📅 2026-yil 26-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 26-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 26 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 26 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 26 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
РЎЙХАТИ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида» 2025 йил 20 октябрдаги ПФ-185-сон Фармонига мувофиқ фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПФ-185-сон Фармонида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тартибини такомиллаштириш назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун моддий ресурслар захираларини шакллантирадиган органлар рўйхати;
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари рўйхати;
моддий ресурслар захираларини миқдор ва сифат жиҳатидан сақлашнинг талаблари, уларни сақлаш муддатлари ҳамда назорат қилиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
халқаро тажрибалар асосида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираларининг намунавий номенклатурасини бир ой муддатда тасдиқласин;
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш юзасидан давлат назоратини амалга оширсин ва услубий раҳбарлик қилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар икки ой муддатда:
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираларининг намунавий номенклатураси рўйхатига мувофиқ рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг кўлами, шунингдек, ҳудуднинг табиий, иқтисодий ва бошқа ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захиралари ҳажми, номенклатураси ҳамда комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқласин;
2028 йилгача бўлган даврда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини босқичма-босқич шакллантириш бўйича тасдиқланган комплекс чора-тадбирларда белгиланган захира мол-мулкларни харид қилиш ишлари амалга оширилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва фавқулодда вазиятлар вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 26 июндаги 330-сон қарорига 1-ИЛОВА
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тартибини белгилайди.
2. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда — захира яратувчи органлар) томонидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун шошилинч тарзда фойдаланиш мақсадида олдиндан шакллантирилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
захирадаги моддий ресурсларни алмаштириш — стандартлар ва тайёрлаш технологияларининг ўзгариши муносабати билан захирадаги моддий бойликларни чиқариш ва бир вақтнинг ўзида уларнинг ўрнини шунга ўхшаш ва шунга тенг миқдордаги моддий бойликлар билан тўлдириш;
моддий ресурслар захирасини янгилаш ва қайта тиклаш — моддий захиралар, уларнинг идиши ва қадоғининг белгиланган сақлаш муддати тугаган, сақлаш муддати тугамаган ҳолда идиши бузилиши ёки бошқа сабабларга кўра маҳсулотнинг яроқсиз ҳолга келиши, сифати бузилиши натижасида маҳсулотнинг рўйхатдан чиқарилиши ва бир вақтнинг ўзида унинг миқдорига тенг бўлган худди шундай моддий бойликни унинг ўрнига қўйиш;
моддий ресурсларни захирадан чиқариш — захирадаги моддий бойликларни муайян шартлар асосида ёки беғараз тарзда олувчига (истеъмолчига) бериш ёки уларни бозорда сотиш;
моддий ресурсларни захирадан олиб туриш — моддий захираларни кейинчалик уларнинг ўрнига шунга ўхшаш бўлган тенг миқдордаги моддий бойликни қайтариш шарти билан олиб туриш;
моддий ресурслар захираларини сақлаш — сақланаётган моддий ресурсларнинг бирламчи ҳолатда сақланишини, шу билан бирга, уларга хизмат кўрсатиш, уларни янгилаш, алмаштиришни таъминлашга йўналтирилган комплекс тадбирлар;
моддий ресурсларни масъулиятли сақлаш — томонлардан бири (сақлаб берувчи) иккинчи томон берган моддий ресурсларни сақлаш ва талаб қилинганда бут ҳолда қайтариш мажбуриятини олишни таъминлайдиган шартномавий муносабатлар;
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираси — фавқулодда вазиятларни бартараф этишга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларининг махсус захиралари, кийим-кечаклар, дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, қурилиш материаллари, нефть маҳсулотлари, умумий ва якка муҳофазаланиш воситалари ҳамда бошқа моддий ресурсларнинг махсус захиралари;
фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун молиявий ресурслар захираси — тегишли захира шакллантирувчи органлар тасарруфидаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш вақтида кутилмаган харажатларнинг ўрнини тўлдириш учун мўлжалланган маблағлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун давлат моддий ва молиявий ресурс захираларидан фойдаланиш мумкин.
2-боб. Молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш тартиби
5. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун қуйидаги турдаги молиявий ва моддий ресурслар захиралари шакллантирилади:
идоравий моддий ресурслар захиралари — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан республика фавқулодда вазиятларини бартараф этиш ва 500 дан ортиқ одамнинг ҳаёти ва фаолиятини таъминлаш;
маҳаллий молиявий ресурслар захиралари — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5,0 минг бараваридан кам бўлмаган миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,0 минг бараваридан кам бўлмаган миқдорда шаҳар ва туман ҳокимликларининг маҳаллий бюджетлари ҳисобидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш вақтидаги кутилмаган харажатларнинг ўрнини тўлдириш;
маҳаллий (шаҳар ва туман ҳокимликлари) моддий ресурслар захиралари — шаҳар ва туман ҳокимликларининг маҳаллий бюджети ҳисобидан, шаҳар ва туман ҳудудларида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва 500 дан кам бўлмаган одамларнинг ҳаёти ва фаолиятини таъминлаш;
объектнинг моддий ресурслар захиралари — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда бюджет, бюджетдан ташқари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, бошқа ташкилотларда эса ўз маблағлари ҳисобидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, 100 кишидан ортиқ бўлмаган ва лекин ишчи хизматчиларнинг сонидан кам бўлмаган одамларнинг ҳаёти ва фаолиятини таъминлаш учун.
6. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захирасини шакллантирадиган ташкилотлар рўйхати ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ белгиланади.
Маҳаллий (шаҳар ва туман ҳокимликлари) ҳамда объектлар (ташкилот) рўйхатлари тегишлигича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг қарорларига мувофиқ белгиланади.
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун моддий ресурслар захираларининг намунавий номенклатураси рўйхати ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ белгиланади. Ушбу номенклатура рўйхати фавқулодда вазиятларни бартараф этишга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларининг махсус захираларини, кийим-кечакларни, дори воситаларини, тиббий буюмларни, тиббий техникани, қурилиш материалларини, нефть маҳсулотларини, умумий ва якка муҳофазаланиш воситаларини ҳамда бошқа моддий ресурсларни, шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш чоғидаги кутилмаган харажатларнинг ўрнини тўлдириш учун мўлжалланган маблағларни ўз ичига олади.
7. Объектларнинг моддий ресурслар захиралари фуқаро муҳофазаси бўйича тоифага эга бўлган ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотларда мажбурий тарзда, бошқа ташкилотларда эса содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар хавфи ва манбаларини, шунингдек, ўзининг ишчи ва хизматчилари сонини ҳисобга олган ҳолда ушбу ташкилотларнинг раҳбарлари ихтиёрига кўра шакллантирилалади.
8. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираларининг номенклатураси ва ҳажми рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг кўламидан, шунингдек, ҳудуднинг табиий, иқтисодий ва бошқа ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, захирани шакллантирувчи органлар томонидан ишлаб чиқилади ва қуйидагилар билан келишилган ҳолда тасдиқланади:
республика миқёсидаги вазирлик ва идоралар учун — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси билан;
маҳаллий ҳокимликлар ва маҳаллий объектлар учун — Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг захиралари фақат маҳаллий (шаҳар ва туман) моддий ресурслар захираси таркибида шакллантирилади.
Давлат моддий захирасини шакллантириш вазифаси юкланган ташкилотлар томонидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираларининг номенклатурасини ишлаб чиқишда, такрорланишнинг олдини олиш мақсадида уларга топшириқда белгиланган моддий бойликларни киритмайди.
9. Айрим моддий ресурсларни (озиқ-овқат маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқаларни) сотиб олиш ва сақлаш ўрнига улар доимо мавжуд ёки муомалада бўлган корхоналар билан шошилинч етказиб бериш (сотиш) юзасидан тегишли шартномалар тузилиши мумкин. Бунда ушбу моддий ресурсларни сотиб олиш, сақлаш ва ушлаб туришга мўлжалланган маблағлар зарур бўлган ҳолатларда фойдаланиш учун махсус банк ҳисоб варақларида ташкил этиладиган молиявий ресурслар захирасига мақсадли йўналтирилади.
3-боб. Моддий ресурслар захираларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тартиби
10. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захиралари ушбу ресурсларни сақлашга мўлжалланган, фавқулодда вазият ҳудудига тезкор етказиб бериш имкони мавжуд бўлган объектларда сақланади.
11. Моддий ресурслар захираларини сақлашнинг асосий вазифаси уларни бутун сақлаш муддати давомида миқдор ва сифат жиҳатидан сақлаб туриш ҳамда уларнинг мақсадли фойдаланиш учун доимий тайёрлигини таъминлашдан иборат.
12. Моддий ресурслар захираларини миқдор ва сифат жиҳатидан сақлаб туришни таъминлаш масъул ташкилотларга юкланади.
13. Аввал фойдаланилган, бироқ соз ва бутловчи қисмлари тўлиқ бўлган махсус жиҳозларни моддий ресурслар захирасига тўплашга рухсат этилади.
14. Моддий ресурслар захиралари улар қаерга жойлаштирилганидан қатъи назар, давлат ёки уларни ташкил этган (сотиб олган) юридик шахснинг мулки ҳисобланади.
15. Барча турдаги моддий ресурслар захиралари сақлаш жойларида (кейинги ўринларда — омборлар) уларни сақлаш учун белгиланган талабларга мувофиқ ҳолда сақланади.
16. Захира шакллантирувчи органларга бўйсунадиган ташкилотларда моддий ресурсларнинг айрим турларини сақлашни ташкил этишнинг иложи бўлмаса (мақсадга мувофиқ бўлмаса), моддий ресурслар захираларини тезкор етказиб беришни таъминлаш мақсадида бошқа ташкилотларнинг омборларида келишув шартномалари асосида сақлаш мумкин.
17. Моддий ресурслар захираларини миқдор ва сифат жиҳатдан сақланиши қуйидаги талаблар асосида таъминланади:
моддий ресурсларни тўғри жойлаштириш, жиҳозлаш, омборларни сақлаб туриш ва улардан фойдаланиш;
омборга кирим қилинадиган моддий ресурсларни синчиклаб қабул қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш;
сақлаш учун моддий ресурсларни тайёрлаш;
сақлаш жойларини тайёрлаш ва моддий ресурслар сифатига салбий таъсир этадиган омилларнинг олдини олиш ва сақлаш учун керакли шароитлар яратиш;
моддий ресурсларнинг ҳар бир тури (ҳарорат, нисбий намлик, вентиляция) учун зарур сақлаш шароитларини яратиш ва санитария-гигиена талабларига риоя қилиш;
сақланаётган моддий ресурсларнинг сифат ҳолатини доимий назорат қилиш ва уларнинг сифатли сақланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш (тозалаш, қуритиш, консервациялаш, техник кўрикдан ўтказиш ва текшириш, қайта тахлаш, лаборатория синовларидан ўтказиш, зараркунандаларга қарши кураш ва бошқалар);
моддий ресурсларнинг сақлаш шароитлари ва жойларини даврий текширувдан ўтказиш;
моддий ресурсларни физик-кимёвий хоссаларга қараб сақлаш тартибига қатъий риоя қилиш;
моддий ресурсларни захирага қабул қилиш, сақлаш, захирадан чиқариш ва қайта ишлаш жараёнида юклаш-тушириш ва омбор ичидаги ишларни имкон қадар механизациялаштириш;
омбор ишчиларини тўғри танлаш ва ўқитиш, омбор учун зарур штат бирликларини шакллантириш;
омбор хавфсизлигини ишончли ташкил этиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш;
белгиланган сақлаш муддатларига мувофиқ моддий ресурсларни ўз вақтида алмаштириш ва янгилаш;
сутка ва мавсумнинг исталган вақтида омборлар ва юклаш жойларига кириш йўлларини яхши ҳолатда сақлаш.
18. Моддий ресурслар захираларининг барча турлари учун сақлаш (яроқлилик) муддатлари ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилган сақлаш муддатларига асосан белгиланади.
19. Моддий ресурсларнинг белгиланган талабларга мувофиқ сақланишини таъминланмагани натижасида моддий ресурслар захиралари йўқотилган ёки шикастланган тақдирда, улар ушбу моддий ресурсларни сақлайдиган ташкилотлар ҳисобидан тикланади.
20. Моддий ресурслар захираларини сақлайдиган ташкилотлар раҳбарлари уларнинг миқдори, сифати, сақлаш шароитлари, ҳисоби ва фойдаланишга тайёрлигини тизимли равишда текшириб боради.
21. Моддий ресурсларни сақлаш учун мўлжалланган иншоотлар ташкилот омборхоналарининг ажралмас қисми ҳисобланади. Унинг таркиби (сақлаш жойларининг сони ва техник жойлашуви) сақланадиган моддий ресурсларнинг номенклатураси ва ҳажмига мос бўлиши лозим.
22. Моддий ресурсларнинг туридан келиб чиққан ҳолда миқдор ва сифат жиҳатидан сақланиши Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ белгиланган миллий стандартлар, меъёрлар, талаблар, йўриқномалар ва бошқа қоидалар асосида таъминланади.
23. Моддий ресурслар қуйидаги ҳолатларда захирадан чиқарилади:
фавқулодда вазиятни бартараф этиш;
ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш пайтида ёки шу ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган хавфларни бартараф этиш;
уларни янгилаш ёки алмаштириш муносабати билан.
24. Чегарадош ёки бошқа ҳудудларда ва объектларда содир бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар улардан вақтинча фойдаланиш шарти билан, агар бошқа тартиб белгиланмаган бўлса, захира яратувчи орган ва олувчи ўртасида олти ойгача бўлган муддатга тузиладиган шартнома асосида захирадан чиқарилади. Шартномада вақтинча фойдаланиш учун олинган воситаларни қайтариш тартиби, муддати ва шартлари ҳамда шартнома талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланади.
25. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун сарфланган моддий ресурслар тегишли вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ҳисобидан қайта тикланади.
Захирадан ишлатилган барча турдаги ресурслар уч ойдан кўп бўлмаган муддатда қайта тикланади. Моддий ресурсларни қайта тиклаш муддати уларни етказиб бериш шартларини ҳисобга олган ҳолда узайтирилиши мумкин.
26. Сақлаш муддати тугаши муносабати билан моддий ресурслар захираси, ушбу захирани шакллантирувчи орган томонидан ҳар йили ишлаб чиқиладиган жадвал асосида сақлаш муддати тугаган моддий ресурсларни ташкилотлар эҳтиёжи учун бериш ёки сотувга чиқариш йўли билан қайта тикланади.
27. Моддий ресурсларни захирадан чиқариш, уларни вақтинча фойдаланиш шарти билан олиш, қайта тиклаш ва алмаштириш, шунингдек, молиявий ресурслар захирасидан фойдаланиш тегишли вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг — фуқаро муҳофазаси бошлиқларининг қарорлари асосида амалга оширилади.
28. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ушбу объектнинг ва юқори турувчи органларнинг моддий ресурслар захираси, маҳаллий фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун маҳаллий моддий ресурслар захираси, республика фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун — тегишли ҳудудларнинг маҳаллий моддий ресурслар захирасидан фойдаланилади.
Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун маҳаллий моддий ресурслар захирасидан фойдаланиш мумкин.
4-боб. Моддий ресурслар захираларни янгилаш ва алмаштириш
29. Моддий ресурслар захираларни алмаштириш — моддий ресурслар захираси (маҳсулот) номенклатураси ёки стандартлар ва ишлаб чиқариш технологияларининг ўзгариши муносабати билан бир вақтнинг ўзида бир хил миқдордаги шунга ўхшаш ёки шу турдаги (тоифадаги) бошқа моддий ресурсларни етказиб бериш ва уларни жамғариш учун захиралардан моддий ресурсларни чиқариш йўли билан амалга оширишдан иборат.
30. Моддий ресурслар захираларини тегишли стандартлар ва техник шартларда белгиланган сақлаш муддати тугаганидан кейин сақлаш муддатини узайтириш ёки моддий ресурсларни янгилаш (алмаштириш) тўғрисида қарор қабул қилиш учун уларнинг ҳолати назорат қилинади. Моддий ресурсларнинг ҳолати таҳлил ва синовлардан ўтказилади.
31. Агар сақлаш муддати тугагандан сўнг моддий ресурсларнинг сифатига кўра асосан улардан мақсадли фойдаланишга яроқли бўлса, дастлабки белгиланган сақлаш муддатининг ярмидан кўп бўлмаган давргача сақлаш муддати узайтирилиши мумкин.
32. Яроқлилик муддати узайтирилган материалларнинг сифат даражасининг пасайиш (бузилиш, ишдан чиқиш) белгилари мавжуд бўлса, уларни зудликда янгилаш керак.
33. Агар моддий ресурсларни сақлаш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилишнинг иложи бўлмаса, улар янгиланади (алмаштирилади).
34. Захиралар ҳар йили захира шакллантирувчи органлар томонидан ишлаб чиқилган янгилаш режаларига мувофиқ ўзларининг молиялаштириш манбалари ҳисобидан янгиланади.
35. Захираларни янгилаш муддатларини аниқлаш учун моддий ресурсларнинг ишлаб чиқарилган санаси ва сақлаш муддати асос ҳисобланади.
36. Моддий ресурсларни янгилашда, биринчи навбатда, уларнинг асосий техник кўрсаткичлари ўзгаргани ёки ишлаб чиқаришдан тўхтатилгани (бекор қилинган), шунингдек, сақлаш муддатлари узайтирилганини ҳисобга олиш керак. Моддий ресурсларнинг айрим турлари учун уларни янгилаш ва алмаштиришнинг бошқа тартиби белгиланиши мумкин.
5-боб. Молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантиришни молиялаштириш тартиби
37. Молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда Давлат бюджети, бюджетдан ташқари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, бошқа турдаги ташкилотларда эса — уларнинг ўз маблағлари ёки қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалари ҳисобидан молиялаштирилади.
38. Молиявий ресурслар Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари бюджетларининг захира жамғармалари (кейинги ўринларда — захира жамғармаси) ҳисобидан шакллантирилади.
Молиявий ва моддий ресурслар захираси етарли бўлмаган тақдирда вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағ ажратилиши юзасидан асослантирилган талабнома билан Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилишлари мумкин.
6-боб. Молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантирилиши устидан давлат назорати
39. Молиявий ва моддий ресурсларни шакллантирилиши устидан давлат назорати аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасида давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
40. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасида давлат назоратини амалга ошириш учун масъул орган ҳисобланади.
41. Назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари захира шакллантирувчи органлар томонидан молиявий ва моддий ресурсларни шакллантиришни текшириш даврийлиги бир йилда бир марта ўтказилади.
42. Давлат назорати субъектлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини текшириш натижалари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 сентябрдаги 744-сон қарори билан тасдиқланган Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фуқаро муҳофазаси, шунингдек, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш соҳасида давлат назоратини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.
43. Давлат назоратидаги субъектлар томонидан молиявий ва моддий ресурслар захираларининг шакллантириш соҳасида қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолатлар аниқланганда, давлат назорати натижалари бўйича тузилган далолатнома асосида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.
7-боб. Моддий ресурслар захиралари билан ишлашда ҳисобга олиш ва ҳисоботни юритиш тартиби
44. Моддий ресурслар захираларини ҳисобга олишнинг асосий мақсади уларнинг миқдор ва сифат жиҳатдан сақлаб туришни таъминлаш, лозим бўлган воситаларни аниқлаш, мавжуд қолдиқ тўғрисида аниқ маълумотларни олишдан иборат.
45. Моддий ресурслар захираларини ҳисобга олиш, улар тўғрисида бирламчи ҳужжатларни талаб даражасида расмийлаштириш (номи, сони, нави, маркаси ва ўлчами) ҳамда моддий ресурсларнинг ҳаракати ва сифат (техник) ҳолатининг ўзгаришлари билан боғлиқ барча қайдларни тўғри ва ўз вақтида амалга оширишдан иборат.
46. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий захираларнинг мавжудлиги, улардан фойдаланилгани ва қайта тўлдирилгани тўғрисидаги ҳисоботлар ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ схема асосида тақдим этилади.
Идоравий ва маҳаллий захираларни шакллантирувчи ташкилотлар томонидан ҳар чоракда кейинги ойнинг 3-санасига фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий захираларнинг мавжудлиги, улардан фойдаланилгани ва уларнинг қайта тўлдирилгани тўғрисида ҳисобот (кейинги ўринларда — ҳисобот) тайёрланади.
Ҳисобот ҳар чоракда кейинги ойнинг 3-санасидан кечикмасдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларига тақдим этилади.
Идоравий захираларни шакллантирувчи ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳар чоракда кейинги ойнинг 5-санасидан кечикмасдан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ҳисобот тақдим этади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳисоботларни ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралидан кечикмасдан Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.
8-боб. Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун маблағлар ажратиш тартиби
47. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан бюджет маблағларини ажратиш ва ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида амалга оширилади.
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун захира жамғармаси маблағларидан фойдаланиш юзасидан таклифлар тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
48. Захира жамғармасидан маблағлар ажратиш юзасидан қарорда ажратилаётган маблағларнинг умумий миқдори ҳамда тадбирлар турларига кўра тақсимланиши кўрсатилади, шу жумладан:
фавқулодда вазият ҳудудида қутқарув ишларини амалга ошириш;
фавқулодда вазият оқибатида шикастланган объектларда авария-қутқарув ишларини олиб бориш;
эвакуация қилинган фуқароларнинг керакли, бироқ бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатгача вақтинча яшаши ва овқатланиши учун пунктларни ташкил этиш ва сақлаш;
жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;
жабрланганларни фавқулодда вазиятнинг зарарли омилларидан муҳофаза қилиш;
фавқулодда вазият ҳудудидан аҳолини эвакуация қилиш ва уларни доимий яшаш жойларига қайтариш;
ҳудуд ва объектларни муҳофаза қилиш учун вақтинча қурилмаларни ташкил этиш ва қуриш, уларни демонтаж қилиш.
Захира жамғармаси маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
49. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда захира жамғармасидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ажратилган маблағларнинг ҳисоби юритилишини ташкил этади ҳамда улардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан назоратни амалга оширади.
Захира жамғармасидан маблағларни олувчилар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига захира жамғармасидан ажратилган маблағлар ишлатилгани тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.
9-боб. Якунловчи қоида
50. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захирасини шакллантирадиган ташкилотлар
Т/р ФВДТ таркибида ташкил этиладиган хизматлар ва тузилмалар номи Хизмат ташкил этадиган ташкилотлар Хизмат ташкил этадиган тизим ташкилотлари ФВДТ таркибига кирувчи хизматлар 1. Фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш фаолиятини бошқариш хизмати Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмалари 2. Алоқа, хабар бериш ва АКТни жорий этиш хизмати Рақамли технологиялар вазирлиги «Ўзбектелеком» АК 3. Тиббий хизмат Соғлиқни сақлаш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмалари 4. Ихтисослашган шошилинч тиббий ёрдам хизмати Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий маркази 5. Тез тиббий ёрдам хизмати Республика тез тиббий ёрдам маркази 6. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тузилмалари 7. Хавфли юклар (товарлар) олиб кирилиши ва олиб чиқилиши устидан божхона назоратини амалга ошириш хизмати Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси 8. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат билан таъминлашни ташкил этиш хизмати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси тузилмалари 9. Ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва ветеринария назорати хизмати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмалари ва Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси тузилмалари 10. Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимёвий назорат хизмати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси тузилмалари 11. Аҳоли пунктлари ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳандисликка доир муҳофаза қилиш хизмати Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тузилмалари 12. Ичимлик сув таъминоти хизмати «Ўзсувтаъминоти» АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзсувтаъминоти» АЖ тузилмалари, туман (шаҳар) ҳокимликлари 13. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш хизмати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси тузилмалари 14. Сув хўжалиги хизмати Сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги тузилмалари 15. Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш хизмати Сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси 16. Автомобиль йўллари хизмати Транспорт вазирлиги Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси 17. Авиация парвозлари хавфсизлигини таъминлаш хизмати Транспорт вазирлиги Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Uzbekistan Airpots» АЖ, «Uzbekistan Airways» АЖ 18. Темир йўл хизмати «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ 19. Электр таъминоти хизмати «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Миллий электр тармоқлари» АЖ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳудудий тузилмалари, «Миллий электр тармоқлари» АЖ ҳудудий тузилмалари 20. Газ таъминоти хизмати «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳудудий тузилмалари, «Ўзтрансгаз» АЖ ҳудудий тузилмалари 21. Ёнилғи-мойлаш материаллари таъминоти хизмати «Ўзбекнефтгаз» АЖ «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳудудий тузилмалари 22. Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газ тармоғи объектларида хавфсизликни назорат қилиш хизмати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси тузилмалари 23. Атроф табиий муҳитни муҳофаза ҳамда экологик хавфсизлик бўйича назорат қилиш хизмати Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси 24. Хавфли геологик жараёнларни кузатиш хизмати Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги «Ўзбекгидрогеология» ДМ 25. Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлиги хизмати Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ФВДТ таркибига кирувчи ташкилотлар 26. Фавқулодда вазиятлар учун молиявий ресурсларни шакллантиришни ташкил этиш органи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тузилмалари 27. Ўрмон ёнғинларидан муҳофаза қилиш бўйича бошқарув органлари ва тузилмалари Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги 28. Объектлар даражасидаги бошқарув органлари ва қутқарув тузилмалари «Ўзбекгидроэнерго» АЖ «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг ташкилотлари ва объектлари 29. Объектлар даражасидаги бошқарув органлари ва қутқарув тузилмалари «Ўзкимёсаноат» АЖ «Ўзкимёсаноат» АЖнинг корхоналари 1. «Аммофос-Максам» АЖ, 2. «Максам-Чирчиқ» АЖ 30. Иссиқлик электр станциялари барқарорлигини таъминлаш тузилмалари «Иссиқлик электр станциялари» АЖ «Иссиқлик электр станциялари» АЖ 31. Атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлигини таъминлаш тузилмаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги тузилмалари
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун моддий ресурслар захираларининг намунавий номенклатураси
Т/р Моддий бойликлар номи 1 Озиқ-овқат таъминоти (маҳсулотлари) ва ошхона анжомлари 2 Дори-дармон, гигиена ва бошқа тиббиёт воситалари 3 Қурилиш материаллари 4 Ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари 5 Авария-қутқарув, қидирув ва ёнғин ўчириш мулклари 6 Кийим-кечаклар 7 Ҳаёт маромини таъминлаш мол-мулклари 8 Алоқа ва хабар бериш воситалари 9 Сузиш асбоб ва анжомлари 10 Транспорт воситалари (юқори ўтувчанлик қобилиятига эга) 11 Сув тошқинларига қарши техник воситалар 12 Электр ва иситиш таъминоти воситалари 13 Уй-жой коммунал хўжалиги ресурслари 14 Ўрмон ёнғинларида иштирок этувчи шахсий таркиб учун шахсий ҳимоя воситалари 15 Хабар бериш ва ёнғин ўчириш воситалари, шунингдек, ўрмон ёнғинлари учун (мобиль ёнғин ўчириш воситалари, ёнғин ўчириш анжомлари ва жиҳозлари, ёнғин ўчириш мулки) 16 Ветеринария мол-мулклари (чорвачилик молларини ҳимоя қилиш воситалари) 17 Махсус ҳимоя кийимлари тўплами 18 Нафас олиш органларини ҳимояловчи воситалар 19 Терини ҳимояловчи шахсий ҳимоя воситалари 20 Кимёвий разведка ва дозиметр анжомлари 21 Муҳандислик техника ва воситалари 22 Ташкилотларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, бошқа турдаги моддий ресурслар
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва аҳоли ҳаёт маромини таъминлаш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини шакллантириш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий захираларнинг мавжудлиги, улардан фойдаланилгани ва уларнинг қайта тўлдирилгани юзасидан ҳисоботларни тақдим этиш
Босқичлар Тадбирлар Масъул ижрочилар Бажариш муддатлари 1-босқич Молиявий ва моддий ресурслар захиралари мавжудлиги, улардан фойдаланилгани ва уларни қайта тўлдирилгани тўғрисидаги ҳисоботларни (кейинги ўринларда — ҳисобот) шакллантириш Идоравий, маҳаллий ва объектнинг захираларини шакллантирувчи ташкилотлар Ҳар чоракда кейинги ойнинг 3-санасидан кечикмасдан 2-босқич Ҳисоботни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларига тақдим этиш Маҳаллий ва объектнинг захираларини шакллантирувчи ташкилотлар Ҳар чоракда кейинги ойнинг 3-санасидан кечикмасдан 3-босқич Ҳисоботни Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тақдим этиш Идоравий захираларни шакллантирувчи ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари Ҳар чоракда кейинги ойнинг 5-санасидан кечикмасдан 4-босқич Ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралидан кечикмасдан
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 26 июндаги 330-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 15 февралдаги 137-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 271-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 570-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 26 июнь,
330-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
NIZOM
ROʻYXATI
ROʻYXATI
SXEMASI
ROʻYXATI
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholi va hududlarni favqulodda vaziyatlardan ishonchli muhofaza qilish sohasini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish toʻgʻrisida” 2025-yil 20-oktabrdagi PF-185-son Farmoniga muvofiq favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash tartibini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 20-oktabrdagi PF-185-son Farmonida favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash tartibini takomillashtirish nazarda tutilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini yaratish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moddiy resurslar zaxiralarini shakllantiradigan organlar roʻyxati;
favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralari roʻyxati;
moddiy resurslar zaxiralarini miqdor va sifat jihatidan saqlashning talablari, ularni saqlash muddatlari hamda nazorat qilish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi:
xalqaro tajribalar asosida favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moddiy resurslar zaxiralarining namunaviy nomenklaturasini bir oy muddatda tasdiqlasin;
favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash yuzasidan davlat nazoratini amalga oshirsin va uslubiy rahbarlik qilsin.
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, vazirliklar, idoralar va tashkilotlar ikki oy muddatda:
favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moddiy resurslar zaxiralarining namunaviy nomenklaturasi roʻyxatiga muvofiq roʻy berishi mumkin boʻlgan favqulodda vaziyatlarning koʻlami, shuningdek, hududning tabiiy, iqtisodiy va boshqa oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqqan holda, favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moddiy resurslar zaxiralari hajmi, nomenklaturasi hamda kompleks chora-tadbirlar rejasini tasdiqlasin;
2028-yilgacha boʻlgan davrda favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini bosqichma-bosqich shakllantirish boʻyicha tasdiqlangan kompleks chora-tadbirlarda belgilangan zaxira mol-mulklarni xarid qilish ishlari amalga oshirilsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va favqulodda vaziyatlar vaziri A.I. Ikramov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 26-iyundagi 330-son qaroriga 1-ILOVA
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash tartibini belgilaydi.
2. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralari vazirliklar, idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari hamda boshqa tashkilotlar (keyingi oʻrinlarda — zaxira yaratuvchi organlar) tomonidan favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun shoshilinch tarzda foydalanish maqsadida oldindan shakllantiriladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
zaxiradagi moddiy resurslarni almashtirish — standartlar va tayyorlash texnologiyalarining oʻzgarishi munosabati bilan zaxiradagi moddiy boyliklarni chiqarish va bir vaqtning oʻzida ularning oʻrnini shunga oʻxshash va shunga teng miqdordagi moddiy boyliklar bilan toʻldirish;
moddiy resurslar zaxirasini yangilash va qayta tiklash — moddiy zaxiralar, ularning idishi va qadogʻining belgilangan saqlash muddati tugagan, saqlash muddati tugamagan holda idishi buzilishi yoki boshqa sabablarga koʻra mahsulotning yaroqsiz holga kelishi, sifati buzilishi natijasida mahsulotning roʻyxatdan chiqarilishi va bir vaqtning oʻzida uning miqdoriga teng boʻlgan xuddi shunday moddiy boylikni uning oʻrniga qoʻyish;
moddiy resurslarni zaxiradan chiqarish — zaxiradagi moddiy boyliklarni muayyan shartlar asosida yoki begʻaraz tarzda oluvchiga (isteʼmolchiga) berish yoki ularni bozorda sotish;
moddiy resurslarni zaxiradan olib turish — moddiy zaxiralarni keyinchalik ularning oʻrniga shunga oʻxshash boʻlgan teng miqdordagi moddiy boylikni qaytarish sharti bilan olib turish;
moddiy resurslar zaxiralarini saqlash — saqlanayotgan moddiy resurslarning birlamchi holatda saqlanishini, shu bilan birga, ularga xizmat koʻrsatish, ularni yangilash, almashtirishni taʼminlashga yoʻnaltirilgan kompleks tadbirlar;
moddiy resurslarni masʼuliyatli saqlash — tomonlardan biri (saqlab beruvchi) ikkinchi tomon bergan moddiy resurslarni saqlash va talab qilinganda but holda qaytarish majburiyatini olishni taʼminlaydigan shartnomaviy munosabatlar;
favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moddiy resurslar zaxirasi — favqulodda vaziyatlarni bartaraf etishga moʻljallangan oziq-ovqat mahsulotlarining maxsus zaxiralari, kiyim-kechaklar, dori vositalari, tibbiy buyumlar, tibbiy texnika, qurilish materiallari, neft mahsulotlari, umumiy va yakka muhofazalanish vositalari hamda boshqa moddiy resurslarning maxsus zaxiralari;
favqulodda vaziyatlar oqibatlarini bartaraf etish uchun moliyaviy resurslar zaxirasi — tegishli zaxira shakllantiruvchi organlar tasarrufidagi favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish vaqtida kutilmagan xarajatlarning oʻrnini toʻldirish uchun moʻljallangan mablagʻlar.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining va Vazirlar Mahkamasining qarorlari asosida favqulodda vaziyatlar oqibatlarini bartaraf etish uchun davlat moddiy va moliyaviy resurs zaxiralaridan foydalanish mumkin.
2-bob. Moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish tartibi
5. Favqulodda vaziyatlar oqibatlarini bartaraf etish uchun quyidagi turdagi moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralari shakllantiriladi:
idoraviy moddiy resurslar zaxiralari — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hamda vazirliklar va idoralarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan respublika favqulodda vaziyatlarini bartaraf etish va 500 dan ortiq odamning hayoti va faoliyatini taʼminlash;
mahalliy moliyaviy resurslar zaxiralari — bazaviy hisoblash miqdorining 5,0 ming baravaridan kam boʻlmagan miqdorda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrining mahalliy budjetlari, shuningdek, bazaviy hisoblash miqdorining 1,0 ming baravaridan kam boʻlmagan miqdorda shahar va tuman hokimliklarining mahalliy budjetlari hisobidan favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish vaqtidagi kutilmagan xarajatlarning oʻrnini toʻldirish;
mahalliy (shahar va tuman hokimliklari) moddiy resurslar zaxiralari — shahar va tuman hokimliklarining mahalliy budjeti hisobidan, shahar va tuman hududlarida favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va 500 dan kam boʻlmagan odamlarning hayoti va faoliyatini taʼminlash;
obyektning moddiy resurslar zaxiralari — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan tashkilotlarda budjet, budjetdan tashqari va qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan, boshqa tashkilotlarda esa oʻz mablagʻlari hisobidan favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish, 100 kishidan ortiq boʻlmagan va lekin ishchi xizmatchilarning sonidan kam boʻlmagan odamlarning hayoti va faoliyatini taʼminlash uchun.
6. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxirasini shakllantiradigan tashkilotlar roʻyxati ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq belgilanadi.
Mahalliy (shahar va tuman hokimliklari) hamda obyektlar (tashkilot) roʻyxatlari tegishligicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklarining qarorlariga muvofiq belgilanadi.
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moddiy resurslar zaxiralarining namunaviy nomenklaturasi roʻyxati ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq belgilanadi. Ushbu nomenklatura roʻyxati favqulodda vaziyatlarni bartaraf etishga moʻljallangan oziq-ovqat mahsulotlarining maxsus zaxiralarini, kiyim-kechaklarni, dori vositalarini, tibbiy buyumlarni, tibbiy texnikani, qurilish materiallarini, neft mahsulotlarini, umumiy va yakka muhofazalanish vositalarini hamda boshqa moddiy resurslarni, shuningdek, favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish chogʻidagi kutilmagan xarajatlarning oʻrnini toʻldirish uchun moʻljallangan mablagʻlarni oʻz ichiga oladi.
7. Obyektlarning moddiy resurslar zaxiralari fuqaro muhofazasi boʻyicha toifaga ega boʻlgan hamda xavfli ishlab chiqarish obyektlaridan foydalanuvchi tashkilotlarda majburiy tarzda, boshqa tashkilotlarda esa sodir boʻlishi mumkin boʻlgan favqulodda vaziyatlar xavfi va manbalarini, shuningdek, oʻzining ishchi va xizmatchilari sonini hisobga olgan holda ushbu tashkilotlarning rahbarlari ixtiyoriga koʻra shakllantirilaladi.
8. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moddiy resurslar zaxiralarining nomenklaturasi va hajmi roʻy berishi mumkin boʻlgan favqulodda vaziyatlarning koʻlamidan, shuningdek, hududning tabiiy, iqtisodiy va boshqa oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqqan holda, zaxirani shakllantiruvchi organlar tomonidan ishlab chiqiladi va quyidagilar bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi:
respublika miqyosidagi vazirlik va idoralar uchun — Favqulodda vaziyatlar vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Davlat zaxiralarini boshqarish qoʻmitasi bilan;
mahalliy hokimliklar va mahalliy obyektlar uchun — Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy boshqarmalari bilan.
Oziq-ovqat mahsulotlarining zaxiralari faqat mahalliy (shahar va tuman) moddiy resurslar zaxirasi tarkibida shakllantiriladi.
Davlat moddiy zaxirasini shakllantirish vazifasi yuklangan tashkilotlar tomonidan favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moddiy resurslar zaxiralarining nomenklaturasini ishlab chiqishda, takrorlanishning oldini olish maqsadida ularga topshiriqda belgilangan moddiy boyliklarni kiritmaydi.
9. Ayrim moddiy resurslarni (oziq-ovqat mahsulotlari, neft mahsulotlari, qurilish materiallari va boshqalarni) sotib olish va saqlash oʻrniga ular doimo mavjud yoki muomalada boʻlgan korxonalar bilan shoshilinch yetkazib berish (sotish) yuzasidan tegishli shartnomalar tuzilishi mumkin. Bunda ushbu moddiy resurslarni sotib olish, saqlash va ushlab turishga moʻljallangan mablagʻlar zarur boʻlgan holatlarda foydalanish uchun maxsus bank hisob varaqlarida tashkil etiladigan moliyaviy resurslar zaxirasiga maqsadli yoʻnaltiriladi.
3-bob. Moddiy resurslar zaxiralarini saqlash, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash tartibi
10. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moddiy resurslar zaxiralari ushbu resurslarni saqlashga moʻljallangan, favqulodda vaziyat hududiga tezkor yetkazib berish imkoni mavjud boʻlgan obyektlarda saqlanadi.
11. Moddiy resurslar zaxiralarini saqlashning asosiy vazifasi ularni butun saqlash muddati davomida miqdor va sifat jihatidan saqlab turish hamda ularning maqsadli foydalanish uchun doimiy tayyorligini taʼminlashdan iborat.
12. Moddiy resurslar zaxiralarini miqdor va sifat jihatidan saqlab turishni taʼminlash masʼul tashkilotlarga yuklanadi.
13. Avval foydalanilgan, biroq soz va butlovchi qismlari toʻliq boʻlgan maxsus jihozlarni moddiy resurslar zaxirasiga toʻplashga ruxsat etiladi.
14. Moddiy resurslar zaxiralari ular qayerga joylashtirilganidan qatʼi nazar, davlat yoki ularni tashkil etgan (sotib olgan) yuridik shaxsning mulki hisoblanadi.
15. Barcha turdagi moddiy resurslar zaxiralari saqlash joylarida (keyingi oʻrinlarda — omborlar) ularni saqlash uchun belgilangan talablarga muvofiq holda saqlanadi.
16. Zaxira shakllantiruvchi organlarga boʻysunadigan tashkilotlarda moddiy resurslarning ayrim turlarini saqlashni tashkil etishning iloji boʻlmasa (maqsadga muvofiq boʻlmasa), moddiy resurslar zaxiralarini tezkor yetkazib berishni taʼminlash maqsadida boshqa tashkilotlarning omborlarida kelishuv shartnomalari asosida saqlash mumkin.
17. Moddiy resurslar zaxiralarini miqdor va sifat jihatdan saqlanishi quyidagi talablar asosida taʼminlanadi:
moddiy resurslarni toʻgʻri joylashtirish, jihozlash, omborlarni saqlab turish va ulardan foydalanish;
omborga kirim qilinadigan moddiy resurslarni sinchiklab qabul qilish va aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish;
saqlash uchun moddiy resurslarni tayyorlash;
saqlash joylarini tayyorlash va moddiy resurslar sifatiga salbiy taʼsir etadigan omillarning oldini olish va saqlash uchun kerakli sharoitlar yaratish;
moddiy resurslarning har bir turi (harorat, nisbiy namlik, ventilyatsiya) uchun zarur saqlash sharoitlarini yaratish va sanitariya-gigiyena talablariga rioya qilish;
saqlanayotgan moddiy resurslarning sifat holatini doimiy nazorat qilish va ularning sifatli saqlanishini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlarni oʻz vaqtida amalga oshirish (tozalash, quritish, konservatsiyalash, texnik koʻrikdan oʻtkazish va tekshirish, qayta taxlash, laboratoriya sinovlaridan oʻtkazish, zararkunandalarga qarshi kurash va boshqalar);
moddiy resurslarning saqlash sharoitlari va joylarini davriy tekshiruvdan oʻtkazish;
moddiy resurslarni fizik-kimyoviy xossalarga qarab saqlash tartibiga qatʼiy rioya qilish;
moddiy resurslarni zaxiraga qabul qilish, saqlash, zaxiradan chiqarish va qayta ishlash jarayonida yuklash-tushirish va ombor ichidagi ishlarni imkon qadar mexanizatsiyalashtirish;
ombor ishchilarini toʻgʻri tanlash va oʻqitish, ombor uchun zarur shtat birliklarini shakllantirish;
ombor xavfsizligini ishonchli tashkil etish va yongʻin xavfsizligi qoidalariga qatʼiy rioya qilish;
belgilangan saqlash muddatlariga muvofiq moddiy resurslarni oʻz vaqtida almashtirish va yangilash;
sutka va mavsumning istalgan vaqtida omborlar va yuklash joylariga kirish yoʻllarini yaxshi holatda saqlash.
18. Moddiy resurslar zaxiralarining barcha turlari uchun saqlash (yaroqlilik) muddatlari ishlab chiqaruvchi tomonidan tavsiya etilgan saqlash muddatlariga asosan belgilanadi.
19. Moddiy resurslarning belgilangan talablarga muvofiq saqlanishini taʼminlanmagani natijasida moddiy resurslar zaxiralari yoʻqotilgan yoki shikastlangan taqdirda, ular ushbu moddiy resurslarni saqlaydigan tashkilotlar hisobidan tiklanadi.
20. Moddiy resurslar zaxiralarini saqlaydigan tashkilotlar rahbarlari ularning miqdori, sifati, saqlash sharoitlari, hisobi va foydalanishga tayyorligini tizimli ravishda tekshirib boradi.
21. Moddiy resurslarni saqlash uchun moʻljallangan inshootlar tashkilot omborxonalarining ajralmas qismi hisoblanadi. Uning tarkibi (saqlash joylarining soni va texnik joylashuvi) saqlanadigan moddiy resurslarning nomenklaturasi va hajmiga mos boʻlishi lozim.
22. Moddiy resurslarning turidan kelib chiqqan holda miqdor va sifat jihatidan saqlanishi Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq belgilangan milliy standartlar, meʼyorlar, talablar, yoʻriqnomalar va boshqa qoidalar asosida taʼminlanadi.
23. Moddiy resurslar quyidagi holatlarda zaxiradan chiqariladi:
favqulodda vaziyatni bartaraf etish;
harbiy harakatlar olib borish paytida yoki shu harakatlar oqibatida yuzaga keladigan xavflarni bartaraf etish;
ularni yangilash yoki almashtirish munosabati bilan.
24. Chegaradosh yoki boshqa hududlarda va obyektlarda sodir boʻlgan favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moddiy resurslar ulardan vaqtincha foydalanish sharti bilan, agar boshqa tartib belgilanmagan boʻlsa, zaxira yaratuvchi organ va oluvchi oʻrtasida olti oygacha boʻlgan muddatga tuziladigan shartnoma asosida zaxiradan chiqariladi. Shartnomada vaqtincha foydalanish uchun olingan vositalarni qaytarish tartibi, muddati va shartlari hamda shartnoma talablarini bajarmaganlik uchun javobgarlik belgilanadi.
25. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun sarflangan moddiy resurslar tegishli vazirliklar, idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa tashkilotlar hisobidan qayta tiklanadi.
Zaxiradan ishlatilgan barcha turdagi resurslar uch oydan koʻp boʻlmagan muddatda qayta tiklanadi. Moddiy resurslarni qayta tiklash muddati ularni yetkazib berish shartlarini hisobga olgan holda uzaytirilishi mumkin.
26. Saqlash muddati tugashi munosabati bilan moddiy resurslar zaxirasi, ushbu zaxirani shakllantiruvchi organ tomonidan har yili ishlab chiqiladigan jadval asosida saqlash muddati tugagan moddiy resurslarni tashkilotlar ehtiyoji uchun berish yoki sotuvga chiqarish yoʻli bilan qayta tiklanadi.
27. Moddiy resurslarni zaxiradan chiqarish, ularni vaqtincha foydalanish sharti bilan olish, qayta tiklash va almashtirish, shuningdek, moliyaviy resurslar zaxirasidan foydalanish tegishli vazirliklar, idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa tashkilotlar rahbarlarining — fuqaro muhofazasi boshliqlarining qarorlari asosida amalga oshiriladi.
28. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun ushbu obyektning va yuqori turuvchi organlarning moddiy resurslar zaxirasi, mahalliy favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun mahalliy moddiy resurslar zaxirasi, respublika favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun — tegishli hududlarning mahalliy moddiy resurslar zaxirasidan foydalaniladi.
Tabiiy hamda texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ularni bartaraf etish boʻyicha favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun mahalliy moddiy resurslar zaxirasidan foydalanish mumkin.
4-bob. Moddiy resurslar zaxiralarni yangilash va almashtirish
29. Moddiy resurslar zaxiralarni almashtirish — moddiy resurslar zaxirasi (mahsulot) nomenklaturasi yoki standartlar va ishlab chiqarish texnologiyalarining oʻzgarishi munosabati bilan bir vaqtning oʻzida bir xil miqdordagi shunga oʻxshash yoki shu turdagi (toifadagi) boshqa moddiy resurslarni yetkazib berish va ularni jamgʻarish uchun zaxiralardan moddiy resurslarni chiqarish yoʻli bilan amalga oshirishdan iborat.
30. Moddiy resurslar zaxiralarini tegishli standartlar va texnik shartlarda belgilangan saqlash muddati tugaganidan keyin saqlash muddatini uzaytirish yoki moddiy resurslarni yangilash (almashtirish) toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun ularning holati nazorat qilinadi. Moddiy resurslarning holati tahlil va sinovlardan oʻtkaziladi.
31. Agar saqlash muddati tugagandan soʻng moddiy resurslarning sifatiga koʻra asosan ulardan maqsadli foydalanishga yaroqli boʻlsa, dastlabki belgilangan saqlash muddatining yarmidan koʻp boʻlmagan davrgacha saqlash muddati uzaytirilishi mumkin.
32. Yaroqlilik muddati uzaytirilgan materiallarning sifat darajasining pasayish (buzilish, ishdan chiqish) belgilari mavjud boʻlsa, ularni zudlikda yangilash kerak.
33. Agar moddiy resurslarni saqlash muddatini uzaytirish toʻgʻrisida qaror qabul qilishning iloji boʻlmasa, ular yangilanadi (almashtiriladi).
34. Zaxiralar har yili zaxira shakllantiruvchi organlar tomonidan ishlab chiqilgan yangilash rejalariga muvofiq oʻzlarining moliyalashtirish manbalari hisobidan yangilanadi.
35. Zaxiralarni yangilash muddatlarini aniqlash uchun moddiy resurslarning ishlab chiqarilgan sanasi va saqlash muddati asos hisoblanadi.
36. Moddiy resurslarni yangilashda, birinchi navbatda, ularning asosiy texnik koʻrsatkichlari oʻzgargani yoki ishlab chiqarishdan toʻxtatilgani (bekor qilingan), shuningdek, saqlash muddatlari uzaytirilganini hisobga olish kerak. Moddiy resurslarning ayrim turlari uchun ularni yangilash va almashtirishning boshqa tartibi belgilanishi mumkin.
5-bob. Moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirishni moliyalashtirish tartibi
37. Moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan tashkilotlarda Davlat budjeti, budjetdan tashqari va qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan, boshqa turdagi tashkilotlarda esa — ularning oʻz mablagʻlari yoki qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa manbalari hisobidan moliyalashtiriladi.
38. Moliyaviy resurslar Vazirlar Mahkamasining, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, tumanlar va shaharlar hokimliklari budjetlarining zaxira jamgʻarmalari (keyingi oʻrinlarda — zaxira jamgʻarmasi) hisobidan shakllantiriladi.
Moliyaviy va moddiy resurslar zaxirasi yetarli boʻlmagan taqdirda vazirliklar, idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari Vazirlar Mahkamasining zaxira jamgʻarmasidan mablagʻ ajratilishi yuzasidan asoslantirilgan talabnoma bilan Vazirlar Mahkamasiga murojaat qilishlari mumkin.
6-bob. Moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirilishi ustidan davlat nazorati
39. Moliyaviy va moddiy resurslarni shakllantirilishi ustidan davlat nazorati aholini va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish hamda fuqaro muhofazasi sohasida davlat nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
40. Favqulodda vaziyatlar vazirligi aholini va hududlarni tabiiy hamda texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish, shuningdek, fuqaro muhofazasi sohasida davlat nazoratini amalga oshirish uchun masʼul organ hisoblanadi.
41. Nazorat qiluvchi organlarning masʼul xodimlari zaxira shakllantiruvchi organlar tomonidan moliyaviy va moddiy resurslarni shakllantirishni tekshirish davriyligi bir yilda bir marta oʻtkaziladi.
42. Davlat nazorati subyektlari tomonidan qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilinishini tekshirish natijalari Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 19-sentabrdagi 744-son qarori bilan tasdiqlangan Aholini va hududlarni tabiiy hamda texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish, fuqaro muhofazasi, shuningdek, kichik hajmli kemalardan xavfsiz foydalanish sohasida davlat nazoratini olib borish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi.
43. Davlat nazoratidagi subyektlar tomonidan moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarining shakllantirish sohasida qonunchilik hujjatlari talablari buzilgan holatlar aniqlanganda, davlat nazorati natijalari boʻyicha tuzilgan dalolatnoma asosida maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida bayonnoma tuziladi.
7-bob. Moddiy resurslar zaxiralari bilan ishlashda hisobga olish va hisobotni yuritish tartibi
44. Moddiy resurslar zaxiralarini hisobga olishning asosiy maqsadi ularning miqdor va sifat jihatdan saqlab turishni taʼminlash, lozim boʻlgan vositalarni aniqlash, mavjud qoldiq toʻgʻrisida aniq maʼlumotlarni olishdan iborat.
45. Moddiy resurslar zaxiralarini hisobga olish, ular toʻgʻrisida birlamchi hujjatlarni talab darajasida rasmiylashtirish (nomi, soni, navi, markasi va oʻlchami) hamda moddiy resurslarning harakati va sifat (texnik) holatining oʻzgarishlari bilan bogʻliq barcha qaydlarni toʻgʻri va oʻz vaqtida amalga oshirishdan iborat.
46. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moliyaviy va moddiy zaxiralarning mavjudligi, ulardan foydalanilgani va qayta toʻldirilgani toʻgʻrisidagi hisobotlar ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq sxema asosida taqdim etiladi.
Idoraviy va mahalliy zaxiralarni shakllantiruvchi tashkilotlar tomonidan har chorakda keyingi oyning 3-sanasiga favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moliyaviy va moddiy zaxiralarning mavjudligi, ulardan foydalanilgani va ularning qayta toʻldirilgani toʻgʻrisida hisobot (keyingi oʻrinlarda — hisobot) tayyorlanadi.
Hisobot har chorakda keyingi oyning 3-sanasidan kechikmasdan Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar favqulodda vaziyatlar boshqarmalariga taqdim etiladi.
Idoraviy zaxiralarni shakllantiruvchi tashkilotlar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar favqulodda vaziyatlar boshqarmalari har chorakda keyingi oyning 5-sanasidan kechikmasdan Favqulodda vaziyatlar vazirligiga hisobot taqdim etadi.
Favqulodda vaziyatlar vazirligi hisobotlarni har yili hisobot yilidan keyingi yilning 1-fevralidan kechikmasdan Vazirlar Mahkamasiga taqdim etadi.
8-bob. Vazirlar Mahkamasining zaxira jamgʻarmasidan favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun mablagʻlar ajratish tartibi
47. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun Vazirlar Mahkamasi zaxira jamgʻarmasidan budjet mablagʻlarini ajratish va oʻtkazish Vazirlar Mahkamasining qarorlari asosida amalga oshiriladi.
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun zaxira jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanish yuzasidan takliflar tegishli vazirliklar, idoralar va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan Vazirlar Mahkamasiga kiritiladi.
48. Zaxira jamgʻarmasidan mablagʻlar ajratish yuzasidan qarorda ajratilayotgan mablagʻlarning umumiy miqdori hamda tadbirlar turlariga koʻra taqsimlanishi koʻrsatiladi, shu jumladan:
favqulodda vaziyat hududida qutqaruv ishlarini amalga oshirish;
favqulodda vaziyat oqibatida shikastlangan obyektlarda avariya-qutqaruv ishlarini olib borish;
evakuatsiya qilingan fuqarolarning kerakli, biroq bir oydan ortiq boʻlmagan muddatgacha vaqtincha yashashi va ovqatlanishi uchun punktlarni tashkil etish va saqlash;
jabrlanganlar va halok boʻlganlarning oila aʼzolariga bir martalik moddiy yordam koʻrsatish;
jabrlanganlarni favqulodda vaziyatning zararli omillaridan muhofaza qilish;
favqulodda vaziyat hududidan aholini evakuatsiya qilish va ularni doimiy yashash joylariga qaytarish;
hudud va obyektlarni muhofaza qilish uchun vaqtincha qurilmalarni tashkil etish va qurish, ularni demontaj qilish.
Zaxira jamgʻarmasi mablagʻlaridan boshqa maqsadlarda foydalanish taqiqlanadi.
49. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Favqulodda vaziyatlar vazirligi bilan birgalikda zaxira jamgʻarmasidan favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun ajratilgan mablagʻlarning hisobi yuritilishini tashkil etadi hamda ulardan maqsadli foydalanilishi yuzasidan nazoratni amalga oshiradi.
Zaxira jamgʻarmasidan mablagʻlarni oluvchilar Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Favqulodda vaziyatlar vazirligiga zaxira jamgʻarmasidan ajratilgan mablagʻlar ishlatilgani toʻgʻrisida hisobot taqdim etadilar.
9-bob. Yakunlovchi qoida
50. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxirasini shakllantiradigan tashkilotlar
T/r FVDT tarkibida tashkil etiladigan xizmatlar va tuzilmalar nomi Xizmat tashkil etadigan tashkilotlar Xizmat tashkil etadigan tizim tashkilotlari FVDT tarkibiga kiruvchi xizmatlar 1. Favqulodda vaziyatlarda harakatlanish faoliyatini boshqarish xizmati Favqulodda vaziyatlar vazirligi Favqulodda vaziyatlar vazirligi tuzilmalari 2. Aloqa, xabar berish va AKTni joriy etish xizmati Raqamli texnologiyalar vazirligi “Oʻzbektelekom” AK 3. Tibbiy xizmat Sogʻliqni saqlash vazirligi Sogʻliqni saqlash vazirligi tuzilmalari 4. Ixtisoslashgan shoshilinch tibbiy yordam xizmati Respublika shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatish ilmiy markazi 5. Tez tibbiy yordam xizmati Respublika tez tibbiy yordam markazi 6. Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi tuzilmalari 7. Xavfli yuklar (tovarlar) olib kirilishi va olib chiqilishi ustidan bojxona nazoratini amalga oshirish xizmati Iqtisodiyot va moliya vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi 8. Qishloq xoʻjaligi mahsulotlari, oziq-ovqat bilan taʼminlashni tashkil etish xizmati Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oziq-ovqat xavfsizligi qoʻmitasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Oziq-ovqat xavfsizligi qoʻmitasi tuzilmalari 9. Hayvonlarni muhofaza qilish va veterinariya nazorati xizmati Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oziq-ovqat xavfsizligi qoʻmitasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tuzilmalari va Oziq-ovqat xavfsizligi qoʻmitasi tuzilmalari 10. Oʻsimliklarni himoya qilish va agrokimyoviy nazorat xizmati Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oziq-ovqat xavfsizligi qoʻmitasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Oziq-ovqat xavfsizligi qoʻmitasi tuzilmalari 11. Aholi punktlari va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhandislikka doir muhofaza qilish xizmati Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi tuzilmalari 12. Ichimlik suv taʼminoti xizmati “Oʻzsuvtaʼminoti” AJ, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, Toshkent shahar hokimliklari “Oʻzsuvtaʼminoti” AJ tuzilmalari, tuman (shahar) hokimliklari 13. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish xizmati Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi tuzilmalari 14. Suv xoʻjaligi xizmati Suv xoʻjaligi vazirligi Suv xoʻjaligi vazirligi tuzilmalari 15. Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini nazorat qilish xizmati Suv xoʻjaligi vazirligi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini nazorat qilish davlat inspeksiyasi 16. Avtomobil yoʻllari xizmati Transport vazirligi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi 17. Aviatsiya parvozlari xavfsizligini taʼminlash xizmati Transport vazirligi Transport vazirligi huzuridagi “Uzbekistan Airpots” AJ, “Uzbekistan Airways” AJ 18. Temir yoʻl xizmati “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ 19. Elektr taʼminoti xizmati “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Milliy elektr tarmoqlari” AJ “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ hududiy tuzilmalari, “Milliy elektr tarmoqlari” AJ hududiy tuzilmalari 20. Gaz taʼminoti xizmati “Hududgaztaʼminot” AJ, “Oʻztransgaz” AJ “Hududgaztaʼminot” AJ hududiy tuzilmalari, “Oʻztransgaz” AJ hududiy tuzilmalari 21. Yonilgʻi-moylash materiallari taʼminoti xizmati “Oʻzbekneftgaz” AJ “Oʻzbekneftgaz” AJ hududiy tuzilmalari 22. Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gaz tarmogʻi obyektlarida xavfsizlikni nazorat qilish xizmati Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi tuzilmalari 23. Atrof tabiiy muhitni muhofaza hamda ekologik xavfsizlik boʻyicha nazorat qilish xizmati Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi 24. Xavfli geologik jarayonlarni kuzatish xizmati Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi “Oʻzbekgidrogeologiya” DM 25. Togʻ-kon, geologiya va sanoat xavfsizligi xizmati Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi huzuridagi Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi FVDT tarkibiga kiruvchi tashkilotlar 26. Favqulodda vaziyatlar uchun moliyaviy resurslarni shakllantirishni tashkil etish organi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tuzilmalari 27. Oʻrmon yongʻinlaridan muhofaza qilish boʻyicha boshqaruv organlari va tuzilmalari Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi huzuridagi Oʻrmon xoʻjaligi agentligi 28. Obyektlar darajasidagi boshqaruv organlari va qutqaruv tuzilmalari “Oʻzbekgidroenergo” AJ “Oʻzbekgidroenergo” AJning tashkilotlari va obyektlari 29. Obyektlar darajasidagi boshqaruv organlari va qutqaruv tuzilmalari “Oʻzkimyosanoat” AJ “Oʻzkimyosanoat” AJning korxonalari 1. “Ammofos-Maksam” AJ, 2. “Maksam-Chirchiq” AJ 30. Issiqlik elektr stansiyalari barqarorligini taʼminlash tuzilmalari “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ 31. Atom energiyasidan foydalanish obyektlarining xavfsizligini taʼminlash tuzilmasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi tuzilmalari
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moddiy resurslar zaxiralarining namunaviy nomenklaturasi
T/r Moddiy boyliklar nomi 1 Oziq-ovqat taʼminoti (mahsulotlari) va oshxona anjomlari 2 Dori-darmon, gigiyena va boshqa tibbiyot vositalari 3 Qurilish materiallari 4 Yoqilgʻi-moylash mahsulotlari 5 Avariya-qutqaruv, qidiruv va yongʻin oʻchirish mulklari 6 Kiyim-kechaklar 7 Hayot maromini taʼminlash mol-mulklari 8 Aloqa va xabar berish vositalari 9 Suzish asbob va anjomlari 10 Transport vositalari (yuqori oʻtuvchanlik qobiliyatiga ega) 11 Suv toshqinlariga qarshi texnik vositalar 12 Elektr va isitish taʼminoti vositalari 13 Uy-joy kommunal xoʻjaligi resurslari 14 Oʻrmon yongʻinlarida ishtirok etuvchi shaxsiy tarkib uchun shaxsiy himoya vositalari 15 Xabar berish va yongʻin oʻchirish vositalari, shuningdek, oʻrmon yongʻinlari uchun (mobil yongʻin oʻchirish vositalari, yongʻin oʻchirish anjomlari va jihozlari, yongʻin oʻchirish mulki) 16 Veterinariya mol-mulklari (chorvachilik mollarini himoya qilish vositalari) 17 Maxsus himoya kiyimlari toʻplami 18 Nafas olish organlarini himoyalovchi vositalar 19 Terini himoyalovchi shaxsiy himoya vositalari 20 Kimyoviy razvedka va dozimetr anjomlari 21 Muhandislik texnika va vositalari 22 Tashkilotlarning oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqib, boshqa turdagi moddiy resurslar
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish va aholi hayot maromini taʼminlash uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini shakllantirish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moliyaviy va moddiy zaxiralarning mavjudligi, ulardan foydalanilgani va ularning qayta toʻldirilgani yuzasidan hisobotlarni taqdim etish
Bosqichlar Tadbirlar Masʼul ijrochilar Bajarish muddatlari 1-bosqich Moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralari mavjudligi, ulardan foydalanilgani va ularni qayta toʻldirilgani toʻgʻrisidagi hisobotlarni (keyingi oʻrinlarda — hisobot) shakllantirish Idoraviy, mahalliy va obyektning zaxiralarini shakllantiruvchi tashkilotlar Har chorakda keyingi oyning 3-sanasidan kechikmasdan 2-bosqich Hisobotni Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar favqulodda vaziyatlar boshqarmalariga taqdim etish Mahalliy va obyektning zaxiralarini shakllantiruvchi tashkilotlar Har chorakda keyingi oyning 3-sanasidan kechikmasdan 3-bosqich Hisobotni Favqulodda vaziyatlar vazirligiga taqdim etish Idoraviy zaxiralarni shakllantiruvchi tashkilotlar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar favqulodda vaziyatlar boshqarmalari Har chorakda keyingi oyning 5-sanasidan kechikmasdan 4-bosqich Hisobotni Vazirlar Mahkamasiga taqdim etish Favqulodda vaziyatlar vazirligi Har yili, hisobot yilidan keyingi yilning 1-fevralidan kechikmasdan
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 26-iyundagi 330-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun moliyaviy va moddiy resurslar zaxiralarini yaratish, ulardan foydalanish va ularni qayta tiklash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 15-fevraldagi 137-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnatga haq toʻlash, pensiyalar va boshqa toʻlovlar miqdorlarini aniqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-maydagi PF-5723-son Farmoni)” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qaroriga ilovaning 271-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 570-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 26-iyun,
330-son