UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 3-iyul · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 3 июль · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 июля 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 July 2026 · Ministry and agency documents · Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг

қарори

НИЗОМ

«Янги Ўзбекистон» университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича «Ректорлар мактаби» дастури доирасида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелдаги 177-сон «Янги Ўзбекистон» университетида «Ректорлар мактаби» дастурини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қарор қилади:

1. «Янги Ўзбекистон» университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича «Ректорлар мактаби» дастури доирасида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги билан келишилган.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 3 июлдаги 43-қ/қ-сон ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026 йил 24 июндаги 39-мҳ-сон қарорига ИЛОВА

«Янги Ўзбекистон» университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича «Ректорлар мактаби» дастури доирасида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом «Янги Ўзбекистон» университетида (бундан буён матнда Университет деб юритилади) давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича «Ректорлар мактаби» дастури (бундан буён матнда Дастур деб юритилади) доирасида ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

номзодлар — Дастур доирасида ўқишга кириш истагини билдирган шахслар;

Техник гуруҳ — ҳар йили Университет ректори буйруғи билан ташкил этиладиган номзодларнинг ҳужжатларини қабул қиладиган ва уларни ўрганадиган ҳамда номзодларга маслаҳат берадиган гуруҳ;

Қабул комиссияси — ҳар йили Университет ректорининг буйруғи билан ташкил этиладиган номзодларнинг тест синовларини, психологик ўрганишларини ҳамда суҳбатдан ўтказиш жараёнларини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган.

2. Дастур доирасида 30 ёшга тўлган, камида магистр академик даражасига ва олий таълим соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлган, шу жумладан, 2 йил раҳбарлик лавозимларида ишлаган номзодлар очиқ танлов асосида ўқишга қабул қилинади .

3. Дастур доирасида ўқишга қабул қилишда номзодларнинг олий таълим соҳасида, шу жумладан олий таълим ташкилотлари, давлат органлари ва ташкилотларида олий таълим соҳасига оид вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ раҳбарлик лавозимларидаги иш тажрибаси инобатга олинади.

Бунда ректор, проректор, директор, директор ўринбосари, филиал директори, филиал директори ўринбосари, декан, декан ўринбосари, факультет бошлиғи, факультет бошлиғи ўринбосари, кафедра мудири, бошқарма бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиғи, марказ раҳбари, шуъба мудири ҳамда лавозим вазифалари ва бошқарув функциялари мазмунига кўра бошқа раҳбарлик вазифалари юклатилган лавозимлар раҳбарлик лавозимлари сифатида эътироф этилади.

4. Номзодларни Дастур доирасида ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичлардан иборат очиқ танлов асосида бепул амалга оширилади:

биринчи босқич — номзодларнинг аризаларини қабул қилиш ва уларни ўрганиш;

иккинчи босқич — номзодларни тест синовларидан ўтказиш;

учинчи босқич — номзодларни психологик ўрганиш;

тўртинчи босқич — номзодлар билан суҳбат ўтказиш.

5. Дастур доирасида ўқишга қабул бир йилда камида икки маротаба ўтказилади. Йиллик қабул квотаси 80 нафарни ташкил этади. Бунда қабул даврлари кесимида квотани тақсимлаш Қабул комиссияси томонидан белгиланади.

6. Номзодлар тест синовлари, психологик ўрганиш ва суҳбатдан ўтиш натижалари бўйича тўпланган умумий балларига кўра мазкур Низомнинг 6-бобига мувофиқ Дастур доирасида ўқишга қабул қилинади.

2-боб. Номзодларнинг аризаларини қабул қилиш ва уларни ўрганиш

7. Дастур доирасида ўқишга кириш учун номзодларнинг аризаларини топшириш муддати Қабул комиссияси томонидан белгиланади.

Техник гуруҳ томонидан очиқ танлов ҳақидаги эълонлар номзодларнинг аризаларини топшириш муддати бошланишидан камида икки ҳафта олдин оммавий ахборот воситалари (телевидение, босма ва интернет нашрлари) ҳамда Университетнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

8. Очиқ танлов ҳақидаги эълонларда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

1) аризаларни қабул қилиш муддати ва тартиби;

2) номзодларга қўйиладиган талаблар;

3) Дастур доирасида ўқишга қабул қилиш квотасининг сони;

4) Университетнинг алоқа телефон номерлари ва электрон почта манзиллари.

9. Номзодлар Қабул комиссияси томонидан белгиланган муддатларда бевосита Университетнинг электрон платформасидан (бундан буён матнда электрон платформа деб юритилади) рўйхатдан ўтган ҳолда шахсий кабинетлари орқали ариза билан мурожаат қиладилар.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

маълумотнома-объективка;

инглиз тилини билиш сертификати (агар мавжуд бўлса).

Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига номзодлар масъул ҳисобланади.

10. Номзодлар томонидан тақдим этилган аризалар ва уларга илова қилинган ҳужжатлар Техник гуруҳ томонидан улар тақдим этилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида ўрганиб чиқилади.

Бунда номзодларнинг аризаларига илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги Техник гуруҳ томонидан мавжуд имкониятлар ва ваколатли давлат органларига сўровлар юбориш орқали текширилиши мумкин.

11. Номзодларнинг аризалари ва унга илова қилинган ҳужжатлар Техник гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилганидан сўнг, унинг натижасига кўра 1 иш куни ичида номзодларга аризалари қабул қилинганлиги ёки қабул қилиш рад этилганлиги ёхуд аризалар ва уларга илова қилинган ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этиш ҳақида уларнинг электрон платформасидаги шахсий кабинетларига хабарнома юборилади.

12. Номзодларнинг аризалари қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарномада тест синовларининг саналари, жойлари ва номзодларнинг шахсий маълумотлари акс эттирилади.

Ушбу хабарномадан (электрон ёки босма шаклда) номзодлар тест синовларига шахсни тасдиқловчи ҳужжатларининг (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ИД-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) асл нусхаси ёки унинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли билан бирга кириш учун рухсатнома сифатида фойдаланади.

13. Номзодларнинг аризалари ва уларга илова қилинган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, ушбу камчиликлар кўрсатилган хабарнома юборилган кундан бошлаб номзодлар томонидан 2 иш куни ичида бартараф этилиши лозим.

Камчиликлар бартараф этилгандан сўнг, аризалар ва унга илова қилинган ҳужжатлар Техник гуруҳ томонидан такроран 3 иш куни ичида ўрганиб чиқилади.

Агар Техник гуруҳ томонидан такроран номзодларнинг аризалари ва унга илова қилинган ҳужжатлари ўрганилиши натижасида улардаги камчиликлар бартараф этилмаганлиги аниқланса, ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ номзодларнинг аризаларини қабул қилиш рад этилади.

14. Номзодларнинг аризаларини қабул қилиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

номзодлар мазкур Низомнинг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган талабларга жавоб бермаган тақдирда;

номзодлар томонидан ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлардаги камчиликлар ушбу Низомнинг 13-бандида келтирилган муддатларда тўлиқ бартараф этилмаган тақдирда;

номзодларнинг аризаларига илова қилинган ҳужжатларда нотўғри ёки ёлғон маълумотлар аниқланган тақдирда;

номзодлар ўз аризаларини қайтариб олиш тўғрисида мурожаат этган тақдирда.

3-боб. Номзодларни тест синовларидан ўтказиш

15. Номзодларни Дастур доирасида ўқишга қабул қилиш ўқув-академик бошқарув, молия-иқтисодиёт, илмий тадқиқотлар ва инновациялар, маънавият ва маърифат ҳамда сунъий интеллект ва ахборот технологиялари йўналишларидан, шунингдек инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи камида Б2 ва унга тенглаштирилган даражадаги миллий ёки халқаро сертификат бўлмаган тақдирда ёки ушбу сертификат мавжуд бўлиб, унинг амал қилиш муддати ўтган тақдирда, инглиз тилидан тест шаклида амалга оширилади.

Бунда баҳолаш мезонлари қуйидагича белгиланади:

йўналишлар бўйича 40 та тест учун — 80 балл (ҳар бир тўғри жавоб учун 2 балл);

инглиз тили бўйича 20 та тест учун — 20 балл (ҳар бир тўғри жавоб учун 1 балл).

Инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи камида Б2 ва унга тенглаштирилган даражадаги миллий ёки халқаро сертификати мавжуд бўлган номзодларга инглиз тили бўйича энг кўп (максимал) 20 балл берилади.

Тест синовларида энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл 100 баллни ташкил этади. Тест синовларида 55 ва ундан паст баллни тўплаган номзодлар кейинги босқичга (психологик ўрганишга) ўтказилмайди ва тестдан ўтмаган ҳамда Дастур доирасида ўқишга қабул қилинмаган ҳисобланади.

16. Тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

тест топшириқлари Университет биносида махфийлик таъминланган ҳолда Қабул комиссияси томонидан тегишли соҳа мутахассислари иштирокида шакллантирилади. Бунда тест топшириқларида ҳар бир савол учун тўртта жавоб варианти келтирилиб, улардан фақат биттаси тўғри бўлади;

тест синовларининг топшириқлари шакллантириладиган мавзулар рўйхати тест синовлари ўтказилишидан камида 5 иш куни олдин электрон платформада эълон қилинади;

тест синовларидаги топшириқларни бажариш учун номзодларга 120 дақиқа вақт берилади;

номзодлар тест синовларига шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ИД-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) асл нусхаси ёки унинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли ва уларнинг аризалари қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарнома асосида киритилади;

тест синовлари ўтказиладиган бинога номзодлар махсус текширувдан ўтказилган ҳолда киритилади. Бунда жадвал, китоб, мобил телефон, компьютер, калькулятор, телекоммуникация воситалари ҳамда бошқа ёрдамчи материалларни олиб кириш, шунингдек, тест жараёнида ўзаро мулоқот қилиш ёки бир-бирига ёрдам бериш тақиқланади. Ушбу талабларни бузган шахслар тест синовидан четлаштирилади ва тестдан ўтмаган деб ҳисобланади.

17. Номзодлар тест синовларини топшириш учун белгиланган вақт ва жойга ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва уларнинг аризалари қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарнома билан келиши лозим. Белгиланган вақтдан кеч қолган номзодлар синовга киритилмайди, синовда қатнашмаган номзодлар учун қўшимча синов ўтказилмайди.

18. Номзодларнинг тест синовлари давомида аудиториядан чиқиши тақиқланади. Уларнинг соғлиғи ёмонлашиши ва бошқа зарур ҳолатларда синов материалларини қолдириб, кузатув остида аудиториядан чиқишга рухсат берилади.

19. Тест синовларини ўтказиш тартибини бузган номзодлар аудитория кузатувчилари томонидан далолатнома расмийлаштирган ҳолда синовлардан четлаштирилади ва уларнинг синов ишлари баҳоланмайди.

20. Тест синовлари натижалари тест натижалари тақдим этилган вақтдан эътиборан 2 иш куни ичида электрон платформада эълон қилинади.

21. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодларга тест натижалари эълон қилинган куннинг ўзида уларнинг электрон платформадаги шахсий кабинетларига психологик ўрганишга ўтганлиги тўғрисидаги хабарнома юборилади. Бунда мазкур хабарномада психологик ўрганишнинг саналари, жойлари ва номзодларнинг шахсий маълумотлари акс эттирилади.

Ушбу хабарномадан (электрон ёки босма шаклда) номзодлар психологик ўрганишларга шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ИД-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) билан бирга кириш учун рухсатнома сифатида фойдаланади.

4-боб. Номзодларни психологик ўрганиш

22. Тест синовларини муваффақиятли топширган номзодларнинг психоэмоционал барқарорлигини, жумладан бошқарувда етуклик, ривожланишга тайёрлик ҳамда стрессга чидамлилигини аниқлаш мақсадида психологик ўрганиш топшириқлар шаклида амалга оширилади.

Бунда психологик ўрганишда ҳар бир тўғри жавоб учун 0,5 балл бериладиган 200 та топшириқ учун 100 балл белгиланади.

Психологик ўрганишда энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл 100 баллни ташкил этади. Психологик ўрганишда 55 ва ундан паст баллни тўплаган номзодлар кейинги босқичга (суҳбатга) ўтказилмайди ва психологик ўрганишдан ўтмаган ҳамда Дастур доирасида ўқишга қабул қилинмаган ҳисобланади.

23. Психологик ўрганишни ташкил этиш ва ўтказишда қуйидаги тартиблар эътиборга олинади:

психологик ўрганиш топшириқлари махфийлик таъминланган ҳолда Қабул комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш марказини ёки бошқа психологик баҳолаш ўтказувчи ташкилотларни шартнома асосида жалб этган ҳолда ёхуд тегишли соҳа мутахассислари иштирокида шакллантирилади;

психологик ўрганиш топшириқларини бажариш учун номзодларга 150 дақиқа вақт берилади;

номзодлар психологик ўрганишга шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ИД-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) асл нусхаси ёки унинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли ва уларнинг психологик ўрганишга ўтганлиги тўғрисидаги хабарнома асосида киритилади;

психологик ўрганишлар ўтказиладиган бинога номзодлар махсус текширувдан ўтказилган ҳолда киритилади. Бунда жадвал, китоб, мобил телефон, компьютер, калькулятор, телекоммуникация воситалари ҳамда бошқа ёрдамчи материалларни олиб кириш, шунингдек, психологик ўрганиш жараёнида ўзаро мулоқот қилиш ёки бир-бирига ёрдам бериш тақиқланади. Ушбу талабларни бузган шахслар психологик ўрганишдан четлаштирилади ва психологик ўрганишдан ўтмаган деб ҳисобланади.

24. Номзодлар психологик ўрганиш учун белгиланган вақт ва жойга ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва уларнинг психологик ўрганишга ўтганлиги тўғрисидаги хабарнома билан келиши лозим. Белгиланган вақтдан кеч қолган номзодлар психологик ўрганишга киритилмайди, психологик ўрганишда қатнашмаган номзодлар учун қўшимча психологик ўрганиш ўтказилмайди.

25. Номзодларнинг психологик ўрганиш давомида аудиториядан чиқиши тақиқланади. Уларнинг соғлиғи ёмонлашиши ва бошқа зарур ҳолатларда психологик ўрганиш материалларини қолдириб, кузатув остида аудиториядан чиқишга рухсат берилади.

26. Психологик ўрганишни ўтказиш тартибини бузган номзодлар аудитория кузатувчилари томонидан далолатнома расмийлаштирган ҳолда психологик ўрганишдан четлаштирилади ва уларнинг синов ишлари баҳоланмайди.

27. Психологик ўрганиш натижалари психологик ўрганиш топшириқлари натижалари тақдим этилган вақтдан эътиборан 2 иш куни ичида электрон платформада эълон қилинади.

28. Психологик ўрганишдан муваффақиятли ўтган номзодларга психологик ўрганиш натижалари эълон қилинган куннинг ўзида уларнинг электрон платформадаги шахсий кабинетларига суҳбат босқичига ўтганлиги тўғрисидаги хабарнома юборилади. Бунда мазкур хабарномада суҳбатдан ўтишнинг саналари, жойлари ва номзодларнинг шахсий маълумотлари акс эттирилади.

Ушбу хабарномадан (электрон ёки босма шаклда) номзодлар суҳбатдан ўтишга шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ИД-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) билан бирга кириш учун рухсатнома сифатида фойдаланади.

5-боб. Номзодларни суҳбатдан ўтказиш

29. Психологик ўрганишдан муваффақиятли ўтган номзодлар билан суҳбат Қабул комиссияси томонидан ўтказилади.

Бунда номзодлар суҳбатга уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ИД-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) асл нусхаси ёки унинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли ва суҳбатга ўтганлиги тўғрисидаги хабарнома асосида киритилади.

30. Қабул комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда номзодларни суҳбатдан ўтказиш амалга оширилади.

Қабул комиссияси аъзоси суҳбатдан ўтаётган номзоднинг яқин қариндоши бўлса ёки суҳбат натижасидан бевосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, аъзо ўзини ўзи рад этиши шарт. Мазкур тартибга риоя қилмаслик суҳбат натижаларини бекор қилишга асос бўлади.

Қабул комиссияси суҳбатда номзодларни баҳолаш учун тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.

31. Суҳбат давомида номзодларнинг стратегик ва тизимли фикрлаши, коммуникатив кўникмалари, лидерлик салоҳияти ва ўзгаришларни бошқариш қобилияти, қарор қабул қилишда ҳалоллиги, касбий билимлари, шунингдек Дастур доирасида ўқишга тайёрлик ва мотивацияси баҳоланади.

32. Суҳбат жараёни шаффоф ҳамда адолатли ўтказилади. Суҳбат жараёнлари видеотасвирга ёзиб олинади.

33. Суҳбат натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Суҳбатдан ўтишда 60 ва ундан паст баллни тўплаган номзодлар суҳбатдан ўтмаган ва Дастур доирасида ўқишга қабул қилинмаган ҳисобланади.

Суҳбат Қабул комиссияси томонидан якка тартибда, ҳар бир номзод билан алоҳида ўтказилади ҳамда унинг давомийлиги кўпи билан 30 дақиқани ташкил этади. Номзоднинг билим ва компетенциялари қуйидаги кўникмалар асосида баҳоланади:

стратегик ва тизимли фикрлаши — 20 балл;

коммуникатив кўникмалари — 20 балл;

лидерлик салоҳияти ва ўзгаришларни бошқариш қобилияти — 15 балл;

қарор қабул қилишда ҳалоллиги — 15 балл;

касбий билимлари — 15 балл;

Дастур доирасида ўқишга тайёрлик ва мотивацияси — 15 балл.

34. Суҳбатда ҳар бир номзодга ушбу Низомнинг 33-бандида келтирилган кўникмалар бўйича олтита савол (топшириқ) тасодифий танлаш орқали берилади.

Асосий саволдан сўнг берилган жавобларни аниқлаштириш мақсадида кўпи билан учтагача қўшимча савол бериш мумкин.

35. Суҳбат натижалари Қабул комиссиясининг ҳар бир аъзоси томонидан бошқа аъзолардан мустақил равишда баҳолаш варақасида баҳоланади. Бунда Қабул комиссиясининг ҳар бир аъзоси номзодни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:

1) стратегик ва тизимли фикрлаш бўйича:

муаммони комплекс ва тизимли равишда сифатли таҳлил қилиши, қисқа ва узоқ муддатли оқибатларни тўлиқ баҳолай олиши, муқобил ечимларни тўлиқ таққослай олиши, қарорларининг стратегик асосларини аниқ ва тўлиқ тушунтириши ҳамда олий таълим ташкилоти ривожланишига оид мисоллар келтира олиши — 20 балл;

муаммони комплекс ва тизимли равишда таҳлил қилиши, қисқа ва узоқ муддатли оқибатларни қисман баҳолай олиши, муқобил ечимларни қисман таққослай олиши, қарорларининг стратегик асосларини аниқ ва қисман тушунтириши ҳамда олий таълим ташкилоти ривожланишига оид мисоллар келтира олиши — 15 балл;

муаммони сифатсиз таҳлил қилиши, қисқа ва узоқ муддатли оқибатларни қисман баҳолай олиши, муқобил ечимларни қисман таққослай олиши, қарорларининг стратегик асосларини қисман тушунтириши ҳамда олий таълим ташкилоти ривожланишига оид мисоллар келтира олмаслиги — 10 балл;

муаммони комплекс ва тизимли равишда сифатсиз таҳлил қилиши, қисқа ва узоқ муддатли оқибатларни баҳолай олмаслиги, муқобил ечимларни таққослай олмаслиги, қарорларининг стратегик асосларини қисман тушунтириши ҳамда олий таълим ташкилоти ривожланишига оид мисоллар келтира олмаслиги — 5 балл;

саволларга умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл;

2) коммуникатив кўникмалар бўйича:

фикрини равон, аниқ ва мантиқий равишда сифатли баён қилиши, саволларга тўлиқ ва ишонч билан жавоб бериши, тинглаш маданияти юқорилиги, мураккаб фикрларни содда тушунтира олиши, нутқ маданияти ва этикага тўлиқ риоя қила олиши — 20 балл;

фикрини равон, аниқ ва мантиқий равишда баён қилиши, саволларга ишонч билан жавоб бериши, тинглаш маданияти юқорилиги, мураккаб фикрларни содда тушунтира олиши, нутқ маданияти ва этикага риоя қила олиши — 15 балл;

фикрини сифатсиз баён қилиши, саволларга қисман жавоб бериши, тинглаш маданияти ўрталиги, мураккаб фикрларни содда тушунтира олиши, нутқ маданияти ва этикага риоя қила олиши — 10 балл;

фикрини сифатсиз баён қилиши, саволларга қисман жавоб бериши, тинглаш маданияти ўрталиги, мураккаб фикрларни содда тушунтира олмаслиги, нутқ маданияти ва этикага тўлиқ риоя қилмаслиги — 5 балл;

саволларга умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл;

3) лидерлик салоҳияти ва ўзгаришларни бошқариш қобилияти бўйича:

жамоани бошқариш тажрибасини аниқ мисоллар билан сифатли баён қила олиши, ўзгаришларни режалаштира олиши, қаршиликларни бошқариш усулларини тушунтириши, натижага йўналтирилган ёндашувни намоён эта олиши — 15 балл;

жамоани бошқариш тажрибасини мисоллар билан сифатсиз баён қилиши, ўзгаришларни режалаштира олиши, қаршиликларни бошқариш усулларини тушунтириши, натижага йўналтирилган ёндашувни намоён эта олиши — 10 балл;

жамоани бошқариш тажрибасини сифатсиз баён қилиши, ўзгаришларни режалаштира олмаслиги, қаршиликларни бошқариш усулларини тушунтириши, натижага йўналтирилган ёндашувни намоён эта олиши — 5 балл;

саволларга умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл;

4) қарор қабул қилишда ҳалоллиги бўйича:

манфаатлар тўқнашуви юзага келганда тўғри йўл тутишини сифатли асослай олиши, шаффофлик ва жавобгарлик тамойилларини яхши тушуниши, ҳаётий вазиятларда ҳалол қарор қабул қилиш мисолларини келтира олиши — 15 балл;

манфаатлар тўқнашуви юзага келганда тўғри йўл тутишини асослай олиши, шаффофлик ва жавобгарлик тамойилларини тушуниши, ҳаётий вазиятларда ҳалол қарор қабул қилиш мисолларини келтира олиши — 10 балл;

манфаатлар тўқнашуви юзага келганда тўғри йўл тутишини асослай олмаслиги, шаффофлик ва жавобгарлик тамойилларини тушунмаслиги, ҳаётий вазиятларда ҳалол қарор қабул қилиш мисолларини келтира олмаслиги — 5 балл;

саволларга умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл;

5) касбий билимлари бўйича:

лавозим ва мутахассислиги бўйича чуқур билимга эгалиги, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва замонавий ёндашувларни сифатли билиши, билимларини амалий мисоллар билан тўлиқ асослай олиши — 15 балл;

лавозим ва мутахассислиги бўйича чуқур билимга эгалиги, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва замонавий ёндашувларни билиши, билимларини амалий мисоллар билан қисман асослай олиши — 10 балл;

лавозим ва мутахассислиги бўйича билимга эгалиги, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва замонавий ёндашувларни билмаслиги, билимларини амалий мисоллар билан асослай олмаслиги — 5 балл;

саволларга умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл.

36. Номзоднинг суҳбат бўйича якуний бали Қабул комиссиясининг аъзолар қўйган умумий баллардан келиб чиқиб қуйидаги формула орқали аниқланади:

С = (Б 1 + Б 2 + … + Б 5 ) / н

Бунда:

С — номзоднинг суҳбат бўйича якуний бали;

Б 1 , Б₂ ..., Б 5 — номзодга Қабул комиссияси аъзолари томонидан қўйилган баллар;

н — суҳбатда иштирок этган Қабул комиссияси аъзоларининг сони.

37. Суҳбат натижалари суҳбатдан ўтказиш якунланган вақтдан эътиборан 2 иш куни ичида электрон платформада эълон қилинади.

6-боб. Баҳолаш натижаларини шакллантириш ва эълон қилиш

38. Якуний натижа номзодларни суҳбатдан ўтказиш якунланганидан сўнг, 10 иш кунида Қабул комиссияси томонидан номзодларнинг тест синови, психологик ўрганиш ва суҳбат натижалари бўйича тўплаган баллари асосида шакллантирилади.

39. Номзодларнинг якуний бали 100 баллик баҳолаш тизими асосида қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

ЙБ = (ТС × 0,30) + (ПЎ × 0,20) + (С × 0,50)

Бунда:

ЙБ — номзоднинг якуний бали;

ТС — тест синови натижасида олинган балл;

ПЎ — психологик ўрганиш натижасида олинган балл;

С — суҳбат натижасида олинган балл.

40. Номзодлар тўплаган якуний баллар рейтинг асосида сараланади ва қабул квотаси доирасида Қабул комиссияси томонидан Дастур доирасида ўқишга тавсия этилади.

Бунда номзодларнинг якуний баллар рейтинги якуний натижалар шакллантирилган кундан эътиборан 2 иш куни ичида электрон платформада эълон қилинади.

Якуний баллар рейтингида ҳар бир номзоднинг якуний бали ҳамда рейтингдаги ўрни кўрсатилади.

41. Номзодлар томонидан тенг якуний балл тўпланган тақдирда, уларга қуйидаги кетма-кетликда устунлик берилади:

1) тест синови натижаси бўйича;

2) психологик ўрганиш натижаси бўйича;

3) раҳбарлик лавозимларидаги иш тажрибаси бўйича.

42. Дастур доирасида ўқишга тавсия этилган номзод ўқишдан воз кечган тақдирда, унинг ўрнига қабул квотасига кирмаган номзодлар орасидан якуний баллар бўйича энг юқори балл тўплаган номзод ўқишга тавсия этилади.

Бунда номзод Дастур доирасида ўқишга тавсия этилганлиги тўғрисида хабардор қилинган кундан эътиборан 2 иш куни ичида ўқишга розилигини тасдиқлаши шарт.

Белгиланган муддатда розилиги тасдиқланмаган ёки номзод Дастур доирасида ўқишдан воз кечган тақдирда, у ўқишга тавсия этилганлар рўйхатидан чиқарилади ҳамда унинг ўрнига якуний баллар бўйича энг юқори балл тўплаган қабул квотасига кирмаган номзод Дастур доирасида ўқишга тавсия этилади.

Мазкур тартиб қабул квотаси тўлдирилгунга қадар ёки қабул квотасига кирмаган номзодлар тугагунига қадар кетма-кет қўлланилади.

43. Қабул комиссияси тавсияси бўйича Университет ректорининг буйруғи асосида номзодлар Дастур доирасида ўқишга қабул қилинади.

7-боб. Номзодларнинг шикоятларини кўриб чиқиш

44. Тест синовлари, психологик ўрганиш ва суҳбат натижалари бўйича номзодларнинг шикоятлари, уларнинг натижалари электрон платформада эълон қилинган кундан ва хабардор қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида Университетга ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.

45. Университет ректорининг буйруғи билан камида 5 кишидан иборат апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссиясининг таркиби Техник гуруҳ ва Қабул комиссияси ишида иштирок этмаган шахслардан тузилади.

46. Апелляция комиссияси шикоят қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида номзодни шикоятини кўриб чиқиш куни ҳақида хабардор қилади. Бунда, номзод апелляция комиссия томонидан шикоятни кўриб чиқишда иштирок этишга ҳақли.

47. Апелляция комиссияси шикоятни у берилган кундан бошлаб 2 иш куни ичида кўриб чиқади ва қарор қабул қилинган куни номзодни шикоят қаноатлантирилган ёки рад этилганлигини кўрсатган ҳолда, ёзма ёки электрон равишда ёхуд номзоднинг электрон платформадаги шахсий кабинети орқали хабардор қилади.

Бунда Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

шикоятни асосланган деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантириш;

шикоятни асоссиз деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантиришни рад этиш.

48. Дастур доирасида ўқишга қабул қилиш тартибидан норози бўлган номзодлар қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

8-боб. Якуний қоида

49. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. ШАРИПОВ

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Э. КАРИМОВА

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Б. ЮЛДАШЕВ

Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в.б. У. ХУСАИНОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 3 июль,

Тошкент ш.,

2026 йил 24 июнь,

2026 йил 3 июль

2026 йил 19 июнь

43-қ/қ-сон

39-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2026 й., 10/26/3897/0730-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining

qarori

NIZOM

“Yangi Oʻzbekiston” universitetida davlat oliy taʼlim tashkilotlari rektori (direktori) lavozimiga nomzodlarni tayyorlash boʻyicha “Rektorlar maktabi” dasturi doirasida oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 16-apreldagi 177-son “Yangi Oʻzbekiston” universitetida “Rektorlar maktabi” dasturini yoʻlga qoʻyish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi qaror qiladi:

1. “Yangi Oʻzbekiston” universitetida davlat oliy taʼlim tashkilotlari rektori (direktori) lavozimiga nomzodlarni tayyorlash boʻyicha “Rektorlar maktabi” dasturi doirasida oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi bilan kelishilgan.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining 2026-yil 3-iyuldagi 43-q/q-son hamda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining 2026-yil 24-iyundagi 39-mh-son qaroriga ILOVA

“Yangi Oʻzbekiston” universitetida davlat oliy taʼlim tashkilotlari rektori (direktori) lavozimiga nomzodlarni tayyorlash boʻyicha “Rektorlar maktabi” dasturi doirasida oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom “Yangi Oʻzbekiston” universitetida (bundan buyon matnda Universitet deb yuritiladi) davlat oliy taʼlim tashkilotlari rektori (direktori) lavozimiga nomzodlarni tayyorlash boʻyicha “Rektorlar maktabi” dasturi (bundan buyon matnda Dastur deb yuritiladi) doirasida oʻqishga qabul qilish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalar qoʻllaniladi:

nomzodlar — Dastur doirasida oʻqishga kirish istagini bildirgan shaxslar;

Texnik guruh — har yili Universitet rektori buyrugʻi bilan tashkil etiladigan nomzodlarning hujjatlarini qabul qiladigan va ularni oʻrganadigan hamda nomzodlarga maslahat beradigan guruh;

Qabul komissiyasi — har yili Universitet rektorining buyrugʻi bilan tashkil etiladigan nomzodlarning test sinovlarini, psixologik oʻrganishlarini hamda suhbatdan oʻtkazish jarayonlarini muvofiqlashtiruvchi kollegial organ.

2. Dastur doirasida 30 yoshga toʻlgan, kamida magistr akademik darajasiga va oliy taʼlim sohasida kamida 5 yillik ish tajribasiga ega boʻlgan, shu jumladan, 2 yil rahbarlik lavozimlarida ishlagan nomzodlar ochiq tanlov asosida oʻqishga qabul qilinadi .

3. Dastur doirasida oʻqishga qabul qilishda nomzodlarning oliy taʼlim sohasida, shu jumladan oliy taʼlim tashkilotlari, davlat organlari va tashkilotlarida oliy taʼlim sohasiga oid vazifalarni amalga oshirish bilan bogʻliq rahbarlik lavozimlaridagi ish tajribasi inobatga olinadi.

Bunda rektor, prorektor, direktor, direktor oʻrinbosari, filial direktori, filial direktori oʻrinbosari, dekan, dekan oʻrinbosari, fakultet boshligʻi, fakultet boshligʻi oʻrinbosari, kafedra mudiri, boshqarma boshligʻi, boshqarma boshligʻi oʻrinbosari, boʻlim boshligʻi, markaz rahbari, shuʼba mudiri hamda lavozim vazifalari va boshqaruv funksiyalari mazmuniga koʻra boshqa rahbarlik vazifalari yuklatilgan lavozimlar rahbarlik lavozimlari sifatida eʼtirof etiladi.

4. Nomzodlarni Dastur doirasida oʻqishga qabul qilish quyidagi bosqichlardan iborat ochiq tanlov asosida bepul amalga oshiriladi:

birinchi bosqich — nomzodlarning arizalarini qabul qilish va ularni oʻrganish;

ikkinchi bosqich — nomzodlarni test sinovlaridan oʻtkazish;

uchinchi bosqich — nomzodlarni psixologik oʻrganish;

toʻrtinchi bosqich — nomzodlar bilan suhbat oʻtkazish.

5. Dastur doirasida oʻqishga qabul bir yilda kamida ikki marotaba oʻtkaziladi. Yillik qabul kvotasi 80 nafarni tashkil etadi. Bunda qabul davrlari kesimida kvotani taqsimlash Qabul komissiyasi tomonidan belgilanadi.

6. Nomzodlar test sinovlari, psixologik oʻrganish va suhbatdan oʻtish natijalari boʻyicha toʻplangan umumiy ballariga koʻra mazkur Nizomning 6-bobiga muvofiq Dastur doirasida oʻqishga qabul qilinadi.

2-bob. Nomzodlarning arizalarini qabul qilish va ularni oʻrganish

7. Dastur doirasida oʻqishga kirish uchun nomzodlarning arizalarini topshirish muddati Qabul komissiyasi tomonidan belgilanadi.

Texnik guruh tomonidan ochiq tanlov haqidagi eʼlonlar nomzodlarning arizalarini topshirish muddati boshlanishidan kamida ikki hafta oldin ommaviy axborot vositalari (televideniye, bosma va internet nashrlari) hamda Universitetning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.

8. Ochiq tanlov haqidagi eʼlonlarda quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

1) arizalarni qabul qilish muddati va tartibi;

2) nomzodlarga qoʻyiladigan talablar;

3) Dastur doirasida oʻqishga qabul qilish kvotasining soni;

4) Universitetning aloqa telefon nomerlari va elektron pochta manzillari.

9. Nomzodlar Qabul komissiyasi tomonidan belgilangan muddatlarda bevosita Universitetning elektron platformasidan (bundan buyon matnda elektron platforma deb yuritiladi) roʻyxatdan oʻtgan holda shaxsiy kabinetlari orqali ariza bilan murojaat qiladilar.

Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:

maʼlumotnoma-obyektivka;

ingliz tilini bilish sertifikati (agar mavjud boʻlsa).

Taqdim etilgan hujjatlardagi maʼlumotlarning haqqoniyligiga nomzodlar masʼul hisoblanadi.

10. Nomzodlar tomonidan taqdim etilgan arizalar va ularga ilova qilingan hujjatlar Texnik guruh tomonidan ular taqdim etilgan kundan boshlab 3 ish kuni ichida oʻrganib chiqiladi.

Bunda nomzodlarning arizalariga ilova qilingan hujjatlardagi maʼlumotlarning haqiqiyligi Texnik guruh tomonidan mavjud imkoniyatlar va vakolatli davlat organlariga soʻrovlar yuborish orqali tekshirilishi mumkin.

11. Nomzodlarning arizalari va unga ilova qilingan hujjatlar Texnik guruh tomonidan oʻrganib chiqilganidan soʻng, uning natijasiga koʻra 1 ish kuni ichida nomzodlarga arizalari qabul qilinganligi yoki qabul qilish rad etilganligi yoxud arizalar va ularga ilova qilingan hujjatlardagi kamchiliklarni bartaraf etish haqida ularning elektron platformasidagi shaxsiy kabinetlariga xabarnoma yuboriladi.

12. Nomzodlarning arizalari qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi xabarnomada test sinovlarining sanalari, joylari va nomzodlarning shaxsiy maʼlumotlari aks ettiriladi.

Ushbu xabarnomadan (elektron yoki bosma shaklda) nomzodlar test sinovlariga shaxsni tasdiqlovchi hujjatlarining (fuqarolik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti yoki haydovchilik guvohnomasi) asl nusxasi yoki uning Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va (yoki) “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali beriladigan elektron shakli bilan birga kirish uchun ruxsatnoma sifatida foydalanadi.

13. Nomzodlarning arizalari va ularga ilova qilingan hujjatlarda kamchiliklar aniqlangan taqdirda, ushbu kamchiliklar koʻrsatilgan xabarnoma yuborilgan kundan boshlab nomzodlar tomonidan 2 ish kuni ichida bartaraf etilishi lozim.

Kamchiliklar bartaraf etilgandan soʻng, arizalar va unga ilova qilingan hujjatlar Texnik guruh tomonidan takroran 3 ish kuni ichida oʻrganib chiqiladi.

Agar Texnik guruh tomonidan takroran nomzodlarning arizalari va unga ilova qilingan hujjatlari oʻrganilishi natijasida ulardagi kamchiliklar bartaraf etilmaganligi aniqlansa, ushbu Nizomning 14-bandiga muvofiq nomzodlarning arizalarini qabul qilish rad etiladi.

14. Nomzodlarning arizalarini qabul qilish quyidagi hollarda rad etiladi:

nomzodlar mazkur Nizomning 2 va 3-bandlarida nazarda tutilgan talablarga javob bermagan taqdirda;

nomzodlar tomonidan ariza va unga ilova qilingan hujjatlardagi kamchiliklar ushbu Nizomning 13-bandida keltirilgan muddatlarda toʻliq bartaraf etilmagan taqdirda;

nomzodlarning arizalariga ilova qilingan hujjatlarda notoʻgʻri yoki yolgʻon maʼlumotlar aniqlangan taqdirda;

nomzodlar oʻz arizalarini qaytarib olish toʻgʻrisida murojaat etgan taqdirda.

3-bob. Nomzodlarni test sinovlaridan oʻtkazish

15. Nomzodlarni Dastur doirasida oʻqishga qabul qilish oʻquv-akademik boshqaruv, moliya-iqtisodiyot, ilmiy tadqiqotlar va innovatsiyalar, maʼnaviyat va maʼrifat hamda sunʼiy intellekt va axborot texnologiyalari yoʻnalishlaridan, shuningdek ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi kamida B2 va unga tenglashtirilgan darajadagi milliy yoki xalqaro sertifikat boʻlmagan taqdirda yoki ushbu sertifikat mavjud boʻlib, uning amal qilish muddati oʻtgan taqdirda, ingliz tilidan test shaklida amalga oshiriladi.

Bunda baholash mezonlari quyidagicha belgilanadi:

yoʻnalishlar boʻyicha 40 ta test uchun — 80 ball (har bir toʻgʻri javob uchun 2 ball);

ingliz tili boʻyicha 20 ta test uchun — 20 ball (har bir toʻgʻri javob uchun 1 ball).

Ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi kamida B2 va unga tenglashtirilgan darajadagi milliy yoki xalqaro sertifikati mavjud boʻlgan nomzodlarga ingliz tili boʻyicha eng koʻp (maksimal) 20 ball beriladi.

Test sinovlarida eng koʻp (maksimal) toʻplanishi mumkin boʻlgan ball 100 ballni tashkil etadi. Test sinovlarida 55 va undan past ballni toʻplagan nomzodlar keyingi bosqichga (psixologik oʻrganishga) oʻtkazilmaydi va testdan oʻtmagan hamda Dastur doirasida oʻqishga qabul qilinmagan hisoblanadi.

16. Test sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish quyidagi tartibda amalga oshiriladi:

test topshiriqlari Universitet binosida maxfiylik taʼminlangan holda Qabul komissiyasi tomonidan tegishli soha mutaxassislari ishtirokida shakllantiriladi. Bunda test topshiriqlarida har bir savol uchun toʻrtta javob varianti keltirilib, ulardan faqat bittasi toʻgʻri boʻladi;

test sinovlarining topshiriqlari shakllantiriladigan mavzular roʻyxati test sinovlari oʻtkazilishidan kamida 5 ish kuni oldin elektron platformada eʼlon qilinadi;

test sinovlaridagi topshiriqlarni bajarish uchun nomzodlarga 120 daqiqa vaqt beriladi;

nomzodlar test sinovlariga shaxsini tasdiqlovchi hujjatning (fuqarolik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti yoki haydovchilik guvohnomasi) asl nusxasi yoki uning Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va (yoki) “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali beriladigan elektron shakli va ularning arizalari qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma asosida kiritiladi;

test sinovlari oʻtkaziladigan binoga nomzodlar maxsus tekshiruvdan oʻtkazilgan holda kiritiladi. Bunda jadval, kitob, mobil telefon, kompyuter, kalkulyator, telekommunikatsiya vositalari hamda boshqa yordamchi materiallarni olib kirish, shuningdek, test jarayonida oʻzaro muloqot qilish yoki bir-biriga yordam berish taqiqlanadi. Ushbu talablarni buzgan shaxslar test sinovidan chetlashtiriladi va testdan oʻtmagan deb hisoblanadi.

17. Nomzodlar test sinovlarini topshirish uchun belgilangan vaqt va joyga oʻz shaxsini tasdiqlovchi hujjat va ularning arizalari qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma bilan kelishi lozim. Belgilangan vaqtdan kech qolgan nomzodlar sinovga kiritilmaydi, sinovda qatnashmagan nomzodlar uchun qoʻshimcha sinov oʻtkazilmaydi.

18. Nomzodlarning test sinovlari davomida auditoriyadan chiqishi taqiqlanadi. Ularning sogʻligʻi yomonlashishi va boshqa zarur holatlarda sinov materiallarini qoldirib, kuzatuv ostida auditoriyadan chiqishga ruxsat beriladi.

19. Test sinovlarini oʻtkazish tartibini buzgan nomzodlar auditoriya kuzatuvchilari tomonidan dalolatnoma rasmiylashtirgan holda sinovlardan chetlashtiriladi va ularning sinov ishlari baholanmaydi.

20. Test sinovlari natijalari test natijalari taqdim etilgan vaqtdan eʼtiboran 2 ish kuni ichida elektron platformada eʼlon qilinadi.

21. Test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodlarga test natijalari eʼlon qilingan kunning oʻzida ularning elektron platformadagi shaxsiy kabinetlariga psixologik oʻrganishga oʻtganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma yuboriladi. Bunda mazkur xabarnomada psixologik oʻrganishning sanalari, joylari va nomzodlarning shaxsiy maʼlumotlari aks ettiriladi.

Ushbu xabarnomadan (elektron yoki bosma shaklda) nomzodlar psixologik oʻrganishlarga shaxsni tasdiqlovchi hujjatlar (fuqarolik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti yoki haydovchilik guvohnomasi) bilan birga kirish uchun ruxsatnoma sifatida foydalanadi.

4-bob. Nomzodlarni psixologik oʻrganish

22. Test sinovlarini muvaffaqiyatli topshirgan nomzodlarning psixoemotsional barqarorligini, jumladan boshqaruvda yetuklik, rivojlanishga tayyorlik hamda stressga chidamliligini aniqlash maqsadida psixologik oʻrganish topshiriqlar shaklida amalga oshiriladi.

Bunda psixologik oʻrganishda har bir toʻgʻri javob uchun 0,5 ball beriladigan 200 ta topshiriq uchun 100 ball belgilanadi.

Psixologik oʻrganishda eng koʻp (maksimal) toʻplanishi mumkin boʻlgan ball 100 ballni tashkil etadi. Psixologik oʻrganishda 55 va undan past ballni toʻplagan nomzodlar keyingi bosqichga (suhbatga) oʻtkazilmaydi va psixologik oʻrganishdan oʻtmagan hamda Dastur doirasida oʻqishga qabul qilinmagan hisoblanadi.

23. Psixologik oʻrganishni tashkil etish va oʻtkazishda quyidagi tartiblar eʼtiborga olinadi:

psixologik oʻrganish topshiriqlari maxfiylik taʼminlangan holda Qabul komissiyasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi huzuridagi Rahbar kadrlarni baholash markazini yoki boshqa psixologik baholash oʻtkazuvchi tashkilotlarni shartnoma asosida jalb etgan holda yoxud tegishli soha mutaxassislari ishtirokida shakllantiriladi;

psixologik oʻrganish topshiriqlarini bajarish uchun nomzodlarga 150 daqiqa vaqt beriladi;

nomzodlar psixologik oʻrganishga shaxsini tasdiqlovchi hujjatning (fuqarolik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti yoki haydovchilik guvohnomasi) asl nusxasi yoki uning Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va (yoki) “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali beriladigan elektron shakli va ularning psixologik oʻrganishga oʻtganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma asosida kiritiladi;

psixologik oʻrganishlar oʻtkaziladigan binoga nomzodlar maxsus tekshiruvdan oʻtkazilgan holda kiritiladi. Bunda jadval, kitob, mobil telefon, kompyuter, kalkulyator, telekommunikatsiya vositalari hamda boshqa yordamchi materiallarni olib kirish, shuningdek, psixologik oʻrganish jarayonida oʻzaro muloqot qilish yoki bir-biriga yordam berish taqiqlanadi. Ushbu talablarni buzgan shaxslar psixologik oʻrganishdan chetlashtiriladi va psixologik oʻrganishdan oʻtmagan deb hisoblanadi.

24. Nomzodlar psixologik oʻrganish uchun belgilangan vaqt va joyga oʻz shaxsini tasdiqlovchi hujjat va ularning psixologik oʻrganishga oʻtganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma bilan kelishi lozim. Belgilangan vaqtdan kech qolgan nomzodlar psixologik oʻrganishga kiritilmaydi, psixologik oʻrganishda qatnashmagan nomzodlar uchun qoʻshimcha psixologik oʻrganish oʻtkazilmaydi.

25. Nomzodlarning psixologik oʻrganish davomida auditoriyadan chiqishi taqiqlanadi. Ularning sogʻligʻi yomonlashishi va boshqa zarur holatlarda psixologik oʻrganish materiallarini qoldirib, kuzatuv ostida auditoriyadan chiqishga ruxsat beriladi.

26. Psixologik oʻrganishni oʻtkazish tartibini buzgan nomzodlar auditoriya kuzatuvchilari tomonidan dalolatnoma rasmiylashtirgan holda psixologik oʻrganishdan chetlashtiriladi va ularning sinov ishlari baholanmaydi.

27. Psixologik oʻrganish natijalari psixologik oʻrganish topshiriqlari natijalari taqdim etilgan vaqtdan eʼtiboran 2 ish kuni ichida elektron platformada eʼlon qilinadi.

28. Psixologik oʻrganishdan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodlarga psixologik oʻrganish natijalari eʼlon qilingan kunning oʻzida ularning elektron platformadagi shaxsiy kabinetlariga suhbat bosqichiga oʻtganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma yuboriladi. Bunda mazkur xabarnomada suhbatdan oʻtishning sanalari, joylari va nomzodlarning shaxsiy maʼlumotlari aks ettiriladi.

Ushbu xabarnomadan (elektron yoki bosma shaklda) nomzodlar suhbatdan oʻtishga shaxsni tasdiqlovchi hujjatlar (fuqarolik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti yoki haydovchilik guvohnomasi) bilan birga kirish uchun ruxsatnoma sifatida foydalanadi.

5-bob. Nomzodlarni suhbatdan oʻtkazish

29. Psixologik oʻrganishdan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodlar bilan suhbat Qabul komissiyasi tomonidan oʻtkaziladi.

Bunda nomzodlar suhbatga ularning shaxsini tasdiqlovchi hujjatining (fuqarolik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti yoki haydovchilik guvohnomasi) asl nusxasi yoki uning Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va (yoki) “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali beriladigan elektron shakli va suhbatga oʻtganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma asosida kiritiladi.

30. Qabul komissiyasi aʼzolarining yarmidan koʻpi ishtirok etgan taqdirda nomzodlarni suhbatdan oʻtkazish amalga oshiriladi.

Qabul komissiyasi aʼzosi suhbatdan oʻtayotgan nomzodning yaqin qarindoshi boʻlsa yoki suhbat natijasidan bevosita manfaatdor boʻlsa yoxud uning xolisligiga shubha tugʻdiruvchi boshqa holatlar mavjud boʻlsa, aʼzo oʻzini oʻzi rad etishi shart. Mazkur tartibga rioya qilmaslik suhbat natijalarini bekor qilishga asos boʻladi.

Qabul komissiyasi suhbatda nomzodlarni baholash uchun tegishli soha mutaxassislarini jalb qilish huquqiga ega.

31. Suhbat davomida nomzodlarning strategik va tizimli fikrlashi, kommunikativ koʻnikmalari, liderlik salohiyati va oʻzgarishlarni boshqarish qobiliyati, qaror qabul qilishda halolligi, kasbiy bilimlari, shuningdek Dastur doirasida oʻqishga tayyorlik va motivatsiyasi baholanadi.

32. Suhbat jarayoni shaffof hamda adolatli oʻtkaziladi. Suhbat jarayonlari videotasvirga yozib olinadi.

33. Suhbat natijalari 100 ballik tizimda baholanadi. Suhbatdan oʻtishda 60 va undan past ballni toʻplagan nomzodlar suhbatdan oʻtmagan va Dastur doirasida oʻqishga qabul qilinmagan hisoblanadi.

Suhbat Qabul komissiyasi tomonidan yakka tartibda, har bir nomzod bilan alohida oʻtkaziladi hamda uning davomiyligi koʻpi bilan 30 daqiqani tashkil etadi. Nomzodning bilim va kompetensiyalari quyidagi koʻnikmalar asosida baholanadi:

strategik va tizimli fikrlashi — 20 ball;

kommunikativ koʻnikmalari — 20 ball;

liderlik salohiyati va oʻzgarishlarni boshqarish qobiliyati — 15 ball;

qaror qabul qilishda halolligi — 15 ball;

kasbiy bilimlari — 15 ball;

Dastur doirasida oʻqishga tayyorlik va motivatsiyasi — 15 ball.

34. Suhbatda har bir nomzodga ushbu Nizomning 33-bandida keltirilgan koʻnikmalar boʻyicha oltita savol (topshiriq) tasodifiy tanlash orqali beriladi.

Asosiy savoldan soʻng berilgan javoblarni aniqlashtirish maqsadida koʻpi bilan uchtagacha qoʻshimcha savol berish mumkin.

35. Suhbat natijalari Qabul komissiyasining har bir aʼzosi tomonidan boshqa aʼzolardan mustaqil ravishda baholash varaqasida baholanadi. Bunda Qabul komissiyasining har bir aʼzosi nomzodni quyidagi mezonlarga asosan baholaydi:

1) strategik va tizimli fikrlash boʻyicha:

muammoni kompleks va tizimli ravishda sifatli tahlil qilishi, qisqa va uzoq muddatli oqibatlarni toʻliq baholay olishi, muqobil yechimlarni toʻliq taqqoslay olishi, qarorlarining strategik asoslarini aniq va toʻliq tushuntirishi hamda oliy taʼlim tashkiloti rivojlanishiga oid misollar keltira olishi — 20 ball;

muammoni kompleks va tizimli ravishda tahlil qilishi, qisqa va uzoq muddatli oqibatlarni qisman baholay olishi, muqobil yechimlarni qisman taqqoslay olishi, qarorlarining strategik asoslarini aniq va qisman tushuntirishi hamda oliy taʼlim tashkiloti rivojlanishiga oid misollar keltira olishi — 15 ball;

muammoni sifatsiz tahlil qilishi, qisqa va uzoq muddatli oqibatlarni qisman baholay olishi, muqobil yechimlarni qisman taqqoslay olishi, qarorlarining strategik asoslarini qisman tushuntirishi hamda oliy taʼlim tashkiloti rivojlanishiga oid misollar keltira olmasligi — 10 ball;

muammoni kompleks va tizimli ravishda sifatsiz tahlil qilishi, qisqa va uzoq muddatli oqibatlarni baholay olmasligi, muqobil yechimlarni taqqoslay olmasligi, qarorlarining strategik asoslarini qisman tushuntirishi hamda oliy taʼlim tashkiloti rivojlanishiga oid misollar keltira olmasligi — 5 ball;

savollarga umuman javob bera olmasligi — 0 ball;

2) kommunikativ koʻnikmalar boʻyicha:

fikrini ravon, aniq va mantiqiy ravishda sifatli bayon qilishi, savollarga toʻliq va ishonch bilan javob berishi, tinglash madaniyati yuqoriligi, murakkab fikrlarni sodda tushuntira olishi, nutq madaniyati va etikaga toʻliq rioya qila olishi — 20 ball;

fikrini ravon, aniq va mantiqiy ravishda bayon qilishi, savollarga ishonch bilan javob berishi, tinglash madaniyati yuqoriligi, murakkab fikrlarni sodda tushuntira olishi, nutq madaniyati va etikaga rioya qila olishi — 15 ball;

fikrini sifatsiz bayon qilishi, savollarga qisman javob berishi, tinglash madaniyati oʻrtaligi, murakkab fikrlarni sodda tushuntira olishi, nutq madaniyati va etikaga rioya qila olishi — 10 ball;

fikrini sifatsiz bayon qilishi, savollarga qisman javob berishi, tinglash madaniyati oʻrtaligi, murakkab fikrlarni sodda tushuntira olmasligi, nutq madaniyati va etikaga toʻliq rioya qilmasligi — 5 ball;

savollarga umuman javob bera olmasligi — 0 ball;

3) liderlik salohiyati va oʻzgarishlarni boshqarish qobiliyati boʻyicha:

jamoani boshqarish tajribasini aniq misollar bilan sifatli bayon qila olishi, oʻzgarishlarni rejalashtira olishi, qarshiliklarni boshqarish usullarini tushuntirishi, natijaga yoʻnaltirilgan yondashuvni namoyon eta olishi — 15 ball;

jamoani boshqarish tajribasini misollar bilan sifatsiz bayon qilishi, oʻzgarishlarni rejalashtira olishi, qarshiliklarni boshqarish usullarini tushuntirishi, natijaga yoʻnaltirilgan yondashuvni namoyon eta olishi — 10 ball;

jamoani boshqarish tajribasini sifatsiz bayon qilishi, oʻzgarishlarni rejalashtira olmasligi, qarshiliklarni boshqarish usullarini tushuntirishi, natijaga yoʻnaltirilgan yondashuvni namoyon eta olishi — 5 ball;

savollarga umuman javob bera olmasligi — 0 ball;

4) qaror qabul qilishda halolligi boʻyicha:

manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelganda toʻgʻri yoʻl tutishini sifatli asoslay olishi, shaffoflik va javobgarlik tamoyillarini yaxshi tushunishi, hayotiy vaziyatlarda halol qaror qabul qilish misollarini keltira olishi — 15 ball;

manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelganda toʻgʻri yoʻl tutishini asoslay olishi, shaffoflik va javobgarlik tamoyillarini tushunishi, hayotiy vaziyatlarda halol qaror qabul qilish misollarini keltira olishi — 10 ball;

manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelganda toʻgʻri yoʻl tutishini asoslay olmasligi, shaffoflik va javobgarlik tamoyillarini tushunmasligi, hayotiy vaziyatlarda halol qaror qabul qilish misollarini keltira olmasligi — 5 ball;

savollarga umuman javob bera olmasligi — 0 ball;

5) kasbiy bilimlari boʻyicha:

lavozim va mutaxassisligi boʻyicha chuqur bilimga egaligi, amaldagi normativ-huquqiy hujjatlar va zamonaviy yondashuvlarni sifatli bilishi, bilimlarini amaliy misollar bilan toʻliq asoslay olishi — 15 ball;

lavozim va mutaxassisligi boʻyicha chuqur bilimga egaligi, amaldagi normativ-huquqiy hujjatlar va zamonaviy yondashuvlarni bilishi, bilimlarini amaliy misollar bilan qisman asoslay olishi — 10 ball;

lavozim va mutaxassisligi boʻyicha bilimga egaligi, amaldagi normativ-huquqiy hujjatlar va zamonaviy yondashuvlarni bilmasligi, bilimlarini amaliy misollar bilan asoslay olmasligi — 5 ball;

savollarga umuman javob bera olmasligi — 0 ball.

36. Nomzodning suhbat boʻyicha yakuniy bali Qabul komissiyasining aʼzolar qoʻygan umumiy ballardan kelib chiqib quyidagi formula orqali aniqlanadi:

S = (B 1 + B 2 + … + B 5 ) / n

Bunda:

S — nomzodning suhbat boʻyicha yakuniy bali;

B 1 , B₂ ..., B 5 — nomzodga Qabul komissiyasi aʼzolari tomonidan qoʻyilgan ballar;

n — suhbatda ishtirok etgan Qabul komissiyasi aʼzolarining soni.

37. Suhbat natijalari suhbatdan oʻtkazish yakunlangan vaqtdan eʼtiboran 2 ish kuni ichida elektron platformada eʼlon qilinadi.

6-bob. Baholash natijalarini shakllantirish va eʼlon qilish

38. Yakuniy natija nomzodlarni suhbatdan oʻtkazish yakunlanganidan soʻng, 10 ish kunida Qabul komissiyasi tomonidan nomzodlarning test sinovi, psixologik oʻrganish va suhbat natijalari boʻyicha toʻplagan ballari asosida shakllantiriladi.

39. Nomzodlarning yakuniy bali 100 ballik baholash tizimi asosida quyidagi formula boʻyicha hisoblanadi:

YB = (TS × 0,30) + (POʻ × 0,20) + (S × 0,50)

Bunda:

YB — nomzodning yakuniy bali;

TS — test sinovi natijasida olingan ball;

POʻ — psixologik oʻrganish natijasida olingan ball;

S — suhbat natijasida olingan ball.

40. Nomzodlar toʻplagan yakuniy ballar reyting asosida saralanadi va qabul kvotasi doirasida Qabul komissiyasi tomonidan Dastur doirasida oʻqishga tavsiya etiladi.

Bunda nomzodlarning yakuniy ballar reytingi yakuniy natijalar shakllantirilgan kundan eʼtiboran 2 ish kuni ichida elektron platformada eʼlon qilinadi.

Yakuniy ballar reytingida har bir nomzodning yakuniy bali hamda reytingdagi oʻrni koʻrsatiladi.

41. Nomzodlar tomonidan teng yakuniy ball toʻplangan taqdirda, ularga quyidagi ketma-ketlikda ustunlik beriladi:

1) test sinovi natijasi boʻyicha;

2) psixologik oʻrganish natijasi boʻyicha;

3) rahbarlik lavozimlaridagi ish tajribasi boʻyicha.

42. Dastur doirasida oʻqishga tavsiya etilgan nomzod oʻqishdan voz kechgan taqdirda, uning oʻrniga qabul kvotasiga kirmagan nomzodlar orasidan yakuniy ballar boʻyicha eng yuqori ball toʻplagan nomzod oʻqishga tavsiya etiladi.

Bunda nomzod Dastur doirasida oʻqishga tavsiya etilganligi toʻgʻrisida xabardor qilingan kundan eʼtiboran 2 ish kuni ichida oʻqishga roziligini tasdiqlashi shart.

Belgilangan muddatda roziligi tasdiqlanmagan yoki nomzod Dastur doirasida oʻqishdan voz kechgan taqdirda, u oʻqishga tavsiya etilganlar roʻyxatidan chiqariladi hamda uning oʻrniga yakuniy ballar boʻyicha eng yuqori ball toʻplagan qabul kvotasiga kirmagan nomzod Dastur doirasida oʻqishga tavsiya etiladi.

Mazkur tartib qabul kvotasi toʻldirilgunga qadar yoki qabul kvotasiga kirmagan nomzodlar tugaguniga qadar ketma-ket qoʻllaniladi.

43. Qabul komissiyasi tavsiyasi boʻyicha Universitet rektorining buyrugʻi asosida nomzodlar Dastur doirasida oʻqishga qabul qilinadi.

7-bob. Nomzodlarning shikoyatlarini koʻrib chiqish

44. Test sinovlari, psixologik oʻrganish va suhbat natijalari boʻyicha nomzodlarning shikoyatlari, ularning natijalari elektron platformada eʼlon qilingan kundan va xabardor qilingan kundan boshlab 5 ish kuni ichida Universitetga yozma yoki elektron shaklda taqdim etiladi.

45. Universitet rektorining buyrugʻi bilan kamida 5 kishidan iborat apellyatsiya komissiyasi tuziladi.

Apellyatsiya komissiyasining tarkibi Texnik guruh va Qabul komissiyasi ishida ishtirok etmagan shaxslardan tuziladi.

46. Apellyatsiya komissiyasi shikoyat qilingan kundan boshlab bir ish kuni ichida nomzodni shikoyatini koʻrib chiqish kuni haqida xabardor qiladi. Bunda, nomzod apellyatsiya komissiya tomonidan shikoyatni koʻrib chiqishda ishtirok etishga haqli.

47. Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni u berilgan kundan boshlab 2 ish kuni ichida koʻrib chiqadi va qaror qabul qilingan kuni nomzodni shikoyat qanoatlantirilgan yoki rad etilganligini koʻrsatgan holda, yozma yoki elektron ravishda yoxud nomzodning elektron platformadagi shaxsiy kabineti orqali xabardor qiladi.

Bunda Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni koʻrib chiqish natijalariga koʻra quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:

shikoyatni asoslangan deb hisoblash hamda uni qanoatlantirish;

shikoyatni asossiz deb hisoblash hamda uni qanoatlantirishni rad etish.

48. Dastur doirasida oʻqishga qabul qilish tartibidan norozi boʻlgan nomzodlar qonunchilikda belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishga haqli.

8-bob. Yakuniy qoida

49. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K. SHARIPOV

Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri E. KARIMOVA

Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi direktori B. YULDASHEV

Boshqaruv samaradorligi agentligi direktori v.b. U. XUSAINOV

Toshkent sh.,

2026-yil 3-iyul,

Toshkent sh.,

2026-yil 24-iyun,

2026-yil 3-iyul

2026-yil 19-iyun

43-q/q-son

39-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.07.2026-y., 10/26/3897/0730-son)

lex.uz