📅 2026-yil 4-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 4-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 4 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бизнес юритишни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 14 ноябрдаги ПФ-214-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун ундириладиган жариманинг 10 фоизини ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган жисмоний ва юридик шахсларга тўлаш бўйича Ягона биллинг тизими ҳамда ғазначилик тизимларига тегишли ўзгартириш киритсин.
3. Адлия вазирлиги икки ой муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга асосан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида «Лицензия» ахборот тизими ҳамда Адлия вазирлигининг мобил иловалари орқали хабар бериш имкониятини яратсин.
4. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 466-сон қарорига ИЛОВА
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом жисмоний ва юридик шахслар томонидан аниқланган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ваколатли органларга хабар бериш, уларни кўриб чиқиш ҳамда хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли органлар — фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришни амалга оширадиган, шунингдек, махсус электрон тизим воситасида хабарномаларни қабул қиладиган махсус ваколатли органлар ва ташкилотлар;
махсус электрон тизим — лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлган махсус электрон тизим;
хабардор қилувчи — лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахслар;
ҳуқуқбузар — фаолият билан лицензиясиз, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ва ваколатли органни хабардор этмасдан шуғулланган жисмоний ва юридик шахслар;
ҳуқуқбузарлик — Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 165-моддасининг иккинчи — тўртинчи қисмлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунининг 52-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисига асосан жарима қўлланишига сабаб бўладиган фаолият билан лицензиясиз, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ва ваколатли органни хабардор этмасдан шуғулланиш, шунингдек, ушбу ҳужжатларнинг амал қилиши тўхтатиб турилганда бундай фаолият билан шуғулланиш.
3. Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахслар ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида рағбатлантирилади.
2-боб. Ваколатли органларга ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш
4. Хабардор қилувчи ҳуқуқбузарлик ҳақида ваколатли органларга махсус электрон тизим ёки Адлия вазирлигининг мобил иловаси орқали хабар беради.
Ушбу хабарда қуйидагилар кўрсатилади:
хабардор қилувчи жисмоний шахснинг паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (шу жумладан, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
хабардор қилувчи юридик шахснинг номи ва СТИРи;
хабардор қилувчининг телефон рақами;
хабардор қилувчининг банк картаси рақами (ҳисобварағи);
ҳуқуқбузарлик тури;
ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳудуд;
ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс эттирилган фото ёки видеоёзувлар (агар мавжуд бўлса);
ҳуқуқбузар ҳақида қўшимча маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳақида тушунтириш.
Бунда ушбу бандда назарда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
5. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видеоматериалларда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
содир этилган ҳуқуқбузарлик;
ҳуқуқбузар тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
ҳуқуқбузарлик содир этилган санаси ва вақти.
6. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видеоматериалларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Ўзгартириш киритилган фото ва видеоматериаллар кўриб чиқилмайди, ҳажмини қисқартириш мақсадида фото ва видеоматериалларнинг бевосита ҳуқуқбузарлик акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно (қоида тариқасида, видеоматериалларнинг давомийлиги 120 сониядан ошмаслиги лозим).
7. Ҳуқуқбузарлик ҳақидаги хабар қуйидаги ҳолларда кўриб чиқилмасдан қолдирилади:
мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
маълумотлар ҳақиқийлиги тасдиқланмаганда ёки фаолиятни амалга ошириш бўйича тегишли лицензия, рухсатнома ва хабарномалар мавжуд бўлганда;
айнан бир ҳуқуқбузарлик бўйича олдин хабар берилган бўлса;
ҳуқуқбузар фаолиятида айнан шу ҳуқуқбузарлик юзасидан текшириш ўтказилаётган бўлса.
Бунда тегишли асосларни кўрсатган ҳолда, ваколатли орган томонидан хабарни кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида уч иш кунида қарор қабул қилинади ҳамда бу ҳақида хабардор қилувчига махсус электрон тизим орқали ёки унинг телефон рақамига СМС-хабарнома шаклида хабар юборади.
8. Хабардор қилувчи томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани юзасидан берилган хабарлар ваколатли орган томонидан ўн иш куни давомида кўриб чиқилади.
9. Хабардор қилувчи томонидан ҳуқуқбузарлик тўғрисида юборилган ҳолатлар ва материаллар Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда текширилади.
10. Айнан бир ҳуқуқбузарлик ҳақидаги хабар бир нечта хабардор қилувчилардан олинган тақдирда, ваколатли орган томонидан хабар биринчи келиб тушган хабарга асосан кўриб чиқилади.
Бунда биринчи келиб тушган хабар ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган маълумотлар тўлиқ тақдим этилмагани сабабли рад этилган тақдирда, кейинги келиб тушган хабар умумий тартибда кўриб чиқилади.
11. Хабарни текшириш натижасига кўра ҳуқуқбузарлик содир этилганлик факти аниқланган тақдирда, ваколатли орган қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқбузарга жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилади.
12. Хабарни текшириш натижасига кўра ҳуқуқбузарлик содир этилганлик факти тасдиқланмаса, ваколатли орган хабарнома рад этиш ҳақида тегишли асосларни кўрсатган ҳолда қарор қабул қилинади.
13. Ваколатли орган хабарда кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ҳолатини текшириш натижалари тўғрисида хабардор қилувчини махсус электрон тизим орқали ёки унинг телефон рақамига СМС-хабарнома шаклида хабар юборади.
3-боб. Хабардор қилувчиларни рағбатлантириш тартиби
14. Хабардор қилувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ўз тасдиғини топган ҳамда берилган хабарга асосан ваколатли орган ёки суднинг жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори асосида айбдор шахсдан жарима ундирилган тақдирда, хабардор қилувчи ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти (кейинги ўринларда — пул мукофоти) шаклида рағбатлантирилади. Хабардор қилувчи томонидан пул мукофотини олиш ихтиёрий ҳисобланади.
15. Ҳуқуқбузар томонидан жарима тўлангандан сўнг ваколатли орган бир иш кунида пул мукофотини хабардор қилувчининг банк картасига (ҳисобварағига) Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ўтказиб беради.
16. Ҳуқуқбузардан ундирилган жарималар ҳисобидан хабардор қилувчига пул мукофоти тўлангандан сўнг қолган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
17. Ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берган хабардор қилувчилар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилишга йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
18. Хабардор қилувчилар ваколатли органларнинг қарорлари ва улар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
19. Хабардор қилувчилар тадбиркорларга зарар етказадиган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган асоссиз хабар берган ҳамда ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари I. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ваколатли органларга хабар бериш 1-босқич Жисмоний ва юридик шахслар Махсус электрон тизим ёки Адлия вазирлигининг мобил иловаси орқали лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида ваколатли органларга хабар беради. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Ваколатли органлар Ҳуқуқбузарлик содир этилгани ҳақида берилган хабарни кўриб чиқади. 10 иш кунида II. Пул мукофотини тўлаш 3-босқич Ваколатли органлар 1. Текширув натижаларига кўра ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга тегишли тартибда жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилади. 2. Ҳуқуқбузарлик ҳолати тасдиқланмаган ҳолларда, бу ҳақидаги маълумотларни хабардор қилувчига юборади. 1 иш кунида 4-босқич Ваколатли органлар Айбдор шахслар томонидан тўланган жарималарнинг 10 фоизи миқдоридаги бир марталик пул мукофотини жисмоний ва юридик шахснинг банк картасига (ҳисобварағига) ўтказади. 1 иш кунида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 4 сентябрь,
466-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari sohasida jamoatchilik nazorati samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Biznes yuritishni hamda litsenziyalash va ruxsat berish tartib-taomillarini soddalashtirishga doir navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 14-noyabrdagi PF-214-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillariga oid huquqbuzarliklar haqida vakolatli organlarga xabar bergan jismoniy va yuridik shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari sohasida sodir etilgan huquqbuzarliklar uchun undiriladigan jarimaning 10 foizini huquqbuzarlik haqida xabar bergan jismoniy va yuridik shaxslarga toʻlash boʻyicha Yagona billing tizimi hamda gʻaznachilik tizimlariga tegishli oʻzgartirish kiritsin.
3. Adliya vazirligi ikki oy muddatda ushbu qaror bilan tasdiqlangan Nizomga asosan litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari sohasidagi huquqbuzarliklar toʻgʻrisida “Litsenziya” axborot tizimi hamda Adliya vazirligining mobil ilovalari orqali xabar berish imkoniyatini yaratsin.
4. Ushbu qaror rasman eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri A.J. Tashkulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 4-sentabrdagi 466-son qaroriga ILOVA
Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillariga oid huquqbuzarliklar haqida vakolatli organlarga xabar bergan jismoniy va yuridik shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan aniqlangan litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillariga oid huquqbuzarlik holatlari haqida vakolatli organlarga xabar berish, ularni koʻrib chiqish hamda xabar bergan jismoniy va yuridik shaxslarni pul mukofoti bilan ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vakolatli organlar — faoliyatning ayrim turlarini litsenziyalashni, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlarni berishni amalga oshiradigan, shuningdek, maxsus elektron tizim vositasida xabarnomalarni qabul qiladigan maxsus vakolatli organlar va tashkilotlar;
maxsus elektron tizim — litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor etish tartib-taomillari bilan bogʻliq barcha jarayonlarni qamrab olgan, idoralararo elektron oʻzaro hamkorlik qilish imkoniyatiga ega boʻlgan maxsus elektron tizim;
xabardor qiluvchi — litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillariga oid huquqbuzarliklar haqida vakolatli organlarga xabar bergan jismoniy va yuridik shaxslar;
huquqbuzar — faoliyat bilan litsenziyasiz, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatsiz va vakolatli organni xabardor etmasdan shugʻullangan jismoniy va yuridik shaxslar;
huquqbuzarlik — Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksi 165-moddasining ikkinchi — toʻrtinchi qismlari hamda Oʻzbekiston Respublikasining “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Qonunining 52-moddasi ikkinchi qismining ikkinchi xatboshisiga asosan jarima qoʻllanishiga sabab boʻladigan faoliyat bilan litsenziyasiz, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatsiz va vakolatli organni xabardor etmasdan shugʻullanish, shuningdek, ushbu hujjatlarning amal qilishi toʻxtatib turilganda bunday faoliyat bilan shugʻullanish.
3. Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillariga oid huquqbuzarliklar haqida vakolatli organlarga xabar bergan jismoniy va yuridik shaxslar ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida ragʻbatlantiriladi.
2-bob. Vakolatli organlarga huquqbuzarliklar haqida xabar berish
4. Xabardor qiluvchi huquqbuzarlik haqida vakolatli organlarga maxsus elektron tizim yoki Adliya vazirligining mobil ilovasi orqali xabar beradi.
Ushbu xabarda quyidagilar koʻrsatiladi:
xabardor qiluvchi jismoniy shaxsning pasport yoki identifikatsiyalovchi ID-kartasi maʼlumotlari (shu jumladan, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR);
xabardor qiluvchi yuridik shaxsning nomi va STIRi;
xabardor qiluvchining telefon raqami;
xabardor qiluvchining bank kartasi raqami (hisobvaragʻi);
huquqbuzarlik turi;
huquqbuzarlik sodir etilgan hudud;
huquqbuzarlik holatlari aks ettirilgan foto yoki videoyozuvlar (agar mavjud boʻlsa);
huquqbuzar haqida qoʻshimcha maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);
huquqbuzarlik holati haqida tushuntirish.
Bunda ushbu bandda nazarda tutilmagan maʼlumot va hujjatlarni talab qilish taqiqlanadi.
5. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va videomateriallarda quyidagilar aks ettirilishi lozim:
sodir etilgan huquqbuzarlik;
huquqbuzar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);
huquqbuzarlik sodir etilgan sanasi va vaqti.
6. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va videomateriallarga har qanday tarzda oʻzgartirishlar kiritish taqiqlanadi. Oʻzgartirish kiritilgan foto va videomateriallar koʻrib chiqilmaydi, hajmini qisqartirish maqsadida foto va videomateriallarning bevosita huquqbuzarlik aks ettirilgan qismini kesib olish bundan mustasno (qoida tariqasida, videomateriallarning davomiyligi 120 soniyadan oshmasligi lozim).
7. Huquqbuzarlik haqidagi xabar quyidagi hollarda koʻrib chiqilmasdan qoldiriladi:
mazkur Nizomning 4-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar toʻliq taqdim etilmaganda;
maʼlumotlar haqiqiyligi tasdiqlanmaganda yoki faoliyatni amalga oshirish boʻyicha tegishli litsenziya, ruxsatnoma va xabarnomalar mavjud boʻlganda;
aynan bir huquqbuzarlik boʻyicha oldin xabar berilgan boʻlsa;
huquqbuzar faoliyatida aynan shu huquqbuzarlik yuzasidan tekshirish oʻtkazilayotgan boʻlsa.
Bunda tegishli asoslarni koʻrsatgan holda, vakolatli organ tomonidan xabarni koʻrib chiqishni rad etish toʻgʻrisida uch ish kunida qaror qabul qilinadi hamda bu haqida xabardor qiluvchiga maxsus elektron tizim orqali yoki uning telefon raqamiga SMS-xabarnoma shaklida xabar yuboradi.
8. Xabardor qiluvchi tomonidan huquqbuzarlik sodir etilgani yuzasidan berilgan xabarlar vakolatli organ tomonidan oʻn ish kuni davomida koʻrib chiqiladi.
9. Xabardor qiluvchi tomonidan huquqbuzarlik toʻgʻrisida yuborilgan holatlar va materiallar Oʻzbekiston Respublikasining “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tekshiriladi.
10. Aynan bir huquqbuzarlik haqidagi xabar bir nechta xabardor qiluvchilardan olingan taqdirda, vakolatli organ tomonidan xabar birinchi kelib tushgan xabarga asosan koʻrib chiqiladi.
Bunda birinchi kelib tushgan xabar ushbu Nizomning 4-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar toʻliq taqdim etilmagani sababli rad etilgan taqdirda, keyingi kelib tushgan xabar umumiy tartibda koʻrib chiqiladi.
11. Xabarni tekshirish natijasiga koʻra huquqbuzarlik sodir etilganlik fakti aniqlangan taqdirda, vakolatli organ qonunda belgilangan tartibda huquqbuzarga jarima qoʻllash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
12. Xabarni tekshirish natijasiga koʻra huquqbuzarlik sodir etilganlik fakti tasdiqlanmasa, vakolatli organ xabarnoma rad etish haqida tegishli asoslarni koʻrsatgan holda qaror qabul qilinadi.
13. Vakolatli organ xabarda koʻrsatilgan huquqbuzarlik holatini tekshirish natijalari toʻgʻrisida xabardor qiluvchini maxsus elektron tizim orqali yoki uning telefon raqamiga SMS-xabarnoma shaklida xabar yuboradi.
3-bob. Xabardor qiluvchilarni ragʻbatlantirish tartibi
14. Xabardor qiluvchi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar oʻz tasdigʻini topgan hamda berilgan xabarga asosan vakolatli organ yoki sudning javobgarlikka tortish toʻgʻrisidagi qarori asosida aybdor shaxsdan jarima undirilgan taqdirda, xabardor qiluvchi undirilgan jarimaning 10 foizi miqdorida bir martalik pul mukofoti (keyingi oʻrinlarda — pul mukofoti) shaklida ragʻbatlantiriladi. Xabardor qiluvchi tomonidan pul mukofotini olish ixtiyoriy hisoblanadi.
15. Huquqbuzar tomonidan jarima toʻlangandan soʻng vakolatli organ bir ish kunida pul mukofotini xabardor qiluvchining bank kartasiga (hisobvaragʻiga) Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasida oʻtkazib beradi.
16. Huquqbuzardan undirilgan jarimalar hisobidan xabardor qiluvchiga pul mukofoti toʻlangandan soʻng qolgan mablagʻlar qonunchilikda belgilangan tartibda taqsimlanadi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
17. Huquqbuzarliklar haqida vakolatli organlarga xabar bergan xabardor qiluvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor qilishga yoʻl qoʻyilmaydi, qonunda nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
18. Xabardor qiluvchilar vakolatli organlarning qarorlari va ular xodimlarining xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilikda belgilangan tartibda shikoyat qilishlari mumkin.
19. Xabardor qiluvchilar tadbirkorlarga zarar yetkazadigan yoxud ularning ishchanlik obroʻsiga putur yetkazadigan asossiz xabar bergan hamda ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillariga oid huquqbuzarliklar haqida vakolatli organlarga xabar bergan jismoniy va yuridik shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillariga oid huquqbuzarliklar haqida vakolatli organlarga xabar bergan jismoniy va yuridik shaxslarni ragʻbatlantirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari I. Aniqlangan huquqbuzarliklar toʻgʻrisida vakolatli organlarga xabar berish 1-bosqich Jismoniy va yuridik shaxslar Maxsus elektron tizim yoki Adliya vazirligining mobil ilovasi orqali litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillariga oid huquqbuzarlik toʻgʻrisida vakolatli organlarga xabar beradi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Vakolatli organlar Huquqbuzarlik sodir etilgani haqida berilgan xabarni koʻrib chiqadi. 10 ish kunida II. Pul mukofotini toʻlash 3-bosqich Vakolatli organlar 1. Tekshiruv natijalariga koʻra huquqbuzarlik sodir etgan shaxsga tegishli tartibda jarima qoʻllash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 2. Huquqbuzarlik holati tasdiqlanmagan hollarda, bu haqidagi maʼlumotlarni xabardor qiluvchiga yuboradi. 1 ish kunida 4-bosqich Vakolatli organlar Aybdor shaxslar tomonidan toʻlangan jarimalarning 10 foizi miqdoridagi bir martalik pul mukofotini jismoniy va yuridik shaxsning bank kartasiga (hisobvaragʻiga) oʻtkazadi. 1 ish kunida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 4-sentabr,
466-son