UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 25-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 25 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 21 августдаги ПФ-141-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 21 августдаги ПФ-141-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб «Суд фаолияти» мутахассислиги бўйича амалий магистратура дастури асосида ўқитиш ташкил этилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

магистратура босқичида ўқув жараёни таълимнинг кундузги ва кечки шаклларида тўлов-контракт асосида ташкил этилиши;

магистратура дастурлари бўйича қабул параметрлари, тўлов-контракт қиймати ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси кенгаши таклифи асосида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан тасдиқланиши;

магистратура мутахассислигига ички ва ташқи абитуриентлар алоҳида танлов асосида қабул қилиниши;

магистратура дастури бўйича таълим олиш муддати бир йилни ташкил этиши, битирувчиларга магистратура мутахассислиги бўйича давлат намунасидаги диплом берилиши.

3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 июндаги 327-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 21 августдаги ПФ-141-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси (кейинги ўринларда — Академия) магистратурасига (кейинги ўринларда — магистратура) ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси кенгаши (кейинги ўринларда — Академия Кенгаши) — Академия ректори раҳбарлик қиладиган жамоатчилик бошқаруви органи;

Академия қабул комиссияси — магистратура мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилиш учун танлов ўтказиш, абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш ва уларга маслаҳатлар бериш ҳамда бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш учун ҳар йили Академия ректори буйруғи билан камида 5 нафар аъзодан иборат таркибда тузиладиган комиссия;

ички абитуриент — олий юридик маълумотга эга бўлган, суд тизимида, судьялар ҳамжамияти органлари ва муассасаларида камида 3 йиллик иш стажига эга бўлган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Президент Администрацияси раҳбари томонидан тайинланадиган ёки келишиб олинадиган лавозимларда фаолият юритиб келаётган ҳамда ушбу Низом талаблари асосида магистратурага ўқишга кириш танловларида иштирок этувчи шахс;

ташқи абитуриент — олий юридик маълумотга эга бўлган ҳамда ушбу Низом талаблари асосида магистратурага ўқишга кириш танловларида иштирок этувчи шахс.

3. Магистратура мутахассислигига қабул жараёни таълимнинг кундузги ва кечки таълим шакллари учун амалга оширилади.

4. Магистратурада ўқиш муддати — кундузги ва кечки таълим шакллари учун бир йилни ташкил этади.

5. Магистратура мутахассислигининг кечки таълим шаклида (кундузги таълимдан фарқли равишда) бир ҳафтада одатда, беш кун ўқитилади ва ҳафталик ўқув соати ҳажми 20 академик соат қилиб белгиланади.

6. Кечки таълимда ўқиш кундузги смена меҳнат фаолиятидан кейинги вақтда аудитория машғулотлари (маъруза, амалий машғулот ва бошқалар) шаклида амалга оширилади.

7. Магистратурага қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим ташкилотларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.

8. Магистратурада ўқитиш тўлов-контракт асосида ташкил этилиб, магистратура дастурлари бўйича ички ва ташқи абитуриентлар қабул параметрлари, тўлов-контракт қиймати ҳар йили Академия Кенгаши таклифи асосида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан тасдиқланади.

Академиянинг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини тўлаш бўйича имтиёзлар қонунчиликка мувофиқ қўлланади.

9. Академиянинг магистратура мутахассислигига қабул ушбу Низомда белгиланган ўзига хос қоидаларни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом асосида Академия қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.

10. Магистратура мутахассислигига қабул тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва танлов асосида амалга оширилиб, кириш имтиҳонида юқори балл тўплаган абитуриентлар тўплаган баллари рейтинги асосида қабул қилинади.

11. Магистратурага юриспруденция бакалавриат таълим йўналиши ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланган магистратурага қабул бўйича турдош олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига эга бўлган шахслар ўртасида танлов асосида қабул қилинади.

12. Танлов, қоида тариқасида, август ойида магистратурада ўқитиладиган тилда ўтказилади.

Қабул параметрларининг ўқитиш тили бўйича тақсимоти Академия Кенгаши томонидан белгиланади.

13. Магистратура битирувчиларига магистратура мутахассислиги бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.

2-боб. Академия қабул комиссияси фаолиятини ташкил этиш ва ҳужжатларни қабул қилиш

14. Академия қабул комиссияси раиси, раис ўринбосари, аъзолар ва масъул котибдан иборат таркибда шакллантирилади ва унинг фаолияти масъул котиб томонидан мувофиқлаштирилади.

15. Академия қабул комиссияси мажлисида аъзоларнинг учдан икки қисми иштирок этганда, у ваколатли ҳисобланади. Овозлар сони тенг бўлганда, Академия қабул комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

16. Академия қабул комиссияси магистратурага қабул бошланишидан бир ой олдин қабул муддати, мутахассислик шифри ва номи, қабул параметрлари, танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, кириш имтиҳони ўтказиладиган имтиҳон дастурини Академиянинг расмий веб-саҳифаси ва ижтимоий тармоқларида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

17. Абитуриентлар ҳар йили 1 июлдан 30 июлгача (30 июль куни ҳам) Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтказилади ҳамда ҳужжатлари электрон платформага юкланади.

Ички абитуриентлардан қўшимча равишда маълумотнома (объективка), меҳнат дафтарчаси талаб этилади, хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат эса ички абитуриентнинг хоҳишига кўра тақдим этилиши мумкин.

18. Кириш имтиҳони ўтказиладиган бино ва аудиторияларда уларни ўтказиш учун санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган зарур техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилиши таъминланади.

3-боб. Танловни ўтказиш

19. Ташқи абитуриентлар учун магистратурага қабул Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом асосида Академия қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.

20. Ички абитуриентлар учун магистратурага қабул мутахассислик фанларидан, шунингдек, хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат бўлмаган тақдирда, чет тилидан тест шаклидаги танлов орқали амалга оширилади.

Бунда баҳолаш мезонлари қуйидагича белгиланади:

мутахассислик фанлари бўйича 40 та тест учун — 80 балл;

чет тили бўйича 10 та тест учун — 20 балл.

Тест синовларида энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл 100 баллни ташкил этади. Кириш имтиҳонида 56 ва паст баллни тўплаган абитуриентлар ўқишга қабул қилинмайди.

Тест синовлари Академия томонидан ёки унинг буюртмасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилади.

21. Тест синовлари Агентлик томонидан ўтказилган тақдирда, уларни ташкил этиш ва ўтказишда қуйидаги тартиблар эътиборга олинади:

мутахассислик фанлари бўйича тест топшириқлари Академия томонидан тақдим этилган дастурлар асосида тавсия этилган мутахассислар томонидан Агентлик биносида махфийлик таъминланган ҳолда шакллантирилади. Бунда тест топшириқлари ўқитиш тилида тузилади ҳамда ҳар бир савол учун тўртта жавоб варианти келтирилиб, улардан фақат биттаси тўғри бўлади;

тест синовларида қатнашувчи абитуриентларнинг рўйхати (фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)) Академия томонидан Агентликка тақдим этилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида Агентлик томонидан Академия билан келишган ҳолда тест синови ўтказиш санаси ва вақти белгиланиб, Академия бу ҳақида хабардор қилинади;

абитуриентлар тест синовларига шахсини тасдиқловчи ҳужжат (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) асосида киритилади;

тест синовлари ўтказиладиган бинога абитуриентлар махсус текширувдан ўтказилган ҳолда киритилади. Бунда жадвал, китоб, мобил телефон, компьютер, калькулятор, телекоммуникация воситалари ҳамда бошқа ёрдамчи материалларни олиб кириш, шунингдек, тест жараёнида ўзаро мулоқот қилиш ёки бир-бирига ёрдам бериш тақиқланади. Ушбу талабларни бузган шахслар тест синовидан четлаштирилади ва тестдан ўтмаган деб ҳисобланади.

22. Тест синовларида иштирок этиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

Тест синовлари Агентлик томонидан ўтказилган тақдирда, тўлов Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги фаолиятини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобрақамига ўтказилади.

23. Академияга ўқишга қабул қилинган ички абитуриентларнинг синов ишлари улар шахсий ҳужжатларининг йиғмажилдларига киритилади.

24. Кириш имтиҳонини ўтказиш жадвали Академия қабул комиссиясининг қарори билан тасдиқланади. Қарорга кириш имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган ички абитуриентлар рўйхати, қоида тариқасида, гуруҳларга бўлинган ҳолда илова қилинади.

25. Кириш имтиҳони ўтказиладиган имтиҳон дастури Академия қабул комиссияси томонидан тасдиқланади.

26. Кириш имтиҳони ўтказилишига қадар Академия қабул комиссияси томонидан синов фанлари бўйича тасдиқланган маслаҳатлар жадвалига мувофиқ машғулотлар ташкил этилади.

27. Ички абитуриентлар кириш имтиҳонини топшириш учун белгиланган вақт ва жойга ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан келиши лозим. Белгиланган вақтдан кеч қолган ички абитуриентлар синовга киритилмайди, синовда қатнашмаган ички абитуриентлар учун қўшимча синов ўтказилмайди.

28. Ички абитуриентларнинг кириш синовлари давомида аудиториядан чиқиши тақиқланади. Уларнинг соғлиғи ёмонлашиши ва бошқа зарур ҳолатларда синов материалларини қолдириб, кузатув остида аудиториядан чиқишга рухсат берилади.

29. Кириш имтиҳонини ўтказиш тартибини бузган ички абитуриентлар аудитория кузатувчилари томонидан далолатнома расмийлаштирган ҳолда синовдан четлаштирилади ва уларнинг синов ишлари баҳоланмайди.

30. Кириш имтиҳони натижалари тест натижалари тақдим этилган вақтдан эътиборан 24 соат давомида Академия расмий веб-сайтида эълон қилинади.

4-боб. Танлов натижалари бўйича шикоятларни кўриб чиқиш

31. Ички абитуриентларнинг кириш имтиҳони натижалари бўйича шикоятлари натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Академия қабул комиссияси томонидан тасдиқланган камида уч нафардан иборат Апелляция комиссиясига тақдим этилади.

Апелляция комиссияси шикоятни берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқади.

Агентлик томонидан ўтказилган тест синовлари бўйича шикоят у Академия томонидан Агентликка тақдим этилган санадан бошлаб беш иш кунидан кечикмасдан кўриб чиқилади ва шикоятни кўриб чиқиш натижаси юзасидан қабул қилинган хулосалар Агентлик томонидан Академияга тақдим этилади.

Шикоят кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинган куни абитуриентга шикояти қаноатлантирилгани ёки рад этилгани тўғрисида Академия томонидан ёзма равишда хабар берилади.

Апелляция комиссиясининг таркибига Академия қабул комиссияси аъзолари киритилмайди.

32. Кириш имтиҳони натижалари бўйича шикоятларни кўриб чиқиш куни ва вақти ҳақида Академия расмий веб-сайтида эълон берилади.

33. Ички абитуриентларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш натижасида Апелляция комиссияси:

кириш имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириши ва шикоятни қаноатлантиришни рад этиши;

ички абитуриентнинг шикоятини қаноатлантириши мумкин.

Ички абитуриентнинг шикояти қаноатлантирилган тақдирда, Апелляция комиссияси ички абитуриентнинг кириш имтиҳони ишига узил-кесил балл қўяди ва қабул қилинган якуний қарор ҳақида унга хабар беради.

Ички абитуриентлар Апелляция комиссияси қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.

5-боб. Ўқишга қабул қилиш тартиби

34. Академия қабул комиссияси томонидан тест синовлари баллари жамланиб, умумий қайдномада таълим шакллари бўйича шакллантирилади.

Рўйхатда ички абитуриентлар тўплаган энг юқори баллдан бошлаб камайиб бориш тартибида ўқишга қабул қилинганлар танлаб олинади.

35. Умумий қайднома асосида Академия қабул комиссияси томонидан абитуриентларни магистратурага ўқишга қабул қилишга тавсия этиш тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, тасдиқланади.

36. Академия қабул комиссиясининг баённомаларига асосан Академия ректорининг тўлов-контракт асосида абитуриентларни дарсга қўйиш ҳақидаги буйруғи чиқарилади ҳамда бу ҳақдаги маълумот Академия расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тавсия этилган абитуриентлар шартномада белгиланган тўлов суммасининг тегишли қисмини белгиланган муддатда тўлаган тақдирда, Академия ректорининг магистратура талабалари сафига қабул қилиш ҳақида буйруғи чиқарилади.

37. Тўлов-контракт асосида дарсга қўйилган талабалар шартномада белгиланган муддатларда тўлов суммасининг тегишли қисмини тўлиқ тўлашлари лозим.

Тўлов-контракт бўйича шартнома шартларини белгиланган муддатда бажармаган талабалар Академия ректорининг буйруғига асосан ўқишдан четлаштирилади.

6-боб. Якунловчи қоида

38. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 25 июнь,

327-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2026 й., 09/26/327/0628-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Odil sudlov akademiyasi magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Odil sudlov sohasida yuqori malakali kadrlar tayyorlash tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 21-avgustdagi PF-141-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Odil sudlov akademiyasi magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibini belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Odil sudlov sohasida yuqori malakali kadrlar tayyorlash tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 21-avgustdagi PF-141-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Odil sudlov akademiyasida 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab “Sud faoliyati” mutaxassisligi boʻyicha amaliy magistratura dasturi asosida oʻqitish tashkil etilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Odil sudlov akademiyasi magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

magistratura bosqichida oʻquv jarayoni taʼlimning kunduzgi va kechki shakllarida toʻlov-kontrakt asosida tashkil etilishi;

magistratura dasturlari boʻyicha qabul parametrlari, toʻlov-kontrakt qiymati har yili Oʻzbekiston Respublikasi Odil sudlov akademiyasi kengashi taklifi asosida Oʻzbekiston Respublikasi Sudyalar oliy kengashi tomonidan tasdiqlanishi;

magistratura mutaxassisligiga ichki va tashqi abituriyentlar alohida tanlov asosida qabul qilinishi;

magistratura dasturi boʻyicha taʼlim olish muddati bir yilni tashkil etishi, bitiruvchilarga magistratura mutaxassisligi boʻyicha davlat namunasidagi diplom berilishi.

3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 25-iyundagi 327-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Odil sudlov akademiyasi magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Odil sudlov sohasida yuqori malakali kadrlar tayyorlash tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 21-avgustdagi PF-141-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Odil sudlov akademiyasi (keyingi oʻrinlarda — Akademiya) magistraturasiga (keyingi oʻrinlarda — magistratura) oʻqishga qabul qilish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Odil sudlov akademiyasi kengashi (keyingi oʻrinlarda — Akademiya Kengashi) — Akademiya rektori rahbarlik qiladigan jamoatchilik boshqaruvi organi;

Akademiya qabul komissiyasi — magistratura mutaxassisligi boʻyicha oʻqishga qabul qilish uchun tanlov oʻtkazish, abituriyentlardan hujjatlarni qabul qilish va ularga maslahatlar berish hamda boshqa tashkiliy masalalarni hal etish uchun har yili Akademiya rektori buyrugʻi bilan kamida 5 nafar aʼzodan iborat tarkibda tuziladigan komissiya;

ichki abituriyent — oliy yuridik maʼlumotga ega boʻlgan, sud tizimida, sudyalar hamjamiyati organlari va muassasalarida kamida 3 yillik ish stajiga ega boʻlgan, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Prezident Administratsiyasi rahbari tomonidan tayinlanadigan yoki kelishib olinadigan lavozimlarda faoliyat yuritib kelayotgan hamda ushbu Nizom talablari asosida magistraturaga oʻqishga kirish tanlovlarida ishtirok etuvchi shaxs;

tashqi abituriyent — oliy yuridik maʼlumotga ega boʻlgan hamda ushbu Nizom talablari asosida magistraturaga oʻqishga kirish tanlovlarida ishtirok etuvchi shaxs.

3. Magistratura mutaxassisligiga qabul jarayoni taʼlimning kunduzgi va kechki taʼlim shakllari uchun amalga oshiriladi.

4. Magistraturada oʻqish muddati — kunduzgi va kechki taʼlim shakllari uchun bir yilni tashkil etadi.

5. Magistratura mutaxassisligining kechki taʼlim shaklida (kunduzgi taʼlimdan farqli ravishda) bir haftada odatda, besh kun oʻqitiladi va haftalik oʻquv soati hajmi 20 akademik soat qilib belgilanadi.

6. Kechki taʼlimda oʻqish kunduzgi smena mehnat faoliyatidan keyingi vaqtda auditoriya mashgʻulotlari (maʼruza, amaliy mashgʻulot va boshqalar) shaklida amalga oshiriladi.

7. Magistraturaga qabul qilishda abituriyentlarning muayyan toifalariga respublikaning boshqa oliy taʼlim tashkilotlariga kirish uchun qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan imtiyozlar tatbiq etilmaydi.

8. Magistraturada oʻqitish toʻlov-kontrakt asosida tashkil etilib, magistratura dasturlari boʻyicha ichki va tashqi abituriyentlar qabul parametrlari, toʻlov-kontrakt qiymati har yili Akademiya Kengashi taklifi asosida Oʻzbekiston Respublikasi Sudyalar oliy kengashi tomonidan tasdiqlanadi.

Akademiyaning magistratura bosqichiga toʻlov-kontrakt asosida qabul qilingan va taʼlim olayotgan xotin-qizlarning toʻlov-kontrakt summasini toʻlash boʻyicha imtiyozlar qonunchilikka muvofiq qoʻllanadi.

9. Akademiyaning magistratura mutaxassisligiga qabul ushbu Nizomda belgilangan oʻziga xos qoidalarni inobatga olgan holda, Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 13-sentabrdagi 578-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim tashkilotlarining magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom asosida Akademiya qabul komissiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

10. Magistratura mutaxassisligiga qabul teng huquqlilik, yagona qabul qoidalari va tanlov asosida amalga oshirilib, kirish imtihonida yuqori ball toʻplagan abituriyentlar toʻplagan ballari reytingi asosida qabul qilinadi.

11. Magistraturaga yurisprudensiya bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan belgilangan magistraturaga qabul boʻyicha turdosh oliy taʼlim yoʻnalishlari roʻyxati boʻyicha bakalavr darajasiga ega boʻlgan shaxslar oʻrtasida tanlov asosida qabul qilinadi.

12. Tanlov, qoida tariqasida, avgust oyida magistraturada oʻqitiladigan tilda oʻtkaziladi.

Qabul parametrlarining oʻqitish tili boʻyicha taqsimoti Akademiya Kengashi tomonidan belgilanadi.

13. Magistratura bitiruvchilariga magistratura mutaxassisligi boʻyicha davlat namunasidagi diplom beriladi.

2-bob. Akademiya qabul komissiyasi faoliyatini tashkil etish va hujjatlarni qabul qilish

14. Akademiya qabul komissiyasi raisi, rais oʻrinbosari, aʼzolar va masʼul kotibdan iborat tarkibda shakllantiriladi va uning faoliyati masʼul kotib tomonidan muvofiqlashtiriladi.

15. Akademiya qabul komissiyasi majlisida aʼzolarning uchdan ikki qismi ishtirok etganda, u vakolatli hisoblanadi. Ovozlar soni teng boʻlganda, Akademiya qabul komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

16. Akademiya qabul komissiyasi magistraturaga qabul boshlanishidan bir oy oldin qabul muddati, mutaxassislik shifri va nomi, qabul parametrlari, tanlov oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, shuningdek, kirish imtihoni oʻtkaziladigan imtihon dasturini Akademiyaning rasmiy veb-sahifasi va ijtimoiy tarmoqlarida hamda ommaviy axborot vositalarida eʼlon qiladi.

17. Abituriyentlar har yili 1-iyuldan 30-iyulgacha (30-iyul kuni ham) Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali roʻyxatdan oʻtkaziladi hamda hujjatlari elektron platformaga yuklanadi.

Ichki abituriyentlardan qoʻshimcha ravishda maʼlumotnoma (obyektivka), mehnat daftarchasi talab etiladi, xorijiy tilni bilish darajasini belgilovchi milliy yoki xalqaro sertifikat esa ichki abituriyentning xohishiga koʻra taqdim etilishi mumkin.

18. Kirish imtihoni oʻtkaziladigan bino va auditoriyalarda ularni oʻtkazish uchun sanitariya va yongʻin xavfsizligi qoidalariga toʻliq javob beradigan zarur texnik, tibbiy va maishiy sharoitlar yaratilishi taʼminlanadi.

3-bob. Tanlovni oʻtkazish

19. Tashqi abituriyentlar uchun magistraturaga qabul Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 13-sentabrdagi 578-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim tashkilotlarining magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom asosida Akademiya qabul komissiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

20. Ichki abituriyentlar uchun magistraturaga qabul mutaxassislik fanlaridan, shuningdek, xorijiy tilni bilish darajasini belgilovchi milliy yoki xalqaro sertifikat boʻlmagan taqdirda, chet tilidan test shaklidagi tanlov orqali amalga oshiriladi.

Bunda baholash mezonlari quyidagicha belgilanadi:

mutaxassislik fanlari boʻyicha 40 ta test uchun — 80 ball;

chet tili boʻyicha 10 ta test uchun — 20 ball.

Test sinovlarida eng koʻp (maksimal) toʻplanishi mumkin boʻlgan ball 100 ballni tashkil etadi. Kirish imtihonida 56 va past ballni toʻplagan abituriyentlar oʻqishga qabul qilinmaydi.

Test sinovlari Akademiya tomonidan yoki uning buyurtmasiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda oʻtkaziladi.

21. Test sinovlari Agentlik tomonidan oʻtkazilgan taqdirda, ularni tashkil etish va oʻtkazishda quyidagi tartiblar eʼtiborga olinadi:

mutaxassislik fanlari boʻyicha test topshiriqlari Akademiya tomonidan taqdim etilgan dasturlar asosida tavsiya etilgan mutaxassislar tomonidan Agentlik binosida maxfiylik taʼminlangan holda shakllantiriladi. Bunda test topshiriqlari oʻqitish tilida tuziladi hamda har bir savol uchun toʻrtta javob varianti keltirilib, ulardan faqat bittasi toʻgʻri boʻladi;

test sinovlarida qatnashuvchi abituriyentlarning roʻyxati (familiyasi, ismi va otasining ismi, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR)) Akademiya tomonidan Agentlikka taqdim etilgan kundan boshlab oʻn besh kun ichida Agentlik tomonidan Akademiya bilan kelishgan holda test sinovi oʻtkazish sanasi va vaqti belgilanib, Akademiya bu haqida xabardor qilinadi;

abituriyentlar test sinovlariga shaxsini tasdiqlovchi hujjat (fuqarolik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti yoki haydovchilik guvohnomasi) asosida kiritiladi;

test sinovlari oʻtkaziladigan binoga abituriyentlar maxsus tekshiruvdan oʻtkazilgan holda kiritiladi. Bunda jadval, kitob, mobil telefon, kompyuter, kalkulyator, telekommunikatsiya vositalari hamda boshqa yordamchi materiallarni olib kirish, shuningdek, test jarayonida oʻzaro muloqot qilish yoki bir-biriga yordam berish taqiqlanadi. Ushbu talablarni buzgan shaxslar test sinovidan chetlashtiriladi va testdan oʻtmagan deb hisoblanadi.

22. Test sinovlarida ishtirok etish uchun qonunchilikda belgilangan tartibda abituriyentlardan bazaviy hisoblash miqdorining 50 foizi miqdorida toʻlov undiriladi.

Test sinovlari Agentlik tomonidan oʻtkazilgan taqdirda, toʻlov Bilim va malakalarni baholash agentligi faoliyatini rivojlantirish jamgʻarmasining hisobraqamiga oʻtkaziladi.

23. Akademiyaga oʻqishga qabul qilingan ichki abituriyentlarning sinov ishlari ular shaxsiy hujjatlarining yigʻmajildlariga kiritiladi.

24. Kirish imtihonini oʻtkazish jadvali Akademiya qabul komissiyasining qarori bilan tasdiqlanadi. Qarorga kirish imtihonida ishtirok etish huquqiga ega boʻlgan ichki abituriyentlar roʻyxati, qoida tariqasida, guruhlarga boʻlingan holda ilova qilinadi.

25. Kirish imtihoni oʻtkaziladigan imtihon dasturi Akademiya qabul komissiyasi tomonidan tasdiqlanadi.

26. Kirish imtihoni oʻtkazilishiga qadar Akademiya qabul komissiyasi tomonidan sinov fanlari boʻyicha tasdiqlangan maslahatlar jadvaliga muvofiq mashgʻulotlar tashkil etiladi.

27. Ichki abituriyentlar kirish imtihonini topshirish uchun belgilangan vaqt va joyga oʻz shaxsini tasdiqlovchi hujjat bilan kelishi lozim. Belgilangan vaqtdan kech qolgan ichki abituriyentlar sinovga kiritilmaydi, sinovda qatnashmagan ichki abituriyentlar uchun qoʻshimcha sinov oʻtkazilmaydi.

28. Ichki abituriyentlarning kirish sinovlari davomida auditoriyadan chiqishi taqiqlanadi. Ularning sogʻligʻi yomonlashishi va boshqa zarur holatlarda sinov materiallarini qoldirib, kuzatuv ostida auditoriyadan chiqishga ruxsat beriladi.

29. Kirish imtihonini oʻtkazish tartibini buzgan ichki abituriyentlar auditoriya kuzatuvchilari tomonidan dalolatnoma rasmiylashtirgan holda sinovdan chetlashtiriladi va ularning sinov ishlari baholanmaydi.

30. Kirish imtihoni natijalari test natijalari taqdim etilgan vaqtdan eʼtiboran 24 soat davomida Akademiya rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

4-bob. Tanlov natijalari boʻyicha shikoyatlarni koʻrib chiqish

31. Ichki abituriyentlarning kirish imtihoni natijalari boʻyicha shikoyatlari natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida Akademiya qabul komissiyasi tomonidan tasdiqlangan kamida uch nafardan iborat Apellyatsiya komissiyasiga taqdim etiladi.

Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni berilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida koʻrib chiqadi.

Agentlik tomonidan oʻtkazilgan test sinovlari boʻyicha shikoyat u Akademiya tomonidan Agentlikka taqdim etilgan sanadan boshlab besh ish kunidan kechikmasdan koʻrib chiqiladi va shikoyatni koʻrib chiqish natijasi yuzasidan qabul qilingan xulosalar Agentlik tomonidan Akademiyaga taqdim etiladi.

Shikoyat koʻrib chiqilib, qaror qabul qilingan kuni abituriyentga shikoyati qanoatlantirilgani yoki rad etilgani toʻgʻrisida Akademiya tomonidan yozma ravishda xabar beriladi.

Apellyatsiya komissiyasining tarkibiga Akademiya qabul komissiyasi aʼzolari kiritilmaydi.

32. Kirish imtihoni natijalari boʻyicha shikoyatlarni koʻrib chiqish kuni va vaqti haqida Akademiya rasmiy veb-saytida eʼlon beriladi.

33. Ichki abituriyentlarning apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish natijasida Apellyatsiya komissiyasi:

kirish imtihoni natijalarini oʻzgarishsiz qoldirishi va shikoyatni qanoatlantirishni rad etishi;

ichki abituriyentning shikoyatini qanoatlantirishi mumkin.

Ichki abituriyentning shikoyati qanoatlantirilgan taqdirda, Apellyatsiya komissiyasi ichki abituriyentning kirish imtihoni ishiga uzil-kesil ball qoʻyadi va qabul qilingan yakuniy qaror haqida unga xabar beradi.

Ichki abituriyentlar Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan qonunchilikda belgilangan tartibda sudga murojaat qilishi mumkin.

5-bob. Oʻqishga qabul qilish tartibi

34. Akademiya qabul komissiyasi tomonidan test sinovlari ballari jamlanib, umumiy qaydnomada taʼlim shakllari boʻyicha shakllantiriladi.

Roʻyxatda ichki abituriyentlar toʻplagan eng yuqori balldan boshlab kamayib borish tartibida oʻqishga qabul qilinganlar tanlab olinadi.

35. Umumiy qaydnoma asosida Akademiya qabul komissiyasi tomonidan abituriyentlarni magistraturaga oʻqishga qabul qilishga tavsiya etish toʻgʻrisida bayonnomalar rasmiylashtirilib, tasdiqlanadi.

36. Akademiya qabul komissiyasining bayonnomalariga asosan Akademiya rektorining toʻlov-kontrakt asosida abituriyentlarni darsga qoʻyish haqidagi buyrugʻi chiqariladi hamda bu haqdagi maʼlumot Akademiya rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.

Toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga qabul qilish tavsiya etilgan abituriyentlar shartnomada belgilangan toʻlov summasining tegishli qismini belgilangan muddatda toʻlagan taqdirda, Akademiya rektorining magistratura talabalari safiga qabul qilish haqida buyrugʻi chiqariladi.

37. Toʻlov-kontrakt asosida darsga qoʻyilgan talabalar shartnomada belgilangan muddatlarda toʻlov summasining tegishli qismini toʻliq toʻlashlari lozim.

Toʻlov-kontrakt boʻyicha shartnoma shartlarini belgilangan muddatda bajarmagan talabalar Akademiya rektorining buyrugʻiga asosan oʻqishdan chetlashtiriladi.

6-bob. Yakunlovchi qoida

38. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 25-iyun,

327-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.06.2026-y., 09/26/327/0628-son)

lex.uz