UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 4-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 4 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

РЎЙХАТИ

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикасида экскурсия хизматларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Туризм тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек, экскурсия хизматлари сифатини янада ошириш ҳамда экскурсия фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг «Туризм тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддасига мувофиқ гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар фаолияти тегишли сертификат асосида амалга оширилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Ягона тасдиқланган матн асосида экскурсиялар ташкил этиладиган республиканинг асосий туризм ташриф объектлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Гидларга (гид-таржимонларга) малака тоифасини бериш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2026 йил 1 декабрдан бошлаб:

а) Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтига (кейинги ўринларда — Институт) ушбу қарорга 2-илова билан тасдиқланган Низомга мувофиқ гидларга (гид-таржимонларга) уларнинг хоҳишига кўра ҳаваскор, ихтисослашган ва профессионал малака тоифасини бериш ваколати берилади. Бунда малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарор Институт директори буйруғи билан ташкил этиладиган имтиҳон комиссияси томонидан қабул қилинади;

б) экскурсия етакчилари учун алоҳида малака тоифалари белгиланмайди;

в) малака сертификати чекланмаган муддатга берилади (ушбу банднинг «г» кичик бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно) ҳамда ушбу сертификат ҳақидаги маълумотлар Туризм қўмитаси томонидан юритиладиган Ўзбекистон Республикаси гидлари (гид-таржимонлари), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчиларининг ягона электрон реестрига (кейинги ўринларда — Ягона электрон реестр) киритилади;

г) гид сифатида сўнгги икки йил давомида фаолият юритмаган (солиқ органларининг электрон ахборот тизимларида даромадлар ва тўланган солиқлар тўғрисидаги ҳисоботлар мавжуд бўлмаганда) шахслар малака имтиҳонини қайта топширади. Бунда малака имтиҳонидан ўтмаган шахсларнинг малака сертификати Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 ноябрдаги 635-сон қарори билан тасдиқланган Айрим турдаги малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентида белгиланган тартибда ва муддатга тўхтатилади;

д) туроператор экскурсия хизматларини фақат амалдаги малака сертификатига эга бўлган гидлар (гид-таржимонлар) орқали ташкил этади, 2028 йил 1 январдан бошлаб эса мазкур талабга риоя этмаслик лицензия талаблари ва шартларини бузиш деб ҳисобланади.

4. 2027 йил 1 январдан бошлаб мамлакатнинг асосий туризм ташриф объектларида экскурсиялар Туризм қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишган ҳолда тасдиқланадиган ягона экскурсия матни асосида (кейинги ўринларда — Ягона экскурсия матни) ташкил этилади. Бунда Ягона экскурсия матни асосида экскурсия ўтказиладиган мамлакатнинг асосий туризм ташриф объектлари рўйхатига объектларнинг муҳимлиги, туристик жозибадорлиги, ташрифлар статистикаси, инфратузилма ҳолати, хавфсизлик талаблари ҳамда экскурсия ташкил этиш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, Туризм қўмитаси томонидан ўзгартиришлар киритиб борилади.

5. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:

а) Институт гидларни (гид-таржимонларни) қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш соҳасида ўқув-методик фаолиятни мувофиқлаштирувчи ваколатли ташкилот этиб белгилансин;

б) олий таълим ташкилотларининг «Филология ва тилларни ўқитиш», «Тарих», «Таржимашунослик», «Санъатшунослик», «Музейшунослик» ҳамда «Амалий санъат» таълим йўналишлари ўқув режаларига «Гидларни (гид-таржимон) тайёрлаш» ўқув курси модулларини танлов фанлари сифатида киритиш тавсия этилсин. Бунда мазкур ўқув курсини тўлиқ ўзлаштирган талабаларга тўртинчи босқичдан бошлаб гид (гид-таржимон) сифатида малакавий амалиёт ўташ ҳуқуқи берилсин.

6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Туризм қўмитаси, Фанлар академияси ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда уч ой муддатда гидларни (гид-таржимонларни) қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича намунавий ўқув дастурларини тасдиқласин ва ўқув дастурлари асосида ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиб, таълим ташкилотларида жорий этилишини таъминласин.

7. Туризм қўмитаси:

а) бир ой муддатда Ягона экскурсия матнини ишлаб чиқиш учун тарих, археология, маданий мерос, санъатшунослик, диншунослик ва туризм соҳаларидаги олимлар ҳамда юқори малакали мутахассислардан иборат таркибда экспертлар гуруҳини шакллантирсин;

б) 2026 йил 1 декабрга қадар:

Фанлар академияси билан келишган ҳолда экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланган Ягона экскурсия матнини тасдиқласин;

Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Миллий туризм ягона платформасида:

Ягона электрон реестрни жорий этсин;

экскурсия хизматларини электрон шаклда таклиф қилиш, буюртма қабул қилиш ва кўрсатиш имкониятини яратсин;

гидлар фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг рейтингини шакллантириш имконини берувчи электрон тизимни жорий этсин;

в) 2026 йил 1 ноябрга қадар Ички ишлар вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда туризм ташриф объектларида гидлар (гид-таржимонлар) томонидан идентификация картасидан (бейжикдан) фойдаланиш ҳамда унинг мавжудлигини назорат қилиш тартибини тасдиқласин;

г) уч ой муддатда:

гидларнинг (гид-таржимонларнинг) касб этикаси қоидаларини тасдиқласин;

йўриқчи-йўл бошловчиларга малака тоифа сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

д) Маданий мерос агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда туристлар энг кўп ташриф буюрадиган камида битта туризм объектида «Гидлар маркази»ни ташкил этсин. Бунда:

«Гидлар маркази»ни ташкил этиш ва жиҳозлаш билан боғлиқ харажатлар Туризм қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ҳисобидан, улар жойлашган биноларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар балансда сақловчи ташкилотлар маблағлари ҳисобидан қопланади;

ҳудудий гидлар уюшмалари «Гидлар маркази» биноларидан текин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;

е) икки ой муддатда гидларга (гид-таржимонларга) малака сертификатини бериш жараёнини тўлиқ йўлга қўйиш чораларини кўрсин, бунда:

малака имтиҳонини ташкил этиш ва ўтказишнинг аниқ механизми;

имтиҳон саволлари ва амалий топшириқларни шакллантириш талаблари;

имтиҳон натижаларини расмийлаштириш ва сертификат бериш тартибини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин.

Бунда мазкур талаблар Туризм қўмитаси томонидан белгиланади.

8. Туризм қўмитаси:

а) 2027 йилдан бошлаб ҳар йили февраль ойида Халқаро гидлар форумини ҳамда экскурсия хизматларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган гидларни тақдирлашга бағишланган тантанали маросимларни ўтказиб борсин. Бунда мазкур тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда Жамғарма кенгашининг қарорига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади;

б) 2027 йил 1 январдан бошлаб юқори касбий маҳорат, кўп йиллик иш тажрибаси, хорижий тилларни билиш, халқаро протокол талаблари бўйича кўникмалар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг туристик салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси ҳисобга олган ҳолда, гидларнинг (гид-таржимонларнинг) «Олтин фонд» рўйхатини шакллантирсин ва Миллий туризм ягона платформасида юритиб борсин;

в) икки ой муддатда «Олтин фонд» рўйхатини шакллантириш ва юритиш, унга киритиш ҳамда ундан чиқариш тартибини, шунингдек, номзодларни баҳолаш мезонларини тасдиқласин. Бунда «Олтин фонд» рўйхатига киритилган гидлар ёшга доир пенсияга чиққан тақдирда, Жамғарма кенгашининг қарорига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида бир марталик мукофот берилиши инобатга олинсин.

9. Белгилансинки:

Гидлар маркази юридик шахс мақомига эга бўлмаган, тегишли ҳудудда экскурсия хизматларини мувофиқлаштириш, туристларга сертификатланган гидлар тўғрисида ахборот бериш, экскурсия хизматларига буюртмаларни ташкил этиш ҳамда гидларга ташкилий-услубий кўмаклашишга мўлжалланган хизмат кўрсатиш маркази ҳисобланади;

Гидлар маркази ўз фаолиятини Туризм қўмитаси томонидан тасдиқланадиган намунавий низом асосида амалга оширади;

Гидлар марказининг фаолиятини мувофиқлаштириш Туризм қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан, ўқув-методик жиҳатдан таъминлаш Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти томонидан амалга оширилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

11. Туризм қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда Туризм қўмитаси раиси А.Ў. Аққулов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 468-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ягона тасдиқланган матн асосида экскурсиялар ташкил этиладиган республиканинг асосий туризм ташриф объектлари

Т/р Ташриф объекти номи Қорақалпоғистон Республикаси 1. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи 2. Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи 3. Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи 4. Чилпиқ қалъаси 5. Қуйи Амударё давлат биосфера резервати 6. Султон Увайс Бобо зиёратгоҳи 7. «Қизилқалъа» қўрғони 8. «Пилқалъа» археологик ёдгорлиги 9. «Жампиққалъа» археологик ёдгорлиги 10. Довуд-ота (Даут-ата) мақбараси 11. Ҳаким Ота (Сулаймон Боқирғоний) мақбараси 12. Очиқ осмон остидаги кемалар музейи («Кемалар қабристони») 13. Орол тарихи музейи 14. Буғрохонота мақбараси 15. Судочье кўли 16. Устюрт платоси каньони 17. Орол денгизи 18. Миздаҳқон мажмуаси 19. Аяз қалъаси 20. Катта Гулдурсун қалъаси 21. «Тупроққалъа» археологик ёдгорлиги 22. Нукус шаҳридаги «Қорақалпоқ этноовул» мажмуаси Андижон вилояти 23. Андижон жоме масжиди мажмуаси 24. «Қалъа» меъморий ёдгорлиги 25. Бобур боғи мажмуаси 26. Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи 27. Мингтепа археология ёдгорлиги 28. Имом ота зиёратгоҳи ва туризм қишлоғи 29. Хонобод шаҳри экотуризм ҳудуди Бухоро вилояти 30. Бухоро давлат музей-қўриқхонаси 31. «Хўжа Говкушон» ансамбли 32. «Чашмаи Айюб» мақбараси 33. «Саид по Банди Кушо» жоме масжиди 34. Нуғай карвонсаройи 35. Файзиобод хонақоҳи 36. Улуғбек мадрасаси 37. Абдулазизхон мадрасаси 38. Сайфиддин Боҳарзи мақбараси 39. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний мақбараси 40. Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий мақбараси 41. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий мақбараси 42. Хожа Али Ромитаний мақбара мажмуаси 43. Хожа Муҳаммад Бобои Самосий мақбараси 44. Хожа Сайид Амир Кулол мақбара мажмуаси 45. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий мақбара мажмуаси 46. Мир Араб мадрасаси 47. «Тоқи Заргарон» меъморий ёдгорлиги 48. «Тоқи Телпакфурушон» меъморий ёдгорлиги 49. «Тоқи Саррофон» меъморий ёдгорлиги 50. «Абдуллахон тими» меъморий ёдгорлиги 51. «Чор минор» мадрасаси 52. «Исмоил Сомоний» мақбараси 53. «Нодир девонбеги» мадрасаси 54. «Кўкалдош» мадрасаси 55. «Модарихон» мадрасаси 56. «Абдуллахон» мадрасаси 57. Масжиди Калон 58. «Баҳоуддин Нақшбанд» ёдгорлик мажмуаси маркази 59. «Чор Бакр» меъморий мажмуаси 60. «Болоҳовуз» ансамбли 61. «Абу Али ибн Сино» мемориал музейи 62. «Арк» тарихий-ўлкашунослик музейи 63. Бухоролик бой савдогар хонадони уй-музейи 64. Бухоро адабиёти тарихи музейи 65. Варахша керамикаси ва тарихи Бухоро кўргазмаси 66. Ситораи Мохи-Хосса мажмуаси Жиззах вилояти 67. Шароф Рашидов мемориал музейи 68. Парпиота (Муҳаммад Ғаззолий) зиёратгоҳи 69. Темур дарвозаси («Амир Темур дарвозаси» ёдгорлиги) 70. «Хўжаи Саробота» зиёратгоҳи 71. «Новқаота» зиёратгоҳи 72. Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳи 73. Зомин миллий табиат боғи Қашқадарё вилояти 74. Шаҳрисабз шаҳридаги «Мақом музейи» 75. Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи 76. Кўк гумбаз масжиди 77. Оқсарой меъморий ёдгорлиги 78. Жаҳонгир Мирзо мақбараси 79. Чорсу мажмуаси 80. «Коба» карвонсаройи 81. «Чубин» мадрасаси 82. «Абул-Муъин ан-Насафий» зиёратгоҳи 83. Қашқадарё кўприги (Амир Темур кўприги) 84. Одина масжиди (Насаф катта жоме масжиди) 85. Қиличбой мадрасаси 86. Хўжа Абдулазиз мадрасаси 87. Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳи 88. Султон Мир Ҳайдар ёдгорлик мажмуаси 89. Лангар ота мақбараси 90. Муборак ал-Марвазий мақбараси 91. Шайх Шамсиддин Кулол мақбараси 92. Ҳазрати Башир мақбараси 93. Хўжа Илғор қишлоғи 94. Ғелон қишлоғи Навоий вилояти 95. Сармишсой дараси 96. « Тош ўрмон» археологик ёдгорлиги 97. Чашма (Нурбулоқ) мажмуаси 98. Работи Малик сардобаси 99. Мавлоно Ориф Дегароний ёдгорлиги 100. «Сентоб» туризм қишлоғи Наманган вилояти 101. Султон Увайс Қароний мажмуаси 102. Ахсикент ёдгорлиги 103. Исҳоқхонтўра Ибрат мажмуаси 104. Мулла Қирғиз мажмуаси Самарқанд вилояти 105. Регистон ансамбли 106. Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи 107. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий мақбараси 108. Имом ал-Бухорий мажмуаси 109. «Чор Чинор» зиёратгоҳи 110. Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи 111. Ислом Каримов мақбараси 112. Хўжа Аҳрор Валий зиёратгоҳи 113. Ҳазрати-Хизр масжиди 114. Хўжа Дониёр мақбараси 115. Афросиёб тарихи музейи 116. Шоҳи Зинда мажмуаси 117. Мирзо Улуғбек расадхонаси 118. Амир Темур мақбараси (Гўри Амир) 119. Руҳобод мақбараси 120. Бибихоним масжиди мажмуаси 121. Афросиёб қадимий шаҳар қолдиқлари 122. «Боқий шаҳар» мажмуаси 123. Конигил туризм қишлоғи Сирдарё вилояти 124. Кўҳна Ховос археологик ёдгорлиги 125. Ёғочли сардоба (архитектура ёдгорлиги) Сурхондарё вилояти 126. Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараси 127. Қоратепа ёдгорлиги 128. Қирққиз ёдгорлиги 129. Кокилдорота хонақоҳи 130. Термиз саййидлари (Султон Саодат зиёратгоҳи) 131. Фаёзтепа ёдгорлиги 132. Далварзинтепа ёдгорлиги 133. Кампиртепа ёдгорлиги 134. Сополлитепа ёдгорлиги 135. Абу Исо ат-Термизий мақбараси 136. Сангардак шаршараси 137. Зараутсой қоятош расмлари 138. Мачай ғори 139. Тешиктош ғори 140. Сайроб чинори 141. Сўфи Оллоёр масжиди Тошкент вилояти 142. Зангиота зиёратгоҳи мажмуаси 143. Урунғоч (Нефрит кўллари) 144. Чимён тоғлари 145. Чимён осма дор йўли 146. «Чорвоқ» сув омбори 147. Сўқоқ қишлоғи 148. Эртошсой туризм қишлоғи 149. Овжассой туризм қишлоғи 150. «Туябўғиз» сув омбори 151. «Ҳазрати Алибува» зиёратгоҳи Фарғона вилояти 152. Фарғона вилояти ўлкашунослик музейи 153. Қубо ёдгорлиги 154. Худоёрхон ўрдаси (саройи) 155. Норбўтабий мадрасаси 156. Даҳмаишоҳон мақбараси 157. Камол қози мадрасаси 158. Бурҳониддин ал-Марғиноний мақбараси 159. Ҳонақоҳ масжиди 160. «Саид Аҳмадхўжа» мадрасаси (ҳозирда ҳунармандлар маркази) 161. Риштон халқаро кулолчилик маркази (қўшимча объектлар: Алишер Назиров уй устахонаси ҳамда Риштон Мингбоши Керамика маркази ) 162. «Ёдгорлик» ипакчилик фабрикаси 163. Марғилон ҳунармандлар маркази 164. Учкўприк «Меҳригиё» экотуризм маркази (лаванда) Хоразм вилояти 165. Кўҳна Арк мажмуаси 166. Тошҳовли саройи 167. Оллақулихон карвонсаройи ва мадрасаси 168. «Ичан-қалъа» девори ва дарвозалари 169. Ислом Ҳўжа мадрасаси ва минораси 170. Мусотўра мадрасаси 171. Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси 172. Шерғозихон мадрасаси 173. Муҳаммад Аминхон мадрасаси ва минораси 174. Матниёз девонбеги мадрасаси 175. Муҳаммадамин иноқ мадрасаси 176. Қутлуғмурод иноқ мадрасаси 177. Қозикалон мадрасаси 178. Саййид Ниёз Шоликорбой мажмуаси 179. Саййид Моҳи Руйи Жаҳон мажмуаси 180. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси 181. Жума масжиди ва минораси 182. «Оқ масжид» масжиди 183. Шайх Мухторота масжиди 184. «Полвон Қори» савдо уйи 185. Нуруллабой уйи 186. «Чодра ҳовли» мажмуаси Тошкент шаҳри 187. Мингўрик музейи 188. Сузук ота мажмуаси 189. Тошкент телеминораси 190. Наврўз боғи мажмуаси 191. Қатағон қурбонлари хотира музейи 192. «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси 193. Ҳазрати Имом мажмуаси 194. «Кўкалдош» мадрасаси 195. Абдулқосим мадрасаси 196. Сўғдиёна санъат маркази 197. «Шайх Ҳованд Тоҳур» мажмуаси 198. Адиблар хиёбони мажмуаси 199. Рим -Католик черкови 200. Немис Евангел-Лютеран черкови (Кирха)

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 468-сон қарорига 2-ИЛОВА

Гидларга (гид-таржимонларга) малака тоифасини бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом гидларга (гид-таржимонларга) малака тоифасини бериш, тасдиқлаш, ўзгартириш, бекор қилиш ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларни юритиш тартибини белгилайди.

2. Малака тоифаси гидларнинг (гид-таржимонларнинг) касбий билимлари, амалий кўникмалари, малакалари, иш тажрибаси ҳамда касбий фаолияти натижаларини баҳолаш асосида берилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

касбий имтиҳон — гидларнинг (гид-таржимонларнинг) назарий билимлари, амалий кўникмалари ҳамда малакаларини баҳолаш мақсадида ўтказиладиган синов;

малака сертификати — гидларнинг (гид-таржимонларнинг) малакасини тасдиқловчи, касбий имтиҳонни муваффақиятли топширгандан сўнг бериладиган белгиланган намунадаги ҳужжат;

талабгор — амал қилувчи малака сертификатига эга бўлган ҳамда малака тоифасини олиш учун мурожаат қилган жисмоний шахс.

2-боб. Малака тоифалари ва уларни бериш шартлари

4. Малака тоифаси ихтиёрий асосда берилади ҳамда унинг мавжуд эмаслиги гидларнинг (гид-таржимонларнинг) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олинган малака сертификати асосида фаолият юритиш ҳуқуқини чекламайди.

5. Ҳаваскор, ихтисослашган ва профессионал гид малака тоифалари Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт) ҳузурида ташкил этиладиган имтиҳон комиссиясининг қарори асосида берилади, ўзгартирилади ва бекор қилинади.

6. Имтиҳон комиссияси коллегиал орган ҳисобланади.

Имтиҳон комиссиясининг таркиби Институт директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Имтиҳон комиссияси таркибига Туризм қўмитаси, Институт, олий таълим ташкилотлари, туризм соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, мустақил экспертлар вакиллари киритилади.

7. Имтиҳон комиссияси мажлиси, агар унда комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Комиссия қарорлари очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.

Комиссия қарорлари мажлисда иштирок этган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлган тақдирда, комиссия раиси овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

8. Комиссия аъзоси манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд бўлганда, тегишли материални кўриб чиқиш ва овоз бериш жараёнида иштирок этмайди.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида комиссия аъзоси комиссия мажлиси бошлангунга қадар маълум қилиши шарт.

9. Гидларга (гид-таржимонларга) қуйидаги малака тоифалари берилади:

ҳаваскор гид малака тоифаси;

ихтисослашган гид малака тоифаси;

профессионал гид малака тоифаси;

олтин фонд гиди малака тоифаси.

10. Малака тоифаси талабгорнинг мурожаатига асосан Вазирлар Маҳкамасининг «Малака сертификатларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида» 2023 йил 30 ноябрдаги 635-сон қарорига мувофиқ ўтказиладиган малака имтиҳон ва баҳолаш натижаларига кўра берилади.

11. Ҳаваскор тоифа сертификати қуйидаги талабларга жавоб берадиган талабгорларга берилади:

малака сертификатига эга бўлган;

касбий имтиҳондан муваффақиятли ўтган.

Ҳаваскор гидлар маҳаллий даражада (муайян маъмурий-ҳудудий бирлик ёки объект ҳудуди доирасида) фаолият юритади. Улар томонидан махсус мавзули (диний, археологик) турлар ва табиий хавфли ҳудудлардаги экскурсиялар Институт томонидан ташкил этиладиган қисқа муддатли махсус ўқув курсларини тамомлаганидан сўнг ўтказилиши мумкин.

12. Ихтисослашган гид малака тоифаси қуйидаги талабларга жавоб берадиган талабгорларга берилади:

малака сертификатига эга бўлган;

гид (гид-таржимон) сифатида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган;

сўнгги икки йил давомида камида бир марта малака ошириш курсларини тамомлаган;

касбий имтиҳондан муваффақиятли ўтган.

Президент ёки номдор давлат стипендиялари соҳиблари, республика ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек, туризм соҳасига оид халқаро тан олинган сертификатларга эга бўлган шахслар ягона тасдиқланган экскурсия матни бўйича касбий имтиҳонни топширган тақдирда, имтиҳон комиссиясининг қарорига кўра тўғридан-тўғри ихтисослашган гид малака тоифасига киритилиши мумкин.

Ихтисослашган гидлар ўз ихтисослашув йўналиши доирасида республика ҳудудида экскурсия хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга.

13. Профессионал гид малака тоифаси қуйидаги талабларга жавоб берадиган талабгорга берилади:

ихтисослашган гид тоифасига эга бўлган;

гид (гид-таржимон) сифатида камида беш йиллик иш стажига эга бўлган;

сўнги уч йил давомида камида бир марта малака ошириш курсларини тамомлаган;

касбий имтиҳондан муваффақиятли ўтган.

Профессионал гидлар Ўзбекистон Республикаси бўйлаб экскурсияларни ўтказади.

14. Олтин фонд гиди малака тоифаси қуйидаги талабларга жавоб берадиган талабгорга Туризм қўмитаси томонидан берилади:

профессионал гид малака тоифасига эга бўлган;

гид (гид-таржимон) сифатида камида ўн йиллик иш стажига эга бўлган;

давлат ва халқаро даражадаги тадбирларда олий даражадаги ташриф буюрувчиларга экскурсия хизматларини ташкил этган;

белгиланган тартибда «устоз-шогирд» анъаналари асосида камида 10 нафар малака сертификатига эга бўлган ёш гидларни тайёрлаган.

15. Малака тоифаси беришда қуйидагилар инобатга олинади:

касбий билим ва амалий кўникмалар;

экскурсия хизматларини ташкил этиш ва ўтказиш маҳорати;

экскурсия объектлари бўйича билим даражаси;

туристлар билан мулоқот маданияти;

хорижий тилларни билиш даражаси;

касб этикаси қоидаларига риоя қилиниши.

3-боб. Тоифа сертификатини бериш тартиби

16. Талабгорга малака тоифасини бериш касбий имтиҳонни топшириш натижаларининг энг кам кўрсаткичи қуйидагича белгиланади:

56 фоиздан 70 фоизгача (70 фоиз ҳам киради) — ҳаваскор гид малака тоифаси;

70 фоиздан ва 85 фоизгача (85 фоиз ҳам киради) — ихтисослашган гид малака тоифаси;

86 фоиздан юқори ва 100 фоизгача — профессионал гид малака тоифаси.

«Олтин фонд» гиди тоифаси қўшимча равишда касбий тажриба ва касбий фаолият натижалари асосида берилади.

17. Талабгорнинг малака тоифаси олиш тўғрисидаги мурожаати Институт томонидан қабул қилинади ҳамда ушбу Низом талабларига мувофиқ кўриб чиқилади.

18. Малака тоифаси қуйидаги босқичларда берилади:

мурожаатни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш;

талабгорнинг ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш;

касбий имтиҳон ва баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;

имтиҳон комиссияси томонидан қарор қабул қилиш.

19. Имтиҳон комиссияси талабгорга малака тоифасини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

20. Қуйидаги ҳолатларда талабгорларга малака тоифасини бериш рад этилади:

ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ келмаганда;

касбий имтиҳон натижалари тоифа сертификатини бериш учун етарли бўлмаганда;

сохта ҳужжатлар ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тақдим этилгани аниқланганда.

21. Имтиҳон комиссиясининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида талабгорга малака тоифа сертификати электрон шаклда юборилади.

22. Берилган малака тоифалари тўғрисидаги маълумотлар имтиҳон комиссияси қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида Туризм қўмитасига мазкур шахслар тўғрисидаги маълумотларни янгилаш учун Ўзбекистон Республикаси гидлари (гид-таржимонлари), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчиларнинг ягона электрон реестрига (кейинги ўринларда — Ягона электрон реестр) киритиш учун юборилади.

4-боб. Тоифа сертификатини ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби

23. Гид (гид-таржимон) ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ юқорироқ малака тоифасини олиш учун бир йилда бир марта қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

24. Навбатдаги юқори малака тоифаси ушбу Низом талаблари асосида берилади.

Янги тоифа берилиши билан аввалги малака тоифаси ўз кучини йўқотади.

25. Қуйидаги ҳолларда имтиҳон комиссиясининг қарори билан малака тоифаси бекор қилинади:

талабгорнинг ёзма мурожаатига кўра;

малака тоифаси сохта ҳужжатлар ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар асосида олингани аниқланганда;

талабгор суднинг қонуний кучга кирган қарори билан экскурсия фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилинганда;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.

26. Малака тоифасини бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида талабгорга электрон шаклда юборилади.

27. Малака тоифаси бекор қилингани тўғрисидаги маълумотлар имтиҳон комиссияси қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида Туризм қўмитасига Ягона электрон реестрга киритиш учун юборилади.

28. Имтиҳон комиссиясининг малака тоифасини бериш, беришни рад этиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

5-боб. Якунловчи қоидалар

29. Берилган малака тоифаси тўғрисидаги маълумотлар Ягона электрон реестрда акс эттирилади.

30. Ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

31. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 468-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «2019 — 2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида» 2019 йил 31 декабрдаги 1053-сон қарорида :

а) 2-бандда :

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи — бешинчи хатбошилар тегишлича иккинчи — тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

б) 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 10 июлдаги 433-сон қарорида :

а) 2-иловада :

9-банднинг учинчи — бешинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ёнғин ва санитария-гигиена хавфсизлиги бўйича ваколатли назорат органларининг амалдаги QR-кодли хулосалари ҳамда лифт қурилмаси мавжуд бўлган тақдирда, унинг рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ва лифт паспорти нусхаси. Янги ташкил этилган жойлаштириш воситалари учун улардан фойдаланиш бошланган кундан бошлаб бир йил давомида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ўрнига давлат қабул комиссиясининг фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаси нусхаси ҳам тақдим этилиши мумкин;

меҳмонлар хавфсизлиги ва хизмат кўрсатиш (дезинфекция, ёнғин сигнализацияси тизими ва лифтларга техник хизмат кўрсатиш тўғрисида) сифатини таъминлаш бўйича тегишли хизматлар билан шартномалар нусхалари;

ариза берувчининг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқини белгиловчи ҳужжати ёки бундай мулкнинг солиқ органларида ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги ижара шартномаси. Бунда Марказ «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ушбу ҳужжатни мустақил равишда олиши мумкин»;

18-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Комиссия ишини Марказнинг мувофиқликни баҳолаш бўйича мутахассислари орасидан тайинланадиган раиси режалаштиради ва мувофиқлаштиради. Комиссия таркибига соҳада тегишли малакага эга бўлган мутахассислар киритилиши мумкин»;

30-банднинг тўртинчи хатбошиси , 50-банднинг иккинчи хатбошиси ва 58-банднинг «б» кичик банди иккинчи хатбошисидаги тегишли келишикдаги «сифат бўйича эксперт-аудитор» сўзлари тегишли келишикдаги «мувофиқликни баҳолаш бўйича мутахассис» сўзлари билан алмаштирилсин;

54-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Бунда комиссия сертификатининг асл нусхаси мавжудлигини ҳамда ушбу Низомнинг 8 — 11-бандларида назарда тутилган ҳужжатларнинг долзарблигини, шунингдек, шартномалар асосида бажарилган ишлар далолатномалари мавжудлигини текширади»;

3-илованинг бешинчи устунидаги «Туризм давлат қўмитасининг» сўзлари чиқариб ташлансин;

5а-иловада :

биринчи устун қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Сертификатлаштирилган хизматлар кўрсатишдан беш йилда тушадиган даромаднинг прогноз қилинган ҳажми (ҚҚСсиз)»;

изоҳ қисмининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

б) 10-иловада :

9-банддаги «Қўмита, Маданий мерос объектларини асрашга доир муаммоларни ўрганиш ва туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти» сўзлари «Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти» сўзлари билан алмаштирилсин;

30-банднинг «б» кичик бандидаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

33-бандда :

«а» кичик банддаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси» сўзлари «Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

«б» кичик банддаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

35-банд қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўлбошчиларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш учун ўқув дастурлари Туризм қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган намунавий дастурлар асосида ишлаб чиқилади».

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга 5-илова 9-позициясининг «в» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«в) юридик шахс ходимларининг (гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар) белгиланган тартибда берилган муддатсиз малака сертификати мавжудлиги».

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 ноябрдаги 635-сон қарори билан тасдиқланган Айрим турдаги малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентига 5-иловада :

3-позиция қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« 3. Малака сертификатини берувчи ваколатли орган(лар): Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти » ;

4-позиция «б» кичик бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«олий, ўрта ва ўрта махсус профессионал маълумотга эга бўлганлик ҳақидаги давлат намунасидаги ҳужжатлар ёки қайта тайёрлаш курсидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси»;

7-позициянинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчи касбларига оид олий, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлигини тасдиқловчи белгиланган намунадаги ҳужжатга эга бўлиши*»;

8-позициядаги «3 йил» сўзлари «чекланмаган» сўзи билан алмаштирилсин;

9-позиция учинчи устунининг ўн саккизинчи — йигирма тўртинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 4 сентябрь,

468-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.09.2026 й., 09/26/468/0900-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

ROʻYXATI

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasida ekskursiya xizmatlarini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Turizm toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash, shuningdek, ekskursiya xizmatlari sifatini yanada oshirish hamda ekskursiya faoliyatini zamonaviy talablar asosida tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining “Turizm toʻgʻrisida”gi Qonunining 23-moddasiga muvofiq gidlar (gid-tarjimonlar), ekskursiya yetakchilari va yoʻriqchi-yoʻl boshlovchilar faoliyati tegishli sertifikat asosida amalga oshirilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

Yagona tasdiqlangan matn asosida ekskursiyalar tashkil etiladigan respublikaning asosiy turizm tashrif obyektlari roʻyxati 1-ilovaga muvofiq;

Gidlarga (gid-tarjimonlarga) malaka toifasini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Belgilab qoʻyilsinki, 2026-yil 1-dekabrdan boshlab:

a) Turizm qoʻmitasi huzuridagi Turizmni rivojlantirish ilmiy-tadqiqot institutiga (keyingi oʻrinlarda — Institut) ushbu qarorga 2-ilova bilan tasdiqlangan Nizomga muvofiq gidlarga (gid-tarjimonlarga) ularning xohishiga koʻra havaskor, ixtisoslashgan va professional malaka toifasini berish vakolati beriladi. Bunda malaka sertifikatini berish toʻgʻrisidagi qaror Institut direktori buyrugʻi bilan tashkil etiladigan imtihon komissiyasi tomonidan qabul qilinadi;

b) ekskursiya yetakchilari uchun alohida malaka toifalari belgilanmaydi;

v) malaka sertifikati cheklanmagan muddatga beriladi (ushbu bandning “g” kichik bandida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno) hamda ushbu sertifikat haqidagi maʼlumotlar Turizm qoʻmitasi tomonidan yuritiladigan Oʻzbekiston Respublikasi gidlari (gid-tarjimonlari), ekskursiya yetakchilari va yoʻriqchi-yoʻl boshlovchilarining yagona elektron reyestriga (keyingi oʻrinlarda — Yagona elektron reyestr) kiritiladi;

g) gid sifatida soʻnggi ikki yil davomida faoliyat yuritmagan (soliq organlarining elektron axborot tizimlarida daromadlar va toʻlangan soliqlar toʻgʻrisidagi hisobotlar mavjud boʻlmaganda) shaxslar malaka imtihonini qayta topshiradi. Bunda malaka imtihonidan oʻtmagan shaxslarning malaka sertifikati Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 30-noyabrdagi 635-son qarori bilan tasdiqlangan Ayrim turdagi malaka sertifikatini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning yagona maʼmuriy reglamentida belgilangan tartibda va muddatga toʻxtatiladi;

d) turoperator ekskursiya xizmatlarini faqat amaldagi malaka sertifikatiga ega boʻlgan gidlar (gid-tarjimonlar) orqali tashkil etadi, 2028-yil 1-yanvardan boshlab esa mazkur talabga rioya etmaslik litsenziya talablari va shartlarini buzish deb hisoblanadi.

4. 2027-yil 1-yanvardan boshlab mamlakatning asosiy turizm tashrif obyektlarida ekskursiyalar Turizm qoʻmitasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi bilan kelishgan holda tasdiqlanadigan yagona ekskursiya matni asosida (keyingi oʻrinlarda — Yagona ekskursiya matni) tashkil etiladi. Bunda Yagona ekskursiya matni asosida ekskursiya oʻtkaziladigan mamlakatning asosiy turizm tashrif obyektlari roʻyxatiga obyektlarning muhimligi, turistik jozibadorligi, tashriflar statistikasi, infratuzilma holati, xavfsizlik talablari hamda ekskursiya tashkil etish imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda, Turizm qoʻmitasi tomonidan oʻzgartirishlar kiritib boriladi.

5. 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab:

a) Institut gidlarni (gid-tarjimonlarni) qayta tayyorlash hamda ularning malakasini oshirish sohasida oʻquv-metodik faoliyatni muvofiqlashtiruvchi vakolatli tashkilot etib belgilansin;

b) oliy taʼlim tashkilotlarining “Filologiya va tillarni oʻqitish”, “Tarix”, “Tarjimashunoslik”, “Sanʼatshunoslik”, “Muzeyshunoslik” hamda “Amaliy sanʼat” taʼlim yoʻnalishlari oʻquv rejalariga “Gidlarni (gid-tarjimon) tayyorlash” oʻquv kursi modullarini tanlov fanlari sifatida kiritish tavsiya etilsin. Bunda mazkur oʻquv kursini toʻliq oʻzlashtirgan talabalarga toʻrtinchi bosqichdan boshlab gid (gid-tarjimon) sifatida malakaviy amaliyot oʻtash huquqi berilsin.

6. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Turizm qoʻmitasi, Fanlar akademiyasi hamda Respublika maʼnaviyat va maʼrifat markazi bilan birgalikda uch oy muddatda gidlarni (gid-tarjimonlarni) qayta tayyorlash, ularning malakasini oshirish boʻyicha namunaviy oʻquv dasturlarini tasdiqlasin va oʻquv dasturlari asosida oʻquv-metodik majmualarni ishlab chiqib, taʼlim tashkilotlarida joriy etilishini taʼminlasin.

7. Turizm qoʻmitasi:

a) bir oy muddatda Yagona ekskursiya matnini ishlab chiqish uchun tarix, arxeologiya, madaniy meros, sanʼatshunoslik, dinshunoslik va turizm sohalaridagi olimlar hamda yuqori malakali mutaxassislardan iborat tarkibda ekspertlar guruhini shakllantirsin;

b) 2026-yil 1-dekabrga qadar:

Fanlar akademiyasi bilan kelishgan holda ekspertlar guruhi tomonidan tayyorlangan Yagona ekskursiya matnini tasdiqlasin;

Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda Milliy turizm yagona platformasida:

Yagona elektron reyestrni joriy etsin;

ekskursiya xizmatlarini elektron shaklda taklif qilish, buyurtma qabul qilish va koʻrsatish imkoniyatini yaratsin;

gidlar faoliyatini baholash hamda ularning reytingini shakllantirish imkonini beruvchi elektron tizimni joriy etsin;

v) 2026-yil 1-noyabrga qadar Ichki ishlar vazirligi, Madaniy meros agentligi hamda Din ishlari boʻyicha qoʻmita bilan birgalikda turizm tashrif obyektlarida gidlar (gid-tarjimonlar) tomonidan identifikatsiya kartasidan (beyjikdan) foydalanish hamda uning mavjudligini nazorat qilish tartibini tasdiqlasin;

g) uch oy muddatda:

gidlarning (gid-tarjimonlarning) kasb etikasi qoidalarini tasdiqlasin;

yoʻriqchi-yoʻl boshlovchilarga malaka toifa sertifikatini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

d) Madaniy meros agentligi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari bilan birgalikda turistlar eng koʻp tashrif buyuradigan kamida bitta turizm obyektida “Gidlar markazi”ni tashkil etsin. Bunda:

“Gidlar markazi”ni tashkil etish va jihozlash bilan bogʻliq xarajatlar Turizm qoʻmitasi huzuridagi budjetdan tashqari Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) hisobidan, ular joylashgan binolarni saqlash bilan bogʻliq xarajatlar balansda saqlovchi tashkilotlar mablagʻlari hisobidan qoplanadi;

hududiy gidlar uyushmalari “Gidlar markazi” binolaridan tekin foydalanish huquqiga ega boʻladi;

e) ikki oy muddatda gidlarga (gid-tarjimonlarga) malaka sertifikatini berish jarayonini toʻliq yoʻlga qoʻyish choralarini koʻrsin, bunda:

malaka imtihonini tashkil etish va oʻtkazishning aniq mexanizmi;

imtihon savollari va amaliy topshiriqlarni shakllantirish talablari;

imtihon natijalarini rasmiylashtirish va sertifikat berish tartibini ishlab chiqsin va amaliyotga joriy etsin.

Bunda mazkur talablar Turizm qoʻmitasi tomonidan belgilanadi.

8. Turizm qoʻmitasi:

a) 2027-yildan boshlab har yili fevral oyida Xalqaro gidlar forumini hamda ekskursiya xizmatlarini rivojlantirishga munosib hissa qoʻshgan gidlarni taqdirlashga bagʻishlangan tantanali marosimlarni oʻtkazib borsin. Bunda mazkur tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar belgilangan tartibda Jamgʻarma kengashining qaroriga muvofiq Jamgʻarma mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi;

b) 2027-yil 1-yanvardan boshlab yuqori kasbiy mahorat, koʻp yillik ish tajribasi, xorijiy tillarni bilish, xalqaro protokol talablari boʻyicha koʻnikmalar hamda Oʻzbekiston Respublikasining turistik salohiyatini xalqaro miqyosda targʻib qilishga qoʻshgan hissasi hisobga olgan holda, gidlarning (gid-tarjimonlarning) “Oltin fond” roʻyxatini shakllantirsin va Milliy turizm yagona platformasida yuritib borsin;

v) ikki oy muddatda “Oltin fond” roʻyxatini shakllantirish va yuritish, unga kiritish hamda undan chiqarish tartibini, shuningdek, nomzodlarni baholash mezonlarini tasdiqlasin. Bunda “Oltin fond” roʻyxatiga kiritilgan gidlar yoshga doir pensiyaga chiqqan taqdirda, Jamgʻarma kengashining qaroriga muvofiq Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining yigirma baravari miqdorida bir martalik mukofot berilishi inobatga olinsin.

9. Belgilansinki:

Gidlar markazi yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan, tegishli hududda ekskursiya xizmatlarini muvofiqlashtirish, turistlarga sertifikatlangan gidlar toʻgʻrisida axborot berish, ekskursiya xizmatlariga buyurtmalarni tashkil etish hamda gidlarga tashkiliy-uslubiy koʻmaklashishga moʻljallangan xizmat koʻrsatish markazi hisoblanadi;

Gidlar markazi oʻz faoliyatini Turizm qoʻmitasi tomonidan tasdiqlanadigan namunaviy nizom asosida amalga oshiradi;

Gidlar markazining faoliyatini muvofiqlashtirish Turizm qoʻmitasining tegishli hududiy boʻlinmasi tomonidan, oʻquv-metodik jihatdan taʼminlash Turizmni rivojlantirish ilmiy-tadqiqot instituti tomonidan amalga oshiriladi.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

11. Turizm qoʻmitasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy va boshqa hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

12. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev hamda Turizm qoʻmitasi raisi A.Oʻ. Aqqulov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 4-sentabrdagi 468-son qaroriga 1-ILOVA

Yagona tasdiqlangan matn asosida ekskursiyalar tashkil etiladigan respublikaning asosiy turizm tashrif obyektlari

T/r Tashrif obyekti nomi Qoraqalpogʻiston Respublikasi 1. Savitskiy nomidagi Qoraqalpogʻiston Respublikasi davlat sanʼat muzeyi 2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi tarixi va madaniyati davlat muzeyi 3. Berdaq nomidagi Qoraqalpoq adabiyoti tarixi davlat muzeyi 4. Chilpiq qalʼasi 5. Quyi Amudaryo davlat biosfera rezervati 6. Sulton Uvays Bobo ziyoratgohi 7. “Qizilqalʼa” qoʻrgʻoni 8. “Pilqalʼa” arxeologik yodgorligi 9. “Jampiqqalʼa” arxeologik yodgorligi 10. Dovud-ota (Daut-ata) maqbarasi 11. Hakim Ota (Sulaymon Boqirgʻoniy) maqbarasi 12. Ochiq osmon ostidagi kemalar muzeyi (“Kemalar qabristoni”) 13. Orol tarixi muzeyi 14. Bugʻroxonota maqbarasi 15. Sudochye koʻli 16. Ustyurt platosi kanoni 17. Orol dengizi 18. Mizdahqon majmuasi 19. Ayaz qalʼasi 20. Katta Guldursun qalʼasi 21. “Tuproqqalʼa” arxeologik yodgorligi 22. Nukus shahridagi “Qoraqalpoq etnoovul” majmuasi Andijon viloyati 23. Andijon jome masjidi majmuasi 24. “Qalʼa” meʼmoriy yodgorligi 25. Bobur bogʻi majmuasi 26. Qutayba ibn Muslim ziyoratgohi 27. Mingtepa arxeologiya yodgorligi 28. Imom ota ziyoratgohi va turizm qishlogʻi 29. Xonobod shahri ekoturizm hududi Buxoro viloyati 30. Buxoro davlat muzey-qoʻriqxonasi 31. “Xoʻja Govkushon” ansambli 32. “Chashmai Ayyub” maqbarasi 33. “Said po Bandi Kusho” jome masjidi 34. Nugʻay karvonsaroyi 35. Fayziobod xonaqohi 36. Ulugʻbek madrasasi 37. Abdulazizxon madrasasi 38. Sayfiddin Boharzi maqbarasi 39. Xoja Abdulxoliq Gʻijduvoniy maqbarasi 40. Xoja Muhammad Orif Revgariy maqbarasi 41. Xoja Mahmud Anjir Fagʻnaviy maqbarasi 42. Xoja Ali Romitaniy maqbara majmuasi 43. Xoja Muhammad Boboi Samosiy maqbarasi 44. Xoja Sayid Amir Kulol maqbara majmuasi 45. Xoja Bahouddin Naqshband Buxoriy maqbara majmuasi 46. Mir Arab madrasasi 47. “Toqi Zargaron” meʼmoriy yodgorligi 48. “Toqi Telpakfurushon” meʼmoriy yodgorligi 49. “Toqi Sarrofon” meʼmoriy yodgorligi 50. “Abdullaxon timi” meʼmoriy yodgorligi 51. “Chor minor” madrasasi 52. “Ismoil Somoniy” maqbarasi 53. “Nodir devonbegi” madrasasi 54. “Koʻkaldosh” madrasasi 55. “Modarixon” madrasasi 56. “Abdullaxon” madrasasi 57. Masjidi Kalon 58. “Bahouddin Naqshband” yodgorlik majmuasi markazi 59. “Chor Bakr” meʼmoriy majmuasi 60. “Bolohovuz” ansambli 61. “Abu Ali ibn Sino” memorial muzeyi 62. “Ark” tarixiy-oʻlkashunoslik muzeyi 63. Buxorolik boy savdogar xonadoni uy-muzeyi 64. Buxoro adabiyoti tarixi muzeyi 65. Varaxsha keramikasi va tarixi Buxoro koʻrgazmasi 66. Sitorai Moxi-Xossa majmuasi Jizzax viloyati 67. Sharof Rashidov memorial muzeyi 68. Parpiota (Muhammad Gʻazzoliy) ziyoratgohi 69. Temur darvozasi (“Amir Temur darvozasi” yodgorligi) 70. “Xoʻjai Sarobota” ziyoratgohi 71. “Novqaota” ziyoratgohi 72. Saʼd ibn Abu Vaqqos ziyoratgohi 73. Zomin milliy tabiat bogʻi Qashqadaryo viloyati 74. Shahrisabz shahridagi “Maqom muzeyi” 75. Amir Temur nomidagi moddiy madaniyat tarixi muzeyi 76. Koʻk gumbaz masjidi 77. Oqsaroy meʼmoriy yodgorligi 78. Jahongir Mirzo maqbarasi 79. Chorsu majmuasi 80. “Koba” karvonsaroyi 81. “Chubin” madrasasi 82. “Abul-Muʼin an-Nasafiy” ziyoratgohi 83. Qashqadaryo koʻprigi (Amir Temur koʻprigi) 84. Odina masjidi (Nasaf katta jome masjidi) 85. Qilichboy madrasasi 86. Xoʻja Abdulaziz madrasasi 87. Abu Ubayda ibn al-Jarroh ziyoratgohi 88. Sulton Mir Haydar yodgorlik majmuasi 89. Langar ota maqbarasi 90. Muborak al-Marvaziy maqbarasi 91. Shayx Shamsiddin Kulol maqbarasi 92. Hazrati Bashir maqbarasi 93. Xoʻja Ilgʻor qishlogʻi 94. Gʻelon qishlogʻi Navoiy viloyati 95. Sarmishsoy darasi 96. “ Tosh oʻrmon” arxeologik yodgorligi 97. Chashma (Nurbuloq) majmuasi 98. Raboti Malik sardobasi 99. Mavlono Orif Degaroniy yodgorligi 100. “Sentob” turizm qishlogʻi Namangan viloyati 101. Sulton Uvays Qaroniy majmuasi 102. Axsikent yodgorligi 103. Isʼhoqxontoʻra Ibrat majmuasi 104. Mulla Qirgʻiz majmuasi Samarqand viloyati 105. Registon ansambli 106. Hazrati Dovud ziyoratgohi 107. Imom Abu Mansur al-Moturidiy maqbarasi 108. Imom al-Buxoriy majmuasi 109. “Chor Chinor” ziyoratgohi 110. Mahdumi Aʼzam ziyoratgohi 111. Islom Karimov maqbarasi 112. Xoʻja Ahror Valiy ziyoratgohi 113. Hazrati-Xizr masjidi 114. Xoʻja Doniyor maqbarasi 115. Afrosiyob tarixi muzeyi 116. Shohi Zinda majmuasi 117. Mirzo Ulugʻbek rasadxonasi 118. Amir Temur maqbarasi (Goʻri Amir) 119. Ruhobod maqbarasi 120. Bibixonim masjidi majmuasi 121. Afrosiyob qadimiy shahar qoldiqlari 122. “Boqiy shahar” majmuasi 123. Konigil turizm qishlogʻi Sirdaryo viloyati 124. Koʻhna Xovos arxeologik yodgorligi 125. Yogʻochli sardoba (arxitektura yodgorligi) Surxondaryo viloyati 126. Al-Hakim at-Termiziy maqbarasi 127. Qoratepa yodgorligi 128. Qirqqiz yodgorligi 129. Kokildorota xonaqohi 130. Termiz sayyidlari (Sulton Saodat ziyoratgohi) 131. Fayoztepa yodgorligi 132. Dalvarzintepa yodgorligi 133. Kampirtepa yodgorligi 134. Sopollitepa yodgorligi 135. Abu Iso at-Termiziy maqbarasi 136. Sangardak sharsharasi 137. Zarautsoy qoyatosh rasmlari 138. Machay gʻori 139. Teshiktosh gʻori 140. Sayrob chinori 141. Soʻfi Olloyor masjidi Toshkent viloyati 142. Zangiota ziyoratgohi majmuasi 143. Urungʻoch (Nefrit koʻllari) 144. Chimyon togʻlari 145. Chimyon osma dor yoʻli 146. “Chorvoq” suv ombori 147. Soʻqoq qishlogʻi 148. Ertoshsoy turizm qishlogʻi 149. Ovjassoy turizm qishlogʻi 150. “Tuyaboʻgʻiz” suv ombori 151. “Hazrati Alibuva” ziyoratgohi Fargʻona viloyati 152. Fargʻona viloyati oʻlkashunoslik muzeyi 153. Qubo yodgorligi 154. Xudoyorxon oʻrdasi (saroyi) 155. Norboʻtabiy madrasasi 156. Dahmaishohon maqbarasi 157. Kamol qozi madrasasi 158. Burhoniddin al-Margʻinoniy maqbarasi 159. Honaqoh masjidi 160. “Said Ahmadxoʻja” madrasasi (hozirda hunarmandlar markazi) 161. Rishton xalqaro kulolchilik markazi (qoʻshimcha obyektlar: Alisher Nazirov uy ustaxonasi hamda Rishton Mingboshi Keramika markazi ) 162. “Yodgorlik” ipakchilik fabrikasi 163. Margʻilon hunarmandlar markazi 164. Uchkoʻprik “Mehrigiyo” ekoturizm markazi (lavanda) Xorazm viloyati 165. Koʻhna Ark majmuasi 166. Toshhovli saroyi 167. Ollaqulixon karvonsaroyi va madrasasi 168. “Ichan-qalʼa” devori va darvozalari 169. Islom Hoʻja madrasasi va minorasi 170. Musotoʻra madrasasi 171. Muhammad Rahimxon madrasasi 172. Shergʻozixon madrasasi 173. Muhammad Aminxon madrasasi va minorasi 174. Matniyoz devonbegi madrasasi 175. Muhammadamin inoq madrasasi 176. Qutlugʻmurod inoq madrasasi 177. Qozikalon madrasasi 178. Sayyid Niyoz Sholikorboy majmuasi 179. Sayyid Mohi Ruyi Jahon majmuasi 180. Pahlavon Mahmud maqbarasi 181. Juma masjidi va minorasi 182. “Oq masjid” masjidi 183. Shayx Muxtorota masjidi 184. “Polvon Qori” savdo uyi 185. Nurullaboy uyi 186. “Chodra hovli” majmuasi Toshkent shahri 187. Mingoʻrik muzeyi 188. Suzuk ota majmuasi 189. Toshkent teleminorasi 190. Navroʻz bogʻi majmuasi 191. Qatagʻon qurbonlari xotira muzeyi 192. “Gʻalaba bogʻi” yodgorlik majmuasi 193. Hazrati Imom majmuasi 194. “Koʻkaldosh” madrasasi 195. Abdulqosim madrasasi 196. Soʻgʻdiyona sanʼat markazi 197. “Shayx Hovand Tohur” majmuasi 198. Adiblar xiyoboni majmuasi 199. Rim -Katolik cherkovi 200. Nemis Yevangel-Lyuteran cherkovi (Kirxa)

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 4-sentabrdagi 468-son qaroriga 2-ILOVA

Gidlarga (gid-tarjimonlarga) malaka toifasini berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom gidlarga (gid-tarjimonlarga) malaka toifasini berish, tasdiqlash, oʻzgartirish, bekor qilish hamda ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yuritish tartibini belgilaydi.

2. Malaka toifasi gidlarning (gid-tarjimonlarning) kasbiy bilimlari, amaliy koʻnikmalari, malakalari, ish tajribasi hamda kasbiy faoliyati natijalarini baholash asosida beriladi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

kasbiy imtihon — gidlarning (gid-tarjimonlarning) nazariy bilimlari, amaliy koʻnikmalari hamda malakalarini baholash maqsadida oʻtkaziladigan sinov;

malaka sertifikati — gidlarning (gid-tarjimonlarning) malakasini tasdiqlovchi, kasbiy imtihonni muvaffaqiyatli topshirgandan soʻng beriladigan belgilangan namunadagi hujjat;

talabgor — amal qiluvchi malaka sertifikatiga ega boʻlgan hamda malaka toifasini olish uchun murojaat qilgan jismoniy shaxs.

2-bob. Malaka toifalari va ularni berish shartlari

4. Malaka toifasi ixtiyoriy asosda beriladi hamda uning mavjud emasligi gidlarning (gid-tarjimonlarning) qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda olingan malaka sertifikati asosida faoliyat yuritish huquqini cheklamaydi.

5. Havaskor, ixtisoslashgan va professional gid malaka toifalari Turizm qoʻmitasi huzuridagi Turizmni rivojlantirish ilmiy-tadqiqot instituti (keyingi oʻrinlarda — Institut) huzurida tashkil etiladigan imtihon komissiyasining qarori asosida beriladi, oʻzgartiriladi va bekor qilinadi.

6. Imtihon komissiyasi kollegial organ hisoblanadi.

Imtihon komissiyasining tarkibi Institut direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

Imtihon komissiyasi tarkibiga Turizm qoʻmitasi, Institut, oliy taʼlim tashkilotlari, turizm sohasidagi nodavlat notijorat tashkilotlari, shuningdek, mustaqil ekspertlar vakillari kiritiladi.

7. Imtihon komissiyasi majlisi, agar unda komissiya aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.

Komissiya qarorlari ochiq ovoz berish orqali qabul qilinadi.

Komissiya qarorlari majlisda ishtirok etgan komissiya aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.

Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, komissiya raisi ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

8. Komissiya aʼzosi manfaatlar toʻqnashuviga olib kelishi mumkin boʻlgan holatlar mavjud boʻlganda, tegishli materialni koʻrib chiqish va ovoz berish jarayonida ishtirok etmaydi.

Manfaatlar toʻqnashuvi mavjudligi haqida komissiya aʼzosi komissiya majlisi boshlangunga qadar maʼlum qilishi shart.

9. Gidlarga (gid-tarjimonlarga) quyidagi malaka toifalari beriladi:

havaskor gid malaka toifasi;

ixtisoslashgan gid malaka toifasi;

professional gid malaka toifasi;

oltin fond gidi malaka toifasi.

10. Malaka toifasi talabgorning murojaatiga asosan Vazirlar Mahkamasining “Malaka sertifikatlarini berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishni tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlarni tizimlashtirish toʻgʻrisida” 2023-yil 30-noyabrdagi 635-son qaroriga muvofiq oʻtkaziladigan malaka imtihon va baholash natijalariga koʻra beriladi.

11. Havaskor toifa sertifikati quyidagi talablarga javob beradigan talabgorlarga beriladi:

malaka sertifikatiga ega boʻlgan;

kasbiy imtihondan muvaffaqiyatli oʻtgan.

Havaskor gidlar mahalliy darajada (muayyan maʼmuriy-hududiy birlik yoki obyekt hududi doirasida) faoliyat yuritadi. Ular tomonidan maxsus mavzuli (diniy, arxeologik) turlar va tabiiy xavfli hududlardagi ekskursiyalar Institut tomonidan tashkil etiladigan qisqa muddatli maxsus oʻquv kurslarini tamomlaganidan soʻng oʻtkazilishi mumkin.

12. Ixtisoslashgan gid malaka toifasi quyidagi talablarga javob beradigan talabgorlarga beriladi:

malaka sertifikatiga ega boʻlgan;

gid (gid-tarjimon) sifatida kamida ikki yillik ish stajiga ega boʻlgan;

soʻnggi ikki yil davomida kamida bir marta malaka oshirish kurslarini tamomlagan;

kasbiy imtihondan muvaffaqiyatli oʻtgan.

Prezident yoki nomdor davlat stipendiyalari sohiblari, respublika va xalqaro fan olimpiadalari gʻoliblari, shuningdek, turizm sohasiga oid xalqaro tan olingan sertifikatlarga ega boʻlgan shaxslar yagona tasdiqlangan ekskursiya matni boʻyicha kasbiy imtihonni topshirgan taqdirda, imtihon komissiyasining qaroriga koʻra toʻgʻridan-toʻgʻri ixtisoslashgan gid malaka toifasiga kiritilishi mumkin.

Ixtisoslashgan gidlar oʻz ixtisoslashuv yoʻnalishi doirasida respublika hududida ekskursiya xizmatlarini koʻrsatish huquqiga ega.

13. Professional gid malaka toifasi quyidagi talablarga javob beradigan talabgorga beriladi:

ixtisoslashgan gid toifasiga ega boʻlgan;

gid (gid-tarjimon) sifatida kamida besh yillik ish stajiga ega boʻlgan;

soʻngi uch yil davomida kamida bir marta malaka oshirish kurslarini tamomlagan;

kasbiy imtihondan muvaffaqiyatli oʻtgan.

Professional gidlar Oʻzbekiston Respublikasi boʻylab ekskursiyalarni oʻtkazadi.

14. Oltin fond gidi malaka toifasi quyidagi talablarga javob beradigan talabgorga Turizm qoʻmitasi tomonidan beriladi:

professional gid malaka toifasiga ega boʻlgan;

gid (gid-tarjimon) sifatida kamida oʻn yillik ish stajiga ega boʻlgan;

davlat va xalqaro darajadagi tadbirlarda oliy darajadagi tashrif buyuruvchilarga ekskursiya xizmatlarini tashkil etgan;

belgilangan tartibda “ustoz-shogird” anʼanalari asosida kamida 10 nafar malaka sertifikatiga ega boʻlgan yosh gidlarni tayyorlagan.

15. Malaka toifasi berishda quyidagilar inobatga olinadi:

kasbiy bilim va amaliy koʻnikmalar;

ekskursiya xizmatlarini tashkil etish va oʻtkazish mahorati;

ekskursiya obyektlari boʻyicha bilim darajasi;

turistlar bilan muloqot madaniyati;

xorijiy tillarni bilish darajasi;

kasb etikasi qoidalariga rioya qilinishi.

3-bob. Toifa sertifikatini berish tartibi

16. Talabgorga malaka toifasini berish kasbiy imtihonni topshirish natijalarining eng kam koʻrsatkichi quyidagicha belgilanadi:

56 foizdan 70 foizgacha (70 foiz ham kiradi) — havaskor gid malaka toifasi;

70 foizdan va 85 foizgacha (85 foiz ham kiradi) — ixtisoslashgan gid malaka toifasi;

86 foizdan yuqori va 100 foizgacha — professional gid malaka toifasi.

“Oltin fond” gidi toifasi qoʻshimcha ravishda kasbiy tajriba va kasbiy faoliyat natijalari asosida beriladi.

17. Talabgorning malaka toifasi olish toʻgʻrisidagi murojaati Institut tomonidan qabul qilinadi hamda ushbu Nizom talablariga muvofiq koʻrib chiqiladi.

18. Malaka toifasi quyidagi bosqichlarda beriladi:

murojaatni qabul qilish va roʻyxatdan oʻtkazish;

talabgorning ushbu Nizomda belgilangan talablarga muvofiqligini oʻrganish;

kasbiy imtihon va baholash natijalarini koʻrib chiqish;

imtihon komissiyasi tomonidan qaror qabul qilish.

19. Imtihon komissiyasi talabgorga malaka toifasini berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

20. Quyidagi holatlarda talabgorlarga malaka toifasini berish rad etiladi:

ushbu Nizomda belgilangan talablarga muvofiq kelmaganda;

kasbiy imtihon natijalari toifa sertifikatini berish uchun yetarli boʻlmaganda;

soxta hujjatlar yoki haqiqatga toʻgʻri kelmaydigan maʼlumotlar taqdim etilgani aniqlanganda.

21. Imtihon komissiyasining qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida talabgorga malaka toifa sertifikati elektron shaklda yuboriladi.

22. Berilgan malaka toifalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar imtihon komissiyasi qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida Turizm qoʻmitasiga mazkur shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yangilash uchun Oʻzbekiston Respublikasi gidlari (gid-tarjimonlari), ekskursiya yetakchilari va yoʻriqchi-yoʻl boshlovchilarning yagona elektron reyestriga (keyingi oʻrinlarda — Yagona elektron reyestr) kiritish uchun yuboriladi.

4-bob. Toifa sertifikatini oʻzgartirish va bekor qilish tartibi

23. Gid (gid-tarjimon) ushbu Nizomda belgilangan talablarga muvofiq yuqoriroq malaka toifasini olish uchun bir yilda bir marta qayta murojaat qilish huquqiga ega.

24. Navbatdagi yuqori malaka toifasi ushbu Nizom talablari asosida beriladi.

Yangi toifa berilishi bilan avvalgi malaka toifasi oʻz kuchini yoʻqotadi.

25. Quyidagi hollarda imtihon komissiyasining qarori bilan malaka toifasi bekor qilinadi:

talabgorning yozma murojaatiga koʻra;

malaka toifasi soxta hujjatlar yoki haqiqatga toʻgʻri kelmaydigan maʼlumotlar asosida olingani aniqlanganda;

talabgor sudning qonuniy kuchga kirgan qarori bilan ekskursiya faoliyatini amalga oshirish huquqidan mahrum qilinganda;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa holatlarda.

26. Malaka toifasini bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida talabgorga elektron shaklda yuboriladi.

27. Malaka toifasi bekor qilingani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar imtihon komissiyasi qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida Turizm qoʻmitasiga Yagona elektron reyestrga kiritish uchun yuboriladi.

28. Imtihon komissiyasining malaka toifasini berish, berishni rad etish, oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisidagi qarori ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilinishi mumkin.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

29. Berilgan malaka toifasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Yagona elektron reyestrda aks ettiriladi.

30. Ushbu Nizomda nazarda tutilmagan masalalar qonunchilik hujjatlariga muvofiq hal etiladi.

31. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 4-sentabrdagi 468-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining “2019 — 2021-yillarda Toshkent viloyatida turizm sohasini jadal rivojlantirish toʻgʻrisida” 2019-yil 31-dekabrdagi 1053-son qarorida :

a) 2-bandda :

ikkinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

uchinchi — beshinchi xatboshilar tegishlicha ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilar deb hisoblansin;

b) 1-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida turizm sohasini tiklash va rivojlantirish uchun qulay shart-sharoitlarni yaratish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 10-iyuldagi 433-son qarorida :

a) 2-ilovada :

9-bandning uchinchi — beshinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“yongʻin va sanitariya-gigiyena xavfsizligi boʻyicha vakolatli nazorat organlarining amaldagi QR-kodli xulosalari hamda lift qurilmasi mavjud boʻlgan taqdirda, uning roʻyxatdan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi hujjat va lift pasporti nusxasi. Yangi tashkil etilgan joylashtirish vositalari uchun ulardan foydalanish boshlangan kundan boshlab bir yil davomida koʻrsatib oʻtilgan hujjatlar oʻrniga davlat qabul komissiyasining foydalanishga qabul qilish toʻgʻrisidagi dalolatnomasi nusxasi ham taqdim etilishi mumkin;

mehmonlar xavfsizligi va xizmat koʻrsatish (dezinfeksiya, yongʻin signalizatsiyasi tizimi va liftlarga texnik xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida) sifatini taʼminlash boʻyicha tegishli xizmatlar bilan shartnomalar nusxalari;

ariza beruvchining koʻchmas mulkka boʻlgan huquqini belgilovchi hujjati yoki bunday mulkning soliq organlarida hisobga qoʻyilgani toʻgʻrisidagi ijara shartnomasi. Bunda Markaz “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali ushbu hujjatni mustaqil ravishda olishi mumkin”;

18-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Komissiya ishini Markazning muvofiqlikni baholash boʻyicha mutaxassislari orasidan tayinlanadigan raisi rejalashtiradi va muvofiqlashtiradi. Komissiya tarkibiga sohada tegishli malakaga ega boʻlgan mutaxassislar kiritilishi mumkin”;

30-bandning toʻrtinchi xatboshisi , 50-bandning ikkinchi xatboshisi va 58-bandning “b” kichik bandi ikkinchi xatboshisidagi tegishli kelishikdagi “sifat boʻyicha ekspert-auditor” soʻzlari tegishli kelishikdagi “muvofiqlikni baholash boʻyicha mutaxassis” soʻzlari bilan almashtirilsin;

54-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Bunda komissiya sertifikatining asl nusxasi mavjudligini hamda ushbu Nizomning 8 — 11-bandlarida nazarda tutilgan hujjatlarning dolzarbligini, shuningdek, shartnomalar asosida bajarilgan ishlar dalolatnomalari mavjudligini tekshiradi”;

3-ilovaning beshinchi ustunidagi “Turizm davlat qoʻmitasining” soʻzlari chiqarib tashlansin;

5a-ilovada :

birinchi ustun quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Sertifikatlashtirilgan xizmatlar koʻrsatishdan besh yilda tushadigan daromadning prognoz qilingan hajmi (QQSsiz)”;

izoh qismining 2-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

b) 10-ilovada :

9-banddagi “Qoʻmita, Madaniy meros obyektlarini asrashga doir muammolarni oʻrganish va turizmni rivojlantirish ilmiy-tadqiqot instituti” soʻzlari “Turizmni rivojlantirish ilmiy-tadqiqot instituti” soʻzlari bilan almashtirilsin;

30-bandning “b” kichik bandidagi “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

33-bandda :

“a” kichik banddagi “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi” soʻzlari “Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

“b” kichik banddagi “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

35-band quyidagi mazmundagi toʻrtinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“gidlar (gid-tarjimonlar), ekskursiya yetakchilari va yoʻriqchi-yoʻlboshchilarni qayta tayyorlash hamda ularning malakasini oshirish uchun oʻquv dasturlari Turizm qoʻmitasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan namunaviy dasturlar asosida ishlab chiqiladi”.

3. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 21-fevraldagi 80-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ayrim faoliyat turlarini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizomga 5-ilova 9-pozitsiyasining “v” kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“v) yuridik shaxs xodimlarining (gidlar (gid-tarjimonlar), ekskursiya yetakchilari va yoʻriqchi-yoʻl boshlovchilar) belgilangan tartibda berilgan muddatsiz malaka sertifikati mavjudligi”.

4. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 30-noyabrdagi 635-son qarori bilan tasdiqlangan Ayrim turdagi malaka sertifikatini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning yagona maʼmuriy reglamentiga 5-ilovada :

3-pozitsiya quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ 3. Malaka sertifikatini beruvchi vakolatli organ(lar): Turizm qoʻmitasi huzuridagi Turizmni rivojlantirish ilmiy-tadqiqot instituti ” ;

4-pozitsiya “b” kichik bandining ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“oliy, oʻrta va oʻrta maxsus professional maʼlumotga ega boʻlganlik haqidagi davlat namunasidagi hujjatlar yoki qayta tayyorlash kursidan oʻtganligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi”;

7-pozitsiyaning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“gid (gid-tarjimon), ekskursiya yetakchisi va yoʻriqchi-yoʻl boshlovchi kasblariga oid oliy, oʻrta va oʻrta maxsus professional taʼlim yoki qayta tayyorlash kurslaridan oʻtganligini tasdiqlovchi belgilangan namunadagi hujjatga ega boʻlishi*”;

8-pozitsiyadagi “3 yil” soʻzlari “cheklanmagan” soʻzi bilan almashtirilsin;

9-pozitsiya uchinchi ustunining oʻn sakkizinchi — yigirma toʻrtinchi xatboshilari chiqarib tashlansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 4-sentabr,

468-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.09.2026-y., 09/26/468/0900-son)

lex.uz