📅 2026-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 17 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМА
Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Қонуни 10 , 42 ва 58-моддаларига мувофиқ тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш тартибини белгилаш, шунингдек, тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқарувчи машинистлар масъулиятини ошириш, назорат қилиш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Тошкент метрополитени» АЖнинг 2027 йил 1 январдан бошлаб темир йўл ва метрополитен транспорти машинистларига тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилансинки:
2029 йил 1 январгача бўлган муддатда амалда тортиш ҳаракатдаги темир йўл ва метрополитен таркибини бошқариб келаётган барча машинистларнинг ушбу қарорга мувофиқ янги намунадаги тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома олиши мажбурий ҳисобланади;
2029 йил 1 январдан бошлаб ушбу қарорга мувофиқ янги намунадаги тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома олмаган машинистларга тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш тақиқланади;
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун тест синови шаклида имтиҳон ўтказилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи машинист гувоҳномасини олиш учун мурожаат қилиш, уни кўриб чиқиш ва гувоҳномани бериш тартиби;
тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи машинист гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш, алмаштириш, йўқолган гувоҳнома ўрнига янгисини бериш, шунингдек, гувоҳномани тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тартиби;
тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи машинист гувоҳномасининг электрон реестрини юритиш, гувоҳномани тайёрлаш, сақлаш (ҳисобга олиш) тартиби.
4. Транспорт вазирлиги:
а) Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини ЯИДХП орқали кўрсатишнинг техник имкониятини яратсин;
Транспорт вазирлигининг электрон маълумотлар базасининг ЯИДХПга интеграция қилинишини таъминласин;
б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
ушбу қарорнинг мазмуни ва моҳияти тўғрисида тегишли тадбиркорлик субъектларининг кенг хабардор қилинишини таъминласин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарор кучга кирган кундан бошлаб икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарор 2027 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 502-сон қарорига ИЛОВА
Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Маъмурий регламент (кейинги ўринларда — Регламент) темир йўл ва метрополитен транспортида ҳаракат таркибини бошқарувчи машинистларга тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) томонидан берилади.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ўз фаолиятини темир йўл транспорти ва метрополитен соҳасида амалга оширадиган, гувоҳнома олишга талабгор бўлган ходимларининг ҳужжатларини тақдим этадиган юридик шахс;
машинист — тортиш ҳаракатдаги темир йўл ёки метрополитен таркибини мустақил бошқариш ҳуқуқига эга бўлган мутахассис;
машинист гувоҳномаси (кейинги ўринларда — гувоҳнома) — темир йўл ва метрополитен ташкилоти ходимининг тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
машинист ёрдамчиси — тегишли касбий малакага (маълумотга) ҳамда темир йўл транспорти соҳасида ўз фаолиятини амалга ошираётган ташкилот (иш берувчи) томонидан берилган амалдаги машинист ёрдамчиси гувоҳномасига эга бўлган ва ўз меҳнат фаолиятида бевосита машинистга бўйсунувчи ходим;
платформа — номзодларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун тест синови ўтказиладиган, фойдаланувчиларни «Face-ID» орқали аниқлайдиган ва тест синови натижалари бўйича QR-кодли маълумотнома берадиган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг (кейинги ўринларда — Институт) электрон (ахборот) тизими;
таълим ташкилотлари — транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширувчи давлат таълим ташкилотлари ва белгиланган тартибда аттестациядан ҳамда давлат аккредитациясидан ўтган нодавлат таълим ташкилотлари;
темир йўл ва метрополитеннинг тортиш ҳаракатдаги таркиби (кейинги ўринларда — тортиш ҳаракатдаги таркиб) — темир йўл ва метрополитенда поездлар ва алоҳида вагонларни тортиш, ҳаракатга келтириш ва ташиш учун мўлжалланган, локомотивлар, моторвагонли ҳаракатдаги таркиб, метрополитен поездлари, тортиш агрегатлари, локомобиллар ҳамда махсус ўзиюрар ҳаракатдаги таркиб;
тест синови — тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун ўтказиладиган имтиҳон.
3. Қуйидагилар темир йўл ва метрополитен ташкилотининг гувоҳнома олишга талабгор бўлган ходимлари (кейинги ўринларда — номзод) ҳисобланади:
машинист ёрдамчиси;
темир йўл ва метрополитенда тортиш ҳаракатдаги таркибнинг бир туридан бошқа турини бошқариш ҳуқуқини олишга талабгорлар;
тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқи бекор қилинган машинистлар;
гувоҳномасини йўқотган ва гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаган машинистлар;
амалда машинист лавозимида фаолият юритаётган ва ушбу Регламент талабларига мувофиқ янги намунадаги гувоҳномани олиши талаб этиладиган машинистлар.
4. Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ, шунингдек, тест синови ўтказмасдан янги гувоҳнома (дубликат) бериш бўйича давлат хизмати ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
5. Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома 10 йил муддатга берилади.
Тортиш ҳаракатдаги таркибнинг бир ёки бир нечта турини бошқариш ҳуқуқига эга машинистга бошқа турдаги тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқи берилганда, гувоҳноманинг амал қилиш муддати янги ҳуқуқ берилган санадан бошлаб, унда кўрсатилган барча турлар бўйича 10 йил этиб белгиланади.
6. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти тизимига кирмайдиган ариза берувчилар сўровига кўра, улар томонидан тақдим этилган номзодларга берилган гувоҳномалар, уларнинг умумий фойдаланишдаги темир йўлларга чиқиш ҳуқуқини бермайди. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
Гувоҳнома олиш учун ариза ҳар бир номзод учун алоҳида тақдим этилади.
2-боб. Гувоҳнома олиш учун асосий талаблар
7. Гувоҳномани олиш учун номзодларга қуйидаги талаблар қўйилади:
темир йўл машинистининг амалдаги машинист ёрдамчиси сифатида 18 ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиш. Бунда тортиш ҳаракатдаги таркибга тегишли таълим йўналишлари бўйича олий маълумотга эга бўлган номзодлар учун машинист ёрдамчиси сифатида талаб этиладиган меҳнат стажи 6 ой этиб белгиланади;
метрополитен тортиш ҳаракатдаги таркиби учун чилангар сифатида 12 ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиш;
тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш бўйича амалиёт ўтаганлик тўғрисида далолатномага эга бўлиш;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар асосида тегишли турдаги тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш бўйича таълим олган, машинист касбини эгаллаганлик ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган таълим тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлиш;
белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиш ва номзоднинг соғлиғи ҳолати унга топширилаётган ишга мувофиқлиги ҳамда айрим турдаги ишларни (бевосита поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари билан боғлиқ ишларни) бажаришга тиббий қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисида тиббий хулосага эга бўлиш;
платформада тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш учун тест синовини муваффақиятли топшириш.
8. Номзоднинг тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш бўйича амалиёт ўташи якунларига кўра, унинг амалий билим ва кўникмалари ариза берувчининг буйруғи билан ташкил этиладиган камида уч нафар аъзодан иборат комиссия томонидан баҳоланади. Бунда:
комиссия таркибига ариза берувчининг локомотив хўжалиги бўйича малакали мутахассиси, тегишли турдаги тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш бўйича камида беш йиллик иш тажрибасига эга машинисти, шунингдек, Инспекциянинг тегишли йўналишдаги мутахассиси мажбурий тартибда киритилади;
амалий билим ва кўникмаларни баҳолаш натижалари комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади.
3-боб. Давлат хизматини кўрсатиш
9. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) рўйхатдан ўтади ва ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ сўровномани электрон тарзда тўлдириб, маълумотларнинг тўғрилигини текширади ҳамда белгиланган тўловни амалга оширгандан сўнг сўровнома автоматик тарзда Инспекцияга юборилади.
Давлат хизмати учун тўлов ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.
Ариза берувчидан сўровномада кўрсатилмаган маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
10. Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари юборилганда, навбатдаги иш куни аризалар Инспекцияга тушган ҳамда қабул қилинган кун ҳисобланади.
11. Давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади.
12. Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
11,75 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган махсус ҳисобварағига (жумладан, 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар тенг улушларда — Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ва Институтнинг банк ҳисобварағига ўтказилади.
13. Гувоҳнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш номзоднинг иш жойида амалга оширилади. Ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ сўровномада назарда тутилган маълумот ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғри расмийлаштирилиши учун ариза берувчи жавобгар ҳисобланади.
14. Гувоҳнома олиш учун тақдим қилинган ҳужжатлар Инспекцияга келиб тушгани (ҳужжатлар кўриб чиқиш учун қабул қилингани) тўғрисида ариза берувчининг шахсий кабинетига «push»-хабарнома юборилади.
4-боб. Аризани кўриб чиқиш, тест синовини ўтказиш, шунингдек, гувоҳнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
15. Ҳужжатлар ариза келиб тушган кундан бошлаб Инспекция томонидан ўн иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
16. Ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда (сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган ва (ёки) етарли бўлмаган маълумотлар мавжуд бўлганда), ариза кўриб чиқилиб, ариза берувчига ҳужжатлар қайтарилган санадан бошлаб ўн иш куни ичида камчиликларни бартараф этиш ва ҳужжатларни қайта тақдим этиш имконияти берилади.
Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда Инспекция томонидан ариза берувчига илгари баён қилинмаган рад этиш сабаблари келтирилишига йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилмаганини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш ҳолатлари бундан мустасно.
Машинистнинг тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқининг бекор қилиниши ёки бу ҳуқуқни тўхтатиб туриб, тикланмагани аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўлади.
17. Тақдим этилган ариза ва ҳужжатларда (маълумотларда) камчиликлар аниқланмаган тақдирда, Инспекция ушбу аризани кўриб чиқиш якунланган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида номзод гувоҳнома олиш учун тест синови топшириладиган сана, жой, вақт ҳақида ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига «push»-хабарнома юборади.
18. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг аризаси кўрмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
19. Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш учун тест синови Инспекция ҳузуридаги имтиҳон комиссияси (кейинги ўринларда — имтиҳон комиссияси) томонидан ўтказилади, унинг аъзолари сони уч кишидан кам бўлмаслиги керак.
20. Имтиҳон комиссияси раиси, таркиби ва уларнинг вазифалари Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
21. Имтиҳон комиссиясининг таркибига Инспекциянинг тегишли соҳа ва йўналишлар бўйича мутахассис ходимлари киритилиши лозим.
22. Инспекция имтиҳон комиссияси таркибига темир йўл транспорти ташкилотларининг тегишли соҳавий бўлинмалари, корхоналари ва шуъба хўжалик жамиятлари раҳбар ходимлари ва соҳа мутахассислари, таълим ташкилотларининг соҳа ўқитувчилари ҳамда жамоатчилик вакилларини белгиланган тартибда жалб этиши мумкин.
23. Иш юритишни ташкил этиш учун Инспекция томонидан имтиҳон комиссияси аъзоси бўлмаган имтиҳон комиссияси котиби тайинланади.
24. Инспекция тест синовини ўтказиш жадвалини ҳар йил бошида тасдиқлайди.
Номзодлар сони кўп бўлганда, Институт билан келишилган ҳолда қўшимча тест синови ёки республиканинг бошқа ҳудудларида тест синови ташкил этилиши мумкин.
25. Тест синови имтиҳон комиссияси кузатувида платформада ташкил қилинади ва ўтказилади.
26. Тест синови анъанавий шаклда, яъни номзоднинг шахсан иштирокида ўтказилади. Тест синовини ўтказиш санаси, вақти ва жойи Институт билан келишилган ҳолда Инспекция томонидан белгиланади.
27. Тест синовини топширишда номзод шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) тақдим этади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёхуд тест синовига кечиккан номзодлар келмаган ҳисобланади ҳамда навбатдаги тест синовидан ўтадиган номзодлар рўйхатига киритилади. Бу ҳақида ариза берувчига уч иш кунидан кечиктирмай ЯИДХП орқали хабар юборилади.
28. Агар номзод тегишли тарзда хабардор қилингандан кейин тест синовини топшириш учун келмаса, номзодга давлат хизматини кўрсатиш рад этилади. Бунда давлат хизматидан фойдаланиш учун тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
Ҳужжатлар ушбу Регламентда белгиланган умумий тартибда қайта топширилади.
29. Тест синовини ўтказиш жараёнини узлуксиз равишда овозли видеотасвирга тушириш учун Институт тест синовини ташкил этган ҳолда имтиҳон хоналарини ажратади ҳамда уларни замонавий техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва бошқалар) билан таъминлаб, номзодлар учун тегишли шарт-шароитлар яратади.
30. Тест синови жараёнида номзодлар томонидан мобил алоқа воситаси, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб, луғат, шпаргалка ва бошқа материаллар олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек, бошқа номзодлар билан суҳбатлашиш тақиқланади.
Бунда ушбу тақиқланган материалларни олиб кирган ёки улардан фойдаланган, ёхуд тест синови вақтида бошқа номзодлар билан суҳбатлашган номзод тест синовини ўтказиш тартибини бузган деб ҳисобланади ҳамда далолатнома асосида тест синовидан четлаштирилади.
Тест синови жараёнлари Инспекциянинг расмий веб-сайти орқали онлайн трансляция қилинади.
Тест синови жараёнлари овозли видеокузатув камераси орқали ёзиб олинади ва Институтда бир йил сақланади.
31. Тест синовининг саволлар тўплами (базаси) темир йўл ва метрополитеннинг тортиш ҳаракатдаги таркибининг ҳар бир тури, серияси бўйича алоҳида тузилади.
Тест синовида гувоҳнома олиш учун номзодга бериладиган саволлар тўплами (базаси) машинист мажбуриятлари, функциялари, вазифалари ва малака талабларига ҳамда соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Инспекция томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Инспекция томонидан тест синови саволлари доимий янгилаб борилади ҳамда тест синови материалларини ва саволларини шакллантириш учун давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотлардан малакали мутахассислар, шунингдек, маҳаллий ва хорижий экспертлар шартнома асосида жалб этилиши мумкин.
32. Тест синови давомида номзоднинг натижалари (тест синови натижалари) 100 балли тизимда баҳоланади. Тест синови 50 та тест саволини ўз ичига олади ва ҳар бир тўғри жавоб 2 баллни ташкил қилади.
Тест синови натижалари тест синови варақасига киритилади.
Агар номзод тест синови натижалари бўйича камида 80 балл тўпласа, имтиҳон комиссияси томонидан номзод тест синовидан муваффақиятли ўтган деб ҳисобланади ва унга гувоҳнома расмийлаштириш ҳақида қарор қабул қилинади. Бунда юқори тезликдаги тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини олиш учун номзодлар тест синовида камида 90 балл тўплаши лозим.
33. Тест синовини топширувчи номзодлар тест топшириқларини бажаришни якунлагач, тест синови натижаси инсон омилисиз, платформа орқали шу вақтнинг ўзида маълум қилинади.
34. Тест синовидан ўта олмаган (ундан четлаштирилган) номзодга белгиланган йиғим ундирилмасдан уни қайта топшириш учун бир маротаба имконият берилади ва кейинги бўлиб ўтадиган тест синовига қўйилади.
35. Иккинчи маротаба берилган имкониятдан ҳам фойдалана олмаган (тест синовидан муваффақиятли ўта олмаган) номзод ушбу Регламентда белгиланган тартибда қайта тест синовини топширади.
36. Тест синовини топширмаган номзод гувоҳнома билан бериладиган ҳуқуқларга мувофиқ ўз вазифаларини бажаришга ариза берувчи томонидан қўйилмайди. Ариза берувчи томонидан ушбу ходимни машинист лавозимида фаолият олиб бориш учун, шу жумладан, уни аккредитациядан ўтган таълим ташкилотларида машинистларни тайёрлаш (қайта тайёрлаш) бўйича ўқув курсларга ўқишга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинади.
37. Тест синовини муваффақиятли топширган номзодларга Инспекция томонидан гувоҳнома расмийлаштирилади. Гувоҳномада тест синови топширилган тортиш ҳаракатдаги таркибнинг тури кўрсатилади.
Гувоҳномадаги ёзувлар Инспекция томонидан махсус техник воситаларда босилади.
38. Гувоҳнома тўғрисидаги маълумотлар гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш китобига киритилади. Гувоҳноманинг серияси лотин алифбосидаги «MG» ҳарфларидан, тартиб рақами эса кетма-кет бериладиган ва такрорланмайдиган олти хонали рақамдан иборат бўлади.
39. Гувоҳнома бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома ариза берувчига электрон шаклда юборилади.
40. Гувоҳнома Инспекция томонидан тест синовидан муваффақиятли ўтган номзоднинг шахсан ўзига, шахсини тасдиқловчи ҳужжатини (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) тақдим этганда, гувоҳномаларни бериш китобига шахсан имзо қўйдирган ҳолда берилади.
Машинист бошқа турдаги тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини олиш учун амалдаги гувоҳномасини тақдим этиши керак.
Гувоҳнома ишончнома асосида берилмайди.
41. Инспекция гувоҳнома берилишининг асослангани, тўғри тўлдирилгани ҳамда гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш китоби юритилиши учун жавоб беради.
42. Номзод тест синовида талаб қилинадиган натижа қайд этмаган ёки тест синовидан четлаштирилган бўлса, гувоҳнома бериш рад этилади.
Гувоҳнома беришни бошқа асосларга кўра, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмас, деган важлар билан рад этишга йўл қўйилмайди.
43. Ариза берувчи гувоҳнома беришнинг рад этилиши, шунингдек, Инспекция мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
5-боб. Гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, уни алмаштириш ва йўқолган гувоҳнома ўрнига дубликат бериш
44. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагач, у ариза берувчининг аризасига кўра алмаштирилиши керак. Гувоҳномани янгисига алмаштириш тўғрисидаги ариза Инспекцияга гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар берилиши лозим. Амал қилиш муддати тугаган гувоҳнома ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида алмаштирилади.
45. Аввал берилган гувоҳнома ўрнига тест синови ўтказмасдан янги гувоҳнома (дубликат) олиш учун ЯИДХП орқали ариза берувчи Инспекцияга қуйидаги ҳолатларда мурожаат қилади ва гувоҳнома ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ схема асосида берилади:
а) гувоҳнома эгасининг шахсга доир маълумотлари ўзгарганда;
б) техник хатолар ва ёзувдаги хатоларни тузатишда;
в) гувоҳнома эскиргани, шикастлангани ва унда (ёки унинг бир қисмида) кўрсатилган маълумотларни кўз билан кўриб аниқлаш мумкин эмаслиги оқибатида кейинчалик фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган бўлса;
г) ариза берувчидан гувоҳнома йўқолгани тўғрисида ариза тушган бўлса.
Янги гувоҳнома (дубликат) берилганда, аввал берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати кўрсатилади.
Янги гувоҳнома (дубликат) берилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари миқдорида йиғим ундирилади, ушбу банднинг «б» кичик бандидаги ҳолат бундан мустасно.
46. Ушбу Регламентнинг 45-бандида келтирилган ҳолатлар бўйича гувоҳнома берилганда, йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
11,75 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган махсус ҳисобварағига (жумладан, 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
47. Гувоҳнома йўқолганда, ариза берувчи ҳар бир алоҳида ҳолат бўйича хизмат текширувини ўтказади. Хизмат текширувини ўтказиш учун ариза берувчи ташкилотнинг раҳбар ва мутахассис ходимларидан камида уч кишидан иборат комиссия тайинланади. Бунда йўқолган гувоҳноманинг эгаси комиссия раисига гувоҳноманинг йўқолгани тўғрисида ёзма ариза тақдим этиши шарт, унда содир бўлган ҳодиса батафсил баён қилиниши лозим.
Текшириш материаллари бўйича комиссия томонидан йўқолган гувоҳноманинг эгасига янги гувоҳнома бериш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса билан далолатнома тузилади.
Йўқолган гувоҳнома эгаси гувоҳномани тиклагунга (дубликат олгунга) қадар ариза берувчи томонидан тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқаришдан вақтинча четлаштирилиши шарт.
48. Йўқолган гувоҳноманинг эгаси тўғрисида расмийлаштирилган ҳужжатлар (гувоҳнома эгасининг аризаси, йўқолган гувоҳноманинг рақами, Инспекция томонидан берилган санаси кўрсатилган ҳолда гувоҳнома эгасининг шахсий ҳужжатлари, машинистнинг иш фаолияти тўғрисида маълумотнома) ариза берувчи томонидан Инспекцияга янги гувоҳнома бериш учун сўровномага илова қилинади.
Йўқолган гувоҳнома ўрнига янги гувоҳнома Инспекция томонидан тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқи бекор қилинган машинистлар гувоҳномалари маълумотлар базаси бўйича текширилгандан кейин ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда берилади.
49. Аввалги гувоҳнома янгисига алмаштирилгандан кейин Инспекция томонидан тегишли далолатнома билан расмийлаштирилган ҳолда йўқ қилинади.
Янги гувоҳнома гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва бериш китобига унинг эгасига шахсан имзо қўйдирган ҳолда берилади.
6-боб. Гувоҳномани тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш
50. Қуйидаги ҳолатлар гувоҳноманинг амал қилишини Инспекция томонидан тўхтатиб туришга асос ҳисобланади:
тиббий комиссия хулосаси асосида машинистнинг соғлиғи бўйича тиббий қарши кўрсатмалар мавжуд бўлса;
машинист томонидан ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талаблари бузилган тақдирда (ҳодисанинг таснифига қараб поездлар ҳалокати, авария, ишдаги алоҳида ҳодисалар, ишдаги ҳодисаларда);
машинистнинг фаолияти билан боғлиқ жиноий қилмиш тўғрисидаги ишни юритиш вақтида;
Инспекция томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган текширишлардан бўйин товлаганда;
машинистнинг иш вақтида гувоҳномаси ёнида бўлмаганида.
51. Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати 90 суткадан ошмаслиги лозим.
52. Гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:
гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаганда;
тортиш ҳаракатдаги таркибни 2 йилдан ортиқ узлуксиз бошқармаса;
тиббий хулосага кўра машинист сифатида ишлашга яроқсиз деб топилганда;
гувоҳнома эгаси вафот этганда.
53. Гувоҳномани бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Регламентнинг 50-бандида кўрсатилган гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилмаган бўлса;
ариза берувчининг гувоҳномани бекор қилиш тўғрисидаги аризасига мувофиқ;
тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш натижасида машинистнинг айби билан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган ёки бундай зарар етказилиши реал хавфи юзага келганда;
машинистнинг фаолияти билан боғлиқ жиноят иши доирасида суднинг ҳукми қонуний кучга кирганда;
машинистнинг алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келганида ёки ишда бўлганида.
54. Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги қарорда (кўрсатмада) қуйидагилар кўрсатилади:
қарор қабул қилинган сана;
қарорни қабул қилган Инспекция мансабдор шахсининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;
машинистнинг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи (юридик шахснинг номи), унинг гувоҳнома рақами;
гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилишнинг асоси, шунингдек, тўхтатиб туриш муддати;
қарор устидан шикоят қилиш тартиби;
қарорни тузган Инспекция мансабдор шахсининг электрон рақамли имзоси ёки электрон график имзоси ҳамда QR-код (матрик штрихли код).
Гувоҳноманинг амал қилиши қарор қабул қилинган кундан бошлаб тўхтатилади (тугатилади ёки бекор қилинади).
55. Машинист Инспекциянинг мансабдор шахси томонидан расмийлаштирилган гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги қарорга (кўрсатмага) электрон график имзосини қўяди. Бунда Инспекциянинг мансабдор шахси машинистга нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чораларини кўриш учун қарорни (кўрсатмани) у фаолият юритаётган ташкилот раҳбарига юборади ва гувоҳномани олиб қўяди.
56. Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати давомида ушбу Регламентнинг 50-бандида назарда тутилган гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан сўнг гувоҳнома қайтариб берилади.
57. Гувоҳнома бериш ёки уни беришни рад этиш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар Инспекция томонидан юритиладиган гувоҳномаларнинг электрон реестрига тегишли равишда қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида киритилади.
7-боб. Гувоҳнома эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
58. Гувоҳнома эгаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
гувоҳномада кўрсатилган турдаги тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш;
тортиш ҳаракатдаги таркибда ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи носозлик аниқланганда, уни ҳаракатга чиқаришни рад этиш ёки ҳаракатини тўхтатиш ҳамда бу ҳақида ваколатли мансабдор шахсни хабардор қилиш;
малака ошириш, қайта тайёрлаш ва касбий билимларини ошириш курсларида ўқиш;
гувоҳномани бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш.
Гувоҳнома эгаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
59. Гувоҳнома эгасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув дастури асосида уч йилда камида бир марта малакасини ошириб бориш;
ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш;
касбий билим ва кўникмалари, амалий тайёргарлик ҳамда иш фаолиятини малакали амалга ошириш;
бир йилда камида бир маротаба, юқори тезликдаги тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқига эга машинистлар эса олти ойда камида бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиш;
соғлиғи ёмонлашганда, гувоҳномадан фойдаланишни тўхтатиш;
рейс (сафар) давомида гувоҳномада кўрсатилган турдаги тортиш ҳаракатдаги таркибда ўз лавозим мажбуриятларини бажариш.
60. Гувоҳнома эгасига қуйидаги ҳолларда ўз функционал вазифаларини бажаришига йўл қўйилмайди:
гувоҳнома бўлмаганда;
гувоҳномада тузатишлар мавжуд бўлганда;
гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаганда;
гувоҳнома машинистнинг ёнида бўлмаганда (тақдим қилмаганда);
гувоҳнома қалбаки бўлганда;
гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганда.
61. Машинистлар ўз хизмат вазифаларини бажариш давомида гувоҳномалари ёнида бўлиши ва уни Инспекциянинг масъул ходими талабига кўра тақдим қилиши лозим.
8-боб. Тест синови натижалари бўйича апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
62. Номзодларнинг (гувоҳнома эгаларининг) шикоятларини кўриб чиқиш учун Инспекция раҳбарининг буйруғи билан камида беш нафар мутахассисдан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади. Бунда:
Апелляция комиссияси таркибига бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ҳам мутахассислар келишув асосида жалб этилиши мумкин;
тест синовини ўтказишга масъул бўлган комиссия аъзоларининг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.
63. Тест синови натижаларидан норози бўлган номзодлар (гувоҳнома эгаларининг) унинг натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш иш куни мобайнида Апелляция комиссиясига электрон шаклда апелляция шикояти бериши мумкин.
Бунда Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган номзодни (гувоҳнома эгасини) шикоят кўриб чиқилишидан икки иш куни олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.
64. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида кўриб чиқади. Бунда апелляция шикояти билан мурожаат қилган номзод (гувоҳнома эгаси) мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
65. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Апелляция комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
66. Апелляция комиссияси тест синови жараёнида номзоднинг (гувоҳнома эгасининг) берган жавоблари ва видеотасвирларини кўриш орқали текширувдан ўтказади. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида номзодга (гувоҳнома эгасига) уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.
67. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
тест синови натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляциянинг қаноатлантирилишини рад этиш;
тест синовлари натижаларини ўзгартириш ва апелляцияни қаноатлантириш.
68. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат этган номзодга (гувоҳнома эгасига) ўз қарорини уни қабул қилган куннинг ўзида маълум қилиши керак.
69. Апелляция комиссияси қарори устидан номзод юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
9-боб. Гувоҳномаларнинг электрон реестрини юритиш
70. Инспекция томонидан берилган гувоҳномаларнинг электрон реестри юритилади ва Инспекциянинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
71. Гувоҳномаларнинг электрон реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
ариза берувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, телефон рақами;
гувоҳнома берилган сана, амал қилиш муддати ва унинг рақами;
номига гувоҳнома берилган ариза берувчи ходимининг фамилияси, исми ва отасининг исми;
бошқаришга гувоҳнома берилган тортиш ҳаракатдаги таркиб тўғрисидаги маълумотлар (тортиш тури, серияси ва бошқалар);
гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилгани, бекор қилингани, тиклангани, шунингдек, тугатилганининг асоси ва санаси;
гувоҳноманинг дубликатини беришнинг асоси ва санаси.
10-боб. Гувоҳномани тайёрлаш, ҳужжатларни сақлаш (ҳисобга олиш)
72. Гувоҳнома бланкаси ушбу Регламентга 4-иловада келтирилган намунага мувофиқ пластик карточка шаклида, Инспекциянинг буюртманомаси асосида, уни тайёрлаш ҳуқуқига эга бўлган ташкилот томонидан ишлаб чиқарилади.
73. Гувоҳномалар рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш китобида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.
74. Тўлдирилмаган гувоҳномалар қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар сифатида сақланади.
75. Тўлдириш (ёки чоп этиш) жараёнида бузилган гувоҳномалар далолатнома расмийлаштирилгандан кейин Инспекция томонидан белгиланган тартибда йўқ қилинади.
76. Тест синовини ўтказиш ва гувоҳнома бериш билан боғлиқ барча иш юритиш ҳужжатлари (тест синови варақалари, баённомалар, далолатномалар) Инспекция томонидан тасдиқланган намуналар асосида юритилади.
77. Янги гувоҳнома (дубликат) берилгандан кейин топилган гувоҳномалар, вафот этган шахснинг гувоҳномаси ва эски намунадаги гувоҳномалар Инспекция томонидан белгиланган тартибда йўқ қилинади.
78. Тест синови варақалари ва имтиҳон комиссияси баённомалари ўн йил, гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва бериш китоблари эса олтмиш йил давомида Инспекцияда сақланади.
11-боб. Якунловчи қоидалар
79. Давлат хизматини кўрсатиш жараёнида иштирок этувчи ваколатли органлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
80. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий органлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ва мониторинг қилиб боради.
81. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
82. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ариза берувчи — юридик шахс 1. Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) рўйхатдан ўтади. 2. Электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради, ҳужжатларни электрон шаклда илова қилади. 3. Давлат хизматидан фойдаланиш учун белгиланган миқдордаги йиғимни тўлайди. Хоҳишига кўра 2-босқич ЯИДХП Сўровнома Транспорт назорати инспекциясига (Инспекция) юборилади. Автоматик тарзда 3-босқич Транспорт назорати инспекцияси (имтиҳон комиссияси) 1. Ҳужжатларни ЯИДХП орқали қабул қилади. 2. Ариза ва ҳужжатларни (маълумотларни) кўриб чиқади. 10 иш кунида 4-босқич Транспорт назорати инспекцияси (имтиҳон комиссияси), Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Транспорт назорати инспекцияси Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида тест синовини ўтказиш, унинг натижалари бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш, гувоҳнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги тегишли баённомани расмийлаштиради. Тасдиқланган жадвалга мувофиқ 5-босқич Транспорт назорати инспекцияси Гувоҳномани тақдим этади. 1 иш кунида
Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
Тест синови ўтказмасдан янги гувоҳнома (дубликат) бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ариза берувчи — юридик шахс 1. Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) рўйхатдан ўтади. 2. Электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради, ҳужжатларни электрон шаклда илова қилади. 3. Давлат хизматидан фойдаланиш учун белгиланган миқдордаги йиғимни тўлайди. Хоҳишига кўра 2-босқич ЯИДХП Сўровнома Транспорт назорати инспекциясига (Инспекция) юборилади. Автоматик тарзда 3-босқич Транспорт назорати инспекцияси 1. Тушган сўровнома ва илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ тўлдирилганини кўриб чиқади. 2. Гувоҳнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилади. 3. Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига хабар юборади. 5 иш куни ичида 4-босқич Транспорт назорати инспекцияси Гувоҳномани тақдим этади. 1 иш кунида
Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА
Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича
I. Ариза берувчи ва номзод тўғрисидаги маълумотлар 1. Юридик шахснинг номи * 2. Юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли * 3. Юридик шахснинг манзили (жойлашган жойи) * 4. Юридик шахснинг почта манзили 5. Гувоҳнома олишга номзод бўлган ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми * 6. Номзоднинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) 7. Номзоднинг туғилган санаси * 8. Тортиш ҳаракатдаги таркибнинг тури 9. Номзодда илгари олинган гувоҳноманинг мавжудлиги, унинг ким томонидан ва қачон берилгани 10. Номзоднинг телефон рақами 11. Номзоднинг электрон почта манзили (мавжуд бўлса) 12. Номзоднинг иш стажи * II. Сўровномага илова қилинадиган ҳужжатлар 1. Таълим ташкилотида машинист касбини эгаллаганлик ҳақидаги давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат ёки тегишлилиги бўйича малака паспорти (сертификати) 2. Номзоднинг тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш бўйича амалиёт ўтагани тўғрисида далолатнома 3. Номзодда ҳаракат ва манёвр ишлари билан бевосита боғлиқ ишларни бажаришга тиббий қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса 4. Гувоҳнома йўқолганлиги ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатлар **
Тортиш ҳаракатдаги таркибни бошқариш ҳуқуқини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 17 сентябрь,
502-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
MAʼMURIY REGLAMENTI
SXEMASI
SXEMASI
SOʻROVNOMA
Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Temir yoʻl transporti toʻgʻrisida”gi Qonuni 10 , 42 va 58-moddalariga muvofiq tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish tartibini belgilash, shuningdek, tortish harakatdagi tarkibni boshqaruvchi mashinistlar masʼuliyatini oshirish, nazorat qilish hamda harakat xavfsizligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Transport vazirligi, “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ va “Toshkent metropoliteni” AJning 2027-yil 1-yanvardan boshlab temir yoʻl va metropoliten transporti mashinistlariga tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi guvohnomalarni Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali berish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Belgilansinki:
2029-yil 1-yanvargacha boʻlgan muddatda amalda tortish harakatdagi temir yoʻl va metropoliten tarkibini boshqarib kelayotgan barcha mashinistlarning ushbu qarorga muvofiq yangi namunadagi tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi guvohnoma olishi majburiy hisoblanadi;
2029-yil 1-yanvardan boshlab ushbu qarorga muvofiq yangi namunadagi tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi guvohnoma olmagan mashinistlarga tortish harakatdagi tarkibni boshqarish taqiqlanadi;
Transport vazirligi huzuridagi Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutida tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi guvohnomani olish uchun test sinovi shaklida imtihon oʻtkaziladi.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi mashinist guvohnomasini olish uchun murojaat qilish, uni koʻrib chiqish va guvohnomani berish tartibi;
tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi mashinist guvohnomasining amal qilish muddatini uzaytirish, almashtirish, yoʻqolgan guvohnoma oʻrniga yangisini berish, shuningdek, guvohnomani toʻxtatib turish, tugatish va bekor qilish tartibi;
tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi mashinist guvohnomasining elektron reyestrini yuritish, guvohnomani tayyorlash, saqlash (hisobga olish) tartibi.
4. Transport vazirligi:
a) Raqamli texnologiyalar vazirligi va Adliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda:
tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmatini YIDXP orqali koʻrsatishning texnik imkoniyatini yaratsin;
Transport vazirligining elektron maʼlumotlar bazasining YIDXPga integratsiya qilinishini taʼminlasin;
b) manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda:
ushbu qarorning mazmuni va mohiyati toʻgʻrisida tegishli tadbirkorlik subyektlarining keng xabardor qilinishini taʼminlasin;
oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qaror kuchga kirgan kundan boshlab ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Ushbu qaror 2027-yil 1-yanvardan boshlab kuchga kiradi.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda transport vaziri I.R. Maxkamov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 17-sentabrdagi 502-son qaroriga ILOVA
Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Maʼmuriy reglament (keyingi oʻrinlarda — Reglament) temir yoʻl va metropoliten transportida harakat tarkibini boshqaruvchi mashinistlarga tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi guvohnomalarni berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibini belgilaydi.
Guvohnomalar Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) tomonidan beriladi.
2. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ariza beruvchi — idoraviy mansubligi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, oʻz faoliyatini temir yoʻl transporti va metropoliten sohasida amalga oshiradigan, guvohnoma olishga talabgor boʻlgan xodimlarining hujjatlarini taqdim etadigan yuridik shaxs;
mashinist — tortish harakatdagi temir yoʻl yoki metropoliten tarkibini mustaqil boshqarish huquqiga ega boʻlgan mutaxassis;
mashinist guvohnomasi (keyingi oʻrinlarda — guvohnoma) — temir yoʻl va metropoliten tashkiloti xodimining tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini tasdiqlovchi hujjat;
mashinist yordamchisi — tegishli kasbiy malakaga (maʼlumotga) hamda temir yoʻl transporti sohasida oʻz faoliyatini amalga oshirayotgan tashkilot (ish beruvchi) tomonidan berilgan amaldagi mashinist yordamchisi guvohnomasiga ega boʻlgan va oʻz mehnat faoliyatida bevosita mashinistga boʻysunuvchi xodim;
platforma — nomzodlarning bilim va koʻnikmalarini baholash uchun test sinovi oʻtkaziladigan, foydalanuvchilarni “Face-ID” orqali aniqlaydigan va test sinovi natijalari boʻyicha QR-kodli maʼlumotnoma beradigan Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutining (keyingi oʻrinlarda — Institut) elektron (axborot) tizimi;
taʼlim tashkilotlari — transport sohasi uchun kadrlar tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish faoliyatini amalga oshiruvchi davlat taʼlim tashkilotlari va belgilangan tartibda attestatsiyadan hamda davlat akkreditatsiyasidan oʻtgan nodavlat taʼlim tashkilotlari;
temir yoʻl va metropolitenning tortish harakatdagi tarkibi (keyingi oʻrinlarda — tortish harakatdagi tarkib) — temir yoʻl va metropolitenda poyezdlar va alohida vagonlarni tortish, harakatga keltirish va tashish uchun moʻljallangan, lokomotivlar, motorvagonli harakatdagi tarkib, metropoliten poyezdlari, tortish agregatlari, lokomobillar hamda maxsus oʻziyurar harakatdagi tarkib;
test sinovi — tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi guvohnomani olish uchun oʻtkaziladigan imtihon.
3. Quyidagilar temir yoʻl va metropoliten tashkilotining guvohnoma olishga talabgor boʻlgan xodimlari (keyingi oʻrinlarda — nomzod) hisoblanadi:
mashinist yordamchisi;
temir yoʻl va metropolitenda tortish harakatdagi tarkibning bir turidan boshqa turini boshqarish huquqini olishga talabgorlar;
tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqi bekor qilingan mashinistlar;
guvohnomasini yoʻqotgan va guvohnomasining amal qilish muddati tugagan mashinistlar;
amalda mashinist lavozimida faoliyat yuritayotgan va ushbu Reglament talablariga muvofiq yangi namunadagi guvohnomani olishi talab etiladigan mashinistlar.
4. Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmati ushbu Reglamentga 1-ilovaga muvofiq, shuningdek, test sinovi oʻtkazmasdan yangi guvohnoma (dublikat) berish boʻyicha davlat xizmati ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq sxema asosida koʻrsatiladi.
5. Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi guvohnoma 10 yil muddatga beriladi.
Tortish harakatdagi tarkibning bir yoki bir nechta turini boshqarish huquqiga ega mashinistga boshqa turdagi tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqi berilganda, guvohnomaning amal qilish muddati yangi huquq berilgan sanadan boshlab, unda koʻrsatilgan barcha turlar boʻyicha 10 yil etib belgilanadi.
6. Umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti tizimiga kirmaydigan ariza beruvchilar soʻroviga koʻra, ular tomonidan taqdim etilgan nomzodlarga berilgan guvohnomalar, ularning umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarga chiqish huquqini bermaydi. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan holatlar bundan mustasno.
Guvohnoma olish uchun ariza har bir nomzod uchun alohida taqdim etiladi.
2-bob. Guvohnoma olish uchun asosiy talablar
7. Guvohnomani olish uchun nomzodlarga quyidagi talablar qoʻyiladi:
temir yoʻl mashinistining amaldagi mashinist yordamchisi sifatida 18 oydan kam boʻlmagan mehnat stajiga ega boʻlish. Bunda tortish harakatdagi tarkibga tegishli taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha oliy maʼlumotga ega boʻlgan nomzodlar uchun mashinist yordamchisi sifatida talab etiladigan mehnat staji 6 oy etib belgilanadi;
metropoliten tortish harakatdagi tarkibi uchun chilangar sifatida 12 oydan kam boʻlmagan mehnat stajiga ega boʻlish;
tortish harakatdagi tarkibni boshqarish boʻyicha amaliyot oʻtaganlik toʻgʻrisida dalolatnomaga ega boʻlish;
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi tomonidan tasdiqlangan oʻquv reja va dasturlar asosida tegishli turdagi tortish harakatdagi tarkibni boshqarish boʻyicha taʼlim olgan, mashinist kasbini egallaganlik haqidagi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatga ega boʻlish;
belgilangan tartibda tibbiy koʻrikdan oʻtish va nomzodning sogʻligʻi holati unga topshirilayotgan ishga muvofiqligi hamda ayrim turdagi ishlarni (bevosita poyezdlar harakati va manyovr ishlari bilan bogʻliq ishlarni) bajarishga tibbiy qarshi koʻrsatmalar mavjud emasligi toʻgʻrisida tibbiy xulosaga ega boʻlish;
platformada tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish uchun test sinovini muvaffaqiyatli topshirish.
8. Nomzodning tortish harakatdagi tarkibni boshqarish boʻyicha amaliyot oʻtashi yakunlariga koʻra, uning amaliy bilim va koʻnikmalari ariza beruvchining buyrugʻi bilan tashkil etiladigan kamida uch nafar aʼzodan iborat komissiya tomonidan baholanadi. Bunda:
komissiya tarkibiga ariza beruvchining lokomotiv xoʻjaligi boʻyicha malakali mutaxassisi, tegishli turdagi tortish harakatdagi tarkibni boshqarish boʻyicha kamida besh yillik ish tajribasiga ega mashinisti, shuningdek, Inspeksiyaning tegishli yoʻnalishdagi mutaxassisi majburiy tartibda kiritiladi;
amaliy bilim va koʻnikmalarni baholash natijalari komissiyaning barcha aʼzolari tomonidan imzolanadigan dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi.
3-bob. Davlat xizmatini koʻrsatish
9. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) roʻyxatdan oʻtadi va ushbu Reglamentga 3-ilovaga muvofiq soʻrovnomani elektron tarzda toʻldirib, maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi hamda belgilangan toʻlovni amalga oshirgandan soʻng soʻrovnoma avtomatik tarzda Inspeksiyaga yuboriladi.
Davlat xizmati uchun toʻlov axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali amalga oshiriladi.
Ariza beruvchidan soʻrovnomada koʻrsatilmagan maʼlumotlar va hujjatlarni talab qilish taqiqlanadi.
10. Arizalar YIDXP orqali dam olish va ishlanmaydigan bayram kunlaridan qatʼi nazar, har kuni 24 soat davomida yuborilishi mumkin.
Bunda arizalar ish vaqtidan keyin yoki dam olish va ishlanmaydigan bayram kunlari yuborilganda, navbatdagi ish kuni arizalar Inspeksiyaga tushgan hamda qabul qilingan kun hisoblanadi.
11. Davlat xizmatini koʻrsatish uchun bazaviy hisoblash miqdorining besh baravari miqdorida yigʻim undiriladi.
12. Yigʻim summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga;
11,75 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan maxsus hisobvaragʻiga (jumladan, 0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali tasdiqlangani uchun);
qolgan mablagʻlar teng ulushlarda — Transport vazirligi huzuridagi Transport va logistikani rivojlantirish jamgʻarmasi va Institutning bank hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
13. Guvohnoma olish uchun zarur boʻlgan hujjatlarni tayyorlash va rasmiylashtirish nomzodning ish joyida amalga oshiriladi. Ushbu Reglamentga 3-ilovaga muvofiq soʻrovnomada nazarda tutilgan maʼlumot va hujjatlarning toʻliqligi va toʻgʻri rasmiylashtirilishi uchun ariza beruvchi javobgar hisoblanadi.
14. Guvohnoma olish uchun taqdim qilingan hujjatlar Inspeksiyaga kelib tushgani (hujjatlar koʻrib chiqish uchun qabul qilingani) toʻgʻrisida ariza beruvchining shaxsiy kabinetiga “push”-xabarnoma yuboriladi.
4-bob. Arizani koʻrib chiqish, test sinovini oʻtkazish, shuningdek, guvohnoma berish yoki uni berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish
15. Hujjatlar ariza kelib tushgan kundan boshlab Inspeksiya tomonidan oʻn ish kuni mobaynida koʻrib chiqiladi.
16. Hujjatlar toʻliq boʻlmagan hajmda taqdim etilganda (soʻrovnoma va unga ilova qilinadigan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan va (yoki) yetarli boʻlmagan maʼlumotlar mavjud boʻlganda), ariza koʻrib chiqilib, ariza beruvchiga hujjatlar qaytarilgan sanadan boshlab oʻn ish kuni ichida kamchiliklarni bartaraf etish va hujjatlarni qayta taqdim etish imkoniyati beriladi.
Hujjatlarni takroran koʻrib chiqishda Inspeksiya tomonidan ariza beruvchiga ilgari bayon qilinmagan rad etish sabablari keltirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, ilgari koʻrsatilgan sabablar bartaraf etilmaganini tasdiqlovchi hujjatlar bilan bogʻliq rad etish holatlari bundan mustasno.
Mashinistning tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqining bekor qilinishi yoki bu huquqni toʻxtatib turib, tiklanmagani arizani qabul qilishni rad etish uchun asos boʻladi.
17. Taqdim etilgan ariza va hujjatlarda (maʼlumotlarda) kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, Inspeksiya ushbu arizani koʻrib chiqish yakunlangan kundan boshlab bir ish kuni mobaynida nomzod guvohnoma olish uchun test sinovi topshiriladigan sana, joy, vaqt haqida ariza beruvchining YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga “push”-xabarnoma yuboradi.
18. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega.
Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan bosh tortganda, uning arizasi koʻrmasdan qoldiriladi va toʻlangan yigʻim summasi qaytarilmaydi.
19. Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini beruvchi guvohnomani olish uchun test sinovi Inspeksiya huzuridagi imtihon komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — imtihon komissiyasi) tomonidan oʻtkaziladi, uning aʼzolari soni uch kishidan kam boʻlmasligi kerak.
20. Imtihon komissiyasi raisi, tarkibi va ularning vazifalari Oʻzbekiston Respublikasi transport vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
21. Imtihon komissiyasining tarkibiga Inspeksiyaning tegishli soha va yoʻnalishlar boʻyicha mutaxassis xodimlari kiritilishi lozim.
22. Inspeksiya imtihon komissiyasi tarkibiga temir yoʻl transporti tashkilotlarining tegishli sohaviy boʻlinmalari, korxonalari va shuʼba xoʻjalik jamiyatlari rahbar xodimlari va soha mutaxassislari, taʼlim tashkilotlarining soha oʻqituvchilari hamda jamoatchilik vakillarini belgilangan tartibda jalb etishi mumkin.
23. Ish yuritishni tashkil etish uchun Inspeksiya tomonidan imtihon komissiyasi aʼzosi boʻlmagan imtihon komissiyasi kotibi tayinlanadi.
24. Inspeksiya test sinovini oʻtkazish jadvalini har yil boshida tasdiqlaydi.
Nomzodlar soni koʻp boʻlganda, Institut bilan kelishilgan holda qoʻshimcha test sinovi yoki respublikaning boshqa hududlarida test sinovi tashkil etilishi mumkin.
25. Test sinovi imtihon komissiyasi kuzatuvida platformada tashkil qilinadi va oʻtkaziladi.
26. Test sinovi anʼanaviy shaklda, yaʼni nomzodning shaxsan ishtirokida oʻtkaziladi. Test sinovini oʻtkazish sanasi, vaqti va joyi Institut bilan kelishilgan holda Inspeksiya tomonidan belgilanadi.
27. Test sinovini topshirishda nomzod shaxsini tasdiqlovchi hujjatni (fuqarolik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti yoki haydovchilik guvohnomasi) taqdim etadi. Shaxsni tasdiqlovchi hujjatga ega boʻlmagan yoxud test sinoviga kechikkan nomzodlar kelmagan hisoblanadi hamda navbatdagi test sinovidan oʻtadigan nomzodlar roʻyxatiga kiritiladi. Bu haqida ariza beruvchiga uch ish kunidan kechiktirmay YIDXP orqali xabar yuboriladi.
28. Agar nomzod tegishli tarzda xabardor qilingandan keyin test sinovini topshirish uchun kelmasa, nomzodga davlat xizmatini koʻrsatish rad etiladi. Bunda davlat xizmatidan foydalanish uchun toʻlangan yigʻim summasi qaytarilmaydi.
Hujjatlar ushbu Reglamentda belgilangan umumiy tartibda qayta topshiriladi.
29. Test sinovini oʻtkazish jarayonini uzluksiz ravishda ovozli videotasvirga tushirish uchun Institut test sinovini tashkil etgan holda imtihon xonalarini ajratadi hamda ularni zamonaviy texnik asbob-uskunalar (kompyuter, ovozli videokamera, Internet jahon axborot tarmogʻi va boshqalar) bilan taʼminlab, nomzodlar uchun tegishli shart-sharoitlar yaratadi.
30. Test sinovi jarayonida nomzodlar tomonidan mobil aloqa vositasi, kompyuter yoki boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, kitob, lugʻat, shpargalka va boshqa materiallar olib kirish hamda ulardan foydalanish, shuningdek, boshqa nomzodlar bilan suhbatlashish taqiqlanadi.
Bunda ushbu taqiqlangan materiallarni olib kirgan yoki ulardan foydalangan, yoxud test sinovi vaqtida boshqa nomzodlar bilan suhbatlashgan nomzod test sinovini oʻtkazish tartibini buzgan deb hisoblanadi hamda dalolatnoma asosida test sinovidan chetlashtiriladi.
Test sinovi jarayonlari Inspeksiyaning rasmiy veb-sayti orqali onlayn translyatsiya qilinadi.
Test sinovi jarayonlari ovozli videokuzatuv kamerasi orqali yozib olinadi va Institutda bir yil saqlanadi.
31. Test sinovining savollar toʻplami (bazasi) temir yoʻl va metropolitenning tortish harakatdagi tarkibining har bir turi, seriyasi boʻyicha alohida tuziladi.
Test sinovida guvohnoma olish uchun nomzodga beriladigan savollar toʻplami (bazasi) mashinist majburiyatlari, funksiyalari, vazifalari va malaka talablariga hamda sohaga oid qonunchilik hujjatlariga muvofiq Inspeksiya tomonidan ishlab chiqiladi va Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi tomonidan tasdiqlanadi hamda uning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
Inspeksiya tomonidan test sinovi savollari doimiy yangilab boriladi hamda test sinovi materiallarini va savollarini shakllantirish uchun davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari, ilmiy-tadqiqot muassasalari va boshqa tashkilotlardan malakali mutaxassislar, shuningdek, mahalliy va xorijiy ekspertlar shartnoma asosida jalb etilishi mumkin.
32. Test sinovi davomida nomzodning natijalari (test sinovi natijalari) 100 balli tizimda baholanadi. Test sinovi 50 ta test savolini oʻz ichiga oladi va har bir toʻgʻri javob 2 ballni tashkil qiladi.
Test sinovi natijalari test sinovi varaqasiga kiritiladi.
Agar nomzod test sinovi natijalari boʻyicha kamida 80 ball toʻplasa, imtihon komissiyasi tomonidan nomzod test sinovidan muvaffaqiyatli oʻtgan deb hisoblanadi va unga guvohnoma rasmiylashtirish haqida qaror qabul qilinadi. Bunda yuqori tezlikdagi tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini olish uchun nomzodlar test sinovida kamida 90 ball toʻplashi lozim.
33. Test sinovini topshiruvchi nomzodlar test topshiriqlarini bajarishni yakunlagach, test sinovi natijasi inson omilisiz, platforma orqali shu vaqtning oʻzida maʼlum qilinadi.
34. Test sinovidan oʻta olmagan (undan chetlashtirilgan) nomzodga belgilangan yigʻim undirilmasdan uni qayta topshirish uchun bir marotaba imkoniyat beriladi va keyingi boʻlib oʻtadigan test sinoviga qoʻyiladi.
35. Ikkinchi marotaba berilgan imkoniyatdan ham foydalana olmagan (test sinovidan muvaffaqiyatli oʻta olmagan) nomzod ushbu Reglamentda belgilangan tartibda qayta test sinovini topshiradi.
36. Test sinovini topshirmagan nomzod guvohnoma bilan beriladigan huquqlarga muvofiq oʻz vazifalarini bajarishga ariza beruvchi tomonidan qoʻyilmaydi. Ariza beruvchi tomonidan ushbu xodimni mashinist lavozimida faoliyat olib borish uchun, shu jumladan, uni akkreditatsiyadan oʻtgan taʼlim tashkilotlarida mashinistlarni tayyorlash (qayta tayyorlash) boʻyicha oʻquv kurslarga oʻqishga yuborish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.
37. Test sinovini muvaffaqiyatli topshirgan nomzodlarga Inspeksiya tomonidan guvohnoma rasmiylashtiriladi. Guvohnomada test sinovi topshirilgan tortish harakatdagi tarkibning turi koʻrsatiladi.
Guvohnomadagi yozuvlar Inspeksiya tomonidan maxsus texnik vositalarda bosiladi.
38. Guvohnoma toʻgʻrisidagi maʼlumotlar guvohnomalarni roʻyxatdan oʻtkazish va hisobga olish kitobiga kiritiladi. Guvohnomaning seriyasi lotin alifbosidagi “MG” harflaridan, tartib raqami esa ketma-ket beriladigan va takrorlanmaydigan olti xonali raqamdan iborat boʻladi.
39. Guvohnoma berish toʻgʻrisida qaror qabul qilingani haqidagi xabarnoma ariza beruvchiga elektron shaklda yuboriladi.
40. Guvohnoma Inspeksiya tomonidan test sinovidan muvaffaqiyatli oʻtgan nomzodning shaxsan oʻziga, shaxsini tasdiqlovchi hujjatini (fuqarolik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti yoki haydovchilik guvohnomasi) taqdim etganda, guvohnomalarni berish kitobiga shaxsan imzo qoʻydirgan holda beriladi.
Mashinist boshqa turdagi tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini olish uchun amaldagi guvohnomasini taqdim etishi kerak.
Guvohnoma ishonchnoma asosida berilmaydi.
41. Inspeksiya guvohnoma berilishining asoslangani, toʻgʻri toʻldirilgani hamda guvohnomalarni roʻyxatdan oʻtkazish va hisobga olish kitobi yuritilishi uchun javob beradi.
42. Nomzod test sinovida talab qilinadigan natija qayd etmagan yoki test sinovidan chetlashtirilgan boʻlsa, guvohnoma berish rad etiladi.
Guvohnoma berishni boshqa asoslarga koʻra, shu jumladan, maqsadga muvofiq emas, degan vajlar bilan rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
43. Ariza beruvchi guvohnoma berishning rad etilishi, shuningdek, Inspeksiya mansabdor shaxsining xatti-harakati (harakatsizligi) yuzasidan belgilangan tartibda shikoyat qilish huquqiga ega.
5-bob. Guvohnomaning amal qilish muddatini uzaytirish, uni almashtirish va yoʻqolgan guvohnoma oʻrniga dublikat berish
44. Guvohnomaning amal qilish muddati tugagach, u ariza beruvchining arizasiga koʻra almashtirilishi kerak. Guvohnomani yangisiga almashtirish toʻgʻrisidagi ariza Inspeksiyaga guvohnomaning amal qilish muddati tugagunga qadar berilishi lozim. Amal qilish muddati tugagan guvohnoma ushbu Reglamentga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida almashtiriladi.
45. Avval berilgan guvohnoma oʻrniga test sinovi oʻtkazmasdan yangi guvohnoma (dublikat) olish uchun YIDXP orqali ariza beruvchi Inspeksiyaga quyidagi holatlarda murojaat qiladi va guvohnoma ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq sxema asosida beriladi:
a) guvohnoma egasining shaxsga doir maʼlumotlari oʻzgarganda;
b) texnik xatolar va yozuvdagi xatolarni tuzatishda;
v) guvohnoma eskirgani, shikastlangani va unda (yoki uning bir qismida) koʻrsatilgan maʼlumotlarni koʻz bilan koʻrib aniqlash mumkin emasligi oqibatida keyinchalik foydalanish uchun yaroqsiz holga kelgan boʻlsa;
g) ariza beruvchidan guvohnoma yoʻqolgani toʻgʻrisida ariza tushgan boʻlsa.
Yangi guvohnoma (dublikat) berilganda, avval berilgan guvohnomaning amal qilish muddati koʻrsatiladi.
Yangi guvohnoma (dublikat) berilgani uchun bazaviy hisoblash miqdorining 0,5 baravari miqdorida yigʻim undiriladi, ushbu bandning “b” kichik bandidagi holat bundan mustasno.
46. Ushbu Reglamentning 45-bandida keltirilgan holatlar boʻyicha guvohnoma berilganda, yigʻim summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga;
11,75 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan maxsus hisobvaragʻiga (jumladan, 0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali tasdiqlangani uchun);
qolgan mablagʻlar — Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Transport va logistikani rivojlantirish jamgʻarmasiga oʻtkaziladi.
47. Guvohnoma yoʻqolganda, ariza beruvchi har bir alohida holat boʻyicha xizmat tekshiruvini oʻtkazadi. Xizmat tekshiruvini oʻtkazish uchun ariza beruvchi tashkilotning rahbar va mutaxassis xodimlaridan kamida uch kishidan iborat komissiya tayinlanadi. Bunda yoʻqolgan guvohnomaning egasi komissiya raisiga guvohnomaning yoʻqolgani toʻgʻrisida yozma ariza taqdim etishi shart, unda sodir boʻlgan hodisa batafsil bayon qilinishi lozim.
Tekshirish materiallari boʻyicha komissiya tomonidan yoʻqolgan guvohnomaning egasiga yangi guvohnoma berish maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida xulosa bilan dalolatnoma tuziladi.
Yoʻqolgan guvohnoma egasi guvohnomani tiklagunga (dublikat olgunga) qadar ariza beruvchi tomonidan tortish harakatdagi tarkibni boshqarishdan vaqtincha chetlashtirilishi shart.
48. Yoʻqolgan guvohnomaning egasi toʻgʻrisida rasmiylashtirilgan hujjatlar (guvohnoma egasining arizasi, yoʻqolgan guvohnomaning raqami, Inspeksiya tomonidan berilgan sanasi koʻrsatilgan holda guvohnoma egasining shaxsiy hujjatlari, mashinistning ish faoliyati toʻgʻrisida maʼlumotnoma) ariza beruvchi tomonidan Inspeksiyaga yangi guvohnoma berish uchun soʻrovnomaga ilova qilinadi.
Yoʻqolgan guvohnoma oʻrniga yangi guvohnoma Inspeksiya tomonidan tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqi bekor qilingan mashinistlar guvohnomalari maʼlumotlar bazasi boʻyicha tekshirilgandan keyin oʻn ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda beriladi.
49. Avvalgi guvohnoma yangisiga almashtirilgandan keyin Inspeksiya tomonidan tegishli dalolatnoma bilan rasmiylashtirilgan holda yoʻq qilinadi.
Yangi guvohnoma guvohnomalarni roʻyxatdan oʻtkazish, hisobga olish va berish kitobiga uning egasiga shaxsan imzo qoʻydirgan holda beriladi.
6-bob. Guvohnomani toʻxtatib turish, tugatish va bekor qilish
50. Quyidagi holatlar guvohnomaning amal qilishini Inspeksiya tomonidan toʻxtatib turishga asos hisoblanadi:
tibbiy komissiya xulosasi asosida mashinistning sogʻligʻi boʻyicha tibbiy qarshi koʻrsatmalar mavjud boʻlsa;
mashinist tomonidan harakat va tashishlar xavfsizligi talablari buzilgan taqdirda (hodisaning tasnifiga qarab poyezdlar halokati, avariya, ishdagi alohida hodisalar, ishdagi hodisalarda);
mashinistning faoliyati bilan bogʻliq jinoiy qilmish toʻgʻrisidagi ishni yuritish vaqtida;
Inspeksiya tomonidan belgilangan tartibda oʻtkaziladigan tekshirishlardan boʻyin tovlaganda;
mashinistning ish vaqtida guvohnomasi yonida boʻlmaganida.
51. Guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish muddati 90 sutkadan oshmasligi lozim.
52. Guvohnomaning amal qilishini tugatish uchun quyidagilar asos boʻladi:
guvohnomaning amal qilish muddati tugaganda;
tortish harakatdagi tarkibni 2 yildan ortiq uzluksiz boshqarmasa;
tibbiy xulosaga koʻra mashinist sifatida ishlashga yaroqsiz deb topilganda;
guvohnoma egasi vafot etganda.
53. Guvohnomani bekor qilish uchun quyidagilar asos boʻladi:
ushbu Reglamentning 50-bandida koʻrsatilgan guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish uchun asos boʻlgan holatlar bartaraf etilmagan boʻlsa;
ariza beruvchining guvohnomani bekor qilish toʻgʻrisidagi arizasiga muvofiq;
tortish harakatdagi tarkibni boshqarish natijasida mashinistning aybi bilan fuqarolarning hayoti va sogʻligʻiga zarar yetkazilgan yoki bunday zarar yetkazilishi real xavfi yuzaga kelganda;
mashinistning faoliyati bilan bogʻliq jinoyat ishi doirasida sudning hukmi qonuniy kuchga kirganda;
mashinistning alkogolli ichimlikdan, giyohvandlik yoki toksik modda taʼsiridan mastlik holatida ishga kelganida yoki ishda boʻlganida.
54. Guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish va bekor qilish toʻgʻrisidagi qarorda (koʻrsatmada) quyidagilar koʻrsatiladi:
qaror qabul qilingan sana;
qarorni qabul qilgan Inspeksiya mansabdor shaxsining familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi;
mashinistning familiyasi, ismi, otasining ismi, ish joyi (yuridik shaxsning nomi), uning guvohnoma raqami;
guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish va bekor qilishning asosi, shuningdek, toʻxtatib turish muddati;
qaror ustidan shikoyat qilish tartibi;
qarorni tuzgan Inspeksiya mansabdor shaxsining elektron raqamli imzosi yoki elektron grafik imzosi hamda QR-kod (matrik shtrixli kod).
Guvohnomaning amal qilishi qaror qabul qilingan kundan boshlab toʻxtatiladi (tugatiladi yoki bekor qilinadi).
55. Mashinist Inspeksiyaning mansabdor shaxsi tomonidan rasmiylashtirilgan guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish va bekor qilish toʻgʻrisidagi qarorga (koʻrsatmaga) elektron grafik imzosini qoʻyadi. Bunda Inspeksiyaning mansabdor shaxsi mashinistga nisbatan belgilangan tartibda intizomiy jazo choralarini koʻrish uchun qarorni (koʻrsatmani) u faoliyat yuritayotgan tashkilot rahbariga yuboradi va guvohnomani olib qoʻyadi.
56. Guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish muddati davomida ushbu Reglamentning 50-bandida nazarda tutilgan guvohnomaning amal qilishini toʻxtatib turish uchun asos boʻlgan holatlar bartaraf etilgandan soʻng guvohnoma qaytarib beriladi.
57. Guvohnoma berish yoki uni berishni rad etish, uning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish yoki bekor qilish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Inspeksiya tomonidan yuritiladigan guvohnomalarning elektron reyestriga tegishli ravishda qaror qabul qilingan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida kiritiladi.
7-bob. Guvohnoma egasining huquq va majburiyatlari
58. Guvohnoma egasi quyidagi huquqlarga ega:
guvohnomada koʻrsatilgan turdagi tortish harakatdagi tarkibni boshqarish;
tortish harakatdagi tarkibda harakat xavfsizligiga tahdid soluvchi nosozlik aniqlanganda, uni harakatga chiqarishni rad etish yoki harakatini toʻxtatish hamda bu haqida vakolatli mansabdor shaxsni xabardor qilish;
malaka oshirish, qayta tayyorlash va kasbiy bilimlarini oshirish kurslarida oʻqish;
guvohnomani berish, uning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish yoki bekor qilish toʻgʻrisidagi qaror ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish.
Guvohnoma egasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
59. Guvohnoma egasiga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi tomonidan tasdiqlangan oʻquv dasturi asosida uch yilda kamida bir marta malakasini oshirib borish;
harakat xavfsizligini taʼminlash;
kasbiy bilim va koʻnikmalari, amaliy tayyorgarlik hamda ish faoliyatini malakali amalga oshirish;
bir yilda kamida bir marotaba, yuqori tezlikdagi tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqiga ega mashinistlar esa olti oyda kamida bir marotaba tibbiy koʻrikdan oʻtish;
sogʻligʻi yomonlashganda, guvohnomadan foydalanishni toʻxtatish;
reys (safar) davomida guvohnomada koʻrsatilgan turdagi tortish harakatdagi tarkibda oʻz lavozim majburiyatlarini bajarish.
60. Guvohnoma egasiga quyidagi hollarda oʻz funksional vazifalarini bajarishiga yoʻl qoʻyilmaydi:
guvohnoma boʻlmaganda;
guvohnomada tuzatishlar mavjud boʻlganda;
guvohnomaning amal qilish muddati tugaganda;
guvohnoma mashinistning yonida boʻlmaganda (taqdim qilmaganda);
guvohnoma qalbaki boʻlganda;
guvohnomaning amal qilishi toʻxtatib turilganda.
61. Mashinistlar oʻz xizmat vazifalarini bajarish davomida guvohnomalari yonida boʻlishi va uni Inspeksiyaning masʼul xodimi talabiga koʻra taqdim qilishi lozim.
8-bob. Test sinovi natijalari boʻyicha apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish
62. Nomzodlarning (guvohnoma egalarining) shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun Inspeksiya rahbarining buyrugʻi bilan kamida besh nafar mutaxassisdan iborat tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi. Bunda:
Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga boshqa davlat organlari va tashkilotlaridan ham mutaxassislar kelishuv asosida jalb etilishi mumkin;
test sinovini oʻtkazishga masʼul boʻlgan komissiya aʼzolarining Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
63. Test sinovi natijalaridan norozi boʻlgan nomzodlar (guvohnoma egalarining) uning natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab oʻn besh ish kuni mobaynida Apellyatsiya komissiyasiga elektron shaklda apellyatsiya shikoyati berishi mumkin.
Bunda Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan nomzodni (guvohnoma egasini) shikoyat koʻrib chiqilishidan ikki ish kuni oldin uni koʻrib chiqish vaqti va joyi haqida ogohlantiradi.
64. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini, u kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida koʻrib chiqadi. Bunda apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan nomzod (guvohnoma egasi) mazkur shikoyatni koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.
65. Apellyatsiya komissiyasi unda aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Apellyatsiya komissiyasining qarori oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
Berilgan ovozlar soni teng boʻlib qolgan taqdirda, Apellyatsiya komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
66. Apellyatsiya komissiyasi test sinovi jarayonida nomzodning (guvohnoma egasining) bergan javoblari va videotasvirlarini koʻrish orqali tekshiruvdan oʻtkazadi. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish davomida nomzodga (guvohnoma egasiga) uni qayta baholashga qaratilgan savollar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
67. Shikoyatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Apellyatsiya komissiyasi tomonidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:
test sinovi natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish va apellyatsiyaning qanoatlantirilishini rad etish;
test sinovlari natijalarini oʻzgartirish va apellyatsiyani qanoatlantirish.
68. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat etgan nomzodga (guvohnoma egasiga) oʻz qarorini uni qabul qilgan kunning oʻzida maʼlum qilishi kerak.
69. Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan nomzod yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.
9-bob. Guvohnomalarning elektron reyestrini yuritish
70. Inspeksiya tomonidan berilgan guvohnomalarning elektron reyestri yuritiladi va Inspeksiyaning rasmiy veb-saytida joylashtiriladi.
71. Guvohnomalarning elektron reyestrida quyidagilar koʻrsatilishi kerak:
ariza beruvchining nomi, joylashgan joyi (pochta manzili) va tashkiliy-huquqiy shakli, telefon raqami;
guvohnoma berilgan sana, amal qilish muddati va uning raqami;
nomiga guvohnoma berilgan ariza beruvchi xodimining familiyasi, ismi va otasining ismi;
boshqarishga guvohnoma berilgan tortish harakatdagi tarkib toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (tortish turi, seriyasi va boshqalar);
guvohnomaning amal qilishi toʻxtatib turilgani, bekor qilingani, tiklangani, shuningdek, tugatilganining asosi va sanasi;
guvohnomaning dublikatini berishning asosi va sanasi.
10-bob. Guvohnomani tayyorlash, hujjatlarni saqlash (hisobga olish)
72. Guvohnoma blankasi ushbu Reglamentga 4-ilovada keltirilgan namunaga muvofiq plastik kartochka shaklida, Inspeksiyaning buyurtmanomasi asosida, uni tayyorlash huquqiga ega boʻlgan tashkilot tomonidan ishlab chiqariladi.
73. Guvohnomalar roʻyxatdan oʻtkazish va hisobga olish kitobida belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkaziladi.
74. Toʻldirilmagan guvohnomalar qatʼiy hisobda turadigan hujjatlar sifatida saqlanadi.
75. Toʻldirish (yoki chop etish) jarayonida buzilgan guvohnomalar dalolatnoma rasmiylashtirilgandan keyin Inspeksiya tomonidan belgilangan tartibda yoʻq qilinadi.
76. Test sinovini oʻtkazish va guvohnoma berish bilan bogʻliq barcha ish yuritish hujjatlari (test sinovi varaqalari, bayonnomalar, dalolatnomalar) Inspeksiya tomonidan tasdiqlangan namunalar asosida yuritiladi.
77. Yangi guvohnoma (dublikat) berilgandan keyin topilgan guvohnomalar, vafot etgan shaxsning guvohnomasi va eski namunadagi guvohnomalar Inspeksiya tomonidan belgilangan tartibda yoʻq qilinadi.
78. Test sinovi varaqalari va imtihon komissiyasi bayonnomalari oʻn yil, guvohnomalarni roʻyxatdan oʻtkazish, hisobga olish va berish kitoblari esa oltmish yil davomida Inspeksiyada saqlanadi.
11-bob. Yakunlovchi qoidalar
79. Davlat xizmatini koʻrsatish jarayonida ishtirok etuvchi vakolatli organlar oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.
80. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, uning hududiy organlari ushbu Reglament talablari ijrosi boʻyicha davlat organlari va boshqa tashkilotlarning faoliyatini, shu jumladan, YIDXP orqali doimiy nazorat va monitoring qilib boradi.
81. Ariza beruvchi davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining xatti-harakati (harakatsizligi) yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.
82. Ushbu Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Ariza beruvchi — yuridik shaxs 1. Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (YIDXP) roʻyxatdan oʻtadi. 2. Elektron shakldagi soʻrovnomani toʻldiradi, hujjatlarni elektron shaklda ilova qiladi. 3. Davlat xizmatidan foydalanish uchun belgilangan miqdordagi yigʻimni toʻlaydi. Xohishiga koʻra 2-bosqich YIDXP Soʻrovnoma Transport nazorati inspeksiyasiga (Inspeksiya) yuboriladi. Avtomatik tarzda 3-bosqich Transport nazorati inspeksiyasi (imtihon komissiyasi) 1. Hujjatlarni YIDXP orqali qabul qiladi. 2. Ariza va hujjatlarni (maʼlumotlarni) koʻrib chiqadi. 10 ish kunida 4-bosqich Transport nazorati inspeksiyasi (imtihon komissiyasi), Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti Transport nazorati inspeksiyasi Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutida test sinovini oʻtkazish, uning natijalari boʻyicha hujjatlarni tayyorlash va rasmiylashtirish, guvohnoma berish yoki uni berishni rad etish toʻgʻrisidagi tegishli bayonnomani rasmiylashtiradi. Tasdiqlangan jadvalga muvofiq 5-bosqich Transport nazorati inspeksiyasi Guvohnomani taqdim etadi. 1 ish kunida
Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
Test sinovi oʻtkazmasdan yangi guvohnoma (dublikat) berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Ariza beruvchi — yuridik shaxs 1. Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (YIDXP) roʻyxatdan oʻtadi. 2. Elektron shakldagi soʻrovnomani toʻldiradi, hujjatlarni elektron shaklda ilova qiladi. 3. Davlat xizmatidan foydalanish uchun belgilangan miqdordagi yigʻimni toʻlaydi. Xohishiga koʻra 2-bosqich YIDXP Soʻrovnoma Transport nazorati inspeksiyasiga (Inspeksiya) yuboriladi. Avtomatik tarzda 3-bosqich Transport nazorati inspeksiyasi 1. Tushgan soʻrovnoma va ilova qilingan hujjatlarning toʻgʻri va toʻliq toʻldirilganini koʻrib chiqadi. 2. Guvohnoma berish yoki uni berishni rad etish toʻgʻrisida tegishli qaror qabul qiladi. 3. Murojaatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha ariza beruvchining YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga xabar yuboradi. 5 ish kuni ichida 4-bosqich Transport nazorati inspeksiyasi Guvohnomani taqdim etadi. 1 ish kunida
Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA
Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha
I. Ariza beruvchi va nomzod toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 1. Yuridik shaxsning nomi * 2. Yuridik shaxsning tashkiliy-huquqiy shakli * 3. Yuridik shaxsning manzili (joylashgan joyi) * 4. Yuridik shaxsning pochta manzili 5. Guvohnoma olishga nomzod boʻlgan xodimning familiyasi, ismi va otasining ismi * 6. Nomzodning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR) 7. Nomzodning tugʻilgan sanasi * 8. Tortish harakatdagi tarkibning turi 9. Nomzodda ilgari olingan guvohnomaning mavjudligi, uning kim tomonidan va qachon berilgani 10. Nomzodning telefon raqami 11. Nomzodning elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) 12. Nomzodning ish staji * II. Soʻrovnomaga ilova qilinadigan hujjatlar 1. Taʼlim tashkilotida mashinist kasbini egallaganlik haqidagi davlat tomonidan tasdiqlangan namunadagi taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat yoki tegishliligi boʻyicha malaka pasporti (sertifikati) 2. Nomzodning tortish harakatdagi tarkibni boshqarish boʻyicha amaliyot oʻtagani toʻgʻrisida dalolatnoma 3. Nomzodda harakat va manyovr ishlari bilan bevosita bogʻliq ishlarni bajarishga tibbiy qarshi koʻrsatmalar mavjud emasligi toʻgʻrisidagi tibbiy xulosa 4. Guvohnoma yoʻqolganligi holatini tasdiqlovchi hujjatlar **
Tortish harakatdagi tarkibni boshqarish huquqini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 17-sentabr,
502-son