UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 30-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 30 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 июня 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Комитет промышленной, радиационной и ядерной безопасности при Кабинете Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 June 2026 · Ministry and agency documents · Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг

Қарори

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ

Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялашда ҳамда газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда хавфсизлик талабларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:

1. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялашда ҳамда газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда хавфсизлик талаблари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 30 июндаги 48-сон қарорига ИЛОВА

Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялашда ҳамда газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда

Мазкур Хавфсизлик талаблари ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар, қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш пунктларида қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда кондициялаш, шунингдек газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш жараёнларида радиациявий ва ядровий хавфсизликни таъминлашга қўйиладиган талабларни белгилайди.

Ушбу Хавфсизлик талаблари қуйидаги радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишга нисбатан татбиқ этилмайди:

радиоактив рудаларни қазиб олиш ва бойитиш натижасида ҳосил бўладиган қаттиқ радиоактив чиқиндиларга;

таркибида табиий радионуклидлар миқдори юқори бўлган минерал ва органик хомашёни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш натижасида ҳосил бўладиган қаттиқ радиоактив чиқиндиларга;

радиоактив моддалар билан ифлосланган ҳудудларни реабилитация қилиш натижасида ҳосил бўладиган қаттиқ радиоактив чиқиндиларга;

фойдаланилган ёпиқ ионлаштирувчи нурланиш манбаларига.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Хавфсизлик талабларида қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар — атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва мазкур соҳадаги фаолиятнинг хавфсизлиги талабларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар;

эксплуатация қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;

радиациявий манбалар — таркибида радиоактив моддалар мавжуд бўлган ёки ионлаштирувчи нурланиш чиқарадиган, ядровий қурилмалар жумласига кирмайдиган мажмуалар, қурилмалар, аппаратлар, ускуналар ва буюмлар;

радиоактив чиқиндилар — фойдаланиш учун мўлжалланмаган, йўл қўйилиши мумкин бўлган энг кўп миқдордан ошадиган фаоллик даражасига эга радионуклидларни ўз ичига олган ҳар қандай агрегат ҳолатидаги материаллар ва моддалар;

радиоактив чиқиндиларни кондициялаш (бундан буён матнда кондициялаш деб юритилади) — радиоактив чиқиндиларни кўмиш учун яроқли бўлган ва радиоактив чиқиндиларни кўмиш учун мақбуллик мезонларига мувофиқ бўлган физик шакл ва ҳолатга келтириш бўйича технологик жараёнлар;

ядровий қурилмалар — атом электр станциялари, тадқиқот ядро реакторлари, критик ва субкритик ядровий стендлари бўлган иншоотлар ҳамда мажмуалар, ядровий ёқилғидан ва ядровий материаллардан фойдаланиш ҳамда уларни ташиш учун мўлжалланган қурилмалар.

2-боб. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш, шунингдек газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомала бўлишда хавфсизликни таъминлашнинг умумий талаблари

2. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш, шунингдек газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш жараёнларида қуйидаги хавфсизлик талаблари таъминланади:

Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг хавфсизлик талабларига (рўйхат рақами 3694, 2025 йил 28 октябрь) риоя қилиш;

ходимлар ва аҳолининг ионлаштирувчи нурланишдан оладиган дозалари СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН-2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитария қоидалари (РХТАСҚ-2006)»да белгиланган доза чегараларидан ошмаслиги ҳамда нурланишнинг оқилона эришиш мумкин бўлган энг паст даражада сақланиши;

технологик ва иқтисодий омилларни ҳисобга олган ҳолда қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар ҳажми ва фаоллигини камайтириш;

радиациявий аварияларнинг олдини олиш ҳамда улар юзага келганда оқибатларини чеклаш ва бартараф этиш бўйича зарур ташкилий ҳамда техник чораларни кўриш;

қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни кондициялаш ва кўмишга тайёрлаш;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан боғлиқ фаолиятни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олинган лицензия асосида амалга ошириш.

3. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялашда, шунингдек газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташкилий ҳамда техник чора-тадбирларни белгилашда қуйидагилар ҳисобга олинади:

ҳосил бўлиш манбаи;

ҳажми;

агрегат ҳолати;

физик ва кимёвий хоссалари, шу жумладан уларнинг органик ёки ноорганик табиати;

радионуклид таркиби, радионуклидларнинг умумий ва солиштирма фаоллиги, шунингдек уларнинг ярим емирилиш даври;

қаттиқ радиоактив чиқиндиларнинг морфологик таркиби;

суюқ радиоактив чиқиндиларнинг кимёвий таркиби;

қайта ишлаш, кондициялаш, ташиш ва сақлаш усуллари;

радиоактив моддаларнинг физик хусусиятлари ва кимёвий таркиби;

ядровий хавфли бўлинувчи радионуклидлар миқдори;

тозаланадиган газсимон радиоактив чиқиндилар ҳажми;

газсимон радиоактив чиқиндиларнинг умумий ҳажмий фаоллиги қийматларининг ўзгариш диапазони;

атмосфера ҳавосига чиқариладиган ҳамда ҳисобга олиниши ва нормалаштирилиши лозим бўлган радионуклидлар ҳажмий фаоллигининг энг кам қийматлари;

аэрозоллар (туман, тутун, чанг) мавжудлиги;

инерт радиоактив газлар мавжудлиги;

молекуляр, аэрозол ва (ёки) учувчан шаклдаги, шу жумладан органик бирикмалар кўринишидаги радиоактив йод мавжудлиги;

радиоактив моддаларнинг буғ-газ аралашмалари мавжудлиги;

портлаш хавфи мавжуд бўлган ва ёнувчи моддалар мавжудлиги;

ҳарорат ва нисбий намлик;

аэрозол заррачаларининг дисперс таркиби ва масса концентрацияси;

радионуклидларнинг газсимон шакллари (фракциялари), шунингдек аэрозол заррачаларининг сувда ёки ускунада мавжуд бўлиши мумкин бўлган бошқа суюқликларда эрувчанлиги;

ускунанинг ички юзаларида қаттиқ заррачалар чўкмасини ҳосил қилиши мумкин бўлган моддалар ва (ёки) аэрозол заррачалар мавжудлиги;

кимёвий агрессив моддалар мавжудлиги;

ёнғин ва портлаш хавфи.

4. Ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш пунктларининг (бундан буён матнда сақлаш пунктлари деб юритилади) лойиҳа ҳужжатларида улар билан муомалада бўлиш жараёнларининг радиациявий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган лойиҳа ечимлари назарда тутилади.

5. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш учун мўлжалланган ишлаб чиқариш хоналари радиациявий хавф даражаси, радиоактив ифлосланиш эҳтимоли ҳамда бажариладиган технологик жараёнларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда функционал зоналарга ажратилади.

6. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш, шунингдек газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда портлаш ва ёнғин хавфининг олдини олишга қаратилган ташкилий ҳамда техник чора-тадбирлар ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ белгиланади.

7. Ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктлари учун атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг (бундан буён матда объект деб юритилади) лойиҳа ҳужжатларида радиациявий аварияларнинг олдини олиш, уларнинг ривожланишини чеклаш ҳамда оқибатларини камайтиришга қаратилган муҳандислик-техник ечимлар назарда тутилади.

Мазкур лойиҳа ечимлари ходимлар, аҳоли ва атроф-муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишни, радиоактив моддаларнинг назоратсиз тарқалишининг олдини олишни ҳамда объектнинг хавфсиз эксплуатациясини таъминлаши зарур.

Объектлар радиациявий назорат, авариявий огоҳлантириш, муҳандислик ҳимояси ва бошқа хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланади.

8. Таркибида бўлинувчи ядровий материаллар мавжуд бўлган қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда амалга ошириладиган ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктларининг лойиҳа ҳужжатларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ ядровий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташкилий ҳамда техник чора-тадбирлар назарда тутилади.

9. Таркибида бўлинувчи ядровий материаллар мавжуд бўлган газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда ядровий хавфсизликни таъминлаш мақсадида қуйидаги ташкилий ҳамда техник чора-тадбирлар амалга оширилади:

газларни тозалаш тизимларининг қувурларида (ҳаво ўтказгичлари) ва фильтрлаш ускуналарида бўлинувчи ядровий материалларнинг тўпланишига йўл қўйиладиган норматив кўрсаткичларни лойиҳа ҳужжатлари ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ белгилаш;

газларни тозалаш тизимларининг қувурлари (ҳаво ўтказгичлари) ва фильтрлаш ускуналарида бўлинувчи ядровий материалларнинг тўпланишини назорат қилиш;

газларни тозалаш тизимларининг қувурлари (ҳаво ўтказгичлари) ва фильтрлаш ускуналарида бўлинувчи ядровий материалларнинг белгиланган норматив кўрсаткичлардан ортиқ миқдорда тўпланишига йўл қўймаслик.

10. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш, шунингдек газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш учун мўлжалланган асбоб-ускуналарни лойиҳалаш ва тайёрлашга, шунингдек ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ҳамда сақлаш пунктларида радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишни таъминловчи тизимлар ва уларнинг элементларини лойиҳалаш ҳамда хавфсизлик бўйича таснифлашга қўйиладиган талаблар атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.

11. Эксплуатация қилувчи ташкилот қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш жараёнларида уларнинг физик, кимёвий ҳамда радиациявий тавсифларини, шу жумладан радионуклид таркибини, умумий ва солиштирма фаоллигини аниқлаш ҳамда уларни назорат қилиш мақсадида ўлчаш воситалари, лаборатория таҳлиллари ва назорат усулларидан фойдаланган ҳолда технологик назорат ташкил этилади.

12. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар ҳамда кондицияланган радиоактив чиқиндиларнинг назорат қилинадиган кўрсаткичлари, уларни назорат қилиш усуллари ва воситалари атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ объектнинг лойиҳа ва эксплуатация ҳужжатларида белгиланади.

Назорат натижаларини расмийлаштириш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби, шунингдек қаттиқва суюқ радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш жараёнларини назорат этишни ташкил қилиш ва амалга оширишга оид талаблар объектнинг сифатни таъминлаш дастурида назарда тутилади.

13. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан газсимон радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда босим, ҳарорат, радионуклид таркиби ва фаоллиги, шунингдек газларни тозалаш ҳамда шамоллатиш (вентиляция) тизимларининг ишлаш самарадорлигини ўлчаш, қайд этиш ва назорат қилиш имконини берувчи техник воситалардан фойдаланган ҳолда технологик параметрларнинг бошқарилиши ва мониторинги таъминланади.

14. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш жараёнларида радиациявий назорат ташкил этилади ва амалга оширилади.

Бунда радиациявий назоратнинг ҳажми, усуллари, назорат қилинадиган кўрсаткичлари ҳамда даврийлиги СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитария қоидалари (РХТАСҚ 2006)» ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ белгиланади.

15. Суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш жараёнларида қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

суюқ радиоактив чиқиндиларнинг хавфсизликка салбий таъсир кўрсатадиган назоратсиз физик ёки агрегат ҳолати ўзгаришларига;

бошқариб бўлмайдиган экзотермик кимёвий реакцияларнинг юзага келишига.

16. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш, шунингдек газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомала бўлиш учун мўлжалланган ускуналар, қувурлар, контейнерлар ва хоналар уларни дезактивация қилиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаланиши лозим.

Ускуналар, қувурлар, контейнерлар ва хоналарнинг ички юзалари агрессив муҳит таъсирига чидамли, радионуклидларга нисбатан паст сорбция хусусиятига эга ҳамда дезактивация қилиш воситалари таъсирига чидамли материаллардан тайёрланиши керак.

17. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, кондициялаш ва сақлаш, шунингдек газсимон радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда фойдаланиладиган ўлчаш воситалари метрологик текширувдан ўтказилган бўлиши лозим.

18. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш жараёнларида ҳосил бўладиган ҳамда атмосфера ҳавосига чиқариладиган газсимон радиоактив чиқиндилар атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ тозаланади.

19. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялаш учун мўлжалланган хоналар ишчи зона ҳавоси ҳамда атроф-муҳитнинг радиоактив ифлосланишининг олдини олишни таъминлайдиган шамоллатиш тизими (вентиляция) билан жиҳозланади.

Шамоллатиш тизими (вентиляция) эксплуатация давомида доимий соз ва ишга яроқли ҳолатда сақланиши керак.

20. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни радиоактив бўлмаган чиқиндилар билан аралаштириш, уларни биргаликда тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялашга йўл қўйилмайди.

21. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар оралиқ сақлаш муддати тугагунига қадар Радиоактив чиқиндиларни кўмиш бўйича мақбуллик мезонлари ва талабларига (рўйхат рақами 3734, 2025 йил 23 декабрь) мувофиқ кондицияланади ҳамда кўмишга тайёрланади.

22. Эксплуатация қилувчи ташкилот қаттиқ, суюқ ва газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда қуйидагиларни таъминлайди:

радиоактив моддалар ва радионуклидларнинг атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари ҳамда тупроққа назоратсиз тарқалишига йўл қўймасликни;

қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни уларнинг агрегат ҳолати, радионуклид таркиби, радиациявий фаоллиги ва ярим емирилиш даврига кўра алоҳида тўплаш ва сақлашни;

қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар ҳажми ва радиациявий фаоллигини оқилона эришиш мумкин бўлган энг паст даражагача камайтиришни;

қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш ҳамда қайта ишлашга мўлжалланган иншоотлар атроф-муҳитдан изоляция қилинишини ҳамда газсимон радиоактив чиқиндилар учун газларни тозалаш тизимларининг узлуксиз ишлашини.

23. Газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда қуйидаги ташкилий ва техник чора-тадбирлар амалга оширилади:

водороднинг портлаш хавфини юзага келтирувчи концентрациялари ҳосил бўлишининг олдини олиш учун зарур техник воситалар ва усулларни қўллаш (агар бундай концентрациялар ҳосил бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлса);

тортиш-пуфлаш қурилмаларининг (газ пуфлагичлар, шамоллатиш (вентиляция) агрегатлари, вентиляторлар, компрессорлар, эжекторлар) унумдорлигини бошқариш ва тартибга солиш воситаларини назарда тутиш;

газсимон радиоактив чиқиндиларни тозалаш жараёнини тўхтатмаган ҳолда фильтрловчи ва ютувчи элементларни алмаштириш ёки қайта тиклаш имконини берувчи захира тизимларини жорий этиш;

бокслар, камералар, жавонлар, канёнлар ҳамда бошқа шунга ўхшаш қурилмалардан, шу жумладан таъмирлаш ва профилактика ишлари вақтида чиқариладиган ҳавонинг маҳаллий газ тозалаш тизимлари орқали тозаланишини таъминлаш;

фильтрлар ва ютувчиларнинг самарадорлигига таъсир этувчи муҳит параметрларининг (ҳарорат, намлик, газ оқими тезлиги) барқарорлигини таъминлаш;

объектни лойиҳалашда ҳаво ўтказгичларининг узунлигини қисқартириш, уларнинг иссиқлик изоляциясини назарда тутиш ҳамда газсимон радиоактив чиқиндиларни иситиш ёки совутиш чораларини кўриш.

24. Газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда тозалаш ускуналарида фаоллаштирилган кўмир сорбент сифатида қўлланилганда, унинг алангаланиши ҳамда ёнғин тарқалишининг олдини олиш, шунингдек ёнғин содир бўлганда уни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишни таъминловчи ташкилий ҳамда техник чора-тадбирлар назарда тутилиши зарур.

25. Технологик радиоактив пуфламалар (технологик ускуналардан чиқариладиган радиоактив буғ-газ аралашмалари ҳамда газсимон ва (ёки) аэрозол ҳолатидаги радиоактив моддалар) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ тозаланади.

Технологик радиоактив пуфламалар қувурларини умумий шамоллатиш (вентиляция) тизимининг йиғма шамоллатиш (вентиляция) қутиларига улашга фақат мазкур пуфламалар қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун мўлжалланган ускуналарда тозалангандан сўнггина йўл қўйилади.

3-боб. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплашда хавфсизлик талаблари

26. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш объектнинг лойиҳа ва эксплуатация ҳужжатларида белгиланган махсус ажратилган ва жиҳозланган хоналар, майдонлар ёки иншоотларда амалга оширилади.

Эксплуатация қилувчи ташкилот қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялашга тайёрлашни, шунингдек радиоактив моддаларнинг атроф-муҳитга назоратсиз тарқалишига йўл қўйилмаслигини таъминлайди.

27. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни тўплашда уларни кейинчалик хавфсиз қайта ишлаш, ташиш, сақлаш ва кондициялаш имконини берадиган сиғимлар ёки контейнерлардан фойдаланилади.

28. Суюқ радиоактив чиқиндилар кейинчалик қайта ишлаш технологиясини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги турлар бўйича алоҳида тўпланади:

ноорганик суюқ радиоактив чиқиндилар;

органик суюқ радиоактив чиқиндилар (ёғлар, бошқа органик суюқликлар, уларнинг эмульсиялари ва эритмалари);

фильтрловчи материаллардан ҳосил бўлган пулпа ва шламлар.

29. Таркибида ярим емирилиш даври 15 суткадан кам бўлган радионуклидлар мавжуд қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар улардаги радионуклидларнинг солиштирма фаоллиги СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитария қоидалари (РХТАСҚ 2006)»да белгиланган радиоактив чиқиндиларни радиоактив чиқиндилар тоифасига киритиш талабларидан паст даражага тушгунига қадар оралиқ сақлаш жойларида сақланади.

30. Портлаш ёки ёнғин хавфига эга қаттиқ радиоактив чиқиндилар бошқа турдаги қаттиқ радиоактив чиқиндилар билан аралаштирилмаслиги, алоҳида тўпланиши ҳамда уларнинг физик-кимёвий хоссаларини ҳисобга олган ҳолда хавфсиз шароитларда сақланиши лозим.

31. Суюқ радиоактив чиқиндиларни бевосита ҳосил бўлган жойида тўплаш имконияти мавжуд бўлмаганда улар атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ махсус йиғиш тизими орқали йиғилади.

Махсус йиғиш тизимидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлмаганда суюқ радиоактив чиқиндиларни йиғиш учун герметик контейнерлардан (йиғгичлар) фойдаланишга йўл қўйилади.

32. Суюқ радиоактив чиқиндиларни хўжалик-маиший оқова сувларни чиқариш тизимига, ишлаб чиқариш ва жала оқова сувларини чиқариш тизимларига, сув объектларига, ютувчи ўраларга, қудуқларга, суғориш ва фильтрлаш майдонларига ҳамда ер юзасига оқизишга йўл қўйилмайди.

33. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш тартиби атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар ҳамда ушбу Хавфсизлик талаблари асосида объектнинг лойиҳа ва эксплуатация ҳужжатларида белгиланади.

4-боб. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни қайта ишлашда хавфсизликни таъминлаш

34. Эксплуатация қилувчи ташкилот қаттиқ радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида уларнинг ҳажмини камайтириши ва (ёки) уларнинг радиоактив чиқиндилар билан кейинги хавфсиз муомаласини таъминлайдиган шаклга келтириши лозим.

35. Эксплуатация қилувчи ташкилот суюқ радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида уларнинг физик-кимёвий хоссаларини ўзгартириш, радионуклидларни суюқ фазадан ажратиб олиш ва (ёки) концентрлаш ҳамда суюқ радиоактив чиқиндиларни барқарор қаттиқ шаклга ўтказиш орқали радионуклидларнинг атроф-муҳитга тарқалиш эҳтимолини камайтириши керак.

36. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни ёқиш, пиролиз, пресслаш, майдалаш (фрагментлаш), қайта эритиш (металл қаттиқ радиоактив чиқиндилар учун) ёки лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган ва хавфсизлик жиҳатидан асослантирилган бошқа усуллар билан қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган радиоактив чиқиндиларнинг кейинчалик сақлаш, ташиш, кондициялаш ва кўмишга топшириш имконини берувчи тавсифлари Радиоактив чиқиндиларни кўмиш бўйича мақбуллик мезонлари ва талабларига (рўйхат рақами 3734, 2025 йил 23 декабрь) мувофиқ бўлиши лозим.

37. Қайта ишлаш учун топширилаётган қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар объектнинг эксплуатация ҳужжатларида белгиланган тартиб ҳамда ҳажмда кириш назоратидан ўтказилади.

38. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни ёқиш ва (ёки) пиролиз усули билан қайта ишлаш учун мўлжалланган ускуналар қуйидаги техник воситалар билан жиҳозланади:

ёқиш ва тўлиқ ёниш жараёнларининг асосий параметрларини, шу жумладан ҳарорат, босим (сийракланиш), шунингдек газ тозалаш тизимидаги босимлар фарқини назорат қилиш воситалари;

ёқиш ва (ёки) пиролиз жараёнида ҳосил бўладиган газларни зарарли (ифлослантирувчи) ва радиоактив моддалардан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларда белгиланган йўл қўйиладиган ташламалар даражасигача тозалашни таъминловчи тизимлар;

ёқиш ва (ёки) пиролиз жараёнида ҳосил бўладиган ҳамда атмосфера ҳавосига чиқариладиган газлар ва аэрозолларнинг радионуклид таркиби ҳамда ҳажмий фаоллигини назорат қилишни таъминловчи техник воситалар;

ёқиш ва (ёки) пиролиз жараёнларини автоматик ёки автоматлаштирилган бошқариш тизимлари;

асбоб-ускуналар ва хоналарни дезактивация қилиш воситалари;

ёнғин ҳақида хабар бериш ва ёнғинни ўчириш тизимлари.

39. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни ёқиш ва (ёки) пиролиз усули билан қайта ишлашда технологик жараён параметрларининг қийматлари ёниш маҳсулотлари ҳамда пиролиз натижасида ҳосил бўладиган газларнинг кейинги тўлиқ оксидланишини таъминлаши лозим.

40. Ёндириладиган қаттиқ радиоактив чиқиндилар таркибида термик ишлов бериш жараёнида йўл қўйиладиган даражалардан ортиқ миқдорда агрессив, заҳарли ёки бошқа хавфли моддалар ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин бўлган поливинилхлорид ва бошқа органик материалларнинг миқдори чекланиши лозим.

Ёндириш ва (ёки) пиролиз қилиш учун юбориладиган қаттиқ радиоактив чиқиндилар таркибида портлаш ёки ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи заҳарли ва кимёвий фаол моддаларнинг йўл қўйиладиган миқдори объектнинг лойиҳа ҳужжатларида белгиланади.

Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни радиоактив бўлмаган чиқиндилар билан биргаликда ёқиш ва (ёки) пиролиз қилишга йўл қўйилмайди.

41. Ёндириш ва (ёки) пиролиз қилиш учун юбориладиган қаттиқ радиоактив чиқиндилар таркибида портлаш ёки ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи заҳарли ва кимёвий фаол моддаларнинг йўл қўйиладиган миқдори объектнинг лойиҳа ҳужжатларида белгиланади.

Монолитланган кул қолдиқларининг сифат кўрсаткичлари атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларда қаттиқ шаклга келтирилган радиоактив чиқиндилар учун белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши зарур.

42. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни пресслаш усули билан қайта ишлашда қуйидаги техник воситалар мавжуд бўлиши лозим:

чанг ва радиоактив аэрозолларнинг тарқалишини олдини олиш воситалари;

прессланадиган қаттиқ радиоактив чиқиндилардан ажралиб чиқадиган намликни чиқариш ва йиғиш тизимлари;

прессланган қаттиқ радиоактив чиқиндиларни контейнерларга жойлаштириш воситалари;

пресслаш жараёнининг технологик параметрларини автоматик ва (ёки) автоматлаштирилган тарзда бошқариш тизимлари.

43. Қуйидаги хусусиятларга эга қаттиқ радиоактив чиқиндиларни пресслашга йўл қўйилмайди:

намлик миқдори 1 фоиздан ортиқ бўлса;

пирофор ва портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар мавжуд бўлса;

таркибида пресслаш жараёнида ўзини ўзи таъминловчи занжирли ядровий бўлиниш реакцияси юзага келиши мумкин бўлган миқдорда ядровий хавфли бўлинувчи радионуклидлар мавжуд бўлса.

Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни радиоактив бўлмаган чиқиндилар билан биргаликда пресслашга йўл қўйилмайди.

44. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни қайта эритиш усули билан қайта ишлашда қуйидаги техник воситалар назарда тутилади:

эритиш жараёнининг асосий параметрларини, шу жумладан эритиш печидаги ҳароратни назорат қилиш воситалари;

эритиш қурилмасидан чиқарилаётган газлар ва аэрозолларнинг радионуклид ҳамда кимёвий таркибини назорат қилишни таъминловчи техник воситалар;

эритиш жараёнининг технологик параметрларини автоматик ва (ёки) автоматлаштирилган тарзда бошқариш воситалари;

асбоб-ускуналар ва хоналарни дезактивация қилиш воситалари;

ёнғин ҳақида автоматик хабар бериш ва ёнғинни ўчириш воситалари.

45. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни герметик ёпилган идишлардан чиқармасдан қайта эритишга йўл қўйилмайди.

46. Радионуклидлар билан ифлосланган металл чиқиндиларни қайта эритиш жараёнида ҳосил бўладиган қаттиқ радиоактив чиқиндилар, шу жумладан шлаклар, ишлатилган ўтга чидамли материаллар, газ тозалаш тизимида ушлаб қолинадиган чанглар ҳамда ишлатилган газ тозалаш фильтрлари ушбу Хавфсизлик талабларига мувофиқ йиғилади, сақланади ва кондицияланади.

47. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни майдалаш (фрагментлаш) усули билан қайта ишлашда ходимларни ҳимоя қилиш, шунингдек ҳаво муҳитининг радиоактив чанг ва аэрозоллар билан ифлосланишини олдини олиш учун СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитар қоидалари (РХТАСҚ 2006)» ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ техник воситалар назарда тутилиши лозим.

Металл қаттиқ радиоактив чиқиндиларни кейинги хавфсиз муомалага тайёрлаш мақсадида уларни дезактивация қилиш имконияти назарда тутилиши керак.

48. Суюқ радиоактив чиқиндиларни буғлатиш усули билан қайта ишлашда қуруқ қолдиқ таркибидаги кимёвий компонентлар ўртасида бошқариб бўлмайдиган экзотермик реакциялар юзага келишининг олдини олиш мақсадида таркибида эриган тузлар миқдори юқори бўлган сувли эритмаларни тўлиқ сувсиз ҳолатга келтиришга йўл қўйилмайди.

49. Суюқ радиоактив чиқиндиларни буғлатиш натижасида ҳосил бўлган туз концентратларини сақлаш ва кондициялаш тизимларига узатишда қувурлар ҳамда ускуналарда чўкиндилар тўпланишининг олдини олиш бўйича ташкилий ва техник чора-тадбирлар кўрилиши керак.

50. Суюқ радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган тозаланган сувлардаги радионуклидлар концентрацияси СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитар қоидалари (РХТАСҚ 2006)» ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларда белгиланган талабларга мувофиқ бўлганда бундай сувлардан ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктларининг технологик эҳтиёжлари учун такроран фойдаланишга йўл қўйилади.

51. Суюқ радиоактив чиқиндиларни ёқиш ва (ёки) пиролиз усули билан қайта ишлашда фойдаланиладиган техник воситалар ушбу Хавфсизлик талабларининг 38-бандига мувофиқ бўлиши лозим.

52. Суюқ радиоактив чиқиндиларни ёқиш ва (ёки) пиролиз қилиш технологик жараёнининг параметрлари ёниш ва (ёки) пиролиз маҳсулотлари ушбу Хавфсизлик талабларининг 39-бандига мувофиқ максимал даражада оксидланиши зарур.

53. Ёндириладиган суюқ радиоактив чиқиндилар таркибидаги портлаш ёки ёнғин хавфини келтириб чиқарувчи, заҳарли ҳамда кимёвий фаол моддаларнинг йўл қўйиладиган миқдори ушбу Хавфсизлик талабларининг 40-бандига асосан объектнинг лойиҳа ҳужжатларида белгиланади.

54. Суюқ радиоактив чиқиндиларни ёқиш ва (ёки) пиролиз қилиш натижасида ҳосил бўлган кул қолдиқлари ушбу Хавфсизлик талабларининг 41-бандида белгиланган талабларга мувофиқ кондицияланиши лозим.

55. Суюқ радиоактив чиқиндиларни қотириш усули билан қайта ишлашда қуйидагилар ҳисобга олинади:

суюқ радиоактив чиқиндиларнинг физик ва кимёвий хусусиятлари;

суюқ радиоактив чиқиндиларни ёки таркибидаги радиоактив моддаларни монолит тузилмада (матрицали материал) иммобилизация қилиш учун қўлланиладиган радиоактив бўлмаган материалларнинг хусусиятлари;

кондицияланган суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш, ташиш ва кўмиш усуллари;

суюқ радиоактив чиқиндиларни кўмиш бўйича белгиланган мақбуллик мезонлари.

56. Суюқ радиоактив чиқиндиларни цементлаш, битумлаш, полимер матрицага киритиш ва шишалаш усуллари билан қотириш жараёнларининг технологик параметрлари радионуклидларнинг матрица ҳажми бўйлаб бир текис тақсимланишини ҳамда бир хил таркиб ва хусусиятларга эга барқарор компаунд ҳосил бўлишини таъминлаши лозим.

57. Суюқ радиоактив чиқиндиларни цементлаш, битумлаш, полимер матрицага киритиш ва шишалаш усуллари билан қотириш натижасида ҳосил бўлган кондицияланган радиоактив чиқиндилар ушбу Хавфсизлик талабларининг иловасидаги 1 — 4-жадвалларда белгиланган сифат кўрсаткичларига мувофиқ бўлиши зарур.

58. Суюқ радиоактив чиқиндиларни цементлаш усули билан қотиришда таркибида заҳарли моддалар ҳосил бўлишига олиб келувчи ёки цемент матрицаси билан кимёвий реакцияга киришувчи моддалар мавжуд бўлган суюқ радиоактив чиқиндиларни қайта ишлашга йўл қўйилмайди.

59. Цемент компаундини контейнерларга қадоқлашда унинг тўкилишини олдини олиш учун қуйидаги техник воситалар мавжуд бўлиши лозим:

цемент компаунди учун мўлжалланган контейнерни маҳкамлаш ва тўғри жойлаштирилишини назорат қилиш воситалари;

контейнернинг цемент компаунди билан тўлдирилишини назорат қилиш воситалари;

қотмаган цемент компаунди мавжуд бўлган контейнерни тўлдириш жойидан технологик сақлаш жойига кўчиришда цемент компаундининг тўкилишига йўл қўймайдиган қурилмалар.

60. Суюқ радиоактив чиқиндиларни битумлаш усули билан қотиришда қуйидагилар бажарилиши лозим:

матрица материали сифатида алангаланиш ҳарорати 200 °С дан юқори бўлган битумдан фойдаланиш;

таркибий қисмлари битум билан бошқариб бўлмайдиган кимёвий экзотермик реакцияга киришадиган, шунингдек газсимон заҳарли ёки портлаш ва ёнғин хавфи бўлган моддалар ҳосил қиладиган суюқ радиоактив чиқиндиларни битумлашга йўл қўйилмаслиги;

ҳосил бўлган битум компаунди сифатининг ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.

61. Битумлаш усули билан қотиришга юбориладиган суюқ радиоактив чиқиндилар таркибидаги туз концентратлари қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:

кучли оксидловчилар, шу жумладан уч валентли металларнинг нитратлари ва калий перманганат миқдори қуруқ қолдиқ массасининг 5 фоизидан ошмаслиги;

аммоний нитрат миқдори қуруқ қолдиқ массасининг 12 фоизидан ошмаслиги;

pH қиймати 6,5 дан 12,0 гача бўлган оралиқда бўлиши;

солиштирма фаоллиги белгиланган рухсат этилган қийматлардан ошмаслиги.

62. Битум компаундини контейнерларга қадоқлаш жараёнида унинг хонага тўкилишининг олдини олишга қаратилган ташкилий ва техник чора-тадбирлар ушбу Хавфсизлик талабларининг 59-бандида белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилади.

63. Суюқ радиоактив чиқиндиларни полимер матрицага киритиш усули билан қотиришда чиқинди таркибидаги моддалар ва полимер матрица компонентлари ўртасидаги кимёвий ўзаро таъсир натижасида қуйидаги ҳолатлар юзага келиши мумкин бўлган суюқ радиоактив чиқиндиларни қайта ишлашга йўл қўйилмайди:

бошқариб бўлмайдиган кимёвий экзотермик реакциялар юзага келиши, газсимон заҳарли моддалар ёки портлаш ва ёнғин хавфи мавжуд моддалар ҳосил бўлиши;

полимер компаунди сифат кўрсаткичларининг ёмонлашиши.

64. Суюқ радиоактив чиқиндиларни шишалаш усули билан қотиришда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

суюқ радиоактив чиқинди таркибидаги моддалар шишалаш жараёнида бошқариб бўлмайдиган кимёвий экзотермик реакцияга киришиши натижасида газсимон заҳарли моддалар ёки портлаш ва ёнғин хавфи мавжуд моддалар ҳосил бўлиши мумкин бўлган суюқ радиоактив чиқиндиларни шишалашга йўналтириш;

ҳосил бўлган шишасимон компаунд сифат кўрсаткичларининг ушбу Хавфсизлик талаблари иловасида белгиланган қийматлардан ёмонлашиши.

Шишалашга юбориладиган суюқ радиоактив чиқиндилар таркибидаги плутоний концентрацияси 0,03 г/дм³ дан ошмаслиги лозим.

65. Шишасимон компаундни контейнерларга қадоқлашда тўкилишнинг олдини олиш ва қадоқлаш жараёнининг хавфсизлигини таъминлаш учун ушбу Хавфсизлик талабларида белгиланган умумий техник воситалар билан бир қаторда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

тўкиш қувурини ёпиш учун захира (дубляж) қурилмаси;

қадоқлаш жараёнида тўкилган шишасимон компаундни хавфсиз олиб ташлаш имконини берувчи техник воситалар.

66. Объектнинг лойиҳа ва эксплуатация ҳужжатларида қуйидагилар белгиланади ва асослантирилади:

шишасимон компаундни сақлашда унинг чегаравий ҳарорати, бунда мазкур ҳарорат ядровий қурилма, радиация манбаи ва сақлаш пунктининг нормал эксплуатацияси, шунингдек нормал эксплуатация бузилиши, шу жумладан лойиҳа авариялари шароитида ҳам тегишли компаунднинг шишаланиш ҳароратидан камида 100°С паст бўлиши;

шишасимон компаунд ҳароратининг белгиланган чегаравий қийматдан ошмаслигини таъминловчи чегаравий иссиқлик ажралиш даражаси.

5-боб. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлашда хавфсизликни таъминлаш

67. Объектнинг лойиҳа ҳужжатларида қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни хавфсиз сақлаш бўйича ташкилий ва техник чора-тадбирлар, шу жумладан уларни кейинчалик қайта ишлаш ёки чиқариб олиш имконини берувчи, радиациядан ҳимояланган ҳамда изоляцияланган идишларда вақтинча сақлаш тартиби белгиланади.

68. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитария қоидалари (РХТАСҚ 2006)» ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ радиоактив моддаларнинг атроф-муҳитга тарқалишининг олдини олувчи муҳандислик тўсиқлари тизими билан жиҳозланган жойларда сақланиши лозим.

69. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар сақланадиган жойларнинг конструкцияси ҳамда конструкция материаллари сақлаш жойининг хизмат муддати давомида, бироқ ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктлари учун объектнинг эксплуатация ҳужжатларида белгиланган муддатдан кам бўлмаган давр мобайнида ионлаштирувчи нурланишдан ҳимоя қилишни ҳамда радиоактив чиқиндиларни ишончли изоляция қилишни таъминлаши лозим.

Суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш учун мўлжалланган сиғимлар жойлаштириладиган хоналар гидроизоляция қилинган ҳамда коррозияга чидамли материаллар билан қопланган бўлиши, бунда гидроизоляция қилинган қисмнинг сиғими идишлардаги барча суюқ радиоактив чиқиндиларни тўлиқ қабул қилиш имконини таъминлаши зарур.

Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш учун мўлжалланган сиғимларнинг конструкцияси уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни, шунингдек радиоактив чиқиндилар ўрамларини кейинчалик хавфсиз чиқариб олиш имкониятини таъминлаши керак.

70. Жуда паст фаолликка эга бўлган қаттиқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш жойларидан ташқари, қаттиқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш жойларида қуйидаги техник воситалар мавжуд бўлиши лозим:

омборнинг ички юзаларини дезактивация қилиш воситалари;

қаттиқ радиоактив чиқиндилар ва уларнинг ўрамларини кўздан кечириш, техник кўрикдан ўтказиш ҳамда сақлаш жойидан чиқариб олиш имконини берувчи воситалар;

сақлаш жойида ҳосил бўладиган намликни йиғиш ва чиқариш тизимлари;

шамоллатиш (вентиляция) тизими;

хоналарда радиация назоратини амалга ошириш воситалари.

71. Юқори фаол қаттиқ радиоактив чиқиндилар сақланадиган жойларда қуйидагилар бўлиши лозим:

эквивалент доза қуввати юқори бўлган шароитларда қаттиқ радиоактив чиқиндилар контейнерларини масофадан бошқариш воситалари;

сақлаш жойи ҳавосининг ҳароратини назорат қилиш тизимлари;

сақлаш жойи ҳавосидаги водород концентрациясини назорат қилиш воситалари;

сақлаш жойи ҳавосидаги радионуклидлар концентрациясини назорат қилиш воситалари;

иссиқлик ажратувчи қаттиқ радиоактив чиқиндилар учун иссиқликни олиб чиқиш (совутиш) тизимлари.

72. Суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш жойининг сиғими суюқ радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда қисқа яшовчи радионуклидларнинг табиий парчаланиши учун зарур бўлган муддат давомида уларни хавфсиз сақлаш имконини таъминлаши лозим.

73. Суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш учун мўлжалланган сиғимлар жойлаштирилган хоналарда қуйидаги техник воситалар мавжуд бўлиши лозим:

сиғимлардан сизиб чиқишни аниқловчи сигнализация тизимлари;

сизиб чиққан суюқ радиоактив чиқиндиларни йиғиш ва хавфсиз чиқариб олиш (ёки қайта узатиш) тизимлари;

шамоллатиш (вентиляция) тизими;

радиация назоратини амалга ошириш воситалари;

хоналарни дезактивация қилиш воситалари.

74. Органик суюқ радиоактив чиқиндилар сақланадиган сиғимлар жойлаштирилган хоналар ёнғин сигнализацияси ва ёнғинни ўчириш тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

Таркибида оксидловчи моддалар мавжуд бўлган органик суюқ радиоактив чиқиндиларни бошқа органик суюқ радиоактив чиқиндилар билан биргаликда сақлашга йўл қўйилмайди.

75. Суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш учун мўлжалланган сиғимлар қуйидаги техник воситалар билан жиҳозланган бўлиши лозим:

суюқ радиоактив чиқиндиларни қабул қилиш, қайта ишлаш ва кондициялаш қурилмаларига узатиш ҳамда сиғимларни бўшатиш учун мўлжалланган қувурлар ва қувур арматуралари;

технологик параметрларни (ҳарорат, босим ва сиғимдаги сатҳни) назорат қилиш воситалари, шу жумладан сиғимдаги сатҳнинг белгиланган юқори қийматдан ошганлиги ва сизиб чиқиш ҳолатлари ҳақида сигнал берувчи тизимлар;

портлаш ва ёнғин хавфи мавжуд бўлган газлар ҳамда буғлар концентрациясини назорат қилиш воситалари ва уларнинг белгиланган чегаравий қийматлардан ошиши ҳақида сигнал берувчи тизимлар (бундай газ ва буғлар ҳосил бўлиши мумкин бўлган сиғимлар учун);

эритмалар, шламлар ва сорбентларни бир сиғимдан бошқасига узатиш учун мўлжалланган ускуналар ва қувурлар;

сиғимлардан суюқ радиоактив чиқиндилар тошиб кетишининг олдини олувчи қурилмалар;

технологик пуфлаш тизимлари;

сиғим ичидаги босимнинг ошиши ёки вакуум ҳосил бўлиши натижасида сиғимнинг шикастланишининг олдини олувчи ҳимоя қурилмалари.

76. Суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлашда қуйидаги техник воситалар мавжуд бўлиши лозим:

суюқ радиоактив чиқиндилардан репрезентатив намуналар олиш имконини берувчи воситалар;

қийин эрийдиган чўкиндилар ва ётқизиқлар ҳосил бўлиши мумкин бўлган сиғимларда уларнинг ҳосил бўлишининг олдини олувчи воситалар;

чўкиндилар ва шламларни олиб ташлаш воситалари.

77. Суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш идишларида ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктлари учун объектнинг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган эксплуатация муддати давомида туз чўкиндиларининг ҳосил бўлишига йўл қўймайдиган ҳамда сақлаш идишларидан ишончли ва хавфсиз фойдаланишни таъминлайдиган сув-кимёвий режим сақланиши лозим.

Суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш идишларидаги сув-кимёвий режим коррозия жараёнларининг юзага келишига йўл қўймаслиги лозим.

78. Юқори фаол суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлашда қуйидаги ҳолатларнинг олдини олишни таъминлайдиган қўшимча техник воситалар мавжуд бўлиши лозим:

суюқ радиоактив чиқиндилар ҳароратининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган чегаравий қийматдан ошиши;

идишнинг бўш ҳажмида ёнувчан ва портлаш хавфини туғдирувчи газлар ҳамда буғлар концентрациясининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган чегаравий қийматлардан ошиши.

79. Ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктлари учун объектнинг лойиҳа ҳужжатларида авария ҳолатларида ҳамда авария оқибатларини бартараф этиш жараёнида суюқ радиоактив чиқиндиларни қабул қилиш ва вақтинча сақлаш учун мўлжалланган захира сиғимлари назарда тутилиши лозим.

80. Суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш учун мўлжалланган захира сиғимларининг минимал ҳажми лойиҳа ҳужжатларида белгиланади ва асослантирилади.

81. Паст фаол суюқ радиоактив чиқиндиларнинг кичик ҳажмлари (умумий ҳажми 0,2 м³ дан кам бўлган суюқ радиоактив чиқиндилар) уларни сақлаш ёки қайта ишлаш учун мўлжалланган жойларга топширилгунга қадар ушбу мақсад учун жиҳозланган хоналарда сақланиши лозим.

Мазкур хоналарнинг жойлашуви, жиҳозланиши ҳамда кичик ҳажмдаги суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш шароитлари СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитар қоидалари (РХТАСҚ 2006)» талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

82. Сақлаш вақтида радионуклидларнинг сақлаш жойидан ташқарига чиқиши ва атроф-муҳитга тарқалиши эҳтимоли мавжуд бўлган қаттиқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш жойлари атрофидаги ҳудудда ер ости сувларидан намуналар олиш учун назорат-кузатув қудуқлари мавжуд бўлиши лозим.

Назорат-кузатув қудуқларининг сони ва жойлашуви ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктлари учун объектнинг лойиҳа ҳужжатларида белгиланади ҳамда асослантирилади.

83. Паст фаол қаттиқ радиоактив чиқиндилар эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг объектларида ушбу Хавфсизлик талаблари ҳамда СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитария қоидалари (РХТАСҚ 2006)» талабларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган объектнинг лойиҳа ёки технологик ҳужжатларда белгиланган сақлаш жойларида сақланиши лозим.

Паст фаол қаттиқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш жойларининг жойлашуви, муҳандислик-техник воситалар билан жиҳозланиши ҳамда сақлаш шароитлари СанҚваМ 0251-08 «Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг санитария қоидалари» талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

84. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш тартиби ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктлари объектларининг эксплуатация ҳужжатларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар ҳамда ушбу Хавфсизлик талабларига мувофиқ белгиланиши лозим.

85. Суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлашда радиация назорати ҳамда суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш тизимининг мониторинги, шунингдек суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлашда хавфсизликни таъминлашни тартибга солувчи атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ геологик муҳит ва ер ости сувлари ҳолатининг мониторинги амалга оширилиши лозим.

Радиация назорати ва мониторингни амалга ошириш ҳажми, усуллари, тартиби ҳамда даврийлиги, шу жумладан суюқ радиоактив чиқиндилар сақланадиган жой атрофида кузатув қудуқларини қуриш зарурати, уларнинг сони ва жойлашуви суюқ радиоактив чиқиндилар сақланадиган жойнинг хавфсизлигини баҳолаш натижалари асосида объектнинг лойиҳа ва (ёки) эксплуатация ҳужжатларида белгиланади ҳамда асослантирилади.

Мониторинг дастури объектнинг нормал эксплуатацияси ҳамда нормал эксплуатация бузилиши ва лойиҳа авариялари шароитларида хавфсизликни баҳолаш бўйича бажарилган прогноз ҳисоб-китоблари натижаларига мувофиқ бўлиши лозим.

6-боб. Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни кондициялашда хавфсизликни таъминлаш

86. Эксплуатация қилувчи ташкилот қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни кондициялаш жараёнида ҳосил бўладиган кондицияланган радиоактив чиқиндиларнинг Радиоактив чиқиндиларни кўмиш бўйича мақбуллик мезонлари ва талабларига (рўйхат рақами 3734, 2025 йил 23 декабрь) мувофиқлигини таъминлаши зарур.

87. Ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктлари объектларининг лойиҳа ҳужжатларида қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни кондициялаш усуллари ва техник воситалари, шунингдек кондицияланган радиоактив чиқиндиларнинг тавсифларини назорат қилишнинг усуллари ҳамда воситалари атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар ҳамда ушбу Хавфсизлик талабларига мувофиқ белгиланиши ва асослантирилиши лозим.

88. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни кондициялаш усуллари ва воситаларини танлаш қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади:

кондицияланиши лозим бўлган қаттиқ радиоактив чиқиндиларнинг физик, кимёвий ва радиациявий тавсифлари;

қаттиқ радиоактив чиқиндиларни кўмиш учун белгиланган мақбуллик мезонлари.

89. Қаттиқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, ташиш, сақлаш ва (ёки) кўмиб ташлаш учун мўлжалланган контейнерларнинг конструкцияси ҳамда тайёрланадиган материаллари ва уларнинг хусусиятлари ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктлари объектларининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.

90. Кондицияланган паст, ўрта ва юқори фаоллик даражасига эга қаттиқ ҳамда суюқ радиоактив чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш учун мўлжалланган контейнерларнинг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларда ҳамда Радиоактив чиқиндиларни кўмиш бўйича мақбуллик мезонлари ва талабларида (рўйхат рақами 3734, 2025 йил 23 декабрь) белгиланган қоидаларга мувофиқлиги баҳоланади.

91. Контейнернинг конструктив материаллари унинг ташқи юзасини дезактивация қилиш имкониятини таъминлаши лозим.

92. Контейнер кўмишгача бўлган кутилаётган сақлаш даври давомида ўз бутунлигини сақлаши ҳамда қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар жойлаштирилган контейнердан радионуклидларнинг ва (ёки) ионлаштирувчи нурланишнинг атроф-муҳитга тарқалишига йўл қўймаслиги лозим.

Контейнер қуйидаги имкониятларни таъминлаши лозим:

сақлаш муддати якунида радиоактив чиқиндилар жойлаштирилган контейнерни сақлаш жойидан хавфсиз чиқариб олиш;

контейнер яхлитлиги бузилганда ёки қўшимча ҳимоя талаб этилганда уни қўшимча контейнерга жойлаштириш;

қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар жойлаштирилган контейнерни кўмиш жойига ташиш;

қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни кўмиш жараёнида контейнер билан хавфсиз муомалада бўлиш ва уни кўмиш иншоотига жойлаштириш.

93. Кондицияланган қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар жойлаштирилган контейнерлар учун Радиоактив чиқиндиларни кўмиш бўйича мақбуллик мезонлари ва талабларига (рўйхат рақами 3734, 2025 йил 23 декабрь) мувофиқ паспорт расмийлаштирилади.

7-боб. Газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш учун мўлжалланган тизимлар (элементлар)

94. Газсимон радиоактив чиқиндиларни тозалаш ускуналарида қўлланиладиган фильтрловчи материаллар ва сорбентлар намлик, ҳарорат, радиация, органик эритувчилар буғлари, ишқорлар ва кислоталар таъсирига, шунингдек газ оқими параметрларининг ўзгаришига чидамли бўлиши лозим.

95. Газсимон радиоактив чиқиндилар билан ишлашга мўлжалланган тозалаш ускуналарини тайёрлашда қўлланиладиган конструкцион материаллар қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:

радиоактив моддаларни кам сорбцияловчи хусусиятга эга бўлиши;

дезактивация қилувчи эритмаларнинг таъсирига чидамли бўлиши.

96. Газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш учун мўлжалланган тизимларнинг элементлари, жумладан фильтрлари, ушбу элементларга техник кўрикдан ўтказиш, таъмирлаш ва алмаштириш ишларини бажариш имкониятини таъминлайдиган тарзда ҳамда СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитария қоидалари (РХТАСҚ 2006)»ни инобатга олган ҳолда лойиҳаланиши ва жойлаштирилиши лозим.

97. Газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишга мўлжалланган тозалаш ускуналари, шу жумладан аэрозол фильтрлари, фильтр-адсорберлар ва барботаж қурилмалари қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:

эксплуатация давомида шамоллатиш (вентиляция) агрегатлари томонидан ҳосил қилинадиган сийракланиш тозалаш ускунасининг максимал аэродинамик қаршилигини енгиб ўтишни таъминлаши;

газсимон радиоактив чиқиндиларни тозалаш самарадорлиги бутун эксплуатация муддати давомида лойиҳа ҳужжатларида белгиланган даражадан паст бўлмаслиги.

98. Газсимон радиоактив чиқиндиларни тозалаш самарадорлигининг лойиҳада қабул қилинган қийматлари ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктлари объектларининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.

99. Газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишга мўлжалланган тизимларда ҳаво оқимлари параметрларини ҳисоблашда фильтр юзасида аэрозол заррачаларининг тўпланиши натижасида унинг фильтр қаршилигининг ортиши инобатга олиниши лозим.

100. Газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш тизимлари фильтрлари орқали ҳавони радиоактив аэрозоллардан тозалаш коэффициентини ҳисоблаш қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим:

аэрозол заррачаларининг ўлчами тозалаш ускунаси ишлаб чиқарувчисининг ҳужжатларида кўрсатилган энг қийин ушланадиган (энг юқори ўтувчанликка эга) заррачалар ўлчамига тенг деб қабул қилиниши (тозалаш самарадорлиги қийматлари ва заррача ўлчамлари лойиҳа ҳужжатларида келтирилиши лозим);

технологик жараённинг иссиқлик-техник ва аэродинамик параметрлари энг ноқулай эксплуатация шароитларини ҳисобга олган ҳолда танланиши.

101. Газсимон радиоактив чиқиндилар таркибидаги радиоактив ёдни ушлаб қолиш учун мўлжалланган адсорберлар атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг нормал эксплуатацияси ҳамда нормал эксплуатация бузилиши шароитларида радиоактив ёднинг турли кимёвий бирикмаларини ушлаб қолишни таъминлаши лозим.

102. Газсимон радиоактив чиқиндилар таркибидаги радиоактив ёдни тутиб қолишга мўлжалланган адсорберлар ва бошқа қурилмаларни ҳисоблашда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:

фойдаланилаётган сорбентларнинг эксплуатация шароитидаги сорбция сиғими;

адсорберларга (қурилмаларга) уларнинг бутун эксплуатация даври давомида тушадиган радиоактив ёднинг умумий миқдори.

103. Газгольдерлар ва радиохроматографик газ тозалаш тизимлари инерт радиоактив газларни ушлаб қолишни ҳамда лойиҳа ҳужжатларида белгиланган тозалаш коэффициентини (газсимон радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш қурилмасига киришдаги радиоактив моддалар концентрациясининг ушбу қурилмадан чиқишдаги концентрацияга нисбатини) атом энергиясидан фойдаланиш объектининг барча лойиҳавий иш режимларида таъминлаши лозим.

Инерт радиоактив газларни радиоактив парчаланиш содир бўлгунига қадар тутиб қолиш ва вақтинча сақлашга мўлжалланган радиохроматографик тизимларни ҳисоблашда қуйидагилар инобатга олиниши зарур:

сорбентларнинг эксплуатация шароитларидаги (ҳарорат, намлик) сиғими;

инерт радиоактив газларнинг адсорбцион ушлаб қолиш тизимида бўлиш вақти.

104. Газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишга мўлжалланган тизимлар ва уларнинг элементлари ишга яроқлилиги ҳамда лойиҳа ҳужжатларида белгиланган техник тавсифларга мувофиқлиги бўйича, шу жумладан ядровий қурилмалар, радиациявий манбалар ва сақлаш пунктларида юзага келган авариялар оқибатлари бартараф этилгандан сўнг текширилиши лозим.

105. Ҳар бир фильтр ёки сорбент партияси ишлаб чиқарувчининг паспортига эга бўлиши ва унда асосий параметрлар ҳамда ушбу фильтр ёки сорбентларни синовдан ўтказиш натижасида олинган қуйидаги кўрсаткичлар келтирилиши лозим:

фильтрлар учун — номинал сарфдаги қаршилик, аэродинамик қаршилик, энг қийин ушланадиган (энг юқори ўтувчанликка эга) заррачалар учун тозалаш самарадорлиги (заррача диаметрига боғлиқ самарадорлик эгри чизиғининг минимумига мос келувчи заррача ўлчами);

сорбентлар учун — сорбент мўлжалланган моддаларни ушлаб қолиш самарадорлиги, агар сорбент радиоактив ёдни ушлаб қолиш учун мўлжалланган бўлса молекуляр йод ва метилёдидни (алоҳида-алоҳида) ушлаб қолиш самарадорлиги.

106. Аэрозол фильтрлари, фильтр-адсорберлар ва фильтр-абсорберлар номинал ҳаво сарфининг уч бараваригача ошишига бардош бериши ҳамда ўз функционал хусусиятларини сақлаши лозим.

Ҳаво сарфи номинал қийматга қайтарилгандан сўнг тозалаш самарадорлиги объектнинг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган даражадан паст бўлмаслиги лозим.

107. Аэрозол фильтрлари ва сорбентларга лойиҳа ҳужжатларида белгиланган ишчи ҳароратдан юқори ҳароратларнинг таъсири токсик моддаларнинг ҳосил бўлиши ва ажралиб чиқишига олиб келмаслиги керак.

108. Белгиланган эксплуатация ресурси тугаган фильтрлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Бундай фильтрларни чиқариб олиш, сақлаш ва утилизация қилиш атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар ҳамда СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006)» ва «Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитария қоидалари (РХТАСҚ 2006)» талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

109. Тозалаш ускуналари учун радиациявий ва технологик назорат усуллари ҳамда воситаларини, шунингдек технологик жараёнлар параметрларини қайд этиш тизимларини белгилашда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:

газсимон радиоактив чиқиндилар оқимларининг параметрлари;

иссиқлик-техник ва аэродинамик параметрлар — босим (сийракланиш), газ оқимига қаршилик, ҳарорат ва намлик;

портлаш хавфи мавжуд моддалар, жумладан водород концентрацияси (агар улар газсимон радиоактив чиқиндилар таркибида мавжуд бўлса);

тозалаш ускунасининг самарадорлиги;

тозалаш коэффициенти.

110. Газсимон радиоактив чиқиндиларни тозалаш жараёнида тозалаш коэффициентини даврий ўлчаш усуллари ва воситалари, шунингдек тозалаш ускунасининг самарадорлигини аниқлаш учун технологик назорат воситалари мавжуд бўлиши лозим.

111. Технологик назорат усуллари ва воситалари назорат қилинадиган параметрларни уларнинг мумкин бўлган барча ўзгариш диапазонида ўлчашни таъминлаши лозим.

112. Газсимон радиоактив чиқиндиларнинг назорат қилинадиган кўрсаткичлари рўйхати, уларни назорат қилиш усуллари ва воситалари, шунингдек назорат натижаларини расмийлаштириш ва сақлаш тартиби Атом энергиясидан фойдаланиш объектининг тўлиқ «ҳаётий» даври мобайнида сифатни таъминлашнинг умумий дастурига қўйиладиган талабларга (рўйхат рақами 3770, 2026 йил 9 февраль) мувофиқ бўлиши лозим.

8-боб. Якуний қоида

113. Мазкур Хавфсизлик талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва кондициялашда ҳамда газсимон радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда хавфсизлик талабларига ИЛОВА

Цемент компаундининг асосий сифат кўрсаткичлари

1-жадвал Сифат кўрсаткичи Рухсат этилган қийматлар Сувга чидамлилик ( 137 Сс ва 90 Ср радионуклидларининг ювилиб чиқиш тезлиги) 1·10 -3 г/см²·суткадан ортиқ эмас Механик мустаҳкамлик (сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси) 50 кгф/см² дан кам эмас Радиациявий барқарорлик 10 6 Гй доза билан нурлантирилгандан сўнг механик мустаҳкамлик 50 кгф/см² дан кам эмас Термик даврларга барқарорлик (-40 … +40 °С) да 30 маротаба музлатиш ва эритишдан сўнг механик мустаҳкамлик 50 кгф/см² дан кам эмас Сувга бардошлилик 90 кун давомида сувга ботирилгандан сўнг механик мустаҳкамлик 50 кгф/см² дан кам эмас Цемент компаунд таркибига кирмаган суюқ радиоактив чиқиндилар ҳажми эркин суюқлик ҳажми умумий ҳажмнинг 1 фоизидан ортиқ эмас

Битум компаундининг асосий сифат кўрсаткичлари

2-жадвал Сифат кўрсаткичи Рухсат этилган қийматлар Компаунднинг солиштирма фаоллиги: бета-фаоллик альфа-фаоллик 10 10 Бқ/кг дан ортиқ эмас; 10 6 Бқ/кг дан ортиқ эмас Сувга чидамлилик ( 137 Сс ва 90 Ср радионуклидларининг ювилиб чиқиш тезлиги) 1·10 -4 г/(см/сутка) дан ортиқ эмас Компаунд таркибидаги эркин намлик миқдори ион алмашинув смолалари асосидаги компаундлар учун — 3 фоиздан кам туз концентратлари асосидаги компаундлар учун — 1 фоиздан кам Радиациявий барқарорлик 10 6 Гй доза билан нурлантирилгандан сўнг ҳажмнинг ортиши 10 фоиздан ошмаслиги Термик барқарорлик чақнаш ҳарорати — 200 °С дан юқори; алангаланиш ҳарорати — 250 °С дан юқори; ўз-ўзидан алангаланиш ҳарорати — 400 °С дан юқори

Шишасимон компаундининг асосий сифат кўрсаткичлари

3-жадвал Сифат кўрсаткичи Рухсат этилган қийматлар Кондицияланган радиоактив чиқиндилар таркиби (альфа-нурланувчилар масса улуши) 0,2 фоиздан ошмаслиги Бир жинслилик Компаунд таркибининг макрокомпонентлар бўйича ±10% доирасида бир хил бўлиши дисперс фазаларнинг ажралиб чиқмаслиги 25 °С да сувга чидамлилик ( 137 Сс, 90 Ср, 239 Пу радионуклидларининг ювилиб чиқиш тезлиги) 137 Сс — 1·10 -5 г/(см²·сут) дан ошмаслиги; 90 Ср — 1·10 -6 г/( см²·сут) дан ошмаслиги; 239 Пу — 1·10 -7 г/( см²·сут) дан ошмаслиги Термик барқарорлик Компаундни сақлаш жараёнида ундан ажраладиган иссиқлик таъсирида юзага келадиган ҳароратлар шароитида ушбу Хавфсизлик талаблари билан белгиланган кўрсаткичларга мувофиқ ҳолда компаунднинг хоссалари (бир жинслилиги, механик мустаҳкамлиги ва сувга чидамлилиги) сақланиши лозим Радиациявий барқарорлик Ионлаштирувчи нурланиш (радиоактив таркиб билан боғлиқ, 10 000 йиллик давр учун прогноз қилинган ютилган доза) таъсирида ҳам компаунднинг ушбу Хавфсизлик талабларида белгиланган кўрсаткичларга мувофиқ хоссалари (жумладан, бир жинслилиги, механик мустаҳкамлиги ва сувга чидамлилиги) сақланиши лозим, бунда радиацион барқарорлик камида қуйидаги даражаларда таъминланиши керак: бета ва гамма нурланиш бўйича — 10 8 Гй; альфа парчаланиш бўйича — 10 18 α-парчаланиш/см³ Механик мустаҳкамлик Сиқилишдаги мустаҳкамлик — 4,1 × 107 Па дан кам бўлмаслиги; Эгилишдаги мустаҳкамлик — 9 × 10 6 Па дан кам бўлмаслиги; Юнг модули — 5,4 × 10 10 Па дан кам бўлмаслиги Газ ажралиши (радиоактив парчаланиш натижасида ҳосил бўладиган газсимон маҳсулотлар бундан мустасно) Мавжуд эмас

Полимер компаундининг асосий сифат кўрсаткичлари

4-жадвал Сифат кўрсаткичи Рухсат этилган қийматлар Сувга чидамлилик ( 137 Сс ва 3 Ҳ радионуклидларининг ювилиб чиқиш тезлиги) 137 Сс: 2·10 -2 — 10 -3 г/(см²·сут); 3 Ҳ: 2·10 -2 —·10 -3 г/(см²·сут) Термик барқарорлик 0 °С дан +100 °С гача бўлган ҳароратда сақлаш натижасида компаунднинг тузилиши ҳамда сувга чидамлилик хоссаларининг сақланиши Радиациявий барқарорлик 4×10 4 Гй доза (³Ҳ бета-нурланиши бўйича) таъсирида компаунднинг тузилиши ҳамда сувга чидамлилик хоссаларининг сақланиши Газ ажралиши Мавжуд эмас Полимер компаунд таркибига кирмаган суюқ радиоактив чиқиндилар ҳажми умумий ҳажмнинг 1 фоиздан кўп эмас

Раис А. РАФИҚОВ

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А. ЖУМАНАЗАРОВ

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси р аиси А. АБДУХАКИМОВ

Фавқулодда вазиятлар вазири А. ИКРАМОВ

Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ

Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ

Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 30 июнь,

2026 йил 15 июнь

2026 йил 8 июнь

2026 йил 14 май

2026 йил 8 май

2026 йил 4 май

2026 йил 28 апрель

48 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.07.2026 й., 10/26/3901/0746-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining

Qarori

XAVFSIZLIK TALABLARI

Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalashda hamda gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda xavfsizlik talablarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 24-dekabrdagi PF-224-son “Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi sohasida davlat nazoratini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi qaror qiladi:

1. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalashda hamda gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda xavfsizlik talablari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi va Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining 2026-yil 30-iyundagi 48-son qaroriga ILOVA

Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalashda hamda gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda

Mazkur Xavfsizlik talablari yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar, qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash punktlarida qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash hamda konditsiyalash, shuningdek gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlish jarayonlarida radiatsiyaviy va yadroviy xavfsizlikni taʼminlashga qoʻyiladigan talablarni belgilaydi.

Ushbu Xavfsizlik talablari quyidagi radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishga nisbatan tatbiq etilmaydi:

radioaktiv rudalarni qazib olish va boyitish natijasida hosil boʻladigan qattiq radioaktiv chiqindilarga;

tarkibida tabiiy radionuklidlar miqdori yuqori boʻlgan mineral va organik xomashyoni qazib olish hamda qayta ishlash natijasida hosil boʻladigan qattiq radioaktiv chiqindilarga;

radioaktiv moddalar bilan ifloslangan hududlarni reabilitatsiya qilish natijasida hosil boʻladigan qattiq radioaktiv chiqindilarga;

foydalanilgan yopiq ionlashtiruvchi nurlanish manbalariga.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Xavfsizlik talablarida quyidagi tushunchalar qoʻllaniladi:

atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar — atom energiyasidan foydalanish obyektlarining va mazkur sohadagi faoliyatning xavfsizligi talablarini belgilovchi normativ-huquqiy hujjatlar hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar;

ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tashkil etilgan hamda yadroviy qurilma va (yoki) saqlash punkti uchun masʼul etib tayinlangan hamda oʻz kuchlari bilan yoki boshqa yuridik shaxslarni jalb etgan holda yadroviy qurilmani va (yoki) saqlash punktini ekspluatatsiya qilishga qodir boʻlgan yuridik shaxs;

radiatsiyaviy manbalar — tarkibida radioaktiv moddalar mavjud boʻlgan yoki ionlashtiruvchi nurlanish chiqaradigan, yadroviy qurilmalar jumlasiga kirmaydigan majmualar, qurilmalar, apparatlar, uskunalar va buyumlar;

radioaktiv chiqindilar — foydalanish uchun moʻljallanmagan, yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan eng koʻp miqdordan oshadigan faollik darajasiga ega radionuklidlarni oʻz ichiga olgan har qanday agregat holatidagi materiallar va moddalar;

radioaktiv chiqindilarni konditsiyalash (bundan buyon matnda konditsiyalash deb yuritiladi) — radioaktiv chiqindilarni koʻmish uchun yaroqli boʻlgan va radioaktiv chiqindilarni koʻmish uchun maqbullik mezonlariga muvofiq boʻlgan fizik shakl va holatga keltirish boʻyicha texnologik jarayonlar;

yadroviy qurilmalar — atom elektr stansiyalari, tadqiqot yadro reaktorlari, kritik va subkritik yadroviy stendlari boʻlgan inshootlar hamda majmualar, yadroviy yoqilgʻidan va yadroviy materiallardan foydalanish hamda ularni tashish uchun moʻljallangan qurilmalar.

2-bob. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash, shuningdek gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomala boʻlishda xavfsizlikni taʼminlashning umumiy talablari

2. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash, shuningdek gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlish jarayonlarida quyidagi xavfsizlik talablari taʼminlanadi:

Radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishning xavfsizlik talablariga (roʻyxat raqami 3694, 2025-yil 28-oktabr) rioya qilish;

xodimlar va aholining ionlashtiruvchi nurlanishdan oladigan dozalari SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN-2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitariya qoidalari (RXTASQ-2006)”da belgilangan doza chegaralaridan oshmasligi hamda nurlanishning oqilona erishish mumkin boʻlgan eng past darajada saqlanishi;

texnologik va iqtisodiy omillarni hisobga olgan holda qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar hajmi va faolligini kamaytirish;

radiatsiyaviy avariyalarning oldini olish hamda ular yuzaga kelganda oqibatlarini cheklash va bartaraf etish boʻyicha zarur tashkiliy hamda texnik choralarni koʻrish;

qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni konditsiyalash va koʻmishga tayyorlash;

ionlashtiruvchi nurlanish manbalari bilan bogʻliq faoliyatni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda olingan litsenziya asosida amalga oshirish.

3. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalashda, shuningdek gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda xavfsizlikni taʼminlashga qaratilgan tashkiliy hamda texnik chora-tadbirlarni belgilashda quyidagilar hisobga olinadi:

hosil boʻlish manbai;

hajmi;

agregat holati;

fizik va kimyoviy xossalari, shu jumladan ularning organik yoki noorganik tabiati;

radionuklid tarkibi, radionuklidlarning umumiy va solishtirma faolligi, shuningdek ularning yarim yemirilish davri;

qattiq radioaktiv chiqindilarning morfologik tarkibi;

suyuq radioaktiv chiqindilarning kimyoviy tarkibi;

qayta ishlash, konditsiyalash, tashish va saqlash usullari;

radioaktiv moddalarning fizik xususiyatlari va kimyoviy tarkibi;

yadroviy xavfli boʻlinuvchi radionuklidlar miqdori;

tozalanadigan gazsimon radioaktiv chiqindilar hajmi;

gazsimon radioaktiv chiqindilarning umumiy hajmiy faolligi qiymatlarining oʻzgarish diapazoni;

atmosfera havosiga chiqariladigan hamda hisobga olinishi va normalashtirilishi lozim boʻlgan radionuklidlar hajmiy faolligining eng kam qiymatlari;

aerozollar (tuman, tutun, chang) mavjudligi;

inert radioaktiv gazlar mavjudligi;

molekulyar, aerozol va (yoki) uchuvchan shakldagi, shu jumladan organik birikmalar koʻrinishidagi radioaktiv yod mavjudligi;

radioaktiv moddalarning bugʻ-gaz aralashmalari mavjudligi;

portlash xavfi mavjud boʻlgan va yonuvchi moddalar mavjudligi;

harorat va nisbiy namlik;

aerozol zarrachalarining dispers tarkibi va massa konsentratsiyasi;

radionuklidlarning gazsimon shakllari (fraksiyalari), shuningdek aerozol zarrachalarining suvda yoki uskunada mavjud boʻlishi mumkin boʻlgan boshqa suyuqliklarda eruvchanligi;

uskunaning ichki yuzalarida qattiq zarrachalar choʻkmasini hosil qilishi mumkin boʻlgan moddalar va (yoki) aerozol zarrachalar mavjudligi;

kimyoviy agressiv moddalar mavjudligi;

yongʻin va portlash xavfi.

4. Yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash punktlarining (bundan buyon matnda saqlash punktlari deb yuritiladi) loyiha hujjatlarida ular bilan muomalada boʻlish jarayonlarining radiatsiyaviy xavfsizligini taʼminlashga qaratilgan loyiha yechimlari nazarda tutiladi.

5. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlish uchun moʻljallangan ishlab chiqarish xonalari radiatsiyaviy xavf darajasi, radioaktiv ifloslanish ehtimoli hamda bajariladigan texnologik jarayonlarning xususiyatlarini hisobga olgan holda funksional zonalarga ajratiladi.

6. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash, shuningdek gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda portlash va yongʻin xavfining oldini olishga qaratilgan tashkiliy hamda texnik chora-tadbirlar yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiq belgilanadi.

7. Yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlari uchun atom energiyasidan foydalanish obyektlarining (bundan buyon matda obyekt deb yuritiladi) loyiha hujjatlarida radiatsiyaviy avariyalarning oldini olish, ularning rivojlanishini cheklash hamda oqibatlarini kamaytirishga qaratilgan muhandislik-texnik yechimlar nazarda tutiladi.

Mazkur loyiha yechimlari xodimlar, aholi va atrof-muhitni ionlashtiruvchi nurlanishning zararli taʼsiridan himoya qilishni, radioaktiv moddalarning nazoratsiz tarqalishining oldini olishni hamda obyektning xavfsiz ekspluatatsiyasini taʼminlashi zarur.

Obyektlar radiatsiyaviy nazorat, avariyaviy ogohlantirish, muhandislik himoyasi va boshqa xavfsizlik tizimlari bilan jihozlanadi.

8. Tarkibida boʻlinuvchi yadroviy materiallar mavjud boʻlgan qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda amalga oshiriladigan yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlarining loyiha hujjatlarida atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarga muvofiq yadroviy xavfsizlikni taʼminlashga qaratilgan tashkiliy hamda texnik chora-tadbirlar nazarda tutiladi.

9. Tarkibida boʻlinuvchi yadroviy materiallar mavjud boʻlgan gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda yadroviy xavfsizlikni taʼminlash maqsadida quyidagi tashkiliy hamda texnik chora-tadbirlar amalga oshiriladi:

gazlarni tozalash tizimlarining quvurlarida (havo oʻtkazgichlari) va filtrlash uskunalarida boʻlinuvchi yadroviy materiallarning toʻplanishiga yoʻl qoʻyiladigan normativ koʻrsatkichlarni loyiha hujjatlari hamda atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarga muvofiq belgilash;

gazlarni tozalash tizimlarining quvurlari (havo oʻtkazgichlari) va filtrlash uskunalarida boʻlinuvchi yadroviy materiallarning toʻplanishini nazorat qilish;

gazlarni tozalash tizimlarining quvurlari (havo oʻtkazgichlari) va filtrlash uskunalarida boʻlinuvchi yadroviy materiallarning belgilangan normativ koʻrsatkichlardan ortiq miqdorda toʻplanishiga yoʻl qoʻymaslik.

10. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash, shuningdek gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlish uchun moʻljallangan asbob-uskunalarni loyihalash va tayyorlashga, shuningdek yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar hamda saqlash punktlarida radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishni taʼminlovchi tizimlar va ularning elementlarini loyihalash hamda xavfsizlik boʻyicha tasniflashga qoʻyiladigan talablar atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarga muvofiq boʻlishi lozim.

11. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash jarayonlarida ularning fizik, kimyoviy hamda radiatsiyaviy tavsiflarini, shu jumladan radionuklid tarkibini, umumiy va solishtirma faolligini aniqlash hamda ularni nazorat qilish maqsadida oʻlchash vositalari, laboratoriya tahlillari va nazorat usullaridan foydalangan holda texnologik nazorat tashkil etiladi.

12. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar hamda konditsiyalangan radioaktiv chiqindilarning nazorat qilinadigan koʻrsatkichlari, ularni nazorat qilish usullari va vositalari atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablariga muvofiq obyektning loyiha va ekspluatatsiya hujjatlarida belgilanadi.

Nazorat natijalarini rasmiylashtirish, hisobga olish va saqlash tartibi, shuningdek qattiqva suyuq radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlish jarayonlarini nazorat etishni tashkil qilish va amalga oshirishga oid talablar obyektning sifatni taʼminlash dasturida nazarda tutiladi.

13. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirishda bosim, harorat, radionuklid tarkibi va faolligi, shuningdek gazlarni tozalash hamda shamollatish (ventilyatsiya) tizimlarining ishlash samaradorligini oʻlchash, qayd etish va nazorat qilish imkonini beruvchi texnik vositalardan foydalangan holda texnologik parametrlarning boshqarilishi va monitoringi taʼminlanadi.

14. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash jarayonlarida radiatsiyaviy nazorat tashkil etiladi va amalga oshiriladi.

Bunda radiatsiyaviy nazoratning hajmi, usullari, nazorat qilinadigan koʻrsatkichlari hamda davriyligi SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitariya qoidalari (RXTASQ 2006)” hamda atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablariga muvofiq belgilanadi.

15. Suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash jarayonlarida quyidagilarga yoʻl qoʻyilmaydi:

suyuq radioaktiv chiqindilarning xavfsizlikka salbiy taʼsir koʻrsatadigan nazoratsiz fizik yoki agregat holati oʻzgarishlariga;

boshqarib boʻlmaydigan ekzotermik kimyoviy reaksiyalarning yuzaga kelishiga.

16. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash, shuningdek gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomala boʻlish uchun moʻljallangan uskunalar, quvurlar, konteynerlar va xonalar ularni dezaktivatsiya qilish imkoniyatini hisobga olgan holda loyihalanishi lozim.

Uskunalar, quvurlar, konteynerlar va xonalarning ichki yuzalari agressiv muhit taʼsiriga chidamli, radionuklidlarga nisbatan past sorbsiya xususiyatiga ega hamda dezaktivatsiya qilish vositalari taʼsiriga chidamli materiallardan tayyorlanishi kerak.

17. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, konditsiyalash va saqlash, shuningdek gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirishda foydalaniladigan oʻlchash vositalari metrologik tekshiruvdan oʻtkazilgan boʻlishi lozim.

18. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash jarayonlarida hosil boʻladigan hamda atmosfera havosiga chiqariladigan gazsimon radioaktiv chiqindilar atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablariga muvofiq tozalanadi.

19. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalash uchun moʻljallangan xonalar ishchi zona havosi hamda atrof-muhitning radioaktiv ifloslanishining oldini olishni taʼminlaydigan shamollatish tizimi (ventilyatsiya) bilan jihozlanadi.

Shamollatish tizimi (ventilyatsiya) ekspluatatsiya davomida doimiy soz va ishga yaroqli holatda saqlanishi kerak.

20. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni radioaktiv boʻlmagan chiqindilar bilan aralashtirish, ularni birgalikda toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalashga yoʻl qoʻyilmaydi.

21. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar oraliq saqlash muddati tugaguniga qadar Radioaktiv chiqindilarni koʻmish boʻyicha maqbullik mezonlari va talablariga (roʻyxat raqami 3734, 2025-yil 23-dekabr) muvofiq konditsiyalanadi hamda koʻmishga tayyorlanadi.

22. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot qattiq, suyuq va gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda quyidagilarni taʼminlaydi:

radioaktiv moddalar va radionuklidlarning atmosfera havosi, yer usti va yer osti suvlari hamda tuproqqa nazoratsiz tarqalishiga yoʻl qoʻymaslikni;

qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni ularning agregat holati, radionuklid tarkibi, radiatsiyaviy faolligi va yarim yemirilish davriga koʻra alohida toʻplash va saqlashni;

qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar hajmi va radiatsiyaviy faolligini oqilona erishish mumkin boʻlgan eng past darajagacha kamaytirishni;

qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash hamda qayta ishlashga moʻljallangan inshootlar atrof-muhitdan izolyatsiya qilinishini hamda gazsimon radioaktiv chiqindilar uchun gazlarni tozalash tizimlarining uzluksiz ishlashini.

23. Gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda quyidagi tashkiliy va texnik chora-tadbirlar amalga oshiriladi:

vodorodning portlash xavfini yuzaga keltiruvchi konsentratsiyalari hosil boʻlishining oldini olish uchun zarur texnik vositalar va usullarni qoʻllash (agar bunday konsentratsiyalar hosil boʻlish ehtimoli mavjud boʻlsa);

tortish-puflash qurilmalarining (gaz puflagichlar, shamollatish (ventilyatsiya) agregatlari, ventilyatorlar, kompressorlar, ejektorlar) unumdorligini boshqarish va tartibga solish vositalarini nazarda tutish;

gazsimon radioaktiv chiqindilarni tozalash jarayonini toʻxtatmagan holda filtrlovchi va yutuvchi elementlarni almashtirish yoki qayta tiklash imkonini beruvchi zaxira tizimlarini joriy etish;

bokslar, kameralar, javonlar, kanyonlar hamda boshqa shunga oʻxshash qurilmalardan, shu jumladan taʼmirlash va profilaktika ishlari vaqtida chiqariladigan havoning mahalliy gaz tozalash tizimlari orqali tozalanishini taʼminlash;

filtrlar va yutuvchilarning samaradorligiga taʼsir etuvchi muhit parametrlarining (harorat, namlik, gaz oqimi tezligi) barqarorligini taʼminlash;

obyektni loyihalashda havo oʻtkazgichlarining uzunligini qisqartirish, ularning issiqlik izolyatsiyasini nazarda tutish hamda gazsimon radioaktiv chiqindilarni isitish yoki sovutish choralarini koʻrish.

24. Gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda tozalash uskunalarida faollashtirilgan koʻmir sorbent sifatida qoʻllanilganda, uning alangalanishi hamda yongʻin tarqalishining oldini olish, shuningdek yongʻin sodir boʻlganda uni oʻz vaqtida aniqlash va bartaraf etishni taʼminlovchi tashkiliy hamda texnik chora-tadbirlar nazarda tutilishi zarur.

25. Texnologik radioaktiv puflamalar (texnologik uskunalardan chiqariladigan radioaktiv bugʻ-gaz aralashmalari hamda gazsimon va (yoki) aerozol holatidagi radioaktiv moddalar) atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablariga muvofiq tozalanadi.

Texnologik radioaktiv puflamalar quvurlarini umumiy shamollatish (ventilyatsiya) tizimining yigʻma shamollatish (ventilyatsiya) qutilariga ulashga faqat mazkur puflamalar qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish uchun moʻljallangan uskunalarda tozalangandan soʻnggina yoʻl qoʻyiladi.

3-bob. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplashda xavfsizlik talablari

26. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash obyektning loyiha va ekspluatatsiya hujjatlarida belgilangan maxsus ajratilgan va jihozlangan xonalar, maydonlar yoki inshootlarda amalga oshiriladi.

Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni qayta ishlash, saqlash va konditsiyalashga tayyorlashni, shuningdek radioaktiv moddalarning atrof-muhitga nazoratsiz tarqalishiga yoʻl qoʻyilmasligini taʼminlaydi.

27. Qattiq radioaktiv chiqindilarni toʻplashda ularni keyinchalik xavfsiz qayta ishlash, tashish, saqlash va konditsiyalash imkonini beradigan sigʻimlar yoki konteynerlardan foydalaniladi.

28. Suyuq radioaktiv chiqindilar keyinchalik qayta ishlash texnologiyasini hisobga olgan holda quyidagi turlar boʻyicha alohida toʻplanadi:

noorganik suyuq radioaktiv chiqindilar;

organik suyuq radioaktiv chiqindilar (yogʻlar, boshqa organik suyuqliklar, ularning emulsiyalari va eritmalari);

filtrlovchi materiallardan hosil boʻlgan pulpa va shlamlar.

29. Tarkibida yarim yemirilish davri 15 sutkadan kam boʻlgan radionuklidlar mavjud qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar ulardagi radionuklidlarning solishtirma faolligi SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitariya qoidalari (RXTASQ 2006)”da belgilangan radioaktiv chiqindilarni radioaktiv chiqindilar toifasiga kiritish talablaridan past darajaga tushguniga qadar oraliq saqlash joylarida saqlanadi.

30. Portlash yoki yongʻin xavfiga ega qattiq radioaktiv chiqindilar boshqa turdagi qattiq radioaktiv chiqindilar bilan aralashtirilmasligi, alohida toʻplanishi hamda ularning fizik-kimyoviy xossalarini hisobga olgan holda xavfsiz sharoitlarda saqlanishi lozim.

31. Suyuq radioaktiv chiqindilarni bevosita hosil boʻlgan joyida toʻplash imkoniyati mavjud boʻlmaganda ular atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablariga muvofiq maxsus yigʻish tizimi orqali yigʻiladi.

Maxsus yigʻish tizimidan foydalanish imkoniyati mavjud boʻlmaganda suyuq radioaktiv chiqindilarni yigʻish uchun germetik konteynerlardan (yigʻgichlar) foydalanishga yoʻl qoʻyiladi.

32. Suyuq radioaktiv chiqindilarni xoʻjalik-maishiy oqova suvlarni chiqarish tizimiga, ishlab chiqarish va jala oqova suvlarini chiqarish tizimlariga, suv obyektlariga, yutuvchi oʻralarga, quduqlarga, sugʻorish va filtrlash maydonlariga hamda yer yuzasiga oqizishga yoʻl qoʻyilmaydi.

33. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash tartibi atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar hamda ushbu Xavfsizlik talablari asosida obyektning loyiha va ekspluatatsiya hujjatlarida belgilanadi.

4-bob. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni qayta ishlashda xavfsizlikni taʼminlash

34. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot qattiq radioaktiv chiqindilarni qayta ishlash natijasida ularning hajmini kamaytirishi va (yoki) ularning radioaktiv chiqindilar bilan keyingi xavfsiz muomalasini taʼminlaydigan shaklga keltirishi lozim.

35. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot suyuq radioaktiv chiqindilarni qayta ishlash natijasida ularning fizik-kimyoviy xossalarini oʻzgartirish, radionuklidlarni suyuq fazadan ajratib olish va (yoki) konsentrlash hamda suyuq radioaktiv chiqindilarni barqaror qattiq shaklga oʻtkazish orqali radionuklidlarning atrof-muhitga tarqalish ehtimolini kamaytirishi kerak.

36. Qattiq radioaktiv chiqindilarni yoqish, piroliz, presslash, maydalash (fragmentlash), qayta eritish (metall qattiq radioaktiv chiqindilar uchun) yoki loyiha hujjatlarida nazarda tutilgan va xavfsizlik jihatidan asoslantirilgan boshqa usullar bilan qayta ishlash natijasida hosil boʻlgan radioaktiv chiqindilarning keyinchalik saqlash, tashish, konditsiyalash va koʻmishga topshirish imkonini beruvchi tavsiflari Radioaktiv chiqindilarni koʻmish boʻyicha maqbullik mezonlari va talablariga (roʻyxat raqami 3734, 2025-yil 23-dekabr) muvofiq boʻlishi lozim.

37. Qayta ishlash uchun topshirilayotgan qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar obyektning ekspluatatsiya hujjatlarida belgilangan tartib hamda hajmda kirish nazoratidan oʻtkaziladi.

38. Qattiq radioaktiv chiqindilarni yoqish va (yoki) piroliz usuli bilan qayta ishlash uchun moʻljallangan uskunalar quyidagi texnik vositalar bilan jihozlanadi:

yoqish va toʻliq yonish jarayonlarining asosiy parametrlarini, shu jumladan harorat, bosim (siyraklanish), shuningdek gaz tozalash tizimidagi bosimlar farqini nazorat qilish vositalari;

yoqish va (yoki) piroliz jarayonida hosil boʻladigan gazlarni zararli (ifloslantiruvchi) va radioaktiv moddalardan atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarda belgilangan yoʻl qoʻyiladigan tashlamalar darajasigacha tozalashni taʼminlovchi tizimlar;

yoqish va (yoki) piroliz jarayonida hosil boʻladigan hamda atmosfera havosiga chiqariladigan gazlar va aerozollarning radionuklid tarkibi hamda hajmiy faolligini nazorat qilishni taʼminlovchi texnik vositalar;

yoqish va (yoki) piroliz jarayonlarini avtomatik yoki avtomatlashtirilgan boshqarish tizimlari;

asbob-uskunalar va xonalarni dezaktivatsiya qilish vositalari;

yongʻin haqida xabar berish va yongʻinni oʻchirish tizimlari.

39. Qattiq radioaktiv chiqindilarni yoqish va (yoki) piroliz usuli bilan qayta ishlashda texnologik jarayon parametrlarining qiymatlari yonish mahsulotlari hamda piroliz natijasida hosil boʻladigan gazlarning keyingi toʻliq oksidlanishini taʼminlashi lozim.

40. Yondiriladigan qattiq radioaktiv chiqindilar tarkibida termik ishlov berish jarayonida yoʻl qoʻyiladigan darajalardan ortiq miqdorda agressiv, zaharli yoki boshqa xavfli moddalar hosil boʻlishiga olib kelishi mumkin boʻlgan polivinilxlorid va boshqa organik materiallarning miqdori cheklanishi lozim.

Yondirish va (yoki) piroliz qilish uchun yuboriladigan qattiq radioaktiv chiqindilar tarkibida portlash yoki yongʻin xavfini keltirib chiqaruvchi zaharli va kimyoviy faol moddalarning yoʻl qoʻyiladigan miqdori obyektning loyiha hujjatlarida belgilanadi.

Qattiq radioaktiv chiqindilarni radioaktiv boʻlmagan chiqindilar bilan birgalikda yoqish va (yoki) piroliz qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

41. Yondirish va (yoki) piroliz qilish uchun yuboriladigan qattiq radioaktiv chiqindilar tarkibida portlash yoki yongʻin xavfini keltirib chiqaruvchi zaharli va kimyoviy faol moddalarning yoʻl qoʻyiladigan miqdori obyektning loyiha hujjatlarida belgilanadi.

Monolitlangan kul qoldiqlarining sifat koʻrsatkichlari atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarda qattiq shaklga keltirilgan radioaktiv chiqindilar uchun belgilangan talablarga muvofiq boʻlishi zarur.

42. Qattiq radioaktiv chiqindilarni presslash usuli bilan qayta ishlashda quyidagi texnik vositalar mavjud boʻlishi lozim:

chang va radioaktiv aerozollarning tarqalishini oldini olish vositalari;

presslanadigan qattiq radioaktiv chiqindilardan ajralib chiqadigan namlikni chiqarish va yigʻish tizimlari;

presslangan qattiq radioaktiv chiqindilarni konteynerlarga joylashtirish vositalari;

presslash jarayonining texnologik parametrlarini avtomatik va (yoki) avtomatlashtirilgan tarzda boshqarish tizimlari.

43. Quyidagi xususiyatlarga ega qattiq radioaktiv chiqindilarni presslashga yoʻl qoʻyilmaydi:

namlik miqdori 1 foizdan ortiq boʻlsa;

pirofor va portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar mavjud boʻlsa;

tarkibida presslash jarayonida oʻzini oʻzi taʼminlovchi zanjirli yadroviy boʻlinish reaksiyasi yuzaga kelishi mumkin boʻlgan miqdorda yadroviy xavfli boʻlinuvchi radionuklidlar mavjud boʻlsa.

Qattiq radioaktiv chiqindilarni radioaktiv boʻlmagan chiqindilar bilan birgalikda presslashga yoʻl qoʻyilmaydi.

44. Qattiq radioaktiv chiqindilarni qayta eritish usuli bilan qayta ishlashda quyidagi texnik vositalar nazarda tutiladi:

eritish jarayonining asosiy parametrlarini, shu jumladan eritish pechidagi haroratni nazorat qilish vositalari;

eritish qurilmasidan chiqarilayotgan gazlar va aerozollarning radionuklid hamda kimyoviy tarkibini nazorat qilishni taʼminlovchi texnik vositalar;

eritish jarayonining texnologik parametrlarini avtomatik va (yoki) avtomatlashtirilgan tarzda boshqarish vositalari;

asbob-uskunalar va xonalarni dezaktivatsiya qilish vositalari;

yongʻin haqida avtomatik xabar berish va yongʻinni oʻchirish vositalari.

45. Qattiq radioaktiv chiqindilarni germetik yopilgan idishlardan chiqarmasdan qayta eritishga yoʻl qoʻyilmaydi.

46. Radionuklidlar bilan ifloslangan metall chiqindilarni qayta eritish jarayonida hosil boʻladigan qattiq radioaktiv chiqindilar, shu jumladan shlaklar, ishlatilgan oʻtga chidamli materiallar, gaz tozalash tizimida ushlab qolinadigan changlar hamda ishlatilgan gaz tozalash filtrlari ushbu Xavfsizlik talablariga muvofiq yigʻiladi, saqlanadi va konditsiyalanadi.

47. Qattiq radioaktiv chiqindilarni maydalash (fragmentlash) usuli bilan qayta ishlashda xodimlarni himoya qilish, shuningdek havo muhitining radioaktiv chang va aerozollar bilan ifloslanishini oldini olish uchun SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitar qoidalari (RXTASQ 2006)” hamda atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablariga muvofiq texnik vositalar nazarda tutilishi lozim.

Metall qattiq radioaktiv chiqindilarni keyingi xavfsiz muomalaga tayyorlash maqsadida ularni dezaktivatsiya qilish imkoniyati nazarda tutilishi kerak.

48. Suyuq radioaktiv chiqindilarni bugʻlatish usuli bilan qayta ishlashda quruq qoldiq tarkibidagi kimyoviy komponentlar oʻrtasida boshqarib boʻlmaydigan ekzotermik reaksiyalar yuzaga kelishining oldini olish maqsadida tarkibida erigan tuzlar miqdori yuqori boʻlgan suvli eritmalarni toʻliq suvsiz holatga keltirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

49. Suyuq radioaktiv chiqindilarni bugʻlatish natijasida hosil boʻlgan tuz konsentratlarini saqlash va konditsiyalash tizimlariga uzatishda quvurlar hamda uskunalarda choʻkindilar toʻplanishining oldini olish boʻyicha tashkiliy va texnik chora-tadbirlar koʻrilishi kerak.

50. Suyuq radioaktiv chiqindilarni qayta ishlash natijasida hosil boʻlgan tozalangan suvlardagi radionuklidlar konsentratsiyasi SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitar qoidalari (RXTASQ 2006)” hamda atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarda belgilangan talablarga muvofiq boʻlganda bunday suvlardan yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlarining texnologik ehtiyojlari uchun takroran foydalanishga yoʻl qoʻyiladi.

51. Suyuq radioaktiv chiqindilarni yoqish va (yoki) piroliz usuli bilan qayta ishlashda foydalaniladigan texnik vositalar ushbu Xavfsizlik talablarining 38-bandiga muvofiq boʻlishi lozim.

52. Suyuq radioaktiv chiqindilarni yoqish va (yoki) piroliz qilish texnologik jarayonining parametrlari yonish va (yoki) piroliz mahsulotlari ushbu Xavfsizlik talablarining 39-bandiga muvofiq maksimal darajada oksidlanishi zarur.

53. Yondiriladigan suyuq radioaktiv chiqindilar tarkibidagi portlash yoki yongʻin xavfini keltirib chiqaruvchi, zaharli hamda kimyoviy faol moddalarning yoʻl qoʻyiladigan miqdori ushbu Xavfsizlik talablarining 40-bandiga asosan obyektning loyiha hujjatlarida belgilanadi.

54. Suyuq radioaktiv chiqindilarni yoqish va (yoki) piroliz qilish natijasida hosil boʻlgan kul qoldiqlari ushbu Xavfsizlik talablarining 41-bandida belgilangan talablarga muvofiq konditsiyalanishi lozim.

55. Suyuq radioaktiv chiqindilarni qotirish usuli bilan qayta ishlashda quyidagilar hisobga olinadi:

suyuq radioaktiv chiqindilarning fizik va kimyoviy xususiyatlari;

suyuq radioaktiv chiqindilarni yoki tarkibidagi radioaktiv moddalarni monolit tuzilmada (matritsali material) immobilizatsiya qilish uchun qoʻllaniladigan radioaktiv boʻlmagan materiallarning xususiyatlari;

konditsiyalangan suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash, tashish va koʻmish usullari;

suyuq radioaktiv chiqindilarni koʻmish boʻyicha belgilangan maqbullik mezonlari.

56. Suyuq radioaktiv chiqindilarni sementlash, bitumlash, polimer matritsaga kiritish va shishalash usullari bilan qotirish jarayonlarining texnologik parametrlari radionuklidlarning matritsa hajmi boʻylab bir tekis taqsimlanishini hamda bir xil tarkib va xususiyatlarga ega barqaror kompaund hosil boʻlishini taʼminlashi lozim.

57. Suyuq radioaktiv chiqindilarni sementlash, bitumlash, polimer matritsaga kiritish va shishalash usullari bilan qotirish natijasida hosil boʻlgan konditsiyalangan radioaktiv chiqindilar ushbu Xavfsizlik talablarining ilovasidagi 1 — 4-jadvallarda belgilangan sifat koʻrsatkichlariga muvofiq boʻlishi zarur.

58. Suyuq radioaktiv chiqindilarni sementlash usuli bilan qotirishda tarkibida zaharli moddalar hosil boʻlishiga olib keluvchi yoki sement matritsasi bilan kimyoviy reaksiyaga kirishuvchi moddalar mavjud boʻlgan suyuq radioaktiv chiqindilarni qayta ishlashga yoʻl qoʻyilmaydi.

59. Sement kompaundini konteynerlarga qadoqlashda uning toʻkilishini oldini olish uchun quyidagi texnik vositalar mavjud boʻlishi lozim:

sement kompaundi uchun moʻljallangan konteynerni mahkamlash va toʻgʻri joylashtirilishini nazorat qilish vositalari;

konteynerning sement kompaundi bilan toʻldirilishini nazorat qilish vositalari;

qotmagan sement kompaundi mavjud boʻlgan konteynerni toʻldirish joyidan texnologik saqlash joyiga koʻchirishda sement kompaundining toʻkilishiga yoʻl qoʻymaydigan qurilmalar.

60. Suyuq radioaktiv chiqindilarni bitumlash usuli bilan qotirishda quyidagilar bajarilishi lozim:

matritsa materiali sifatida alangalanish harorati 200 °C dan yuqori boʻlgan bitumdan foydalanish;

tarkibiy qismlari bitum bilan boshqarib boʻlmaydigan kimyoviy ekzotermik reaksiyaga kirishadigan, shuningdek gazsimon zaharli yoki portlash va yongʻin xavfi boʻlgan moddalar hosil qiladigan suyuq radioaktiv chiqindilarni bitumlashga yoʻl qoʻyilmasligi;

hosil boʻlgan bitum kompaundi sifatining yomonlashishiga yoʻl qoʻyilmasligi.

61. Bitumlash usuli bilan qotirishga yuboriladigan suyuq radioaktiv chiqindilar tarkibidagi tuz konsentratlari quyidagi talablarga muvofiq boʻlishi lozim:

kuchli oksidlovchilar, shu jumladan uch valentli metallarning nitratlari va kaliy permanganat miqdori quruq qoldiq massasining 5 foizidan oshmasligi;

ammoniy nitrat miqdori quruq qoldiq massasining 12 foizidan oshmasligi;

pH qiymati 6,5 dan 12,0 gacha boʻlgan oraliqda boʻlishi;

solishtirma faolligi belgilangan ruxsat etilgan qiymatlardan oshmasligi.

62. Bitum kompaundini konteynerlarga qadoqlash jarayonida uning xonaga toʻkilishining oldini olishga qaratilgan tashkiliy va texnik chora-tadbirlar ushbu Xavfsizlik talablarining 59-bandida belgilangan talablarga muvofiq amalga oshiriladi.

63. Suyuq radioaktiv chiqindilarni polimer matritsaga kiritish usuli bilan qotirishda chiqindi tarkibidagi moddalar va polimer matritsa komponentlari oʻrtasidagi kimyoviy oʻzaro taʼsir natijasida quyidagi holatlar yuzaga kelishi mumkin boʻlgan suyuq radioaktiv chiqindilarni qayta ishlashga yoʻl qoʻyilmaydi:

boshqarib boʻlmaydigan kimyoviy ekzotermik reaksiyalar yuzaga kelishi, gazsimon zaharli moddalar yoki portlash va yongʻin xavfi mavjud moddalar hosil boʻlishi;

polimer kompaundi sifat koʻrsatkichlarining yomonlashishi.

64. Suyuq radioaktiv chiqindilarni shishalash usuli bilan qotirishda quyidagilarga yoʻl qoʻyilmaydi:

suyuq radioaktiv chiqindi tarkibidagi moddalar shishalash jarayonida boshqarib boʻlmaydigan kimyoviy ekzotermik reaksiyaga kirishishi natijasida gazsimon zaharli moddalar yoki portlash va yongʻin xavfi mavjud moddalar hosil boʻlishi mumkin boʻlgan suyuq radioaktiv chiqindilarni shishalashga yoʻnaltirish;

hosil boʻlgan shishasimon kompaund sifat koʻrsatkichlarining ushbu Xavfsizlik talablari ilovasida belgilangan qiymatlardan yomonlashishi.

Shishalashga yuboriladigan suyuq radioaktiv chiqindilar tarkibidagi plutoniy konsentratsiyasi 0,03 g/dm³ dan oshmasligi lozim.

65. Shishasimon kompaundni konteynerlarga qadoqlashda toʻkilishning oldini olish va qadoqlash jarayonining xavfsizligini taʼminlash uchun ushbu Xavfsizlik talablarida belgilangan umumiy texnik vositalar bilan bir qatorda quyidagilar nazarda tutilishi lozim:

toʻkish quvurini yopish uchun zaxira (dublyaj) qurilmasi;

qadoqlash jarayonida toʻkilgan shishasimon kompaundni xavfsiz olib tashlash imkonini beruvchi texnik vositalar.

66. Obyektning loyiha va ekspluatatsiya hujjatlarida quyidagilar belgilanadi va asoslantiriladi:

shishasimon kompaundni saqlashda uning chegaraviy harorati, bunda mazkur harorat yadroviy qurilma, radiatsiya manbai va saqlash punktining normal ekspluatatsiyasi, shuningdek normal ekspluatatsiya buzilishi, shu jumladan loyiha avariyalari sharoitida ham tegishli kompaundning shishalanish haroratidan kamida 100°C past boʻlishi;

shishasimon kompaund haroratining belgilangan chegaraviy qiymatdan oshmasligini taʼminlovchi chegaraviy issiqlik ajralish darajasi.

5-bob. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlashda xavfsizlikni taʼminlash

67. Obyektning loyiha hujjatlarida qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni xavfsiz saqlash boʻyicha tashkiliy va texnik chora-tadbirlar, shu jumladan ularni keyinchalik qayta ishlash yoki chiqarib olish imkonini beruvchi, radiatsiyadan himoyalangan hamda izolyatsiyalangan idishlarda vaqtincha saqlash tartibi belgilanadi.

68. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitariya qoidalari (RXTASQ 2006)” hamda atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablariga muvofiq radioaktiv moddalarning atrof-muhitga tarqalishining oldini oluvchi muhandislik toʻsiqlari tizimi bilan jihozlangan joylarda saqlanishi lozim.

69. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar saqlanadigan joylarning konstruksiyasi hamda konstruksiya materiallari saqlash joyining xizmat muddati davomida, biroq yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlari uchun obyektning ekspluatatsiya hujjatlarida belgilangan muddatdan kam boʻlmagan davr mobaynida ionlashtiruvchi nurlanishdan himoya qilishni hamda radioaktiv chiqindilarni ishonchli izolyatsiya qilishni taʼminlashi lozim.

Suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash uchun moʻljallangan sigʻimlar joylashtiriladigan xonalar gidroizolyatsiya qilingan hamda korroziyaga chidamli materiallar bilan qoplangan boʻlishi, bunda gidroizolyatsiya qilingan qismning sigʻimi idishlardagi barcha suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻliq qabul qilish imkonini taʼminlashi zarur.

Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash uchun moʻljallangan sigʻimlarning konstruksiyasi ularga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlashni, shuningdek radioaktiv chiqindilar oʻramlarini keyinchalik xavfsiz chiqarib olish imkoniyatini taʼminlashi kerak.

70. Juda past faollikka ega boʻlgan qattiq radioaktiv chiqindilarni saqlash joylaridan tashqari, qattiq radioaktiv chiqindilarni saqlash joylarida quyidagi texnik vositalar mavjud boʻlishi lozim:

omborning ichki yuzalarini dezaktivatsiya qilish vositalari;

qattiq radioaktiv chiqindilar va ularning oʻramlarini koʻzdan kechirish, texnik koʻrikdan oʻtkazish hamda saqlash joyidan chiqarib olish imkonini beruvchi vositalar;

saqlash joyida hosil boʻladigan namlikni yigʻish va chiqarish tizimlari;

shamollatish (ventilyatsiya) tizimi;

xonalarda radiatsiya nazoratini amalga oshirish vositalari.

71. Yuqori faol qattiq radioaktiv chiqindilar saqlanadigan joylarda quyidagilar boʻlishi lozim:

ekvivalent doza quvvati yuqori boʻlgan sharoitlarda qattiq radioaktiv chiqindilar konteynerlarini masofadan boshqarish vositalari;

saqlash joyi havosining haroratini nazorat qilish tizimlari;

saqlash joyi havosidagi vodorod konsentratsiyasini nazorat qilish vositalari;

saqlash joyi havosidagi radionuklidlar konsentratsiyasini nazorat qilish vositalari;

issiqlik ajratuvchi qattiq radioaktiv chiqindilar uchun issiqlikni olib chiqish (sovutish) tizimlari.

72. Suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash joyining sigʻimi suyuq radioaktiv chiqindilarni qayta ishlash hamda qisqa yashovchi radionuklidlarning tabiiy parchalanishi uchun zarur boʻlgan muddat davomida ularni xavfsiz saqlash imkonini taʼminlashi lozim.

73. Suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash uchun moʻljallangan sigʻimlar joylashtirilgan xonalarda quyidagi texnik vositalar mavjud boʻlishi lozim:

sigʻimlardan sizib chiqishni aniqlovchi signalizatsiya tizimlari;

sizib chiqqan suyuq radioaktiv chiqindilarni yigʻish va xavfsiz chiqarib olish (yoki qayta uzatish) tizimlari;

shamollatish (ventilyatsiya) tizimi;

radiatsiya nazoratini amalga oshirish vositalari;

xonalarni dezaktivatsiya qilish vositalari.

74. Organik suyuq radioaktiv chiqindilar saqlanadigan sigʻimlar joylashtirilgan xonalar yongʻin signalizatsiyasi va yongʻinni oʻchirish tizimlari bilan jihozlangan boʻlishi lozim.

Tarkibida oksidlovchi moddalar mavjud boʻlgan organik suyuq radioaktiv chiqindilarni boshqa organik suyuq radioaktiv chiqindilar bilan birgalikda saqlashga yoʻl qoʻyilmaydi.

75. Suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash uchun moʻljallangan sigʻimlar quyidagi texnik vositalar bilan jihozlangan boʻlishi lozim:

suyuq radioaktiv chiqindilarni qabul qilish, qayta ishlash va konditsiyalash qurilmalariga uzatish hamda sigʻimlarni boʻshatish uchun moʻljallangan quvurlar va quvur armaturalari;

texnologik parametrlarni (harorat, bosim va sigʻimdagi sathni) nazorat qilish vositalari, shu jumladan sigʻimdagi sathning belgilangan yuqori qiymatdan oshganligi va sizib chiqish holatlari haqida signal beruvchi tizimlar;

portlash va yongʻin xavfi mavjud boʻlgan gazlar hamda bugʻlar konsentratsiyasini nazorat qilish vositalari va ularning belgilangan chegaraviy qiymatlardan oshishi haqida signal beruvchi tizimlar (bunday gaz va bugʻlar hosil boʻlishi mumkin boʻlgan sigʻimlar uchun);

eritmalar, shlamlar va sorbentlarni bir sigʻimdan boshqasiga uzatish uchun moʻljallangan uskunalar va quvurlar;

sigʻimlardan suyuq radioaktiv chiqindilar toshib ketishining oldini oluvchi qurilmalar;

texnologik puflash tizimlari;

sigʻim ichidagi bosimning oshishi yoki vakuum hosil boʻlishi natijasida sigʻimning shikastlanishining oldini oluvchi himoya qurilmalari.

76. Suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlashda quyidagi texnik vositalar mavjud boʻlishi lozim:

suyuq radioaktiv chiqindilardan reprezentativ namunalar olish imkonini beruvchi vositalar;

qiyin eriydigan choʻkindilar va yotqiziqlar hosil boʻlishi mumkin boʻlgan sigʻimlarda ularning hosil boʻlishining oldini oluvchi vositalar;

choʻkindilar va shlamlarni olib tashlash vositalari.

77. Suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash idishlarida yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlari uchun obyektning loyiha hujjatlarida belgilangan ekspluatatsiya muddati davomida tuz choʻkindilarining hosil boʻlishiga yoʻl qoʻymaydigan hamda saqlash idishlaridan ishonchli va xavfsiz foydalanishni taʼminlaydigan suv-kimyoviy rejim saqlanishi lozim.

Suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash idishlaridagi suv-kimyoviy rejim korroziya jarayonlarining yuzaga kelishiga yoʻl qoʻymasligi lozim.

78. Yuqori faol suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlashda quyidagi holatlarning oldini olishni taʼminlaydigan qoʻshimcha texnik vositalar mavjud boʻlishi lozim:

suyuq radioaktiv chiqindilar haroratining loyiha hujjatlarida belgilangan chegaraviy qiymatdan oshishi;

idishning boʻsh hajmida yonuvchan va portlash xavfini tugʻdiruvchi gazlar hamda bugʻlar konsentratsiyasining loyiha hujjatlarida belgilangan chegaraviy qiymatlardan oshishi.

79. Yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlari uchun obyektning loyiha hujjatlarida avariya holatlarida hamda avariya oqibatlarini bartaraf etish jarayonida suyuq radioaktiv chiqindilarni qabul qilish va vaqtincha saqlash uchun moʻljallangan zaxira sigʻimlari nazarda tutilishi lozim.

80. Suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash uchun moʻljallangan zaxira sigʻimlarining minimal hajmi loyiha hujjatlarida belgilanadi va asoslantiriladi.

81. Past faol suyuq radioaktiv chiqindilarning kichik hajmlari (umumiy hajmi 0,2 m³ dan kam boʻlgan suyuq radioaktiv chiqindilar) ularni saqlash yoki qayta ishlash uchun moʻljallangan joylarga topshirilgunga qadar ushbu maqsad uchun jihozlangan xonalarda saqlanishi lozim.

Mazkur xonalarning joylashuvi, jihozlanishi hamda kichik hajmdagi suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash sharoitlari SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitar qoidalari (RXTASQ 2006)” talablariga muvofiq boʻlishi lozim.

82. Saqlash vaqtida radionuklidlarning saqlash joyidan tashqariga chiqishi va atrof-muhitga tarqalishi ehtimoli mavjud boʻlgan qattiq radioaktiv chiqindilarni saqlash joylari atrofidagi hududda yer osti suvlaridan namunalar olish uchun nazorat-kuzatuv quduqlari mavjud boʻlishi lozim.

Nazorat-kuzatuv quduqlarining soni va joylashuvi yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlari uchun obyektning loyiha hujjatlarida belgilanadi hamda asoslantiriladi.

83. Past faol qattiq radioaktiv chiqindilar ekspluatatsiya qiluvchi tashkilotlarning obyektlarida ushbu Xavfsizlik talablari hamda SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitariya qoidalari (RXTASQ 2006)” talablarini inobatga olgan holda ishlab chiqilgan obyektning loyiha yoki texnologik hujjatlarda belgilangan saqlash joylarida saqlanishi lozim.

Past faol qattiq radioaktiv chiqindilarni saqlash joylarining joylashuvi, muhandislik-texnik vositalar bilan jihozlanishi hamda saqlash sharoitlari SanQvaM 0251-08 “Radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishning sanitariya qoidalari” talablariga muvofiq boʻlishi lozim.

84. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash tartibi yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlari obyektlarining ekspluatatsiya hujjatlarida atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar hamda ushbu Xavfsizlik talablariga muvofiq belgilanishi lozim.

85. Suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlashda radiatsiya nazorati hamda suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash tizimining monitoringi, shuningdek suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlashda xavfsizlikni taʼminlashni tartibga soluvchi atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar talablariga muvofiq geologik muhit va yer osti suvlari holatining monitoringi amalga oshirilishi lozim.

Radiatsiya nazorati va monitoringni amalga oshirish hajmi, usullari, tartibi hamda davriyligi, shu jumladan suyuq radioaktiv chiqindilar saqlanadigan joy atrofida kuzatuv quduqlarini qurish zarurati, ularning soni va joylashuvi suyuq radioaktiv chiqindilar saqlanadigan joyning xavfsizligini baholash natijalari asosida obyektning loyiha va (yoki) ekspluatatsiya hujjatlarida belgilanadi hamda asoslantiriladi.

Monitoring dasturi obyektning normal ekspluatatsiyasi hamda normal ekspluatatsiya buzilishi va loyiha avariyalari sharoitlarida xavfsizlikni baholash boʻyicha bajarilgan prognoz hisob-kitoblari natijalariga muvofiq boʻlishi lozim.

6-bob. Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni konditsiyalashda xavfsizlikni taʼminlash

86. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni konditsiyalash jarayonida hosil boʻladigan konditsiyalangan radioaktiv chiqindilarning Radioaktiv chiqindilarni koʻmish boʻyicha maqbullik mezonlari va talablariga (roʻyxat raqami 3734, 2025-yil 23-dekabr) muvofiqligini taʼminlashi zarur.

87. Yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlari obyektlarining loyiha hujjatlarida qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni konditsiyalash usullari va texnik vositalari, shuningdek konditsiyalangan radioaktiv chiqindilarning tavsiflarini nazorat qilishning usullari hamda vositalari atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar hamda ushbu Xavfsizlik talablariga muvofiq belgilanishi va asoslantirilishi lozim.

88. Qattiq radioaktiv chiqindilarni konditsiyalash usullari va vositalarini tanlash quyidagilarni hisobga olgan holda amalga oshiriladi:

konditsiyalanishi lozim boʻlgan qattiq radioaktiv chiqindilarning fizik, kimyoviy va radiatsiyaviy tavsiflari;

qattiq radioaktiv chiqindilarni koʻmish uchun belgilangan maqbullik mezonlari.

89. Qattiq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, tashish, saqlash va (yoki) koʻmib tashlash uchun moʻljallangan konteynerlarning konstruksiyasi hamda tayyorlanadigan materiallari va ularning xususiyatlari yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlari obyektlarining loyiha hujjatlarida asoslantirilishi lozim.

90. Konditsiyalangan past, oʻrta va yuqori faollik darajasiga ega qattiq hamda suyuq radioaktiv chiqindilarni saqlash va koʻmish uchun moʻljallangan konteynerlarning atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalarda hamda Radioaktiv chiqindilarni koʻmish boʻyicha maqbullik mezonlari va talablarida (roʻyxat raqami 3734, 2025-yil 23-dekabr) belgilangan qoidalarga muvofiqligi baholanadi.

91. Konteynerning konstruktiv materiallari uning tashqi yuzasini dezaktivatsiya qilish imkoniyatini taʼminlashi lozim.

92. Konteyner koʻmishgacha boʻlgan kutilayotgan saqlash davri davomida oʻz butunligini saqlashi hamda qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar joylashtirilgan konteynerdan radionuklidlarning va (yoki) ionlashtiruvchi nurlanishning atrof-muhitga tarqalishiga yoʻl qoʻymasligi lozim.

Konteyner quyidagi imkoniyatlarni taʼminlashi lozim:

saqlash muddati yakunida radioaktiv chiqindilar joylashtirilgan konteynerni saqlash joyidan xavfsiz chiqarib olish;

konteyner yaxlitligi buzilganda yoki qoʻshimcha himoya talab etilganda uni qoʻshimcha konteynerga joylashtirish;

qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar joylashtirilgan konteynerni koʻmish joyiga tashish;

qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni koʻmish jarayonida konteyner bilan xavfsiz muomalada boʻlish va uni koʻmish inshootiga joylashtirish.

93. Konditsiyalangan qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilar joylashtirilgan konteynerlar uchun Radioaktiv chiqindilarni koʻmish boʻyicha maqbullik mezonlari va talablariga (roʻyxat raqami 3734, 2025-yil 23-dekabr) muvofiq pasport rasmiylashtiriladi.

7-bob. Gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlish uchun moʻljallangan tizimlar (elementlar)

94. Gazsimon radioaktiv chiqindilarni tozalash uskunalarida qoʻllaniladigan filtrlovchi materiallar va sorbentlar namlik, harorat, radiatsiya, organik erituvchilar bugʻlari, ishqorlar va kislotalar taʼsiriga, shuningdek gaz oqimi parametrlarining oʻzgarishiga chidamli boʻlishi lozim.

95. Gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan ishlashga moʻljallangan tozalash uskunalarini tayyorlashda qoʻllaniladigan konstruksion materiallar quyidagi talablarga muvofiq boʻlishi lozim:

radioaktiv moddalarni kam sorbsiyalovchi xususiyatga ega boʻlishi;

dezaktivatsiya qiluvchi eritmalarning taʼsiriga chidamli boʻlishi.

96. Gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlish uchun moʻljallangan tizimlarning elementlari, jumladan filtrlari, ushbu elementlarga texnik koʻrikdan oʻtkazish, taʼmirlash va almashtirish ishlarini bajarish imkoniyatini taʼminlaydigan tarzda hamda SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitariya qoidalari (RXTASQ 2006)”ni inobatga olgan holda loyihalanishi va joylashtirilishi lozim.

97. Gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishga moʻljallangan tozalash uskunalari, shu jumladan aerozol filtrlari, filtr-adsorberlar va barbotaj qurilmalari quyidagi talablarga muvofiq boʻlishi lozim:

ekspluatatsiya davomida shamollatish (ventilyatsiya) agregatlari tomonidan hosil qilinadigan siyraklanish tozalash uskunasining maksimal aerodinamik qarshiligini yengib oʻtishni taʼminlashi;

gazsimon radioaktiv chiqindilarni tozalash samaradorligi butun ekspluatatsiya muddati davomida loyiha hujjatlarida belgilangan darajadan past boʻlmasligi.

98. Gazsimon radioaktiv chiqindilarni tozalash samaradorligining loyihada qabul qilingan qiymatlari yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlari obyektlarining loyiha hujjatlarida asoslantirilishi lozim.

99. Gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishga moʻljallangan tizimlarda havo oqimlari parametrlarini hisoblashda filtr yuzasida aerozol zarrachalarining toʻplanishi natijasida uning filtr qarshiligining ortishi inobatga olinishi lozim.

100. Gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlish tizimlari filtrlari orqali havoni radioaktiv aerozollardan tozalash koeffitsiyentini hisoblash quyidagilarni hisobga olgan holda amalga oshirilishi lozim:

aerozol zarrachalarining oʻlchami tozalash uskunasi ishlab chiqaruvchisining hujjatlarida koʻrsatilgan eng qiyin ushlanadigan (eng yuqori oʻtuvchanlikka ega) zarrachalar oʻlchamiga teng deb qabul qilinishi (tozalash samaradorligi qiymatlari va zarracha oʻlchamlari loyiha hujjatlarida keltirilishi lozim);

texnologik jarayonning issiqlik-texnik va aerodinamik parametrlari eng noqulay ekspluatatsiya sharoitlarini hisobga olgan holda tanlanishi.

101. Gazsimon radioaktiv chiqindilar tarkibidagi radioaktiv yodni ushlab qolish uchun moʻljallangan adsorberlar atom energiyasidan foydalanish obyektlarining normal ekspluatatsiyasi hamda normal ekspluatatsiya buzilishi sharoitlarida radioaktiv yodning turli kimyoviy birikmalarini ushlab qolishni taʼminlashi lozim.

102. Gazsimon radioaktiv chiqindilar tarkibidagi radioaktiv yodni tutib qolishga moʻljallangan adsorberlar va boshqa qurilmalarni hisoblashda quyidagilar inobatga olinishi lozim:

foydalanilayotgan sorbentlarning ekspluatatsiya sharoitidagi sorbsiya sigʻimi;

adsorberlarga (qurilmalarga) ularning butun ekspluatatsiya davri davomida tushadigan radioaktiv yodning umumiy miqdori.

103. Gazgolderlar va radioxromatografik gaz tozalash tizimlari inert radioaktiv gazlarni ushlab qolishni hamda loyiha hujjatlarida belgilangan tozalash koeffitsiyentini (gazsimon radioaktiv chiqindilarni qayta ishlash qurilmasiga kirishdagi radioaktiv moddalar konsentratsiyasining ushbu qurilmadan chiqishdagi konsentratsiyaga nisbatini) atom energiyasidan foydalanish obyektining barcha loyihaviy ish rejimlarida taʼminlashi lozim.

Inert radioaktiv gazlarni radioaktiv parchalanish sodir boʻlguniga qadar tutib qolish va vaqtincha saqlashga moʻljallangan radioxromatografik tizimlarni hisoblashda quyidagilar inobatga olinishi zarur:

sorbentlarning ekspluatatsiya sharoitlaridagi (harorat, namlik) sigʻimi;

inert radioaktiv gazlarning adsorbsion ushlab qolish tizimida boʻlish vaqti.

104. Gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishga moʻljallangan tizimlar va ularning elementlari ishga yaroqliligi hamda loyiha hujjatlarida belgilangan texnik tavsiflarga muvofiqligi boʻyicha, shu jumladan yadroviy qurilmalar, radiatsiyaviy manbalar va saqlash punktlarida yuzaga kelgan avariyalar oqibatlari bartaraf etilgandan soʻng tekshirilishi lozim.

105. Har bir filtr yoki sorbent partiyasi ishlab chiqaruvchining pasportiga ega boʻlishi va unda asosiy parametrlar hamda ushbu filtr yoki sorbentlarni sinovdan oʻtkazish natijasida olingan quyidagi koʻrsatkichlar keltirilishi lozim:

filtrlar uchun — nominal sarfdagi qarshilik, aerodinamik qarshilik, eng qiyin ushlanadigan (eng yuqori oʻtuvchanlikka ega) zarrachalar uchun tozalash samaradorligi (zarracha diametriga bogʻliq samaradorlik egri chizigʻining minimumiga mos keluvchi zarracha oʻlchami);

sorbentlar uchun — sorbent moʻljallangan moddalarni ushlab qolish samaradorligi, agar sorbent radioaktiv yodni ushlab qolish uchun moʻljallangan boʻlsa molekulyar yod va metilyodidni (alohida-alohida) ushlab qolish samaradorligi.

106. Aerozol filtrlari, filtr-adsorberlar va filtr-absorberlar nominal havo sarfining uch baravarigacha oshishiga bardosh berishi hamda oʻz funksional xususiyatlarini saqlashi lozim.

Havo sarfi nominal qiymatga qaytarilgandan soʻng tozalash samaradorligi obyektning loyiha hujjatlarida belgilangan darajadan past boʻlmasligi lozim.

107. Aerozol filtrlari va sorbentlarga loyiha hujjatlarida belgilangan ishchi haroratdan yuqori haroratlarning taʼsiri toksik moddalarning hosil boʻlishi va ajralib chiqishiga olib kelmasligi kerak.

108. Belgilangan ekspluatatsiya resursi tugagan filtrlardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi. Bunday filtrlarni chiqarib olish, saqlash va utilizatsiya qilish atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normalar va qoidalar hamda SanQvaM 0193-06 “Radiatsiya xavfsizligi normalari (RXN 2006)” va “Radiatsiya xavfsizligini taʼminlashning asosiy sanitariya qoidalari (RXTASQ 2006)” talablariga muvofiq amalga oshirilishi lozim.

109. Tozalash uskunalari uchun radiatsiyaviy va texnologik nazorat usullari hamda vositalarini, shuningdek texnologik jarayonlar parametrlarini qayd etish tizimlarini belgilashda quyidagilar inobatga olinishi lozim:

gazsimon radioaktiv chiqindilar oqimlarining parametrlari;

issiqlik-texnik va aerodinamik parametrlar — bosim (siyraklanish), gaz oqimiga qarshilik, harorat va namlik;

portlash xavfi mavjud moddalar, jumladan vodorod konsentratsiyasi (agar ular gazsimon radioaktiv chiqindilar tarkibida mavjud boʻlsa);

tozalash uskunasining samaradorligi;

tozalash koeffitsiyenti.

110. Gazsimon radioaktiv chiqindilarni tozalash jarayonida tozalash koeffitsiyentini davriy oʻlchash usullari va vositalari, shuningdek tozalash uskunasining samaradorligini aniqlash uchun texnologik nazorat vositalari mavjud boʻlishi lozim.

111. Texnologik nazorat usullari va vositalari nazorat qilinadigan parametrlarni ularning mumkin boʻlgan barcha oʻzgarish diapazonida oʻlchashni taʼminlashi lozim.

112. Gazsimon radioaktiv chiqindilarning nazorat qilinadigan koʻrsatkichlari roʻyxati, ularni nazorat qilish usullari va vositalari, shuningdek nazorat natijalarini rasmiylashtirish va saqlash tartibi Atom energiyasidan foydalanish obyektining toʻliq “hayotiy” davri mobaynida sifatni taʼminlashning umumiy dasturiga qoʻyiladigan talablarga (roʻyxat raqami 3770, 2026-yil 9-fevral) muvofiq boʻlishi lozim.

8-bob. Yakuniy qoida

113. Mazkur Xavfsizlik talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Qattiq va suyuq radioaktiv chiqindilarni toʻplash, qayta ishlash, saqlash va konditsiyalashda hamda gazsimon radioaktiv chiqindilar bilan muomalada boʻlishda xavfsizlik talablariga ILOVA

Sement kompaundining asosiy sifat koʻrsatkichlari

1-jadval Sifat koʻrsatkichi Ruxsat etilgan qiymatlar Suvga chidamlilik ( 137 Cs va 90 Sr radionuklidlarining yuvilib chiqish tezligi) 1·10 -3 g/cm²·sutkadan ortiq emas Mexanik mustahkamlik (siqilishdagi mustahkamlik chegarasi) 50 kgf/cm² dan kam emas Radiatsiyaviy barqarorlik 10 6 Gy doza bilan nurlantirilgandan soʻng mexanik mustahkamlik 50 kgf/cm² dan kam emas Termik davrlarga barqarorlik (-40 … +40 °C) da 30 marotaba muzlatish va eritishdan soʻng mexanik mustahkamlik 50 kgf/cm² dan kam emas Suvga bardoshlilik 90 kun davomida suvga botirilgandan soʻng mexanik mustahkamlik 50 kgf/cm² dan kam emas Sement kompaund tarkibiga kirmagan suyuq radioaktiv chiqindilar hajmi erkin suyuqlik hajmi umumiy hajmning 1 foizidan ortiq emas

Bitum kompaundining asosiy sifat koʻrsatkichlari

2-jadval Sifat koʻrsatkichi Ruxsat etilgan qiymatlar Kompaundning solishtirma faolligi: beta-faollik alfa-faollik 10 10 Bq/kg dan ortiq emas; 10 6 Bq/kg dan ortiq emas Suvga chidamlilik ( 137 Cs va 90 Sr radionuklidlarining yuvilib chiqish tezligi) 1·10 -4 g/(cm/sutka) dan ortiq emas Kompaund tarkibidagi erkin namlik miqdori ion almashinuv smolalari asosidagi kompaundlar uchun — 3 foizdan kam tuz konsentratlari asosidagi kompaundlar uchun — 1 foizdan kam Radiatsiyaviy barqarorlik 10 6 Gy doza bilan nurlantirilgandan soʻng hajmning ortishi 10 foizdan oshmasligi Termik barqarorlik chaqnash harorati — 200 °C dan yuqori; alangalanish harorati — 250 °C dan yuqori; oʻz-oʻzidan alangalanish harorati — 400 °C dan yuqori

Shishasimon kompaundining asosiy sifat koʻrsatkichlari

3-jadval Sifat koʻrsatkichi Ruxsat etilgan qiymatlar Konditsiyalangan radioaktiv chiqindilar tarkibi (alfa-nurlanuvchilar massa ulushi) 0,2 foizdan oshmasligi Bir jinslilik Kompaund tarkibining makrokomponentlar boʻyicha ±10% doirasida bir xil boʻlishi dispers fazalarning ajralib chiqmasligi 25 °C da suvga chidamlilik ( 137 Cs, 90 Sr, 239 Pu radionuklidlarining yuvilib chiqish tezligi) 137 Cs — 1·10 -5 g/(cm²·sut) dan oshmasligi; 90 Sr — 1·10 -6 g/( cm²·sut) dan oshmasligi; 239 Pu — 1·10 -7 g/( cm²·sut) dan oshmasligi Termik barqarorlik Kompaundni saqlash jarayonida undan ajraladigan issiqlik taʼsirida yuzaga keladigan haroratlar sharoitida ushbu Xavfsizlik talablari bilan belgilangan koʻrsatkichlarga muvofiq holda kompaundning xossalari (bir jinsliligi, mexanik mustahkamligi va suvga chidamliligi) saqlanishi lozim Radiatsiyaviy barqarorlik Ionlashtiruvchi nurlanish (radioaktiv tarkib bilan bogʻliq, 10 000 yillik davr uchun prognoz qilingan yutilgan doza) taʼsirida ham kompaundning ushbu Xavfsizlik talablarida belgilangan koʻrsatkichlarga muvofiq xossalari (jumladan, bir jinsliligi, mexanik mustahkamligi va suvga chidamliligi) saqlanishi lozim, bunda radiatsion barqarorlik kamida quyidagi darajalarda taʼminlanishi kerak: beta va gamma nurlanish boʻyicha — 10 8 Gy; alfa parchalanish boʻyicha — 10 18 α-parchalanish/cm³ Mexanik mustahkamlik Siqilishdagi mustahkamlik — 4,1 × 107 Pa dan kam boʻlmasligi; Egilishdagi mustahkamlik — 9 × 10 6 Pa dan kam boʻlmasligi; Yung moduli — 5,4 × 10 10 Pa dan kam boʻlmasligi Gaz ajralishi (radioaktiv parchalanish natijasida hosil boʻladigan gazsimon mahsulotlar bundan mustasno) Mavjud emas

Polimer kompaundining asosiy sifat koʻrsatkichlari

4-jadval Sifat koʻrsatkichi Ruxsat etilgan qiymatlar Suvga chidamlilik ( 137 Cs va 3 H radionuklidlarining yuvilib chiqish tezligi) 137 Cs: 2·10 -2 — 10 -3 g/(cm²·sut); 3 H: 2·10 -2 —·10 -3 g/(cm²·sut) Termik barqarorlik 0 °C dan +100 °C gacha boʻlgan haroratda saqlash natijasida kompaundning tuzilishi hamda suvga chidamlilik xossalarining saqlanishi Radiatsiyaviy barqarorlik 4×10 4 Gy doza (³H beta-nurlanishi boʻyicha) taʼsirida kompaundning tuzilishi hamda suvga chidamlilik xossalarining saqlanishi Gaz ajralishi Mavjud emas Polimer kompaund tarkibiga kirmagan suyuq radioaktiv chiqindilar hajmi umumiy hajmning 1 foizdan koʻp emas

Rais A. RAFIQOV

Тexnik jihatdan tartibga solish agentligi direktori A. JUMANAZAROV

Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi r aisi A. ABDUXAKIMOV

Favqulodda vaziyatlar vaziri A. IKRAMOV

Fanlar akademiyasi prezidenti SH. AYUPOV

Atom energiyasi agentligi direktori A. AXMEDXADJAYEV

Sogʻliqni saqlash vaziri A. XUDAYAROV

Toshkent sh.,

2026-yil 30-iyun,

2026-yil 15-iyun

2026-yil 8-iyun

2026-yil 14-may

2026-yil 8-may

2026-yil 4-may

2026-yil 28-aprel

48 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.07.2026 y., 10/26/3901/0746-son)

lex.uz