UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 26-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 26 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 июня 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 June 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида» 2025 йил 20 октябрдаги ПФ-185-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида рақамли технологиялар, замонавий рақамли ечимлар, дастурий маҳсулотлар, электрон хизматлар ва инновацияларни жорий этиш, шунингдек, соҳада сунъий интеллект технологияларини қўллаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-311-сон қарорига мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил якунига қадар Фавқулодда вазиятлар вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Digital team» идоралараро рақамли жамоа (кейинги ўринда — «Digital Team» идоралараро рақамли жамоа) фаолияти йўлга қўйилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

«Digital Team» идоралараро рақамли жамоанинг мақсади, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи «Digital Team» идоралараро рақамли жамоа тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Фавқулодда вазиятлар органларининг тегишли ахборот-таҳлилий платформалари ва ахборот тизимларига интеграция қилинадиган вазирлик ва идораларнинг ахборот ресурслари ҳамда маълумотлар базалари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар вазирлик ва идораларнинг тегишли ахборот тизимларини фавқулодда вазиятлар органларининг ахборот-таҳлилий платформалари ва ахборот тизимларига интеграция қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

вазирлик ва идораларга ҳар йили ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари ҳамда техник кўмаклари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А.И. Икрамов ва рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов белгилансин.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 26 июндаги 329-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Digital Team» идоралараро рақамли жамоа тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Digital Team» идоралараро рақамли жамоанинг (кейинги ўринларда — Идоралараро рақамли жамоа) мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда 2027 йил якунига қадар фаолият кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Идоралараро рақамли жамоа ўз фаолиятини юридик шахс ташкил этмасдан, бевосита Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) умумий раҳбарлигида амалга оширади.

3. Идоралараро рақамли жамоа ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.

4. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштиришда Идоралараро рақамли жамоа иштирокчилари ўзларининг мутахассислари ва молиявий ресурслари билан иштирок этади.

2-боб. Идоралараро рақамли жамоанинг мақсади ва асосий вазифалари

5. Идоралараро рақамли жамоанинг мақсади аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида масъул вазирлик ва идораларнинг тегишли ахборот тизимлари, ресурслари, мультисервис тармоқларини яратиш ҳамда сунъий интеллект технологияларини қўллаш учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.

6. Қуйидагилар Идоралараро рақамли жамоанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасига рақамли технологиялар, замонавий рақамли ечимлар, дастурий маҳсулотлар, электрон хизматлар ва инновацияларни жорий этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

соҳани рақамлаштириш борасида ташаббуслар, таклифлар ишлаб чиқиш, лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, татбиқ этиш (тажриба-синовлар ўтказиш) ва бошқариш бўйича зарур тадбирларни амалга ошириш;

Идоралараро рақамли жамоа иштирокчиларининг ахборот тизимларини (маълумотлар базасини) Вазирликнинг ахборот инфратузилмасига белгиланган тартибда интеграция қилиш чораларини кўриш;

Идоралараро рақамли жамоа иштирокчилари ўртасида рақамли воситалар ёрдамида ҳимояланган ва барқарор ахборот алмашинувини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, рақамлаштириш бўйича самарали стратегияларни ишлаб чиқиш;

ҳимояланган аппарат-дастурий комплексларни жорий этиш, ахборот ва киберхавфсизлик таҳдидларидан ҳимоя қилиш чораларини кўриш.

3-боб. Идоралараро рақамли жамоанинг фаолиятини ташкил этиш

7. Идоралараро рақамли жамоага Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг рақамлаштириш, инновация ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари раҳбарлик қилади. Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Идоралараро рақамли жамоа ҳамраҳбари ҳисобланади.

8. Вазирлик Идоралараро рақамли жамоанинг ишчи органи ҳисобланади.

9. Идоралараро рақамли жамоага юкланган вазифаларнинг бажарилишини муҳокама қилиш ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича ҳар ойда камида бир маротаба Идоралараро рақамли жамоанинг йиғилиши ташкил этилади. Бунда Идоралараро рақамли жамоа йиғилишлари онлайн тарзда видеоконференцалоқа шаклида ҳам ўтказилиши мумкин.

10. Идоралараро рақамли жамоа раҳбари Идоралараро рақамли жамоа таркибини, Идоралараро рақамли жамоанинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш санаси ва жойини ҳамда кун тартибини тасдиқлайди.

11. Идоралараро рақамли жамоа йиғилишининг кун тартиби ва унга тегишли ҳужжатлар йиғилиш бошланишидан камида беш кун олдин Идоралараро рақамли жамоа аъзоларига йиғилиш тўғрисида хабарнома билан юборилади.

12. Идоралараро рақамли жамоа йиғилишларида аъзоларнинг камида тўртдан уч қисми иштирок этганда, йиғилиш ваколатли ҳисобланади.

13. Идоралараро рақамли жамоа йиғилиши ва унда кўриб чиқилган масалалар баённома асосида расмийлаштирилади.

14. Йиғилиш баённомаси йиғилиш ўтказилганидан сўнг уч иш кунида Идоралараро рақамли жамоа раҳбари томонидан Идоралараро рақамли жамоа ҳамраҳбари билан келишган ҳолда тасдиқланади.

15. Йиғилиш баённомасида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши Вазирликнинг Рақамлаштириш ва ахборотни ҳимоялаш бошқармаси томонидан мониторинг қилиб борилади.

16. Идоралараро рақамли жамоа фаолиятида юзага келган муаммоли масалалар бўйича Идоралараро рақамли жамоанинг навбатдан ташқари йиғилишлари ўтказилиши мумкин.

17. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги ва Идоралараро рақамли жамоанинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири ва рақамли технологиялар вазири ҳузурида ҳар чоракда муҳокама қилиб борилади.

18. Заруратга кўра Идоралараро рақамли жамоанинг фаолиятига маҳаллий ҳамда хорижий мутахассис ва экспертлар жалб этилиши мумкин.

4-боб. Идоралараро рақамли жамоанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

19. Идоралараро рақамли жамоа ўзига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ахборот хавфсизлиги ҳамда маълумотларни муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий, техник ва дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштиришга оид маълумотлар ва материалларни манфаатдор вазирлик ва идоралардан сўраб олиш;

вазирлик ва идораларнинг фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасига алоқадор ахборотлаштириш лойиҳалари билан танишиш, уларга лойиҳаларни такомиллаштиришга оид таклифлар киритиш ва услубий тавсиялар бериш;

заруратга кўра ўзига юкланган вазифаларни бажариш жараёнида вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини иш берувчи ҳамда ходимнинг розилиги асосида Идоралараро рақамли жамоа фаолиятига жалб этиш;

ўз фаолиятини амалга оширишда техник воситалардан, шу жумладан, аудио-фото ва видео қайд этиш воситаларидан фойдаланиш;

соҳага оид етакчи маҳаллий ва хорижий ташкилотлар ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва битимлар тузиш.

Идоралараро рақамли жамоа ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

20. Идоралараро рақамли жамоага қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

фаолиятини амалга ошириш жараёнида олинган давлат сири ва бошқа турдаги сирларни ташкил этувчи маълумот ва ҳужжатларнинг махфийлигини сақлаш;

манфаатдор вазирлик ва идораларга ўз фаолияти юзасидан сўралган маълумотларни тақдим этиш;

белгиланган вазифаларни бажаришда коррупция ҳолатларининг, шу жумладан, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш.

Идоралараро рақамли жамоага ўзига юкланган вазифаларни бажаришда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

5-боб. Якунловчи қоида

21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 26 июндаги 329-сон қарорига 2-ИЛОВА

Фавқулодда вазиятлар органларининг тегишли ахборот-таҳлилий платформалари ва ахборот тизимларига интеграция қилинадиган вазирлик ва идораларнинг ахборот ресурслари ҳамда маълумотлар базалари

Т/р Ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларининг номи Вазирлик ва идора номи 1. «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплекси маълумотлари Ички ишлар вазирлиги 2. «E-maʼmuriy ish» ахборот тизими 3. Жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхатдан ўтган автомототранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар 4. Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар 5. «Манзил маълумот» ахборот тизими 6. «Raqamli qoʻriqlash» ахборот тизими 7. Атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизими Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси 8. «Air Monitoring Uzbekistan» платформаси 9. DMED электрон ахборот тизими доирасида шакллантирилган маълумотлар (шифокорларнинг ҳудудларга бириктирилгани, сиғими, беморлар тоифаси ва бошқалар) Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10. Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг ахборот тизими маълумотлари 11. «Xavfli yuk» ахборот тизими Транспорт вазирлиги 12. «Ташувчи ва ҳайдовчиларга кўмак» ахборот тизими 13. «Хавфли геологик жараёнларни мониторинг қилиш» автоматлаштирилган тизими «Ўзбекгидрогеология» ДМ 14. «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 15. «Менинг уйим» ахборот биллинг тизими 16. «Давлат сув кадастри» ахборот тизими Сув хўжалиги вазирлиги 17. «Рақамли сув хўжалиги» ягона ахборот тизими 18. «Сув хўжалиги объектлари» ахборот тизими 19. Ерларнинг шўрланиш даражаси ва мелиоратив ҳолатини мониторинг қилиш ахборот тизими 20. Сув омборларидаги локал даражадаги хабар бериш тизимлари 21. Талабалар турар жойлари тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 22. «E-Mehmon» ахборот тизими маълумотлари Туризм қўмитаси 23. Миллий туризм ягона платформаси 24. «Ягона интеграциялашган экотизим» ахборот тизими Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси 25. «E-tranzit» автоматлаштирилган ахборот тизими Божхона қўмитаси 26. «Божхона омбори» автоматлаштирилган ахборот тизими 27. «Электрон божхона расмийлаштируви» автоматлаштирилган ахборот тизими 28. «Shaffof yoʻl» онлайн ахборот платформаси Автомобиль йўллари қўмитаси 29. «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» автоматлаштирилган тизими Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 30. «Smart forestry» ахборот платформаси Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги 31. «Locustuz» автоматлаштирилган ахборот тизими Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси 32. Сунъий йўлдош маълумотларини қайта ишлаш тизими (Meteo Sat) Гидрометеорология хизмати агентлиги 33. Метеорологик ва агрометеорологик миниметеостанциялар маълумотлари 34. Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш тизими 35. Метеорологик кузатувларнинг ягона портали (Meteo Monitoring) 36. «Ҳавонинг сифати» ахборот тизими маълумотлари 37. «Миллий геоахборот» тизими Кадастр агентлиги 38. Кадастр объектлари тўғрисидаги маълумотлар 39. Статистика интеграллашган ахборот тизими маълумотлари Миллий статистика қўмитаси 40. Сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлигини доимий космик мониторинг қилиш тизими («Damb Monitoring System» АТ) Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази 41. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолиятидаги жараёнларни реал вақт режимида қайд этиб борадиган «UGaz» тизими «Uzinfocom» МЧЖ 42. «E-KON» ахборот тизими «Ўзбекнефтгаз» АЖ 43. «Smart НЕТ» автоматлашган ахборот тизими 44. «Geoinformatsiya» автоматлашган ахборот тизими 45. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ 46. «ASKUG Yur» ахборот тизими «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 47. «E-Gaz» ахборот тизими 48. Ягона рақамли платформанинг хавфли маҳсулотлар ва омборхоналар жойлашуви модуллари «Ўзкимёсаноат» АЖ 49. Автоматлаштирилган диспетчерлик назорат тизимининг оператив ўлчаш мажмуаси «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 50. Ичимлик суви ва канализация ҳисоби ахборот тизими маълумотлари «Ўзсувтаъминот» АЖ 51. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тасарруфидаги сув омборларидаги локал хабар бериш тизими «Ўзбекгидроэнерго» АЖ 52. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тасарруфидаги сув омборларидаги видеокузатув тизими 53. «Ekspress-3» АВТ «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 26 июнь,

329 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.07.2026 й., 09/26/329/0679-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi tizimida raqamlashtirish jarayonlarini yanada jadallashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholi va hududlarni favqulodda vaziyatlardan ishonchli muhofaza qilish sohasini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish toʻgʻrisida” 2025-yil 20-oktabrdagi PF-185-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda aholi va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasida raqamli texnologiyalar, zamonaviy raqamli yechimlar, dasturiy mahsulotlar, elektron xizmatlar va innovatsiyalarni joriy etish, shuningdek, sohada sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllash uchun zarur shart-sharoitlarni yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasini raqamlashtirish hamda ilmiy va innovatsion faoliyatni rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-311-son qaroriga muvofiq 2026-yil 1-yanvardan boshlab 2027-yil yakuniga qadar Favqulodda vaziyatlar vazirligida yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan “Digital team” idoralararo raqamli jamoa (keyingi oʻrinda — “Digital Team” idoralararo raqamli jamoa) faoliyati yoʻlga qoʻyilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

“Digital Team” idoralararo raqamli jamoaning maqsadi, asosiy vazifalari, faoliyatini tashkil etish tartibi hamda huquq va majburiyatlarini nazarda tutuvchi “Digital Team” idoralararo raqamli jamoa toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Favqulodda vaziyatlar organlarining tegishli axborot-tahliliy platformalari va axborot tizimlariga integratsiya qilinadigan vazirlik va idoralarning axborot resurslari hamda maʼlumotlar bazalari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Quyidagilar vazirlik va idoralarning tegishli axborot tizimlarini favqulodda vaziyatlar organlarining axborot-tahliliy platformalari va axborot tizimlariga integratsiya qilish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

vazirlik va idoralarga har yili ajratiladigan Davlat budjeti mablagʻlari, vazirlik va idoralarning budjetdan tashqari mablagʻlari;

yuridik va jismoniy shaxslarning, shu jumladan, norezidentlarning homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining grantlari hamda texnik koʻmaklari;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

4. Ushbu qarorning bajarilishini samarali tashkil etishga masʼul va shaxsiy javobgar etib Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri A.I. Ikramov va raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov belgilansin.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 26-iyundagi 329-son qaroriga 1-ILOVA

“Digital Team” idoralararo raqamli jamoa toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Digital Team” idoralararo raqamli jamoaning (keyingi oʻrinlarda — Idoralararo raqamli jamoa) maqsadi, asosiy vazifalari, huquq va majburiyatlarini hamda 2027-yil yakuniga qadar faoliyat koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Idoralararo raqamli jamoa oʻz faoliyatini yuridik shaxs tashkil etmasdan, bevosita Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) umumiy rahbarligida amalga oshiradi.

3. Idoralararo raqamli jamoa oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizom va boshqa normativ-huquqiy hujjatlarga amal qiladi.

4. Aholi va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasini raqamlashtirishda Idoralararo raqamli jamoa ishtirokchilari oʻzlarining mutaxassislari va moliyaviy resurslari bilan ishtirok etadi.

2-bob. Idoralararo raqamli jamoaning maqsadi va asosiy vazifalari

5. Idoralararo raqamli jamoaning maqsadi aholi va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasida masʼul vazirlik va idoralarning tegishli axborot tizimlari, resurslari, multiservis tarmoqlarini yaratish hamda sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllash uchun zarur shart-sharoitlarni yaratishdan iborat.

6. Quyidagilar Idoralararo raqamli jamoaning asosiy vazifalari hisoblanadi:

aholi va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasiga raqamli texnologiyalar, zamonaviy raqamli yechimlar, dasturiy mahsulotlar, elektron xizmatlar va innovatsiyalarni joriy etish uchun zarur shart-sharoitlarni yaratish;

sohani raqamlashtirish borasida tashabbuslar, takliflar ishlab chiqish, loyihalarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash, tatbiq etish (tajriba-sinovlar oʻtkazish) va boshqarish boʻyicha zarur tadbirlarni amalga oshirish;

Idoralararo raqamli jamoa ishtirokchilarining axborot tizimlarini (maʼlumotlar bazasini) Vazirlikning axborot infratuzilmasiga belgilangan tartibda integratsiya qilish choralarini koʻrish;

Idoralararo raqamli jamoa ishtirokchilari oʻrtasida raqamli vositalar yordamida himoyalangan va barqaror axborot almashinuvini joriy etish, kadrlar salohiyatini oshirish, raqamlashtirish boʻyicha samarali strategiyalarni ishlab chiqish;

himoyalangan apparat-dasturiy komplekslarni joriy etish, axborot va kiberxavfsizlik tahdidlaridan himoya qilish choralarini koʻrish.

3-bob. Idoralararo raqamli jamoaning faoliyatini tashkil etish

7. Idoralararo raqamli jamoaga Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vazirining raqamlashtirish, innovatsiya va kiberxavfsizlikni taʼminlash boʻyicha oʻrinbosari rahbarlik qiladi. Raqamli texnologiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari Idoralararo raqamli jamoa hamrahbari hisoblanadi.

8. Vazirlik Idoralararo raqamli jamoaning ishchi organi hisoblanadi.

9. Idoralararo raqamli jamoaga yuklangan vazifalarning bajarilishini muhokama qilish hamda kelgusida amalga oshirilishi lozim boʻlgan vazifalar boʻyicha har oyda kamida bir marotaba Idoralararo raqamli jamoaning yigʻilishi tashkil etiladi. Bunda Idoralararo raqamli jamoa yigʻilishlari onlayn tarzda videokonferensaloqa shaklida ham oʻtkazilishi mumkin.

10. Idoralararo raqamli jamoa rahbari Idoralararo raqamli jamoa tarkibini, Idoralararo raqamli jamoaning navbatdagi yigʻilishini oʻtkazish sanasi va joyini hamda kun tartibini tasdiqlaydi.

11. Idoralararo raqamli jamoa yigʻilishining kun tartibi va unga tegishli hujjatlar yigʻilish boshlanishidan kamida besh kun oldin Idoralararo raqamli jamoa aʼzolariga yigʻilish toʻgʻrisida xabarnoma bilan yuboriladi.

12. Idoralararo raqamli jamoa yigʻilishlarida aʼzolarning kamida toʻrtdan uch qismi ishtirok etganda, yigʻilish vakolatli hisoblanadi.

13. Idoralararo raqamli jamoa yigʻilishi va unda koʻrib chiqilgan masalalar bayonnoma asosida rasmiylashtiriladi.

14. Yigʻilish bayonnomasi yigʻilish oʻtkazilganidan soʻng uch ish kunida Idoralararo raqamli jamoa rahbari tomonidan Idoralararo raqamli jamoa hamrahbari bilan kelishgan holda tasdiqlanadi.

15. Yigʻilish bayonnomasida belgilangan vazifalarning bajarilishi Vazirlikning Raqamlashtirish va axborotni himoyalash boshqarmasi tomonidan monitoring qilib boriladi.

16. Idoralararo raqamli jamoa faoliyatida yuzaga kelgan muammoli masalalar boʻyicha Idoralararo raqamli jamoaning navbatdan tashqari yigʻilishlari oʻtkazilishi mumkin.

17. Aholi va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasini raqamlashtirish borasida amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar natijadorligi va Idoralararo raqamli jamoaning faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri va raqamli texnologiyalar vaziri huzurida har chorakda muhokama qilib boriladi.

18. Zaruratga koʻra Idoralararo raqamli jamoaning faoliyatiga mahalliy hamda xorijiy mutaxassis va ekspertlar jalb etilishi mumkin.

4-bob. Idoralararo raqamli jamoaning huquq va majburiyatlari

19. Idoralararo raqamli jamoa oʻziga yuklangan vazifalarni bajarishda quyidagi huquqlarga ega boʻladi:

favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasida axborot xavfsizligi hamda maʼlumotlarni muhofaza qilishni taʼminlashga qaratilgan tashkiliy, texnik va dasturiy chora-tadbirlarni ishlab chiqish hamda amaliyotga joriy etish;

favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasini raqamlashtirishga oid maʼlumotlar va materiallarni manfaatdor vazirlik va idoralardan soʻrab olish;

vazirlik va idoralarning favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish sohasiga aloqador axborotlashtirish loyihalari bilan tanishish, ularga loyihalarni takomillashtirishga oid takliflar kiritish va uslubiy tavsiyalar berish;

zaruratga koʻra oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish jarayonida vazirlik va idoralarning malakali mutaxassislarini ish beruvchi hamda xodimning roziligi asosida Idoralararo raqamli jamoa faoliyatiga jalb etish;

oʻz faoliyatini amalga oshirishda texnik vositalardan, shu jumladan, audio-foto va video qayd etish vositalaridan foydalanish;

sohaga oid yetakchi mahalliy va xorijiy tashkilotlar va ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan oʻzaro hamkorlik toʻgʻrisida memorandum va bitimlar tuzish.

Idoralararo raqamli jamoa oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

20. Idoralararo raqamli jamoaga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:

faoliyatini amalga oshirish jarayonida olingan davlat siri va boshqa turdagi sirlarni tashkil etuvchi maʼlumot va hujjatlarning maxfiyligini saqlash;

manfaatdor vazirlik va idoralarga oʻz faoliyati yuzasidan soʻralgan maʼlumotlarni taqdim etish;

belgilangan vazifalarni bajarishda korrupsiya holatlarining, shu jumladan, manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish.

Idoralararo raqamli jamoaga oʻziga yuklangan vazifalarni bajarishda qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

5-bob. Yakunlovchi qoida

21. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 26-iyundagi 329-son qaroriga 2-ILOVA

Favqulodda vaziyatlar organlarining tegishli axborot-tahliliy platformalari va axborot tizimlariga integratsiya qilinadigan vazirlik va idoralarning axborot resurslari hamda maʼlumotlar bazalari

T/r Axborot resurslari va maʼlumotlar bazalarining nomi Vazirlik va idora nomi 1. “Xavfsiz shahar” apparat-dasturiy kompleksi maʼlumotlari Ichki ishlar vazirligi 2. “E-maʼmuriy ish” axborot tizimi 3. Jismoniy va yuridik shaxslarning roʻyxatdan oʻtgan avtomototransport vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 4. Yoʻl-transport hodisasi toʻgʻrisidagi toʻliq maʼlumotlar 5. “Manzil maʼlumot” axborot tizimi 6. “Raqamli qoʻriqlash” axborot tizimi 7. Atrof tabiiy muhitning davlat monitoringi tizimi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi 8. “Air Monitoring Uzbekistan” platformasi 9. DMED elektron axborot tizimi doirasida shakllantirilgan maʼlumotlar (shifokorlarning hududlarga biriktirilgani, sigʻimi, bemorlar toifasi va boshqalar) Sogʻliqni saqlash vazirligi 10. Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasining axborot tizimi maʼlumotlari 11. “Xavfli yuk” axborot tizimi Transport vazirligi 12. “Tashuvchi va haydovchilarga koʻmak” axborot tizimi 13. “Xavfli geologik jarayonlarni monitoring qilish” avtomatlashtirilgan tizimi “Oʻzbekgidrogeologiya” DM 14. “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi 15. “Mening uyim” axborot billing tizimi 16. “Davlat suv kadastri” axborot tizimi Suv xoʻjaligi vazirligi 17. “Raqamli suv xoʻjaligi” yagona axborot tizimi 18. “Suv xoʻjaligi obyektlari” axborot tizimi 19. Yerlarning shoʻrlanish darajasi va meliorativ holatini monitoring qilish axborot tizimi 20. Suv omborlaridagi lokal darajadagi xabar berish tizimlari 21. Talabalar turar joylari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 22. “E-Mehmon” axborot tizimi maʼlumotlari Turizm qoʻmitasi 23. Milliy turizm yagona platformasi 24. “Yagona integratsiyalashgan ekotizim” axborot tizimi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi 25. “E-tranzit” avtomatlashtirilgan axborot tizimi Bojxona qoʻmitasi 26. “Bojxona ombori” avtomatlashtirilgan axborot tizimi 27. “Elektron bojxona rasmiylashtiruvi” avtomatlashtirilgan axborot tizimi 28. “Shaffof yoʻl” onlayn axborot platformasi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi 29. “Yagona milliy ijtimoiy himoya” avtomatlashtirilgan tizimi Ijtimoiy himoya milliy agentligi 30. “Smart forestry” axborot platformasi Oʻrmon va yashil hududlarni koʻpaytirish, choʻllanishga qarshi kurashish agentligi 31. “Locustuz” avtomatlashtirilgan axborot tizimi Oziq-ovqat mahsulotlari xavfsizligi qoʻmitasi 32. Sunʼiy yoʻldosh maʼlumotlarini qayta ishlash tizimi (Meteo Sat) Gidrometeorologiya xizmati agentligi 33. Meteorologik va agrometeorologik minimeteostansiyalar maʼlumotlari 34. Atrof-muhit ifloslanishini monitoring qilish tizimi 35. Meteorologik kuzatuvlarning yagona portali (Meteo Monitoring) 36. “Havoning sifati” axborot tizimi maʼlumotlari 37. “Milliy geoaxborot” tizimi Kadastr agentligi 38. Kadastr obyektlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 39. Statistika integrallashgan axborot tizimi maʼlumotlari Milliy statistika qoʻmitasi 40. Suv omborlari toʻgʻonlarining zilzilabardoshligini doimiy kosmik monitoring qilish tizimi (“Damb Monitoring System” AT) Kosmik monitoring va geoaxborot texnologiyalari markazi 41. Avtomobillarga gaz toʻldirish kompressor shoxobchalari (AGTKSH) faoliyatidagi jarayonlarni real vaqt rejimida qayd etib boradigan “UGaz” tizimi “Uzinfocom” MCHJ 42. “E-KON” axborot tizimi “Oʻzbekneftgaz” AJ 43. “Smart NET” avtomatlashgan axborot tizimi 44. “Geoinformatsiya” avtomatlashgan axborot tizimi 45. Elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimi (ASKUE) “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ 46. “ASKUG Yur” axborot tizimi “Hududgaztaʼminot” AJ 47. “E-Gaz” axborot tizimi 48. Yagona raqamli platformaning xavfli mahsulotlar va omborxonalar joylashuvi modullari “Oʻzkimyosanoat” AJ 49. Avtomatlashtirilgan dispetcherlik nazorat tizimining operativ oʻlchash majmuasi “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ 50. Ichimlik suvi va kanalizatsiya hisobi axborot tizimi maʼlumotlari “Oʻzsuvtaʼminot” AJ 51. “Oʻzbekgidroenergo” AJ tasarrufidagi suv omborlaridagi lokal xabar berish tizimi “Oʻzbekgidroenergo” AJ 52. “Oʻzbekgidroenergo” AJ tasarrufidagi suv omborlaridagi videokuzatuv tizimi 53. “Ekspress-3” AVT “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 26-iyun,

329 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 03.07.2026-y., 09/26/329/0679-son)

lex.uz