📅 2026-yil 5-avgust · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 5-avgust · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 5 август · Президент қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 августа 2026 г. · Постановления Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 August 2026 · Presidential resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Чорвачилик тармоғи лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Қорамолчилик, қўй-эчкичилик, йилқичилик, туячилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичиликни (кейинги ўринларда — чорвачилик тармоғи) барқарор ривожлантириш, аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қондириш, озуқа базасини янада мустаҳкамлаш, тармоқда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари ва самарадорлигини ошириш мақсадида қарор қиламан:
I. Чорвачилик тармоғини молиявий қўллаб-қувватлаш
1. Белгилансинки, 2026 йил 1 сентябрдан 2030 йил 1 январга қадар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан Давлат бюджети ҳисобидан наслчилик хўжаликларига ўстиришга қолдирилган идентификация қилинган урғочи наслдор қорамолларни сақлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга ҳар бир давр учун алоҳида қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади:
(а) биринчи наслдор урғочи бузоқ олинганда — 1,5 миллион сўм;
(б) иккинчи наслдор урғочи бузоқ олинганда — 2 миллион сўм;
(в) олинган бузоқ 12 ойликкача сақланганда — 1 миллион сўм;
(г) олинган бузоқ 12 ойдан 18 ойликкача сақланганда — 1 миллион сўм.
2. Солиқ кодексининг 414-моддасига мувофиқ юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда солиқ базаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш учун, шунингдек, ипак қурти етиштириш учун фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги корхоналари балансида бўлган мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати (ўртача йиллик қиймати) миқдорига камайтирилиши маълумот учун қабул қилинсин.
II. Чорвачилик тармоғи лойиҳаларини амалга ошириш
3. Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) муассислигида қуйидаги вазифаларни амалга оширадиган масъулияти чекланган жамият шаклида сервис корхонаси (кейинги ўринларда — сервис корхонаси) ташкил этилсин:
(а) хорижий давлатларда чорвачилик тармоғи лойиҳаларини амалга ошириш;
(б) хорижий давлатлардан йирик ва майда шохли қорамолларни чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига етказиб бериш ҳамда ушбу мақсадлар учун мамлакат ҳудудида импорт карантини пунктлари (зоналари)ни ташкил этиш;
(в) чорва моллари етказиб берилгандан кейин камида ўн икки ой озиқлантириш, ветеринария, сунъий уруғлантириш, наслчилик ва зоотехник хизматлар кўрсатишдан иборат сервис пакетини тақдим этиш.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йилнинг 1 феврали ва 1 июлига қадар (2026 йилда 1 сентябрга қадар) чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларда чорва молларини боқиш истагини билдирган ташаббускорлар таклифларини шакллантириб, Агентликка тақдим этади;
(б) Агентлик тақдим этилган таклифлар асосида йирик ва майда шохли қорамолларни ташаббускорларга етказиб беришни ташкил қилади.
5. Агентлик АТ «Халқ банки», «Навоий-Агро Стар» МЧЖ билан биргаликда тадбиркорлар томонидан 2027 йил якунига қадар чорвачиликка ихтисослаштирилган туманларда камида шартли 200 бош наслдор қорамол етиштириш лойиҳалари амалга оширилишига кўмаклашсин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, АТ «Халқ банки» ҳамда чорвачилик хўжаликларининг «Чорвадорлар» уюшмасини ташкил этиш ва унинг 2026 — 2028 йилларда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг ойлик иш ҳақи, уларни моддий рағбатлантириш ҳамда уюшмани сақлаш харажатларини АТ «Халқ банки» томонидан ҳар йили 5 миллиард сўмгача миқдорда смета асосида қоплаш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.
7. Давлат иштирокидаги банклар бир ой муддатда қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган чорвачилик йўналишидаги объектларни чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш истагини билдирган ташаббускорларга бозор қийматида 10 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ёки лизинг шартномалари асосида сотиш чораларини кўрсин. Бунда ташаббускорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги ПҚ-179-сон қарорининг 9-бандида кўрсатилган кредитлар ажратилиши кўзда тутилади.
8. АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБ Агентлик билан биргаликда қарз олувчиларнинг тўлов қобилияти ва лойиҳалар ижроси ҳолатидан келиб чиқиб, шунингдек, биологик хавфсизликни таъминлаш, касалликлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда маҳсулот таннархига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни минималлаштириш мақсадида чорвачилик тармоғи хўжаликларига ажратилган кредитларни қайтариш муддатларини узайтиришни белгиланган тартибда кўриб чиқсин.
III. Молиявий ва бошқа ресурслар
9. Мазкур қарорнинг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун Агентлик талабномасига асосан сервис корхонасига:
(а) 2030 йил август — декабрь ойларида тенг улушларда қайтариш шарти билан:
(i) Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 миллиард сўмгача;
(ii) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 60 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда ажратсин;
(б) айланма маблағларни тўлдириш учун АТ «Халқ банки» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги ПҚ-179-сон қарорининг 9-банди «б» кичик бандидаги ресурслар ҳисобидан 10 фоиз ставкада (шундан 4 фоиз банк маржаси) 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилгача муддатга кредитлар ажратсин.
10. Қуйидагилар:
(а) Агентлик «Ўздаверлойиҳа» ДИЛИ ва Кадастр агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда чорвачилик тармоғи лойиҳаларини амалга ошириш учун лойиҳа қуввати ва чорва моллари бош сонидан келиб чиқиб, озуқабоп экинлар экиш мақсадида бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича таклифларни туман (шаҳар) ҳокимликларига киритсин;
(б) туман (шаҳар) ҳокимликлари икки ой муддатда Агентлик таклифлари асосида ер участкалари ўрнатилган тартибда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин;
(в) Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (Ж. Хатамов) ер участкалари белгиланган муддатда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши устидан назорат ўрнатсин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Агентликнинг 2026 йил якунига қадар ҳудудларда чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Бунда:
(а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари ҳамда Агентлик билан биргаликда ҳар ойда «йўл хариталари»да белгиланган вазифалар ижросини ташкил этсин;
(б) Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (Ж. Хатамов) «йўл хариталари» ижросини доимий назоратга олсин ҳамда ҳар чоракда амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
12. АТ «Халқ банки» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги ПҚ-179-сон қарорининг 23-банди «б» кичик бандида назарда тутилган рақамли платформа ишга туширилишида техник ва молиявий кўмак бериб борсин. Бунда ушбу рақамли платформа учун тегишли маълумотлар базасини шакллантиришда «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформасига интеграция қилинган вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидаги маълумотлардан фойдаланишга рухсат берилади.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 7 апрелдаги «Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-130-сон қарори 1-банди «а» кичик бандидаги «1 августга» сўзлари «31 декабрга» сўзлари билан алмаштирилсин.
14. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров, Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори О.А. Бўтаев белгилансин.
16. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 5 август,
ПҚ- 293 -сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING
QARORI
Chorvachilik tarmogʻi loyihalarini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Qoramolchilik, qoʻy-echkichilik, yilqichilik, tuyachilik, parrandachilik, quyonchilik, asalarichilikni (keyingi oʻrinlarda — chorvachilik tarmogʻi) barqaror rivojlantirish, aholining chorvachilik mahsulotlariga boʻlgan ehtiyojini mahalliy ishlab chiqarish hisobiga qondirish, ozuqa bazasini yanada mustahkamlash, tarmoqda mahsulot ishlab chiqarish hajmlari va samaradorligini oshirish maqsadida qaror qilaman:
I. Chorvachilik tarmogʻini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash
1. Belgilansinki, 2026-yil 1-sentabrdan 2030-yil 1-yanvarga qadar Agrar sohada toʻlovlar agentligi tomonidan Davlat budjeti hisobidan naslchilik xoʻjaliklariga oʻstirishga qoldirilgan identifikatsiya qilingan urgʻochi nasldor qoramollarni saqlash xarajatlarining bir qismini qoplashga har bir davr uchun alohida quyidagi miqdorlarda subsidiya ajratiladi:
(a) birinchi nasldor urgʻochi buzoq olinganda — 1,5 million soʻm;
(b) ikkinchi nasldor urgʻochi buzoq olinganda — 2 million soʻm;
(v) olingan buzoq 12 oylikkacha saqlanganda — 1 million soʻm;
(g) olingan buzoq 12 oydan 18 oylikkacha saqlanganda — 1 million soʻm.
2. Soliq kodeksining 414-moddasiga muvofiq yuridik shaxslarning mol-mulkiga solinadigan soliqni hisoblab chiqarishda soliq bazasi qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish va saqlash uchun, shuningdek, ipak qurti yetishtirish uchun foydalaniladigan qishloq xoʻjaligi korxonalari balansida boʻlgan mol-mulkning oʻrtacha yillik qoldiq qiymati (oʻrtacha yillik qiymati) miqdoriga kamaytirilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
II. Chorvachilik tarmogʻi loyihalarini amalga oshirish
3. Chorvachilik va yaylov xoʻjaligini rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) muassisligida quyidagi vazifalarni amalga oshiradigan masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklida servis korxonasi (keyingi oʻrinlarda — servis korxonasi) tashkil etilsin:
(a) xorijiy davlatlarda chorvachilik tarmogʻi loyihalarini amalga oshirish;
(b) xorijiy davlatlardan yirik va mayda shoxli qoramollarni chorvachilik xoʻjaliklari va aholi xonadonlariga yetkazib berish hamda ushbu maqsadlar uchun mamlakat hududida import karantini punktlari (zonalari)ni tashkil etish;
(v) chorva mollari yetkazib berilgandan keyin kamida oʻn ikki oy oziqlantirish, veterinariya, sunʼiy urugʻlantirish, naslchilik va zootexnik xizmatlar koʻrsatishdan iborat servis paketini taqdim etish.
4. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
(a) Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda har yilning 1-fevrali va 1-iyuliga qadar (2026-yilda 1-sentabrga qadar) chorvachilikka ixtisoslashgan mahallalarda chorva mollarini boqish istagini bildirgan tashabbuskorlar takliflarini shakllantirib, Agentlikka taqdim etadi;
(b) Agentlik taqdim etilgan takliflar asosida yirik va mayda shoxli qoramollarni tashabbuskorlarga yetkazib berishni tashkil qiladi.
5. Agentlik AT “Xalq banki”, “Navoiy-Agro Star” MCHJ bilan birgalikda tadbirkorlar tomonidan 2027-yil yakuniga qadar chorvachilikka ixtisoslashtirilgan tumanlarda kamida shartli 200 bosh nasldor qoramol yetishtirish loyihalari amalga oshirilishiga koʻmaklashsin.
6. Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, AT “Xalq banki” hamda chorvachilik xoʻjaliklarining “Chorvadorlar” uyushmasini tashkil etish va uning 2026 — 2028-yillarda moddiy-texnika bazasini mustahkamlash, xodimlarning oylik ish haqi, ularni moddiy ragʻbatlantirish hamda uyushmani saqlash xarajatlarini AT “Xalq banki” tomonidan har yili 5 milliard soʻmgacha miqdorda smeta asosida qoplash toʻgʻrisidagi taklifi qoʻllab-quvvatlansin.
7. Davlat ishtirokidagi banklar bir oy muddatda qarzdorliklarni soʻndirish evaziga bank balansiga olingan chorvachilik yoʻnalishidagi obyektlarni chorvachilik xoʻjaliklarini tashkil etish istagini bildirgan tashabbuskorlarga bozor qiymatida 10 yil muddatga boʻlib-boʻlib toʻlash yoki lizing shartnomalari asosida sotish choralarini koʻrsin. Bunda tashabbuskorlarga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 12-maydagi PQ-179-son qarorining 9-bandida koʻrsatilgan kreditlar ajratilishi koʻzda tutiladi.
8. AT “Xalq banki” va “Mikrokreditbank” ATB Agentlik bilan birgalikda qarz oluvchilarning toʻlov qobiliyati va loyihalar ijrosi holatidan kelib chiqib, shuningdek, biologik xavfsizlikni taʼminlash, kasalliklar tarqalishining oldini olish hamda mahsulot tannarxiga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi omillarni minimallashtirish maqsadida chorvachilik tarmogʻi xoʻjaliklariga ajratilgan kreditlarni qaytarish muddatlarini uzaytirishni belgilangan tartibda koʻrib chiqsin.
III. Moliyaviy va boshqa resurslar
9. Mazkur qarorning 3 va 4-bandlarida nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirish uchun Agentlik talabnomasiga asosan servis korxonasiga:
(a) 2030-yil avgust — dekabr oylarida teng ulushlarda qaytarish sharti bilan:
(i) Oziq-ovqat mahsulotlari xavfsizligi qoʻmitasi Oziq-ovqat mahsulotlari xavfsizligi sohasini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan 10 milliard soʻmgacha;
(ii) Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasi hisobidan 60 milliard soʻmgacha foizsiz ssuda ajratsin;
(b) aylanma mablagʻlarni toʻldirish uchun AT “Xalq banki” Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 12-maydagi PQ-179-son qarorining 9-bandi “b” kichik bandidagi resurslar hisobidan 10 foiz stavkada (shundan 4 foiz bank marjasi) 4 yillik imtiyozli davr bilan 10 yilgacha muddatga kreditlar ajratsin.
10. Quyidagilar:
(a) Agentlik “Oʻzdaverloyiha” DILI va Kadastr agentligi bilan birgalikda bir oy muddatda chorvachilik tarmogʻi loyihalarini amalga oshirish uchun loyiha quvvati va chorva mollari bosh sonidan kelib chiqib, ozuqabop ekinlar ekish maqsadida boʻsh turgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini elektron onlayn auksion savdolariga chiqarish boʻyicha takliflarni tuman (shahar) hokimliklariga kiritsin;
(b) tuman (shahar) hokimliklari ikki oy muddatda Agentlik takliflari asosida yer uchastkalari oʻrnatilgan tartibda elektron onlayn auksion savdolariga chiqarilishini taʼminlasin;
(v) Bosh prokuratura huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti (J. Xatamov) yer uchastkalari belgilangan muddatda elektron onlayn auksion savdolariga chiqarilishi ustidan nazorat oʻrnatsin.
IV. Qaror ijrosini tashkil etish, taʼminlash va nazorat
11. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari hamda Agentlikning 2026-yil yakuniga qadar hududlarda chorvachilik va uning tarmoqlarini rivojlantirish boʻyicha belgilangan chora-tadbirlarni amalga oshirish “yoʻl xaritalari”ni ishlab chiqish va amalga oshirish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin. Bunda:
(a) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar hokimlari hamda Agentlik bilan birgalikda har oyda “yoʻl xaritalari”da belgilangan vazifalar ijrosini tashkil etsin;
(b) Bosh prokuratura huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti (J. Xatamov) “yoʻl xaritalari” ijrosini doimiy nazoratga olsin hamda har chorakda amalga oshirilgan ishlar yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga axborot kiritib borsin.
12. AT “Xalq banki” Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 12-maydagi PQ-179-son qarorining 23-bandi “b” kichik bandida nazarda tutilgan raqamli platforma ishga tushirilishida texnik va moliyaviy koʻmak berib borsin. Bunda ushbu raqamli platforma uchun tegishli maʼlumotlar bazasini shakllantirishda “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasiga integratsiya qilingan vazirlik va idoralarning axborot tizimlaridagi maʼlumotlardan foydalanishga ruxsat beriladi.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 7-apreldagi “Aholini asosiy turdagi oziq-ovqat mahsulotlari bilan taʼminlashni qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-130-son qarori 1-bandi “a” kichik bandidagi “1-avgustga” soʻzlari “31-dekabrga” soʻzlari bilan almashtirilsin.
14. Qishloq xoʻjaligi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda qonunchilik hujjatlariga mazkur qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
15. Mazkur qaror ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsan javobgar etib Bosh vazir oʻrinbosarlari J.A. Xodjayev va J.A. Qoʻchqorov, Chorvachilik va yaylov xoʻjaligini rivojlantirish agentligi direktori O.A. Boʻtayev belgilansin.
16. Qaror ijrosini muhokama qilib borish, ijro uchun masʼul idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining agrar rivojlanish masalalari boʻyicha maslahatchisi Sh.M. Gʻaniyev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2026-yil 5-avgust,
PQ- 293 -son