📅 2026-yil 19-avgust · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 19-avgust · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 19 август · Президент қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 августа 2026 г. · Постановления Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 August 2026 · Presidential resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
ДАСТУРИ
Мамлакатда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантиришнинг навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида
Республикамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва кичик гидроэнергетикани янада ривожлантириш, бунда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, кичик ва микро гидроэлектр станцияларини барпо этишга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар республика ҳудудларида кичик ва микро гидроэлектр станциялари (кейинги ўринларда — кичик ва микро ГЭСлар) тармоғини 2026 — 2030 йилларда ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) кичик ва микро ГЭСлар тармоғининг умумий қувватини 204 МВтдан ошириш ва йилига 620 млн кВт/соат экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқариш;
(б) янги кичик ва микро ГЭСларни ишга тушириш ҳисобига 350 мингта аҳоли хонадонини яшил энергия билан таъминлаш;
(в) кичик гидроэнергетикага оид ягона маълумотлар базаси ва рақамли платформани яратиш, сунъий интеллект технологиялари асосида техник-иқтисодий баҳолашларни ташкил этиш;
(г) кичик гидроэнергетика тармоғини ривожлантиришда «таълим — инновация — ишлаб чиқариш» кооперациясини йўлга қўйиш ва соҳада дуал таълимни ривожлантириш.
II. Кичик ва микро ГЭСлар тармоғини кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш
2. Республика ҳудудида жойлашган каналлар, дарёлар ва ўзанларда умумий қуввати 204 МВтдан ортиқ бўлган кичик ва микро ГЭСларни қуриш имконияти аниқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. 2026 — 2030 йилларда кичик ва микро ГЭСлар тармоғини кенгайтиришнинг мақсадли кўрсаткичларини ўз ичига олган республика ҳудудларида кичик ва микро ГЭСларни қуриш ва ишга тушириш дастури (кейинги ўринларда — Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Энергетика соҳасини ривожлантириш ва соҳага инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия (кейинги ўринларда — Мувофиқлаштирувчи комиссия) Дастурнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатсин.
5. Энергетика вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2027 йил 1 февралга қадар салоҳиятли кичик ва микро ГЭС лойиҳаларини аниқлаш, амалга ошириш ва эксплуатация қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш мақсадида рақамли платформа (кейинги ўринларда — Рақамли платформа) ишлаб чиқилишини таъминласин ва уни тажриба-синов тариқасида ишга туширсин.
6. Рақамли платформада қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши таъминлансин:
(а) дарёлар, каналлар ва ўзанларнинг техник, гидрологик ва топологик кўрсаткичлари, режали бетонлаштириш, сув сарфининг мавсумий ўзгаришлари, тегишли космик суратлар ҳамда инфратузилмага (йўл, канал, электр тармоғи) оид маълумотлар базасини шакллантириш;
(б) маълумотлар базаси асосида сунъий интеллект ечимлари ёрдамида кичик ва микро ГЭСларни қуриш бўйича салоҳиятли лойиҳа нуқталарини аниқлаш;
(в) аниқланган нуқталар ва инфратузилма маълумотлари таҳлиллари ҳамда сунъий интеллект ечимларига таяниб лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги (паст, ўрта, юқори) кўрсаткичларини аниқлаш ва улар асосида амалга ошириш учун тавсия этиш;
(г) кичик ва микро ГЭСлар лойиҳаларини амалга ошириш мониторинги, географик жойлашуви, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳамда қурилиш-пудрат ва лойиҳа-қидирув ташкилотлари, бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ва хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига доир маълумотлар базасини юритиш.
7. Энергетика вазирлиги «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар маълумотлари асосида олти ой муддатда 2026 йилга қадар бетонлаштирилган каналлар, дарёлар ва ўзанларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларда кичик ва микро ГЭСларни қуриш ва ишга тушириш бўйича туман (шаҳар) кесимида аниқ манзилли рўйхатларни (кейинги ўринларда — манзилли рўйхатлар) тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) маҳаллий ҳокимликлар, республика ҳудудларида микро гидроэлектр станцияларини ўрнатиш ва барпо этиш бўйича ҳудудий комиссиялар Энергетика вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг техник тавсиялари асосида ҳар йили янги бетонлаштирилган каналлар, дарёлар ва ўзанларда кичик ва микро ГЭСларни қуриш имкониятларини ўрганади, манзилли рўйхатларни шакллантиради ва Энергетика вазирлигига тақдим этади;
(б) Энергетика вазирлиги тақдим этилган манзилли рўйхатларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради.
9. Мувофиқлаштирувчи комиссияга, заруратга кўра, Энергетика вазирлигининг асослантирилган таклифлари асосида Дастур ва манзилли рўйхатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
III. Кичик ва микро ГЭСларни қуришга оид тартибларни такомиллаштириш
10. Кичик ва микро ГЭСларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишда атроф-муҳитга оид ва ижтимоий талаблар мажбурий тартибда инобатга олиниши белгилансин.
11. Қуввати 5 МВтгача бўлган кичик ва микро ГЭСларни қуриш бўйича лойиҳа ташаббускорларини аниқлаш мақсадида Энергетика вазирлиги буюртмаси асосида «E-auksion» электрон савдо майдончасида ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тарифини пасайтириб бориш юзасидан ўтказиладиган электрон аукционда бошланғич нарх билан биргаликда энг қуйи нархни ҳам белгилаш тартиби жорий этилсин. Бунда нархлар II гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан қуйидагича ўрнатилади:
(а) қуввати 500 кВтгача бўлган микро ГЭСларга — бошланғич нархи 150 фоиз, энг қуйи нархи 50 фоиз миқдорида;
(б) қуввати 500 кВтдан 2 МВтгача бўлган кичик ГЭСларга — бошланғич нархи 120 фоиз, энг қуйи нархи 40 фоиз миқдорида;
(в) қуввати 2 МВтдан 5 МВтгача бўлган кичик ГЭСларга — бошланғич нархи 100 фоиз, энг қуйи нархи 30 фоиз миқдорида.
12. Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг қуввати 100 кВтгача бўлган микро ГЭСларни лойиҳалаштириш ва қуришни соддалаштирилган тартибда амалга оширишга оид қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
(а) қуввати 100 кВтгача бўлган микро ГЭСларни қурилиш объектларининг хавф-хатар тоифаси бўйича II мураккаблик тоифасига киритиш;
(б) қуввати 50 кВтгача бўлган, иншоот ҳажми 300 метр кубдан ошмайдиган микро ГЭСларни шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасидан ҳамда давлат архитектура-қурилиш назоратидан ўтказишдан озод этиш;
(в) мазкур банднинг «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган лойиҳа ташаббускорларига қурилиш ишларини қурилиш лойиҳасининг электр қисми асосида босқичма-босқич амалга оширишга рухсат бериш.
Бунда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ билан келишиш, ягона электр энергетикаси тизимига уланиш нуқтаси бўйича техник шартлар ва давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олиш талаблари сақланиб қолади.
13. Кичик ва микро ГЭС лойиҳалари ташаббускорларига қўшимча сув босимини яратиш мақсадида каналлар, дарёлар ва ўзанлар конструкциясига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.
Бунда каналлар, дарёлар ва ўзанлар конструкциясини ўзгартириш ишлари Сув хўжалиги вазирлиги томонидан берилган техник шартлар асосида, белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва давлат экспертизасидан ўтказилган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
14. Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги эксплуатация ташкилотларига, Энергетика вазирлиги билан келишилган ҳолда ўзларига тегишли сув объектларида ўз эҳтиёжлари учун электр энергияси ишлаб чиқарувчи кичик ва микро ГЭС лойиҳаларини аукцион савдоларисиз тўғридан-тўғри амалга оширишга рухсат берилсин.
Бунда кичик ва микро ГЭС қуриш лойиҳаларини амалга оширишнинг туман (шаҳар) кесимидаги ҳар йилги манзилли рўйхатлари уларнинг молиялаштириш манбалари кўрсатилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
15. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро ва миллий стандартлар асосида бир ой муддатда кичик ва микро ГЭСларни лойиҳалаштириш, қуриш, ишга тушириш ва эксплуатация қилиш бўйича услубий қўлланмани ишлаб чиқсин. Мазкур қўлланмада қуйидаги мажбурий экологик талаблар алоҳида кўзда тутилсин:
(а) лойиҳалаштирилаётган ҳар бир кичик ва микро ГЭС учун дарё ёки ариқ сувининг минимал экологик оқим сатҳи сақланишини кафолатлаш;
(б) сув олиш иншоотлари атрофида балиқлар ва сув ҳайвонлари учун миграция йўлларини ҳамда балиқ ўтказгич мосламаларини лойиҳалаштириш;
(в) кичик ва микро ГЭСларни қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнида сувнинг лойқаланиши, гидрокимёвий ёки термик ифлосланишига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
(г) кичик ва микро ГЭСларни қуришда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи минтақаларига экологик зарарни минималлаштириш;
(д) давлат экологик экспертизаси хулосалари олинишини таъминлаш;
(ж) ишлаб турган кичик ва микро ГЭСларда доимий равишда сув оқими ҳажми, сув сифати ва биохилма-хиллик мониторингини олиб бориш.
16. Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ икки ой муддатда Хусусий сектор иштирокида кичик ва микро ГЭСлар лойиҳаларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
IV. Маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш
17. Энергетика вазирлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, Савдо-саноат палатаси, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
(а) маҳаллийлаштирилиши лозим бўлган кичик ва микро ГЭСлар технологиялари, агрегатлари ва бутловчи қисмларининг аниқ рўйхатини шакллантирсин;
(б) 2026-2027 йилларда кичик ва микро ГЭСлар технологиялари, агрегатлари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда қувватларни кенгайтириш таклифини Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги бошқарув кенгашига киритсин.
18. «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг микро ГЭСлар технологиялари, агрегатлари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни «шатакка олиш» тизими асосида қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда «Ўзбекгидроэнерго» АЖга Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг таклифига асосан камида 5 та маҳаллий корхонага муҳандислар ажратиш, ускуналарни етказиш, техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда бошқа техник, технологик ва молиявий кўмак кўрсатиш ҳуқуқи берилсин.
V. Илм-фан ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш
19. Кичик қувватли яшил энергия йўналишлари, жумладан, кичик гидроэнергетика учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:
(а) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб кичик қувватли яшил энергия йўналишлари, жумладан, кичик гидроэнергетика учун юқори малакали кадрларни тайёрлашни олий таълим ташкилотларида дуал таълим тизими асосида жорий этсин;
(б) Энергетика вазирлиги «Ўзбекгидроэнерго» АЖ билан биргаликда энергетика тизимидаги корхоналар, жумладан, кичик гидроэнергетика объектларини амалиёт базалари сифатида белгиласин ва талабаларнинг ишлаб чиқаришдаги амалий фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини ташкил этсин.
20. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда қуйидагиларга қаратилган илмий-амалий семинарлар, форумлар ва ҳудудий тарғибот тадбирларини тизимли ташкил этиб борсин:
(а) соҳага инвестиция киритиш истагида бўлган тадбиркорлар (инвестор) учун профессор-ўқитувчилар, мутахассислар ва масъул ташкилотлар иштирокида кичик ва микро ГЭСларнинг имкониятлари, энергия тежамкор технологиялар ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларининг самарадорлигини тушунтириш;
(б) кичик ва микро ГЭСларнинг иқтисодий, экологик ва ижтимоий афзалликларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш.
VI. Қарор ижросини ташкил қилиш, таъминлаш ва назорат
21. Давлат активларини бошқариш агентлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда «E-auksion» электрон савдо майдончасида қуввати 5 МВтгача бўлган ГЭСларни қуриш бўйича лойиҳа ташаббускорларини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказиш регламентига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
22. Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
23. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги «Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-129-сон қарорига 2-иловага мувофиқ қўшимча киритилсин.
24. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) энергетика вазири Ш. Ходжаев ва сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев — белгиланган топшириқ ва вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлашга;
(б) рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари О. Пекось, энергетика вазирининг биринчи ўринбосари У. Мамадаминов ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари М. Каримов — соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этишга;
(в) энергетика вазирининг биринчи ўринбосари У. Мамадаминов ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари З. Ишпулатов — кичик ва микро ГЭСлар лойиҳалари амалга оширилишини мониторинг қилишга.
25. Белгилансинки, мазкур қарор ижроси ҳар йили Мувофиқлаштирувчи комиссия йиғилишларида танқидий муҳокама қилиб борилади.
26. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 19 августдаги ПҚ-298-сон қарорига 1-ИЛОВА
Республика ҳудудларида кичик ва микро ГЭСларни қуриш ва ишга тушириш
Т/р Ҳудуд номи Ишга тушган қувватлар (кВт) Режалаштирилган қувватлар (кВт) Жами (кВт) 2026 йилгача 2026 йил 2027 йил 2028 йил * 2029 йил * 2030 йил * Жами 40 830 13 435 38 380 60 882 34 183 17 090 204 800 1. Қорақалпоғистон Республикаси 145 5 900 610 521 60 2 241 2. Андижон вилояти 13 980 7 000 15 750 14 923 8 100 5 675 65 428 3. Бухоро вилояти 0 50 253 964 500 100 1 867 4. Жиззах вилояти 550 1 260 6 640 8 440 4 000 230 21 120 5. Қашқадарё вилояти 3 750 3 180 2 598 4 774 5 000 3 600 22 902 6. Навоий вилояти 80 5 501 2 700 181 20 3 487 7. Наманган вилояти 720 400 877 2 410 1 200 300 5 907 8. Самарқанд вилояти 3 740 490 5 521 7 500 3 100 400 20 751 9. Сурхондарё вилояти 6 880 50 1 088 7 200 1 000 2 680 18 898 10. Сирдарё вилояти 0 5 1 662 4 069 1 000 100 6 836 11. Тошкент вилояти 8 160 25 1 500 2 950 9 186 3 645 25 466 12. Фарғона вилояти 2 730 925 150 2 832 150 200 6 987 13. Хоразм вилояти 35 5 920 1 300 145 50 2 455 14. Тошкент шаҳри 60 35 20 210 100 30 455
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 19 августдаги ПҚ-298-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги «Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-129-сон қарорига киритилаётган қўшимча
3-илова қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ҳамда вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчилари».
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 19 август,
ПҚ-298-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING
QARORI
DASTURI
Mamlakatda kichik va mikro gidroelektr stansiyalari tarmogʻini rivojlantirishning navbatdagi chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Respublikamizda suv resurslaridan oqilona foydalanish va kichik gidroenergetikani yanada rivojlantirish, bunda raqamlashtirish va sunʼiy intellekt texnologiyalari imkoniyatlaridan keng foydalanish, shuningdek, kichik va mikro gidroelektr stansiyalarini barpo etishga tadbirkorlik subyektlarini keng jalb etish uchun shart-sharoitlarni kengaytirish maqsadida qaror qilaman:
I. Maqsadlar
1. Quyidagilar respublika hududlarida kichik va mikro gidroelektr stansiyalari (keyingi oʻrinlarda — kichik va mikro GESlar) tarmogʻini 2026 — 2030-yillarda rivojlantirishning asosiy maqsadlari etib belgilansin:
(a) kichik va mikro GESlar tarmogʻining umumiy quvvatini 204 MVtdan oshirish va yiliga 620 mln kVt/soat ekologik toza elektr energiyasini ishlab chiqarish;
(b) yangi kichik va mikro GESlarni ishga tushirish hisobiga 350 mingta aholi xonadonini yashil energiya bilan taʼminlash;
(v) kichik gidroenergetikaga oid yagona maʼlumotlar bazasi va raqamli platformani yaratish, sunʼiy intellekt texnologiyalari asosida texnik-iqtisodiy baholashlarni tashkil etish;
(g) kichik gidroenergetika tarmogʻini rivojlantirishda “taʼlim — innovatsiya — ishlab chiqarish” kooperatsiyasini yoʻlga qoʻyish va sohada dual taʼlimni rivojlantirish.
II. Kichik va mikro GESlar tarmogʻini kengaytirish, sohani raqamlashtirish va sunʼiy intellektni joriy etish
2. Respublika hududida joylashgan kanallar, daryolar va oʻzanlarda umumiy quvvati 204 MVtdan ortiq boʻlgan kichik va mikro GESlarni qurish imkoniyati aniqlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
3. 2026 — 2030-yillarda kichik va mikro GESlar tarmogʻini kengaytirishning maqsadli koʻrsatkichlarini oʻz ichiga olgan respublika hududlarida kichik va mikro GESlarni qurish va ishga tushirish dasturi (keyingi oʻrinlarda — Dastur) 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Energetika sohasini rivojlantirish va sohaga investitsiyalarni jalb qilish masalalari boʻyicha muvofiqlashtiruvchi komissiya (keyingi oʻrinlarda — Muvofiqlashtiruvchi komissiya) Dasturning oʻz vaqtida va toʻliq ijro etilishi yuzasidan tizimli nazorat oʻrnatsin.
5. Energetika vazirligi Suv xoʻjaligi vazirligi va Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2027-yil 1-fevralga qadar salohiyatli kichik va mikro GES loyihalarini aniqlash, amalga oshirish va ekspluatatsiya qilish jarayonlarini muvofiqlashtirish va monitoring qilish maqsadida raqamli platforma (keyingi oʻrinlarda — Raqamli platforma) ishlab chiqilishini taʼminlasin va uni tajriba-sinov tariqasida ishga tushirsin.
6. Raqamli platformada quyidagi chora-tadbirlar amalga oshirilishi taʼminlansin:
(a) daryolar, kanallar va oʻzanlarning texnik, gidrologik va topologik koʻrsatkichlari, rejali betonlashtirish, suv sarfining mavsumiy oʻzgarishlari, tegishli kosmik suratlar hamda infratuzilmaga (yoʻl, kanal, elektr tarmogʻi) oid maʼlumotlar bazasini shakllantirish;
(b) maʼlumotlar bazasi asosida sunʼiy intellekt yechimlari yordamida kichik va mikro GESlarni qurish boʻyicha salohiyatli loyiha nuqtalarini aniqlash;
(v) aniqlangan nuqtalar va infratuzilma maʼlumotlari tahlillari hamda sunʼiy intellekt yechimlariga tayanib loyihalarning texnik-iqtisodiy jihatdan samaradorligi (past, oʻrta, yuqori) koʻrsatkichlarini aniqlash va ular asosida amalga oshirish uchun tavsiya etish;
(g) kichik va mikro GESlar loyihalarini amalga oshirish monitoringi, geografik joylashuvi, ishlab chiqarish koʻrsatkichlari hamda qurilish-pudrat va loyiha-qidiruv tashkilotlari, butlovchi qismlarni ishlab chiqaruvchi, yetkazib beruvchi va xizmat koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektlariga doir maʼlumotlar bazasini yuritish.
7. Energetika vazirligi “Oʻzbekgidroenergo” AJ, mahalliy hokimliklar hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar maʼlumotlari asosida olti oy muddatda 2026-yilga qadar betonlashtirilgan kanallar, daryolar va oʻzanlarni toʻliq xatlovdan oʻtkazib, ularda kichik va mikro GESlarni qurish va ishga tushirish boʻyicha tuman (shahar) kesimida aniq manzilli roʻyxatlarni (keyingi oʻrinlarda — manzilli roʻyxatlar) tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
8. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
(a) mahalliy hokimliklar, respublika hududlarida mikro gidroelektr stansiyalarini oʻrnatish va barpo etish boʻyicha hududiy komissiyalar Energetika vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi hamda “Oʻzbekgidroenergo” AJning texnik tavsiyalari asosida har yili yangi betonlashtirilgan kanallar, daryolar va oʻzanlarda kichik va mikro GESlarni qurish imkoniyatlarini oʻrganadi, manzilli roʻyxatlarni shakllantiradi va Energetika vazirligiga taqdim etadi;
(b) Energetika vazirligi taqdim etilgan manzilli roʻyxatlarni tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritib boradi.
9. Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga, zaruratga koʻra, Energetika vazirligining asoslantirilgan takliflari asosida Dastur va manzilli roʻyxatlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish huquqi berilsin.
III. Kichik va mikro GESlarni qurishga oid tartiblarni takomillashtirish
10. Kichik va mikro GESlarni loyihalash, qurish va ekspluatatsiya qilishda atrof-muhitga oid va ijtimoiy talablar majburiy tartibda inobatga olinishi belgilansin.
11. Quvvati 5 MVtgacha boʻlgan kichik va mikro GESlarni qurish boʻyicha loyiha tashabbuskorlarini aniqlash maqsadida Energetika vazirligi buyurtmasi asosida “E-auksion” elektron savdo maydonchasida ishlab chiqarilgan elektr energiyasini sotib olish tarifini pasaytirib borish yuzasidan oʻtkaziladigan elektron auksionda boshlangʻich narx bilan birgalikda eng quyi narxni ham belgilash tartibi joriy etilsin. Bunda narxlar II guruh isteʼmolchilari uchun belgilangan tarifga nisbatan quyidagicha oʻrnatiladi:
(a) quvvati 500 kVtgacha boʻlgan mikro GESlarga — boshlangʻich narxi 150 foiz, eng quyi narxi 50 foiz miqdorida;
(b) quvvati 500 kVtdan 2 MVtgacha boʻlgan kichik GESlarga — boshlangʻich narxi 120 foiz, eng quyi narxi 40 foiz miqdorida;
(v) quvvati 2 MVtdan 5 MVtgacha boʻlgan kichik GESlarga — boshlangʻich narxi 100 foiz, eng quyi narxi 30 foiz miqdorida.
12. Energetika vazirligi va “Oʻzbekgidroenergo” AJning quvvati 100 kVtgacha boʻlgan mikro GESlarni loyihalashtirish va qurishni soddalashtirilgan tartibda amalga oshirishga oid quyidagi takliflariga rozilik berilsin:
(a) quvvati 100 kVtgacha boʻlgan mikro GESlarni qurilish obyektlarining xavf-xatar toifasi boʻyicha II murakkablik toifasiga kiritish;
(b) quvvati 50 kVtgacha boʻlgan, inshoot hajmi 300 metr kubdan oshmaydigan mikro GESlarni shaharsozlik hujjatlari ekspertizasidan hamda davlat arxitektura-qurilish nazoratidan oʻtkazishdan ozod etish;
(v) mazkur bandning “a” va “b” kichik bandlarida nazarda tutilgan loyiha tashabbuskorlariga qurilish ishlarini qurilish loyihasining elektr qismi asosida bosqichma-bosqich amalga oshirishga ruxsat berish.
Bunda loyiha hujjatlarini ishlab chiqish va “Oʻzbekgidroenergo” AJ bilan kelishish, yagona elektr energetikasi tizimiga ulanish nuqtasi boʻyicha texnik shartlar va davlat ekologik ekspertizasining ijobiy xulosasini olish talablari saqlanib qoladi.
13. Kichik va mikro GES loyihalari tashabbuskorlariga qoʻshimcha suv bosimini yaratish maqsadida kanallar, daryolar va oʻzanlar konstruksiyasiga oʻzgartirish kiritish huquqi berilsin.
Bunda kanallar, daryolar va oʻzanlar konstruksiyasini oʻzgartirish ishlari Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan berilgan texnik shartlar asosida, belgilangan tartibda ishlab chiqilgan va davlat ekspertizasidan oʻtkazilgan loyiha-smeta hujjatlariga muvofiq amalga oshirilishi belgilab qoʻyilsin.
14. Suv xoʻjaligi vazirligi va uning tizimidagi ekspluatatsiya tashkilotlariga, Energetika vazirligi bilan kelishilgan holda oʻzlariga tegishli suv obyektlarida oʻz ehtiyojlari uchun elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi kichik va mikro GES loyihalarini auksion savdolarisiz toʻgʻridan-toʻgʻri amalga oshirishga ruxsat berilsin.
Bunda kichik va mikro GES qurish loyihalarini amalga oshirishning tuman (shahar) kesimidagi har yilgi manzilli roʻyxatlari ularning moliyalashtirish manbalari koʻrsatilgan holda Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.
15. “Oʻzbekgidroenergo” AJ manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda xalqaro va milliy standartlar asosida bir oy muddatda kichik va mikro GESlarni loyihalashtirish, qurish, ishga tushirish va ekspluatatsiya qilish boʻyicha uslubiy qoʻllanmani ishlab chiqsin. Mazkur qoʻllanmada quyidagi majburiy ekologik talablar alohida koʻzda tutilsin:
(a) loyihalashtirilayotgan har bir kichik va mikro GES uchun daryo yoki ariq suvining minimal ekologik oqim sathi saqlanishini kafolatlash;
(b) suv olish inshootlari atrofida baliqlar va suv hayvonlari uchun migratsiya yoʻllarini hamda baliq oʻtkazgich moslamalarini loyihalashtirish;
(v) kichik va mikro GESlarni qurish va ekspluatatsiya qilish jarayonida suvning loyqalanishi, gidrokimyoviy yoki termik ifloslanishiga yoʻl qoʻymaslik choralarini koʻrish;
(g) kichik va mikro GESlarni qurishda suv obyektlarining suvni muhofaza qilish zonalari va qirgʻoqboʻyi mintaqalariga ekologik zararni minimallashtirish;
(d) davlat ekologik ekspertizasi xulosalari olinishini taʼminlash;
(j) ishlab turgan kichik va mikro GESlarda doimiy ravishda suv oqimi hajmi, suv sifati va bioxilma-xillik monitoringini olib borish.
16. Energetika vazirligi va “Oʻzbekgidroenergo” AJ ikki oy muddatda Xususiy sektor ishtirokida kichik va mikro GESlar loyihalarini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga tasdiqlash uchun kiritsin.
IV. Mahalliy ishlab chiqarishni kengaytirish
17. Energetika vazirligi, “Oʻzbekgidroenergo” AJ, Savdo-sanoat palatasi, Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda:
(a) mahalliylashtirilishi lozim boʻlgan kichik va mikro GESlar texnologiyalari, agregatlari va butlovchi qismlarining aniq roʻyxatini shakllantirsin;
(b) 2026-2027-yillarda kichik va mikro GESlar texnologiyalari, agregatlari va butlovchi qismlarini ishlab chiqarishni mahalliylashtirish hamda quvvatlarni kengaytirish taklifini Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi boshqaruv kengashiga kiritsin.
18. “Oʻzbekgidroenergo” AJning mikro GESlar texnologiyalari, agregatlari va butlovchi qismlarini ishlab chiqaruvchi mahalliy korxonalarni “shatakka olish” tizimi asosida qoʻllab-quvvatlash toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
Bunda “Oʻzbekgidroenergo” AJga Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligining taklifiga asosan kamida 5 ta mahalliy korxonaga muhandislar ajratish, uskunalarni yetkazish, texnik hujjatlarni ishlab chiqish hamda boshqa texnik, texnologik va moliyaviy koʻmak koʻrsatish huquqi berilsin.
V. Ilm-fan va amaliyotning uygʻunligini taʼminlash
19. Kichik quvvatli yashil energiya yoʻnalishlari, jumladan, kichik gidroenergetika uchun yuqori malakali kadrlarni tayyorlash tizimini takomillashtirish maqsadida:
(a) Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Energetika vazirligi bilan birgalikda 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab kichik quvvatli yashil energiya yoʻnalishlari, jumladan, kichik gidroenergetika uchun yuqori malakali kadrlarni tayyorlashni oliy taʼlim tashkilotlarida dual taʼlim tizimi asosida joriy etsin;
(b) Energetika vazirligi “Oʻzbekgidroenergo” AJ bilan birgalikda energetika tizimidagi korxonalar, jumladan, kichik gidroenergetika obyektlarini amaliyot bazalari sifatida belgilasin va talabalarning ishlab chiqarishdagi amaliy faoliyatini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash mexanizmlarini tashkil etsin.
20. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Energetika vazirligi bilan birgalikda quyidagilarga qaratilgan ilmiy-amaliy seminarlar, forumlar va hududiy targʻibot tadbirlarini tizimli tashkil etib borsin:
(a) sohaga investitsiya kiritish istagida boʻlgan tadbirkorlar (investor) uchun professor-oʻqituvchilar, mutaxassislar va masʼul tashkilotlar ishtirokida kichik va mikro GESlarning imkoniyatlari, energiya tejamkor texnologiyalar hamda qayta tiklanuvchi energiya manbalarining samaradorligini tushuntirish;
(b) kichik va mikro GESlarning iqtisodiy, ekologik va ijtimoiy afzalliklarini ommaviy axborot vositalari orqali keng targʻib qilish.
VI. Qaror ijrosini tashkil qilish, taʼminlash va nazorat
21. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Energetika vazirligi bilan birgalikda ikki hafta muddatda “E-auksion” elektron savdo maydonchasida quvvati 5 MVtgacha boʻlgan GESlarni qurish boʻyicha loyiha tashabbuskorlarini aniqlash maqsadida oʻtkaziladigan elektron onlayn auksion savdolarini oʻtkazish reglamentiga tegishli oʻzgartirishlar kiritsin.
22. Energetika vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
23. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 28-martdagi “Respublika hududlarida mikro gidroelektr stansiyalari tarmogʻini rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-129-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq qoʻshimcha kiritilsin.
24. Mazkur qaror ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsan javobgar etib quyidagilar belgilansin:
(a) energetika vaziri Sh. Xodjayev va suv xoʻjaligi vaziri Sh. Xamrayev — belgilangan topshiriq va vazifalarning oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlashga;
(b) raqamli texnologiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari O. Pekos, energetika vazirining birinchi oʻrinbosari U. Mamadaminov va suv xoʻjaligi vazirining oʻrinbosari M. Karimov — sohani raqamlashtirish va sunʼiy intellektni joriy etishga;
(v) energetika vazirining birinchi oʻrinbosari U. Mamadaminov va suv xoʻjaligi vazirining birinchi oʻrinbosari Z. Ishpulatov — kichik va mikro GESlar loyihalari amalga oshirilishini monitoring qilishga.
25. Belgilansinki, mazkur qaror ijrosi har yili Muvofiqlashtiruvchi komissiya yigʻilishlarida tanqidiy muhokama qilib boriladi.
26. Qaror ijrosini muhokama qilib borish, ijro uchun masʼul vazirlik va idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 19-avgustdagi PQ-298-son qaroriga 1-ILOVA
Respublika hududlarida kichik va mikro GESlarni qurish va ishga tushirish
T/r Hudud nomi Ishga tushgan quvvatlar (kVt) Rejalashtirilgan quvvatlar (kVt) Jami (kVt) 2026-yilgacha 2026-yil 2027-yil 2028-yil * 2029-yil * 2030-yil * Jami 40 830 13 435 38 380 60 882 34 183 17 090 204 800 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi 145 5 900 610 521 60 2 241 2. Andijon viloyati 13 980 7 000 15 750 14 923 8 100 5 675 65 428 3. Buxoro viloyati 0 50 253 964 500 100 1 867 4. Jizzax viloyati 550 1 260 6 640 8 440 4 000 230 21 120 5. Qashqadaryo viloyati 3 750 3 180 2 598 4 774 5 000 3 600 22 902 6. Navoiy viloyati 80 5 501 2 700 181 20 3 487 7. Namangan viloyati 720 400 877 2 410 1 200 300 5 907 8. Samarqand viloyati 3 740 490 5 521 7 500 3 100 400 20 751 9. Surxondaryo viloyati 6 880 50 1 088 7 200 1 000 2 680 18 898 10. Sirdaryo viloyati 0 5 1 662 4 069 1 000 100 6 836 11. Toshkent viloyati 8 160 25 1 500 2 950 9 186 3 645 25 466 12. Fargʻona viloyati 2 730 925 150 2 832 150 200 6 987 13. Xorazm viloyati 35 5 920 1 300 145 50 2 455 14. Toshkent shahri 60 35 20 210 100 30 455
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 19-avgustdagi PQ-298-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 28-martdagi “Respublika hududlarida mikro gidroelektr stansiyalari tarmogʻini rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-129-son qaroriga kiritilayotgan qoʻshimcha
3-ilova quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining hamda viloyatlar hokimlarining qishloq va suv xoʻjaligi masalalari boʻyicha ilmiy maslahatchilari”.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2026-yil 19-avgust,
PQ-298-son