UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 11-sentabr · Prezident farmonlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 11 сентябрь · Президент фармонлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 сентября 2026 г. · Указы Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 September 2026 · Presidential decrees

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Фармони

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

РЎЙХАТИ

Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Иқтисодий фаолликни ошириш, кичик бизнесни ривожлантириш, янги тадбиркорлик субъектлари ва барқарор иш ўринларини яратиш, бизнес юритиш харажатларини камайтириш ҳамда ушбу чоралар натижасида аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида қарор қиламан:

I. Ташкилий чора-тадбирлар

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича тегишлича ҳудудий штаблар, туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида — туман (шаҳар) штаблари ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ҳудудий ва туман (шаҳар) штабларининг асосий вазифалари 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ҳудудий ва туман (шаҳар) штабларининг ўз ваколати доирасидаги қарорлари давлат органлари, ташкилотлар ва давлат улуши мавжуд банклар ҳамда уларнинг бўлинмалари учун мажбурий этиб белгилансин.

II. Молиялаштириш механизмлари ва манбалари

4. 2026 йил якунига қадар туман (шаҳар) штаблари ихтиёрига қуйидаги манбалар ҳисобидан жами 3,2 триллион сўм ресурс йўналтирилсин:

(а) оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича 1 триллион 370 миллиард сўм;

(б) ёшлар тадбиркорлиги дастурлари бўйича 450 миллиард сўм;

(в) Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясидан фоиз харажатлари компенсацияси учун назарда тутилган 300 миллиард сўм;

(г) «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармаларининг 760 миллиард сўм;

(д) Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасининг 240 миллиард сўм;

(ж) Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг 100 миллиард сўм.

5. Туман (шаҳар) штаби қарорига асосан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни кооперацияга жалб қилган лидер тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача (жалб қилинган ҳар бир оила учун 50 миллион сўм ҳисобда) гаров таъминотисиз кредит ажратилишига рухсат берилсин.

6. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва ёшлар тадбиркорлиги дастурларининг имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман (шаҳар) штабларига ўтказилсин. Бунда улар маҳаллий шароит ва лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб, молиялаштириш йўналиши ва миқдорини, нақд ёки нақдсиз шаклини, муддати, имтиёзли даври ва тўлов графигини, уларни асосланган ҳолларда узайтириш ёки қайта кўриб чиқишни, шунингдек, молиявий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли учун махсус шартларни мустақил белгилайди.

7. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига туман (шаҳар) штаблари қарорлари асосида тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда — Компания) томонидан ёки белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан компенсация қилиш механизми жорий қилинсин. Бунда:

(а) туман (шаҳар) штаблари маҳаллий шароит, лойиҳаларнинг самарадорлиги ва устувор йўналишлардан келиб чиқиб, компенсация тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилади, компенсациядан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ҳисобланади;

(б) туман (шаҳар) штабларининг қарорлари компенсация тақдим этиш учун асос ҳисобланади. Компенсация тақдим этишда кредит тарихи, тадбиркор тоифаси, барқарорлик рейтинги ва бошқа талабларнинг жорий этилишига йўл қўйилмайди;

(в) тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликда белгиланган умумий тартибда Компанияга компенсация олиш учун бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Бунда компенсация харажатлари туман (шаҳар) штабларига ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади;

(г) бир молиялаштириш бўйича бир хил фоиз харажатларини икки марта компенсация қилишга йўл қўйилмайди.

8. Республикадан бириктирилган масъуллар маҳаллаларда амалга оширилаётган лойиҳаларни мониторинг қилиб боради ва ҳар чоракда таҳлил қилиб ҳудудий штабларга ахборот киритиб боради.

Бунда лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги, бизнес-режа асосида фаолият юритаётгани, иш ўринлари таҳлилларини амалга оширади ва шулар асосида кейинги даврлар учун сунъий интеллектдан кенг фойдаланган ҳолда устувор йўналишлар бўйича таклифлар киритади.

9. Белгилансинки, кредит, субсидия, ссуда ва компенсация маблағларидан фойдаланиш шартлари ва қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан белгилаш амалиёти бекор қилинади. Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк ушбу маблағларни молиялаштириш шартлари ва қоидаларини тасдиқлайди, шунингдек, заруратга кўра, ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар чоракда ўзгартиришлар киритиб боради.

10. «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари сақлаб қолинган ҳолда уларнинг маблағларини тасарруф этиш ҳамда улар ҳисобидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ваколатлари туман (шаҳар) штабларига ўтказилсин. Бунда «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағларидан фойдаланишнинг қуйидаги янги тартиби жорий этилсин:

(а) «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармаларининг амалдаги молиявий инструментлари сақлаб қолинган ҳолда уларнинг маблағлари ҳисобидан камбағал ва камбағалликка тушиш хавфи бор ҳамда бошқа эҳтиёжманд оилаларга туман (шаҳар) штаблари қарорлари асосида ушбу ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва тадбирларни амалга ошириш йўлга қўйилади;

(б) «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ёрдам ва тадбирларнинг янги йўналишлари ҳамда уларнинг миқдорлари ва тартиблари, шу жумладан, амалдаги молиявий инструментларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тартиби Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров томонидан тасдиқланади.

11. Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Марказий банк раиси Т.А. Ишметов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П. Оллоёров, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов ҳамда Бош прокурор ўринбосари И.М. Адхамов уч кун муддатда:

(а) мазкур Фармоннинг 4-бандида назарда тутилган ресурсларни камбағал ва ишсиз аҳоли сони, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ҳамда лойиҳаларнинг тайёрлик даражасидан келиб чиқиб туман (шаҳар)лар кесимида тақсимласин;

(б) ҳудудий ва туман (шаҳар) штаблари, «маҳалла еттилиги», ҳоким ёрдамчилари, маҳалла банкирлари ва бошқа масъулларнинг ҳар бир оила ва лойиҳа билан ишлаши бўйича ягона амалий кўрсатмани тасдиқласин. Бунда кўрсатмада:

(i) молиялаштиришдан олдин реал бозор, харидор, буюртма ва қайтариш манбасини аниқлаш, тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли ва кичик бизнесни улар билан кооперация ва етказиб бериш занжирлари орқали боғлаш;

(ii) давлат ресурслари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича штабнинг қарор қабул қилиш ваколати ва таваккалчилиги, тижорат банкининг молиявий оператор сифатидаги вазифалари, шунингдек, банкнинг ўз маблағлари ва таваккалчилиги ҳисобидан молиялаштириш масаласида мустақиллиги;

(iii) лойиҳанинг хусусияти ва пул оқимидан келиб чиқиб, молиялаштириш воситаси, муддати, имтиёзли даври ва тўлов графигини танлаш, истиқболли лойиҳаларнинг заруратга қараб тўлов графигини ўзгартириш, муддатни узайтириш (пролонгация) ва реструктуризация қилиш;

(iv) ер, инфратузилма, электр энергияси, рухсат бериш, хомашё, бозор билан боғлиқ ҳамда бошқа муаммоларни масъул органлар томонидан тезкор бартараф этиш ҳамда қуйи даражада ҳал этилмаган масалаларни юқори босқичга олиб чиқиш;

(v) натижани ажратилган маблағ ёки берилган кредит ҳажми билан эмас, ишга тушган лойиҳалар, фаолияти кенгайган бизнеслар, яратилган барқарор иш ўринлари ва даромади ошган оилалар сони асосида баҳолаш назарда тутилсин.

12. Белгиланган тартиб-таомилларга риоя этилган, коррупция, манфаатлар тўқнашуви, ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки бошқа ноқонуний ҳаракатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, лойиҳа бўйича кредит ёки тадбиркорлик таваккалчилигининг юзага келиши, жумладан, маблағнинг қайтмаслиги, лойиҳадан кутилган натижага эришилмаслиги, муддатининг узайтирилиши ёки реструктуризация қилиниши ўз-ўзидан қарор қабул қилган шахсни жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланмаслиги белгилансин.

III. Эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг янги механизмлари

13. Белгилансинки, 2027 йил 1 январдан бошлаб:

(а) аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга муҳтожлигини ўрганиш ҳамда Ижтимоий реестрга киритиш уларнинг молиявий ҳолатидан ташқари оила аъзоларидаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси, оиланинг кўп болали эканлиги каби мезонлар асосидаги кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали амалга оширилади;

(б) кўп ўлчовли баҳолаш тизими доирасида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими орқали баҳоланиб, унинг натижаларига кўра оилалар тегишли тоифаларга ажратилган ҳолда ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади.

14. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 декабрга қадар оилаларни кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали Ижтимоий реестрга киритиш, уларни тоифаларга ажратиш ва тегишли хизматларга йўналтиришнинг янги тизимини амалиётга жорий этишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

15. Белгилансинки, 2027 йил 1 январдан бошлаб:

(а) меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга уларга берилган ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан болани парваришлаш нафақасини тўлаш тартиби жорий этилади;

(б) мазкур Фармоннинг 2-иловасида назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ваучер орқали тақдим этилади.

16. Белгилаб қўйилсинки, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилалар аъзоларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2026 йилда қўшимча равишда 100 миллиард сўм, 2027 йилда 300 миллиард сўм фоизсиз кредитлар ажратилади. Бунда ажратилган кредитларнинг фоиз харажатларини тижорат банкларига қоплаш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасига Давлат бюджетидан 50 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.

17. Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари И.И. Норқулов, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов икки ҳафта муддатда корхоналарнинг ходимлари, биринчи навбатда, Ижтимоий реестрга кирган ходимлари учун амалга оширган қуйидаги харажатлари фойда солиғи базасидан чегирилишини ҳамда ер ва мол-мулк солиқларидан озод этилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин:

(а) ходимларининг фарзандлари учун мактабгача таълим объектларини қуриш ва ушбу объектларни топширилгандан кейин 3 йил муддатгача сақлаш харажатлари;

(б) ходимлари учун корхонада ишлаган даврида вақтинчалик яшаш учун уй-жойларни қуриш, шунингдек, ушбу ходимларнинг ижара ва уй-жойдан фойдаланиш тўловларини қоплаб бериш харажатлари.

IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

18. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларига — ушбу Фармон ижроси ҳамда ажратилаётган молиявий ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги устидан мунтазам парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш тавсия этилсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси компенсациядан фойдаланишнинг натижадорлиги ва самарадорлигини мунтазам мониторинг қилиб борсин. Бунда тадбиркорлик субъектларининг фаолият кўрсаткичлари, тушуми ва иш ўринлари сони ҳамда фаолияти кенгайганлигига алоҳида эътибор қаратилсин.

20. Белгилансинки, мазкур Фармонда назарда тутилган молиялаштириш механизмлари қонунчиликда назарда тутилган давлат томонидан молиялаштириш дастурларининг умумий низом ва тартибларида ўзгача қоидалар ва чекловлар белгиланган ҳолатларда ҳам тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланади.

21. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Марказий банк ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

22. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимлари, Марказий банк раиси Т.А. Ишметов, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов ҳамда давлат улуши мавжуд тижорат банклари бошқаруви раислари белгилансин.

23. Ушбу Фармон ижроси учун масъул вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 сентябрдаги ПФ-193-сон Фармонига 1-ИЛОВА

Барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ҳудудий штабларнинг

1. Туман (шаҳар) штаблари фаолиятини мувофиқлаштириш, улар учун ҳудудий мақсадли кўрсаткичларни белгилаш ва ресурсларнинг натижадорлигини назорат қилиш.

2. Туман (шаҳар) даражасида ҳал этиб бўлмайдиган ҳудудлараро, инфратузилмавий, ер, муҳандислик тармоқлари ва рухсат бериш билан боғлиқ масалаларни жойида ҳал этиш.

3. Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қайта баҳолаш ва лавозимга тайинлаш жараёнини ташкил этиш, маҳалла банкирлари фаолияти бўйича банкларга мажбурий кўриб чиқиладиган таклифлар киритиш.

4. Туман (шаҳар) штаблари қарорлари юзасидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ва қонунийлик ҳамда маблағлардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш.

5. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва ёшлар тадбиркорлиги дастурлари доирасидаги ресурсларни тақсимлаш, умумий шартларини белгилаш, шундан ресурсларни нақд ёки нақдсиз бериш масаласини ҳал этиш.

6. Ҳар ой якуни бўйича иш ўринлари, аҳоли даромади ва камбағалликдан чиқарилган оилалар натижаларини танқидий муҳокама қилиш.

7. Туман (шаҳар) штабларига белгиланган мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилиш ҳолатини доимий таҳлил қилиш, амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва лойиҳаларнинг натижадорлигини баҳолаш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 сентябрдаги ПФ-193-сон Фармонига 1а-ИЛОВА

Барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман (шаҳар) штабларининг

1. Ҳар бир эҳтиёжманд оила ва ишсиз фуқаро бўйича ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш ёки бошқа даромад манбасини яратишга қаратилган индивидуал режани (манзилли рўйхатни) тасдиқлаш.

2. Субсидия, фоизсиз ссуда, компенсация, кафолат ва бошқа давлат кўмагини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

3. Лидер тадбиркорлар билан кооперация асосида амалга ошириладиган лойиҳалар ва уларга бириктириладиган оилаларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлаш.

4. Тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларининг ташаббускори ва бевосита буюртмачисини белгилаш, уларнинг лойиҳалаштирилиши, қурилиши, сифат назорати ва фойдаланишга топширилишини ташкил этиш.

5. «Маҳалла еттилиги», ҳоким ёрдамчилари ва маҳалла банкирларининг ишини мувофиқлаштириш, ҳар бир лойиҳа бўйича масъул шахсни белгилаш ва натижагача кузатиб бориш.

6. Штабга ажратилган ресурслар ҳисобидан йил якунига қадар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўйича аниқ мажбуриятларни қабул қилиш ҳамда уларнинг бажарилишини таъминлаш.

7. Самарадорлиги паст лойиҳаларни тўхтатиш ёки қайта кўриб чиқишни таклиф қилиш.

8. Ваколатлари доирасида ҳал этиш имкони бўлмаган тизимли масалалар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифларни ҳудудий штабларга киритиб бориш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 сентябрдаги ПФ-193-сон Фармонига 2-ИЛОВА

Ваучер орқали тақдим этиладиган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларининг

Т/р Давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чорасининг номи Ваучер тақдим этиш тартиби Масъул идора 1. Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг мактабгача таълим ташкилотларидаги бола таъминоти учун белгиланган тўловларни қоплаш. а) ваучер «маҳалла еттилиги» томонидан тасдиқланадиган индивидуал режа ёки боланинг қонуний вакили томонидан қилинган мурожаат асосида шакллантирилади; б) ваучер асосида давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига бола таъминоти учун тўловни амалга ошириш имконияти яратилади; в) ваучернинг амал қилиш муддати ўн икки ой этиб белгиланади ва оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганда ҳам оилага ваучер амал қиладиган муддат давомида ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилади; г) ваучер орқали мактабгача таълим ташкилотига у жойлашган ҳудудда бола таъминоти учун белгиланган тўловга тенг миқдорда маблағ ажратилади; д) бола таъминоти учун белгиланган тўловлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабгача таълим хизматини кўрсатган ташкилотга қоплаб берилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг умумий ўрта таълим ташкилотларидаги фарзандларини қўшимча таълимга жалб қилиш ҳамда уларнинг йўлкира (бориш-келиш) харажатларини қоплаш. а) ваучер «маҳалла еттилиги» томонидан тасдиқланадиган индивидуал режа ёки боланинг қонуний вакили томонидан қилинган мурожаат асосида шакллантирилади; б) болалар ваучер асосида мулкчилик шаклидан қатъи назар қўшимча таълим хизматини таклиф этувчи ташкилотга қабул қилинади; в) ваучернинг амал қилиш муддати ўн икки ой этиб белгиланади ва оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганда ҳам ўқувчига ваучер амал қиладиган муддат давомида ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилади; г) қўшимча таълимга бориш ва келиш йўлкира харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда маблағ ажратилади. Маблағ ўқувчининг қонуний вакили номига очилган ижтимоий карта орқали тўланади; д) ўқувчини қўшимча таълимга жалб қилиш харажатлари мактабгача таълим хизматини кўрсатган ташкилотга, ўқувчининг қўшимча таълимга бориш ва келиш йўлкира харажатлари ўқувчининг қонуний вакилига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 3. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талаба фарзандларининг давлат олий таълим ташкилотларидаги талабалар турар жойларидан фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган талабалар турар жойларида яшаш ва ижара асосида хусусий уй-жойларда яшовчи талабаларнинг ижара харажатларини қоплаш. а) ваучер «маҳалла еттилиги» томонидан тасдиқланадиган индивидуал режа ёки боланинг қонуний вакили томонидан қилинган мурожаат асосида шаклланади; б) ваучернинг амал қилиш муддати ўн икки ой этиб белгиланади, оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганда ҳам талабага ваучер амал қиладиган муддат давомида ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилади; в) талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари талаба номига очилган ижтимоий картага Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 11 сентябрь,

ПФ-193-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 06/26/193/0925-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining

Farmoni

ASOSIY VAZIFALARI

ASOSIY VAZIFALARI

ROʻYXATI

Barqaror ish oʻrinlarini yaratish va kichik biznesni jadal rivojlantirish orqali aholi daromadlarini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Iqtisodiy faollikni oshirish, kichik biznesni rivojlantirish, yangi tadbirkorlik subyektlari va barqaror ish oʻrinlarini yaratish, biznes yuritish xarajatlarini kamaytirish hamda ushbu choralar natijasida aholi daromadlarini oshirish va kambagʻallikni qisqartirish maqsadida qaror qilaman:

I. Tashkiliy chora-tadbirlar

1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari rahbarligida barqaror ish oʻrinlarini yaratish va aholi daromadlarini oshirish boʻyicha tegishlicha hududiy shtablar, tuman (shahar) hokimlari rahbarligida — tuman (shahar) shtablari tashkil etilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Hududiy va tuman (shahar) shtablarining asosiy vazifalari 1 va 1a-ilovalarga muvofiq tasdiqlansin.

3. Hududiy va tuman (shahar) shtablarining oʻz vakolati doirasidagi qarorlari davlat organlari, tashkilotlar va davlat ulushi mavjud banklar hamda ularning boʻlinmalari uchun majburiy etib belgilansin.

II. Moliyalashtirish mexanizmlari va manbalari

4. 2026-yil yakuniga qadar tuman (shahar) shtablari ixtiyoriga quyidagi manbalar hisobidan jami 3,2 trillion soʻm resurs yoʻnaltirilsin:

(a) oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari boʻyicha 1 trillion 370 milliard soʻm;

(b) yoshlar tadbirkorligi dasturlari boʻyicha 450 milliard soʻm;

(v) Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasidan foiz xarajatlari kompensatsiyasi uchun nazarda tutilgan 300 milliard soʻm;

(g) “Saxovat va koʻmak”, “Ayollar daftari” va “Yoshlar daftari” jamgʻarmalarining 760 milliard soʻm;

(d) Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasining 240 milliard soʻm;

(j) Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasining 100 milliard soʻm.

5. Tuman (shahar) shtabi qaroriga asosan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarni kooperatsiyaga jalb qilgan lider tadbirkorlarga 5 milliard soʻmgacha (jalb qilingan har bir oila uchun 50 million soʻm hisobda) garov taʼminotisiz kredit ajratilishiga ruxsat berilsin.

6. Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish va yoshlar tadbirkorligi dasturlarining imtiyozli kredit resurslarini boshqarish vakolati tuman (shahar) shtablariga oʻtkazilsin. Bunda ular mahalliy sharoit va loyiha xususiyatidan kelib chiqib, moliyalashtirish yoʻnalishi va miqdorini, naqd yoki naqdsiz shaklini, muddati, imtiyozli davri va toʻlov grafigini, ularni asoslangan hollarda uzaytirish yoki qayta koʻrib chiqishni, shuningdek, moliyaviy xizmatlardan foydalanish imkoniyati cheklangan aholi uchun maxsus shartlarni mustaqil belgilaydi.

7. 2026-yil 1-oktabrdan boshlab oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar hamda kichik va oʻrta tadbirkorlik subyektlariga tuman (shahar) shtablari qarorlari asosida tijorat banklari kreditlari boʻyicha foiz xarajatlarining bir qismini “Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” aksiyadorlik jamiyati (keyingi oʻrinlarda — Kompaniya) tomonidan yoki belgilangan boshqa manbalar hisobidan kompensatsiya qilish mexanizmi joriy qilinsin. Bunda:

(a) tuman (shahar) shtablari mahalliy sharoit, loyihalarning samaradorligi va ustuvor yoʻnalishlardan kelib chiqib, kompensatsiya taqdim etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi, kompensatsiyadan maqsadli va samarali foydalanish uchun masʼul hisoblanadi;

(b) tuman (shahar) shtablarining qarorlari kompensatsiya taqdim etish uchun asos hisoblanadi. Kompensatsiya taqdim etishda kredit tarixi, tadbirkor toifasi, barqarorlik reytingi va boshqa talablarning joriy etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi;

(v) tadbirkorlik subyektlarining qonunchilikda belgilangan umumiy tartibda Kompaniyaga kompensatsiya olish uchun bevosita murojaat qilish huquqi saqlab qolinadi. Bunda kompensatsiya xarajatlari tuman (shahar) shtablariga ajratilgan mablagʻlar hisobidan toʻlanadi;

(g) bir moliyalashtirish boʻyicha bir xil foiz xarajatlarini ikki marta kompensatsiya qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

8. Respublikadan biriktirilgan masʼullar mahallalarda amalga oshirilayotgan loyihalarni monitoring qilib boradi va har chorakda tahlil qilib hududiy shtablarga axborot kiritib boradi.

Bunda loyihalarning iqtisodiy samaradorligi, biznes-reja asosida faoliyat yuritayotgani, ish oʻrinlari tahlillarini amalga oshiradi va shular asosida keyingi davrlar uchun sunʼiy intellektdan keng foydalangan holda ustuvor yoʻnalishlar boʻyicha takliflar kiritadi.

9. Belgilansinki, kredit, subsidiya, ssuda va kompensatsiya mablagʻlaridan foydalanish shartlari va qoidalarini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari va qarorlari bilan belgilash amaliyoti bekor qilinadi. Bunda Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Markaziy bank ushbu mablagʻlarni moliyalashtirish shartlari va qoidalarini tasdiqlaydi, shuningdek, zaruratga koʻra, hududlar salohiyatidan kelib chiqqan holda har chorakda oʻzgartirishlar kiritib boradi.

10. “Saxovat va koʻmak”, “Ayollar daftari” va “Yoshlar daftari” jamgʻarmalari saqlab qolingan holda ularning mablagʻlarini tasarruf etish hamda ular hisobidan ijtimoiy yordam va xizmatlar koʻrsatishni tashkil etish vakolatlari tuman (shahar) shtablariga oʻtkazilsin. Bunda “Saxovat va koʻmak”, “Ayollar daftari” va “Yoshlar daftari” jamgʻarmalari mablagʻlaridan foydalanishning quyidagi yangi tartibi joriy etilsin:

(a) “Saxovat va koʻmak”, “Ayollar daftari” va “Yoshlar daftari” jamgʻarmalarining amaldagi moliyaviy instrumentlari saqlab qolingan holda ularning mablagʻlari hisobidan kambagʻal va kambagʻallikka tushish xavfi bor hamda boshqa ehtiyojmand oilalarga tuman (shahar) shtablari qarorlari asosida ushbu va boshqa turdagi ijtimoiy yordam koʻrsatish va tadbirlarni amalga oshirish yoʻlga qoʻyiladi;

(b) “Saxovat va koʻmak”, “Ayollar daftari” va “Yoshlar daftari” jamgʻarmalari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladigan yordam va tadbirlarning yangi yoʻnalishlari hamda ularning miqdorlari va tartiblari, shu jumladan, amaldagi moliyaviy instrumentlarni taqdim etishning soddalashtirilgan tartibi Bosh vazir oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov tomonidan tasdiqlanadi.

11. Bosh vazir oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov, Markaziy bank raisi T.A. Ishmetov, Ijtimoiy himoya milliy agentligi direktori M.P. Olloyorov, kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.E. Zaxidov hamda Bosh prokuror oʻrinbosari I.M. Adxamov uch kun muddatda:

(a) mazkur Farmonning 4-bandida nazarda tutilgan resurslarni kambagʻal va ishsiz aholi soni, hududning iqtisodiy salohiyati hamda loyihalarning tayyorlik darajasidan kelib chiqib tuman (shahar)lar kesimida taqsimlasin;

(b) hududiy va tuman (shahar) shtablari, “mahalla yettiligi”, hokim yordamchilari, mahalla bankirlari va boshqa masʼullarning har bir oila va loyiha bilan ishlashi boʻyicha yagona amaliy koʻrsatmani tasdiqlasin. Bunda koʻrsatmada:

(i) moliyalashtirishdan oldin real bozor, xaridor, buyurtma va qaytarish manbasini aniqlash, tadbirkorlar faoliyatini kengaytirish, yangi ish oʻrinlarini yaratish, aholi va kichik biznesni ular bilan kooperatsiya va yetkazib berish zanjirlari orqali bogʻlash;

(ii) davlat resurslari hisobidan amalga oshiriladigan loyihalar boʻyicha shtabning qaror qabul qilish vakolati va tavakkalchiligi, tijorat bankining moliyaviy operator sifatidagi vazifalari, shuningdek, bankning oʻz mablagʻlari va tavakkalchiligi hisobidan moliyalashtirish masalasida mustaqilligi;

(iii) loyihaning xususiyati va pul oqimidan kelib chiqib, moliyalashtirish vositasi, muddati, imtiyozli davri va toʻlov grafigini tanlash, istiqbolli loyihalarning zaruratga qarab toʻlov grafigini oʻzgartirish, muddatni uzaytirish (prolongatsiya) va restrukturizatsiya qilish;

(iv) yer, infratuzilma, elektr energiyasi, ruxsat berish, xomashyo, bozor bilan bogʻliq hamda boshqa muammolarni masʼul organlar tomonidan tezkor bartaraf etish hamda quyi darajada hal etilmagan masalalarni yuqori bosqichga olib chiqish;

(v) natijani ajratilgan mablagʻ yoki berilgan kredit hajmi bilan emas, ishga tushgan loyihalar, faoliyati kengaygan bizneslar, yaratilgan barqaror ish oʻrinlari va daromadi oshgan oilalar soni asosida baholash nazarda tutilsin.

12. Belgilangan tartib-taomillarga rioya etilgan, korrupsiya, manfaatlar toʻqnashuvi, hujjatlarni qalbakilashtirish yoki boshqa noqonuniy harakatlar mavjud boʻlmagan taqdirda, loyiha boʻyicha kredit yoki tadbirkorlik tavakkalchiligining yuzaga kelishi, jumladan, mablagʻning qaytmasligi, loyihadan kutilgan natijaga erishilmasligi, muddatining uzaytirilishi yoki restrukturizatsiya qilinishi oʻz-oʻzidan qaror qabul qilgan shaxsni javobgarlikka tortish uchun asos hisoblanmasligi belgilansin.

III. Ehtiyojmand oilalarni ijtimoiy himoya qilishning yangi mexanizmlari

13. Belgilansinki, 2027-yil 1-yanvardan boshlab:

(a) aholining ijtimoiy yordam va xizmatlarga muhtojligini oʻrganish hamda Ijtimoiy reyestrga kiritish ularning moliyaviy holatidan tashqari oila aʼzolaridagi surunkali kasalliklar, nogironlik, tashqi mehnat migratsiyasi, oilaning koʻp bolali ekanligi kabi mezonlar asosidagi koʻp oʻlchovli baholash tizimi orqali amalga oshiriladi;

(b) koʻp oʻlchovli baholash tizimi doirasida oilalarning ijtimoiy-iqtisodiy holati balli skoring tizimi orqali baholanib, uning natijalariga koʻra oilalar tegishli toifalarga ajratilgan holda ijtimoiy yordam va xizmatlar bilan qamrab olinadi.

14. Ijtimoiy himoya milliy agentligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda 2026-yil 1-dekabrga qadar oilalarni koʻp oʻlchovli baholash tizimi orqali Ijtimoiy reyestrga kiritish, ularni toifalarga ajratish va tegishli xizmatlarga yoʻnaltirishning yangi tizimini amaliyotga joriy etishga doir normativ-huquqiy hujjat loyihasini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritsin.

15. Belgilansinki, 2027-yil 1-yanvardan boshlab:

(a) mehnat shartnomasi asosida ishlayotgan xotin-qizlarga ularga berilgan homiladorlik va tugʻish taʼtili tugagan kundan boshlab farzandi bir yoshga toʻlgunga qadar Davlat ijtimoiy sugʻurta jamgʻarmasi tomonidan bolani parvarishlash nafaqasini toʻlash tartibi joriy etiladi;

(b) mazkur Farmonning 2-ilovasida nazarda tutilgan davlat ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash choralari vaucher orqali taqdim etiladi.

16. Belgilab qoʻyilsinki, Ijtimoiy reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalar aʼzolariga oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida 2026-yilda qoʻshimcha ravishda 100 milliard soʻm, 2027-yilda 300 milliard soʻm foizsiz kreditlar ajratiladi. Bunda ajratilgan kreditlarning foiz xarajatlarini tijorat banklariga qoplash uchun Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasiga Davlat budjetidan 50 milliard soʻmgacha mablagʻ ajratiladi.

17. Bosh vazir oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov, iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari I.I. Norqulov, kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.E. Zaxidov ikki hafta muddatda korxonalarning xodimlari, birinchi navbatda, Ijtimoiy reyestrga kirgan xodimlari uchun amalga oshirgan quyidagi xarajatlari foyda soligʻi bazasidan chegirilishini hamda yer va mol-mulk soliqlaridan ozod etilishini nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini kiritsin:

(a) xodimlarining farzandlari uchun maktabgacha taʼlim obyektlarini qurish va ushbu obyektlarni topshirilgandan keyin 3 yil muddatgacha saqlash xarajatlari;

(b) xodimlari uchun korxonada ishlagan davrida vaqtinchalik yashash uchun uy-joylarni qurish, shuningdek, ushbu xodimlarning ijara va uy-joydan foydalanish toʻlovlarini qoplab berish xarajatlari.

IV. Farmon ijrosini tashkil etish, taʼminlash va nazorat

18. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasi va Senatiga, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, viloyatlar, tuman va shahar xalq deputatlari kengashlariga — ushbu Farmon ijrosi hamda ajratilayotgan moliyaviy resurslardan foydalanish samaradorligi ustidan muntazam parlament va deputatlik nazoratini amalga oshirish tavsiya etilsin.

19. Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasi kompensatsiyadan foydalanishning natijadorligi va samaradorligini muntazam monitoring qilib borsin. Bunda tadbirkorlik subyektlarining faoliyat koʻrsatkichlari, tushumi va ish oʻrinlari soni hamda faoliyati kengayganligiga alohida eʼtibor qaratilsin.

20. Belgilansinki, mazkur Farmonda nazarda tutilgan moliyalashtirish mexanizmlari qonunchilikda nazarda tutilgan davlat tomonidan moliyalashtirish dasturlarining umumiy nizom va tartiblarida oʻzgacha qoidalar va cheklovlar belgilangan holatlarda ham toʻgʻridan-toʻgʻri va soʻzsiz qoʻllanadi.

21. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Markaziy bank va boshqa manfaatdor idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda qonunchilik hujjatlariga mazkur Farmondan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.

22. Mazkur Farmon ijrosini samarali tashkil etishga masʼul va shaxsan javobgar etib Bosh vazir oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar, Toshkent shahar va tuman (shahar) hokimlari, Markaziy bank raisi T.A. Ishmetov, kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.E. Zaxidov hamda davlat ulushi mavjud tijorat banklari boshqaruvi raislari belgilansin.

23. Ushbu Farmon ijrosi uchun masʼul vazirlik va idoralar, hokimliklar hamda tijorat banklari faoliyatini muvofiqlashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 11-sentabrdagi PF-193-son Farmoniga 1-ILOVA

Barqaror ish oʻrinlarini yaratish va aholi daromadlarini oshirish boʻyicha hududiy shtablarning

1. Tuman (shahar) shtablari faoliyatini muvofiqlashtirish, ular uchun hududiy maqsadli koʻrsatkichlarni belgilash va resurslarning natijadorligini nazorat qilish.

2. Tuman (shahar) darajasida hal etib boʻlmaydigan hududlararo, infratuzilmaviy, yer, muhandislik tarmoqlari va ruxsat berish bilan bogʻliq masalalarni joyida hal etish.

3. Hokim yordamchilari faoliyatini qayta baholash va lavozimga tayinlash jarayonini tashkil etish, mahalla bankirlari faoliyati boʻyicha banklarga majburiy koʻrib chiqiladigan takliflar kiritish.

4. Tuman (shahar) shtablari qarorlari yuzasidan kelib tushgan murojaatlarni koʻrib chiqish va qonuniylik hamda mablagʻlardan maqsadli foydalanilishini taʼminlash.

5. Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish va yoshlar tadbirkorligi dasturlari doirasidagi resurslarni taqsimlash, umumiy shartlarini belgilash, shundan resurslarni naqd yoki naqdsiz berish masalasini hal etish.

6. Har oy yakuni boʻyicha ish oʻrinlari, aholi daromadi va kambagʻallikdan chiqarilgan oilalar natijalarini tanqidiy muhokama qilish.

7. Tuman (shahar) shtablariga belgilangan maqsadli koʻrsatkichlarning bajarilish holatini doimiy tahlil qilish, amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar va loyihalarning natijadorligini baholash.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 11-sentabrdagi PF-193-son Farmoniga 1a-ILOVA

Barqaror ish oʻrinlarini yaratish va aholi daromadlarini oshirish boʻyicha tuman (shahar) shtablarining

1. Har bir ehtiyojmand oila va ishsiz fuqaro boʻyicha ishga joylashtirish, kasbga oʻqitish, tadbirkorlikka jalb qilish yoki boshqa daromad manbasini yaratishga qaratilgan individual rejani (manzilli roʻyxatni) tasdiqlash.

2. Subsidiya, foizsiz ssuda, kompensatsiya, kafolat va boshqa davlat koʻmagini ajratish toʻgʻrisida qaror qabul qilish.

3. Lider tadbirkorlar bilan kooperatsiya asosida amalga oshiriladigan loyihalar va ularga biriktiriladigan oilalarning manzilli roʻyxatini tasdiqlash.

4. Tadbirkorlik infratuzilmasi loyihalarining tashabbuskori va bevosita buyurtmachisini belgilash, ularning loyihalashtirilishi, qurilishi, sifat nazorati va foydalanishga topshirilishini tashkil etish.

5. “Mahalla yettiligi”, hokim yordamchilari va mahalla bankirlarining ishini muvofiqlashtirish, har bir loyiha boʻyicha masʼul shaxsni belgilash va natijagacha kuzatib borish.

6. Shtabga ajratilgan resurslar hisobidan yil yakuniga qadar kambagʻallikni qisqartirish va bandlik boʻyicha aniq majburiyatlarni qabul qilish hamda ularning bajarilishini taʼminlash.

7. Samaradorligi past loyihalarni toʻxtatish yoki qayta koʻrib chiqishni taklif qilish.

8. Vakolatlari doirasida hal etish imkoni boʻlmagan tizimli masalalar va ularni bartaraf etish yuzasidan takliflarni hududiy shtablarga kiritib borish.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 11-sentabrdagi PF-193-son Farmoniga 2-ILOVA

Vaucher orqali taqdim etiladigan davlat ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash choralarining

T/r Davlat ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash chorasining nomi Vaucher taqdim etish tartibi Masʼul idora 1. Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar farzandlarining maktabgacha taʼlim tashkilotlaridagi bola taʼminoti uchun belgilangan toʻlovlarni qoplash. a) vaucher “mahalla yettiligi” tomonidan tasdiqlanadigan individual reja yoki bolaning qonuniy vakili tomonidan qilingan murojaat asosida shakllantiriladi; b) vaucher asosida davlat va nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotlariga bola taʼminoti uchun toʻlovni amalga oshirish imkoniyati yaratiladi; v) vaucherning amal qilish muddati oʻn ikki oy etib belgilanadi va oila Ijtimoiy reyestrdan chiqarilganda ham oilaga vaucher amal qiladigan muddat davomida undan foydalanish huquqi beriladi; g) vaucher orqali maktabgacha taʼlim tashkilotiga u joylashgan hududda bola taʼminoti uchun belgilangan toʻlovga teng miqdorda mablagʻ ajratiladi; d) bola taʼminoti uchun belgilangan toʻlovlar Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan maktabgacha taʼlim xizmatini koʻrsatgan tashkilotga qoplab beriladi. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 2. Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlaridagi farzandlarini qoʻshimcha taʼlimga jalb qilish hamda ularning yoʻlkira (borish-kelish) xarajatlarini qoplash. a) vaucher “mahalla yettiligi” tomonidan tasdiqlanadigan individual reja yoki bolaning qonuniy vakili tomonidan qilingan murojaat asosida shakllantiriladi; b) bolalar vaucher asosida mulkchilik shaklidan qatʼi nazar qoʻshimcha taʼlim xizmatini taklif etuvchi tashkilotga qabul qilinadi; v) vaucherning amal qilish muddati oʻn ikki oy etib belgilanadi va oila Ijtimoiy reyestrdan chiqarilganda ham oʻquvchiga vaucher amal qiladigan muddat davomida undan foydalanish huquqi beriladi; g) qoʻshimcha taʼlimga borish va kelish yoʻlkira xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining bir baravarigacha miqdorda mablagʻ ajratiladi. Mablagʻ oʻquvchining qonuniy vakili nomiga ochilgan ijtimoiy karta orqali toʻlanadi; d) oʻquvchini qoʻshimcha taʼlimga jalb qilish xarajatlari maktabgacha taʼlim xizmatini koʻrsatgan tashkilotga, oʻquvchining qoʻshimcha taʼlimga borish va kelish yoʻlkira xarajatlari oʻquvchining qonuniy vakiliga Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplanadi. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 3. Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning kunduzgi taʼlim shaklida tahsil olayotgan talaba farzandlarining davlat oliy taʼlim tashkilotlaridagi talabalar turar joylaridan foydalanish, davlat-xususiy sheriklik asosida tashkil etilgan talabalar turar joylarida yashash va ijara asosida xususiy uy-joylarda yashovchi talabalarning ijara xarajatlarini qoplash. a) vaucher “mahalla yettiligi” tomonidan tasdiqlanadigan individual reja yoki bolaning qonuniy vakili tomonidan qilingan murojaat asosida shakllanadi; b) vaucherning amal qilish muddati oʻn ikki oy etib belgilanadi, oila Ijtimoiy reyestrdan chiqarilganda ham talabaga vaucher amal qiladigan muddat davomida undan foydalanish huquqi beriladi; v) talabalar turar joylaridagi yashash xarajatlari talaba nomiga ochilgan ijtimoiy kartaga Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplanadi. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 11-sentabr,

PF-193-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.09.2026-y., 06/26/193/0925-son)

lex.uz