📅 2026-yil 30-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 30-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 30 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ-228-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг электрон шаклдаги архив ҳужжатларини сақлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ-228-сон Фармонига мувофиқ:
архив хизматларини рақамлаштиришда қўлланадиган амалдаги архив ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими (кейинги ўринларда — Архив ахборот тизими) жорий этилиши;
барча рақамлаштирилган ва келгусида рақамлаштириладиган архив ҳужжатлари Архив ахборот тизимига киритилиши ва тизимда сақланиши белгилангани;
Архив ахборот тизими электрон ҳукумат маркази ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва базалари билан интеграция қилиниши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
2026 йил 1 августдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг архив ишига оид барча маълумотлари ва ҳужжатлари Архив ахборот тизимида шакллантирилади ва юритилади (давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно);
электрон шаклдаги архив ҳужжатларини, шу жумладан, хизмат доирасида фойдаланиш учун грифли ҳужжатлар Архив ахборот тизими орқали топширилади ва қабул қилинади. Бунда хизмат доирасида фойдаланиш учун грифли ҳужжатлар Архив ахборот тизимида тегишли экспертизадан ўтказилгандан сўнг қабул қилинади;
давлат органлари ва ташкилотлари Архив ахборот тизимини юритиш бўйича сарф-харажатларни ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади.
3. Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида электрон шаклда сақлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) Архив ахборот тизимининг мулкдори, Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази эса — оператори (кейинги ўринларда — оператор) этиб белгилансин.
Белгилансинки, оператор Архив ахборот тизимини жорий этиш, унга техник хизмат кўрсатиш, такомиллаштириш, шунингдек, унинг узлуксиз ва хавфсиз ишлаши учун масъул ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
икки ой муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, Архив ахборот тизимини такомиллаштирсин ва тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилсин;
олти ой муддатда «Киберхавфсизлик маркази» ДУК билан биргаликда Архив ахборот тизимини хизмат доирасида фойдаланиш учун грифли ҳужжатлар билан ишлаш қоидалари талабларига мувофиқлаштирсин.
6. Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги икки ой муддатда «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими негизида ишлаб чиқилган «edo.ijro.uz» электрон ҳужжат айланиш тизимини ҳамда Ягона идентификация тизимини (id.egov.uz) Архив ахборот тизими билан интеграция қилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Кадастр агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Агентликнинг сўровига кўра ўзларининг очиқ ахборот тизимлари «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Архив ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминласин.
8. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари 2026 йил 1 ноябрга қадар оператор билан шартнома тузиб, Архив ахборот тизимига уланиш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 352-сон қарорига ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида электрон шаклда сақлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари, шунингдек, бошқа давлат ташкилотларининг (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) архив ишига оид ҳужжатларини электрон шаклда шакллантириш ва юритиш ҳамда Ягона миллий архив ахборот тизимидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар билан ишлашга нисбатан татбиқ этилмайди. Электрон шаклдаги давлат сирларини ташкил этувчи архив ҳужжатларининг ахборот тизимларида сақланиши алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
масъул ижрочи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ва унинг тизимидаги архив иши ҳудудий бошқармалари ва давлат архивлари;
оператор — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси;
фойдаланувчи — давлат органи ва ташкилотининг Ягона миллий архив ахборот тизимини қўллаган ҳолда, ўз ваколати доирасида фаолият кўрсатадиган масъул ходими;
ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси — ташкилотда юритиладиган, белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва уларни сақлаш муддатлари кўрсатилган ҳолда тартибга солинган ҳужжатлар йиғмажилдлари сарлавҳалари рўйхати;
Ягона миллий архив ахборот тизими (кейинги ўринларда — Архив ахборот тизими) — архив ҳужжатлари ва улар ҳақидаги маълумотларни жамлаш, сақлаш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда архив ишини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган ахборот тизими;
3. Давлат органлари ва ташкилотлари архив ҳужжатларининг йиғмажилдлари рўйхатини тузиш ва тасдиқлаш, давлат архивига электрон шаклдаги архив ҳужжатларини топшириш, қоғоз кўринишидаги архив ҳужжатларини топшириш-қабул қилишни расмийлаштириш, архив ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш, ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини шакллантириш ҳамда архив ишига оид бошқа фаолият Архив ахборот тизимида амалга оширилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ишига оид ҳужжатлари Архив ахборот тизимида ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ шакллантирилади ва юритилади.
Давлат органлари ва ташкилотларидан ташқари бошқа юридик шахслар ҳам Агентлик билан келишилган ҳолда, Архив ахборот тизимидан ушбу Низом талаблари асосида фойдаланиши мумкин.
4. Архив ахборот тизимидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда оператор ўртасида тузиладиган шартномага асосан фойдаланилади.
Архив ахборот тизимига уланиш учун тўлов миқдори Агентлик томонидан реал сарф-харажатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
2-боб. Архив ахборот тизимига уланишнинг умумий талаблари ва шартлари
5. Давлат органлари ва ташкилотлари Архив ахборот тизимига уланиш учун мазкур Низомга 2-иловада келтирилган аризани Архив ахборот тизимида сўров юборишга мўлжалланган махсус ойна орқали операторга юборади.
6. Оператор ариза келиб тушган кундан бошлаб икки иш кунида уни кўриб чиқади.
7. Ариза мазкур Низом талабларига мувофиқ бўлган тақдирда, оператор давлат органлари ва ташкилотларини Архив ахборот тизимига улаш юзасидан шартномани уларга электрон шаклда юборади.
Давлат органлари ва ташкилотлари шартномани имзолаб, унда кўрсатилган тўловларни тўлагандан сўнг оператор фойдаланувчини икки иш куни ичида Архив ахборот тизимига улаш чораларини кўради.
8. Аризада ёлғон ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги Архив ахборот тизимига уланишни рад этиш учун асос бўлади.
Архив ахборот тизимига уланишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
9. Архив ахборот тизимига уланиш рад этилган тақдирда, оператор томонидан фойдаланувчига рад этиш сабаблари кўрсатилган хабарнома юборилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари хабарномада келтирилган камчиликларни бартараф қилиб, қайта ариза бериши мумкин.
3-боб. Архив ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш ва ундан фойдаланиш
10. Барча фойдаланувчилар Архив ахборот тизимида Ягона идентификация тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтади, бунда:
давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари масъул ходимларини белгилаб, уларга Архив ахборот тизимидан фойдаланиш ваколатини беради;
фойдаланувчилар шахсий ЭРИ калити ёрдамида Архив ахборот тизимида маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантиради ҳамда юритади.
11. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг архив ишига оид маълумотлари ва ҳужжатларини Архив ахборот тизимида шакллантириш ва юритиш жараёнларининг доимий мониторингини юритади.
12. Оператор Архив ахборот тизимини жорий этиш, унга техник хизмат кўрсатиш, уни янада такомиллаштириш, шунингдек, унинг узлуксиз ва хавфсиз ишлаши учун масъул ҳисобланади.
13. Архив ахборот тизимининг фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотлар оператор томонидан бошқарилади.
4-боб. Архив ахборот тизимида ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш
14. Фойдаланувчи Архив ахборот тизимида ўзининг ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқади ва Марказий эксперт комиссияси ёки Эксперт комиссияси томонидан маъқуллангандан сўнг ҳар йили 1 декабрга қадар (янги ташкил этилган давлат органлари ва ташкилотлари бир ой муддатда) келишиш учун тегишли масъул ижрочига Архив ахборот тизими орқали юборади.
15. Масъул ижрочининг Марказий эксперт-текшириш комиссияси ёки Эксперт-текширув комиссияси/Эксперт-текширув услубий комиссияси томонидан фойдаланувчининг ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси 15 иш кунида кўриб чиқилиб, келишилади ёки хато ва камчиликлар кўрсатилган ҳолда, фойдаланувчига қайта ишлаш учун Архив ахборот тизими орқали юборилади.
Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенктлатураси қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
16. Келишилган ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси икки иш куни давомида Архив ахборот тизимида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тасдиқланади.
Тасдиқланган ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси асосида Архив ахборот тизими билан интеграция қилинган электрон ҳужжат айланиш тизимларида, шу жумладан, «edo.ijro.uz» ахборот тизимида электрон ҳужжатлар шакллантирилади.
17. Фойдаланувчи томонидан ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси ҳар йили қайта тузилади ва тасдиқланади.
Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси ҳар 5 йилда камида бир марта қайта тузилади ва масъул ижрочи билан келишиб олинади. Бунда давлат органлари ва ташкилотларининг функциялари ва тузилмаси ўзгарган ҳолларда, ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси қайта тузилиши ва масъул ижрочи билан келишиб олиниши лозим.
5-боб. Архив ахборот тизимида электрон шаклдаги архив ҳужжатларини шакллантириш, сақлаш ва давлат архивига топшириш
18. Давлат органлари ва ташкилотларининг электрон шаклдаги ҳужжатлари махфий бўлмаган архив ҳужжатларига қўйилган талаблар ва тартибга мувофиқ Архив ахборот тизимида, электрон шаклдаги хизмат доирасида фойдаланиш учун грифли ҳужжатлар эса қонунчиликда белгиланган тартиб ва қоидаларга мувофиқ сақланади.
19. Фойдаланувчилар ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси асосида электрон шаклдаги архив ҳужжатларини мунтазам равишда шакллантириб, архив рўйхати билан бирга Архив ахборот тизими орқали Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида»ги Қонунида белгиланган муддатларда масъул ижрочига топширади.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақловчи вазирлик ва идораларнинг электрон шаклдаги архив ҳужжатлари давлат архивига топширилмайди.
20. Масъул ижрочи томонидан 20 иш кунида фойдаланувчи топширган архив ҳужжатларининг тўлиқлиги, архив рўйхатига мувофиқ шакллантирилгани текширилган ҳолда сақловга қабул қилинади ёки хато ва камчиликлари кўрсатилиб, фойдаланувчига қайтарилади.
6-боб. Архив ахборот тизимини бошқа электрон ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилиш
21. Архив ахборот тизимида давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан ахборот алмашинуви Агентлик билан келишилган ва оператор томонидан тасдиқланган технологик йўриқнома асосида амалга оширилади.
22. Давлат органлари ва ташкилотларининг «edo.ijro.uz» ахборот тизими ёки ўзларининг бошқа ахборот тизимларида шаклланган электрон ҳужжатлари Архив ахборот тизимида ўзаро интеграциялашув асосида жамланади.
7-боб. Масъул ижрочи, оператор ва фойдаланувчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
23. Масъул ижрочи, оператор ва фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) масъул ижрочи:
Архив ахборот тизимининг фаолияти, техник қўллаб-қувватланиши ва ахборот хавфсизлиги таъминланиши юзасидан оператордан ахборот ва ҳисоботлар сўраш;
фойдаланувчидан архив ҳужжатларини белгиланган муддат ва тартибда давлат сақловига топширишни талаб қилиш;
Архив ахборот тизими фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташаббус киритиш;
Архив ахборот тизимидан фойдаланиш қоидалари бузилган ҳолларда тегишли чоралар кўриш;
б) оператор:
ахборот хавфсизлиги талаблари бузилган тақдирда, фойдаланувчининг тизимга киришини чеклаш;
масъул ижрочи ва фойдаланувчидан тизим фаолиятини таъминлаш учун зарур маълумотларни талаб қилиш;
давлат органлари ходимларини ўқитиш ва уларга маслаҳат бериш жараёнида методик материаллар ишлаб чиқиш;
в) фойдаланувчи:
Архив ахборот тизимидан белгиланган тартибда фойдаланиш;
Архив ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича оператордан техник ёрдам ва маслаҳат олиш;
Архив ахборот тизими фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
Архив ахборот тизимидаги ўз маълумотлари ва ҳужжатларининг ахборот хавфсизлиги таъминланишини талаб қилиш.
Масъул ижрочи, оператор ва фойдаланувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
24. Қуйидагилар масъул ижрочи, оператор ва фойдаланувчининг мажбуриятлари ҳисобланади:
а) масъул ижрочи:
Архив ахборот тизимидан фойдаланишни техник жиҳатдан ташкил қилишда ва унинг фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотларни бошқаришда услубий раҳбарлик қилиш;
Архив ахборот тизимини тегишли давлат органларида жорий этиш, масъул ижрочиларга юкланган вазифалар бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда фойдаланувчиларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш;
Архив ахборот тизимининг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини ва уни доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилишини мувофиқлаштириш;
фойдаланувчининг Архив ахборот тизимига уланишига кўмаклашиш;
фойдаланувчи томонидан Архив ахборот тизимидан фойдаланиш жараёнида келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, уни такомиллаштириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш;
фойдаланувчининг ҳужжатлари ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли тарзда давлат сақловига топширилиши юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари кесимида таҳлилий ўрганишлар ўтказиш;
б) оператор:
Архив ахборот тизимининг фаолиятида нуқсон ва носозликлар аниқланганда, масъул ижрочи талабномасига асосан уларнинг уч кун ичида бартараф этилишини таъминлаш;
масъул ижрочининг таклифларига асосан ҳамда уларда белгиланган муддатларда Архив ахборот тизимини такомиллаштириш чораларини кўриб бориш;
Архив ахборот тизимининг узлуксиз ишлаши, ахборот хавфсизлигининг таъминланиши, тизимдаги маълумотларга рухсатсиз киришнинг олдини олиш;
Архив ахборот тизимидан фойдаланишни техник жиҳатдан ташкил этиш;
Архив ахборот тизимининг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш ва уни доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;
Архив ахборот тизимининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш;
Архив ахборот тизими фойдаланувчиларини рўйхатга олиш, тизимга улаш ва уларнинг масъул ходимларини ўқитиш;
фойдаланувчига Архив ахборот тизимидан тўғри фойдаланиш бўйича маслаҳатлар бериш;
Архив ахборот тизимини такомиллаштириб бориш;
в) фойдаланувчи:
Архив ахборот тизимида ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини шакллантириш ва тасдиқлаш;
Архив ахборот тизимига улангандан сўнг тегишли архив ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида»ги Қонунида белгиланган муддатларда масъул ижрочига топшириб бориш;
Архив ахборот тизимига маълумотларни ўз вақтида тўғри ҳамда тўлиқ киритиш;
архив ишига оид фаолиятни Архив ахборот тизимида юритиш бўйича ушбу Низом талабларига риоя қилиш.
Масъул ижрочи, оператор ва фойдаланувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8-боб. Якунловчи қоидалар
25. Архив ахборот тизимидан фойдаланганлик учун тўланган тўлов суммасининг 70 фоизи Агентликнинг Архив ишини ривожлантириш жамғармасига, 30 фоизи эса операторнинг ҳисобварағига йўналтирилади.
26. Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини ишлаб чиқиш, архив ҳужжатларини шакллантириш, уларнинг архив рўйхатини тузиш масъул ижрочи томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида электрон шаклда сақлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Давлат органларининг архив ишига оид ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида шакллантириш ва юритиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Фойдаланувчи Ягона миллий архив ахборот тизими орқали Марказий эксперт комиссияси ёки Эксперт комиссияси томонидан маъқулланган ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини келишиш учун тегишли масъул ижрочига юборади. 1 декабргача (янги уланган ташкилотлар учун бир ой) 2-босқич Масъул ижрочи Марказий эксперт-текшириш комиссияси ёки Эксперт-текширув комиссияси/Эксперт-текширув услубий комиссияси томонидан фойдаланувчининг ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини кўриб чиқади, келишади ёки хато ва камчиликларни кўрсатган ҳолда фойдаланувчига қайта ишлашга Ягона миллий архив ахборот тизими орқали юборади. 15 иш кунида 3-босқич Фойдаланувчи Келишилган ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини Ягона миллий архив ахборот тизимида тасдиқлайди. 2 иш кунида 4-босқич Фойдаланувчи Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси асосида электрон шаклдаги архив ҳужжатларини мунтазам равишда шакллантириб, уларни архив рўйхати билан бирга Ягона миллий архив ахборот тизими орқали Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида»ги Қонунида белгиланган муддатларда масъул ижрочига топширади. «Архив иши тўғрисида»ги Қонунда белгиланган муддатларда 5-босқич Масъул ижрочи Фойдаланувчи топширган архив ҳужжатларининг тўлиқлиги, архив рўйхатига мувофиқ шакллантирилганини текширган ҳолда, сақловга қабул қилади ёки хато ва камчиликларни кўрсатиб, фойдаланувчига қайтаради. 20 иш кунида
Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида электрон шаклда сақлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ягона миллий архив ахборот тизимига уланиш бўйича АРИЗА _________________________________________________________________ (ариза берувчи давлат органи ёки ташкилоти номи) 1. Ташкилот тўғрисидаги маълумотлар: Ташкилот номи Ташкилот СТИР рақами Телефон рақами 2. Ягона миллий архив ахборот тизимидан фойдаланувчилар сони 3.1. Ташкилот раҳбари тўғрисидаги маълумотлар: Ф.И.О. лавозими ЖШШИР 3.2. Ташкилотнинг архив ишига масъул ходими тўғрисидаги маълумотлар: Ф.И.О. лавозими ЖШШИР _____________________ _____________________ _____________________ (Ф.И.О.) (имзо) (сана)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 июнь,
352 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Davlat organlari va tashkilotlarining arxiv hujjatlarini elektron shaklda saqlash tizimini yanada takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Arxiv ishi sohasini raqamlashtirish va sohada boshqaruv samaradorligini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 24-noyabrdagi PF-228-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, davlat organlari va tashkilotlarining elektron shakldagi arxiv hujjatlarini saqlash tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Arxiv ishi sohasini raqamlashtirish va sohada boshqaruv samaradorligini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 24-noyabrdagi PF-228-son Farmoniga muvofiq:
arxiv xizmatlarini raqamlashtirishda qoʻllanadigan amaldagi arxiv axborot tizimlari negizida Yagona milliy arxiv axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — Arxiv axborot tizimi) joriy etilishi;
barcha raqamlashtirilgan va kelgusida raqamlashtiriladigan arxiv hujjatlari Arxiv axborot tizimiga kiritilishi va tizimda saqlanishi belgilangani;
Arxiv axborot tizimi elektron hukumat markazi hamda boshqa vazirlik va idoralarning axborot tizimlari va bazalari bilan integratsiya qilinishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
2026-yil 1-avgustdan boshlab davlat organlari va tashkilotlarining arxiv ishiga oid barcha maʼlumotlari va hujjatlari Arxiv axborot tizimida shakllantiriladi va yuritiladi (davlat sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar bundan mustasno);
elektron shakldagi arxiv hujjatlarini, shu jumladan, xizmat doirasida foydalanish uchun grifli hujjatlar Arxiv axborot tizimi orqali topshiriladi va qabul qilinadi. Bunda xizmat doirasida foydalanish uchun grifli hujjatlar Arxiv axborot tizimida tegishli ekspertizadan oʻtkazilgandan soʻng qabul qilinadi;
davlat organlari va tashkilotlari Arxiv axborot tizimini yuritish boʻyicha sarf-xarajatlarni oʻzlarining budjetdan tashqari mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiradi.
3. Davlat organlari va tashkilotlarining arxiv hujjatlarini Yagona milliy arxiv axborot tizimida elektron shaklda saqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Oʻzarxiv” agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Arxiv axborot tizimining mulkdori, Adliya organlari va muassasalarida axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi esa — operatori (keyingi oʻrinlarda — operator) etib belgilansin.
Belgilansinki, operator Arxiv axborot tizimini joriy etish, unga texnik xizmat koʻrsatish, takomillashtirish, shuningdek, uning uzluksiz va xavfsiz ishlashi uchun masʼul hisoblanadi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:
ikki oy muddatda ushbu qaror talablaridan kelib chiqib, Arxiv axborot tizimini takomillashtirsin va tegishli axborot tizimlari bilan integratsiya qilsin;
olti oy muddatda “Kiberxavfsizlik markazi” DUK bilan birgalikda Arxiv axborot tizimini xizmat doirasida foydalanish uchun grifli hujjatlar bilan ishlash qoidalari talablariga muvofiqlashtirsin.
6. Agentlik va Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi ikki oy muddatda “Ijro.gov.uz” ijro intizomi idoralararo yagona elektron tizimi negizida ishlab chiqilgan “edo.ijro.uz” elektron hujjat aylanish tizimini hamda Yagona identifikatsiya tizimini (id.egov.uz) Arxiv axborot tizimi bilan integratsiya qilsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Kadastr agentligi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda Agentlikning soʻroviga koʻra oʻzlarining ochiq axborot tizimlari “Raqamli hukumat” tizimining Idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali Arxiv axborot tizimi bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin.
8. Davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari 2026-yil 1-noyabrga qadar operator bilan shartnoma tuzib, Arxiv axborot tizimiga ulanish choralarini koʻrsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi ikki oy muddatda manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
10. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri A.J. Tashkulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 30-iyundagi 352-son qaroriga ILOVA
Davlat organlari va tashkilotlarining arxiv hujjatlarini Yagona milliy arxiv axborot tizimida elektron shaklda saqlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda xoʻjalik birlashmalari, shuningdek, boshqa davlat tashkilotlarining (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlari) arxiv ishiga oid hujjatlarini elektron shaklda shakllantirish va yuritish hamda Yagona milliy arxiv axborot tizimidan foydalanish tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjatlar bilan ishlashga nisbatan tatbiq etilmaydi. Elektron shakldagi davlat sirlarini tashkil etuvchi arxiv hujjatlarining axborot tizimlarida saqlanishi alohida qonunchilik hujjatlari bilan tartibga solinadi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
masʼul ijrochi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Oʻzarxiv” agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) va uning tizimidagi arxiv ishi hududiy boshqarmalari va davlat arxivlari;
operator — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Adliya organlari va muassasalarida axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi” davlat muassasasi;
foydalanuvchi — davlat organi va tashkilotining Yagona milliy arxiv axborot tizimini qoʻllagan holda, oʻz vakolati doirasida faoliyat koʻrsatadigan masʼul xodimi;
hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasi — tashkilotda yuritiladigan, belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan va ularni saqlash muddatlari koʻrsatilgan holda tartibga solingan hujjatlar yigʻmajildlari sarlavhalari roʻyxati;
Yagona milliy arxiv axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — Arxiv axborot tizimi) — arxiv hujjatlari va ular haqidagi maʼlumotlarni jamlash, saqlash, hisobga olish va ulardan foydalanish jarayonlarini kompleks avtomatlashtirish hamda arxiv ishini amalga oshirishga aloqador tashkilotlar bilan axborot hamkorligining barcha turlarini taʼminlash uchun moʻljallangan axborot tizimi;
3. Davlat organlari va tashkilotlari arxiv hujjatlarining yigʻmajildlari roʻyxatini tuzish va tasdiqlash, davlat arxiviga elektron shakldagi arxiv hujjatlarini topshirish, qogʻoz koʻrinishidagi arxiv hujjatlarini topshirish-qabul qilishni rasmiylashtirish, arxiv hujjatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etish, hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasini shakllantirish hamda arxiv ishiga oid boshqa faoliyat Arxiv axborot tizimida amalga oshiriladi.
Davlat organlari va tashkilotlarining arxiv ishiga oid hujjatlari Arxiv axborot tizimida ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq shakllantiriladi va yuritiladi.
Davlat organlari va tashkilotlaridan tashqari boshqa yuridik shaxslar ham Agentlik bilan kelishilgan holda, Arxiv axborot tizimidan ushbu Nizom talablari asosida foydalanishi mumkin.
4. Arxiv axborot tizimidan davlat organlari va tashkilotlari hamda operator oʻrtasida tuziladigan shartnomaga asosan foydalaniladi.
Arxiv axborot tizimiga ulanish uchun toʻlov miqdori Agentlik tomonidan real sarf-xarajatlardan kelib chiqqan holda belgilanadi.
2-bob. Arxiv axborot tizimiga ulanishning umumiy talablari va shartlari
5. Davlat organlari va tashkilotlari Arxiv axborot tizimiga ulanish uchun mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan arizani Arxiv axborot tizimida soʻrov yuborishga moʻljallangan maxsus oyna orqali operatorga yuboradi.
6. Operator ariza kelib tushgan kundan boshlab ikki ish kunida uni koʻrib chiqadi.
7. Ariza mazkur Nizom talablariga muvofiq boʻlgan taqdirda, operator davlat organlari va tashkilotlarini Arxiv axborot tizimiga ulash yuzasidan shartnomani ularga elektron shaklda yuboradi.
Davlat organlari va tashkilotlari shartnomani imzolab, unda koʻrsatilgan toʻlovlarni toʻlagandan soʻng operator foydalanuvchini ikki ish kuni ichida Arxiv axborot tizimiga ulash choralarini koʻradi.
8. Arizada yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlarning mavjudligi Arxiv axborot tizimiga ulanishni rad etish uchun asos boʻladi.
Arxiv axborot tizimiga ulanishni boshqa asoslar boʻyicha rad etish taqiqlanadi.
9. Arxiv axborot tizimiga ulanish rad etilgan taqdirda, operator tomonidan foydalanuvchiga rad etish sabablari koʻrsatilgan xabarnoma yuboriladi.
Davlat organlari va tashkilotlari xabarnomada keltirilgan kamchiliklarni bartaraf qilib, qayta ariza berishi mumkin.
3-bob. Arxiv axborot tizimida roʻyxatdan oʻtish va undan foydalanish
10. Barcha foydalanuvchilar Arxiv axborot tizimida Yagona identifikatsiya tizimi (OneID) orqali roʻyxatdan oʻtadi, bunda:
davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari masʼul xodimlarini belgilab, ularga Arxiv axborot tizimidan foydalanish vakolatini beradi;
foydalanuvchilar shaxsiy ERI kaliti yordamida Arxiv axborot tizimida maʼlumotlar va hujjatlarni shakllantiradi hamda yuritadi.
11. Agentlik davlat organlari va tashkilotlarining arxiv ishiga oid maʼlumotlari va hujjatlarini Arxiv axborot tizimida shakllantirish va yuritish jarayonlarining doimiy monitoringini yuritadi.
12. Operator Arxiv axborot tizimini joriy etish, unga texnik xizmat koʻrsatish, uni yanada takomillashtirish, shuningdek, uning uzluksiz va xavfsiz ishlashi uchun masʼul hisoblanadi.
13. Arxiv axborot tizimining foydalanuvchilari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar operator tomonidan boshqariladi.
4-bob. Arxiv axborot tizimida hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasini shakllantirish, kelishish va tasdiqlash
14. Foydalanuvchi Arxiv axborot tizimida oʻzining hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasini qonunchilikka muvofiq ishlab chiqadi va Markaziy ekspert komissiyasi yoki Ekspert komissiyasi tomonidan maʼqullangandan soʻng har yili 1-dekabrga qadar (yangi tashkil etilgan davlat organlari va tashkilotlari bir oy muddatda) kelishish uchun tegishli masʼul ijrochiga Arxiv axborot tizimi orqali yuboradi.
15. Masʼul ijrochining Markaziy ekspert-tekshirish komissiyasi yoki Ekspert-tekshiruv komissiyasi/Ekspert-tekshiruv uslubiy komissiyasi tomonidan foydalanuvchining hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasi 15 ish kunida koʻrib chiqilib, kelishiladi yoki xato va kamchiliklar koʻrsatilgan holda, foydalanuvchiga qayta ishlash uchun Arxiv axborot tizimi orqali yuboriladi.
Hujjatlar yigʻmajildlari nomenktlaturasi qonunchilikda belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
16. Kelishilgan hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasi ikki ish kuni davomida Arxiv axborot tizimida davlat organlari va tashkilotlari tomonidan tasdiqlanadi.
Tasdiqlangan hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasi asosida Arxiv axborot tizimi bilan integratsiya qilingan elektron hujjat aylanish tizimlarida, shu jumladan, “edo.ijro.uz” axborot tizimida elektron hujjatlar shakllantiriladi.
17. Foydalanuvchi tomonidan hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasi har yili qayta tuziladi va tasdiqlanadi.
Hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasi har 5 yilda kamida bir marta qayta tuziladi va masʼul ijrochi bilan kelishib olinadi. Bunda davlat organlari va tashkilotlarining funksiyalari va tuzilmasi oʻzgargan hollarda, hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasi qayta tuzilishi va masʼul ijrochi bilan kelishib olinishi lozim.
5-bob. Arxiv axborot tizimida elektron shakldagi arxiv hujjatlarini shakllantirish, saqlash va davlat arxiviga topshirish
18. Davlat organlari va tashkilotlarining elektron shakldagi hujjatlari maxfiy boʻlmagan arxiv hujjatlariga qoʻyilgan talablar va tartibga muvofiq Arxiv axborot tizimida, elektron shakldagi xizmat doirasida foydalanish uchun grifli hujjatlar esa qonunchilikda belgilangan tartib va qoidalarga muvofiq saqlanadi.
19. Foydalanuvchilar hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasi asosida elektron shakldagi arxiv hujjatlarini muntazam ravishda shakllantirib, arxiv roʻyxati bilan birga Arxiv axborot tizimi orqali Oʻzbekiston Respublikasining “Arxiv ishi toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan muddatlarda masʼul ijrochiga topshiradi.
Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Milliy arxiv fondi hujjatlarini doimiy saqlovchi vazirlik va idoralarning elektron shakldagi arxiv hujjatlari davlat arxiviga topshirilmaydi.
20. Masʼul ijrochi tomonidan 20 ish kunida foydalanuvchi topshirgan arxiv hujjatlarining toʻliqligi, arxiv roʻyxatiga muvofiq shakllantirilgani tekshirilgan holda saqlovga qabul qilinadi yoki xato va kamchiliklari koʻrsatilib, foydalanuvchiga qaytariladi.
6-bob. Arxiv axborot tizimini boshqa elektron axborot tizimlari bilan oʻzaro integratsiya qilish
21. Arxiv axborot tizimida davlat organlari va tashkilotlarining axborot tizimlari bilan axborot almashinuvi Agentlik bilan kelishilgan va operator tomonidan tasdiqlangan texnologik yoʻriqnoma asosida amalga oshiriladi.
22. Davlat organlari va tashkilotlarining “edo.ijro.uz” axborot tizimi yoki oʻzlarining boshqa axborot tizimlarida shakllangan elektron hujjatlari Arxiv axborot tizimida oʻzaro integratsiyalashuv asosida jamlanadi.
7-bob. Masʼul ijrochi, operator va foydalanuvchining huquqlari va majburiyatlari
23. Masʼul ijrochi, operator va foydalanuvchi quyidagi huquqlarga ega:
a) masʼul ijrochi:
Arxiv axborot tizimining faoliyati, texnik qoʻllab-quvvatlanishi va axborot xavfsizligi taʼminlanishi yuzasidan operatordan axborot va hisobotlar soʻrash;
foydalanuvchidan arxiv hujjatlarini belgilangan muddat va tartibda davlat saqloviga topshirishni talab qilish;
Arxiv axborot tizimi faoliyatini takomillashtirish boʻyicha tashabbus kiritish;
Arxiv axborot tizimidan foydalanish qoidalari buzilgan hollarda tegishli choralar koʻrish;
b) operator:
axborot xavfsizligi talablari buzilgan taqdirda, foydalanuvchining tizimga kirishini cheklash;
masʼul ijrochi va foydalanuvchidan tizim faoliyatini taʼminlash uchun zarur maʼlumotlarni talab qilish;
davlat organlari xodimlarini oʻqitish va ularga maslahat berish jarayonida metodik materiallar ishlab chiqish;
v) foydalanuvchi:
Arxiv axborot tizimidan belgilangan tartibda foydalanish;
Arxiv axborot tizimidan foydalanish boʻyicha operatordan texnik yordam va maslahat olish;
Arxiv axborot tizimi faoliyatini takomillashtirish yuzasidan takliflar kiritish;
Arxiv axborot tizimidagi oʻz maʼlumotlari va hujjatlarining axborot xavfsizligi taʼminlanishini talab qilish.
Masʼul ijrochi, operator va foydalanuvchi qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
24. Quyidagilar masʼul ijrochi, operator va foydalanuvchining majburiyatlari hisoblanadi:
a) masʼul ijrochi:
Arxiv axborot tizimidan foydalanishni texnik jihatdan tashkil qilishda va uning foydalanuvchilari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni boshqarishda uslubiy rahbarlik qilish;
Arxiv axborot tizimini tegishli davlat organlarida joriy etish, masʼul ijrochilarga yuklangan vazifalar bajarilishini muvofiqlashtirish hamda foydalanuvchilarga uslubiy-amaliy yordam koʻrsatish;
Arxiv axborot tizimining sifatli va uzluksiz faoliyat koʻrsatishini va uni doimiy ravishda texnik qoʻllab-quvvatlash hamda axborot xavfsizligini taʼminlash choralari koʻrilishini muvofiqlashtirish;
foydalanuvchining Arxiv axborot tizimiga ulanishiga koʻmaklashish;
foydalanuvchi tomonidan Arxiv axborot tizimidan foydalanish jarayonida kelib tushgan takliflarni inobatga olgan holda, uni takomillashtirish boʻyicha taklif ishlab chiqish;
foydalanuvchining hujjatlari oʻz vaqtida, toʻliq va sifatli tarzda davlat saqloviga topshirilishi yuzasidan davlat organlari va tashkilotlari kesimida tahliliy oʻrganishlar oʻtkazish;
b) operator:
Arxiv axborot tizimining faoliyatida nuqson va nosozliklar aniqlanganda, masʼul ijrochi talabnomasiga asosan ularning uch kun ichida bartaraf etilishini taʼminlash;
masʼul ijrochining takliflariga asosan hamda ularda belgilangan muddatlarda Arxiv axborot tizimini takomillashtirish choralarini koʻrib borish;
Arxiv axborot tizimining uzluksiz ishlashi, axborot xavfsizligining taʼminlanishi, tizimdagi maʼlumotlarga ruxsatsiz kirishning oldini olish;
Arxiv axborot tizimidan foydalanishni texnik jihatdan tashkil etish;
Arxiv axborot tizimining sifatli va uzluksiz faoliyat koʻrsatishini taʼminlash va uni doimiy ravishda texnik qoʻllab-quvvatlash choralarini koʻrish;
Arxiv axborot tizimining axborot xavfsizligini taʼminlash choralarini koʻrish;
Arxiv axborot tizimi foydalanuvchilarini roʻyxatga olish, tizimga ulash va ularning masʼul xodimlarini oʻqitish;
foydalanuvchiga Arxiv axborot tizimidan toʻgʻri foydalanish boʻyicha maslahatlar berish;
Arxiv axborot tizimini takomillashtirib borish;
v) foydalanuvchi:
Arxiv axborot tizimida hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasini shakllantirish va tasdiqlash;
Arxiv axborot tizimiga ulangandan soʻng tegishli arxiv hujjatlarini Oʻzbekiston Respublikasining “Arxiv ishi toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan muddatlarda masʼul ijrochiga topshirib borish;
Arxiv axborot tizimiga maʼlumotlarni oʻz vaqtida toʻgʻri hamda toʻliq kiritish;
arxiv ishiga oid faoliyatni Arxiv axborot tizimida yuritish boʻyicha ushbu Nizom talablariga rioya qilish.
Masʼul ijrochi, operator va foydalanuvchi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
25. Arxiv axborot tizimidan foydalanganlik uchun toʻlangan toʻlov summasining 70 foizi Agentlikning Arxiv ishini rivojlantirish jamgʻarmasiga, 30 foizi esa operatorning hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi.
26. Hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasini ishlab chiqish, arxiv hujjatlarini shakllantirish, ularning arxiv roʻyxatini tuzish masʼul ijrochi tomonidan shartnoma asosida amalga oshirilishi mumkin.
27. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Davlat organlari va tashkilotlarining arxiv hujjatlarini Yagona milliy arxiv axborot tizimida elektron shaklda saqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Davlat organlarining arxiv ishiga oid hujjatlarini Yagona milliy arxiv axborot tizimida shakllantirish va yuritish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Foydalanuvchi Yagona milliy arxiv axborot tizimi orqali Markaziy ekspert komissiyasi yoki Ekspert komissiyasi tomonidan maʼqullangan hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasini kelishish uchun tegishli masʼul ijrochiga yuboradi. 1-dekabrgacha (yangi ulangan tashkilotlar uchun bir oy) 2-bosqich Masʼul ijrochi Markaziy ekspert-tekshirish komissiyasi yoki Ekspert-tekshiruv komissiyasi/Ekspert-tekshiruv uslubiy komissiyasi tomonidan foydalanuvchining hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasini koʻrib chiqadi, kelishadi yoki xato va kamchiliklarni koʻrsatgan holda foydalanuvchiga qayta ishlashga Yagona milliy arxiv axborot tizimi orqali yuboradi. 15 ish kunida 3-bosqich Foydalanuvchi Kelishilgan hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasini Yagona milliy arxiv axborot tizimida tasdiqlaydi. 2 ish kunida 4-bosqich Foydalanuvchi Hujjatlar yigʻmajildlari nomenklaturasi asosida elektron shakldagi arxiv hujjatlarini muntazam ravishda shakllantirib, ularni arxiv roʻyxati bilan birga Yagona milliy arxiv axborot tizimi orqali Oʻzbekiston Respublikasining “Arxiv ishi toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan muddatlarda masʼul ijrochiga topshiradi. “Arxiv ishi toʻgʻrisida”gi Qonunda belgilangan muddatlarda 5-bosqich Masʼul ijrochi Foydalanuvchi topshirgan arxiv hujjatlarining toʻliqligi, arxiv roʻyxatiga muvofiq shakllantirilganini tekshirgan holda, saqlovga qabul qiladi yoki xato va kamchiliklarni koʻrsatib, foydalanuvchiga qaytaradi. 20 ish kunida
Davlat organlari va tashkilotlarining arxiv hujjatlarini Yagona milliy arxiv axborot tizimida elektron shaklda saqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Yagona milliy arxiv axborot tizimiga ulanish boʻyicha ARIZA _________________________________________________________________ (ariza beruvchi davlat organi yoki tashkiloti nomi) 1. Tashkilot toʻgʻrisidagi maʼlumotlar: Tashkilot nomi Tashkilot STIR raqami Telefon raqami 2. Yagona milliy arxiv axborot tizimidan foydalanuvchilar soni 3.1. Tashkilot rahbari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar: F.I.O. lavozimi JSHSHIR 3.2. Tashkilotning arxiv ishiga masʼul xodimi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar: F.I.O. lavozimi JSHSHIR _____________________ _____________________ _____________________ (F.I.O.) (imzo) (sana)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 30-iyun,
352 -son