UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 7-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 7 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 7 августа 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 7 August 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Республикада давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишларини ҳаётга татбиқ этиш, жамиятда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарорига мувофиқ республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликларида (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси (кейинги ўринларда — маслаҳатчи) лавозими жорий этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти (кейинги ўринларда — Департамент) маслаҳатчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади;

маслаҳатчи Департамент билан келишилган ҳолда тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

маслаҳатчилар фаолияти бўйича ўз раҳбарига ва Департаментга ҳисобдордир.

3. Қуйидагилар маслаҳатчининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат тили, географик объектлар, маънавий-маърифий соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши, шунингдек, бу жараёнда давлат тили қоида ва меъёрларига амал қилинишини таъминлаш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш чораларини кўриш;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг тизимларида давлат тили ва географик объектларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини доимий равишда танқидий-таҳлилий ўрганиб бориш, бу борада аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларида давлат тили ҳамда географик объектларнинг номларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар ва «йўл хариталари»нинг ишлаб чиқилишида фаол қатнашиш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш;

замонавий атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобилларини яратиш ва уларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, соҳалар бўйича атамалар луғатларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ зарур чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Атамалар бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини юритиш;

ҳудудлардаги, давлат органлари ва ташкилотларидаги ташқи ёзувлар, шу жумладан, лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ҳақидаги ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлашда иштирок этиш;

давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати субъектлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш;

давлат тили ва географик объектларни номлаш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш.

Маслаҳатчилар мазкур банддаги вазифалар ижросини таъминлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппаратлари таркибий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

4. Республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликларида маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

маслаҳатчи мақоми, тиббий ва транспорт хизматини кўрсатиш шартларига кўра давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарининг ўринбосарига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимларининг маслаҳатчилари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарига тенглаштирилади;

маслаҳатчи лавозимига номзодларни танлаб олишда филолог (ўзбек тили) ва журналистика мутахассислиги бўйича олий маълумотли ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ташкил этилган ўқув курсини муваффақиятли тамомлаб, тегишли сертификат олган, етарли билим ва тажрибага эга номзодларга устуворлик берилади;

маслаҳатчининг вазифа ва функцияларини давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа бўлинмаларига топширишга ёки юклашга, шунингдек, ушбу лавозимни қисқартиришга йўл қўйилмайди.

6. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари:

ўн кун муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг штатлар жадвали белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилишини таъминласин;

икки ҳафта муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Низом асосида маслаҳатчининг функционал вазифаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

маслаҳатчининг ҳар томонлама самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароит яратсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 20 октябрдаги ПҚ-308-сон қарори билан тасдиқланган 2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастурининг 11-бандида Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларга сунъий интеллект ёрдамида ўзбек тилидаги матнларни овозли нутққа, нутқларни матнга айлантирадиган, ўзбек тилидан хорижий тилларга, хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қиладиган, видео ва фотосуратлардаги матнларни ўқиб-ўгиришга хизмат қиладиган сунъий интеллект платформасини (кейинги ўринларда — платформа) яратиш вазифаси белгилангани кўрсатиб ўтилсин.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги уч ой муддатда илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурлари доирасида платформани яратиш бўйича танлов эълон қилсин. Бунда танлов натижаларига кўра ғолиб деб топилган ташкилот томонидан платформани 2027 йил 1 декабрга қадар ишга тушириш назарда тутилсин.

Рақамли технологиялар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда танловни самарали ташкил этишни, жумладан, вазирлик тизимидаги ташкилотлар ва тажрибали соҳа мутахассисларининг фаол иштирокини таъминласин.

8. Давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши ва давлат тилида иш юритилишига, жумладан, ушбу қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилишига республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари масъул ва шахсий жавобгар этиб белгилансин.

9. Вазирлар Маҳкамасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 28 октябрдаги 662-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

11. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги 437-сон қарорига 1-ИЛОВА

Республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликларида маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом республика даражасидаги давлат органлари ва устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликларида (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи (кейинги ўринларда — маслаҳатчи) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Маслаҳатчи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

3. Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти (кейинги ўринларда — Департамент) маслаҳатчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади.

Маслаҳатчилар фаолияти бўйича ўз раҳбарига ва Департаментга ҳисобдордир.

2-боб. Маслаҳатчининг асосий вазифалари ва функциялари

4. Қуйидагилар маслаҳатчининг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат тили, географик объектлар, маънавий-маърифий соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши, шунингдек, бу жараёнда давлат тили қоида ва меъёрларига амал қилинишини таъминлаш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш чораларини кўриш;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг тизимларида давлат тили ва географик объектларга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини доимий равишда танқидий-таҳлилий ўрганиб бориш, бу борада аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларида давлат тили ҳамда географик объектларнинг номларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, дастурлар ва «йўл хариталари»нинг ишлаб чиқилишида фаол қатнашиш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш;

замонавий атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобилларини яратиш ва уларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, соҳалар бўйича атамалар луғатларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ зарур чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Атамалар бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини юритиш;

ҳудудлардаги, давлат органлари ва ташкилотларидаги ташқи ёзувлар, шу жумладан, лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ҳақидаги ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлашда иштирок этиш;

давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати субъектлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш;

давлат тили ва географик объектларни номлаш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш.

5. Маслаҳатчи ўзига юкланган асосий вазифалардан келиб чиқиб, қуйидаги функцияларни бажаради:

а) давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш, шунингдек, Атамалар бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 20 октябрдаги ПФ-6084-сон Фармонига мувофиқ ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг устувор мақсадлари, йўналишлари ва вазифаларини амалга оширишни таъминлайди;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг тизимларида иш юритишнинг тўлиқ давлат тилида бўлишини таъминлайди ва бу жараёнда давлат тили қоида ва меъёрларига амал қилинишини мониторинг қилади ҳамда натижалари бўйича ўз раҳбари ва Департаментга таклифлар киритади;

давлат тилини ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда янги сўз ва атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Департаментга киритиб боради;

Атамалар бўйича ишчи гуруҳ мажлислари кун тартиби ва ҳужжатларининг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда ишчи гуруҳ мажлислари ўтказилишини ташкил этади, мажлислар баёнларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баёнларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясига тақдим этади;

соҳалар бўйича атамалар луғатларини ишлаб чиқиш чораларини кўради;

давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишлари ва амалий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз раҳбари ва Департаментга таклифлар киритади;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг тизимларида ўзбек тилининг имло қоидаларига риоя этилишини, соҳавий иш юритиш ҳужжатлари ягона электрон намуналарининг давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлайди;

тегишли тизим фаолиятига сунъий интеллект асосида матнларни таҳрир ва таржима қиладиган дастурлар ҳамда электрон луғатларни жорий этиш чораларини кўради;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг тизимлари, расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, порталлари ва бошқа электрон ахборот тизимларининг номлари (қисқартма номлари) ва улардаги манбаларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлишини таъминлаш чораларини кўради;

давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши борасидаги ишларни танқидий ўрганади, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширади;

давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати субъектлари ҳамда ўзбек тили бўйича малакали мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб боради;

ўзи фаолият кўрсатадиган тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ишлаб чиққан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг матнларини лингвистик экспертизадан ўтказади;

ходимларнинг давлат тилини ўрганишлари ҳамда давлат тилида иш юритиш бўйича малакасини ошириш юзасидан тегишли чораларни кўради ҳамда уларга услубий ёрдам кўрсатади;

«Ўзбек тили байрами куни» ва бошқа муҳим саналарга оид тадбирларни ташкил этишда фаол иштирок этади;

ҳудудлардаги ташқи ёзувлар, шу жумладан, лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш чораларини кўради;

тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг тизимларидаги лавҳалар, эълонлар ва бошқа кўргазмали воситалар, шунингдек, ахборот матнларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлишини таъминлайди;

б) географик объектларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши ва уларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини ташкил этиш соҳасида:

географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси таъминланишини ташкил этади;

географик объектларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ном берилишини ва уларнинг ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказилишини ташкил қилади;

географик объектларга ном бериш масалалари тўғрисида маълумотнома, таҳлилий материал ҳамда таклифлар тайёрлайди ҳамда ўз раҳбари ва Департаментга киритади;

мавжуд географик объектларнинг номлари бўйича маълумотлар базасининг шакллантирилиши, юритилиши ҳамда мунтазам янгилаб борилишини таъминлайди;

Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лар комиссиялари ишини юритади;

давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги географик объектларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ном бериш ва уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ишларини ташкил қилади;

географик объектларга ном бериш ҳамда уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ва сифатли тайёрлайди;

д) давлат органлари ва ташкилотларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш соҳасида:

маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишда иштирок этади;

маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

ўзбек тилининг бой имкониятларидан фойдаланган ҳолда миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни тарғиб қилиш чораларини кўради;

ўзбек тили ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган мумтоз ва замонавий адабиётимизни, бой ижодий меросимизни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

маънавий-маърифий ишларнинг асосий йўналишлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

3-боб. Маслаҳатчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

6. Маслаҳатчи ўз зиммасига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат тили ва географик объектларни номлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппаратлари таркибий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳузурида давлат тилини ривожлантириш ва географик объектларни номлаш борасидаги масалаларни кўриб чиқиш ҳамда қарорлар қабул қилишда иштирок этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг давлат тилини ва маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантиришга оид буйруқ, қарор ва кўрсатмалари ижросини назорат қилиш;

давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилини ривожлантириш, географик объектларни номлаш борасидаги ишларни самарали ташкил қилиш мақсадида вақтинча эксперт гуруҳларини тузиш;

давлат тили ва географик объектларни номлаш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича вужудга келган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар юзасидан Департаментга таклифлар киритиш;

давлат тили ва географик объектларни номлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш жараёнида иштирок этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида таъсис этилган оммавий ахборот воситалари, уларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини мунтазам кузатиб бориш, давлат тили қоида ва меъёрларининг бузилиш ҳолатлари аниқланганда, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

турли соҳаларга оид халқаро сўз ва атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобили бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясига таклифлар киритиш;

таълимнинг барча босқичларида давлат тилини замонавий технологиялар асосида мукаммал ўргатиш жараёнини ташкил этиш юзасидан Департаментга, манфаатдор вазирлик ва идораларга таклифлар киритиш;

ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш бўйича концепция ва давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлашда, уларни амалга оширишда иштирок этиш;

ўзига юкланган вазифа ва функциялардан келиб чиқиб, вазирликлар ва идораларнинг тегишли таркибий бўлинмаларига топшириқлар бериш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиш.

Маслаҳатчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Маслаҳатчи Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этишга мажбурдир.

4-боб. Маслаҳатчи фаолиятини ташкил этиш

8. Маслаҳатчи Департамент билан келишилган ҳолда тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Маслаҳатчи ҳар уч йилда бир марта иш ўрни ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларида малака оширади.

Маслаҳатчининг Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларида малака ошириши учун тўлов тегишли давлат органи ва ташкилотлари томонидан қопланади.

Маслаҳатчи фаолияти тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда Департамент томонидан мувофиқлаштириб борилади.

Маслаҳатчининг вазифа ҳамда функцияларини давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа бўлинмаларига топширишга ёки юклашга, шунингдек, ушбу лавозимни қисқартиришга йўл қўйилмайди.

9. Маслаҳатчининг фаолияти давлат тили ва географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Низом, шунингдек, Департаментнинг низоми, иш режалари, топшириқ ва тавсиялари, давлат органлари ва ташкилотларининг иш режалари асосида ташкил этилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг иш режасини ишлаб чиқишда маслаҳатчининг таклифлари инобатга олинади.

Маслаҳатчининг иш режаси Департаментнинг иш режаси асосида, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади ҳамда тегишлича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан тасдиқланади.

10. Маслаҳатчининг функционал вазифалари тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари томонидан тасдиқланади.

11. Маслаҳатчи амалга оширилган ишлари юзасидан ҳар чоракда ўзи фаолият юритаётган ташкилотнинг раҳбарига ҳамда ҳар ярим йилда Департаментга ҳисобот тақдим этиб боради. Бунда туман (шаҳар) ҳокимлари маслаҳатчиларининг ҳисоботлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг маслаҳатчилари томонидан умумлаштирилган ҳолда, Департаментга тақдим этилади.

Ҳисобот давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбари (биринчи раҳбар бўлмаганда, унинг вазифасини бажариш юкланган шахс) имзоси билан тасдиқланган ҳолда, Департаментга киритилади.

12. Маслаҳатчининг ҳисоботлари Департамент томонидан бир йилда камида бир марта, тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг йиғилишларида эса ҳар чоракда мунтазам эшитиб борилади ва натижаси бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг маслаҳатчилари ҳар ярим йилда камида бир марта ўз тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари ва туман (шаҳар) ҳокимларининг маслаҳатчилари ҳисоботларини эшитиб боради ҳамда натижаси бўйича Департаментга ахборот киритади.

13. Департамент давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг давлат тили бўйича маслаҳатчилари фаолиятини ўрганиб боради.

Ўрганиш натижалари бўйича Департамент томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари номига маслаҳатчини рағбатлантириш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарлик чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

14. Мазкур Низом талаблари бажарилиши устидан назорат Департамент ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари томонидан амалга оширилади.

15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги 437-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 28 октябрдаги 662-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар

1. 3-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилишидан олдин лойиҳа матни давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлигини текшириш мақсадида лингвистик экспертизадан ўтказилади».

2. 1-илованинг 11-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«11. Лингвистик экспертиза ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилишидан олдин ўтказилади».

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 августдаги 437-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 20 январдаги 34-сон қарори.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган ижро этувчи тузилмаси тасдиқланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2023 йил 8 апрелдаги 147-сон қарорига 1-илованинг 8-банди.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 7 август,

437-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2026 й., 09/26/437/0828-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Respublikada davlat tilida ish yuritishni samarali tashkil etishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat tilini yanada rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-308-son qarorida belgilangan vazifalarni bajarish, shuningdek, oʻzbek tili va til siyosatini rivojlantirishning strategik maqsadlari va ustuvor yoʻnalishlarini hayotga tatbiq etish, jamiyatda davlat tilida ish yuritishni samarali tashkil qilish hamda davlat tili toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga soʻzsiz rioya etilishini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-308-son qaroriga muvofiq respublika darajasidagi davlat organlari va xoʻjalik birlashmalarining markaziy apparatlarida hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri, tuman (shahar) hokimliklarida (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlari) rahbarning maʼnaviyat va davlat tili masalalari boʻyicha maslahatchisi (keyingi oʻrinlarda — maslahatchi) lavozimi joriy etilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilansinki:

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Davlat tilini rivojlantirish departamenti (keyingi oʻrinlarda — Departament) maslahatchilarning faoliyatini muvofiqlashtiradi va ularga uslubiy rahbarlik qiladi;

maslahatchi Departament bilan kelishilgan holda tegishli davlat organlari va tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalari rahbari tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi;

maslahatchilar faoliyati boʻyicha oʻz rahbariga va Departamentga hisobdordir.

3. Quyidagilar maslahatchining asosiy vazifalari etib belgilansin:

davlat tili, geografik obyektlar, maʼnaviy-maʼrifiy sohaga oid qonunchilik hujjatlariga rioya etilishi, shuningdek, bu jarayonda davlat tili qoida va meʼyorlariga amal qilinishini taʼminlash hamda normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish choralarini koʻrish;

davlat organlari va tashkilotlari hamda ularning tizimlarida davlat tili va geografik obyektlarga oid qonunchilik hujjatlari ijrosini doimiy ravishda tanqidiy-tahliliy oʻrganib borish, bu borada aniqlangan kamchilik va muammolarni bartaraf etish yuzasidan zarur chora-tadbirlarni amalga oshirish;

davlat organlari va tashkilotlarida davlat tili hamda geografik obyektlarning nomlariga oid normativ-huquqiy hujjatlar, dasturlar va “yoʻl xaritalari”ning ishlab chiqilishida faol qatnashish hamda ularning ijrosini taʼminlash;

zamonaviy atamalarning oʻzbek tilidagi muqobillarini yaratish va ularning bir xilda qoʻllanilishini taʼminlash, sohalar boʻyicha atamalar lugʻatlarini ishlab chiqish bilan bogʻliq zarur chora-tadbirlarni amalga oshirish hamda Atamalar boʻyicha ishchi guruh faoliyatini yuritish;

hududlardagi, davlat organlari va tashkilotlaridagi tashqi yozuvlar, shu jumladan, lavhalar, eʼlonlar, reklama va koʻrgazmali axborot matnlari, tashqi reklama materiallarining davlat tili haqidagi va reklama toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq boʻlishini taʼminlashda ishtirok etish;

davlat tili toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga soʻzsiz rioya etilishini taʼminlash boʻyicha jamoatchilik nazorati subyektlari bilan hamkorlikda ish olib borish;

davlat tili va geografik obyektlarni nomlash hamda maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirishga oid qonunchilik hujjatlariga rioya etilishi boʻyicha davlat organlari va tashkilotlari, nodavlat notijorat tashkilotlari bilan hamkorlikda ish olib borish.

Maslahatchilar mazkur banddagi vazifalar ijrosini taʼminlash boʻyicha davlat organlari va tashkilotlari markaziy apparatlari tarkibiy boʻlinmalari hamda tizim tashkilotlarining faoliyatini muvofiqlashtirib boradi.

4. Respublika darajasidagi davlat organlari va xoʻjalik birlashmalarining markaziy apparatlarida hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri, tuman (shahar) hokimliklarida maʼnaviyat va davlat tili masalalari boʻyicha maslahatchi faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

5. Belgilab qoʻyilsinki:

maslahatchi maqomi, tibbiy va transport xizmatini koʻrsatish shartlariga koʻra davlat organlari va tashkilotlari rahbarining oʻrinbosariga, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahri, tuman (shahar) hokimlarining maslahatchilari tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining oʻrinbosariga, viloyatlar va Toshkent shahri, tuman (shahar) hokimlarining oʻrinbosariga tenglashtiriladi;

maslahatchi lavozimiga nomzodlarni tanlab olishda filolog (oʻzbek tili) va jurnalistika mutaxassisligi boʻyicha oliy maʼlumotli hamda Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti huzuridagi Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazi va uning hududiy boʻlinmalarida tashkil etilgan oʻquv kursini muvaffaqiyatli tamomlab, tegishli sertifikat olgan, yetarli bilim va tajribaga ega nomzodlarga ustuvorlik beriladi;

maslahatchining vazifa va funksiyalarini davlat organlari va tashkilotlarining boshqa boʻlinmalariga topshirishga yoki yuklashga, shuningdek, ushbu lavozimni qisqartirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

6. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlar rahbarlari:

oʻn kun muddatda mazkur qaror talablaridan kelib chiqib, davlat organlari va xoʻjalik birlashmalarining shtatlar jadvali belgilangan tartibda qayta koʻrib chiqilishini taʼminlasin;

ikki hafta muddatda ushbu qaror bilan tasdiqlangan Nizom asosida maslahatchining funksional vazifalarini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

maslahatchining har tomonlama samarali faoliyat koʻrsatishi uchun zarur shart-sharoit yaratsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 20-oktabrdagi PQ-308-son qarori bilan tasdiqlangan 2020 — 2030-yillarda oʻzbek tilini rivojlantirish va til siyosatini takomillashtirish konsepsiyasini 2025-2026-yillarda amalga oshirish dasturining 11-bandida Raqamli texnologiyalar vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Fanlar akademiyasi va boshqa manfaatdor vazirlik va idoralarga sunʼiy intellekt yordamida oʻzbek tilidagi matnlarni ovozli nutqqa, nutqlarni matnga aylantiradigan, oʻzbek tilidan xorijiy tillarga, xorijiy tillardan oʻzbek tiliga tarjima qiladigan, video va fotosuratlardagi matnlarni oʻqib-oʻgirishga xizmat qiladigan sunʼiy intellekt platformasini (keyingi oʻrinlarda — platforma) yaratish vazifasi belgilangani koʻrsatib oʻtilsin.

Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi uch oy muddatda ilmiy faoliyatga oid davlat maqsadli dasturlari doirasida platformani yaratish boʻyicha tanlov eʼlon qilsin. Bunda tanlov natijalariga koʻra gʻolib deb topilgan tashkilot tomonidan platformani 2027-yil 1-dekabrga qadar ishga tushirish nazarda tutilsin.

Raqamli texnologiyalar vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda tanlovni samarali tashkil etishni, jumladan, vazirlik tizimidagi tashkilotlar va tajribali soha mutaxassislarining faol ishtirokini taʼminlasin.

8. Davlat tili toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilinishi va davlat tilida ish yuritilishiga, jumladan, ushbu qarorda belgilangan vazifalarning bajarilishiga respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlarning rahbarlari masʼul va shaxsiy javobgar etib belgilansin.

9. Vazirlar Mahkamasining “Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2021-yil 28-oktabrdagi 662-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlari 3-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

11. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasining Davlat tilini rivojlantirish departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 7-avgustdagi 437-son qaroriga 1-ILOVA

Respublika darajasidagi davlat organlari va xoʻjalik birlashmalarining markaziy apparatlarida hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri, tuman (shahar) hokimliklarida maʼnaviyat va davlat tili masalalari boʻyicha maslahatchi faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom respublika darajasidagi davlat organlari va ustav fondida davlat ulushi 50 foiz va undan yuqori boʻlgan xoʻjalik birlashmalarining markaziy apparatlarida hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri, tuman (shahar) hokimliklarida (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlari) maʼnaviyat va davlat tili masalalari boʻyicha maslahatchi (keyingi oʻrinlarda — maslahatchi) faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Maslahatchi oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

3. Vazirlar Mahkamasining Davlat tilini rivojlantirish departamenti (keyingi oʻrinlarda — Departament) maslahatchilarning faoliyatini muvofiqlashtiradi va ularga uslubiy rahbarlik qiladi.

Maslahatchilar faoliyati boʻyicha oʻz rahbariga va Departamentga hisobdordir.

2-bob. Maslahatchining asosiy vazifalari va funksiyalari

4. Quyidagilar maslahatchining asosiy vazifalari hisoblanadi:

davlat tili, geografik obyektlar, maʼnaviy-maʼrifiy sohaga oid qonunchilik hujjatlariga rioya etilishi, shuningdek, bu jarayonda davlat tili qoida va meʼyorlariga amal qilinishini taʼminlash hamda normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish choralarini koʻrish;

davlat organlari va tashkilotlari hamda ularning tizimlarida davlat tili va geografik obyektlarga oid qonunchilik hujjatlari ijrosini doimiy ravishda tanqidiy-tahliliy oʻrganib borish, bu borada aniqlangan kamchilik va muammolarni bartaraf etish yuzasidan zarur chora-tadbirlarni amalga oshirish;

davlat organlari va tashkilotlarida davlat tili hamda geografik obyektlarning nomlariga oid normativ-huquqiy hujjatlar, dasturlar va “yoʻl xaritalari”ning ishlab chiqilishida faol qatnashish hamda ularning ijrosini taʼminlash;

zamonaviy atamalarning oʻzbek tilidagi muqobillarini yaratish va ularning bir xilda qoʻllanilishini taʼminlash, sohalar boʻyicha atamalar lugʻatlarini ishlab chiqish bilan bogʻliq zarur chora-tadbirlarni amalga oshirish hamda Atamalar boʻyicha ishchi guruh faoliyatini yuritish;

hududlardagi, davlat organlari va tashkilotlaridagi tashqi yozuvlar, shu jumladan, lavhalar, eʼlonlar, reklama va koʻrgazmali axborot matnlari, tashqi reklama materiallarining davlat tili haqidagi va reklama toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq boʻlishini taʼminlashda ishtirok etish;

davlat tili toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga soʻzsiz rioya etilishini taʼminlash boʻyicha jamoatchilik nazorati subyektlari bilan hamkorlikda ish olib borish;

davlat tili va geografik obyektlarni nomlash hamda maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirishga oid qonunchilik hujjatlariga rioya etilishi boʻyicha davlat organlari va tashkilotlari, nodavlat notijorat tashkilotlari bilan hamkorlikda ish olib borish.

5. Maslahatchi oʻziga yuklangan asosiy vazifalardan kelib chiqib, quyidagi funksiyalarni bajaradi:

a) davlat tili toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini taʼminlash, normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish, shuningdek, Atamalar boʻyicha ishchi guruh faoliyatini tashkil etish sohasida:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mamlakatimizda oʻzbek tilini yanada rivojlantirish va til siyosatini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 20-oktabrdagi PF-6084-son Farmoniga muvofiq oʻzbek tili va til siyosatini rivojlantirishning ustuvor maqsadlari, yoʻnalishlari va vazifalarini amalga oshirishni taʼminlaydi;

davlat organlari va tashkilotlari hamda ularning tizimlarida ish yuritishning toʻliq davlat tilida boʻlishini taʼminlaydi va bu jarayonda davlat tili qoida va meʼyorlariga amal qilinishini monitoring qiladi hamda natijalari boʻyicha oʻz rahbari va Departamentga takliflar kiritadi;

davlat tilini har tomonlama rivojlantirish hamda yangi soʻz va atamalarning oʻzbekona muqobillarini yaratish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi va Departamentga kiritib boradi;

Atamalar boʻyicha ishchi guruh majlislari kun tartibi va hujjatlarining oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi hamda ishchi guruh majlislari oʻtkazilishini tashkil etadi, majlislar bayonlarini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonlarni Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atamalar komissiyasiga taqdim etadi;

sohalar boʻyicha atamalar lugʻatlarini ishlab chiqish choralarini koʻradi;

davlat organlari va tashkilotlarida davlat tilini rivojlantirishga oid ilmiy-tadqiqot ishlari va amaliy chora-tadbirlarni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha oʻz rahbari va Departamentga takliflar kiritadi;

davlat organlari va tashkilotlari hamda ularning tizimlarida oʻzbek tilining imlo qoidalariga rioya etilishini, sohaviy ish yuritish hujjatlari yagona elektron namunalarining davlat tilida, lotin yozuviga asoslangan oʻzbek alifbosida boʻlishini taʼminlaydi;

tegishli tizim faoliyatiga sunʼiy intellekt asosida matnlarni tahrir va tarjima qiladigan dasturlar hamda elektron lugʻatlarni joriy etish choralarini koʻradi;

davlat organlari va tashkilotlari hamda ularning tizimlari, rasmiy veb-saytlari, ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalari, portallari va boshqa elektron axborot tizimlarining nomlari (qisqartma nomlari) va ulardagi manbalarning davlat tili qoida va meʼyorlariga muvofiq boʻlishini taʼminlash choralarini koʻradi;

davlat tili toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etilishi borasidagi ishlarni tanqidiy oʻrganadi, aniqlangan kamchilik va muammolarni bartaraf etish yuzasidan chora-tadbirlarni amalga oshiradi;

davlat tili toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga soʻzsiz rioya etilishini taʼminlash boʻyicha jamoatchilik nazorati subyektlari hamda oʻzbek tili boʻyicha malakali mutaxassislar bilan hamkorlikda ish olib boradi;

oʻzi faoliyat koʻrsatadigan tegishli davlat organlari va tashkilotlari ishlab chiqqan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarining matnlarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazadi;

xodimlarning davlat tilini oʻrganishlari hamda davlat tilida ish yuritish boʻyicha malakasini oshirish yuzasidan tegishli choralarni koʻradi hamda ularga uslubiy yordam koʻrsatadi;

“Oʻzbek tili bayrami kuni” va boshqa muhim sanalarga oid tadbirlarni tashkil etishda faol ishtirok etadi;

hududlardagi tashqi yozuvlar, shu jumladan, lavhalar, eʼlonlar, reklama va koʻrgazmali axborot matnlari, tashqi reklama materiallarining qonunchilik hujjatlariga muvofiqligini taʼminlash choralarini koʻradi;

tegishli davlat organlari va tashkilotlari hamda ularning tizimlaridagi lavhalar, eʼlonlar va boshqa koʻrgazmali vositalar, shuningdek, axborot matnlarining davlat tili qoida va meʼyorlariga muvofiq boʻlishini taʼminlaydi;

b) geografik obyektlarga qonunchilik hujjatlariga muvofiq nom berilishi va ularning belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazilishini tashkil etish sohasida:

geografik obyektlarning nomlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari ijrosi taʼminlanishini tashkil etadi;

geografik obyektlarga qonunchilik hujjatlariga muvofiq nom berilishini va ularning oʻz vaqtida davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini tashkil qiladi;

geografik obyektlarga nom berish masalalari toʻgʻrisida maʼlumotnoma, tahliliy material hamda takliflar tayyorlaydi hamda oʻz rahbari va Departamentga kiritadi;

mavjud geografik obyektlarning nomlari boʻyicha maʼlumotlar bazasining shakllantirilishi, yuritilishi hamda muntazam yangilab borilishini taʼminlaydi;

Geografik obyektlarga nom berish va ularning nomlarini oʻzgartirish masalalari boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri hamda tuman (shahar)lar komissiyalari ishini yuritadi;

davlat organlari va tashkilotlari tasarrufidagi geografik obyektlarga qonunchilik hujjatlariga muvofiq nom berish va ularni belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazish ishlarini tashkil qiladi;

geografik obyektlarga nom berish hamda ularning nomlarini oʻzgartirish toʻgʻrisidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini puxta va sifatli tayyorlaydi;

d) davlat organlari va tashkilotlarida maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirish sohasida:

maʼnaviy-maʼrifiy tarbiya va targʻibot-tashviqot ishlarini tashkil etishda ishtirok etadi;

maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirishga qaratilgan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda qatnashadi;

oʻzbek tilining boy imkoniyatlaridan foydalangan holda milliy qadriyatlarimiz va anʼanalarimizni targʻib qilish choralarini koʻradi;

oʻzbek tili rivojida muhim ahamiyatga ega boʻlgan mumtoz va zamonaviy adabiyotimizni, boy ijodiy merosimizni qoʻllab-quvvatlash va targʻib qilish boʻyicha ishlarni tashkil etadi;

maʼnaviy-maʼrifiy ishlarning asosiy yoʻnalishlari boʻyicha davlat organlari va tashkilotlari hamda nodavlat notijorat tashkilotlar bilan hamkorlik qiladi.

3-bob. Maslahatchining huquqlari va majburiyatlari

6. Maslahatchi oʻz zimmasiga yuklangan asosiy vazifalarga muvofiq quyidagi huquqlarga ega:

davlat tili va geografik obyektlarni nomlash sohasidagi qonunchilik hujjatlari ijrosini taʼminlash boʻyicha davlat organlari va tashkilotlari markaziy apparatlari tarkibiy boʻlinmalari hamda tizim tashkilotlarining faoliyatini muvofiqlashtirib borish;

davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari huzurida davlat tilini rivojlantirish va geografik obyektlarni nomlash borasidagi masalalarni koʻrib chiqish hamda qarorlar qabul qilishda ishtirok etish;

davlat organlari va tashkilotlari rahbarlarining davlat tilini va maʼnaviy-maʼrifiy ishlarni yanada rivojlantirishga oid buyruq, qaror va koʻrsatmalari ijrosini nazorat qilish;

davlat organlari va tashkilotlarida davlat tilini rivojlantirish, geografik obyektlarni nomlash borasidagi ishlarni samarali tashkil qilish maqsadida vaqtincha ekspert guruhlarini tuzish;

davlat tili va geografik obyektlarni nomlash sohasiga oid qonunchilik hujjatlari ijrosini taʼminlash boʻyicha vujudga kelgan muammolar va yechimini kutayotgan masalalar yuzasidan Departamentga takliflar kiritish;

davlat tili va geografik obyektlarni nomlash sohasidagi qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish jarayonida ishtirok etish;

davlat organlari va tashkilotlari muassisligida taʼsis etilgan ommaviy axborot vositalari, ularning Internet jahon axborot tarmogʻidagi veb-saytlari hamda ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarini muntazam kuzatib borish, davlat tili qoida va meʼyorlarining buzilish holatlari aniqlanganda, ularni bartaraf etish choralarini koʻrish;

turli sohalarga oid xalqaro soʻz va atamalarning oʻzbek tilidagi muqobili boʻyicha Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atamalar komissiyasiga takliflar kiritish;

taʼlimning barcha bosqichlarida davlat tilini zamonaviy texnologiyalar asosida mukammal oʻrgatish jarayonini tashkil etish yuzasidan Departamentga, manfaatdor vazirlik va idoralarga takliflar kiritish;

oʻzbek tilini rivojlantirish hamda til siyosatini takomillashtirish boʻyicha konsepsiya va davlat dasturlari loyihalarini tayyorlashda, ularni amalga oshirishda ishtirok etish;

oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalardan kelib chiqib, vazirliklar va idoralarning tegishli tarkibiy boʻlinmalariga topshiriqlar berish hamda ularning ijrosini nazorat qilish.

Maslahatchi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

7. Maslahatchi Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari, ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etishga majburdir.

4-bob. Maslahatchi faoliyatini tashkil etish

8. Maslahatchi Departament bilan kelishilgan holda tegishli davlat organlari va tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalari rahbari tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.

Maslahatchi har uch yilda bir marta ish oʻrni va oʻrtacha oylik ish haqi saqlangan holda Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazi va uning hududiy boʻlinmalarida malaka oshiradi.

Maslahatchining Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazi va uning hududiy boʻlinmalarida malaka oshirishi uchun toʻlov tegishli davlat organi va tashkilotlari tomonidan qoplanadi.

Maslahatchi faoliyati tegishli davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari hamda Departament tomonidan muvofiqlashtirib boriladi.

Maslahatchining vazifa hamda funksiyalarini davlat organlari va tashkilotlarining boshqa boʻlinmalariga topshirishga yoki yuklashga, shuningdek, ushbu lavozimni qisqartirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

9. Maslahatchining faoliyati davlat tili va geografik obyektlarning nomlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari, ushbu Nizom, shuningdek, Departamentning nizomi, ish rejalari, topshiriq va tavsiyalari, davlat organlari va tashkilotlarining ish rejalari asosida tashkil etiladi.

Davlat organlari va tashkilotlarining ish rejasini ishlab chiqishda maslahatchining takliflari inobatga olinadi.

Maslahatchining ish rejasi Departamentning ish rejasi asosida, shuningdek, davlat organlari va tashkilotlarining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqqan holda shakllantiriladi hamda tegishlicha davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari tomonidan tasdiqlanadi.

10. Maslahatchining funksional vazifalari tegishli davlat organlari va tashkilotlari rahbari tomonidan tasdiqlanadi.

11. Maslahatchi amalga oshirilgan ishlari yuzasidan har chorakda oʻzi faoliyat yuritayotgan tashkilotning rahbariga hamda har yarim yilda Departamentga hisobot taqdim etib boradi. Bunda tuman (shahar) hokimlari maslahatchilarining hisobotlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlarining maslahatchilari tomonidan umumlashtirilgan holda, Departamentga taqdim etiladi.

Hisobot davlat organlari va tashkilotlarining birinchi rahbari (birinchi rahbar boʻlmaganda, uning vazifasini bajarish yuklangan shaxs) imzosi bilan tasdiqlangan holda, Departamentga kiritiladi.

12. Maslahatchining hisobotlari Departament tomonidan bir yilda kamida bir marta, tegishli davlat organlari va tashkilotlarining yigʻilishlarida esa har chorakda muntazam eshitib boriladi va natijasi boʻyicha tegishli choralar koʻriladi.

Shuningdek, davlat organlari va tashkilotlari rahbarlarining hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlarining maslahatchilari har yarim yilda kamida bir marta oʻz tizimidagi tashkilotlar rahbarlari va tuman (shahar) hokimlarining maslahatchilari hisobotlarini eshitib boradi hamda natijasi boʻyicha Departamentga axborot kiritadi.

13. Departament davlat organlari va tashkilotlari rahbarlarining davlat tili boʻyicha maslahatchilari faoliyatini oʻrganib boradi.

Oʻrganish natijalari boʻyicha Departament tomonidan tegishli davlat organlari va tashkilotlari rahbari nomiga maslahatchini ragʻbatlantirish yoki egallab turgan lavozimidan ozod etishgacha boʻlgan javobgarlik choralarini koʻrish toʻgʻrisida taqdimnoma kiritiladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

14. Mazkur Nizom talablari bajarilishi ustidan nazorat Departament hamda davlat organlari va tashkilotlarining rahbarlari tomonidan amalga oshiriladi.

15. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 7-avgustdagi 437-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2021-yil 28-oktabrdagi 662-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. 3-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“normativ-huquqiy hujjat loyihalari Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga huquqiy ekspertizadan oʻtkazish uchun kiritilishidan oldin loyiha matni davlat tili qoida va meʼyorlariga muvofiqligini tekshirish maqsadida lingvistik ekspertizadan oʻtkaziladi”.

2. 1-ilovaning 11-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“11. Lingvistik ekspertiza ishlab chiquvchi tomonidan loyiha Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga huquqiy ekspertizadan oʻtkazish uchun kiritilishidan oldin oʻtkaziladi”.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 7-avgustdagi 437-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Davlat tilida ish yuritishni samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 20-yanvardagi 34-son qarori.

2. Vazirlar Mahkamasining “Yangi Oʻzbekiston maʼmuriy islohotlarini amalga oshirish doirasida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining yangilangan ijro etuvchi tuzilmasi tasdiqlanganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2023-yil 8-apreldagi 147-son qaroriga 1-ilovaning 8-bandi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 7-avgust,

437-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.08.2026-y., 09/26/437/0828-son)

lex.uz