📅 2026-yil 29-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 29-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 29 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 июля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 July 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Миллий сертификат бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Бошланғич таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг билим даражаси, педагогик маҳорати ва касбий компетенцияларини холис ва шаффоф баҳолаш тизимини жорий этиш, шунингдек, юқори кўрсаткичга эришган бошланғич таълим ўқитувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш, талабгорларга миллий сертификат бериладиган умумтаълим фанлари рўйхатини кенгайтириш, чет тилларини билиш даражасига мувофиқ миллий сертификатга эга бўлиш имкониятларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
бошланғич таълим ўқитувчиларининг билим даражаси ва педагогик маҳоратини аниқлаш ҳамда уларга сертификат бериш;
ҳуқуқшунослик фанини билиш даражасини аниқлаш ва миллий сертификат бериш;
хитой, корейс, япон, испан, итальян, форс, дари, пушту, урду, ҳиндий ва уйғур тилларидан чет тилини билишнинг кўп даражали (Multi-level) тест тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
бошланғич таълим ўқитувчиларининг билим даражаси ва педагогик маҳоратини аниқлаш бўйича малака имтиҳонларини ташкил этиш;
бошланғич таълим ўқитувчилари учун миллий сертификат бериш бўйича имтиҳон топшириқларини шакллантириш ва натижаларини баҳолаш;
бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш ва унинг реестрини юритиш;
талабгорларнинг малака имтиҳони натижалари бўйича апелляция шикоятларини кўриб чиқиш;
давлат хизматларини кўрсатиш учун тўловни амалга ошириш ва қайтариш.
3. Бошланғич таълим ўқитувчисининг билим даражаси ва педагогик маҳорати тўғрисидаги миллий сертификатнинг давлат намунаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик):
бошланғич таълим ўқитувчиларининг бошланғич синфлардаги тегишли фанлар мазмуни доирасидаги билим даражаси, ўқитиш методикаси ва педагогик маҳоратини аниқлаш бўйича малака имтиҳони жараёнларини Агентликнинг «онлайн тест» ахборот тизими орқали ташкил этсин;
хитой, корейс, япон, испан, итальян, форс, дари, пушту, урду, ҳиндий ва уйғур тилларидан чет тилини билишнинг кўп даражали (Multi-level) тест тизимини ҳамда ҳуқуқшунослик фани бўйича талабгорларнинг билим даражасини баҳолашни йўлга қўйсин;
сертификат натижаларини «Агентлик томонидан тақдим қилинадиган сертификатларнинг маълумотлар базаси» ахборот тизимига киритиш ва уларни сертификат рақами орқали онлайн текшириш имкониятини яратсин;
миллий сертификат берилиши йўлга қўйилаётган бошланғич таълим йўналиши, ҳуқуқшунослик фани, хитой, корейс, япон, испан, итальян, форс, дари, пушту, урду, ҳиндий ва уйғур тилларидан тест топшириқларининг белгиланган тартибда шакллантирилишини ҳамда янгилаб борилишини таъминласин.
Бунда ҳуқуқшунослик фанини билиш даражасини аниқлаш имтиҳони учун тест топшириқлари умумий ўрта таълимнинг ўқув дастурлари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси , қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида шакллантирилиши инобатга олинсин.
5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Агентлик билан биргаликда икки ой муддатда умумий ўрта таълим ташкилотлари бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш тизимини жорий этиш билан боғлиқ семинарлар ва тарғибот тадбирларини ташкил этсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
малака имтиҳони натижаларига кўра сертификат талабини бажарган бошланғич таълим ўқитувчиларига уч йил муддатга амал қиладиган A+, A, B+, B, C+, C даражали электрон сертификат берилади;
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб B+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бўлган, бошланғич синфларда дарс берувчи бошланғич таълим мутахассислигига эга ўқитувчиларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, сертификатнинг амал қилиш муддати давомида, тегишли таълим тилига мос равишда барча фанлар бўйича лавозим маошига ҳар ойда 15 фоиз миқдорида қўшимча устама тўлаб борилади;
ушбу қарор ижроси билан боғлиқ харажатлар 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2027 йилдан бошлаб эса бюджет қонунчилиги талабларига мувофиқ тақдим этилган бюджет сўровномаларига асосан Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарорига 1-ИЛОВА
Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим ташкилотларида фаолият олиб борувчи бошланғич таълим ўқитувчилари учун миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш ҳамда миллий сертификат бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги;
малака имтиҳони — бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш мақсадида уларнинг бошланғич синфлардаги тегишли фанлар мазмуни доирасидаги билим даражаси, ўқитиш методикаси ва педагогик маҳоратини тест синовлари орқали аниқлашга қаратилган баҳолаш жараёни;
миллий сертификат — малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорга уч йил муддатга бериладиган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган бошланғич таълим ўқитувчисининг билим даражасини тасдиқловчи давлат намунасидаги ҳужжат;
Раш модели (Rasch model) — тест топшириқларининг қийинлиги ва талабгорларнинг билим даражасини бир хил шкалада баҳолайдиган замонавий баҳолаш модели;
талабгор — миллий сертификат олиш учун малака имтиҳонини топшириш истагини билдирган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган умумий ўрта таълим ташкилотларида фаолият олиб бораётган бошланғич таълим ўқитувчиси.
3. Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳони ваколатли орган томонидан тўлов асосида ўтказилади.
4. Малака имтиҳонида иштирок этиши учун талабгордан рўйхатдан ўтишда, ариза берилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур давлат хизматини кўрсатишда белгиланган тўловнинг 50 фоизи, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига эса 75 фоизи миқдорида чегирма қўлланади. Бунда чегирма:
Ижтимоий реестрнинг «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан чиқарилгани муносабати билан киритилган оилаларга уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда, улар Ижтимоий реестрда турган даврда, бироқ ушбу реестрга киритилган санадан бошлаб 12 ойдан кўп бўлмаган муддатда қўлланади.
5. Бошланғич таълим ўқитувчиларига малака имтиҳони натижасига кўра А+, А, B+, B, C+, C даражали электрон сертификатлар берилади.
Малака имтиҳони натижалари халқаро методика — Раш модели асосида ҳисобланади. Унга кўра:
70 баллдан юқори балл олган талабгорга А+ даражали;
65 — 69,9 балл олган талабгорга А даражали;
60 — 64,9 балл олган талабгорга B+ даражали;
55 — 59,9 балл олган талабгорга B даражали;
50 — 54,9 балл олган талабгорга C+ даражали;
46 — 49,9 балл олган талабгорга C даражали сертификат берилади.
6. Талабгорнинг бошланғич синфлардаги тегишли фанлар мазмуни доирасидаги билим даражаси, ўқитиш методикаси ва педагогик маҳорати Бошланғич таълимнинг давлат таълим стандарти ҳамда халқаро баҳолаш мезонлари ва илғор тажрибаларга мувофиқ шакллантириладиган педагогик ўлчов воситалари асосида тест синовлари орқали баҳоланади.
Малака имтиҳони учун тузиладиган тест саволлари Бошланғич таълимнинг давлат таълим стандартига ҳамда бошланғич таълим йўналиши таълим дастурига мувофиқ Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳузуридаги «Илмий-ўқув амалий марказ» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Илмий марказ) томонидан шакллантирилади. Бунда:
имтиҳон топшириқларини шакллантириш, экспертизадан ўтказиш ва бошқа тилларга таржима қилишда Илмий марказ томонидан шартнома асосида мутахассис-экспертлар жалб этилади;
имтиҳон топшириқлари талабгорнинг билим даражаси ва педагогик маҳоратини баҳолаш учун шакллантирилган, турли шакл ва қийинлик даражасидаги параллел топшириқлар тизимини назарда тутади;
малака имтиҳони ўтказиладиган фанлар таркиби ва мазмуни ваколатли орган томонидан белгиланади.
7. Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича давлат хизмати ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
2-боб. Малака имтиҳонини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
8. Малака имтиҳони топшириқлари формати (фанлар таркиби ва мазмуни, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри), баҳолаш мезонлари, ўтказиш муддатлари ваколатли орган томонидан тасдиқланади ва унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Малака имтиҳонини ўтказиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали эълон қилинади.
9. Талабгор сертификат олиш мақсадида малака имтиҳонида қатнашиш учун ЯИДХП орқали электрон шаклда ариза бериб, рўйхатдан ўтади.
10. Талабгор мустақил равишда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани ЯИДХП орқали электрон равишда тўлдиради. Талабгордан сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Талабгорга сўровнома расмийлаштирилганидан сўнг ваколатли орган томонидан ЯИДХП орқали малака имтиҳонида иштирок этиш қоидалари тўғрисида эслатма берилади.
Талабгорнинг сўровномасида унинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Сўровномада талабгор электрон манзилининг кўрсатилгани унинг сўровнома бўйича қабул қилинган қарор, малака имтиҳони натижалари юзасидан апелляция хулосаси ҳақида ахборот тизими орқали хабарнома олишга розилигини англатади.
Талабгордан сўровномадаги ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди.
Талабгор ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилиги учун талабгорнинг ўзи шахсан жавобгар ҳисобланади.
Талабгор малака имтиҳони ўтказиладиган сана ва жой тўғрисидаги маълумот (рухсатнома)ни малака имтиҳон ўтказиладиган кундан уч кун олдин ЯИДХП орқали олади.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан вақтинча рўйхатга олинади ҳамда уларга ЖШШИР рақами шакллантирилади.
11. Малака имтиҳонини ўтказиш жойи, муайян ҳудуд бўйича ўтириш ўринлари сони ва санаси ваколатли орган томонидан белгиланади.
12. Малака имтиҳони махсус жиҳозланган, видеокузатув билан таъминланган ҳолда ваколатли орган вакилининг назоратида электрон шаклда ўтказилади.
Малака имтиҳони вақтида ҳар бир ўтириш ўрнида бир нафар талабгор ўтиради. Малака имтиҳонини ўтказиш жараёни доимий видеотасвирга олинади. Видеотасвирлар ваколатли орган томонидан бир йил давомида сақланади.
13. Малака имтиҳонини ўтказиш учун шартнома асосида назоратчилар жалб этилиши мумкин.
14. Талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида видеоқайд этиш қурилмалари орқали шахси аниқлангандан сўнг малака имтиҳонига қўйилади.
15. Малака имтиҳони ўтказилаётган бинога ҳар қандай қўлланма, адабиёт, телекоммуникация ва техника воситаларини олиб кириш, шунингдек, имтиҳон жараёнида бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш ёки уларга бирор буюм узатиш қатъиян ман этилади.
Ушбу талабларга риоя қилмаган талабгор малака имтиҳонидан четлаштирилади. Четлаштириш ваколатли орган вакили ёки назоратчилар томонидан ахборот тизими орқали амалга оширилади ва натижаларнинг ҳисобланмаслигига асос бўлади.
16. Малака имтиҳони натижалари улар якунланган кундан бошлаб йигирма бир иш кунидан кечикмай ЯИДХП орқали эълон қилинади.
17. Малака имтиҳони натижалари бўйича тестология меъёрларининг бузилиш ҳолати аниқланса, ваколатли орган томонидан малака имтиҳони натижалари бекор қилинади.
Қуйидаги ҳолатларда тестология меъёрлари бузилган деб ҳисобланади:
имтиҳон материаллари хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш қоидалари бузилса;
талабгорлар томонидан имтиҳон материалларини олдиндан қўлга киритиш ҳолати аниқланса;
малака имтиҳони натижалари таҳлилига кўра тақсимот меъёрдаги тақсимотдан кескин фарқ қилса.
Бунда ушбу банднинг бешинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолат фақат айрим ҳудудларда аниқланган тақдирда, ушбу ҳудудлардаги малака имтиҳони натижалари бекор қилинади.
Малака имтиҳони натижалари ушбу бандга мувофиқ бекор қилинган ҳолларда, талабгорларнинг хоҳишига кўра амалга оширилган тўлов миқдори қайтарилади ёки қайта малака имтиҳони ташкил этилади.
3-боб. Бошланғич таълим ўқитувчиларининг билим даражаси ва педагогик маҳоратини аниқлаш бўйича миллий сертификатни бериш тартиби
18. Ваколатли орган малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорларга бир иш куни ичида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган сертификатнинг электрон шаклини шакллантиради ва уни ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди ҳамда талабгорга ЯИДХП орқали юборади.
19. Сертификатлар реестри ваколатли орган томонидан юритилади.
Сертификатлар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
фуқаролик паспорти (ID-карта) маълумотлари (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами);
сертификатнинг ҳисобга олиш серияси ва рақами;
сертификатнинг берилган санаси;
малака имтиҳонида тўплаган умумий балли ва даражаси;
сертификатнинг амал қилиш муддати.
20. Сертификатнинг ҳақиқийлиги тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органнинг расмий веб-сайти ва ЯИДХП орқали текшириш имконияти яратилади.
4-боб. Тўлов шартлари
21. Давлат хизмати кўрсатилиши учун рўйхатдан ЯИДХП орқали ўтилгани сабабли талабгордан белгиланган тўлов миқдорининг 90 фоизи ундирилади.
Давлат хизматини кўрсатиш учун тўлов амалга оширилгани Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.
Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
11,75 фоизи — «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган махсус ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи тўлов амалга оширилгани Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар тенг улушларда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобварағига ҳамда Илмий марказга ўтказилади.
Талабгор тўловни ЯИДХП орқали шакллантирилган инвойс рақами орқали амалга оширади.
Бунда ушбу малака имтиҳонидан тушадиган маблағлардан Давлат бюджети ёки бошқа жамғармаларга маблағ ушлаб қолишга йўл қўйилмайди.
Тушадиган маблағлар имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ходимлар, мутахассислар ва экспертларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш, ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.
22. Талабгор узрли сабабларга кўра (хизмат сафари ёки малака оширишда бўлгани, касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот этганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) малака имтиҳонида иштирок эта олмайдиган бўлса ёки иштирок этмаса, малака имтиҳони ўтказилган санадан уч кундан кечикмай ЯИДХП орқали ваколатли органга уни навбатдаги имтиҳонга киритиш ёки тўловни қайтариш бўйича мурожаат этиши лозим.
Бунда талабгор навбатдаги малака имтиҳонига киритишни сўраганда, ваколатли орган томонидан унга навбатдаги малака имтиҳонида қатнашиш имконияти яратилади. Тўловни қайтариш сўралган тақдирда, талабгор томонидан амалга оширган тўловни қайтариш қуйидагича амалга оширилади:
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини ривожлантириш жамғармаси ва Илмий марказ ҳисобварақларига ҳамда «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг махсус ҳисобварағига келиб тушган тўлов миқдори ваколатли орган хулосаси асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан тўлиқ қайтарилади.
Талабгор узрли сабабга кўра тест синовларида иштирок эта олмагани бўйича ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани ЯИДХП орқали электрон тарзда тўлдиради.
23. Талабгор малака имтиҳонига кечиккан ёки узрли сабабсиз келмаган, шунингдек, малака имтиҳонидан четлаштирилган ҳолларда, талабгор томонидан амалга оширилган тўлов қайтарилмайди.
24. Узрли сабабга кўра тест синовларида иштирок эта олмагани бўйича ариза бериш жараёнида малака имтиҳони учун тўлов тўлиқ амалга оширилмаган тақдирда, ариза тўлов тўлиқ амалга оширилгандан сўнг белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
25. Узрли сабабга кўра тест синовларида иштирок эта олмагани бўйича аризалар етти иш кунида кўриб чиқилади.
5-боб. Апелляцияларни кўриб чиқиш тартиби
26. Талабгор малака имтиҳони натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч кун ичида ЯИДХП орқали ваколатли органга апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.
Талабгор апелляция шикояти бериш учун ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани ЯИДХП орқали электрон тарзда тўлдиради.
27. Апелляцияни кўриб чиқиш учун ваколатли орган директорининг буйруғи билан 5 ёки 7 нафар ваколатли орган ва Илмий марказ ходимлари ҳамда мутахассис-экспертлардан иборат таркибда Апелляция комиссияси тузилади.
Апелляция икки ҳафта ичида кўриб чиқилади. Талабгор Апелляция комиссияси қарори тўғрисида ЯИДХП орқали электрон шаклда хабардор қилинади.
28. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш;
малака имтиҳони натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш.
Малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикояти қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
апелляция ушбу Низом талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;
апелляцияда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топмаса.
Малака имтиҳони натижаларини ўзгартириш ва апелляция шикоятини қаноатлантириш тўғрисидаги қарор шикоятда кўрсатилган далиллар ўз тасдиғини топса, қабул қилинади.
29. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.
Талабгор Апелляция комиссиясининг қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
30. Ваколатли орган ходимлари томонидан талабгор тўғрисидаги шахсий маълумотларнинг махфийлиги таъминланади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда, талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.
Малака имтиҳони топшириқлари формати, баҳолаш мезонлари ва ўтказиш муддатларига хорижий тажриба ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларидан келиб чиқиб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
31. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
32. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
Босқичлар Масъуллар Чора-тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Талабгор 1. Тест синовида иштирок этиш учун ЯИДХПда сўровномани тўлдириш орқали ваколатли органга мурожаат қилади. Ўз хоҳишига кўра 2. Тўловни амалга оширади. Имтиҳондан камида 12 кун олдин 2-босқич Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (Ваколатли орган) 1. Талабгорларнинг малака имтиҳони учун рўйхатга олинишини якунлайди. Имтиҳон санасидан 12 кун олдин 2. Сўровнома расмийлаштирилгандан сўнг ЯИДХП орқали талабгорга малака имтиҳонида иштирок этиш қоидалари тўғрисида эслатма берилади. Шу вақтнинг ўзида 3. Талабгорларга малака имтиҳонини ўтказиш жойи ва вақти тўғрисидаги ахборотни ЯИДХП орқали тақдим этади. Имтиҳон санасидан 3 кун олдин 3-босқич Ваколатли орган Талабгорлар учун малака имтиҳонини ташкил этади ва ўтказади. Йил давомида 4-босқич Ваколатли орган Малака имтиҳони натижаларини ЯИДХП орқали эълон қилади. Имтиҳон якунлангандан сўнг 21 иш кунидан кечикмай 5-босқич Ваколатли орган Малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорларга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган сертификатнинг электрон шаклини шакллантиради ва уни ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди ҳамда талабгорга ЯИДХП орқали юборади. Буйруқ чиқарилганидан бошлаб 1 иш кунида
Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
НАМУНА Бошланғич таълим ўқитувчилари учун миллий сертификат бериш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш учун СЎРОВНОМА 1. Ф.И.О: (автоматик аниқланади) 2. Фуқаролик паспорти (ID-картаси) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами): (автоматик аниқланади) 3. Доимий яшаш манзили (вилоят, шаҳар/туман, кўча, уй): (автоматик аниқланади) 4. Телефон рақами: (маълумот киритилади) 5. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): (маълумот киритилади) 6. Иш жойи (вилоят, шаҳар/туман, таълим ташкилоти номи ва рақами): (автоматик аниқланади) 7. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чегирмани қўллаш ҳуқуқига эгалиги (Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзолари, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзолари) : Ҳа/Йўқ 8. Имтиҳонни топшириш ҳудуди: (маълумот киритилади) 9. Имтиҳонни топшириш тили: (маълумот киритилади)
Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
НАМУНА Бошланғич таълим ўқитувчиларининг билим даражасини ва педагогик маҳоратини аниқлаш ҳамда уларга сертификат беришда малака имтиҳонида узрли сабабга кўра тест синовларида иштирок эта олмагани бўйича СЎРОВНОМА 1. Ф.И.О: (автоматик аниқланади) 2. Фуқаролик паспорти (ID-картаси) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами): (автоматик аниқланади) 3. Доимий яшаш манзили (вилоят, шаҳар/туман, кўча, уй): (автоматик аниқланади) 4. Телефон рақами: (маълумот киритилади) 5. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): (маълумот киритилади) 6. Имтиҳон санаси (навбатдаги имтиҳонда иштирок этиш сўралганда): (маълумот киритилади) 7. Имтиҳонни топшириш ҳудуди (навбатдаги имтиҳонда иштирок этиш сўралганда): (маълумот киритилади) 8. Имтиҳонни топшириш тили (навбатдаги имтиҳонда иштирок этиш сўралганда): (маълумот киритилади) 9. Узрли сабабга кўра (хизмат сафари, малака ошириш, касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот этганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) тест синовларида қатнаша олмаган талабгорнинг ушбу ҳолатни асословчи ҳужжатлари: (маълумот киритилади) 10. Банк картаси маълумотлари (тўловни қайтариш сўралганда): (маълумот киритилади)
Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
НАМУНА Бошланғич таълим ўқитувчиларининг билим даражасини ва педагогик маҳоратини аниқлаш ҳамда уларга сертификат бериш бўйича малака имтиҳони натижалари юзасидан апелляция шикоятини бериш учун СЎРОВНОМА 1. Ф.И.О: (автоматик аниқланади) 2. Фуқаролик паспорти (ID-картаси) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами): (автоматик аниқланади) 3. Доимий яшаш манзили (вилоят, шаҳар/туман, кўча, уй): (автоматик аниқланади) 4. Телефон рақами: (маълумот киритилади) 5. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): (маълумот киритилади) 6. Имтиҳон санаси: (автоматик аниқланади) 7. Имтиҳонни топширган ҳудуди: (автоматик аниқланади) 8. Шикоятнинг қисқача мазмуни: (маълумот киритилади)
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарорига 2-ИЛОВА
НАМУНА Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchisining bilim darajasi va pedagogik mahorati toʻgʻrisidagi milliy sertifikatning DAVLAT NAMUNASI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY TAʼLIM, FAN VA INNOVATSIYALAR VAZIRLIGI BILIM VA MALAKALARNI BAHOLASH AGENTLIGI AGENCY FOR ASSESSMENT OF KNOWLEDGE AND COMPETENCES UNDER MINISTRY OF HIGHER EDUCATION, SCIENCE AND INNOVATION OF THE REPUBLIC OF UZBEKISTAN BOSHLANGʻICH TAʼLIM OʻQITUVCHISINING BILIM DARAJASI VA PEDAGOGIK MAHORATI TOʻGʻRISIDA SERTIFIKAT Sertifikat raqami: Talabgorning pasport (ID-karta) maʼlumoti: Talabgorning fotosurati Familiyasi: Ismi: Otasining ismi: Umumiy toʻplagan balli: Sertifikat darajasi: Berilgan sanasi Amal qilish muddati: Direktor _________ ________________________ (QR-kod) (F.I.O.)
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 411-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 майдаги 395-сон қарорининг 2-банди бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«француз тили учун — миллий сертификат ёки Diplôme dʼEtudes en Langue Française (DELF), Diplôme Approfondi de Langue Française (DALF), Test de Connaissance du Française (TCF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида» 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарорида :
а) 2-бандда :
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳуқуқшунослик фани бўйича»;
бешинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
б) 1-иловада :
7-банднинг олтинчи хатбошисидаги «етти кун» сўзлари «уч кун» сўзлари билан алмаштирилсин;
9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Тест синовини ўтказиш жойи, муайян ҳудуд бўйича ўтириш ўринлари сони ва санаси Агентлик томонидан белгиланади ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайти ва ЯИДХП орқали эълон қилинади.
Бунда талабгорлар муайян ҳудуд бўйича ўтириш ўринлари сонига мувофиқ ЯИДХП орқали рўйхатга олинади»;
16-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«16. Талабгор қуйидаги ҳолатларда далолатнома асосида тест синови жараёнидан четлаштирилади ва унинг натижалари ҳисобланмайди:
тест синови ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога калькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, шпаргалкалар, қоғоз, буюм, кийимларга ёзилган маълумотларни олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса;
тест материалларига шикаст етказса, тест материалларини бошқа талабгорга узатса, тарқатса, бинодан ташқарига олиб чиқса ёки олиб чиқишга уринса;
бошқа талабгор билан мулоқот қилса, ёрдам берса ёки ёрдам беришга ҳаракат қилса;
тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортса;
тест синовлари жараёнида видеокузатувлар орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмагани аниқланса»;
19-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«19. Агар ариза берувчи турли сабабларга кўра тест синовларида иштирок эта олмайдиган бўлса, Агентликка тест синовлари ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат этиши лозим.
Узрли сабабга кўра (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) тест синовларида қатнаша олмаган талабгор тест синови ўтказилган санадан беш иш кунидан кечикмай, ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни ЯИДХП орқали Агентликка электрон шаклда тақдим этиши ва уни навбатдаги имтиҳонга киритиш ёки тўловни қайтариш бўйича мурожаат этиши лозим.
Узрли сабабга кўра тест синовларида иштирок эта олмагани бўйича аризалар етти иш кунида кўриб чиқилади. Тест синови учун ариза бериш жараёнида тўлов тўлиқ амалга оширилмаган тақдирда, тўловни қайтариш бўйича аризалар тўлов тўлиқ амалга оширилгандан сўнг, белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Тўловни қайтариш сўралган тақдирда, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобварағига ҳамда Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига келиб тушган тўлов миқдори ваколатли орган хулосаси асосида Адлия вазирлиги томонидан тўлиқ қайтарилади. Бунда Агентлик ва Адлия вазирлиги ўртасида хулоса алмашинуви электрон тарзда амалга оширилади.
Навбатдаги тест синовида қатнашиш сўралган тақдирда, ваколатли орган томонидан узрли сабабга кўра тест синовида иштирок эта олмаган талабгорга тўловни амалга оширмасдан навбатдаги тест синовида қатнашиш имконияти яратилади.
Талабгор тўловни қайтариш ёки навбатдаги тест синовида қатнашиш бўйича ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани ЯИДХП орқали электрон тарзда тўлдиради»;
23-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«23. Апелляцияни кўриб чиқиш учун Агентлик директорининг буйруғи билан 5 ёки 7 нафар Агентлик ходимлари ва таълим тизими педагогларидан иборат бўлган Апелляция комиссияси тузилади».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда :
а) 10-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«бакалавр даражасига эга педагог кадрларга — мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими, 2026 йилдан бошлаб бакалавриат босқичини имтиёзли диплом билан битириб, биринчи бор таълим ташкилотига ишга кирадиган битирувчиларга — иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
магистр даражасига эга мутахассисларга, шунингдек, олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотли педагог кадрларга — иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими), 2026 йилдан бошлаб магистратура босқичини битириб, барча фанлардан ва аттестациядан «5» (аъло) баҳо (90 — 100 балл) кўрсаткичига эга бўлган ҳамда биринчи бор таълим ташкилотига ишга кирадиган битирувчиларга — биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи)»;
б) 36-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг камида C1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга чет (инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк, форс, пушту, дари, урду, ҳиндий) тили, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида сертификат ёки бошланғич таълим ўқитувчисининг билим даражаси ва педагогик маҳорати тўғрисидаги миллий сертификатдан камида B+ (аввалги тизимда 80 балл ёки ундан юқори) даражадаги сертификатга эга ўқитувчиларига сертификатнинг амал қилиш даврида навбатдаги мажбурий аттестацияда мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш ҳамда ўқув фани бўйича малака синовидан максимал балл берилади ҳамда улар ушбу ўқув фани бўйича малака синовидан озод этилади. Бунда сертификатга эга педагоглар иккинчи босқич синовида иштирок этишлари мажбурий ҳисобланади».
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 16 февралдаги 73-сон қарорида :
а) 1-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«имтиҳон ўтказиладиган кунлар олдиндан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) расмий веб-сайти ва ЯИДХП орқали эълон қилинади ҳамда талабгорга имтиҳон кунини мустақил танлаш ҳуқуқи берилади. Имтиҳонни ўтказиш жойи, санаси ва муайян ҳудуд бўйича ўтириш ўринлари сони ваколатли орган томонидан белгиланади»;
б) 3-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Белгилансинки, чет тилини билиш даражасини баҳолашнинг кўп даражали (Multi-level) формати 2022 йил 1 мартдан бошлаб — инглиз тили учун, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб — немис, француз ва араб тиллари учун, 2025 йил 1 январдан бошлаб — турк тили учун, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб — хитой, корейс, япон, испан, итальян, форс, дари, пушту, урду, ҳиндий ва уйғур тиллари учун жорий этилади»;
в) 1-иловада :
18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«18. Талабгор узрли сабабларга кўра (касаллиги, хизмат сафарида бўлганлиги ёки оила аъзоларининг вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) малака имтиҳонида иштирок эта олмайдиган бўлса ёки иштирок этмаса, малака имтиҳони ўтказилган санадан уч кундан кечикмай ЯИДХП орқали уни навбатдаги имтиҳонга киритиш ёки тўловни қайтариш бўйича ваколатли органга мурожаат этиши лозим.
Бунда ваколатли орган томонидан узрли сабабга кўра тест синовида иштирок эта олмаган ёки ногиронлиги тоифаси имтиҳон турига мос келмаган талабгорга тўловни амалга оширмасдан навбатдаги тест синовида қатнашиш имконияти яратилади.
Узрли сабабга кўра тест синовларида иштирок эта олмагани бўйича аризалар етти иш кунида кўриб чиқилади. Тест синови учун ариза бериш жараёнида тўлов тўлиқ амалга оширилмаган тақдирда, тўловни қайтариш бўйича аризалар тўлов тўлиқ амалга оширилгандан сўнг белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Тўловни қайтариш сўралган тақдирда, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобварағига ҳамда Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига келиб тушган тўлов миқдори ваколатли орган хулосаси асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан тўлиқ қайтарилади.
Талабгор узрли сабабга кўра тест синовларида иштирок эта олмагани бўйича ЯИДХП орқали ваколатли органга мурожаат қилади.
Талабгор белгиланган малака имтиҳонига кечиккан ёки узрсиз сабабга кўра келмаган ҳамда малака имтиҳони қоидаларини бузганлик учун аудиториядан чиқариб юборилган тақдирда, амалга оширилган тўлов талабгорга қайтарилмайди.
Талабгор кечиккан тақдирда, малака имтиҳонига қўйилмайди»;
29-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога киришда луғат, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация қурилмалари ва бошқа воситалар, ҳар хил турдаги шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса, олиб кирган бўлса ёки улардан тест синовлари давомида фойдаланса».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 29 июль,
411 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Milliy sertifikat berish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Boshlangʻich taʼlim sohasida faoliyat yuritayotgan oʻqituvchilarning bilim darajasi, pedagogik mahorati va kasbiy kompetensiyalarini xolis va shaffof baholash tizimini joriy etish, shuningdek, yuqori koʻrsatkichga erishgan boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilarini moddiy qoʻllab-quvvatlash, talabgorlarga milliy sertifikat beriladigan umumtaʼlim fanlari roʻyxatini kengaytirish, chet tillarini bilish darajasiga muvofiq milliy sertifikatga ega boʻlish imkoniyatlarini yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab:
boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilarining bilim darajasi va pedagogik mahoratini aniqlash hamda ularga sertifikat berish;
huquqshunoslik fanini bilish darajasini aniqlash va milliy sertifikat berish;
xitoy, koreys, yapon, ispan, italyan, fors, dari, pushtu, urdu, hindiy va uygʻur tillaridan chet tilini bilishning koʻp darajali (Multi-level) test tizimini joriy etish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish boʻyicha malaka imtihonlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilarining bilim darajasi va pedagogik mahoratini aniqlash boʻyicha malaka imtihonlarini tashkil etish;
boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilari uchun milliy sertifikat berish boʻyicha imtihon topshiriqlarini shakllantirish va natijalarini baholash;
boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish va uning reyestrini yuritish;
talabgorlarning malaka imtihoni natijalari boʻyicha apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish;
davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun toʻlovni amalga oshirish va qaytarish.
3. Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchisining bilim darajasi va pedagogik mahorati toʻgʻrisidagi milliy sertifikatning davlat namunasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik):
boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilarining boshlangʻich sinflardagi tegishli fanlar mazmuni doirasidagi bilim darajasi, oʻqitish metodikasi va pedagogik mahoratini aniqlash boʻyicha malaka imtihoni jarayonlarini Agentlikning “onlayn test” axborot tizimi orqali tashkil etsin;
xitoy, koreys, yapon, ispan, italyan, fors, dari, pushtu, urdu, hindiy va uygʻur tillaridan chet tilini bilishning koʻp darajali (Multi-level) test tizimini hamda huquqshunoslik fani boʻyicha talabgorlarning bilim darajasini baholashni yoʻlga qoʻysin;
sertifikat natijalarini “Agentlik tomonidan taqdim qilinadigan sertifikatlarning maʼlumotlar bazasi” axborot tizimiga kiritish va ularni sertifikat raqami orqali onlayn tekshirish imkoniyatini yaratsin;
milliy sertifikat berilishi yoʻlga qoʻyilayotgan boshlangʻich taʼlim yoʻnalishi, huquqshunoslik fani, xitoy, koreys, yapon, ispan, italyan, fors, dari, pushtu, urdu, hindiy va uygʻur tillaridan test topshiriqlarining belgilangan tartibda shakllantirilishini hamda yangilab borilishini taʼminlasin.
Bunda huquqshunoslik fanini bilish darajasini aniqlash imtihoni uchun test topshiriqlari umumiy oʻrta taʼlimning oʻquv dasturlari, Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi , qonunlari va boshqa normativ-huquqiy hujjatlar asosida shakllantirilishi inobatga olinsin.
5. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Agentlik bilan birgalikda ikki oy muddatda umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish tizimini joriy etish bilan bogʻliq seminarlar va targʻibot tadbirlarini tashkil etsin.
6. Belgilab qoʻyilsinki:
malaka imtihoni natijalariga koʻra sertifikat talabini bajargan boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga uch yil muddatga amal qiladigan A+, A, B+, B, C+, C darajali elektron sertifikat beriladi;
2026/2027 oʻquv yilidan boshlab B+ va undan yuqori darajadagi milliy sertifikatga ega boʻlgan, boshlangʻich sinflarda dars beruvchi boshlangʻich taʼlim mutaxassisligiga ega oʻqituvchilarga Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan, sertifikatning amal qilish muddati davomida, tegishli taʼlim tiliga mos ravishda barcha fanlar boʻyicha lavozim maoshiga har oyda 15 foiz miqdorida qoʻshimcha ustama toʻlab boriladi;
ushbu qaror ijrosi bilan bogʻliq xarajatlar 2026-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga ajratilgan mablagʻlar doirasida moliyalashtiriladi, 2027-yildan boshlab esa budjet qonunchiligi talablariga muvofiq taqdim etilgan budjet soʻrovnomalariga asosan Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
8. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov hamda maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri E.G. Karimova zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-iyuldagi 411-son qaroriga 1-ILOVA
Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish boʻyicha malaka imtihonlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tizimidagi umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida faoliyat olib boruvchi boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilari uchun milliy sertifikat berish boʻyicha malaka imtihonini oʻtkazish hamda milliy sertifikat berish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi;
malaka imtihoni — boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish maqsadida ularning boshlangʻich sinflardagi tegishli fanlar mazmuni doirasidagi bilim darajasi, oʻqitish metodikasi va pedagogik mahoratini test sinovlari orqali aniqlashga qaratilgan baholash jarayoni;
milliy sertifikat — malaka imtihonidan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorga uch yil muddatga beriladigan QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan boshlangʻich taʼlim oʻqituvchisining bilim darajasini tasdiqlovchi davlat namunasidagi hujjat;
Rash modeli (Rasch model) — test topshiriqlarining qiyinligi va talabgorlarning bilim darajasini bir xil shkalada baholaydigan zamonaviy baholash modeli;
talabgor — milliy sertifikat olish uchun malaka imtihonini topshirish istagini bildirgan va belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida faoliyat olib borayotgan boshlangʻich taʼlim oʻqituvchisi.
3. Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish boʻyicha malaka imtihoni vakolatli organ tomonidan toʻlov asosida oʻtkaziladi.
4. Malaka imtihonida ishtirok etishi uchun talabgordan roʻyxatdan oʻtishda, ariza berilgan kundagi bazaviy hisoblash miqdorining 1,5 baravari miqdorida toʻlov undiriladi.
Ijtimoiy reyestrning “kambagʻal oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolariga, shuningdek, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga mazkur davlat xizmatini koʻrsatishda belgilangan toʻlovning 50 foizi, Ijtimoiy reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolariga esa 75 foizi miqdorida chegirma qoʻllanadi. Bunda chegirma:
Ijtimoiy reyestrning “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga “davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidan chiqarilgani munosabati bilan kiritilgan oilalarga ularning ilgari belgilangan toifasiga muvofiq;
ogʻir hayotiy vaziyatga tushgan oila sifatida “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarga “kambagʻal oila” toifasidagi oila uchun belgilangan miqdorda, ular Ijtimoiy reyestrda turgan davrda, biroq ushbu reyestrga kiritilgan sanadan boshlab 12 oydan koʻp boʻlmagan muddatda qoʻllanadi.
5. Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga malaka imtihoni natijasiga koʻra A+, A, B+, B, C+, C darajali elektron sertifikatlar beriladi.
Malaka imtihoni natijalari xalqaro metodika — Rash modeli asosida hisoblanadi. Unga koʻra:
70 balldan yuqori ball olgan talabgorga A+ darajali;
65 — 69,9 ball olgan talabgorga A darajali;
60 — 64,9 ball olgan talabgorga B+ darajali;
55 — 59,9 ball olgan talabgorga B darajali;
50 — 54,9 ball olgan talabgorga C+ darajali;
46 — 49,9 ball olgan talabgorga C darajali sertifikat beriladi.
6. Talabgorning boshlangʻich sinflardagi tegishli fanlar mazmuni doirasidagi bilim darajasi, oʻqitish metodikasi va pedagogik mahorati Boshlangʻich taʼlimning davlat taʼlim standarti hamda xalqaro baholash mezonlari va ilgʻor tajribalarga muvofiq shakllantiriladigan pedagogik oʻlchov vositalari asosida test sinovlari orqali baholanadi.
Malaka imtihoni uchun tuziladigan test savollari Boshlangʻich taʼlimning davlat taʼlim standartiga hamda boshlangʻich taʼlim yoʻnalishi taʼlim dasturiga muvofiq Bilim va malakalarni baholash agentligi huzuridagi “Ilmiy-oʻquv amaliy markaz” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Ilmiy markaz) tomonidan shakllantiriladi. Bunda:
imtihon topshiriqlarini shakllantirish, ekspertizadan oʻtkazish va boshqa tillarga tarjima qilishda Ilmiy markaz tomonidan shartnoma asosida mutaxassis-ekspertlar jalb etiladi;
imtihon topshiriqlari talabgorning bilim darajasi va pedagogik mahoratini baholash uchun shakllantirilgan, turli shakl va qiyinlik darajasidagi parallel topshiriqlar tizimini nazarda tutadi;
malaka imtihoni oʻtkaziladigan fanlar tarkibi va mazmuni vakolatli organ tomonidan belgilanadi.
7. Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish boʻyicha davlat xizmati ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida koʻrsatiladi.
2-bob. Malaka imtihonini tashkil etish va oʻtkazish tartibi
8. Malaka imtihoni topshiriqlari formati (fanlar tarkibi va mazmuni, savollar soni, topshiriqlar turi, vaqt meʼyori), baholash mezonlari, oʻtkazish muddatlari vakolatli organ tomonidan tasdiqlanadi va uning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi. Malaka imtihonini oʻtkazish muddatlari Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali eʼlon qilinadi.
9. Talabgor sertifikat olish maqsadida malaka imtihonida qatnashish uchun YIDXP orqali elektron shaklda ariza berib, roʻyxatdan oʻtadi.
10. Talabgor mustaqil ravishda ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani YIDXP orqali elektron ravishda toʻldiradi. Talabgordan soʻrovnomani elektron raqamli imzo bilan tasdiqlash talab etilmaydi.
Talabgorga soʻrovnoma rasmiylashtirilganidan soʻng vakolatli organ tomonidan YIDXP orqali malaka imtihonida ishtirok etish qoidalari toʻgʻrisida eslatma beriladi.
Talabgorning soʻrovnomasida uning elektron manzili koʻrsatilishi mumkin. Soʻrovnomada talabgor elektron manzilining koʻrsatilgani uning soʻrovnoma boʻyicha qabul qilingan qaror, malaka imtihoni natijalari yuzasidan apellyatsiya xulosasi haqida axborot tizimi orqali xabarnoma olishga roziligini anglatadi.
Talabgordan soʻrovnomadagi hujjatlardan boshqa qoʻshimcha hujjatlar talab etilmaydi.
Talabgor haqidagi maʼlumotlarning toʻgʻriligi uchun talabgorning oʻzi shaxsan javobgar hisoblanadi.
Talabgor malaka imtihoni oʻtkaziladigan sana va joy toʻgʻrisidagi maʼlumot (ruxsatnoma)ni malaka imtihon oʻtkaziladigan kundan uch kun oldin YIDXP orqali oladi.
Fuqaroligi boʻlmagan shaxslar va chet el fuqarolari Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan vaqtincha roʻyxatga olinadi hamda ularga JSHSHIR raqami shakllantiriladi.
11. Malaka imtihonini oʻtkazish joyi, muayyan hudud boʻyicha oʻtirish oʻrinlari soni va sanasi vakolatli organ tomonidan belgilanadi.
12. Malaka imtihoni maxsus jihozlangan, videokuzatuv bilan taʼminlangan holda vakolatli organ vakilining nazoratida elektron shaklda oʻtkaziladi.
Malaka imtihoni vaqtida har bir oʻtirish oʻrnida bir nafar talabgor oʻtiradi. Malaka imtihonini oʻtkazish jarayoni doimiy videotasvirga olinadi. Videotasvirlar vakolatli organ tomonidan bir yil davomida saqlanadi.
13. Malaka imtihonini oʻtkazish uchun shartnoma asosida nazoratchilar jalb etilishi mumkin.
14. Talabgor shaxsini tasdiqlovchi hujjat asosida videoqayd etish qurilmalari orqali shaxsi aniqlangandan soʻng malaka imtihoniga qoʻyiladi.
15. Malaka imtihoni oʻtkazilayotgan binoga har qanday qoʻllanma, adabiyot, telekommunikatsiya va texnika vositalarini olib kirish, shuningdek, imtihon jarayonida boshqa talabgorlar bilan muloqot qilish yoki ularga biror buyum uzatish qatʼiyan man etiladi.
Ushbu talablarga rioya qilmagan talabgor malaka imtihonidan chetlashtiriladi. Chetlashtirish vakolatli organ vakili yoki nazoratchilar tomonidan axborot tizimi orqali amalga oshiriladi va natijalarning hisoblanmasligiga asos boʻladi.
16. Malaka imtihoni natijalari ular yakunlangan kundan boshlab yigirma bir ish kunidan kechikmay YIDXP orqali eʼlon qilinadi.
17. Malaka imtihoni natijalari boʻyicha testologiya meʼyorlarining buzilish holati aniqlansa, vakolatli organ tomonidan malaka imtihoni natijalari bekor qilinadi.
Quyidagi holatlarda testologiya meʼyorlari buzilgan deb hisoblanadi:
imtihon materiallari xavfsizligi va maxfiyligini taʼminlash qoidalari buzilsa;
talabgorlar tomonidan imtihon materiallarini oldindan qoʻlga kiritish holati aniqlansa;
malaka imtihoni natijalari tahliliga koʻra taqsimot meʼyordagi taqsimotdan keskin farq qilsa.
Bunda ushbu bandning beshinchi xatboshisida koʻrsatilgan holat faqat ayrim hududlarda aniqlangan taqdirda, ushbu hududlardagi malaka imtihoni natijalari bekor qilinadi.
Malaka imtihoni natijalari ushbu bandga muvofiq bekor qilingan hollarda, talabgorlarning xohishiga koʻra amalga oshirilgan toʻlov miqdori qaytariladi yoki qayta malaka imtihoni tashkil etiladi.
3-bob. Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilarining bilim darajasi va pedagogik mahoratini aniqlash boʻyicha milliy sertifikatni berish tartibi
18. Vakolatli organ malaka imtihonidan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorlarga bir ish kuni ichida QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan sertifikatning elektron shaklini shakllantiradi va uni oʻz elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlaydi hamda talabgorga YIDXP orqali yuboradi.
19. Sertifikatlar reyestri vakolatli organ tomonidan yuritiladi.
Sertifikatlar reyestrida quyidagilar koʻrsatilishi lozim:
talabgorning familiyasi, ismi, otasining ismi;
fuqarolik pasporti (ID-karta) maʼlumotlari (jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami);
sertifikatning hisobga olish seriyasi va raqami;
sertifikatning berilgan sanasi;
malaka imtihonida toʻplagan umumiy balli va darajasi;
sertifikatning amal qilish muddati.
20. Sertifikatning haqiqiyligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni vakolatli organning rasmiy veb-sayti va YIDXP orqali tekshirish imkoniyati yaratiladi.
4-bob. Toʻlov shartlari
21. Davlat xizmati koʻrsatilishi uchun roʻyxatdan YIDXP orqali oʻtilgani sababli talabgordan belgilangan toʻlov miqdorining 90 foizi undiriladi.
Davlat xizmatini koʻrsatish uchun toʻlov amalga oshirilgani Yagona billing tizimi orqali tasdiqlanadi.
Toʻlov summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
11,75 foizi — “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan maxsus hisobvaragʻiga (shu jumladan, 0,5 foizi toʻlov amalga oshirilgani Yagona billing tizimi orqali tasdiqlangani uchun);
qolgan mablagʻlar teng ulushlarda Bilim va malakalarni baholash agentligini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobvaragʻiga hamda Ilmiy markazga oʻtkaziladi.
Talabgor toʻlovni YIDXP orqali shakllantirilgan invoys raqami orqali amalga oshiradi.
Bunda ushbu malaka imtihonidan tushadigan mablagʻlardan Davlat budjeti yoki boshqa jamgʻarmalarga mablagʻ ushlab qolishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Tushadigan mablagʻlar imtihonlarni tashkil etish va oʻtkazish, moddiy-texnik bazani mustahkamlash, xodimlar, mutaxassislar va ekspertlarni oʻqitish, ularning malakasini oshirish, xodimlarni moddiy ragʻbatlantirishga yoʻnaltiriladi.
22. Talabgor uzrli sabablarga koʻra (xizmat safari yoki malaka oshirishda boʻlgani, kasalligi yoki oila aʼzolarining vafot etganini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etganda) malaka imtihonida ishtirok eta olmaydigan boʻlsa yoki ishtirok etmasa, malaka imtihoni oʻtkazilgan sanadan uch kundan kechikmay YIDXP orqali vakolatli organga uni navbatdagi imtihonga kiritish yoki toʻlovni qaytarish boʻyicha murojaat etishi lozim.
Bunda talabgor navbatdagi malaka imtihoniga kiritishni soʻraganda, vakolatli organ tomonidan unga navbatdagi malaka imtihonida qatnashish imkoniyati yaratiladi. Toʻlovni qaytarish soʻralgan taqdirda, talabgor tomonidan amalga oshirgan toʻlovni qaytarish quyidagicha amalga oshiriladi:
Bilim va malakalarni baholash agentligini rivojlantirish jamgʻarmasi va Ilmiy markaz hisobvaraqlariga hamda “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining maxsus hisobvaragʻiga kelib tushgan toʻlov miqdori vakolatli organ xulosasi asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi tomonidan toʻliq qaytariladi.
Talabgor uzrli sababga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmagani boʻyicha ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani YIDXP orqali elektron tarzda toʻldiradi.
23. Talabgor malaka imtihoniga kechikkan yoki uzrli sababsiz kelmagan, shuningdek, malaka imtihonidan chetlashtirilgan hollarda, talabgor tomonidan amalga oshirilgan toʻlov qaytarilmaydi.
24. Uzrli sababga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmagani boʻyicha ariza berish jarayonida malaka imtihoni uchun toʻlov toʻliq amalga oshirilmagan taqdirda, ariza toʻlov toʻliq amalga oshirilgandan soʻng belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
25. Uzrli sababga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmagani boʻyicha arizalar yetti ish kunida koʻrib chiqiladi.
5-bob. Apellyatsiyalarni koʻrib chiqish tartibi
26. Talabgor malaka imtihoni natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab uch kun ichida YIDXP orqali vakolatli organga apellyatsiya shikoyati berish huquqiga ega.
Talabgor apellyatsiya shikoyati berish uchun ushbu Nizomga 4-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani YIDXP orqali elektron tarzda toʻldiradi.
27. Apellyatsiyani koʻrib chiqish uchun vakolatli organ direktorining buyrugʻi bilan 5 yoki 7 nafar vakolatli organ va Ilmiy markaz xodimlari hamda mutaxassis-ekspertlardan iborat tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tuziladi.
Apellyatsiya ikki hafta ichida koʻrib chiqiladi. Talabgor Apellyatsiya komissiyasi qarori toʻgʻrisida YIDXP orqali elektron shaklda xabardor qilinadi.
28. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijalari boʻyicha quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:
malaka imtihoni natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyati qanoatlantirilishini rad etish;
malaka imtihoni natijalarini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish.
Malaka imtihoni natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiya shikoyati qanoatlantirilishini rad etish toʻgʻrisidagi qaror quyidagi hollarda qabul qilinadi:
apellyatsiya ushbu Nizom talablari buzilgan holda taqdim etilgan boʻlsa;
apellyatsiyada koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topmasa.
Malaka imtihoni natijalarini oʻzgartirish va apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish toʻgʻrisidagi qaror shikoyatda koʻrsatilgan dalillar oʻz tasdigʻini topsa, qabul qilinadi.
29. Takroriy apellyatsiyaga yoʻl qoʻyilmaydi.
Talabgor Apellyatsiya komissiyasining qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
30. Vakolatli organ xodimlari tomonidan talabgor toʻgʻrisidagi shaxsiy maʼlumotlarning maxfiyligi taʼminlanadi. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli davlat organlari tomonidan rasmiy murojaat boʻlgan taqdirda, talabgorlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar taqdim etiladi.
Malaka imtihoni topshiriqlari formati, baholash mezonlari va oʻtkazish muddatlariga xorijiy tajriba hamda ilmiy tadqiqotlar natijalaridan kelib chiqib, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.
31. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
32. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish boʻyicha malaka imtihonlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish
Bosqichlar Masʼullar Chora-tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Talabgor 1. Test sinovida ishtirok etish uchun YIDXPda soʻrovnomani toʻldirish orqali vakolatli organga murojaat qiladi. Oʻz xohishiga koʻra 2. Toʻlovni amalga oshiradi. Imtihondan kamida 12 kun oldin 2-bosqich Bilim va malakalarni baholash agentligi (Vakolatli organ) 1. Talabgorlarning malaka imtihoni uchun roʻyxatga olinishini yakunlaydi. Imtihon sanasidan 12 kun oldin 2. Soʻrovnoma rasmiylashtirilgandan soʻng YIDXP orqali talabgorga malaka imtihonida ishtirok etish qoidalari toʻgʻrisida eslatma beriladi. Shu vaqtning oʻzida 3. Talabgorlarga malaka imtihonini oʻtkazish joyi va vaqti toʻgʻrisidagi axborotni YIDXP orqali taqdim etadi. Imtihon sanasidan 3 kun oldin 3-bosqich Vakolatli organ Talabgorlar uchun malaka imtihonini tashkil etadi va oʻtkazadi. Yil davomida 4-bosqich Vakolatli organ Malaka imtihoni natijalarini YIDXP orqali eʼlon qiladi. Imtihon yakunlangandan soʻng 21 ish kunidan kechikmay 5-bosqich Vakolatli organ Malaka imtihonidan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorlarga QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan sertifikatning elektron shaklini shakllantiradi va uni oʻz elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlaydi hamda talabgorga YIDXP orqali yuboradi. Buyruq chiqarilganidan boshlab 1 ish kunida
Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish boʻyicha malaka imtihonlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
NAMUNA Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilari uchun milliy sertifikat berish boʻyicha davlat xizmatidan foydalanish uchun SOʻROVNOMA 1. F.I.O: (avtomatik aniqlanadi) 2. Fuqarolik pasporti (ID-kartasi) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami): (avtomatik aniqlanadi) 3. Doimiy yashash manzili (viloyat, shahar/tuman, koʻcha, uy): (avtomatik aniqlanadi) 4. Telefon raqami: (maʼlumot kiritiladi) 5. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa): (maʼlumot kiritiladi) 6. Ish joyi (viloyat, shahar/tuman, taʼlim tashkiloti nomi va raqami): (avtomatik aniqlanadi) 7. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan chegirmani qoʻllash huquqiga egaligi (Ijtimoiy reyestrning “kambagʻal oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolari, shuningdek, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar, Ijtimoiy reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolari) : Ha/Yoʻq 8. Imtihonni topshirish hududi: (maʼlumot kiritiladi) 9. Imtihonni topshirish tili: (maʼlumot kiritiladi)
Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish boʻyicha malaka imtihonlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
NAMUNA Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilarining bilim darajasini va pedagogik mahoratini aniqlash hamda ularga sertifikat berishda malaka imtihonida uzrli sababga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmagani boʻyicha SOʻROVNOMA 1. F.I.O: (avtomatik aniqlanadi) 2. Fuqarolik pasporti (ID-kartasi) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami): (avtomatik aniqlanadi) 3. Doimiy yashash manzili (viloyat, shahar/tuman, koʻcha, uy): (avtomatik aniqlanadi) 4. Telefon raqami: (maʼlumot kiritiladi) 5. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa): (maʼlumot kiritiladi) 6. Imtihon sanasi (navbatdagi imtihonda ishtirok etish soʻralganda): (maʼlumot kiritiladi) 7. Imtihonni topshirish hududi (navbatdagi imtihonda ishtirok etish soʻralganda): (maʼlumot kiritiladi) 8. Imtihonni topshirish tili (navbatdagi imtihonda ishtirok etish soʻralganda): (maʼlumot kiritiladi) 9. Uzrli sababga koʻra (xizmat safari, malaka oshirish, kasalligi yoki oila aʼzolarining vafot etganini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etganda) test sinovlarida qatnasha olmagan talabgorning ushbu holatni asoslovchi hujjatlari: (maʼlumot kiritiladi) 10. Bank kartasi maʼlumotlari (toʻlovni qaytarish soʻralganda): (maʼlumot kiritiladi)
Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilariga milliy sertifikat berish boʻyicha malaka imtihonlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
NAMUNA Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchilarining bilim darajasini va pedagogik mahoratini aniqlash hamda ularga sertifikat berish boʻyicha malaka imtihoni natijalari yuzasidan apellyatsiya shikoyatini berish uchun SOʻROVNOMA 1. F.I.O: (avtomatik aniqlanadi) 2. Fuqarolik pasporti (ID-kartasi) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami): (avtomatik aniqlanadi) 3. Doimiy yashash manzili (viloyat, shahar/tuman, koʻcha, uy): (avtomatik aniqlanadi) 4. Telefon raqami: (maʼlumot kiritiladi) 5. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa): (maʼlumot kiritiladi) 6. Imtihon sanasi: (avtomatik aniqlanadi) 7. Imtihonni topshirgan hududi: (avtomatik aniqlanadi) 8. Shikoyatning qisqacha mazmuni: (maʼlumot kiritiladi)
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-iyuldagi 411-son qaroriga 2-ILOVA
NAMUNA Boshlangʻich taʼlim oʻqituvchisining bilim darajasi va pedagogik mahorati toʻgʻrisidagi milliy sertifikatning DAVLAT NAMUNASI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY TAʼLIM, FAN VA INNOVATSIYALAR VAZIRLIGI BILIM VA MALAKALARNI BAHOLASH AGENTLIGI AGENCY FOR ASSESSMENT OF KNOWLEDGE AND COMPETENCES UNDER MINISTRY OF HIGHER EDUCATION, SCIENCE AND INNOVATION OF THE REPUBLIC OF UZBEKISTAN BOSHLANGʻICH TAʼLIM OʻQITUVCHISINING BILIM DARAJASI VA PEDAGOGIK MAHORATI TOʻGʻRISIDA SERTIFIKAT Sertifikat raqami: Talabgorning pasport (ID-karta) maʼlumoti: Talabgorning fotosurati Familiyasi: Ismi: Otasining ismi: Umumiy toʻplagan balli: Sertifikat darajasi: Berilgan sanasi Amal qilish muddati: Direktor _________ ________________________ (QR-kod) (F.I.O.)
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-iyuldagi 411-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilishda milliy hamda xalqaro baholash tizimlari sertifikatlarini tatbiq qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 13-maydagi 395-son qarorining 2-bandi beshinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“fransuz tili uchun — milliy sertifikat yoki Diplôme dʼEtudes en Langue Française (DELF), Diplôme Approfondi de Langue Française (DALF), Test de Connaissance du Française (TCF) xalqaro imtihon tizimlari boʻyicha tilni bilish darajalari B2 va undan yuqori;”.
2. Vazirlar Mahkamasining “Umumtaʼlim fanlarini bilish darajasini baholashning milliy test tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2020-yil 12-oktabrdagi 646-son qarorida :
a) 2-bandda :
quyidagi mazmundagi beshinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“2026/2027 oʻquv yilidan boshlab huquqshunoslik fani boʻyicha”;
beshinchi xatboshi oltinchi xatboshi deb hisoblansin;
b) 1-ilovada :
7-bandning oltinchi xatboshisidagi “yetti kun” soʻzlari “uch kun” soʻzlari bilan almashtirilsin;
9-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“9. Test sinovini oʻtkazish joyi, muayyan hudud boʻyicha oʻtirish oʻrinlari soni va sanasi Agentlik tomonidan belgilanadi hamda Agentlikning rasmiy veb-sayti va YIDXP orqali eʼlon qilinadi.
Bunda talabgorlar muayyan hudud boʻyicha oʻtirish oʻrinlari soniga muvofiq YIDXP orqali roʻyxatga olinadi”;
16-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“16. Talabgor quyidagi holatlarda dalolatnoma asosida test sinovi jarayonidan chetlashtiriladi va uning natijalari hisoblanmaydi:
test sinovi oʻtkaziladigan hududga yoki binoga kalkulyator, lugʻat, jadval, kitob, uyali telefon, kompyuter, telekommunikatsiya qurilmalari va boshqa vositalar, shpargalkalar, qogʻoz, buyum, kiyimlarga yozilgan maʼlumotlarni olib kirishga harakat qilsa, olib kirgan boʻlsa yoki ulardan test sinovlari davomida foydalansa;
test materiallariga shikast yetkazsa, test materiallarini boshqa talabgorga uzatsa, tarqatsa, binodan tashqariga olib chiqsa yoki olib chiqishga urinsa;
boshqa talabgor bilan muloqot qilsa, yordam bersa yoki yordam berishga harakat qilsa;
test sinovlari uchun ajratilgan vaqt tugagandan soʻng test materiallarini topshirishdan bosh tortsa;
test sinovlari jarayonida videokuzatuvlar orqali talabgorning tartib va qoidalarga amal qilmagani aniqlansa”;
19-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“19. Agar ariza beruvchi turli sabablarga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmaydigan boʻlsa, Agentlikka test sinovlari oʻtkaziladigan kundan kamida uch kun oldin YIDXP orqali elektron shaklda murojaat etishi lozim.
Uzrli sababga koʻra (kasalligi yoki oila aʼzolarining vafot etganligini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etganda) test sinovlarida qatnasha olmagan talabgor test sinovi oʻtkazilgan sanadan besh ish kunidan kechikmay, ushbu holatni tasdiqlovchi hujjatlarni YIDXP orqali Agentlikka elektron shaklda taqdim etishi va uni navbatdagi imtihonga kiritish yoki toʻlovni qaytarish boʻyicha murojaat etishi lozim.
Uzrli sababga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmagani boʻyicha arizalar yetti ish kunida koʻrib chiqiladi. Test sinovi uchun ariza berish jarayonida toʻlov toʻliq amalga oshirilmagan taqdirda, toʻlovni qaytarish boʻyicha arizalar toʻlov toʻliq amalga oshirilgandan soʻng, belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
Toʻlovni qaytarish soʻralgan taqdirda, Bilim va malakalarni baholash agentligini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobvaragʻiga hamda Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasining Elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga kelib tushgan toʻlov miqdori vakolatli organ xulosasi asosida Adliya vazirligi tomonidan toʻliq qaytariladi. Bunda Agentlik va Adliya vazirligi oʻrtasida xulosa almashinuvi elektron tarzda amalga oshiriladi.
Navbatdagi test sinovida qatnashish soʻralgan taqdirda, vakolatli organ tomonidan uzrli sababga koʻra test sinovida ishtirok eta olmagan talabgorga toʻlovni amalga oshirmasdan navbatdagi test sinovida qatnashish imkoniyati yaratiladi.
Talabgor toʻlovni qaytarish yoki navbatdagi test sinovida qatnashish boʻyicha ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani YIDXP orqali elektron tarzda toʻldiradi”;
23-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“23. Apellyatsiyani koʻrib chiqish uchun Agentlik direktorining buyrugʻi bilan 5 yoki 7 nafar Agentlik xodimlari va taʼlim tizimi pedagoglaridan iborat boʻlgan Apellyatsiya komissiyasi tuziladi”.
3. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 17-sentabrdagi 572-son qarori bilan tasdiqlangan Maktabgacha, umumiy oʻrta, oʻrta maxsus, professional va maktabdan tashqari taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 10-bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“bakalavr darajasiga ega pedagog kadrlarga — mutaxassis (oliy maʼlumotli oʻqituvchi) lavozimi, 2026-yildan boshlab bakalavriat bosqichini imtiyozli diplom bilan bitirib, birinchi bor taʼlim tashkilotiga ishga kiradigan bitiruvchilarga — ikkinchi malaka toifasi (katta oʻqituvchi lavozimi);
magistr darajasiga ega mutaxassislarga, shuningdek, oliy maʼlumot darajasi boʻyicha akademik darajalar joriy etilgunga qadar olingan oliy maʼlumotli pedagog kadrlarga — ikkinchi malaka toifasi (katta oʻqituvchi lavozimi), 2026-yildan boshlab magistratura bosqichini bitirib, barcha fanlardan va attestatsiyadan “5” (aʼlo) baho (90 — 100 ball) koʻrsatkichiga ega boʻlgan hamda birinchi bor taʼlim tashkilotiga ishga kiradigan bitiruvchilarga — birinchi malaka toifasi (yetakchi oʻqituvchi)”;
b) 36-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlarining kamida C1 darajadagi milliy yoki unga mos darajadagi xalqaro tan olingan sertifikatga ega chet (ingliz, fransuz, nemis, ispan, italyan, arab, xitoy, yapon, koreys, turk, fors, pushtu, dari, urdu, hindiy) tili, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan beriladigan umumtaʼlim fanini bilish darajasi toʻgʻrisida sertifikat yoki boshlangʻich taʼlim oʻqituvchisining bilim darajasi va pedagogik mahorati toʻgʻrisidagi milliy sertifikatdan kamida B+ (avvalgi tizimda 80 ball yoki undan yuqori) darajadagi sertifikatga ega oʻqituvchilariga sertifikatning amal qilish davrida navbatdagi majburiy attestatsiyada mutaxassislik fani va kasb standarti boʻyicha bilim darajasini aniqlash hamda oʻquv fani boʻyicha malaka sinovidan maksimal ball beriladi hamda ular ushbu oʻquv fani boʻyicha malaka sinovidan ozod etiladi. Bunda sertifikatga ega pedagoglar ikkinchi bosqich sinovida ishtirok etishlari majburiy hisoblanadi”.
4. Vazirlar Mahkamasining “Chet tilini bilish darajasini aniqlash boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 16-fevraldagi 73-son qarorida :
a) 1-bandning toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“imtihon oʻtkaziladigan kunlar oldindan Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) rasmiy veb-sayti va YIDXP orqali eʼlon qilinadi hamda talabgorga imtihon kunini mustaqil tanlash huquqi beriladi. Imtihonni oʻtkazish joyi, sanasi va muayyan hudud boʻyicha oʻtirish oʻrinlari soni vakolatli organ tomonidan belgilanadi”;
b) 3-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Belgilansinki, chet tilini bilish darajasini baholashning koʻp darajali (Multi-level) formati 2022-yil 1-martdan boshlab — ingliz tili uchun, 2022-yil 1-noyabrdan boshlab — nemis, fransuz va arab tillari uchun, 2025-yil 1-yanvardan boshlab — turk tili uchun, 2026-yil 1-sentabrdan boshlab — xitoy, koreys, yapon, ispan, italyan, fors, dari, pushtu, urdu, hindiy va uygʻur tillari uchun joriy etiladi”;
v) 1-ilovada :
18-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“18. Talabgor uzrli sabablarga koʻra (kasalligi, xizmat safarida boʻlganligi yoki oila aʼzolarining vafot etganligini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etganda) malaka imtihonida ishtirok eta olmaydigan boʻlsa yoki ishtirok etmasa, malaka imtihoni oʻtkazilgan sanadan uch kundan kechikmay YIDXP orqali uni navbatdagi imtihonga kiritish yoki toʻlovni qaytarish boʻyicha vakolatli organga murojaat etishi lozim.
Bunda vakolatli organ tomonidan uzrli sababga koʻra test sinovida ishtirok eta olmagan yoki nogironligi toifasi imtihon turiga mos kelmagan talabgorga toʻlovni amalga oshirmasdan navbatdagi test sinovida qatnashish imkoniyati yaratiladi.
Uzrli sababga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmagani boʻyicha arizalar yetti ish kunida koʻrib chiqiladi. Test sinovi uchun ariza berish jarayonida toʻlov toʻliq amalga oshirilmagan taqdirda, toʻlovni qaytarish boʻyicha arizalar toʻlov toʻliq amalga oshirilgandan soʻng belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
Toʻlovni qaytarish soʻralgan taqdirda, Bilim va malakalarni baholash agentligini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobvaragʻiga hamda Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasining Elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga kelib tushgan toʻlov miqdori vakolatli organ xulosasi asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi tomonidan toʻliq qaytariladi.
Talabgor uzrli sababga koʻra test sinovlarida ishtirok eta olmagani boʻyicha YIDXP orqali vakolatli organga murojaat qiladi.
Talabgor belgilangan malaka imtihoniga kechikkan yoki uzrsiz sababga koʻra kelmagan hamda malaka imtihoni qoidalarini buzganlik uchun auditoriyadan chiqarib yuborilgan taqdirda, amalga oshirilgan toʻlov talabgorga qaytarilmaydi.
Talabgor kechikkan taqdirda, malaka imtihoniga qoʻyilmaydi”;
29-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“test sinovlari oʻtkaziladigan hududga yoki binoga kirishda lugʻat, kitob, uyali telefon, kompyuter, telekommunikatsiya qurilmalari va boshqa vositalar, har xil turdagi shpargalkalar olib kirishga harakat qilsa, olib kirgan boʻlsa yoki ulardan test sinovlari davomida foydalansa”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 29-iyul,
411 -son