📅 2026-yil 17-avgust · Qonunlar va kodekslar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 17-avgust · Qonunlar va kodekslar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 17 август · Қонунлар ва кодекслар
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 августа 2026 г. · Законы и кодексы
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 August 2026 · Laws and codes
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 14 июлда қабул қилинган Сенат томонидан 2026 йил 8 августда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қўшимча кафолатларни, шунингдек давлат томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ва механизмларининг ҳуқуқий асосларини қонун даражасида белгилаш зарурияти юзага келмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча кафолатларни белгилаш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган замонавий шакллар ва усулларнинг ҳуқуқий асосларини қонун даражасида белгилаш мақсадида ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилмоқда.
Мазкур Қонун тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга, шунингдек тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини янада кенгайтиришга, тадбиркорларга давлат томонидан тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳуқуқий асосларини аниқ белгилашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги 69-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 2 майда қабул қилинган ЎРҚ-328-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 5, 133-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 12, 384, 385-моддалар; 2018 йил, № 12, 781-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 2, 47-модда, № 3, 166-модда, № 12, 886-модда; 2020 йил, № 1, 2-модда, № 11, 652-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 6, 577-модда; 2023 йил, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 8, 830-модда, № 9, 964-модда, № 10, 1080-модда; 2025 йил, № 12, 1324-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) қуйидаги мазмундаги 3 1 — 3 8 -моддалар билан тўлдирилсин:
« 3 1 -модда. Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатларининг асосий принциплари
Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатларининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
тадбиркорликнинг эркинлиги;
тадбиркорлик субъектларининг тенглиги;
ишончнинг ҳимоя қилиниши;
коррупциядан холилик;
хусусий мулкнинг дахлсизлиги;
тадбиркорликка оид қонунчиликнинг барқарорлиги ва аниқлиги.
3 2 -модда. Қонунийлик принципи
Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишда, тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётганда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши шарт.
3 3 -модда. Тадбиркорликнинг эркинлиги принципи
Ҳар ким тадбиркорлик билан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ва унинг ташқарисида эркин шуғулланиш, шунингдек ўз мол-мулкидан ҳар қандай қонуний тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.
3 4 -модда. Тадбиркорлик субъектларининг тенглиги принципи
Тадбиркорлик субъектлари ўзининг мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ҳамда бошқа ҳар қандай ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенгдир.
3 5 -модда. Ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи
Виждонан ҳаракат қилувчи тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган ҳужжатга бўлган ишончи қонунчиликка асосан қўриқланади.
Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг юзага келган амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган амалиётнинг ўзгартирилиши, бекор қилиниши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак.
3 6 -модда. Коррупциядан холилик принципи
Тадбиркорликни амалга ошириш ва давлат томонидан тартибга солиш жараёни коррупциянинг ҳар қандай кўринишларидан, шу жумладан манфаатлар тўқнашувидан ва ҳуқуқнинг танлаб қўлланилишидан холи бўлиши керак.
Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида инсон омилининг коррупция ҳолатини келтириб чиқариши мумкин бўлган тўғридан-тўғри алоқаларини чеклашга қаратилган тизимли чоралар қўрилиши керак.
3 7 -модда. Хусусий мулкнинг дахлсизлиги принципи
Тадбиркорлик субъектларининг мулки дахлсиздир ва у давлат ҳимоясидадир. Тадбиркорлик субъектлари ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.
3 8 -модда. Тадбиркорликка оид қонунчиликнинг барқарорлиги ва аниқлиги принципи
Тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини амалга оширишида ҳуқуқий муҳитнинг изчил, барқарор ва олдиндан башорат қилинадиган бўлиши таъминланади.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик субъектларининг зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқишда:
мазкур ҳужжатларнинг асоссиз равишда тез-тез ўзгартирилишига йўл қўйилмаслиги;
тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини режалаштиришда ва амалга оширишда барқарор ҳуқуқий муҳит билан таъминланиши;
нормалар ўхшаш ҳуқуқий вазиятларда бир хил, изчил ва адолатли тарзда қўлланилиши;
ҳуқуқий аниқлик ва асосланганлик талабларига қатъий риоя этилиши керак»;
2) 5-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« 5-модда. Тадбиркорлик субъектларининг тоифалари
Тадбиркорлик субъектлари календарь йил давомидаги жами даромадининг миқдорига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинади:
кичик тадбиркорлик субъектлари;
ўрта тадбиркорлик субъектлари;
йирик тадбиркорлик субъектлари.
Кичик тадбиркорлик субъектлари тоифаларига:
якка тартибдаги тадбиркорлар;
микрофирмалар — таъсисчилари (иштирокчилари) жисмоний шахслар бўлган ва календарь йил давомидаги жами даромади бир миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
кичик корхоналар — календарь йил давомидаги жами даромади бир миллиард сўмдан ўн миллиард сўмгача бўлган ва (ёки) ушбу қисмнинг учинчи хатбошисида назарда тутилган таъсисчилари (иштирокчилари) таркибида юридик шахслар мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектлари киради.
Ўрта тадбиркорлик субъектлари тоифасига календарь йил давомидаги жами даромади ўн миллиард сўмдан юз миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари киради.
Йирик тадбиркорлик субъектлари тоифасига календарь йил давомидаги жами даромади юз миллиард сўм ва ундан юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари киради.
Тадбиркорлик субъектларини ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тоифаларга ажратиш уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва расмий статистика маълумотларини шакллантириш мақсадида амалга оширилади»;
3) 9-модда биринчи қисмининг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«бухгалтерия ҳисобини ва тезкор ҳисобни қонунчилик талабларига мувофиқ юритиши»;
4) 17-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳисоб ва ҳисоботни қонунчиликка мувофиқ юритади. Ҳисоботлар фақат ахборот тизимлари орқали электрон шаклда тақдим этилади. Тадбиркорлик субъектларининг электрон шаклда тақдим этилган ҳисоботи тадбиркорлик субъектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Давлат тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон шаклда ҳисоб юритилиши учун дастурий таъминотни имтиёзли шартларда ёки бепул тақдим этади.
Кичик тадбиркорлик субъектлари фақат статистика органларига ва давлат солиқ хизмати органларига, якка тартибдаги тадбиркорлар эса, давлат солиқ хизмати органларига белгиланган шаклларда ҳисобот тақдим этади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистика маълумотларининг ягона рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Бунда ягона рўйхатга киритилмаган ҳисоботларни ва статистика маълумотларини тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш тақиқланади.
Давлат органлари тадбиркорлик субъектлари томонидан аввал тақдим этилган ҳисоботни ва статистика маълумотларини қайта талаб қилишга ҳақли эмас. Бунда ҳисобот ва статистика маълумотлари давлат органлари ўртасида электрон ахборот тизимлари орқали алмашилиши лозим»;
5) қуйидаги мазмундаги 18 2 -модда билан тўлдирилсин:
« 18 2 -модда. Тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида иштирок этиши кафолатлари
Тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботи бевосита тадбиркорлик субъектларининг ҳамда улар бирлашмаларининг иштирокида муҳокама қилинади.
Тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таъсири бўйича баҳолашдан ўтказилади. Бунда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари юзасидан хулоса берувчи органларнинг хулосалари мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тегишли лойиҳани ишлаб чиқувчи томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши керак, бундан давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи лойиҳалар мустасно.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан уларнинг ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишидан олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши муҳокамасидан ўтказилиши керак»;
6) 22-модда иккинчи қисмининг иккинчи жумласи чиқариб ташлансин;
7) қуйидаги мазмундаги 23 1 -модда билан тўлдирилсин:
« 23 1 -модда. Тадбиркорлик субъектларининг энергия манбаларига уланиш ва улардан белгиланган тартибда фойдаланиш кафолатлари
Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда энергия манбаларига уланиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Энергетика корхоналари тадбиркорлик субъектларининг энергия манбаларига бўлган эҳтиёжларини хавфсиз, ишончли, барқарор ва узлуксиз равишда таъминлаши шарт.
Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъектларининг энергия манбалари таъминотини вақтинча тўхтатиб туриш ёки чеклаш жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, шу жумладан авария вазиятлари юзага келганда энергия тизимининг мувозанатини сақлаб туриш ёки энергия таъминоти тизимига техник хизмат кўрсатиш учун амалга оширилиши мумкин»;
8) 24-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« 24-модда. Тадбиркорлик субъектларининг ер ва сувдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳамда хусусийлаштириш натижаларининг кафолатлари
Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда ер участкаларига эга бўлиши мумкин.
Тадбиркорлик субъектларининг ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга фақат олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати, кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати, кўчиш, шу жумладан бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларнинг, ер участкасидан ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойданинг (бунда ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектлари бўшатиб қўйилган пайтдан эътиборан аввалги фаолиятни тиклашга қадар бўлган, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатдаги фойда ёки мавсумий ҳосилдан олиниши мумкин бўлган фойда ҳисобга олинади) ўрни, ҳуқуқ эгасининг қонунчиликда ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатларининг ва зарарларнинг ўрни қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда тўла ҳажмда қопланганидан кейин йўл қўйилади.
Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш деб баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.
Тадбиркорлик субъектлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ижарага олиш шартномасида назарда тутилган ихтисослашувга мувофиқ ўз фаолияти йўналишларини, ишлаб чиқариш тузилмаси ва ҳажмларини мустақил равишда белгилайди.
Қонунчиликда белгиланган тартибда муҳофаза зоналари белгиланиши муносабати билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари чекланганда уларга етказилган зарарнинг ўрни (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланади.
Тадбиркорлик субъектларининг сувдан фойдаланиш ҳуқуқи ажратилган сув олиш квотаси ва кутилаётган сув таъминоти ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, ажратилган сув олиш лимити доирасида амалга оширилади.
Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда аҳолининг соғлиғини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида, шунингдек сув танқислигида, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда чекланиши мумкин»;
9) 25-модда чиқариб ташлансин;
10) 27 , 28 ва 29-моддалар чиқариб ташлансин;
11) 30 1 -модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қонунчиликда белгиланган солиқ, божхона имтиёзларининг, молиявий ва бошқа турдаги имтиёзларнинг (давлат томонидан моддий шаклдаги қўллаб-қувватлаш чорасининг) ҳамда преференцияларнинг (давлат томонидан номоддий шаклдаги қўллаб-қувватлаш чорасининг) тадбиркорлик субъектларига нисбатан тўлиқ ҳажмда қўлланилиши давлат томонидан кафолатланади.
Тадбиркорлик субъектларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланишни давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан асоссиз равишда рад этиш, улардан фойдаланишга тўсқинлик қилиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан махсус платформада тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган имтиёзлар ва преференцияларнинг турлари, муддатлари ҳамда тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.
Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг реестрини шакллантириш ҳамда доимий равишда янгилаб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан бериладиган имтиёзлар ва преференциялар индивидуал тарзда эмас, балки иқтисодиёт тармоқлари, соҳалар ёки ҳудудлар кесимида белгиланади. Бунда имтиёзлар ва преференциялар барча тадбиркорлик субъектларига нисбатан тенг шарт-шароитларда, очиқ ҳамда шаффоф механизмлар асосида татбиқ этилиши керак»;
12) 31-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тадбиркорлик фаолияти субъектлари давлат органларига ёки хўжалик бошқаруви органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда холисона, тўлиқ ҳамда асосли тарзда кўриб чиқиши шарт.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан аризалар, шикоятлар ёки таклифлар берилганлиги учун уларни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди. Бундай ҳоллар аниқланган тақдирда, тегишли шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади»;
13) 39-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни текширувлар тўғрисида хабардор қилиш ҳамда текширув бошланганидан кейин хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувларни ташаббус қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
«Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимининг натижалари;
аниқ факт ва ҳоллар бўйича фуқароларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига, жамоат хавфсизлигига, атроф-муҳитга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда давлатнинг манфаатларига зарар етказилиши хавфининг олдини олиш ёки бартараф этиш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари, оммавий ахборот воситаларидан ва бошқа ахборот манбаларидан олинган маълумотлар.
«Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимининг натижалари ва қонунчилик бузилишлари тўғрисида бошқа давлат органлари томонидан тақдим этилган ахборот асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширувларини ўтказиш ташаббуси қонунчилик бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирлари ўтказилганидан кейин амалга оширилади, бундан солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувлари мустасно.
«Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати қонунчилик ҳужжатларида тасдиқланади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини назорат қилишга доир тадбирларнинг назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхатига киритилмаган органлар ҳамда ташкилотлар томонидан ўтказилиши тақиқланади.
Назорат қилувчи органлар томонидан уларнинг назорат соҳалари рўйхатига киритилмаган текширувларни, шунингдек бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига доир текширувларни ўтказиш қонунга хилоф деб ҳисобланади.
Текширув Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аттестaциядан ўтган ва текширувларни ўтказиш учун рухсат берилганлиги тўғрисида махсус гувоҳнома олган назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан ўтказилади.
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширишга хизмат гувоҳномаси, текширувларни ўтказиш учун рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома ва қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига доир текширувларни ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади»;
14) 40-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувлар натижалари бўйича кўрсатмаларини бажарган, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган муддатларда ва тўла ҳажмда ихтиёрий равишда қоплаган, шу жумладан пеня тўлаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди. Мазкур норма солиққа оид ҳуқуқбузарликлар сабабли молиявий санкцияларни қўллаш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Назорат қилувчи органларнинг молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъектларининг танловига кўра қуйидаги шакллардан бири орқали ихтиёрий равишда ижро этилиши мумкин:
назорат қилувчи органларнинг молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан эътиборан бир ой муддатда жарима миқдорининг эллик фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш;
жарима суммасини олти ой давомида тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш. Бунда тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан эътиборан бир ой давомида жарима миқдорининг камида олтидан бир қисмидан иборат дастлабки тўловни тўлаган тақдирда, жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби автоматик равишда амал қилади»;
15) 41-модда чиқариб ташлансин;
16) 42-модда :
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади. Бунда тадбиркорлик субъектларига нисбатан қуйидаги ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилади:
фаолиятни тугатиш;
атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш;
фаолиятни тўхтатиб туриш, бундан назорат қилувчи органлар томонидан фаолиятни Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрига киритилган омиллар асосида ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;
фаолиятни чеклаш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш ҳоллари ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар мустасно;
молиявий санкцияларни қўллаш, бундан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеняларни ҳисоблаш, шунингдек содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлиш ва молиявий санкциялар суммаларини ихтиёрий равишда тўлаш ҳоллари мустасно;
банклардаги ҳисобварақлар бўйича оперaцияларни тўхтатиб туриш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
ҳуқуқбузарлик предметларини давлат даромадига ўтказиш;
тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун берилган лицензияларнинг (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг) амал қилишини ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг (ҳаракатнинг) амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар) мустасно»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мажбурий талаблар бузилишининг хусусиятига, қонун билан қўриқланадиган моддий ва номоддий объектларга етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зиёнга (зарарга) мутаносиб бўлиши керак»;
иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;
17) 4-боб қуйидаги мазмундаги 42 1 ва 42 2 -моддалар билан тўлдирилсин:
« 42 1 -модда. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш
Тадбиркорлик субъектининг фаолияти қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:
ўзининг аризасига асосан;
ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга — назорат қилувчи органлар томонидан;
ўн иш кунидан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга — суд томонидан.
Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб туришга фақат Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрига киритилган омиллар асосида ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга йўл қўйилади, бундан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини суд тартибида ҳамда қонунда белгиланадиган асослар бўйича тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно.
Тадбиркорлик субъекти ўзининг фаолиятини тўхтатиб туриш ёки қайта тиклаш тўғрисида ўз фаолиятини тўхтатгунига ёки қайта тиклагунига қадар рўйхатдан ўтказувчи органга ёки Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали ариза беради. Бунда ходимларни ёллаш йўли билан фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектининг ҳар бир ёлланган ходимига оид маълумотлар солиқ органига «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали автоматик тарзда юборилади.
Тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўхтатиб турилганлиги ёки қайта тикланганлиги тўғрисидаги аризани олган рўйхатдан ўтказувчи орган навбатдаги иш куни тугагунига қадар солиқ органларига тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўхтатиб турилганлиги ёки қайта тикланганлиги ҳақида Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали ахборот тақдим этади.
Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб туриш солиқ ва статистика ҳисоботларини тақдим этишни, ўзига ва ҳар бир ходимига нисбатан солиқ ҳисоблашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини ўз аризасига асосан тўхтатиб туриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
42 2 -модда. Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларнинг ягона реестри
Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларнинг ягона реестри (бундан буён матнда Мажбурий талаблар реестри деб юритилади) тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўйиладиган талабларни, ушбу талабларнинг амал қилиш муддатларини, давлат назоратини амалга оширишга доир талабларни, мажбурий талабларга мувофиқликни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни, шунингдек ушбу талабларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик чораларини ҳамда соҳага оид бошқа тегишли ахборотни ўз ичига олган очиқ маълумотлар базаси ҳисобланади.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив-техник ҳужжатлар билан белгиланган барча мажбурий талаблар уларни қайта кўриб чиқиш муддати кўрсатилган ҳолда, давлат томонидан Мажбурий талаблар реестрига киритилади.
Мажбурий талаблар реестрига маълумотлар тегишли соҳадаги ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Мажбурий талаблар реестрининг оператори ҳисобланади, унинг юритилишини услубий жиҳатдан таъминлайди, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Тадбиркорлик субъектлари Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талабларни бажармаганлик учун жавобгарликка тортилмайди.
Мажбурий талаблар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Мажбурий талаблар реестрида назарда тутилган талаблар бузилган тақдирда тадбиркорлик субъекти Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўлади»;
18) 43-модда :
номидаги «Давлат бошқаруви» деган сўзлар «Республика ижро этувчи ҳокимият» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
биринчи қисмининг биринчи хатбошисидаги «Давлат бошқаруви» деган сўзлар «Республика ижро этувчи ҳокимият» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
иккинчи қисмидаги «Давлат бошқаруви» деган сўзлар «Республика ижро этувчи ҳокимият» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
19) 44-модда :
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ўз ваколатлари доирасида:
тадбиркорликни ривожлантиришга оид ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатлари ва чораларини белгилайди»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида:
тадбиркорликни ривожлантиришга оид ҳудудий дастурни ишлаб чиқади ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органига тасдиқлаш учун киритади ҳамда унинг амалга оширилишини таъминлайди;
тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади»;
иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;
20) 45-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« 45-модда. Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий турлари ва воситалари
Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий турлари қуйидагилардан иборат:
молиявий ва мулкий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
инфратузилмавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
тадбиркорлик фаолияти учун кадрлар тайёрлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.
Тадбиркорликни молиявий ва мулкий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш қуйидагилар воситасида амалга оширилади:
давлат субсидияларини бериш;
иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни грантлар асосида молиялаштириш;
имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш;
солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар тақдим этиш.
Бунда товарлар савдоси соҳасида қуйидаги молиявий ва мулкий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тақиқланади:
экспорт натижаларига боғланган қўллаб-қувватлаш чораларини;
импорт қилинган товарлар ўрнига маҳаллий товарлардан фойдаланиш талабига боғланган қўллаб-қувватлаш чораларини.
Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ижтимоий тадбиркорлик субъектларининг маълумотлари, тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги, Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестридаги маълумотлар асосида ҳамда туманлар ва шаҳарларнинг тоифасидан келиб чиқиб тақдим этилиши мумкин.
Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қонунчиликда назарда тутилган бошқа турларда ҳам амалга оширилиши мумкин»;
21) қуйидаги мазмундаги 45 1 — 45 5 -моддалар билан тўлдирилсин:
« 45 1 -модда. Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидиялари
Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидиялари яшил технологияларни жорий этиш, ижтимоий тадбиркорликни рағбатлантириш, туризм соҳасини ривожлантириш, таълимни ва соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, яширин иқтисодиётни қисқартиришга доир рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш мақсадида ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа мақсадларда берилиши мумкин.
45 2 -модда. Тадбиркорлик лойиҳаларини давлат грантлари асосида молиялаштириш
Иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни, шу жумладан ижтимоий тадбиркорлик фаолияти лойиҳаларини, инновацион ҳамда новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига пул маблағлари ва моддий ресурслар тарзида давлат грантлари берилиши мумкин.
Давлат грантлари республика бюджети маблағлари ва қонунчиликка мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан берилиши мумкин.
Давлат грантларини ажратиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
45 3 -модда. Тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш
Тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш бўйича давлат томонидан қуйидаги чоралар амалга оширилиши мумкин:
тижорат банкларининг кредитлар бўйича фоиз ставкасининг тегишли қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш;
имтиёзли фоизли кредитлар ажратиш мақсадида тижорат банкларига молиявий ресурсларни жойлаштириш (кредит линияларини очиш) ;
халқаро молия институтларидан давлат кафолати остида имтиёзли кредитлар жалб этиш;
гаровсиз ажратилган кредитлар бўйича кредит таваккалчилигини тақсимлашда иштирок этиш;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралар.
45 4 -модда. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар тақдим этиш
Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қонунлар билан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар тақдим этилиши мумкин.
Солиқ имтиёзлари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан ҳамда ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тақдим этилади.
Божхона божи ва божхона йиғимлари бўйича имтиёзлар Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ берилади.
45 5 -модда. Тадбиркорлик субъектларини инфратузилмавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш
Тадбиркорлик субъектларини инфратузилмавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш учун умумий шарт-шароитларни таъминлаш, шу жумладан тадбиркорликни ташкил этишга кўмаклашиш, ёрдам бериш, ҳуқуқ, маркетинг, муҳандислик ва менежмент соҳасида ахборот тақдим этиш, моддий, техник ва бошқа ресурсларни тақдим этиш орқали амалга оширилади»;
22) 46-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« 46-модда. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича махсус жамғармалар
Тадбиркорлик субъектларининг ташаббусларини давлат томонидан молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тадбиркорликни ривожлантириш бўйича махсус жамғармалар (бундан буён матнда махсус жамғарма деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
Махсус жамғармаларнинг асосий мақсади тадбиркорликни молиявий жиҳатдан ва номолиявий қўллаб-қувватлаш орқали тадбиркорликни сифатли ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат»;
23) 47-модда чиқариб ташлансин;
24) 5-боб қуйидаги мазмундаги 48 1 — 48 4 -моддалар билан тўлдирилсин:
« 48 1 -модда. Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
Тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий, экологик муаммоларни ҳал этишга ёки уларнинг оқибатларини юмшатишга қаратилган фаолияти ижтимоий тадбиркорлик деб эътироф этилади.
Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
имтиёзлар ва преференциялар бериш;
ижтимоий лойиҳаларга доир харажатларни субсидиялаш;
давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш;
молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
маслаҳат бериш, услубий ёрдам кўрсатиш ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш.
Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ижтимоий тадбиркорлик субъектларига нисбатан амалга оширилади. Ижтимоий тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этиш мезонлари, уларни қўллаб-қувватлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ижтимоий тадбиркорлик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар ва преференциялар бериш солиқ, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш, соддалаштирилган молиявий ҳисоботларни ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш, давлат кўчмас мулк объектларини имтиёзли асосда ижарага бериш, давлат буюртмачиларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ижтимоий товарларни (хизматларни) реализaция қилиш, ижтимоий товарларни (хизматларни) Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириладиган реклама берувчилар томонидан реклама учун ажратиладиган тегишли ҳажмда бепул реклама қилиш ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун давлат субсидиялари белгиланиши мумкин. Субсидиялаш ижтимоий тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий лойиҳанинг ҳажми, у амалга оширилаётган ҳудуднинг шарт-шароитлари, кутилаётган ижтимоий-иқтисодий самара ва янги иш ўринларининг яратилиши мезонлари асосида амалга оширилади. Давлат субсидиялари ажратиладиган ижтимоий тадбиркорлик субъектлари танловлар ўтказиш орқали ваколатли давлат органи томонидан аниқланади. Ижтимоий лойиҳаларни давлат субсидиялари орқали молиялаштириш учун танловлар ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Давлат органлари ижтимоий тадбиркорлик субъектларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериши мумкин. Ижтимоий тадбиркорлик субъектларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби қонунчиликда белгиланади.
48 2 -модда. Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги
Қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш ва қўшимча рағбатлантириш мақсадида Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги юритилади.
Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби, уларни рағбатлантириш чоралари қонунчиликда белгиланади.
48 3 -модда. Масъулиятли бизнес юритиш
Қонунчиликка риоя этиш билан бир қаторда барқарор ривожланишга ҳисса қўшган ҳамда ўз фаолиятининг инсон ҳуқуқларига, атроф-муҳитга ва жамоат манфаатларига нисбатан салбий таъсирининг олдини олиш, бундай таъсирни камайтириш, зарур ҳолларда уни бартараф этиш учун чоралар кўрган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш масъулиятли бизнес юритиш деб эътироф этилади.
Тадбиркорлик субъекти томонидан масъулиятли бизнес юритишнинг асосий мезонлари қуйидагилардан иборат:
инсон ҳуқуқларига риоя этиш;
меҳнатга ва ишлаб чиқаришга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай қонунга хилоф амалиётга йўл қўймаслик;
атроф-муҳитни, ўз ходимларининг ва аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш;
коррупцияга қарши самарали чораларни жорий этиш ҳамда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик;
фаолиятни инсофли бизнес, маркетинг ва реклама қоидаларига мувофиқ ташкил этиш, шунингдек ўзи тақдим этаётган товарлар ва хизматларнинг сифатини ҳамда ишончлилигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;
ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор этишда шаффофликни ва ҳисобдорликни таъминлаш;
маҳаллий ва миллий инновaцион салоҳиятни ривожлантиришга ҳисса қўшиш;
рақобат тўғрисидаги қонунчиликка ва ахлоқий бошқарув принципларига риоя этиш;
солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш.
Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда грантлар, солиқ имтиёзлари, давлат харидларида устуворлик бериш ҳамда бошқа чоралар орқали давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чоралари қонунчиликда белгиланади.
Қонунчиликда белгиланган ваколатли орган томонидан Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестри юритилади. Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестри ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ ҳисобланади.
Тегишли мезонларга жавоб бермайдиган тадбиркорлик субъектлари Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестридан чиқарилади ва уларни қўллаб-қувватлаш чоралари тўхтатилади.
Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестрини юритиш ва уларни қўллаб-қувватлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
48 4 -модда. Туман ва шаҳарнинг тоифаси асосида қўллаб-қувватлаш
Туман ва шаҳарнинг тоифасидан келиб чиққан ҳолда, қонунчиликда тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари, субсидиялар ва ушбу субъектларни қўллаб-қувватлашнинг бошқа чоралари назарда тутилиши мумкин.
Тадбиркорлик фаолиятини туман ва шаҳарнинг тоифасидан келиб чиққан ҳолда қўллаб-қувватлаш чоралари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади»;
25) 50-модданинг :
учинчи қисми чиқариб ташлансин;
тўртинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрда қабул қилинган «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ЎРҚ-336-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 9/2, 245-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда; 2021 йил, № 1, 3-модда, 4-сонга илова; 2022 йил, № 6, 570, 577-моддалар) 24-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди».
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ-461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 2-илова, № 7, 433-модда, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда, № 5, 261, 266-моддалар, № 9, 592-модда, № 10, 671-модда, № 11, 791-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда; 2021 йил, № 1, 10-модда, 4-сонга илова, № 8, 803-модда, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 463-модда, № 6, 577-модда, № 8, 787-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда, № 12, 1008-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 12, 1280, 1286-моддалар; 2025 йил, № 3, 373-модда, № 6, 729-модда, № 9, 1042-модда, № 10, 1153-модда, № 11, 1237-модда, № 12, 1328-модда; 2026 йил, № 2, 132-модда, № 4, 360, 364, 365-моддалар) 217-моддасининг биринчи қисмига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«фаолиятни тўхтатиб туриш, бундан назорат қилувчи органлар томонидан Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрига киритилган омиллар асосида ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно»;
тўртинчи — саккизинчи хатбошилар тегишинча бешинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«фаолиятни чеклаш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш ҳоллари ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар мустасно».
4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 февралда қабул қилинган «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги ЎРҚ-907-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 2, 107-модда; 2025 йил, № 1, 7-модда, № 2, 188-модда; 2026 йил, № 3, 251-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:
1) 8-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари фақат қонунга мувофиқ белгиланади»;
2) 39-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди».
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонун 1-моддаси 17-бандининг ўн биринчи хатбошисида назарда тутилган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини ўз аризасига асосан тўхтатиб туриш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 1-моддаси 24-бандининг ўн биринчи ва ўн тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ижтимоий тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этиш мезонларини, уларни қўллаб-қувватлаш тартибини ҳамда ижтимоий тадбиркорлик субъектларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 1-моддаси 24-бандининг ўттиз тўртинчи хатбошисида назарда тутилган Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестрини юритиш ва уларни қўллаб-қувватлаш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
7-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 17 август,
ЎРҚ- 1168 -сон
Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni
Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga tadbirkorlik faoliyati erkinligining kafolatlarini mustahkamlashga hamda tadbirkorlik subyektlarini qoʻllab-quvvatlash mexanizmlarini takomillashtirishga qaratilgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida
Qonunchilik palatasi tomonidan 2026-yil 14-iyulda qabul qilingan Senat tomonidan 2026-yil 8-avgustda maʼqullangan
Keyingi yillarda mamlakatimizda tadbirkorlik subyektlarini har tomonlama qoʻllab-quvvatlashga, tadbirkorlik faoliyati uchun qulay shart-sharoitlar yaratishga hamda ularning huquqlarini va qonuniy manfaatlarini himoya qilishga qaratilgan keng koʻlamli islohotlar amalga oshirilmoqda.
Shu bilan birga tadbirkorlik subyektlarining samarali faoliyat yuritishi uchun qoʻshimcha kafolatlarni, shuningdek davlat tomonidan taqdim etilayotgan qoʻllab-quvvatlash choralari va mexanizmlarining huquqiy asoslarini qonun darajasida belgilash zaruriyati yuzaga kelmoqda.
Tadbirkorlik subyektlari uchun qoʻshimcha kafolatlarni belgilash, ularni qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan zamonaviy shakllar va usullarning huquqiy asoslarini qonun darajasida belgilash maqsadida ushbu Qonun bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga tegishli qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilishi nazarda tutilmoqda.
Mazkur Qonun tadbirkorlik muhitini yanada yaxshilashga, shuningdek tadbirkorlik faoliyati erkinligining kafolatlarini yanada kengaytirishga, tadbirkorlarga davlat tomonidan taqdim etiladigan qoʻllab-quvvatlash choralarining huquqiy asoslarini aniq belgilashga xizmat qiladi.
1-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2000-yil 25-mayda qabul qilingan “Tadbirkorlik faoliyati erkinligining kafolatlari toʻgʻrisida”gi 69-II-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasining 2012-yil 2-mayda qabul qilingan OʻRQ-328-sonli Qonuni tahririda) (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2012-yil, № 5, 133-modda; 2013-yil, № 4, 98-modda, № 10, 263-modda; 2014-yil, № 12, 341, 343-moddalar; 2015-yil, № 8, 312-modda, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 12, 384, 385-moddalar; 2018-yil, № 12, 781-modda; 2019-yil, № 1, 5-modda, № 2, 47-modda, № 3, 166-modda, № 12, 886-modda; 2020-yil, № 1, 2-modda, № 11, 652-modda, № 12, 691-modda; 2021-yil, 4-songa ilova; 2022-yil, № 3, 213-modda, № 6, 577-modda; 2023-yil, № 11, 923-modda; 2024-yil, № 8, 830-modda, № 9, 964-modda, № 10, 1080-modda; 2025-yil, № 12, 1324-modda) quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin:
1) quyidagi mazmundagi 3 1 — 3 8 -moddalar bilan toʻldirilsin:
“ 3 1 -modda. Tadbirkorlik faoliyati erkinligi kafolatlarining asosiy prinsiplari
Tadbirkorlik faoliyati erkinligi kafolatlarining asosiy prinsiplari quyidagilardan iborat:
qonuniylik;
tadbirkorlikning erkinligi;
tadbirkorlik subyektlarining tengligi;
ishonchning himoya qilinishi;
korrupsiyadan xolilik;
xususiy mulkning daxlsizligi;
tadbirkorlikka oid qonunchilikning barqarorligi va aniqligi.
3 2 -modda. Qonuniylik prinsipi
Davlat organlari va ularning mansabdor shaxslari tadbirkorlikni davlat tomonidan tartibga solishda, tadbirkorlik subyektlari tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirayotganda Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga, ushbu Qonunga va boshqa qonunchilik hujjatlariga rioya etishi shart.
3 3 -modda. Tadbirkorlikning erkinligi prinsipi
Har kim tadbirkorlik bilan Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida va uning tashqarisida erkin shugʻullanish, shuningdek oʻz mol-mulkidan har qanday qonuniy tadbirkorlik faoliyati uchun foydalanish huquqiga ega.
Tadbirkorlik subyektlari qonunchilikka muvofiq har qanday faoliyatni amalga oshirishga va oʻz faoliyati yoʻnalishlarini mustaqil ravishda tanlashga haqli.
3 4 -modda. Tadbirkorlik subyektlarining tengligi prinsipi
Tadbirkorlik subyektlari oʻzining mulkchilik va tashkiliy-huquqiy shaklidan hamda boshqa har qanday holatlardan qatʼi nazar, qonun va sud oldida tengdir.
3 5 -modda. Ishonchning himoya qilinishi prinsipi
Vijdonan harakat qiluvchi tadbirkorlik subyektlarining davlat organlari va ularning mansabdor shaxslari tomonidan qabul qilingan hujjatga boʻlgan ishonchi qonunchilikka asosan qoʻriqlanadi.
Davlat organlari va ularning mansabdor shaxslari tadbirkorlik subyektlarining yuzaga kelgan amaliyot bilan bogʻliq qonuniy kutilgan natijalarini hurmat qilishi shart. Yuzaga kelgan amaliyotning oʻzgartirilishi, bekor qilinishi jamoat manfaatlari bilan oqlangan boʻlishi, umumiy xususiyatga ega va barqaror boʻlishi kerak.
3 6 -modda. Korrupsiyadan xolilik prinsipi
Tadbirkorlikni amalga oshirish va davlat tomonidan tartibga solish jarayoni korrupsiyaning har qanday koʻrinishlaridan, shu jumladan manfaatlar toʻqnashuvidan va huquqning tanlab qoʻllanilishidan xoli boʻlishi kerak.
Tadbirkorlikni davlat tomonidan tartibga solish jarayonida tadbirkorlik subyektlarining davlat organlari bilan munosabatlarida inson omilining korrupsiya holatini keltirib chiqarishi mumkin boʻlgan toʻgʻridan-toʻgʻri aloqalarini cheklashga qaratilgan tizimli choralar qoʻrilishi kerak.
3 7 -modda. Xususiy mulkning daxlsizligi prinsipi
Tadbirkorlik subyektlarining mulki daxlsizdir va u davlat himoyasidadir. Tadbirkorlik subyektlari oʻz mol-mulkidan qonunda nazarda tutilgan hollardan va tartibdan tashqari hamda sudning qaroriga asoslanmagan holda mahrum etilishi mumkin emas.
3 8 -modda. Tadbirkorlikka oid qonunchilikning barqarorligi va aniqligi prinsipi
Tadbirkorlik subyektlarining oʻz huquqlarini va qonuniy manfaatlarini amalga oshirishida huquqiy muhitning izchil, barqaror va oldindan bashorat qilinadigan boʻlishi taʼminlanadi.
Tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish tartib-taomilining murakkablashtirilishini va tadbirkorlik subyektlarining zimmasiga yangi majburiyatlar yuklatilishini nazarda tutadigan, shuningdek ularning javobgarligiga oid yangi choralarni belgilaydigan qonunchilik hujjatlarini ishlab chiqishda:
mazkur hujjatlarning asossiz ravishda tez-tez oʻzgartirilishiga yoʻl qoʻyilmasligi;
tadbirkorlik subyektlari oʻz faoliyatini rejalashtirishda va amalga oshirishda barqaror huquqiy muhit bilan taʼminlanishi;
normalar oʻxshash huquqiy vaziyatlarda bir xil, izchil va adolatli tarzda qoʻllanilishi;
huquqiy aniqlik va asoslanganlik talablariga qatʼiy rioya etilishi kerak”;
2) 5-modda quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ 5-modda. Tadbirkorlik subyektlarining toifalari
Tadbirkorlik subyektlari kalendar yil davomidagi jami daromadining miqdoriga qarab quyidagi toifalarga boʻlinadi:
kichik tadbirkorlik subyektlari;
oʻrta tadbirkorlik subyektlari;
yirik tadbirkorlik subyektlari.
Kichik tadbirkorlik subyektlari toifalariga:
yakka tartibdagi tadbirkorlar;
mikrofirmalar — taʼsischilari (ishtirokchilari) jismoniy shaxslar boʻlgan va kalendar yil davomidagi jami daromadi bir milliard soʻmgacha boʻlgan tadbirkorlik subyektlari;
kichik korxonalar — kalendar yil davomidagi jami daromadi bir milliard soʻmdan oʻn milliard soʻmgacha boʻlgan va (yoki) ushbu qismning uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan taʼsischilari (ishtirokchilari) tarkibida yuridik shaxslar mavjud boʻlgan tadbirkorlik subyektlari kiradi.
Oʻrta tadbirkorlik subyektlari toifasiga kalendar yil davomidagi jami daromadi oʻn milliard soʻmdan yuz milliard soʻmgacha boʻlgan tadbirkorlik subyektlari kiradi.
Yirik tadbirkorlik subyektlari toifasiga kalendar yil davomidagi jami daromadi yuz milliard soʻm va undan yuqori boʻlgan tadbirkorlik subyektlari kiradi.
Tadbirkorlik subyektlarini ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan toifalarga ajratish ularni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash va rasmiy statistika maʼlumotlarini shakllantirish maqsadida amalga oshiriladi”;
3) 9-modda birinchi qismining toʻqqizinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“buxgalteriya hisobini va tezkor hisobni qonunchilik talablariga muvofiq yuritishi”;
4) 17-moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Tadbirkorlik faoliyati subyektlari hisob va hisobotni qonunchilikka muvofiq yuritadi. Hisobotlar faqat axborot tizimlari orqali elektron shaklda taqdim etiladi. Tadbirkorlik subyektlarining elektron shaklda taqdim etilgan hisoboti tadbirkorlik subyektining elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlanadi. Davlat tadbirkorlik subyektlari tomonidan elektron shaklda hisob yuritilishi uchun dasturiy taʼminotni imtiyozli shartlarda yoki bepul taqdim etadi.
Kichik tadbirkorlik subyektlari faqat statistika organlariga va davlat soliq xizmati organlariga, yakka tartibdagi tadbirkorlar esa, davlat soliq xizmati organlariga belgilangan shakllarda hisobot taqdim etadi.
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan davlat organlariga taqdim etiladigan hisobot va statistika maʼlumotlarining yagona roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tasdiqlanadi. Bunda yagona roʻyxatga kiritilmagan hisobotlarni va statistika maʼlumotlarini tadbirkorlik subyektlaridan talab qilish taqiqlanadi.
Davlat organlari tadbirkorlik subyektlari tomonidan avval taqdim etilgan hisobotni va statistika maʼlumotlarini qayta talab qilishga haqli emas. Bunda hisobot va statistika maʼlumotlari davlat organlari oʻrtasida elektron axborot tizimlari orqali almashilishi lozim”;
5) quyidagi mazmundagi 18 2 -modda bilan toʻldirilsin:
“ 18 2 -modda. Tadbirkorlik subyektlarining oʻz huquqlariga va qonuniy manfaatlariga daxldor normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarining ishlab chiqilishida ishtirok etishi kafolatlari
Tadbirkorlik subyektlari zimmasiga yangi majburiyat, talab, taqiq, javobgarlik yoki boshqa cheklovlar yuklatilishini nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari va tartibga solish taʼsirini baholash hisoboti bevosita tadbirkorlik subyektlarining hamda ular birlashmalarining ishtirokida muhokama qilinadi.
Tadbirkorlik subyektlari zimmasiga yangi majburiyat, talab, taqiq, javobgarlik yoki boshqa cheklovlar yuklatilishini nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari tartibga solish taʼsiri boʻyicha baholashdan oʻtkaziladi. Bunda ushbu hujjatlarning qabul qilinishiga normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari boʻyicha tartibga solish taʼsirini baholash natijalari yuzasidan xulosa beruvchi organlarning xulosalari mavjud boʻlgan taqdirda yoʻl qoʻyiladi.
Tadbirkorlik subyektlarining huquqlariga va qonuniy manfaatlariga daxldor normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari tegishli loyihani ishlab chiquvchi tomonidan Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari muhokamasi portaliga jamoatchilik muhokamasi uchun joylashtirilishi kerak, bundan davlat sirlarini yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi loyihalar mustasno.
Tadbirkorlik subyektlarining huquqlariga va qonuniy manfaatlariga daxldor normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan ularning huquqiy ekspertizasi oʻtkazilishidan oldin Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha jamoatchilik kengashi muhokamasidan oʻtkazilishi kerak”;
6) 22-modda ikkinchi qismining ikkinchi jumlasi chiqarib tashlansin;
7) quyidagi mazmundagi 23 1 -modda bilan toʻldirilsin:
“ 23 1 -modda. Tadbirkorlik subyektlarining energiya manbalariga ulanish va ulardan belgilangan tartibda foydalanish kafolatlari
Tadbirkorlik subyektlari qonunchilikda belgilangan tartibda energiya manbalariga ulanish va ulardan foydalanish huquqiga ega.
Energetika korxonalari tadbirkorlik subyektlarining energiya manbalariga boʻlgan ehtiyojlarini xavfsiz, ishonchli, barqaror va uzluksiz ravishda taʼminlashi shart.
Oʻzbekiston Respublikasida tadbirkorlik subyektlarining energiya manbalari taʼminotini vaqtincha toʻxtatib turish yoki cheklash jamoat manfaatlarini himoya qilish maqsadida, shu jumladan avariya vaziyatlari yuzaga kelganda energiya tizimining muvozanatini saqlab turish yoki energiya taʼminoti tizimiga texnik xizmat koʻrsatish uchun amalga oshirilishi mumkin”;
8) 24-modda quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ 24-modda. Tadbirkorlik subyektlarining yer va suvdan foydalanish huquqi hamda xususiylashtirish natijalarining kafolatlari
Tadbirkorlik subyektlari qonunchilikda belgilangan tartibda yer uchastkalariga ega boʻlishi mumkin.
Tadbirkorlik subyektlarining yer uchastkasini jamoat ehtiyojlari uchun olib qoʻyishga faqat olib qoʻyilayotgan yer uchastkasida joylashgan koʻchmas mulk obyektlarining bozor qiymati, yer uchastkasiga boʻlgan huquqning bozor qiymati, koʻp yillik dov-daraxtlarning bozor qiymati, koʻchish, shu jumladan boshqa koʻchmas mulk obyektini vaqtinchalik ijaraga olish bilan bogʻliq xarajatlarning, yer uchastkasidan va unda joylashgan koʻchmas mulk obyektlaridan foydalanishdan olinishi mumkin boʻlgan boy berilgan foydaning (bunda yer uchastkasi va unda joylashgan koʻchmas mulk obyektlari boʻshatib qoʻyilgan paytdan eʼtiboran avvalgi faoliyatni tiklashga qadar boʻlgan, biroq bir yildan ortiq boʻlmagan muddatdagi foyda yoki mavsumiy hosildan olinishi mumkin boʻlgan foyda hisobga olinadi) oʻrni, huquq egasining qonunchilikda yoki kelishuvda nazarda tutilgan boshqa xarajatlarining va zararlarning oʻrni qonunchilikda belgilangan hollarda va tartibda toʻla hajmda qoplanganidan keyin yoʻl qoʻyiladi.
Xususiylashtirish natijalarini, shu jumladan obyektlarning qiymatini baholash hamda baholashga oid hisobotning ishonchliligini ekspertizadan oʻtkazish natijalarini qayta koʻrib chiqish, haqiqiy emas deb topish va bekor qilish masalalari yuzasidan davlat organlari, shu jumladan nazorat qiluvchi, huquqni muhofaza qiluvchi organlar va sudlar tomonidan tashabbus bilan chiqish xususiy mulkning daxlsizligini buzish deb baholanadi hamda bunday ishlar koʻrib chiqish uchun qabul qilinmaydi.
Tadbirkorlik subyektlari qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasida nazarda tutilgan ixtisoslashuvga muvofiq oʻz faoliyati yoʻnalishlarini, ishlab chiqarish tuzilmasi va hajmlarini mustaqil ravishda belgilaydi.
Qonunchilikda belgilangan tartibda muhofaza zonalari belgilanishi munosabati bilan tadbirkorlik subyektlarining huquqlari cheklanganda ularga yetkazilgan zararning oʻrni (shu jumladan boy berilgan foyda) toʻla hajmda qoplanadi.
Tadbirkorlik subyektlarining suvdan foydalanish huquqi ajratilgan suv olish kvotasi va kutilayotgan suv taʼminoti hajmidan kelib chiqqan holda, ajratilgan suv olish limiti doirasida amalga oshiriladi.
Suvdan foydalanuvchilarning huquqlari qonunchilikda nazarda tutilgan hollarda aholining sogʻligʻini saqlash, atrof-muhitni muhofaza qilish, milliy xavfsizlikni taʼminlash maqsadida, shuningdek suv tanqisligida, tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlarda cheklanishi mumkin”;
9) 25-modda chiqarib tashlansin;
10) 27 , 28 va 29-moddalar chiqarib tashlansin;
11) 30 1 -moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Qonunchilikda belgilangan soliq, bojxona imtiyozlarining, moliyaviy va boshqa turdagi imtiyozlarning (davlat tomonidan moddiy shakldagi qoʻllab-quvvatlash chorasining) hamda preferensiyalarning (davlat tomonidan nomoddiy shakldagi qoʻllab-quvvatlash chorasining) tadbirkorlik subyektlariga nisbatan toʻliq hajmda qoʻllanilishi davlat tomonidan kafolatlanadi.
Tadbirkorlik subyektlariga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda beriladigan imtiyozlar va preferensiyalardan foydalanishni davlat organlari va ularning mansabdor shaxslari tomonidan asossiz ravishda rad etish, ulardan foydalanishga toʻsqinlik qilish taqiqlanadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan maxsus platformada tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan imtiyozlar va preferensiyalarning turlari, muddatlari hamda tartibini oʻz ichiga olgan alohida reyestr yuritiladi.
Tadbirkorlik subyektlari uchun imtiyozlar va preferensiyalarning reyestrini shakllantirish hamda doimiy ravishda yangilab borish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
Tadbirkorlik subyektlariga davlat tomonidan beriladigan imtiyozlar va preferensiyalar individual tarzda emas, balki iqtisodiyot tarmoqlari, sohalar yoki hududlar kesimida belgilanadi. Bunda imtiyozlar va preferensiyalar barcha tadbirkorlik subyektlariga nisbatan teng shart-sharoitlarda, ochiq hamda shaffof mexanizmlar asosida tatbiq etilishi kerak”;
12) 31-moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Tadbirkorlik faoliyati subyektlari davlat organlariga yoki xoʻjalik boshqaruvi organlariga arizalar, takliflar va shikoyatlar bilan murojaat etish huquqiga ega.
Davlat organlari va ularning mansabdor shaxslari tadbirkorlik subyektlarining murojaatlarini qonunchilikda belgilangan tartibda va muddatlarda xolisona, toʻliq hamda asosli tarzda koʻrib chiqishi shart.
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan arizalar, shikoyatlar yoki takliflar berilganligi uchun ularni taʼqib qilishga yoʻl qoʻyilmaydi. Bunday hollar aniqlangan taqdirda, tegishli shaxslar belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi”;
13) 39-moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakilni tekshiruvlar toʻgʻrisida xabardor qilish hamda tekshiruv boshlanganidan keyin xabardor qilish tartibida oʻtkaziladigan tekshiruvlarni tashabbus qilish uchun quyidagilar asos boʻladi:
“Xavfni tahlil qilish” elektron tizimining natijalari;
aniq fakt va hollar boʻyicha fuqarolarning hayotiga va (yoki) sogʻligʻiga, jamoat xavfsizligiga, atrof-muhitga, jismoniy va yuridik shaxslarning hamda davlatning manfaatlariga zarar yetkazilishi xavfining oldini olish yoki bartaraf etish uchun jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari, davlat organlari va tashkilotlarining maʼlumotlari, ommaviy axborot vositalaridan va boshqa axborot manbalaridan olingan maʼlumotlar.
“Xavfni tahlil qilish” elektron tizimining natijalari va qonunchilik buzilishlari toʻgʻrisida boshqa davlat organlari tomonidan taqdim etilgan axborot asosida tadbirkorlik subyektlari faoliyatining tekshiruvlarini oʻtkazish tashabbusi qonunchilik buzilishlarining oldini olish va ularni bartaraf etish yuzasidan tadbirkorlik subyektlari uchun profilaktika tadbirlari oʻtkazilganidan keyin amalga oshiriladi, bundan soliq bazasini yashirish (kamaytirib koʻrsatish) holatlari boʻyicha oʻtkaziladigan soliq tekshiruvlari mustasno.
“Xavfni tahlil qilish” elektron tizimida tadbirkorlik subyektlarining faoliyatida huquqbuzarlikning sodir etilishi xavfi past, oʻrta va yuqori darajalarga tasniflanadi.
Tadbirkorlik subyektlari faoliyatini nazorat qilishga vakolatli organlar va ularning nazorat sohalari roʻyxati qonunchilik hujjatlarida tasdiqlanadi. Tadbirkorlik subyektlarining faoliyatini nazorat qilishga doir tadbirlarning nazorat qilishga vakolatli organlar va ularning nazorat sohalari roʻyxatiga kiritilmagan organlar hamda tashkilotlar tomonidan oʻtkazilishi taqiqlanadi.
Nazorat qiluvchi organlar tomonidan ularning nazorat sohalari roʻyxatiga kiritilmagan tekshiruvlarni, shuningdek boshqa organlar va tashkilotlar tomonidan tadbirkorlik subyektlarining faoliyatiga doir tekshiruvlarni oʻtkazish qonunga xilof deb hisoblanadi.
Tekshiruv Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda attestasiyadan oʻtgan va tekshiruvlarni oʻtkazish uchun ruxsat berilganligi toʻgʻrisida maxsus guvohnoma olgan nazorat qiluvchi organlarning mansabdor shaxslari tomonidan oʻtkaziladi.
Nazorat qiluvchi organlarning mansabdor shaxslari tomonidan tadbirkorlik subyekti faoliyatini tekshirishga xizmat guvohnomasi, tekshiruvlarni oʻtkazish uchun ruxsat berilganligi toʻgʻrisidagi maxsus guvohnoma va qonunda nazarda tutilgan asoslar mavjud boʻlgan taqdirda yoʻl qoʻyiladi.
Nazorat qiluvchi organlar tomonidan tadbirkorlik subyektlari faoliyatiga doir tekshiruvlarni va profilaktika tadbirlarini oʻtkazish tartibi qonun bilan belgilanadi”;
14) 40-moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Tadbirkorlik subyektlari nazorat qiluvchi organlarning tekshiruvlar natijalari boʻyicha koʻrsatmalarini bajargan, shuningdek yetkazilgan zararning oʻrnini belgilangan muddatlarda va toʻla hajmda ixtiyoriy ravishda qoplagan, shu jumladan penya toʻlagan taqdirda, ularga nisbatan moliyaviy sanksiyalar qoʻllanilmaydi. Mazkur norma soliqqa oid huquqbuzarliklar sababli moliyaviy sanksiyalarni qoʻllash hollariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Nazorat qiluvchi organlarning moliyaviy sanksiya qoʻllash toʻgʻrisidagi qarori tadbirkorlik subyektlarining tanloviga koʻra quyidagi shakllardan biri orqali ixtiyoriy ravishda ijro etilishi mumkin:
nazorat qiluvchi organlarning moliyaviy sanksiya qoʻllash toʻgʻrisidagi qarori topshirilgan kundan eʼtiboran bir oy muddatda jarima miqdorining ellik foizini ixtiyoriy ravishda toʻlash sharti bilan jarimaning qolgan qismini toʻlashdan ozod etish;
jarima summasini olti oy davomida teng miqdorlarda boʻlib-boʻlib toʻlash. Bunda tadbirkorlik subyektlari nazorat qiluvchi organlarning moliyaviy sanksiya qoʻllash toʻgʻrisidagi qarori topshirilgan kundan eʼtiboran bir oy davomida jarima miqdorining kamida oltidan bir qismidan iborat dastlabki toʻlovni toʻlagan taqdirda, jarimani boʻlib-boʻlib toʻlash tartibi avtomatik ravishda amal qiladi”;
15) 41-modda chiqarib tashlansin;
16) 42-modda :
birinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Qonunchilikda nazarda tutilgan hollarda tadbirkorlik subyektlariga nisbatan huquqiy taʼsir choralari qoʻllaniladi. Bunda tadbirkorlik subyektlariga nisbatan quyidagi huquqiy taʼsir choralari faqat sud tartibida qoʻllaniladi:
faoliyatni tugatish;
atrof-muhitga zararli taʼsir koʻrsatayotgan obyektlar faoliyatini tugatish va (yoki) qayta ixtisoslashtirish;
faoliyatni toʻxtatib turish, bundan nazorat qiluvchi organlar tomonidan faoliyatni Inson hayoti va sogʻligʻiga yuqori xavf soluvchi omillar reyestriga kiritilgan omillar asosida oʻn ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatga toʻxtatib turish hollari mustasno;
faoliyatni cheklash va taqiqlash, bundan favqulodda vaziyatlar, epidemiyalar hamda aholining hayoti va sogʻligʻi uchun boshqa haqiqiy xavf yuzaga kelishining oldini olish bilan bogʻliq holda faoliyatni oʻn ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatga cheklash hollari hamda qonunda nazarda tutilgan boshqa hollar mustasno;
moliyaviy sanksiyalarni qoʻllash, bundan soliqlarni va boshqa majburiy toʻlovlarni toʻlash muddatini oʻtkazib yuborganlik uchun penyalarni hisoblash, shuningdek sodir etilgan huquqbuzarlikdagi aybiga iqror boʻlish va moliyaviy sanksiyalar summalarini ixtiyoriy ravishda toʻlash hollari mustasno;
banklardagi hisobvaraqlar boʻyicha operasiyalarni toʻxtatib turish, bundan qonunda nazarda tutilgan hollar mustasno;
huquqbuzarlik predmetlarini davlat daromadiga oʻtkazish;
tadbirkorlik faoliyatining ayrim turlari bilan shugʻullanish uchun berilgan litsenziyalarning (ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlarning) amal qilishini oʻn kundan ortiq, lekin olti oydan koʻp boʻlmagan muddatga toʻxtatib turish yoki xabardor qilish tartibida amalga oshiriladigan faoliyatning (harakatning) amal qilishini tugatish va litsenziyalarni (ruxsatnomalarni) bekor qilish, bundan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi va Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan beriladigan litsenziyalar (ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar) mustasno”;
quyidagi mazmundagi ikkinchi qism bilan toʻldirilsin:
“Tadbirkorlik subyektlariga nisbatan qoʻllaniladigan huquqiy taʼsir choralari majburiy talablar buzilishining xususiyatiga, qonun bilan qoʻriqlanadigan moddiy va nomoddiy obyektlarga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan ziyonga (zararga) mutanosib boʻlishi kerak”;
ikkinchi qismi uchinchi qism deb hisoblansin;
17) 4-bob quyidagi mazmundagi 42 1 va 42 2 -moddalar bilan toʻldirilsin:
“ 42 1 -modda. Tadbirkorlik subyektining faoliyatini toʻxtatib turish va qayta tiklash
Tadbirkorlik subyektining faoliyati quyidagi hollarda toʻxtatib turilishi mumkin:
oʻzining arizasiga asosan;
oʻn ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatga — nazorat qiluvchi organlar tomonidan;
oʻn ish kunidan ortiq, lekin olti oydan koʻp boʻlmagan muddatga — sud tomonidan.
Nazorat qiluvchi organlar tomonidan tadbirkorlik subyektlari faoliyatini toʻxtatib turishga faqat Inson hayoti va sogʻligʻiga yuqori xavf soluvchi omillar reyestriga kiritilgan omillar asosida oʻn ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatga yoʻl qoʻyiladi, bundan tadbirkorlik subyektlari faoliyatini sud tartibida hamda qonunda belgilanadigan asoslar boʻyicha toʻxtatib turish hollari mustasno.
Tadbirkorlik subyekti oʻzining faoliyatini toʻxtatib turish yoki qayta tiklash toʻgʻrisida oʻz faoliyatini toʻxtatguniga yoki qayta tiklaguniga qadar roʻyxatdan oʻtkazuvchi organga yoki Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va hisobga qoʻyishning avtomatlashtirilgan tizimi orqali ariza beradi. Bunda xodimlarni yollash yoʻli bilan faoliyatini amalga oshiruvchi tadbirkorlik subyektining har bir yollangan xodimiga oid maʼlumotlar soliq organiga “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksi orqali avtomatik tarzda yuboriladi.
Tadbirkorlik subyektining faoliyati toʻxtatib turilganligi yoki qayta tiklanganligi toʻgʻrisidagi arizani olgan roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ navbatdagi ish kuni tugaguniga qadar soliq organlariga tadbirkorlik subyektining faoliyati toʻxtatib turilganligi yoki qayta tiklanganligi haqida Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va hisobga qoʻyishning avtomatlashtirilgan tizimi orqali axborot taqdim etadi.
Tadbirkorlik subyektining faoliyatini toʻxtatib turish soliq va statistika hisobotlarini taqdim etishni, oʻziga va har bir xodimiga nisbatan soliq hisoblashni toʻxtatib turish uchun asos boʻladi.
Tadbirkorlik subyektining faoliyatini oʻz arizasiga asosan toʻxtatib turish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
42 2 -modda. Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablarning yagona reyestri
Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablarning yagona reyestri (bundan buyon matnda Majburiy talablar reyestri deb yuritiladi) tadbirkorlik subyektlariga nisbatan qoʻyiladigan talablarni, ushbu talablarning amal qilish muddatlarini, davlat nazoratini amalga oshirishga doir talablarni, majburiy talablarga muvofiqlikni tasdiqlash uchun zarur boʻlgan hujjatlarni, shuningdek ushbu talablarga rioya etmaganlik uchun javobgarlik choralarini hamda sohaga oid boshqa tegishli axborotni oʻz ichiga olgan ochiq maʼlumotlar bazasi hisoblanadi.
Tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish uchun normativ-huquqiy hujjatlar va normativ-texnik hujjatlar bilan belgilangan barcha majburiy talablar ularni qayta koʻrib chiqish muddati koʻrsatilgan holda, davlat tomonidan Majburiy talablar reyestriga kiritiladi.
Majburiy talablar reyestriga maʼlumotlar tegishli sohadagi vakolatli davlat organlari va tashkilotlari tomonidan kiritiladi. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Majburiy talablar reyestrining operatori hisoblanadi, uning yuritilishini uslubiy jihatdan taʼminlaydi, shuningdek davlat organlari va tashkilotlarining ushbu sohadagi faoliyatini muvofiqlashtiradi.
Tadbirkorlik subyektlari Majburiy talablar reyestriga kiritilmagan talablarni bajarmaganlik uchun javobgarlikka tortilmaydi.
Majburiy talablar reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
Majburiy talablar reyestrida nazarda tutilgan talablar buzilgan taqdirda tadbirkorlik subyekti Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq javobgar boʻladi”;
18) 43-modda :
nomidagi “Davlat boshqaruvi” degan soʻzlar “Respublika ijro etuvchi hokimiyat” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;
birinchi qismining birinchi xatboshisidagi “Davlat boshqaruvi” degan soʻzlar “Respublika ijro etuvchi hokimiyat” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;
ikkinchi qismidagi “Davlat boshqaruvi” degan soʻzlar “Respublika ijro etuvchi hokimiyat” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;
19) 44-modda :
birinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Mahalliy davlat hokimiyati vakillik organlari oʻz vakolatlari doirasida:
tadbirkorlikni rivojlantirishga oid hududiy dasturlarni tasdiqlaydi va ularning bajarilishi ustidan nazoratni amalga oshiradi;
tadbirkorlik subyektlari faoliyatini himoya qilishning qoʻshimcha kafolatlari va choralarini belgilaydi”;
quyidagi mazmundagi ikkinchi qism bilan toʻldirilsin:
“Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari oʻz vakolatlari doirasida:
tadbirkorlikni rivojlantirishga oid hududiy dasturni ishlab chiqadi va mahalliy davlat hokimiyati vakillik organiga tasdiqlash uchun kiritadi hamda uning amalga oshirilishini taʼminlaydi;
tadbirkorlikni rivojlantirish uchun shart-sharoitlar yaratishga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshiradi”;
ikkinchi qismi uchinchi qism deb hisoblansin;
20) 45-modda quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ 45-modda. Tadbirkorlikni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashning asosiy turlari va vositalari
Tadbirkorlikni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashning asosiy turlari quyidagilardan iborat:
moliyaviy va mulkiy jihatdan qoʻllab-quvvatlash;
infratuzilmaviy jihatdan qoʻllab-quvvatlash;
tadbirkorlik faoliyati uchun kadrlar tayyorlashni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash.
Tadbirkorlikni moliyaviy va mulkiy jihatdan qoʻllab-quvvatlash quyidagilar vositasida amalga oshiriladi:
davlat subsidiyalarini berish;
iqtisodiy va ijtimoiy ahamiyatga molik loyihalarni grantlar asosida moliyalashtirish;
imtiyozli kreditlar ajratilishini taʼminlash;
soliq va boshqa majburiy toʻlovlar boʻyicha imtiyozlar taqdim etish.
Bunda tovarlar savdosi sohasida quyidagi moliyaviy va mulkiy jihatdan qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etish taqiqlanadi:
eksport natijalariga bogʻlangan qoʻllab-quvvatlash choralarini;
import qilingan tovarlar oʻrniga mahalliy tovarlardan foydalanish talabiga bogʻlangan qoʻllab-quvvatlash choralarini.
Tadbirkorlikni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash ijtimoiy tadbirkorlik subyektlarining maʼlumotlari, tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingi, Masʼuliyatli biznes yurituvchi tadbirkorlik subyektlarining reyestridagi maʼlumotlar asosida hamda tumanlar va shaharlarning toifasidan kelib chiqib taqdim etilishi mumkin.
Tadbirkorlikni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa turlarda ham amalga oshirilishi mumkin”;
21) quyidagi mazmundagi 45 1 — 45 5 -moddalar bilan toʻldirilsin:
“ 45 1 -modda. Tadbirkorlik subyektlarini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha davlat subsidiyalari
Tadbirkorlik subyektlarini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha davlat subsidiyalari yashil texnologiyalarni joriy etish, ijtimoiy tadbirkorlikni ragʻbatlantirish, turizm sohasini rivojlantirish, taʼlimni va sogʻliqni saqlashni qoʻllab-quvvatlash, muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlariga ulanish, yashirin iqtisodiyotni qisqartirishga doir ragʻbatlantiruvchi mexanizmlarni joriy etish maqsadida hamda qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa maqsadlarda berilishi mumkin.
45 2 -modda. Tadbirkorlik loyihalarini davlat grantlari asosida moliyalashtirish
Iqtisodiy va ijtimoiy ahamiyatga molik loyihalarni, shu jumladan ijtimoiy tadbirkorlik faoliyati loyihalarini, innovatsion hamda novatorlik gʻoyalarini qoʻllab-quvvatlash maqsadida tadbirkorlik subyektlariga pul mablagʻlari va moddiy resurslar tarzida davlat grantlari berilishi mumkin.
Davlat grantlari respublika budjeti mablagʻlari va qonunchilikka muvofiq boshqa manbalar hisobidan berilishi mumkin.
Davlat grantlarini ajratish tartibi va shartlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
45 3 -modda. Tadbirkorlik subyektlariga imtiyozli kreditlar ajratilishini taʼminlash
Tadbirkorlik subyektlariga imtiyozli kreditlar ajratilishini taʼminlash boʻyicha davlat tomonidan quyidagi choralar amalga oshirilishi mumkin:
tijorat banklarining kreditlar boʻyicha foiz stavkasining tegishli qismini qoplash uchun kompensatsiya taqdim etish;
imtiyozli foizli kreditlar ajratish maqsadida tijorat banklariga moliyaviy resurslarni joylashtirish (kredit liniyalarini ochish) ;
xalqaro moliya institutlaridan davlat kafolati ostida imtiyozli kreditlar jalb etish;
garovsiz ajratilgan kreditlar boʻyicha kredit tavakkalchiligini taqsimlashda ishtirok etish;
qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa choralar.
45 4 -modda. Soliq va boshqa majburiy toʻlovlar boʻyicha imtiyozlar taqdim etish
Tadbirkorlik subyektlarini qoʻllab-quvvatlash maqsadida qonunlar bilan soliq va boshqa majburiy toʻlovlar boʻyicha imtiyozlar taqdim etilishi mumkin.
Soliq imtiyozlari Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksi bilan hamda ushbu Kodeksda belgilangan hollarda, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarorlari bilan taqdim etiladi.
Bojxona boji va bojxona yigʻimlari boʻyicha imtiyozlar Oʻzbekiston Respublikasining Bojxona kodeksiga muvofiq beriladi.
45 5 -modda. Tadbirkorlik subyektlarini infratuzilmaviy jihatdan qoʻllab-quvvatlash
Tadbirkorlik subyektlarini infratuzilmaviy jihatdan qoʻllab-quvvatlash tadbirkorlik faoliyatini tashkil etish va rivojlantirish uchun umumiy shart-sharoitlarni taʼminlash, shu jumladan tadbirkorlikni tashkil etishga koʻmaklashish, yordam berish, huquq, marketing, muhandislik va menejment sohasida axborot taqdim etish, moddiy, texnik va boshqa resurslarni taqdim etish orqali amalga oshiriladi”;
22) 46-modda quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ 46-modda. Tadbirkorlikni rivojlantirish boʻyicha maxsus jamgʻarmalar
Tadbirkorlik subyektlarining tashabbuslarini davlat tomonidan moliyaviy jihatdan qoʻllab-quvvatlash tadbirkorlikni rivojlantirish boʻyicha maxsus jamgʻarmalar (bundan buyon matnda maxsus jamgʻarma deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi.
Maxsus jamgʻarmalarning asosiy maqsadi tadbirkorlikni moliyaviy jihatdan va nomoliyaviy qoʻllab-quvvatlash orqali tadbirkorlikni sifatli rivojlantirishga koʻmaklashishdan iborat”;
23) 47-modda chiqarib tashlansin;
24) 5-bob quyidagi mazmundagi 48 1 — 48 4 -moddalar bilan toʻldirilsin:
“ 48 1 -modda. Ijtimoiy tadbirkorlikni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash
Tadbirkorlik subyektlarining ijtimoiy, ekologik muammolarni hal etishga yoki ularning oqibatlarini yumshatishga qaratilgan faoliyati ijtimoiy tadbirkorlik deb eʼtirof etiladi.
Ijtimoiy tadbirkorlikni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash quyidagi shakllarda amalga oshiriladi:
imtiyozlar va preferensiyalar berish;
ijtimoiy loyihalarga doir xarajatlarni subsidiyalash;
davlat ijtimoiy buyurtmasini joylashtirish;
moliyaviy jihatdan qoʻllab-quvvatlash;
xodimlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;
maslahat berish, uslubiy yordam koʻrsatish va axborot jihatidan qoʻllab-quvvatlash.
Ijtimoiy tadbirkorlikni davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash ijtimoiy tadbirkorlik subyektlariga nisbatan amalga oshiriladi. Ijtimoiy tadbirkorlik subyektlari deb eʼtirof etish mezonlari, ularni qoʻllab-quvvatlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
Ijtimoiy tadbirkorlik bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlariga imtiyozlar va preferensiyalar berish soliq, bojxona toʻlovlari boʻyicha imtiyozlarni qoʻllash, soddalashtirilgan moliyaviy hisobotlarni va soliq hisobotlarini taqdim etish, davlat koʻchmas mulk obyektlarini imtiyozli asosda ijaraga berish, davlat buyurtmachilariga toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar boʻyicha ijtimoiy tovarlarni (xizmatlarni) realizasiya qilish, ijtimoiy tovarlarni (xizmatlarni) Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan toʻliq yoki qisman moliyalashtiriladigan reklama beruvchilar tomonidan reklama uchun ajratiladigan tegishli hajmda bepul reklama qilish va boshqa usullar orqali amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan ijtimoiy loyihalarni moliyalashtirish uchun davlat subsidiyalari belgilanishi mumkin. Subsidiyalash ijtimoiy tadbirkorlik faoliyati va ijtimoiy loyihaning hajmi, u amalga oshirilayotgan hududning shart-sharoitlari, kutilayotgan ijtimoiy-iqtisodiy samara va yangi ish oʻrinlarining yaratilishi mezonlari asosida amalga oshiriladi. Davlat subsidiyalari ajratiladigan ijtimoiy tadbirkorlik subyektlari tanlovlar oʻtkazish orqali vakolatli davlat organi tomonidan aniqlanadi. Ijtimoiy loyihalarni davlat subsidiyalari orqali moliyalashtirish uchun tanlovlar oʻtkazish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
Davlat organlari ijtimoiy tadbirkorlik subyektlariga budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan davlat ijtimoiy buyurtmasini berishi mumkin. Ijtimoiy tadbirkorlik subyektlariga davlat ijtimoiy buyurtmasini berish tartibi qonunchilikda belgilanadi.
48 2 -modda. Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingi
Qonunchilik talablariga rioya etgan holda faoliyat yuritayotgan tadbirkorlik subyektlarini aniqlash va qoʻshimcha ragʻbatlantirish maqsadida Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingi yuritiladi.
Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini aniqlash va yuritish tartibi, ularni ragʻbatlantirish choralari qonunchilikda belgilanadi.
48 3 -modda. Masʼuliyatli biznes yuritish
Qonunchilikka rioya etish bilan bir qatorda barqaror rivojlanishga hissa qoʻshgan hamda oʻz faoliyatining inson huquqlariga, atrof-muhitga va jamoat manfaatlariga nisbatan salbiy taʼsirining oldini olish, bunday taʼsirni kamaytirish, zarur hollarda uni bartaraf etish uchun choralar koʻrgan holda tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish masʼuliyatli biznes yuritish deb eʼtirof etiladi.
Tadbirkorlik subyekti tomonidan masʼuliyatli biznes yuritishning asosiy mezonlari quyidagilardan iborat:
inson huquqlariga rioya etish;
mehnatga va ishlab chiqarishga oid munosabatlar sohasida har qanday qonunga xilof amaliyotga yoʻl qoʻymaslik;
atrof-muhitni, oʻz xodimlarining va aholining sogʻligʻini muhofaza qilish, atrof-muhitga salbiy taʼsir koʻrsatilishining oldini olish hamda uni bartaraf etish;
korrupsiyaga qarshi samarali choralarni joriy etish hamda korrupsiya holatlariga yoʻl qoʻymaslik;
faoliyatni insofli biznes, marketing va reklama qoidalariga muvofiq tashkil etish, shuningdek oʻzi taqdim etayotgan tovarlar va xizmatlarning sifatini hamda ishonchliligini taʼminlash boʻyicha choralar koʻrish;
oʻz faoliyati toʻgʻrisidagi axborotni oshkor etishda shaffoflikni va hisobdorlikni taʼminlash;
mahalliy va milliy innovasion salohiyatni rivojlantirishga hissa qoʻshish;
raqobat toʻgʻrisidagi qonunchilikka va axloqiy boshqaruv prinsiplariga rioya etish;
soliq toʻgʻrisidagi qonunchilikka rioya etish.
Masʼuliyatli biznes yurituvchi tadbirkorlik subyektlari qonunchilikda belgilangan tartibda grantlar, soliq imtiyozlari, davlat xaridlarida ustuvorlik berish hamda boshqa choralar orqali davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlanadi.
Masʼuliyatli biznes yurituvchi tadbirkorlik subyektlarini qoʻllab-quvvatlash choralari qonunchilikda belgilanadi.
Qonunchilikda belgilangan vakolatli organ tomonidan Masʼuliyatli biznes yurituvchi tadbirkorlik subyektlarining reyestri yuritiladi. Masʼuliyatli biznes yurituvchi tadbirkorlik subyektlarining reyestri hamma tanishib chiqishi uchun ochiq hisoblanadi.
Tegishli mezonlarga javob bermaydigan tadbirkorlik subyektlari Masʼuliyatli biznes yurituvchi tadbirkorlik subyektlarining reyestridan chiqariladi va ularni qoʻllab-quvvatlash choralari toʻxtatiladi.
Masʼuliyatli biznes yurituvchi tadbirkorlik subyektlarining reyestrini yuritish va ularni qoʻllab-quvvatlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.
48 4 -modda. Tuman va shaharning toifasi asosida qoʻllab-quvvatlash
Tuman va shaharning toifasidan kelib chiqqan holda, qonunchilikda tadbirkorlik subyektlari uchun soliq imtiyozlari, subsidiyalar va ushbu subyektlarni qoʻllab-quvvatlashning boshqa choralari nazarda tutilishi mumkin.
Tadbirkorlik faoliyatini tuman va shaharning toifasidan kelib chiqqan holda qoʻllab-quvvatlash choralari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan belgilanadi”;
25) 50-moddaning :
uchinchi qismi chiqarib tashlansin;
toʻrtinchi qismi uchinchi qism deb hisoblansin.
2-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2012-yil 24-sentabrda qabul qilingan “Xususiy mulkni himoya qilish va mulkdorlar huquqlarining kafolatlari toʻgʻrisida”gi OʻRQ-336-sonli Qonuni (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2012-yil, № 9/2, 245-modda; 2015-yil, № 8, 312-modda; 2017-yil, № 6, 300-modda; 2021-yil, № 1, 3-modda, 4-songa ilova; 2022-yil, № 6, 570, 577-moddalar) 24-moddasining uchinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Davlat tasarrufidan chiqarish va xususiylashtirish natijalarini, shu jumladan obyektlarning qiymatini baholash hamda baholashga oid hisobotning ishonchliligini ekspertizadan oʻtkazish natijalarini qayta koʻrib chiqish, haqiqiy emas deb topish va bekor qilish masalalari yuzasidan davlat organlari, shu jumladan nazorat qiluvchi, huquqni muhofaza qiluvchi organlar va sudlar tomonidan tashabbus bilan chiqish xususiy mulkning daxlsizligini buzish sifatida baholanadi hamda bunday ishlar koʻrib chiqish uchun qabul qilinmaydi”.
3-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2018-yil 24-yanvarda qabul qilingan OʻRQ-461-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Iqtisodiy protsessual kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2018-yil, 1-songa 2-ilova, № 7, 433-modda, № 10, 672-modda; 2019-yil, № 3, 166-modda, № 5, 261, 266-moddalar, № 9, 592-modda, № 10, 671-modda, № 11, 791-modda, № 12, 880-modda; 2020-yil, № 1, 1-modda, № 3, 198-modda, № 10, 593-modda; 2021-yil, № 1, 10-modda, 4-songa ilova, № 8, 803-modda, № 9, 903-modda; 2022-yil, № 3, 216-modda, № 5, 463-modda, № 6, 577-modda, № 8, 787-modda; 2023-yil, № 4, 269-modda, № 12, 1008-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 9, 964, 969-moddalar, № 12, 1280, 1286-moddalar; 2025-yil, № 3, 373-modda, № 6, 729-modda, № 9, 1042-modda, № 10, 1153-modda, № 11, 1237-modda, № 12, 1328-modda; 2026-yil, № 2, 132-modda, № 4, 360, 364, 365-moddalar) 217-moddasining birinchi qismiga quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin:
quyidagi mazmundagi toʻrtinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“faoliyatni toʻxtatib turish, bundan nazorat qiluvchi organlar tomonidan Inson hayoti va sogʻligʻiga yuqori xavf soluvchi omillar reyestriga kiritilgan omillar asosida oʻn ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatga toʻxtatib turish hollari mustasno”;
toʻrtinchi — sakkizinchi xatboshilar tegishincha beshinchi — toʻqqizinchi xatboshilar deb hisoblansin;
beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“faoliyatni cheklash va taqiqlash, bundan favqulodda vaziyatlar, epidemiyalar hamda aholining hayoti va sogʻligʻi uchun boshqa haqiqiy xavf yuzaga kelishining oldini olish bilan bogʻliq holda faoliyatni oʻn ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatga cheklash hollari hamda qonunda nazarda tutilgan boshqa hollar mustasno”.
4-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2024-yil 14-fevralda qabul qilingan “Davlat mulkini xususiylashtirish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-907-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2024-yil, № 2, 107-modda; 2025-yil, № 1, 7-modda, № 2, 188-modda; 2026-yil, № 3, 251-modda) quyidagi qoʻshimchalar kiritilsin:
1) 8-modda quyidagi mazmundagi uchinchi qism bilan toʻldirilsin:
“Davlat mulkini xususiylashtirish boʻyicha imtiyozlar va qoʻllab-quvvatlash choralari faqat qonunga muvofiq belgilanadi”;
2) 39-modda quyidagi mazmundagi toʻrtinchi qism bilan toʻldirilsin:
“Xususiylashtirish natijalarini, shu jumladan obyektlarning qiymatini baholash hamda baholashga oid hisobotning ishonchliligini ekspertizadan oʻtkazish natijalarini qayta koʻrib chiqish, haqiqiy emas deb topish va bekor qilish masalalari yuzasidan davlat organlari, shu jumladan nazorat qiluvchi, huquqni muhofaza qiluvchi organlar va sudlar tomonidan tashabbus bilan chiqish xususiy mulkning daxlsizligini buzish sifatida baholanadi hamda bunday ishlar koʻrib chiqish uchun qabul qilinmaydi”.
5-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil hamda boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.
6-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:
ushbu Qonun 1-moddasi 17-bandining oʻn birinchi xatboshisida nazarda tutilgan tadbirkorlik subyektining faoliyatini oʻz arizasiga asosan toʻxtatib turish tartibini ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
ushbu Qonun 1-moddasi 24-bandining oʻn birinchi va oʻn toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilgan ijtimoiy tadbirkorlik subyektlari deb eʼtirof etish mezonlarini, ularni qoʻllab-quvvatlash tartibini hamda ijtimoiy tadbirkorlik subyektlariga davlat ijtimoiy buyurtmasini berish tartibini ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
ushbu Qonun 1-moddasi 24-bandining oʻttiz toʻrtinchi xatboshisida nazarda tutilgan Masʼuliyatli biznes yurituvchi tadbirkorlik subyektlarining reyestrini yuritish va ularni qoʻllab-quvvatlash tartibini ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida ishlab chiqsin hamda tasdiqlasin;
hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.
7-modda. Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2026-yil 17-avgust,
OʻRQ- 1168 -son