UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 24-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 24 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

СХЕМАСИ

СЎРОВНОМА

КАЛЬКУЛЯЦИЯСИ

РЎЙХАТИ

Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 16 сентябрдаги ПҚ-286-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти (кейинги ўринларда — регламент) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш гувоҳномаларини «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ахборот тизими) ҳисобга олиш;

синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш учун (кейинги ўринларда-лабораторияни маъқуллаш) аризаларни Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП), давлат хизматлари марказлари ёки ахборот тизими орқали тақдим этиш;

лабораторияни маъқуллаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизмати учун тўловни «оферта» шаклида имзоланадиган шартнома асосида тўлаш механизмини жорий этиш.

2. Белгилансинки:

а) 2026 йил 1 июлдан лабораторияни маъқуллаш учун ариза юбориш ушбу регламентга мувофиқ ЯИДХП, Давлат хизматлари марказлари ёки ахборот тизими орқали юборилади;

б) маъқуллаш қуйидаги синов лабораторияларига нисбатан татбиқ қилинади:

шахсий (ишлаб чиқариш) эҳтиёжлари учун ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ва (ёки) импорт хомашё, материаллар ёки тайёр маҳсулотларни синовдан ўтказувчи ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар лабораториялари;

маҳсулотларнинг мажбурий мувофиқлигини баҳолаш жараёнида иштирок этишга даъво қилмайдиган лабораториялар;

в) маъқулланган синов лабораториялари реестри Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан юритилади;

г) маъқуллаш тартибидан ўтиш лабораториялар учун ихтиёрийдир, Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида мажбурийлиги белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Адлия вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

ушбу қарор билан тасдиқланган регламентга мувофиқ давлат хизмати ЯИДХП, Давлат хизматлари марказлари ёки ахборот тизими орқали кўрсатилишини йўлга қўйсин;

ахборот тизимини ЯИДХПга интеграция қилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

давлат хизмати ЯИДХП, Давлат хизматлари марказлари ёки ахборот тизими орқали кўрсатилиши устидан доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган регламент талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чораларини қўлласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июндаги 323-сон қарорига 1-ИЛОВА

Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Регламент Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси (кейинги ўринларда — ваколатли орган) томонидан синов лабораторияларининг (кейинги ўринларда — лаборатория) техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш (кейинги ўринларда — маъқуллаш) бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Бунда ваколатли орган томонидан маъқуллаш ишларини бажаришда ва унинг натижалари бўйича қарор қабул қилишда холислик ҳамда бетарафлик таъминланиши лозим.

2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза берувчи — лабораториянинг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш учун ваколатли органга мурожаат қилган юридик шахс;

маъқуллаш — юридик шахслар лабораторияларининг муайян соҳада синовларни ўтказишга техник жиҳатдан малакалилигини ваколатли орган томонидан расман тасдиқлаш;

маъқулланган лаборатория ҳужжатларини долзарблаштириш — лабораторияни маъқуллаш соҳасига ва (ёки) техник паспортига лаборатория томонидан ўзгартиришлар киритиш ҳамда белгиланган тартибда ваколатли органга тақдим этиш;

маъқуллаш соҳаси — лаборатория фаолиятининг маъқуллаш сўралаётган ёки маъқуллаш тақдим этилган аниқ соҳаси;

маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳнома — ваколатли орган томонидан маъқуллашнинг белгиланган соҳасида ишларни бажариш учун лабораториянинг техник жиҳатдан малакалилигини тасдиқловчи ҳужжат;

техник жиҳатдан малакалиликни баҳолаш — маъқуллаш сўралаётган фаолият соҳасида синов ёки ўлчашларни ўтказиш учун лабораторияда шарт-шароитларнинг ва малакали ходимларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида ваколатли орган томонидан амалга ошириладиган жараён;

техник эксперт — баҳолаш соҳасидаги ишларни ташкил этиш, шу соҳадаги жараён ёки фаолият хусусида махсус билим ва тажрибага эга бўлган, шартнома асосида лабораторияда баҳолаш ўтказиш учун ваколатли орган томонидан жалб қилинадиган жисмоний шахс ёки эксперт ташкилотининг вакили.

3. Маъқуллашнинг талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

маъқуллаш тартибидан ўтишга қўйиладиган талабларни белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий, шунингдек, норматив ҳужжатларга мажбурий риоя қилиниши;

лаборатория фаолиятини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган эгалик ёки бошқа мулкий ҳуқуқ, шунингдек, ижара ҳуқуқи асосида бино ва иншоотларнинг мавжудлиги;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлган ишлаб чиқариш бинолари ва атроф-муҳит шарт-шароитларининг мавжудлиги;

сўралаётган маъқуллаш соҳасига мувофиқ синовлар ўтказилишини таъминлайдиган синаш, ўлчаш воситалари ва стандарт намуналарининг мавжудлиги;

маъқуллаш жараёнида ваколатли орган томонидан баҳоланадиган ҳамда сўралаётган маъқуллаш соҳасида малакага эга бўлган ходимларнинг мавжудлиги;

сўралаётган маъқуллаш соҳасига мувофиқ синаш усулларига доир амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги;

лабораториялар томонидан ушбу регламентнинг 9 ва 21-бандларида , шунингдек, 5-бобида белгиланган мажбуриятларга риоя қилиниши.

4. Маъқулланган лабораториялар, шунингдек, аккредитациядан ўтган синов, калибрлаш ва тиббий лабораториялар (марказлар), метрология хизматлари амалдаги маъқуллаш ёки аккредитация соҳаларига мувофиқ ўзлари қўллаётган синаш, ўлчаш воситаларидан, стандарт намуналардан, синаш асбоб-ускуналаридан фойдаланиш ва (ёки) уларни қўллаш ҳуқуқи маъқуллаш тартиб-таомилидан ўтишга талабгор бўлган ариза берувчи фойдасига берилишига йўл қўйилмайди.

5. Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали кўрсатилади.

6. Маъқуллаш бўйича давлат хизмати ушбу регламентга 1-иловада келтирилган Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллашдан ўтказиш схемасига мувофиқ кўрсатилади.

2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби

7. Ариза берувчи маъқуллаш ва реестрда рўйхатга олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП ёки ахборот тизимидан электрон шаклда рўйхатдан ўтади.

Ариза берувчи ахборот тизимида жойлаштирилган ушбу регламентга 2-иловага мувофиқ Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш бўйича сўровномани тўлдиради.

Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ҳамда имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (электрон имзо, Mobil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этганда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

8. Аризага қуйидагилардан иборат бўлган лаборатория ҳужжатлари илова қилинади:

маъқуллаш сўралаётган маъқуллаш соҳасини аниқловчи синаш усуллари (методикалари) ва (ёки) ўлчаш турларининг рўйхати;

лабораториянинг тартиб-таомил ҳужжатлари;

лабораториянинг техник паспорти (лаборатория, жиҳозлар, қўлланадиган синаш ва ўлчаш воситалари тўғрисида маълумот).

Ариза берувчидан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжат ва маълумотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Ариза берувчи ўз хоҳишига кўра лабораторияга тегишли қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши мумкин.

Ариза ва унга иловалар автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.

9. Ваколатли орган ариза тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида тақдим этилган лаборатория ҳужжатлари ва маълумотларининг тўлиқлигини ўрганади. Ўрганиш натижаси ижобий бўлса, ариза рўйхатдан ўтказилади ва лабораторияда баҳолашни ўтказиш учун ариза берувчига тўлов миқдори кўрсатилган хабарнома (инвойс) юборилади.

Ваколатли органнинг расмий веб-саҳифасида жойлаштирилган шаклга мувофиқ лаборатория ҳужжатлари тақдим этилмаган тақдирда, ваколатли орган бир иш кунидан кечикмай ариза берувчига ҳужжатларни пухта ишлаб чиқиш учун қайтариши ҳақида хабардор қилади.

Давлат хизматининг тўлов миқдори лабораторияни маъқуллаш соҳасидан келиб чиққан холда белгиланади.

Давлат хизматини кўрсатганлик учун ушбу регламентга 3-иловада келтирилган Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш хизматларини кўрсатиш нархлари калькуляциясига асосан тўлов тўланади.

Давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ўн иш куни ичида ариза берувчи томонидан тўланади.

Давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

Бюджет ташкилотлари тўлов миқдори кўрсатилган хабарномага (инвойсга) асосан тўловни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлайди.

Ариза берувчи маъқуллаш ишларини бажариш билан боғлиқ барча харажатларни, шу жумладан, хизмат сафари харажатларини уларнинг натижаларидан қатъи назар тўлаши шарт.

Бунда маъқуллаш ишлари тўлов тўлангандан сўнг бажарилади.

Маъқуллаш ишларини амалга оширишда лабораторияда баҳолаш ўтказиш ва маъқуллаш соҳасини долзарблаштириш учун тўлов ундирилади.

Ваколатли орган томонидан маъқуллаш ишларини амалга оширишда қуйидаги хизмат турлари учун тўлов ундирилмайди:

сўровномани кўриб чиқиш;

олдин берилган (амалдаги) маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш;

маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш (тиклаш) ёки тугатиш;

маъқуллаш соҳасини қисқартириш;

маъқулланган лаборатория техник паспортида келтирилган маълумотларни долзарблаштириш.

10. Ариза берувчи томонидан маъқуллаш ишларини ўтказиш учун ариза электрон тарзда Давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП ёки ахборот тизими орқали юборилганда йиғим ундирилмайди.

Давлат хизматини кўрсатганлик учун ундирилган тўлов қуйидагича тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганида:

18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси шахсий ҳисобварағига;

0,5 фоизи — «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган махсус ҳисобварағига;

қолган маблағ ваколатли органнинг шахсий ҳисобварағига;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

11,75 фоизи — «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги шахсий ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи йиғим тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);

10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

қолган маблағ — ваколатли органнинг ҳисобварағига;

в) ахборот тизими орқали мурожаат этилганда, кўрсатилган хизмат учун тўлов тўлиқлигича ваколатли органнинг ҳисобварағига ўтказилади.

11. Давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, мазкур регламентнинг 9-бандида кўрсатилган йиғимлар тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорда тўланади.

12. Қуйидагилар давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади:

давлат хизмати учун тўловлар тўланмагани;

аризада нотўғри, шу жумладан, асослантирилмаган ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилгани.

Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.

13. Ариза берувчи маъқуллаш рад этилган кундан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида давлат хизматини кўрсатиш учун йиғимни тўламасдан, кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда лабораторияни маъқуллаш учун такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Маъқуллашни такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан аввалги рад этиш асосларида баён этилмаган сабабларнинг келтирилишига йўл қўйилмайди. Олдин кўрсатилган сабаблар бартараф этилганини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.

Бунда ариза берувчи томонидан мазкур ўттиз иш кунлик муддат ўтказиб юборилган ҳолда берилган аризалар биринчи марта тақдим этилган деб ҳисобланади.

14. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишда уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг аризаси кўрилмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

15. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари маркази сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб уни реал вақт режимида ваколатли органга юборади.

ЯИДХП ёки ахборот тизими орқали мурожаат қилинганда, сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга электрон шаклда юборилади.

16. Ариза берувчи томонидан тўлов тўлангач, ваколатли орган икки иш кунидан кечиктирмай лабораторияда баҳолаш ишларини амалга ошириш учун ваколатли орган ходимларидан ва (ёки) техник экспертлардан иборат баҳолаш комиссиясини шакллантиради.

Комиссия таркиби, лабораторияда баҳолаш ишларини амалга ошириш санаси ва вақти ваколатли орган раҳбари ёки унинг ўринбосари буйруғи билан тасдиқланади.

Бунда лабораторияда баҳолаш ишларини амалга ошириш санаси ариза берувчи билан унинг асосланган таклифларини инобатга олган ҳолда олдиндан келишиб олинади.

17. Баҳолаш комиссиясига маъқуллаш жараёнига раҳбарлик қилиш учун умумий масъулият юкланган ва ваколатли орган томонидан ваколат берилган баҳолаш комиссиясининг раиси раҳбарлик қилади.

18. Лабораторияда баҳолаш ишларини амалга ошириш муддатлари унинг фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ваколатли орган томонидан аниқланади.

Лабораторияда баҳолаш ишларини амалга ошириш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак.

19. Лабораторияда баҳолаш ишлари ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган дастурга мувофиқ амалга оширилади.

20. Баҳолаш комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилади, маъқуллаш талабларига ва шартларига, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқликни ҳамда лаборатория томонидан сўралаётган маъқуллаш соҳасига киритилган ҳар бир синаш усуллари (методикалари) ва (ёки) ўлчаш турларини бажара олиш имкониятини жойига чиққан ҳолда баҳолайди.

21. Ариза берувчи лабораторияда баҳолаш ишларини амалга ошириш, шу жумладан, баҳолаш комиссиясининг зарур маълумотлар, ёзувлар ва ҳужжатларнинг ўрганишига, биноларга киришига, шунингдек, лаборатория ходимларининг малакасини баҳолашига зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.

Ходимлар малакаси уларнинг шахсий карталарини ўрганган ҳолда сўралган соҳадаги малакаси, тайёргарлиги, маълумоти, мувофиқликни баҳолаш бўйича кўникмаларини намойиш қилишини кузатиш орқали баҳоланади.

Баҳолаш комиссияси сўралган маъқуллаш соҳасида назорат синовлари, ўлчашлар ўтказилишини талаб қилишга ҳақлидир.

22. Агар лабораторияда баҳолаш учун шарт-шароитлар таъминланмаса, баҳолаш комиссиясининг раиси ваколатли органга тегишли ҳисоботни тақдим қилиши керак, унинг асосида ваколатли орган маъқуллаш жараёни икки ойдан ошмаган муддатга тўхтатилгани тўғрисида ариза берувчига хабар беради.

Агар ариза берувчи белгиланган муддатда лабораторияда баҳолаш ишларини амалга ошириш учун шарт-шароитларни яратиб бермаса, маъқуллаш учун берилган аризани кўриб чиқиш тўхтатилади.

23. Ваколатли орган лабораторияда баҳолаш натижалари давомида аниқланган номувофиқликларни (агар мавжуд бўлса) ўз ичига қамраб олувчи баҳолаш комиссиясининг далолатномасини (кейинги ўринларда — далолатнома) расмийлаштиради.

Далолатнома барча комиссия аъзолари, шунингдек, ўзининг алоҳида фикрини зарурат бўлганда ифодалашга ҳақли бўлган ариза берувчининг ваколатли вакили томонидан имзоланади.

Далолатнома икки нусхада тузилиб, бир нусхаси ариза берувчининг ваколатли вакилига берилади.

24. Баҳолаш комиссияси расмийлаштирган ижобий далолатномани бир иш кунидан кечикмай ваколатли органга тақдим этади.

25. Баҳолаш комиссияси томонидан лабораториянинг белгиланган талабларга номувофиқлиги тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилган ҳолатларда, ариза берувчи ушбу далолатномада кўрсатилган номувофиқликларни уч ойдан ошмаган муддатда бартараф этиши, номувофиқликлар бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни (ҳисобот) ваколатли органга юбориши лозим.

Белгиланган муддатларда ариза берувчи томонидан номувофиқликлар бартараф қилиниб, ваколатли органга тақдим этилмаган ҳолатларда ваколатли орган лабораторияни маъқуллашни рад этиш тўғрисида ариза берувчига электрон хабарнома юборади.

26. Ваколатли орган ҳисобот олинган кундан эътиборан унинг беш иш кунида кўриб чиқилишини таъминлайди.

Баҳолаш комиссияси ариза берувчи томонидан баҳолаш жараёнида аниқланган номувофиқликлар бартараф этилгани бўйича тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини ўрганади. Агар ҳисоботда келтирилган маълумотлар номувофиқликларни бартараф этиш учун етарли бўлмаса, комиссия қўшимча маълумотларни сўрашга ҳақлидир.

27. Баҳолаш комиссияси номувофиқликларни бартараф этиш ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича якуний далолатномани бир иш кунидан кечикмай ваколатли органга тақдим этади.

28. Ваколатли орган бир иш куни мобайнида якуний далолатнома асосида қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

лабораториянинг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш;

маъқуллаш соҳасини қисқартирган ҳолда лабораториянинг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш;

лабораториянинг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллашни рад этиш;

далолатнома хулосаларига қўшилмаган тақдирда — лабораториянинг маъқуллаш талаблари ва шартларига мувофиқлигини ҳақ олмасдан қўшимча баҳолаш.

29. Қуйидагилар лабораторияни маъқуллашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос бўлади:

баҳолаш вақтида зарур маълумотларни тақдим этишдан бош тортиш;

ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

лабораториянинг маъқуллаш талаблари ва шартларига номувофиқлиги.

Бошқа асослар бўйича маъқуллашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

30. Лабораторияни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда ваколатли орган томонидан бир иш кунидан кечикмай, лабораторияга ахборот тизими орқали икки йил муддатга лабораторияни маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳнома тасдиқланади ва автоматик тарзда реестрга киритилади.

Агар лабораторияни маъқуллашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинса, ваколатли орган бир иш кунидан кечикмай, ариза берувчига электрон хабарнома юборади.

31. Ваколатли орган томонидан маъқулланган лабораторияларнинг ахборот тизимида реестри юритилади. Реестр танишиш учун очиқ ҳисобланади.

32. Агар лабораторияни маъқуллаш тўғрисида гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан бир ой олдин такрорий маъқуллаш учун ариза тақдим этилганда, ваколатли орган илгари берилган маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини тегишли қарор қабул қилинган кунгача узайтириш ҳуқуқига эга, бунда узайтириш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.

33. Такрорий маъқуллаш тартиби ушбу бобда белгиланган тартибда амалга оширилади.

34. Юридик шахс ушбу регламентнинг 4-бандида белгиланган талаблар ва шартларга, маъқуллаш соҳасига риоя қилишга ҳамда ўтказилган синашлар ёки ўлчашларнинг ишончлигига жавобгар.

35. Ариза берувчи камида бир йилда бир марта маъқуллашнинг талаб ва шартлари бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритиб боради.

36. Агар ваколатли органга маъқуллаш талаб ва шартлари бузилгани тўғрисида мурожаат тушса, мурожаатда келтирилган важларнинг ҳаққонийлигини ўрганиш учун айнан ушбу важлар бўйича лабораторияни қайта баҳолашга (кейинги ўринларда — қайта баҳолаш) ҳақлидир.

37. Лаборатория фаолияти ушбу регламентнинг 17 — 21 , 23 — 27-бандларига мувофиқ қайта баҳоланади.

38. Ваколатли орган уч иш кунидан кечикмай лаборатория фаолиятини қайта баҳолаш далолатномаси кўриб чиқилишини таъминлайди ва қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тасдиқлаш;

маъқуллаш соҳасини қисқартирган ҳолда, маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тасдиқлаш;

маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш;

маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш.

Ваколатли органнинг қарори тўғрисида лабораторияга қарор қабул қилинганидан кейин бир иш кунидан кечикмай электрон хабарнома юборади.

39. Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати мазкур регламентнинг 3 ва 4-бобларида белгиланган тартибда тўхтатиб турилади (тикланади) ёки тугатилади.

40. Юридик шахс ваколатли органнинг маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарори устидан ваколатли орган ҳузуридаги апелляция комиссиясига ёки суд тартибида шикоят қилиши мумкин.

3-боб. Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш (тиклаш)

41. Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилади:

юридик шахс маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида ёзма мурожаат қилганида;

лаборатория томонидан маъқуллаш талаблари ва шартлари бузилгани аниқланганда.

42. Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши ваколатли орган ёки суд томонидан тўхтатиб турилади. Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши ваколатли орган томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга, суд томонидан эса ўн кундан ортиқ, лекин икки ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.

Белгиланган муддат ичида маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган талаблар ва шартлар бартараф қилинмаса, ваколатли орган маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳнома амал қилишини тўхтатиб туриш муддатини узайтириш бўйича судга даъво ариза киритиши лозим.

Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳнома амал қилиши тиклангунга қадар лаборатория томонидан ўтказиладиган ўлчашлар ёки синашлар натижаларини расмийлаштиришда маъқуллаш жараёнидан ўтганлик мақомига ҳавола қилинишига йўл қўйилмайди.

43. Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳнома амал қилиши ушбу регламентнинг 41-банди учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатда тўхтатилган бўлса, юридик шахс ваколатли органга тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган номувофиқликларни бартараф этиш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади. Бунда ҳисоботни тақдим этиш муддати ваколатли органнинг қарори қабул қилинган санадан бошлаб икки ойдан ошмаслиги керак.

Агар белгиланган муддатда юридик шахс томонидан ваколатли органга номувофиқликларни бартараф этиш тўғрисида ҳисобот тақдим этилмаса, маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилади.

44. Номувофиқликлар бартараф этилгани ҳолати ушбу регламентнинг 26 ва 27-бандларига мувофиқ ўрганилади.

45. Ваколатли орган баҳолаш комиссияси томонидан якуний далолатнома тақдим этилганидан сўнг бир иш кунидан кечиктирмай тегишли қарор қабул қилади.

46. Маъқуллаш тўғрисида гувоҳноманинг амал қилиши ахборот тизимида реал вақт режимида тўхтатиб турилади ва қайта тикланади ҳамда электрон реестрда унинг ҳолати янгилаб борилади.

4-боб. Маъқуллаш тўғрисида гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш

47. Қуйидаги ҳолларда маъқуллаш тўғрисида гувоҳноманинг амал қилиши тугатилиши мумкин:

юридик шахс маъқуллаш тўғрисида гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

юридик шахс (ҳузурида фаолият кўрсатаётган лаборатория) тугатилганда;

гувоҳнома амал қилишининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар ваколатли орган белгилаган муддатда юридик шахс томонидан бартараф этилмаганда;

маъқуллаш соҳаси бузилганда (маъқуллаш жараёнидан ўтганлик мақомини белгиловчи матнли ҳаволани кўрсатган ҳолда маъқуллаш тақдим этилган соҳадан ташқари ўлчаш ёки синашларни ўтказиш);

гувоҳномани олишда сохта ҳужжат ва асосланмаган маълумотлардан фойдалангани аниқланганда.

48. Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши ваколатли органнинг қарори билан тугатилади.

Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор ахборот тизимида қабул қилинади ва реал вақт режимида электрон реестрда унинг ҳолати янгиланади.

Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши ваколатли орган томонидан қабул қилинган қарорда кўрсатилган санадан бошлаб тугатилади.

49. Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳнома ушбу регламентнинг 47-банди тўртинчи — олтинчи хатбошиларига мувофиқ тугатилганда, маъқуллаш учун такрорий сўровнома уч ойдан кейин тақдим этилиши мумкин.

50. Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳнома бекор қилинганда маъқуллаш учун такрорий сўровнома тақдим этилиши мумкин.

5-боб. Маъқуллаш соҳасини кенгайтириш ва қисқартириш, шунингдек, маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш

51. Маъқуллаш соҳаси юридик шахснинг сўровномасига асосан ушбу регламентнинг 16 — 29-бандларида назарда тутилган тартибда кенгайтирилади.

Лабораториянинг маъқуллаш соҳасини кенгайтириш тўғрисидаги ваколатли орган томонидан ижобий қарор қабул қилинганда, маъқуллаш соҳаси янги таҳрирда тасдиқланади, агар рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинса, ваколатли орган бир иш кунидан кечикмай, ариза берувчининг шахсий кабинетига электрон хабарнома юборади.

52. Лабораториянинг маъқуллаш соҳаси ваколатли органнинг қарори билан қуйидагилар асосида қисқартирилади:

лабораториянинг маъқуллаш соҳасини қисқартириш тўғрисидаги аризаси;

лаборатория фаолиятини қайта баҳолаш натижаларига кўра.

53. Маъқуллаш соҳаси қисқартирилганда, ваколатли орган томонидан лабораториянинг маъқуллаш соҳасига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, янги таҳрирда тасдиқланади.

Маъқуллаш соҳасини қисқартириш учун тўлов ундирилмайди.

54. Лаборатория қайта ташкил этилган, унинг номи, юридик манзили ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, мазкур маълумотлар ваколатли органнинг ахборот тизимида автоматик равишда аниқланади ҳамда мониторинг қилиб борилади.

55. Лаборатория жойлашган жой ўзгарганда, ушбу регламентнинг 2-бобида белгиланган тартибда такроран маъқулланади.

56. Агар юридик шахс илгари маъқулланган лабораториянинг вориси бўлмаса, ҳужжатлар кейинчалик ушбу регламентнинг 2-бобида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

6-боб. Маъқулланган лаборатория ҳужжатларини долзарблаштириш

57. Қуйидаги ҳолларда маъқулланган лабораториянинг ҳужжатлари долзарблаштирилади:

лабораторияни маъқуллаш соҳасида кўрсатилган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ўрнига янги ҳужжатлар амалга киритилганда, шунингдек, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилганда (қабул қилинган норматив ҳужжатда маҳсулотларнинг янги турлари, синаш (ўлчаш) усуллари кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно);

техник паспортда келтирилган маълумотлар ўзгарганда.

58. Маъқуллаш бўйича ҳужжатлар долзарблаштирилса, лаборатория бунинг сабабларини кўрсатган ҳолда ўзгартиришлар киритилган ҳужжатларни, шу жумладан, киритилаётган ўзгартишлар юзасидан қиёсий таҳлилни илова қилиб ахборот тизим орқали сўровнома тақдим этади.

59. Ваколатли орган тақдим этилган ҳужжатларни ўн беш иш куни ичида кўриб чиқади ва ушбу регламентнинг 8-бандига асосан тақдим этилган ҳужжатлар тўпламига қўшимча сифатида киритади. Ушбу регламентнинг 57-банди иккинчи хатбошисига мувофиқ лабораториянинг маъқуллаш соҳаси долзарблаштирилган тақдирда, у янги таҳрирда тасдиқланади.

7-боб. Апелляцияни кўриб чиқиш

60. Баҳолаш натижалари бўйича ваколатли органнинг салбий қарор қабул қилинганда, юридик шахс қарор қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида ваколатли органга ёзма шаклда апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Ваколатли органнинг қарори қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз календарь кундан ортиқ муддатда берилган апелляция кўриб чиқилмайди.

61. Апелляция комиссияси ҳар бир аниқ апелляцияни кўриб чиқиш учун заруратга кўра шакллантирилади. Апелляция комиссияси таркиби ваколатли орган раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади. Апелляция комиссияси таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш муддатлари апелляция олинган кундан бошлаб уч кундан ортиқ бўлмаслиги лозим.

62. Апелляция комиссиясининг таркиби ваколатли орган вакилларидан, апелляция берган юридик шахсни баҳолашда иштирок этмаган, қўшимча жалб қилинадиган малакали мутахассислардан шакллантирилади. Бунда апелляция комиссияси таркибида ваколатли органнинг ходимлари сони апелляция комиссияси аъзолари умумий сонининг ярмидан кам бўлиши керак.

63. Апелляция комиссияси берилган апелляцияни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида юридик шахсга ёзма равишда маълум қилади. Апелляцияни кўриб чиқиш муддати у берилган санадан бошлаб ўн календарь кундан ошмаслиги керак.

64. Апелляция комиссияси апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

апелляцияни қаноатлантириш;

апелляцияни қисман қаноатлантириш;

апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш.

65. Ваколатли орган икки иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарномани апелляция берган юридик шахсга ёзма шаклда юборади.

66. Айнан бир масалада такроран апелляция берилишига йўл қўйилмайди.

67. Апелляция комиссиясининг қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

8-боб. Якунловчи қоидалар

68. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олган маълумотларининг сир сақланишини таъминлайди.

69. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.

70. Ушбу регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА

Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллашдан ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ариза берувчи Синов лабораториясини маъқуллашдан ўтказиш учун: Давлат хизматлари марказига ўзи келиб; Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали сўровнома тўлдиради. Ариза берувчининг хоҳишига кўра 2-босқич Давлат хизматлари маркази, ЯИДХП, ахборот тизими Маъқуллаш учун сўровномани Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясига (кейинги ўринларда — ваколатли органга) юборади. Реал вақт режимида 3-босқич Ваколатли орган Тақдим этилган ҳужжат ва маълумотлар тўлиқлигини ўрганади ҳамда ариза берувчига тўлов инвойсини юборади. Уч иш куни мобайнида 4-босқич Ваколатли орган Тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда, уларни қайтаради. Бир иш куни мобайнида 5-босқич Ариза берувчи Инвойсда кўрсатилган тўловни тўлайди. Ўн иш куни мобайнида 6-босқич Ваколатли орган Лабораторияда баҳолаш учун ваколатли орган ходимларидан ва (ёки) техник экспертлардан иборат баҳолаш комиссиясини шакллантиради. Икки иш куни мобайнида 7-босқич Баҳолаш комиссияси Лабораторияни баҳолайди ва натижалари бўйича далолатнома расмийлаштиради. Ун иш кунидан ошмаган муддатда 8-босқич Ваколатли орган Лабораторияни баҳолаш учун шарт-шароитлар билан таъминланмаса, маъқуллаш ишини тўхтатади. Шарт-шароитлар таъминланмаган кундан бошлаб икки ойгача 9-босқич Баҳолаш комиссияси Ижобий далолатнома расмийлаштирган тақдирда, далолатномани қарор қабул қилиш учун ваколатли органга беради. Бир иш кунидан кечикмай 10-босқич Ариза берувчи Номувофиқлик тўғрисида далолатнома расмийлаштирилган ҳолатларда, ушбу далолатномада кўрсатилган номувофиқликни бартараф этади ва номувофиқлик бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни (ҳисобот) ваколатли органга юборади. Уч ойдан ошмаган муддатда 11-босқич Ваколатли орган Лаборатория ҳисоботини кўриб чиқади. Ҳисобот олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кечикмай 12-босқич Баҳолаш комиссияси Ўрганиш натижалари бўйича якуний далолатномани расмийлаштиради ҳамда ваколатли органга тақдим этади. Бир иш кунидан кечикмай 13-босқич Ваколатли орган Далолатномани кўриб чиқиб, қарор қабул қилади. Бир иш кунидан кечикмай 14-босқич Ахборот тизими 1. Лабораторияни маъқуллаш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганда, лабораторияни маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳномани тасдиқлайди. 2. Лабораторияни маъқуллашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, лабораторияга маъқуллаш рад этилиши тўғрисида ариза берувчига электрон хабарнома юборади. Бир иш кунидан кечикмай

Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА

Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллашдан ўтказиш бўйича

Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар 1. СТИРи: 2. Юридик шахснинг номи: 3. Юридик шахснинг манзили: 4. Телефон рақами: 5. Юридик шахс раҳбарининг ёки вакили ЖШШИР маълумоти, паспорти (ID-картаси) серияси ва рақами: 6. Синов лабораториясининг манзили: 7. Синов лабораториясининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш учун сўралаётган соҳада малакага эга бўлган ходимнинг ЖШШИР маълумоти, паспорти (ID-картаси) серияси ва рақами: 8. Хизматдан фойдаланиш сабаби: Синов лабораториясини техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш Маъқуллаш соҳасини кенгайтириш Маъқуллаш тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш Маъқуллаш соҳасини қисқартириш Илова қилинадиган ҳужжатлар: маъқуллаш сўралаётган маъқуллаш соҳасини аниқловчи синаш усуллари (методикалари) ва (ёки) ўлчаш турларининг рўйхати; синов лабораториясининг тартиб-таомил ҳужжатлари; синов лабораториясининг техник паспорти (лаборатория, жиҳоз, қўлланадиган синаш ва ўлчаш воситалари тўғрисидаги маълумот)

Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллашни шакллантириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА

Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш хизматларини кўрсатиш нархлари

Маъқуллаш учун синаш кўрсаткичлари сони Базавий ҳисоблаш миқдори баравари 1 — 10 25 11 — 20 35 21 — 30 47 31 — 40 59 41 — 50 72 51 — 60 85 61 — 70 97 71 — 80 110 81 — 90 123 91 — 100 136 101 — 110 144 111 — 120 152 121 — 130 160 131 — 140 168 141 — 150 176

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июндаги 323-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Синов лабораторияларининг техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 28 июлдаги 456-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 9 мартдаги 125-сон қарорига 2-илованинг 18-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 11 мартдаги 114-сон қарорига 3-илованинг 36-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 869-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2024 йил 1 июлдаги 371-сон қарорига илованинг 12-банди .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2025 йил 8 апрелдаги 211-сон қарорига 1-илованинг 13-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 24 июнь,

323-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2026 й., 09/26/323/0627-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

MAʼMURIY REGLAMENTI

SXEMASI

SOʻROVNOMA

KALKULYATSIYASI

ROʻYXATI

Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikaning hudud, soha va tarmoqlarida raqamli texnologiyalar joriy etilishini yanada jadallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 16-sentabrdagi PQ-286-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti (keyingi oʻrinlarda — reglament) 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash guvohnomalarini “Texnik tartibga solish” milliy axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) hisobga olish;

sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash uchun (keyingi oʻrinlarda-laboratoriyani maʼqullash) arizalarni Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP), davlat xizmatlari markazlari yoki axborot tizimi orqali taqdim etish;

laboratoriyani maʼqullash boʻyicha koʻrsatiladigan davlat xizmati uchun toʻlovni “oferta” shaklida imzolanadigan shartnoma asosida toʻlash mexanizmini joriy etish.

2. Belgilansinki:

a) 2026-yil 1-iyuldan laboratoriyani maʼqullash uchun ariza yuborish ushbu reglamentga muvofiq YIDXP, Davlat xizmatlari markazlari yoki axborot tizimi orqali yuboriladi;

b) maʼqullash quyidagi sinov laboratoriyalariga nisbatan tatbiq qilinadi:

shaxsiy (ishlab chiqarish) ehtiyojlari uchun oʻzlari ishlab chiqarayotgan mahsulotlar va (yoki) import xomashyo, materiallar yoki tayyor mahsulotlarni sinovdan oʻtkazuvchi ishlab chiqaruvchilar va isteʼmolchilar laboratoriyalari;

mahsulotlarning majburiy muvofiqligini baholash jarayonida ishtirok etishga daʼvo qilmaydigan laboratoriyalar;

v) maʼqullangan sinov laboratoriyalari reyestri Texnik jihatdan tartibga solish sohasida nazorat inspeksiyasi tomonidan yuritiladi;

g) maʼqullash tartibidan oʻtish laboratoriyalar uchun ixtiyoriydir, Oʻzbekiston Respublikasining normativ-huquqiy hujjatlarida majburiyligi belgilangan holatlar bundan mustasno.

3. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Adliya vazirligi va Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda:

ushbu qaror bilan tasdiqlangan reglamentga muvofiq davlat xizmati YIDXP, Davlat xizmatlari markazlari yoki axborot tizimi orqali koʻrsatilishini yoʻlga qoʻysin;

axborot tizimini YIDXPga integratsiya qilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:

davlat xizmati YIDXP, Davlat xizmatlari markazlari yoki axborot tizimi orqali koʻrsatilishi ustidan doimiy nazorat oʻrnatsin;

ushbu qaror bilan tasdiqlangan reglament talablarini buzganlik uchun davlat organlari va boshqa tashkilotlarning mansabdor shaxslariga nisbatan belgilangan tartibda maʼmuriy jazo choralarini qoʻllasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi direktori A.R. Jumanazarov va Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri A.J. Tashkulov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 24-iyundagi 323-son qaroriga 1-ILOVA

Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Reglament Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining Texnik jihatdan tartibga solish sohasida nazorat inspeksiyasi (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organ) tomonidan sinov laboratoriyalarining (keyingi oʻrinlarda — laboratoriya) texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash (keyingi oʻrinlarda — maʼqullash) boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibini belgilaydi.

Bunda vakolatli organ tomonidan maʼqullash ishlarini bajarishda va uning natijalari boʻyicha qaror qabul qilishda xolislik hamda betaraflik taʼminlanishi lozim.

2. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ariza beruvchi — laboratoriyaning texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash uchun vakolatli organga murojaat qilgan yuridik shaxs;

maʼqullash — yuridik shaxslar laboratoriyalarining muayyan sohada sinovlarni oʻtkazishga texnik jihatdan malakaliligini vakolatli organ tomonidan rasman tasdiqlash;

maʼqullangan laboratoriya hujjatlarini dolzarblashtirish — laboratoriyani maʼqullash sohasiga va (yoki) texnik pasportiga laboratoriya tomonidan oʻzgartirishlar kiritish hamda belgilangan tartibda vakolatli organga taqdim etish;

maʼqullash sohasi — laboratoriya faoliyatining maʼqullash soʻralayotgan yoki maʼqullash taqdim etilgan aniq sohasi;

maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnoma — vakolatli organ tomonidan maʼqullashning belgilangan sohasida ishlarni bajarish uchun laboratoriyaning texnik jihatdan malakaliligini tasdiqlovchi hujjat;

texnik jihatdan malakalilikni baholash — maʼqullash soʻralayotgan faoliyat sohasida sinov yoki oʻlchashlarni oʻtkazish uchun laboratoriyada shart-sharoitlarning va malakali xodimlarning mavjudligini aniqlash maqsadida vakolatli organ tomonidan amalga oshiriladigan jarayon;

texnik ekspert — baholash sohasidagi ishlarni tashkil etish, shu sohadagi jarayon yoki faoliyat xususida maxsus bilim va tajribaga ega boʻlgan, shartnoma asosida laboratoriyada baholash oʻtkazish uchun vakolatli organ tomonidan jalb qilinadigan jismoniy shaxs yoki ekspert tashkilotining vakili.

3. Maʼqullashning talablari va shartlari quyidagilardan iborat:

maʼqullash tartibidan oʻtishga qoʻyiladigan talablarni belgilovchi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ-huquqiy, shuningdek, normativ hujjatlarga majburiy rioya qilinishi;

laboratoriya faoliyatini samarali amalga oshirish uchun zarur boʻlgan egalik yoki boshqa mulkiy huquq, shuningdek, ijara huquqi asosida bino va inshootlarning mavjudligi;

texnik jihatdan tartibga solish sohasida normativ hujjatlar talablariga muvofiq boʻlgan ishlab chiqarish binolari va atrof-muhit shart-sharoitlarining mavjudligi;

soʻralayotgan maʼqullash sohasiga muvofiq sinovlar oʻtkazilishini taʼminlaydigan sinash, oʻlchash vositalari va standart namunalarining mavjudligi;

maʼqullash jarayonida vakolatli organ tomonidan baholanadigan hamda soʻralayotgan maʼqullash sohasida malakaga ega boʻlgan xodimlarning mavjudligi;

soʻralayotgan maʼqullash sohasiga muvofiq sinash usullariga doir amaldagi texnik jihatdan tartibga solish sohasida normativ hujjatlarning mavjudligi;

laboratoriyalar tomonidan ushbu reglamentning 9 va 21-bandlarida , shuningdek, 5-bobida belgilangan majburiyatlarga rioya qilinishi.

4. Maʼqullangan laboratoriyalar, shuningdek, akkreditatsiyadan oʻtgan sinov, kalibrlash va tibbiy laboratoriyalar (markazlar), metrologiya xizmatlari amaldagi maʼqullash yoki akkreditatsiya sohalariga muvofiq oʻzlari qoʻllayotgan sinash, oʻlchash vositalaridan, standart namunalardan, sinash asbob-uskunalaridan foydalanish va (yoki) ularni qoʻllash huquqi maʼqullash tartib-taomilidan oʻtishga talabgor boʻlgan ariza beruvchi foydasiga berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

5. Davlat xizmati Davlat xizmatlari markazlari, Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) yoki “Texnik tartibga solish” milliy axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) orqali koʻrsatiladi.

6. Maʼqullash boʻyicha davlat xizmati ushbu reglamentga 1-ilovada keltirilgan Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullashdan oʻtkazish sxemasiga muvofiq koʻrsatiladi.

2-bob. Davlat xizmatini koʻrsatish tartibi

7. Ariza beruvchi maʼqullash va reyestrda roʻyxatga olish uchun Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib murojaat qiladi yoki davlat xizmatidan foydalanish uchun YIDXP yoki axborot tizimidan elektron shaklda roʻyxatdan oʻtadi.

Ariza beruvchi axborot tizimida joylashtirilgan ushbu reglamentga 2-ilovaga muvofiq Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash boʻyicha soʻrovnomani toʻldiradi.

Zarur maʼlumotlar soʻrovnomaga kiritilgandan soʻng ariza beruvchi maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi hamda imzolarni identifikatsiya qilishning tegishli vositalari (elektron imzo, Mobil-ID va boshqalar) bilan tasdiqlaydi.

Ariza beruvchi YIDXP orqali murojaat etganda, soʻrovnomani elektron raqamli imzo bilan tasdiqlash talab etilmaydi.

8. Arizaga quyidagilardan iborat boʻlgan laboratoriya hujjatlari ilova qilinadi:

maʼqullash soʻralayotgan maʼqullash sohasini aniqlovchi sinash usullari (metodikalari) va (yoki) oʻlchash turlarining roʻyxati;

laboratoriyaning tartib-taomil hujjatlari;

laboratoriyaning texnik pasporti (laboratoriya, jihozlar, qoʻllanadigan sinash va oʻlchash vositalari toʻgʻrisida maʼlumot).

Ariza beruvchidan ushbu bandda nazarda tutilmagan hujjat va maʼlumotlar talab qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Ariza beruvchi oʻz xohishiga koʻra laboratoriyaga tegishli qoʻshimcha hujjatlar va maʼlumotlarni taqdim etishi mumkin.

Ariza va unga ilovalar avtomatik tarzda vakolatli organga yuboriladi.

9. Vakolatli organ ariza tushgan kundan boshlab uch ish kuni mobaynida taqdim etilgan laboratoriya hujjatlari va maʼlumotlarining toʻliqligini oʻrganadi. Oʻrganish natijasi ijobiy boʻlsa, ariza roʻyxatdan oʻtkaziladi va laboratoriyada baholashni oʻtkazish uchun ariza beruvchiga toʻlov miqdori koʻrsatilgan xabarnoma (invoys) yuboriladi.

Vakolatli organning rasmiy veb-sahifasida joylashtirilgan shaklga muvofiq laboratoriya hujjatlari taqdim etilmagan taqdirda, vakolatli organ bir ish kunidan kechikmay ariza beruvchiga hujjatlarni puxta ishlab chiqish uchun qaytarishi haqida xabardor qiladi.

Davlat xizmatining toʻlov miqdori laboratoriyani maʼqullash sohasidan kelib chiqqan xolda belgilanadi.

Davlat xizmatini koʻrsatganlik uchun ushbu reglamentga 3-ilovada keltirilgan Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash xizmatlarini koʻrsatish narxlari kalkulyatsiyasiga asosan toʻlov toʻlanadi.

Davlat xizmatini koʻrsatganlik uchun toʻlov oʻn ish kuni ichida ariza beruvchi tomonidan toʻlanadi.

Davlat xizmati koʻrsatilgani uchun toʻlov toʻlangani axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.

Budjet tashkilotlari toʻlov miqdori koʻrsatilgan xabarnomaga (invoysga) asosan toʻlovni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda toʻlaydi.

Ariza beruvchi maʼqullash ishlarini bajarish bilan bogʻliq barcha xarajatlarni, shu jumladan, xizmat safari xarajatlarini ularning natijalaridan qatʼi nazar toʻlashi shart.

Bunda maʼqullash ishlari toʻlov toʻlangandan soʻng bajariladi.

Maʼqullash ishlarini amalga oshirishda laboratoriyada baholash oʻtkazish va maʼqullash sohasini dolzarblashtirish uchun toʻlov undiriladi.

Vakolatli organ tomonidan maʼqullash ishlarini amalga oshirishda quyidagi xizmat turlari uchun toʻlov undirilmaydi:

soʻrovnomani koʻrib chiqish;

oldin berilgan (amaldagi) maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomani qayta rasmiylashtirish;

maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish (tiklash) yoki tugatish;

maʼqullash sohasini qisqartirish;

maʼqullangan laboratoriya texnik pasportida keltirilgan maʼlumotlarni dolzarblashtirish.

10. Ariza beruvchi tomonidan maʼqullash ishlarini oʻtkazish uchun ariza elektron tarzda Davlat xizmatlari markazlari, YIDXP yoki axborot tizimi orqali yuborilganda yigʻim undirilmaydi.

Davlat xizmatini koʻrsatganlik uchun undirilgan toʻlov quyidagicha taqsimlanadi:

a) Davlat xizmatlari markazlari orqali murojaat etilganida:

18 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasi shaxsiy hisobvaragʻiga;

0,5 foizi — “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochiladigan maxsus hisobvaragʻiga;

qolgan mablagʻ vakolatli organning shaxsiy hisobvaragʻiga;

b) YIDXP orqali murojaat etilganda:

11,75 foizi — “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi shaxsiy hisobvaragʻiga (shu jumladan, 0,5 foizi yigʻim toʻlanganligi Yagona billing tizimi orqali tasdiqlangani uchun);

10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga;

qolgan mablagʻ — vakolatli organning hisobvaragʻiga;

v) axborot tizimi orqali murojaat etilganda, koʻrsatilgan xizmat uchun toʻlov toʻliqligicha vakolatli organning hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

11. Davlat xizmatidan foydalanish uchun YIDXP orqali murojaat etilganda, mazkur reglamentning 9-bandida koʻrsatilgan yigʻimlar toʻlanadigan summadan 90 foiz miqdorda toʻlanadi.

12. Quyidagilar davlat xizmatini koʻrsatishni rad etish uchun asos boʻladi:

davlat xizmati uchun toʻlovlar toʻlanmagani;

arizada notoʻgʻri, shu jumladan, asoslantirilmagan yoki qalbaki maʼlumotlar koʻrsatilgani.

Davlat xizmatini koʻrsatishni boshqa asoslarga koʻra rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

13. Ariza beruvchi maʼqullash rad etilgan kundan boshlab oʻttiz ish kuni mobaynida davlat xizmatini koʻrsatish uchun yigʻimni toʻlamasdan, koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etgan holda laboratoriyani maʼqullash uchun takroran murojaat qilish huquqiga ega.

Maʼqullashni takroran koʻrib chiqishda vakolatli organ tomonidan avvalgi rad etish asoslarida bayon etilmagan sabablarning keltirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Oldin koʻrsatilgan sabablar bartaraf etilganini tasdiqlovchi maʼlumotlar bilan bogʻliq rad etish sabablari keltirilishi bundan mustasno.

Bunda ariza beruvchi tomonidan mazkur oʻttiz ish kunlik muddat oʻtkazib yuborilgan holda berilgan arizalar birinchi marta taqdim etilgan deb hisoblanadi.

14. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishda uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega.

Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan bosh tortganda, uning arizasi koʻrilmasdan qoldiriladi. Bunda toʻlangan yigʻim summasi qaytarilmaydi.

15. Ariza beruvchi oʻzi kelib murojaat etganda, Davlat xizmatlari markazi soʻrovnoma toʻldirilgan vaqtdan boshlab uni real vaqt rejimida vakolatli organga yuboradi.

YIDXP yoki axborot tizimi orqali murojaat qilinganda, soʻrovnoma avtomatik tarzda vakolatli organga elektron shaklda yuboriladi.

16. Ariza beruvchi tomonidan toʻlov toʻlangach, vakolatli organ ikki ish kunidan kechiktirmay laboratoriyada baholash ishlarini amalga oshirish uchun vakolatli organ xodimlaridan va (yoki) texnik ekspertlardan iborat baholash komissiyasini shakllantiradi.

Komissiya tarkibi, laboratoriyada baholash ishlarini amalga oshirish sanasi va vaqti vakolatli organ rahbari yoki uning oʻrinbosari buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

Bunda laboratoriyada baholash ishlarini amalga oshirish sanasi ariza beruvchi bilan uning asoslangan takliflarini inobatga olgan holda oldindan kelishib olinadi.

17. Baholash komissiyasiga maʼqullash jarayoniga rahbarlik qilish uchun umumiy masʼuliyat yuklangan va vakolatli organ tomonidan vakolat berilgan baholash komissiyasining raisi rahbarlik qiladi.

18. Laboratoriyada baholash ishlarini amalga oshirish muddatlari uning faoliyati xususiyatlarini hisobga olgan holda vakolatli organ tomonidan aniqlanadi.

Laboratoriyada baholash ishlarini amalga oshirish muddati oʻn ish kunidan oshmasligi kerak.

19. Laboratoriyada baholash ishlari vakolatli organ tomonidan belgilangan tartibda tasdiqlangan dasturga muvofiq amalga oshiriladi.

20. Baholash komissiyasi taqdim etilgan hujjatlarni tahlil qiladi, maʼqullash talablariga va shartlariga, shuningdek, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqlikni hamda laboratoriya tomonidan soʻralayotgan maʼqullash sohasiga kiritilgan har bir sinash usullari (metodikalari) va (yoki) oʻlchash turlarini bajara olish imkoniyatini joyiga chiqqan holda baholaydi.

21. Ariza beruvchi laboratoriyada baholash ishlarini amalga oshirish, shu jumladan, baholash komissiyasining zarur maʼlumotlar, yozuvlar va hujjatlarning oʻrganishiga, binolarga kirishiga, shuningdek, laboratoriya xodimlarining malakasini baholashiga zarur shart-sharoitlar yaratilishini taʼminlaydi.

Xodimlar malakasi ularning shaxsiy kartalarini oʻrgangan holda soʻralgan sohadagi malakasi, tayyorgarligi, maʼlumoti, muvofiqlikni baholash boʻyicha koʻnikmalarini namoyish qilishini kuzatish orqali baholanadi.

Baholash komissiyasi soʻralgan maʼqullash sohasida nazorat sinovlari, oʻlchashlar oʻtkazilishini talab qilishga haqlidir.

22. Agar laboratoriyada baholash uchun shart-sharoitlar taʼminlanmasa, baholash komissiyasining raisi vakolatli organga tegishli hisobotni taqdim qilishi kerak, uning asosida vakolatli organ maʼqullash jarayoni ikki oydan oshmagan muddatga toʻxtatilgani toʻgʻrisida ariza beruvchiga xabar beradi.

Agar ariza beruvchi belgilangan muddatda laboratoriyada baholash ishlarini amalga oshirish uchun shart-sharoitlarni yaratib bermasa, maʼqullash uchun berilgan arizani koʻrib chiqish toʻxtatiladi.

23. Vakolatli organ laboratoriyada baholash natijalari davomida aniqlangan nomuvofiqliklarni (agar mavjud boʻlsa) oʻz ichiga qamrab oluvchi baholash komissiyasining dalolatnomasini (keyingi oʻrinlarda — dalolatnoma) rasmiylashtiradi.

Dalolatnoma barcha komissiya aʼzolari, shuningdek, oʻzining alohida fikrini zarurat boʻlganda ifodalashga haqli boʻlgan ariza beruvchining vakolatli vakili tomonidan imzolanadi.

Dalolatnoma ikki nusxada tuzilib, bir nusxasi ariza beruvchining vakolatli vakiliga beriladi.

24. Baholash komissiyasi rasmiylashtirgan ijobiy dalolatnomani bir ish kunidan kechikmay vakolatli organga taqdim etadi.

25. Baholash komissiyasi tomonidan laboratoriyaning belgilangan talablarga nomuvofiqligi toʻgʻrisidagi dalolatnoma rasmiylashtirilgan holatlarda, ariza beruvchi ushbu dalolatnomada koʻrsatilgan nomuvofiqliklarni uch oydan oshmagan muddatda bartaraf etishi, nomuvofiqliklar bartaraf etilganini tasdiqlovchi hujjatlarni (hisobot) vakolatli organga yuborishi lozim.

Belgilangan muddatlarda ariza beruvchi tomonidan nomuvofiqliklar bartaraf qilinib, vakolatli organga taqdim etilmagan holatlarda vakolatli organ laboratoriyani maʼqullashni rad etish toʻgʻrisida ariza beruvchiga elektron xabarnoma yuboradi.

26. Vakolatli organ hisobot olingan kundan eʼtiboran uning besh ish kunida koʻrib chiqilishini taʼminlaydi.

Baholash komissiyasi ariza beruvchi tomonidan baholash jarayonida aniqlangan nomuvofiqliklar bartaraf etilgani boʻyicha taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligini oʻrganadi. Agar hisobotda keltirilgan maʼlumotlar nomuvofiqliklarni bartaraf etish uchun yetarli boʻlmasa, komissiya qoʻshimcha maʼlumotlarni soʻrashga haqlidir.

27. Baholash komissiyasi nomuvofiqliklarni bartaraf etish holatini oʻrganish natijalari boʻyicha yakuniy dalolatnomani bir ish kunidan kechikmay vakolatli organga taqdim etadi.

28. Vakolatli organ bir ish kuni mobaynida yakuniy dalolatnoma asosida quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

laboratoriyaning texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash;

maʼqullash sohasini qisqartirgan holda laboratoriyaning texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash;

laboratoriyaning texnik jihatdan malakaliligini maʼqullashni rad etish;

dalolatnoma xulosalariga qoʻshilmagan taqdirda — laboratoriyaning maʼqullash talablari va shartlariga muvofiqligini haq olmasdan qoʻshimcha baholash.

29. Quyidagilar laboratoriyani maʼqullashni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun asos boʻladi:

baholash vaqtida zarur maʼlumotlarni taqdim etishdan bosh tortish;

ariza beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda noaniq yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlarning mavjudligi;

laboratoriyaning maʼqullash talablari va shartlariga nomuvofiqligi.

Boshqa asoslar boʻyicha maʼqullashni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

30. Laboratoriyani maʼqullash toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda vakolatli organ tomonidan bir ish kunidan kechikmay, laboratoriyaga axborot tizimi orqali ikki yil muddatga laboratoriyani maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnoma tasdiqlanadi va avtomatik tarzda reyestrga kiritiladi.

Agar laboratoriyani maʼqullashni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinsa, vakolatli organ bir ish kunidan kechikmay, ariza beruvchiga elektron xabarnoma yuboradi.

31. Vakolatli organ tomonidan maʼqullangan laboratoriyalarning axborot tizimida reyestri yuritiladi. Reyestr tanishish uchun ochiq hisoblanadi.

32. Agar laboratoriyani maʼqullash toʻgʻrisida guvohnomaning amal qilish muddati tugashidan bir oy oldin takroriy maʼqullash uchun ariza taqdim etilganda, vakolatli organ ilgari berilgan maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilish muddatini tegishli qaror qabul qilingan kungacha uzaytirish huquqiga ega, bunda uzaytirish muddati uch oydan oshmasligi kerak.

33. Takroriy maʼqullash tartibi ushbu bobda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

34. Yuridik shaxs ushbu reglamentning 4-bandida belgilangan talablar va shartlarga, maʼqullash sohasiga rioya qilishga hamda oʻtkazilgan sinashlar yoki oʻlchashlarning ishonchligiga javobgar.

35. Ariza beruvchi kamida bir yilda bir marta maʼqullashning talab va shartlari bajarilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni axborot tizimiga kiritib boradi.

36. Agar vakolatli organga maʼqullash talab va shartlari buzilgani toʻgʻrisida murojaat tushsa, murojaatda keltirilgan vajlarning haqqoniyligini oʻrganish uchun aynan ushbu vajlar boʻyicha laboratoriyani qayta baholashga (keyingi oʻrinlarda — qayta baholash) haqlidir.

37. Laboratoriya faoliyati ushbu reglamentning 17 — 21 , 23 — 27-bandlariga muvofiq qayta baholanadi.

38. Vakolatli organ uch ish kunidan kechikmay laboratoriya faoliyatini qayta baholash dalolatnomasi koʻrib chiqilishini taʼminlaydi va quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini tasdiqlash;

maʼqullash sohasini qisqartirgan holda, maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini tasdiqlash;

maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini toʻxtatish;

maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini tugatish.

Vakolatli organning qarori toʻgʻrisida laboratoriyaga qaror qabul qilinganidan keyin bir ish kunidan kechikmay elektron xabarnoma yuboradi.

39. Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilish muddati mazkur reglamentning 3 va 4-boblarida belgilangan tartibda toʻxtatib turiladi (tiklanadi) yoki tugatiladi.

40. Yuridik shaxs vakolatli organning maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish yoki tugatish toʻgʻrisidagi qarori ustidan vakolatli organ huzuridagi apellyatsiya komissiyasiga yoki sud tartibida shikoyat qilishi mumkin.

3-bob. Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish (tiklash)

41. Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishi quyidagi hollarda toʻxtatib turiladi:

yuridik shaxs maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisida yozma murojaat qilganida;

laboratoriya tomonidan maʼqullash talablari va shartlari buzilgani aniqlanganda.

42. Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishi vakolatli organ yoki sud tomonidan toʻxtatib turiladi. Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishi vakolatli organ tomonidan oʻn kundan koʻp boʻlmagan muddatga, sud tomonidan esa oʻn kundan ortiq, lekin ikki oydan koʻp boʻlmagan muddatga toʻxtatib turilishi mumkin.

Belgilangan muddat ichida maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish uchun asos boʻlgan talablar va shartlar bartaraf qilinmasa, vakolatli organ maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnoma amal qilishini toʻxtatib turish muddatini uzaytirish boʻyicha sudga daʼvo ariza kiritishi lozim.

Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnoma amal qilishi tiklangunga qadar laboratoriya tomonidan oʻtkaziladigan oʻlchashlar yoki sinashlar natijalarini rasmiylashtirishda maʼqullash jarayonidan oʻtganlik maqomiga havola qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

43. Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnoma amal qilishi ushbu reglamentning 41-bandi uchinchi xatboshisida koʻrsatilgan holatda toʻxtatilgan boʻlsa, yuridik shaxs vakolatli organga tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilingan nomuvofiqliklarni bartaraf etish toʻgʻrisidagi hisobotni taqdim etadi. Bunda hisobotni taqdim etish muddati vakolatli organning qarori qabul qilingan sanadan boshlab ikki oydan oshmasligi kerak.

Agar belgilangan muddatda yuridik shaxs tomonidan vakolatli organga nomuvofiqliklarni bartaraf etish toʻgʻrisida hisobot taqdim etilmasa, maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishi tugatiladi.

44. Nomuvofiqliklar bartaraf etilgani holati ushbu reglamentning 26 va 27-bandlariga muvofiq oʻrganiladi.

45. Vakolatli organ baholash komissiyasi tomonidan yakuniy dalolatnoma taqdim etilganidan soʻng bir ish kunidan kechiktirmay tegishli qaror qabul qiladi.

46. Maʼqullash toʻgʻrisida guvohnomaning amal qilishi axborot tizimida real vaqt rejimida toʻxtatib turiladi va qayta tiklanadi hamda elektron reyestrda uning holati yangilab boriladi.

4-bob. Maʼqullash toʻgʻrisida guvohnomaning amal qilishini tugatish

47. Quyidagi hollarda maʼqullash toʻgʻrisida guvohnomaning amal qilishi tugatilishi mumkin:

yuridik shaxs maʼqullash toʻgʻrisida guvohnomaning amal qilishini tugatish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat qilganda;

yuridik shaxs (huzurida faoliyat koʻrsatayotgan laboratoriya) tugatilganda;

guvohnoma amal qilishining toʻxtatib turilishiga sabab boʻlgan holatlar vakolatli organ belgilagan muddatda yuridik shaxs tomonidan bartaraf etilmaganda;

maʼqullash sohasi buzilganda (maʼqullash jarayonidan oʻtganlik maqomini belgilovchi matnli havolani koʻrsatgan holda maʼqullash taqdim etilgan sohadan tashqari oʻlchash yoki sinashlarni oʻtkazish);

guvohnomani olishda soxta hujjat va asoslanmagan maʼlumotlardan foydalangani aniqlanganda.

48. Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishi vakolatli organning qarori bilan tugatiladi.

Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini tugatish toʻgʻrisidagi qaror axborot tizimida qabul qilinadi va real vaqt rejimida elektron reyestrda uning holati yangilanadi.

Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishi vakolatli organ tomonidan qabul qilingan qarorda koʻrsatilgan sanadan boshlab tugatiladi.

49. Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnoma ushbu reglamentning 47-bandi toʻrtinchi — oltinchi xatboshilariga muvofiq tugatilganda, maʼqullash uchun takroriy soʻrovnoma uch oydan keyin taqdim etilishi mumkin.

50. Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnoma bekor qilinganda maʼqullash uchun takroriy soʻrovnoma taqdim etilishi mumkin.

5-bob. Maʼqullash sohasini kengaytirish va qisqartirish, shuningdek, maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomani qayta rasmiylashtirish

51. Maʼqullash sohasi yuridik shaxsning soʻrovnomasiga asosan ushbu reglamentning 16 — 29-bandlarida nazarda tutilgan tartibda kengaytiriladi.

Laboratoriyaning maʼqullash sohasini kengaytirish toʻgʻrisidagi vakolatli organ tomonidan ijobiy qaror qabul qilinganda, maʼqullash sohasi yangi tahrirda tasdiqlanadi, agar rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinsa, vakolatli organ bir ish kunidan kechikmay, ariza beruvchining shaxsiy kabinetiga elektron xabarnoma yuboradi.

52. Laboratoriyaning maʼqullash sohasi vakolatli organning qarori bilan quyidagilar asosida qisqartiriladi:

laboratoriyaning maʼqullash sohasini qisqartirish toʻgʻrisidagi arizasi;

laboratoriya faoliyatini qayta baholash natijalariga koʻra.

53. Maʼqullash sohasi qisqartirilganda, vakolatli organ tomonidan laboratoriyaning maʼqullash sohasiga tegishli oʻzgartirishlar kiritilib, yangi tahrirda tasdiqlanadi.

Maʼqullash sohasini qisqartirish uchun toʻlov undirilmaydi.

54. Laboratoriya qayta tashkil etilgan, uning nomi, yuridik manzili yoki joylashgan joyi (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, mazkur maʼlumotlar vakolatli organning axborot tizimida avtomatik ravishda aniqlanadi hamda monitoring qilib boriladi.

55. Laboratoriya joylashgan joy oʻzgarganda, ushbu reglamentning 2-bobida belgilangan tartibda takroran maʼqullanadi.

56. Agar yuridik shaxs ilgari maʼqullangan laboratoriyaning vorisi boʻlmasa, hujjatlar keyinchalik ushbu reglamentning 2-bobida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.

6-bob. Maʼqullangan laboratoriya hujjatlarini dolzarblashtirish

57. Quyidagi hollarda maʼqullangan laboratoriyaning hujjatlari dolzarblashtiriladi:

laboratoriyani maʼqullash sohasida koʻrsatilgan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar oʻrniga yangi hujjatlar amalga kiritilganda, shuningdek, ularga oʻzgartishlar va qoʻshimchalar kiritilganda (qabul qilingan normativ hujjatda mahsulotlarning yangi turlari, sinash (oʻlchash) usullari koʻrsatilgan hollar bundan mustasno);

texnik pasportda keltirilgan maʼlumotlar oʻzgarganda.

58. Maʼqullash boʻyicha hujjatlar dolzarblashtirilsa, laboratoriya buning sabablarini koʻrsatgan holda oʻzgartirishlar kiritilgan hujjatlarni, shu jumladan, kiritilayotgan oʻzgartishlar yuzasidan qiyosiy tahlilni ilova qilib axborot tizim orqali soʻrovnoma taqdim etadi.

59. Vakolatli organ taqdim etilgan hujjatlarni oʻn besh ish kuni ichida koʻrib chiqadi va ushbu reglamentning 8-bandiga asosan taqdim etilgan hujjatlar toʻplamiga qoʻshimcha sifatida kiritadi. Ushbu reglamentning 57-bandi ikkinchi xatboshisiga muvofiq laboratoriyaning maʼqullash sohasi dolzarblashtirilgan taqdirda, u yangi tahrirda tasdiqlanadi.

7-bob. Apellyatsiyani koʻrib chiqish

60. Baholash natijalari boʻyicha vakolatli organning salbiy qaror qabul qilinganda, yuridik shaxs qaror qabul qilingan sanadan boshlab oʻttiz kalendar kun mobaynida vakolatli organga yozma shaklda apellyatsiya berish huquqiga ega.

Vakolatli organning qarori qabul qilingan sanadan boshlab oʻttiz kalendar kundan ortiq muddatda berilgan apellyatsiya koʻrib chiqilmaydi.

61. Apellyatsiya komissiyasi har bir aniq apellyatsiyani koʻrib chiqish uchun zaruratga koʻra shakllantiriladi. Apellyatsiya komissiyasi tarkibi vakolatli organ rahbarining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi. Apellyatsiya komissiyasi tarkibini shakllantirish va tasdiqlash muddatlari apellyatsiya olingan kundan boshlab uch kundan ortiq boʻlmasligi lozim.

62. Apellyatsiya komissiyasining tarkibi vakolatli organ vakillaridan, apellyatsiya bergan yuridik shaxsni baholashda ishtirok etmagan, qoʻshimcha jalb qilinadigan malakali mutaxassislardan shakllantiriladi. Bunda apellyatsiya komissiyasi tarkibida vakolatli organning xodimlari soni apellyatsiya komissiyasi aʼzolari umumiy sonining yarmidan kam boʻlishi kerak.

63. Apellyatsiya komissiyasi berilgan apellyatsiyani koʻrib chiqadi va qabul qilingan qaror toʻgʻrisida yuridik shaxsga yozma ravishda maʼlum qiladi. Apellyatsiyani koʻrib chiqish muddati u berilgan sanadan boshlab oʻn kalendar kundan oshmasligi kerak.

64. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiyani koʻrib chiqish natijalari boʻyicha quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

apellyatsiyani qanoatlantirish;

apellyatsiyani qisman qanoatlantirish;

apellyatsiyani qanoatlantirishni rad etish.

65. Vakolatli organ ikki ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda qabul qilingan qaror toʻgʻrisidagi xabarnomani apellyatsiya bergan yuridik shaxsga yozma shaklda yuboradi.

66. Aynan bir masalada takroran apellyatsiya berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

67. Apellyatsiya komissiyasining qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilish mumkin.

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

68. Davlat xizmatlari markazlari va vakolatli organ oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olgan maʼlumotlarining sir saqlanishini taʼminlaydi.

69. Ariza beruvchi davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlari xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishlari mumkin.

70. Ushbu reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA

Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullashdan oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Ariza beruvchi Sinov laboratoriyasini maʼqullashdan oʻtkazish uchun: Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib; Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) yoki “Texnik tartibga solish” milliy axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) orqali soʻrovnoma toʻldiradi. Ariza beruvchining xohishiga koʻra 2-bosqich Davlat xizmatlari markazi, YIDXP, axborot tizimi Maʼqullash uchun soʻrovnomani Texnik jihatdan tartibga solish sohasida nazorat inspeksiyasiga (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organga) yuboradi. Real vaqt rejimida 3-bosqich Vakolatli organ Taqdim etilgan hujjat va maʼlumotlar toʻliqligini oʻrganadi hamda ariza beruvchiga toʻlov invoysini yuboradi. Uch ish kuni mobaynida 4-bosqich Vakolatli organ Taqdim etilgan hujjatlar toʻliq boʻlmagan taqdirda, ularni qaytaradi. Bir ish kuni mobaynida 5-bosqich Ariza beruvchi Invoysda koʻrsatilgan toʻlovni toʻlaydi. Oʻn ish kuni mobaynida 6-bosqich Vakolatli organ Laboratoriyada baholash uchun vakolatli organ xodimlaridan va (yoki) texnik ekspertlardan iborat baholash komissiyasini shakllantiradi. Ikki ish kuni mobaynida 7-bosqich Baholash komissiyasi Laboratoriyani baholaydi va natijalari boʻyicha dalolatnoma rasmiylashtiradi. Un ish kunidan oshmagan muddatda 8-bosqich Vakolatli organ Laboratoriyani baholash uchun shart-sharoitlar bilan taʼminlanmasa, maʼqullash ishini toʻxtatadi. Shart-sharoitlar taʼminlanmagan kundan boshlab ikki oygacha 9-bosqich Baholash komissiyasi Ijobiy dalolatnoma rasmiylashtirgan taqdirda, dalolatnomani qaror qabul qilish uchun vakolatli organga beradi. Bir ish kunidan kechikmay 10-bosqich Ariza beruvchi Nomuvofiqlik toʻgʻrisida dalolatnoma rasmiylashtirilgan holatlarda, ushbu dalolatnomada koʻrsatilgan nomuvofiqlikni bartaraf etadi va nomuvofiqlik bartaraf etilganini tasdiqlovchi hujjatlarni (hisobot) vakolatli organga yuboradi. Uch oydan oshmagan muddatda 11-bosqich Vakolatli organ Laboratoriya hisobotini koʻrib chiqadi. Hisobot olingan kundan boshlab besh ish kunidan kechikmay 12-bosqich Baholash komissiyasi Oʻrganish natijalari boʻyicha yakuniy dalolatnomani rasmiylashtiradi hamda vakolatli organga taqdim etadi. Bir ish kunidan kechikmay 13-bosqich Vakolatli organ Dalolatnomani koʻrib chiqib, qaror qabul qiladi. Bir ish kunidan kechikmay 14-bosqich Axborot tizimi 1. Laboratoriyani maʼqullash toʻgʻrisida ijobiy qaror qabul qilinganda, laboratoriyani maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomani tasdiqlaydi. 2. Laboratoriyani maʼqullashni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, laboratoriyaga maʼqullash rad etilishi toʻgʻrisida ariza beruvchiga elektron xabarnoma yuboradi. Bir ish kunidan kechikmay

Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA

Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullashdan oʻtkazish boʻyicha

Ariza beruvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 1. STIRi: 2. Yuridik shaxsning nomi: 3. Yuridik shaxsning manzili: 4. Telefon raqami: 5. Yuridik shaxs rahbarining yoki vakili JSHSHIR maʼlumoti, pasporti (ID-kartasi) seriyasi va raqami: 6. Sinov laboratoriyasining manzili: 7. Sinov laboratoriyasining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash uchun soʻralayotgan sohada malakaga ega boʻlgan xodimning JSHSHIR maʼlumoti, pasporti (ID-kartasi) seriyasi va raqami: 8. Xizmatdan foydalanish sababi: Sinov laboratoriyasini texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash Maʼqullash sohasini kengaytirish Maʼqullash toʻgʻrisidagi guvohnomani qayta rasmiylashtirish Maʼqullash sohasini qisqartirish Ilova qilinadigan hujjatlar: maʼqullash soʻralayotgan maʼqullash sohasini aniqlovchi sinash usullari (metodikalari) va (yoki) oʻlchash turlarining roʻyxati; sinov laboratoriyasining tartib-taomil hujjatlari; sinov laboratoriyasining texnik pasporti (laboratoriya, jihoz, qoʻllanadigan sinash va oʻlchash vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumot)

Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullashni shakllantirish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA

Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash xizmatlarini koʻrsatish narxlari

Maʼqullash uchun sinash koʻrsatkichlari soni Bazaviy hisoblash miqdori baravari 1 — 10 25 11 — 20 35 21 — 30 47 31 — 40 59 41 — 50 72 51 — 60 85 61 — 70 97 71 — 80 110 81 — 90 123 91 — 100 136 101 — 110 144 111 — 120 152 121 — 130 160 131 — 140 168 141 — 150 176

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 24-iyundagi 323-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Sinov laboratoriyalarining texnik jihatdan malakaliligini maʼqullash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2020-yil 28-iyuldagi 456-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Transport vositalarini majburiy texnik koʻrikdan oʻtkazish tartibini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 9-martdagi 125-son qaroriga 2-ilovaning 18-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi toʻgʻrisidagi va Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining Texnik jihatdan tartibga solish, standartlashtirish, sertifikatlashtirish va metrologiya sohasida davlat nazorati departamenti toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash haqida” 2022-yil 11-martdagi 114-son qaroriga 3-ilovaning 36-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 869-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi davlat boshqaruvi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2024-yil 1-iyuldagi 371-son qaroriga ilovaning 12-bandi .

6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2025-yil 8-apreldagi 211-son qaroriga 1-ilovaning 13-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 24-iyun,

323-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.06.2026-y., 09/26/323/0627-son)

lex.uz