📅 2026-yil 25-avgust · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 25-avgust · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 25 август · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 августа 2026 г. · Документы министерств и ведомств · Директор национального агентства перспективных проектов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 August 2026 · Ministry and agency documents · Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ
БУЙРУҒИ
НИЗОМ
МЕЗОНЛАРИ
ШКАЛАСИ
Қимматли қоғозлар эмитентларининг рейтингини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-254-сон «Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Қимматли қоғозлар эмитентларининг рейтингини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2026 йил 25 августдаги 26-сон буйруғига ИЛОВА
Қимматли қоғозлар эмитентларининг рейтингини юритиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом қимматли қоғозлар эмитентларининг қимматли қоғозлар бозори, акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги уларнинг шаффофлиги ва қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини баҳолашни назарда тутувчи рейтингини юритиш ҳамда ушбу рейтинг асосида тегишли таъсир чораларини қўллаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;
қимматли қоғозлар эмитенти (бундан буён матнда эмитент деб юритилади) — эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарувчи ва улар юзасидан қимматли қоғозларнинг эгалари олдида мажбуриятлари бўлган юридик шахс;
ахборот тизими — Корпоратив ахборот ягона порталининг эмитентлар рейтингини акс эттирувчи модули;
эмитентлар рейтинги — эмитентларнинг қимматли қоғозлар бозори, акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги уларнинг шаффофлиги ва қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини баҳолаш натижалари бўйича шакллантирилган рейтинг баҳоси;
шахсий кабинет — Корпоратив ахборот ягона порталининг ваколатли давлат органи ва эмитент ўртасида хабар юбориш, маълумотларни кўриш ва юклаб олиш учун мўлжалланган саҳифаси.
2. Эмитентлар рейтинги ваколатли давлат органи томонидан юритилади ҳамда ахборот тизимида очиқ тарзда акс эттирилади.
3. Эмитентлар рейтинги ваколатли давлат органи томонидан ахборот тизимида ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг дастлабки 10 кунлигида эълон қилинади ҳамда эмитентларга бу ҳақида шахсий кабинет орқали хабар юборилади.
2-боб. Эмитентлар рейтингини юритиш ва унинг мезонлари
4. Эмитентлар рейтингини юритиш ҳисоботлар ва муҳим фактларни эълон қилиш орқали Корпоратив ахборотнинг ягона порталида маълумотларнинг ўз вақтида, ишончли ва тўлиқ ошкор этилиши, шунингдек, қимматли қоғозлар бозори, акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилишини баҳолаш орқали амалга оширилади.
5. Эмитентлар рейтинги ахборот тизими орқали мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ қуйидаги 7 та мезон бўйича эмитентлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар учун берилган баллар йиғиндисига кўра аниқланади:
1-мезон — чораклик ва йиллик ҳисоботларни Корпоратив ахборотнинг ягона порталида белгиланган муддатларда эълон қилмаслик;
2-мезон — муҳим фактларни Корпоратив ахборотнинг ягона порталида эълон қилмаслик;
3-мезон — қимматли қоғозлар бўйича даромадларни тўлаш мажбуриятларини бажармаслик;
4-мезон — нотўғри ёки чалғитувчи маълумот тақдим этиш;
5-мезон — корпоратив қонунчилик талабларини бузиш (масалан, юқори бошқарув органларининг йиғилишини чақириш ва ўтказишнинг белгиланган тартибини бузиш);
6-мезон — ваколатли давлат органи томонидан кўриб чиқилиб, эмитент томонидан қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилган деб топилган мурожаатларнинг мавжудлиги;
7-мезон — ваколатли давлат органининг кўрсатма ёки қарорларини бажармаслик.
6. Йил якунлари бўйича ҳисоботларни топшириш натижалари кейинги йилнинг 2-чораги учун эмитентлар рейтингини ҳисоблашда инобатга олинади ҳамда ҳар бир ҳисобот учун алоҳида балл белгиланади.
Бунда, ҳар икки ҳисоботни (чораклик ва йиллик) эълон қилмаганлик учун алоҳида балл ҳисобланганда умумий рейтинг баллари йиғиндиси 100 баллдан ошмаслиги лозим.
7. Эминтлар рейтинги маълумотлари ҳисобот чорагининг охирги санасидаги ҳолат бўйича ҳисобот чорагининг якуний натижаларига асосан шакллантирилади.
Бунда, 1 ва 2-мезонлар маълумотлари ҳисобот ва муҳим фактларни эълон қилиш муддатларининг охирги санасидаги ҳолат бўйича шакллантирилади.
3-боб. Эмитентлар рейтинги шкаласи
8. Ҳар чорак натижалари бўйича амалга ошириладиган ҳисоб-китобларга кўра, эмитентга мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ қуйидаги тоифалардан бири берилади:
«А» тоифа;
«Б» тоифа;
«С» тоифа;
«Д» тоифа.
9. Эмитентлар рейтинги натижаларини тасдиқлаш ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг дастлабки 10 кунлигида:
«А» ва «Б» тоифалар учун ахборот тизими орқали автоматик равишда;
«С» ва «Д» тоифалар учун ваколатли давлат органи томонидан тегишли маълумотларнинг тўғрилигини текшириш орқали амалга оширилади.
10. Эмитентлар рейтингини юритишда барча хатти-ҳаракатлар тарихи, жумладан, маълумотлар хронологияси, ваколатли давлат органи масъул ходимининг идентификация рақами (ИД), эмитентга хабарнома юборилган сана ахборот тизимида қайд этилади ва сақланади.
4-боб. Таъсир чоралари
11. Таъсир чораларини қўллаш эмитентлар рейтинги натижаларига кўра Корпоратив ахборотнинг ягона порталида автоматик равишда ёки ваколатли давлат органининг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.
12. Таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор рейтинг натижалари эълон қилинган санадан бошлаб бир ой ичида қабул қилинади.
Бунда, мазкур қарорда таъсир чораларининг амал қилиш муддати уч ой этиб белгиланади.
13. Таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор ваколатли давлат органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан имзоланади.
14. Эмитент таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида шахсий кабинет орқали хабардор қилинади.
15. Эмитентлар рейтингини баҳолаш шкаласидаги тоифаларга мутаносиб равишда аниқланган камчиликларнинг хусусияти, мунтазамлиги ва инвесторлар учун потенциал зарар даражасини ҳисобга олган ҳолда ваколатли давлат органи томонидан эмитентларга нисбатан қуйидаги таъсир чоралари қўлланилиши мумкин:
1) «Б» тоифадаги эмитентлар учун шахсий кабинет орқали огоҳлантириш хати юбориш асосида профилактик тадбирларни амалга ошириш;
2) «С» тоифадаги эмитентлар учун:
Корпоратив ахборотнинг ягона порталида корпоратив ҳаракатларни (ҳисобот ва муҳим фактларни топшириш, эълон қилиш) амалга оширишни камчиликлар бартараф этилгунга қадар чеклаш (1 ва (ёки) 2-мезонлар бўйича ҳуқуқбузарликлар содир этган эмитентлар учун), бунда фақатгина камчилик сифатида эътироф этилаётган ва эълон қилинмаган ахборотни ошкор қилиш имконияти сақланиб қолинади;
қимматли қоғозлар чиқарилишини рўйхатдан ўтказишни рад этиш;
3) «Д» тоифадаги эмитентлар учун мазкур банднинг 2-кичик бандидаги таъсир чораларига қўшимча равишда:
корпоратив облигацияларни ўттиз кун ичида муддатидан олдин сўндиришни ва улар бўйича фоизлар (купонлар) тўлашни талаб қилиш;
эмитентнинг қимматли қоғозлари муомаласини қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриш, бунда репо битимларининг иккинчи босқичини амалга оширишга рухсат этилади.
5-боб. Эмитент ҳуқуқларининг кафолатлари
16. Эмитент рейтинг натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида шахсий кабинет орқали ваколатли давлат органига шикоят қилишга ҳақли.
Бунда, билдирилган эътирозлар ваколатли давлат органи томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. ЭЪтирозлар асосли деб топилган тақдирда рейтинг баллари қайта кўриб чиқилади, акс ҳолда рейтинг баллари ўзгаришсиз қолдирилади.
17. Эмитент ваколатли давлат органи томонидан эълон қилинган рейтинг натижалари ва таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
6-боб. Якуний қоида
18. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
Қимматли қоғозлар эмитентларининг рейтингини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Қимматли қоғозлар эмитентлари рейтингини аниқлаш
Т/р Мезон Ҳисоблаш тартиби Максимал балл 1. Чораклик ва йиллик ҳисоботларни Корпоратив ахборотнинг ягона порталида белгиланган муддатларда эълон қилмаслик Рейтинг балларини аниқлаш кунида Корпоратив ахборотнинг ягона порталида жойлаштирилмаган ҳисобот мавжуд бўлганда 15 балл 2. Муҳим фактларни Корпоратив ахборотнинг ягона порталида эълон қилмаслик Ҳисобот чорагида Корпоратив ахборотнинг ягона порталида эълон қилинмаган ҳар бир муҳим факт учун 5 баллдан, лекин 15 баллдан ошмаган миқдорда 15 балл 3. Қимматли қоғозлар бўйича даромадларни тўлаш мажбуриятларини бажармаслик Ҳисобот чорагида қимматли қоғозлар бўйича дивиденд ва (ёки) купонларни тўлаш мажбуриятларини бажармаслик бўйича аниқланган ҳар бир ҳолат учун 5 баллдан, лекин 10 баллдан ошмаган миқдорда (ваколатли давлат органи томонидан ахборот тизимида тегишли маълумотларни киритиб бориш орқали) 10 балл 4. Нотўғри ёки чалғитувчи маълумот тақдим этиш Ҳисобот чорагида эмитент томонидан тақдим этилган ҳисобот ёки муҳим фактда, шунингдек ҳар бир бошқа ахборотда нотўғри ёки чалғитувчи маълумот тақдим этилган ҳар бир ҳолат учун 5 баллдан, лекин 10 баллдан ошмаган миқдорда (ваколатли давлат органи томонидан ахборот тизимида тегишли маълумотларни киритиб бориш орқали) 10 балл 5. Корпоратив қонунчилик талабларини бузиш Бошқарув органларининг йиғилишини чақириш ва ўтказиш, шунингдек, йиғилиш якуни бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа корпоратив қонунчилик талабларини бузиш бўйича аниқланган ҳар бир ҳолат учун 5 баллдан, лекин 10 баллдан ошмаган миқдорда (ваколатли давлат органи томонидан ахборот тизимида тегишли маълумотларни киритиб бориш орқали) 10 балл 6. Ваколатли давлат органи томонидан кўриб чиқилиб, эмитент томонидан қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилган деб топилган мурожаатларнинг мавжудлиги Эмитент томонидан қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилган деб топилган мурожаатлар сони: 1 — 3 та мурожаат — 5 балл 4 та ва ундан ортиқ мурожаат — 10 балл (ваколатли давлат органи томонидан ахборот тизимида тегишли маълумотларни киритиб бориш орқали) 10 балл 7. Ваколатли давлат органининг кўрсатма ёки қарорларини бажармаслик * Ваколатли давлат органининг қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмалари ҳамда қарорларини бажармаслик ёки бажаришдан бўйин товлаш (ваколатли давлат органи томонидан ахборот тизимида тегишли маълумотларни киритиб бориш орқали) 30 балл
Қимматли қоғозлар эмитентларининг рейтингини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Қимматли қоғозлар эмитентлари рейтингини баҳолаш
Т/р Тоифаси Балл 1. А 0 — 10 балл 2. Б 15 — 25 балл 3. С 30 — 60 балл 4. Д 65 — 100 балл
Директор Д. Ли
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ
Савдо саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 25 август,
2026 йил 21 август
2026 йил 21 август
26-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI ISTIQBOLLI LOYIHALAR MILLIY AGENTLIGI DIREKTORINING
BUYRUGʻI
NIZOM
MEZONLARI
ShKALASI
Qimmatli qogʻozlar emitentlarining reytingini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 18-dekabrdagi PF-254-son “Kapital bozorida investitsiya muhitini yaxshilashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi Farmoniga muvofiq buyuraman:
1. Qimmatli qogʻozlar emitentlarining reytingini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil hamda Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.
3. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktorining 2026-yil 25-avgustdagi 26-son buyrugʻiga ILOVA
Qimmatli qogʻozlar emitentlarining reytingini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom qimmatli qogʻozlar emitentlarining qimmatli qogʻozlar bozori, aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish sohasidagi ularning shaffofligi va qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini baholashni nazarda tutuvchi reytingini yuritish hamda ushbu reyting asosida tegishli taʼsir choralarini qoʻllash tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
qimmatli qogʻozlar bozorini tartibga solish boʻyicha vakolatli davlat organi (bundan buyon matnda vakolatli davlat organi deb yuritiladi) — Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi;
qimmatli qogʻozlar emitenti (bundan buyon matnda emitent deb yuritiladi) — emissiyaviy qimmatli qogʻozlar chiqaruvchi va ular yuzasidan qimmatli qogʻozlarning egalari oldida majburiyatlari boʻlgan yuridik shaxs;
axborot tizimi — Korporativ axborot yagona portalining emitentlar reytingini aks ettiruvchi moduli;
emitentlar reytingi — emitentlarning qimmatli qogʻozlar bozori, aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish sohasidagi ularning shaffofligi va qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini baholash natijalari boʻyicha shakllantirilgan reyting bahosi;
shaxsiy kabinet — Korporativ axborot yagona portalining vakolatli davlat organi va emitent oʻrtasida xabar yuborish, maʼlumotlarni koʻrish va yuklab olish uchun moʻljallangan sahifasi.
2. Emitentlar reytingi vakolatli davlat organi tomonidan yuritiladi hamda axborot tizimida ochiq tarzda aks ettiriladi.
3. Emitentlar reytingi vakolatli davlat organi tomonidan axborot tizimida hisobot choragidan keyingi ikkinchi oyning dastlabki 10 kunligida eʼlon qilinadi hamda emitentlarga bu haqida shaxsiy kabinet orqali xabar yuboriladi.
2-bob. Emitentlar reytingini yuritish va uning mezonlari
4. Emitentlar reytingini yuritish hisobotlar va muhim faktlarni eʼlon qilish orqali Korporativ axborotning yagona portalida maʼlumotlarning oʻz vaqtida, ishonchli va toʻliq oshkor etilishi, shuningdek, qimmatli qogʻozlar bozori, aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlar huquqlarini himoya qilish sohasidagi qonunchilikka rioya etilishini baholash orqali amalga oshiriladi.
5. Emitentlar reytingi axborot tizimi orqali mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq quyidagi 7 ta mezon boʻyicha emitentlar tomonidan yoʻl qoʻyilgan kamchiliklar uchun berilgan ballar yigʻindisiga koʻra aniqlanadi:
1-mezon — choraklik va yillik hisobotlarni Korporativ axborotning yagona portalida belgilangan muddatlarda eʼlon qilmaslik;
2-mezon — muhim faktlarni Korporativ axborotning yagona portalida eʼlon qilmaslik;
3-mezon — qimmatli qogʻozlar boʻyicha daromadlarni toʻlash majburiyatlarini bajarmaslik;
4-mezon — notoʻgʻri yoki chalgʻituvchi maʼlumot taqdim etish;
5-mezon — korporativ qonunchilik talablarini buzish (masalan, yuqori boshqaruv organlarining yigʻilishini chaqirish va oʻtkazishning belgilangan tartibini buzish);
6-mezon — vakolatli davlat organi tomonidan koʻrib chiqilib, emitent tomonidan qimmatli qogʻozlar bozori sohasidagi qonunchilik talablari buzilgan deb topilgan murojaatlarning mavjudligi;
7-mezon — vakolatli davlat organining koʻrsatma yoki qarorlarini bajarmaslik.
6. Yil yakunlari boʻyicha hisobotlarni topshirish natijalari keyingi yilning 2-choragi uchun emitentlar reytingini hisoblashda inobatga olinadi hamda har bir hisobot uchun alohida ball belgilanadi.
Bunda, har ikki hisobotni (choraklik va yillik) eʼlon qilmaganlik uchun alohida ball hisoblanganda umumiy reyting ballari yigʻindisi 100 balldan oshmasligi lozim.
7. Emintlar reytingi maʼlumotlari hisobot choragining oxirgi sanasidagi holat boʻyicha hisobot choragining yakuniy natijalariga asosan shakllantiriladi.
Bunda, 1 va 2-mezonlar maʼlumotlari hisobot va muhim faktlarni eʼlon qilish muddatlarining oxirgi sanasidagi holat boʻyicha shakllantiriladi.
3-bob. Emitentlar reytingi shkalasi
8. Har chorak natijalari boʻyicha amalga oshiriladigan hisob-kitoblarga koʻra, emitentga mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq quyidagi toifalardan biri beriladi:
“A” toifa;
“B” toifa;
“C” toifa;
“D” toifa.
9. Emitentlar reytingi natijalarini tasdiqlash hisobot choragidan keyingi ikkinchi oyning dastlabki 10 kunligida:
“A” va “B” toifalar uchun axborot tizimi orqali avtomatik ravishda;
“C” va “D” toifalar uchun vakolatli davlat organi tomonidan tegishli maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshirish orqali amalga oshiriladi.
10. Emitentlar reytingini yuritishda barcha xatti-harakatlar tarixi, jumladan, maʼlumotlar xronologiyasi, vakolatli davlat organi masʼul xodimining identifikatsiya raqami (ID), emitentga xabarnoma yuborilgan sana axborot tizimida qayd etiladi va saqlanadi.
4-bob. Taʼsir choralari
11. Taʼsir choralarini qoʻllash emitentlar reytingi natijalariga koʻra Korporativ axborotning yagona portalida avtomatik ravishda yoki vakolatli davlat organining qaroriga koʻra amalga oshirilishi mumkin.
12. Taʼsir choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror reyting natijalari eʼlon qilingan sanadan boshlab bir oy ichida qabul qilinadi.
Bunda, mazkur qarorda taʼsir choralarining amal qilish muddati uch oy etib belgilanadi.
13. Taʼsir choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror vakolatli davlat organi rahbari (rahbar oʻrinbosari) tomonidan imzolanadi.
14. Emitent taʼsir choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida shaxsiy kabinet orqali xabardor qilinadi.
15. Emitentlar reytingini baholash shkalasidagi toifalarga mutanosib ravishda aniqlangan kamchiliklarning xususiyati, muntazamligi va investorlar uchun potensial zarar darajasini hisobga olgan holda vakolatli davlat organi tomonidan emitentlarga nisbatan quyidagi taʼsir choralari qoʻllanilishi mumkin:
1) “B” toifadagi emitentlar uchun shaxsiy kabinet orqali ogohlantirish xati yuborish asosida profilaktik tadbirlarni amalga oshirish;
2) “C” toifadagi emitentlar uchun:
Korporativ axborotning yagona portalida korporativ harakatlarni (hisobot va muhim faktlarni topshirish, eʼlon qilish) amalga oshirishni kamchiliklar bartaraf etilgunga qadar cheklash (1 va (yoki) 2-mezonlar boʻyicha huquqbuzarliklar sodir etgan emitentlar uchun), bunda faqatgina kamchilik sifatida eʼtirof etilayotgan va eʼlon qilinmagan axborotni oshkor qilish imkoniyati saqlanib qolinadi;
qimmatli qogʻozlar chiqarilishini roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish;
3) “D” toifadagi emitentlar uchun mazkur bandning 2-kichik bandidagi taʼsir choralariga qoʻshimcha ravishda:
korporativ obligatsiyalarni oʻttiz kun ichida muddatidan oldin soʻndirishni va ular boʻyicha foizlar (kuponlar) toʻlashni talab qilish;
emitentning qimmatli qogʻozlari muomalasini qonunchilikda belgilangan tartibda toʻxtatib turish, bunda repo bitimlarining ikkinchi bosqichini amalga oshirishga ruxsat etiladi.
5-bob. Emitent huquqlarining kafolatlari
16. Emitent reyting natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab 5 ish kuni ichida shaxsiy kabinet orqali vakolatli davlat organiga shikoyat qilishga haqli.
Bunda, bildirilgan eʼtirozlar vakolatli davlat organi tomonidan 10 ish kuni ichida koʻrib chiqiladi. Eʻtirozlar asosli deb topilgan taqdirda reyting ballari qayta koʻrib chiqiladi, aks holda reyting ballari oʻzgarishsiz qoldiriladi.
17. Emitent vakolatli davlat organi tomonidan eʼlon qilingan reyting natijalari va taʼsir choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi qarorlari ustidan qonunchilikda belgilangan tartibda sudga shikoyat qilish huquqiga ega.
6-bob. Yakuniy qoida
18. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgar boʻladilar.
Qimmatli qogʻozlar emitentlarining reytingini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Qimmatli qogʻozlar emitentlari reytingini aniqlash
T/r Mezon Hisoblash tartibi Maksimal ball 1. Choraklik va yillik hisobotlarni Korporativ axborotning yagona portalida belgilangan muddatlarda eʼlon qilmaslik Reyting ballarini aniqlash kunida Korporativ axborotning yagona portalida joylashtirilmagan hisobot mavjud boʻlganda 15 ball 2. Muhim faktlarni Korporativ axborotning yagona portalida eʼlon qilmaslik Hisobot choragida Korporativ axborotning yagona portalida eʼlon qilinmagan har bir muhim fakt uchun 5 balldan, lekin 15 balldan oshmagan miqdorda 15 ball 3. Qimmatli qogʻozlar boʻyicha daromadlarni toʻlash majburiyatlarini bajarmaslik Hisobot choragida qimmatli qogʻozlar boʻyicha dividend va (yoki) kuponlarni toʻlash majburiyatlarini bajarmaslik boʻyicha aniqlangan har bir holat uchun 5 balldan, lekin 10 balldan oshmagan miqdorda (vakolatli davlat organi tomonidan axborot tizimida tegishli maʼlumotlarni kiritib borish orqali) 10 ball 4. Notoʻgʻri yoki chalgʻituvchi maʼlumot taqdim etish Hisobot choragida emitent tomonidan taqdim etilgan hisobot yoki muhim faktda, shuningdek har bir boshqa axborotda notoʻgʻri yoki chalgʻituvchi maʼlumot taqdim etilgan har bir holat uchun 5 balldan, lekin 10 balldan oshmagan miqdorda (vakolatli davlat organi tomonidan axborot tizimida tegishli maʼlumotlarni kiritib borish orqali) 10 ball 5. Korporativ qonunchilik talablarini buzish Boshqaruv organlarining yigʻilishini chaqirish va oʻtkazish, shuningdek, yigʻilish yakuni boʻyicha hujjatlarni rasmiylashtirish va boshqa korporativ qonunchilik talablarini buzish boʻyicha aniqlangan har bir holat uchun 5 balldan, lekin 10 balldan oshmagan miqdorda (vakolatli davlat organi tomonidan axborot tizimida tegishli maʼlumotlarni kiritib borish orqali) 10 ball 6. Vakolatli davlat organi tomonidan koʻrib chiqilib, emitent tomonidan qimmatli qogʻozlar bozori sohasidagi qonunchilik talablari buzilgan deb topilgan murojaatlarning mavjudligi Emitent tomonidan qimmatli qogʻozlar bozori sohasidagi qonunchilik talablari buzilgan deb topilgan murojaatlar soni: 1 — 3 ta murojaat — 5 ball 4 ta va undan ortiq murojaat — 10 ball (vakolatli davlat organi tomonidan axborot tizimida tegishli maʼlumotlarni kiritib borish orqali) 10 ball 7. Vakolatli davlat organining koʻrsatma yoki qarorlarini bajarmaslik * Vakolatli davlat organining qoidabuzarliklarni bartaraf etish toʻgʻrisidagi koʻrsatmalari hamda qarorlarini bajarmaslik yoki bajarishdan boʻyin tovlash (vakolatli davlat organi tomonidan axborot tizimida tegishli maʼlumotlarni kiritib borish orqali) 30 ball
Qimmatli qogʻozlar emitentlarining reytingini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Qimmatli qogʻozlar emitentlari reytingini baholash
T/r Toifasi Ball 1. A 0 — 10 ball 2. B 15 — 25 ball 3. C 30 — 60 ball 4. D 65 — 100 ball
Direktor D. Li
Tadbirkorlarning huquqlarini himoya qilish boʻyicha vakil A. BURIYEV
Savdo sanoat palatasi raisi D. VAXABOV
Toshkent sh.,
2026-yil 25-avgust,
2026-yil 21-avgust
2026-yil 21-avgust
26-son