📅 2026-yil 15-iyul · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 15-iyul · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 15 июль · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 15 июля 2026 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 15 July 2026 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
ҲАРАКАТЛАР РЕЖАЛАРИ
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/18-сон қарори (рўйхат рақами 3030, 2018 йил 2 июль) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.07.2018 й., 10/18/3030/1440-сон) билан тасдиқланган Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 15 июлдаги 19/16-сон қарорига ИЛОВА
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартириш
1. 1-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
« тизимли камчилик — муайян молиявий маҳсулот, бизнес жараён, банк хизмат кўрсатиш бўлинмалари тармоғи, ахборот тизими ёки ички назорат тизими, якка ҳолат билан чекланмайдиган ва ўз мазмунига кўра бошқа ўхшаш шартномалар, операциялар, хизмат кўрсатиш жараёнлари ёки таркибий бўлинмалар фаолиятидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи камчилик.».
2. 47-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Банк мурожаатлар билан ишлашда ва уларни кўриб чиқишда мурожаатларда назарда тутилган қоидабузарликларни, салбий ҳолатларни, тизимли камчиликларни, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиши лозим.».
3. 58 17 -банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«58 17 . Банк ҳар чорак (йил) натижаларига кўра мурожаатларни умумлаштиради ва таҳлил қилади.
Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра маълумотномалар (шарҳлар) тузилади, уларда мурожаатлар билан ишлашнинг умумий кўрсаткичлари, мурожаатларнинг турлари, сони ва келиб чиқиш сабаблари, мурожаатларда тез-тез кўтарилган масалалар, мурожаатлар банк хизмат турлари (маҳсулотлари) бўйича қайси ҳудудлардан келиб тушиши, ушбу банк хизматлари истеъмолчилар талабларидан келиб чиқиб уларга мос ишлаб чиқилганлиги ва истеъмолчилар билан адолатли муносабат қурилганлиги тўғрисида таҳлилий маълумотлар, мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган асосий камчиликлар ва қоидабузарликлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар акс эттирилади.
Банк бошқаруви банк фаолиятининг чорак (йил) натижаларини кўриб чиқиш тўғрисидаги ўз йиғилишларида банкда мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини, шу жумладан мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижалари бўйича маълумотномаларни (шарҳларни), мурожаатларда кўтарилган салбий ҳолатларни, тизимли камчиликларни ва ўзига хос таваккалчиликларни муҳокама қилиши ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ ҳаракатлар режаларини тасдиқлаши лозим.
Бунда, банк бошқаруви қарорлари, шунингдек, мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижалари бўйича маълумотномалар (шарҳлар) ички аудит хизматига тақдим этилади. Ички аудит хизмати банкда мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини текшириш ўтказиш бўйича иш режаларини тузишда ва мониторинг фаолиятини амалга оширишда фойдаланади.
Қуйидаги ҳолатлардан бирининг мавжудлиги тизимли камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмаган деб ҳисобланишига асос бўлади:
тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаларининг тасдиқланмаслиги;
ҳаракатлар режаларида белгиланган чоралар ва топшириқларнинг ўз муддатларида бажарилмаслиги;
белгиланган чоралар бажарилганига қарамасдан тизимли камчиликларнинг сақланиб қолиши;
ички аудит хизмати томонидан ҳаракатлар режаларида қайд этилган топшириқлар ижроси ушбу топшириқларни бажариш муддати якунига қадар баҳоланмаганлиги, ҳар чорак натижалари бўйича чорак якунлангандан сўнг бир ой муддат давомида банк бошқаруви ва кузатув кенгашига ҳаракатлар режаларида қайд этилган топшириқларнинг бажарилиши ҳолати, шу жумладан қисман ёки тўлиқ бажарилмаган топшириқлар юзасидан хулоса киритилмаслиги ҳамда ҳар йил якуни бўйича бир ой давомида аҳоли ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тизими самарадорлиги баҳоланмаганлиги;
банк бошқаруви ички аудит хизмати томонидан тақдим этилган хулосаларда қайд этилган ҳолатларни хулоса тайёрланган санадан бошлаб бир ой давомида кўриб чиқмаганлиги.
Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган чораклик маълумотномалар (шарҳлар) ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасига ва йиллик маълумотномалар (шарҳлар) февраль ойининг 15-санасига қадар банкнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.
Банк акциядорларининг йиллик умумий йиғилишида тасдиқланадиган йиллик ҳисоботда банкнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ҳам акс эттирилади.
Банк мазкур бандда назарда тутилган мурожаатлар масаласига оид Банк бошқаруви йиғилиши қарори (ҳужжат) нусхаларини у тасдиқланган кундан бошлаб уч иш куни ичида, шунингдек, ҳаракатлар режасидаги ҳар бир тизимли камчилик бартараф этилганлиги тўғрисидаги маълумотларни камчиликлар бартараф этилган кундан бошлаб беш иш куни ичида Марказий банкка тақдим этади.».
4. Мазкур қўшимчалар ва ўзгартиришнинг иловасига мувофиқ таҳрирдаги 5-илова билан тўлдирилсин.
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартиришга ИЛОВА
«Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича
Т/р Тизимли камчиликлар номи Тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар Чора-тадбирлар ижроси муддатлари Чора-тадбирлар ижросини таъминлашга масъул бўлган таркибий тузилма Чора-тадбирлар ижросини таъминлашга масъул бўлган банк раҳбари Масъул банк раҳбари томонидан чора-тадбирлар ижросини жорий назорат қилиш муддатлари (ижрочилар томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи эшитилади ва тегишли тадбирлар кўрилади) 1 2 3 4 5 6 7 1. ».
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 15 июль,
19/16-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining
qarori
HARAKATLAR REJALARI
Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga qoʻshimchalar va oʻzgartirish kiritish haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2018-yil 28-apreldagi 16/18-son qarori (roʻyxat raqami 3030, 2018-yil 2-iyul) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 03.07.2018-y., 10/18/3030/1440-son) bilan tasdiqlangan Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq qoʻshimchalar va oʻzgartirish kiritilsin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran bir oydan keyin kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2026-yil 15-iyuldagi 19/16-son qaroriga ILOVA
Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan qoʻshimchalar va oʻzgartirish
1. 1-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“ tizimli kamchilik — muayyan moliyaviy mahsulot, biznes jarayon, bank xizmat koʻrsatish boʻlinmalari tarmogʻi, axborot tizimi yoki ichki nazorat tizimi, yakka holat bilan cheklanmaydigan va oʻz mazmuniga koʻra boshqa oʻxshash shartnomalar, operatsiyalar, xizmat koʻrsatish jarayonlari yoki tarkibiy boʻlinmalar faoliyatidagi isteʼmolchilarning huquqlari buzilishiga olib keluvchi kamchilik.”.
2. 47-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Bank murojaatlar bilan ishlashda va ularni koʻrib chiqishda murojaatlarda nazarda tutilgan qoidabuzarliklarni, salbiy holatlarni, tizimli kamchiliklarni, isteʼmolchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlari buzilishini keltirib chiqaruvchi sabablarni bartaraf etishi lozim.”.
3. 58 17 -band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“58 17 . Bank har chorak (yil) natijalariga koʻra murojaatlarni umumlashtiradi va tahlil qiladi.
Murojaatlarni umumlashtirish va tahlil qilish natijalariga koʻra maʼlumotnomalar (sharhlar) tuziladi, ularda murojaatlar bilan ishlashning umumiy koʻrsatkichlari, murojaatlarning turlari, soni va kelib chiqish sabablari, murojaatlarda tez-tez koʻtarilgan masalalar, murojaatlar bank xizmat turlari (mahsulotlari) boʻyicha qaysi hududlardan kelib tushishi, ushbu bank xizmatlari isteʼmolchilar talablaridan kelib chiqib ularga mos ishlab chiqilganligi va isteʼmolchilar bilan adolatli munosabat qurilganligi toʻgʻrisida tahliliy maʼlumotlar, murojaatlarni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha aniqlangan asosiy kamchiliklar va qoidabuzarliklar, isteʼmolchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlari buzilishini keltirib chiqaruvchi sabablarni bartaraf etish maqsadida koʻrilgan chora-tadbirlar aks ettiriladi.
Bank boshqaruvi bank faoliyatining chorak (yil) natijalarini koʻrib chiqish toʻgʻrisidagi oʻz yigʻilishlarida bankda murojaatlar bilan ishlash holatini, shu jumladan murojaatlarni umumlashtirish va tahlil qilish natijalari boʻyicha maʼlumotnomalarni (sharhlarni), murojaatlarda koʻtarilgan salbiy holatlarni, tizimli kamchiliklarni va oʻziga xos tavakkalchiliklarni muhokama qilishi hamda isteʼmolchilarning huquqlari buzilishiga olib keluvchi tizimli kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha mazkur Nizomning 5-ilovasiga muvofiq harakatlar rejalarini tasdiqlashi lozim.
Bunda, bank boshqaruvi qarorlari, shuningdek, murojaatlarni umumlashtirish va tahlil qilish natijalari boʻyicha maʼlumotnomalar (sharhlar) ichki audit xizmatiga taqdim etiladi. Ichki audit xizmati bankda murojaatlar bilan ishlash holatini tekshirish oʻtkazish boʻyicha ish rejalarini tuzishda va monitoring faoliyatini amalga oshirishda foydalanadi.
Quyidagi holatlardan birining mavjudligi tizimli kamchiliklarni bartaraf etish choralari koʻrilmagan deb hisoblanishiga asos boʻladi:
tizimli kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha harakatlar rejalarining tasdiqlanmasligi;
harakatlar rejalarida belgilangan choralar va topshiriqlarning oʻz muddatlarida bajarilmasligi;
belgilangan choralar bajarilganiga qaramasdan tizimli kamchiliklarning saqlanib qolishi;
ichki audit xizmati tomonidan harakatlar rejalarida qayd etilgan topshiriqlar ijrosi ushbu topshiriqlarni bajarish muddati yakuniga qadar baholanmaganligi, har chorak natijalari boʻyicha chorak yakunlangandan soʻng bir oy muddat davomida bank boshqaruvi va kuzatuv kengashiga harakatlar rejalarida qayd etilgan topshiriqlarning bajarilishi holati, shu jumladan qisman yoki toʻliq bajarilmagan topshiriqlar yuzasidan xulosa kiritilmasligi hamda har yil yakuni boʻyicha bir oy davomida aholi va yuridik shaxslar murojaatlarini koʻrib chiqish tizimi samaradorligi baholanmaganligi;
bank boshqaruvi ichki audit xizmati tomonidan taqdim etilgan xulosalarda qayd etilgan holatlarni xulosa tayyorlangan sanadan boshlab bir oy davomida koʻrib chiqmaganligi.
Murojaatlarni umumlashtirish va tahlil qilish natijalariga koʻra tuzilgan choraklik maʼlumotnomalar (sharhlar) hisobot choragidan keyingi oyning 20-sanasiga va yillik maʼlumotnomalar (sharhlar) fevral oyining 15-sanasiga qadar bankning rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilinishi shart.
Bank aksiyadorlarining yillik umumiy yigʻilishida tasdiqlanadigan yillik hisobotda bankning murojaatlar bilan ishlash faoliyati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ham aks ettiriladi.
Bank mazkur bandda nazarda tutilgan murojaatlar masalasiga oid Bank boshqaruvi yigʻilishi qarori (hujjat) nusxalarini u tasdiqlangan kundan boshlab uch ish kuni ichida, shuningdek, harakatlar rejasidagi har bir tizimli kamchilik bartaraf etilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kamchiliklar bartaraf etilgan kundan boshlab besh ish kuni ichida Markaziy bankka taqdim etadi.”.
4. Mazkur qoʻshimchalar va oʻzgartirishning ilovasiga muvofiq tahrirdagi 5-ilova bilan toʻldirilsin.
Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan qoʻshimchalar va oʻzgartirishga ILOVA
“Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA
Isteʼmolchilarning huquqlari buzilishiga olib keluvchi tizimli kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha
T/r Tizimli kamchiliklar nomi Tizimli kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlar Chora-tadbirlar ijrosi muddatlari Chora-tadbirlar ijrosini taʼminlashga masʼul boʻlgan tarkibiy tuzilma Chora-tadbirlar ijrosini taʼminlashga masʼul boʻlgan bank rahbari Masʼul bank rahbari tomonidan chora-tadbirlar ijrosini joriy nazorat qilish muddatlari (ijrochilar tomonidan amalga oshirilgan ishlar boʻyicha hisoboti eshitiladi va tegishli tadbirlar koʻriladi) 1 2 3 4 5 6 7 1. ”.
Rais T. ISHMETOV
Toshkent sh.,
2026-yil 15-iyul,
19/16-son