масалан, товарлар, хизматлар ёки бошқа активларни) ҳозирда назорат қилса ва активнинг қийматини ишончли тарзда баҳолаши мумкин бўлса, ташкилотлар ушбу ресурслар киримини актив сифатида тан олади.

Ресурсларни назорат қилиш деганда ташкилотларнинг ресурсдан фойда олиш учун уни ишлатиш (ёки бошқа томонларни уни ишлатиш бўйича йўналтириш) имконияти тушунилади. Бунда ташкилотлар ресурсдаги хизмат кўрсатиш салоҳияти ёки иқтисодий фойда кўринишидаги манбалардан ўз хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ёки бошқа мақсадларга эришишда фойдаланиши мумкин.

Ташкилотларга ресурс устидан назоратни берадиган олдинги ҳодиса харид қилиш, ресурсларнинг ўтказилиши ёки солиққа тортиладиган ҳодиса бўлиши мумкин. Келгусида содир бўлиши кутилаётган операциялар ёки ҳодисалар ўз-ўзидан активларни юзага келтирмайди. Масалан, солиқ жорий этиш мақсади солиқ тўловчига нисбатан талаб шаклидаги активни юзага келтирадиган олдинги ҳодиса ҳисобланмайди.

17. Ташкилотлар бошқа томонларнинг активдан фойдаланишини чеклаш ёки уни бошқариш имкониятига эга бўлиши назоратнинг муҳим элементи ҳисобланади. Бу эса ташкилотларнинг активларини барча ташкилотлар фойдаланиши ва фойда олиши мумкин бўлган оммавий товарлардан фарқлайди.

Давлат секторида ҳукуматлар айрим фаолиятларни, масалан, молия муассасалари ёки пенсия жамғармаларини тартибга солиш ваколатини амалга оширади. Бироқ бу тартибга солиш ваколати тартибга солинаётган объектлар давлат активи таърифига мос келишини ёки уларни тартибга солувчи давлатнинг умумий мақсадли молиявий ҳисоботларида актив сифатида тан олиш мезонларига жавоб беришини англатмайди.

Ташкилотлар товарлар ва хизматлар кўринишида кўрсатилган хизматларни тан олиши мумкин.

18. Ресурслар киримининг ҳар бир тури алоҳида таҳлил қилинади ва ҳисобга олинади. Айрим ҳолатларда, масалан, кредитор мажбуриятдан воз кечганда, илгари тан олинган мажбуриятнинг баланс қиймати камайиши ресурслар киримига олиб келиши мумкин.

Баъзи ҳолларда, ресурслар оқими устидан назоратга эга бўлиш ташкилотлар зиммасига мажбуриятларни ҳам юклаши мумкин ва ушбу мажбуриятлар улар бажарилгунга қадар мажбурият сифатида тан олиниши мумкин.

3-§. Ресурслар кирими устидан ҳуқуқ

19. Ташкилотлар мажбурий келишувсиз даромад операцияси бўйича ресурслар киримини ҳали олмаган бўлса, у товарлар, хизматлар ёки бошқа активлар киримини олиш ҳуқуқига эга эканлигини кўриб чиқиши лозим. Бундай ҳуқуқ актив таърифига жавоб берадиган ресурс бўлиши мумкин ва шундай ҳолларда актив сифатида тан олиниши лозим.

Ташкилотлар ушбу қарорни қабул қилишда ўз даромад операциясига оид ҳолатлари ва шароитларига, бу ҳуқуқни қонуний ёки унга тенглаштирилган воситалар орқали амалга ошириш имкониятига, шу каби ресурс оқимлари бўйича олдинги тажрибасига ҳамда ресурс тақдим этувчининг ресурсларни тақдим этиш имконияти ва шартига оид баҳоларига асосланади.

20. Ресурсларни ўтказишдан олдин келишув талаб этиладиган ҳолатларда, ташкилотлар ўз ҳуқуқларини келишувда мажбурий тарзда амалга оширмагунча, ресурслар назорат остида деб ҳисобланмайди, чунки ташкилотлар ресурс таъминловчининг ресурсларга киришини чеклай олмайди ёки тартибга сола олмайди.

Кўп ҳолларда, ташкилотлар активни тан олишдан аввал ресурсларни назорат қилишнинг мажбурийлигини ўрнатиши лозим бўлади. Агар ташкилотларнинг ресурсларга нисбатан мажбурий ҳуқуқи бўлмаса, у ресурс таъминловчининг мазкур ресурсларга киришини чеклай олмайди ёки тартибга сола олмайди.

4-§. Шартли активлар

21. Активнинг асосий хусусиятларига эга бўлган, аммо тан олиш мезонларига мос келмайдиган модда изоҳларда шартли актив сифатида Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар» (рўйхат рақами 3562, 2024 йил 22 октябрь) талаблари асосида ошкор этилиши мумкин.

5-§. Активларни тан олиш мезонларини кейинги босқичда кўриб чиқиш

22. Ташкилотлар даромад операциясини, шунингдек, олинган ёки олиниши кутилган ресурс оқимини, мазкур Стандартнинг 19-бандида белгиланган активни тан олиш мезонлари кейинчалик бажарилаётганини аниқлаш мақсадида баҳолашни давом эттиради.

6-§. Мажбуриятнинг мавжудлиги ва уни тан олиш

23. Ташкилотлар мажбурий келишувсиз даромад операцияси натижасида ресурсларни ўтказиш билан боғлиқ мажбуриятга эга бўлиши мумкин. Агар ушбу мажбурият олдинги ҳодисалар натижасида юзага келган ҳолда ташкилотларнинг ресурсларни ўтказиш бўйича жорий мажбуриятини ифодаласа, у мажбурият таърифига мос келади.

24. Мажбурият мавжуд бўлиши учун ташкилотлар олдинги ҳодисалар натижасида ресурсларни ўтказиш бўйича жорий мажбуриятга эга бўлиши, шунингдек, ушбу мажбуриятни бажариш мақсадида ресурсларнинг чиқиб кетиши юқори эҳтимолга эга бўлиши зарур.

Ташкилотлар даромад операциясига оид маълумотлар ва ҳолатларни синчиклаб таҳлил қилиб, мажбуриятнинг қонуний ёки унга тенглаштирилган воситалар орқали таъминланганлигини ҳамда мажбурият бажарилмаган тақдирда қўшимча ресурсларни ўтказиш талаб қилиниши мумкинлигини аниқлаши лозим.

25. Мажбурият таърифига мос келадиган мажбурият фақат унинг миқдори ишончли тарзда баҳоланиши мумкин бўлгандагина мажбурият сифатида тан олинади.

7-§. Мажбурий келишувсиз даромад операцияларини тан олиш

26. Ташкилотлар мазкур Стандартнинг 16 — 22-бандларида белгиланган мезонлар асосида мажбурий келишувсиз даромад операцияси бўйича ресурслар кирими ёки ресурс киримига бўлган ҳуқуқни актив сифатида тан олганда, даромад операциясининг оқимлар тавсифидан келиб чиқиб даромадни тан олади. Бунда, ташкилотлар даромадни қуйидаги ҳолларда тан олади:

а) ташкилотлар ресурс кирими билан боғлиқ мажбуриятга эга бўлса, даромадни тан олиш мажбурият бажарилганда ёки бажарилаётганда;

б) ташкилотлар мажбурият йўқ бўлса, ресурс кирими қабул қилинган вақтда дарҳол даромад сифатида.

4-боб. Баҳолаш

1-§. Ресурслар кирими натижасида активларни баҳолаш

27. Актив таърифига мос келадиган ресурслар кирими ёки ресурс киримига бўлган ҳуқуқ, дастлаб ташкилотлар томонидан активни тан олиш мезонларига мос келса, келишув санасидаги қийматида баҳоланиши лозим. Нақд бўлмаган тўловлар тегишли бюджет ҳисоби стандартига мувофиқ унинг жорий қийматида баҳоланиши керак.

2-§. Мажбуриятларни баҳолаш

28. Мажбурият сифатида тан олинадиган сумма бу ҳисобот санасида мажбуриятни бажариш учун талаб этиладиган харажатларнинг энг ишончли баҳосидир. Ушбу Стандарт мақсадлари учун мажбурият дастлаб тан олинганда унинг энг ишончли баҳоси у билан боғлиқ бўлган активнинг тан олинган қиймати билан чекланади.

29. Баҳолашда мажбуриятни тан олишга сабаб бўлган ҳодисалар билан боғлиқ таваккалчиликлар ва ноаниқликлар инобатга олинади. Пулнинг вақт қиймати муҳим бўлган ҳолларда, мажбурият уни қоплаш учун талаб қилиниши кутилаётган сумманинг келтирилган қиймати бўйича ўлчаниши лозим.

3-§. Мажбурий келишувларсиз даромад операцияларини баҳолаш

30. Мажбурий келишувсиз операциялардан олинган даромад ташкилотлар томонидан тан олинган соф активларнинг кўпайиши миқдорида (масалан, олинган ёки олиниши кутилаётган тўловлар) баҳоланиши лозим.

31. Мажбурий келишувсиз даромад операцияси натижасида ташкилотлар активни тан олганида, у мазкур Стандартнинг 27-бандига мувофиқ баҳоланган актив миқдорига тенг даромадни ҳам тан олади. Бу жараёнда мазкур Стандартнинг 23 — 25-бандларига мувофиқ тан олинган ҳар қандай мажбурият ҳисобга олинади.

5-боб. Солиқлар

32. Ташкилотлар солиқлар ва йиғимлар бўйича активни, солиқ солинадиган ҳодиса ёки йиғимларни келтириб чиқарадиган ҳодиса содир бўлганда ҳамда активни тан олиш мезонлари бажарилганда ҳисобга олади.

33. Солиқлардан келиб чиқадиган ресурслар, ташкилот олдинги ҳодисалар (солиққа тортиш ҳодисалари) натижасида ушбу ресурслар устидан назоратга эга бўлса ва улардан келгусида иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш имкониятларини олишни кутса, актив таърифига мос келади.

Солиқлардан келиб чиқадиган ресурслар, агар улар ташкилотлар томонидан олдинги ҳодисалар натижасида ҳозирги вақтда назорат қилинаётган бўлса ва уларнинг қиймати ишончли тарзда баҳоланиши мумкин бўлса, актив сифатида тан олиш мезонларига жавоб беради.

Ташкилотлар дастлабки тан олиш пайтида мавжуд бўлган далилларни ҳисобга олиши лозим. Бундай далиллар солиқ тўловчи томонидан солиққа тортиш ҳодисасининг маълум қилинишини (декларация қилиниши) ўз ичига олади, аммо улар билан чекланмайди.

34. Солиқлардан олинадиган даромад фақат давлатга тегишли бўлади, бошқа ташкилотларга эмас.

Масалан, давлат ўзининг солиқ идораси орқали ундириладиган солиқни жорий этганда, активлар ва даромадлар солиқ идорасига эмас, балки бевосита давлатга тегишли бўлади.

Шунингдек, агар давлат сотувдан олинадиган солиқни жорий этиб, унинг барча тушумларини доимий бюджет ажратмалари асосида маҳаллий бюджетларга (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ўтказса, давлат ушбу солиқ бўйича актив ва даромадни тан олади ҳамда маҳаллий бюджетларга ўтказиш бўйича активларнинг камайиши ва харажатни тан олади. Маҳаллий бюджетларда ушбу ўтказмалар бўйича актив ва даромад тан олинади.

Агар бир ташкилотлар бир нечта бошқа ташкилотлар номидан солиқларни ундирса, у ҳолда у барчаси учун воситачи (ваколатли ташкилот) сифатида фаолият юритади.

Масалан, агар вилоят солиқ органи вилоят бюджети ва бир нечта шаҳар бюджетлари учун даромад солиғини ундирса, у ушбу йиғилган солиқлар бўйича даромадни тан олмайди. Аксинча, солиқ даромади келиб тушган ҳар бир бюджет ушбу солиқлар бўйича актив ва даромадни тан олади.

35. Солиқ тўлаш солиқ тўловчиларга қуйидаги ҳуқуқларни бермайди:

ташкилотлар фаолияти давомида келгусидаги иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш имкониятларини олиш;

давлат мулкини сотиш, алмаштириш, ўтказиш ёки қайтариб олиш.

36. Солиқлар мажбурий келишувсиз операция ҳисобланади, чунки солиқ тўловчи маблағларни давлатга ўтказади, аммо давлат бунинг эвазига солиқ тўловчига ёки учинчи томон манфаатдорига алоҳида товар ёки хизматларни тақдим этишга мажбур эмас.

Солиқ тўловчи Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат натижасида муайян наф олиши мумкин бўлса-да, у солиқ тўлови натижасида қайси давлат хизматларидан ёки ижтимоий имтиёзлардан фойдаланишини назорат қила олмайди.

1-§. Солиқлар ва йиғимларни юзага келтирувчи ҳодисалар

37. Давлат солиқ қонунчилигини таҳлил қилиб, турли солиқлар учун солиқ солинадиган ҳодиса қайси ҳолатда юзага келишини аниқлайди.

38. Ҳудудларда мажбурий тўловлар ва йиғимлар ҳам мавжуд бўлиши мумкин.

Ташкилотлар ўз ҳудудидаги йиғимларга оид қонунчилик ҳужжатларини таҳлил қилиб, ушбу йиғимлар юзага келишига асос бўлганлигини аниқлайди.

Бундай ҳодисаларга қуйидагилар мисол бўлиши мумкин:

даромад олиниши (солиқлар даромадга асосланган бўлганда, масалан, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи муайян фоизи асосида ҳисобланганда);

вақтнинг ўтиши (йиғимлар билан боғлиқ бўлиб, вақтга асосланган бўлганда, масалан, ойлик тўлов ёки бадаллар);

товарлар ёки хизматларни сотиб олиш (йиғимлар сотув ҳажмига нисбатан белгиланганда, масалан, ёқилғи сотувидан йиғим ундирганда).

2-§. Солиқлар ва йиғимлар бўйича олдиндан тўловлар

39. Солиқ солинадиган ҳодиса юз беришидан олдин ҳам солиқлар бўйича тўловлар олиниши мумкин.

Активлар ва мажбуриятлар таърифларига ҳамда мазкур Стандартнинг 32-банди талабларига мувофиқ солиқлар учун асос бўлувчи ҳодиса содир бўлишидан олдин қабул қилинган солиқлар ва йиғимлар ресурслари қуйидаги асосларга кўра олдиндан қабул қилинган маблағ (актив ва мажбурият сифатида) сифатида эътироф этилади:

ташкилотларнинг солиқлар ёки йиғимларни ҳамда солиқларни олиш ҳуқуқини юзага келтирадиган ҳодиса ҳали содир бўлмаган;

ташкилотлар ресурслар оқимини қабул қилган бўлса ҳам, солиқ тушумлари ёки йиғимлардан олинадиган даромадларни тан олиш мезонлари бажарилмаган бўлади.

Солиқлар ва йиғимлар бўйича олдиндан қабул қилинган маблағлар бошқа турдаги олдиндан қабул қилинган маблағлардан тубдан фарқ қилмайди, шунинг учун солиқлар ва йиғимлар ҳамда асос бўлувчи ҳодиса содир бўлгунига қадар мажбурият сифатида эътироф этилади.

Солиқлар ва йиғимларни юзага келтирувчи ҳодиса содир бўлганда, мажбурият тўлиқ бажарилган ҳисобланади ва даромад эътироф этилади.

3-§. Солиқлар билан боғлиқ операциялардан келиб чиқадиган активларни баҳолаш

40. Солиқлар билан боғлиқ операциялардан келиб чиқадиган активлар мазкур Стандартнинг 27-бандига мувофиқ баҳоланади. Ташкилотлар операция шартлари ва ўзининг фаолиятини кўриб чиқиб, операция бўйича тўлов миқдорини аниқлайди.

Солиқлар билан боғлиқ операциялардан келиб чиқадиган активлар ресурслар оқимининг энг мақбул баҳоси асосида баҳоланади, бу эҳтимолий миқдорга энг мувофиқ келади (яъни, мумкин бўлган тўлов миқдорлари оралиғида ягона энг эҳтимолий миқдор ёки натижа).

Солиқлар билан боғлиқ операциялардан келиб чиқадиган активлар ресурслар оқимининг эҳтимолий миқдорига энг яқин (яъни, мумкин бўлган тўлов миқдорлари оралиғида ягона энг эҳтимолий миқдор ёки натижа) мос келадиган баҳоси асосида баҳоланади.

Ушбу активларни баҳолашда солиқлар билан боғлиқ операциялар натижасида давлатга ўтказиладиган ресурслар оқимининг эҳтимоли ҳамда натижада ҳосил бўлган активларнинг ҳаққоний қиймати ҳисобга олинади.

41. Солиқ солинадиган ҳодиса ва солиқларни тўлаш вақти ўртасида фарқ мавжуд бўлган ҳолларда, давлат сектори ташкилотлари ушбу операциялардан келиб чиқадиган активларни баҳолашда олдинги даврларда маълум бир солиқ, бадал ёки йиғимни ундириш тажрибасига асосланган статистик моделлардан фойдаланишлари мумкин. Бунда солиқ тўловчилардан пул маблағларининг келиб тушиши муддатлари, тақдим этилган ҳисоботлар ва солиқ, бадал ёки йиғимлар билан иқтисодиётдаги бошқа ҳодисалар ўртасидаги боғлиқлик ҳамда қуйидаги бошқа омиллар ҳам инобатга олинади:

солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан солиқ тўловчиларга ҳукумат томонидан белгиланган умумий мақсадли молиявий ҳисоботларни эълон қилиш муддатидан узоқроқ муддатда ҳисобот топширишга рухсат бериш;

солиқ тўловчиларнинг ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаслиги;

солиққа тортиш мақсадида номолиявий активларни баҳолаш;

айрим солиқ тўловчилардан ундириладиган солиқларни баҳолаш учун узоқ муддат талаб қиладиган солиқ тўғрисидаги қонунчилик ёки тартибга солишдаги мураккабликлар;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка қатъий жорий этиш ҳамда ҳукуматга қонуний равишда тегишли бўлган барча солиқлар, мажбурий тўловлар ва йиғимларни ундириш учун сарфланадиган молиявий ва сиёсий харажатлар олинадиган фойдадан ошиб кетиши эҳтимоли;

солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан солиқ тўловчиларга айрим солиқларни кечиктириб тўлашга рухсат бериш;

алоҳида солиқлар ва ҳудудларга хос бўлган турли хил ҳолатлар.

42. Солиқлар билан боғлиқ операциялардан келиб чиқадиган активлар ва даромадларни статистик моделлар ёрдамида баҳолаш натижасида аниқ ҳисобланган активлар ва даромадлар кейинги ҳисобот даврларида солиқ тўловчилардан олиниши керак бўлган ҳақиқий суммалардан фарқ қилиши мумкин.

43. Айрим ҳолларда солиқ операцияларидан келиб чиқадиган активларни солиқ солинадиган ҳодиса содир бўлганидан сўнг маълум вақт ўтгунча ишончли тарзда баҳолаш мумкин бўлмайди. Бу ҳолат солиқ базаси тез ўзгарувчан бўлганда ва ишончли баҳолаш имконсиз бўлса юзага келиши мумкин.

Кўп ҳолларда, активлар ва даромад солиқ солинадиган ҳодиса содир бўлган даврдан кейинги ҳисобот даврида эътироф этилиши мумкин. Аммо истисно ҳолатлар ҳам борки, бир неча ҳисобот даврлари ўтишига қарамай, солиқ солинадиган ҳодиса натижасида актив эътироф қилинмайди. Масалан, кўчмас мулк объектининг кадастр қиймати қайта кўриб чиқилаётган бўлса ва унинг якуний қиймати ваколатли орган томонидан ҳали тасдиқланмаган бўлса, мол-мулк солиғи бўйича солиқ мажбуриятини ишончли баҳолаш имконияти бўлмаслиги мумкин. Баъзи ҳолларда баҳолаш жараёни ва уни келишиш бир неча ҳисобот даврини қамраб олиши мумкин. Шу сабабли, актив фақат солиқ суммаси ишончли баҳоланиши мумкин бўлган пайтдагина тан олинади.

4-§. Солиқларни ундириш ноаниқлиги билан баҳолаш

44. Солиқ солиш операцияларидан юзага келадиган активларни баҳолаш ўзгарувчан тўлов билан боғлиқ ноаниқлик кейинчалик бартараф этилганда, илгари тан олинган жами даромад суммасининг сезиларли даражада камайтирилиши юз бермаслиги эҳтимоли жуда юқори бўлган миқдор билан чекланади.

Ўзгарувчан тўлов билан боғлиқ ноаниқлик кейинчалик бартараф этилганда, тан олинган жами даромад суммасининг сезиларли даражада камайтирилиши юз бермаслиги эҳтимоли жуда юқори эканлигини баҳолашда, ташкилотлар даромаднинг ўзгариш эҳтимолини ва унинг миқдорини ҳисобга олиши лозим.

Даромаднинг ўзгариш эҳтимолини ва унинг миқдорини ҳисобга олиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

тўлов миқдори ташкилотларнинг назоратидан ташқаридаги омилларга юқори даражада боғлиқ бўлиши (масалан, бозордаги ўзгарувчанлик, учинчи шахсларнинг қарорлари ёки ҳаракатлари);

тўлов миқдорига оид ноаниқлик узоқ вақт давомида бартараф этилмаслиги. Бундай ноаниқлик мажбурият юзага келтирувчи ҳодиса содир бўлганидан кейинги даврда қиймат аниқланиши билан боғлиқ бўлади;

ташкилотларнинг ўхшаш турдаги келишувлар бўйича тажрибаси (ёки бошқа далиллари) чекланган бўлиши ёки мавжуд тажрибанинг (ёки бошқа далилларнинг) тахмин қилиш қиймати паст бўлиши;

ташкилотлар кенг кўламли нарх имтиёзларини таклиф қилиши ёки ўхшаш вазиятларда ўхшаш келишувларнинг тўлов шартлари ва қоидаларини ўзгартириш амалиёти мавжуд бўлиши;

келишув бўйича эҳтимолий қиймат суммалари кўп сонли ва кенг доирани қамраб олиши.

5-§. Солиқ тизими орқали тўланадиган харажатлар ва солиқ имтиёзлари

45. Солиқ даромади жами миқдорда аниқланади. У солиқ тизими орқали тўланадиган харажатлар ҳисобига камайтирилмаслиги лозим.

46. Айрим ҳолатларда ҳукумат солиқ тизимидан фойдаланиб, одатда бошқа тўлов усуллари орқали амалга ошириладиган тўловларни солиқ тўловчиларга тўлашнинг қулай воситаси сифатида қўллайди. Бундай усулларга чек ёзиш, маблағни солиқ тўловчининг банк ҳисобварағига тўғридан-тўғри ўтказиш ёки унинг номидан бошқа ҳисоб-китобни қоплаш киради.

Бундай ҳолатларда мазкур сумма жисмоний шахс томонидан солиқ тўланишидан қатъи назар тўланади. Ушбу сумма давлат харажати ҳисобланади ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда алоҳида тан олиниши лозим. Солиқ даромадлари эса солиқ тизими орқали тўланган бундай харажатлар суммасига оширилиши керак.

47. Солиқ даромадлари солиқ харажатлари суммасига кўпайтирилмаслиги лозим.

48. Кўпчилик ҳудудларда давлатлар солиқ тизимидан фойдаланиб, маълум молиявий фаолиятни рағбатлантиради. Масалан, баъзи ҳудудларда уй-жой эгалари солиққа тортиладиган даромадни ҳисоблашда ўзларининг умумий даромадидан ипотека фоизлари ва мулк солиғини чегириб ташлаш ҳуқуқига эга. Бундай имтиёзлар фақат солиқ тўловчиларга берилади. Агар ташкилотлар (шу жумладан, жисмоний шахс) солиқ тўламаса, у бу имтиёздан фойдалана олмайди. Бундай турдаги имтиёзлар солиқ харажатлари деб аталади. Солиқ харажатлари йўқотилган даромад ҳисобланади, харажат сифатида кўрсатилмайди ва у ресурсларнинг кирими ёки чиқимига олиб келмайди — яъни, солиқ ундирадиган ҳукуматнинг активлари, мажбуриятлари, даромадлари ёки харажатларини юзага келтирмайди.

49. Солиқ тизими орқали тўланадиган харажатлар ва солиқ имтиёзлари орасидаги асосий фарқ шундаки, солиқ тизими орқали тўланадиган харажатлар учун сумма ташкилотларга солиқ тўлаши ёки тўламаслигидан қатъий назар тақдим этилади. Солиқ имтиёзлари эса фақат солиқ тўловчиларга берилади ва солиқ тўланмаса, ундан фойдаланиб бўлмайди. Солиқ тушуми ва солиқ тизими орқали тўланган харажатларни ўзаро ҳисобга олишга йўл қўйилмайди.

6-боб. Мажбурий келишувлар асосидаги операциялардан олинган даромад

1-§. Мажбурий келишувни ҳисобга олиш тартиби

50. Агар қуйидаги мезонларнинг барчаси бажарилса, ташкилотлар мажбурий келишувни ҳисобга олишда мажбурий келишувни ҳисобга олиш моделини қўллаши керак:

барча томонлар мажбурият юзага келтирувчи келишувни қабул қилса (ёзма ёки бошқа фаолиятига мувофиқ) ва ўз мажбуриятларини бажаришни зиммасига олса;

ташкилотлар мажбурий келишув доирасида ҳар бир томоннинг ҳуқуқларини аниқлай олса;

ташкилотлар ҳар бир аниқланган ижро мажбуриятини бажариш учун тўлов шартларини белгилай олса;

мажбурий келишув иқтисодий аҳамиятга эга бўлса (яъни, ушбу келишув натижасида ташкилотларнинг келгусидаги пул оқимлари ёки хизмат кўрсатиш имкониятининг хавфи, муддати ёки миқдори ўзгариши кутилса);

ташкилотлар мажбурий келишув шартларига мувофиқ ўз ижро мажбуриятларини бажариш эвазига олиши керак бўлган тўловни йиғиб олса.

Тўлов миқдорининг ундирилиши эҳтимолини баҳолашда, ташкилотлар фақат ресурс таъминловчининг тўлов муддати келганда ушбу миқдорни тўлаш имкониятини ҳисобга олиши лозим. Ташкилотлар олишга ҳақли бўлган тўлов миқдори, агар тўлов ўзгарувчан бўлса, мажбурий келишувда кўрсатилган келишув тўловидан кам бўлиши мумкин (яъни, ташкилотлар ресурс таъминловчига нарх имтиёзини таклиф қилиши мумкин) (ушбу банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 107-банди талаблари инобатга олинади).

51. Мажбурий келишув тузилган пайтда мазкур Стандартнинг 50-бандида белгиланган мезонларга мувофиқлиги аниқланган ҳамда ушбу мезонларга таъсир этувчи ўзгаришлар бўлмаса, ташкилотлар томонидан мазкур мезонларни қайта баҳолаш талаб этилмайди.

Агар ресурс таъминловчининг тўлов қобилияти сезиларли даражада ёмонлашса, ташкилотлар мажбурий келишув доирасидаги қолган ижро мажбуриятлари эвазига олиши мумкин бўлган бу тўловни олиш имкониятини қайта баҳолаши керак.

52. Агар мажбурий келишув мазкур Стандартнинг 50-бандидаги барча мезонларга мос келмаса, ташкилотлар олинган ҳар қандай тўловни фақат қуйидаги асосларга кўра даромад сифатида тан олиши лозим:

ташкилотлар ўз ижро мажбуриятини тўлиқ бажарган бўлса, унга тегишли бўлган тўлов олинган ва ресурс таъминловчидан олинган тўлов қайтарилмайдиган бўлса;

мажбурий келишув бекор қилинган ва ресурс таъминловчидан олинган тўлов қайтарилмайдиган бўлса.

Ташкилотлар мазкур Стандартнинг 50-бандидаги мезонларга кейинчалик риоя қилиниши мумкинлигини аниқлаш учун мажбурий келишувни баҳолашни давом эттириши шарт.

53. Ушбу Стандартни қўллаш мақсадида, агар мажбурий келишувнинг ҳар бир томони тўлиқ бажарилмаган мажбурий келишувни бошқа томонга ҳеч қандай товон (компенсация) тўламасдан бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлса, бундай келишув мажбурий келишув ҳисобланмайди.

54. Қуйидаги асосларга кўра мажбурий келишув бажарилмаган ҳисобланади:

ташкилотлар мажбурий келишувдаги ўзининг ижро мажбуриятларини бажаришни бошламаган бўлса;

ресурс таъминловчи ташкилотлар томонидан мажбурий келишувдаги ижро мажбуриятларини бажариши учун ҳали ҳеч қандай тўлов амалга оширмаган ва тўлов қилиш мажбуриятини олмаган бўлса.

55. Агар ташкилотлар ўз даромади мажбурий келишув асосидаги операциядан келиб чиқишини ва бу операция мажбурий келишувни ҳисобга олиш модели бўйича ҳисобланиши кераклигини аниқлаган бўлса, ташкилотлар ўз мажбурий келишувига бирон-бир ўзгартириш киритилган ёки киритилмаганлиги ҳолатларни ҳам кўриб чиқиши лозим.

2-§. Мажбурий келишувга ўзгартиришлар киритиш

56. Мажбурий келишувга ўзгартириш киритиш деганда келишув томонлари томонидан тасдиқланган, келишув доираси ёки шартларини ўзгартириш тушунилади.

Мажбурий келишувга ўзгартириш киритиш, келишув томонларига янги ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келган ёки мавжудлари ўзгартирадиган ҳолларда юзага келади. Мажбурий келишувга ўзгартириш ёзма равишда, оғзаки келишув йўли билан ёки ташкилотнинг иш амалиётидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланади. Агар келишув томонлари мажбурий келишувга ўзгартиришни тасдиқламаган бўлса, ташкилотлар мажбурий келишувга ўзгартириш тасдиқлангунга қадар ушбу Стандартни мавжуд мажбурий келишувга нисбатан қўллашни давом эттиради.

57. Мажбурий келишувга киритиладиган ўзгартириш, ҳатто томонлар ўзгартиришнинг доираси ва тўлови бўйича келишмовчиликка эга бўлса ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Шунингдек, томонлар мажбурий келишув доирасидаги ўзгаришни тасдиқлаган, аммо тегишли тўлов миқдори ўзгариши ҳали аниқланмаган бўлса ҳам бундай ҳолат мажбурий келишувга ўзгартириш ҳисобланади.

Мажбурий келишувга киритилган ўзгартириш натижасида яратилган ёки ўзгарган ҳуқуқ ва мажбуриятлар амалга оширилиши мумкинлигини аниқлашда ташкилотлар барча тегишли ҳолатлар ва маълумотларни, шу жумладан, мажбурий келишув шартлари ва бошқа далилларни ҳисобга олиши керак.

Агар томонлар мажбурий келишув доирасидаги ўзгаришни тасдиқлаган, лекин тегишли тўлов миқдори ўзгаришини ҳали аниқламаган бўлса, ташкилотлар ўзгартириш натижасида келишув бўйича тўлов миқдоридаги ўзгаришни мазкур Стандартнинг 105 — 109-бандларига ва ушбу Стандартнинг 111 ва 112-бандларига мувофиқ баҳолаши керак.

58. Ташкилотлар томонидан мажбурий келишувга киритилган ўзгартиришлар қуйидаги ҳолларда алоҳида мажбурий келишув сифатида ҳисобга олиниши керак:

бир-биридан фарқ қиладиган мажбуриятлар қўшилиши ҳисобига мажбурий келишув қамрови кенгайса;

мажбурий келишув бўйича тўлов миқдори ташкилотлар томонидан қўшимча шартларнинг алоҳида сотиш қийматларига мос келадиган суммага ошган бўлса, шунингдек, мазкур келишувнинг аниқ шароитларини ҳисобга олган ҳолда ушбу қийматга тегишли тузатишлар киритилган бўлса.

Масалан, ташкилотлар қўшимча товар ёки хизматнинг алоҳида баҳоланган қийматини ресурс таъминловчига бериладиган чегирмани ҳисобга олган ҳолда тузатиши мумкин, бунда ташкилотлар янги ресурс таъминловчига ўхшаш товар ёки хизматни тақдим этишда юзага келадиган айрим харажатларни амалга ошириши талаб этилмайди.

59. Мажбурий келишувга киритилган ўзгартириш мазкур Стандартнинг 58-бандига мувофиқ алоҳида мажбурий келишув сифатида ҳисобга олинмаса, ташкилотлар мажбурий келишувга ўзгартириш киритилган санада ҳали бажарилмаган шартларни (яъни қолган шартларни) қуйидаги усуллардан бири орқали ҳисобга олиши лозим:

а) агар қолган шартлар мажбурий келишувга ўзгартириш киритилган санада ёки ундан олдин бажарилган шартлардан фарқ қилса, ташкилотлар мажбурий келишувга киритилган ўзгартиришни мавжуд мажбурий келишувни бекор қилиш ва янги мажбурий келишув тузиш сифатида ҳисобга олиши керак. Қолган мажбуриятларга (ёки мазкур Стандартнинг 61-банди учинчи хатбошисига мувофиқ аниқланган ягона мажбуриятдаги қолган шартларга) ажратилиши керак бўлган тўлов миқдори қуйидагиларнинг йиғиндисидан иборат бўлиши керак:

1) ресурс таъминловчи томонидан белгиланган (шу жумладан, олдиндан олинган) ва келишув бўйича тўлов баҳосига киритилган, аммо даромад сифатида тан олинмаган сумма;

2) мажбурий келишувга киритилган ўзгартириш доирасида белгиланган тўлов;

б) агар қолган шартлар алоҳида бўлмаса ва шунинг учун ўзгартириш санасида қисман бажарилган ягона ижро мажбуриятининг бир қисми ҳисобланса, ташкилотлар ўзгартиришни мавжуд мажбурий келишувнинг бир қисми сифатида ҳисобга олиши лозим. Бу ҳолда ўзгартиришнинг келишув бўйича тўловга ва ижро мажбуриятини тўлиқ бажаришга эришиш даражасини баҳолашга таъсири ўзгартириш санасида даромадга тузатиш сифатида тан олинади (яъни, даромад оширилиши ёки камайтирилиши мумкин ва тузатиш жамланма усулда амалга оширилади);

д) агар қолган шартлар мазкур банднинг «а» ва «б» кичик бандларида келтирилган ҳолатлар бирлашувидан иборат бўлса, ташкилотлар ўзгартиришнинг таъсирини ўзгартирилган мажбурий келишув доирасидаги бажарилмаган (шу жумладан, қисман бажарилмаган) ижро мажбуриятларига нисбатан ушбу банд мақсадларига мувофиқ равишда ҳисобга олиши керак.

3-§. Мажбурий келишувнинг амал қилиш муддати

60. Мажбурий келишувда унинг амал қилиш муддати кўрсатилади.

Мажбурий келишувлар унда назарда тутилган ҳолларда томонлардан бири томонидан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Ташкилотлар мазкур Стандарт талабларини мажбурий келишувнинг амал қилиш муддати давомида қўллашлари лозим.

4-§. Ижро мажбуриятларини аниқлаш ва у бўйича қўшимча кўрсатмалар

61. Мажбурий келишув бошланишида ташкилотлар ресурс таъминловчи билан тузилган мажбурий келишувда ижро мажбурияти олинган товарлар ёки хизматларни баҳолаши ва қуйидаги ижро мажбуриятларидан бирини аниқлаши керак:

а) алоҳида бўлган товар ёки хизмат (ёки товарлар ёки хизматлар мажмуаси);

б) хусусиятлари ва хавфлари жиҳатидан деярли бир хил бўлган ҳамда ташкилотлар томонидан ички фойдаланиш ёки харидорга (ресурс таъминловчига) ёки учинчи шахс манфаатдорига ўтказишда бир хил намунага эга бўлган алоҳида товарлар ёки хизматлар туркуми (ушбу кичик банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 63-банди талаблари инобатга олинади).

62. Мажбурий келишув камида битта ижро мажбуриятини ўз ичига олади.

63. Қуйидаги мезонлар асосида алоҳида товарлар ёки хизматлар туркуми ички фойдаланиш ёки харидорга ёхуд учинчи томон манфаатдорига етказиб беришнинг бир хил тартибига эга бўлади:

а) туркумдаги ҳар бир алоҳида товар ёки хизмат мазкур Стандартнинг 84 ёки 87-бандларида белгиланган мезонларга мувофиқ бўлиб, вақт давомида бажариладиган ижро мажбурияти ҳисобланса;

б) мазкур Стандартнинг 90-91-бандларига асосан, ташкилотлар ижро мажбуриятини тўлиқ бажариш даражасини баҳолашда бир хил усулдан фойдаланса.

5-§. Ресурслардан фойдаланиш мажбуриятлари

64. Мажбурий келишувда ташкилотлар томонидан харидор ёки учинчи томон манфаатдорига етказиб берилиши белгиланган товарлар ёки хизматлар аниқ кўрсатилади.

Агар ташкилотларнинг фаолияти, эълон қилинган сиёсати ёки баёнотлари ресурс таъминловчида ташкилотлар муайян мажбуриятни бажаради деган асосли кутишни шакллантирса, бундай мажбуриятлар ижро мажбурияти сифатида ҳисобга олинади.

Масалан, келишув бўйича соғлиқни сақлаш муассасасига соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш юзасидан грант маблағи ажратилса, амалда ташкилот аҳолига бепул тиббий текширув ўтказилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилади. Келишувда белгиланмаган бўлса ҳам аҳоли ва ресурс таъминловчида кутиш пайдо бўлади. Натижада бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ижро мажбурияти юзага келади.

65. Агар мажбурий келишувда товар ёки хизматларни харидор ёки учинчи томон манфаатдорига етказиб бериш назарда тутилмаган бўлса, ижро мажбуриятлари ташкилотларнинг келишувни бажариш учун амалга оширадиган ички тайёргарлик ёки маъмурий фаолиятларини ўз ичига олмайди. Бундай фаолиятлар товар ёки хизматларни харидор ёки учинчи томон манфаатдорига етказиб беришга қаратилмаганлиги сабабли ижро мажбурияти ҳисобланмайди.

Масалан, ташкилотлар мажбурий келишувни тузиш учун турли маъмурий вазифаларни бажариши керак бўлиши мумкин. Бу вазифаларни бажариш жараёнида ички ресурслардан хизмат кўрсатиш учун фойдаланилмайди ёки харидор ёхуд учинчи томон манфаатдорига хизмат кўрсатилмайди. Шу сабабли, бундай тайёргарлик ишлари ижро мажбурияти ҳисобланмайди.

6-§. Ресурслардан фойдаланиш бўйича алоҳида шартларни аниқлаш

66. Ижро мажбурияти деганда алоҳида шартларни белгиловчи ва унга нисбатан тан олиш мезонларини ҳамда баҳолашларни назарда тутувчи мажбурий келишув доирасидаги даромад операциясидаги ҳисоб бирлиги тушунилади.

Мажбурий келишувда шарт қилинган товар ёки хизмат қуйидаги мезонларга асосан алоҳида ҳисобланади:

а) товар ёки хизматни қабул қилувчи томон ундан мустақил равишда ёки ўзи учун фойдаланиши мумкин бўлган бошқа ресурслар билан биргаликда иқтисодий фойда ёки хизмат салоҳиятини яратиши мумкин бўлса (яъни, товар ёки хизмат алоҳида бўлиш хусусиятига эга);

б) ташкилотларнинг товар ёки хизмат учун ресурсдан ички фойдаланиш, товар ёки хизматни харидор ёхуд учинчи томон манфаатдорига ўтказиш ижро мажбурияти мажбурий келишувдаги бошқа ижро мажбуриятларидан алоҳида аниқланса (яъни, шарт мажбурий келишув доирасида алоҳида ажралиб туради).

67. Ташкилотлар товар ёки хизматни қабул қилувчи томон ўзи ресурс таъминловчи (харидор) ёки белгиланган учинчи томон манфаатдори эканлигини ўзининг ижро мажбурияти моҳиятини ҳисобга олган ҳолда аниқлайди. Агар:

ташкилотлар алоҳида товар ёки хизмат учун ресурслардан ички фойдаланишни белгилаган бўлса, ташкилотларнинг ўзи товарлар ёки хизматларни олувчи ҳисобланади;

ташкилотлар харидор ёки учинчи томон манфаатдорига алоҳида товар ёки хизматни етказиб бериш учун ресурслардан фойдаланиш ижро мажбуриятини олса, товарлар ёки хизматларни олувчи харидор ёки учинчи томон манфаатдори ҳисобланади.

68. Томонлар мазкур Стандарт 66-бандининг «а» кичик бандига мувофиқ алоҳида товар ёки хизматдан иқтисодий фойда ёки хизмат салоҳиятини қуйидаги ҳолларда ҳисобга олиши мумкин:

сарфланса;

истеъмол қилинса;

лойиҳавий қийматдан юқори нархда сотилса;

бошқа тарзда сақланиб, иқтисодий фойда ёки хизмат салоҳияти келтирса.

Айрим товар ёки хизматлар томонларга мустақил равишда фойда келтириши мумкин, бошқалари эса фақат бошқа мавжуд ресурслар билан биргаликда иқтисодий фойда ёки хизмат имкониятини беради.

Мавжуд ресурс — алоҳида сотиладиган товар, хизмат ёки ташкилотлар томонидан олдиндан олинган ресурс (шу жумладан, ташкилотларнинг ўзида ишлатиладиган ёки мажбурий келишув асосида харидорга ёки учинчи томон бенефициарига топшириладиган товарлар ёки хизматлар) ёхуд бошқа келишувлар ёки ҳодисалардан олинган ресурсдир.

Турли омиллар томонларнинг товар ёки хизматдан мустақил равишда ёки бошқа мавжуд ресурслар билан иқтисодий фойда ёки хизмат салоҳиятини олиши мумкинлигини кўрсатади. Масалан, товар ёки хизматнинг мунтазам равишда ички фойдаланиши ёки алоҳида тақдим этилиши шундай имкониятни кўрсатади.

69. Ташкилотлар ички ресурслардан фойдаланиш ёки товар ва хизматларни харидор ёки учинчи томон манфаатдорига етказиш бўйича ижро мажбуриятлари мазкур Стандартнинг 66-банди «б» кичик бандига мувофиқ алоҳида аниқланиши ёки бирлаштирилганлигини баҳолашлари керак.

Ижро мажбурияти қуйидаги ҳолларда биргаликда амалга оширилаётган ҳисобланади:

а) ташкилотлар товар ёки хизматларни бошқа товар ёки хизматлар тўпламига бирлаштирган ҳолда тақдим қилса (масалан, таълим дастури битта тўплам сифатида тақдим қилинганда);

б) товар ёки хизматлар бир-бирига мослаштирилган ёки уларнинг хусусиятлари ўзаро боғланган бўлса (масалан, компутер тизимида сервер ва дастурий таъминот бир-бирига боғланганда);

д) товар ёки хизматлар юқори даражада ўзаро боғланган ёки ўзаро алоқадор бўлса (шу сабабли уларни алоҳида фойдаланиш ёки етказиб бериш мумкин эмас).

Агар товар ёки хизматлар мустақил равишда фойдаланилиши мумкин бўлса ва улар бошқалардан мустақил равишда етказиб берилса, ижро мажбурияти алоҳида аниқланган деб ҳисобланади (масалан, алоҳида китоблар ёки онлайн курслар).

7-§. Мажбурий келишув асосидаги даромад операцияларини дастлабки тан олиш

70. Агар мазкур Стандартнинг 54-бандидаги асослар бажарилмаган бўлса, ташкилотлар ушбу мажбурий келишув билан боғлиқ актив, мажбурият ёки даромадни тан олмайди, зарар келтирувчи мажбурий келишувлар бундан мустасно.

Активлар, мажбуриятлар ва даромадларни дастлабки тан олиш мажбурий келишувнинг бир томони келишув бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни бошлаган пайтдан эътиборан амалга оширилади.

71. Зарар келтирувчи мажбурий келишувлар ташкилотлар кутилаётган йўқотишни Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар» (рўйхат рақами 3562, 2024 йил 22 октябрь) талабларига мувофиқ ҳисобга олиши шарт.

8-§. Ресурсларнинг бошланғич киримини таҳлил қилиш

72. Ташкилотлар мажбурий келишув асосидаги даромад операциясидан келиб чиқадиган ресурслар оқимини ижро мажбуриятларини бажаришдан олдин ёки кейин олиши мумкин.

Агар мазкур Стандартнинг 16 — 22-бандлари қўлланилса ва активнинг таърифи ҳамда тан олиш мезонлари бажарилса, ташкилотлар бу ресурслар оқимини актив сифатида тан олиши керак.

9-§. Мажбуриятнинг мавжудлиги ва тан олиниши

73. Давлат сектори ташкилотлари одатда Ҳукумат ёки бошқа ташкилотлардан маблағ олади.

Ташкилотлар мажбурий келишув асосидаги даромад операциясидан келиб чиқадиган ресурслар оқимини актив сифатида тан олганда, бу оқим билан боғлиқ ижро талаблари ва мажбуриятларини баҳолашлари лозим.

74. Ижро мажбурияти қуйидаги ҳолларда юзага келади:

а) ташкилотлар мажбурий келишувда ўзининг бажарилмаган ёки қисман бажарилган ижро мажбурияти билан боғлиқ маблағларни олган бўлса;

б) ташкилотлар олинган маблағ билан боғлиқ ижро мажбуриятларини бажармаса ва маблағ таъминловчи мажбурий келишув шартларига биноан ташкилотлардан ресурсларни бошқа томонга ўтказишни талаб қилиш орқали мажбурий келишувни амалга ошириши мумкин бўлса.

75. Мазкур Стандартнинг 24-бандига мувофиқ, агар ташкилотлар олдинги ҳодисалар натижасида ресурсларни топширишни рад этмаса ва ресурсларни топшириш эҳтимоли юқори бўлса, мажбурият мавжуд ҳисобланади.

Ташкилотлар мажбурият юзага келганлигини аниқлашда мажбурий келишув билан боғлиқ ҳолатлар ва шароитларни ҳисобга олиши керак. Бу орқали ресурс таъминловчи ўз ҳуқуқларини амалга ошира олиши ва ташкилотларнинг ижро мажбуриятларини бажармаган ҳолатида қўшимча ресурслар ўтказилишини талаб қилиши мумкин бўлган оқибатларни аниқлаши керак.

76. Ташкилотлар ўзаро келишув асосида ўз ижро мажбуриятларини бажармаганлиги натижасида юзага келган ресурсларни қайтариш мажбуриятини, бошқа мақсадлар учун ўтказилиши керак бўлган активлардан ушбу суммани чегириб ташлаган ҳолда амалга ошириши мумкин.

Ташкилотлар молиявий ҳисоботларида умумий суммаларни тан олишда давом этади, яъни, бузилган мажбурий келишув шартлари бўйича қайтариш активлар ва мажбуриятларнинг камайишини акс эттиради ҳамда янги ўтказмалар учун активлар, мажбуриятлар ёки даромадни тан олиш имконини беради.

77. Агар ташкилотлар ресурсларни мажбурий келишув тузилишидан олдин олса ва келишув тузилиши эҳтимоли юқори бўлса, ташкилотлар ушбу олдиндан тушган маблағ учун мажбуриятни тан олади.

Бу мажбурият мажбурий келишув расмий равишда тузилгунга қадар сақланади.

78. Мажбурият таърифига мос келадиган ижро мажбурияти фақат унинг миқдорини ишончли тарзда баҳолаш мумкин бўлгандагина мажбурият сифатида тан олинади. Ташкилотлар мазкур Стандартнинг 52-бандида кўрсатилган ҳодисалардан бири юз бергунга қадар ушбу мажбуриятни тан олишни давом эттиради.

10-§. Мажбурий келишув мавжуд бўлган даромад операцияларини ҳисобга олиш

79. Агар ташкилотлар мажбурий келишув доирасида ресурс киримини олса, бу кирим мазкур Стандартнинг 16 — 22-бандларида белгиланган мезонларга мувофиқ актив сифатида тан олинади ва ташкилотлар қуйидагиларни тан олиши керак:

а) агар кирим билан боғлиқ мажбурий шартлар бажарилган бўлса — даромад;

б) агар кирим билан боғлиқ мажбурий шартлар бажарилмаган бўлса — мажбурият.

80. Даромадни тан олиш вақти мажбурий келишувдаги талабларнинг моҳияти ва уларнинг бажарилишига қараб аниқланади. Ташкилотлар мажбурий келишув бўйича операциядан олинган даромадни келишув шартларига мувофиқ ресурслардан белгиланган тарзда фойдаланиб, ижро мажбуриятини бажарган пайтда (ёки бажариш жараёнида) ҳисобга олиши шарт.

Ташкилотлар мазкур Стандартнинг 73 — 78-бандларига мувофиқ ҳисобга олинган ҳар қандай мажбуриятнинг баланс қийматини тегишли миқдорга камайтириши лозим.

81. Ташкилотлар ижро мажбуриятини келишувда белгиланган товар ёки хизмат (яъни актив) учун ички ресурслардан фойдаланиш орқали ёки шартларда кўрсатилган товар ёки хизматни харидорга ёки учинчи томон манфаатдорига ўтказиш орқали бажаради. Активдан ички фойдаланиш ёки уни ўтказиш, активни қабул қилувчи ташкилотлар унинг назоратини қўлга киритганда (ёки киритиш жараёнида) амалга оширилади.

82. Товарлар ва хизматлар (қисқа муддатга қабул қилинган ва фойдаланилган бўлса ҳам) актив ҳисобланади.

Мазкур Стандартнинг 16-бандига қўшимча равишда, назорат тушунчаси ресурсдан фойдаланиш ва ундан манфаат олишни бошқа ташкилотлар томонидан чеклаш имкониятини ўз ичига олади.

Ресурсда мужассам бўлган иқтисодий наф ёки хизмат кўрсатиш салоҳияти — бу ташкилотларнинг мақсадларига эришишга ҳисса қўшувчи ва тўғридан-тўғри ёки билвосита пул оқимлари (киримлар ёки харажатларнинг камайиши) ёки хизмат тақдим этиш имкониятининг мавжудлигидир.

Бунда хизмат кўрсатиш салоҳияти қуйидаги йўллар билан олиниши мумкин:

а) ички таълим бериш учун ресурсдан фойдаланиш;

б) товарлар ишлаб чиқиш ёки хизматлар (шу жумладан давлат хизматлари) кўрсатиш учун ресурсдан фойдаланиш;

д) бошқа активларнинг қийматини ошириш учун ресурсдан фойдаланиш;

э) мажбуриятларни бажариш ёки харажатларни камайтириш учун ресурсдан фойдаланиш;

ф) ресурсни сотиш ёки айирбошлаш;

г) ресурсни сақлаш.

83. Ҳар бир ижро мажбурияти мазкур Стандартнинг 61 — 69-бандларига мувофиқ аниқланган ҳолда, ташкилотлар мажбурий келишув бошланишида мазкур ижро мажбурияти вақт давомида бажарилиши (мазкур Стандартнинг 84-85 ёки 87-88-бандларига мувофиқ) ёки маълум бир вақтда бажарилишини (мазкур Стандартнинг 86 ёки 89-бандига мувофиқ) аниқлаши керак.

7-боб. Товарлар ёки хизматлар учун ресурслардан ички фойдаланиш бўйича ижро мажбуриятлари

1-§. Вақт давомида бажарилган ижро мажбуриятлари

84. Агар қуйидаги мезонлардан бири бажарилса, ташкилотлар товар ёки хизмат устидан назоратни вақт давомида амалга оширади ҳамда ушбу вақт давомида ижро мажбуриятини бажаради ва даромадни ҳисобга олади:

а) ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида бир вақтнинг ўзида иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш салоҳиятини олса ва фойдаланса;

б) ташкилотлар фаолияти натижасида яратилаётган ёки ўзгартирилаётган актив (масалан, тугалланмаган ишлаб чиқариш) устидан назорат ижро даврида ташкилотларда сақланса;

д) ташкилотлар бажарилган ишлар учун (ҳисобот санасигача) тўлов олиш бўйича ҳуқуққа эга бўлса (мазкур хатбошини қўллашда ушбу Стандартнинг 85-банди талаблари инобатга олинади).

85. Ташкилотлар мазкур Стандарт 84-бандининг «д» кичик бандига мувофиқ, ҳисобот санасигача бажарилган ижро мажбуриятлари учун тўлов олиш ҳуқуқига эга эканлигини баҳолашда мажбурий келишув шартларини, шунингдек, ушбу келишувга татбиқ этиладиган қонунчилик ҳужжатларини ҳисобга олади. Бунда ҳисобот санасигача бажарилган ижро мажбуриятлари учун тўланадиган сумма аниқ белгиланган бўлиши шарт эмас.

Мажбурий келишувнинг амал қилиши давомида, агар ресурс таъминловчи ёки келишув доирасида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлган бошқа томон ташкилотларнинг ижро мажбуриятларини бажармаганлиги билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра келишувни бекор қилса, ташкилотлар ҳисобот санасигача бажарилган ижро мажбуриятлари учун компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.

2-§. Маълум бир вақтда бажарилган ижро мажбуриятлари

86. Агар ижро мажбурияти мазкур Стандартнинг 84 ва 85-бандларига мувофиқ вақт давомида бажарилмаса, ташкилотлар уни маълум бир вақтда бажаради.

Ташкилотлар ижро мажбуриятини бажариш ва актив устидан назоратни қўлга киритиш вақтини (аниқ вақт) белгилашда мазкур Стандартнинг 81 ва 82-бандларида назарда тутилган назорат мезонларини ҳисобга олиши керак.

8-боб. Товарлар ёки хизматларни бошқа томонга (харидор ёки учинчи шахсга) ўтказиш бўйича ижро мажбуриятлари

1-§. Вақт давомида бажарилган ижро мажбуриятлари

87. Агар қуйидаги мезонлардан бири бажарилса, ташкилотлар товар ёки хизмат устидан назоратни вақт давомида харидорга ёки учинчи томон манфаатдорига ўтказади ҳамда ушбу вақт давомида ижро мажбуриятини бажаради ҳамда даромадни ҳисобга олади:

а) ташкилотларнинг фаолияти давомида тақдим этилаётган иқтисодий наф ёки хизмат кўрсатиш салоҳиятини харидор ёки учинчи томон манфаатдори бир вақтнинг ўзида олса ва фойдаланса;

б) ташкилотларнинг фаолияти натижасида яратилаётган ёки ўзгартирилаётган актив (масалан, тугалланмаган ишлаб чиқариш) устидан назорат ижро даврида харидор ёки учинчи томон манфаатдорида сақланса;

д) ташкилотларнинг фаолияти муқобил фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган активни яратишга олиб келса (муқобил фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган активни яратишда мазкур Стандартнинг 88-банди талаблари инобатга олинади) ва ташкилотлар ҳисобот санасигача бажарилган ишлар учун тўлов олиш бўйича ҳуқуққа эга бўлса (ҳисобот санасигача бажарилган ишлар учун тўлов олиш ҳуқуқини аниқлашда мазкур Стандартнинг 85-банди талаблари инобатга олинади).

88. Ташкилот фаолияти натижасида яратилган ёки ўзгартирилаётган актив мажбурий келишув доирасида фақат белгиланган мақсадда фойдаланиладиган бўлса ва уни бошқа мақсадларда қўллаш амалиётда чекланган бўлса, бу активнинг муқобил фойдаланиш имконига эга эмаслиги ҳисобланади.

Активнинг муқобил фойдаланиш имконияти мажбурий келишув бошланишида аниқланади. Мажбурий келишув давомида фақат томонлар келишувни ўзгартирса ва мажбуриятнинг мазмуни ўзгарса, активнинг муқобил фойдаланиш имконияти қайта баҳоланиши мумкин.

2-§. Маълум бир вақтда бажарилган ижро мажбуриятлари

89. Агар ижро мажбурияти мазкур Стандартнинг 87-88-бандларида кўрсатилган мезонларга мувофиқ вақт давомида бажарилмаса, ташкилотлар уни маълум бир вақтда бажаради.

Харидор ёки учинчи томон манфаатдори келишувда белгиланган актив устидан назоратни қўлга киритган ва ташкилотлар ижро мажбуриятини бажарган пайтни аниқлаш учун ташкилотлар мазкур Стандартнинг 81-82-бандларида белгиланган назорат талабларини (агар қайта сотиб олиш келишуви мавжуд бўлса) ҳисобга олиши лозим.

Ташкилотлар назорат ўтказилганлигини кўрсатувчи қуйидаги белгиларни ҳам ҳисобга олади:

а) ташкилотлар актив учун ҳақ олиш бўйича жорий ҳуқуққа эга бўлса — агар ресурс таъминловчи актив учун ҳозирда тўлов қилишга мажбур бўлса, бу унинг активдан фойдаланишни бошқариш ва ундан деярли барча иқтисодий наф ёки хизмат салоҳиятини олиш имкониятига эга эканлиги;

б) харидор ёки учинчи томон манфаатдори активга нисбатан қонуний ҳуқуққа эга бўлса — қонуний ҳуқуқ қайси томон активдан фойдаланишни бошқариш ва иқтисодий наф олиш имкониятига эга эканлиги.

Агар ташкилотлар ушбу ҳуқуқни фақат тўлов хавфидан ҳимояланиш учун сақлаб қолса, бу харидор назоратини чекламайди. Шу сабабли, активга бўлган мулк ҳуқуқининг ўтказилиши харидор ёки учинчи томон бенефициар активни назорат қила бошлаганини англатиши мумкин. Агар ташкилотлар мулк ҳуқуқини фақат ресурс таъминотчиси томонидан тўлов амалга оширилмаслигидан ҳимояланиш учун сақлаб қолса, ташкилотларнинг бу ҳуқуқлари харидор ёки учинчи томон бенефициарнинг актив устидан назоратни қўлга киритишига тўсқинлик қилмайди;

д) ташкилотлар активнинг жисмоний эгалигини ўтказган бўлса — жисмоний эгалик назоратдан ўтганлигини кўрсатиши мумкинлиги (воситачилик асосидаги сақлаш ёки сақлаш ҳолатлари бундан мустасно);

э) харидор ёки учинчи томон манфаатдори активга эгалик қилиш билан боғлиқ асосий хатарлар ва манфаатларга эга бўлса, бу назорат ўтганлигини кўрсатиши мумкинлиги (бунда ташкилотларнинг активни беришдан ташқари, алоҳида ижро мажбуриятларини келтириб чиқарувчи хатарлар ҳисобга олинмайди);

ф) ресурс таъминловчи активни қабул қилган бўлса — бу унинг активдан фойдаланиш ва иқтисодий наф олиш имкониятига эга эканлигини кўрсатиши мумкинлиги.

3-§. Ижро мажбуриятини тўлиқ бажариш босқичларини баҳолаш

90. Мазкур Стандартнинг 84 ва 85-бандларига (товарлар ёки хизматлардан ички фойдаланиш бўйича ижро мажбуриятлари учун) ёки мазкур Стандартнинг 87 ва 88-бандларига (товарлар ёки хизматларни бошқа томонга ўтказиш бўйича ижро мажбуриятлари учун) мувофиқ вақт ўтиши билан бажариладиган ҳар бир ижро мажбурияти учун ташкилотлар ушбу мажбуриятни тўлиқ бажариш йўлидаги жараённи баҳолаш орқали вақт ўтиши билан даромадни тан олиши лозим.

Жараённи баҳолашдан мақсад ташкилотларнинг ўз ижро мажбуриятини бажариш бўйича фаолиятини акс эттириш, яъни даромадни фақат активни топшириш ёки хизматни тугаллаган пайтда эмас, балки ижро жараёнига мувофиқ босқичма-босқич тан олиш ҳисобланади.

91. Ташкилотлар вақт давомида бажарилган ҳар бир ижро мажбурияти учун босқичларни баҳолашнинг ягона усулини қўллаши ва бу усулни ўхшаш ижро мажбуриятларига ҳамда ўхшаш вазиятларда изчил равишда татбиқ этиши лозим. Ҳар бир ҳисобот даврининг охирида ташкилотлар вақт давомида бажарилаётган ижро мажбуриятини тўлиқ бажариш йўлидаги ўз босқичларини қайта баҳолаши керак.

4-§. Босқичларни баҳолаш усуллари

92. Жараённинг ривожланишини баҳолашнинг мос усулларига чиқарилган натижа ва харажат усуллари киради.

Босқични баҳолашнинг тегишли усулини аниқлашда ташкилотлар тақдим этилиши кўзда тутилган товар ёки хизматнинг хусусиятини ҳамда мажбурий келишув шартларида ташкилотлар бажарадиган фаолияти ёки сарфлаши лозим харажатлар кўрсатилганлигини инобатга олиши керак.

93. Муайян ижро мажбурияти бўйича босқични баҳолаш усулини қўллашда, ташкилотлар ушбу ижро мажбурияти билан бевосита боғлиқ бўлмаган қуйидагиларни:

а) агар ижро мажбуриятида ташкилотлар аниқ товар ёки хизмат учун ички ресурслардан фойдаланишини белгилаган бўлса, ташкилотлар назоратни сақлаб қолмаган товар ёки хизматларни баҳолашдан чиқариши керак (аксинча, ташкилотлар ушбу ижро мажбуриятини бажаришда ўзи назорат қиладиган ҳар қандай товар ёки хизматларни босқич баҳолашига киритиши керак);

б) агар ташкилотлар ижро мажбурияти доирасида ресурсларни бошқа томонга (харидор ёки учинчи бенефициарга) алоҳида товар ёки хизмат кўринишида етказишни белгилаган бўлса, у ҳолда ташкилотлар бошқа томонга назоратни ўтказмаган товар ёки хизматларни баҳолашдан чиқариши керак (аксинча, ташкилотлар назоратни бошқа томонга ўтказган товар ёки хизматларни босқич баҳолашига қўшиши шарт).

94. Шартнома бажарилиши жараёнида вазият ўзгарса, ташкилот ижро мажбурияти қай даражада бажарилганлигини (ижро босқичини) қайта баҳолаши ва ҳисоб-китобларни шунга мос равишда янгилаши лозим.

Ташкилотларнинг босқични баҳолаш усулига киритилган бундай ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС) «Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар» га (рўйхат рақами 3797, 2026 йил 27 март) мувофиқ бухгалтерия ҳисоби баҳосидаги ўзгариш сифатида ҳисобга олиниши керак.

5-§. Босқичнинг мос ҳисоб-баҳолашлари

95. Ташкилот иш ёки хизматнинг қанча қисми бажарилганини аниқ ва асосли баҳолай олса, даромадни босқичма-босқич тан олиши мумкин. Агар буни ишончли баҳолай олмаса, даромадни бундай тарзда тан олмаслиги керак.

Агар ташкилотда ижро мажбурияти қай даражада бажарилганлигини аниқлаш учун етарли ва ишончли маълумотлар бўлмаса, у ижро босқичини ишончли баҳолай олмайди.

96. Агар ижро мажбурияти натижасини ишончли баҳолаш имкони мавжуд бўлмаса, бироқ мазкур мажбуриятни бажариш учун қилинган харажатларнинг қопланиши эҳтимоли юқори бўлса, ташкилот даромадни ижро мажбурияти натижасини ишончли баҳолаш имконияти пайдо бўлгунига қадар фақат қопланиши кутилаётган харажатлар суммаси доирасида тан олади.

6-§. Активларни тан олиш мезонларини кейинги босқичда кўриб чиқиш

97. Агар ушбу Стандарт доирасидаги мажбурий келишув бўйича олинган ресурслар мазкур Стандартнинг 16-бандида назарда тутилган активни тан олиш мезонларига жавоб бермаса ва ташкилотлар ресурс таъминловчидан маблағ олган бўлса, ташкилотлар ушбу маблағни фақат қуйидаги ҳолатлардан бири юз берганда даромад сифатида эътироф этади:

а) ташкилотларнинг бажарилмаган ҳеч қандай мажбуриятлари қолмаган бўлса;

б) мажбурий келишув бекор қилинган ва олинган тушум ресурс таъминловчига қайтарилмайдиган бўлса.

9-боб. Баҳолаш

1-§. Ресурслар кирими натижасида активларни баҳолаш

98. Мажбурий келишув мавжуд бўлган даромад операцияси доирасида олинган актив ташкилотлар томонидан активни тан олиш мезонлари бажарилган санадаги операция қиймати бўйича дастлаб баҳоланиши лозим (ушбу банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 101 — 119-бандлари талаблари инобатга олинади).

2-§. Мажбуриятларни баҳолаш

99. Мажбурият сифатида тан олинадиган сумма ҳисобот санасига ижро мажбуриятини бажариш учун зарур бўлган маблағнинг энг мақбул баҳосини ташкил этади. Ушбу Стандарт мақсадлари учун дастлабки тан олишда мажбуриятнинг энг мақбул баҳоси ресурслар кирими муносабати билан тан олинган тегишли актив қиймати билан чекланади.

Ташкилотлар мажбуриятнинг энг мақбул баҳосини аниқлашда мазкур Стандартнинг 29-банди талабларини қўллаши лозим.

3-§. Мажбурий келишувларга эга бўлган даромад операцияларини баҳолаш

100. Ижро мажбурияти бажарилганда (ёки бажарилаётганда) ташкилотлар ушбу ижро мажбуриятига ажратилган операция қийматини (мазкур Стандартнинг 111 ва 112-бандларига мувофиқ чекланган ўзгарувчан тўлов миқдорлари бундан мустасно) даромад сифатида тан олиши лозим.

4-§. Операция қийматини аниқлаш

101. Ташкилотлар мажбурий келишув шартларини ва ўз фаолиятини инобатга олган ҳолда операция қийматини аниқлаши лозим.

Операция қиймати бу ташкилотлар ўз ижро мажбуриятларини бажариш эвазига мажбурий келишувга мувофиқ олишни кутаётган ресурслар миқдори бўлиб, унда учинчи шахслар номидан йиғиладиган суммалар (масалан, айрим солиқлар) ҳисобга олинмайди. Мажбурий келишувда тўлов қатъий белгиланган миқдорларни, ўзгарувчан миқдорларни ёки ҳар иккаласини ўз ичига олиши мумкин.

102. Ташкилотлар операция қиймати миқдорини аниқлайди, аммо тўлов хавфи бу ҳисоб-китобда инобатга олинмайди.

103. Келишув бўйича олиниши кутилган маблағнинг шаклланиш тартиби, вақти ва миқдори ташкилотлар томонидан аниқланадиган сумманинг баҳосига таъсир қилади.

Келишув бўйича олиниши кутилган маблағни аниқлаётганда ташкилотлар қуйидаги омилларни инобатга олиши шарт:

а) ўзгарувчан тўловлар (ушбу кичик банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 105 — 109 ва 113-бандлари талаблари инобатга олинади);

б) ўзгарувчан тўловларнинг эҳтимолий миқдорини чеклаш (ушбу кичик банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 111 ва 112-бандлари талаблари инобатга олинади);

д) мажбурий келишувда муҳим молиявий муддат (яъни, тўлов муддати узоқ бўлиб, фоиз таъсири сезиларли бўлса) мавжудлиги (ушбу кичик банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 114 — 119-бандлари талаблари инобатга олинади);

э) ресурс таъминловчига тўланиши лозим бўлган маблағлар.

104. Ташкилотлар мажбурий келишув бўйича тўлов миқдорини аниқлашда тўлов мажбурий келишувда белгиланган шартларга мувофиқ амалга оширилишини ва келишув бекор қилинмаслиги, қайта тикланмаслиги ёки ўзгартирилмаслигини назарда тутиши лозим.

5-§. Ўзгарувчан тўлов

105. Агар мажбурий келишувда белгиланган тўлов ўзгарувчан (ўзгариши мумкин бўлган) миқдордан иборат бўлса, ташкилотлар ресурс таъминловчидан олиши кутилаётган тўлов миқдорини баҳолаши керак.

106. Тўланадиган маблағ миқдори чегирмалар, компенсациялар, қайтариб бериладиган маблағлар, қарз шартлари, баҳони камайтириш, рағбатлантирувчи тўловлар, самарадорлик учун мукофотлар, жарималар ёки шуларга ўхшаш бошқа ҳолатлар туфайли ўзгариши мумкин.

Тўланадиган маблағ миқдори, шунингдек, келгусида содир бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин бўлган ҳодисага боғлиқ ҳолда ҳам ўзгариши мумкин. Масалан, мажбурий келишувда белгиланган муайян кўрсаткичга эришилганда белгиланган тўлов устидан қўшимча мукофот (бонус) берилиши назарда тутилган бўлса, бундай ҳолатда тўлов миқдори ўзгарувчан ҳисобланади.

107. Ташкилотлар мажбурий келишувда белгиланган тўлов миқдорини аниқлаётганда, тўланадиган маблағнинг қонунчилик ҳужжатлари ёки мажбурий келишувда очиқ белгилаб қўйилган шартлардан ташқари ўзгариши мумкинлигини ҳисобга олиши керак.

Ўзгарувчанлик қуйидаги ҳолатларда пайдо бўлиши мумкин:

а) чегирма ёки имтиёз бериш натижасида камайиши кутилса. Ташкилотлар ресурс таъминловчи (масалан, давлат, маҳаллий бюджет ёки суғурта жамғармаси) фаолият ва сиёсатлари асосида тўловни камайтириши мумкинлиги ҳақида ишончли маълумотларга эга бўлса, тўланадиган маблағ ўзгарувчан ҳисобланади;

б) келишувда нарх бўйича енгиллик бериш назарда тутилган бўлса. Агар бошқа маълумотлар ёки шартлар, шунингдек, ташкилотларнинг ресурс таъминловчи билан муносабатлари доирасидаги амалиёти тўлов миқдорининг камайтирилишини кўрсатса, бундай ҳолда тўланадиган маблағ ўзгарувчан ҳисобланади.

108. Ташкилотлар мажбурий келишув бўйича эътироф этилиши лозим бўлган тўлов миқдорини аниқроқ прогноз қилиш имконини берадиган усуллардан бирини ўзгарувчан тўлов миқдорини баҳолашда қўллаши шарт.

а) кутилаётган қиймат усули — бу эҳтимолий тўлов миқдорлари оралиғидаги эҳтимоллик билан ўлчанган миқдорлар йиғиндисидир. Агар ташкилотлар ўхшаш хусусиятларга эга бўлган кўп сонли мажбурий келишувларга эга бўлса, ушбу усул ўзгарувчан тўлов миқдорининг тегишли баҳоси бўлиши мумкин;

б) энг эҳтимолли қиймат усули — бу эҳтимолий тўлов миқдорлари орасида энг кўп содир бўлиши кутилган ягона тўлов миқдоридир (яъни, мажбурий келишув бўйича энг эҳтимолий натижа). Агар мажбурий келишув фақат икки эҳтимолий натижага эга бўлса (масалан, ташкилотлар инфратузилма объектини белгиланган муддатда тугаллайди ёки тугалламайди), ушбу усул ўзгарувчан тўлов миқдорини баҳолаш учун мақбул ҳисобланади.

109. Ташкилотлар ўзгарувчан тўлов миқдорига бўлган ноаниқликнинг таъсирини баҳолашда бир хил усулни доимий қўллаши керак. Шунингдек, ташкилотлар барча мос маълумотларни (тарихий, жорий ва келажакдаги эҳтимоллар) ҳисобга олиши ва эҳтимолий тўлов миқдорларининг асосли оралиғини аниқлаши лозим.

Ўзгарувчан тўлов миқдорини баҳолашда фойдаланиладиган маълумотлар ташкилотлар мажбурий келишув бўйича олишлари кутилаётган тўлов миқдорини аниқлашда қўлланиладиган маълумотларга ўхшаш бўлиши лозим. Агар мажбурий келишув бошқа томонга алоҳида товар ёки хизмат етказишни талаб қилса, фойдаланиладиган маълумотлар ташкилотлар нарх белгилаш ва тижорат таклифларини шакллантириш жараёнида қўлланиладиган маълумотларга мос бўлиши керак.

6-§. Қайтариб бериладиган мажбуриятлар

110. Ташкилотлар қайтариб бериш ҳуқуқи назарда тутилган мажбурий келишувни тузиши мумкин. Бундай ҳолларда, агар ташкилотлар ресурс таъминловчидан маблағ қабул қилган бўлса ва алоҳида товарлар ёки хизматларни харидорга ёки учинчи шахсга топшириш билан боғлиқ равишда ушбу маблағнинг бир қисмини ёки тўлиқ ҳажмини қайтариб бериши кутилса, ташкилотлар қайтариб бериш бўйича мажбуриятни тан олиши шарт.

Қайтариб бериш бўйича мажбурият ташкилотлар ўзини ҳақли деб ҳисобламайдиган (яъни келишув бўйича тўлов қиймати таркибига киритилмайдиган) қабул қилинган ёки олиниши лозим бўлган маблағ миқдорида баҳоланади.

Қайтариб бериш бўйича мажбурият (шунингдек, тўлов қийматининг тегишли ўзгариши ва шунга мос равишда мажбурий келишув бўйича мажбурият) ҳар бир ҳисобот даври охирида вазиятнинг ўзгаришига қараб қайта кўриб чиқилиши лозим.

7-§. Ўзгарувчан тўловларнинг эҳтимолий миқдорини чеклаш ва ўзгарувчан тўловни қайта баҳолаш

111. Ташкилотлар мазкур Стандартнинг 108-бандига мувофиқ баҳоланган ўзгарувчан тўлов суммасининг бир қисмини ёки тўлиқ миқдорини фақат шундай ҳолатда келишув бўйича тўлов таркибига киритиши шартки, ушбу ўзгарувчан тўлов билан боғлиқ ноаниқлик кейинчалик бартараф этилганда, илгари тан олинган жами даромад суммасида сезиларли даражада камайтирувчи ўзгариш амалга оширилиши эҳтимоли юқори бўлмаслиги керак. Мазкур шарт бажарилган деб ҳисобланиши учун бундай эҳтимол юқори даражада ишончли бўлиши лозим.

112. Ўзгарувчан тўлов билан боғлиқ ноаниқлик кейинчалик бартараф этилганда, илгари тан олинган жами даромад суммасида сезиларли камайтирувчи ўзгариш юз бермаслиги эҳтимоли юқори эканлигини баҳолашда ташкилотлар даромадни камайтириш эҳтимолини ҳам, камайтириш миқдорини ҳам ҳисобга олиши лозим.

Қуйидаги омиллар даромадни камайтирувчи ўзгариш эҳтимолини ёки унинг миқдорини ошириши мумкин (аммо улар билан чекланмайди):

а) тўлов миқдори ташкилотларнинг назоратидан ташқари омилларга юқори даражада боғлиқ бўлса. Бундай омилларга бозордаги кескин ўзгаришлар, учинчи томонларнинг қарорлари ёки ҳаракатлари, об-ҳаво шароити, шунингдек, тўлов ёки белгиланган товар ёхуд хизматнинг тез эскириши хавфи киради;

б) тўлов миқдори бўйича ноаниқлик узоқ вақт давомида бартараф этилмаслиги кутилса. Бу ноаниқлик мажбурият юзага келган даврдан кейинги ҳисобот даврида тўлов миқдори аниқланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин;

д) ташкилотларда ўхшаш турдаги мажбурий келишувлар бўйича тажриба етарли бўлмаса ёки мавжуд тажриба ишончли прогноз қилиш қийматига эга бўлмаса;

э) ташкилотларда ўхшаш ҳолатларда кенг кўламли чегирмалар бериш ёки тўлов шартларини тез-тез ўзгартириш амалиёти мавжуд бўлса;

ф) мажбурий келишувда мумкин бўлган тўлов миқдорлари сони кўп ва улар оралиғи жуда кенг бўлса.

113. Ҳар бир ҳисобот даври охирида ташкилотлар келишув бўйича тўловнинг баҳоланган миқдорини қайта кўриб чиқиши шарт. Бунда ўзгарувчан даромад миқдорини баҳолашда қўлланилган чекловлар ҳам қайта баҳоланади. Қайта баҳолаш ҳисобот даври охирида мавжуд бўлган ҳолатлар ва ҳисобот даври давомида юз берган ўзгаришларни ишончли акс эттириши лозим.

Келишув бўйича тўлов миқдоридаги барча ўзгаришлар мазкур Стандартнинг 130 — 133-бандларига мувофиқ ҳисобга олинади.

8-§. Мажбурий келишувда муҳим молиявий таркибий қисмнинг мавжудлиги

114. Операция қийматини аниқлашда, агар мажбурий келишув томонлари ўртасида тўловни амалга ошириш муддати белгиланган ҳолда ресурс таъминловчига ёки ташкилотларга келишувни молиялаштиришда сезиларли фойда келтирса, ташкилотлар тўлов миқдорини пулнинг вақт қиймати таъсирини ҳисобга олган ҳолда тузатиши лозим. Бундай ҳолатларда мажбурий келишув пулнинг вақт қийматига боғлиқ молиялаштириш қисмини ўз ичига олади.

Пулнинг вақт қийматига боғлиқ молиялаштириш қисми, молиялаштириш шарти мажбурий келишувда алоҳида кўрсатилганидан қатъи назар, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ томонлар ўртасида келишилган шартлар ҳам мавжуд бўлиши мумкин.

115. Агар мажбурий келишувда пулнинг вақт қийматига боғлиқ молиялаштириш таркибий қисми мавжуд бўлса, назарда тутилган тўлов миқдорини тузатишдан мақсад даромадни ресурс таъминловчи ижро мажбуриятида назарда тутилган товарлар ёки хизматлар учун тўлов жорий тўлов қиймати асосида тан олиш ҳисобланади.

Ташкилотлар пулнинг вақт қийматига боғлиқ молиялаштириш таркибий қисми мавжудлигини ва унинг аҳамиятини баҳолашда барча тегишли маълумотларни инобатга олиши керак, жумладан:

а) назарда тутилган тўлов миқдори билан ижро мажбуриятида берилган товар ёки хизматлар учун ҳисобланган жорий тўлов қиймати ўртасидаги фарқ;

б) қуйидаги омилларнинг биргаликдаги таъсири:

ташкилотлар ижро мажбуриятини бажарган вақт билан ресурс таъминловчи томонидан тўлов амалга ошириладиган вақт орасидаги кутилаётган муддат;

бозорнинг амалдаги фоиз ставкалари.

116. Мазкур Стандартнинг 115-бандига мувофиқ баҳолашга қарамасдан, агар қуйидаги омиллардан бири мавжуд бўлса, ресурс таъминловчи билан тузилган мажбурий келишувда муҳим молиялаштириш таркибий қисми мавжуд деб ҳисобланмайди:

а) ресурс таъминловчи тўловни олдиндан амалга оширган бўлиб, ижро мажбуриятининг қачон бажарилиши ресурс таъминловчининг ихтиёрига боғлиқ бўлса;

б) ресурс таъминловчи томонидан назарда тутилган тушумнинг катта қисми ўзгарувчан бўлиб, ушбу тўлов миқдори ёки унинг амалга ошириш вақти ресурс таъминловчи ёки ташкилотлар назоратидан сезиларли даражада ташқарида бўлган келгусидаги ҳодисанинг содир бўлиши ёки содир бўлмаслигига боғлиқ равишда ўзгариб турса;

д) тўлов миқдори билан жорий тўлов қиймати (мазкур Стандартнинг 115-бандида баён этилган) ўртасидаги фарқ ресурс таъминловчига ёки ташкилотларга молиялаштириш таъминланиши билан боғлиқ бўлмаган бошқа сабаблар туфайли юзага келган бўлса ва ушбу фарқ мазкур сабабларга мутаносиб бўлса. Масалан, келишув шартларига кўра, томонлардан бири мажбурий келишув бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ ёки тегишли даражада бажармаслик хавфидан ҳимояланиши назарда тутилган бўлиши мумкин.

117. Агар ташкилотлар мажбурий келишув тузилган пайтда ижро мажбурияти бажариладиган вақт билан ресурс таъминловчи томонидан тўлов амалга ошириладиган вақт ўртасидаги муддат бир йилдан ошмаса, вақт қиймати инобатга олинмайди ва тўлов суммаси тузатилмайди.

118. Мазкур Стандартнинг 115-бандида белгиланган мақсадга эришиш учун молиялаштириш таркибий қисми таъсирини ҳисобга олган ҳолда тўлов миқдорини тузатишда ташкилотлар мажбурий келишув тузилган пайтда ташкилотлар ва ресурс таъминловчи ўртасида алоҳида молиялаштириш операциясида қўлланилиши мумкин бўлган дисконт ставкасига тенг ставкани қўллаши лозим.

Ушбу ставка мажбурий келишув доирасида молиялаштириш олаётган томоннинг молиявий ҳолатига хос хусусиятларни, шунингдек, ресурс таъминловчи ёки ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳар қандай таъминот ёки кафолатларни, жумладан, мажбурий келишув доирасида ўтказилган активларни инобатга олган ҳолда шакллантирилади.

Ташкилотлар мазкур ставкани номинал тўлов миқдорини ижро мажбурияти бажарилган вақтда (ёки бажарилиши давомида) ресурс таъминловчи томонидан ўтказилиши мумкин бўлган қийматга келтирувчи ставка сифатида аниқлаши мумкин (қўлланилиши мумкин бўлган ҳолларда).

Мажбурий келишув тузилгандан сўнг, ташкилотлар фоиз ставкаларидаги ўзгаришлар ёки бошқа ҳолатлар (масалан, ресурс таъминловчининг тўлов қобилиятига доир баҳолашнинг ўзгариши) сабабли дисконт ставкасини қайта кўриб чиқиш талаб этилмайди.

119. Ташкилотлар молиялаштиришнинг таъсирини (фоиз даромади ёки фоиз харажати) ҳисобот давридаги молиявий натижа ҳақидаги ҳисоботда мажбурий келишувдан олинган даромаддан алоҳида кўрсатиши лозим.

Фоиз даромади ёки фоиз харажати фақатгина мажбурий келишув бўйича актив (ёки олиниши керак бўлган сумма) ёки мажбурият ҳисоб-китобида тан олинган миқдорга мос равишда эътироф этилади.

9-§. Келишув тўлов қийматини ижро мажбуриятлари ўртасида тақсимлаш

120. Келишув бўйича тўлов қийматини тақсимлашдан кўзланган мақсад келишувда назарда тутилган ҳар бир ижро мажбуриятига, ушбу мажбурият бажарилиши натижасида ташкилотлар олиши кутилган тўлов суммасига мувофиқ равишда келишув бўйича тўлов қийматини ажратиш ҳисобланади.

121. Ташкилот мажбурий келишув бўйича олинган умумий тўловни ҳар бир алоҳида мажбуриятга (товар ёки хизматга) унинг алоҳида нархига нисбатан мазкур Стандартнинг 122 — 126-бандларига мувофиқ мутаносиб равишда тақсимлаши керак. Чегирмаларни тақсимлаш ва ўзгарувчан миқдорларни ўз ичига олган қийматларни тақсимлаш мазкур Стандартнинг 127 — 129-бандларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари амалга оширилади.

Тан олинган даромад миқдори, актив сифатида тан олинган ресурс киримининг пропорционал қисми бўлиб, умумий ижро мажбуриятлари бажарилган деб ҳисобланган прогноз қилинган фоизга асосланади.

10-§. Алоҳида қиймат асосида тақсимлаш

122. Мажбурий келишув бўйича тўлов қийматини ҳар бир ижро мажбуриятига пропорционал алоҳида қиймат асосида тақсимлаш учун ташкилотлар мажбурий келишувда аниқланган ҳар бир ижро мажбуриятига тегишли алоҳида товар ёки хизматнинг алоҳида қийматини мажбурий келишув тузилаётган пайтда ва тўлов қийматини шу алоҳида қийматларга мутаносиб тақсимлаши керак.

123. Алоҳида қийматнинг энг ишончли далили — ташкилотлар бу товар ёки хизматни ўхшаш шароитда ва ўхшаш ресурс таъминловчиларга алоҳида тақдим қилганда аниқланган нархидир.

Мажбурий келишувда товар ёки хизмат учун белгиланган нарх ёки нархлар рўйхати мазкур товар ёки хизматнинг алоҳида қиймати сифатида қаралиши мумкин, бироқ бундай нарх автоматик равишда алоҳида қиймат сифатида қабул қилинмайди.

124. Агар алоҳида қийматни бевосита аниқлаш имкони бўлмаса, ташкилотлар мазкур Стандартнинг 120-бандида белгиланган тақсимлаш мақсадига мувофиқ равишда мажбурий келишув бўйича тўлов қийматини тақсимлашни таъминлайдиган миқдорда алоҳида қийматни баҳолайди.

Алоҳида қийматни баҳолашда ташкилотлар ўзида мавжуд бўлган барча асосли ахборотни, шу жумладан, ташкилотларга хос омилларни, ресурс таъминловчи ёки ресурс таъминловчилар тоифаси ҳақидаги маълумотларни ҳамда тегишли ҳолларда бозор шароитларини инобатга олиши керак.

Бунда ташкилотлар кузатиладиган маълумотлардан имкон қадар кўпроқ фойдаланиши ва ўхшаш вазиятларда баҳолаш усулларини изчил қўллаши лозим.

125. Товар ёки хизматнинг алоҳида қийматини баҳолашда қўлланилиши мумкин бўлган усуллар қуйидагиларни ўз ичига олади, аммо улар билан чекланмайди:

а) бозорни мослаштирилган баҳолаш усули — ташкилотлар товарлар ёки хизматлардан фойдаланадиган ёки уларни тақдим этадиган бозорни таҳлил қилиб, ушбу бозорда бошқа ташкилотлар шу товар ёки хизматлар (ёхуд уларга ўхшаш товар ёки хизматлар) учун тўлашга тайёр бўлган нархни аниқлаши ҳамда зарур ҳолларда ушбу нархларни ташкилотларнинг харажатлари ва фойдаларини ҳисобга олган ҳолда мослаштириши мумкин;

б) кутилаётган харажатлар усули — ташкилотлар ижро мажбуриятини бажариш учун кутилаётган харажатларни прогноз қилиши ва агар тегишли бўлса мазкур товар ёки хизмат учун асосли устама қўшиши мумкин;

д) қолдиқ усули — ташкилотлар алоҳида қийматни келишув бўйича умумий тўлов қийматидан келишув доирасида фойдаланиладиган ёки бошқа томонга ўтказиладиган бошқа товарлар ёки хизматларнинг кузатиладиган алоҳида қийматлари йиғиндисини айириш орқали баҳолаши мумкин. Бироқ ташкилотлар мазкур Стандартнинг 124-бандига мувофиқ ҳолда, товар ёки хизматнинг алоҳида қийматини қолдиқ усули орқали фақат қуйидаги шартлардан бири мавжуд бўлганда фойдаланиши мумкин:

1) ташкилотлар бир хил товар ёки хизматни турли томонларга (бир вақтда ёки деярли бир вақтда) жуда кенг қиймат оралиғида тақдим этса (яъни, нарх юқори даражада ўзгарувчан бўлиб, олдинги келишувлар ёки бошқа кузатиладиган далиллар асосида алоҳида қийматни аниқлаш мумкин бўлмаса);

2) ташкилотлар ушбу товар ёки хизмат учун ҳали нарх белгиламаган бўлса ва мазкур товар ёки хизмат аввал мустақил равишда тақдим этилмаган бўлса (яъни нарх ноаниқ бўлса).

126. Агар келишув доирасида фойдаланиладиган ёки бошқа томонга ўтказиладиган товарлар ёки хизматлардан икки ёки ундан ортиғининг алоҳида қиймати юқори даражада ўзгарувчан ёки ноаниқ бўлса, ушбу товарлар ёки хизматларнинг алоҳида қийматини баҳолашда бир неча усулларни биргаликда қўллаш талаб этилиши мумкин.

Масалан, ташкилотлар алоҳида қиймати юқори даражада ўзгарувчан ёки ноаниқ бўлган товарлар ёки хизматлар учун жами алоҳида қийматни қолдиқ усули орқали баҳолаб, кейин эса ушбу қолдиқ усули асосида аниқланган жами алоҳида қийматга нисбатан ҳар бир алоҳида товар ёки хизматнинг алоҳида қийматини бошқа баҳолаш усули ёрдамида аниқлаши мумкин.

Ташкилотлар келишув доирасидаги ҳар бир товар ёки хизматнинг алоҳида қийматини баҳолашда бир неча усулларни биргаликда қўллаган тақдирда, келишув бўйича тўлов қийматини ушбу баҳоланган алоҳида қийматлар асосида тақсимлаш мазкур Стандартнинг 120-бандида белгиланган тақсимлаш мақсадига ҳамда мазкур Стандартнинг 124-бандида назарда тутилган алоҳида қийматни баҳолаш талабларига мувофиқлигини таъминлаши лозим.

11-§. Ўзгарувчан тўловни тақсимлаш

127. Келишувда назарда тутилган ўзгарувчан тўлов бутун келишувга ёки келишувнинг муайян қисмига тааллуқли бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларга қуйидагилар киради:

а) келишувдаги барча ижро мажбуриятларига эмас, балки бир ёки бир нечта ижро мажбуриятларига тааллуқли бўлиши (масалан, муайян муддат ичида назарда тутилган товар ёки хизматдан фойдаланиш ёки уни бошқа томонга ўтказиш шарти бажарилган тақдирда тўланадиган мукофот);

б) мазкур Стандарт 61-бандининг «б» кичик бандига мувофиқ ҳолда битта ижро мажбуриятини ташкил этувчи, бир-бирига ўхшаш алоҳида товарлар ёки хизматлар кетма-кетлигининг барчасига эмас, балки айрим товарлар ёки хизматларига тааллуқли бўлиши (масалан, икки йиллик тозалаш хизмати бўйича келишувда иккинчи йил учун назарда тутилган тўлов белгиланган инфляция кўрсаткичидаги ўзгаришларга асосланиб оширилиши мумкин).

128. Ташкилотлар ўзгарувчан тўлов суммасини (шунингдек, ушбу сумманинг кейинчалик ўзгаришларини) тўлиқ миқдорда муайян ижро мажбуриятига ёки мазкур Стандартнинг 61-банди «б» кичик бандига мувофиқ ҳолда битта ижро мажбуриятини ташкил этувчи алоҳида товар ёки хизматга қуйидаги икки шарт бир вақтда бажарилган тақдирда ажратади:

а) ўзгарувчан тўлов шартлари ташкилотларнинг муайян ижро мажбуриятини бажаришга ёки алоҳида товар ёхуд хизматдан фойдаланиш ёки уни бошқа томонга ўтказишга қаратилган ҳаракатлари (ёки ушбу ижро мажбурияти бажарилиши ёхуд товар ёки хизматдан фойдаланиш ёки ўтказиш натижасида эришиладиган муайян натижа) билан бевосита боғлиқ бўлса;

б) ўзгарувчан тўлов миқдорини тўлиқ ижро мажбуриятига ёки алоҳида товар ёки хизматга тақсимлаш мажбурий келишувдаги барча ижро мажбуриятлари ва тўлов шартларини ҳисобга олган ҳолда, мазкур Стандартнинг 120-бандидаги тақсимлаш мақсадига мос келса.

129. Мазкур Стандартнинг 128-бандида белгиланган мезонларга мос келмайдиган мажбурий келишув бўйича тўлов қийматининг қолган қисми мазкур Стандартнинг 120 — 126-бандларида назарда тутилган талабларга мувофиқ равишда тақсимланиши лозим.

12-§. Келишув бўйича тўлов қийматининг ўзгаришлари

130. Мажбурий келишув тузилганидан сўнг, келишув бўйича тўлов қиймати турли сабабларга кўра ўзгариши мумкин. Бунга ноаниқ ҳолатларнинг бартараф этилиши ёки ташкилотлар томонидан ижро мажбурияти бажарилиши натижасида олиниши кутилган тўлов суммасига таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатлар ўзгариши киради.

131. Ташкилотлар мажбурий келишув бўйича тўлов қийматида юзага келган кейинги ўзгаришларни мажбурий келишув тузилган пайтда қўлланган асосда мажбурий келишувдаги ижро мажбуриятларига тақсимлаши лозим. Ташкилотлар келишув тузилгандан сўнг мустақил қийматларнинг ўзгаришини инобатга олган ҳолда мажбурий келишув бўйича тўлов қийматини қайта тақсимламайди.

Бажарилган ижро мажбуриятига ажратилган суммалар келишув қиймати ўзгарган даврда даромад сифатида ёки даромаднинг камайиши сифатида тан олинади.

132. Ташкилотлар келишув бўйича тўлов қийматидаги ўзгаришни келишувдаги барча ижро мажбуриятларига эмас, балки битта ёки бир нечта ижро мажбуриятига ёхуд мазкур Стандарт 61-бандининг «б» кичик бандига мувофиқ ягона ижро мажбуриятини ташкил этувчи алоҳида товарлар ёки хизматларга тўлиқ тақсимлаши мумкин.

133. Ташкилотлар мажбурий келишувга киритилган ўзгартириш натижасида юзага келган келишув бўйича тўлов қийматидаги ўзгаришни мазкур Стандартнинг 56 — 59-бандларига мувофиқ ҳисобга олади. Бироқ мажбурий келишувга ўзгартириш киритилгандан кейин ташкилотлар қуйидаги усуллардан тегишлисини қўллаган ҳолда мазкур Стандартнинг 130 — 132-бандларига мувофиқ келишув бўйича тўлов қийматидаги ўзгаришни тақсимлайди:

а) агар келишув бўйича тўлов қийматидаги ўзгариш келишувга ўзгартиш киритилишидан олдин назарда тутилган ўзгарувчан тўлов суммасига тааллуқли бўлса ва келишувга киритилган ўзгартириш мазкур Стандартнинг 59-банди «а» кичик бандига мувофиқ ҳисобга олинган бўлса, ташкилотлар келишув бўйича тўлов қийматидаги ўзгаришни ўзгартириш киритилишидан олдин келишувда аниқланган ижро мажбуриятларининг тегишли қисмида тақсимлайди;

б) мазкур Стандартнинг 58-бандига мувофиқ келишув алоҳида янги келишув сифатида ҳисобга олинмаган бошқа барча ҳолатларда ташкилотлар келишув бўйича тўлов қийматидаги ўзгаришни ўзгартириш киритилгандан кейин бажарилмаган ёки қисман бажарилган ижро мажбуриятларига (яъни ўзгартирилган келишувдаги ижро мажбуриятларига) тақсимлайди.

10-боб. Мажбурий келишув асосидаги даромад операцияларидан юзага келган бошқа активлар

1-§. Мажбурий келишув тузишнинг қўшимча харажатлари

134. Ташкилотлар мажбурий келишувни тузиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни, агар ушбу харажатлар кейинчалик қопланиши кутилаётган бўлса, актив сифатида тан олади.

135. Мажбурий келишувни тузишга оид қўшимча харажатлар — бу ташкилотлар томонидан мажбурий келишувни тузиш мақсадида қилинган (агар мазкур келишув тузилмаганида юзага келмайдиган) харажатлардир (масалан, ҳуқуқий маслаҳат учун тўлов).

136. Мажбурий келишувни олиш билан боғлиқ бўлган ва келишув олиниши ёки олинмаслигидан қатъи назар юзага келадиган харажатлар, агар улар ресурс таъминловчига юкланиши назарда тутилмаган бўлса, улар амалга оширилган даврда харажат сифатида тан олинади.

137. Амалий жиҳатдан енгиллаштириш сифатида, агар мажбурий келишувни қўлга киритиш билан боғлиқ харажатлар бўйича актив тан олиниши мумкин бўлса ва ушбу активнинг амортизация даври бир йил ёки ундан камни ташкил этса, ташкилотлар бундай харажатларни улар юзага келган пайтда харажат сифатида тан олиши мумкин.

2-§. Мажбурий келишувни бажариш учун харажатлар

138. Агар келишувни бажариш жараёнида қилинган харажатлар бошқа стандартларнинг қўлланиш доирасига кирмаса (масалан, Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) «Товар-моддий захиралар» (рўйхат рақами 3120, 2019 йил 14 январь), Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг с тандарти (9-сонли БҲС) «Номоддий активлар» (рўйхат рақами 3169, 2019 йил 24 июнь) ёки Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар» (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март), ташкилотлар келишувни бажариш билан боғлиқ харажатлар бўйича активни фақат қуйидаги шартлар билан бир вақтда бажарилганда тан олади:

а) харажатлар муайян мажбурий келишувга ёки ташкилотлар аниқ белгилаши мумкин бўлган кутилаётган мажбурий келишувга бевосита тегишли бўлса (масалан, амалдаги келишувни янгилаш доирасида кўрсатиладиган хизматлар билан боғлиқ харажатлар ёки ҳали тасдиқланмаган, аммо муайян келишув доирасида топширилиши режалаштирилган активни лойиҳалаш харажатлари);

б) харажатлар келгусида ижро мажбуриятларини бажариш (ёки бажаришни давом эттириш) учун фойдаланиладиган ресурсларни шакллантирса ёки такомиллаштирса;

д) ушбу харажатлар қопланиши кутилса.

139. Агар мажбурий келишувни бажариш жараёнида қилинган харажатлар бошқа бюджет ҳисоби стандартларининг қўлланиш доирасига кирса, ташкилотлар бундай харажатларни тегишли стандартлар талабларига мувофиқ ҳисобга олади.

140. Мажбурий келишувга (ёки аниқ белгиланган кутилаётган мажбурий келишувга) бевосита боғлиқ бўлган харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) тўғридан-тўғри меҳнат харажатлари (масалан, харидор ёки учинчи шахс манфаатдорига хизматларни бевосита кўрсатувчи ходимларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар);

б) тўғридан-тўғри материаллар харажатлари (масалан, харидор ёки учинчи шахс манфаатдорига хизматлар кўрсатишда фойдаланиладиган материаллар ва сарфланувчи воситалар);

д) мажбурий келишувга ёки унинг доирасидаги фаолиятга бевосита тааллуқли бўлган тақсимланган харажатлар (масалан, бошқарув ва назорат харажатлари, шунингдек, мажбурий келишувни бажаришда фойдаланилаётган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва фойдаланиш ҳуқуқи активларининг суғуртаси ҳамда амортизацияси);

э) мажбурий келишув шартларига мувофиқ ресурс таъминловчи зиммасига юклатилиши белгиланган харажатлар;

ф) ташкилотлар томонидан айнан ушбу мажбурий келишув сабабли юзага келадиган бошқа харажатлар (масалан, субпудратчиларга тўловлар).

141. Ташкилотлар қуйидаги харажатларни улар амалга оширилган даврда харажат сифатида тан олади:

а) умумий ва маъмурий харажатлар (агар бундай харажатлар мажбурий келишув шартларига мувофиқ ресурс таъминловчи зиммасига юклатилиши белгиланмаган бўлса, акс ҳолда, ушбу харажатлар мазкур Стандартнинг 140-бандига мувофиқ баҳоланади);

б) мажбурий келишувни бажариш жараёнида сарфланган, бироқ келишув бўйича тўлов қийматида инобатга олинмаган самарасиз сарфланган материаллар, меҳнат ёки бошқа ресурслар харажатлари;

д) мажбурий келишув бўйича бажарилган (ёки қисман бажарилган) ижро мажбуриятларига тааллуқли харажатлар (яъни, аввал бажарилган ишлар билан боғлиқ харажатлар);

э) бажарилмаган ижро мажбуриятлари ёки бажарилган (ёки қисман бажарилган) ижро мажбуриятлари ўртасида аниқ ажратиб бўлмайдиган харажатлар.

3-§. Амортизация ва қадрсизланиш

142. Мазкур Стандартнинг 134 ёки 138-бандларига мувофиқ актив сифатида тан олинган харажатлар улар билан боғлиқ ижро мажбурияти бажарилишига мутаносиб равишда тизимли асосда амортизация қилинади. Ушбу актив мазкур Стандартнинг 138-банди «а» кичик бандига мувофиқ муайян кутилаётган мажбурий келишув доирасида бажарилиши лозим бўлган ижро мажбуриятларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.

143. Агар ижро мажбуриятининг бажарилиш муддатида сезиларли ўзгариш юз берса, ташкилотлар ушбу ўзгаришни инобатга олган ҳолда амортизация ҳисобини қайта кўриб чиқиши лозим.

Бундай ўзгариш Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти 1-сонли БҲС « Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар » (рўйхат рақами 3797, 2026 йил 27 март) талабларига мувофиқ ҳисоб-китоб баҳосининг ўзгариши сифатида ҳисобга олинади.

144. Ташкилотлар мазкур Стандартнинг 134 ёки 138-бандларига мувофиқ тан олинган активнинг баланс қиймати актив тааллуқли бўлган ижро мажбуриятларини бажариш натижасида олиниши кутилаётган тўловларнинг қолдиқ миқдори ва мазкур ижро мажбуриятларини бажариш билан бевосита боғлиқ бўлган ва ҳали харажат сифатида тан олинмаган харажатлар (ушбу банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 140-банди талаблари инобатга олинади) ўртасидаги фарқдан ортиқ бўлган қисмини молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда фойда ёки зарар сифатида тан олиши лозим.

145. Мазкур Стандартнинг 144-бандини қўллаш орқали ташкилотлар олиши кутилаётган тўлов суммасини аниқлашда келишув бўйича тўловни баҳолаш қоидаларидан фойдаланиши лозим (мазкур Стандартнинг 111 ва 112-бандларида назарда тутилган ўзгарувчан тўловни чеклашга оид талаблардан ташқари) ҳамда ушбу суммани ресурс таъминловчисининг тўлов имконияти билан боғлиқ хатар таъсирини акс эттириб тўғрилаши керак.

146. Ташкилотлар мазкур Стандартнинг 134 ёки 138-бандига мувофиқ тан олинган актив бўйича қадрсизланишдан кўрилган зарарни тан олишдан олдин бошқа Стандартларга (масалан, Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) «Товар-моддий захиралар» (рўйхат рақами 3120, 2019 йил 14 январь), Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар» (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март) ва Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (9-сонли БҲС) «Номоддий активлар» (рўйхат рақами 3169, 2019 йил 24 июнь) кўра тан олинган мажбурий келишув билан боғлиқ активларнинг қадрсизланишидан кўрилган ҳар қандай зарарни тан олиши шарт.

Мазкур Стандартнинг 144-бандида келтирилган қадрсизланишни текшириш қўлланилгандан сўнг, ташкилотлар мазкур Стандартнинг 134 ёки 138-бандига мувофиқ тан олинган активнинг натижадаги баланс қийматини тегишли пул маблағларини ҳосил қилувчи бирликнинг баланс қийматига киритиши лозим.

147. Ташкилотлар мазкур Стандартнинг 144-бандига мувофиқ аввал тан олинган қадрсизланишдан кўрилган зарарнинг бир қисмини ёки ҳаммасини, агар қадрсизланиш шартлари мавжуд бўлмаса ёки яхшиланган бўлса, фойда ёки зарар таркибида акс эттириши лозим.

Активнинг оширилган баланс қиймати, агар илгари қадрсизланишдан зарар тан олинмаган бўлса, аниқланиши лозим бўлган (амортизацияни чегирган ҳолда) миқдордан ошмаслиги керак.

11-боб. Тақдимот

1-§. Кўрсатиш

148. Мажбурий келишувнинг ҳар қандай томони ўз мажбуриятини бажарган тақдирда, ташкилотлар молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда бу келишувни мажбурий келишув активи ёки мажбурий келишув мажбурияти сифатида тақдим этиши лозим.

Бу ташкилотларнинг фаолияти ва ресурс таъминловчининг ҳақ тўлаши ўртасидаги муносабатга боғлиқ бўлади. Ташкилотлар ҳар қандай шартларсиз ҳақ олиш ҳуқуқларини алоҳида дебитор қарз сифатида тақдим этиши керак.

149. Агар ресурс таъминловчи ташкилотлар ўзининг ижро мажбуриятини бажаришидан олдин пул маблағларини ёки бошқа активни ўтказса ёки ташкилотларда тўловни олиш бўйича шартсиз ҳуқуқ (яъни, дебиторлик қарзи) юзага келса, ташкилотлар тўлов ўтказилган пайтда ёки тўлов тўланиши лозим бўлган пайтда (қайси бири эртароқ бўлса) мазкур мажбурий келишувни мажбурий келишув мажбурияти сифатида тақдим этади.

150. Агар ташкилотлар ижро мажбуриятини бажариб бўлса, лекин тўлов ҳали қабул қилинмаган бўлса ёки шартларсиз тўлов олиш ҳуқуқи ҳали юзага келмаган бўлса, ташкилотлар мажбурий келишувни (дебитор қарз сифатида тақдим этилган суммалардан ташқари) мажбурий келишув активи сифатида тақдим этади.

151. Дебиторлик қарзи — бу ташкилотларнинг шартларсиз маблағ олиш ҳуқуқидир. Агар тўловни олиш учун фақат вақт ўтиши талаб этилса, тўловни олиш ҳуқуқи шартсиз ҳисобланади.

Масалан, агар ташкилотлар келгусида қайтариб берилиши мумкин бўлган суммага нисбатан ҳам ҳозирда тўловни олиш ҳуқуқига эга бўлса, ташкилотлар ушбу суммани дебиторлик қарзи сифатида тан олади.

152. Мазкур Стандарт «мажбурий келишув активи» ва «мажбурий келишув мажбурияти» атамаларини қўллайди, лекин ташкилотларга молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда бу тушунчалар учун бошқа тавсифлардан фойдаланишни тақиқламайди.

Агар ташкилотлар мажбурий келишув активи учун бошқа тавсифдан фойдаланса, у молиявий ҳисобот фойдаланувчисига дебиторлик қарзи билан мажбурий келишув активини фарқлаш имконини берувчи етарли маълумотни тақдим этиши шарт.

2-§. Маълумотларни ёритиб бериш

153. Маълумотларни ёритиб беришдан мақсад, ташкилотлар молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига даромад операцияларидан келиб чиқадиган даромадлар ва пул оқимларининг хусусияти, миқдори, муддати ва ноаниқлик даражасини тушуниш имконини берадиган етарли маълумотларни тақдим этишдир.

Бу мақсадга эришиш учун ташкилотлар қуйидагиларнинг барчаси ҳақида сифатли ва миқдорий маълумотларни ёритиб бериши лозим:

а) мажбурий келишувларсиз операциялардан олинган даромадлар (ушбу кичик банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 158 — 162-бандлари талаблари инобатга олинади);

б) мажбурий келишувли операциялардан олинган даромадлар (ушбу кичик банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 163 — 172-бандлари талаблари инобатга олинади);

д) мазкур Стандартни мажбурий келишувларга татбиқ этишда қабул қилинган муҳим қарорлар ва бу қарорлардаги ўзгаришлар (ушбу кичик банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 173 — 175-бандлари талаблари инобатга олинади);

э) мазкур Стандартнинг 134 ёки 138-бандига мувофиқ ресурс таъминловчи билан тузилган мажбурий келишувни олиш ёки бажариш харажатларидан тан олинган ҳар қандай активлар (ушбу кичик банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 176-177-бандлари талаблари инобатга олинади).

154. Ташкилотлар маълумотларни ёритиб бериш мақсадини таъминлаш учун зарур бўлган маълумот даражасини ва турли талабларнинг ҳар бирига қандай эътибор қаратиш кераклигини белгилаб олиши шарт. Бунда ўхшаш хусусиятга эга даромадлар бирлаштирилиши ҳамда иқтисодий мазмуни фарқ қилувчилар алоҳида ёритиб берилиши керак.

Шунингдек, ташкилотлар ахборотни бирлаштириш ёки алоҳида ёритиб беришда аҳамиятсиз маълумотларнинг ҳаддан ташқари кўплиги сабабли киритилмай қолмаслиги ҳамда хусусиятлари жиддий фарқ қиладиган моддаларни бирлаштириш натижасида мазмуни йўқолиб кетмаслиги лозим.

155. Ташкилотлар умумий мақсадли молиявий ҳисоботларда ёки уларнинг изоҳларида қуйидаги ахборотларни ёритиб бериши шарт:

а) ҳисобот даври мобайнида тан олинган операциялардан олинган даромад суммаси, қуйидаги асосий тоифалар бўйича алоҳида кўрсатилган ҳолда:

1) солиқлар;

2) йиғимлар;

3) ўтказмалар;

4) келишувдаги ижро мажбуриятларига тааллуқли даромадлар;

б) ҳисобот санасида даромадлар билан боғлиқ ҳолда тан олинган дебиторлик қарзлари суммаси;

д) ҳисобот санасида ижро мажбуриятлари билан боғлиқ ҳолда олинган активлар юзасидан тан олинган мажбуриятлар суммаси;

э) ҳисобот санасида активларни беришга доир талаблар мавжуд бўлган имтиёзли кредитлар бўйича тан олинган мажбуриятлар суммаси;

ф) келишувлар бўйича олдиндан олинган тушумларнинг суммаси;

г) бекор қилинган (кечиб юборилган) ҳар қандай мажбуриятлар суммаси.

156. Ташкилотлар умумий мақсадли молиявий ҳисоботларга қуйидаги изоҳларни киритиши шарт:

а) даромадларни тан олиш учун қўлланилган ҳисоб сиёсати;

б) мазкур Стандартни қўллаш жараёнида даромад миқдори ва вақтини белгилашга сезиларли таъсир кўрсатадиган қарорлар ва бу қарорлардаги ўзгаришлар;

д) келишувлардан олинадиган даромадларнинг асосий турлари бўйича ресурслар киримининг қиймати қандай асосда баҳолангани;

э) солиқ ва йиғимлар миқдорини ишончли баҳолаш мумкин бўлмаган ҳолатларда уларнинг мазмун ва хусусияти тўғрисида ахборот.

157. Давлат секторида ташкилотлар контрагентга нисбатан мажбуриятни бажаришни талаб қилишга ёки унга харажат юклашни назарда тутувчи даромад операцияларини амалга оширади. Бироқ ушбу даромад операциясининг номинал қиймати ҳар доим ҳам тўлиқ ундириб олинмаслиги мумкин.

Бундай операцияларга:

мажбурий келишувларсиз солиқлар ёки жарималардан олинган даромадлар;

мажбурий келишув доирасида учинчи томон манфаатдорига товарлар ёки хизматлар тақдим этиш орқали ижро мажбуриятини бажаришдан олинган даромадлар киради.

Ташкилотлар қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши шарт:

а) даромад операциясидаги бир томони ташкилотлар олдидаги мажбуриятини бажаришга мажбур этувчи қонунчилик ёки қарорнинг тавсифи;

б) мазкур Стандартнинг 22 ва 97-бандлари қўлланилгандан сўнг тан олинган даромад суммаси ёки мазкур Стандартнинг 107-бандига мувофиқ тўловнинг ундирилмайдиган қисми ҳисобга олинган ҳолда тан олинган даромад суммаси;

д) ушбу операциялар бўйича мазкур Стандартнинг 111-бандига мувофиқ тўловни ундириш эҳтимоли паст бўлганлиги сабабли ёки мазкур Стандартнинг 107-бандига мувофиқ тўловнинг ундирилмайдиган қисми сифатида баҳоланганлиги сабабли даромад сифатида тан олинмаган сумма;

э) агар мазкур Стандартнинг 107-бандига мувофиқ тўлов миқдори тўловнинг ундирилмайдиган қисми ҳисобга олинган ҳолда камайтирилган бўлса, ташкилотлар қуйидагиларни ёритиб бериши шарт:

1) тўловнинг ундирилмайдиган қисми аниқлангандан кейин даромад сифатида тан олинган сумма;

2) тўловнинг ундирилмайдиган қисми сифатида баҳоланганлиги сабабли даромад сифатида тан олинмаган сумма.

3-§. Мажбурий келишувларсиз олинган даромадни алоҳида ёритиб бериш

158. Мазкур Стандартнинг 41-бандига асосан ташкилотлар солиқ ва йиғимлар бўйича операциялардан келиб чиқадиган активлар ва даромадларни ишончли тарзда баҳолай олиш имкониятига (масалан, статистик моделлардан фойдаланган ҳолда) эга бўлади.

Айрим ҳолларда ташкилотлар солиққа тортиш ҳодисаси ёки йиғимлар учун шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлган ҳисобот даврида эмас, балки ушбу ҳодисадан кейин бир ёки бир неча ҳисобот даврлари ўтгандан сўнггина активлар ва даромадларни ишончли тарзда баҳолай олади.

Бундай ҳолларда ташкилотлар солиқлар ёки йиғимлар бўйича ҳисобот даврида ишончли тарзда баҳоланмаганлиги сабабли тан олинмаган суммаларнинг асосий турлари ва уларнинг моҳияти тўғрисида ахборотни ёритиб бериши шарт.

159. Мазкур Стандартнинг 155-банди «ф» кичик бандига мувофиқ, ташкилотлар олдиндан олинган тушумлар (аванс тушумлар) мавжуд бўлса, ёритиб бериши шарт.

Агар солиққа тортиш ҳодисаси ҳали содир бўлмаган бўлса ёки ўтказма бўйича мажбурий келишув кучга кирмаган бўлса, бундай тушумлар ташкилотлар учун даромад сифатида тан олинмайди ва мажбурият сифатида ҳисобга олинади, чунки ташкилотлар ҳали тегишли иқтисодий манфаатлар ёки хизмат кўрсатиш салоҳиятини қўлга киритмаган бўлади.

160. Мазкур Стандартнинг 155-банди «ф» кичик бандига мувофиқ, ташкилотлар олган мерослари, ҳадялари ва хайрияларининг асосий тоифалари ва уларнинг моҳияти тўғрисида ахборотни ёритиб бериши шарт.

Ушбу ресурслар кирими ресурс таъминловчининг ихтиёрига биноан амалга оширилади, бу эса келгуси ҳисобот даврларида бундай ресурс манбалари миқдори ва таркибининг сезиларли даражада ўзгариши эҳтимолини юзага келтиради.

161. Агар ташкилотлар натура шаклида олинган хизматларни (бепул берилган консалтинг ёки маслаҳат хизматларини) умумий мақсадли молиявий ҳисоботларда тан олмаса, бундай хизматларнинг асосий тоифалари ва уларнинг моҳияти тўғрисида ахборотни ёритиб бериши тавсия этилади (айниқса агар мазкур хизматлар ташкилотлар фаолияти учун аҳамиятли бўлса).

Ташкилотларнинг натура шаклида олинган хизматларнинг муайян турига қай даражада боғлиқлиги ушбу хизматлар бўйича ахборотни қай даражада ёритиб беришини белгилайди.

162. Агар натура шаклида олинган хизматлар актив таърифига мос келса ва активни тан олиш мезонларига жавоб берса, ташкилотлар бундай хизматларни актив сифатида тан олиш ва уларни ҳаққоний қийматда баҳолашни танлаши мумкин.

Мазкур Стандартнинг 161-бандига мувофиқ, ташкилотлар ушбу хизматлар тан олинган ёки тан олинмаганлигидан қатъи назар, қабул қилинган натура шаклидаги хизматларнинг барча асосий турлари ва уларнинг моҳияти тўғрисида сифатли ахборотни ёритиб бериши қатъий равишда тавсия этилади.

Бундай ахборотни ёритиб бериш молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига қуйидагиларни баҳолашда ёрдам бериши мумкин:

а) ҳисобот даврида ушбу хизматларнинг ташкилотлар мақсадларига эришишга қўшган ҳиссаси;

б) келгуси ҳисобот даврларида ташкилотларнинг ўз мақсадларига эришишида ушбу хизматларга қай даражада боғлиқ эканлиги.

4-§. Мажбурий келишувлар асосида олинган даромадлар бўйича махсус ахборотни ёритиб бериш

163. Ташкилотлар ушбу суммалар бошқа бюджет ҳисоби стандартларига мувофиқ молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда алоҳида кўрсатилмаган бўлса, ҳисобот даврида қуйидаги суммаларни ёритиб бериши шарт:

а) мажбурий келишувларга асосланган ижро мажбуриятлари бўйича тан олинган даромад суммаларни бошқа даромад манбаларидан алоҳида;

б) ташкилотларнинг мажбурий келишувлари натижасида юзага келган дебиторлик қарзлари ёки мажбурий келишув активлари бўйича қадрсизланиш зарарлари (бунда ушбу зарарлар бошқа мажбурий келишувлардан келиб чиққан қадрсизланиш зарарларидан алоҳида ёритиб берилиши лозим).

164. Ижро мажбуриятлари активлардан фойдаланишга чекловлар қўяди, бу эса ташкилотлар фаолиятига таъсир кўрсатади.

Ижро мажбуриятлари бўйича тан олинган мажбуриятлар миқдорини ёритиб бериш молиявий ҳисобот фойдаланувчиларига ташкилотларнинг ўз активларидан мустақил равишда фойдаланиш имкониятини баҳолашда ёрдам беради.

Ташкилотларга мазкур Стандартнинг 155-банди «д» кичик бандида талаб қилинган маълумотларни қуйидагилар бўйича ажратиб кўрсатиш тавсия қилинади:

солиқлар ва йиғимлар бўйича ижро мажбуриятлари;

мажбурий келишувлар бўйича ижро мажбуриятлари;

бошқа ижро мажбуриятлари билан боғлиқ мажбуриятлар.

Бу ёритиш молиявий ҳисобот фойдаланувчисига активлардан фойдаланиш имкониятлари, ташкилотларнинг келгуси фаолияти учун мавжуд ресурслар ва молиявий эркинлик даражасини аниқ баҳолашга имкон беради.

5-§. Даромадни гуруҳларга ажратиб кўрсатиш

165. Ташкилотлар мажбурий келишувлардан тан олинган даромадларни, даромад ва пул оқимларининг хусусияти, миқдори, муддати ва ноаниқлигига иқтисодий омиллар қандай таъсир кўрсатишини акс эттирадиган тоифаларга ажратиши ва фойдаланувчиларга тушунарли тарзда ёритиб бериши шарт.

6-§. Мажбурий келишувлар бўйича қолдиқлар

166. Ташкилотлар қуйидагиларнинг барчасини ёритиб бериши шарт:

а) агар мажбурий келишувлар бўйича дебиторлик қарзлари, активлар ва мажбуриятларнинг бошланғич ва якуний қолдиқлари алоҳида тақдим этилмаган ёки ёритиб берилмаган бўлса;

б) ҳисобот даврида тан олинган ва давр бошидаги мажбурий келишув мажбуриятлари қолдиғига киритилган даромад суммаси;

д) ҳисобот давридан олдинги даврларда бажарилган (ёки қисман бажарилган) ижро мажбуриятлари бўйича тан олинган даромад суммаси (масалан, келишув шартларини қайта кўриб чиқиш натижасидаги ўзгаришлар).

167. Ташкилотлар ўзининг ижро мажбуриятларини бажариш муддати (ижро мажбуриятларини бажариш муддатини аниқлашда мазкур Стандартнинг 169-банди «а» кичик банди талаблари инобатга олинади) тўловнинг одатдаги муддатига (тўловнинг одатдаги муддатини аниқлашда мазкур Стандартнинг 169-банди «б» кичик банди талаблари инобатга олинади) қандай боғлиқлигини ва бу омилларнинг мажбурий келишув активи ҳамда мажбурий келишув мажбурияти қолдиқларига қандай таъсир кўрсатишини тушунтириши лозим.

168. Ташкилотлар ҳисобот даври мобайнида мажбурий келишув активи ва мажбурий келишув мажбурияти қолдиқларидаги муҳим ўзгаришлар тўғрисида тушунтириш бериши шарт. Бундай тушунтириш сифат (изоҳловчи) ва миқдор (рақамли) ахборотини ўз ичига олиши лозим.

Ташкилотларнинг мажбурий келишув активлари ва мажбурий келишув мажбуриятлари қолдиқларидаги ўзгаришларга қуйидагилар мисол бўлиши мумкин:

а) давлат секторидаги бирлашишлар натижасидаги ўзгаришлар;

б) даромадга киритиладиган кумулятив (жамланма) усулдаги тузатишлар, улар тегишли равишда мажбурий келишув активи ёки мажбурий келишув мажбуриятига таъсир қилади, жумладан, бажарилиш даражасини ўлчашдаги ўзгариш, операция (битим) баҳосини баҳолашдаги ўзгариш (шу жумладан, ўзгарувчан қиймат баҳоси чекланганини баҳолашдаги ҳар қандай ўзгаришлар) ёки мажбурий келишувга киритилган ўзгартиришлар натижасида юзага келган тузатишлар;

д) мажбурий келишув активининг қадрсизланиши;

э) тўловни олиш ҳуқуқининг шартсиз бўлиши учун зарур вақтнинг ўзгариши (яъни, мажбурий келишув активининг дебиторлик қарзига қайта таснифланиши);

ф) ижро мажбуриятини бажариш муддатининг ўзгариши (яъни мажбурий келишув мажбуриятига тегишли даромадни тан олиш вақтининг ўзгариши).

7-§. Ижро мажбуриятлари

169. Ташкилотлар мажбурий келишувлар доирасидаги ижро мажбуриятлари тўғрисида қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши шарт:

а) ташкилотлар ижро мажбуриятларини қачон бажариши (масалан, товарлар жўнатилганда, етказиб берилганда, хизмат кўрсатиш жараёнида ёки хизмат тўлиқ бажарилганда), шу жумладан, товарлар етказиб берилмаган ҳолда харидор номидан сақлаб турилган ҳолатларда ижро мажбуриятлари қачон бажарилиши;

б) муҳим тўлов шартлари (масалан, тўлов одатда қачон амалга оширилиши, мажбурий келишувда молиялаштиришнинҳ таркибий қисми мавжудлиги, тўлов миқдорининг ўзгарувчанлиги ва ўзгарувчан тўловни баҳолаш мазкур Стандартнинг 111 ва 112-бандларига мувофиқ одатда чекланадими ёки йўқми);

д) ташкилотлар бажаришни ўз зиммасига олган ижро мажбуриятларининг моҳияти, шу жумладан, бошқа томон орқали ижро мажбуриятларини таъминлаш бўйича мажбуриятлар (яъни, ташкилотлар воситачи сифатида иштирок этган ҳолатлар) мавжуд бўлса, уларни алоҳида кўрсатиш;

э) қайтариб бериш мажбуриятлари, компенсациялар ва шунга ўхшаш бошқа мажбуриятлар;

ф) кафолат мажбуриятлари ва улар билан боғлиқ мажбуриятлар.

8-§. Қолган ижро мажбуриятларига ажратилган келишув тўлови

170. Ташкилотлар ўзининг бажарилмаган мажбуриятлари ҳақида қуйидаги маълумотларни ёритиб бериши шарт:

а) ҳисобот даври охирига қадар бажарилмаган (ёки қисман бажарилган) ижро мажбуриятларига тақсимланган келишув бўйича тўлов қийматининг умумий суммаси;

б) ушбу банднинг «а» кичик бандига мувофиқ ёритиб берилган суммани ташкилотлар қачон даромад сифатида тан олишини кутаётгани ҳақида тушунтириш. Бунда ташкилотлар қуйидаги усуллардан бири орқали маълумотни тақдим этиши мумкин:

1) қолган ижро мажбуриятларининг давомийлигига энг мақбул бўлган вақт оралиқлари бўйича миқдорий асосда;

2) сифатли маълумотлардан фойдаланиш орқали.

171. Агар қуйидаги шартлардан бири мавжуд бўлса, ташкилотлар мазкур Стандартнинг 170-бандида назарда тутилган маълумотларни муайян ижро мажбурияти бўйича ёритмаслиги мумкин:

а) ижро мажбурияти дастлабки кутилаётган амал қилиш муддати бир йил ёки ундан кам бўлган келишувнинг бир қисми бўлса;

б) ташкилотлар ижро мажбурияти бажарилган қисмига қараб даромадни тан олса, шу жумладан, тўлов суммаси бажарилган ижро мажбуриятларининг қийматига тўғридан-тўғри мос келса.

172. Ташкилотлар мазкур Стандартнинг 171-бандида назарда тутилган амалий енгилликни қўллаётганлиги ёки қўлламаётганлиги тўғрисида ахборотни, шунингдек мажбурий келишувлар бўйича олинадиган айрим тўловлар келишув бўйича тўлов суммаси таркибига киритилмагани ва шу сабабли мазкур Стандартнинг 170-бандига мувофиқ ошкор қилинган маълумотларга киритилмагани ҳақида сифат жиҳатдан тушунтириш бериши шарт.

Масалан, мажбурий келишув бўйича тўлов суммасини баҳолашда чекланган ўзгарувчан тўловлар бўйича ҳисобланган суммалар (ушбу банднинг қўлланилишида мазкур Стандартнинг 111 ва 112-бандлари талаблари инобатга олинади) киритилмаслиги мумкин.

12-боб. Ушбу стандартни қўллашдаги муҳим мулоҳазалар

1-§. Ижро мажбуриятларининг бажарилиш вақти (даври)ни аниқлаш

173. Ташкилотлар маълум вақт давомида бажариладиган ижро мажбуриятлар учун қуйидагиларни ёритиб бериши шарт:

а) даромадни тан олишда қўлланилган усуллар (масалан, қўлланилган натижага қараб ёки ресурсга қараб усулларнинг тавсифи ва уларнинг қандай қўлланилганлиги);

б) қўлланилган усуллар товар ёки хизматларнинг ишлатилиши ёки ўтказилишини ҳақиқий ва адолатли тарзда акс эттирилганлигини тушунтириш.

174. Муайян вақтда бажарилган ижро мажбуриятлари учун ташкилотлар ижро мажбурияти қачон бажарилганлигини баҳолашда қўлланган муҳим қарорларни ёритиб бериши керак.

2-§. Келишув бўйича тўлов суммасини ва ижро мажбуриятлари ўртасида тақсимлашни аниқлаш

175. Ташкилотлар қуйидагилар бўйича қўлланиладиган усуллар, маълумотлар ва асосий прогнозлар ҳақидаги ахборотни ёритиб бериши шарт:

а) операция қийматини аниқлаш, жумладан ўзгарувчан тўловни баҳолаш, пулнинг вақт қиймати таъсирини ҳисобга олган ҳолда тўлов суммасини тузатишни баҳолаш;

б) ўзгарувчан тўлов баҳосининг чекланиши мавжуд ёки мавжуд эмаслигини баҳолаш;

д) операция қийматини тақсимлаш, шу жумладан, белгиланган товарлар ёки хизматларнинг алоҳида қийматларини баҳолаш ҳамда мажбурий келишувнинг муайян қисмига чегирмалар ва ўзгарувчан тўловни тақсимлаш (агар қўлланиладиган бўлса);

э) товар ва хизматларни қайтариш, пулни қайтариш ва бошқа шунга ўхшаш мажбуриятларни баҳолаш.

3-§. Ресурс таъминловчи билан мажбурий келишувни тузиш ёки бажариш учун сарфланган харажатлардан тан олинган активлар

176. Ташкилотлар қуйидагиларнинг ҳар иккисини ҳам изоҳлаб бериши шарт:

а) ресурс таъминловчи билан мажбурий келишувни тузиш ёки бажариш учун юзага келган харажатлар миқдорини аниқлашда қилинган асосий баҳолаш ва қарорларни (мазкур Стандартнинг 134 ёки 138-бандига мувофиқ);

б) ҳар бир ҳисобот даври учун ушбу харажатлар бўйича тан олинган активни амортизация қилишда қўлланилган ҳисоблаш усулини.

177. Ташкилотлар қуйидагиларни ёритиб бериши шарт:

а) ресурс таъминловчи билан мажбурий келишувни тузиш ёки бажариш учун юзага келган харажатлардан тан олинган активлар (мазкур Стандартнинг 134 ёки 138-бандига мувофиқ) бўйича ҳисобот даври охиридаги қолдиқлар, асосий актив тоифаларига кўра (масалан, ресурс таъминловчилар билан мажбурий келишувни тузиш учун харажатлар, келишувдан олдинги харажатлар ва тайёрлаш харажатлари);

б) ҳисобот даврида тан олинган амортизация суммаси ва ҳар қандай қадрсизланиш зарарлари миқдорини.

4-§. Амалий чоралар

178. Агар ташкилотлар мазкур Стандартнинг 117-бандида (молиявий жиҳатдан аҳамиятли қисмнинг мавжудлиги ҳақида) ёки мазкур Стандартнинг 137-бандида (мажбурий келишувни тузишнинг қўшимча харажатлари тўғрисида) кўрсатилган амалий енгилликдан фойдаланишни танласа, ташкилотлар бу ҳақда маълумот бериши шарт.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 13 майдаги 363-сон буйруғига 2-ИЛОВА

Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2019 йил 5 февралдаги 12-сон «Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (10-сонли БҲС) «Алмашув операцияларидан олинадиган даромадлар»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3145, 2019 йил 25 март) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.03.2019 й., 10/19/3145/2809-сон).

2. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2019 йил 27 майдаги 62-сон «Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (12-сонли БҲС) «Қурилишга оид шартномалар»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3170, 2019 йил 1 июль) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.07.2019 й., 10/19/3170/3356-сон).

3. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 15-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 3313, 2021 йил 28 июль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон) билан тасдиқланган Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиришларнинг 491-банди .

Вазир Ж. КУЧКАРОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 13 май,

363-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.06.2026 й., 10/26/3857/0612-сон)

lex.uz

oʻzbEKISTON RESPUBLIKASI IQTISODIYOT VA MOLIYA VAZIRINING

BUYRUGʻI

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (19-sonli BHS) “Daromad”ni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Budjet kodeksining 161-moddasiga muvofiq va budjet hisobini davlat sektorida buxgalteriya hisobining xalqaro standartlari bilan muvofiqlashtirish maqsadida buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (19-sonli BHS) “Daromad” 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2026-yil 13-maydagi 363-son buyrugʻiga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (19-sonli BHS) “Daromad”

Mazkur Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (19-sonli BHS) “Daromad” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) budjet tashkilotlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari hamda boshqa budjetdan tashqari jamgʻarmalar (bundan buyon matnda tashkilotlar deb yuritiladi) tomonidan moliyaviy hisobot foydalanuvchilariga daromad operatsiyalaridan kelib chiqadigan tushumlarning va pul oqimlarining xususiyati, miqdori, muddati hamda daromadning noaniqligi haqidagi maʼlumotlar boʻyicha buxgalteriya hisobini taqdim etish tartibini belgilaydi.

Mazkur Standart budjet hisobining boshqa standartlari bilan birgalikda qoʻllaniladi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Standartda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

alohida qiymat — tovar yoki xizmatning alohida ichki ehtiyoj uchun foydalanish yoki xaridorga (uchinchi shaxsga) taqdim etish uchun belgilangan bahosi;

majburiy kelishuv — kelishuv ishtirokchilariga huquqlar va majburiyatlarni yuklagan hamda qonunchilik yoki unga tenglashtirilgan vositalar orqali ijro etilishi taʼminlanadigan kelishuv;

majburiy kelishuv aktivi — tashkilotlarning majburiy kelishuv shartlariga muvofiq kelishuv shartlariga rioya etish boʻyicha oʻz majburiyatlarini bajarganligi uchun toʻlov yoki boshqa resurs olish huquqi boʻlib, ushbu huquq vaqt oʻtishi bilan avtomatik ravishda paydo boʻlmasdan, balki majburiy kelishuvda belgilangan shartlarning bajarilishiga bogʻliq boʻladi;

majburiy kelishuv majburiyati — bu tashkilotlarning resurs taʼminlovchidan toʻlov olgan (yoki toʻlov olishi kerak boʻlgan) ijro majburiyatini bajarishi boʻyicha masʼuliyati;

ijro majburiyati — tashkilotlarning majburiy kelishuvda nazarda tutilgan sharti boʻlib, u alohida tovar (xizmat) boʻyicha resurslarni ichki foydalanish uchun sarflash yoki ushbu tovarlarni (xizmatlar) xaridorga (yoki uchinchi tomon manfaatdoriga) taqdim etish (topshirish) majburiyatini oʻz ichiga oladi;

xaridor — bu tashkilotlar bilan majburiy kelishuv tuzgan va tashkilotlar faoliyati natijasi boʻlgan tovarlar yoki xizmatlarni belgilangan haq (toʻlov) evaziga oluvchi tomon;

yigʻimlar — normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq, muayyan davlat dasturlarini taʼminlash uchun foydalaniladigan mablagʻlarni shakllantirish maqsadida tashkilotlarga toʻlanadigan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan pul mablagʻlari yoki boshqa aktivlar;

soliq tizimi orqali toʻlanadigan xarajatlar — benefitsiarlar soliq toʻlash yoki toʻlamasligidan qatʼi nazar, taqdim etiladigan mablagʻlar;

soliq imtiyozlari — soliq toʻlovchilarning ayrim toifalariga boshqa soliq toʻlovchilarga nisbatan soliq toʻgʻrisidagi qonunchilikda nazarda tutilgan afzalliklar, shu jumladan, soliqni toʻlamaslik yoki ularni kamroq miqdorda toʻlash imkoniyati;

soliq solinadigan hodisa — tegishli vakolatli organ tomonidan soliqqa tortilishi kerak deb belgilangan hodisa;

soliqlar — Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksida belgilangan, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga yoki davlat maqsadli jamgʻarmasiga toʻlanadigan majburiy begʻaraz toʻlovlar. Shaxsning zimmasiga sud tartibida yuklatilgan jarimalar va boshqa toʻlovlar, shuningdek ijro ishini yuritish tartibida qoʻllaniladigan huquqiy taʼsir choralari, qonunda belgilangan hollarda mol-mulkni musodara qilish hamda boshqacha tarzda olib qoʻyish soliqlar yoki yigʻimlar jumlasiga kirmaydi;

jarimalar — qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan tartiblarni buzganlik uchun sud yoki boshqa vakolatli organ tomonidan belgilangan toʻlovlar;

resurs taʼminlovchi — resurs taʼminotchisi, subyektga resurs taqdim etuvchi tomon;

uchinchi tomon benefitsiari — kelishuvda toʻgʻridan-toʻgʻri ishtirok etmagan, biroq kelishuv natijasidan manfaatdor boʻladigan jismoniy va yuridik shaxslar;

kelishuv boʻyicha haq — bu tashkilotlar olish huquqiga ega boʻlgan resurslar miqdori;

daromadlar — hisobot davri mobaynida aktivlarning kirib kelishi yoki qiymatining oshishi yoxud majburiyatlarning kamayishi natijasida yuzaga keladigan tashkilot sof aktivlarining (kapitalining) koʻpayishiga olib keladigan iqtisodiy naf yoki xizmat koʻrsatish salohiyatining yalpi kirib kelishidir (bu mulkdorlarning badallari bilan bogʻliq koʻpayishlardan tashqari);

Boshqa budjet hisobi standartlarida qoʻllanilgan atamalar ushbu Standartda ham xuddi shu maʼnoda qoʻllaniladi.

2. Ushbu Standartning maqsadi tashkilotlarning daromad operatsiyalarini hisobga olishda qoʻllaniladigan talablarni, shu jumladan daromad operatsiyalarining turini aniqlash, daromadlarni tan olish, baholash va moliyaviy hisobotda aks ettirishdan iborat.

3. Mazkur Standart quyidagilarga nisbatan tatbiq etilmaydi:

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (5-sonli BHS) “Qishloq xoʻjaligi” (roʻyxat raqami 3106, 2018-yil 25-dekabr) doirasiga kiruvchi biologik aktivlarni dastlabki tan olish yoki ularning haqiqiy qiymatidagi oʻzgarishlar;

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (6-sonli BHS) “Ijara” (roʻyxat raqami 3142, 2019-yil 4-mart) doirasidagi ijara shartnomalari;

tashkilotlar faoliyati natijasi boʻlmagan va Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar” (roʻyxat raqami 3144, 2019-yil 20-mart) yoki Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (9-sonli BHS) “Nomoddiy aktivlar” (roʻyxat raqami 3169, 2019-yil 24-iyun) doirasidagi nomoliyaviy aktivlarni sotishdan olingan foyda;

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (13-sonli BHS) “Konsolidatsiyalashgan moliyaviy hisobotlar” (roʻyxat raqami 3361, 2022-yil 1-aprel) doirasidagi majburiy kelishuvlardan kelib chiqadigan huquq va majburiyatlar;

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (15-sonli BHS) “Xizmat koʻrsatish boʻyicha konsessiya kelishuvlari” (roʻyxat raqami 3532, 2024-yil 22-iyul) doirasidagi majburiy kelishuvlardan kelib chiqadigan huquq va majburiyatlar;

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (16-sonli BHS) “Baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar” (roʻyxat raqami 3562, 2024-yil 22-oktabr) doirasidagi majburiy kelishuvlardan kelib chiqadigan huquq va majburiyatlar;

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (17-sonli BHS) “Xodimlarning daromadlari” (roʻyxat raqami 3578, 2024-yil 21-noyabr) doirasidagi majburiy kelishuvlardan kelib chiqadigan huquq va majburiyatlar;

xalqaro yoki milliy buxgalteriya standartlari doirasidagi sugʻurta shartnomalari (agar qoʻllaniladigan boʻlsa);

bir xil faoliyat turi bilan shugʻullanuvchi tashkilotlar oʻrtasidagi pul ishtirokisiz ayirboshlashlar;

keyingi baholashdan soʻng joriy va uzoq muddatli aktivlar qiymatida yuzaga keladigan oʻzgarishlar;

foydali qazilmalarni qazib olish bilan bogʻliq operatsiyalar.

2-bob. Daromadlarni aniqlash

4. Daromadlar sof aktivlar yoki qiymatning koʻpayishini anglatadi. Tashkilot mablagʻni Hukumat, davlat tashkiloti yoki uchinchi shaxs nomidan yigʻayotgan boʻlsa, tashkilot ushbu yigʻilgan mablagʻlardan foydalanishni nazorat qila olmaganligi yoki ulardan boshqa maqsadlarda foyda olmaganligi sababli, ushbu tashkilotning daromadi hisoblanmaydi.

5. Tashkilotlar daromad operatsiyasidan kelib chiqadigan daromadga oid maʼlum xarajatlarni amalga oshirsa, daromad kelajakdagi iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish salohiyatining yalpi tushumi hisoblanadi va resurslarning har qanday oʻtkazilishi operatsiya xarajati sifatida tan olinadi.

Misol uchun, agar tashkilotlar boshqa tashkilotdan (resurs taʼminlovchidan) jihoz uskunasini qabul qilish bilan bogʻliq yetkazib berish va oʻrnatish xarajatlarini toʻlashi kerak boʻlsa, bu xarajatlar jihoz uskunasini qabul qilishdan kelib chiqadigan daromaddan alohida tan olinadi. Yetkazib berish va oʻrnatish xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar”ga (roʻyxat raqami 3144, 2019-yil 20-mart) muvofiq tan olinadi.

1-§. Soliqlarni hisobga olish

6. Soliqlar va yigʻimlar hukumat va davlat sektorining boshqa tashkilotlari uchun asosiy daromad manbai hisoblanadi.

Hukumat yoki davlat sektori tashkilotlariga ixtiyoriy ravishda oʻtkaziladigan mablagʻlar, xayriyalar va toʻlovlar soliq hisoblanmaydi (ular majburiy kelishuvsiz bitimlar natijasi boʻlsa ham). Davlat oʻzining vakolatlariga asosan, oʻz vakolatlari amal qiladigan hududda jismoniy va yuridik shaxslardan (soliq toʻlovchilardan) soliq undirishni amalga oshiradi.

7. Soliqlar hukumatni daromad bilan taʼminlash uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat sektori subyektlariga majburiy ravishda toʻlanadigan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan iqtisodiy naf yoki xizmat koʻrsatish salohiyati sifatida belgilanadi, qonunchilik hujjatlarini buzganlik uchun belgilanadigan jarimalar yoki boshqa penya turlari bundan mustasno.

2-§. Daromad operatsiyasini aniqlash

8. Davlat sektori daromadlari majburiy kelishuvsiz yoki majburiy kelishuv asosidagi operatsiyalardan yuzaga kelishi mumkin.

Hukumat va tashkilotlar daromadlarining katta qismi odatda, majburiy kelishuvsiz operatsiyalardan yoki tashqi tomonlarga alohida tovar yetkazishni yoki xizmatlarni oʻtkazishni oʻz ichiga olmaydigan majburiy kelishuv asosidagi operatsiyalardan olinadi .

9. Tashkilotlar faoliyatini boshlashda, avvalo, daromad operatsiyasini majburiy kelishuv asosida yoki majburiy kelishuvsiz amalga oshirilishini aniqlashi lozim.

3-§. Majburiy kelishuv mavjudligini aniqlash

10. Majburiy kelishuv boʻlishi uchun u qonunchilik hujjatlari orqali ijro etilishi lozim. Majburiy kelishuv turli tartiblar asosida ijro etiladi. Bunda ushbu tartiblar tashkilotlarga majburiy kelishuv shartlarining ijrosini taʼminlash va tomonlarni oʻz majburiyatlarini bajarmaganligi yoki lozim darajada bajarmaganligi uchun javobgarlikka tortish imkoniyatini taʼminlashi kerak.

11. Majburiy kelishuvning ijro etilishi mumkinligini aniqlashda tashkilotlar kelishuvning huquqiy shaklidan koʻra uning mohiyatini koʻrib chiqadi. Majburiy kelishuvning ijro etilishi mumkinligini baholash tashkilotlarning kelishuvning belgilangan shartlari va boshqa ishtirokchilarning aytilgan majburiyatlarini bajarishga asoslanadi.

12. Majburiy kelishuv ikki yoki undan ortiq tomonlar uchun bajarilishi shart boʻlgan majburiyatlar va huquqlarni oʻz ichiga oladi. Majburiy kelishuvda har bir tomonning bajarilishi shart boʻlgan majburiyatlari va huquqlari oʻzaro bogʻliq hamda ajralmas hisoblanadi.

13. Majburiy kelishuvning mavjudligini bir necha usulda isbotlash mumkin. Majburiy kelishuv yozma yoki tashkilotlarning faoliyatiga asoslangan boʻlishi mumkin. Majburiy kelishuvlarni tuzish amaliyoti va jarayonlari turli hududlar, sohalar va tashkilotlarda farqlanadi. Bundan tashqari, ular bir tashkilot doirasida ham turlicha boʻlishi mumkin. Masalan, resurs taʼminlovchining toifasiga (davlat tashkiloti, nodavlat notijorat tashkilot yoki jismoniy shaxs) yoki tashkilotlarning majburiy kelishuvdagi shartining mohiyatiga (moliyaviy mablagʻ ajratish, mahsulot yoki xomashyo yetkazib berish, xizmat koʻrsatish yoki infratuzilma bilan taʼminlash) qarab turlicha boʻladi.

14. Tashkilotlar mazkur Standartda belgilangan tan olish va baholash mezonlarini daromadlarga nisbatan quyidagi tartibda qoʻllaydi:

majburiy kelishuvsiz operatsiyalardan olingan daromadlar mazkur Standartning 16 — 49-bandlari , shuningdek, soliqlar boʻyicha koʻrsatmalar mazkur Standartning 32 — 49-bandlari asosida hisobga olinadi;

b) majburiy kelishuv asosidagi operatsiyalardan olingan daromadlar mazkur Standartning 50 — 133-bandlari asosida hisobga olinadi.

3-bob. Majburiy kelishuvsiz operatsiyalardan olingan daromad

1-§. Tan olish

15. Majburiy kelishuvsiz amalga oshiriladigan tashkilotlarning daromad operatsiyalari huquqlar va (yoki) majburiyatlarni keltirib chiqaradi hamda ushbu operatsiyalarni amalga oshirish jarayonida tashkilotlar:

majburiy kelishuvsiz amalga oshirilgan daromad operatsiyasidagi har qanday huquqlari mazkur Standartning 16 — 22-bandlariga muvofiq aktiv taʼrifiga mos kelish-kelmasligini;

majburiy kelishuvsiz amalga oshirilgan daromad operatsiyasidagi har qanday majburiyatlari mazkur Standartning 23-24-bandlariga muvofiq majburiyat taʼrifiga mos kelish-kelmasligini aniqlashi lozim.

2-§. Resurslarning boshlangʻich kelib tushishini tahlil qilish

16. Tashkilotlar daromadga oid operatsiya natijasida majburiy kelishuvsiz ham resurslarning dastlabki kirimini olishi mumkin.

Agar tashkilotlar oldingi hodisalar natijasida olingan resurslarni (masalan, tovarlar, xizmatlar yoki boshqa aktivlarni) hozirda nazorat qilsa va aktivning qiymatini ishonchli tarzda baholashi mumkin boʻlsa, tashkilotlar ushbu resurslar kirimini aktiv sifatida tan oladi.

Resurslarni nazorat qilish deganda tashkilotlarning resursdan foyda olish uchun uni ishlatish (yoki boshqa tomonlarni uni ishlatish boʻyicha yoʻnaltirish) imkoniyati tushuniladi. Bunda tashkilotlar resursdagi xizmat koʻrsatish salohiyati yoki iqtisodiy foyda koʻrinishidagi manbalardan oʻz xizmat koʻrsatish faoliyatini amalga oshirish yoki boshqa maqsadlarga erishishda foydalanishi mumkin.

Tashkilotlarga resurs ustidan nazoratni beradigan oldingi hodisa xarid qilish, resurslarning oʻtkazilishi yoki soliqqa tortiladigan hodisa boʻlishi mumkin. Kelgusida sodir boʻlishi kutilayotgan operatsiyalar yoki hodisalar oʻz-oʻzidan aktivlarni yuzaga keltirmaydi. Masalan, soliq joriy etish maqsadi soliq toʻlovchiga nisbatan talab shaklidagi aktivni yuzaga keltiradigan oldingi hodisa hisoblanmaydi.

17. Tashkilotlar boshqa tomonlarning aktivdan foydalanishini cheklash yoki uni boshqarish imkoniyatiga ega boʻlishi nazoratning muhim elementi hisoblanadi. Bu esa tashkilotlarning aktivlarini barcha tashkilotlar foydalanishi va foyda olishi mumkin boʻlgan ommaviy tovarlardan farqlaydi.

Davlat sektorida hukumatlar ayrim faoliyatlarni, masalan, moliya muassasalari yoki pensiya jamgʻarmalarini tartibga solish vakolatini amalga oshiradi. Biroq bu tartibga solish vakolati tartibga solinayotgan obyektlar davlat aktivi taʼrifiga mos kelishini yoki ularni tartibga soluvchi davlatning umumiy maqsadli moliyaviy hisobotlarida aktiv sifatida tan olish mezonlariga javob berishini anglatmaydi.

Tashkilotlar tovarlar va xizmatlar koʻrinishida koʻrsatilgan xizmatlarni tan olishi mumkin.

18. Resurslar kirimining har bir turi alohida tahlil qilinadi va hisobga olinadi. Ayrim holatlarda, masalan, kreditor majburiyatdan voz kechganda, ilgari tan olingan majburiyatning balans qiymati kamayishi resurslar kirimiga olib kelishi mumkin.

Baʼzi hollarda, resurslar oqimi ustidan nazoratga ega boʻlish tashkilotlar zimmasiga majburiyatlarni ham yuklashi mumkin va ushbu majburiyatlar ular bajarilgunga qadar majburiyat sifatida tan olinishi mumkin.

3-§. Resurslar kirimi ustidan huquq

19. Tashkilotlar majburiy kelishuvsiz daromad operatsiyasi boʻyicha resurslar kirimini hali olmagan boʻlsa, u tovarlar, xizmatlar yoki boshqa aktivlar kirimini olish huquqiga ega ekanligini koʻrib chiqishi lozim. Bunday huquq aktiv taʼrifiga javob beradigan resurs boʻlishi mumkin va shunday hollarda aktiv sifatida tan olinishi lozim.

Tashkilotlar ushbu qarorni qabul qilishda oʻz daromad operatsiyasiga oid holatlari va sharoitlariga, bu huquqni qonuniy yoki unga tenglashtirilgan vositalar orqali amalga oshirish imkoniyatiga, shu kabi resurs oqimlari boʻyicha oldingi tajribasiga hamda resurs taqdim etuvchining resurslarni taqdim etish imkoniyati va shartiga oid baholariga asoslanadi.

20. Resurslarni oʻtkazishdan oldin kelishuv talab etiladigan holatlarda, tashkilotlar oʻz huquqlarini kelishuvda majburiy tarzda amalga oshirmaguncha, resurslar nazorat ostida deb hisoblanmaydi, chunki tashkilotlar resurs taʼminlovchining resurslarga kirishini cheklay olmaydi yoki tartibga sola olmaydi.

Koʻp hollarda, tashkilotlar aktivni tan olishdan avval resurslarni nazorat qilishning majburiyligini oʻrnatishi lozim boʻladi. Agar tashkilotlarning resurslarga nisbatan majburiy huquqi boʻlmasa, u resurs taʼminlovchining mazkur resurslarga kirishini cheklay olmaydi yoki tartibga sola olmaydi.

4-§. Shartli aktivlar

21. Aktivning asosiy xususiyatlariga ega boʻlgan, ammo tan olish mezonlariga mos kelmaydigan modda izohlarda shartli aktiv sifatida Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (16-sonli BHS) “Baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar” (roʻyxat raqami 3562, 2024-yil 22-oktabr) talablari asosida oshkor etilishi mumkin.

5-§. Aktivlarni tan olish mezonlarini keyingi bosqichda koʻrib chiqish

22. Tashkilotlar daromad operatsiyasini, shuningdek, olingan yoki olinishi kutilgan resurs oqimini, mazkur Standartning 19-bandida belgilangan aktivni tan olish mezonlari keyinchalik bajarilayotganini aniqlash maqsadida baholashni davom ettiradi.

6-§. Majburiyatning mavjudligi va uni tan olish

23. Tashkilotlar majburiy kelishuvsiz daromad operatsiyasi natijasida resurslarni oʻtkazish bilan bogʻliq majburiyatga ega boʻlishi mumkin. Agar ushbu majburiyat oldingi hodisalar natijasida yuzaga kelgan holda tashkilotlarning resurslarni oʻtkazish boʻyicha joriy majburiyatini ifodalasa, u majburiyat taʼrifiga mos keladi.

24. Majburiyat mavjud boʻlishi uchun tashkilotlar oldingi hodisalar natijasida resurslarni oʻtkazish boʻyicha joriy majburiyatga ega boʻlishi, shuningdek, ushbu majburiyatni bajarish maqsadida resurslarning chiqib ketishi yuqori ehtimolga ega boʻlishi zarur.

Tashkilotlar daromad operatsiyasiga oid maʼlumotlar va holatlarni sinchiklab tahlil qilib, majburiyatning qonuniy yoki unga tenglashtirilgan vositalar orqali taʼminlanganligini hamda majburiyat bajarilmagan taqdirda qoʻshimcha resurslarni oʻtkazish talab qilinishi mumkinligini aniqlashi lozim.

25. Majburiyat taʼrifiga mos keladigan majburiyat faqat uning miqdori ishonchli tarzda baholanishi mumkin boʻlgandagina majburiyat sifatida tan olinadi.

7-§. Majburiy kelishuvsiz daromad operatsiyalarini tan olish

26. Tashkilotlar mazkur Standartning 16 — 22-bandlarida belgilangan mezonlar asosida majburiy kelishuvsiz daromad operatsiyasi boʻyicha resurslar kirimi yoki resurs kirimiga boʻlgan huquqni aktiv sifatida tan olganda, daromad operatsiyasining oqimlar tavsifidan kelib chiqib daromadni tan oladi. Bunda, tashkilotlar daromadni quyidagi hollarda tan oladi:

a) tashkilotlar resurs kirimi bilan bogʻliq majburiyatga ega boʻlsa, daromadni tan olish majburiyat bajarilganda yoki bajarilayotganda;

b) tashkilotlar majburiyat yoʻq boʻlsa, resurs kirimi qabul qilingan vaqtda darhol daromad sifatida.

4-bob. Baholash

1-§. Resurslar kirimi natijasida aktivlarni baholash

27. Aktiv taʼrifiga mos keladigan resurslar kirimi yoki resurs kirimiga boʻlgan huquq, dastlab tashkilotlar tomonidan aktivni tan olish mezonlariga mos kelsa, kelishuv sanasidagi qiymatida baholanishi lozim. Naqd boʻlmagan toʻlovlar tegishli budjet hisobi standartiga muvofiq uning joriy qiymatida baholanishi kerak.

2-§. Majburiyatlarni baholash

28. Majburiyat sifatida tan olinadigan summa bu hisobot sanasida majburiyatni bajarish uchun talab etiladigan xarajatlarning eng ishonchli bahosidir. Ushbu Standart maqsadlari uchun majburiyat dastlab tan olinganda uning eng ishonchli bahosi u bilan bogʻliq boʻlgan aktivning tan olingan qiymati bilan cheklanadi.

29. Baholashda majburiyatni tan olishga sabab boʻlgan hodisalar bilan bogʻliq tavakkalchiliklar va noaniqliklar inobatga olinadi. Pulning vaqt qiymati muhim boʻlgan hollarda, majburiyat uni qoplash uchun talab qilinishi kutilayotgan summaning keltirilgan qiymati boʻyicha oʻlchanishi lozim.

3-§. Majburiy kelishuvlarsiz daromad operatsiyalarini baholash

30. Majburiy kelishuvsiz operatsiyalardan olingan daromad tashkilotlar tomonidan tan olingan sof aktivlarning koʻpayishi miqdorida (masalan, olingan yoki olinishi kutilayotgan toʻlovlar) baholanishi lozim.

31. Majburiy kelishuvsiz daromad operatsiyasi natijasida tashkilotlar aktivni tan olganida, u mazkur Standartning 27-bandiga muvofiq baholangan aktiv miqdoriga teng daromadni ham tan oladi. Bu jarayonda mazkur Standartning 23 — 25-bandlariga muvofiq tan olingan har qanday majburiyat hisobga olinadi.

5-bob. Soliqlar

32. Tashkilotlar soliqlar va yigʻimlar boʻyicha aktivni, soliq solinadigan hodisa yoki yigʻimlarni keltirib chiqaradigan hodisa sodir boʻlganda hamda aktivni tan olish mezonlari bajarilganda hisobga oladi.

33. Soliqlardan kelib chiqadigan resurslar, tashkilot oldingi hodisalar (soliqqa tortish hodisalari) natijasida ushbu resurslar ustidan nazoratga ega boʻlsa va ulardan kelgusida iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish imkoniyatlarini olishni kutsa, aktiv taʼrifiga mos keladi.

Soliqlardan kelib chiqadigan resurslar, agar ular tashkilotlar tomonidan oldingi hodisalar natijasida hozirgi vaqtda nazorat qilinayotgan boʻlsa va ularning qiymati ishonchli tarzda baholanishi mumkin boʻlsa, aktiv sifatida tan olish mezonlariga javob beradi.

Tashkilotlar dastlabki tan olish paytida mavjud boʻlgan dalillarni hisobga olishi lozim. Bunday dalillar soliq toʻlovchi tomonidan soliqqa tortish hodisasining maʼlum qilinishini (deklaratsiya qilinishi) oʻz ichiga oladi, ammo ular bilan cheklanmaydi.

34. Soliqlardan olinadigan daromad faqat davlatga tegishli boʻladi, boshqa tashkilotlarga emas.

Masalan, davlat oʻzining soliq idorasi orqali undiriladigan soliqni joriy etganda, aktivlar va daromadlar soliq idorasiga emas, balki bevosita davlatga tegishli boʻladi.

Shuningdek, agar davlat sotuvdan olinadigan soliqni joriy etib, uning barcha tushumlarini doimiy budjet ajratmalari asosida mahalliy budjetlarga (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri) oʻtkazsa, davlat ushbu soliq boʻyicha aktiv va daromadni tan oladi hamda mahalliy budjetlarga oʻtkazish boʻyicha aktivlarning kamayishi va xarajatni tan oladi. Mahalliy budjetlarda ushbu oʻtkazmalar boʻyicha aktiv va daromad tan olinadi.

Agar bir tashkilotlar bir nechta boshqa tashkilotlar nomidan soliqlarni undirsa, u holda u barchasi uchun vositachi (vakolatli tashkilot) sifatida faoliyat yuritadi.

Masalan, agar viloyat soliq organi viloyat budjeti va bir nechta shahar budjetlari uchun daromad soligʻini undirsa, u ushbu yigʻilgan soliqlar boʻyicha daromadni tan olmaydi. Aksincha, soliq daromadi kelib tushgan har bir budjet ushbu soliqlar boʻyicha aktiv va daromadni tan oladi.

35. Soliq toʻlash soliq toʻlovchilarga quyidagi huquqlarni bermaydi:

tashkilotlar faoliyati davomida kelgusidagi iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish imkoniyatlarini olish;

davlat mulkini sotish, almashtirish, oʻtkazish yoki qaytarib olish.

36. Soliqlar majburiy kelishuvsiz operatsiya hisoblanadi, chunki soliq toʻlovchi mablagʻlarni davlatga oʻtkazadi, ammo davlat buning evaziga soliq toʻlovchiga yoki uchinchi tomon manfaatdoriga alohida tovar yoki xizmatlarni taqdim etishga majbur emas.

Soliq toʻlovchi Hukumat tomonidan amalga oshirilayotgan ijtimoiy siyosat natijasida muayyan naf olishi mumkin boʻlsa-da, u soliq toʻlovi natijasida qaysi davlat xizmatlaridan yoki ijtimoiy imtiyozlardan foydalanishini nazorat qila olmaydi.

1-§. Soliqlar va yigʻimlarni yuzaga keltiruvchi hodisalar

37. Davlat soliq qonunchiligini tahlil qilib, turli soliqlar uchun soliq solinadigan hodisa qaysi holatda yuzaga kelishini aniqlaydi.

38. Hududlarda majburiy toʻlovlar va yigʻimlar ham mavjud boʻlishi mumkin.

Tashkilotlar oʻz hududidagi yigʻimlarga oid qonunchilik hujjatlarini tahlil qilib, ushbu yigʻimlar yuzaga kelishiga asos boʻlganligini aniqlaydi.

Bunday hodisalarga quyidagilar misol boʻlishi mumkin:

daromad olinishi (soliqlar daromadga asoslangan boʻlganda, masalan, jismoniy shaxslarning daromad soligʻi muayyan foizi asosida hisoblanganda);

vaqtning oʻtishi (yigʻimlar bilan bogʻliq boʻlib, vaqtga asoslangan boʻlganda, masalan, oylik toʻlov yoki badallar);

tovarlar yoki xizmatlarni sotib olish (yigʻimlar sotuv hajmiga nisbatan belgilanganda, masalan, yoqilgʻi sotuvidan yigʻim undirganda).

2-§. Soliqlar va yigʻimlar boʻyicha oldindan toʻlovlar

39. Soliq solinadigan hodisa yuz berishidan oldin ham soliqlar boʻyicha toʻlovlar olinishi mumkin.

Aktivlar va majburiyatlar taʼriflariga hamda mazkur Standartning 32-bandi talablariga muvofiq soliqlar uchun asos boʻluvchi hodisa sodir boʻlishidan oldin qabul qilingan soliqlar va yigʻimlar resurslari quyidagi asoslarga koʻra oldindan qabul qilingan mablagʻ (aktiv va majburiyat sifatida) sifatida eʼtirof etiladi:

tashkilotlarning soliqlar yoki yigʻimlarni hamda soliqlarni olish huquqini yuzaga keltiradigan hodisa hali sodir boʻlmagan;

tashkilotlar resurslar oqimini qabul qilgan boʻlsa ham, soliq tushumlari yoki yigʻimlardan olinadigan daromadlarni tan olish mezonlari bajarilmagan boʻladi.

Soliqlar va yigʻimlar boʻyicha oldindan qabul qilingan mablagʻlar boshqa turdagi oldindan qabul qilingan mablagʻlardan tubdan farq qilmaydi, shuning uchun soliqlar va yigʻimlar hamda asos boʻluvchi hodisa sodir boʻlguniga qadar majburiyat sifatida eʼtirof etiladi.

Soliqlar va yigʻimlarni yuzaga keltiruvchi hodisa sodir boʻlganda, majburiyat toʻliq bajarilgan hisoblanadi va daromad eʼtirof etiladi.

3-§. Soliqlar bilan bogʻliq operatsiyalardan kelib chiqadigan aktivlarni baholash

40. Soliqlar bilan bogʻliq operatsiyalardan kelib chiqadigan aktivlar mazkur Standartning 27-bandiga muvofiq baholanadi. Tashkilotlar operatsiya shartlari va oʻzining faoliyatini koʻrib chiqib, operatsiya boʻyicha toʻlov miqdorini aniqlaydi.

Soliqlar bilan bogʻliq operatsiyalardan kelib chiqadigan aktivlar resurslar oqimining eng maqbul bahosi asosida baholanadi, bu ehtimoliy miqdorga eng muvofiq keladi (yaʼni, mumkin boʻlgan toʻlov miqdorlari oraligʻida yagona eng ehtimoliy miqdor yoki natija).

Soliqlar bilan bogʻliq operatsiyalardan kelib chiqadigan aktivlar resurslar oqimining ehtimoliy miqdoriga eng yaqin (yaʼni, mumkin boʻlgan toʻlov miqdorlari oraligʻida yagona eng ehtimoliy miqdor yoki natija) mos keladigan bahosi asosida baholanadi.

Ushbu aktivlarni baholashda soliqlar bilan bogʻliq operatsiyalar natijasida davlatga oʻtkaziladigan resurslar oqimining ehtimoli hamda natijada hosil boʻlgan aktivlarning haqqoniy qiymati hisobga olinadi.

41. Soliq solinadigan hodisa va soliqlarni toʻlash vaqti oʻrtasida farq mavjud boʻlgan hollarda, davlat sektori tashkilotlari ushbu operatsiyalardan kelib chiqadigan aktivlarni baholashda oldingi davrlarda maʼlum bir soliq, badal yoki yigʻimni undirish tajribasiga asoslangan statistik modellardan foydalanishlari mumkin. Bunda soliq toʻlovchilardan pul mablagʻlarining kelib tushishi muddatlari, taqdim etilgan hisobotlar va soliq, badal yoki yigʻimlar bilan iqtisodiyotdagi boshqa hodisalar oʻrtasidagi bogʻliqlik hamda quyidagi boshqa omillar ham inobatga olinadi:

soliq toʻgʻrisidagi qonunchilik bilan soliq toʻlovchilarga hukumat tomonidan belgilangan umumiy maqsadli moliyaviy hisobotlarni eʼlon qilish muddatidan uzoqroq muddatda hisobot topshirishga ruxsat berish;

soliq toʻlovchilarning hisobotlarni oʻz vaqtida taqdim etmasligi;

soliqqa tortish maqsadida nomoliyaviy aktivlarni baholash;

ayrim soliq toʻlovchilardan undiriladigan soliqlarni baholash uchun uzoq muddat talab qiladigan soliq toʻgʻrisidagi qonunchilik yoki tartibga solishdagi murakkabliklar;

soliq toʻgʻrisidagi qonunchilikka qatʼiy joriy etish hamda hukumatga qonuniy ravishda tegishli boʻlgan barcha soliqlar, majburiy toʻlovlar va yigʻimlarni undirish uchun sarflanadigan moliyaviy va siyosiy xarajatlar olinadigan foydadan oshib ketishi ehtimoli;

soliq toʻgʻrisidagi qonunchilik bilan soliq toʻlovchilarga ayrim soliqlarni kechiktirib toʻlashga ruxsat berish;

alohida soliqlar va hududlarga xos boʻlgan turli xil holatlar.

42. Soliqlar bilan bogʻliq operatsiyalardan kelib chiqadigan aktivlar va daromadlarni statistik modellar yordamida baholash natijasida aniq hisoblangan aktivlar va daromadlar keyingi hisobot davrlarida soliq toʻlovchilardan olinishi kerak boʻlgan haqiqiy summalardan farq qilishi mumkin.

43. Ayrim hollarda soliq operatsiyalaridan kelib chiqadigan aktivlarni soliq solinadigan hodisa sodir boʻlganidan soʻng maʼlum vaqt oʻtguncha ishonchli tarzda baholash mumkin boʻlmaydi. Bu holat soliq bazasi tez oʻzgaruvchan boʻlganda va ishonchli baholash imkonsiz boʻlsa yuzaga kelishi mumkin.

Koʻp hollarda, aktivlar va daromad soliq solinadigan hodisa sodir boʻlgan davrdan keyingi hisobot davrida eʼtirof etilishi mumkin. Ammo istisno holatlar ham borki, bir necha hisobot davrlari oʻtishiga qaramay, soliq solinadigan hodisa natijasida aktiv eʼtirof qilinmaydi. Masalan, koʻchmas mulk obyektining kadastr qiymati qayta koʻrib chiqilayotgan boʻlsa va uning yakuniy qiymati vakolatli organ tomonidan hali tasdiqlanmagan boʻlsa, mol-mulk soligʻi boʻyicha soliq majburiyatini ishonchli baholash imkoniyati boʻlmasligi mumkin. Baʼzi hollarda baholash jarayoni va uni kelishish bir necha hisobot davrini qamrab olishi mumkin. Shu sababli, aktiv faqat soliq summasi ishonchli baholanishi mumkin boʻlgan paytdagina tan olinadi.

4-§. Soliqlarni undirish noaniqligi bilan baholash

44. Soliq solish operatsiyalaridan yuzaga keladigan aktivlarni baholash oʻzgaruvchan toʻlov bilan bogʻliq noaniqlik keyinchalik bartaraf etilganda, ilgari tan olingan jami daromad summasining sezilarli darajada kamaytirilishi yuz bermasligi ehtimoli juda yuqori boʻlgan miqdor bilan cheklanadi.

Oʻzgaruvchan toʻlov bilan bogʻliq noaniqlik keyinchalik bartaraf etilganda, tan olingan jami daromad summasining sezilarli darajada kamaytirilishi yuz bermasligi ehtimoli juda yuqori ekanligini baholashda, tashkilotlar daromadning oʻzgarish ehtimolini va uning miqdorini hisobga olishi lozim.

Daromadning oʻzgarish ehtimolini va uning miqdorini hisobga olish quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

toʻlov miqdori tashkilotlarning nazoratidan tashqaridagi omillarga yuqori darajada bogʻliq boʻlishi (masalan, bozordagi oʻzgaruvchanlik, uchinchi shaxslarning qarorlari yoki harakatlari);

toʻlov miqdoriga oid noaniqlik uzoq vaqt davomida bartaraf etilmasligi. Bunday noaniqlik majburiyat yuzaga keltiruvchi hodisa sodir boʻlganidan keyingi davrda qiymat aniqlanishi bilan bogʻliq boʻladi;

tashkilotlarning oʻxshash turdagi kelishuvlar boʻyicha tajribasi (yoki boshqa dalillari) cheklangan boʻlishi yoki mavjud tajribaning (yoki boshqa dalillarning) taxmin qilish qiymati past boʻlishi;

tashkilotlar keng koʻlamli narx imtiyozlarini taklif qilishi yoki oʻxshash vaziyatlarda oʻxshash kelishuvlarning toʻlov shartlari va qoidalarini oʻzgartirish amaliyoti mavjud boʻlishi;

kelishuv boʻyicha ehtimoliy qiymat summalari koʻp sonli va keng doirani qamrab olishi.

5-§. Soliq tizimi orqali toʻlanadigan xarajatlar va soliq imtiyozlari

45. Soliq daromadi jami miqdorda aniqlanadi. U soliq tizimi orqali toʻlanadigan xarajatlar hisobiga kamaytirilmasligi lozim.

46. Ayrim holatlarda hukumat soliq tizimidan foydalanib, odatda boshqa toʻlov usullari orqali amalga oshiriladigan toʻlovlarni soliq toʻlovchilarga toʻlashning qulay vositasi sifatida qoʻllaydi. Bunday usullarga chek yozish, mablagʻni soliq toʻlovchining bank hisobvaragʻiga toʻgʻridan-toʻgʻri oʻtkazish yoki uning nomidan boshqa hisob-kitobni qoplash kiradi.

Bunday holatlarda mazkur summa jismoniy shaxs tomonidan soliq toʻlanishidan qatʼi nazar toʻlanadi. Ushbu summa davlat xarajati hisoblanadi va moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotda alohida tan olinishi lozim. Soliq daromadlari esa soliq tizimi orqali toʻlangan bunday xarajatlar summasiga oshirilishi kerak.

47. Soliq daromadlari soliq xarajatlari summasiga koʻpaytirilmasligi lozim.

48. Koʻpchilik hududlarda davlatlar soliq tizimidan foydalanib, maʼlum moliyaviy faoliyatni ragʻbatlantiradi. Masalan, baʼzi hududlarda uy-joy egalari soliqqa tortiladigan daromadni hisoblashda oʻzlarining umumiy daromadidan ipoteka foizlari va mulk soligʻini chegirib tashlash huquqiga ega. Bunday imtiyozlar faqat soliq toʻlovchilarga beriladi. Agar tashkilotlar (shu jumladan, jismoniy shaxs) soliq toʻlamasa, u bu imtiyozdan foydalana olmaydi. Bunday turdagi imtiyozlar soliq xarajatlari deb ataladi. Soliq xarajatlari yoʻqotilgan daromad hisoblanadi, xarajat sifatida koʻrsatilmaydi va u resurslarning kirimi yoki chiqimiga olib kelmaydi — yaʼni, soliq undiradigan hukumatning aktivlari, majburiyatlari, daromadlari yoki xarajatlarini yuzaga keltirmaydi.

49. Soliq tizimi orqali toʻlanadigan xarajatlar va soliq imtiyozlari orasidagi asosiy farq shundaki, soliq tizimi orqali toʻlanadigan xarajatlar uchun summa tashkilotlarga soliq toʻlashi yoki toʻlamasligidan qatʼiy nazar taqdim etiladi. Soliq imtiyozlari esa faqat soliq toʻlovchilarga beriladi va soliq toʻlanmasa, undan foydalanib boʻlmaydi. Soliq tushumi va soliq tizimi orqali toʻlangan xarajatlarni oʻzaro hisobga olishga yoʻl qoʻyilmaydi.

6-bob. Majburiy kelishuvlar asosidagi operatsiyalardan olingan daromad

1-§. Majburiy kelishuvni hisobga olish tartibi

50. Agar quyidagi mezonlarning barchasi bajarilsa, tashkilotlar majburiy kelishuvni hisobga olishda majburiy kelishuvni hisobga olish modelini qoʻllashi kerak:

barcha tomonlar majburiyat yuzaga keltiruvchi kelishuvni qabul qilsa (yozma yoki boshqa faoliyatiga muvofiq) va oʻz majburiyatlarini bajarishni zimmasiga olsa;

tashkilotlar majburiy kelishuv doirasida har bir tomonning huquqlarini aniqlay olsa;

tashkilotlar har bir aniqlangan ijro majburiyatini bajarish uchun toʻlov shartlarini belgilay olsa;

majburiy kelishuv iqtisodiy ahamiyatga ega boʻlsa (yaʼni, ushbu kelishuv natijasida tashkilotlarning kelgusidagi pul oqimlari yoki xizmat koʻrsatish imkoniyatining xavfi, muddati yoki miqdori oʻzgarishi kutilsa);

tashkilotlar majburiy kelishuv shartlariga muvofiq oʻz ijro majburiyatlarini bajarish evaziga olishi kerak boʻlgan toʻlovni yigʻib olsa.

Toʻlov miqdorining undirilishi ehtimolini baholashda, tashkilotlar faqat resurs taʼminlovchining toʻlov muddati kelganda ushbu miqdorni toʻlash imkoniyatini hisobga olishi lozim. Tashkilotlar olishga haqli boʻlgan toʻlov miqdori, agar toʻlov oʻzgaruvchan boʻlsa, majburiy kelishuvda koʻrsatilgan kelishuv toʻlovidan kam boʻlishi mumkin (yaʼni, tashkilotlar resurs taʼminlovchiga narx imtiyozini taklif qilishi mumkin) (ushbu bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 107-bandi talablari inobatga olinadi).

51. Majburiy kelishuv tuzilgan paytda mazkur Standartning 50-bandida belgilangan mezonlarga muvofiqligi aniqlangan hamda ushbu mezonlarga taʼsir etuvchi oʻzgarishlar boʻlmasa, tashkilotlar tomonidan mazkur mezonlarni qayta baholash talab etilmaydi.

Agar resurs taʼminlovchining toʻlov qobiliyati sezilarli darajada yomonlashsa, tashkilotlar majburiy kelishuv doirasidagi qolgan ijro majburiyatlari evaziga olishi mumkin boʻlgan bu toʻlovni olish imkoniyatini qayta baholashi kerak.

52. Agar majburiy kelishuv mazkur Standartning 50-bandidagi barcha mezonlarga mos kelmasa, tashkilotlar olingan har qanday toʻlovni faqat quyidagi asoslarga koʻra daromad sifatida tan olishi lozim:

tashkilotlar oʻz ijro majburiyatini toʻliq bajargan boʻlsa, unga tegishli boʻlgan toʻlov olingan va resurs taʼminlovchidan olingan toʻlov qaytarilmaydigan boʻlsa;

majburiy kelishuv bekor qilingan va resurs taʼminlovchidan olingan toʻlov qaytarilmaydigan boʻlsa.

Tashkilotlar mazkur Standartning 50-bandidagi mezonlarga keyinchalik rioya qilinishi mumkinligini aniqlash uchun majburiy kelishuvni baholashni davom ettirishi shart.

53. Ushbu Standartni qoʻllash maqsadida, agar majburiy kelishuvning har bir tomoni toʻliq bajarilmagan majburiy kelishuvni boshqa tomonga hech qanday tovon (kompensatsiya) toʻlamasdan bir tomonlama bekor qilish huquqiga ega boʻlsa, bunday kelishuv majburiy kelishuv hisoblanmaydi.

54. Quyidagi asoslarga koʻra majburiy kelishuv bajarilmagan hisoblanadi:

tashkilotlar majburiy kelishuvdagi oʻzining ijro majburiyatlarini bajarishni boshlamagan boʻlsa;

resurs taʼminlovchi tashkilotlar tomonidan majburiy kelishuvdagi ijro majburiyatlarini bajarishi uchun hali hech qanday toʻlov amalga oshirmagan va toʻlov qilish majburiyatini olmagan boʻlsa.

55. Agar tashkilotlar oʻz daromadi majburiy kelishuv asosidagi operatsiyadan kelib chiqishini va bu operatsiya majburiy kelishuvni hisobga olish modeli boʻyicha hisoblanishi kerakligini aniqlagan boʻlsa, tashkilotlar oʻz majburiy kelishuviga biron-bir oʻzgartirish kiritilgan yoki kiritilmaganligi holatlarni ham koʻrib chiqishi lozim.

2-§. Majburiy kelishuvga oʻzgartirishlar kiritish

56. Majburiy kelishuvga oʻzgartirish kiritish deganda kelishuv tomonlari tomonidan tasdiqlangan, kelishuv doirasi yoki shartlarini oʻzgartirish tushuniladi.

Majburiy kelishuvga oʻzgartirish kiritish, kelishuv tomonlariga yangi huquq va majburiyatlar vujudga kelgan yoki mavjudlari oʻzgartiradigan hollarda yuzaga keladi. Majburiy kelishuvga oʻzgartirish yozma ravishda, ogʻzaki kelishuv yoʻli bilan yoki tashkilotning ish amaliyotidan kelib chiqqan holda tasdiqlanadi. Agar kelishuv tomonlari majburiy kelishuvga oʻzgartirishni tasdiqlamagan boʻlsa, tashkilotlar majburiy kelishuvga oʻzgartirish tasdiqlangunga qadar ushbu Standartni mavjud majburiy kelishuvga nisbatan qoʻllashni davom ettiradi.

57. Majburiy kelishuvga kiritiladigan oʻzgartirish, hatto tomonlar oʻzgartirishning doirasi va toʻlovi boʻyicha kelishmovchilikka ega boʻlsa ham mavjud boʻlishi mumkin. Shuningdek, tomonlar majburiy kelishuv doirasidagi oʻzgarishni tasdiqlagan, ammo tegishli toʻlov miqdori oʻzgarishi hali aniqlanmagan boʻlsa ham bunday holat majburiy kelishuvga oʻzgartirish hisoblanadi.

Majburiy kelishuvga kiritilgan oʻzgartirish natijasida yaratilgan yoki oʻzgargan huquq va majburiyatlar amalga oshirilishi mumkinligini aniqlashda tashkilotlar barcha tegishli holatlar va maʼlumotlarni, shu jumladan, majburiy kelishuv shartlari va boshqa dalillarni hisobga olishi kerak.

Agar tomonlar majburiy kelishuv doirasidagi oʻzgarishni tasdiqlagan, lekin tegishli toʻlov miqdori oʻzgarishini hali aniqlamagan boʻlsa, tashkilotlar oʻzgartirish natijasida kelishuv boʻyicha toʻlov miqdoridagi oʻzgarishni mazkur Standartning 105 — 109-bandlariga va ushbu Standartning 111 va 112-bandlariga muvofiq baholashi kerak.

58. Tashkilotlar tomonidan majburiy kelishuvga kiritilgan oʻzgartirishlar quyidagi hollarda alohida majburiy kelishuv sifatida hisobga olinishi kerak:

bir-biridan farq qiladigan majburiyatlar qoʻshilishi hisobiga majburiy kelishuv qamrovi kengaysa;

majburiy kelishuv boʻyicha toʻlov miqdori tashkilotlar tomonidan qoʻshimcha shartlarning alohida sotish qiymatlariga mos keladigan summaga oshgan boʻlsa, shuningdek, mazkur kelishuvning aniq sharoitlarini hisobga olgan holda ushbu qiymatga tegishli tuzatishlar kiritilgan boʻlsa.

Masalan, tashkilotlar qoʻshimcha tovar yoki xizmatning alohida baholangan qiymatini resurs taʼminlovchiga beriladigan chegirmani hisobga olgan holda tuzatishi mumkin, bunda tashkilotlar yangi resurs taʼminlovchiga oʻxshash tovar yoki xizmatni taqdim etishda yuzaga keladigan ayrim xarajatlarni amalga oshirishi talab etilmaydi.

59. Majburiy kelishuvga kiritilgan oʻzgartirish mazkur Standartning 58-bandiga muvofiq alohida majburiy kelishuv sifatida hisobga olinmasa, tashkilotlar majburiy kelishuvga oʻzgartirish kiritilgan sanada hali bajarilmagan shartlarni (yaʼni qolgan shartlarni) quyidagi usullardan biri orqali hisobga olishi lozim:

a) agar qolgan shartlar majburiy kelishuvga oʻzgartirish kiritilgan sanada yoki undan oldin bajarilgan shartlardan farq qilsa, tashkilotlar majburiy kelishuvga kiritilgan oʻzgartirishni mavjud majburiy kelishuvni bekor qilish va yangi majburiy kelishuv tuzish sifatida hisobga olishi kerak. Qolgan majburiyatlarga (yoki mazkur Standartning 61-bandi uchinchi xatboshisiga muvofiq aniqlangan yagona majburiyatdagi qolgan shartlarga) ajratilishi kerak boʻlgan toʻlov miqdori quyidagilarning yigʻindisidan iborat boʻlishi kerak:

1) resurs taʼminlovchi tomonidan belgilangan (shu jumladan, oldindan olingan) va kelishuv boʻyicha toʻlov bahosiga kiritilgan, ammo daromad sifatida tan olinmagan summa;

2) majburiy kelishuvga kiritilgan oʻzgartirish doirasida belgilangan toʻlov;

b) agar qolgan shartlar alohida boʻlmasa va shuning uchun oʻzgartirish sanasida qisman bajarilgan yagona ijro majburiyatining bir qismi hisoblansa, tashkilotlar oʻzgartirishni mavjud majburiy kelishuvning bir qismi sifatida hisobga olishi lozim. Bu holda oʻzgartirishning kelishuv boʻyicha toʻlovga va ijro majburiyatini toʻliq bajarishga erishish darajasini baholashga taʼsiri oʻzgartirish sanasida daromadga tuzatish sifatida tan olinadi (yaʼni, daromad oshirilishi yoki kamaytirilishi mumkin va tuzatish jamlanma usulda amalga oshiriladi);

d) agar qolgan shartlar mazkur bandning “a” va “b” kichik bandlarida keltirilgan holatlar birlashuvidan iborat boʻlsa, tashkilotlar oʻzgartirishning taʼsirini oʻzgartirilgan majburiy kelishuv doirasidagi bajarilmagan (shu jumladan, qisman bajarilmagan) ijro majburiyatlariga nisbatan ushbu band maqsadlariga muvofiq ravishda hisobga olishi kerak.

3-§. Majburiy kelishuvning amal qilish muddati

60. Majburiy kelishuvda uning amal qilish muddati koʻrsatiladi.

Majburiy kelishuvlar unda nazarda tutilgan hollarda tomonlardan biri tomonidan bekor qilinishi yoki oʻzgartirilishi mumkin.

Tashkilotlar mazkur Standart talablarini majburiy kelishuvning amal qilish muddati davomida qoʻllashlari lozim.

4-§. Ijro majburiyatlarini aniqlash va u boʻyicha qoʻshimcha koʻrsatmalar

61. Majburiy kelishuv boshlanishida tashkilotlar resurs taʼminlovchi bilan tuzilgan majburiy kelishuvda ijro majburiyati olingan tovarlar yoki xizmatlarni baholashi va quyidagi ijro majburiyatlaridan birini aniqlashi kerak:

a) alohida boʻlgan tovar yoki xizmat (yoki tovarlar yoki xizmatlar majmuasi);

b) xususiyatlari va xavflari jihatidan deyarli bir xil boʻlgan hamda tashkilotlar tomonidan ichki foydalanish yoki xaridorga (resurs taʼminlovchiga) yoki uchinchi shaxs manfaatdoriga oʻtkazishda bir xil namunaga ega boʻlgan alohida tovarlar yoki xizmatlar turkumi (ushbu kichik bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 63-bandi talablari inobatga olinadi).

62. Majburiy kelishuv kamida bitta ijro majburiyatini oʻz ichiga oladi.

63. Quyidagi mezonlar asosida alohida tovarlar yoki xizmatlar turkumi ichki foydalanish yoki xaridorga yoxud uchinchi tomon manfaatdoriga yetkazib berishning bir xil tartibiga ega boʻladi:

a) turkumdagi har bir alohida tovar yoki xizmat mazkur Standartning 84 yoki 87-bandlarida belgilangan mezonlarga muvofiq boʻlib, vaqt davomida bajariladigan ijro majburiyati hisoblansa;

b) mazkur Standartning 90-91-bandlariga asosan, tashkilotlar ijro majburiyatini toʻliq bajarish darajasini baholashda bir xil usuldan foydalansa.

5-§. Resurslardan foydalanish majburiyatlari

64. Majburiy kelishuvda tashkilotlar tomonidan xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdoriga yetkazib berilishi belgilangan tovarlar yoki xizmatlar aniq koʻrsatiladi.

Agar tashkilotlarning faoliyati, eʼlon qilingan siyosati yoki bayonotlari resurs taʼminlovchida tashkilotlar muayyan majburiyatni bajaradi degan asosli kutishni shakllantirsa, bunday majburiyatlar ijro majburiyati sifatida hisobga olinadi.

Masalan, kelishuv boʻyicha sogʻliqni saqlash muassasasiga sogʻliqni saqlashni qoʻllab-quvvatlash yuzasidan grant mablagʻi ajratilsa, amalda tashkilot aholiga bepul tibbiy tekshiruv oʻtkazilishi haqida ommaviy axborot vositalarida eʼlon qiladi. Kelishuvda belgilanmagan boʻlsa ham aholi va resurs taʼminlovchida kutish paydo boʻladi. Natijada bepul tibbiy xizmat koʻrsatish boʻyicha ijro majburiyati yuzaga keladi.

65. Agar majburiy kelishuvda tovar yoki xizmatlarni xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdoriga yetkazib berish nazarda tutilmagan boʻlsa, ijro majburiyatlari tashkilotlarning kelishuvni bajarish uchun amalga oshiradigan ichki tayyorgarlik yoki maʼmuriy faoliyatlarini oʻz ichiga olmaydi. Bunday faoliyatlar tovar yoki xizmatlarni xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdoriga yetkazib berishga qaratilmaganligi sababli ijro majburiyati hisoblanmaydi.

Masalan, tashkilotlar majburiy kelishuvni tuzish uchun turli maʼmuriy vazifalarni bajarishi kerak boʻlishi mumkin. Bu vazifalarni bajarish jarayonida ichki resurslardan xizmat koʻrsatish uchun foydalanilmaydi yoki xaridor yoxud uchinchi tomon manfaatdoriga xizmat koʻrsatilmaydi. Shu sababli, bunday tayyorgarlik ishlari ijro majburiyati hisoblanmaydi.

6-§. Resurslardan foydalanish boʻyicha alohida shartlarni aniqlash

66. Ijro majburiyati deganda alohida shartlarni belgilovchi va unga nisbatan tan olish mezonlarini hamda baholashlarni nazarda tutuvchi majburiy kelishuv doirasidagi daromad operatsiyasidagi hisob birligi tushuniladi.

Majburiy kelishuvda shart qilingan tovar yoki xizmat quyidagi mezonlarga asosan alohida hisoblanadi:

a) tovar yoki xizmatni qabul qiluvchi tomon undan mustaqil ravishda yoki oʻzi uchun foydalanishi mumkin boʻlgan boshqa resurslar bilan birgalikda iqtisodiy foyda yoki xizmat salohiyatini yaratishi mumkin boʻlsa (yaʼni, tovar yoki xizmat alohida boʻlish xususiyatiga ega);

b) tashkilotlarning tovar yoki xizmat uchun resursdan ichki foydalanish, tovar yoki xizmatni xaridor yoxud uchinchi tomon manfaatdoriga oʻtkazish ijro majburiyati majburiy kelishuvdagi boshqa ijro majburiyatlaridan alohida aniqlansa (yaʼni, shart majburiy kelishuv doirasida alohida ajralib turadi).

67. Tashkilotlar tovar yoki xizmatni qabul qiluvchi tomon oʻzi resurs taʼminlovchi (xaridor) yoki belgilangan uchinchi tomon manfaatdori ekanligini oʻzining ijro majburiyati mohiyatini hisobga olgan holda aniqlaydi. Agar:

tashkilotlar alohida tovar yoki xizmat uchun resurslardan ichki foydalanishni belgilagan boʻlsa, tashkilotlarning oʻzi tovarlar yoki xizmatlarni oluvchi hisoblanadi;

tashkilotlar xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdoriga alohida tovar yoki xizmatni yetkazib berish uchun resurslardan foydalanish ijro majburiyatini olsa, tovarlar yoki xizmatlarni oluvchi xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdori hisoblanadi.

68. Tomonlar mazkur Standart 66-bandining “a” kichik bandiga muvofiq alohida tovar yoki xizmatdan iqtisodiy foyda yoki xizmat salohiyatini quyidagi hollarda hisobga olishi mumkin:

sarflansa;

isteʼmol qilinsa;

loyihaviy qiymatdan yuqori narxda sotilsa;

boshqa tarzda saqlanib, iqtisodiy foyda yoki xizmat salohiyati keltirsa.

Ayrim tovar yoki xizmatlar tomonlarga mustaqil ravishda foyda keltirishi mumkin, boshqalari esa faqat boshqa mavjud resurslar bilan birgalikda iqtisodiy foyda yoki xizmat imkoniyatini beradi.

Mavjud resurs — alohida sotiladigan tovar, xizmat yoki tashkilotlar tomonidan oldindan olingan resurs (shu jumladan, tashkilotlarning oʻzida ishlatiladigan yoki majburiy kelishuv asosida xaridorga yoki uchinchi tomon benefitsiariga topshiriladigan tovarlar yoki xizmatlar) yoxud boshqa kelishuvlar yoki hodisalardan olingan resursdir.

Turli omillar tomonlarning tovar yoki xizmatdan mustaqil ravishda yoki boshqa mavjud resurslar bilan iqtisodiy foyda yoki xizmat salohiyatini olishi mumkinligini koʻrsatadi. Masalan, tovar yoki xizmatning muntazam ravishda ichki foydalanishi yoki alohida taqdim etilishi shunday imkoniyatni koʻrsatadi.

69. Tashkilotlar ichki resurslardan foydalanish yoki tovar va xizmatlarni xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdoriga yetkazish boʻyicha ijro majburiyatlari mazkur Standartning 66-bandi “b” kichik bandiga muvofiq alohida aniqlanishi yoki birlashtirilganligini baholashlari kerak.

Ijro majburiyati quyidagi hollarda birgalikda amalga oshirilayotgan hisoblanadi:

a) tashkilotlar tovar yoki xizmatlarni boshqa tovar yoki xizmatlar toʻplamiga birlashtirgan holda taqdim qilsa (masalan, taʼlim dasturi bitta toʻplam sifatida taqdim qilinganda);

b) tovar yoki xizmatlar bir-biriga moslashtirilgan yoki ularning xususiyatlari oʻzaro bogʻlangan boʻlsa (masalan, komputer tizimida server va dasturiy taʼminot bir-biriga bogʻlanganda);

d) tovar yoki xizmatlar yuqori darajada oʻzaro bogʻlangan yoki oʻzaro aloqador boʻlsa (shu sababli ularni alohida foydalanish yoki yetkazib berish mumkin emas).

Agar tovar yoki xizmatlar mustaqil ravishda foydalanilishi mumkin boʻlsa va ular boshqalardan mustaqil ravishda yetkazib berilsa, ijro majburiyati alohida aniqlangan deb hisoblanadi (masalan, alohida kitoblar yoki onlayn kurslar).

7-§. Majburiy kelishuv asosidagi daromad operatsiyalarini dastlabki tan olish

70. Agar mazkur Standartning 54-bandidagi asoslar bajarilmagan boʻlsa, tashkilotlar ushbu majburiy kelishuv bilan bogʻliq aktiv, majburiyat yoki daromadni tan olmaydi, zarar keltiruvchi majburiy kelishuvlar bundan mustasno.

Aktivlar, majburiyatlar va daromadlarni dastlabki tan olish majburiy kelishuvning bir tomoni kelishuv boʻyicha oʻz majburiyatlarini bajarishni boshlagan paytdan eʼtiboran amalga oshiriladi.

71. Zarar keltiruvchi majburiy kelishuvlar tashkilotlar kutilayotgan yoʻqotishni Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (16-sonli BHS) “Baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar” (roʻyxat raqami 3562, 2024-yil 22-oktabr) talablariga muvofiq hisobga olishi shart.

8-§. Resurslarning boshlangʻich kirimini tahlil qilish

72. Tashkilotlar majburiy kelishuv asosidagi daromad operatsiyasidan kelib chiqadigan resurslar oqimini ijro majburiyatlarini bajarishdan oldin yoki keyin olishi mumkin.

Agar mazkur Standartning 16 — 22-bandlari qoʻllanilsa va aktivning taʼrifi hamda tan olish mezonlari bajarilsa, tashkilotlar bu resurslar oqimini aktiv sifatida tan olishi kerak.

9-§. Majburiyatning mavjudligi va tan olinishi

73. Davlat sektori tashkilotlari odatda Hukumat yoki boshqa tashkilotlardan mablagʻ oladi.

Tashkilotlar majburiy kelishuv asosidagi daromad operatsiyasidan kelib chiqadigan resurslar oqimini aktiv sifatida tan olganda, bu oqim bilan bogʻliq ijro talablari va majburiyatlarini baholashlari lozim.

74. Ijro majburiyati quyidagi hollarda yuzaga keladi:

a) tashkilotlar majburiy kelishuvda oʻzining bajarilmagan yoki qisman bajarilgan ijro majburiyati bilan bogʻliq mablagʻlarni olgan boʻlsa;

b) tashkilotlar olingan mablagʻ bilan bogʻliq ijro majburiyatlarini bajarmasa va mablagʻ taʼminlovchi majburiy kelishuv shartlariga binoan tashkilotlardan resurslarni boshqa tomonga oʻtkazishni talab qilish orqali majburiy kelishuvni amalga oshirishi mumkin boʻlsa.

75. Mazkur Standartning 24-bandiga muvofiq, agar tashkilotlar oldingi hodisalar natijasida resurslarni topshirishni rad etmasa va resurslarni topshirish ehtimoli yuqori boʻlsa, majburiyat mavjud hisoblanadi.

Tashkilotlar majburiyat yuzaga kelganligini aniqlashda majburiy kelishuv bilan bogʻliq holatlar va sharoitlarni hisobga olishi kerak. Bu orqali resurs taʼminlovchi oʻz huquqlarini amalga oshira olishi va tashkilotlarning ijro majburiyatlarini bajarmagan holatida qoʻshimcha resurslar oʻtkazilishini talab qilishi mumkin boʻlgan oqibatlarni aniqlashi kerak.

76. Tashkilotlar oʻzaro kelishuv asosida oʻz ijro majburiyatlarini bajarmaganligi natijasida yuzaga kelgan resurslarni qaytarish majburiyatini, boshqa maqsadlar uchun oʻtkazilishi kerak boʻlgan aktivlardan ushbu summani chegirib tashlagan holda amalga oshirishi mumkin.

Tashkilotlar moliyaviy hisobotlarida umumiy summalarni tan olishda davom etadi, yaʼni, buzilgan majburiy kelishuv shartlari boʻyicha qaytarish aktivlar va majburiyatlarning kamayishini aks ettiradi hamda yangi oʻtkazmalar uchun aktivlar, majburiyatlar yoki daromadni tan olish imkonini beradi.

77. Agar tashkilotlar resurslarni majburiy kelishuv tuzilishidan oldin olsa va kelishuv tuzilishi ehtimoli yuqori boʻlsa, tashkilotlar ushbu oldindan tushgan mablagʻ uchun majburiyatni tan oladi.

Bu majburiyat majburiy kelishuv rasmiy ravishda tuzilgunga qadar saqlanadi.

78. Majburiyat taʼrifiga mos keladigan ijro majburiyati faqat uning miqdorini ishonchli tarzda baholash mumkin boʻlgandagina majburiyat sifatida tan olinadi. Tashkilotlar mazkur Standartning 52-bandida koʻrsatilgan hodisalardan biri yuz bergunga qadar ushbu majburiyatni tan olishni davom ettiradi.

10-§. Majburiy kelishuv mavjud boʻlgan daromad operatsiyalarini hisobga olish

79. Agar tashkilotlar majburiy kelishuv doirasida resurs kirimini olsa, bu kirim mazkur Standartning 16 — 22-bandlarida belgilangan mezonlarga muvofiq aktiv sifatida tan olinadi va tashkilotlar quyidagilarni tan olishi kerak:

a) agar kirim bilan bogʻliq majburiy shartlar bajarilgan boʻlsa — daromad;

b) agar kirim bilan bogʻliq majburiy shartlar bajarilmagan boʻlsa — majburiyat.

80. Daromadni tan olish vaqti majburiy kelishuvdagi talablarning mohiyati va ularning bajarilishiga qarab aniqlanadi. Tashkilotlar majburiy kelishuv boʻyicha operatsiyadan olingan daromadni kelishuv shartlariga muvofiq resurslardan belgilangan tarzda foydalanib, ijro majburiyatini bajargan paytda (yoki bajarish jarayonida) hisobga olishi shart.

Tashkilotlar mazkur Standartning 73 — 78-bandlariga muvofiq hisobga olingan har qanday majburiyatning balans qiymatini tegishli miqdorga kamaytirishi lozim.

81. Tashkilotlar ijro majburiyatini kelishuvda belgilangan tovar yoki xizmat (yaʼni aktiv) uchun ichki resurslardan foydalanish orqali yoki shartlarda koʻrsatilgan tovar yoki xizmatni xaridorga yoki uchinchi tomon manfaatdoriga oʻtkazish orqali bajaradi. Aktivdan ichki foydalanish yoki uni oʻtkazish, aktivni qabul qiluvchi tashkilotlar uning nazoratini qoʻlga kiritganda (yoki kiritish jarayonida) amalga oshiriladi.

82. Tovarlar va xizmatlar (qisqa muddatga qabul qilingan va foydalanilgan boʻlsa ham) aktiv hisoblanadi.

Mazkur Standartning 16-bandiga qoʻshimcha ravishda, nazorat tushunchasi resursdan foydalanish va undan manfaat olishni boshqa tashkilotlar tomonidan cheklash imkoniyatini oʻz ichiga oladi.

Resursda mujassam boʻlgan iqtisodiy naf yoki xizmat koʻrsatish salohiyati — bu tashkilotlarning maqsadlariga erishishga hissa qoʻshuvchi va toʻgʻridan-toʻgʻri yoki bilvosita pul oqimlari (kirimlar yoki xarajatlarning kamayishi) yoki xizmat taqdim etish imkoniyatining mavjudligidir.

Bunda xizmat koʻrsatish salohiyati quyidagi yoʻllar bilan olinishi mumkin:

a) ichki taʼlim berish uchun resursdan foydalanish;

b) tovarlar ishlab chiqish yoki xizmatlar (shu jumladan davlat xizmatlari) koʻrsatish uchun resursdan foydalanish;

d) boshqa aktivlarning qiymatini oshirish uchun resursdan foydalanish;

e) majburiyatlarni bajarish yoki xarajatlarni kamaytirish uchun resursdan foydalanish;

f) resursni sotish yoki ayirboshlash;

g) resursni saqlash.

83. Har bir ijro majburiyati mazkur Standartning 61 — 69-bandlariga muvofiq aniqlangan holda, tashkilotlar majburiy kelishuv boshlanishida mazkur ijro majburiyati vaqt davomida bajarilishi (mazkur Standartning 84-85 yoki 87-88-bandlariga muvofiq) yoki maʼlum bir vaqtda bajarilishini (mazkur Standartning 86 yoki 89-bandiga muvofiq) aniqlashi kerak.

7-bob. Tovarlar yoki xizmatlar uchun resurslardan ichki foydalanish boʻyicha ijro majburiyatlari

1-§. Vaqt davomida bajarilgan ijro majburiyatlari

84. Agar quyidagi mezonlardan biri bajarilsa, tashkilotlar tovar yoki xizmat ustidan nazoratni vaqt davomida amalga oshiradi hamda ushbu vaqt davomida ijro majburiyatini bajaradi va daromadni hisobga oladi:

a) tashkilotlar oʻz faoliyatini amalga oshirish jarayonida bir vaqtning oʻzida iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish salohiyatini olsa va foydalansa;

b) tashkilotlar faoliyati natijasida yaratilayotgan yoki oʻzgartirilayotgan aktiv (masalan, tugallanmagan ishlab chiqarish) ustidan nazorat ijro davrida tashkilotlarda saqlansa;

d) tashkilotlar bajarilgan ishlar uchun (hisobot sanasigacha) toʻlov olish boʻyicha huquqqa ega boʻlsa (mazkur xatboshini qoʻllashda ushbu Standartning 85-bandi talablari inobatga olinadi).

85. Tashkilotlar mazkur Standart 84-bandining “d” kichik bandiga muvofiq, hisobot sanasigacha bajarilgan ijro majburiyatlari uchun toʻlov olish huquqiga ega ekanligini baholashda majburiy kelishuv shartlarini, shuningdek, ushbu kelishuvga tatbiq etiladigan qonunchilik hujjatlarini hisobga oladi. Bunda hisobot sanasigacha bajarilgan ijro majburiyatlari uchun toʻlanadigan summa aniq belgilangan boʻlishi shart emas.

Majburiy kelishuvning amal qilishi davomida, agar resurs taʼminlovchi yoki kelishuv doirasida huquq va majburiyatlarga ega boʻlgan boshqa tomon tashkilotlarning ijro majburiyatlarini bajarmaganligi bilan bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra kelishuvni bekor qilsa, tashkilotlar hisobot sanasigacha bajarilgan ijro majburiyatlari uchun kompensatsiya olish huquqiga ega boʻlishi lozim.

2-§. Maʼlum bir vaqtda bajarilgan ijro majburiyatlari

86. Agar ijro majburiyati mazkur Standartning 84 va 85-bandlariga muvofiq vaqt davomida bajarilmasa, tashkilotlar uni maʼlum bir vaqtda bajaradi.

Tashkilotlar ijro majburiyatini bajarish va aktiv ustidan nazoratni qoʻlga kiritish vaqtini (aniq vaqt) belgilashda mazkur Standartning 81 va 82-bandlarida nazarda tutilgan nazorat mezonlarini hisobga olishi kerak.

8-bob. Tovarlar yoki xizmatlarni boshqa tomonga (xaridor yoki uchinchi shaxsga) oʻtkazish boʻyicha ijro majburiyatlari

1-§. Vaqt davomida bajarilgan ijro majburiyatlari

87. Agar quyidagi mezonlardan biri bajarilsa, tashkilotlar tovar yoki xizmat ustidan nazoratni vaqt davomida xaridorga yoki uchinchi tomon manfaatdoriga oʻtkazadi hamda ushbu vaqt davomida ijro majburiyatini bajaradi hamda daromadni hisobga oladi:

a) tashkilotlarning faoliyati davomida taqdim etilayotgan iqtisodiy naf yoki xizmat koʻrsatish salohiyatini xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdori bir vaqtning oʻzida olsa va foydalansa;

b) tashkilotlarning faoliyati natijasida yaratilayotgan yoki oʻzgartirilayotgan aktiv (masalan, tugallanmagan ishlab chiqarish) ustidan nazorat ijro davrida xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdorida saqlansa;

d) tashkilotlarning faoliyati muqobil foydalanish imkoniyatiga ega boʻlmagan aktivni yaratishga olib kelsa (muqobil foydalanish imkoniyatiga ega boʻlmagan aktivni yaratishda mazkur Standartning 88-bandi talablari inobatga olinadi) va tashkilotlar hisobot sanasigacha bajarilgan ishlar uchun toʻlov olish boʻyicha huquqqa ega boʻlsa (hisobot sanasigacha bajarilgan ishlar uchun toʻlov olish huquqini aniqlashda mazkur Standartning 85-bandi talablari inobatga olinadi).

88. Tashkilot faoliyati natijasida yaratilgan yoki oʻzgartirilayotgan aktiv majburiy kelishuv doirasida faqat belgilangan maqsadda foydalaniladigan boʻlsa va uni boshqa maqsadlarda qoʻllash amaliyotda cheklangan boʻlsa, bu aktivning muqobil foydalanish imkoniga ega emasligi hisoblanadi.

Aktivning muqobil foydalanish imkoniyati majburiy kelishuv boshlanishida aniqlanadi. Majburiy kelishuv davomida faqat tomonlar kelishuvni oʻzgartirsa va majburiyatning mazmuni oʻzgarsa, aktivning muqobil foydalanish imkoniyati qayta baholanishi mumkin.

2-§. Maʼlum bir vaqtda bajarilgan ijro majburiyatlari

89. Agar ijro majburiyati mazkur Standartning 87-88-bandlarida koʻrsatilgan mezonlarga muvofiq vaqt davomida bajarilmasa, tashkilotlar uni maʼlum bir vaqtda bajaradi.

Xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdori kelishuvda belgilangan aktiv ustidan nazoratni qoʻlga kiritgan va tashkilotlar ijro majburiyatini bajargan paytni aniqlash uchun tashkilotlar mazkur Standartning 81-82-bandlarida belgilangan nazorat talablarini (agar qayta sotib olish kelishuvi mavjud boʻlsa) hisobga olishi lozim.

Tashkilotlar nazorat oʻtkazilganligini koʻrsatuvchi quyidagi belgilarni ham hisobga oladi:

a) tashkilotlar aktiv uchun haq olish boʻyicha joriy huquqqa ega boʻlsa — agar resurs taʼminlovchi aktiv uchun hozirda toʻlov qilishga majbur boʻlsa, bu uning aktivdan foydalanishni boshqarish va undan deyarli barcha iqtisodiy naf yoki xizmat salohiyatini olish imkoniyatiga ega ekanligi;

b) xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdori aktivga nisbatan qonuniy huquqqa ega boʻlsa — qonuniy huquq qaysi tomon aktivdan foydalanishni boshqarish va iqtisodiy naf olish imkoniyatiga ega ekanligi.

Agar tashkilotlar ushbu huquqni faqat toʻlov xavfidan himoyalanish uchun saqlab qolsa, bu xaridor nazoratini cheklamaydi. Shu sababli, aktivga boʻlgan mulk huquqining oʻtkazilishi xaridor yoki uchinchi tomon benefitsiar aktivni nazorat qila boshlaganini anglatishi mumkin. Agar tashkilotlar mulk huquqini faqat resurs taʼminotchisi tomonidan toʻlov amalga oshirilmasligidan himoyalanish uchun saqlab qolsa, tashkilotlarning bu huquqlari xaridor yoki uchinchi tomon benefitsiarning aktiv ustidan nazoratni qoʻlga kiritishiga toʻsqinlik qilmaydi;

d) tashkilotlar aktivning jismoniy egaligini oʻtkazgan boʻlsa — jismoniy egalik nazoratdan oʻtganligini koʻrsatishi mumkinligi (vositachilik asosidagi saqlash yoki saqlash holatlari bundan mustasno);

e) xaridor yoki uchinchi tomon manfaatdori aktivga egalik qilish bilan bogʻliq asosiy xatarlar va manfaatlarga ega boʻlsa, bu nazorat oʻtganligini koʻrsatishi mumkinligi (bunda tashkilotlarning aktivni berishdan tashqari, alohida ijro majburiyatlarini keltirib chiqaruvchi xatarlar hisobga olinmaydi);

f) resurs taʼminlovchi aktivni qabul qilgan boʻlsa — bu uning aktivdan foydalanish va iqtisodiy naf olish imkoniyatiga ega ekanligini koʻrsatishi mumkinligi.

3-§. Ijro majburiyatini toʻliq bajarish bosqichlarini baholash

90. Mazkur Standartning 84 va 85-bandlariga (tovarlar yoki xizmatlardan ichki foydalanish boʻyicha ijro majburiyatlari uchun) yoki mazkur Standartning 87 va 88-bandlariga (tovarlar yoki xizmatlarni boshqa tomonga oʻtkazish boʻyicha ijro majburiyatlari uchun) muvofiq vaqt oʻtishi bilan bajariladigan har bir ijro majburiyati uchun tashkilotlar ushbu majburiyatni toʻliq bajarish yoʻlidagi jarayonni baholash orqali vaqt oʻtishi bilan daromadni tan olishi lozim.

Jarayonni baholashdan maqsad tashkilotlarning oʻz ijro majburiyatini bajarish boʻyicha faoliyatini aks ettirish, yaʼni daromadni faqat aktivni topshirish yoki xizmatni tugallagan paytda emas, balki ijro jarayoniga muvofiq bosqichma-bosqich tan olish hisoblanadi.

91. Tashkilotlar vaqt davomida bajarilgan har bir ijro majburiyati uchun bosqichlarni baholashning yagona usulini qoʻllashi va bu usulni oʻxshash ijro majburiyatlariga hamda oʻxshash vaziyatlarda izchil ravishda tatbiq etishi lozim. Har bir hisobot davrining oxirida tashkilotlar vaqt davomida bajarilayotgan ijro majburiyatini toʻliq bajarish yoʻlidagi oʻz bosqichlarini qayta baholashi kerak.

4-§. Bosqichlarni baholash usullari

92. Jarayonning rivojlanishini baholashning mos usullariga chiqarilgan natija va xarajat usullari kiradi.

Bosqichni baholashning tegishli usulini aniqlashda tashkilotlar taqdim etilishi koʻzda tutilgan tovar yoki xizmatning xususiyatini hamda majburiy kelishuv shartlarida tashkilotlar bajaradigan faoliyati yoki sarflashi lozim xarajatlar koʻrsatilganligini inobatga olishi kerak.

93. Muayyan ijro majburiyati boʻyicha bosqichni baholash usulini qoʻllashda, tashkilotlar ushbu ijro majburiyati bilan bevosita bogʻliq boʻlmagan quyidagilarni:

a) agar ijro majburiyatida tashkilotlar aniq tovar yoki xizmat uchun ichki resurslardan foydalanishini belgilagan boʻlsa, tashkilotlar nazoratni saqlab qolmagan tovar yoki xizmatlarni baholashdan chiqarishi kerak (aksincha, tashkilotlar ushbu ijro majburiyatini bajarishda oʻzi nazorat qiladigan har qanday tovar yoki xizmatlarni bosqich baholashiga kiritishi kerak);

b) agar tashkilotlar ijro majburiyati doirasida resurslarni boshqa tomonga (xaridor yoki uchinchi benefitsiarga) alohida tovar yoki xizmat koʻrinishida yetkazishni belgilagan boʻlsa, u holda tashkilotlar boshqa tomonga nazoratni oʻtkazmagan tovar yoki xizmatlarni baholashdan chiqarishi kerak (aksincha, tashkilotlar nazoratni boshqa tomonga oʻtkazgan tovar yoki xizmatlarni bosqich baholashiga qoʻshishi shart).

94. Shartnoma bajarilishi jarayonida vaziyat oʻzgarsa, tashkilot ijro majburiyati qay darajada bajarilganligini (ijro bosqichini) qayta baholashi va hisob-kitoblarni shunga mos ravishda yangilashi lozim.

Tashkilotlarning bosqichni baholash usuliga kiritilgan bunday oʻzgarishlar Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (1-sonli BHS) “Hisob siyosati, hisob baholaridagi oʻzgarishlar va xatolar” ga (roʻyxat raqami 3797, 2026-yil 27-mart) muvofiq buxgalteriya hisobi bahosidagi oʻzgarish sifatida hisobga olinishi kerak.

5-§. Bosqichning mos hisob-baholashlari

95. Tashkilot ish yoki xizmatning qancha qismi bajarilganini aniq va asosli baholay olsa, daromadni bosqichma-bosqich tan olishi mumkin. Agar buni ishonchli baholay olmasa, daromadni bunday tarzda tan olmasligi kerak.

Agar tashkilotda ijro majburiyati qay darajada bajarilganligini aniqlash uchun yetarli va ishonchli maʼlumotlar boʻlmasa, u ijro bosqichini ishonchli baholay olmaydi.

96. Agar ijro majburiyati natijasini ishonchli baholash imkoni mavjud boʻlmasa, biroq mazkur majburiyatni bajarish uchun qilingan xarajatlarning qoplanishi ehtimoli yuqori boʻlsa, tashkilot daromadni ijro majburiyati natijasini ishonchli baholash imkoniyati paydo boʻlguniga qadar faqat qoplanishi kutilayotgan xarajatlar summasi doirasida tan oladi.

6-§. Aktivlarni tan olish mezonlarini keyingi bosqichda koʻrib chiqish

97. Agar ushbu Standart doirasidagi majburiy kelishuv boʻyicha olingan resurslar mazkur Standartning 16-bandida nazarda tutilgan aktivni tan olish mezonlariga javob bermasa va tashkilotlar resurs taʼminlovchidan mablagʻ olgan boʻlsa, tashkilotlar ushbu mablagʻni faqat quyidagi holatlardan biri yuz berganda daromad sifatida eʼtirof etadi:

a) tashkilotlarning bajarilmagan hech qanday majburiyatlari qolmagan boʻlsa;

b) majburiy kelishuv bekor qilingan va olingan tushum resurs taʼminlovchiga qaytarilmaydigan boʻlsa.

9-bob. Baholash

1-§. Resurslar kirimi natijasida aktivlarni baholash

98. Majburiy kelishuv mavjud boʻlgan daromad operatsiyasi doirasida olingan aktiv tashkilotlar tomonidan aktivni tan olish mezonlari bajarilgan sanadagi operatsiya qiymati boʻyicha dastlab baholanishi lozim (ushbu bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 101 — 119-bandlari talablari inobatga olinadi).

2-§. Majburiyatlarni baholash

99. Majburiyat sifatida tan olinadigan summa hisobot sanasiga ijro majburiyatini bajarish uchun zarur boʻlgan mablagʻning eng maqbul bahosini tashkil etadi. Ushbu Standart maqsadlari uchun dastlabki tan olishda majburiyatning eng maqbul bahosi resurslar kirimi munosabati bilan tan olingan tegishli aktiv qiymati bilan cheklanadi.

Tashkilotlar majburiyatning eng maqbul bahosini aniqlashda mazkur Standartning 29-bandi talablarini qoʻllashi lozim.

3-§. Majburiy kelishuvlarga ega boʻlgan daromad operatsiyalarini baholash

100. Ijro majburiyati bajarilganda (yoki bajarilayotganda) tashkilotlar ushbu ijro majburiyatiga ajratilgan operatsiya qiymatini (mazkur Standartning 111 va 112-bandlariga muvofiq cheklangan oʻzgaruvchan toʻlov miqdorlari bundan mustasno) daromad sifatida tan olishi lozim.

4-§. Operatsiya qiymatini aniqlash

101. Tashkilotlar majburiy kelishuv shartlarini va oʻz faoliyatini inobatga olgan holda operatsiya qiymatini aniqlashi lozim.

Operatsiya qiymati bu tashkilotlar oʻz ijro majburiyatlarini bajarish evaziga majburiy kelishuvga muvofiq olishni kutayotgan resurslar miqdori boʻlib, unda uchinchi shaxslar nomidan yigʻiladigan summalar (masalan, ayrim soliqlar) hisobga olinmaydi. Majburiy kelishuvda toʻlov qatʼiy belgilangan miqdorlarni, oʻzgaruvchan miqdorlarni yoki har ikkalasini oʻz ichiga olishi mumkin.

102. Tashkilotlar operatsiya qiymati miqdorini aniqlaydi, ammo toʻlov xavfi bu hisob-kitobda inobatga olinmaydi.

103. Kelishuv boʻyicha olinishi kutilgan mablagʻning shakllanish tartibi, vaqti va miqdori tashkilotlar tomonidan aniqlanadigan summaning bahosiga taʼsir qiladi.

Kelishuv boʻyicha olinishi kutilgan mablagʻni aniqlayotganda tashkilotlar quyidagi omillarni inobatga olishi shart:

a) oʻzgaruvchan toʻlovlar (ushbu kichik bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 105 — 109 va 113-bandlari talablari inobatga olinadi);

b) oʻzgaruvchan toʻlovlarning ehtimoliy miqdorini cheklash (ushbu kichik bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 111 va 112-bandlari talablari inobatga olinadi);

d) majburiy kelishuvda muhim moliyaviy muddat (yaʼni, toʻlov muddati uzoq boʻlib, foiz taʼsiri sezilarli boʻlsa) mavjudligi (ushbu kichik bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 114 — 119-bandlari talablari inobatga olinadi);

e) resurs taʼminlovchiga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlar.

104. Tashkilotlar majburiy kelishuv boʻyicha toʻlov miqdorini aniqlashda toʻlov majburiy kelishuvda belgilangan shartlarga muvofiq amalga oshirilishini va kelishuv bekor qilinmasligi, qayta tiklanmasligi yoki oʻzgartirilmasligini nazarda tutishi lozim.

5-§. Oʻzgaruvchan toʻlov

105. Agar majburiy kelishuvda belgilangan toʻlov oʻzgaruvchan (oʻzgarishi mumkin boʻlgan) miqdordan iborat boʻlsa, tashkilotlar resurs taʼminlovchidan olishi kutilayotgan toʻlov miqdorini baholashi kerak.

106. Toʻlanadigan mablagʻ miqdori chegirmalar, kompensatsiyalar, qaytarib beriladigan mablagʻlar, qarz shartlari, bahoni kamaytirish, ragʻbatlantiruvchi toʻlovlar, samaradorlik uchun mukofotlar, jarimalar yoki shularga oʻxshash boshqa holatlar tufayli oʻzgarishi mumkin.

Toʻlanadigan mablagʻ miqdori, shuningdek, kelgusida sodir boʻlishi yoki boʻlmasligi mumkin boʻlgan hodisaga bogʻliq holda ham oʻzgarishi mumkin. Masalan, majburiy kelishuvda belgilangan muayyan koʻrsatkichga erishilganda belgilangan toʻlov ustidan qoʻshimcha mukofot (bonus) berilishi nazarda tutilgan boʻlsa, bunday holatda toʻlov miqdori oʻzgaruvchan hisoblanadi.

107. Tashkilotlar majburiy kelishuvda belgilangan toʻlov miqdorini aniqlayotganda, toʻlanadigan mablagʻning qonunchilik hujjatlari yoki majburiy kelishuvda ochiq belgilab qoʻyilgan shartlardan tashqari oʻzgarishi mumkinligini hisobga olishi kerak.

Oʻzgaruvchanlik quyidagi holatlarda paydo boʻlishi mumkin:

a) chegirma yoki imtiyoz berish natijasida kamayishi kutilsa. Tashkilotlar resurs taʼminlovchi (masalan, davlat, mahalliy budjet yoki sugʻurta jamgʻarmasi) faoliyat va siyosatlari asosida toʻlovni kamaytirishi mumkinligi haqida ishonchli maʼlumotlarga ega boʻlsa, toʻlanadigan mablagʻ oʻzgaruvchan hisoblanadi;

b) kelishuvda narx boʻyicha yengillik berish nazarda tutilgan boʻlsa. Agar boshqa maʼlumotlar yoki shartlar, shuningdek, tashkilotlarning resurs taʼminlovchi bilan munosabatlari doirasidagi amaliyoti toʻlov miqdorining kamaytirilishini koʻrsatsa, bunday holda toʻlanadigan mablagʻ oʻzgaruvchan hisoblanadi.

108. Tashkilotlar majburiy kelishuv boʻyicha eʼtirof etilishi lozim boʻlgan toʻlov miqdorini aniqroq prognoz qilish imkonini beradigan usullardan birini oʻzgaruvchan toʻlov miqdorini baholashda qoʻllashi shart.

a) kutilayotgan qiymat usuli — bu ehtimoliy toʻlov miqdorlari oraligʻidagi ehtimollik bilan oʻlchangan miqdorlar yigʻindisidir. Agar tashkilotlar oʻxshash xususiyatlarga ega boʻlgan koʻp sonli majburiy kelishuvlarga ega boʻlsa, ushbu usul oʻzgaruvchan toʻlov miqdorining tegishli bahosi boʻlishi mumkin;

b) eng ehtimolli qiymat usuli — bu ehtimoliy toʻlov miqdorlari orasida eng koʻp sodir boʻlishi kutilgan yagona toʻlov miqdoridir (yaʼni, majburiy kelishuv boʻyicha eng ehtimoliy natija). Agar majburiy kelishuv faqat ikki ehtimoliy natijaga ega boʻlsa (masalan, tashkilotlar infratuzilma obyektini belgilangan muddatda tugallaydi yoki tugallamaydi), ushbu usul oʻzgaruvchan toʻlov miqdorini baholash uchun maqbul hisoblanadi.

109. Tashkilotlar oʻzgaruvchan toʻlov miqdoriga boʻlgan noaniqlikning taʼsirini baholashda bir xil usulni doimiy qoʻllashi kerak. Shuningdek, tashkilotlar barcha mos maʼlumotlarni (tarixiy, joriy va kelajakdagi ehtimollar) hisobga olishi va ehtimoliy toʻlov miqdorlarining asosli oraligʻini aniqlashi lozim.

Oʻzgaruvchan toʻlov miqdorini baholashda foydalaniladigan maʼlumotlar tashkilotlar majburiy kelishuv boʻyicha olishlari kutilayotgan toʻlov miqdorini aniqlashda qoʻllaniladigan maʼlumotlarga oʻxshash boʻlishi lozim. Agar majburiy kelishuv boshqa tomonga alohida tovar yoki xizmat yetkazishni talab qilsa, foydalaniladigan maʼlumotlar tashkilotlar narx belgilash va tijorat takliflarini shakllantirish jarayonida qoʻllaniladigan maʼlumotlarga mos boʻlishi kerak.

6-§. Qaytarib beriladigan majburiyatlar

110. Tashkilotlar qaytarib berish huquqi nazarda tutilgan majburiy kelishuvni tuzishi mumkin. Bunday hollarda, agar tashkilotlar resurs taʼminlovchidan mablagʻ qabul qilgan boʻlsa va alohida tovarlar yoki xizmatlarni xaridorga yoki uchinchi shaxsga topshirish bilan bogʻliq ravishda ushbu mablagʻning bir qismini yoki toʻliq hajmini qaytarib berishi kutilsa, tashkilotlar qaytarib berish boʻyicha majburiyatni tan olishi shart.

Qaytarib berish boʻyicha majburiyat tashkilotlar oʻzini haqli deb hisoblamaydigan (yaʼni kelishuv boʻyicha toʻlov qiymati tarkibiga kiritilmaydigan) qabul qilingan yoki olinishi lozim boʻlgan mablagʻ miqdorida baholanadi.

Qaytarib berish boʻyicha majburiyat (shuningdek, toʻlov qiymatining tegishli oʻzgarishi va shunga mos ravishda majburiy kelishuv boʻyicha majburiyat) har bir hisobot davri oxirida vaziyatning oʻzgarishiga qarab qayta koʻrib chiqilishi lozim.

7-§. Oʻzgaruvchan toʻlovlarning ehtimoliy miqdorini cheklash va oʻzgaruvchan toʻlovni qayta baholash

111. Tashkilotlar mazkur Standartning 108-bandiga muvofiq baholangan oʻzgaruvchan toʻlov summasining bir qismini yoki toʻliq miqdorini faqat shunday holatda kelishuv boʻyicha toʻlov tarkibiga kiritishi shartki, ushbu oʻzgaruvchan toʻlov bilan bogʻliq noaniqlik keyinchalik bartaraf etilganda, ilgari tan olingan jami daromad summasida sezilarli darajada kamaytiruvchi oʻzgarish amalga oshirilishi ehtimoli yuqori boʻlmasligi kerak. Mazkur shart bajarilgan deb hisoblanishi uchun bunday ehtimol yuqori darajada ishonchli boʻlishi lozim.

112. Oʻzgaruvchan toʻlov bilan bogʻliq noaniqlik keyinchalik bartaraf etilganda, ilgari tan olingan jami daromad summasida sezilarli kamaytiruvchi oʻzgarish yuz bermasligi ehtimoli yuqori ekanligini baholashda tashkilotlar daromadni kamaytirish ehtimolini ham, kamaytirish miqdorini ham hisobga olishi lozim.

Quyidagi omillar daromadni kamaytiruvchi oʻzgarish ehtimolini yoki uning miqdorini oshirishi mumkin (ammo ular bilan cheklanmaydi):

a) toʻlov miqdori tashkilotlarning nazoratidan tashqari omillarga yuqori darajada bogʻliq boʻlsa. Bunday omillarga bozordagi keskin oʻzgarishlar, uchinchi tomonlarning qarorlari yoki harakatlari, ob-havo sharoiti, shuningdek, toʻlov yoki belgilangan tovar yoxud xizmatning tez eskirishi xavfi kiradi;

b) toʻlov miqdori boʻyicha noaniqlik uzoq vaqt davomida bartaraf etilmasligi kutilsa. Bu noaniqlik majburiyat yuzaga kelgan davrdan keyingi hisobot davrida toʻlov miqdori aniqlanishi bilan bogʻliq boʻlishi mumkin;

d) tashkilotlarda oʻxshash turdagi majburiy kelishuvlar boʻyicha tajriba yetarli boʻlmasa yoki mavjud tajriba ishonchli prognoz qilish qiymatiga ega boʻlmasa;

e) tashkilotlarda oʻxshash holatlarda keng koʻlamli chegirmalar berish yoki toʻlov shartlarini tez-tez oʻzgartirish amaliyoti mavjud boʻlsa;

f) majburiy kelishuvda mumkin boʻlgan toʻlov miqdorlari soni koʻp va ular oraligʻi juda keng boʻlsa.

113. Har bir hisobot davri oxirida tashkilotlar kelishuv boʻyicha toʻlovning baholangan miqdorini qayta koʻrib chiqishi shart. Bunda oʻzgaruvchan daromad miqdorini baholashda qoʻllanilgan cheklovlar ham qayta baholanadi. Qayta baholash hisobot davri oxirida mavjud boʻlgan holatlar va hisobot davri davomida yuz bergan oʻzgarishlarni ishonchli aks ettirishi lozim.

Kelishuv boʻyicha toʻlov miqdoridagi barcha oʻzgarishlar mazkur Standartning 130 — 133-bandlariga muvofiq hisobga olinadi.

8-§. Majburiy kelishuvda muhim moliyaviy tarkibiy qismning mavjudligi

114. Operatsiya qiymatini aniqlashda, agar majburiy kelishuv tomonlari oʻrtasida toʻlovni amalga oshirish muddati belgilangan holda resurs taʼminlovchiga yoki tashkilotlarga kelishuvni moliyalashtirishda sezilarli foyda keltirsa, tashkilotlar toʻlov miqdorini pulning vaqt qiymati taʼsirini hisobga olgan holda tuzatishi lozim. Bunday holatlarda majburiy kelishuv pulning vaqt qiymatiga bogʻliq moliyalashtirish qismini oʻz ichiga oladi.

Pulning vaqt qiymatiga bogʻliq moliyalashtirish qismi, moliyalashtirish sharti majburiy kelishuvda alohida koʻrsatilganidan qatʼi nazar, amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq tomonlar oʻrtasida kelishilgan shartlar ham mavjud boʻlishi mumkin.

115. Agar majburiy kelishuvda pulning vaqt qiymatiga bogʻliq moliyalashtirish tarkibiy qismi mavjud boʻlsa, nazarda tutilgan toʻlov miqdorini tuzatishdan maqsad daromadni resurs taʼminlovchi ijro majburiyatida nazarda tutilgan tovarlar yoki xizmatlar uchun toʻlov joriy toʻlov qiymati asosida tan olish hisoblanadi.

Tashkilotlar pulning vaqt qiymatiga bogʻliq moliyalashtirish tarkibiy qismi mavjudligini va uning ahamiyatini baholashda barcha tegishli maʼlumotlarni inobatga olishi kerak, jumladan:

a) nazarda tutilgan toʻlov miqdori bilan ijro majburiyatida berilgan tovar yoki xizmatlar uchun hisoblangan joriy toʻlov qiymati oʻrtasidagi farq;

b) quyidagi omillarning birgalikdagi taʼsiri:

tashkilotlar ijro majburiyatini bajargan vaqt bilan resurs taʼminlovchi tomonidan toʻlov amalga oshiriladigan vaqt orasidagi kutilayotgan muddat;

bozorning amaldagi foiz stavkalari.

116. Mazkur Standartning 115-bandiga muvofiq baholashga qaramasdan, agar quyidagi omillardan biri mavjud boʻlsa, resurs taʼminlovchi bilan tuzilgan majburiy kelishuvda muhim moliyalashtirish tarkibiy qismi mavjud deb hisoblanmaydi:

a) resurs taʼminlovchi toʻlovni oldindan amalga oshirgan boʻlib, ijro majburiyatining qachon bajarilishi resurs taʼminlovchining ixtiyoriga bogʻliq boʻlsa;

b) resurs taʼminlovchi tomonidan nazarda tutilgan tushumning katta qismi oʻzgaruvchan boʻlib, ushbu toʻlov miqdori yoki uning amalga oshirish vaqti resurs taʼminlovchi yoki tashkilotlar nazoratidan sezilarli darajada tashqarida boʻlgan kelgusidagi hodisaning sodir boʻlishi yoki sodir boʻlmasligiga bogʻliq ravishda oʻzgarib tursa;

d) toʻlov miqdori bilan joriy toʻlov qiymati (mazkur Standartning 115-bandida bayon etilgan) oʻrtasidagi farq resurs taʼminlovchiga yoki tashkilotlarga moliyalashtirish taʼminlanishi bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa sabablar tufayli yuzaga kelgan boʻlsa va ushbu farq mazkur sabablarga mutanosib boʻlsa. Masalan, kelishuv shartlariga koʻra, tomonlardan biri majburiy kelishuv boʻyicha oʻz majburiyatlarini toʻliq yoki tegishli darajada bajarmaslik xavfidan himoyalanishi nazarda tutilgan boʻlishi mumkin.

117. Agar tashkilotlar majburiy kelishuv tuzilgan paytda ijro majburiyati bajariladigan vaqt bilan resurs taʼminlovchi tomonidan toʻlov amalga oshiriladigan vaqt oʻrtasidagi muddat bir yildan oshmasa, vaqt qiymati inobatga olinmaydi va toʻlov summasi tuzatilmaydi.

118. Mazkur Standartning 115-bandida belgilangan maqsadga erishish uchun moliyalashtirish tarkibiy qismi taʼsirini hisobga olgan holda toʻlov miqdorini tuzatishda tashkilotlar majburiy kelishuv tuzilgan paytda tashkilotlar va resurs taʼminlovchi oʻrtasida alohida moliyalashtirish operatsiyasida qoʻllanilishi mumkin boʻlgan diskont stavkasiga teng stavkani qoʻllashi lozim.

Ushbu stavka majburiy kelishuv doirasida moliyalashtirish olayotgan tomonning moliyaviy holatiga xos xususiyatlarni, shuningdek, resurs taʼminlovchi yoki tashkilotlar tomonidan taqdim etilgan har qanday taʼminot yoki kafolatlarni, jumladan, majburiy kelishuv doirasida oʻtkazilgan aktivlarni inobatga olgan holda shakllantiriladi.

Tashkilotlar mazkur stavkani nominal toʻlov miqdorini ijro majburiyati bajarilgan vaqtda (yoki bajarilishi davomida) resurs taʼminlovchi tomonidan oʻtkazilishi mumkin boʻlgan qiymatga keltiruvchi stavka sifatida aniqlashi mumkin (qoʻllanilishi mumkin boʻlgan hollarda).

Majburiy kelishuv tuzilgandan soʻng, tashkilotlar foiz stavkalaridagi oʻzgarishlar yoki boshqa holatlar (masalan, resurs taʼminlovchining toʻlov qobiliyatiga doir baholashning oʻzgarishi) sababli diskont stavkasini qayta koʻrib chiqish talab etilmaydi.

119. Tashkilotlar moliyalashtirishning taʼsirini (foiz daromadi yoki foiz xarajati) hisobot davridagi moliyaviy natija haqidagi hisobotda majburiy kelishuvdan olingan daromaddan alohida koʻrsatishi lozim.

Foiz daromadi yoki foiz xarajati faqatgina majburiy kelishuv boʻyicha aktiv (yoki olinishi kerak boʻlgan summa) yoki majburiyat hisob-kitobida tan olingan miqdorga mos ravishda eʼtirof etiladi.

9-§. Kelishuv toʻlov qiymatini ijro majburiyatlari oʻrtasida taqsimlash

120. Kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatini taqsimlashdan koʻzlangan maqsad kelishuvda nazarda tutilgan har bir ijro majburiyatiga, ushbu majburiyat bajarilishi natijasida tashkilotlar olishi kutilgan toʻlov summasiga muvofiq ravishda kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatini ajratish hisoblanadi.

121. Tashkilot majburiy kelishuv boʻyicha olingan umumiy toʻlovni har bir alohida majburiyatga (tovar yoki xizmatga) uning alohida narxiga nisbatan mazkur Standartning 122 — 126-bandlariga muvofiq mutanosib ravishda taqsimlashi kerak. Chegirmalarni taqsimlash va oʻzgaruvchan miqdorlarni oʻz ichiga olgan qiymatlarni taqsimlash mazkur Standartning 127 — 129-bandlarida nazarda tutilgan hollardan tashqari amalga oshiriladi.

Tan olingan daromad miqdori, aktiv sifatida tan olingan resurs kirimining proporsional qismi boʻlib, umumiy ijro majburiyatlari bajarilgan deb hisoblangan prognoz qilingan foizga asoslanadi.

10-§. Alohida qiymat asosida taqsimlash

122. Majburiy kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatini har bir ijro majburiyatiga proporsional alohida qiymat asosida taqsimlash uchun tashkilotlar majburiy kelishuvda aniqlangan har bir ijro majburiyatiga tegishli alohida tovar yoki xizmatning alohida qiymatini majburiy kelishuv tuzilayotgan paytda va toʻlov qiymatini shu alohida qiymatlarga mutanosib taqsimlashi kerak.

123. Alohida qiymatning eng ishonchli dalili — tashkilotlar bu tovar yoki xizmatni oʻxshash sharoitda va oʻxshash resurs taʼminlovchilarga alohida taqdim qilganda aniqlangan narxidir.

Majburiy kelishuvda tovar yoki xizmat uchun belgilangan narx yoki narxlar roʻyxati mazkur tovar yoki xizmatning alohida qiymati sifatida qaralishi mumkin, biroq bunday narx avtomatik ravishda alohida qiymat sifatida qabul qilinmaydi.

124. Agar alohida qiymatni bevosita aniqlash imkoni boʻlmasa, tashkilotlar mazkur Standartning 120-bandida belgilangan taqsimlash maqsadiga muvofiq ravishda majburiy kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatini taqsimlashni taʼminlaydigan miqdorda alohida qiymatni baholaydi.

Alohida qiymatni baholashda tashkilotlar oʻzida mavjud boʻlgan barcha asosli axborotni, shu jumladan, tashkilotlarga xos omillarni, resurs taʼminlovchi yoki resurs taʼminlovchilar toifasi haqidagi maʼlumotlarni hamda tegishli hollarda bozor sharoitlarini inobatga olishi kerak.

Bunda tashkilotlar kuzatiladigan maʼlumotlardan imkon qadar koʻproq foydalanishi va oʻxshash vaziyatlarda baholash usullarini izchil qoʻllashi lozim.

125. Tovar yoki xizmatning alohida qiymatini baholashda qoʻllanilishi mumkin boʻlgan usullar quyidagilarni oʻz ichiga oladi, ammo ular bilan cheklanmaydi:

a) bozorni moslashtirilgan baholash usuli — tashkilotlar tovarlar yoki xizmatlardan foydalanadigan yoki ularni taqdim etadigan bozorni tahlil qilib, ushbu bozorda boshqa tashkilotlar shu tovar yoki xizmatlar (yoxud ularga oʻxshash tovar yoki xizmatlar) uchun toʻlashga tayyor boʻlgan narxni aniqlashi hamda zarur hollarda ushbu narxlarni tashkilotlarning xarajatlari va foydalarini hisobga olgan holda moslashtirishi mumkin;

b) kutilayotgan xarajatlar usuli — tashkilotlar ijro majburiyatini bajarish uchun kutilayotgan xarajatlarni prognoz qilishi va agar tegishli boʻlsa mazkur tovar yoki xizmat uchun asosli ustama qoʻshishi mumkin;

d) qoldiq usuli — tashkilotlar alohida qiymatni kelishuv boʻyicha umumiy toʻlov qiymatidan kelishuv doirasida foydalaniladigan yoki boshqa tomonga oʻtkaziladigan boshqa tovarlar yoki xizmatlarning kuzatiladigan alohida qiymatlari yigʻindisini ayirish orqali baholashi mumkin. Biroq tashkilotlar mazkur Standartning 124-bandiga muvofiq holda, tovar yoki xizmatning alohida qiymatini qoldiq usuli orqali faqat quyidagi shartlardan biri mavjud boʻlganda foydalanishi mumkin:

1) tashkilotlar bir xil tovar yoki xizmatni turli tomonlarga (bir vaqtda yoki deyarli bir vaqtda) juda keng qiymat oraligʻida taqdim etsa (yaʼni, narx yuqori darajada oʻzgaruvchan boʻlib, oldingi kelishuvlar yoki boshqa kuzatiladigan dalillar asosida alohida qiymatni aniqlash mumkin boʻlmasa);

2) tashkilotlar ushbu tovar yoki xizmat uchun hali narx belgilamagan boʻlsa va mazkur tovar yoki xizmat avval mustaqil ravishda taqdim etilmagan boʻlsa (yaʼni narx noaniq boʻlsa).

126. Agar kelishuv doirasida foydalaniladigan yoki boshqa tomonga oʻtkaziladigan tovarlar yoki xizmatlardan ikki yoki undan ortigʻining alohida qiymati yuqori darajada oʻzgaruvchan yoki noaniq boʻlsa, ushbu tovarlar yoki xizmatlarning alohida qiymatini baholashda bir necha usullarni birgalikda qoʻllash talab etilishi mumkin.

Masalan, tashkilotlar alohida qiymati yuqori darajada oʻzgaruvchan yoki noaniq boʻlgan tovarlar yoki xizmatlar uchun jami alohida qiymatni qoldiq usuli orqali baholab, keyin esa ushbu qoldiq usuli asosida aniqlangan jami alohida qiymatga nisbatan har bir alohida tovar yoki xizmatning alohida qiymatini boshqa baholash usuli yordamida aniqlashi mumkin.

Tashkilotlar kelishuv doirasidagi har bir tovar yoki xizmatning alohida qiymatini baholashda bir necha usullarni birgalikda qoʻllagan taqdirda, kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatini ushbu baholangan alohida qiymatlar asosida taqsimlash mazkur Standartning 120-bandida belgilangan taqsimlash maqsadiga hamda mazkur Standartning 124-bandida nazarda tutilgan alohida qiymatni baholash talablariga muvofiqligini taʼminlashi lozim.

11-§. Oʻzgaruvchan toʻlovni taqsimlash

127. Kelishuvda nazarda tutilgan oʻzgaruvchan toʻlov butun kelishuvga yoki kelishuvning muayyan qismiga taalluqli boʻlishi mumkin. Bunday holatlarga quyidagilar kiradi:

a) kelishuvdagi barcha ijro majburiyatlariga emas, balki bir yoki bir nechta ijro majburiyatlariga taalluqli boʻlishi (masalan, muayyan muddat ichida nazarda tutilgan tovar yoki xizmatdan foydalanish yoki uni boshqa tomonga oʻtkazish sharti bajarilgan taqdirda toʻlanadigan mukofot);

b) mazkur Standart 61-bandining “b” kichik bandiga muvofiq holda bitta ijro majburiyatini tashkil etuvchi, bir-biriga oʻxshash alohida tovarlar yoki xizmatlar ketma-ketligining barchasiga emas, balki ayrim tovarlar yoki xizmatlariga taalluqli boʻlishi (masalan, ikki yillik tozalash xizmati boʻyicha kelishuvda ikkinchi yil uchun nazarda tutilgan toʻlov belgilangan inflyatsiya koʻrsatkichidagi oʻzgarishlarga asoslanib oshirilishi mumkin).

128. Tashkilotlar oʻzgaruvchan toʻlov summasini (shuningdek, ushbu summaning keyinchalik oʻzgarishlarini) toʻliq miqdorda muayyan ijro majburiyatiga yoki mazkur Standartning 61-bandi “b” kichik bandiga muvofiq holda bitta ijro majburiyatini tashkil etuvchi alohida tovar yoki xizmatga quyidagi ikki shart bir vaqtda bajarilgan taqdirda ajratadi:

a) oʻzgaruvchan toʻlov shartlari tashkilotlarning muayyan ijro majburiyatini bajarishga yoki alohida tovar yoxud xizmatdan foydalanish yoki uni boshqa tomonga oʻtkazishga qaratilgan harakatlari (yoki ushbu ijro majburiyati bajarilishi yoxud tovar yoki xizmatdan foydalanish yoki oʻtkazish natijasida erishiladigan muayyan natija) bilan bevosita bogʻliq boʻlsa;

b) oʻzgaruvchan toʻlov miqdorini toʻliq ijro majburiyatiga yoki alohida tovar yoki xizmatga taqsimlash majburiy kelishuvdagi barcha ijro majburiyatlari va toʻlov shartlarini hisobga olgan holda, mazkur Standartning 120-bandidagi taqsimlash maqsadiga mos kelsa.

129. Mazkur Standartning 128-bandida belgilangan mezonlarga mos kelmaydigan majburiy kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatining qolgan qismi mazkur Standartning 120 — 126-bandlarida nazarda tutilgan talablarga muvofiq ravishda taqsimlanishi lozim.

12-§. Kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatining oʻzgarishlari

130. Majburiy kelishuv tuzilganidan soʻng, kelishuv boʻyicha toʻlov qiymati turli sabablarga koʻra oʻzgarishi mumkin. Bunga noaniq holatlarning bartaraf etilishi yoki tashkilotlar tomonidan ijro majburiyati bajarilishi natijasida olinishi kutilgan toʻlov summasiga taʼsir koʻrsatuvchi boshqa holatlar oʻzgarishi kiradi.

131. Tashkilotlar majburiy kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatida yuzaga kelgan keyingi oʻzgarishlarni majburiy kelishuv tuzilgan paytda qoʻllangan asosda majburiy kelishuvdagi ijro majburiyatlariga taqsimlashi lozim. Tashkilotlar kelishuv tuzilgandan soʻng mustaqil qiymatlarning oʻzgarishini inobatga olgan holda majburiy kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatini qayta taqsimlamaydi.

Bajarilgan ijro majburiyatiga ajratilgan summalar kelishuv qiymati oʻzgargan davrda daromad sifatida yoki daromadning kamayishi sifatida tan olinadi.

132. Tashkilotlar kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatidagi oʻzgarishni kelishuvdagi barcha ijro majburiyatlariga emas, balki bitta yoki bir nechta ijro majburiyatiga yoxud mazkur Standart 61-bandining “b” kichik bandiga muvofiq yagona ijro majburiyatini tashkil etuvchi alohida tovarlar yoki xizmatlarga toʻliq taqsimlashi mumkin.

133. Tashkilotlar majburiy kelishuvga kiritilgan oʻzgartirish natijasida yuzaga kelgan kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatidagi oʻzgarishni mazkur Standartning 56 — 59-bandlariga muvofiq hisobga oladi. Biroq majburiy kelishuvga oʻzgartirish kiritilgandan keyin tashkilotlar quyidagi usullardan tegishlisini qoʻllagan holda mazkur Standartning 130 — 132-bandlariga muvofiq kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatidagi oʻzgarishni taqsimlaydi:

a) agar kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatidagi oʻzgarish kelishuvga oʻzgartish kiritilishidan oldin nazarda tutilgan oʻzgaruvchan toʻlov summasiga taalluqli boʻlsa va kelishuvga kiritilgan oʻzgartirish mazkur Standartning 59-bandi “a” kichik bandiga muvofiq hisobga olingan boʻlsa, tashkilotlar kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatidagi oʻzgarishni oʻzgartirish kiritilishidan oldin kelishuvda aniqlangan ijro majburiyatlarining tegishli qismida taqsimlaydi;

b) mazkur Standartning 58-bandiga muvofiq kelishuv alohida yangi kelishuv sifatida hisobga olinmagan boshqa barcha holatlarda tashkilotlar kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatidagi oʻzgarishni oʻzgartirish kiritilgandan keyin bajarilmagan yoki qisman bajarilgan ijro majburiyatlariga (yaʼni oʻzgartirilgan kelishuvdagi ijro majburiyatlariga) taqsimlaydi.

10-bob. Majburiy kelishuv asosidagi daromad operatsiyalaridan yuzaga kelgan boshqa aktivlar

1-§. Majburiy kelishuv tuzishning qoʻshimcha xarajatlari

134. Tashkilotlar majburiy kelishuvni tuzish bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlarni, agar ushbu xarajatlar keyinchalik qoplanishi kutilayotgan boʻlsa, aktiv sifatida tan oladi.

135. Majburiy kelishuvni tuzishga oid qoʻshimcha xarajatlar — bu tashkilotlar tomonidan majburiy kelishuvni tuzish maqsadida qilingan (agar mazkur kelishuv tuzilmaganida yuzaga kelmaydigan) xarajatlardir (masalan, huquqiy maslahat uchun toʻlov).

136. Majburiy kelishuvni olish bilan bogʻliq boʻlgan va kelishuv olinishi yoki olinmasligidan qatʼi nazar yuzaga keladigan xarajatlar, agar ular resurs taʼminlovchiga yuklanishi nazarda tutilmagan boʻlsa, ular amalga oshirilgan davrda xarajat sifatida tan olinadi.

137. Amaliy jihatdan yengillashtirish sifatida, agar majburiy kelishuvni qoʻlga kiritish bilan bogʻliq xarajatlar boʻyicha aktiv tan olinishi mumkin boʻlsa va ushbu aktivning amortizatsiya davri bir yil yoki undan kamni tashkil etsa, tashkilotlar bunday xarajatlarni ular yuzaga kelgan paytda xarajat sifatida tan olishi mumkin.

2-§. Majburiy kelishuvni bajarish uchun xarajatlar

138. Agar kelishuvni bajarish jarayonida qilingan xarajatlar boshqa standartlarning qoʻllanish doirasiga kirmasa (masalan, Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (7-sonli BHS) “Tovar-moddiy zaxiralar” (roʻyxat raqami 3120, 2019-yil 14-yanvar), Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining s tandarti (9-sonli BHS) “Nomoddiy aktivlar” (roʻyxat raqami 3169, 2019-yil 24-iyun) yoki Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar” (roʻyxat raqami 3144, 2019-yil 20-mart), tashkilotlar kelishuvni bajarish bilan bogʻliq xarajatlar boʻyicha aktivni faqat quyidagi shartlar bilan bir vaqtda bajarilganda tan oladi:

a) xarajatlar muayyan majburiy kelishuvga yoki tashkilotlar aniq belgilashi mumkin boʻlgan kutilayotgan majburiy kelishuvga bevosita tegishli boʻlsa (masalan, amaldagi kelishuvni yangilash doirasida koʻrsatiladigan xizmatlar bilan bogʻliq xarajatlar yoki hali tasdiqlanmagan, ammo muayyan kelishuv doirasida topshirilishi rejalashtirilgan aktivni loyihalash xarajatlari);

b) xarajatlar kelgusida ijro majburiyatlarini bajarish (yoki bajarishni davom ettirish) uchun foydalaniladigan resurslarni shakllantirsa yoki takomillashtirsa;

d) ushbu xarajatlar qoplanishi kutilsa.

139. Agar majburiy kelishuvni bajarish jarayonida qilingan xarajatlar boshqa budjet hisobi standartlarining qoʻllanish doirasiga kirsa, tashkilotlar bunday xarajatlarni tegishli standartlar talablariga muvofiq hisobga oladi.

140. Majburiy kelishuvga (yoki aniq belgilangan kutilayotgan majburiy kelishuvga) bevosita bogʻliq boʻlgan xarajatlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

a) toʻgʻridan-toʻgʻri mehnat xarajatlari (masalan, xaridor yoki uchinchi shaxs manfaatdoriga xizmatlarni bevosita koʻrsatuvchi xodimlarning ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlar);

b) toʻgʻridan-toʻgʻri materiallar xarajatlari (masalan, xaridor yoki uchinchi shaxs manfaatdoriga xizmatlar koʻrsatishda foydalaniladigan materiallar va sarflanuvchi vositalar);

d) majburiy kelishuvga yoki uning doirasidagi faoliyatga bevosita taalluqli boʻlgan taqsimlangan xarajatlar (masalan, boshqaruv va nazorat xarajatlari, shuningdek, majburiy kelishuvni bajarishda foydalanilayotgan asbob-uskunalar, jihozlar va foydalanish huquqi aktivlarining sugʻurtasi hamda amortizatsiyasi);

e) majburiy kelishuv shartlariga muvofiq resurs taʼminlovchi zimmasiga yuklatilishi belgilangan xarajatlar;

f) tashkilotlar tomonidan aynan ushbu majburiy kelishuv sababli yuzaga keladigan boshqa xarajatlar (masalan, subpudratchilarga toʻlovlar).

141. Tashkilotlar quyidagi xarajatlarni ular amalga oshirilgan davrda xarajat sifatida tan oladi:

a) umumiy va maʼmuriy xarajatlar (agar bunday xarajatlar majburiy kelishuv shartlariga muvofiq resurs taʼminlovchi zimmasiga yuklatilishi belgilanmagan boʻlsa, aks holda, ushbu xarajatlar mazkur Standartning 140-bandiga muvofiq baholanadi);

b) majburiy kelishuvni bajarish jarayonida sarflangan, biroq kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatida inobatga olinmagan samarasiz sarflangan materiallar, mehnat yoki boshqa resurslar xarajatlari;

d) majburiy kelishuv boʻyicha bajarilgan (yoki qisman bajarilgan) ijro majburiyatlariga taalluqli xarajatlar (yaʼni, avval bajarilgan ishlar bilan bogʻliq xarajatlar);

e) bajarilmagan ijro majburiyatlari yoki bajarilgan (yoki qisman bajarilgan) ijro majburiyatlari oʻrtasida aniq ajratib boʻlmaydigan xarajatlar.

3-§. Amortizatsiya va qadrsizlanish

142. Mazkur Standartning 134 yoki 138-bandlariga muvofiq aktiv sifatida tan olingan xarajatlar ular bilan bogʻliq ijro majburiyati bajarilishiga mutanosib ravishda tizimli asosda amortizatsiya qilinadi. Ushbu aktiv mazkur Standartning 138-bandi “a” kichik bandiga muvofiq muayyan kutilayotgan majburiy kelishuv doirasida bajarilishi lozim boʻlgan ijro majburiyatlariga ham taalluqli boʻlishi mumkin.

143. Agar ijro majburiyatining bajarilish muddatida sezilarli oʻzgarish yuz bersa, tashkilotlar ushbu oʻzgarishni inobatga olgan holda amortizatsiya hisobini qayta koʻrib chiqishi lozim.

Bunday oʻzgarish Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti 1-sonli BHS “ Hisob siyosati, hisob baholaridagi oʻzgarishlar va xatolar ” (roʻyxat raqami 3797, 2026-yil 27-mart) talablariga muvofiq hisob-kitob bahosining oʻzgarishi sifatida hisobga olinadi.

144. Tashkilotlar mazkur Standartning 134 yoki 138-bandlariga muvofiq tan olingan aktivning balans qiymati aktiv taalluqli boʻlgan ijro majburiyatlarini bajarish natijasida olinishi kutilayotgan toʻlovlarning qoldiq miqdori va mazkur ijro majburiyatlarini bajarish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan va hali xarajat sifatida tan olinmagan xarajatlar (ushbu bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 140-bandi talablari inobatga olinadi) oʻrtasidagi farqdan ortiq boʻlgan qismini moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotda foyda yoki zarar sifatida tan olishi lozim.

145. Mazkur Standartning 144-bandini qoʻllash orqali tashkilotlar olishi kutilayotgan toʻlov summasini aniqlashda kelishuv boʻyicha toʻlovni baholash qoidalaridan foydalanishi lozim (mazkur Standartning 111 va 112-bandlarida nazarda tutilgan oʻzgaruvchan toʻlovni cheklashga oid talablardan tashqari) hamda ushbu summani resurs taʼminlovchisining toʻlov imkoniyati bilan bogʻliq xatar taʼsirini aks ettirib toʻgʻrilashi kerak.

146. Tashkilotlar mazkur Standartning 134 yoki 138-bandiga muvofiq tan olingan aktiv boʻyicha qadrsizlanishdan koʻrilgan zararni tan olishdan oldin boshqa Standartlarga (masalan, Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (7-sonli BHS) “Tovar-moddiy zaxiralar” (roʻyxat raqami 3120, 2019-yil 14-yanvar), Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar” (roʻyxat raqami 3144, 2019-yil 20-mart) va Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (9-sonli BHS) “Nomoddiy aktivlar” (roʻyxat raqami 3169, 2019-yil 24-iyun) koʻra tan olingan majburiy kelishuv bilan bogʻliq aktivlarning qadrsizlanishidan koʻrilgan har qanday zararni tan olishi shart.

Mazkur Standartning 144-bandida keltirilgan qadrsizlanishni tekshirish qoʻllanilgandan soʻng, tashkilotlar mazkur Standartning 134 yoki 138-bandiga muvofiq tan olingan aktivning natijadagi balans qiymatini tegishli pul mablagʻlarini hosil qiluvchi birlikning balans qiymatiga kiritishi lozim.

147. Tashkilotlar mazkur Standartning 144-bandiga muvofiq avval tan olingan qadrsizlanishdan koʻrilgan zararning bir qismini yoki hammasini, agar qadrsizlanish shartlari mavjud boʻlmasa yoki yaxshilangan boʻlsa, foyda yoki zarar tarkibida aks ettirishi lozim.

Aktivning oshirilgan balans qiymati, agar ilgari qadrsizlanishdan zarar tan olinmagan boʻlsa, aniqlanishi lozim boʻlgan (amortizatsiyani chegirgan holda) miqdordan oshmasligi kerak.

11-bob. Taqdimot

1-§. Koʻrsatish

148. Majburiy kelishuvning har qanday tomoni oʻz majburiyatini bajargan taqdirda, tashkilotlar moliyaviy holat toʻgʻrisidagi hisobotda bu kelishuvni majburiy kelishuv aktivi yoki majburiy kelishuv majburiyati sifatida taqdim etishi lozim.

Bu tashkilotlarning faoliyati va resurs taʼminlovchining haq toʻlashi oʻrtasidagi munosabatga bogʻliq boʻladi. Tashkilotlar har qanday shartlarsiz haq olish huquqlarini alohida debitor qarz sifatida taqdim etishi kerak.

149. Agar resurs taʼminlovchi tashkilotlar oʻzining ijro majburiyatini bajarishidan oldin pul mablagʻlarini yoki boshqa aktivni oʻtkazsa yoki tashkilotlarda toʻlovni olish boʻyicha shartsiz huquq (yaʼni, debitorlik qarzi) yuzaga kelsa, tashkilotlar toʻlov oʻtkazilgan paytda yoki toʻlov toʻlanishi lozim boʻlgan paytda (qaysi biri ertaroq boʻlsa) mazkur majburiy kelishuvni majburiy kelishuv majburiyati sifatida taqdim etadi.

150. Agar tashkilotlar ijro majburiyatini bajarib boʻlsa, lekin toʻlov hali qabul qilinmagan boʻlsa yoki shartlarsiz toʻlov olish huquqi hali yuzaga kelmagan boʻlsa, tashkilotlar majburiy kelishuvni (debitor qarz sifatida taqdim etilgan summalardan tashqari) majburiy kelishuv aktivi sifatida taqdim etadi.

151. Debitorlik qarzi — bu tashkilotlarning shartlarsiz mablagʻ olish huquqidir. Agar toʻlovni olish uchun faqat vaqt oʻtishi talab etilsa, toʻlovni olish huquqi shartsiz hisoblanadi.

Masalan, agar tashkilotlar kelgusida qaytarib berilishi mumkin boʻlgan summaga nisbatan ham hozirda toʻlovni olish huquqiga ega boʻlsa, tashkilotlar ushbu summani debitorlik qarzi sifatida tan oladi.

152. Mazkur Standart “majburiy kelishuv aktivi” va “majburiy kelishuv majburiyati” atamalarini qoʻllaydi, lekin tashkilotlarga moliyaviy holat toʻgʻrisidagi hisobotda bu tushunchalar uchun boshqa tavsiflardan foydalanishni taqiqlamaydi.

Agar tashkilotlar majburiy kelishuv aktivi uchun boshqa tavsifdan foydalansa, u moliyaviy hisobot foydalanuvchisiga debitorlik qarzi bilan majburiy kelishuv aktivini farqlash imkonini beruvchi yetarli maʼlumotni taqdim etishi shart.

2-§. Maʼlumotlarni yoritib berish

153. Maʼlumotlarni yoritib berishdan maqsad, tashkilotlar moliyaviy hisobot foydalanuvchilariga daromad operatsiyalaridan kelib chiqadigan daromadlar va pul oqimlarining xususiyati, miqdori, muddati va noaniqlik darajasini tushunish imkonini beradigan yetarli maʼlumotlarni taqdim etishdir.

Bu maqsadga erishish uchun tashkilotlar quyidagilarning barchasi haqida sifatli va miqdoriy maʼlumotlarni yoritib berishi lozim:

a) majburiy kelishuvlarsiz operatsiyalardan olingan daromadlar (ushbu kichik bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 158 — 162-bandlari talablari inobatga olinadi);

b) majburiy kelishuvli operatsiyalardan olingan daromadlar (ushbu kichik bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 163 — 172-bandlari talablari inobatga olinadi);

d) mazkur Standartni majburiy kelishuvlarga tatbiq etishda qabul qilingan muhim qarorlar va bu qarorlardagi oʻzgarishlar (ushbu kichik bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 173 — 175-bandlari talablari inobatga olinadi);

e) mazkur Standartning 134 yoki 138-bandiga muvofiq resurs taʼminlovchi bilan tuzilgan majburiy kelishuvni olish yoki bajarish xarajatlaridan tan olingan har qanday aktivlar (ushbu kichik bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 176-177-bandlari talablari inobatga olinadi).

154. Tashkilotlar maʼlumotlarni yoritib berish maqsadini taʼminlash uchun zarur boʻlgan maʼlumot darajasini va turli talablarning har biriga qanday eʼtibor qaratish kerakligini belgilab olishi shart. Bunda oʻxshash xususiyatga ega daromadlar birlashtirilishi hamda iqtisodiy mazmuni farq qiluvchilar alohida yoritib berilishi kerak.

Shuningdek, tashkilotlar axborotni birlashtirish yoki alohida yoritib berishda ahamiyatsiz maʼlumotlarning haddan tashqari koʻpligi sababli kiritilmay qolmasligi hamda xususiyatlari jiddiy farq qiladigan moddalarni birlashtirish natijasida mazmuni yoʻqolib ketmasligi lozim.

155. Tashkilotlar umumiy maqsadli moliyaviy hisobotlarda yoki ularning izohlarida quyidagi axborotlarni yoritib berishi shart:

a) hisobot davri mobaynida tan olingan operatsiyalardan olingan daromad summasi, quyidagi asosiy toifalar boʻyicha alohida koʻrsatilgan holda:

1) soliqlar;

2) yigʻimlar;

3) oʻtkazmalar;

4) kelishuvdagi ijro majburiyatlariga taalluqli daromadlar;

b) hisobot sanasida daromadlar bilan bogʻliq holda tan olingan debitorlik qarzlari summasi;

d) hisobot sanasida ijro majburiyatlari bilan bogʻliq holda olingan aktivlar yuzasidan tan olingan majburiyatlar summasi;

e) hisobot sanasida aktivlarni berishga doir talablar mavjud boʻlgan imtiyozli kreditlar boʻyicha tan olingan majburiyatlar summasi;

f) kelishuvlar boʻyicha oldindan olingan tushumlarning summasi;

g) bekor qilingan (kechib yuborilgan) har qanday majburiyatlar summasi.

156. Tashkilotlar umumiy maqsadli moliyaviy hisobotlarga quyidagi izohlarni kiritishi shart:

a) daromadlarni tan olish uchun qoʻllanilgan hisob siyosati;

b) mazkur Standartni qoʻllash jarayonida daromad miqdori va vaqtini belgilashga sezilarli taʼsir koʻrsatadigan qarorlar va bu qarorlardagi oʻzgarishlar;

d) kelishuvlardan olinadigan daromadlarning asosiy turlari boʻyicha resurslar kirimining qiymati qanday asosda baholangani;

e) soliq va yigʻimlar miqdorini ishonchli baholash mumkin boʻlmagan holatlarda ularning mazmun va xususiyati toʻgʻrisida axborot.

157. Davlat sektorida tashkilotlar kontragentga nisbatan majburiyatni bajarishni talab qilishga yoki unga xarajat yuklashni nazarda tutuvchi daromad operatsiyalarini amalga oshiradi. Biroq ushbu daromad operatsiyasining nominal qiymati har doim ham toʻliq undirib olinmasligi mumkin.

Bunday operatsiyalarga:

majburiy kelishuvlarsiz soliqlar yoki jarimalardan olingan daromadlar;

majburiy kelishuv doirasida uchinchi tomon manfaatdoriga tovarlar yoki xizmatlar taqdim etish orqali ijro majburiyatini bajarishdan olingan daromadlar kiradi.

Tashkilotlar quyidagi maʼlumotlarni yoritib berishi shart:

a) daromad operatsiyasidagi bir tomoni tashkilotlar oldidagi majburiyatini bajarishga majbur etuvchi qonunchilik yoki qarorning tavsifi;

b) mazkur Standartning 22 va 97-bandlari qoʻllanilgandan soʻng tan olingan daromad summasi yoki mazkur Standartning 107-bandiga muvofiq toʻlovning undirilmaydigan qismi hisobga olingan holda tan olingan daromad summasi;

d) ushbu operatsiyalar boʻyicha mazkur Standartning 111-bandiga muvofiq toʻlovni undirish ehtimoli past boʻlganligi sababli yoki mazkur Standartning 107-bandiga muvofiq toʻlovning undirilmaydigan qismi sifatida baholanganligi sababli daromad sifatida tan olinmagan summa;

e) agar mazkur Standartning 107-bandiga muvofiq toʻlov miqdori toʻlovning undirilmaydigan qismi hisobga olingan holda kamaytirilgan boʻlsa, tashkilotlar quyidagilarni yoritib berishi shart:

1) toʻlovning undirilmaydigan qismi aniqlangandan keyin daromad sifatida tan olingan summa;

2) toʻlovning undirilmaydigan qismi sifatida baholanganligi sababli daromad sifatida tan olinmagan summa.

3-§. Majburiy kelishuvlarsiz olingan daromadni alohida yoritib berish

158. Mazkur Standartning 41-bandiga asosan tashkilotlar soliq va yigʻimlar boʻyicha operatsiyalardan kelib chiqadigan aktivlar va daromadlarni ishonchli tarzda baholay olish imkoniyatiga (masalan, statistik modellardan foydalangan holda) ega boʻladi.

Ayrim hollarda tashkilotlar soliqqa tortish hodisasi yoki yigʻimlar uchun shunga oʻxshash hodisa sodir boʻlgan hisobot davrida emas, balki ushbu hodisadan keyin bir yoki bir necha hisobot davrlari oʻtgandan soʻnggina aktivlar va daromadlarni ishonchli tarzda baholay oladi.

Bunday hollarda tashkilotlar soliqlar yoki yigʻimlar boʻyicha hisobot davrida ishonchli tarzda baholanmaganligi sababli tan olinmagan summalarning asosiy turlari va ularning mohiyati toʻgʻrisida axborotni yoritib berishi shart.

159. Mazkur Standartning 155-bandi “f” kichik bandiga muvofiq, tashkilotlar oldindan olingan tushumlar (avans tushumlar) mavjud boʻlsa, yoritib berishi shart.

Agar soliqqa tortish hodisasi hali sodir boʻlmagan boʻlsa yoki oʻtkazma boʻyicha majburiy kelishuv kuchga kirmagan boʻlsa, bunday tushumlar tashkilotlar uchun daromad sifatida tan olinmaydi va majburiyat sifatida hisobga olinadi, chunki tashkilotlar hali tegishli iqtisodiy manfaatlar yoki xizmat koʻrsatish salohiyatini qoʻlga kiritmagan boʻladi.

160. Mazkur Standartning 155-bandi “f” kichik bandiga muvofiq, tashkilotlar olgan meroslari, hadyalari va xayriyalarining asosiy toifalari va ularning mohiyati toʻgʻrisida axborotni yoritib berishi shart.

Ushbu resurslar kirimi resurs taʼminlovchining ixtiyoriga binoan amalga oshiriladi, bu esa kelgusi hisobot davrlarida bunday resurs manbalari miqdori va tarkibining sezilarli darajada oʻzgarishi ehtimolini yuzaga keltiradi.

161. Agar tashkilotlar natura shaklida olingan xizmatlarni (bepul berilgan konsalting yoki maslahat xizmatlarini) umumiy maqsadli moliyaviy hisobotlarda tan olmasa, bunday xizmatlarning asosiy toifalari va ularning mohiyati toʻgʻrisida axborotni yoritib berishi tavsiya etiladi (ayniqsa agar mazkur xizmatlar tashkilotlar faoliyati uchun ahamiyatli boʻlsa).

Tashkilotlarning natura shaklida olingan xizmatlarning muayyan turiga qay darajada bogʻliqligi ushbu xizmatlar boʻyicha axborotni qay darajada yoritib berishini belgilaydi.

162. Agar natura shaklida olingan xizmatlar aktiv taʼrifiga mos kelsa va aktivni tan olish mezonlariga javob bersa, tashkilotlar bunday xizmatlarni aktiv sifatida tan olish va ularni haqqoniy qiymatda baholashni tanlashi mumkin.

Mazkur Standartning 161-bandiga muvofiq, tashkilotlar ushbu xizmatlar tan olingan yoki tan olinmaganligidan qatʼi nazar, qabul qilingan natura shaklidagi xizmatlarning barcha asosiy turlari va ularning mohiyati toʻgʻrisida sifatli axborotni yoritib berishi qatʼiy ravishda tavsiya etiladi.

Bunday axborotni yoritib berish moliyaviy hisobot foydalanuvchilariga quyidagilarni baholashda yordam berishi mumkin:

a) hisobot davrida ushbu xizmatlarning tashkilotlar maqsadlariga erishishga qoʻshgan hissasi;

b) kelgusi hisobot davrlarida tashkilotlarning oʻz maqsadlariga erishishida ushbu xizmatlarga qay darajada bogʻliq ekanligi.

4-§. Majburiy kelishuvlar asosida olingan daromadlar boʻyicha maxsus axborotni yoritib berish

163. Tashkilotlar ushbu summalar boshqa budjet hisobi standartlariga muvofiq moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotda alohida koʻrsatilmagan boʻlsa, hisobot davrida quyidagi summalarni yoritib berishi shart:

a) majburiy kelishuvlarga asoslangan ijro majburiyatlari boʻyicha tan olingan daromad summalarni boshqa daromad manbalaridan alohida;

b) tashkilotlarning majburiy kelishuvlari natijasida yuzaga kelgan debitorlik qarzlari yoki majburiy kelishuv aktivlari boʻyicha qadrsizlanish zararlari (bunda ushbu zararlar boshqa majburiy kelishuvlardan kelib chiqqan qadrsizlanish zararlaridan alohida yoritib berilishi lozim).

164. Ijro majburiyatlari aktivlardan foydalanishga cheklovlar qoʻyadi, bu esa tashkilotlar faoliyatiga taʼsir koʻrsatadi.

Ijro majburiyatlari boʻyicha tan olingan majburiyatlar miqdorini yoritib berish moliyaviy hisobot foydalanuvchilariga tashkilotlarning oʻz aktivlaridan mustaqil ravishda foydalanish imkoniyatini baholashda yordam beradi.

Tashkilotlarga mazkur Standartning 155-bandi “d” kichik bandida talab qilingan maʼlumotlarni quyidagilar boʻyicha ajratib koʻrsatish tavsiya qilinadi:

soliqlar va yigʻimlar boʻyicha ijro majburiyatlari;

majburiy kelishuvlar boʻyicha ijro majburiyatlari;

boshqa ijro majburiyatlari bilan bogʻliq majburiyatlar.

Bu yoritish moliyaviy hisobot foydalanuvchisiga aktivlardan foydalanish imkoniyatlari, tashkilotlarning kelgusi faoliyati uchun mavjud resurslar va moliyaviy erkinlik darajasini aniq baholashga imkon beradi.

5-§. Daromadni guruhlarga ajratib koʻrsatish

165. Tashkilotlar majburiy kelishuvlardan tan olingan daromadlarni, daromad va pul oqimlarining xususiyati, miqdori, muddati va noaniqligiga iqtisodiy omillar qanday taʼsir koʻrsatishini aks ettiradigan toifalarga ajratishi va foydalanuvchilarga tushunarli tarzda yoritib berishi shart.

6-§. Majburiy kelishuvlar boʻyicha qoldiqlar

166. Tashkilotlar quyidagilarning barchasini yoritib berishi shart:

a) agar majburiy kelishuvlar boʻyicha debitorlik qarzlari, aktivlar va majburiyatlarning boshlangʻich va yakuniy qoldiqlari alohida taqdim etilmagan yoki yoritib berilmagan boʻlsa;

b) hisobot davrida tan olingan va davr boshidagi majburiy kelishuv majburiyatlari qoldigʻiga kiritilgan daromad summasi;

d) hisobot davridan oldingi davrlarda bajarilgan (yoki qisman bajarilgan) ijro majburiyatlari boʻyicha tan olingan daromad summasi (masalan, kelishuv shartlarini qayta koʻrib chiqish natijasidagi oʻzgarishlar).

167. Tashkilotlar oʻzining ijro majburiyatlarini bajarish muddati (ijro majburiyatlarini bajarish muddatini aniqlashda mazkur Standartning 169-bandi “a” kichik bandi talablari inobatga olinadi) toʻlovning odatdagi muddatiga (toʻlovning odatdagi muddatini aniqlashda mazkur Standartning 169-bandi “b” kichik bandi talablari inobatga olinadi) qanday bogʻliqligini va bu omillarning majburiy kelishuv aktivi hamda majburiy kelishuv majburiyati qoldiqlariga qanday taʼsir koʻrsatishini tushuntirishi lozim.

168. Tashkilotlar hisobot davri mobaynida majburiy kelishuv aktivi va majburiy kelishuv majburiyati qoldiqlaridagi muhim oʻzgarishlar toʻgʻrisida tushuntirish berishi shart. Bunday tushuntirish sifat (izohlovchi) va miqdor (raqamli) axborotini oʻz ichiga olishi lozim.

Tashkilotlarning majburiy kelishuv aktivlari va majburiy kelishuv majburiyatlari qoldiqlaridagi oʻzgarishlarga quyidagilar misol boʻlishi mumkin:

a) davlat sektoridagi birlashishlar natijasidagi oʻzgarishlar;

b) daromadga kiritiladigan kumulyativ (jamlanma) usuldagi tuzatishlar, ular tegishli ravishda majburiy kelishuv aktivi yoki majburiy kelishuv majburiyatiga taʼsir qiladi, jumladan, bajarilish darajasini oʻlchashdagi oʻzgarish, operatsiya (bitim) bahosini baholashdagi oʻzgarish (shu jumladan, oʻzgaruvchan qiymat bahosi cheklanganini baholashdagi har qanday oʻzgarishlar) yoki majburiy kelishuvga kiritilgan oʻzgartirishlar natijasida yuzaga kelgan tuzatishlar;

d) majburiy kelishuv aktivining qadrsizlanishi;

e) toʻlovni olish huquqining shartsiz boʻlishi uchun zarur vaqtning oʻzgarishi (yaʼni, majburiy kelishuv aktivining debitorlik qarziga qayta tasniflanishi);

f) ijro majburiyatini bajarish muddatining oʻzgarishi (yaʼni majburiy kelishuv majburiyatiga tegishli daromadni tan olish vaqtining oʻzgarishi).

7-§. Ijro majburiyatlari

169. Tashkilotlar majburiy kelishuvlar doirasidagi ijro majburiyatlari toʻgʻrisida quyidagi maʼlumotlarni yoritib berishi shart:

a) tashkilotlar ijro majburiyatlarini qachon bajarishi (masalan, tovarlar joʻnatilganda, yetkazib berilganda, xizmat koʻrsatish jarayonida yoki xizmat toʻliq bajarilganda), shu jumladan, tovarlar yetkazib berilmagan holda xaridor nomidan saqlab turilgan holatlarda ijro majburiyatlari qachon bajarilishi;

b) muhim toʻlov shartlari (masalan, toʻlov odatda qachon amalga oshirilishi, majburiy kelishuvda moliyalashtirishninh tarkibiy qismi mavjudligi, toʻlov miqdorining oʻzgaruvchanligi va oʻzgaruvchan toʻlovni baholash mazkur Standartning 111 va 112-bandlariga muvofiq odatda cheklanadimi yoki yoʻqmi);

d) tashkilotlar bajarishni oʻz zimmasiga olgan ijro majburiyatlarining mohiyati, shu jumladan, boshqa tomon orqali ijro majburiyatlarini taʼminlash boʻyicha majburiyatlar (yaʼni, tashkilotlar vositachi sifatida ishtirok etgan holatlar) mavjud boʻlsa, ularni alohida koʻrsatish;

e) qaytarib berish majburiyatlari, kompensatsiyalar va shunga oʻxshash boshqa majburiyatlar;

f) kafolat majburiyatlari va ular bilan bogʻliq majburiyatlar.

8-§. Qolgan ijro majburiyatlariga ajratilgan kelishuv toʻlovi

170. Tashkilotlar oʻzining bajarilmagan majburiyatlari haqida quyidagi maʼlumotlarni yoritib berishi shart:

a) hisobot davri oxiriga qadar bajarilmagan (yoki qisman bajarilgan) ijro majburiyatlariga taqsimlangan kelishuv boʻyicha toʻlov qiymatining umumiy summasi;

b) ushbu bandning “a” kichik bandiga muvofiq yoritib berilgan summani tashkilotlar qachon daromad sifatida tan olishini kutayotgani haqida tushuntirish. Bunda tashkilotlar quyidagi usullardan biri orqali maʼlumotni taqdim etishi mumkin:

1) qolgan ijro majburiyatlarining davomiyligiga eng maqbul boʻlgan vaqt oraliqlari boʻyicha miqdoriy asosda;

2) sifatli maʼlumotlardan foydalanish orqali.

171. Agar quyidagi shartlardan biri mavjud boʻlsa, tashkilotlar mazkur Standartning 170-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlarni muayyan ijro majburiyati boʻyicha yoritmasligi mumkin:

a) ijro majburiyati dastlabki kutilayotgan amal qilish muddati bir yil yoki undan kam boʻlgan kelishuvning bir qismi boʻlsa;

b) tashkilotlar ijro majburiyati bajarilgan qismiga qarab daromadni tan olsa, shu jumladan, toʻlov summasi bajarilgan ijro majburiyatlarining qiymatiga toʻgʻridan-toʻgʻri mos kelsa.

172. Tashkilotlar mazkur Standartning 171-bandida nazarda tutilgan amaliy yengillikni qoʻllayotganligi yoki qoʻllamayotganligi toʻgʻrisida axborotni, shuningdek majburiy kelishuvlar boʻyicha olinadigan ayrim toʻlovlar kelishuv boʻyicha toʻlov summasi tarkibiga kiritilmagani va shu sababli mazkur Standartning 170-bandiga muvofiq oshkor qilingan maʼlumotlarga kiritilmagani haqida sifat jihatdan tushuntirish berishi shart.

Masalan, majburiy kelishuv boʻyicha toʻlov summasini baholashda cheklangan oʻzgaruvchan toʻlovlar boʻyicha hisoblangan summalar (ushbu bandning qoʻllanilishida mazkur Standartning 111 va 112-bandlari talablari inobatga olinadi) kiritilmasligi mumkin.

12-bob. Ushbu standartni qoʻllashdagi muhim mulohazalar

1-§. Ijro majburiyatlarining bajarilish vaqti (davri)ni aniqlash

173. Tashkilotlar maʼlum vaqt davomida bajariladigan ijro majburiyatlar uchun quyidagilarni yoritib berishi shart:

a) daromadni tan olishda qoʻllanilgan usullar (masalan, qoʻllanilgan natijaga qarab yoki resursga qarab usullarning tavsifi va ularning qanday qoʻllanilganligi);

b) qoʻllanilgan usullar tovar yoki xizmatlarning ishlatilishi yoki oʻtkazilishini haqiqiy va adolatli tarzda aks ettirilganligini tushuntirish.

174. Muayyan vaqtda bajarilgan ijro majburiyatlari uchun tashkilotlar ijro majburiyati qachon bajarilganligini baholashda qoʻllangan muhim qarorlarni yoritib berishi kerak.

2-§. Kelishuv boʻyicha toʻlov summasini va ijro majburiyatlari oʻrtasida taqsimlashni aniqlash

175. Tashkilotlar quyidagilar boʻyicha qoʻllaniladigan usullar, maʼlumotlar va asosiy prognozlar haqidagi axborotni yoritib berishi shart:

a) operatsiya qiymatini aniqlash, jumladan oʻzgaruvchan toʻlovni baholash, pulning vaqt qiymati taʼsirini hisobga olgan holda toʻlov summasini tuzatishni baholash;

b) oʻzgaruvchan toʻlov bahosining cheklanishi mavjud yoki mavjud emasligini baholash;

d) operatsiya qiymatini taqsimlash, shu jumladan, belgilangan tovarlar yoki xizmatlarning alohida qiymatlarini baholash hamda majburiy kelishuvning muayyan qismiga chegirmalar va oʻzgaruvchan toʻlovni taqsimlash (agar qoʻllaniladigan boʻlsa);

e) tovar va xizmatlarni qaytarish, pulni qaytarish va boshqa shunga oʻxshash majburiyatlarni baholash.

3-§. Resurs taʼminlovchi bilan majburiy kelishuvni tuzish yoki bajarish uchun sarflangan xarajatlardan tan olingan aktivlar

176. Tashkilotlar quyidagilarning har ikkisini ham izohlab berishi shart:

a) resurs taʼminlovchi bilan majburiy kelishuvni tuzish yoki bajarish uchun yuzaga kelgan xarajatlar miqdorini aniqlashda qilingan asosiy baholash va qarorlarni (mazkur Standartning 134 yoki 138-bandiga muvofiq);

b) har bir hisobot davri uchun ushbu xarajatlar boʻyicha tan olingan aktivni amortizatsiya qilishda qoʻllanilgan hisoblash usulini.

177. Tashkilotlar quyidagilarni yoritib berishi shart:

a) resurs taʼminlovchi bilan majburiy kelishuvni tuzish yoki bajarish uchun yuzaga kelgan xarajatlardan tan olingan aktivlar (mazkur Standartning 134 yoki 138-bandiga muvofiq) boʻyicha hisobot davri oxiridagi qoldiqlar, asosiy aktiv toifalariga koʻra (masalan, resurs taʼminlovchilar bilan majburiy kelishuvni tuzish uchun xarajatlar, kelishuvdan oldingi xarajatlar va tayyorlash xarajatlari);

b) hisobot davrida tan olingan amortizatsiya summasi va har qanday qadrsizlanish zararlari miqdorini.

4-§. Amaliy choralar

178. Agar tashkilotlar mazkur Standartning 117-bandida (moliyaviy jihatdan ahamiyatli qismning mavjudligi haqida) yoki mazkur Standartning 137-bandida (majburiy kelishuvni tuzishning qoʻshimcha xarajatlari toʻgʻrisida) koʻrsatilgan amaliy yengillikdan foydalanishni tanlasa, tashkilotlar bu haqda maʼlumot berishi shart.

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2026-yil 13-maydagi 363-son buyrugʻiga 2-ILOVA

Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar

1. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2019-yil 5-fevraldagi 12-son “Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (10-sonli BHS) “Almashuv operatsiyalaridan olinadigan daromadlar”ni tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3145, 2019-yil 25-mart) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 25.03.2019-y., 10/19/3145/2809-son).

2. Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2019-yil 27-maydagi 62-son “Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (12-sonli BHS) “Qurilishga oid shartnomalar”ni tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3170, 2019-yil 1-iyul) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 01.07.2019-y., 10/19/3170/3356-son).

3. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2021-yil 28-iyuldagi 15-mh-son buyrugʻi (roʻyxat raqami 3313, 2021-yil 28-iyul) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son) bilan tasdiqlangan Vazirliklar, davlat qoʻmitalari va idoralar tomonidan qabul qilingan ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarga kiritilayotgan oʻzgartirishlarning 491-bandi .

Vazir J. KUCHKAROV

Toshkent sh.,

2026-yil 13-may,

363-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.06.2026 y., 10/26/3857/0612-son)

lex.uz