📅 2026-yil 5-avgust · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Soliq qoʻmitasi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 5-avgust · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Soliq qoʻmitasi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 5 август · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Солиқ қўмитаси
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 августа 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Налогового комитета
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 August 2026 · Ministry and agency documents · Soliq qoʻmitasi
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг
қарори
НИЗОМ
«Солиқ-сервис» АЖ томонидан фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 19 майдаги ПФ-95-сон «Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони , 2018 йил 2 июлдаги ПҚ-3824-сон « Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида »ги ҳамда 2026 йил 20 апрелдаги ПҚ-148-сон «Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030» стратегиясини 2026-2027 йилларда амалга ошириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида »ги қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси қарор қилади:
1. «Солиқ-сервис» АЖ томонидан фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши билан келишилган.
3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг 2026 йил 5 августдаги 2026-22-сон қарорига ИЛОВА
«Солиқ-сервис» АЖ томонидан фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом «Солиқ-сервис» АЖ томонидан фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш «Солиқ-сервис» АЖнинг туман (шаҳар)лардаги фермер хўжаликларига бевосита хизмат кўрсатувчи бўлимлари (бундан буён матнда ҳудудий бўлимлар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
2. Фермер хўжалигининг банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқи фермер хўжалиги раҳбарига тегишли бўлади .
Ҳудудий бўлимлар фермер хўжалигига банк тўлов ҳужжатларини тайёрлаш ва расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиши мумкин, бунда тўловларни амалга ошириш бўйича якуний қарор қабул қилиш фермер хўжалигининг раҳбари зиммасида қолади.
2-боб. Ҳудудий бўлимлар томонидан фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар ва уларни амалга ошириш механизмлари
3. Ҳудудий бўлимлар томонидан қонунчиликда белгиланган қуйидаги тадбиркорлик субъектларига уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар тегишли хизматлар бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича шартнома асосида бепул амалга оширилади:
пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш хизматлари ;
янги ташкил этилган фермер хўжаликларига уларнинг ихтиёрига кўра дастлабки олти ой давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизматлари ;
бошлиғи ёшлар бўлган янги ташкил этилган фермер хўжаликларига икки йил давомида кўрсатиладиган хизматлар .
Мазкур банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида назарда тутилмаган фермер хўжаликларига кўрсатиладиган хизматлар бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича шартнома асосида пуллик асосда амалга оширилади .
4. Ҳудудий бўлимлар томонидан фермер хўжаликларига қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
фермер хўжалигини бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш хизматини кўрсатиш тизимига қабул қилиш;
бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш;
фермер хўжалиги ходимлари учун иш ҳақи, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш;
фермер хўжалигининг солиқлари ва йиғимлари ҳисобини юритиш;
солиқ ва молиявий ҳамда статистика ҳисоботларини тузиш ҳамда уларни тегишли давлат органларига тақдим этиш;
мавсум якуни бўйича фермер хўжаликларининг асосий воситалари, товар-моддий захиралари, пул маблағлари, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини инвентаризациядан ўтказишда иштирок этиш.
5. Фермер хўжалигини бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш хизматини кўрсатиш тизимига қабул қилиш тўғрисидаги ариза фермер хўжалиги раҳбарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳолда Мурожаатлар билан ишлаш ягона онлайн платформаси ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади.
Ариза Мурожаатлар билан ишлаш ягона онлайн платформаси ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали келиб тушганидан сўнг бир иш куни ичида «Солиқ-сервис» АЖ томонидан рўйхатдан ўтказилади.
«Солиқ-сервис» АЖ томонидан ариза фермер хўжалиги жойлашган тегишли ҳудудий бўлимга рўйхатга олинган куннинг ўзида йўналтирилади.
Тегишли ҳудудий бўлим томонидан ариза у келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, қуйидагилар амалга оширилади:
1) ариза тўлиқ ўрганиб чиқилади;
2) «Солиқ-сервис» АЖ ва фермер хўжалиги ўртасида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича шартнома тузилишини таъминлайди;
3) фермер хўжалигига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича масъул ходим (бухгалтер) бириктирилади. Бунда ҳудудий бўлимдаги ҳар бир бухгалтерга 30 — 35 та оралиғида фермер хўжаликлари бириктирилади ва хизматлар кўрсатилади.
6. Ҳудудий бўлимлар томонидан бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш доирасида:
фермер хўжалигининг ҳисоб сиёсати шакллантирилади ёки амалдаги ҳисоб сиёсати таҳлил қилинади;
бухгалтерия ҳисобини юритиш учун зарур маълумотлар электрон ахборот тизимларига киритилади;
бошланғич ҳисоб ҳужжатларини қабул қилиш, расмийлаштириш ва сақлаш тартиби белгиланади;
активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ва харажатлар ҳисоби юритилади.
7. Ҳудудий бўлимлар томонидан бухгалтерия ҳисобини юритиш жараёнида:
бошланғич ҳисоб ҳужжатлари қабул қилинади ва ўрганилади;
хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади;
фермер хўжалигининг ходимлари билан ҳисоб-китоблар амалга оширилади.
8. Фермер хўжалиги ходимлари учун иш ҳақи, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда қуйидагилар амалга оширилади:
1) бошланғич ҳисоб ҳужжатларини қабул қилиш. Бунда ҳар ой якунида фермер хўжалиги раҳбари ҳудудий бўлимга қуйидаги ҳужжатларнинг нусхасини тақдим этади:
иш вақтини ҳисобга олиш табели;
ишга қабул қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш ва меҳнат таътили бериш тўғрисидаги буйруқлар;
рағбатлантириш ёки моддий ёрдам ҳақидаги ички ҳужжатлар ҳамда иш берувчининг якка тартибдаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлари ;
2) иш ҳақи, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш. Бунда ҳудудий бўлим бухгалтери маълумотларни электрон дастурга киритади ҳамда қуйидагиларни ҳисоблайди:
ишланган вақт ёки бажарилган иш ҳажмига қараб ҳисобланган иш ҳақи суммаси;
бўнаклар (аванс);
ходимнинг иш ҳақидан қонунчилик бўйича ушлаб қолинадиган даромад солиғи;
шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига бадаллар;
фермер хўжалигининг ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатлари бўйича ижтимоий солиқ;
алимент ва бошқа тўловлар;
3) ҳужжатларни расмийлаштириш ва тўловга йўналтириш. Бунда иш ҳақини тўлаш бўйича тўлов рўйхатлари (ведомостлари) ва ходимлар учун ҳисоб-китоб варақалари шакллантирилади.
Банк орқали пул ўтказиш учун электрон тўлов топшириқномалари тайёрланиб, фермер хўжалигининг банк-мижоз тизимига юборилади.
Солиқлар ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига бадалларни амалга ошириш учун электрон тўлов топшириқномалари электрон солиқ хизматлари портали орқали банкка юборилади.
Ой якуни билан солиқ органларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича электрон ҳисоботлар жўнатилади.
9. Фермер хўжалигининг солиқлари ва йиғимлари ҳисобини юритиш доирасида бухгалтер томонидан:
солиқ солиш объектлари аниқланади;
солиқ ҳисоб-китоблари амалга оширилади;
солиқ органлари билан таққослаш ишлари ташкил этилади;
солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланиши ҳамда уларни белгиланган муддатларда тўлаш зарурлиги ҳақида фермер хўжалигининг раҳбари хабардор қилинади ҳамда тўловларнинг амалга оширилишида ёрдам кўрсатилади.
Ҳудудий бўлимлар томонидан фермер хўжалигининг солиқлари ва йиғимларини ҳисоблаш бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича шартнома тузилган ҳисобот давридан бошлаб амалга оширилади.
10. Солиқ ва молиявий ҳамда статистика ҳисоботларини тузиш ҳамда уларни тегишли давлат органларга тақдим этиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
11. Инвентаризация ишларини ташкил этиш бухгалтерия ҳисобининг стандартлари доирасида амалга оширилади.
3-боб. Ҳудудий бўлимларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
12. Ҳудудий бўлимлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш учун фермер хўжаликларидан зарур бўлган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар олинишини ташкил этиш;
фермер хўжалиги тақдим этган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқлиги ҳамда ишончлилигини ўрганиш;
бухгалтерия ҳисоби, солиқ ҳисоб-китоблари ва ҳисоботларни тўғри шакллантириш мақсадида фермер хўжалигига тавсия ва таклифлар бериш;
солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш ҳамда ҳисоботларни шакллантириш учун давлат органларининг ахборот тизимларидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш;
фермер хўжалиги томонидан ҳужжатлар ва маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаган ёки нотўғри маълумотлар берилган ҳолларда бу ҳақида фермер хўжалиги раҳбарини ёзма равишда огоҳлантириш;
фермер хўжалиги томонидан қонунчилик талабларига зид бўлган топшириқлар берилганда уларни бажаришни рад этиш;
шартнома шартлари бузилган тақдирда қонунчилик ҳужжатлари ва шартномада белгиланган тартибда хизмат кўрсатишни вақтинча тўхтатиб туриш ёки шартномани бекор қилиш ташаббуси билан чиқиш;
хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган ахборот, маълумотномалар, ҳужжатлар ва бошқа материалларни давлат органларидан сўраб олиш;
хизматлар кўрсатиш жараёнида юзага келган масалалар бўйича давлат органларига мурожаат қилиш ҳамда улардан жавоблар олиш.
13. Ҳудудий бўлимлар қуйидаги мажбуриятларга эга:
фермер хўжалигининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ юритилишини ташкил этиш;
бухгалтерия ҳисоби маълумотларининг тўғри, тўлиқ ва ўз вақтида шакллантирилишини таъминлаш;
солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботларини белгиланган муддатларда тузиш ва тегишли давлат органларига тақдим этишни ташкил қилиш;
фермер хўжалиги ходимлари учун иш ҳақи, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ҳисобланиши ҳамда тўланишини ташкил этиш;
асосий воситалар, товар-моддий қимматликлар, дебиторлик ва кредиторлик қарзлари бўйича бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги мавсуми якунлари бўйича активлар ва мажбуриятларни инвентаризациядан ўтказиш ишларида иштирок этиш;
бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш билан боғлиқ ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилиш, қайта ишлаш ва сақлаш;
фермер хўжалигининг молиявий ҳолати, солиқ мажбуриятлари ва ҳисоботлар ҳолати тўғрисида фермер хўжалигининг раҳбарини хабардор қилиб бориш;
бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш жараёнида маълум бўлган тижорат сири ҳамда бошқа сир сақланиши лозим бўлган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;
кўрсатилаётган хизматлар сифати устидан ички назоратни амалга ошириш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш.
4-боб. Якуний қоида
14. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Раис Ф. ПУЛАТОВ
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ
Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси А. ХАИТОВ
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 5 август,
2026 йил 31 июль
2026 йил 24 июль
2026 йил 24 июль
2026 йил 14 июль
2026 йил 14 июль
2026-22
Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining
qarori
NIZOM
“Soliq-servis” AJ tomonidan fermer xoʻjaliklarining buxgalteriya hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 19-maydagi PF-95-son “Soliq organlari faoliyatini institutsional jihatdan takomillashtirish va soliq maʼmurchiligida zamonaviy yondashuvlarni joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni , 2018-yil 2-iyuldagi PQ-3824-son “ Fermer xoʻjaliklarida hisob tizimini tubdan yaxshilash va ularga bank xizmatlari koʻrsatishni takomillashtirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi hamda 2026-yil 20-apreldagi PQ-148-son “Yangi Oʻzbekiston yoshlari — 2030” strategiyasini 2026-2027-yillarda amalga oshirish hamda yoshlar bandligini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi qarorlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi qaror qiladi:
1. “Soliq-servis” AJ tomonidan fermer xoʻjaliklarining buxgalteriya hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil hamda Oʻzbekiston fermerlari kengashi bilan kelishilgan.
3. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining 2026-yil 5-avgustdagi 2026-22-son qaroriga ILOVA
“Soliq-servis” AJ tomonidan fermer xoʻjaliklarining buxgalteriya hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom “Soliq-servis” AJ tomonidan fermer xoʻjaliklariga buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish xizmatlarini koʻrsatish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Fermer xoʻjaliklarida buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish “Soliq-servis” AJning tuman (shahar)lardagi fermer xoʻjaliklariga bevosita xizmat koʻrsatuvchi boʻlimlari (bundan buyon matnda hududiy boʻlimlar deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi.
2. Fermer xoʻjaligining bank hisobvaraqlaridagi pul mablagʻlarini tasarruf etish huquqi fermer xoʻjaligi rahbariga tegishli boʻladi .
Hududiy boʻlimlar fermer xoʻjaligiga bank toʻlov hujjatlarini tayyorlash va rasmiylashtirishda amaliy yordam koʻrsatishi mumkin, bunda toʻlovlarni amalga oshirish boʻyicha yakuniy qaror qabul qilish fermer xoʻjaligining rahbari zimmasida qoladi.
2-bob. Hududiy boʻlimlar tomonidan fermer xoʻjaliklariga buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish boʻyicha koʻrsatiladigan xizmatlar va ularni amalga oshirish mexanizmlari
3. Hududiy boʻlimlar tomonidan qonunchilikda belgilangan quyidagi tadbirkorlik subyektlariga ularning tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar tegishli xizmatlar buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish boʻyicha shartnoma asosida bepul amalga oshiriladi:
paxta va gʻalla yetishtiruvchi fermer xoʻjaliklariga buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish xizmatlari ;
yangi tashkil etilgan fermer xoʻjaliklariga ularning ixtiyoriga koʻra dastlabki olti oy davomida soliq va moliyaviy hisobotlarni yuborish xizmatlari ;
boshligʻi yoshlar boʻlgan yangi tashkil etilgan fermer xoʻjaliklariga ikki yil davomida koʻrsatiladigan xizmatlar .
Mazkur bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilmagan fermer xoʻjaliklariga koʻrsatiladigan xizmatlar buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish boʻyicha shartnoma asosida pullik asosda amalga oshiriladi .
4. Hududiy boʻlimlar tomonidan fermer xoʻjaliklariga quyidagi xizmatlar koʻrsatiladi:
fermer xoʻjaligini buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish xizmatini koʻrsatish tizimiga qabul qilish;
buxgalteriya hisobini tashkil etish va yuritish;
fermer xoʻjaligi xodimlari uchun ish haqi, soliqlar va boshqa majburiy toʻlovlarni hisoblash;
fermer xoʻjaligining soliqlari va yigʻimlari hisobini yuritish;
soliq va moliyaviy hamda statistika hisobotlarini tuzish hamda ularni tegishli davlat organlariga taqdim etish;
mavsum yakuni boʻyicha fermer xoʻjaliklarining asosiy vositalari, tovar-moddiy zaxiralari, pul mablagʻlari, debitorlik va kreditorlik qarzlarini inventarizatsiyadan oʻtkazishda ishtirok etish.
5. Fermer xoʻjaligini buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish xizmatini koʻrsatish tizimiga qabul qilish toʻgʻrisidagi ariza fermer xoʻjaligi rahbarining elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlangan holda Murojaatlar bilan ishlash yagona onlayn platformasi yoki soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali yuboriladi.
Ariza Murojaatlar bilan ishlash yagona onlayn platformasi yoki soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali kelib tushganidan soʻng bir ish kuni ichida “Soliq-servis” AJ tomonidan roʻyxatdan oʻtkaziladi.
“Soliq-servis” AJ tomonidan ariza fermer xoʻjaligi joylashgan tegishli hududiy boʻlimga roʻyxatga olingan kunning oʻzida yoʻnaltiriladi.
Tegishli hududiy boʻlim tomonidan ariza u kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni ichida koʻrib chiqilib, quyidagilar amalga oshiriladi:
1) ariza toʻliq oʻrganib chiqiladi;
2) “Soliq-servis” AJ va fermer xoʻjaligi oʻrtasida buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish boʻyicha shartnoma tuzilishini taʼminlaydi;
3) fermer xoʻjaligiga buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish boʻyicha masʼul xodim (buxgalter) biriktiriladi. Bunda hududiy boʻlimdagi har bir buxgalterga 30 — 35 ta oraligʻida fermer xoʻjaliklari biriktiriladi va xizmatlar koʻrsatiladi.
6. Hududiy boʻlimlar tomonidan buxgalteriya hisobini tashkil etish doirasida:
fermer xoʻjaligining hisob siyosati shakllantiriladi yoki amaldagi hisob siyosati tahlil qilinadi;
buxgalteriya hisobini yuritish uchun zarur maʼlumotlar elektron axborot tizimlariga kiritiladi;
boshlangʻich hisob hujjatlarini qabul qilish, rasmiylashtirish va saqlash tartibi belgilanadi;
aktivlar, majburiyatlar, xususiy kapital, daromadlar va xarajatlar hisobi yuritiladi.
7. Hududiy boʻlimlar tomonidan buxgalteriya hisobini yuritish jarayonida:
boshlangʻich hisob hujjatlari qabul qilinadi va oʻrganiladi;
xoʻjalik operatsiyalari buxgalteriya hisobida aks ettiriladi;
fermer xoʻjaligining xodimlari bilan hisob-kitoblar amalga oshiriladi.
8. Fermer xoʻjaligi xodimlari uchun ish haqi, soliqlar va boshqa majburiy toʻlovlarni hisoblashda quyidagilar amalga oshiriladi:
1) boshlangʻich hisob hujjatlarini qabul qilish. Bunda har oy yakunida fermer xoʻjaligi rahbari hududiy boʻlimga quyidagi hujjatlarning nusxasini taqdim etadi:
ish vaqtini hisobga olish tabeli;
ishga qabul qilish, mehnat shartnomasini bekor qilish va mehnat taʼtili berish toʻgʻrisidagi buyruqlar;
ragʻbatlantirish yoki moddiy yordam haqidagi ichki hujjatlar hamda ish beruvchining yakka tartibdagi boshqa huquqiy hujjatlari ;
2) ish haqi, soliqlar va boshqa majburiy toʻlovlar boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish. Bunda hududiy boʻlim buxgalteri maʼlumotlarni elektron dasturga kiritadi hamda quyidagilarni hisoblaydi:
ishlangan vaqt yoki bajarilgan ish hajmiga qarab hisoblangan ish haqi summasi;
boʻnaklar (avans);
xodimning ish haqidan qonunchilik boʻyicha ushlab qolinadigan daromad soligʻi;
shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaragʻiga badallar;
fermer xoʻjaligining xodimlar mehnatiga haq toʻlashga doir xarajatlari boʻyicha ijtimoiy soliq;
aliment va boshqa toʻlovlar;
3) hujjatlarni rasmiylashtirish va toʻlovga yoʻnaltirish. Bunda ish haqini toʻlash boʻyicha toʻlov roʻyxatlari (vedomostlari) va xodimlar uchun hisob-kitob varaqalari shakllantiriladi.
Bank orqali pul oʻtkazish uchun elektron toʻlov topshiriqnomalari tayyorlanib, fermer xoʻjaligining bank-mijoz tizimiga yuboriladi.
Soliqlar va shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaragʻiga badallarni amalga oshirish uchun elektron toʻlov topshiriqnomalari elektron soliq xizmatlari portali orqali bankka yuboriladi.
Oy yakuni bilan soliq organlariga jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi va ijtimoiy soliq boʻyicha elektron hisobotlar joʻnatiladi.
9. Fermer xoʻjaligining soliqlari va yigʻimlari hisobini yuritish doirasida buxgalter tomonidan:
soliq solish obyektlari aniqlanadi;
soliq hisob-kitoblari amalga oshiriladi;
soliq organlari bilan taqqoslash ishlari tashkil etiladi;
soliqlar va yigʻimlar toʻgʻri hisoblanishi hamda ularni belgilangan muddatlarda toʻlash zarurligi haqida fermer xoʻjaligining rahbari xabardor qilinadi hamda toʻlovlarning amalga oshirilishida yordam koʻrsatiladi.
Hududiy boʻlimlar tomonidan fermer xoʻjaligining soliqlari va yigʻimlarini hisoblash buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish boʻyicha shartnoma tuzilgan hisobot davridan boshlab amalga oshiriladi.
10. Soliq va moliyaviy hamda statistika hisobotlarini tuzish hamda ularni tegishli davlat organlarga taqdim etish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
11. Inventarizatsiya ishlarini tashkil etish buxgalteriya hisobining standartlari doirasida amalga oshiriladi.
3-bob. Hududiy boʻlimlarning huquqlari va majburiyatlari
12. Hududiy boʻlimlar quyidagi huquqlarga ega:
buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish uchun fermer xoʻjaliklaridan zarur boʻlgan hujjatlar, maʼlumotlar va tushuntirishlar olinishini tashkil etish;
fermer xoʻjaligi taqdim etgan hujjatlar va maʼlumotlarning toʻliqligi hamda ishonchliligini oʻrganish;
buxgalteriya hisobi, soliq hisob-kitoblari va hisobotlarni toʻgʻri shakllantirish maqsadida fermer xoʻjaligiga tavsiya va takliflar berish;
soliqlar va yigʻimlarni hisoblash hamda hisobotlarni shakllantirish uchun davlat organlarining axborot tizimlaridan qonunchilikda belgilangan tartibda foydalanish;
fermer xoʻjaligi tomonidan hujjatlar va maʼlumotlar oʻz vaqtida taqdim etilmagan yoki notoʻgʻri maʼlumotlar berilgan hollarda bu haqida fermer xoʻjaligi rahbarini yozma ravishda ogohlantirish;
fermer xoʻjaligi tomonidan qonunchilik talablariga zid boʻlgan topshiriqlar berilganda ularni bajarishni rad etish;
shartnoma shartlari buzilgan taqdirda qonunchilik hujjatlari va shartnomada belgilangan tartibda xizmat koʻrsatishni vaqtincha toʻxtatib turish yoki shartnomani bekor qilish tashabbusi bilan chiqish;
xizmatlar koʻrsatish uchun zarur boʻlgan axborot, maʼlumotnomalar, hujjatlar va boshqa materiallarni davlat organlaridan soʻrab olish;
xizmatlar koʻrsatish jarayonida yuzaga kelgan masalalar boʻyicha davlat organlariga murojaat qilish hamda ulardan javoblar olish.
13. Hududiy boʻlimlar quyidagi majburiyatlarga ega:
fermer xoʻjaligining buxgalteriya hisobi va hisobotini qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq yuritilishini tashkil etish;
buxgalteriya hisobi maʼlumotlarining toʻgʻri, toʻliq va oʻz vaqtida shakllantirilishini taʼminlash;
soliq, moliyaviy va statistika hisobotlarini belgilangan muddatlarda tuzish va tegishli davlat organlariga taqdim etishni tashkil qilish;
fermer xoʻjaligi xodimlari uchun ish haqi, soliqlar va boshqa majburiy toʻlovlarning amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq hisoblanishi hamda toʻlanishini tashkil etish;
asosiy vositalar, tovar-moddiy qimmatliklar, debitorlik va kreditorlik qarzlari boʻyicha buxgalteriya hisobi yuritilishini tashkil etish;
qishloq xoʻjaligi mavsumi yakunlari boʻyicha aktivlar va majburiyatlarni inventarizatsiyadan oʻtkazish ishlarida ishtirok etish;
buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish bilan bogʻliq hujjatlarni belgilangan tartibda qabul qilish, qayta ishlash va saqlash;
fermer xoʻjaligining moliyaviy holati, soliq majburiyatlari va hisobotlar holati toʻgʻrisida fermer xoʻjaligining rahbarini xabardor qilib borish;
buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish jarayonida maʼlum boʻlgan tijorat siri hamda boshqa sir saqlanishi lozim boʻlgan maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlash;
koʻrsatilayotgan xizmatlar sifati ustidan ichki nazoratni amalga oshirish va aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish choralarini koʻrish.
4-bob. Yakuniy qoida
14. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Rais F. PULATOV
Iqtisodiyot va moliya vaziri J. KUCHKAROV
Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil A. BURIYEV
Oʻzbekiston fermerlari kengashi raisi A. XAITOV
Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV
Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi raisi H. TURAXUJAYEV
Toshkent sh.,
2026-yil 5-avgust,
2026-yil 31-iyul
2026-yil 24-iyul
2026-yil 24-iyul
2026-yil 14-iyul
2026-yil 14-iyul
2026-22