UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 14-avgust · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 14 август · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 августа 2026 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 August 2026 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг

қарори

НИЗОМ

Банкларни санация қилишда баҳолаш ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ва « Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Банкларни санация қилишда баҳолаш ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти, Ўзбекистон баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси билан келишилган.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 14 августдаги 22/9-сон қарорига ИЛОВА

Банкларни санация қилишда баҳолаш ўтказиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом банкларни, банклар гуруҳларини ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларини санация қилиш, шунингдек уларнинг акциядорлари ва кредиторлари зарарларини аниқлаш мақсадида баҳолаш ўтказиш тартибини, баҳоловчи ташкилотларга қўйиладиган талабларни ҳамда баҳоловчи ташкилотни тайинлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низомнинг банкларга тааллуқли қоидалари банклар гуруҳларига ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Банкни санация қилишда баҳолаш (бундан буён матнда баҳолаш деб юритилади) банкни санация қилиш учун баҳолаш ҳамда санация қилиш тартиб-таомиллари амалга оширилганидан кейин санация қилинаётган банк акциядорлари ва кредиторларининг зарарларини баҳолашни (бундан буён матнда акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолаш деб юритилади) ўз ичига олади.

2. Банкни санация қилиш учун ўтказиладиган баҳолашда банкнинг активлари ва мажбуриятлари, шунингдек балансдан ташқари моддалари баҳоланади. Бунда баҳолаш санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар ўтказилади.

3. Банкни санация қилиш учун баҳолаш ўтказиш мақсадида баҳоловчи ташкилотнинг тайинланмаганлиги ёки баҳолашнинг ўтказилмаганлиги мазкур банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинишига тўсқинлик қилмайди .

4. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолаш санация қилиш тартиб-таомиллари амалга оширилганидан кейин санация қилинаётган банк акциядорлари ва кредиторларининг санация қилиш натижасида кўрган зарарлари санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банк мажбурий тугатилган тақдирда улар кўриши мумкин бўлган зарарлардан ошганлигини ёки ошмаганлигини аниқлаш учун ўтказилади.

5. Баҳолаш ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг « Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида »ги, « Баҳолаш фаолияти тўғрисида »ги қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандарти (рўйхат рақами 3487, 2023 йил 28 декабрь) ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.

6. Ушбу Низом билан тартибга солинмаган масалалар баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.

2-боб. Баҳолаш ўтказиш мақсадида баҳоловчи ташкилотни тайинлаш

1-§. Дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатини шакллантириш

7. Марказий банк банкни санация қилишга тайёргарлик кўриш доирасида ва санация қилиш тўғрисида ўз вақтида қарорлар қабул қилиш мақсадида дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатини шакллантиради .

8. Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатини шакллантириш мақсадида ўзининг расмий веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида хабарнома эълон қилади. Хабарномада дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига кириш истагида бўлган ҳамда банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берувчи баҳоловчи ташкилотлар Марказий банкка ёзма мурожаат қилиши кераклиги назарда тутилади.

9. Марказий банк ушбу Низомнинг 8-бандида белгиланган хабарномани эълон қилиш билан бирга баҳоловчи ташкилотларга ва (ёки) баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмаларига ушбу хабарномани юбориши мумкин.

10. Дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига кириш истагида бўлган баҳоловчи ташкилотнинг Марказий банкка ёзма мурожаатида камида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

банкни санация қилиш мақсадида баҳолаш ўтказиш бўйича тажрибаси ва имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар;

баҳолаш ўтказувчи ходимларининг малака сертификатлари тўғрисидаги маълумотлар;

баҳоловчи ташкилотнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;

манфаатлар тўқнашувини аниқлаш бўйича ички сиёсати мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

баҳолаш ўтказишга нисбатан ушбу Низомда белгиланган талабларга риоя қилишга розилиги.

11. Марказий банк баҳоловчи ташкилотнинг ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган мурожаатини ва унга илова қилинган ҳужжатларни икки ой муддатда кўриб чиқади.

Баҳоловчи ташкилотни дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритишда баҳоловчи ташкилотнинг баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари томонидан берилган рейтинги, унинг салоҳияти, тажрибаси ва имкониятлари инобатга олинади.

12. Баҳоловчи ташкилотни дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Марказий банк бу ҳақда баҳоловчи ташкилотни тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида ёзма равишда хабардор қилади.

13. Баҳоловчи ташкилот Марказий банк бошқаруви қарори билан дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритилади.

14. Марказий банк баҳоловчи ташкилотни дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритиш масаласини кўриб чиқишда баҳоловчи ташкилотнинг хизмат кўрсатиш нархини ҳам инобатга олиши мумкин.

15. Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритилган ҳар бир баҳоловчи ташкилот билан ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назарда тутувчи шартнома тузади . Шартномада баҳоловчи ташкилотга тақдим этилган маълумотларни ошкор этмаслик билан боғлиқ талаблар белгиланади.

16. Дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхати Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва доимий юритилади.

17. Марказий банк бир йилда камида бир марта дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатини кўриб чиқиши ва рўйхатга киритилган баҳоловчи ташкилотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб бориши лозим.

18. Марказий банк ушбу Низомнинг 17-бандига мувофиқ баҳоловчи ташкилотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида улардан зарур ҳужжат ва маълумотларни тақдим этишни талаб қилиши мумкин.

19. Марказий банк баҳоловчи ташкилотни ушбу Низомнинг 15-бандида белгиланган шартнома шартларига мувофиқ, шунингдек баҳоловчи ташкилотнинг талабига кўра дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариши мумкин.

2-§. Баҳолаш ўтказиш мақсадида баҳоловчи ташкилотни тайинлаш

20. Баҳолаш Ўзбекистон Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 75-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ бўлган аудиторлик ташкилоти ёки баҳоловчи ташкилот (бундан буён матнда баҳоловчи ташкилот деб юритилади) томонидан ўтказилади .

21. Банкни санация қилишда баҳолаш ўтказиш мақсадида Марказий банк баҳоловчи ташкилотни дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритилган баҳоловчи ташкилотлар орасидан танлаб олади. Бунда Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритилган баҳоловчи ташкилотларга баҳолаш ўтказиш бўйича ўз таклифларини тақдим этиш тўғрисида хабарнома юборади .

22. Баҳоловчи ташкилотларнинг баҳолаш ўтказиш бўйича таклифлари хабарномада белгиланган муддатда Марказий банкка тақдим этилади.

23. Марказий банк баҳоловчи ташкилотларнинг баҳолаш ўтказиш бўйича таклифларини ўн беш иш кунида кўриб чиқади ва қуйидаги мезонлар асосида баҳоловчи ташкилотни танлаб олади :

баҳоловчи ташкилотнинг тажрибаси ва имкониятлари ;

баҳолаш ўтказиш учун таклиф этилаётган муддат ;

баҳолаш ўтказиш ҳақи .

24. Икки ёки ундан ортиқ баҳоловчи ташкилот мавжуд бўлмаган тақдирда Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритилган битта баҳоловчи ташкилотга хабарнома юборади.

Агар икки ёки ундан ортиқ баҳоловчи ташкилотга хабарнома юборилган бўлса, баҳолаш бўйича эса фақат битта баҳоловчи ташкилотдан таклиф келиб тушса, ушбу баҳоловчи ташкилот баҳолашни ўтказиш учун тайинланади.

25. Баҳолаш ўтказиш учун баҳоловчи ташкилот Марказий банк бошқарувининг қарори билан тайинланади.

26. Танлаб олинмаган баҳоловчи ташкилотлар тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида ёзма равишда хабардор қилинади.

27. Агар дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритилган баҳоловчи ташкилотлар баҳолаш ўтказиш бўйича ўз таклифларини тақдим этмаса, баҳолаш ўтказишни рад этса ёки Марказий банк уларнинг ҳеч бири билан баҳолаш ўтказиш бўйича келишувга эриша олмаса, Марказий банк дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритилмаган, бироқ ушбу Низомда белгиланган талабларга жавоб берувчи бошқа баҳоловчи ташкилотни баҳолаш ўтказиш учун тайинлаши мумкин.

28. Баҳоловчи ташкилотни танлаб олиш жараёнлари дастлабки танланган баҳоловчи ташкилотлар рўйхатига киритилган ҳар бир баҳоловчи ташкилот билан алоҳида амалга оширилади ҳамда баҳоловчи ташкилот тайинлангунга қадар эълон қилинмайди. Марказий банк санация қилиш жараёни давомида ёки у якунланганидан сўнг баҳоловчи ташкилотни танлаб олиш жараёни тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиши мумкин .

29. Марказий банк баҳолаш ўтказиш учун танлаб олинган баҳоловчи ташкилот билан Марказий банк бошқарувининг баҳоловчи ташкилотни тайинлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида баҳолаш ўтказиш тўғрисида шартнома тузади .

30. Баҳолаш ўтказиш тўғрисидаги шартномада камида қуйидагилар назарда тутилади:

баҳолашнинг банкни санация қилиш ёки акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини аниқлаш учун ўтказилиши;

банкни санация қилиш учун ўтказиладиган баҳолашнинг дастлабки ёки якуний баҳолаш эканлиги;

баҳолаш объектлари;

баҳолаш ўтказиш муддати, шу жумладан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни Марказий банкка тақдим этишнинг аниқ муддати;

баҳолаш ўтказиш ҳақи;

баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш ўтказувчи ходимларининг малака сертификатлари тўғрисидаги маълумотлар;

баҳоловчи ташкилотнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги тўғрисида маълумот;

зарур ҳолларда, қиймат диапазонларига оид кутилмалар;

Марказий банк баҳоловчи ташкилот инобатга олиши зарур деб ҳисоблайдиган фаразлар.

31. Баҳолаш ўтказиш тўғрисида шартнома тузишда баҳоловчи ташкилот баҳолашни ўз вақтида ва холис ўтказишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида Марказий банкни олдиндан хабардор қилиши шарт.

32. Баҳолаш ўтказиш тўғрисида шартномада кўрсатилган баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган барча тўловлар, агар банкнинг молиявий ҳолати имкон берса, мазкур банк ҳисобидан амалга оширилади. Акс ҳолда Марказий банк мазкур тўловларни ўз ҳисобидан амалга оширади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда санация қилинаётган банкдан ундиради .

33. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолашдан ўтказиш мақсадида Марказий банк томонидан банкни санация қилиш учун баҳолашни ўтказган баҳоловчи ёки Марказий банк томонидан белгиланган талабларга жавоб берадиган бошқа баҳоловчи тайинланиши мумкин.

3-боб. Баҳоловчи ташкилотга қўйиладиган талаблар

1-§. Баҳоловчи ташкилотнинг мустақиллиги

34. Баҳолаш ўтказиш учун тайинланадиган баҳоловчи ташкилот манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, олдини олиш ва бошқаришга қаратилган ички сиёсат ҳамда тартиб-таомилларга эга бўлиши лозим.

35. Баҳолаш ўтказиш учун тайинланадиган баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказишни бошлашидан олдин санация қилинаётган банк билан манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотни Марказий банкка тақдим этади. Баҳолашни ўтказиш жараёнида манфаатлар тўқнашуви юзага келган ёки аниқланган тақдирда Марказий банкни зудлик билан бу ҳақда хабардор қилади.

36. Марказий банк манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан баҳоловчи ташкилотдан тушунтириш беришни талаб қилиши мумкин.

37. Баҳоловчи ташкилотнинг холис ва мустақил баҳолаш ўтказишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар манфаатлар тўқнашуви деб ҳисобланади ҳамда камида қуйидаги ҳолатларни ўз ичига олади:

баҳолаш ўтказиш тўғрисидаги шартнома тузилган санада баҳоловчи ташкилотнинг санация қилинаётган банкка хизмат кўрсатаётганлиги;

баҳолаш ўтказиш тўғрисидаги шартнома тузиладиган санадан олдинги ўн икки ой ичида баҳоловчи ташкилотнинг санация қилинаётган банкка хизмат кўрсатганлиги;

баҳоловчи ташкилотнинг ёки унинг баҳолаш ўтказишда иштирок этувчи ходимининг санация қилинаётган банкда аҳамиятли манфаатга эгалиги. Манфаатнинг аҳамиятли эканлиги Марказий банк томонидан ҳар бир ҳолат учун белгиланади;

баҳоловчи ташкилот ёки унинг баҳолаш ўтказишда иштирок этувчи ходими билан санация қилинаётган банк раҳбарияти ёки ходимлари ўртасида молиявий муносабатлар мавжудлиги;

баҳоловчи ташкилот ёки унинг баҳолаш ўтказишда иштирок этувчи ходими санация қилинаётган банк ёки Марказий банкка алоқадор шахс эканлиги;

баҳоловчи ташкилотнинг мустақил ва холис баҳолаш ўтказишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар.

38. Ушбу Низом мақсадларида қуйидаги ҳолатлар манфаатлар тўқнашуви деб ҳисобланмайди:

санация қилинаётган банкда баҳоловчи ташкилотнинг талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига эга бўлиши, шунингдек, баҳоловчи ташкилот ходимларининг мазкур банк томонидан эмиссия қилинган банк картасига эга бўлиши;

акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолашда баҳоловчи ташкилотнинг мазкур банкни санация қилиш учун баҳолаш ўтказганлиги.

39. Баҳоловчи ташкилотга баҳолаш ўтказганлик учун ҳақ Марказий банк ёки санация қилинаётган банк томонидан тўланиши баҳоловчи ташкилотнинг мустақиллигига таъсир этувчи ҳолат деб ҳисобланмайди.

2-§. Баҳоловчи ташкилотнинг тажрибаси ва имкониятлари

40. Баҳоловчи ташкилотнинг санация қилинаётган банкда баҳолаш ўтказишда иштирок этувчи ходимлари ушбу баҳолашни сифатли ўтказиш учун зарур малака, билим ва тажрибага эга бўлиши лозим.

41. Санация қилинаётган банкда баҳолаш ўтказувчи баҳоловчи ташкилот қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

баҳоловчи ташкилотнинг штатдаги малакали баҳоловчиларнинг энг кам сонига оид талабларга жавоб бериши;

баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиши;

баҳоловчи ташкилотнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полиси мавжуд бўлиши.

42. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказиш учун унга тақдим этилган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш имконини берувчи ахборот хавфсизлиги тизимига эга бўлиши лозим.

4-боб. Баҳолаш ўтказиш

1-§. Баҳолаш ўтказишга оид талаблар

43. Банкни санация қилиш мақсадида баҳолаш ўтказишда баҳолаш санаси Марказий банк томонидан белгиланади. Агар баҳолаш санаси Марказий банк томонидан белгиланмаган бўлса, баҳоловчи ташкилот баҳолаш санаси сифатида банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган санани ёки унга имкон қадар яқин бўлган санани белгилаши лозим.

44. Баҳолаш камида қуйидаги маълумотларга асосланиши лозим:

банкнинг молиявий ҳисоботларига, шу жумладан бухгалтерия баланси ҳамда фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботига;

банк ҳужжатлари ва банкда мавжуд бошқа маълумотларга;

банкнинг балансдан ташқари активлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотларга;

бозор таҳлили маълумотларига;

Марказий банкнинг банк молиявий ҳолатига оид маълумотларига;

муайян банкнинг хусусиятларига мослаштирилган тармоқ ва бозор кўрсаткичларига;

муайян банкнинг хусусиятларига мослаштирилган баҳолашга доир тарихий маълумотларга;

баҳоловчи ташкилот томонидан аҳамиятли деб топилган бошқа маълумотларга.

45. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказишда қўлланиладиган асосий фаразлар ва (ёки) баҳолаш объекти қийматига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган камида қуйидаги омилларни ҳисобга олиши лозим:

банкка ва (ёки) унинг активлари ва мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган макроиқтисодий ва (ёки) молия секторига оид шароитларни;

банкнинг капитал монандлиги ва ликвидлилик коэффициентларини ҳисоблашда фойдаланиладиган асосий кўрсаткичларни, шу жумладан, таваккалчиликка тортилган активларга таъсир этувчи омилларни;

банкнинг бизнес модели ва ундаги ўзгаришларни;

банкнинг таваккалчиликларни бошқариш сиёсатини, хусусан, банкнинг кредит таваккалчиликларини бошқариш ва инвестиция сиёсатини;

банкнинг баҳолаш натижасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа хусусиятларини.

46. Баҳолаш ўтказишда баҳоловчи ташкилот банк томонидан ишлаб чиқилган ёндашувлар, усуллар ва моделлардан ёки ўзи мақбул деб топган ёндашувлар, усуллар ва моделлардан фойдаланиши мумкин.

47. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказишда банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг аниқ қийматини белгилаши лозим. Агар аниқ қийматни белгилашнинг имкони бўлмаса ёки уни белгилаш мақсадга мувофиқ бўлмаса, баҳоловчи ташкилот қиймат диапазонини белгилаши мумкин. Бунда қиймат диапазонини белгилаш учун асос бўлган тегишли маълумотлар баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилиши лозим.

48. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш объектининг аниқ қийматини аниқлаш мақсадида ўзи асосли деб ҳисоблаган фаразлардан фойдаланиши мумкин. Бунда баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказишда қўлланилган фаразлар ҳамда уларнинг асослари тўғрисидаги маълумотларни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириши лозим.

49. Агар баҳолаш ўтказишда баҳоловчи ташкилот томонидан қўлланилган фаразлар банкнинг молиявий ҳисоботларида ёки банк томонидан тегишли ваколатли органларга тақдим этилган ҳисоботларда келтирилган фаразлардан сезиларли даражада фарқ қилса, баҳоловчи ташкилот мазкур фарқнинг сабабларини асослаши лозим.

50. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказишда мавжуд ноаниқликлар, жумладан, бухгалтерия ҳисоби стандартлари ва (ёки) қонунчилик доирасида ҳисобга олиб бўлмайдиган кутилаётган зарарлар бўйича инобатга олинган чегирмалар тўғрисидаги маълумотларни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириши лозим.

51. Баҳоловчи ташкилот аҳамиятли ноаниқликлар мавжуд бўлган ҳолларда қиймат диапазонини белгилаши мумкин. Аҳамиятли ноаниқликлар мавжуд бўлган ҳолатларга камида қуйидагилар киради:

қарздорнинг молиявий ҳолати ёмонлашганлиги сабабли қайтмаслик хавфи мавжуд бўлган активларни баҳолаш;

фаолият юритмаётган юридик шахсларга тегишли активларни баҳолаш. Бунда ушбу активлар қийматини белгилашда уларнинг даромад келтириш хусусиятини йўқотганлиги ҳамда бозор қийматини аниқ белгилаш имкони мавжуд эмаслиги эҳтимоли инобатга олинади;

адолатли қиймат бўйича баҳоланадиган, бироқ бозор қийматини дарҳол аниқлаш имкони мавжуд бўлмаган молиявий инструментларни баҳолаш;

гудвилл ва бошқа номоддий активларни баҳолаш;

банкнинг суд низоси предмети бўлган мажбуриятларини баҳолаш;

шартли мажбуриятларни баҳолаш;

ҳисобга олинмаган фойда ёки зарарларни баҳолаш;

бир марталик (қайта такрорланмайдиган) фойда ёки зарарларни баҳолаш;

баҳолаш натижаларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар.

52. Баҳоловчи ташкилот банк ва (ёки) унинг активлари қийматига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотларни аниқлаганида, шунингдек банкнинг аудиторлик текширувидан ўтган молиявий ҳисоботларидаги маълумотлардан ёки банк томонидан тегишли ваколатли органларга тақдим этилган маълумотлардан сезиларли даражада фарқ қилувчи маълумотлар аниқланганда, бу ҳақда Марказий банкни зудлик билан хабардор қилиши лозим.

53. Баҳоловчи ташкилот банкнинг аниқланган ва шартли (аниқланиши мумкин бўлган) активлари ҳамда мажбуриятлари рўйхатини, шунингдек таъминланган мажбуриятлари ва уларнинг таъминоти бўлган активлари рўйхатини шакллантириши лозим.

54. Баҳоловчи ташкилот ахборот хавфсизлиги ёки ахборотни ошкор этмаслик талаблари бузилган, шунингдек уларнинг бузилиши хавфи юзага келган ҳолат ҳақида Марказий банкни зудлик билан хабардор қилиши лозим.

2-§. Банкни санация қилиш учун баҳолаш ўтказиш

55. Банкни санация қилиш учун ўтказиладиган баҳолашда қуйидагилар аниқланиши лозим:

муайян санация қилиш воситаси қўлланилганда банкнинг ҳар бир турдаги акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қиймат;

банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банкни мажбурий тугатиш жараёни бошланган тақдирда банкнинг ҳар бир турдаги акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қиймат;

ҳисобдан чиқарилиши ва (ёки) конвертация қилиниши талаб этиладиган мажбуриятлар қиймати;

актив, ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўтказилиш (сотилиш) қиймати ҳамда актив, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўтказилганда (сотилганда) банк ёки унинг акциядорларига тўланадиган қийматлар.

56. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказиш мақсадида муайян ёндашувлар, усуллар ва моделларни танлашда Марказий банк томонидан қўлланилиши мумкин бўлган санация қилиш воситаларини инобатга олиши лозим.

57. Марказий банк банкка нисбатан қўллаши мумкин бўлган санация қилиш воситалари ҳақида баҳоловчи ташкилотни олдиндан хабардор қилади.

58. Агар Марказий банк санация қилинаётган банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларини мазкур банк балансида сақлаб қолишни режалаштирган бўлса, баҳоловчи ташкилот уларнинг қийматини аниқлашда мазкур активлар, ҳуқуқлар ва мажбуриятларни муддати тугагунига қадар ёки ҳисоб-китоб тўлиқ якунлангунга қадар сақлаб туриш натижасида олиниши кутилаётган пул оқимларининг жорий қийматини инобатга олиши лозим. Бунда баҳоловчи ташкилот келгусидаги пул оқимларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омилларни инобатга олиши мумкин.

59. Агар Марказий банк томонидан санация қилинаётган банкнинг активлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини оралиқ банкка ёки бошқа олувчига ўтказиш режалаштирилган бўлса, баҳоловчи ташкилот уларнинг қийматини аниқлашда асосий баҳолаш ёндашуви сифатида йўқ қилиш қийматидан фойдаланиши лозим. Бунда баҳоловчи ташкилот қийматни аниқлашда баҳолаш объектининг келажакдаги тижорат жозибадорлиги ва даромад келтириш салоҳиятини ҳисобга олиши мумкин. Йўқ қилиш қиймати деганда баҳолаш объектининг уни ташкил этган активлар, ҳуқуқлар ёки мажбуриятларнинг бозор қийматига тенг қиймати, яъни амалдаги бозор шароитларида активлар, ҳуқуқлар ёки мажбуриятлар сотилганда (ўтказилганда) олиниши кутилаётган қиймат тушунилади.

60. Баҳоловчи ташкилот ҳар бир санация қилиш воситасини қўллашнинг баҳолаш натижаларига таъсирини инобатга олиши лозим. Бунда баҳоловчи ташкилот ҳар бир санация қилиш воситаси қўлланиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган зарарларни ҳисобга олиши ҳамда уларни баҳолаш натижаларида акс эттирилиши лозим.

61. Агар ушбу Низомнинг 55-бандида белгиланган санация қилиш воситалари доирасида мажбуриятларни акцияларга конвертация қилиш назарда тутилган бўлса, баҳолашда мазкур акцияларнинг қиймати ҳам аниқлаштирилиши лозим.

62. Зарур ҳолларда баҳолаш натижалари қиймат диапазонларини ўз ичига олиши лозим. Қиймат диапазонлари оқилона белгиланган бўлиши ҳамда Марказий банкнинг санация қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича қарор қабул қилишида баҳолаш натижаларидан фойдаланиш имкониятига тўсқинлик қилмаслиги лозим.

63. Баҳоловчи ташкилот Марказий банк ва банкдан баҳолаш ўтказиш учун зарур бўлган маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин.

3-§. Банкни санация қилиш учун дастлабки ва якуний баҳолаш ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари

64. Банкни санация қилиш учун тўлиқ баҳолашдан ўтказишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар ҳамда санация қилиш мақсадларига эришишни хавф остига қўювчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Марказий банк ёки Марказий банк томонидан тайинланган баҳоловчи ташкилот банкнинг активларини, мажбуриятларини ва балансдан ташқари моддаларини дастлабки баҳолашдан ўтказади .

65. Банкни санация қилиш мақсадида дастлабки баҳолашни ўтказишда ноаниқликлар мавжуд бўлган ёки зарарлар юзага келиши кутилаётган ҳолларда баҳолаш объекти қийматини аниқлашда қўшимча чегирмалар белгиланиши лозим.

66. Қўшимча чегирмалар миқдорини белгилашда Марказий банк ёки баҳоловчи ташкилот қўлланиладиган санация қилиш воситаларининг муайян активлар бўйича пул тушумларига ва уларнинг қийматига кўрсатадиган таъсирини инобатга олиши мумкин.

67. Дастлабки баҳолашни ўтказишда Марказий банк ёки баҳоловчи ташкилот зарарларни баҳолашда зарур ҳолларда экстраполяция усулидан фойдаланиши, яъни бир актив бўйича аниқланган зарарни ўхшаш активларга ёки муайян активлар гуруҳи бўйича аниқланган зарарни банк балансининг муайян қисмига нисбатан татбиқ этиши мумкин.

68. Агар банкни санация қилиш мақсадида ушбу параграфга мувофиқ дастлабки баҳолаш ўтказилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддасида белгиланган талабларга жавоб берувчи якуний баҳолаш баҳоловчи ташкилот томонидан имкон қадар тезроқ ўтказилиши лозим.

69. Якуний баҳолаш натижаларидан Марказий банк қуйидаги мақсадларда фойдаланади:

акциядорларнинг ва (ёки) кредиторларнинг талабларини ҳисобдан чиқариш ёки қаноатлантириш тўғрисидаги қарорни асослантириш ёхуд мажбуриятлар бўйича амалга оширилган тўловлар суммасини ошириш ёки камайтириш ;

банкнинг аввал ўтказилган активлари ва мажбуриятларига қўшимча тарздаги активлари ва мажбуриятларини оралиқ банкка ўтказиш ёки аввал ўтказилган активлари ва мажбуриятларини қайтариш .

70. Ўзбекистон Республикасининг «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонунида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилган якуний баҳолаш:

активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини қўллаш чоғида олувчилар томонидан амалга оширилган тўловларга;

активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) воситасини қўллаш мақсадида ҳисобдан чиқаришни ва (ёки) конвертация қилишни амалга оширишда санация қилинаётган банк акциядорлари ва кредиторлари томонидан олинган маблағларга таъсир кўрсатмайди .

4-§. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолаш

71. Санация қилиш тартиб-таомиллари амалга оширилганидан кейин санация қилинаётган банк акциядорлари ва кредиторларининг санация қилиш натижасида кўрган зарарлари санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банк мажбурий тугатилган тақдирда улар кўриши мумкин бўлган зарарлардан ошганлигини ёки ошмаганлигини аниқлаш учун Марказий банк қисқа муддат ичида баҳолаш ўтказилишини таъминлайди .

72. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолаш банкни санация қилишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банкни мажбурий тугатиш жараёни бошланган тақдирда банкнинг акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қийматни аниқлаш мақсадида ўтказилади.

73. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолашдан ўтказишда банкни санация қилиш учун баҳолаш ўтказган баҳоловчи ташкилот ёки банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берувчи бошқа баҳоловчи ташкилот тайинланиши мумкин.

74. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолаш банкни санация қилиш учун ўтказилган баҳолаш билан бир хил сана ҳолатига ўтказилади.

75. Банк акциядорлари ва кредиторларининг зарарларини баҳолашда санация қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш натижасида банкнинг акциядор ва кредиторлари амалда олган қиймат билан ушбу Низомнинг 72-бандида назарда тутилган қиймат ўртасидаги фарқ аниқланади. Банкнинг акциядорлари ва кредиторлари амалда олган қиймат Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолаш ўтказиш санасига дисконтланган ҳолда ҳисобланади.

76. Агар санация қилинган банк кредиторларининг талаблари банк акцияларига конвертация қилинган бўлса, баҳоловчи ташкилот ушбу акцияларнинг қийматини аниқлаш орқали мазкур кредиторларнинг банкни санация қилиш натижасида амалда олган қийматини белгилайди.

77. Банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банкни мажбурий тугатиш жараёни бошланган тақдирда банк акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қийматни аниқлашда баҳоловчи ташкилот қуйидагиларни инобатга олиши лозим:

Ўзбекистон Республикасининг «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги Қонунида белгиланган банкни мажбурий тугатишга оид қоидаларни, жумладан, кредиторлар талабларини қаноатлантириш навбатини;

Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тугатилаётган жамиятнинг мол-мулкини акциядорлар ўртасида тақсимлашга оид қоидаларни;

банкни мажбурий тугатиш билан боғлиқ барча харажатларни, жумладан, активларни сақлаш, реализация қилиш ва ундириш билан боғлиқ харажатларни;

банкларда аввал юз берган тўловга қобилиятсизлик ҳолатларига оид маълумотларни, жумладан, тўловга қобилиятсизлик ёки бошқа молиявий қийинчилик ҳолатларида тузилган битимларда белгиланган қийматларни;

банкни мажбурий тугатишда активнинг реализация қилиниш эҳтимолини.

78. Банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банкни мажбурий тугатиш жараёни бошланган тақдирда банк акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қийматни аниқлашда баҳоловчи ташкилот санация қилинган банкка кўрсатилган ташқи молиявий ёрдамни, шу жумладан Марказий банк томонидан ликвидлиликни фавқулодда қўллаб-қувватлаш доирасида тақдим этилган маблағларни инобатга олмайди.

79. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолаш қуйидаги шартларга асосланиши лозим:

банкни мажбурий тугатиш жараёни мазкур банкни санация қилишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан бошланган деб ҳисобланиши;

ҳеч қандай санация қилиш воситалари ёки ваколатлари қўлланилмаганлиги;

давлат томонидан банкка молиявий ёрдам кўрсатилмаганлиги .

80. Банк акциядорлари ва кредиторлари зарарларини баҳолашдан ўтказишда баҳоловчи ташкилот банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган санада мавжуд бўлган маълумотларга асосланиши лозим.

81. Баҳоловчи ташкилот санация қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш натижасида банкнинг акциядорлари ва кредиторлари олган маблағлар ҳамда номолиявий компенсация қийматини аниқлашда ушбу Низомнинг 80-бандида назарда тутилган маълумотлар билан бир қаторда банкни санация қилиш натижаларига оид маълумотлардан ҳам фойдаланиши мумкин.

82. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолашда баҳоловчи ташкилот томонидан қўлланиладиган қиймат диапазонлари асосли бўлиши ҳамда банкнинг акциядорлари ва кредиторлари банкни санация қилиш натижасида кўрган зарар мазкур банк мажбурий тугатилган тақдирда улар кўриши мумкин бўлган зарардан ошган ёки ошмаганлигини аниқлаш имконини бериши лозим.

5-§ . Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот

83. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказиш жараёни якунланганидан сўнг Марказий банкка ёзма шаклдаги баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.

84. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот қуйидаги бухгалтерия ҳужжатларига ва бошқа ҳужжатларга асосланади:

банкнинг баҳолаш ҳисоботи тузилаётган санадаги бухгалтерия балансига, шунингдек фойда ва зарарлари тўғрисидаги ҳисоботига;

банк активлари ва мажбуриятларини ҳисобга олиш қийматининг таҳлилига ва баҳоланишига;

банк бухгалтерия ҳисоботининг балансдаги ва балансдан ташқари ҳисобварақларида акс эттирилган мажбуриятларнинг рўйхатига, уларни бажариш муддати кўрсатилган ҳолда;

баҳолаш учун аҳамиятга эга бўлган, Марказий банк томонидан талаб қилинадиган бошқа маълумотларга .

85. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот Марказий банкнинг санация қилишга оид қарорлар қабул қилиши учун зарур бўлган барча маълумотларни ўз ичига олиши лозим.

86. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандартининг (рўйхат рақами 3487, 2023 йил 28 декабрь) 56-бандида белгиланган маълумотлар билан бир қаторда камида қуйидагилар акс эттирилади:

баҳоловчи ташкилот томонидан қўлланилган ҳамда қиймат ва қиймат диапазонини белгилашга асос бўлган ва (ёки) таъсир кўрсатган барча фаразларнинг батафсил тавсифи;

баҳолаш ўтказишда қўлланилган ёндашувлар, усуллар ва моделлар бўйича батафсил тушунтириш ва асослантиришлар, шу жумладан қўлланилиши мумкин бўлган турли ёндашув, усул ва моделлар орасидан муайян ёндашув, усул ва моделларни танлаш сабаблари;

белгиланган қиймат диапазонлари бўйича батафсил асослантиришлар;

баҳолаш ўтказишда мавжуд бўлган ноаниқликлар ва (ёки) мураккабликлар тавсифи, хусусан, маълумотларнинг мавжудлиги ва (ёки) ишончлилиги билан боғлиқ ноаниқликлар ва (ёки) мураккабликлар тавсифи;

банкнинг санация қилиш тўғрисида қабул қилинган санадаги барча зарарлари.

87. Банкни санация қилиш учун ўтказилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда мазкур Низомнинг 86-бандида белгиланган маълумотлар билан бир қаторда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

санация қилишнинг ҳар бир воситаси қўлланилганда банкнинг ҳар бир турдаги акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қиймат;

банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банкни мажбурий тугатиш жараёни бошланган тақдирда банкнинг ҳар бир турдаги акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қиймат.

88. Акциядорлар ва кредиторларнинг зарарларини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда, мазкур Низомнинг 86-бандида белгиланган маълумотлар билан бир қаторда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банкни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда банкнинг ҳар бир турдаги акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қиймат;

банкни санация қилиш натижасида банкнинг ҳар бир турдаги акциядорлари ва кредиторлари амалда олган қиймат;

банкнинг акциядорлари ва кредиторлари банкни санация қилиш натижасида олган қиймат билан банк мажбурий тугатилган тақдирда улар олиши мумкин бўлган қиймат ўртасидаги фарқ.

89. Агар баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказишда аудиторлик текширувидан ўтказилмаган ва (ёки) тасдиқланмаган маълумотлардан фойдаланган бўлса, баҳоловчи ташкилот ушбу маълумотлар билан боғлиқ ноаниқликларни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириши лозим.

90. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот баҳолаш ўтказиш жараёнида баҳоловчи ташкилотнинг белгиланган тартиб-таомилларга риоя этганлигини текшириш имконини берувчи барча маълумотларни ўз ичига олиши лозим.

91. Ўтказилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг қисқача мазмуни Марказий банкнинг расмий веб-сайтида белгиланган тартибда эълон қилинади . Бунда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботдаги қуйидаги маълумотлар эълон қилинмайди:

санация қилинаётган банкка ёки банкнинг мижозлари, контрагентлари, ходимлари ёки акциядорларига тегишли сир сақланадиган маълумотлар;

баҳоловчи ташкилот томонидан баҳолаш ўтказишда қўлланилган сир сақланадиган маълумотлар, шу жумладан баҳолаш ёндашуви, усули ва моделлари.

92. Агар Марказий банк баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг қисқача мазмуни эълон қилиниши санация қилиш мақсадларига эришишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин деб ҳисобласа, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг қисқача мазмунини эълон қилишни санация қилиш жараёни якунлангунига қадар кечиктириши мумкин.

5-боб. Маълумот тақдим этишга доир талаблар

93. Банклар баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш ўтказиш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш тўғрисидаги сўровини бажариши шарт. Агар банк баҳоловчи ташкилотнинг маълумот тақдим этиш тўғрисидаги сўровини бажара олмаса, бу ҳақда Марказий банкни ва баҳоловчи ташкилотни зудлик билан хабардор қилиши лозим.

94. Банклар баҳолаш ўтказиш учун баҳоловчи ташкилот талаб қилиши мумкин бўлган маълумотларни, жумладан, тегишлилиги бўйича ушбу Низомнинг 44-бандида белгиланган маълумотларни ўз вақтида тақдим этишни таъминлаш мақсадида ахборот тизимига эга бўлиши, шунингдек, тегишли маълумотларнинг доимий сақланишини таъминлаши ва уларни мунтазам янгилаб бориши лозим.

95. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказишда фойдаланилган барча маълумотларнинг камида уч йил давомида хавфсиз сақланишини таъминлаши лозим. Агар баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот юзасидан низо келиб чиққан бўлса ёки баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилаётган суд ишида далил сифатида қўлланилиши мумкин бўлса ҳамда бундай низо ёки суд иши уч йилдан ортиқ давом этса, баҳоловчи ташкилот тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни низо ёки суд иши тўлиқ якунлангунига қадар сақлаши шарт.

6-боб. Баҳолаш ўтказиш тўғрисидаги шартномани бекор қилиш

96. Марказий банк қуйидаги ҳолларда баҳоловчи ташкилот билан баҳолаш ўтказиш тўғрисида тузилган шартномани бекор қилиши мумкин:

баҳоловчи ташкилот баҳолаш ўтказишни бошлаш ёки давом эттириш имконига эга бўлмаса;

баҳоловчи ташкилот шартномада белгиланган муддатда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этмаса;

баҳоловчи ташкилотнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатувчи ёки манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳолатлар аниқланса.

7-боб. Якуний қоидалар

97. Баҳолаш устидан шикоятлар санация қилиш тўғрисидаги қарордан алоҳида тарзда кўриб чиқилиши мумкин эмас .

98. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.

Раис Т. ИШМЕТОВ

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С. МУРОДОВ

Баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти раиси З. НИГМАНХАНОВ

Баҳоловчилар жамияти директори Ф. МИРСОАТОВ

Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси раиси А. ИСЛАМОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 14 август,

2026 йил 16 июнь

2026 йил 9 июнь

2026 йил 1 июнь

2026 йил 29 май

22/9-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2026 й., 10/26/3938/0927-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining

qarori

NIZOM

Banklarni sanatsiya qilishda baholash oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi va “ Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Banklarni sanatsiya qilishda baholash oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, Oʻzbekiston baholovchilar jamiyati, Oʻzbekiston baholovchilar, ekspertlar va maslahatchilar jamiyati hamda Oʻzbekiston Respublikasi Baholovchi tashkilotlar assotsiatsiyasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2026-yil 14-avgustdagi 22/9-son qaroriga ILOVA

Banklarni sanatsiya qilishda baholash oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom banklarni, banklar guruhlarini va bank aksiyalarining nazorat paketiga egalik qiluvchi xolding kompaniyalarini sanatsiya qilish, shuningdek ularning aksiyadorlari va kreditorlari zararlarini aniqlash maqsadida baholash oʻtkazish tartibini, baholovchi tashkilotlarga qoʻyiladigan talablarni hamda baholovchi tashkilotni tayinlash tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizomning banklarga taalluqli qoidalari banklar guruhlariga va bank aksiyalarining nazorat paketiga egalik qiluvchi xolding kompaniyalariga nisbatan ham tatbiq etiladi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Bankni sanatsiya qilishda baholash (bundan buyon matnda baholash deb yuritiladi) bankni sanatsiya qilish uchun baholash hamda sanatsiya qilish tartib-taomillari amalga oshirilganidan keyin sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari va kreditorlarining zararlarini baholashni (bundan buyon matnda aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholash deb yuritiladi) oʻz ichiga oladi.

2. Bankni sanatsiya qilish uchun oʻtkaziladigan baholashda bankning aktivlari va majburiyatlari, shuningdek balansdan tashqari moddalari baholanadi. Bunda baholash sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinguniga qadar oʻtkaziladi.

3. Bankni sanatsiya qilish uchun baholash oʻtkazish maqsadida baholovchi tashkilotning tayinlanmaganligi yoki baholashning oʻtkazilmaganligi mazkur bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinishiga toʻsqinlik qilmaydi .

4. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholash sanatsiya qilish tartib-taomillari amalga oshirilganidan keyin sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari va kreditorlarining sanatsiya qilish natijasida koʻrgan zararlari sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunda mazkur bank majburiy tugatilgan taqdirda ular koʻrishi mumkin boʻlgan zararlardan oshganligini yoki oshmaganligini aniqlash uchun oʻtkaziladi.

5. Baholash oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasining “ Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida ”gi, “ Baholash faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasining Yagona milliy baholash standarti (roʻyxat raqami 3487, 2023-yil 28-dekabr) va ushbu Nizomga muvofiq amalga oshiriladi.

6. Ushbu Nizom bilan tartibga solinmagan masalalar baholash faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik bilan tartibga solinadi.

2-bob. Baholash oʻtkazish maqsadida baholovchi tashkilotni tayinlash

1-§. Dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatini shakllantirish

7. Markaziy bank bankni sanatsiya qilishga tayyorgarlik koʻrish doirasida va sanatsiya qilish toʻgʻrisida oʻz vaqtida qarorlar qabul qilish maqsadida dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatini shakllantiradi .

8. Markaziy bank dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatini shakllantirish maqsadida oʻzining rasmiy veb-saytida va ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy sahifalarida xabarnoma eʼlon qiladi. Xabarnomada dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kirish istagida boʻlgan hamda banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisidagi qonunchilikda belgilangan talablarga javob beruvchi baholovchi tashkilotlar Markaziy bankka yozma murojaat qilishi kerakligi nazarda tutiladi.

9. Markaziy bank ushbu Nizomning 8-bandida belgilangan xabarnomani eʼlon qilish bilan birga baholovchi tashkilotlarga va (yoki) baholovchi tashkilotlarning professional jamoat birlashmalariga ushbu xabarnomani yuborishi mumkin.

10. Dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kirish istagida boʻlgan baholovchi tashkilotning Markaziy bankka yozma murojaatida kamida quyidagilar koʻrsatilishi lozim:

bankni sanatsiya qilish maqsadida baholash oʻtkazish boʻyicha tajribasi va imkoniyatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

baholash oʻtkazuvchi xodimlarining malaka sertifikatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

baholovchi tashkilotning fuqarolik javobgarligini sugʻurta qilish shartnomasi boʻyicha sugʻurtalovchining majburiyatlari kuchga kirganligini tasdiqlovchi sugʻurta polisining mavjudligi toʻgʻrisidagi maʼlumot;

manfaatlar toʻqnashuvini aniqlash boʻyicha ichki siyosati mavjudligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

baholash oʻtkazishga nisbatan ushbu Nizomda belgilangan talablarga rioya qilishga roziligi.

11. Markaziy bank baholovchi tashkilotning ushbu Nizomning 10-bandida nazarda tutilgan murojaatini va unga ilova qilingan hujjatlarni ikki oy muddatda koʻrib chiqadi.

Baholovchi tashkilotni dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritishda baholovchi tashkilotning baholovchi tashkilotlarning professional jamoat birlashmalari tomonidan berilgan reytingi, uning salohiyati, tajribasi va imkoniyatlari inobatga olinadi.

12. Baholovchi tashkilotni dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, Markaziy bank bu haqda baholovchi tashkilotni tegishli qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida yozma ravishda xabardor qiladi.

13. Baholovchi tashkilot Markaziy bank boshqaruvi qarori bilan dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritiladi.

14. Markaziy bank baholovchi tashkilotni dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritish masalasini koʻrib chiqishda baholovchi tashkilotning xizmat koʻrsatish narxini ham inobatga olishi mumkin.

15. Markaziy bank dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritilgan har bir baholovchi tashkilot bilan axborot xavfsizligi talablariga rioya etilishini nazarda tutuvchi shartnoma tuzadi . Shartnomada baholovchi tashkilotga taqdim etilgan maʼlumotlarni oshkor etmaslik bilan bogʻliq talablar belgilanadi.

16. Dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxati Markaziy bankning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi va doimiy yuritiladi.

17. Markaziy bank bir yilda kamida bir marta dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatini koʻrib chiqishi va roʻyxatga kiritilgan baholovchi tashkilotlarning belgilangan talablarga muvofiqligini oʻrganib borishi lozim.

18. Markaziy bank ushbu Nizomning 17-bandiga muvofiq baholovchi tashkilotlarning belgilangan talablarga muvofiqligini oʻrganish maqsadida ulardan zarur hujjat va maʼlumotlarni taqdim etishni talab qilishi mumkin.

19. Markaziy bank baholovchi tashkilotni ushbu Nizomning 15-bandida belgilangan shartnoma shartlariga muvofiq, shuningdek baholovchi tashkilotning talabiga koʻra dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatidan chiqarishi mumkin.

2-§. Baholash oʻtkazish maqsadida baholovchi tashkilotni tayinlash

20. Baholash Oʻzbekiston Respublikasi “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi Qonunining 75-moddasida belgilangan talablarga muvofiq boʻlgan auditorlik tashkiloti yoki baholovchi tashkilot (bundan buyon matnda baholovchi tashkilot deb yuritiladi) tomonidan oʻtkaziladi .

21. Bankni sanatsiya qilishda baholash oʻtkazish maqsadida Markaziy bank baholovchi tashkilotni dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritilgan baholovchi tashkilotlar orasidan tanlab oladi. Bunda Markaziy bank dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritilgan baholovchi tashkilotlarga baholash oʻtkazish boʻyicha oʻz takliflarini taqdim etish toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi .

22. Baholovchi tashkilotlarning baholash oʻtkazish boʻyicha takliflari xabarnomada belgilangan muddatda Markaziy bankka taqdim etiladi.

23. Markaziy bank baholovchi tashkilotlarning baholash oʻtkazish boʻyicha takliflarini oʻn besh ish kunida koʻrib chiqadi va quyidagi mezonlar asosida baholovchi tashkilotni tanlab oladi :

baholovchi tashkilotning tajribasi va imkoniyatlari ;

baholash oʻtkazish uchun taklif etilayotgan muddat ;

baholash oʻtkazish haqi .

24. Ikki yoki undan ortiq baholovchi tashkilot mavjud boʻlmagan taqdirda Markaziy bank dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritilgan bitta baholovchi tashkilotga xabarnoma yuboradi.

Agar ikki yoki undan ortiq baholovchi tashkilotga xabarnoma yuborilgan boʻlsa, baholash boʻyicha esa faqat bitta baholovchi tashkilotdan taklif kelib tushsa, ushbu baholovchi tashkilot baholashni oʻtkazish uchun tayinlanadi.

25. Baholash oʻtkazish uchun baholovchi tashkilot Markaziy bank boshqaruvining qarori bilan tayinlanadi.

26. Tanlab olinmagan baholovchi tashkilotlar tegishli qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida yozma ravishda xabardor qilinadi.

27. Agar dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritilgan baholovchi tashkilotlar baholash oʻtkazish boʻyicha oʻz takliflarini taqdim etmasa, baholash oʻtkazishni rad etsa yoki Markaziy bank ularning hech biri bilan baholash oʻtkazish boʻyicha kelishuvga erisha olmasa, Markaziy bank dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritilmagan, biroq ushbu Nizomda belgilangan talablarga javob beruvchi boshqa baholovchi tashkilotni baholash oʻtkazish uchun tayinlashi mumkin.

28. Baholovchi tashkilotni tanlab olish jarayonlari dastlabki tanlangan baholovchi tashkilotlar roʻyxatiga kiritilgan har bir baholovchi tashkilot bilan alohida amalga oshiriladi hamda baholovchi tashkilot tayinlangunga qadar eʼlon qilinmaydi. Markaziy bank sanatsiya qilish jarayoni davomida yoki u yakunlanganidan soʻng baholovchi tashkilotni tanlab olish jarayoni toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor qilishi mumkin .

29. Markaziy bank baholash oʻtkazish uchun tanlab olingan baholovchi tashkilot bilan Markaziy bank boshqaruvining baholovchi tashkilotni tayinlash toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida baholash oʻtkazish toʻgʻrisida shartnoma tuzadi .

30. Baholash oʻtkazish toʻgʻrisidagi shartnomada kamida quyidagilar nazarda tutiladi:

baholashning bankni sanatsiya qilish yoki aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini aniqlash uchun oʻtkazilishi;

bankni sanatsiya qilish uchun oʻtkaziladigan baholashning dastlabki yoki yakuniy baholash ekanligi;

baholash obyektlari;

baholash oʻtkazish muddati, shu jumladan baholash toʻgʻrisidagi hisobotni Markaziy bankka taqdim etishning aniq muddati;

baholash oʻtkazish haqi;

baholovchi tashkilotning baholash oʻtkazuvchi xodimlarining malaka sertifikatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

baholovchi tashkilotning fuqarolik javobgarligini sugʻurta qilish shartnomasi boʻyicha sugʻurtalovchining majburiyatlari kuchga kirganligini tasdiqlovchi sugʻurta polisining mavjudligi toʻgʻrisida maʼlumot;

zarur hollarda, qiymat diapazonlariga oid kutilmalar;

Markaziy bank baholovchi tashkilot inobatga olishi zarur deb hisoblaydigan farazlar.

31. Baholash oʻtkazish toʻgʻrisida shartnoma tuzishda baholovchi tashkilot baholashni oʻz vaqtida va xolis oʻtkazishiga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan holatlar haqida Markaziy bankni oldindan xabardor qilishi shart.

32. Baholash oʻtkazish toʻgʻrisida shartnomada koʻrsatilgan baholashni oʻtkazish uchun zarur boʻlgan barcha toʻlovlar, agar bankning moliyaviy holati imkon bersa, mazkur bank hisobidan amalga oshiriladi. Aks holda Markaziy bank mazkur toʻlovlarni oʻz hisobidan amalga oshiradi hamda Oʻzbekiston Respublikasining “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan tartibda sanatsiya qilinayotgan bankdan undiradi .

33. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholashdan oʻtkazish maqsadida Markaziy bank tomonidan bankni sanatsiya qilish uchun baholashni oʻtkazgan baholovchi yoki Markaziy bank tomonidan belgilangan talablarga javob beradigan boshqa baholovchi tayinlanishi mumkin.

3-bob. Baholovchi tashkilotga qoʻyiladigan talablar

1-§. Baholovchi tashkilotning mustaqilligi

34. Baholash oʻtkazish uchun tayinlanadigan baholovchi tashkilot manfaatlar toʻqnashuvini aniqlash, oldini olish va boshqarishga qaratilgan ichki siyosat hamda tartib-taomillarga ega boʻlishi lozim.

35. Baholash oʻtkazish uchun tayinlanadigan baholovchi tashkilot baholash oʻtkazishni boshlashidan oldin sanatsiya qilinayotgan bank bilan manfaatlar toʻqnashuvi mavjudligi yoki mavjud emasligi toʻgʻrisidagi maʼlumotni Markaziy bankka taqdim etadi. Baholashni oʻtkazish jarayonida manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelgan yoki aniqlangan taqdirda Markaziy bankni zudlik bilan bu haqda xabardor qiladi.

36. Markaziy bank manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelishi mumkin boʻlgan holatlar yuzasidan baholovchi tashkilotdan tushuntirish berishni talab qilishi mumkin.

37. Baholovchi tashkilotning xolis va mustaqil baholash oʻtkazishiga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan holatlar manfaatlar toʻqnashuvi deb hisoblanadi hamda kamida quyidagi holatlarni oʻz ichiga oladi:

baholash oʻtkazish toʻgʻrisidagi shartnoma tuzilgan sanada baholovchi tashkilotning sanatsiya qilinayotgan bankka xizmat koʻrsatayotganligi;

baholash oʻtkazish toʻgʻrisidagi shartnoma tuziladigan sanadan oldingi oʻn ikki oy ichida baholovchi tashkilotning sanatsiya qilinayotgan bankka xizmat koʻrsatganligi;

baholovchi tashkilotning yoki uning baholash oʻtkazishda ishtirok etuvchi xodimining sanatsiya qilinayotgan bankda ahamiyatli manfaatga egaligi. Manfaatning ahamiyatli ekanligi Markaziy bank tomonidan har bir holat uchun belgilanadi;

baholovchi tashkilot yoki uning baholash oʻtkazishda ishtirok etuvchi xodimi bilan sanatsiya qilinayotgan bank rahbariyati yoki xodimlari oʻrtasida moliyaviy munosabatlar mavjudligi;

baholovchi tashkilot yoki uning baholash oʻtkazishda ishtirok etuvchi xodimi sanatsiya qilinayotgan bank yoki Markaziy bankka aloqador shaxs ekanligi;

baholovchi tashkilotning mustaqil va xolis baholash oʻtkazishiga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan boshqa holatlar.

38. Ushbu Nizom maqsadlarida quyidagi holatlar manfaatlar toʻqnashuvi deb hisoblanmaydi:

sanatsiya qilinayotgan bankda baholovchi tashkilotning talab qilib olinguncha saqlanadigan depozit hisobvaragʻiga ega boʻlishi, shuningdek, baholovchi tashkilot xodimlarining mazkur bank tomonidan emissiya qilingan bank kartasiga ega boʻlishi;

aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholashda baholovchi tashkilotning mazkur bankni sanatsiya qilish uchun baholash oʻtkazganligi.

39. Baholovchi tashkilotga baholash oʻtkazganlik uchun haq Markaziy bank yoki sanatsiya qilinayotgan bank tomonidan toʻlanishi baholovchi tashkilotning mustaqilligiga taʼsir etuvchi holat deb hisoblanmaydi.

2-§. Baholovchi tashkilotning tajribasi va imkoniyatlari

40. Baholovchi tashkilotning sanatsiya qilinayotgan bankda baholash oʻtkazishda ishtirok etuvchi xodimlari ushbu baholashni sifatli oʻtkazish uchun zarur malaka, bilim va tajribaga ega boʻlishi lozim.

41. Sanatsiya qilinayotgan bankda baholash oʻtkazuvchi baholovchi tashkilot quyidagi talablarga javob berishi lozim:

baholovchi tashkilotning shtatdagi malakali baholovchilarning eng kam soniga oid talablarga javob berishi;

baholovchi tashkilotlarning professional jamoat birlashmalaridan biriga aʼzo boʻlishi;

baholovchi tashkilotning fuqarolik javobgarligini sugʻurta qilish shartnomasi boʻyicha sugʻurtalovchining majburiyatlari kuchga kirganligini tasdiqlovchi sugʻurta polisi mavjud boʻlishi.

42. Baholovchi tashkilot baholash oʻtkazish uchun unga taqdim etilgan maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlash imkonini beruvchi axborot xavfsizligi tizimiga ega boʻlishi lozim.

4-bob. Baholash oʻtkazish

1-§. Baholash oʻtkazishga oid talablar

43. Bankni sanatsiya qilish maqsadida baholash oʻtkazishda baholash sanasi Markaziy bank tomonidan belgilanadi. Agar baholash sanasi Markaziy bank tomonidan belgilanmagan boʻlsa, baholovchi tashkilot baholash sanasi sifatida bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanani yoki unga imkon qadar yaqin boʻlgan sanani belgilashi lozim.

44. Baholash kamida quyidagi maʼlumotlarga asoslanishi lozim:

bankning moliyaviy hisobotlariga, shu jumladan buxgalteriya balansi hamda foyda va zararlar toʻgʻrisidagi hisobotiga;

bank hujjatlari va bankda mavjud boshqa maʼlumotlarga;

bankning balansdan tashqari aktivlari va majburiyatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga;

bozor tahlili maʼlumotlariga;

Markaziy bankning bank moliyaviy holatiga oid maʼlumotlariga;

muayyan bankning xususiyatlariga moslashtirilgan tarmoq va bozor koʻrsatkichlariga;

muayyan bankning xususiyatlariga moslashtirilgan baholashga doir tarixiy maʼlumotlarga;

baholovchi tashkilot tomonidan ahamiyatli deb topilgan boshqa maʼlumotlarga.

45. Baholovchi tashkilot baholash oʻtkazishda qoʻllaniladigan asosiy farazlar va (yoki) baholash obyekti qiymatiga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan kamida quyidagi omillarni hisobga olishi lozim:

bankka va (yoki) uning aktivlari va majburiyatlariga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan makroiqtisodiy va (yoki) moliya sektoriga oid sharoitlarni;

bankning kapital monandligi va likvidlilik koeffitsiyentlarini hisoblashda foydalaniladigan asosiy koʻrsatkichlarni, shu jumladan, tavakkalchilikka tortilgan aktivlarga taʼsir etuvchi omillarni;

bankning biznes modeli va undagi oʻzgarishlarni;

bankning tavakkalchiliklarni boshqarish siyosatini, xususan, bankning kredit tavakkalchiliklarini boshqarish va investitsiya siyosatini;

bankning baholash natijasiga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan boshqa xususiyatlarini.

46. Baholash oʻtkazishda baholovchi tashkilot bank tomonidan ishlab chiqilgan yondashuvlar, usullar va modellardan yoki oʻzi maqbul deb topgan yondashuvlar, usullar va modellardan foydalanishi mumkin.

47. Baholovchi tashkilot baholash oʻtkazishda bankning aktivlari, huquqlari va majburiyatlarining aniq qiymatini belgilashi lozim. Agar aniq qiymatni belgilashning imkoni boʻlmasa yoki uni belgilash maqsadga muvofiq boʻlmasa, baholovchi tashkilot qiymat diapazonini belgilashi mumkin. Bunda qiymat diapazonini belgilash uchun asos boʻlgan tegishli maʼlumotlar baholash toʻgʻrisidagi hisobotda aks ettirilishi lozim.

48. Baholovchi tashkilot baholash obyektining aniq qiymatini aniqlash maqsadida oʻzi asosli deb hisoblagan farazlardan foydalanishi mumkin. Bunda baholovchi tashkilot baholash oʻtkazishda qoʻllanilgan farazlar hamda ularning asoslari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni baholash toʻgʻrisidagi hisobotda aks ettirishi lozim.

49. Agar baholash oʻtkazishda baholovchi tashkilot tomonidan qoʻllanilgan farazlar bankning moliyaviy hisobotlarida yoki bank tomonidan tegishli vakolatli organlarga taqdim etilgan hisobotlarda keltirilgan farazlardan sezilarli darajada farq qilsa, baholovchi tashkilot mazkur farqning sabablarini asoslashi lozim.

50. Baholovchi tashkilot baholash oʻtkazishda mavjud noaniqliklar, jumladan, buxgalteriya hisobi standartlari va (yoki) qonunchilik doirasida hisobga olib boʻlmaydigan kutilayotgan zararlar boʻyicha inobatga olingan chegirmalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni baholash toʻgʻrisidagi hisobotda aks ettirishi lozim.

51. Baholovchi tashkilot ahamiyatli noaniqliklar mavjud boʻlgan hollarda qiymat diapazonini belgilashi mumkin. Ahamiyatli noaniqliklar mavjud boʻlgan holatlarga kamida quyidagilar kiradi:

qarzdorning moliyaviy holati yomonlashganligi sababli qaytmaslik xavfi mavjud boʻlgan aktivlarni baholash;

faoliyat yuritmayotgan yuridik shaxslarga tegishli aktivlarni baholash. Bunda ushbu aktivlar qiymatini belgilashda ularning daromad keltirish xususiyatini yoʻqotganligi hamda bozor qiymatini aniq belgilash imkoni mavjud emasligi ehtimoli inobatga olinadi;

adolatli qiymat boʻyicha baholanadigan, biroq bozor qiymatini darhol aniqlash imkoni mavjud boʻlmagan moliyaviy instrumentlarni baholash;

gudvill va boshqa nomoddiy aktivlarni baholash;

bankning sud nizosi predmeti boʻlgan majburiyatlarini baholash;

shartli majburiyatlarni baholash;

hisobga olinmagan foyda yoki zararlarni baholash;

bir martalik (qayta takrorlanmaydigan) foyda yoki zararlarni baholash;

baholash natijalariga sezilarli taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan boshqa holatlar.

52. Baholovchi tashkilot bank va (yoki) uning aktivlari qiymatiga jiddiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan maʼlumotlarni aniqlaganida, shuningdek bankning auditorlik tekshiruvidan oʻtgan moliyaviy hisobotlaridagi maʼlumotlardan yoki bank tomonidan tegishli vakolatli organlarga taqdim etilgan maʼlumotlardan sezilarli darajada farq qiluvchi maʼlumotlar aniqlanganda, bu haqda Markaziy bankni zudlik bilan xabardor qilishi lozim.

53. Baholovchi tashkilot bankning aniqlangan va shartli (aniqlanishi mumkin boʻlgan) aktivlari hamda majburiyatlari roʻyxatini, shuningdek taʼminlangan majburiyatlari va ularning taʼminoti boʻlgan aktivlari roʻyxatini shakllantirishi lozim.

54. Baholovchi tashkilot axborot xavfsizligi yoki axborotni oshkor etmaslik talablari buzilgan, shuningdek ularning buzilishi xavfi yuzaga kelgan holat haqida Markaziy bankni zudlik bilan xabardor qilishi lozim.

2-§. Bankni sanatsiya qilish uchun baholash oʻtkazish

55. Bankni sanatsiya qilish uchun oʻtkaziladigan baholashda quyidagilar aniqlanishi lozim:

muayyan sanatsiya qilish vositasi qoʻllanilganda bankning har bir turdagi aksiyadorlari va kreditorlari olishi mumkin boʻlgan qiymat;

bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunda mazkur bankni majburiy tugatish jarayoni boshlangan taqdirda bankning har bir turdagi aksiyadorlari va kreditorlari olishi mumkin boʻlgan qiymat;

hisobdan chiqarilishi va (yoki) konvertatsiya qilinishi talab etiladigan majburiyatlar qiymati;

aktiv, huquq va majburiyatlarning oʻtkazilish (sotilish) qiymati hamda aktiv, huquq va majburiyatlar oʻtkazilganda (sotilganda) bank yoki uning aksiyadorlariga toʻlanadigan qiymatlar.

56. Baholovchi tashkilot baholash oʻtkazish maqsadida muayyan yondashuvlar, usullar va modellarni tanlashda Markaziy bank tomonidan qoʻllanilishi mumkin boʻlgan sanatsiya qilish vositalarini inobatga olishi lozim.

57. Markaziy bank bankka nisbatan qoʻllashi mumkin boʻlgan sanatsiya qilish vositalari haqida baholovchi tashkilotni oldindan xabardor qiladi.

58. Agar Markaziy bank sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, huquqlari va (yoki) majburiyatlarini mazkur bank balansida saqlab qolishni rejalashtirgan boʻlsa, baholovchi tashkilot ularning qiymatini aniqlashda mazkur aktivlar, huquqlar va majburiyatlarni muddati tugaguniga qadar yoki hisob-kitob toʻliq yakunlangunga qadar saqlab turish natijasida olinishi kutilayotgan pul oqimlarining joriy qiymatini inobatga olishi lozim. Bunda baholovchi tashkilot kelgusidagi pul oqimlariga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan omillarni inobatga olishi mumkin.

59. Agar Markaziy bank tomonidan sanatsiya qilinayotgan bankning aktivlari, huquqlari va majburiyatlarini oraliq bankka yoki boshqa oluvchiga oʻtkazish rejalashtirilgan boʻlsa, baholovchi tashkilot ularning qiymatini aniqlashda asosiy baholash yondashuvi sifatida yoʻq qilish qiymatidan foydalanishi lozim. Bunda baholovchi tashkilot qiymatni aniqlashda baholash obyektining kelajakdagi tijorat jozibadorligi va daromad keltirish salohiyatini hisobga olishi mumkin. Yoʻq qilish qiymati deganda baholash obyektining uni tashkil etgan aktivlar, huquqlar yoki majburiyatlarning bozor qiymatiga teng qiymati, yaʼni amaldagi bozor sharoitlarida aktivlar, huquqlar yoki majburiyatlar sotilganda (oʻtkazilganda) olinishi kutilayotgan qiymat tushuniladi.

60. Baholovchi tashkilot har bir sanatsiya qilish vositasini qoʻllashning baholash natijalariga taʼsirini inobatga olishi lozim. Bunda baholovchi tashkilot har bir sanatsiya qilish vositasi qoʻllanishi natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan zararlarni hisobga olishi hamda ularni baholash natijalarida aks ettirilishi lozim.

61. Agar ushbu Nizomning 55-bandida belgilangan sanatsiya qilish vositalari doirasida majburiyatlarni aksiyalarga konvertatsiya qilish nazarda tutilgan boʻlsa, baholashda mazkur aksiyalarning qiymati ham aniqlashtirilishi lozim.

62. Zarur hollarda baholash natijalari qiymat diapazonlarini oʻz ichiga olishi lozim. Qiymat diapazonlari oqilona belgilangan boʻlishi hamda Markaziy bankning sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirish boʻyicha qaror qabul qilishida baholash natijalaridan foydalanish imkoniyatiga toʻsqinlik qilmasligi lozim.

63. Baholovchi tashkilot Markaziy bank va bankdan baholash oʻtkazish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni talab qilib olishi mumkin.

3-§. Bankni sanatsiya qilish uchun dastlabki va yakuniy baholash oʻtkazishning oʻziga xos xususiyatlari

64. Bankni sanatsiya qilish uchun toʻliq baholashdan oʻtkazishga toʻsqinlik qiluvchi holatlar hamda sanatsiya qilish maqsadlariga erishishni xavf ostiga qoʻyuvchi boshqa holatlar mavjud boʻlgan taqdirda, Markaziy bank yoki Markaziy bank tomonidan tayinlangan baholovchi tashkilot bankning aktivlarini, majburiyatlarini va balansdan tashqari moddalarini dastlabki baholashdan oʻtkazadi .

65. Bankni sanatsiya qilish maqsadida dastlabki baholashni oʻtkazishda noaniqliklar mavjud boʻlgan yoki zararlar yuzaga kelishi kutilayotgan hollarda baholash obyekti qiymatini aniqlashda qoʻshimcha chegirmalar belgilanishi lozim.

66. Qoʻshimcha chegirmalar miqdorini belgilashda Markaziy bank yoki baholovchi tashkilot qoʻllaniladigan sanatsiya qilish vositalarining muayyan aktivlar boʻyicha pul tushumlariga va ularning qiymatiga koʻrsatadigan taʼsirini inobatga olishi mumkin.

67. Dastlabki baholashni oʻtkazishda Markaziy bank yoki baholovchi tashkilot zararlarni baholashda zarur hollarda ekstrapolyatsiya usulidan foydalanishi, yaʼni bir aktiv boʻyicha aniqlangan zararni oʻxshash aktivlarga yoki muayyan aktivlar guruhi boʻyicha aniqlangan zararni bank balansining muayyan qismiga nisbatan tatbiq etishi mumkin.

68. Agar bankni sanatsiya qilish maqsadida ushbu paragrafga muvofiq dastlabki baholash oʻtkazilgan boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasi “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Qonunining 18-moddasida belgilangan talablarga javob beruvchi yakuniy baholash baholovchi tashkilot tomonidan imkon qadar tezroq oʻtkazilishi lozim.

69. Yakuniy baholash natijalaridan Markaziy bank quyidagi maqsadlarda foydalanadi:

aksiyadorlarning va (yoki) kreditorlarning talablarini hisobdan chiqarish yoki qanoatlantirish toʻgʻrisidagi qarorni asoslantirish yoxud majburiyatlar boʻyicha amalga oshirilgan toʻlovlar summasini oshirish yoki kamaytirish ;

bankning avval oʻtkazilgan aktivlari va majburiyatlariga qoʻshimcha tarzdagi aktivlari va majburiyatlarini oraliq bankka oʻtkazish yoki avval oʻtkazilgan aktivlari va majburiyatlarini qaytarish .

70. Oʻzbekiston Respublikasining “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan talablarga muvofiq oʻtkazilgan yakuniy baholash:

aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini qoʻllash chogʻida oluvchilar tomonidan amalga oshirilgan toʻlovlarga;

aktivlar va majburiyatlarni oʻtkazish (sotish) vositasini qoʻllash maqsadida hisobdan chiqarishni va (yoki) konvertatsiya qilishni amalga oshirishda sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari va kreditorlari tomonidan olingan mablagʻlarga taʼsir koʻrsatmaydi .

4-§. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholash

71. Sanatsiya qilish tartib-taomillari amalga oshirilganidan keyin sanatsiya qilinayotgan bank aksiyadorlari va kreditorlarining sanatsiya qilish natijasida koʻrgan zararlari sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunda mazkur bank majburiy tugatilgan taqdirda ular koʻrishi mumkin boʻlgan zararlardan oshganligini yoki oshmaganligini aniqlash uchun Markaziy bank qisqa muddat ichida baholash oʻtkazilishini taʼminlaydi .

72. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholash bankni sanatsiya qilishni boshlash toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunda mazkur bankni majburiy tugatish jarayoni boshlangan taqdirda bankning aksiyadorlari va kreditorlari olishi mumkin boʻlgan qiymatni aniqlash maqsadida oʻtkaziladi.

73. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholashdan oʻtkazishda bankni sanatsiya qilish uchun baholash oʻtkazgan baholovchi tashkilot yoki banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisidagi qonunchilikda belgilangan talablarga javob beruvchi boshqa baholovchi tashkilot tayinlanishi mumkin.

74. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholash bankni sanatsiya qilish uchun oʻtkazilgan baholash bilan bir xil sana holatiga oʻtkaziladi.

75. Bank aksiyadorlari va kreditorlarining zararlarini baholashda sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirish natijasida bankning aksiyador va kreditorlari amalda olgan qiymat bilan ushbu Nizomning 72-bandida nazarda tutilgan qiymat oʻrtasidagi farq aniqlanadi. Bankning aksiyadorlari va kreditorlari amalda olgan qiymat Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholash oʻtkazish sanasiga diskontlangan holda hisoblanadi.

76. Agar sanatsiya qilingan bank kreditorlarining talablari bank aksiyalariga konvertatsiya qilingan boʻlsa, baholovchi tashkilot ushbu aksiyalarning qiymatini aniqlash orqali mazkur kreditorlarning bankni sanatsiya qilish natijasida amalda olgan qiymatini belgilaydi.

77. Bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunda mazkur bankni majburiy tugatish jarayoni boshlangan taqdirda bank aksiyadorlari va kreditorlari olishi mumkin boʻlgan qiymatni aniqlashda baholovchi tashkilot quyidagilarni inobatga olishi lozim:

Oʻzbekiston Respublikasining “Banklarni sanatsiya qilish va tugatish toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan bankni majburiy tugatishga oid qoidalarni, jumladan, kreditorlar talablarini qanoatlantirish navbatini;

Oʻzbekiston Respublikasining “Aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan tugatilayotgan jamiyatning mol-mulkini aksiyadorlar oʻrtasida taqsimlashga oid qoidalarni;

bankni majburiy tugatish bilan bogʻliq barcha xarajatlarni, jumladan, aktivlarni saqlash, realizatsiya qilish va undirish bilan bogʻliq xarajatlarni;

banklarda avval yuz bergan toʻlovga qobiliyatsizlik holatlariga oid maʼlumotlarni, jumladan, toʻlovga qobiliyatsizlik yoki boshqa moliyaviy qiyinchilik holatlarida tuzilgan bitimlarda belgilangan qiymatlarni;

bankni majburiy tugatishda aktivning realizatsiya qilinish ehtimolini.

78. Bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunda mazkur bankni majburiy tugatish jarayoni boshlangan taqdirda bank aksiyadorlari va kreditorlari olishi mumkin boʻlgan qiymatni aniqlashda baholovchi tashkilot sanatsiya qilingan bankka koʻrsatilgan tashqi moliyaviy yordamni, shu jumladan Markaziy bank tomonidan likvidlilikni favqulodda qoʻllab-quvvatlash doirasida taqdim etilgan mablagʻlarni inobatga olmaydi.

79. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholash quyidagi shartlarga asoslanishi lozim:

bankni majburiy tugatish jarayoni mazkur bankni sanatsiya qilishni boshlash toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran boshlangan deb hisoblanishi;

hech qanday sanatsiya qilish vositalari yoki vakolatlari qoʻllanilmaganligi;

davlat tomonidan bankka moliyaviy yordam koʻrsatilmaganligi .

80. Bank aksiyadorlari va kreditorlari zararlarini baholashdan oʻtkazishda baholovchi tashkilot bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanada mavjud boʻlgan maʼlumotlarga asoslanishi lozim.

81. Baholovchi tashkilot sanatsiya qilish tartib-taomillarini amalga oshirish natijasida bankning aksiyadorlari va kreditorlari olgan mablagʻlar hamda nomoliyaviy kompensatsiya qiymatini aniqlashda ushbu Nizomning 80-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar bilan bir qatorda bankni sanatsiya qilish natijalariga oid maʼlumotlardan ham foydalanishi mumkin.

82. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholashda baholovchi tashkilot tomonidan qoʻllaniladigan qiymat diapazonlari asosli boʻlishi hamda bankning aksiyadorlari va kreditorlari bankni sanatsiya qilish natijasida koʻrgan zarar mazkur bank majburiy tugatilgan taqdirda ular koʻrishi mumkin boʻlgan zarardan oshgan yoki oshmaganligini aniqlash imkonini berishi lozim.

5-§ . Baholash toʻgʻrisidagi hisobot

83. Baholovchi tashkilot baholash oʻtkazish jarayoni yakunlanganidan soʻng Markaziy bankka yozma shakldagi baholash toʻgʻrisidagi hisobotni taqdim etadi.

84. Baholash toʻgʻrisidagi hisobot quyidagi buxgalteriya hujjatlariga va boshqa hujjatlarga asoslanadi:

bankning baholash hisoboti tuzilayotgan sanadagi buxgalteriya balansiga, shuningdek foyda va zararlari toʻgʻrisidagi hisobotiga;

bank aktivlari va majburiyatlarini hisobga olish qiymatining tahliliga va baholanishiga;

bank buxgalteriya hisobotining balansdagi va balansdan tashqari hisobvaraqlarida aks ettirilgan majburiyatlarning roʻyxatiga, ularni bajarish muddati koʻrsatilgan holda;

baholash uchun ahamiyatga ega boʻlgan, Markaziy bank tomonidan talab qilinadigan boshqa maʼlumotlarga .

85. Baholash toʻgʻrisidagi hisobot Markaziy bankning sanatsiya qilishga oid qarorlar qabul qilishi uchun zarur boʻlgan barcha maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi lozim.

86. Baholash toʻgʻrisidagi hisobotda Oʻzbekiston Respublikasining Yagona milliy baholash standartining (roʻyxat raqami 3487, 2023-yil 28-dekabr) 56-bandida belgilangan maʼlumotlar bilan bir qatorda kamida quyidagilar aks ettiriladi:

baholovchi tashkilot tomonidan qoʻllanilgan hamda qiymat va qiymat diapazonini belgilashga asos boʻlgan va (yoki) taʼsir koʻrsatgan barcha farazlarning batafsil tavsifi;

baholash oʻtkazishda qoʻllanilgan yondashuvlar, usullar va modellar boʻyicha batafsil tushuntirish va asoslantirishlar, shu jumladan qoʻllanilishi mumkin boʻlgan turli yondashuv, usul va modellar orasidan muayyan yondashuv, usul va modellarni tanlash sabablari;

belgilangan qiymat diapazonlari boʻyicha batafsil asoslantirishlar;

baholash oʻtkazishda mavjud boʻlgan noaniqliklar va (yoki) murakkabliklar tavsifi, xususan, maʼlumotlarning mavjudligi va (yoki) ishonchliligi bilan bogʻliq noaniqliklar va (yoki) murakkabliklar tavsifi;

bankning sanatsiya qilish toʻgʻrisida qabul qilingan sanadagi barcha zararlari.

87. Bankni sanatsiya qilish uchun oʻtkazilgan baholash toʻgʻrisidagi hisobotda mazkur Nizomning 86-bandida belgilangan maʼlumotlar bilan bir qatorda quyidagilar aks ettirilishi lozim:

sanatsiya qilishning har bir vositasi qoʻllanilganda bankning har bir turdagi aksiyadorlari va kreditorlari olishi mumkin boʻlgan qiymat;

bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunda mazkur bankni majburiy tugatish jarayoni boshlangan taqdirda bankning har bir turdagi aksiyadorlari va kreditorlari olishi mumkin boʻlgan qiymat.

88. Aksiyadorlar va kreditorlarning zararlarini baholash toʻgʻrisidagi hisobotda, mazkur Nizomning 86-bandida belgilangan maʼlumotlar bilan bir qatorda quyidagilar aks ettirilishi lozim:

bankni sanatsiya qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kunda mazkur bankni majburiy tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda bankning har bir turdagi aksiyadorlari va kreditorlari olishi mumkin boʻlgan qiymat;

bankni sanatsiya qilish natijasida bankning har bir turdagi aksiyadorlari va kreditorlari amalda olgan qiymat;

bankning aksiyadorlari va kreditorlari bankni sanatsiya qilish natijasida olgan qiymat bilan bank majburiy tugatilgan taqdirda ular olishi mumkin boʻlgan qiymat oʻrtasidagi farq.

89. Agar baholovchi tashkilot baholash oʻtkazishda auditorlik tekshiruvidan oʻtkazilmagan va (yoki) tasdiqlanmagan maʼlumotlardan foydalangan boʻlsa, baholovchi tashkilot ushbu maʼlumotlar bilan bogʻliq noaniqliklarni baholash toʻgʻrisidagi hisobotda aks ettirishi lozim.

90. Baholash toʻgʻrisidagi hisobot baholash oʻtkazish jarayonida baholovchi tashkilotning belgilangan tartib-taomillarga rioya etganligini tekshirish imkonini beruvchi barcha maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi lozim.

91. Oʻtkazilgan baholash toʻgʻrisidagi hisobotning qisqacha mazmuni Markaziy bankning rasmiy veb-saytida belgilangan tartibda eʼlon qilinadi . Bunda baholash toʻgʻrisidagi hisobotdagi quyidagi maʼlumotlar eʼlon qilinmaydi:

sanatsiya qilinayotgan bankka yoki bankning mijozlari, kontragentlari, xodimlari yoki aksiyadorlariga tegishli sir saqlanadigan maʼlumotlar;

baholovchi tashkilot tomonidan baholash oʻtkazishda qoʻllanilgan sir saqlanadigan maʼlumotlar, shu jumladan baholash yondashuvi, usuli va modellari.

92. Agar Markaziy bank baholash toʻgʻrisidagi hisobotning qisqacha mazmuni eʼlon qilinishi sanatsiya qilish maqsadlariga erishishga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin deb hisoblasa, baholash toʻgʻrisidagi hisobotning qisqacha mazmunini eʼlon qilishni sanatsiya qilish jarayoni yakunlanguniga qadar kechiktirishi mumkin.

5-bob. Maʼlumot taqdim etishga doir talablar

93. Banklar baholovchi tashkilotning baholash oʻtkazish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni taqdim etish toʻgʻrisidagi soʻrovini bajarishi shart. Agar bank baholovchi tashkilotning maʼlumot taqdim etish toʻgʻrisidagi soʻrovini bajara olmasa, bu haqda Markaziy bankni va baholovchi tashkilotni zudlik bilan xabardor qilishi lozim.

94. Banklar baholash oʻtkazish uchun baholovchi tashkilot talab qilishi mumkin boʻlgan maʼlumotlarni, jumladan, tegishliligi boʻyicha ushbu Nizomning 44-bandida belgilangan maʼlumotlarni oʻz vaqtida taqdim etishni taʼminlash maqsadida axborot tizimiga ega boʻlishi, shuningdek, tegishli maʼlumotlarning doimiy saqlanishini taʼminlashi va ularni muntazam yangilab borishi lozim.

95. Baholovchi tashkilot baholash oʻtkazishda foydalanilgan barcha maʼlumotlarning kamida uch yil davomida xavfsiz saqlanishini taʼminlashi lozim. Agar baholash toʻgʻrisidagi hisobot yuzasidan nizo kelib chiqqan boʻlsa yoki baholash toʻgʻrisidagi hisobot koʻrib chiqilayotgan sud ishida dalil sifatida qoʻllanilishi mumkin boʻlsa hamda bunday nizo yoki sud ishi uch yildan ortiq davom etsa, baholovchi tashkilot tegishli hujjatlar va maʼlumotlarni nizo yoki sud ishi toʻliq yakunlanguniga qadar saqlashi shart.

6-bob. Baholash oʻtkazish toʻgʻrisidagi shartnomani bekor qilish

96. Markaziy bank quyidagi hollarda baholovchi tashkilot bilan baholash oʻtkazish toʻgʻrisida tuzilgan shartnomani bekor qilishi mumkin:

baholovchi tashkilot baholash oʻtkazishni boshlash yoki davom ettirish imkoniga ega boʻlmasa;

baholovchi tashkilot shartnomada belgilangan muddatda baholash toʻgʻrisidagi hisobotni taqdim etmasa;

baholovchi tashkilotning mustaqilligiga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi yoki manfaatlar toʻqnashuviga olib keluvchi holatlar aniqlansa.

7-bob. Yakuniy qoidalar

97. Baholash ustidan shikoyatlar sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi qarordan alohida tarzda koʻrib chiqilishi mumkin emas .

98. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgar boʻladilar.

Rais T. ISHMETOV

Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori S. MURODOV

Baholovchilar, ekspertlar va maslahatchilar jamiyati raisi Z. NIGMANXANOV

Baholovchilar jamiyati direktori F. MIRSOATOV

Baholovchi tashkilotlar assotsiatsiyasi raisi A. ISLAMOV

Toshkent sh.,

2026-yil 14-avgust,

2026-yil 16-iyun

2026-yil 9-iyun

2026-yil 1-iyun

2026-yil 29-may

22/9-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.09.2026-y., 10/26/3938/0927-son)

lex.uz