UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 29-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 29 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 июля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 July 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Тариф квоталарини жорий этиш ва маъмурий бошқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 2 июндаги ПҚ-181-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, ички талабни қондириш, талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тариф квоталарини жорий этиш ва маъмурий бошқариш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

импорт қилинаётган маҳсулотларга нисбатан тариф квоталарини жорий этиш тартиби;

тариф квоталарини импортчилар ўртасида тақсимлаш усуллари ва механизми.

2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 апрелдаги 246-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига Қишлоқ хўжалиги битими доирасида билдиришнома тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ тариф квоталари тўғрисидаги билдиришномаларни Жаҳон савдо ташкилотига тақдим этади.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ўзи қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Жаҳон савдо ташкилотига расман аъзо бўлган санадан бошлаб кучга киради.

6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 416-сон қарорига 1-ИЛОВА

Тариф квоталарини жорий этиш ва маъмурий бошқариш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган маҳсулотларга нисбатан тариф квоталарини жорий этиш ва маъмурий бошқариш тартибини белгилайди.

2. Тариф квоталари ички бозорни зарур маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш, қопланмаган ички талабни қондириш, талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликларни юмшатиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш мақсадида жорий этилади.

3. Мазкур Низом миқдорий чекловлар сифатида қўлланадиган импорт квоталарига ҳамда муҳофаза чораларига нисбатан татбиқ этилмайди. Миқдорий чекловлар сифатида қўлланадиган импорт квоталари ҳамда муҳофаза чоралари алоҳида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Тариф квоталари жорий этилиши ва қўлланиши амалдаги антидемпинг ва компенсация божлари мавжуд бўлган ҳолларда, бундай божларнинг амал қилишини бекор қилмайди ҳамда улар тариф квотаси қўлланадиган даврда ҳам қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундирилади.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

анъанавий импорт қилувчилар — олдинги давр маълумотлари асосида аниқланадиган ҳамда тариф квотаси жорий этиладиган маҳсулот импортининг жами ҳажмида камида 5 фоиз улушга эга бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари;

«аралаш тақсимот» усули — тариф квотаси умумий ҳажмининг бир қисмини анъанавий импорт қилувчилар ўртасида олдинги даврдаги импорт улушларига мутаносиб равишда, қолган қисмини эса «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимлаш;

«биринчи келган — биринчи олади» усули — божхона юк декларациялари Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — ЯААТ) томонидан қабул қилинган календарь кунлар хронологик кетма-кетлиги асосида тариф квотаси ҳажмини тақсимлаш усули;

божхона юк декларацияси — маҳсулотни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш (ИМ-40) режимида расмийлаштириладиган ҳужжат;

ваколатли орган — Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия;

жорий резерв — талабгорнинг сўрови ЯААТ томонидан қабул қилинган пайтдан бошлаб ушбу сўров бўйича якуний қарор қабул қилингунга қадар тариф квотаси доирасида вақтинча ҳисобга олинадиган, бироқ тариф квотаси ҳажмининг якуний ажратилишини англатмайдиган ҳажм;

маҳсулот — хорижий давлат ҳудудида ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига истеъмол ва тижорат мақсадларида олиб кириладиган маҳсулотлар;

масъул орган — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;

олдинги давр — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулотнинг ишлаб чиқариш, истеъмол ва импорт ҳажмларини таҳлил қилиш ва тариф квота ҳажмларини тақсимлаш учун асос сифатида олинадиган, қоида тариқасида, сўнгги 3 йиллик давр;

талабгор — Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тариф квотаси жорий этилган маҳсулотни олиб кириш мақсадида тариф квотасидан фойдаланиш бўйича сўров юборувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси;

тариф квотаси — белгиланган импорт ҳажми доирасидаги импортга амалдаги божхона божи ставкасига нисбатан пасайтирилган (имтиёзли) ставкани, белгиланган импорт ҳажмидан ошган импортга амалдаги ставкани қўллашни назарда тутувчи ташқи савдони тартибга солиш чораси;

тариф квотаси ҳажми — муайян даврда имтиёзли импорт божининг ставкаси қўлланадиган маҳсулотнинг физик ёки қиймат жиҳатидан миқдори.

2-боб. Тариф квотасини жорий этиш тартиби

5. Тариф квоталарини жорий этиш тартиби ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

Тариф квотасини жорий этиш бўйича ташаббус бозор эҳтиёжлари, ички таъминот ҳолати ҳамда келиб тушган мурожаат ва таклифлар асосида тегишли вазирлик, идора ёки тадбиркорлик субъекти томонидан масъул органга киритилади.

Масъул орган беш иш куни ичида тариф квотасини жорий этиш бўйича таклифни ишлаб чиқиш учун зарур бўлган бирламчи ва таҳлилий маълумотларни йиғишни бошлайди ҳамда зарур ҳолларда бошқа давлат органлари ва ташкилотлардан тегишли маълумотларни сўраб олади. Шунингдек, бир иш куни ичида киритилган ташаббус ҳақида ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилади.

Масъул орган тегишли маълумотларни йиғиб олгандан сўнг тариф квотасини жорий этиш бўйича таклифни уч иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишиш учун юборади.

Мазкур вазирликлар масъул органнинг мурожаатига асосан беш иш куни ичида тариф квотасини жорий этиш бўйича ўз хулосаларини тақдим этади.

Олинган хулосалар асосида масъул орган беш иш куни ичида тариф квотасини жорий этиш бўйича консолидациялашган таклифларни ишлаб чиқади ва ваколатли органга киритади.

Мазкур таклиф қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

тариф квотаси жорий этиладиган маҳсулот номи, ТИФ ТН коди, тавсифи;

тариф квотасининг умумий ҳажми ва амал қилиш муддати;

тариф квотаси доирасида қўлланадиган божхона божи ставкаси;

тариф квотасидан фойдаланиш учун зарур бўлган маҳсулотга оид идентификация қилувчи техник-параметрик кўрсаткичлар, агар бундай кўрсаткичлар талаб этилса.

Тариф квотаси ҳажмини белгилашда унинг миқдори қопланмаган ички истеъмол талаби ҳажмидан ошмаслиги инобатга олиниши лозим.

Ваколатли орган масъул орган томонидан киритилган консолидациялашган таклифни ўн иш куни ичида кўриб чиқади ва якуний таклифларни шакллантирган ҳолда тариф квотасини жорий этиш ёки рад этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилади.

6. Тариф квотасини жорий этиш тўғрисидаги қарор тариф квотаси кучга кирадиган санадан камида ўттиз календарь кун олдин қабул қилиниши лозим.

Масъул орган тариф квотасини жорий этиш тўғрисида қабул қилинган қарор юзасидан белгиланган тартибда ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ икки иш куни ичида тегишли билдиришномани тақдим этади.

Тариф квотасини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки иш куни ичида ушбу қарор тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг (кейинги ўринларда — Божхона қўмитаси) «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали эълон қилинади.

7. Божхона қўмитаси тариф квоталари жорий этилган маҳсулотларга оид умумлаштирилган маълумотларни божхона юк декларациялари кесимида доимий равишда масъул органга тақдим этиб боради.

Мазкур маълумотлар масъул орган томонидан, тариф квотасидан фойдаланиш бўйича келиб тушган сўровлар, уларнинг қаноатлантирилгани ёки рад этилганидан қатъи назар, эътиборга олиниши ва кейинги квота ҳажмларини белгилаш учун хизмат қилади.

Масъул орган ҳар бир тариф квотаси амал қилиш даври якунлари бўйича ушбу Низомни қўллаш амалиётини, квоталардан фойдаланиш даражасини, рақобат муҳитини ва бозор таъминотига таъсирини таҳлил қилади ҳамда зарурат бўлганда, кейинги тариф квоталари даври учун ушбу Низомни қўллашнинг алоҳида параметрларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни ваколатли органга киритади.

8. Ушбу Низомни қўллаш доирасида масъул орган, ваколатли орган ҳамда маълумот тақдим этувчи тегишли вазирлик ва идоралар ўзларига тақдим этилган тижорат, солиқ ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.

Бундай маълумотлардан фақат тариф квоталарини жорий этиш, ўзгартириш, узайтириш, бекор қилиш, квоталар ҳажмини тақсимлаш ҳамда тегишли билдиришномаларни тайёрлаш мақсадларида фойдаланилади.

Қонунчилик ҳужжатларига ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига мувофиқ ошкор этилиши лозим бўлган ҳоллардан ташқари, мазкур маълумотлар учинчи шахсларга берилмайди ҳамда очиқ манбаларда эълон қилинмайди.

3-боб. Тариф квоталарини тақсимлаш қоидалари

9. Тариф квоталари ҳажмлари талабгорлар ўртасида, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, маҳсулотнинг келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, тақсимланади.

Тариф квоталарини талабгорлар ўртасида тақсимлаш квота олишда уларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва мулк шакли ҳамда рўйхатдан ўтган жойи бўйича камситилмаслик тамойилларига асосланади.

Тариф квоталарининг амал қилиш муддати давомида маҳсулот етказиб беришда ажратилган тариф квотаси ҳажмидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилувчи шартлар, чекловлар, ортиқча талаблар ёки ушбу Низомда назарда тутилмаган қўшимча расмийлаштириш талаблари белгиланишига йўл қўйилмайди.

Тугатиш ёки банкротлик жараёнлари бошланган талабгорларга квоталар ажратилмайди.

4-боб. Тариф квоталарини тақсимлаш усуллари ва механизми

1-§. Тақсимлаш усулини аниқлаш мезонлари

10. Тариф квоталарини тақсимлаш усули ваколатли орган қарорига мувофиқ белгиланади.

Тариф квоталари, қоида тариқасида, олдинги давр маълумотлари анъанавий импорт қилувчиларнинг улушини аниқлаш ҳамда уларга ажратиладиган квота ҳажмини ойлар кесимида тақсимлаш имконини берадиган даражада етарли ва репрезентатив деб топилган ҳолларда, «аралаш тақсимот» усули асосида тақсимланади.

Олдинги давр маълумотларининг етарлилиги ва репрезентативлиги ваколатли орган томонидан баҳоланади. Ваколатли орган олдинги давр маълумотларининг етарлилиги ва репрезентативлигини баҳолашда қуйидаги мезонларни инобатга олади:

импорт ҳажмларининг ойлар ва йиллар бўйича барқарорлиги;

маҳсулотга бўлган талабнинг мавсумий хусусияти;

олдинги даврларда юз берган бир марталик йирик етказиб беришлар;

етказиб бериш занжиридаги узилишлар, вақтинча чекловлар ёки фавқулодда ҳолатлар таъсири;

ТИФ ТНдаги ўзгаришлар.

Агар ваколатли орган олдинги давр маълумотлари бозорнинг одатдаги ҳолатини, тегишли маҳсулот импорти таркибини ҳамда талаб ёки таклиф динамикасини етарли даражада акс эттирмайди деб топса, муайян давр учун белгиланган тариф квотасининг умумий ҳажми фақат «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланади.

2-§. «Аралаш тақсимот» усули

11. «Аралаш тақсимот» усулида тариф квотасининг муайян давр учун белгиланган умумий ҳажмининг 50 фоизи «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида, қолган 50 фоизи эса олдинги даврдаги импорт кўрсаткичлари асосида аниқланган анъанавий импорт қилувчилар ўртасида тақсимланади.

Тариф квотасининг умумий ҳажми қуйидаги тартибда тақсимланади:

Kum — муайян давр учун белгиланган тариф квотасининг умумий ҳажми;

Kf — тариф квотасининг «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган қисми;

Ka — анъанавий импорт қилувчилар ўртасида тақсимланадиган тариф квотаси қисми.

Тариф квотасининг «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган қисми қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Kf = 0,5 × Kum.

Анъанавий импорт қилувчилар ўртасида тақсимланадиган тариф квотаси қисми қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Ka = 0,5 × Kum.

«Биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган тариф квотаси қисми тариф квотасининг бутун амал қилиш даври учун ягона ҳажм сифатида юритилади.

12. Анъанавий импорт қилувчилар ўртасида тариф квотаси ҳажми олдинги даврдаги импорт ҳажмларига мутаносиб равишда тақсимланади.

I — маҳсулотнинг тегишли олдинги даврдаги барча анъанавий импорт қилувчилар томонидан амалга оширилган жами импорт ҳажми;

Ii — «i» анъанавий импорт қилувчининг тегишли олдинги даврдаги импорт ҳажми;

«i» индекси — тегишли ҳисоб-китобда иштирок этувчи анъанавий импорт қилувчини ифодаловчи шартли белги;

Ui — «i» анъанавий импорт қилувчининг импорт улуши.

«i» анъанавий импорт қилувчининг импорт улуши қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Ui = Ii / I.

«i» анъанавий импорт қилувчига ажратиладиган тариф квотаси ҳажми қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Ki = Ka × Ui, бунда:

Ki — «i» анъанавий импорт қилувчига тариф квотасининг амал қилиш даври учун ажратиладиган тариф квотаси ҳажми;

Ka — анъанавий импорт қилувчилар ўртасида тақсимланадиган тариф квотаси қисми.

Тариф квотасининг амал қилиш муддати бир ойдан ортиқ бўлганда, анъанавий импорт қилувчига ажратилган тариф квотаси ҳажми тариф квотаси амал қиладиган ойлар ўртасида тенг улушларда тақсимланади.

Тегишли ой учун ажратилган ҳажм қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Kioy = Ki / M, бунда:

M — тариф квотасининг амал қилиш давридаги ойлар сони;

Kioy — «i» анъанавий импорт қилувчи учун тегишли ой бўйича ажратилган тариф квотаси ҳажми.

Ойлар бўйича ажратилган ҳажмларни ҳисоблашда юзага келадиган каср кўрсаткичлари белгиланган ўлчов бирлигининг энг кичик қийматигача яхлитланади. Яхлитлаш натижасидаги фарқ тариф квотасининг амал қилиш даврининг охирги ойида ҳисобга олинади.

Анъанавий импорт қилувчилар учун ойлар кесимидаги ажратилган ҳажмлар тариф квотасини жорий этиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилади.

Анъанавий импорт қилувчи тариф квотасининг амал қилиш даври учун ўзига ажратилган умумий ҳажм доирасида маҳсулотни тегишли ой учун белгиланган ҳажмдан ортиқ миқдорда олиб киришга ҳақли.

«i» анъанавий импорт қилувчи учун тегишли ой бошида фойдаланиш мумкин бўлган қолдиқ ҳажм қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Aioy = Ki — Kifaktcum — Kioqcum, бунда:

Aioy — «i» анъанавий импорт қилувчи учун тегишли ой бошида фойдаланиш мумкин бўлган тариф квотаси қолдиғи;

Kifaktcum — тегишли ой бошига қадар «i» анъанавий импорт қилувчи томонидан амалда фойдаланилган тариф квотасининг жами ҳажми;

Kioqcum — тегишли ой бошига қадар «i» анъанавий импорт қилувчининг «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган ҳажм таркибига ўтказилган тариф квотасининг жами ҳажми.

Анъанавий импорт қилувчи ўзига тариф квотасининг амал қилиш даври учун ажратилган умумий ҳажмдан тўлиқ фойдалангандан сўнг, тариф квотасининг «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган қисми доирасида бошқа талабгорлар билан тенг асосларда ушбу Низомнинг 15 — 18-бандларида белгиланган тартибда иштирок этишга ҳақли.

13. Агар анъанавий импорт қилувчи томонидан муайян ой якунига қадар тариф квотасининг ушбу ойга тўғри келадиган жамғарма ҳажми тўлиқ фойдаланилмаса, фойдаланилмаган ҳажм «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган ҳажм таркибига ўтказилади.

«i» анъанавий импорт қилувчининг муайян ой якунига кўра ўтказилиши лозим бўлган фойдаланилмаган ҳажми қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Kioq = max [0; Kioycum — Kifaktcum — Kioqcum], бунда:

Kioq — «i» анъанавий импорт қилувчининг тегишли ой якунига кўра автоматик тарзда «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган ҳажм таркибига ўтказиладиган тариф квотасининг фойдаланилмаган ҳажми;

Kioycum — «i» анъанавий импорт қилувчига тариф квотасининг амал қилиш даври бошидан тегишли ой якунига қадар ойлар кесимида ажратилган тариф квотасининг жами ҳажми;

Kifaktcum — «i» анъанавий импорт қилувчи томонидан тариф квотасининг амал қилиш даври бошидан тегишли ой якунига қадар амалда фойдаланилган тариф квотасининг жами ҳажми;

Kioqcum — «i» анъанавий импорт қилувчининг тегишли ой бошига қадар «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган ҳажм таркибига ўтказилган тариф квотасининг жами ҳажми;

Kioycum = Kioy1 + Kioy2 + ... + Kioym, бунда:

Kioy1, Kioy2, ... Kioym — «i» анъанавий импорт қилувчи учун тариф квотасининг амал қилиш даврининг биринчи ойидан тегишли «m» ойига қадар ажратилган тариф квотаси ҳажмлари.

Муайян ой якунига кўра барча анъанавий импорт қилувчилар бўйича «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган ҳажмга ўтказиладиган умумий қўшимча ҳажм қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Kqf = Σkioq, бунда:

Kqf тегишли ой якунларига кўра «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган ҳажмга автоматик тарзда қўшиладиган умумий қўшимча ҳажм ҳисобланади.

Ушбу бандда назарда тутилган автоматик тарзда аниқланадиган фойдаланилмаган ҳажм тегишли ой якунлари бўйича «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган қисмнинг умумий ҳажмига қўшилади ва талабгорлар ўртасида ушбу Низомнинг 15 — 18-бандларида белгиланган тартибда тақсимланади.

14. Анъанавий импорт қилувчи ўзига ажратилган тариф квотаси ҳажмидан умуман фойдаланишни режалаштирмаган тақдирда, тариф квотасини жорий этиш тўғрисидаги эълон расмий эълон қилинганидан сўнг имкон қадар тезроқ, бироқ тариф квотасининг амал қилиш муддати бошланишидан камида уч календарь кун олдин Божхона қўмитасини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши шарт.

Божхона қўмитаси мазкур хабарномани олган кундан бошлаб икки иш куни ичида тегишли анъанавий импорт қилувчига ажратилган тариф квотасининг тўлиқ ҳажмини «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган тариф квотаси қисми таркибига ўтказади.

Бундай ҳажм анъанавий импорт қилувчи учун ойлар кесимида ажратилган тариф квотаси ҳажмларидан чиқарилади, ушбу бандда назарда тутилган фойдаланилмаган ҳажмларни ҳисоблашда қайтадан инобатга олинмайди.

Мазкур ўзгаришлар Божхона қўмитасининг тегишли ахборот тизимларида акс эттирилади ҳамда ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган тартибда эълон қилинади.

3-§. «Биринчи келган — биринчи олади» усули

15. ЯААТ тариф квоталари ҳажмларини божхона юк декларациялари қабул қилинган саналарнинг хронологик кетма-кетлигига мувофиқ «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимлайди.

16. Талабгор тўғридан-тўғри декларант сифатида ёки божхона брокери воситасида Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали тақдим этадиган божхона юк декларациясида тариф квотасидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш тўғрисида сўров юборади.

Тариф квотасидан фойдаланиш учун божхона юк декларациясидаги сўров ЯААТ томонидан ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ дастлабки автоматлаштирилган текширувдан ўтказилади.

Агар божхона юк декларацияси ва унга илова қилинган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ деб топилса, сўров ЯААТ томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади. Бунда божхона юк декларацияси қабул қилинган сана, вақт ҳамда талаб этилган ҳажм қайд этилади ва квота тақсимотидаги навбат шу сана ва вақт асосида белгиланади.

ЯААТ томонидан қабул қилинган, божхона юк декларациялари бўйича сўровлар улар қабул қилинган календарь кун якунлари бўйича кўриб чиқилади. Бунда мазкур кун давомида соат 00:00 дан 23:59 гача қабул қилинган ва белгиланган тартибда рўйхатга олинган барча сўровлар айнан шу кун якуни бўйича инобатга олинади.

17. Агар бир хил календарь кунда ЯААТ томонидан қабул қилинган божхона юк декларациялари бўйича тариф квотасидан фойдаланиш тўғрисидаги сўровларнинг жами ҳажми тегишли тариф квотасининг мазкур кун бошига қолган ҳажмидан ошиб кетса, қолган квота ҳажми ушбу кун доирасида сўров юборган талабгорлар ўртасида сўралган ҳажмга мутаносиб равишда тақсимланади.

Ҳар бир талабгорга ажратиладиган тариф квотаси ҳажми қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Qi = Q × Si / S, бунда:

Q — тегишли календарь кун бошига қолган тариф квотаси ҳажми;

Si — «i» талабгорнинг ҳисоб-китобда инобатга олинадиган сўров ҳажми;

S — мазкур календарь кунда ЯААТ томонидан қабул қилинган барча сўровлар бўйича жами ҳажм;

Qi — «i» талабгорга ажратиладиган тариф квотаси ҳажми.

Ҳисоб-китоб натижасида юзага келадиган каср кўрсаткичлари белгиланган ўлчов бирлигининг энг кичик қийматигача ЯААТ томонидан яхлитланади. Яхлитлаш натижасида умумий ажратилган ҳажм тегишли тариф квотаси қисмининг қолган ҳажмидан ошиб кетмаслиги шарт.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатда, календарь кун якунлари бўйича ҳисоб-китоб амалга оширилгандан сўнг талабгорнинг жорий резерв қилинган ҳажми унга ажратиладиган Qi ҳажмига мувофиқлаштирилади. Сўровда кўрсатилган ҳажмнинг Qi ҳажмидан ортиқ қисми автоматик равишда жорий резервдан чиқарилади ва эркин қолдиқ ҳажми таркибига қайтарилади.

18. ЯААТ томонидан қабул қилинган божхона юк декларацияси ва унга илова қилинган ҳужжатлар Божхона қўмитаси томонидан кейинги босқичда текширилади.

Агар мазкур текширув натижасида камчиликлар аниқланса, талабгорга уларни бартараф этиш учун имконият берилади ҳамда камчиликлар ва уларнинг мазмуни ҳақида батафсил маълумот тақдим этилади.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш муддати Божхона қўмитаси томонидан камчиликларнинг хусусиятидан келиб чиқиб белгиланади, бироқ ушбу муддат хабарнома юборилган кундан эътиборан бир иш кунидан ошмаслиги лозим.

ЯААТ томонидан сўров қабул қилинганидан кейин Божхона қўмитаси томонидан амалга ошириладиган кейинги текширув календарь кун якунидан сўнг ҳам давом эттирилиши мумкин. Божхона қўмитаси ЯААТ томонидан қабул қилинган сўров бўйича, камчиликлар аниқланмаган тақдирда, якуний қарорни имкон қадар тезроқ, бироқ кейинги иш кунидан кечиктирмай қабул қилади. Камчиликлар аниқланган тақдирда, якуний қарор уларни бартараф этиш учун белгиланган муддат тугаганидан кейинги иш кунидан кечиктирмай қабул қилинади.

Агар аниқланган камчиликлар ушбу Низомнинг 22-банди «а» кичик бандида назарда тутилган аҳамиятсиз бузилишлар жумласига кирса ва улар белгиланган муддатда бартараф этилса, сўров ЯААТ томонидан қайд этилган дастлабки қабул қилинган сана ва вақтга мувофиқ квота тақсимотидаги ўз навбатини сақлаб қолади, ажратилган ёки жорий резервга қўйилган квота ҳажми эса сақлаб қолинади.

Агар аниқланган камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса ёки улар ушбу Низомнинг 22-банди «б» кичик бандида назарда тутилган қўпол бузилишлар ҳисобланса ҳамда божхона юк декларацияси рад этилса, мазкур декларация асосида тақдим этилган сўров квота тақсимотидаги устуворлигини йўқотади. Бундай ҳолларда ажратилган ёки жорий резервга қўйилган квота ҳажми автоматик равишда бекор қилинади ва тегишли ҳажм эркин қолдиққа қайтарилади.

4-§. Тариф квоталари бўйича эълон, резерв ва ахборотни янгилаш тартиби

19. Тариф квотасини жорий этиш бўйича эълонда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

тариф квотаси жорий этиладиган маҳсулотларнинг номи, ТИФ ТН коди, тавсифи ҳамда зарур ҳолларда айрим маҳсулотларга оид идентификация қилувчи техник-параметрик кўрсаткичлар;

тариф квотасининг умумий ҳажми ва амал қилиш даври;

тариф квотаси доирасида қўлланадиган божхона божи ставкаси;

тариф квотасини тақсимлаш усули;

сўровларни ЯААТ орқали қабул қилиш бошланадиган сана ва вақт;

сўров юбориш тартиби ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати.

«Аралаш тақсимот» усули қўлланганда, тариф квотасини жорий этиш тўғрисидаги эълонда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ анъанавий импорт қилувчилар рўйхати, улар кесимида ажратилган умумий ҳамда ойлар бўйича тақсимланган тариф квотаси ҳажмлари, шунингдек, «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган қисмнинг дастлабки умумий ҳажми кўрсатилади. Зарур ҳолларда ушбу Низомнинг 13 ва 14-бандларига мувофиқ анъанавий импорт қилувчиларга ажратилган тариф квотаси ҳажмларида ўзгариш юз берганда, тегишли маълумотлар янгилаб борилади.

Шунингдек, ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган тариф квотаси қисмига оид маълумотлар ЯААТда шакллантирилади ва Божхона қўмитасининг «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали очиқ фойдаланиш учун реал вақт режимида янгилаб борилади.

Тариф квотасининг умумий ҳажми фақат «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланганда, тариф квотасини жорий этиш тўғрисидаги эълонда ушбу усул асосида тақсимланадиган тариф квотасининг дастлабки умумий ҳажми кўрсатилади ҳамда ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ маълумотлар ЯААТда шакллантирилиб, Божхона қўмитасининг «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали очиқ фойдаланиш учун реал вақт режимида янгилаб борилади.

Тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар ошкор этилмайди.

20. Жорий резерв фақат «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган тариф квотаси қисмидан фойдаланиш учун сўров юборган талабгорларга нисбатан юритилади.

Бунда тариф квотасидан фойдаланиш бўйича божхона юк декларациясидаги сўров ЯААТ томонидан қабул қилинган пайтдан бошлаб, сўровда кўрсатилган ҳажм «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган тегишли тариф квотаси қисми доирасида жорий резерв сифатида ҳисобга олинади.

Анъанавий импорт қилувчиларга ажратилган тариф квотаси ҳажмларидан фойдаланиш учун алоҳида сўров юбориш ва жорий резерв юритиш талаб этилмайди.

Жорий резерв ахборот ва навбатни юритиш мақсадида амалга оширилади ҳамда у талабгорга тариф квотасининг тегишли ҳажми якуний равишда ажратилганини англатмайди.

«Биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган тариф квотаси қисми бўйича ЯААТда қуйидаги маълумотлар реал вақт режимида шакллантирилади:

«биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган тариф квотаси қисмининг ҳисоб-китоб вақтидаги умумий ҳажми;

фойдаланилган ҳажм;

жорий резерв қилинган (кўриб чиқилаётган) ҳажм;

эркин қолдиқ ҳажми;

сўровлар навбати тўғрисидаги умумлаштирилган ахборот (сўров қабул қилинган сана, вақт ва ҳажм), тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар ошкор этилмаган ҳолда.

Эркин қолдиқ ҳажми қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Qe = Qu — Qf — Qj, бунда:

Qe — эркин қолдиқ ҳажми;

Qu — «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган тариф квотаси қисмининг ҳисоб-китоб вақтидаги умумий ҳажми;

Qf — фойдаланилган ҳажм;

Qj — жорий резерв қилинган ҳажм.

Qe манфий қийматга эга бўлишига йўл қўйилмайди.

Qu = Kf + Kx + Kqfcum, бунда:

тариф квотасининг умумий ҳажми фақат «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланган ҳолларда, Kf = Kum деб қабул қилинади;

Kx — анъанавий импорт қилувчилар томонидан тариф квотаси ҳажмидан умуман фойдаланмаслик тўғрисидаги хабарномалар асосида тариф квотаси амал қилиш муддати бошлангунига қадар «биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган қисмга ўтказилган тариф квотасининг жами ҳажми;

Kqfcum — тариф квотасининг амал қилиш даври бошидан ҳисоб-китоб вақтига қадар тегишли ойлар якунлари бўйича аниқланган Kqf кўрсаткичларининг жами ҳажми;

Kqfcum = Kqf1 + Kqf2 + ... + Kqfm.

Қаноатлантирилган сўров бўйича тегишли ҳажм жорий резервдан чиқарилиб, фойдаланилган ҳажм таркибига ўтказилади.

Рад этилган сўров бўйича жорий резерв автоматик равишда бекор қилинади ва тегишли ҳажм эркин қолдиққа қайтарилади.

5-§. Сўровларни расмийлаштириш ва қоидабузарлик ҳолатларида чоралар қўллаш тартиби

21. Сўровга мажбурий тарзда қуйидаги ҳужжатлар электрон шаклда илова қилинади:

ташқи савдо шартномаси (контракт);

ҳисоб-фактура (инвойс) ва (ёки) юк ҳужжатлари;

сўровга киритилган маҳсулотлар номи, уларнинг ТИФ ТН коди ва тавсифи;

тариф квотаси маҳсулотнинг маълум турига ёки субкатегориясига нисбатан қўлланган ҳолларда ушбу субкатегорияни тасдиқловчи техник-параметрик кўрсаткичлар, жумладан, маркаси, таркиби, ўлчами, қалинлиги, стандарти ва бошқалар (тариф квоталарини жорий этиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилади).

Мазкур бандда назарда тутилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, сўров рад этилади.

22. ЯААТ томонидан рўйхатга олинган ва кўриб чиқишга қабул қилинган сўровлар бўйича талабларни бузган талабгорларга нисбатан қуйидаги чоралар қўлланади:

а) талабгор томонидан талаблар аҳамиятсиз даражада бузилган тақдирда, ёзма огоҳлантириш берилади.

Аҳамиятсиз бузилишларга қуйидагилар киради:

сўровга илова қилинган ҳужжатлар, сўровнинг ўзи ёки божхона юк декларациясида техник хатолар (имзо, реквизитлар, миқдор, формат, ўлчов бирлиги) мавжуд бўлиб, бироқ маҳсулотнинг ТИФ ТН коди ва тавсифи тўғри кўрсатилган, мазкур хатолар маҳсулотни идентификация қилишга ва тариф квотаси қўлланишига бевосита таъсир кўрсатмаган ҳамда улар қисқа муддатда талабгор томонидан бартараф этилган бўлса;

«my.gov.uz» тизимига ҳужжатларнинг нотўғри форматда ёки сифатсиз скан кўринишда юкланиши, бироқ мазкур ҳужжатлар мазмуни ўзгармаган ҳолда қайта тақдим этилган бўлса;

божхона юк декларациясида аниқланган камчиликлар талабгорга (ёки брокерга) маълум қилинганидан сўнг, уларни белгиланган муддатда бартараф этиш бўйича бир марталик кечикиш, бироқ бу ҳолат квотани асоссиз банд қилиш ёки атайлаб нотўғри маълумот тақдим этиш аломатларини ўз ичига олмаса;

б) талабгор томонидан талаблар қўпол равишда бузилган тақдирда, ваколатли орган бундай талабгорни 12 ойгача бўлган муддатга кейинги тариф квоталари тақсимотларида иштирок этишдан чеклаш ҳуқуқига эга.

Талабларнинг қўпол бузилишларига қуйидагилар киради:

кетма-кет икки марта ёки турли вақтларда икки мартадан ортиқ ҳолларда нотўғри маълумот тақдим этиш;

ҳужжатларни сохталаштириш;

тариф квотаси ҳажмини ҳақиқий эҳтиёж ва маҳсулотни олиб кириш мақсадисиз банд қилиб олиш, шу жумладан, бунинг натижасида бошқа талабгорларнинг тариф квотасидан фойдаланиш имкониятини чеклаш;

тариф квотаси доирасида ажратилган ҳажм бўйича маҳсулотни асосли сабабларсиз белгиланган муддатларда олиб кирмаслик, шунингдек, квотадан фойдаланиш нияти ёки имкони мавжуд эмаслиги ҳақида белгиланган муддатда Божхона қўмитасини хабардор қилмаслик.

Чеклов муддати талаблар бузилишининг хусусияти ва оғирлик даражасидан келиб чиқиб белгиланади.

23. Божхона қўмитаси квота сўровлари бўйича хавф таҳлилини ўтказади. Квота ҳажмидан фойдаланиш жараёнида асоссиз резерв қилиш, такроран бажарилмайдиган ёки рад этиладиган сўровлар юбориш, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзаро боғлиқ шахслар томонидан квотани эгаллашга уриниш, шунингдек, айрим ТИФ ТН кодлари бўйича қисқа муддат ичида ноодатий талаб юзага келиши аломатларини аниқлайди ва ушбу Низомнинг 22-бандида назарда тутилган чораларни қўллаш бўйича ваколатли органга таклиф киритади ёки ваколатли органни хабардор қилган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа чораларни кўради.

5-боб. Якунловчи қоидалар

24. Ушбу Низомни қўллаш жараёнида юзага келадиган низолар амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

25. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Тариф квоталарини жорий этиш ва маъмурий бошқариш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Тариф квоталарини жорий этиш тартиби

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Тегишли вазирлик, идора ёки тадбиркорлик субъекти Тариф квотасини жорий этиш бўйича ташаббусни киритиш Заруратга кўра 2-босқич Масъул орган Ташаббус ҳақида ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилиш ҳамда тариф квотасини жорий этиш бўйича таклифни ишлаб чиқиш учун бирламчи ва таҳлилий маълумотларни йиғишни бошлаш 1 иш кунида хабардор қилиш 5 иш кунида маълумотларни йиғишни бошлаш 3-босқич Масъул орган Тегишли маълумотларни йиғиб олгандан сўнг таклифни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишиш учун юбориш 3 иш кунида 4-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Тариф квотасини жорий этиш бўйича хулосаларни тақдим этиш 5 иш кунида 5-босқич Масъул орган Олинган хулосалар асосида консолидациялашган таклифларни ишлаб чиқиш ва ваколатли органга киритиш 5 иш кунида 6-босқич Ваколатли орган Консолидациялашган таклифни кўриб чиқиш ва тариф квотасини жорий этиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш 10 иш кунида 7-босқич Масъул орган Қабул қилинган қарор юзасидан тегишли билдиришномани тақдим этиш 2 иш кунида 8-босқич Божхона қўмитаси Қарор тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш 2 иш кунида

Тариф квоталарини жорий этиш ва маъмурий бошқариш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

«Аралаш тақсимот» усули қўлланганда анъанавий импорт қилувчилар рўйхати, умумий ҳажмлари ва ойлар бўйича ажратилган ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар

Т/р Ташқи савдо фаолияти иштирокчисининг номи Маҳсулот номи ва ТИФ ТН коди Ажратилган умумий тариф квотаси ҳажми * Ойлар бўйича тақсимланган тариф квотаси ҳажмлари * 1. …… …… 1-ой — ……, 2-ой — ……, 3-ой — ……, 4-ой — ……, 5-ой — ……, 6-ой — ……, 7-ой — ……, 8-ой — ……, 9-ой — ……, 10-ой — …, 11-ой — ……, 12-ой — … 2. …… …… 1-ой — ……, 2-ой — ……, 3-ой — ……, 4-ой — ……, 5-ой — ……, 6-ой — ……, 7-ой — ……, 8-ой — ……, 9-ой — ……, 10-ой — …, 11-ой — ……, 12-ой — … 3. …… …… 1-ой — ……, 2-ой — ……, 3-ой — ……, 4-ой — ……, 5-ой — ……, 6-ой — ……, 7-ой — ……, 8-ой — ……, 9-ой — ……, 10-ой — …, 11-ой — ……, 12-ой — … 4. …… …… 1-ой — ……, 2-ой — ……, 3-ой — ……, 4-ой — ……, 5-ой — ……, 6-ой — ……, 7-ой — ……, 8-ой — ……, 9-ой — ……, 10-ой — …, 11-ой — ……, 12-ой — …

Тариф квоталарини жорий этиш ва маъмурий бошқариш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

«Биринчи келган — биринчи олади» усули асосида тақсимланадиган қисм бўйича умумий ҳажм ва фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги маълумотлар

Т/р Маҳсулот номи ва ТИФ ТН коди Ҳисоб-китоб вақтидаги умумий ҳажм * Фойдаланилган ҳажм Жорий резерв қилинган ҳажм Эркин қолдиқ ҳажми … …… …… …… …… …… … …… …… …… …… …… … …… …… …… …… …… … …… …… …… …… ……

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги 416-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 2 декабрдаги 728-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Расмий статистика фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида» 2025 йил 6 октябрдаги 627-сон қарорига 3-илованинг 66-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 29 июль,

416-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.07.2026 й., 09/26/416/0799-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

Tarif kvotalarini joriy etish va maʼmuriy boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining Jahon savdo tashkilotiga aʼzo boʻlish jarayonini jadallashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 2-iyundagi PQ-181-son qarori ijrosini taʼminlash hamda ichki bozorni sifatli mahsulotlar bilan toʻldirish, ichki talabni qondirish, talab va taklif oʻrtasidagi muvozanatni muvofiqlashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Tarif kvotalarini joriy etish va maʼmuriy boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

import qilinayotgan mahsulotlarga nisbatan tarif kvotalarini joriy etish tartibi;

tarif kvotalarini importchilar oʻrtasida taqsimlash usullari va mexanizmi.

2. Belgilansinki, Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 21-apreldagi 246-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Jahon savdo tashkilotiga Qishloq xoʻjaligi bitimi doirasida bildirishnoma taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq tarif kvotalari toʻgʻrisidagi bildirishnomalarni Jahon savdo tashkilotiga taqdim etadi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi oʻzi qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Ushbu qaror Oʻzbekiston Respublikasi Jahon savdo tashkilotiga rasman aʼzo boʻlgan sanadan boshlab kuchga kiradi.

6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev hamda investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri L.Sh. Kudratov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-iyuldagi 416-son qaroriga 1-ILOVA

Tarif kvotalarini joriy etish va maʼmuriy boshqarish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kiriladigan mahsulotlarga nisbatan tarif kvotalarini joriy etish va maʼmuriy boshqarish tartibini belgilaydi.

2. Tarif kvotalari ichki bozorni zarur mahsulotlar bilan barqaror taʼminlash, qoplanmagan ichki talabni qondirish, talab va taklif oʻrtasidagi nomutanosibliklarni yumshatish hamda Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro majburiyatlarini bajarish maqsadida joriy etiladi.

3. Mazkur Nizom miqdoriy cheklovlar sifatida qoʻllanadigan import kvotalariga hamda muhofaza choralariga nisbatan tatbiq etilmaydi. Miqdoriy cheklovlar sifatida qoʻllanadigan import kvotalari hamda muhofaza choralari alohida qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

Tarif kvotalari joriy etilishi va qoʻllanishi amaldagi antidemping va kompensatsiya bojlari mavjud boʻlgan hollarda, bunday bojlarning amal qilishini bekor qilmaydi hamda ular tarif kvotasi qoʻllanadigan davrda ham qonunchilik hujjatlariga muvofiq undiriladi.

4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

anʼanaviy import qiluvchilar — oldingi davr maʼlumotlari asosida aniqlanadigan hamda tarif kvotasi joriy etiladigan mahsulot importining jami hajmida kamida 5 foiz ulushga ega boʻlgan tashqi iqtisodiy faoliyat ishtirokchilari;

“aralash taqsimot” usuli — tarif kvotasi umumiy hajmining bir qismini anʼanaviy import qiluvchilar oʻrtasida oldingi davrdagi import ulushlariga mutanosib ravishda, qolgan qismini esa “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlash;

“birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli — bojxona yuk deklaratsiyalari Bojxona qoʻmitasining Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — YAAAT) tomonidan qabul qilingan kalendar kunlar xronologik ketma-ketligi asosida tarif kvotasi hajmini taqsimlash usuli;

bojxona yuk deklaratsiyasi — mahsulotni Oʻzbekiston Respublikasi bojxona hududiga olib kirish (IM-40) rejimida rasmiylashtiriladigan hujjat;

vakolatli organ — Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha idoralararo komissiya;

joriy rezerv — talabgorning soʻrovi YAAAT tomonidan qabul qilingan paytdan boshlab ushbu soʻrov boʻyicha yakuniy qaror qabul qilingunga qadar tarif kvotasi doirasida vaqtincha hisobga olinadigan, biroq tarif kvotasi hajmining yakuniy ajratilishini anglatmaydigan hajm;

mahsulot — xorijiy davlat hududida ishlab chiqarilgan va Oʻzbekiston Respublikasi hududiga isteʼmol va tijorat maqsadlarida olib kiriladigan mahsulotlar;

masʼul organ — Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi;

oldingi davr — Oʻzbekiston Respublikasi hududida mahsulotning ishlab chiqarish, isteʼmol va import hajmlarini tahlil qilish va tarif kvota hajmlarini taqsimlash uchun asos sifatida olinadigan, qoida tariqasida, soʻnggi 3 yillik davr;

talabgor — Oʻzbekiston Respublikasi hududiga tarif kvotasi joriy etilgan mahsulotni olib kirish maqsadida tarif kvotasidan foydalanish boʻyicha soʻrov yuboruvchi tashqi iqtisodiy faoliyat ishtirokchisi;

tarif kvotasi — belgilangan import hajmi doirasidagi importga amaldagi bojxona boji stavkasiga nisbatan pasaytirilgan (imtiyozli) stavkani, belgilangan import hajmidan oshgan importga amaldagi stavkani qoʻllashni nazarda tutuvchi tashqi savdoni tartibga solish chorasi;

tarif kvotasi hajmi — muayyan davrda imtiyozli import bojining stavkasi qoʻllanadigan mahsulotning fizik yoki qiymat jihatidan miqdori.

2-bob. Tarif kvotasini joriy etish tartibi

5. Tarif kvotalarini joriy etish tartibi ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.

Tarif kvotasini joriy etish boʻyicha tashabbus bozor ehtiyojlari, ichki taʼminot holati hamda kelib tushgan murojaat va takliflar asosida tegishli vazirlik, idora yoki tadbirkorlik subyekti tomonidan masʼul organga kiritiladi.

Masʼul organ besh ish kuni ichida tarif kvotasini joriy etish boʻyicha taklifni ishlab chiqish uchun zarur boʻlgan birlamchi va tahliliy maʼlumotlarni yigʻishni boshlaydi hamda zarur hollarda boshqa davlat organlari va tashkilotlardan tegishli maʼlumotlarni soʻrab oladi. Shuningdek, bir ish kuni ichida kiritilgan tashabbus haqida vakolatli organni yozma ravishda xabardor qiladi.

Masʼul organ tegishli maʼlumotlarni yigʻib olgandan soʻng tarif kvotasini joriy etish boʻyicha taklifni uch ish kuni ichida Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan kelishish uchun yuboradi.

Mazkur vazirliklar masʼul organning murojaatiga asosan besh ish kuni ichida tarif kvotasini joriy etish boʻyicha oʻz xulosalarini taqdim etadi.

Olingan xulosalar asosida masʼul organ besh ish kuni ichida tarif kvotasini joriy etish boʻyicha konsolidatsiyalashgan takliflarni ishlab chiqadi va vakolatli organga kiritadi.

Mazkur taklif quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi:

tarif kvotasi joriy etiladigan mahsulot nomi, TIF TN kodi, tavsifi;

tarif kvotasining umumiy hajmi va amal qilish muddati;

tarif kvotasi doirasida qoʻllanadigan bojxona boji stavkasi;

tarif kvotasidan foydalanish uchun zarur boʻlgan mahsulotga oid identifikatsiya qiluvchi texnik-parametrik koʻrsatkichlar, agar bunday koʻrsatkichlar talab etilsa.

Tarif kvotasi hajmini belgilashda uning miqdori qoplanmagan ichki isteʼmol talabi hajmidan oshmasligi inobatga olinishi lozim.

Vakolatli organ masʼul organ tomonidan kiritilgan konsolidatsiyalashgan taklifni oʻn ish kuni ichida koʻrib chiqadi va yakuniy takliflarni shakllantirgan holda tarif kvotasini joriy etish yoki rad etish toʻgʻrisida tegishli qaror qabul qiladi.

6. Tarif kvotasini joriy etish toʻgʻrisidagi qaror tarif kvotasi kuchga kiradigan sanadan kamida oʻttiz kalendar kun oldin qabul qilinishi lozim.

Masʼul organ tarif kvotasini joriy etish toʻgʻrisida qabul qilingan qaror yuzasidan belgilangan tartibda va xalqaro majburiyatlarga muvofiq ikki ish kuni ichida tegishli bildirishnomani taqdim etadi.

Tarif kvotasini joriy etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran ikki ish kuni ichida ushbu qaror toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Bojxona qoʻmitasi) “Yagona darcha” bojxona axborot tizimi orqali eʼlon qilinadi.

7. Bojxona qoʻmitasi tarif kvotalari joriy etilgan mahsulotlarga oid umumlashtirilgan maʼlumotlarni bojxona yuk deklaratsiyalari kesimida doimiy ravishda masʼul organga taqdim etib boradi.

Mazkur maʼlumotlar masʼul organ tomonidan, tarif kvotasidan foydalanish boʻyicha kelib tushgan soʻrovlar, ularning qanoatlantirilgani yoki rad etilganidan qatʼi nazar, eʼtiborga olinishi va keyingi kvota hajmlarini belgilash uchun xizmat qiladi.

Masʼul organ har bir tarif kvotasi amal qilish davri yakunlari boʻyicha ushbu Nizomni qoʻllash amaliyotini, kvotalardan foydalanish darajasini, raqobat muhitini va bozor taʼminotiga taʼsirini tahlil qiladi hamda zarurat boʻlganda, keyingi tarif kvotalari davri uchun ushbu Nizomni qoʻllashning alohida parametrlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisidagi takliflarni vakolatli organga kiritadi.

8. Ushbu Nizomni qoʻllash doirasida masʼul organ, vakolatli organ hamda maʼlumot taqdim etuvchi tegishli vazirlik va idoralar oʻzlariga taqdim etilgan tijorat, soliq va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlaydi.

Bunday maʼlumotlardan faqat tarif kvotalarini joriy etish, oʻzgartirish, uzaytirish, bekor qilish, kvotalar hajmini taqsimlash hamda tegishli bildirishnomalarni tayyorlash maqsadlarida foydalaniladi.

Qonunchilik hujjatlariga yoki Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro majburiyatlariga muvofiq oshkor etilishi lozim boʻlgan hollardan tashqari, mazkur maʼlumotlar uchinchi shaxslarga berilmaydi hamda ochiq manbalarda eʼlon qilinmaydi.

3-bob. Tarif kvotalarini taqsimlash qoidalari

9. Tarif kvotalari hajmlari talabgorlar oʻrtasida, agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, mahsulotning kelib chiqish mamlakatidan qatʼi nazar, taqsimlanadi.

Tarif kvotalarini talabgorlar oʻrtasida taqsimlash kvota olishda ularning teng huquqliligi va mulk shakli hamda roʻyxatdan oʻtgan joyi boʻyicha kamsitilmaslik tamoyillariga asoslanadi.

Tarif kvotalarining amal qilish muddati davomida mahsulot yetkazib berishda ajratilgan tarif kvotasi hajmidan toʻliq foydalanishga toʻsqinlik qiluvchi shartlar, cheklovlar, ortiqcha talablar yoki ushbu Nizomda nazarda tutilmagan qoʻshimcha rasmiylashtirish talablari belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Tugatish yoki bankrotlik jarayonlari boshlangan talabgorlarga kvotalar ajratilmaydi.

4-bob. Tarif kvotalarini taqsimlash usullari va mexanizmi

1-§. Taqsimlash usulini aniqlash mezonlari

10. Tarif kvotalarini taqsimlash usuli vakolatli organ qaroriga muvofiq belgilanadi.

Tarif kvotalari, qoida tariqasida, oldingi davr maʼlumotlari anʼanaviy import qiluvchilarning ulushini aniqlash hamda ularga ajratiladigan kvota hajmini oylar kesimida taqsimlash imkonini beradigan darajada yetarli va reprezentativ deb topilgan hollarda, “aralash taqsimot” usuli asosida taqsimlanadi.

Oldingi davr maʼlumotlarining yetarliligi va reprezentativligi vakolatli organ tomonidan baholanadi. Vakolatli organ oldingi davr maʼlumotlarining yetarliligi va reprezentativligini baholashda quyidagi mezonlarni inobatga oladi:

import hajmlarining oylar va yillar boʻyicha barqarorligi;

mahsulotga boʻlgan talabning mavsumiy xususiyati;

oldingi davrlarda yuz bergan bir martalik yirik yetkazib berishlar;

yetkazib berish zanjiridagi uzilishlar, vaqtincha cheklovlar yoki favqulodda holatlar taʼsiri;

TIF TNdagi oʻzgarishlar.

Agar vakolatli organ oldingi davr maʼlumotlari bozorning odatdagi holatini, tegishli mahsulot importi tarkibini hamda talab yoki taklif dinamikasini yetarli darajada aks ettirmaydi deb topsa, muayyan davr uchun belgilangan tarif kvotasining umumiy hajmi faqat “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadi.

2-§. “Aralash taqsimot” usuli

11. “Aralash taqsimot” usulida tarif kvotasining muayyan davr uchun belgilangan umumiy hajmining 50 foizi “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida, qolgan 50 foizi esa oldingi davrdagi import koʻrsatkichlari asosida aniqlangan anʼanaviy import qiluvchilar oʻrtasida taqsimlanadi.

Tarif kvotasining umumiy hajmi quyidagi tartibda taqsimlanadi:

Kum — muayyan davr uchun belgilangan tarif kvotasining umumiy hajmi;

Kf — tarif kvotasining “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan qismi;

Ka — anʼanaviy import qiluvchilar oʻrtasida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismi.

Tarif kvotasining “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan qismi quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Kf = 0,5 × Kum.

Anʼanaviy import qiluvchilar oʻrtasida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismi quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Ka = 0,5 × Kum.

“Birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismi tarif kvotasining butun amal qilish davri uchun yagona hajm sifatida yuritiladi.

12. Anʼanaviy import qiluvchilar oʻrtasida tarif kvotasi hajmi oldingi davrdagi import hajmlariga mutanosib ravishda taqsimlanadi.

I — mahsulotning tegishli oldingi davrdagi barcha anʼanaviy import qiluvchilar tomonidan amalga oshirilgan jami import hajmi;

Ii — “i” anʼanaviy import qiluvchining tegishli oldingi davrdagi import hajmi;

“i” indeksi — tegishli hisob-kitobda ishtirok etuvchi anʼanaviy import qiluvchini ifodalovchi shartli belgi;

Ui — “i” anʼanaviy import qiluvchining import ulushi.

“i” anʼanaviy import qiluvchining import ulushi quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Ui = Ii / I.

“i” anʼanaviy import qiluvchiga ajratiladigan tarif kvotasi hajmi quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Ki = Ka × Ui, bunda:

Ki — “i” anʼanaviy import qiluvchiga tarif kvotasining amal qilish davri uchun ajratiladigan tarif kvotasi hajmi;

Ka — anʼanaviy import qiluvchilar oʻrtasida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismi.

Tarif kvotasining amal qilish muddati bir oydan ortiq boʻlganda, anʼanaviy import qiluvchiga ajratilgan tarif kvotasi hajmi tarif kvotasi amal qiladigan oylar oʻrtasida teng ulushlarda taqsimlanadi.

Tegishli oy uchun ajratilgan hajm quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Kioy = Ki / M, bunda:

M — tarif kvotasining amal qilish davridagi oylar soni;

Kioy — “i” anʼanaviy import qiluvchi uchun tegishli oy boʻyicha ajratilgan tarif kvotasi hajmi.

Oylar boʻyicha ajratilgan hajmlarni hisoblashda yuzaga keladigan kasr koʻrsatkichlari belgilangan oʻlchov birligining eng kichik qiymatigacha yaxlitlanadi. Yaxlitlash natijasidagi farq tarif kvotasining amal qilish davrining oxirgi oyida hisobga olinadi.

Anʼanaviy import qiluvchilar uchun oylar kesimidagi ajratilgan hajmlar tarif kvotasini joriy etish toʻgʻrisidagi eʼlonda koʻrsatiladi.

Anʼanaviy import qiluvchi tarif kvotasining amal qilish davri uchun oʻziga ajratilgan umumiy hajm doirasida mahsulotni tegishli oy uchun belgilangan hajmdan ortiq miqdorda olib kirishga haqli.

“i” anʼanaviy import qiluvchi uchun tegishli oy boshida foydalanish mumkin boʻlgan qoldiq hajm quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Aioy = Ki — Kifaktcum — Kioqcum, bunda:

Aioy — “i” anʼanaviy import qiluvchi uchun tegishli oy boshida foydalanish mumkin boʻlgan tarif kvotasi qoldigʻi;

Kifaktcum — tegishli oy boshiga qadar “i” anʼanaviy import qiluvchi tomonidan amalda foydalanilgan tarif kvotasining jami hajmi;

Kioqcum — tegishli oy boshiga qadar “i” anʼanaviy import qiluvchining “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan hajm tarkibiga oʻtkazilgan tarif kvotasining jami hajmi.

Anʼanaviy import qiluvchi oʻziga tarif kvotasining amal qilish davri uchun ajratilgan umumiy hajmdan toʻliq foydalangandan soʻng, tarif kvotasining “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan qismi doirasida boshqa talabgorlar bilan teng asoslarda ushbu Nizomning 15 — 18-bandlarida belgilangan tartibda ishtirok etishga haqli.

13. Agar anʼanaviy import qiluvchi tomonidan muayyan oy yakuniga qadar tarif kvotasining ushbu oyga toʻgʻri keladigan jamgʻarma hajmi toʻliq foydalanilmasa, foydalanilmagan hajm “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan hajm tarkibiga oʻtkaziladi.

“i” anʼanaviy import qiluvchining muayyan oy yakuniga koʻra oʻtkazilishi lozim boʻlgan foydalanilmagan hajmi quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Kioq = max [0; Kioycum — Kifaktcum — Kioqcum], bunda:

Kioq — “i” anʼanaviy import qiluvchining tegishli oy yakuniga koʻra avtomatik tarzda “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan hajm tarkibiga oʻtkaziladigan tarif kvotasining foydalanilmagan hajmi;

Kioycum — “i” anʼanaviy import qiluvchiga tarif kvotasining amal qilish davri boshidan tegishli oy yakuniga qadar oylar kesimida ajratilgan tarif kvotasining jami hajmi;

Kifaktcum — “i” anʼanaviy import qiluvchi tomonidan tarif kvotasining amal qilish davri boshidan tegishli oy yakuniga qadar amalda foydalanilgan tarif kvotasining jami hajmi;

Kioqcum — “i” anʼanaviy import qiluvchining tegishli oy boshiga qadar “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan hajm tarkibiga oʻtkazilgan tarif kvotasining jami hajmi;

Kioycum = Kioy1 + Kioy2 + ... + Kioym, bunda:

Kioy1, Kioy2, ... Kioym — “i” anʼanaviy import qiluvchi uchun tarif kvotasining amal qilish davrining birinchi oyidan tegishli “m” oyiga qadar ajratilgan tarif kvotasi hajmlari.

Muayyan oy yakuniga koʻra barcha anʼanaviy import qiluvchilar boʻyicha “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan hajmga oʻtkaziladigan umumiy qoʻshimcha hajm quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Kqf = Σkioq, bunda:

Kqf tegishli oy yakunlariga koʻra “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan hajmga avtomatik tarzda qoʻshiladigan umumiy qoʻshimcha hajm hisoblanadi.

Ushbu bandda nazarda tutilgan avtomatik tarzda aniqlanadigan foydalanilmagan hajm tegishli oy yakunlari boʻyicha “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan qismning umumiy hajmiga qoʻshiladi va talabgorlar oʻrtasida ushbu Nizomning 15 — 18-bandlarida belgilangan tartibda taqsimlanadi.

14. Anʼanaviy import qiluvchi oʻziga ajratilgan tarif kvotasi hajmidan umuman foydalanishni rejalashtirmagan taqdirda, tarif kvotasini joriy etish toʻgʻrisidagi eʼlon rasmiy eʼlon qilinganidan soʻng imkon qadar tezroq, biroq tarif kvotasining amal qilish muddati boshlanishidan kamida uch kalendar kun oldin Bojxona qoʻmitasini yozma yoki elektron shaklda xabardor qilishi shart.

Bojxona qoʻmitasi mazkur xabarnomani olgan kundan boshlab ikki ish kuni ichida tegishli anʼanaviy import qiluvchiga ajratilgan tarif kvotasining toʻliq hajmini “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismi tarkibiga oʻtkazadi.

Bunday hajm anʼanaviy import qiluvchi uchun oylar kesimida ajratilgan tarif kvotasi hajmlaridan chiqariladi, ushbu bandda nazarda tutilgan foydalanilmagan hajmlarni hisoblashda qaytadan inobatga olinmaydi.

Mazkur oʻzgarishlar Bojxona qoʻmitasining tegishli axborot tizimlarida aks ettiriladi hamda ushbu Nizomning 19-bandida belgilangan tartibda eʼlon qilinadi.

3-§. “Birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli

15. YAAAT tarif kvotalari hajmlarini bojxona yuk deklaratsiyalari qabul qilingan sanalarning xronologik ketma-ketligiga muvofiq “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlaydi.

16. Talabgor toʻgʻridan-toʻgʻri deklarant sifatida yoki bojxona brokeri vositasida Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (my.gov.uz) orqali taqdim etadigan bojxona yuk deklaratsiyasida tarif kvotasidan foydalanish huquqini olish toʻgʻrisida soʻrov yuboradi.

Tarif kvotasidan foydalanish uchun bojxona yuk deklaratsiyasidagi soʻrov YAAAT tomonidan ushbu Nizom va qonunchilik hujjatlariga muvofiq dastlabki avtomatlashtirilgan tekshiruvdan oʻtkaziladi.

Agar bojxona yuk deklaratsiyasi va unga ilova qilingan hujjatlar belgilangan talablarga muvofiq deb topilsa, soʻrov YAAAT tomonidan qabul qilingan deb hisoblanadi. Bunda bojxona yuk deklaratsiyasi qabul qilingan sana, vaqt hamda talab etilgan hajm qayd etiladi va kvota taqsimotidagi navbat shu sana va vaqt asosida belgilanadi.

YAAAT tomonidan qabul qilingan, bojxona yuk deklaratsiyalari boʻyicha soʻrovlar ular qabul qilingan kalendar kun yakunlari boʻyicha koʻrib chiqiladi. Bunda mazkur kun davomida soat 00:00 dan 23:59 gacha qabul qilingan va belgilangan tartibda roʻyxatga olingan barcha soʻrovlar aynan shu kun yakuni boʻyicha inobatga olinadi.

17. Agar bir xil kalendar kunda YAAAT tomonidan qabul qilingan bojxona yuk deklaratsiyalari boʻyicha tarif kvotasidan foydalanish toʻgʻrisidagi soʻrovlarning jami hajmi tegishli tarif kvotasining mazkur kun boshiga qolgan hajmidan oshib ketsa, qolgan kvota hajmi ushbu kun doirasida soʻrov yuborgan talabgorlar oʻrtasida soʻralgan hajmga mutanosib ravishda taqsimlanadi.

Har bir talabgorga ajratiladigan tarif kvotasi hajmi quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Qi = Q × Si / S, bunda:

Q — tegishli kalendar kun boshiga qolgan tarif kvotasi hajmi;

Si — “i” talabgorning hisob-kitobda inobatga olinadigan soʻrov hajmi;

S — mazkur kalendar kunda YAAAT tomonidan qabul qilingan barcha soʻrovlar boʻyicha jami hajm;

Qi — “i” talabgorga ajratiladigan tarif kvotasi hajmi.

Hisob-kitob natijasida yuzaga keladigan kasr koʻrsatkichlari belgilangan oʻlchov birligining eng kichik qiymatigacha YAAAT tomonidan yaxlitlanadi. Yaxlitlash natijasida umumiy ajratilgan hajm tegishli tarif kvotasi qismining qolgan hajmidan oshib ketmasligi shart.

Ushbu bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan holatda, kalendar kun yakunlari boʻyicha hisob-kitob amalga oshirilgandan soʻng talabgorning joriy rezerv qilingan hajmi unga ajratiladigan Qi hajmiga muvofiqlashtiriladi. Soʻrovda koʻrsatilgan hajmning Qi hajmidan ortiq qismi avtomatik ravishda joriy rezervdan chiqariladi va erkin qoldiq hajmi tarkibiga qaytariladi.

18. YAAAT tomonidan qabul qilingan bojxona yuk deklaratsiyasi va unga ilova qilingan hujjatlar Bojxona qoʻmitasi tomonidan keyingi bosqichda tekshiriladi.

Agar mazkur tekshiruv natijasida kamchiliklar aniqlansa, talabgorga ularni bartaraf etish uchun imkoniyat beriladi hamda kamchiliklar va ularning mazmuni haqida batafsil maʼlumot taqdim etiladi.

Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish muddati Bojxona qoʻmitasi tomonidan kamchiliklarning xususiyatidan kelib chiqib belgilanadi, biroq ushbu muddat xabarnoma yuborilgan kundan eʼtiboran bir ish kunidan oshmasligi lozim.

YAAAT tomonidan soʻrov qabul qilinganidan keyin Bojxona qoʻmitasi tomonidan amalga oshiriladigan keyingi tekshiruv kalendar kun yakunidan soʻng ham davom ettirilishi mumkin. Bojxona qoʻmitasi YAAAT tomonidan qabul qilingan soʻrov boʻyicha, kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, yakuniy qarorni imkon qadar tezroq, biroq keyingi ish kunidan kechiktirmay qabul qiladi. Kamchiliklar aniqlangan taqdirda, yakuniy qaror ularni bartaraf etish uchun belgilangan muddat tugaganidan keyingi ish kunidan kechiktirmay qabul qilinadi.

Agar aniqlangan kamchiliklar ushbu Nizomning 22-bandi “a” kichik bandida nazarda tutilgan ahamiyatsiz buzilishlar jumlasiga kirsa va ular belgilangan muddatda bartaraf etilsa, soʻrov YAAAT tomonidan qayd etilgan dastlabki qabul qilingan sana va vaqtga muvofiq kvota taqsimotidagi oʻz navbatini saqlab qoladi, ajratilgan yoki joriy rezervga qoʻyilgan kvota hajmi esa saqlab qolinadi.

Agar aniqlangan kamchiliklar belgilangan muddatda bartaraf etilmasa yoki ular ushbu Nizomning 22-bandi “b” kichik bandida nazarda tutilgan qoʻpol buzilishlar hisoblansa hamda bojxona yuk deklaratsiyasi rad etilsa, mazkur deklaratsiya asosida taqdim etilgan soʻrov kvota taqsimotidagi ustuvorligini yoʻqotadi. Bunday hollarda ajratilgan yoki joriy rezervga qoʻyilgan kvota hajmi avtomatik ravishda bekor qilinadi va tegishli hajm erkin qoldiqqa qaytariladi.

4-§. Tarif kvotalari boʻyicha eʼlon, rezerv va axborotni yangilash tartibi

19. Tarif kvotasini joriy etish boʻyicha eʼlonda quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

tarif kvotasi joriy etiladigan mahsulotlarning nomi, TIF TN kodi, tavsifi hamda zarur hollarda ayrim mahsulotlarga oid identifikatsiya qiluvchi texnik-parametrik koʻrsatkichlar;

tarif kvotasining umumiy hajmi va amal qilish davri;

tarif kvotasi doirasida qoʻllanadigan bojxona boji stavkasi;

tarif kvotasini taqsimlash usuli;

soʻrovlarni YAAAT orqali qabul qilish boshlanadigan sana va vaqt;

soʻrov yuborish tartibi va unga ilova qilinadigan hujjatlar roʻyxati.

“Aralash taqsimot” usuli qoʻllanganda, tarif kvotasini joriy etish toʻgʻrisidagi eʼlonda ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq anʼanaviy import qiluvchilar roʻyxati, ular kesimida ajratilgan umumiy hamda oylar boʻyicha taqsimlangan tarif kvotasi hajmlari, shuningdek, “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan qismning dastlabki umumiy hajmi koʻrsatiladi. Zarur hollarda ushbu Nizomning 13 va 14-bandlariga muvofiq anʼanaviy import qiluvchilarga ajratilgan tarif kvotasi hajmlarida oʻzgarish yuz berganda, tegishli maʼlumotlar yangilab boriladi.

Shuningdek, ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismiga oid maʼlumotlar YAAATda shakllantiriladi va Bojxona qoʻmitasining “Yagona darcha” bojxona axborot tizimi orqali ochiq foydalanish uchun real vaqt rejimida yangilab boriladi.

Tarif kvotasining umumiy hajmi faqat “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanganda, tarif kvotasini joriy etish toʻgʻrisidagi eʼlonda ushbu usul asosida taqsimlanadigan tarif kvotasining dastlabki umumiy hajmi koʻrsatiladi hamda ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq maʼlumotlar YAAATda shakllantirilib, Bojxona qoʻmitasining “Yagona darcha” bojxona axborot tizimi orqali ochiq foydalanish uchun real vaqt rejimida yangilab boriladi.

Tijorat sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar oshkor etilmaydi.

20. Joriy rezerv faqat “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismidan foydalanish uchun soʻrov yuborgan talabgorlarga nisbatan yuritiladi.

Bunda tarif kvotasidan foydalanish boʻyicha bojxona yuk deklaratsiyasidagi soʻrov YAAAT tomonidan qabul qilingan paytdan boshlab, soʻrovda koʻrsatilgan hajm “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan tegishli tarif kvotasi qismi doirasida joriy rezerv sifatida hisobga olinadi.

Anʼanaviy import qiluvchilarga ajratilgan tarif kvotasi hajmlaridan foydalanish uchun alohida soʻrov yuborish va joriy rezerv yuritish talab etilmaydi.

Joriy rezerv axborot va navbatni yuritish maqsadida amalga oshiriladi hamda u talabgorga tarif kvotasining tegishli hajmi yakuniy ravishda ajratilganini anglatmaydi.

“Birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismi boʻyicha YAAATda quyidagi maʼlumotlar real vaqt rejimida shakllantiriladi:

“birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismining hisob-kitob vaqtidagi umumiy hajmi;

foydalanilgan hajm;

joriy rezerv qilingan (koʻrib chiqilayotgan) hajm;

erkin qoldiq hajmi;

soʻrovlar navbati toʻgʻrisidagi umumlashtirilgan axborot (soʻrov qabul qilingan sana, vaqt va hajm), tijorat sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar oshkor etilmagan holda.

Erkin qoldiq hajmi quyidagi formula boʻyicha aniqlanadi:

Qe = Qu — Qf — Qj, bunda:

Qe — erkin qoldiq hajmi;

Qu — “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan tarif kvotasi qismining hisob-kitob vaqtidagi umumiy hajmi;

Qf — foydalanilgan hajm;

Qj — joriy rezerv qilingan hajm.

Qe manfiy qiymatga ega boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Qu = Kf + Kx + Kqfcum, bunda:

tarif kvotasining umumiy hajmi faqat “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlangan hollarda, Kf = Kum deb qabul qilinadi;

Kx — anʼanaviy import qiluvchilar tomonidan tarif kvotasi hajmidan umuman foydalanmaslik toʻgʻrisidagi xabarnomalar asosida tarif kvotasi amal qilish muddati boshlanguniga qadar “birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan qismga oʻtkazilgan tarif kvotasining jami hajmi;

Kqfcum — tarif kvotasining amal qilish davri boshidan hisob-kitob vaqtiga qadar tegishli oylar yakunlari boʻyicha aniqlangan Kqf koʻrsatkichlarining jami hajmi;

Kqfcum = Kqf1 + Kqf2 + ... + Kqfm.

Qanoatlantirilgan soʻrov boʻyicha tegishli hajm joriy rezervdan chiqarilib, foydalanilgan hajm tarkibiga oʻtkaziladi.

Rad etilgan soʻrov boʻyicha joriy rezerv avtomatik ravishda bekor qilinadi va tegishli hajm erkin qoldiqqa qaytariladi.

5-§. Soʻrovlarni rasmiylashtirish va qoidabuzarlik holatlarida choralar qoʻllash tartibi

21. Soʻrovga majburiy tarzda quyidagi hujjatlar elektron shaklda ilova qilinadi:

tashqi savdo shartnomasi (kontrakt);

hisob-faktura (invoys) va (yoki) yuk hujjatlari;

soʻrovga kiritilgan mahsulotlar nomi, ularning TIF TN kodi va tavsifi;

tarif kvotasi mahsulotning maʼlum turiga yoki subkategoriyasiga nisbatan qoʻllangan hollarda ushbu subkategoriyani tasdiqlovchi texnik-parametrik koʻrsatkichlar, jumladan, markasi, tarkibi, oʻlchami, qalinligi, standarti va boshqalar (tarif kvotalarini joriy etish toʻgʻrisidagi eʼlonda koʻrsatiladi).

Mazkur bandda nazarda tutilgan hujjatlar mavjud boʻlmaganda, soʻrov rad etiladi.

22. YAAAT tomonidan roʻyxatga olingan va koʻrib chiqishga qabul qilingan soʻrovlar boʻyicha talablarni buzgan talabgorlarga nisbatan quyidagi choralar qoʻllanadi:

a) talabgor tomonidan talablar ahamiyatsiz darajada buzilgan taqdirda, yozma ogohlantirish beriladi.

Ahamiyatsiz buzilishlarga quyidagilar kiradi:

soʻrovga ilova qilingan hujjatlar, soʻrovning oʻzi yoki bojxona yuk deklaratsiyasida texnik xatolar (imzo, rekvizitlar, miqdor, format, oʻlchov birligi) mavjud boʻlib, biroq mahsulotning TIF TN kodi va tavsifi toʻgʻri koʻrsatilgan, mazkur xatolar mahsulotni identifikatsiya qilishga va tarif kvotasi qoʻllanishiga bevosita taʼsir koʻrsatmagan hamda ular qisqa muddatda talabgor tomonidan bartaraf etilgan boʻlsa;

“my.gov.uz” tizimiga hujjatlarning notoʻgʻri formatda yoki sifatsiz skan koʻrinishda yuklanishi, biroq mazkur hujjatlar mazmuni oʻzgarmagan holda qayta taqdim etilgan boʻlsa;

bojxona yuk deklaratsiyasida aniqlangan kamchiliklar talabgorga (yoki brokerga) maʼlum qilinganidan soʻng, ularni belgilangan muddatda bartaraf etish boʻyicha bir martalik kechikish, biroq bu holat kvotani asossiz band qilish yoki ataylab notoʻgʻri maʼlumot taqdim etish alomatlarini oʻz ichiga olmasa;

b) talabgor tomonidan talablar qoʻpol ravishda buzilgan taqdirda, vakolatli organ bunday talabgorni 12 oygacha boʻlgan muddatga keyingi tarif kvotalari taqsimotlarida ishtirok etishdan cheklash huquqiga ega.

Talablarning qoʻpol buzilishlariga quyidagilar kiradi:

ketma-ket ikki marta yoki turli vaqtlarda ikki martadan ortiq hollarda notoʻgʻri maʼlumot taqdim etish;

hujjatlarni soxtalashtirish;

tarif kvotasi hajmini haqiqiy ehtiyoj va mahsulotni olib kirish maqsadisiz band qilib olish, shu jumladan, buning natijasida boshqa talabgorlarning tarif kvotasidan foydalanish imkoniyatini cheklash;

tarif kvotasi doirasida ajratilgan hajm boʻyicha mahsulotni asosli sabablarsiz belgilangan muddatlarda olib kirmaslik, shuningdek, kvotadan foydalanish niyati yoki imkoni mavjud emasligi haqida belgilangan muddatda Bojxona qoʻmitasini xabardor qilmaslik.

Cheklov muddati talablar buzilishining xususiyati va ogʻirlik darajasidan kelib chiqib belgilanadi.

23. Bojxona qoʻmitasi kvota soʻrovlari boʻyicha xavf tahlilini oʻtkazadi. Kvota hajmidan foydalanish jarayonida asossiz rezerv qilish, takroran bajarilmaydigan yoki rad etiladigan soʻrovlar yuborish, qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻzaro bogʻliq shaxslar tomonidan kvotani egallashga urinish, shuningdek, ayrim TIF TN kodlari boʻyicha qisqa muddat ichida noodatiy talab yuzaga kelishi alomatlarini aniqlaydi va ushbu Nizomning 22-bandida nazarda tutilgan choralarni qoʻllash boʻyicha vakolatli organga taklif kiritadi yoki vakolatli organni xabardor qilgan holda qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa choralarni koʻradi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

24. Ushbu Nizomni qoʻllash jarayonida yuzaga keladigan nizolar amaldagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

25. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Tarif kvotalarini joriy etish va maʼmuriy boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Tarif kvotalarini joriy etish tartibi

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Tegishli vazirlik, idora yoki tadbirkorlik subyekti Tarif kvotasini joriy etish boʻyicha tashabbusni kiritish Zaruratga koʻra 2-bosqich Masʼul organ Tashabbus haqida vakolatli organni yozma ravishda xabardor qilish hamda tarif kvotasini joriy etish boʻyicha taklifni ishlab chiqish uchun birlamchi va tahliliy maʼlumotlarni yigʻishni boshlash 1 ish kunida xabardor qilish 5 ish kunida maʼlumotlarni yigʻishni boshlash 3-bosqich Masʼul organ Tegishli maʼlumotlarni yigʻib olgandan soʻng taklifni Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan kelishish uchun yuborish 3 ish kunida 4-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi Tarif kvotasini joriy etish boʻyicha xulosalarni taqdim etish 5 ish kunida 5-bosqich Masʼul organ Olingan xulosalar asosida konsolidatsiyalashgan takliflarni ishlab chiqish va vakolatli organga kiritish 5 ish kunida 6-bosqich Vakolatli organ Konsolidatsiyalashgan taklifni koʻrib chiqish va tarif kvotasini joriy etish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish 10 ish kunida 7-bosqich Masʼul organ Qabul qilingan qaror yuzasidan tegishli bildirishnomani taqdim etish 2 ish kunida 8-bosqich Bojxona qoʻmitasi Qaror toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni eʼlon qilish 2 ish kunida

Tarif kvotalarini joriy etish va maʼmuriy boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

“Aralash taqsimot” usuli qoʻllanganda anʼanaviy import qiluvchilar roʻyxati, umumiy hajmlari va oylar boʻyicha ajratilgan hajmlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar

T/r Tashqi savdo faoliyati ishtirokchisining nomi Mahsulot nomi va TIF TN kodi Ajratilgan umumiy tarif kvotasi hajmi * Oylar boʻyicha taqsimlangan tarif kvotasi hajmlari * 1. …… …… 1-oy — ……, 2-oy — ……, 3-oy — ……, 4-oy — ……, 5-oy — ……, 6-oy — ……, 7-oy — ……, 8-oy — ……, 9-oy — ……, 10-oy — …, 11-oy — ……, 12-oy — … 2. …… …… 1-oy — ……, 2-oy — ……, 3-oy — ……, 4-oy — ……, 5-oy — ……, 6-oy — ……, 7-oy — ……, 8-oy — ……, 9-oy — ……, 10-oy — …, 11-oy — ……, 12-oy — … 3. …… …… 1-oy — ……, 2-oy — ……, 3-oy — ……, 4-oy — ……, 5-oy — ……, 6-oy — ……, 7-oy — ……, 8-oy — ……, 9-oy — ……, 10-oy — …, 11-oy — ……, 12-oy — … 4. …… …… 1-oy — ……, 2-oy — ……, 3-oy — ……, 4-oy — ……, 5-oy — ……, 6-oy — ……, 7-oy — ……, 8-oy — ……, 9-oy — ……, 10-oy — …, 11-oy — ……, 12-oy — …

Tarif kvotalarini joriy etish va maʼmuriy boshqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

“Birinchi kelgan — birinchi oladi” usuli asosida taqsimlanadigan qism boʻyicha umumiy hajm va foydalanish holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar

T/r Mahsulot nomi va TIF TN kodi Hisob-kitob vaqtidagi umumiy hajm * Foydalanilgan hajm Joriy rezerv qilingan hajm Erkin qoldiq hajmi … …… …… …… …… …… … …… …… …… …… …… … …… …… …… …… …… … …… …… …… …… ……

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-iyuldagi 416-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilayotgan tovarlarga nisbatan tarif kvotalarini qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2021-yil 2-dekabrdagi 728-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Rasmiy statistika faoliyatini tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlarni tizimlashtirish toʻgʻrisida” 2025-yil 6-oktabrdagi 627-son qaroriga 3-ilovaning 66-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 29-iyul,

416-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.07.2026-y., 09/26/416/0799-son)

lex.uz