📅 2026-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 17 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган фарзандларининг тўлов-контракт суммасига чегирма бериш ва эҳтиёжманд оила фарзандларини замонавий касбларга ўқитиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ педагогларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган фарзандларининг таълим олишлари учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ҳамда таҳсил олаётган педагогларнинг фарзандлари учун тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида чегирма жорий этилсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ҳамда таҳсил олаётган фарзандларининг тўлов-контракт суммасига чегирма бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ҳамда таҳсил олаётган фарзандларини аниқлаш тартиби;
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ҳамда таҳсил олаётган фарзандларининг тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида чегирма қўллаш тартиби;
олий таълим ташкилотларига мазкур чегирилган маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тартиби.
3. Белгилаб қўйилсинки, педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган фарзандларининг тўлов-контракт суммасига чегирма жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Бунда ушбу харажатлар 2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида назарда тутилади.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб, талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, тегишли олий таълим ташкилотларида эҳтиёжманд оила фарзандларини дастурлаш, сунъий интеллект, робототехника, ахборот технологиялари ва бошқа касбларга ўқитиш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган ўқув марказларини (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Марказ ташкил этиладиган олий таълим ташкилотлари ректорлари (директорлари)га олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Марказни ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларни ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзандларини бепул ўқитиш, жумладан, ўқув жараёнига жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақи (соатбай ҳақ тўлаш асосида) харажатларини қоплашга рухсат берилсин.
5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритсин.
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 501-сон қарорига ИЛОВА
Педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ҳамда таҳсил олаётган фарзандларининг тўлов-контракт суммасига чегирма бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб давлат, шу жумладан, молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ёки таҳсил олаётган педагоглар фарзандларининг тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида чегирма бериш ҳамда мазкур чегирилган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом олий ҳарбий, ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларига Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига ва нодавлат олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
педагог — таълим ташкилотида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида Педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимлар рўйхатига киритилган лавозимларда касбий фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахс;
педагог фарзандлари — Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланган (ёки республикада доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган), асосий иш фаолияти педагог бўлган ота ёки онанинг фарзанди бўлган олий таълим ташкилотида тўлов-контракт асосида (қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт бундан мустасно) бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклига талабаликка тавсия этилган абитуриент(лар) ёки таҳсил олаётган талаба(лар) (хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида ва факультетларида таълим олаётган талабалардан ташқари);
тўлов-контракт шартномаси — давлат, шу жумладан, молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилоти ва талаба (абитуриент ёки унинг қонуний вакили) ўртасида таълим хизматларидан пулли асосда фойдаланиш бўйича тузиладиган шартнома;
тўлов-контракт суммаси — Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси ҳамда молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари томонидан тасдиқланган таълим йўналишлари бўйича битта талабани базавий тўлов-контракт асосида бир йиллик ўқитиш қиймати;
чегирма — педагог фарзандларининг тўлов-контракт суммасига нисбатан тўлов-контракт шартномасини расмийлаштириш жараёнида қўлланадиган имтиёз;
чегирилган маблағ — педагог фарзандларининг тўлов-контракт суммасига нисбатан 30 фоиз миқдорида қўлланган чегирма суммаси;
махсус ахборот тизими — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Олий таълим тизимида тўлов хизматларини ягона ҳисобрақами орқали қабул қилиш ва тақсимлаш ҳамда молиявий ҳисоботларни юритиш ахборот тизими» (kontrakt.edu.uz).
3. Педагог фарзандларининг тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида чегирма қўлланади ҳамда ушбу чегирилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
4. Педагог фарзандларига мазкур чегирма ўқув йилида бир маротаба педагог отаси ёки педагог онаси учун қўлланади.
Педагогнинг бир нечта фарзанди давлат олий таълим ташкилот(лар)ида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган бўлса, уларнинг ҳар бирига алоҳида чегирмалар қўлланади.
5. Талаба (абитуриент) педагогнинг фарзанди эканлиги ёки унинг отаси (онаси) мазкур мақомдан чиқарилгани Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг тегишли ахборот тизими орқали Педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимлар рўйхатига киритилган лавозимда фаолият юритаётгани тасдиқланган тақдирда, эътироф этилади.
6. Давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ҳамда таҳсил олаётган педагог фарзандларининг тўлов-контракт суммасига чегирма бериш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ҳисобидан ушбу Низомга 1-иловадаги схема бўйича қоплаб берилади.
2-боб. Педагоглар фарзандларини аниқлаш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш
7. Педагог фарзандлари умумий тартибда ўқув йили учун тўлов-контракт шартномаси олиш юзасидан махсус ахборот тизими орқали ариза юборади.
8. Аризани кўриб чиқиш жараёнида ариза берувчининг педагог фарзанди эканлиги белгиланган тартибда «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан олинган маълумотлар асосида тасдиқланганда, тўлов-контракт шартномасини шакллантириш босқичида ўқув йили учун белгиланган тўлов-контракт суммасига 30 фоизлик чегирма автоматик тарзда қўлланилади.
Чегирма қўлланган тўлов-контракт шартномалари ҳисоби алоҳида юритилади.
3-боб. Педагоглар фарзандларига чегирмалар беришни расмийлаштириш
9. Давлат олий таълим ташкилотининг регистратор офиси ёки тўлов-контракт шартномаларини расмийлаштиришга масъул бўлган бўлинмаси (кейинги ўринларда — масъул бўлинма) икки иш куни мобайнида электрон тарзда юборилган аризани «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан олинган маълумотлар асосида кўриб чиқади ва ушбу Низом талаблари асосида шартномани шакллантиради ёки аризани рад этиб, қайта ишлашга юборади.
10. Шакллантирилган шартнома қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат олий таълим ташкилоти ҳамда талаба (абитуриент) томонидан электрон тарзда тасдиқланади.
11. Педагоглар фарзандларига махсус ахборот тизими орқали давлат олий таълим ташкилоти ҳамда талаба (абитуриент) томонидан имзоланган ҳамда чегирма қўлланган шартнома электрон тарзда тақдим этилади.
Бунда шартномада тўлов-контракт асосида бир йиллик ўқитиш миқдори, ушбу миқдорга нисбатан қўлланган 30 фоизлик Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериладиган чегирма суммаси ҳамда талаба (абитуриент) томонидан тўланадиган суммалар акс эттирилади.
4-боб. Чегирилган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш
12. Давлат олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ҳамда таҳсил олаётган педагоглар фарзандларининг тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорда чегирма қўллаш билан боғлиқ харажатлар учун маблағлар ҳар йили марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиси сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида молиялаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан мазкур мақсадлар учун ажратилган маблағлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган алоҳида шахсий ҳисобварағида кўзда тутилади.
Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига мазкур мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар бўйича харажатлар сметасини тузиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш ва унга ўзгартиришлар киритиш бюджет қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.
13. Давлат олий таълим ташкилотлари томонидан ҳар ўқув йилининг 10 апрелига қадар тақдим этилган педагоглар фарзандлари рўйхатига асосан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўн иш куни ичида тегишли маблағларни давлат олий таълим ташкилотларининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиш юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига сўровнома тақдим этади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда маблағлар ҳар йили 1 майга қадар тегишли давлат олий таълим ташкилотларининг бюджет маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ажратилади ҳамда бюджет тизими бюджетлари харажатларининг иқтисодий таснифи бўйича 48 21 190 «Бошқа харажатлар» харажатлар моддасида бир сатрда акс эттирилади.
14. Педагоглар фарзандлари учун ажратилган маблағлар давлат олий таълим ташкилотлари томонидан ўзларининг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади, сўровномада шакллантирилган рўйхат бўйича талабаларга бириктирилади ва белгиланган тартибда сарфланади.
15. Педагоглар фарзандларига ўқув йили учун тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида бериладиган чегирмани қоплаш учун давлат олий таълим ташкилотларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, улар белгиланган тартибда идоравий мансублигига кўра тегишли вазирлик ва идораларга қўшимча бюджет маблағлари ажратилиши юзасидан мурожаат қилади.
16. Педагоглар фарзандларига ўқув йили учун тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида бериладиган чегирма суммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан таълим йўналишлари бўйича белгиланган тўлов-контракт (стипендиясиз) қийматига 30 фоиз эквивалент ҳисобида қопланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
17. Давлат олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) педагоглар фарзандларига ўқув йили учун таълим йўналишлари бўйича белгиланган тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида бериладиган чегирма суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан белгиланган тартибда қоплаб бериш учун масъул ҳисобланади.
18. Педагог фарзандларига тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида бериладиган чегирма суммасини тўлиқ қоплаб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар давлат олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
19. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши назорати вазирлик ва идораларнинг ички аудит ва молиявий назорат хизматлари ҳамда ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
20. Педагог фарзандларининг отаси ёки онаси педагог тоифасидан чиқарилган тақдирда, кейинги ўқув йилидан бошлаб унга чегирма қўллаш тўхтатилади.
21. Педагог фарзандларига чегирмалар тўғри белгиланишини доимий назорат қилиш давлат олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори), масъул бўлинма бошлиғи, бош бухгалтери ва бош аудитори зиммасига юкланади.
22. Талабаларга чегирма нотўғри қўлланганда, давлат олий таълим ташкилотининг масъул бўлинмаси ҳамда бухгалтерияси томонидан чегирма қўлланган тўлов-контракт шартномаси қайта кўриб чиқилади, унга тегишли ўзгартириш киритилади ҳамда чегирилган маблағлар тўлаб берилган ҳолларда ушбу маблағларни қайтариш чоралари кўрилади.
23. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
24. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ҳамда таҳсил олаётган фарзандларининг тўлов-контракт суммасига чегирма бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ҳамда таҳсил олаётган фарзандлари тўлов-контракт суммасига чегирма бериш билан боғлиқ харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Талаба Махсус ахборот тизими орқали тўлов-контракт шартномасини олиш бўйича ариза юборади. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Давлат олий таълим ташкилотининг тўлов-контракт шартномаларини расмийлаштиришга масъул бўлган бўлинмаси Электрон тарзда юборилган аризани « Р ақамли ҳукумат » тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасидан олинган маълумотлар асосида кўриб чиқади ва Низом талаблари асосида шартномани шакллантиради ёки аризани рад этиб, қайта ишлашга юборади. 2 иш кун и да 3-босқич Давлат олий таълим ташкилотлари Педагоглар фарзандларига ўқув йили учун тўлов-контракт суммасига 30 фоиз миқдорида бериладиган чегирмани қоплаб бериш учун педагоглар фарзандларининг рўйхатига мувофиқ ҳисоб-китобларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юборади. Ҳар ўқув йилининг 10 апрелига қадар 4-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Давлат олий таълим ташкилотлари томонидан тақдим этилган педагоглар фарзандлари рўйхатига асосан тегишли маблағларни олий таълим ташкилотларининг бюджет маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиш юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига сўровнома тақдим этади. 10 иш кун и да 5-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Белгиланган тартибда маблағларни тегишли давлат олий таълим ташкилотларининг бюджет маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади. Ҳар ўқув йили учун 1 майга қадар 6-босқич Давлат олий таълим ташкилотлари Педагоглар фарзандлари учун ажратилган бюджет маблағлари бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади, сўровномада шакллантирилган рўйхат бўйича талабаларга бириктиради ва белгиланган тартибда сарфлайди. Белгиланган муддатларда
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 17 сентябрь,
501 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Pedagoglarning davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan va tahsil olayotgan farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga chegirma berish va ehtiyojmand oila farzandlarini zamonaviy kasblarga oʻqitish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Pedagogning maqomi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq pedagoglarni ijtimoiy jihatdan qoʻllab-quvvatlash, ularning davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan farzandlarining taʼlim olishlari uchun qoʻshimcha imkoniyatlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab har yili davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan hamda tahsil olayotgan pedagoglarning farzandlari uchun toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorida chegirma joriy etilsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Pedagoglarning davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan hamda tahsil olayotgan farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga chegirma berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
pedagoglarning davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan hamda tahsil olayotgan farzandlarini aniqlash tartibi;
2026/2027 oʻquv yilidan boshlab pedagoglarning davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan hamda tahsil olayotgan farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorida chegirma qoʻllash tartibi;
oliy taʼlim tashkilotlariga mazkur chegirilgan mablagʻlarning Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplash tartibi.
3. Belgilab qoʻyilsinki, pedagoglarning davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga chegirma joriy etish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplanadi.
Bunda ushbu xarajatlar 2027-yildan boshlab Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan, birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida nazarda tutiladi.
4. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligining 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab, talab va ehtiyojdan kelib chiqib, tegishli oliy taʼlim tashkilotlarida ehtiyojmand oila farzandlarini dasturlash, sunʼiy intellekt, robototexnika, axborot texnologiyalari va boshqa kasblarga oʻqitish boʻyicha yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan oʻquv markazlarini (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
Markaz tashkil etiladigan oliy taʼlim tashkilotlari rektorlari (direktorlari)ga oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan Markazni tashkil etish va uning faoliyatini yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq xarajatlarni hamda ehtiyojmand oilalar farzandlarini bepul oʻqitish, jumladan, oʻquv jarayoniga jalb qilinadigan professor-oʻqituvchilarning oylik ish haqi (soatbay haq toʻlash asosida) xarajatlarini qoplashga ruxsat berilsin.
5. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyatini ommaviy axborot vositalari, Internet jahon axborot tarmogʻi hamda ijtimoiy tarmoqlarda keng yoritsin.
6. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 17-sentabrdagi 501-son qaroriga ILOVA
Pedagoglarning davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan hamda tahsil olayotgan farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga chegirma berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab davlat, shu jumladan, moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkilotlariga toʻlov-kontrakt asosida talabalikka tavsiya etilgan yoki tahsil olayotgan pedagoglar farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorida chegirma berish hamda mazkur chegirilgan mablagʻlarni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplab berish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom oliy harbiy, harbiylashtirilgan taʼlim tashkilotlariga Oʻzbekistonda faoliyat olib borayotgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari hamda ularning filiallariga va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
pedagog — taʼlim tashkilotida qonunchilik hujjatlariga muvofiq tuzilgan mehnat shartnomasi asosida taʼlim va tarbiya sohasida Pedagogik faoliyat bilan bogʻliq lavozimlar roʻyxatiga kiritilgan lavozimlarda kasbiy faoliyatni amalga oshiruvchi jismoniy shaxs;
pedagog farzandlari — Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi hisoblangan (yoki respublikada doimiy yashayotgan, fuqaroligi boʻlmagan), asosiy ish faoliyati pedagog boʻlgan ota yoki onaning farzandi boʻlgan oliy taʼlim tashkilotida toʻlov-kontrakt asosida (qoʻshimcha va tabaqalashtirilgan toʻlov-kontrakt bundan mustasno) bakalavriat bosqichi kunduzgi taʼlim shakliga talabalikka tavsiya etilgan abituriyent(lar) yoki tahsil olayotgan talaba(lar) (xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarining qoʻshma taʼlim dasturlari asosida va fakultetlarida taʼlim olayotgan talabalardan tashqari);
toʻlov-kontrakt shartnomasi — davlat, shu jumladan, moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkiloti va talaba (abituriyent yoki uning qonuniy vakili) oʻrtasida taʼlim xizmatlaridan pulli asosda foydalanish boʻyicha tuziladigan shartnoma;
toʻlov-kontrakt summasi — Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasi hamda moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan tasdiqlangan taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha bitta talabani bazaviy toʻlov-kontrakt asosida bir yillik oʻqitish qiymati;
chegirma — pedagog farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga nisbatan toʻlov-kontrakt shartnomasini rasmiylashtirish jarayonida qoʻllanadigan imtiyoz;
chegirilgan mablagʻ — pedagog farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga nisbatan 30 foiz miqdorida qoʻllangan chegirma summasi;
maxsus axborot tizimi — Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining “Oliy taʼlim tizimida toʻlov xizmatlarini yagona hisobraqami orqali qabul qilish va taqsimlash hamda moliyaviy hisobotlarni yuritish axborot tizimi” (kontrakt.edu.uz).
3. Pedagog farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorida chegirma qoʻllanadi hamda ushbu chegirilgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
4. Pedagog farzandlariga mazkur chegirma oʻquv yilida bir marotaba pedagog otasi yoki pedagog onasi uchun qoʻllanadi.
Pedagogning bir nechta farzandi davlat oliy taʼlim tashkilot(lar)ida toʻlov-kontrakt asosida tahsil olayotgan boʻlsa, ularning har biriga alohida chegirmalar qoʻllanadi.
5. Talaba (abituriyent) pedagogning farzandi ekanligi yoki uning otasi (onasi) mazkur maqomdan chiqarilgani Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining tegishli axborot tizimi orqali Pedagogik faoliyat bilan bogʻliq lavozimlar roʻyxatiga kiritilgan lavozimda faoliyat yuritayotgani tasdiqlangan taqdirda, eʼtirof etiladi.
6. Davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan hamda tahsil olayotgan pedagog farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga chegirma berish bilan bogʻliq xarajatlar Davlat budjeti hisobidan ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxema boʻyicha qoplab beriladi.
2-bob. Pedagoglar farzandlarini aniqlash va ularning roʻyxatini shakllantirish
7. Pedagog farzandlari umumiy tartibda oʻquv yili uchun toʻlov-kontrakt shartnomasi olish yuzasidan maxsus axborot tizimi orqali ariza yuboradi.
8. Arizani koʻrib chiqish jarayonida ariza beruvchining pedagog farzandi ekanligi belgilangan tartibda “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasidan olingan maʼlumotlar asosida tasdiqlanganda, toʻlov-kontrakt shartnomasini shakllantirish bosqichida oʻquv yili uchun belgilangan toʻlov-kontrakt summasiga 30 foizlik chegirma avtomatik tarzda qoʻllaniladi.
Chegirma qoʻllangan toʻlov-kontrakt shartnomalari hisobi alohida yuritiladi.
3-bob. Pedagoglar farzandlariga chegirmalar berishni rasmiylashtirish
9. Davlat oliy taʼlim tashkilotining registrator ofisi yoki toʻlov-kontrakt shartnomalarini rasmiylashtirishga masʼul boʻlgan boʻlinmasi (keyingi oʻrinlarda — masʼul boʻlinma) ikki ish kuni mobaynida elektron tarzda yuborilgan arizani “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasidan olingan maʼlumotlar asosida koʻrib chiqadi va ushbu Nizom talablari asosida shartnomani shakllantiradi yoki arizani rad etib, qayta ishlashga yuboradi.
10. Shakllantirilgan shartnoma qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat oliy taʼlim tashkiloti hamda talaba (abituriyent) tomonidan elektron tarzda tasdiqlanadi.
11. Pedagoglar farzandlariga maxsus axborot tizimi orqali davlat oliy taʼlim tashkiloti hamda talaba (abituriyent) tomonidan imzolangan hamda chegirma qoʻllangan shartnoma elektron tarzda taqdim etiladi.
Bunda shartnomada toʻlov-kontrakt asosida bir yillik oʻqitish miqdori, ushbu miqdorga nisbatan qoʻllangan 30 foizlik Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplab beriladigan chegirma summasi hamda talaba (abituriyent) tomonidan toʻlanadigan summalar aks ettiriladi.
4-bob. Chegirilgan mablagʻlarni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplash
12. Davlat oliy taʼlim tashkilotlariga toʻlov-kontrakt asosida talabalikka tavsiya etilgan hamda tahsil olayotgan pedagoglar farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorda chegirma qoʻllash bilan bogʻliq xarajatlar uchun mablagʻlar har yili markazlashtirilgan tartibda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchisi sifatida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga ajratilgan mablagʻlarning cheklangan miqdorlari doirasida moliyalashtiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan mazkur maqsadlar uchun ajratilgan mablagʻlar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochiladigan alohida shaxsiy hisobvaragʻida koʻzda tutiladi.
Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga mazkur maqsadlar uchun ajratiladigan mablagʻlar boʻyicha xarajatlar smetasini tuzish, tasdiqlash, roʻyxatdan oʻtkazish va unga oʻzgartirishlar kiritish budjet qonunchiligida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
13. Davlat oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan har oʻquv yilining 10-apreliga qadar taqdim etilgan pedagoglar farzandlari roʻyxatiga asosan Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi oʻn ish kuni ichida tegishli mablagʻlarni davlat oliy taʼlim tashkilotlarining shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazish yuzasidan Iqtisodiyot va moliya vazirligiga soʻrovnoma taqdim etadi.
Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan belgilangan tartibda mablagʻlar har yili 1-mayga qadar tegishli davlat oliy taʼlim tashkilotlarining budjet mablagʻlari boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga ajratiladi hamda budjet tizimi budjetlari xarajatlarining iqtisodiy tasnifi boʻyicha 48 21 190 “Boshqa xarajatlar” xarajatlar moddasida bir satrda aks ettiriladi.
14. Pedagoglar farzandlari uchun ajratilgan mablagʻlar davlat oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan oʻzlarining budjetdan tashqari (toʻlov-kontrakt) mablagʻlari boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkaziladi, soʻrovnomada shakllantirilgan roʻyxat boʻyicha talabalarga biriktiriladi va belgilangan tartibda sarflanadi.
15. Pedagoglar farzandlariga oʻquv yili uchun toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorida beriladigan chegirmani qoplash uchun davlat oliy taʼlim tashkilotlariga Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar yetarli boʻlmagan taqdirda, ular belgilangan tartibda idoraviy mansubligiga koʻra tegishli vazirlik va idoralarga qoʻshimcha budjet mablagʻlari ajratilishi yuzasidan murojaat qiladi.
16. Pedagoglar farzandlariga oʻquv yili uchun toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorida beriladigan chegirma summasi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha belgilangan toʻlov-kontrakt (stipendiyasiz) qiymatiga 30 foiz ekvivalent hisobida qoplanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
17. Davlat oliy taʼlim tashkiloti rektori (filial direktori) pedagoglar farzandlariga oʻquv yili uchun taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha belgilangan toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorida beriladigan chegirma summasini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan belgilangan tartibda qoplab berish uchun masʼul hisoblanadi.
18. Pedagog farzandlariga toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorida beriladigan chegirma summasini toʻliq qoplab berish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar davlat oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.
19. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlarning maqsadli va samarali sarflanishi nazorati vazirlik va idoralarning ichki audit va moliyaviy nazorat xizmatlari hamda vakolatli organlar tomonidan amalga oshiriladi.
20. Pedagog farzandlarining otasi yoki onasi pedagog toifasidan chiqarilgan taqdirda, keyingi oʻquv yilidan boshlab unga chegirma qoʻllash toʻxtatiladi.
21. Pedagog farzandlariga chegirmalar toʻgʻri belgilanishini doimiy nazorat qilish davlat oliy taʼlim tashkiloti rektori (filial direktori), masʼul boʻlinma boshligʻi, bosh buxgalteri va bosh auditori zimmasiga yuklanadi.
22. Talabalarga chegirma notoʻgʻri qoʻllanganda, davlat oliy taʼlim tashkilotining masʼul boʻlinmasi hamda buxgalteriyasi tomonidan chegirma qoʻllangan toʻlov-kontrakt shartnomasi qayta koʻrib chiqiladi, unga tegishli oʻzgartirish kiritiladi hamda chegirilgan mablagʻlar toʻlab berilgan hollarda ushbu mablagʻlarni qaytarish choralari koʻriladi.
23. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
24. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Pedagoglarning davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan hamda tahsil olayotgan farzandlarining toʻlov-kontrakt summasiga chegirma berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Pedagoglarning davlat oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga kirgan hamda tahsil olayotgan farzandlari toʻlov-kontrakt summasiga chegirma berish bilan bogʻliq xarajatlarini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan qoplab berish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Talaba Maxsus axborot tizimi orqali toʻlov-kontrakt shartnomasini olish boʻyicha ariza yuboradi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Davlat oliy taʼlim tashkilotining toʻlov-kontrakt shartnomalarini rasmiylashtirishga masʼul boʻlgan boʻlinmasi Elektron tarzda yuborilgan arizani “ R aqamli hukumat ” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasidan olingan maʼlumotlar asosida koʻrib chiqadi va Nizom talablari asosida shartnomani shakllantiradi yoki arizani rad etib, qayta ishlashga yuboradi. 2 ish kun i da 3-bosqich Davlat oliy taʼlim tashkilotlari Pedagoglar farzandlariga oʻquv yili uchun toʻlov-kontrakt summasiga 30 foiz miqdorida beriladigan chegirmani qoplab berish uchun pedagoglar farzandlarining roʻyxatiga muvofiq hisob-kitoblarni Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga yuboradi. Har oʻquv yilining 10-apreliga qadar 4-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Davlat oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan pedagoglar farzandlari roʻyxatiga asosan tegishli mablagʻlarni oliy taʼlim tashkilotlarining budjet mablagʻlari boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazish yuzasidan Iqtisodiyot va moliya vazirligiga soʻrovnoma taqdim etadi. 10 ish kun i da 5-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Belgilangan tartibda mablagʻlarni tegishli davlat oliy taʼlim tashkilotlarining budjet mablagʻlari boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazadi. Har oʻquv yili uchun 1-mayga qadar 6-bosqich Davlat oliy taʼlim tashkilotlari Pedagoglar farzandlari uchun ajratilgan budjet mablagʻlari budjetdan tashqari (toʻlov-kontrakt) mablagʻlari boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazadi, soʻrovnomada shakllantirilgan roʻyxat boʻyicha talabalarga biriktiradi va belgilangan tartibda sarflaydi. Belgilangan muddatlarda
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 17-sentabr,
501 -son