UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 19-avgust · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 19 август · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 августа 2026 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 August 2026 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни

Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 4 августда қабул қилинган Сенат томонидан 2026 йил 8 августда маъқулланган

I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-боб. Асосий қоидалар

1-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади Рақамли технологиялар халқаро марказининг (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) алоҳида ҳудуд сифатидаги мақомини ва Марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимни белгилашдан иборат.

Ушбу Конституциявий Қонун билан қуйидаги соҳаларда махсус ҳуқуқий режим ўрнатилади:

«Тартибга солиш қумдони» доирасида инновацияларни, хизматларни ва маҳсулотларни яратиш, синовдан ўтказиш ҳамда жорий этиш;

рақамли технологиялар соҳасига инвестицияларни жалб этишга ва мазкур соҳада экспорт фаолияти билан шуғулланишни рағбатлантиришга қаратилган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш;

фуқаролик, корпоратив ва тижорат ҳуқуқига оид муносабатлар;

фуқаролик ва иқтисодий процессуал муносабатлар;

божхона иши ва солиқ солиш;

меҳнатга оид муносабатлар;

молия ва банк фаолияти, валюта операцияларини амалга ошириш;

маълумотларни ҳимоя қилиш, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш;

давлат хизматларини кўрсатиш;

интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш.

2-модда. Рақамли технологиялар халқаро марказида қўлланиладиган ҳуқуқ

Марказ ҳудудида ушбу моддада белгиланган қуйидаги устуворлик тартибидаги махсус қонунчилик амал қилади:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ;

ушбу Конституциявий Қонун;

ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқ Марказни ташкил этиш, фаоллаштириш, унинг чегараларини ўзгартириш, стратегик бошқарув, асосий мансабдор шахсларни тайинлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу Конституциявий Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларига бевосита тааллуқли бўлган бошқа масалалар юзасидан қабул қилинган фармонлари ва қарорлари;

ушбу Конституциявий Қонунга асосан ва унга мувофиқ қабул қилинган, Марказнинг ўз юрисдикциясига кирадиган масалаларни тартибга соладиган қарорлари (бундан буён матнда Марказнинг қарорлари деб юритилади);

зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига , ушбу Конституциявий Қонунга ва Марказнинг қарорларига зид бўлмаган тақдирда, Англия ва Уэльснинг умумий ҳуқуқи ҳамда адолат принциплари ва қоидалари;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ушбу Конституциявий Қонун ва Марказнинг қарорлари билан тартибга солинмаган ҳамда уларга зид бўлмаган қисми бўйича қўлланиладиган қонунчилик ҳужжатлари.

Марказнинг қарорларини ишлаб чиқиш, рўйхатдан ўтказиш, амалга киритиш, эълон қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уларни бекор қилиш, шунингдек уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳамда тугатиш тартиби Бошқарув кенгашининг қарорлари билан белгиланади.

Марказ ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ва қуйидаги қонунчилик ҳужжатлари қўлланилади:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;

ушбу Конституциявий Қонун 7-моддасининг қоидаларига мувофиқ жиноятлар тўғрисидаги ва жиноят-процессуал қонунчилик;

ушбу Конституциявий Қонун 6-моддасининг қоидаларига мувофиқ маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик;

миллий хавфсизлик, мудофаа, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш, иммиграция назорати, оила, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фавқулодда ҳолат, санитария-эпидемиологик осойишталик ҳамда фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчилик;

суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш билан боғлиқ қонунчилик;

Тошкент халқаро молия маркази иштирокчиларининг Марказ ҳудудидаги фаолияти ва кўрсатадиган хизматларига нисбатан «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни ва унинг 8-моддасида кўрсатилган қўлланиладиган ҳуқуқ;

бошқа қонунчилик ҳужжатлари, агар уларнинг қўлланилиши ушбу Конституциявий Қонунда ёки Марказнинг қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса.

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар Марказнинг субъектларига нисбатан тўғридан-тўғри қўлланиладиган даражада Марказ ҳудудида қўлланилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Марказ махсус қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Марказ ҳудудида Марказнинг ўз юрисдикцияси доирасида қабул қилган қарорлари ушбу қарорларга зид бўлган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туради, бундан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Конституциявий Қонун ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар мустасно.

Марказнинг субъектларига нисбатан ушбу модда учинчи қисмининг бешинчи хатбошисида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга доир талаблардан ташқари Марказнинг қарорлари билан қўшимча ёки кенгайтирилган талаблар белгиланиши мумкин.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, ушбу Конституциявий Қонун ва Марказнинг қарорлари билан унинг юрисдикциясига кирадиган масалаларга оид Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунчилиги ёки ҳар қандай давлат органининг ёхуд идорасининг маъмурий ҳужжатлари Марказнинг субъектларига нисбатан амал қилмайди, бундан ушбу Конституциявий Қонунда ёки Марказнинг қарорларида бевосита назарда тутилган махсус ҳоллар мустасно.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Конституциявий Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Марказнинг иштирокчилари — Марказнинг резидентлари ва инвесторлари;

Марказнинг субъектлари — Марказнинг органлари, иштирокчилари ва уларнинг ходимлари, шунингдек аккредитация қилинган ҳамкорлар;

махсус ҳуқуқий режим — махсус қонунчиликда белгиланган, ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг алоҳида шартларини белгилайдиган ва Марказ ҳудудида унинг субъектларига нисбатан амал қиладиган ҳуқуқий нормалар мажмуаси;

«Тартибга солиш қумдони» — Марказ ҳудудида инновацион технологияларни, маҳсулотларни ва хизматларни яратиш, синовдан ўтказиш ҳамда жорий этиш учун яратиладиган тажрибавий-ҳуқуқий муҳит.

4-модда. Марказнинг махсус ҳуқуқий режими

Ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган махсус ҳуқуқий режим 2100 йилгача амал қилади.

Махсус ҳуқуқий режим Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланадиган фаолият турларига нисбатан татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизликка бўлган таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида Бошқарув кенгаши Марказнинг айрим субъектларига нисбатан махсус ҳуқуқий режимдан фойдаланишга доир чекловлар белгилашга ҳақли.

Марказнинг органлари ва бошқа субъектлари ўртасидаги муносабатлар улар ўртасида тузиладиган шартномаларга асосланади.

Махсус ҳуқуқий режим доирасида тақдим этиладиган имкониятлар, преференциялар ва имтиёзлар кафолатланади ҳамда уларнинг ёмонлаштирадиган тарзда ўзгартирилишига ёки амал қилиш муддатидан аввал тўхтатилишига йўл қўйилмайди.

5-модда. Махсус ҳуқуқий режим амал қиладиган ҳудуд

Махсус ҳуқуқий режим Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган чегаралар доирасидаги Марказ ҳудудида амал қилади.

Марказнинг иштирокчиларида ўз лойиҳаларини Марказдан ташқарида амалга ошириш зарурияти юзага келган ҳолларда, агар мазкур лойиҳалар амалга ошириладиган ҳудуд ишлаб чиқариш ҳудуди сифатида тан олинган бўлса, ушбу ҳудудда ҳам махсус ҳуқуқий режим амал қилиши мумкин.

Марказдан ташқаридаги ҳудуднинг ишлаб чиқариш ҳудуди сифатида тан олинишига ундан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилганда йўл қўйилади:

«Тартибга солиш қумдони» доирасида фойдаланиш учун;

Марказ ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида тадқиқот марказларини, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказларини (дата-марказларини), ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш учун;

Марказ ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида таълим муассасаларини ташкил этиш учун;

Бошқарув кенгашининг қарори билан белгиланадиган бошқа инфратузилма объектларини ташкил этиш учун.

Муайян ҳудудни ишлаб чиқариш ҳудуди сифатида тан олиш, шу жумладан тан олиш мезонларини белгилаш ва бекор қилиш, ишлаб чиқариш ҳудуди чегараларини белгилаш ҳамда ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан амалга оширилади.

Марказнинг қарорларига асосан виртуал офислар яратишга ва Марказ иштирокчиларини масофадан туриб қатнашиш учун жалб этишга йўл қўйилади ҳамда ушбу офислар доирасида ҳам махсус ҳуқуқий режим амал қилади.

6-модда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари

Агар Марказнинг субъектлари томонидан Марказ ҳудудида содир этилган, валюта қимматликлари, божхона иши, солиқ солиш, рақобат тўғрисидаги қонунчиликни, шунингдек савдо ёки хизматлар кўрсатиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлган, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий жавобгарлик белгиланган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ўз моҳиятига кўра тижорат, иқтисодий ёки фуқаролик-ҳуқуқий низони, Марказ маъмурияти талабларининг бузилишини ифодаласа, улардан келиб чиқса ёки улар билан боғлиқ деб ҳисобланса ҳамда ушбу Конституциявий Қонун ёки Марказнинг қарорлари доирасида ҳал этилиши мумкин бўлса, Марказнинг маъмурияти биринчи навбатда Марказ юрисдикцияси доирасида мавжуд бўлган иқтисодий, фуқаролик-ҳуқуқий чораларни, тартибга солиш ёки маъмурий таъсир чораларини қўллайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) рўйхати ва улар учун қўлланиладиган таъсир чоралари Бошқарув кенгашининг қарорлари билан белгиланади.

Марказ маъмурияти ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар бўйича материалларни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш учун Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларига юбормайди.

Ушбу модданинг қоидалари Марказда банк ва молиявий хизматлар кўрсатадиган Тошкент халқаро молия марказининг иштирокчиларига нисбатан «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

7-модда. Марказ ҳудудида жиноий юрисдикцияни амалга ошириш

Агар Марказнинг субъектлари томонидан Марказ ҳудудида содир этилган, валюта қимматликлари, божхона иши, солиқ солиш, рақобат қонунчиликни, шунингдек савдо ёки хизматлар кўрсатиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ жиноий жавобгарлик белгиланган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ўз моҳиятига кўра тижорат, иқтисодий ёки фуқаролик-ҳуқуқий низони, Марказ маъмурияти талабларининг бузилишини ифодаласа, улардан келиб чиқса ёки улар билан боғлиқ деб ҳисобланса ҳамда ушбу Конституциявий Қонун ёки Марказнинг қарорлари доирасида ҳал этилиши мумкин бўлса, Марказнинг маъмурияти биринчи навбатда Марказ юрисдикцияси доирасида мавжуд бўлган иқтисодий, фуқаролик-ҳуқуқий чораларни, тартибга солиш ёки маъмурий таъсир чораларини қўллайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) рўйхати ва улар учун қўлланиладиган таъсир чоралари Бошқарув кенгашининг қарорлари билан белгиланади.

Марказнинг маъмурияти ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар бўйича материалларни жиноят ишини қўзғатиш, тергов ўтказиш ёки жиноий таъқибни амалга ошириш масаласини ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларига юбормайди.

Ушбу модда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланган ва Марказ доирасида фуқаролик-ҳуқуқий чораларни, тартибга солиш ёки маъмурий таъсир чораларини қўллаш орқали етарли даражада ҳал этилиши мумкин бўлмаган ҳаракатларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари юрисдикциясини чекловчи норма сифатида талқин этилмаслиги керак. Бундай ҳолларда Марказнинг тегишли органи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ваколатли органлар билан тўлиқ ҳамкорлик қилади ҳамда тегишли масала бўйича тергов ўтказилиши ва жиноий таъқиб амалга оширилиши учун зарур кўмакни кўрсатади.

Марказнинг маъмурияти ушбу моддага мувофиқ фуқаролик-ҳуқуқий чораларни, тартибга солиш ва маъмурий таъсир чораларини устувор равишда қўллашни таъминлаш, шунингдек Марказ юрисдикциясига ва миллий жиноий юрисдикцияга тааллуқли бўлиши мумкин бўлган масалаларни кўриб чиқишнинг келишилган тартиб-таомилларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ваколатли органлари билан ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузишга ҳақли.

Ушбу модданинг қоидалари Марказда банк ва молиявий хизматларни кўрсатадиган Тошкент халқаро молия марказининг иштирокчиларига нисбатан «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

8-модда. Марказнинг номидан фойдаланиш

«Рақамли технологиялар халқаро маркази» деган ном давлат томонидан ҳимоя қилинадиган расмий ном ҳисобланади.

Марказнинг субъектлари мазкур номдан ушбу Конституциявий Қонун ва Марказнинг қарорлари билан белгиланган тартиб доирасида фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Мазкур номдан нотўғри, чалкашликка олиб келадиган ёки Марказ билан боғлиқлик мавжудлиги тўғрисида янглиш тасаввур уйғотадиган тарзда фойдаланиш тақиқланади.

9-модда. Марказ фаолиятининг асосий принциплари

Марказ фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

очиқлик ва ошкоралик;

тенг рақобат муҳитини таъминлаш;

ҳалоллик;

инновациявийлик;

мослашувчан ёндашув;

самарадорлик ва натижадорлик;

экологик хавфсизлик;

шароитларнинг ёмонлашувидан ҳимояланганлик кафолати;

мустақиллик.

10-модда. Марказнинг давлат органлари билан ҳамкорлиги

Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари (бундан буён матнда давлат органлари деб юритилади) Марказни ривожлантиришга, Марказнинг мақсадларига эришилишига ва унинг зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишига кўмаклашади.

Давлат органлари Марказ билан ҳамкорликни қуйидаги йўналишларда амалга оширади:

тегишли соҳаларни шакллантиришда ва тартибга солишда Марказнинг органларига услубий, ахборот жиҳатидан ва маслаҳат тарзида ёрдам кўрсатиш;

ушбу Конституциявий Қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда Марказнинг қарорлари лойиҳаларини келишиш;

Марказнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида давлат органларининг ахборот тизимларини Марказнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш орқали зарур маълумотлардан электрон ҳамкорлик орқали ўзаро фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган бошқа йўналишларда.

Марказнинг фаолиятига, жумладан Марказнинг субъектларига нисбатан татбиқ этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Бошқарув кенгаши билан мажбурий равишда келишилади.

Махсус ҳуқуқий режим амал қиладиган соҳаларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш Марказнинг мазкур соҳаларни тартибга солувчи қарорлари ҳисобга олинган ҳолда ва Марказ органларининг вакиллари иштирокида амалга оширилади. Бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ мазкур соҳаларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилишга ваколатли бўлган давлат органлари билан келишилган ҳолда Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади.

2-боб. Марказнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва иш юритиш тили

11-модда. Марказнинг қарорлари

Марказнинг қарорлари унинг органлари томонидан қабул қилинадиган ва Марказ ҳудудида барча учун мажбурий бўлган ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган ҳужжатлардан иборатдир.

Марказнинг қарорлари ушбу Конституциявий Қонуннинг нормаларига, Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқининг элементларига ва (ёки) етакчи халқаро молия марказларининг стандартларига асосланади.

Марказнинг барча қарорлари Марказнинг расмий манбаларида инглиз тилида мажбурий равишда эълон қилинади. Бунда, агар Марказ қарорининг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Расмий эълон қилинмаган Марказ қарори юридик кучга ва таъсирга эга бўлмайди ҳамда Марказнинг субъектларига нисбатан мажбурий ҳисобланмайди.

Марказнинг қарорларини ишлаб чиқиш, ваколатли органлар билан келишиш, рўйхатдан ўтказиш, эълон қилиш, амалга киритиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, уларни бекор қилиш ва тугатиш тартиби, Марказ қарорларининг ўзаро нисбати Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади.

Бунда Бошқарув кенгашининг қарорлари оддий кўпчилик овоз билан коллегиал тарзда қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Бошқарув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Бошқарув кенгашининг Марказ фаолиятига оид қарорлари илғор халқаро тажриба ва стандартлар асосида Марказнинг маъмурияти томонидан ишлаб чиқилади.

Бошқарув кенгашининг қарорлари халқаро юридик ташкилотлар жалб этилган ҳолда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши мумкин.

12-модда. Марказ қарорларининг турлари

Марказнинг қарорлари жумласига ушбу Конституциявий Қонун билан белгиланган ваколатлар доирасида қабул қилинадиган қуйидаги қарорлар киради:

Бошқарув кенгашининг қарорлари;

Бошқарув кенгаши белгилаган тартибда Марказнинг маъмурияти томонидан низомлар, қоидалар ва бошқа ҳужжатлар шаклида қабул қилинадиган қарорлар.

Бошқарув кенгашининг қарорлари Марказ маъмуриятининг қарорларига нисбатан юқори юридик кучга эгадир.

13-модда. Марказнинг иш юритиш тили

Марказнинг расмий иш юритиш тили инглиз тили ҳисобланади. Расмий иш юритиш заруратга қараб, давлат тилида ва бошқа тилларда амалга оширилиши мумкин.

Марказнинг маъмурияти томонидан заруратга кўра, ҳужжатларнинг давлат тилига таржима қилиниши таъминланади.

Агар тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, Марказ иштирокчиларининг ёзма шаклда тузиладиган барча битимлари инглиз тилида расмийлаштирилади.

Давлат органлари билан муносабатларда, шу жумладан аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилишда, давлат хизматларидан фойдаланишда, ҳисоб-китоб, молиявий ҳисобот, статистика ва бошқа ҳисобот ҳужжатларини юритишда, шунингдек махсус ҳуқуқий режим татбиқ этилмайдиган бошқа ҳолларда иш юритиш тарафларнинг ихтиёрига кўра давлат тилида ёки бошқа тилда амалга оширилиши мумкин. Бундай ҳолларнинг барчасида ҳужжатнинг инглиз тилидаги матни мавжуд бўлиши шарт. Агар ҳужжатнинг асл нусхаси фақат давлат тилида ёки бошқа тилда тузилган бўлса, унга ҳужжатнинг инглиз тилидаги тегишли тартибда тасдиқланган таржимаси илова қилиниши лозим.

Ҳужжатнинг турли тиллардаги матнлари ўртасида тафовут ёки зиддиятлар мавжуд бўлган тақдирда, ҳужжатнинг инглиз тилидаги матни Марказ томонидан ўз юрисдикцияси доирасида талқин қилиш ва ҳуқуқни қўллаш мақсадлари учун мутлақ устуворликка эга деб ҳисобланади.

Махсус ҳуқуқий режим доирасида ҳужжатларнинг ушбу Конституциявий Қонун мақсадлари учун қилинган таржимасини тасдиқлаш тартиби Марказнинг қарори билан белгиланади.

II БЎЛИМ. МАРКАЗНИНГ СУБЪЕКТЛАРИ

3-боб. Марказнинг органлари

14-модда. Марказнинг органлари

Марказнинг органлари қуйидагилардан иборат:

Бошқарув кенгаши;

Марказнинг маъмурияти.

Марказнинг органлари ўз фаолиятини ушбу Конституциявий Қонунга ва Марказнинг қарорларига мувофиқ ўзига берилган ваколатлар доирасида, мустақил равишда амалга оширади.

1-§. Бошқарув кенгаши

15-модда. Бошқарув кенгаши

Бошқарув кенгаши Марказ фаолиятининг стратегик йўналишларини белгилайдиган ва унинг юқори бошқарувини амалга оширадиган коллегиал орган ҳисобланади.

Бошқарув кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Бошқарув кенгашининг раиси ҳисобланади.

16-модда. Бошқарув кенгашининг вазифалари

Бошқарув кенгашининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Марказнинг махсус ҳуқуқий режими доирасида устувор йўналишларни ва асосий масалалар бўйича умумий қоидаларни белгилаш;

Марказнинг махсус ҳуқуқий режими қўлланилишининг асосий шартларини, шунингдек Марказ органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаш;

Марказни ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш ва уларга эришилиши устидан умумий назоратни амалга ошириш;

Марказнинг институционал ривожланишига оид масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш, шу жумладан Марказ иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек тартибга солиш воситаларини такомиллаштириш ҳамда Марказнинг иштирокчилари учун ҳуқуқий барқарорлик ва аниқлик муҳитини шакллантириш;

инвесторларнинг ва инвестицияларнинг узоқ муддатли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, шунингдек хусусий мулкнинг ва инвестицияларнинг дахлсизлиги кафолатларини белгилаш.

17-модда. Бошқарув кенгашининг ваколатлари

Бошқарув кенгаши қуйидаги ваколатларга эга:

ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш;

ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда иқтисодий, фуқаролик-ҳуқуқий чораларни, тартибга солиш ва маъмурий таъсир чораларини қўллаш тартибини белгилаш;

Марказ органларининг тузилмасини белгилаш;

ушбу Конституциявий Қонун мақсадларига эришиш учун бошқа органларни ташкил этиш, уларнинг шакли, ваколатлари ва функцияларини белгилаш, шунингдек уларни тугатиш ҳамда қайта ташкил этиш;

Марказнинг иштирокчилари учун қўшимча имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш, шунингдек махсус ҳуқуқий режим доирасида қўлланиладиган соҳаларни, уларнинг амал қилиш шартларини узайтириш ва бекор қилиш тартибини белгилаш;

давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш;

комиссияларни ва ишчи гуруҳларни ташкил этиш ҳамда тугатиш;

Марказ маъмуриятининг қарорларини бекор қилиш;

Марказ фаолиятига доир бошқа масалаларни ҳал этиш.

2-§. Марказнинг маъмурияти

18-модда. Марказнинг маъмурияти

Марказнинг маъмурияти Марказнинг фаолият юритишини таъминлайдиган ижро этувчи орган ҳисобланади.

Марказнинг маъмурияти Бошқарув кенгашининг ишчи органи вазифасини бажаради.

Марказнинг маъмурияти акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади.

19-модда. Марказ маъмуриятининг вазифалари

Марказ маъмуриятининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Марказнинг иштирокчиларига кўмаклашиш, маслаҳат тарзида ва ахборот жиҳатидан ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жумладан Марказ инфратузилмасини ташкил этиш ва ривожлантириш;

Марказнинг қарорларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил этиш, амалга оширилаётган лойиҳаларни мониторинг қилиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш.

20-модда. Марказ маъмуриятининг ваколатлари

Марказнинг маъмурияти қуйидаги ваколатларга эга:

ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқ Марказнинг қарорларини қабул қилиш, шу жумладан низомларни, қоидаларни, регламентларни ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш;

Марказнинг қарорлари ижро этилиши ҳамда Марказнинг қоидаларига ва стандартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

Марказ иштирокчиларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини таҳлил қилиш ва текшириш;

«Тартибга солиш қумдони» доирасида ўтказиладиган синов жараёнларини мониторинг қилиш ва баҳолаш;

«Тартибга солиш қумдони» доирасида ўтказиладиган синовларни тўхтатиб туриш ёки тугатиш;

ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда иқтисодий, фуқаролик-ҳуқуқий чораларни, тартибга солиш ва маъмурий таъсир чораларини қўллаш.

Марказнинг маъмурияти ушбу Конституциявий Қонунга ва Бошқарув кенгашининг қарорларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

21-модда. Марказ маъмуриятининг фаолиятини молиялаштириш

Марказ маъмуриятининг фаолияти акциядор ёки акциядорлар томонидан ажратилган маблағлар, Марказнинг иштирокчилари томонидан тўланадиган йиғимлар ва тўловлар, шунингдек Марказнинг қарорлари ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантириладиган ўз бюджетига эга бўлади.

4-боб. Марказнинг иштирокчилари

22-модда. Марказнинг резидентлари

Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланадиган фаолият турлари бўйича Марказ ҳудудида ўз фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар Марказнинг резидентлари деб эътироф этилади.

Марказда юридик шахслар Марказнинг қарорларида назарда тутилган шаклларда, шу жумладан қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий шаклларда фаолият юритиши мумкин:

Марказнинг ҳудудида қўлланиладиган ҳуқуққа мувофиқ ташкил этилган юридик шахс шаклида;

Марказнинг юрисдикциясидан ташқарида ташкил этилган юридик шахс шаклида;

хорижий юридик шахснинг филиали ва ваколатхонаси, шунингдек Марказнинг қарорлари билан белгиланган тартибда фаолият юритишга рухсат берилган бошқа субъект сифатида.

Марказнинг резиденти мақоми юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш ва Марказнинг қарорларида белгиланган тартибда Марказнинг иштирокчилари реестрига киритиш тартиб-таомиллари амалга оширилганидан кейин берилади.

Марказнинг қарорлари билан резидентларга нисбатан қўшимча талаблар ва мезонлар, шу жумладан қуйидагилар белгиланиши мумкин:

амалга ошириладиган фаолият турлари ва шартлари;

рўйхатдан ўтказиш ва фаолият юритиш тартиби;

резидентнинг мақомини тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари ва тартиби.

23-модда. Марказ иштирокчиларининг реестри

Марказ иштирокчиларининг реестри Марказнинг расмий маълумотлар базаси бўлиб, у Марказнинг иштирокчилари тўғрисидаги, шу жумладан Марказнинг иштирокчиси мақомини олиш, тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Марказ иштирокчиларининг реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби, киритиладиган маълумотлар таркиби, уларни тақдим этиш, янгилаш тартиби, шунингдек мазкур реестрдан фойдаланиш тартиби Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

5-боб. Марказ ҳудудидаги инвестиция фаолияти, инвесторларнинг тоифалари ва аккредитация қилинган ҳамкорлар

24-модда. Инвестиция фаолияти

Марказнинг ҳудудидаги инвестиция фаолияти қуйидагиларга қаратилади:

Марказнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва инвестиция киритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга;

инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини, шу жумладан инвестицияларни ҳимоя қилиш механизмларини ишлаб чиқишга ҳамда амалга оширишга;

муқобил инвестициялар, шу жумладан венчур инвестициялар экотизимини шакллантиришга.

Инвесторларга ва инвестицияларга нисбатан хавфсиз ҳимоя принципи асосида, Марказнинг қарорларига риоя этилган ҳолда, Марказ иштирокчиларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кафолатлар мажмуаси қўлланилади.

25-модда. Марказнинг инвестиция фаолияти доирасидаги вазифалари

Инвестиция фаолиятини амалга ошириш доирасида Марказ қуйидаги вазифаларни бажаради:

инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан венчур инвестицияларни ва молиялаштиришнинг бошқа муқобил шакллари жалб этилган ва қўлланилган ҳолдаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш ҳамда ушбу жараёнларни мувофиқлаштириш;

инвестиция битимларини тайёрлашда, тузишда ва кузатиб боришда, шу жумладан ҳуқуқий, молиявий ҳамда бошқа масалалар бўйича услубий ва ташкилий жиҳатдан ёрдам кўрсатишда иштирок этиш;

инвесторлар, стартаплар, венчур фондлари ва инвестиция фаолиятининг бошқа субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этиш;

ушбу Конституциявий Қонунда ва Марказнинг қарорларида назарда тутилган инвестиция фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа вазифаларни бажариш.

26-модда. Инвестор тушунчаси ва инвесторларнинг тоифалари

Ушбу Конституциявий Қонун ва Марказнинг қарорлари билан белгиланган тартибда Марказ ҳудудида инвестиция фаолиятини амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс инвестор деб эътироф этилади.

Инвесторлар инвестиция фаолиятининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги тоифаларга бўлинади:

институционал инвестор;

стартап-инвестор;

резидент-инвестор;

инфратузилмавий инвестор.

Инвесторларни кўрсатиб ўтилган тоифаларга киритиш мезонлари, шунингдек улар томонидан Марказ ҳудудида инвестиция фаолиятини амалга ошириш шартлари ва тартиби Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

27-модда. Институционал инвестор

Инвестиция фонди, венчур фонди, молия институти, шунингдек инвестиция фаолиятини амалга ошираётган бошқа инвестор Марказнинг қарорларида белгиланган тартибда институционал инвестор деб эътироф этилади.

Институционал инвесторларга нисбатан Марказнинг махсус ҳуқуқий режими, шу жумладан ушбу Конституциявий Қонунда ва Марказнинг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари тўлиқ ҳажмда қўлланилади.

Институционал инвестор мақомини бериш, тўхтатиб туриш ва тугатиш тартиби, бундай инвесторларга нисбатан қўйиладиган талаблар ва мезонлар, шунингдек уларга нисбатан ушбу Конституциявий Қонун билан назарда тутилган имтиёзларни, преференцияларни ҳамда қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш тартиби, шартлари ва механизмлари Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

28-модда. Стартап-инвестор

Марказ ҳудудида амалга ошириладиган стартап-лойиҳаларга тўғридан-тўғри инвестицияларни киритувчи жисмоний ёки юридик шахс стартап-инвестор деб эътироф этилади.

Агар Марказнинг қарорларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, стартап-инвесторларни Марказ иштирокчиси сифатида алоҳида рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.

Стартап-инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларига нисбатан ушбу Конституциявий Қонун ва Марказнинг қарорлари билан инвестиция киритиладиган объекти Марказ ҳудудида амалга ошириладиган стартап эканлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланган махсус ҳуқуқий режим қўлланилади.

Стартап-лойиҳаларга тўғридан-тўғри инвестиция киритиш тартиби, шу жумладан бундай инвестицияларнинг турлари, шакллари, шартлари ва уларга нисбатан қўйиладиган талаблар ушбу Конституциявий Қонун ва Марказнинг тегишли қарорлари билан белгиланади.

Стартап-инвесторлар томонидан Марказ ҳудудидаги стартап-лойиҳаларга киритиладиган инвестициялардан олинган даромадларга, шу жумладан дивидендлар тарзида олинган даромадларга нисбатан ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилади.

29-модда. Резидент-инвестор

Марказнинг резиденти ўз асосий фаолиятини олиб бориш билан бир қаторда, Марказ ҳудудида амалга ошириладиган стартап-лойиҳаларга инвестициялар киритиш ҳуқуқига эга бўлиб, бундай ҳуқуқни амалга оширган Марказ резиденти резидент-инвестор деб эътироф этилади.

Резидент-инвесторнинг инвестиция фаолиятига нисбатан Марказнинг махсус ҳуқуқий режими, шу жумладан ушбу Конституциявий Қонунда ва Марказнинг қарорларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари тўлиқ ҳажмда қўлланилади.

Марказнинг қарорлари билан резидент-инвесторга нисбатан қўшимча талаблар ва мезонлар, шу жумладан резидент-инвестор томонидан инвестиция фаолиятини амалга ошириш тартиби, шартлари ва бундай фаолиятни амалга оширишга доир чекловлар белгиланиши мумкин.

30-модда. Инфратузилмавий инвестор

Марказнинг ҳудудини ривожлантириш мақсадида инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун қурилиш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш ишларига, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказларини, офисларни ва ишлаб чиқариш биноларини, инфратузилма объектларини барпо этишга инвестиция киритувчи жисмоний ва (ёки) юридик шахс инфратузилмавий инвестор деб эътироф этилади.

Инфратузилмавий инвесторларга нисбатан Марказнинг махсус ҳуқуқий режими татбиқ этилмайди, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Инфратузилмавий инвесторлар фойдаланишга топширилган инфратузилмавий лойиҳа объектларини реализация қилишдан ва ижарага беришдан олинадиган даромад бўйича барча солиқлардан озод этилади.

Инфратузилмавий лойиҳаларнинг рўйхати ҳамда инфратузилмавий инвестор томонидан солиқ имтиёзларидан фойдаланиш шартлари Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

31-модда. Марказ субъектлари ҳуқуқларининг кафолатлари

Марказнинг субъектлари ушбу Конституциявий Қонунда ва Марказнинг қарорларида белгиланган тартибда инвестиция фаолиятини эркин амалга оширишга, инвестицияларнинг ҳажми, турлари, шакллари, инвестициялар киритиладиган соҳалар ва йўналишларни мустақил равишда белгилашга, шунингдек инвестиция фаолияти натижасида олинган даромадларни эркин тасарруф этишга ҳақли.

Марказ органларининг, иштирокчиларининг ва уларнинг ходимлари Марказ ҳудудида жойлашган ёки ушбу Конституциявий Қонунга ва Марказнинг қарорларига мувофиқ шакллантирилган маблағларини, активларини, инвестицияларини, мол-мулкини ва мулкий ҳуқуқларини мусодара қилишга, национализация қилишга, экспроприация қилишга, секвестрлаштиришга, музлатишга ёки уларга эгалик қилишни ёхуд уларни эркин тасарруф этишни ҳар қандай тарзда чеклашга йўл қўйилмайди, бундан Тошкент халқаро тижорат судининг ушбу Конституциявий Қонунга ва Марказнинг қарорларига мувофиқ чиқарилган якуний ва мажбурий кучга эга бўлган ҳал қилув қарорлари ёки ажримлари, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қиргин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш, санкциялар, жиноий даромадлар ёки тўловга қобилиятсизлик масалаларига оид қонунчиликка ёхуд Марказнинг қарорларига мувофиқ қўлланиладиган чекловлар мустасно.

Ушбу моддага мувофиқ қўлланиладиган ҳар қандай чора қонуний, мутаносиб ва тегишли процессуал кафолатларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак ҳамда ушбу Конституциявий Қонунга ва Марказнинг қарорларига мувофиқ суд тартибида қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Ушбу моддада белгиланган ҳимоя чоралари Марказ ҳудудидан ташқаридаги Ўзбекистон Республикаси давлат органининг ёки ташкилотининг ҳеч бир ҳужжати билан камайтирилиши ёки чекланиши мумкин эмас. Бундай камайтиришни ёки чеклашни назарда тутувчи ҳар қандай ҳужжат шундай камайтиришга ёки чеклашга оид қисми бўйича Марказ ҳудудида юридик кучга эга бўлмайди ва қўлланилмайди.

32-модда. Марказ субъектлари қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш

Марказнинг қарорларига мувофиқ ва ушбу қарорларда белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда Марказ субъектларининг ўз фаолияти доирасидаги қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш таъминланади.

Марказ субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ҳаракат содир этилган пайтда қонунчилик ёки тартибга солиш амалиёти ўзгариши муносабати билан амалда бўлмаган талаблар асосида жавобгарлик қўлланилмаслигини;

давлат органлари томонидан фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш, тугатиш ёки лицензияни бекор қилиш каби таъсир чоралари фақат Марказнинг қарорларида назарда тутилган асослар бўйича қўлланилишини;

Марказнинг иштирокчисига нисбатан ўтказиладиган текширувлар ва назорат тадбирлари хавфларни бошқариш принципи асосида ва Марказнинг органлари иштирокида амалга оширилишини.

Марказ иштирокчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш содир этилган ҳуқуқбузарликлар, фирибгарлик, коррупция ҳолатлари ҳамда инсоннинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига зарар етказиш ҳоллари билан боғлиқ бўлган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Марказнинг қарорларида Марказ субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари, шу жумладан тартиб-таомиллари, уларни мониторинг қилиш ва баҳолаш мезонлари белгиланади.

33-модда. Аккредитация қилинган ҳамкорлар

Марказ ҳудудида Марказнинг субъектларига маслаҳат, консалтинг хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатадиган, Марказнинг қарорларида белгиланган тартиб-таомиллардан ўтган юридик ёки жисмоний шахс аккредитация қилинган ҳамкор деб эътироф этилади.

Аккредитация қилинган ҳамкорларга Марказ ҳудудида фаолиятни амалга ошириш учун рухсат бериш, уларга нисбатан қўйиладиган талаблар, шунингдек аккредитациядан ўтган ҳамкорнинг мақомини тугатиш тартиби Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

Аккредитация қилинган ҳамкорлар ушбу Конституциявий Қонунга, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек Марказнинг қарорларида белгиланган талаблар ва қоидаларга риоя этиши шарт.

Марказнинг махсус солиқ ва божхона режими, шунингдек ушбу Конституциявий Қонунда ҳамда Марказнинг қарорларида назарда тутилган бошқа имтиёзлар ва преференциялар аккредитация қилинган ҳамкорларга нисбатан татбиқ этилмайди.

6-боб. Марказ органларининг ва иштирокчиларининг ходимлари

34-модда. Марказ органларининг ва иштирокчиларининг ходимлари

Марказнинг органларида ёки иштирокчиларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар қуйидаги ҳолларда Марказ органларининг ва иштирокчиларининг ходимлари (бундан буён матндан ходимлар деб юритилади) деб эътироф этилади:

меҳнат шартномаси (контракт) асосида;

ушбу Конституциявий Қонунда ва Марказнинг қарорларида белгиланган тартибда лавозимга сайланганда ёки тайинланганда.

Марказ органларининг ва иштирокчиларининг ходимлари Ўзбекистон Республикаси фуқароси, хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиши мумкин.

Марказнинг органлари ва иштирокчилари ўз ходимларига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳамда уларнинг ҳимоя қилиниши чораларини кўради.

35-модда. Чет эллик ходимларни жалб этиш

Марказнинг органлари ва иштирокчилари ўз фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва Марказнинг қарорларида белгиланган тартибда чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни (бундан буён матнда чет эллик ходимлар деб юритилади) жалб этиш ҳуқуқига эга.

Чет эллик ходимлар ўз касбий фаолиятини юритиш учун ушбу Конституциявий Қонунда ва Марказнинг қарорларида назарда тутилган меҳнатга оид ҳуқуқларнинг ва қонуний манфаатларнинг ҳимоя қилиниши кафолатлари билан таъминланади ҳамда бунинг учун шарт-шароитлар яратилади.

36-модда. Чет эллик ходимларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ва унда бўлиши

Марказда фаолиятни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасига келадиган чет эллик ходимларнинг кириш визаси:

Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари орқали;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортларида — Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли бўлинмалар орқали;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида — Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ички ишлар органлари орқали расмийлаштирилади.

Чет эллик ходимларга ва уларнинг оила аъзоларига кириш визалари уч йилгача бўлган муддатга берилади.

Чет эллик ходимларга ва уларнинг оила аъзоларига визалар бериш, визаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, қисқартириш ва бекор қилиш Марказ маъмуриятининг тақдимномасига (илтимосномасига) асосан, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Бунда чет эллик ходимларга ва уларнинг оила аъзоларига берилган визаларнинг амал қилиш муддати Марказ маъмуриятининг тақдимномасига (илтимосномасига) асосан улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмасдан туриб, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин.

37-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома

Марказнинг органлари ва иштирокчилари томонидан ишга қабул қилинадиган чет эллик ходимлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома олиш мажбуриятидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида умумий тартибда белгиланган чекловлар ва квоталар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган чет эллик ходимларга нисбатан қўлланилмайди.

Ушбу моддада назарда тутилган имтиёзларни қўллаш мақсадида, чет эллик ходимларни жалб этиш ва уларнинг мақомини тасдиқлаш тартиби Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

38-модда. Чет эллик ходимларни рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини юритиш

Чет эллик ходимларни ишга жойлаштириш, шу жумладан рўйхатга олиш ва уларнинг ҳисобини юритиш Марказнинг рақамли платформаси орқали амалга оширилади.

Марказнинг қарорларида чет эллик ходимларга нисбатан қўшимча талаблар ва мезонлар, шунингдек уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, чет эллик ходимлар томонидан фаолиятни амалга ошириш ва бундай фаолиятни тугатиш тартиби белгиланади.

III БЎЛИМ. МАХСУС ҲУҚУҚИЙ РЕЖИМ

7-боб. «Тартибга солиш қумдони»

39-модда. «Тартибга солиш қумдони»

«Тартибга солиш қумдони»ни жорий этиш, ундан фойдаланиш, унинг амал қилиш соҳалари, ундаги лойиҳалар ва «Тартибга солиш қумдони» иштирокчиларини танлаб олиш мезонлари, вақтинча енгиллаштириш ёки соддалаштириш шартлари, мониторинг қилиш ва самарадорликни баҳолаш, «Тартибга солиш қумдони» доирасида ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган талаблар қўлланилишининг алоҳида (синов) тартиблари, шунингдек иштирокчиларнинг ҳуқуқ, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқ Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади.

«Тартибга солиш қумдони» Марказнинг маъмурияти томонидан, агар Бошқарув кенгашининг қарори билан бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ўн икки ойдан кўп бўлмаган муддатга жорий этилади.

«Тартибга солиш қумдони» доирасида инновацион технологияларни, маҳсулотларни ва хизматларни синовдан ўтказиш учун Бошқарув кенгашининг қарорига кўра махсус регулятор майдончалар (зоналар, лабораториялар) ташкил этилиши мумкин.

40-модда. «Тартибга солиш қумдони» доирасидаги преференциялар

«Тартибга солиш қумдони» доирасида қуйидаги преференциялар назарда тутилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида ёки Марказнинг қарорларида белгиланган айрим талаблардан вақтинча озод этиш;

лицензиялашдан ва рухсат бериш тартиб-таомиллари ўтказилишдан Марказнинг қарорларида белгиланган тартибда вақтинча озод этиш;

Марказнинг инфратузилмасидан, шу жумладан тадқиқот лабораторияларидан ва эксперт маслаҳатларидан фойдаланиш имкониятини бериш;

чекланган (назорат қилинадиган) бозор доирасидаги реал шароитларда истеъмолчилар ва ҳамкорлар билан муносабатларга киришиш имкониятини яратиш.

Марказнинг қарорларида «Тартибга солиш қумдони» доирасида тақдим этиладиган бошқа преференциялар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Жисмоний ва (ёки) юридик шахслар синовдан ўтказиладиган инновацион технологиядан, маҳсулотдан ёки хизматдан шартнома асосида фойдаланиши мумкин.

«Тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш даврида мазкур инновацион технологиялардан, маҳсулотлардан ёки хизматлардан фойдаланганлик иштирокчиларни жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди, бундан инсоннинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига зарар етказганлик учун жавобгарлик мустасно.

41-модда. «Тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш учун қўйиладиган минимал талаблар

Инновацион технологиялар, маҳсулотлар ва хизматлар «Тартибга солиш қумдони» доирасида қуйидаги минимал талабларни ўз ичига олган режа асосида синовдан ўтказилади:

синовдан ўтказишни бошлаш ва якунлаш муддатини белгилаш;

фойдаланувчилар доирасини ва синов ўтказиш ҳудудини аниқлаш;

«Тартибга солиш қумдони» иштирокчиларининг молиявий ва бошқа мажбуриятларига доир лимитларни (чекланган қийматларни) белгилаш;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан эҳтимолий хавф-хатарлар ва фойдаланиш шартлари ҳақида хабардор қилиш чораларини кўриш;

хавф-хатарларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва уларни камайтириш, шунингдек юзага келган оқибатларни бартараф этиш чораларини кўриш;

Марказнинг қарорларида белгиланган тартибда ва муддатларда синовдан ўтказиш жараёни ҳамда натижалари тўғрисида мунтазам равишда Марказ маъмуриятига ҳисобот тақдим этиш.

Марказнинг қарорларида синовдан ўтказиш режасига оид қўшимча талаблар, шу жумладан ҳисоботлар шакли, самарадорлик кўрсаткичлари ва синовдан ўтказишни якунлаш (тугатиш) мезонлари белгиланиши мумкин.

42-модда. «Тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказишни якунлаш

«Тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш якунланганидан кейин иштирокчилар томонидан Марказнинг қарорларида белгиланган тартибда ва муддатларда Марказ маъмуриятига якуний ҳисобот тақдим этиши шарт.

Синовдан ўтказиш тўғрисидаги якуний ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

синовдан ўтказилган инновацион технологияларнинг, маҳсулотларнинг ва хизматларнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги таҳлилини;

аниқланган хавф-хатарларни баҳолаш натижаларини, кўрилган чоралар тавсифини ва келгусида хавф-хатарларни камайтириш бўйича таклифларни.

Синовдан ўтказишга доир талабларни бажармаган иштирокчилар Марказ ҳудудида инновацион технологиялардан, маҳсулотлардан ва хизматлардан фойдаланишни Марказнинг қарорлари билан белгиланган тартибда тўхтатиб туриши шарт.

Якуний ҳисоботни кўриб чиқиш ва баҳолаш тартиби, шу жумладан синовдан ўтказиш натижаларидан келгусида фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилиш мезонлари Бошқарув кенгашининг қарорлари билан белгиланади.

43-модда. «Тартибга солиш қумдони» натижалари бўйича кейинги ҳуқуқий режим

«Тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш натижаларига кўра ижобий баҳоланган лойиҳалар бўйича қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

Бошқарув кенгашининг қарори асосида лойиҳани Марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий режим доирасида амалга киритиш ва (ёки) лойиҳани белгиланган чекловлар ҳамда шартлар асосида давом эттириш ва (ёки) унинг кўламини босқичма-босқич кенгайтириш;

«Тартибга солиш қумдони» доирасида синовдан ўтказиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳани Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки алоҳида ҳудудларида амалга киритиш бўйича ваколатли органларга таклифлар киритиш.

8-боб. Солиқ солиш

44-модда. Солиқ солишнинг алоҳида тартиби

Марказ ҳудудида ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқ Марказнинг қарорлари билан тартибга солинадиган солиқ солишнинг алоҳида тартиби амал қилади.

Марказнинг органлари, иштирокчилари, шунингдек уларнинг ходимлари махсус ҳуқуқий режим доирасида олган даромадлари бўйича ушбу Конституциявий Қонуннинг 46-моддасида белгиланганидан ташқари Ўзбекистон Республикасининг солиқ қонунчилигида белгиланган барча солиқлар ва йиғимлардан озод этилади.

Ушбу бобнинг қоидалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил қилинган ахборот технологияларининг технологик парклари резидентларига, махсус режим доирасида солиқ имтиёзларидан фойдаланган солиқ тўловчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Марказ ҳудудидан ташқарида юзага келган, солиқ солиш объекти ҳисобланган мол-мулк, ҳаракат, ҳаракат натижаси ёки қиймат, миқдорий ёки физик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда уларга солиқ солиниши Марказнинг иштирокчисида Марказнинг қарорларига мувофиқ солиқ мажбуриятини юзага келтиради.

Марказ иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида, шу жумладан Марказ ҳудудида олинган даромадлари ҳисоби солиқ солиш мақсадида уларнинг олиш манбаига қараб, алоҳида-алоҳида юритилади.

45-модда. Марказнинг иштирокчиси мақомига эга бўлмаган инвесторларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Инвестор ҳисобланган жисмоний шахслар Марказнинг махсус ҳуқуқий режими доирасида амалга оширилган инвестиция фаолияти натижасида олинган дивидендлар ва бошқа даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилади.

Инвестор ҳисобланган юридик шахслар Марказнинг махсус ҳуқуқий режими доирасида амалга оширилган инвестиция фаолияти натижасида олинган дивидендлар ва бошқа даромадлар бўйича фойда солиғини тўлашдан озод этилади.

46-модда. Солиқ турлари

Марказ ҳудудида Марказнинг органларига, иштирокчиларига ва уларнинг ходимларига нисбатан қуйидаги солиқлар белгиланади:

қўшилган қиймат солиғи;

фойда солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган солиқлар бўйича солиқ элементлари Марказнинг қарорлари билан тартибга солинади.

47-модда. Қўшилган қиймат солиғи

Марказнинг органлари ва иштирокчилари қўшилган қиймат солиғининг солиқ тўловчилари деб эътироф этилади ҳамда уларга солиқ органларида қўшилган қиймат солиғини тўловчи сифатида махсус рўйхатга олиш ҳисобига қўйилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

Реализация қилиш жойи Марказ ҳудуди ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҳамда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган товарлар қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ солиш объектлари ҳисобланади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ солиш объектларига нисбатан солиқ ставкаси қуйидаги миқдорларда белгиланади:

Марказ ҳудудида ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарига товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмага ноль даражали ставка;

реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмага ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни олиб киришга нисбатан Марказнинг қарорига мувофиқ белгиланган ставка.

48-модда. Фойда солиғи

Марказ иштирокчиларининг Марказ ҳудудида устувор фаолият йўналишлари доирасида олинган даромадлари фойда солиғидан озод этилади.

Марказ иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадларига бундай иштирокчиларга нисбатан Марказнинг солиқ солишнинг алоҳида тартиби қўлланилишидан қатъи назар, Марказ қарорига мувофиқ фойда солиғи солинади.

49-модда. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

Марказ органларининг ёки иштирокчиларининг юқори малакали ходимлари деб ҳисобланган чет эл фуқаролари (Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари) Марказ томонидан тўланадиган иш ҳақи ва дивидендлар тарзидаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилади.

Юқори малакали ходимлари талаблар ва мезонларга жавоб бермайдиган Марказ органларининг ёки иштирокчиларининг ходимлари ҳисобланган чет эл фуқароларининг (Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг) Марказ томонидан тўланадиган иш ҳақи тарзидаги даромадларига 12 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.

Юқори малакали ходимларга нисбатан қўйиладиган талаблар ва мезонлар Бошқарув кенгашининг қарорлари билан белгиланади.

Марказ иштирокчиларининг ходимлари ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Марказ томонидан тўланадиган иш ҳақига 7,5 фоизли солиқ ставкаси бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини солиш мақсадида Марказ органларининг ёки иштирокчиларининг ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг жами даромади таркибига киритиладиган (киритилмайдиган) даромадларнинг турлари Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини солишнинг ўзига хос хусусиятлари Марказнинг қарорлари билан тартибга солинади.

50-модда. Солиқ маъмуриятчилиги

Марказ ҳудудида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш, солиқларни тўлаш, солиқ назоратини амалга ошириш ва ҳисоботларни тақдим этиш тартиби Бошқарув кенгашининг қарорлари билан белгиланади. Бунда мазкур қарорлар Марказ маъмуриятининг ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг қўшма таклифлари асосида ишлаб чиқилади.

Марказнинг субъектларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш ва уларга хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг Марказ ҳудудида хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган солиқ инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Марказ субъектлари учун солиқ агенти вазифасини бажарувчи ва солиқ органларида уларининг манфаатларини ифода этувчи орган Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади.

Марказ органларининг Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси билан ҳамкорлиги идоралараро электрон ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви орқали амалга оширилади.

51-модда. Қоидабузарликлар учун жавобгарлик

Марказ субъектлари томонидан алоҳида солиқ режими шартлари бузилган тақдирда, Марказ ҳудудида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг ихтисослаштирилган солиқ инспекцияси Марказнинг маъмурияти билан биргаликда бундай ҳуқуқбузарликлар мониторингини амалга оширади ва ҳуқуқбузарларга нисбатан ушбу Конституциявий Қонуннинг 16-бобида назарда тутилган жавобгарлик чораларини қўллашга ҳақли.

9-боб. Божхона иши

52-модда. Божхона ишининг алоҳида тартиби

Марказ ҳудудида ушбу Конституциявий Қонун ва Марказнинг қарорлари билан тартибга солинадиган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш бўйича соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларини назарда тутадиган божхона ишининг алоҳида тартиби амал қилади.

Божхона ишининг алоҳида тартибини белгиловчи Марказнинг қарорлари Марказ маъмуриятининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг қўшма таклифлари асосида ишлаб чиқилади.

Марказ органларининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси билан ҳамкорлиги идоралараро электрон ҳамкорлик ҳамда ахборот алмашинуви орқали амалга оширилади.

53-модда. Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар

Марказнинг органлари ва иштирокчилари қуйидаги мақсадлар учун асбоб-ускуналарни ва уларнинг таркибий қисмларини, дастурий таъминотни, материалларни, намуналарни олиб киришда қўшилган қиймат солиғини, божхона божини тўлашдан озод этилади:

рақамли технологиялар маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш зарурати учун;

«Тартибга солиш қумдони» доирасида фойдаланиш учун;

Марказ органларининг фаолиятини таъминлаш учун.

Инвесторлар инвестиция сифатида олиб кирилаётган асбоб-ускуналар ва уларнинг таркибий қисмлари, дастурий таъминот, материаллар, намуналар учун қўшилган қиймат солиғини ҳамда божхона божини тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб киришда божхона божлари тўланилишидан озод этиладиган товарларнинг рўйхати Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланади.

Марказнинг субъектлари томонидан товарлар ва хизматларни Ўзбекистон Республикасининг ҳудудидан олиб чиқишда божхона божлари солинмайди.

Божхона йиғимлари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўланади.

54-модда. Товарларни вақтинча олиб кириш

Марказнинг органлари ва иштирокчилари товарларни вақтинча олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан озод этилади, бундан божхона йиғимлари мустасно.

Товарларни вақтинча олиб кириш муддатлари қуйидагича белгиланади:

«Тартибга солиш қумдони» доирасида олиб кириладиган товарларга нисбатан — ўн икки ойдан кўп бўлмаган муддат;

Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳалари доирасида олиб кириладиган товарларга нисбатан — инвестиция даври муддати;

бошқа ҳолларда — беш йилдан кўп бўлмаган муддат.

Товарларни вақтинча олиб кириш муддати товар вақтинчалик олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан ҳисобланади.

Товарларни вақтинча олиб кириш муддати тугаганидан кейин улар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши ёки эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилиши лозим.

Товарларни вақтинча олиб киришни расмийлаштириш тартиби Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

55-модда. Соддалаштирилган божхона расмийлаштируви тартиб-таомиллари

Соддалаштирилган божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларида қуйидагилар назарда тутилади:

декларациялар Марказнинг рақамли платформаси орқали электрон шаклда топширилишини;

декларацияларнинг божхона органлари томонидан икки иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқилишини.

Марказнинг қарорларида «Тартибга солиш қумдони» доирасида олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган товарлар учун янада соддалаштирилган божхона расмийлаштируви тартиб-таомиллари белгиланиши мумкин.

56-модда. Божхона назоратининг ўзига хос хусусиятлари

Марказ ҳудудида божхона назорати хавфларни бошқариш тизими асосида Марказнинг маъмурияти ва божхона органлари томонидан амалга оширилади.

57-модда. Қоидабузарликлар учун жавобгарлик

Марказнинг иштирокчилари томонидан махсус божхона режими бузилган тақдирда, Марказнинг маъмурияти уларга нисбатан ушбу Конституциявий Қонуннинг 16-бобида белгиланган жавобгарлик чораларини қўллашга ҳақли.

58-модда. Божхона иши соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Марказнинг органлари Марказнинг иштирокчиларига халқаро шериклар билан божхона масалаларини ҳал этишда кўмаклашади.

Трансчегаравий савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида Марказ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасини хабардор қилган ҳолда, бошқа давлатларнинг божхона органлари билан келишувлар тузиши мумкин.

59-модда. Экологик хавфсизлик

Марказ ҳудудидаги ва унинг ишлаб чиқариш зоналаридаги фуқароларнинг соғлиғини сақлашга, атроф-муҳитни, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга, шунингдек хавфсиз трансчегаравий савдони таъминлашга қаратилган санитария-эпидемиологик, ветеринарияга, фитосанитарияга, карантинга, табиатни муҳофаза қилишга, маҳсулотларнинг умумий хавфсизлигини таъминлашга, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига оид чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг санитария-эпидемиологик осойишталик, ўсимликлар карантини ва экология ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларидаги ваколатли давлат органлари ҳамда ташкилотлари Марказ ҳудудида ўз ваколатларини ва вазифаларини фақат Марказнинг маъмурияти билан келишилган ҳолда амалга оширади.

10-боб. Молия ва банк фаолияти

60-модда. Марказ ҳудудида молиявий хизматларни ва банк хизматларини кўрсатиш

Аккредитация қилинган ҳамкорлар томонидан Марказ ҳудудида Марказнинг иштирокчилари учун қуйидаги молиявий хизматлар ва банк хизматлари кўрсатилади:

банк хизматлари (шу жумладан депозитларни жалб этиш, кредит бериш, қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар);

инвестиция фаолияти, шу жумладан венчур инвестициялаш ва консалтинг;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг хизматлари;

суғурта ва қайта суғурта хизматлари;

молиявий технологияларга асосланган хизматлар, шу жумладан тўлов хизматлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа банк хизматлари ва молиявий хизматлар.

Зарур ҳолларда, Марказ халқаро молиявий битимларни ва (ёки) инвестиция битимларини тайёрлашда, тузишда ва юридик жиҳатдан таъминлашда Марказ иштирокчиларига кўмаклашади.

Марказнинг субъектларига банк хизматларини кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки билан келишилган ҳолда Марказ ҳудудида хорижий банкларнинг филиалларини очишга йўл қўйилади.

61-модда. Валютани, молия ва банк фаолиятини тартибга солиш

Марказ ҳудудида молия ва банк фаолияти, шунингдек валюта операцияларини амалга оширишга доир муносабатлар ушбу Конституциявий Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Тошкент халқаро молия марказининг иштирокчилари Марказнинг резидентларига банк хизматлари ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиши мумкин. Бундай ташкилотларнинг фаолиятини тартибга солиш «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат харидларига оид қонунчилик ҳужжатларининг амал қилиши Марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий режим доирасида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Марказ органлари ва иштирокчиларининг харид қилиш фаолиятини амалга ошириши тартиби Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланадиган Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

11-боб. Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш

62-модда. Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг ва уларни ҳимоя қилишнинг ўзига хос хусусиятлари

Марказ ҳудудида шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг ва уларни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларга мувофиқ келадиган ҳамда Марказнинг қарорлари билан тартибга солинадиган махсус қоидалари белгиланади.

Марказнинг субъектлари шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган, халқаро стандартларда ва Марказнинг қарорларида белгиланган талабларга мувофиқ келадиган ўз ички ҳужжатларини тасдиқлаши ҳамда уларга амал қилиши шарт.

63-модда. Булутли технологиялар

Махсус ҳуқуқий режим доирасида булутли технологиялардан фойдаланган ҳолда маълумотларни сақлашга ва уларга ишлов беришга йўл қўйилади.

Булутли технологиялардан фойдаланишда маълумотларнинг хавфсизлиги, яхлитлиги, муҳофазаси, ишончлилиги, шунингдек маълумотларни қайта ишлаш, улардан фойдаланиш имконияти таъминланиши керак.

Маълумотларни булутли технологиялардан фойдаланган ҳолда сақлашда ва қайта ишлашда халқаро стандартларга ҳамда хавфсизлик талабларига риоя этилади.

12-боб. Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш

64-модда. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг ўзига хос хусусиятлари

Марказ ҳудудида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг ҳимоя қилиниши кафолатланади.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ушбу соҳадаги умумэътироф этилган (халқаро) нормаларда, Марказнинг қарорларида ва Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар бажарилишини таъминлаш орқали амалга оширилади.

Марказнинг қарорларида интеллектуал фаолият натижаларини яратишни, ҳимоя қилишни ҳамда тижоратлаштиришни рағбатлантирувчи қўшимча механизмлар ва тартиб-таомиллар белгиланади.

Марказнинг қарорлари билан хизмат асарларига бўлган ҳуқуқларни тақсимлаш бўйича талаблар белгиланиши мумкин.

65-модда. Интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш

Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар ушбу соҳадаги ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига кўра рўйхатдан ўтказилади.

Марказ ҳудудида Марказ иштирокчиларининг интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини рўйхатдан ўтказиш мақсадида, шу жумладан аризаларни (талабномаларни) Марказ ҳудудида фаолият юритаётган рақамли ва бошқа хизматлардан фойдаланган ҳолда топшириш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

13-боб. Давлат хизматларини ва бошқа хизматларни кўрсатиш

66-модда. Марказ ҳудудида кўрсатиладиган хизматлар

Марказ ҳудудида қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

давлат органлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари;

Марказнинг органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;

ёрдамчи хизматлар.

67-модда. Давлат органлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари

Давлат хизматларини кўрсатишнинг қулайлиги ва тезкорлигини таъминлаш мақсадида Марказ ҳудудида давлат хизматлари марказларининг филиали очилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган ҳолда Марказ давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ўз офисини ва рақамли платформасини ташкил этиши мумкин.

Марказ ҳудудида давлат хизматларини кўрсатиш тартиби тегишли соҳадаги ваколатли давлат органи ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Бунда давлат органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши билан боғлиқ муносабатларга нисбатан махсус ҳуқуқий режим ушбу Конституциявий Қонуннинг 2-моддасида белгиланган истиснолар инобатга олинган ҳолда татбиқ этилади.

Давлат хизматлари, агар мазкур Қонунда ва Марказнинг қарорларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ кўрсатилади.

68-модда. Марказнинг органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар

Марказнинг органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

жисмоний ва юридик шахсларни ҳисобга қўйиш, рўйхатдан ва аккредитациядан ўтказиш;

махсус ҳуқуқий режим татбиқ этиладиган соҳалар доирасида лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш;

товарлар ва хизматларни сертификатлаштириш;

консалтинг хизматлари ва ахборотга оид хизматлар;

ушбу Конституциявий Қонунда ва Марказнинг қарорларида назарда тутилган бошқа хизматлар.

Марказнинг органлари хизматларни Марказнинг қарорларига мувофиқ ҳақ эвазига ёки текинга кўрсатишга ҳақли.

69-модда. Ёрдамчи хизматлар

Марказ ҳудудида аккредитация қилинган ҳамкорлар томонидан Марказнинг субъектлари фаолиятини таъминлашга ва унинг инфратузилмасини қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги ёрдамчи хизматлар кўрсатилиши мумкин:

юридик хизматлар;

аудиторлик хизматлари;

бухгалтерия хизматлари;

консалтинг хизматлари;

инфратузилмани ва Марказнинг субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир хизматлар;

ушбу Конституциявий Қонунда ва Марказнинг қарорларида назарда тутилган бошқа хизматлар.

Аккредитация қилинган ҳамкорларни ёрдамчи хизматлар кўрсатишга жалб этиш тартиби ҳамда бундай хизматларга нисбатан қўйиладиган талаблар Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

70-модда. Марказ ҳудудида кўрсатиладиган хизматлар бўйича шикоятларни кўриб чиқиш

Давлат органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шикоятлар (низолар) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан кўриб чиқилади.

Марказнинг органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, ёрдамчи хизматлар, шунингдек Марказнинг қарорлари билан тартибга солинадиган бошқа хизматлар билан боғлиқ шикоятлар (низолар) фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни билан белгиланадиган ҳолда Тошкент халқаро тижорат суди томонидан ўз юрисдикцияси доирасида кўриб чиқилади.

14-боб. Меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш

71-модда. Меҳнатга оид муносабатлар

Марказ ҳудудида меҳнатга оид муносабатлар ушбу Конституциявий Қонун ва Марказнинг қарорлари билан тартибга солинади.

Марказнинг меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи қарорлари биринчи навбатда қуйидагиларга йўналтирилган бўлиши лозим:

хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга ва тенг имкониятларни кафолатлашга;

камситишга йўл қўйилмаслигига;

ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларга меҳнати учун адолатли ҳақ тўлашга;

меҳнатни ташкил этишда мослашувчанликни таъминлашга;

меҳнатга оид муносабатларни ортиқча тартибга солишдан ҳоли қилишга.

Марказнинг органлари ва иштирокчилари меҳнат шартномаларига ёки бошқа ички норматив ҳужжатларга мувофиқ ходимлар учун Марказнинг қарорларида назарда тутилганидан қулайроқ шартларни киритишга ҳақли.

Агар Марказнинг қарорларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг меҳнатга оид муносабатлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари Марказнинг органларига, иштирокчиларига ва уларнинг ходимларига нисбатан юзага келадиган муносабатларга татбиқ этилмайди.

72-модда. Меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича минимал талаблар

Марказ ҳудудида мажбурий меҳнат, болалар меҳнати, шунингдек эксплуатация қилишнинг ҳар қандай шакллари ва одам савдосидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Марказнинг органлари ва иштирокчилари инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига, меҳнат соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларининг қоидаларига риоя этилишини таъминлаши шарт. Ходимнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеи билан боғлиқ ҳолда, шунингдек унинг ишчанлик фазилатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатларга кўра ҳар қандай шаклдаги камситишга (дискриминацияга) йўл қўйилмайди. Марказнинг иштирокчилари инклюзив иш муҳитини яратганлик ва корпоратив ижтимоий масъулиятнинг энг яхши халқаро амалиётини жорий этганлик учун рағбатлантирилади.

Марказ ҳудудидаги меҳнатга оид муносабатлар шартномавий тартибга солиш ва шартнома эркинлиги принципларига асосланади. Меҳнат шартлари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, иш вақти ва дам олиш вақти иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномасида белгиланади.

Ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари Марказнинг маъмурияти томонидан ушбу Конституциявий Қонун ва Марказнинг қарорлари билан белгиланган тартибда ҳимоя қилинади.

Жамоа шартномаларини тузиш, шунингдек Марказ ҳудудида ходимларнинг бирлашмаларини ва профессионал (касаба) уюшмаларини ташкил этиш Марказнинг қарорлари билан тартибга солинади. Ходимларнинг жамоат тартибини ёки Марказнинг фаолият юритиш шартларини бузишга олиб келадиган ҳар қандай жамоавий ҳаракатларига махсус ҳуқуқий режим барқарорлигини ва Марказ фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида йўл қўйилмайди.

73-модда. Меҳнатни ташкил этишда мослашувчанлик

Марказнинг органлари ва иштирокчилари меҳнатни ташкил этиш шартларини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда белгилаши мумкин:

ходимларни ишга қабул қилиш ва меҳнатга оид муносабатларни тугатиш (меҳнат шартномаларини бекор қилиш) бўйича махсус шартлар ва тартиб, шу жумладан мослашувчан иш жадвали ва иш режими, иш вақтининг қисқартирилган ёки узайтирилган давомийлиги, масофадан туриб ишлаш шакли ҳамда бошқа иш шакллари, шунингдек меҳнат таътилини ва бошқа таътилларни тақдим этиш тартиби;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг муқобил тизимлари, шу жумладан соатбай, ишбай, бонусли ва (ёки) аралаш тизимлар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар Марказнинг қарорларида белгиланган, камситишга йўл қўймасликка, меҳнат учун хавфсиз шарт-шароитларни таъминлашга ва ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган талабларга риоя этилган тақдирда қўлланилади.

15-боб. Илмий тараққиёт эркинлиги

74-модда. Сунъий интеллект

Марказ ҳудудида сунъий интеллект технологияларини яратиш, синовдан ўтказиш ва жорий этиш соҳасида фаолият юритиш ҳамда тадқиқотлар ўтказиш эркинлиги таъминланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган фаолиятга бевосита ёки билвосита тўсқинлик қиладиган нормалар, чекловлар ёхуд бошқа чоралар белгиланишига йўл қўйилмайди, бундан қуйидагилар билан боғлиқ ҳоллар мустасно:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

жамоат хавфсизлигига ва жамоат тартибига бўлган таҳдидларнинг олдини олиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этиш.

75-модда. Сунъий интеллект соҳасидаги халқаро илмий ва технологик ҳамкорлик

Марказ ҳудудида сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш, татбиқ этиш, синовдан ўтказиш ҳамда халқаро илмий ва технологик ҳамкорлик эркинлиги, шу жумладан чет эл жисмоний ва юридик шахсларининг, илмий ташкилотларининг, таълим ташкилотларининг ва технологик компанияларнинг иштирок этиши таъминланади.

Марказ фаолияти доирасида яратилган қўшма тадқиқотлар ва ишланмаларнинг натижалари ушбу Конституциявий Қонунда, Марказнинг қарорларида ва тарафларнинг келишувларида белгиланган ҳамда қўлланиладиган ҳуқуққа мувофиқ ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши керак.

76-модда. Таълим соҳасидаги махсус ҳуқуқий режим

Марказ ҳудудида юқори технологияли таълим муҳитини ва маданий муҳитни яратишга қаратилган таълим соҳасидаги махсус ҳуқуқий режим ўрнатилади.

Махсус ҳуқуқий режим доирасида Марказ ҳудудидаги таълимга оид фаолиятни Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартларига мажбурий равишда мослаштирмаган ҳолда, етакчи хорижий таълим ташкилотларининг ўқув дастурлари ва стандартлари асосида амалга оширишга рухсат берилади. Таълим дастурларининг мазмуни, ўқув режаларига нисбатан қўйиладиган талаблар ва билимларни баҳолаш усуллари Марказ органлари томонидан Марказнинг тегишли қарорларини қабул қилиш орқали мустақил равишда белгиланади. Мазкур ўқув дастурлари ва ҳужжатлар устувор кучга эга бўлиб, уларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра таълим соҳасидаги ваколатли давлат органлари билан мажбурий тартибда келишилиши талаб этилмайди.

Таълимга оид фаолият, шу жумладан янги таълим ташкилотлари, академиялар, илмий институтлар ёки таълим майдончалари, шунингдек янги университетлар, хорижий университетларнинг филиаллари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув марказлари Бошқарув кенгаши билан келишилган ҳолда, Марказ маъмурияти томонидан бериладиган ихтисослаштирилган лицензиялар асосида ташкил этилади. Бундай лицензияларни бериш тартиби ва лицензиялаш мезонлари Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланадиган Марказнинг алоҳида қарори билан белгиланади.

Бунда Марказнинг қарорида таълим дастурларининг мазмунига нисбатан давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни тарғиб қилувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига, аҳолининг соғлиғига, ижтимоий ахлоққа тажовуз қилувчи ғояларни тарғиб қилишнинг олди олинишни назарда тутувчи мезонлар ва талаблар белгиланади.

Марказ ҳудудида таълим ташкилотини ташкил этиш учун зарур инфратузилма мавжуд бўлмаган ҳолларда, ушбу Конституциявий Қонуннинг қоидаларига мувофиқ бундай муассасани Марказ ҳудудидан ташқарида ташкил этишга йўл қўйилади. Бундай таълим ташкилотларининг ҳудуди Марказнинг ишлаб чиқариш ҳудуди деб эътироф этилади ва унга нисбатан ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган махсус ҳуқуқий режим тўлиқ ҳажмда татбиқ этилади.

Таълим соҳасидаги махсус ҳуқуқий режим татбиқ этилган таълим ташкилотларида Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонунчилиги ушбу Конституциявий Қонунга ва Марказнинг қарорларига зид бўлмаган қисми бўйича қўлланилади.

IV БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

16-боб. Жавобгарлик чоралари ва низоларни ҳал этиш

77-модда. Марказнинг субъектлари иштирокидаги низоларни кўриб чиқиш

Марказнинг махсус ҳуқуқий режими доирасида юзага келадиган низолар «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига мувофиқ ташкил этилган Тошкент халқаро тижорат суди томонидан кўриб чиқилади.

Тошкент халқаро тижорат суди Марказга нисбатан қуйидаги тоифадаги низолар бўйича юрисдикцияга эга:

Марказ субъектлари ўртасида юзага келадиган фуқаролик, иқтисодий, корпоратив ва меҳнатга оид низолар;

Марказ ҳудудида амалга оширилаётган фаолият, Марказнинг махсус қонунчилигига мувофиқ тартибга солинадиган ҳуқуқий муносабатлар ёки Марказ ҳудудида жойлашган мол-мулк билан боғлиқ низолар;

Марказ иштирокчиларининг тўловга қобилиятсизлиги, банкротлиги, қайта ташкил этилиши ҳамда мажбуриятларни реструктуризация қилиш билан боғлиқ ишлар;

тарафларнинг келишувига кўра Тошкент халқаро тижорат суди юрисдикциясига киритилган низолар;

халқаро арбитраж билан боғлиқ ишлар, шу жумладан ҳакамларни тайинлаш, четлатиш, вақтинчалик таъминлаш чораларини қўллаш, арбитраж қарорларини бекор қилиш, тан олиш ва ижро этиш, шунингдек Марказнинг махсус қонунчилигида назарда тутилган бошқа ваколатлар;

Марказ органларининг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги юзасидан келиб чиқадиган низолар, шу жумладан лицензиялаш, рўйхатдан ўтказиш, назорат қилиш, интизомий чоралар ва бошқа тартибга солиш чоралари билан боғлиқ ишлар;

Марказнинг махсус қонунчилигидан келиб чиқадиган бошқа низолар;

ушбу Конституциявий Қонун, Марказнинг махсус қонунчилиги ёки Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилиги билан Тошкент халқаро тижорат судининг ваколатлари жумласига киритилган бошқа ишлар.

Тошкент халқаро тижорат суди ушбу Конституциявий Қонунни, Марказнинг махсус қонунчилигини қўллайди ва талқин қилади.

Марказнинг махсус қонунчилигидан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда Тошкент халқаро тижорат суди ушбу қонунчиликни мустақил равишда талқин қилади ва қўллайди ҳамда Марказнинг махсус ҳуқуқий режими мақсадлари ва принципларини ҳисобга олади.

Тошкент халқаро тижорат суди томонидан қабул қилинган қарорлар «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунида белгиланган тартибда ижро этилади.

78-модда. Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ушбу Конституциявий Қонунга ва Марказнинг қарорларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулотларни ва ечимларни синовдан ўтказишда ёки тажриба-синовдан ўтказишда инсоннинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига зарар етказилишига йўл қўйилмайди.

Марказнинг қарорларида назарда тутилган жавобгарлик чораларини қўллаш тартиби ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқ Бошқарув кенгашининг қарорлари билан белгиланади.

Ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган жавобгарлик чораларини қўллаш асослари, шартлари ва тартиби Бошқарув кенгашининг қарорлари билан белгиланади.

Ушбу Конституциявий Қонуннинг 6 ва 7-моддаларида назарда тутилган ҳолларда жавобгарлик чоралари Марказнинг маъмурияти томонидан қўлланилади.

Бошқа ҳолларда, молия ва банк ташкилотларига нисбатан жавобгарлик чоралари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра Марказнинг маъмурияти томонидан мазкур соҳадаги ваколатли давлат орган билан биргаликда ўз ваколатлари доирасида қўлланилади.

Жавобгарлик чоралари, агар ушбу Конституциявий Қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Марказнинг маъмурияти томонидан қўлланилади.

Ушбу бобда назарда тутилган жавобгарлик чоралари фақат Бошқарув кенгашининг қарорларини ва махсус ҳуқуқий режим талабларини бузганлик учун, шунингдек ушбу Конституциявий Қонуннинг 6 ва 7-моддаларида назарда тутилган ҳолларда қўлланилади.

79-модда. Жавобгарлик чоралари

Марказнинг маъмурияти Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйган шахсга нисбатан қуйидаги жавобгарлик чораларини қўллашга ҳақли:

ёзма огоҳлантириш;

муайян ҳаракатларни амалга ошириш ҳақида ёки муайян ҳаракатларни амалга оширишдан тийилиш тўғрисида кўрсатма бериш;

ҳуқуқбузарликни ва унинг оқибатларини бартараф этиш, шу жумладан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ёки ҳуқуқбузарликдан олдинги ҳолатни тиклаш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини юклатиш;

ҳуқуқбузарлик натижасида олинган фойдани қайтариш;

молиявий санкциялар;

айрим фаолият турларини ёки операцияларни амалга оширишни вақтинча чеклаш;

ҳуқуқбузарликнинг ёки унинг оқибатларининг олдини олиш ёхуд уларни бартараф этиш учун зарур бўлган шошилинч ҳимоя чораларини қўллаш;

Марказнинг махсус ҳуқуқий режимида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш;

Марказ иштирокчисининг мақомини тўхтатиб туриш ёки тугатиш.

Ушбу моддада назарда тутилган жавобгарлик чоралари Бошқарув кенгашининг қарорларида белгиланган ҳолларда молиявий санкцияларга қўшимча равишда ёки уларнинг ўрнига қўлланилиши мумкин.

Жавобгарлик чораларининг қўлланилиши ҳуқуқбузарни ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этиш ва етказилган зарарнинг ўрнини қўлланиладиган ҳуқуқда белгиланган тартибда қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.

Жавобгарлик чорасини, унинг муддатини, миқдорини ва жавобгарлик чораларини қўллаш кетма-кетлигини танлашда Марказнинг маъмурияти қоидабузарликнинг хусусияти ва оқибатларини, айбдорлик даражасини (мавжуд бўлганда), шунингдек қўлланилаётган жавобгарлик чорасининг йўл қўйилган қоидабузарликка мутаносиблигини ҳисобга олиши шарт.

Қоидабузарликларни аниқлаш, материалларни кўриб чиқиш, қарорлар қабул қилиш, шикоят қилиш ва жавобгарлик чораларининг ижросини таъминлаш тартиби ушбу Конституциявий Қонун доирасида Марказнинг қарорлари билан белгиланади.

17-боб. Ушбу Конституциявий Қонунни амалга киритиш

80-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

81-модда. Қонунчиликни ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Конституциявий Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

82-модда. Ушбу Конституциявий Қонунни ва Марказнинг қарорларини қўллаш бўйича ўтиш қоидалари

Марказнинг ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган қарорлари ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида унинг органлари томонидан ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши лозим.

Марказнинг қарорлари қабул қилингунига қадар Марказ ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ушбу Конституциявий Қонунга зид келмаган қисми бўйича қўлланилиши мумкин.

83-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини мониторинг қилиш

Ушбу Конституциявий Қонуннинг ижроси ҳамда махсус ҳуқуқий режимнинг қўлланилиши ва самарадорлиги:

Бошқарув кенгаши томонидан ҳар йили камида бир маротаба;

Марказ маъмуриятининг Кузатув кенгаши томонидан доимий равишда мониторинг қилиб борилади.

84-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Конституциявий Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 19 август,

ЎРҚ-1169-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.08.2026 й., 03/26/1169/0859-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonuni

Raqamli texnologiyalar xalqaro markazi toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2026-yil 4-avgustda qabul qilingan Senat tomonidan 2026-yil 8-avgustda maʼqullangan

I BOʻLIM. UMUMIY QOIDALAR

1-bob. Asosiy qoidalar

1-modda. Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning maqsadi va qoʻllanilish sohasi

Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning maqsadi Raqamli texnologiyalar xalqaro markazining (bundan buyon matnda Markaz deb yuritiladi) alohida hudud sifatidagi maqomini va Markaz hududida amal qiladigan maxsus huquqiy rejimni belgilashdan iborat.

Ushbu Konstitutsiyaviy Qonun bilan quyidagi sohalarda maxsus huquqiy rejim oʻrnatiladi:

“Tartibga solish qumdoni” doirasida innovatsiyalarni, xizmatlarni va mahsulotlarni yaratish, sinovdan oʻtkazish hamda joriy etish;

raqamli texnologiyalar sohasiga investitsiyalarni jalb etishga va mazkur sohada eksport faoliyati bilan shugʻullanishni ragʻbatlantirishga qaratilgan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish;

fuqarolik, korporativ va tijorat huquqiga oid munosabatlar;

fuqarolik va iqtisodiy protsessual munosabatlar;

bojxona ishi va soliq solish;

mehnatga oid munosabatlar;

moliya va bank faoliyati, valyuta operatsiyalarini amalga oshirish;

maʼlumotlarni himoya qilish, shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berish va ularni himoya qilish;

davlat xizmatlarini koʻrsatish;

intellektual mulkni muhofaza qilish.

2-modda. Raqamli texnologiyalar xalqaro markazida qoʻllaniladigan huquq

Markaz hududida ushbu moddada belgilangan quyidagi ustuvorlik tartibidagi maxsus qonunchilik amal qiladi:

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi ;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonun;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga muvofiq Markazni tashkil etish, faollashtirish, uning chegaralarini oʻzgartirish, strategik boshqaruv, asosiy mansabdor shaxslarni tayinlash hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining vakolatlariga bevosita taalluqli boʻlgan boshqa masalalar yuzasidan qabul qilingan farmonlari va qarorlari;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga asosan va unga muvofiq qabul qilingan, Markazning oʻz yurisdiksiyasiga kiradigan masalalarni tartibga soladigan qarorlari (bundan buyon matnda Markazning qarorlari deb yuritiladi);

zarur hollarda, Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasiga , ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga va Markazning qarorlariga zid boʻlmagan taqdirda, Angliya va Uelsning umumiy huquqi hamda adolat prinsiplari va qoidalari;

Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligining ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Markazning qarorlari bilan tartibga solinmagan hamda ularga zid boʻlmagan qismi boʻyicha qoʻllaniladigan qonunchilik hujjatlari.

Markazning qarorlarini ishlab chiqish, roʻyxatdan oʻtkazish, amalga kiritish, eʼlon qilish, ularga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, ularni bekor qilish, shuningdek ularning amal qilishini toʻxtatib turish hamda tugatish tartibi Boshqaruv kengashining qarorlari bilan belgilanadi.

Markaz hududida Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalaridan kelib chiqadigan majburiyatlar va quyidagi qonunchilik hujjatlari qoʻllaniladi:

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonun 7-moddasining qoidalariga muvofiq jinoyatlar toʻgʻrisidagi va jinoyat-protsessual qonunchilik;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonun 6-moddasining qoidalariga muvofiq maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi qonunchilik;

milliy xavfsizlik, mudofaa, jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish, immigratsiya nazorati, oila, atrof-muhitni muhofaza qilish, favqulodda holat, sanitariya-epidemiologik osoyishtalik hamda fuqarolar sogʻligʻini saqlash toʻgʻrisidagi qonunchilik;

sud hujjatlarini va boshqa organlar hujjatlarini majburiy ijro etish bilan bogʻliq qonunchilik;

Toshkent xalqaro moliya markazi ishtirokchilarining Markaz hududidagi faoliyati va koʻrsatadigan xizmatlariga nisbatan “Toshkent xalqaro moliya markazi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuni va uning 8-moddasida koʻrsatilgan qoʻllaniladigan huquq;

boshqa qonunchilik hujjatlari, agar ularning qoʻllanilishi ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda yoki Markazning qarorlarida toʻgʻridan-toʻgʻri nazarda tutilgan boʻlsa.

Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan ratifikatsiya qilingan xalqaro shartnomalar Markazning subyektlariga nisbatan toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllaniladigan darajada Markaz hududida qoʻllaniladi.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Markaz maxsus qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

Markaz hududida Markazning oʻz yurisdiksiyasi doirasida qabul qilgan qarorlari ushbu qarorlarga zid boʻlgan har qanday normativ-huquqiy hujjatlardan ustun turadi, bundan Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi, ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan ratifikatsiya qilingan xalqaro shartnomalar mustasno.

Markazning subyektlariga nisbatan ushbu modda uchinchi qismining beshinchi xatboshisida koʻrsatilgan Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashishga doir talablardan tashqari Markazning qarorlari bilan qoʻshimcha yoki kengaytirilgan talablar belgilanishi mumkin.

Ushbu moddaning uchinchi qismida nazarda tutilgan hollardan tashqari, ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Markazning qarorlari bilan uning yurisdiksiyasiga kiradigan masalalarga oid Oʻzbekiston Respublikasining tegishli qonunchiligi yoki har qanday davlat organining yoxud idorasining maʼmuriy hujjatlari Markazning subyektlariga nisbatan amal qilmaydi, bundan ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda yoki Markazning qarorlarida bevosita nazarda tutilgan maxsus hollar mustasno.

3-modda. Asosiy tushunchalar

Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

Markazning ishtirokchilari — Markazning rezidentlari va investorlari;

Markazning subyektlari — Markazning organlari, ishtirokchilari va ularning xodimlari, shuningdek akkreditatsiya qilingan hamkorlar;

maxsus huquqiy rejim — maxsus qonunchilikda belgilangan, ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishning alohida shartlarini belgilaydigan va Markaz hududida uning subyektlariga nisbatan amal qiladigan huquqiy normalar majmuasi;

“Tartibga solish qumdoni” — Markaz hududida innovatsion texnologiyalarni, mahsulotlarni va xizmatlarni yaratish, sinovdan oʻtkazish hamda joriy etish uchun yaratiladigan tajribaviy-huquqiy muhit.

4-modda. Markazning maxsus huquqiy rejimi

Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda belgilangan maxsus huquqiy rejim 2100-yilgacha amal qiladi.

Maxsus huquqiy rejim Boshqaruv kengashi tomonidan tasdiqlanadigan faoliyat turlariga nisbatan tatbiq etiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining manfaatlarini himoya qilish va xavfsizlikka boʻlgan tahdidlarning oldini olish maqsadida Boshqaruv kengashi Markazning ayrim subyektlariga nisbatan maxsus huquqiy rejimdan foydalanishga doir cheklovlar belgilashga haqli.

Markazning organlari va boshqa subyektlari oʻrtasidagi munosabatlar ular oʻrtasida tuziladigan shartnomalarga asoslanadi.

Maxsus huquqiy rejim doirasida taqdim etiladigan imkoniyatlar, preferensiyalar va imtiyozlar kafolatlanadi hamda ularning yomonlashtiradigan tarzda oʻzgartirilishiga yoki amal qilish muddatidan avval toʻxtatilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

5-modda. Maxsus huquqiy rejim amal qiladigan hudud

Maxsus huquqiy rejim Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan belgilangan chegaralar doirasidagi Markaz hududida amal qiladi.

Markazning ishtirokchilarida oʻz loyihalarini Markazdan tashqarida amalga oshirish zaruriyati yuzaga kelgan hollarda, agar mazkur loyihalar amalga oshiriladigan hudud ishlab chiqarish hududi sifatida tan olingan boʻlsa, ushbu hududda ham maxsus huquqiy rejim amal qilishi mumkin.

Markazdan tashqaridagi hududning ishlab chiqarish hududi sifatida tan olinishiga undan quyidagi maqsadlar uchun foydalanilganda yoʻl qoʻyiladi:

“Tartibga solish qumdoni” doirasida foydalanish uchun;

Markaz hududida amalga oshiriladigan loyihalar doirasida tadqiqot markazlarini, maʼlumotlarni saqlash va qayta ishlash markazlarini (data-markazlarini), ishlab chiqarish obyektlarini joylashtirish uchun;

Markaz hududida amalga oshiriladigan loyihalar doirasida taʼlim muassasalarini tashkil etish uchun;

Boshqaruv kengashining qarori bilan belgilanadigan boshqa infratuzilma obyektlarini tashkil etish uchun.

Muayyan hududni ishlab chiqarish hududi sifatida tan olish, shu jumladan tan olish mezonlarini belgilash va bekor qilish, ishlab chiqarish hududi chegaralarini belgilash hamda oʻzgartirish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmoniga binoan amalga oshiriladi.

Markazning qarorlariga asosan virtual ofislar yaratishga va Markaz ishtirokchilarini masofadan turib qatnashish uchun jalb etishga yoʻl qoʻyiladi hamda ushbu ofislar doirasida ham maxsus huquqiy rejim amal qiladi.

6-modda. Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi qonunchilikni qoʻllashning oʻziga xos xususiyatlari

Agar Markazning subyektlari tomonidan Markaz hududida sodir etilgan, valyuta qimmatliklari, bojxona ishi, soliq solish, raqobat toʻgʻrisidagi qonunchilikni, shuningdek savdo yoki xizmatlar koʻrsatish qoidalarini buzish bilan bogʻliq boʻlgan, Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga muvofiq maʼmuriy javobgarlik belgilangan harakatlar (harakatsizlik) oʻz mohiyatiga koʻra tijorat, iqtisodiy yoki fuqarolik-huquqiy nizoni, Markaz maʼmuriyati talablarining buzilishini ifodalasa, ulardan kelib chiqsa yoki ular bilan bogʻliq deb hisoblansa hamda ushbu Konstitutsiyaviy Qonun yoki Markazning qarorlari doirasida hal etilishi mumkin boʻlsa, Markazning maʼmuriyati birinchi navbatda Markaz yurisdiksiyasi doirasida mavjud boʻlgan iqtisodiy, fuqarolik-huquqiy choralarni, tartibga solish yoki maʼmuriy taʼsir choralarini qoʻllaydi.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan harakatlar (harakatsizlik) roʻyxati va ular uchun qoʻllaniladigan taʼsir choralari Boshqaruv kengashining qarorlari bilan belgilanadi.

Markaz maʼmuriyati ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan holatlar boʻyicha materiallarni maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida ish qoʻzgʻatish uchun Oʻzbekiston Respublikasining vakolatli organlariga yubormaydi.

Ushbu moddaning qoidalari Markazda bank va moliyaviy xizmatlar koʻrsatadigan Toshkent xalqaro moliya markazining ishtirokchilariga nisbatan “Toshkent xalqaro moliya markazi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuniga muvofiq amalga oshiriladi.

7-modda. Markaz hududida jinoiy yurisdiksiyani amalga oshirish

Agar Markazning subyektlari tomonidan Markaz hududida sodir etilgan, valyuta qimmatliklari, bojxona ishi, soliq solish, raqobat qonunchilikni, shuningdek savdo yoki xizmatlar koʻrsatish qoidalarini buzish bilan bogʻliq boʻlgan, Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat kodeksiga muvofiq jinoiy javobgarlik belgilangan harakatlar (harakatsizlik) oʻz mohiyatiga koʻra tijorat, iqtisodiy yoki fuqarolik-huquqiy nizoni, Markaz maʼmuriyati talablarining buzilishini ifodalasa, ulardan kelib chiqsa yoki ular bilan bogʻliq deb hisoblansa hamda ushbu Konstitutsiyaviy Qonun yoki Markazning qarorlari doirasida hal etilishi mumkin boʻlsa, Markazning maʼmuriyati birinchi navbatda Markaz yurisdiksiyasi doirasida mavjud boʻlgan iqtisodiy, fuqarolik-huquqiy choralarni, tartibga solish yoki maʼmuriy taʼsir choralarini qoʻllaydi.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan harakatlar (harakatsizlik) roʻyxati va ular uchun qoʻllaniladigan taʼsir choralari Boshqaruv kengashining qarorlari bilan belgilanadi.

Markazning maʼmuriyati ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan holatlar boʻyicha materiallarni jinoyat ishini qoʻzgʻatish, tergov oʻtkazish yoki jinoiy taʼqibni amalga oshirish masalasini hal etish uchun Oʻzbekiston Respublikasining vakolatli organlariga yubormaydi.

Ushbu modda Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq jinoyat hisoblangan va Markaz doirasida fuqarolik-huquqiy choralarni, tartibga solish yoki maʼmuriy taʼsir choralarini qoʻllash orqali yetarli darajada hal etilishi mumkin boʻlmagan harakatlarga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasining vakolatli huquqni muhofaza qiluvchi organlari yurisdiksiyasini cheklovchi norma sifatida talqin etilmasligi kerak. Bunday hollarda Markazning tegishli organi huquqni muhofaza qiluvchi vakolatli organlar bilan toʻliq hamkorlik qiladi hamda tegishli masala boʻyicha tergov oʻtkazilishi va jinoiy taʼqib amalga oshirilishi uchun zarur koʻmakni koʻrsatadi.

Markazning maʼmuriyati ushbu moddaga muvofiq fuqarolik-huquqiy choralarni, tartibga solish va maʼmuriy taʼsir choralarini ustuvor ravishda qoʻllashni taʼminlash, shuningdek Markaz yurisdiksiyasiga va milliy jinoiy yurisdiksiyaga taalluqli boʻlishi mumkin boʻlgan masalalarni koʻrib chiqishning kelishilgan tartib-taomillarini belgilash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining huquqni muhofaza qiluvchi vakolatli organlari bilan hamkorlik toʻgʻrisida bitimlar tuzishga haqli.

Ushbu moddaning qoidalari Markazda bank va moliyaviy xizmatlarni koʻrsatadigan Toshkent xalqaro moliya markazining ishtirokchilariga nisbatan “Toshkent xalqaro moliya markazi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuniga muvofiq amalga oshiriladi.

8-modda. Markazning nomidan foydalanish

“Raqamli texnologiyalar xalqaro markazi” degan nom davlat tomonidan himoya qilinadigan rasmiy nom hisoblanadi.

Markazning subyektlari mazkur nomdan ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Markazning qarorlari bilan belgilangan tartib doirasida foydalanish huquqiga ega.

Mazkur nomdan notoʻgʻri, chalkashlikka olib keladigan yoki Markaz bilan bogʻliqlik mavjudligi toʻgʻrisida yanglish tasavvur uygʻotadigan tarzda foydalanish taqiqlanadi.

9-modda. Markaz faoliyatining asosiy prinsiplari

Markaz faoliyatining asosiy prinsiplari quyidagilardan iborat:

ochiqlik va oshkoralik;

teng raqobat muhitini taʼminlash;

halollik;

innovatsiyaviylik;

moslashuvchan yondashuv;

samaradorlik va natijadorlik;

ekologik xavfsizlik;

sharoitlarning yomonlashuvidan himoyalanganlik kafolati;

mustaqillik.

10-modda. Markazning davlat organlari bilan hamkorligi

Oʻzbekiston Respublikasining davlat organlari va tashkilotlari hamda ularning mansabdor shaxslari (bundan buyon matnda davlat organlari deb yuritiladi) Markazni rivojlantirishga, Markazning maqsadlariga erishilishiga va uning zimmasiga yuklatilgan vazifalarning bajarilishiga koʻmaklashadi.

Davlat organlari Markaz bilan hamkorlikni quyidagi yoʻnalishlarda amalga oshiradi:

tegishli sohalarni shakllantirishda va tartibga solishda Markazning organlariga uslubiy, axborot jihatidan va maslahat tarzida yordam koʻrsatish;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda toʻgʻridan-toʻgʻri nazarda tutilgan hollarda Markazning qarorlari loyihalarini kelishish;

Markazning oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalarni amalga oshirish maqsadida davlat organlarining axborot tizimlarini Markazning axborot tizimlari bilan integratsiya qilish orqali zarur maʼlumotlardan elektron hamkorlik orqali oʻzaro foydalanish imkoniyatini taʼminlash;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda belgilangan boshqa yoʻnalishlarda.

Markazning faoliyatiga, jumladan Markazning subyektlariga nisbatan tatbiq etiladigan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari Boshqaruv kengashi bilan majburiy ravishda kelishiladi.

Maxsus huquqiy rejim amal qiladigan sohalarda tadbirkorlik subyektlari faoliyatini nazorat qilish Markazning mazkur sohalarni tartibga soluvchi qarorlari hisobga olingan holda va Markaz organlarining vakillari ishtirokida amalga oshiriladi. Bunda tadbirkorlik subyektlari faoliyatini nazorat qilish tartibi Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq mazkur sohalarda tadbirkorlik subyektlari faoliyatini nazorat qilishga vakolatli boʻlgan davlat organlari bilan kelishilgan holda Boshqaruv kengashi tomonidan belgilanadi.

2-bob. Markazning normativ-huquqiy hujjatlari va ish yuritish tili

11-modda. Markazning qarorlari

Markazning qarorlari uning organlari tomonidan qabul qilinadigan va Markaz hududida barcha uchun majburiy boʻlgan huquqiy normalarni belgilashga, oʻzgartirishga yoki bekor qilishga qaratilgan hujjatlardan iboratdir.

Markazning qarorlari ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning normalariga, Angliya va Uels umumiy huquqining elementlariga va (yoki) yetakchi xalqaro moliya markazlarining standartlariga asoslanadi.

Markazning barcha qarorlari Markazning rasmiy manbalarida ingliz tilida majburiy ravishda eʼlon qilinadi. Bunda, agar Markaz qarorining oʻzida kechroq muddat koʻrsatilmagan boʻlsa, u rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi. Rasmiy eʼlon qilinmagan Markaz qarori yuridik kuchga va taʼsirga ega boʻlmaydi hamda Markazning subyektlariga nisbatan majburiy hisoblanmaydi.

Markazning qarorlarini ishlab chiqish, vakolatli organlar bilan kelishish, roʻyxatdan oʻtkazish, eʼlon qilish, amalga kiritish, ularga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, ularning amal qilishini toʻxtatib turish, ularni bekor qilish va tugatish tartibi, Markaz qarorlarining oʻzaro nisbati Boshqaruv kengashi tomonidan belgilanadi.

Bunda Boshqaruv kengashining qarorlari oddiy koʻpchilik ovoz bilan kollegial tarzda qabul qilinadi. Ovozlar soni teng boʻlib qolgan taqdirda, Boshqaruv kengashi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

Boshqaruv kengashining Markaz faoliyatiga oid qarorlari ilgʻor xalqaro tajriba va standartlar asosida Markazning maʼmuriyati tomonidan ishlab chiqiladi.

Boshqaruv kengashining qarorlari xalqaro yuridik tashkilotlar jalb etilgan holda huquqiy ekspertizadan oʻtkazilishi mumkin.

12-modda. Markaz qarorlarining turlari

Markazning qarorlari jumlasiga ushbu Konstitutsiyaviy Qonun bilan belgilangan vakolatlar doirasida qabul qilinadigan quyidagi qarorlar kiradi:

Boshqaruv kengashining qarorlari;

Boshqaruv kengashi belgilagan tartibda Markazning maʼmuriyati tomonidan nizomlar, qoidalar va boshqa hujjatlar shaklida qabul qilinadigan qarorlar.

Boshqaruv kengashining qarorlari Markaz maʼmuriyatining qarorlariga nisbatan yuqori yuridik kuchga egadir.

13-modda. Markazning ish yuritish tili

Markazning rasmiy ish yuritish tili ingliz tili hisoblanadi. Rasmiy ish yuritish zaruratga qarab, davlat tilida va boshqa tillarda amalga oshirilishi mumkin.

Markazning maʼmuriyati tomonidan zaruratga koʻra, hujjatlarning davlat tiliga tarjima qilinishi taʼminlanadi.

Agar taraflarning kelishuvida boshqacha tartib belgilangan boʻlmasa, Markaz ishtirokchilarining yozma shaklda tuziladigan barcha bitimlari ingliz tilida rasmiylashtiriladi.

Davlat organlari bilan munosabatlarda, shu jumladan arizalar, takliflar va shikoyatlar bilan murojaat qilishda, davlat xizmatlaridan foydalanishda, hisob-kitob, moliyaviy hisobot, statistika va boshqa hisobot hujjatlarini yuritishda, shuningdek maxsus huquqiy rejim tatbiq etilmaydigan boshqa hollarda ish yuritish taraflarning ixtiyoriga koʻra davlat tilida yoki boshqa tilda amalga oshirilishi mumkin. Bunday hollarning barchasida hujjatning ingliz tilidagi matni mavjud boʻlishi shart. Agar hujjatning asl nusxasi faqat davlat tilida yoki boshqa tilda tuzilgan boʻlsa, unga hujjatning ingliz tilidagi tegishli tartibda tasdiqlangan tarjimasi ilova qilinishi lozim.

Hujjatning turli tillardagi matnlari oʻrtasida tafovut yoki ziddiyatlar mavjud boʻlgan taqdirda, hujjatning ingliz tilidagi matni Markaz tomonidan oʻz yurisdiksiyasi doirasida talqin qilish va huquqni qoʻllash maqsadlari uchun mutlaq ustuvorlikka ega deb hisoblanadi.

Maxsus huquqiy rejim doirasida hujjatlarning ushbu Konstitutsiyaviy Qonun maqsadlari uchun qilingan tarjimasini tasdiqlash tartibi Markazning qarori bilan belgilanadi.

II BOʻLIM. MARKAZNING SUBYEKTLARI

3-bob. Markazning organlari

14-modda. Markazning organlari

Markazning organlari quyidagilardan iborat:

Boshqaruv kengashi;

Markazning maʼmuriyati.

Markazning organlari oʻz faoliyatini ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga va Markazning qarorlariga muvofiq oʻziga berilgan vakolatlar doirasida, mustaqil ravishda amalga oshiradi.

1-§. Boshqaruv kengashi

15-modda. Boshqaruv kengashi

Boshqaruv kengashi Markaz faoliyatining strategik yoʻnalishlarini belgilaydigan va uning yuqori boshqaruvini amalga oshiradigan kollegial organ hisoblanadi.

Boshqaruv kengashining tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tasdiqlanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Boshqaruv kengashining raisi hisoblanadi.

16-modda. Boshqaruv kengashining vazifalari

Boshqaruv kengashining vazifalari quyidagilardan iborat:

Markazning maxsus huquqiy rejimi doirasida ustuvor yoʻnalishlarni va asosiy masalalar boʻyicha umumiy qoidalarni belgilash;

Markazning maxsus huquqiy rejimi qoʻllanilishining asosiy shartlarini, shuningdek Markaz organlari faoliyatining huquqiy asoslarini belgilash;

Markazni rivojlantirish boʻyicha maqsadli koʻrsatkichlarni tasdiqlash va ularga erishilishi ustidan umumiy nazoratni amalga oshirish;

Markazning institutsional rivojlanishiga oid masalalar boʻyicha qarorlar qabul qilish, shu jumladan Markaz ishtirokchilarining huquqlarini himoya qilish, shuningdek tartibga solish vositalarini takomillashtirish hamda Markazning ishtirokchilari uchun huquqiy barqarorlik va aniqlik muhitini shakllantirish;

investorlarning va investitsiyalarning uzoq muddatli huquqiy himoyasini taʼminlash, shuningdek xususiy mulkning va investitsiyalarning daxlsizligi kafolatlarini belgilash.

17-modda. Boshqaruv kengashining vakolatlari

Boshqaruv kengashi quyidagi vakolatlarga ega:

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda nazarda tutilgan masalalar boʻyicha qarorlar qabul qilish;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda nazarda tutilgan huquqbuzarliklarni koʻrib chiqish, ularga huquqiy baho berish hamda iqtisodiy, fuqarolik-huquqiy choralarni, tartibga solish va maʼmuriy taʼsir choralarini qoʻllash tartibini belgilash;

Markaz organlarining tuzilmasini belgilash;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonun maqsadlariga erishish uchun boshqa organlarni tashkil etish, ularning shakli, vakolatlari va funksiyalarini belgilash, shuningdek ularni tugatish hamda qayta tashkil etish;

Markazning ishtirokchilari uchun qoʻshimcha imtiyozlar va preferensiyalarni taqdim etish, shuningdek maxsus huquqiy rejim doirasida qoʻllaniladigan sohalarni, ularning amal qilish shartlarini uzaytirish va bekor qilish tartibini belgilash;

davlat organlari bilan hamkorlik qilish;

komissiyalarni va ishchi guruhlarni tashkil etish hamda tugatish;

Markaz maʼmuriyatining qarorlarini bekor qilish;

Markaz faoliyatiga doir boshqa masalalarni hal etish.

2-§. Markazning maʼmuriyati

18-modda. Markazning maʼmuriyati

Markazning maʼmuriyati Markazning faoliyat yuritishini taʼminlaydigan ijro etuvchi organ hisoblanadi.

Markazning maʼmuriyati Boshqaruv kengashining ishchi organi vazifasini bajaradi.

Markazning maʼmuriyati aksiyadorlik jamiyati shaklida tashkil etiladi.

19-modda. Markaz maʼmuriyatining vazifalari

Markaz maʼmuriyatining vazifalari quyidagilardan iborat:

Markazning ishtirokchilariga koʻmaklashish, maslahat tarzida va axborot jihatidan yordam koʻrsatish, shuningdek ularning samarali faoliyati uchun zarur shart-sharoitlar yaratish, jumladan Markaz infratuzilmasini tashkil etish va rivojlantirish;

Markazning qarorlariga rioya etilishi ustidan nazoratni tashkil etish, amalga oshirilayotgan loyihalarni monitoring qilish va ularning samaradorligini baholash.

20-modda. Markaz maʼmuriyatining vakolatlari

Markazning maʼmuriyati quyidagi vakolatlarga ega:

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga muvofiq Markazning qarorlarini qabul qilish, shu jumladan nizomlarni, qoidalarni, reglamentlarni va boshqa hujjatlarni tasdiqlash;

Markazning qarorlari ijro etilishi hamda Markazning qoidalariga va standartlariga rioya etilishi ustidan nazoratni amalga oshirish;

Markaz ishtirokchilarining belgilangan talablarga muvofiqligini tahlil qilish va tekshirish;

“Tartibga solish qumdoni” doirasida oʻtkaziladigan sinov jarayonlarini monitoring qilish va baholash;

“Tartibga solish qumdoni” doirasida oʻtkaziladigan sinovlarni toʻxtatib turish yoki tugatish;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda nazarda tutilgan hollarda huquqbuzarliklarni koʻrib chiqish, ularga huquqiy baho berish hamda iqtisodiy, fuqarolik-huquqiy choralarni, tartibga solish va maʼmuriy taʼsir choralarini qoʻllash.

Markazning maʼmuriyati ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga va Boshqaruv kengashining qarorlariga muvofiq boshqa vakolatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

21-modda. Markaz maʼmuriyatining faoliyatini moliyalashtirish

Markaz maʼmuriyatining faoliyati aksiyador yoki aksiyadorlar tomonidan ajratilgan mablagʻlar, Markazning ishtirokchilari tomonidan toʻlanadigan yigʻimlar va toʻlovlar, shuningdek Markazning qarorlari va Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan shakllantiriladigan oʻz budjetiga ega boʻladi.

4-bob. Markazning ishtirokchilari

22-modda. Markazning rezidentlari

Boshqaruv kengashi tomonidan tasdiqlanadigan faoliyat turlari boʻyicha Markaz hududida oʻz faoliyatini amalga oshiruvchi yuridik shaxslar Markazning rezidentlari deb eʼtirof etiladi.

Markazda yuridik shaxslar Markazning qarorlarida nazarda tutilgan shakllarda, shu jumladan quyidagi tashkiliy-huquqiy shakllarda faoliyat yuritishi mumkin:

Markazning hududida qoʻllaniladigan huquqqa muvofiq tashkil etilgan yuridik shaxs shaklida;

Markazning yurisdiksiyasidan tashqarida tashkil etilgan yuridik shaxs shaklida;

xorijiy yuridik shaxsning filiali va vakolatxonasi, shuningdek Markazning qarorlari bilan belgilangan tartibda faoliyat yuritishga ruxsat berilgan boshqa subyekt sifatida.

Markazning rezidenti maqomi yuridik shaxsni roʻyxatdan oʻtkazish va Markazning qarorlarida belgilangan tartibda Markazning ishtirokchilari reyestriga kiritish tartib-taomillari amalga oshirilganidan keyin beriladi.

Markazning qarorlari bilan rezidentlarga nisbatan qoʻshimcha talablar va mezonlar, shu jumladan quyidagilar belgilanishi mumkin:

amalga oshiriladigan faoliyat turlari va shartlari;

roʻyxatdan oʻtkazish va faoliyat yuritish tartibi;

rezidentning maqomini toʻxtatib turish yoki tugatish asoslari va tartibi.

23-modda. Markaz ishtirokchilarining reyestri

Markaz ishtirokchilarining reyestri Markazning rasmiy maʼlumotlar bazasi boʻlib, u Markazning ishtirokchilari toʻgʻrisidagi, shu jumladan Markazning ishtirokchisi maqomini olish, toʻxtatib turish va tugatish haqidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

Markaz ishtirokchilarining reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi, kiritiladigan maʼlumotlar tarkibi, ularni taqdim etish, yangilash tartibi, shuningdek mazkur reyestrdan foydalanish tartibi Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

5-bob. Markaz hududidagi investitsiya faoliyati, investorlarning toifalari va akkreditatsiya qilingan hamkorlar

24-modda. Investitsiya faoliyati

Markazning hududidagi investitsiya faoliyati quyidagilarga qaratiladi:

Markazning investitsiyaviy jozibadorligini oshirish va investitsiya kiritish uchun qulay shart-sharoitlar yaratishga;

investorlarning huquqlari va qonuniy manfaatlari kafolatlarini, shu jumladan investitsiyalarni himoya qilish mexanizmlarini ishlab chiqishga hamda amalga oshirishga;

muqobil investitsiyalar, shu jumladan venchur investitsiyalar ekotizimini shakllantirishga.

Investorlarga va investitsiyalarga nisbatan xavfsiz himoya prinsipi asosida, Markazning qarorlariga rioya etilgan holda, Markaz ishtirokchilarining huquqlarini va qonuniy manfaatlarini himoya qilishga qaratilgan kafolatlar majmuasi qoʻllaniladi.

25-modda. Markazning investitsiya faoliyati doirasidagi vazifalari

Investitsiya faoliyatini amalga oshirish doirasida Markaz quyidagi vazifalarni bajaradi:

investitsiya loyihalarini, shu jumladan venchur investitsiyalarni va moliyalashtirishning boshqa muqobil shakllari jalb etilgan va qoʻllanilgan holdagi investitsiya loyihalarini amalga oshirishga koʻmaklashish hamda ushbu jarayonlarni muvofiqlashtirish;

investitsiya bitimlarini tayyorlashda, tuzishda va kuzatib borishda, shu jumladan huquqiy, moliyaviy hamda boshqa masalalar boʻyicha uslubiy va tashkiliy jihatdan yordam koʻrsatishda ishtirok etish;

investorlar, startaplar, venchur fondlari va investitsiya faoliyatining boshqa subyektlari oʻrtasidagi hamkorlikni tashkil etish;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda va Markazning qarorlarida nazarda tutilgan investitsiya faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan boshqa vazifalarni bajarish.

26-modda. Investor tushunchasi va investorlarning toifalari

Ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Markazning qarorlari bilan belgilangan tartibda Markaz hududida investitsiya faoliyatini amalga oshiruvchi jismoniy yoki yuridik shaxs investor deb eʼtirof etiladi.

Investorlar investitsiya faoliyatining xususiyatlaridan kelib chiqqan holda, quyidagi toifalarga boʻlinadi:

institutsional investor;

startap-investor;

rezident-investor;

infratuzilmaviy investor.

Investorlarni koʻrsatib oʻtilgan toifalarga kiritish mezonlari, shuningdek ular tomonidan Markaz hududida investitsiya faoliyatini amalga oshirish shartlari va tartibi Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

27-modda. Institutsional investor

Investitsiya fondi, venchur fondi, moliya instituti, shuningdek investitsiya faoliyatini amalga oshirayotgan boshqa investor Markazning qarorlarida belgilangan tartibda institutsional investor deb eʼtirof etiladi.

Institutsional investorlarga nisbatan Markazning maxsus huquqiy rejimi, shu jumladan ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda va Markazning qarorlarida nazarda tutilgan imtiyozlar, preferensiyalar va boshqa qoʻllab-quvvatlash choralari toʻliq hajmda qoʻllaniladi.

Institutsional investor maqomini berish, toʻxtatib turish va tugatish tartibi, bunday investorlarga nisbatan qoʻyiladigan talablar va mezonlar, shuningdek ularga nisbatan ushbu Konstitutsiyaviy Qonun bilan nazarda tutilgan imtiyozlarni, preferensiyalarni hamda qoʻllab-quvvatlash choralarini qoʻllash tartibi, shartlari va mexanizmlari Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

28-modda. Startap-investor

Markaz hududida amalga oshiriladigan startap-loyihalarga toʻgʻridan-toʻgʻri investitsiyalarni kirituvchi jismoniy yoki yuridik shaxs startap-investor deb eʼtirof etiladi.

Agar Markazning qarorlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, startap-investorlarni Markaz ishtirokchisi sifatida alohida roʻyxatdan oʻtkazish talab etilmaydi.

Startap-investorlarning toʻgʻridan-toʻgʻri investitsiyalariga nisbatan ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Markazning qarorlari bilan investitsiya kiritiladigan obyekti Markaz hududida amalga oshiriladigan startap ekanligidan kelib chiqqan holda belgilangan maxsus huquqiy rejim qoʻllaniladi.

Startap-loyihalarga toʻgʻridan-toʻgʻri investitsiya kiritish tartibi, shu jumladan bunday investitsiyalarning turlari, shakllari, shartlari va ularga nisbatan qoʻyiladigan talablar ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Markazning tegishli qarorlari bilan belgilanadi.

Startap-investorlar tomonidan Markaz hududidagi startap-loyihalarga kiritiladigan investitsiyalardan olingan daromadlarga, shu jumladan dividendlar tarzida olingan daromadlarga nisbatan ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda nazarda tutilgan soliq va bojxona imtiyozlari qoʻllaniladi.

29-modda. Rezident-investor

Markazning rezidenti oʻz asosiy faoliyatini olib borish bilan bir qatorda, Markaz hududida amalga oshiriladigan startap-loyihalarga investitsiyalar kiritish huquqiga ega boʻlib, bunday huquqni amalga oshirgan Markaz rezidenti rezident-investor deb eʼtirof etiladi.

Rezident-investorning investitsiya faoliyatiga nisbatan Markazning maxsus huquqiy rejimi, shu jumladan ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda va Markazning qarorlarida nazarda tutilgan imtiyozlar, preferensiyalar va boshqa qoʻllab-quvvatlash choralari toʻliq hajmda qoʻllaniladi.

Markazning qarorlari bilan rezident-investorga nisbatan qoʻshimcha talablar va mezonlar, shu jumladan rezident-investor tomonidan investitsiya faoliyatini amalga oshirish tartibi, shartlari va bunday faoliyatni amalga oshirishga doir cheklovlar belgilanishi mumkin.

30-modda. Infratuzilmaviy investor

Markazning hududini rivojlantirish maqsadida infratuzilmaviy loyihalarni amalga oshirish uchun qurilish, rekonstruksiya qilish, modernizatsiya qilish ishlariga, ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik markazlarini, ofislarni va ishlab chiqarish binolarini, infratuzilma obyektlarini barpo etishga investitsiya kirituvchi jismoniy va (yoki) yuridik shaxs infratuzilmaviy investor deb eʼtirof etiladi.

Infratuzilmaviy investorlarga nisbatan Markazning maxsus huquqiy rejimi tatbiq etilmaydi, bundan ushbu moddaning uchinchi qismida nazarda tutilgan hollar mustasno.

Infratuzilmaviy investorlar foydalanishga topshirilgan infratuzilmaviy loyiha obyektlarini realizatsiya qilishdan va ijaraga berishdan olinadigan daromad boʻyicha barcha soliqlardan ozod etiladi.

Infratuzilmaviy loyihalarning roʻyxati hamda infratuzilmaviy investor tomonidan soliq imtiyozlaridan foydalanish shartlari Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

31-modda. Markaz subyektlari huquqlarining kafolatlari

Markazning subyektlari ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda va Markazning qarorlarida belgilangan tartibda investitsiya faoliyatini erkin amalga oshirishga, investitsiyalarning hajmi, turlari, shakllari, investitsiyalar kiritiladigan sohalar va yoʻnalishlarni mustaqil ravishda belgilashga, shuningdek investitsiya faoliyati natijasida olingan daromadlarni erkin tasarruf etishga haqli.

Markaz organlarining, ishtirokchilarining va ularning xodimlari Markaz hududida joylashgan yoki ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga va Markazning qarorlariga muvofiq shakllantirilgan mablagʻlarini, aktivlarini, investitsiyalarini, mol-mulkini va mulkiy huquqlarini musodara qilishga, natsionalizatsiya qilishga, ekspropriatsiya qilishga, sekvestrlashtirishga, muzlatishga yoki ularga egalik qilishni yoxud ularni erkin tasarruf etishni har qanday tarzda cheklashga yoʻl qoʻyilmaydi, bundan Toshkent xalqaro tijorat sudining ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga va Markazning qarorlariga muvofiq chiqarilgan yakuniy va majburiy kuchga ega boʻlgan hal qiluv qarorlari yoki ajrimlari, shuningdek jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish, sanksiyalar, jinoiy daromadlar yoki toʻlovga qobiliyatsizlik masalalariga oid qonunchilikka yoxud Markazning qarorlariga muvofiq qoʻllaniladigan cheklovlar mustasno.

Ushbu moddaga muvofiq qoʻllaniladigan har qanday chora qonuniy, mutanosib va tegishli protsessual kafolatlarga rioya etilgan holda amalga oshirilishi kerak hamda ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga va Markazning qarorlariga muvofiq sud tartibida qayta koʻrib chiqilishi mumkin.

Ushbu moddada belgilangan himoya choralari Markaz hududidan tashqaridagi Oʻzbekiston Respublikasi davlat organining yoki tashkilotining hech bir hujjati bilan kamaytirilishi yoki cheklanishi mumkin emas. Bunday kamaytirishni yoki cheklashni nazarda tutuvchi har qanday hujjat shunday kamaytirishga yoki cheklashga oid qismi boʻyicha Markaz hududida yuridik kuchga ega boʻlmaydi va qoʻllanilmaydi.

32-modda. Markaz subyektlari qonuniy manfaatlarini himoya qilish

Markazning qarorlariga muvofiq va ushbu qarorlarda belgilangan talablarga rioya qilgan holda Markaz subyektlarining oʻz faoliyati doirasidagi qonuniy manfaatlarini himoya qilish taʼminlanadi.

Markaz subyektlarining qonuniy manfaatlarini himoya qilish quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

harakat sodir etilgan paytda qonunchilik yoki tartibga solish amaliyoti oʻzgarishi munosabati bilan amalda boʻlmagan talablar asosida javobgarlik qoʻllanilmasligini;

davlat organlari tomonidan faoliyatni cheklash, toʻxtatib turish, tugatish yoki litsenziyani bekor qilish kabi taʼsir choralari faqat Markazning qarorlarida nazarda tutilgan asoslar boʻyicha qoʻllanilishini;

Markazning ishtirokchisiga nisbatan oʻtkaziladigan tekshiruvlar va nazorat tadbirlari xavflarni boshqarish prinsipi asosida va Markazning organlari ishtirokida amalga oshirilishini.

Markaz ishtirokchilarining qonuniy manfaatlarini himoya qilish sodir etilgan huquqbuzarliklar, firibgarlik, korrupsiya holatlari hamda insonning hayotiga va (yoki) sogʻligʻiga zarar yetkazish hollari bilan bogʻliq boʻlgan munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

Markazning qarorlarida Markaz subyektlarining qonuniy manfaatlarini himoya qilish mexanizmlari, shu jumladan tartib-taomillari, ularni monitoring qilish va baholash mezonlari belgilanadi.

33-modda. Akkreditatsiya qilingan hamkorlar

Markaz hududida Markazning subyektlariga maslahat, konsalting xizmatlari va boshqa xizmatlar koʻrsatadigan, Markazning qarorlarida belgilangan tartib-taomillardan oʻtgan yuridik yoki jismoniy shaxs akkreditatsiya qilingan hamkor deb eʼtirof etiladi.

Akkreditatsiya qilingan hamkorlarga Markaz hududida faoliyatni amalga oshirish uchun ruxsat berish, ularga nisbatan qoʻyiladigan talablar, shuningdek akkreditatsiyadan oʻtgan hamkorning maqomini tugatish tartibi Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

Akkreditatsiya qilingan hamkorlar ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga, Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga, shuningdek Markazning qarorlarida belgilangan talablar va qoidalarga rioya etishi shart.

Markazning maxsus soliq va bojxona rejimi, shuningdek ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda hamda Markazning qarorlarida nazarda tutilgan boshqa imtiyozlar va preferensiyalar akkreditatsiya qilingan hamkorlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

6-bob. Markaz organlarining va ishtirokchilarining xodimlari

34-modda. Markaz organlarining va ishtirokchilarining xodimlari

Markazning organlarida yoki ishtirokchilarida mehnat faoliyatini amalga oshirayotgan jismoniy shaxslar quyidagi hollarda Markaz organlarining va ishtirokchilarining xodimlari (bundan buyon matndan xodimlar deb yuritiladi) deb eʼtirof etiladi:

mehnat shartnomasi (kontrakt) asosida;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda va Markazning qarorlarida belgilangan tartibda lavozimga saylanganda yoki tayinlanganda.

Markaz organlarining va ishtirokchilarining xodimlari Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi, xorijiy fuqaro yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs boʻlishi mumkin.

Markazning organlari va ishtirokchilari oʻz xodimlariga mehnat faoliyatini amalga oshirish uchun shart-sharoitlar yaratish, xodimlarning mehnatga oid huquqlariga va qonuniy manfaatlariga rioya etilishi hamda ularning himoya qilinishi choralarini koʻradi.

35-modda. Chet ellik xodimlarni jalb etish

Markazning organlari va ishtirokchilari oʻz faoliyatini amalga oshirish uchun Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligida va Markazning qarorlarida belgilangan tartibda chet el fuqarolarini va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni (bundan buyon matnda chet ellik xodimlar deb yuritiladi) jalb etish huquqiga ega.

Chet ellik xodimlar oʻz kasbiy faoliyatini yuritish uchun ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda va Markazning qarorlarida nazarda tutilgan mehnatga oid huquqlarning va qonuniy manfaatlarning himoya qilinishi kafolatlari bilan taʼminlanadi hamda buning uchun shart-sharoitlar yaratiladi.

36-modda. Chet ellik xodimlarning Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirishi va unda boʻlishi

Markazda faoliyatni amalga oshirish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasiga keladigan chet ellik xodimlarning kirish vizasi:

Oʻzbekiston Respublikasining konsullik muassasalari orqali;

Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro aeroportlarida — Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli boʻlinmalar orqali;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida — Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ichki ishlar organlari orqali rasmiylashtiriladi.

Chet ellik xodimlarga va ularning oila aʼzolariga kirish vizalari uch yilgacha boʻlgan muddatga beriladi.

Chet ellik xodimlarga va ularning oila aʼzolariga vizalar berish, vizalarning amal qilish muddatini uzaytirish, qisqartirish va bekor qilish Markaz maʼmuriyatining taqdimnomasiga (iltimosnomasiga) asosan, Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlarining talablariga muvofiq amalga oshiriladi.

Bunda chet ellik xodimlarga va ularning oila aʼzolariga berilgan vizalarning amal qilish muddati Markaz maʼmuriyatining taqdimnomasiga (iltimosnomasiga) asosan ular Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqmasdan turib, Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda uzaytirilishi mumkin.

37-modda. Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi mehnat faoliyati huquqiga doir tasdiqnoma

Markazning organlari va ishtirokchilari tomonidan ishga qabul qilinadigan chet ellik xodimlar Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi mehnat faoliyati huquqiga doir tasdiqnoma olish majburiyatidan ozod etiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlarida umumiy tartibda belgilangan cheklovlar va kvotalar ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan chet ellik xodimlarga nisbatan qoʻllanilmaydi.

Ushbu moddada nazarda tutilgan imtiyozlarni qoʻllash maqsadida, chet ellik xodimlarni jalb etish va ularning maqomini tasdiqlash tartibi Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

38-modda. Chet ellik xodimlarni roʻyxatdan oʻtkazish va ularning hisobini yuritish

Chet ellik xodimlarni ishga joylashtirish, shu jumladan roʻyxatga olish va ularning hisobini yuritish Markazning raqamli platformasi orqali amalga oshiriladi.

Markazning qarorlarida chet ellik xodimlarga nisbatan qoʻshimcha talablar va mezonlar, shuningdek ularni roʻyxatdan oʻtkazish tartibi, chet ellik xodimlar tomonidan faoliyatni amalga oshirish va bunday faoliyatni tugatish tartibi belgilanadi.

III BOʻLIM. MAXSUS HUQUQIY REJIM

7-bob. “Tartibga solish qumdoni”

39-modda. “Tartibga solish qumdoni”

“Tartibga solish qumdoni”ni joriy etish, undan foydalanish, uning amal qilish sohalari, undagi loyihalar va “Tartibga solish qumdoni” ishtirokchilarini tanlab olish mezonlari, vaqtincha yengillashtirish yoki soddalashtirish shartlari, monitoring qilish va samaradorlikni baholash, “Tartibga solish qumdoni” doirasida ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda nazarda tutilgan talablar qoʻllanilishining alohida (sinov) tartiblari, shuningdek ishtirokchilarning huquq, majburiyatlari va javobgarligi ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga muvofiq Boshqaruv kengashi tomonidan belgilanadi.

“Tartibga solish qumdoni” Markazning maʼmuriyati tomonidan, agar Boshqaruv kengashining qarori bilan boshqa muddat belgilanmagan boʻlsa, oʻn ikki oydan koʻp boʻlmagan muddatga joriy etiladi.

“Tartibga solish qumdoni” doirasida innovatsion texnologiyalarni, mahsulotlarni va xizmatlarni sinovdan oʻtkazish uchun Boshqaruv kengashining qaroriga koʻra maxsus regulator maydonchalar (zonalar, laboratoriyalar) tashkil etilishi mumkin.

40-modda. “Tartibga solish qumdoni” doirasidagi preferensiyalar

“Tartibga solish qumdoni” doirasida quyidagi preferensiyalar nazarda tutilishi mumkin:

Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlarida yoki Markazning qarorlarida belgilangan ayrim talablardan vaqtincha ozod etish;

litsenziyalashdan va ruxsat berish tartib-taomillari oʻtkazilishdan Markazning qarorlarida belgilangan tartibda vaqtincha ozod etish;

Markazning infratuzilmasidan, shu jumladan tadqiqot laboratoriyalaridan va ekspert maslahatlaridan foydalanish imkoniyatini berish;

cheklangan (nazorat qilinadigan) bozor doirasidagi real sharoitlarda isteʼmolchilar va hamkorlar bilan munosabatlarga kirishish imkoniyatini yaratish.

Markazning qarorlarida “Tartibga solish qumdoni” doirasida taqdim etiladigan boshqa preferensiyalar ham nazarda tutilishi mumkin.

Jismoniy va (yoki) yuridik shaxslar sinovdan oʻtkaziladigan innovatsion texnologiyadan, mahsulotdan yoki xizmatdan shartnoma asosida foydalanishi mumkin.

“Tartibga solish qumdoni” doirasida sinovdan oʻtkazish davrida mazkur innovatsion texnologiyalardan, mahsulotlardan yoki xizmatlardan foydalanganlik ishtirokchilarni javobgarlikka tortish uchun asos boʻla olmaydi, bundan insonning hayotiga va (yoki) sogʻligʻiga zarar yetkazganlik uchun javobgarlik mustasno.

41-modda. “Tartibga solish qumdoni” doirasida sinovdan oʻtkazish uchun qoʻyiladigan minimal talablar

Innovatsion texnologiyalar, mahsulotlar va xizmatlar “Tartibga solish qumdoni” doirasida quyidagi minimal talablarni oʻz ichiga olgan reja asosida sinovdan oʻtkaziladi:

sinovdan oʻtkazishni boshlash va yakunlash muddatini belgilash;

foydalanuvchilar doirasini va sinov oʻtkazish hududini aniqlash;

“Tartibga solish qumdoni” ishtirokchilarining moliyaviy va boshqa majburiyatlariga doir limitlarni (cheklangan qiymatlarni) belgilash;

isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish, shu jumladan ehtimoliy xavf-xatarlar va foydalanish shartlari haqida xabardor qilish choralarini koʻrish;

xavf-xatarlarni aniqlash, ularning oldini olish va ularni kamaytirish, shuningdek yuzaga kelgan oqibatlarni bartaraf etish choralarini koʻrish;

Markazning qarorlarida belgilangan tartibda va muddatlarda sinovdan oʻtkazish jarayoni hamda natijalari toʻgʻrisida muntazam ravishda Markaz maʼmuriyatiga hisobot taqdim etish.

Markazning qarorlarida sinovdan oʻtkazish rejasiga oid qoʻshimcha talablar, shu jumladan hisobotlar shakli, samaradorlik koʻrsatkichlari va sinovdan oʻtkazishni yakunlash (tugatish) mezonlari belgilanishi mumkin.

42-modda. “Tartibga solish qumdoni” doirasida sinovdan oʻtkazishni yakunlash

“Tartibga solish qumdoni” doirasida sinovdan oʻtkazish yakunlanganidan keyin ishtirokchilar tomonidan Markazning qarorlarida belgilangan tartibda va muddatlarda Markaz maʼmuriyatiga yakuniy hisobot taqdim etishi shart.

Sinovdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi yakuniy hisobot quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:

sinovdan oʻtkazilgan innovatsion texnologiyalarning, mahsulotlarning va xizmatlarning samaradorligi va xavfsizligi tahlilini;

aniqlangan xavf-xatarlarni baholash natijalarini, koʻrilgan choralar tavsifini va kelgusida xavf-xatarlarni kamaytirish boʻyicha takliflarni.

Sinovdan oʻtkazishga doir talablarni bajarmagan ishtirokchilar Markaz hududida innovatsion texnologiyalardan, mahsulotlardan va xizmatlardan foydalanishni Markazning qarorlari bilan belgilangan tartibda toʻxtatib turishi shart.

Yakuniy hisobotni koʻrib chiqish va baholash tartibi, shu jumladan sinovdan oʻtkazish natijalaridan kelgusida foydalanish toʻgʻrisida qaror qabul qilish mezonlari Boshqaruv kengashining qarorlari bilan belgilanadi.

43-modda. “Tartibga solish qumdoni” natijalari boʻyicha keyingi huquqiy rejim

“Tartibga solish qumdoni” doirasida sinovdan oʻtkazish natijalariga koʻra ijobiy baholangan loyihalar boʻyicha quyidagi chora-tadbirlar amalga oshiriladi:

Boshqaruv kengashining qarori asosida loyihani Markaz hududida maxsus huquqiy rejim doirasida amalga kiritish va (yoki) loyihani belgilangan cheklovlar hamda shartlar asosida davom ettirish va (yoki) uning koʻlamini bosqichma-bosqich kengaytirish;

“Tartibga solish qumdoni” doirasida sinovdan oʻtkazish natijalarini hisobga olgan holda, loyihani Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida yoki alohida hududlarida amalga kiritish boʻyicha vakolatli organlarga takliflar kiritish.

8-bob. Soliq solish

44-modda. Soliq solishning alohida tartibi

Markaz hududida ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga muvofiq Markazning qarorlari bilan tartibga solinadigan soliq solishning alohida tartibi amal qiladi.

Markazning organlari, ishtirokchilari, shuningdek ularning xodimlari maxsus huquqiy rejim doirasida olgan daromadlari boʻyicha ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning 46-moddasida belgilanganidan tashqari Oʻzbekiston Respublikasining soliq qonunchiligida belgilangan barcha soliqlar va yigʻimlardan ozod etiladi.

Ushbu bobning qoidalari Oʻzbekiston Respublikasi hududida tashkil qilingan axborot texnologiyalarining texnologik parklari rezidentlariga, maxsus rejim doirasida soliq imtiyozlaridan foydalangan soliq toʻlovchilarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

Markaz hududidan tashqarida yuzaga kelgan, soliq solish obyekti hisoblangan mol-mulk, harakat, harakat natijasi yoki qiymat, miqdoriy yoki fizik xususiyatga ega boʻlgan boshqa holatlar mavjud boʻlganda ularga soliq solinishi Markazning ishtirokchisida Markazning qarorlariga muvofiq soliq majburiyatini yuzaga keltiradi.

Markaz ishtirokchilarining Oʻzbekiston Respublikasi hududida va uning tashqarisida, shu jumladan Markaz hududida olingan daromadlari hisobi soliq solish maqsadida ularning olish manbaiga qarab, alohida-alohida yuritiladi.

45-modda. Markazning ishtirokchisi maqomiga ega boʻlmagan investorlarga soliq solishning oʻziga xos xususiyatlari

Investor hisoblangan jismoniy shaxslar Markazning maxsus huquqiy rejimi doirasida amalga oshirilgan investitsiya faoliyati natijasida olingan dividendlar va boshqa daromadlar boʻyicha jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻini toʻlashdan ozod etiladi.

Investor hisoblangan yuridik shaxslar Markazning maxsus huquqiy rejimi doirasida amalga oshirilgan investitsiya faoliyati natijasida olingan dividendlar va boshqa daromadlar boʻyicha foyda soligʻini toʻlashdan ozod etiladi.

46-modda. Soliq turlari

Markaz hududida Markazning organlariga, ishtirokchilariga va ularning xodimlariga nisbatan quyidagi soliqlar belgilanadi:

qoʻshilgan qiymat soligʻi;

foyda soligʻi;

jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan soliqlar boʻyicha soliq elementlari Markazning qarorlari bilan tartibga solinadi.

47-modda. Qoʻshilgan qiymat soligʻi

Markazning organlari va ishtirokchilari qoʻshilgan qiymat soligʻining soliq toʻlovchilari deb eʼtirof etiladi hamda ularga soliq organlarida qoʻshilgan qiymat soligʻini toʻlovchi sifatida maxsus roʻyxatga olish hisobiga qoʻyilganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma beriladi.

Realizatsiya qilish joyi Markaz hududi va Oʻzbekiston Respublikasi hududi boʻlgan tovarlarni (xizmatlarni) realizatsiya qilish boʻyicha aylanma hamda Oʻzbekiston Respublikasidan tashqariga tovarlarni (xizmatlarni) realizatsiya qilish boʻyicha aylanma, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilgan tovarlar qoʻshilgan qiymat soligʻi boʻyicha soliq solish obyektlari hisoblanadi.

Ushbu moddaning ikkinchi qismida koʻrsatilgan qoʻshilgan qiymat soligʻi boʻyicha soliq solish obyektlariga nisbatan soliq stavkasi quyidagi miqdorlarda belgilanadi:

Markaz hududida va Oʻzbekiston Respublikasidan tashqariga tovarlarni (xizmatlarni) realizatsiya qilish boʻyicha aylanmaga nol darajali stavka;

realizatsiya qilish joyi Oʻzbekiston Respublikasi boʻlgan tovarlarni (xizmatlarni) realizatsiya qilish boʻyicha aylanmaga va Oʻzbekiston Respublikasi hududiga tovarlarni olib kirishga nisbatan Markazning qaroriga muvofiq belgilangan stavka.

48-modda. Foyda soligʻi

Markaz ishtirokchilarining Markaz hududida ustuvor faoliyat yoʻnalishlari doirasida olingan daromadlari foyda soligʻidan ozod etiladi.

Markaz ishtirokchilarining Oʻzbekiston Respublikasidagi manbalardan olingan daromadlariga bunday ishtirokchilarga nisbatan Markazning soliq solishning alohida tartibi qoʻllanilishidan qatʼi nazar, Markaz qaroriga muvofiq foyda soligʻi solinadi.

49-modda. Jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi

Markaz organlarining yoki ishtirokchilarining yuqori malakali xodimlari deb hisoblangan chet el fuqarolari (Oʻzbekiston Respublikasining rezidentlari va norezidentlari) Markaz tomonidan toʻlanadigan ish haqi va dividendlar tarzidagi daromadlar boʻyicha jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻini toʻlashdan ozod etiladi.

Yuqori malakali xodimlari talablar va mezonlarga javob bermaydigan Markaz organlarining yoki ishtirokchilarining xodimlari hisoblangan chet el fuqarolarining (Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari va norezidentlarining) Markaz tomonidan toʻlanadigan ish haqi tarzidagi daromadlariga 12 foiz miqdoridagi soliq stavkasi boʻyicha jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi solinadi.

Yuqori malakali xodimlarga nisbatan qoʻyiladigan talablar va mezonlar Boshqaruv kengashining qarorlari bilan belgilanadi.

Markaz ishtirokchilarining xodimlari hisoblangan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning Markaz tomonidan toʻlanadigan ish haqiga 7,5 foizli soliq stavkasi boʻyicha jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻi solinadi.

Jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻini solish maqsadida Markaz organlarining yoki ishtirokchilarining xodimlari boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning jami daromadi tarkibiga kiritiladigan (kiritilmaydigan) daromadlarning turlari Boshqaruv kengashi tomonidan belgilanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining daromadlariga jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻini solishning oʻziga xos xususiyatlari Markazning qarorlari bilan tartibga solinadi.

50-modda. Soliq maʼmuriyatchiligi

Markaz hududida soliq toʻlovchi sifatida hisobga qoʻyish, soliqlarni toʻlash, soliq nazoratini amalga oshirish va hisobotlarni taqdim etish tartibi Boshqaruv kengashining qarorlari bilan belgilanadi. Bunda mazkur qarorlar Markaz maʼmuriyatining va Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining qoʻshma takliflari asosida ishlab chiqiladi.

Markazning subyektlarini soliq organlarida hisobga qoʻyish va ularga xizmat koʻrsatish Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining Markaz hududida xizmat koʻrsatuvchi ixtisoslashtirilgan soliq inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.

Markaz subyektlari uchun soliq agenti vazifasini bajaruvchi va soliq organlarida ularining manfaatlarini ifoda etuvchi organ Boshqaruv kengashi tomonidan belgilanadi.

Markaz organlarining Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi bilan hamkorligi idoralararo elektron hamkorlik va axborot almashinuvi orqali amalga oshiriladi.

51-modda. Qoidabuzarliklar uchun javobgarlik

Markaz subyektlari tomonidan alohida soliq rejimi shartlari buzilgan taqdirda, Markaz hududida faoliyat yurituvchi Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining ixtisoslashtirilgan soliq inspeksiyasi Markazning maʼmuriyati bilan birgalikda bunday huquqbuzarliklar monitoringini amalga oshiradi va huquqbuzarlarga nisbatan ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning 16-bobida nazarda tutilgan javobgarlik choralarini qoʻllashga haqli.

9-bob. Bojxona ishi

52-modda. Bojxona ishining alohida tartibi

Markaz hududida ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Markazning qarorlari bilan tartibga solinadigan hamda Oʻzbekiston Respublikasining bojxona chegarasi orqali tovarlarni olib oʻtish boʻyicha soddalashtirilgan bojxona tartib-taomillarini nazarda tutadigan bojxona ishining alohida tartibi amal qiladi.

Bojxona ishining alohida tartibini belgilovchi Markazning qarorlari Markaz maʼmuriyatining hamda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining qoʻshma takliflari asosida ishlab chiqiladi.

Markaz organlarining Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi bilan hamkorligi idoralararo elektron hamkorlik hamda axborot almashinuvi orqali amalga oshiriladi.

53-modda. Bojxona toʻlovlari boʻyicha imtiyozlar

Markazning organlari va ishtirokchilari quyidagi maqsadlar uchun asbob-uskunalarni va ularning tarkibiy qismlarini, dasturiy taʼminotni, materiallarni, namunalarni olib kirishda qoʻshilgan qiymat soligʻini, bojxona bojini toʻlashdan ozod etiladi:

raqamli texnologiyalar mahsulotlarini ishlab chiqish va ishlab chiqarish zarurati uchun;

“Tartibga solish qumdoni” doirasida foydalanish uchun;

Markaz organlarining faoliyatini taʼminlash uchun.

Investorlar investitsiya sifatida olib kirilayotgan asbob-uskunalar va ularning tarkibiy qismlari, dasturiy taʼminot, materiallar, namunalar uchun qoʻshilgan qiymat soligʻini hamda bojxona bojini toʻlashdan ozod etiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining bojxona hududiga olib kirishda bojxona bojlari toʻlanilishidan ozod etiladigan tovarlarning roʻyxati Boshqaruv kengashi tomonidan tasdiqlanadi.

Markazning subyektlari tomonidan tovarlar va xizmatlarni Oʻzbekiston Respublikasining hududidan olib chiqishda bojxona bojlari solinmaydi.

Bojxona yigʻimlari Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga muvofiq toʻlanadi.

54-modda. Tovarlarni vaqtincha olib kirish

Markazning organlari va ishtirokchilari tovarlarni vaqtincha olib kirishda bojxona toʻlovlarini toʻlashdan ozod etiladi, bundan bojxona yigʻimlari mustasno.

Tovarlarni vaqtincha olib kirish muddatlari quyidagicha belgilanadi:

“Tartibga solish qumdoni” doirasida olib kiriladigan tovarlarga nisbatan — oʻn ikki oydan koʻp boʻlmagan muddat;

Oʻzbekiston Respublikasining investitsiya loyihalari doirasida olib kiriladigan tovarlarga nisbatan — investitsiya davri muddati;

boshqa hollarda — besh yildan koʻp boʻlmagan muddat.

Tovarlarni vaqtincha olib kirish muddati tovar vaqtinchalik olib kirish bojxona rejimiga joylashtirilgan sanadan eʼtiboran hisoblanadi.

Tovarlarni vaqtincha olib kirish muddati tugaganidan keyin ular Oʻzbekiston Respublikasidan olib chiqilishi yoki erkin muomalaga chiqarish (import) bojxona rejimiga joylashtirilishi lozim.

Tovarlarni vaqtincha olib kirishni rasmiylashtirish tartibi Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

55-modda. Soddalashtirilgan bojxona rasmiylashtiruvi tartib-taomillari

Soddalashtirilgan bojxona rasmiylashtiruvi tartib-taomillarida quyidagilar nazarda tutiladi:

deklaratsiyalar Markazning raqamli platformasi orqali elektron shaklda topshirilishini;

deklaratsiyalarning bojxona organlari tomonidan ikki ish kunidan oshmagan muddatda koʻrib chiqilishini.

Markazning qarorlarida “Tartibga solish qumdoni” doirasida olib kiriladigan yoki olib chiqiladigan tovarlar uchun yanada soddalashtirilgan bojxona rasmiylashtiruvi tartib-taomillari belgilanishi mumkin.

56-modda. Bojxona nazoratining oʻziga xos xususiyatlari

Markaz hududida bojxona nazorati xavflarni boshqarish tizimi asosida Markazning maʼmuriyati va bojxona organlari tomonidan amalga oshiriladi.

57-modda. Qoidabuzarliklar uchun javobgarlik

Markazning ishtirokchilari tomonidan maxsus bojxona rejimi buzilgan taqdirda, Markazning maʼmuriyati ularga nisbatan ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning 16-bobida belgilangan javobgarlik choralarini qoʻllashga haqli.

58-modda. Bojxona ishi sohasidagi xalqaro hamkorlik

Markazning organlari Markazning ishtirokchilariga xalqaro sheriklar bilan bojxona masalalarini hal etishda koʻmaklashadi.

Transchegaraviy savdo tartib-taomillarini soddalashtirish maqsadida Markaz Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasini xabardor qilgan holda, boshqa davlatlarning bojxona organlari bilan kelishuvlar tuzishi mumkin.

59-modda. Ekologik xavfsizlik

Markaz hududidagi va uning ishlab chiqarish zonalaridagi fuqarolarning sogʻligʻini saqlashga, atrof-muhitni, hayvonot va oʻsimlik dunyosini muhofaza qilishga, shuningdek xavfsiz transchegaraviy savdoni taʼminlashga qaratilgan sanitariya-epidemiologik, veterinariyaga, fitosanitariyaga, karantinga, tabiatni muhofaza qilishga, mahsulotlarning umumiy xavfsizligini taʼminlashga, oziq-ovqat mahsulotlari xavfsizligiga oid chora-tadbirlar Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasining sanitariya-epidemiologik osoyishtalik, oʻsimliklar karantini va ekologiya hamda oziq-ovqat mahsulotlari xavfsizligi, fitosanitariya va veterinariya sohalaridagi vakolatli davlat organlari hamda tashkilotlari Markaz hududida oʻz vakolatlarini va vazifalarini faqat Markazning maʼmuriyati bilan kelishilgan holda amalga oshiradi.

10-bob. Moliya va bank faoliyati

60-modda. Markaz hududida moliyaviy xizmatlarni va bank xizmatlarini koʻrsatish

Akkreditatsiya qilingan hamkorlar tomonidan Markaz hududida Markazning ishtirokchilari uchun quyidagi moliyaviy xizmatlar va bank xizmatlari koʻrsatiladi:

bank xizmatlari (shu jumladan depozitlarni jalb etish, kredit berish, qimmatli qogʻozlar bilan bogʻliq operatsiyalar);

investitsiya faoliyati, shu jumladan venchur investitsiyalash va konsalting;

qimmatli qogʻozlar bozori professional ishtirokchilarining xizmatlari;

sugʻurta va qayta sugʻurta xizmatlari;

moliyaviy texnologiyalarga asoslangan xizmatlar, shu jumladan toʻlov xizmatlari;

qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa bank xizmatlari va moliyaviy xizmatlar.

Zarur hollarda, Markaz xalqaro moliyaviy bitimlarni va (yoki) investitsiya bitimlarini tayyorlashda, tuzishda va yuridik jihatdan taʼminlashda Markaz ishtirokchilariga koʻmaklashadi.

Markazning subyektlariga bank xizmatlarini koʻrsatish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki bilan kelishilgan holda Markaz hududida xorijiy banklarning filiallarini ochishga yoʻl qoʻyiladi.

61-modda. Valyutani, moliya va bank faoliyatini tartibga solish

Markaz hududida moliya va bank faoliyati, shuningdek valyuta operatsiyalarini amalga oshirishga doir munosabatlar ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan tartibga solinadi.

Toshkent xalqaro moliya markazining ishtirokchilari Markazning rezidentlariga bank xizmatlari va boshqa moliyaviy xizmatlar koʻrsatishi mumkin. Bunday tashkilotlarning faoliyatini tartibga solish “Toshkent xalqaro moliya markazi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuniga muvofiq amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasining davlat xaridlariga oid qonunchilik hujjatlarining amal qilishi Markaz hududida maxsus huquqiy rejim doirasida yuzaga keladigan munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

Markaz organlari va ishtirokchilarining xarid qilish faoliyatini amalga oshirishi tartibi Boshqaruv kengashi tomonidan tasdiqlanadigan Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

11-bob. Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berish va ularni himoya qilish

62-modda. Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishning va ularni himoya qilishning oʻziga xos xususiyatlari

Markaz hududida shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishning va ularni himoya qilishning xalqaro standartlarga muvofiq keladigan hamda Markazning qarorlari bilan tartibga solinadigan maxsus qoidalari belgilanadi.

Markazning subyektlari shaxsga doir maʼlumotlarning himoya qilinishini taʼminlashga qaratilgan, xalqaro standartlarda va Markazning qarorlarida belgilangan talablarga muvofiq keladigan oʻz ichki hujjatlarini tasdiqlashi hamda ularga amal qilishi shart.

63-modda. Bulutli texnologiyalar

Maxsus huquqiy rejim doirasida bulutli texnologiyalardan foydalangan holda maʼlumotlarni saqlashga va ularga ishlov berishga yoʻl qoʻyiladi.

Bulutli texnologiyalardan foydalanishda maʼlumotlarning xavfsizligi, yaxlitligi, muhofazasi, ishonchliligi, shuningdek maʼlumotlarni qayta ishlash, ulardan foydalanish imkoniyati taʼminlanishi kerak.

Maʼlumotlarni bulutli texnologiyalardan foydalangan holda saqlashda va qayta ishlashda xalqaro standartlarga hamda xavfsizlik talablariga rioya etiladi.

12-bob. Intellektual mulkni himoya qilish

64-modda. Intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquqlarni himoya qilishning oʻziga xos xususiyatlari

Markaz hududida intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquqlarning himoya qilinishi kafolatlanadi.

Intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquqlarni himoya qilish ushbu sohadagi umumeʼtirof etilgan (xalqaro) normalarda, Markazning qarorlarida va Oʻzbekiston Respublikasining tegishli qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablar bajarilishini taʼminlash orqali amalga oshiriladi.

Markazning qarorlarida intellektual faoliyat natijalarini yaratishni, himoya qilishni hamda tijoratlashtirishni ragʻbatlantiruvchi qoʻshimcha mexanizmlar va tartib-taomillar belgilanadi.

Markazning qarorlari bilan xizmat asarlariga boʻlgan huquqlarni taqsimlash boʻyicha talablar belgilanishi mumkin.

65-modda. Intellektual mulk obyektlarini himoya qilish

Intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquqlar ushbu sohadagi vakolatli davlat organi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga koʻra roʻyxatdan oʻtkaziladi.

Markaz hududida Markaz ishtirokchilarining intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquqlarini roʻyxatdan oʻtkazish maqsadida, shu jumladan arizalarni (talabnomalarni) Markaz hududida faoliyat yuritayotgan raqamli va boshqa xizmatlardan foydalangan holda topshirish uchun qulay shart-sharoitlar yaratiladi.

13-bob. Davlat xizmatlarini va boshqa xizmatlarni koʻrsatish

66-modda. Markaz hududida koʻrsatiladigan xizmatlar

Markaz hududida quyidagi xizmatlar koʻrsatiladi:

davlat organlari tomonidan koʻrsatiladigan davlat xizmatlari;

Markazning organlari tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar;

yordamchi xizmatlar.

67-modda. Davlat organlari tomonidan koʻrsatiladigan davlat xizmatlari

Davlat xizmatlarini koʻrsatishning qulayligi va tezkorligini taʼminlash maqsadida Markaz hududida davlat xizmatlari markazlarining filiali ochilishi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda Markaz davlat xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha oʻz ofisini va raqamli platformasini tashkil etishi mumkin.

Markaz hududida davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibi tegishli sohadagi vakolatli davlat organi va Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi bilan kelishilgan holda belgilanadi.

Bunda davlat organlari tomonidan davlat xizmatlari koʻrsatilishi bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan maxsus huquqiy rejim ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning 2-moddasida belgilangan istisnolar inobatga olingan holda tatbiq etiladi.

Davlat xizmatlari, agar mazkur Qonunda va Markazning qarorlarida boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq koʻrsatiladi.

68-modda. Markazning organlari tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar

Markazning organlari tomonidan oʻz vakolatlari doirasida quyidagi xizmatlar koʻrsatiladi:

jismoniy va yuridik shaxslarni hisobga qoʻyish, roʻyxatdan va akkreditatsiyadan oʻtkazish;

maxsus huquqiy rejim tatbiq etiladigan sohalar doirasida litsenziyalash va ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlarni berish;

tovarlar va xizmatlarni sertifikatlashtirish;

konsalting xizmatlari va axborotga oid xizmatlar;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda va Markazning qarorlarida nazarda tutilgan boshqa xizmatlar.

Markazning organlari xizmatlarni Markazning qarorlariga muvofiq haq evaziga yoki tekinga koʻrsatishga haqli.

69-modda. Yordamchi xizmatlar

Markaz hududida akkreditatsiya qilingan hamkorlar tomonidan Markazning subyektlari faoliyatini taʼminlashga va uning infratuzilmasini qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan quyidagi yordamchi xizmatlar koʻrsatilishi mumkin:

yuridik xizmatlar;

auditorlik xizmatlari;

buxgalteriya xizmatlari;

konsalting xizmatlari;

infratuzilmani va Markazning subyektlari faoliyatini qoʻllab-quvvatlashga doir xizmatlar;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda va Markazning qarorlarida nazarda tutilgan boshqa xizmatlar.

Akkreditatsiya qilingan hamkorlarni yordamchi xizmatlar koʻrsatishga jalb etish tartibi hamda bunday xizmatlarga nisbatan qoʻyiladigan talablar Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

70-modda. Markaz hududida koʻrsatiladigan xizmatlar boʻyicha shikoyatlarni koʻrib chiqish

Davlat organlari tomonidan davlat xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq shikoyatlar (nizolar) Oʻzbekiston Respublikasining maʼmuriy sud ishlarini yuritish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi sudlari tomonidan koʻrib chiqiladi.

Markazning organlari tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar, yordamchi xizmatlar, shuningdek Markazning qarorlari bilan tartibga solinadigan boshqa xizmatlar bilan bogʻliq shikoyatlar (nizolar) faoliyati Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy Qonuni bilan belgilanadigan holda Toshkent xalqaro tijorat sudi tomonidan oʻz yurisdiksiyasi doirasida koʻrib chiqiladi.

14-bob. Mehnatga oid munosabatlarni tartibga solish

71-modda. Mehnatga oid munosabatlar

Markaz hududida mehnatga oid munosabatlar ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Markazning qarorlari bilan tartibga solinadi.

Markazning mehnatga oid munosabatlarni tartibga soluvchi qarorlari birinchi navbatda quyidagilarga yoʻnaltirilgan boʻlishi lozim:

xavfsiz mehnat sharoitlarini taʼminlashga va teng imkoniyatlarni kafolatlashga;

kamsitishga yoʻl qoʻyilmasligiga;

xodimlarning huquqlarini himoya qilishga va ularga mehnati uchun adolatli haq toʻlashga;

mehnatni tashkil etishda moslashuvchanlikni taʼminlashga;

mehnatga oid munosabatlarni ortiqcha tartibga solishdan holi qilishga.

Markazning organlari va ishtirokchilari mehnat shartnomalariga yoki boshqa ichki normativ hujjatlarga muvofiq xodimlar uchun Markazning qarorlarida nazarda tutilganidan qulayroq shartlarni kiritishga haqli.

Agar Markazning qarorlarida boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasining mehnatga oid munosabatlar toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari Markazning organlariga, ishtirokchilariga va ularning xodimlariga nisbatan yuzaga keladigan munosabatlarga tatbiq etilmaydi.

72-modda. Mehnat xavfsizligini taʼminlash boʻyicha minimal talablar

Markaz hududida majburiy mehnat, bolalar mehnati, shuningdek ekspluatatsiya qilishning har qanday shakllari va odam savdosidan foydalanish qatʼiyan taqiqlanadi. Markazning organlari va ishtirokchilari insonning fundamental huquqlariga, mehnat sohasidagi xalqaro huquqning umumeʼtirof etilgan prinsiplari va normalariga, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan ratifikatsiya qilingan Xalqaro mehnat tashkiloti konvensiyalarining qoidalariga rioya etilishini taʼminlashi shart. Xodimning jinsi, irqi, millati, tili, dini, eʼtiqodi, ijtimoiy kelib chiqishi, ijtimoiy mavqeyi bilan bogʻliq holda, shuningdek uning ishchanlik fazilatlari va mehnati natijalari bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa holatlarga koʻra har qanday shakldagi kamsitishga (diskriminatsiyaga) yoʻl qoʻyilmaydi. Markazning ishtirokchilari inklyuziv ish muhitini yaratganlik va korporativ ijtimoiy masʼuliyatning eng yaxshi xalqaro amaliyotini joriy etganlik uchun ragʻbatlantiriladi.

Markaz hududidagi mehnatga oid munosabatlar shartnomaviy tartibga solish va shartnoma erkinligi prinsiplariga asoslanadi. Mehnat shartlari, shu jumladan mehnatga haq toʻlash shartlari, ish vaqti va dam olish vaqti ish beruvchi va xodim oʻrtasida tuziladigan mehnat shartnomasida belgilanadi.

Xodimlarning mehnatga oid huquqlari Markazning maʼmuriyati tomonidan ushbu Konstitutsiyaviy Qonun va Markazning qarorlari bilan belgilangan tartibda himoya qilinadi.

Jamoa shartnomalarini tuzish, shuningdek Markaz hududida xodimlarning birlashmalarini va professional (kasaba) uyushmalarini tashkil etish Markazning qarorlari bilan tartibga solinadi. Xodimlarning jamoat tartibini yoki Markazning faoliyat yuritish shartlarini buzishga olib keladigan har qanday jamoaviy harakatlariga maxsus huquqiy rejim barqarorligini va Markaz faoliyatining uzluksizligini taʼminlash maqsadida yoʻl qoʻyilmaydi.

73-modda. Mehnatni tashkil etishda moslashuvchanlik

Markazning organlari va ishtirokchilari mehnatni tashkil etish shartlarini quyidagilarni nazarda tutgan holda belgilashi mumkin:

xodimlarni ishga qabul qilish va mehnatga oid munosabatlarni tugatish (mehnat shartnomalarini bekor qilish) boʻyicha maxsus shartlar va tartib, shu jumladan moslashuvchan ish jadvali va ish rejimi, ish vaqtining qisqartirilgan yoki uzaytirilgan davomiyligi, masofadan turib ishlash shakli hamda boshqa ish shakllari, shuningdek mehnat taʼtilini va boshqa taʼtillarni taqdim etish tartibi;

mehnatga haq toʻlashning muqobil tizimlari, shu jumladan soatbay, ishbay, bonusli va (yoki) aralash tizimlar.

Ushbu moddaning birinchi qismida nazarda tutilgan shartlar Markazning qarorlarida belgilangan, kamsitishga yoʻl qoʻymaslikka, mehnat uchun xavfsiz shart-sharoitlarni taʼminlashga va xodimlarning huquqlarini himoya qilishga qaratilgan talablarga rioya etilgan taqdirda qoʻllaniladi.

15-bob. Ilmiy taraqqiyot erkinligi

74-modda. Sunʼiy intellekt

Markaz hududida sunʼiy intellekt texnologiyalarini yaratish, sinovdan oʻtkazish va joriy etish sohasida faoliyat yuritish hamda tadqiqotlar oʻtkazish erkinligi taʼminlanadi.

Ushbu moddaning birinchi qismida koʻrsatilgan faoliyatga bevosita yoki bilvosita toʻsqinlik qiladigan normalar, cheklovlar yoxud boshqa choralar belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi, bundan quyidagilar bilan bogʻliq hollar mustasno:

jismoniy va yuridik shaxslarning huquqlarini va qonuniy manfaatlarini himoya qilish;

jamoat xavfsizligiga va jamoat tartibiga boʻlgan tahdidlarning oldini olish;

Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro majburiyatlariga rioya etish.

75-modda. Sunʼiy intellekt sohasidagi xalqaro ilmiy va texnologik hamkorlik

Markaz hududida sunʼiy intellekt texnologiyalarini ishlab chiqish, tatbiq etish, sinovdan oʻtkazish hamda xalqaro ilmiy va texnologik hamkorlik erkinligi, shu jumladan chet el jismoniy va yuridik shaxslarining, ilmiy tashkilotlarining, taʼlim tashkilotlarining va texnologik kompaniyalarning ishtirok etishi taʼminlanadi.

Markaz faoliyati doirasida yaratilgan qoʻshma tadqiqotlar va ishlanmalarning natijalari ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda, Markazning qarorlarida va taraflarning kelishuvlarida belgilangan hamda qoʻllaniladigan huquqqa muvofiq huquqiy jihatdan himoya qilinishi kerak.

76-modda. Taʼlim sohasidagi maxsus huquqiy rejim

Markaz hududida yuqori texnologiyali taʼlim muhitini va madaniy muhitni yaratishga qaratilgan taʼlim sohasidagi maxsus huquqiy rejim oʻrnatiladi.

Maxsus huquqiy rejim doirasida Markaz hududidagi taʼlimga oid faoliyatni Oʻzbekiston Respublikasining davlat taʼlim standartlariga majburiy ravishda moslashtirmagan holda, yetakchi xorijiy taʼlim tashkilotlarining oʻquv dasturlari va standartlari asosida amalga oshirishga ruxsat beriladi. Taʼlim dasturlarining mazmuni, oʻquv rejalariga nisbatan qoʻyiladigan talablar va bilimlarni baholash usullari Markaz organlari tomonidan Markazning tegishli qarorlarini qabul qilish orqali mustaqil ravishda belgilanadi. Mazkur oʻquv dasturlari va hujjatlar ustuvor kuchga ega boʻlib, ularning Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga koʻra taʼlim sohasidagi vakolatli davlat organlari bilan majburiy tartibda kelishilishi talab etilmaydi.

Taʼlimga oid faoliyat, shu jumladan yangi taʼlim tashkilotlari, akademiyalar, ilmiy institutlar yoki taʼlim maydonchalari, shuningdek yangi universitetlar, xorijiy universitetlarning filiallari, maktab va maktabgacha taʼlim tashkilotlari, oʻquv markazlari Boshqaruv kengashi bilan kelishilgan holda, Markaz maʼmuriyati tomonidan beriladigan ixtisoslashtirilgan litsenziyalar asosida tashkil etiladi. Bunday litsenziyalarni berish tartibi va litsenziyalash mezonlari Boshqaruv kengashi tomonidan tasdiqlanadigan Markazning alohida qarori bilan belgilanadi.

Bunda Markazning qarorida taʼlim dasturlarining mazmuniga nisbatan davlat suverenitetiga, hududiy yaxlitligiga va xavfsizligiga qarshi chiquvchi, urushni, ijtimoiy, milliy, irqiy hamda diniy adovatni targʻib qiluvchi, fuqarolarning konstitutsiyaviy huquqlari va erkinliklariga, aholining sogʻligʻiga, ijtimoiy axloqqa tajovuz qiluvchi gʻoyalarni targʻib qilishning oldi olinishni nazarda tutuvchi mezonlar va talablar belgilanadi.

Markaz hududida taʼlim tashkilotini tashkil etish uchun zarur infratuzilma mavjud boʻlmagan hollarda, ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning qoidalariga muvofiq bunday muassasani Markaz hududidan tashqarida tashkil etishga yoʻl qoʻyiladi. Bunday taʼlim tashkilotlarining hududi Markazning ishlab chiqarish hududi deb eʼtirof etiladi va unga nisbatan ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda nazarda tutilgan maxsus huquqiy rejim toʻliq hajmda tatbiq etiladi.

Taʼlim sohasidagi maxsus huquqiy rejim tatbiq etilgan taʼlim tashkilotlarida Oʻzbekiston Respublikasining taʼlim toʻgʻrisidagi qonunchiligi ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga va Markazning qarorlariga zid boʻlmagan qismi boʻyicha qoʻllaniladi.

IV BOʻLIM. YAKUNLOVCHI QOIDALAR

16-bob. Javobgarlik choralari va nizolarni hal etish

77-modda. Markazning subyektlari ishtirokidagi nizolarni koʻrib chiqish

Markazning maxsus huquqiy rejimi doirasida yuzaga keladigan nizolar “Toshkent xalqaro moliya markazi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonuniga muvofiq tashkil etilgan Toshkent xalqaro tijorat sudi tomonidan koʻrib chiqiladi.

Toshkent xalqaro tijorat sudi Markazga nisbatan quyidagi toifadagi nizolar boʻyicha yurisdiksiyaga ega:

Markaz subyektlari oʻrtasida yuzaga keladigan fuqarolik, iqtisodiy, korporativ va mehnatga oid nizolar;

Markaz hududida amalga oshirilayotgan faoliyat, Markazning maxsus qonunchiligiga muvofiq tartibga solinadigan huquqiy munosabatlar yoki Markaz hududida joylashgan mol-mulk bilan bogʻliq nizolar;

Markaz ishtirokchilarining toʻlovga qobiliyatsizligi, bankrotligi, qayta tashkil etilishi hamda majburiyatlarni restrukturizatsiya qilish bilan bogʻliq ishlar;

taraflarning kelishuviga koʻra Toshkent xalqaro tijorat sudi yurisdiksiyasiga kiritilgan nizolar;

xalqaro arbitraj bilan bogʻliq ishlar, shu jumladan hakamlarni tayinlash, chetlatish, vaqtinchalik taʼminlash choralarini qoʻllash, arbitraj qarorlarini bekor qilish, tan olish va ijro etish, shuningdek Markazning maxsus qonunchiligida nazarda tutilgan boshqa vakolatlar;

Markaz organlarining qarorlari, harakatlari yoki harakatsizligi yuzasidan kelib chiqadigan nizolar, shu jumladan litsenziyalash, roʻyxatdan oʻtkazish, nazorat qilish, intizomiy choralar va boshqa tartibga solish choralari bilan bogʻliq ishlar;

Markazning maxsus qonunchiligidan kelib chiqadigan boshqa nizolar;

ushbu Konstitutsiyaviy Qonun, Markazning maxsus qonunchiligi yoki Oʻzbekiston Respublikasining boshqa qonunchiligi bilan Toshkent xalqaro tijorat sudining vakolatlari jumlasiga kiritilgan boshqa ishlar.

Toshkent xalqaro tijorat sudi ushbu Konstitutsiyaviy Qonunni, Markazning maxsus qonunchiligini qoʻllaydi va talqin qiladi.

Markazning maxsus qonunchiligidan kelib chiqadigan nizolarni koʻrib chiqishda Toshkent xalqaro tijorat sudi ushbu qonunchilikni mustaqil ravishda talqin qiladi va qoʻllaydi hamda Markazning maxsus huquqiy rejimi maqsadlari va prinsiplarini hisobga oladi.

Toshkent xalqaro tijorat sudi tomonidan qabul qilingan qarorlar “Toshkent xalqaro moliya markazi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy Qonunida belgilangan tartibda ijro etiladi.

78-modda. Raqamli texnologiyalar xalqaro markazi toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Raqamli texnologiyalar xalqaro markazi toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga va Markazning qarorlariga muvofiq javobgarlikka sabab boʻladi.

Maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulotlarni va yechimlarni sinovdan oʻtkazishda yoki tajriba-sinovdan oʻtkazishda insonning hayotiga va (yoki) sogʻligʻiga zarar yetkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Markazning qarorlarida nazarda tutilgan javobgarlik choralarini qoʻllash tartibi ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga muvofiq Boshqaruv kengashining qarorlari bilan belgilanadi.

Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda nazarda tutilgan javobgarlik choralarini qoʻllash asoslari, shartlari va tartibi Boshqaruv kengashining qarorlari bilan belgilanadi.

Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning 6 va 7-moddalarida nazarda tutilgan hollarda javobgarlik choralari Markazning maʼmuriyati tomonidan qoʻllaniladi.

Boshqa hollarda, moliya va bank tashkilotlariga nisbatan javobgarlik choralari Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga koʻra Markazning maʼmuriyati tomonidan mazkur sohadagi vakolatli davlat organ bilan birgalikda oʻz vakolatlari doirasida qoʻllaniladi.

Javobgarlik choralari, agar ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, Markazning maʼmuriyati tomonidan qoʻllaniladi.

Ushbu bobda nazarda tutilgan javobgarlik choralari faqat Boshqaruv kengashining qarorlarini va maxsus huquqiy rejim talablarini buzganlik uchun, shuningdek ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning 6 va 7-moddalarida nazarda tutilgan hollarda qoʻllaniladi.

79-modda. Javobgarlik choralari

Markazning maʼmuriyati Raqamli texnologiyalar xalqaro markazi toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarining buzilishiga yoʻl qoʻygan shaxsga nisbatan quyidagi javobgarlik choralarini qoʻllashga haqli:

yozma ogohlantirish;

muayyan harakatlarni amalga oshirish haqida yoki muayyan harakatlarni amalga oshirishdan tiyilish toʻgʻrisida koʻrsatma berish;

huquqbuzarlikni va uning oqibatlarini bartaraf etish, shu jumladan yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash yoki huquqbuzarlikdan oldingi holatni tiklash boʻyicha choralar koʻrish majburiyatini yuklatish;

huquqbuzarlik natijasida olingan foydani qaytarish;

moliyaviy sanksiyalar;

ayrim faoliyat turlarini yoki operatsiyalarni amalga oshirishni vaqtincha cheklash;

huquqbuzarlikning yoki uning oqibatlarining oldini olish yoxud ularni bartaraf etish uchun zarur boʻlgan shoshilinch himoya choralarini qoʻllash;

Markazning maxsus huquqiy rejimida nazarda tutilgan imtiyozlar va preferensiyalardan foydalanish huquqini vaqtincha toʻxtatib turish yoki bekor qilish;

Markaz ishtirokchisining maqomini toʻxtatib turish yoki tugatish.

Ushbu moddada nazarda tutilgan javobgarlik choralari Boshqaruv kengashining qarorlarida belgilangan hollarda moliyaviy sanksiyalarga qoʻshimcha ravishda yoki ularning oʻrniga qoʻllanilishi mumkin.

Javobgarlik choralarining qoʻllanilishi huquqbuzarni huquqbuzarlik oqibatlarini bartaraf etish va yetkazilgan zararning oʻrnini qoʻllaniladigan huquqda belgilangan tartibda qoplash majburiyatidan ozod etmaydi.

Javobgarlik chorasini, uning muddatini, miqdorini va javobgarlik choralarini qoʻllash ketma-ketligini tanlashda Markazning maʼmuriyati qoidabuzarlikning xususiyati va oqibatlarini, aybdorlik darajasini (mavjud boʻlganda), shuningdek qoʻllanilayotgan javobgarlik chorasining yoʻl qoʻyilgan qoidabuzarlikka mutanosibligini hisobga olishi shart.

Qoidabuzarliklarni aniqlash, materiallarni koʻrib chiqish, qarorlar qabul qilish, shikoyat qilish va javobgarlik choralarining ijrosini taʼminlash tartibi ushbu Konstitutsiyaviy Qonun doirasida Markazning qarorlari bilan belgilanadi.

17-bob. Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunni amalga kiritish

80-modda. Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

81-modda. Qonunchilikni ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

hukumat qarorlarini ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

82-modda. Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunni va Markazning qarorlarini qoʻllash boʻyicha oʻtish qoidalari

Markazning ushbu Konstitutsiyaviy Qonunda nazarda tutilgan qarorlari ushbu Konstitutsiyaviy Qonun kuchga kirgan kundan eʼtiboran olti oy ichida uning organlari tomonidan ishlab chiqilishi va qabul qilinishi lozim.

Markazning qarorlari qabul qilinguniga qadar Markaz hududida Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlari ushbu Konstitutsiyaviy Qonunga zid kelmagan qismi boʻyicha qoʻllanilishi mumkin.

83-modda. Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning ijrosini monitoring qilish

Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning ijrosi hamda maxsus huquqiy rejimning qoʻllanilishi va samaradorligi:

Boshqaruv kengashi tomonidan har yili kamida bir marotaba;

Markaz maʼmuriyatining Kuzatuv kengashi tomonidan doimiy ravishda monitoring qilib boriladi.

84-modda. Ushbu Konstitutsiyaviy Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Konstitutsiyaviy Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy oʻtgach kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 19-avgust,

OʻRQ-1169-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 20.08.2026-y., 03/26/1169/0859-son)

lex.uz