UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 18-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 18 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг «Диний маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига қабул қилиш тартибини белгилаш тўғрисида

Диний-маърифий соҳада илғор билим ва кўникмаларга эга юқори малакали ва истиқболли кадрларни тайёрлаш, уларни диний-маърифий фаолиятга самарали жалб этиш, шунингдек, илмий ва инновацион фаолиятни тизимли ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида (кейинги ўринларда — Академия) диний-маърифий соҳада бошқарув кадрларини тайёрлаш мақсадида «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислиги бўйича қабулни диний-маърифий соҳада камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлган талабгорлар орасидан суҳбат асосида амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислиги бўйича ўқиш кундузги таълим шаклида амалга оширилсин ҳамда ўқиш давомийлиги бир йил этиб белгилансин.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

магистратурага қабулни белгиланган тартибда тасдиқланган қабул параметрлари асосида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан тақдим этилган номзодлар ўртасида суҳбат асосида амалга ошириш;

бунда, магистратурага номзодлар — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиясига асосан диний-маърифий соҳада камида икки йиллик иш стажига эга бўлган ходимлар ҳисобланади.

4. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига 2026/2027 ўқув йили учун республика олий таълим ташкилотларига ажратилган давлат буюртмаси параметрлари доирасида вакант қолган ўринлар ҳисобидан 10 та давлат гранти ўрни ажратилсин.

5. Дин ишлари бўйича қўмита:

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига 2026/2027 ўқув йили учун қабул истисно тариқасида 2026 йил 1 октябрга қадар, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминласин;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислиги бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини ажратиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси С.Д. Тошбоев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг2026 йил 18 сентябрдаги 503-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига қабул қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси (кейинги ўринларда — Академия)нинг «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига (кейинги ўринларда — магистратура) қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Диний-маърифий соҳада юқори малакали бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш диний-маърифий соҳада камида икки йиллик иш стажига эга бўлган талабгорлар орасида амалга оширилади.

3. Магистратурага қабул белгиланган тартибда тасдиқланган ўқишга қабул қилиш параметрларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) томонидан тақдим этилган номзодлар ўртасида суҳбат натижаларига мувофиқ танлов ўтказиш орқали амалга оширилади.

4. Магистратурага қабул қонунийлик, холислик, шаффофлик, коллегиаллик ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида ташкил этилади.

5. Магистратурага Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиясига асосан олий маълумотли ва диний-маърифий соҳада камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлган ходимлари орасидан суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл олган номзодлар қабул қилинади.

6. Магистратурага қабул ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

7. Магистратурага қабул қилинган шахсларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.

2-боб. Номзодларни саралаб олиш тартиби

8. Магистратурага қабулни ташкил этиш ва ўтказиш учун ҳар йили 1 февралга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари раислигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишилган ҳолда номзодларни дастлабки саралаб олиш бўйича идоравий комиссия (кейинги ўринларда — Идоравий комиссия) тузилади.

9. Номзодларни танлашда қуйидаги мезонларга эътибор қаратилади:

ҳудуднинг бошқарув кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги талаб ва эҳтиёжларига мос бўлиши;

республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва сиёсий-ҳуқуқий жараёнлардан хабардорлиги, қонунчилик ҳужжатлари бўйича зарур билимларга эга бўлиши;

ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши, ташаббускорлиги, изланувчанлиги, маданий-маърифий ва маънавий савияси даражасини ошириб бориши, ўз устида мунтазам ишлайдиган, муомала маданияти ва аҳоли билан мулоқот қилиш кўникмасининг шакллангани;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана олиши ҳамда хорижий тиллардан бирини (инглиз тили, араб тили ва шу кабилар) билиши.

Мазкур бандда назарда тутилган мезонларни баҳолаш учун Идоравий комиссия томонидан соҳа бўйича мутахассислар, мустақил экспертлар жалб қилиниши ҳамда суҳбат, тест ва бошқа турдаги баҳолаш усуллари қўлланилиши мумкин. Бунда ҳар бир қўлланиладиган усул ва натижалар Идоравий комиссиянинг қарори билан қабул қилинади.

10. Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзод Идоравий комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (ёки дипломдан кўчирма нусха — олий таълим ташкилотларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова нусхаси;

номзоднинг охирги икки йил мобайнидаги фаолияти давомида амалга оширган ижобий ишлари ҳақидаги маълумот (1-2 варақда, тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда);

маълумотнома-объективка (маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда);

номзоднинг қўшимча эришган ютуқлари, хусусан илмий даражаси, илмий унвони (агар мавжуд бўлса);

хорижий тилни билиш бўйича белгиланган даражадаги сертификат нусхаси.

11. Идоравий комиссия номзодларнинг ҳужжатларини белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва номзодларни саралаб олиш якуни бўйича қарор қабул қилади.

Тавсия этилган номзодлар ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш Идоравий комиссия зиммасига юклатилади.

3-боб. Магистратурага қабул қилиш учун номзодларни тавсия этиш

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳар йили 1 майга қадар номзодлар рўйхати, уларнинг ҳар бирига алоҳида тавсиянома ҳамда ҳужжатлари тўпламини Қўмитага тақдим этади.

13. Тавсия этилган номзодлар мазкур Низомда белгиланган талабларга мослигига қараб Қўмита томонидан саралаб олинади.

14. Номзодларни саралаб олишни ташкил этиш Қўмита томонидан тасдиқланадиган Ишчи комиссия томонидан амалга оширилади.

Қўмита ҳар йили 1 июнга қадар саралаш натижалари асосида номзодларни ҳамда уларнинг ҳужжатларини Академияга тақдим этади.

4-боб. Магистратурага ҳужжатларни қабул қилиш ва номзодларни суҳбатдан ўтказиш тартиби

15. Магистратурага қабулни ташкиллаштириш ва ҳужжатларни қабул қилиш учун ҳар йили 20 майга қадар Академия ректорининг буйруғи билан унинг раислигида қабул комиссияси (кейинги ўринларда — Қабул комиссияси) тузилади. Қабул комиссияси фаолиятини ташкил этиш тартиби Академия кенгаши томонидан белгиланади.

Қабул комиссияси магистратурага қабул бошлангани тўғрисида Академиянинг расмий веб-сайти, шунингдек, электрон платформалардаги расмий каналларига эълон беради.

16. Номзодлар билан суҳбат ўтказиш учун ҳар йили 1 июнга қадар Академия ректорининг буйруғига асосан Қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Академия вакиллари ва мустақил экспертлардан (камида 5 кишидан) иборат таркибда Махсус комиссия тузилади.

Махсус комиссия томонидан ҳар йили июнь-июль ойларида номзодлар билан суҳбат ўтказилади.

17. Суҳбат давомида номзодларнинг диний-маърифий йўналишдаги билимлари ва ҳуқуқий саводхонлиги, шунингдек, бошқарув ва лидерлик хусусиятлари, жамоа билан ишлаш, стратегик ва таҳлилий фикрлаш қобилиятлари, мослашувчанлиги, ташаббускорлиги ва инновацион ёндашуви ва нотиқлик маҳорати бўйича кўникмалари баҳоланади.

18. Суҳбат ўтказиш дастури ва баҳолаш мезони Академия кенгаши томонидан тасдиқланади. Бунда суҳбат натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади.

19. Қабул комиссияси томонидан суҳбат дастури қабул жараёнлари бошланишидан камида бир ой олдин, Махсус комиссия суҳбатини ўтказиш санаси тўғрисидаги хабарнома эса у бошланишидан камида етти кун олдин Академиянинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

20. Суҳбат жараёни видеотасвирга ёзиб олинади ва камида бир йил давомида Академияда сақланади.

21. Суҳбат Махсус комиссия томонидан якка тартибда, ҳар бир номзод билан алоҳида ўтказилади. Бунда номзоднинг билим ва компетенциялари қуйидагича баҳоланади:

диний-маърифий йўналишдаги билимлари ва ҳуқуқий саводхонлиги — 20 балл;

бошқарув ва лидерлик хусусиятлари ҳамда жамоа билан ишлаш кўникмалари — 20 балл;

стратегик ва таҳлилий фикрлаш қобилияти — 20 балл;

мослашувчанлиги, ташаббускорлиги ва инновацион ёндашуви — 20 балл;

нотиқлик маҳорати ва мулоқот кўникмалари — 20 балл.

22. Суҳбат бўйича номзодларнинг якуний натижалари Махсус комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан қўйилган балларни қўшган ҳолдаги ўртачасидан келиб чиқиб аниқланади.

Суҳбат якунига кўра Махсус комиссия номзодларнинг балларини кўрсатган ҳолда, тегишли баённомани тузади ва белгиланган тартибда Қабул комиссиясига тақдим этади.

23. Номзодларнинг суҳбатдан такроран ўтишига йўл қўйилмайди.

5-боб. Номзодларнинг шикоятларини кўриб чиқиш тартиби

24. Академия ректорининг буйруғи билан Махсус комиссия ишида иштирок этмаган шахслардан иборат таркибда апелляция комиссияси тузилади.

25. Суҳбат натижалари бўйича номзодларнинг шикоятлари, улар эълон қилинган санадан бошлаб икки иш куни ичида Қабул комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.

26. Апелляция комиссияси шикоятни шикоят берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқади.

Апелляция комиссияси шикоятни кўриб чиқиш натижаларига кўра шикоятни қаноатлантириш ёки шикоятни қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарорлардан бирини қабул қилади.

Апелляция комиссияси томонидан қарор қабул қилинган куни номзод ёзма равишда хабардор қилинади.

27. Номзод мурожаатни кўриб чиқишда шахсан иштирок этиши мумкин.

6-боб. Номзодларни қабул қилиш тартиби

28. Қабул комиссияси томонидан суҳбат натижаларига кўра тўплаган бали ҳамда бакалавриат дипломи ўртача бали қўшилган ҳолда, рейтинг кетма-кетлигида қабул натижаси қайдномаси шакллантиради.

29. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига қабул натижаси қайдномаси Қабул комиссияси томонидан тасдиқлаш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига киритилади.

30. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг қарори асосида бир ҳафта муддатда абитуриентларни талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги Академия ректорининг буйруғи расмийлаштирилади.

7-боб. Якунловчи қоида

31. Мазкур Низомнинг талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг «Диний-маърифий соҳа менежменти» магистратура мутахассислигига давлат буюртмаси бўйича давлат гранти асосида қабул қилиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддат 1-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси (кейинги ўринларда Академия)да давлат буюртмаси бўйича магистратурага номзодларни саралаб олиш бўйича Идоравий комиссия (кейинги ўринларда — Идоравий комиссия) тузади. Ҳар йили 1 февралга қадар 2-босқич Идоравий комиссия 1. Магистратурага қабул қилиш учун ҳудудларнинг диний-маърифий соҳада бошқарув кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги талаб ва эҳтиёжларини ўрганиб чиқади ва номзодлар рўйхатини шакллантиради. 2. Номзодларнинг рўйхати, уларнинг ҳар бирига алоҳида тавсиянома ҳамда ҳужжатлари тўпламини электрон шаклда Дин ишлари бўйича қўмитага (кейинги ўринларда — Қўмита) тақдим этади. Ҳар йили 1 майга қадар 3-босқич Қўмита 1. Давлат буюртмаси бўйича номзодларни саралаб олишни ташкил этиш ва ўтказиш учун Ишчи комиссия тузади. 2. Саралаш натижалари асосида квота бўйича ҳар бир ўринга камида уч нафардан номзодлар рўйхати ҳамда уларнинг ҳужжатларини Академияга юборади. Ҳар йили 1 июнга қадар 4-босқич Академия 1. Магистратурага қабулни ташкиллаштириш ва ҳужжатларни қабул қилиш учун Қабул комиссияси тузади. Ҳар йили 20 майга қадар 2. Номзодлар билан суҳбат ўтказиш учун Махсус комиссия тузади. Ҳар йили 1 июнга қадар 5-босқич Қабул комиссияси 1. Суҳбат дастурини эълон қилади. Қабул жараёнлари бошланишидан камида бир ой олдин 2. Суҳбат ўтказиш санасини эълон қилади. Суҳбат бошланишидан камида етти кун олдин 6-босқич Махсус комиссия 1. Номзодлар билан суҳбат ўтказади. 2. Суҳбат якунига кўра номзодларнинг балларини кўрсатган ҳолда тегишли баённомани тузади ва белгиланган тартибда Қабул комиссиясига тақдим этади. Ҳар йили июнь-июль ойларида 7-босқич Қабул комиссияси Суҳбат натижаларига кўра номзодларнинг тўплаган бали ҳамда бакалавриат дипломи ўртача бали қўшилган ҳолда, рейтинг кетма-кетлигида қабул натижаси қайдномасини шакллантиради. Ҳар йили июль ойида 8-босқич Академия Рейтинг кетма-кетлигида шакллантирилган рўйхатни Қўмитага тақдим этади. Ҳар йили июль ойида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 18 сентябрь,

503-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.09.2026 й., 09/26/503/0958-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining “Diniy maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga qabul qilish tartibini belgilash toʻgʻrisida

Diniy-maʼrifiy sohada ilgʻor bilim va koʻnikmalarga ega yuqori malakali va istiqbolli kadrlarni tayyorlash, ularni diniy-maʼrifiy faoliyatga samarali jalb etish, shuningdek, ilmiy va innovatsion faoliyatni tizimli tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Din ishlari boʻyicha qoʻmita, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasida (keyingi oʻrinlarda — Akademiya) diniy-maʼrifiy sohada boshqaruv kadrlarini tayyorlash maqsadida “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligi boʻyicha qabulni diniy-maʼrifiy sohada kamida ikki yillik ish tajribasiga ega boʻlgan talabgorlar orasidan suhbat asosida amalga oshirish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasida “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligi boʻyicha oʻqish kunduzgi taʼlim shaklida amalga oshirilsin hamda oʻqish davomiyligi bir yil etib belgilansin.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

magistraturaga qabulni belgilangan tartibda tasdiqlangan qabul parametrlari asosida Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan taqdim etilgan nomzodlar oʻrtasida suhbat asosida amalga oshirish;

bunda, magistraturaga nomzodlar — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, Oʻzbekiston musulmonlari idorasining tavsiyasiga asosan diniy-maʼrifiy sohada kamida ikki yillik ish stajiga ega boʻlgan xodimlar hisoblanadi.

4. Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga 2026/2027 oʻquv yili uchun respublika oliy taʼlim tashkilotlariga ajratilgan davlat buyurtmasi parametrlari doirasida vakant qolgan oʻrinlar hisobidan 10 ta davlat granti oʻrni ajratilsin.

5. Din ishlari boʻyicha qoʻmita:

Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga 2026/2027 oʻquv yili uchun qabul istisno tariqasida 2026-yil 1-oktabrga qadar, 2027/2028 oʻquv yilidan boshlab Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan muddatlarda amalga oshirilishini taʼminlasin;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligi boʻyicha davlat buyurtmasi asosida oʻqishga qabul qilish parametrlarini ajratish yuzasidan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi raisi S.D. Toshboyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining2026-yil 18-sentabrdagi 503-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasi (keyingi oʻrinlarda — Akademiya)ning “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga (keyingi oʻrinlarda — magistratura) qabul qilish tartibini belgilaydi.

2. Diniy-maʼrifiy sohada yuqori malakali boshqaruv kadrlari va mutaxassislarni tayyorlash diniy-maʼrifiy sohada kamida ikki yillik ish stajiga ega boʻlgan talabgorlar orasida amalga oshiriladi.

3. Magistraturaga qabul belgilangan tartibda tasdiqlangan oʻqishga qabul qilish parametrlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) tomonidan taqdim etilgan nomzodlar oʻrtasida suhbat natijalariga muvofiq tanlov oʻtkazish orqali amalga oshiriladi.

4. Magistraturaga qabul qonuniylik, xolislik, shaffoflik, kollegiallik va teng huquqlilik tamoyillari asosida tashkil etiladi.

5. Magistraturaga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari hamda Oʻzbekiston musulmonlari idorasining tavsiyasiga asosan oliy maʼlumotli va diniy-maʼrifiy sohada kamida ikki yillik ish tajribasiga ega boʻlgan xodimlari orasidan suhbat natijalariga koʻra eng yuqori ball olgan nomzodlar qabul qilinadi.

6. Magistraturaga qabul ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

7. Magistraturaga qabul qilingan shaxslarning mehnat faoliyati bilan bogʻliq masalalar Oʻzbekiston Respublikasining mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq tartibga solinadi.

2-bob. Nomzodlarni saralab olish tartibi

8. Magistraturaga qabulni tashkil etish va oʻtkazish uchun har yili 1-fevralga qadar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlarining jamoat va diniy tashkilotlar bilan aloqalar boʻyicha oʻrinbosarlari raisligida Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan kelishilgan holda nomzodlarni dastlabki saralab olish boʻyicha idoraviy komissiya (keyingi oʻrinlarda — Idoraviy komissiya) tuziladi.

9. Nomzodlarni tanlashda quyidagi mezonlarga eʼtibor qaratiladi:

hududning boshqaruv kadrlariga boʻlgan joriy va istiqboldagi talab va ehtiyojlariga mos boʻlishi;

respublikada amalga oshirilayotgan islohotlar va siyosiy-huquqiy jarayonlardan xabardorligi, qonunchilik hujjatlari boʻyicha zarur bilimlarga ega boʻlishi;

oʻz vazifasiga masʼuliyat bilan yondashishi, tashabbuskorligi, izlanuvchanligi, madaniy-maʼrifiy va maʼnaviy saviyasi darajasini oshirib borishi, oʻz ustida muntazam ishlaydigan, muomala madaniyati va aholi bilan muloqot qilish koʻnikmasining shakllangani;

axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalana olishi hamda xorijiy tillardan birini (ingliz tili, arab tili va shu kabilar) bilishi.

Mazkur bandda nazarda tutilgan mezonlarni baholash uchun Idoraviy komissiya tomonidan soha boʻyicha mutaxassislar, mustaqil ekspertlar jalb qilinishi hamda suhbat, test va boshqa turdagi baholash usullari qoʻllanilishi mumkin. Bunda har bir qoʻllaniladigan usul va natijalar Idoraviy komissiyaning qarori bilan qabul qilinadi.

10. Tanlovda ishtirok etish istagini bildirgan nomzod Idoraviy komissiyaga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat nusxasi (yoki diplomdan koʻchirma nusxa — oliy taʼlim tashkilotlarini davlat granti boʻyicha oʻqib tugatganlar uchun) hamda unga ilova nusxasi;

nomzodning oxirgi ikki yil mobaynidagi faoliyati davomida amalga oshirgan ijobiy ishlari haqidagi maʼlumot (1-2 varaqda, tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda);

maʼlumotnoma-obyektivka (maʼlumotlarni tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda);

nomzodning qoʻshimcha erishgan yutuqlari, xususan ilmiy darajasi, ilmiy unvoni (agar mavjud boʻlsa);

xorijiy tilni bilish boʻyicha belgilangan darajadagi sertifikat nusxasi.

11. Idoraviy komissiya nomzodlarning hujjatlarini belgilangan talablarga muvofiqligini oʻrganib chiqadi va nomzodlarni saralab olish yakuni boʻyicha qaror qabul qiladi.

Tavsiya etilgan nomzodlar haqidagi maʼlumotlarning haqqoniyligini taʼminlash Idoraviy komissiya zimmasiga yuklatiladi.

3-bob. Magistraturaga qabul qilish uchun nomzodlarni tavsiya etish

12. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari hamda Oʻzbekiston musulmonlari idorasi har yili 1-mayga qadar nomzodlar roʻyxati, ularning har biriga alohida tavsiyanoma hamda hujjatlari toʻplamini Qoʻmitaga taqdim etadi.

13. Tavsiya etilgan nomzodlar mazkur Nizomda belgilangan talablarga mosligiga qarab Qoʻmita tomonidan saralab olinadi.

14. Nomzodlarni saralab olishni tashkil etish Qoʻmita tomonidan tasdiqlanadigan Ishchi komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

Qoʻmita har yili 1-iyunga qadar saralash natijalari asosida nomzodlarni hamda ularning hujjatlarini Akademiyaga taqdim etadi.

4-bob. Magistraturaga hujjatlarni qabul qilish va nomzodlarni suhbatdan oʻtkazish tartibi

15. Magistraturaga qabulni tashkillashtirish va hujjatlarni qabul qilish uchun har yili 20-mayga qadar Akademiya rektorining buyrugʻi bilan uning raisligida qabul komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Qabul komissiyasi) tuziladi. Qabul komissiyasi faoliyatini tashkil etish tartibi Akademiya kengashi tomonidan belgilanadi.

Qabul komissiyasi magistraturaga qabul boshlangani toʻgʻrisida Akademiyaning rasmiy veb-sayti, shuningdek, elektron platformalardagi rasmiy kanallariga eʼlon beradi.

16. Nomzodlar bilan suhbat oʻtkazish uchun har yili 1-iyunga qadar Akademiya rektorining buyrugʻiga asosan Qoʻmita, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi, Akademiya vakillari va mustaqil ekspertlardan (kamida 5 kishidan) iborat tarkibda Maxsus komissiya tuziladi.

Maxsus komissiya tomonidan har yili iyun-iyul oylarida nomzodlar bilan suhbat oʻtkaziladi.

17. Suhbat davomida nomzodlarning diniy-maʼrifiy yoʻnalishdagi bilimlari va huquqiy savodxonligi, shuningdek, boshqaruv va liderlik xususiyatlari, jamoa bilan ishlash, strategik va tahliliy fikrlash qobiliyatlari, moslashuvchanligi, tashabbuskorligi va innovatsion yondashuvi va notiqlik mahorati boʻyicha koʻnikmalari baholanadi.

18. Suhbat oʻtkazish dasturi va baholash mezoni Akademiya kengashi tomonidan tasdiqlanadi. Bunda suhbat natijalari 100 ballik tizimda baholanadi.

19. Qabul komissiyasi tomonidan suhbat dasturi qabul jarayonlari boshlanishidan kamida bir oy oldin, Maxsus komissiya suhbatini oʻtkazish sanasi toʻgʻrisidagi xabarnoma esa u boshlanishidan kamida yetti kun oldin Akademiyaning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

20. Suhbat jarayoni videotasvirga yozib olinadi va kamida bir yil davomida Akademiyada saqlanadi.

21. Suhbat Maxsus komissiya tomonidan yakka tartibda, har bir nomzod bilan alohida oʻtkaziladi. Bunda nomzodning bilim va kompetensiyalari quyidagicha baholanadi:

diniy-maʼrifiy yoʻnalishdagi bilimlari va huquqiy savodxonligi — 20 ball;

boshqaruv va liderlik xususiyatlari hamda jamoa bilan ishlash koʻnikmalari — 20 ball;

strategik va tahliliy fikrlash qobiliyati — 20 ball;

moslashuvchanligi, tashabbuskorligi va innovatsion yondashuvi — 20 ball;

notiqlik mahorati va muloqot koʻnikmalari — 20 ball.

22. Suhbat boʻyicha nomzodlarning yakuniy natijalari Maxsus komissiyaning har bir aʼzosi tomonidan qoʻyilgan ballarni qoʻshgan holdagi oʻrtachasidan kelib chiqib aniqlanadi.

Suhbat yakuniga koʻra Maxsus komissiya nomzodlarning ballarini koʻrsatgan holda, tegishli bayonnomani tuzadi va belgilangan tartibda Qabul komissiyasiga taqdim etadi.

23. Nomzodlarning suhbatdan takroran oʻtishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

5-bob. Nomzodlarning shikoyatlarini koʻrib chiqish tartibi

24. Akademiya rektorining buyrugʻi bilan Maxsus komissiya ishida ishtirok etmagan shaxslardan iborat tarkibda apellyatsiya komissiyasi tuziladi.

25. Suhbat natijalari boʻyicha nomzodlarning shikoyatlari, ular eʼlon qilingan sanadan boshlab ikki ish kuni ichida Qabul komissiyasiga yozma yoki elektron shaklda taqdim etiladi.

26. Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni shikoyat berilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida koʻrib chiqadi.

Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni koʻrib chiqish natijalariga koʻra shikoyatni qanoatlantirish yoki shikoyatni qanoatlantirishni rad etish haqidagi qarorlardan birini qabul qiladi.

Apellyatsiya komissiyasi tomonidan qaror qabul qilingan kuni nomzod yozma ravishda xabardor qilinadi.

27. Nomzod murojaatni koʻrib chiqishda shaxsan ishtirok etishi mumkin.

6-bob. Nomzodlarni qabul qilish tartibi

28. Qabul komissiyasi tomonidan suhbat natijalariga koʻra toʻplagan bali hamda bakalavriat diplomi oʻrtacha bali qoʻshilgan holda, reyting ketma-ketligida qabul natijasi qaydnomasi shakllantiradi.

29. Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga qabul natijasi qaydnomasi Qabul komissiyasi tomonidan tasdiqlash uchun Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga kiritiladi.

30. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining qarori asosida bir hafta muddatda abituriyentlarni talabalar safiga qabul qilish haqidagi Akademiya rektorining buyrugʻi rasmiylashtiriladi.

7-bob. Yakunlovchi qoida

31. Mazkur Nizomning talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasining “Diniy-maʼrifiy soha menejmenti” magistratura mutaxassisligiga davlat buyurtmasi boʻyicha davlat granti asosida qabul qilish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddat 1-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, Oʻzbekiston musulmonlari idorasi Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasi (keyingi oʻrinlarda Akademiya)da davlat buyurtmasi boʻyicha magistraturaga nomzodlarni saralab olish boʻyicha Idoraviy komissiya (keyingi oʻrinlarda — Idoraviy komissiya) tuzadi. Har yili 1-fevralga qadar 2-bosqich Idoraviy komissiya 1. Magistraturaga qabul qilish uchun hududlarning diniy-maʼrifiy sohada boshqaruv kadrlariga boʻlgan joriy va istiqboldagi talab va ehtiyojlarini oʻrganib chiqadi va nomzodlar roʻyxatini shakllantiradi. 2. Nomzodlarning roʻyxati, ularning har biriga alohida tavsiyanoma hamda hujjatlari toʻplamini elektron shaklda Din ishlari boʻyicha qoʻmitaga (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) taqdim etadi. Har yili 1-mayga qadar 3-bosqich Qoʻmita 1. Davlat buyurtmasi boʻyicha nomzodlarni saralab olishni tashkil etish va oʻtkazish uchun Ishchi komissiya tuzadi. 2. Saralash natijalari asosida kvota boʻyicha har bir oʻringa kamida uch nafardan nomzodlar roʻyxati hamda ularning hujjatlarini Akademiyaga yuboradi. Har yili 1-iyunga qadar 4-bosqich Akademiya 1. Magistraturaga qabulni tashkillashtirish va hujjatlarni qabul qilish uchun Qabul komissiyasi tuzadi. Har yili 20-mayga qadar 2. Nomzodlar bilan suhbat oʻtkazish uchun Maxsus komissiya tuzadi. Har yili 1-iyunga qadar 5-bosqich Qabul komissiyasi 1. Suhbat dasturini eʼlon qiladi. Qabul jarayonlari boshlanishidan kamida bir oy oldin 2. Suhbat oʻtkazish sanasini eʼlon qiladi. Suhbat boshlanishidan kamida yetti kun oldin 6-bosqich Maxsus komissiya 1. Nomzodlar bilan suhbat oʻtkazadi. 2. Suhbat yakuniga koʻra nomzodlarning ballarini koʻrsatgan holda tegishli bayonnomani tuzadi va belgilangan tartibda Qabul komissiyasiga taqdim etadi. Har yili iyun-iyul oylarida 7-bosqich Qabul komissiyasi Suhbat natijalariga koʻra nomzodlarning toʻplagan bali hamda bakalavriat diplomi oʻrtacha bali qoʻshilgan holda, reyting ketma-ketligida qabul natijasi qaydnomasini shakllantiradi. Har yili iyul oyida 8-bosqich Akademiya Reyting ketma-ketligida shakllantirilgan roʻyxatni Qoʻmitaga taqdim etadi. Har yili iyul oyida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 18-sentabr,

503-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.09.2026-y., 09/26/503/0958-son)

lex.uz