📅 2026-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 17 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш, истиқболли ёшларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга йўналтириш учун олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида республика фан ҳамда халқаро миқёсда ташкил этиладиган олимпиадаларда талабаларнинг муносиб иштирок этишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида республика ва қўшимча фан олимпиадаларини ташкил этиш тартиби;
талабаларни халқаро олимпиадаларга саралаш ва уларнинг халқаро олимпиадаларда иштирок этиш тартиби;
олимпиада ғолибларини ва уларнинг устозларини рағбатлантириш тартиби;
олимпиадаларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбаларини белгилаш тартиби.
2. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
икки ой муддатда олий таълим ташкилотлари томонидан талабаларнинг фундаментал ва муҳандислик фанларидан халқаро олимпиадаларда иштирокини кенгайтириб боришга қаратилган «Йўл харитаси»ни тасдиқласин;
уч ой муддатда олий таълим ташкилотлари талабалари иштирок этишлари учун халқаро эътироф этилган олимпиадалар рўйхатини тасдиқласин ва заруратга кўра, янгилаб борсин;
ҳар йили 1 сентябрга қадар олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари рўйхати ва олимпиадаларни ўтказиш муддатларини тасдиқласин;
2027 йил 1 январга қадар кимё ва биология фанларидан талабалар ўртасида халқаро фан олимпиадаларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
3. Олий таълим ташкилотларида фан олимпиадаларини юқори савияда ташкил этиш ва ғолибларни белгиланган тартибда рағбатлантиришга олий таълим ташкилотлари ректор (директор)лари масъул этиб белгилансин.
4. Белгилансинки, халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларга ҳамроҳлик қилувчи устозларининг иштироки билан боғлиқ харажатлар Олий таълимни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 499-сон қарорига ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, барча олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабалар ўртасида республика фан олимпиадаси, халқаро олимпиада ҳамда қўшимча фан олимпиадасини (кейинги ўринларда — олимпиадалар) ташкил этиш, ўтказиш ҳамда ғолибларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ахборот тизими — олимпиада иштирокчиларини рўйхатга олиш, жараёнларни мониторинг қилиш ва натижаларни шаффоф эълон қилиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан юритиладиган ягона электрон платформа;
олимпиада ғолиблари — олимпиадаларнинг якуний босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни (ёки тегишли равишда олтин, кумуш ва бронза медалларини) қўлга киритган талабалар;
республика фан олимпиадаси — Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқлари асосида Вазирлик томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган кўп босқичли фан мусобақаси;
халқаро олимпиада — халқаро ташкилотлар ёки нуфузли хорижий таълим ташкилотлари томонидан фундаментал, муҳандислик ва амалий фанлар йўналишида ташкил этиладиган, талабаларнинг таҳлилий фикрлаш ва тадқиқотчилик салоҳиятини баҳоловчи, Вазирлик томонидан экспертлар хулосасига биноан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган нуфузли интеллектуал мусобақа;
қўшимча фан олимпиадаси — муайян олий таълим ташкилотида Вазирлик билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, давлат ёки нодавлат таълим ташкилотлари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этиладиган муайян соҳа ёки фан йўналишлари бўйича ташкил этиладиган мусобақа.
3. Олимпиадалар илмий-услубий ёндашув, адолатлилик, очиқлик ва барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш тамойиллари асосида ташкил этилади.
4. Олимпиадалар учун назорат материалларини (тест, ёзма ва амалий топшириқлар) ишлаб чиқиш, иқтидорли талабалар захирасини шакллантириш ҳамда ташкилий жараёнларни мувофиқлаштириш Вазирлик ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан амалга оширилади.
5. Назорат материаллари талабаларнинг нафақат назарий билимини, балки мураккаб стандарт ва ностандарт вазиятларда муаммони ҳал қилиш ҳамда касбий компетенцияларини баҳолашга қаратилади.
6. Талабалар олимпиадаларда ихтиёрийлик асосида иштирок этади.
2-боб. Олимпиадаларнинг мақсади ва асосий вазифалари
7. Қуйидагилар олимпиадаларнинг мақсади ҳисобланади:
олий таълим ташкилотлари талабалари орасидан энг иқтидорлиларини тизимли равишда аниқлаш ва саралаб олиш;
иқтидорли ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда уларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга мақсадли йўналтириш;
интеллектуал меҳнатни қадрлаш, талабалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;
талабаларнинг нуфузли халқаро олимпиадалардаги иштирокини кенгайтириш ва юқори натижадорликка эришиш;
миллий таълим тизимининг халқаро рейтингини ошириш орқали мамлакатнинг интеллектуал ва инсон капиталини ривожлантириш.
8. Қуйидагилар олимпиадаларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
олимпиада жараёнларини ташкил этишда рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали баҳолашнинг холислиги, шаффофлиги ва натижаларнинг очиқлигини таъминлаш;
талабаларнинг назарий билимларини амалий ва ностандарт вазифаларни ҳал этишда қўллаш кўникмаларини ҳамда касбий маҳорат даражасини аниқлаш;
нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этувчи республика фан олимпиадалари ғолибларидан иборат миллий терма жамоалар захирасини шакллантириш ва улар учун мақсадли ўқув-интенсив машғулотларини ташкил этиш;
иқтидорли талабаларнинг ягона маълумотлар базасини юритиш орқали уларнинг илмий-касбий ривожланиш жараёнларини доимий кузатиб бориш ва қўллаб-қувватлаш;
олимпиада натижалари асосида олий таълим ташкилотларидаги таълим сифати ва ўқув дастурларининг замонавий талабларга мувофиқлигини қиёсий таҳлил қилиш;
олимпиада ғолибларини юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналари, илмий-тадқиқот марказлари ва инновацион кластерларга жалб этиш механизмларини яратиш;
республика фан олимпиадалари ва халқаро олимпиадалар ғолибларини ҳамда уларни тайёрлаган устозларни моддий ва маънавий рағбатлантиришни таъминлаш.
3-боб. Республика фан олимпиадаларини ташкил этиш тартиби
9. Республика фан олимпиадаларини ташкил этиш ва ўтказиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
10. Республика фан олимпиадаларининг тегишли босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш учун Вазирлик ҳамда олий таълим ташкилотлари томонидан ташкилий қўмиталар тузилади.
Республика фан олимпиадалари икки босқичда ташкил этилади ва ўтказилади:
I босқич (олий таълим ташкилоти босқичи) — олий таълим ташкилотларида бакалавриат босқичи талабалари ўртасида ўтказилади. Унда 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган ғолиблар кейинги босқичга тавсия этилади. I босқични юқори савияда ўтказишга олий таълим ташкилоти раҳбари шахсан масъул ҳисобланади;
II босқич (республика босқичи) — I босқич ғолиблари ўртасида Вазирлик томонидан белгиланган таянч олий таълим ташкилотларида ўтказилади. Иштирокчиларнинг республика фан олимпиадалари ўтказиладиган манзилга хавфсиз келиб-кетишларини таъминлашга тегишли олий таълим ташкилотлари раҳбарлари масъул ҳисобланади.
11. Қуйидагилар Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
республика фан олимпиадалари ўтказиладиган жойни (таянч олий таълим ташкилотларини) белгилаш ва тасдиқлаш;
ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси таркибини юқори малакали мутахассислар ва олимлар орасидан шакллантириш;
республика фан олимпиадалари назорат турлари, шакллари, муддатлари ва баҳолаш мезонларини тасдиқлаш;
республика фан олимпиадаларининг II босқичи учун назорат материаллари ҳамда уларни баҳолаш мезонлари тайёрланишини Марказ билан биргаликда мувофиқлаштириш;
назорат материалларининг олимпиада бошлангунча ошкор этилмаслигини ҳамда жараённинг шаффоф ва адолатли ўтказилишини таъминлаш;
иштирокчилар ва уларнинг устозлари ҳақидаги маълумотларнинг ахборот тизимига киритилишини мувофиқлаштириш.
12. Ҳакамлар ҳайъати:
назорат материалларини экспертизадан ўтказади ва якуний вариантларни танлайди;
иштирокчиларнинг ишларини тасдиқланган мезонлар асосида холисона баҳолайди ҳамда натижаларни республика фан олимпиадалари ўтказилган куннинг ўзида эълон қилади;
баллар кетма-кетлиги асосида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган ғолибларни аниқлайди ва якуний қарорни ташкилий қўмитага тақдим этади;
ғолибларни холисона аниқлайди ва улар ҳақидаги маълумотлар учинчи шахсларга ошкор этилмаслигини таъминлайди.
13. Қуйидагилар олимпиадаларда шаффофликни таъминлаш талаблари ҳисобланади:
республика фан олимпиадалари ўтказиладиган аудиториялар видеокузатув камералари билан жиҳозланади;
жараён давомида алоқа воситалари ва қўшимча манбалардан фойдаланиш, шунингдек, иштирокчилар ўзаро гаплашиши тақиқланади. Ушбу талабларни бузган иштирокчилар далолатнома асосида четлаштирилади;
республика фан олимпиадалари халқаро олимпиадаларнинг талаблари ва топшириқлари методологиясини қўллаган ҳолда ўтказилади.
4-боб. Қўшимча фан олимпиадаларини ташкил этиш тартиби
14. Қўшимча фан олимпиадалари давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа юридик шахслар ташаббуси билан Вазирлик билан келишилган ҳолда ташкил этилади.
15. Қўшимча фан олимпиадасини ўтказиш учун ташаббускор ташкилот Вазирликка камида бир ой олдин қуйидаги маълумотларни илова қилган ҳолда мурожаат юборади:
олимпиаданинг мақсади, ўтказиш жойи, вақти ва қамрови;
иштирокчилар учун қўйиладиган талаблар (курси ва таълим йўналиши);
ғолиб ва уларнинг устозлари учун белгиланган мукофот жамғармаси ҳамда қўшимча имтиёзлар.
Вазирлик томонидан қўшимча фан олимпиадаси ўтказиладиган олий таълим ташкилоти белгиланади ва ташкилий қўмита таркиби тасдиқланади.
16. Вазирлик мурожаатни ўн кун муддатда кўриб чиқади ва қуйидаги ҳолларда рад жавобини бериши мумкин:
ташкилий-техник база ёки мутахассислар салоҳияти етарли бўлмаганда;
иштирокчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш чоралари етарли бўлмаганда;
ушбу Низомнинг 15-бандида келтирилган маълумотлар тўлиқ ёки қисман тақдим этилмаганда.
17. Қўшимча фан олимпиадаларини молиялаштириш, ташкил этиш ва ғолибларни рағбатлантириш харажатлари тўлиқ ташаббускор ташкилотнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
18. Қўшимча фан олимпиадалари натижаларига кўра бериладиган имтиёзлар (агар назарда тутилган бўлса) тегишли қонунчилик ҳужжатлари асосида белгиланади.
5-боб. Апелляция комиссиясини ташкил этиш
19. Олимпиадалар натижаларидан норози бўлган иштирокчилар олимпиада натижалари эълон қилинган куннинг ўзида апелляция комиссиясига ёзма мурожаат (шикоят) беришлари мумкин.
20. Апелляция комиссияси иштирокчиларнинг ёзма мурожаати (шикояти)ни кўриб чиқиш учун камида беш нафар тоқ сонли аъзодан иборат таркибда тузилади.
21. Апелляция комиссияси таркиби Ташкилий қўмита ва соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат бўлади.
22. Апелляция комиссияси таркибига Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг киритилишига йўл қўйилмайди.
23. Апелляция комиссияси олимпиадалар ўтказилган куни келиб тушган мурожаатни (шикоятни) кўриб чиқади.
Зарур ҳолларда, мурожаат (шикоят) муаллифининг, тегишли Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда олимпиадаларнинг бошқа субъектларининг фикрини эшитади.
24. Апелляция комиссияси йиғилиши унда комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
25. Апелляция комиссияси олимпиадалар жараёнларига оид мурожаатни (шикоятни) кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
олимпиадалар иштирокчисининг ишланмаси тўғри баҳоланган бўлса, шунингдек, олимпиадалар топшириқларида хато ва камчиликлар ҳамда синовларни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, олимпиадалар натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
олимпиадалар иштирокчисининг ишланмаси Ҳакамлар ҳайъати томонидан нотўғри баҳолангани аниқланган тақдирда, баҳолаш натижаларини ўзгартириш.
26. Апелляция комиссиясига бошқа иштирокчиларнинг ишларини кўриб чиқиш ва мурожаат этувчининг иши билан солиштиришга рухсат берилмайди.
27. Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган иштирокчи ишланмасида баҳолаш мезонларига мос келмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, апелляция комиссияси Ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилиш ёки уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
Бунда апелляция комиссияси апелляция натижалари бўйича асослантирилган маълумотларни кўрсатган ҳолда, олимпиадалар натижаларини ўзгартириш тўғрисида баённомани расмийлаштиради.
28. Апелляция комиссиясининг қарори йиғилиш баённомасида қайд этилади. Баённома апелляция комиссиясининг раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
29. Апелляция комиссиясининг қарори ҳақида ушбу қарор қабул қилинган куннинг ўзида мурожаат этувчи хабардор қилинади.
30. Апелляция комиссияси қарорига мувофиқ олимпиадалар натижалари ўзгарган тақдирда, Ҳакамлар ҳайъатининг қўшимча баённомаси расмийлаштирилади ва белгиланган тартибда тасдиқланади.
31. Иштирокчи апелляция комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
6-боб. Халқаро олимпиадаларда иштирок этиш тартиби
32. Ўзбекистон Республикаси талабалари иштирок этиши лозим бўлган нуфузли халқаро олимпиадалар рўйхати Вазирлик томонидан тасдиқланади ва ушбу рўйхат ҳар ўқув йили бошида янгилаб борилади.
33. Халқаро олимпиадаларда иштирок этиш учун терма жамоаларни саралаш, мақсадли тайёрлаш ва уларнинг иштирокини таъминлаш тартиби Вазирлик томонидан тасдиқланадиган алоҳида регламент асосида амалга оширилади.
7-боб. Олимпиада ғолибларини ва уларнинг устозларини рағбатлантириш ҳамда молиялаштириш тартиби
34. Республика фан олимпиадалари ғолиблари ҳамда уларнинг устозлари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин (олтин медаль) — талабага базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, устозларига — 25 баравари;
2-ўрин (кумуш медаль) — талабага базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари, устозларига — 20 баравари;
3-ўрин (бронза медаль) — талабага базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, устозларига — 15 баравари.
Халқаро олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг устозлари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин (олтин медаль) — талабага базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, устозларига — 50 баравари;
2-ўрин (кумуш медаль) — талабага базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баравари, устозларига — 40 баравари;
3-ўрин (бронза медаль) — талабага базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, устозларига — 30 баравари.
35. Республика фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг устозларига бериладиган пул мукофотлари талаба ўқийдиган ёки унинг устози фаолият юритадиган тегишли олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўланади.
36. Халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг устозларига бериладиган пул мукофотлари, шунингдек, уларнинг иштироки билан боғлиқ барча харажатлар (иштирок учун тўловлар, транспорт, турар жой ва кунлик харажатлар) Вазирликнинг Олий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
37. Халқаро олимпиада ғолибларини тайёрлаган устозларга — лавозим маошига нисбатан 100 фоиз, республика фан олимпиадаларининг II босқичи ғолибларини тайёрлаган устозларга эса — 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақи тўланади.
38. Мазкур устамалар ғолиб талаба диплом (сертификат) олган ойдан бошлаб кейинги 12 ой давомида талаба таҳсил олаётган олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўланиши мажбурий ҳисобланади.
Агар бир нафар устоз бир нечта ғолибни тайёрлаган бўлса, устамалар энг юқори натижа бўйича бир марта белгиланади.
39. Республика ва қўшимча фан олимпиадаларида иштирок этган Ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси аъзоларига уларнинг асосий иш жойидаги бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан бир марталик ҳақ тўлаш:
олий таълим ташкилоти босқичида — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида;
республика босқичи ҳамда халқаро олимпиадаларга саралаш босқичларида — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида;
Республика ва қўшимча фан олимпиадалари учун тайёрланган ҳар бир муаллифлик топшириғи (ечими билан) учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида мазкур мутахассиснинг асосий иш жойидаги бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
40. Халқаро олимпиадалар учун терма жамоаларнинг саралаш босқичларига жалб этилган экспертлар томонидан тайёрланган назорат материаллари учун Олий таълимни ривожлантириш жамғармаси томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида бир марталик ҳақ тўланади.
Бунда фойдаланилган назорат материалларидаги савол ва масалалар олимпиадалар бўйича илмий нашрларда чоп этиб борилади ҳамда улар учун муаллифлик ҳуқуқи эксперт номида қолади.
41. Терма жамоа аъзоларини ўқитишга жалб этилган маҳаллий мутахассисларга соатбай ҳақ тўлаш ва хорижий мутахассислар билан боғлиқ харажатлар (иш ҳақи, яшаш ва транспорт) Вазирлик томонидан белгиланган тартибда ва тузилган шартномаларга мувофиқ қопланади.
Экспертлар ва комиссия аъзоларининг хизмат сафари (кунлик, яшаш ва транспорт) харажатлари уларнинг асосий иш жойидаги бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши таъминланади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
42. Олимпиадаларни ташкил этишда хавфсизлик қоидалари ҳамда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этилишига тегишли олий таълим ташкилоти раҳбари масъул ҳисобланади.
43. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида республика фан олимпиадаларини ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ташкилий қўмита Олимпиада ўтказиладиган жойни (таянч олий таълим ташкилотларини) белгилайди ва тасдиқлайди. Ҳакамлар ҳайъати ва апелляция комиссияси таркибини юқори малакали мутахассислар ва олимлар орасидан шакллантиради. Олимпиаданинг назорат турлари, шакллари, муддатлари ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди. Ташкилий қўмита томонидан белгиланган муддатларда 2-босқич 1. Олий таълим ташкилотлари I босқич (олий таълим ташкилотлари босқичи): олий таълим ташкилотларида бакалавриат босқичи талабалари ўртасида ўтказилади. Унда 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган ғолиблар кейинги босқичга тавсия этилади. Белгиланган муддатларда 2. Таянч олий таълим ташкилотлари II босқич (республика босқичи): I босқич ғолиблари ўртасида Вазирлик томонидан белгиланган таянч олий таълим ташкилотларида ўтказилади. 3-босқич Ҳакамлар ҳайъати II босқич учун назорат материалларини экспертизадан ўтказади ва якуний вариантларни танлайди. Белгиланган муддатларда 4-босқич Ҳакамлар ҳайъати Ташкилий қўмита II босқич олимпиадаларнинг мусобақа қисмини ўтказади. Белгиланган муддатларда 5-босқич Ҳакамлар ҳайъати 1. Иштирокчиларнинг ишларини тасдиқланган мезонлар асосида холисона баҳолайди ҳамда натижаларни олимпиада ўтказилган куннинг ўзида эълон қилади. 2. Баллар кетма-кетлиги асосида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган ғолибларни аниқлайди ва якуний қарорни ташкилий қўмитага тақдим этади. Белгиланган муддатларда 6-босқич Ташкилий қўмита Олимпиада ғолибларини тақдирлайди. Олимпиада якунида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 17 сентябрь,
499-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
NIZOM
SXEMASI
Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻrtasida fan olimpiadalarini tashkil etish va iqtidorli talabalarni qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oliy taʼlim tashkilotlarida tahsil olayotgan iqtidorli talabalarni aniqlash, ularni ragʻbatlantirish, istiqbolli yoshlarni ilmiy-tadqiqot va innovatsion faoliyatga yoʻnaltirish uchun oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻrtasida respublika fan hamda xalqaro miqyosda tashkil etiladigan olimpiadalarda talabalarning munosib ishtirok etishini qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻrtasida fan olimpiadalarini tashkil etish va iqtidorli talabalarni qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻrtasida respublika va qoʻshimcha fan olimpiadalarini tashkil etish tartibi;
talabalarni xalqaro olimpiadalarga saralash va ularning xalqaro olimpiadalarda ishtirok etish tartibi;
olimpiada gʻoliblarini va ularning ustozlarini ragʻbatlantirish tartibi;
olimpiadalarni oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish manbalarini belgilash tartibi.
2. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:
ikki oy muddatda oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan talabalarning fundamental va muhandislik fanlaridan xalqaro olimpiadalarda ishtirokini kengaytirib borishga qaratilgan “Yoʻl xaritasi”ni tasdiqlasin;
uch oy muddatda oliy taʼlim tashkilotlari talabalari ishtirok etishlari uchun xalqaro eʼtirof etilgan olimpiadalar roʻyxatini tasdiqlasin va zaruratga koʻra, yangilab borsin;
har yili 1-sentabrga qadar oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻrtasida oʻtkaziladigan respublika fan olimpiadalari roʻyxati va olimpiadalarni oʻtkazish muddatlarini tasdiqlasin;
2027-yil 1-yanvarga qadar kimyo va biologiya fanlaridan talabalar oʻrtasida xalqaro fan olimpiadalarini tashkil etish choralarini koʻrsin.
3. Oliy taʼlim tashkilotlarida fan olimpiadalarini yuqori saviyada tashkil etish va gʻoliblarni belgilangan tartibda ragʻbatlantirishga oliy taʼlim tashkilotlari rektor (direktor)lari masʼul etib belgilansin.
4. Belgilansinki, xalqaro olimpiadalar gʻoliblari va ularga hamrohlik qiluvchi ustozlarining ishtiroki bilan bogʻliq xarajatlar Oliy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan moliyalashtiriladi.
5. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni uch oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 17-sentabrdagi 499-son qaroriga ILOVA
Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻrtasida fan olimpiadalarini tashkil etish va iqtidorli talabalarni qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom tashkiliy-huquqiy shakli va idoraviy boʻysunuvidan qatʼi nazar, barcha oliy taʼlim tashkilotlarida tahsil olayotgan talabalar oʻrtasida respublika fan olimpiadasi, xalqaro olimpiada hamda qoʻshimcha fan olimpiadasini (keyingi oʻrinlarda — olimpiadalar) tashkil etish, oʻtkazish hamda gʻoliblarni ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
axborot tizimi — olimpiada ishtirokchilarini roʻyxatga olish, jarayonlarni monitoring qilish va natijalarni shaffof eʼlon qilib borish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan yuritiladigan yagona elektron platforma;
olimpiada gʻoliblari — olimpiadalarning yakuniy bosqichida 1, 2 va 3-oʻrinlarni (yoki tegishli ravishda oltin, kumush va bronza medallarini) qoʻlga kiritgan talabalar;
respublika fan olimpiadasi — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasining tegishli topshiriqlari asosida Vazirlik tomonidan har yili anʼanaviy tarzda oʻtkaziladigan koʻp bosqichli fan musobaqasi;
xalqaro olimpiada — xalqaro tashkilotlar yoki nufuzli xorijiy taʼlim tashkilotlari tomonidan fundamental, muhandislik va amaliy fanlar yoʻnalishida tashkil etiladigan, talabalarning tahliliy fikrlash va tadqiqotchilik salohiyatini baholovchi, Vazirlik tomonidan ekspertlar xulosasiga binoan tasdiqlanadigan roʻyxatga kiritilgan nufuzli intellektual musobaqa;
qoʻshimcha fan olimpiadasi — muayyan oliy taʼlim tashkilotida Vazirlik bilan kelishilgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, vazirlik va idoralar, davlat yoki nodavlat taʼlim tashkilotlari hamda boshqa manfaatdor tashkilotlar tashabbusi bilan tashkil etiladigan muayyan soha yoki fan yoʻnalishlari boʻyicha tashkil etiladigan musobaqa.
3. Olimpiadalar ilmiy-uslubiy yondashuv, adolatlilik, ochiqlik va barcha ishtirokchilar uchun teng imkoniyatlar yaratish tamoyillari asosida tashkil etiladi.
4. Olimpiadalar uchun nazorat materiallarini (test, yozma va amaliy topshiriqlar) ishlab chiqish, iqtidorli talabalar zaxirasini shakllantirish hamda tashkiliy jarayonlarni muvofiqlashtirish Vazirlik huzuridagi Oliy taʼlimni rivojlantirish va global hamkorlik markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tomonidan amalga oshiriladi.
5. Nazorat materiallari talabalarning nafaqat nazariy bilimini, balki murakkab standart va nostandart vaziyatlarda muammoni hal qilish hamda kasbiy kompetensiyalarini baholashga qaratiladi.
6. Talabalar olimpiadalarda ixtiyoriylik asosida ishtirok etadi.
2-bob. Olimpiadalarning maqsadi va asosiy vazifalari
7. Quyidagilar olimpiadalarning maqsadi hisoblanadi:
oliy taʼlim tashkilotlari talabalari orasidan eng iqtidorlilarini tizimli ravishda aniqlash va saralab olish;
iqtidorli yoshlarning intellektual salohiyatini roʻyobga chiqarish hamda ularni ilmiy-tadqiqot va innovatsion faoliyatga maqsadli yoʻnaltirish;
intellektual mehnatni qadrlash, talabalar oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini yaratish hamda ularni moddiy va maʼnaviy qoʻllab-quvvatlash;
talabalarning nufuzli xalqaro olimpiadalardagi ishtirokini kengaytirish va yuqori natijadorlikka erishish;
milliy taʼlim tizimining xalqaro reytingini oshirish orqali mamlakatning intellektual va inson kapitalini rivojlantirish.
8. Quyidagilar olimpiadalarning asosiy vazifalari hisoblanadi:
olimpiada jarayonlarini tashkil etishda raqamli texnologiyalarni keng joriy etish orqali baholashning xolisligi, shaffofligi va natijalarning ochiqligini taʼminlash;
talabalarning nazariy bilimlarini amaliy va nostandart vazifalarni hal etishda qoʻllash koʻnikmalarini hamda kasbiy mahorat darajasini aniqlash;
nufuzli xalqaro musobaqalarda ishtirok etuvchi respublika fan olimpiadalari gʻoliblaridan iborat milliy terma jamoalar zaxirasini shakllantirish va ular uchun maqsadli oʻquv-intensiv mashgʻulotlarini tashkil etish;
iqtidorli talabalarning yagona maʼlumotlar bazasini yuritish orqali ularning ilmiy-kasbiy rivojlanish jarayonlarini doimiy kuzatib borish va qoʻllab-quvvatlash;
olimpiada natijalari asosida oliy taʼlim tashkilotlaridagi taʼlim sifati va oʻquv dasturlarining zamonaviy talablarga muvofiqligini qiyosiy tahlil qilish;
olimpiada gʻoliblarini yuqori texnologiyali ishlab chiqarish korxonalari, ilmiy-tadqiqot markazlari va innovatsion klasterlarga jalb etish mexanizmlarini yaratish;
respublika fan olimpiadalari va xalqaro olimpiadalar gʻoliblarini hamda ularni tayyorlagan ustozlarni moddiy va maʼnaviy ragʻbatlantirishni taʼminlash.
3-bob. Respublika fan olimpiadalarini tashkil etish tartibi
9. Respublika fan olimpiadalarini tashkil etish va oʻtkazish ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
10. Respublika fan olimpiadalarining tegishli bosqichlarini tashkil etish va oʻtkazish uchun Vazirlik hamda oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan tashkiliy qoʻmitalar tuziladi.
Respublika fan olimpiadalari ikki bosqichda tashkil etiladi va oʻtkaziladi:
I bosqich (oliy taʼlim tashkiloti bosqichi) — oliy taʼlim tashkilotlarida bakalavriat bosqichi talabalari oʻrtasida oʻtkaziladi. Unda 1, 2 va 3-oʻrinlarni egallagan gʻoliblar keyingi bosqichga tavsiya etiladi. I bosqichni yuqori saviyada oʻtkazishga oliy taʼlim tashkiloti rahbari shaxsan masʼul hisoblanadi;
II bosqich (respublika bosqichi) — I bosqich gʻoliblari oʻrtasida Vazirlik tomonidan belgilangan tayanch oliy taʼlim tashkilotlarida oʻtkaziladi. Ishtirokchilarning respublika fan olimpiadalari oʻtkaziladigan manzilga xavfsiz kelib-ketishlarini taʼminlashga tegishli oliy taʼlim tashkilotlari rahbarlari masʼul hisoblanadi.
11. Quyidagilar Tashkiliy qoʻmitaning asosiy vazifalari hisoblanadi:
respublika fan olimpiadalari oʻtkaziladigan joyni (tayanch oliy taʼlim tashkilotlarini) belgilash va tasdiqlash;
hakamlar hayʼati va apellyatsiya komissiyasi tarkibini yuqori malakali mutaxassislar va olimlar orasidan shakllantirish;
respublika fan olimpiadalari nazorat turlari, shakllari, muddatlari va baholash mezonlarini tasdiqlash;
respublika fan olimpiadalarining II bosqichi uchun nazorat materiallari hamda ularni baholash mezonlari tayyorlanishini Markaz bilan birgalikda muvofiqlashtirish;
nazorat materiallarining olimpiada boshlanguncha oshkor etilmasligini hamda jarayonning shaffof va adolatli oʻtkazilishini taʼminlash;
ishtirokchilar va ularning ustozlari haqidagi maʼlumotlarning axborot tizimiga kiritilishini muvofiqlashtirish.
12. Hakamlar hayʼati:
nazorat materiallarini ekspertizadan oʻtkazadi va yakuniy variantlarni tanlaydi;
ishtirokchilarning ishlarini tasdiqlangan mezonlar asosida xolisona baholaydi hamda natijalarni respublika fan olimpiadalari oʻtkazilgan kunning oʻzida eʼlon qiladi;
ballar ketma-ketligi asosida 1, 2 va 3-oʻrinlarni egallagan gʻoliblarni aniqlaydi va yakuniy qarorni tashkiliy qoʻmitaga taqdim etadi;
gʻoliblarni xolisona aniqlaydi va ular haqidagi maʼlumotlar uchinchi shaxslarga oshkor etilmasligini taʼminlaydi.
13. Quyidagilar olimpiadalarda shaffoflikni taʼminlash talablari hisoblanadi:
respublika fan olimpiadalari oʻtkaziladigan auditoriyalar videokuzatuv kameralari bilan jihozlanadi;
jarayon davomida aloqa vositalari va qoʻshimcha manbalardan foydalanish, shuningdek, ishtirokchilar oʻzaro gaplashishi taqiqlanadi. Ushbu talablarni buzgan ishtirokchilar dalolatnoma asosida chetlashtiriladi;
respublika fan olimpiadalari xalqaro olimpiadalarning talablari va topshiriqlari metodologiyasini qoʻllagan holda oʻtkaziladi.
4-bob. Qoʻshimcha fan olimpiadalarini tashkil etish tartibi
14. Qoʻshimcha fan olimpiadalari davlat organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa yuridik shaxslar tashabbusi bilan Vazirlik bilan kelishilgan holda tashkil etiladi.
15. Qoʻshimcha fan olimpiadasini oʻtkazish uchun tashabbuskor tashkilot Vazirlikka kamida bir oy oldin quyidagi maʼlumotlarni ilova qilgan holda murojaat yuboradi:
olimpiadaning maqsadi, oʻtkazish joyi, vaqti va qamrovi;
ishtirokchilar uchun qoʻyiladigan talablar (kursi va taʼlim yoʻnalishi);
gʻolib va ularning ustozlari uchun belgilangan mukofot jamgʻarmasi hamda qoʻshimcha imtiyozlar.
Vazirlik tomonidan qoʻshimcha fan olimpiadasi oʻtkaziladigan oliy taʼlim tashkiloti belgilanadi va tashkiliy qoʻmita tarkibi tasdiqlanadi.
16. Vazirlik murojaatni oʻn kun muddatda koʻrib chiqadi va quyidagi hollarda rad javobini berishi mumkin:
tashkiliy-texnik baza yoki mutaxassislar salohiyati yetarli boʻlmaganda;
ishtirokchilarning hayoti va sogʻligʻi xavfsizligini taʼminlash choralari yetarli boʻlmaganda;
ushbu Nizomning 15-bandida keltirilgan maʼlumotlar toʻliq yoki qisman taqdim etilmaganda.
17. Qoʻshimcha fan olimpiadalarini moliyalashtirish, tashkil etish va gʻoliblarni ragʻbatlantirish xarajatlari toʻliq tashabbuskor tashkilotning mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
18. Qoʻshimcha fan olimpiadalari natijalariga koʻra beriladigan imtiyozlar (agar nazarda tutilgan boʻlsa) tegishli qonunchilik hujjatlari asosida belgilanadi.
5-bob. Apellyatsiya komissiyasini tashkil etish
19. Olimpiadalar natijalaridan norozi boʻlgan ishtirokchilar olimpiada natijalari eʼlon qilingan kunning oʻzida apellyatsiya komissiyasiga yozma murojaat (shikoyat) berishlari mumkin.
20. Apellyatsiya komissiyasi ishtirokchilarning yozma murojaati (shikoyati)ni koʻrib chiqish uchun kamida besh nafar toq sonli aʼzodan iborat tarkibda tuziladi.
21. Apellyatsiya komissiyasi tarkibi Tashkiliy qoʻmita va sohaning malakali mutaxassislaridan iborat boʻladi.
22. Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga Hakamlar hayʼati aʼzolarining kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
23. Apellyatsiya komissiyasi olimpiadalar oʻtkazilgan kuni kelib tushgan murojaatni (shikoyatni) koʻrib chiqadi.
Zarur hollarda, murojaat (shikoyat) muallifining, tegishli Hakamlar hayʼati aʼzolari hamda olimpiadalarning boshqa subyektlarining fikrini eshitadi.
24. Apellyatsiya komissiyasi yigʻilishi unda komissiya aʼzolarining yarmidan koʻpi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.
25. Apellyatsiya komissiyasi olimpiadalar jarayonlariga oid murojaatni (shikoyatni) koʻrib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
olimpiadalar ishtirokchisining ishlanmasi toʻgʻri baholangan boʻlsa, shuningdek, olimpiadalar topshiriqlarida xato va kamchiliklar hamda sinovlarni oʻtkazish jarayonida tashkiliy-texnik jihatdan kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, olimpiadalar natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;
olimpiadalar ishtirokchisining ishlanmasi Hakamlar hayʼati tomonidan notoʻgʻri baholangani aniqlangan taqdirda, baholash natijalarini oʻzgartirish.
26. Apellyatsiya komissiyasiga boshqa ishtirokchilarning ishlarini koʻrib chiqish va murojaat etuvchining ishi bilan solishtirishga ruxsat berilmaydi.
27. Hakamlar hayʼati tomonidan baholangan ishtirokchi ishlanmasida baholash mezonlariga mos kelmaslik holatlari aniqlangan taqdirda, apellyatsiya komissiyasi Hakamlar hayʼati qarorini bekor qilish yoki ularga oʻzgartirishlar kiritish huquqiga ega.
Bunda apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya natijalari boʻyicha asoslantirilgan maʼlumotlarni koʻrsatgan holda, olimpiadalar natijalarini oʻzgartirish toʻgʻrisida bayonnomani rasmiylashtiradi.
28. Apellyatsiya komissiyasining qarori yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi. Bayonnoma apellyatsiya komissiyasining raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi.
29. Apellyatsiya komissiyasining qarori haqida ushbu qaror qabul qilingan kunning oʻzida murojaat etuvchi xabardor qilinadi.
30. Apellyatsiya komissiyasi qaroriga muvofiq olimpiadalar natijalari oʻzgargan taqdirda, Hakamlar hayʼatining qoʻshimcha bayonnomasi rasmiylashtiriladi va belgilangan tartibda tasdiqlanadi.
31. Ishtirokchi apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
6-bob. Xalqaro olimpiadalarda ishtirok etish tartibi
32. Oʻzbekiston Respublikasi talabalari ishtirok etishi lozim boʻlgan nufuzli xalqaro olimpiadalar roʻyxati Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi va ushbu roʻyxat har oʻquv yili boshida yangilab boriladi.
33. Xalqaro olimpiadalarda ishtirok etish uchun terma jamoalarni saralash, maqsadli tayyorlash va ularning ishtirokini taʼminlash tartibi Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan alohida reglament asosida amalga oshiriladi.
7-bob. Olimpiada gʻoliblarini va ularning ustozlarini ragʻbatlantirish hamda moliyalashtirish tartibi
34. Respublika fan olimpiadalari gʻoliblari hamda ularning ustozlari quyidagi miqdorda bir martalik pul mukofotlari bilan taqdirlanadi:
1-oʻrin (oltin medal) — talabaga bazaviy hisoblash miqdorining 50 baravari, ustozlariga — 25 baravari;
2-oʻrin (kumush medal) — talabaga bazaviy hisoblash miqdorining 40 baravari, ustozlariga — 20 baravari;
3-oʻrin (bronza medal) — talabaga bazaviy hisoblash miqdorining 30 baravari, ustozlariga — 15 baravari.
Xalqaro olimpiada gʻoliblari hamda ularning ustozlari quyidagi miqdorda bir martalik pul mukofotlari bilan taqdirlanadi:
1-oʻrin (oltin medal) — talabaga bazaviy hisoblash miqdorining 100 baravari, ustozlariga — 50 baravari;
2-oʻrin (kumush medal) — talabaga bazaviy hisoblash miqdorining 75 baravari, ustozlariga — 40 baravari;
3-oʻrin (bronza medal) — talabaga bazaviy hisoblash miqdorining 50 baravari, ustozlariga — 30 baravari.
35. Respublika fan olimpiadalari gʻoliblari va ularning ustozlariga beriladigan pul mukofotlari talaba oʻqiydigan yoki uning ustozi faoliyat yuritadigan tegishli oliy taʼlim tashkilotining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan toʻlanadi.
36. Xalqaro olimpiadalar gʻoliblari va ularning ustozlariga beriladigan pul mukofotlari, shuningdek, ularning ishtiroki bilan bogʻliq barcha xarajatlar (ishtirok uchun toʻlovlar, transport, turar joy va kunlik xarajatlar) Vazirlikning Oliy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
37. Xalqaro olimpiada gʻoliblarini tayyorlagan ustozlarga — lavozim maoshiga nisbatan 100 foiz, respublika fan olimpiadalarining II bosqichi gʻoliblarini tayyorlagan ustozlarga esa — 50 foiz miqdorida har oylik ustama haqi toʻlanadi.
38. Mazkur ustamalar gʻolib talaba diplom (sertifikat) olgan oydan boshlab keyingi 12 oy davomida talaba tahsil olayotgan oliy taʼlim tashkilotining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan toʻlanishi majburiy hisoblanadi.
Agar bir nafar ustoz bir nechta gʻolibni tayyorlagan boʻlsa, ustamalar eng yuqori natija boʻyicha bir marta belgilanadi.
39. Respublika va qoʻshimcha fan olimpiadalarida ishtirok etgan Hakamlar hayʼati va apellyatsiya komissiyasi aʼzolariga ularning asosiy ish joyidagi budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan bir martalik haq toʻlash:
oliy taʼlim tashkiloti bosqichida — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 2 baravari miqdorida;
respublika bosqichi hamda xalqaro olimpiadalarga saralash bosqichlarida — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 5 baravari miqdorida;
Respublika va qoʻshimcha fan olimpiadalari uchun tayyorlangan har bir mualliflik topshirigʻi (yechimi bilan) uchun — bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravari miqdorida mazkur mutaxassisning asosiy ish joyidagi budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
40. Xalqaro olimpiadalar uchun terma jamoalarning saralash bosqichlariga jalb etilgan ekspertlar tomonidan tayyorlangan nazorat materiallari uchun Oliy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasi tomonidan bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravari miqdorida bir martalik haq toʻlanadi.
Bunda foydalanilgan nazorat materiallaridagi savol va masalalar olimpiadalar boʻyicha ilmiy nashrlarda chop etib boriladi hamda ular uchun mualliflik huquqi ekspert nomida qoladi.
41. Terma jamoa aʼzolarini oʻqitishga jalb etilgan mahalliy mutaxassislarga soatbay haq toʻlash va xorijiy mutaxassislar bilan bogʻliq xarajatlar (ish haqi, yashash va transport) Vazirlik tomonidan belgilangan tartibda va tuzilgan shartnomalarga muvofiq qoplanadi.
Ekspertlar va komissiya aʼzolarining xizmat safari (kunlik, yashash va transport) xarajatlari ularning asosiy ish joyidagi budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplanishi taʼminlanadi.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
42. Olimpiadalarni tashkil etishda xavfsizlik qoidalari hamda sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga rioya etilishiga tegishli oliy taʼlim tashkiloti rahbari masʼul hisoblanadi.
43. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻrtasida fan olimpiadalarini tashkil etish va iqtidorli talabalarni qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻrtasida respublika fan olimpiadalarini tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tashkiliy qoʻmita Olimpiada oʻtkaziladigan joyni (tayanch oliy taʼlim tashkilotlarini) belgilaydi va tasdiqlaydi. Hakamlar hayʼati va apellyatsiya komissiyasi tarkibini yuqori malakali mutaxassislar va olimlar orasidan shakllantiradi. Olimpiadaning nazorat turlari, shakllari, muddatlari va baholash mezonlarini tasdiqlaydi. Tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilangan muddatlarda 2-bosqich 1. Oliy taʼlim tashkilotlari I bosqich (oliy taʼlim tashkilotlari bosqichi): oliy taʼlim tashkilotlarida bakalavriat bosqichi talabalari oʻrtasida oʻtkaziladi. Unda 1, 2 va 3-oʻrinlarni egallagan gʻoliblar keyingi bosqichga tavsiya etiladi. Belgilangan muddatlarda 2. Tayanch oliy taʼlim tashkilotlari II bosqich (respublika bosqichi): I bosqich gʻoliblari oʻrtasida Vazirlik tomonidan belgilangan tayanch oliy taʼlim tashkilotlarida oʻtkaziladi. 3-bosqich Hakamlar hayʼati II bosqich uchun nazorat materiallarini ekspertizadan oʻtkazadi va yakuniy variantlarni tanlaydi. Belgilangan muddatlarda 4-bosqich Hakamlar hayʼati Tashkiliy qoʻmita II bosqich olimpiadalarning musobaqa qismini oʻtkazadi. Belgilangan muddatlarda 5-bosqich Hakamlar hayʼati 1. Ishtirokchilarning ishlarini tasdiqlangan mezonlar asosida xolisona baholaydi hamda natijalarni olimpiada oʻtkazilgan kunning oʻzida eʼlon qiladi. 2. Ballar ketma-ketligi asosida 1, 2 va 3-oʻrinlarni egallagan gʻoliblarni aniqlaydi va yakuniy qarorni tashkiliy qoʻmitaga taqdim etadi. Belgilangan muddatlarda 6-bosqich Tashkiliy qoʻmita Olimpiada gʻoliblarini taqdirlaydi. Olimpiada yakunida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 17-sentabr,
499-son