📅 2026-yil 29-iyul · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 29-iyul · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 29 июль · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 июля 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Комитет промышленной, радиационной и ядерной безопасности при Кабинете Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 July 2026 · Ministry and agency documents · Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
қарори
ЙЎРИҚНОМА
Атом электр станциясида радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда объект даражасидаги авария ҳолатини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ва шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом электр станциясида радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда объект даражасидаги авария ҳолатини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ва шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳамда Фанлар академияси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 29 июлдаги 49-сон қарорига ИЛОВА
Атом электр станциясида радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда объект даражасидаги авария ҳолатини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ва шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Йўриқнома атом электр станциясида радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда объект даражасидаги авария режимларини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ҳамда атом электр станциясига шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тартибини белгилайди.
Ушбу Йўриқнома атом электр станциясини жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, эксплуатация қилиш ва эксплуатациядан чиқариш босқичларида авариявий тайёргарликни таъминлаш ҳамда радиациявий авария хавфи юзага келганда ёки радиациявий авария содир бўлганда ҳаракат қилиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
«Авариявий тайёргарлик» режими — радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда атом электр станциясининг бошқарув органлари, кучлари ва воситаларини аварияга қарши ҳаракатларни амалга оширишга шай ҳолатга келтиришни назарда тутувчи объект даражасидаги ички режим;
«Авариявий ҳолат» режими — радиациявий авария содир бўлганда унинг кенгайишига йўл қўймаслик, оқибатларини камайтириш ҳамда бартараф этишга қаратилган чораларни амалга оширишни назарда тутувчи объект даражасидаги ички режим;
эксплуатация қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;
радиациявий авария — ускуна носозлиги, ходимлар (персонал)нинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар туфайли келиб чиққан, фуқароларнинг белгиланган нормалардан кўпроқ нурланиш олишига ёки атроф-муҳитнинг радиоактив ифлосланишига олиб келиши мумкин бўлган ёхуд олиб келган ионлаштирувчи нурланиш манбаи устидан бошқарувнинг издан чиқиши.
2-боб. Атом электр станциясида «Авариявий тайёргарлик» ва «Авариявий ҳолат» режимларини эълон қилиш
2. Қуйидаги ҳолатлардан бири юзага келганда атом электр станциясида «Авариявий тайёргарлик» режими эълон қилинади:
атом электр станциясини хавфсиз эксплуатация қилишнинг белгиланган чегаралари ва (ёки) шартлари бузилганда ҳамда атом электр станциясининг бинолари, хоналари ёки ҳудудида, санитария-муҳофаза зонасида ёхуд кузатув зонасида ионлаштирувчи нурланиш доза қуввати қийматлари мазкур Йўриқноманинг иловасида «Авариявий тайёргарлик» режими учун белгиланган даражаларга етганда ёки улардан ошганда;
табиий ёки техноген хусусиятга эга ташқи таъсирлар, шу жумладан зилзила, портлаш, ёнғин ёхуд атом электр станцияси ҳудудининг сув босиши оқибатида хавфсизлик учун муҳим тизимлар ва (ёки) элементларнинг нормал ишлаши, шунингдек атом электр станциясини хавфсиз эксплуатация қилишнинг белгиланган чегаралари ва (ёки) шартлари бузилганда.
3. Қуйидаги ҳолатлардан бири юзага келганда атом электр станциясида «Авариявий ҳолат» режими эълон қилинади:
атом электр станциясининг бинолари, хоналари ёки ҳудудида, санитария-муҳофаза зонасида ёхуд кузатув зонасида ионлаштирувчи нурланиш доза қуввати қийматлари мазкур Йўриқноманинг иловасида «Авариявий ҳолат» режими учун белгиланган даражаларга етганда ёки улардан ошганда;
эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан лойиҳадан ташқари, шу жумладан оғир аварияларни бошқариш бўйича қўлланмани қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда.
4. Атом электр станциясида объект даражасидаги «Авариявий тайёргарлик» ёки «Авариявий ҳолат» режимини эълон қилиш тўғрисидаги қарор эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёхуд унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан қабул қилинади.
Эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс бўлмаганда ёхуд улар билан алоқа ўрнатиш имкони бўлмаганда мазкур қарор атом электр станцияси сменаси бошлиғи томонидан қабул қилинади. Бунда смена бошлиғи қабул қилинган қарор ва амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбарини ёки унинг вазифасини бажарувчи шахсни зудлик билан хабардор қилиши зарур.
«Авариявий тайёргарлик» ёки «Авариявий ҳолат» режимини эълон қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилиниши билан бир вақтда атом электр станциясида авария юз берганда ходимлар (персонал)нинг ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар режаси ҳам амалга киритилади.
3-боб. Радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда хабар бериш ва ахборот узатиш
5. Атом электр станцияси майдончасига биринчи ядро ёқилғиси олиб кирилгунига қадар эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари томонидан радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда хабар бериш схемаси тасдиқланади.
Хабар бериш схемасида хабардор қилинадиган органлар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар рўйхати, уларнинг алоқа маълумотлари, хабарларни узатиш кетма-кетлиги, асосий ва захира алоқа каналлари, шунингдек хабарни қабул қилганликни тасдиқлаш тартиби кўрсатилади.
6. Атом электр станцияси сменаси бошлиғи «Авариявий тайёргарлик» ёки «Авариявий ҳолат» режими эълон қилинганлиги ҳамда радиациявий авария юз берганда ходимлар (персонал)нинг ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар режаси тўғрисидаги дастлабки ахборотни тасдиқланган хабар бериш схемасига мувофиқ зудлик билан ёзма ёки электрон тарзда қуйидагиларга етказиши зарур:
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг атом энергиясидан фойдаланиш объектлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича функционал қуйи тизими кундалик бошқарув органига;
Ўзбекистон Республикасида радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш ҳамда радиациявий вазиятни мониторинг қилиш ягона давлат тизимининг республика ва маҳаллий даражадаги тегишли кундалик бошқарув органларига.
7. «Авариявий тайёргарлик» ва (ёки) «Авариявий ҳолат» режими эълон қилинганлиги тўғрисидаги дастлабки ахборот уни узатган ва қабул қилган шахслар томонидан тегишли қайд журналида ва (ёки) ахборот тизимида рўйхатга олиниши лозим. Бунда дастлабки ахборотни узатиш ва қабул қилиш санаси ҳамда вақти, шунингдек уни узатган ва қабул қилган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлса) ва лавозими кўрсатилади.
9. «Авариявий тайёргарлик» ёки «Авариявий ҳолат» режими эълон қилинган пайтдан бошлаб у бекор қилингунига қадар эксплуатация қилувчи ташкилот ҳар ўн икки соатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигига тасдиқланган хабардор қилиш схемасида назарда тутилган алоқа каналлари орқали қуйидагилар тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт:
атом электр станцияси ва унга туташ ҳудудлардаги радиациявий вазият ҳамда унинг ўзгариши прогнози;
атом электр станциясининг хавфсизлик ҳолати;
радиациявий авариянинг ривожланиши ва кенгайишига йўл қўймаслик ҳамда унинг оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар;
атом электр станциясига шошилинч ёрдам кўрсатишга бўлган эҳтиёж ва кўрсатилаётган ёрдам.
10. «Авариявий тайёргарлик» ёки «Авариявий ҳолат» режими эълон қилинган пайтдан бошлаб ушбу режим бекор қилингунига қадар эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси ходимларини (персонал) бир суткада камида бир марта радиациявий вазият, унинг ўзгариши ҳамда атом электр станцияси хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилиши зарур.
11. Эксплуатация қилувчи ташкилот локал даражадаги хабар бериш тизимини яратиш, фойдаланишга қабул қилиш, маҳаллий даражадаги хабар бериш тизими билан боғлаш, ишлатиш, сақлаш, унинг тайёрлигини текшириш ва унга техник хизмат кўрсатишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги 361-сон қарори билан тасдиқланган Фавқулодда вазият рўй бериш хавфи ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабар беришнинг автоматлаштирилган тизимини ривожлантириш ҳамда ундан самарали фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ таъминлайди.
8. Дастлабки ахборотда хабар юбориш вақтида мавжуд бўлган қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
атом электр станциясининг номи, энергоблок рақами ҳамда ҳодиса содир бўлган сана ва вақт;
эълон қилинган режим ва уни эълон қилган мансабдор шахс;
ҳодисанинг аниқланган ёки тахмин қилинаётган сабаблари ва ривожланиш ҳолати;
атом электр станциясининг технологик ва радиациявий ҳолати;
ходимларга (персонал), аҳоли ва атроф-муҳитга мавжуд ёки эҳтимолий таъсир;
шошилинч ёрдамга бўлган эҳтиёж.
4-боб. Радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда атом электр станциясига шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ҳамда радиациявий аварияга оид шайликни текшириш
12. Эксплуатация қилувчи ташкилот радиациявий авария юзага келиши хавфини камайтириш, авариянинг ривожланиши ва кенгайишига йўл қўймаслик, унинг оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш, шунингдек атом электр станциясига шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни олдиндан режалаштириши ҳамда уларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаши шарт.
13. Эксплуатация қилувчи ташкилот илмий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ишчи гуруҳини, шошилинч ёрдам кўрсатиш гуруҳини, шунингдек ички ва ташқи авариявий бошқарув штабларини ташкил этиши ҳамда уларнинг радиациявий авария шароитида фаолият кўрсатишга доимий тайёрлигини таъминлаши зарур.
Илмий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ишчи гуруҳини, шошилинч ёрдам кўрсатиш гуруҳини ҳамда ички ва ташқи авариявий бошқарув штабининг таркиби, раиси, қарорлар қабул қилиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан белгиланади.
14. Илмий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ишчи гуруҳ ўз фаолият йўналишлари бўйича қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
радиациявий авария юзага келиши хавфини ҳамда содир бўлган радиациявий авариянинг кечишини таҳлил қилиш, унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва ривожланишининг эҳтимолий йўналишларини прогноз қилиш;
реактор қурилмаси, унинг ускуналари ва конструкцияларининг шикастланиш даражасини, атом электр станциясининг хавфсизлик функциялари бажарилиши ҳолатини, шунингдек ионлаштирувчи нурланиш ва радиоактив моддалар тарқалишининг олдини олувчи физик тўсиқлар ҳолатини таҳлил қилиш;
атом электр станциясининг назорат қилинадиган хавфсиз ҳолатга келтириш вариантларини ишлаб чиқиш, радиациявий авариянинг ривожланиши ва кенгайишига йўл қўймаслик, унинг оқибатларини камайтириш ҳамда бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
радиациявий авариянинг атом электр станциясига, унинг ходимларига (персонал), аҳолига ва атроф-муҳитга мавжуд ҳамда эҳтимолий радиациявий таъсирини таҳлил қилиш ва прогноз қилиш;
атом электр станцияси ходимларини (персонал) радиациявий таъсирдан муҳофаза қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш.
15. Шошилинч ёрдам кўрсатиш гуруҳи илмий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватловчи ишчи гуруҳлар томонидан тайёрланган таҳлилий материаллар ва хулосалар асосида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
радиациявий авария юзага келиши хавфини ҳамда содир бўлган радиациявий авариянинг ривожланиш ҳолатини ўрганишни;
атом электр станциясини назорат қилинадиган хавфсиз ҳолатга келтириш бўйича таклифлар тайёрлашни;
авария-қутқарув ишлари ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни;
радиациявий авария оқибатларини бартараф этишга жалб қилинган кучлар ва воситаларга техник ҳамда эксперт ёрдам кўрсатишни.
16. Ички авариявий бошқарув штаби атом электр станцияси ҳудудидаги ҳимояланган бошқарув пунктида, ташқи авариявий бошқарув штаби эса атом электр станцияси ҳудудидан ташқаридаги хавфсиз жойда ташкил этилади.
17. Ички авариявий бошқарув штаби қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
атом электр станцияси ҳудудида аварияга қарши ҳаракатларни тезкор бошқариш ва мувофиқлаштиришни;
радиациявий авариянинг кечиши, атом электр станциясининг технологик ҳолати ҳамда радиациявий вазият тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни;
атом электр станциясини назорат қилинадиган хавфсиз ҳолатга келтириш бўйича қарорлар қабул қилиш учун таклифлар тайёрлашни;
ходимларни (персонал) муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар режасида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ташкил этишни;
эксплуатация қилувчи ташкилотнинг аварияни локализация қилиш ва унинг оқибатларини бартараф этишга жалб қилинган кучлари ҳамда воситалари фаолиятини мувофиқлаштиришни;
ходимлар (персонал)нинг радиациявий ва дозиметрик назоратини ташкил этиш ҳамда улар олган нурланиш дозаларини ҳисобга олишни.
18. Ташқи авариявий бошқарув штаби қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
ички авариявий бошқарув штабидан фойдаланиш имкони бўлмаганда ёки унинг фаолият кўрсатиши хавфли бўлиб қолганда радиациявий аварияга қарши ҳаракатларни бошқаришнинг узлуксизлигини таъминлашни;
атом электр станциясидан олинаётган технологик ва радиациявий ахборотни қабул қилиш, умумлаштириш, таҳлил қилишни;
эксплуатация қилувчи ташкилотнинг атом электр станцияси ҳудудидан ташқарида жойлашган кучлари ва воситалари фаолиятини мувофиқлаштиришни;
атом электр станциясига қўшимча кучлар, моддий-техник ресурслар, транспорт, алоқа воситалари ва бошқа зарур ёрдамни етказиб беришни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлашни.
19. Ички ва ташқи авариявий бошқарув штабларини муҳандислик-техник жиҳатдан ҳимоялаш, жиҳозлаш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун зарур тизимлар билан таъминлаш атом электр станцияси лойиҳасида назарда тутилади.
20. Ички ва ташқи авариявий бошқарув штаблари жойлашган бошқарув пунктлари қуйидагилар билан таъминланиши шарт:
радиациявий аварияга қарши ҳаракатларни амалга оширишга жалб этилган ташкилотлар ва шахслар билан алоқа ўрнатишнинг асосий ҳамда захира воситалари;
атом электр станциясининг технологик параметрлари, шунингдек унинг майдончаси, санитария-муҳофаза зонаси ва кузатув зонасидаги радиациявий вазият тўғрисидаги ахборотни қабул қилиш, қайта ишлаш, акс эттириш, сақлаш ва қайд этиш воситалари;
энергоблокларнинг бошқарув пунктлари ва захира бошқарув пунктлари, энергоблоклар ҳамда тегишли таркибий бўлинмаларнинг смена бошлиқлари, шунингдек авария оқибатларини бартараф этишга жалб қилинган ташкилотлар билан алоқа воситалари;
радиациявий авария шароитида бошқарув пунктларининг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминловчи техник воситалар;
асосий электр таъминоти узилганда автоматик равишда ишга тушадиган мустақил захира электр таъминоти манбалари;
радиациявий ва дозиметрик назорат воситалари ҳамда якка тартибдаги ҳимоя воситалари.
21. Атом электр станцияси майдончасига биринчи ядро ёқилғиси олиб кирилгунига қадар атом электр станцияси раҳбарлари ва ходимлари (персонал) таркибидан радиациявий аварияларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда атом электр станциясининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий фаолият юритувчи комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади.
Комиссиянинг таркиби, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, раиси, қарорлар қабул қилиш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.
Комиссия мажлисларида хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар вакиллари, бошқа ваколатли давлат органларининг вакиллари ҳамда радиациявий ва ядровий хавфсизлик соҳасидаги мутахассислар келишув асосида иштирок этиши мумкин.
22. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси майдончасига биринчи ядро ёқилғиси олиб кирилгунига қадар радиациявий аварияга қарши ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур моддий-техник воситаларнинг тўлиқ жамланиши ва фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилишини таъминлаши шарт.
Ушбу воситалардан фақат радиациявий аварияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш, ўқув машқлари ва машғулотларини ўтказиш, шунингдек уларнинг техник ҳолати ҳамда фойдаланишга тайёрлигини текшириш мақсадларида фойдаланишга йўл қўйилади.
23. Радиациявий назорат ва индивидуал дозиметрик назоратни амалга оширишда қўлланиладиган ўлчаш воситалари ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ қиёслашдан ёки калибрлашдан ўтказилган ҳамда фойдаланишга яроқли бўлиши шарт.
Мазкур ўлчаш воситалари атом электр станцияси майдончаси, санитария-муҳофаза зонаси ва кузатув зонасидаги радиациявий вазиятни назорат қилиш, атроф-муҳит объектларидан олинган намуналардаги радионуклидлар миқдорини аниқлаш, шунингдек ходимлар (персонал) ва авария оқибатларини бартараф этишга жалб этилган шахсларнинг индивидуал нурланиш дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш учун қўлланилади.
24. Атом электр станцияси ходимлари (персонал), шунингдек атом электр станцияси майдончаси ва санитария-муҳофаза зонасида вақтинча бўлган бошқа шахслар огоҳлантириш сигналини олгандан кейин бажариладиган ҳаракатлар бўйича олдиндан йўл-йўриқдан ўтказилиши шарт.
Йўл-йўриқдан ўтказилганлик тегишли қайд журнали ёки ахборот тизимида қайд этилади.
25. Эксплуатация қилувчи ташкилот авария ҳолатида ҳаракат қилиш бўйича амалий кўникмаларни, кучлар ва воситаларнинг шайлигини ҳамда жалб этиладиган ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни текшириш учун аварияга қарши ўқув машқлари ва машғулотларини тасдиқланган режа ва жадвалларга мувофиқ ташкил этади ҳамда ўтказади.
Шошилинч ёрдам кўрсатиш гуруҳи ҳамда радиациявий авариянинг ривожланиши ва кенгайишига йўл қўймаслик ҳамда оқибатларини бартараф этиш учун мўлжалланган кучлар ва воситалар жалб этиладиган объект миқёсидаги аварияга қарши ўқув машқи йилига камида бир марта ўтказилиши шарт.
26. Ўқув машқлари ва машғулотлари натижалари бўйича далолатнома тузилади. Далолатномада аниқланган камчиликлар, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари, бажариш муддатлари ва масъул ижрочилар кўрсатилади.
Эксплуатация қилувчи ташкилот аниқланган камчиликларнинг белгиланган муддатларда бартараф этилишини назорат қилади.
5-боб. Якунловчи қоида
27. Ушбу Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Атом электр станциясида радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда объект даражасидаги авария ҳолатини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ва шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ИЛОВА
Атом электр станцияси хоналари ва ҳудудида, санитария-муҳофаза зонасида ҳамда кузатув зонасида «Авариявий тайёргарлик» ва «Авариявий ҳолат» режимларини эълон қилиш учун ионлаштирувчи нурланиш доза қуввати мезонлари
Ҳолатни аниқлаш жойи «Авариявий тайёргарлик» режими «Авариявий ҳолат» режими Назорат қилинадиган зонадаги персонал доимий бўладиган хоналар 10 мкЗв/соат 600 мкЗв/соат Атом электр станцияси майдончаси ва санитария-муҳофаза зонаси 2,5 мкЗв/соат 200 мкЗв/соат Атом электр станциясининг кузатув зонаси 0,1 мкЗв/соат 1 20 мкЗв/соат
Раис А. РАФИҚОВ
Фавқулодда вазиятлар вазири А. ИКРАМОВ
Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 29 июль,
2026 йил 12 июль
2026 йил 10 июль
2026 йил 7 июль
49-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining
qarori
YOʻRIQNOMA
Atom elektr stansiyasida radiatsiyaviy avariya yuzaga kelish xavfi mavjud boʻlganda yoki radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda obyekt darajasidagi avariya holatini eʼlon qilish, tezkor axborot uzatish va shoshilinch yordam koʻrsatishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnomani tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 24-dekabrdagi PF-224-son “Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi sohasida davlat nazoratini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi qaror qiladi:
1. Atom elektr stansiyasida radiatsiyaviy avariya yuzaga kelish xavfi mavjud boʻlganda yoki radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda obyekt darajasidagi avariya holatini eʼlon qilish, tezkor axborot uzatish va shoshilinch yordam koʻrsatishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnoma ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi hamda Fanlar akademiyasi bilan kelishilgan.
3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining 2026-yil 29-iyuldagi 49-son qaroriga ILOVA
Atom elektr stansiyasida radiatsiyaviy avariya yuzaga kelish xavfi mavjud boʻlganda yoki radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda obyekt darajasidagi avariya holatini eʼlon qilish, tezkor axborot uzatish va shoshilinch yordam koʻrsatishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Yoʻriqnoma atom elektr stansiyasida radiatsiyaviy avariya yuzaga kelish xavfi mavjud boʻlganda yoki radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda obyekt darajasidagi avariya rejimlarini eʼlon qilish, tezkor axborot uzatish hamda atom elektr stansiyasiga shoshilinch yordam koʻrsatishni tashkil etish tartibini belgilaydi.
Ushbu Yoʻriqnoma atom elektr stansiyasini joylashtirish, loyihalashtirish, qurish, foydalanishga topshirish, ekspluatatsiya qilish va ekspluatatsiyadan chiqarish bosqichlarida avariyaviy tayyorgarlikni taʼminlash hamda radiatsiyaviy avariya xavfi yuzaga kelganda yoki radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda harakat qilish bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan tatbiq etiladi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Yoʻriqnomada quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
“Avariyaviy tayyorgarlik” rejimi — radiatsiyaviy avariya yuzaga kelish xavfi mavjud boʻlganda atom elektr stansiyasining boshqaruv organlari, kuchlari va vositalarini avariyaga qarshi harakatlarni amalga oshirishga shay holatga keltirishni nazarda tutuvchi obyekt darajasidagi ichki rejim;
“Avariyaviy holat” rejimi — radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda uning kengayishiga yoʻl qoʻymaslik, oqibatlarini kamaytirish hamda bartaraf etishga qaratilgan choralarni amalga oshirishni nazarda tutuvchi obyekt darajasidagi ichki rejim;
ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tashkil etilgan hamda yadroviy qurilma va (yoki) saqlash punkti uchun masʼul etib tayinlangan hamda oʻz kuchlari bilan yoki boshqa yuridik shaxslarni jalb etgan holda yadroviy qurilmani va (yoki) saqlash punktini ekspluatatsiya qilishga qodir boʻlgan yuridik shaxs;
radiatsiyaviy avariya — uskuna nosozligi, xodimlar (personal)ning xatti-harakatlari (harakatsizligi), tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar tufayli kelib chiqqan, fuqarolarning belgilangan normalardan koʻproq nurlanish olishiga yoki atrof-muhitning radioaktiv ifloslanishiga olib kelishi mumkin boʻlgan yoxud olib kelgan ionlashtiruvchi nurlanish manbai ustidan boshqaruvning izdan chiqishi.
2-bob. Atom elektr stansiyasida “Avariyaviy tayyorgarlik” va “Avariyaviy holat” rejimlarini eʼlon qilish
2. Quyidagi holatlardan biri yuzaga kelganda atom elektr stansiyasida “Avariyaviy tayyorgarlik” rejimi eʼlon qilinadi:
atom elektr stansiyasini xavfsiz ekspluatatsiya qilishning belgilangan chegaralari va (yoki) shartlari buzilganda hamda atom elektr stansiyasining binolari, xonalari yoki hududida, sanitariya-muhofaza zonasida yoxud kuzatuv zonasida ionlashtiruvchi nurlanish doza quvvati qiymatlari mazkur Yoʻriqnomaning ilovasida “Avariyaviy tayyorgarlik” rejimi uchun belgilangan darajalarga yetganda yoki ulardan oshganda;
tabiiy yoki texnogen xususiyatga ega tashqi taʼsirlar, shu jumladan zilzila, portlash, yongʻin yoxud atom elektr stansiyasi hududining suv bosishi oqibatida xavfsizlik uchun muhim tizimlar va (yoki) elementlarning normal ishlashi, shuningdek atom elektr stansiyasini xavfsiz ekspluatatsiya qilishning belgilangan chegaralari va (yoki) shartlari buzilganda.
3. Quyidagi holatlardan biri yuzaga kelganda atom elektr stansiyasida “Avariyaviy holat” rejimi eʼlon qilinadi:
atom elektr stansiyasining binolari, xonalari yoki hududida, sanitariya-muhofaza zonasida yoxud kuzatuv zonasida ionlashtiruvchi nurlanish doza quvvati qiymatlari mazkur Yoʻriqnomaning ilovasida “Avariyaviy holat” rejimi uchun belgilangan darajalarga yetganda yoki ulardan oshganda;
ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot rahbari yoki uning vazifasini bajaruvchi shaxs tomonidan loyihadan tashqari, shu jumladan ogʻir avariyalarni boshqarish boʻyicha qoʻllanmani qoʻllash toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda.
4. Atom elektr stansiyasida obyekt darajasidagi “Avariyaviy tayyorgarlik” yoki “Avariyaviy holat” rejimini eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qaror ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot rahbari yoxud uning vazifasini bajaruvchi shaxs tomonidan qabul qilinadi.
Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot rahbari yoki uning vazifasini bajaruvchi shaxs boʻlmaganda yoxud ular bilan aloqa oʻrnatish imkoni boʻlmaganda mazkur qaror atom elektr stansiyasi smenasi boshligʻi tomonidan qabul qilinadi. Bunda smena boshligʻi qabul qilingan qaror va amalga oshirilgan chora-tadbirlar toʻgʻrisida ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot rahbarini yoki uning vazifasini bajaruvchi shaxsni zudlik bilan xabardor qilishi zarur.
“Avariyaviy tayyorgarlik” yoki “Avariyaviy holat” rejimini eʼlon qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinishi bilan bir vaqtda atom elektr stansiyasida avariya yuz berganda xodimlar (personal)ning himoya qilish boʻyicha tadbirlar rejasi ham amalga kiritiladi.
3-bob. Radiatsiyaviy avariya yuzaga kelish xavfi mavjud boʻlganda yoki radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda xabar berish va axborot uzatish
5. Atom elektr stansiyasi maydonchasiga birinchi yadro yoqilgʻisi olib kirilguniga qadar ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot rahbari tomonidan radiatsiyaviy avariya yuzaga kelish xavfi mavjud boʻlganda yoki radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda xabar berish sxemasi tasdiqlanadi.
Xabar berish sxemasida xabardor qilinadigan organlar, tashkilotlar va mansabdor shaxslar roʻyxati, ularning aloqa maʼlumotlari, xabarlarni uzatish ketma-ketligi, asosiy va zaxira aloqa kanallari, shuningdek xabarni qabul qilganlikni tasdiqlash tartibi koʻrsatiladi.
6. Atom elektr stansiyasi smenasi boshligʻi “Avariyaviy tayyorgarlik” yoki “Avariyaviy holat” rejimi eʼlon qilinganligi hamda radiatsiyaviy avariya yuz berganda xodimlar (personal)ning himoya qilish boʻyicha tadbirlar rejasi toʻgʻrisidagi dastlabki axborotni tasdiqlangan xabar berish sxemasiga muvofiq zudlik bilan yozma yoki elektron tarzda quyidagilarga yetkazishi zarur:
Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ularda harakat qilish davlat tizimining atom energiyasidan foydalanish obyektlari xavfsizligini taʼminlash boʻyicha funksional quyi tizimi kundalik boshqaruv organiga;
Oʻzbekiston Respublikasida radiatsiyaviy avariyalarni prognoz qilish, barvaqt aniqlash va harakat qilish hamda radiatsiyaviy vaziyatni monitoring qilish yagona davlat tizimining respublika va mahalliy darajadagi tegishli kundalik boshqaruv organlariga.
7. “Avariyaviy tayyorgarlik” va (yoki) “Avariyaviy holat” rejimi eʼlon qilinganligi toʻgʻrisidagi dastlabki axborot uni uzatgan va qabul qilgan shaxslar tomonidan tegishli qayd jurnalida va (yoki) axborot tizimida roʻyxatga olinishi lozim. Bunda dastlabki axborotni uzatish va qabul qilish sanasi hamda vaqti, shuningdek uni uzatgan va qabul qilgan shaxslarning familiyasi, ismi, otasining ismi (mavjud boʻlsa) va lavozimi koʻrsatiladi.
9. “Avariyaviy tayyorgarlik” yoki “Avariyaviy holat” rejimi eʼlon qilingan paytdan boshlab u bekor qilinguniga qadar ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot har oʻn ikki soatda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasiga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligiga tasdiqlangan xabardor qilish sxemasida nazarda tutilgan aloqa kanallari orqali quyidagilar toʻgʻrisidagi axborotni taqdim etishi shart:
atom elektr stansiyasi va unga tutash hududlardagi radiatsiyaviy vaziyat hamda uning oʻzgarishi prognozi;
atom elektr stansiyasining xavfsizlik holati;
radiatsiyaviy avariyaning rivojlanishi va kengayishiga yoʻl qoʻymaslik hamda uning oqibatlarini kamaytirish va bartaraf etish boʻyicha koʻrilayotgan choralar;
atom elektr stansiyasiga shoshilinch yordam koʻrsatishga boʻlgan ehtiyoj va koʻrsatilayotgan yordam.
10. “Avariyaviy tayyorgarlik” yoki “Avariyaviy holat” rejimi eʼlon qilingan paytdan boshlab ushbu rejim bekor qilinguniga qadar ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi xodimlarini (personal) bir sutkada kamida bir marta radiatsiyaviy vaziyat, uning oʻzgarishi hamda atom elektr stansiyasi xavfsizligini taʼminlash boʻyicha koʻrilayotgan chora-tadbirlar toʻgʻrisida xabardor qilishi zarur.
11. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot lokal darajadagi xabar berish tizimini yaratish, foydalanishga qabul qilish, mahalliy darajadagi xabar berish tizimi bilan bogʻlash, ishlatish, saqlash, uning tayyorligini tekshirish va unga texnik xizmat koʻrsatishni Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 11-avgustdagi 361-son qarori bilan tasdiqlangan Favqulodda vaziyat roʻy berish xavfi yoki favqulodda vaziyat roʻy berganligi haqida xabar berishning avtomatlashtirilgan tizimini rivojlantirish hamda undan samarali foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq taʼminlaydi.
8. Dastlabki axborotda xabar yuborish vaqtida mavjud boʻlgan quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:
atom elektr stansiyasining nomi, energoblok raqami hamda hodisa sodir boʻlgan sana va vaqt;
eʼlon qilingan rejim va uni eʼlon qilgan mansabdor shaxs;
hodisaning aniqlangan yoki taxmin qilinayotgan sabablari va rivojlanish holati;
atom elektr stansiyasining texnologik va radiatsiyaviy holati;
xodimlarga (personal), aholi va atrof-muhitga mavjud yoki ehtimoliy taʼsir;
shoshilinch yordamga boʻlgan ehtiyoj.
4-bob. Radiatsiyaviy avariya yuzaga kelish xavfi mavjud boʻlganda yoki radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda atom elektr stansiyasiga shoshilinch yordam koʻrsatishni tashkil etish hamda radiatsiyaviy avariyaga oid shaylikni tekshirish
12. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot radiatsiyaviy avariya yuzaga kelishi xavfini kamaytirish, avariyaning rivojlanishi va kengayishiga yoʻl qoʻymaslik, uning oqibatlarini kamaytirish va bartaraf etish, shuningdek atom elektr stansiyasiga shoshilinch yordam koʻrsatish boʻyicha tashkiliy-texnik chora-tadbirlarni oldindan rejalashtirishi hamda ularning oʻz vaqtida amalga oshirilishini taʼminlashi shart.
13. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot ilmiy-texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlovchi ishchi guruhini, shoshilinch yordam koʻrsatish guruhini, shuningdek ichki va tashqi avariyaviy boshqaruv shtablarini tashkil etishi hamda ularning radiatsiyaviy avariya sharoitida faoliyat koʻrsatishga doimiy tayyorligini taʼminlashi zarur.
Ilmiy-texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlovchi ishchi guruhini, shoshilinch yordam koʻrsatish guruhini hamda ichki va tashqi avariyaviy boshqaruv shtabining tarkibi, raisi, qarorlar qabul qilish va faoliyatini tashkil etish tartibi ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan belgilanadi.
14. Ilmiy-texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlovchi ishchi guruh oʻz faoliyat yoʻnalishlari boʻyicha quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:
radiatsiyaviy avariya yuzaga kelishi xavfini hamda sodir boʻlgan radiatsiyaviy avariyaning kechishini tahlil qilish, uning kelib chiqish sabablarini aniqlash va rivojlanishining ehtimoliy yoʻnalishlarini prognoz qilish;
reaktor qurilmasi, uning uskunalari va konstruksiyalarining shikastlanish darajasini, atom elektr stansiyasining xavfsizlik funksiyalari bajarilishi holatini, shuningdek ionlashtiruvchi nurlanish va radioaktiv moddalar tarqalishining oldini oluvchi fizik toʻsiqlar holatini tahlil qilish;
atom elektr stansiyasining nazorat qilinadigan xavfsiz holatga keltirish variantlarini ishlab chiqish, radiatsiyaviy avariyaning rivojlanishi va kengayishiga yoʻl qoʻymaslik, uning oqibatlarini kamaytirish hamda bartaraf etish boʻyicha takliflar tayyorlash;
radiatsiyaviy avariyaning atom elektr stansiyasiga, uning xodimlariga (personal), aholiga va atrof-muhitga mavjud hamda ehtimoliy radiatsiyaviy taʼsirini tahlil qilish va prognoz qilish;
atom elektr stansiyasi xodimlarini (personal) radiatsiyaviy taʼsirdan muhofaza qilish boʻyicha takliflar tayyorlash.
15. Shoshilinch yordam koʻrsatish guruhi ilmiy-texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlovchi ishchi guruhlar tomonidan tayyorlangan tahliliy materiallar va xulosalar asosida quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:
radiatsiyaviy avariya yuzaga kelishi xavfini hamda sodir boʻlgan radiatsiyaviy avariyaning rivojlanish holatini oʻrganishni;
atom elektr stansiyasini nazorat qilinadigan xavfsiz holatga keltirish boʻyicha takliflar tayyorlashni;
avariya-qutqaruv ishlari va boshqa kechiktirib boʻlmaydigan ishlarni amalga oshirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqishni;
radiatsiyaviy avariya oqibatlarini bartaraf etishga jalb qilingan kuchlar va vositalarga texnik hamda ekspert yordam koʻrsatishni.
16. Ichki avariyaviy boshqaruv shtabi atom elektr stansiyasi hududidagi himoyalangan boshqaruv punktida, tashqi avariyaviy boshqaruv shtabi esa atom elektr stansiyasi hududidan tashqaridagi xavfsiz joyda tashkil etiladi.
17. Ichki avariyaviy boshqaruv shtabi quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:
atom elektr stansiyasi hududida avariyaga qarshi harakatlarni tezkor boshqarish va muvofiqlashtirishni;
radiatsiyaviy avariyaning kechishi, atom elektr stansiyasining texnologik holati hamda radiatsiyaviy vaziyat toʻgʻrisidagi axborotni qabul qilish, umumlashtirish va tahlil qilishni;
atom elektr stansiyasini nazorat qilinadigan xavfsiz holatga keltirish boʻyicha qarorlar qabul qilish uchun takliflar tayyorlashni;
xodimlarni (personal) muhofaza qilish boʻyicha tadbirlar rejasida nazarda tutilgan chora-tadbirlarning amalga oshirilishini tashkil etishni;
ekspluatatsiya qiluvchi tashkilotning avariyani lokalizatsiya qilish va uning oqibatlarini bartaraf etishga jalb qilingan kuchlari hamda vositalari faoliyatini muvofiqlashtirishni;
xodimlar (personal)ning radiatsiyaviy va dozimetrik nazoratini tashkil etish hamda ular olgan nurlanish dozalarini hisobga olishni.
18. Tashqi avariyaviy boshqaruv shtabi quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:
ichki avariyaviy boshqaruv shtabidan foydalanish imkoni boʻlmaganda yoki uning faoliyat koʻrsatishi xavfli boʻlib qolganda radiatsiyaviy avariyaga qarshi harakatlarni boshqarishning uzluksizligini taʼminlashni;
atom elektr stansiyasidan olinayotgan texnologik va radiatsiyaviy axborotni qabul qilish, umumlashtirish, tahlil qilishni;
ekspluatatsiya qiluvchi tashkilotning atom elektr stansiyasi hududidan tashqarida joylashgan kuchlari va vositalari faoliyatini muvofiqlashtirishni;
atom elektr stansiyasiga qoʻshimcha kuchlar, moddiy-texnik resurslar, transport, aloqa vositalari va boshqa zarur yordamni yetkazib berishni tashkil etish boʻyicha takliflar tayyorlashni.
19. Ichki va tashqi avariyaviy boshqaruv shtablarini muhandislik-texnik jihatdan himoyalash, jihozlash va ularning faoliyat koʻrsatishi uchun zarur tizimlar bilan taʼminlash atom elektr stansiyasi loyihasida nazarda tutiladi.
20. Ichki va tashqi avariyaviy boshqaruv shtablari joylashgan boshqaruv punktlari quyidagilar bilan taʼminlanishi shart:
radiatsiyaviy avariyaga qarshi harakatlarni amalga oshirishga jalb etilgan tashkilotlar va shaxslar bilan aloqa oʻrnatishning asosiy hamda zaxira vositalari;
atom elektr stansiyasining texnologik parametrlari, shuningdek uning maydonchasi, sanitariya-muhofaza zonasi va kuzatuv zonasidagi radiatsiyaviy vaziyat toʻgʻrisidagi axborotni qabul qilish, qayta ishlash, aks ettirish, saqlash va qayd etish vositalari;
energobloklarning boshqaruv punktlari va zaxira boshqaruv punktlari, energobloklar hamda tegishli tarkibiy boʻlinmalarning smena boshliqlari, shuningdek avariya oqibatlarini bartaraf etishga jalb qilingan tashkilotlar bilan aloqa vositalari;
radiatsiyaviy avariya sharoitida boshqaruv punktlarining uzluksiz faoliyat koʻrsatishini taʼminlovchi texnik vositalar;
asosiy elektr taʼminoti uzilganda avtomatik ravishda ishga tushadigan mustaqil zaxira elektr taʼminoti manbalari;
radiatsiyaviy va dozimetrik nazorat vositalari hamda yakka tartibdagi himoya vositalari.
21. Atom elektr stansiyasi maydonchasiga birinchi yadro yoqilgʻisi olib kirilguniga qadar atom elektr stansiyasi rahbarlari va xodimlari (personal) tarkibidan radiatsiyaviy avariyalarning oldini olish va oqibatlarini bartaraf etish hamda atom elektr stansiyasining yongʻin xavfsizligini taʼminlash boʻyicha doimiy faoliyat yurituvchi komissiya (bundan buyon matnda Komissiya deb yuritiladi) tuziladi.
Komissiyaning tarkibi, vazifalari, huquqlari, majburiyatlari, raisi, qarorlar qabul qilish va faoliyatini tashkil etish tartibi ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot rahbari tomonidan belgilanadi.
Komissiya majlislarida xavfsizlikni davlat tomonidan tartibga soluvchi organlar vakillari, boshqa vakolatli davlat organlarining vakillari hamda radiatsiyaviy va yadroviy xavfsizlik sohasidagi mutaxassislar kelishuv asosida ishtirok etishi mumkin.
22. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot atom elektr stansiyasi maydonchasiga birinchi yadro yoqilgʻisi olib kirilguniga qadar radiatsiyaviy avariyaga qarshi harakatlarni amalga oshirish uchun zarur moddiy-texnik vositalarning toʻliq jamlanishi va foydalanishga tayyor holatga keltirilishini taʼminlashi shart.
Ushbu vositalardan faqat radiatsiyaviy avariyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish, oʻquv mashqlari va mashgʻulotlarini oʻtkazish, shuningdek ularning texnik holati hamda foydalanishga tayyorligini tekshirish maqsadlarida foydalanishga yoʻl qoʻyiladi.
23. Radiatsiyaviy nazorat va individual dozimetrik nazoratni amalga oshirishda qoʻllaniladigan oʻlchash vositalari oʻlchashlarning yagona birlikda boʻlishini taʼminlash sohasidagi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq qiyoslashdan yoki kalibrlashdan oʻtkazilgan hamda foydalanishga yaroqli boʻlishi shart.
Mazkur oʻlchash vositalari atom elektr stansiyasi maydonchasi, sanitariya-muhofaza zonasi va kuzatuv zonasidagi radiatsiyaviy vaziyatni nazorat qilish, atrof-muhit obyektlaridan olingan namunalardagi radionuklidlar miqdorini aniqlash, shuningdek xodimlar (personal) va avariya oqibatlarini bartaraf etishga jalb etilgan shaxslarning individual nurlanish dozalarini nazorat qilish va hisobga olish uchun qoʻllaniladi.
24. Atom elektr stansiyasi xodimlari (personal), shuningdek atom elektr stansiyasi maydonchasi va sanitariya-muhofaza zonasida vaqtincha boʻlgan boshqa shaxslar ogohlantirish signalini olgandan keyin bajariladigan harakatlar boʻyicha oldindan yoʻl-yoʻriqdan oʻtkazilishi shart.
Yoʻl-yoʻriqdan oʻtkazilganlik tegishli qayd jurnali yoki axborot tizimida qayd etiladi.
25. Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot avariya holatida harakat qilish boʻyicha amaliy koʻnikmalarni, kuchlar va vositalarning shayligini hamda jalb etiladigan tashkilotlar oʻrtasidagi hamkorlikni tekshirish uchun avariyaga qarshi oʻquv mashqlari va mashgʻulotlarini tasdiqlangan reja va jadvallarga muvofiq tashkil etadi hamda oʻtkazadi.
Shoshilinch yordam koʻrsatish guruhi hamda radiatsiyaviy avariyaning rivojlanishi va kengayishiga yoʻl qoʻymaslik hamda oqibatlarini bartaraf etish uchun moʻljallangan kuchlar va vositalar jalb etiladigan obyekt miqyosidagi avariyaga qarshi oʻquv mashqi yiliga kamida bir marta oʻtkazilishi shart.
26. Oʻquv mashqlari va mashgʻulotlari natijalari boʻyicha dalolatnoma tuziladi. Dalolatnomada aniqlangan kamchiliklar, ularni bartaraf etish chora-tadbirlari, bajarish muddatlari va masʼul ijrochilar koʻrsatiladi.
Ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot aniqlangan kamchiliklarning belgilangan muddatlarda bartaraf etilishini nazorat qiladi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
27. Ushbu Yoʻriqnoma talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Atom elektr stansiyasida radiatsiyaviy avariya yuzaga kelish xavfi mavjud boʻlganda yoki radiatsiyaviy avariya sodir boʻlganda obyekt darajasidagi avariya holatini eʼlon qilish, tezkor axborot uzatish va shoshilinch yordam koʻrsatishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnomaga ILOVA
Atom elektr stansiyasi xonalari va hududida, sanitariya-muhofaza zonasida hamda kuzatuv zonasida “Avariyaviy tayyorgarlik” va “Avariyaviy holat” rejimlarini eʼlon qilish uchun ionlashtiruvchi nurlanish doza quvvati mezonlari
Holatni aniqlash joyi “Avariyaviy tayyorgarlik” rejimi “Avariyaviy holat” rejimi Nazorat qilinadigan zonadagi personal doimiy boʻladigan xonalar 10 mkZv/soat 600 mkZv/soat Atom elektr stansiyasi maydonchasi va sanitariya-muhofaza zonasi 2,5 mkZv/soat 200 mkZv/soat Atom elektr stansiyasining kuzatuv zonasi 0,1 mkZv/soat 1 20 mkZv/soat
Rais A. RAFIQOV
Favqulodda vaziyatlar vaziri A. IKRAMOV
Atom energiyasi agentligi direktori A. AXMEDXADJAYEV
Fanlar akademiyasi prezidenti SH. AYUPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 29-iyul,
2026-yil 12-iyul
2026-yil 10-iyul
2026-yil 7-iyul
49-son