📅 2026-yil 13-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 13-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 13 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 августа 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 August 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
РЎЙХАТИ
1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахсларга транспортдан имтиёзли фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида
1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг транспортдан имтиёзли шартларда фойдаланиш ҳуқуқларини амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ёки Улуғ Ватан уруши ногиронлари ва иштирокчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар учун имтиёзли йўл ҳақи ҳуқуқларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни (Москва, 1993 йил 12 март) (кейинги ўринларда — Битим) имзолаган давлатлар ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш учун қуйидаги шахсларга бир календарь йилда бир маротаба (бориш ва қайтиш) транспортдан имтиёзли шартларда фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилади:
а) 1941 — 1945 йиллардаги урушда I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахслар, 1941 — 1945 йиллардаги урушда III гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига темир йўл транспортидан, Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, «Слава» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахсларга темир йўл ва ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобуслардан бепул фойдаланиш;
б) йўл ҳақини тўлаш бўйича 50 фоиз чегирма асосида транспортдан фойдаланиш:
1941 — 1945 йиллардаги урушда I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларга ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобуслардан;
1941 — 1945 йиллардаги урушда III гуруҳ ногирони бўлган шахсларга ва уларга тенглаштирилган шахсларга ҳаво йўловчи транспорти ва шаҳарлараро автобуслардан;
1941 — 1945 йиллардаги урушда I гуруҳ ногирони бўлган шахслар ёки уларга тенглаштирилган шахсларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга темир йўл ва ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобуслардан;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобуслардан;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга темир йўл ва ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобуслардан;
собиқ СССР Иттифоқини ҳимоя қилиш пайтида ёки ҳарбий хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланиш, контузия ёки майиб бўлиш оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқларига темир йўл ва ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобуслардан.
2. Белгилаб қўйилсинки:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 13 мартдаги ПФ-34-сон Фармонига мувофиқ Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш учун йилига икки марта темир йўл ва ҳаво йўловчи транспортидан бепул фойдаланади;
б) Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар мазкур қарорнинг 1-банди «а» кичик бандида назарда тутилган Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва «Славам орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахсларга тенглаштирилган ҳолда темир йўл ва ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобуслардан бепул фойдаланади.
Бунда мазкур қарор қабул қилингунга қадар ушбу тоифадаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг «Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ҳақида» 1992 йил 6 апрелдаги 170-сон қарорига мувофиқ ҳамма турдаги шаҳар йўловчи ташиш транспортларида (таксидан ташқари), ўзи яшаб турган маъмурий ноҳия доирасидаги қишлоқ жойлардаги умумий фойдаланишдаги автомобиль транспортида, шунингдек, шаҳар атрофига қатнайдиган темир йўл транспортида, шаҳардан ташқаридаги маршрутларда қатнайдиган автобусларда бепул юриши, йилига бир марта (бориш ва келиш) темир йўлда бепул юриши, темир йўли бўлмаган ноҳияларда эса ҳаво, сув ёки шаҳарлараро автомобиль транспортларида биринчи навбатда чипталар сотиб олиш ҳуқуқи билан юриши белгиланган бўлсада, амалда Битимда назарда тутилган талон асосида темир йўл ва ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобуслардан бепул фойдаланиб келгани инобатга олинсин.
3. Белгилансинки:
ушбу қарорда назарда тутилган шахсларга тақдим этиладиган имтиёзли транспорт йўл чипталари харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
ушбу қарорда назарда тутилаётган шахсларнинг транспортдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлиги уларнинг ёки қонуний вакилларининг транспортдан имтиёзли фойдаланиш тўғрисидаги мурожаатига мувофиқ «Ягона миллий ижтимоий» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) орқали аниқланади.
4. Қуйидагилар:
1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахсларга транспортдан имтиёзли фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахсларга тенглаштирилган шахслар рўйхати 2-иловага мувофиқ;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2026 йил 1 октябрга қадар «ЯМИҲ» АТда қуйидаги имкониятларни яратсин:
мазкур қарорда назарда тутилган транспортдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
календарь йил давомида транспортдан имтиёзли фойдаланган ёки фойдаланмаган шахслар тўғрисидаги маълумотларни юритиш;
« Oʻzbekiston temir yoʻllari » АЖ, « Uzbekistan Airways » АЖ ва бошқа резидент авиакомпаниялар ҳамда автостанция ва автовокзалларнинг шахснинг транспортдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, шунингдек, шахс календарь йил давомида мазкур ҳуқуқдан фойдаланган ёки фойдаланмаганига оид электрон сўровларига асосан тегишли маълумотларни автоматик равишда тақдим этиш;
транспортдан имтиёзли фойдаланган шахслар тўғрисидаги таҳлилий, статистик маълумот ва ҳисоботларни шакллантириш имкониятларини яратиш.
6. Қуйидагилар:
а) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (кейинги ўринларда — Пенсия жамғармаси) ва Божхона қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати 2026 йил 1 октябрга қадар ўзларининг тегишли ахборот тизимларида ушбу қарорда кўрсатилган тоифадаги шахслар ва уларнинг транспортдан имтиёзли фойдаланиш доирасидаги маълумотлари юритиладиган электрон базасини яратсин ҳамда «ЯМИҲ» АТга интеграция қилинишини таъминласин. Бунда имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқи вужудга келган ёки уни йўқотган шахслар тўғрисидаги электрон маълумотларни узлуксиз автоматик тарзда тақдим этиб борилиши инобатга олинсин;
б) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги « Oʻzbekiston temir yoʻllari » АЖ, « Uzbekistan Airways » АЖ ва бошқа резидент авиакомпаниялар ҳамда автостанция ва автовокзалларнинг «ЯМИҲ» АТ орқали юборилган электрон сўровларига асосан шахсларнинг транспортдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслиги тўғрисида тегишли маълумотларни автоматик равишда тақдим этиб борсин;
в) « Oʻzbekiston temir yoʻllari » АЖ, « Uzbekistan Airways » АЖ ва бошқа резидент авиакомпаниялар ҳамда автостанция ва автовокзаллар транспортдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар ва уларга расмийлаштирилган чипталар ҳақидаги маълумотларни автоматик равишда «ЯМИҲ» АТга тақдим этиб борсин.
Транспорт вазирлиги « Oʻzbekiston temir yoʻllari » АЖ, « Uzbekistan Airways » АЖ ва бошқа резидент авиакомпаниялар ҳамда автостанция ва автовокзаллар томонидан мазкур кичик банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган маълумотларни тақдим этиб борилишини назорат қилсин.
7. Мазкур қарорда белгиланган тадбирларни молиялаштириш 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб эса бюджет қонунчилиги талабларига мувофиқ тақдим этилган бюджет сўровномаларига асосан Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
8. Транспорт вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 2027 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга «Ижтимоий карта» мобиль иловаси орқали қуйидаги имкониятларни яратган ҳолда, транспортдан имтиёзли фойдаланиш учун чипталарни бепул ёки чегирма асосида харид қилиш тартибини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
ушбу қарорда кўрсатилган тоифадаги шахслар томонидан «Ижтимоий карта» мобиль иловаси орқали бепул ёки имтиёзли чипта харид қилиш;
бепул ёки имтиёзли асосда харид қилинган чипталар бўйича тўловларни мазкур қарорнинг 7-бандида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан тегишли транспорт ташкилотларига реал вақт режимида ўтказиш.
9. Транспорт вазирлиги 2026 йил 1 октябрга қадар « Uzbekistan Airways » АЖ ва бошқа резидент авиакомпаниялар, « Oʻzbekiston temir yoʻllari » АЖ ҳамда автостанция ва автовокзаллар томонидан уларнинг кассалари ҳамда ахборот тизимларини «Ижтимоий карта» ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
11. Транспорт вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сон қарорига 1-ИЛОВА
1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахсларга транспортдан имтиёзли фойдаланиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом 1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахсларга темир йўл, ҳаво ва шаҳарлараро автобус транспортидан имтиёзли асосларда фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Битим — Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари ўртасида имзоланган Улуғ Ватан уруши ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар учун имтиёзли йўл ҳақи ҳуқуқларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим (Москва, 1993 йил 12 март);
ҳамроҳлик қилувчи шахс — 1941 — 1945 йиллардаги урушда I гуруҳ ногирони бўлган шахсга ёки унга тенглаштирилган шахсга ҳамроҳлик қилувчи шахс.
3. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилади.
4. Қуйидаги тоифадаги шахсларга (кейинги ўринларда — имтиёзли тоифадаги шахс) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки Битимни имзолаган давлатлар ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши учун танловига кўра бир календарь йилда бир маротаба (бориш ва қайтиш) бепул ёки чегирма асосида транспорт йўл чипталари тақдим этилади:
а) бепул асосда:
1941 — 1945 йиллардаги урушда I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахслар, 1941 — 1945 йиллардаги урушда III гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига темир йўл транспортидан, Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, «Слава» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар ҳамда Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахсларга темир йўл ва ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобусда.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 13 мартдаги ПФ-34-сон Фармонига мувофиқ Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш учун йилига икки марта темир йўл ва ҳаво йўловчи транспортидан бепул фойдаланади;
б) 50 фоиз чегирма асосида:
1941 — 1945 йиллардаги урушда I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларга ҳаво йўловчи транспорти ва шаҳарлараро автобусларда;
1941 — 1945 йиллардаги урушда III гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларга ҳаво йўловчи транспорти ва шаҳарлараро автобусларда;
1941 — 1945 йиллардаги урушда I гуруҳ ногирони бўлган шахслар ёки уларга тенглаштирилган шахсларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга темир йўл ва ҳаво йўловчи транспортида ҳамда шаҳарлараро автобусларда;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобусларда;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга темир йўл ва ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобусларда;
собиқ СССР Иттифоқини ҳимоя қилиш пайтида ёки ҳарбий хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланиш, контузия ёки майиб бўлиш оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқларига темир йўл ва ҳаво йўловчи транспорти ҳамда шаҳарлараро автобусларда.
Мазкур банднинг «б» кичик бандида назарда тутилган имтиёзли тоифадаги шахсларнинг танловига кўра бир календарь йилда бир маротаба бориш ва қайтиш йўл чипталари учун олдинги ва жорий йилда фойдаланилмаган 50 фоиз чегирмалар ўрнига ҳар икки календарь йилда бир маротаба имтиёзли асосда фойдаланиши белгиланган транспортда бориш ва қайтишга бепул йўл чиптаси тақдим этилиши мумкин.
5. Имтиёзли тоифадаги шахс ёки унинг қонуний вакили транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун тегишлича « Uzbekistan Airways » АЖ ва бошқа резидент авиакомпаниялар, « Oʻzbekiston temir yoʻllari » АЖнинг ваколатли бўлинмалари ҳамда автовокзал ва автостанцияларга (кейинги ўринларда — транспорт ташкилоти) шахсни тасдиқловчи ҳужжатни ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобиль иловасидаги шахсни тасдиқловчи рақамли ҳужжатни тақдим этган ҳолда мурожаат қилади.
Бунда имтиёзли тоифадаги шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чиптасини расмийлаштириш ёки ундан фойдаланиш вақтида амал қилиш муддати тугамаган бўлиши лозим.
Амал қилиш муддати тугаган шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чипталарини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
6. Имтиёзли тоифадаги шахслар транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш мақсадида исталган вақтда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
7. Имтиёзли тоифадаги шахсларга транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун транспорт йўл чипталари мазкур Низомга иловадаги схемага мувофиқ берилади.
2-боб. Транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чипталарини бериш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш
8. Имтиёзли тоифадаги шахсларнинг транспортдан имтиёзли асосда фойдаланишини узлуксиз таъминлаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (кейинги ўринларда — Пенсия жамғармаси) ва Божхона қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — вазирлик ва идоралар) ўзларининг тегишли ахборот тизимларида имтиёзли тоифадаги шахслар ва уларнинг транспортдан имтиёзли фойдаланиш доирасидаги маълумотларнинг электрон базасини юритади.
Вазирлик ва идоралар ўзларининг электрон базаларида имтиёзли тоифадаги шахсларнинг транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш ҳуқуқини, шунингдек, уларнинг ушбу ҳуқуқи вужудга келганлиги ёки уни йўқотганлиги тўғрисидаги маълумотларни «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги)нинг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ)га узлуксиз автоматик тарзда тақдим этиб боради.
1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг ногиронлигига оид маълумотлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «ЯМИҲ» АТда юритилади.
9. Имтиёзли тоифадаги шахслар ёки уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чипталари «ЯМИҲ» АТдаги мавжуд маълумотлар асосида қуйидаги транспорт ташкилотлари томонидан берилади:
ҳаво транспорти бўйича « Uzbekistan Airways » АЖ, шунингдек, бошқа резидент авиакомпанияларнинг ваколатли бўлинмалари;
темир йўл транспорти бўйича « Oʻzbekiston temir yoʻllari » АЖнинг ваколатли бўлинмалари;
шаҳарлараро автобуслар бўйича автовокзал ва автостанциялар.
Бунда имтиёзли тоифадаги шахснинг транспортдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи маълумотлар «ЯМИҲ» АТда аниқланмаган ҳолларда, мазкур шахс томонидан қўшимча равишда ушбу ҳуқуқни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин.
10. 1941 — 1945 йиллардаги урушда I гуруҳ ногирони бўлган шахс ёки унга тенглаштирилган шахс томонидан йўл чипталарини олиш учун транспорт ташкилотларига ташриф буюрганида, ўзига ҳамроҳлик қилувчи шахс тўғрисидаги маълумотларни транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун транспорт ташкилотига тақдим қилади.
11. Транспорт ташкилотлари транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чиптасини олишни сўраб мурожаат қилган шахснинг имтиёзли шахслар тоифасига кириши ёки кирмаслиги тўғрисидаги маълумотларни «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали «ЯМИҲ» АТга реал вақт режимида сўров юбориш орқали аниқлайди.
12. Транспорт ташкилотлари «ЯМИҲ» АТдан олинган ҳамда 1941 — 1945 йиллардаги урушда I гуруҳ ногирони бўлган шахс ёки унга тенглаштирилган шахсларнинг ўзларига ҳамроҳлик қилувчи шахс тўғрисидаги маълумотлар асосида транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чиптасини тақдим этади. Бунда:
« Uzbekistan Airways » АЖ ва бошқа резидент авиакомпанияларнинг ваколатли бўлинмалари ҳаво транспортидан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чипталарини тежамкор «эконом» тоифаси бўйича;
« Oʻzbekiston temir yoʻllari » АЖнинг ваколатли бўлинмалари темир йўл транспортидан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чипталарини имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг хоҳишига кўра шаҳарлараро қатновчи йўловчи поездлар, шу жумладан, юқори тезликда ва тезюрар поездлар таркибида ҳаракатланувчи йўловчи вагонлар учун тежамкор «эконом», плацкарта ёки купе тоифаси бўйича расмийлаштиради.
Имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг хоҳишига кўра қўшимча тўлов асосида тегишли транспорт воситалари бўйича тежамкор «эконом» тоифасига кирмайдиган бошқа йўл чипталари расмийлаштирилиши мумкин.
13. Транспорт ташкилотлари имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга транспорт йўл чипталарини тақдим этишда ушбу шахслар жорий календарь йилда транспортдан имтиёзли асосда фойдаланганлиги тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали «ЯМИҲ» АТга сўров юбориш орқали текширади.
Имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс жорий календарь йилида бориш ва қайтиш имтиёзли йўл чиптасидан, шу жумладан, ҳар икки йилда бир маротаба бориш ва қайтиш учун бепул йўл чиптасидан фойдаланганлиги аниқланган ҳолларда имтиёзли йўл чиптасини бериш рад этилади.
14. Транспорт ташкилотлари томонидан тақдим этилган, бироқ техник, табиий ёки бошқа сабабларга кўра имтиёзли йўл чипталаридан фойдаланилмаган ҳолларда, мазкур йўл чипталари имтиёзли тоифадаги шахсга ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга тақдим этилган деб ҳисобланмайди.
Бунда имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс имтиёзли асосдаги транспорт йўл чипталарини қатнов рейси тўхтатилган санадан бошлаб бир ҳафта муддат ичида имтиёзли асосдаги транспорт йўл чиптасини тақдим этган тегишли транспорт ташкилотига қайтариши лозим.
Транспорт йўл чиптаси уни тақдим этган транспорт ташкилотига белгиланган муддат ичида қайтарилмаган ҳолларда транспорт йўл чиптаси имтиёзли тоифадаги шахсга ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга тақдим этилган деб қабул қилинади.
Имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг хоҳишига кўра транспортдан имтиёзли равишда фойдаланиш учун тақдим этилган имтиёзли йўл чиптасини бошқа санадаги қатнов рейсига кўчиришни сўраб имтиёзли йўл чиптасини тақдим этган транспорт ташкилотига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Транспорт ташкилотлари имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг мурожаатига кўра транспортдан имтиёзли фойдаланиш учун имтиёзли йўл чиптасини тақдим этиш чораларини кўради.
Транспорт ташкилотлари имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга имтиёзли йўл чиптасини тақдим этганидан сўнг йўл чиптаси ва чипта тақдим этилган шахс тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимида қайд этган ҳолда, шу вақтнинг ўзида «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали «ЯМИҲ» АТга юборади.
15. Транспорт ташкилотлари томонидан мазкур Низомга мувофиқ имтиёзли тоифадаги шахсларга тақдим этилган имтиёзли асосдаги транспорт йўл чипталарининг электрон реестри (ҳисоби) юритилади.
Бунда мазкур электрон реестрда ҳар бир имтиёзли тоифадаги шахсларнинг шахсига доир маълумотлари ва имтиёзли тоифа тури кесимида расмийлаштирилган имтиёзли йўл чипталарининг реквизитлари, қатнов рейси, йўналиш қайдномалари, йўловчи ташишнинг амалдаги ва имтиёзли қийматлари ҳамда бошқа маълумотлар юритилади.
Транспорт ташкилотлари имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан имтиёзли асосдаги транспорт йўл чиптаси қайтарилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимида қайд этган ҳолда шу вақтнинг ўзида «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали «ЯМИҲ» АТга юборади.
3-боб. Транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чипталари харажатларини қоплаш
16. Имтиёзли тоифадаги шахсларнинг транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиши учун йўл чипталари билан таъминлаш харажатлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан қопланади.
17. Транспорт ташкилотлари ҳар ойнинг якуни бўйича кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар мазкур Низомга мувофиқ транспортдан имтиёзли асосда фойдаланган имтиёзли тоифадаги шахслар, уларга тақдим этилган йўл чипталарининг нусхалари, йўналиш қайдномасини (электрон йўлкира ҳужжатлари учун), шунингдек, зарур маблағларга бўлган эҳтиёжнинг ҳисоб-китобини илова қилган ҳолда, йўловчи ташишнинг амалдаги ва имтиёзли қиймати кўрсатилиб расмийлаштирилган ҳужжатлар реестрларини Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тақдим этади.
18. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мазкур Низомнинг 17-бандида белгиланган ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг, ўн иш куни ичида зарур маблағларни тегишли транспорт ташкилотининг банк ҳисобварағига ўтказади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
19. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги имтиёзли тоифадаги шахсларга транспортдан имтиёзли асосларда фойдаланиш учун йўл чипталарини тақдим этувчи транспорт ташкилотлари тўғрисидаги маълумотларни жойлардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари биноларида ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини таъминлайди.
20. Имтиёзли тоифадаги шахсларга транспортдан имтиёзли асосда фойдаланиш учун йўл чипталарини ўз вақтида ва мақсадли берилишини таъминлаш юзасидан масъулият ва жавобгарлик ушбу Низомга мувофиқ транспорт ташкилотларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари зиммасига юкланади.
21. Имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс транспорт ташкилотлари томонидан имтиёзли йўл чиптаси берилиши рад этилишидан норози бўлган тақдирда, транспорт ташкилотларининг бевосита юқори турувчи органига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
22. Мазкур Низомда белгиланган талабларга риоя этилиши Ижтимоий инспекция томонидан, бюджет маблағлари сарфланишининг асосланганлиги Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан назорат қилиб борилади.
23. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахсларга транспортдан имтиёзли фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Имтиёзли тоифадаги шахсларга транспортдан имтиёзли асосда йўл чипталарини бериш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Имтиёзли асосларда транспорт йўл чипталарини тақдим этувчи « Uzbekistan Airways » АЖ ва бошқа резидент авиакомпаниялар, « Oʻzbekiston temir yoʻllari » АЖнинг ваколатли бўлинмалари ҳамда автовокзал ва автостанциялар (кейинги ўринларда — транспорт ташкилотлари) тўғрисидаги маълумотларни «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда жойлаштириб боради. Доимий 2-босқич Имтиёзли тоифадаги шахс Танловига кўра тегишлилиги бўйича транспорт ташкилотларининг бирига мурожаат қилади. Бир йилда ёки икки йилда бир марта 3-босқич Транспорт ташкилотлари «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига электрон сўров юбориш орқали қуйидагиларни аниқлайди: мурожаат қилган шахс имтиёзли тоифадаги шахслар доирасига кириши ёки кирмаслиги; Мурожаат қилинган вақтда имтиёзли тоифадаги шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс календар йилда бепул ёки имтиёзли йўл чиптасидан фойдалангани. Мурожаат қилган вақтда 4-босқич Транспорт ташкилотлари 1. Мурожаат қилган шахс имтиёзли тоифадаги шахслар тоифасига кириши аниқланганида имтиёзли транспорт йўл чиптасини тақдим этади, аниқланмаган тақдирда, йўл чиптасини тақдим этишни рад этади. Мурожаат қилган вақтда 2. Имтиёзли шартларда транспорт воситаларидан фойдаланган имтиёзли тоифадаги шахслар, уларга тақдим этилган бепул ёки имтиёзли шартлардаги йўл чипталарининг нусхалари, йўналиш қайдномасини (электрон йўлкира ҳужжатлари учун), шунингдек, зарур маблағларга бўлган эҳтиёжнинг ҳисоб-китобини илова қилган ҳолда, йўловчи ташишнинг амалдаги ва имтиёзли қиймати кўрсатилиб расмийлаштирилган ҳужжатлар реестрларини Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тақдим этади. Ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар 5-босқич Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тақдим этилган ҳисоб-китоблар асосида маблағлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимлари орқали тегишли транспорт ташкилотларининг тижорат банкдаги ҳисобварақларига ўтказиб беради. 10 иш куни ичида
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сон қарорига 2-ИЛОВА
1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахсларга тенглаштирилган шахслар
1. Собиқ СССРни қўриқлашда ёки бошқа ҳарбий мажбуриятларни бажаришда, фронтда ёки фуқаролик уруши партизан отрядларида бўлишда яраланиш, контузия олиш, майибланиш натижасида ногирон бўлган ҳарбий хизматчилар.
2. Собиқ СССРнинг Ички ишлар вазирлиги органлари ва Давлат хавфсизлик қўмитаси органларининг бошлиқ ҳамда оддий таркибидан бўлиб, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида яраланиш, контузия олиш ёки майиб бўлиш оқибатида ногирон бўлган шахслар.
3. 1944 йил 1 январдан 1951 йил 31 декабргача бўлган даврда собиқ Украина ССР, Беларус ССР, Литва ССР, Латвия ССР, Эстония ССР ҳудудида қирувчи батальонлар, взводлар ва халқни ҳимоя қилувчи отрядларда хизмат қилган даврда яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш натижасида ногирон бўлган шахслар.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан уруш қатнашчилари учун ўрнатилган имтиёзлар қўлланилиши белгиланган ногиронлиги бўлган шахслар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сон қарорига 3-ИЛОВА
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар
1. Собиқ СССРни қўриқлаш бўйича ҳарбий операцияларда ва фуқаролик уруши ҳарбий ҳаракатларида қатнашган ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасаларда хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар ва собиқ партизанлар.
2. 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида амалдаги армия таркибидаги ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасаларда штатдаги лавозимларни эгаллаган собиқ СССР Армияси, Ҳарбий-Денгиз Флоти, ички ишлар ва давлат хавфсизлиги органларининг ходимлари, шунингдек, ушбу даврда мудофаада иштирок этиш имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш учун хизмат муддатига қўшиладиган шаҳарларда бўлган шахслар.
3. Собиқ СССР мудофааси ёки бошқа ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришда олинган яраланиш, контузия ёки майиб бўлиш оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва бева турмуш ўртоқлари.
4. 1941 — 1945 йиллардаги собиқ Ленинград шаҳрининг корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида ишлаган фуқаролар.
5. Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашиб яраланган, контузия олган ёки майиб бўлган ҳарбий хизматчилар, ишчилар ва хизматчилар.
6. 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида фашистлар ва уларнинг иттифоқчилари томонидан ташкил этилган концлагерлар, геттолар ва бошқа мажбурий сақлаш жойларида ушлаб турилган вояга етмаган собиқ маҳбуслар.
7. Антифашистик қаршилик ҳаракати қатнашчилари.
8. 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида фронтнинг оператив ҳудудлари манфаатлари йўлида вазифаларни бажарган махсус тузилмаларнинг собиқ ходимлари.
9. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан уруш қатнашчилари учун ўрнатилган имтиёзлар қўлланилиши белгиланган шахслар тоифаси.
10. Жанговар ҳаракатлар ва қуролли можаролар олиб борилаётган давлатларда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва бошқа ташкилотлари хавфсизлигини таъминлаш жараёнида яраланган, контузия олган ёки майиб бўлган ҳарбий хизматчилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 августдаги 440-сон қарорига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидаларида :
20-бандда :
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бепул ёки имтиёзли чиптани олиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидан (кейинги ўринларда — Ахборот тизими) олинган маълумотларга асосан бепул ёки имтиёзли чиптага бўлган ҳуқуқи аниқланмаган ҳолларда, ушбу шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан бепул ёки имтиёзли чипта расмийлаштириш ҳуқуқини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин»;
иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
25-бандда :
«б» ва «в» кичик бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) Вазирлар Маҳкамасининг «1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахсларга транспортдан имтиёзли фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида» 2026 йил 13 августдаги 440-сон қарорида белгиланган 1941 — 1945 йиллардаги урушда ногирон бўлган шахслар ва қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар;
в) Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногиронлиги бўлган шахслар»;
45-банддаги «, талонли» сўзи чиқариб ташлансин;
152-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«152. Темир йўл транспортида чипталар йўловчиларга тўлиқ қийматда сотилади, қонунчилик ҳужжатлари билан поездда имтиёзли юриш белгиланган фуқаролар бундан мустасно.
Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналарига Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб темир йўл транспортидан йилига икки марта бепул фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилган.
Темир йўлларда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) қуйидагиларга тақдим қилинган:
Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва Шон-шуҳрат орденининг учта даражаси билан тақдирланган шахсларга;
1941 — 1945 йиллардаги урушда I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногиронлиги бўлган шахсларга;
ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, уларни кузатувчи шахсга;
1941 — 1945 йиллардаги урушда III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига.
Темир йўлларда чиптанинг тўлиқ қийматидан эллик фоиз чегирмалар билан йилига бир марта юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) қуйидагиларга берилган:
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
1941 — 1945 йиллардаги урушда I гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки уларга тенглаштирилган шахсларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга;
Собиқ СССР Иттифоқини ҳимоя қилиш пайтида ёки ҳарбий хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланиш, контузия ёки майиб бўлиш оқибатида, ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқларига.
Темир йўлларда чипта тўлиқ қийматидан эллик фоиз чегирмалар билан йилига бир марта (бориш ва келишга) юриш ҳуқуқига эга шахсларга, уларнинг хоҳишига кўра икки йилда бир марта икки йиллик (олдинги ва жорий йил учун) фойдаланилмаган чегирмалар ўрнига йилига бир марта бепул юриш (бориш ва келишга) ҳуқуқи тақдим қилинади. Бу ҳолда тўғри йўналишда бундай юриш «бориш» икки йиллик чегирма ўрнига, қайтишга эса — «келиш» икки йиллик чегирма ўрнига расмийлаштирилади. Ушбу тартиб 1941 — 1945 йиллардаги урушда III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар ҳамда 1941 — 1945 йиллардаги урушда I гуруҳ ногиронлиги бўлган ёки уларга тенглаштирилган шахсларга ҳамроҳлик қилувчи шахсга ҳам татбиқ этилади.
Бунда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг ваколатли бўлинмалари томонидан бепул ёки имтиёзли чипта олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Ахборот тизимидан олинади.
1941 — 1945 йиллардаги урушда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни кузатиб келаётган шахсларга (биттадан кўп бўлмаган кузатувчига), йилига бир марта (бориш ва келишга) чиптанинг тўлиқ қийматидан эллик фоиз чегирма берилади. Кузатувчи шахсга чипта расмийлаштирилаётганда фақат жорий йил учун белгиланган чегирма қабул қилинади. Ўтган ва кейинги йил учун чегирма ҳисобга қабул қилинмайди.
Ахборот тизимида бепул ёки чегирма олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда бепул ёки имтиёзли чипта олиш учун чипта кассасига бепул ёки имтиёзли чипта олиш ҳуқуқини берувчи «уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахс гувоҳномаси», «уруш қатнашчиси гувоҳномаси» ёки «имтиёзга ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаси» тақдим қилиниши керак.
«Фахрий темирйўлчи» нишони билан тақдирланган темир йўл транспорти ходимлари йил мобайнида МДҲ бўйлаб бепул юриш ҳуқуқига (бориш ва келишга) эгадир, бунинг учун хизмат гувоҳномаси ва ёзиб берилган темир йўл чиптаси тақдим қилиниши зарур.
10 ва ундан ортиқ одамлар сонидан иборат ташкил қилинган гуруҳлар чипталарининг умумий қийматидан жамоавий чипта бўйича қуйидаги миқдорда чегирмалар тақдим қилинади:
а) ҳаракат йўналишининг умумий масофаси 2000 км гача бўлганда (бошқа поездга ўтишни ҳисобга олиб):
гуруҳдагилар сони 10 нафардан 24 нафаргача бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 10 фоиз;
гуруҳдагилар сони 25 нафар ва ундан ортиқ бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 15 фоиз;
б) ҳаракат йўналишининг умумий масофаси 2000 км дан ортиқ бўлганда (бошқа поездга ўтишни ҳисобга олиб):
гуруҳдагилар сони 10 нафардан 24 нафаргача бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 20 фоиз;
гуруҳдагилар сони 25 нафар ва ундан ортиқ бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 30 фоиз.
Экскурсияга гуруҳ билан поездда юриш қийматини нақд пул ва тўлов топшириқномалари бўйича тўлашга рухсат этилади.
Ўқувчиларнинг шаҳарлараро қатновчи поездларда ва ички темир йўл алоқаларида қатновчи йўловчи ташиш поездларида ёлғиз юрганда чипта кассалари белгиланган тартибдаги имтиёзли чипталарни, уларда тақдим қилинган ҳужжатлар рақамини, зарур ҳолларда — белгиланган шаклдаги қўшимча тўловлар квитанциясини кўрсатиб беради.
Имтиёзли чипталар билан поездда юраётган шахслар, вагонга ўтираётганларида ва поездда юриш вақтида, кузатувчилар ва назорат қилувчи шахслар талабига биноан чипта сотиб олинган ҳужжатини тақдим қилиши шарт.
Имтиёзли чипталарни текширишда тегишли ҳужжатларни тақдим қилмаган йўловчилар чиптасиз деб ҳисобланадилар ва белгиланган миқдорда жаримага тортиладилар. Бундан ташқари, улардан чипталар берилган станциядан манзил станциясигача чипта қийматининг фарқи (имтиёзли ва тўлиқ тариф ўртасидаги) ундирилади.
Имтиёзли тариф бўйича чипталар нотўғри берилган ҳар бир ҳолат тўғрисида назорат қилувчи шахслар далолатнома тузишлари ва уни чоралар кўриш учун ташувчи раҳбариятига жўнатишлари шарт»;
168-банднинг «а» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«а) мазкур Низомнинг 152-бандида назарда тутилган шахслар бўйича».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 13 октябрдаги 643-сон қарорида :
а) 7-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ҳудудлардан республика бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиш ва кетишни таъминловчи ваучер шакли ва уни расмийлаштириш тартиби, тиббиёт ташкилотлари томонидан тақдим этилган ваучерлар асосида расмийлаштирилган йўл чипталари ҳисоботини умумлаштириш тартибини назарда тутувчи Онкологик ва гематологик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ»;
б) 8-банддаги «беморларнинг ҳудудлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши» сўзлари «беморлар ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг ҳудудлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 9-банднинг иккинчи хатбошисидаги «бепул келувчи беморлар» сўзлари «бемор ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) 3-иловада :
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« Онкологик ва гематологик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ҳамда авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида НИЗОМ»;
1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ушбу Низом онкологик ва гематологик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.
2. Онкологик ва гематологик беморларга онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларида (кейинги ўринларда — республика бош тиббиёт ташкилотлари) даволаниши учун ушбу тиббиёт ташкилотларининг ҳудудий филиаллари, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари, ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари (кейинги ўринларда — тиббиёт ташкилотлари) томонидан имтиёзли йўлланма берилган тақдирда амалга оширилади.
Бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг республика бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали келиш ва кетиши тиббиёт ташкилотлари томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи хулоса берилган тақдирда амалга оширилади:
беморга ҳамроҳлик қилувчи шахс зарурлиги;
бемор соғлиғининг ҳолати уни темир йўл ёки авиатранспорт воситаларидан фойдаланиш мумкинлиги.
Бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг республика бош тиббиёт ташкилотлари темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали келиш ва кетиши билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади»;
2-бобнинг матнидаги «келишни» сўзи «келиш ва кетишни» сўзлари билан алмаштирилсин;
3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Онкологик ва гематологик беморлар ва ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахслар республика бош тиббиёт ташкилотларига тиббиёт ташкилотлари томонидан даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма ва хулоса билан биргаликда мажбурий тарзда ҳудудлардан — Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан (кейинги ўринларда — ҳудудлардан) темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиши ва кетиши учун махсус ваучер (кейинги ўринларда — ваучер) расмийлаштирилади»;
4-банддаги «келишини» сўзи «келишини ва кетишини» сўзлари билан алмаштирилсин;
5-бандда :
«Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан» сўзлари «ҳудудлардан» сўзи билан алмаштирилсин;
«беморлар» сўзидан кейин «ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар» сўзлари билан тўлдирилсин;
6-банд «йўлланма билан келувчи» сўзларидан кейин «ва кетувчи беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар» сўзлари билан тўлдирилсин;
7-бандда :
биринчи хатбошидаги «унинг қонуний вакили» сўзлари «ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг» сўзлари билан алмаштирилсин;
учинчи ва тўртинчи хатбошилардаги «унинг қонуний вакили» сўзлари «унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг» сўзлари билан алмаштирилсин;
8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Агар бемор ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс темир йўл ва (ёки) авиатранспорт кассаларига мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган муддатдан кеч мурожаат қилган тақдирда, транспорт ташкилоти ушбу бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг Тошкент шаҳрига келиши ва кетиши учун зарур бўлган кунга йўл чипталарини расмийлаштиришга агар ушбу йўналишда йўл чипталари қолмаган бўлса, мажбур ҳисобланмайди».
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 июлдаги 405-сон қарори билан тасдиқланган Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 24-банди иккинчи хатбошиси « N 90 — 90.8 бўлган II гуруҳ» сўзларидан кейин «ёки Q 16» сўзлари билан тўлдирилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 796-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда :
4-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу бандга мувофиқ суғурта ҳодисаси юзага келган сана сифатида меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган суғурталанган шахснинг ишдан озод этиладиган давр бошланадиган кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилганда ҳомиладорлик ва туғиш таътили узайтириш ҳолатлари бундан мустасно) инобатга олинади»;
7-банднинг «в» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«в) ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш учун суғурта ҳодисаси юзага келган ойдан олдинги охирги олти ой давомида узлуксиз суғурта стажи мавжуд бўлса. Бунда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар сақланган ҳолда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ суғурталанган шахсга меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар тўланмаган ойлар ҳамда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври мазкур кичик банднинг биринчи хатбошисида белгиланган олти ойлик суғурта стажининг узилишига сабаб бўлмайди»;
19-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган суғурталанган шахсларга, шунингдек, қарамоғида 18 ёшга тўлмаган тўрт ёки ундан ортиқ фарзанди бўлган ёхуд қарамоғида ногиронлиги бўлган 18 ёшга тўлмаган фарзанди бўлган суғурталанган шахсларга стаж коэффициенти 20 фоиз бандга оширилган ҳолда ҳисобланади. Бунда суғурталанган шахс ушбу бандда назарда тутилган бир нечта тоифага тўғри келса, унга нисбатан фақат битта тоифа бўйича имтиёз қўлланилади»;
26-банднинг тўртинчи хатбошиси «ўн икки ойдан кам бўлса,» сўзларидан кейин «нафақа тайинланадиган ойдан олдинги» сўзлари билан тўлдирилсин;
28-банднинг биринчи хатбошиси «такрорий нафақа тайинлаш зарурияти вужудга келганда,» сўзларидан кейин «унга нисбатан мазкур Низом 7-бандининг «в» кичик бандида назарда тутилган олти ой давомидаги узлуксиз суғурта стажи мавжуд бўлиши бўйича талаб татбиқ этилмайди ҳамда» сўзлари билан тўлдирилсин;
қуйидаги мазмундаги 28 1 -банд билан тўлдирилсин:
«28 1 . Туғиш қийин кечган ёки икки ёхуд ундан ортиқ бола туғилганда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини узайтириш учун расмийлаштирилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида нафақани ҳисоблаш учун суғурталанган шахсга охирги ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида нафақани ҳисоблашда аниқланган кўрсаткичлар ва суғурта ҳодисаси юзага келган сана қўлланилади»;
31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«31. Суғурталанган шахсларга ҳисобланган ойлик иш ҳақи миқдори нафақа тайинлаш ва унинг миқдорини ҳисоблаш даврида амалда бўлган МҲТЭКМнинг бир баравари ва ундан кўп бўлган тақдирда, бир ой суғурта стажи, бир бараваригача бўлган тақдирда эса ярим ой суғурта стажи ҳисобланади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 13 август,
440-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
ROʻYXATI
1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslar va urush qatnashchilari, shuningdek, ularga tenglashtirilgan shaxslar, Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslarga transportdan imtiyozli foydalanish tartibini belgilash toʻgʻrisida
1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslar va urush qatnashchilari, shuningdek, ularga tenglashtirilgan shaxslar, Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslarni ijtimoiy himoya qilish hamda ularning transportdan imtiyozli shartlarda foydalanish huquqlarini amalga oshirilishini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Belgilansinki, 2026-yil 1-oktabrdan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi hududi yoki Ulugʻ Vatan urushi nogironlari va ishtirokchilari, shuningdek, ularga tenglashtirilgan shaxslar uchun imtiyozli yoʻl haqi huquqlarini oʻzaro tan olish toʻgʻrisidagi bitimni (Moskva, 1993-yil 12-mart) (keyingi oʻrinlarda — Bitim) imzolagan davlatlar hududi boʻylab harakatlanish uchun quyidagi shaxslarga bir kalendar yilda bir marotaba (borish va qaytish) transportdan imtiyozli shartlarda foydalanish huquqi taqdim etiladi:
a) 1941 — 1945-yillardagi urushda I yoki II guruh nogironi boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslar, 1941 — 1945-yillardagi urushda III guruh nogironi boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslar hamda 1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga temir yoʻl transportidan, Sovet Ittifoqi Qahramonlari, “Slava” ordenining uchala darajasi bilan mukofotlangan shaxslarga temir yoʻl va havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslardan bepul foydalanish;
b) yoʻl haqini toʻlash boʻyicha 50 foiz chegirma asosida transportdan foydalanish:
1941 — 1945-yillardagi urushda I yoki II guruh nogironi boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslarga havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslardan;
1941 — 1945-yillardagi urushda III guruh nogironi boʻlgan shaxslarga va ularga tenglashtirilgan shaxslarga havo yoʻlovchi transporti va shaharlararo avtobuslardan;
1941 — 1945-yillardagi urushda I guruh nogironi boʻlgan shaxslar yoki ularga tenglashtirilgan shaxslarga hamrohlik qiluvchi shaxslarga temir yoʻl va havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslardan;
1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslardan;
1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslarga temir yoʻl va havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslardan;
sobiq SSSR Ittifoqini himoya qilish paytida yoki harbiy xizmatning boshqa majburiyatlarini bajarish chogʻida yaralanish, kontuziya yoki mayib boʻlish oqibatida yoxud frontda boʻlish bilan bogʻliq kasallik tufayli halok boʻlgan harbiy xizmatchilarning ota-onalari va turmush oʻrtoqlariga temir yoʻl va havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslardan.
2. Belgilab qoʻyilsinki:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Vatan himoyasi va el-yurtimiz tinchligi yoʻlida halok boʻlgan harbiy xizmatchilar va xodimlar oila aʼzolarini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlashni kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 13-martdagi PF-34-son Farmoniga muvofiq Vatan himoyasi va el-yurt tinchligi yoʻlida halok boʻlgan harbiy xizmatchining (xodimning) ota-onalari Oʻzbekiston Respublikasi hududida harakatlanish uchun yiliga ikki marta temir yoʻl va havo yoʻlovchi transportidan bepul foydalanadi;
b) Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslar mazkur qarorning 1-bandi “a” kichik bandida nazarda tutilgan Sovet Ittifoqi Qahramonlari va “Slavam ordenining uchala darajasi bilan mukofotlangan shaxslarga tenglashtirilgan holda temir yoʻl va havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslardan bepul foydalanadi.
Bunda mazkur qaror qabul qilingunga qadar ushbu toifadagi shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Kengashi Rayosati va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Vazirlar Mahkamasining “Chernobil halokatidan ziyon koʻrgan Oʻzbekiston Respublikasida istiqomat qiluvchi fuqarolarni ijtimoiy himoyalash haqida” 1992-yil 6-apreldagi 170-son qaroriga muvofiq hamma turdagi shahar yoʻlovchi tashish transportlarida (taksidan tashqari), oʻzi yashab turgan maʼmuriy nohiya doirasidagi qishloq joylardagi umumiy foydalanishdagi avtomobil transportida, shuningdek, shahar atrofiga qatnaydigan temir yoʻl transportida, shahardan tashqaridagi marshrutlarda qatnaydigan avtobuslarda bepul yurishi, yiliga bir marta (borish va kelish) temir yoʻlda bepul yurishi, temir yoʻli boʻlmagan nohiyalarda esa havo, suv yoki shaharlararo avtomobil transportlarida birinchi navbatda chiptalar sotib olish huquqi bilan yurishi belgilangan boʻlsada, amalda Bitimda nazarda tutilgan talon asosida temir yoʻl va havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslardan bepul foydalanib kelgani inobatga olinsin.
3. Belgilansinki:
ushbu qarorda nazarda tutilgan shaxslarga taqdim etiladigan imtiyozli transport yoʻl chiptalari xarajatlari Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi;
ushbu qarorda nazarda tutilayotgan shaxslarning transportdan imtiyozli foydalanish huquqi mavjudligi ularning yoki qonuniy vakillarining transportdan imtiyozli foydalanish toʻgʻrisidagi murojaatiga muvofiq “Yagona milliy ijtimoiy” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) orqali aniqlanadi.
4. Quyidagilar:
1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslar va urush qatnashchilari, ularga tenglashtirilgan shaxslar, Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslarga transportdan imtiyozli foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslarga tenglashtirilgan shaxslar roʻyxati 2-ilovaga muvofiq;
1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslar roʻyxati 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Ijtimoiy himoya milliy agentligi 2026-yil 1-oktabrga qadar “YAMIH” ATda quyidagi imkoniyatlarni yaratsin:
mazkur qarorda nazarda tutilgan transportdan imtiyozli foydalanish huquqiga ega boʻlgan shaxslarning yagona maʼlumotlar bazasini shakllantirish, unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;
kalendar yil davomida transportdan imtiyozli foydalangan yoki foydalanmagan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yuritish;
“ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJ, “ Uzbekistan Airways ” AJ va boshqa rezident aviakompaniyalar hamda avtostansiya va avtovokzallarning shaxsning transportdan imtiyozli foydalanish huquqi mavjudligi yoki mavjud emasligi, shuningdek, shaxs kalendar yil davomida mazkur huquqdan foydalangan yoki foydalanmaganiga oid elektron soʻrovlariga asosan tegishli maʼlumotlarni avtomatik ravishda taqdim etish;
transportdan imtiyozli foydalangan shaxslar toʻgʻrisidagi tahliliy, statistik maʼlumot va hisobotlarni shakllantirish imkoniyatlarini yaratish.
6. Quyidagilar:
a) Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Pensiya jamgʻarmasi) va Bojxona qoʻmitasi, Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati 2026-yil 1-oktabrga qadar oʻzlarining tegishli axborot tizimlarida ushbu qarorda koʻrsatilgan toifadagi shaxslar va ularning transportdan imtiyozli foydalanish doirasidagi maʼlumotlari yuritiladigan elektron bazasini yaratsin hamda “YAMIH” ATga integratsiya qilinishini taʼminlasin. Bunda imtiyozdan foydalanish huquqi vujudga kelgan yoki uni yoʻqotgan shaxslar toʻgʻrisidagi elektron maʼlumotlarni uzluksiz avtomatik tarzda taqdim etib borilishi inobatga olinsin;
b) Ijtimoiy himoya milliy agentligi “ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJ, “ Uzbekistan Airways ” AJ va boshqa rezident aviakompaniyalar hamda avtostansiya va avtovokzallarning “YAMIH” AT orqali yuborilgan elektron soʻrovlariga asosan shaxslarning transportdan imtiyozli foydalanish huquqiga ega yoki ega emasligi toʻgʻrisida tegishli maʼlumotlarni avtomatik ravishda taqdim etib borsin;
v) “ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJ, “ Uzbekistan Airways ” AJ va boshqa rezident aviakompaniyalar hamda avtostansiya va avtovokzallar transportdan imtiyozli foydalanish huquqiga ega shaxslar va ularga rasmiylashtirilgan chiptalar haqidagi maʼlumotlarni avtomatik ravishda “YAMIH” ATga taqdim etib borsin.
Transport vazirligi “ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJ, “ Uzbekistan Airways ” AJ va boshqa rezident aviakompaniyalar hamda avtostansiya va avtovokzallar tomonidan mazkur kichik bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan maʼlumotlarni taqdim etib borilishini nazorat qilsin.
7. Mazkur qarorda belgilangan tadbirlarni moliyalashtirish 2026-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Ijtimoiy himoya milliy agentligiga ajratilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi, 2027-yildan boshlab esa budjet qonunchiligi talablariga muvofiq taqdim etilgan budjet soʻrovnomalariga asosan Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
8. Transport vazirligi va Ijtimoiy himoya milliy agentligining 2027-yil 1-yanvardan boshlab fuqarolarga “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali quyidagi imkoniyatlarni yaratgan holda, transportdan imtiyozli foydalanish uchun chiptalarni bepul yoki chegirma asosida xarid qilish tartibini yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin:
ushbu qarorda koʻrsatilgan toifadagi shaxslar tomonidan “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali bepul yoki imtiyozli chipta xarid qilish;
bepul yoki imtiyozli asosda xarid qilingan chiptalar boʻyicha toʻlovlarni mazkur qarorning 7-bandida nazarda tutilgan mablagʻlar hisobidan tegishli transport tashkilotlariga real vaqt rejimida oʻtkazish.
9. Transport vazirligi 2026-yil 1-oktabrga qadar “ Uzbekistan Airways ” AJ va boshqa rezident aviakompaniyalar, “ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJ hamda avtostansiya va avtovokzallar tomonidan ularning kassalari hamda axborot tizimlarini “Ijtimoiy karta” axborot tizimi bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 4-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
11. Transport vazirligi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
12. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 13-avgustdagi 440-son qaroriga 1-ILOVA
1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslar va urush qatnashchilari, ularga tenglashtirilgan shaxslar, Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslarga transportdan imtiyozli foydalanish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom 1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslar va urush qatnashchilari, ularga tenglashtirilgan shaxslar, Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslarga temir yoʻl, havo va shaharlararo avtobus transportidan imtiyozli asoslarda foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
Bitim — Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi ishtirokchi davlatlari oʻrtasida imzolangan Ulugʻ Vatan urushi nogironlari va qatnashchilari, shuningdek, ularga tenglashtirilgan shaxslar uchun imtiyozli yoʻl haqi huquqlarini oʻzaro tan olish toʻgʻrisidagi bitim (Moskva, 1993-yil 12-mart);
hamrohlik qiluvchi shaxs — 1941 — 1945-yillardagi urushda I guruh nogironi boʻlgan shaxsga yoki unga tenglashtirilgan shaxsga hamrohlik qiluvchi shaxs.
3. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi, Oʻzbekiston Respublikasi hududida yashash guvohnomasiga ega boʻlgan chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga tatbiq etiladi.
4. Quyidagi toifadagi shaxslarga (keyingi oʻrinlarda — imtiyozli toifadagi shaxs) Oʻzbekiston Respublikasi hududida yoki Bitimni imzolagan davlatlar hududi boʻylab harakatlanishi uchun tanloviga koʻra bir kalendar yilda bir marotaba (borish va qaytish) bepul yoki chegirma asosida transport yoʻl chiptalari taqdim etiladi:
a) bepul asosda:
1941 — 1945-yillardagi urushda I yoki II guruh nogironi boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslar, 1941 — 1945-yillardagi urushda III guruh nogironi boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslar hamda 1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga temir yoʻl transportidan, Sovet Ittifoqi Qahramonlari, “Slava” ordenining uchala darajasi bilan mukofotlangan shaxslar hamda Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslarga temir yoʻl va havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobusda.
Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Vatan himoyasi va el-yurtimiz tinchligi yoʻlida halok boʻlgan harbiy xizmatchilar va xodimlar oila aʼzolarini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlashni kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 13-martdagi PF-34-son Farmoniga muvofiq Vatan himoyasi va el-yurt tinchligi yoʻlida halok boʻlgan harbiy xizmatchining (xodimning) ota-onalari Oʻzbekiston Respublikasi hududida harakatlanish uchun yiliga ikki marta temir yoʻl va havo yoʻlovchi transportidan bepul foydalanadi;
b) 50 foiz chegirma asosida:
1941 — 1945-yillardagi urushda I yoki II guruh nogironi boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslarga havo yoʻlovchi transporti va shaharlararo avtobuslarda;
1941 — 1945-yillardagi urushda III guruh nogironi boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslarga havo yoʻlovchi transporti va shaharlararo avtobuslarda;
1941 — 1945-yillardagi urushda I guruh nogironi boʻlgan shaxslar yoki ularga tenglashtirilgan shaxslarga hamrohlik qiluvchi shaxslarga temir yoʻl va havo yoʻlovchi transportida hamda shaharlararo avtobuslarda;
1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslarda;
1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslarga temir yoʻl va havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslarda;
sobiq SSSR Ittifoqini himoya qilish paytida yoki harbiy xizmatning boshqa majburiyatlarini bajarish chogʻida yaralanish, kontuziya yoki mayib boʻlish oqibatida yoxud frontda boʻlish bilan bogʻliq kasallik tufayli halok boʻlgan harbiy xizmatchilarning ota-onalari va turmush oʻrtoqlariga temir yoʻl va havo yoʻlovchi transporti hamda shaharlararo avtobuslarda.
Mazkur bandning “b” kichik bandida nazarda tutilgan imtiyozli toifadagi shaxslarning tanloviga koʻra bir kalendar yilda bir marotaba borish va qaytish yoʻl chiptalari uchun oldingi va joriy yilda foydalanilmagan 50 foiz chegirmalar oʻrniga har ikki kalendar yilda bir marotaba imtiyozli asosda foydalanishi belgilangan transportda borish va qaytishga bepul yoʻl chiptasi taqdim etilishi mumkin.
5. Imtiyozli toifadagi shaxs yoki uning qonuniy vakili transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun tegishlicha “ Uzbekistan Airways ” AJ va boshqa rezident aviakompaniyalar, “ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJning vakolatli boʻlinmalari hamda avtovokzal va avtostansiyalarga (keyingi oʻrinlarda — transport tashkiloti) shaxsni tasdiqlovchi hujjatni yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalining mobil ilovasidagi shaxsni tasdiqlovchi raqamli hujjatni taqdim etgan holda murojaat qiladi.
Bunda imtiyozli toifadagi shaxsning shaxsini tasdiqlovchi hujjatning transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptasini rasmiylashtirish yoki undan foydalanish vaqtida amal qilish muddati tugamagan boʻlishi lozim.
Amal qilish muddati tugagan shaxsni tasdiqlovchi hujjat asosida transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptalarini rasmiylashtirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
6. Imtiyozli toifadagi shaxslar transportdan imtiyozli asosda foydalanish maqsadida istalgan vaqtda murojaat qilish huquqiga ega.
7. Imtiyozli toifadagi shaxslarga transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun transport yoʻl chiptalari mazkur Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq beriladi.
2-bob. Transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptalarini berish hamda ularning hisobini yuritish
8. Imtiyozli toifadagi shaxslarning transportdan imtiyozli asosda foydalanishini uzluksiz taʼminlash maqsadida Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Pensiya jamgʻarmasi) va Bojxona qoʻmitasi, Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi Davlat xavfsizlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — vazirlik va idoralar) oʻzlarining tegishli axborot tizimlarida imtiyozli toifadagi shaxslar va ularning transportdan imtiyozli foydalanish doirasidagi maʼlumotlarning elektron bazasini yuritadi.
Vazirlik va idoralar oʻzlarining elektron bazalarida imtiyozli toifadagi shaxslarning transportdan imtiyozli asosda foydalanish huquqini, shuningdek, ularning ushbu huquqi vujudga kelganligi yoki uni yoʻqotganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Raqamli hukumat” tizimining Idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Ijtimoiy himoya milliy agentligi)ning “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT)ga uzluksiz avtomatik tarzda taqdim etib boradi.
1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslarning nogironligiga oid maʼlumotlar Ijtimoiy himoya milliy agentligining “YAMIH” ATda yuritiladi.
9. Imtiyozli toifadagi shaxslar yoki ularga hamrohlik qiluvchi shaxslarga transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptalari “YAMIH” ATdagi mavjud maʼlumotlar asosida quyidagi transport tashkilotlari tomonidan beriladi:
havo transporti boʻyicha “ Uzbekistan Airways ” AJ, shuningdek, boshqa rezident aviakompaniyalarning vakolatli boʻlinmalari;
temir yoʻl transporti boʻyicha “ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJning vakolatli boʻlinmalari;
shaharlararo avtobuslar boʻyicha avtovokzal va avtostansiyalar.
Bunda imtiyozli toifadagi shaxsning transportdan imtiyozli foydalanish huquqini tasdiqlovchi maʼlumotlar “YAMIH” ATda aniqlanmagan hollarda, mazkur shaxs tomonidan qoʻshimcha ravishda ushbu huquqni tasdiqlovchi tegishli hujjatlar taqdim etilishi mumkin.
10. 1941 — 1945-yillardagi urushda I guruh nogironi boʻlgan shaxs yoki unga tenglashtirilgan shaxs tomonidan yoʻl chiptalarini olish uchun transport tashkilotlariga tashrif buyurganida, oʻziga hamrohlik qiluvchi shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun transport tashkilotiga taqdim qiladi.
11. Transport tashkilotlari transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptasini olishni soʻrab murojaat qilgan shaxsning imtiyozli shaxslar toifasiga kirishi yoki kirmasligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali “YAMIH” ATga real vaqt rejimida soʻrov yuborish orqali aniqlaydi.
12. Transport tashkilotlari “YAMIH” ATdan olingan hamda 1941 — 1945-yillardagi urushda I guruh nogironi boʻlgan shaxs yoki unga tenglashtirilgan shaxslarning oʻzlariga hamrohlik qiluvchi shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptasini taqdim etadi. Bunda:
“ Uzbekistan Airways ” AJ va boshqa rezident aviakompaniyalarning vakolatli boʻlinmalari havo transportidan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptalarini tejamkor “ekonom” toifasi boʻyicha;
“ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJning vakolatli boʻlinmalari temir yoʻl transportidan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptalarini imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsning xohishiga koʻra shaharlararo qatnovchi yoʻlovchi poyezdlar, shu jumladan, yuqori tezlikda va tezyurar poyezdlar tarkibida harakatlanuvchi yoʻlovchi vagonlar uchun tejamkor “ekonom”, platskarta yoki kupe toifasi boʻyicha rasmiylashtiradi.
Imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsning xohishiga koʻra qoʻshimcha toʻlov asosida tegishli transport vositalari boʻyicha tejamkor “ekonom” toifasiga kirmaydigan boshqa yoʻl chiptalari rasmiylashtirilishi mumkin.
13. Transport tashkilotlari imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsga transport yoʻl chiptalarini taqdim etishda ushbu shaxslar joriy kalendar yilda transportdan imtiyozli asosda foydalanganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni real vaqt rejimida “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali “YAMIH” ATga soʻrov yuborish orqali tekshiradi.
Imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxs joriy kalendar yilida borish va qaytish imtiyozli yoʻl chiptasidan, shu jumladan, har ikki yilda bir marotaba borish va qaytish uchun bepul yoʻl chiptasidan foydalanganligi aniqlangan hollarda imtiyozli yoʻl chiptasini berish rad etiladi.
14. Transport tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan, biroq texnik, tabiiy yoki boshqa sabablarga koʻra imtiyozli yoʻl chiptalaridan foydalanilmagan hollarda, mazkur yoʻl chiptalari imtiyozli toifadagi shaxsga yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsga taqdim etilgan deb hisoblanmaydi.
Bunda imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxs imtiyozli asosdagi transport yoʻl chiptalarini qatnov reysi toʻxtatilgan sanadan boshlab bir hafta muddat ichida imtiyozli asosdagi transport yoʻl chiptasini taqdim etgan tegishli transport tashkilotiga qaytarishi lozim.
Transport yoʻl chiptasi uni taqdim etgan transport tashkilotiga belgilangan muddat ichida qaytarilmagan hollarda transport yoʻl chiptasi imtiyozli toifadagi shaxsga yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsga taqdim etilgan deb qabul qilinadi.
Imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsning xohishiga koʻra transportdan imtiyozli ravishda foydalanish uchun taqdim etilgan imtiyozli yoʻl chiptasini boshqa sanadagi qatnov reysiga koʻchirishni soʻrab imtiyozli yoʻl chiptasini taqdim etgan transport tashkilotiga murojaat qilish huquqiga ega.
Transport tashkilotlari imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsning murojaatiga koʻra transportdan imtiyozli foydalanish uchun imtiyozli yoʻl chiptasini taqdim etish choralarini koʻradi.
Transport tashkilotlari imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsga imtiyozli yoʻl chiptasini taqdim etganidan soʻng yoʻl chiptasi va chipta taqdim etilgan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni axborot tizimida qayd etgan holda, shu vaqtning oʻzida “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali “YAMIH” ATga yuboradi.
15. Transport tashkilotlari tomonidan mazkur Nizomga muvofiq imtiyozli toifadagi shaxslarga taqdim etilgan imtiyozli asosdagi transport yoʻl chiptalarining elektron reyestri (hisobi) yuritiladi.
Bunda mazkur elektron reyestrda har bir imtiyozli toifadagi shaxslarning shaxsiga doir maʼlumotlari va imtiyozli toifa turi kesimida rasmiylashtirilgan imtiyozli yoʻl chiptalarining rekvizitlari, qatnov reysi, yoʻnalish qaydnomalari, yoʻlovchi tashishning amaldagi va imtiyozli qiymatlari hamda boshqa maʼlumotlar yuritiladi.
Transport tashkilotlari imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxs tomonidan imtiyozli asosdagi transport yoʻl chiptasi qaytarilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni axborot tizimida qayd etgan holda shu vaqtning oʻzida “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali “YAMIH” ATga yuboradi.
3-bob. Transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptalari xarajatlarini qoplash
16. Imtiyozli toifadagi shaxslarning transportdan imtiyozli asosda foydalanishi uchun yoʻl chiptalari bilan taʼminlash xarajatlari Ijtimoiy himoya milliy agentligi mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
17. Transport tashkilotlari har oyning yakuni boʻyicha keyingi oyning oʻninchi sanasiga qadar mazkur Nizomga muvofiq transportdan imtiyozli asosda foydalangan imtiyozli toifadagi shaxslar, ularga taqdim etilgan yoʻl chiptalarining nusxalari, yoʻnalish qaydnomasini (elektron yoʻlkira hujjatlari uchun), shuningdek, zarur mablagʻlarga boʻlgan ehtiyojning hisob-kitobini ilova qilgan holda, yoʻlovchi tashishning amaldagi va imtiyozli qiymati koʻrsatilib rasmiylashtirilgan hujjatlar reyestrlarini Ijtimoiy himoya milliy agentligiga taqdim etadi.
18. Ijtimoiy himoya milliy agentligi mazkur Nizomning 17-bandida belgilangan hujjatlar taqdim etilganidan soʻng, oʻn ish kuni ichida zarur mablagʻlarni tegishli transport tashkilotining bank hisobvaragʻiga oʻtkazadi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
19. Ijtimoiy himoya milliy agentligi imtiyozli toifadagi shaxslarga transportdan imtiyozli asoslarda foydalanish uchun yoʻl chiptalarini taqdim etuvchi transport tashkilotlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joylardagi “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari binolarida hamda ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda joylashtirilishini taʼminlaydi.
20. Imtiyozli toifadagi shaxslarga transportdan imtiyozli asosda foydalanish uchun yoʻl chiptalarini oʻz vaqtida va maqsadli berilishini taʼminlash yuzasidan masʼuliyat va javobgarlik ushbu Nizomga muvofiq transport tashkilotlarining rahbarlari va masʼul xodimlari zimmasiga yuklanadi.
21. Imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxs transport tashkilotlari tomonidan imtiyozli yoʻl chiptasi berilishi rad etilishidan norozi boʻlgan taqdirda, transport tashkilotlarining bevosita yuqori turuvchi organiga yoki sudga shikoyat qilish huquqiga ega.
22. Mazkur Nizomda belgilangan talablarga rioya etilishi Ijtimoiy inspeksiya tomonidan, budjet mablagʻlari sarflanishining asoslanganligi Bosh prokuratura huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamentining Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi va uning hududiy boshqarmalari tomonidan nazorat qilib boriladi.
23. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslar va urush qatnashchilari, ularga tenglashtirilgan shaxslar, Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslarga transportdan imtiyozli foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Imtiyozli toifadagi shaxslarga transportdan imtiyozli asosda yoʻl chiptalarini berish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Ijtimoiy himoya milliy agentligi Imtiyozli asoslarda transport yoʻl chiptalarini taqdim etuvchi “ Uzbekistan Airways ” AJ va boshqa rezident aviakompaniyalar, “ Oʻzbekiston temir yoʻllari ” AJning vakolatli boʻlinmalari hamda avtovokzal va avtostansiyalar (keyingi oʻrinlarda — transport tashkilotlari) toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlariga hamda ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda joylashtirib boradi. Doimiy 2-bosqich Imtiyozli toifadagi shaxs Tanloviga koʻra tegishliligi boʻyicha transport tashkilotlarining biriga murojaat qiladi. Bir yilda yoki ikki yilda bir marta 3-bosqich Transport tashkilotlari “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali Ijtimoiy himoya milliy agentligining “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimiga elektron soʻrov yuborish orqali quyidagilarni aniqlaydi: murojaat qilgan shaxs imtiyozli toifadagi shaxslar doirasiga kirishi yoki kirmasligi; Murojaat qilingan vaqtda imtiyozli toifadagi shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxs kalendar yilda bepul yoki imtiyozli yoʻl chiptasidan foydalangani. Murojaat qilgan vaqtda 4-bosqich Transport tashkilotlari 1. Murojaat qilgan shaxs imtiyozli toifadagi shaxslar toifasiga kirishi aniqlanganida imtiyozli transport yoʻl chiptasini taqdim etadi, aniqlanmagan taqdirda, yoʻl chiptasini taqdim etishni rad etadi. Murojaat qilgan vaqtda 2. Imtiyozli shartlarda transport vositalaridan foydalangan imtiyozli toifadagi shaxslar, ularga taqdim etilgan bepul yoki imtiyozli shartlardagi yoʻl chiptalarining nusxalari, yoʻnalish qaydnomasini (elektron yoʻlkira hujjatlari uchun), shuningdek, zarur mablagʻlarga boʻlgan ehtiyojning hisob-kitobini ilova qilgan holda, yoʻlovchi tashishning amaldagi va imtiyozli qiymati koʻrsatilib rasmiylashtirilgan hujjatlar reyestrlarini Ijtimoiy himoya milliy agentligiga taqdim etadi. Har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning 10-sanasiga qadar 5-bosqich Ijtimoiy himoya milliy agentligi Taqdim etilgan hisob-kitoblar asosida mablagʻlar Iqtisodiyot va moliya vazirligining axborot tizimlari orqali tegishli transport tashkilotlarining tijorat bankdagi hisobvaraqlariga oʻtkazib beradi. 10 ish kuni ichida
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 13-avgustdagi 440-son qaroriga 2-ILOVA
1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslarga tenglashtirilgan shaxslar
1. Sobiq SSSRni qoʻriqlashda yoki boshqa harbiy majburiyatlarni bajarishda, frontda yoki fuqarolik urushi partizan otryadlarida boʻlishda yaralanish, kontuziya olish, mayiblanish natijasida nogiron boʻlgan harbiy xizmatchilar.
2. Sobiq SSSRning Ichki ishlar vazirligi organlari va Davlat xavfsizlik qoʻmitasi organlarining boshliq hamda oddiy tarkibidan boʻlib, xizmat majburiyatlarini bajarish chogʻida yaralanish, kontuziya olish yoki mayib boʻlish oqibatida nogiron boʻlgan shaxslar.
3. 1944-yil 1-yanvardan 1951-yil 31-dekabrgacha boʻlgan davrda sobiq Ukraina SSR, Belarus SSR, Litva SSR, Latviya SSR, Estoniya SSR hududida qiruvchi batalyonlar, vzvodlar va xalqni himoya qiluvchi otryadlarda xizmat qilgan davrda yaralanish, kontuziya olish, mayiblanish yoki kasallanish natijasida nogiron boʻlgan shaxslar.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan urush qatnashchilari uchun oʻrnatilgan imtiyozlar qoʻllanilishi belgilangan nogironligi boʻlgan shaxslar.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 13-avgustdagi 440-son qaroriga 3-ILOVA
1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslar
1. Sobiq SSSRni qoʻriqlash boʻyicha harbiy operatsiyalarda va fuqarolik urushi harbiy harakatlarida qatnashgan harakatdagi armiya tarkibiga kiruvchi harbiy qismlar, shtablar va muassasalarda xizmatni oʻtagan harbiy xizmatchilar va sobiq partizanlar.
2. 1941 — 1945-yillardagi urush davrida amaldagi armiya tarkibidagi harbiy qismlar, shtablar va muassasalarda shtatdagi lavozimlarni egallagan sobiq SSSR Armiyasi, Harbiy-Dengiz Floti, ichki ishlar va davlat xavfsizligi organlarining xodimlari, shuningdek, ushbu davrda mudofaada ishtirok etish imtiyozli shartlarda pensiya tayinlash uchun xizmat muddatiga qoʻshiladigan shaharlarda boʻlgan shaxslar.
3. Sobiq SSSR mudofaasi yoki boshqa harbiy xizmat majburiyatlarini bajarishda olingan yaralanish, kontuziya yoki mayib boʻlish oqibatida yoxud frontda boʻlish bilan bogʻliq kasallik tufayli halok boʻlgan harbiy xizmatchilarning ota-onalari va beva turmush oʻrtoqlari.
4. 1941 — 1945-yillardagi sobiq Leningrad shahrining korxonalari, muassasalari va tashkilotlarida ishlagan fuqarolar.
5. Afgʻoniston Respublikasida va boshqa mamlakatlarning hududidagi jangovar harakatlarda qatnashib yaralangan, kontuziya olgan yoki mayib boʻlgan harbiy xizmatchilar, ishchilar va xizmatchilar.
6. 1941 — 1945-yillardagi urush davrida fashistlar va ularning ittifoqchilari tomonidan tashkil etilgan konslagerlar, gettolar va boshqa majburiy saqlash joylarida ushlab turilgan voyaga yetmagan sobiq mahbuslar.
7. Antifashistik qarshilik harakati qatnashchilari.
8. 1941 — 1945-yillardagi urush davrida frontning operativ hududlari manfaatlari yoʻlida vazifalarni bajargan maxsus tuzilmalarning sobiq xodimlari.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan urush qatnashchilari uchun oʻrnatilgan imtiyozlar qoʻllanilishi belgilangan shaxslar toifasi.
10. Jangovar harakatlar va qurolli mojarolar olib borilayotgan davlatlarda Oʻzbekiston Respublikasining diplomatik vakolatxonalari, konsullik muassasalari va boshqa tashkilotlari xavfsizligini taʼminlash jarayonida yaralangan, kontuziya olgan yoki mayib boʻlgan harbiy xizmatchilar.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 13-avgustdagi 440-son qaroriga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim hujjatlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 13-apreldagi 109-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi temir yoʻl transportida yoʻlovchilar, bagaj va yuk bagaj tashish qoidalarida :
20-bandda :
quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Qonunchilik hujjatlariga muvofiq bepul yoki imtiyozli chiptani olish huquqiga ega boʻlgan shaxsning idoralararo elektron hamkorlikni qoʻllagan holda “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimidan (keyingi oʻrinlarda — Axborot tizimi) olingan maʼlumotlarga asosan bepul yoki imtiyozli chiptaga boʻlgan huquqi aniqlanmagan hollarda, ushbu shaxs yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxs tomonidan bepul yoki imtiyozli chipta rasmiylashtirish huquqini tasdiqlovchi qoʻshimcha hujjatlar taqdim etilishi mumkin”;
ikkinchi xatboshi uchinchi xatboshi deb hisoblansin;
25-bandda :
“b” va “v” kichik bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“b) Vazirlar Mahkamasining “1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslar va urush qatnashchilari, shuningdek, ularga tenglashtirilgan shaxslar, Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslarga transportdan imtiyozli foydalanish tartibini belgilash toʻgʻrisida” 2026-yil 13-avgustdagi 440-son qarorida belgilangan 1941 — 1945-yillardagi urushda nogiron boʻlgan shaxslar va qatnashchilari hamda ularga tenglashtirilgan shaxslar;
v) Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslar, shuningdek, Chernobil halokati sababli nogironligi boʻlgan shaxslar”;
45-banddagi “, talonli” soʻzi chiqarib tashlansin;
152-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“152. Temir yoʻl transportida chiptalar yoʻlovchilarga toʻliq qiymatda sotiladi, qonunchilik hujjatlari bilan poyezdda imtiyozli yurish belgilangan fuqarolar bundan mustasno.
Vatan himoyasi va el-yurt tinchligi yoʻlida halok boʻlgan harbiy xizmatchining (xodimning) ota-onalariga Oʻzbekiston Respublikasi hududi boʻylab temir yoʻl transportidan yiliga ikki marta bepul foydalanish huquqi taqdim etilgan.
Temir yoʻllarda yiliga bir marta bepul yurish huquqi (borish va kelishga) quyidagilarga taqdim qilingan:
Sovet Ittifoqi Qahramonlari va Shon-shuhrat ordenining uchta darajasi bilan taqdirlangan shaxslarga;
1941 — 1945-yillardagi urushda I yoki II guruh nogironi boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslarga;
Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslar, shuningdek, Chernobil halokati sababli nogironligi boʻlgan shaxslarga;
oʻzgalar parvarishiga muhtoj keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar, shuningdek, ularni kuzatuvchi shaxsga;
1941 — 1945-yillardagi urushda III guruh nogironligi boʻlgan shaxslar va ularga tenglashtirilgan shaxslarga;
1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga.
Temir yoʻllarda chiptaning toʻliq qiymatidan ellik foiz chegirmalar bilan yiliga bir marta yurish huquqi (borish va kelishga) quyidagilarga berilgan:
1941 — 1945-yillardagi urush qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslarga;
1941 — 1945-yillardagi urushda I guruh nogironligi boʻlgan yoki ularga tenglashtirilgan shaxslarga hamrohlik qiluvchi shaxslarga;
Sobiq SSSR Ittifoqini himoya qilish paytida yoki harbiy xizmatning boshqa majburiyatlarini bajarish chogʻida yaralanish, kontuziya yoki mayib boʻlish oqibatida, yoxud frontda boʻlish bilan bogʻliq kasallik tufayli halok boʻlgan harbiy xizmatchilarning ota-onalari va turmush oʻrtoqlariga.
Temir yoʻllarda chipta toʻliq qiymatidan ellik foiz chegirmalar bilan yiliga bir marta (borish va kelishga) yurish huquqiga ega shaxslarga, ularning xohishiga koʻra ikki yilda bir marta ikki yillik (oldingi va joriy yil uchun) foydalanilmagan chegirmalar oʻrniga yiliga bir marta bepul yurish (borish va kelishga) huquqi taqdim qilinadi. Bu holda toʻgʻri yoʻnalishda bunday yurish “borish” ikki yillik chegirma oʻrniga, qaytishga esa — “kelish” ikki yillik chegirma oʻrniga rasmiylashtiriladi. Ushbu tartib 1941 — 1945-yillardagi urushda III guruh nogironligi boʻlgan shaxslar va urush qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslar hamda 1941 — 1945-yillardagi urushda I guruh nogironligi boʻlgan yoki ularga tenglashtirilgan shaxslarga hamrohlik qiluvchi shaxsga ham tatbiq etiladi.
Bunda “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJning vakolatli boʻlinmalari tomonidan bepul yoki imtiyozli chipta olish huquqiga ega boʻlgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar idoralararo elektron hamkorlikni qoʻllagan holda “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali Axborot tizimidan olinadi.
1941 — 1945-yillardagi urushda I guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni kuzatib kelayotgan shaxslarga (bittadan koʻp boʻlmagan kuzatuvchiga), yiliga bir marta (borish va kelishga) chiptaning toʻliq qiymatidan ellik foiz chegirma beriladi. Kuzatuvchi shaxsga chipta rasmiylashtirilayotganda faqat joriy yil uchun belgilangan chegirma qabul qilinadi. Oʻtgan va keyingi yil uchun chegirma hisobga qabul qilinmaydi.
Axborot tizimida bepul yoki chegirma olish huquqiga ega boʻlgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar mavjud boʻlmagan hollarda bepul yoki imtiyozli chipta olish uchun chipta kassasiga bepul yoki imtiyozli chipta olish huquqini beruvchi “urush oqibatida nogironligi boʻlgan shaxs guvohnomasi”, “urush qatnashchisi guvohnomasi” yoki “imtiyozga huquqi toʻgʻrisidagi guvohnomasi” taqdim qilinishi kerak.
“Faxriy temiryoʻlchi” nishoni bilan taqdirlangan temir yoʻl transporti xodimlari yil mobaynida MDH boʻylab bepul yurish huquqiga (borish va kelishga) egadir, buning uchun xizmat guvohnomasi va yozib berilgan temir yoʻl chiptasi taqdim qilinishi zarur.
10 va undan ortiq odamlar sonidan iborat tashkil qilingan guruhlar chiptalarining umumiy qiymatidan jamoaviy chipta boʻyicha quyidagi miqdorda chegirmalar taqdim qilinadi:
a) harakat yoʻnalishining umumiy masofasi 2000 km gacha boʻlganda (boshqa poyezdga oʻtishni hisobga olib):
guruhdagilar soni 10 nafardan 24 nafargacha boʻlganda chiptalarning umumiy toʻliq qiymatidan 10 foiz;
guruhdagilar soni 25 nafar va undan ortiq boʻlganda chiptalarning umumiy toʻliq qiymatidan 15 foiz;
b) harakat yoʻnalishining umumiy masofasi 2000 km dan ortiq boʻlganda (boshqa poyezdga oʻtishni hisobga olib):
guruhdagilar soni 10 nafardan 24 nafargacha boʻlganda chiptalarning umumiy toʻliq qiymatidan 20 foiz;
guruhdagilar soni 25 nafar va undan ortiq boʻlganda chiptalarning umumiy toʻliq qiymatidan 30 foiz.
Ekskursiyaga guruh bilan poyezdda yurish qiymatini naqd pul va toʻlov topshiriqnomalari boʻyicha toʻlashga ruxsat etiladi.
Oʻquvchilarning shaharlararo qatnovchi poyezdlarda va ichki temir yoʻl aloqalarida qatnovchi yoʻlovchi tashish poyezdlarida yolgʻiz yurganda chipta kassalari belgilangan tartibdagi imtiyozli chiptalarni, ularda taqdim qilingan hujjatlar raqamini, zarur hollarda — belgilangan shakldagi qoʻshimcha toʻlovlar kvitansiyasini koʻrsatib beradi.
Imtiyozli chiptalar bilan poyezdda yurayotgan shaxslar, vagonga oʻtirayotganlarida va poyezdda yurish vaqtida, kuzatuvchilar va nazorat qiluvchi shaxslar talabiga binoan chipta sotib olingan hujjatini taqdim qilishi shart.
Imtiyozli chiptalarni tekshirishda tegishli hujjatlarni taqdim qilmagan yoʻlovchilar chiptasiz deb hisoblanadilar va belgilangan miqdorda jarimaga tortiladilar. Bundan tashqari, ulardan chiptalar berilgan stansiyadan manzil stansiyasigacha chipta qiymatining farqi (imtiyozli va toʻliq tarif oʻrtasidagi) undiriladi.
Imtiyozli tarif boʻyicha chiptalar notoʻgʻri berilgan har bir holat toʻgʻrisida nazorat qiluvchi shaxslar dalolatnoma tuzishlari va uni choralar koʻrish uchun tashuvchi rahbariyatiga joʻnatishlari shart”;
168-bandning “a” kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“a) mazkur Nizomning 152-bandida nazarda tutilgan shaxslar boʻyicha”.
2. Vazirlar Mahkamasining “Gematologik va onkologik kasalliklarga chalingan bemorlarni yanada qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 13-oktabrdagi 643-son qarorida :
a) 7-bandning toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“hududlardan respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali bepul kelish va ketishni taʼminlovchi vaucher shakli va uni rasmiylashtirish tartibi, tibbiyot tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan vaucherlar asosida rasmiylashtirilgan yoʻl chiptalari hisobotini umumlashtirish tartibini nazarda tutuvchi Onkologik va gematologik bemorlar va ularga hamrohlik qiluvchi bir nafar shaxsning hududlardan onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlar boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl va aviatransport vositalari orqali kelishi va ketishi bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq”;
b) 8-banddagi “bemorlarning hududlardan respublika ixtisoslashtirilgan markazlariga temir yoʻl va aviatransport vositalari orqali kelishi” soʻzlari “bemorlar va unga hamrohlik qiluvchi shaxslarning hududlardan respublika ixtisoslashtirilgan markazlariga temir yoʻl va aviatransport vositalari orqali kelishi va ketishi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
v) 9-bandning ikkinchi xatboshisidagi “bepul keluvchi bemorlar” soʻzlari “bemor va ularga hamrohlik qiluvchi shaxslar” soʻzlari bilan almashtirilsin;
g) 3-ilovada :
nomi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ Onkologik va gematologik bemorlar va ularga hamrohlik qiluvchi bir nafar shaxsning hududlardan onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlar boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl hamda aviatransport vositalari orqali kelishi va ketishi bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish tartibi toʻgʻrisida NIZOM”;
1 va 2-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“1. Ushbu Nizom onkologik va gematologik bemorlar va ularga hamrohlik qiluvchi bir nafar shaxsning hududlardan onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlar boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl va aviatransport vositalari orqali kelishi va ketishi bilan bogʻliq xarajatlarni tegishli mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan qoplab berish tartibini belgilaydi.
2. Onkologik va gematologik bemorlarga onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlar boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlarida (keyingi oʻrinlarda — respublika bosh tibbiyot tashkilotlari) davolanishi uchun ushbu tibbiyot tashkilotlarining hududiy filiallari, hududiy koʻp tarmoqli tibbiyot markazlari, hududiy bolalar koʻp tarmoqli tibbiyot markazlari (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot tashkilotlari) tomonidan imtiyozli yoʻllanma berilgan taqdirda amalga oshiriladi.
Bemor va unga hamrohlik qiluvchi shaxsning respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali kelish va ketishi tibbiyot tashkilotlari tomonidan quyidagilarni nazarda tutuvchi xulosa berilgan taqdirda amalga oshiriladi:
bemorga hamrohlik qiluvchi shaxs zarurligi;
bemor sogʻligʻining holati uni temir yoʻl yoki aviatransport vositalaridan foydalanish mumkinligi.
Bemor va unga hamrohlik qiluvchi shaxsning respublika bosh tibbiyot tashkilotlari temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali kelish va ketishi bilan bogʻliq xarajatlar mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan toʻliq qoplab beriladi”;
2-bobning matnidagi “kelishni” soʻzi “kelish va ketishni” soʻzlari bilan almashtirilsin;
3-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“3. Onkologik va gematologik bemorlar va va unga hamrohlik qiluvchi shaxslar respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga tibbiyot tashkilotlari tomonidan davolanish uchun belgilangan tartibda imtiyozli yoʻllanma va xulosa bilan birgalikda majburiy tarzda hududlardan — Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardan (keyingi oʻrinlarda — hududlardan) temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali bepul kelishi va ketishi uchun maxsus vaucher (keyingi oʻrinlarda — vaucher) rasmiylashtiriladi”;
4-banddagi “kelishini” soʻzi “kelishini va ketishini” soʻzlari bilan almashtirilsin;
5-bandda :
“Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardan” soʻzlari “hududlardan” soʻzi bilan almashtirilsin;
“bemorlar” soʻzidan keyin “va ularga hamrohlik qiluvchi shaxslar” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
6-band “yoʻllanma bilan keluvchi” soʻzlaridan keyin “va ketuvchi bemorlar va ularga hamrohlik qiluvchi shaxslar” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
7-bandda :
birinchi xatboshidagi “uning qonuniy vakili” soʻzlari “va unga hamrohlik qiluvchi shaxsning” soʻzlari bilan almashtirilsin;
uchinchi va toʻrtinchi xatboshilardagi “uning qonuniy vakili” soʻzlari “unga hamrohlik qiluvchi shaxsning” soʻzlari bilan almashtirilsin;
8-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“8. Agar bemor yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxs temir yoʻl va (yoki) aviatransport kassalariga mazkur Nizomning 7-bandida koʻrsatilgan muddatdan kech murojaat qilgan taqdirda, transport tashkiloti ushbu bemor va unga hamrohlik qiluvchi shaxsning Toshkent shahriga kelishi va ketishi uchun zarur boʻlgan kunga yoʻl chiptalarini rasmiylashtirishga agar ushbu yoʻnalishda yoʻl chiptalari qolmagan boʻlsa, majbur hisoblanmaydi”.
3. Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 1-iyuldagi 405-son qarori bilan tasdiqlangan Nogironligi boʻlgan shaxslar bandligini taʼminlashga koʻmaklashish, ularning bandligini taʼminlash hamda mehnat qilishini qoʻllab-quvvatlashni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 24-bandi ikkinchi xatboshisi “ N 90 — 90.8 boʻlgan II guruh” soʻzlaridan keyin “yoki Q 16” soʻzlari bilan toʻldirilsin.
4. Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 17-dekabrdagi 796-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat ijtimoiy sugʻurtasi doirasida vaqtincha mehnatga layoqatsizlik hamda homiladorlik va tugʻish nafaqalarini tayinlash hamda toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
4-bandning toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Ushbu bandga muvofiq sugʻurta hodisasi yuzaga kelgan sana sifatida mehnatga layoqatsizlik varaqasida koʻrsatilgan sugʻurtalangan shaxsning ishdan ozod etiladigan davr boshlanadigan kun (tugʻish qiyin kechgan yoxud ikki yoki undan ortiq bola tugʻilganda homiladorlik va tugʻish taʼtili uzaytirish holatlari bundan mustasno) inobatga olinadi”;
7-bandning “v” kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“v) homiladorlik va tugʻish nafaqasini olish uchun sugʻurta hodisasi yuzaga kelgan oydan oldingi oxirgi olti oy davomida uzluksiz sugʻurta staji mavjud boʻlsa. Bunda yakka tartibdagi mehnatga oid munosabatlar saqlangan holda mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq sugʻurtalangan shaxsga mehnatga haq toʻlash tarzidagi daromadlar toʻlanmagan oylar hamda vaqtincha mehnatga qobiliyatsizlik davri mazkur kichik bandning birinchi xatboshisida belgilangan olti oylik sugʻurta stajining uzilishiga sabab boʻlmaydi”;
19-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ I va II guruh nogironligi boʻlgan sugʻurtalangan shaxslarga, shuningdek, qaramogʻida 18 yoshga toʻlmagan toʻrt yoki undan ortiq farzandi boʻlgan yoxud qaramogʻida nogironligi boʻlgan 18 yoshga toʻlmagan farzandi boʻlgan sugʻurtalangan shaxslarga staj koeffitsiyenti 20 foiz bandga oshirilgan holda hisoblanadi. Bunda sugʻurtalangan shaxs ushbu bandda nazarda tutilgan bir nechta toifaga toʻgʻri kelsa, unga nisbatan faqat bitta toifa boʻyicha imtiyoz qoʻllaniladi”;
26-bandning toʻrtinchi xatboshisi “oʻn ikki oydan kam boʻlsa,” soʻzlaridan keyin “nafaqa tayinlanadigan oydan oldingi” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
28-bandning birinchi xatboshisi “takroriy nafaqa tayinlash zaruriyati vujudga kelganda,” soʻzlaridan keyin “unga nisbatan mazkur Nizom 7-bandining “v” kichik bandida nazarda tutilgan olti oy davomidagi uzluksiz sugʻurta staji mavjud boʻlishi boʻyicha talab tatbiq etilmaydi hamda” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
quyidagi mazmundagi 28 1 -band bilan toʻldirilsin:
“28 1 . Tugʻish qiyin kechgan yoki ikki yoxud undan ortiq bola tugʻilganda homiladorlik va tugʻish taʼtilini uzaytirish uchun rasmiylashtirilgan mehnatga layoqatsizlik varaqasi asosida nafaqani hisoblash uchun sugʻurtalangan shaxsga oxirgi homiladorlik va tugʻish boʻyicha mehnatga layoqatsizlik varaqasi asosida nafaqani hisoblashda aniqlangan koʻrsatkichlar va sugʻurta hodisasi yuzaga kelgan sana qoʻllaniladi”;
31-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“31. Sugʻurtalangan shaxslarga hisoblangan oylik ish haqi miqdori nafaqa tayinlash va uning miqdorini hisoblash davrida amalda boʻlgan MHTEKMning bir baravari va undan koʻp boʻlgan taqdirda, bir oy sugʻurta staji, bir baravarigacha boʻlgan taqdirda esa yarim oy sugʻurta staji hisoblanadi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 13-avgust,
440-son