UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 4-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 4 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумда илғор хорижий тажрибалар асосида замонавий билим ва малакага эга бўлган, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида илғор технологияларни ўзлаштирган ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш, бюджетдан ташқари маблағлар ва даромадлар жамғарилишини таъминлаш, шунингдек, техникум ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби;

Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш тартиби;

Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби.

2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳамда Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ҳар йили 1 апрелга қадар Жамғармага маблағлар ажратиб борсин.

3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

Жамғарма маблағларидан самарали фойдаланишни режа асосида мониторинг қилсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 464-сон қарорига ИЛОВА

Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, Жамғарма фаолиятини бошқариш, унинг маблағларини тақсимлаш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг Фарғона вилояти Ғазначилик хизмати бошқармасида очилган Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумнинг (кейинги ўринларда — Техникум) бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ҳамда ушбу Низомда белгиланган мақсадлар учун сарфланади.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш

3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари (заруратга кўра техникумнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун талаб этиладиган маблағлар тегишли ҳисоб-китоблар асосида Касбий таълимни ривожлантириш жамғармасидан ажратилади);

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари ҳамда техник кўмаклари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағлари Техникум томонидан Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилиши мумкин. Олинадиган фоиз даромадлари ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган мақсадларга сарфлаш учун тақсимланади.

5. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари кейинги йилга ўтади.

3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш

6. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:

Техникумнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

Техникум ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларнинг малакасини ошириш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасида илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасида методик қўлланмаларни тайёрлаш ва оммалаштириш;

илмий-амалий конференцияларни ташкил этиш ва ўтказиш;

Техникум ўқув ва илмий лабораторияларини зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш;

хорижий етакчи олим, профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни Техникумнинг ўқув ва илмий-методик жараёнига жалб этиш;

Техникумда ижтимоий, тарбиявий, психологик ва бошқа ўқув-услубий, илмий лойиҳалар ҳамда тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш (ишчи гуруҳларнинг иш ҳақи, хизмат сафари ва бошқа харажатлар);

педагог кадрлар ва ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган республика танловлари ғолибларини тақдирлаш ва рағбатлантириш;

Техникум фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда фаоллик кўрсатган ходимларни моддий рағбатлантириш;

аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд ва етим болалар тоифаларига кирувчи ўқувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш тадбирлари (бир йилда бир ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдоридан ошмайдиган бир марталик моддий ёрдам);

хорижий делегацияларни кутиб олиш, транспорт хизмати, таржимонларни жалб қилиш, совға ва сувенирлар сотиб олиш, овқатлантириш;

Техникум раҳбар ва ходимларини тажриба ўрганиш ва ҳамкорлик ўрнатиш мақсадларида хорижий хизмат сафарига юбориш;

Техникум фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирларни молиялаштириш.

7. Жамғарма маблағлари ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ шакллантирилади.

8. Техникумнинг келгуси йилга режалаштирилган тадбирлари учун буюртманома Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик)нинг Фарғона вилояти касбий таълим бошқармаси (кейинги ўринларда — Бошқарма)га Техникум томонидан ҳар йили 5 декабрга қадар тақдим этилади.

9. Бошқарма ҳар йили 15 декабрга қадар Техникум томонидан тақдим қилинган буюртманомани кўриб чиқади ва Агентликка юборади.

Бунда Агентлик Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ва Ўзбекистон фермерлари кенгашига ҳар йили 25 декабрга қадар Жамғармага маблағ ажратиш юзасидан (буюртманомани илова қилган ҳолда) мурожаат қилади.

10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳар йили 1 апрелга қадар Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳамда Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан Жамғармага маблағ ажратиш чораларини кўради.

11. Техникум раҳбар ходимлари, педагог кадрлари ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг фаолиятини ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ баҳолаш мезонлари асосида уларга қуйидаги миқдорларда базавий тариф ставкаларига нисбатан устама ҳақ белгиланади:

65 — 70 балл тўпласа — 40 фоиз;

71 — 75 балл тўпласа — 50 фоиз;

76 — 80 балл тўпласа — 60 фоиз;

81 — 85 балл тўпласа — 70 фоиз;

86 — 90 балл тўпласа — 80 фоиз;

91 — 95 балл тўпласа — 90 фоиз;

96 — 100 балл тўпласа — 100 фоиз.

Техникум раҳбар ходимлари, педагог кадрлари ва ишлаб чиқариш таълими усталарига ушбу ҳар ойлик устамалар ўтган ўқув йили якунлари бўйича янги ўқув йили давомида Жамғарма ҳисобидан тўланади.

Бунда бошқа ходимлар фаолиятини баҳолаш мезонлари назарда тутилмайди, мазкур ходимларга тегишли директор ўринбосарлари ва касаба уюшмасининг билдиргиси асосида ҳар ойлик устама белгилаш, мукофотлар ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш Техникум директорининг буйруғи асосида белгиланади.

12. Жамғарма маблағларини шакллантиришда ҳужжатлар ва маълумотларнинг асосланганлиги ва тўғрилиги юзасидан Техникум директори ва бош ҳисобчиси жавобгардир.

13. Жамғарма маблағларидан унинг тасдиқланган харажатлар сметаси асосида фойдаланилади.

Жамғарманинг харажатлар сметаси Техникум томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва тасдиқланади ҳамда Фарғона вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.

4-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш

14. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш учун камида етти кишидан иборат таркибда тоқ сонда Жамғармани бошқариш комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) ташкил этилади.

Комиссия таркиби Техникум педагогик кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, Техникум директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Техникум директори лавозимига кўра Комиссия раиси ҳисобланади.

Комиссия аъзолари таркиби шаффофликни таъминлаш мақсадида, ҳар ўқув йилининг бошида Техникумнинг педагогик кенгаши йиғилишида қайта кўриб чиқилади.

15. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш.

16. Комиссия раиси:

Комиссия мажлиси кун тартибини белгилайди ва тасдиқлайди;

Комиссия қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Комиссия аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради.

17. Комиссия аъзолари:

Комиссия мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этади;

Техникум фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Комиссияга таклифлар киритади;

Комиссия томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз беради;

Комиссия мажлисларида шахсан қатнашадилар. Бунда қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда, Комиссия аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.

18. Комиссия котиби:

Комиссия мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Комиссия раиси билан келишади;

кун тартибидаги масалалар бўйича Комиссия мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Комиссия аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳасидан хабардор қилади;

Комиссия қарорлари бажарилиши мониторингини юритади;

ҳужжатларнинг юритилиши ва сақланишини таъминлайди;

Комиссия баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Комиссия аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

19. Жамғарма фаолиятини бошқариш бўйича Комиссия муҳокамасига киритилган масалалар юзасидан Комиссия мажлиси 6 ойда камида бир марта, истисно ҳолларда, заруратга кўра ўтказилади.

Зарур ҳолларда, Комиссия раисининг ташаббуси ёки Комиссия аъзоларидан камида икки нафарининг таклифига кўра, Жамғарма маблағлари сарфланиши ва тақсимланиши масаласида Комиссиянинг навбатдан ташқари мажлиси чақирилиши мумкин.

20. Комиссия иштирок этишнинг ихтиёрийлиги ва Комиссия ваколатига тегишли масалаларни ҳал этишда унинг барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари асосида шакллантирилади.

21. Комиссия мажлиси Комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми, шу жумладан, Комиссия раиси ёки унинг ўринбосари иштирок этганда ўтказилган ҳисобланади.

Мазкур қоида ижроси таъминланмаган тақдирда, Комиссия мажлиси ўтказилмаган ҳисобланади ва уни ўтказишнинг янги санаси белгиланади.

22. Комиссия мажлисига унда кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, Техникум ходимлари таклиф этилиши мумкин.

23. Комиссия қарори Комиссиянинг мажлисида қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссия қарорлари Комиссия мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Комиссия мажлисининг баённомаси Комиссия раиси ва котиби томонидан уч кун муддат ичида тасдиқланади ҳамда Техникумнинг муҳри қўйилади.

Баённомада белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш учун Техникум директори буйруғи уч кун ичида қабул қилинади.

5-боб. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш

24. Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Техникумнинг бош ҳисобчиси томонидан амалга оширилади.

25. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Техникумнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларидан алоҳида юритилади.

26. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот ҳар йили 31 декабрга қадар Бошқармага тақдим қилинади.

27. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Ички аудит хизмати томонидан амалга оширилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

28. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

29. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникум Техникумнинг келгуси йилга режалаштирилган тадбирлари учун буюртманомани Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик)нинг Фарғона вилояти касбий таълим бошқармаси (кейинги ўринларда — Бошқарма)га тақдим қилади. Ҳар йили 5 декабрга қадар 2-босқич Бошқарма Техникум томонидан тақдим қилинган буюртманомани кўриб чиқади ва Агентликка юборади. Ҳар йили 15 декабрга қадар 3-босқич Агентлик Техникум томонидан тақдим қилинган буюртманомани кўриб чиқади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермерлари кенгашига юборади. Ҳар йили 25 декабрга қадар 4-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳамда Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маблағлар ажратади. Ҳар йили 1 апрелга қадар

Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган техникумни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Техникум раҳбар ходимлари, педагог кадрлари ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг фаолиятини

Т/р Кўрсаткичлар Балл 1. Семестр якунида ўқув фанлари бўйича ўқувчиларнинг билим даражаси (сифат кўрсаткичи) Максимал 10 балл Сифат кўрсаткичи 86 — 100 фоиз оралиғида 10 балл Сифат кўрсаткичи 71 — 85 фоиз оралиғида 7 балл Сифат кўрсаткичи 56 — 70 фоиз оралиғида 4 балл 2. Ўқувчиларининг эришган ютуқлари учун Максимал 12 балл Камида бир нафар ўқувчиси халқаро WorldSkills, олимпиада ёки шу каби мусобақаларнинг республика босқичида 1 — 3-ўринларни қўлга киритган бўлса 6 балл Камида бир нафар ўқувчиси халқаро WorldSkills, олимпиада ёки шу каби мусобақаларнинг вилоят босқичида 1 — 3-ўринларни қўлга киритган бўлса 4 балл Камида бир нафар ўқувчиси ҳудудий WorldSkills, олимпиада ёки шу каби мусобақаларда республика ёхуд вилоят босқичида иштирок этган бўлса 2 балл 3. Ўқув йили давомида ташкил этилган очиқ дарслар учун (ҳар семестр учун алоҳида ҳисобланади, бир семестр учун ўтилган очиқ дарс бошқа семестр учун ҳисобланишига йўл қўйилмайди) Максимал 5 балл Семестр давомида 3 та ва ундан ортиқ очиқ дарс учун 5 балл Семестр давомида 2 та очиқ дарс учун 3 балл 4. Ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг электрон портфолиоси учун Максимал 10 балл 86 — 100 балл оралиғида баҳоланганда 10 балл 65 — 85 балл оралиғида баҳоланганда 8 балл 40 — 64 балл оралиғида баҳоланганда 5 балл 20 — 39 балл оралиғида баҳоланганда 3 балл 20 баллдан паст баҳоланганда 0 балл 5. Таълим ташкилотидаги самарали меҳнат фаолияти учун (Таълим ташкилотининг педагог кенгаши қарори асосида) Максимал 7 балл Ўқув йили давомида жамоат ишларида энг фаол деб топилганда (ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари умумий сонининг 10 фоизидан ошмаслиги лозим) 7 балл Ўқув йили давомида жамоат ишларида фаол деб топилганда (ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари умумий сонининг 30 фоизидан ошмаслиги лозим) 2 балл 6. Ўз малакасини оширишдаги фаолияти Максимал 5 балл Белгиланган муддатда малака ошириш курсидан ўтгани учун (сертификатнинг амал қилиш даври учун) 3 балл Ўқув йили давомида йўналиши бўйича камида 1 та семинар-тренинг ёки конференцияда иштирок этгани учун 2 балл 7. Хорижий тилларни билиш даражаси учун Максимал 10 балл B2 даражасида миллий сертификат ёки унга тенглаштирилган халқаро тест тизимлари сертификати (чет тили ўқитувчилари учун иккинчи хорижий тил бўйича) мавжуд бўлса 10 балл B1 даражасида миллий сертификат ва унга тенглаштирилган халқаро тест тизимлари сертификати (чет тили ўқитувчилари учун иккинчи хорижий тил бўйича) мавжуд бўлса 7 балл 8. Компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларини билиш даражаси учун Максимал 6 балл Интернет ресурслари, мультимедиа воситалари ва контентлардан мақсадли фойдалана олса ва офис дастурлари ёрдамида ўқув-услубий, кўргазмали материалларни тайёрлай олса 6 балл Офис дастурлари ( матн муҳаррири, электрон жадвал, тақдимот) ёрдамида ўқув-услубий, кўргазмали материалларни тайёрлай олса 4 балл Компьютер тузилиши ва имкониятларини билса, офис дастурларидан (матн муҳаррири, электрон жадвал, тақдимот) фойдалана олса 2 балл 9. Яратган дарсликлари, ўқув қўлланмалари ва ўқитиш материаллари тўплами учун Максимал 10 балл Охирги уч ўқув йилида яратилган дарсликлар ёки ўқув қўлланмалари учун 5 балл Охирги икки ўқув йилида яратилган ўқитиш материаллари тўплами, услубий қўлланмалар ёки методик тавсиялар учун (ҳудуд даражасида оммалаштирилган бўлса) 5 балл 10. Илмий, илмий-оммабоп журналларда ва амалий семинарларда ўз йўналиши бўйича чоп этилган мақолалари ёки тезислари учун Максимал 7 балл Охирги уч йилда хорижий илмий журналларда чоп этилган илмий мақола ёки тезислар учун 3 балл Халқаро ва республика миқёсида охирги ўқув йили мобайнида чоп этилган мақола ёки тезислар учун 3 балл Ҳудуд миқёсида охирги ўқув йили мобайнида чоп этилган мақола ёки тезислар учун 1 балл 11. Илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётгани учун Максимал 6 балл Фан доктори (DSc) даражаси учун илмий тадқиқот фаолиятини олиб бораётган бўлса 6 Фалсафа доктори (PhD) даражаси учун илмий тадқиқот фаолиятини олиб бораётган бўлса 5 12. Таълим ташкилоти томонидан ташкил этиладиган маънавий-маърифий тадбирларда иштироки учун Максимал 7 балл Тадбир ташкилотчиси сифатида 5 балл Тадбир иштирокчиси сифатида 2 балл 13. Мукофотлангани учун Максимал 5 балл Педагогик фаолияти давомида Давлат мукофоти билан тақдирлангани учун 3 балл Педагогик фаолияти давомида халқаро тан олинган мукофотлар билан тақдирлангани учун 2 балл Жами максимал балл 100 балл 14. Қўлланадиган жарима баллари -10 1. Сабабсиз ўқув машғулотини ўтказмаслик (педагогнинг айби билан) -2 2. Ўқув машғулотларига кечикиб кириш, муддатидан аввал тугатиш ёки машғулот хонасини тарк этиш -2 3. Ўқув машғулотини тайёргарлик кўрмаган ҳолда ўтказиш (машғулотга услубий-методик материалларсиз/адабиётларсиз кириш) -2 4. Таълим жараёнларини бошқарувчи ҳамда таълим сифатини назорат қилувчи ахборот тизимига ресурсларни ўз вақтида юкламаслик -2 5. Техникумнинг кун тартиби, ички меҳнат тартиби ёки бошқа педагогик этика қоидаларини бузиш -2

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 4 сентябрь,

464-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.09.2026 й., 09/26/464/0894-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

BAHOLASH MEZONLARI

Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikumni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikumda ilgʻor xorijiy tajribalar asosida zamonaviy bilim va malakaga ega boʻlgan, qishloq xoʻjaligi va oziq-ovqat sohasida ilgʻor texnologiyalarni oʻzlashtirgan oʻrta boʻgʻin kadrlarini tayyorlash uchun moddiy-texnik bazani mustahkamlash, budjetdan tashqari mablagʻlar va daromadlar jamgʻarilishini taʼminlash, shuningdek, texnikum xodimlarini moddiy qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikumni rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi;

Jamgʻarma faoliyatini boshqarish va uning mablagʻlarini taqsimlash tartibi;

Jamgʻarma mablagʻlarining hisobi va hisobotini yuritish tartibi.

2. Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligining asoslangan hisob-kitoblariga muvofiq Qishloq xoʻjaligini rivojlantirish va oziq-ovqat taʼminoti jamgʻarmasi hamda Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan har yili 1-aprelga qadar Jamgʻarmaga mablagʻlar ajratib borsin.

3. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:

Jamgʻarma mablagʻlaridan samarali foydalanishni reja asosida monitoring qilsin;

manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 4-sentabrdagi 464-son qaroriga ILOVA

Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikumni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikumni rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish, Jamgʻarma faoliyatini boshqarish, uning mablagʻlarini taqsimlash, hisobi va hisobotini yuritish tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi va uning mablagʻlari Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasining Fargʻona viloyati Gʻaznachilik xizmati boshqarmasida ochilgan Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikumning (keyingi oʻrinlarda — Texnikum) budjetdan tashqari shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida jamlanadi hamda ushbu Nizomda belgilangan maqsadlar uchun sarflanadi.

2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish

3. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:

Qishloq xoʻjaligini rivojlantirish va oziq-ovqat taʼminoti jamgʻarmasi hamda Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan ajratiladigan mablagʻlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari (zaruratga koʻra texnikumning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash uchun talab etiladigan mablagʻlar tegishli hisob-kitoblar asosida Kasbiy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasidan ajratiladi);

jismoniy va yuridik shaxslarning, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining grantlari hamda texnik koʻmaklari;

Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini tijorat banklariga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

4. Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlari Texnikum tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi tijorat banklarining depozit hisobvaraqlariga joylashtirilishi mumkin. Olinadigan foiz daromadlari ushbu Nizomning 6-bandida nazarda tutilgan maqsadlarga sarflash uchun taqsimlanadi.

5. Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmagan mablagʻlari keyingi yilga oʻtadi.

3-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish

6. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi maqsadlarga yoʻnaltiriladi:

Texnikumning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash;

Texnikum xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va ularning malakasini oshirish;

qishloq xoʻjaligi va oziq-ovqat taʼminoti sohasida ilgʻor texnologiyalarni ishlab chiqish va joriy etish;

qishloq xoʻjaligi sohasida metodik qoʻllanmalarni tayyorlash va ommalashtirish;

ilmiy-amaliy konferensiyalarni tashkil etish va oʻtkazish;

Texnikum oʻquv va ilmiy laboratoriyalarini zarur materiallar va butlovchi qismlar bilan taʼminlash;

xorijiy yetakchi olim, professor-oʻqituvchi va mutaxassislarni Texnikumning oʻquv va ilmiy-metodik jarayoniga jalb etish;

Texnikumda ijtimoiy, tarbiyaviy, psixologik va boshqa oʻquv-uslubiy, ilmiy loyihalar hamda tadqiqotlarni tashkil etish va oʻtkazish (ishchi guruhlarning ish haqi, xizmat safari va boshqa xarajatlar);

pedagog kadrlar va oʻquvchilar oʻrtasida oʻtkaziladigan respublika tanlovlari gʻoliblarini taqdirlash va ragʻbatlantirish;

Texnikum faoliyatini ommaviy axborot vositalarida keng yoritishda faollik koʻrsatgan xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish;

aholining ijtimoiy ehtiyojmand va yetim bolalar toifalariga kiruvchi oʻquvchilarni ijtimoiy himoya qilish tadbirlari (bir yilda bir oʻquvchiga bazaviy hisoblash miqdorining oʻn baravari miqdoridan oshmaydigan bir martalik moddiy yordam);

xorijiy delegatsiyalarni kutib olish, transport xizmati, tarjimonlarni jalb qilish, sovgʻa va suvenirlar sotib olish, ovqatlantirish;

Texnikum rahbar va xodimlarini tajriba oʻrganish va hamkorlik oʻrnatish maqsadlarida xorijiy xizmat safariga yuborish;

Texnikum faoliyatini samarali tashkil etish va rivojlantirishga yoʻnaltirilgan boshqa tadbirlarni moliyalashtirish.

7. Jamgʻarma mablagʻlari ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq shakllantiriladi.

8. Texnikumning kelgusi yilga rejalashtirilgan tadbirlari uchun buyurtmanoma Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik)ning Fargʻona viloyati kasbiy taʼlim boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda — Boshqarma)ga Texnikum tomonidan har yili 5-dekabrga qadar taqdim etiladi.

9. Boshqarma har yili 15-dekabrga qadar Texnikum tomonidan taqdim qilingan buyurtmanomani koʻrib chiqadi va Agentlikka yuboradi.

Bunda Agentlik Qishloq xoʻjaligi vazirligiga va Oʻzbekiston fermerlari kengashiga har yili 25-dekabrga qadar Jamgʻarmaga mablagʻ ajratish yuzasidan (buyurtmanomani ilova qilgan holda) murojaat qiladi.

10. Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Oʻzbekiston fermerlari kengashi har yili 1-aprelga qadar Qishloq xoʻjaligini rivojlantirish va oziq-ovqat taʼminoti jamgʻarmasi hamda Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan Jamgʻarmaga mablagʻ ajratish choralarini koʻradi.

11. Texnikum rahbar xodimlari, pedagog kadrlari va ishlab chiqarish taʼlimi ustalarining faoliyatini ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq baholash mezonlari asosida ularga quyidagi miqdorlarda bazaviy tarif stavkalariga nisbatan ustama haq belgilanadi:

65 — 70 ball toʻplasa — 40 foiz;

71 — 75 ball toʻplasa — 50 foiz;

76 — 80 ball toʻplasa — 60 foiz;

81 — 85 ball toʻplasa — 70 foiz;

86 — 90 ball toʻplasa — 80 foiz;

91 — 95 ball toʻplasa — 90 foiz;

96 — 100 ball toʻplasa — 100 foiz.

Texnikum rahbar xodimlari, pedagog kadrlari va ishlab chiqarish taʼlimi ustalariga ushbu har oylik ustamalar oʻtgan oʻquv yili yakunlari boʻyicha yangi oʻquv yili davomida Jamgʻarma hisobidan toʻlanadi.

Bunda boshqa xodimlar faoliyatini baholash mezonlari nazarda tutilmaydi, mazkur xodimlarga tegishli direktor oʻrinbosarlari va kasaba uyushmasining bildirgisi asosida har oylik ustama belgilash, mukofotlar va ularga moddiy yordam koʻrsatish Texnikum direktorining buyrugʻi asosida belgilanadi.

12. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirishda hujjatlar va maʼlumotlarning asoslanganligi va toʻgʻriligi yuzasidan Texnikum direktori va bosh hisobchisi javobgardir.

13. Jamgʻarma mablagʻlaridan uning tasdiqlangan xarajatlar smetasi asosida foydalaniladi.

Jamgʻarmaning xarajatlar smetasi Texnikum tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tuziladi va tasdiqlanadi hamda Fargʻona viloyati iqtisodiyot va moliya bosh boshqarmasida belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkaziladi.

4-bob. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish va uning mablagʻlarini taqsimlash

14. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish va uning mablagʻlarini taqsimlash uchun kamida yetti kishidan iborat tarkibda toq sonda Jamgʻarmani boshqarish komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tashkil etiladi.

Komissiya tarkibi Texnikum pedagogik kengashi tomonidan koʻrib chiqilib, Texnikum direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

Texnikum direktori lavozimiga koʻra Komissiya raisi hisoblanadi.

Komissiya aʼzolari tarkibi shaffoflikni taʼminlash maqsadida, har oʻquv yilining boshida Texnikumning pedagogik kengashi yigʻilishida qayta koʻrib chiqiladi.

15. Quyidagilar Komissiyaning asosiy vazifalari hisoblanadi:

hisobot yili yakuni boʻyicha Jamgʻarma mablagʻlarining daromadlari va xarajatlari toʻgʻrisidagi hisobotlarni koʻrib chiqish va tasdiqlash;

Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishini nazorat qilish.

16. Komissiya raisi:

Komissiya majlisi kun tartibini belgilaydi va tasdiqlaydi;

Komissiya qarorlarini tasdiqlaydi va ularning bajarilishini nazorat qiladi;

Komissiya aʼzolariga yuklangan vazifalar bajarilishi yuzasidan ularning ishini muvofiqlashtiradi.

17. Komissiya aʼzolari:

Komissiya majlislarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama qilish va hal etishda ishtirok etadi;

Texnikum faoliyatini rivojlantirishning dolzarb masalalari boʻyicha Komissiyaga takliflar kiritadi;

Komissiya tomonidan koʻrib chiqiladigan masalalar boʻyicha ovoz beradi;

Komissiya majlislarida shaxsan qatnashadilar. Bunda qatnashishning imkoni boʻlmagan taqdirda, Komissiya aʼzosi majlisning kun tartibi boʻyicha oʻz fikrini yozma ravishda taqdim etishga haqlidir.

18. Komissiya kotibi:

Komissiya majlisiga barcha zarur hujjatlarning oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi;

majlisni oʻtkazish muddatlari va joyini Komissiya raisi bilan kelishadi;

kun tartibidagi masalalar boʻyicha Komissiya majlislari oʻtkazilishini tashkil etadi;

Komissiya aʼzolari va taklif etilgan shaxslarni majlisning sanasi, vaqti, joyi va kun tartibi loyihasidan xabardor qiladi;

Komissiya qarorlari bajarilishi monitoringini yuritadi;

hujjatlarning yuritilishi va saqlanishini taʼminlaydi;

Komissiya bayonnomalarini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomalarni Komissiya aʼzolariga va boshqa manfaatdor tashkilotlarga yuboradi.

19. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish boʻyicha Komissiya muhokamasiga kiritilgan masalalar yuzasidan Komissiya majlisi 6 oyda kamida bir marta, istisno hollarda, zaruratga koʻra oʻtkaziladi.

Zarur hollarda, Komissiya raisining tashabbusi yoki Komissiya aʼzolaridan kamida ikki nafarining taklifiga koʻra, Jamgʻarma mablagʻlari sarflanishi va taqsimlanishi masalasida Komissiyaning navbatdan tashqari majlisi chaqirilishi mumkin.

20. Komissiya ishtirok etishning ixtiyoriyligi va Komissiya vakolatiga tegishli masalalarni hal etishda uning barcha aʼzolarining teng huquqliligi tamoyillari asosida shakllantiriladi.

21. Komissiya majlisi Komissiya aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi, shu jumladan, Komissiya raisi yoki uning oʻrinbosari ishtirok etganda oʻtkazilgan hisoblanadi.

Mazkur qoida ijrosi taʼminlanmagan taqdirda, Komissiya majlisi oʻtkazilmagan hisoblanadi va uni oʻtkazishning yangi sanasi belgilanadi.

22. Komissiya majlisiga unda koʻrib chiqiladigan masalalarning xususiyatiga koʻra davlat organlari hamda boshqa tashkilotlarning rahbarlari va mutaxassislari, Texnikum xodimlari taklif etilishi mumkin.

23. Komissiya qarori Komissiyaning majlisida qatnashgan aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, Komissiya raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

Komissiya qarorlari Komissiya majlisining bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Komissiya majlisining bayonnomasi Komissiya raisi va kotibi tomonidan uch kun muddat ichida tasdiqlanadi hamda Texnikumning muhri qoʻyiladi.

Bayonnomada belgilangan topshiriqlar ijrosini taʼminlash uchun Texnikum direktori buyrugʻi uch kun ichida qabul qilinadi.

5-bob. Jamgʻarma mablagʻlarining hisobi va hisobotini yuritish

24. Jamgʻarma mablagʻlarining hisob va hisobotini yuritish hamda joriy xizmat koʻrsatish ishlari Texnikumning bosh hisobchisi tomonidan amalga oshiriladi.

25. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish boʻyicha hisob va hisobotlar Texnikumning budjet va budjetdan tashqari mablagʻlaridan alohida yuritiladi.

26. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasining ijrosi toʻgʻrisidagi yillik hisobot har yili 31-dekabrga qadar Boshqarmaga taqdim qilinadi.

27. Jamgʻarma mablagʻlaridan oqilona va maqsadli foydalanilishi yuzasidan davlat moliyaviy nazorati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining Ichki audit xizmati tomonidan amalga oshiriladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

28. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

29. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikumni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikumni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikum Texnikumning kelgusi yilga rejalashtirilgan tadbirlari uchun buyurtmanomani Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik)ning Fargʻona viloyati kasbiy taʼlim boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda — Boshqarma)ga taqdim qiladi. Har yili 5-dekabrga qadar 2-bosqich Boshqarma Texnikum tomonidan taqdim qilingan buyurtmanomani koʻrib chiqadi va Agentlikka yuboradi. Har yili 15-dekabrga qadar 3-bosqich Agentlik Texnikum tomonidan taqdim qilingan buyurtmanomani koʻrib chiqadi va Qishloq xoʻjaligi vazirligi va Oʻzbekiston fermerlari kengashiga yuboradi. Har yili 25-dekabrga qadar 4-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi Qishloq xoʻjaligini rivojlantirish va oziq-ovqat taʼminoti jamgʻarmasi hamda Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan mablagʻlar ajratadi. Har yili 1-aprelga qadar

Lola Murotova nomidagi qishloq xoʻjaligiga ixtisoslashgan texnikumni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Texnikum rahbar xodimlari, pedagog kadrlari va ishlab chiqarish taʼlimi ustalarining faoliyatini

T/r Koʻrsatkichlar Ball 1. Semestr yakunida oʻquv fanlari boʻyicha oʻquvchilarning bilim darajasi (sifat koʻrsatkichi) Maksimal 10 ball Sifat koʻrsatkichi 86 — 100 foiz oraligʻida 10 ball Sifat koʻrsatkichi 71 — 85 foiz oraligʻida 7 ball Sifat koʻrsatkichi 56 — 70 foiz oraligʻida 4 ball 2. Oʻquvchilarining erishgan yutuqlari uchun Maksimal 12 ball Kamida bir nafar oʻquvchisi xalqaro WorldSkills, olimpiada yoki shu kabi musobaqalarning respublika bosqichida 1 — 3-oʻrinlarni qoʻlga kiritgan boʻlsa 6 ball Kamida bir nafar oʻquvchisi xalqaro WorldSkills, olimpiada yoki shu kabi musobaqalarning viloyat bosqichida 1 — 3-oʻrinlarni qoʻlga kiritgan boʻlsa 4 ball Kamida bir nafar oʻquvchisi hududiy WorldSkills, olimpiada yoki shu kabi musobaqalarda respublika yoxud viloyat bosqichida ishtirok etgan boʻlsa 2 ball 3. Oʻquv yili davomida tashkil etilgan ochiq darslar uchun (har semestr uchun alohida hisoblanadi, bir semestr uchun oʻtilgan ochiq dars boshqa semestr uchun hisoblanishiga yoʻl qoʻyilmaydi) Maksimal 5 ball Semestr davomida 3 ta va undan ortiq ochiq dars uchun 5 ball Semestr davomida 2 ta ochiq dars uchun 3 ball 4. Oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlimi ustalarining elektron portfoliosi uchun Maksimal 10 ball 86 — 100 ball oraligʻida baholanganda 10 ball 65 — 85 ball oraligʻida baholanganda 8 ball 40 — 64 ball oraligʻida baholanganda 5 ball 20 — 39 ball oraligʻida baholanganda 3 ball 20 balldan past baholanganda 0 ball 5. Taʼlim tashkilotidagi samarali mehnat faoliyati uchun (Taʼlim tashkilotining pedagog kengashi qarori asosida) Maksimal 7 ball Oʻquv yili davomida jamoat ishlarida eng faol deb topilganda (oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlimi ustalari umumiy sonining 10 foizidan oshmasligi lozim) 7 ball Oʻquv yili davomida jamoat ishlarida faol deb topilganda (oʻqituvchi va ishlab chiqarish taʼlimi ustalari umumiy sonining 30 foizidan oshmasligi lozim) 2 ball 6. Oʻz malakasini oshirishdagi faoliyati Maksimal 5 ball Belgilangan muddatda malaka oshirish kursidan oʻtgani uchun (sertifikatning amal qilish davri uchun) 3 ball Oʻquv yili davomida yoʻnalishi boʻyicha kamida 1 ta seminar-trening yoki konferensiyada ishtirok etgani uchun 2 ball 7. Xorijiy tillarni bilish darajasi uchun Maksimal 10 ball B2 darajasida milliy sertifikat yoki unga tenglashtirilgan xalqaro test tizimlari sertifikati (chet tili oʻqituvchilari uchun ikkinchi xorijiy til boʻyicha) mavjud boʻlsa 10 ball B1 darajasida milliy sertifikat va unga tenglashtirilgan xalqaro test tizimlari sertifikati (chet tili oʻqituvchilari uchun ikkinchi xorijiy til boʻyicha) mavjud boʻlsa 7 ball 8. Kompyuter texnikasi va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini bilish darajasi uchun Maksimal 6 ball Internet resurslari, multimedia vositalari va kontentlardan maqsadli foydalana olsa va ofis dasturlari yordamida oʻquv-uslubiy, koʻrgazmali materiallarni tayyorlay olsa 6 ball Ofis dasturlari ( matn muharriri, elektron jadval, taqdimot) yordamida oʻquv-uslubiy, koʻrgazmali materiallarni tayyorlay olsa 4 ball Kompyuter tuzilishi va imkoniyatlarini bilsa, ofis dasturlaridan (matn muharriri, elektron jadval, taqdimot) foydalana olsa 2 ball 9. Yaratgan darsliklari, oʻquv qoʻllanmalari va oʻqitish materiallari toʻplami uchun Maksimal 10 ball Oxirgi uch oʻquv yilida yaratilgan darsliklar yoki oʻquv qoʻllanmalari uchun 5 ball Oxirgi ikki oʻquv yilida yaratilgan oʻqitish materiallari toʻplami, uslubiy qoʻllanmalar yoki metodik tavsiyalar uchun (hudud darajasida ommalashtirilgan boʻlsa) 5 ball 10. Ilmiy, ilmiy-ommabop jurnallarda va amaliy seminarlarda oʻz yoʻnalishi boʻyicha chop etilgan maqolalari yoki tezislari uchun Maksimal 7 ball Oxirgi uch yilda xorijiy ilmiy jurnallarda chop etilgan ilmiy maqola yoki tezislar uchun 3 ball Xalqaro va respublika miqyosida oxirgi oʻquv yili mobaynida chop etilgan maqola yoki tezislar uchun 3 ball Hudud miqyosida oxirgi oʻquv yili mobaynida chop etilgan maqola yoki tezislar uchun 1 ball 11. Ilmiy tadqiqot faoliyati bilan shugʻullanayotgani uchun Maksimal 6 ball Fan doktori (DSc) darajasi uchun ilmiy tadqiqot faoliyatini olib borayotgan boʻlsa 6 Falsafa doktori (PhD) darajasi uchun ilmiy tadqiqot faoliyatini olib borayotgan boʻlsa 5 12. Taʼlim tashkiloti tomonidan tashkil etiladigan maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarda ishtiroki uchun Maksimal 7 ball Tadbir tashkilotchisi sifatida 5 ball Tadbir ishtirokchisi sifatida 2 ball 13. Mukofotlangani uchun Maksimal 5 ball Pedagogik faoliyati davomida Davlat mukofoti bilan taqdirlangani uchun 3 ball Pedagogik faoliyati davomida xalqaro tan olingan mukofotlar bilan taqdirlangani uchun 2 ball Jami maksimal ball 100 ball 14. Qoʻllanadigan jarima ballari -10 1. Sababsiz oʻquv mashgʻulotini oʻtkazmaslik (pedagogning aybi bilan) -2 2. Oʻquv mashgʻulotlariga kechikib kirish, muddatidan avval tugatish yoki mashgʻulot xonasini tark etish -2 3. Oʻquv mashgʻulotini tayyorgarlik koʻrmagan holda oʻtkazish (mashgʻulotga uslubiy-metodik materiallarsiz/adabiyotlarsiz kirish) -2 4. Taʼlim jarayonlarini boshqaruvchi hamda taʼlim sifatini nazorat qiluvchi axborot tizimiga resurslarni oʻz vaqtida yuklamaslik -2 5. Texnikumning kun tartibi, ichki mehnat tartibi yoki boshqa pedagogik etika qoidalarini buzish -2

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 4-sentabr,

464-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.09.2026-y., 09/26/464/0894-son)

lex.uz