📅 2026-yil 4-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 4-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 4 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
«Энг инновацион ғоя» республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 11 февралдаги ПҚ-59-сон қарори ижросини таъминлаш, олий таълим ташкилотларининг иқтидорли талабаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг стартап лойиҳага айлантириш имконияти юқори бўлган ғояларини аниқлаш, шунингдек, танловлар орқали саралаш ва молиялаштириш тизимини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги ПҚ-59-сон қарорида :
«Энг инновацион ғоя» республика танловининг (кейинги ўринларда — танлов) биринчи босқичи барча давлат олий таълим ташкилотларида ўтказилиши ва ғолибларга олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 100 млн сўм грант берилиши;
танловнинг биринчи босқичи ғолиблари учун республика босқичи ташкил этилиши;
танловнинг республика босқичи 10 та йўналиш бўйича ўтказилиши ва мукофот жамғармаси Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 10 млрд сўм этиб белгилангани;
танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижий давлатларга инкубация, акселерация ва стажировка дастурларига юборилиши назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
танловнинг биринчи босқичи ҳар йили 20 ноябрга қадар барча давлат олий таълим ташкилотларида ўтказилади;
ғолибларга олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан белгиланган грантлар ажратилади;
танловнинг республика босқичи ғолибларига Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан белгиланган йўналишлар бўйича мукофот пуллари ажратиб борилади;
танловнинг республика босқичида ғолиб бўлган инновацион ғоя муаллифлари хорижий инкубация, акселерация ва стажировка дастурларига юборилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Энг инновацион ғоя» республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат олий таълим ташкилотларининг талабалари учун танловнинг биринчи ва республика босқичини ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш;
танловнинг биринчи ва республика босқичи ғолиблари учун грантлар ажратиш;
танловнинг республика босқичи ғолибларини хорижий давлатларга инкубация, акселерация ва стажировка дастурларига юбориш.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили танловнинг республика босқичи юқори савияда ўтказилишини таъминласин;
танловнинг республика босқичи ғолибларига Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан белгиланган йўналишлар бўйича маблағ ажратиш чораларини кўрсин;
танлов натижаларини оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиб борилишини таъминласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 463-сон қарорига ИЛОВА
«Энг инновацион ғоя» республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат олий таълим ташкилотларининг иқтидорли талабалари ўртасида «Энг инновацион ғоя» республика танловини (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиш, уларнинг стартап лойиҳага айлантириш имконияти юқори бўлган ғояларини саралаш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Танлов ҳар йили сентябрь — декабрь ойларида иқтидорли талабаларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг истиқболли ва инновацион ғояларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилади.
3. Ушбу Низом қоидалари барча нодавлат олий таълим ташкилотлари учун тавсиявий характерга эга бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) билан келишган ҳолда танловда қатнашиши мумкин.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
инновацион ғоя — илмий далил ва асосга эга, янги маҳсулот ёки хизмат турини яратишга, мавжуд муаммоларга ечим топишга ҳамда стартап лойиҳани шакллантиришга қаратилган лойиҳа;
саралаш комиссияси — олий таълим ташкилотларида танловнинг биринчи босқичига келиб тушадиган инновацион ғояларни саралаш, ғолибларни аниқлаш ва республика босқичига йўлланма бериш учун ташкил этиладиган комиссия;
талабгор — танловларда ўзининг инновацион ғояси билан иштирок этадиган, олий таълим ташкилотларининг бакалавриат ёки магистратура босқичи талабаси.
5. Танлов икки босқичда ташкил қилиниб, биринчи босқич барча давлат олий таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари) ўзларининг талабалари учун ўтказилади ҳамда ғолибларга таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан умумий миқдорда 100 млн сўм грант ажратилади.
6. Республика босқичи Агентлик томонидан 10 та йўналиш бўйича ўтказилади ва йўналиш ғолибларини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда — Жамғарма) илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан грант берилади.
7. Танловнинг биринчи ҳамда республика босқичи ғолиблари учун ажратиладиган маблағлар инновацион ғояни дастлабки намунасини яратиш учун зарур сарфлаш материаллари ва ускуналарни сотиб олиш, хорижий инкубация, акселерация ва стажировка дастурларида иштирок этиш билан боғлиқ харажатларга йўналтирилади.
8. Танлов ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.
9. Танловнинг республика босқичи ушбу Низомга 2-иловадаги йўналишлар бўйича ўтказилади.
2-боб. Танловнинг биринчи босқичини ўтказиш
10. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳар йили 5 сентябрга қадар биринчи босқич шартлари ва талабгорлар томонидан саралаш комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатлар намуналари ҳамда рўйхатини тасдиқлайди.
11. Таълим ташкилотлари раҳбарлари томонидан ҳар йили 10 сентябрга қадар танловнинг биринчи босқичида келиб тушадиган инновацион ғояларни саралаш ва ғолибларни аниқлаш мақсадида камида беш нафар тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда саралаш комиссиялари тузилади ҳамда таълим ташкилоти раҳбари буйруғи билан тасдиқланади.
Буйруқда саралаш комиссияларининг асосий вазифалари ва мажбуриятлари ҳамда уларга қўйиладиган талаблар кўрсатилади.
12. Саралаш комиссияси таркиби аъзолари раис, котиб ҳамда таълим ташкилотларининг илмий даражага эга ходимлари, бакалавриат ва магистратура босқичи талабаларидан иборат бўлади.
13. Саралаш комиссияларига таълим ташкилотлари раҳбарларининг илмий тадқиқот ва инновацияларга масъул бўлган проректори раислик қилади ҳамда илмий бўлим раҳбари котиб этиб тайинланади.
Бунда таълим ташкилотларида йўналишлар бўйича алоҳида саралаш комиссиялари тузилиши мумкин.
14. Таълим ташкилотлари ҳар йили 10 сентябрда ўзларининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида талабалар учун танловнинг биринчи босқичига аризалар қабули бошлангани тўғрисида эълон беради.
Эълонда танлов шартлари, қабул қилиш муддатлари, баҳолаш мезонлари ва зарур ҳужжатлар рўйхати очиқ кўрсатилиши лозим.
15. Танловда талабгорлар ҳар йили 10 октябрга қадар саралаш комиссияси номига ариза бериш орқали фақатгина битта инновацион ғоя билан иштирок этади.
16. Саралаш комиссияси котиби ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва рўйхатга олади ҳамда ариза қабул қилингани тўғрисида талабгорга маълумотнома тақдим этади.
17. Саралаш комиссияси ҳар йили 10 ноябрга қадар инновацион ғояларни очиқ тақдимот шаклида кўриб чиққан ҳолда баҳолайди ҳамда ғолибларни аниқлайди.
18. Тақдимот жараёнида ғолиблар саралаш комиссияси аъзолари томонидан берилган баллар умумий йиғиндисининг ўртача миқдори бўйича аниқланади.
19. Саралаш комиссияси котиби танловнинг биринчи босқичи бошлангунга қадар саралаш комиссияси аъзосини талабгорларнинг яқин қариндоши эканлигини ёки танлов натижасидан бевосита манфаатдорлигини ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатларни аниқлаган тақдирда, ҳолат юзасидан таълим ташкилотлари раҳбарига хабар бериши шарт.
Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахслар таълим ташкилотлари раҳбарлари қарори асосида саралаш комиссияси аъзолари таркибидан чиқарилади ҳамда унинг ўрни муқобил мутахассис билан тўлдирилади.
20. Танловнинг биринчи босқичини ўтказиш якуни бўйича саралаш комиссияси баённомаси тузилади ва у комиссия раиси, котиби ва инновацион ғояларни баҳолашда қатнашган саралаш комиссиясининг аъзолари томонидан имзоланади.
21. Танловнинг биринчи босқичини ўтказиш якуни бўйича тузилган баённомада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
биринчи босқич ўтказилган жойи ва санаси, бошланган ва якунланган вақти;
биринчи босқичда қатнашган саралаш комиссия аъзоларининг рўйхати;
биринчи босқичда қатнашган ва танловга келмаган талабгорлар рўйхати;
саралаш комиссия аъзолари томонидан қўйилган балларни ҳисоблаш натижалари, шу жумладан, ҳар бир талабгор томонидан тўпланган баллар.
22. Саралаш комиссияси танловнинг биринчи босқичи якунида ғолибларни эълон қилади.
23. Таълим ташкилотлари ҳар йили 20 ноябрга қадар ғолиблар учун ажратилган маблағларни уларнинг номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб беради ҳамда тасдиқланган баённома ва уларнинг рўйхатини республика босқичида иштирок этадиган йўналишларини белгилаган ҳолда, Агентликка расмий равишда тақдим этади.
24. Таълим ташкилотлари танловнинг республика босқичида қатнашиши белгиланган талабгорларнинг унда иштирок этишини таъминлайди ҳамда хизмат сафари билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди.
3-боб. Танловнинг республика босқичини ўтказиш
25. Агентлик директори томонидан ҳар йили 10 ноябрга қадар танловнинг республика босқичида инновацион ғояларни саралаш ва ғолибларни аниқлаш мақсадида камида беш нафар тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида танлов комиссияси тузилади ҳамда буйруғи билан тасдиқланади.
Буйруқда танлов комиссиясининг асосий вазифалари ва мажбуриятлари ҳамда уларга қўйиладиган талаблар кўрсатилади.
26. Танлов комиссияси таркиби олимлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳамда йирик саноат тармоқларининг малакали мутахассислари, шунингдек, хусусий сектор вакилларидан иборат бўлади.
27. Танлов комиссиясига йўналишлар бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг вакили раислик қилади ҳамда йирик саноат тармоқларининг малакали мутахассиси котиб этиб тайинланади.
28. Агентлик танлов комиссия аъзоларини улар билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузиш орқали жалб қилади.
29. Танлов комиссиясининг барча аъзолари Агентлик директорининг буйруғига кўра танлов якунлари бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида бир марталик (барча солиқлар ушлаб қолинган ҳолда) моддий рағбатлантирилади.
30. Танлов комиссия аъзоларини моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма томонидан Агентликни молиялаштириш бўйича ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
31. Агентлик ҳар йили 1 декабрга қадар талабгорлар рўйхатини шакллантиради, тақдимот ўтказиш санаси ва жойини белгилайди ҳамда таълим ташкилотларига хабар беради.
Бунда белгиланган муддатдан кейин Агентликка тақдим этилган талабгорлар рўйхати танловнинг республика босқичига қабул қилинмайди.
32. Танлов комиссияси ҳар йили 20 декабрга қадар инновацион ғояларни очиқ тақдимот шаклида кўриб чиққан ҳолда баҳолайди ҳамда ғолибларни аниқлайди.
33. Тақдимот жараёнида ғолиблар танлов комиссияси аъзолари томонидан берилган баллар умумий йиғиндисининг ўртача миқдори бўйича аниқланади.
34. Танловнинг республика босқичида тақдимотлар талабгорларнинг бевосита иштирокида ўтказилади.
35. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан иштирок этадиган талабгорлар тақдимотни масофавий шаклда ўтказиши мумкин.
36. Танлов комиссияси котиблари танловнинг республика босқичи бошлангунга қадар танлов комиссияси аъзосини талабгорларнинг яқин қариндоши эканлигини ёки танлов натижасидан бевосита манфаатдорлигини ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатларни аниқлаган тақдирда, ҳолат ҳақида Агентлик директорига хабар бериши шарт.
Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахслар Агентлик директори қарори асосида танлов комиссияси аъзолари таркибидан чиқарилади ҳамда унинг ўрни муқобил мутахассис билан тўлдирилади.
37. Танловнинг республика босқичини ўтказиш якуни бўйича танлов комиссияси баённомаси тузилади ва у комиссия раиси, котиби ва баҳолашда қатнашган бошқа аъзолар томонидан имзоланади.
38. Танлов комиссияси баённомасида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
республика босқичи ўтказилган жойи ва санаси, бошланган ва якунланган вақти;
республика босқичида қатнашган танлов комиссия аъзоларининг рўйхати;
республика босқичида қатнашган ва танловга келмаган талабгорлар рўйхати;
танлов комиссияси аъзолари томонидан қўйилган балларни ҳисоблаш натижалари, шу жумладан, ҳар бир талабгор томонидан тўпланган баллар.
39. Танловнинг республика босқичида танлов комиссияси танлов якунларида йўналишлар бўйича ғолиблар рўйхатини ҳамда тасдиқланган баённомани Агентликка тақдим этади.
4-боб. Апелляция комиссиясини ташкил этиш
40. Танловнинг биринчи ва республика босқичи натижаларидан норози бўлган талабгорлар танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида танловнинг тегишли босқичи бўйича апелляция комиссиясига ёзма мурожаат (шикоят) беришлари мумкин.
Бунда танловнинг биринчи босқичидаги шикоятларни кўриб чиқиш учун таълим ташкилотлари раҳбарлари томонидан Апелляция комиссияси тузилади ҳамда унга ўзлари раислик қилади.
Танловнинг республика босқичидаги шикоятларни кўриб чиқиш учун Агентлик томонидан Апелляция комиссияси (кейинги ўринларда — Апелляция комиссиялари) тузилади ҳамда унга Агентлик директори раислик қилади.
41. Апелляция комиссиялари таркиби Агентлик ходимлари ва соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат бўлади.
42. Апелляция комиссиялари таркибига саралаш ва танлов комиссияси аъзоларининг киритилишига йўл қўйилмайди.
43. Апелляция комиссиялари мурожаат (шикоят) келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида мурожаат (шикоят)ни кўриб чиқади.
Зарур ҳолларда, мурожаат (шикоят) муаллифининг, тегишли саралаш ва танлов комиссияси аъзолари ҳамда танловнинг бошқа субъектларининг фикрини эшитади.
44. Апелляция комиссиялари йиғилиши унда комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
45. Апелляция комиссиялари танлов жараёнларига оид мурожаатни (шикоятни) кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
танловда талабгорларнинг инновацион ғояси тўғри баҳоланган бўлса, шунингдек, ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, танлов натижаларини ўзгартиришсиз қолдириш;
танловда талабгорларнинг инновацион ғояси саралаш ёки танлов комиссияси томонидан нотўғри баҳолангани аниқланган тақдирда, баҳолаш натижаларини ўзгартириш.
46. Апелляция комиссияларига бошқа талабгорларнинг ишларини кўриб чиқиш ва мурожаат қилувчининг иши билан солиштиришга рухсат берилмайди.
47. Саралаш ва танлов комиссияси томонидан баҳоланган талабгорнинг инновацион ғоясида баҳолаш мезонларига мос келмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, Апелляция комиссиялари саралаш ва танлов комиссияси қарорларини бекор қилиш ёки уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
Бунда Апелляция комиссиялари апелляция натижалари бўйича асослантирилган маълумотларни кўрсатган ҳолда, танлов натижаларини ўзгартириш тўғрисида баённомани расмийлаштиради.
48. Апелляция комиссиялари қарори йиғилиш баённомасида қайд этилади. Баённома раис ва аъзолар томонидан имзоланади.
49. Апелляция комиссияларининг қарорлари қарор қабул қилинган куннинг ўзида мурожаат қилувчига расмий равишда юборилади.
50. Апелляция комиссиялари қарорига мувофиқ танлов натижалари ўзгарган тақдирда, саралаш ёки танлов комиссиясининг қўшимча баённомаси расмийлаштирилади ва белгиланган тартибда тасдиқланади.
51. Талабгорлар Апелляция комиссиялари қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
5-боб. Танловда ғолибларни аниқлаш ҳамда тақдирлаш
52. Танловнинг биринчи ва республика босқичида инновацион ғоялар саралаш ва танлов комиссия аъзолари томонидан қуйидаги 100 баллик мезонлар асосида баҳоланади:
инновацион ғоянинг илмий ва инновацион янгилиги — 20 баллгача;
инновацион ғоянинг долзарблиги — 20 баллгача;
мавжуд аналоглардан фарқи — 20 баллгача;
харажатлар сметасининг асослангани — 20 баллгача;
инновацион ғояни амалга оширишдан кутилаётган натижалар — 20 баллгача.
53. Танловнинг биринчи босқичида ғолиблар қуйидаги миқдорда грант маблағлари билан тақдирланади:
биринчи ўрин учун — 50 млн сўм;
иккинчи ўрин учун — 30 млн сўм;
учинчи ўрин учун — 20 млн сўм.
54. Танловнинг республика босқичида ғолиб деб топилган инновацион ғоялар Агентлик, талабгор ва ташкилот ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ қуйидаги миқдорда молиялаштирилади:
биринчи ўрин учун — 500 млн сўм;
иккинчи ўрин учун — 300 млн сўм;
учинчи ўрин учун — 200 млн сўм.
Бунда Агентлик икки ой муддатда инновацион ғояларни молиялаштириш тўғрисида шартнома тузади ҳамда шартномага мувофиқ маблағларни таълим ташкилотларининг ҳисобварағига ўтказади.
55. Шартномада инновацион ғояни амалга ошириш муддатлари, амалга оширилган ишлар ва маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ҳисобот тақдим этиш шакли ҳамда мониторинг ўтказиш шартлари кўрсатилади.
56. Агентлик томонидан маблағларнинг шартнома шартларига мувофиқ мақсадсиз ишлатилганлик ҳолатини аниқланган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
57. Таълим ташкилотлари инновацион ғоя молиялаштирилганидан сўнг қуйидагиларни амалга оширади:
икки ой муддатда инновацион ғоя муаллифини қабул қилувчи хорижий ташкилот билан келишувга эришиш;
келишувга мувофиқ инновацион ғоя муаллифини хорижий акселерация, инкубация ёки стажировка дастурига юбориш;
хорижий акселерация, инкубация ёки стажировка дастури якунларида моддий-техник база билан таъминлаш.
6-боб. Якунловчи қоидалар
58. Танлов иштирокчиларини ҳомийлар ўз совғалари билан тақдирлашлари мумкин.
59. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
60. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
«Энг инновацион ғоя» республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Танловни ташкил қилиш, инновацион ғояларни саралаш ва ғолибларни аниқлаш ҳамда уларни молиялаштириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Биринчи босқич шартлари ва талабгорлар томонидан саралаш комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатлар намуналари ҳамда рўйхатини тасдиқлайди. Ҳар йили 5 сентябрга қадар 2-босқич Олий таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари) 1. Биринчи босқичда келиб тушадиган инновацион ғояларни саралаш ва ғолибларни аниқлаш мақсадида камида беш нафар тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда саралаш комиссияларини тузади ҳамда ўз буйруғи билан тасдиқлайди. Ҳар йили 10 сентябрга қадар 2. Талабалар учун танловнинг биринчи босқичига аризалар қабули бошлангани тўғрисида ўзларининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон беради. Ҳар йили 10 сентябрда 3-босқич Талабгор (олий таълим ташкилоти талабаси) Танловда саралаш комиссияси номига ариза бериш орқали фақатгина битта инновацион ғоя билан иштирок этади. Ҳар йили 10 октябрга қадар 4-босқич Саралаш комиссияси Инновацион ғояларни очиқ тақдимот шаклида кўриб чиққан ҳолда баҳолайди ҳамда ғолибларни аниқлайди. Ҳар йили 10 ноябрга қадар 5-босқич Таълим ташкилотлари Ғолиблар учун ажратилган маблағларни уларнинг номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб беради ҳамда тасдиқланган баённома ва уларнинг рўйхатини республика босқичида иштирок этадиган йўналишларини белгилаган ҳолда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) расмий равишда тақдим этади. Ҳар йили 20 ноябрга қадар 6-босқич Агентлик 1. Республика босқичида инновацион ғояларни саралаш ва ғолибларни аниқлаш мақсадида камида беш нафар тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида танлов комиссияси тузади ҳамда буйруғи билан тасдиқлайди. Ҳар йили 10 ноябрга қадар 2. Талабгорлар рўйхатини шакллантиради, тақдимот ўтказиш санаси ва жойини белгилайди ҳамда таълим ташкилотларига хабар беради. Ҳар йили 1 декабрга қадар 7-босқич Танлов комиссияси Инновацион ғояларни очиқ тақдимот шаклида кўриб чиққан ҳолда баҳолайди ҳамда ғолибларни аниқлайди. Ҳар йили 20 декабрга қадар 8-босқич Агентлик Инновацион ғояларни молиялаштириш тўғрисида шартнома тузади ҳамда шартномага мувофиқ маблағларни таълим ташкилотларининг ҳисобварағига ўтказади. 2 ой муддатда 9-босқич Таълим ташкилотлари 1. Инновацион ғоя муаллифини қабул қилувчи хорижий ташкилот билан келишувни амалга оширади. 2 ой муддатда 2. Инновацион ғоя муаллифини хорижий акселерация, инкубация ёки стажировка дастурига юборади. Келишувга мувофиқ 3. Моддий-техник база билан таъминлайди. Акселерация, инкубация ёки стажировка дастури якунларида
«Энг инновацион ғоя» республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Республика босқичи ўтказиладиган йўналишлар
1. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект
2. Молиявий технологиялар
3. Қишлоқ хўжалиги технологиялари
4. Киберхавфсизлик
5. Соғлиқни сақлаш
6. Фармацевтика
7. Мудофаа ва хавфсизлик
8. Энергия тежамкорлик
9. Сув хўжалиги технологиялари
10. Таълим ва илм-фан
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 4 сентябрь,
463-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
“Eng innovatsion gʻoya” respublika tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Startaplarni qoʻllab-quvvatlashning kompleks ekotizimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2026-yil 11-fevraldagi PQ-59-son qarori ijrosini taʼminlash, oliy taʼlim tashkilotlarining iqtidorli talabalarini qoʻllab-quvvatlash, ularning startap loyihaga aylantirish imkoniyati yuqori boʻlgan gʻoyalarini aniqlash, shuningdek, tanlovlar orqali saralash va moliyalashtirish tizimini joriy qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 11-fevraldagi PQ-59-son qarorida :
“Eng innovatsion gʻoya” respublika tanlovining (keyingi oʻrinlarda — tanlov) birinchi bosqichi barcha davlat oliy taʼlim tashkilotlarida oʻtkazilishi va gʻoliblarga oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan 100 mln soʻm grant berilishi;
tanlovning birinchi bosqichi gʻoliblari uchun respublika bosqichi tashkil etilishi;
tanlovning respublika bosqichi 10 ta yoʻnalish boʻyicha oʻtkazilishi va mukofot jamgʻarmasi Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan 10 mlrd soʻm etib belgilangani;
tanlovning respublika bosqichi gʻoliblari xorijiy davlatlarga inkubatsiya, akseleratsiya va stajirovka dasturlariga yuborilishi nazarda tutilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
tanlovning birinchi bosqichi har yili 20-noyabrga qadar barcha davlat oliy taʼlim tashkilotlarida oʻtkaziladi;
gʻoliblarga oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan belgilangan grantlar ajratiladi;
tanlovning respublika bosqichi gʻoliblariga Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan belgilangan yoʻnalishlar boʻyicha mukofot pullari ajratib boriladi;
tanlovning respublika bosqichida gʻolib boʻlgan innovatsion gʻoya mualliflari xorijiy inkubatsiya, akseleratsiya va stajirovka dasturlariga yuboriladi.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Eng innovatsion gʻoya” respublika tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
davlat oliy taʼlim tashkilotlarining talabalari uchun tanlovning birinchi va respublika bosqichini tashkil etish, oʻtkazish va gʻoliblarni aniqlash;
tanlovning birinchi va respublika bosqichi gʻoliblari uchun grantlar ajratish;
tanlovning respublika bosqichi gʻoliblarini xorijiy davlatlarga inkubatsiya, akseleratsiya va stajirovka dasturlariga yuborish.
4. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:
2026/2027 oʻquv yilidan boshlab har yili tanlovning respublika bosqichi yuqori saviyada oʻtkazilishini taʼminlasin;
tanlovning respublika bosqichi gʻoliblariga Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan belgilangan yoʻnalishlar boʻyicha mablagʻ ajratish choralarini koʻrsin;
tanlov natijalarini ommaviy axborot vositalari hamda ijtimoiy tarmoqlarda keng yoritilib borilishini taʼminlasin;
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 4-sentabrdagi 463-son qaroriga ILOVA
“Eng innovatsion gʻoya” respublika tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat oliy taʼlim tashkilotlarining iqtidorli talabalari oʻrtasida “Eng innovatsion gʻoya” respublika tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) oʻtkazish, ularning startap loyihaga aylantirish imkoniyati yuqori boʻlgan gʻoyalarini saralash va moliyalashtirish tartibini belgilaydi.
2. Tanlov har yili sentabr — dekabr oylarida iqtidorli talabalarni ragʻbatlantirish hamda ularning istiqbolli va innovatsion gʻoyalarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash maqsadida oʻtkaziladi.
3. Ushbu Nizom qoidalari barcha nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari uchun tavsiyaviy xarakterga ega boʻlib, ular Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) bilan kelishgan holda tanlovda qatnashishi mumkin.
4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
innovatsion gʻoya — ilmiy dalil va asosga ega, yangi mahsulot yoki xizmat turini yaratishga, mavjud muammolarga yechim topishga hamda startap loyihani shakllantirishga qaratilgan loyiha;
saralash komissiyasi — oliy taʼlim tashkilotlarida tanlovning birinchi bosqichiga kelib tushadigan innovatsion gʻoyalarni saralash, gʻoliblarni aniqlash va respublika bosqichiga yoʻllanma berish uchun tashkil etiladigan komissiya;
talabgor — tanlovlarda oʻzining innovatsion gʻoyasi bilan ishtirok etadigan, oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriat yoki magistratura bosqichi talabasi.
5. Tanlov ikki bosqichda tashkil qilinib, birinchi bosqich barcha davlat oliy taʼlim tashkilotlarida (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkilotlari) oʻzlarining talabalari uchun oʻtkaziladi hamda gʻoliblarga taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan umumiy miqdorda 100 mln soʻm grant ajratiladi.
6. Respublika bosqichi Agentlik tomonidan 10 ta yoʻnalish boʻyicha oʻtkaziladi va yoʻnalish gʻoliblarini moliyalashtirish uchun Davlat budjetidan Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari doirasida ajratiladigan mablagʻlar hisobidan grant beriladi.
7. Tanlovning birinchi hamda respublika bosqichi gʻoliblari uchun ajratiladigan mablagʻlar innovatsion gʻoyani dastlabki namunasini yaratish uchun zarur sarflash materiallari va uskunalarni sotib olish, xorijiy inkubatsiya, akseleratsiya va stajirovka dasturlarida ishtirok etish bilan bogʻliq xarajatlarga yoʻnaltiriladi.
8. Tanlov ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq tashkil etiladi va oʻtkaziladi.
9. Tanlovning respublika bosqichi ushbu Nizomga 2-ilovadagi yoʻnalishlar boʻyicha oʻtkaziladi.
2-bob. Tanlovning birinchi bosqichini oʻtkazish
10. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi har yili 5-sentabrga qadar birinchi bosqich shartlari va talabgorlar tomonidan saralash komissiyasiga taqdim etiladigan hujjatlar namunalari hamda roʻyxatini tasdiqlaydi.
11. Taʼlim tashkilotlari rahbarlari tomonidan har yili 10-sentabrga qadar tanlovning birinchi bosqichida kelib tushadigan innovatsion gʻoyalarni saralash va gʻoliblarni aniqlash maqsadida kamida besh nafar toq sonli aʼzolardan iborat tarkibda saralash komissiyalari tuziladi hamda taʼlim tashkiloti rahbari buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
Buyruqda saralash komissiyalarining asosiy vazifalari va majburiyatlari hamda ularga qoʻyiladigan talablar koʻrsatiladi.
12. Saralash komissiyasi tarkibi aʼzolari rais, kotib hamda taʼlim tashkilotlarining ilmiy darajaga ega xodimlari, bakalavriat va magistratura bosqichi talabalaridan iborat boʻladi.
13. Saralash komissiyalariga taʼlim tashkilotlari rahbarlarining ilmiy tadqiqot va innovatsiyalarga masʼul boʻlgan prorektori raislik qiladi hamda ilmiy boʻlim rahbari kotib etib tayinlanadi.
Bunda taʼlim tashkilotlarida yoʻnalishlar boʻyicha alohida saralash komissiyalari tuzilishi mumkin.
14. Taʼlim tashkilotlari har yili 10-sentabrda oʻzlarining rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida talabalar uchun tanlovning birinchi bosqichiga arizalar qabuli boshlangani toʻgʻrisida eʼlon beradi.
Eʼlonda tanlov shartlari, qabul qilish muddatlari, baholash mezonlari va zarur hujjatlar roʻyxati ochiq koʻrsatilishi lozim.
15. Tanlovda talabgorlar har yili 10-oktabrga qadar saralash komissiyasi nomiga ariza berish orqali faqatgina bitta innovatsion gʻoya bilan ishtirok etadi.
16. Saralash komissiyasi kotibi ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqadi va roʻyxatga oladi hamda ariza qabul qilingani toʻgʻrisida talabgorga maʼlumotnoma taqdim etadi.
17. Saralash komissiyasi har yili 10-noyabrga qadar innovatsion gʻoyalarni ochiq taqdimot shaklida koʻrib chiqqan holda baholaydi hamda gʻoliblarni aniqlaydi.
18. Taqdimot jarayonida gʻoliblar saralash komissiyasi aʼzolari tomonidan berilgan ballar umumiy yigʻindisining oʻrtacha miqdori boʻyicha aniqlanadi.
19. Saralash komissiyasi kotibi tanlovning birinchi bosqichi boshlangunga qadar saralash komissiyasi aʼzosini talabgorlarning yaqin qarindoshi ekanligini yoki tanlov natijasidan bevosita manfaatdorligini yoxud uning xolisligiga shubha tugʻdiruvchi boshqa holatlarni aniqlagan taqdirda, holat yuzasidan taʼlim tashkilotlari rahbariga xabar berishi shart.
Manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻygan shaxslar taʼlim tashkilotlari rahbarlari qarori asosida saralash komissiyasi aʼzolari tarkibidan chiqariladi hamda uning oʻrni muqobil mutaxassis bilan toʻldiriladi.
20. Tanlovning birinchi bosqichini oʻtkazish yakuni boʻyicha saralash komissiyasi bayonnomasi tuziladi va u komissiya raisi, kotibi va innovatsion gʻoyalarni baholashda qatnashgan saralash komissiyasining aʼzolari tomonidan imzolanadi.
21. Tanlovning birinchi bosqichini oʻtkazish yakuni boʻyicha tuzilgan bayonnomada quyidagilar koʻrsatilishi shart:
birinchi bosqich oʻtkazilgan joyi va sanasi, boshlangan va yakunlangan vaqti;
birinchi bosqichda qatnashgan saralash komissiya aʼzolarining roʻyxati;
birinchi bosqichda qatnashgan va tanlovga kelmagan talabgorlar roʻyxati;
saralash komissiya aʼzolari tomonidan qoʻyilgan ballarni hisoblash natijalari, shu jumladan, har bir talabgor tomonidan toʻplangan ballar.
22. Saralash komissiyasi tanlovning birinchi bosqichi yakunida gʻoliblarni eʼlon qiladi.
23. Taʼlim tashkilotlari har yili 20-noyabrga qadar gʻoliblar uchun ajratilgan mablagʻlarni ularning nomiga ochilgan bank plastik kartalariga oʻtkazib beradi hamda tasdiqlangan bayonnoma va ularning roʻyxatini respublika bosqichida ishtirok etadigan yoʻnalishlarini belgilagan holda, Agentlikka rasmiy ravishda taqdim etadi.
24. Taʼlim tashkilotlari tanlovning respublika bosqichida qatnashishi belgilangan talabgorlarning unda ishtirok etishini taʼminlaydi hamda xizmat safari bilan bogʻliq barcha xarajatlarni qoplaydi.
3-bob. Tanlovning respublika bosqichini oʻtkazish
25. Agentlik direktori tomonidan har yili 10-noyabrga qadar tanlovning respublika bosqichida innovatsion gʻoyalarni saralash va gʻoliblarni aniqlash maqsadida kamida besh nafar toq sonli aʼzolardan iborat tarkibda har bir yoʻnalish boʻyicha alohida tanlov komissiyasi tuziladi hamda buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
Buyruqda tanlov komissiyasining asosiy vazifalari va majburiyatlari hamda ularga qoʻyiladigan talablar koʻrsatiladi.
26. Tanlov komissiyasi tarkibi olimlar, tegishli vazirlik va idoralarning vakillari hamda yirik sanoat tarmoqlarining malakali mutaxassislari, shuningdek, xususiy sektor vakillaridan iborat boʻladi.
27. Tanlov komissiyasiga yoʻnalishlar boʻyicha tegishli vazirlik va idoralarning vakili raislik qiladi hamda yirik sanoat tarmoqlarining malakali mutaxassisi kotib etib tayinlanadi.
28. Agentlik tanlov komissiya aʼzolarini ular bilan fuqarolik-huquqiy tusdagi shartnoma tuzish orqali jalb qiladi.
29. Tanlov komissiyasining barcha aʼzolari Agentlik direktorining buyrugʻiga koʻra tanlov yakunlari boʻyicha bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravari miqdorida bir martalik (barcha soliqlar ushlab qolingan holda) moddiy ragʻbatlantiriladi.
30. Tanlov komissiya aʼzolarini moddiy ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar Jamgʻarma tomonidan Agentlikni moliyalashtirish boʻyicha ajratilgan mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi.
31. Agentlik har yili 1-dekabrga qadar talabgorlar roʻyxatini shakllantiradi, taqdimot oʻtkazish sanasi va joyini belgilaydi hamda taʼlim tashkilotlariga xabar beradi.
Bunda belgilangan muddatdan keyin Agentlikka taqdim etilgan talabgorlar roʻyxati tanlovning respublika bosqichiga qabul qilinmaydi.
32. Tanlov komissiyasi har yili 20-dekabrga qadar innovatsion gʻoyalarni ochiq taqdimot shaklida koʻrib chiqqan holda baholaydi hamda gʻoliblarni aniqlaydi.
33. Taqdimot jarayonida gʻoliblar tanlov komissiyasi aʼzolari tomonidan berilgan ballar umumiy yigʻindisining oʻrtacha miqdori boʻyicha aniqlanadi.
34. Tanlovning respublika bosqichida taqdimotlar talabgorlarning bevosita ishtirokida oʻtkaziladi.
35. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardan ishtirok etadigan talabgorlar taqdimotni masofaviy shaklda oʻtkazishi mumkin.
36. Tanlov komissiyasi kotiblari tanlovning respublika bosqichi boshlangunga qadar tanlov komissiyasi aʼzosini talabgorlarning yaqin qarindoshi ekanligini yoki tanlov natijasidan bevosita manfaatdorligini yoxud uning xolisligiga shubha tugʻdiruvchi boshqa holatlarni aniqlagan taqdirda, holat haqida Agentlik direktoriga xabar berishi shart.
Manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻygan shaxslar Agentlik direktori qarori asosida tanlov komissiyasi aʼzolari tarkibidan chiqariladi hamda uning oʻrni muqobil mutaxassis bilan toʻldiriladi.
37. Tanlovning respublika bosqichini oʻtkazish yakuni boʻyicha tanlov komissiyasi bayonnomasi tuziladi va u komissiya raisi, kotibi va baholashda qatnashgan boshqa aʼzolar tomonidan imzolanadi.
38. Tanlov komissiyasi bayonnomasida quyidagilar koʻrsatilishi shart:
respublika bosqichi oʻtkazilgan joyi va sanasi, boshlangan va yakunlangan vaqti;
respublika bosqichida qatnashgan tanlov komissiya aʼzolarining roʻyxati;
respublika bosqichida qatnashgan va tanlovga kelmagan talabgorlar roʻyxati;
tanlov komissiyasi aʼzolari tomonidan qoʻyilgan ballarni hisoblash natijalari, shu jumladan, har bir talabgor tomonidan toʻplangan ballar.
39. Tanlovning respublika bosqichida tanlov komissiyasi tanlov yakunlarida yoʻnalishlar boʻyicha gʻoliblar roʻyxatini hamda tasdiqlangan bayonnomani Agentlikka taqdim etadi.
4-bob. Apellyatsiya komissiyasini tashkil etish
40. Tanlovning birinchi va respublika bosqichi natijalaridan norozi boʻlgan talabgorlar tanlov natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida tanlovning tegishli bosqichi boʻyicha apellyatsiya komissiyasiga yozma murojaat (shikoyat) berishlari mumkin.
Bunda tanlovning birinchi bosqichidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish uchun taʼlim tashkilotlari rahbarlari tomonidan Apellyatsiya komissiyasi tuziladi hamda unga oʻzlari raislik qiladi.
Tanlovning respublika bosqichidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish uchun Agentlik tomonidan Apellyatsiya komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Apellyatsiya komissiyalari) tuziladi hamda unga Agentlik direktori raislik qiladi.
41. Apellyatsiya komissiyalari tarkibi Agentlik xodimlari va sohaning malakali mutaxassislaridan iborat boʻladi.
42. Apellyatsiya komissiyalari tarkibiga saralash va tanlov komissiyasi aʼzolarining kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
43. Apellyatsiya komissiyalari murojaat (shikoyat) kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida murojaat (shikoyat)ni koʻrib chiqadi.
Zarur hollarda, murojaat (shikoyat) muallifining, tegishli saralash va tanlov komissiyasi aʼzolari hamda tanlovning boshqa subyektlarining fikrini eshitadi.
44. Apellyatsiya komissiyalari yigʻilishi unda komissiya aʼzolarining yarmidan koʻpi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.
45. Apellyatsiya komissiyalari tanlov jarayonlariga oid murojaatni (shikoyatni) koʻrib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
tanlovda talabgorlarning innovatsion gʻoyasi toʻgʻri baholangan boʻlsa, shuningdek, tashkiliy-texnik jihatdan kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, tanlov natijalarini oʻzgartirishsiz qoldirish;
tanlovda talabgorlarning innovatsion gʻoyasi saralash yoki tanlov komissiyasi tomonidan notoʻgʻri baholangani aniqlangan taqdirda, baholash natijalarini oʻzgartirish.
46. Apellyatsiya komissiyalariga boshqa talabgorlarning ishlarini koʻrib chiqish va murojaat qiluvchining ishi bilan solishtirishga ruxsat berilmaydi.
47. Saralash va tanlov komissiyasi tomonidan baholangan talabgorning innovatsion gʻoyasida baholash mezonlariga mos kelmaslik holatlari aniqlangan taqdirda, Apellyatsiya komissiyalari saralash va tanlov komissiyasi qarorlarini bekor qilish yoki ularga oʻzgartirishlar kiritish huquqiga ega.
Bunda Apellyatsiya komissiyalari apellyatsiya natijalari boʻyicha asoslantirilgan maʼlumotlarni koʻrsatgan holda, tanlov natijalarini oʻzgartirish toʻgʻrisida bayonnomani rasmiylashtiradi.
48. Apellyatsiya komissiyalari qarori yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi. Bayonnoma rais va aʼzolar tomonidan imzolanadi.
49. Apellyatsiya komissiyalarining qarorlari qaror qabul qilingan kunning oʻzida murojaat qiluvchiga rasmiy ravishda yuboriladi.
50. Apellyatsiya komissiyalari qaroriga muvofiq tanlov natijalari oʻzgargan taqdirda, saralash yoki tanlov komissiyasining qoʻshimcha bayonnomasi rasmiylashtiriladi va belgilangan tartibda tasdiqlanadi.
51. Talabgorlar Apellyatsiya komissiyalari qarori ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
5-bob. Tanlovda gʻoliblarni aniqlash hamda taqdirlash
52. Tanlovning birinchi va respublika bosqichida innovatsion gʻoyalar saralash va tanlov komissiya aʼzolari tomonidan quyidagi 100 ballik mezonlar asosida baholanadi:
innovatsion gʻoyaning ilmiy va innovatsion yangiligi — 20 ballgacha;
innovatsion gʻoyaning dolzarbligi — 20 ballgacha;
mavjud analoglardan farqi — 20 ballgacha;
xarajatlar smetasining asoslangani — 20 ballgacha;
innovatsion gʻoyani amalga oshirishdan kutilayotgan natijalar — 20 ballgacha.
53. Tanlovning birinchi bosqichida gʻoliblar quyidagi miqdorda grant mablagʻlari bilan taqdirlanadi:
birinchi oʻrin uchun — 50 mln soʻm;
ikkinchi oʻrin uchun — 30 mln soʻm;
uchinchi oʻrin uchun — 20 mln soʻm.
54. Tanlovning respublika bosqichida gʻolib deb topilgan innovatsion gʻoyalar Agentlik, talabgor va tashkilot oʻrtasida tuziladigan shartnomaga muvofiq quyidagi miqdorda moliyalashtiriladi:
birinchi oʻrin uchun — 500 mln soʻm;
ikkinchi oʻrin uchun — 300 mln soʻm;
uchinchi oʻrin uchun — 200 mln soʻm.
Bunda Agentlik ikki oy muddatda innovatsion gʻoyalarni moliyalashtirish toʻgʻrisida shartnoma tuzadi hamda shartnomaga muvofiq mablagʻlarni taʼlim tashkilotlarining hisobvaragʻiga oʻtkazadi.
55. Shartnomada innovatsion gʻoyani amalga oshirish muddatlari, amalga oshirilgan ishlar va mablagʻlarning maqsadli sarflanishi yuzasidan hisobot taqdim etish shakli hamda monitoring oʻtkazish shartlari koʻrsatiladi.
56. Agentlik tomonidan mablagʻlarning shartnoma shartlariga muvofiq maqsadsiz ishlatilganlik holatini aniqlangan taqdirda, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tegishli choralar koʻriladi.
57. Taʼlim tashkilotlari innovatsion gʻoya moliyalashtirilganidan soʻng quyidagilarni amalga oshiradi:
ikki oy muddatda innovatsion gʻoya muallifini qabul qiluvchi xorijiy tashkilot bilan kelishuvga erishish;
kelishuvga muvofiq innovatsion gʻoya muallifini xorijiy akseleratsiya, inkubatsiya yoki stajirovka dasturiga yuborish;
xorijiy akseleratsiya, inkubatsiya yoki stajirovka dasturi yakunlarida moddiy-texnik baza bilan taʼminlash.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
58. Tanlov ishtirokchilarini homiylar oʻz sovgʻalari bilan taqdirlashlari mumkin.
59. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
60. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
“Eng innovatsion gʻoya” respublika tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Tanlovni tashkil qilish, innovatsion gʻoyalarni saralash va gʻoliblarni aniqlash hamda ularni moliyalashtirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Birinchi bosqich shartlari va talabgorlar tomonidan saralash komissiyasiga taqdim etiladigan hujjatlar namunalari hamda roʻyxatini tasdiqlaydi. Har yili 5-sentabrga qadar 2-bosqich Oliy taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkilotlari) 1. Birinchi bosqichda kelib tushadigan innovatsion gʻoyalarni saralash va gʻoliblarni aniqlash maqsadida kamida besh nafar toq sonli aʼzolardan iborat tarkibda saralash komissiyalarini tuzadi hamda oʻz buyrugʻi bilan tasdiqlaydi. Har yili 10-sentabrga qadar 2. Talabalar uchun tanlovning birinchi bosqichiga arizalar qabuli boshlangani toʻgʻrisida oʻzlarining rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida eʼlon beradi. Har yili 10-sentabrda 3-bosqich Talabgor (oliy taʼlim tashkiloti talabasi) Tanlovda saralash komissiyasi nomiga ariza berish orqali faqatgina bitta innovatsion gʻoya bilan ishtirok etadi. Har yili 10-oktabrga qadar 4-bosqich Saralash komissiyasi Innovatsion gʻoyalarni ochiq taqdimot shaklida koʻrib chiqqan holda baholaydi hamda gʻoliblarni aniqlaydi. Har yili 10-noyabrga qadar 5-bosqich Taʼlim tashkilotlari Gʻoliblar uchun ajratilgan mablagʻlarni ularning nomiga ochilgan bank plastik kartalariga oʻtkazib beradi hamda tasdiqlangan bayonnoma va ularning roʻyxatini respublika bosqichida ishtirok etadigan yoʻnalishlarini belgilagan holda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligiga (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) rasmiy ravishda taqdim etadi. Har yili 20-noyabrga qadar 6-bosqich Agentlik 1. Respublika bosqichida innovatsion gʻoyalarni saralash va gʻoliblarni aniqlash maqsadida kamida besh nafar toq sonli aʼzolardan iborat tarkibda har bir yoʻnalish boʻyicha alohida tanlov komissiyasi tuzadi hamda buyrugʻi bilan tasdiqlaydi. Har yili 10-noyabrga qadar 2. Talabgorlar roʻyxatini shakllantiradi, taqdimot oʻtkazish sanasi va joyini belgilaydi hamda taʼlim tashkilotlariga xabar beradi. Har yili 1-dekabrga qadar 7-bosqich Tanlov komissiyasi Innovatsion gʻoyalarni ochiq taqdimot shaklida koʻrib chiqqan holda baholaydi hamda gʻoliblarni aniqlaydi. Har yili 20-dekabrga qadar 8-bosqich Agentlik Innovatsion gʻoyalarni moliyalashtirish toʻgʻrisida shartnoma tuzadi hamda shartnomaga muvofiq mablagʻlarni taʼlim tashkilotlarining hisobvaragʻiga oʻtkazadi. 2 oy muddatda 9-bosqich Taʼlim tashkilotlari 1. Innovatsion gʻoya muallifini qabul qiluvchi xorijiy tashkilot bilan kelishuvni amalga oshiradi. 2 oy muddatda 2. Innovatsion gʻoya muallifini xorijiy akseleratsiya, inkubatsiya yoki stajirovka dasturiga yuboradi. Kelishuvga muvofiq 3. Moddiy-texnik baza bilan taʼminlaydi. Akseleratsiya, inkubatsiya yoki stajirovka dasturi yakunlarida
“Eng innovatsion gʻoya” respublika tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Respublika bosqichi oʻtkaziladigan yoʻnalishlar
1. Raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellekt
2. Moliyaviy texnologiyalar
3. Qishloq xoʻjaligi texnologiyalari
4. Kiberxavfsizlik
5. Sogʻliqni saqlash
6. Farmatsevtika
7. Mudofaa va xavfsizlik
8. Energiya tejamkorlik
9. Suv xoʻjaligi texnologiyalari
10. Taʼlim va ilm-fan
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 4-sentabr,
463-son