UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 23-iyul · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 23 июль · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 июля 2026 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 July 2026 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Ижтимоий иш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 12 августда қабул қилинган Сенат томонидан 2026 йил 9 июлда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ижтимоий иш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ижтимоий иш тўғрисидаги қонунчилик

Ижтимоий иш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий иш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

аҳамиятга эга бўлган ахборот — ижтимоий ишни ташкил этишда зарур бўлган ҳолатларни тасдиқловчи шахсга доир маълумотлар, шунингдек архив ҳужжатлари, материаллар ва бошқа маълумотлар;

ижтимоий иш — ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг (оилаларнинг) имкониятларини ва салоҳиятини оширишга кўмаклашадиган, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамни ривожлантириш орқали жамиятда ижтимоий ўзгаришларга олиб келадиган касбий фаолият соҳаси;

ижтимоий ёрдам — ижтимоий ишнинг ажралмас қисми бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг (оилаларнинг) ижтимоий-иқтисодий ҳолати ёмонлашганлиги туфайли уларга кўрсатиладиган моддий кўмак, шунингдек уларнинг жамиятга ижтимоийлашувини таъминлашга қаратилган, аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий тадбирлар мажмуи;

ижтимоий хизматлар — ижтимоий ишнинг ажралмас қисми бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) турмуши сифатини оширишга, унга жамият ҳаётида иштирок этиши учун бошқа шахслар билан тенг имкониятлар яратишга ва (ёки) унинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган психологик-педагогик, ижтимоий-ҳуқуқий, тиббий-ижтимоий ва бошқа чора-тадбирлар мажмуи;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчилар — ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши учун ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган шахслар (оилалар);

ижтимоий ходим — ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсга (оилага) ижтимоий иш соҳасининг асосий принципларига ва ижтимоий хизматлар стандартларига мувофиқ ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва (ёки) уларнинг кўрсатилишини ташкил этиш ҳамда мониторинг қилиш учун тегишли маълумотга, касбий салоҳиятга ҳамда иш тажрибасига эга бўлган мутахассис;

ижтимоий ҳимоя — ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) тўлақонли ҳаёт кечириш жараёнида юзага келган оғир ижтимоий вазият билан боғлиқ чекловларни енгиши ва жамият ҳаётида иштирок этиши учун бошқа шахслар билан тенг имкониятлар яратишга қаратилган, давлат томонидан кафолатланган чора-тадбирлар;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) — оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс;

оғир ижтимоий вазият — ижтимоий, иқтисодий, тиббий ёки бошқа омиллар сабабли шахснинг (оиланинг) ҳаётий фаолиятини объектив равишда ёмонлаштирадиган, бунинг оқибатларини мустақил равишда бартараф эта олмаслиги туфайли унга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун асос бўладиган ҳолат.

4-модда. Ижтимоий иш соҳасининг асосий принциплари

Ижтимоий иш соҳасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш;

ижтимоий мутаносиблик;

профессионаллик ва тизимлилик.

5-модда. Қонунийлик принципи

Ижтимоий иш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

6-модда. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципи

Ижтимоий иш фуқаронинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, ўзига хослиги ва бошқа ҳуқуқларини ҳурмат қилишга асосланади.

Ижтимоий иш ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашишга қаратилган бўлиши керак.

7-модда. Ижтимоий мутаносиблик принципи

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсга (оилага) кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам оғир ижтимоий вазиятни бартараф этишга, шунингдек барқарор фаровонликка эришиш учун унинг ички ресурсларини қўллаб-қувватлашга ҳамда салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилиши керак.

8-модда. Профессионаллик ва тизимлилик принципи

Ижтимоий иш профессионаллик ва тизимлилик асосида ташкил этилади.

Ижтимоий иш одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, илмий асосланган усуллардан фойдаланиш, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчиларнинг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олиш ҳамда ижтимоий ҳимоя мақсадларига эришиш учун микро, мезо ва макро даражаларда профессионал ёндашувга асосланади.

Ижтимоий иш микро даражада — шахс (оила) билан якка тартибда ишлашни, мезо даражада — ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар томонидан шахсга (оиласига) ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни, макро даражада — жамиятдаги ижтимоий муаммолар билан тизимли асосда ишлашни назарда тутади.

Ижтимоий иш ушбу Қонуннинг мақсадига ва асосий принципларига мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Ижтимоий ишни ташкил этиш

9-модда. Ижтимоий иш ташкил этиладиган соҳалар

Ижтимоий иш тиббиёт, таълим, ижтимоий ҳимоя, бандлик, суд ва ҳуқуқ-тартибот, жазони ижро этиш соҳаларида ташкил этилади.

Ижтимоий иш ташкил этиладиган бошқа соҳалар ва уларнинг муқобил шакллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

10-модда. Ижтимоий ишни ташкил этишдаги идоралараро ҳамкорлик

Ижтимоий ишни ташкил этишдаги идоралараро ҳамкорлик республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ушбу Қонунда белгиланган ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлари тартибини белгиловчи регламент асосида амалга оширилади.

Ижтимоий ишни ташкил этишдаги идоралараро ҳамкорлик регламенти қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

идоралараро ҳамкорликни амалга оширувчи субъектларни ҳамда улар томонидан амалга ошириладиган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам турларини;

идоралараро ҳамкорлик тартиби ва шаклларини;

ахборот алмашинувининг мазмуни, шакллари ва шартларига, шу жумладан электрон шаклига қўйиладиган талабларни;

ижтимоий ишни ташкил этиш чора-тадбирларини амалга ошириш механизмини, шу жумладан ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларни жалб қилиш тартибини;

давлат назоратини амалга ошириш ва идоралараро ҳамкорлик натижаларини баҳолаш тартибини.

Ижтимоий ишни ташкил этишдаги идоралараро ҳамкорлик регламенти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

3-боб. Ижтимоий иш соҳасини тартибга солиш

11-модда. Ижтимоий иш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи субъектлар

Ижтимоий иш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи субъектлар қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари.

Ижтимоий иш соҳасидаги фаолиятда иштирок этувчи субъектлар қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

нодавлат нотижорат ташкилотлари;

тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар.

12-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий иш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ижтимоий иш соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) тоифаларини, уларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар классификаторини тасдиқлайди;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга (оилаларга) ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлайди;

ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларга нисбатан малака талабларини тасдиқлайди;

ижтимоий иш соҳасидаги дастурларнинг амалга оширилишини ташкил этади ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қонунга ва қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ижтимоий иш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ижтимоий иш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

ижтимоий иш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ижтимоий иш соҳасидаги дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ижтимоий иш доирасида ижтимоий хизматлар стандартларини ишлаб чиқади, уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилади;

ижтимоий ишга нисбатан малака талаблари ва касбий талаблар бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда уларнинг ижроси устидан назоратни амалга оширади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни (оилаларни) аниқлайди ҳамда уларнинг ҳисобини юритади, уларга тегишли ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатади ҳамда уларнинг кўрсатилишини ташкил қилади;

аҳолининг ижтимоий иш тўғрисидаги ҳамда ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш шартлари ҳақидаги хабардорлигини оширади;

ижтимоий иш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

ижтимоий иш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ижтимоий иш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этади;

ижтимоий иш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бажарилмаганлиги юзасидан тақдимнома киритади, қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган шахсларга нисбатан зарур ҳолларда интизомий, маъмурий ва бошқа жавобгарлик чораларини қўллаш юзасидан таклифлар киритади;

ижтимоий иш соҳасидаги ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамнинг муқобил шаклларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ижтимоий иш соҳасидаги волонтёрлик фаолиятини мувофиқлаштиради;

ўз бўйсунувидаги ва тизимидаги ташкилотларнинг, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг ҳамда туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий иш соҳасидаги фаолиятини бошқаради;

ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар фаолиятини қонунчиликка мувофиқ мувофиқлаштиради;

ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларни аккредитациядан ўтказади ҳамда Ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар реестрини юритади;

кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам натижаларининг самарадорлигини баҳолайди ҳамда таҳлил қилади;

белгиланган тартибда «Ижтимоий ҳимоя фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирлайди;

ижтимоий иш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини, мутахассислар тайёрланиши, қайта тайёрланиши ва уларнинг малакаси оширилишини ташкил этади;

жисмоний ва юридик шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан хорижий ташкилотлар, шунингдек республика ижро этувчи ҳокимият органлари билан ижтимоий иш соҳасида ҳамкорлик қилади;

ижтимоий иш соҳасида ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар билан шартномалар, меморандумлар ва бошқа турдаги келишувлар тузади ҳамда уларнинг ижросини таъминлайди;

ижтимоий иш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ижтимоий иш соҳасидаги ваколатлари

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари:

ижтимоий иш соҳасидаги дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни (оилаларни) аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритишда иштирок этади;

ижтимоий иш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлайди;

ўз тизимидаги тегишли ходимларнинг ижтимоий иш соҳасидаги малакаси оширилишини ташкил этади;

кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам натижаларининг самарадорлигини баҳолашда иштирок этади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг (оилаларнинг) оғир ижтимоий вазиятни енгиб ўтишида кўмаклашиш учун ўз ваколатлари доирасида чора-тадбирларни амалга оширади.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

15-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ижтимоий иш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

ижтимоий иш соҳасидаги дастурларни амалга оширишда иштирок этади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни (оилаларни) аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритишда иштирок этади;

ижтимоий иш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлайди;

ижтимоий иш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ижтимоий иш соҳасида ахборот-таҳлилий фаолиятни амалга оширади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

16-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ижтимоий иш соҳасидаги фаолиятда иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни (оилаларни) аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритишда иштирок этади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг (оилаларнинг) мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда уларга тегишли ахборот ва зарур материалларни тақдим этади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга (оилаларга) маслаҳат, ижтимоий ҳамда психологик ёрдам кўрсатилиши юзасидан ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга (оилаларга) кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам натижаларининг самарадорлигини, шунингдек уларнинг эҳтиёжларини баҳолашда иштирок этади;

ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларни ҳамда ҳомийларни ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга жалб этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа чора-тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

17-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий иш соҳасидаги фаолиятда иштирок этиши

Нодавлат нотижорат ташкилотлари:

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни (оилаларни) аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритишда иштирок этади;

ижтимоий иш соҳасидаги дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

ижтимоий иш доирасида ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатади ёки уларнинг кўрсатилишини ташкил этади;

ижтимоий иш соҳасидаги тегишли органлар ва ташкилотлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

ижтимоий иш соҳасидаги давлат ижтимоий буюртмаларини, субсидияларини ва грантларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ бошқа чора-тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

18-модда. Тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларнинг ижтимоий иш соҳасидаги фаолиятда иштирок этиши

Тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар:

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни (оилаларни) аниқлайди ва уларнинг ҳисобини юритишда иштирок этади;

ижтимоий иш соҳасидаги дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

ижтимоий иш доирасида ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатади ёки уларнинг кўрсатилишини ташкил этади.

Тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа чора-тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

4-боб. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам

19-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамнинг ихтисослашуви

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам бирламчи, ихтисослашган ва юқори ихтисослашган даражаларга бўлинади.

Бирламчи ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам оғир ижтимоий вазиятни эрта аниқлашга ҳамда унинг олдини олишга қаратилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга (оилаларга) оғир ижтимоий вазиятни енгиб ўтишда маҳалла даражасида кўрсатиладиган қисқа муддатли ҳаракатлар мажмуидир.

Ихтисослашган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам ижтимоий иш соҳасидаги мутахассисларнинг келишилган чоралари натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг (оилаларнинг) индивидуал қобилиятларини ривожлантиришга, уларни доимий ёки даврий равишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали оғир ижтимоий вазиятни енгиб ўтишига қаратилган ҳаракатлар мажмуидир.

Юқори ихтисослашган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга (оилаларга) муассасада ёки мобиль гуруҳ томонидан уйда доимий тиббий-ижтимоий хизматлар, шу жумладан парваришлаш хизматлари кўрсатишга қаратилган ҳаракатлар мажмуидир.

20-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш жойи

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам:

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчининг яшаш жойида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчининг маҳалласида;

ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг муассасаларида, шу жумладан стационар муассасаларда кўрсатилади.

21-модда. Ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда жисмоний шахслар томонидан кўрсатилади.

Давлат ижтимоий хизматлари кўрсатувчилар давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ёки давлат иштирокидаги ташкилотлардан иборатдир.

Нодавлат ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар қуйидагилардан иборат:

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтган, махсус ваколатли давлат органининг Ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар реестрига киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга (оилаларга) бирламчи, ихтисослашган ёки юқори ихтисослашган хизмат кўрсатадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари;

махсус ваколатли давлат органининг Ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар реестрига киритилган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар.

22-модда. Ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар реестри

Махсус ваколатли давлат органининг аккредитациясидан ўтган ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар Ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар реестрига киритилади.

Аккредитациядан ўтган ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган шахсга доир маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

Махсус ваколатли давлат органи томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларни аккредитациядан ўтказиш, Ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар реестрига киритиш ва ундан чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

23-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсни (оилани) аниқлаш

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсни (оилани) аниқлаш:

унинг даромади, яшаш шароитлари, бандлиги ва бошқа кўрсаткичларининг таҳлили;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ахборот;

оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабар ва материаллар;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) мурожаати асосида амалга оширилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) махсус ваколатли давлат органининг туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ёки жисмоний шахслар томонидан аниқланади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсни (оилани) аниқлаш, ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

24-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) деб топиш

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) деб топиш махсус ваколатли давлат органининг туманлар (шаҳарлар) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) деб топиш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

25-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш асослари

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) ёки унинг қонуний вакилининг мурожаати;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) ёки унинг қонуний вакилининг ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш шартларига розилиги.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) розилигини талаб қилмасдан ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган асосларга кўра ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам ижтимоий шартнома орқали кўрсатилиши мумкин.

Шахснинг (оиланинг) турмуш даражасидаги оғир ижтимоий вазиятни енгиш учун ички имкониятлари мавжуд бўлган ёки оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолмаган, шу жумладан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) деб топилмаган (ҳисобга олинмаган) тақдирда, ушбу шахсга (оилага) ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмайди.

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамни ижтимоий шартнома орқали кўрсатиш шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

26-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига ёки ўз қарамоғидаги шахсга нисбатан инсонпарварлик билан ва унинг қадр-қимматини камситмайдиган тарзда ҳамда иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлинишини талаб қилиш;

ўзининг ёки ўз қарамоғидаги шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам турлари, уларнинг тақдим этилиш тартиби, муддатлари ва шартлари, шунингдек ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатувчи ижтимоий ходим тўғрисидаги маълумотларни сўраш ҳамда бепул олиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шу жумладан ўз манфаатларининг махсус ваколатли давлат органи томонидан ҳимоя қилиниши ҳуқуқидан фойдаланиш;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши чоғида ўзининг шахсга доир маълумотлари махфийлиги таъминланишини талаб қилиш;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланишга нисбатан ўз хоҳиш-истакларини билдириш;

жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан камситилмаган ҳолда фойдаланиш;

ўзига ёки ўз қарамоғидаги шахсга нисбатан кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамнинг сифати устидан шикоят қилиш;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамнинг режалаштирилишида ҳамда кўрсатилишида иштирок этиш;

ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар томонидан ўзига ёки ўз қарамоғидаги шахсга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилишини рад этиш;

ўзига ёки ўз қарамоғидаги шахсга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилаётганда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шаклдаги ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш.

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

27-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчилар:

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш учун аҳамиятга эга бўлган ахборотни тақдим этиши;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланишда ижтимоий шартнома шартларига риоя этиши;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) мақоми тугатилишига сабаб бўлган ҳоллар юзага келган тақдирда, ижтимоий хизматлар кўрсатувчига бу ҳақда хабар бериши;

ўзига ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатаётган ижтимоий ходимнинг шахсини, ижтимоий мақомини ва касбий фаолиятини ҳурмат қилиши ҳамда унинг касбий фаолиятига қаршилик кўрсатмаслиги шарт.

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчиларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

28-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчига ижтимоий хизматлар кўрсатилишини тугатиш

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамнинг тугатилиши учун қуйидагилар асос бўлади:

унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) сифатидаги ҳолатни енгиб ўтганлиги;

ижтимоий шартнома шартларига риоя этмаганлиги;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилишини рад этганлиги;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига доимий яшаш жойига кўчиб ўтганлиги;

вафот этганлиги;

аҳамиятга эга бўлган ахборотнинг нотўғрилиги, қалбакилиги ёки бошқа шахсга тегишлилиги аниқланганлиги;

унинг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазога ҳукм қилинганлиги, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

29-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам турлари

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам турлари ҳамда шакллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

30-модда. Ижтимоий хизматлар стандартлари

Ижтимоий хизматлар ижтимоий хизматлар стандартларига мувофиқ кўрсатилади.

Ижтимоий хизматлар стандартларида ижтимоий хизматнинг мақсадли гуруҳи, қисқача тавсифи ва кўлами, ижтимоий хизматлар кўрсатиш талаблари ва шартлари, ижтимоий хизматларни молиялаштириш манбалари, ижтимоий хизматлар кўрсатиш натижаларини баҳолаш ҳамда уларнинг сифат кўрсаткичлари, шунингдек ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган бошқа қоидалар акс эттирилади.

Белгиланган тартибда тасдиқланган ижтимоий хизматлар стандартлари реестри махсус ваколатли давлат органи томонидан юритилади.

31-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштириш

Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

махсус ваколатли давлат органи ҳамда бошқа ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари;

ижтимоий хизмат кўрсатилишидан олинадиган даромадлар;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг, тадбиркорлик субъектларининг, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5-боб. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам соҳасидаги давлат назорати

32-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши устидан давлат назорати

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция (бундан буён матнда Ижтимоий инспекция деб юритилади) ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда ҳамда ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи ваколатли давлат органидир.

Ижтимоий инспекция:

ижтимоий иш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга доир талабларга ва стандартларга риоя этилишини назорат қилади;

вояга етмаганларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилишига доир талабларга ва стандартларга риоя этилишини назорат қилади;

имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратилишига доир қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилади;

ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи кексаларга ҳамда ёлғиз кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилишига доир талабларга ва стандартларга риоя этилишини назорат қилади;

одам савдоси жабрдийдаларига, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ва вояга етмаганларга ҳамда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилишига доир талабларга ва стандартларга риоя этилишини назорат қилади;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига иш ўринларининг энг кам сони белгиланишини ва ўқиш учун квоталар ажратилишини назорат қилади;

имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг мослаштирувчи спорт турларига жалб этилишини назорат қилади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини муҳофаза қилиш зарурияти, талаблари ва шартлари тўғрисида кенг жамоатчилик ўртасида ахборот-тушунтириш ҳамда тарғибот тадбирларини ташкил этади ва ўтказади.

33-модда. Ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишда Ижтимоий инспекциянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ижтимоий инспекция:

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг белгиланган талабларига ва стандартларига риоя этилиши ҳолатини текшириш;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган барча зарур ҳужжатларни ҳамда ахборотни сўраш ва бепул олиш;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш чоғида қонунчиликнинг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш чоғида қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шу жумладан айбдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга.

Инспекция ўз зиммасига юклатилган вазифаларнинг сифатли бажарилиши, шунингдек ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши устидан давлат назорати самарали амалга оширилиши учун жавобгардир.

Ижтимоий инспекция қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

6-боб. Ижтимоий ходим

34-модда. Ижтимоий ходимнинг вазифалари

Ижтимоий ходимнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳолининг ижтимоий иш тўғрисидаги хабардорлигини ошириш;

ижтимоий хизматлар стандартларига риоя этган ҳолда, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш, шунингдек заруратга кўра, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаатни республика ижро этувчи ҳокимият органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун юбориш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсни (оилани), унинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳурмат қилиш ва уни камситишнинг ҳар қандай шаклига қарши туриш;

яшаш, эркинлик, шахсий дахлсизлик, қонун олдида тенглик, меҳнат қилиш, таълим олиш, фикрлаш ҳуқуқларини тарғиб қилиш.

Ижтимоий ходимнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифалар ҳам бўлиши мумкин.

35-модда. Ижтимоий ходимнинг мажбуриятлари

Ижтимоий ходим:

ижтимоий иш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) муаммоларини ва эҳтиёжларини аниқлаши, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсни (оилани) оғир ижтимоий вазиятдан олиб чиқишга кўмаклашиши;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишда фуқаронинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ўз фаолиятини ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчиларни жалб қилган ҳолда амалга ошириши;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланувчиларга уларнинг ўз имкониятларини амалга ошириши, мустақил фаолият юритишига ҳамда ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир кўникмаларини ошириши учун кўмаклашиши;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши учун талабгорларнинг эҳтиёжларини баҳолаш жараёнида шахсга доир, шу жумладан унинг мол-мулкига доир ўзи тўплаган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши;

ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишда бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар, волонтёрлар ва ижтимоий соҳага оид бошқа гуруҳлар билан ҳамкорлик қилиши;

ўз касбий салоҳияти ва малакасини тизимли равишда ошириб бориши;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни (оилаларни) аниқлаш ва баҳолаш бўйича ташкил этиладиган гуруҳ (мультидисциплинар гуруҳ) таркибида иштирок этиши шарт.

Ижтимоий ходимнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

36-модда. Ижтимоий ходимнинг профессионаллик даражаси ва шахсий фазилатлари

Ижтимоий ходимнинг профессионаллик даражаси қуйидагилар орқали баҳоланади:

одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва шахсга доир маълумотлари махфийлигини таъминлаш;

ўз ишини режалаштириш ва мувофиқлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга (оилаларга) оид ҳужжатларни юритиш ҳамда ҳисобдорликни ташкил этиш қобилияти.

Ижтимоий ходимнинг шахсий фазилатлари қуйидагилардан иборат:

ўзини ўзи англаш, баҳолаш ва танқидий фикрлаш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) билан самарали мулоқот қилиш, уни эшитиш ва унга ўринли савол бериш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс (оила) билан ўзаро муносабатларда бетарафликни ва ижтимоий адолатни сақлаш;

инсонпарварлик, ҳар бир шахснинг (оиланинг) қадр-қимматини ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахснинг (оиланинг) индивидуал фарқларига баҳо бермаслик ва бағрикенглик.

7-боб. Ижтимоий ходим фаолиятининг кафолатлари

37-модда. Ижтимоий ходимнинг мақоми

Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ходимнинг мақоми тан олинади ва унга ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратилади, уни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади ҳамда унинг ижтимоий мавқеи ва обрў-эътиборини ошириш учун ҳуқуқлар ва кафолатлар берилади.

Ижтимоий ходим фаолият олиб борадиган тизим қайта ташкил этилган, бутунлай ёки қисман ўзгартирилган тақдирда ҳам ижтимоий ходим мақомининг барқарорлиги давлат томонидан кафолатланади.

Тегишли маълумотга, касбий салоҳиятга ҳамда иш тажрибасига эга бўлган шахслар ижтимоий ходим сифатидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Етарли малакага эга бўлмаганлиги сабабли, шунингдек ижтимоий иш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принципларига зид хатти-ҳаракатлар содир этганлик учун ижтимоий ходим мақомидан маҳрум қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ижтимоий ходимларнинг мақомини белгиловчи малака сертификатини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

38-модда. Ижтимоий ходимнинг ижтимоий муҳофазаси

Ижтимоий ходимнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади.

Ижтимоий ходим ўз касбий фаолиятини амалга ошираётганда давлат унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Тегишли ваколатларга эга бўлмаган давлат органлари ва ташкилотлари ижтимоий ходимнинг касбий фаолиятига бевосита аралашишга ҳақли эмас.

Давлат ижтимоий ходимлар учун қулай меҳнат шароитларини яратиб беради, уларни ижтимоий имтиёзлар билан таъминлайди.

Ижтимоий ходимларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ санитария-гигиенага оид, эпидемияга қарши, терапевтик ва профилактика чораларини ўз ичига олувчи бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши давлат томонидан кафолатланади.

39-модда. Ижтимоий ходимнинг одоб-ахлоқ қоидалари

Ижтимоий ходимнинг одоб-ахлоқ қоидалари ижтимоий ходимнинг шахсига ва касбига доир вазифаларни бажариши чоғида унинг хулқ-атворига қўйиладиган талабларни белгиловчи қоидалар мажмуидан иборатдир.

Ижтимоий ходимнинг одоб-ахлоқ қоидалари махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.

40-модда. Ижтимоий ходим фаолиятида супервизияни ташкил этиш

Ижтимоий ходим фаолиятида унинг касбий ўсишини қўллаб-қувватлаш, амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдамнинг сифатини ошириш ҳамда ушбу ходимнинг касбий жиҳатдан оғир вазиятларга тушиб қолишининг (касбий жиҳатдан «куйиб қолиши»нинг) олдини олиш мақсадида иш берувчи томонидан унга услубий, маслаҳат ёрдами ва амалий ёрдам кўрсатиш (супервизия) ташкил қилиниши шарт.

41-модда. Ижтимоий ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари

Ижтимоий ходимнинг меҳнатига меҳнат шартномасида назарда тутилган функционал мажбуриятларни бажарганлиги учун ҳақ тўланади. Ижтимоий ходимнинг қўшимча шартнома асосида бошқа ишларни ва мажбуриятларни бажарганлиги учун ушбу шартномага мувофиқ алоҳида ҳақ тўланади, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ижтимоий ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Ижтимоий ходим алоҳида шароитларда ишлаганлиги учун унинг базавий тариф ставкасига устамалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Республиканинг ноқулай табиий-иқлим шароитларига эга бўлган ҳамда олис тоғли ва чекка ҳудудларида ишлайдиган ижтимоий ходимларга давлат томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ устамалар ва имтиёзлар белгиланади.

Давлат органларида фаолият олиб борадиган ижтимоий ходимлар учун давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари доирасида устамалар, моддий рағбатлантириш ва компенсациянинг бошқа турлари белгиланиши мумкин.

42-модда. Ижтимоий ходимнинг фаолиятига доир чекловлар

Қуйидаги шахсларнинг ижтимоий ходим сифатида фаолият юритишига йўл қўйилмайди:

қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ ижтимоий ходим сифатида фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;

қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

ижтимоий ходим фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;

психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар;

қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахслар.

Жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этган шахсларнинг, судланганлиги ҳолати тугатилганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ҳамда ўзига нисбатан амнистия ёки афв этиш акти қўлланилганлигидан қатъи назар, ижтимоий ходим сифатида фаолият юритиши ман этилади.

Ижтимоий ходим сифатида фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

8-боб. Якунловчи қоидалар

43-модда. Низоларни ҳал этиш

Ижтимоий иш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

44-модда. Ижтимоий иш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ижтимоий иш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

45-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги ЎРҚ-415-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 12, 382-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-436-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 6, 300-модда) 40-моддаси;

3) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 237-моддаси ;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 17 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий хизматлар тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-770-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 5, 464-модда) 31-моддаси.

46-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

47-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ижтимоий хизматлар кўрсатувчиларни аккредитациядан ўтказиш, Ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар реестрига киритиш ва ундан чиқариш тартибини 2027 йил 1 январга қадар ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

ижтимоий ходимларнинг мақомини белгиловчи малака сертификатини бериш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ижтимоий ходим сифатида фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхатини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

48-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонуннинг 22 ва 30-моддалари 2027 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 23 июль,

ЎРҚ- 1159 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.07.2026 й., 03/26/1159/0773-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Ijtimoiy ish toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 12-avgustda qabul qilingan Senat tomonidan 2026-yil 9-iyulda maʼqullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi

Ushbu Qonunning maqsadi ijtimoiy ish sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat.

2-modda. Ijtimoiy ish toʻgʻrisidagi qonunchilik

Ijtimoiy ish toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy ish toʻgʻrisidagi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

3-modda. Asosiy tushunchalar

Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

ahamiyatga ega boʻlgan axborot — ijtimoiy ishni tashkil etishda zarur boʻlgan holatlarni tasdiqlovchi shaxsga doir maʼlumotlar, shuningdek arxiv hujjatlari, materiallar va boshqa maʼlumotlar;

ijtimoiy ish — ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarning (oilalarning) imkoniyatlarini va salohiyatini oshirishga koʻmaklashadigan, ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamni rivojlantirish orqali jamiyatda ijtimoiy oʻzgarishlarga olib keladigan kasbiy faoliyat sohasi;

ijtimoiy yordam — ijtimoiy ishning ajralmas qismi boʻlib, ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarning (oilalarning) ijtimoiy-iqtisodiy holati yomonlashganligi tufayli ularga koʻrsatiladigan moddiy koʻmak, shuningdek ularning jamiyatga ijtimoiylashuvini taʼminlashga qaratilgan, aniq maqsadga yoʻnaltirilgan ijtimoiy-iqtisodiy tadbirlar majmui;

ijtimoiy xizmatlar — ijtimoiy ishning ajralmas qismi boʻlib, ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) turmushi sifatini oshirishga, unga jamiyat hayotida ishtirok etishi uchun boshqa shaxslar bilan teng imkoniyatlar yaratishga va (yoki) uning asosiy hayotiy ehtiyojlarini mustaqil ravishda taʼminlash imkoniyatlarini kengaytirishga qaratilgan psixologik-pedagogik, ijtimoiy-huquqiy, tibbiy-ijtimoiy va boshqa chora-tadbirlar majmui;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilar — ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishi uchun ijtimoiy himoyaga muhtoj deb topilgan shaxslar (oilalar);

ijtimoiy xodim — ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsga (oilaga) ijtimoiy ish sohasining asosiy prinsiplariga va ijtimoiy xizmatlar standartlariga muvofiq ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish va (yoki) ularning koʻrsatilishini tashkil etish hamda monitoring qilish uchun tegishli maʼlumotga, kasbiy salohiyatga hamda ish tajribasiga ega boʻlgan mutaxassis;

ijtimoiy himoya — ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) toʻlaqonli hayot kechirish jarayonida yuzaga kelgan ogʻir ijtimoiy vaziyat bilan bogʻliq cheklovlarni yengishi va jamiyat hayotida ishtirok etishi uchun boshqa shaxslar bilan teng imkoniyatlar yaratishga qaratilgan, davlat tomonidan kafolatlangan chora-tadbirlar;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) — ogʻir ijtimoiy vaziyatga tushib qolgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi, Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashaydigan chet el fuqarosi va fuqaroligi boʻlmagan shaxs;

ogʻir ijtimoiy vaziyat — ijtimoiy, iqtisodiy, tibbiy yoki boshqa omillar sababli shaxsning (oilaning) hayotiy faoliyatini obyektiv ravishda yomonlashtiradigan, buning oqibatlarini mustaqil ravishda bartaraf eta olmasligi tufayli unga ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish uchun asos boʻladigan holat.

4-modda. Ijtimoiy ish sohasining asosiy prinsiplari

Ijtimoiy ish sohasining asosiy prinsiplari quyidagilardan iborat:

qonuniylik;

inson huquqlarini hurmat qilish;

ijtimoiy mutanosiblik;

professionallik va tizimlilik.

5-modda. Qonuniylik prinsipi

Ijtimoiy ish sohasidagi munosabatlar Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga, ushbu Qonunga va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshirilishi kerak.

6-modda. Inson huquqlarini hurmat qilish prinsipi

Ijtimoiy ish fuqaroning jinsi, irqi, millati, tili, dini, eʼtiqodi, ijtimoiy kelib chiqishi, ijtimoiy mavqeyidan qatʼi nazar, har bir insonning qadr-qimmati, oʻziga xosligi va boshqa huquqlarini hurmat qilishga asoslanadi.

Ijtimoiy ish ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) huquqlarini amalga oshirishga koʻmaklashishga qaratilgan boʻlishi kerak.

7-modda. Ijtimoiy mutanosiblik prinsipi

Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsga (oilaga) koʻrsatiladigan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam ogʻir ijtimoiy vaziyatni bartaraf etishga, shuningdek barqaror farovonlikka erishish uchun uning ichki resurslarini qoʻllab-quvvatlashga hamda salohiyatini rivojlantirishga xizmat qilishi kerak.

8-modda. Professionallik va tizimlilik prinsipi

Ijtimoiy ish professionallik va tizimlilik asosida tashkil etiladi.

Ijtimoiy ish odob-axloq qoidalariga rioya qilish, ilmiy asoslangan usullardan foydalanish, ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilarning individual ehtiyojlarini hisobga olish hamda ijtimoiy himoya maqsadlariga erishish uchun mikro, mezo va makro darajalarda professional yondashuvga asoslanadi.

Ijtimoiy ish mikro darajada — shaxs (oila) bilan yakka tartibda ishlashni, mezo darajada — ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar tomonidan shaxsga (oilasiga) ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatishni, makro darajada — jamiyatdagi ijtimoiy muammolar bilan tizimli asosda ishlashni nazarda tutadi.

Ijtimoiy ish ushbu Qonunning maqsadiga va asosiy prinsiplariga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Ijtimoiy ishni tashkil etish

9-modda. Ijtimoiy ish tashkil etiladigan sohalar

Ijtimoiy ish tibbiyot, taʼlim, ijtimoiy himoya, bandlik, sud va huquq-tartibot, jazoni ijro etish sohalarida tashkil etiladi.

Ijtimoiy ish tashkil etiladigan boshqa sohalar va ularning muqobil shakllari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

10-modda. Ijtimoiy ishni tashkil etishdagi idoralararo hamkorlik

Ijtimoiy ishni tashkil etishdagi idoralararo hamkorlik respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining, fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlarining, nodavlat notijorat tashkilotlarining hamda tadbirkorlik subyektlarining ushbu Qonunda belgilangan vakolatlarini amalga oshirish bilan bogʻliq harakatlari tartibini belgilovchi reglament asosida amalga oshiriladi.

Ijtimoiy ishni tashkil etishdagi idoralararo hamkorlik reglamenti quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:

idoralararo hamkorlikni amalga oshiruvchi subyektlarni hamda ular tomonidan amalga oshiriladigan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam turlarini;

idoralararo hamkorlik tartibi va shakllarini;

axborot almashinuvining mazmuni, shakllari va shartlariga, shu jumladan elektron shakliga qoʻyiladigan talablarni;

ijtimoiy ishni tashkil etish chora-tadbirlarini amalga oshirish mexanizmini, shu jumladan ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarni jalb qilish tartibini;

davlat nazoratini amalga oshirish va idoralararo hamkorlik natijalarini baholash tartibini.

Ijtimoiy ishni tashkil etishdagi idoralararo hamkorlik reglamenti Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.

3-bob. Ijtimoiy ish sohasini tartibga solish

11-modda. Ijtimoiy ish sohasidagi faoliyatni amalga oshiruvchi va unda ishtirok etuvchi subyektlar

Ijtimoiy ish sohasidagi faoliyatni amalga oshiruvchi subyektlar quyidagilardan iborat:

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari;

mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari.

Ijtimoiy ish sohasidagi faoliyatda ishtirok etuvchi subyektlar quyidagilardan iborat:

fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari;

nodavlat notijorat tashkilotlari;

tadbirkorlik subyektlari va jismoniy shaxslar.

12-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining ijtimoiy ish sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

ijtimoiy ish sohasidagi yagona davlat siyosati amalga oshirilishini taʼminlaydi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) toifalarini, ularga koʻrsatiladigan ijtimoiy xizmatlar klassifikatorini tasdiqlaydi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarga (oilalarga) ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish tartibini tasdiqlaydi;

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarga nisbatan malaka talablarini tasdiqlaydi;

ijtimoiy ish sohasidagi dasturlarning amalga oshirilishini tashkil etadi va ularning bajarilishi ustidan nazoratni taʼminlaydi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi ushbu Qonunga va qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

13-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining ijtimoiy ish sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi ijtimoiy ish sohasidagi maxsus vakolatli davlat organidir (bundan buyon matnda maxsus vakolatli davlat organi deb yuritiladi).

Maxsus vakolatli davlat organi:

ijtimoiy ish sohasidagi yagona davlat siyosatini ishlab chiqadi va amalga oshiradi;

ijtimoiy ish sohasidagi dasturlarni ishlab chiqadi va amalga oshiradi;

ijtimoiy ish doirasida ijtimoiy xizmatlar standartlarini ishlab chiqadi, ularning amalga oshirilishini monitoring qiladi;

ijtimoiy ishga nisbatan malaka talablari va kasbiy talablar boʻyicha takliflar ishlab chiqadi hamda ularning ijrosi ustidan nazoratni amalga oshiradi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarni (oilalarni) aniqlaydi hamda ularning hisobini yuritadi, ularga tegishli ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatadi hamda ularning koʻrsatilishini tashkil qiladi;

aholining ijtimoiy ish toʻgʻrisidagi hamda ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish shartlari haqidagi xabardorligini oshiradi;

ijtimoiy ish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqadi;

ijtimoiy ish sohasidagi qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;

ijtimoiy ish sohasiga axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etadi;

ijtimoiy ish sohasidagi qonunchilik hujjatlari talablari bajarilmaganligi yuzasidan taqdimnoma kiritadi, qonunchilik hujjatlari talablarini buzgan shaxslarga nisbatan zarur hollarda intizomiy, maʼmuriy va boshqa javobgarlik choralarini qoʻllash yuzasidan takliflar kiritadi;

ijtimoiy ish sohasidagi ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamning muqobil shakllarini joriy etish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;

ijtimoiy ish sohasidagi volontyorlik faoliyatini muvofiqlashtiradi;

oʻz boʻysunuvidagi va tizimidagi tashkilotlarning, shu jumladan Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalarining hamda tuman (shahar) “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlarining ijtimoiy ish sohasidagi faoliyatini boshqaradi;

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar faoliyatini qonunchilikka muvofiq muvofiqlashtiradi;

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarni akkreditatsiyadan oʻtkazadi hamda Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar reyestrini yuritadi;

koʻrsatilayotgan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam natijalarining samaradorligini baholaydi hamda tahlil qiladi;

belgilangan tartibda “Ijtimoiy himoya fidoyisi” koʻkrak nishoni bilan taqdirlaydi;

ijtimoiy ish sohasida ilmiy tadqiqotlar oʻtkazilishini, mutaxassislar tayyorlanishi, qayta tayyorlanishi va ularning malakasi oshirilishini tashkil etadi;

jismoniy va yuridik shaxslar, nodavlat notijorat tashkilotlari, shu jumladan xorijiy tashkilotlar, shuningdek respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan ijtimoiy ish sohasida hamkorlik qiladi;

ijtimoiy ish sohasida ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar bilan shartnomalar, memorandumlar va boshqa turdagi kelishuvlar tuzadi hamda ularning ijrosini taʼminlaydi;

ijtimoiy ish sohasidagi xalqaro hamkorlikni rivojlantirish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshiradi.

Maxsus vakolatli davlat organi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

14-modda. Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining ijtimoiy ish sohasidagi vakolatlari

Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari:

ijtimoiy ish sohasidagi dasturlarni amalga oshirishda ishtirok etadi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarni (oilalarni) aniqlaydi va ularning hisobini yuritishda ishtirok etadi;

ijtimoiy ish sohasidagi qonunchilik hujjatlari ijrosini taʼminlaydi;

oʻz tizimidagi tegishli xodimlarning ijtimoiy ish sohasidagi malakasi oshirilishini tashkil etadi;

koʻrsatilayotgan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam natijalarining samaradorligini baholashda ishtirok etadi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarning (oilalarning) ogʻir ijtimoiy vaziyatni yengib oʻtishida koʻmaklashish uchun oʻz vakolatlari doirasida chora-tadbirlarni amalga oshiradi.

Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

15-modda. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining ijtimoiy ish sohasidagi vakolatlari

Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari:

ijtimoiy ish sohasidagi dasturlarni amalga oshirishda ishtirok etadi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarni (oilalarni) aniqlaydi va ularning hisobini yuritishda ishtirok etadi;

ijtimoiy ish sohasidagi qonunchilik hujjatlari ijrosini taʼminlaydi;

ijtimoiy ish sohasidagi hududiy dasturlarni ishlab chiqadi va amalga oshiradi;

ijtimoiy ish sohasida axborot-tahliliy faoliyatni amalga oshiradi.

Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

16-modda. Fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlarining ijtimoiy ish sohasidagi faoliyatda ishtirok etishi

Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari:

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarni (oilalarni) aniqlaydi va ularning hisobini yuritishda ishtirok etadi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarning (oilalarning) murojaatlarini koʻrib chiqadi hamda ularga tegishli axborot va zarur materiallarni taqdim etadi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarga (oilalarga) maslahat, ijtimoiy hamda psixologik yordam koʻrsatilishi yuzasidan ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar va boshqa tashkilotlar bilan hamkorlik qiladi;

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarning faoliyati ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshiradi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarga (oilalarga) koʻrsatilgan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam natijalarining samaradorligini, shuningdek ularning ehtiyojlarini baholashda ishtirok etadi;

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarni hamda homiylarni ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatishga jalb etish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshiradi.

Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari qonunchilikka muvofiq boshqa chora-tadbirlarda ham ishtirok etishi mumkin.

17-modda. Nodavlat notijorat tashkilotlarining ijtimoiy ish sohasidagi faoliyatda ishtirok etishi

Nodavlat notijorat tashkilotlari:

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarni (oilalarni) aniqlaydi va ularning hisobini yuritishda ishtirok etadi;

ijtimoiy ish sohasidagi dasturlar va loyihalarni ishlab chiqishda hamda amalga oshirishda ishtirok etadi;

ijtimoiy ish doirasida ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatadi yoki ularning koʻrsatilishini tashkil etadi;

ijtimoiy ish sohasidagi tegishli organlar va tashkilotlar faoliyati ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshiradi;

ijtimoiy ish sohasidagi davlat ijtimoiy buyurtmalarini, subsidiyalarini va grantlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oladi.

Nodavlat notijorat tashkilotlari qonunchilikka muvofiq boshqa chora-tadbirlarda ham ishtirok etishi mumkin.

18-modda. Tadbirkorlik subyektlari va jismoniy shaxslarning ijtimoiy ish sohasidagi faoliyatda ishtirok etishi

Tadbirkorlik subyektlari va jismoniy shaxslar:

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarni (oilalarni) aniqlaydi va ularning hisobini yuritishda ishtirok etadi;

ijtimoiy ish sohasidagi dasturlar va loyihalarni ishlab chiqishda hamda amalga oshirishda ishtirok etadi;

ijtimoiy ish doirasida ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatadi yoki ularning koʻrsatilishini tashkil etadi.

Tadbirkorlik subyektlari va jismoniy shaxslar qonunchilikka muvofiq boshqa chora-tadbirlarda ham ishtirok etishi mumkin.

4-bob. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam

19-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamning ixtisoslashuvi

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam birlamchi, ixtisoslashgan va yuqori ixtisoslashgan darajalarga boʻlinadi.

Birlamchi ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam ogʻir ijtimoiy vaziyatni erta aniqlashga hamda uning oldini olishga qaratilgan, ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarga (oilalarga) ogʻir ijtimoiy vaziyatni yengib oʻtishda mahalla darajasida koʻrsatiladigan qisqa muddatli harakatlar majmuidir.

Ixtisoslashgan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam ijtimoiy ish sohasidagi mutaxassislarning kelishilgan choralari natijasida ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarning (oilalarning) individual qobiliyatlarini rivojlantirishga, ularni doimiy yoki davriy ravishda har tomonlama qoʻllab-quvvatlash orqali ogʻir ijtimoiy vaziyatni yengib oʻtishiga qaratilgan harakatlar majmuidir.

Yuqori ixtisoslashgan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarga (oilalarga) muassasada yoki mobil guruh tomonidan uyda doimiy tibbiy-ijtimoiy xizmatlar, shu jumladan parvarishlash xizmatlari koʻrsatishga qaratilgan harakatlar majmuidir.

20-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish joyi

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam:

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchining yashash joyida, shu jumladan Internet jahon axborot tarmogʻi orqali;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchining mahallasida;

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarning muassasalarida, shu jumladan statsionar muassasalarda koʻrsatiladi.

21-modda. Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam davlat organlari, tashkilotlari va muassasalari, nodavlat notijorat tashkilotlari, tadbirkorlik subyektlari hamda jismoniy shaxslar tomonidan koʻrsatiladi.

Davlat ijtimoiy xizmatlari koʻrsatuvchilar davlat organlari, muassasalari va tashkilotlari yoki davlat ishtirokidagi tashkilotlardan iboratdir.

Nodavlat ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar quyidagilardan iborat:

qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat roʻyxatidan oʻtgan, maxsus vakolatli davlat organining Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar reyestriga kiritilgan, ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarga (oilalarga) birlamchi, ixtisoslashgan yoki yuqori ixtisoslashgan xizmat koʻrsatadigan nodavlat notijorat tashkilotlari;

maxsus vakolatli davlat organining Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar reyestriga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari va jismoniy shaxslar.

22-modda. Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar reyestri

Maxsus vakolatli davlat organining akkreditatsiyasidan oʻtgan ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar reyestriga kiritiladi.

Akkreditatsiyadan oʻtgan ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan shaxsga doir maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.

Maxsus vakolatli davlat organi tomonidan ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarni akkreditatsiyadan oʻtkazish, Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar reyestriga kiritish va undan chiqarish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

23-modda. Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsni (oilani) aniqlash

Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsni (oilani) aniqlash:

uning daromadi, yashash sharoitlari, bandligi va boshqa koʻrsatkichlarining tahlili;

jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan berilgan axborot;

ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilingan xabar va materiallar;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) murojaati asosida amalga oshiriladi.

Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) maxsus vakolatli davlat organining tuman (shahar) “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari, respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari, tadbirkorlik subyektlari yoki jismoniy shaxslar tomonidan aniqlanadi.

Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsni (oilani) aniqlash, hisobga olish va hisobdan chiqarish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

24-modda. Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) deb topish

Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) deb topish maxsus vakolatli davlat organining tumanlar (shaharlar) “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari, respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan amalga oshiriladi.

Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) deb topish mezonlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

25-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish asoslari

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish uchun quyidagilar asos boʻladi:

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) yoki uning qonuniy vakilining murojaati;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) yoki uning qonuniy vakilining ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish shartlariga roziligi.

Kechiktirib boʻlmaydigan hollarda, ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) roziligini talab qilmasdan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatiladi.

Ushbu moddaning birinchi qismida belgilangan asoslarga koʻra ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam ijtimoiy shartnoma orqali koʻrsatilishi mumkin.

Shaxsning (oilaning) turmush darajasidagi ogʻir ijtimoiy vaziyatni yengish uchun ichki imkoniyatlari mavjud boʻlgan yoki ogʻir ijtimoiy vaziyatga tushib qolmagan, shu jumladan ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) deb topilmagan (hisobga olinmagan) taqdirda, ushbu shaxsga (oilaga) ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilmaydi.

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamni ijtimoiy shartnoma orqali koʻrsatish shartlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

26-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilarning huquqlari

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilar quyidagi huquqlarga ega:

oʻziga yoki oʻz qaramogʻidagi shaxsga nisbatan insonparvarlik bilan va uning qadr-qimmatini kamsitmaydigan tarzda hamda izzat-hurmat bilan munosabatda boʻlinishini talab qilish;

oʻzining yoki oʻz qaramogʻidagi shaxsning huquq va majburiyatlari, ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam turlari, ularning taqdim etilish tartibi, muddatlari va shartlari, shuningdek ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatuvchi ijtimoiy xodim toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni soʻrash hamda bepul olish;

oʻz huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish, shu jumladan oʻz manfaatlarining maxsus vakolatli davlat organi tomonidan himoya qilinishi huquqidan foydalanish;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishi chogʻida oʻzining shaxsga doir maʼlumotlari maxfiyligi taʼminlanishini talab qilish;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanishga nisbatan oʻz xohish-istaklarini bildirish;

jinsi, irqi, millati, tili, dini, eʼtiqodi, ijtimoiy kelib chiqishi, ijtimoiy mavqeyidan qatʼi nazar, ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan kamsitilmagan holda foydalanish;

oʻziga yoki oʻz qaramogʻidagi shaxsga nisbatan koʻrsatilayotgan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamning sifati ustidan shikoyat qilish;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamning rejalashtirilishida hamda koʻrsatilishida ishtirok etish;

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar tomonidan oʻziga yoki oʻz qaramogʻidagi shaxsga ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishini rad etish;

oʻziga yoki oʻz qaramogʻidagi shaxsga ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilayotganda qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa shakldagi ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanish.

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilar qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

27-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilarning majburiyatlari

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilar:

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanish uchun ahamiyatga ega boʻlgan axborotni taqdim etishi;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanishda ijtimoiy shartnoma shartlariga rioya etishi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) maqomi tugatilishiga sabab boʻlgan hollar yuzaga kelgan taqdirda, ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchiga bu haqda xabar berishi;

oʻziga ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatayotgan ijtimoiy xodimning shaxsini, ijtimoiy maqomini va kasbiy faoliyatini hurmat qilishi hamda uning kasbiy faoliyatiga qarshilik koʻrsatmasligi shart.

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilarning zimmasida qonunchilikka muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.

28-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchiga ijtimoiy xizmatlar koʻrsatilishini tugatish

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchiga koʻrsatilayotgan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamning tugatilishi uchun quyidagilar asos boʻladi:

uning ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) sifatidagi holatni yengib oʻtganligi;

ijtimoiy shartnoma shartlariga rioya etmaganligi;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishini rad etganligi;

Oʻzbekiston Respublikasidan tashqariga doimiy yashash joyiga koʻchib oʻtganligi;

vafot etganligi;

ahamiyatga ega boʻlgan axborotning notoʻgʻriligi, qalbakiligi yoki boshqa shaxsga tegishliligi aniqlanganligi;

uning ozodlikdan mahrum qilish bilan bogʻliq jazoga hukm qilinganligi, bundan qonunchilikda nazarda tutilgan hollar mustasno.

29-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam turlari

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam turlari hamda shakllari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

30-modda. Ijtimoiy xizmatlar standartlari

Ijtimoiy xizmatlar ijtimoiy xizmatlar standartlariga muvofiq koʻrsatiladi.

Ijtimoiy xizmatlar standartlarida ijtimoiy xizmatning maqsadli guruhi, qisqacha tavsifi va koʻlami, ijtimoiy xizmatlar koʻrsatish talablari va shartlari, ijtimoiy xizmatlarni moliyalashtirish manbalari, ijtimoiy xizmatlar koʻrsatish natijalarini baholash hamda ularning sifat koʻrsatkichlari, shuningdek ijtimoiy xizmatlar koʻrsatish uchun zarur boʻlgan boshqa qoidalar aks ettiriladi.

Belgilangan tartibda tasdiqlangan ijtimoiy xizmatlar standartlari reyestri maxsus vakolatli davlat organi tomonidan yuritiladi.

31-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish bilan bogʻliq faoliyatni moliyalashtirish

Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish bilan bogʻliq faoliyatni moliyalashtirish manbalari quyidagilardan iborat:

Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari;

maxsus vakolatli davlat organi hamda boshqa ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarning budjet va budjetdan tashqari mablagʻlari;

ijtimoiy xizmat koʻrsatilishidan olinadigan daromadlar;

nodavlat notijorat tashkilotlarining, tadbirkorlik subyektlarining, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

5-bob. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam sohasidagi davlat nazorati

32-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishi ustidan davlat nazorati

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi huzuridagi Ijtimoiy inspeksiya (bundan buyon matnda Ijtimoiy inspeksiya deb yuritiladi) ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam sohasidagi huquqbuzarliklar profilaktikasini, aholini ijtimoiy himoya qilishda hamda ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatishda qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazoratini amalga oshiruvchi vakolatli davlat organidir.

Ijtimoiy inspeksiya:

ijtimoiy ish toʻgʻrisidagi qonunchilikka rioya etilishi ustidan davlat nazoratini amalga oshiradi;

nogironligi boʻlgan shaxslarga ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatishga doir talablarga va standartlarga rioya etilishini nazorat qiladi;

voyaga yetmaganlarga ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishiga doir talablarga va standartlarga rioya etilishini nazorat qiladi;

imkoniyati cheklangan va nogironligi boʻlgan shaxslar uchun qulay va toʻsiqsiz muhit yaratilishiga doir qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etilishini nazorat qiladi;

oʻzgalar parvarishiga muhtoj boʻlgan yolgʻiz yashovchi keksalarga hamda yolgʻiz keksalarga va nogironligi boʻlgan shaxslarga ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishiga doir talablarga va standartlarga rioya etilishini nazorat qiladi;

odam savdosi jabrdiydalariga, tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga va voyaga yetmaganlarga hamda muayyan yashash joyiga ega boʻlmagan shaxslarga ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishiga doir talablarga va standartlarga rioya etilishini nazorat qiladi;

aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj qatlamlariga ish oʻrinlarining eng kam soni belgilanishini va oʻqish uchun kvotalar ajratilishini nazorat qiladi;

imkoniyati cheklangan va nogironligi boʻlgan shaxslarning moslashtiruvchi sport turlariga jalb etilishini nazorat qiladi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj aholini muhofaza qilish zaruriyati, talablari va shartlari toʻgʻrisida keng jamoatchilik oʻrtasida axborot-tushuntirish hamda targʻibot tadbirlarini tashkil etadi va oʻtkazadi.

33-modda. Ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatishda Ijtimoiy inspeksiyaning huquq va majburiyatlari

Ijtimoiy inspeksiya:

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatishning belgilangan talablariga va standartlariga rioya etilishi holatini tekshirish;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish bilan bogʻliq boʻlgan barcha zarur hujjatlarni hamda axborotni soʻrash va bepul olish;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish chogʻida qonunchilikning buzilishiga yoʻl qoʻymaslik toʻgʻrisida mansabdor shaxslarni yozma ravishda ogohlantirish;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish chogʻida qonunchilikning aniqlangan buzilishlarini, ularga imkon beruvchi sabablar va shart-sharoitlarni bartaraf etish, shu jumladan aybdor shaxslarni intizomiy javobgarlikka tortish toʻgʻrisida taqdimnomalar kiritish huquqiga ega.

Inspeksiya oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalarning sifatli bajarilishi, shuningdek ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishi ustidan davlat nazorati samarali amalga oshirilishi uchun javobgardir.

Ijtimoiy inspeksiya qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ega boʻlishi va uning zimmasida oʻzga majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.

6-bob. Ijtimoiy xodim

34-modda. Ijtimoiy xodimning vazifalari

Ijtimoiy xodimning vazifalari quyidagilardan iborat:

aholining ijtimoiy ish toʻgʻrisidagi xabardorligini oshirish;

ijtimoiy xizmatlar standartlariga rioya etgan holda, ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish ishlarini tashkil etish, shuningdek zaruratga koʻra, ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi murojaatni respublika ijro etuvchi hokimiyat organlariga, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga, nodavlat notijorat tashkilotlariga hamda tadbirkorlik subyektlariga koʻrib chiqish va qaror qabul qilish uchun yuborish;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsni (oilani), uning jinsi, irqi, millati, tili, dini, eʼtiqodi, ijtimoiy kelib chiqishi, ijtimoiy mavqeyidan qatʼi nazar, hurmat qilish va uni kamsitishning har qanday shakliga qarshi turish;

yashash, erkinlik, shaxsiy daxlsizlik, qonun oldida tenglik, mehnat qilish, taʼlim olish, fikrlash huquqlarini targʻib qilish.

Ijtimoiy xodimning zimmasida qonunchilikka muvofiq boshqa vazifalar ham boʻlishi mumkin.

35-modda. Ijtimoiy xodimning majburiyatlari

Ijtimoiy xodim:

ijtimoiy ish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etishi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) muammolarini va ehtiyojlarini aniqlashi, shuningdek ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsni (oilani) ogʻir ijtimoiy vaziyatdan olib chiqishga koʻmaklashishi;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatishda fuqaroning jinsi, irqi, millati, tili, dini, eʼtiqodi, ijtimoiy kelib chiqishi, ijtimoiy mavqeyidan qatʼi nazar, oʻz faoliyatini ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilarni jalb qilgan holda amalga oshirishi;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamdan foydalanuvchilarga ularning oʻz imkoniyatlarini amalga oshirishi, mustaqil faoliyat yuritishiga hamda oʻz qonuniy manfaatlarini himoya qilishga doir koʻnikmalarini oshirishi uchun koʻmaklashishi;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatilishi uchun talabgorlarning ehtiyojlarini baholash jarayonida shaxsga doir, shu jumladan uning mol-mulkiga doir oʻzi toʻplagan maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlashi;

ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordam koʻrsatishda boshqa davlat organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari, jismoniy va yuridik shaxslar, volontyorlar va ijtimoiy sohaga oid boshqa guruhlar bilan hamkorlik qilishi;

oʻz kasbiy salohiyati va malakasini tizimli ravishda oshirib borishi;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarni (oilalarni) aniqlash va baholash boʻyicha tashkil etiladigan guruh (multidissiplinar guruh) tarkibida ishtirok etishi shart.

Ijtimoiy xodimning zimmasida qonunchilikka muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.

36-modda. Ijtimoiy xodimning professionallik darajasi va shaxsiy fazilatlari

Ijtimoiy xodimning professionallik darajasi quyidagilar orqali baholanadi:

odob-axloq qoidalariga rioya etish, ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) huquqlarini himoya qilish va shaxsga doir maʼlumotlari maxfiyligini taʼminlash;

oʻz ishini rejalashtirish va muvofiqlashtirish, ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslarga (oilalarga) oid hujjatlarni yuritish hamda hisobdorlikni tashkil etish qobiliyati.

Ijtimoiy xodimning shaxsiy fazilatlari quyidagilardan iborat:

oʻzini oʻzi anglash, baholash va tanqidiy fikrlash;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) bilan samarali muloqot qilish, uni eshitish va unga oʻrinli savol berish;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxs (oila) bilan oʻzaro munosabatlarda betaraflikni va ijtimoiy adolatni saqlash;

insonparvarlik, har bir shaxsning (oilaning) qadr-qimmatini va huquqlarini hurmat qilish;

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxsning (oilaning) individual farqlariga baho bermaslik va bagʻrikenglik.

7-bob. Ijtimoiy xodim faoliyatining kafolatlari

37-modda. Ijtimoiy xodimning maqomi

Oʻzbekiston Respublikasida ijtimoiy xodimning maqomi tan olinadi va unga oʻz kasbiy faoliyatini amalga oshirishi uchun shart-sharoitlar yaratiladi, uni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash choralari koʻriladi hamda uning ijtimoiy mavqeyi va obroʻ-eʼtiborini oshirish uchun huquqlar va kafolatlar beriladi.

Ijtimoiy xodim faoliyat olib boradigan tizim qayta tashkil etilgan, butunlay yoki qisman oʻzgartirilgan taqdirda ham ijtimoiy xodim maqomining barqarorligi davlat tomonidan kafolatlanadi.

Tegishli maʼlumotga, kasbiy salohiyatga hamda ish tajribasiga ega boʻlgan shaxslar ijtimoiy xodim sifatidagi faoliyat bilan shugʻullanish huquqiga ega.

Yetarli malakaga ega boʻlmaganligi sababli, shuningdek ijtimoiy ish sohasidagi davlat siyosatining asosiy prinsiplariga zid xatti-harakatlar sodir etganlik uchun ijtimoiy xodim maqomidan mahrum qilish qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

Ijtimoiy xodimlarning maqomini belgilovchi malaka sertifikatini berish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

38-modda. Ijtimoiy xodimning ijtimoiy muhofazasi

Ijtimoiy xodimning huquqlari, shaʼni va qadr-qimmati qonun bilan qoʻriqlanadi.

Ijtimoiy xodim oʻz kasbiy faoliyatini amalga oshirayotganda davlat uning himoya qilinishini taʼminlaydi.

Tegishli vakolatlarga ega boʻlmagan davlat organlari va tashkilotlari ijtimoiy xodimning kasbiy faoliyatiga bevosita aralashishga haqli emas.

Davlat ijtimoiy xodimlar uchun qulay mehnat sharoitlarini yaratib beradi, ularni ijtimoiy imtiyozlar bilan taʼminlaydi.

Ijtimoiy xodimlarning qonunchilik hujjatlariga muvofiq sanitariya-gigiyenaga oid, epidemiyaga qarshi, terapevtik va profilaktika choralarini oʻz ichiga oluvchi bepul tibbiy xizmatlardan foydalanishi davlat tomonidan kafolatlanadi.

39-modda. Ijtimoiy xodimning odob-axloq qoidalari

Ijtimoiy xodimning odob-axloq qoidalari ijtimoiy xodimning shaxsiga va kasbiga doir vazifalarni bajarishi chogʻida uning xulq-atvoriga qoʻyiladigan talablarni belgilovchi qoidalar majmuidan iboratdir.

Ijtimoiy xodimning odob-axloq qoidalari maxsus vakolatli davlat organi tomonidan belgilanadi.

40-modda. Ijtimoiy xodim faoliyatida superviziyani tashkil etish

Ijtimoiy xodim faoliyatida uning kasbiy oʻsishini qoʻllab-quvvatlash, amaliy koʻnikmalarini mustahkamlash, koʻrsatilayotgan ijtimoiy xizmatlar va ijtimoiy yordamning sifatini oshirish hamda ushbu xodimning kasbiy jihatdan ogʻir vaziyatlarga tushib qolishining (kasbiy jihatdan “kuyib qolishi”ning) oldini olish maqsadida ish beruvchi tomonidan unga uslubiy, maslahat yordami va amaliy yordam koʻrsatish (superviziya) tashkil qilinishi shart.

41-modda. Ijtimoiy xodimning mehnatiga haq toʻlash shartlari

Ijtimoiy xodimning mehnatiga mehnat shartnomasida nazarda tutilgan funksional majburiyatlarni bajarganligi uchun haq toʻlanadi. Ijtimoiy xodimning qoʻshimcha shartnoma asosida boshqa ishlarni va majburiyatlarni bajarganligi uchun ushbu shartnomaga muvofiq alohida haq toʻlanadi, bundan qonun hujjatlarida nazarda tutilgan hollar mustasno.

Ijtimoiy xodimning mehnatiga haq toʻlash tartibi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

Ijtimoiy xodim alohida sharoitlarda ishlaganligi uchun uning bazaviy tarif stavkasiga ustamalar qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

Respublikaning noqulay tabiiy-iqlim sharoitlariga ega boʻlgan hamda olis togʻli va chekka hududlarida ishlaydigan ijtimoiy xodimlarga davlat tomonidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq ustamalar va imtiyozlar belgilanadi.

Davlat organlarida faoliyat olib boradigan ijtimoiy xodimlar uchun davlat budjeti va budjetdan tashqari jamgʻarmalar mablagʻlari doirasida ustamalar, moddiy ragʻbatlantirish va kompensatsiyaning boshqa turlari belgilanishi mumkin.

42-modda. Ijtimoiy xodimning faoliyatiga doir cheklovlar

Quyidagi shaxslarning ijtimoiy xodim sifatida faoliyat yuritishiga yoʻl qoʻyilmaydi:

qonuniy kuchga kirgan sud hukmiga muvofiq ijtimoiy xodim sifatida faoliyat bilan shugʻullanish huquqidan mahrum etilgan shaxslar;

qonunchilikda belgilangan tartibda sud tomonidan muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topilgan shaxslar;

ijtimoiy xodim faoliyatini amalga oshirishga toʻsqinlik qiladigan kasalliklari boʻlgan shaxslar;

psixiatriya yoki narkologiya muassasalarida hisobda turgan shaxslar;

qasddan sodir etilgan jinoyat uchun ilgari sudlangan shaxslar.

Jinsiy erkinlikka qarshi jinoyatlarni sodir etgan shaxslarning, sudlanganligi holati tugatilganligidan yoki olib tashlanganligidan hamda oʻziga nisbatan amnistiya yoki afv etish akti qoʻllanilganligidan qatʼi nazar, ijtimoiy xodim sifatida faoliyat yuritishi man etiladi.

Ijtimoiy xodim sifatida faoliyatni amalga oshirishga toʻsqinlik qiladigan kasalliklar roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

43-modda. Nizolarni hal etish

Ijtimoiy ish sohasida yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

44-modda. Ijtimoiy ish toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Ijtimoiy ish toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

45-modda. Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish

Quyidagilar oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin:

1) Oʻzbekiston Respublikasining 2016-yil 26-dekabrda qabul qilingan “Keksalar, nogironlar va aholining boshqa ijtimoiy ehtiyojmand toifalari uchun ijtimoiy xizmatlar toʻgʻrisida”gi OʻRQ-415-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2016-yil, № 12, 382-modda);

2) Oʻzbekiston Respublikasining 2017-yil 13-iyunda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-436-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2017-yil, № 6, 300-modda) 40-moddasi;

3) Oʻzbekiston Respublikasining 2021-yil 21-aprelda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-683-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2021-yil, 4-songa ilova) 237-moddasi ;

4) Oʻzbekiston Respublikasining 2022-yil 17-mayda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasida tibbiy-ijtimoiy xizmatlar tizimi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartishlar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-770-sonli Qonunining (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2022-yil, № 5, 464-modda) 31-moddasi.

46-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

47-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilarni akkreditatsiyadan oʻtkazish, Ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchilar reyestriga kiritish va undan chiqarish tartibini 2027-yil 1-yanvarga qadar ishlab chiqsin hamda tasdiqlasin;

ijtimoiy xodimlarning maqomini belgilovchi malaka sertifikatini berish tartibini ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

ijtimoiy xodim sifatida faoliyatni amalga oshirishga toʻsqinlik qiladigan kasalliklar roʻyxatini ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

48-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Ushbu Qonunning 22 va 30-moddalari 2027-yil 1-yanvardan eʼtiboran amalga kiritiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 23-iyul,

OʻRQ- 1159 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 23.07.2026-y., 03/26/1159/0773-son)

lex.uz