UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 10-sentabr · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 10 сентябрь · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 сентября 2026 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 September 2026 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 10 февралда қабул қилинган Сенат томонидан 2026 йил 18 майда маъқулланган

Кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, электрон тижорат соҳасини ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши электрон тижорат иштирокчилари учун замонавий логистика инфратузилмасига эга миллий электрон тижорат макони яратилишини ҳамда электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилишини тақозо этмоқда.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига электрон шаклдаги хизматларни кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларига солиқ солинишини, уларнинг ҳисобга қўйилишини ва ҳисобдан чиқарилишини, солиқ ҳисоблаб чиқарилишини, улар томонидан солиқ ҳисоботлари тақдим этилишини ҳамда солиқ тўланишини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек «Электрон тижорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига электрон тижорат, электрон савдо платформаси, электрон тижорат иштирокчилари ва операторларининг (электрон савдо платформаси операторларининг, буюртмалар агрегатори операторларининг, рақамли стриминг хизмати операторларининг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари, электрон тижорат соҳасида тўловларни, трансчегаравий электрон тижоратни амалга оширишнинг, рақамли маҳсулотлар экспорти ва импортининг ўзига хос хусусиятлари белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун рақамли иқтисодиётни ва электрон тижорат платформаларини (сервисларини) янада ривожлантиришга, электрон тижоратнинг шаффоф ва очиқ экотизимини яратишга ҳамда рақамли маҳсулотлар (хизматлар) харидорларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, № 12, 1011-модда; 2024 йил, № 2, 106, 110, 111-моддалар, № 4, 346-модда, № 5, 458, 459-моддалар, № 8, 822, 831-моддалар, № 9, 958-модда, № 10, 1076-модда, № 11, 1190-модда, № 12, 1283, 1284, 1296, 1297-моддалар; 2025 йил, № 2, 188, 194-моддалар, № 4, 519, 520, 521, 522-моддалар, № 5, 644, 645-моддалар, № 6, 729, 731-моддалар, № 8, 971, № 10, 1153-модда, № 12, 1322, 1324, 1328, 1329-моддалар) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:

1) 19-модда қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси деб эътироф этиладиган электрон шаклдаги хизматларни кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларига ҳужжатлар қоғозда ёки телекоммуникация каналлари орқали электрон шаклда жўнатилганидан сўнг ўттиз кундан кейин олинган деб ҳисобланади»;

2) 129-модданинг :

ўн иккинчи қисмидаги «хизматлар кўрсатувчи ва» деган сўзлар «хизматлар кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи ҳамда» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

ўн учинчи қисмидаги «ўн учинчи» деган сўзлар «ўн иккинчи» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

ўн тўртинчи қисмидаги «ўн учинчи» деган сўзлар «ўн иккинчи» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

ўн бешинчи қисмидаги «ўн учинчи» деган сўзлар «ўн иккинчи» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

ўн олтинчи қисмидаги «ўн учинчи — ўн олтинчи» деган сўзлар «ўн иккинчи — ўн бешинчи» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

3) 39-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«39-боб. Электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари»;

4) 278-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган электрон шаклдаги хизматларни кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахслари жисмоний шахсларга бундай хизматларни кўрсатишга ва товарларни реализация қилишга оид қисм бўйича солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.

Электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга товарлар реализация қилинганда, харидорнинг яшаш жойи ва товарларни етказиб бериш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса, товарларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси деб эътироф этилади.

Агар чет эл юридик шахслари жисмоний шахсларга ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган хизматларни электрон шаклда кўрсатса ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилса ҳамда уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса, бундай хизматларни кўрсатувчи ва (ёки) товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахслари билан топшириқ, воситачилик, агентлик шартномалари ёки бошқа шунга ўхшаш шартномалар асосида бевосита жисмоний шахслар билан ҳисоб-китобларда иштирок этадиган воситачилар бўлган чет эл юридик шахслари ёки Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари бундай хизматларни реализация қилишга доир операцияларга нисбатан солиқ агентлари деб эътироф этилади.

Агар бундай хизматлар ва (ёки) товарлар воситачилар бўлган бир нечта юридик шахснинг ҳисоб-китобларида изчил кетма-кетликда иштирок этган ҳолда кўрсатилса ва (ёки) реализация қилинса, бевосита жисмоний шахслар ҳамда хизматлар кўрсатувчи ва (ёки) товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахслари билан ҳисоб-китобларда иштирок этаётган воситачи бўлган чет эл юридик шахслари ёки Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари, уларда ушбу хизматларни кўрсатувчи ва (ёки) товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахси билан шартнома мавжудлигидан қатъи назар, солиқ агентлари деб эътироф этилади.

Агар чет эл юридик шахслари Ўзбекистон Республикасининг электрон савдо платформалари орқали хизматлар кўрсатса ва (ёки) товарларни реализация қилса ҳамда уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса, ушбу хизматларни кўрсатувчи ва (ёки) товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларининг фойдасига ҳисоб-китобларни амалга оширувчи мазкур электрон савдо платформалари операторлари бундай операцияларга нисбатан солиқ агентлари деб эътироф этилади.

Агар бундай хизматлар Ўзбекистон Республикасининг юридик шахсларига ва Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассасалар орқали амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик шахсларга кўрсатиладиган бўлса, бундай хизматларнинг харидорлари бўлган мазкур шахслар солиқ агентлари деб эътироф этилади»;

5) 279-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«279-модда. Электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларини ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш тартиби

Агар чет эл юридик шахси жисмоний шахсларга ушбу Кодекснинг 282-моддасида кўрсатилган, реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси деб эътироф этиладиган электрон шаклдаги хизматлар кўрсатадиган бўлса ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилса ва, агар бу юридик шахснинг ўзи воситачиларсиз товарларни (хизматларни) олувчи бўлган жисмоний шахслар билан ҳисоб-китобларни амалга оширса, чет эл юридик шахсини солиқ органида ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) тўғрисидаги ариза ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси томонидан рўйхати тасдиқланадиган бошқа ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Шундай хизматларда ва (ёки) шундай товарларни реализация қилишда солиқ агенти деб эътироф этиладиган воситачи бўлган чет эл юридик шахсини солиқ органида ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) худди шундай тартибда амалга оширилади.

Ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) тўғрисидаги ариза чет эл юридик шахслари томонидан солиқ органига электрон шаклда хизматлар кўрсатиш ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилиш бошланган (тугатилган) кундан эътиборан ўттиз календарь кундан кечиктирмай берилади»;

6) 280-модда :

биринчи қисмидаги «хизматларни» деган сўз «хизматларни кўрсатиш ёки электрон савдо платформаси орқали товарларни» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Чет эл юридик шахслари электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси реализация қилиш жойи деб эътироф этиладиган товарларни реализация қилганда, солиқ базаси мазкур товарларнинг уларни реализация қилишнинг ҳақиқий нархларидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариладиган солиқ суммаси ҳисобга олинган ҳолдаги қиймати сифатида аниқланади»;

учинчи — олтинчи қисмлари тегишинча тўртинчи — еттинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

7) 281-модданинг :

номидаги «кўрсатишда» деган сўз «кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган электрон шаклдаги хизматларни кўрсатувчи ёки электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахслари солиқ органига солиқ ҳисоботини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, белгиланган формат бўйича электрон шаклда тақдим этади».

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 29 сентябрда қабул қилинган «Электрон тижорат тўғрисида»ги ЎРҚ-792-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, № 9, 896-модда; 2025 йил, № 4, 519-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 3-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« буюртмалар агрегатори — Интернет жаҳон ахборот тармоғидан ва телекоммуникация тармоғидан фойдаланган ҳолда электрон тижорат иштирокчиларига хизматларни (ишларни) тақдим этишга доир шартномалар тузиш ҳамда тўловларни амалга ошириш учун техник, ташкилий ва ахборот инфратузилмаси билан таъминловчи аппарат-дастурий мажмуа ёки ахборот-коммуникация тизими;

буюртмалар агрегатори оператори — буюртмалар агрегаторига эгалик қилувчи ва (ёки) уни бошқарувчи юридик шахс;

рақамли маҳсулотлар — интеллектуал мулк объектларининг электрон кўчирма нусхалари (рақамли товарлар), шунингдек электрон ахборот муҳитида моддий натижага эга бўлмаган муайян ҳаракатларни ёки муайян фаолиятни амалга ошириш, шу жумладан «булутли технологиялар»ни (рақамли хизматларни) олишга ҳамда уларга обуна бўлишга доир хизматлар;

рақамли стриминг хизмати — Интернет жаҳон ахборот тармоғидан ва телекоммуникация тармоғидан фойдаланган ҳолда электрон тижорат иштирокчиларига рақамли маҳсулотлардан реал вақт режимида (онлайн) фойдаланиш имкониятини берувчи, шунингдек шартномалар тузиш ҳамда тўловларни амалга ошириш учун техник, ташкилий ва ахборот инфратузилмаси билан таъминловчи аппарат-дастурий мажмуа ёки ахборот-коммуникация тизими;

рақамли стриминг хизмати оператори — рақамли стриминг хизматига эгалик қилувчи ва (ёки) уни бошқарувчи юридик шахс;

электрон савдо платформаси — Интернет жаҳон ахборот тармоғидан ва телекоммуникация тармоғидан фойдаланган ҳолда электрон тижорат иштирокчилари ўртасида товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдисини амалга оширишга доир шартномалар тузиш ҳамда тўловларни амалга ошириш учун техник, ташкилий ва ахборот инфратузилмаси билан таъминловчи аппарат-дастурий мажмуа ёки ахборот-коммуникация тизими;

электрон савдо платформаси оператори — электрон савдо платформасига эгалик қилувчи ва (ёки) уни бошқарувчи юридик шахс;

электрон тижорат — ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолияти доирасида товарларни сотишга, ишларни бажаришга ва хизматларни кўрсатишга доир жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида шартномалар тузиш жараёнига оид муносабатлар»;

2) 4-модданинг бешинчи хатбошисидаги «субъектларининг» деган сўз «иштирокчилари ҳамда операторларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

3) 5-модданинг бешинчи хатбошисидаги «субъектларининг» деган сўз «иштирокчилари ҳамда операторларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

4) 7-модда иккинчи қисмининг :

олтинчи хатбошисидаги «субъектларининг» деган сўз «иштирокчилари ҳамда операторларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

ўнинчи хатбошисидаги «субъектларига» деган сўз «иштирокчилари ҳамда операторларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

5) 3-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3-боб. Электрон тижорат иштирокчилари ҳамда операторлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари»;

6) 8-модда иккинчи қисмининг :

иккинчи хатбошисидаги «майдончасида» деган сўз «платформасида» деган сўз билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошисидаги «майдончасида» деган сўз «платформасида» деган сўз билан алмаштирилсин;

7) 9-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисидаги «майдончасини» деган сўз «платформасини» деган сўз билан алмаштирилсин;

8) қуйидаги мазмундаги 10 1 -модда билан тўлдирилсин:

«10 1 -модда. Трансчегаравий электрон тижоратни амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари

Электрон тижорат иштирокчилари ҳамда операторлари турли давлатлар ҳудудида жойлашган ва улардан бири Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳолда амалга ошириладиган электрон тижорат тури трансчегаравий электрон тижорат ҳисобланади.

Трансчегаравий электрон тижорат тартиб-таомиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади»;

9) 11-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Электрон тижорат операторлари жумласига қуйидагилар киради:

электрон савдо платформаси операторлари;

буюртмалар агрегатори операторлари;

рақамли стриминг хизмати операторлари»;

10) 12-модда :

биринчи қисмининг учинчи хатбошисидаги «субъектларига» деган сўз «иштирокчиларига» деган сўз билан алмаштирилсин;

иккинчи қисмининг :

бешинчи хатбошисидаги «субъектларига» деган сўз «иштирокчиларига» деган сўз билан алмаштирилсин;

олтинчи хатбошисидаги «субъектлари» деган сўз «иштирокчилари» деган сўз билан алмаштирилсин;

тўртинчи қисмидаги «субъектларининг» деган сўз «иштирокчиларининг» деган сўз билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Электрон тижорат иштирокчилари ўртасида электрон тижорат операторининг ахборот тизимлари орқали тузилган шартнома юзасидан ўзининг фаолияти бўйича мажбуриятларининг ижро этилиши, шунингдек харидорга сифатсиз товар (иш, хизмат) етказиб берилиши ёки номақбул сифатли ноозиқ-овқат товари алмаштирилиши натижасида келиб чиқадиган низолар бўйича сотувчи асосий жавобгар ҳисобланади.

Сотувчи томонидан харидорнинг қонуний талабларини қаноатлантириш имконияти бўлмаган тақдирда, башарти шартнома шартларида ёки қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, электрон тижорат оператори харидор олдида субсидиар жавобгар бўлади»;

бешинчи қисми еттинчи қисм деб ҳисоблансин;

11) 13-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«13-модда. Электрон савдо платформаси операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Электрон савдо платформаси оператори ушбу Қонун 12-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган электрон тижорат оператори ҳуқуқларидан ташқари ўз электрон савдо платформасида товарларни (ишларни, хизматларни) бевосита, мустақил равишда сотиш ҳуқуқига ҳам эга.

Электрон савдо платформаси оператори ушбу Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган электрон тижорат оператори мажбуриятларидан ташқари:

фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошираётган ёки фаолиятни (ҳаракатларни) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида ёхуд хабардор қилиш тартибида амалга ошираётган сотувчиларнинг тегишли лицензияларини ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларини ёхуд хабарномаларини текшириши;

қонунчиликка мувофиқ муомаладан олиб қўйилган ёки муомаласи чекланган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) реализация қилинишига барҳам берилиши бўйича чоралар кўриши;

электрон савдо платформасидан фойдаланувчиларнинг шахсга доир маълумотлари конфиденциаллигини таъминлаши, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

электрон савдо платформасида тўловларни амалга оширишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши;

электрон савдо платформаси фаолияти билан боғлиқ мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиши;

ваколатли давлат органига тегишли ахборотни қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда тақдим этиши;

товарларни (ишларни, хизматларни) таклиф қилиш ва тартиблаштириш алгоритмлари шаффофлигини таъминлаши;

харидор томонидан шарҳлар қолдирилиши имкониятини яратиши, уларни ўзгартирмаслиги ва уларнинг сақланишини таъминлаши (бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно);

электрон савдо платформасидан фойдаланиш қоидаларини, шартнома (оммавий оферта) шартларини, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор этилиши мажбурий бўлган бошқа маълумотларни электрон савдо платформасида жойлаштириши шарт.

Агар электрон савдо платформаси оператори электрон тижорат соҳасидаги ўз фаолиятини тўхтатиб турмоқчи бўлса ёки хизмат кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритмоқчи бўлса, бу ҳақда камида ўттиз кун олдин тегишли электрон савдо платформасида эълон бериши керак (бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно)»;

12) 3-боб қуйидаги мазмундаги 13 1 ва 13 2 -моддалар билан тўлдирилсин:

«13 1 -модда. Буюртмалар агрегатори операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Буюртмалар агрегатори оператори ушбу Қонун 12-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган электрон тижорат операторининг ҳуқуқларидан ташқари талаблар, таклифлар ва бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда харидор учун кўрсатиладиган хизматларнинг (ишларнинг) якуний қийматини мустақил шакллантириш ва белгилаш ҳуқуқига эга.

Буюртмалар агрегатори оператори ушбу Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган электрон тижорат операторининг мажбуриятларидан ташқари:

фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошираётган ёки фаолиятни (ҳаракатларни) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида ёхуд хабардор қилиш тартибида амалга ошираётган сотувчиларнинг тегишли лицензияларини ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларини ёхуд хабарномаларини текшириши;

қонунчиликка мувофиқ муомаладан олиб қўйилган ёки муомаласи чекланган хизматларнинг (ишларнинг) реализация қилинишига барҳам берилиши бўйича чоралар кўриши;

буюртмалар агрегаторидан фойдаланувчиларнинг шахсга доир маълумотлари конфиденциаллигини таъминлаши, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

буюртмалар агрегаторида тўловларни амалга оширишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши;

буюртмалар агрегаторининг фаолияти билан боғлиқ мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиши;

ваколатли давлат органига тегишли ахборотни қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда тақдим этиши;

хизматларни (ишларни) таклиф қилиш ва тартиблаштириш алгоритмлари шаффофлигини таъминлаши;

харидор томонидан шарҳлар қолдирилиши имкониятини яратиши, уларни ўзгартирмаслиги ва уларнинг сақланишини таъминлаши (бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно);

буюртмалар агрегаторидан фойдаланиш қоидаларини, шартнома (оммавий оферта) шартларини, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор этилиши мажбурий бўлган бошқа маълумотларни буюртмалар агрегаторида жойлаштириши шарт.

Агар буюртмалар агрегатори оператори электрон тижорат соҳасидаги ўз фаолиятини тўхтатиб турмоқчи бўлса ёки хизмат кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритмоқчи бўлса, бу ҳақда камида ўттиз кун олдин тегишли буюртмалар агрегаторида эълон бериши керак (бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно).

13 2 -модда. Рақамли стриминг хизмати операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Рақамли стриминг хизмати оператори ушбу Қонун 12-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган электрон тижорат оператори ҳуқуқларидан ташқари ўз рақамли стриминг хизматида рақамли маҳсулотлардан фойдаланиш қоидаларини мустақил белгилаш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ контентни (ахборот ресурси мазмунини) модерация қилиш ҳуқуқига эга.

Рақамли стриминг хизмати оператори ушбу Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган электрон тижорат операторининг мажбуриятларидан ташқари:

рақамли стриминг хизматида жойлаштирилган рақамли маҳсулотларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқига ва турдош ҳуқуқларга риоя этилишини таъминлаши, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини мониторинг қилиши ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриши;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муомаласи чекланган ёки тақиқланган рақамли маҳсулотларнинг тарқатилишига барҳам берилиши бўйича чоралар кўриши;

фойдаланувчиларга тақдим этилаётган рақамли маҳсулотлар ва стриминг хизматлари сифатининг белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаши;

рақамли стриминг хизматидан фойдаланувчиларнинг шахсга доир маълумотлари конфиденциаллигини таъминлаши, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

рақамли стриминг хизматида тўловларни амалга оширишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши;

рақамли стриминг хизмати фаолияти билан боғлиқ мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиши;

ваколатли давлат органига тегишли ахборотни қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда тақдим этиши;

рақамли маҳсулотларни таклиф қилиш ва тартиблаштириш алгоритмлари шаффофлигини таъминлаши;

харидор томонидан шарҳлар қолдирилиши имкониятини яратиши, уларни ўзгартирмаслиги ва уларнинг сақланишини таъминлаши (бундан қонунчиликда назарда тутилган холлар мустасно);

рақамли стриминг хизматидан фойдаланиш қоидаларини, шартнома (оммавий оферта) шартларини, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор этилиши мажбурий бўлган бошқа маълумотларни рақамли стриминг хизматида жойлаштириши шарт.

Агар рақамли стриминг хизмати оператори электрон тижорат соҳасидаги ўз фаолиятини тўхтатиб турмоқчи бўлса ёки хизмат кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритмоқчи бўлса, бу ҳақда камида ўттиз кун олдин тегишли рақамли стриминг хизматида эълон бериши керак (бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно)»;

13) 16-модданинг учинчи қисми :

иккинчи хатбошисидаги «(ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«товарларни (ишларни, хизматларни) қайтариш ва (ёки) тўланган маблағларни харидорга қайтариб бериш тартиби ва шартларини»;

саккизинчи хатбошиси тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

14) 23-модда :

тўртинчи қисмидаги «белгиланган тартибда кейинчалик инкассация қилиш шарти билан» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Электрон тижорат операторлари, электрон тижоратда сотувчи бўлган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек электрон тижоратда сотувчи ёки буюртма асосида товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи ёхуд йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолиятини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар (бундан буён матнда ўзини ўзи банд қилган шахслар деб юритилади) электрон тижорат доирасидаги ҳисоб-китобларни фақат алоҳида банк ҳисобварақларидан (якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар — электрон ҳамёнларидан ҳам) фойдаланган ҳолда амалга оширади.

Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг электрон тижорат доирасидаги фаолияти натижасида маблағлар тарзида олинган даромадлари ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг банк картасига бириктирилган алоҳида банк ҳисобварағида ва (ёки) электрон ҳамёнида ҳисобга олинади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

учинчи шахслар (сотувчилар) учун тўловни қабул қилиш;

товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчининг ёки электрон тижорат операторининг ҳисобварағидаги маблағларни кейинчалик инкассация қилиш учун ҳисобдан чиқариш мақсадида ўзини ўзи банд қилган шахснинг алоҳида банк ҳисобварағига ва (ёки) электрон ҳамёнига маблағларни олдиндан жойлаштириш;

етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўлов сифатида нақд пул қабул қилишга, бунда алоҳида банк ҳисобварағидан ва (ёки) электрон ҳамёндан товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчига ўтказилган маблағларга тенг бўлган миқдорда нақд пулни инкассация қилмасдан ўз ихтиёрида қолдириш»;

15) 24-модданинг иккинчи қисмидаги «Савдо майдончаларининг» деган сўзлар «Электрон савдо платформаларининг ва буюртма агрегаторларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

16) 27-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Агар электрон тижорат оператори томонидан «эскроу» хизмати кўрсатилаётган бўлса, сотувчи харидорга маблағларни қайтаришни рад этган тақдирда, электрон тижорат оператори сотувчи билан тузилган шартномада белгиланган тартибда маблағларни харидорга мустақил равишда қайтариш ҳуқуқига эга»;

17) 6-боб қуйидаги мазмундаги 27 1 -модда билан тўлдирилсин:

«27 1 -модда. Рақамли маҳсулотлар экспорти ва импортининг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали моддий ташувчиларда олиб ўтиладиган рақамли маҳсулотларнинг божхона расмийлаштируви (декларациялаш) Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Рақамли дистрибуция усуллари билан экспорт ёки импорт қилинаётган рақамли маҳсулотларга божхона расмийлаштируви амалга оширилмайди.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги хорижий электрон савдо платформалари орқали рақамли маҳсулотлар рақамли дистрибуция қилиш йўли билан экспорт қилинганда:

рақамли маҳсулот учун хорижий валютадаги тушум рақамли маҳсулотнинг сотилганлиги бўйича экспорт қилувчининг ҳисобига хорижий электрон савдо платформаси хизматлари қиймати чегириб ташланган ҳолда келиб тушади;

мазкур тушумнинг келиб тушиш муддати хорижий электрон савдо платформасининг қоидаларига мувофиқ белгиланади».

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ушбу Қонун 2-моддаси 8-бандининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган трансчегаравий электрон тижорат тартиб-таомилларини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 10 сентябрь,

ЎРҚ- 1173 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.09.2026 й., 03/26/1173/0918-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga elektron tijorat sohasini takomillashtirishga qaratilgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2026-yil 10-fevralda qabul qilingan Senat tomonidan 2026-yil 18-mayda maʼqullangan

Keyingi yillarda mamlakatimizda zamonaviy raqamli texnologiyalarni keng joriy etish, elektron tijorat sohasini rivojlantirish borasida tizimli ishlar olib borilmoqda.

Shu bilan birga bugungi kunda raqamli texnologiyalarning jadal rivojlanishi elektron tijorat ishtirokchilari uchun zamonaviy logistika infratuzilmasiga ega milliy elektron tijorat makoni yaratilishini hamda elektron tijorat ishtirokchilarining huquq va manfaatlarini himoya qilishning huquqiy asoslari yanada takomillashtirilishini taqozo etmoqda.

Mazkur Qonun bilan Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga elektron shakldagi xizmatlarni koʻrsatuvchi yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxslariga soliq solinishini, ularning hisobga qoʻyilishini va hisobdan chiqarilishini, soliq hisoblab chiqarilishini, ular tomonidan soliq hisobotlari taqdim etilishini hamda soliq toʻlanishini belgilashga qaratilgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilmoqda.

Shuningdek “Elektron tijorat toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga elektron tijorat, elektron savdo platformasi, elektron tijorat ishtirokchilari va operatorlarining (elektron savdo platformasi operatorlarining, buyurtmalar agregatori operatorlarining, raqamli striming xizmati operatorlarining) huquq va majburiyatlari, elektron tijorat sohasida toʻlovlarni, transchegaraviy elektron tijoratni amalga oshirishning, raqamli mahsulotlar eksporti va importining oʻziga xos xususiyatlari belgilanishini nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilmoqda.

Ushbu Qonun raqamli iqtisodiyotni va elektron tijorat platformalarini (servislarini) yanada rivojlantirishga, elektron tijoratning shaffof va ochiq ekotizimini yaratishga hamda raqamli mahsulotlar (xizmatlar) xaridorlarining huquqlarini himoya qilishga xizmat qiladi.

1-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2019-yil 30-dekabrda qabul qilingan OʻRQ-599-sonli Qonuni bilan yangi tahrirda tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2019-yil, 12-songa 1-ilova; 2020-yil, № 3, 198-modda, № 10, 593-modda, № 11, 652-modda, № 12, 690, 691-moddalar; 2021-yil, № 1, 6-modda, № 4, 294-modda, 4-songa ilova, № 8, 800-modda, № 9, 901-modda, № 10, 968, 969, 972, 973-moddalar, № 12, 1199-modda; 2022-yil, № 2, 79-modda, № 3, 215, 216-moddalar, № 5, 461, 464, 467-moddalar, № 6, 570-modda, № 7, 664, 666-moddalar, № 12, 1190-modda; 2023-yil, № 6, 444, 446-moddalar, № 7, 540-modda, № 12, 1011-modda; 2024-yil, № 2, 106, 110, 111-moddalar, № 4, 346-modda, № 5, 458, 459-moddalar, № 8, 822, 831-moddalar, № 9, 958-modda, № 10, 1076-modda, № 11, 1190-modda, № 12, 1283, 1284, 1296, 1297-moddalar; 2025-yil, № 2, 188, 194-moddalar, № 4, 519, 520, 521, 522-moddalar, № 5, 644, 645-moddalar, № 6, 729, 731-moddalar, № 8, 971, № 10, 1153-modda, № 12, 1322, 1324, 1328, 1329-moddalar) quyidagi qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin:

1) 19-modda quyidagi mazmundagi sakkizinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Realizatsiya qilish joyi Oʻzbekiston Respublikasi deb eʼtirof etiladigan elektron shakldagi xizmatlarni koʻrsatuvchi yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxslariga hujjatlar qogʻozda yoki telekommunikatsiya kanallari orqali elektron shaklda joʻnatilganidan soʻng oʻttiz kundan keyin olingan deb hisoblanadi”;

2) 129-moddaning :

oʻn ikkinchi qismidagi “xizmatlar koʻrsatuvchi va” degan soʻzlar “xizmatlar koʻrsatuvchi yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qiluvchi hamda” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

oʻn uchinchi qismidagi “oʻn uchinchi” degan soʻzlar “oʻn ikkinchi” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

oʻn toʻrtinchi qismidagi “oʻn uchinchi” degan soʻzlar “oʻn ikkinchi” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

oʻn beshinchi qismidagi “oʻn uchinchi” degan soʻzlar “oʻn ikkinchi” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

oʻn oltinchi qismidagi “oʻn uchinchi — oʻn oltinchi” degan soʻzlar “oʻn ikkinchi — oʻn beshinchi” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

3) 39-bobning nomi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“39-bob. Elektron shaklda xizmatlar koʻrsatuvchi yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxslariga soliq solishning oʻziga xos xususiyatlari”;

4) 278-moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Realizatsiya qilish joyi Oʻzbekiston Respublikasi boʻlgan elektron shakldagi xizmatlarni koʻrsatuvchi yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxslari jismoniy shaxslarga bunday xizmatlarni koʻrsatishga va tovarlarni realizatsiya qilishga oid qism boʻyicha soliq toʻlovchilar deb eʼtirof etiladi.

Elektron savdo platformalari orqali jismoniy shaxslarga tovarlar realizatsiya qilinganda, xaridorning yashash joyi va tovarlarni yetkazib berish joyi Oʻzbekiston Respublikasi boʻlsa, tovarlarni realizatsiya qilish joyi Oʻzbekiston Respublikasi deb eʼtirof etiladi.

Agar chet el yuridik shaxslari jismoniy shaxslarga ushbu Kodeksning 282-moddasida belgilangan xizmatlarni elektron shaklda koʻrsatsa yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qilsa hamda ularni realizatsiya qilish joyi Oʻzbekiston Respublikasi boʻlsa, bunday xizmatlarni koʻrsatuvchi va (yoki) tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxslari bilan topshiriq, vositachilik, agentlik shartnomalari yoki boshqa shunga oʻxshash shartnomalar asosida bevosita jismoniy shaxslar bilan hisob-kitoblarda ishtirok etadigan vositachilar boʻlgan chet el yuridik shaxslari yoki Oʻzbekiston Respublikasining yuridik shaxslari bunday xizmatlarni realizatsiya qilishga doir operatsiyalarga nisbatan soliq agentlari deb eʼtirof etiladi.

Agar bunday xizmatlar va (yoki) tovarlar vositachilar boʻlgan bir nechta yuridik shaxsning hisob-kitoblarida izchil ketma-ketlikda ishtirok etgan holda koʻrsatilsa va (yoki) realizatsiya qilinsa, bevosita jismoniy shaxslar hamda xizmatlar koʻrsatuvchi va (yoki) tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxslari bilan hisob-kitoblarda ishtirok etayotgan vositachi boʻlgan chet el yuridik shaxslari yoki Oʻzbekiston Respublikasining yuridik shaxslari, ularda ushbu xizmatlarni koʻrsatuvchi va (yoki) tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxsi bilan shartnoma mavjudligidan qatʼi nazar, soliq agentlari deb eʼtirof etiladi.

Agar chet el yuridik shaxslari Oʻzbekiston Respublikasining elektron savdo platformalari orqali xizmatlar koʻrsatsa va (yoki) tovarlarni realizatsiya qilsa hamda ularni realizatsiya qilish joyi Oʻzbekiston Respublikasi boʻlsa, ushbu xizmatlarni koʻrsatuvchi va (yoki) tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxslarining foydasiga hisob-kitoblarni amalga oshiruvchi mazkur elektron savdo platformalari operatorlari bunday operatsiyalarga nisbatan soliq agentlari deb eʼtirof etiladi.

Agar bunday xizmatlar Oʻzbekiston Respublikasining yuridik shaxslariga va Oʻzbekiston Respublikasida faoliyatni doimiy muassasalar orqali amalga oshiruvchi Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlari boʻlgan yuridik shaxslarga koʻrsatiladigan boʻlsa, bunday xizmatlarning xaridorlari boʻlgan mazkur shaxslar soliq agentlari deb eʼtirof etiladi”;

5) 279-modda quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“279-modda. Elektron shaklda xizmatlar koʻrsatuvchi yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxslarini hisobga qoʻyish va hisobdan chiqarish tartibi

Agar chet el yuridik shaxsi jismoniy shaxslarga ushbu Kodeksning 282-moddasida koʻrsatilgan, realizatsiya qilish joyi Oʻzbekiston Respublikasi deb eʼtirof etiladigan elektron shakldagi xizmatlar koʻrsatadigan boʻlsa yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qilsa va, agar bu yuridik shaxsning oʻzi vositachilarsiz tovarlarni (xizmatlarni) oluvchi boʻlgan jismoniy shaxslar bilan hisob-kitoblarni amalga oshirsa, chet el yuridik shaxsini soliq organida hisobga qoʻyish (hisobdan chiqarish) hisobga qoʻyish (hisobdan chiqarish) toʻgʻrisidagi ariza va Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi tomonidan roʻyxati tasdiqlanadigan boshqa hujjatlar asosida amalga oshiriladi. Shunday xizmatlarda va (yoki) shunday tovarlarni realizatsiya qilishda soliq agenti deb eʼtirof etiladigan vositachi boʻlgan chet el yuridik shaxsini soliq organida hisobga qoʻyish (hisobdan chiqarish) xuddi shunday tartibda amalga oshiriladi.

Hisobga qoʻyish (hisobdan chiqarish) toʻgʻrisidagi ariza chet el yuridik shaxslari tomonidan soliq organiga elektron shaklda xizmatlar koʻrsatish yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qilish boshlangan (tugatilgan) kundan eʼtiboran oʻttiz kalendar kundan kechiktirmay beriladi”;

6) 280-modda :

birinchi qismidagi “xizmatlarni” degan soʻz “xizmatlarni koʻrsatish yoki elektron savdo platformasi orqali tovarlarni” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

quyidagi mazmundagi uchinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Chet el yuridik shaxslari elektron savdo platformalari orqali jismoniy shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi realizatsiya qilish joyi deb eʼtirof etiladigan tovarlarni realizatsiya qilganda, soliq bazasi mazkur tovarlarning ularni realizatsiya qilishning haqiqiy narxlaridan kelib chiqib hisoblab chiqariladigan soliq summasi hisobga olingan holdagi qiymati sifatida aniqlanadi”;

uchinchi — oltinchi qismlari tegishincha toʻrtinchi — yettinchi qismlar deb hisoblansin;

7) 281-moddaning :

nomidagi “koʻrsatishda” degan soʻz “koʻrsatuvchi yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qiluvchi” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

birinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Ushbu Kodeksning 282-moddasida belgilangan elektron shakldagi xizmatlarni koʻrsatuvchi yoki elektron savdo platformalari orqali tovarlarni realizatsiya qiluvchi chet el yuridik shaxslari soliq organiga soliq hisobotini soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali, belgilangan format boʻyicha elektron shaklda taqdim etadi”.

2-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2022-yil 29-sentabrda qabul qilingan “Elektron tijorat toʻgʻrisida”gi OʻRQ-792-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2022-yil, № 9, 896-modda; 2025-yil, № 4, 519-modda) quyidagi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:

1) 3-moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ buyurtmalar agregatori — Internet jahon axborot tarmogʻidan va telekommunikatsiya tarmogʻidan foydalangan holda elektron tijorat ishtirokchilariga xizmatlarni (ishlarni) taqdim etishga doir shartnomalar tuzish hamda toʻlovlarni amalga oshirish uchun texnik, tashkiliy va axborot infratuzilmasi bilan taʼminlovchi apparat-dasturiy majmua yoki axborot-kommunikatsiya tizimi;

buyurtmalar agregatori operatori — buyurtmalar agregatoriga egalik qiluvchi va (yoki) uni boshqaruvchi yuridik shaxs;

raqamli mahsulotlar — intellektual mulk obyektlarining elektron koʻchirma nusxalari (raqamli tovarlar), shuningdek elektron axborot muhitida moddiy natijaga ega boʻlmagan muayyan harakatlarni yoki muayyan faoliyatni amalga oshirish, shu jumladan “bulutli texnologiyalar”ni (raqamli xizmatlarni) olishga hamda ularga obuna boʻlishga doir xizmatlar;

raqamli striming xizmati — Internet jahon axborot tarmogʻidan va telekommunikatsiya tarmogʻidan foydalangan holda elektron tijorat ishtirokchilariga raqamli mahsulotlardan real vaqt rejimida (onlayn) foydalanish imkoniyatini beruvchi, shuningdek shartnomalar tuzish hamda toʻlovlarni amalga oshirish uchun texnik, tashkiliy va axborot infratuzilmasi bilan taʼminlovchi apparat-dasturiy majmua yoki axborot-kommunikatsiya tizimi;

raqamli striming xizmati operatori — raqamli striming xizmatiga egalik qiluvchi va (yoki) uni boshqaruvchi yuridik shaxs;

elektron savdo platformasi — Internet jahon axborot tarmogʻidan va telekommunikatsiya tarmogʻidan foydalangan holda elektron tijorat ishtirokchilari oʻrtasida tovarlar (ishlar, xizmatlar) oldi-sotdisini amalga oshirishga doir shartnomalar tuzish hamda toʻlovlarni amalga oshirish uchun texnik, tashkiliy va axborot infratuzilmasi bilan taʼminlovchi apparat-dasturiy majmua yoki axborot-kommunikatsiya tizimi;

elektron savdo platformasi operatori — elektron savdo platformasiga egalik qiluvchi va (yoki) uni boshqaruvchi yuridik shaxs;

elektron tijorat — axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda tadbirkorlik faoliyati doirasida tovarlarni sotishga, ishlarni bajarishga va xizmatlarni koʻrsatishga doir jismoniy va (yoki) yuridik shaxslar oʻrtasida shartnomalar tuzish jarayoniga oid munosabatlar”;

2) 4-moddaning beshinchi xatboshisidagi “subyektlarining” degan soʻz “ishtirokchilari hamda operatorlarining” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

3) 5-moddaning beshinchi xatboshisidagi “subyektlarining” degan soʻz “ishtirokchilari hamda operatorlarining” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

4) 7-modda ikkinchi qismining :

oltinchi xatboshisidagi “subyektlarining” degan soʻz “ishtirokchilari hamda operatorlarining” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

oʻninchi xatboshisidagi “subyektlariga” degan soʻz “ishtirokchilari hamda operatorlariga” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

5) 3-bobning nomi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“3-bob. Elektron tijorat ishtirokchilari hamda operatorlari, ularning huquq va majburiyatlari”;

6) 8-modda ikkinchi qismining :

ikkinchi xatboshisidagi “maydonchasida” degan soʻz “platformasida” degan soʻz bilan almashtirilsin;

uchinchi xatboshisidagi “maydonchasida” degan soʻz “platformasida” degan soʻz bilan almashtirilsin;

7) 9-modda birinchi qismining uchinchi xatboshisidagi “maydonchasini” degan soʻz “platformasini” degan soʻz bilan almashtirilsin;

8) quyidagi mazmundagi 10 1 -modda bilan toʻldirilsin:

“10 1 -modda. Transchegaraviy elektron tijoratni amalga oshirishning oʻziga xos xususiyatlari

Elektron tijorat ishtirokchilari hamda operatorlari turli davlatlar hududida joylashgan va ulardan biri Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan holda amalga oshiriladigan elektron tijorat turi transchegaraviy elektron tijorat hisoblanadi.

Transchegaraviy elektron tijorat tartib-taomillari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi”;

9) 11-moddaning birinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Elektron tijorat operatorlari jumlasiga quyidagilar kiradi:

elektron savdo platformasi operatorlari;

buyurtmalar agregatori operatorlari;

raqamli striming xizmati operatorlari”;

10) 12-modda :

birinchi qismining uchinchi xatboshisidagi “subyektlariga” degan soʻz “ishtirokchilariga” degan soʻz bilan almashtirilsin;

ikkinchi qismining :

beshinchi xatboshisidagi “subyektlariga” degan soʻz “ishtirokchilariga” degan soʻz bilan almashtirilsin;

oltinchi xatboshisidagi “subyektlari” degan soʻz “ishtirokchilari” degan soʻz bilan almashtirilsin;

toʻrtinchi qismidagi “subyektlarining” degan soʻz “ishtirokchilarining” degan soʻz bilan almashtirilsin;

quyidagi mazmundagi beshinchi va oltinchi qismlar bilan toʻldirilsin:

“Elektron tijorat ishtirokchilari oʻrtasida elektron tijorat operatorining axborot tizimlari orqali tuzilgan shartnoma yuzasidan oʻzining faoliyati boʻyicha majburiyatlarining ijro etilishi, shuningdek xaridorga sifatsiz tovar (ish, xizmat) yetkazib berilishi yoki nomaqbul sifatli nooziq-ovqat tovari almashtirilishi natijasida kelib chiqadigan nizolar boʻyicha sotuvchi asosiy javobgar hisoblanadi.

Sotuvchi tomonidan xaridorning qonuniy talablarini qanoatlantirish imkoniyati boʻlmagan taqdirda, basharti shartnoma shartlarida yoki qonunchilikda boshqacha tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, elektron tijorat operatori xaridor oldida subsidiar javobgar boʻladi”;

beshinchi qismi yettinchi qism deb hisoblansin;

11) 13-modda quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“13-modda. Elektron savdo platformasi operatorining huquq va majburiyatlari

Elektron savdo platformasi operatori ushbu Qonun 12-moddasining birinchi qismida koʻrsatilgan elektron tijorat operatori huquqlaridan tashqari oʻz elektron savdo platformasida tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) bevosita, mustaqil ravishda sotish huquqiga ham ega.

Elektron savdo platformasi operatori ushbu Qonun 12-moddasining ikkinchi qismida koʻrsatilgan elektron tijorat operatori majburiyatlaridan tashqari:

faoliyatning litsenziyalanadigan turlarini amalga oshirayotgan yoki faoliyatni (harakatlarni) ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar asosida yoxud xabardor qilish tartibida amalga oshirayotgan sotuvchilarning tegishli litsenziyalarini yoki ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlarini yoxud xabarnomalarini tekshirishi;

qonunchilikka muvofiq muomaladan olib qoʻyilgan yoki muomalasi cheklangan tovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) realizatsiya qilinishiga barham berilishi boʻyicha choralar koʻrishi;

elektron savdo platformasidan foydalanuvchilarning shaxsga doir maʼlumotlari konfidensialligini taʼminlashi, shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etishi;

elektron savdo platformasida toʻlovlarni amalga oshirishda axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik talablariga rioya etilishini taʼminlashi;

elektron savdo platformasi faoliyati bilan bogʻliq murojaatlarni qonunchilikda belgilangan tartibda koʻrib chiqishi;

vakolatli davlat organiga tegishli axborotni qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda va tartibda taqdim etishi;

tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) taklif qilish va tartiblashtirish algoritmlari shaffofligini taʼminlashi;

xaridor tomonidan sharhlar qoldirilishi imkoniyatini yaratishi, ularni oʻzgartirmasligi va ularning saqlanishini taʼminlashi (bundan qonunchilikda nazarda tutilgan hollar mustasno);

elektron savdo platformasidan foydalanish qoidalarini, shartnoma (ommaviy oferta) shartlarini, shuningdek qonunchilik hujjatlariga muvofiq oshkor etilishi majburiy boʻlgan boshqa maʼlumotlarni elektron savdo platformasida joylashtirishi shart.

Agar elektron savdo platformasi operatori elektron tijorat sohasidagi oʻz faoliyatini toʻxtatib turmoqchi boʻlsa yoki xizmat koʻrsatish qoidalariga oʻzgartirishlar kiritmoqchi boʻlsa, bu haqda kamida oʻttiz kun oldin tegishli elektron savdo platformasida eʼlon berishi kerak (bundan qonunchilikda nazarda tutilgan hollar mustasno)”;

12) 3-bob quyidagi mazmundagi 13 1 va 13 2 -moddalar bilan toʻldirilsin:

“13 1 -modda. Buyurtmalar agregatori operatorining huquq va majburiyatlari

Buyurtmalar agregatori operatori ushbu Qonun 12-moddasining birinchi qismida koʻrsatilgan elektron tijorat operatorining huquqlaridan tashqari talablar, takliflar va boshqa omillardan kelib chiqqan holda xaridor uchun koʻrsatiladigan xizmatlarning (ishlarning) yakuniy qiymatini mustaqil shakllantirish va belgilash huquqiga ega.

Buyurtmalar agregatori operatori ushbu Qonun 12-moddasining ikkinchi qismida koʻrsatilgan elektron tijorat operatorining majburiyatlaridan tashqari:

faoliyatning litsenziyalanadigan turlarini amalga oshirayotgan yoki faoliyatni (harakatlarni) ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar asosida yoxud xabardor qilish tartibida amalga oshirayotgan sotuvchilarning tegishli litsenziyalarini yoki ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlarini yoxud xabarnomalarini tekshirishi;

qonunchilikka muvofiq muomaladan olib qoʻyilgan yoki muomalasi cheklangan xizmatlarning (ishlarning) realizatsiya qilinishiga barham berilishi boʻyicha choralar koʻrishi;

buyurtmalar agregatoridan foydalanuvchilarning shaxsga doir maʼlumotlari konfidensialligini taʼminlashi, shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etishi;

buyurtmalar agregatorida toʻlovlarni amalga oshirishda axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik talablariga rioya etilishini taʼminlashi;

buyurtmalar agregatorining faoliyati bilan bogʻliq murojaatlarni qonunchilikda belgilangan tartibda koʻrib chiqishi;

vakolatli davlat organiga tegishli axborotni qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda va tartibda taqdim etishi;

xizmatlarni (ishlarni) taklif qilish va tartiblashtirish algoritmlari shaffofligini taʼminlashi;

xaridor tomonidan sharhlar qoldirilishi imkoniyatini yaratishi, ularni oʻzgartirmasligi va ularning saqlanishini taʼminlashi (bundan qonunchilikda nazarda tutilgan hollar mustasno);

buyurtmalar agregatoridan foydalanish qoidalarini, shartnoma (ommaviy oferta) shartlarini, shuningdek qonunchilik hujjatlariga muvofiq oshkor etilishi majburiy boʻlgan boshqa maʼlumotlarni buyurtmalar agregatorida joylashtirishi shart.

Agar buyurtmalar agregatori operatori elektron tijorat sohasidagi oʻz faoliyatini toʻxtatib turmoqchi boʻlsa yoki xizmat koʻrsatish qoidalariga oʻzgartirishlar kiritmoqchi boʻlsa, bu haqda kamida oʻttiz kun oldin tegishli buyurtmalar agregatorida eʼlon berishi kerak (bundan qonunchilikda nazarda tutilgan hollar mustasno).

13 2 -modda. Raqamli striming xizmati operatorining huquq va majburiyatlari

Raqamli striming xizmati operatori ushbu Qonun 12-moddasining birinchi qismida koʻrsatilgan elektron tijorat operatori huquqlaridan tashqari oʻz raqamli striming xizmatida raqamli mahsulotlardan foydalanish qoidalarini mustaqil belgilash, shuningdek qonunchilik hujjatlariga muvofiq kontentni (axborot resursi mazmunini) moderatsiya qilish huquqiga ega.

Raqamli striming xizmati operatori ushbu Qonun 12-moddasining ikkinchi qismida koʻrsatilgan elektron tijorat operatorining majburiyatlaridan tashqari:

raqamli striming xizmatida joylashtirilgan raqamli mahsulotlarga nisbatan mualliflik huquqiga va turdosh huquqlarga rioya etilishini taʼminlashi, intellektual mulk obyektlaridan noqonuniy foydalanish holatlarini monitoring qilishi va ularning oldini olish choralarini koʻrishi;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq muomalasi cheklangan yoki taqiqlangan raqamli mahsulotlarning tarqatilishiga barham berilishi boʻyicha choralar koʻrishi;

foydalanuvchilarga taqdim etilayotgan raqamli mahsulotlar va striming xizmatlari sifatining belgilangan talablarga muvofiqligini taʼminlashi;

raqamli striming xizmatidan foydalanuvchilarning shaxsga doir maʼlumotlari konfidensialligini taʼminlashi, shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etishi;

raqamli striming xizmatida toʻlovlarni amalga oshirishda axborot xavfsizligi va kiberxavfsizlik talablariga rioya etilishini taʼminlashi;

raqamli striming xizmati faoliyati bilan bogʻliq murojaatlarni qonunchilikda belgilangan tartibda koʻrib chiqishi;

vakolatli davlat organiga tegishli axborotni qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda va tartibda taqdim etishi;

raqamli mahsulotlarni taklif qilish va tartiblashtirish algoritmlari shaffofligini taʼminlashi;

xaridor tomonidan sharhlar qoldirilishi imkoniyatini yaratishi, ularni oʻzgartirmasligi va ularning saqlanishini taʼminlashi (bundan qonunchilikda nazarda tutilgan xollar mustasno);

raqamli striming xizmatidan foydalanish qoidalarini, shartnoma (ommaviy oferta) shartlarini, shuningdek qonunchilik hujjatlariga muvofiq oshkor etilishi majburiy boʻlgan boshqa maʼlumotlarni raqamli striming xizmatida joylashtirishi shart.

Agar raqamli striming xizmati operatori elektron tijorat sohasidagi oʻz faoliyatini toʻxtatib turmoqchi boʻlsa yoki xizmat koʻrsatish qoidalariga oʻzgartirishlar kiritmoqchi boʻlsa, bu haqda kamida oʻttiz kun oldin tegishli raqamli striming xizmatida eʼlon berishi kerak (bundan qonunchilikda nazarda tutilgan hollar mustasno)”;

13) 16-moddaning uchinchi qismi :

ikkinchi xatboshisidagi “(oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning familiyasini, ismini, otasining ismini)” degan soʻzlar chiqarib tashlansin;

quyidagi mazmundagi sakkizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) qaytarish va (yoki) toʻlangan mablagʻlarni xaridorga qaytarib berish tartibi va shartlarini”;

sakkizinchi xatboshisi toʻqqizinchi xatboshi deb hisoblansin;

14) 23-modda :

toʻrtinchi qismidagi “belgilangan tartibda keyinchalik inkassatsiya qilish sharti bilan” degan soʻzlar chiqarib tashlansin;

quyidagi mazmundagi beshinchi, oltinchi va yettinchi qismlar bilan toʻldirilsin:

“Elektron tijorat operatorlari, elektron tijoratda sotuvchi boʻlgan yuridik shaxslar, yakka tartibdagi tadbirkorlar, shuningdek elektron tijoratda sotuvchi yoki buyurtma asosida tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) yetkazib beruvchi yoxud yoʻlovchilarni yengil avtotransport vositalarida tashish faoliyatini amalga oshiruvchi oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar (bundan buyon matnda oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar deb yuritiladi) elektron tijorat doirasidagi hisob-kitoblarni faqat alohida bank hisobvaraqlaridan (yakka tartibdagi tadbirkorlar hamda oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar — elektron hamyonlaridan ham) foydalangan holda amalga oshiradi.

Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning elektron tijorat doirasidagi faoliyati natijasida mablagʻlar tarzida olingan daromadlari oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning bank kartasiga biriktirilgan alohida bank hisobvaragʻida va (yoki) elektron hamyonida hisobga olinadi.

Oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar quyidagi huquqlarga ega:

uchinchi shaxslar (sotuvchilar) uchun toʻlovni qabul qilish;

tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) yetkazib beruvchining yoki elektron tijorat operatorining hisobvaragʻidagi mablagʻlarni keyinchalik inkassatsiya qilish uchun hisobdan chiqarish maqsadida oʻzini oʻzi band qilgan shaxsning alohida bank hisobvaragʻiga va (yoki) elektron hamyoniga mablagʻlarni oldindan joylashtirish;

yetkazib berilgan tovarlar (ishlar, xizmatlar) uchun toʻlov sifatida naqd pul qabul qilishga, bunda alohida bank hisobvaragʻidan va (yoki) elektron hamyondan tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) yetkazib beruvchiga oʻtkazilgan mablagʻlarga teng boʻlgan miqdorda naqd pulni inkassatsiya qilmasdan oʻz ixtiyorida qoldirish”;

15) 24-moddaning ikkinchi qismidagi “Savdo maydonchalarining” degan soʻzlar “Elektron savdo platformalarining va buyurtma agregatorlarining” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

16) 27-modda quyidagi mazmundagi toʻrtinchi qism bilan toʻldirilsin:

“Agar elektron tijorat operatori tomonidan “eskrou” xizmati koʻrsatilayotgan boʻlsa, sotuvchi xaridorga mablagʻlarni qaytarishni rad etgan taqdirda, elektron tijorat operatori sotuvchi bilan tuzilgan shartnomada belgilangan tartibda mablagʻlarni xaridorga mustaqil ravishda qaytarish huquqiga ega”;

17) 6-bob quyidagi mazmundagi 27 1 -modda bilan toʻldirilsin:

“27 1 -modda. Raqamli mahsulotlar eksporti va importining oʻziga xos xususiyatlari

Oʻzbekiston Respublikasining bojxona chegarasi orqali moddiy tashuvchilarda olib oʻtiladigan raqamli mahsulotlarning bojxona rasmiylashtiruvi (deklaratsiyalash) Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Raqamli distributsiya usullari bilan eksport yoki import qilinayotgan raqamli mahsulotlarga bojxona rasmiylashtiruvi amalga oshirilmaydi.

Internet jahon axborot tarmogʻidagi xorijiy elektron savdo platformalari orqali raqamli mahsulotlar raqamli distributsiya qilish yoʻli bilan eksport qilinganda:

raqamli mahsulot uchun xorijiy valyutadagi tushum raqamli mahsulotning sotilganligi boʻyicha eksport qiluvchining hisobiga xorijiy elektron savdo platformasi xizmatlari qiymati chegirib tashlangan holda kelib tushadi;

mazkur tushumning kelib tushish muddati xorijiy elektron savdo platformasining qoidalariga muvofiq belgilanadi”.

3-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

4-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

ushbu Qonun 2-moddasi 8-bandining toʻrtinchi xatboshisida nazarda tutilgan transchegaraviy elektron tijorat tartib-taomillarini ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida belgilasin;

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

5-modda. Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 10-sentabr,

OʻRQ- 1173 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.09.2026-y., 03/26/1173/0918-son)

lex.uz