📅 2026-yil 16-iyul · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 16-iyul · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 16 июль · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 июля 2026 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 July 2026 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки Бошқарувининг
Қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш режасига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ва « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш режасига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 16 июлдаги 14/8-сон қарорига ИЛОВА
Банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш режасига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги
Мазкур Низом банклар, шу жумладан микромолия банклари ҳамда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар (бундан буён матнда банк деб юритилади) ва банклар гуруҳларининг молиявий аҳволини тиклаш режасининг (бундан буён матнда тиклаш режаси деб юритилади) мазмунига ва янгиланишига оид талабларни, шунингдек тиклаш режасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) тақдим этиш ҳамда баҳолаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
асосий фаолият йўналишлари — банк ва (ёки) банклар гуруҳи учун муҳим даромад манбайини ташкил этувчи фаолият йўналишлари ҳамда улар билан боғлиқ хизматлар;
муҳим хизматлар — банк ва (ёки) банклар гуруҳининг ўта муҳим вазифаларини бажариш ва банк фаолиятини бошқаришни таъминлаш учун зарур бўлган, банкка тақдим этиладиган хизматлар;
риск-аппетит — банк ва (ёки) банклар гуруҳининг стратегик мақсадларига ва бизнес-режа кўрсаткичларига эришишда қабул қилишга тайёр бўлган сезиларли барча таваккалчиликларнинг (жами умумлашган ҳолдаги ҳамда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида) миқдори;
ўта муҳим вазифалар — банк ва (ёки) банклар гуруҳи хизматлари ёки операцияларининг шундай турларики, уларни ўзга банкнинг бошқа хизматлари ёки операциялари билан алмаштириш мураккаблиги туфайли ушбу хизматларни кўрсатиш ва операцияларни амалга ошириш тугатилган тақдирда, молиявий барқарорликнинг бузилишига ёки реал иқтисодиёт учун зарур бўлган хизматларнинг кўрсатилиши чекланишига олиб келиши мумкин ;
чегаравий қийматлар (триггерлар) — банк ва (ёки) банклар гуруҳининг молиявий аҳволини акс эттирувчи кўрсаткичлар бўйича ўрнатилган чегаравий қийматлар бўлиб, уларнинг бузилиши банк ва (ёки) банклар гуруҳи фаолиятида стресс ҳолати юзага келганлигидан дарак беради ҳамда банк ва (ёки) банклар гуруҳининг молиявий аҳволини тиклашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
2. Банк ўзининг молиявий аҳволи ёмонлашган тақдирда Марказий банкнинг талабига кўра уни тиклаш чораларини ўз ичига олган тиклаш режасини ишлаб чиқади ҳамда кўриб чиқиш ва баҳолаш учун тақдим этади . Бунда Марказий банк томонидан банк молиявий аҳволини баҳолашда банкнинг молиявий кўрсаткичлари, Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал талабларга мувофиқлиги ва (ёки) бошқа омиллар инобатга олинади.
Банк тиклаш режасини Марказий банк томонидан белгиланган, бироқ ўн беш кундан кам бўлмаган муддатда ишлаб чиқиши лозим.
3. Тиклаш режаси Марказий банкка тақдим қилинишидан аввал банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим .
Банкнинг ички аудит хизмати йилига камида бир маротаба тиклаш режасининг ишлаб чиқилиши, янгиланиши ҳамда амалга оширилишини мустақил баҳолаши лозим.
4. Банк тиклаш режасини ҳар йили ёки банкнинг ташкилий тузилмасида, унинг фаолиятида ёки молиявий аҳволида тиклаш режасига таъсир этиши мумкин бўлган сезиларли ўзгаришлардан кейин янгилаши керак .
Тиклаш режасини янгилаш жараёнида банкнинг таваккалчиликларни бошқариш тизимида, шу жумладан банкнинг риск-аппетити ва риск-профилида, фавқулодда молиялаштириш режасида, банк фаолиятини қайта тиклаш ва унинг узлуксизлигини таъминлаш режасида ҳамда капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнларида (ИСААП) (агар жорий қилинган бўлса) вужудга келган ўзгаришлар инобатга олиниши, шунингдек банкнинг молиявий аҳволини тиклаш кўрсаткичлари (бундан буён матнда тиклаш кўрсаткичлари деб юритилади) ва улар бўйича чегаравий қийматлар (триггерлар) қайта кўриб чиқилиши лозим.
5. Тиклаш режаси макроиқтисодий ва молиявий инқироз кўринишларининг банк фаолиятига таъсирини, шу жумладан тизимга оид ҳодисаларни ва мазкур банк учун таваккалчиликларни ўзида акс эттириши керак . Тиклаш режаси ишлаб чиқилишида банк амалга ошираётган фаолият турининг тизимли аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, миқёси ва мураккаблиги инобатга олиниши лозим.
6. Тиклаш режаси тегишли қарорлар қабул қилиниши керак бўлган ҳолатни аниқловчи чора-тадбирлар рўйхатини, кўрсаткичларни ва мазкур Низомнинг 12-бандида келтирилган маълумотларни ўз ичига олиши керак .
7. Банк тиклаш режасида ўзининг бизнес-режаси, капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнлари (ИСААП) (агар жорий қилинган бўлса) ҳамда бошқа тегишли ҳужжатларида мавжуд бўлган маълумотларга ҳавола қилиши мумкин.
8. Марказий банк банкдан тиклаш режасини кўриб чиқиш ва баҳолаш учун зарур бўлган қўшимча маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиши мумкин.
9. Банклар гуруҳининг асосий банки тиклаш режасини гуруҳ даражасида ишлаб чиқиши керак.
Бунда Марказий банк банклар гуруҳига кирувчи банкнинг тизимли аҳамияти, ҳажми ёки риск-профилидан келиб чиқиб, ундан якка тартибдаги тиклаш режасини ишлаб чиқишни талаб қилиши мумкин.
10. Банк тиклаш режасида давлатнинг молиявий ёрдамини, шунингдек Марказий банк томонидан банк ликвидлилигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш учун ажратилувчи кредитларни ва қўлланилувчи исломий молия воситаларини назарда тутмаслиги лозим.
11. Банкнинг кузатув кенгаши тиклаш режасининг ишлаб чиқилишига ва самарали амалга оширилишини таъминлашга ҳамда унинг устидан назоратни олиб боришга масъул ҳисобланади.
2-боб. Тиклаш режасининг таркибий элементлари
1-§. Тиклаш режасининг умумий таркиби
12. Тиклаш режасида камида қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим:
тиклаш режасидаги асосий жиҳатларнинг қисқача мазмуни, шунингдек аввалги тиклаш режаси тасдиқланган санадан бошлаб янги тиклаш режаси тасдиқлангунига қадар бўлган давр мобайнида банк фаолиятида юз берган сезиларли ўзгаришларнинг (банкнинг ташкилий тузилмаси, фаолият йўналишлари, хизматлари ва филиаллари тармоғидаги ўзгаришлар, шунингдек сезиларли таваккалчиликлар туфайли юзага келган йўқотишлар) ва (ёки) янги тиклаш режасига киритилган сезиларли ўзгаришларнинг тавсифи;
тиклаш режасини бошқаришга оид маълумотлар;
стратегик таҳлил;
тиклаш кўрсаткичлари ва улар бўйича чегаравий қийматларнинг (триггерларнинг) тавсифи;
банкнинг молиявий аҳволини тиклаш бўйича чора-тадбирлар (бундан буён матнда тиклаш чора-тадбирлари деб юритилади) ва уларнинг таҳлили;
тиклаш режаси доирасида фойдаланиладиган сценарийларнинг (бундан буён матнда тиклаш сценарийлари деб юритилади) қисқача тавсифи;
тиклаш режаси доирасида коммуникация қилиш тартиби;
тиклаш режасини амалга оширишга қаратилган тайёргарлик чоралари.
2-§. Тиклаш режасини бошқаришга оид маълумотлар
13. Тиклаш режасини бошқаришга оид маълумотларда камида қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг тиклаш режаси амалга ошириладиган даврлардаги ҳамда бошқа даврлардаги вазифа ва мажбуриятларининг тавсифи;
тиклаш режасини тайёрлаш, янгилаш ва амалга ошириш учун масъул бўлган банк ходимлари ва таркибий бўлинмаларининг рўйхати;
тиклаш режасини тасдиқлаш ва янгилаш жараёнини тартибга солувчи ҳужжатлар ва жараёнларнинг тавсифи;
банкнинг молиявий аҳволи ёмонлашганда, шу жумладан чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилган ҳолатларда ушбу масалани банкнинг тегишли таркибий бўлинмалари ва ходимларига, бошқарув органларига, шунингдек Марказий банкка етказиш (шу жумладан, ким томонидан етказилиши) ва тиклаш режасини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиш жараёнининг босқичма-босқич тавсифи;
тиклаш режаси амалга оширилганда қўлланиладиган инқирозга қарши бошқарув жараёнининг тавсифи, шу жумладан банкнинг турли таркибий бўлинмаларидан жалб қилинувчи раҳбар ва ходимларнинг вазифалари ва мажбуриятларининг тақсимоти ҳамда инқирозга қарши бошқарув бўйича оқилона ва асослантирилган қарор қабул қилишни таъминловчи механизмлар тавсифи;
банкнинг умумий таваккалчиликларни бошқариш тизимига, шу жумладан банкнинг риск-аппетитига, фавқулодда молиялаштириш режасига, банк фаолиятини қайта тиклаш ва унинг узлуксизлигини таъминлаш режасига, капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнларига (ИСААП) (агар жорий қилинган бўлса) ва бизнес-режаларига тиклаш режасининг мувофиқлиги тавсифи;
банк томонидан тиклаш режасининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун зарур бўлган маълумотларни олишда қўлланиладиган ахборот тизимлари мавжудлигининг тавсифи.
3-§. Стратегик таҳлил
14. Тиклаш режасининг стратегик таҳлилида банкнинг асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари, муҳим хизматлари, банк учун муҳим аҳамиятга эга ташкилотлар, шунингдек банк ҳамда умумий банк тизими барқарорлигига таъсир кўрсатувчи асосий ички ва ташқи ўзаро боғлиқликлар тавсифи акс эттирилади.
15. Тиклаш режасидаги стратегик таҳлил камида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
банкнинг бизнес-модели ва стратегияси, ташкилий тузилмаси, мулкчилик шакли, асосий молиявий кўрсаткичлари ҳамда банк раҳбарияти аъзолари;
банкнинг асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари ҳамда муҳим хизматлари;
банк учун муҳим аҳамиятга эга ташкилотларнинг (агар мавжуд бўлса) асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари ва (ёки) улар томонидан банкка кўрсатиладиган муҳим хизматлар (агар мавжуд бўлса) тавсифи;
банкнинг риск-профили;
ички ва ташқи ўзаро боғлиқликларнинг тавсифи.
16. Қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлган ташкилот, шу жумладан бошқа банк, молиявий ташкилот ва (ёки) банкнинг чет элдаги шуъба банки (филиали) ушбу Низом мақсадларида банк учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади:
1) банкнинг, шу жумладан банклар гуруҳининг фойда олишига ва (ёки) молиялаштирилишига сезиларли ҳисса қўшса ва (ёки) унинг активлари, мажбуриятлари ёки капиталида сезиларли улушга эга бўлса;
2) банк учун ўта муҳим вазифаларни амалга оширса (уларни аутсорсингга олса) ва (ёки) муҳим хизматларни кўрсатса ёхуд асосий фаолият йўналишларини бажарса;
3) банкнинг тўлов қобилиятига таҳдид солиши мумкин бўлса;
4) унинг банкдан чиқиб кетиши ёки тугатилиши банк учун жиддий йўқотишларни келтириб чиқариши мумкин бўлса.
17. Тиклаш режасига киритиш мақсадида банк ўзининг асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари ҳамда муҳим хизматларини аниқлаб олиши лозим.
18. Банк томонидан асосий фаолият йўналишлари мазкур йўналишларнинг жами активлардаги ва капитал монандлиги ҳисоб-китобида таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолда активлардаги улуши, шунингдек уларнинг соф фоизли ва соф фоизсиз даромадлар шаклланишига қўшаётган ҳиссасини назарда тутувчи мезонларни (кўрсаткичларни) инобатга олган ҳолда аниқланади.
Бунда банк асосий фаолият йўналишларини аниқлашда бошқа мезонлардан (кўрсаткичлардан) ҳам фойдаланиши мумкин.
19. Банк хизматлари ва операциялари қуйидаги шартлар бир вақтда бажарилганда ўта муҳим вазифалар деб ҳисобланади:
хизмат ва (ёки) операциялар банк томонидан мазкур банкка алоқадор бўлмаган учинчи шахсларга тақдим этилса;
хизмат ва (ёки) операциялар тўсатдан узилиши ёки тўхтатилиши учинчи шахсларга сезиларли салбий таъсир кўрсатиши, занжир таъсири таваккалчилигини келтириб чиқариши ёки ушбу хизмат ва операцияларнинг учинчи шахслар учун тизимли аҳамияти ҳамда уни тақдим этувчи банк ёки банклар гуруҳининг тизимли аҳамияти туфайли бозор иштирокчиларининг умумий ишончига путур етказиши эҳтимоли юқори бўлса.
20. Банк ўта муҳим вазифаларни камида қуйидаги мезонларни инобатга олган ҳолда аниқлайди:
банк хизмати ва (ёки) операцияси тўсатдан узилиши ёки тўхтатилишининг банк мижозлари, бошқа молиявий ташкилотлар, молия бозорлари, шу жумладан молия бозори инфратузилмаси ҳамда бошқа тегишли манфаатдор томонларга кўрсатиши мумкин бўлган таъсири;
банк хизмати ва (ёки) операциясининг бошқа хизмат ва (ёки) операциялар кўрсатилишидаги ўрни;
банк хизмати ва (ёки) операциясини сифати ўхшаш ва таққосланадиган харажатларни талаб этувчи ҳамда мақбул муддатларда амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа хизмат ва (ёки) операция билан алмаштириш имконияти;
банк хизмати ва (ёки) операциясининг ушбу банк ҳамда бошқа молиявий ташкилот хизматлари ва (ёки) операцияларига ўзаро боғлиқлиги ёки улар билан уйғунлашганлиги натижасида кенг кўламли занжир таъсири таваккалчилигини келтириб чиқариши эҳтимолининг мавжудлиги.
21. Ўта муҳим вазифалар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
пул маблағларини омонатларга (депозитларга) жалб этиш;
кредитлар (қарзлар) бериш;
тўловларни амалга ошириш;
жисмоний ёки юридик шахс билан тузилган шартнома бўйича пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни ишончли бошқариш;
активлар мажмуйини (портфелини) бошқариш;
қимматли қоғозларни чиқариш, харид қилиш, сотиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш, мижоз билан тузилган шартномага биноан қимматли қоғозларни бошқариш, улар билан бошқа операцияларни бажариш;
ҳосилавий молия воситалари (деривативлар) билан операцияларни амалга ошириш;
банк карталарини бериш ва тўловларга ишлов бериш, банк карталарига бошқа ташкилотлар, жумладан бошқа молия институтлари билан биргаликда хизмат кўрсатиш;
исломий молия операцияларини амалга ошириш.
22. Банк муҳим хизматларни камида қуйидаги мезонларни инобатга олган ҳолда аниқлайди:
хизматнинг тўсатдан узилиши ёки тўхтатилиши банкнинг бир ёки бир нечта ўта муҳим вазифаларига жиддий салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолининг мавжудлиги;
хизматни сифати ўхшаш ва таққосланадиган харажатларни талаб этувчи ҳамда мақбул муддатларда амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа хизмат билан алмаштириш имконияти.
23. Муҳим хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
ўта муҳим вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот технологиялари хизматлари;
банкда хавфсизликни, шу жумладан киберхавфсизликни таъминлашга қаратилган хизматлар;
таваккалчиликларни аниқлаш, ўлчаш, мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи хизматлар;
инсон ресурсларини бошқариш;
бухгалтерия хизматлари;
банк мижозлари тўғрисидаги маълумотларни бошқариш ва қонунчилик талабларига риоя этишни таъминловчи хизматлар.
24. Ички ўзаро боғлиқликлар банк ва банкка алоқадор шахслар ўртасидаги ҳамда банк банклар гуруҳи аъзоси бўлган тақдирда банк ва мазкур гуруҳга мансуб бўлган бошқа молия институтлари ўртасидаги боғлиқликлар, шу жумладан банк учун муҳим аҳамиятга эга ташкилотлар ўртасидаги мазкур банкнинг молиялаштирилишига, асосий фаолият йўналишлари ҳамда ўта муҳим вазифалари амалга оширилишига, шунингдек банкка кўрсатиладиган муҳим хизматларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўзаро боғлиқликлардан иборат.
25. Ташқи ўзаро боғлиқликлар камида қуйидагилардан иборат:
банк томонидан банкнинг асосий контрагентларига ва бошқа молиявий ташкилотларга тақдим этиладиган ўта муҳим вазифалар ва (ёки) улар олдидаги мажбуриятлар;
банкка учинчи шахслар томонидан кўрсатиладиган муҳим хизматлар, шу жумладан молия бозори инфратузилмасининг бир қисми бўлган тўлов, клиринг ва ҳисоб-китобга оид хизматлар.
4-§. Тиклаш кўрсаткичлари
26. Тиклаш режаси банкнинг молиявий аҳволи ёмонлашувини мониторинг қилиш ва мазкур режада назарда тутилган тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш заруриятини вужудга келтирувчи ҳолатларни аниқлаш мақсадида банк томонидан белгиланадиган аниқ кўрсаткичларни ўз ичига олади.
27. Тиклаш кўрсаткичлари таваккалчиликларни бошқариш тизими, шунингдек банкларнинг фавқулодда молиялаштириш (ликвидлиликни ошириш) режаси ва (ёки) капиталга қўйиладиган талабларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси кўрсаткичларига мувофиқ бўлиши лозим.
28. Тиклаш кўрсаткичлари миқдорий ва (ёки) сифат кўрсаткичларидан иборат.
29. Банк тиклаш кўрсаткичларининг доимий мониторингини таъминлайдиган самарали назорат механизмларини яратиши ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши лозим.
30. Банклар чегаравий қийматларни (триггерларни) Марказий банк томонидан банкларга нисбатан белгиланган талаблардан (агар белгиланган бўлса) қатъийроқ даражада ўрнатади.
Бунда чегаравий қийматлар (триггерлар) банк томонидан стресс вазиятларда зарур чоралар ўз вақтида кўрилиши, шу жумладан тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш учун етарли вақтни таъминлайдиган даражада белгиланиши лозим.
31. Банкнинг тиклаш режаси мазкур Низомга иловада келтирилган тиклаш кўрсаткичларидан камида қуйидагиларини ўз ичига олиши лозим:
капиталнинг монандлиги кўрсаткичлари;
ликвидлилик кўрсаткичлари;
активлар сифати кўрсаткичлари;
даромадлилик (рентабеллик) кўрсаткичлари;
бозор кўрсаткичлари (тизимли аҳамиятга молик банклар учун).
Бунда бозор кўрсаткичлари тизимли аҳамиятга молик бўлмаган банкларнинг тиклаш режаларига мазкур кўрсаткичларнинг банк учун долзарб ва аҳамиятли эканлигидан келиб чиқиб киритилиши мумкин.
32. Банк тиклаш режасида мазкур Низомнинг 31-бандида келтирилган тиклаш кўрсаткичларидан ташқари ўзининг риск-профили ва фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб бошқа миқдорий ва сифат кўрсаткичларини инобатга олиши мумкин.
33. Тиклаш режаси ҳар бир тиклаш кўрсаткичи бўйича чегаравий қийматларни (триггерларни) аниқлаш ва белгилаш учун фойдаланилган фаразлар, уларни ҳисоблаш услубиёти ва тартибини ўз ичига олиши керак. Чегаравий қийматлар (триггерлар) банкнинг риск-аппетитига мувофиқ ҳолда белгиланиши ва тиклаш чора-тадбирларини амалга оширишни талаб қиладиган четланишларни (бузилишларни) эрта аниқлаш имкониятини яратиши керак.
34. Тиклаш кўрсаткичларининг бири ёки бир нечтаси бўйича чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилса ёки бузилиш эҳтимоли юқори бўлса, мазкур ҳолат (ҳолатлар) вужудга келган кундан эътиборан бир иш куни ичида банк томонидан кузатув кенгашига ҳамда уч иш куни ичида Марказий банкка маълумот берилиши лозим.
Бунда банк томонидан:
тиклаш режасини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинганда, банк Марказий банкка ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан етти иш куни ичида амалга оширилувчи тиклаш чора-тадбирлари ва тиклаш режасини амалга оширишга оид бошқа тегишли маълумотларни бериши;
чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилиши ёки бузилиш эҳтимоли юқори бўлишига қарамасдан тиклаш режасини амалга оширмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганда, ушбу қарор ёзма равишда асослантирилган ҳолда беш иш куни ичида Марказий банкка тақдим этилиши лозим. Бунда чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилишига олиб келган сабаблар таҳлили, юзага келган ҳолатни бартараф этиш ва банкнинг молиявий ҳолатини тегишли муддатларда тиклаш бўйича кўриладиган чоралар аниқ кўрсатилиши лозим.
5-§. Тиклаш чора-тадбирлари
35. Банк тиклаш режасида чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилганда ҳамда стресс вазиятларда ёки стресс вазиятлар содир бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолатларда ўзининг молиявий барқарорлигини сақлаб қолиш ва (ёки) тиклаш мақсадида амалга оширилиши мумкин бўлган тиклаш чора-тадбирлари мажмуасини акс эттириши лозим.
Банк тиклаш режасида белгиланган чора-тадбирлар ичидан муайян шароитда энг мақбул ҳисобланганларини амалга оширади. Бунда банк ўзининг молиявий барқарорлигини сақлаб қолиш ва (ёки) тиклаш мақсадида тиклаш режасида белгиланган чора-тадбирлардан ташқари бошқа чора-тадбирларни амалга ошириши мумкин.
36. Тиклаш чора-тадбирлари асослантирилган, реал, амалий жиҳатдан мақбул, аниқ белгиланган ва оқилона муддатларда амалга ошириш имкони мавжуд бўлиши лозим.
Банкнинг Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал талабларга мувофиқлигига, хусусан энг камида капитал монандлиги ва ликвидлилик кўрсаткичларига, шу жумладан ликвидлиликни қоплаш меъёри коэффициентига тиклаш чора-тадбирларининг амалга оширилишининг миқдорий жиҳатдан таъсири баҳоланиши лозим.
37. Тиклаш режасида қуйидаги тиклаш чора-тадбирларидан камида бири ёки бир нечтасининг тавсифи акс эттирилиши лозим:
банк устав капитали миқдорини ошириш;
Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ бўлган капитал воситалари, шу жумладан субординар қарз воситаларини чиқариш;
қарз воситаларини оддий акцияларига тўлиқ миқдорда ёки қисман конвертация қилиш орқали ихтиёрий равишда мажбуриятларни реструктуризация қилиш;
дивидендлар, шунингдек ихтиёрий мукофот тўловларини тўлашни камайтириш ёки тўхтатиб туриш;
банкнинг активлари ва (ёки) шуъба ташкилотларини сотиш;
кредит (қарз) бериш ҳажмини қисқартириш, капитал монандлиги ҳисоб-китобларида юқори таваккалчилик даражасига эга бўлган активларни камайтириш ва банк активларини секюритизация қилиш;
банк ликвидлилигини ошириш;
банк харажатларини камайтириш ва оптималлаштириш.
Бунда банк муайян шароит, ўзининг риск-профили ва фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тиклаш режасида мазкур банднинг иккинчи — тўққизинчи хатбошиларида келтирилган чора-тадбирларга қўшимча равишда бошқа тиклаш чора-тадбирларини назарда тутиши мумкин.
38. Тиклаш режасида ҳар бир тиклаш чора-тадбири бўйича қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
тиклаш чора-тадбирини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган барча операцион ҳаракатлар кетма-кетлиги тавсифи;
тиклаш чора-тадбирини барча рухсат бериш ва тасдиқлаш тартиб-таомилларини ўз ичига олган ҳолда амалга ошириш учун зарур бўлган муддат;
банкнинг тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича аввалги тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар ва (ёки) бошқа банклар томонидан шунга ўхшаш тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
тиклаш чора-тадбирини одатий ва стресс шароитларида амалга ошириш имконияти, шу жумладан уларни амалга ошириш йўлидаги эҳтимолий тўсиқлар ва масалалар тавсифи;
тиклаш чора-тадбирлари самарадорлигини баҳолаш мезонлари;
тиклаш чора-тадбири банкнинг молиявий ҳолати ва барқарорлиги, бизнес-модели, асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари ҳамда муҳим хизматларига таъсирининг таҳлили;
тиклаш чора-тадбири амалга оширилишини таъминловчи ички бошқарув тизимининг, шу жумладан ички ва ташқи коммуникациянинг тавсифи.
Тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш билан боғлиқ банкнинг аввалги тажрибаси (агар мавжуд бўлса), шунингдек ҳуқуқий, операцион, молиявий ва репутацион тўсиқлар, ижро муддатлари ҳамда чора-тадбирларни амалга оширишда учинчи шахсларга ва (ёки) бозор шароитларига (конъюнктурасига) боғлиқлик даражаси ва бошқа тегишли омиллар баҳоланиши лозим.
39. Тиклаш чора-тадбирлари тиклаш сценарийлари билан мувофиқлаштирилган бўлиши ва мазкур сценарийлар вужудга келган тақдирда, банкнинг молиявий аҳволини тиклаш қобилиятини кўрсатиши лозим.
6-§. Тиклаш сценарийлари
40. Тиклаш сценарийларининг тавсифи тиклаш режасида акс эттирилиши ҳамда паст бўлсада, бироқ содир бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлган ва банк учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳодисаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши лозим.
41. Тиклаш сценарийлари камида қуйидаги учта сценарийдан ташкил топиши лозим:
индивидуал;
тизимли;
комбинация қилинган.
42. Банк тиклаш сценарийларини ишлаб чиқишда қуйидагиларни инобатга олиши лозим:
банкнинг бизнес-модели, молиялаштириш тузилмаси, асосий фаолият йўналишлари, ташкилий тузилмаси, ҳажми, шунингдек унинг бошқа банклар ёки бутун молия тизими билан ўзаро боғлиқлиги;
тиклаш чора-тадбирлари амалга оширилмаган тақдирда тиклаш сценарийсида назарда тутилган стресс вазиятлар банкнинг тўловга қобилиятсизлигига олиб келиш эҳтимоли;
тиклаш сценарийси фавқулодда, бироқ эҳтимоли мавжуд бўлган ҳодисаларга асосланган бўлиши, шунингдек ҳар бир тиклаш сценарийсида тиклаш кўрсаткичларидан бири ёки бир нечтаси бўйича чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилган бўлиши кераклиги.
43. Ҳар бир тиклаш сценарийси фавқулодда, бироқ эҳтимоли мавжуд бўлган ҳодисаларнинг камида қуйидагиларга таъсирини назарда тутиши лозим:
капиталнинг монандлиги кўрсаткичлари;
банкнинг ликвидлилик кўрсаткичлари;
банкнинг риск-профили;
банк активларининг сифати;
банкнинг даромадлилик (рентабеллик) кўрсаткичлари;
ўта муҳим вазифалар ҳамда муҳим хизматлар;
банкнинг операцион фаолияти ҳамда ишчанлик обрўси.
44. Тиклаш сценарийлари тиклаш чора-тадбирларининг таъсирини инобатга олган ҳолда камида бир йиллик даврни қамраб олувчи даврий молиявий прогнозларни ўз ичига олиши лозим.
45. Банк учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган индивидуал ҳодисаларга асосланган индивидуал тиклаш сценарийларини ишлаб чиқишда камида қуйидагилар ҳисобга олинади:
банкнинг молиявий барқарорлигига сезиларли путур етказиши мумкин бўлган бир ёки бир нечта йирик контрагентларнинг тўловга қобилиятсизликка учраши;
банк ҳамда унинг акциядорлари ишчанлик обрўсига сезиларли даражада путур етказилиши;
банкдан ликвидлиликнинг сезиларли миқдорда ва тез чиқиб кетиши, шу жумладан омонатлар банкдан оммавий тарзда чиқиб кетиши;
банк активлари таркибида сезиларли улушга эга активлар қийматининг пасайиши;
банкда сезиларли кредит йўқотишларининг юзага келиши;
банк кредит рейтингининг пасайтирилиши;
операцион йўқотишлар, шу жумладан ички ёки ташқи фирибгарлик, ички тизимлардаги хатоликлар, ўта муҳим вазифалардаги узилишлар ёки бошқа операцион бузилишлар натижасида жиддий йўқотишларнинг юзага келиши.
46. Молия тизими ва (ёки) реал иқтисодиёт учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган тизимли тиклаш сценарийларини ишлаб чиқишда камида қуйидагилар ҳисобга олинади:
мамлакатнинг молиявий барқарорлигига таъсир этиши мумкин бўлган банкнинг йирик контрагентининг тўловга қобилиятсизликка учраши;
банклараро пул бозорида ликвидлиликнинг камайиши;
валюта курсидаги кескин тебранишлар;
мамлакат таваккалчилиги юзага келса, унинг банк учун ўта муҳим вазифалар ҳамда муҳим хизматларга таъсири;
бир ёки бир нечта бозорларда активлар нархининг салбий ўзгариши;
макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ёмонлашуви.
47. Комбинация қилинган тиклаш сценарийлари мазкур Низомнинг 45 ва 46-бандларида келтирилган индивидуал ва тизимли ҳодисаларнинг бир вақтда содир бўлиши ҳамда уларнинг бир-бирига ўзаро таъсирини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши лозим.
48. Банк ишлаб чиқилган ҳар бир тиклаш сценарийси доирасида ўзининг молиявий аҳволини тиклаш салоҳиятини баҳолаши ва тайёрланган ҳар бир тиклаш сценарийси бўйича амалга ошириши мумкин бўлган тиклаш чора-тадбирларини белгилаши зарур.
49. Банк тиклаш сценарийларини ишлаб чиқиш ва унга ўзгартиришлар киритишда таваккалчиликларни бошқариш тизими доирасида ўтказиладиган стресс-тестлардан фойдаланиши мумкин.
7-§. Тиклаш режаси доирасида коммуникация қилиш тартиби
50. Банк тиклаш режасида мазкур режа ўз вақтида, мувофиқлаштирилган тарзда ва самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида барча манфаатдор томонлар билан ахборот алмашиш механизмларини белгиловчи коммуникация қилиш тартибини акс эттириши лозим.
51. Тиклаш режасида коммуникация қилиш тартиби батафсил ёритилган бўлиши ва унда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
банк кузатув кенгаши ва бошқарувининг коммуникация қилиш бўйича вазифа ва мажбуриятлари;
ички коммуникация қилиш, шу жумладан тиклаш режасини амалга оширишда иштирок этувчи банк бошқарув органлари ва масъул ходимларини хабардор қилиш тартиби;
ташқи коммуникация қилиш, шу жумладан банк акциядорлари ва инвесторлари, Марказий банк ва бошқа ваколатли органлар, банк омонатчилари ва кредиторлари, банк-молия тизими иштирокчилари ва зарур ҳолларда жамоатчилик билан ўзаро коммуникация қилиш тартиби;
бозор иштирокчиларининг эҳтимолий салбий муносабатига тезкор жавоб бериш бўйича таклифлар, шу жумладан банкнинг ишчанлик обрўси ва хулқ-атвори ўзгариши билан боғлиқ таваккалчиликларни камайтиришга қаратилган ҳаракатлар тартиби;
коммуникация қилиш каналлари.
52. Тиклаш режаси ушбу режада назарда тутилган тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш билан боғлиқ коммуникация тартибининг тавсифини ўз ичига олиши лозим. Бунда банк ҳар бир тиклаш чора-тадбири учун зарур бўлган коммуникация қилиш бўйича ҳаракатлар кетма-кетлигини белгилаши керак.
53. Коммуникация тартиби тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш жараёнида ахборотларнинг махфийлигини, изчиллигини ва мувофиқлигини таъминлашга қаратилган чораларни назарда тутиши керак.
8-§. Тиклаш режасини амалга оширишга қаратилган тайёргарлик чоралари
54. Тиклаш режасида тиклаш чора-тадбирларини оптимал тарзда ва самарали амалга ошириш учун зарур бўлган тайёргарлик чоралари ва уларни амалга ошириш тартиби акс эттирилиши лозим.
55. Тиклаш режасини амалга оширишга қаратилган тайёргарлик чоралари тиклаш чора-тадбирларини самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга қаратилган бўлиши лозим.
56. Тиклаш режасида тайёргарлик чораларини амалга оширишнинг аниқ муддатлари, якунлашнинг мақсадли саналари, мазкур режани амалга ошириш учун зарур ресурслар ва бу билан боғлиқ харажатлар ҳамда банкнинг тайёргарлик чораларини амалга ошириш учун масъул бўлган банк бошқаруви органлари ва ходимлари белгиланиши лозим.
3-боб. Банклар гуруҳи учун тиклаш режасининг ўзига хос хусусиятлари
57. Банклар гуруҳи асосий банкининг тиклаш режаси банклар гуруҳига оид маълумотлар билан тўлдирилиши лозим.
Бунда банклар гуруҳи асосий банкининг тиклаш режасида банклар гуруҳининг консолидациялашган капиталини, ликвидлилигини, активлар сифатини ҳамда молиявий аҳволини яхшилашга қаратилган тиклаш чора-тадбирлари акс эттирилиши лозим.
58. Банклар гуруҳининг асосий банки тиклаш режасини амалга оширишда асосий банк ва банклар гуруҳига кирувчи бошқа молиявий институтлар томонидан амалга ошириладиган тиклаш чора-тадбирларининг ўзаро мувофиқлиги ва изчиллигини таъминлаши шарт.
59. Банклар гуруҳининг асосий банки тиклаш режасини қуйидаги маълумотлар билан тўлдириши лозим:
гуруҳ даражасида масалаларни кўриб чиқиш тартибини белгиловчи бошқарув механизмлари ва тартиб-таомиллари, шу жумладан қарорлар қабул қилиш ва уларни ижро этиш жараёни, шунингдек асосий банк ва банклар гуруҳидаги бошқа молиявий институтлар ўртасидаги ахборот алмашинуви тавсифи;
асосий банк ҳамда банклар гуруҳидаги бошқа молиявий институтлар ўртасидаги молиявий, операцион ва ҳуқуқий ўзаро боғлиқликни баҳолашни ўз ичига олган стратегик таҳлил;
консолидациялашган асосда ҳисоб-китоб қилинадиган тиклаш кўрсаткичлари;
асосий банк ҳамда банклар гуруҳидаги бошқа молиявий институтлар даражасида амалга ошириладиган тиклаш чора-тадбирлари. Бунда банклар гуруҳининг асосий банки ҳар бир тиклаш чора-тадбирининг таъсирини консолидациялашган тарзда ҳамда зарурат бўлганда банклар гуруҳи асосий банки ва банклар гуруҳидаги бошқа молиявий институтлар учун алоҳида тарзда баҳолаши лозим;
банклар гуруҳининг консолидациялашган капитали, ликвидлилиги, активлар сифати ҳамда молиявий ҳолатига таъсирини баҳолашни ўз ичига олган банклар гуруҳи учун тиклаш сценарийлари ва уларнинг тавсифи.
4-боб. Тиклаш режасини синовдан ўтказиш
60. Марказий банк банкдан тиклаш режасини синовдан ўтказишни ва ўтказилган синов натижасида тайёрланган ҳисоботни талаб қилишга ҳақли.
Бунда Марказий банк банкдан тиклаш режасини синовдан ўтказишни талаб қилган тақдирда, банк тиклаш режасини синовдан ўтказган кундан эътиборан ўн беш кун ичида синов натижасида тайёрланган ва банк кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган ҳисоботни Марказий банкка тақдим этиши лозим.
61. Тиклаш режасини синовдан ўтказиш жараёнида тиклаш режасини бошқариш, тиклаш кўрсаткичлари, тиклаш чора-тадбирлари бўйича қарорлар қабул қилишга оид тартиб-таомиллар ва тиклаш режасини амалга оширишга қаратилган тайёргарлик чоралари ҳамда тиклаш режасини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотнинг етарлилиги баҳоланади.
62. Тиклаш режасини синовдан ўтказиш натижалари таҳлил қилиниши, банк кузатув кенгашига тақдим этилиши ҳамда тиклаш режасини янгилаш учун асос сифатида фойдаланилиши лозим.
5-боб. Тиклаш режаларини баҳолаш
63. Банк тиклаш режасини, шу жумладан янгиланган тиклаш режасини ушбу режа банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган кундан эътиборан уч иш куни ичида Марказий банкка тақдим этиши лозим.
64. Марказий банк тиклаш режасини мазкур режа банк томонидан тақдим этилган кундан эътиборан уч ой ичида кўриб чиқади . Бунда тиклаш режасининг қуйидаги мезонларга мувофиқлиги баҳоланади:
тиклаш режасида кўрсатилган чора-тадбирлар амалга оширилган тақдирда, банкнинг молиявий мавқеи сақлаб қолиниши ва (ёки) тикланиши ;
молиявий инқироз шароитида тиклаш режасида кўрсатилган чора-тадбирларни тез ва самарали амалга ошириш, шунингдек банк ва молия тизимига салбий таъсирларни камайтириш имконияти ;
Мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида қайд этилган мезонларга тиклаш режасининг мувофиқлигини баҳолаш давомида қуйидагилар ҳам текширилади:
тиклаш режасининг тўлиқлилиги, шу жумладан унда ушбу Низомда назарда тутилган барча маълумотларнинг мавжудлиги, уларнинг долзарблиги ҳамда етарли даражада батафсил баён этилганлиги;
тиклаш режасининг сифатлилиги, шу жумладан режанинг аниқ ва тушунарли тилда баён этилганлиги, ундаги тушунчалар ва фаразларнинг аниқлиги, тақдим этилган маълумотларнинг ўзаро мувофиқлиги ҳамда банкнинг таваккалчиликларни бошқариш тизими билан ўзаро изчиллиги;
тиклаш режасининг ишончлилиги, тиклаш режасида банкнинг стресс вазиятларини тез ва самарали бартараф этишига имкон берадиган етарли ва амалга оширилиши мумкин бўлган тиклаш чора-тадбирларининг назарда тутилганлиги, уларни амалга ошириш учун реал муддатларнинг белгиланганлиги, банкнинг тайёргарлик даражаси ҳамда тиклаш режасини амалга ошириш йўлида эҳтимолий тўсиқларнинг аниқланганлиги.
65. Тиклаш режаси мазкур Низомнинг 64-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқ бўлмаган тақдирда Марказий банк банкдан :
тиклаш режасини қайта кўриб чиқишни ;
тиклаш режасига Марказий банк томонидан белгиланган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни ;
тиклаш режасидаги камчиликларни ёки уни амалга ошириш борасидаги тўсиқларни бартараф этиш учун зарур бўлган, ўз фаолиятига киритиладиган ўзгаришларни банк томонидан аниқлашни ;
таваккалчиликлар соҳасини камайтиришни ;
банкни қайта капиталлаштириш чоралари ўз вақтида кўрилишини ;
банкни ривожлантириш стратегиясини қайта кўриб чиқишни ;
банк бошқарувининг ташкилий тузилмасини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли .
Бунда, мазкур банднинг бешинчи — саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган чора-тадбирлар, агар мазкур банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган чора-тадбирлар тиклаш режасининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминламаса, қўлланилади.
6-боб. Якуний қоида
66. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш режасига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Банкнинг тиклаш режасидаги тиклаш кўрсаткичлари
Т/р Кўрсаткич номи Белгиланган меъёр * Чегаравий қиймат ( триггер ) ** 1. Капитал монандлиги кўрсаткичлари 1. Регулятив капиталнинг монандлик коэффициенти 2. I даражали капиталнинг монандлик коэффициенти 3. I даражали асосий капиталнинг монандлик коэффициенти 4. Жами капитал буферлари (Консервацион капитал буфери коэффициенти + тизимли аҳамиятга молик банклар учун капитал буфери коэффициенти + контрсиклик капитал буфери коэффициенти ) 5. Левераж коэффициенти 2. Ликвидлилик кўрсаткичлари 1. Ликвидлиликни қоплаш меъёри коэффициенти 2. Соф барқарор молиялаштириш меъёри коэффициенти 3. Юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши 4. Лаҳзали ликвидлилик коэффициенти 3. Активлар сифати кўрсаткичлари 1. Муаммоли активларнинг жами активлардаги улуши 2. Жами муаммоли кредитларнинг ўсиш суръати 3. Реструктуризация қилинган активларнинг жами активлардаги улуши 4. 9-сон Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида 3-босқичда (Стаге 3) таснифланган активларнинг жами активлардаги улуши 5. Муаммоли кредитларни қоплаш коэффициенти ( м уаммоли кредитлар бўйича шакллантирилган захираларнинг муаммоли кредитларга нисбати) 4. Даромадлилик (рентабеллик) кўрсаткичлари 1. Активлар рентабеллиги (соф фойданинг (зарарнинг) жами активларга нисбати) 2. Капитал рентабеллиги (соф фойданинг (зарарнинг) жами ўз маблағларига нисбати) 3. Соф фоизли даромаднинг фоизли даромад келтирувчи активларга нисбати 4. Сезиларли операцион йўқотишлар (капиталга нисбатан фоизда) 5. Харажатларнинг даромадга нисбати 5. Бозор кўрсаткичлари 1. Б анкнинг кредит рейтинги салбий ўзгариши 2. Акциялар нархининг ўзгариши
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 16 июль,
14/8-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy Banki Boshqaruvining
Qarori
NIZOM
ROʻYXATI
Banklarning moliyaviy ahvolini tiklash rejasiga qoʻyiladigan talablar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi va “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Banklarning moliyaviy ahvolini tiklash rejasiga qoʻyiladigan talablar toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2026-yil 16-iyuldagi 14/8-son qaroriga ILOVA
Banklarning moliyaviy ahvolini tiklash rejasiga qoʻyiladigan talablar toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom banklar, shu jumladan mikromoliya banklari hamda islomiy bank faoliyatini amalga oshiruvchi banklar (bundan buyon matnda bank deb yuritiladi) va banklar guruhlarining moliyaviy ahvolini tiklash rejasining (bundan buyon matnda tiklash rejasi deb yuritiladi) mazmuniga va yangilanishiga oid talablarni, shuningdek tiklash rejasini Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) taqdim etish hamda baholash tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
asosiy faoliyat yoʻnalishlari — bank va (yoki) banklar guruhi uchun muhim daromad manbayini tashkil etuvchi faoliyat yoʻnalishlari hamda ular bilan bogʻliq xizmatlar;
muhim xizmatlar — bank va (yoki) banklar guruhining oʻta muhim vazifalarini bajarish va bank faoliyatini boshqarishni taʼminlash uchun zarur boʻlgan, bankka taqdim etiladigan xizmatlar;
risk-appetit — bank va (yoki) banklar guruhining strategik maqsadlariga va biznes-reja koʻrsatkichlariga erishishda qabul qilishga tayyor boʻlgan sezilarli barcha tavakkalchiliklarning (jami umumlashgan holdagi hamda ularning har biri boʻyicha alohida) miqdori;
oʻta muhim vazifalar — bank va (yoki) banklar guruhi xizmatlari yoki operatsiyalarining shunday turlariki, ularni oʻzga bankning boshqa xizmatlari yoki operatsiyalari bilan almashtirish murakkabligi tufayli ushbu xizmatlarni koʻrsatish va operatsiyalarni amalga oshirish tugatilgan taqdirda, moliyaviy barqarorlikning buzilishiga yoki real iqtisodiyot uchun zarur boʻlgan xizmatlarning koʻrsatilishi cheklanishiga olib kelishi mumkin ;
chegaraviy qiymatlar (triggerlar) — bank va (yoki) banklar guruhining moliyaviy ahvolini aks ettiruvchi koʻrsatkichlar boʻyicha oʻrnatilgan chegaraviy qiymatlar boʻlib, ularning buzilishi bank va (yoki) banklar guruhi faoliyatida stress holati yuzaga kelganligidan darak beradi hamda bank va (yoki) banklar guruhining moliyaviy ahvolini tiklashga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshirish uchun asos boʻlib xizmat qiladi.
2. Bank oʻzining moliyaviy ahvoli yomonlashgan taqdirda Markaziy bankning talabiga koʻra uni tiklash choralarini oʻz ichiga olgan tiklash rejasini ishlab chiqadi hamda koʻrib chiqish va baholash uchun taqdim etadi . Bunda Markaziy bank tomonidan bank moliyaviy ahvolini baholashda bankning moliyaviy koʻrsatkichlari, Markaziy bank tomonidan oʻrnatilgan prudensial talablarga muvofiqligi va (yoki) boshqa omillar inobatga olinadi.
Bank tiklash rejasini Markaziy bank tomonidan belgilangan, biroq oʻn besh kundan kam boʻlmagan muddatda ishlab chiqishi lozim.
3. Tiklash rejasi Markaziy bankka taqdim qilinishidan avval bankning kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanishi lozim .
Bankning ichki audit xizmati yiliga kamida bir marotaba tiklash rejasining ishlab chiqilishi, yangilanishi hamda amalga oshirilishini mustaqil baholashi lozim.
4. Bank tiklash rejasini har yili yoki bankning tashkiliy tuzilmasida, uning faoliyatida yoki moliyaviy ahvolida tiklash rejasiga taʼsir etishi mumkin boʻlgan sezilarli oʻzgarishlardan keyin yangilashi kerak .
Tiklash rejasini yangilash jarayonida bankning tavakkalchiliklarni boshqarish tizimida, shu jumladan bankning risk-appetiti va risk-profilida, favqulodda moliyalashtirish rejasida, bank faoliyatini qayta tiklash va uning uzluksizligini taʼminlash rejasida hamda kapital monandligini baholash boʻyicha ichki jarayonlarida (ICAAP) (agar joriy qilingan boʻlsa) vujudga kelgan oʻzgarishlar inobatga olinishi, shuningdek bankning moliyaviy ahvolini tiklash koʻrsatkichlari (bundan buyon matnda tiklash koʻrsatkichlari deb yuritiladi) va ular boʻyicha chegaraviy qiymatlar (triggerlar) qayta koʻrib chiqilishi lozim.
5. Tiklash rejasi makroiqtisodiy va moliyaviy inqiroz koʻrinishlarining bank faoliyatiga taʼsirini, shu jumladan tizimga oid hodisalarni va mazkur bank uchun tavakkalchiliklarni oʻzida aks ettirishi kerak . Tiklash rejasi ishlab chiqilishida bank amalga oshirayotgan faoliyat turining tizimli ahamiyati, oʻziga xos xususiyatlari, miqyosi va murakkabligi inobatga olinishi lozim.
6. Tiklash rejasi tegishli qarorlar qabul qilinishi kerak boʻlgan holatni aniqlovchi chora-tadbirlar roʻyxatini, koʻrsatkichlarni va mazkur Nizomning 12-bandida keltirilgan maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak .
7. Bank tiklash rejasida oʻzining biznes-rejasi, kapital monandligini baholash boʻyicha ichki jarayonlari (ICAAP) (agar joriy qilingan boʻlsa) hamda boshqa tegishli hujjatlarida mavjud boʻlgan maʼlumotlarga havola qilishi mumkin.
8. Markaziy bank bankdan tiklash rejasini koʻrib chiqish va baholash uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha maʼlumot va hujjatlarni talab qilishi mumkin.
9. Banklar guruhining asosiy banki tiklash rejasini guruh darajasida ishlab chiqishi kerak.
Bunda Markaziy bank banklar guruhiga kiruvchi bankning tizimli ahamiyati, hajmi yoki risk-profilidan kelib chiqib, undan yakka tartibdagi tiklash rejasini ishlab chiqishni talab qilishi mumkin.
10. Bank tiklash rejasida davlatning moliyaviy yordamini, shuningdek Markaziy bank tomonidan bank likvidliligini favqulodda qoʻllab-quvvatlash uchun ajratiluvchi kreditlarni va qoʻllaniluvchi islomiy moliya vositalarini nazarda tutmasligi lozim.
11. Bankning kuzatuv kengashi tiklash rejasining ishlab chiqilishiga va samarali amalga oshirilishini taʼminlashga hamda uning ustidan nazoratni olib borishga masʼul hisoblanadi.
2-bob. Tiklash rejasining tarkibiy elementlari
1-§. Tiklash rejasining umumiy tarkibi
12. Tiklash rejasida kamida quyidagi maʼlumotlar aks ettirilishi lozim:
tiklash rejasidagi asosiy jihatlarning qisqacha mazmuni, shuningdek avvalgi tiklash rejasi tasdiqlangan sanadan boshlab yangi tiklash rejasi tasdiqlanguniga qadar boʻlgan davr mobaynida bank faoliyatida yuz bergan sezilarli oʻzgarishlarning (bankning tashkiliy tuzilmasi, faoliyat yoʻnalishlari, xizmatlari va filiallari tarmogʻidagi oʻzgarishlar, shuningdek sezilarli tavakkalchiliklar tufayli yuzaga kelgan yoʻqotishlar) va (yoki) yangi tiklash rejasiga kiritilgan sezilarli oʻzgarishlarning tavsifi;
tiklash rejasini boshqarishga oid maʼlumotlar;
strategik tahlil;
tiklash koʻrsatkichlari va ular boʻyicha chegaraviy qiymatlarning (triggerlarning) tavsifi;
bankning moliyaviy ahvolini tiklash boʻyicha chora-tadbirlar (bundan buyon matnda tiklash chora-tadbirlari deb yuritiladi) va ularning tahlili;
tiklash rejasi doirasida foydalaniladigan ssenariylarning (bundan buyon matnda tiklash ssenariylari deb yuritiladi) qisqacha tavsifi;
tiklash rejasi doirasida kommunikatsiya qilish tartibi;
tiklash rejasini amalga oshirishga qaratilgan tayyorgarlik choralari.
2-§. Tiklash rejasini boshqarishga oid maʼlumotlar
13. Tiklash rejasini boshqarishga oid maʼlumotlarda kamida quyidagilar aks ettirilishi lozim:
bank kuzatuv kengashining va boshqaruvining tiklash rejasi amalga oshiriladigan davrlardagi hamda boshqa davrlardagi vazifa va majburiyatlarining tavsifi;
tiklash rejasini tayyorlash, yangilash va amalga oshirish uchun masʼul boʻlgan bank xodimlari va tarkibiy boʻlinmalarining roʻyxati;
tiklash rejasini tasdiqlash va yangilash jarayonini tartibga soluvchi hujjatlar va jarayonlarning tavsifi;
bankning moliyaviy ahvoli yomonlashganda, shu jumladan chegaraviy qiymatlar (triggerlar) buzilgan holatlarda ushbu masalani bankning tegishli tarkibiy boʻlinmalari va xodimlariga, boshqaruv organlariga, shuningdek Markaziy bankka yetkazish (shu jumladan, kim tomonidan yetkazilishi) va tiklash rejasini amalga oshirish toʻgʻrisida qaror qabul qilish jarayonining bosqichma-bosqich tavsifi;
tiklash rejasi amalga oshirilganda qoʻllaniladigan inqirozga qarshi boshqaruv jarayonining tavsifi, shu jumladan bankning turli tarkibiy boʻlinmalaridan jalb qilinuvchi rahbar va xodimlarning vazifalari va majburiyatlarining taqsimoti hamda inqirozga qarshi boshqaruv boʻyicha oqilona va asoslantirilgan qaror qabul qilishni taʼminlovchi mexanizmlar tavsifi;
bankning umumiy tavakkalchiliklarni boshqarish tizimiga, shu jumladan bankning risk-appetitiga, favqulodda moliyalashtirish rejasiga, bank faoliyatini qayta tiklash va uning uzluksizligini taʼminlash rejasiga, kapital monandligini baholash boʻyicha ichki jarayonlariga (ICAAP) (agar joriy qilingan boʻlsa) va biznes-rejalariga tiklash rejasining muvofiqligi tavsifi;
bank tomonidan tiklash rejasining ishlab chiqilishi va amalga oshirilishi uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni olishda qoʻllaniladigan axborot tizimlari mavjudligining tavsifi.
3-§. Strategik tahlil
14. Tiklash rejasining strategik tahlilida bankning asosiy faoliyat yoʻnalishlari, oʻta muhim vazifalari, muhim xizmatlari, bank uchun muhim ahamiyatga ega tashkilotlar, shuningdek bank hamda umumiy bank tizimi barqarorligiga taʼsir koʻrsatuvchi asosiy ichki va tashqi oʻzaro bogʻliqliklar tavsifi aks ettiriladi.
15. Tiklash rejasidagi strategik tahlil kamida quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi lozim:
bankning biznes-modeli va strategiyasi, tashkiliy tuzilmasi, mulkchilik shakli, asosiy moliyaviy koʻrsatkichlari hamda bank rahbariyati aʼzolari;
bankning asosiy faoliyat yoʻnalishlari, oʻta muhim vazifalari hamda muhim xizmatlari;
bank uchun muhim ahamiyatga ega tashkilotlarning (agar mavjud boʻlsa) asosiy faoliyat yoʻnalishlari, oʻta muhim vazifalari va (yoki) ular tomonidan bankka koʻrsatiladigan muhim xizmatlar (agar mavjud boʻlsa) tavsifi;
bankning risk-profili;
ichki va tashqi oʻzaro bogʻliqliklarning tavsifi.
16. Quyidagi mezonlarga muvofiq boʻlgan tashkilot, shu jumladan boshqa bank, moliyaviy tashkilot va (yoki) bankning chet eldagi shuʼba banki (filiali) ushbu Nizom maqsadlarida bank uchun muhim ahamiyatga ega hisoblanadi:
1) bankning, shu jumladan banklar guruhining foyda olishiga va (yoki) moliyalashtirilishiga sezilarli hissa qoʻshsa va (yoki) uning aktivlari, majburiyatlari yoki kapitalida sezilarli ulushga ega boʻlsa;
2) bank uchun oʻta muhim vazifalarni amalga oshirsa (ularni autsorsingga olsa) va (yoki) muhim xizmatlarni koʻrsatsa yoxud asosiy faoliyat yoʻnalishlarini bajarsa;
3) bankning toʻlov qobiliyatiga tahdid solishi mumkin boʻlsa;
4) uning bankdan chiqib ketishi yoki tugatilishi bank uchun jiddiy yoʻqotishlarni keltirib chiqarishi mumkin boʻlsa.
17. Tiklash rejasiga kiritish maqsadida bank oʻzining asosiy faoliyat yoʻnalishlari, oʻta muhim vazifalari hamda muhim xizmatlarini aniqlab olishi lozim.
18. Bank tomonidan asosiy faoliyat yoʻnalishlari mazkur yoʻnalishlarning jami aktivlardagi va kapital monandligi hisob-kitobida tavakkalchilikni hisobga olgan holda aktivlardagi ulushi, shuningdek ularning sof foizli va sof foizsiz daromadlar shakllanishiga qoʻshayotgan hissasini nazarda tutuvchi mezonlarni (koʻrsatkichlarni) inobatga olgan holda aniqlanadi.
Bunda bank asosiy faoliyat yoʻnalishlarini aniqlashda boshqa mezonlardan (koʻrsatkichlardan) ham foydalanishi mumkin.
19. Bank xizmatlari va operatsiyalari quyidagi shartlar bir vaqtda bajarilganda oʻta muhim vazifalar deb hisoblanadi:
xizmat va (yoki) operatsiyalar bank tomonidan mazkur bankka aloqador boʻlmagan uchinchi shaxslarga taqdim etilsa;
xizmat va (yoki) operatsiyalar toʻsatdan uzilishi yoki toʻxtatilishi uchinchi shaxslarga sezilarli salbiy taʼsir koʻrsatishi, zanjir taʼsiri tavakkalchiligini keltirib chiqarishi yoki ushbu xizmat va operatsiyalarning uchinchi shaxslar uchun tizimli ahamiyati hamda uni taqdim etuvchi bank yoki banklar guruhining tizimli ahamiyati tufayli bozor ishtirokchilarining umumiy ishonchiga putur yetkazishi ehtimoli yuqori boʻlsa.
20. Bank oʻta muhim vazifalarni kamida quyidagi mezonlarni inobatga olgan holda aniqlaydi:
bank xizmati va (yoki) operatsiyasi toʻsatdan uzilishi yoki toʻxtatilishining bank mijozlari, boshqa moliyaviy tashkilotlar, moliya bozorlari, shu jumladan moliya bozori infratuzilmasi hamda boshqa tegishli manfaatdor tomonlarga koʻrsatishi mumkin boʻlgan taʼsiri;
bank xizmati va (yoki) operatsiyasining boshqa xizmat va (yoki) operatsiyalar koʻrsatilishidagi oʻrni;
bank xizmati va (yoki) operatsiyasini sifati oʻxshash va taqqoslanadigan xarajatlarni talab etuvchi hamda maqbul muddatlarda amalga oshirilishi mumkin boʻlgan boshqa xizmat va (yoki) operatsiya bilan almashtirish imkoniyati;
bank xizmati va (yoki) operatsiyasining ushbu bank hamda boshqa moliyaviy tashkilot xizmatlari va (yoki) operatsiyalariga oʻzaro bogʻliqligi yoki ular bilan uygʻunlashganligi natijasida keng koʻlamli zanjir taʼsiri tavakkalchiligini keltirib chiqarishi ehtimolining mavjudligi.
21. Oʻta muhim vazifalar quyidagilarni oʻz ichiga olishi mumkin:
pul mablagʻlarini omonatlarga (depozitlarga) jalb etish;
kreditlar (qarzlar) berish;
toʻlovlarni amalga oshirish;
jismoniy yoki yuridik shaxs bilan tuzilgan shartnoma boʻyicha pul mablagʻlarini va boshqa mol-mulkni ishonchli boshqarish;
aktivlar majmuyini (portfelini) boshqarish;
qimmatli qogʻozlarni chiqarish, xarid qilish, sotish, ularning hisobini yuritish va ularni saqlash, mijoz bilan tuzilgan shartnomaga binoan qimmatli qogʻozlarni boshqarish, ular bilan boshqa operatsiyalarni bajarish;
hosilaviy moliya vositalari (derivativlar) bilan operatsiyalarni amalga oshirish;
bank kartalarini berish va toʻlovlarga ishlov berish, bank kartalariga boshqa tashkilotlar, jumladan boshqa moliya institutlari bilan birgalikda xizmat koʻrsatish;
islomiy moliya operatsiyalarini amalga oshirish.
22. Bank muhim xizmatlarni kamida quyidagi mezonlarni inobatga olgan holda aniqlaydi:
xizmatning toʻsatdan uzilishi yoki toʻxtatilishi bankning bir yoki bir nechta oʻta muhim vazifalariga jiddiy salbiy taʼsir koʻrsatishi ehtimolining mavjudligi;
xizmatni sifati oʻxshash va taqqoslanadigan xarajatlarni talab etuvchi hamda maqbul muddatlarda amalga oshirilishi mumkin boʻlgan boshqa xizmat bilan almashtirish imkoniyati.
23. Muhim xizmatlar quyidagilarni oʻz ichiga olishi mumkin:
oʻta muhim vazifalarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborot texnologiyalari xizmatlari;
bankda xavfsizlikni, shu jumladan kiberxavfsizlikni taʼminlashga qaratilgan xizmatlar;
tavakkalchiliklarni aniqlash, oʻlchash, monitoring va nazorat qilish imkonini beruvchi xizmatlar;
inson resurslarini boshqarish;
buxgalteriya xizmatlari;
bank mijozlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni boshqarish va qonunchilik talablariga rioya etishni taʼminlovchi xizmatlar.
24. Ichki oʻzaro bogʻliqliklar bank va bankka aloqador shaxslar oʻrtasidagi hamda bank banklar guruhi aʼzosi boʻlgan taqdirda bank va mazkur guruhga mansub boʻlgan boshqa moliya institutlari oʻrtasidagi bogʻliqliklar, shu jumladan bank uchun muhim ahamiyatga ega tashkilotlar oʻrtasidagi mazkur bankning moliyalashtirilishiga, asosiy faoliyat yoʻnalishlari hamda oʻta muhim vazifalari amalga oshirilishiga, shuningdek bankka koʻrsatiladigan muhim xizmatlarga sezilarli taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan oʻzaro bogʻliqliklardan iborat.
25. Tashqi oʻzaro bogʻliqliklar kamida quyidagilardan iborat:
bank tomonidan bankning asosiy kontragentlariga va boshqa moliyaviy tashkilotlarga taqdim etiladigan oʻta muhim vazifalar va (yoki) ular oldidagi majburiyatlar;
bankka uchinchi shaxslar tomonidan koʻrsatiladigan muhim xizmatlar, shu jumladan moliya bozori infratuzilmasining bir qismi boʻlgan toʻlov, kliring va hisob-kitobga oid xizmatlar.
4-§. Tiklash koʻrsatkichlari
26. Tiklash rejasi bankning moliyaviy ahvoli yomonlashuvini monitoring qilish va mazkur rejada nazarda tutilgan tiklash chora-tadbirlarini amalga oshirish zaruriyatini vujudga keltiruvchi holatlarni aniqlash maqsadida bank tomonidan belgilanadigan aniq koʻrsatkichlarni oʻz ichiga oladi.
27. Tiklash koʻrsatkichlari tavakkalchiliklarni boshqarish tizimi, shuningdek banklarning favqulodda moliyalashtirish (likvidlilikni oshirish) rejasi va (yoki) kapitalga qoʻyiladigan talablarning bajarilishini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlar rejasi koʻrsatkichlariga muvofiq boʻlishi lozim.
28. Tiklash koʻrsatkichlari miqdoriy va (yoki) sifat koʻrsatkichlaridan iborat.
29. Bank tiklash koʻrsatkichlarining doimiy monitoringini taʼminlaydigan samarali nazorat mexanizmlarini yaratishi va ularning uzluksiz ishlashini taʼminlashi lozim.
30. Banklar chegaraviy qiymatlarni (triggerlarni) Markaziy bank tomonidan banklarga nisbatan belgilangan talablardan (agar belgilangan boʻlsa) qatʼiyroq darajada oʻrnatadi.
Bunda chegaraviy qiymatlar (triggerlar) bank tomonidan stress vaziyatlarda zarur choralar oʻz vaqtida koʻrilishi, shu jumladan tiklash chora-tadbirlarini amalga oshirish uchun yetarli vaqtni taʼminlaydigan darajada belgilanishi lozim.
31. Bankning tiklash rejasi mazkur Nizomga ilovada keltirilgan tiklash koʻrsatkichlaridan kamida quyidagilarini oʻz ichiga olishi lozim:
kapitalning monandligi koʻrsatkichlari;
likvidlilik koʻrsatkichlari;
aktivlar sifati koʻrsatkichlari;
daromadlilik (rentabellik) koʻrsatkichlari;
bozor koʻrsatkichlari (tizimli ahamiyatga molik banklar uchun).
Bunda bozor koʻrsatkichlari tizimli ahamiyatga molik boʻlmagan banklarning tiklash rejalariga mazkur koʻrsatkichlarning bank uchun dolzarb va ahamiyatli ekanligidan kelib chiqib kiritilishi mumkin.
32. Bank tiklash rejasida mazkur Nizomning 31-bandida keltirilgan tiklash koʻrsatkichlaridan tashqari oʻzining risk-profili va faoliyatining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqib boshqa miqdoriy va sifat koʻrsatkichlarini inobatga olishi mumkin.
33. Tiklash rejasi har bir tiklash koʻrsatkichi boʻyicha chegaraviy qiymatlarni (triggerlarni) aniqlash va belgilash uchun foydalanilgan farazlar, ularni hisoblash uslubiyoti va tartibini oʻz ichiga olishi kerak. Chegaraviy qiymatlar (triggerlar) bankning risk-appetitiga muvofiq holda belgilanishi va tiklash chora-tadbirlarini amalga oshirishni talab qiladigan chetlanishlarni (buzilishlarni) erta aniqlash imkoniyatini yaratishi kerak.
34. Tiklash koʻrsatkichlarining biri yoki bir nechtasi boʻyicha chegaraviy qiymatlar (triggerlar) buzilsa yoki buzilish ehtimoli yuqori boʻlsa, mazkur holat (holatlar) vujudga kelgan kundan eʼtiboran bir ish kuni ichida bank tomonidan kuzatuv kengashiga hamda uch ish kuni ichida Markaziy bankka maʼlumot berilishi lozim.
Bunda bank tomonidan:
tiklash rejasini amalga oshirish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, bank Markaziy bankka ushbu qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran yetti ish kuni ichida amalga oshiriluvchi tiklash chora-tadbirlari va tiklash rejasini amalga oshirishga oid boshqa tegishli maʼlumotlarni berishi;
chegaraviy qiymatlar (triggerlar) buzilishi yoki buzilish ehtimoli yuqori boʻlishiga qaramasdan tiklash rejasini amalga oshirmaslik toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, ushbu qaror yozma ravishda asoslantirilgan holda besh ish kuni ichida Markaziy bankka taqdim etilishi lozim. Bunda chegaraviy qiymatlar (triggerlar) buzilishiga olib kelgan sabablar tahlili, yuzaga kelgan holatni bartaraf etish va bankning moliyaviy holatini tegishli muddatlarda tiklash boʻyicha koʻriladigan choralar aniq koʻrsatilishi lozim.
5-§. Tiklash chora-tadbirlari
35. Bank tiklash rejasida chegaraviy qiymatlar (triggerlar) buzilganda hamda stress vaziyatlarda yoki stress vaziyatlar sodir boʻlishi ehtimoli mavjud boʻlgan holatlarda oʻzining moliyaviy barqarorligini saqlab qolish va (yoki) tiklash maqsadida amalga oshirilishi mumkin boʻlgan tiklash chora-tadbirlari majmuasini aks ettirishi lozim.
Bank tiklash rejasida belgilangan chora-tadbirlar ichidan muayyan sharoitda eng maqbul hisoblanganlarini amalga oshiradi. Bunda bank oʻzining moliyaviy barqarorligini saqlab qolish va (yoki) tiklash maqsadida tiklash rejasida belgilangan chora-tadbirlardan tashqari boshqa chora-tadbirlarni amalga oshirishi mumkin.
36. Tiklash chora-tadbirlari asoslantirilgan, real, amaliy jihatdan maqbul, aniq belgilangan va oqilona muddatlarda amalga oshirish imkoni mavjud boʻlishi lozim.
Bankning Markaziy bank tomonidan oʻrnatilgan prudensial talablarga muvofiqligiga, xususan eng kamida kapital monandligi va likvidlilik koʻrsatkichlariga, shu jumladan likvidlilikni qoplash meʼyori koeffitsiyentiga tiklash chora-tadbirlarining amalga oshirilishining miqdoriy jihatdan taʼsiri baholanishi lozim.
37. Tiklash rejasida quyidagi tiklash chora-tadbirlaridan kamida biri yoki bir nechtasining tavsifi aks ettirilishi lozim:
bank ustav kapitali miqdorini oshirish;
Markaziy bank tomonidan belgilangan talablarga muvofiq boʻlgan kapital vositalari, shu jumladan subordinar qarz vositalarini chiqarish;
qarz vositalarini oddiy aksiyalariga toʻliq miqdorda yoki qisman konvertatsiya qilish orqali ixtiyoriy ravishda majburiyatlarni restrukturizatsiya qilish;
dividendlar, shuningdek ixtiyoriy mukofot toʻlovlarini toʻlashni kamaytirish yoki toʻxtatib turish;
bankning aktivlari va (yoki) shuʼba tashkilotlarini sotish;
kredit (qarz) berish hajmini qisqartirish, kapital monandligi hisob-kitoblarida yuqori tavakkalchilik darajasiga ega boʻlgan aktivlarni kamaytirish va bank aktivlarini sekyuritizatsiya qilish;
bank likvidliligini oshirish;
bank xarajatlarini kamaytirish va optimallashtirish.
Bunda bank muayyan sharoit, oʻzining risk-profili va faoliyatining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqib, tiklash rejasida mazkur bandning ikkinchi — toʻqqizinchi xatboshilarida keltirilgan chora-tadbirlarga qoʻshimcha ravishda boshqa tiklash chora-tadbirlarini nazarda tutishi mumkin.
38. Tiklash rejasida har bir tiklash chora-tadbiri boʻyicha quyidagilar aks ettirilishi lozim:
tiklash chora-tadbirini samarali amalga oshirish uchun zarur boʻlgan barcha operatsion harakatlar ketma-ketligi tavsifi;
tiklash chora-tadbirini barcha ruxsat berish va tasdiqlash tartib-taomillarini oʻz ichiga olgan holda amalga oshirish uchun zarur boʻlgan muddat;
bankning tiklash chora-tadbirlarini amalga oshirish boʻyicha avvalgi tajribasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va (yoki) boshqa banklar tomonidan shunga oʻxshash tiklash chora-tadbirlarini amalga oshirish tajribasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);
tiklash chora-tadbirini odatiy va stress sharoitlarida amalga oshirish imkoniyati, shu jumladan ularni amalga oshirish yoʻlidagi ehtimoliy toʻsiqlar va masalalar tavsifi;
tiklash chora-tadbirlari samaradorligini baholash mezonlari;
tiklash chora-tadbiri bankning moliyaviy holati va barqarorligi, biznes-modeli, asosiy faoliyat yoʻnalishlari, oʻta muhim vazifalari hamda muhim xizmatlariga taʼsirining tahlili;
tiklash chora-tadbiri amalga oshirilishini taʼminlovchi ichki boshqaruv tizimining, shu jumladan ichki va tashqi kommunikatsiyaning tavsifi.
Tiklash chora-tadbirlarini amalga oshirish bilan bogʻliq bankning avvalgi tajribasi (agar mavjud boʻlsa), shuningdek huquqiy, operatsion, moliyaviy va reputatsion toʻsiqlar, ijro muddatlari hamda chora-tadbirlarni amalga oshirishda uchinchi shaxslarga va (yoki) bozor sharoitlariga (konyunkturasiga) bogʻliqlik darajasi va boshqa tegishli omillar baholanishi lozim.
39. Tiklash chora-tadbirlari tiklash ssenariylari bilan muvofiqlashtirilgan boʻlishi va mazkur ssenariylar vujudga kelgan taqdirda, bankning moliyaviy ahvolini tiklash qobiliyatini koʻrsatishi lozim.
6-§. Tiklash ssenariylari
40. Tiklash ssenariylarining tavsifi tiklash rejasida aks ettirilishi hamda past boʻlsada, biroq sodir boʻlishi ehtimoli mavjud boʻlgan va bank uchun jiddiy salbiy oqibatlarga olib kelishi mumkin boʻlgan hodisalarni inobatga olgan holda ishlab chiqilishi lozim.
41. Tiklash ssenariylari kamida quyidagi uchta ssenariydan tashkil topishi lozim:
individual;
tizimli;
kombinatsiya qilingan.
42. Bank tiklash ssenariylarini ishlab chiqishda quyidagilarni inobatga olishi lozim:
bankning biznes-modeli, moliyalashtirish tuzilmasi, asosiy faoliyat yoʻnalishlari, tashkiliy tuzilmasi, hajmi, shuningdek uning boshqa banklar yoki butun moliya tizimi bilan oʻzaro bogʻliqligi;
tiklash chora-tadbirlari amalga oshirilmagan taqdirda tiklash ssenariysida nazarda tutilgan stress vaziyatlar bankning toʻlovga qobiliyatsizligiga olib kelish ehtimoli;
tiklash ssenariysi favqulodda, biroq ehtimoli mavjud boʻlgan hodisalarga asoslangan boʻlishi, shuningdek har bir tiklash ssenariysida tiklash koʻrsatkichlaridan biri yoki bir nechtasi boʻyicha chegaraviy qiymatlar (triggerlar) buzilgan boʻlishi kerakligi.
43. Har bir tiklash ssenariysi favqulodda, biroq ehtimoli mavjud boʻlgan hodisalarning kamida quyidagilarga taʼsirini nazarda tutishi lozim:
kapitalning monandligi koʻrsatkichlari;
bankning likvidlilik koʻrsatkichlari;
bankning risk-profili;
bank aktivlarining sifati;
bankning daromadlilik (rentabellik) koʻrsatkichlari;
oʻta muhim vazifalar hamda muhim xizmatlar;
bankning operatsion faoliyati hamda ishchanlik obroʻsi.
44. Tiklash ssenariylari tiklash chora-tadbirlarining taʼsirini inobatga olgan holda kamida bir yillik davrni qamrab oluvchi davriy moliyaviy prognozlarni oʻz ichiga olishi lozim.
45. Bank uchun jiddiy salbiy oqibatlarga olib kelishi mumkin boʻlgan individual hodisalarga asoslangan individual tiklash ssenariylarini ishlab chiqishda kamida quyidagilar hisobga olinadi:
bankning moliyaviy barqarorligiga sezilarli putur yetkazishi mumkin boʻlgan bir yoki bir nechta yirik kontragentlarning toʻlovga qobiliyatsizlikka uchrashi;
bank hamda uning aksiyadorlari ishchanlik obroʻsiga sezilarli darajada putur yetkazilishi;
bankdan likvidlilikning sezilarli miqdorda va tez chiqib ketishi, shu jumladan omonatlar bankdan ommaviy tarzda chiqib ketishi;
bank aktivlari tarkibida sezilarli ulushga ega aktivlar qiymatining pasayishi;
bankda sezilarli kredit yoʻqotishlarining yuzaga kelishi;
bank kredit reytingining pasaytirilishi;
operatsion yoʻqotishlar, shu jumladan ichki yoki tashqi firibgarlik, ichki tizimlardagi xatoliklar, oʻta muhim vazifalardagi uzilishlar yoki boshqa operatsion buzilishlar natijasida jiddiy yoʻqotishlarning yuzaga kelishi.
46. Moliya tizimi va (yoki) real iqtisodiyot uchun jiddiy salbiy oqibatlarga olib kelishi mumkin boʻlgan tizimli tiklash ssenariylarini ishlab chiqishda kamida quyidagilar hisobga olinadi:
mamlakatning moliyaviy barqarorligiga taʼsir etishi mumkin boʻlgan bankning yirik kontragentining toʻlovga qobiliyatsizlikka uchrashi;
banklararo pul bozorida likvidlilikning kamayishi;
valyuta kursidagi keskin tebranishlar;
mamlakat tavakkalchiligi yuzaga kelsa, uning bank uchun oʻta muhim vazifalar hamda muhim xizmatlarga taʼsiri;
bir yoki bir nechta bozorlarda aktivlar narxining salbiy oʻzgarishi;
makroiqtisodiy koʻrsatkichlarning yomonlashuvi.
47. Kombinatsiya qilingan tiklash ssenariylari mazkur Nizomning 45 va 46-bandlarida keltirilgan individual va tizimli hodisalarning bir vaqtda sodir boʻlishi hamda ularning bir-biriga oʻzaro taʼsirini inobatga olgan holda ishlab chiqilishi lozim.
48. Bank ishlab chiqilgan har bir tiklash ssenariysi doirasida oʻzining moliyaviy ahvolini tiklash salohiyatini baholashi va tayyorlangan har bir tiklash ssenariysi boʻyicha amalga oshirishi mumkin boʻlgan tiklash chora-tadbirlarini belgilashi zarur.
49. Bank tiklash ssenariylarini ishlab chiqish va unga oʻzgartirishlar kiritishda tavakkalchiliklarni boshqarish tizimi doirasida oʻtkaziladigan stress-testlardan foydalanishi mumkin.
7-§. Tiklash rejasi doirasida kommunikatsiya qilish tartibi
50. Bank tiklash rejasida mazkur reja oʻz vaqtida, muvofiqlashtirilgan tarzda va samarali amalga oshirilishini taʼminlash maqsadida barcha manfaatdor tomonlar bilan axborot almashish mexanizmlarini belgilovchi kommunikatsiya qilish tartibini aks ettirishi lozim.
51. Tiklash rejasida kommunikatsiya qilish tartibi batafsil yoritilgan boʻlishi va unda quyidagilar aks ettirilishi lozim:
bank kuzatuv kengashi va boshqaruvining kommunikatsiya qilish boʻyicha vazifa va majburiyatlari;
ichki kommunikatsiya qilish, shu jumladan tiklash rejasini amalga oshirishda ishtirok etuvchi bank boshqaruv organlari va masʼul xodimlarini xabardor qilish tartibi;
tashqi kommunikatsiya qilish, shu jumladan bank aksiyadorlari va investorlari, Markaziy bank va boshqa vakolatli organlar, bank omonatchilari va kreditorlari, bank-moliya tizimi ishtirokchilari va zarur hollarda jamoatchilik bilan oʻzaro kommunikatsiya qilish tartibi;
bozor ishtirokchilarining ehtimoliy salbiy munosabatiga tezkor javob berish boʻyicha takliflar, shu jumladan bankning ishchanlik obroʻsi va xulq-atvori oʻzgarishi bilan bogʻliq tavakkalchiliklarni kamaytirishga qaratilgan harakatlar tartibi;
kommunikatsiya qilish kanallari.
52. Tiklash rejasi ushbu rejada nazarda tutilgan tiklash chora-tadbirlarini amalga oshirish bilan bogʻliq kommunikatsiya tartibining tavsifini oʻz ichiga olishi lozim. Bunda bank har bir tiklash chora-tadbiri uchun zarur boʻlgan kommunikatsiya qilish boʻyicha harakatlar ketma-ketligini belgilashi kerak.
53. Kommunikatsiya tartibi tiklash chora-tadbirlarini amalga oshirish jarayonida axborotlarning maxfiyligini, izchilligini va muvofiqligini taʼminlashga qaratilgan choralarni nazarda tutishi kerak.
8-§. Tiklash rejasini amalga oshirishga qaratilgan tayyorgarlik choralari
54. Tiklash rejasida tiklash chora-tadbirlarini optimal tarzda va samarali amalga oshirish uchun zarur boʻlgan tayyorgarlik choralari va ularni amalga oshirish tartibi aks ettirilishi lozim.
55. Tiklash rejasini amalga oshirishga qaratilgan tayyorgarlik choralari tiklash chora-tadbirlarini samarali amalga oshirishga toʻsqinlik qiluvchi omillarni bartaraf etishga qaratilgan boʻlishi lozim.
56. Tiklash rejasida tayyorgarlik choralarini amalga oshirishning aniq muddatlari, yakunlashning maqsadli sanalari, mazkur rejani amalga oshirish uchun zarur resurslar va bu bilan bogʻliq xarajatlar hamda bankning tayyorgarlik choralarini amalga oshirish uchun masʼul boʻlgan bank boshqaruvi organlari va xodimlari belgilanishi lozim.
3-bob. Banklar guruhi uchun tiklash rejasining oʻziga xos xususiyatlari
57. Banklar guruhi asosiy bankining tiklash rejasi banklar guruhiga oid maʼlumotlar bilan toʻldirilishi lozim.
Bunda banklar guruhi asosiy bankining tiklash rejasida banklar guruhining konsolidatsiyalashgan kapitalini, likvidliligini, aktivlar sifatini hamda moliyaviy ahvolini yaxshilashga qaratilgan tiklash chora-tadbirlari aks ettirilishi lozim.
58. Banklar guruhining asosiy banki tiklash rejasini amalga oshirishda asosiy bank va banklar guruhiga kiruvchi boshqa moliyaviy institutlar tomonidan amalga oshiriladigan tiklash chora-tadbirlarining oʻzaro muvofiqligi va izchilligini taʼminlashi shart.
59. Banklar guruhining asosiy banki tiklash rejasini quyidagi maʼlumotlar bilan toʻldirishi lozim:
guruh darajasida masalalarni koʻrib chiqish tartibini belgilovchi boshqaruv mexanizmlari va tartib-taomillari, shu jumladan qarorlar qabul qilish va ularni ijro etish jarayoni, shuningdek asosiy bank va banklar guruhidagi boshqa moliyaviy institutlar oʻrtasidagi axborot almashinuvi tavsifi;
asosiy bank hamda banklar guruhidagi boshqa moliyaviy institutlar oʻrtasidagi moliyaviy, operatsion va huquqiy oʻzaro bogʻliqlikni baholashni oʻz ichiga olgan strategik tahlil;
konsolidatsiyalashgan asosda hisob-kitob qilinadigan tiklash koʻrsatkichlari;
asosiy bank hamda banklar guruhidagi boshqa moliyaviy institutlar darajasida amalga oshiriladigan tiklash chora-tadbirlari. Bunda banklar guruhining asosiy banki har bir tiklash chora-tadbirining taʼsirini konsolidatsiyalashgan tarzda hamda zarurat boʻlganda banklar guruhi asosiy banki va banklar guruhidagi boshqa moliyaviy institutlar uchun alohida tarzda baholashi lozim;
banklar guruhining konsolidatsiyalashgan kapitali, likvidliligi, aktivlar sifati hamda moliyaviy holatiga taʼsirini baholashni oʻz ichiga olgan banklar guruhi uchun tiklash ssenariylari va ularning tavsifi.
4-bob. Tiklash rejasini sinovdan oʻtkazish
60. Markaziy bank bankdan tiklash rejasini sinovdan oʻtkazishni va oʻtkazilgan sinov natijasida tayyorlangan hisobotni talab qilishga haqli.
Bunda Markaziy bank bankdan tiklash rejasini sinovdan oʻtkazishni talab qilgan taqdirda, bank tiklash rejasini sinovdan oʻtkazgan kundan eʼtiboran oʻn besh kun ichida sinov natijasida tayyorlangan va bank kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlangan hisobotni Markaziy bankka taqdim etishi lozim.
61. Tiklash rejasini sinovdan oʻtkazish jarayonida tiklash rejasini boshqarish, tiklash koʻrsatkichlari, tiklash chora-tadbirlari boʻyicha qarorlar qabul qilishga oid tartib-taomillar va tiklash rejasini amalga oshirishga qaratilgan tayyorgarlik choralari hamda tiklash rejasini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborotning yetarliligi baholanadi.
62. Tiklash rejasini sinovdan oʻtkazish natijalari tahlil qilinishi, bank kuzatuv kengashiga taqdim etilishi hamda tiklash rejasini yangilash uchun asos sifatida foydalanilishi lozim.
5-bob. Tiklash rejalarini baholash
63. Bank tiklash rejasini, shu jumladan yangilangan tiklash rejasini ushbu reja bankning kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlangan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida Markaziy bankka taqdim etishi lozim.
64. Markaziy bank tiklash rejasini mazkur reja bank tomonidan taqdim etilgan kundan eʼtiboran uch oy ichida koʻrib chiqadi . Bunda tiklash rejasining quyidagi mezonlarga muvofiqligi baholanadi:
tiklash rejasida koʻrsatilgan chora-tadbirlar amalga oshirilgan taqdirda, bankning moliyaviy mavqeyi saqlab qolinishi va (yoki) tiklanishi ;
moliyaviy inqiroz sharoitida tiklash rejasida koʻrsatilgan chora-tadbirlarni tez va samarali amalga oshirish, shuningdek bank va moliya tizimiga salbiy taʼsirlarni kamaytirish imkoniyati ;
Mazkur bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida qayd etilgan mezonlarga tiklash rejasining muvofiqligini baholash davomida quyidagilar ham tekshiriladi:
tiklash rejasining toʻliqliligi, shu jumladan unda ushbu Nizomda nazarda tutilgan barcha maʼlumotlarning mavjudligi, ularning dolzarbligi hamda yetarli darajada batafsil bayon etilganligi;
tiklash rejasining sifatliligi, shu jumladan rejaning aniq va tushunarli tilda bayon etilganligi, undagi tushunchalar va farazlarning aniqligi, taqdim etilgan maʼlumotlarning oʻzaro muvofiqligi hamda bankning tavakkalchiliklarni boshqarish tizimi bilan oʻzaro izchilligi;
tiklash rejasining ishonchliligi, tiklash rejasida bankning stress vaziyatlarini tez va samarali bartaraf etishiga imkon beradigan yetarli va amalga oshirilishi mumkin boʻlgan tiklash chora-tadbirlarining nazarda tutilganligi, ularni amalga oshirish uchun real muddatlarning belgilanganligi, bankning tayyorgarlik darajasi hamda tiklash rejasini amalga oshirish yoʻlida ehtimoliy toʻsiqlarning aniqlanganligi.
65. Tiklash rejasi mazkur Nizomning 64-bandida koʻrsatilgan mezonlarga muvofiq boʻlmagan taqdirda Markaziy bank bankdan :
tiklash rejasini qayta koʻrib chiqishni ;
tiklash rejasiga Markaziy bank tomonidan belgilangan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritishni ;
tiklash rejasidagi kamchiliklarni yoki uni amalga oshirish borasidagi toʻsiqlarni bartaraf etish uchun zarur boʻlgan, oʻz faoliyatiga kiritiladigan oʻzgarishlarni bank tomonidan aniqlashni ;
tavakkalchiliklar sohasini kamaytirishni ;
bankni qayta kapitallashtirish choralari oʻz vaqtida koʻrilishini ;
bankni rivojlantirish strategiyasini qayta koʻrib chiqishni ;
bank boshqaruvining tashkiliy tuzilmasini oʻzgartirishni talab qilishga haqli .
Bunda, mazkur bandning beshinchi — sakkizinchi xatboshilarida koʻrsatilgan chora-tadbirlar, agar mazkur bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan chora-tadbirlar tiklash rejasining banklar va bank faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga muvofiqligini taʼminlamasa, qoʻllaniladi.
6-bob. Yakuniy qoida
66. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Banklarning moliyaviy ahvolini tiklash rejasiga qoʻyiladigan talablar toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Bankning tiklash rejasidagi tiklash koʻrsatkichlari
T/r Koʻrsatkich nomi Belgilangan meʼyor * Chegaraviy qiymat ( trigger ) ** 1. Kapital monandligi koʻrsatkichlari 1. Regulyativ kapitalning monandlik koeffitsiyenti 2. I darajali kapitalning monandlik koeffitsiyenti 3. I darajali asosiy kapitalning monandlik koeffitsiyenti 4. Jami kapital buferlari (Konservatsion kapital buferi koeffitsiyenti + tizimli ahamiyatga molik banklar uchun kapital buferi koeffitsiyenti + kontrsiklik kapital buferi koeffitsiyenti ) 5. Leveraj koeffitsiyenti 2. Likvidlilik koʻrsatkichlari 1. Likvidlilikni qoplash meʼyori koeffitsiyenti 2. Sof barqaror moliyalashtirish meʼyori koeffitsiyenti 3. Yuqori likvidli aktivlarning jami aktivlardagi ulushi 4. Lahzali likvidlilik koeffitsiyenti 3. Aktivlar sifati koʻrsatkichlari 1. Muammoli aktivlarning jami aktivlardagi ulushi 2. Jami muammoli kreditlarning oʻsish surʼati 3. Restrukturizatsiya qilingan aktivlarning jami aktivlardagi ulushi 4. 9-son Moliyaviy hisobotning xalqaro standartlari asosida 3-bosqichda (Stage 3) tasniflangan aktivlarning jami aktivlardagi ulushi 5. Muammoli kreditlarni qoplash koeffitsiyenti ( m uammoli kreditlar boʻyicha shakllantirilgan zaxiralarning muammoli kreditlarga nisbati) 4. Daromadlilik (rentabellik) koʻrsatkichlari 1. Aktivlar rentabelligi (sof foydaning (zararning) jami aktivlarga nisbati) 2. Kapital rentabelligi (sof foydaning (zararning) jami oʻz mablagʻlariga nisbati) 3. Sof foizli daromadning foizli daromad keltiruvchi aktivlarga nisbati 4. Sezilarli operatsion yoʻqotishlar (kapitalga nisbatan foizda) 5. Xarajatlarning daromadga nisbati 5. Bozor koʻrsatkichlari 1. B ankning kredit reytingi salbiy oʻzgarishi 2. Aksiyalar narxining oʻzgarishi
Rais T. ISHMETOV
Toshkent sh.,
2026-yil 16-iyul,
14/8-son