📅 2026-yil 30-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 30-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 30 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида» 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида» 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Фармонига мувофиқ:
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш амалиёти жорий этилиши;
ҳар бир ўқувчига фанларни ўзлаштиришидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, фанларни ўзлаштириш кўрсаткичлари 85 фоиздан юқори ёки касблар бўйича республика ва хорижий танловлар ғолиби бўлган ўқувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида стипендия тўланиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга махсус платформа орқали стипендия тўлаш тартиби;
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларни иш берувчи томонидан баҳолаш мезонлари;
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлашни молиялаштириш тартиби.
3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик):
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026/2027 ўқув йилига қадар дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш бўйича махсус платформани (кейинги ўринларда — махсус платформа) ишга туширсин;
махсус платформани ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Агентликнинг Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 октябрга қадар махсус платформани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси электрон ахборот тизимига ҳамда «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилиш чораларини кўрсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
махсус платформа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилади ва фаолияти қўллаб-қувватланади;
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлашда корхоналар (ташкилотлар) тўғрисидаги маълумотлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси ахборот тизими орқали олинади;
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш учун талаб этиладиган харажатлар 2026 йилда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиси сифатида ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
5. Агентлик Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Сардоба туман 2-сон техникумини Сирдарё вилояти Сардоба тумани Равот маҳалласидаги собиқ Бўстон касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 341-сон қарорига ИЛОВА
Техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат касбий таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда — техникумлар) дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари техникумларда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга нисбатан татбиқ этилади.
Бунда ушбу Низом талаблари нодавлат касбий таълим ташкилотлари учун татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
дуал таълим дастури — техникум ва корхона (ташкилот)ларда таълим олувчининг муайян касб ёки мутахассислик бўйича касбий фаолиятини ва меҳнат вазифаларини бажаришига қаратилган давлат таълим стандарти, ўқув режаси, ўқув дастур (модул)лари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларидан иборат ҳужжатлар тўплами;
корхона (ташкилот) — техникум билан дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш бўйича шартнома тузган юридик шахс;
махсус платформа — техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тизими учун мўлжалланган электрон ахборот тизими;
стипендия — ўқувчига қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, ойма-ой тўланадиган пул таъминоти;
устоз — таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўтказиш учун корхона (ташкилот) томонидан ўқувчи(лар)га бириктирилган масъул шахс;
ўқувчилар — техникумларга тасдиқланган қабул параметрлари доирасида ҳамда иш берувчи корхона (ташкилот)ларнинг буюртмаси асосида йил давомида ўқишга қабул қилинган абитуриентлар.
2-боб. Ўқувчиларга стипендия тўлаш тартиби
3. Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида тўланади.
4. Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича дуал таълим шаклига биринчи курсга қабул қилинган ҳар бир ўқувчига фанларни ўзлаштиришидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида стипендия тўланади.
5. Аввалги ўқув семестри натижаларига кўра:
а) фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари (баҳолари) 85 фоиздан юқори бўлган ўқувчиларга кейинги семестрга қадар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида стипендия тўланади.
Бунда ўқувчиларнинг семестр якуни бўйича фанлардан баҳолари «5» (аъло) ва «4» (яхши) бўлиши талаб этилади;
б) касблар бўйича республика ва хорижий танловлар ғолиби бўлган ўқувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида стипендия тўланади.
Бунда касблар бўйича республика ва хорижий танловлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан белгиланади.
6. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари «Касбий таълим жараёнларини бошқариш — EMIS PT» ахборот тизимида қайд этиб борилади.
7. Техникумлар ҳар йили 1 июлга қадар кейинги йил учун техникумда тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинадиган абитуриентларнинг прогноз кўрсаткичларини шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармаларига (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) тақдим этади.
8. Ҳудудий бошқармалар ҳар йили 15 июлга қадар техникумларда дуал таълим шаклида кейинги йил учун тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида ўқитиш прогноз кўрсаткичларини Агентликка тасдиқланган ҳолда тақдим этади.
9. Агентлик томонидан техникумларда дуал таълим шаклида кейинги йил учун тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида Агентликнинг бюджет параметрларида зарур маблағлар акс эттирилади.
10. Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган қабул параметрлари бўйича дуал таълимга ўқишга қабул қилинган ўқувчиларга стипендия тўлаш харажатлари техникумларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказиб берилади.
11. Техникумлар ўқув йили бошланишидан камида бир ҳафта олдин тасдиқланган қабул параметрлари доирасида дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилиш бўйича буйруқ асосида ўқувчилар ҳамда корхона (ташкилот)лар тўғрисидаги маълумотларни махсус платформага (кейинги ўринларда — платформа) киритади.
Бунда дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинган ўқувчиларнинг буйруқлари ҳамда дуал таълим ташкил этилган техникум билан корхона (ташкилот) ўртасидаги ва корхона (ташкилот)нинг ҳар бир ўқувчи билан тузилган шартномалари илова қилинади.
12. Корхона (ташкилот)лар тўғрисидаги маълумотлар платформада бўлмаган ҳолларда, техникум масъуллари томонидан корхона (ташкилот)лар тўғрисидаги маълумотлар платформага киритилади.
Агентлик платформа орқали ушбу корхона (ташкилот)ларга платформадан рўйхатдан ўтиши тўғрисида хат орқали хабарнома юборади.
13. Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳақида маълумотларни платформага киритишга техникум директори масъул ва шахсан жавобгар ҳисобланади.
14. Агентлик томонидан техникумларга дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар сонига нисбатан стипендия маблағлари ажратилади.
Бунда маблағлар платформа орқали молия йили бошида Агентлик томонидан техникумлар ҳисобварағига ўтказиб борилади.
15. Техникумлар томонидан стипендия тўловлари ўқувчиларга ҳар ойнинг 15-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Агентликнинг махсус ахборот тизимлари орқали тўлаб берилади.
16. Техникумлар ҳамда корхона (ташкилот)лар томонидан дуал таълим шаклидаги ўқув жараёни давомида техникумдан гуруҳ раҳбари ва корхона (ташкилот)лардан бириктирилган устоз платформага ўқувчиларнинг кунлик давоматини киритиб боради.
Бунда ушбу давомат натижалари ўқувчиларни баҳолаш ва ўқувчиларга стипендия тўлаш бўйича хулоса беришда инобатга олинади.
17. Корхона (ташкилот)лар ўқиш якунида ўқувчилар томонидан дуал таълим дастурининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўташ даврида бажарилган ишларнинг натижалари ва уларнинг эгаллаган амалий кўникмаларини баҳолайди.
18. Ўқувчиларга стипендия тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:
ўқувчи ишлаб чиқариш вазифаларини ҳамда амалиёт режаси ёки иш топшириқларини бажармаганда, амалиёт кундалигини вақтида юритмаганда;
ўқувчи корхона (ташкилот)нинг ички тартиб — қоидаларини бузганда;
ўқувчи саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;
ўқувчи доимий яшаш учун бошқа давлатга кўчиб кетганда;
ўқувчи суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;
ўқувчи узрсиз сабабларга кўра 74 соатдан ортиқ дарс қолдирганда;
ўқувчининг ўқиши дуал таълим шаклидан бошқа таълим шаклига кўчирилганда;
ўқувчи ўқишдан четлаштирилганда;
ўқувчи ёки корхона (ташкилот) ташаббуси билан дуал таълим шартномаси бекор қилинганда;
ўқувчи вафот этганда.
19. Корхона (ташкилот) томонидан ўқувчининг касбий кўникмаларини ўзлаштириш кўрсаткичи ва тартиб-интизоми қониқарсиз баҳоланганда, корхона (ташкилот) стипендия тўлашни тўхтатиш бўйича платформа орқали техникумга сўров юборади.
20. Корхона (ташкилот) томонидан стипендия тўлашни тўхтатиш юзасидан юборилган сўров асосида техникум директорининг уч кун муддатда стипендия тўлашни тўхтатиш бўйича буйруғи қабул қилинади.
21. Ўқувчиларга стипендия тўлашни тўхтатиш сабаблари платформада кўрсатилади.
22. Техникум директори ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатиб ўтилган сабаблар мавжуд бўлганда, корхона (ташкилот)нинг сўровисиз ўқувчига стипендия тўлашни тўхтатиши мумкин.
23. Стипендия тўлаш тўхтатилган ўқувчиларнинг стипендия тўловларини қайта тиклаш корхона (ташкилот) хулосаси ҳамда техникумдан бириктирилган гуруҳ раҳбарининг билдиргиси асосида навбатдаги ойдан амалга оширилиши мумкин. Бунда ўқувчилар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
ўқувчилар ишлаб чиқариш жараёнларида фаол иштирок этиши;
устози томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида бажариши;
амалиёт кундалигини вақтида юритиши;
назарий дарс жараёнларида тўлиқ иштирок этиши;
корхона (ташкилот)нинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиши.
24. Касаллиги ёки тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланадиган бошқа узрли сабабларга кўра, академик қарзи бўлган ўқувчиларга улар академик қарзларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этгунларига қадар стипендия тўлаш тўхтатилмайди.
25. Ўқув жараёни жадвалида белгиланган таътиллар даврида ўқувчиларнинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланади.
26. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун ўқувчиларга стипендия қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда, умумий асосларда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўланади.
27. Ўқувчиларга академик таътил даврида стипендия тўланмайди. Ўқувчи академик таътилдан қайтганидан кейин унга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида стипендия тўланади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
28. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
29. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга махсус платформа орқали стипендия тўлашни ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Техникумлар Техникумда тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинадиган абитуриентларнинг прогноз кўрсаткичларини шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармаларига тақдим этади. Ҳар йили 1 июлга қадар 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармалари Техникумларда дуал таълим шаклида кейинги йил учун тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида ўқитиш прогноз кўрсаткичларини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) тақдим этади. Ҳар йили 15 июлга қадар 3-босқич Техникумлар Дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилиш бўйича буйруқ асосида ўқувчилар ҳамда корхона (ташкилот)лар тўғрисидаги маълумотларни махсус платформага киритади. Ўқув жараёнлари бошланишидан камида 1 ҳафта олдин 4-босқич Агентлик Дуал таълим шаклида таълим олаётган ўқувчилар сонига нисбатан стипендия маблағларини махсус платформа орқали техникумлар ҳисобварағига ўтказади. Молия йили бошида 5-босқич Корхона (ташкилот) ва техникумлар Махсус платформа орқали ўқувчиларни дуал таълим дастурининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисми жараёнларида ўқувчиларнинг кунлик давоматини юритади. Доимий равишда 6-босқич Техникумлар Стипендия тўловлари ўқувчиларга Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Агентликнинг махсус ахборот тизимлари орқали тўлаб берилади. Ҳар ойнинг 15-санасига қадар 7-босқич Корхона (ташкилот) Ўқувчилар томонидан дуал таълим дастурининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўташ даврида бажарилган ишларнинг натижалари ва уларнинг эгаллаган амалий кўникмаларини баҳолайди. Ўқиш якунида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 июнь,
341 -сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
NIZOM
SXEMASI
Texnikumlarda dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahallani rivojlantirish va jamiyatni yuksaltirish” yilida ustuvor yoʻnalishlar boʻyicha islohotlar dasturlari va “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha davlat dasturi toʻgʻrisida” 2026-yil 16-fevraldagi PF-22-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda texnikumlarda dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarni moddiy jihatdan qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahallani rivojlantirish va jamiyatni yuksaltirish” yilida ustuvor yoʻnalishlar boʻyicha islohotlar dasturlari va “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha davlat dasturi toʻgʻrisida” 2026-yil 16-fevraldagi PF-22-son Farmoniga muvofiq:
2026/2027 oʻquv yilidan boshlab texnikumlarda dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash amaliyoti joriy etilishi;
har bir oʻquvchiga fanlarni oʻzlashtirishidan qatʼi nazar, bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida, fanlarni oʻzlashtirish koʻrsatkichlari 85 foizdan yuqori yoki kasblar boʻyicha respublika va xorijiy tanlovlar gʻolibi boʻlgan oʻquvchilarga bazaviy hisoblash miqdorining uch baravari miqdorida stipendiya toʻlanishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Texnikumlarda dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga maxsus platforma orqali stipendiya toʻlash tartibi;
dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarni ish beruvchi tomonidan baholash mezonlari;
dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlashni moliyalashtirish tartibi.
3. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik):
Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2026/2027 oʻquv yiliga qadar dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash boʻyicha maxsus platformani (keyingi oʻrinlarda — maxsus platforma) ishga tushirsin;
maxsus platformani ishlab chiqish va qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq xarajatlar Agentlikning Kasbiy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilishini taʼminlasin;
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2026-yil 1-oktabrga qadar maxsus platformani Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksi elektron axborot tizimiga hamda “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasiga integratsiya qilish choralarini koʻrsin.
4. Belgilab qoʻyilsinki:
maxsus platforma Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli taʼlim texnologiyalarini rivojlantirish markazi” davlat muassasasi tomonidan ishlab chiqiladi va faoliyati qoʻllab-quvvatlanadi;
dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlashda korxonalar (tashkilotlar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksi axborot tizimi orqali olinadi;
dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash uchun talab etiladigan xarajatlar 2026-yilda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga birinchi darajali budjet mablagʻlari taqsimlovchisi sifatida ajratilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi, 2027-yildan boshlab esa Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
5. Agentlik Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati va ahamiyati ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin.
6. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Sirdaryo viloyati hokimligining Sardoba tuman 2-son texnikumini Sirdaryo viloyati Sardoba tumani Ravot mahallasidagi sobiq Boʻston kasb-hunar kollejining bino va inshootlariga operativ boshqarish huquqi asosida joylashtirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
7. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 30-iyundagi 341-son qaroriga ILOVA
Texnikumlarda dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat kasbiy taʼlim tashkilotlarida (keyingi oʻrinlarda — texnikumlar) dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom talablari texnikumlarda 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga nisbatan tatbiq etiladi.
Bunda ushbu Nizom talablari nodavlat kasbiy taʼlim tashkilotlari uchun tatbiq etilmaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
dual taʼlim dasturi — texnikum va korxona (tashkilot)larda taʼlim oluvchining muayyan kasb yoki mutaxassislik boʻyicha kasbiy faoliyatini va mehnat vazifalarini bajarishiga qaratilgan davlat taʼlim standarti, oʻquv rejasi, oʻquv dastur (modul)lari, oʻquv va ishlab chiqarish amaliyoti dasturlaridan iborat hujjatlar toʻplami;
korxona (tashkilot) — texnikum bilan dual taʼlim asosida kadrlar tayyorlash boʻyicha shartnoma tuzgan yuridik shaxs;
maxsus platforma — texnikumlarda dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash tizimi uchun moʻljallangan elektron axborot tizimi;
stipendiya — oʻquvchiga qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlardan qatʼi nazar, oyma-oy toʻlanadigan pul taʼminoti;
ustoz — taʼlim jarayonining ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismini oʻtkazish uchun korxona (tashkilot) tomonidan oʻquvchi(lar)ga biriktirilgan masʼul shaxs;
oʻquvchilar — texnikumlarga tasdiqlangan qabul parametrlari doirasida hamda ish beruvchi korxona (tashkilot)larning buyurtmasi asosida yil davomida oʻqishga qabul qilingan abituriyentlar.
2-bob. Oʻquvchilarga stipendiya toʻlash tartibi
3. Dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida toʻlanadi.
4. Boshlangʻich, oʻrta va oʻrta maxsus kasbiy taʼlim dasturlari boʻyicha dual taʼlim shakliga birinchi kursga qabul qilingan har bir oʻquvchiga fanlarni oʻzlashtirishidan qatʼi nazar, bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida stipendiya toʻlanadi.
5. Avvalgi oʻquv semestri natijalariga koʻra:
a) fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlari (baholari) 85 foizdan yuqori boʻlgan oʻquvchilarga keyingi semestrga qadar bazaviy hisoblash miqdorining uch baravari miqdorida stipendiya toʻlanadi.
Bunda oʻquvchilarning semestr yakuni boʻyicha fanlardan baholari “5” (aʼlo) va “4” (yaxshi) boʻlishi talab etiladi;
b) kasblar boʻyicha respublika va xorijiy tanlovlar gʻolibi boʻlgan oʻquvchilarga bazaviy hisoblash miqdorining uch baravari miqdorida stipendiya toʻlanadi.
Bunda kasblar boʻyicha respublika va xorijiy tanlovlar roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan belgilanadi.
6. Oʻquvchilarning oʻzlashtirish koʻrsatkichlari “Kasbiy taʼlim jarayonlarini boshqarish — EMIS PT” axborot tizimida qayd etib boriladi.
7. Texnikumlar har yili 1-iyulga qadar keyingi yil uchun texnikumda tasdiqlanadigan qabul parametrlari doirasida dual taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilinadigan abituriyentlarning prognoz koʻrsatkichlarini shakllantirib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Kasbiy taʼlim agentligi, viloyatlar va Toshkent shahri kasbiy taʼlim boshqarmalariga (keyingi oʻrinlarda — hududiy boshqarmalar) taqdim etadi.
8. Hududiy boshqarmalar har yili 15-iyulga qadar texnikumlarda dual taʼlim shaklida keyingi yil uchun tasdiqlanadigan qabul parametrlari doirasida oʻqitish prognoz koʻrsatkichlarini Agentlikka tasdiqlangan holda taqdim etadi.
9. Agentlik tomonidan texnikumlarda dual taʼlim shaklida keyingi yil uchun tasdiqlanadigan qabul parametrlari doirasida Agentlikning budjet parametrlarida zarur mablagʻlar aks ettiriladi.
10. Agentlik tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlangan qabul parametrlari boʻyicha dual taʼlimga oʻqishga qabul qilingan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash xarajatlari texnikumlarga Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan oʻtkazib beriladi.
11. Texnikumlar oʻquv yili boshlanishidan kamida bir hafta oldin tasdiqlangan qabul parametrlari doirasida dual taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilish boʻyicha buyruq asosida oʻquvchilar hamda korxona (tashkilot)lar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni maxsus platformaga (keyingi oʻrinlarda — platforma) kiritadi.
Bunda dual taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilingan oʻquvchilarning buyruqlari hamda dual taʼlim tashkil etilgan texnikum bilan korxona (tashkilot) oʻrtasidagi va korxona (tashkilot)ning har bir oʻquvchi bilan tuzilgan shartnomalari ilova qilinadi.
12. Korxona (tashkilot)lar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar platformada boʻlmagan hollarda, texnikum masʼullari tomonidan korxona (tashkilot)lar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar platformaga kiritiladi.
Agentlik platforma orqali ushbu korxona (tashkilot)larga platformadan roʻyxatdan oʻtishi toʻgʻrisida xat orqali xabarnoma yuboradi.
13. Dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilar haqida maʼlumotlarni platformaga kiritishga texnikum direktori masʼul va shaxsan javobgar hisoblanadi.
14. Agentlik tomonidan texnikumlarga dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilar soniga nisbatan stipendiya mablagʻlari ajratiladi.
Bunda mablagʻlar platforma orqali moliya yili boshida Agentlik tomonidan texnikumlar hisobvaragʻiga oʻtkazib boriladi.
15. Texnikumlar tomonidan stipendiya toʻlovlari oʻquvchilarga har oyning 15-sanasiga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Agentlikning maxsus axborot tizimlari orqali toʻlab beriladi.
16. Texnikumlar hamda korxona (tashkilot)lar tomonidan dual taʼlim shaklidagi oʻquv jarayoni davomida texnikumdan guruh rahbari va korxona (tashkilot)lardan biriktirilgan ustoz platformaga oʻquvchilarning kunlik davomatini kiritib boradi.
Bunda ushbu davomat natijalari oʻquvchilarni baholash va oʻquvchilarga stipendiya toʻlash boʻyicha xulosa berishda inobatga olinadi.
17. Korxona (tashkilot)lar oʻqish yakunida oʻquvchilar tomonidan dual taʼlim dasturining ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismini oʻtash davrida bajarilgan ishlarning natijalari va ularning egallagan amaliy koʻnikmalarini baholaydi.
18. Oʻquvchilarga stipendiya toʻlash quyidagi hollarda toʻxtatiladi:
oʻquvchi ishlab chiqarish vazifalarini hamda amaliyot rejasi yoki ish topshiriqlarini bajarmaganda, amaliyot kundaligini vaqtida yuritmaganda;
oʻquvchi korxona (tashkilot)ning ichki tartib — qoidalarini buzganda;
oʻquvchi salomatligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida) akademik taʼtil olganda;
oʻquvchi doimiy yashash uchun boshqa davlatga koʻchib ketganda;
oʻquvchi sudning qarori bilan ozodlikdan mahrum etilganda;
oʻquvchi uzrsiz sabablarga koʻra 74 soatdan ortiq dars qoldirganda;
oʻquvchining oʻqishi dual taʼlim shaklidan boshqa taʼlim shakliga koʻchirilganda;
oʻquvchi oʻqishdan chetlashtirilganda;
oʻquvchi yoki korxona (tashkilot) tashabbusi bilan dual taʼlim shartnomasi bekor qilinganda;
oʻquvchi vafot etganda.
19. Korxona (tashkilot) tomonidan oʻquvchining kasbiy koʻnikmalarini oʻzlashtirish koʻrsatkichi va tartib-intizomi qoniqarsiz baholanganda, korxona (tashkilot) stipendiya toʻlashni toʻxtatish boʻyicha platforma orqali texnikumga soʻrov yuboradi.
20. Korxona (tashkilot) tomonidan stipendiya toʻlashni toʻxtatish yuzasidan yuborilgan soʻrov asosida texnikum direktorining uch kun muddatda stipendiya toʻlashni toʻxtatish boʻyicha buyrugʻi qabul qilinadi.
21. Oʻquvchilarga stipendiya toʻlashni toʻxtatish sabablari platformada koʻrsatiladi.
22. Texnikum direktori ushbu Nizomning 18-bandida koʻrsatib oʻtilgan sabablar mavjud boʻlganda, korxona (tashkilot)ning soʻrovisiz oʻquvchiga stipendiya toʻlashni toʻxtatishi mumkin.
23. Stipendiya toʻlash toʻxtatilgan oʻquvchilarning stipendiya toʻlovlarini qayta tiklash korxona (tashkilot) xulosasi hamda texnikumdan biriktirilgan guruh rahbarining bildirgisi asosida navbatdagi oydan amalga oshirilishi mumkin. Bunda oʻquvchilar quyidagi mezonlar asosida baholanadi:
oʻquvchilar ishlab chiqarish jarayonlarida faol ishtirok etishi;
ustozi tomonidan berilgan topshiriqlarni oʻz vaqtida bajarishi;
amaliyot kundaligini vaqtida yuritishi;
nazariy dars jarayonlarida toʻliq ishtirok etishi;
korxona (tashkilot)ning ichki tartib-qoidalariga rioya qilishi.
24. Kasalligi yoki tegishli hujjatlar bilan tasdiqlanadigan boshqa uzrli sabablarga koʻra, akademik qarzi boʻlgan oʻquvchilarga ular akademik qarzlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda bartaraf etgunlariga qadar stipendiya toʻlash toʻxtatilmaydi.
25. Oʻquv jarayoni jadvalida belgilangan taʼtillar davrida oʻquvchilarning stipendiya olish huquqi saqlanadi.
26. Homiladorlik va tugʻish taʼtili davri uchun oʻquvchilarga stipendiya qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda, umumiy asoslarda bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida toʻlanadi.
27. Oʻquvchilarga akademik taʼtil davrida stipendiya toʻlanmaydi. Oʻquvchi akademik taʼtildan qaytganidan keyin unga bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida stipendiya toʻlanadi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
28. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
29. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Texnikumlarda dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga stipendiya toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Texnikumlarda dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan oʻquvchilarga maxsus platforma orqali stipendiya toʻlashni tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Texnikumlar Texnikumda tasdiqlanadigan qabul parametrlari doirasida dual taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilinadigan abituriyentlarning prognoz koʻrsatkichlarini shakllantirib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Kasbiy taʼlim agentligi, viloyatlar va Toshkent shahri kasbiy taʼlim boshqarmalariga taqdim etadi. Har yili 1-iyulga qadar 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Kasbiy taʼlim agentligi, viloyatlar va Toshkent shahri kasbiy taʼlim boshqarmalari Texnikumlarda dual taʼlim shaklida keyingi yil uchun tasdiqlanadigan qabul parametrlari doirasida oʻqitish prognoz koʻrsatkichlarini Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligiga (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) taqdim etadi. Har yili 15-iyulga qadar 3-bosqich Texnikumlar Dual taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilish boʻyicha buyruq asosida oʻquvchilar hamda korxona (tashkilot)lar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni maxsus platformaga kiritadi. Oʻquv jarayonlari boshlanishidan kamida 1 hafta oldin 4-bosqich Agentlik Dual taʼlim shaklida taʼlim olayotgan oʻquvchilar soniga nisbatan stipendiya mablagʻlarini maxsus platforma orqali texnikumlar hisobvaragʻiga oʻtkazadi. Moliya yili boshida 5-bosqich Korxona (tashkilot) va texnikumlar Maxsus platforma orqali oʻquvchilarni dual taʼlim dasturining ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismi jarayonlarida oʻquvchilarning kunlik davomatini yuritadi. Doimiy ravishda 6-bosqich Texnikumlar Stipendiya toʻlovlari oʻquvchilarga Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Agentlikning maxsus axborot tizimlari orqali toʻlab beriladi. Har oyning 15-sanasiga qadar 7-bosqich Korxona (tashkilot) Oʻquvchilar tomonidan dual taʼlim dasturining ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismini oʻtash davrida bajarilgan ishlarning natijalari va ularning egallagan amaliy koʻnikmalarini baholaydi. Oʻqish yakunida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 30-iyun,
341 -son