📅 2026-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 17 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимида магистратура босқичида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида» 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда магистратурада илм-фан, техника ва технологияларнинг замонавий ютуқларини инобатга олган ҳолда, кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идораларнинг 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида магистратурада кадрлар тайёрлашни тегишли бакалавриат негизидаги аниқ мутахассислик бўйича назарий билимлар ҳамда фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишлари (илмий-ижодий ишлар)га мувофиқ, шунингдек, мутахассисликка мос корхона ва ташкилотларда тадқиқот ишлари, амалиёт (стажировка)ларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Магистратура тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
магистратура босқичида кадрларни ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган (камида 1 йил) ҳамда илмий-педагогик дастурга йўналтирилган (камида 2 йил) ҳолда тайёрлаш;
магистратурада таълим жараёнини аниқ магистратура мутахассислиги ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклларида ташкил этиш;
дастлабки ҳимояга қадар магистрлик диссертацияси бўйича илмий раҳбар (илмий маслаҳатчи) хулосаси ва плагиатга йўл қўйилмаганини тасдиқловчи маълумотнома (сертификат)ни тақдим этиш ҳамда диссертацияни «Яширин эксперт тақризи»дан ўтказиш талабини белгилаш;
ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган магистратура битирувчиларига мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб, лойиҳа иши, конструкторлик лойиҳаси, стартап лойиҳаси, рационализаторлик ғояси, амалий-ижодий асар ва бошқа турдаги ишлардан бирини тайёрлаб, уни ҳимоя қилиш;
илмий-педагогик дастурга йўналтирилган магистратура битирувчилар томонидан магистрлик диссертацияси тайёрлаб, уни ҳимоя қилиш;
магистрлик диссертациясининг мавзуси, қисқача аннотацияси ва ҳимоя кунини олий таълим ташкилоти веб-сайтида эълон қилиш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
магистратурада таълим жараёни бакалавриат негизида, кадрлар буюртмачилари иштирокида ва касбий стандартлар асосида ишлаб чиқилган аниқ магистратура мутахассислиги бўйича малака талаблари, ўқув режа ва дастурларига мувофиқ мутахассисликка қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади;
иш берувчи ташкилотлар талаблари асосида магистрларни мақсадли тайёрлаш амалга оширилади;
магистрлик диссертацияларининг ҳимояси илмий-тадқиқот ишининг хусусиятидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти, Фанлар академияси ёки тегишли тармоқ илмий-тадқиқот ёхуд ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларининг бирида ташкил этилади;
олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишувига мувофиқ магистрлик диссертацияларини 2 та талаба ҳамкорлигида фанлараро боғлиқлик асосида тайёрлашга рухсат этилади.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб магистратура босқичида кадрлар тайёрлаш мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган камида 1 йил ҳамда илмий-педагогик дастурга йўналтирилган камида 2 йил этиб белгиланади. Бунда:
ўқув жараёни ишлаб чиқариш (амалий) дастури ва илмий-педагогик дастурга йўналтирилган ҳолда ташкил этилади;
ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган магистрларни тайёрлаш умумий курслардан бирлашган маърузалар ҳамда мутахассисликка мос ташкилотлар базасидаги амалиётлар асосида амалга оширилади;
илмий-педагогик дастурга йўналтирилган магистрларни тайёрлаш умумий курслардан бирлашган маърузалар асосида назарий билимлар ҳамда фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишлари (илмий-ижодий ишлар)га мувофиқ ташкил этилади;
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ўқиш даврида Scopus ҳамда Web of Science маълумотлар базаларида бўлган журналларда мақола эълон қилган магистратура талабаларини белгиланган тартибда рағбатлантириб боришга рухсат этилади.
5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
уч ой муддатда Олий таълим жараёнларини бошқариш — НEMIS ахборот тизимида магистратура таълимини мувофиқлаштириш бўйича модулни жорий этсин ҳамда магистрлар фаолияти мониторингини мазкур тизим орқали юритиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 500-сон қарорига 1-ИЛОВА
Магистратура тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1.Ушбу Низом олий таълим ташкилотларида магистрлар тайёрлашнинг асосий қоидалари ва тартибини, илғор хорижий тажрибалар асосида магистрлик диссертацияси мазмуни ва сифатига қўйиладиган мезонлар ва талабларни белгилайди.
2. Мазкур Низом:
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети ҳамда олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган, белгиланган тартибда фаолияти хусусиятлардан келиб чиқиб, магистрлар тайёрлашни амалга ошираётган республикадаги хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотлари учун тавсиявий тусга эга ҳисобланади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган магистратура — мутахассисларнинг муайян касбий соҳада амалий кўникма ва малакаларини чуқурлаштириш, замонавий ишлаб чиқариш жараёнларига мослаштириш ҳамда профессионал фаолиятда мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантиришга қаратилган камида 1 йиллик таълим дастури;
илмий-педагогик дастурга йўналтирилган магистратура — юқори малакали илмий ва педагогик кадрларни тайёрлаш, магистрантларда илмий-тадқиқот олиб бориш, назарий муаммоларни таҳлил қилиш, илмий натижаларни ишлаб чиқиш ва таълим жараёнида қўллаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган камида 2 йиллик таълим дастури;
магистрлик диссертацияси — магистратура босқичи битирувчиси томонидан ўқув жараёни давомида бажариладиган, тегишли мутахассисликка (соҳага) оид аниқ илмий-амалий масаланинг (муаммонинг) ечимига қаратилган илмий-тадқиқот иши;
плагиат — бошқа шахснинг илмий, ижодий ёки бошқа турдаги ишларини ўзлаштириб, ўз номидан тақдим этиш;
рационализаторлик ғояси — мавжуд жараён, ишлаш усули ёки маҳсулотни такомиллаштиришга қаратилган янги ва самарали таклиф;
стартап лойиҳаси — инновацион ғояга асосланган янги бизнес ташаббуси бўлган, илгари бозорда тақдим этилмаган ёки мавжудларидан сезиларли даражада фарқ қиладиган ноёб маҳсулот ёки хизмат кўрсатиш бўйича таклиф;
«яширин эксперт гуруҳи» — олий таълим ташкилоти томонидан магистрлик диссертацияларининг сифати, мазмуни, илмий янгилиги ва амалий аҳамиятини холисона баҳолаш мақсадида тегишли соҳалар бўйича етакчи олимлар, педагоглар ҳамда юқори малакали мутахассислардан шакллантириладиган мустақил экспертлар гуруҳи.
4. Магистратура аниқ мутахассислик бўйича бакалавриат негизида ўқитиш камида бир йил давом этадиган олий таълим босқичи ҳисобланади.
Магистратурада ўқиш давомийлиги мутахассисликларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
5. Магистратура босқичида кадрлар тайёрлаш мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган камида 1 йил ҳамда илмий-педагогик дастурга йўналтирилган камида 2 йил этиб белгиланади.
Ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган магистратурада таҳсил олаётган талабалар мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб, лойиҳа иши, конструкторлик лойиҳаси, стартап лойиҳаси, рационализаторлик ғояси, амалий-ижодий асар ва бошқа турдаги ишлардан бирини тайёрлаб, уни ҳимоя қилади.
Бунда лойиҳалар ишлаб чиқаришдаги амалда мавжуд муаммолар ечимига қаратилган бўлиши шарт.
Илмий-педагогик дастурга йўналтирилган магистратурада таҳсил олаётган талабалар магистрлик диссертацияси тайёрлаб, уни ҳимоя қилади.
6. Ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган магистратура мутахассислиги талабаларининг лойиҳа иши, конструкторлик лойиҳаси, стартап лойиҳаси, рационализаторлик ғояси, амалий-ижодий асари ва бошқа турдаги ишлари, уларга қўйиладиган талаблар, шунингдек, уларни ҳимоя қилиш тартиби мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилотининг мутахассислик кафедраси томонидан белгиланади ҳамда олий таълим ташкилоти Кенгаши томонидан янги ўқув йили бошлангунга қадар тасдиқланади.
7. Тегишли мутахассисликлар бўйича магистрлар давлат аккредитациясидан ўтган олий таълим ташкилотларида давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ тайёрланади.
8. Олий таълим ташкилотларида магистрларни тайёрлаш Магистратура бўлими ёки таркибида мутахассислик кафедралари бўлган деканатлар (факультет ташкил этилмаган олий таълим ташкилотларида ўқув-услубий бўлинма) томонидан мувофиқлаштирилади.
Магистратура бўлими ёки таркибида мутахассислик кафедралари бўлган деканатлар (факультет ташкил этилмаган олий таълим ташкилотларида ўқув-услубий бўлинма) кафедралар билан биргаликда:
магистрлар тайёрлаш бўйича ўқув жараёнини ташкил этади ва амалга оширади, уларга тақдим этилаётган таълим сифатини назорат қилишга кўмаклашади;
кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида ўқув режаларини мувофиқлаштиради;
ўқув, амалиёт ва илмий-тадқиқот ишларининг амалга оширилишини таъминлайди;
олий таълим ташкилотлари таркибий бўлинмаларининг магистрлар тайёрлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
магистрлик диссертациялари ҳамда магистратура талабаларининг лойиҳа иши, конструкторлик лойиҳаси, стартап лойиҳаси, рационализаторлик ғояси, амалий-ижодий асари ва бошқа турдаги ишлари мавзуларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва бажарилишини мувофиқлаштиради;
магистратура талабаларини ўқитиш ва уларнинг келгусида ишга жойлашиши устидан тизимли назорат ўрнатиш, магистрлар тайёрлаш масалаларини таҳлил қилиш ва улар юзасидан мунтазам равишда ҳисоботлар тайёрлашни таъминлайди.
9. Магистратурада магистрлар бирлашган маърузалар асосида назарий билимлар ҳамда фундаментал ва амалий илмий-тадқиқот ишлари (илмий-ижодий ишлар)га мувофиқ тайёрланади.
10. Магистратура талабаларининг амалиётлари мутахассисликка мос ташкилотлар базасида ташкил этилади.
2-боб. Магистрлар тайёрлашнинг мақсади ва касбий фаолиятининг асосий йўналишлари
11. Магистр:
танлаган мутахассислиги бўйича илмий-тадқиқот, илмий-педагогик ва касбий фаолиятни юритишга;
иш берувчи ташкилотларда самарали фаолият олиб боришга;
касбий фаолиятда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга;
магистрлик тайёргарлигига мувофиқ мутахассислик бўйича таянч докторантура (мустақил изланувчилик)да таълимни давом эттиришга тайёрланади.
12. Магистр ўз мутахассислиги, илмий ва илмий-педагогик тайёргарлигига мувофиқ касбий фаолиятининг:
ишлаб чиқариш;
илмий-педагогик;
илмий-ижодий;
илмий-тадқиқот ва тажриба;
лойиҳа-конструкторлик;
лойиҳа-технологик;
бошқарув, шунингдек, мутахассислигига мувофиқ бошқа фаолият турлари бўйича шуғулланиши мумкин.
3-боб. Магистратурада таълим жараёнини ташкил этиш
13. Магистратурада таълим жараёни магистратура мутахассислиги ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклларида ташкил этилиши мумкин.
14. Ўқув жараёнининг хусусиятлари ва ўқитиш муддатлари (1 йилдан 3 йилгача) ҳисобга олинган ҳолда, тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар билан келишилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кўрсатмасига мувофиқ айрим магистратура мутахассисликлари ўқув режа ва дастурларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
15. Магистратурада таълим жараёнини ташкил этишга қуйидаги талаблар қўйилади:
олий таълим ташкилотининг магистратура мутахассисликлари бўйича илмий-педагогик кадрлар билан, шу жумладан, кадрлар тайёрлаш йўналишига (ёки мутахассисликка) мос келувчи илмий даража ёки унвонга эга бўлган педагоглар ва мутахассислар билан таъминлангани;
назарий ва лаборатория машғулотларини ўтказиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шу жумладан, магистрлик диссертацияларига қўйиладиган талабларга мос ҳолда уларни тайёрлаш учун зарур ўқув-методик ҳамда моддий-техник базанинг мавжудлиги;
ўқув режа ва дастурларига мувофиқ корхона ва ташкилотларда магистратура талабаларининг амалиёти, стажировкаси ва магистрлик диссертацияларининг тажриба-синов ишларини ўтказиши учун ушбу ташкилотлар билан олий таълим ташкилоти (факультет, кафедралар) ўртасида тузилган шартномалар ва келишувларнинг мавжудлиги;
магистратура талабаларини тайёрлаш жараёнига Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари, ташкилотлар, тармоқ илмий-изланувчилик ва лойиҳа муассасаларининг етакчи олимлари, шунингдек, хорижий олимлар, юқори малакали ва илмий даражага эга мутахассисларнинг, заруратга кўра, соатбай асосида жалб этилгани.
16. Магистратура талабасининг ўқув-методик, илмий-тадқиқот, педагогик ишлари, амалиёт, стажировкани ўташи ва магистрлик диссертациясини тайёрлаш бўйича фаолияти магистратура талабасининг календарь-иш режасига биноан амалга оширилади.
17. Магистратура талабасининг календарь-иш режаси мазмуни илмий раҳбар билан биргаликда биринчи курснинг биринчи семестри давомида ишлаб чиқилади ҳамда олий таълим ташкилотининг илмий ишлар ва инновацияларга масъул бўлган проректори (филиал директори ўринбосари) томонидан тасдиқланади.
Магистратура талабаси ўзининг календарь-иш режаси бажарилиши бўйича ҳар чоракда бир маротаба кафедра йиғилишида ҳисобот беради.
Кафедра мудири ҳар ўқув семестри якунида тегишли факультет кенгаши ёки магистратура бўлими йиғилишида магистратура талабаларининг календарь-иш режалари бажарилиши юзасидан ҳисобот беради.
4-боб. Магистратуранинг қўшма таълим дастурлари
18. Олий таълим ташкилотлари магистратура босқичида Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлардаги олий таълим ташкилотлари билан белгиланган тартибда тўлов-контракт асосида қўшма таълим дастурларини жорий этиши мумкин.
19. Магистратуранинг қўшма таълим дастурлари асосида олий таълим ташкилотларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти жойлашган давлатда тан олинадиган диплом ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг давлат намунасидаги диплом берилади.
20. Магистратуранинг қўшма таълим дастурида ўқув жараёни хорижий тилларда ёки Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат тилида ёхуд қўшма таълим дастурлари бўйича ҳамкор хорижий олий таълим ташкилотлари жойлашган мамлакатларнинг таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тилда ўзаро келишув асосида ташкил этилади.
21. Талабаларнинг ҳамкор олий таълим ташкилотида ўқиш давомийлиги олий таълим ташкилотлари ўртасидаги ўзаро келишув асосида белгиланади.
22. Ҳар бир ҳамкор олий таълим ташкилоти(лари)нинг педагоглари бошқа олий таълим ташкилоти(лари)нинг ўқув жараёнида қўшма таълим дастурини ишлаб чиқишда, диссертация ва малакавий амалиётларга раҳбарлик қилишда ҳамда имтиҳонларни ўтказиш ва қабул қилиш бўйича ишчи гуруҳларда иштирок этиши мумкин.
5-боб. Магистратурада педагогик фаолиятга жалб этиладиган ўқитувчиларнинг вазифалари ва уларга қўйиладиган умумий малака талаблари
23. Магистратурада педагоглар таркиби ҳар йили август ойида масъул кафедра томонидан шакллантирилади.
Магистратурада педагогик фаолиятга жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар:
ўқув машғулотларини сифатли ва талаб даражасида ўтади;
ўқув, илмий ва ўқув-методик ишларни режалаштиради, ташкил этади ва назорат қилади;
илмий-тадқиқот ишларига ва магистратура талабаларининг магистрлик диссертацияларини тайёрлаш жараёнига раҳбарлик қилади;
кафедра ихтисослиги бўйича илмий, илмий-тадқиқот семинарларини ташкил этади ва уларда иштирок этади;
талабалар илмий семинарларини бошқаради;
магистратуранинг тегишли мутахассислиги бўйича ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқади;
кафедра илмий тадқиқотлари йўналишлари доирасида ташкил этиладиган йиғилишлар ва конференцияларда, шу жумладан, халқаро анжуманларда иштирок этади;
магистратура талабаларининг мустақил ишларини ташкил этади ва режалаштиради;
магистратура талабалари учун ўқув адабиётлари қўлёзмаларини тайёрлайди ҳамда нашрга тайёрлашда иштирок этади;
магистратура талабасининг календарь-иш режаси бажарилишини назорат қилади.
24. Магистратурада педагогик фаолиятга жалб этиладиган профессор-ўқитувчиларга қуйидаги малака талаблари қўйилади:
фанни чуқур билиш ҳамда унинг назарий асосларини ва муҳим ютуқларга эришиш йўлларини кўра билиш малакасига эга бўлиш;
илмий муаммолар бўйича таклифларни ишлаб чиқа олиш, тадқиқотлар ўтказа олиш ва уларнинг натижалари бўйича чоп этилган илмий ишларга эга бўлиш;
магистратура талабаларининг алоҳида хусусиятлари, шахсий сифатлари ва диссертация мақсадларини ҳисобга олган ҳолда, педагогик фаолият йўналишларини белгилаш кўникмасига эга бўлиш;
магистратура талабаларининг билим ва малакаларни эгаллашига имконият берадиган инновацион педагогик технологияларни қўллаш;
педагогик вазифаларни шакллантириш ва уларни амалга оширишнинг мақбул ечимларини топиш малакасига эга бўлиш;
магистратура талабаларининг касбий қобилиятини ривожлантиришга йўналтирилган инновацион курсларни ишлаб чиқиш бўйича амалий тажрибага эга бўлиш;
маълумотларни тизимлаштириш ва излаш орқали ўз билимини такомиллаштириш учун доимий ўрганиш, маълумотларни электрон қайта ишлашда ахборот-коммуникация ва мультимедиа технологияларидан фойдаланиш кўникмасига эга бўлиш.
25. Магистратурада педагогик фаолият юритишга илмий даража (жумладан, фан номзоди, фалсафа доктори (PhD), фан доктори (DSc) ёки уларга тенглаштирилган бошқа илмий даража) ёхуд илмий унвонга эга бўлган педагоглар ва мутахассислар жалб қилинади.
6-боб. Магистратура талабаларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
26. Магистратура талабалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
танланган соҳани ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларига мувофиқ билимларни олиш;
олий таълим ташкилоти фаолияти билан боғлиқ муҳим масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишда бевосита иштирок этиш;
олий таълим ташкилоти ахборот-ресурс марказлари хизматларидан, шу жумладан, ўқув-методик ва илмий адабиётлардан, шунингдек, олий таълим ташкилотининг уставида белгиланган тартибда бошқа турдаги хизматлардан бепул фойдаланиш;
илмий-тадқиқот ишларида, конференциялар ва симпозиумларда иштирок этиш;
ўз илмий-тадқиқот ишларини илмий нашрларда чоп этишга тақдим қилиш;
олий таълим ташкилоти Кенгаши тавсиясига мувофиқ етакчи хорижий ва республика таълим (илмий) ташкилотларида амалиёт ўташ, стажировкада бўлиш ёки магистрлик диссертациясининг тажриба-синов қисмларини бажариш учун ушбу ташкилотлар билан тегишли келишувлар мавжуд бўлганда, уларга йўлланма олиш;
олий таълим ташкилоти раҳбариятининг қарорларидан норози бўлган тақдирда, тегишли ташкилотларга белгиланган тартибда шикоят қилиш;
талабалар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва миқдорлардаги стипендия, Давлат стипендияси ҳамда ўқишга йўллаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан тайинланадиган стипендияларни олиш.
Магистратура талабаси қонунчилик ҳужжатларида ёки олий таълим ташкилоти уставида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
27. Магистратура талабалари:
магистратуранинг тегишли мутахассислиги бўйича ўқув режалари ва фан дастурларида назарда тутилган билимларни эгаллаши ва ўзлаштириши;
таълим дастурида назарда тутилган тегишли топшириқларни белгиланган муддатларда бажариши;
олий таълим ташкилотининг устави талабларига ва ички тартиб-қоидаларига риоя этиши;
магистрлик диссертациясини тайёрлаши (фақат илмий-педагогик дастурга йўналтирилган талабалар учун);
лойиҳа иши, конструкторлик лойиҳаси, стартап лойиҳаси, рационализаторлик ғояси, амалий-ижодий асар ва бошқа турдаги ишлардан бирини бажариши (фақат ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган талабалар учун) шарт.
Магистратура талабаси зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
7-боб. Магистратура талабалари фаолияти назорати
28. Магистратура талабаси фаолияти устидан доимий назорат қилиш ва магистратурада таълим жараёнини ташкил этиш сифатини ошириш мақсадида олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) буйруғи билан етакчи ўқитувчилар таркибидан иборат, Фанлар академияси илмий муассасалари олимлари, кадрлар истеъмолчилари бўлган ташкилотларнинг мутахассисларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) тузилади.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳар йили апрель-май ойларида магистратура талабаси фаолияти назорати амалга оширилади.
29. Магистратура талабаси фаолияти назорати қуйидаги кўрсаткичлар асосида олиб борилади:
магистратура талабасининг календарь-иш режасининг белгиланган муддатларда бажарилиши;
илмий мақола ёки республика ёхуд халқаро миқёсдаги илмий конференцияда тезис чоп этгани (ҳар ўқув йилида камида 1 та илмий мақола ёки 2 та тезис);
илмий семинарларда иштирок этгани;
мутахассислик фанларини ўзлаштириш даражаси;
магистрлик диссертациясининг дастлабки ҳимоядан ўтгани, агар у назорат даврида режалаштирилган бўлса.
30. Таълим жараёнининг хусусиятлари ва ўқиш муддатларини ҳисобга олиб, тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан айрим магистратура мутахассисликлари назорат кўрсаткичларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
31. Назорат қилиш жараёнида магистратура талабалари билан суҳбатлар ўтказилади, тегишли таклиф ва тавсиялар берилади.
32. Уқув йили охирида Ишчи гуруҳ назорат якунлари бўйича олий таълим ташкилоти Кенгашида ҳисобот тақдим этади.
8-боб. Магистрлик диссертацияси мавзусини танлаш ва илмий раҳбарни тайинлаш
33. Магистрлик диссертацияси магистратура талабасининг ўқув дастурларини ўзлаштириш жараёнида орттирган назарий ва амалий билимлари асосида тайёрланган, мустақил илмий-тадқиқот ишининг якуний натижаси ҳисобланади.
34. Магистрлик диссертацияси мавзусини танлаш ва илмий раҳбарни тайинлаш биринчи курснинг биринчи семестрида амалга оширилади.
Магистрлик диссертацияларининг мавзулари олий таълим ташкилотларида кафедра профессор-ўқитувчилари, Фанлар академияси илмий муассасалари, тармоқ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш муассасалари ходимлари иштирокида шакллантирилади.
Магистрлик диссертацияси мавзуси илмий ёки амалий жиҳатдан янгиликка эга бўлиши лозим.
Олдинги йилларда ўрганилган мавзулар доирасида тадқиқот олиб боришга фақат янги объект, янги маълумотлар базаси, янги методология, янги амалий ечим ёки янги илмий натижага асосланган тақдирда, рухсат этилади.
35. Магистрлик диссертациясига илмий раҳбарлик олий таълим ташкилотларида ишлайдиган профессорлар, фан докторлари (фан доктори (DSc), доцентлар, фан номзодлари (фалсафа доктори (PhD), Фанлар академияси илмий муассасалари олимлари, ташкилотларнинг юқори малакали, илмий даражали ёки илмий унвонга эга мутахассислари, шунингдек, илмий даража ёки илмий унвонга эга бўлган хорижий мутахассислар томонидан амалга оширилади.
36. Магистратура талабаси ўқиётган олий таълим ташкилотида ишламайдиган ходимлардан унга илмий раҳбар тайинланган тақдирда, талабага қўшимча равишда тегишли кафедра профессор-ўқитувчилари таркибидан илмий маслаҳатчи тайинланади.
Белгиланган талабларга мувофиқ магистрлик диссертациясини бажариш доирасида илмий раҳбар билан бир хил масъулият илмий маслаҳатчига ҳам юкланади.
37. Магистратура талабаси ўқиётган олий таълим ташкилотида ишламайдиган ходимлар таркибидан бўлган илмий раҳбар меҳнатига ҳақ тўлаш белгиланган тартибда меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари бўйича бир ўқув йилига бир магистратура талабаси учун 50 соатдан ошмаган ҳажмда, тегишли олий таълим ташкилоти харажатлар сметасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
38. Магистратура талабаси ўқиётган олий таълим ташкилоти ходимлари таркибидан бўлган илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчининг магистрлик диссертациясини тайёрлаш бўйича вазифалари уларнинг олий таълим ташкилотида ўқув йили шахсий иш режаси билан белгиланадиган ўқув юкламасига киритилади.
39. Бир ўқув йилида фан доктори (DSc) ёки профессор олтитагача, шунингдек, доцент ёхуд фан номзоди (PhD) тўрттагача магистрлик диссертациясига ёки магистрга раҳбарликни амалга ошириши мумкин.
Бунда фан номзоди, фалсафа доктори (PhD), фан доктори (DSc)ларига белгиланган меъёрлар уларга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
40. Кафедралар томонидан тақдим этилган ва олий таълим ташкилоти ёки факультет кенгашида муҳокама қилинган магистратура талабаларининг магистрлик диссертациялари мавзулари ва уларнинг илмий раҳбарлари (илмий маслаҳатчилари) илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) тақдимномасига асосан магистратура талабалари ўқиётган биринчи ўқув йилининг биринчи семестрида тегишли олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан тасдиқланади.
41. Қуйидагилар илмий раҳбар (маслаҳатчи)нинг мажбуриятлари ҳисобланади:
тадқиқот мавзуси доирасида юзага келиши мумкин бўлган масалалар бўйича тизимли равишда ёрдам бериш мақсадида маслаҳатлар жадвалини тузиш;
тадқиқот усулларини танлашда иштирок этиш ва уларни тадқиқот ишида қўллашда магистратура талабасига кўмаклашиш;
магистратура талабасининг белгиланган календарь-иш режаси бўйича ишларнинг бажарилишини ва магистрлик диссертацияси ўз вақтида тайёрланишини назорат қилиш;
магистрлик диссертациясининг қисқача аннотацияси ва ҳимоя куни олий таълим ташкилотининг веб-сайтида эълон қилинишини таъминлаш;
магистрлик диссертациясида плагиатга йўл қўйилмаслигини таъминлаш;
дастлабки ҳимоягача магистрлик диссертациясига хулоса бериш.
9-боб. Магистрлик диссертациясининг таркибий қисмлари ва унинг мазмунига қўйиладиган талаблар
42. Магистрлик диссертацияси магистратура талабаси томонидан талабанинг календарь-иш режасига мувофиқ тайёрланади.
Магистрлик диссертацияси қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлиши керак:
титул варақ;
уч тилда (давлат тили, ўқитиш тили ва инглиз тилида) магистрлик диссертациясининг қисқача аннотацияси;
мундарижа;
кириш (5 — 10 фоиз);
асосий қисм: адабиётлар шарҳи, методология, таҳлил, натижалар ва устувор йўналишлар (90 фоизгача);
хулоса ва таклифлар (2 — 5 фоиз);
адабиётлар рўйхати;
иловалар (мавжуд бўлса).
43. Магистрлик диссертациясининг кириш қисми қуйидагиларни қисқача ўз ичига олиши лозим:
мавзунинг асосланиши ва долзарблиги;
тадқиқотнинг мақсади ва вазифалари;
тадқиқотнинг илмий янгилиги;
тадқиқотнинг асосий муаммолари ва саволлари;
тадқиқот объекти ва предмети;
тадқиқот натижаларининг илмий-назарий ва амалий аҳамияти;
диссертация таркибининг қисқача тавсифи.
44. Магистрлик диссертациясининг асосий қисми камида уч бобдан иборат бўлиб, боблар ҳажм жиҳатидан ўзаро мутаносиб бўлиши ва адабиётлар шарҳи, методология, таҳлил, натижалар ва устувор йўналишларни ўз ичига олиши лозим:
адабиётлар шарҳида тадқиқот мавзуси бўйича бошқа манбаларда келтирилган назарий, амалий ва эмпирик тадқиқотлар натижаларининг танқидий таҳлили ёритилади, тадқиқотда гипотезалар келтирилади ва улар асослантирилади;
методология қисмида тадқиқотни амалга оширишда қўлланган илмий ёндашувлар, усуллар ва инструментлар тизимли равишда баён этилади. Бундан ташқари, тадқиқот доирасида муаммони ҳал этишга олиб борувчи услубий ёндашув, яъни тадқиқотнинг концептуал модели шакллантирилиб, унинг асосида амалий натижаларга эришиш йўллари кўрсатилади;
таҳлил ва натижалар қисмида тадқиқот иши жараёнида амалга оширилган таҳлиллар ҳамда эришилган илмий ва амалий натижалар келтирилади;
устувор йўналишлар қисмида соҳани ривожлантиришнинг қисқа, ўрта ва узоқ муддатли устувор йўналишлари белгиланади, стратегик мақсад ва вазифалар тизимлаштирилади, уларни амалга ошириш механизмлари (институционал, ташкилий-иқтисодий, молиявий ва инновацион механизмлар) асослаб берилади, шунингдек, илғор хорижий тажрибаларни миллий шароитга мослаштириш имкониятлари кўрсатилади ҳамда самарадорликни ошириш йўллари таклиф этилади;
хулоса ва таклифлар қисмида барча бобларда қайд этилган натижаларнинг илмий ва амалий аҳамияти, шунингдек, илмий-тадқиқот муаммосини ҳал этиш бўйича хулосалар ёритилади ҳамда илмий-амалий таклифлар келтирилади.
45. Магистрлик диссертациясига унинг мазмунини баён этиш учун бевосита зарур бўлган қўшимча маълумотларни ўз ичига олган материаллар илова қилиниши мумкин. Илова қисмининг ҳажми магистрлик диссертацияси умумий ҳажмининг учдан бир қисмидан ошмаслиги лозим.
46. Магистрлик диссертацияси устида ишлаётган магистратура талабаси плагиат, маълумотларни сохталаштириш ва ёлғон иқтибослар келтиришга йўл қўймаслиги лозим.
47. Диссертация матни стандарт варақда ёзилган бўлиб, унда қуйидаги қоидаларга риоя этилган бўлиши лозим:
қаторлар оралиғи — 1,5 белгили;
юқори ва пастки ҳошия 2 см, сатр боши: чап томондан 3 см, ўнг томондан 2 см;
хатбошилар орасидаги оралиқ — 5 ёки 6 белгили.
Магистрлик диссертацияси матнини «Times New Roman» шрифтида (14 ўлчамли) Microsoft Word матн муҳарририда ёзиш тавсия этилади.
48. Магистрлик диссертациясининг ҳажми титул варақ, мундарижа, адабиётлар рўйхати ва иловалардан ташқари, қоида тариқасида, 70 саҳифагача бўлади.
Иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар йўналишдаги диссертацияларнинг 10 фоизгача кўпроқ ҳажмда тайёрланишига йўл қўйилади.
49. Магистрлик диссертацияси магистратура талабаси ўқиган тилда (кафедра ёки Магистратура бўлими тавсиясига мувофиқ чет тилида) тайёрланади. Чет тилида тайёрланган магистрлик диссертациясига давлат тилида ёзилган аннотация илова қилинади. Бундай магистрлик диссертацияларининг дастлабки ва расмий ҳимоялари таржима билан ўтказилади.
50. Магистрлик диссертацияларининг қисқача аннотациялари ва ҳимоя кунлари олий таълим ташкилотларининг веб-сайтларида ҳимоядан камида 10 кун олдин эълон қилинади.
10-боб. Магистрлик диссертацияси ҳимоясини ўтказиш тартиби
51. Магистрлик диссертацияси ҳимояси олий таълим ташкилотининг илмий ишлар ва инновацияларга масъул проректори (филиал директори ўринбосари) томонидан тасдиқланган жадвал асосида дастлабки ва расмий ҳимоя шаклида ўтказилади.
52. Магистрлик диссертациясининг дастлабки ҳимояси илмий раҳбар (илмий маслаҳатчи) иштирокида кафедра томонидан тузилган комиссия ҳузурида ташкил этилади.
Дастлабки ҳимояга бошқа кафедралардан, шунингдек, бошқа ташкилотлардан мутахассислар таклиф этилиши мумкин.
53. Дастлабки ҳимояга қадар магистрлик диссертацияси бўйича илмий раҳбар (илмий маслаҳатчи) хулосаси, плагиатга йўл қўйилмаганини тасдиқловчи антиплагиат дастури текширувидан белгиланган тартибда ўтказилгани тўғрисидаги маълумотнома (сертификат)ни тақдим этиш ва «Яширин эксперт тақризи» талаб этилади.
54. Магистрлик диссертацияси антиплагиат дастури асосида текширилиб, плагиатга йўл қўйилгани аниқланса, такроран бир мартагача қайта текширишдан ўтказишга рухсат берилади.
Иккинчи мартада ҳам плагиат ҳолатлари бартараф этилмаган тақдирда, диссертация ҳимояси кейинги йилга қолдирилади.
Кейинги йилда плагиат ҳолатлари бартараф этилган тақдирда, диссертацияни ҳимоя қилишга рухсат этилади.
Магистрлик диссертацияси мазмунининг ўзига хослик кўрсаткичи (фоизи) олий таълим ташкилоти томонидан мустақил равишда белгиланади.
Антиплагиат дастуридан ўтказилгандан сўнг ижобий хулоса олингач, магистрлик диссертацияси бир нусхада («Яширин эксперт гуруҳи»нинг хоҳишга кўра электрон шаклда ҳам бўлиши мумкин) «Яширин эксперт тақризи» учун кафедрага топширилади.
Магистрлик диссертацияси антиплагиат дастуридан ва «Яширин эксперт тақризи»дан ўтказиш учун дастлабки ҳимоядан камида уч ҳафта олдин кафедрага тақдим этилиши лозим.
55. Олий таълим ташкилоти томонидан тегишли йўналишлар бўйича соҳанинг етакчи олимлари, педагоглари ҳамда мутахассисларидан иборат таркибда «Яширин эксперт гуруҳи» тузилади.
«Яширин эксперт гуруҳи» аъзолари академик ҳалоллик талабларига риоя этиши ҳамда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги юзасидан олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) номига кафолат хати тақдим этади.
«Яширин эксперт гуруҳи»га олий таълим ташкилотининг ректори (филиал директори) томонидан раҳбар тайинланади.
«Яширин эксперт гуруҳи» учун олий таълим ташкилотида расмий электрон почта ташкил этилади.
Топширилган магистрлик диссертациялари мутахассислик кафедраси томонидан «Яширин эксперт гуруҳи»нинг электрон почта манзилига юборилади.
Электрон почта манзилига келиб тушган магистрлик диссертациялари «Яширин эксперт гуруҳи» раҳбари томонидан тегишли педагог ёки мутахассисга тақдим этилади.
«Яширин эксперт гуруҳи» аъзоси магистрлик диссертациясини уч кун муддатда кўриб чиқиб, «Яширин эксперт тақризи»ни (имзосиз, кадрлар бўлими ёки девонхона муҳри билан) магистрлик диссертацияси юборилган электрон почта манзилига юборади.
«Яширин эксперт гуруҳи» аъзоси тақриз салбий бўлган тақдирда, диссертацияни қайта ишлаш зарурлиги ёки тақриз ижобий бўлган тақдирда, магистрлик диссертацияси кейинги босқичга тавсия этилиши тўғрисида электрон почта орқали маълум қилади.
Магистрлик диссертацияси ушбу Низомнинг 9-бобида келтирилган талабларга мос келмаган ҳолатларда, шунингдек, ушбу ҳолатларни қисқа муддатда тузатиш имконияти мавжуд бўлмаганда, тақризчи магистрлик диссертациясини ҳимояга қўйиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса беради.
56. Диссертация расмий ҳимоя санасидан камида бир ой олдин дастлабки ҳимоядан ўтказилиши лозим.
Дастлабки ҳимояга қадар магистратура талабаси ички ва ташқи ҳамда илмий раҳбар тақризларига, шунингдек, диссертация мавзусига доир илмий мақола ёки тезисга эга бўлиши керак.
Дастлабки ҳимоя якуни кафедра йиғилиши баённомаси билан расмийлаштирилади.
57. Ички ва ташқи тақризчиларни олий таълим ташкилотининг тегишли кафедраси тавсия этади ва уларнинг рўйхати илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) томонидан тасдиқланади.
58. Қуйидагилар тақризчининг вазифалари ҳисобланади:
магистрлик диссертацияси мавзусининг долзарблиги, илмий янгилиги ва тугаллангани тўғрисида хулоса тақдим этиш;
дастлабки ҳимоядан камида уч кун олдин тақриз тақдим этиш;
магистрлик диссертацияси ишининг назарий ва амалий аҳамияти ҳақида умумий хулоса бериш ва уни баҳолаш;
академик ҳалоллик талабларининг бузилиши ҳолатлари, жумладан, плагиатга йўл қўйиш, маълумотларни сохталаштириш, ёлғон иқтибос келтириш ва бошқалар аниқланган тақдирда, уларни тақризда кўрсатиш.
59. Магистрлик диссертациясининг расмий ҳимояси олий таълим ташкилотининг якуний давлат аттестацияси комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан ўтказилади.
60. Магистрлик диссертациясининг расмий ҳимояси тақдимот материаллари билан баён этилиши ва 20 дақиқадан ошмаслиги лозим.
61.Расмий ҳимояда Комиссия аъзолари магистратура талабасини қуйидаги мезонлар асосида баҳолайди:
магистрлик диссертацияси тадқиқот мавзусининг долзарблигини ва унинг амалиёт билан боғлиқлигини кўрсатиб бера олиши;
магистратура талабасининг тадқиқотга ва вазифаларни ҳал этишга мустақил ёндашуви;
фойдаланилган илмий адабиётлар, илмий нашрлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, статистик маълумотлар, шунингдек, хорижий тиллардаги адабиётлар танқидий таҳлилининг тўлиқлиги ва чуқурлиги;
тадқиқот усуллари амалиётда қўлланганининг асослангани;
олинган натижалар асосида ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалий аҳамияти;
магистратура талабасининг магистрлик диссертацияси доирасида ўтказилган тадқиқотлар ва олинган натижаларни ривожлантириш истиқболларини кўра билиш қобилияти;
магистрлик диссертациясининг назарий ва амалий қисмларидаги ўзаро мантиқий боғлиқликни кузата билиш малакаси.
Бунда магистрлик диссертациясининг таркибий қисмлари (кириш қисми, асосий қисми (мазмуни), хулоса ва таклифлар қисми) ҳамда тақдимотнинг талаб даражасида бажарилишига ва уларнинг баҳоланишига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
62. Магистрлик диссертацияси олий таълим ташкилотларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизимига мувофиқ аниқланади ҳамда Комиссия мажлис баёни расмийлаштирилгандан сўнг шу куннинг ўзида эълон қилинади.
63. «Қониқарсиз» баҳо қўйилганда ёки магистрлик диссертацияси расмий ҳимояга қўйилмаган тақдирда, магистратура талабаси кейинги уч йил давомида олий таълим ташкилотида Комиссия ташкил этилган даврда магистрлик диссертациясини қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Магистрлик диссертацияси ҳимоясидан ўта олмаган битирувчидан магистрлик диссертациясини қайта топшириш жараёнларида тўлов ундирилмайди.
64. Ўқув режасида белгиланган фанларни ўзлаштирган, ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётни ўтаган, аммо магистрлик диссертациясини (лойиҳа иши, конструкторлик лойиҳаси, стартап лойиҳаси, рационализаторлик ғояси, амалий-ижодий асар ва бошқа турдаги ишлар) ҳимоя қилмаган ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган ёки илмий-педагогик дастурга йўналтирилган магистратурада таҳсил олган талабаларга мутахассислиги бўйича таълим олгани тўғрисида ушбу Низомга иловага мувофиқ маълумотнома берилади.
65. Магистрлик диссертациялари расмий ҳимояси натижадорлиги олий таълим ташкилоти Кенгашида муҳокама қилинади.
66. Ҳимоя қилинган магистрлик диссертациялари олий таълим ташкилотида уч йил давомида сақланади.
11-боб. Якунловчи қоидалар
67. Магистрлик диссертацияси ҳимоясини баҳолаш натижалари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.
68. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
69. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Магистратура тўғрисидаги низомга ИЛОВА
_________________________________________________________________________________________ (олий таълим ташкилотининг номи) МАГИСТРАТУРАДА ТАЪЛИМ ОЛГАНЛИК ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТНОМА Мазкур маълумотнома ____________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________га (фамилияси, исми, отасининг исми) 20____ — 20____ йилларда _________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ (мутахассислик номи) _________________________________________________________________________________________ (дастур номи: ишлаб чиқариш/илмий-педагогик йўналиш) бўйича таълим олганлиги учун берилди. Давлат аттестацияси комиссиясининг хулосаси ________________________________________________ (ўтмади) Магистрлик диссертацияси (курс лойиҳаси, конструкторлик лойиҳаси, стартап лойиҳаси, амалий-ижодий асари ва бошқа турдаги ишлари)ни ҳимоя қилганлиги _____________________________________________ (ҳимоя қилмади) _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ Ректор (директор) _______________ ____________________________ (имзо, муҳр) (Ф.И.О.)
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 500-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Магистратура тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2015 йил 2 мартдаги 36-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарори)» 2018 йил 9 августдаги 638-сон қарорига илованинг 12-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 июндаги 345-сон қарорига 3-илованинг 14-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 358-банди .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 6 апрелдаги 143-сон қарорига илованинг 2-банди .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига уларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2024 йил 22 июлдаги 439-сон қарорига илованинг 14-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 17 сентябрь,
500-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tizimida magistratura bosqichida kadrlar tayyorlashni takomillashtirish hamda samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahallani rivojlantirish va jamiyatni yuksaltirish” yilida ustuvor yoʻnalishlar boʻyicha islohotlar dasturlari va “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha davlat dasturi toʻgʻrisida” 2026-yil 16-fevraldagi PF-22-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda magistraturada ilm-fan, texnika va texnologiyalarning zamonaviy yutuqlarini inobatga olgan holda, kadrlar tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, tizimida oliy taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirlik va idoralarning 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab oliy taʼlim tashkilotlarida magistraturada kadrlar tayyorlashni tegishli bakalavriat negizidagi aniq mutaxassislik boʻyicha nazariy bilimlar hamda fundamental va amaliy ilmiy-tadqiqot ishlari (ilmiy-ijodiy ishlar)ga muvofiq, shuningdek, mutaxassislikka mos korxona va tashkilotlarda tadqiqot ishlari, amaliyot (stajirovka)larni amalga oshirish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Magistratura toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
magistratura bosqichida kadrlarni ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan (kamida 1 yil) hamda ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan (kamida 2 yil) holda tayyorlash;
magistraturada taʼlim jarayonini aniq magistratura mutaxassisligi oʻquv rejalari va dasturlariga muvofiq kunduzgi, kechki yoki masofaviy taʼlim shakllarida tashkil etish;
dastlabki himoyaga qadar magistrlik dissertatsiyasi boʻyicha ilmiy rahbar (ilmiy maslahatchi) xulosasi va plagiatga yoʻl qoʻyilmaganini tasdiqlovchi maʼlumotnoma (sertifikat)ni taqdim etish hamda dissertatsiyani “Yashirin ekspert taqrizi”dan oʻtkazish talabini belgilash;
ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan magistratura bitiruvchilariga mutaxassislik xususiyatidan kelib chiqib, loyiha ishi, konstruktorlik loyihasi, startap loyihasi, ratsionalizatorlik gʻoyasi, amaliy-ijodiy asar va boshqa turdagi ishlardan birini tayyorlab, uni himoya qilish;
ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan magistratura bitiruvchilar tomonidan magistrlik dissertatsiyasi tayyorlab, uni himoya qilish;
magistrlik dissertatsiyasining mavzusi, qisqacha annotatsiyasi va himoya kunini oliy taʼlim tashkiloti veb-saytida eʼlon qilish.
3. Belgilab qoʻyilsinki:
magistraturada taʼlim jarayoni bakalavriat negizida, kadrlar buyurtmachilari ishtirokida va kasbiy standartlar asosida ishlab chiqilgan aniq magistratura mutaxassisligi boʻyicha malaka talablari, oʻquv reja va dasturlariga muvofiq mutaxassislikka qoʻyilgan talablardan kelib chiqqan holda tashkil etiladi;
ish beruvchi tashkilotlar talablari asosida magistrlarni maqsadli tayyorlash amalga oshiriladi;
magistrlik dissertatsiyalarining himoyasi ilmiy-tadqiqot ishining xususiyatidan kelib chiqib, oliy taʼlim tashkiloti, Fanlar akademiyasi yoki tegishli tarmoq ilmiy-tadqiqot yoxud ishlab chiqarish korxona va tashkilotlarining birida tashkil etiladi;
oliy taʼlim tashkilotlarining oʻzaro kelishuviga muvofiq magistrlik dissertatsiyalarini 2 ta talaba hamkorligida fanlararo bogʻliqlik asosida tayyorlashga ruxsat etiladi.
4. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab magistratura bosqichida kadrlar tayyorlash mutaxassislik xususiyatidan kelib chiqib, ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan kamida 1 yil hamda ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan kamida 2 yil etib belgilanadi. Bunda:
oʻquv jarayoni ishlab chiqarish (amaliy) dasturi va ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan holda tashkil etiladi;
ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan magistrlarni tayyorlash umumiy kurslardan birlashgan maʼruzalar hamda mutaxassislikka mos tashkilotlar bazasidagi amaliyotlar asosida amalga oshiriladi;
ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan magistrlarni tayyorlash umumiy kurslardan birlashgan maʼruzalar asosida nazariy bilimlar hamda fundamental va amaliy ilmiy-tadqiqot ishlari (ilmiy-ijodiy ishlar)ga muvofiq tashkil etiladi;
2026/2027 oʻquv yilidan boshlab oʻqish davrida Scopus hamda Web of Science maʼlumotlar bazalarida boʻlgan jurnallarda maqola eʼlon qilgan magistratura talabalarini belgilangan tartibda ragʻbatlantirib borishga ruxsat etiladi.
5. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin;
uch oy muddatda Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish — NEMIS axborot tizimida magistratura taʼlimini muvofiqlashtirish boʻyicha modulni joriy etsin hamda magistrlar faoliyati monitoringini mazkur tizim orqali yuritish choralarini koʻrsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 17-sentabrdagi 500-son qaroriga 1-ILOVA
Magistratura toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1.Ushbu Nizom oliy taʼlim tashkilotlarida magistrlar tayyorlashning asosiy qoidalari va tartibini, ilgʻor xorijiy tajribalar asosida magistrlik dissertatsiyasi mazmuni va sifatiga qoʻyiladigan mezonlar va talablarni belgilaydi.
2. Mazkur Nizom:
Oʻzbekiston Respublikasi Odil sudlov akademiyasi, Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi, Bank-moliya akademiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi, Toshkent davlat yuridik universiteti hamda oliy harbiy va harbiylashtirilgan taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etilmaydi;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida oʻz faoliyatini yuritayotgan, belgilangan tartibda faoliyati xususiyatlardan kelib chiqib, magistrlar tayyorlashni amalga oshirayotgan respublikadagi xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarining filiallari hamda nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari uchun tavsiyaviy tusga ega hisoblanadi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan magistratura — mutaxassislarning muayyan kasbiy sohada amaliy koʻnikma va malakalarini chuqurlashtirish, zamonaviy ishlab chiqarish jarayonlariga moslashtirish hamda professional faoliyatda mustaqil qaror qabul qilish qobiliyatini shakllantirishga qaratilgan kamida 1 yillik taʼlim dasturi;
ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan magistratura — yuqori malakali ilmiy va pedagogik kadrlarni tayyorlash, magistrantlarda ilmiy-tadqiqot olib borish, nazariy muammolarni tahlil qilish, ilmiy natijalarni ishlab chiqish va taʼlim jarayonida qoʻllash koʻnikmalarini shakllantirishga qaratilgan kamida 2 yillik taʼlim dasturi;
magistrlik dissertatsiyasi — magistratura bosqichi bitiruvchisi tomonidan oʻquv jarayoni davomida bajariladigan, tegishli mutaxassislikka (sohaga) oid aniq ilmiy-amaliy masalaning (muammoning) yechimiga qaratilgan ilmiy-tadqiqot ishi;
plagiat — boshqa shaxsning ilmiy, ijodiy yoki boshqa turdagi ishlarini oʻzlashtirib, oʻz nomidan taqdim etish;
ratsionalizatorlik gʻoyasi — mavjud jarayon, ishlash usuli yoki mahsulotni takomillashtirishga qaratilgan yangi va samarali taklif;
startap loyihasi — innovatsion gʻoyaga asoslangan yangi biznes tashabbusi boʻlgan, ilgari bozorda taqdim etilmagan yoki mavjudlaridan sezilarli darajada farq qiladigan noyob mahsulot yoki xizmat koʻrsatish boʻyicha taklif;
“yashirin ekspert guruhi” — oliy taʼlim tashkiloti tomonidan magistrlik dissertatsiyalarining sifati, mazmuni, ilmiy yangiligi va amaliy ahamiyatini xolisona baholash maqsadida tegishli sohalar boʻyicha yetakchi olimlar, pedagoglar hamda yuqori malakali mutaxassislardan shakllantiriladigan mustaqil ekspertlar guruhi.
4. Magistratura aniq mutaxassislik boʻyicha bakalavriat negizida oʻqitish kamida bir yil davom etadigan oliy taʼlim bosqichi hisoblanadi.
Magistraturada oʻqish davomiyligi mutaxassisliklarning xususiyatidan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan muvofiqlashtiriladi.
5. Magistratura bosqichida kadrlar tayyorlash mutaxassislik xususiyatidan kelib chiqib ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan kamida 1 yil hamda ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan kamida 2 yil etib belgilanadi.
Ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan magistraturada tahsil olayotgan talabalar mutaxassislik xususiyatidan kelib chiqib, loyiha ishi, konstruktorlik loyihasi, startap loyihasi, ratsionalizatorlik gʻoyasi, amaliy-ijodiy asar va boshqa turdagi ishlardan birini tayyorlab, uni himoya qiladi.
Bunda loyihalar ishlab chiqarishdagi amalda mavjud muammolar yechimiga qaratilgan boʻlishi shart.
Ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan magistraturada tahsil olayotgan talabalar magistrlik dissertatsiyasi tayyorlab, uni himoya qiladi.
6. Ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan magistratura mutaxassisligi talabalarining loyiha ishi, konstruktorlik loyihasi, startap loyihasi, ratsionalizatorlik gʻoyasi, amaliy-ijodiy asari va boshqa turdagi ishlari, ularga qoʻyiladigan talablar, shuningdek, ularni himoya qilish tartibi mutaxassislik xususiyatidan kelib chiqib, oliy taʼlim tashkilotining mutaxassislik kafedrasi tomonidan belgilanadi hamda oliy taʼlim tashkiloti Kengashi tomonidan yangi oʻquv yili boshlangunga qadar tasdiqlanadi.
7. Tegishli mutaxassisliklar boʻyicha magistrlar davlat akkreditatsiyasidan oʻtgan oliy taʼlim tashkilotlarida davlat granti va toʻlov-kontrakt asosidagi qabul parametrlariga muvofiq tayyorlanadi.
8. Oliy taʼlim tashkilotlarida magistrlarni tayyorlash Magistratura boʻlimi yoki tarkibida mutaxassislik kafedralari boʻlgan dekanatlar (fakultet tashkil etilmagan oliy taʼlim tashkilotlarida oʻquv-uslubiy boʻlinma) tomonidan muvofiqlashtiriladi.
Magistratura boʻlimi yoki tarkibida mutaxassislik kafedralari boʻlgan dekanatlar (fakultet tashkil etilmagan oliy taʼlim tashkilotlarida oʻquv-uslubiy boʻlinma) kafedralar bilan birgalikda:
magistrlar tayyorlash boʻyicha oʻquv jarayonini tashkil etadi va amalga oshiradi, ularga taqdim etilayotgan taʼlim sifatini nazorat qilishga koʻmaklashadi;
kadrlar buyurtmachilari takliflari asosida oʻquv rejalarini muvofiqlashtiradi;
oʻquv, amaliyot va ilmiy-tadqiqot ishlarining amalga oshirilishini taʼminlaydi;
oliy taʼlim tashkilotlari tarkibiy boʻlinmalarining magistrlar tayyorlash boʻyicha faoliyatini muvofiqlashtiradi va nazorat qiladi;
magistrlik dissertatsiyalari hamda magistratura talabalarining loyiha ishi, konstruktorlik loyihasi, startap loyihasi, ratsionalizatorlik gʻoyasi, amaliy-ijodiy asari va boshqa turdagi ishlari mavzularini ishlab chiqish, tasdiqlash va bajarilishini muvofiqlashtiradi;
magistratura talabalarini oʻqitish va ularning kelgusida ishga joylashishi ustidan tizimli nazorat oʻrnatish, magistrlar tayyorlash masalalarini tahlil qilish va ular yuzasidan muntazam ravishda hisobotlar tayyorlashni taʼminlaydi.
9. Magistraturada magistrlar birlashgan maʼruzalar asosida nazariy bilimlar hamda fundamental va amaliy ilmiy-tadqiqot ishlari (ilmiy-ijodiy ishlar)ga muvofiq tayyorlanadi.
10. Magistratura talabalarining amaliyotlari mutaxassislikka mos tashkilotlar bazasida tashkil etiladi.
2-bob. Magistrlar tayyorlashning maqsadi va kasbiy faoliyatining asosiy yoʻnalishlari
11. Magistr:
tanlagan mutaxassisligi boʻyicha ilmiy-tadqiqot, ilmiy-pedagogik va kasbiy faoliyatni yuritishga;
ish beruvchi tashkilotlarda samarali faoliyat olib borishga;
kasbiy faoliyatda zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanishga;
magistrlik tayyorgarligiga muvofiq mutaxassislik boʻyicha tayanch doktorantura (mustaqil izlanuvchilik)da taʼlimni davom ettirishga tayyorlanadi.
12. Magistr oʻz mutaxassisligi, ilmiy va ilmiy-pedagogik tayyorgarligiga muvofiq kasbiy faoliyatining:
ishlab chiqarish;
ilmiy-pedagogik;
ilmiy-ijodiy;
ilmiy-tadqiqot va tajriba;
loyiha-konstruktorlik;
loyiha-texnologik;
boshqaruv, shuningdek, mutaxassisligiga muvofiq boshqa faoliyat turlari boʻyicha shugʻullanishi mumkin.
3-bob. Magistraturada taʼlim jarayonini tashkil etish
13. Magistraturada taʼlim jarayoni magistratura mutaxassisligi oʻquv rejalari va dasturlariga muvofiq kunduzgi, kechki yoki masofaviy taʼlim shakllarida tashkil etilishi mumkin.
14. Oʻquv jarayonining xususiyatlari va oʻqitish muddatlari (1 yildan 3 yilgacha) hisobga olingan holda, tizimida oliy taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirlik va idoralar bilan kelishilib, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi koʻrsatmasiga muvofiq ayrim magistratura mutaxassisliklari oʻquv reja va dasturlariga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.
15. Magistraturada taʼlim jarayonini tashkil etishga quyidagi talablar qoʻyiladi:
oliy taʼlim tashkilotining magistratura mutaxassisliklari boʻyicha ilmiy-pedagogik kadrlar bilan, shu jumladan, kadrlar tayyorlash yoʻnalishiga (yoki mutaxassislikka) mos keluvchi ilmiy daraja yoki unvonga ega boʻlgan pedagoglar va mutaxassislar bilan taʼminlangani;
nazariy va laboratoriya mashgʻulotlarini oʻtkazish, ilmiy-tadqiqot ishlarini olib borish, shu jumladan, magistrlik dissertatsiyalariga qoʻyiladigan talablarga mos holda ularni tayyorlash uchun zarur oʻquv-metodik hamda moddiy-texnik bazaning mavjudligi;
oʻquv reja va dasturlariga muvofiq korxona va tashkilotlarda magistratura talabalarining amaliyoti, stajirovkasi va magistrlik dissertatsiyalarining tajriba-sinov ishlarini oʻtkazishi uchun ushbu tashkilotlar bilan oliy taʼlim tashkiloti (fakultet, kafedralar) oʻrtasida tuzilgan shartnomalar va kelishuvlarning mavjudligi;
magistratura talabalarini tayyorlash jarayoniga Fanlar akademiyasi ilmiy-tadqiqot institutlari, tashkilotlar, tarmoq ilmiy-izlanuvchilik va loyiha muassasalarining yetakchi olimlari, shuningdek, xorijiy olimlar, yuqori malakali va ilmiy darajaga ega mutaxassislarning, zaruratga koʻra, soatbay asosida jalb etilgani.
16. Magistratura talabasining oʻquv-metodik, ilmiy-tadqiqot, pedagogik ishlari, amaliyot, stajirovkani oʻtashi va magistrlik dissertatsiyasini tayyorlash boʻyicha faoliyati magistratura talabasining kalendar-ish rejasiga binoan amalga oshiriladi.
17. Magistratura talabasining kalendar-ish rejasi mazmuni ilmiy rahbar bilan birgalikda birinchi kursning birinchi semestri davomida ishlab chiqiladi hamda oliy taʼlim tashkilotining ilmiy ishlar va innovatsiyalarga masʼul boʻlgan prorektori (filial direktori oʻrinbosari) tomonidan tasdiqlanadi.
Magistratura talabasi oʻzining kalendar-ish rejasi bajarilishi boʻyicha har chorakda bir marotaba kafedra yigʻilishida hisobot beradi.
Kafedra mudiri har oʻquv semestri yakunida tegishli fakultet kengashi yoki magistratura boʻlimi yigʻilishida magistratura talabalarining kalendar-ish rejalari bajarilishi yuzasidan hisobot beradi.
4-bob. Magistraturaning qoʻshma taʼlim dasturlari
18. Oliy taʼlim tashkilotlari magistratura bosqichida Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy davlatlardagi oliy taʼlim tashkilotlari bilan belgilangan tartibda toʻlov-kontrakt asosida qoʻshma taʼlim dasturlarini joriy etishi mumkin.
19. Magistraturaning qoʻshma taʼlim dasturlari asosida oliy taʼlim tashkilotlarini muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarga xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti joylashgan davlatda tan olinadigan diplom hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotining davlat namunasidagi diplom beriladi.
20. Magistraturaning qoʻshma taʼlim dasturida oʻquv jarayoni xorijiy tillarda yoki Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat tilida yoxud qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha hamkor xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari joylashgan mamlakatlarning taʼlim toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tilda oʻzaro kelishuv asosida tashkil etiladi.
21. Talabalarning hamkor oliy taʼlim tashkilotida oʻqish davomiyligi oliy taʼlim tashkilotlari oʻrtasidagi oʻzaro kelishuv asosida belgilanadi.
22. Har bir hamkor oliy taʼlim tashkiloti(lari)ning pedagoglari boshqa oliy taʼlim tashkiloti(lari)ning oʻquv jarayonida qoʻshma taʼlim dasturini ishlab chiqishda, dissertatsiya va malakaviy amaliyotlarga rahbarlik qilishda hamda imtihonlarni oʻtkazish va qabul qilish boʻyicha ishchi guruhlarda ishtirok etishi mumkin.
5-bob. Magistraturada pedagogik faoliyatga jalb etiladigan oʻqituvchilarning vazifalari va ularga qoʻyiladigan umumiy malaka talablari
23. Magistraturada pedagoglar tarkibi har yili avgust oyida masʼul kafedra tomonidan shakllantiriladi.
Magistraturada pedagogik faoliyatga jalb etiladigan professor-oʻqituvchilar:
oʻquv mashgʻulotlarini sifatli va talab darajasida oʻtadi;
oʻquv, ilmiy va oʻquv-metodik ishlarni rejalashtiradi, tashkil etadi va nazorat qiladi;
ilmiy-tadqiqot ishlariga va magistratura talabalarining magistrlik dissertatsiyalarini tayyorlash jarayoniga rahbarlik qiladi;
kafedra ixtisosligi boʻyicha ilmiy, ilmiy-tadqiqot seminarlarini tashkil etadi va ularda ishtirok etadi;
talabalar ilmiy seminarlarini boshqaradi;
magistraturaning tegishli mutaxassisligi boʻyicha oʻquv reja va dasturlarini ishlab chiqadi;
kafedra ilmiy tadqiqotlari yoʻnalishlari doirasida tashkil etiladigan yigʻilishlar va konferensiyalarda, shu jumladan, xalqaro anjumanlarda ishtirok etadi;
magistratura talabalarining mustaqil ishlarini tashkil etadi va rejalashtiradi;
magistratura talabalari uchun oʻquv adabiyotlari qoʻlyozmalarini tayyorlaydi hamda nashrga tayyorlashda ishtirok etadi;
magistratura talabasining kalendar-ish rejasi bajarilishini nazorat qiladi.
24. Magistraturada pedagogik faoliyatga jalb etiladigan professor-oʻqituvchilarga quyidagi malaka talablari qoʻyiladi:
fanni chuqur bilish hamda uning nazariy asoslarini va muhim yutuqlarga erishish yoʻllarini koʻra bilish malakasiga ega boʻlish;
ilmiy muammolar boʻyicha takliflarni ishlab chiqa olish, tadqiqotlar oʻtkaza olish va ularning natijalari boʻyicha chop etilgan ilmiy ishlarga ega boʻlish;
magistratura talabalarining alohida xususiyatlari, shaxsiy sifatlari va dissertatsiya maqsadlarini hisobga olgan holda, pedagogik faoliyat yoʻnalishlarini belgilash koʻnikmasiga ega boʻlish;
magistratura talabalarining bilim va malakalarni egallashiga imkoniyat beradigan innovatsion pedagogik texnologiyalarni qoʻllash;
pedagogik vazifalarni shakllantirish va ularni amalga oshirishning maqbul yechimlarini topish malakasiga ega boʻlish;
magistratura talabalarining kasbiy qobiliyatini rivojlantirishga yoʻnaltirilgan innovatsion kurslarni ishlab chiqish boʻyicha amaliy tajribaga ega boʻlish;
maʼlumotlarni tizimlashtirish va izlash orqali oʻz bilimini takomillashtirish uchun doimiy oʻrganish, maʼlumotlarni elektron qayta ishlashda axborot-kommunikatsiya va multimedia texnologiyalaridan foydalanish koʻnikmasiga ega boʻlish.
25. Magistraturada pedagogik faoliyat yuritishga ilmiy daraja (jumladan, fan nomzodi, falsafa doktori (PhD), fan doktori (DSc) yoki ularga tenglashtirilgan boshqa ilmiy daraja) yoxud ilmiy unvonga ega boʻlgan pedagoglar va mutaxassislar jalb qilinadi.
6-bob. Magistratura talabalarining huquqlari va majburiyatlari
26. Magistratura talabalari quyidagi huquqlarga ega:
tanlangan sohani rivojlantirishning zamonaviy tendensiyalariga muvofiq bilimlarni olish;
oliy taʼlim tashkiloti faoliyati bilan bogʻliq muhim masalalarni koʻrib chiqish va hal qilishda bevosita ishtirok etish;
oliy taʼlim tashkiloti axborot-resurs markazlari xizmatlaridan, shu jumladan, oʻquv-metodik va ilmiy adabiyotlardan, shuningdek, oliy taʼlim tashkilotining ustavida belgilangan tartibda boshqa turdagi xizmatlardan bepul foydalanish;
ilmiy-tadqiqot ishlarida, konferensiyalar va simpoziumlarda ishtirok etish;
oʻz ilmiy-tadqiqot ishlarini ilmiy nashrlarda chop etishga taqdim qilish;
oliy taʼlim tashkiloti Kengashi tavsiyasiga muvofiq yetakchi xorijiy va respublika taʼlim (ilmiy) tashkilotlarida amaliyot oʻtash, stajirovkada boʻlish yoki magistrlik dissertatsiyasining tajriba-sinov qismlarini bajarish uchun ushbu tashkilotlar bilan tegishli kelishuvlar mavjud boʻlganda, ularga yoʻllanma olish;
oliy taʼlim tashkiloti rahbariyatining qarorlaridan norozi boʻlgan taqdirda, tegishli tashkilotlarga belgilangan tartibda shikoyat qilish;
talabalar uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartib va miqdorlardagi stipendiya, Davlat stipendiyasi hamda oʻqishga yoʻllagan jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan tayinlanadigan stipendiyalarni olish.
Magistratura talabasi qonunchilik hujjatlarida yoki oliy taʼlim tashkiloti ustavida belgilangan boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
27. Magistratura talabalari:
magistraturaning tegishli mutaxassisligi boʻyicha oʻquv rejalari va fan dasturlarida nazarda tutilgan bilimlarni egallashi va oʻzlashtirishi;
taʼlim dasturida nazarda tutilgan tegishli topshiriqlarni belgilangan muddatlarda bajarishi;
oliy taʼlim tashkilotining ustavi talablariga va ichki tartib-qoidalariga rioya etishi;
magistrlik dissertatsiyasini tayyorlashi (faqat ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan talabalar uchun);
loyiha ishi, konstruktorlik loyihasi, startap loyihasi, ratsionalizatorlik gʻoyasi, amaliy-ijodiy asar va boshqa turdagi ishlardan birini bajarishi (faqat ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan talabalar uchun) shart.
Magistratura talabasi zimmasiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
7-bob. Magistratura talabalari faoliyati nazorati
28. Magistratura talabasi faoliyati ustidan doimiy nazorat qilish va magistraturada taʼlim jarayonini tashkil etish sifatini oshirish maqsadida oliy taʼlim tashkiloti rektori (filial direktori) buyrugʻi bilan yetakchi oʻqituvchilar tarkibidan iborat, Fanlar akademiyasi ilmiy muassasalari olimlari, kadrlar isteʼmolchilari boʻlgan tashkilotlarning mutaxassislarini jalb etgan holda ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda — Ishchi guruh) tuziladi.
Ishchi guruh tomonidan har yili aprel-may oylarida magistratura talabasi faoliyati nazorati amalga oshiriladi.
29. Magistratura talabasi faoliyati nazorati quyidagi koʻrsatkichlar asosida olib boriladi:
magistratura talabasining kalendar-ish rejasining belgilangan muddatlarda bajarilishi;
ilmiy maqola yoki respublika yoxud xalqaro miqyosdagi ilmiy konferensiyada tezis chop etgani (har oʻquv yilida kamida 1 ta ilmiy maqola yoki 2 ta tezis);
ilmiy seminarlarda ishtirok etgani;
mutaxassislik fanlarini oʻzlashtirish darajasi;
magistrlik dissertatsiyasining dastlabki himoyadan oʻtgani, agar u nazorat davrida rejalashtirilgan boʻlsa.
30. Taʼlim jarayonining xususiyatlari va oʻqish muddatlarini hisobga olib, tizimida oliy taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirlik va idoralar bilan kelishgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan ayrim magistratura mutaxassisliklari nazorat koʻrsatkichlariga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.
31. Nazorat qilish jarayonida magistratura talabalari bilan suhbatlar oʻtkaziladi, tegishli taklif va tavsiyalar beriladi.
32. Uquv yili oxirida Ishchi guruh nazorat yakunlari boʻyicha oliy taʼlim tashkiloti Kengashida hisobot taqdim etadi.
8-bob. Magistrlik dissertatsiyasi mavzusini tanlash va ilmiy rahbarni tayinlash
33. Magistrlik dissertatsiyasi magistratura talabasining oʻquv dasturlarini oʻzlashtirish jarayonida orttirgan nazariy va amaliy bilimlari asosida tayyorlangan, mustaqil ilmiy-tadqiqot ishining yakuniy natijasi hisoblanadi.
34. Magistrlik dissertatsiyasi mavzusini tanlash va ilmiy rahbarni tayinlash birinchi kursning birinchi semestrida amalga oshiriladi.
Magistrlik dissertatsiyalarining mavzulari oliy taʼlim tashkilotlarida kafedra professor-oʻqituvchilari, Fanlar akademiyasi ilmiy muassasalari, tarmoq ilmiy-tadqiqot va loyihalashtirish muassasalari xodimlari ishtirokida shakllantiriladi.
Magistrlik dissertatsiyasi mavzusi ilmiy yoki amaliy jihatdan yangilikka ega boʻlishi lozim.
Oldingi yillarda oʻrganilgan mavzular doirasida tadqiqot olib borishga faqat yangi obyekt, yangi maʼlumotlar bazasi, yangi metodologiya, yangi amaliy yechim yoki yangi ilmiy natijaga asoslangan taqdirda, ruxsat etiladi.
35. Magistrlik dissertatsiyasiga ilmiy rahbarlik oliy taʼlim tashkilotlarida ishlaydigan professorlar, fan doktorlari (fan doktori (DSc), dotsentlar, fan nomzodlari (falsafa doktori (PhD), Fanlar akademiyasi ilmiy muassasalari olimlari, tashkilotlarning yuqori malakali, ilmiy darajali yoki ilmiy unvonga ega mutaxassislari, shuningdek, ilmiy daraja yoki ilmiy unvonga ega boʻlgan xorijiy mutaxassislar tomonidan amalga oshiriladi.
36. Magistratura talabasi oʻqiyotgan oliy taʼlim tashkilotida ishlamaydigan xodimlardan unga ilmiy rahbar tayinlangan taqdirda, talabaga qoʻshimcha ravishda tegishli kafedra professor-oʻqituvchilari tarkibidan ilmiy maslahatchi tayinlanadi.
Belgilangan talablarga muvofiq magistrlik dissertatsiyasini bajarish doirasida ilmiy rahbar bilan bir xil masʼuliyat ilmiy maslahatchiga ham yuklanadi.
37. Magistratura talabasi oʻqiyotgan oliy taʼlim tashkilotida ishlamaydigan xodimlar tarkibidan boʻlgan ilmiy rahbar mehnatiga haq toʻlash belgilangan tartibda mehnatga soatbay haq toʻlash shartlari boʻyicha bir oʻquv yiliga bir magistratura talabasi uchun 50 soatdan oshmagan hajmda, tegishli oliy taʼlim tashkiloti xarajatlar smetasida ushbu maqsadlar uchun nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi.
38. Magistratura talabasi oʻqiyotgan oliy taʼlim tashkiloti xodimlari tarkibidan boʻlgan ilmiy rahbar va ilmiy maslahatchining magistrlik dissertatsiyasini tayyorlash boʻyicha vazifalari ularning oliy taʼlim tashkilotida oʻquv yili shaxsiy ish rejasi bilan belgilanadigan oʻquv yuklamasiga kiritiladi.
39. Bir oʻquv yilida fan doktori (DSc) yoki professor oltitagacha, shuningdek, dotsent yoxud fan nomzodi (PhD) toʻrttagacha magistrlik dissertatsiyasiga yoki magistrga rahbarlikni amalga oshirishi mumkin.
Bunda fan nomzodi, falsafa doktori (PhD), fan doktori (DSc)lariga belgilangan meʼyorlar ularga tenglashtirilgan boshqa ilmiy darajalarga nisbatan ham tatbiq etiladi.
40. Kafedralar tomonidan taqdim etilgan va oliy taʼlim tashkiloti yoki fakultet kengashida muhokama qilingan magistratura talabalarining magistrlik dissertatsiyalari mavzulari va ularning ilmiy rahbarlari (ilmiy maslahatchilari) ilmiy ishlar va innovatsiyalar boʻyicha prorektor (filial direktori oʻrinbosari) taqdimnomasiga asosan magistratura talabalari oʻqiyotgan birinchi oʻquv yilining birinchi semestrida tegishli oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori)ning buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
41. Quyidagilar ilmiy rahbar (maslahatchi)ning majburiyatlari hisoblanadi:
tadqiqot mavzusi doirasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan masalalar boʻyicha tizimli ravishda yordam berish maqsadida maslahatlar jadvalini tuzish;
tadqiqot usullarini tanlashda ishtirok etish va ularni tadqiqot ishida qoʻllashda magistratura talabasiga koʻmaklashish;
magistratura talabasining belgilangan kalendar-ish rejasi boʻyicha ishlarning bajarilishini va magistrlik dissertatsiyasi oʻz vaqtida tayyorlanishini nazorat qilish;
magistrlik dissertatsiyasining qisqacha annotatsiyasi va himoya kuni oliy taʼlim tashkilotining veb-saytida eʼlon qilinishini taʼminlash;
magistrlik dissertatsiyasida plagiatga yoʻl qoʻyilmasligini taʼminlash;
dastlabki himoyagacha magistrlik dissertatsiyasiga xulosa berish.
9-bob. Magistrlik dissertatsiyasining tarkibiy qismlari va uning mazmuniga qoʻyiladigan talablar
42. Magistrlik dissertatsiyasi magistratura talabasi tomonidan talabaning kalendar-ish rejasiga muvofiq tayyorlanadi.
Magistrlik dissertatsiyasi quyidagi tarkibiy qismlardan iborat boʻlishi kerak:
titul varaq;
uch tilda (davlat tili, oʻqitish tili va ingliz tilida) magistrlik dissertatsiyasining qisqacha annotatsiyasi;
mundarija;
kirish (5 — 10 foiz);
asosiy qism: adabiyotlar sharhi, metodologiya, tahlil, natijalar va ustuvor yoʻnalishlar (90 foizgacha);
xulosa va takliflar (2 — 5 foiz);
adabiyotlar roʻyxati;
ilovalar (mavjud boʻlsa).
43. Magistrlik dissertatsiyasining kirish qismi quyidagilarni qisqacha oʻz ichiga olishi lozim:
mavzuning asoslanishi va dolzarbligi;
tadqiqotning maqsadi va vazifalari;
tadqiqotning ilmiy yangiligi;
tadqiqotning asosiy muammolari va savollari;
tadqiqot obyekti va predmeti;
tadqiqot natijalarining ilmiy-nazariy va amaliy ahamiyati;
dissertatsiya tarkibining qisqacha tavsifi.
44. Magistrlik dissertatsiyasining asosiy qismi kamida uch bobdan iborat boʻlib, boblar hajm jihatidan oʻzaro mutanosib boʻlishi va adabiyotlar sharhi, metodologiya, tahlil, natijalar va ustuvor yoʻnalishlarni oʻz ichiga olishi lozim:
adabiyotlar sharhida tadqiqot mavzusi boʻyicha boshqa manbalarda keltirilgan nazariy, amaliy va empirik tadqiqotlar natijalarining tanqidiy tahlili yoritiladi, tadqiqotda gipotezalar keltiriladi va ular asoslantiriladi;
metodologiya qismida tadqiqotni amalga oshirishda qoʻllangan ilmiy yondashuvlar, usullar va instrumentlar tizimli ravishda bayon etiladi. Bundan tashqari, tadqiqot doirasida muammoni hal etishga olib boruvchi uslubiy yondashuv, yaʼni tadqiqotning konseptual modeli shakllantirilib, uning asosida amaliy natijalarga erishish yoʻllari koʻrsatiladi;
tahlil va natijalar qismida tadqiqot ishi jarayonida amalga oshirilgan tahlillar hamda erishilgan ilmiy va amaliy natijalar keltiriladi;
ustuvor yoʻnalishlar qismida sohani rivojlantirishning qisqa, oʻrta va uzoq muddatli ustuvor yoʻnalishlari belgilanadi, strategik maqsad va vazifalar tizimlashtiriladi, ularni amalga oshirish mexanizmlari (institutsional, tashkiliy-iqtisodiy, moliyaviy va innovatsion mexanizmlar) asoslab beriladi, shuningdek, ilgʻor xorijiy tajribalarni milliy sharoitga moslashtirish imkoniyatlari koʻrsatiladi hamda samaradorlikni oshirish yoʻllari taklif etiladi;
xulosa va takliflar qismida barcha boblarda qayd etilgan natijalarning ilmiy va amaliy ahamiyati, shuningdek, ilmiy-tadqiqot muammosini hal etish boʻyicha xulosalar yoritiladi hamda ilmiy-amaliy takliflar keltiriladi.
45. Magistrlik dissertatsiyasiga uning mazmunini bayon etish uchun bevosita zarur boʻlgan qoʻshimcha maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan materiallar ilova qilinishi mumkin. Ilova qismining hajmi magistrlik dissertatsiyasi umumiy hajmining uchdan bir qismidan oshmasligi lozim.
46. Magistrlik dissertatsiyasi ustida ishlayotgan magistratura talabasi plagiat, maʼlumotlarni soxtalashtirish va yolgʻon iqtiboslar keltirishga yoʻl qoʻymasligi lozim.
47. Dissertatsiya matni standart varaqda yozilgan boʻlib, unda quyidagi qoidalarga rioya etilgan boʻlishi lozim:
qatorlar oraligʻi — 1,5 belgili;
yuqori va pastki hoshiya 2 sm, satr boshi: chap tomondan 3 sm, oʻng tomondan 2 sm;
xatboshilar orasidagi oraliq — 5 yoki 6 belgili.
Magistrlik dissertatsiyasi matnini “Times New Roman” shriftida (14 oʻlchamli) Microsoft Word matn muharririda yozish tavsiya etiladi.
48. Magistrlik dissertatsiyasining hajmi titul varaq, mundarija, adabiyotlar roʻyxati va ilovalardan tashqari, qoida tariqasida, 70 sahifagacha boʻladi.
Iqtisodiy va ijtimoiy-gumanitar yoʻnalishdagi dissertatsiyalarning 10 foizgacha koʻproq hajmda tayyorlanishiga yoʻl qoʻyiladi.
49. Magistrlik dissertatsiyasi magistratura talabasi oʻqigan tilda (kafedra yoki Magistratura boʻlimi tavsiyasiga muvofiq chet tilida) tayyorlanadi. Chet tilida tayyorlangan magistrlik dissertatsiyasiga davlat tilida yozilgan annotatsiya ilova qilinadi. Bunday magistrlik dissertatsiyalarining dastlabki va rasmiy himoyalari tarjima bilan oʻtkaziladi.
50. Magistrlik dissertatsiyalarining qisqacha annotatsiyalari va himoya kunlari oliy taʼlim tashkilotlarining veb-saytlarida himoyadan kamida 10 kun oldin eʼlon qilinadi.
10-bob. Magistrlik dissertatsiyasi himoyasini oʻtkazish tartibi
51. Magistrlik dissertatsiyasi himoyasi oliy taʼlim tashkilotining ilmiy ishlar va innovatsiyalarga masʼul prorektori (filial direktori oʻrinbosari) tomonidan tasdiqlangan jadval asosida dastlabki va rasmiy himoya shaklida oʻtkaziladi.
52. Magistrlik dissertatsiyasining dastlabki himoyasi ilmiy rahbar (ilmiy maslahatchi) ishtirokida kafedra tomonidan tuzilgan komissiya huzurida tashkil etiladi.
Dastlabki himoyaga boshqa kafedralardan, shuningdek, boshqa tashkilotlardan mutaxassislar taklif etilishi mumkin.
53. Dastlabki himoyaga qadar magistrlik dissertatsiyasi boʻyicha ilmiy rahbar (ilmiy maslahatchi) xulosasi, plagiatga yoʻl qoʻyilmaganini tasdiqlovchi antiplagiat dasturi tekshiruvidan belgilangan tartibda oʻtkazilgani toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma (sertifikat)ni taqdim etish va “Yashirin ekspert taqrizi” talab etiladi.
54. Magistrlik dissertatsiyasi antiplagiat dasturi asosida tekshirilib, plagiatga yoʻl qoʻyilgani aniqlansa, takroran bir martagacha qayta tekshirishdan oʻtkazishga ruxsat beriladi.
Ikkinchi martada ham plagiat holatlari bartaraf etilmagan taqdirda, dissertatsiya himoyasi keyingi yilga qoldiriladi.
Keyingi yilda plagiat holatlari bartaraf etilgan taqdirda, dissertatsiyani himoya qilishga ruxsat etiladi.
Magistrlik dissertatsiyasi mazmunining oʻziga xoslik koʻrsatkichi (foizi) oliy taʼlim tashkiloti tomonidan mustaqil ravishda belgilanadi.
Antiplagiat dasturidan oʻtkazilgandan soʻng ijobiy xulosa olingach, magistrlik dissertatsiyasi bir nusxada (“Yashirin ekspert guruhi”ning xohishga koʻra elektron shaklda ham boʻlishi mumkin) “Yashirin ekspert taqrizi” uchun kafedraga topshiriladi.
Magistrlik dissertatsiyasi antiplagiat dasturidan va “Yashirin ekspert taqrizi”dan oʻtkazish uchun dastlabki himoyadan kamida uch hafta oldin kafedraga taqdim etilishi lozim.
55. Oliy taʼlim tashkiloti tomonidan tegishli yoʻnalishlar boʻyicha sohaning yetakchi olimlari, pedagoglari hamda mutaxassislaridan iborat tarkibda “Yashirin ekspert guruhi” tuziladi.
“Yashirin ekspert guruhi” aʼzolari akademik halollik talablariga rioya etishi hamda manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymasligi yuzasidan oliy taʼlim tashkiloti rektori (filial direktori) nomiga kafolat xati taqdim etadi.
“Yashirin ekspert guruhi”ga oliy taʼlim tashkilotining rektori (filial direktori) tomonidan rahbar tayinlanadi.
“Yashirin ekspert guruhi” uchun oliy taʼlim tashkilotida rasmiy elektron pochta tashkil etiladi.
Topshirilgan magistrlik dissertatsiyalari mutaxassislik kafedrasi tomonidan “Yashirin ekspert guruhi”ning elektron pochta manziliga yuboriladi.
Elektron pochta manziliga kelib tushgan magistrlik dissertatsiyalari “Yashirin ekspert guruhi” rahbari tomonidan tegishli pedagog yoki mutaxassisga taqdim etiladi.
“Yashirin ekspert guruhi” aʼzosi magistrlik dissertatsiyasini uch kun muddatda koʻrib chiqib, “Yashirin ekspert taqrizi”ni (imzosiz, kadrlar boʻlimi yoki devonxona muhri bilan) magistrlik dissertatsiyasi yuborilgan elektron pochta manziliga yuboradi.
“Yashirin ekspert guruhi” aʼzosi taqriz salbiy boʻlgan taqdirda, dissertatsiyani qayta ishlash zarurligi yoki taqriz ijobiy boʻlgan taqdirda, magistrlik dissertatsiyasi keyingi bosqichga tavsiya etilishi toʻgʻrisida elektron pochta orqali maʼlum qiladi.
Magistrlik dissertatsiyasi ushbu Nizomning 9-bobida keltirilgan talablarga mos kelmagan holatlarda, shuningdek, ushbu holatlarni qisqa muddatda tuzatish imkoniyati mavjud boʻlmaganda, taqrizchi magistrlik dissertatsiyasini himoyaga qoʻyish maqsadga muvofiq emasligi toʻgʻrisida xulosa beradi.
56. Dissertatsiya rasmiy himoya sanasidan kamida bir oy oldin dastlabki himoyadan oʻtkazilishi lozim.
Dastlabki himoyaga qadar magistratura talabasi ichki va tashqi hamda ilmiy rahbar taqrizlariga, shuningdek, dissertatsiya mavzusiga doir ilmiy maqola yoki tezisga ega boʻlishi kerak.
Dastlabki himoya yakuni kafedra yigʻilishi bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi.
57. Ichki va tashqi taqrizchilarni oliy taʼlim tashkilotining tegishli kafedrasi tavsiya etadi va ularning roʻyxati ilmiy ishlar va innovatsiyalar boʻyicha prorektor (filial direktori oʻrinbosari) tomonidan tasdiqlanadi.
58. Quyidagilar taqrizchining vazifalari hisoblanadi:
magistrlik dissertatsiyasi mavzusining dolzarbligi, ilmiy yangiligi va tugallangani toʻgʻrisida xulosa taqdim etish;
dastlabki himoyadan kamida uch kun oldin taqriz taqdim etish;
magistrlik dissertatsiyasi ishining nazariy va amaliy ahamiyati haqida umumiy xulosa berish va uni baholash;
akademik halollik talablarining buzilishi holatlari, jumladan, plagiatga yoʻl qoʻyish, maʼlumotlarni soxtalashtirish, yolgʻon iqtibos keltirish va boshqalar aniqlangan taqdirda, ularni taqrizda koʻrsatish.
59. Magistrlik dissertatsiyasining rasmiy himoyasi oliy taʼlim tashkilotining yakuniy davlat attestatsiyasi komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tomonidan oʻtkaziladi.
60. Magistrlik dissertatsiyasining rasmiy himoyasi taqdimot materiallari bilan bayon etilishi va 20 daqiqadan oshmasligi lozim.
61.Rasmiy himoyada Komissiya aʼzolari magistratura talabasini quyidagi mezonlar asosida baholaydi:
magistrlik dissertatsiyasi tadqiqot mavzusining dolzarbligini va uning amaliyot bilan bogʻliqligini koʻrsatib bera olishi;
magistratura talabasining tadqiqotga va vazifalarni hal etishga mustaqil yondashuvi;
foydalanilgan ilmiy adabiyotlar, ilmiy nashrlar, normativ-huquqiy hujjatlar, statistik maʼlumotlar, shuningdek, xorijiy tillardagi adabiyotlar tanqidiy tahlilining toʻliqligi va chuqurligi;
tadqiqot usullari amaliyotda qoʻllanganining asoslangani;
olingan natijalar asosida ishlab chiqilgan tavsiyalarning amaliy ahamiyati;
magistratura talabasining magistrlik dissertatsiyasi doirasida oʻtkazilgan tadqiqotlar va olingan natijalarni rivojlantirish istiqbollarini koʻra bilish qobiliyati;
magistrlik dissertatsiyasining nazariy va amaliy qismlaridagi oʻzaro mantiqiy bogʻliqlikni kuzata bilish malakasi.
Bunda magistrlik dissertatsiyasining tarkibiy qismlari (kirish qismi, asosiy qismi (mazmuni), xulosa va takliflar qismi) hamda taqdimotning talab darajasida bajarilishiga va ularning baholanishiga alohida eʼtibor qaratilishi lozim.
62. Magistrlik dissertatsiyasi oliy taʼlim tashkilotlarida talabalar bilimini nazorat qilish va baholash tizimiga muvofiq aniqlanadi hamda Komissiya majlis bayoni rasmiylashtirilgandan soʻng shu kunning oʻzida eʼlon qilinadi.
63. “Qoniqarsiz” baho qoʻyilganda yoki magistrlik dissertatsiyasi rasmiy himoyaga qoʻyilmagan taqdirda, magistratura talabasi keyingi uch yil davomida oliy taʼlim tashkilotida Komissiya tashkil etilgan davrda magistrlik dissertatsiyasini qayta himoya qilish huquqiga ega.
Magistrlik dissertatsiyasi himoyasidan oʻta olmagan bitiruvchidan magistrlik dissertatsiyasini qayta topshirish jarayonlarida toʻlov undirilmaydi.
64. Oʻquv rejasida belgilangan fanlarni oʻzlashtirgan, ishlab chiqarish va malakaviy amaliyotni oʻtagan, ammo magistrlik dissertatsiyasini (loyiha ishi, konstruktorlik loyihasi, startap loyihasi, ratsionalizatorlik gʻoyasi, amaliy-ijodiy asar va boshqa turdagi ishlar) himoya qilmagan ishlab chiqarish (amaliy) dasturiga yoʻnaltirilgan yoki ilmiy-pedagogik dasturga yoʻnaltirilgan magistraturada tahsil olgan talabalarga mutaxassisligi boʻyicha taʼlim olgani toʻgʻrisida ushbu Nizomga ilovaga muvofiq maʼlumotnoma beriladi.
65. Magistrlik dissertatsiyalari rasmiy himoyasi natijadorligi oliy taʼlim tashkiloti Kengashida muhokama qilinadi.
66. Himoya qilingan magistrlik dissertatsiyalari oliy taʼlim tashkilotida uch yil davomida saqlanadi.
11-bob. Yakunlovchi qoidalar
67. Magistrlik dissertatsiyasi himoyasini baholash natijalari yuzasidan belgilangan tartibda shikoyat qilish mumkin.
68. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
69. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Magistratura toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
_________________________________________________________________________________________ (oliy taʼlim tashkilotining nomi) MAGISTRATURADA TAʼLIM OLGANLIK TOʻGʻRISIDA MAʼLUMOTNOMA Mazkur maʼlumotnoma ____________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ga (familiyasi, ismi, otasining ismi) 20____ — 20____ yillarda _________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ (mutaxassislik nomi) _________________________________________________________________________________________ (dastur nomi: ishlab chiqarish/ilmiy-pedagogik yoʻnalish) boʻyicha taʼlim olganligi uchun berildi. Davlat attestatsiyasi komissiyasining xulosasi ________________________________________________ (oʻtmadi) Magistrlik dissertatsiyasi (kurs loyihasi, konstruktorlik loyihasi, startap loyihasi, amaliy-ijodiy asari va boshqa turdagi ishlari)ni himoya qilganligi _____________________________________________ (himoya qilmadi) _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ Rektor (direktor) _______________ ____________________________ (imzo, muhr) (F.I.O.)
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 17-sentabrdagi 500-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Magistratura toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2015-yil 2-martdagi 36-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash haqida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat huquqiy siyosatini amalga oshirishda adliya organlari va muassasalari faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 13-apreldagi PF-5415-son Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son qarori)” 2018-yil 9-avgustdagi 638-son qaroriga ilovaning 12-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari reytingini aniqlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-iyundagi 345-son qaroriga 3-ilovaning 14-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 358-bandi .
5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Huquqni muhofaza qilish akademiyasida oliy taʼlim va oliy taʼlimdan keyingi taʼlimga qabul qilish va oʻqitish tartibini belgilash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 6-apreldagi 143-son qaroriga ilovaning 2-bandi .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga ularni qonun hujjatlariga muvofiqlashtirishni nazarda tutuvchi oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2024-yil 22-iyuldagi 439-son qaroriga ilovaning 14-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 17-sentabr,
500-son