📅 2026-yil 31-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 31-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 31 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 июля 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 July 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ
Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Республикадаги давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларида таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қўриқлаш тизимларини такомиллаштириш ва ушбу соҳани тартибга солувчи қонунчиликни замонавий талабларга мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлигини таъминлаш, уларда қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлик тизимларини такомиллаштириш ва «Хавфсиз таълим» концепциясини 2026-2027 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотларининг филиаллари (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари) ҳудудида таълим-тарбия жараёни иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашни ташкил этишга таълим ташкилотлари раҳбарияти масъул ҳисобланади.
3. Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, таркибида таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар Ички ишлар вазирлиги талабларига асосан босқичма-босқич давлат таълим муассасаларининг қўриқлаш ва хавфсизлик тизими учун юқори тезликдаги телекоммуникация хизматларидан белгиланган тартибда фойдаланилишини таъминласин.
Бунда:
Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан давлат таълим муассасаларида мавжуд Интернет тармоғига таъсир этмайдиган алоҳида алоқа канали (махсус канал) ташкил этилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари мазкур алоқа канали хизматлари учун харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ўз вақтида тўланишини таъминлаб боради.
4. Ички ишлар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, таркибида таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда давлат таълим муассасаларига қўриқлаш сигнализациялари, «ташвиш» тугмалари «Хавфсиз таълим» концепциясига мувофиқ босқичма-босқич ўрнатилишини ҳамда уларнинг шартнома асосида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг Ахборот-таҳлил ва мониторинг марказига интеграция қилинишини таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда серқатнов йўллар ёқасида жойлашган, атрофида йўл-транспорт ҳодисалари содир этилаётган таълим ташкилотлари таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг хавфсиз келиб-кетишларини таъминлаш мақсадида пиёдалар юришлари учун қулайлик яратилган «яшил йўлаклар» ташкил этиш, ушбу ташкилотлар атрофида транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш чораларини кўрсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 июлдаги 425-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлигини таъминлаш, уларда қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг, шу жумладан, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, касбий таълим, олий таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари) қўриқланишини, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, қўриқлашнинг техник воситалари, ёнғин сигнализацияси ва видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш тартиби, қоидалари ва усулларини белгилайди.
2. Ушбу Низом талаблари мактабгача таълим муассасаларига ҳамда хавфсизликни таъминлашда алоҳида идоравий стандартлар ва талабларга эга бўлган таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиаллари хавфсизликни таъминлаш ва қўриқлаш фаолиятини ташкил этишда ихтиёрий равишда ушбу Низомдан фойдаланиши мумкин.
3. Таълим ташкилотларининг қўриқланишини, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг соғлигини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш учун бевосита таълим ташкилотларининг раҳбари жавобгар бўлади.
2-боб. Таълим ташкилотларини қўриқлаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш
1-§. Таълим ташкилотларини тоифаларга ажратиш мезонлари
4. Таълим ташкилотлари ўқувчилар ва талабалар сонидан келиб чиққан ҳолда, қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун алоҳида тоифаларга ажратилади.
5. Мактабларнинг тоифалари қуйидагича белгиланади:
биринчи тоифа — ўқувчилари сони 3000 дан кўп бўлган мактаблар;
иккинчи тоифа — ўқувчилари сони 1500 тадан 3000 тагача бўлган мактаблар;
учинчи тоифа — ўқувчилари сони 300 тадан 1500 тагача бўлган мактаблар;
тўртинчи тоифа — ўқувчилари сони 300 тагача бўлган мактаблар.
6. Олий таълим, касбий ва ўрта махсус таълим ташкилотлари (корпуслари) тоифалари қуйидагича белгиланади:
биринчи тоифа — ўқувчи, талабалари сони 1 000 дан юқори бўлган таълим ташкилотлари ёки алоҳида корпуслар;
иккинчи тоифа — ўқувчи, талабалари сони 500 дан 1 000 тагача бўлган таълим ташкилотлари ёки алоҳида корпуслар;
учинчи тоифа — ўқувчи, талабалари сони 500 тагача бўлган таълим ташкилотлари ёки алоҳида корпуслар.
7. Ўқув йили бошланишидан бир ой олдин Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги), Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти (кейинги ўринларда — Қўриқлаш департаменти) ва тегишли таълим ташкилоти маъмурияти вакиллари иштирокида таълим ташкилотларининг хавфсизлиги ўрганилади ҳамда улар тоифаларга ажратилади.
8. Таълим ташкилотларини ўрганишда қуйидагиларга алоҳида эътибор берилиши лозим:
таълим ташкилотининг қўриқлаш ва хавфсизлик тизими ҳолатига, шунингдек, хавфсизлик тизимига рақамли технологиялар жорий этилганига;
таълим ташкилоти атрофида транспорт ва пиёда ҳаракати тартибга солинганига;
таълим ташкилотида фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ҳамда қутқарув (фуқаро муҳофазаси) тузилмалари фаолияти ташкил этилганига.
9. Таълим ташкилотларининг тоифаси уларнинг жойлашган жойи (серқатнов йўл ёқалари, гавжум жойлар — бозорлар, автостанциялар ва бошқалар, йирик ишлаб чиқариш объектлари яқинида) ҳамда мавжуд хавф-хатарлардан (таълим ташкилоти атрофидаги криминоген вазиятнинг оғирлиги, муқаддам таълим ташкилотида, унга нисбатан жиноий тажовузлар содир этилгани) келиб чиққан ҳолда ўзгартирилиши мумкин.
2-§ Таълим ташкилотларида назорат-ўтказиш режими ва ички режим
10. Назорат-ўтказиш режими таълим ташкилотлари ҳудудларига таълим-тарбия жараёни иштирокчилари, транспорт воситаларининг кириши (чиқиши), товар-моддий бойликларни олиб кириш ва олиб чиқишни назорат қилиш тартибини таъминлайдиган қоидалар тўпламидан, ички режим белгиланган таълим ташкилотларида фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги ва ички тартиб тадбирлари ҳамда қоидаларини амалга ошириш тартибидан иборат бўлади.
11. Таълим ташкилотларида назорат-ўтказиш режимини таъминлаш учун назорат-ўтказиш жойи ташкил этилади.
12. Таълим ташкилотлари ҳудудига бегона шахсларнинг, шу жумладан, ўқувчи, талабаларнинг ота-оналари, таълим-тарбия жараёнини ўрганиш учун келган шахслар фақат таълим ташкилоти маъмуриятининг рухсати билан маъмурият вакилларининг кузатуви остида назорат-ўтказиш жойи орқали киради.
13. Таълим ташкилотлари ҳудудига (биносига) шахсларнинг белгиланмаган жойлардан кириши тақиқланади, автотранспорт воситаларининг кириши эса қатъий равишда чегараланади, махсус транспорт воситалари бундан мустасно.
14. Мактабларда дарс вақтида мактаб ҳудуди ичкари томондан осон очилиши таъминланган ҳолда ёпиб қўйилади ва зарурат (фавқулодда вазиятлар, терористик ва жиноий тажовузлар) юзага келмаса, таълим-тарбия жараёни иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг кириши тақиқланади.
15. Ҳар бир таълим ташкилотида Назорат-ўтказиш ва ички режим низоми таълим ташкилотининг тоифаси, жойлашуви, ўзига хосликларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида ишлаб чиқилиб, Қўриқлаш департаменти ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли туман (шаҳар) бўлинмаси билан келишилади ҳамда таълим ташкилоти раҳбарияти томонидан тасдиқланади.
16. Назорат-ўтказиш ва ички режим низомига асосан қуйидагилар акс эттирилади:
таълим ташкилоти ҳудудида ўрнатилган ички тартиб, иш куни, сменалар (агар бўлса) вақти;
таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг назорат-ўтказиш ва ички режимни бажаришдаги мажбуриятлари;
таълим ташкилотининг асосий ва захира кириб-чиқиш жойлари;
таълим ташкилоти ҳудудига таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг кириб-чиқиш тартиби, ушбу тартибни назорат қилиб борувчи масъуллар;
бериладиган рухсатномалар (доимий, вақтинча ва бир марталик) турлари ва амал қилиш муддатлари, рухсат бериш тартиби, рухсат бериш ваколатига эга раҳбарларнинг рўйхати ва имзоси намуналари;
товар-моддий бойликларни таълим ташкилоти ҳудудига олиб кириш (олиб чиқиш) ҳамда моддий рухсатномалар ҳисобини юритиш тартиби.
17. Таълим ташкилотлари ҳудудига олиб кирилиши ва ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши тақиқланган воситалар (ашё-буюмлар) рўйхати таълим ташкилотлари маъмурияти томонидан тасдиқланади.
18. Таълим ташкилотларининг назорат-ўтказиш жойи автоматлаштирилган кириб чиқиш бошқарув тизими билан босқичма-босқич жиҳозланади. Бунда таълим-тарбия жараёни иштирокчилари учун 4 тагача ўтиш нуқтасининг ҳар биридан сменада 400 нафар таълим-тарбия жараёни иштирокчиси кириб чиқиши учун битта назорат-ўтказиш жойи ташкил этилади.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўқувчи, талабалар сони 300 тагача бўлган таълим ташкилотларида кириб чиқишнинг турникет тизими жорий қилиниши мумкин.
19. Таълим ташкилотлари асосий (иккиламчи) биноларининг қўриқлашнинг техник воситалари, ёнғин сигнализацияси, периметр, майдонлар, бино йўлакларидаги видеокузатув воситалари қўриқлаш постидаги кичик сиғимдаги жамлагич ва видеомониторга уланади.
3-боб. Таълим ташкилотларини қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари, видеокузатув ҳамда хавфсизлик тизимлари билан жиҳозлаш тартиби
1-§. Жиҳозлашнинг умумий қоидалари
20. Таълим ташкилотларининг ишончли қўриқланиши, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга мазкур тадбирлар учун ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан таълим ташкилотлари қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари, видеокузатув ҳамда хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланади.
21. Ушбу Низом талабларининг бажарилиши тегишли қўриқлаш бўлинмаси томонидан назорат қилинади.
22. Таълим ташкилотларида назорат-ўтказиш режими ва ички режимни таъминлаш мақсадида киришни назорат қилиш ва бошқариш, видеокузатув ва хабардор қилиш тизимлари қўлланади.
23. Маданий мерос объектларида жойлашган таълим ташкилотларини қўриқлашнинг техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар тегишли қўриқлаш бўлинмаси ва объект маъмурияти томонидан лойиҳаолди ўрганишларда белгиланади. Мазкур таълим ташкилотларини ҳимоя қилиш ишончлилигини заифлаштирмаган ҳолда, ушбу Низом талабларидан четга чиқиш ва ностандарт техник ечимлардан фойдаланишга йўл қўйилади.
2 - §. Таълим ташкилотларида қўриқлашнинг техник воситаларини монтаж қилиш ишларини лойиҳалаштириш
24. Таълим ташкилотларида қўриқлашнинг техник воситаларини монтаж қилиш ишлари буюртмачи томонидан тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ва ишлаб чиқарувчиларнинг техник ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
25. Лойиҳалаштириш ишлари ШНҚ 2.04.09-21 «Бино ва иншоотларнинг ёнғин автоматикаси тизими лойиҳалаш талаблари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда бошқа бошқарув ва раҳбарий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бажарилади.
26. Лойиҳа-смета ҳужжатлари қуйидаги ҳужжатлар тўпламини ўз ичига олади:
таълим ташкилотини ўрганиш далолатномаси;
лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича техник топшириқ;
тушунтириш хати;
умумий маълумот;
таълим ташкилотида қўриқлашнинг техник воситаларини ўрнатиш жойлари, қувурлар, кабеллар ва симларни жойлаштириш чизмалари;
сигнализация шлейфлари ва қўриқлашнинг техник воситаларини боғловчи симларни улаш чизмалари (ҳар бир сигнализация тури учун бирлаштирилган ёки алоҳида);
тизимнинг умумий уланиш схемаси (ҳар бир сигнализация тури учун бирлаштирилган ёки алоҳида);
қўриқлашнинг техник воситаларини электр манбаига улаш схемалари;
қўриқланаётган хоналарда қўриқлашнинг техник воситаларини ўрнатиш схемалари;
таълим ташкилотининг алоҳида конструкцияларини (деразалар, эшиклар, ҳаво каналлари, деворлар ва бошқалар) блокировка қилиш схемалари;
қўриқлаш хонасида қурилмаларни ўрнатиш схемаси;
электр таъминотига уланиш схемаси (жадвал);
қўриқлашнинг техник воситалари «ташвиш» хабарини узатиш вақтида доимий токни сарфлаш ҳисоб-китоби (захира қувват манбаини танлаш);
қурилмаларнинг ўзига хос хусусиятлари;
қўриқлашнинг техник воситаларини дастурлаш учун дастлабки маълумотлар жадвали;
ностандарт ечимлар, конструкциялар ва жиҳозлар умумий кўринишининг чизмалари.
27. Лойиҳа-смета ҳужжатлари Қўриқлаш департаментининг тегишли туман (шаҳар) бўлинмаси билан келишилади.
28. Таълим ташкилотларини ўрганиш далолатномасини тузиш учун буюртмачи, Қўриқлаш департаментининг ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли туман (шаҳар) бўлинмаси ва зарур ҳолларда монтажчи ташкилот вакилларидан иборат комиссия тузилади.
29. Таълим ташкилотларини ўрганиш далолатномаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
таълим ташкилотининг тоифаси;
жами синфхоналар сони ва сиғими;
аудиториялар, заллар сони ва сиғими (мавжуд бўлса);
таълим ташкилотининг тузилиши (ўзига хос хусусиятлари, товар-моддий бойликларни сақлаш жойлари, қўриқловга олинадиган хоналарнинг сони);
таълим ташкилотини қўриқлаш тури;
таълим ташкилотининг назорат-ўтказиш жойлари, жиҳозланиши;
таълим ташкилотига рухсатсиз кириш имкониятини берувчи заиф жойлар ва қурилиш конструкциялари (деразалар, эшиклар, туйнуклар, деворлар, шифтлар, технологик тешиклар, каналлар ва бошқалар);
таълим ташкилотининг заиф жойлари ва иншоотларини қўриқлаш ва «ташвиш» сигнализацияси воситалари билан жиҳозлаш усуллари ҳамда уларнинг сони;
қўриқлаш, ташвиш, киришни назорат қилиш, бошқарув ва видеокузатув тизимларининг таркиби;
қозонхона ва ошхоналар ҳақидаги маълумотлар (мавжуд бўлса);
ёнғин ва фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизими;
товар-моддий бойликлар сақланадиган хоналар (кассалар, компьютер хоналари, махсус жиҳозланган бошқа хоналар).
Бино ва иншоотларнинг муҳандислик-техник мустаҳкамлиги етарли бўлмаган тақдирда, таълим ташкилотини ўрганиш далолатномасига илова шаклида таълим ташкилотининг муҳандислик-техник мустаҳкамлигини янада мустаҳкамлаш бўйича топшириқ киритилади.
30. Монтаж ишлари жараёнида лойиҳа ҳужжатларидан ёки ўрганиш далолатномасидан асосли оғишларга (ўзгартиришлар, тузатишлар киритиш) фақат буюртмачи ва ушбу ҳужжатларни тасдиқлашда иштирок этувчи тегишли ташкилотларнинг рухсати мавжуд бўлганда йўл қўйилади.
31. Таълим ташкилотини ишга тушириш якунида фойдаланишга қабул қилиш далолатномасини имзолашдан олдин таълим ташкилоти раҳбари Қўриқлаш департаментининг тегишли туман (шаҳар) бўлинмасига якунланган лойиҳа ҳужжатлари тўпламининг нусхаларини тақдим қилади.
32. Хавфсизлик тизимларининг таркибий қисмлари ва ишлаш хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар (техник топшириқлар, лойиҳалар, ўрганиш далолатномалари, фойдаланишга қабул қилиш, схемалар ва дастурий таъминотлар бўйича низомлар ва бошқа ҳужжатлар) билан танишиш қатъий тартибга солинади.
3-§. Таълим ташкилотларини муҳандислик-техник мустаҳкамлаш
33. Периметр ва ҳудуднинг алоҳида жойларини тўсишда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:
тўсиқ одамлар (ҳайвонлар)нинг тасодифий ўтишини, транспорт воситалари кириб келишини истисно қилиши ёки назорат-ўтказиш жойини четлаб ўтиб, қўриқланадиган ҳудудга бегона шахсларнинг киришига тўсқинлик қилиши;
тўсиқлар бир текис, минимал бурилишлар билан ўрнатилган, кузатувни чекламайдиган ва қўриқлашнинг техник воситаларидан фойдаланишни қийинлаштирмайдиган бўлиши;
тўсиққа периметрнинг давоми бўлган бинолардан ташқари ҳеч қандай иншоотлар туташмаслиги, ушбу бинолар биринчи қаватларининг қўриқланмайдиган ҳудудга қарайдиган деразалари металл панжаралар, лозим бўлганда эса, металл тўр билан жиҳозланиши;
тўсиқда тирқишлар, тешиклар ва бошқа шикастланишлар, шунингдек, қулфланмайдиган дарвозалар ва эшиклар бўлмаслиги;
эшиклар ва дарвозаларнинг ичкаридан эркин очилиш имконияти яратилган бўлиши;
таълим ташкилотининг асосий тўсиқлари сифатида баландлиги 2 метрдан кам бўлмаган ғишт, темир-бетон ёки темир конструкциялардан фойдаланиш.
34. Таълим ташкилотларига ўрнатиладиган дарвозаларга қуйидаги талаблар қўйилади:
таълим ташкилотлари ҳудудига автотранспорт воситалари кириш жойларига дарвоза ўрнатилади, ҳудуднинг периметри бўйлаб ҳам асосий, ҳам захира ёки фавқулодда вазиятлар учун дарвозалар ўрнатилиши мумкин;
дарвозанинг тузилиши унинг ёпиқ ҳолатда мустаҳкам туришини таъминлаши керак;
автоматик тарзда ва масофадан бошқариш пульти билан бошқариладиган дарвозалар носозлик ёки электр манбаининг узилиш ҳолатларида фавқулодда тўхтатиш ва қўлда очиш мосламалари билан жиҳозланади;
дарвозалар ташқи томондан ўзбошимчалик билан очилишининг (ҳаракатланишининг) олдини олиш учун чекловчи ёки тўхтатувчи мосламалар билан жиҳозланади;
дарвоза ёпилганда қулфлаш ва блокировкалаш мосламалари ташқи таъсирларга етарли даражада қаршилик кўрсатиши ва атроф-муҳит ҳароратининг кенг диапазонида (-40 дан +50 °C гача), сув, қор, дўл, қум, юқори намлик ва бошқа омилларнинг тўғридан-тўғри таъсирда ҳам ишлаши керак;
дарвоза баландлиги 2 метрдан ва қалинлиги 2 мм дан кам бўлмаган темир қопламадан ёки қалинлиги 1,6 см дан, оралиқ масофаси эса 15×15 см дан кам бўлмаган темир панжаралардан ясалади.
35. Эшик конструкцияларига қуйидаги талаблар қўйилади:
таълим ташкилотлари биноси ва хоналаридаги эшик, дераза ҳамда чордоқ дарчалари доим соз ҳолатда ҳамда мустаҳкам ўрнатилган бўлиши лозим;
синф хоналарининг эшиклари ичкаридан қулфланадиган ва ташқаридан очиладиган қулф билан жиҳозланиши зарур;
икки тавақали эшикларнинг бир тавақасининг юқори ва пастки қисмлари иккита зулфин (илгак) билан жиҳозланади. Зулфинлар кесими 10 см дан, унинг кирадиган тешиги чуқурлиги 3 см дан кам бўлмаслиги зарур;
таълим ташкилотларининг кириш эшиклари камида иккита, ўзи беркилиб қолмайдиган, ички электр механик ёки механик қулф билан жиҳозланади. Қулфлар бир-биридан камида 30 см оралиқда ўрнатилади. Эшик ёғоч, темир ёки замонавий ойнаванд материаллардан ишланиши мумкин;
товар-моддий бойликлар сақланадиган хоналарнинг ёғочдан ясалган эшик тавақаларининг атрофини 4.5×2.8×0.4 см ўлчамдаги бурчакли темир гардиш билан мустаҳкамлаш тавсия этилади. Эшик кесакиси диаметри 1 см, узунлиги эса 12 см дан кам бўлмаган темир қозиқлар ёрдамида деворга ўрнатилади;
асосий эшик аудио-видео домофон ёки бошқа турдаги техник воситалар билан жиҳозланиши мумкин;
эшикларга темир панжара ва бошқа муҳандислик-техник эвакуация йўлларини тўсувчи ускуналар ўрнатилганда, фавқулодда вазиятларда эвакуация йўлаклари кенгликлари камайишига йўл қўйилмаслиги ва ўз вақтида очилиши таъминланиши лозим;
темир панжарали эшиклар диаметри 1,6 см дан кам бўлмаган ва катаклари 15×15 см дан ортиқ бўлмаган, ҳар қисмида пайвандланган темир панжаралардан ясалади. Темир панжарали эшик периметри 3.5×3.5×0.4 см дан кам бўлмаган ўлчамдаги бурчакли темир гардиш билан мустаҳкамланади;
объектларда ертўла эшиклари ва чордоқ дарчалари яхлит металлдан ясалган ҳамда қулфлар билан ёпилиши лозим;
эшиклар конструкцияси таълим ташкилотлари хоналарининг ишончли ҳимоясини таъминлаши ва бузиш ҳаракатларига қарши етарли ҳимоя даражасига эга бўлиши шарт.
36. Дераза конструкцияларига қуйидаги талаблар қўйилади:
таълим ташкилотларининг барча хоналаридаги дераза ва дарчаларга ойна ўрнатилиб, улар ишончли ва соз ҳолатда қулфлаш мосламаси билан жиҳозланиши керак. Ойналар яхлит бўлиши ва дераза кўзларига мустаҳкам ўрнатилиши шарт;
таълим ташкилотларида касса хоналари мавжуд бўлган тақдирда, улар ўлчами 20×30 см бўлган махсус дарча (бузилиши, синдирилиши қийин мустаҳкам материаллар, қалинлиги 0,6 — 0,8 см дан кам бўлмаган ойналар ёки зирҳли ойналар) билан жиҳозланиши лозим. Агар дарча юқорида кўрсатилган ўлчамлардан катта бўлса, у сиртқи томонидан ҳимоя конструкциялари билан мустаҳкамланади. Махсус дарча ичкари томонидан қулф ёки илгак билан беркитилади. Ушбу касса хоналари техник қўриқлаш марказлари қўриқловига топширилиши шарт;
касса хонасида сейфлар ва металл шкафларнинг вазни 1 тоннадан кам бўлганда, улар деворга ёки полга анкер болтлари ёрдамида маҳкамланади ёки девор орасига ўрнатилади;
бинонинг биринчи қаватида махсус хоналар, касса хоналари, ахборот-компьютер технологиялари хоналари ва архив хонаси жойлашган ҳолларда, уларнинг деразалари ҳамда ертўла ва чордоқ деразалари темир панжаралар билан жиҳозланиши шарт;
бошқа хоналар деразаларига темир панжаралар уларда товар-моддий бойликлар сақланишидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилади. Кўрсатилган хоналарга темир панжаралар далолатнома асосида ўрнатилади;
деразалар таълим ташкилотлари хоналарининг ишончли ҳимоясини таъминлаши ва бузиш ҳаракатларига бардош берадиган ҳимоя даражасига эга бўлиши лозим;
таълим ташкилотларининг синфхонаси, аудиторияси, заллари деразаларига панжара ўрнатилса, улар фавқулодда вазиятларда таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг хоналардан эвакуация қилиниши учун ичкаридан очиладиган (икки томонга очиладиган, сурилиб очиладиган) бўлиши лозим.
37. Қулфлаш мосламаларига қуйидаги талаблар қўйилади:
эшик ва деразаларда беркитадиган мосламалар сифатида ўрнатиладиган ўйма қулф, осма ва ёпиштирма, ўзи бекилмайдиган қулфлар, зулфинлар, сурма зулфин, илгак ва бошқалар қўлланади;
осма қулфлар асосан қўшимча равишда эшикларни, панжараларни, дераза эшикларини, жалюзиларни ва бошқаларни беркитиш учун қўлланади. Ушбу қулфлар, агар уларнинг тобланган пўлатдан банди бўлса ёки асоси мустаҳкам бўлса, шунингдек, уларни ўрнатган жойларда беркитиладиган қурилмаларда қулф қулоқчалари ва бандларини арралаш ёки буралиб шикастланиш имконининг олдини оладиган ҳимоя қопламаси, пластинаси ва бошқа мосламалари бўлса, етарли даражада (ҳимоя жиҳатдан) самарали ҳисобланади;
осма қулф учун қулоқчалар кесими 0,6×4 см дан кам бўлмаган пўлатдан бўлиши лозим;
ёпиштирма қулфлар эшикка болтлар билан қотирилиши лозим. Болтлар эшикдан ўтказилиб, хонанинг ички томонидан шайба ва гайка ёрдамида қотирилади;
захира чиқиш йўлларининг дераза панжаралари ва эшикларидаги қулфларнинг калитлари бевосита яқин жойда ёки махсус ажратилган хонада (қўриқлаш хоналарида) муҳрланган қутилар ва шкафларда сақланади.
4-§. Таълим ташкилотларини қўриқлашнинг техник воситалари билан жиҳозлаш
38. Таълим ташкилотларининг ишончли қўриқланишини, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун муҳандислик-техник воситалар билан биргаликда қўриқлашнинг техник воситалари қўлланади.
39. Таълим ташкилотлари хоналари қўриқлашнинг техник воситалари билан техник жиҳатдан мустаҳкамлик бўйича ишлар амалга оширилганидан кейин мазкур Низом талабларига мувофиқ жиҳозланади.
40. Таълим ташкилотларининг товар-моддий бойликлар сақланадиган жойлари (компьютер техникаси мавжуд хоналар, касса, махсус қисм ва бошқа) қўриқлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланади.
41. Қўриқлаш сигнализация воситалари таълим ташкилотларининг ягона қўриқлаш техник воситалари комплексига бирлаштирилади. Қўриқлаш техник воситалари комплексининг таркибий қисмларидан ахборотлар таълим ташкилотларининг қўриқлаш хонасида ўрнатилган марказий назорат пультига ёки алоҳида пультлар бошқаруви тизимига узатилади.
42. Таълим ташкилотларининг ички қўриқлаш пультлари қўриқлаш хоналари, қўриқлаш пости, сервер хонаси ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланган махсус хоналарга жойлаштирилади.
Таълим ташкилотлари биносининг қўриқлаш тизимининг таркибига қараб, бошқарув пультлари сифатида кичик, ўрта ва катта ҳажмдаги (жамлагич) қабул-назорат ускуналари, микропроцессорли панеллар ҳамда маълумотлар узатиш тизимидан фойдаланилади.
43. Таълим ташкилотлари биносидаги ташвиш сигнализацияси тизимидан тушган хабарлар бир вақтнинг ўзида таълим ташкилотларининг хавфсизлик хизматига узатилади.
44. Товар-моддий бойликлар сақланадиган хоналарга ҳаракатни сезувчи ҳажмли қўриқлаш хабаргоҳлари (хонанинг 30 м 2 майдонига битта ҳажмли қўриқлаш хабаргоҳи ҳисобида) ўрнатилади.
45. Махсус қисм ва ахборот-компьютер технологиялари хоналари (сервер хоналари, маълумотлар қайта ишлаш марказлари) қўриқлаш сигнализациясининг иккита ҳимоя тўсиғи билан жиҳозланади.
Биринчи ҳимоя тўсиғи хонанинг периметрини ҳимоя қилади. Хонага кириш эшиги ҳамда деразалар мавжуд бўлганда, улар дераза, эшик очилиши ва ойна синишини қайд этиш хабаргоҳлари билан жиҳозланади.
Иккинчи ҳимоя тўсиғи хонанинг ҳажмини ҳимоя қилади. Бунинг учун эса ҳажмни қўриқлаш хабаргоҳлари қўлланади.
46. Қўриқлаш сигнализациясининг иккита ҳимоя тўсиғи алоҳида шлейфлар билан қўриқлаш сигнализацияси жамлагичига уланади.
47. «Ташвиш» хабарини бериш воситалари сифатида ўзидан ўзи ишлаб кетмайдиган тугмалар, педаллар, электр-контактли ва магнитли қабул қилувчи ва узатувчи қурилмалардан фойдаланилади.
48. «Ташвиш» сигнализацияси тугмалари таълим ташкилотларининг қўриқлаш наряди хонасидан ташқари ҳар бир ўқув биносининг барча қаватларидаги йўлакларда, 1,6 метрдан кам бўлмаган баландликда ўрнатилиб, сигнализациянинг барча шлейфлари ўчирилиши ман этилган алоҳида жамлагичга уланиши лозим.
49. «Ташвиш» сигнализацияси тизимининг жамлагичи шартнома асосида техник қўриқлаш марказига уланади.
5-§. Қўриқлашнинг техник воситаларини монтаж қилишга ва электр таъминотига қўйилган талаблар
50. Таълим ташкилотларида ўрнатилган барча қўриқлаш техник воситалари шлейфлари чироқ ва товуш сигналларини берувчи назорат панелларига ёки кичик ҳажмдаги жамлагичларга (қўриқлаш хонасида) уланади. Қўриқлашнинг техник воситалари шлейфлари уларнинг бутун узунлиги давомида автоматик назоратни таъминлаши шарт.
51. Қўриқлашнинг техник воситалари шлейфларининг симлари товар-моддий бойликлар сақланадиган хоналарда қуйидаги тартибда ўрнатилади:
пластмасса қувурларда яширилган ҳолатда ёки деворга ўрнатилган қутиларда;
пластмасса қувурларда яширилган ҳолатда ёки очиқ услубда осма шифтнинг устида жойлашган қути ва лотокларда;
хона полининг тагида, бетон қоришмасининг 2 см дан кам бўлмаган чуқурликдаги пластмасса қувурларида.
52. Симларни ва кабелларни очиқ усулда ўтказиш пол сатҳи ёки хизмат майдонидан 2 метрдан кам бўлмаган баландликда ва шифтдан 10 см дан кам бўлмаган оралиқда бажарилади.
53. Қўриқлашнинг техник воситаларини электр қуввати билан марказлаштирилган ҳолда таъминлашда, захира таъминоти манбалари қўриқлаш хоналарида ёки бошқа махсус қўриқланаётган хоналарда ўрнатилади.
54. Қўриқлашнинг техник воситалари ва ускуналарининг узлуксиз ишлаши учун уларнинг электр қувват таъминоти автоном аккумулятор батареялари билан таъминланади (электр тармоғидан автоматик тарзда қўшимча равишда қувватлантириш билан).
Аккумуляторларнинг электр сиғими қўриқлашнинг техник воситаларининг автоном ишлашини 12 соат, «ташвиш» тартибида эса 3 соат давомида таъминлаши шарт.
6-§. Киришни назорат қилиш ва бошқариш тизими
55. Таълим ташкилотларининг асосий кириш жойи замонавий технологияларни қўллаган ҳолда, кириш-чиқишни назорат қилиш тизимлари билан жиҳозланади. Унда қайд этиладиган маълумотлар камида 3 ой сақланиши лозим.
56. Кириш-чиқишни назорат қилиш ва бошқариш тизими биометрик белгилар (бармоқ излари, кўз гавҳари ва бошқа белгилар) комбинацияси асосида шахсни идентификация қилиш йўли билан амалга оширилиб, таълим ташкилотлари ҳудудларига рухсатли кириб-чиқишни таъминлайди.
57. Кириш-чиқишни назорат қилиш ва бошқариш тизими қуйидагилардан иборат:
тўсиш конструкцияси ва бажарувчи қурилмаси таркибидаги бошқариладиган тўсиш қурилмасидан;
солиштириб ўқиш ва идентификатор таркибидаги идентификация белгиларини киритиш қурилмасидан;
ускуналар ва дастурлаш воситалари таркибидаги бошқарув қурилмасидан.
58. Кириш-чиқишни назорат қилиш жойлари идентификация белгиларини солиштириб ўқийдиган ва бошқариладиган тўсиш қурилмалари билан жиҳозланади.
59. Кириш-чиқишни назорат қилиш ва бошқариш тизими қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:
идентификация белгиларини солиштириб ўқиганда, белгиланган вақт оралиғида рухсат этилган ҳудудга (хонага) кириш учун бошқариладиган тўсиш қурилмасининг очилишини ёки киришни назорат қилиш ва бошқариш тизими операторининг рухсати билан очилишини;
идентификация белгиларини солиштириб ўқиганда, белгиланган вақт оралиғида кириш рухсат этилмаган ҳудудга (хонага) кириш учун бошқариладиган тўсиш қурилмасининг очилмаслигини;
бошқарув қурилмаларида идентификация белгиларининг рухсатли (қўшиш, олиш) ўзгартирилишини ва уларни рухсат этилган ҳудудга (хонага) кириш вақти оралиғи билан боғлашни;
бошқарув қурилмаларини дастурлаш воситаларига рухсатсиз кириб, идентификация белгиларини ўзгартиришдан ҳимоя қилишни;
бошқарув элементлари, тизимларни ўрнатиш ва маълумотларга рухсатсиз киришнинг олдини олишда техник ва дастурлаш воситаларини ҳимоя қилишни;
идентификация белгиларининг маълумот базасини ва созланган кўрсаткичларни сақлаб қолишни;
авария, ёнғин ва техник носозлик ҳолатларида ўрнатилган тизим ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ бошқариладиган тўсиш қурилмаларидан ўтиш учун қўлда, ярим автомат ёки автоматик очилишни;
рухсат берилган идентификация белгилари асосида очилган бошқариладиган тўсиш қурилмаси маълум вақтдан сўнг кириш-чиқиш ҳолати бўлмаганда автоматик равишда ёпилишини;
идентификация белгиларини (кодни) танлашга уринишда бошқариладиган тўсиш қурилмаси ташвиш хабарини беришини (ёки маълум вақт автоматик равишда ишламаслигини);
кундалик ва ташвиш ҳодисаларини рўйхатга олишни ва хотирага ёзишни;
бошқариладиган тўсиш қурилмаларининг бошқарув қурилмалари билан алоқаси узилганда, барча кириш-чиқиш жойларидаги солиштириб ўқийдиган қурилмаларнинг алоҳида ишлашини.
60. Бошқариладиган тўсиш қурилмаси қуйидагиларни таъминлаши лозим:
ўтиш жойларининг қисман ёки тўлиқ ёпилишини;
автоматик ва қўлда очилишини (авария ҳолатида);
талаб этилган ўтказиш имкониятини.
61. Идентификация белгиларини киритиш қурилмасининг солиштириб ўқиш воситаси қуйидагиларни таъминлаши лозим:
идентификатордан идентификация белгисини солиштириб ўқишни;
киритилган идентификация белгисини бошқарув қурилмаси хотирасида сақланаётган ёки йиғилган маълумотлар билан солиштиришни;
фойдаланувчи идентификацияланганда (ўхшашлигида), бошқариладиган тўсиш қурилмасининг очилишига сигнал берилишини;
бошқарув қурилмаси билан маълумот алмашинувини;
идентификация белгиларини киритиш қурилмаси ўхшаш белгиларни танлаш ёки териш орқали аниқлаб олишдан ҳимоя қилишини;
идентификаторларнинг тузилиши, ташқи кўриниши, ундаги ёзувлар ва ўқиш воситаси ишлатилаётган кодларнинг очилишига олиб келмаслигини.
62. Бошқарув қурилмаси қуйидагиларни таъминлаши лозим:
идентификация белгиларини киритиш қурилмасидан маълумотларни олиш, қайта ишлаш, белгиланган шаклда кўрсатиш ва бошқариладиган тўсиш қурилмасига бошқариш сигналини ишлаб чиқишни;
маълумот базасига таълим рухсатига ташриф буюрувчиларнинг кириш ҳудудларини ифодалаш (коди, кириш вақтининг оралиғи, кириш ҳудуди ва бошқалар) хусусиятига эга маълумотларнинг киритилишини;
рухсат этилган ҳудудга ходимлар ва ташриф буюрувчилар кириб-чиқиши ҳисобининг электрон журналда юритилишини;
кириш ҳудудларида ташвиш ҳолати ҳақидаги маълумотнинг биринчи навбатда берилишини;
бошқариладиган тўсиш қурилмаси, идентификация белгиларини киритиш воситаси ва улар оралиғидаги алоқа тармоқларининг созлиги ва ҳолатининг назорат қилинишини.
63. Киришни назорат қилиш ва бошқариш тизими модуль асосида қурилади ҳамда қуйидагиларни таъминлаши лозим:
бир хил русумдаги техник воситаларнинг ўзаро бир-бирини алмаштиришини;
техник хизмат кўрсатишга, ишлатишга қулайлиги ва таъмирлашга яроқлилигини;
бошқарув элементларига рухсатсиз киришга йўл қуйилмаслигини;
ишлатиш жараёнида созлаш, хизмат кўрсатиш ёки алмаштиришга талаб бўлганда, барча элементларга, қисмлар ва блокларга рухсатли киришни.
7-§. Видеокузатув тизими
64. Видеокузатув тизими таълим ташкилотларини ишончли қўриқлаш ва таълим-тарбия иштирокчиларининг хавфсизлигини қўшимча кучайтириш мақсадида ўрнатилади ҳамда телекамера назорати ҳудудидаги ҳодисалар кеча кундуз назорат қилиниши, видеорегистраторга доимий автоматик тарзда қайд этилишини ҳамда тасвирий маълумотларнинг қўриқлаш хонасига узатилишини таъминлайди. Ушбу тизимни қўллаш ташвиш хабари тушганда унинг турини, бузилиш жойини, ҳуқуқбузарнинг ҳаракат йўналишини аниқлаш ва унга қарши тезкор чора-тадбирларни белгилаш имконини беради.
65. Видеокузатув тизими таркибига қуйидагилар киради:
барча видеокузатув тизимларининг мажбурий қисмлари;
видеокузатув камералари;
видеомонитор;
видеорегистраторлар (Digital Video Recorder, Network Video Recorder, Server);
тармоқ коммутаторлари;
узлуксиз (асосий ва захира) электр токи тармоғи ҳамда автоном узлуксиз қувват манбалари;
алоқа тармоғи;
алоҳида видеокузатув тизимларининг қўшимча қурилмалари;
видеосигналларни бошқариш ва улаш қурилмаси;
ҳаракатни аниқлаш ускунаси;
видеосигналлар йиғиш ускунаси.
66. Таълим ташкилотларида видеокузатув камералари билан қуйидаги жойлар жиҳозланади:
бино атрофидаги ҳудуд;
таълим ташкилотининг майдонлари, стадионлари, визуал назорат қилиш имконсиз жойлари;
назорат-ўтказиш жойи;
асосий кириш жойлари;
ошхона;
«ташвиш» тугмаси ўрнатилган жойлар;
қават йўлаклари.
Бошқа жойларда видеокузатув камералари таълим ташкилотини ўрганиш далолатномасида кўрсатиб ўтилиши мумкин. Видеокузатув камераларини ўрнатиш жойлари видеокузатув тизимини лойиҳалаштириш (жиҳозлаш) техник топшириғига киритилади.
67. Видеокузатув камералари тизим ускуналари билан синхрон ҳолатда ишлаши лозим.
68. Таълим ташкилотларини қўриқлашда замонавий турдаги рақамли видеокузатув тизимлари қўлланади. У ёки бу тизимни ўрнатиш зарур маълумотни узатиш тезлиги, тизим ўрнатилган жойлар, уларнинг ёритилиши ва бошқа хусусиятлар ҳамда эҳтимолий мўлжалларни (одамлар, автотранспорт воситалари ва бошқаларни) ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
69. Видеокузатув камералари таълим ташкилотлари ҳудуди ва бино атрофини назорат қилиш учун мўлжалланган бўлиб, қуёш нуридан ҳимоялайдиган мосламаси бор герметик термоғилофларда бўлиши лозим. Видеокузатув камераларининг объективига куннинг чиқиш ва ботиш нурлари тушмаслигини таъминлаш учун видеокузатув камералари жойнинг горизонтал чизиғига бурчак бўлиб ўрнатилади. Видеокузатув камералари қўл билан тегиниш ва зарар етказиш мумкин бўлмаган ҳолатда ўрнатилиши лозим.
70. Буриладиган видеокузатув камераларини қўллаш, уларнинг умумий сони ва видеорўйхатга олиш каналлари сонининг камайишига олиб келади.
71. Видеокузатув камераларининг кўриш ҳудудининг ёритилганлик даражасига қараб, инфрақизил ёритиш ускуналаридан фойдаланиш мумкин.
72. Видеокузатув камераларидан тушган маълумотларни тасвирлашда узоқ муддат куну-тун ишлаш имконига эга тасвири ўзгармайдиган махсус мониторларни қўллаш лозим.
73. Видеокузатув тизимида замон талабларига мос рақамли видеорегистраторларни (серверларни) қўллаш талаб этилади.
Ушбу қурилмалар таълим ташкилотларининг хавфсизлик хизмати учун ажратилган алоҳида хонага жойлаштирилади. Хона ташқи муҳитдан ҳимояланган, иситиш совитиш тизими билан жиҳозланади.
Таълим ташкилотининг хавфсизлик хизмати хонаси мустаҳкам эшик билан жиҳозланиб, бегона шахслар кириши қатъиян тақиқланади.
Назорат кузатув монитори таълим ташкилотлари хавфсизлик хизмати хонаси ва таълим ташкилоти раҳбари хонасига ўрнатилади.
74. Қўриқланаётган ҳудудга ҳуқуқбузарнинг кириши натижасида ҳосил бўлган ташвиш хабари ва узлуксиз ишлаш тартиби бўйича ҳодисалар видеоархивга ёзиб олинади.
75. Видеоёзув материаллари видеоархивда камида бир ойлик муддатда сақланиши талаб этилади. Видеоёзувларда таълим-тарбия жараёни иштирокчилари ва ташриф буюрувчилар томонидан таълим ташкилоти биносига кириб-чиқиш тартибининг бузилиш ҳолати тасвирлари бўлганда, видеоёзувни сақлаш муддати ушбу таълим ташкилоти раҳбари томонидан белгиланади.
76. Конструктив жиҳатдан видеокузатув тизими модуль принципида қурилади ва қуйидагиларни таъминлайди:
бир хил русумдаги техник воситалар ўзаро бир-бирини алмаштиришини;
техник хизмат кўрсатишга, ишлатишга қулайлиги ва таъмирлашга яроқлилигини;
бошқарув элементларига рухсатсиз киришга йўл қўйилмаслигини;
ишлатиш жараёнида созлаш, хизмат кўрсатиш ёки алмаштиришга талаб бўлганда, барча элементларга, қисмларга ва блокларга рухсатли киришни.
8-§. Фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизими
77. Фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизими (кейинги ўринларда — хабар бериш тизими) таълим ташкилоти ҳудудида ташвиш хабари юзага келганда, содир бўлган ёки яқинлашиб келаётган кутилмаган ҳодисалар (жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар, жиноят содир этишда гумон қилинаётган, қидирувдаги, шубҳали шахслар ва буюмлар, шунингдек, ёнғинлар, авариялар, ҳалокатлар, хавфли табиий ҳодисалар, бошқа табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар) тўғрисида фуқароларни тезкор огоҳлантиришни таъминлайди ҳамда уларнинг ҳаракатларини белгилайди.
Хабар бериш тизими қуйидаги мақсадлар учун икки хил товуш чиқариш имкониятига эга бўлиши лозим:
биринчи товуш — жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар, жиноят содир этишда гумон қилинаётган, қидирувдаги, шубҳали шахслар (биринчи навбатда ўзининг ўта сергаклиги ёки безовталиги билан шубҳа уйғотган, йил фаслига мос бўлмаган ёки бўй-бастига нолойиқ кийимда бўлган, шунингдек, танасида боғланган жойи ва жароҳати бўлганлар) ва буюмлар ҳақидаги хабарларни маълум қилиш учун;
иккинчи товуш — ёнғинлар, авариялар, ҳалокатлар, хавфли табиий ҳодисалар, бошқа табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, мазкур жойга хос бўлмаган тутунлар, ҳидлар, алангалар ва шовқинлар пайдо бўлиш ҳолатлари ҳақидаги хабарларни маълум қилиш учун.
78. Хабар бериш тизими қуйидагиларни таъминлаши лозим:
таълим ташкилоти биноси, хоналари ва ҳудудларида фуқаролар доимий ёки вақтинча бўладиган жойларга товушли сигналларнинг берилиши;
хавфли вазият ҳамда зарур ҳолларда эвакуация йўлларида ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган бошқа ҳаракатлар тўғрисида нутқли овоз билан хабар берилиши.
79. Хабар бериш тизимининг товушли хабари бошқа турдаги товушлардан ажралиб туриши лозим. Хабар бериш воситаларининг сони ва қуввати таълим ташкилоти биносида фуқаролар доимий ёки вақтинча бўладиган барча жойлардан хабарлар эшитилишини таъминлаши зарур.
80. Қўриқланаётган ҳудудда овоз кучайтириш қурилмаларидан фойдаланиш лозим. Улар ёритиш устуни, бино деворлари ва бошқа конструкцияларга ўрнатилиши мумкин. Ҳудудда овозни кучайтириш воситаларининг сони ва тўғри жойлаштирилиши белгиланганда, нутқли хабарларни аниқ ва тушунарли узатилишини таъминловчи овоз кучайтириш воситаларини синовдан ўтказиш йўли билан ҳар бир участкада битта 10 V дан кам бўлмаган овоз бериш воситаларини ўрнатиш кўзда тутилади.
81. Хабар бериш воситаларида овозни баланд-паст қилиш имконияти бўлмаслиги ва уларнинг уланиш жойлари ҳимояланган бўлиши керак.
82. Хабар бериш тизими алоҳида ҳолларда таълим ташкилотининг радиоэшиттириш тармоғи билан биргаликда лойиҳалаштирилиши мумкин.
83. Хабар бериш тизимини бошқариш қўриқлаш хонаси, диспетчер ва бошқа махсус хоналардан амалга оширилади ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маҳаллий даражадаги хабар бериш тизимларига интеграция қилинади.
9-§. Ёритиш тизими
84. Ёритиш чироқлари ҳудуд тўсиқлари, бино атрофи ва кириш мумкин бўлган чегараларнинг талаб даражасида ёритилишини таъминлаши лозим.
85. Ёритиш тизимига қуйидагилар киради:
ёритиш ускуналари;
кабель ва симлар тармоғи;
бошқариш ускунаси.
86. Ёритиш тизими қуйидагиларни таъминлайди:тунги вақтда ернинг юзасидан горизонтал ва деворнинг ўзидан вертикал ёритилиши 0,5 люксдан кам бўлмаслигини;
бино атрофининг эни 3-4 метр бўлган масофада бир маромда узлуксиз ёритилишини;
қўриқлаш ва назорат-ўтказиш жойлари хоналарининг ёритилиши қўлда бошқарилишини;
назорат-ўтказиш жойлари, қўриқлаш хонаси ва қўриқлаш постларининг узлуксиз ишлашини.
87. Таълим ташкилоти атрофи ва ҳудудининг ёритиш тармоқлари ташқи ёритиш тармоғидан алоҳида бўлиши лозим. Бино атрофининг ёритиш тармоқлари қўриқлаш сигнализацияси ҳамда видеокузатув назорат тизими назорат қиладиган жойларга ўрнатилади. Улар қўриқлаш хонаси ёки назорат-ўтказиш жойларида жойлашган ёритиш шитининг алоҳида гуруҳига уланиши лозим. Ёритиш шити назорат-ўтказиш жойларининг ташқи деворига қўриқланаётган ҳудуд томонидан ўрнатилади. Ёритиш шити осма қулф билан ёпилган ва қўриқлаш сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши лозим.
88 Ёритиш чироқларининг ёритиш ускуналари осма, консолли, прожектор ва бошқа турда бўлиши мумкин. 220 V кучланишли электр тармоқларда ёритиш манбаи сифатида LED ёритгичларидан (прожекторлардан) фойдаланиш тавсия этилади.
89. Тунги вақтда ёритиш чироқлари узлуксиз ишлаши лозим.
Қўшимча ёритиш чироқлари тунги вақтларда ва кўриш даражаси паст бўлганда, қўриқланаётган ҳудуднинг ёритилишида ишлатилиб, кундузги вақтларда ўчирилган бўлиши шарт.
90. Ёритиш чироқлари механик бузилишдан ҳимояланган бўлиши зарур.
10 - §. Қўриқлаш нарядлари хизмат хонасини жиҳозлаш
91. Қўриқлаш нарядлари хизмат олиб боришлари учун таълим ташкилотларида асосий назорат-ўтказиш жойида алоҳида хизмат хонаси (хизмат ўташ жойи) ажратилади.
92. Хизмат хонаси мустаҳкам қилиб қурилган бўлиши ва об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида хизмат олиб бориш учун мўлжалланган бўлиши шарт.
93. Хизмат хонаси керакли мебель, иситиш (совитиш) тизими (воситалари), шаҳар (ички) телефон алоқаси, видеокузатув монитори ва ҚЁОС жамлагичлари, «Ташвиш» сигнализацияси тугмаси, фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизими (сирена) билан жиҳозланиши ҳамда наряд ходимларининг дам олиши ва овқатланиши учун барча шароитлар билан таъминланган бўлиши шарт.
4-боб. Таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг фавқулодда вазиятлардаги ҳаракати
94. Қўриқлаш департаментининг тегишли туман (шаҳар) бўлинмаси томонидан фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизимининг биринчи товуши берилган вақтда таълим ташкилотларида барча ҳаракатлар тўхтатилади ҳамда таълим-тарбия жараёни иштирокчилари хоналарга (пана жой) кириб эшиклар маҳкамланади.
95. Фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизимининг биринчи товуши бўйича таълим ташкилоти раҳбари:
содир этилган ҳолатга имкон қадар ойдинлик киритади;
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Қўриқлаш департаментининг тегишли туман (шаҳар) бўлинмаси ёки ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари билан алоқа ўрнатиб, уларга наряддан ва видеокузатув камераларидан олинган дастлабки маълумотлар ҳақида ахборот беради.
96. Қўриқлаш департаментининг тегишли туман (шаҳар) бўлинмаси томонидан фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизимининг иккинчи товуши берилган вақтда таълим-тарбия жараёни иштирокчилари таълим ташкилоти биносини тарк этиб, махсус белгиланган жойга йиғилади.
97. Фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизимининг иккинчи товуши бўйича таълим ташкилоти раҳбари:
юзага келган ҳолатга имкон қадар ойдинлик киритади;
тегишли соҳавий хизматларга ахборот беради (таълим ташкилотининг аниқ номини, манзилини ва унга келадиган қисқа йўлни кўрсатади);
соҳавий хизматлар ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг алоқадор хизматлари (авария хизмат, газ, тез тиббий ёрдам ва бошқалар) билан алоқада бўлади;
таълим-тарбия жараёни иштирокчилари таълим ташкилоти биносидан тартибли чиқишларини ҳамда белгиланган жойга тўпланишларини ташкил этади.
98. Фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизими ишга тушгани бўйича Қўриқлаш департаментининг тегишли туман (шаҳар) бўлинмаси, ҳудудий ички ишлар органлари ёки Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли туман (шаҳар) ёнғин-қутқарув бўлинмалари ходимлари етиб келгандан сўнг таълим-тарбия жараёни иштирокчилари уларнинг талаблари бўйича ҳаракат қилади.
99. Фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизимининг биринчи товуши бўйича таълим-тарбия жараёни иштирокчиларига қуйидагилар тавсия этилади:
ўқ овозлари эшитилганда деразаларда парда бўлганда ҳам деразаларга яқинлашмаслик;
синфда ҳаракатланганда дераза даражасидан кўтарилмаслик;
ўқ отиш вақтида таълим-тарбия жараёни иштирокчилари кўчада бўлса, дарҳол ерга ётиб хавфсиз жойга эмаклаб бориш;
жиноятчиларнинг талабларини бажариш (агар ушбу талаблар бошқалар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса) ҳамда улар билан тортишмаслик;
жиноятчиларни қурол ишлатишга мажбур қилувчи ҳаракатларни бажармаслик;
ҳар бир ҳаракатга жиноятчилардан рухсат сўраш;
ярадор бўлган ҳолатда қимирламаслик (қон йўқотишнинг олдини олиш мақсадида);
жиноятчиларни ва уларга тегишли маълумотларни иложи борича эслаб қолиш (исмлар, лақаблар, чандиқлар, татуировкалар, сўзлашиш усули ва овоз товушлари);
полда юзни пастга қаратиб ётиш ва қимирламаслик;
махсус хизматларнинг ёнига югурмаслик;
тегишли хизматларга (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси) ахборот бериш;
шубҳали буюмлар билан ҳеч қандай мустақил ҳаракатларни амалга оширмаслик (тегинмаслик, очмаслик, жойдан жойга сурмаслик);
шубҳали буюмлар топилган вақтни белгилаш;
шубҳали буюмлар ёнига одамларни яқинлаштирмаслик;
тезкор бўлинмалар келганда ҳолат бўйича тўлиқ маълумот бериш.
100. Фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизимининг иккинчи товуши бўйича таълим-тарбия жараёни иштирокчиларига қуйидагилар тавсия этилади:
захира чиқиш жойларидан фойдаланиб, эвакуация тадбирларини ташкил этиш ҳамда тадбир якунида синф журнали орқали йўқлама ўтказиш;
эвакуация вақтида ваҳимага тушишнинг олдини олиш ва тартибни сақлаш;
чиқиш имконияти бўлмаса, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларини капитал девор ёнида, бурчакларда ва эшиклар жойида сафлаш;
совуқ ҳаво бўлганда, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларига устки кийим кийдириш ҳамда таълим ташкилоти ёнида жойлашган уйлар ёки ташкилотлар биноларида сақлашни таъминлаш;
ёнаётган бинога ҳеч кимни қўймаслик.
101. Фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизимининг товуши бўйича таълим-тарбия жараёни иштирокчилари:
юзага келган фавқулодда вазият ҳақида таълим ташкилоти раҳбарига дарҳол ахборот бериши;
жойлашган жойида тартибни сақлаши, таълим ташкилоти раҳбарининг кўрсатмаларига асосан ҳаракатланиши;
ҳудудий шароитларни инобатга олган ҳолда, ишлаб чиқилган Низомга асосан ҳаракатланиши;
ёрдамга келган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари ходимларининг талабларини бажариши лозим.
Эвакуация тадбирларини, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларини хавфсиз жойга олиб чиқишни ташкил этиш таълим ташкилотларида ташкил этилган қутқарув (фуқаро муҳофазаси) тузилмалари томонидан амалга оширилади.
5-боб. Якунловчи қоида
102. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 июлдаги 425-сон қарорига 2-ИЛОВА
Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг хавфсизлик тизимларини такомиллаштириш ва «Хавфсиз таълим» концепциясини 2026-2027 йилларда амалга ошириш бўйича
Т/р Тадбир номи Амалга ошириш механизми Бажариш муддати Молиялаштириш манбалари Масъуллар 1. Таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёни иштирокчиларига қилинган ҳар қандай тажовузлар, фавқулодда вазиятларда ва бошқа таҳдидлар вақтида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги чораларни кўриш. 1. Ҳар бир таълим муассасаси учун унинг ўзига хосликларидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудий бошқармалар томонидан фавқулодда вазиятларда ва бошқа таҳдидлар вақтида хавфсизликни таъминлаш ҳамда таълим-тарбия жараёни иштирокчилари ҳаракатлари юзасидан алоҳида режа ишлаб чиқиш. 2026 йил сентябрь - Ички ишлар вазирлиги (А. Ташпулатов) , Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А. Икрамов) , Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ( Э. Каримова) , Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К. Шарипов) , Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2. Ишлаб чиқилган режалар асосида амалий ўқув машғулотлари ўтказиб бориш. Алоҳида режа асосида доимий равишда 2. Таълим ташкилотларининг назорат-ўтказиш тартиби ва объект ички режимини такомиллаштириш. 1. Таълим ташкилотларида назорат-ўтказиш тартиби ва объект ички режими бўйича қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш. 2026 йил сентябрь - Ички ишлар вазирлиги (А. Ташпулатов), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А. Икрамов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Э. Каримова), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К. Шарипов) 2. Қўшма қарорни тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиш ва тасдиқлаш. 2026 йил октябрь 3. «Хавфсиз таълим» концепцияси доирасида ишлаб чиқилаётган ягона ахборот тизимини давлат органларининг ахборот тизими ва платформаларига «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилиш. 1. «Хавфсиз таълим» ахборот тизимининг техник топшириғини ишлаб чиқиш. 2. «Хавфсиз таълим» ахборот тизимига давлат органларининг ахборот тизими ва платформаларини интеграция қилиш бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш. 3. «Хавфсиз таълим» ахборот тизимига давлат органларининг ахборот тизими ва платформаларини интеграция қилиш. 4. «Хавфсиз таълим» ахборот тизимини синов тариқасида ишга тушириш. 2026 йил декабрь Қўриқлаш департаменти маблағлари Ички ишлар вазирлиги ( А. Ташпулатов ), Рақамли технологиялар вазирлиги ( Ш. Шерматов ), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ( Э. Каримова ), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ( К. Шарипов ) 4. Таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг таълим ташкилотлари, уларнинг атрофида хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш. 1. Йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида белгиланган тартибда ҳаракат тезлигини камайтирувчи сунъий нотекисликлар ёки шовқин чизиқлари, белгиланган тезликни ошириш ва пиёдаларни ўтказмаслик каби қоидабузарликларни аниқловчи махсус фото-видео қайд этиш воситаларини босқичма-босқич ўрнатиш. 2. Таълим-тарбия жараёни иштирокчилари учун таълим ташкилотига келиши ва кетишининг хавфсиз йўналишларини ишлаб чиқиш. 2026-2027 йиллар давомида «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси Ички ишлар вазирлиги ( А. Ташпулатов ), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ( Э. Каримова ), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 5. Таълим ташкилотларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини таъминлаш. 1. Таълим ташкилотларида ёнғин хавфсизлиги ҳолатини ўрганиш. 2026 йил III чорак Алоҳида режага асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А. Икрамов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ( Э. Каримова ), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К. Шарипов) , таркибида таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2. Таълим ташкилотларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш. Доимий Алоҳида режага асосан 6. Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларини «ташвиш» тугмалари билан жиҳозлаш орқали хавфсизлик тизимини такомиллаштириш. 1. Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларини «ташвиш» тугмаларини ўрнатиш ва Қўриқлаш департаментининг техник қўриқлаш марказларига интеграция қилиш. 2027 йил якунига қадар Ижрочиларнинг мазкур мақсадлар учун ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари Ички ишлар вазирлиги ( А. Ташпулатов ), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ( Э. Каримова ), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К. Шарипов) , Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2. Давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларига техник қўриқлаш хизматларини кўрсатиш. Доимий Белгиланган тарифга мувофиқ 7. Таълим ташкилотларини қўриқлашга жалб қилинган ходимлар учун қўриқлов постларини ташкил этиш ва жиҳозлаш. 1. Таълим ташкилотларига кириш жойларида қўриқлов постларини ташкил этиш. 2026 йил давомида Ижрочиларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ички ишлар вазирлиги ( А. Ташпулатов ), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ( Э. Каримова ), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ( К. Шарипов ), таркибида таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар 2. Қўриқлов постларини жиҳозлаш, таълим муассасасидаги мавжуд кузатув камераларини қўриқлаш пости мониторингига интеграция қилиш. 2027 йил давомида 8. Таълим ташкилотларининг идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларини минтақавий ўқув марказларида шартнома асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш. 1. Таълим ташкилотлари қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларини босқичма-босқич ўқитиш бўйича қўшма режалар ишлаб чиқиш. 2026 йил август Мазкур мақсадлар учун ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар доирасида Ички ишлар вазирлиги ( А. Ташпулатов ), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ( Э. Каримова ), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ( К. Шарипов ), таркибида таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар 2. Таълим ташкилотларининг идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларини минтақавий ўқув марказларида шартнома асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш. 2026-2027 йиллар
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 31 июль,
425 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
CHORA-TADBIRLAR DASTURI
Davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarining xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Respublikadagi davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarida taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining xavfsizligini taʼminlash hamda qoʻriqlash tizimlarini takomillashtirish va ushbu sohani tartibga soluvchi qonunchilikni zamonaviy talablarga muvofiqlashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarining xavfsizligini taʼminlash, ularda qoʻriqlash faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarining xavfsizlik tizimlarini takomillashtirish va “Xavfsiz taʼlim” konsepsiyasini 2026-2027-yillarda amalga oshirish boʻyicha chora-tadbirlar dasturi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Belgilab qoʻyilsinki, davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlarining filiallari (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkilotlari) hududida taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari xavfsizligini taʼminlashni tashkil etishga taʼlim tashkilotlari rahbariyati masʼul hisoblanadi.
3. Raqamli texnologiyalar vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, tarkibida taʼlim muassasasi boʻlgan vazirlik va idoralar Ichki ishlar vazirligi talablariga asosan bosqichma-bosqich davlat taʼlim muassasalarining qoʻriqlash va xavfsizlik tizimi uchun yuqori tezlikdagi telekommunikatsiya xizmatlaridan belgilangan tartibda foydalanilishini taʼminlasin.
Bunda:
Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan davlat taʼlim muassasalarida mavjud Internet tarmogʻiga taʼsir etmaydigan alohida aloqa kanali (maxsus kanal) tashkil etiladi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari mazkur aloqa kanali xizmatlari uchun xarajatlar mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan oʻz vaqtida toʻlanishini taʼminlab boradi.
4. Ichki ishlar vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, tarkibida taʼlim muassasasi boʻlgan vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari bilan hamkorlikda davlat taʼlim muassasalariga qoʻriqlash signalizatsiyalari, “tashvish” tugmalari “Xavfsiz taʼlim” konsepsiyasiga muvofiq bosqichma-bosqich oʻrnatilishini hamda ularning shartnoma asosida Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamentining Axborot-tahlil va monitoring markaziga integratsiya qilinishini taʼminlasin.
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari uch oy muddatda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda serqatnov yoʻllar yoqasida joylashgan, atrofida yoʻl-transport hodisalari sodir etilayotgan taʼlim tashkilotlari taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining xavfsiz kelib-ketishlarini taʼminlash maqsadida piyodalar yurishlari uchun qulaylik yaratilgan “yashil yoʻlaklar” tashkil etish, ushbu tashkilotlar atrofida transport vositalari harakatini cheklash choralarini koʻrsin.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish ichki ishlar vaziri A.A. Tashpulatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 31-iyuldagi 425-son qaroriga 1-ILOVA
Davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarining xavfsizligini taʼminlash, ularda qoʻriqlash faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarining, shu jumladan, umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim, kasbiy taʼlim, oliy taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkilotlari) qoʻriqlanishini, taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining xavfsizligini taʼminlash, qoʻriqlashning texnik vositalari, yongʻin signalizatsiyasi va videokuzatuv vositalari bilan jihozlash tartibi, qoidalari va usullarini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom talablari maktabgacha taʼlim muassasalariga hamda xavfsizlikni taʼminlashda alohida idoraviy standartlar va talablarga ega boʻlgan taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallari xavfsizlikni taʼminlash va qoʻriqlash faoliyatini tashkil etishda ixtiyoriy ravishda ushbu Nizomdan foydalanishi mumkin.
3. Taʼlim tashkilotlarining qoʻriqlanishini, taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining sogʻligini himoya qilish va xavfsizligini taʼminlashni tashkil etish uchun bevosita taʼlim tashkilotlarining rahbari javobgar boʻladi.
2-bob. Taʼlim tashkilotlarini qoʻriqlash va ularning xavfsizligini taʼminlash
1-§. Taʼlim tashkilotlarini toifalarga ajratish mezonlari
4. Taʼlim tashkilotlari oʻquvchilar va talabalar sonidan kelib chiqqan holda, qoʻriqlash va xavfsizlikni taʼminlash uchun alohida toifalarga ajratiladi.
5. Maktablarning toifalari quyidagicha belgilanadi:
birinchi toifa — oʻquvchilari soni 3000 dan koʻp boʻlgan maktablar;
ikkinchi toifa — oʻquvchilari soni 1500 tadan 3000 tagacha boʻlgan maktablar;
uchinchi toifa — oʻquvchilari soni 300 tadan 1500 tagacha boʻlgan maktablar;
toʻrtinchi toifa — oʻquvchilari soni 300 tagacha boʻlgan maktablar.
6. Oliy taʼlim, kasbiy va oʻrta maxsus taʼlim tashkilotlari (korpuslari) toifalari quyidagicha belgilanadi:
birinchi toifa — oʻquvchi, talabalari soni 1 000 dan yuqori boʻlgan taʼlim tashkilotlari yoki alohida korpuslar;
ikkinchi toifa — oʻquvchi, talabalari soni 500 dan 1 000 tagacha boʻlgan taʼlim tashkilotlari yoki alohida korpuslar;
uchinchi toifa — oʻquvchi, talabalari soni 500 tagacha boʻlgan taʼlim tashkilotlari yoki alohida korpuslar.
7. Oʻquv yili boshlanishidan bir oy oldin Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Favqulodda vaziyatlar vazirligi), Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti (keyingi oʻrinlarda — Qoʻriqlash departamenti) va tegishli taʼlim tashkiloti maʼmuriyati vakillari ishtirokida taʼlim tashkilotlarining xavfsizligi oʻrganiladi hamda ular toifalarga ajratiladi.
8. Taʼlim tashkilotlarini oʻrganishda quyidagilarga alohida eʼtibor berilishi lozim:
taʼlim tashkilotining qoʻriqlash va xavfsizlik tizimi holatiga, shuningdek, xavfsizlik tizimiga raqamli texnologiyalar joriy etilganiga;
taʼlim tashkiloti atrofida transport va piyoda harakati tartibga solinganiga;
taʼlim tashkilotida favqulodda vaziyatlar va yongʻinlarning oldini olishga qaratilgan tadbirlar hamda qutqaruv (fuqaro muhofazasi) tuzilmalari faoliyati tashkil etilganiga.
9. Taʼlim tashkilotlarining toifasi ularning joylashgan joyi (serqatnov yoʻl yoqalari, gavjum joylar — bozorlar, avtostansiyalar va boshqalar, yirik ishlab chiqarish obyektlari yaqinida) hamda mavjud xavf-xatarlardan (taʼlim tashkiloti atrofidagi kriminogen vaziyatning ogʻirligi, muqaddam taʼlim tashkilotida, unga nisbatan jinoiy tajovuzlar sodir etilgani) kelib chiqqan holda oʻzgartirilishi mumkin.
2-§ Taʼlim tashkilotlarida nazorat-oʻtkazish rejimi va ichki rejim
10. Nazorat-oʻtkazish rejimi taʼlim tashkilotlari hududlariga taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari, transport vositalarining kirishi (chiqishi), tovar-moddiy boyliklarni olib kirish va olib chiqishni nazorat qilish tartibini taʼminlaydigan qoidalar toʻplamidan, ichki rejim belgilangan taʼlim tashkilotlarida favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish, yongʻin xavfsizligi va ichki tartib tadbirlari hamda qoidalarini amalga oshirish tartibidan iborat boʻladi.
11. Taʼlim tashkilotlarida nazorat-oʻtkazish rejimini taʼminlash uchun nazorat-oʻtkazish joyi tashkil etiladi.
12. Taʼlim tashkilotlari hududiga begona shaxslarning, shu jumladan, oʻquvchi, talabalarning ota-onalari, taʼlim-tarbiya jarayonini oʻrganish uchun kelgan shaxslar faqat taʼlim tashkiloti maʼmuriyatining ruxsati bilan maʼmuriyat vakillarining kuzatuvi ostida nazorat-oʻtkazish joyi orqali kiradi.
13. Taʼlim tashkilotlari hududiga (binosiga) shaxslarning belgilanmagan joylardan kirishi taqiqlanadi, avtotransport vositalarining kirishi esa qatʼiy ravishda chegaralanadi, maxsus transport vositalari bundan mustasno.
14. Maktablarda dars vaqtida maktab hududi ichkari tomondan oson ochilishi taʼminlangan holda yopib qoʻyiladi va zarurat (favqulodda vaziyatlar, teroristik va jinoiy tajovuzlar) yuzaga kelmasa, taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari boʻlmagan shaxslarning kirishi taqiqlanadi.
15. Har bir taʼlim tashkilotida Nazorat-oʻtkazish va ichki rejim nizomi taʼlim tashkilotining toifasi, joylashuvi, oʻziga xosliklaridan kelib chiqqan holda alohida ishlab chiqilib, Qoʻriqlash departamenti va Favqulodda vaziyatlar vazirligining tegishli tuman (shahar) boʻlinmasi bilan kelishiladi hamda taʼlim tashkiloti rahbariyati tomonidan tasdiqlanadi.
16. Nazorat-oʻtkazish va ichki rejim nizomiga asosan quyidagilar aks ettiriladi:
taʼlim tashkiloti hududida oʻrnatilgan ichki tartib, ish kuni, smenalar (agar boʻlsa) vaqti;
taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining nazorat-oʻtkazish va ichki rejimni bajarishdagi majburiyatlari;
taʼlim tashkilotining asosiy va zaxira kirib-chiqish joylari;
taʼlim tashkiloti hududiga taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining kirib-chiqish tartibi, ushbu tartibni nazorat qilib boruvchi masʼullar;
beriladigan ruxsatnomalar (doimiy, vaqtincha va bir martalik) turlari va amal qilish muddatlari, ruxsat berish tartibi, ruxsat berish vakolatiga ega rahbarlarning roʻyxati va imzosi namunalari;
tovar-moddiy boyliklarni taʼlim tashkiloti hududiga olib kirish (olib chiqish) hamda moddiy ruxsatnomalar hisobini yuritish tartibi.
17. Taʼlim tashkilotlari hududiga olib kirilishi va hududidan olib chiqib ketilishi taqiqlangan vositalar (ashyo-buyumlar) roʻyxati taʼlim tashkilotlari maʼmuriyati tomonidan tasdiqlanadi.
18. Taʼlim tashkilotlarining nazorat-oʻtkazish joyi avtomatlashtirilgan kirib chiqish boshqaruv tizimi bilan bosqichma-bosqich jihozlanadi. Bunda taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari uchun 4 tagacha oʻtish nuqtasining har biridan smenada 400 nafar taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchisi kirib chiqishi uchun bitta nazorat-oʻtkazish joyi tashkil etiladi.
Xavfsizlikni taʼminlash maqsadida oʻquvchi, talabalar soni 300 tagacha boʻlgan taʼlim tashkilotlarida kirib chiqishning turniket tizimi joriy qilinishi mumkin.
19. Taʼlim tashkilotlari asosiy (ikkilamchi) binolarining qoʻriqlashning texnik vositalari, yongʻin signalizatsiyasi, perimetr, maydonlar, bino yoʻlaklaridagi videokuzatuv vositalari qoʻriqlash postidagi kichik sigʻimdagi jamlagich va videomonitorga ulanadi.
3-bob. Taʼlim tashkilotlarini qoʻriqlashning muhandislik va texnik vositalari, videokuzatuv hamda xavfsizlik tizimlari bilan jihozlash tartibi
1-§. Jihozlashning umumiy qoidalari
20. Taʼlim tashkilotlarining ishonchli qoʻriqlanishi, taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining xavfsizligini taʼminlash maqsadida tegishli vazirlik va idoralarga mazkur tadbirlar uchun ajratilgan budjet va budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan taʼlim tashkilotlari qoʻriqlashning muhandislik va texnik vositalari, videokuzatuv hamda xavfsizlik tizimlari bilan jihozlanadi.
21. Ushbu Nizom talablarining bajarilishi tegishli qoʻriqlash boʻlinmasi tomonidan nazorat qilinadi.
22. Taʼlim tashkilotlarida nazorat-oʻtkazish rejimi va ichki rejimni taʼminlash maqsadida kirishni nazorat qilish va boshqarish, videokuzatuv va xabardor qilish tizimlari qoʻllanadi.
23. Madaniy meros obyektlarida joylashgan taʼlim tashkilotlarini qoʻriqlashning texnik vositalari bilan jihozlash boʻyicha chora-tadbirlar tegishli qoʻriqlash boʻlinmasi va obyekt maʼmuriyati tomonidan loyihaoldi oʻrganishlarda belgilanadi. Mazkur taʼlim tashkilotlarini himoya qilish ishonchliligini zaiflashtirmagan holda, ushbu Nizom talablaridan chetga chiqish va nostandart texnik yechimlardan foydalanishga yoʻl qoʻyiladi.
2 - §. Taʼlim tashkilotlarida qoʻriqlashning texnik vositalarini montaj qilish ishlarini loyihalashtirish
24. Taʼlim tashkilotlarida qoʻriqlashning texnik vositalarini montaj qilish ishlari buyurtmachi tomonidan tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga va ishlab chiqaruvchilarning texnik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
25. Loyihalashtirish ishlari SHNQ 2.04.09-21 “Bino va inshootlarning yongʻin avtomatikasi tizimi loyihalash talablari” shaharsozlik normalari va qoidalari hamda boshqa boshqaruv va rahbariy hujjatlar talablariga muvofiq bajariladi.
26. Loyiha-smeta hujjatlari quyidagi hujjatlar toʻplamini oʻz ichiga oladi:
taʼlim tashkilotini oʻrganish dalolatnomasi;
loyihani ishlab chiqish boʻyicha texnik topshiriq;
tushuntirish xati;
umumiy maʼlumot;
taʼlim tashkilotida qoʻriqlashning texnik vositalarini oʻrnatish joylari, quvurlar, kabellar va simlarni joylashtirish chizmalari;
signalizatsiya shleyflari va qoʻriqlashning texnik vositalarini bogʻlovchi simlarni ulash chizmalari (har bir signalizatsiya turi uchun birlashtirilgan yoki alohida);
tizimning umumiy ulanish sxemasi (har bir signalizatsiya turi uchun birlashtirilgan yoki alohida);
qoʻriqlashning texnik vositalarini elektr manbaiga ulash sxemalari;
qoʻriqlanayotgan xonalarda qoʻriqlashning texnik vositalarini oʻrnatish sxemalari;
taʼlim tashkilotining alohida konstruksiyalarini (derazalar, eshiklar, havo kanallari, devorlar va boshqalar) blokirovka qilish sxemalari;
qoʻriqlash xonasida qurilmalarni oʻrnatish sxemasi;
elektr taʼminotiga ulanish sxemasi (jadval);
qoʻriqlashning texnik vositalari “tashvish” xabarini uzatish vaqtida doimiy tokni sarflash hisob-kitobi (zaxira quvvat manbaini tanlash);
qurilmalarning oʻziga xos xususiyatlari;
qoʻriqlashning texnik vositalarini dasturlash uchun dastlabki maʼlumotlar jadvali;
nostandart yechimlar, konstruksiyalar va jihozlar umumiy koʻrinishining chizmalari.
27. Loyiha-smeta hujjatlari Qoʻriqlash departamentining tegishli tuman (shahar) boʻlinmasi bilan kelishiladi.
28. Taʼlim tashkilotlarini oʻrganish dalolatnomasini tuzish uchun buyurtmachi, Qoʻriqlash departamentining hamda Favqulodda vaziyatlar vazirligining tegishli tuman (shahar) boʻlinmasi va zarur hollarda montajchi tashkilot vakillaridan iborat komissiya tuziladi.
29. Taʼlim tashkilotlarini oʻrganish dalolatnomasi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
taʼlim tashkilotining toifasi;
jami sinfxonalar soni va sigʻimi;
auditoriyalar, zallar soni va sigʻimi (mavjud boʻlsa);
taʼlim tashkilotining tuzilishi (oʻziga xos xususiyatlari, tovar-moddiy boyliklarni saqlash joylari, qoʻriqlovga olinadigan xonalarning soni);
taʼlim tashkilotini qoʻriqlash turi;
taʼlim tashkilotining nazorat-oʻtkazish joylari, jihozlanishi;
taʼlim tashkilotiga ruxsatsiz kirish imkoniyatini beruvchi zaif joylar va qurilish konstruksiyalari (derazalar, eshiklar, tuynuklar, devorlar, shiftlar, texnologik teshiklar, kanallar va boshqalar);
taʼlim tashkilotining zaif joylari va inshootlarini qoʻriqlash va “tashvish” signalizatsiyasi vositalari bilan jihozlash usullari hamda ularning soni;
qoʻriqlash, tashvish, kirishni nazorat qilish, boshqaruv va videokuzatuv tizimlarining tarkibi;
qozonxona va oshxonalar haqidagi maʼlumotlar (mavjud boʻlsa);
yongʻin va favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimi;
tovar-moddiy boyliklar saqlanadigan xonalar (kassalar, kompyuter xonalari, maxsus jihozlangan boshqa xonalar).
Bino va inshootlarning muhandislik-texnik mustahkamligi yetarli boʻlmagan taqdirda, taʼlim tashkilotini oʻrganish dalolatnomasiga ilova shaklida taʼlim tashkilotining muhandislik-texnik mustahkamligini yanada mustahkamlash boʻyicha topshiriq kiritiladi.
30. Montaj ishlari jarayonida loyiha hujjatlaridan yoki oʻrganish dalolatnomasidan asosli ogʻishlarga (oʻzgartirishlar, tuzatishlar kiritish) faqat buyurtmachi va ushbu hujjatlarni tasdiqlashda ishtirok etuvchi tegishli tashkilotlarning ruxsati mavjud boʻlganda yoʻl qoʻyiladi.
31. Taʼlim tashkilotini ishga tushirish yakunida foydalanishga qabul qilish dalolatnomasini imzolashdan oldin taʼlim tashkiloti rahbari Qoʻriqlash departamentining tegishli tuman (shahar) boʻlinmasiga yakunlangan loyiha hujjatlari toʻplamining nusxalarini taqdim qiladi.
32. Xavfsizlik tizimlarining tarkibiy qismlari va ishlash xususiyatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjatlar (texnik topshiriqlar, loyihalar, oʻrganish dalolatnomalari, foydalanishga qabul qilish, sxemalar va dasturiy taʼminotlar boʻyicha nizomlar va boshqa hujjatlar) bilan tanishish qatʼiy tartibga solinadi.
3-§. Taʼlim tashkilotlarini muhandislik-texnik mustahkamlash
33. Perimetr va hududning alohida joylarini toʻsishda quyidagilar inobatga olinishi lozim:
toʻsiq odamlar (hayvonlar)ning tasodifiy oʻtishini, transport vositalari kirib kelishini istisno qilishi yoki nazorat-oʻtkazish joyini chetlab oʻtib, qoʻriqlanadigan hududga begona shaxslarning kirishiga toʻsqinlik qilishi;
toʻsiqlar bir tekis, minimal burilishlar bilan oʻrnatilgan, kuzatuvni cheklamaydigan va qoʻriqlashning texnik vositalaridan foydalanishni qiyinlashtirmaydigan boʻlishi;
toʻsiqqa perimetrning davomi boʻlgan binolardan tashqari hech qanday inshootlar tutashmasligi, ushbu binolar birinchi qavatlarining qoʻriqlanmaydigan hududga qaraydigan derazalari metall panjaralar, lozim boʻlganda esa, metall toʻr bilan jihozlanishi;
toʻsiqda tirqishlar, teshiklar va boshqa shikastlanishlar, shuningdek, qulflanmaydigan darvozalar va eshiklar boʻlmasligi;
eshiklar va darvozalarning ichkaridan erkin ochilish imkoniyati yaratilgan boʻlishi;
taʼlim tashkilotining asosiy toʻsiqlari sifatida balandligi 2 metrdan kam boʻlmagan gʻisht, temir-beton yoki temir konstruksiyalardan foydalanish.
34. Taʼlim tashkilotlariga oʻrnatiladigan darvozalarga quyidagi talablar qoʻyiladi:
taʼlim tashkilotlari hududiga avtotransport vositalari kirish joylariga darvoza oʻrnatiladi, hududning perimetri boʻylab ham asosiy, ham zaxira yoki favqulodda vaziyatlar uchun darvozalar oʻrnatilishi mumkin;
darvozaning tuzilishi uning yopiq holatda mustahkam turishini taʼminlashi kerak;
avtomatik tarzda va masofadan boshqarish pulti bilan boshqariladigan darvozalar nosozlik yoki elektr manbaining uzilish holatlarida favqulodda toʻxtatish va qoʻlda ochish moslamalari bilan jihozlanadi;
darvozalar tashqi tomondan oʻzboshimchalik bilan ochilishining (harakatlanishining) oldini olish uchun cheklovchi yoki toʻxtatuvchi moslamalar bilan jihozlanadi;
darvoza yopilganda qulflash va blokirovkalash moslamalari tashqi taʼsirlarga yetarli darajada qarshilik koʻrsatishi va atrof-muhit haroratining keng diapazonida (-40 dan +50 °C gacha), suv, qor, doʻl, qum, yuqori namlik va boshqa omillarning toʻgʻridan-toʻgʻri taʼsirda ham ishlashi kerak;
darvoza balandligi 2 metrdan va qalinligi 2 mm dan kam boʻlmagan temir qoplamadan yoki qalinligi 1,6 sm dan, oraliq masofasi esa 15×15 sm dan kam boʻlmagan temir panjaralardan yasaladi.
35. Eshik konstruksiyalariga quyidagi talablar qoʻyiladi:
taʼlim tashkilotlari binosi va xonalaridagi eshik, deraza hamda chordoq darchalari doim soz holatda hamda mustahkam oʻrnatilgan boʻlishi lozim;
sinf xonalarining eshiklari ichkaridan qulflanadigan va tashqaridan ochiladigan qulf bilan jihozlanishi zarur;
ikki tavaqali eshiklarning bir tavaqasining yuqori va pastki qismlari ikkita zulfin (ilgak) bilan jihozlanadi. Zulfinlar kesimi 10 sm dan, uning kiradigan teshigi chuqurligi 3 sm dan kam boʻlmasligi zarur;
taʼlim tashkilotlarining kirish eshiklari kamida ikkita, oʻzi berkilib qolmaydigan, ichki elektr mexanik yoki mexanik qulf bilan jihozlanadi. Qulflar bir-biridan kamida 30 sm oraliqda oʻrnatiladi. Eshik yogʻoch, temir yoki zamonaviy oynavand materiallardan ishlanishi mumkin;
tovar-moddiy boyliklar saqlanadigan xonalarning yogʻochdan yasalgan eshik tavaqalarining atrofini 4.5×2.8×0.4 sm oʻlchamdagi burchakli temir gardish bilan mustahkamlash tavsiya etiladi. Eshik kesakisi diametri 1 sm, uzunligi esa 12 sm dan kam boʻlmagan temir qoziqlar yordamida devorga oʻrnatiladi;
asosiy eshik audio-video domofon yoki boshqa turdagi texnik vositalar bilan jihozlanishi mumkin;
eshiklarga temir panjara va boshqa muhandislik-texnik evakuatsiya yoʻllarini toʻsuvchi uskunalar oʻrnatilganda, favqulodda vaziyatlarda evakuatsiya yoʻlaklari kengliklari kamayishiga yoʻl qoʻyilmasligi va oʻz vaqtida ochilishi taʼminlanishi lozim;
temir panjarali eshiklar diametri 1,6 sm dan kam boʻlmagan va kataklari 15×15 sm dan ortiq boʻlmagan, har qismida payvandlangan temir panjaralardan yasaladi. Temir panjarali eshik perimetri 3.5×3.5×0.4 sm dan kam boʻlmagan oʻlchamdagi burchakli temir gardish bilan mustahkamlanadi;
obyektlarda yertoʻla eshiklari va chordoq darchalari yaxlit metalldan yasalgan hamda qulflar bilan yopilishi lozim;
eshiklar konstruksiyasi taʼlim tashkilotlari xonalarining ishonchli himoyasini taʼminlashi va buzish harakatlariga qarshi yetarli himoya darajasiga ega boʻlishi shart.
36. Deraza konstruksiyalariga quyidagi talablar qoʻyiladi:
taʼlim tashkilotlarining barcha xonalaridagi deraza va darchalarga oyna oʻrnatilib, ular ishonchli va soz holatda qulflash moslamasi bilan jihozlanishi kerak. Oynalar yaxlit boʻlishi va deraza koʻzlariga mustahkam oʻrnatilishi shart;
taʼlim tashkilotlarida kassa xonalari mavjud boʻlgan taqdirda, ular oʻlchami 20×30 sm boʻlgan maxsus darcha (buzilishi, sindirilishi qiyin mustahkam materiallar, qalinligi 0,6 — 0,8 sm dan kam boʻlmagan oynalar yoki zirhli oynalar) bilan jihozlanishi lozim. Agar darcha yuqorida koʻrsatilgan oʻlchamlardan katta boʻlsa, u sirtqi tomonidan himoya konstruksiyalari bilan mustahkamlanadi. Maxsus darcha ichkari tomonidan qulf yoki ilgak bilan berkitiladi. Ushbu kassa xonalari texnik qoʻriqlash markazlari qoʻriqloviga topshirilishi shart;
kassa xonasida seyflar va metall shkaflarning vazni 1 tonnadan kam boʻlganda, ular devorga yoki polga anker boltlari yordamida mahkamlanadi yoki devor orasiga oʻrnatiladi;
binoning birinchi qavatida maxsus xonalar, kassa xonalari, axborot-kompyuter texnologiyalari xonalari va arxiv xonasi joylashgan hollarda, ularning derazalari hamda yertoʻla va chordoq derazalari temir panjaralar bilan jihozlanishi shart;
boshqa xonalar derazalariga temir panjaralar ularda tovar-moddiy boyliklar saqlanishidan kelib chiqqan holda oʻrnatiladi. Koʻrsatilgan xonalarga temir panjaralar dalolatnoma asosida oʻrnatiladi;
derazalar taʼlim tashkilotlari xonalarining ishonchli himoyasini taʼminlashi va buzish harakatlariga bardosh beradigan himoya darajasiga ega boʻlishi lozim;
taʼlim tashkilotlarining sinfxonasi, auditoriyasi, zallari derazalariga panjara oʻrnatilsa, ular favqulodda vaziyatlarda taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining xonalardan evakuatsiya qilinishi uchun ichkaridan ochiladigan (ikki tomonga ochiladigan, surilib ochiladigan) boʻlishi lozim.
37. Qulflash moslamalariga quyidagi talablar qoʻyiladi:
eshik va derazalarda berkitadigan moslamalar sifatida oʻrnatiladigan oʻyma qulf, osma va yopishtirma, oʻzi bekilmaydigan qulflar, zulfinlar, surma zulfin, ilgak va boshqalar qoʻllanadi;
osma qulflar asosan qoʻshimcha ravishda eshiklarni, panjaralarni, deraza eshiklarini, jalyuzilarni va boshqalarni berkitish uchun qoʻllanadi. Ushbu qulflar, agar ularning toblangan poʻlatdan bandi boʻlsa yoki asosi mustahkam boʻlsa, shuningdek, ularni oʻrnatgan joylarda berkitiladigan qurilmalarda qulf quloqchalari va bandlarini arralash yoki buralib shikastlanish imkonining oldini oladigan himoya qoplamasi, plastinasi va boshqa moslamalari boʻlsa, yetarli darajada (himoya jihatdan) samarali hisoblanadi;
osma qulf uchun quloqchalar kesimi 0,6×4 sm dan kam boʻlmagan poʻlatdan boʻlishi lozim;
yopishtirma qulflar eshikka boltlar bilan qotirilishi lozim. Boltlar eshikdan oʻtkazilib, xonaning ichki tomonidan shayba va gayka yordamida qotiriladi;
zaxira chiqish yoʻllarining deraza panjaralari va eshiklaridagi qulflarning kalitlari bevosita yaqin joyda yoki maxsus ajratilgan xonada (qoʻriqlash xonalarida) muhrlangan qutilar va shkaflarda saqlanadi.
4-§. Taʼlim tashkilotlarini qoʻriqlashning texnik vositalari bilan jihozlash
38. Taʼlim tashkilotlarining ishonchli qoʻriqlanishini, taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining xavfsizligini taʼminlash uchun muhandislik-texnik vositalar bilan birgalikda qoʻriqlashning texnik vositalari qoʻllanadi.
39. Taʼlim tashkilotlari xonalari qoʻriqlashning texnik vositalari bilan texnik jihatdan mustahkamlik boʻyicha ishlar amalga oshirilganidan keyin mazkur Nizom talablariga muvofiq jihozlanadi.
40. Taʼlim tashkilotlarining tovar-moddiy boyliklar saqlanadigan joylari (kompyuter texnikasi mavjud xonalar, kassa, maxsus qism va boshqa) qoʻriqlash signalizatsiya vositalari bilan jihozlanadi.
41. Qoʻriqlash signalizatsiya vositalari taʼlim tashkilotlarining yagona qoʻriqlash texnik vositalari kompleksiga birlashtiriladi. Qoʻriqlash texnik vositalari kompleksining tarkibiy qismlaridan axborotlar taʼlim tashkilotlarining qoʻriqlash xonasida oʻrnatilgan markaziy nazorat pultiga yoki alohida pultlar boshqaruvi tizimiga uzatiladi.
42. Taʼlim tashkilotlarining ichki qoʻriqlash pultlari qoʻriqlash xonalari, qoʻriqlash posti, server xonasi yoki ushbu maqsadlar uchun moʻljallangan maxsus xonalarga joylashtiriladi.
Taʼlim tashkilotlari binosining qoʻriqlash tizimining tarkibiga qarab, boshqaruv pultlari sifatida kichik, oʻrta va katta hajmdagi (jamlagich) qabul-nazorat uskunalari, mikroprotsessorli panellar hamda maʼlumotlar uzatish tizimidan foydalaniladi.
43. Taʼlim tashkilotlari binosidagi tashvish signalizatsiyasi tizimidan tushgan xabarlar bir vaqtning oʻzida taʼlim tashkilotlarining xavfsizlik xizmatiga uzatiladi.
44. Tovar-moddiy boyliklar saqlanadigan xonalarga harakatni sezuvchi hajmli qoʻriqlash xabargohlari (xonaning 30 m 2 maydoniga bitta hajmli qoʻriqlash xabargohi hisobida) oʻrnatiladi.
45. Maxsus qism va axborot-kompyuter texnologiyalari xonalari (server xonalari, maʼlumotlar qayta ishlash markazlari) qoʻriqlash signalizatsiyasining ikkita himoya toʻsigʻi bilan jihozlanadi.
Birinchi himoya toʻsigʻi xonaning perimetrini himoya qiladi. Xonaga kirish eshigi hamda derazalar mavjud boʻlganda, ular deraza, eshik ochilishi va oyna sinishini qayd etish xabargohlari bilan jihozlanadi.
Ikkinchi himoya toʻsigʻi xonaning hajmini himoya qiladi. Buning uchun esa hajmni qoʻriqlash xabargohlari qoʻllanadi.
46. Qoʻriqlash signalizatsiyasining ikkita himoya toʻsigʻi alohida shleyflar bilan qoʻriqlash signalizatsiyasi jamlagichiga ulanadi.
47. “Tashvish” xabarini berish vositalari sifatida oʻzidan oʻzi ishlab ketmaydigan tugmalar, pedallar, elektr-kontaktli va magnitli qabul qiluvchi va uzatuvchi qurilmalardan foydalaniladi.
48. “Tashvish” signalizatsiyasi tugmalari taʼlim tashkilotlarining qoʻriqlash naryadi xonasidan tashqari har bir oʻquv binosining barcha qavatlaridagi yoʻlaklarda, 1,6 metrdan kam boʻlmagan balandlikda oʻrnatilib, signalizatsiyaning barcha shleyflari oʻchirilishi man etilgan alohida jamlagichga ulanishi lozim.
49. “Tashvish” signalizatsiyasi tizimining jamlagichi shartnoma asosida texnik qoʻriqlash markaziga ulanadi.
5-§. Qoʻriqlashning texnik vositalarini montaj qilishga va elektr taʼminotiga qoʻyilgan talablar
50. Taʼlim tashkilotlarida oʻrnatilgan barcha qoʻriqlash texnik vositalari shleyflari chiroq va tovush signallarini beruvchi nazorat panellariga yoki kichik hajmdagi jamlagichlarga (qoʻriqlash xonasida) ulanadi. Qoʻriqlashning texnik vositalari shleyflari ularning butun uzunligi davomida avtomatik nazoratni taʼminlashi shart.
51. Qoʻriqlashning texnik vositalari shleyflarining simlari tovar-moddiy boyliklar saqlanadigan xonalarda quyidagi tartibda oʻrnatiladi:
plastmassa quvurlarda yashirilgan holatda yoki devorga oʻrnatilgan qutilarda;
plastmassa quvurlarda yashirilgan holatda yoki ochiq uslubda osma shiftning ustida joylashgan quti va lotoklarda;
xona polining tagida, beton qorishmasining 2 sm dan kam boʻlmagan chuqurlikdagi plastmassa quvurlarida.
52. Simlarni va kabellarni ochiq usulda oʻtkazish pol sathi yoki xizmat maydonidan 2 metrdan kam boʻlmagan balandlikda va shiftdan 10 sm dan kam boʻlmagan oraliqda bajariladi.
53. Qoʻriqlashning texnik vositalarini elektr quvvati bilan markazlashtirilgan holda taʼminlashda, zaxira taʼminoti manbalari qoʻriqlash xonalarida yoki boshqa maxsus qoʻriqlanayotgan xonalarda oʻrnatiladi.
54. Qoʻriqlashning texnik vositalari va uskunalarining uzluksiz ishlashi uchun ularning elektr quvvat taʼminoti avtonom akkumulyator batareyalari bilan taʼminlanadi (elektr tarmogʻidan avtomatik tarzda qoʻshimcha ravishda quvvatlantirish bilan).
Akkumulyatorlarning elektr sigʻimi qoʻriqlashning texnik vositalarining avtonom ishlashini 12 soat, “tashvish” tartibida esa 3 soat davomida taʼminlashi shart.
6-§. Kirishni nazorat qilish va boshqarish tizimi
55. Taʼlim tashkilotlarining asosiy kirish joyi zamonaviy texnologiyalarni qoʻllagan holda, kirish-chiqishni nazorat qilish tizimlari bilan jihozlanadi. Unda qayd etiladigan maʼlumotlar kamida 3 oy saqlanishi lozim.
56. Kirish-chiqishni nazorat qilish va boshqarish tizimi biometrik belgilar (barmoq izlari, koʻz gavhari va boshqa belgilar) kombinatsiyasi asosida shaxsni identifikatsiya qilish yoʻli bilan amalga oshirilib, taʼlim tashkilotlari hududlariga ruxsatli kirib-chiqishni taʼminlaydi.
57. Kirish-chiqishni nazorat qilish va boshqarish tizimi quyidagilardan iborat:
toʻsish konstruksiyasi va bajaruvchi qurilmasi tarkibidagi boshqariladigan toʻsish qurilmasidan;
solishtirib oʻqish va identifikator tarkibidagi identifikatsiya belgilarini kiritish qurilmasidan;
uskunalar va dasturlash vositalari tarkibidagi boshqaruv qurilmasidan.
58. Kirish-chiqishni nazorat qilish joylari identifikatsiya belgilarini solishtirib oʻqiydigan va boshqariladigan toʻsish qurilmalari bilan jihozlanadi.
59. Kirish-chiqishni nazorat qilish va boshqarish tizimi quyidagi asosiy vazifalarni bajaradi:
identifikatsiya belgilarini solishtirib oʻqiganda, belgilangan vaqt oraligʻida ruxsat etilgan hududga (xonaga) kirish uchun boshqariladigan toʻsish qurilmasining ochilishini yoki kirishni nazorat qilish va boshqarish tizimi operatorining ruxsati bilan ochilishini;
identifikatsiya belgilarini solishtirib oʻqiganda, belgilangan vaqt oraligʻida kirish ruxsat etilmagan hududga (xonaga) kirish uchun boshqariladigan toʻsish qurilmasining ochilmasligini;
boshqaruv qurilmalarida identifikatsiya belgilarining ruxsatli (qoʻshish, olish) oʻzgartirilishini va ularni ruxsat etilgan hududga (xonaga) kirish vaqti oraligʻi bilan bogʻlashni;
boshqaruv qurilmalarini dasturlash vositalariga ruxsatsiz kirib, identifikatsiya belgilarini oʻzgartirishdan himoya qilishni;
boshqaruv elementlari, tizimlarni oʻrnatish va maʼlumotlarga ruxsatsiz kirishning oldini olishda texnik va dasturlash vositalarini himoya qilishni;
identifikatsiya belgilarining maʼlumot bazasini va sozlangan koʻrsatkichlarni saqlab qolishni;
avariya, yongʻin va texnik nosozlik holatlarida oʻrnatilgan tizim va yongʻin xavfsizligi qoidalariga muvofiq boshqariladigan toʻsish qurilmalaridan oʻtish uchun qoʻlda, yarim avtomat yoki avtomatik ochilishni;
ruxsat berilgan identifikatsiya belgilari asosida ochilgan boshqariladigan toʻsish qurilmasi maʼlum vaqtdan soʻng kirish-chiqish holati boʻlmaganda avtomatik ravishda yopilishini;
identifikatsiya belgilarini (kodni) tanlashga urinishda boshqariladigan toʻsish qurilmasi tashvish xabarini berishini (yoki maʼlum vaqt avtomatik ravishda ishlamasligini);
kundalik va tashvish hodisalarini roʻyxatga olishni va xotiraga yozishni;
boshqariladigan toʻsish qurilmalarining boshqaruv qurilmalari bilan aloqasi uzilganda, barcha kirish-chiqish joylaridagi solishtirib oʻqiydigan qurilmalarning alohida ishlashini.
60. Boshqariladigan toʻsish qurilmasi quyidagilarni taʼminlashi lozim:
oʻtish joylarining qisman yoki toʻliq yopilishini;
avtomatik va qoʻlda ochilishini (avariya holatida);
talab etilgan oʻtkazish imkoniyatini.
61. Identifikatsiya belgilarini kiritish qurilmasining solishtirib oʻqish vositasi quyidagilarni taʼminlashi lozim:
identifikatordan identifikatsiya belgisini solishtirib oʻqishni;
kiritilgan identifikatsiya belgisini boshqaruv qurilmasi xotirasida saqlanayotgan yoki yigʻilgan maʼlumotlar bilan solishtirishni;
foydalanuvchi identifikatsiyalanganda (oʻxshashligida), boshqariladigan toʻsish qurilmasining ochilishiga signal berilishini;
boshqaruv qurilmasi bilan maʼlumot almashinuvini;
identifikatsiya belgilarini kiritish qurilmasi oʻxshash belgilarni tanlash yoki terish orqali aniqlab olishdan himoya qilishini;
identifikatorlarning tuzilishi, tashqi koʻrinishi, undagi yozuvlar va oʻqish vositasi ishlatilayotgan kodlarning ochilishiga olib kelmasligini.
62. Boshqaruv qurilmasi quyidagilarni taʼminlashi lozim:
identifikatsiya belgilarini kiritish qurilmasidan maʼlumotlarni olish, qayta ishlash, belgilangan shaklda koʻrsatish va boshqariladigan toʻsish qurilmasiga boshqarish signalini ishlab chiqishni;
maʼlumot bazasiga taʼlim ruxsatiga tashrif buyuruvchilarning kirish hududlarini ifodalash (kodi, kirish vaqtining oraligʻi, kirish hududi va boshqalar) xususiyatiga ega maʼlumotlarning kiritilishini;
ruxsat etilgan hududga xodimlar va tashrif buyuruvchilar kirib-chiqishi hisobining elektron jurnalda yuritilishini;
kirish hududlarida tashvish holati haqidagi maʼlumotning birinchi navbatda berilishini;
boshqariladigan toʻsish qurilmasi, identifikatsiya belgilarini kiritish vositasi va ular oraligʻidagi aloqa tarmoqlarining sozligi va holatining nazorat qilinishini.
63. Kirishni nazorat qilish va boshqarish tizimi modul asosida quriladi hamda quyidagilarni taʼminlashi lozim:
bir xil rusumdagi texnik vositalarning oʻzaro bir-birini almashtirishini;
texnik xizmat koʻrsatishga, ishlatishga qulayligi va taʼmirlashga yaroqliligini;
boshqaruv elementlariga ruxsatsiz kirishga yoʻl quyilmasligini;
ishlatish jarayonida sozlash, xizmat koʻrsatish yoki almashtirishga talab boʻlganda, barcha elementlarga, qismlar va bloklarga ruxsatli kirishni.
7-§. Videokuzatuv tizimi
64. Videokuzatuv tizimi taʼlim tashkilotlarini ishonchli qoʻriqlash va taʼlim-tarbiya ishtirokchilarining xavfsizligini qoʻshimcha kuchaytirish maqsadida oʻrnatiladi hamda telekamera nazorati hududidagi hodisalar kecha kunduz nazorat qilinishi, videoregistratorga doimiy avtomatik tarzda qayd etilishini hamda tasviriy maʼlumotlarning qoʻriqlash xonasiga uzatilishini taʼminlaydi. Ushbu tizimni qoʻllash tashvish xabari tushganda uning turini, buzilish joyini, huquqbuzarning harakat yoʻnalishini aniqlash va unga qarshi tezkor chora-tadbirlarni belgilash imkonini beradi.
65. Videokuzatuv tizimi tarkibiga quyidagilar kiradi:
barcha videokuzatuv tizimlarining majburiy qismlari;
videokuzatuv kameralari;
videomonitor;
videoregistratorlar (Digital Video Recorder, Network Video Recorder, Server);
tarmoq kommutatorlari;
uzluksiz (asosiy va zaxira) elektr toki tarmogʻi hamda avtonom uzluksiz quvvat manbalari;
aloqa tarmogʻi;
alohida videokuzatuv tizimlarining qoʻshimcha qurilmalari;
videosignallarni boshqarish va ulash qurilmasi;
harakatni aniqlash uskunasi;
videosignallar yigʻish uskunasi.
66. Taʼlim tashkilotlarida videokuzatuv kameralari bilan quyidagi joylar jihozlanadi:
bino atrofidagi hudud;
taʼlim tashkilotining maydonlari, stadionlari, vizual nazorat qilish imkonsiz joylari;
nazorat-oʻtkazish joyi;
asosiy kirish joylari;
oshxona;
“tashvish” tugmasi oʻrnatilgan joylar;
qavat yoʻlaklari.
Boshqa joylarda videokuzatuv kameralari taʼlim tashkilotini oʻrganish dalolatnomasida koʻrsatib oʻtilishi mumkin. Videokuzatuv kameralarini oʻrnatish joylari videokuzatuv tizimini loyihalashtirish (jihozlash) texnik topshirigʻiga kiritiladi.
67. Videokuzatuv kameralari tizim uskunalari bilan sinxron holatda ishlashi lozim.
68. Taʼlim tashkilotlarini qoʻriqlashda zamonaviy turdagi raqamli videokuzatuv tizimlari qoʻllanadi. U yoki bu tizimni oʻrnatish zarur maʼlumotni uzatish tezligi, tizim oʻrnatilgan joylar, ularning yoritilishi va boshqa xususiyatlar hamda ehtimoliy moʻljallarni (odamlar, avtotransport vositalari va boshqalarni) hisobga olgan holda belgilanadi.
69. Videokuzatuv kameralari taʼlim tashkilotlari hududi va bino atrofini nazorat qilish uchun moʻljallangan boʻlib, quyosh nuridan himoyalaydigan moslamasi bor germetik termogʻiloflarda boʻlishi lozim. Videokuzatuv kameralarining obyektiviga kunning chiqish va botish nurlari tushmasligini taʼminlash uchun videokuzatuv kameralari joyning gorizontal chizigʻiga burchak boʻlib oʻrnatiladi. Videokuzatuv kameralari qoʻl bilan teginish va zarar yetkazish mumkin boʻlmagan holatda oʻrnatilishi lozim.
70. Buriladigan videokuzatuv kameralarini qoʻllash, ularning umumiy soni va videoroʻyxatga olish kanallari sonining kamayishiga olib keladi.
71. Videokuzatuv kameralarining koʻrish hududining yoritilganlik darajasiga qarab, infraqizil yoritish uskunalaridan foydalanish mumkin.
72. Videokuzatuv kameralaridan tushgan maʼlumotlarni tasvirlashda uzoq muddat kunu-tun ishlash imkoniga ega tasviri oʻzgarmaydigan maxsus monitorlarni qoʻllash lozim.
73. Videokuzatuv tizimida zamon talablariga mos raqamli videoregistratorlarni (serverlarni) qoʻllash talab etiladi.
Ushbu qurilmalar taʼlim tashkilotlarining xavfsizlik xizmati uchun ajratilgan alohida xonaga joylashtiriladi. Xona tashqi muhitdan himoyalangan, isitish sovitish tizimi bilan jihozlanadi.
Taʼlim tashkilotining xavfsizlik xizmati xonasi mustahkam eshik bilan jihozlanib, begona shaxslar kirishi qatʼiyan taqiqlanadi.
Nazorat kuzatuv monitori taʼlim tashkilotlari xavfsizlik xizmati xonasi va taʼlim tashkiloti rahbari xonasiga oʻrnatiladi.
74. Qoʻriqlanayotgan hududga huquqbuzarning kirishi natijasida hosil boʻlgan tashvish xabari va uzluksiz ishlash tartibi boʻyicha hodisalar videoarxivga yozib olinadi.
75. Videoyozuv materiallari videoarxivda kamida bir oylik muddatda saqlanishi talab etiladi. Videoyozuvlarda taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari va tashrif buyuruvchilar tomonidan taʼlim tashkiloti binosiga kirib-chiqish tartibining buzilish holati tasvirlari boʻlganda, videoyozuvni saqlash muddati ushbu taʼlim tashkiloti rahbari tomonidan belgilanadi.
76. Konstruktiv jihatdan videokuzatuv tizimi modul prinsipida quriladi va quyidagilarni taʼminlaydi:
bir xil rusumdagi texnik vositalar oʻzaro bir-birini almashtirishini;
texnik xizmat koʻrsatishga, ishlatishga qulayligi va taʼmirlashga yaroqliligini;
boshqaruv elementlariga ruxsatsiz kirishga yoʻl qoʻyilmasligini;
ishlatish jarayonida sozlash, xizmat koʻrsatish yoki almashtirishga talab boʻlganda, barcha elementlarga, qismlarga va bloklarga ruxsatli kirishni.
8-§. Favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimi
77. Favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimi (keyingi oʻrinlarda — xabar berish tizimi) taʼlim tashkiloti hududida tashvish xabari yuzaga kelganda, sodir boʻlgan yoki yaqinlashib kelayotgan kutilmagan hodisalar (jinoyatlar va huquqbuzarliklar, jinoyat sodir etishda gumon qilinayotgan, qidiruvdagi, shubhali shaxslar va buyumlar, shuningdek, yongʻinlar, avariyalar, halokatlar, xavfli tabiiy hodisalar, boshqa tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar) toʻgʻrisida fuqarolarni tezkor ogohlantirishni taʼminlaydi hamda ularning harakatlarini belgilaydi.
Xabar berish tizimi quyidagi maqsadlar uchun ikki xil tovush chiqarish imkoniyatiga ega boʻlishi lozim:
birinchi tovush — jinoyatlar va huquqbuzarliklar, jinoyat sodir etishda gumon qilinayotgan, qidiruvdagi, shubhali shaxslar (birinchi navbatda oʻzining oʻta sergakligi yoki bezovtaligi bilan shubha uygʻotgan, yil fasliga mos boʻlmagan yoki boʻy-bastiga noloyiq kiyimda boʻlgan, shuningdek, tanasida bogʻlangan joyi va jarohati boʻlganlar) va buyumlar haqidagi xabarlarni maʼlum qilish uchun;
ikkinchi tovush — yongʻinlar, avariyalar, halokatlar, xavfli tabiiy hodisalar, boshqa tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar, mazkur joyga xos boʻlmagan tutunlar, hidlar, alangalar va shovqinlar paydo boʻlish holatlari haqidagi xabarlarni maʼlum qilish uchun.
78. Xabar berish tizimi quyidagilarni taʼminlashi lozim:
taʼlim tashkiloti binosi, xonalari va hududlarida fuqarolar doimiy yoki vaqtincha boʻladigan joylarga tovushli signallarning berilishi;
xavfli vaziyat hamda zarur hollarda evakuatsiya yoʻllarida va xavfsizlikni taʼminlashga qaratilgan boshqa harakatlar toʻgʻrisida nutqli ovoz bilan xabar berilishi.
79. Xabar berish tizimining tovushli xabari boshqa turdagi tovushlardan ajralib turishi lozim. Xabar berish vositalarining soni va quvvati taʼlim tashkiloti binosida fuqarolar doimiy yoki vaqtincha boʻladigan barcha joylardan xabarlar eshitilishini taʼminlashi zarur.
80. Qoʻriqlanayotgan hududda ovoz kuchaytirish qurilmalaridan foydalanish lozim. Ular yoritish ustuni, bino devorlari va boshqa konstruksiyalarga oʻrnatilishi mumkin. Hududda ovozni kuchaytirish vositalarining soni va toʻgʻri joylashtirilishi belgilanganda, nutqli xabarlarni aniq va tushunarli uzatilishini taʼminlovchi ovoz kuchaytirish vositalarini sinovdan oʻtkazish yoʻli bilan har bir uchastkada bitta 10 V dan kam boʻlmagan ovoz berish vositalarini oʻrnatish koʻzda tutiladi.
81. Xabar berish vositalarida ovozni baland-past qilish imkoniyati boʻlmasligi va ularning ulanish joylari himoyalangan boʻlishi kerak.
82. Xabar berish tizimi alohida hollarda taʼlim tashkilotining radioeshittirish tarmogʻi bilan birgalikda loyihalashtirilishi mumkin.
83. Xabar berish tizimini boshqarish qoʻriqlash xonasi, dispetcher va boshqa maxsus xonalardan amalga oshiriladi hamda Favqulodda vaziyatlar vazirligining mahalliy darajadagi xabar berish tizimlariga integratsiya qilinadi.
9-§. Yoritish tizimi
84. Yoritish chiroqlari hudud toʻsiqlari, bino atrofi va kirish mumkin boʻlgan chegaralarning talab darajasida yoritilishini taʼminlashi lozim.
85. Yoritish tizimiga quyidagilar kiradi:
yoritish uskunalari;
kabel va simlar tarmogʻi;
boshqarish uskunasi.
86. Yoritish tizimi quyidagilarni taʼminlaydi:tungi vaqtda yerning yuzasidan gorizontal va devorning oʻzidan vertikal yoritilishi 0,5 lyuksdan kam boʻlmasligini;
bino atrofining eni 3-4 metr boʻlgan masofada bir maromda uzluksiz yoritilishini;
qoʻriqlash va nazorat-oʻtkazish joylari xonalarining yoritilishi qoʻlda boshqarilishini;
nazorat-oʻtkazish joylari, qoʻriqlash xonasi va qoʻriqlash postlarining uzluksiz ishlashini.
87. Taʼlim tashkiloti atrofi va hududining yoritish tarmoqlari tashqi yoritish tarmogʻidan alohida boʻlishi lozim. Bino atrofining yoritish tarmoqlari qoʻriqlash signalizatsiyasi hamda videokuzatuv nazorat tizimi nazorat qiladigan joylarga oʻrnatiladi. Ular qoʻriqlash xonasi yoki nazorat-oʻtkazish joylarida joylashgan yoritish shitining alohida guruhiga ulanishi lozim. Yoritish shiti nazorat-oʻtkazish joylarining tashqi devoriga qoʻriqlanayotgan hudud tomonidan oʻrnatiladi. Yoritish shiti osma qulf bilan yopilgan va qoʻriqlash signalizatsiyasi bilan jihozlangan boʻlishi lozim.
88 Yoritish chiroqlarining yoritish uskunalari osma, konsolli, projektor va boshqa turda boʻlishi mumkin. 220 V kuchlanishli elektr tarmoqlarda yoritish manbai sifatida LED yoritgichlaridan (projektorlardan) foydalanish tavsiya etiladi.
89. Tungi vaqtda yoritish chiroqlari uzluksiz ishlashi lozim.
Qoʻshimcha yoritish chiroqlari tungi vaqtlarda va koʻrish darajasi past boʻlganda, qoʻriqlanayotgan hududning yoritilishida ishlatilib, kunduzgi vaqtlarda oʻchirilgan boʻlishi shart.
90. Yoritish chiroqlari mexanik buzilishdan himoyalangan boʻlishi zarur.
10 - §. Qoʻriqlash naryadlari xizmat xonasini jihozlash
91. Qoʻriqlash naryadlari xizmat olib borishlari uchun taʼlim tashkilotlarida asosiy nazorat-oʻtkazish joyida alohida xizmat xonasi (xizmat oʻtash joyi) ajratiladi.
92. Xizmat xonasi mustahkam qilib qurilgan boʻlishi va ob-havoning har qanday sharoitida xizmat olib borish uchun moʻljallangan boʻlishi shart.
93. Xizmat xonasi kerakli mebel, isitish (sovitish) tizimi (vositalari), shahar (ichki) telefon aloqasi, videokuzatuv monitori va QYOOS jamlagichlari, “Tashvish” signalizatsiyasi tugmasi, favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimi (sirena) bilan jihozlanishi hamda naryad xodimlarining dam olishi va ovqatlanishi uchun barcha sharoitlar bilan taʼminlangan boʻlishi shart.
4-bob. Taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining favqulodda vaziyatlardagi harakati
94. Qoʻriqlash departamentining tegishli tuman (shahar) boʻlinmasi tomonidan favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimining birinchi tovushi berilgan vaqtda taʼlim tashkilotlarida barcha harakatlar toʻxtatiladi hamda taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari xonalarga (pana joy) kirib eshiklar mahkamlanadi.
95. Favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimining birinchi tovushi boʻyicha taʼlim tashkiloti rahbari:
sodir etilgan holatga imkon qadar oydinlik kiritadi;
Favqulodda vaziyatlar vazirligining, Qoʻriqlash departamentining tegishli tuman (shahar) boʻlinmasi yoki hududiy ichki ishlar organlari xodimlari bilan aloqa oʻrnatib, ularga naryaddan va videokuzatuv kameralaridan olingan dastlabki maʼlumotlar haqida axborot beradi.
96. Qoʻriqlash departamentining tegishli tuman (shahar) boʻlinmasi tomonidan favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimining ikkinchi tovushi berilgan vaqtda taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari taʼlim tashkiloti binosini tark etib, maxsus belgilangan joyga yigʻiladi.
97. Favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimining ikkinchi tovushi boʻyicha taʼlim tashkiloti rahbari:
yuzaga kelgan holatga imkon qadar oydinlik kiritadi;
tegishli sohaviy xizmatlarga axborot beradi (taʼlim tashkilotining aniq nomini, manzilini va unga keladigan qisqa yoʻlni koʻrsatadi);
sohaviy xizmatlar va Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlarning oldini olish va bunday vaziyatlarda harakat qilish davlat tizimining aloqador xizmatlari (avariya xizmat, gaz, tez tibbiy yordam va boshqalar) bilan aloqada boʻladi;
taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari taʼlim tashkiloti binosidan tartibli chiqishlarini hamda belgilangan joyga toʻplanishlarini tashkil etadi.
98. Favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimi ishga tushgani boʻyicha Qoʻriqlash departamentining tegishli tuman (shahar) boʻlinmasi, hududiy ichki ishlar organlari yoki Favqulodda vaziyatlar vazirligining tegishli tuman (shahar) yongʻin-qutqaruv boʻlinmalari xodimlari yetib kelgandan soʻng taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari ularning talablari boʻyicha harakat qiladi.
99. Favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimining birinchi tovushi boʻyicha taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilariga quyidagilar tavsiya etiladi:
oʻq ovozlari eshitilganda derazalarda parda boʻlganda ham derazalarga yaqinlashmaslik;
sinfda harakatlanganda deraza darajasidan koʻtarilmaslik;
oʻq otish vaqtida taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari koʻchada boʻlsa, darhol yerga yotib xavfsiz joyga emaklab borish;
jinoyatchilarning talablarini bajarish (agar ushbu talablar boshqalar hayoti va sogʻligʻiga xavf tugʻdirmasa) hamda ular bilan tortishmaslik;
jinoyatchilarni qurol ishlatishga majbur qiluvchi harakatlarni bajarmaslik;
har bir harakatga jinoyatchilardan ruxsat soʻrash;
yarador boʻlgan holatda qimirlamaslik (qon yoʻqotishning oldini olish maqsadida);
jinoyatchilarni va ularga tegishli maʼlumotlarni iloji boricha eslab qolish (ismlar, laqablar, chandiqlar, tatuirovkalar, soʻzlashish usuli va ovoz tovushlari);
polda yuzni pastga qaratib yotish va qimirlamaslik;
maxsus xizmatlarning yoniga yugurmaslik;
tegishli xizmatlarga (Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Milliy gvardiyasi) axborot berish;
shubhali buyumlar bilan hech qanday mustaqil harakatlarni amalga oshirmaslik (teginmaslik, ochmaslik, joydan joyga surmaslik);
shubhali buyumlar topilgan vaqtni belgilash;
shubhali buyumlar yoniga odamlarni yaqinlashtirmaslik;
tezkor boʻlinmalar kelganda holat boʻyicha toʻliq maʼlumot berish.
100. Favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimining ikkinchi tovushi boʻyicha taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilariga quyidagilar tavsiya etiladi:
zaxira chiqish joylaridan foydalanib, evakuatsiya tadbirlarini tashkil etish hamda tadbir yakunida sinf jurnali orqali yoʻqlama oʻtkazish;
evakuatsiya vaqtida vahimaga tushishning oldini olish va tartibni saqlash;
chiqish imkoniyati boʻlmasa, taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarini kapital devor yonida, burchaklarda va eshiklar joyida saflash;
sovuq havo boʻlganda, taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilariga ustki kiyim kiydirish hamda taʼlim tashkiloti yonida joylashgan uylar yoki tashkilotlar binolarida saqlashni taʼminlash;
yonayotgan binoga hech kimni qoʻymaslik.
101. Favqulodda vaziyatlarda xabar berish tizimining tovushi boʻyicha taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari:
yuzaga kelgan favqulodda vaziyat haqida taʼlim tashkiloti rahbariga darhol axborot berishi;
joylashgan joyida tartibni saqlashi, taʼlim tashkiloti rahbarining koʻrsatmalariga asosan harakatlanishi;
hududiy sharoitlarni inobatga olgan holda, ishlab chiqilgan Nizomga asosan harakatlanishi;
yordamga kelgan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Milliy gvardiyasi va Favqulodda vaziyatlar vazirligi boʻlinmalari xodimlarining talablarini bajarishi lozim.
Evakuatsiya tadbirlarini, taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarini xavfsiz joyga olib chiqishni tashkil etish taʼlim tashkilotlarida tashkil etilgan qutqaruv (fuqaro muhofazasi) tuzilmalari tomonidan amalga oshiriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
102. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 31-iyuldagi 425-son qaroriga 2-ILOVA
Davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarining xavfsizlik tizimlarini takomillashtirish va “Xavfsiz taʼlim” konsepsiyasini 2026-2027-yillarda amalga oshirish boʻyicha
T/r Tadbir nomi Amalga oshirish mexanizmi Bajarish muddati Moliyalashtirish manbalari Masʼullar 1. Taʼlim tashkilotlarida taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilariga qilingan har qanday tajovuzlar, favqulodda vaziyatlarda va boshqa tahdidlar vaqtida xavfsizlikni taʼminlash boʻyicha hamkorlikdagi choralarni koʻrish. 1. Har bir taʼlim muassasasi uchun uning oʻziga xosliklaridan kelib chiqqan holda, hududiy boshqarmalar tomonidan favqulodda vaziyatlarda va boshqa tahdidlar vaqtida xavfsizlikni taʼminlash hamda taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari harakatlari yuzasidan alohida reja ishlab chiqish. 2026-yil sentabr - Ichki ishlar vazirligi (A. Tashpulatov) , Favqulodda vaziyatlar vazirligi (A. Ikramov) , Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ( E. Karimova) , Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (K. Sharipov) , Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari 2. Ishlab chiqilgan rejalar asosida amaliy oʻquv mashgʻulotlari oʻtkazib borish. Alohida reja asosida doimiy ravishda 2. Taʼlim tashkilotlarining nazorat-oʻtkazish tartibi va obyekt ichki rejimini takomillashtirish. 1. Taʼlim tashkilotlarida nazorat-oʻtkazish tartibi va obyekt ichki rejimi boʻyicha qoʻshma qaror loyihasini ishlab chiqish. 2026-yil sentabr - Ichki ishlar vazirligi (A. Tashpulatov), Favqulodda vaziyatlar vazirligi (A. Ikramov), Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (E. Karimova), Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (K. Sharipov) 2. Qoʻshma qarorni tegishli vazirlik va idoralar bilan kelishish va tasdiqlash. 2026-yil oktabr 3. “Xavfsiz taʼlim” konsepsiyasi doirasida ishlab chiqilayotgan yagona axborot tizimini davlat organlarining axborot tizimi va platformalariga “Elektron hukumat” tizimining Idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali integratsiya qilish. 1. “Xavfsiz taʼlim” axborot tizimining texnik topshirigʻini ishlab chiqish. 2. “Xavfsiz taʼlim” axborot tizimiga davlat organlarining axborot tizimi va platformalarini integratsiya qilish boʻyicha texnik shartlarni ishlab chiqish. 3. “Xavfsiz taʼlim” axborot tizimiga davlat organlarining axborot tizimi va platformalarini integratsiya qilish. 4. “Xavfsiz taʼlim” axborot tizimini sinov tariqasida ishga tushirish. 2026-yil dekabr Qoʻriqlash departamenti mablagʻlari Ichki ishlar vazirligi ( A. Tashpulatov ), Raqamli texnologiyalar vazirligi ( Sh. Shermatov ), Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ( E. Karimova ), Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi ( K. Sharipov ) 4. Taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilarining taʼlim tashkilotlari, ularning atrofida xavfsizligini taʼminlash tizimini takomillashtirish. 1. Yoʻllar boʻyida joylashgan maktablar oldida belgilangan tartibda harakat tezligini kamaytiruvchi sunʼiy notekisliklar yoki shovqin chiziqlari, belgilangan tezlikni oshirish va piyodalarni oʻtkazmaslik kabi qoidabuzarliklarni aniqlovchi maxsus foto-video qayd etish vositalarini bosqichma-bosqich oʻrnatish. 2. Taʼlim-tarbiya jarayoni ishtirokchilari uchun taʼlim tashkilotiga kelishi va ketishining xavfsiz yoʻnalishlarini ishlab chiqish. 2026-2027-yillar davomida “Xavfsiz yoʻl va xavfsiz piyoda” respublika jamgʻarmasi Ichki ishlar vazirligi ( A. Tashpulatov ), Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ( E. Karimova ), Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari 5. Taʼlim tashkilotlarining yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini taʼminlash. 1. Taʼlim tashkilotlarida yongʻin xavfsizligi holatini oʻrganish. 2026-yil III chorak Alohida rejaga asosan Favqulodda vaziyatlar vazirligi (A. Ikramov), Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ( E. Karimova ), Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (K. Sharipov) , tarkibida taʼlim muassasasi boʻlgan vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari 2. Taʼlim tashkilotlarida yongʻin xavfsizligini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirish. Doimiy Alohida rejaga asosan 6. Davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarini “tashvish” tugmalari bilan jihozlash orqali xavfsizlik tizimini takomillashtirish. 1. Davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarini “tashvish” tugmalarini oʻrnatish va Qoʻriqlash departamentining texnik qoʻriqlash markazlariga integratsiya qilish. 2027-yil yakuniga qadar Ijrochilarning mazkur maqsadlar uchun ajratilgan budjet va budjetdan tashqari mablagʻlari Ichki ishlar vazirligi ( A. Tashpulatov ), Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ( E. Karimova ), Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (K. Sharipov) , Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari 2. Davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallariga texnik qoʻriqlash xizmatlarini koʻrsatish. Doimiy Belgilangan tarifga muvofiq 7. Taʼlim tashkilotlarini qoʻriqlashga jalb qilingan xodimlar uchun qoʻriqlov postlarini tashkil etish va jihozlash. 1. Taʼlim tashkilotlariga kirish joylarida qoʻriqlov postlarini tashkil etish. 2026-yil davomida Ijrochilarning budjet va budjetdan tashqari mablagʻlari, tegishli mahalliy budjet mablagʻlari hamda qonun bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, Ichki ishlar vazirligi ( A. Tashpulatov ), Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ( E. Karimova ), Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi ( K. Sharipov ), tarkibida taʼlim muassasasi boʻlgan vazirlik va idoralar 2. Qoʻriqlov postlarini jihozlash, taʼlim muassasasidagi mavjud kuzatuv kameralarini qoʻriqlash posti monitoringiga integratsiya qilish. 2027-yil davomida 8. Taʼlim tashkilotlarining idoraviy qorovullik boʻlinmalari ishchi va xizmatchilarini mintaqaviy oʻquv markazlarida shartnoma asosida tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini yoʻlga qoʻyish. 1. Taʼlim tashkilotlari qorovullik boʻlinmalari ishchi va xizmatchilarini bosqichma-bosqich oʻqitish boʻyicha qoʻshma rejalar ishlab chiqish. 2026-yil avgust Mazkur maqsadlar uchun ajratilgan budjet va budjetdan tashqari mablagʻlar doirasida Ichki ishlar vazirligi ( A. Tashpulatov ), Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ( E. Karimova ), Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi ( K. Sharipov ), tarkibida taʼlim muassasasi boʻlgan vazirlik va idoralar 2. Taʼlim tashkilotlarining idoraviy qorovullik boʻlinmalari ishchi va xizmatchilarini mintaqaviy oʻquv markazlarida shartnoma asosida tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish. 2026-2027-yillar
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 31-iyul,
425 -son