📅 2026-yil 25-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 25-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 25 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚОИДАЛАРИ
Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар билан муомала қилиш хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалардан фойдаланишда саноат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Енгил алангаланувчи суюқликлар, сиқилган ва суюлтирилган газлар, заҳарли, оксидловчи ҳамда портловчи моддалардан фойдаланишда технологик жараёнлар хавфсизлигига қўйиладиган талабларни назарда тутувчи Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар билан муомала қилиш хавфсизлиги қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач амалга киритилсин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси А.В. Рафиқов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 июндаги 326-сон қарорига ИЛОВА
Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар билан муомала қилиш хавфсизлиги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қоидалар енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар билан муомала қилишда саноат хавфсизлигига оид умумий талабларни белгилайди. Мазкур моддалар ташиш, сақлаш ва бошқа соҳалардаги махсус талаблар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
анорганик ишқор — массанинг 20 фоиз ва ундан юқори концентрациясидаги литий гидроксиди (LiOH), натрий гидроксиди (NaOH), калий гидроксиди (KOH) эритмалари ҳамда кристалл кўринишдаги ҳолати;
анорганик кучли кислота — хомашё, реагентлар сифатида ишлатиладиган, массанинг 15 фоиз ва ундан юқори концентрациясидаги кислородли сульфат кислота (Н 2 SO 4 ), азот кислота (HNO 3 ), хлор кислота (HCIO 4 ) ва кислородсиз хлорид кислота (HCI), азот-водородли кислота (HN 3 ), плавик кислота (HF) ва бошқа кислоталар;
енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган модда — ёнувчан суюқликлар, сиқилган ва суюлтирилган газлар, заҳарли, оксидловчи ҳамда портловчи хусусиятга эга моддаларни ўз ичига олган, муҳитдаги ҳарорат ва босим шароитида алангаланиш, ёниш ёки портлаш хавфини келтириб чиқариши мумкин бўлган кимёвий бирикмалар, уларнинг аралашмалари;
заҳарли модда — табиий ҳолатда мавжуд бўлган ёки ҳар қандай ишлаб чиқариш жараёни натижасида ҳосил бўлган, ёниш, портлаш, одамлар ҳаётига ва соғлиғига, ҳайвонот олами ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган кимёвий моддалар (ёки уларнинг бирикмалари), маҳсулотлар, буюмлар ва чиқиндилар, шу жумладан, барқарорликни таъминлаш учун зарур бўлган қўшимчалар ҳамда кимёвий моддаларни олиш жараёнида юзага келадиган аралашмалар, кимёвий модданинг барқарорлигини бузмасдан ёки унинг таркибини ўзгартирмасдан ажратилиши мумкин бўлган эритувчи моддалар бундан мустасно.
Заҳарли кимёвий моддалар таркибига унинг концентрацияси 80 фоиздан ортиқ бўлган кимёвий моддалар қолган 20 фоиз (оғирлик бўйича) ёки ундан кам ҳисобланган аралашмалар ва (ёки) қўшимчалар киради;
оксидловчи модда — ёнишни кучайтирувчи, экзотермик оксидланиш-қайтарилиш реакцияси натижасида бошқа моддаларнинг алангаланишига сабаб бўладиган ёки бу жараённи осонлаштирадиган кимёвий моддалар;
органик пероксид — суюқ ёки қаттиқ ҳолатда бўлган, икки валентли тузилишга эга бўлган ва бир ёки иккала водород атоми органик радикаллар билан алмаштириладиган водород пероксид ҳосиласи сифатида кўриб чиқилиши мумкин бўлган органик моддалар (органик пероксид ва уларнинг аралашмалари термал барқарор эмас, бу уларнинг ўзидан ўзи тезлашадиган экзотермик парчаланишига олиб келиши мумкин);
пероксид — таркибида ўзаро боғланган икки кислород атомидан иборат гуруҳи бўлган мураккаб моддалар. Водород пероксид — Н 2 O 2 формулали анорганик кимёвий бирикма, кучли оксидловчи, рангсиз, енгил сирпанувчан ва металлсимон таъмли суюқлик. Натрий пероксид — Na 2 O 2 формулали анорганик кимёвий бирикма, кучли оксидловчи, оч сариқ рангли, сув билан шиддатли реакцияга киришадиган ниҳоятда гигроскопик кристалл модда;
портловчи модда — ўзидан ўзи тегишли ҳарорат ва босимда ҳамда атрофдаги объектларга зарар етказадиган тезликда газлар ажралиб чиқиши билан кимёвий реакцияга киришишга қодир бўлган қаттиқ ёки суюқ кимёвий модда;
хавфсизлик паспорти — кимёвий маҳсулотларнинг хавфли хусусиятлари, уларни ишлаб чиқарувчи (ёки ишлаб чиқарувчи томонидан ваколат берилган шахс) ва импорт қилувчи тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, маҳсулотдан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун зарур бўлган профилактика чоралари ҳамда хавфсизлик талабларини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги кимёвий хавфсизлик ҳужжати;
хавфли ишлаб чиқариш объекти — Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунида белгиланган корхоналар ёки уларнинг цех, участка ва майдончалари, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш объектлари;
хавфга асосланган назорат (Risk Based Inspection) — ускуналарнинг ишдан чиқиш эҳтимоллиги (сизиб чиқиш, бузилиш) ва унинг одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга, мулкка таъсир этиши мумкин бўлган оқибатларини ҳисобга олган ҳолда техник ташхислаш (диагностика) ва назорат тадбирларини режалаштириш, уларнинг устуворлик даражасини белгилаш ҳамда амалга ошириш жараёни бўлиб, халқаро стандартлар талабларига мувофиқ амалга оширилади;
Еx-компоненти — портлаш хавфли бўлган муҳитда асбоб-ускуналарнинг хавфсиз ишлаши учун зарур бўлган, асбоб-ускуналарга ўрнатиладиган, портлашдан ҳимояланиб ясалган, лекин мустақил фойдаланиш учун мўлжалланмаган техник қурилмалар.
3. Ушбу Қоидаларнинг талаблари синил кислота ишлаб чиқариладиган корхоналар ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги лабораторияларга татбиқ этилмайди.
4. Корхона ва ташкилотларда енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар билан муомала қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда умумий ва шахсий ҳимоя воситаларини танлаш ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ амалга оширилади. Заҳарлилик кўрсаткичлари ва шахсий ҳимоя воситаларига оид талаблар амалдаги санитария нормалари ҳамда соҳавий норматив ҳужжатлар асосида белгиланади. Ушбу Қоидаларнинг талаблари енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддаларнинг барча турларига нисбатан қўлланади.
5. Ушбу Қоидаларнинг талаблари жорий этиладиган корхона ва ташкилотда қуйидагилар мавжуд бўлиши керак:
ёниш ва портлаш хавфи бўлган янги технологик жараёнлар ва асбоб-ускуналарни монтаж қилиш, таъмирлаш ва ишга тушириш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида қўлланадиган техник қурилмалардан фойдаланиш учун рухсатнома;
енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддаларни ташиш ва сақлаш учун сиғимларнинг техник жиҳатдан яроқлиги тўғрисида хулоса;
хавфли ишлаб чиқариш объектларида янги технологик жараён ва техник қурилмаларни эксплуатация қилиш учун рухсатнома, шу жумладан, хорижда ишлаб чиқарилганлари учун ҳам;
хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланишда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарликни суғурталаш тўғрисида шартнома;
хавфли ишлаб чиқариш объектларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида ҳужжатлар;
хавфли ишлаб чиқариш объектларини қуриш, кенгайтириш, реконструкция қилиш, техник қайта жиҳозлаш, консервация қилиш ва тугатиш учун лойиҳа ҳужжатлари;
хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишларни хавфсиз бажариш қоидаларини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар;
сиғимлар, технологик ускуналар, қувур ўтказгичлар, арматуралар, сақловчи қурилмалар, назорат ва бошқарув тизими асбоблари, бино ва иншоотларнинг паспортлари ҳамда бошқа фойдаланиш ҳужжатлари;
хавфли ишлаб чиқариш объектларининг қурилишида, кенгайтирилишида, реконструкция қилинишида, техник қайта жиҳозланишида давлат экологик экспертизаси хулосаси;
камида бир нафар эколог мутахассис мавжуд бўлиши.
6. Муайян хавфли ишлаб чиқариш объекти учун саноат хавфсизлиги декларацияси Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ ишлаб чиқилади.
7. Корхона ва ташкилотларнинг ҳар бир объектида объектнинг технологик ва бошқа ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда авария вазиятлари тарқалишини чеклаш ва бартараф этиш режалари (кейинги ўринларда — АВТЧБЭР) ишлаб чиқилади ҳамда камида беш йилда бир марта қайта кўриб чиқилади ва амалдаги режа тугашидан бир ой олдин тасдиқланади.
8. Технологик схема, жиҳозлар, автоматик назорат ва ҳимоя тизимларига ўзгартиришлар саноат хавфсизлиги экспертизасининг ижобий хулосасига мувофиқ лойиҳани ишлаб чиққан ташкилот билан келишилгандан сўнг киритилади. Бунда ўзгартиришлар тизимнинг ишлаши ва хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим.
9. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалардан фойдаланадиган янги қурилаётган ишлаб чиқариш объектлари турар жой ҳудудига таъсири, ҳудуднинг сейсмиклиги ҳамда бошқа табиий ва техноген омилларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига мувофиқ жойлаштирилиши керак.
10. Корхона ва ташкилотнинг ишлаб чиқариш биноларида қуйидагилар кўзда тутилган бўлиши керак:
а) бошқарув шитлари олдида ишчи ходимлар томонидан хизмат кўрсатиш кенглиги камида 2,0 m бўлган майдончалар (доимий иш ўринлари бўлганда);
б) техник ва технологик қурилмаларга ишчи ходимлар томонидан доимий хизмат кўрсатиладиган жойларда кенглиги камида 1,0 m бўлган майдончалар ва вақти-вақти билан хизмат кўрсатиладиган жойларда кенглиги камида 0,8 m бўлган майдончалар;
в) монтаж ва демонтаж қилинадиган ускуналарни, монтаж ва таъмирлаш ишларини бажариш учун зарур мосламалар, асбоблар ва ёрдамчи материалларни жойлаштириш учун сирпанмас ва кислота-ишқорга чидамли қопламаларни таъмирлаш (монтаж қилиш) майдончалари. Бунда ишчи ўтиш йўллари ва майдончаларнинг ўлчамларини қисқартиришга, шунингдек, асосий ҳамда захира чиқиш жойларини тўсиб қўйишга йўл қўйилмайди.
11. Иш ўринлари умумий саноат хавфсизлиги талаблари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳамда ушбу Қоидаларда белгиланган талабларга жавоб бериши керак.
2-боб. Технологик жараёнлар хавфсизлигига қўйиладиган умумий талаблар
12. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ишлатиладиган технологик жараёнлар фойдаланувчи корхона томонидан тасдиқланган технологик регламентларга мувофиқ амалга оширилиши керак.
Технологик регламент ҳар бир жараённинг тартиби, хавфсизлик кўрсаткичи (ишчи ҳарорат, босим, модда сарфи) ва назорат механизмларини қамраб олган ҳолда тузилган бўлиши лозим.
13. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар (пероксидлар, кислоталар) қўлланадиган технологик жараёнларда ишлатиладиган барча техник қурилма, коммуникация ва идишлар герметик (ташқи муҳит билан таъсирга киришмайдиган) бўлиши шарт.
Агар тўлиқ герметиклаш имконияти бўлмаса, енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ажралиб чиқиши мумкин бўлган нуқталар муҳитни назорат-мониторинг воситалари (газ детектор, сенсорлар) ва маҳаллий сўриш қурилмалари билан жиҳозланиши лозим.
Герметиклик фойдаланувчи корхона томонидан доимий техник назорат ва профилактик кўрикдан ўтказилиши керак.
Герметиклик бузилиши аниқланган ҳолларда технологик жараён тўхтатилиши ва носозлик белгиланган тартибда бартараф этилиши шарт.
14. Мавжуд ёки жорий этилаётган (тажрибавий) техник қурилмаларда тажриба ишларини бажариш билан боғлиқ янги технологик жараёнлар техник жиҳатдан асосланган ва хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолларда жорий этилади. Бундай ишлар фойдаланувчи корхона томонидан тасдиқланган вақтинча технологик йўриқнома асосида амалга оширилади.
Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ишлатиладиган ишлаб чиқариш биноларида бундай тажриба ишлари қўшимча равишда лойиҳа ташкилоти хулосаси асосида амалга оширилиши лозим.
15. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ишлатиладиган объектларда қўлланиладиган технологик ускуналар, қувур ўтказгичлар ва арматуралар учун хизмат муддати модданинг кимёвий фаоллиги, ҳарорати, босими, коррозия даражаси ва парчаланиш реакцияларининг хавфи асосида аниқланиши лозим.
Хизмат муддати тўғрисидаги маълумотлар фойдаланиш ҳужжатларида ва технологик ускуналар, қувур ўтказгичлар ва арматуралар паспортларида аниқ кўрсатилиши керак.
Муддати ўтган технологик ускуналар, қувур ўтказгичлар ва арматуралар қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ саноат хавфсизлиги соҳасидаги эксперт ташкилотларининг хавфга асосланган назорат усуллари ва саноат хавфсизлиги экспертизасининг ижобий хулосасига мувофиқ фойдаланувчи корхона томонидан ишлатилишига рухсат этилади.
16. Технологик ускуналар, қувур ўтказгичлар ва арматураларнинг ҳар бир тури учун фойдаланиш ҳужжатлари (паспорт, эксплуатация қўлланмаси, техник йўриқнома) тўплами расмийлаштирилади. Фойдаланиш ҳужжатларида енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддаларнинг хавфлилиги ҳамда улар билан ишлаш бўйича махсус талаблар кўрсатилиши шарт.
17. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддаларни транспортировка қилиш учун мўлжалланган қувур ўтказгичларни (металл ёки нометалл) ишлаб чиқариш, ўрнатиш ва фойдаланиш жараёнлари қурилиш меъёрлари ҳамда технологик регламентларга мос бўлиши лозим.
18. Фойдаланиш шароитларида йўл қўйиладиган лойиҳа кўрсаткичларидан ортиқ босим юзага келиши мумкин бўлган енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд моддалар учун мўлжалланган технологик ускуналар ҳамда қувур ўтказгичлар босимнинг йўл қўйиладиган кўрсаткичидан ортиб кетишини ҳимоя қиладиган сақловчи қурилмалар билан жиҳозланиши керак.
Ушбу технологик ускуна ва қувур ўтказгичлар модданинг экзотермик реакция хусусиятини ва парчаланиш хавфини ҳисобга олган ҳолда танланиши лозим.
19. Босимнинг ошиб кетишидан сақловчи қурилмалар кимёвий таъсирларга чидамли материаллардан тайёрланган бўлиши керак.
20. Сақловчи қурилмаларнинг ўтказувчанлик имконияти лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳисобга олиниши лозим.
Бунда енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган модданинг активлиги ва ажралиб чиқадиган газ миқдори инобатга олинади.
21. Босим кўтарилганда ёки авария ҳолатида сақловчи қурилма орқали чиқадиган енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар инсон соғлиғи ва атроф-муҳит учун хавф туғдирмаслиги керак.
Пероксидлар учун бу жараён инерт газ ёрдамида амалга оширилади.
22. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддаларни сақлаш учун мўлжалланган идишлар ва сиғимларни бўшатиш усуллари (қуйиш, насос ёрдамида сўриш) ҳамда қуйиш тизимларининг конструкцияси тузилиши технологик хавфсизлик, модданинг реакция хусусиятлари ва утилизациясини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа ташкилоти томонидан белгиланади.
Бунда енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддаларнинг сачраши ва тўкилишининг олдини оладиган герметик конструкция назарда тутилган, чиқинди моддаларни йиғиш ёки зарарсизлантириш тизимлари билан боғланган, шунингдек, пероксидлар билан ишлашда инерт муҳитни таъминлаш воситалари мавжуд бўлиши шарт.
23. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд моддалар учун мўлжалланган технологик ускуна ва қувур ўтказгичлар ишчи муҳитга нисбатан коррозияга чидамли материаллардан тайёрланиши лозим.
Қувур ўтказгичлар чоксиз (пайвандлаб уланмаган) углеродли пўлат қувурлардан тайёрланади. Бунда гардишли (фланец) бирикмалар энг кам миқдорда бўлишига йўл қўйилади.
Арматура ўрнатиладиган ёки қувур ўтказгичлар ускунага уланадиган жойларда, шунингдек, фойдаланиш шароитларига кўра қувур ўтказгичларни тозалаш ва таъмирлаш учун қисмларга ажратиш талаб этиладиган участкаларда гардишли бирикмаларни қўллашга йўл қўйилади.
24. Эстакадаларда енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддаларни ташиш учун мўлжалланган қувур ўтказгичлар қуйидаги ҳолатларда механик шикастланишлардан ҳимояланган бўлиши шарт:
юқоридан оғир буюмлар тушишига қарши: қувур ўтказгич устидан юк кўтарувчи механизмлар ёки осон тушиши мумкин бўлган буюмларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди;
транспорт воситаларининг зарбасидан ҳимоя: қувур ўтказгичлар автотранспорт воситалари ҳаракатланадиган йўллардан амалдаги шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларида белгиланган масофаларда жойлаштирилиши ёки махсус тўсиқлар орқали ажратилиши лозим;
қувурлар бир неча қаватда (устма-уст) ўтказилганда: ёнувчан моддаларни ташувчи қувурлар энг пастки қаватда (даражада) жойлаштирилиши лозим.
25. Корхона ҳудудидан ташқарида жойлашган цехлараро қувур ўтказгичларнинг ҳар икки томонида кенглиги камида 2 m бўлган муҳофаза зоналари бўлиши шарт.
26. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар қувур ўтказгичларининг гардишли (фланец) бирикмаларида ҳимоя қопламалари бўлиши керак.
27. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар қувурўтказгичларида меъёрий-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ герметик беркитиш арматураси қўлланилиши керак.
Арматура материаллари ишчи муҳитнинг кимёвий фаоллигига, ҳарорат ва босим кўрсаткичларига нисбатан барқарор, коррозияга чидамли ҳамда синовдан ўтган бўлиши лозим.
28. Беркитиш арматураси уларга хизмат кўрсатиш учун қулай, очиқ ва хавфсиз жойларда ўрнатилиши керак.
29. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ташиладиган қувур ўтказгичларга бошқа турдаги қувурлар (иссиқлик қувурларидан ташқари) маҳкамланмаслиги керак. Ҳар қандай қўшимча қувур ёки муҳандислик коммуникацияси мустақил, механик жиҳатдан ажратилган ҳолда ўтказилиши шарт.
30. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар қувур ўтказгичлар орқали ташиш жараёнида уларнинг қотиб (кристалланиб) қолишининг олдини олиш зарур. Бунда пероксидлар учун иссиқлик изоляциясининг максимал ҳарорати ишлаб чиқарувчи тавсияси асосида 20 — 25 °C дан ошмаслиги лозим.
31. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ташиладиган қувур ўтказгичлар технологик идишлар ёки махсус йиғиш сиғимларига улардаги суюқликни тўлиқ бўшатиш имконини берадиган нишаблик билан лойиҳаланиши ўрнатилиши лозим.
32. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ташиладиган қувур ўтказгичлари лойиҳалаштирилганда, уларни ювиш, буғ билан тозалаш, вакуумлаш ёки сиқилган (қуритилган) ҳаво ёки азот билан тозалаш имконияти мажбурий тарзда кўзда тутилади.
33. Технологик ускуна ва қувурўтказгичларни жойлаштиришда уларга хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва алмаштириш бўйича бажариладиган ишлар қулайлиги ва хавфсизлиги таъминланиши керак.
34. Қувур ўтказгичларда огоҳлантирувчи белгилар бўлиши керак. Пероксид, кислота ва ишқорлар учун — сариқ (оксидловчи), қизил (занглатувчи) ва кўк (ишқор муҳитлар) белгилар мос равишда қўлланади.
35. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ташиладиган қувур ўтказгичлари норматив техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ мустаҳкамлик ва герметикликка босим остида синовдан ўтказилиши керак. Синов тури модда хусусиятига қараб белгиланади.
36. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар учун мўлжалланган қувур ўтказгичлар ва арматуралар фойдаланишга топширишдан олдин унинг герметиклиги норматив техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ текширилиши керак.
37. Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ишлатиладиган ишлаб чиқариш объектларидаги ҳаракатланувчи қисмга эга техник қурилмалар хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида тўсилган бўлиши шарт.
Функционал вазифасига кўра тўсиш техник жиҳатдан имконияти бўлмаган қисмлар, шунингдек, 2,5 m дан юқори баландликда жойлашган, хавф туғдирмайдиган ҳаракатланувчи қисмлар тўсилмаслигига йўл қўйилади.
Тўсиқлар конструктив жиҳатдан:
ўрнатишга ва хизмат кўрсатишга қулай;
кимёвий таъсирларга бардошли материалдан тайёрланган бўлиши керак.
38. Тўсиқлари носоз ёки ечиб олинган бўлса, бундай техник қурилмалар ишлатилиши тақиқланади.
39. Техник қурилмаларнинг ҳаракатланувчи қисмлари тўсиғи турғун бўлиши керак. Агар техник ёки технологик сабабларга кўра турғун тўсиқни ўрнатиш имкони бўлмаса, ечиладиган ҳимоя ва тўсиқ конструкцияларидан фойдаланишга рухсат этилади.
40. Ишлаб чиқариш бино ва иншоотларида ҳамда техник қурилмаларда қўлланадиган майдончалар, зиналар ва уларнинг тўсиқларини ўрнатиш қурилиш меъёрлари ҳамда қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши керак.
41. Ер сатҳидан 2 m ва ундан юқори баландликда жойлашган техник қурилмалар ва қувур ўтказгич арматураларига хизмат кўрсатиш учун доимий майдончалар ҳамда уларга чиқиш зиналари назарда тутилган бўлиши керак.
42. Хавфли участкаларда ишловчи ходимлар Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 январдаги 26-сон қарори билан тасдиқланган Хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбар ва муҳандис-техник ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ даврий аттестациядан ўтказилади.
3-боб. Енгил алангаланувчи суюқликлар
43. Енгил алангаланувчи суюқликлардан фойдаланадиган хавфли ишлаб чиқариш объектлари (қуйиш, аралаштириш, қувур орқали ташиш) герметик ёпиқ тизимлар ва масофадан бошқариладиган ускуналар билан жиҳозланиши шарт.
Барча технологик қурилмалар, насослар ва арматуралар портлашдан ҳимояланган ҳамда ерга уланган бўлиши лозим.
Буғ чиқиши мумкин бўлган жойларда ер (қоплама) сатҳида ҳавони мажбурий равишда чиқарувчи шамоллатиш тизимлари ўрнатилиши керак.
Агар технологик жараёнда енгил алангаланувчи суюқликларнинг ҳарорати унинг ёниш ҳароратидан юқори бўлса, ҳаводаги буғ концентрацияси назорат қилинади ва бинода соатига камида 4 — 6 марта тоза ҳаво айланишини таъминлайдиган доимий шамоллатиш тизими ишлатилиши шарт.
44. Кўрсаткичлар меъёрдан четга чиққан ҳолларда (қизиб кетиш, босимнинг ошиши ёки шамоллатиш тизими ишдан чиққанида) енгил алангаланувчи суюқликларнинг келишини тўхтатадиган автоматик блокировка тизимлари жорий этилиши лозим ва автоматик ёнғин ўчириш қурилмаси билан интеграция қилинади.
Ускуналарда портлаш ёки қизиб кетиш ҳолатларида шикастланишни олдини олиш мақсадида сақловчи қурилмалар ва мембраналар ўрнатилади.
Ҳажми 0,5 литрдан ортиқ бўлган барча технологик қурилмалар нафас олиш клапани, шамоллатиш қувурлари ва олов сўндиргич билан жиҳозланиши лозим.
Енгил алангаланувчи суюқликларни ташиш учун мўлжалланган қувур ўтказгичлари ёнғинга қарши тўсиқлар ҳамда оловнинг тескари зарбасининг олдини олувчи клапанлар билан жиҳозланади.
45. Енгил алангаланувчи суюқликлар тўкилиш эҳтимоли мавжуд бўлган цех қопламалари суюқлик ўтказмайдиган ҳолда тайёрланиши ҳамда ёпиқ гидравлик тўсқичлар билан жиҳозланган чуқурчалар ёки трап томонга нишабликка эга бўлиши лозим.
Енгил алангаланувчи суюқликлар тўкилиши мумкин бўлган жойларда стационар ютувчи (сорбцион) гиламчалар ёки ариқчалар (лоток) ўрнатилиши лозим.
46. Енгил алангаланувчи суюқликлардан фойдаланувчи корхона технологик жараёнлардаги хавфларни мунтазам таҳлил қилиши шарт.
Таҳлилда ёниш, буғ-ҳаво аралашмасининг портлаши, ёнғин маҳсулотининг заҳарли таъсири каби эҳтимолий оқибатлар инобатга олиниши лозим.
Ускуналар учун белгиланган анъанавий путур етказмайдиган назорат усулларига муқобил тарзда хавфга асосланган назорат услубияти асосида назорат ўрнатиш ва техник кўрикдан ўтказилишига рухсат берилади.
Енгил алангаланувчи суюқликлар сақланадиган пўлат сиғимлар учун хавфга асосланган назорат дастури коррозия ва эрозия жараёнларини, коррозиядан ҳимояланганлик ҳолатини ҳисобга олиши ҳамда сиғимнинг энг кам (критик) рухсат этилган қиймати даражасига мувофиқ режали қалинликни ўлчаш ва дефектоскопия ишларини амалга оширишни назарда тутиши лозим.
47. Енгил алангаланувчи суюқликлар билан ишлашга рухсат этилган ходимлар махсус тайёргарликдан ўтказилади ва ўқув курсларида ўқитилади. Ўқув жараёнида сақлаш ва қуйиш қоидалари, суюқликлар тўкилиши ёки ёнғин содир бўлиши ҳолатидаги ҳаракатлар, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш усуллари бўйича билим ҳамда кўникмалар берилиши лозим.
48. Енгил алангаланувчи суюқликлардан фойдаланувчи ҳар бир хавфли ишлаб чиқариш объекти учун саноат хавфсизлиги декларацияси ишлаб чиқилиши шарт.
Ушбу декларацияда хавфли моддаларнинг хусусиятлари, эҳтимолий авария оқибатлари ҳамда уларнинг олдини олиш ва таъсирини камайтириш бўйича ҳимоя чоралари баён этилиши лозим.
Ҳар бир модда бўйича кимёвий маҳсулотнинг хавфсизлик паспорти мавжуд бўлиши ва у ходимлар учун очиқ бўлиши лозим.
49. Объектда енгил алангаланувчи суюқликлар билан боғлиқ авария ҳолатларига тайёргарликни таъминлаш мақсадида АВТЧБЭР ишлаб чиқилиб, тасдиқланиши лозим. Ушбу режада қуйидаги эҳтимолий сценарийлар инобатга олинади: катта ҳажмдаги суюқлик тўкилиши билан келиб чиқадиган ёнғин, ёпиқ ҳажмда буғ портлаши, омборда катта ёнғин чиқиши ва бошқалар.
Ҳар бир сценарий бўйича ходимлар ҳамда авария хизматларининг ҳаракат тартиби белгиланади.
Режа тегишли Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармаси ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг ҳудудий бошқарма ёки бўлимлари билан келишилиши шарт.
Содир бўлиши мумкин бўлган АВТЧБЭР бўйича ходимлар Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сон қарори билан тасдиқланган Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя қилган ҳолда ўқитилади, сизиб чиқиш ва ёнғин ҳолатларини имитация қилган ҳолда ёнғин хавфсизлиги хизматларини жалб этиб ўтказиладиган амалий машқларда қатнашади.
50. Енгил алангаланувчи суюқликлар сақланадиган бинолар автоматик ёнғин хабар бериш (сигнализация) тизими (аланга, иссиқлик ва тутун хабарлагичлари) ҳамда газ назорати тизими (енгил алангаланувчи суюқлик буғларини аниқловчи детекторлар, буғ тўпланиши мумкин бўлган жойларда) билан жиҳозланиши лозим.
Хабар бериш тизими (сигнализация) ишга тушганида ходимлар овозли ва ёруғлик огоҳлантириш сигналларини қабул қилиб, инструкцияда белгиланган ҳаракатлар тартибига мувофиқ иш кўришлари: бунда иш жараёнини тўхтатиш, электр таъминотини ўчириш, бошланғич ёнғинни ўчиришга ёки эвакуацияга киришиш лозим.
Автоматик хабар бериш тизими (сигнализация) спринклер ёки дренчер туридаги ёнғин автоматикаси тизими билан интеграция қилинган бўлиши мумкин.
51. Енгил алангаланувчи суюқликлар ишлатиладиган жойларда бирламчи ёнғинни ўчириш воситалари доимий равишда мавжуд бўлиши шарт.
Бундай воситалар қаторига ўт ўчиргичлар (кичик ёнғинлар учун кукунли ёки углекислота билан тўлдирилган ҳамда суюқлик тўкилиши ҳолатларида — кўчма ҳаво-кўпикли ўт ўчиргичлар) киради.
Улар ҳар 50 m 2 майдонга камида 2 та, лекин ҳар бир хона учун камида битта ўт ўчиргич жойлаштирилиши лозим.
Ходимлар ёнғин чиққан суюқликларни ўчиришда ўт ўчиргичлардан тўғри фойдаланиш усулларини қўллаш бўйича ўқитилган бўлиши шарт.
Бунда кўпикни елпиғичсимон шаклда сепиш, ёнғинни панада туриб ўчириш ва бошқа хавфсиз амалий усуллар бўйича кўникмаларга эга бўлиши лозим.
52. Енгил алангаланувчи суюқликлар тўкилиш ҳолатларини бартараф этиш учун объектда авария жиҳозлари тўплами шакллантирилган бўлиши лозим.
Авария жиҳозлари таркибига қуйидагилар киради:
инерт адсорбентлар (қум, вермикулит);
махсус сорбцион миқдордаги матолар;
бон тўсиқлари (тўкилган суюқликлар канализацияга киришини чеклаш учун);
ёнишга чидамли идишлар, ифлосланган грунт ва сарфлаш материаллари.
Кичик ёнғин ўчоғини ёпиш учун мўлжалланган ёнғинга қарши тўсиқлар ва учқун сўндирувчи елпиғичлар ҳам доимий равишда мавжуд бўлиши лозим.
Авария жиҳозлари тўплами таркибига, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари ҳам киритилади, яъни:
органик буғлардан ҳимоя қилувчи «А» турдаги фильтрли газ ниқоблари;
ёнғинга чидамли қўлқоплар;
авария бригадалари учун иссиқликни қайтарувчи махсус кийимлар.
53. Ёнғин ёки портлаш эҳтимоли мавжуд бўлган зоналардан ходимларни тез ва хавфсиз чиқаришни таъминлаш мақсадида эвакуация ҳамда ўзаро ҳамкорлик схемалари ишлаб чиқилади.
Ушбу схемаларда авария вақтида чиқишлар жойлашуви, ҳаракат йўналишлари ҳамда йиғилиш пунктларига бориш йўллари аниқ кўрсатилиши лозим.
54. Енгил алангаланувчи суюқликлар ишлатиладиган хавфли ишлаб чиқариш объектларида қуйидагилар бўлиши шарт:
а) енгил алангаланувчи суюқликлар учун махсус шамоллатиш тизими билан жиҳозланган алоҳида омборхона ёки махсус металл шкаф мавжуд бўлиши, бунда иншоотнинг деворлари, том қисми ва ёнғинга қарши эшиклари белгиланган ёнғинга чидамлилик даражаси бўйича шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига тўлиқ мос бўлиши керак;
б) енгил алангаланувчи суюқликлар сақланадиган хоналарда бегона буюмлар ва материаллар сақланишига йўл қўйилмайди, фақат шу тоифага кирувчи моддалар сақланиши лозим. Очиқ олов ёки иссиқлик манбаларига эга ускуналар ушбу хоналардан камида 10 m масофада жойлаштирилиши шарт;
в) шамоллатиш тизимининг ишлаш ҳолати чиқарувчи вентиляторлар фаолияти текширилган, шамоллатиш тешикларининг берк ёки тўсилмагани тегишли ҳужжатлар (далолатномалар) билан тасдиқланган бўлиши лозим, биноларнинг пастки қисмида ўлчанган буғ тарқалишининг қуйи концентрацияси чегарасидан анча паст бўлиши керак, шкафларнинг шамоллатиш тизимининг чиқиш қувурларида учқун сўндиргич қурилмалар ўрнатилган бўлиши керак;
г) барча ёритгичлар, кабел линиялари ва электр двигателлар портлашдан ҳимояланганлик белгисига эга бўлиши лозим, ускуналар ва идишларнинг ерга улангани текширилган бўлиб, ерга уланиш қаршилиги 4 Ом кўрсаткичдан ошмаслиги мегомметр ўлчови ёрдамида тасдиқланган бўлиши шарт.
Биноларда учқун чиқарувчи асбоблар ҳамда лицензияланмаган (тегишли рухсатсиз) электр жиҳозлари бўлмаслиги лозим;
д) ўт ўчиргичлар жойида бўлиши, уларни қайта қувватлаш муддатлари текширилган, ёнғин ўчириш кранлари қўл дастакли ёнғин ўчириш енглари билан тўлиқ жиҳозланган ва сув босими билан етарли таъминланган бўлиши, қум ёки абсорбент солинган идишлар эркин фойдаланиш учун очиқ ҳамда яқин жойда бўлиши шарт.
Ёнғиндан хабар бериш тизими (сигнализация) ва ёнғин автоматикаси тизими (агар лойиҳада кўзда тутилган бўлса) ишчи ҳолатда бўлиши, уларга техник хизмат кўрсатиш журналлари ҳамда сўнгги синов натижалари мавжуд бўлиши лозим;
ж) енгил алангаланувчи суюқликлар сақланадиган сиғимларда сақловчи клапанлар ва нафас олиш қурилмалари бўлиши, шамоллатиш линияларида ёнғинга қарши тўсиқлар ўрнатилган, барча беркитиш арматуралар (кранлар, клапанлар) аниқ ва кўринарли тамғаланган (маркировкаланган) ҳамда оқим йўналиши ва модда номи кўрсатилган бўлиши лозим.
Ускуналарнинг техник кўрикдан ўтказилгани бўйича ҳужжатлар, дефектоскопия далолатномалари, хавфга асосланган назорат таҳлили натижалари ва улар асосида белгиланган чора-тадбирлар бўлиши керак;
з) енгил алангаланувчи суюқликлар бўйича оператив ҳисоб журнали (келиб тушиши ва сарфи) юритилаётган бўлиши, ҳар бир модда учун амалдаги хавфсизлик паспорти мавжудлиги, ходимлар учун моддалар билан ишлаш бўйича йўриқнома ҳамда АВТЧБЭР кўзга кўриниб турадиган жойда осилган бўлиши шарт.
4-боб. Сиқилган ва суюлтирилган газлар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
55. Цех ва лабораториялардаги газ баллонлари фақат тик ҳолатда ўрнатилиши, улар махсус тутқичлар ёки деворга занжир билан маҳкамланиши лозим. Бундай хоналар доимий ишлаб турадиган ҳавони киритиш ва чиқариш, шамоллатиш тизими ёки газ билан ишлаш учун мўлжалланган тортувчи шкаф билан таъминланиши шарт.
Заҳарли ёки ёнувчан газлар (хлор, водород) қўлланилаётганда, баллонлар шамоллатиш тизимига уланган махсус шкафларда жойлаштирилиши тавсия этилади. Шкафлардан ташқи муҳитга чиқадиган газлар фильтр ёки абсорбер қурилмалари орқали чиқарилиши лозим.
Бино ичидаги газ қувур ўтказгичлари металл қувурлардан тайёрланиши ва фланецли бирикмалар сони минимал даражада бўлиши лозим. Эгилувчан шланглар талабларга мувофиқ аниқ идентификацияланиши ва ўчмайдиган тамғага эга бўлиши керак ҳамда амал қилиш муддати текширилган ҳолда қўлланилиши мумкин. Сизиб чиқишни аниқлаш учун барча бирикмалар мунтазам равишда совунли эмульсия билан текширилади.
Ҳар бир газ баллони чиқиш қисмида вентил ўрнатилиши, ундан кейин эса босим пасайтиргич (редуктор) ва манометр ўрнатилиши лозим. Редуктордан олдин ва истеъмолчи линиясида газ датчиклари ҳамда ёнғин хабар бериш тизимидан келувчи сигнал таъсирида автоматик газ оқимини тўхтатиб, ёпилувчи электромагнит клапанлар ўрнатилиши тавсия этилади.
56. Ёнувчан газлар (водород, ацетилен, пропан) қўлланадиган биноларда ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган барча манбалар бартараф этилиши шарт. Барча электр жиҳозлари портлашдан ҳимояланиб ясалган Еx-компоненти, ускуналар эса ерга уланган ҳолда бўлиши лозим. Ацетилен генераторлари ва ацетилен (C 2 Н 2 ) гази сақланадиган баллонлар лойиҳа ҳужжатларидан белгиланган мис сақловчи қувурлар ва жиҳозлардан хавфсизлик масофаларига риоя қилган ҳолда жойлаштирилиши лозим.
Кислород билан ишлашда фақат мойсиз ускуналардан фойдаланиш талаб этилади. O 2 тўлдириш зонасида ҳар қандай мой ва органик моддаларнинг мавжудлиги қатъиян тақиқланади. Барча шланглар, редукторлар ва манометрлар фақат кислород билан ишлаш учун махсус мўлжалланган бўлиши шарт. Ходимлар кислород ускуналаридаги бурилиш (резьба) қисмига мой суртмаслик ва мойли материаллар қўлламаслик бўйича ўқитилган бўлишлари лозим.
57. Газ таъминоти тизими автоматлаштирилган бошқарув воситалари билан жиҳозланиши лозим. Агар ҳаво муҳитидаги газ концентрацияси белгиланган меъёрдан ошса (ёнувчан газлар тарқалишининг қуйи концентрация чегараси 20 фоиздан юқори ёки заҳарли газлар учун чегаравий йўл қўйиладиган концентрация (кейинги ўринларда — ЧЙҚК) ортиқ ҳолатда) — газ анализатори овозли сигнал бериш билан бир вақтда электромагнит клапанларни автоматик равишда ёпиши шарт.
58. Инерт газлар (азот, аргон) чиқариладиган шамоллатиш чиқиндилари учун табиий ҳаво чиқариш тизими етарли ҳисобланади. Заҳарли газлар (хлор, аммиак) ва ёнувчан газлар (водород) ишлатиладиган бинолардаги шамоллатиш тизимлари эса адсорберлар ёки скрубберлар билан жиҳозланган бўлиши шарт.
59. Эксплуатация қилувчи ташкилот баллонлар ва газ хўжалиги устидан доимий назоратни таъминлаши лозим. Бунинг учун тегишли аттестациядан ўтган, газ хўжалиги учун масъул шахс тайинлаши шарт. Масъул шахс баллонлар ҳисоб журналини юритади (қабул қилиш, ишга бериш, бўшатилганини қайтариш), синов ва техник кўрик муддатларини кузатиб боради.
Баллон ишга берилишидан олдин навбатдаги синов санаси (санали тамға) текширилади. Шунингдек, ҳар ойда камида бир марта режали ташқи кўриклар ўтказилиши шарт. Кўрикда баллонларда коррозия ва шикастланиш белгилари кўздан кечирилади, маҳкамлаш занжирлари ва шамоллатиш тизимининг ишлаши текширилади.
Қуйидагилар баллонларда сақланадиган ёнувчи ва портловчи газлар билан боғлиқ хавфсизлик талаблари ҳисобланади:
а) баллонлар сақланадиган хоналар табиий шамоллатиш тизимига эга ва қуёш нуридан муҳофаза қилинган бўлиши шарт. Ойна бўлса — оқ рангга бўялган ёки қуёш нурини қайтарувчи пардалар ўрнатилган бўлиши керак;
б) очиқ майдонларда сақланаётган баллонлар ёғингарчилик ва қуёш таъсиридан ҳимояланиши, бундай ҳимоя воситалари ёнмайдиган материаллардан тайёрланиши лозим;
в) кислород, фтор, хлор каби оксидловчи газлар баллонлари ёнувчи ва портловчи газлардан алоҳида сақланиши лозим;
г) баллонлар сақланадиган жойда газ сизиб чиқишини аниқлаш учун газ анализаторлари ўрнатилиши, улар бўлмаган ҳолда — ҳаво муҳитини назорат қилиш тартиби ташкил этилиши лозим;
д) мойланган буюмлар ва мой тиқилган материаллар билан кислород баллонларига тегиш қатъиян ман этилади;
ж) баллонлар махсус шкафларда, вертикал ҳолда ва қулашига йўл қўймайдиган усулда жойлаштирилиши керак. Штабеллаштирилган ҳолда — баландлиги 1,5 m дан ошмаслиги, клапанлари бир томонга қаратилган ва ҳимоя қалпоғи билан ёпилган бўлиши шарт;
з) баллонлар сақланаётган омборларда учқун чиқарувчи жиҳозлар, ёнувчи моддалар ва металл михли оёқ кийимлардан фойдаланиш ман этилади;
и) баллонларни юклаш-тушириш ишлари автомашина двигатели ўчирилган ҳолда амалга оширилиши керак. Автоюклагичлардан фойдаланиш тақиқланади.
60. Суюлтирилган газлар ишлатиладиган йирик объектларда хавфга асосланган назорат тизимлари жорий этилиши лозим. Ушбу тизим доирасида газ сизиб чиқиши ва портлаш хавфлари баҳоланади, шу асосда назорат қилиниши лозим устувор участкалар аниқланади, жумладан, сиғимлардаги коррозия зоналари, сақлагич клапанларининг ҳолати ва гардиш (фланец) бирикмаларининг герметиклиги текширилади.
Энг устувор назорат элементи сифатида сақлаш қурилмаларини текшириш белгиланади. Барча клапанлар ҳар 1-2 йилда қайта ҳисобланиб, қайта ўрнатилиши (ёки алмаштирилиши) ҳамда ишга тушиш босимининг тўғрилиги тасдиқланиши лозим. Заҳарли ва қимёвий фаол газлар (хлор, аммиак) сақланган баллонлар қайта тўлдиришдан олдин ички томондан текширилиб, оқиш ёки коррозия излари мавжуд эмаслиги аниқланиши шарт.
61. Ходимлар билан газлар билан хавфсиз ишлаш усуллари бўйича ҳар йили ўқув машғулотлари ўтказилиши шарт.
Ўқув дастури қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади:
баллонларни сақлаш тартиби;
ускуналарга тўғри уланиш қоидалари;
сизишларни аниқлаш усуллари;
газ чиқиши ҳолатида фавқулодда беркитиш амалиёти.
Ходимлар билан газ ниқобларидан фойдаланиш бўйича амалий машқлар мунтазам ўтказилиши шарт (хлор учун — «В», аммиак учун — «КД» турдаги газ ниқоблари ва бошқалар). Газ хавфи юқори бўлган объектларда ишловчи ходимлар доимий равишда тиббий кўрикдан ўтиши, бу жараёнда айниқса нафас олиш тизими ҳолатига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Кўзга яққол кўриниб турадиган жойларда «Газ сизиб чиқиши аниқланганда ҳаракат тартиби» ва «Баллонларни сақлаш тартиби» йўриқномалари осиб қўйилиши шарт.
62. Газлар сақланадиган жойлардаги пол юзасида турли газлар учун сақлаш зоналарини ажратиб кўрсатувчи чизиқлар белгиланиши лозим:
қизил ранг — ёнувчан газлар зонаси;
яшил ранг — инерт газлар зонаси;
сариқ ранг — заҳарли газлар зонаси.
Кириш қисмида сақланаётган газлар рўйхати уларнинг хавф даражалари (тоифалари) кўрсатилган ҳолда осиб қўйилиши лозим. Шунингдек, «Ёнғин хавфи бор», «Заҳарли моддалар», «Чекиш тақиқланади», «Ҳимоя кўз ойнакларида ишланг» (зарур ҳолларда), «Хонани шамоллатинг» каби огоҳлантирувчи белгилар бўлиши шарт.
63. Газ сизиб чиқишини автоматик аниқловчи қурилмалар (стационар газ анализаторлари — метан, водород ёки хлор учун) хабар бериш тизимига (сигнализация) уланган ҳолда ўрнатилиши лозим. Улар умумий огоҳлантириш ва авариядан хабар бериш тизими билан интеграция қилинган бўлиши шарт.
Автоматик назоратдан ташқари лаборатория усулида ҳаво намуналарини даврий текшириш амалга ошириши лозим. Бунда:
заҳарли газлар учун — ҳаводаги модда ЧЙҚК бўйича назорат қилинади;
инерт газлар учун — кислород даражаси текширилади, азот сизиб чиқиши натижасида ҳаводаги кислород миқдори 19 фоиз кўрсаткичдан пастга тушиши мумкин.
Ўлчов натижалари махсус журналда қайд этилади, меъёрдан ошиш ҳолатларида иш тўхтатилиб, бинолар шамоллатилади ва хавфсизлик чоралари кўрилади.
64. Корхонанинг умумий фавқулодда ҳолатларда АВТЧБЭР таркибида газсимон моддалар билан боғлиқ аварияларга бағишланган алоҳида бўлимлари бўлиши лозим.
Режада шамол йўналиши бўйича газ булути тарқалиш схемалари ҳамда хавфли зоналар радиуслари келтирилиши лозим. Заҳарли газлар (хлор, аммиак) сизиб чиқиш ҳолатларида ходимларни огоҳлантириш тизими, катта ҳажмдаги чиқиш ҳолатларида эса Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги орқали корхона ҳудудига яқин бўлган аҳолини хабардор қилиш тартиби назарда тутилади.
65. Газ анализаторида ёнувчан газлар учун тарқалишнинг қуйи концентрация чегараси 20 фоиз ёки заҳарли газлар учун ЧЙҚК 50 фоизга тенг концентрациясини аниқлаганда, авариявий шамоллатиш тизими тўлиқ қувватда ишга тушиши, газ қувурларидаги электр магнит клапанлар автоматик равишда ёпилиши лозим.
Ёнувчан газлар мавжуд бўлган зонада учқун чиқиш хавфини бартараф этиш мақсадида электр таъминоти автоматик равишда ўчирилиши лозим. Ходимлар шахсий ҳимоя воситаларини (газ ниқоблари) кийиб, агар бу хавфсиз бўлса, газ сизиб чиқиш манбаини аниқлашга киришиши, акс ҳолда зонани тарк этишлари керак. Шу билан бирга, автоном электр таъминотли авариявий ёритиш тизими (портлашдан ҳимояланган фонарлар) ишга туширилиши лозим. Ташқи вентиляторлар ишлаганда, газ чиқиндиларини одамлар тўпланадиган ёки турар жойлар томон эмас, балки хавфсиз йўналишга чиқариши лозим.
66. Объектда газ сизиб чиқишларини бартараф этиш учун махсус воситалар мавжуд бўлиши лозим:
газ сизиб чиқишини тўсувчи восита;
баллонларга қўйиладиган бандажлар;
ёриқлар учун конуссимон тиқинлар;
қувурлар учун авариявий хомутлар.
Қуйидагилар сиқилган ҳамда суюлтирилган газларни қуйиш, ташиш ва авариявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича талаблар саналади:
а) смена эҳтиёжи 200 литргача бўлган ҳолларда, енгил алангаланувчи суюқликлар хавфсиз герметик қадоқларда иш жойларига етказилиши мумкин. Катта ҳажмдаги маҳсулотлар марказлаштирилган тартибда етказиб берилади;
б) барча қуйиш ва тўкиш операциялари герметик қопламалар ёрдамида автоматлаштирилган усулда амалга оширилиши, буғларнинг ҳавога тарқалишига йўл қўйилмаслиги шарт;
в) технологик сиғимлар ва идишлардан газ маҳсулотларини очиқ оқим билан қуйиш тақиқланади. Бу ишлар фақат махсус жиҳозланган, буғ тўпланишининг олдини олувчи тизимлар орқали амалга оширилади;
г) тўкилиб кетган моддалар тезкор равишда сорбентлар (қипиқ, қум ва бошқалар) орқали йиғиб олиниши ҳамда хавфсиз жойга олиб чиқилиши шарт. Объектда авариявий захира сифатида сорбент воситалари бўлиши керак;
д) технологик эҳтиёж туфайли очиқ идишлар ва ванналардан фойдаланилаётган цехларда:
очиқ ванналар хавфсиз қопқоқлар билан таъминланган бўлиши, фойдаланилмаётганда ёпилиши;
суюқликни авариявий ҳолда тўкиб олиш имконияти бўлиши лозим.
67. Газ хўжалигида огоҳлантириш сигналлари ва ҳаракат тартиби аниқ белгилаб қўйилиши лозим.
Огоҳлантириш сигнали берилганда ходимлар шамол йўналиши бўйлаб ёки хавфсиз йўналишда эвакуация қилинади.
Агар портлаш хавфи (газ омбори яқинида ёнғин) юзага келса, чеклов (четлаштириш) зонаси белгиланади:
баллонлар учун — камида 100 m радиусда;
йирик ҳажмли резервуарлар учун — 300 m гача.
Барча шахслар мазкур зона ҳудудидан ташқарига чиқарилиши шарт.
68. Объект ваколатли органларига сақланаётган газлар ва уларнинг миқдори ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.
Йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда заҳарли газ сизиб чиқиши ёки баллон портлаши билан ёнғин сценарийси бўйича қўшма амалий ўқув машқлари ўтказилиши лозим.
Объектда нохуш ҳолат бартараф этилгандан сўнг бинода дегазация ишлари амалга оширилади, яъни мажбурий шамоллатиш тизими ёрдамида ҳаво алмашиши ва заҳарли қолдиқларни нейтраллаш бўйича кимёвий ишлов берилади.
69. Сиқилган ва суюлтирилган газлардан фойдаланадиган хавфли ишлаб чиқариш объектларида қуйидагилар бўлиши шарт.
а) кислород баллонлари алоҳида сақланаётгани (бошқа секцияда ёки камида 5 m масофада жойлашган бўлиши), ёнувчан газлар, заҳарли ва оксидловчи газлардан визуал тарзда ёки тўсиқ орқали ажратилгани ҳамда баллонлар яқинида ёнувчан материаллар (ёғлар, ветош) мавжуд эмаслиги;
б) барча баллонлар ишончли маҳкамланган бўлиши лозим. Бунда тик ҳолатдаги баллонлар занжирлар билан қотирилгани, ётган ҳолатдаги баллонлар эса махсус ўриндиқларга (уяга) жойлаштирилади. Баллонларда йиқилиш ёки зарба излари мавжуд эмаслиги, ётган ҳолатда устма-уст сақланаётган баллонлар баландлиги 1,5 m дан ошмаслиги, шунингдек, вентиллар бир томонга қаратиб жойлаштирилган бўлиши шарт;
в) баллонлар қуёш нуридан ҳимоя қилинган ҳолда сақланиши лозим (бостирма ёки экран орқали). Улар иситиш ускуналаридан камида 1 m ва очиқ олов манбаларидан камида 5 m оралиқ масофада жойлаштирилиши керак. Бино ичидаги ҳарорат лойиҳа бўйича йўл қўйиладиган меъёрдан ошмаслиги лозим.
Шамоллатиш тизими ишчи ҳолатда бўлиши шарт: чиқарувчи панжаралар тозалиги (тўсилмаган), вентиляторлар ва хабар бериш тизими (сигнализация) ишлаши лозим;
г) баллонлар амалдаги талабларга мувофиқ рангларга бўялган ва аниқ тамғаланган (ёзувли) бўлиши лозим. Баллонларда охирги техник кўрикда белгили тамғалар мавжудлиги ва муддати ўтмагани аниқланади. Баллонлар ҳисоб журнали юритилаётган ва янгиланиб борилаётган бўлиши шарт. Шунингдек, газ партияси учун паспорт маълумотлари (сифат сертификати, аралашмалар тўғрисида маълумотлар) мавжуд бўлиши лозим;
д) баллонлар вентилларида сизиб чиқишлар йўқлиги текширилади. Редукторлар мавжуд ва соз ҳолатда, манометрлар — текшириш муддати ўтмаган бўлиши лозим. Суюлтирилган газлар учун сақловчи клапанлар мавжудлиги ва улардаги пломбалар бутунлиги текширилади. Фойдаланилмаётган баллонларда қопқоқлар ёпиқ ҳолда бўлиши шарт;
ж) огоҳлантирувчи ёзувли белгилар («Газ баллонлари», «Олов ман этилган», «Чекиш тақиқланади», «Газ! Ёнғин ҳолатида зудлик билан узоқлашинг!») ўрнатилган бўлиши лозим;
з) бинода ўт ўчиргичлар (кукунли ёки углекислота билан тўлдирилган) мавжуд бўлиши лозим (ҳар бир хонада камида 2 тадан кам бўлмаслиги шарт). Ўт ўчиргичлар текширилган ва ишчи ҳолатда бўлиши керак. Агар бинода ёнғин автоматикаси тизими мавжуд бўлса, унинг барча тугунлари бутун, ўчирилмаган ва фаол ҳолатда бўлиши лозим.
Баллонлар ўрнатилган металл стеллаж ёки раманинг ерга улангани текширилади (мультиметр ёрдамида ўлчов ўтказиш орқали амалга оширилади). Барча электр жиҳозларида портлашдан ҳимояланиб ясалган Еx-компоненти бўлиши, электр симлари эса пўлат қувурлар ёки кабел каналлари орқали ўтказилган бўлиши лозим;
и) газ сизиб чиқиши ҳолатида ҳаракат қилиш режаси бўлиши шарт. Ходимлар газ ниқоблари сақланадиган ва ўзини ўзи қутқариш жойни билишлари, ушбу шахсий ҳимоя воситалари мавжуд ва уларнинг фойдаланиш муддати ўтмаган бўлиши лозим. Дори қутичалари махсус антидотлар билан тўлиқ таъминланган ҳолда сақланиши керак.
5-боб. Заҳарли моддалар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
70. Заҳарли моддалар қўлланадиган технологик жараёнларда тўлиқ герметиклик тамойилига риоя этилиши лозим. Бундай жараёнлар ёпиқ ускуналарда, кичик вакуум остида амалга оширилиши керак.
Заҳарли моддаларнинг кукунсимон шаклдаги турларини тушириш ва миқдорлаш жараёнлари механизациялаштирилган ҳолда, яъни шнеклар, таъминловчилар ҳамда тортувчи зонтлар остида амалга оширилиши лозим.
71. Заҳарли моддалар билан ишлашда қўлланадиган материаллар емирилиш ва сизиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш учун модданинг таъсирига чидамли бўлиши лозим.
Барча герметикликни таъминловчи элементлар (қистирмалар, салниклар) модданинг таъсирига чидамлилик ва ўтказувчанликнинг минимал даражада бўлишини ҳисобга олган ҳолда танланиши лозим. Режавий профилактик таъмирлаш ёки хавфга асосланган назоратга мувофиқ люк қистирмалари, насос салниклари ва миқдорлаш шланглари каби муҳим қисмлар доимий равишда текширилиб, зарурат туғилганда алмаштирилиши шарт.
72. Кислотали ёки ишқорий заҳарли моддалар ишлатиладиган цехларда жойида нейтраллаш тизимлари (махсус ванналар ёки сиғимлар) бўлиши ҳисобга олиниши лозим. Ушбу нейтрализаторлар фавқулодда ҳолатда тўкилган моддани нейтралловчи реагент билан аралаштириш учун хизмат қилади.
Заҳарли органик суюқликлар учун адсорбент — активлаштирилган кўмир ёки моддаларни парчаловчи махсус аралашмалар билан тўлдирилган идишлар бўлиши лозим. Бундай ускуналар заҳарли моддаларнинг умумий канализация тизимига ёки тупроқ қатламига тушишининг олдини олади.
73. Юқори даражадаги заҳарли моддалар ишлатиладиган объектларда хавфсизлик тизимида махсус бўлимлар ташкил этилади. Ушбу бўлимлар фаолиятида хавфсиз ишлаш тартиб-қоидалари, ходимлар соғлиғини назорат қилиш тизими ҳамда ҳар қандай кичик оғиш ҳолатларида амалга ошириладиган ҳаракат режаси жорий этилади.
Корхона ўз объектида мавжуд бўлган кучли таъсир этувчи заҳарли моддалар рўйхатини тасдиқлайди ҳамда ҳар бир модда учун масъул шахсларни тайинлайди. Хавфсизликни бошқариш тизими доирасида мустақил экспертлар иштирокида заҳарли моддаларни сақлаш ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги бўйича мунтазам аудитлар ўтказилиши лозим.
74. Ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилишдаги энг муҳим жиҳат — сизиб чиқишларнинг олдини олишдир. Хавфга асосланган назоратдан ташқари заҳарли моддаларни ташиш учун мўлжалланган коммуникацияларда кунлик кўрик амалга оширилиши лозим. Бу жараёнда масъул ходим гардишлар (фланец) остидаги томчилар ёки сизиб чиқиш изларининг йўқлиги, шунингдек, сизиб чиқишни аниқловчи датчиклар кўрсаткичларини назорат қилиши лозим. Ускунани ишга туширишдан олдин герметикликни вакуум ёки инерт босим остида синовдан ўтказиш усули қўлланиши керак.
Газсимон заҳарли муҳитларда фаолият кўрсатадиган объектларда автоматик намуна олувчи қурилмалар қўлланилиши лозим. Улар муҳитдаги фон концентрациясини доимий равишда назорат қилишни таъминлайди.
75. Заҳарли моддалар билан ишловчи ходимлар мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Ҳар бир ходим учун шахсий тиббий карта юритилади ва сурункали заҳарланиш аломатлари аниқланса, бундай ходим ишдан вақтинча четлаштирилади ҳамда бошқа ишга ўтказилади. Шунингдек, барча ходимлар фавқулодда ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш воситалари билан таъминланиши лозим.
76. Заҳарли моддалар билан ишловчи барча ходимлар махсус йўриқномадан ўтишлари шарт. Тузилган йўриқномаларда эҳтиёт чоралари ва хавфсиз ишлаш қоидалари аниқ баён этилган бўлиши лозим.
77. Иш жойларида етарли миқдорда ва тўғри турдаги шахсий ҳимоя воситалари мавжуд бўлиши лозим (мувофиқ маркадаги фильтрли газ ниқоблари ёки юқори концентрациялар учун изоляцияловчи ускуналар). Газ ниқоблари фильтрлари герметик шароитда сақланиши ва фойдаланиш муддати тугаганда ўз вақтида алмаштирилиши шарт.
Заҳарли суюқ моддалар билан ишлашда ходимлар кимёвий моддаларга чидамли махсус кийим, чангдан ҳимоя қилувчи бир марталик ҳимоя коржамалари билан таъминланиши лозим. Кўзни ёпувчи ҳимоя кўзойнаклари ёки юзни тўлиқ ёпувчи қалқонлар бўлиши заҳарли ва едирувчи моддалар тўкилиши ҳолатларида мажбурий. Қўлқоплар модда билан мувофиқлиги ҳисобга олинган ҳолда танланиши лозим.
78. Кимёвий аварияларга оид АВТЧБЭР заҳарли моддалар чиқиши ҳолатида бажариладиган амалий қадамлар батафсил баён этилган бўлиши лозим. Ушбу режада коммуникациялардаги зулфинларни ёпиш учун масъул, авариявий шамоллатиш тизимини ишга тушириш учун масъул ходимлар, ташқи хизматлар билан ҳамкорлик ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун масъул ходимлар белгиланиши шарт.
Ходимлар ва ваколатли органлар иштирокидаги машғулотлар йилига камида 1 марта ўтказилиши лозим.
79. Заҳарли газ ёки тутуннинг катта ҳажмдаги сизиб чиқиши ҳолатларида корхона атрофидаги аҳолини хабардор қилиш учун огоҳлантириш тизими (сиреналар, овоз кучайтиргичлар, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги орқали СМС-хабарлар) йўлга қўйилган бўлиши лозим. Объектдаги барча қўриқлаш постлари ва диспетчерлик пунктларида қуйидагилар мавжуд бўлиши шарт:
телефон рақамлари рўйхати;
шамол йўналиши схемаси — заҳарли булут тарқалиш йўналишини аниқлаш учун;
огоҳлантириш хабарлар матнларининг намунавий шакллар.
Аварияни бартараф этишга жалб этилмаган ходимлар авария вазиятлари тарқалишини чегаралаш ва бартараф этиш режаларида белгиланган эвакуация йўналишлари бўйича биноларни тарк этишлари лозим.
80. Заҳарли моддалар учун авария жиҳозлари тўплами сорбентлар (универсал, кислота ёки ишқорларни нейтралловчи — заҳарли модданинг хусусиятига қараб танланади), ифлосланган материалларни тўплаш учун идишлар, «Авариявий чиқиндилар» ёзувли герметик ёпиладиган контейнерларни (бочкалар) ўз ичига олиши лозим.
Иш жойларига яқин масофада авариявий душ ва кўзни ювиш учун фавқулодда фавворачалар ўрнатилган бўлиши шарт. Баъзи махсус турдаги моддалар билан ишланганда, уларга мос авариявий нейтралловчи реагентлар олдиндан тайёрлаб қўйилиши лозим.
81. Авария ҳолатида қаттиқ заҳарли моддалар тўкилган тақдирда, махсус тайёргарликка эга ходимлар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиб, уларни махсус асбоблар ёрдамида йиғишлари лозим. Тўпланган моддалар кейинчалик утилизация қилиш учун герметик идишларга жойланади.
Тўкилган заҳарли суюқликлар, биринчи навбатда, нейтралловчи кукун ёки сорбент билан қопланади, йиғилган масса махсус контейнерларга тўпланади. Пол ёки ускуна остида қолган қолдиқлар нейтралловчи эритма билан ишлов берилади ва улар ҳам йиғилиб утилизация қилинади. Бино ичидаги шамоллатиш тизими кучайтирилади, ҳаво ҳолати тозалашдан олдин ва кейин текширилади. Авария бартараф этилгандан сўнг ишлаб чиқариш лабораторияси мутахассислари ёки аккредитациядан ўтган ташкилот томонидан ҳаводаги зарарли моддалар концентрациясининг назорат ўлчовлари ўтказилиб, тўлиқ зарарсизлангани тасдиқланиши лозим.
82. Ўткир заҳарланиш ҳолатлари юзага келганда, объектда тез тиббий ёрдам кўрсатишга тайёр санитария пости бўлиши шарт. Ушбу хона кислород ингалятори, антидотлар (заҳарга қарши воситалар) ва зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
Ходимлар қайси жойга мурожаат қилишлари кераклиги ҳақида олдиндан хабардор қилинган бўлишлари шарт. Фавқулодда ҳолатдан сўнг ҳатто заҳарланиш аломатлари кузатилмаган тақдирда ҳам, барча иштирокчилар 24 соат ичида тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.
83. Заҳарли моддалардан фойдаланадиган хавфли ишлаб чиқариш объектларида қуйидагилар бўлиши шарт:
а) заҳарли моддалар сақланадиган алоҳида хона ёки шкаф мавжуд бўлиши, унга чекланган рухсат (қулф ва масъул сақловчи шахс) белгиланган бўлиши лозим. Эшикда «Заҳарли» деб ёзилган огоҳлантирувчи белги бўлиши шарт. Шамоллатиш тизими ишчи ҳолатда эканлиги (тортувчи вентилятор фаолияти ва ҳаво алмашинув карра ўлчови). Ҳарорат режими меъёрда бўлиши, модда этикеткасидан келиб чиққан ҳолда белгиланган талабларга мос бўлиши лозим;
б) барча идишлар маҳкам ёпилган, оқиш ёки сизиш ҳолатлари йўқ, этикеткалар ўқилиши осон ва зарур маълумотларни ўз ичига олган бўлиши лозим.
Енгил учувчан моддалар учун (йўриқномада кўрсатилган бўлса) совуқ жойда ёки музлаткич камерасида сақлаш талаб этилади. Юқори заҳарли ёки канцероген реактивлар (бензол, дихроматлар, симоб тузлари) шамоллатиш тизимига уланган тортувчи шкафларда ёки шамоллатиш тизимли герметик боксларда сақланиши лозим.
Хавфли реакция бериши мумкин бўлган моддалар бир жойда сақланмаслиги керак (кислоталар цианидлар билан, оксидловчи моддалар органик моддалар билан);
в) сақлаш зонасида нейтраллаш учун зарур моддалар, кислоталар учун — оҳак ёки сода, ишқорлар учун — кислота (уксус ёки бор кислотаси), галогенлар учун — сульфитлар ва бошқалар бўлиши лозим;
г) ходимларнинг талаб этиладиган маркадаги газ ниқоблари билан таъминлангани, улардаги фильтрлар мавжудлиги ва яроқлилик муддати. Шунингдек, ходимларда мувофиқ турдаги махсус кийимлар, кислоталарга чидамли фартуклар ва қўлқоплар мавжудлиги аниқланади. Юқори хавф даражасидаги ишларда иштирок этувчи ходимларда кўчма газ анализаторлари (индикатор найчалар) борлиги;
д) хавфли моддалар ҳисоби — журнал ёки рўйхатлар кўринишида юритилиши лозим. Ҳар бир модда учун хавфсизлик паспорти мавжуд бўлиши шарт. Токсинларнинг ҳар бир тоифаси билан ишлаш бўйича йўриқномалар очиқ ҳолда сақланиши ва амалда бўлиши, ходимлар эса улар билан танишгани ҳақида имзо қўйган бўлишлари лозим;
ж) насослар, клапанлар ва қувурларда сизиб чиқишлар мавжуд эмаслиги, уларда кристаллашув излари, доғлар ёки ҳидлар бўлмаслиги лозим. Шунингдек, заҳарли чиқиндилар сақланадиган барча идишлар тамғаланган бўлиши, улар тортувчи шамоллатиш тизими остида ёки маҳкам герметик ёпиқ ҳолда сақланиши шарт.
6-боб. Оксидловчи моддалар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
84. Ишлаб чиқариш жараёнларида (реакторлар, дозалаш узеллари) оксидловчи моддалар ёнилғи компонентларидан алоҳида ҳолда реакция зонасига узатилади, бу эса режадан ташқари аралашиш ва назоратсиз реакция юз бериши хавфининг олдини олишни таъминлайди.
Объектдаги коммуникациялар тўлиқ герметик бўлиши лозим. Насослар икки томонлама зичланган моноблок турда жиҳозланган бўлиши ҳамда модданинг ташқи муҳитга чиқишини бутунлай истисно этадиган тўсувчи суюқлик тизимига эга бўлиши шарт.
Концентрацияни назорат қилишни таъминлашда: агар технологик жараёнда оксидловчи модда ёнилғи билан аралаштириладиган бўлса, автоматлаштирилган бошқарув тизими уларнинг хавфсиз нисбатини сақлаб туриши ва портлаш реакцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган ортиқча оксидловчининг қўшилишига йўл қўймаслиги лозим. Реакция назоратдан чиққан тақдирда, тизимда ингибитор моддани ёки реактор қурилмасини фавқулодда совиткични автоматик дозатор ускуналари мавжуд бўлиши шарт.
85. Оксидланиш реакциялари хавфсизлиги: таркибида кучли оксидловчи моддалар (пероксидлар, озон, нитратлар) иштирок этувчи реакциялар одатда, экзотермик бўлади. Реакторларда самарали совитиш тизими ҳамда оксидловчи модда берилиши ҳарорат бўйича автоматик тарзда бошқарилиши ҳисобга олиниши лозим. Шунингдек, реакцион масса назоратсиз парчаланиши ҳолатида босим ортишини хавфсиз бартараф этиш учун уюрма сўндирувчи қурилмага эга авария чиқариш клапанлари ёки босимни идишга хавфсиз йўналтирувчи қувурлар тизими ўрнатилиши шарт.
Оксидланиш жараёнлари амалга ошириладиган биноларда портлаш босимини чиқарувчи портлашдан ҳимояловчи конструкциялар бўлиши лозим, булар енгил чиқувчи панеллар ёки шамоллатиш тешиклари портлаш босимини хавфсиз равишда чиқариш имкониятини таъминлайди. Электр жиҳозлари кислород ёки хлор ажралиши эҳтимоли ҳисобга олинган ҳолда танланади, улар мойланмаган бўлиши ва коррозияга қарши ҳимояга эга бўлиши шарт.
86. Кукунсимон оксидловчи моддалар билан ишланганда, жиҳоз ва иншоотларда чанг (хлорат ёки перманганат чанглари) тўпланишига йўл қўйилмаслик лозим. Бундай чанг тўпланишининг олдини олиш учун ускуналар ва сиртлар даврий равишда сув билан ювиб тозаланиши, шу орқали портловчи чанг «ёстиқчалари» ҳосил бўлмаслигини таъминланиш керак. Аммиак селитраси (NH 4 NO 3 ) сақланадиган омборларда маҳсулот тўпланиб қолиши мумкин бўлган бўшлиқ ёки ковак жойлар бўлиши қатъиян ман этилади. Бундай бинолар барча сиртлари силлиқ ва тозалаш учун қулай ҳолда лойиҳалаштирилиши шарт.
87. Оксидловчи моддалар металл материалларда коррозияни келтириб чиқариши мумкин, шунинг учун бундай муҳитларда ишлатиладиган ускуналар мос зангламайдиган пўлат ёки қопламали тайёрланган бўлиши керак.
Жумладан:
кислотали муҳит учун — қўшимчали зангламас пўлатдан тайёрланган ускуналар;
гипохлорит ва пероксидлар учун — эмаль қопламали реакторлар ёки пластик (ПВХ, PVDF) қувурўтказгичлар;
«нам хлор» билан ишлаш учун — титан материалидан ясалган жиҳозлар тавсия этилади.
Мой мавжуд бўлган шароитда босим остидаги кислород портлаш хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги сабабли, иккиламчи реакциялар ҳам ҳисобга олиниши лозим.
Арматура ва насосларда қўлланадиган барча сурков материаллари кислород билан мувофиқ келиши, яъни углеводородли мойлар ишлатилмаслиги, силиконли ёки фторуглеродли сурковлар қўлланилиши лозим.
88. Оксидловчи моддалар иштирокидаги жараёнлар бўйича хавф таҳлили амалга оширилиши лозим. Таҳлил жараёнида қуйидаги эҳтимолий оғишлар аниқланади: «оксидловчининг ортиқча миқдори», «совитишнинг етишмаслиги», «оксидловчи моддага бегона модданинг тушиши» ва бошқалар. Таҳлил натижалари асосида зарур ҳимоя чоралари ва хавфсизлик техник тадбирлари ишлаб чиқилиши шарт.
89. Оксидловчи муҳитлар ускуналарнинг эскириши ва емирилишини тезлаштиради, шунинг учун таъмирлашлар орасидаги интерваллар қисқартирилган ҳолда белгиланиши лозим.
Кислород компрессорлари учун зичлагич элементларни тез-тез алмаштириш, шунингдек, коррозия таъсирида ёриқлар ҳосил бўлиши эҳтимолига кўра куракларни мунтазам кўздан кечириш талаб этилади.
Пероксидлар сақланадиган омборларда ҳар ойда бир марта бино ичидаги термометрлар ва ҳароратдан хабар бериш тизими (сигнализацияси) қурилмаларининг ҳолати кўрилиши шарт.
Пероксидлар учун мўлжалланган музлаткич камераларидаги совитиш ускуналари каби парчаланишнинг олдини олиш тизими ҳар чоракда текширилади ва ишчи ҳолати тасдиқланади.
90. Ходимлар оксидловчи моддалар билан ишлашнинг махсус хавфсизлик чора-тадбирлари бўйича ўқитилган бўлишлари лозим. Шунингдек, оксидловчи моддаларга оид ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича амалий ўқув машғулотлари мунтазам равишда ўтказилиши шарт.
91. Оксидловчи моддалар бўйича фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик ёнғин ва портлаш хавфини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиши лозим.
92. Айрим оксидловчи моддалар, жумладан, органик пероксидлар, ўзидан ўзи парчаланиб портлаш хавфини келтириб чиқариши мумкин. Агар датчиклар сақланаётган пероксид ҳароратининг белгиланган даражадан ортишини аниқласа, тизим автоматик равишда совитишни ишга тушириши ёки эвакуация огоҳлантириш ва хабар бериш тизимлари ишга тушиши лозим.
АВТЧБЭР барча шахсларни хавфсиз масофага эвакуация қилишни назарда тутиши лозим. Агар органик пероксиднинг назоратдан чиққан парчаланиш жараёнини тўхтатиш имкони бўлмаса, реакция тўлиқ якунланмагунча ёнғинни ўчириш ишларини бошламаслик талаб этилади.
93. Суюқ оксидловчи модда (50 фоиз водород пероксид) тўкилиши ҳолатида ходимлар ҳимоя қўлқоплари ва кўз ойнакларини кийиб, тўкилган жойни инерт қум билан тўсишлари лозим. Бу ҳолатда пахта ёки мато ва бошқа ёнувчан толали материаллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди, улар оксидловчи модда билан реакцияга кириши мумкин. Тўйинган нам қум металл челакка тўпланиши, бинодан ташқарига чиқарилиши лозим.
Қаттиқ оксидловчи моддалар (селитра, перманганат ва бошқалар) тўкилиши ҳолатида модда тоза идишга йиғиб олинади, қолдиқ эса кўп миқдордаги сув билан ювиб тозаланади. Гранулаларни полга босиб киритиш қатъиян ман этилади, ишқаланиш натижасида органик моддалар ёниши мумкин.
Кичик аварияларни бартараф этиш режаси ходимлар учун қадамма-қадам кўрсатмалар йўриқномасини ўз ичига олиши лозим. Йўриқномада тўкилган моддани қандай модда билан қоплаш (сорбент ёки қум), қайси модда билан ювилиши, тўпланган моддаларни қаерга ва қандай тарзда чиқарилиши ёки вақтинча сақланиши аниқ кўрсатилиши шарт.
94. Заҳарли газлар ажралиб чиқиши сабабли ёнғин содир бўлганда (нитрат целлюлозаси ёнишида азот оксидлари (NOx) ажралади) огоҳлантириш тизими кимёвий ҳодиса каби ишга тушиши лозим. Яъни, сиреналар орқали сигнал берилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан аҳолига ахборот етказилиши таъминланиши керак.
95. Ёнғиндан сақлаш хизматлари (давлат, идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматлари) объектда оксидловчи моддалар мавжудлиги тўғрисида олдиндан хабардор қилинган бўлиши ва улар билан ишлаш тактикаси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган бўлишлари лозим.
Хусусан, улар қуйидагиларни билишлари шарт:
сув оксидловчи моддаларда ёнғинни ўчиришнинг асосий воситаси эканлиги;
углеводородли эритувчилар асосидаги кўпик таркиблардан фойдаланиш ман этилиши, чунки улар оксидловчи муҳитда ўзлари ёнувчан;
фторли бирикмалар асосидаги махсус чидамли кўпиклар ёки майин пуркаладиган сув қўлланиши лозим.
Шунингдек, ёнғиндан сақлаш хизмати қайта портлашлар эҳтимоли (агар омборда турли партияда пероксидлар бўлса) ҳақида хабардор бўлиши керак. Корхона маҳаллий ёнғиндан сақлаш хизматига объектдаги оксидловчи моддалар захираси ва уларнинг асосий хусусиятлари тўғрисида маълумот бериши шарт.
96. Оксидловчи моддалар билан ишлайдиган хавфли ишлаб чиқариш объектларида қуйидагилар бўлиши шарт:
а) оксидловчи моддалар енгил алангаланувчи суюқликлар (ЕАС), ёнувчан суюқликлар (ЁС), ёнувчан газлар ёки бошқа ёнувчан моддалар билан бир жойда сақланмаслиги лозим. Оксидловчи моддалар сақланадиган хона ёки бўлимда ҳар қандай ёнувчан материаллар (ёғоч қути, қоғоз қоплама, мато ва бошқалар) бўлмаслиги шарт.
Агар оксидловчи модданинг қадоқ қопламаси ёнувчан материалдан (картон қути) тайёрланган бўлса, у ҳолда уни металл ёки керамик тагдонга, ёнғин чиқариши мумкин бўлган манбалардан узоқ масофада жойлаштирилиши керак;
б) сақлаш жойларида огоҳлантирувчи белгилар мавжуд бўлиши лозим. Идишлар (бочкалар, канистрлар) тамғаланган бўлиши шарт: уларда сариқ ромб шаклидаги белги, доира устида аланга тасвири ва «Оксидловчи модда» деган ёзув бўлиши керак. Ёрлиқлар аниқ ўқиладиган, уларда модданинг концентрацияси ва ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилган бўлиши шарт;
в) бино ичида ҳаво айланиши яхши ва ҳарорат мўътадил, омбордаги термометр кўрсаткичи белгиланган меъёр (15 — 25 °C) доирасида бўлиши лозим (алоҳида махсус талаблар белгиланмаган бўлса);
г) пол ва жавонлар ҳолати, уларда тўкилган кристалл ёки суюқлик оқиши мавжуд эмаслиги лозим;
ж) «Оксидлантирувчи моддаларни сақлашда ёнғин хавфсизлиги чоралари» ва «Тўкилиши/авария ҳолатида ҳаракатлар тартиби» номли йўриқномалар бўлиши керак;
з) омбор яқинида ўчириш ва нейтраллашга мўлжалланган воситалар бўлиши керак:
кислотали оксидловчилар учун — кальцийланган (сувсизлантирилган) сода солинган қоплар;
перманганат тўкилиши ҳолатида — сув тўлдирилган бочкалар;
ўта реакцион моддалар учун — қум, белкураклар ва бошқа ёрдамчи жиҳозлар;
и) оксидлантирувчи моддаларнинг келиб тушиши ва сарфи ҳисоби юритилиши керак (айниқса, улар прекурсор ёки назоратдаги моддалар бўлса). Бинони даврий кўрикдан ўтказиш журнали мавжудлиги ва унда органик материаллар йўқлиги ҳамда тозалаш ишлари амалга оширилгани ҳақидаги ёзувлар борлиги аниқланади.
7-боб. Портловчи моддалар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
97. Портловчи моддаларни ишлаб чиқариш ёки қўллаш жараёнларида иш жойида бир вақтнинг ўзида мавжуд портловчи моддалар миқдори минимал даражада сақланиши лозим.
98. Портловчи моддалар билан ишлайдиган машиналар ва механизмлар содда тузилишда ҳамда улар умуман учқун чиқармайдиган бўлиши лозим. Электр юритмалар ўрнига пневматик бошқарув тизимлари қўлланиши, ҳаво босими меъёрий даражада чекланиши керак (ускуналар қизимаслиги учун).
Агар электр таъминотидан фойдаланиш зарурати бўлса, у ҳолда паст кучланишли (12 V гача) электр тизими қўлланиши лозим. Барча электр ускуналари учқун хавфсизлиги тўсиқлари орқали уланиши шарт.
Портловчи моддалар билан тўғридан-тўғри контактда бўладиган барча машиналар сиртлари антифрикцион (ишқаланиш ва иссиқлик ажралиб чиқишини камайтирувчи) материаллар билан қопланган бўлиши лозим. Фойдаланиладиган асбоб-ускуналар фақат ёғоч, мис ёки пластмассадан тайёрланган бўлиши мумкин. Пўлат ёки темир асбоблардан фойдаланиш қатъиян ман этилади.
99. Портлаш хавфи мавжуд моддалар билан боғлиқ технологик жараёнлар амалга ошириладиган бинолар портлаш оқибатларини камайтиришга мўлжалланган ҳимоя тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим. Бундай тизимлар қуйидаги турларга бўлинади:
портлашни бостиришнинг фаол тизимлари, порох ишлаб чиқаришда қўлланадиган сўндирувчи автоматик тизимлар;
пассив тизимлар, енгил ташланадиган панеллар ва портлаш тўлқинини юқорига йўналтирадиган махсус каналлар.
Бундан ташқари, бинолар портловчи моддалар ёнганда хавфсиз масофадан бошқарилувчи ёнғин ўчириш қурилмалари билан таъминланган бўлиши керак.
Портлаш хавфи юқори бўлган участкаларга фақат билим синовларидан ўтган ва махсус тайёргарликка эга бўлган чекланган сондаги ходимларга киришига рухсат берилади.
100. Агар жараён узлуксиз тарзда амалга ошириладиган бўлса, у ҳолда ҳар қандай фавқулодда ҳолатда автоматик тўхтатиш блокировка тизими бўлиши шарт.
101. Портловчи моддалардан фойдаланадиган корхонада портловчи моддаларни сақлаш, ишлатиш ва ташишга оид амал қилувчи лицензиялар бўлиши лозим. Шунингдек, портловчи моддалар ҳисоби журнали юритилиши, унда келган миқдор, сарфланган ва қолдиқ миқдорлар, масъул шахслар тўғрисидаги маълумотлар бўлиши шарт.
102. Портловчи моддалар билан ишловчи ходимлар махсус тайёргарликдан ўтишлари ва билимларини даврий равишда текширилиши шарт.
103. Портловчи моддалар билан ишлашга рухсат этилган ходимлар тегишли жисмоний ҳолатга ва соғлом руҳий-психологик қобилиятга эга бўлишлари шарт.
104. Портловчи моддалар сақланадиган омборларда даврий ички тафтишлар ўтказилиши шарт. Бунда мавжуд моддаларни қайта санаб чиқиш, ҳисоб журналидаги миқдор билан амалда мавжуд миқдорни солиштириш, сақлаш идишлари ва тамғалар бутунлигини текшириш керак.
105. Портловчи моддалар сақланадиган объектлардаги авария вазиятлари тарқалишини чегаралаш ва бартараф этиш режаси қуйидаги сценарийларни ўз ичига олиши лозим:
«Портловчи моддалар омборида ёнғин (портлашсиз)»;
«Омборда қисман портлаш»;
«Ишлаб чиқариш линиясини детонация ҳолати».
Ҳар бир сценарий учун эвакуация зоналари ва парчалар сочилиш радиуслари аниқ белгилаб қўйилиши керак.
106. Портлаш ёки ёнғин ҳолатида махсус огоҳлантирувчи сирена сигнали автоматик равишда ишга тушиши лозим. Аҳоли ва ходимлар бу сигналнинг маъносини олдиндан билишлари керак:
сигнал эшитилганда ерга ётиш ёки хавфсиз жойда паноҳ топиш,
портлашлар тўхтагандан сўнг эвакуация буйруғи берилгач, белгиланган йўналиш бўйича бинодан чиқиш талаб этилади.
107. Портловчи моддаларни сақлаш ва фойдаланиш объектларида қуйидагилар бўлиши шарт:
портловчи моддаларни сақлашга оид амалдаги лицензия;
портловчи моддаларни сақлаш учун масъул шахслар рўйхати (корхона буйруғи билан тасдиқланган) мавжудлиги;
ходимларда портловчи моддалар билан ишлаш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар.
8-боб. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддаларни сақлашга қўйиладиган талаблар
108. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар уларнинг физик-кимёвий хусусиятлари, реакцияга киришиш қобилияти ҳамда хавф даражасини ҳисобга олган ҳолда сақланади.
109. Енгил алангаланувчи суюқликлар, оксидловчи моддалар, кислоталар, ишқорлар, заҳарли моддалар, сиқилган ва суюлтирилган газлар гуруҳларга ажратилиб сақланиши керак.
110. Енгил алангаланувчи суюқлик ва оксидловчи моддалар, кислоталар ва ишқорлар, заҳарли моддалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, оксидловчи моддалар ҳамда органик моддаларни биргаликда сақлаш тақиқланади.
111. Ҳар бир гуруҳга мансуб моддалар алоҳида хоналарда, секцияларда ёки изоляцияланган жойларда сақланиши шарт, жумладан:
енгил алангаланувчи суюқликлар портлаш хавфли зонада, шамоллатиш тизими билан жиҳозланган махсус омборларда;
оксидловчи моддалар ёнувчан материаллардан камида 5 m масофада ёки ёнмайдиган тўсиқлар билан ажратилган ҳолда;
кислоталар ва ишқорлар коррозияга чидамли идишларда, бир-биридан алоҳида;
сиқилган ва суюлтирилган газлар ташқи майдонларда ёки махсус шамоллатиш тизими мавжуд шкафларда.
112. Суюқ моддалар сақланадиган барча жойлар иккилламчи тўсиқ (ариқчалар (лоток), поддон таралар, марза) билан жиҳозланган бўлиши шарт:
иккилламчи тўсиқ (марзаланган ҳудуд) ҳажми энг катта идиш (резервуар) ҳажмининг маҳсулот сиғадиган қилиб, камида 110 фоизини ташкил қилиши;
ариқчалар (лоток) кислоталар учун кислотабардош пластик ёки қопламалар, енгил алангаланувчи суюқликлар учун антистатик ва ёнғинга чидамли материалдан тайёрланиши;
ариқчаларда (лоток) авария ҳолатида моддани чиқариш учун клапанли тизимлар кўзда тутилиши.
113. Умумий ҳажми 5 000 kg дан ортиқ кимёвий моддалар алоҳида бинода сақланиши шарт.
114. Кимёвий моддаларни ертўлаларда сақлаш тақиқланади.
115. Сақлаш бинолари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
деворлар ёнғинга чидамли;
қопламалар суюқлик ўтказмайдиган ва антистатик қопламага эга бўлиши;
эшиклар автоматик ёпилувчи;
шамоллатиш тизими доимий ишчи ҳолатда.
116. Ҳаво алмашинувининг ҳажми ва карралиги ишлаб чиқариш ҳамда маиший хоналар учун шамоллатиш ва ҳавони мўтадиллаш бўйича амалдаги қурилиш нормалари талабларига мувофиқ таъминланиши лозим.
117. Бир хонанинг ичида сақланадиган кимёвий моддалар миқдори қуйидаги чегаралардан ошмаслиги лозим.
ишлаб чиқариш хоналарида :
енгил алангаланувчи суюқликлар — 200 kg гача;
заҳарли моддалар — 50 kg гача;
оксидловчи моддалар — 100 kg гача;
маъмурий хоналарда :
енгил алангаланувчи суюқликлар — 50 kg гача;
заҳарли моддалар — 10 kg гача;
оксидловчи моддалар — 25 kg гача;
омборхоналарда :
енгил алангаланувчи суюқликлар — 5 000 kg гача;
заҳарли моддалар — 1 000 kg гача;
оксидловчи моддалар — 2 000 kg гача.
118. Енгил алангаланувчи суюқликлар сақланадиган хоналарда ҳарорат 27 °C дан ошмаслиги лозим.
119. Заҳарли газлар сақланадиган хоналарда мажбурий ҳаво чиқариш шамоллатиш тизими ўрнатилиши лозим.
120. Шамоллатиш тизимида ҳавони қайта айлантириш (рециркуляция) тақиқланади.
121. Корхонада қуйидаги ҳисоб ҳужжатлари юритилиши лозим:
келиб тушиш журнали;
сарф журнали;
инвентаризация ҳисоботи (камида ойда бир марта).
9-боб. Технологик жараёнларни назорат қилиш, бошқариш, хабар бериш тизими (сигнализация) ва аварияга қарши автоматик ҳимоя тизимлари
122. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар ишлатиладиган технологик жараёнларни назорат қилиш ва бошқариш бошқарув хонасида жойлашган оператор иш жойидан туриб амалга оширилиши, бунда жараён хавфсизлигини белгилаб берувчи технологик кўрсаткичларни назорат қилиш, авария олди ҳамда авария вазиятларида хабар бериш тизими (сигнализация) воситаларини ускуна жойлашган жойда ва бошқарув хонасида ҳам ўрнатилиши керак.
123. Технологик кўрсаткичларни (сарф, босим, ҳарорат) ўлчаш ва тартибга солиш ишчи муҳитда коррозияга чидамли ёки унинг таъсиридан ҳимояланган техник қурилмалар ёрдамида амалга оширилади.
124. Белгиланган тартибда қиёсловдан ўтказилмаган, шунингдек, қиёслаш муддати ўтган назорат-ўлчов асбоблари ва автоматлаштириш воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
125. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар сақланадиган идишлар чегаравий сатҳ қийматлари хабар бериш тизимига (сигнализация) эга суюқликларнинг сатҳини ўлчаш, назорат қилиш ва тартибга солиш воситалари ва белгиланган чегаравий сатҳга етганда, уларни идишга узатилишини автоматик тарзда узиб қўядиган воситалар ёки суюқликнинг тошиб кетишига йўл қўймайдиган бошқа воситалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
126. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар билан ишлар амалга ошириладиган хоналарда ҳавонинг ҳолатини мунтазам назорат қилиш ташкил этилган бўлиши керак.
Фойдаланиш шароитларига кўра кучли таъсир кўрсатадиган моддалар буғи ажралиб чиқадиган хоналарда ЧЙҚК меъёрдан ошганлигини хабар бериш тизими (сигнализация) билан бирга уларнинг ҳаводаги миқдорини автоматик назорат қилиш таъминланган бўлиши керак. Агар ушбу хоналарда ЧЙҚК ошиб кетганда, қуйидагилар ишга тушиши керак:
а) бошқарув хонасида ва жойида ёруғлик ва овозли хабар бериш тизими;
б) зарур ҳолларда атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни ютувчи авариявий тизим билан блокировка қилинган авария ҳолатида шамоллатиш.
127. Фойдаланиш шароитларига кўра ишчи ҳудуд ҳавосига кучли таъсир кўрсатадиган моддалар буғи ажралиб чиқиши мумкин бўлган очиқ майдончаларда жойлашган омборхоналарда, тўкиш-қуйиш пунктларида ЧЙҚК меъёрдан ошганлигини хабар бериш тизимлари (сигнализация) автоматик назорат кўзда тутилиши лозим.
Кўрсатилган жойларда ЧЙҚК меъёрдан ошиб кетганда, бошқарув хонасида ва жойда ёруғлик ва овозли хабар бериш тизимлари ишга тушиши керак. Бунда барча газланганлик ҳолатлари асбоблар ёрдамида қайд этилиши керак.
Датчикларнинг сезувчанлик чегараси, уларнинг сони ва жойлашиши лойиҳа билан белгиланади ва асосланади.
10-боб. Техник қурилмалар ва ускуналар хавфсизлик талаблари
128. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар ишлатиладиган хавфли ишлаб чиқариш объектларида қўлланадиган техник қурилмалар ва ускуналар (реакторлар, насослар, арматуралар, фильтрлар, идишлар) белгиланган тартибда мувофиқлик сертификатига эга бўлиши, шу жумладан, чет элда ишлаб чиқарилган техник қурилма ва ускуналар давлатлар ўртасида тан олинган мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак.
129. Техник қурилмалар ва ускуналарнинг (ишлаб чиқариш ускуналарининг) конструкцияси ушбу Қоидалар талабларига, шунингдек, ишлаб чиқариш ускунасига қўйиладиган хавфсизлик талабларига жавоб бериши керак. Жумладан, кислотабардош, ишқорларга чидамли, пероксидлар учун антистатик, учқун чиқармайдиган, кислород билан реакция қилмайдиган материаллардан, герметик ва зарбага бардошли бўлиши, шунингдек, қўлланадиган модданинг физик-кимёвий хусусиятларига тўлиқ мослаштирилган бўлиши шарт.
130. Барча техник қурилмалар учун фойдаланиш қўлланма ҳужжатлари (паспорт, техник тавсиф, хавфсизлик паспорти) ишлаб чиқарувчи томонидан берилган бўлиши ва ташкилот томонидан давлат тилига таржима қилинган ҳолда сақланиши шарт. Қўлланмада ускунанинг хавфли зоналари, тозалаш тартиби, хизмат кўрсатиш графиги ва авария ҳолатида ҳаракат қилиш тартиби кўрсатилган бўлиши лозим.
131. Бевосита ускуналар ёки уларга хизмат кўрсатиш ҳамда бошқариш жойлари яқинида:
ускуналар, коммуникацияларнинг жойлашиш ва технологик алоқалар схемалари;
моддалар оқими йўналиши;
хавфли зоналар ва биринчи ёрдам пунктлари;
шамол йўналиши кўрсаткичлари (пероксидларнинг газланиш хавфи бор ҳудудлар учун) осилган бўлиши керак.
132. Техник қурилмалар ва ускуналардан ишлаб чиқариш шароитлари ва ушбу Қоидалар талабларини ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқувчи ташкилотнинг техник ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган технологик йўриқномалар талабларига мувофиқ фойдаланиши керак.
133. Техник қурилмалардан фойдаланишга фақат қонунчилик ҳужжатларига талабларига мувофиқ тайёрланган фойдаланувчи ва таъмирловчи ходимлар қўйилади. Таъмирлаш ишлари фақат махсус тайёргарликка эга бригадалар томонидан амалга оширилади.
134. Техник қурилмаларга хизмат кўрсатиш учун ишлатиладиган асбоб-ускуна ва мосламалар хавфсизлик талаблари ва бажариладиган ишларга мувофиқ бўлиши керак.
Енгил алангаланиш ва портлаш хавфи бўлган ҳудудлар ва хоналарда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва мосламалар улар билан ишлаганда учқун чиқармаслиги керак.
135. Иш ўринларида асбоб-ускуналар ва мосламалар махсус ажратилган жойларда ёки асбоб-ускуна шкафларида енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий модда турига мос бўлинмада сақланиши керак. Пероксидлар билан ишловчи асбоб-ускуналар бошқалардан алоҳида сақланади ва уларнинг юзида «Пероксид зонаси учун» деб белгиланади.
136. Носоз техник қурилмаларда ишлаш, шунингдек, носоз мослама ва асбоблардан фойдаланиш тақиқланади.
11-боб. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддаларни йўқ қилишга қўйиладиган хавфсизлик талаблари
137. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар ва улар қадоқланган идишларни йўқ қилиш ишлари кимёвий маҳсулотнинг хавфсизлик паспортида белгиланган талабларга ҳамда ушбу маҳсулот турига оид стандартлар ва норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
138. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддаларни йўқ қилиш жараёнининг хавфсизлиги қуйидаги ҳимоя чораларига риоя этиш орқали таъминланади:
хавфсизликни таъминлайдиган технология ва ускуналарни, атроф-муҳит ифлосланишнинг олдини олувчи техник воситалар ва иш усулларини танлаш;
йўқ қилиш жараёнида хавфсизлик даражасини назорат қилувчи техник воситалардан фойдаланиш ва уларга ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш;
авария ҳолатларининг олдини олиш усулларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни бартараф этиш учун зарур воситалар билан жиҳозланиш.
139. Йўқ қилиш жараёнида чиқиндиларнинг ҳавога, сувга ёки тупроққа тушишига йўл қўйилмайди. Барча чиқиндилар зарарсизлантириш ёки йиғиш тизимига йўналтирилиши лозим.
Чиқиндиларни ёқиш ёки нейтраллаш жараёни вақтида чиқариладиган газлар тозалаш (фильтрация) қурилмалари орқали атмосферага чиқарилиши керак.
140. Йўқ қилиш жараёнида иштирок этувчи ходимлар махсус тайёргарликдан ўтган бўлиши, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.
Иш жойларида биринчи тиббий ёрдам воситалари ва заҳарланиш ҳолатида ҳаракатлар бўйича йўриқнома мавжуд бўлиши керак.
141. Ёқиш ёки зарарсизлантириш ускуналари хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим. Бу ускуналар белгиланган муддатларда техник кўрик ва калибровкадан ўтказилиши лозим.
142. Заҳарли моддалар чиқиндиларини йўқ қилиш жараёнида атроф-муҳит параметрларининг (ҳаво, сув, тупроқ) ҳолати доимий мониторинг орқали назорат қилинади.
Мониторинг натижалари ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бошқармасига тақдим этилади.
12-боб. Шахсий ҳимоя воситалари
143. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар билан ишлаш ташкилот ходимларига белгиланган тартибда бериладиган шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши керак.
144. Ишчиларга якка тартибда фойдаланиш учун бериладиган шахсий ҳимоя воситалари (кейинги ўринларда — ШҲВ) иш вақтида уларнинг иш жойида бўлиши керак.
Иш вақтида қўлланадиган махсус кийимлар, махсус пойабзаллар ва бошқа ШҲВ рўйхати, бажарилган ишнинг ўзига хос шартлари ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир иш жойи учун меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномасида кўрсатилиши керак.
145. Нафас органларининг шахсий ҳимоя воситалари (кейинги ўринларда — НОШҲВ), хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг ишчиларга таъсирининг олдини олиш ёки камайтириш учун ишлатилиши ва юқори даражадаги ҳимоя самарадорлиги ва фойдаланиш қулайлигини таъминлаш, меҳнат фаолияти учун энг мақбул шароитларни яратиш керак.
146. Қўл терисини моддалар таъсиридан ҳимоя қилиш учун ҳимоя ва профилактик малҳам, паста ва кремлардан фойдаланиш керак.
147. Ишлаб чиқариш хоналарида, моддалар сақланадиган омборларда ва моддалар билан иш олиб бориладиган жойларда, авариявий шахсий ҳимоя воситалари, шунингдек, авария вазияти содир бўлганда (душ ёки ўзига ёрдам бериш ваннаси, ўзига ёрдам бериш раковинаси ва бошқалар) жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш тўпламлари мавжуд бўлиши керак.
13-боб. Ёнғин хавфсизлиги
148. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалардан фойдаланадиган саноат корхоналарининг барча ишлаб чиқариш, сақлаш ва бошқа ёрдамчи хоналари Вазирлар Маҳкамасининг «Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарорига мувофиқ ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари билан таъминланиши керак.
14-боб. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддаларни автомобиль транспортида ташиш
149. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддаларни автомобиль транспортида ташишда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 35-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш қоидалари талабларига риоя қилиниши шарт.
150. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар халқаро стандартлар (СГС ОТ — Мувофиқлаштирилган глобал тизим, ADR — Халқаро хавфли юклар ташиш қоидалари) бўйича хавфли юклар даражаларига мувофиқ қуйидагича таснифланади:
1-даража — портловчи моддалар;
2-даража — сиқилган, суюлтирилган ва босим остида эритилган газлар;
3-даража — енгил алангаланадиган суюқликлар;
4-даража — енгил алангаланадиган қаттиқ моддалар, ўз-ўзидан ёнадиган моддалар (ЎЎЁМ), сув билан реакцияга киришиб алангаланувчи газлар чиқарадиган моддалар;
5-даража — оксидловчи моддалар ва органик пероксидлар;
6-даража — заҳарли моддалар ва биологик хавфли моддалар (масалан, инфекция тарқатувчи моддалар);
7-даража — радиоактив моддалар;
8-даража — ўювчи ва (ёки) коррозия қилувчи моддалар;
9-даража — бошқа хавфли моддалар ва буюмлар (масалан, экологик хавфли моддалар, магнитли ёки литий батареялар).
151. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддаларни ташишда қадоқлаш ва жойлаштириш амалдаги норматив ҳужжатларда белгиланган идишлар ва қадоқ турларига мувофиқ бўлиши шарт.
Қадоқлар маҳсулотни ташиш, сақлаш, юклаш-тушириш жараёнларида хавфсизлик таъминлаши керак.
Сертификатланган ва UN белгисига эга қадоқлардан фойдаланишга рухсат этилади.
Ҳар бир қадоқ ва идишда қуйидагиларни қамраб олган тамғалар бўлиши шарт:
модданинг тўлиқ номланиши;
хавф даражаси (UN рақами, пиктограмма);
ҳажми ва оғирлиги;
хавфли юк даражаси (1 — 9);
ишлаб чиқарувчи, партия рақами, ишлаб чиқарилган сана.
152. Ҳар бир модда ўз хусусиятига кўра мос қадоқда ва герметик ҳолда ташилиши керак (натрий ва фосфор махсус мойли банкаларда, киноплёнкалар ва плёнкалар металл қутиларда сақланади).
Ёруғлик, ҳарорат ва намлик таъсирида ёниши мумкин бўлган моддалар изоляцияланган идишларда, металл барабанларда ва махсус термоизоляцияланган цистерналарда ташилиши лозим.
Қадоқлар ташиш пайтида бир-бирига урилиб ёки силжиб кетмаслиги учун ортиш вақтида жипс жойлаштирилиши, синдириб юбормаслик учун оралиқлар инерт модда билан тўлдирилиши талаб қилинади.
153. Барча автотранспорт воситалари, хусусан, махсус цистерна, контейнер ва барабанларда ташиладиган енгил алангаланувчи ва портловчи моддалар учун транспорт воситаси техник жиҳатдан соз ҳолда бўлиши керак. Учқун чиқарувчи ёки чидамсиз қисмлар бўлмаслиги талаб этилади.
Ҳар бир транспорт воситаси қуйидаги жиҳозлар билан таъминланган бўлиши шарт:
портлаш хавфини камайтирувчи вентиллар ва клапанлар;
босим ва даража назорати ускуналари;
автоцистернада тўкилиш ёки газ чиқиши ҳолатида ҳимоя механизми.
Кимёвий моддалар учун идиш ва қадоқлар (баллонлар, банкалар, шиша идишлар) турига қараб махсус транспорт воситасида маҳкамланиб, қўлланилган қадоқлардан фойдаланиш тақиқланади.
Суюқ ёки газсимон моддаларни ташишда идиш тўлиқ тўлдирилмайди. Қуйиш ҳажми сиғимнинг 85 — 90 фоиздан ошмаслиги керак (модда ўз хусусиятига кўра).
154. Ҳар хил хавфли моддаларни бир вақтда, бир контейнер ёки кузовда ташиш тақиқланади. Айниқса, оксидловчи, заҳарли, портловчи ва органик моддаларни бирга жойлаштириш мумкин эмас.
Ҳар бир юк хавф даражаси бўйича белгиланиб, тамғаланган бўлиши ва ҳужжатларда акс эттирилиши керак.
155. Органик пероксидлар каби енгил парчаланадиган моддаларни қисқа масофаларда ташишда, ҳароратга сезгирликни ҳисобга олган ҳолда, бутун ташиш вақти мобайнида барқарор ҳароратни сақлаб турувчи махсус совитувчи элементлар билан жиҳозланган ҳимоявий қадоқлардан фойдаланишга йўл қўйилади. Бу ҳолда модда термик парчаланиш ёки автокаталитик реакцияга киришмаслиги лозим.
156. Оксидловчи моддалар ва органик пероксидлар юкланишидан олдин автотранспорт воситасининг юк жойи (кузов) синчковлик билан чангдан тозаланиши, шунингдек, аввал ташилган моддалар қолдиқларининг қолмаслиги таъминланиши шарт. Бу ёнувчанлик ва реактив хавфларни камайтириш учун зарур ҳисобланади.
157. Автомобиль транспортида енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддаларни ташиётган ҳайдовчида қуйидаги расмийлаштирилган ҳужжатлар мавжуд бўлиши шарт:
автотранспорт воситасининг хавфли юкларни ташишга яроқлилигини тасдиқловчи гувоҳнома;
ҳайдовчининг хавфли юкларни ташиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтганини тасдиқловчи гувоҳнома;
ташилаётган модда тоифасига мувофиқ ҳолда авариявий ҳолатда ҳаракат қилиш бўйича карточка;
ташувчи, жўнатувчи ва қабул қилувчи ташкилотларнинг масъул шахслари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг навбатчи қисмлари манзил ва алоқа маълумотлари;
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан берилган хулоса (сиғимнинг техник жиҳатдан яроқлилиги бўйича);
ҳаракат маршрути ва тўхташ жойлари кўрсатилган, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишилган йўналиш схемаси.
15-боб. Атроф-муҳит муҳофазаси
158. Енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалардан фойдаланишни йўлга қўйишда чиқиндиларини ажратиб чиқариши меъёрларда кўзда тутилган даражаларгача камайтирадиган технологик жараёнлар ва ускуналардан фойдаланиш керак.
159. Атроф-муҳитнинг технологик чиқиндилар таркибидаги зарарли моддалар билан ифлосланиш эҳтимолини ҳисоблаш, енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддаларни ишлатадиган корхонанинг технологик лойиҳаси таркибига кириши керак.
Бунда лойиҳада фойдаланиш даврида ҳисоб-китобларда қабул қилинган зарарли моддаларнинг чиқиши шароитлари таъминланадиган тадбирлар мажмуи кўзда тутилиши лозим.
160. Бир вақтнинг ўзида газ-чанг тутиб қолувчи қурилмаларни реконструкция қилмасдан туриб, чиқадиган газлар ёки уларнинг таркибидаги зарарли моддалар концентрациялари ҳажмининг ошиши билан боғлиқ технологик ускуналар унумдорлигини ошириш тақиқланади.
161. Атроф-муҳитни ифлосланишига олиб келиши мумкин бўлган манбалардан чиқаётган саноат чиқиндилари устидан доимий назорат ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилиши билан бир қаторда, корхоналар томонидан ҳам ишлаб чиқариш назорати доирасида таъминланиши лозим.
Корхона ва ташкилотларда замонавий кимёвий ва физик-кимёвий таҳлил воситалари билан жиҳозланган махсус лабораториялар бўлиши керак.
162. Саноат оқова сувларини зарарсизлантириш енгил алангаланувчи ва портловчи кимёвий моддалар билан муомала қилувчи корхоналар учун мажбурий ҳисобланади. Оқова сувлар таркибидаги зарарли моддаларнинг концентрацияси сув объектларига ташланиш жойида Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси ҳамда амалдаги санитария ва экологик нормаларда белгиланган меъёрлардан ошмаслиги керак.
163. Сув ҳавзалари ва жой рельефига қуйидагиларни чиқариш тақиқланади:
таркибида ЧЙҚК ёки тахминий йўл қўйиладиган даражаси белгиланмаган моддалар ёки моддаларнинг сувда трансформацияланиши маҳсулотлари, шунингдек, аналитик назорат усуллари мавжуд бўлмаган моддалар бўлган оқова сувлар;
сув чиқармайдиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, рационал технологияларни татбиқ қилиш, айланма ва такрорий сув таъминоти тизимларида максимал ишлатиш, тегишли тарзда тозалангандан ва зарарсизлантирилгандан кейин саноатда фойдаланиш йўли билан бартараф этилиши мумкин бўлган оқова сувлар.
164. Оқова сувлар фақат махсус рухсатнома ва белгиланган чегаравий йўл қўйиладиган оқизиш меъёрлари асосида табиий сув ҳавзаларига ёки жой рельефига оқизилади. Бу тартиб атроф-муҳитни ифлосланишдан ҳимоя қилиш мақсадида сувдан махсус фойдаланиш турига киради ва Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси билан тартибга солинади.
165. Саноат чиқиндилари қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ кўмиб ташланади.
Заҳарли саноат чиқиндилари, шунингдек, марказлаштирилган ҳолда полигонларда ва қайта ишлаш, нейтраллаш станцияларида жойлаштирилиши, қайта ишланиши ҳамда нейтралланиши мумкин.
16-боб. Якунловчи қоида
166. Ушбу Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 25 июнь,
326-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
QOIDALARI
Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar bilan muomala qilish xavfsizligi qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi hududida yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalardan foydalanishda sanoat xavfsizligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar, siqilgan va suyultirilgan gazlar, zaharli, oksidlovchi hamda portlovchi moddalardan foydalanishda texnologik jarayonlar xavfsizligiga qoʻyiladigan talablarni nazarda tutuvchi Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar bilan muomala qilish xavfsizligi qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab uch oy oʻtgach amalga kiritilsin.
3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi raisi A.V. Rafiqov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 25-iyundagi 326-son qaroriga ILOVA
Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar bilan muomala qilish xavfsizligi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Qoidalar yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar bilan muomala qilishda sanoat xavfsizligiga oid umumiy talablarni belgilaydi. Mazkur moddalar tashish, saqlash va boshqa sohalardagi maxsus talablar tegishli normativ-huquqiy hujjatlar bilan tartibga solinadi.
2. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
anorganik ishqor — massaning 20 foiz va undan yuqori konsentratsiyasidagi litiy gidroksidi (LiOH), natriy gidroksidi (NaOH), kaliy gidroksidi (KOH) eritmalari hamda kristall koʻrinishdagi holati;
anorganik kuchli kislota — xomashyo, reagentlar sifatida ishlatiladigan, massaning 15 foiz va undan yuqori konsentratsiyasidagi kislorodli sulfat kislota (N 2 SO 4 ), azot kislota (HNO 3 ), xlor kislota (HCIO 4 ) va kislorodsiz xlorid kislota (HCI), azot-vodorodli kislota (HN 3 ), plavik kislota (HF) va boshqa kislotalar;
yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan modda — yonuvchan suyuqliklar, siqilgan va suyultirilgan gazlar, zaharli, oksidlovchi hamda portlovchi xususiyatga ega moddalarni oʻz ichiga olgan, muhitdagi harorat va bosim sharoitida alangalanish, yonish yoki portlash xavfini keltirib chiqarishi mumkin boʻlgan kimyoviy birikmalar, ularning aralashmalari;
zaharli modda — tabiiy holatda mavjud boʻlgan yoki har qanday ishlab chiqarish jarayoni natijasida hosil boʻlgan, yonish, portlash, odamlar hayotiga va sogʻligʻiga, hayvonot olami hamda atrof-muhitga zarar yetkazishi mumkin boʻlgan kimyoviy moddalar (yoki ularning birikmalari), mahsulotlar, buyumlar va chiqindilar, shu jumladan, barqarorlikni taʼminlash uchun zarur boʻlgan qoʻshimchalar hamda kimyoviy moddalarni olish jarayonida yuzaga keladigan aralashmalar, kimyoviy moddaning barqarorligini buzmasdan yoki uning tarkibini oʻzgartirmasdan ajratilishi mumkin boʻlgan erituvchi moddalar bundan mustasno.
Zaharli kimyoviy moddalar tarkibiga uning konsentratsiyasi 80 foizdan ortiq boʻlgan kimyoviy moddalar qolgan 20 foiz (ogʻirlik boʻyicha) yoki undan kam hisoblangan aralashmalar va (yoki) qoʻshimchalar kiradi;
oksidlovchi modda — yonishni kuchaytiruvchi, ekzotermik oksidlanish-qaytarilish reaksiyasi natijasida boshqa moddalarning alangalanishiga sabab boʻladigan yoki bu jarayonni osonlashtiradigan kimyoviy moddalar;
organik peroksid — suyuq yoki qattiq holatda boʻlgan, ikki valentli tuzilishga ega boʻlgan va bir yoki ikkala vodorod atomi organik radikallar bilan almashtiriladigan vodorod peroksid hosilasi sifatida koʻrib chiqilishi mumkin boʻlgan organik moddalar (organik peroksid va ularning aralashmalari termal barqaror emas, bu ularning oʻzidan oʻzi tezlashadigan ekzotermik parchalanishiga olib kelishi mumkin);
peroksid — tarkibida oʻzaro bogʻlangan ikki kislorod atomidan iborat guruhi boʻlgan murakkab moddalar. Vodorod peroksid — N 2 O 2 formulali anorganik kimyoviy birikma, kuchli oksidlovchi, rangsiz, yengil sirpanuvchan va metallsimon taʼmli suyuqlik. Natriy peroksid — Na 2 O 2 formulali anorganik kimyoviy birikma, kuchli oksidlovchi, och sariq rangli, suv bilan shiddatli reaksiyaga kirishadigan nihoyatda gigroskopik kristall modda;
portlovchi modda — oʻzidan oʻzi tegishli harorat va bosimda hamda atrofdagi obyektlarga zarar yetkazadigan tezlikda gazlar ajralib chiqishi bilan kimyoviy reaksiyaga kirishishga qodir boʻlgan qattiq yoki suyuq kimyoviy modda;
xavfsizlik pasporti — kimyoviy mahsulotlarning xavfli xususiyatlari, ularni ishlab chiqaruvchi (yoki ishlab chiqaruvchi tomonidan vakolat berilgan shaxs) va import qiluvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, shuningdek, mahsulotdan xavfsiz foydalanishni taʼminlash uchun zarur boʻlgan profilaktika choralari hamda xavfsizlik talablarini oʻz ichiga olgan belgilangan shakldagi kimyoviy xavfsizlik hujjati;
xavfli ishlab chiqarish obyekti — Oʻzbekiston Respublikasining “Xavfli ishlab chiqarish obyektlarining sanoat xavfsizligi toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan korxonalar yoki ularning sex, uchastka va maydonchalari, shuningdek, boshqa ishlab chiqarish obyektlari;
xavfga asoslangan nazorat (Risk Based Inspection) — uskunalarning ishdan chiqish ehtimolligi (sizib chiqish, buzilish) va uning odamlar hayoti va sogʻligʻiga, atrof-muhitga, mulkka taʼsir etishi mumkin boʻlgan oqibatlarini hisobga olgan holda texnik tashxislash (diagnostika) va nazorat tadbirlarini rejalashtirish, ularning ustuvorlik darajasini belgilash hamda amalga oshirish jarayoni boʻlib, xalqaro standartlar talablariga muvofiq amalga oshiriladi;
Yex-komponenti — portlash xavfli boʻlgan muhitda asbob-uskunalarning xavfsiz ishlashi uchun zarur boʻlgan, asbob-uskunalarga oʻrnatiladigan, portlashdan himoyalanib yasalgan, lekin mustaqil foydalanish uchun moʻljallanmagan texnik qurilmalar.
3. Ushbu Qoidalarning talablari sinil kislota ishlab chiqariladigan korxonalar va Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi laboratoriyalarga tatbiq etilmaydi.
4. Korxona va tashkilotlarda yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar bilan muomala qilish, tibbiy yordam koʻrsatish hamda umumiy va shaxsiy himoya vositalarini tanlash ushbu Qoidalar talablariga muvofiq amalga oshiriladi. Zaharlilik koʻrsatkichlari va shaxsiy himoya vositalariga oid talablar amaldagi sanitariya normalari hamda sohaviy normativ hujjatlar asosida belgilanadi. Ushbu Qoidalarning talablari yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalarning barcha turlariga nisbatan qoʻllanadi.
5. Ushbu Qoidalarning talablari joriy etiladigan korxona va tashkilotda quyidagilar mavjud boʻlishi kerak:
yonish va portlash xavfi boʻlgan yangi texnologik jarayonlar va asbob-uskunalarni montaj qilish, taʼmirlash va ishga tushirish, shuningdek, xavfli ishlab chiqarish obyektlarida qoʻllanadigan texnik qurilmalardan foydalanish uchun ruxsatnoma;
yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalarni tashish va saqlash uchun sigʻimlarning texnik jihatdan yaroqligi toʻgʻrisida xulosa;
xavfli ishlab chiqarish obyektlarida yangi texnologik jarayon va texnik qurilmalarni ekspluatatsiya qilish uchun ruxsatnoma, shu jumladan, xorijda ishlab chiqarilganlari uchun ham;
xavfli ishlab chiqarish obyektidan foydalanishda boshqa shaxslarning hayoti, sogʻligʻi va (yoki) mol-mulkiga hamda atrof-muhitga zarar yetkazganlik uchun fuqarolik javobgarlikni sugʻurtalash toʻgʻrisida shartnoma;
xavfli ishlab chiqarish obyektlarining davlat reyestrida roʻyxatdan oʻtkazilgani toʻgʻrisida hujjatlar;
xavfli ishlab chiqarish obyektlarini qurish, kengaytirish, rekonstruksiya qilish, texnik qayta jihozlash, konservatsiya qilish va tugatish uchun loyiha hujjatlari;
xavfli ishlab chiqarish obyektlarida ishlarni xavfsiz bajarish qoidalarini belgilab beruvchi normativ-huquqiy va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar;
sigʻimlar, texnologik uskunalar, quvur oʻtkazgichlar, armaturalar, saqlovchi qurilmalar, nazorat va boshqaruv tizimi asboblari, bino va inshootlarning pasportlari hamda boshqa foydalanish hujjatlari;
xavfli ishlab chiqarish obyektlarining qurilishida, kengaytirilishida, rekonstruksiya qilinishida, texnik qayta jihozlanishida davlat ekologik ekspertizasi xulosasi;
kamida bir nafar ekolog mutaxassis mavjud boʻlishi.
6. Muayyan xavfli ishlab chiqarish obyekti uchun sanoat xavfsizligi deklaratsiyasi Oʻzbekiston Respublikasining “Xavfli ishlab chiqarish obyektlarining sanoat xavfsizligi toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga muvofiq ishlab chiqiladi.
7. Korxona va tashkilotlarning har bir obyektida obyektning texnologik va boshqa oʻziga xos xususiyatlarini inobatga olgan holda avariya vaziyatlari tarqalishini cheklash va bartaraf etish rejalari (keyingi oʻrinlarda — AVTCHBER) ishlab chiqiladi hamda kamida besh yilda bir marta qayta koʻrib chiqiladi va amaldagi reja tugashidan bir oy oldin tasdiqlanadi.
8. Texnologik sxema, jihozlar, avtomatik nazorat va himoya tizimlariga oʻzgartirishlar sanoat xavfsizligi ekspertizasining ijobiy xulosasiga muvofiq loyihani ishlab chiqqan tashkilot bilan kelishilgandan soʻng kiritiladi. Bunda oʻzgartirishlar tizimning ishlashi va xavfsizligiga salbiy taʼsir koʻrsatmasligi lozim.
9. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalardan foydalanadigan yangi qurilayotgan ishlab chiqarish obyektlari turar joy hududiga taʼsiri, hududning seysmikligi hamda boshqa tabiiy va texnogen omillarni hisobga olgan holda qurilish meʼyorlari va qoidalari talablariga muvofiq joylashtirilishi kerak.
10. Korxona va tashkilotning ishlab chiqarish binolarida quyidagilar koʻzda tutilgan boʻlishi kerak:
a) boshqaruv shitlari oldida ishchi xodimlar tomonidan xizmat koʻrsatish kengligi kamida 2,0 m boʻlgan maydonchalar (doimiy ish oʻrinlari boʻlganda);
b) texnik va texnologik qurilmalarga ishchi xodimlar tomonidan doimiy xizmat koʻrsatiladigan joylarda kengligi kamida 1,0 m boʻlgan maydonchalar va vaqti-vaqti bilan xizmat koʻrsatiladigan joylarda kengligi kamida 0,8 m boʻlgan maydonchalar;
v) montaj va demontaj qilinadigan uskunalarni, montaj va taʼmirlash ishlarini bajarish uchun zarur moslamalar, asboblar va yordamchi materiallarni joylashtirish uchun sirpanmas va kislota-ishqorga chidamli qoplamalarni taʼmirlash (montaj qilish) maydonchalari. Bunda ishchi oʻtish yoʻllari va maydonchalarning oʻlchamlarini qisqartirishga, shuningdek, asosiy hamda zaxira chiqish joylarini toʻsib qoʻyishga yoʻl qoʻyilmaydi.
11. Ish oʻrinlari umumiy sanoat xavfsizligi talablari, yongʻin xavfsizligi qoidalari hamda ushbu Qoidalarda belgilangan talablarga javob berishi kerak.
2-bob. Texnologik jarayonlar xavfsizligiga qoʻyiladigan umumiy talablar
12. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar ishlatiladigan texnologik jarayonlar foydalanuvchi korxona tomonidan tasdiqlangan texnologik reglamentlarga muvofiq amalga oshirilishi kerak.
Texnologik reglament har bir jarayonning tartibi, xavfsizlik koʻrsatkichi (ishchi harorat, bosim, modda sarfi) va nazorat mexanizmlarini qamrab olgan holda tuzilgan boʻlishi lozim.
13. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar (peroksidlar, kislotalar) qoʻllanadigan texnologik jarayonlarda ishlatiladigan barcha texnik qurilma, kommunikatsiya va idishlar germetik (tashqi muhit bilan taʼsirga kirishmaydigan) boʻlishi shart.
Agar toʻliq germetiklash imkoniyati boʻlmasa, yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar ajralib chiqishi mumkin boʻlgan nuqtalar muhitni nazorat-monitoring vositalari (gaz detektor, sensorlar) va mahalliy soʻrish qurilmalari bilan jihozlanishi lozim.
Germetiklik foydalanuvchi korxona tomonidan doimiy texnik nazorat va profilaktik koʻrikdan oʻtkazilishi kerak.
Germetiklik buzilishi aniqlangan hollarda texnologik jarayon toʻxtatilishi va nosozlik belgilangan tartibda bartaraf etilishi shart.
14. Mavjud yoki joriy etilayotgan (tajribaviy) texnik qurilmalarda tajriba ishlarini bajarish bilan bogʻliq yangi texnologik jarayonlar texnik jihatdan asoslangan va xavfsizlik choralari koʻrilgan hollarda joriy etiladi. Bunday ishlar foydalanuvchi korxona tomonidan tasdiqlangan vaqtincha texnologik yoʻriqnoma asosida amalga oshiriladi.
Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar ishlatiladigan ishlab chiqarish binolarida bunday tajriba ishlari qoʻshimcha ravishda loyiha tashkiloti xulosasi asosida amalga oshirilishi lozim.
15. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar ishlatiladigan obyektlarda qoʻllaniladigan texnologik uskunalar, quvur oʻtkazgichlar va armaturalar uchun xizmat muddati moddaning kimyoviy faolligi, harorati, bosimi, korroziya darajasi va parchalanish reaksiyalarining xavfi asosida aniqlanishi lozim.
Xizmat muddati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar foydalanish hujjatlarida va texnologik uskunalar, quvur oʻtkazgichlar va armaturalar pasportlarida aniq koʻrsatilishi kerak.
Muddati oʻtgan texnologik uskunalar, quvur oʻtkazgichlar va armaturalar qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq sanoat xavfsizligi sohasidagi ekspert tashkilotlarining xavfga asoslangan nazorat usullari va sanoat xavfsizligi ekspertizasining ijobiy xulosasiga muvofiq foydalanuvchi korxona tomonidan ishlatilishiga ruxsat etiladi.
16. Texnologik uskunalar, quvur oʻtkazgichlar va armaturalarning har bir turi uchun foydalanish hujjatlari (pasport, ekspluatatsiya qoʻllanmasi, texnik yoʻriqnoma) toʻplami rasmiylashtiriladi. Foydalanish hujjatlarida yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalarning xavfliligi hamda ular bilan ishlash boʻyicha maxsus talablar koʻrsatilishi shart.
17. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalarni transportirovka qilish uchun moʻljallangan quvur oʻtkazgichlarni (metall yoki nometall) ishlab chiqarish, oʻrnatish va foydalanish jarayonlari qurilish meʼyorlari hamda texnologik reglamentlarga mos boʻlishi lozim.
18. Foydalanish sharoitlarida yoʻl qoʻyiladigan loyiha koʻrsatkichlaridan ortiq bosim yuzaga kelishi mumkin boʻlgan yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud moddalar uchun moʻljallangan texnologik uskunalar hamda quvur oʻtkazgichlar bosimning yoʻl qoʻyiladigan koʻrsatkichidan ortib ketishini himoya qiladigan saqlovchi qurilmalar bilan jihozlanishi kerak.
Ushbu texnologik uskuna va quvur oʻtkazgichlar moddaning ekzotermik reaksiya xususiyatini va parchalanish xavfini hisobga olgan holda tanlanishi lozim.
19. Bosimning oshib ketishidan saqlovchi qurilmalar kimyoviy taʼsirlarga chidamli materiallardan tayyorlangan boʻlishi kerak.
20. Saqlovchi qurilmalarning oʻtkazuvchanlik imkoniyati loyiha hujjatlarini ishlab chiqishda hisobga olinishi lozim.
Bunda yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddaning aktivligi va ajralib chiqadigan gaz miqdori inobatga olinadi.
21. Bosim koʻtarilganda yoki avariya holatida saqlovchi qurilma orqali chiqadigan yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar inson sogʻligʻi va atrof-muhit uchun xavf tugʻdirmasligi kerak.
Peroksidlar uchun bu jarayon inert gaz yordamida amalga oshiriladi.
22. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalarni saqlash uchun moʻljallangan idishlar va sigʻimlarni boʻshatish usullari (quyish, nasos yordamida soʻrish) hamda quyish tizimlarining konstruksiyasi tuzilishi texnologik xavfsizlik, moddaning reaksiya xususiyatlari va utilizatsiyasini hisobga olgan holda loyiha tashkiloti tomonidan belgilanadi.
Bunda yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalarning sachrashi va toʻkilishining oldini oladigan germetik konstruksiya nazarda tutilgan, chiqindi moddalarni yigʻish yoki zararsizlantirish tizimlari bilan bogʻlangan, shuningdek, peroksidlar bilan ishlashda inert muhitni taʼminlash vositalari mavjud boʻlishi shart.
23. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud moddalar uchun moʻljallangan texnologik uskuna va quvur oʻtkazgichlar ishchi muhitga nisbatan korroziyaga chidamli materiallardan tayyorlanishi lozim.
Quvur oʻtkazgichlar choksiz (payvandlab ulanmagan) uglerodli poʻlat quvurlardan tayyorlanadi. Bunda gardishli (flanets) birikmalar eng kam miqdorda boʻlishiga yoʻl qoʻyiladi.
Armatura oʻrnatiladigan yoki quvur oʻtkazgichlar uskunaga ulanadigan joylarda, shuningdek, foydalanish sharoitlariga koʻra quvur oʻtkazgichlarni tozalash va taʼmirlash uchun qismlarga ajratish talab etiladigan uchastkalarda gardishli birikmalarni qoʻllashga yoʻl qoʻyiladi.
24. Estakadalarda yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalarni tashish uchun moʻljallangan quvur oʻtkazgichlar quyidagi holatlarda mexanik shikastlanishlardan himoyalangan boʻlishi shart:
yuqoridan ogʻir buyumlar tushishiga qarshi: quvur oʻtkazgich ustidan yuk koʻtaruvchi mexanizmlar yoki oson tushishi mumkin boʻlgan buyumlarni joylashtirishga yoʻl qoʻyilmaydi;
transport vositalarining zarbasidan himoya: quvur oʻtkazgichlar avtotransport vositalari harakatlanadigan yoʻllardan amaldagi shaharsozlik meʼyorlari va qoidalarida belgilangan masofalarda joylashtirilishi yoki maxsus toʻsiqlar orqali ajratilishi lozim;
quvurlar bir necha qavatda (ustma-ust) oʻtkazilganda: yonuvchan moddalarni tashuvchi quvurlar eng pastki qavatda (darajada) joylashtirilishi lozim.
25. Korxona hududidan tashqarida joylashgan sexlararo quvur oʻtkazgichlarning har ikki tomonida kengligi kamida 2 m boʻlgan muhofaza zonalari boʻlishi shart.
26. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar quvur oʻtkazgichlarining gardishli (flanets) birikmalarida himoya qoplamalari boʻlishi kerak.
27. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar quvuroʻtkazgichlarida meʼyoriy-texnik hujjatlar talablariga muvofiq germetik berkitish armaturasi qoʻllanilishi kerak.
Armatura materiallari ishchi muhitning kimyoviy faolligiga, harorat va bosim koʻrsatkichlariga nisbatan barqaror, korroziyaga chidamli hamda sinovdan oʻtgan boʻlishi lozim.
28. Berkitish armaturasi ularga xizmat koʻrsatish uchun qulay, ochiq va xavfsiz joylarda oʻrnatilishi kerak.
29. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar tashiladigan quvur oʻtkazgichlarga boshqa turdagi quvurlar (issiqlik quvurlaridan tashqari) mahkamlanmasligi kerak. Har qanday qoʻshimcha quvur yoki muhandislik kommunikatsiyasi mustaqil, mexanik jihatdan ajratilgan holda oʻtkazilishi shart.
30. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar quvur oʻtkazgichlar orqali tashish jarayonida ularning qotib (kristallanib) qolishining oldini olish zarur. Bunda peroksidlar uchun issiqlik izolyatsiyasining maksimal harorati ishlab chiqaruvchi tavsiyasi asosida 20 — 25 °C dan oshmasligi lozim.
31. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar tashiladigan quvur oʻtkazgichlar texnologik idishlar yoki maxsus yigʻish sigʻimlariga ulardagi suyuqlikni toʻliq boʻshatish imkonini beradigan nishablik bilan loyihalanishi oʻrnatilishi lozim.
32. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar tashiladigan quvur oʻtkazgichlari loyihalashtirilganda, ularni yuvish, bugʻ bilan tozalash, vakuumlash yoki siqilgan (quritilgan) havo yoki azot bilan tozalash imkoniyati majburiy tarzda koʻzda tutiladi.
33. Texnologik uskuna va quvuroʻtkazgichlarni joylashtirishda ularga xizmat koʻrsatish, ularni taʼmirlash va almashtirish boʻyicha bajariladigan ishlar qulayligi va xavfsizligi taʼminlanishi kerak.
34. Quvur oʻtkazgichlarda ogohlantiruvchi belgilar boʻlishi kerak. Peroksid, kislota va ishqorlar uchun — sariq (oksidlovchi), qizil (zanglatuvchi) va koʻk (ishqor muhitlar) belgilar mos ravishda qoʻllanadi.
35. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar tashiladigan quvur oʻtkazgichlari normativ texnik hujjatlar talablariga muvofiq mustahkamlik va germetiklikka bosim ostida sinovdan oʻtkazilishi kerak. Sinov turi modda xususiyatiga qarab belgilanadi.
36. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar uchun moʻljallangan quvur oʻtkazgichlar va armaturalar foydalanishga topshirishdan oldin uning germetikligi normativ texnik hujjatlar talablariga muvofiq tekshirilishi kerak.
37. Yengil alangalanish va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar ishlatiladigan ishlab chiqarish obyektlaridagi harakatlanuvchi qismga ega texnik qurilmalar xavfsiz ishlashini taʼminlash maqsadida toʻsilgan boʻlishi shart.
Funksional vazifasiga koʻra toʻsish texnik jihatdan imkoniyati boʻlmagan qismlar, shuningdek, 2,5 m dan yuqori balandlikda joylashgan, xavf tugʻdirmaydigan harakatlanuvchi qismlar toʻsilmasligiga yoʻl qoʻyiladi.
Toʻsiqlar konstruktiv jihatdan:
oʻrnatishga va xizmat koʻrsatishga qulay;
kimyoviy taʼsirlarga bardoshli materialdan tayyorlangan boʻlishi kerak.
38. Toʻsiqlari nosoz yoki yechib olingan boʻlsa, bunday texnik qurilmalar ishlatilishi taqiqlanadi.
39. Texnik qurilmalarning harakatlanuvchi qismlari toʻsigʻi turgʻun boʻlishi kerak. Agar texnik yoki texnologik sabablarga koʻra turgʻun toʻsiqni oʻrnatish imkoni boʻlmasa, yechiladigan himoya va toʻsiq konstruksiyalaridan foydalanishga ruxsat etiladi.
40. Ishlab chiqarish bino va inshootlarida hamda texnik qurilmalarda qoʻllanadigan maydonchalar, zinalar va ularning toʻsiqlarini oʻrnatish qurilish meʼyorlari hamda qoidalari talablariga muvofiq boʻlishi kerak.
41. Yer sathidan 2 m va undan yuqori balandlikda joylashgan texnik qurilmalar va quvur oʻtkazgich armaturalariga xizmat koʻrsatish uchun doimiy maydonchalar hamda ularga chiqish zinalari nazarda tutilgan boʻlishi kerak.
42. Xavfli uchastkalarda ishlovchi xodimlar Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 21-yanvardagi 26-son qarori bilan tasdiqlangan Xavfli ishlab chiqarish obyektlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning rahbar va muhandis-texnik xodimlarini tayyorlash, qayta tayyorlash, ularning malakasini oshirish hamda attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq davriy attestatsiyadan oʻtkaziladi.
3-bob. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar
43. Yengil alangalanuvchi suyuqliklardan foydalanadigan xavfli ishlab chiqarish obyektlari (quyish, aralashtirish, quvur orqali tashish) germetik yopiq tizimlar va masofadan boshqariladigan uskunalar bilan jihozlanishi shart.
Barcha texnologik qurilmalar, nasoslar va armaturalar portlashdan himoyalangan hamda yerga ulangan boʻlishi lozim.
Bugʻ chiqishi mumkin boʻlgan joylarda yer (qoplama) sathida havoni majburiy ravishda chiqaruvchi shamollatish tizimlari oʻrnatilishi kerak.
Agar texnologik jarayonda yengil alangalanuvchi suyuqliklarning harorati uning yonish haroratidan yuqori boʻlsa, havodagi bugʻ konsentratsiyasi nazorat qilinadi va binoda soatiga kamida 4 — 6-marta toza havo aylanishini taʼminlaydigan doimiy shamollatish tizimi ishlatilishi shart.
44. Koʻrsatkichlar meʼyordan chetga chiqqan hollarda (qizib ketish, bosimning oshishi yoki shamollatish tizimi ishdan chiqqanida) yengil alangalanuvchi suyuqliklarning kelishini toʻxtatadigan avtomatik blokirovka tizimlari joriy etilishi lozim va avtomatik yongʻin oʻchirish qurilmasi bilan integratsiya qilinadi.
Uskunalarda portlash yoki qizib ketish holatlarida shikastlanishni oldini olish maqsadida saqlovchi qurilmalar va membranalar oʻrnatiladi.
Hajmi 0,5 litrdan ortiq boʻlgan barcha texnologik qurilmalar nafas olish klapani, shamollatish quvurlari va olov soʻndirgich bilan jihozlanishi lozim.
Yengil alangalanuvchi suyuqliklarni tashish uchun moʻljallangan quvur oʻtkazgichlari yongʻinga qarshi toʻsiqlar hamda olovning teskari zarbasining oldini oluvchi klapanlar bilan jihozlanadi.
45. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar toʻkilish ehtimoli mavjud boʻlgan sex qoplamalari suyuqlik oʻtkazmaydigan holda tayyorlanishi hamda yopiq gidravlik toʻsqichlar bilan jihozlangan chuqurchalar yoki trap tomonga nishablikka ega boʻlishi lozim.
Yengil alangalanuvchi suyuqliklar toʻkilishi mumkin boʻlgan joylarda statsionar yutuvchi (sorbsion) gilamchalar yoki ariqchalar (lotok) oʻrnatilishi lozim.
46. Yengil alangalanuvchi suyuqliklardan foydalanuvchi korxona texnologik jarayonlardagi xavflarni muntazam tahlil qilishi shart.
Tahlilda yonish, bugʻ-havo aralashmasining portlashi, yongʻin mahsulotining zaharli taʼsiri kabi ehtimoliy oqibatlar inobatga olinishi lozim.
Uskunalar uchun belgilangan anʼanaviy putur yetkazmaydigan nazorat usullariga muqobil tarzda xavfga asoslangan nazorat uslubiyati asosida nazorat oʻrnatish va texnik koʻrikdan oʻtkazilishiga ruxsat beriladi.
Yengil alangalanuvchi suyuqliklar saqlanadigan poʻlat sigʻimlar uchun xavfga asoslangan nazorat dasturi korroziya va eroziya jarayonlarini, korroziyadan himoyalanganlik holatini hisobga olishi hamda sigʻimning eng kam (kritik) ruxsat etilgan qiymati darajasiga muvofiq rejali qalinlikni oʻlchash va defektoskopiya ishlarini amalga oshirishni nazarda tutishi lozim.
47. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar bilan ishlashga ruxsat etilgan xodimlar maxsus tayyorgarlikdan oʻtkaziladi va oʻquv kurslarida oʻqitiladi. Oʻquv jarayonida saqlash va quyish qoidalari, suyuqliklar toʻkilishi yoki yongʻin sodir boʻlishi holatidagi harakatlar, birlamchi yongʻin oʻchirish vositalaridan foydalanish usullari boʻyicha bilim hamda koʻnikmalar berilishi lozim.
48. Yengil alangalanuvchi suyuqliklardan foydalanuvchi har bir xavfli ishlab chiqarish obyekti uchun sanoat xavfsizligi deklaratsiyasi ishlab chiqilishi shart.
Ushbu deklaratsiyada xavfli moddalarning xususiyatlari, ehtimoliy avariya oqibatlari hamda ularning oldini olish va taʼsirini kamaytirish boʻyicha himoya choralari bayon etilishi lozim.
Har bir modda boʻyicha kimyoviy mahsulotning xavfsizlik pasporti mavjud boʻlishi va u xodimlar uchun ochiq boʻlishi lozim.
49. Obyektda yengil alangalanuvchi suyuqliklar bilan bogʻliq avariya holatlariga tayyorgarlikni taʼminlash maqsadida AVTCHBER ishlab chiqilib, tasdiqlanishi lozim. Ushbu rejada quyidagi ehtimoliy ssenariylar inobatga olinadi: katta hajmdagi suyuqlik toʻkilishi bilan kelib chiqadigan yongʻin, yopiq hajmda bugʻ portlashi, omborda katta yongʻin chiqishi va boshqalar.
Har bir ssenariy boʻyicha xodimlar hamda avariya xizmatlarining harakat tartibi belgilanadi.
Reja tegishli Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy boshqarmasi hamda Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining hududiy boshqarma yoki boʻlimlari bilan kelishilishi shart.
Sodir boʻlishi mumkin boʻlgan AVTCHBER boʻyicha xodimlar Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-dekabrdagi 819-son qarori bilan tasdiqlangan Tashkilotlarda mehnatni muhofaza qilish ishlarini hamda mehnatni muhofaza qilish xizmati faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablariga rioya qilgan holda oʻqitiladi, sizib chiqish va yongʻin holatlarini imitatsiya qilgan holda yongʻin xavfsizligi xizmatlarini jalb etib oʻtkaziladigan amaliy mashqlarda qatnashadi.
50. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar saqlanadigan binolar avtomatik yongʻin xabar berish (signalizatsiya) tizimi (alanga, issiqlik va tutun xabarlagichlari) hamda gaz nazorati tizimi (yengil alangalanuvchi suyuqlik bugʻlarini aniqlovchi detektorlar, bugʻ toʻplanishi mumkin boʻlgan joylarda) bilan jihozlanishi lozim.
Xabar berish tizimi (signalizatsiya) ishga tushganida xodimlar ovozli va yorugʻlik ogohlantirish signallarini qabul qilib, instruksiyada belgilangan harakatlar tartibiga muvofiq ish koʻrishlari: bunda ish jarayonini toʻxtatish, elektr taʼminotini oʻchirish, boshlangʻich yongʻinni oʻchirishga yoki evakuatsiyaga kirishish lozim.
Avtomatik xabar berish tizimi (signalizatsiya) sprinkler yoki drencher turidagi yongʻin avtomatikasi tizimi bilan integratsiya qilingan boʻlishi mumkin.
51. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar ishlatiladigan joylarda birlamchi yongʻinni oʻchirish vositalari doimiy ravishda mavjud boʻlishi shart.
Bunday vositalar qatoriga oʻt oʻchirgichlar (kichik yongʻinlar uchun kukunli yoki uglekislota bilan toʻldirilgan hamda suyuqlik toʻkilishi holatlarida — koʻchma havo-koʻpikli oʻt oʻchirgichlar) kiradi.
Ular har 50 m 2 maydonga kamida 2 ta, lekin har bir xona uchun kamida bitta oʻt oʻchirgich joylashtirilishi lozim.
Xodimlar yongʻin chiqqan suyuqliklarni oʻchirishda oʻt oʻchirgichlardan toʻgʻri foydalanish usullarini qoʻllash boʻyicha oʻqitilgan boʻlishi shart.
Bunda koʻpikni yelpigʻichsimon shaklda sepish, yongʻinni panada turib oʻchirish va boshqa xavfsiz amaliy usullar boʻyicha koʻnikmalarga ega boʻlishi lozim.
52. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar toʻkilish holatlarini bartaraf etish uchun obyektda avariya jihozlari toʻplami shakllantirilgan boʻlishi lozim.
Avariya jihozlari tarkibiga quyidagilar kiradi:
inert adsorbentlar (qum, vermikulit);
maxsus sorbsion miqdordagi matolar;
bon toʻsiqlari (toʻkilgan suyuqliklar kanalizatsiyaga kirishini cheklash uchun);
yonishga chidamli idishlar, ifloslangan grunt va sarflash materiallari.
Kichik yongʻin oʻchogʻini yopish uchun moʻljallangan yongʻinga qarshi toʻsiqlar va uchqun soʻndiruvchi yelpigʻichlar ham doimiy ravishda mavjud boʻlishi lozim.
Avariya jihozlari toʻplami tarkibiga, shuningdek, shaxsiy himoya vositalari ham kiritiladi, yaʼni:
organik bugʻlardan himoya qiluvchi “A” turdagi filtrli gaz niqoblari;
yongʻinga chidamli qoʻlqoplar;
avariya brigadalari uchun issiqlikni qaytaruvchi maxsus kiyimlar.
53. Yongʻin yoki portlash ehtimoli mavjud boʻlgan zonalardan xodimlarni tez va xavfsiz chiqarishni taʼminlash maqsadida evakuatsiya hamda oʻzaro hamkorlik sxemalari ishlab chiqiladi.
Ushbu sxemalarda avariya vaqtida chiqishlar joylashuvi, harakat yoʻnalishlari hamda yigʻilish punktlariga borish yoʻllari aniq koʻrsatilishi lozim.
54. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar ishlatiladigan xavfli ishlab chiqarish obyektlarida quyidagilar boʻlishi shart:
a) yengil alangalanuvchi suyuqliklar uchun maxsus shamollatish tizimi bilan jihozlangan alohida omborxona yoki maxsus metall shkaf mavjud boʻlishi, bunda inshootning devorlari, tom qismi va yongʻinga qarshi eshiklari belgilangan yongʻinga chidamlilik darajasi boʻyicha shaharsozlik meʼyorlari hamda yongʻin xavfsizligi qoidalari talablariga toʻliq mos boʻlishi kerak;
b) yengil alangalanuvchi suyuqliklar saqlanadigan xonalarda begona buyumlar va materiallar saqlanishiga yoʻl qoʻyilmaydi, faqat shu toifaga kiruvchi moddalar saqlanishi lozim. Ochiq olov yoki issiqlik manbalariga ega uskunalar ushbu xonalardan kamida 10 m masofada joylashtirilishi shart;
v) shamollatish tizimining ishlash holati chiqaruvchi ventilyatorlar faoliyati tekshirilgan, shamollatish teshiklarining berk yoki toʻsilmagani tegishli hujjatlar (dalolatnomalar) bilan tasdiqlangan boʻlishi lozim, binolarning pastki qismida oʻlchangan bugʻ tarqalishining quyi konsentratsiyasi chegarasidan ancha past boʻlishi kerak, shkaflarning shamollatish tizimining chiqish quvurlarida uchqun soʻndirgich qurilmalar oʻrnatilgan boʻlishi kerak;
g) barcha yoritgichlar, kabel liniyalari va elektr dvigatellar portlashdan himoyalanganlik belgisiga ega boʻlishi lozim, uskunalar va idishlarning yerga ulangani tekshirilgan boʻlib, yerga ulanish qarshiligi 4 Om koʻrsatkichdan oshmasligi megommetr oʻlchovi yordamida tasdiqlangan boʻlishi shart.
Binolarda uchqun chiqaruvchi asboblar hamda litsenziyalanmagan (tegishli ruxsatsiz) elektr jihozlari boʻlmasligi lozim;
d) oʻt oʻchirgichlar joyida boʻlishi, ularni qayta quvvatlash muddatlari tekshirilgan, yongʻin oʻchirish kranlari qoʻl dastakli yongʻin oʻchirish yenglari bilan toʻliq jihozlangan va suv bosimi bilan yetarli taʼminlangan boʻlishi, qum yoki absorbent solingan idishlar erkin foydalanish uchun ochiq hamda yaqin joyda boʻlishi shart.
Yongʻindan xabar berish tizimi (signalizatsiya) va yongʻin avtomatikasi tizimi (agar loyihada koʻzda tutilgan boʻlsa) ishchi holatda boʻlishi, ularga texnik xizmat koʻrsatish jurnallari hamda soʻnggi sinov natijalari mavjud boʻlishi lozim;
j) yengil alangalanuvchi suyuqliklar saqlanadigan sigʻimlarda saqlovchi klapanlar va nafas olish qurilmalari boʻlishi, shamollatish liniyalarida yongʻinga qarshi toʻsiqlar oʻrnatilgan, barcha berkitish armaturalar (kranlar, klapanlar) aniq va koʻrinarli tamgʻalangan (markirovkalangan) hamda oqim yoʻnalishi va modda nomi koʻrsatilgan boʻlishi lozim.
Uskunalarning texnik koʻrikdan oʻtkazilgani boʻyicha hujjatlar, defektoskopiya dalolatnomalari, xavfga asoslangan nazorat tahlili natijalari va ular asosida belgilangan chora-tadbirlar boʻlishi kerak;
z) yengil alangalanuvchi suyuqliklar boʻyicha operativ hisob jurnali (kelib tushishi va sarfi) yuritilayotgan boʻlishi, har bir modda uchun amaldagi xavfsizlik pasporti mavjudligi, xodimlar uchun moddalar bilan ishlash boʻyicha yoʻriqnoma hamda AVTCHBER koʻzga koʻrinib turadigan joyda osilgan boʻlishi shart.
4-bob. Siqilgan va suyultirilgan gazlar xavfsizligiga qoʻyiladigan talablar
55. Sex va laboratoriyalardagi gaz ballonlari faqat tik holatda oʻrnatilishi, ular maxsus tutqichlar yoki devorga zanjir bilan mahkamlanishi lozim. Bunday xonalar doimiy ishlab turadigan havoni kiritish va chiqarish, shamollatish tizimi yoki gaz bilan ishlash uchun moʻljallangan tortuvchi shkaf bilan taʼminlanishi shart.
Zaharli yoki yonuvchan gazlar (xlor, vodorod) qoʻllanilayotganda, ballonlar shamollatish tizimiga ulangan maxsus shkaflarda joylashtirilishi tavsiya etiladi. Shkaflardan tashqi muhitga chiqadigan gazlar filtr yoki absorber qurilmalari orqali chiqarilishi lozim.
Bino ichidagi gaz quvur oʻtkazgichlari metall quvurlardan tayyorlanishi va flanetsli birikmalar soni minimal darajada boʻlishi lozim. Egiluvchan shlanglar talablarga muvofiq aniq identifikatsiyalanishi va oʻchmaydigan tamgʻaga ega boʻlishi kerak hamda amal qilish muddati tekshirilgan holda qoʻllanilishi mumkin. Sizib chiqishni aniqlash uchun barcha birikmalar muntazam ravishda sovunli emulsiya bilan tekshiriladi.
Har bir gaz balloni chiqish qismida ventil oʻrnatilishi, undan keyin esa bosim pasaytirgich (reduktor) va manometr oʻrnatilishi lozim. Reduktordan oldin va isteʼmolchi liniyasida gaz datchiklari hamda yongʻin xabar berish tizimidan keluvchi signal taʼsirida avtomatik gaz oqimini toʻxtatib, yopiluvchi elektromagnit klapanlar oʻrnatilishi tavsiya etiladi.
56. Yonuvchan gazlar (vodorod, atsetilen, propan) qoʻllanadigan binolarda yongʻin keltirib chiqarishi mumkin boʻlgan barcha manbalar bartaraf etilishi shart. Barcha elektr jihozlari portlashdan himoyalanib yasalgan Yex-komponenti, uskunalar esa yerga ulangan holda boʻlishi lozim. Atsetilen generatorlari va atsetilen (C 2 N 2 ) gazi saqlanadigan ballonlar loyiha hujjatlaridan belgilangan mis saqlovchi quvurlar va jihozlardan xavfsizlik masofalariga rioya qilgan holda joylashtirilishi lozim.
Kislorod bilan ishlashda faqat moysiz uskunalardan foydalanish talab etiladi. O 2 toʻldirish zonasida har qanday moy va organik moddalarning mavjudligi qatʼiyan taqiqlanadi. Barcha shlanglar, reduktorlar va manometrlar faqat kislorod bilan ishlash uchun maxsus moʻljallangan boʻlishi shart. Xodimlar kislorod uskunalaridagi burilish (rezba) qismiga moy surtmaslik va moyli materiallar qoʻllamaslik boʻyicha oʻqitilgan boʻlishlari lozim.
57. Gaz taʼminoti tizimi avtomatlashtirilgan boshqaruv vositalari bilan jihozlanishi lozim. Agar havo muhitidagi gaz konsentratsiyasi belgilangan meʼyordan oshsa (yonuvchan gazlar tarqalishining quyi konsentratsiya chegarasi 20 foizdan yuqori yoki zaharli gazlar uchun chegaraviy yoʻl qoʻyiladigan konsentratsiya (keyingi oʻrinlarda — CHYQK) ortiq holatda) — gaz analizatori ovozli signal berish bilan bir vaqtda elektromagnit klapanlarni avtomatik ravishda yopishi shart.
58. Inert gazlar (azot, argon) chiqariladigan shamollatish chiqindilari uchun tabiiy havo chiqarish tizimi yetarli hisoblanadi. Zaharli gazlar (xlor, ammiak) va yonuvchan gazlar (vodorod) ishlatiladigan binolardagi shamollatish tizimlari esa adsorberlar yoki skrubberlar bilan jihozlangan boʻlishi shart.
59. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot ballonlar va gaz xoʻjaligi ustidan doimiy nazoratni taʼminlashi lozim. Buning uchun tegishli attestatsiyadan oʻtgan, gaz xoʻjaligi uchun masʼul shaxs tayinlashi shart. Masʼul shaxs ballonlar hisob jurnalini yuritadi (qabul qilish, ishga berish, boʻshatilganini qaytarish), sinov va texnik koʻrik muddatlarini kuzatib boradi.
Ballon ishga berilishidan oldin navbatdagi sinov sanasi (sanali tamgʻa) tekshiriladi. Shuningdek, har oyda kamida bir marta rejali tashqi koʻriklar oʻtkazilishi shart. Koʻrikda ballonlarda korroziya va shikastlanish belgilari koʻzdan kechiriladi, mahkamlash zanjirlari va shamollatish tizimining ishlashi tekshiriladi.
Quyidagilar ballonlarda saqlanadigan yonuvchi va portlovchi gazlar bilan bogʻliq xavfsizlik talablari hisoblanadi:
a) ballonlar saqlanadigan xonalar tabiiy shamollatish tizimiga ega va quyosh nuridan muhofaza qilingan boʻlishi shart. Oyna boʻlsa — oq rangga boʻyalgan yoki quyosh nurini qaytaruvchi pardalar oʻrnatilgan boʻlishi kerak;
b) ochiq maydonlarda saqlanayotgan ballonlar yogʻingarchilik va quyosh taʼsiridan himoyalanishi, bunday himoya vositalari yonmaydigan materiallardan tayyorlanishi lozim;
v) kislorod, ftor, xlor kabi oksidlovchi gazlar ballonlari yonuvchi va portlovchi gazlardan alohida saqlanishi lozim;
g) ballonlar saqlanadigan joyda gaz sizib chiqishini aniqlash uchun gaz analizatorlari oʻrnatilishi, ular boʻlmagan holda — havo muhitini nazorat qilish tartibi tashkil etilishi lozim;
d) moylangan buyumlar va moy tiqilgan materiallar bilan kislorod ballonlariga tegish qatʼiyan man etiladi;
j) ballonlar maxsus shkaflarda, vertikal holda va qulashiga yoʻl qoʻymaydigan usulda joylashtirilishi kerak. Shtabellashtirilgan holda — balandligi 1,5 m dan oshmasligi, klapanlari bir tomonga qaratilgan va himoya qalpogʻi bilan yopilgan boʻlishi shart;
z) ballonlar saqlanayotgan omborlarda uchqun chiqaruvchi jihozlar, yonuvchi moddalar va metall mixli oyoq kiyimlardan foydalanish man etiladi;
i) ballonlarni yuklash-tushirish ishlari avtomashina dvigateli oʻchirilgan holda amalga oshirilishi kerak. Avtoyuklagichlardan foydalanish taqiqlanadi.
60. Suyultirilgan gazlar ishlatiladigan yirik obyektlarda xavfga asoslangan nazorat tizimlari joriy etilishi lozim. Ushbu tizim doirasida gaz sizib chiqishi va portlash xavflari baholanadi, shu asosda nazorat qilinishi lozim ustuvor uchastkalar aniqlanadi, jumladan, sigʻimlardagi korroziya zonalari, saqlagich klapanlarining holati va gardish (flanets) birikmalarining germetikligi tekshiriladi.
Eng ustuvor nazorat elementi sifatida saqlash qurilmalarini tekshirish belgilanadi. Barcha klapanlar har 1-2 yilda qayta hisoblanib, qayta oʻrnatilishi (yoki almashtirilishi) hamda ishga tushish bosimining toʻgʻriligi tasdiqlanishi lozim. Zaharli va qimyoviy faol gazlar (xlor, ammiak) saqlangan ballonlar qayta toʻldirishdan oldin ichki tomondan tekshirilib, oqish yoki korroziya izlari mavjud emasligi aniqlanishi shart.
61. Xodimlar bilan gazlar bilan xavfsiz ishlash usullari boʻyicha har yili oʻquv mashgʻulotlari oʻtkazilishi shart.
Oʻquv dasturi quyidagi mavzularni oʻz ichiga oladi:
ballonlarni saqlash tartibi;
uskunalarga toʻgʻri ulanish qoidalari;
sizishlarni aniqlash usullari;
gaz chiqishi holatida favqulodda berkitish amaliyoti.
Xodimlar bilan gaz niqoblaridan foydalanish boʻyicha amaliy mashqlar muntazam oʻtkazilishi shart (xlor uchun — “V”, ammiak uchun — “KD” turdagi gaz niqoblari va boshqalar). Gaz xavfi yuqori boʻlgan obyektlarda ishlovchi xodimlar doimiy ravishda tibbiy koʻrikdan oʻtishi, bu jarayonda ayniqsa nafas olish tizimi holatiga alohida eʼtibor qaratilishi lozim.
Koʻzga yaqqol koʻrinib turadigan joylarda “Gaz sizib chiqishi aniqlanganda harakat tartibi” va “Ballonlarni saqlash tartibi” yoʻriqnomalari osib qoʻyilishi shart.
62. Gazlar saqlanadigan joylardagi pol yuzasida turli gazlar uchun saqlash zonalarini ajratib koʻrsatuvchi chiziqlar belgilanishi lozim:
qizil rang — yonuvchan gazlar zonasi;
yashil rang — inert gazlar zonasi;
sariq rang — zaharli gazlar zonasi.
Kirish qismida saqlanayotgan gazlar roʻyxati ularning xavf darajalari (toifalari) koʻrsatilgan holda osib qoʻyilishi lozim. Shuningdek, “Yongʻin xavfi bor”, “Zaharli moddalar”, “Chekish taqiqlanadi”, “Himoya koʻz oynaklarida ishlang” (zarur hollarda), “Xonani shamollating” kabi ogohlantiruvchi belgilar boʻlishi shart.
63. Gaz sizib chiqishini avtomatik aniqlovchi qurilmalar (statsionar gaz analizatorlari — metan, vodorod yoki xlor uchun) xabar berish tizimiga (signalizatsiya) ulangan holda oʻrnatilishi lozim. Ular umumiy ogohlantirish va avariyadan xabar berish tizimi bilan integratsiya qilingan boʻlishi shart.
Avtomatik nazoratdan tashqari laboratoriya usulida havo namunalarini davriy tekshirish amalga oshirishi lozim. Bunda:
zaharli gazlar uchun — havodagi modda CHYQK boʻyicha nazorat qilinadi;
inert gazlar uchun — kislorod darajasi tekshiriladi, azot sizib chiqishi natijasida havodagi kislorod miqdori 19 foiz koʻrsatkichdan pastga tushishi mumkin.
Oʻlchov natijalari maxsus jurnalda qayd etiladi, meʼyordan oshish holatlarida ish toʻxtatilib, binolar shamollatiladi va xavfsizlik choralari koʻriladi.
64. Korxonaning umumiy favqulodda holatlarda AVTCHBER tarkibida gazsimon moddalar bilan bogʻliq avariyalarga bagʻishlangan alohida boʻlimlari boʻlishi lozim.
Rejada shamol yoʻnalishi boʻyicha gaz buluti tarqalish sxemalari hamda xavfli zonalar radiuslari keltirilishi lozim. Zaharli gazlar (xlor, ammiak) sizib chiqish holatlarida xodimlarni ogohlantirish tizimi, katta hajmdagi chiqish holatlarida esa Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi orqali korxona hududiga yaqin boʻlgan aholini xabardor qilish tartibi nazarda tutiladi.
65. Gaz analizatorida yonuvchan gazlar uchun tarqalishning quyi konsentratsiya chegarasi 20 foiz yoki zaharli gazlar uchun CHYQK 50 foizga teng konsentratsiyasini aniqlaganda, avariyaviy shamollatish tizimi toʻliq quvvatda ishga tushishi, gaz quvurlaridagi elektr magnit klapanlar avtomatik ravishda yopilishi lozim.
Yonuvchan gazlar mavjud boʻlgan zonada uchqun chiqish xavfini bartaraf etish maqsadida elektr taʼminoti avtomatik ravishda oʻchirilishi lozim. Xodimlar shaxsiy himoya vositalarini (gaz niqoblari) kiyib, agar bu xavfsiz boʻlsa, gaz sizib chiqish manbaini aniqlashga kirishishi, aks holda zonani tark etishlari kerak. Shu bilan birga, avtonom elektr taʼminotli avariyaviy yoritish tizimi (portlashdan himoyalangan fonarlar) ishga tushirilishi lozim. Tashqi ventilyatorlar ishlaganda, gaz chiqindilarini odamlar toʻplanadigan yoki turar joylar tomon emas, balki xavfsiz yoʻnalishga chiqarishi lozim.
66. Obyektda gaz sizib chiqishlarini bartaraf etish uchun maxsus vositalar mavjud boʻlishi lozim:
gaz sizib chiqishini toʻsuvchi vosita;
ballonlarga qoʻyiladigan bandajlar;
yoriqlar uchun konussimon tiqinlar;
quvurlar uchun avariyaviy xomutlar.
Quyidagilar siqilgan hamda suyultirilgan gazlarni quyish, tashish va avariyaviy holatlarni bartaraf etish boʻyicha talablar sanaladi:
a) smena ehtiyoji 200 litrgacha boʻlgan hollarda, yengil alangalanuvchi suyuqliklar xavfsiz germetik qadoqlarda ish joylariga yetkazilishi mumkin. Katta hajmdagi mahsulotlar markazlashtirilgan tartibda yetkazib beriladi;
b) barcha quyish va toʻkish operatsiyalari germetik qoplamalar yordamida avtomatlashtirilgan usulda amalga oshirilishi, bugʻlarning havoga tarqalishiga yoʻl qoʻyilmasligi shart;
v) texnologik sigʻimlar va idishlardan gaz mahsulotlarini ochiq oqim bilan quyish taqiqlanadi. Bu ishlar faqat maxsus jihozlangan, bugʻ toʻplanishining oldini oluvchi tizimlar orqali amalga oshiriladi;
g) toʻkilib ketgan moddalar tezkor ravishda sorbentlar (qipiq, qum va boshqalar) orqali yigʻib olinishi hamda xavfsiz joyga olib chiqilishi shart. Obyektda avariyaviy zaxira sifatida sorbent vositalari boʻlishi kerak;
d) texnologik ehtiyoj tufayli ochiq idishlar va vannalardan foydalanilayotgan sexlarda:
ochiq vannalar xavfsiz qopqoqlar bilan taʼminlangan boʻlishi, foydalanilmayotganda yopilishi;
suyuqlikni avariyaviy holda toʻkib olish imkoniyati boʻlishi lozim.
67. Gaz xoʻjaligida ogohlantirish signallari va harakat tartibi aniq belgilab qoʻyilishi lozim.
Ogohlantirish signali berilganda xodimlar shamol yoʻnalishi boʻylab yoki xavfsiz yoʻnalishda evakuatsiya qilinadi.
Agar portlash xavfi (gaz ombori yaqinida yongʻin) yuzaga kelsa, cheklov (chetlashtirish) zonasi belgilanadi:
ballonlar uchun — kamida 100 m radiusda;
yirik hajmli rezervuarlar uchun — 300 m gacha.
Barcha shaxslar mazkur zona hududidan tashqariga chiqarilishi shart.
68. Obyekt vakolatli organlariga saqlanayotgan gazlar va ularning miqdori haqidagi maʼlumotlarni taqdim etishi shart.
Yilda bir marta Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi bilan hamkorlikda zaharli gaz sizib chiqishi yoki ballon portlashi bilan yongʻin ssenariysi boʻyicha qoʻshma amaliy oʻquv mashqlari oʻtkazilishi lozim.
Obyektda noxush holat bartaraf etilgandan soʻng binoda degazatsiya ishlari amalga oshiriladi, yaʼni majburiy shamollatish tizimi yordamida havo almashishi va zaharli qoldiqlarni neytrallash boʻyicha kimyoviy ishlov beriladi.
69. Siqilgan va suyultirilgan gazlardan foydalanadigan xavfli ishlab chiqarish obyektlarida quyidagilar boʻlishi shart.
a) kislorod ballonlari alohida saqlanayotgani (boshqa seksiyada yoki kamida 5 m masofada joylashgan boʻlishi), yonuvchan gazlar, zaharli va oksidlovchi gazlardan vizual tarzda yoki toʻsiq orqali ajratilgani hamda ballonlar yaqinida yonuvchan materiallar (yogʻlar, vetosh) mavjud emasligi;
b) barcha ballonlar ishonchli mahkamlangan boʻlishi lozim. Bunda tik holatdagi ballonlar zanjirlar bilan qotirilgani, yotgan holatdagi ballonlar esa maxsus oʻrindiqlarga (uyaga) joylashtiriladi. Ballonlarda yiqilish yoki zarba izlari mavjud emasligi, yotgan holatda ustma-ust saqlanayotgan ballonlar balandligi 1,5 m dan oshmasligi, shuningdek, ventillar bir tomonga qaratib joylashtirilgan boʻlishi shart;
v) ballonlar quyosh nuridan himoya qilingan holda saqlanishi lozim (bostirma yoki ekran orqali). Ular isitish uskunalaridan kamida 1 m va ochiq olov manbalaridan kamida 5 m oraliq masofada joylashtirilishi kerak. Bino ichidagi harorat loyiha boʻyicha yoʻl qoʻyiladigan meʼyordan oshmasligi lozim.
Shamollatish tizimi ishchi holatda boʻlishi shart: chiqaruvchi panjaralar tozaligi (toʻsilmagan), ventilyatorlar va xabar berish tizimi (signalizatsiya) ishlashi lozim;
g) ballonlar amaldagi talablarga muvofiq ranglarga boʻyalgan va aniq tamgʻalangan (yozuvli) boʻlishi lozim. Ballonlarda oxirgi texnik koʻrikda belgili tamgʻalar mavjudligi va muddati oʻtmagani aniqlanadi. Ballonlar hisob jurnali yuritilayotgan va yangilanib borilayotgan boʻlishi shart. Shuningdek, gaz partiyasi uchun pasport maʼlumotlari (sifat sertifikati, aralashmalar toʻgʻrisida maʼlumotlar) mavjud boʻlishi lozim;
d) ballonlar ventillarida sizib chiqishlar yoʻqligi tekshiriladi. Reduktorlar mavjud va soz holatda, manometrlar — tekshirish muddati oʻtmagan boʻlishi lozim. Suyultirilgan gazlar uchun saqlovchi klapanlar mavjudligi va ulardagi plombalar butunligi tekshiriladi. Foydalanilmayotgan ballonlarda qopqoqlar yopiq holda boʻlishi shart;
j) ogohlantiruvchi yozuvli belgilar (“Gaz ballonlari”, “Olov man etilgan”, “Chekish taqiqlanadi”, “Gaz! Yongʻin holatida zudlik bilan uzoqlashing!”) oʻrnatilgan boʻlishi lozim;
z) binoda oʻt oʻchirgichlar (kukunli yoki uglekislota bilan toʻldirilgan) mavjud boʻlishi lozim (har bir xonada kamida 2 tadan kam boʻlmasligi shart). Oʻt oʻchirgichlar tekshirilgan va ishchi holatda boʻlishi kerak. Agar binoda yongʻin avtomatikasi tizimi mavjud boʻlsa, uning barcha tugunlari butun, oʻchirilmagan va faol holatda boʻlishi lozim.
Ballonlar oʻrnatilgan metall stellaj yoki ramaning yerga ulangani tekshiriladi (multimetr yordamida oʻlchov oʻtkazish orqali amalga oshiriladi). Barcha elektr jihozlarida portlashdan himoyalanib yasalgan Yex-komponenti boʻlishi, elektr simlari esa poʻlat quvurlar yoki kabel kanallari orqali oʻtkazilgan boʻlishi lozim;
i) gaz sizib chiqishi holatida harakat qilish rejasi boʻlishi shart. Xodimlar gaz niqoblari saqlanadigan va oʻzini oʻzi qutqarish joyni bilishlari, ushbu shaxsiy himoya vositalari mavjud va ularning foydalanish muddati oʻtmagan boʻlishi lozim. Dori qutichalari maxsus antidotlar bilan toʻliq taʼminlangan holda saqlanishi kerak.
5-bob. Zaharli moddalar xavfsizligiga qoʻyiladigan talablar
70. Zaharli moddalar qoʻllanadigan texnologik jarayonlarda toʻliq germetiklik tamoyiliga rioya etilishi lozim. Bunday jarayonlar yopiq uskunalarda, kichik vakuum ostida amalga oshirilishi kerak.
Zaharli moddalarning kukunsimon shakldagi turlarini tushirish va miqdorlash jarayonlari mexanizatsiyalashtirilgan holda, yaʼni shneklar, taʼminlovchilar hamda tortuvchi zontlar ostida amalga oshirilishi lozim.
71. Zaharli moddalar bilan ishlashda qoʻllanadigan materiallar yemirilish va sizib chiqish holatlarining oldini olish uchun moddaning taʼsiriga chidamli boʻlishi lozim.
Barcha germetiklikni taʼminlovchi elementlar (qistirmalar, salniklar) moddaning taʼsiriga chidamlilik va oʻtkazuvchanlikning minimal darajada boʻlishini hisobga olgan holda tanlanishi lozim. Rejaviy profilaktik taʼmirlash yoki xavfga asoslangan nazoratga muvofiq lyuk qistirmalari, nasos salniklari va miqdorlash shlanglari kabi muhim qismlar doimiy ravishda tekshirilib, zarurat tugʻilganda almashtirilishi shart.
72. Kislotali yoki ishqoriy zaharli moddalar ishlatiladigan sexlarda joyida neytrallash tizimlari (maxsus vannalar yoki sigʻimlar) boʻlishi hisobga olinishi lozim. Ushbu neytralizatorlar favqulodda holatda toʻkilgan moddani neytrallovchi reagent bilan aralashtirish uchun xizmat qiladi.
Zaharli organik suyuqliklar uchun adsorbent — aktivlashtirilgan koʻmir yoki moddalarni parchalovchi maxsus aralashmalar bilan toʻldirilgan idishlar boʻlishi lozim. Bunday uskunalar zaharli moddalarning umumiy kanalizatsiya tizimiga yoki tuproq qatlamiga tushishining oldini oladi.
73. Yuqori darajadagi zaharli moddalar ishlatiladigan obyektlarda xavfsizlik tizimida maxsus boʻlimlar tashkil etiladi. Ushbu boʻlimlar faoliyatida xavfsiz ishlash tartib-qoidalari, xodimlar sogʻligʻini nazorat qilish tizimi hamda har qanday kichik ogʻish holatlarida amalga oshiriladigan harakat rejasi joriy etiladi.
Korxona oʻz obyektida mavjud boʻlgan kuchli taʼsir etuvchi zaharli moddalar roʻyxatini tasdiqlaydi hamda har bir modda uchun masʼul shaxslarni tayinlaydi. Xavfsizlikni boshqarish tizimi doirasida mustaqil ekspertlar ishtirokida zaharli moddalarni saqlash va ulardan foydalanish xavfsizligi boʻyicha muntazam auditlar oʻtkazilishi lozim.
74. Uskunalarning texnik holatini nazorat qilishdagi eng muhim jihat — sizib chiqishlarning oldini olishdir. Xavfga asoslangan nazoratdan tashqari zaharli moddalarni tashish uchun moʻljallangan kommunikatsiyalarda kunlik koʻrik amalga oshirilishi lozim. Bu jarayonda masʼul xodim gardishlar (flanets) ostidagi tomchilar yoki sizib chiqish izlarining yoʻqligi, shuningdek, sizib chiqishni aniqlovchi datchiklar koʻrsatkichlarini nazorat qilishi lozim. Uskunani ishga tushirishdan oldin germetiklikni vakuum yoki inert bosim ostida sinovdan oʻtkazish usuli qoʻllanishi kerak.
Gazsimon zaharli muhitlarda faoliyat koʻrsatadigan obyektlarda avtomatik namuna oluvchi qurilmalar qoʻllanilishi lozim. Ular muhitdagi fon konsentratsiyasini doimiy ravishda nazorat qilishni taʼminlaydi.
75. Zaharli moddalar bilan ishlovchi xodimlar muntazam ravishda tibbiy koʻrikdan oʻtishi shart. Har bir xodim uchun shaxsiy tibbiy karta yuritiladi va surunkali zaharlanish alomatlari aniqlansa, bunday xodim ishdan vaqtincha chetlashtiriladi hamda boshqa ishga oʻtkaziladi. Shuningdek, barcha xodimlar favqulodda holatlarda birinchi tibbiy yordam koʻrsatish vositalari bilan taʼminlanishi lozim.
76. Zaharli moddalar bilan ishlovchi barcha xodimlar maxsus yoʻriqnomadan oʻtishlari shart. Tuzilgan yoʻriqnomalarda ehtiyot choralari va xavfsiz ishlash qoidalari aniq bayon etilgan boʻlishi lozim.
77. Ish joylarida yetarli miqdorda va toʻgʻri turdagi shaxsiy himoya vositalari mavjud boʻlishi lozim (muvofiq markadagi filtrli gaz niqoblari yoki yuqori konsentratsiyalar uchun izolyatsiyalovchi uskunalar). Gaz niqoblari filtrlari germetik sharoitda saqlanishi va foydalanish muddati tugaganda oʻz vaqtida almashtirilishi shart.
Zaharli suyuq moddalar bilan ishlashda xodimlar kimyoviy moddalarga chidamli maxsus kiyim, changdan himoya qiluvchi bir martalik himoya korjamalari bilan taʼminlanishi lozim. Koʻzni yopuvchi himoya koʻzoynaklari yoki yuzni toʻliq yopuvchi qalqonlar boʻlishi zaharli va yediruvchi moddalar toʻkilishi holatlarida majburiy. Qoʻlqoplar modda bilan muvofiqligi hisobga olingan holda tanlanishi lozim.
78. Kimyoviy avariyalarga oid AVTCHBER zaharli moddalar chiqishi holatida bajariladigan amaliy qadamlar batafsil bayon etilgan boʻlishi lozim. Ushbu rejada kommunikatsiyalardagi zulfinlarni yopish uchun masʼul, avariyaviy shamollatish tizimini ishga tushirish uchun masʼul xodimlar, tashqi xizmatlar bilan hamkorlik va harakatlarni muvofiqlashtirish uchun masʼul xodimlar belgilanishi shart.
Xodimlar va vakolatli organlar ishtirokidagi mashgʻulotlar yiliga kamida 1-marta oʻtkazilishi lozim.
79. Zaharli gaz yoki tutunning katta hajmdagi sizib chiqishi holatlarida korxona atrofidagi aholini xabardor qilish uchun ogohlantirish tizimi (sirenalar, ovoz kuchaytirgichlar, Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi orqali SMS-xabarlar) yoʻlga qoʻyilgan boʻlishi lozim. Obyektdagi barcha qoʻriqlash postlari va dispetcherlik punktlarida quyidagilar mavjud boʻlishi shart:
telefon raqamlari roʻyxati;
shamol yoʻnalishi sxemasi — zaharli bulut tarqalish yoʻnalishini aniqlash uchun;
ogohlantirish xabarlar matnlarining namunaviy shakllar.
Avariyani bartaraf etishga jalb etilmagan xodimlar avariya vaziyatlari tarqalishini chegaralash va bartaraf etish rejalarida belgilangan evakuatsiya yoʻnalishlari boʻyicha binolarni tark etishlari lozim.
80. Zaharli moddalar uchun avariya jihozlari toʻplami sorbentlar (universal, kislota yoki ishqorlarni neytrallovchi — zaharli moddaning xususiyatiga qarab tanlanadi), ifloslangan materiallarni toʻplash uchun idishlar, “Avariyaviy chiqindilar” yozuvli germetik yopiladigan konteynerlarni (bochkalar) oʻz ichiga olishi lozim.
Ish joylariga yaqin masofada avariyaviy dush va koʻzni yuvish uchun favqulodda favvorachalar oʻrnatilgan boʻlishi shart. Baʼzi maxsus turdagi moddalar bilan ishlanganda, ularga mos avariyaviy neytrallovchi reagentlar oldindan tayyorlab qoʻyilishi lozim.
81. Avariya holatida qattiq zaharli moddalar toʻkilgan taqdirda, maxsus tayyorgarlikka ega xodimlar shaxsiy himoya vositalaridan foydalanib, ularni maxsus asboblar yordamida yigʻishlari lozim. Toʻplangan moddalar keyinchalik utilizatsiya qilish uchun germetik idishlarga joylanadi.
Toʻkilgan zaharli suyuqliklar, birinchi navbatda, neytrallovchi kukun yoki sorbent bilan qoplanadi, yigʻilgan massa maxsus konteynerlarga toʻplanadi. Pol yoki uskuna ostida qolgan qoldiqlar neytrallovchi eritma bilan ishlov beriladi va ular ham yigʻilib utilizatsiya qilinadi. Bino ichidagi shamollatish tizimi kuchaytiriladi, havo holati tozalashdan oldin va keyin tekshiriladi. Avariya bartaraf etilgandan soʻng ishlab chiqarish laboratoriyasi mutaxassislari yoki akkreditatsiyadan oʻtgan tashkilot tomonidan havodagi zararli moddalar konsentratsiyasining nazorat oʻlchovlari oʻtkazilib, toʻliq zararsizlangani tasdiqlanishi lozim.
82. Oʻtkir zaharlanish holatlari yuzaga kelganda, obyektda tez tibbiy yordam koʻrsatishga tayyor sanitariya posti boʻlishi shart. Ushbu xona kislorod ingalyatori, antidotlar (zaharga qarshi vositalar) va zarur tibbiy uskunalar bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
Xodimlar qaysi joyga murojaat qilishlari kerakligi haqida oldindan xabardor qilingan boʻlishlari shart. Favqulodda holatdan soʻng hatto zaharlanish alomatlari kuzatilmagan taqdirda ham, barcha ishtirokchilar 24 soat ichida tibbiy koʻrikdan oʻtishlari lozim.
83. Zaharli moddalardan foydalanadigan xavfli ishlab chiqarish obyektlarida quyidagilar boʻlishi shart:
a) zaharli moddalar saqlanadigan alohida xona yoki shkaf mavjud boʻlishi, unga cheklangan ruxsat (qulf va masʼul saqlovchi shaxs) belgilangan boʻlishi lozim. Eshikda “Zaharli” deb yozilgan ogohlantiruvchi belgi boʻlishi shart. Shamollatish tizimi ishchi holatda ekanligi (tortuvchi ventilyator faoliyati va havo almashinuv karra oʻlchovi). Harorat rejimi meʼyorda boʻlishi, modda etiketkasidan kelib chiqqan holda belgilangan talablarga mos boʻlishi lozim;
b) barcha idishlar mahkam yopilgan, oqish yoki sizish holatlari yoʻq, etiketkalar oʻqilishi oson va zarur maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan boʻlishi lozim.
Yengil uchuvchan moddalar uchun (yoʻriqnomada koʻrsatilgan boʻlsa) sovuq joyda yoki muzlatkich kamerasida saqlash talab etiladi. Yuqori zaharli yoki kanserogen reaktivlar (benzol, dixromatlar, simob tuzlari) shamollatish tizimiga ulangan tortuvchi shkaflarda yoki shamollatish tizimli germetik bokslarda saqlanishi lozim.
Xavfli reaksiya berishi mumkin boʻlgan moddalar bir joyda saqlanmasligi kerak (kislotalar sianidlar bilan, oksidlovchi moddalar organik moddalar bilan);
v) saqlash zonasida neytrallash uchun zarur moddalar, kislotalar uchun — ohak yoki soda, ishqorlar uchun — kislota (uksus yoki bor kislotasi), galogenlar uchun — sulfitlar va boshqalar boʻlishi lozim;
g) xodimlarning talab etiladigan markadagi gaz niqoblari bilan taʼminlangani, ulardagi filtrlar mavjudligi va yaroqlilik muddati. Shuningdek, xodimlarda muvofiq turdagi maxsus kiyimlar, kislotalarga chidamli fartuklar va qoʻlqoplar mavjudligi aniqlanadi. Yuqori xavf darajasidagi ishlarda ishtirok etuvchi xodimlarda koʻchma gaz analizatorlari (indikator naychalar) borligi;
d) xavfli moddalar hisobi — jurnal yoki roʻyxatlar koʻrinishida yuritilishi lozim. Har bir modda uchun xavfsizlik pasporti mavjud boʻlishi shart. Toksinlarning har bir toifasi bilan ishlash boʻyicha yoʻriqnomalar ochiq holda saqlanishi va amalda boʻlishi, xodimlar esa ular bilan tanishgani haqida imzo qoʻygan boʻlishlari lozim;
j) nasoslar, klapanlar va quvurlarda sizib chiqishlar mavjud emasligi, ularda kristallashuv izlari, dogʻlar yoki hidlar boʻlmasligi lozim. Shuningdek, zaharli chiqindilar saqlanadigan barcha idishlar tamgʻalangan boʻlishi, ular tortuvchi shamollatish tizimi ostida yoki mahkam germetik yopiq holda saqlanishi shart.
6-bob. Oksidlovchi moddalar xavfsizligiga qoʻyiladigan talablar
84. Ishlab chiqarish jarayonlarida (reaktorlar, dozalash uzellari) oksidlovchi moddalar yonilgʻi komponentlaridan alohida holda reaksiya zonasiga uzatiladi, bu esa rejadan tashqari aralashish va nazoratsiz reaksiya yuz berishi xavfining oldini olishni taʼminlaydi.
Obyektdagi kommunikatsiyalar toʻliq germetik boʻlishi lozim. Nasoslar ikki tomonlama zichlangan monoblok turda jihozlangan boʻlishi hamda moddaning tashqi muhitga chiqishini butunlay istisno etadigan toʻsuvchi suyuqlik tizimiga ega boʻlishi shart.
Konsentratsiyani nazorat qilishni taʼminlashda: agar texnologik jarayonda oksidlovchi modda yonilgʻi bilan aralashtiriladigan boʻlsa, avtomatlashtirilgan boshqaruv tizimi ularning xavfsiz nisbatini saqlab turishi va portlash reaksiyani keltirib chiqarishi mumkin boʻlgan ortiqcha oksidlovchining qoʻshilishiga yoʻl qoʻymasligi lozim. Reaksiya nazoratdan chiqqan taqdirda, tizimda ingibitor moddani yoki reaktor qurilmasini favqulodda sovitkichni avtomatik dozator uskunalari mavjud boʻlishi shart.
85. Oksidlanish reaksiyalari xavfsizligi: tarkibida kuchli oksidlovchi moddalar (peroksidlar, ozon, nitratlar) ishtirok etuvchi reaksiyalar odatda, ekzotermik boʻladi. Reaktorlarda samarali sovitish tizimi hamda oksidlovchi modda berilishi harorat boʻyicha avtomatik tarzda boshqarilishi hisobga olinishi lozim. Shuningdek, reaksion massa nazoratsiz parchalanishi holatida bosim ortishini xavfsiz bartaraf etish uchun uyurma soʻndiruvchi qurilmaga ega avariya chiqarish klapanlari yoki bosimni idishga xavfsiz yoʻnaltiruvchi quvurlar tizimi oʻrnatilishi shart.
Oksidlanish jarayonlari amalga oshiriladigan binolarda portlash bosimini chiqaruvchi portlashdan himoyalovchi konstruksiyalar boʻlishi lozim, bular yengil chiquvchi panellar yoki shamollatish teshiklari portlash bosimini xavfsiz ravishda chiqarish imkoniyatini taʼminlaydi. Elektr jihozlari kislorod yoki xlor ajralishi ehtimoli hisobga olingan holda tanlanadi, ular moylanmagan boʻlishi va korroziyaga qarshi himoyaga ega boʻlishi shart.
86. Kukunsimon oksidlovchi moddalar bilan ishlanganda, jihoz va inshootlarda chang (xlorat yoki permanganat changlari) toʻplanishiga yoʻl qoʻyilmaslik lozim. Bunday chang toʻplanishining oldini olish uchun uskunalar va sirtlar davriy ravishda suv bilan yuvib tozalanishi, shu orqali portlovchi chang “yostiqchalari” hosil boʻlmasligini taʼminlanish kerak. Ammiak selitrasi (NH 4 NO 3 ) saqlanadigan omborlarda mahsulot toʻplanib qolishi mumkin boʻlgan boʻshliq yoki kovak joylar boʻlishi qatʼiyan man etiladi. Bunday binolar barcha sirtlari silliq va tozalash uchun qulay holda loyihalashtirilishi shart.
87. Oksidlovchi moddalar metall materiallarda korroziyani keltirib chiqarishi mumkin, shuning uchun bunday muhitlarda ishlatiladigan uskunalar mos zanglamaydigan poʻlat yoki qoplamali tayyorlangan boʻlishi kerak.
Jumladan:
kislotali muhit uchun — qoʻshimchali zanglamas poʻlatdan tayyorlangan uskunalar;
gipoxlorit va peroksidlar uchun — emal qoplamali reaktorlar yoki plastik (PVX, PVDF) quvuroʻtkazgichlar;
“nam xlor” bilan ishlash uchun — titan materialidan yasalgan jihozlar tavsiya etiladi.
Moy mavjud boʻlgan sharoitda bosim ostidagi kislorod portlash xavfini keltirib chiqarishi mumkinligi sababli, ikkilamchi reaksiyalar ham hisobga olinishi lozim.
Armatura va nasoslarda qoʻllanadigan barcha surkov materiallari kislorod bilan muvofiq kelishi, yaʼni uglevodorodli moylar ishlatilmasligi, silikonli yoki ftoruglerodli surkovlar qoʻllanilishi lozim.
88. Oksidlovchi moddalar ishtirokidagi jarayonlar boʻyicha xavf tahlili amalga oshirilishi lozim. Tahlil jarayonida quyidagi ehtimoliy ogʻishlar aniqlanadi: “oksidlovchining ortiqcha miqdori”, “sovitishning yetishmasligi”, “oksidlovchi moddaga begona moddaning tushishi” va boshqalar. Tahlil natijalari asosida zarur himoya choralari va xavfsizlik texnik tadbirlari ishlab chiqilishi shart.
89. Oksidlovchi muhitlar uskunalarning eskirishi va yemirilishini tezlashtiradi, shuning uchun taʼmirlashlar orasidagi intervallar qisqartirilgan holda belgilanishi lozim.
Kislorod kompressorlari uchun zichlagich elementlarni tez-tez almashtirish, shuningdek, korroziya taʼsirida yoriqlar hosil boʻlishi ehtimoliga koʻra kuraklarni muntazam koʻzdan kechirish talab etiladi.
Peroksidlar saqlanadigan omborlarda har oyda bir marta bino ichidagi termometrlar va haroratdan xabar berish tizimi (signalizatsiyasi) qurilmalarining holati koʻrilishi shart.
Peroksidlar uchun moʻljallangan muzlatkich kameralaridagi sovitish uskunalari kabi parchalanishning oldini olish tizimi har chorakda tekshiriladi va ishchi holati tasdiqlanadi.
90. Xodimlar oksidlovchi moddalar bilan ishlashning maxsus xavfsizlik chora-tadbirlari boʻyicha oʻqitilgan boʻlishlari lozim. Shuningdek, oksidlovchi moddalarga oid yongʻin xavfsizligi qoidalari boʻyicha amaliy oʻquv mashgʻulotlari muntazam ravishda oʻtkazilishi shart.
91. Oksidlovchi moddalar boʻyicha favqulodda holatlarga tayyorgarlik yongʻin va portlash xavfini hisobga olgan holda tashkil etilishi lozim.
92. Ayrim oksidlovchi moddalar, jumladan, organik peroksidlar, oʻzidan oʻzi parchalanib portlash xavfini keltirib chiqarishi mumkin. Agar datchiklar saqlanayotgan peroksid haroratining belgilangan darajadan ortishini aniqlasa, tizim avtomatik ravishda sovitishni ishga tushirishi yoki evakuatsiya ogohlantirish va xabar berish tizimlari ishga tushishi lozim.
AVTCHBER barcha shaxslarni xavfsiz masofaga evakuatsiya qilishni nazarda tutishi lozim. Agar organik peroksidning nazoratdan chiqqan parchalanish jarayonini toʻxtatish imkoni boʻlmasa, reaksiya toʻliq yakunlanmaguncha yongʻinni oʻchirish ishlarini boshlamaslik talab etiladi.
93. Suyuq oksidlovchi modda (50 foiz vodorod peroksid) toʻkilishi holatida xodimlar himoya qoʻlqoplari va koʻz oynaklarini kiyib, toʻkilgan joyni inert qum bilan toʻsishlari lozim. Bu holatda paxta yoki mato va boshqa yonuvchan tolali materiallardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi, ular oksidlovchi modda bilan reaksiyaga kirishi mumkin. Toʻyingan nam qum metall chelakka toʻplanishi, binodan tashqariga chiqarilishi lozim.
Qattiq oksidlovchi moddalar (selitra, permanganat va boshqalar) toʻkilishi holatida modda toza idishga yigʻib olinadi, qoldiq esa koʻp miqdordagi suv bilan yuvib tozalanadi. Granulalarni polga bosib kiritish qatʼiyan man etiladi, ishqalanish natijasida organik moddalar yonishi mumkin.
Kichik avariyalarni bartaraf etish rejasi xodimlar uchun qadamma-qadam koʻrsatmalar yoʻriqnomasini oʻz ichiga olishi lozim. Yoʻriqnomada toʻkilgan moddani qanday modda bilan qoplash (sorbent yoki qum), qaysi modda bilan yuvilishi, toʻplangan moddalarni qayerga va qanday tarzda chiqarilishi yoki vaqtincha saqlanishi aniq koʻrsatilishi shart.
94. Zaharli gazlar ajralib chiqishi sababli yongʻin sodir boʻlganda (nitrat sellyulozasi yonishida azot oksidlari (NOx) ajraladi) ogohlantirish tizimi kimyoviy hodisa kabi ishga tushishi lozim. Yaʼni, sirenalar orqali signal berilishi, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan aholiga axborot yetkazilishi taʼminlanishi kerak.
95. Yongʻindan saqlash xizmatlari (davlat, idoraviy va koʻngilli yongʻindan saqlash xizmatlari) obyektda oksidlovchi moddalar mavjudligi toʻgʻrisida oldindan xabardor qilingan boʻlishi va ular bilan ishlash taktikasi boʻyicha maxsus tayyorgarlikdan oʻtgan boʻlishlari lozim.
Xususan, ular quyidagilarni bilishlari shart:
suv oksidlovchi moddalarda yongʻinni oʻchirishning asosiy vositasi ekanligi;
uglevodorodli erituvchilar asosidagi koʻpik tarkiblardan foydalanish man etilishi, chunki ular oksidlovchi muhitda oʻzlari yonuvchan;
ftorli birikmalar asosidagi maxsus chidamli koʻpiklar yoki mayin purkaladigan suv qoʻllanishi lozim.
Shuningdek, yongʻindan saqlash xizmati qayta portlashlar ehtimoli (agar omborda turli partiyada peroksidlar boʻlsa) haqida xabardor boʻlishi kerak. Korxona mahalliy yongʻindan saqlash xizmatiga obyektdagi oksidlovchi moddalar zaxirasi va ularning asosiy xususiyatlari toʻgʻrisida maʼlumot berishi shart.
96. Oksidlovchi moddalar bilan ishlaydigan xavfli ishlab chiqarish obyektlarida quyidagilar boʻlishi shart:
a) oksidlovchi moddalar yengil alangalanuvchi suyuqliklar (YEAS), yonuvchan suyuqliklar (YOS), yonuvchan gazlar yoki boshqa yonuvchan moddalar bilan bir joyda saqlanmasligi lozim. Oksidlovchi moddalar saqlanadigan xona yoki boʻlimda har qanday yonuvchan materiallar (yogʻoch quti, qogʻoz qoplama, mato va boshqalar) boʻlmasligi shart.
Agar oksidlovchi moddaning qadoq qoplamasi yonuvchan materialdan (karton quti) tayyorlangan boʻlsa, u holda uni metall yoki keramik tagdonga, yongʻin chiqarishi mumkin boʻlgan manbalardan uzoq masofada joylashtirilishi kerak;
b) saqlash joylarida ogohlantiruvchi belgilar mavjud boʻlishi lozim. Idishlar (bochkalar, kanistrlar) tamgʻalangan boʻlishi shart: ularda sariq romb shaklidagi belgi, doira ustida alanga tasviri va “Oksidlovchi modda” degan yozuv boʻlishi kerak. Yorliqlar aniq oʻqiladigan, ularda moddaning konsentratsiyasi va ishlab chiqarilgan sanasi koʻrsatilgan boʻlishi shart;
v) bino ichida havo aylanishi yaxshi va harorat moʻtadil, ombordagi termometr koʻrsatkichi belgilangan meʼyor (15 — 25 °C) doirasida boʻlishi lozim (alohida maxsus talablar belgilanmagan boʻlsa);
g) pol va javonlar holati, ularda toʻkilgan kristall yoki suyuqlik oqishi mavjud emasligi lozim;
j) “Oksidlantiruvchi moddalarni saqlashda yongʻin xavfsizligi choralari” va “Toʻkilishi/avariya holatida harakatlar tartibi” nomli yoʻriqnomalar boʻlishi kerak;
z) ombor yaqinida oʻchirish va neytrallashga moʻljallangan vositalar boʻlishi kerak:
kislotali oksidlovchilar uchun — kalsiylangan (suvsizlantirilgan) soda solingan qoplar;
permanganat toʻkilishi holatida — suv toʻldirilgan bochkalar;
oʻta reaksion moddalar uchun — qum, belkuraklar va boshqa yordamchi jihozlar;
i) oksidlantiruvchi moddalarning kelib tushishi va sarfi hisobi yuritilishi kerak (ayniqsa, ular prekursor yoki nazoratdagi moddalar boʻlsa). Binoni davriy koʻrikdan oʻtkazish jurnali mavjudligi va unda organik materiallar yoʻqligi hamda tozalash ishlari amalga oshirilgani haqidagi yozuvlar borligi aniqlanadi.
7-bob. Portlovchi moddalar xavfsizligiga qoʻyiladigan talablar
97. Portlovchi moddalarni ishlab chiqarish yoki qoʻllash jarayonlarida ish joyida bir vaqtning oʻzida mavjud portlovchi moddalar miqdori minimal darajada saqlanishi lozim.
98. Portlovchi moddalar bilan ishlaydigan mashinalar va mexanizmlar sodda tuzilishda hamda ular umuman uchqun chiqarmaydigan boʻlishi lozim. Elektr yuritmalar oʻrniga pnevmatik boshqaruv tizimlari qoʻllanishi, havo bosimi meʼyoriy darajada cheklanishi kerak (uskunalar qizimasligi uchun).
Agar elektr taʼminotidan foydalanish zarurati boʻlsa, u holda past kuchlanishli (12 V gacha) elektr tizimi qoʻllanishi lozim. Barcha elektr uskunalari uchqun xavfsizligi toʻsiqlari orqali ulanishi shart.
Portlovchi moddalar bilan toʻgʻridan-toʻgʻri kontaktda boʻladigan barcha mashinalar sirtlari antifriksion (ishqalanish va issiqlik ajralib chiqishini kamaytiruvchi) materiallar bilan qoplangan boʻlishi lozim. Foydalaniladigan asbob-uskunalar faqat yogʻoch, mis yoki plastmassadan tayyorlangan boʻlishi mumkin. Poʻlat yoki temir asboblardan foydalanish qatʼiyan man etiladi.
99. Portlash xavfi mavjud moddalar bilan bogʻliq texnologik jarayonlar amalga oshiriladigan binolar portlash oqibatlarini kamaytirishga moʻljallangan himoya tizimlari bilan jihozlangan boʻlishi lozim. Bunday tizimlar quyidagi turlarga boʻlinadi:
portlashni bostirishning faol tizimlari, porox ishlab chiqarishda qoʻllanadigan soʻndiruvchi avtomatik tizimlar;
passiv tizimlar, yengil tashlanadigan panellar va portlash toʻlqinini yuqoriga yoʻnaltiradigan maxsus kanallar.
Bundan tashqari, binolar portlovchi moddalar yonganda xavfsiz masofadan boshqariluvchi yongʻin oʻchirish qurilmalari bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.
Portlash xavfi yuqori boʻlgan uchastkalarga faqat bilim sinovlaridan oʻtgan va maxsus tayyorgarlikka ega boʻlgan cheklangan sondagi xodimlarga kirishiga ruxsat beriladi.
100. Agar jarayon uzluksiz tarzda amalga oshiriladigan boʻlsa, u holda har qanday favqulodda holatda avtomatik toʻxtatish blokirovka tizimi boʻlishi shart.
101. Portlovchi moddalardan foydalanadigan korxonada portlovchi moddalarni saqlash, ishlatish va tashishga oid amal qiluvchi litsenziyalar boʻlishi lozim. Shuningdek, portlovchi moddalar hisobi jurnali yuritilishi, unda kelgan miqdor, sarflangan va qoldiq miqdorlar, masʼul shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar boʻlishi shart.
102. Portlovchi moddalar bilan ishlovchi xodimlar maxsus tayyorgarlikdan oʻtishlari va bilimlarini davriy ravishda tekshirilishi shart.
103. Portlovchi moddalar bilan ishlashga ruxsat etilgan xodimlar tegishli jismoniy holatga va sogʻlom ruhiy-psixologik qobiliyatga ega boʻlishlari shart.
104. Portlovchi moddalar saqlanadigan omborlarda davriy ichki taftishlar oʻtkazilishi shart. Bunda mavjud moddalarni qayta sanab chiqish, hisob jurnalidagi miqdor bilan amalda mavjud miqdorni solishtirish, saqlash idishlari va tamgʻalar butunligini tekshirish kerak.
105. Portlovchi moddalar saqlanadigan obyektlardagi avariya vaziyatlari tarqalishini chegaralash va bartaraf etish rejasi quyidagi ssenariylarni oʻz ichiga olishi lozim:
“Portlovchi moddalar omborida yongʻin (portlashsiz)”;
“Omborda qisman portlash”;
“Ishlab chiqarish liniyasini detonatsiya holati”.
Har bir ssenariy uchun evakuatsiya zonalari va parchalar sochilish radiuslari aniq belgilab qoʻyilishi kerak.
106. Portlash yoki yongʻin holatida maxsus ogohlantiruvchi sirena signali avtomatik ravishda ishga tushishi lozim. Aholi va xodimlar bu signalning maʼnosini oldindan bilishlari kerak:
signal eshitilganda yerga yotish yoki xavfsiz joyda panoh topish,
portlashlar toʻxtagandan soʻng evakuatsiya buyrugʻi berilgach, belgilangan yoʻnalish boʻyicha binodan chiqish talab etiladi.
107. Portlovchi moddalarni saqlash va foydalanish obyektlarida quyidagilar boʻlishi shart:
portlovchi moddalarni saqlashga oid amaldagi litsenziya;
portlovchi moddalarni saqlash uchun masʼul shaxslar roʻyxati (korxona buyrugʻi bilan tasdiqlangan) mavjudligi;
xodimlarda portlovchi moddalar bilan ishlash huquqini beruvchi guvohnomalar.
8-bob. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalarni saqlashga qoʻyiladigan talablar
108. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar ularning fizik-kimyoviy xususiyatlari, reaksiyaga kirishish qobiliyati hamda xavf darajasini hisobga olgan holda saqlanadi.
109. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar, oksidlovchi moddalar, kislotalar, ishqorlar, zaharli moddalar, siqilgan va suyultirilgan gazlar guruhlarga ajratilib saqlanishi kerak.
110. Yengil alangalanuvchi suyuqlik va oksidlovchi moddalar, kislotalar va ishqorlar, zaharli moddalar, oziq-ovqat mahsulotlari, oksidlovchi moddalar hamda organik moddalarni birgalikda saqlash taqiqlanadi.
111. Har bir guruhga mansub moddalar alohida xonalarda, seksiyalarda yoki izolyatsiyalangan joylarda saqlanishi shart, jumladan:
yengil alangalanuvchi suyuqliklar portlash xavfli zonada, shamollatish tizimi bilan jihozlangan maxsus omborlarda;
oksidlovchi moddalar yonuvchan materiallardan kamida 5 m masofada yoki yonmaydigan toʻsiqlar bilan ajratilgan holda;
kislotalar va ishqorlar korroziyaga chidamli idishlarda, bir-biridan alohida;
siqilgan va suyultirilgan gazlar tashqi maydonlarda yoki maxsus shamollatish tizimi mavjud shkaflarda.
112. Suyuq moddalar saqlanadigan barcha joylar ikkillamchi toʻsiq (ariqchalar (lotok), poddon taralar, marza) bilan jihozlangan boʻlishi shart:
ikkillamchi toʻsiq (marzalangan hudud) hajmi eng katta idish (rezervuar) hajmining mahsulot sigʻadigan qilib, kamida 110 foizini tashkil qilishi;
ariqchalar (lotok) kislotalar uchun kislotabardosh plastik yoki qoplamalar, yengil alangalanuvchi suyuqliklar uchun antistatik va yongʻinga chidamli materialdan tayyorlanishi;
ariqchalarda (lotok) avariya holatida moddani chiqarish uchun klapanli tizimlar koʻzda tutilishi.
113. Umumiy hajmi 5 000 kg dan ortiq kimyoviy moddalar alohida binoda saqlanishi shart.
114. Kimyoviy moddalarni yertoʻlalarda saqlash taqiqlanadi.
115. Saqlash binolari quyidagi talablarga javob berishi lozim:
devorlar yongʻinga chidamli;
qoplamalar suyuqlik oʻtkazmaydigan va antistatik qoplamaga ega boʻlishi;
eshiklar avtomatik yopiluvchi;
shamollatish tizimi doimiy ishchi holatda.
116. Havo almashinuvining hajmi va karraligi ishlab chiqarish hamda maishiy xonalar uchun shamollatish va havoni moʻtadillash boʻyicha amaldagi qurilish normalari talablariga muvofiq taʼminlanishi lozim.
117. Bir xonaning ichida saqlanadigan kimyoviy moddalar miqdori quyidagi chegaralardan oshmasligi lozim.
ishlab chiqarish xonalarida :
yengil alangalanuvchi suyuqliklar — 200 kg gacha;
zaharli moddalar — 50 kg gacha;
oksidlovchi moddalar — 100 kg gacha;
maʼmuriy xonalarda :
yengil alangalanuvchi suyuqliklar — 50 kg gacha;
zaharli moddalar — 10 kg gacha;
oksidlovchi moddalar — 25 kg gacha;
omborxonalarda :
yengil alangalanuvchi suyuqliklar — 5 000 kg gacha;
zaharli moddalar — 1 000 kg gacha;
oksidlovchi moddalar — 2 000 kg gacha.
118. Yengil alangalanuvchi suyuqliklar saqlanadigan xonalarda harorat 27 °C dan oshmasligi lozim.
119. Zaharli gazlar saqlanadigan xonalarda majburiy havo chiqarish shamollatish tizimi oʻrnatilishi lozim.
120. Shamollatish tizimida havoni qayta aylantirish (retsirkulyatsiya) taqiqlanadi.
121. Korxonada quyidagi hisob hujjatlari yuritilishi lozim:
kelib tushish jurnali;
sarf jurnali;
inventarizatsiya hisoboti (kamida oyda bir marta).
9-bob. Texnologik jarayonlarni nazorat qilish, boshqarish, xabar berish tizimi (signalizatsiya) va avariyaga qarshi avtomatik himoya tizimlari
122. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar ishlatiladigan texnologik jarayonlarni nazorat qilish va boshqarish boshqaruv xonasida joylashgan operator ish joyidan turib amalga oshirilishi, bunda jarayon xavfsizligini belgilab beruvchi texnologik koʻrsatkichlarni nazorat qilish, avariya oldi hamda avariya vaziyatlarida xabar berish tizimi (signalizatsiya) vositalarini uskuna joylashgan joyda va boshqaruv xonasida ham oʻrnatilishi kerak.
123. Texnologik koʻrsatkichlarni (sarf, bosim, harorat) oʻlchash va tartibga solish ishchi muhitda korroziyaga chidamli yoki uning taʼsiridan himoyalangan texnik qurilmalar yordamida amalga oshiriladi.
124. Belgilangan tartibda qiyoslovdan oʻtkazilmagan, shuningdek, qiyoslash muddati oʻtgan nazorat-oʻlchov asboblari va avtomatlashtirish vositalaridan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
125. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar saqlanadigan idishlar chegaraviy sath qiymatlari xabar berish tizimiga (signalizatsiya) ega suyuqliklarning sathini oʻlchash, nazorat qilish va tartibga solish vositalari va belgilangan chegaraviy sathga yetganda, ularni idishga uzatilishini avtomatik tarzda uzib qoʻyadigan vositalar yoki suyuqlikning toshib ketishiga yoʻl qoʻymaydigan boshqa vositalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
126. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar bilan ishlar amalga oshiriladigan xonalarda havoning holatini muntazam nazorat qilish tashkil etilgan boʻlishi kerak.
Foydalanish sharoitlariga koʻra kuchli taʼsir koʻrsatadigan moddalar bugʻi ajralib chiqadigan xonalarda CHYQK meʼyordan oshganligini xabar berish tizimi (signalizatsiya) bilan birga ularning havodagi miqdorini avtomatik nazorat qilish taʼminlangan boʻlishi kerak. Agar ushbu xonalarda CHYQK oshib ketganda, quyidagilar ishga tushishi kerak:
a) boshqaruv xonasida va joyida yorugʻlik va ovozli xabar berish tizimi;
b) zarur hollarda atmosferaga chiqariladigan zararli moddalarni yutuvchi avariyaviy tizim bilan blokirovka qilingan avariya holatida shamollatish.
127. Foydalanish sharoitlariga koʻra ishchi hudud havosiga kuchli taʼsir koʻrsatadigan moddalar bugʻi ajralib chiqishi mumkin boʻlgan ochiq maydonchalarda joylashgan omborxonalarda, toʻkish-quyish punktlarida CHYQK meʼyordan oshganligini xabar berish tizimlari (signalizatsiya) avtomatik nazorat koʻzda tutilishi lozim.
Koʻrsatilgan joylarda CHYQK meʼyordan oshib ketganda, boshqaruv xonasida va joyda yorugʻlik va ovozli xabar berish tizimlari ishga tushishi kerak. Bunda barcha gazlanganlik holatlari asboblar yordamida qayd etilishi kerak.
Datchiklarning sezuvchanlik chegarasi, ularning soni va joylashishi loyiha bilan belgilanadi va asoslanadi.
10-bob. Texnik qurilmalar va uskunalar xavfsizlik talablari
128. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar ishlatiladigan xavfli ishlab chiqarish obyektlarida qoʻllanadigan texnik qurilmalar va uskunalar (reaktorlar, nasoslar, armaturalar, filtrlar, idishlar) belgilangan tartibda muvofiqlik sertifikatiga ega boʻlishi, shu jumladan, chet elda ishlab chiqarilgan texnik qurilma va uskunalar davlatlar oʻrtasida tan olingan muvofiqlik sertifikatiga ega boʻlishi kerak.
129. Texnik qurilmalar va uskunalarning (ishlab chiqarish uskunalarining) konstruksiyasi ushbu Qoidalar talablariga, shuningdek, ishlab chiqarish uskunasiga qoʻyiladigan xavfsizlik talablariga javob berishi kerak. Jumladan, kislotabardosh, ishqorlarga chidamli, peroksidlar uchun antistatik, uchqun chiqarmaydigan, kislorod bilan reaksiya qilmaydigan materiallardan, germetik va zarbaga bardoshli boʻlishi, shuningdek, qoʻllanadigan moddaning fizik-kimyoviy xususiyatlariga toʻliq moslashtirilgan boʻlishi shart.
130. Barcha texnik qurilmalar uchun foydalanish qoʻllanma hujjatlari (pasport, texnik tavsif, xavfsizlik pasporti) ishlab chiqaruvchi tomonidan berilgan boʻlishi va tashkilot tomonidan davlat tiliga tarjima qilingan holda saqlanishi shart. Qoʻllanmada uskunaning xavfli zonalari, tozalash tartibi, xizmat koʻrsatish grafigi va avariya holatida harakat qilish tartibi koʻrsatilgan boʻlishi lozim.
131. Bevosita uskunalar yoki ularga xizmat koʻrsatish hamda boshqarish joylari yaqinida:
uskunalar, kommunikatsiyalarning joylashish va texnologik aloqalar sxemalari;
moddalar oqimi yoʻnalishi;
xavfli zonalar va birinchi yordam punktlari;
shamol yoʻnalishi koʻrsatkichlari (peroksidlarning gazlanish xavfi bor hududlar uchun) osilgan boʻlishi kerak.
132. Texnik qurilmalar va uskunalardan ishlab chiqarish sharoitlari va ushbu Qoidalar talablarini hisobga olgan holda, ishlab chiquvchi tashkilotning texnik hujjatlari asosida ishlab chiqilgan texnologik yoʻriqnomalar talablariga muvofiq foydalanishi kerak.
133. Texnik qurilmalardan foydalanishga faqat qonunchilik hujjatlariga talablariga muvofiq tayyorlangan foydalanuvchi va taʼmirlovchi xodimlar qoʻyiladi. Taʼmirlash ishlari faqat maxsus tayyorgarlikka ega brigadalar tomonidan amalga oshiriladi.
134. Texnik qurilmalarga xizmat koʻrsatish uchun ishlatiladigan asbob-uskuna va moslamalar xavfsizlik talablari va bajariladigan ishlarga muvofiq boʻlishi kerak.
Yengil alangalanish va portlash xavfi boʻlgan hududlar va xonalarda ishlatiladigan asbob-uskunalar va moslamalar ular bilan ishlaganda uchqun chiqarmasligi kerak.
135. Ish oʻrinlarida asbob-uskunalar va moslamalar maxsus ajratilgan joylarda yoki asbob-uskuna shkaflarida yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy modda turiga mos boʻlinmada saqlanishi kerak. Peroksidlar bilan ishlovchi asbob-uskunalar boshqalardan alohida saqlanadi va ularning yuzida “Peroksid zonasi uchun” deb belgilanadi.
136. Nosoz texnik qurilmalarda ishlash, shuningdek, nosoz moslama va asboblardan foydalanish taqiqlanadi.
11-bob. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalarni yoʻq qilishga qoʻyiladigan xavfsizlik talablari
137. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar va ular qadoqlangan idishlarni yoʻq qilish ishlari kimyoviy mahsulotning xavfsizlik pasportida belgilangan talablarga hamda ushbu mahsulot turiga oid standartlar va normativ hujjatlar talablariga muvofiq amalga oshirilishi lozim.
138. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalarni yoʻq qilish jarayonining xavfsizligi quyidagi himoya choralariga rioya etish orqali taʼminlanadi:
xavfsizlikni taʼminlaydigan texnologiya va uskunalarni, atrof-muhit ifloslanishning oldini oluvchi texnik vositalar va ish usullarini tanlash;
yoʻq qilish jarayonida xavfsizlik darajasini nazorat qiluvchi texnik vositalardan foydalanish va ularga oʻz vaqtida texnik xizmat koʻrsatish;
avariya holatlarining oldini olish usullarini ishlab chiqish hamda ularni bartaraf etish uchun zarur vositalar bilan jihozlanish.
139. Yoʻq qilish jarayonida chiqindilarning havoga, suvga yoki tuproqqa tushishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Barcha chiqindilar zararsizlantirish yoki yigʻish tizimiga yoʻnaltirilishi lozim.
Chiqindilarni yoqish yoki neytrallash jarayoni vaqtida chiqariladigan gazlar tozalash (filtratsiya) qurilmalari orqali atmosferaga chiqarilishi kerak.
140. Yoʻq qilish jarayonida ishtirok etuvchi xodimlar maxsus tayyorgarlikdan oʻtgan boʻlishi, shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlanishi shart.
Ish joylarida birinchi tibbiy yordam vositalari va zaharlanish holatida harakatlar boʻyicha yoʻriqnoma mavjud boʻlishi kerak.
141. Yoqish yoki zararsizlantirish uskunalari xavfsizlik tizimlari bilan jihozlangan boʻlishi lozim. Bu uskunalar belgilangan muddatlarda texnik koʻrik va kalibrovkadan oʻtkazilishi lozim.
142. Zaharli moddalar chiqindilarini yoʻq qilish jarayonida atrof-muhit parametrlarining (havo, suv, tuproq) holati doimiy monitoring orqali nazorat qilinadi.
Monitoring natijalari har oyda Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining hududiy boshqarmasiga taqdim etiladi.
12-bob. Shaxsiy himoya vositalari
143. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar bilan ishlash tashkilot xodimlariga belgilangan tartibda beriladigan shaxsiy himoya vositalaridan foydalangan holda amalga oshirilishi kerak.
144. Ishchilarga yakka tartibda foydalanish uchun beriladigan shaxsiy himoya vositalari (keyingi oʻrinlarda — SHHV) ish vaqtida ularning ish joyida boʻlishi kerak.
Ish vaqtida qoʻllanadigan maxsus kiyimlar, maxsus poyabzallar va boshqa SHHV roʻyxati, bajarilgan ishning oʻziga xos shartlari va xususiyatlarini hisobga olgan holda, har bir ish joyi uchun mehnatni muhofaza qilish yoʻriqnomasida koʻrsatilishi kerak.
145. Nafas organlarining shaxsiy himoya vositalari (keyingi oʻrinlarda — NOSHHV), xavfli va zararli ishlab chiqarish omillarining ishchilarga taʼsirining oldini olish yoki kamaytirish uchun ishlatilishi va yuqori darajadagi himoya samaradorligi va foydalanish qulayligini taʼminlash, mehnat faoliyati uchun eng maqbul sharoitlarni yaratish kerak.
146. Qoʻl terisini moddalar taʼsiridan himoya qilish uchun himoya va profilaktik malham, pasta va kremlardan foydalanish kerak.
147. Ishlab chiqarish xonalarida, moddalar saqlanadigan omborlarda va moddalar bilan ish olib boriladigan joylarda, avariyaviy shaxsiy himoya vositalari, shuningdek, avariya vaziyati sodir boʻlganda (dush yoki oʻziga yordam berish vannasi, oʻziga yordam berish rakovinasi va boshqalar) jabrlanganlarga birinchi yordam koʻrsatish toʻplamlari mavjud boʻlishi kerak.
13-bob. Yongʻin xavfsizligi
148. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalardan foydalanadigan sanoat korxonalarining barcha ishlab chiqarish, saqlash va boshqa yordamchi xonalari Vazirlar Mahkamasining “Yongʻin xavfsizligi qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2020-yil 20-oktabrdagi 649-son qaroriga muvofiq yongʻinni oʻchirishning birlamchi vositalari bilan taʼminlanishi kerak.
14-bob. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalarni avtomobil transportida tashish
149. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalarni avtomobil transportida tashishda Vazirlar Mahkamasining 2011-yil 16-fevraldagi 35-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasida xavfli yuklarni avtomobil transportida tashish qoidalari talablariga rioya qilinishi shart.
150. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar xalqaro standartlar (SGS OT — Muvofiqlashtirilgan global tizim, ADR — Xalqaro xavfli yuklar tashish qoidalari) boʻyicha xavfli yuklar darajalariga muvofiq quyidagicha tasniflanadi:
1-daraja — portlovchi moddalar;
2-daraja — siqilgan, suyultirilgan va bosim ostida eritilgan gazlar;
3-daraja — yengil alangalanadigan suyuqliklar;
4-daraja — yengil alangalanadigan qattiq moddalar, oʻz-oʻzidan yonadigan moddalar (OʻOʻYOM), suv bilan reaksiyaga kirishib alangalanuvchi gazlar chiqaradigan moddalar;
5-daraja — oksidlovchi moddalar va organik peroksidlar;
6-daraja — zaharli moddalar va biologik xavfli moddalar (masalan, infeksiya tarqatuvchi moddalar);
7-daraja — radioaktiv moddalar;
8-daraja — oʻyuvchi va (yoki) korroziya qiluvchi moddalar;
9-daraja — boshqa xavfli moddalar va buyumlar (masalan, ekologik xavfli moddalar, magnitli yoki litiy batareyalar).
151. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalarni tashishda qadoqlash va joylashtirish amaldagi normativ hujjatlarda belgilangan idishlar va qadoq turlariga muvofiq boʻlishi shart.
Qadoqlar mahsulotni tashish, saqlash, yuklash-tushirish jarayonlarida xavfsizlik taʼminlashi kerak.
Sertifikatlangan va UN belgisiga ega qadoqlardan foydalanishga ruxsat etiladi.
Har bir qadoq va idishda quyidagilarni qamrab olgan tamgʻalar boʻlishi shart:
moddaning toʻliq nomlanishi;
xavf darajasi (UN raqami, piktogramma);
hajmi va ogʻirligi;
xavfli yuk darajasi (1 — 9);
ishlab chiqaruvchi, partiya raqami, ishlab chiqarilgan sana.
152. Har bir modda oʻz xususiyatiga koʻra mos qadoqda va germetik holda tashilishi kerak (natriy va fosfor maxsus moyli bankalarda, kinoplyonkalar va plyonkalar metall qutilarda saqlanadi).
Yorugʻlik, harorat va namlik taʼsirida yonishi mumkin boʻlgan moddalar izolyatsiyalangan idishlarda, metall barabanlarda va maxsus termoizolyatsiyalangan sisternalarda tashilishi lozim.
Qadoqlar tashish paytida bir-biriga urilib yoki siljib ketmasligi uchun ortish vaqtida jips joylashtirilishi, sindirib yubormaslik uchun oraliqlar inert modda bilan toʻldirilishi talab qilinadi.
153. Barcha avtotransport vositalari, xususan, maxsus sisterna, konteyner va barabanlarda tashiladigan yengil alangalanuvchi va portlovchi moddalar uchun transport vositasi texnik jihatdan soz holda boʻlishi kerak. Uchqun chiqaruvchi yoki chidamsiz qismlar boʻlmasligi talab etiladi.
Har bir transport vositasi quyidagi jihozlar bilan taʼminlangan boʻlishi shart:
portlash xavfini kamaytiruvchi ventillar va klapanlar;
bosim va daraja nazorati uskunalari;
avtotsisternada toʻkilish yoki gaz chiqishi holatida himoya mexanizmi.
Kimyoviy moddalar uchun idish va qadoqlar (ballonlar, bankalar, shisha idishlar) turiga qarab maxsus transport vositasida mahkamlanib, qoʻllanilgan qadoqlardan foydalanish taqiqlanadi.
Suyuq yoki gazsimon moddalarni tashishda idish toʻliq toʻldirilmaydi. Quyish hajmi sigʻimning 85 — 90 foizdan oshmasligi kerak (modda oʻz xususiyatiga koʻra).
154. Har xil xavfli moddalarni bir vaqtda, bir konteyner yoki kuzovda tashish taqiqlanadi. Ayniqsa, oksidlovchi, zaharli, portlovchi va organik moddalarni birga joylashtirish mumkin emas.
Har bir yuk xavf darajasi boʻyicha belgilanib, tamgʻalangan boʻlishi va hujjatlarda aks ettirilishi kerak.
155. Organik peroksidlar kabi yengil parchalanadigan moddalarni qisqa masofalarda tashishda, haroratga sezgirlikni hisobga olgan holda, butun tashish vaqti mobaynida barqaror haroratni saqlab turuvchi maxsus sovituvchi elementlar bilan jihozlangan himoyaviy qadoqlardan foydalanishga yoʻl qoʻyiladi. Bu holda modda termik parchalanish yoki avtokatalitik reaksiyaga kirishmasligi lozim.
156. Oksidlovchi moddalar va organik peroksidlar yuklanishidan oldin avtotransport vositasining yuk joyi (kuzov) sinchkovlik bilan changdan tozalanishi, shuningdek, avval tashilgan moddalar qoldiqlarining qolmasligi taʼminlanishi shart. Bu yonuvchanlik va reaktiv xavflarni kamaytirish uchun zarur hisoblanadi.
157. Avtomobil transportida yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalarni tashiyotgan haydovchida quyidagi rasmiylashtirilgan hujjatlar mavjud boʻlishi shart:
avtotransport vositasining xavfli yuklarni tashishga yaroqliligini tasdiqlovchi guvohnoma;
haydovchining xavfli yuklarni tashish boʻyicha maxsus tayyorgarlikdan oʻtganini tasdiqlovchi guvohnoma;
tashilayotgan modda toifasiga muvofiq holda avariyaviy holatda harakat qilish boʻyicha kartochka;
tashuvchi, joʻnatuvchi va qabul qiluvchi tashkilotlarning masʼul shaxslari, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining navbatchi qismlari manzil va aloqa maʼlumotlari;
Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi tomonidan berilgan xulosa (sigʻimning texnik jihatdan yaroqliligi boʻyicha);
harakat marshruti va toʻxtash joylari koʻrsatilgan, Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmati bilan kelishilgan yoʻnalish sxemasi.
15-bob. Atrof-muhit muhofazasi
158. Yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalardan foydalanishni yoʻlga qoʻyishda chiqindilarini ajratib chiqarishi meʼyorlarda koʻzda tutilgan darajalargacha kamaytiradigan texnologik jarayonlar va uskunalardan foydalanish kerak.
159. Atrof-muhitning texnologik chiqindilar tarkibidagi zararli moddalar bilan ifloslanish ehtimolini hisoblash, yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalarni ishlatadigan korxonaning texnologik loyihasi tarkibiga kirishi kerak.
Bunda loyihada foydalanish davrida hisob-kitoblarda qabul qilingan zararli moddalarning chiqishi sharoitlari taʼminlanadigan tadbirlar majmui koʻzda tutilishi lozim.
160. Bir vaqtning oʻzida gaz-chang tutib qoluvchi qurilmalarni rekonstruksiya qilmasdan turib, chiqadigan gazlar yoki ularning tarkibidagi zararli moddalar konsentratsiyalari hajmining oshishi bilan bogʻliq texnologik uskunalar unumdorligini oshirish taqiqlanadi.
161. Atrof-muhitni ifloslanishiga olib kelishi mumkin boʻlgan manbalardan chiqayotgan sanoat chiqindilari ustidan doimiy nazorat vakolatli davlat organlari tomonidan amalga oshirilishi bilan bir qatorda, korxonalar tomonidan ham ishlab chiqarish nazorati doirasida taʼminlanishi lozim.
Korxona va tashkilotlarda zamonaviy kimyoviy va fizik-kimyoviy tahlil vositalari bilan jihozlangan maxsus laboratoriyalar boʻlishi kerak.
162. Sanoat oqova suvlarini zararsizlantirish yengil alangalanuvchi va portlovchi kimyoviy moddalar bilan muomala qiluvchi korxonalar uchun majburiy hisoblanadi. Oqova suvlar tarkibidagi zararli moddalarning konsentratsiyasi suv obyektlariga tashlanish joyida Oʻzbekiston Respublikasining Suv kodeksi hamda amaldagi sanitariya va ekologik normalarda belgilangan meʼyorlardan oshmasligi kerak.
163. Suv havzalari va joy relyefiga quyidagilarni chiqarish taqiqlanadi:
tarkibida CHYQK yoki taxminiy yoʻl qoʻyiladigan darajasi belgilanmagan moddalar yoki moddalarning suvda transformatsiyalanishi mahsulotlari, shuningdek, analitik nazorat usullari mavjud boʻlmagan moddalar boʻlgan oqova suvlar;
suv chiqarmaydigan ishlab chiqarishlarni tashkil etish, ratsional texnologiyalarni tatbiq qilish, aylanma va takroriy suv taʼminoti tizimlarida maksimal ishlatish, tegishli tarzda tozalangandan va zararsizlantirilgandan keyin sanoatda foydalanish yoʻli bilan bartaraf etilishi mumkin boʻlgan oqova suvlar.
164. Oqova suvlar faqat maxsus ruxsatnoma va belgilangan chegaraviy yoʻl qoʻyiladigan oqizish meʼyorlari asosida tabiiy suv havzalariga yoki joy relyefiga oqiziladi. Bu tartib atrof-muhitni ifloslanishdan himoya qilish maqsadida suvdan maxsus foydalanish turiga kiradi va Oʻzbekiston Respublikasining Suv kodeksi bilan tartibga solinadi.
165. Sanoat chiqindilari qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq koʻmib tashlanadi.
Zaharli sanoat chiqindilari, shuningdek, markazlashtirilgan holda poligonlarda va qayta ishlash, neytrallash stansiyalarida joylashtirilishi, qayta ishlanishi hamda neytrallanishi mumkin.
16-bob. Yakunlovchi qoida
166. Ushbu Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 25-iyun,
326-son