UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 8-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 8 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 8 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 8 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-270-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-270-сон қарорига мувофиқ нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларининг касбий малакасини аниқлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда билим ва кўникмаларини ошириб боришни таъминлаш мақсадида уларни ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш механизмини жорий қилиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

суд экспертларини аттестациядан ўтказишни ташкил этиш;

аттестациядан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларини кўриб чиқиш;

аттестациядан ўтказиш натижалари бўйича якуний қарорлар қабул қилиш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг аттестациядан ўтган суд экспертига аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш ҳамда уларни қайта расмийлаштириш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини аттестациядан ўтказишга доир маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш.

3. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 сентябрдаги 474-сон қарорига ИЛОВА

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, шу жумладан суд-экспертлик бюроларида фаолият юритаётган суд экспертларини даврий аттестациядан ўтказиш, уларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, даврий аттестация натижаларига кўра қарор қабул қилиш ва қайта аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома — суд экспертининг аттестациядан муваффақиятли ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

даврий аттестация (кейинги ўринларда — аттестация) — нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг касбий малакасини аниқлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда билим ва кўникмаларини ошириб боришни таъминлаш мақсадида тест синовлари ҳамда суҳбат шаклида ўтказиладиган баҳолаш жараёни;

нодавлат суд-экспертиза ташкилоти — шартнома асосида фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган нотижорат ташкилот;

суд эксперти — нодавлат суд-экспертиза ташкилотида ёки суд-экспертлик бюросида фаолият юритувчи ва маълум бир экспертиза тури юзасидан суд экспертизасини ўтказувчи суд эксперти;

суд эксперти сертификати — муайян суд экспертизаси тури бўйича нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертининг касбий лаёқатини тасдиқловчи ҳужжат;

талабгор — нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳномага эга бўлмаган ёхуд бундай гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаётган суд эксперти.

3. Суд экспертларини аттестациядан ўтказиш уларнинг ўз касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, суд экспертига қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, шунингдек, уларнинг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини ошириш ҳамда мунтазам равишда билим ва кўникмаларини ошириб боришини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

2-боб. Суд экспертларини аттестациядан ўтказишни ташкил этиш

4. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини аттестациядан ўтказиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ташкил этилади.

5. Суд экспертлари сифатида ўз йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказилишига рухсат берилган суд экспертизалари турларининг рўйхатида кўрсатилган суд-экспертиза мутахассислиги бўйича қайта тайёргарликдан ўтган ҳамда суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтиши шарт, бундан суд-экспертлик фаолиятини йигирма йилдан ортиқ муддатда амалга оширган суд экспертлари мустасно.

Суд экспертларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Эксперт-малака комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан амалга оширилади.

Комиссия ваколатлари ва унинг фаолиятини ташкил этиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини бошқа ташкилотлар ёки коллегиал органлар томонидан аттестациядан ўтказиш тақиқланади.

6. Суд эксперти сифатида лавозимга қабул қилинган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб келгусида бир ёки бир нечта ташкилотларда фаолият юритишидан қатъи назар, умумий суд-экспертлик фаолиятини юритганига уч йил муддат тўлишидан икки ой олдин аттестациядан ўтказилиши керак.

Қуйидагилар аттестациядан ўтказилмайди:

суд-экспертлик фаолиятини йигирма йилдан ортиқ муддат амалга оширган суд экспертлари;

ижтимоий таътилдаги ҳомиладор аёллар, шунингдек уч ёшгача боласи бор аёл ёки уч ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) ҳамда ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахс) (ушбу тоифадаги ходимлар мазкур имтиёзли давр тугагандан сўнг олти ойдан кейин аттестациядан ўтказилади);

бир ойдан ортиқ вақт давомида даволанаётган ёки ҳарбий хизматни ўтаётган ходимлар (ушбу тоифадаги ходимлар хизмат вазифаларини бажаришга киришганидан сўнг олти ойдан кейин аттестациядан ўтказилади);

хизмат текшируви ўтказилаётган ёки бир ойгача бўлган муддатда меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлган ходимлар (ушбу тоифадаги ходимлар хизмат текшируви ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври тугаганидан кейин аттестациядан умумий тартибда ўтказилади).

7. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ушбу Низомга 1-иловада назарда тутилган тегишли муддатлар ёки суд экспертларининг аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугашидан икки ой олдин, ушбу Низомда белгиланган тартибда Комиссияга мурожаат қилади.

3-боб. Суд экспертларининг ҳужжатларини кўриб чиқиш тартиби

8. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини аттестациядан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни ёзма ёки электрон шаклда Комиссияга мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схемада белгиланган муддатларда тақдим этади.

9. Суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги мурожаати келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида кўриб чиқилади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан аттестациядан ўтказиш учун юборилган суд экспертлари малака ошириш курсларида муайян суд-экспертлик фаолияти бўйича малакасини, шунингдек ҳуқуқий билимларини ошириб боргани тўғрисида белгиланган намунадаги сертификат олган бўлиши шарт.

10. Суд экспертларини аттестациядан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат;

суд экспертлари малака ошириш курсларида муайян суд-экспертлик фаолияти бўйича малакасини, шунингдек ҳуқуқий билимларини ошириб боргани тўғрисидаги сертификат;

суд экспертларини аттестациядан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома (биринчи маротаба аттестациядан ўтаётганлар бундан мустасно);

суд эксперти сифатида лавозимга қабул қилингани тўғрисидаги буйруқнинг кўчирмаси .

Комиссия давлат органлари ахборот тизимларида мавжуд ҳужжат ва маълумотларни талабгордан талаб қилишга ҳақли эмас ҳамда уларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали мустақил олади.

11. Қуйидагилар суд экспертини аттестацияга қўйишни рад этиш учун асос ҳисобланади:

суд экспертлари малака ошириш курсларида муайян суд-экспертлик фаолияти бўйича малакасини, шунингдек ҳуқуқий билимларини оширгани тўғрисидаги сертификатга эга бўлмаганда;

мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилмаган ҳолда тақдим этилганда ёки ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда;

тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжуд бўлганида.

Аттестациядан ўтишга қўйиш бошқа асослар бўйича рад этилишига йўл қўйилмайди.

Комиссия томонидан аттестацияга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотига тегишли билдиришнома юборилади.

12. Аттестациядан ўтишга қўйишнинг рад этилишига асос бўлган камчиликлар бир ой муддатда бартараф этилган тақдирда, суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги хат такроран кўриб чиқиш учун юборилади. Бунда аввал тақдим этилган ва ўзгармаган ҳужжатларни қайта тақдим этиш талаб қилинмайди.

13. Аттестациядан ўтишга қўйишнинг рад этилиши учун асос бўлмаган тақдирда, талабгор нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари мурожаати келиб тушган кундан бошлаб икки ой муддатда аттестациядан ўтказилиши керак.

4-боб. Аттестацияни ўтказиш тартиби

14. Аттестацияни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида талабгорнинг иш жойи бўйича нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига ҳамда талабгорнинг шахсий кабинети/электрон манзилига аттестация ўтказиладиган санадан камида ўн кун олдин билдиришнома юборилади.

15. Ҳужжатлари аттестациядан ўтишга тақдим этилган ҳамда аттестацияга узрли сабабларга кўра келмаган талабгорлар Комиссиянинг кейинги навбатдаги мажлисида аттестациядан ўтказилади.

Аттестацияга узрсиз сабабларга кўра келмаган талабгорлар бўйича улар ишлаётган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари раҳбарларига билдиришнома юборилади. Аттестацияга узрсиз сабаб билан такроран келинмаган тақдирда, Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар (материаллар) асосида талабгорни аттестациядан ўтмаган деб ҳисоблаш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беришни рад этиш ҳақида қарор чиқаришга ҳақли.

16. Комиссия унинг учдан икки қисми аъзолари ҳозир бўлганда, ваколатли ҳисобланади.

Комиссия аъзоси бўлган нодавлат суд эксперти ёки унинг ходими юзасидан аттестациядан ўтказиш масаласи кўриб чиқилаётган ҳолларда, улар Комиссия мажлисида қатнашишга ҳақли эмас.

Талабгор ишлайдиган нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг вакили Комиссия мажлисида маслаҳат овози билан қатнашиши мумкин. Аттестация тугагандан кейин вакилнинг фикр-мулоҳазаси эшитилади.

17. Комиссия мажлиси Комиссия аъзоларини талабгорларнинг ҳужжатлари билан таништиришдан бошланади.

18. Аттестация Комиссия томонидан умумий ҳуқуқий билимлар ва суд-экспертлик фаолияти бўйича махсус билимлар юзасидан икки босқичда — тест синовлари ҳамда суҳбат шаклида ташкил этилади.

Комиссиянинг аттестацияни ўтказиш бўйича йиғилишлари расмий веб-саҳифаларда реал вақт режимида трансляция қилинади.

19. Комиссиянинг битта мажлисида бир нечта талабгорлар учун аттестация ўтказилганда талабгорлар аттестацияга, қоида тариқасида, беш нафаргача талабгордан иборат гуруҳ шакллантирилиб, навбат бўйича киритилади.

Талабгор аттестацияга шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида ёки замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон идентификациядан ўтказилиб, унинг шахсига оид маълумотлари тасдиқлангандан сўнг киритилади.

20. Тест ва суҳбат саволлари Комиссия раиси томонидан тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда, мунтазам равишда янгилаб борилади.

21. Тест ва суҳбат саволлари талабгор томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, махсус электрон дастур орқали тасодифий равишда танланади.

Талабгор томонидан тасодифий равишда танланган саволлар Комиссия масъул котиби томонидан талабгорга тақдим қилинади.

22. Тест саволлари бешта ҳуқуқий ҳамда ўн бешта суд-экспертлик фаолиятига оид саволлардан иборат бўлади.

Суҳбат саволлари битта ҳуқуқий, учта суд-экспертлик фаолиятига оид саволлар ҳамда битта муаммоли вазият (казус)лардан ташкил топади.

23. Талабгорларга тест саволларини ечиш учун йигирма дақиқа ҳамда суҳбат саволларига жавоб беришга тайёргарлик кўришлари учун ўн беш дақиқа вақт берилади.

24. Аттестацияни ўтказиш жараёнида талабгорларга қуйидагилар тақиқланади:

алоқа ва телекоммуникация воситалари (телефон, компьютер, планшет ва бошқалар), китоб ҳамда шпаргалкалардан фойдаланиш;

бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;

аттестация тугамасдан аттестация ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқиш.

Талабгорнинг мазкур қоидаларга амал қилмаслиги уни аттестацияда қатнашишдан четлаштириш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатда Комиссия котиби томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шаклдаги далолатнома расмийлаштирилади ва Комиссия аъзоларининг камида уч нафари томонидан имзоланади.

Аттестацияда қатнашишдан четлаштирилган талабгор икки ой давомида аттестацияга қўйилмайди.

25. Тайёргарлик кўриш учун берилган вақт тугагандан сўнг талабгор тест жавобларини тақдим қилган ҳолда, Комиссияга суҳбат саволлари бўйича жавоб беради. Комиссия аъзолари айрим жавобларни аниқлаштириш мақсадида суҳбат саволлари доирасида қўшимча саволлар бериши мумкин.

Талабгор саволларга жавоб бериб бўлганидан сўнг унинг хонадан чиқишига рухсат берилади.

26. Тест саволларининг ҳар бир тўғри жавоби икки баллик тизимда баҳоланади.

27. Аттестация натижаларини аниқлаш учун Комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил ҳолда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шаклда баҳолаш бюллетенида талабгорнинг саволларга берган жавобини 10 баллик ҳамда казус жавобларини 20 баллик тизимда баҳолайди.

Бунда Комиссиянинг ҳар бир аъзоси талабгорни берилган саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ тизимли билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида мустақил фойдаланиш қобилиятига кўра баҳолайди.

28. Баҳолаш бюллетенида балларни ҳамда тест натижаларини ҳисоблаб чиқиш учун Комиссия аъзолари орасидан беш кишидан иборат ҳисоблаш гуруҳи тузилади.

Ҳисоблаш гуруҳи томонидан баҳолаш бюллетенларидаги баллар ҳисоблаб чиқилади. Ҳисоблаш натижалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шаклдаги йиғма баҳолаш бюллетенига киритилади ва Комиссия аъзоларига эълон қилинади.

29. Аттестация натижаларига кўра 55 ва ундан юқори балл тўплаган талабгор аттестацияни муваффақиятли топширган деб топилади.

30. Комиссия талабгорнинг билимлари ва кўникмаларини ҳисобга олиб:

талабгорни аттестациядан ўтган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақида;

талабгорни аттестациядан ўтмаган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

31. Комиссиянинг қарорлари Комиссиянинг мажлисда ҳозир бўлган аъзолари томонидан берилган баллари натижаси бўйича қабул қилинади.

32. Аттестация натижалари балл қўйиш жараёни тамом бўлгандан кейин дарҳол эълон қилинади.

33. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг аттестациядан ўтган суд экспертига икки иш кунида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддати — уч йил.

Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномалар реестри унинг серия рақами ва амал қилиш муддати кўрсатилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан электрон тизим орқали автоматик равишда юритилади.

34. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертлари аттестациядан ўта олмаган тақдирда, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари мазкур суд экспертларини такрорий аттестациядан ўтказиш учун аттестация ўтказилган кундан камида уч ой ўтгач, бироқ олти ойдан кечикмай мурожаат қилиши мумкин.

Агар талабгор такрорий аттестациядан ўта олмаса ёки кўрсатилган муддатда такрорий аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилмаса, аттестация комиссиясининг қарори билан талабгорнинг муайян экспертиза тури бўйича суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификатининг амал қилиш муддати тўхтатиб турилади ҳамда унинг иш жойига билдиришнома юборади.

Бунда талабгор аттестациядан муваффақиятли ўтмагунига қадар ушбу Низомда белгиланган тартибда ва муддатларда такрорий аттестациядан ўтиш учун аттестация комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

35. Суд экспертларининг аттестациядан ўтгани тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши Комиссия қарорига кўра тугатилиши мумкин.

Суд экспертлари унга берилган суд экспертлари аттестациядан ўтиши тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш масаласини кўриб чиқишда Комиссия мажлисида иштирок этиши мумкин. Мажлис ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида суд экспертларига мажлис ўтказилишидан камида ўн кун олдин хабар қилинади.

Гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинишидан олдин суд эксперти иш материаллари билан танишиш, улардан нусха олиш, ёзма ва оғзаки тушунтиришлар бериш, далиллар тақдим этиш ҳамда вакил ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Суд экспертларининг Комиссия мажлисида қатнашмаслиги суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга тўсқинлик қилмайди. Қабул қилинган қарор тўғрисида суд экспертларига уч кун ичида хабар қилинади.

36. Комиссиянинг қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

Комиссия қарорининг ижросини назорат қилиш Комиссия котиби томонидан амалга оширилади.

37. Қуйидагилар суд экспертларининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлади:

суд экспертлари томонидан ўз хизмат мажбуриятлари бажарилмаслиги ёки зарур даражада бажарилмаслиги, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зиён етказилишига олиб келган тақдирда;

суд эксперти вафот этганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун суднинг ҳукми билан айбдор деб топилганда;

гувоҳнома қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб олинганлиги ҳолати аниқланганда.

Суд экспертининг хулосаси бошқа эксперт хулосасидан фарқ қилиши, процесс иштирокчиси ёки давлат органи унинг хулосасига рози эмаслиги ўз-ўзидан гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш учун асос ҳисобланмайди.

5-боб. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни қайта расмийлаштириш

38. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш суд экспертларининг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда, унинг аризаси асосида амалга оширилади.

Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома қайта расмийлаштирилгунга қадар суд экспертлари ўз фаолиятини илгари берилган гувоҳнома асосида амалга оширади.

39. Қайта расмийлаштиришда аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши керак. Аттестациядан ўтганлик тўғрисида олдин берилган гувоҳнома бекор қилинади.

40. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома қайта расмийлаштирилиши учун аттестациядан ўтиш талаб қилинмайди.

6-боб. Якунловчи қоидалар

41. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг ягона ҳисобини юритади.

42. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертлари ҳисобга олинишини ва улар тўғрисидаги ахборотнинг тизимлаштирилишини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг кадрлар таркиби, ушбу суд экспертлари аттестациядан ўтиши тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига оладиган суд экспертлари маълумотлари базасини шакллантиради ва уни марказлаштирилган тартибда юритади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ҳар йили 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига суд экспертлари, шу жумладан нодавлат суд-экспертиза ташкилотларидаги мавжуд вакант ўринлар тўғрисида ахборот тақдим этади.

Йил давомида суд экспертлари тўғрисидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда (бўшатиш ёки тайинлаш ва бошқалар), нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ўн кун муддатда тегишли ахборотни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборади.

Ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган ахборотлар, техник имкониятлар мавжуд бўлган тақдирда, электрон ҳужжат шаклида тақдим этилади.

43. Суд экспертлари маълумотлари базасини шакллантириш ва юритишнинг тартиби, маълумотлар базасига киритиш учун маълумотларни тақдим этиш шакли ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

44. Суд экспертларини аттестациядан ўтказиш учун ҳақ ундирилмайди.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини аттестациядан ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти раҳбари Суд экспертларини аттестациядан ўтказиш учун тегишли ҳужжатларни ёзма ёки электрон шаклда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Эксперт-малака комиссиясига тақдим этади. Суд-эксперт лавозимига қабул қилинганига 3 йил муддат тўлишидан ёки гувоҳнома амал қилиш муддати тугашидан 2 ой олдин 2-босқич Комиссия 1. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади. 1. Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида 2. Ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилган тақдирда, талабгорни аттестациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади, аттестация ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида нодавлат суд-экспертиза ташкилотига билдиришнома юборади. 2. Мурожаат келиб тушган кундан 2 ой ичида (билдиришнома аттестация санасидан камида ўн кун олдин юборилади) 3. Ҳужжатларда камчиликлар ёки номувофиқликлар асосида талабгорни аттестацияга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотига тегишли билдиришнома юборади. 3. Камчиликлар бартараф этилган тақдирда, хат такроран кўриб чиқиш учун 1 ой муддатда қайта юборилади 3-босқич Комиссия Талабгорларни (гуруҳ шаклида) навбат билан аттестацияга киритади, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки электрон идентификация орқали шахсини аниқлайди. Комиссия мажлиси ўтказиладиган кунда 4-босқич Комиссия 1. Тест синовини ўтказади. 1. Жавоб бериш учун 20 дақиқа берилади. 2. Суҳбат ўтказади. 2. Тайёргарлик учун 15 дақиқа берилади, сўнгра суҳбат ўтказилади 5-босқич Комиссия 1. Комиссия аъзолари талабгорни баҳолайди. 1. Аттестация якунланганидан сўнг дарҳол 2. Аттестация натижалари асосида якуний қарор қабул қилади ва эълон қилади. 2. Балл қўйиш жараёни тугаши билан дарҳол 6-босқич Комиссия, Адлия вазирлиги Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани беради ҳамда реестрга киритади. 2 иш кун ичида 7-босқич Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти 1. Аттестациядан ўтмаган суд экспертини такрорий аттестациядан ўтказиш учун мурожаат қилади. Аттестациядан камида 3 ой ўтгач, 6 ойдан кечиктирмай Комиссия 2. Такрорий аттестациядан ўтганда ёки белгиланган муддатда мурожаат қилмаганда, суд экспертининг сертификати амал қилишини тўхтатиб туради ва иш жойига хабар беради. 8-босқич Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари Суд экспертларининг аттестациядан ўтгани тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. Доимий асосда (ташкилотлар ҳар йили 1 июнга қадар маълумот тақдим этади) 9-босқич Адлия вазирлиги Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг ҳисобини юритади, уларнинг аттестациядан ўтгани тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган марказлаштирилган маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади. Доимий асосда

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

НАМУНА ‎‎_______________________________________________________________________ (Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti nomi) ‎Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotining sud ekspertini attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisida GUVOHNOMA ‎ ‎ ‎ ________ № ____________‎ ‎ ‎ (seriyasi) ______________________________________________________________________ga (familiyasi, ismi, otasining ismi) Ekspert-malaka komissiyasining 20___-yil “___” ___________dagi qarori ‎‎_______________________________________________________________________ (Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti nomi) asosida ___________________________________________________ mutaxassisligi (ekspert mutaxassisligi nomi) ‎ boʻyicha ___________________________________ ekspertizasini oʻtkazish boʻyicha (sud ekspertizasi turi)‎ nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud eksperti sifatida attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisida berildi. ‎ Komissiya raisi‎ ‎‎‎_______________________________________________ ‎ (imzo, familiyasi, ismi, otasining ismi) Komissiya kotibi‎ ‎‎‎_______________________________________________ ‎ (imzo, familiyasi, ismi, otasining ismi) M.Oʻ.‎ ‎ ‎

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 8 сентябрь,

474-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.09.2026 й., 09/26/474/0905-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sud-ekspertlik faoliyatini yanada takomillashtirish va sohaga zamonaviy texnologiyalarni keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 8-sentabrdagi PQ-270-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sud-ekspertlik faoliyatini yanada takomillashtirish va sohaga zamonaviy texnologiyalarni keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 8-sentabrdagi PQ-270-son qaroriga muvofiq nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari ekspertlarining kasbiy malakasini aniqlash hamda ularning muntazam ravishda bilim va koʻnikmalarini oshirib borishni taʼminlash maqsadida ularni har uch yilda bir marotaba attestatsiyadan oʻtkazish mexanizmini joriy qilish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazishni tashkil etish;

attestatsiyadan oʻtkazish uchun taqdim etiladigan hujjatlarini koʻrib chiqish;

attestatsiyadan oʻtkazish natijalari boʻyicha yakuniy qarorlar qabul qilish;

nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining attestatsiyadan oʻtgan sud ekspertiga attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomalarni berish hamda ularni qayta rasmiylashtirish;

nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazishga doir maʼlumotlar bazasini shakllantirish va yuritish.

3. Adliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri A.J. Tashkulov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 8-sentabrdagi 474-son qaroriga ILOVA

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari, shu jumladan sud-ekspertlik byurolarida faoliyat yuritayotgan sud ekspertlarini davriy attestatsiyadan oʻtkazish, ularning qonunchilik hujjatlarida belgilangan malaka talablariga muvofiqligini aniqlash, davriy attestatsiya natijalariga koʻra qaror qabul qilish va qayta attestatsiyadan oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma — sud ekspertining attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtganligini tasdiqlovchi hujjat;

davriy attestatsiya (keyingi oʻrinlarda — attestatsiya) — nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari sud ekspertlarining kasbiy malakasini aniqlash hamda ularning muntazam ravishda bilim va koʻnikmalarini oshirib borishni taʼminlash maqsadida test sinovlari hamda suhbat shaklida oʻtkaziladigan baholash jarayoni;

nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti — shartnoma asosida fuqarolik, iqtisodiy, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud ekspertizasini hamda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari yuzasidan tadqiqotlar oʻtkazishga ixtisoslashtirilgan notijorat tashkilot;

sud eksperti — nodavlat sud-ekspertiza tashkilotida yoki sud-ekspertlik byurosida faoliyat yurituvchi va maʼlum bir ekspertiza turi yuzasidan sud ekspertizasini oʻtkazuvchi sud eksperti;

sud eksperti sertifikati — muayyan sud ekspertizasi turi boʻyicha nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari sud ekspertining kasbiy layoqatini tasdiqlovchi hujjat;

talabgor — nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisida guvohnomaga ega boʻlmagan yoxud bunday guvohnomasining amal qilish muddati tugayotgan sud eksperti.

3. Sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish ularning oʻz kasbiga munosibligi darajasini xolisona baholash, sud ekspertiga qoʻyiladigan malaka talablariga muvofiqligini aniqlash, shuningdek, ularning zimmasiga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish yuzasidan masʼuliyatini oshirish hamda muntazam ravishda bilim va koʻnikmalarini oshirib borishini taʼminlash maqsadida amalga oshiriladi.

2-bob. Sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazishni tashkil etish

4. Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida tashkil etiladi.

5. Sud ekspertlari sifatida oʻz yoʻnalishi boʻyicha oliy maʼlumotga ega boʻlgan, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 17-yanvardagi PQ-4125-son qarori bilan tasdiqlangan Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari tomonidan oʻtkazilishiga ruxsat berilgan sud ekspertizalari turlarining roʻyxatida koʻrsatilgan sud-ekspertiza mutaxassisligi boʻyicha qayta tayyorgarlikdan oʻtgan hamda sud eksperti sifatida kasbiy layoqatni tasdiqlovchi sertifikat olgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi har uch yilda bir marotaba attestatsiyadan oʻtishi shart, bundan sud-ekspertlik faoliyatini yigirma yildan ortiq muddatda amalga oshirgan sud ekspertlari mustasno.

Sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Ekspert-malaka komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tomonidan amalga oshiriladi.

Komissiya vakolatlari va uning faoliyatini tashkil etish qonunchilik hujjatlarida belgilanadi.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlarini boshqa tashkilotlar yoki kollegial organlar tomonidan attestatsiyadan oʻtkazish taqiqlanadi.

6. Sud eksperti sifatida lavozimga qabul qilingan shaxslar ishga qabul qilingan kundan boshlab kelgusida bir yoki bir nechta tashkilotlarda faoliyat yuritishidan qatʼi nazar, umumiy sud-ekspertlik faoliyatini yuritganiga uch yil muddat toʻlishidan ikki oy oldin attestatsiyadan oʻtkazilishi kerak.

Quyidagilar attestatsiyadan oʻtkazilmaydi:

sud-ekspertlik faoliyatini yigirma yildan ortiq muddat amalga oshirgan sud ekspertlari;

ijtimoiy taʼtildagi homilador ayollar, shuningdek uch yoshgacha bolasi bor ayol yoki uch yoshgacha boʻlgan bolani yolgʻiz tarbiyalayotgan ota (vasiy) hamda oʻn olti yoshga toʻlmagan nogironligi boʻlgan bolani yolgʻiz tarbiyalayotgan ota-ona (ularning oʻrnini bosuvchi shaxs) (ushbu toifadagi xodimlar mazkur imtiyozli davr tugagandan soʻng olti oydan keyin attestatsiyadan oʻtkaziladi);

bir oydan ortiq vaqt davomida davolanayotgan yoki harbiy xizmatni oʻtayotgan xodimlar (ushbu toifadagi xodimlar xizmat vazifalarini bajarishga kirishganidan soʻng olti oydan keyin attestatsiyadan oʻtkaziladi);

xizmat tekshiruvi oʻtkazilayotgan yoki bir oygacha boʻlgan muddatda mehnatga layoqatsizlik davrida boʻlgan xodimlar (ushbu toifadagi xodimlar xizmat tekshiruvi yoki vaqtincha mehnatga layoqatsizlik davri tugaganidan keyin attestatsiyadan umumiy tartibda oʻtkaziladi).

7. Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari ushbu Nizomga 1-ilovada nazarda tutilgan tegishli muddatlar yoki sud ekspertlarining attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomasining amal qilish muddati tugashidan ikki oy oldin, ushbu Nizomda belgilangan tartibda Komissiyaga murojaat qiladi.

3-bob. Sud ekspertlarining hujjatlarini koʻrib chiqish tartibi

8. Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish uchun zarur hujjatlarni yozma yoki elektron shaklda Komissiyaga mazkur Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxemada belgilangan muddatlarda taqdim etadi.

9. Sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish toʻgʻrisidagi murojaati kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida koʻrib chiqiladi.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari tomonidan attestatsiyadan oʻtkazish uchun yuborilgan sud ekspertlari malaka oshirish kurslarida muayyan sud-ekspertlik faoliyati boʻyicha malakasini, shuningdek huquqiy bilimlarini oshirib borgani toʻgʻrisida belgilangan namunadagi sertifikat olgan boʻlishi shart.

10. Sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish uchun quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

sud eksperti sifatida kasbiy layoqatni tasdiqlovchi sertifikat;

sud ekspertlari malaka oshirish kurslarida muayyan sud-ekspertlik faoliyati boʻyicha malakasini, shuningdek huquqiy bilimlarini oshirib borgani toʻgʻrisidagi sertifikat;

sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtgani toʻgʻrisidagi guvohnoma (birinchi marotaba attestatsiyadan oʻtayotganlar bundan mustasno);

sud eksperti sifatida lavozimga qabul qilingani toʻgʻrisidagi buyruqning koʻchirmasi .

Komissiya davlat organlari axborot tizimlarida mavjud hujjat va maʼlumotlarni talabgordan talab qilishga haqli emas hamda ularni idoralararo elektron hamkorlik orqali mustaqil oladi.

11. Quyidagilar sud ekspertini attestatsiyaga qoʻyishni rad etish uchun asos hisoblanadi:

sud ekspertlari malaka oshirish kurslarida muayyan sud-ekspertlik faoliyati boʻyicha malakasini, shuningdek huquqiy bilimlarini oshirgani toʻgʻrisidagi sertifikatga ega boʻlmaganda;

mazkur Nizomning 10-bandida nazarda tutilgan hujjatlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq rasmiylashtirilmagan holda taqdim etilganda yoki hujjatlarni toʻliq hajmda taqdim etilmaganda;

taqdim etilgan hujjatlarda ishonchsiz yoki notoʻgʻri maʼlumotlar mavjud boʻlganida.

Attestatsiyadan oʻtishga qoʻyish boshqa asoslar boʻyicha rad etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Komissiya tomonidan attestatsiyaga qoʻyishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi va nodavlat sud-ekspertiza tashkilotiga tegishli bildirishnoma yuboriladi.

12. Attestatsiyadan oʻtishga qoʻyishning rad etilishiga asos boʻlgan kamchiliklar bir oy muddatda bartaraf etilgan taqdirda, sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish toʻgʻrisidagi xat takroran koʻrib chiqish uchun yuboriladi. Bunda avval taqdim etilgan va oʻzgarmagan hujjatlarni qayta taqdim etish talab qilinmaydi.

13. Attestatsiyadan oʻtishga qoʻyishning rad etilishi uchun asos boʻlmagan taqdirda, talabgor nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari murojaati kelib tushgan kundan boshlab ikki oy muddatda attestatsiyadan oʻtkazilishi kerak.

4-bob. Attestatsiyani oʻtkazish tartibi

14. Attestatsiyani oʻtkazish joyi va vaqti toʻgʻrisida talabgorning ish joyi boʻyicha nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlariga hamda talabgorning shaxsiy kabineti/elektron manziliga attestatsiya oʻtkaziladigan sanadan kamida oʻn kun oldin bildirishnoma yuboriladi.

15. Hujjatlari attestatsiyadan oʻtishga taqdim etilgan hamda attestatsiyaga uzrli sabablarga koʻra kelmagan talabgorlar Komissiyaning keyingi navbatdagi majlisida attestatsiyadan oʻtkaziladi.

Attestatsiyaga uzrsiz sabablarga koʻra kelmagan talabgorlar boʻyicha ular ishlayotgan nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari rahbarlariga bildirishnoma yuboriladi. Attestatsiyaga uzrsiz sabab bilan takroran kelinmagan taqdirda, Komissiya taqdim etilgan hujjatlar (materiallar) asosida talabgorni attestatsiyadan oʻtmagan deb hisoblash va unga attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisida guvohnoma berishni rad etish haqida qaror chiqarishga haqli.

16. Komissiya uning uchdan ikki qismi aʼzolari hozir boʻlganda, vakolatli hisoblanadi.

Komissiya aʼzosi boʻlgan nodavlat sud eksperti yoki uning xodimi yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish masalasi koʻrib chiqilayotgan hollarda, ular Komissiya majlisida qatnashishga haqli emas.

Talabgor ishlaydigan nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining vakili Komissiya majlisida maslahat ovozi bilan qatnashishi mumkin. Attestatsiya tugagandan keyin vakilning fikr-mulohazasi eshitiladi.

17. Komissiya majlisi Komissiya aʼzolarini talabgorlarning hujjatlari bilan tanishtirishdan boshlanadi.

18. Attestatsiya Komissiya tomonidan umumiy huquqiy bilimlar va sud-ekspertlik faoliyati boʻyicha maxsus bilimlar yuzasidan ikki bosqichda — test sinovlari hamda suhbat shaklida tashkil etiladi.

Komissiyaning attestatsiyani oʻtkazish boʻyicha yigʻilishlari rasmiy veb-sahifalarda real vaqt rejimida translyatsiya qilinadi.

19. Komissiyaning bitta majlisida bir nechta talabgorlar uchun attestatsiya oʻtkazilganda talabgorlar attestatsiyaga, qoida tariqasida, besh nafargacha talabgordan iborat guruh shakllantirilib, navbat boʻyicha kiritiladi.

Talabgor attestatsiyaga shaxsini tasdiqlovchi hujjat asosida yoki zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda elektron identifikatsiyadan oʻtkazilib, uning shaxsiga oid maʼlumotlari tasdiqlangandan soʻng kiritiladi.

20. Test va suhbat savollari Komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi, shuningdek, qonunchilik hujjatlariga kiritiladigan oʻzgartirish va qoʻshimchalarni hisobga olgan holda, muntazam ravishda yangilab boriladi.

21. Test va suhbat savollari talabgor tomonidan axborot texnologiyalaridan foydalangan holda, maxsus elektron dastur orqali tasodifiy ravishda tanlanadi.

Talabgor tomonidan tasodifiy ravishda tanlangan savollar Komissiya masʼul kotibi tomonidan talabgorga taqdim qilinadi.

22. Test savollari beshta huquqiy hamda oʻn beshta sud-ekspertlik faoliyatiga oid savollardan iborat boʻladi.

Suhbat savollari bitta huquqiy, uchta sud-ekspertlik faoliyatiga oid savollar hamda bitta muammoli vaziyat (kazus)lardan tashkil topadi.

23. Talabgorlarga test savollarini yechish uchun yigirma daqiqa hamda suhbat savollariga javob berishga tayyorgarlik koʻrishlari uchun oʻn besh daqiqa vaqt beriladi.

24. Attestatsiyani oʻtkazish jarayonida talabgorlarga quyidagilar taqiqlanadi:

aloqa va telekommunikatsiya vositalari (telefon, kompyuter, planshet va boshqalar), kitob hamda shpargalkalardan foydalanish;

boshqa talabgorlar bilan suhbatlashish;

attestatsiya tugamasdan attestatsiya oʻtkazilayotgan xonadan tashqariga chiqish.

Talabgorning mazkur qoidalarga amal qilmasligi uni attestatsiyada qatnashishdan chetlashtirish uchun asos boʻladi. Ushbu holatda Komissiya kotibi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan shakldagi dalolatnoma rasmiylashtiriladi va Komissiya aʼzolarining kamida uch nafari tomonidan imzolanadi.

Attestatsiyada qatnashishdan chetlashtirilgan talabgor ikki oy davomida attestatsiyaga qoʻyilmaydi.

25. Tayyorgarlik koʻrish uchun berilgan vaqt tugagandan soʻng talabgor test javoblarini taqdim qilgan holda, Komissiyaga suhbat savollari boʻyicha javob beradi. Komissiya aʼzolari ayrim javoblarni aniqlashtirish maqsadida suhbat savollari doirasida qoʻshimcha savollar berishi mumkin.

Talabgor savollarga javob berib boʻlganidan soʻng uning xonadan chiqishiga ruxsat beriladi.

26. Test savollarining har bir toʻgʻri javobi ikki ballik tizimda baholanadi.

27. Attestatsiya natijalarini aniqlash uchun Komissiyaning har bir aʼzosi boshqa aʼzolardan mustaqil holda, qonunchilik hujjatlarida belgilangan shaklda baholash byulletenida talabgorning savollarga bergan javobini 10 ballik hamda kazus javoblarini 20 ballik tizimda baholaydi.

Bunda Komissiyaning har bir aʼzosi talabgorni berilgan savollarga toʻliq va aniq javob berishi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq tizimli bilimlarga ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida mustaqil foydalanish qobiliyatiga koʻra baholaydi.

28. Baholash byulletenida ballarni hamda test natijalarini hisoblab chiqish uchun Komissiya aʼzolari orasidan besh kishidan iborat hisoblash guruhi tuziladi.

Hisoblash guruhi tomonidan baholash byulletenlaridagi ballar hisoblab chiqiladi. Hisoblash natijalari qonunchilik hujjatlarida belgilangan shakldagi yigʻma baholash byulleteniga kiritiladi va Komissiya aʼzolariga eʼlon qilinadi.

29. Attestatsiya natijalariga koʻra 55 va undan yuqori ball toʻplagan talabgor attestatsiyani muvaffaqiyatli topshirgan deb topiladi.

30. Komissiya talabgorning bilimlari va koʻnikmalarini hisobga olib:

talabgorni attestatsiyadan oʻtgan deb eʼtirof etish va unga attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomani berish haqida;

talabgorni attestatsiyadan oʻtmagan deb eʼtirof etish va unga attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomani berishni rad etish haqida qaror qabul qiladi.

31. Komissiyaning qarorlari Komissiyaning majlisda hozir boʻlgan aʼzolari tomonidan berilgan ballari natijasi boʻyicha qabul qilinadi.

32. Attestatsiya natijalari ball qoʻyish jarayoni tamom boʻlgandan keyin darhol eʼlon qilinadi.

33. Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining attestatsiyadan oʻtgan sud ekspertiga ikki ish kunida ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakl boʻyicha attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma beriladi.

Guvohnomaning amal qilish muddati — uch yil.

Attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomalar reyestri uning seriya raqami va amal qilish muddati koʻrsatilgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan elektron tizim orqali avtomatik ravishda yuritiladi.

34. Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari sud ekspertlari attestatsiyadan oʻta olmagan taqdirda, nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari mazkur sud ekspertlarini takroriy attestatsiyadan oʻtkazish uchun attestatsiya oʻtkazilgan kundan kamida uch oy oʻtgach, biroq olti oydan kechikmay murojaat qilishi mumkin.

Agar talabgor takroriy attestatsiyadan oʻta olmasa yoki koʻrsatilgan muddatda takroriy attestatsiyadan oʻtish uchun murojaat qilmasa, attestatsiya komissiyasining qarori bilan talabgorning muayyan ekspertiza turi boʻyicha sud eksperti sifatida kasbiy layoqatni tasdiqlovchi sertifikatining amal qilish muddati toʻxtatib turiladi hamda uning ish joyiga bildirishnoma yuboradi.

Bunda talabgor attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtmaguniga qadar ushbu Nizomda belgilangan tartibda va muddatlarda takroriy attestatsiyadan oʻtish uchun attestatsiya komissiyasiga murojaat qilish huquqiga ega.

35. Sud ekspertlarining attestatsiyadan oʻtgani toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishi Komissiya qaroriga koʻra tugatilishi mumkin.

Sud ekspertlari unga berilgan sud ekspertlari attestatsiyadan oʻtishi toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini tugatish masalasini koʻrib chiqishda Komissiya majlisida ishtirok etishi mumkin. Majlis oʻtkaziladigan joy va vaqt toʻgʻrisida sud ekspertlariga majlis oʻtkazilishidan kamida oʻn kun oldin xabar qilinadi.

Guvohnomaning amal qilishini tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilinishidan oldin sud eksperti ish materiallari bilan tanishish, ulardan nusxa olish, yozma va ogʻzaki tushuntirishlar berish, dalillar taqdim etish hamda vakil yordamidan foydalanish huquqiga ega.

Sud ekspertlarining Komissiya majlisida qatnashmasligi sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilishga toʻsqinlik qilmaydi. Qabul qilingan qaror toʻgʻrisida sud ekspertlariga uch kun ichida xabar qilinadi.

36. Komissiyaning qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilinishi mumkin.

Komissiya qarorining ijrosini nazorat qilish Komissiya kotibi tomonidan amalga oshiriladi.

37. Quyidagilar sud ekspertlarining attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini tugatish uchun asos boʻladi:

sud ekspertlari tomonidan oʻz xizmat majburiyatlari bajarilmasligi yoki zarur darajada bajarilmasligi, davlat, yuridik va jismoniy shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga ziyon yetkazilishiga olib kelgan taqdirda;

sud eksperti vafot etganda;

belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topilganda, shuningdek qasddan sodir etgan jinoyatlari uchun sudning hukmi bilan aybdor deb topilganda;

guvohnoma qalbaki hujjatlardan foydalanib olinganligi holati aniqlanganda.

Sud ekspertining xulosasi boshqa ekspert xulosasidan farq qilishi, protsess ishtirokchisi yoki davlat organi uning xulosasiga rozi emasligi oʻz-oʻzidan guvohnomaning amal qilishini tugatish uchun asos hisoblanmaydi.

5-bob. Attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomalarni qayta rasmiylashtirish

38. Attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomani qayta rasmiylashtirish sud ekspertlarining familiyasi, ismi yoki otasining ismi oʻzgargan taqdirda, uning arizasi asosida amalga oshiriladi.

Attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma qayta rasmiylashtirilgunga qadar sud ekspertlari oʻz faoliyatini ilgari berilgan guvohnoma asosida amalga oshiradi.

39. Qayta rasmiylashtirishda attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi yangi guvohnoma beriladi, ushbu guvohnomada oldingi guvohnomada koʻrsatilgan amal qilish muddati qayd etilgan boʻlishi kerak. Attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisida oldin berilgan guvohnoma bekor qilinadi.

40. Attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma qayta rasmiylashtirilishi uchun attestatsiyadan oʻtish talab qilinmaydi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

41. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari sud ekspertlarining yagona hisobini yuritadi.

42. Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari sud ekspertlari hisobga olinishini va ular toʻgʻrisidagi axborotning tizimlashtirilishini tashkil etish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining kadrlar tarkibi, ushbu sud ekspertlari attestatsiyadan oʻtishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladigan sud ekspertlari maʼlumotlari bazasini shakllantiradi va uni markazlashtirilgan tartibda yuritadi.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari har yili 1-iyunga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga sud ekspertlari, shu jumladan nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlaridagi mavjud vakant oʻrinlar toʻgʻrisida axborot taqdim etadi.

Yil davomida sud ekspertlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar oʻzgargan taqdirda (boʻshatish yoki tayinlash va boshqalar), nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari oʻn kun muddatda tegishli axborotni Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga yuboradi.

Ushbu bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan axborotlar, texnik imkoniyatlar mavjud boʻlgan taqdirda, elektron hujjat shaklida taqdim etiladi.

43. Sud ekspertlari maʼlumotlari bazasini shakllantirish va yuritishning tartibi, maʼlumotlar bazasiga kiritish uchun maʼlumotlarni taqdim etish shakli va muddatlari Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan belgilanadi.

44. Sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish uchun haq undirilmaydi.

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti rahbari Sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish uchun tegishli hujjatlarni yozma yoki elektron shaklda Adliya vazirligi huzuridagi Ekspert-malaka komissiyasiga taqdim etadi. Sud-ekspert lavozimiga qabul qilinganiga 3 yil muddat toʻlishidan yoki guvohnoma amal qilish muddati tugashidan 2 oy oldin 2-bosqich Komissiya 1. Taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqadi. 1. Murojaat kelib tushgan kundan boshlab 5 ish kuni ichida 2. Hujjatlar toʻgʻri rasmiylashtirilgan taqdirda, talabgorni attestatsiyadan oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi, attestatsiya oʻtkaziladigan joy va vaqt toʻgʻrisida nodavlat sud-ekspertiza tashkilotiga bildirishnoma yuboradi. 2. Murojaat kelib tushgan kundan 2 oy ichida (bildirishnoma attestatsiya sanasidan kamida oʻn kun oldin yuboriladi) 3. Hujjatlarda kamchiliklar yoki nomuvofiqliklar asosida talabgorni attestatsiyaga qoʻyishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va nodavlat sud-ekspertiza tashkilotiga tegishli bildirishnoma yuboradi. 3. Kamchiliklar bartaraf etilgan taqdirda, xat takroran koʻrib chiqish uchun 1 oy muddatda qayta yuboriladi 3-bosqich Komissiya Talabgorlarni (guruh shaklida) navbat bilan attestatsiyaga kiritadi, shaxsini tasdiqlovchi hujjat yoki elektron identifikatsiya orqali shaxsini aniqlaydi. Komissiya majlisi oʻtkaziladigan kunda 4-bosqich Komissiya 1. Test sinovini oʻtkazadi. 1. Javob berish uchun 20 daqiqa beriladi. 2. Suhbat oʻtkazadi. 2. Tayyorgarlik uchun 15 daqiqa beriladi, soʻngra suhbat oʻtkaziladi 5-bosqich Komissiya 1. Komissiya aʼzolari talabgorni baholaydi. 1. Attestatsiya yakunlanganidan soʻng darhol 2. Attestatsiya natijalari asosida yakuniy qaror qabul qiladi va eʼlon qiladi. 2. Ball qoʻyish jarayoni tugashi bilan darhol 6-bosqich Komissiya, Adliya vazirligi Attestatsiyadan oʻtganlik toʻgʻrisidagi guvohnomani beradi hamda reyestrga kiritadi. 2 ish kun ichida 7-bosqich Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti 1. Attestatsiyadan oʻtmagan sud ekspertini takroriy attestatsiyadan oʻtkazish uchun murojaat qiladi. Attestatsiyadan kamida 3 oy oʻtgach, 6 oydan kechiktirmay Komissiya 2. Takroriy attestatsiyadan oʻtganda yoki belgilangan muddatda murojaat qilmaganda, sud ekspertining sertifikati amal qilishini toʻxtatib turadi va ish joyiga xabar beradi. 8-bosqich Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari Sud ekspertlarining attestatsiyadan oʻtgani toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etadi. Doimiy asosda (tashkilotlar har yili 1-iyunga qadar maʼlumot taqdim etadi) 9-bosqich Adliya vazirligi Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlari sud ekspertlarining hisobini yuritadi, ularning attestatsiyadan oʻtgani toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan markazlashtirilgan maʼlumotlar bazasini shakllantiradi va yuritadi. Doimiy asosda

Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud ekspertlarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

NAMUNA ‎‎_______________________________________________________________________ (Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti nomi) ‎Nodavlat sud-ekspertiza tashkilotining sud ekspertini attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisida GUVOHNOMA ‎ ‎ ‎ ________ № ____________‎ ‎ ‎ (seriyasi) ______________________________________________________________________ga (familiyasi, ismi, otasining ismi) Ekspert-malaka komissiyasining 20___-yil “___” ___________dagi qarori ‎‎_______________________________________________________________________ (Nodavlat sud-ekspertiza tashkiloti nomi) asosida ___________________________________________________ mutaxassisligi (ekspert mutaxassisligi nomi) ‎ boʻyicha ___________________________________ ekspertizasini oʻtkazish boʻyicha (sud ekspertizasi turi)‎ nodavlat sud-ekspertiza tashkilotlarining sud eksperti sifatida attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisida berildi. ‎ Komissiya raisi‎ ‎‎‎_______________________________________________ ‎ (imzo, familiyasi, ismi, otasining ismi) Komissiya kotibi‎ ‎‎‎_______________________________________________ ‎ (imzo, familiyasi, ismi, otasining ismi) M.Oʻ.‎ ‎ ‎

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 8-sentabr,

474-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 09.09.2026-y., 09/26/474/0905-son)

lex.uz