📅 2026-yil 10-sentabr · Prezident farmonlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 10-sentabr · Prezident farmonlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 10 сентябрь · Президент фармонлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 сентября 2026 г. · Указы Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 September 2026 · Presidential decrees
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
РЎЙХАТИ
Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий Қонуни 8-моддасига мувофиқ Тошкент халқаро молия маркази фаолиятига оид биринчи навбатдаги зарур чора-тадбирларни амалга оширишни ташкил этиш мақсадида қарор қиламан:
I. Тошкент халқаро молия марказининг органлари ва мансабдор шахслари фаолиятини йўлга қўйиш
1. Тошкент халқаро молия маркази (кейинги ўринларда — Молия маркази) бошқарувчиси учун давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг миллий даражадаги сиёсий гуруҳи учун белгиланган меҳнат шартлари ва имтиёзлар татбиқ этилсин, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар эса меҳнат шартномасида кўрсатилиши белгилансин.
2. Қуйидагилар Молия маркази бошқарувчисининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
(а) Молия маркази фаолиятини бошлашга тайёрлаш учун зарур бўлган биринчи навбатдаги ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш;
(б) Молия маркази маъмурияти ва Молиявий хизматлар бошқармаси низомлари, уларнинг ташкилий тузилмаси ва мансабдор шахслари номзодлари ҳамда Бош судья номзоди юзасидан таклифларни Молия маркази кенгашига киритиш;
(в) Молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш бўйича давлат органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган зарур чора-тадбирлар бажарилишини мувофиқлаштириш;
(г) Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий Қонунида (кейинги ўринларда — Конституциявий Қонун) Молия маркази бошқарувчиси зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.
3. Қуйидагилар:
(а) Тошкент халқаро молия маркази кенгаши тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
(б) Ўзбекистон Республикаси давлат органлари билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган Тошкент халқаро молия маркази қарорлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;
(в) Тошкент халқаро молия маркази фаолиятининг дастлабки босқичида қабул қилиниши лозим бўлган марказ қарорлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Молия маркази бошқарувчиси ушбу Фармон расмий эълон қилинган кундан эътиборан икки ой ичида Молия маркази кенгашининг биринчи мажлисини ташкил этсин.
5. Молия маркази маъмурияти:
(а) масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу Фармоннинг 2-иловасида белгиланган қарорлар 2026 йил 1 декабрга қадар қабул қилинишини;
(б) ушбу Фармоннинг 3-иловасида белгиланган қарорларнинг ишлаб чиқилиши ва Молия маркази кенгашига киритилишини таъминласин.
6. Рақамли технологиялар вазирлиги Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Молия маркази органларини давлат ахборот тизимларига улаш, шунингдек, улар томонидан бериладиган электрон ҳужжатларни ахборот тизимларида қабул қилиш ва тан олиш тартибини белгиловчи идоравий ҳужжатларни қабул қилсин.
7. Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Молия маркази маъмурияти билан биргаликда уч ой муддатда Молия маркази органлари ва иштирокчилари ходимлари, инвестициявий солиқ резидентлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визаларини расмийлаштириш, Ўзбекистон Республикасига кириш ва ундан чиқиш, шунингдек, соддалаштирилган миграция ҳисобини юритиш тартибини ўрнатишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
II. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
8. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев ҳамда Марказий банк раиси Т.А. Ишметов белгилансин.
9. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-188-сон Фармонига 1-ИЛОВА
Тошкент халқаро молия маркази кенгаши тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий Қонуни (кейинги ўринларда — Конституциявий Қонун) 25-моддасининг еттинчи қисмига мувофиқ, Тошкент халқаро молия маркази кенгашининг (кейинги ўринларда — Кенгаш) ҳуқуқий мақоми, таркиби, ваколатлари ва функцияларини, унинг аъзоларини лавозимга тайинлаш ва уларнинг ваколатларини тугатиш тартибини, мажлислар ўтказиш ва қарорлар қабул қилиш қоидаларини, шунингдек, унинг фаолиятини ташкилий, ахборот, таҳлилий ва бошқа жиҳатдан таъминлаш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қўлланилган атамалар Конституциявий Қонунда белгиланган маъноларда қўлланилади.
3. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига , Конституциявий Қонунга , мазкур Низомга ва Тошкент халқаро молия марказининг (кейинги ўринларда — Молия маркази) қарорларига, шунингдек, тўғридан-тўғри қўлланиладиган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Кенгаш ва унинг аъзолари самарадорлик, шаффофлик, ҳалоллик, профессионаллик, ҳуқуқий аниқлик, тартибга солишни олдиндан кўра билиш, суд мустақиллиги принциплари асосида фаолият юритади.
5. Кенгашда иш юритиш инглиз тилида ташкил этилади, Кенгаш мажлислари заруратга кўра ўзбек тилига таржима қилган ҳолда ўтказилади. Кенгаш кўриб чиқиши учун киритиладиган ҳужжатлар, баённомалар, қарорлар, кўрсатмалар ва Кенгашнинг бошқа ҳужжатлари инглиз тилида расмийлаштирилади. Зарур ҳолларда Кенгаш ҳужжатларининг давлат тили ёки бошқа тиллардаги таржималари тайёрланиши мумкин.
2-боб. Кенгашнинг ҳуқуқий мақоми ва вазифаси
6. Кенгаш Молия марказининг олий бошқарув органи ҳисобланади. Кенгаш доимий фаолият юритувчи коллегиал орган бўлиб, камида беш нафар аъзодан иборат бўлади.
7. Кенгаш Молия марказининг умумий стратегияси, йўналиши ва бошқарувини белгилаш ҳамда Конституциявий Қонунда белгиланган Молия марказининг мақсадлари, вазифалари ва принциплари амалга оширилишини таъминлаш учун масъулдир.
8. Кенгаш ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда мустақил фаолият юритади. Давлат органи, мансабдор шахс, Молия марказининг иштирокчиси ёки бошқа шахс Кенгаш фаолиятига аралашиши мумкин эмас, бундан Конституциявий Қонунда бевосита назарда тутилган ҳоллар мустасно.
9. Кенгаш ўз ваколатларини Молия марказининг бошқа органлари мустақиллиги ва лозим даражада фаолият юритишини таъминлаган ҳолда амалга оширади. Кенгашнинг ҳеч бир қарори, буйруғи, кўрсатмаси Молиявий хизматлар бошқармасининг лицензиялаш, тартибга солиш, назорат, текширув, ҳуқуқни қўллаш ва кундалик тартибга солиш фаолиятидаги операцион мустақиллигига ёки Тошкент халқаро тижорат судининг одил судловни амалга оширишдаги суд мустақиллигига зарар етказмаслиги керак.
10. Кенгаш индивидуал тартибда лицензиялаш, назорат, ҳуқуқни қўллаш, текширув ёки суд масалалари бўйича қарор қабул қилмайди, бундан Конституциявий Қонун , мазкур Низом ёки Молия марказининг қарори билан Кенгашга муайян ваколат бевосита берилган ҳоллар мустасно.
11. Ўзбекистон Республикаси Кенгашнинг қарзлари, мажбуриятлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги учун жавобгар бўлмайди, Кенгаш эса Молия марказининг иштирокчилари ёки бошқа ҳар қандай шахснинг қарзлари, мажбуриятлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги учун жавобгар бўлмайди, бундан қўлланиладиган қонунчиликда жавобгарлик бевосита назарда тутилган ҳоллар мустасно.
3-боб. Кенгашнинг функциялари ва ваколатлари
12. Кенгаш Молия марказини бошқариш, стратегик ривожлантириш, институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, самарали фаолият юритишини ва халқаро майдондаги мавқеини таъминлаш учун зарур умумий ваколатларга эга.
13. Кенгаш Молия марказини ривожлантиришнинг умумий йўналиши ва стратегиясини белгилайди, ўрта муддатли ва йиллик стратегик режаларни, асосий самарадорлик кўрсаткичларини, уларни амалга ошириш «йўл харита»ларини ҳамда муайян секторлар, фаолият турлари, хизматлар, институтлар, ҳуқуқий режимлар ёки тартибга солиш асосларини ишга тушириш бўйича режа-жадвалларни тасдиқлайди.
14. Кенгаш Молия маркази ва Молия маркази органларининг йиллик бюджетларини, жамланма бюджетларини, аудиторлик хулосаларини, йиллик фаолият ҳисоботларини, аудитдан ўтказилган молиявий ҳисоботларини ва бошқа ҳисоботларини тасдиқлайди.
15. Агар тегишли ваколат Молия марказининг бошқа органига бевосита берилмаган бўлса, Кенгаш тегишли масала юзасидан Молия марказининг қарорларини қабул қилади.
16. Кенгаш Молия марказининг ҳуқуқий ва институционал асосларини, шу жумладан, Молия маркази қарорларини ишлаб чиқиш ва эълон қилиш, жамоатчилик муҳокамалари ўтказиш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш тўғрисидаги қарорларни, Англия ва Уэльс ҳуқуқини қўллашга оид қарорларни, Молия маркази қарорларининг расмий реестри, иш юритув тилига оид қоидалар, бошқарув стандартлари ва умумий институционал мувофиқлаштириш масалаларига оид қарорларни тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади.
17. Кенгаш шахсларни Молия марказининг иштирокчилари деб эътироф этиш, юридик шахсларни таъсис этиш, рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари, тартибга солинмайдиган ва қўшимча фаолият турларини ташкил этиш ва амалга ошириш, шунингдек, Молия маркази доирасида бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва корпоратив бошқарувнинг умумий асосларига оид Молия марказининг қарорларини Молиявий хизматлар бошқармасининг тартибга солиш ваколатларига дахл қилмаган ҳолда қабул қилади, тасдиқлайди ёки мувофиқлаштиради.
18. Кенгаш Молия марказига бўйсунувчи ёки у билан боғлиқ тузилмалар, институтлар, қўмиталар, комиссиялар, ишчи гуруҳлар, ваколатхоналар ва бошқа органларни ташкил этади, уларнинг ташкилий шакли, ваколатлари, функциялари, ҳисобдорлиги ҳамда уларни қайта ташкил этиш ёки фаолиятини тугатиш тартибини белгилайди.
19. Кенгаш инвесторларни жалб этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Молия марказини тарғиб қилиш ва Молия маркази органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Молия марказининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида ваколатхоналарини ташкил этиши мумкин.
20. Кенгаш Молия марказининг бошқарув асосларини, Молия маркази маъмурияти тўғрисидаги низом, Молиявий хизматлар бошқармаси тўғрисидаги низом, шунингдек, бошқа органлар ёки институтларнинг ички ҳужжатларини тасдиқлайди.
21. Агар тегишли масалалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки бошқа орган ваколатига киритилмаган бўлса, Кенгаш Молия маркази органларининг юқори лавозимли мансабдор шахсларини лавозимга тайинлаш, уларга ҳақ тўлаш, лавозимидан озод этиш ва ҳисобдорлиги ҳақидаги қарорларни тасдиқлаши мумкин. Лавозимга тайинлаш ёки лавозимдан озод этиш бошқа орган ваколатига киритилган ҳолларда, Кенгаш номзодлар юзасидан тавсиялар бериши, фикр билдириши ёки улар учун касбий ва мустақиллик мезонларини белгилаши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Президент Администрацияси Раҳбари томонидан лавозимга тайинланган давлат фуқаролик хизматчилари Кенгаш аъзоси ёки Молия маркази органи раҳбари сифатида фаолият юритиш ҳуқуқи эга ҳисобланади.
22. Кенгаш Молия маркази бошқарувчисининг (кейинги ўринларда — Бошқарувчи) асослантирилган тавсиясига кўра Молиявий хизматлар бошқармаси кенгаши раиси ва аъзоларини тайинлаш, қайта тайинлаш, уларнинг фаолият шартларини белгилаш, ваколатларини тўхтатиб туриш ёки тугатиш бўйича қарорларни қабул қилади.
23. Кенгаш Молия марказида қўлланиладиган йиғимлар, тўловлар, жарималар, маъмурий санкциялар ва бошқа тўловларни тасдиқлайди ёки улар ваколатли Молия маркази органлари томонидан тасдиқланишини таъминлайди. Бунда Конституциявий Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ Молиявий хизматлар бошқармасининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш ваколатларига дахл қилинмайди.
24. Кенгаш Молия марказининг махсус ҳуқуқий режими доирасида берилган солиқ, божхона, виза, меҳнатга оид ёки бошқа имтиёзларни камайтириши, чеклаши ёки уларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган таклифларни кўриб чиқади ҳамда Кенгаш розилиги талаб этилган ҳолларда розилик бериши ёки розилик беришни рад этиши мумкин. Кенгаш Конституциявий Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ Молия маркази маъмурияти томонидан тақдим этиладиган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларини даврий қайта кўриб чиқиш ҳақидаги ҳисоботларни кўриб чиқади.
25. Кенгаш Тошкент халқаро тижорат судининг Бош судьяси лавозимига тайинлаш учун номзод юзасидан таклифни Ўзбекистон Республикаси Президентига киритади, Бош судья томонидан киритилган таклиф асосида Тошкент халқаро тижорат суди судьяларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва бошқа хизмат шартларини қарор билан белгилайди, шунингдек, бундай ваколатлар Кенгашга берилган ҳолларда суд мустақиллигини сақлаган ҳолда бошқа юқори лавозимларга номзодларни кўрсатади ёки тавсия қилади. Бошқарувчи Кенгашга кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Президентига таклиф этиш учун Тошкент халқаро тижорат судининг Бош судьяси лавозимига номзодларни тавсия қилади.
26. Кенгаш Молия марказини барқарор ривожлантириш, унинг органлари ва институтларини молиялаштириш, узоқ муддатли активларни харид қилиш, салоҳиятни ошириш, халқаро миқёсда тарғиб қилиш, рақамли трансформация ва Молия маркази мақсадларига мувофиқ бошқа мақсадлар учун жамғармалар, захиралар ёки бошқа молиявий механизмларни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлайди.
27. Кенгаш Молия маркази ва Молия маркази органларининг жамланма йиллик молиявий ҳисоботларини аудитдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасида ва халқаро миқёсда тан олинган касбий малакага эга бўлган бир ёки бир нечта мустақил аудиторни тайинлайди, уларни жалб қилиш шартларини белгилайди ва уларнинг ҳисоботларини кўриб чиқади.
28. Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан келишган ҳолда Молия маркази органлари фаолияти учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назорат тартибини белгилайди.
29. Кенгаш Молия марказининг етакчи халқаро молия маркази сифатида эътироф этилишини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг илғор, самарали, шаффоф ва ишончли халқаро молиявий юрисдикция сифатида тарғиб қилинишини рағбатлантиради.
30. Кенгаш Молия маркази органларига институционал мувофиқлаштириш, маъмуриятчилик, стратегик ва идоралараро ҳамкорлик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи ва сиёсий кўрсатмалар бериши мумкин, бунда бундай кўрсатмалар индивидуал тартибга солиш, назорат, ҳуқуқни қўллаш ёки суд қарорларини қабул қилишга таъсир қилмайди.
31. Кенгаш Молия марказининг мақсадларига мувофиқ бўлган ҳамда Конституциявий Қонунга , мазкур Низомга ёки қўлланиладиган қонунчиликка зид бўлмаган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
4-боб. Кенгаш таркиби
32. Кенгаш Раис ва Кенгашнинг бошқа аъзоларидан иборат бўлиб, аъзоларнинг умумий сони беш нафардан кам бўлмаслиги керак.
33. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига кўра Кенгаш раиси ҳисобланади.
34. Кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
35. Кенгаш аъзоларининг камида учдан бири Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тизимида илгари ёки ҳозирги пайтда ҳеч қандай лавозимни эгалламаган, халқаро молия, тижорат ҳуқуқи соҳасидаги мутахассислардан иборат бўлиши керак. Молия маркази кенгашининг раисидан ташқари Молия маркази кенгашининг аъзолари қайта тайинланиш ҳуқуқи билан беш йил муддатга тайинланади. Мазкур тартибда тайинланган Молия маркази кенгаши аъзосининг ваколатлари беш йиллик муддат тугагунига қадар фақат асослар мавжуд бўлганда Молия маркази кенгаши аъзолари кўпчилигининг ёзма қарори билан тугатилиши мумкин, бунда ушбу қарорнинг сабаблари Ўзбекистон Республикаси Президентига ёзма равишда тақдим этилади. Кенгаш аъзолигига номзодларни аниқлашда касбий обрў-эътибор, ҳалоллик, малака ҳамда халқаро молия, капитал бозорлари, молиявий тартибга солиш, банк иши, суғурта, рақамли активлар, финтех, тижорат ҳуқуқи, низоларни ҳал этиш, корпоратив бошқарув, давлат бошқаруви, инфратузилма, технологиялар ёки инвестицияларни тарғиб қилиш соҳасидаги тажриба инобатга олинади.
36. Кенгаш аъзолиги шахсан амалга ошириладиган лавозим ҳисобланади. Кенгаш аъзоси ўз аъзолигини, мажлисда иштирок этишини ёки овоз бериш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиши мумкин эмас.
5-боб. Кенгаш раиси ваколатлари
37. Раис Кенгашга умумий раҳбарлик қилади, мажлисларни чақиради ва уларга раислик қилади, кун тартибини тасдиқлайди, ўзи раислик қилган мажлисларнинг қарорларини имзолайди, Кенгашнинг стратегик йўналишини таъминлайди ҳамда раисга берилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
38. Кенгаш мажлисида овозлар тенг бўлган тақдирда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
39. Раис Кенгаш мажлисида иштирок этмаган тақдирда, мажлисга Бошқарувчи раислик қилади. Бошқарувчи раислик қилганда Кенгаш раисининг процессуал ваколатларини амалга оширади, бироқ овозлар тенг бўлган тақдирда ҳал қилувчи овозга эга бўлмайди ва бунда масала қабул қилинмаган деб ҳисобланади.
6-боб. Кенгашга аъзоликни тугатиш
40. Кенгаш аъзосини лавозимидан муддатидан олдин озод этиш учун асослар жумласига унинг мажбуриятларни жиддий бузиши, аъзоликни давом эттиришга мос келмайдиган хатти-ҳаракатлар содир этиши, қасддан ҳуқуққа хилоф ҳаракат қилиши, қўпол эҳтиётсизликка йўл қўйиши, конфиденциаллик ёки манфаатлар тўқнашувига оид талабларни жиддий бузиши, жиноят содир этганлик учун судланганлик ҳақидаги ҳукмнинг қонуний кучга кириши, мустақил аъзо учун белгиланган мустақиллик мақомини йўқотиши, ўз функцияларини узоқ муддат давомида бажара олмаслиги ёки унинг Молия маркази манфаатларини кўзлаб фаолият юритишига жиддий тўсқинлик қиладиган бошқа ҳолатлар киради.
41. Кенгаш аъзосининг ваколатлари, агар аъзо қайта тайинланмаган бўлса, тайинлаш муддати тугаганда, раисга ёзма равишда истеъфо аризаси тақдим этилганда, асослар бўлганда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимдан озод этилганда, вафот этганда ёки қўлланиладиган қонунчиликда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилинганда ҳам тугатилади.
42. Бошқарувчининг Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан лавозимидан озод этилиши, агар фармонда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, унинг Кенгаш аъзоси сифатидаги ваколатлари ҳам бир вақтнинг ўзида тугатилишига олиб келади.
43. Агар қолган аъзолар сони белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаса, Кенгашнинг айрим аъзолари ваколатларининг тугатилиши Кенгаш фаолиятини тўхтатишга олиб келмайди. Аъзолар сони беш нафардан камайганда, янги аъзоларни тайинлаш чоралари кечиктирилмасдан амалга оширилади.
44. Аъзолар сони беш нафардан камайган ҳолларда янги аъзолар тайинлангунга қадар Кенгаш муҳим аҳамиятга эга Молия маркази қарорларини қабул қилмайди, бундан Молия маркази манфаатлари, ишчанлик обрўси, фаолиятининг барқарорлиги, бозор яхлитлиги ёки ҳуқуқий аниқликни таъминлаш учун кечиктириб бўлмайдиган қарор қабул қилиш зарур бўлган ҳоллар мустасно.
7-боб. Молия марказининг бошқарувчиси — Бош котиб
45. Бошқарувчи Кенгашнинг Бош котиби сифатида фаолият юритадиган Кенгаш аъзоси ҳисобланади. Бошқарувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
46. Бошқарувчи Кенгаш мажлисларини тайёрлашни ташкил этади, кун тартиби лойиҳаларини шакллантиради, иш ҳужжатлари ўз вақтида юборилишини таъминлайди, раис қатнашмаган мажлисларга раислик қилади, Кенгаш қарорлари, буйруқлари ва кўрсатмалари ижросини мувофиқлаштиради ҳамда ижро бўйича Кенгашга ҳисобот беради.
47. Бошқарувчи Молия марказининг стратегияси, умумий сиёсатлари, режалари, ташкилий тузилмаси лойиҳаси ва ижро ҳисоботларини Кенгаш тасдиғига киритади, бундай ҳужжатлар бошқа ваколатли орган томонидан киритиладиган ҳоллар бундан мустасно.
48. Бошқарувчи Молия маркази органлари фаолиятини мувофиқлаштиришда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат органлари билан Молия маркази органлари ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этишда иштирок этади. Бошқарувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқаридаги давлат органлари, халқаро ташкилотлар, тартибга солувчи органлар, молия марказлари, инвесторлар, тараққиёт институтлари ва бошқа ташкилотлар билан муносабатларда Молия маркази номидан вакиллик қилади.
49. Бошқарувчи Молиявий хизматлар бошқармаси ижрочи директорини лавозимга тайинлаш, қайта тайинлаш, ваколатларини тўхтатиб туриш ёки лавозимдан озод этиш бўйича Молиявий хизматлар бошқармаси кенгашига асослантирилган тавсиялар киритади. Бошқарувчи Молиявий хизматлар бошқармаси кенгаши биринчи марта шакллангунга қадар ёки унинг мажлиси ўтказилгунга қадар Молиявий хизматлар бошқармаси ижрочи директорини 12 ойдан кўп бўлмаган муддатга лавозимга тайинлайди.
50. Бошқарувчи Молиявий хизматлар бошқармаси ижрочи директорининг ўринбосарларини лавозимига тайинлаш, қайта тайинлаш, ваколатларини тўхтатиб туриш ёки тугатиш юзасидан қарорлар қабул қилади.
51. Бошқарувчи Молия маркази маъмуриятининг ижрочи директорини лавозимга тайинлайди, қайта тайинлайди ва лавозимидан озод қилади.
52. Бошқарувчи зарур ҳолларда Молия маркази органлари билан келишган ҳолда, Молия маркази манфаатларидан келиб чиқиб, Кенгаш томонидан белгиланган ваколатлар доирасида учинчи шахслар билан шартномалар, битимлар ва ўзаро англашув меморандумларини тузишга ҳақли.
53. Бошқарувчи қўмиталар ва ишчи гуруҳлар тузиш, экспертлар ва мутахассисларни жалб этиш, Молия маркази органлари ҳамда тегишли давлат органларидан ахборот, мувофиқлаштириш ва маъмурий кўмак сўраш, шунингдек, Кенгашнинг тегишли қарорлари билан ўзига юклатилган бошқа вазифаларни бажаришга ҳақли.
54. Бошқарувчи ўз функцияларини бажариши учун зарур ташкилий, маслаҳат ва техник кўмакдан фойдаланади, бундай кўмак Молия маркази маъмурияти томонидан, тегишли ҳолларда эса Молия марказининг бошқа органлари томонидан кўрсатилади.
8-боб. Кенгаш аъзоларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва одоб-ахлоқ қоидалари
55. Кенгаш аъзоси мажлисларда овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этиш, кун тартибига масалалар киритишни таклиф қилиш, кўриб чиқиш учун тақдим этилган иш ҳужжатларини олиш, Молия марказининг органларидан қўшимча маълумот, тушунтиришлар ва эксперт баҳоларини сўраш, баённомада қайд этиладиган ёки унга илова қилинадиган алоҳида фикр билдириш ҳамда мазкур Низом ва Молия маркази қарорларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларни амалга ошириши мумкин.
56. Кенгаш аъзоси ўз вазифаларини виждонан, оқиллик, касбий маҳорат ва масъулият билан бажариши, фақат Молия маркази манфаатлари ва унинг мақсадларига эришишни кўзлаши, Кенгаш ишида шахсан (масофавий) ва мунтазам иштирок этиши, мажлисларга пухта тайёргарлик кўриши, Конституциявий Қонун , ушбу Низом, Молия маркази қарорлари ва қўлланиладиган одоб-ахлоқ кодекси талабларига риоя қилиши, конфиденциал ахборотни сақлаши ҳамда Молия марказининг ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.
57. Кенгаш аъзоси манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги шарт. Аъзо тегишли масала кўриб чиқилишидан олдин Кенгаш кўриб чиқиши учун киритилган масала бўйича ўзининг ҳар қандай бевосита ёки билвосита шахсий, молиявий ёки касбий манфаати мавжудлиги ҳақида Кенгашга маълум қилиши шарт.
58. Манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган Кенгаш аъзоси тегишли масалани муҳокама қилишда ва у бўйича овоз беришда иштирок этмайди. Бироқ Кенгаш ошкор этилган ҳолатни кўриб чиқиб, манфаатлар тўқнашувини аҳамиятсиз деб топса ёки у қарорнинг холис қабул қилинишига таъсир кўрсатмайди деб ҳисобласа, бундай аъзонинг муҳокама ва овоз беришда иштирок этишига рухсат бериши мумкин. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумот ва Кенгашнинг бу ҳақидаги қарори баённомада қайд этилади.
59. Кенгаш ўз аъзолари ва қўмиталари аъзолари, шунингдек, Молия маркази органлари ходимлари учун одоб-ахлоқ кодексини, шунингдек, манфаатлар тўқнашувини тартибга солувчи батафсил қоидаларни қабул қилади.
60. Кенгашнинг ҳар бир аъзоси конфиденциал деб белгиланган ёки ўз функцияларини бажариши муносабати билан унга ошкор этилган ёхуд у томонидан олинган барча ахборотни сир сақлаши шарт. Бундай ахборот учинчи шахсларга, шу жумладан, давлат органлари ва ижро этувчи ҳокимият органларига ошкор этилмайди, бундан ошкор қилиш қўлланиладиган қонунчилик билан рухсат этилган ёки талаб қилинган, Тошкент халқаро тижорат судининг қарори билан белгиланган, маълумот тегишли бўлган шахснинг ёзма розилиги мавжуд бўлган ёки тасдиқланган ҳамкорлик механизмларига мувофиқ ваколатли маҳаллий ёки хорижий органлар билан ҳамкорлик қилиш мақсадида амалга ошириладиган ҳоллар ёхуд жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш, санкцияларга риоя этиш, молиявий барқарорлик, солиқ маъмуриятчилиги учун, жиноят ишлари бўйича тергов ёки бошқа оммавий-ҳуқуқий функцияларни амалга ошириш мақсадлари учун зарур бўлган ҳоллар мустасно.
61. Конфиденциаллик мажбурияти лавозим тугатилгандан кейин ҳам сақланиб қолади. Конфиденциалликни ҳар қандай бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
62. Кенгаш аъзолари ўз мажбуриятларини бажариш ва ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда виждонан содир этилган ҳар қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун учинчи шахслар олдида жавобгар бўлмайди. Бундай дахлсизлик қасддан қилинган ножўя хатти-ҳаракат ёки қўпол эҳтиётсизликка нисбатан қўлланилмайди, ушбу ҳоллар Тошкент халқаро тижорат суди томонидан Молия марказининг қарорларига мувофиқ кўриб чиқилади.
9-боб. Кенгаш мажлислари
63. Кенгаш ўз ваколатларини мажлисларда, мазкур Низомда рухсат этилган ҳолларда эса ёзма тартибда амалга оширади.
64. Кенгаш мажлислари заруратга кўра, бироқ йилига камида икки марта ўтказилади. Мажлислар раис томонидан ўз ташаббусига кўра, Бош котибнинг таклифига кўра, Кенгаш аъзоларининг камида учдан бир қисми ёзма талабига кўра ёки Кенгаш ваколатига кирадиган масала бўйича Молия маркази органининг асослантирилган талабига кўра чақирилади.
65. Мажлис ҳақидаги хабарнома, кун тартиби лойиҳаси ва иш ҳужжатлари билан бирга, қоида тариқасида, мажлис ўтказилишидан камида ўн календарь кун олдин аъзоларга юборилади. Шошилинч ҳолларда раис барча аъзолар хабардор қилиниши ва уларга иштирок этиш учун оқилона имконият берилиши шарти билан мажлисни қисқароқ муддатда чақириши мумкин.
66. Мажлис кун тартиби мажлис очилишида Кенгаш аъзоларининг таклифларини инобатга олган ҳолда мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади. Юборилган кун тартиби лойиҳасига киритилмаган масалалар ҳозир бўлган аъзолар кўпчилигининг розилиги билан кўриб чиқилиши мумкин, Молия марказининг муҳим аҳамиятга эга қарорлари лойиҳалари бундан мустасно. Шошилинч чора кўриш зарурати бўлган ҳоллардан ташқари муҳим аҳамиятга эга қарор лойиҳалари бўйича материаллар олдиндан юборилган бўлиши керак.
67. Кенгаш мажлисида Кенгаш аъзолари умумий сонининг кўпчилиги иштирок этса, мажлис ваколатли ҳисобланади. Аъзонинг уни эшитиш, эшитилиш ва овоз бериш имконини берадиган видеоконференцалоқа ёки бошқа реал вақт режимидаги алоқа орқали иштирок этиши мажлисда иштирок этиш деб эътироф этилади.
68. Кенгаш қарорлари мажлисда иштирок этаётган аъзолар овозларининг кўпчилиги билан қабул қилинади. Ҳар бир аъзо битта овозга эга бўлади. Агар Кенгаш яширин овоз бериш тўғрисида қарор қабул қилмаса, овоз бериш жараёни очиқ тарзда ўтказилади.
69. Мажлисда муҳокама қилишни талаб этмайдиган масалалар бўйича Кенгаш қарори ёзма тартибда қабул қилиниши мумкин. Молия марказининг муҳим аҳамиятга эга қарори ёзма тартибда фақат масаланинг шошилинчлиги бундай тартибни талаб этган ҳолларда ёки барча аъзолар ёзма тартибда қабул қилинишига рози бўлган ҳолларда қабул қилиниши мумкин.
70. Ёзма тартибда қарор лойиҳаси ва унга тегишли материаллар овоз бериш муддати кўрсатилган ҳолда барча аъзоларга юборилади, мазкур муддат, етарлича асослантирилган шошилинч ҳоллардан ташқари, беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак. Ёзма тартибда қабул қилинган қарор, агар уни аъзолар умумий сонининг учдан икки қисми қўллаб-қувватлаган бўлса, ҳақиқий ҳисобланади.
71. Кенгашнинг ҳар бир мажлиси бўйича баённома юритилади. Баённомада мажлис жойи, санаси ва шакли, ҳозир бўлган аъзолар, таклиф этилган шахслар, кун тартиби масалалари, муҳокаманинг асосий жиҳатлари, қабул қилинган қарорлар, овоз бериш натижалари, алоҳида фикрлар ва берилган топшириқлар қайд этилади.
72. Баённома Бош котиб ёки Кенгаш томонидан белгиланган бошқа шахс томонидан, Кенгаш қарори эса раис ёки Бош котиб томонидан имзоланади.
73. Кенгаш ўз мажлисларига Молия маркази органлари, давлат органлари, тартибга солувчи органлар, судлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, инвесторлар, экспертлар ва муайян масалани кўриб чиқиш учун иштироки зарур ёки мақсадга мувофиқ бўлган бошқа шахсларни таклиф қилиши мумкин. Таклиф этилган шахслар конфиденциаллик талабларига риоя этиши шарт.
74. Кенгаш қабул қилган қарорлар ҳақидаги ахборот Молия марказига нисбатан қўлланиладиган эълон қилиш мажбурияти ва шаффофлик талабларига мувофиқ оммага маълум қилинади.
10-боб. Кенгаш қарорлари ва ҳужжатлари
75. Кенгаш қарорлар, кўрсатмалар, буйруқлар, низомлар, қоидалар, кодекслар, сиёсатлар ва бошқа мажбурий ҳужжатлар шаклида Молия марказининг қарорларини, шунингдек, норматив хусусиятга эга бўлмаган қарорлар, тавсиялар ва ички ташкилий ҳужжатларни қабул қилади.
76. Молия марказининг қарорларини ишлаб чиқиш, ваколатли органлар билан келишиш, рўйхатдан ўтказиш, кучга киритиш, эълон қилиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби Молия маркази маъмурияти томонидан таклиф этиладиган ва Кенгаш томонидан тасдиқланадиган махсус Молия маркази қарорлари билан белгиланади, бундан Молиявий хизматлар бошқармаси томонидан ўз махсус ваколати доирасида чиқариладиган Молия марказининг қарорлари ҳамда Конституциявий Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ Тошкент халқаро тижорат судининг Бош судьяси томонидан чиқариладиган қоидалар, кўрсатмалар ва йўриқномалар мустасно бўлиб, улар Кенгаш тасдиғисиз кучга киради.
77. Молия марказининг муҳим аҳамиятга эга қарори қабул қилинишидан олдин Кенгаш жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши, шунингдек, тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисобот тайёрланиши ва эълон қилинишини таъминлайди. Белгиланган тартибга мувофиқ бундай муҳокама ёки баҳолашни ўтказиш талаб этилмаган ҳоллар, шунингдек, шошилинчлик ёки ўтиш даври механизмлари туфайли бошқача тартиб белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
78. Кенгаш томонидан қабул қилинган Молия марказининг қарорлари расмий реестрда инглиз тилида эълон қилинади. Кенгашнинг расмий реестрда инглиз тилида эълон қилинмаган ҳужжати ҳуқуқий кучга ва юридик таъсирга эга бўлмайди ҳамда Молия марказининг шахслари учун мажбурий ҳисобланмайди.
79. Кенгаш қарори, агар унда кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий реестрда эълон қилинган санада кучга киради.
80. Кенгаш томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар, буйруқлар ва кўрсатмалар улар йўналтирилган Молия маркази органлари ва Молия марказининг шахслари учун мажбурийдир. Кенгаш ҳужжатлари Конституциявий Қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Тошкент халқаро тижорат суди томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
11-боб. Иштирокчиларнинг маслаҳат қўмитаси ва бошқа қўмиталар
81. Кенгаш Молия марказининг иштирокчилари, ҳуқуқ ва молия соҳасидаги мустақил экспертлар ҳамда Кенгаш муносиб деб ҳисоблайдиган бошқа шахслардан иборат Иштирокчиларнинг маслаҳат қўмитасини ташкил этади.
82. Иштирокчиларнинг маслаҳат қўмитаси Молия марказининг муҳим аҳамиятга эга қарорларининг лойиҳалари қабул қилинишидан олдин улар бўйича мажбурий бўлмаган маслаҳат-хулосалар беради. Қўмитанинг таркиби, ваколат муддати, иш тартиби ва унинг фаолиятини таъминлаш тартиби Кенгаш қарори билан белгиланади.
83. Кенгаш Иштирокчиларнинг маслаҳат қўмитаси тавсияларини лозим даражада кўриб чиқади. Кенгаш бундай тавсиялардан жиддий равишда четга чиққан тақдирда, четга чиқиш сабабларини эълон қилади.
84. Кенгаш ўз аъзолари орасидан ёки ташқи экспертларни жалб қилган ҳолда доимий ёки вақтинчалик (ad hoc) қўмиталар, комиссиялар ва ишчи гуруҳларни ташкил этиши мумкин.
85. Кенгаш ўз қўмиталари, комиссиялари ва ишчи гуруҳларининг таркиби, ваколатлари, ҳисобдорлик ва иш тартибини белгилайди. Кенгаш томонидан қўмиталарга муайян ваколатлар бевосита берилмаган ҳолларда, улар маслаҳат берувчи ҳамда масалаларни Кенгаш муҳокамасига тайёрловчи тузилмалар сифатида фаолият юритади.
86. Кенгаш ўз қўмиталари, Иштирокчиларнинг маслаҳат қўмитаси ва Кенгаш томонидан ташкил этилган ҳар қандай бўйсунувчи тузилмалар ёки институтлардан даврий ҳисоботларни сўраши мумкин.
12-боб. Молия маркази органлари ва давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик
87. Молия марказининг органлари Конституциявий Қонунга , Молия марказининг қарорларига ҳамда Кенгашнинг мувофиқлаштирувчи ёки сиёсий кўрсатмаларига мувофиқ ўзаро ҳамкорлик қилади, бунда бундай ҳамкорлик Молиявий хизматлар бошқармаси ёки Тошкент халқаро тижорат судининг функционал мустақиллигига дахл қилмаган ҳолда амалга оширилади.
88. Кенгаш Молия марказининг мақсадларига эришиш, шунингдек, Молия маркази органларига берилган ваколатлар, вазифалар ва функцияларни самарали амалга ошириш мақсадида вазирликлар, идоралар, назорат қилувчи ва тартибга солувчи органлар, судлар, давлат ҳокимияти органлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
89. Кенгаш Молия марказининг самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган ҳамкорлик, ахборот алмашиш, тартибга солиш масалаларини мувофиқлаштириш, техник ёрдам, маъмурий кўмак, судлар билан ҳамкорлик ва ўзаро муносабатларнинг бошқа шаклларини тартибга солувчи асосий қоидаларни белгилаши мумкин.
90. Кенгаш ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот, мувофиқлаштириш ва маъмурий кўмакни, конфиденциаллик талабларига риоя этган ҳолда, тегишли органлардан сўраши мумкин.
91. Кенгаш Молия маркази ва унинг органларининг халқаро ҳамда идоралараро ҳамкорлигига оид умумий устувор йўналишлар, минимал талаблар, келишиш ва тасдиқлаш тартиблари, шунингдек, ҳисобот бериш талабларини белгилаши мумкин.
13-боб. Бюджет, аудит, ҳисобот ва шаффофлик
92. Кенгаш Молия маркази органларининг жамланма йиллик бюджетини ва жамланма йиллик молиявий ҳисоботларини кўриб чиқади, тасдиқлайди ва тақдим этади, шунингдек, Молия марказининг йиллик бюджетлари, аудиторлик хулосалари ва фаолият ҳисоботларини тасдиқлайди.
93. Кенгаш тасдиқланган бюджетлар ижросини назорат қилади, бюджет ижросини, белгиланган тартибда ресурсларни қайта тақсимлаш бўйича таклифларни кўриб чиқади ҳамда молиявий ресурслар самарали, шаффоф ва Молия марказининг мақсадларига мувофиқ йўналишларда фойдаланилишини таъминлайди.
94. Кенгаш мустақил аудиторларни тайинлайди, уларни жалб этиш шартларини белгилайди, аудиторларнинг зарур ҳисоб ҳужжатлари, маълумотлар ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланишини таъминлайди, аудит натижаларини кўриб чиқади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул шахсларга тегишли топшириқлар беради.
95. Кенгаш ҳар бир молиявий йил тугаганидан кейин тўрт ой ичида йиллик шаффофлик ҳисоботлари ва Молия марказининг жамланма йиллик молиявий ҳисоботи расмий реестрда ва тегишли расмий веб-сайтларда инглиз тилида бепул оммавий фойдаланиш учун эълон қилинишини таъминлайди.
14-боб. Кенгаш фаолиятини таъминлаш
96. Кенгаш фаолиятини ташкилий, таҳлилий, ҳуқуқий, ахборот, логистика, молиявий ва ҳужжатлар билан таъминлаш Конституциявий Қонун , Молия марказининг қарорлари ва Кенгаш қарорларига мувофиқ Молия маркази маъмурияти томонидан амалга оширилади.
97. Кенгаш аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларининг ўрни қоплаб берилади. Кенгаш аъзоларига уларга юклатилган вазифаларни бажарганлиги учун Бошқарувчи ва Кенгаш аъзоси ўртасида тузиладиган келишувга мувофиқ ҳақ тўланиши мумкин.
98. Молия маркази маъмурияти таркибида Кенгаш котибияти ташкил этилиши мумкин. Котибият мажлис ҳужжатларини тайёрлайди, ёзувларни юритади, қарорлар ижросини мониторинг қилади, ҳужжатлар айланишини ташкил этади, қўмиталар фаолиятини қўллаб-қувватлайди ҳамда Кенгаш ҳужжатларини эълон қилиш ва архивлашни таъминлайди.
99. Молия марказининг органлари, тегишли қарорларда назарда тутилган ҳолларда эса Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва ташкилотлари, қўлланиладиган конфиденциаллик мажбуриятларига риоя этган ҳолда, Кенгашга ўз ваколатларини амалга ошириш учун зарур ахборот, мувофиқлаштириш ва маъмурий кўмакни тақдим этади.
100. Кенгаш ҳужжатлар билан ишлаш, архивлар, ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик, оммавий коммуникациялар, расмий муҳрлар ва бланклардан фойдаланиш, қарорларни эълон қилиш, ахборотдан фойдаланиш ва конфиденциал ахборотни ҳимоя қилиш бўйича ички қоидаларни тасдиқлаши мумкин.
15-боб. Якуний қоидалар
101. Мазкур Низомнинг бирор-бир қоидаси Конституциявий Қонунга зид бўлган тақдирда, Конституциявий Қонун қоидалари қўлланилади. Бунда мазкур Низом Конституциявий Қонунга зид бўлмаган қисмида амал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-188-сон Фармонига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси давлат органлари билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган Тошкент халқаро молия маркази қарорлари
Т/р Биргаликда қабул қилинадиган қарорлар Асосий мазмуни Ўзбекистон Республикасининг масъул давлат органлари Конституциявий Қонуннинг тегишли моддаси 1. Фаолиятни Молия маркази ҳудудига тааллуқли деб эътироф этиш тартиби тўғрисидаги қарор Фаолиятнинг Молия маркази ҳудудига ёки Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудларига тааллуқлилигини аниқлаш мезонлари ва тартиб-таомиллари. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги 5-модда 2. Ўзбекистон солиқ резидентларига молиявий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги қарор Молия маркази иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, бироқ Молия маркази ҳудудидан ташқарида жойлашган шахсларга молиявий хизматлар кўрсатиш шартларини белгиловчи тартиб. Марказий банк, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги 5-модда 3. Молия маркази ва Марказий банкнинг ҳисобот, ахборот алмашиш ва валюта назорати тўғрисидаги қарори Соддалаштирилган ҳисобот, ахборот алмашиш ва назорат механизмлари; валюта операциялари бўйича ҳисобот; Молия маркази органлари ва Марказий банк ўртасида ахборот алмашиш; капитални эркин репатриация қилиш ва валютани эркин конвертация қилиш принциплари. Марказий банк 17-модда 4. Молия марказининг инвестициявий солиқ резидентлиги дастури тўғрисидаги қарор Дастур қоидалари, инвестицияларнинг малакали шакллари, ҳажмлари ва воситалари, эътироф этиш мезонлари ва иштирок этиш тартиб-таомиллари; ҳалолликка оид маълумотларни ошкор этиш ва солиқ резидентлигига оид тартиблар. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Солиқ қўмитаси 13 ва 18-моддалар 5. Молия марказининг солиқ имтиёзлари, малакали иштирокчи талаблари ва даромадларни алоҳида ҳисобга олиш тўғрисидаги қарори Солиқ имтиёзлари шартлари, Молия марказининг малакали иштирокчиларига қўйиладиган қўшимча талаблар, иқтисодий моҳият ва унга боғлиқ шартлар; солиқдан озод қилинган даромадлар, солиқ солинадиган даромадлар ва чегириладиган харажатларни алоҳида ҳисобга олиш; листингдаги қимматли қоғозлар ва солиқ резидентлигига оид шартлар. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси 18-модда 6. Молия марказида солиқ тизими ва маъмуриятчилиги тўғрисидаги қарор Молия марказида солиқ тизими ва солиқ маъмуриятчилиги. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси 18-модда 19-модда 7. Молия марказида божхона маъмуриятчилиги тўғрисидаги қарор Молия марказида фойдаланиладиган ёки истеъмол қилинадиган товарларга нисбатан божхона маъмуриятчилиги. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Божхона қўмитаси 18-модда 8. Хорижий ишчи кучини жалб қилиш, ахборот алмашиши ва миграция ҳисоботи тартиби тўғрисидаги қарор Молия маркази иштирокчилари ва органларига чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш, малака талаблари, квоталар ва ахборот алмашиш тартиби. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги 21-модда 9. Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш устидан назорат қилиш тартиби тўғрисидаги қарор Молия маркази органларига ажратилган Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан назорат қилиш тартиб-таомиллари. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси 22-модда 10. Консолидациялашган назорат ва пруденциал чоралар бўйича ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги қарор Молия маркази иштирокчисининг Молия маркази ҳудудида ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудларида тартибга солинадиган ташкилотлари ёки филиаллари мавжуд бўлган ҳолларда Молиявий хизматлар бошқармаси ва Марказий банк ўртасида консолидациялашган назорат, ахборот алмашиш ва пруденциал чоралар бўйича ҳамкорлик. Марказий банк 17 ва 28-моддалар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-188-сон Фармонига 3-ИЛОВА
Тошкент халқаро молия маркази фаолиятининг дастлабки босқичида қабул қилиниши лозим бўлган марказ қарорлари
Т/р Молия маркази қарори Асосий мазмуни 1. Англия ва Уэльс ҳуқуқини қўллаш тўғрисидаги қарор Молия марказида Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқини, шу жумладан адолат ҳуқуқи қоидалари ва принципларини қўллаш, шунингдек, Англиянинг муайян қонун ҳужжатлари рўйхати ва Молия марказининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқадиган ўзгартиришлар. 2. Молиявий хизматлар ва бозорлар тўғрисидаги қарор Молиявий хизматлар ва бозорларнинг асосий ҳуқуқий асослари, шу жумладан авторизация, лицензиялаш, назорат, тартибга солиш ваколатлари, эътироф этилган ташкилотлар, бозор инфратузилмаси, қимматли қоғозларни таклиф этиш ва листинг, жамоавий инвестиция фондлари, бозорда суиистеъмол қилиш, ҳуқуқни қўллаш ҳамда молиявий хизматларга оид ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўтказиш. 3. Компаниялар тўғрисидаги қарор Компаниялар ва Молия марказининг бошқа иштирокчиларини ташкил этиш, таъсис этиш, рўйхатдан ўтказиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари, корпоратив бошқаруви, ҳисоблари, аудити, ҳужжатларни тақдим этиши, корпоратив маъмуриятчилиги ва тугатилиши. 4. Банкротлик ва реструктуризация тўғрисидаги қарор Банкротлик, тўловга қобилиятсизлик, маъмурий бошқарув, ташқи бошқарув, реструктуризация, кредиторлар билан келишувлар, тугатиш ва ликвидация, тўловга қобилиятсизлик бўйича мутахассислар ҳамда трансчегаравий тўловга қобилиятсизлик. 5. Кўчмас мулк ва ижара муносабатлари тўғрисидаги қарор Молия маркази ҳудудида рўйхатдан ўтказилган кўчмас мулк ва биноларга эгалик қилиш, ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш ва уларни бошқа шахсга ўтказиш, ижара, ипотека ва кўчмас мулк билан боғлиқ бошқа битимлар. 6. Меҳнат муносабатлари тўғрисидаги қарор Меҳнат муносабатлари, меҳнат шартномалари, ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ходимларни бириктириш, иш жойида ҳимоя чоралари, меҳнат муносабатларини тугатиш, ҳуқуқий ҳимоя воситалари ва тегишли меҳнат стандартлари. 7. Маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қарор Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва қайта ишлаш, маълумотлар субъектларининг ҳуқуқлари, маълумотлар контролёрлари ва қайта ишловчиларнинг мажбуриятлари, маълумотларни халқаро узатиш, назорат, ҳуқуқни қўллаш ва конфиденциаллик талаблари. 8. Инвестиция фондлари тўғрисидаги қарор Жамоавий инвестиция фондларини ташкил этиш, рўйхатдан ўтказиш, бошқариш, корпоратив бошқарув, активларни сақлаш, фаолият юритиш ва маркетинг, шу жумладан инвесторларни ҳимоя қилиш ҳамда зарур ҳолларда фондларни паспортлаш тартиблари. 9. Профессионал хизматлар тўғрисидаги қарор Молия марказида профессионал хизматларни тартибга солиш, шу жумладан юридик, бухгалтерия, аудит, солиқ, корпоратив ва бошқа профессионал хизмат кўрсатувчилар учун тегишли малака, хулқ-атвор, бошқарув ва талабларга риоя этиш шартлари. 10. Банк фаолиятини тиклаш ва санация қилиш тўғрисидаги қарор Тиклаш ва санация қилиш, интервенция, барқарорлаштириш ва санация ваколатлари, ҳимоя чоралари, санацияни молиялаштириш ҳамда муаммоли банклар ва тегишли доирага кирувчи бошқа молиявий институтларга нисбатан чоралар кўриш. 11. Маъмурий масалалар тўғрисидаги қарор Молия марказининг тижорат қонунчилиги доирасида қўлланиладиган маъмурий текширувлар, ахборот тўплаш, ҳуқуқбузарликлар, санкциялар, жарималар, ҳуқуқни қўллаш тартиб-таомиллари, процессуал адолат, келишувга эришиш ваколатлари ва бошқа маъмурий чоралар. 12. Бенефициар мулкдорлик ва назорат тўғрисидаги қарор Бенефициар мулкдорлар ва назорат қилувчи шахсларни идентификация қилиш, текшириш, ҳисобга олиш ва улар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш, мулкдорлар ва назорат қилувчи шахслар реестрлари, хабар бериш, шаффофлик мажбуриятлари ва тегишли талабларга риоя этиш. 13. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қарор Молия марказида чакана товарлар ва хизматларни тақдим этишнинг минимал стандартлари, шу жумладан ҳалол муомала, нарх белгилаш ва ахборотни ошкор қилиш, қайтариш ва ҳуқуқий ҳимоя воситалари, шикоятлар, тақиқланган амалиётлар ва тартибга солувчи орган томонидан ҳуқуқни қўллаш. 14. Масъулияти чекланган шерикликлар тўғрисидаги қарор Масъулияти чекланган шерикликларни ташкил этиш, рўйхатдан ўтказиш, ҳуқуқий мақоми, аъзолик, бошқарув, корпоратив маъмуриятчилиги, ҳисоблар, ҳужжатларни тақдим этиш, тугатиш ва ликвидация қилиш. 15. Корпоратив назоратни ўзгартириш (Takeover) тўғрисидаги қарор Молия марказининг тегишли компаниялари устидан назоратни қўлга киритиш ёки бундай назоратни бирлаштиришга қаратилган таклифлар, қўшиб юбориш (олиш) ва бошқа битимларни тартибга солиш; ахборотни ошкор қилиш, тенг муносабатда бўлиш ҳамда бундай битимлар устидан махсус назоратни амалга ошириш тартиби. 16. Трастлар тўғрисидаги қарор Молия маркази ҳуқуқи билан тартибга солинадиган ёки Молия марказида бошқариладиган трастларга оид махсус қоидалар, шу жумладан ишончли бошқарувчилар, ҳимоячилар, сақлаб қолинган ваколатлар, ҳуқуқни танлаш, ҳуқуқни қўллаш ҳамда Англия траст ҳуқуқи ва адолат ҳуқуқи принциплари билан ўзаро муносабат. 17. Молиявий ҳисоблар бўйича ахборотни автоматик алмашиш ягона стандарти (CRS) тўғрисидаги қарор Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Молиявий ҳисоблар бўйича ахборотни автоматик алмашиш ягона стандартини (CRS) жорий этиш, шу жумладан молиявий ҳисобварақлар бўйича лозим даражада текшириш, идентификация қилиш, ҳисобот бериш, ҳисоб ва ҳужжатларни сақлаш, талабларга риоя этиш ва ахборот алмашиш талаблари. 18. Хорижий ҳисобварақлар бўйича солиққа риоя этиш талаблари (FATCA) тўғрисидаги қарор FATCA доирасида тегишли молиявий институтлар ва ҳисобварақларга нисбатан лозим даражада текшириш, ҳисобот бериш, ҳисоб ва ҳужжатларни сақлаш ҳамда талабларга риоя этиш мажбуриятларини жорий этиш. 19. Тижорат лицензиялари тўғрисидаги қарор Молия марказида тижорат фаолияти ва юридик шахсларни лицензиялаш ва рўйхатдан ўтказиш, шу жумладан лицензия тоифалари, шартлар, муддатини узайтириш, ўзгартириш, амал қилишини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш, назорат қилинадиган фаолият турлари ва филиалларни рўйхатдан ўтказиш. 20. Тижорат рухсатномалари тўғрисидаги қарор Вақтинчалик ва муайян фаолият турига оид тижорат рухсатномалари, талабларга мувофиқлик, ариза бериш ва тасдиқлаш тартиб-таомиллари, шартлар, амал қилиш муддати, узайтириш, тўхтатиб туриш, бекор қилиш ва талабларга риоя этиш. 21. Шарҳлаш тўғрисидаги қарор Таърифлар, талқин қилиш қоидалари, умумий принциплар, муддатларни ҳисоблаш, қонунчиликка ҳаволалар, Молия марказининг қуйи даражадаги қарорларини қабул қилиш ваколатлари ҳамда Молия марказининг ҳуқуқий асосларига умумий татбиқ этиладиган бошқа қоидалар. 22. Электрон битимлар тўғрисидаги қарор Электрон имзолар, электрон шартномалар, электрон ёзувлар ва ҳужжатлар, электрон коммуникациялар ҳамда технологияларга асосланган бошқа битимлар ва ҳужжатларни тақдим этишнинг юридик тан олиниши ва ижро этилиши. 23. Фондлар тўғрисидаги қарор Фондларни ташкил этиш, рўйхатдан ўтказиш, бошқарув, маъмурий юритиш, фаолиятни давом эттириш, миграция ва тугатиш, шу жумладан муассислар, кенгашлар, васийлар, бенефициарлар ҳамда оилавий бойликни бошқариш ёки ворисликни режалаштириш тузилмалари. 24. Молия марказида солиқ ва божхона тўғрисидаги қарор Молия маркази ҳудудида қўлланиладиган солиқ ва божхона қоидалари, шу жумладан Молия маркази органлари ва иштирокчиларига солиқ солиш, солиқ маъмуриятчилиги, товарлар ва хизматларга нисбатан божхона тартиби, имтиёзлар ва преференциялар, ҳисобот бериш ва талабларга риоя этиш мажбуриятлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ваколатли солиқ ва божхона органлари билан мувофиқлаштириш. 25. Тошкент халқаро тижорат суди тўғрисидаги қарор Тошкент халқаро тижорат судини ташкил этиш, унинг таркиби ва юрисдикцияси; суд тизими, судьяларни тайинлаш ва интизоми; одил судловни амалга ошириш; фуқаролик ишлари бўйича далиллар; суд харажатлари ва зарарни қоплаш; суд қарорлари ва ажримлари; суд қарорлари ва қарзларни ижро этиш. 26. Молия маркази қарорларини қабул қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қарор Молия маркази қарорларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, эълон қилиш, кучга киритиш, ўзгартириш ва бекор қилиш; расмий реестрни юритиш; жамоатчилик муҳокамаси; тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва қарорлар қабул қилиш жараёнига оид бошқа талаблар. Қоидалар 27. Бозорлар ва қимматли қоғозлар тўғрисидаги қоидалар Қимматли қоғозлар ва молиявий воситаларни таклиф этиш, чиқариш, проспектлар, листинг, савдога қўйиш ва савдо қилиш, шунингдек биржа, клиринг, ҳисоб-китоб ва бошқа бозор инфратузилмаси талаблари. 28. Бозор тўғрисидаги қоидалар Бозордаги хулқ-атворга оид талаблар, шу жумладан бозорда суиистеъмол қилиш, инсайдерлик, манипуляция, чалғитувчи хатти-ҳаракатлар, ахборотни ошкор қилиш мажбуриятлари ҳамда тартибли ва шаффоф бозорлар стандартлари. 29. Бизнесни юритиш тўғрисидаги қоидалар Мижозларни таснифлаш, мувофиқлик ва мақбуллик, ахборотни ошкор қилиш, молиявий тарғибот, манфаатлар тўқнашуви, мижоз активлари, шикоятлар, инвесторларни ҳимоя қилиш ва тартибга солинадиган фирмалар учун бизнесни юритишнинг бошқа стандартлари. 30. Виртуал активлар ва рақамли қимматли қоғозлар тўғрисидаги қоидалар Молиявий хизматлар доирасида виртуал активлар ва рақамли қимматли қоғозларни тартибга солиш, шу жумладан таърифлар, уларни чиқариш, сақлаш, савдо, биржа фаолияти, брокерлик, бозор инфратузилмаси, тегишли деривативлар ва технологик хатарлар. 31. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролларини молиялаштиришга қарши курашиш ва санкциялар тўғрисидаги қоидалар Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини молиялаштиришга қарши курашиш ҳамда санкцияларга риоя қилиш, шу жумладан мижозларни лозим даражада текшириш, бенефициар мулкдорликни текшириш, маблағлар ва бойлик манбаини назорат қилиш, операцияларни мониторинг қилиш, шубҳали фаолият тўғрисида хабар бериш ва ҳисобларни сақлаш.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 10 сентябрь,
ПФ-188-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING
FARMONI
NIZOM
ROʻYXATI
ROʻYXATI
Toshkent xalqaro moliya markazi faoliyatini yoʻlga qoʻyish boʻyicha tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Toshkent xalqaro moliya markazi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonuni 8-moddasiga muvofiq Toshkent xalqaro moliya markazi faoliyatiga oid birinchi navbatdagi zarur chora-tadbirlarni amalga oshirishni tashkil etish maqsadida qaror qilaman:
I. Toshkent xalqaro moliya markazining organlari va mansabdor shaxslari faoliyatini yoʻlga qoʻyish
1. Toshkent xalqaro moliya markazi (keyingi oʻrinlarda — Moliya markazi) boshqaruvchisi uchun davlat fuqarolik xizmati lavozimlarining milliy darajadagi siyosiy guruhi uchun belgilangan mehnat shartlari va imtiyozlar tatbiq etilsin, ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlar esa mehnat shartnomasida koʻrsatilishi belgilansin.
2. Quyidagilar Moliya markazi boshqaruvchisining asosiy vazifalari etib belgilansin:
(a) Moliya markazi faoliyatini boshlashga tayyorlash uchun zarur boʻlgan birinchi navbatdagi hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishni muvofiqlashtirish;
(b) Moliya markazi maʼmuriyati va Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi nizomlari, ularning tashkiliy tuzilmasi va mansabdor shaxslari nomzodlari hamda Bosh sudya nomzodi yuzasidan takliflarni Moliya markazi kengashiga kiritish;
(v) Moliya markazi faoliyatini yoʻlga qoʻyish boʻyicha davlat organlari tomonidan amalga oshirilishi lozim boʻlgan zarur chora-tadbirlar bajarilishini muvofiqlashtirish;
(g) Oʻzbekiston Respublikasining “Toshkent xalqaro moliya markazi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonunida (keyingi oʻrinlarda — Konstitutsiyaviy Qonun) Moliya markazi boshqaruvchisi zimmasiga yuklatilgan boshqa vazifalarni amalga oshirish.
3. Quyidagilar:
(a) Toshkent xalqaro moliya markazi kengashi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
(b) Oʻzbekiston Respublikasi davlat organlari bilan kelishilgan holda qabul qilinadigan Toshkent xalqaro moliya markazi qarorlari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq;
(v) Toshkent xalqaro moliya markazi faoliyatining dastlabki bosqichida qabul qilinishi lozim boʻlgan markaz qarorlari roʻyxati 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Moliya markazi boshqaruvchisi ushbu Farmon rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran ikki oy ichida Moliya markazi kengashining birinchi majlisini tashkil etsin.
5. Moliya markazi maʼmuriyati:
(a) masʼul vazirlik va idoralar bilan birgalikda ushbu Farmonning 2-ilovasida belgilangan qarorlar 2026-yil 1-dekabrga qadar qabul qilinishini;
(b) ushbu Farmonning 3-ilovasida belgilangan qarorlarning ishlab chiqilishi va Moliya markazi kengashiga kiritilishini taʼminlasin.
6. Raqamli texnologiyalar vazirligi Adliya vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Ichki ishlar vazirligi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda Moliya markazi organlarini davlat axborot tizimlariga ulash, shuningdek, ular tomonidan beriladigan elektron hujjatlarni axborot tizimlarida qabul qilish va tan olish tartibini belgilovchi idoraviy hujjatlarni qabul qilsin.
7. Tashqi ishlar vazirligi Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati hamda Moliya markazi maʼmuriyati bilan birgalikda uch oy muddatda Moliya markazi organlari va ishtirokchilari xodimlari, investitsiyaviy soliq rezidentlari hamda ularning oila aʼzolari uchun kirish vizalarini rasmiylashtirish, Oʻzbekiston Respublikasiga kirish va undan chiqish, shuningdek, soddalashtirilgan migratsiya hisobini yuritish tartibini oʻrnatishga qaratilgan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
II. Farmon ijrosini tashkil etish, taʼminlash va nazorat
8. Mazkur Farmon ijrosini samarali tashkil etishga masʼul va shaxsan javobgar etib Bosh vazir oʻrinbosarlari J.A. Qoʻchqorov va J.A. Xodjayev hamda Markaziy bank raisi T.A. Ishmetov belgilansin.
9. Farmon ijrosini muhokama qilib borish, ijro uchun masʼul idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi Rahbari S.Sh. Mirziyoyeva zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 10-sentabrdagi PF-188-son Farmoniga 1-ILOVA
Toshkent xalqaro moliya markazi kengashi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Toshkent xalqaro moliya markazi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonuni (keyingi oʻrinlarda — Konstitutsiyaviy Qonun) 25-moddasining yettinchi qismiga muvofiq, Toshkent xalqaro moliya markazi kengashining (keyingi oʻrinlarda — Kengash) huquqiy maqomi, tarkibi, vakolatlari va funksiyalarini, uning aʼzolarini lavozimga tayinlash va ularning vakolatlarini tugatish tartibini, majlislar oʻtkazish va qarorlar qabul qilish qoidalarini, shuningdek, uning faoliyatini tashkiliy, axborot, tahliliy va boshqa jihatdan taʼminlash tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizomda qoʻllanilgan atamalar Konstitutsiyaviy Qonunda belgilangan maʼnolarda qoʻllaniladi.
3. Kengash oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga , Konstitutsiyaviy Qonunga , mazkur Nizomga va Toshkent xalqaro moliya markazining (keyingi oʻrinlarda — Moliya markazi) qarorlariga, shuningdek, toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllaniladigan hollarda Oʻzbekiston Respublikasining boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
4. Kengash va uning aʼzolari samaradorlik, shaffoflik, halollik, professionallik, huquqiy aniqlik, tartibga solishni oldindan koʻra bilish, sud mustaqilligi prinsiplari asosida faoliyat yuritadi.
5. Kengashda ish yuritish ingliz tilida tashkil etiladi, Kengash majlislari zaruratga koʻra oʻzbek tiliga tarjima qilgan holda oʻtkaziladi. Kengash koʻrib chiqishi uchun kiritiladigan hujjatlar, bayonnomalar, qarorlar, koʻrsatmalar va Kengashning boshqa hujjatlari ingliz tilida rasmiylashtiriladi. Zarur hollarda Kengash hujjatlarining davlat tili yoki boshqa tillardagi tarjimalari tayyorlanishi mumkin.
2-bob. Kengashning huquqiy maqomi va vazifasi
6. Kengash Moliya markazining oliy boshqaruv organi hisoblanadi. Kengash doimiy faoliyat yurituvchi kollegial organ boʻlib, kamida besh nafar aʼzodan iborat boʻladi.
7. Kengash Moliya markazining umumiy strategiyasi, yoʻnalishi va boshqaruvini belgilash hamda Konstitutsiyaviy Qonunda belgilangan Moliya markazining maqsadlari, vazifalari va prinsiplari amalga oshirilishini taʼminlash uchun masʼuldir.
8. Kengash oʻziga yuklatilgan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirishda mustaqil faoliyat yuritadi. Davlat organi, mansabdor shaxs, Moliya markazining ishtirokchisi yoki boshqa shaxs Kengash faoliyatiga aralashishi mumkin emas, bundan Konstitutsiyaviy Qonunda bevosita nazarda tutilgan hollar mustasno.
9. Kengash oʻz vakolatlarini Moliya markazining boshqa organlari mustaqilligi va lozim darajada faoliyat yuritishini taʼminlagan holda amalga oshiradi. Kengashning hech bir qarori, buyrugʻi, koʻrsatmasi Moliyaviy xizmatlar boshqarmasining litsenziyalash, tartibga solish, nazorat, tekshiruv, huquqni qoʻllash va kundalik tartibga solish faoliyatidagi operatsion mustaqilligiga yoki Toshkent xalqaro tijorat sudining odil sudlovni amalga oshirishdagi sud mustaqilligiga zarar yetkazmasligi kerak.
10. Kengash individual tartibda litsenziyalash, nazorat, huquqni qoʻllash, tekshiruv yoki sud masalalari boʻyicha qaror qabul qilmaydi, bundan Konstitutsiyaviy Qonun , mazkur Nizom yoki Moliya markazining qarori bilan Kengashga muayyan vakolat bevosita berilgan hollar mustasno.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Kengashning qarzlari, majburiyatlari, harakatlari yoki harakatsizligi uchun javobgar boʻlmaydi, Kengash esa Moliya markazining ishtirokchilari yoki boshqa har qanday shaxsning qarzlari, majburiyatlari, harakatlari yoki harakatsizligi uchun javobgar boʻlmaydi, bundan qoʻllaniladigan qonunchilikda javobgarlik bevosita nazarda tutilgan hollar mustasno.
3-bob. Kengashning funksiyalari va vakolatlari
12. Kengash Moliya markazini boshqarish, strategik rivojlantirish, institutsional jihatdan mustahkamlash, samarali faoliyat yuritishini va xalqaro maydondagi mavqeyini taʼminlash uchun zarur umumiy vakolatlarga ega.
13. Kengash Moliya markazini rivojlantirishning umumiy yoʻnalishi va strategiyasini belgilaydi, oʻrta muddatli va yillik strategik rejalarni, asosiy samaradorlik koʻrsatkichlarini, ularni amalga oshirish “yoʻl xarita”larini hamda muayyan sektorlar, faoliyat turlari, xizmatlar, institutlar, huquqiy rejimlar yoki tartibga solish asoslarini ishga tushirish boʻyicha reja-jadvallarni tasdiqlaydi.
14. Kengash Moliya markazi va Moliya markazi organlarining yillik budjetlarini, jamlanma budjetlarini, auditorlik xulosalarini, yillik faoliyat hisobotlarini, auditdan oʻtkazilgan moliyaviy hisobotlarini va boshqa hisobotlarini tasdiqlaydi.
15. Agar tegishli vakolat Moliya markazining boshqa organiga bevosita berilmagan boʻlsa, Kengash tegishli masala yuzasidan Moliya markazining qarorlarini qabul qiladi.
16. Kengash Moliya markazining huquqiy va institutsional asoslarini, shu jumladan, Moliya markazi qarorlarini ishlab chiqish va eʼlon qilish, jamoatchilik muhokamalari oʻtkazish, tartibga solish taʼsirini baholash toʻgʻrisidagi qarorlarni, Angliya va Uels huquqini qoʻllashga oid qarorlarni, Moliya markazi qarorlarining rasmiy reyestri, ish yurituv tiliga oid qoidalar, boshqaruv standartlari va umumiy institutsional muvofiqlashtirish masalalariga oid qarorlarni tasdiqlaydi va ularning bajarilishini nazorat qiladi.
17. Kengash shaxslarni Moliya markazining ishtirokchilari deb eʼtirof etish, yuridik shaxslarni taʼsis etish, roʻyxatdan oʻtkazish va ularning tashkiliy-huquqiy shakllari, tartibga solinmaydigan va qoʻshimcha faoliyat turlarini tashkil etish va amalga oshirish, shuningdek, Moliya markazi doirasida biznesni roʻyxatdan oʻtkazish va korporativ boshqaruvning umumiy asoslariga oid Moliya markazining qarorlarini Moliyaviy xizmatlar boshqarmasining tartibga solish vakolatlariga daxl qilmagan holda qabul qiladi, tasdiqlaydi yoki muvofiqlashtiradi.
18. Kengash Moliya markaziga boʻysunuvchi yoki u bilan bogʻliq tuzilmalar, institutlar, qoʻmitalar, komissiyalar, ishchi guruhlar, vakolatxonalar va boshqa organlarni tashkil etadi, ularning tashkiliy shakli, vakolatlari, funksiyalari, hisobdorligi hamda ularni qayta tashkil etish yoki faoliyatini tugatish tartibini belgilaydi.
19. Kengash investorlarni jalb etish, xalqaro hamkorlikni rivojlantirish, Moliya markazini targʻib qilish va Moliya markazi organlari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash maqsadida Moliya markazining Oʻzbekiston Respublikasi hududida va undan tashqarida vakolatxonalarini tashkil etishi mumkin.
20. Kengash Moliya markazining boshqaruv asoslarini, Moliya markazi maʼmuriyati toʻgʻrisidagi nizom, Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi toʻgʻrisidagi nizom, shuningdek, boshqa organlar yoki institutlarning ichki hujjatlarini tasdiqlaydi.
21. Agar tegishli masalalar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki boshqa organ vakolatiga kiritilmagan boʻlsa, Kengash Moliya markazi organlarining yuqori lavozimli mansabdor shaxslarini lavozimga tayinlash, ularga haq toʻlash, lavozimidan ozod etish va hisobdorligi haqidagi qarorlarni tasdiqlashi mumkin. Lavozimga tayinlash yoki lavozimdan ozod etish boshqa organ vakolatiga kiritilgan hollarda, Kengash nomzodlar yuzasidan tavsiyalar berishi, fikr bildirishi yoki ular uchun kasbiy va mustaqillik mezonlarini belgilashi mumkin. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Prezident Administratsiyasi Rahbari tomonidan lavozimga tayinlangan davlat fuqarolik xizmatchilari Kengash aʼzosi yoki Moliya markazi organi rahbari sifatida faoliyat yuritish huquqi ega hisoblanadi.
22. Kengash Moliya markazi boshqaruvchisining (keyingi oʻrinlarda — Boshqaruvchi) asoslantirilgan tavsiyasiga koʻra Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi kengashi raisi va aʼzolarini tayinlash, qayta tayinlash, ularning faoliyat shartlarini belgilash, vakolatlarini toʻxtatib turish yoki tugatish boʻyicha qarorlarni qabul qiladi.
23. Kengash Moliya markazida qoʻllaniladigan yigʻimlar, toʻlovlar, jarimalar, maʼmuriy sanksiyalar va boshqa toʻlovlarni tasdiqlaydi yoki ular vakolatli Moliya markazi organlari tomonidan tasdiqlanishini taʼminlaydi. Bunda Konstitutsiyaviy Qonunning 28-moddasiga muvofiq Moliyaviy xizmatlar boshqarmasining norma ijodkorligi va huquqni qoʻllash vakolatlariga daxl qilinmaydi.
24. Kengash Moliya markazining maxsus huquqiy rejimi doirasida berilgan soliq, bojxona, viza, mehnatga oid yoki boshqa imtiyozlarni kamaytirishi, cheklashi yoki ularga jiddiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan takliflarni koʻrib chiqadi hamda Kengash roziligi talab etilgan hollarda rozilik berishi yoki rozilik berishni rad etishi mumkin. Kengash Konstitutsiyaviy Qonunning 18-moddasiga muvofiq Moliya markazi maʼmuriyati tomonidan taqdim etiladigan soliq va bojxona imtiyozlari hamda preferensiyalarini davriy qayta koʻrib chiqish haqidagi hisobotlarni koʻrib chiqadi.
25. Kengash Toshkent xalqaro tijorat sudining Bosh sudyasi lavozimiga tayinlash uchun nomzod yuzasidan taklifni Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga kiritadi, Bosh sudya tomonidan kiritilgan taklif asosida Toshkent xalqaro tijorat sudi sudyalarining mehnatiga haq toʻlash va boshqa xizmat shartlarini qaror bilan belgilaydi, shuningdek, bunday vakolatlar Kengashga berilgan hollarda sud mustaqilligini saqlagan holda boshqa yuqori lavozimlarga nomzodlarni koʻrsatadi yoki tavsiya qiladi. Boshqaruvchi Kengashga koʻrib chiqish va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga taklif etish uchun Toshkent xalqaro tijorat sudining Bosh sudyasi lavozimiga nomzodlarni tavsiya qiladi.
26. Kengash Moliya markazini barqaror rivojlantirish, uning organlari va institutlarini moliyalashtirish, uzoq muddatli aktivlarni xarid qilish, salohiyatni oshirish, xalqaro miqyosda targʻib qilish, raqamli transformatsiya va Moliya markazi maqsadlariga muvofiq boshqa maqsadlar uchun jamgʻarmalar, zaxiralar yoki boshqa moliyaviy mexanizmlarni tashkil etish va ulardan foydalanish qoidalarini tasdiqlaydi.
27. Kengash Moliya markazi va Moliya markazi organlarining jamlanma yillik moliyaviy hisobotlarini auditdan oʻtkazish uchun Oʻzbekiston Respublikasida va xalqaro miqyosda tan olingan kasbiy malakaga ega boʻlgan bir yoki bir nechta mustaqil auditorni tayinlaydi, ularni jalb qilish shartlarini belgilaydi va ularning hisobotlarini koʻrib chiqadi.
28. Kengash Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasi bilan kelishgan holda Moliya markazi organlari faoliyati uchun ajratilgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishi ustidan nazorat tartibini belgilaydi.
29. Kengash Moliya markazining yetakchi xalqaro moliya markazi sifatida eʼtirof etilishini hamda Oʻzbekiston Respublikasining ilgʻor, samarali, shaffof va ishonchli xalqaro moliyaviy yurisdiksiya sifatida targʻib qilinishini ragʻbatlantiradi.
30. Kengash Moliya markazi organlariga institutsional muvofiqlashtirish, maʼmuriyatchilik, strategik va idoralararo hamkorlik masalalari boʻyicha muvofiqlashtiruvchi va siyosiy koʻrsatmalar berishi mumkin, bunda bunday koʻrsatmalar individual tartibga solish, nazorat, huquqni qoʻllash yoki sud qarorlarini qabul qilishga taʼsir qilmaydi.
31. Kengash Moliya markazining maqsadlariga muvofiq boʻlgan hamda Konstitutsiyaviy Qonunga , mazkur Nizomga yoki qoʻllaniladigan qonunchilikka zid boʻlmagan boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.
4-bob. Kengash tarkibi
32. Kengash Rais va Kengashning boshqa aʼzolaridan iborat boʻlib, aʼzolarning umumiy soni besh nafardan kam boʻlmasligi kerak.
33. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti lavozimiga koʻra Kengash raisi hisoblanadi.
34. Kengash aʼzolari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi.
35. Kengash aʼzolarining kamida uchdan biri Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati tizimida ilgari yoki hozirgi paytda hech qanday lavozimni egallamagan, xalqaro moliya, tijorat huquqi sohasidagi mutaxassislardan iborat boʻlishi kerak. Moliya markazi kengashining raisidan tashqari Moliya markazi kengashining aʼzolari qayta tayinlanish huquqi bilan besh yil muddatga tayinlanadi. Mazkur tartibda tayinlangan Moliya markazi kengashi aʼzosining vakolatlari besh yillik muddat tugaguniga qadar faqat asoslar mavjud boʻlganda Moliya markazi kengashi aʼzolari koʻpchiligining yozma qarori bilan tugatilishi mumkin, bunda ushbu qarorning sabablari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga yozma ravishda taqdim etiladi. Kengash aʼzoligiga nomzodlarni aniqlashda kasbiy obroʻ-eʼtibor, halollik, malaka hamda xalqaro moliya, kapital bozorlari, moliyaviy tartibga solish, bank ishi, sugʻurta, raqamli aktivlar, fintex, tijorat huquqi, nizolarni hal etish, korporativ boshqaruv, davlat boshqaruvi, infratuzilma, texnologiyalar yoki investitsiyalarni targʻib qilish sohasidagi tajriba inobatga olinadi.
36. Kengash aʼzoligi shaxsan amalga oshiriladigan lavozim hisoblanadi. Kengash aʼzosi oʻz aʼzoligini, majlisda ishtirok etishini yoki ovoz berish huquqini boshqa shaxsga oʻtkazishi mumkin emas.
5-bob. Kengash raisi vakolatlari
37. Rais Kengashga umumiy rahbarlik qiladi, majlislarni chaqiradi va ularga raislik qiladi, kun tartibini tasdiqlaydi, oʻzi raislik qilgan majlislarning qarorlarini imzolaydi, Kengashning strategik yoʻnalishini taʼminlaydi hamda raisga berilgan boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
38. Kengash majlisida ovozlar teng boʻlgan taqdirda, raisning ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
39. Rais Kengash majlisida ishtirok etmagan taqdirda, majlisga Boshqaruvchi raislik qiladi. Boshqaruvchi raislik qilganda Kengash raisining protsessual vakolatlarini amalga oshiradi, biroq ovozlar teng boʻlgan taqdirda hal qiluvchi ovozga ega boʻlmaydi va bunda masala qabul qilinmagan deb hisoblanadi.
6-bob. Kengashga aʼzolikni tugatish
40. Kengash aʼzosini lavozimidan muddatidan oldin ozod etish uchun asoslar jumlasiga uning majburiyatlarni jiddiy buzishi, aʼzolikni davom ettirishga mos kelmaydigan xatti-harakatlar sodir etishi, qasddan huquqqa xilof harakat qilishi, qoʻpol ehtiyotsizlikka yoʻl qoʻyishi, konfidensiallik yoki manfaatlar toʻqnashuviga oid talablarni jiddiy buzishi, jinoyat sodir etganlik uchun sudlanganlik haqidagi hukmning qonuniy kuchga kirishi, mustaqil aʼzo uchun belgilangan mustaqillik maqomini yoʻqotishi, oʻz funksiyalarini uzoq muddat davomida bajara olmasligi yoki uning Moliya markazi manfaatlarini koʻzlab faoliyat yuritishiga jiddiy toʻsqinlik qiladigan boshqa holatlar kiradi.
41. Kengash aʼzosining vakolatlari, agar aʼzo qayta tayinlanmagan boʻlsa, tayinlash muddati tugaganda, raisga yozma ravishda isteʼfo arizasi taqdim etilganda, asoslar boʻlganda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan lavozimdan ozod etilganda, vafot etganda yoki qoʻllaniladigan qonunchilikda belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz, bedarak yoʻqolgan yoki vafot etgan deb eʼlon qilinganda ham tugatiladi.
42. Boshqaruvchining Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti farmoniga asosan lavozimidan ozod etilishi, agar farmonda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, uning Kengash aʼzosi sifatidagi vakolatlari ham bir vaqtning oʻzida tugatilishiga olib keladi.
43. Agar qolgan aʼzolar soni belgilangan eng kam miqdordan kam boʻlmasa, Kengashning ayrim aʼzolari vakolatlarining tugatilishi Kengash faoliyatini toʻxtatishga olib kelmaydi. Aʼzolar soni besh nafardan kamayganda, yangi aʼzolarni tayinlash choralari kechiktirilmasdan amalga oshiriladi.
44. Aʼzolar soni besh nafardan kamaygan hollarda yangi aʼzolar tayinlangunga qadar Kengash muhim ahamiyatga ega Moliya markazi qarorlarini qabul qilmaydi, bundan Moliya markazi manfaatlari, ishchanlik obroʻsi, faoliyatining barqarorligi, bozor yaxlitligi yoki huquqiy aniqlikni taʼminlash uchun kechiktirib boʻlmaydigan qaror qabul qilish zarur boʻlgan hollar mustasno.
7-bob. Moliya markazining boshqaruvchisi — Bosh kotib
45. Boshqaruvchi Kengashning Bosh kotibi sifatida faoliyat yuritadigan Kengash aʼzosi hisoblanadi. Boshqaruvchi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmoni bilan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi.
46. Boshqaruvchi Kengash majlislarini tayyorlashni tashkil etadi, kun tartibi loyihalarini shakllantiradi, ish hujjatlari oʻz vaqtida yuborilishini taʼminlaydi, rais qatnashmagan majlislarga raislik qiladi, Kengash qarorlari, buyruqlari va koʻrsatmalari ijrosini muvofiqlashtiradi hamda ijro boʻyicha Kengashga hisobot beradi.
47. Boshqaruvchi Moliya markazining strategiyasi, umumiy siyosatlari, rejalari, tashkiliy tuzilmasi loyihasi va ijro hisobotlarini Kengash tasdigʻiga kiritadi, bunday hujjatlar boshqa vakolatli organ tomonidan kiritiladigan hollar bundan mustasno.
48. Boshqaruvchi Moliya markazi organlari faoliyatini muvofiqlashtirishda, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi davlat organlari bilan Moliya markazi organlari oʻrtasidagi hamkorlikni tashkil etishda ishtirok etadi. Boshqaruvchi Oʻzbekiston Respublikasi hududida va undan tashqaridagi davlat organlari, xalqaro tashkilotlar, tartibga soluvchi organlar, moliya markazlari, investorlar, taraqqiyot institutlari va boshqa tashkilotlar bilan munosabatlarda Moliya markazi nomidan vakillik qiladi.
49. Boshqaruvchi Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi ijrochi direktorini lavozimga tayinlash, qayta tayinlash, vakolatlarini toʻxtatib turish yoki lavozimdan ozod etish boʻyicha Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi kengashiga asoslantirilgan tavsiyalar kiritadi. Boshqaruvchi Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi kengashi birinchi marta shakllangunga qadar yoki uning majlisi oʻtkazilgunga qadar Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi ijrochi direktorini 12 oydan koʻp boʻlmagan muddatga lavozimga tayinlaydi.
50. Boshqaruvchi Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi ijrochi direktorining oʻrinbosarlarini lavozimiga tayinlash, qayta tayinlash, vakolatlarini toʻxtatib turish yoki tugatish yuzasidan qarorlar qabul qiladi.
51. Boshqaruvchi Moliya markazi maʼmuriyatining ijrochi direktorini lavozimga tayinlaydi, qayta tayinlaydi va lavozimidan ozod qiladi.
52. Boshqaruvchi zarur hollarda Moliya markazi organlari bilan kelishgan holda, Moliya markazi manfaatlaridan kelib chiqib, Kengash tomonidan belgilangan vakolatlar doirasida uchinchi shaxslar bilan shartnomalar, bitimlar va oʻzaro anglashuv memorandumlarini tuzishga haqli.
53. Boshqaruvchi qoʻmitalar va ishchi guruhlar tuzish, ekspertlar va mutaxassislarni jalb etish, Moliya markazi organlari hamda tegishli davlat organlaridan axborot, muvofiqlashtirish va maʼmuriy koʻmak soʻrash, shuningdek, Kengashning tegishli qarorlari bilan oʻziga yuklatilgan boshqa vazifalarni bajarishga haqli.
54. Boshqaruvchi oʻz funksiyalarini bajarishi uchun zarur tashkiliy, maslahat va texnik koʻmakdan foydalanadi, bunday koʻmak Moliya markazi maʼmuriyati tomonidan, tegishli hollarda esa Moliya markazining boshqa organlari tomonidan koʻrsatiladi.
8-bob. Kengash aʼzolarining huquqlari, majburiyatlari va odob-axloq qoidalari
55. Kengash aʼzosi majlislarda ovoz berish huquqi bilan ishtirok etish, kun tartibiga masalalar kiritishni taklif qilish, koʻrib chiqish uchun taqdim etilgan ish hujjatlarini olish, Moliya markazining organlaridan qoʻshimcha maʼlumot, tushuntirishlar va ekspert baholarini soʻrash, bayonnomada qayd etiladigan yoki unga ilova qilinadigan alohida fikr bildirish hamda mazkur Nizom va Moliya markazi qarorlarida nazarda tutilgan boshqa huquqlarni amalga oshirishi mumkin.
56. Kengash aʼzosi oʻz vazifalarini vijdonan, oqillik, kasbiy mahorat va masʼuliyat bilan bajarishi, faqat Moliya markazi manfaatlari va uning maqsadlariga erishishni koʻzlashi, Kengash ishida shaxsan (masofaviy) va muntazam ishtirok etishi, majlislarga puxta tayyorgarlik koʻrishi, Konstitutsiyaviy Qonun , ushbu Nizom, Moliya markazi qarorlari va qoʻllaniladigan odob-axloq kodeksi talablariga rioya qilishi, konfidensial axborotni saqlashi hamda Moliya markazining ishchanlik obroʻsiga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan xatti-harakatlardan tiyilishi shart.
57. Kengash aʼzosi manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymasligi shart. Aʼzo tegishli masala koʻrib chiqilishidan oldin Kengash koʻrib chiqishi uchun kiritilgan masala boʻyicha oʻzining har qanday bevosita yoki bilvosita shaxsiy, moliyaviy yoki kasbiy manfaati mavjudligi haqida Kengashga maʼlum qilishi shart.
58. Manfaatlar toʻqnashuvi mavjud boʻlgan Kengash aʼzosi tegishli masalani muhokama qilishda va u boʻyicha ovoz berishda ishtirok etmaydi. Biroq Kengash oshkor etilgan holatni koʻrib chiqib, manfaatlar toʻqnashuvini ahamiyatsiz deb topsa yoki u qarorning xolis qabul qilinishiga taʼsir koʻrsatmaydi deb hisoblasa, bunday aʼzoning muhokama va ovoz berishda ishtirok etishiga ruxsat berishi mumkin. Manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisidagi maʼlumot va Kengashning bu haqidagi qarori bayonnomada qayd etiladi.
59. Kengash oʻz aʼzolari va qoʻmitalari aʼzolari, shuningdek, Moliya markazi organlari xodimlari uchun odob-axloq kodeksini, shuningdek, manfaatlar toʻqnashuvini tartibga soluvchi batafsil qoidalarni qabul qiladi.
60. Kengashning har bir aʼzosi konfidensial deb belgilangan yoki oʻz funksiyalarini bajarishi munosabati bilan unga oshkor etilgan yoxud u tomonidan olingan barcha axborotni sir saqlashi shart. Bunday axborot uchinchi shaxslarga, shu jumladan, davlat organlari va ijro etuvchi hokimiyat organlariga oshkor etilmaydi, bundan oshkor qilish qoʻllaniladigan qonunchilik bilan ruxsat etilgan yoki talab qilingan, Toshkent xalqaro tijorat sudining qarori bilan belgilangan, maʼlumot tegishli boʻlgan shaxsning yozma roziligi mavjud boʻlgan yoki tasdiqlangan hamkorlik mexanizmlariga muvofiq vakolatli mahalliy yoki xorijiy organlar bilan hamkorlik qilish maqsadida amalga oshiriladigan hollar yoxud jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish, sanksiyalarga rioya etish, moliyaviy barqarorlik, soliq maʼmuriyatchiligi uchun, jinoyat ishlari boʻyicha tergov yoki boshqa ommaviy-huquqiy funksiyalarni amalga oshirish maqsadlari uchun zarur boʻlgan hollar mustasno.
61. Konfidensiallik majburiyati lavozim tugatilgandan keyin ham saqlanib qoladi. Konfidensiallikni har qanday buzish tegishli javobgarlikka sabab boʻladi.
62. Kengash aʼzolari oʻz majburiyatlarini bajarish va vakolatlarini amalga oshirish bilan bogʻliq holda vijdonan sodir etilgan har qanday harakat yoki harakatsizlik uchun uchinchi shaxslar oldida javobgar boʻlmaydi. Bunday daxlsizlik qasddan qilingan nojoʻya xatti-harakat yoki qoʻpol ehtiyotsizlikka nisbatan qoʻllanilmaydi, ushbu hollar Toshkent xalqaro tijorat sudi tomonidan Moliya markazining qarorlariga muvofiq koʻrib chiqiladi.
9-bob. Kengash majlislari
63. Kengash oʻz vakolatlarini majlislarda, mazkur Nizomda ruxsat etilgan hollarda esa yozma tartibda amalga oshiradi.
64. Kengash majlislari zaruratga koʻra, biroq yiliga kamida ikki marta oʻtkaziladi. Majlislar rais tomonidan oʻz tashabbusiga koʻra, Bosh kotibning taklifiga koʻra, Kengash aʼzolarining kamida uchdan bir qismi yozma talabiga koʻra yoki Kengash vakolatiga kiradigan masala boʻyicha Moliya markazi organining asoslantirilgan talabiga koʻra chaqiriladi.
65. Majlis haqidagi xabarnoma, kun tartibi loyihasi va ish hujjatlari bilan birga, qoida tariqasida, majlis oʻtkazilishidan kamida oʻn kalendar kun oldin aʼzolarga yuboriladi. Shoshilinch hollarda rais barcha aʼzolar xabardor qilinishi va ularga ishtirok etish uchun oqilona imkoniyat berilishi sharti bilan majlisni qisqaroq muddatda chaqirishi mumkin.
66. Majlis kun tartibi majlis ochilishida Kengash aʼzolarining takliflarini inobatga olgan holda majlisga raislik qiluvchi tomonidan tasdiqlanadi. Yuborilgan kun tartibi loyihasiga kiritilmagan masalalar hozir boʻlgan aʼzolar koʻpchiligining roziligi bilan koʻrib chiqilishi mumkin, Moliya markazining muhim ahamiyatga ega qarorlari loyihalari bundan mustasno. Shoshilinch chora koʻrish zarurati boʻlgan hollardan tashqari muhim ahamiyatga ega qaror loyihalari boʻyicha materiallar oldindan yuborilgan boʻlishi kerak.
67. Kengash majlisida Kengash aʼzolari umumiy sonining koʻpchiligi ishtirok etsa, majlis vakolatli hisoblanadi. Aʼzoning uni eshitish, eshitilish va ovoz berish imkonini beradigan videokonferensaloqa yoki boshqa real vaqt rejimidagi aloqa orqali ishtirok etishi majlisda ishtirok etish deb eʼtirof etiladi.
68. Kengash qarorlari majlisda ishtirok etayotgan aʼzolar ovozlarining koʻpchiligi bilan qabul qilinadi. Har bir aʼzo bitta ovozga ega boʻladi. Agar Kengash yashirin ovoz berish toʻgʻrisida qaror qabul qilmasa, ovoz berish jarayoni ochiq tarzda oʻtkaziladi.
69. Majlisda muhokama qilishni talab etmaydigan masalalar boʻyicha Kengash qarori yozma tartibda qabul qilinishi mumkin. Moliya markazining muhim ahamiyatga ega qarori yozma tartibda faqat masalaning shoshilinchligi bunday tartibni talab etgan hollarda yoki barcha aʼzolar yozma tartibda qabul qilinishiga rozi boʻlgan hollarda qabul qilinishi mumkin.
70. Yozma tartibda qaror loyihasi va unga tegishli materiallar ovoz berish muddati koʻrsatilgan holda barcha aʼzolarga yuboriladi, mazkur muddat, yetarlicha asoslantirilgan shoshilinch hollardan tashqari, besh ish kunidan kam boʻlmasligi kerak. Yozma tartibda qabul qilingan qaror, agar uni aʼzolar umumiy sonining uchdan ikki qismi qoʻllab-quvvatlagan boʻlsa, haqiqiy hisoblanadi.
71. Kengashning har bir majlisi boʻyicha bayonnoma yuritiladi. Bayonnomada majlis joyi, sanasi va shakli, hozir boʻlgan aʼzolar, taklif etilgan shaxslar, kun tartibi masalalari, muhokamaning asosiy jihatlari, qabul qilingan qarorlar, ovoz berish natijalari, alohida fikrlar va berilgan topshiriqlar qayd etiladi.
72. Bayonnoma Bosh kotib yoki Kengash tomonidan belgilangan boshqa shaxs tomonidan, Kengash qarori esa rais yoki Bosh kotib tomonidan imzolanadi.
73. Kengash oʻz majlislariga Moliya markazi organlari, davlat organlari, tartibga soluvchi organlar, sudlar, xalqaro tashkilotlar vakillari, investorlar, ekspertlar va muayyan masalani koʻrib chiqish uchun ishtiroki zarur yoki maqsadga muvofiq boʻlgan boshqa shaxslarni taklif qilishi mumkin. Taklif etilgan shaxslar konfidensiallik talablariga rioya etishi shart.
74. Kengash qabul qilgan qarorlar haqidagi axborot Moliya markaziga nisbatan qoʻllaniladigan eʼlon qilish majburiyati va shaffoflik talablariga muvofiq ommaga maʼlum qilinadi.
10-bob. Kengash qarorlari va hujjatlari
75. Kengash qarorlar, koʻrsatmalar, buyruqlar, nizomlar, qoidalar, kodekslar, siyosatlar va boshqa majburiy hujjatlar shaklida Moliya markazining qarorlarini, shuningdek, normativ xususiyatga ega boʻlmagan qarorlar, tavsiyalar va ichki tashkiliy hujjatlarni qabul qiladi.
76. Moliya markazining qarorlarini ishlab chiqish, vakolatli organlar bilan kelishish, roʻyxatdan oʻtkazish, kuchga kiritish, eʼlon qilish, oʻzgartirish va bekor qilish tartibi Moliya markazi maʼmuriyati tomonidan taklif etiladigan va Kengash tomonidan tasdiqlanadigan maxsus Moliya markazi qarorlari bilan belgilanadi, bundan Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi tomonidan oʻz maxsus vakolati doirasida chiqariladigan Moliya markazining qarorlari hamda Konstitutsiyaviy Qonunning 29-moddasiga muvofiq Toshkent xalqaro tijorat sudining Bosh sudyasi tomonidan chiqariladigan qoidalar, koʻrsatmalar va yoʻriqnomalar mustasno boʻlib, ular Kengash tasdigʻisiz kuchga kiradi.
77. Moliya markazining muhim ahamiyatga ega qarori qabul qilinishidan oldin Kengash jamoatchilik muhokamasi oʻtkazilishi, shuningdek, tartibga solish taʼsirini baholash boʻyicha hisobot tayyorlanishi va eʼlon qilinishini taʼminlaydi. Belgilangan tartibga muvofiq bunday muhokama yoki baholashni oʻtkazish talab etilmagan hollar, shuningdek, shoshilinchlik yoki oʻtish davri mexanizmlari tufayli boshqacha tartib belgilangan hollar bundan mustasno.
78. Kengash tomonidan qabul qilingan Moliya markazining qarorlari rasmiy reyestrda ingliz tilida eʼlon qilinadi. Kengashning rasmiy reyestrda ingliz tilida eʼlon qilinmagan hujjati huquqiy kuchga va yuridik taʼsirga ega boʻlmaydi hamda Moliya markazining shaxslari uchun majburiy hisoblanmaydi.
79. Kengash qarori, agar unda kechroq muddat koʻrsatilmagan boʻlsa, rasmiy reyestrda eʼlon qilingan sanada kuchga kiradi.
80. Kengash tomonidan oʻz vakolatlari doirasida qabul qilingan qarorlar, buyruqlar va koʻrsatmalar ular yoʻnaltirilgan Moliya markazi organlari va Moliya markazining shaxslari uchun majburiydir. Kengash hujjatlari Konstitutsiyaviy Qonunda nazarda tutilgan hollarda va tartibda Toshkent xalqaro tijorat sudi tomonidan qayta koʻrib chiqilishi mumkin.
11-bob. Ishtirokchilarning maslahat qoʻmitasi va boshqa qoʻmitalar
81. Kengash Moliya markazining ishtirokchilari, huquq va moliya sohasidagi mustaqil ekspertlar hamda Kengash munosib deb hisoblaydigan boshqa shaxslardan iborat Ishtirokchilarning maslahat qoʻmitasini tashkil etadi.
82. Ishtirokchilarning maslahat qoʻmitasi Moliya markazining muhim ahamiyatga ega qarorlarining loyihalari qabul qilinishidan oldin ular boʻyicha majburiy boʻlmagan maslahat-xulosalar beradi. Qoʻmitaning tarkibi, vakolat muddati, ish tartibi va uning faoliyatini taʼminlash tartibi Kengash qarori bilan belgilanadi.
83. Kengash Ishtirokchilarning maslahat qoʻmitasi tavsiyalarini lozim darajada koʻrib chiqadi. Kengash bunday tavsiyalardan jiddiy ravishda chetga chiqqan taqdirda, chetga chiqish sabablarini eʼlon qiladi.
84. Kengash oʻz aʼzolari orasidan yoki tashqi ekspertlarni jalb qilgan holda doimiy yoki vaqtinchalik (ad hoc) qoʻmitalar, komissiyalar va ishchi guruhlarni tashkil etishi mumkin.
85. Kengash oʻz qoʻmitalari, komissiyalari va ishchi guruhlarining tarkibi, vakolatlari, hisobdorlik va ish tartibini belgilaydi. Kengash tomonidan qoʻmitalarga muayyan vakolatlar bevosita berilmagan hollarda, ular maslahat beruvchi hamda masalalarni Kengash muhokamasiga tayyorlovchi tuzilmalar sifatida faoliyat yuritadi.
86. Kengash oʻz qoʻmitalari, Ishtirokchilarning maslahat qoʻmitasi va Kengash tomonidan tashkil etilgan har qanday boʻysunuvchi tuzilmalar yoki institutlardan davriy hisobotlarni soʻrashi mumkin.
12-bob. Moliya markazi organlari va davlat organlari bilan oʻzaro hamkorlik
87. Moliya markazining organlari Konstitutsiyaviy Qonunga , Moliya markazining qarorlariga hamda Kengashning muvofiqlashtiruvchi yoki siyosiy koʻrsatmalariga muvofiq oʻzaro hamkorlik qiladi, bunda bunday hamkorlik Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi yoki Toshkent xalqaro tijorat sudining funksional mustaqilligiga daxl qilmagan holda amalga oshiriladi.
88. Kengash Moliya markazining maqsadlariga erishish, shuningdek, Moliya markazi organlariga berilgan vakolatlar, vazifalar va funksiyalarni samarali amalga oshirish maqsadida vazirliklar, idoralar, nazorat qiluvchi va tartibga soluvchi organlar, sudlar, davlat hokimiyati organlari hamda Oʻzbekiston Respublikasining boshqa vakolatli organlari bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.
89. Kengash Moliya markazining samarali faoliyat yuritishi uchun zarur boʻlgan hamkorlik, axborot almashish, tartibga solish masalalarini muvofiqlashtirish, texnik yordam, maʼmuriy koʻmak, sudlar bilan hamkorlik va oʻzaro munosabatlarning boshqa shakllarini tartibga soluvchi asosiy qoidalarni belgilashi mumkin.
90. Kengash oʻz vakolatlarini amalga oshirishi uchun zarur boʻlgan axborot, muvofiqlashtirish va maʼmuriy koʻmakni, konfidensiallik talablariga rioya etgan holda, tegishli organlardan soʻrashi mumkin.
91. Kengash Moliya markazi va uning organlarining xalqaro hamda idoralararo hamkorligiga oid umumiy ustuvor yoʻnalishlar, minimal talablar, kelishish va tasdiqlash tartiblari, shuningdek, hisobot berish talablarini belgilashi mumkin.
13-bob. Budjet, audit, hisobot va shaffoflik
92. Kengash Moliya markazi organlarining jamlanma yillik budjetini va jamlanma yillik moliyaviy hisobotlarini koʻrib chiqadi, tasdiqlaydi va taqdim etadi, shuningdek, Moliya markazining yillik budjetlari, auditorlik xulosalari va faoliyat hisobotlarini tasdiqlaydi.
93. Kengash tasdiqlangan budjetlar ijrosini nazorat qiladi, budjet ijrosini, belgilangan tartibda resurslarni qayta taqsimlash boʻyicha takliflarni koʻrib chiqadi hamda moliyaviy resurslar samarali, shaffof va Moliya markazining maqsadlariga muvofiq yoʻnalishlarda foydalanilishini taʼminlaydi.
94. Kengash mustaqil auditorlarni tayinlaydi, ularni jalb etish shartlarini belgilaydi, auditorlarning zarur hisob hujjatlari, maʼlumotlar va boshqa hujjatlardan foydalanishini taʼminlaydi, audit natijalarini koʻrib chiqadi hamda aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan masʼul shaxslarga tegishli topshiriqlar beradi.
95. Kengash har bir moliyaviy yil tugaganidan keyin toʻrt oy ichida yillik shaffoflik hisobotlari va Moliya markazining jamlanma yillik moliyaviy hisoboti rasmiy reyestrda va tegishli rasmiy veb-saytlarda ingliz tilida bepul ommaviy foydalanish uchun eʼlon qilinishini taʼminlaydi.
14-bob. Kengash faoliyatini taʼminlash
96. Kengash faoliyatini tashkiliy, tahliliy, huquqiy, axborot, logistika, moliyaviy va hujjatlar bilan taʼminlash Konstitutsiyaviy Qonun , Moliya markazining qarorlari va Kengash qarorlariga muvofiq Moliya markazi maʼmuriyati tomonidan amalga oshiriladi.
97. Kengash aʼzolariga ular oʻz vazifalarini bajarish bilan bogʻliq xarajatlarining oʻrni qoplab beriladi. Kengash aʼzolariga ularga yuklatilgan vazifalarni bajarganligi uchun Boshqaruvchi va Kengash aʼzosi oʻrtasida tuziladigan kelishuvga muvofiq haq toʻlanishi mumkin.
98. Moliya markazi maʼmuriyati tarkibida Kengash kotibiyati tashkil etilishi mumkin. Kotibiyat majlis hujjatlarini tayyorlaydi, yozuvlarni yuritadi, qarorlar ijrosini monitoring qiladi, hujjatlar aylanishini tashkil etadi, qoʻmitalar faoliyatini qoʻllab-quvvatlaydi hamda Kengash hujjatlarini eʼlon qilish va arxivlashni taʼminlaydi.
99. Moliya markazining organlari, tegishli qarorlarda nazarda tutilgan hollarda esa Oʻzbekiston Respublikasining davlat organlari va tashkilotlari, qoʻllaniladigan konfidensiallik majburiyatlariga rioya etgan holda, Kengashga oʻz vakolatlarini amalga oshirish uchun zarur axborot, muvofiqlashtirish va maʼmuriy koʻmakni taqdim etadi.
100. Kengash hujjatlar bilan ishlash, arxivlar, axborot xavfsizligi, kiberxavfsizlik, ommaviy kommunikatsiyalar, rasmiy muhrlar va blanklardan foydalanish, qarorlarni eʼlon qilish, axborotdan foydalanish va konfidensial axborotni himoya qilish boʻyicha ichki qoidalarni tasdiqlashi mumkin.
15-bob. Yakuniy qoidalar
101. Mazkur Nizomning biror-bir qoidasi Konstitutsiyaviy Qonunga zid boʻlgan taqdirda, Konstitutsiyaviy Qonun qoidalari qoʻllaniladi. Bunda mazkur Nizom Konstitutsiyaviy Qonunga zid boʻlmagan qismida amal qiladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 10-sentabrdagi PF-188-son Farmoniga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi davlat organlari bilan kelishilgan holda qabul qilinadigan Toshkent xalqaro moliya markazi qarorlari
T/r Birgalikda qabul qilinadigan qarorlar Asosiy mazmuni Oʻzbekiston Respublikasining masʼul davlat organlari Konstitutsiyaviy Qonunning tegishli moddasi 1. Faoliyatni Moliya markazi hududiga taalluqli deb eʼtirof etish tartibi toʻgʻrisidagi qaror Faoliyatning Moliya markazi hududiga yoki Oʻzbekiston Respublikasining boshqa hududlariga taalluqliligini aniqlash mezonlari va tartib-taomillari. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Adliya vazirligi 5-modda 2. Oʻzbekiston soliq rezidentlariga moliyaviy xizmatlar koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazi ishtirokchilari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududida, biroq Moliya markazi hududidan tashqarida joylashgan shaxslarga moliyaviy xizmatlar koʻrsatish shartlarini belgilovchi tartib. Markaziy bank, Istiqbolli loyihalar milliy agentligi 5-modda 3. Moliya markazi va Markaziy bankning hisobot, axborot almashish va valyuta nazorati toʻgʻrisidagi qarori Soddalashtirilgan hisobot, axborot almashish va nazorat mexanizmlari; valyuta operatsiyalari boʻyicha hisobot; Moliya markazi organlari va Markaziy bank oʻrtasida axborot almashish; kapitalni erkin repatriatsiya qilish va valyutani erkin konvertatsiya qilish prinsiplari. Markaziy bank 17-modda 4. Moliya markazining investitsiyaviy soliq rezidentligi dasturi toʻgʻrisidagi qaror Dastur qoidalari, investitsiyalarning malakali shakllari, hajmlari va vositalari, eʼtirof etish mezonlari va ishtirok etish tartib-taomillari; halollikka oid maʼlumotlarni oshkor etish va soliq rezidentligiga oid tartiblar. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Soliq qoʻmitasi 13 va 18-moddalar 5. Moliya markazining soliq imtiyozlari, malakali ishtirokchi talablari va daromadlarni alohida hisobga olish toʻgʻrisidagi qarori Soliq imtiyozlari shartlari, Moliya markazining malakali ishtirokchilariga qoʻyiladigan qoʻshimcha talablar, iqtisodiy mohiyat va unga bogʻliq shartlar; soliqdan ozod qilingan daromadlar, soliq solinadigan daromadlar va chegiriladigan xarajatlarni alohida hisobga olish; listingdagi qimmatli qogʻozlar va soliq rezidentligiga oid shartlar. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Soliq qoʻmitasi 18-modda 6. Moliya markazida soliq tizimi va maʼmuriyatchiligi toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazida soliq tizimi va soliq maʼmuriyatchiligi. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Soliq qoʻmitasi 18-modda 19-modda 7. Moliya markazida bojxona maʼmuriyatchiligi toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazida foydalaniladigan yoki isteʼmol qilinadigan tovarlarga nisbatan bojxona maʼmuriyatchiligi. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Bojxona qoʻmitasi 18-modda 8. Xorijiy ishchi kuchini jalb qilish, axborot almashishi va migratsiya hisoboti tartibi toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazi ishtirokchilari va organlariga chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni ishga qabul qilish, malaka talablari, kvotalar va axborot almashish tartibi. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Adliya vazirligi 21-modda 9. Davlat budjeti mablagʻlaridan samarali foydalanish ustidan nazorat qilish tartibi toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazi organlariga ajratilgan Davlat budjeti mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanish ustidan nazorat qilish tartib-taomillari. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Hisob palatasi 22-modda 10. Konsolidatsiyalashgan nazorat va prudensial choralar boʻyicha hamkorlik qilish tartibi toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazi ishtirokchisining Moliya markazi hududida va Oʻzbekiston Respublikasining boshqa hududlarida tartibga solinadigan tashkilotlari yoki filiallari mavjud boʻlgan hollarda Moliyaviy xizmatlar boshqarmasi va Markaziy bank oʻrtasida konsolidatsiyalashgan nazorat, axborot almashish va prudensial choralar boʻyicha hamkorlik. Markaziy bank 17 va 28-moddalar
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 10-sentabrdagi PF-188-son Farmoniga 3-ILOVA
Toshkent xalqaro moliya markazi faoliyatining dastlabki bosqichida qabul qilinishi lozim boʻlgan markaz qarorlari
T/r Moliya markazi qarori Asosiy mazmuni 1. Angliya va Uels huquqini qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazida Angliya va Uels umumiy huquqini, shu jumladan adolat huquqi qoidalari va prinsiplarini qoʻllash, shuningdek, Angliyaning muayyan qonun hujjatlari roʻyxati va Moliya markazining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqadigan oʻzgartirishlar. 2. Moliyaviy xizmatlar va bozorlar toʻgʻrisidagi qaror Moliyaviy xizmatlar va bozorlarning asosiy huquqiy asoslari, shu jumladan avtorizatsiya, litsenziyalash, nazorat, tartibga solish vakolatlari, eʼtirof etilgan tashkilotlar, bozor infratuzilmasi, qimmatli qogʻozlarni taklif etish va listing, jamoaviy investitsiya fondlari, bozorda suiisteʼmol qilish, huquqni qoʻllash hamda moliyaviy xizmatlarga oid huquq va majburiyatlarni oʻtkazish. 3. Kompaniyalar toʻgʻrisidagi qaror Kompaniyalar va Moliya markazining boshqa ishtirokchilarini tashkil etish, taʼsis etish, roʻyxatdan oʻtkazish, ularning tashkiliy-huquqiy shakllari, korporativ boshqaruvi, hisoblari, auditi, hujjatlarni taqdim etishi, korporativ maʼmuriyatchiligi va tugatilishi. 4. Bankrotlik va restrukturizatsiya toʻgʻrisidagi qaror Bankrotlik, toʻlovga qobiliyatsizlik, maʼmuriy boshqaruv, tashqi boshqaruv, restrukturizatsiya, kreditorlar bilan kelishuvlar, tugatish va likvidatsiya, toʻlovga qobiliyatsizlik boʻyicha mutaxassislar hamda transchegaraviy toʻlovga qobiliyatsizlik. 5. Koʻchmas mulk va ijara munosabatlari toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazi hududida roʻyxatdan oʻtkazilgan koʻchmas mulk va binolarga egalik qilish, huquqlarni roʻyxatdan oʻtkazish va ularni boshqa shaxsga oʻtkazish, ijara, ipoteka va koʻchmas mulk bilan bogʻliq boshqa bitimlar. 6. Mehnat munosabatlari toʻgʻrisidagi qaror Mehnat munosabatlari, mehnat shartnomalari, xodimlarning huquq va majburiyatlari, xodimlarni biriktirish, ish joyida himoya choralari, mehnat munosabatlarini tugatish, huquqiy himoya vositalari va tegishli mehnat standartlari. 7. Maʼlumotlarni himoya qilish toʻgʻrisidagi qaror Shaxsga doir maʼlumotlarni himoya qilish va qayta ishlash, maʼlumotlar subyektlarining huquqlari, maʼlumotlar kontrolyorlari va qayta ishlovchilarning majburiyatlari, maʼlumotlarni xalqaro uzatish, nazorat, huquqni qoʻllash va konfidensiallik talablari. 8. Investitsiya fondlari toʻgʻrisidagi qaror Jamoaviy investitsiya fondlarini tashkil etish, roʻyxatdan oʻtkazish, boshqarish, korporativ boshqaruv, aktivlarni saqlash, faoliyat yuritish va marketing, shu jumladan investorlarni himoya qilish hamda zarur hollarda fondlarni pasportlash tartiblari. 9. Professional xizmatlar toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazida professional xizmatlarni tartibga solish, shu jumladan yuridik, buxgalteriya, audit, soliq, korporativ va boshqa professional xizmat koʻrsatuvchilar uchun tegishli malaka, xulq-atvor, boshqaruv va talablarga rioya etish shartlari. 10. Bank faoliyatini tiklash va sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qaror Tiklash va sanatsiya qilish, intervensiya, barqarorlashtirish va sanatsiya vakolatlari, himoya choralari, sanatsiyani moliyalashtirish hamda muammoli banklar va tegishli doiraga kiruvchi boshqa moliyaviy institutlarga nisbatan choralar koʻrish. 11. Maʼmuriy masalalar toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazining tijorat qonunchiligi doirasida qoʻllaniladigan maʼmuriy tekshiruvlar, axborot toʻplash, huquqbuzarliklar, sanksiyalar, jarimalar, huquqni qoʻllash tartib-taomillari, protsessual adolat, kelishuvga erishish vakolatlari va boshqa maʼmuriy choralar. 12. Benefitsiar mulkdorlik va nazorat toʻgʻrisidagi qaror Benefitsiar mulkdorlar va nazorat qiluvchi shaxslarni identifikatsiya qilish, tekshirish, hisobga olish va ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor qilish, mulkdorlar va nazorat qiluvchi shaxslar reyestrlari, xabar berish, shaffoflik majburiyatlari va tegishli talablarga rioya etish. 13. Isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazida chakana tovarlar va xizmatlarni taqdim etishning minimal standartlari, shu jumladan halol muomala, narx belgilash va axborotni oshkor qilish, qaytarish va huquqiy himoya vositalari, shikoyatlar, taqiqlangan amaliyotlar va tartibga soluvchi organ tomonidan huquqni qoʻllash. 14. Masʼuliyati cheklangan sherikliklar toʻgʻrisidagi qaror Masʼuliyati cheklangan sherikliklarni tashkil etish, roʻyxatdan oʻtkazish, huquqiy maqomi, aʼzolik, boshqaruv, korporativ maʼmuriyatchiligi, hisoblar, hujjatlarni taqdim etish, tugatish va likvidatsiya qilish. 15. Korporativ nazoratni oʻzgartirish (Takeover) toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazining tegishli kompaniyalari ustidan nazoratni qoʻlga kiritish yoki bunday nazoratni birlashtirishga qaratilgan takliflar, qoʻshib yuborish (olish) va boshqa bitimlarni tartibga solish; axborotni oshkor qilish, teng munosabatda boʻlish hamda bunday bitimlar ustidan maxsus nazoratni amalga oshirish tartibi. 16. Trastlar toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazi huquqi bilan tartibga solinadigan yoki Moliya markazida boshqariladigan trastlarga oid maxsus qoidalar, shu jumladan ishonchli boshqaruvchilar, himoyachilar, saqlab qolingan vakolatlar, huquqni tanlash, huquqni qoʻllash hamda Angliya trast huquqi va adolat huquqi prinsiplari bilan oʻzaro munosabat. 17. Moliyaviy hisoblar boʻyicha axborotni avtomatik almashish yagona standarti (CRS) toʻgʻrisidagi qaror Iqtisodiy hamkorlik va taraqqiyot tashkilotining Moliyaviy hisoblar boʻyicha axborotni avtomatik almashish yagona standartini (CRS) joriy etish, shu jumladan moliyaviy hisobvaraqlar boʻyicha lozim darajada tekshirish, identifikatsiya qilish, hisobot berish, hisob va hujjatlarni saqlash, talablarga rioya etish va axborot almashish talablari. 18. Xorijiy hisobvaraqlar boʻyicha soliqqa rioya etish talablari (FATCA) toʻgʻrisidagi qaror FATCA doirasida tegishli moliyaviy institutlar va hisobvaraqlarga nisbatan lozim darajada tekshirish, hisobot berish, hisob va hujjatlarni saqlash hamda talablarga rioya etish majburiyatlarini joriy etish. 19. Tijorat litsenziyalari toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazida tijorat faoliyati va yuridik shaxslarni litsenziyalash va roʻyxatdan oʻtkazish, shu jumladan litsenziya toifalari, shartlar, muddatini uzaytirish, oʻzgartirish, amal qilishini toʻxtatib turish va bekor qilish, nazorat qilinadigan faoliyat turlari va filiallarni roʻyxatdan oʻtkazish. 20. Tijorat ruxsatnomalari toʻgʻrisidagi qaror Vaqtinchalik va muayyan faoliyat turiga oid tijorat ruxsatnomalari, talablarga muvofiqlik, ariza berish va tasdiqlash tartib-taomillari, shartlar, amal qilish muddati, uzaytirish, toʻxtatib turish, bekor qilish va talablarga rioya etish. 21. Sharhlash toʻgʻrisidagi qaror Taʼriflar, talqin qilish qoidalari, umumiy prinsiplar, muddatlarni hisoblash, qonunchilikka havolalar, Moliya markazining quyi darajadagi qarorlarini qabul qilish vakolatlari hamda Moliya markazining huquqiy asoslariga umumiy tatbiq etiladigan boshqa qoidalar. 22. Elektron bitimlar toʻgʻrisidagi qaror Elektron imzolar, elektron shartnomalar, elektron yozuvlar va hujjatlar, elektron kommunikatsiyalar hamda texnologiyalarga asoslangan boshqa bitimlar va hujjatlarni taqdim etishning yuridik tan olinishi va ijro etilishi. 23. Fondlar toʻgʻrisidagi qaror Fondlarni tashkil etish, roʻyxatdan oʻtkazish, boshqaruv, maʼmuriy yuritish, faoliyatni davom ettirish, migratsiya va tugatish, shu jumladan muassislar, kengashlar, vasiylar, benefitsiarlar hamda oilaviy boylikni boshqarish yoki vorislikni rejalashtirish tuzilmalari. 24. Moliya markazida soliq va bojxona toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazi hududida qoʻllaniladigan soliq va bojxona qoidalari, shu jumladan Moliya markazi organlari va ishtirokchilariga soliq solish, soliq maʼmuriyatchiligi, tovarlar va xizmatlarga nisbatan bojxona tartibi, imtiyozlar va preferensiyalar, hisobot berish va talablarga rioya etish majburiyatlari hamda Oʻzbekiston Respublikasining vakolatli soliq va bojxona organlari bilan muvofiqlashtirish. 25. Toshkent xalqaro tijorat sudi toʻgʻrisidagi qaror Toshkent xalqaro tijorat sudini tashkil etish, uning tarkibi va yurisdiksiyasi; sud tizimi, sudyalarni tayinlash va intizomi; odil sudlovni amalga oshirish; fuqarolik ishlari boʻyicha dalillar; sud xarajatlari va zararni qoplash; sud qarorlari va ajrimlari; sud qarorlari va qarzlarni ijro etish. 26. Moliya markazi qarorlarini qabul qilish tartib-taomillari toʻgʻrisidagi qaror Moliya markazi qarorlarini ishlab chiqish, tasdiqlash, qabul qilish, roʻyxatdan oʻtkazish, eʼlon qilish, kuchga kiritish, oʻzgartirish va bekor qilish; rasmiy reyestrni yuritish; jamoatchilik muhokamasi; tartibga solish taʼsirini baholash va qarorlar qabul qilish jarayoniga oid boshqa talablar. Qoidalar 27. Bozorlar va qimmatli qogʻozlar toʻgʻrisidagi qoidalar Qimmatli qogʻozlar va moliyaviy vositalarni taklif etish, chiqarish, prospektlar, listing, savdoga qoʻyish va savdo qilish, shuningdek birja, kliring, hisob-kitob va boshqa bozor infratuzilmasi talablari. 28. Bozor toʻgʻrisidagi qoidalar Bozordagi xulq-atvorga oid talablar, shu jumladan bozorda suiisteʼmol qilish, insayderlik, manipulyatsiya, chalgʻituvchi xatti-harakatlar, axborotni oshkor qilish majburiyatlari hamda tartibli va shaffof bozorlar standartlari. 29. Biznesni yuritish toʻgʻrisidagi qoidalar Mijozlarni tasniflash, muvofiqlik va maqbullik, axborotni oshkor qilish, moliyaviy targʻibot, manfaatlar toʻqnashuvi, mijoz aktivlari, shikoyatlar, investorlarni himoya qilish va tartibga solinadigan firmalar uchun biznesni yuritishning boshqa standartlari. 30. Virtual aktivlar va raqamli qimmatli qogʻozlar toʻgʻrisidagi qoidalar Moliyaviy xizmatlar doirasida virtual aktivlar va raqamli qimmatli qogʻozlarni tartibga solish, shu jumladan taʼriflar, ularni chiqarish, saqlash, savdo, birja faoliyati, brokerlik, bozor infratuzilmasi, tegishli derivativlar va texnologik xatarlar. 31. Jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni va ommaviy qirgʻin qurollarini moliyalashtirishga qarshi kurashish va sanksiyalar toʻgʻrisidagi qoidalar Jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurollarini moliyalashtirishga qarshi kurashish hamda sanksiyalarga rioya qilish, shu jumladan mijozlarni lozim darajada tekshirish, benefitsiar mulkdorlikni tekshirish, mablagʻlar va boylik manbaini nazorat qilish, operatsiyalarni monitoring qilish, shubhali faoliyat toʻgʻrisida xabar berish va hisoblarni saqlash.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2026-yil 10-sentabr,
PF-188-son