UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 27-iyul · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 27 июль · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 июля 2026 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 July 2026 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 19 августда қабул қилинган Сенат томонидан 2026 йил 7 апрелда маъқулланган

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонун давлат органларининг, улар таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг ёки мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплашда юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, ички ишлар, божхона органлари ходимларининг ва ҳарбий хизматчиларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли ҳамда давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда, фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар натижасида ёхуд бундай ҳолатларга чек қўйиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар қўлланилиши муносабати билан жабрланган шахсларга ҳамда ер участкалари компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби алоҳида қонунлар билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси мансабдор шахслари ва бошқарув ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ва ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади, ушбу мансабдор шахслар ва бошқарув ходимларига нисбатан регресс ҳуқуқи қўлланилмайди ҳамда зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби алоҳида қонун билан белгиланади.

3-модда. Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги қонунчилик

Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

зарарнинг ўрнини қоплаш — давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ҳамда суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш;

маънавий зарар — давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний шахсга етказилган маънавий ва жисмоний азоблар (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқалар);

моддий зарар — ҳуқуқи бузилган шахснинг ўз бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши керак бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек ушбу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаган тақдирда одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда);

ундирувчи — давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли суднинг қонуний кучга кирган қарори билан ўзига моддий ва (ёки) маънавий зарар етказилганлиги аниқланган жисмоний шахс ёки юридик шахс, уларнинг қонуний вакиллари;

ҳудудий компенсация жамғармаси — давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ҳамда суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрнини қоплайдиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорлари билан ташкил этиладиган ҳамда улар ҳузурида фаолият юритадиган Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалар.

5-модда. Зарарнинг ўрнини қоплаш соҳасидаги асосий принциплар

Зарарнинг ўрнини қоплаш соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик;

очиқлик ва шаффофлик.

6-модда. Ҳудудий компенсация жамғармасининг маблағларини шакллантириш

Ҳудудий компенсация жамғармасининг маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари маблағларининг ўн беш фоизидан кам бўлмаган миқдордаги маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари маблағлари;

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни электрон савдо платформасида реализация қилишдан келиб тушган, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг махсус ғазна ҳисобварақларига қўшимча манбалар сифатида ўтказиладиган маблағлар;

республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларининг бир қисми;

маҳаллий бюджет параметрларида моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш учун назарда тутилган маблағлар;

давлат органидан регресс тартибида ундирилган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик ва хайрия ёрдами тарзидаги маблағлари;

давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулкни реализация қилишдан тушган маблағлар (ҳудудий компенсация жамғармаларига йўналтириладиган қисми);

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Маҳаллий бюджет параметрларида моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш учун назарда тутилган ҳамда давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулкни реализация қилишдан тушган маблағлар (ҳудудий компенсация жамғармаларига йўналтириладиган қисми) фақат моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш учун йўналтирилади.

Ҳудудий компенсация жамғармаларига келиб тушган маблағлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмаларида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.

7-модда. Ҳудудий компенсация жамғармаларининг кузатув кенгашлари

Ҳудудий компенсация жамғармаларининг кузатув кенгашлари (бундан буён матнда ҳудудий кузатув кенгашлари деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий компенсация жамғармаларининг коллегиал юқори бошқарув органидир.

Ҳудудий кузатув кенгашларининг шакллантирилиши ва фаолиятини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

8-модда. Ҳудудий кузатув кенгашларининг ваколатлари

Ҳудудий кузатув кенгашлари маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида:

зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағлар ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

тегишли жамғармага маблағларнинг келиб тушишини назорат қилади ва жамғармалардан фойдаланиш прогнозларини кўриб чиқади, шунингдек кейинги йил учун маблағлардан фойдаланиш прогнозларини тасдиқлайди;

зарарнинг ўрни қопланишини молиялаштириш бўйича бюджет сўровини кўриб чиқади;

тегишли жамғарма даромадларининг барқарор шакллантирилишини, зарарнинг ўрнини қоплаш ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлайди ҳамда маблағларнинг тўлиқ ҳажмда ажратилиши устидан мунтазам мониторинг олиб боради;

тегишли жамғарма маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини белгиланган тартибда назорат қилади.

Ҳудудий кузатув кенгашлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ҳудудий кузатув кенгашлари томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар давлат органлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Ҳудудий кузатув кенгашларининг қарорлари кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади.

9-модда. Ҳудудий кузатув кенгашларининг ишчи органлари ва уларнинг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари (бундан буён матнда ҳудудий ишчи орган деб юритилади) тегишли ҳудудий кузатув кенгашларининг ишчи органидир.

Ҳудудий ишчи орган:

ҳудудий кузатув кенгашининг зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағлар ажратиш тўғрисидаги қарорига асосан тўловларни амалга оширади ва зарарнинг ўрнини қоплаш чораларини кўради;

зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича тегишли чора-тадбирлар лойиҳалари юзасидан таклифлар тайёрлайди;

маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида зарарнинг ўрни қопланишини молиялаштириш бўйича бюджет сўровини шакллантиради.

Ҳудудий ишчи орган қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

10-модда. Зарарнинг ўрнини қоплаш учун ундириладиган маблағлар миқдорини аниқлаш

Зарарнинг ўрнини қоплаш учун ундириладиган маблағлар миқдори суднинг қарори асосида аниқланади.

11-модда. Зарарнинг ўрнини қоплаш шакли

Жисмоний ёки юридик шахсга етказилган ҳамда суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрни ҳудудий компенсация жамғармасидан пул шаклида қопланади.

12-модда. Зарарнинг ўрнини қоплаш асослари

Зарарнинг ўрни суднинг зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ берилган ижро ҳужжатига асосан қопланади.

Агар зарар етказилганлиги учун аниқ бир шахс суднинг қонуний кучга кирган қарори билан айбдор деб топилган бўлса, моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрни ушбу шахс томонидан қопланиши лозим. Бунда етказилган зарарнинг ўрни ушбу Қонунда белгиланган тартибда дастлаб ҳудудий компенсация жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиб, мазкур маблағлар кейинчалик айбдор шахсдан тегишли давлат органи орқали регресс тартибида ундириб олинади, бундан ҳудудий компенсация жамғармаси зарарнинг ўрнини қоплагунига қадар айбдор шахс томонидан зарарнинг ўрни ихтиёрий равишда қопланган ҳоллар мустасно.

13-модда. Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этиш тартиби

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг юридик хизмати ижро ҳужжати келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида ҳужжатни кўриб чиқиб, ушбу ижро ҳужжатида кўрсатилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағ ажратиш ҳақидаги қарор лойиҳасини ундирувчининг банкдаги ҳисобварағини кўрсатган ҳолда ҳудудий кузатув кенгашига киритади.

Ҳудудий кузатув кенгаши бир иш куни ичида қарор лойиҳасини кўриб чиқади ва ижро ҳужжатида кўрсатилган зарарнинг ўрнини қоплаб бериш учун маблағ ажратиш ҳақида қарор қабул қилади ҳамда ҳудудий ишчи органга мазкур қарорни дарҳол юборади.

Ҳудудий кузатув кенгашининг қарорига мувофиқ ҳудудий ишчи орган мазкур қарор келиб тушган кундан эътиборан бир иш куни ичида ҳудудий компенсация жамғармасидаги мавжуд маблағлар доирасида зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ижро ҳужжатида кўрсатилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун тегишли маблағларни ундирувчининг банкдаги ҳисобварағига ёки шахсий банк картасига ўтказиб беради.

Ундирувчига маблағларни ўтказиб бериш ҳудудий кузатув кенгаши қарорининг рўйхатга олиш тартиб рақами кетма-кетлиги асосида амалга оширилади.

Суднинг қарори устидан судга шикоят киритилган ва ижро ишини юритиш тўхтатиб турилган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг юридик хизмати суднинг ижро ишини юритиш тўхтатилганлиги ҳақидаги тегишли қарори (ажрими) илова қилинган ҳолдаги хатни ундирувчига икки иш куни ичида юборади. Бунда ижро ҳужжатини ижро этиш бўйича барча ҳаракатлар қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб турилади.

14-модда. Айбдор шахс томонидан зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаш

Суд қарори билан айбдор деб топилган шахс ўзи етказган зарарнинг ўрнини ундирувчига белгиланган тартибда ихтиёрий равишда қоплаш ҳуқуқига эга.

Айбдор шахс томонидан зарарнинг ўрнини қоплаш ундирувчининг банкдаги ҳисобварағига ёки шахсий банк картасига пул маблағларини киритиш йўли билан амалга оширилади.

Зарарнинг ўрнини тарафларнинг қонунчиликда белгиланган тартибдаги ёзма келишувига мувофиқ бошқа шаклда қоплашга йўл қўйилади.

15-модда. Зарар етказган шахсга нисбатан регресс ҳуқуқи

Зарарнинг ўрни суд қарори асосида ҳудудий компенсация жамғармалари ҳисобидан қоплаб берилганда ва кейинчалик зарар етказган айбдор шахсга нисбатан қонунга мувофиқ регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс фаолият юритаётган ёки муқаддам ишлаган давлат органига талабнома киритади.

Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабномани олган давлат органи уч иш куни ичида маблағларни ўзининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан тегишли компенсация жамғармасига тўлиқ миқдорда ўтказиб беради ва ушбу маблағларни айбдор шахсдан регресс тартибида ундириш чораларини кўради.

Давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ва харажатлар сметасининг тегишли моддаси бўйича бюджетдан ажратилган маблағлар қолдиғи етарли бўлмаган тақдирда, давлат органи харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритади ҳамда маблағларни белгиланган муддатда ўтказиб беради.

Зарарнинг ўрнини қоплаш учун ўтказиб берилган маблағлар айбдор шахс томонидан ихтиёрий равишда қайтарилмаган тақдирда, давлат органи ушбу маблағларни айбдор шахсдан суд тартибида ундиради.

16-модда. Давлат органига нисбатан регресс ҳуқуқи

Агар суд қарорида ундирувчига етказилган зарарнинг ўрнини давлат органи томонидан қоплаб берилиши белгиланган бўлса, ушбу зарарнинг ўрни тегишли ҳудудий компенсация жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Кейинчалик мазкур маблағларни давлат органидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиш чоралари кўрилади.

17-модда. Ҳудудий компенсация жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот бериш

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудий компенсация жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш тўғрисида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бир йилда бир марта ҳисобот тақдим этади.

Ҳудудий ишчи органи ҳудудий компенсация жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар ва уларни регресс тартибида ундириб олиш тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар тақдим этади.

Ҳудудий компенсация жамғармаларининг маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига тақдим этиладиган Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботида акс эттирилади.

18-модда. Низоларни ҳал этиш

Зарарнинг ўрнини қоплаш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

Кузатув кенгашларининг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахслар билан давлат органларининг зарарнинг ўрнини қоплаш соҳасидаги ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ҳамда ноаниқликлар жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдасига талқин қилинади.

19-модда. Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

20-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш

Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилсин:

1. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 269-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда, № 7-8, 217-модда; 2001 йил, № 1-2, 11, 23-моддалар, № 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 418-модда; 2006 йил, № 6, 261-модда; 2007 йил, № 4, 166-модда, № 6, 248, 249-моддалар, № 9, 422-модда, № 12, 594, 595, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 177, 187-моддалар, № 9, 482, 484, 487-моддалар, № 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 4, 136-модда, № 9, 335-модда, № 12, 469, 470-моддалар; 2010 йил, № 6, 231-модда, № 9, 334, 336, 337, 342-моддалар, № 12, 477-модда; 2011 йил, № 4, 103, 104-моддалар, № 9, 252-модда, № 12/2, 363-модда; 2012 йил, № 1, 3-модда, № 9/2, 244-модда, № 12, 336-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 385-модда; 2017 йил, № 3, 47-модда, № 6, 300-модда, № 9, 506, 510-моддалар, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1, 5-моддалар, № 4, 218, 224-моддалар, № 7, 430, 431-моддалар, № 10, 679-модда; 2019 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 161-модда, № 5, 259, 267-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 469-модда, № 9, 589, 592-моддалар, № 10, 671-модда, № 11, 787, 791-моддалар, № 12, 880, 881, 891-моддалар; 2020 йил, № 3, 204-модда, № 5, 296-модда, № 12, 689-модда; 2021 йил, № 1, 5, 11, 13, 14-моддалар, № 2, 142, 144-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар, № 9, 903-модда, № 10, 973-модда, № 12, 1193-модда; 2022 йил, № 2, 81-модда, № 3, 216-модда, № 4, 337-модда, № 6, 575-модда; 2023 йил, № 3, 184, 185-моддалар, № 4, 265, 269-моддалар, № 5, 319-модда, № 9, 713-модда; 2024 йил, № 1, 8-модда, № 2, 115-модда, № 9, 964-модда, № 10, 1070, 1073, 1077, 1083-моддалар, № 12, 1280, 1286, 1292-моддалар; 2025 йил, № 1, 8-модда, № 2, 196, 201-моддалар, № 3, 376-модда) 305-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ушбу Кодекс 304-моддасининг 1, 3, 4, 5 ва 6-бандларида кўрсатилган зиён миқдори иқтисодиёт ва молия органларининг ҳисоб-китобларига асосан, 2-бандида кўрсатилган зиён миқдори Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимларининг ҳисоб-китобларига асосан аниқланади ҳамда мазкур зиённинг ўрни қонунда белгиланган тартибда давлат бюджети ҳисобидан қопланади».

2. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, № 11-12; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 9, 229-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 182-модда; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда, № 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 4, 156, 164-моддалар, № 8, 367-модда, № 9, 416-модда, № 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, № 4, 192-модда, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 9, 337-модда; 2010 йил, № 9, 335, 337, 340-моддалар; 2011 йил, № 12/2, 363, 364, 365-моддалар; 2012 йил, № 4, 106, 109-моддалар, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда, № 12, 343-модда; 2015 йил, № 8, 310, 312-моддалар; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 9, 510-модда, № 12, 773-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 224-модда, № 7, 433-модда, № 10, 673-модда; 2019 йил, № 3, 161, 166-моддалар, № 5, 267-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880, 886-моддалар; 2020 йил, № 1, 3, 4-моддалар, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 8, 801-модда, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 217, 218-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 464-модда, № 6, 570, 577-моддалар, № 11, 1061, 1062-моддалар; 2023 йил, № 10, 795-модда, № 11, 921-модда; 2024 йил, № 2, 111, 114-моддалар, № 6, 530-модда, № 9, 960-модда, № 11, 1193-модда; 2025 йил, № 2, 188, 194-моддалар, № 4, 522-модда, № 6, 730-модда) 15-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши лозим. Бундай зарарнинг ўрни қонунда белгиланган тартибда тегишли мақсадли жамғармаларнинг маблағлари, давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг маблағлари ҳисобидан қопланади».

3. Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги 258-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, № 9-10, 169-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 8, 367-модда, № 12, 598-модда; 2008 йил, № 4, 184, 187-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда; 2010 йил, № 9, 337, 340-моддалар; 2012 йил, № 12, 336-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 7, 389-модда, № 8, 469-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар; 2022 йил, № 4, 337-модда, № 6, 570-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 8, 827-модда, № 10, 1073-модда; 2025 йил, № 4, 522-модда, № 6, 729-модда) 48 7 -моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ундирувни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва бюджет ташкилотларининг пул маблағларига қаратиш «Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, бюджет ташкилотларининг маблағларига қаратиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонунга мувофиқ амалга оширилади».

4. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январда қабул қилинган ЎРҚ-460-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 1-илова, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда, № 5, 261-модда, № 9, 592-модда, № 10, 671-модда, № 11, 791, 792-моддалар, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1, 3-моддалар, № 3, 198, 199-моддалар; 2021 йил, № 1, 8-модда, 4-сонга илова, № 8, 803-модда, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 8, 787-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда, № 12, 1007-модда; 2024 йил, № 2, 115-модда, № 8, 827-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 11, 1191-модда, № 12, 1280, 1286-моддалар; 2025 йил, № 1, 8-модда, № 3, 373-модда, № 6, 729-модда) 449-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Жиноят содир қилиш натижасида етказилган зарарнинг, давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, алиментларни ундириш, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчи вафот этганлиги натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш, ходим билан меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилиш ёхуд ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда ёки суднинг ишга тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини бажармаганликда айбдор бўлган мансабдор шахслардан пул суммаларини ундириш, давлат даромадига пул маблағларини ундириш ҳолларида суд ўз ташаббусига кўра ижро варақасини ижро этиш учун юборади».

5. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ-461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 2-илова, № 7, 433-модда, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда, № 5, 261, 266-моддалар, № 9, 592-модда, № 10, 671-модда, № 11, 791-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда; 2021 йил, № 1, 10-модда, 4-сонга илова, № 8, 803-модда, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 463-модда, № 6, 577-модда, № 8, 787-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда, № 12, 1008-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 12, 1280, 1286-моддалар; 2025 йил, № 3, 373-модда, № 6, 729-модда) 336-моддасининг саккизинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Бюджетга маблағларни ундириш, давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан кейин беш кун ичида юборилади».

6. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган ЎРҚ-462-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 3-илова, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 5, 261-модда, № 9, 592-модда, № 11, 791-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 198-модда; 2021 йил, № 1, 9-модда, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 8, 787-модда, № 12, 1188-модда; 2023 йил, № 3, 185-модда, № 4, 269-модда, № 11, 923-модда, № 12, 1009-модда; 2024 йил, № 2, 115-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 12, 1286-модда; 2025 йил, № 3, 373-модда, № 6, 729-модда) 278-моддасининг еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Бюджетга маблағларни ундириш, давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан кейин беш кун ичида юборилади».

7. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 декабрда қабул қилинган «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ЎРҚ-781-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 6, 576-модда; 2024 йил, № 8, 830-модда, № 10, 1072-модда) 7-моддасининг иккинчи қисмига қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:

иккинчи ва учинчи хатбошилар қуйидаги мазмундаги иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

«тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира жамғармалари маблағларининг ўн беш фоизидан кам бўлмаган миқдордаги маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари маблағлари;

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни электрон савдо платформасида реализация қилишдан келиб тушган, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг махсус ғазна ҳисобварақларига қўшимча манбалар сифатида ўтказиладиган маблағлар»;

тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишинча бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

21-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

22-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

ҳудудий кузатув кенгашларининг шакллантирилиши ва фаолиятини амалга ошириш тартибини уч ойлик муддатда тасдиқласин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

23-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 27 июль,

ЎРҚ- 1161 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.07.2026 й., 03/26/1161/0787-сон; 15.10.2026 й., 03/26/1182/1034-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 19-avgustda qabul qilingan Senat tomonidan 2026-yil 7-aprelda maʼqullangan

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi

Ushbu Qonunning maqsadi davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat.

2-modda. Ushbu Qonunning qoʻllanilish sohasi

Ushbu Qonun davlat organlarining, ular tarkibiy va hududiy boʻlinmalarining yoki mansabdor shaxslarining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplashda yuzaga keladigan munosabatlarga nisbatan tatbiq etiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi, ichki ishlar, bojxona organlari xodimlarining va harbiy xizmatchilarning gʻayriqonuniy harakatlari yoki harakatsizligi tufayli hamda davlat notarial idoralari notariuslari tomonidan yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash, shuningdek terrorchilikka qarshi operatsiya oʻtkazish natijasida, favqulodda vaziyatlarni bartaraf etishda, favqulodda holatni joriy etish uchun asos boʻlib xizmat qilgan holatlar natijasida yoxud bunday holatlarga chek qoʻyish yoki ularning oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha choralar qoʻllanilishi munosabati bilan jabrlangan shaxslarga hamda yer uchastkalari kompensatsiya evaziga jamoat ehtiyojlari uchun olib qoʻyilishi munosabati bilan yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash tartibi alohida qonunlar bilan belgilanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi mansabdor shaxslari va boshqaruv xodimlarining oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalarni bajarish va vakolatlarini amalga oshirish bilan bogʻliq qarorlari, harakatlari yoxud harakatsizligi natijasida yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti hisobidan amalga oshiriladi, ushbu mansabdor shaxslar va boshqaruv xodimlariga nisbatan regress huquqi qoʻllanilmaydi hamda zararning oʻrnini qoplash tartibi alohida qonun bilan belgilanadi.

3-modda. Davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi qonunchilik

Davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

4-modda. Asosiy tushunchalar

Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

zararning oʻrnini qoplash — davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli jismoniy va yuridik shaxslarga yetkazilgan hamda sudning qonuniy kuchga kirgan qarori bilan aniqlangan moddiy va (yoki) maʼnaviy zararning oʻrnini qoplash;

maʼnaviy zarar — davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli jismoniy shaxsga yetkazilgan maʼnaviy va jismoniy azoblar (kamsitish, jismoniy ogʻriq, zarar koʻrish, noqulaylik va boshqalar);

moddiy zarar — huquqi buzilgan shaxsning oʻz buzilgan huquqini tiklash uchun qilgan yoki qilishi kerak boʻlgan xarajatlari, uning mol-mulki yoʻqolishi yoki shikastlanishi (haqiqiy zarar), shuningdek ushbu shaxs oʻz huquqlari buzilmagan taqdirda odatdagi fuqarolik muomalasi sharoitida olishi mumkin boʻlgan, lekin ololmay qolgan daromadlari (boy berilgan foyda);

undiruvchi — davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli sudning qonuniy kuchga kirgan qarori bilan oʻziga moddiy va (yoki) maʼnaviy zarar yetkazilganligi aniqlangan jismoniy shaxs yoki yuridik shaxs, ularning qonuniy vakillari;

hududiy kompensatsiya jamgʻarmasi — davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli jismoniy va yuridik shaxslarga yetkazilgan hamda sudning qonuniy kuchga kirgan qarori bilan aniqlangan moddiy va (yoki) maʼnaviy zararning oʻrnini qoplaydigan, yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining qarorlari bilan tashkil etiladigan hamda ular huzurida faoliyat yuritadigan Jismoniy va yuridik shaxslarga yetkazilgan zararlarning oʻrnini qoplash boʻyicha hududiy maqsadli jamgʻarmalar.

5-modda. Zararning oʻrnini qoplash sohasidagi asosiy prinsiplar

Zararning oʻrnini qoplash sohasidagi asosiy prinsiplar quyidagilardan iborat:

qonuniylik;

inson huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarining ustuvorligi;

manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik;

ochiqlik va shaffoflik.

6-modda. Hududiy kompensatsiya jamgʻarmasining mablagʻlarini shakllantirish

Hududiy kompensatsiya jamgʻarmasining mablagʻlarini shakllantirish manbalari quyidagilardan iborat:

tegishincha Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining, viloyatlar viloyat budjetlarining va Toshkent shahri shahar budjetining zaxira jamgʻarmalari mablagʻlarining oʻn besh foizidan kam boʻlmagan miqdordagi mablagʻlari;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining, viloyatlar viloyat budjetlarining va Toshkent shahri shahar budjetining qoʻshimcha manbalari mablagʻlari;

tadbirkorlik va shaharsozlik faoliyatini amalga oshirish uchun yer uchastkalariga boʻlgan huquqlarni elektron savdo platformasida realizatsiya qilishdan kelib tushgan, Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjetining, viloyatlar hamda Toshkent shahar mahalliy budjetlarining maxsus gʻazna hisobvaraqlariga qoʻshimcha manbalar sifatida oʻtkaziladigan mablagʻlar;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlarining bir qismi;

mahalliy budjet parametrlarida moddiy va maʼnaviy zararning oʻrnini qoplash uchun nazarda tutilgan mablagʻlar;

davlat organidan regress tartibida undirilgan mablagʻlar;

yuridik va jismoniy shaxslarning, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik va xayriya yordami tarzidagi mablagʻlari;

davlat foydasiga musodara qilingan mol-mulkni realizatsiya qilishdan tushgan mablagʻlar (hududiy kompensatsiya jamgʻarmalariga yoʻnaltiriladigan qismi);

qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa tushumlar.

Mahalliy budjet parametrlarida moddiy va maʼnaviy zararning oʻrnini qoplash uchun nazarda tutilgan hamda davlat foydasiga musodara qilingan mol-mulkni realizatsiya qilishdan tushgan mablagʻlar (hududiy kompensatsiya jamgʻarmalariga yoʻnaltiriladigan qismi) faqat moddiy va maʼnaviy zararning oʻrnini qoplash uchun yoʻnaltiriladi.

Hududiy kompensatsiya jamgʻarmalariga kelib tushgan mablagʻlar tegishincha Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasining tegishli hududiy boʻlinmalarida ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida jamlanadi.

7-modda. Hududiy kompensatsiya jamgʻarmalarining kuzatuv kengashlari

Hududiy kompensatsiya jamgʻarmalarining kuzatuv kengashlari (bundan buyon matnda hududiy kuzatuv kengashlari deb yuritiladi) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzuridagi hududiy kompensatsiya jamgʻarmalarining kollegial yuqori boshqaruv organidir.

Hududiy kuzatuv kengashlarining shakllantirilishi va faoliyatini amalga oshirish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

8-modda. Hududiy kuzatuv kengashlarining vakolatlari

Hududiy kuzatuv kengashlari maʼmuriy-hududiy birliklar doirasida:

zararning oʻrnini qoplash uchun mablagʻlar ajratish toʻgʻrisida qarorlar qabul qiladi;

tegishli jamgʻarmaga mablagʻlarning kelib tushishini nazorat qiladi va jamgʻarmalardan foydalanish prognozlarini koʻrib chiqadi, shuningdek keyingi yil uchun mablagʻlardan foydalanish prognozlarini tasdiqlaydi;

zararning oʻrni qoplanishini moliyalashtirish boʻyicha budjet soʻrovini koʻrib chiqadi;

tegishli jamgʻarma daromadlarining barqaror shakllantirilishini, zararning oʻrnini qoplash oʻz vaqtida moliyalashtirilishini taʼminlaydi hamda mablagʻlarning toʻliq hajmda ajratilishi ustidan muntazam monitoring olib boradi;

tegishli jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va oqilona foydalanilishini belgilangan tartibda nazorat qiladi.

Hududiy kuzatuv kengashlari qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

Hududiy kuzatuv kengashlari tomonidan oʻz vakolatlari doirasida qabul qilingan qarorlar davlat organlari tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi.

Hududiy kuzatuv kengashlarining qarorlari kuzatuv kengashi majlisining bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi.

9-modda. Hududiy kuzatuv kengashlarining ishchi organlari va ularning vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining hududiy boʻlinmalari (bundan buyon matnda hududiy ishchi organ deb yuritiladi) tegishli hududiy kuzatuv kengashlarining ishchi organidir.

Hududiy ishchi organ:

hududiy kuzatuv kengashining zararning oʻrnini qoplash uchun mablagʻlar ajratish toʻgʻrisidagi qaroriga asosan toʻlovlarni amalga oshiradi va zararning oʻrnini qoplash choralarini koʻradi;

zararning oʻrnini qoplash boʻyicha tegishli chora-tadbirlar loyihalari yuzasidan takliflar tayyorlaydi;

maʼmuriy-hududiy birlik doirasida zararning oʻrni qoplanishini moliyalashtirish boʻyicha budjet soʻrovini shakllantiradi.

Hududiy ishchi organ qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

10-modda. Zararning oʻrnini qoplash uchun undiriladigan mablagʻlar miqdorini aniqlash

Zararning oʻrnini qoplash uchun undiriladigan mablagʻlar miqdori sudning qarori asosida aniqlanadi.

11-modda. Zararning oʻrnini qoplash shakli

Jismoniy yoki yuridik shaxsga yetkazilgan hamda sudning qonuniy kuchga kirgan qarori bilan aniqlangan moddiy va (yoki) maʼnaviy zararning oʻrni hududiy kompensatsiya jamgʻarmasidan pul shaklida qoplanadi.

12-modda. Zararning oʻrnini qoplash asoslari

Zararning oʻrni sudning zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi qaroriga muvofiq berilgan ijro hujjatiga asosan qoplanadi.

Agar zarar yetkazilganligi uchun aniq bir shaxs sudning qonuniy kuchga kirgan qarori bilan aybdor deb topilgan boʻlsa, moddiy va (yoki) maʼnaviy zararning oʻrni ushbu shaxs tomonidan qoplanishi lozim. Bunda yetkazilgan zararning oʻrni ushbu Qonunda belgilangan tartibda dastlab hududiy kompensatsiya jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanib, mazkur mablagʻlar keyinchalik aybdor shaxsdan tegishli davlat organi orqali regress tartibida undirib olinadi, bundan hududiy kompensatsiya jamgʻarmasi zararning oʻrnini qoplaguniga qadar aybdor shaxs tomonidan zararning oʻrni ixtiyoriy ravishda qoplangan hollar mustasno.

13-modda. Zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi ijro hujjatini ijro etish tartibi

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining yuridik xizmati ijro hujjati kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida hujjatni koʻrib chiqib, ushbu ijro hujjatida koʻrsatilgan zararning oʻrnini qoplash uchun mablagʻ ajratish haqidagi qaror loyihasini undiruvchining bankdagi hisobvaragʻini koʻrsatgan holda hududiy kuzatuv kengashiga kiritadi.

Hududiy kuzatuv kengashi bir ish kuni ichida qaror loyihasini koʻrib chiqadi va ijro hujjatida koʻrsatilgan zararning oʻrnini qoplab berish uchun mablagʻ ajratish haqida qaror qabul qiladi hamda hududiy ishchi organga mazkur qarorni darhol yuboradi.

Hududiy kuzatuv kengashining qaroriga muvofiq hududiy ishchi organ mazkur qaror kelib tushgan kundan eʼtiboran bir ish kuni ichida hududiy kompensatsiya jamgʻarmasidagi mavjud mablagʻlar doirasida zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi ijro hujjatida koʻrsatilgan zararning oʻrnini qoplash uchun tegishli mablagʻlarni undiruvchining bankdagi hisobvaragʻiga yoki shaxsiy bank kartasiga oʻtkazib beradi.

Undiruvchiga mablagʻlarni oʻtkazib berish hududiy kuzatuv kengashi qarorining roʻyxatga olish tartib raqami ketma-ketligi asosida amalga oshiriladi.

Sudning qarori ustidan sudga shikoyat kiritilgan va ijro ishini yuritish toʻxtatib turilgan taqdirda, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining yuridik xizmati sudning ijro ishini yuritish toʻxtatilganligi haqidagi tegishli qarori (ajrimi) ilova qilingan holdagi xatni undiruvchiga ikki ish kuni ichida yuboradi. Bunda ijro hujjatini ijro etish boʻyicha barcha harakatlar qonunchilikda belgilangan tartibda toʻxtatib turiladi.

14-modda. Aybdor shaxs tomonidan zararning oʻrnini ixtiyoriy ravishda qoplash

Sud qarori bilan aybdor deb topilgan shaxs oʻzi yetkazgan zararning oʻrnini undiruvchiga belgilangan tartibda ixtiyoriy ravishda qoplash huquqiga ega.

Aybdor shaxs tomonidan zararning oʻrnini qoplash undiruvchining bankdagi hisobvaragʻiga yoki shaxsiy bank kartasiga pul mablagʻlarini kiritish yoʻli bilan amalga oshiriladi.

Zararning oʻrnini taraflarning qonunchilikda belgilangan tartibdagi yozma kelishuviga muvofiq boshqa shaklda qoplashga yoʻl qoʻyiladi.

15-modda. Zarar yetkazgan shaxsga nisbatan regress huquqi

Zararning oʻrni sud qarori asosida hududiy kompensatsiya jamgʻarmalari hisobidan qoplab berilganda va keyinchalik zarar yetkazgan aybdor shaxsga nisbatan qonunga muvofiq regress huquqi yuzaga kelgan taqdirda, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari aybdor shaxs faoliyat yuritayotgan yoki muqaddam ishlagan davlat organiga talabnoma kiritadi.

Zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi talabnomani olgan davlat organi uch ish kuni ichida mablagʻlarni oʻzining budjetdan tashqari jamgʻarmasi hisobidan tegishli kompensatsiya jamgʻarmasiga toʻliq miqdorda oʻtkazib beradi va ushbu mablagʻlarni aybdor shaxsdan regress tartibida undirish choralarini koʻradi.

Davlat organining budjetdan tashqari mablagʻlari va xarajatlar smetasining tegishli moddasi boʻyicha budjetdan ajratilgan mablagʻlar qoldigʻi yetarli boʻlmagan taqdirda, davlat organi xarajatlar smetasiga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi hamda mablagʻlarni belgilangan muddatda oʻtkazib beradi.

Zararning oʻrnini qoplash uchun oʻtkazib berilgan mablagʻlar aybdor shaxs tomonidan ixtiyoriy ravishda qaytarilmagan taqdirda, davlat organi ushbu mablagʻlarni aybdor shaxsdan sud tartibida undiradi.

16-modda. Davlat organiga nisbatan regress huquqi

Agar sud qarorida undiruvchiga yetkazilgan zararning oʻrnini davlat organi tomonidan qoplab berilishi belgilangan boʻlsa, ushbu zararning oʻrni tegishli hududiy kompensatsiya jamgʻarmasining mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi. Keyinchalik mazkur mablagʻlarni davlat organidan toʻliq miqdorda regress tartibida undirib olish choralari koʻriladi.

17-modda. Hududiy kompensatsiya jamgʻarmasining mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisida hisobot berish

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari hududiy kompensatsiya jamgʻarmasining mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisida tegishincha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesiga, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlariga bir yilda bir marta hisobot taqdim etadi.

Hududiy ishchi organi hududiy kompensatsiya jamgʻarmasining mablagʻlari hisobidan amalga oshirilgan toʻlovlar va ularni regress tartibida undirib olish toʻgʻrisidagi hisobotni Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning oʻninchi sanasiga qadar taqdim etadi.

Hududiy kompensatsiya jamgʻarmalarining mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasiga taqdim etiladigan Davlat budjetining ijrosi toʻgʻrisidagi yillik hisobotida aks ettiriladi.

18-modda. Nizolarni hal etish

Zararning oʻrnini qoplash sohasida yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

Kuzatuv kengashlarining qarorlari, harakatlari yoki harakatsizligi ustidan sudga shikoyat qilinishi mumkin.

Jismoniy va yuridik shaxslar bilan davlat organlarining zararning oʻrnini qoplash sohasidagi oʻzaro munosabatlarida yuzaga keladigan qonunchilikdagi barcha ziddiyatlar hamda noaniqliklar jismoniy va yuridik shaxslarning foydasiga talqin qilinadi.

19-modda. Davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

20-modda. Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirishlar kiritish

Oʻzbekiston Respublikasining quyidagi qonun hujjatlariga oʻzgartirishlar kiritilsin:

1. Oʻzbekiston Respublikasining 1994-yil 22-sentabrda qabul qilingan 2013-XII-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat-protsessual kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Kengashining Axborotnomasi, 1995-yil, № 2, 5-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1995-yil, № 12, 269-modda; 1997-yil, № 2, 56-modda, № 9, 241-modda; 1998-yil, № 5-6, 102-modda, № 9, 181-modda; 1999-yil, № 1, 20-modda, № 5, 124-modda, № 9, 229-modda; 2000-yil, № 5-6, 153-modda, № 7-8, 217-modda; 2001-yil, № 1-2, 11, 23-moddalar, № 9-10, 165, 182-moddalar; 2002-yil, № 9, 165-modda; 2003-yil, № 5, 67-modda; 2004-yil, № 1-2, 18-modda, № 9, 171-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2005-yil, № 12, 418-modda; 2006-yil, № 6, 261-modda; 2007-yil, № 4, 166-modda, № 6, 248, 249-moddalar, № 9, 422-modda, № 12, 594, 595, 607-moddalar; 2008-yil, № 4, 177, 187-moddalar, № 9, 482, 484, 487-moddalar, № 12, 636, 641-moddalar; 2009-yil, № 1, 1-modda, № 4, 136-modda, № 9, 335-modda, № 12, 469, 470-moddalar; 2010-yil, № 6, 231-modda, № 9, 334, 336, 337, 342-moddalar, № 12, 477-modda; 2011-yil, № 4, 103, 104-moddalar, № 9, 252-modda, № 12/2, 363-modda; 2012-yil, № 1, 3-modda, № 9/2, 244-modda, № 12, 336-modda; 2014-yil, № 9, 244-modda; 2015-yil, № 8, 310, 312-moddalar, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 4, 125-modda, № 9, 276-modda, № 12, 385-modda; 2017-yil, № 3, 47-modda, № 6, 300-modda, № 9, 506, 510-moddalar, № 10, 605-modda; 2018-yil, № 1, 1, 5-moddalar, № 4, 218, 224-moddalar, № 7, 430, 431-moddalar, № 10, 679-modda; 2019-yil, № 1, 3, 5-moddalar, № 2, 47-modda, № 3, 161-modda, № 5, 259, 267-moddalar, № 7, 386-modda, № 8, 469-modda, № 9, 589, 592-moddalar, № 10, 671-modda, № 11, 787, 791-moddalar, № 12, 880, 881, 891-moddalar; 2020-yil, № 3, 204-modda, № 5, 296-modda, № 12, 689-modda; 2021-yil, № 1, 5, 11, 13, 14-moddalar, № 2, 142, 144-moddalar, 4-songa ilova, № 8, 800, 803-moddalar, № 9, 903-modda, № 10, 973-modda, № 12, 1193-modda; 2022-yil, № 2, 81-modda, № 3, 216-modda, № 4, 337-modda, № 6, 575-modda; 2023-yil, № 3, 184, 185-moddalar, № 4, 265, 269-moddalar, № 5, 319-modda, № 9, 713-modda; 2024-yil, № 1, 8-modda, № 2, 115-modda, № 9, 964-modda, № 10, 1070, 1073, 1077, 1083-moddalar, № 12, 1280, 1286, 1292-moddalar; 2025-yil, № 1, 8-modda, № 2, 196, 201-moddalar, № 3, 376-modda) 305-moddasining matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Ushbu Kodeks 304-moddasining 1, 3, 4, 5 va 6-bandlarida koʻrsatilgan ziyon miqdori iqtisodiyot va moliya organlarining hisob-kitoblariga asosan, 2-bandida koʻrsatilgan ziyon miqdori Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasi boʻlimlarining hisob-kitoblariga asosan aniqlanadi hamda mazkur ziyonning oʻrni qonunda belgilangan tartibda davlat budjeti hisobidan qoplanadi”.

2. Oʻzbekiston Respublikasining 1995-yil 21-dekabrda qabul qilingan 163-I-sonli va 1996-yil 29-avgustda qabul qilingan 256-I-sonli qonunlari bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1996-yil, 2-songa ilova, № 11-12; 1997-yil, № 2, 56-modda, № 9, 241-modda; 1998-yil, № 5-6, 102-modda; 1999-yil, № 1, 20-modda, № 9, 229-modda; 2001-yil, № 1-2, 23-modda, № 9-10, 182-modda; 2002-yil, № 1, 20-modda, № 9, 165-modda; 2003-yil, № 1, 8-modda, № 5, 67-modda; 2004-yil, № 1-2, 18-modda, № 5, 90-modda, № 9, 171-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2006-yil, № 4, 154-modda, № 9, 494, 498-moddalar; 2007-yil, № 1, 3, 5-moddalar, № 4, 156, 164-moddalar, № 8, 367-modda, № 9, 416-modda, № 12, 598, 608-moddalar; 2008-yil, № 4, 192-modda, № 12, 640-modda; 2009-yil, № 9, 337-modda; 2010-yil, № 9, 335, 337, 340-moddalar; 2011-yil, № 12/2, 363, 364, 365-moddalar; 2012-yil, № 4, 106, 109-moddalar, № 12, 336-modda; 2013-yil, № 10, 263-modda; 2014-yil, № 5, 130-modda, № 12, 343-modda; 2015-yil, № 8, 310, 312-moddalar; 2016-yil, № 4, 125-modda; 2017-yil, № 4, 137-modda, № 9, 510-modda, № 12, 773-modda; 2018-yil, № 1, 4-modda, № 4, 224-modda, № 7, 433-modda, № 10, 673-modda; 2019-yil, № 3, 161, 166-moddalar, № 5, 267-modda, № 10, 671-modda, № 12, 880, 886-moddalar; 2020-yil, № 1, 3, 4-moddalar, № 10, 593-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 8, 801-modda, № 10, 968-modda; 2022-yil, № 2, 79-modda, № 3, 217, 218-moddalar, № 4, 340-modda, № 5, 464-modda, № 6, 570, 577-moddalar, № 11, 1061, 1062-moddalar; 2023-yil, № 10, 795-modda, № 11, 921-modda; 2024-yil, № 2, 111, 114-moddalar, № 6, 530-modda, № 9, 960-modda, № 11, 1193-modda; 2025-yil, № 2, 188, 194-moddalar, № 4, 522-modda, № 6, 730-modda) 15-moddasining birinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Davlat organi yoki fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi tomonidan qonunchilikka muvofiq boʻlmagan hujjat qabul qilinishi, shuningdek ular mansabdor shaxslarining gʻayriqonuniy harakatlari (harakatsizligi) natijasida fuqaroga yoki yuridik shaxsga yetkazilgan zararning oʻrni davlat tomonidan yoki fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi tomonidan qoplanishi lozim. Bunday zararning oʻrni qonunda belgilangan tartibda tegishli maqsadli jamgʻarmalarning mablagʻlari, davlat organining budjetdan tashqari mablagʻlari yoki fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organining mablagʻlari hisobidan qoplanadi”.

3. Oʻzbekiston Respublikasining 2001-yil 29-avgustda qabul qilingan “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi 258-II-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 2001-yil, № 9-10, 169-modda; Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2007-yil, № 8, 367-modda, № 12, 598-modda; 2008-yil, № 4, 184, 187-moddalar; 2009-yil, № 1, 1-modda; 2010-yil, № 9, 337, 340-moddalar; 2012-yil, № 12, 336-modda; 2014-yil, № 5, 130-modda; 2015-yil, № 8, 312-modda, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 9, 276-modda; 2017-yil, № 9, 510-modda; 2018-yil, № 1, 1, 4, 5-moddalar; 2019-yil, № 2, 47-modda, № 5, 267-modda, № 7, 389-modda, № 8, 469-modda, № 10, 671-modda, № 12, 880-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 8, 800, 803-moddalar; 2022-yil, № 4, 337-modda, № 6, 570-modda; 2023-yil, № 4, 269-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 8, 827-modda, № 10, 1073-modda; 2025-yil, № 4, 522-modda, № 6, 729-modda) 48 7 -moddasining matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Undiruvni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining va budjet tashkilotlarining pul mablagʻlariga qaratish “Davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan Ijro hujjatlari boʻyicha undiruvni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining, budjet tashkilotlarining mablagʻlariga qaratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan xususiyatlar hisobga olingan holda ushbu Qonunga muvofiq amalga oshiriladi”.

4. Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 22-yanvarda qabul qilingan OʻRQ-460-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik protsessual kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, 1-songa 1-ilova, № 10, 672-modda; 2019-yil, № 3, 166-modda, № 5, 261-modda, № 9, 592-modda, № 10, 671-modda, № 11, 791, 792-moddalar, № 12, 880-modda; 2020-yil, № 1, 1, 3-moddalar, № 3, 198, 199-moddalar; 2021-yil, № 1, 8-modda, 4-songa ilova, № 8, 803-modda, № 9, 903-modda; 2022-yil, № 3, 216-modda, № 8, 787-modda; 2023-yil, № 4, 269-modda, № 12, 1007-modda; 2024-yil, № 2, 115-modda, № 8, 827-modda, № 9, 964, 969-moddalar, № 11, 1191-modda, № 12, 1280, 1286-moddalar; 2025-yil, № 1, 8-modda, № 3, 373-modda, № 6, 729-modda) 449-moddasining birinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Jinoyat sodir qilish natijasida yetkazilgan zararning, davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash, alimentlarni undirish, mayib boʻlganlik yoki sogʻliqqa boshqacha shikast yetganlik, shuningdek boquvchi vafot etganligi natijasida koʻrilgan zararning oʻrnini qoplash, xodim bilan mehnat shartnomasini gʻayriqonuniy ravishda bekor qilish yoxud xodimni gʻayriqonuniy ravishda boshqa ishga oʻtkazishda yoki sudning ishga tiklash toʻgʻrisidagi hal qiluv qarorini bajarmaganlikda aybdor boʻlgan mansabdor shaxslardan pul summalarini undirish, davlat daromadiga pul mablagʻlarini undirish hollarida sud oʻz tashabbusiga koʻra ijro varaqasini ijro etish uchun yuboradi”.

5. Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 24-yanvarda qabul qilingan OʻRQ-461-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Iqtisodiy protsessual kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, 1-songa 2-ilova, № 7, 433-modda, № 10, 672-modda; 2019-yil, № 3, 166-modda, № 5, 261, 266-moddalar, № 9, 592-modda, № 10, 671-modda, № 11, 791-modda, № 12, 880-modda; 2020-yil, № 1, 1-modda, № 3, 198-modda, № 10, 593-modda; 2021-yil, № 1, 10-modda, 4-songa ilova, № 8, 803-modda, № 9, 903-modda; 2022-yil, № 3, 216-modda, № 5, 463-modda, № 6, 577-modda, № 8, 787-modda; 2023-yil, № 4, 269-modda, № 12, 1008-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 9, 964, 969-moddalar, № 12, 1280, 1286-moddalar; 2025-yil, № 3, 373-modda, № 6, 729-modda) 336-moddasining sakkizinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Budjetga mablagʻlarni undirish, davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash yuzasidan ijro varaqasi qarzdor turgan joydagi davlat ijrochisiga sud hujjati qonuniy kuchga kirganidan keyin besh kun ichida yuboriladi”.

6. Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 25-yanvarda qabul qilingan OʻRQ-462-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy sud ishlarini yuritish toʻgʻrisidagi kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, 1-songa 3-ilova, № 10, 672-modda; 2019-yil, № 5, 261-modda, № 9, 592-modda, № 11, 791-modda, № 12, 880-modda; 2020-yil, № 1, 1-modda, № 3, 198-modda; 2021-yil, № 1, 9-modda, 4-songa ilova, № 8, 800, 803-moddalar, № 9, 903-modda; 2022-yil, № 8, 787-modda, № 12, 1188-modda; 2023-yil, № 3, 185-modda, № 4, 269-modda, № 11, 923-modda, № 12, 1009-modda; 2024-yil, № 2, 115-modda, № 9, 964, 969-moddalar, № 12, 1286-modda; 2025-yil, № 3, 373-modda, № 6, 729-modda) 278-moddasining yettinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Budjetga mablagʻlarni undirish, davlat organining yoki uning mansabdor shaxsining qonunga xilof qarori, harakati yoxud harakatsizligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash yuzasidan ijro varaqasi qarzdor turgan joydagi davlat ijrochisiga sud hujjati qonuniy kuchga kirganidan keyin besh kun ichida yuboriladi”.

7. Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 2-dekabrda qabul qilingan “Yer uchastkalarini kompensatsiya evaziga jamoat ehtiyojlari uchun olib qoʻyish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi OʻRQ-781-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2022-yil, № 6, 576-modda; 2024-yil, № 8, 830-modda, № 10, 1072-modda) 7-moddasining ikkinchi qismiga quyidagi oʻzgartirishlar kiritilsin:

ikkinchi va uchinchi xatboshilar quyidagi mazmundagi ikkinchi, uchinchi va toʻrtinchi xatboshilar bilan almashtirilsin:

“tegishincha Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining, viloyatlar viloyat budjetlarining va Toshkent shahri shahar budjetining zaxira jamgʻarmalari mablagʻlarining oʻn besh foizidan kam boʻlmagan miqdordagi mablagʻlari;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining, viloyatlar viloyat budjetlarining va Toshkent shahri shahar budjetining qoʻshimcha manbalari mablagʻlari;

tadbirkorlik va shaharsozlik faoliyatini amalga oshirish uchun yer uchastkalariga boʻlgan huquqlarni elektron savdo platformasida realizatsiya qilishdan kelib tushgan, Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjetining, viloyatlar hamda Toshkent shahar mahalliy budjetlarining maxsus gʻazna hisobvaraqlariga qoʻshimcha manbalar sifatida oʻtkaziladigan mablagʻlar”;

toʻrtinchi va beshinchi xatboshilar tegishincha beshinchi va oltinchi xatboshilar deb hisoblansin.

21-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

22-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

hududiy kuzatuv kengashlarining shakllantirilishi va faoliyatini amalga oshirish tartibini uch oylik muddatda tasdiqlasin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

23-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy oʻtgach kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 27-iyul,

OʻRQ- 1161 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 27.07.2026-y., 03/26/1161/0787-son; 15.10.2026-y., 03/26/1182/1034-son)

lex.uz