📅 2026-yil 22-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 22-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 22 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ТАЛАБЛАР
Давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 22 октябрдаги ПФ-189-сон Фармонига мувофиқ, сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар)ни давлат органлари, устав фонди (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
тадбиркорлик субъектларининг ҳамда улар томонидан таклиф этиладиган сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар)нинг марказлашган маълумотлар базасидан иборат ягона реестрини юритиш;
давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестри (кейинги ўринларда — ягона реестр)ни юритиш;
ягона реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) тўғрисидаги маълумотлар асосида давлат харидларини амалга ошириш;
жорий этиладиган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар)нинг хавфсизлик, шаффофлик ва сифат талабларига мувофиқлигини таъминлаш.
2. Белгилансинки:
ягона реестрга киритилган сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) рўйхати «ai.gov.uz» миллий порталида эълон қилинади ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ягона реестрда рўйхатга олинган дастурий маҳсулотларини жорий қилиш учун умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 500 бараваридан ошмаган миқдордаги давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилади;
ягона реестрга киритиладиган сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимларининг (дастурий маҳсулотлар) техник топшириқлари Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан келишилган ҳолда «Киберхавфсизлик маркази» давлат муассасаси ва «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасига экспертизадан ўтказиш учун киритилади;
вазирлик ва идоралар дастурий маҳсулотнинг ўз таркибий тузилмаси ва тизим ташкилотларида тўғри жорий этилишига, шунингдек, такроран харид қилиниши ва уларга бюджет маблағлари асоссиз сарфланишининг олдини олишга масъул ҳисобланади;
«ai.gov.uz» миллий порталини яратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 октябрдаги ПҚ-320-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан беғараз асосда ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳамда техник қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2027 йил 1 февралга қадар ягона реестрнинг ишга туширилишини таъминласин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 сентябрдаги 510-сон қарорига ИЛОВА
Давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестрини шакллантириш, юритиш ҳамда ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 500 бараваридан ошмаган миқдордаги давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестри (кейинги ўринларда — ягона реестр) «ai.gov.uz» миллий порталида тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг сунъий интеллект технологияларига асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) (кейинги ўринларда — дастурий маҳсулотлар) тўғрисидаги маълумотларнинг ягона манбаи ҳисобланади ва сунъий интеллектга асосланган ечимларни жорий этиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича давлат харидларини амалга оширишда фойдаланилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
мониторинг — ягона реестр доирасида тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг дастурий маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларнинг долзарблигини мунтазам равишда кузатиб бориш жараёни;
экспертизадан ўтказувчи ташкилотлар — «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси ва «Киберхавфсизлик маркази» давлат муассасаси;
ягона реестр оператори — ягона реестрнинг ишлашини ва ундан тўғри фойдаланилишини таъминлаш, шу жумладан, унинг маълумотлар базасида мавжуд бўлган маълумотларни юритиш ва қайта ишлаш учун масъул бўлган юридик шахс;
ягона идентификатор («Registry ID») — тадбиркорлик субъекти ва унинг дастурий маҳсулотларини ягона реестрда рўйхатдан ўткизишда бериладиган, уларни аниқ идентификация қилиш, ҳисобга олиш ва кейинчалик ягона реестрдаги ўзгаришларни кузатиб бориш учун мўлжалланган махсус идентификатор;
ягона реестрга кириш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти — белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ва сунъий интеллект технологияларига асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар)ни ишлаб чиқиш, жорий этиш, интеграция қилиш, қўллаб-қувватлаш бўйича фаолият юритувчи тадбиркорлик субъекти;
ягона реестрга киритиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш бўйича эксперт комиссияси (кейинги ўринларда — Эксперт комиссияси) — рақамли технологиялар соҳасининг малакали мутахассисларидан иборат тадбиркорлик субъектлари ҳамда уларнинг дастурий маҳсулотларини ягона реестрга киритиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ташкил этилган комиссия.
4. Ягона реестрни шакллантириш ва юритишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
тадбиркорлик субъектларининг ҳамда улар томонидан таклиф этиладиган дастурий маҳсулотларнинг марказлашган маълумотлар базасидан иборат ягона реестрни юритиш;
давлат буюртмачисига ягона реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари билан умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 500 бараваридан ошмаган миқдордаги давлат харидлари доирасида «таклиф сўрови» харид қилиш тартиб-таомили асосида шартномалар тузиш имкониятини тақдим этиш;
жорий этиладиган дастурий маҳсулотларнинг хавфсизлик, шаффофлик ва сифат талабларига мувофиқлигини таъминлаш;
давлат секторида хавфсиз ва ишончли дастурий маҳсулотларнинг жорий этилишини жадаллаштириш;
давлат буюртмачилари дастурий маҳсулотларини жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича давлат харидларини режалаштириш, ўтказиш ва амалга оширишда ягона реестр маълумотларидан фойдаланиш.
5. Тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг дастурий маҳсулотларини ягона реестрга киритиш учун тўлов ундирилмайди.
2-боб. Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш
6. Давлат сирларини ўз ичига олган дастурий маҳсулотлар ягона реестрга киритилмайди.
7. «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» масъулияти чекланган жамияти ягона реестрнинг оператори (кейинги ўринларда — оператор) ҳисобланади.
8. Оператор қуйидаги вазифаларни бажаради:
тадбиркорлик субъектларининг ягона реестрга киритиш учун тақдим этилган ҳужжатларини қабул қилиш, уларни кўриб чиқиш, Эксперт комиссиясига тақдим этиш;
тадбиркорлик субъектлари томонидан киритилган аризанинг кўриб чиқиш жараёнини «ai.gov.uz» миллий порталида эълон қилиб бориш;
ягона реестрдаги тадбиркорлик субъектлари ҳамда уларнинг мақоми ва дастурий маҳсулотлар ҳисобини юритиш, шунингдек, улар ҳақидаги маълумотларни долзарблиги юзасидан мониторинг қилиб бориш;
Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали, Рақамли ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестри ахборот тизимларини ягона реестр билан реал вақт режимида маълумот алмашинувини таъминлаш;
ягона реестрнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
ягона реестрда киберхавфсизликни таъминлаш бўйича чоралар кўриш ҳамда уни доимий назорат қилиб бориш;
Эксперт комиссиясининг фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш ва Эксперт комиссияси хулосалари ҳисобини юритиш.
9. Сунъий интеллект соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ягона реестрга ушбу Низомга 1-иловадаги схема асосида киритилади.
Эксперт комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
Оператор Эксперт комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
10. Давлат буюртмачилари давлат харидларини режалаштириш, ўтказиш ва амалга оширишда, шунингдек, дастурий маҳсулотларни жорий этишда ягона реестр маълумотларидан фойдаланишлари мумкин.
11. Тадбиркорлик субъектларининг дастурий маҳсулотларини жорий этиш бўйича техник топшириқлари Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан келишилади, «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси ва «Киберхавфсизлик маркази» давлат муассасаси томонидан ўз ваколатлари доирасида экспертизадан ўтказилади.
12. Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги давлат харидларида ягона реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг дастурий маҳсулотларининг иштирок этишини назорат қилиш учун масъул ҳисобланади.
13. Ягона реестрда қуйидаги тур (тоифа)даги дастурий маҳсулотлар рўйхатга олинади:
а) машинавий ўрганиш моделлари, жумладан:
таснифлаш;
регрессия;
кластерлаш;
тавсия моделлари;
аномалияларни аниқлаш тизимлари;
б) чуқур нейрон тармоқлари, жумладан:
конволюцион нейрон тармоқлари;
рекуррент нейрон тармоқлари;
трансформер моделлари;
в) генератив дастурий маҳсулотлар:
матн яратиш (табиий тилни қайта ишлаш моделлари, катта тил моделлари);
расм, видео ва аудио яратиш;
код яратиш;
маълумотларни синтез қилиш;
матнни тасвирга, тасвирни матнга айлантириш тизимлари ва бошқалар;
г) «компьютер нигоҳи» ечимлари:
объектлар ва юзларни таниб олиш;
тиббий тасвирларни таҳлил қилиш (компьютер томографияси, магнит-резонанс томографияси, рентген ва бошқалар);
тасвирларни сегментлаш ва таснифлаш;
видеотаҳлил ва ҳодисаларни аниқлаш;
ишлаб чиқаришда сифатни назорат қилиш тизимлари;
д) табиий тилни қайта ишлаш:
нутқни таниб олиш ва синтез қилиш;
машинавий таржима;
матн оҳангини таҳлил қилиш;
чат-ботлар ва овозли ёрдамчилар;
матнларни автоматик тарзда умумлаштириш ва таснифлаш;
е) прогноз таҳлили соҳасидаги ечимлар:
талабни прогноз қилиш;
хатарларни олдиндан аниқлаш;
эҳтимолий ҳодисаларни баҳолаш;
ускуналарни олдиндан диагностика қилиш;
молиявий прогнозлар;
ж) роботлаштирилган ва автоном тизимлар:
автоном роботлар;
ҳайдовчисиз транспорт воситалари (қуруқликдаги, ҳаводаги, сувдаги);
навигация ва реал вақтда қарор қабул қилиш тизимлари;
з) қарор қабул қилишни қўллаб-қувватлаш тизимлари:
тиббий диагностика тизимлари;
қонунларни қўллаш ва меъёрий назоратни автоматлаштириш тизимлари;
молиявий-кредит скоринг моделлари;
хатарларни баҳолаш ва тавсияларни шакллантириш;
и) киберхавфсизликка оид дастурий маҳсулотлар:
таҳдид ва ҳужумларни аниқлаш тизимлари;
таҳдидлар ва аномалияларнинг олдини олиш тизимлари;
зарарли (хавфли) тармоқ трафигининг автоматлаштирилган таҳлили.
к) инфратузилмавий дастурий маҳсулотлар:
моделларни ўқитиш учун мўлжалланган булутли платформалар;
GPU-кластерлар ва ҳисоблаш инфратузилмалари;
сунъий интеллект ҳаётий циклини бошқариш учун Машинавий ўрганиш операциялари (MLOps) ва Дастур ишлаб чиқиш операциялари (DevOps) платформалари;
катта маълумотлар ва изоҳланган тўпламлар учун маълумотлар базалари;
л) изоҳловчи ва тасдиқловчи (верификация) ечимлар:
маълумотларни изоҳлаш воситалари;
автоматлаштирилган белгилаш тизимлари;
сунъий интеллект моделларини синовдан ўтказиш ва тасдиқлаш ечимлари;
м) сунъий интеллект алгоритмларидан фойдаланадиган ва ушбу банднинг «а» — «л» кичик бандларидаги тоифаларга мансуб бўлмаган, лекин автоном ёки яримавтоном қарор қабул қилиш хусусиятларига эга бўлган ҳар қандай бошқа дастурий маҳсулотлар.
14. Ягона реестрга киритилган дастурий маҳсулотлар тур (тоифа)лари бўйича «таклиф сўрови» харид қилиш тартиб-таомилини қўллашда тадбиркорлик субъектларининг ушбу Низомнинг 13-бандига мувофиқ рўйхатдан ўтган дастурий маҳсулотлар тури (тоифаси) бўйича ўз таклифлари билан иштирок этишига йўл қўйилади.
3-боб. Тадбиркорлик субъектларини ягона реестрга киритиш
15. Тадбиркорлик субъектлари ягона реестрда «ai.gov.uz» миллий порталида ўзларининг шахсий кабинети орқали электрон рақамли имзодан (кейинги ўринларда — ЭРИ) фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтади.
16. Тадбиркорлик субъектлари ягона реестрда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ электрон шаклдаги варақани тўлдириш орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтади.
17. Тадбиркорлик субъектлари ягона реестрга киритиладиган маълумотлар ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
18. Тадбиркорлик субъектлари техник топшириқларни келишиш учун Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига ҳамда экспертизадан ўтказиш учун экспертизадан ўтказувчи ташкилотларга бир вақтнинг ўзида, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, тегишлилиги бўйича электрон шаклда ягона реестр ахборот тизими орқали онлайн тарзда тақдим этадилар.
Бунда техник топшириқларни «ягона дарча» тамойили асосида экспертизадан ўтказиш мақсадида, ягона реестр Рақамли ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурслари ягона реестри ахборот тизими билан интеграция қилинади ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Киберхавфсизлик маркази» давлат муассасаси томонидан ягона реестр орқали келиб тушган техник топшириқларни мазкур ахборот тизими орқали экспертизадан ўтказиш таъминланади.
19. Техник топшириқлар Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳамда экспертизадан ўтказувчи ташкилотлар томонидан ўн беш иш куни ичида келишилади ва экспертизадан ўтказилади. Экспертиза хулосалари операторга ва тадбиркорлик субъектига тақдим этилади.
20. Оператор тақдим этилган маълумотларни қуйидаги асослар бўйича уч иш куни ичида кўриб чиқади:
дастурий маҳсулотлар варақаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва расмий талабларга мувофиқлиги;
техник топшириқлар бўйича экспертизадан ўтказувчи ташкилотлар томонидан тақдим этилган ижобий хулосалар мавжудлиги;
якуний бенефициар мулкдорлар ва аффилланган шахсларни аниқлаш;
тадбиркорлик субъектига нисбатан банкротлик, фаолиятнинг тўхтатилгани ёки бошқа чекловлар мавжудлиги;
илгари тузилган шартномалар бўйича муддати ўтган мажбуриятлар мавжудлиги (тасдиқловчи маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда).
21. Оператор тақдим этилган ҳужжатларни ягона реестрда рўйхатдан ўтказади ҳамда тақдим этилган маълумотларни тегишли давлат ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларидаги маълумотлар билан солиштириш орқали текширади.
22. Маълумотларни текшириш натижаларига кўра, оператор томонидан тадбиркорлик субъектларининг лойиҳа-техник ҳужжатларига «Кўриб чиқилмоқда», «Маъқулланган» ёки «Қайтарилган» белгиси қўйилади ва Эксперт комиссияга тақдим этилади.
Талаб этилган ҳужжатларнинг мавжудлиги (ёки йўқлиги) Эксперт комиссияси томонидан қарор қабул қилишда инобатга олинади ҳамда тадбиркорлик субъекти ва дастурий маҳсулотлар варақасида акс эттирилади.
23. Тадбиркорлик субъектларига кўриб чиқиш натижасини бериш ва уларнинг дастурий маҳсулотларини ягона реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун Эксперт комиссияси ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган талаблар асосида ҳужжатларни кўриб чиқади.
24. Кўриб чиқиш якунлари бўйича Эксперт комиссияси ўн иш куни ичида қуйидаги хулосалардан бирини тақдим этади:
«Киритилсин» — тадбиркорлик субъекти ва унинг дастурий маҳсулотларига ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ, ягона идентификатор («Registry ID») берилади;
«Рад этилсин» — ушбу Низомда белгиланган талабларга мос келмаган ҳолларда.
25. Ягона реестрга киритиш рад этилган тақдирда, тадбиркорлик субъектлари эксперт комиссияси хулосаси юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
26. Тадбиркорлик субъектларини ягона реестрга киритишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
текширув учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этишдан бош тортиш ёхуд нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни тақдим этиш;
тадбиркорлик субъекти банкрот ёки банкротлик жараёнида бўлиши, фаолиятнинг тўхтатилиш ҳолатлари мавжудлиги;
дастурий маҳсулотлар асосий компонентларидан фойдаланиш бўйича тасдиқланган ҳуқуқларнинг мавжуд эмаслиги;
дастурий маҳсулотларнинг ушбу Низомга 3-иловада келтирилган талабларга мос келмаслиги.
Тадбиркорлик субъектларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга кўра ягона реестрга киритишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Рад этиш асоси Эксперт комиссиясининг хулосасида келтирилади.
Бунда Эксперт комиссиясининг хулосасида рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилиши шарт.
27. Оператор ягона реестрга киритилган тадбиркорлик субъекти ва унинг дастурий маҳсулотлари варақаларини ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда (II бўлимда келтирилган маълумотлардан ташқари) уч иш куни ичида «ai.gov.uz» миллий порталида жойлашган ягона реестрда эълон қилади ва бир вақтнинг ўзида ушбу маълумотларни давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига реал вақт режимида юборади.
28. Тадбиркорлик субъекти ва унинг дастурий маҳсулотларига ўзгартиришлар киритилган тақдирда, тадбиркорлик субъекти ушбу ўзгартиришлар (янгиланишлар) киритилгани ҳақида уч иш куни ичида операторни хабардор қилиши шарт. Бунда ўзгартиришлар тадбиркорлик субъектларининг ягона реестрдаги шахсий кабинети орқали амалга оширилади.
4-боб. Тадбиркорлик субъектларини ягона реестрдан чиқариш
29. Тадбиркорлик субъектларининг масъул шахслари ягона реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг дастурий маҳсулотлари ҳақидаги маълумотларни аниқлаштириш учун операторнинг сўровига биноан уч иш куни ичида қўшимча маълумотларни ёзма шаклда тақдим этишлари лозим.
Тадбиркорлик субъектлари сўров бўйича маълумотларни тақдим этмаган тақдирда, уларнинг давлат харидларида иштирок этиши мазкур маълумотлар тақдим этилгунга қадар бир ой муддатга чекланади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан бир ой муддатда сўров бўйича маълумотларни тақдим этиш рад этилган тақдирда, оператор ушбу ҳолатга оид маълумотларни ва асословчи ҳужжатларни Эксперт комиссиясига ягона реестрдан чиқариш масаласини кўриб чиқиш ҳамда қарор қабул қилиш учун юборади. Эксперт комиссиясининг қарори асосида оператор тегишли дастурий маҳсулотларни ягона реестрдан чиқаради.
30. Тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг дастурий маҳсулотлари ягона реестрдан қуйидаги тартибда чиқарилади:
тадбиркорлик субъекти томонидан ягона реестрдаги шахсий кабинети орқали берилган ариза асосида;
ушбу Низомда назарда тутилган ҳолларда Эксперт комиссиясининг хулосасига кўра.
31. Тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг дастурий маҳсулотлари ягона реестрдан эксперт комиссияси ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда чиқарилади:
нотўғри маълумотлар тақдим этилгани аниқланганда;
тадбиркорлик субъекти ушбу Низомнинг 29-бандига асосан сўров бўйича маълумотларни тақдим этишни рад этганда;
тадбиркорлик субъекти жиноий жавобгарликка тортилгани аниқланганда;
инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилганда;
Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидалари ва тамойилларига риоя этилмаганда;
юридик шахс тугатилганда.
32. Оператор тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида ягона реестрдан чиқариш тўғрисидаги хабарни ягона реестрга киритади, чиқарилган сана ва асосларни кўрсатади ҳамда тадбиркорлик субъектини шахсий кабинети орқали хабардор қилади.
Бунда мазкур бандда назарда тутилган ҳолатлар юзага келганда, оператор тегишли маълумотларни реал вақт режимида давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига юборади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
33. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
34. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестрига киритиш ишларини ташкил этиш
Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Тадбиркорлик субъекти «ai.gov.uz» миллий порталидаги шахсий кабинетида ЭРИ калитидан фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтади ва дастурий маҳсулотлари варақасининг электрон шаклини тўлдиради. «ai.gov.uz» миллий портали орқали техник топшириқларни келишиш ва экспертизадан ўтказиш учун Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва экспертизадан ўтказувчи ташкилотларга юборади. Заруратга кўра 2-босқич Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва экспертизадан ўтказувчи ташкилотлар Техник топшириқларни экспертизадан ўтказади ҳамда тегишли хулосаларни операторга ва тадбиркорлик субъектига тақдим этади. 15 иш куни 3-босқич Оператор Тадбиркорлик субъекти, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳамда экспертизадан ўтказувчи ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларни текширади, кейинчалик уларни Эксперт комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этади. 3 иш куни 4-босқич Эксперт комиссияси 1. Оператор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилади. 2. Тадбиркорлик субъекти ва унинг дастурий маҳсулотларини ягона реестрга киритиш ёки рад қилиш бўйича хулоса тақдим этади. 10 иш куни 5-босқич Оператор Тадбиркорлик субъекти ва унинг дастурий маҳсулотлари варақаларини ягона реестрда эълон қилиш билан бир вақтда ушбу маълумотларни давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига реал вақт режимида юборади. 3 иш куни
Давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Сунъий интеллект соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг ва уларнинг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) варақаси
Т/р Кўрсаткич номи Тавсиф Registry ID ____ I. Тадбиркорлик субъекти ҳақида умумий маълумотлар 1. Тадбиркорлик субъекти номи ва унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли (МЧЖ, АЖ ва бошқалар) 2. Фаолият йўналиши ва ваколатлари бўйича қисқача тавсиф 3. Юридик манзили 4. СТИР 5. Алоқа маълумотлари: (телефон, электрон почта, веб-сайт) 6. Раҳбар/масъул шахс 7. Субъект ҳолати: (Фаол/Тўхтатилган) II. Бенефициарлар ва мулкдорлар ҳақида маълумот** 8. Якуний бенефициар мулкдорлар (мавжуд бўлган тақдирда), мулк ва бошқарув тузилмаси, шунингдек, аффилланган шахслар тўғрисидаги маълумотлар 9. Молиявий барқарорлик ва шартномалар бўйича мажбуриятларни бажариш имкониятини тасдиқловчи маълумотлар III. Тадбиркорлик субъектининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) (Ҳар бир сунъий интеллект ечими учун алоҳида варақа тўлдирилади) 10. Дастурий маҳсулотлар номи 11. Дастурий маҳсулотларнинг қисқача тавсифи 12. Дастурий маҳсулотлар тури (масалан, табиий тилни қайта ишлаш, компьютер кўриш, башоратли таҳлил, жараёнларни роботлаштириш ва бошқалар) 13. Дастурий маҳсулотлар версияси 14. Мақсади, вазифалари ва қўлланиш доираси 15. Ҳаётий цикл босқичи (Яратиш/Фойдаланиш/Такомиллаштириш/Фойдаланишдан чиқариш) 16. Техник хусусиятлари ва архитектураси 17. Фойдаланиладиган маълумотлар ва манбалар 18. Лицензиялар ва интеллектуал мулк ҳуқуқларининг мавжудлиги 19. Дастурий маҳсулотларнинг жорий этилгани IV. Иловалар 20. Дастурий маҳсулотларнинг тақдимоти 21. «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг техник топшириқ бўйича ижобий хулосаси 22. «Киберхавфсизлик маркази» давлат муассасасининг техник топшириқ бўйича ижобий хулосаси 23. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг техник топшириқ бўйича тақдим этган жавоби
Давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Давлат харидларини «таклиф сўрови» асосида амалга оширишга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларининг сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар) реестрига киритиш учун тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган
Тадбиркорлик субъекти қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда ягона реестрга киритилиши мумкин.
1. Ҳуқуқий ҳолати:
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлиши;
б) банкротлик ва фаолиятнинг тўхтатилиши ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги.
2. Сунъий интеллект соҳасидаги фаолият:
а) сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимларини (дастурий маҳсулотлар) ишлаб чиқиш, интеграция қилиш, жорий этиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш;
б) белгиланган тоифалар ва талабларга мос келадиган бир ёки бир нечта сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимларига (дастурий маҳсулотлар) эга бўлиш;
в) сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимларининг (дастурий маҳсулотлар) техник топшириқлари, функционал тавсифи ва хусусиятлари мавжуд бўлиши.
3. Ҳуқуқий эгалик ва интеллектуал мулк:
а) модель, маълумотлар, алгоритмлар, дастурий таъминот ва сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимларининг (дастурий маҳсулотлар) бошқа компонентларидан фойдаланиш бўйича тасдиқланган ҳуқуқларнинг мавжуд бўлиши;
б) муаллифлик ҳуқуқлари, лицензия шартномалари ва бошқа ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши.
4. Сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимларининг (дастурий маҳсулотлар) техник яроқлилиги:
а) техник экспертизадан ўтган бўлиши, зарурат туғилганда хавфларни баҳолаш амалга оширилган бўлиши;
б) сифат, аниқлик, хавфсизлик ва барқарор ишлаш бўйича белгиланган талабларга мувофиқлиги;
в) сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимларини (дастурий маҳсулотлар) тестдан ўтказиш, янгилаш ва техник қўллаб-қувватлаш жараёнларининг белгиланган ва ҳужжатлаштирилган бўлиши.
5. Комплаенс ва хавфсизлик:
а) шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва ахборот хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларига, шунингдек, сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларига риоя этилиши;
б) маълумотларни қайта ишлаш сиёсати, маълумотларни ҳимоя қилиш чораларининг мавжудлиги ҳамда рухсатсиз киришнинг олдини олиш жараёнларининг жорий этилган бўлиши.
6. Ҳужжатларга қўйиладиган талаблар:
а) тадбиркорлик субъекти белгиланган шаклдаги электрон варақани тўлдиради;
б) сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимларининг (дастурий маҳсулотлар) техник топшириқларини ва тақдимотини (тавсифи, функционаллиги, қўлланиш соҳаси) тақдим этади;
в) дастурий таъминот, маълумотлар ва моделга бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади;
г) экспертизадан ўтказувчи ташкилотлар томонидан тақдим этилган техник топшириқлар бўйича ижобий хулосаларни ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг мазкур техник топшириқлар бўйича жавобини тақдим этади;
д) ягона реестр оператори ва Эксперт комиссиясининг сўровига биноан бошқа ҳужжатларни тақдим этади.
7. Ҳалоллик ва молиявий барқарорлик:
а) якуний бенефициар мулкдорлар, мулкчилик ва назорат тузилмаси ҳамда аффилланган шахслар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш;
б) давлат органларига ва давлат харидлари электрон тизимига (маълумотлар мавжуд бўлганда) нотўғри маълумотлар тақдим этилгани тўғрисида тасдиқланган фактларнинг йўқлиги;
в) молиявий барқарорлик ва мажбуриятларни бажариш имкониятини тасдиқловчи ҳужжатларни (электрон шаклда) тақдим этиш, жумладан, охирги ҳисобот даври учун молиявий кўрсаткичлар (тушум/айланма) тўғрисидаги маълумотлар.
8. Идоралараро текширувларга розилик:
а) рўйхатдан ўтганлик, фаолият ҳолати, чекловларнинг мавжудлиги ва ҳалолликни текшириш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар бўйича идоралараро солиштириш ўтказилишига (қонунчилик ҳужжатларида белгиланган доирада) розилик бериши;
б) тадбиркорлик субъекти ва унинг бенефициарларининг халқаро санкциялар рўйхатларида мавжуд бўлмаслиги (амалдаги текширувлар доирасида).
9. Қўшимча шарт сифатида тадбиркорлик субъекти ўзининг дастурий маҳсулотлари бўйича маълумотларни уларнинг ҳаётий циклининг барча босқичларида ўз вақтида янгилаб бориши шарт.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 22 сентябрь,
510-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
NIZOM
SXEMASI
TALABLAR
Davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sunʼiy intellekt texnologiyalarini yanada rivojlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 22-oktabrdagi PF-189-son Farmoniga muvofiq, sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar)ni davlat organlari, ustav fondi (ustav kapitali)da davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik jamiyatlari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida joriy etish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
tadbirkorlik subyektlarining hamda ular tomonidan taklif etiladigan sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar)ning markazlashgan maʼlumotlar bazasidan iborat yagona reyestrini yuritish;
davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestri (keyingi oʻrinlarda — yagona reyestr)ni yuritish;
yagona reyestrga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari va ularning axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida davlat xaridlarini amalga oshirish;
joriy etiladigan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar)ning xavfsizlik, shaffoflik va sifat talablariga muvofiqligini taʼminlash.
2. Belgilansinki:
yagona reyestrga kiritilgan sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) roʻyxati “ai.gov.uz” milliy portalida eʼlon qilinadi hamda tadbirkorlik subyektlarining yagona reyestrda roʻyxatga olingan dasturiy mahsulotlarini joriy qilish uchun umumiy qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 2 500 baravaridan oshmagan miqdordagi davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etiladi;
yagona reyestrga kiritiladigan sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlarining (dasturiy mahsulotlar) texnik topshiriqlari Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi bilan kelishilgan holda “Kiberxavfsizlik markazi” davlat muassasasi va “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasiga ekspertizadan oʻtkazish uchun kiritiladi;
vazirlik va idoralar dasturiy mahsulotning oʻz tarkibiy tuzilmasi va tizim tashkilotlarida toʻgʻri joriy etilishiga, shuningdek, takroran xarid qilinishi va ularga budjet mablagʻlari asossiz sarflanishining oldini olishga masʼul hisoblanadi;
“ai.gov.uz” milliy portalini yaratish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 30-oktabrdagi PQ-320-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasidan begʻaraz asosda ajratiladigan mablagʻlar hisobidan hamda texnik qoʻllab-quvvatlash, rivojlantirish va axborot xavfsizligini taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlar Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda 2027-yil 1-fevralga qadar yagona reyestrning ishga tushirilishini taʼminlasin.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 22-sentabrdagi 510-son qaroriga ILOVA
Davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestrini shakllantirish, yuritish hamda undan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Umumiy qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 2 500 baravaridan oshmagan miqdordagi davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestri (keyingi oʻrinlarda — yagona reyestr) “ai.gov.uz” milliy portalida tadbirkorlik subyektlari va ularning sunʼiy intellekt texnologiyalariga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) (keyingi oʻrinlarda — dasturiy mahsulotlar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning yagona manbai hisoblanadi va sunʼiy intellektga asoslangan yechimlarni joriy etish hamda qoʻllab-quvvatlash boʻyicha davlat xaridlarini amalga oshirishda foydalaniladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
monitoring — yagona reyestr doirasida tadbirkorlik subyektlari va ularning dasturiy mahsulotlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning dolzarbligini muntazam ravishda kuzatib borish jarayoni;
ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlar — “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasi va “Kiberxavfsizlik markazi” davlat muassasasi;
yagona reyestr operatori — yagona reyestrning ishlashini va undan toʻgʻri foydalanilishini taʼminlash, shu jumladan, uning maʼlumotlar bazasida mavjud boʻlgan maʼlumotlarni yuritish va qayta ishlash uchun masʼul boʻlgan yuridik shaxs;
yagona identifikator (“Registry ID”) — tadbirkorlik subyekti va uning dasturiy mahsulotlarini yagona reyestrda roʻyxatdan oʻtkizishda beriladigan, ularni aniq identifikatsiya qilish, hisobga olish va keyinchalik yagona reyestrdagi oʻzgarishlarni kuzatib borish uchun moʻljallangan maxsus identifikator;
yagona reyestrga kirish istagini bildirgan tadbirkorlik subyekti — belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan va sunʼiy intellekt texnologiyalariga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar)ni ishlab chiqish, joriy etish, integratsiya qilish, qoʻllab-quvvatlash boʻyicha faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyekti;
yagona reyestrga kiritish uchun taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish boʻyicha ekspert komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Ekspert komissiyasi) — raqamli texnologiyalar sohasining malakali mutaxassislaridan iborat tadbirkorlik subyektlari hamda ularning dasturiy mahsulotlarini yagona reyestrga kiritish uchun taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish maqsadida Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan tashkil etilgan komissiya.
4. Yagona reyestrni shakllantirish va yuritishning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
tadbirkorlik subyektlarining hamda ular tomonidan taklif etiladigan dasturiy mahsulotlarning markazlashgan maʼlumotlar bazasidan iborat yagona reyestrni yuritish;
davlat buyurtmachisiga yagona reyestrga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari bilan umumiy qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 2 500 baravaridan oshmagan miqdordagi davlat xaridlari doirasida “taklif soʻrovi” xarid qilish tartib-taomili asosida shartnomalar tuzish imkoniyatini taqdim etish;
joriy etiladigan dasturiy mahsulotlarning xavfsizlik, shaffoflik va sifat talablariga muvofiqligini taʼminlash;
davlat sektorida xavfsiz va ishonchli dasturiy mahsulotlarning joriy etilishini jadallashtirish;
davlat buyurtmachilari dasturiy mahsulotlarini joriy etish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha davlat xaridlarini rejalashtirish, oʻtkazish va amalga oshirishda yagona reyestr maʼlumotlaridan foydalanish.
5. Tadbirkorlik subyektlari va ularning dasturiy mahsulotlarini yagona reyestrga kiritish uchun toʻlov undirilmaydi.
2-bob. Yagona reyestrni shakllantirish va yuritish
6. Davlat sirlarini oʻz ichiga olgan dasturiy mahsulotlar yagona reyestrga kiritilmaydi.
7. “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi” masʼuliyati cheklangan jamiyati yagona reyestrning operatori (keyingi oʻrinlarda — operator) hisoblanadi.
8. Operator quyidagi vazifalarni bajaradi:
tadbirkorlik subyektlarining yagona reyestrga kiritish uchun taqdim etilgan hujjatlarini qabul qilish, ularni koʻrib chiqish, Ekspert komissiyasiga taqdim etish;
tadbirkorlik subyektlari tomonidan kiritilgan arizaning koʻrib chiqish jarayonini “ai.gov.uz” milliy portalida eʼlon qilib borish;
yagona reyestrdagi tadbirkorlik subyektlari hamda ularning maqomi va dasturiy mahsulotlar hisobini yuritish, shuningdek, ular haqidagi maʼlumotlarni dolzarbligi yuzasidan monitoring qilib borish;
Davlat xaridlari boʻyicha maxsus axborot portali, Raqamli hukumatning axborot tizimlari va resurslari yagona reyestri axborot tizimlarini yagona reyestr bilan real vaqt rejimida maʼlumot almashinuvini taʼminlash;
yagona reyestrning uzluksiz ishlashini taʼminlash;
yagona reyestrda kiberxavfsizlikni taʼminlash boʻyicha choralar koʻrish hamda uni doimiy nazorat qilib borish;
Ekspert komissiyasining faoliyatini tashkiliy-texnik jihatdan taʼminlash va Ekspert komissiyasi xulosalari hisobini yuritish.
9. Sunʼiy intellekt sohasidagi tadbirkorlik subyektlari yagona reyestrga ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxema asosida kiritiladi.
Ekspert komissiyasining tarkibi va ish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
Operator Ekspert komissiyasining ishchi organi hisoblanadi.
10. Davlat buyurtmachilari davlat xaridlarini rejalashtirish, oʻtkazish va amalga oshirishda, shuningdek, dasturiy mahsulotlarni joriy etishda yagona reyestr maʼlumotlaridan foydalanishlari mumkin.
11. Tadbirkorlik subyektlarining dasturiy mahsulotlarini joriy etish boʻyicha texnik topshiriqlari Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligi bilan kelishiladi, “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasi va “Kiberxavfsizlik markazi” davlat muassasasi tomonidan oʻz vakolatlari doirasida ekspertizadan oʻtkaziladi.
12. Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi davlat xaridlarida yagona reyestrga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari va ularning dasturiy mahsulotlarining ishtirok etishini nazorat qilish uchun masʼul hisoblanadi.
13. Yagona reyestrda quyidagi tur (toifa)dagi dasturiy mahsulotlar roʻyxatga olinadi:
a) mashinaviy oʻrganish modellari, jumladan:
tasniflash;
regressiya;
klasterlash;
tavsiya modellari;
anomaliyalarni aniqlash tizimlari;
b) chuqur neyron tarmoqlari, jumladan:
konvolyutsion neyron tarmoqlari;
rekurrent neyron tarmoqlari;
transformer modellari;
v) generativ dasturiy mahsulotlar:
matn yaratish (tabiiy tilni qayta ishlash modellari, katta til modellari);
rasm, video va audio yaratish;
kod yaratish;
maʼlumotlarni sintez qilish;
matnni tasvirga, tasvirni matnga aylantirish tizimlari va boshqalar;
g) “kompyuter nigohi” yechimlari:
obyektlar va yuzlarni tanib olish;
tibbiy tasvirlarni tahlil qilish (kompyuter tomografiyasi, magnit-rezonans tomografiyasi, rentgen va boshqalar);
tasvirlarni segmentlash va tasniflash;
videotahlil va hodisalarni aniqlash;
ishlab chiqarishda sifatni nazorat qilish tizimlari;
d) tabiiy tilni qayta ishlash:
nutqni tanib olish va sintez qilish;
mashinaviy tarjima;
matn ohangini tahlil qilish;
chat-botlar va ovozli yordamchilar;
matnlarni avtomatik tarzda umumlashtirish va tasniflash;
e) prognoz tahlili sohasidagi yechimlar:
talabni prognoz qilish;
xatarlarni oldindan aniqlash;
ehtimoliy hodisalarni baholash;
uskunalarni oldindan diagnostika qilish;
moliyaviy prognozlar;
j) robotlashtirilgan va avtonom tizimlar:
avtonom robotlar;
haydovchisiz transport vositalari (quruqlikdagi, havodagi, suvdagi);
navigatsiya va real vaqtda qaror qabul qilish tizimlari;
z) qaror qabul qilishni qoʻllab-quvvatlash tizimlari:
tibbiy diagnostika tizimlari;
qonunlarni qoʻllash va meʼyoriy nazoratni avtomatlashtirish tizimlari;
moliyaviy-kredit skoring modellari;
xatarlarni baholash va tavsiyalarni shakllantirish;
i) kiberxavfsizlikka oid dasturiy mahsulotlar:
tahdid va hujumlarni aniqlash tizimlari;
tahdidlar va anomaliyalarning oldini olish tizimlari;
zararli (xavfli) tarmoq trafigining avtomatlashtirilgan tahlili.
k) infratuzilmaviy dasturiy mahsulotlar:
modellarni oʻqitish uchun moʻljallangan bulutli platformalar;
GPU-klasterlar va hisoblash infratuzilmalari;
sunʼiy intellekt hayotiy siklini boshqarish uchun Mashinaviy oʻrganish operatsiyalari (MLOps) va Dastur ishlab chiqish operatsiyalari (DevOps) platformalari;
katta maʼlumotlar va izohlangan toʻplamlar uchun maʼlumotlar bazalari;
l) izohlovchi va tasdiqlovchi (verifikatsiya) yechimlar:
maʼlumotlarni izohlash vositalari;
avtomatlashtirilgan belgilash tizimlari;
sunʼiy intellekt modellarini sinovdan oʻtkazish va tasdiqlash yechimlari;
m) sunʼiy intellekt algoritmlaridan foydalanadigan va ushbu bandning “a” — “l” kichik bandlaridagi toifalarga mansub boʻlmagan, lekin avtonom yoki yarimavtonom qaror qabul qilish xususiyatlariga ega boʻlgan har qanday boshqa dasturiy mahsulotlar.
14. Yagona reyestrga kiritilgan dasturiy mahsulotlar tur (toifa)lari boʻyicha “taklif soʻrovi” xarid qilish tartib-taomilini qoʻllashda tadbirkorlik subyektlarining ushbu Nizomning 13-bandiga muvofiq roʻyxatdan oʻtgan dasturiy mahsulotlar turi (toifasi) boʻyicha oʻz takliflari bilan ishtirok etishiga yoʻl qoʻyiladi.
3-bob. Tadbirkorlik subyektlarini yagona reyestrga kiritish
15. Tadbirkorlik subyektlari yagona reyestrda “ai.gov.uz” milliy portalida oʻzlarining shaxsiy kabineti orqali elektron raqamli imzodan (keyingi oʻrinlarda — ERI) foydalangan holda roʻyxatdan oʻtadi.
16. Tadbirkorlik subyektlari yagona reyestrda ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq elektron shakldagi varaqani toʻldirish orqali onlayn tarzda roʻyxatdan oʻtadi.
17. Tadbirkorlik subyektlari yagona reyestrga kiritiladigan maʼlumotlar va unga ilova qilingan hujjatlarning ishonchliligi va haqqoniyligi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.
18. Tadbirkorlik subyektlari texnik topshiriqlarni kelishish uchun Istiqbolli loyihalar milliy agentligiga hamda ekspertizadan oʻtkazish uchun ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlarga bir vaqtning oʻzida, qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga muvofiq, tegishliligi boʻyicha elektron shaklda yagona reyestr axborot tizimi orqali onlayn tarzda taqdim etadilar.
Bunda texnik topshiriqlarni “yagona darcha” tamoyili asosida ekspertizadan oʻtkazish maqsadida, yagona reyestr Raqamli hukumatning axborot tizimlari va resurslari yagona reyestri axborot tizimi bilan integratsiya qilinadi hamda Raqamli texnologiyalar vazirligi va “Kiberxavfsizlik markazi” davlat muassasasi tomonidan yagona reyestr orqali kelib tushgan texnik topshiriqlarni mazkur axborot tizimi orqali ekspertizadan oʻtkazish taʼminlanadi.
19. Texnik topshiriqlar Istiqbolli loyihalar milliy agentligi hamda ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlar tomonidan oʻn besh ish kuni ichida kelishiladi va ekspertizadan oʻtkaziladi. Ekspertiza xulosalari operatorga va tadbirkorlik subyektiga taqdim etiladi.
20. Operator taqdim etilgan maʼlumotlarni quyidagi asoslar boʻyicha uch ish kuni ichida koʻrib chiqadi:
dasturiy mahsulotlar varaqasi va unga ilova qilingan hujjatlarning toʻliqligi va rasmiy talablarga muvofiqligi;
texnik topshiriqlar boʻyicha ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlar tomonidan taqdim etilgan ijobiy xulosalar mavjudligi;
yakuniy benefitsiar mulkdorlar va affillangan shaxslarni aniqlash;
tadbirkorlik subyektiga nisbatan bankrotlik, faoliyatning toʻxtatilgani yoki boshqa cheklovlar mavjudligi;
ilgari tuzilgan shartnomalar boʻyicha muddati oʻtgan majburiyatlar mavjudligi (tasdiqlovchi maʼlumotlar mavjud boʻlgan taqdirda).
21. Operator taqdim etilgan hujjatlarni yagona reyestrda roʻyxatdan oʻtkazadi hamda taqdim etilgan maʼlumotlarni tegishli davlat axborot tizimlari va maʼlumotlar bazalaridagi maʼlumotlar bilan solishtirish orqali tekshiradi.
22. Maʼlumotlarni tekshirish natijalariga koʻra, operator tomonidan tadbirkorlik subyektlarining loyiha-texnik hujjatlariga “Koʻrib chiqilmoqda”, “Maʼqullangan” yoki “Qaytarilgan” belgisi qoʻyiladi va Ekspert komissiyaga taqdim etiladi.
Talab etilgan hujjatlarning mavjudligi (yoki yoʻqligi) Ekspert komissiyasi tomonidan qaror qabul qilishda inobatga olinadi hamda tadbirkorlik subyekti va dasturiy mahsulotlar varaqasida aks ettiriladi.
23. Tadbirkorlik subyektlariga koʻrib chiqish natijasini berish va ularning dasturiy mahsulotlarini yagona reyestrga kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun Ekspert komissiyasi ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq tadbirkorlik subyektlariga qoʻyiladigan talablar asosida hujjatlarni koʻrib chiqadi.
24. Koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Ekspert komissiyasi oʻn ish kuni ichida quyidagi xulosalardan birini taqdim etadi:
“Kiritilsin” — tadbirkorlik subyekti va uning dasturiy mahsulotlariga ushbu Nizomda belgilangan talablarga muvofiq, yagona identifikator (“Registry ID”) beriladi;
“Rad etilsin” — ushbu Nizomda belgilangan talablarga mos kelmagan hollarda.
25. Yagona reyestrga kiritish rad etilgan taqdirda, tadbirkorlik subyektlari ekspert komissiyasi xulosasi yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish huquqiga ega.
26. Tadbirkorlik subyektlarini yagona reyestrga kiritishni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:
tekshiruv uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni taqdim etishdan bosh tortish yoxud notoʻgʻri yoki toʻliq boʻlmagan maʼlumotlarni taqdim etish;
tadbirkorlik subyekti bankrot yoki bankrotlik jarayonida boʻlishi, faoliyatning toʻxtatilish holatlari mavjudligi;
dasturiy mahsulotlar asosiy komponentlaridan foydalanish boʻyicha tasdiqlangan huquqlarning mavjud emasligi;
dasturiy mahsulotlarning ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan talablarga mos kelmasligi.
Tadbirkorlik subyektlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa talablarga koʻra yagona reyestrga kiritishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Rad etish asosi Ekspert komissiyasining xulosasida keltiriladi.
Bunda Ekspert komissiyasining xulosasida rad etishning aniq sabablari koʻrsatilishi shart.
27. Operator yagona reyestrga kiritilgan tadbirkorlik subyekti va uning dasturiy mahsulotlari varaqalarini ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda (II boʻlimda keltirilgan maʼlumotlardan tashqari) uch ish kuni ichida “ai.gov.uz” milliy portalida joylashgan yagona reyestrda eʼlon qiladi va bir vaqtning oʻzida ushbu maʼlumotlarni davlat xaridlari boʻyicha maxsus axborot portaliga real vaqt rejimida yuboradi.
28. Tadbirkorlik subyekti va uning dasturiy mahsulotlariga oʻzgartirishlar kiritilgan taqdirda, tadbirkorlik subyekti ushbu oʻzgartirishlar (yangilanishlar) kiritilgani haqida uch ish kuni ichida operatorni xabardor qilishi shart. Bunda oʻzgartirishlar tadbirkorlik subyektlarining yagona reyestrdagi shaxsiy kabineti orqali amalga oshiriladi.
4-bob. Tadbirkorlik subyektlarini yagona reyestrdan chiqarish
29. Tadbirkorlik subyektlarining masʼul shaxslari yagona reyestrga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari va ularning dasturiy mahsulotlari haqidagi maʼlumotlarni aniqlashtirish uchun operatorning soʻroviga binoan uch ish kuni ichida qoʻshimcha maʼlumotlarni yozma shaklda taqdim etishlari lozim.
Tadbirkorlik subyektlari soʻrov boʻyicha maʼlumotlarni taqdim etmagan taqdirda, ularning davlat xaridlarida ishtirok etishi mazkur maʼlumotlar taqdim etilgunga qadar bir oy muddatga cheklanadi.
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan bir oy muddatda soʻrov boʻyicha maʼlumotlarni taqdim etish rad etilgan taqdirda, operator ushbu holatga oid maʼlumotlarni va asoslovchi hujjatlarni Ekspert komissiyasiga yagona reyestrdan chiqarish masalasini koʻrib chiqish hamda qaror qabul qilish uchun yuboradi. Ekspert komissiyasining qarori asosida operator tegishli dasturiy mahsulotlarni yagona reyestrdan chiqaradi.
30. Tadbirkorlik subyektlari va ularning dasturiy mahsulotlari yagona reyestrdan quyidagi tartibda chiqariladi:
tadbirkorlik subyekti tomonidan yagona reyestrdagi shaxsiy kabineti orqali berilgan ariza asosida;
ushbu Nizomda nazarda tutilgan hollarda Ekspert komissiyasining xulosasiga koʻra.
31. Tadbirkorlik subyektlari va ularning dasturiy mahsulotlari yagona reyestrdan ekspert komissiyasi tashabbusi bilan quyidagi hollarda chiqariladi:
notoʻgʻri maʼlumotlar taqdim etilgani aniqlanganda;
tadbirkorlik subyekti ushbu Nizomning 29-bandiga asosan soʻrov boʻyicha maʼlumotlarni taqdim etishni rad etganda;
tadbirkorlik subyekti jinoiy javobgarlikka tortilgani aniqlanganda;
insofsiz ijrochilarning yagona reyestriga kiritilganda;
Sunʼiy intellektga asoslangan yechimlarni yaratish, joriy qilish va ulardan foydalanish boʻyicha etika qoidalari va tamoyillariga rioya etilmaganda;
yuridik shaxs tugatilganda.
32. Operator tegishli qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida yagona reyestrdan chiqarish toʻgʻrisidagi xabarni yagona reyestrga kiritadi, chiqarilgan sana va asoslarni koʻrsatadi hamda tadbirkorlik subyektini shaxsiy kabineti orqali xabardor qiladi.
Bunda mazkur bandda nazarda tutilgan holatlar yuzaga kelganda, operator tegishli maʼlumotlarni real vaqt rejimida davlat xaridlari boʻyicha maxsus axborot portaliga yuboradi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
33. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
34. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestriga kiritish ishlarini tashkil etish
Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tadbirkorlik subyekti “ai.gov.uz” milliy portalidagi shaxsiy kabinetida ERI kalitidan foydalangan holda roʻyxatdan oʻtadi va dasturiy mahsulotlari varaqasining elektron shaklini toʻldiradi. “ai.gov.uz” milliy portali orqali texnik topshiriqlarni kelishish va ekspertizadan oʻtkazish uchun Istiqbolli loyihalar milliy agentligi va ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlarga yuboradi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Istiqbolli loyihalar milliy agentligi va ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlar Texnik topshiriqlarni ekspertizadan oʻtkazadi hamda tegishli xulosalarni operatorga va tadbirkorlik subyektiga taqdim etadi. 15 ish kuni 3-bosqich Operator Tadbirkorlik subyekti, Istiqbolli loyihalar milliy agentligi hamda ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni tekshiradi, keyinchalik ularni Ekspert komissiyasiga koʻrib chiqish uchun taqdim etadi. 3 ish kuni 4-bosqich Ekspert komissiyasi 1. Operator tomonidan taqdim etilgan hujjatlar koʻrib chiqiladi. 2. Tadbirkorlik subyekti va uning dasturiy mahsulotlarini yagona reyestrga kiritish yoki rad qilish boʻyicha xulosa taqdim etadi. 10 ish kuni 5-bosqich Operator Tadbirkorlik subyekti va uning dasturiy mahsulotlari varaqalarini yagona reyestrda eʼlon qilish bilan bir vaqtda ushbu maʼlumotlarni davlat xaridlari boʻyicha maxsus axborot portaliga real vaqt rejimida yuboradi. 3 ish kuni
Davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Sunʼiy intellekt sohasidagi tadbirkorlik subyektlarining va ularning sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) varaqasi
T/r Koʻrsatkich nomi Tavsif Registry ID ____ I. Tadbirkorlik subyekti haqida umumiy maʼlumotlar 1. Tadbirkorlik subyekti nomi va uning tashkiliy-huquqiy shakli (MCHJ, AJ va boshqalar) 2. Faoliyat yoʻnalishi va vakolatlari boʻyicha qisqacha tavsif 3. Yuridik manzili 4. STIR 5. Aloqa maʼlumotlari: (telefon, elektron pochta, veb-sayt) 6. Rahbar/masʼul shaxs 7. Subyekt holati: (Faol/Toʻxtatilgan) II. Benefitsiarlar va mulkdorlar haqida maʼlumot** 8. Yakuniy benefitsiar mulkdorlar (mavjud boʻlgan taqdirda), mulk va boshqaruv tuzilmasi, shuningdek, affillangan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 9. Moliyaviy barqarorlik va shartnomalar boʻyicha majburiyatlarni bajarish imkoniyatini tasdiqlovchi maʼlumotlar III. Tadbirkorlik subyektining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) (Har bir sunʼiy intellekt yechimi uchun alohida varaqa toʻldiriladi) 10. Dasturiy mahsulotlar nomi 11. Dasturiy mahsulotlarning qisqacha tavsifi 12. Dasturiy mahsulotlar turi (masalan, tabiiy tilni qayta ishlash, kompyuter koʻrish, bashoratli tahlil, jarayonlarni robotlashtirish va boshqalar) 13. Dasturiy mahsulotlar versiyasi 14. Maqsadi, vazifalari va qoʻllanish doirasi 15. Hayotiy sikl bosqichi (Yaratish/Foydalanish/Takomillashtirish/Foydalanishdan chiqarish) 16. Texnik xususiyatlari va arxitekturasi 17. Foydalaniladigan maʼlumotlar va manbalar 18. Litsenziyalar va intellektual mulk huquqlarining mavjudligi 19. Dasturiy mahsulotlarning joriy etilgani IV. Ilovalar 20. Dasturiy mahsulotlarning taqdimoti 21. “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining texnik topshiriq boʻyicha ijobiy xulosasi 22. “Kiberxavfsizlik markazi” davlat muassasasining texnik topshiriq boʻyicha ijobiy xulosasi 23. Istiqbolli loyihalar milliy agentligining texnik topshiriq boʻyicha taqdim etgan javobi
Davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Davlat xaridlarini “taklif soʻrovi” asosida amalga oshirishga ruxsat etilgan tadbirkorlik subyektlarining sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlari (dasturiy mahsulotlar) reyestriga kiritish uchun tadbirkorlik subyektlariga qoʻyiladigan
Tadbirkorlik subyekti quyidagi talablarga rioya etgan holda yagona reyestrga kiritilishi mumkin.
1. Huquqiy holati:
a) Oʻzbekiston Respublikasi hududida belgilangan tartibda tadbirkorlik subyekti sifatida davlat roʻyxatidan oʻtgan boʻlishi;
b) bankrotlik va faoliyatning toʻxtatilishi holatlari mavjud boʻlmasligi.
2. Sunʼiy intellekt sohasidagi faoliyat:
a) sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlarini (dasturiy mahsulotlar) ishlab chiqish, integratsiya qilish, joriy etish, qoʻllab-quvvatlash hamda ulardan foydalanish bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirish;
b) belgilangan toifalar va talablarga mos keladigan bir yoki bir nechta sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlariga (dasturiy mahsulotlar) ega boʻlish;
v) sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlarining (dasturiy mahsulotlar) texnik topshiriqlari, funksional tavsifi va xususiyatlari mavjud boʻlishi.
3. Huquqiy egalik va intellektual mulk:
a) model, maʼlumotlar, algoritmlar, dasturiy taʼminot va sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlarining (dasturiy mahsulotlar) boshqa komponentlaridan foydalanish boʻyicha tasdiqlangan huquqlarning mavjud boʻlishi;
b) mualliflik huquqlari, litsenziya shartnomalari va boshqa hujjatlarning mavjud boʻlishi.
4. Sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlarining (dasturiy mahsulotlar) texnik yaroqliligi:
a) texnik ekspertizadan oʻtgan boʻlishi, zarurat tugʻilganda xavflarni baholash amalga oshirilgan boʻlishi;
b) sifat, aniqlik, xavfsizlik va barqaror ishlash boʻyicha belgilangan talablarga muvofiqligi;
v) sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlarini (dasturiy mahsulotlar) testdan oʻtkazish, yangilash va texnik qoʻllab-quvvatlash jarayonlarining belgilangan va hujjatlashtirilgan boʻlishi.
5. Komplayens va xavfsizlik:
a) shaxsga doir maʼlumotlarni himoya qilish va axborot xavfsizligi toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga, shuningdek, sunʼiy intellektga asoslangan yechimlarni yaratish, joriy qilish va ulardan foydalanish boʻyicha etika qoidalariga rioya etilishi;
b) maʼlumotlarni qayta ishlash siyosati, maʼlumotlarni himoya qilish choralarining mavjudligi hamda ruxsatsiz kirishning oldini olish jarayonlarining joriy etilgan boʻlishi.
6. Hujjatlarga qoʻyiladigan talablar:
a) tadbirkorlik subyekti belgilangan shakldagi elektron varaqani toʻldiradi;
b) sunʼiy intellektga asoslangan axborot tizimlarining (dasturiy mahsulotlar) texnik topshiriqlarini va taqdimotini (tavsifi, funksionalligi, qoʻllanish sohasi) taqdim etadi;
v) dasturiy taʼminot, maʼlumotlar va modelga boʻlgan huquqlarni tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim etadi;
g) ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlar tomonidan taqdim etilgan texnik topshiriqlar boʻyicha ijobiy xulosalarni hamda Istiqbolli loyihalar milliy agentligining mazkur texnik topshiriqlar boʻyicha javobini taqdim etadi;
d) yagona reyestr operatori va Ekspert komissiyasining soʻroviga binoan boshqa hujjatlarni taqdim etadi.
7. Halollik va moliyaviy barqarorlik:
a) yakuniy benefitsiar mulkdorlar, mulkchilik va nazorat tuzilmasi hamda affillangan shaxslar haqidagi maʼlumotlarni oshkor qilish;
b) davlat organlariga va davlat xaridlari elektron tizimiga (maʼlumotlar mavjud boʻlganda) notoʻgʻri maʼlumotlar taqdim etilgani toʻgʻrisida tasdiqlangan faktlarning yoʻqligi;
v) moliyaviy barqarorlik va majburiyatlarni bajarish imkoniyatini tasdiqlovchi hujjatlarni (elektron shaklda) taqdim etish, jumladan, oxirgi hisobot davri uchun moliyaviy koʻrsatkichlar (tushum/aylanma) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
8. Idoralararo tekshiruvlarga rozilik:
a) roʻyxatdan oʻtganlik, faoliyat holati, cheklovlarning mavjudligi va halollikni tekshirish uchun zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlar boʻyicha idoralararo solishtirish oʻtkazilishiga (qonunchilik hujjatlarida belgilangan doirada) rozilik berishi;
b) tadbirkorlik subyekti va uning benefitsiarlarining xalqaro sanksiyalar roʻyxatlarida mavjud boʻlmasligi (amaldagi tekshiruvlar doirasida).
9. Qoʻshimcha shart sifatida tadbirkorlik subyekti oʻzining dasturiy mahsulotlari boʻyicha maʼlumotlarni ularning hayotiy siklining barcha bosqichlarida oʻz vaqtida yangilab borishi shart.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 22-sentabr,
510-son