UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 17 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларда бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ва «Ғамхўрлик» марказлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида» 2021 йил 25 мартдаги ПФ-6195-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги ПФ-6195-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) тизимидаги муассасаларда пулли хизмат кўрсатиш ҳамда маҳсулотлар (товар ва хизматлар) тайёрлаш ва уларни реализация қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларда пулли хизмат кўрсатиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, муассасаларнинг мол-мулкини ижарага бериш, шунингдек, муассасаларнинг ривожлантириш жамғармаларига қўшимча маблағлар жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ҳар йили 15 декабрга қадар келгуси йил учун муассасаларда пулли хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда уларнинг ривожлантириш жамғармалари даромадларини кўпайтиришга қаратилган йиллик прогноз кўрсаткичлар (кейинги ўринларда — прогноз кўрсаткичлар) тасдиқланади ва уларнинг ижроси таҳлил қилиб борилади.

4. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларда (кейинги ўринларда — муассасалар) бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш манбаларини кенгайтириш мақсадида муассасалардаги тарбияланувчилар (ўқувчилар, яшовчилар) тайёрлаган маҳсулотлар давлат буюртмачилари томонидан бир молия йилида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 500 бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали харид қилинишига рухсат берилсин.

5. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги:

а) бир ой муддатда 2026 йил учун прогноз кўрсаткичлар тасдиқланишини таъминласин;

б) 2026 йил 1 октябрга қадар:

прогноз кўрсаткичлар ижросини таҳлил қилиш ва уларнинг ижросини таъминлаган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва муассасалар ходимларини рағбатлантириш тартибини тасдиқласин;

муассасалар хизматларидан фойдаланувчи шахслар (тарбияланувчилар, ўқувчилар, доимий яшовчи шахслар) томонидан тайёрланган маҳсулотларни реализация қилиш бўйича тузиладиган намунавий воситачилик шартномаларини ишлаб чиқсин;

в) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 493-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларда пулли хизмат кўрсатиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, муассасаларнинг мол-мулкини ижарага бериш, шунингдек, муассасаларнинг ривожлантириш жамғармаларига қўшимча маблағлар жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) тизимидаги муассасаларда (кейинги ўринларда — муассасалар) пулли хизмат кўрсатиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, муассасаларнинг мол-мулкини ижарага бериш, шунингдек, муассасаларнинг ривожлантириш жамғармаларига қўшимча маблағлар жалб қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

пулли хизмат — муассасалар томонидан мижозларга шартнома асосида ҳақ эвазига кўрсатиладиган хизматлар турлари (реабилитация қилиш, тиббий диагностика, даволаш, қараб туриш, дефектолог, психолог хизматлар ва бошқалар), бундан давлат томонидан кафолатланган хизмат турлари мустасно;

мижоз — муассасалар томонидан кўрсатиладиган хизматлардан ўз хоҳишига кўра пулли асосда фойдаланувчи шахс;

таълим ташкилоти — Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи барча таълим ташкилотлари;

тиббий-ижтимоий муассаса — фаолият йўналишларига мувофиқ аҳолига тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатувчи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи муассасалар;

хизмат олувчилар — таълим ташкилотлари ва тиббий-ижтимоий муассасаларда таълим олувчи, тарбияланувчи ва яшовчилар;

ҳудудий бошқарма — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаси.

2-боб. Пулли хизматларни кўрсатиш тартиби

3. Пулли хизматлар мижозларга муассаса ходимлари ва муассасага фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб қилинган жисмоний шахслар томонидан кўрсатилади.

Бунда муассаса ходимларини мажбурий равишда ҳамда бошқа жисмоний шахсларни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузмасдан пулли хизматлар кўрсатишга жалб этиш тақиқланади.

4. Муассасалар томонидан кўрсатиладиган пулли хизматлар турлари тўғрисидаги маълумотлар ва хизмат кўрсатиш бўйича оммавий оферта Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ёки муассасанинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади.

5. Муассасанинг пулли хизматлар кўрсатиладиган биносида қуйидагилар тўғрисида маълумот жойлаштирилади:

кўрсатиладиган пулли хизматлар ва уларнинг прейскурант нархлари ҳақида маълумот;

пулли хизматлар кўрсатиладиган хона ва жойлар.

6. Мижозларга пулли хизматлар уларнинг мурожаатларига асосан шартнома ёки электрон оммавий офертага мувофиқ ҳақ эвазига кўрсатилади.

7. Таълим ташкилотларида ташкил этиладиган қўшимча таълим (давлат таълим стандартларидан ташқари) ва ижтимоий-реабилитация хизматлари ушбу таълим ташкилотининг раҳбари ҳамда хизмат олувчиларнинг, шунингдек, мазкур ташкилотнинг хизмат олувчиси бўлмаган шахсларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида тузиладиган шартнома ёхуд электрон оммавий оферта асосида ҳақ эвазига кўрсатилади.

Таълим ва ижтимоий-реабилитация хизматлари мижознинг талабига кўра унга индивидуал ёхуд гуруҳ шаклида кўрсатилиши мумкин.

8. Мижозларда муассасаларга қабул қилишга қарши тиббий кўрсатмалар аниқланган тақдирда, улар белгиланган тартибда ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларига юборилиши мумкин.

9. Муассасада кўрсатиладиган пулли хизматларнинг рўйхати ва прейскурант нархлари ушбу муассаса жойлашган ҳудуддаги ҳудудий бошқарма билан келишилган ҳолда муассаса раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади. Бунда пулли хизматларнинг прейскурант нархи ҳар бир хизмат тури бўйича бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда, бироқ хизматларнинг таннархидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади.

3-боб. Хизмат олувчилар томонидан маҳсулотлар (хизматлар) тайёрлаш ва уларни реализация қилиш тартиби

10. Муассасаларда хизмат олувчилар томонидан ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат маҳсулотлари, гул ва кўчатлар, озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари, компьютер хизматлари ва бошқа йўналишлардаги маҳсулотлар (хизматлар) (кейинги ўринларда — маҳсулот) тайёрланиши мумкин. Бунда:

хизмат олувчиларнинг ўзларига ёки муассасага тегишли бўлган хомашё асосида маҳсулотлар индивидуал ёки гуруҳ шаклида тайёрланади;

муассаса томонидан тақдим этилган хомашё асосидаги маҳсулот хизмат олувчи билан тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномага кўра тайёрланади;

маҳсулотларни тайёрлаш муассаса ҳудудида ташкил этилади.

«Ғамхўрлик» марказларига жойлаштирилган ногиронлиги бўлган шахслар маҳсулот тайёрлаш жараёнида ижтимоий-меҳнат реабилитациясини амалга ошириш учун ташкил этилган лойиҳалар доирасида иштирок этиши мумкин.

11. Хизмат олувчи билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома:

ўн тўрт ёшга тўлмаган хизмат олувчи номидан унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийси томонидан;

ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган хизмат олувчи томонидан унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийсининг (эмансипация ҳолатлари бундан мустасно) ёзма розилиги билан;

ўн саккиз ёшга тўлган, муомалага лаёқатли хизмат олувчи томонидан мустақил равишда;

ўн саккиз ёшга тўлган муомала лаёқати чекланган хизмат олувчи томонидан унинг ҳомийсининг ёзма розилиги билан;

ўн саккиз ёшга тўлган муомалага лаёқатсиз деб топилган хизмат олувчи номидан унинг васийси томонидан тузилади.

12. Муассасаларда тайёрланган маҳсулотлар:

хизмат олувчиларнинг ўз хомашёси асосида тайёрланган маҳсулотлар муассаса томонидан воситачилик шартномаси асосида;

муассаса томонидан харид қилинган хомашё асосида тайёрланган маҳсулотлар бевосита муассаса томонидан;

тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда тайёрланган маҳсулотлар биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага мувофиқ тадбиркор ёки муассаса томонидан реализация қилинади.

13. Хизмат олувчилар томонидан тайёрланган маҳсулот нархи мазкур Низомнинг 9-бандида белгиланган тартибда аниқланади.

Хизмат олувчилар томонидан ўзига тегишли хомашё асосида тайёрланган маҳсулотни реализация қилиш учун муассасанинг воситачилик ҳақи маҳсулот нархининг тўртдан бир қисмидан кўп бўлмаслиги керак.

14. Тайёрланган маҳсулотлар (хизматлар) муассаса томонидан:

электрон савдо платформалари, савдо ярмаркалари орқали, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа усулларда реализация қилиниши;

хизмат олувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар давлат буюртмачилари томонидан бир молия йилида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 500 бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали харид қилиниши мумкин.

15. Воситачилик шартномаси бўйича ҳар бир реализация қилинган маҳсулот (хизмат) учун тўланган маблағларнинг тегишли қисми мазкур маблағлар келиб тушган кундан бошлаб бир ой ичида муассаса томонидан хизмат олувчиларнинг тижорат банкида очилган ҳисобварақларига ўтказилади.

16. Муассасада маҳсулотлар тайёрлаш (хизматлар кўрсатиш) ишлари тадбиркорлик субъектлари билан биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома асосида ташкил этилиши мумкин. Бунда:

муассаса ва тадбиркорлик субъектининг лойиҳа доирасида киритадиган улушлари миқдори;

тадбиркорлик субъекти томонидан ушбу муассасанинг хизмат олувчилари ва ходимларини жалб этиш, шунингдек, бошқа шартлар биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома билан белгиланади.

Биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномани амалга ошириш доирасида тадбиркорлик субъекти томонидан хизмат олувчилар билан шартнома мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган тартибда тузилади.

Биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномада ўзаро келишувга кўра тайёрланган маҳсулотларни реализация қилишдан тушган маблағларни киритиладиган улушлардан келиб чиқиб, тақсимлаш шартлари ҳам кўрсатилиши мумкин.

17. Муассаса хизмат олувчиларни ёки тадбиркорлик субъектини маҳсулотларни тайёрлаш учун талаб этиладиган жой, асбоб-ускуна ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаши мумкин.

4-боб. Муассасаларда пулли хизмат кўрсатиш ва маҳсулотлар тайёрлаш учун жалб қилинадиган тадбиркорлик субъектларига муассаса мулкини ижарага бериш

18. Муассасага тегишли бўш турган бино ва иншоотлар ҳамда бошқа давлат мулки объектлари (кейинги ўринларда — давлат мулки объектлари) хизмат олувчиларга ижтимоий-меҳнат реабилитацияси, касбга ўргатиш ҳамда мижозларга пулли хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мақсадлар учун белгиланган тартибда ижарага берилиши мумкин.

19. Муассаса ўзига тегишли бўлган давлат кўчмас мулк объектларини (ер участкалари бундан мустасно) ижара тўловининг энг кам миқдорига 0,25 коэффициент қўлланган ҳолда, мазкур Низомнинг 18-бандида белгиланган мақсадларда нодавлат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри ижарага бериши мумкин.

20. Муассасага доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган ҳамда бўш турган ер участкалари мазкур Низом мақсадларида тасарруф этиш ҳуқуқисиз нодавлат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ижарага берилади. Бунда ижара суммасининг миқдори ер участкаси жойлашган ҳудуд учун белгиланган солиқ ставкасига тенг миқдорда белгиланади.

21. Ижарага олувчи ижарага олинган давлат мулки объектларидан фойдаланишда уларда ташкил этилган фаолият муассаса хизмат олувчиларининг соғлиғига, муассаса ҳудудида ҳаракатланишига ва дам олишига салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлаши лозим.

22. Давлат мулки объектларини ижарага беришда улар билан биргаликда муассасага тегишли унинг асосий фаолиятида фойдаланилмай турган асбоб-ускуна, жиҳозлар ва бошқа асосий воситалар ҳам ижарага берилиши мумкин.

23. Пулли хизматларни ташкил этиш ҳамда ижтимоий-меҳнат реабилитациясини ва касбга ўргатишни йўлга қўйиш мақсадида асосий восита, жиҳозлар ва хомашё хариди учун муассасаларга Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилиши мумкин.

5-боб. Муассасаларда пулли хизмат кўрсатиш, маҳсулотлар тайёрлаш ва бошқа манбалардан тушган маблағлардан фойдаланиш тартиби

24. Муассасаларда пулли хизмат кўрсатиш ва тайёрланган маҳсулотларни реализация қилишдан тушган маблағлар муассасаларнинг ривожлантириш жамғармаларига йўналтирилади.

25. Муассасаларнинг ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан уларнинг ходимлари қуйидагича моддий рағбатлантирилиши мумкин:

муассаса раҳбари, бош ҳисобчи (ҳисобчи)си ва хизмат кўрсатишда (маҳсулот тайёрлашда) иштирок этган ходим (кейинги ўринларда — масъул ходим)ни ушбу Низомнинг 26-банди иккинчи хатбошисида белгиланган миқдорда мукофотлаш;

муассаса раҳбари ва ходимларининг ижро интизоми қоидаларига амал қилиши, функционал вазифаларини бажариши, билим даражаси, касбий қобилиятларига қараб, уларга лавозим маошига (барча устама ва қўшимча тўловларни инобатга олган ҳолда) нисбатан 300 фоизгача устама тўлаш;

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган ишланмайдиган байрам кунларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 бараваригача мукофотлаш;

меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришган, хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажараётган раҳбар ва ходимларни ҳар чоракда бир марта лавозим маошининг (барча устама ва қўшимча тўловларни инобатга олган ҳолда) 5 бараваригача миқдорда мукофотлаш;

муассасаларнинг жамоа шартномаларида назарда тутилган бошқа турдаги моддий ёрдам ва тўловлар.

Муассаса раҳбари муассасанинг ривожлантириш жамғармасида ходимларни рағбатлантириш учун ажратилган маблағлар миқдоридан келиб чиқиб, мазкур бандда кўрсатилган рағбатлантириш турини белгилайди.

26. Муассасада пулли хизмат ва маҳсулот тайёрлашни ривожлантиришга масъул ходимлар муассасанинг ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қуйидаги тартибда моддий рағбатлантирилади:

кўрсатилган пулли хизмат ва маҳсулотларни реализация қилишдан тушган маблағларнинг 10 фоизгача бўлган қисми миқдорида муассаса раҳбари, бош ҳисобчи (ҳисобчи)си ва маҳсулот тайёрлашда (хизмат кўрсатишда) иштирок этган ходимларга мукофот пули тўланади. Бунда хизмат кўрсатишда (маҳсулот тайёрлашда) иштирок этадиган ходимлар муассаса раҳбари томонидан белгиланади;

давлат мулки объектларини ижарага беришдан ривожлантириш жамғармасига тушган тушумнинг 5 фоизгача бўлган қисми миқдорида муассаса раҳбари, бош ҳисобчи (ҳисобчи)сига тенг миқдорларда муассаса раҳбарининг буйруғига асосан иш ҳақига ойлик устама тўланади.

Мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган рағбатлантириш учун йўналтириладиган маблағлар миқдори ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш ҳудудий марказлари ва санаторийларда — 5 фоизгача, Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида — 2 фоизгача этиб белгиланади.

Бунда мазкур бандга асосан ходимга тўланадиган бир ойлик мукофот пули миқдори унинг лавозим маошининг 5 бараваридан ошмаслиги лозим.

6-боб. Якунловчи қоидалар

27. Муомалага лаёқатсиз деб топилган хизмат олувчининг банк ҳисобварағига мазкур Низом доирасида ўтказилган маблағлар унинг манфаатлари учун васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан васий томонидан сарфланиши мумкин.

28. Муассасалар раҳбарлари муассасада пулли хизматлар, маҳсулотлар тайёрлаш ишларини ташкил этиш, тушган маблағлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан жавобгар ҳисобланади.

29. Пулли хизматлар кўрсатиш, хизмат олувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотларни реализация қилиш, давлат мулки объектларини ижарага бериш бўйича муассаса ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 493-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 декабрдаги 687-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси тўғрисидаги низомнинг 18-бандида :

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Агентлик тизим ташкилотларида пулли хизматларни ҳамда ижтимоий-меҳнат реабилитацияси ва касбга ўргатишни ташкил этиш мақсадида амалга ошириладиган асосий восита, жиҳозлар ва хомашё харид харажатларини молиялаштириш»;

тўртинчи — эллик тўққизинчи хатбошилар тегишлича бешинчи — олтмишинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 313-сон қарори билан тасдиқланган «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 13-банди қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Агентлик томонидан мазкур банднинг биринчи хатбошисига мувофиқ маблағлар йўналтирилиши натижасида «Саховат ва кўмак» жамғармаларининг туман (шаҳар) ғазначилик бўлинмаларида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларидаги қолдиқ маблағлар маҳалла фуқаролар йиғини кесимида улардаги аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар ва маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ижтимоий реестрга киритилган оилалар сонига мутаносиб равишда қайта тақсимланиши мумкин».

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 325-сон қарори билан тасдиқланган Бюджет ташкилотларининг харажатларини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-бандида :

иккинчи ва учинчи хатбошилардаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида,» сўзлари чиқариб ташлансин;

тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ушбу банд мактабгача ва мактаб таълими ҳамда маданият муассаса ва ташкилотларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ташкилотлар, ҳудудий бошқармалари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига нисбатан татбиқ этилмайди».

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 18 июндаги 376-сон қарорининг 3-банди «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«б) Агентлик ва унинг тизим ташкилотларига тегишли, шунингдек, маҳалла ҳудудида жойлашган бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари ижара тўловининг энг кам миқдорига 0,25 коэффициент қўлланган ҳолда, балансда сақловчи томонидан Дастур доирасида, шунингдек, ижтимоий-меҳнат реабилитацияси, касбга ўргатиш ҳамда бошқа ижтимоий хизматларни кўрсатувчи нодавлат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри ижарага беришга рухсат берилади».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 17 сентябрь,

493 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.09.2026 й., 09/26/493/0955-сон)

lex.uz

oʻzbekiston respublikasi vazirlar mahkamasining

qarori

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi muassasalarda budjetdan tashqari mablagʻlarni shakllantirish manbalarini kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash, Ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash markazlari va “Gʻamxoʻrlik” markazlari tizimini yanada rivojlantirish toʻgʻrisida” 2021-yil 25-martdagi PF-6195-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 25-martdagi PF-6195-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Ijtimoiy himoya milliy agentligi) tizimidagi muassasalarda pulli xizmat koʻrsatish hamda mahsulotlar (tovar va xizmatlar) tayyorlash va ularni realizatsiya qilish tartibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi nazarda tutilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi muassasalarda pulli xizmat koʻrsatish, mahsulot ishlab chiqarish va realizatsiya qilish, muassasalarning mol-mulkini ijaraga berish, shuningdek, muassasalarning rivojlantirish jamgʻarmalariga qoʻshimcha mablagʻlar jalb qilish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Belgilansinki, Ijtimoiy himoya milliy agentligi tomonidan har yili 15-dekabrga qadar kelgusi yil uchun muassasalarda pulli xizmat koʻrsatish va ishlab chiqarish faoliyati samaradorligini oshirish hamda ularning rivojlantirish jamgʻarmalari daromadlarini koʻpaytirishga qaratilgan yillik prognoz koʻrsatkichlar (keyingi oʻrinlarda — prognoz koʻrsatkichlar) tasdiqlanadi va ularning ijrosi tahlil qilib boriladi.

4. Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi muassasalarda (keyingi oʻrinlarda — muassasalar) budjetdan tashqari mablagʻlarni shakllantirish manbalarini kengaytirish maqsadida muassasalardagi tarbiyalanuvchilar (oʻquvchilar, yashovchilar) tayyorlagan mahsulotlar davlat buyurtmachilari tomonidan bir moliya yilida bazaviy hisoblash miqdorining 1 500 baravarigacha miqdorda toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzish orqali xarid qilinishiga ruxsat berilsin.

5. Ijtimoiy himoya milliy agentligi:

a) bir oy muddatda 2026-yil uchun prognoz koʻrsatkichlar tasdiqlanishini taʼminlasin;

b) 2026-yil 1-oktabrga qadar:

prognoz koʻrsatkichlar ijrosini tahlil qilish va ularning ijrosini taʼminlagan Ijtimoiy himoya milliy agentligining markaziy apparati, hududiy boshqarmalari va muassasalar xodimlarini ragʻbatlantirish tartibini tasdiqlasin;

muassasalar xizmatlaridan foydalanuvchi shaxslar (tarbiyalanuvchilar, oʻquvchilar, doimiy yashovchi shaxslar) tomonidan tayyorlangan mahsulotlarni realizatsiya qilish boʻyicha tuziladigan namunaviy vositachilik shartnomalarini ishlab chiqsin;

v) manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni uch oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin.

7. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 17-sentabrdagi 493-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi muassasalarda pulli xizmat koʻrsatish, mahsulot ishlab chiqarish va realizatsiya qilish, muassasalarning mol-mulkini ijaraga berish, shuningdek, muassasalarning rivojlantirish jamgʻarmalariga qoʻshimcha mablagʻlar jalb qilish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Ijtimoiy himoya milliy agentligi) tizimidagi muassasalarda (keyingi oʻrinlarda — muassasalar) pulli xizmat koʻrsatish, mahsulot ishlab chiqarish va realizatsiya qilish, muassasalarning mol-mulkini ijaraga berish, shuningdek, muassasalarning rivojlantirish jamgʻarmalariga qoʻshimcha mablagʻlar jalb qilish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

pulli xizmat — muassasalar tomonidan mijozlarga shartnoma asosida haq evaziga koʻrsatiladigan xizmatlar turlari (reabilitatsiya qilish, tibbiy diagnostika, davolash, qarab turish, defektolog, psixolog xizmatlar va boshqalar), bundan davlat tomonidan kafolatlangan xizmat turlari mustasno;

mijoz — muassasalar tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlardan oʻz xohishiga koʻra pulli asosda foydalanuvchi shaxs;

taʼlim tashkiloti — Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga muvofiq Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimiga kiruvchi barcha taʼlim tashkilotlari;

tibbiy-ijtimoiy muassasa — faoliyat yoʻnalishlariga muvofiq aholiga tibbiy va ijtimoiy xizmatlar koʻrsatuvchi Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimiga kiruvchi muassasalar;

xizmat oluvchilar — taʼlim tashkilotlari va tibbiy-ijtimoiy muassasalarda taʼlim oluvchi, tarbiyalanuvchi va yashovchilar;

hududiy boshqarma — Ijtimoiy himoya milliy agentligining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmasi.

2-bob. Pulli xizmatlarni koʻrsatish tartibi

3. Pulli xizmatlar mijozlarga muassasa xodimlari va muassasaga fuqarolik-huquqiy shartnoma asosida jalb qilingan jismoniy shaxslar tomonidan koʻrsatiladi.

Bunda muassasa xodimlarini majburiy ravishda hamda boshqa jismoniy shaxslarni fuqarolik-huquqiy shartnoma tuzmasdan pulli xizmatlar koʻrsatishga jalb etish taqiqlanadi.

4. Muassasalar tomonidan koʻrsatiladigan pulli xizmatlar turlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va xizmat koʻrsatish boʻyicha ommaviy oferta Ijtimoiy himoya milliy agentligi yoki muassasaning rasmiy veb-saytiga joylashtirib boriladi.

5. Muassasaning pulli xizmatlar koʻrsatiladigan binosida quyidagilar toʻgʻrisida maʼlumot joylashtiriladi:

koʻrsatiladigan pulli xizmatlar va ularning preyskurant narxlari haqida maʼlumot;

pulli xizmatlar koʻrsatiladigan xona va joylar.

6. Mijozlarga pulli xizmatlar ularning murojaatlariga asosan shartnoma yoki elektron ommaviy ofertaga muvofiq haq evaziga koʻrsatiladi.

7. Taʼlim tashkilotlarida tashkil etiladigan qoʻshimcha taʼlim (davlat taʼlim standartlaridan tashqari) va ijtimoiy-reabilitatsiya xizmatlari ushbu taʼlim tashkilotining rahbari hamda xizmat oluvchilarning, shuningdek, mazkur tashkilotning xizmat oluvchisi boʻlmagan shaxslarning ota-onasi yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar oʻrtasida tuziladigan shartnoma yoxud elektron ommaviy oferta asosida haq evaziga koʻrsatiladi.

Taʼlim va ijtimoiy-reabilitatsiya xizmatlari mijozning talabiga koʻra unga individual yoxud guruh shaklida koʻrsatilishi mumkin.

8. Mijozlarda muassasalarga qabul qilishga qarshi tibbiy koʻrsatmalar aniqlangan taqdirda, ular belgilangan tartibda hududiy davolash-profilaktika muassasalariga yuborilishi mumkin.

9. Muassasada koʻrsatiladigan pulli xizmatlarning roʻyxati va preyskurant narxlari ushbu muassasa joylashgan hududdagi hududiy boshqarma bilan kelishilgan holda muassasa rahbarining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi. Bunda pulli xizmatlarning preyskurant narxi har bir xizmat turi boʻyicha bozor konyunkturasidan kelib chiqqan holda, biroq xizmatlarning tannarxidan kam boʻlmagan miqdorda shakllantiriladi.

3-bob. Xizmat oluvchilar tomonidan mahsulotlar (xizmatlar) tayyorlash va ularni realizatsiya qilish tartibi

10. Muassasalarda xizmat oluvchilar tomonidan hunarmandchilik, badiiy va amaliy sanʼat mahsulotlari, gul va koʻchatlar, oziq-ovqat va qandolat mahsulotlari, kompyuter xizmatlari va boshqa yoʻnalishlardagi mahsulotlar (xizmatlar) (keyingi oʻrinlarda — mahsulot) tayyorlanishi mumkin. Bunda:

xizmat oluvchilarning oʻzlariga yoki muassasaga tegishli boʻlgan xomashyo asosida mahsulotlar individual yoki guruh shaklida tayyorlanadi;

muassasa tomonidan taqdim etilgan xomashyo asosidagi mahsulot xizmat oluvchi bilan tuziladigan fuqarolik-huquqiy shartnomaga koʻra tayyorlanadi;

mahsulotlarni tayyorlash muassasa hududida tashkil etiladi.

“Gʻamxoʻrlik” markazlariga joylashtirilgan nogironligi boʻlgan shaxslar mahsulot tayyorlash jarayonida ijtimoiy-mehnat reabilitatsiyasini amalga oshirish uchun tashkil etilgan loyihalar doirasida ishtirok etishi mumkin.

11. Xizmat oluvchi bilan fuqarolik-huquqiy shartnoma:

oʻn toʻrt yoshga toʻlmagan xizmat oluvchi nomidan uning ota-onasi, farzandlikka oluvchilari yoki vasiysi tomonidan;

oʻn toʻrt yoshdan oʻn sakkiz yoshgacha boʻlgan xizmat oluvchi tomonidan uning ota-onasi, farzandlikka oluvchilari yoki homiysining (emansipatsiya holatlari bundan mustasno) yozma roziligi bilan;

oʻn sakkiz yoshga toʻlgan, muomalaga layoqatli xizmat oluvchi tomonidan mustaqil ravishda;

oʻn sakkiz yoshga toʻlgan muomala layoqati cheklangan xizmat oluvchi tomonidan uning homiysining yozma roziligi bilan;

oʻn sakkiz yoshga toʻlgan muomalaga layoqatsiz deb topilgan xizmat oluvchi nomidan uning vasiysi tomonidan tuziladi.

12. Muassasalarda tayyorlangan mahsulotlar:

xizmat oluvchilarning oʻz xomashyosi asosida tayyorlangan mahsulotlar muassasa tomonidan vositachilik shartnomasi asosida;

muassasa tomonidan xarid qilingan xomashyo asosida tayyorlangan mahsulotlar bevosita muassasa tomonidan;

tadbirkorlik subyektlari bilan hamkorlikda tayyorlangan mahsulotlar birgalikdagi faoliyat toʻgʻrisidagi shartnomaga muvofiq tadbirkor yoki muassasa tomonidan realizatsiya qilinadi.

13. Xizmat oluvchilar tomonidan tayyorlangan mahsulot narxi mazkur Nizomning 9-bandida belgilangan tartibda aniqlanadi.

Xizmat oluvchilar tomonidan oʻziga tegishli xomashyo asosida tayyorlangan mahsulotni realizatsiya qilish uchun muassasaning vositachilik haqi mahsulot narxining toʻrtdan bir qismidan koʻp boʻlmasligi kerak.

14. Tayyorlangan mahsulotlar (xizmatlar) muassasa tomonidan:

elektron savdo platformalari, savdo yarmarkalari orqali, toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar tuzish hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa usullarda realizatsiya qilinishi;

xizmat oluvchilar tomonidan tayyorlangan mahsulotlar davlat buyurtmachilari tomonidan bir moliya yilida bazaviy hisoblash miqdorining 1 500 baravarigacha miqdorda toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzish orqali xarid qilinishi mumkin.

15. Vositachilik shartnomasi boʻyicha har bir realizatsiya qilingan mahsulot (xizmat) uchun toʻlangan mablagʻlarning tegishli qismi mazkur mablagʻlar kelib tushgan kundan boshlab bir oy ichida muassasa tomonidan xizmat oluvchilarning tijorat bankida ochilgan hisobvaraqlariga oʻtkaziladi.

16. Muassasada mahsulotlar tayyorlash (xizmatlar koʻrsatish) ishlari tadbirkorlik subyektlari bilan birgalikdagi faoliyat toʻgʻrisidagi shartnoma asosida tashkil etilishi mumkin. Bunda:

muassasa va tadbirkorlik subyektining loyiha doirasida kiritadigan ulushlari miqdori;

tadbirkorlik subyekti tomonidan ushbu muassasaning xizmat oluvchilari va xodimlarini jalb etish, shuningdek, boshqa shartlar birgalikdagi faoliyat toʻgʻrisidagi shartnoma bilan belgilanadi.

Birgalikdagi faoliyat toʻgʻrisidagi shartnomani amalga oshirish doirasida tadbirkorlik subyekti tomonidan xizmat oluvchilar bilan shartnoma mazkur Nizomning 11-bandida belgilangan tartibda tuziladi.

Birgalikdagi faoliyat toʻgʻrisidagi shartnomada oʻzaro kelishuvga koʻra tayyorlangan mahsulotlarni realizatsiya qilishdan tushgan mablagʻlarni kiritiladigan ulushlardan kelib chiqib, taqsimlash shartlari ham koʻrsatilishi mumkin.

17. Muassasa xizmat oluvchilarni yoki tadbirkorlik subyektini mahsulotlarni tayyorlash uchun talab etiladigan joy, asbob-uskuna va boshqa zarur vositalar bilan taʼminlashi mumkin.

4-bob. Muassasalarda pulli xizmat koʻrsatish va mahsulotlar tayyorlash uchun jalb qilinadigan tadbirkorlik subyektlariga muassasa mulkini ijaraga berish

18. Muassasaga tegishli boʻsh turgan bino va inshootlar hamda boshqa davlat mulki obyektlari (keyingi oʻrinlarda — davlat mulki obyektlari) xizmat oluvchilarga ijtimoiy-mehnat reabilitatsiyasi, kasbga oʻrgatish hamda mijozlarga pulli xizmatlar koʻrsatishni tashkil etish va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa maqsadlar uchun belgilangan tartibda ijaraga berilishi mumkin.

19. Muassasa oʻziga tegishli boʻlgan davlat koʻchmas mulk obyektlarini (yer uchastkalari bundan mustasno) ijara toʻlovining eng kam miqdoriga 0,25 koeffitsiyent qoʻllangan holda, mazkur Nizomning 18-bandida belgilangan maqsadlarda nodavlat yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlik subyektlariga toʻgʻridan-toʻgʻri ijaraga berishi mumkin.

20. Muassasaga doimiy foydalanish huquqi bilan berilgan hamda boʻsh turgan yer uchastkalari mazkur Nizom maqsadlarida tasarruf etish huquqisiz nodavlat yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlarga ijaraga beriladi. Bunda ijara summasining miqdori yer uchastkasi joylashgan hudud uchun belgilangan soliq stavkasiga teng miqdorda belgilanadi.

21. Ijaraga oluvchi ijaraga olingan davlat mulki obyektlaridan foydalanishda ularda tashkil etilgan faoliyat muassasa xizmat oluvchilarining sogʻligʻiga, muassasa hududida harakatlanishiga va dam olishiga salbiy taʼsir koʻrsatmasligini taʼminlashi lozim.

22. Davlat mulki obyektlarini ijaraga berishda ular bilan birgalikda muassasaga tegishli uning asosiy faoliyatida foydalanilmay turgan asbob-uskuna, jihozlar va boshqa asosiy vositalar ham ijaraga berilishi mumkin.

23. Pulli xizmatlarni tashkil etish hamda ijtimoiy-mehnat reabilitatsiyasini va kasbga oʻrgatishni yoʻlga qoʻyish maqsadida asosiy vosita, jihozlar va xomashyo xaridi uchun muassasalarga Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi hisobidan mablagʻlar ajratilishi mumkin.

5-bob. Muassasalarda pulli xizmat koʻrsatish, mahsulotlar tayyorlash va boshqa manbalardan tushgan mablagʻlardan foydalanish tartibi

24. Muassasalarda pulli xizmat koʻrsatish va tayyorlangan mahsulotlarni realizatsiya qilishdan tushgan mablagʻlar muassasalarning rivojlantirish jamgʻarmalariga yoʻnaltiriladi.

25. Muassasalarning rivojlantirish jamgʻarmalari hisobidan ularning xodimlari quyidagicha moddiy ragʻbatlantirilishi mumkin:

muassasa rahbari, bosh hisobchi (hisobchi)si va xizmat koʻrsatishda (mahsulot tayyorlashda) ishtirok etgan xodim (keyingi oʻrinlarda — masʼul xodim)ni ushbu Nizomning 26-bandi ikkinchi xatboshisida belgilangan miqdorda mukofotlash;

muassasa rahbari va xodimlarining ijro intizomi qoidalariga amal qilishi, funksional vazifalarini bajarishi, bilim darajasi, kasbiy qobiliyatlariga qarab, ularga lavozim maoshiga (barcha ustama va qoʻshimcha toʻlovlarni inobatga olgan holda) nisbatan 300 foizgacha ustama toʻlash;

Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksida belgilangan ishlanmaydigan bayram kunlarida mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 10 baravarigacha mukofotlash;

mehnat faoliyatida yuqori natijalarga erishgan, xizmat vazifalarini sidqidildan va samarali bajarayotgan rahbar va xodimlarni har chorakda bir marta lavozim maoshining (barcha ustama va qoʻshimcha toʻlovlarni inobatga olgan holda) 5 baravarigacha miqdorda mukofotlash;

muassasalarning jamoa shartnomalarida nazarda tutilgan boshqa turdagi moddiy yordam va toʻlovlar.

Muassasa rahbari muassasaning rivojlantirish jamgʻarmasida xodimlarni ragʻbatlantirish uchun ajratilgan mablagʻlar miqdoridan kelib chiqib, mazkur bandda koʻrsatilgan ragʻbatlantirish turini belgilaydi.

26. Muassasada pulli xizmat va mahsulot tayyorlashni rivojlantirishga masʼul xodimlar muassasaning rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan quyidagi tartibda moddiy ragʻbatlantiriladi:

koʻrsatilgan pulli xizmat va mahsulotlarni realizatsiya qilishdan tushgan mablagʻlarning 10 foizgacha boʻlgan qismi miqdorida muassasa rahbari, bosh hisobchi (hisobchi)si va mahsulot tayyorlashda (xizmat koʻrsatishda) ishtirok etgan xodimlarga mukofot puli toʻlanadi. Bunda xizmat koʻrsatishda (mahsulot tayyorlashda) ishtirok etadigan xodimlar muassasa rahbari tomonidan belgilanadi;

davlat mulki obyektlarini ijaraga berishdan rivojlantirish jamgʻarmasiga tushgan tushumning 5 foizgacha boʻlgan qismi miqdorida muassasa rahbari, bosh hisobchi (hisobchi)siga teng miqdorlarda muassasa rahbarining buyrugʻiga asosan ish haqiga oylik ustama toʻlanadi.

Mazkur bandning ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan ragʻbatlantirish uchun yoʻnaltiriladigan mablagʻlar miqdori nogironligi boʻlgan shaxslarni reabilitatsiya qilish va protezlash hududiy markazlari va sanatoriylarda — 5 foizgacha, Nogironligi boʻlgan shaxslarni reabilitatsiya qilish va protezlash milliy markazida — 2 foizgacha etib belgilanadi.

Bunda mazkur bandga asosan xodimga toʻlanadigan bir oylik mukofot puli miqdori uning lavozim maoshining 5 baravaridan oshmasligi lozim.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

27. Muomalaga layoqatsiz deb topilgan xizmat oluvchining bank hisobvaragʻiga mazkur Nizom doirasida oʻtkazilgan mablagʻlar uning manfaatlari uchun vasiylik va homiylik organining ruxsati bilan vasiy tomonidan sarflanishi mumkin.

28. Muassasalar rahbarlari muassasada pulli xizmatlar, mahsulotlar tayyorlash ishlarini tashkil etish, tushgan mablagʻlardan maqsadli foydalanish yuzasidan javobgar hisoblanadi.

29. Pulli xizmatlar koʻrsatish, xizmat oluvchilar tomonidan tayyorlangan mahsulotlarni realizatsiya qilish, davlat mulki obyektlarini ijaraga berish boʻyicha muassasa xodimlarining noqonuniy xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 17-sentabrdagi 493-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlar

1. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-dekabrdagi 687-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomning 18-bandida :

quyidagi mazmundagi toʻrtinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Agentlik tizim tashkilotlarida pulli xizmatlarni hamda ijtimoiy-mehnat reabilitatsiyasi va kasbga oʻrgatishni tashkil etish maqsadida amalga oshiriladigan asosiy vosita, jihozlar va xomashyo xarid xarajatlarini moliyalashtirish”;

toʻrtinchi — ellik toʻqqizinchi xatboshilar tegishlicha beshinchi — oltmishinchi xatboshilar deb hisoblansin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 31-maydagi 313-son qarori bilan tasdiqlangan “Saxovat va koʻmak” jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan ijtimoiy yordam koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 13-bandi quyidagi mazmundagi beshinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Agentlik tomonidan mazkur bandning birinchi xatboshisiga muvofiq mablagʻlar yoʻnaltirilishi natijasida “Saxovat va koʻmak” jamgʻarmalarining tuman (shahar) gʻaznachilik boʻlinmalarida ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaraqlaridagi qoldiq mablagʻlar mahalla fuqarolar yigʻini kesimida ulardagi aholi, nogironligi boʻlgan shaxslar va mahalla fuqarolar yigʻinida yashovchi Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar soniga mutanosib ravishda qayta taqsimlanishi mumkin”.

3. Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 21-maydagi 325-son qarori bilan tasdiqlangan Budjet tashkilotlarining xarajatlarini moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 12-bandida :

ikkinchi va uchinchi xatboshilardagi “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligida,” soʻzlari chiqarib tashlansin;

toʻqqizinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Ushbu band maktabgacha va maktab taʼlimi hamda madaniyat muassasa va tashkilotlariga, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi tashkilotlar, hududiy boshqarmalari va “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlariga nisbatan tatbiq etilmaydi”.

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzgalar parvarishiga muhtoj shaxslarga vaucher asosida yangi ijtimoiy xizmatlardan foydalanish tartibini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 18-iyundagi 376-son qarorining 3-bandi “b” kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“b) Agentlik va uning tizim tashkilotlariga tegishli, shuningdek, mahalla hududida joylashgan boʻsh turgan davlat koʻchmas mulk obyektlari ijara toʻlovining eng kam miqdoriga 0,25 koeffitsiyent qoʻllangan holda, balansda saqlovchi tomonidan Dastur doirasida, shuningdek, ijtimoiy-mehnat reabilitatsiyasi, kasbga oʻrgatish hamda boshqa ijtimoiy xizmatlarni koʻrsatuvchi nodavlat yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlik subyektlariga toʻgʻridan-toʻgʻri ijaraga berishga ruxsat beriladi”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 17-sentabr,

493 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.09.2026-y., 09/26/493/0955-son)

lex.uz