📅 2026-yil 24-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 24-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 24 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
РЕЕСТРИ
РЎЙХАТИ
РЎЙХАТИ
Пахта ва ғалла етиштиришда «янги агроном» тайёрлаш ва «устоз-шогирд» тизимларини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 9 декабрдаги ПҚ-370-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, талабаларнинг пахтачилик ва ғаллачилик бўйича билимларини мустаҳкамлаш, уларни касбий фаолиятга тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш ҳамда амалиёт ўташ даврида қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, юқори ҳосилдорликка эришишни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 9 декабрдаги ПҚ-370-сон қарорига мувофиқ 2026 йилдан бошлаб янги агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш кўникмасига эга бўлган «янги агроном» тайёрлаш ва «устоз-шогирд» тизимларини жорий этиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
«Янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Устоз-шогирд» тизими асосида пахта етиштириш амалиётини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
устоз ва шогирд бўлган агрокластерлар ҳамда фермер хўжаликлари рўйхатини ҳар йили 10 январга қадар шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этиб борсин;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда «устоз-шогирд» тизими «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси орқали ташкил этилишини ва мониторинг қилиб борилишини таъминласин.
4. Белгилансинки, ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш харажатлари 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 сентябрдаги 513-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом илғор агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш кўникмасига эга бўлган «янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган бошқа олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.
«Янги агроном» тайёрлаш тизими асосида амалиёт ўтаётган талабалар Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 январдаги 11-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётида ҳам иштирок этиши мумкин.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
талаба — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган бошқа олий таълим ташкилотларида қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат соҳалари бўйича таҳсил олаётган талабалар;
«устоз» — ўтган ҳосил йилларида гектарига пахтадан 60 центнер ва ғалладан 100 центнердан юқори ҳосил олиб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий таълим ташкилотлари талабаларига устозлик қилиш ташаббусини билдирган тажрибали ва илғор агрокластерлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари;
«янги агроном» — қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида илғор агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш бўйича назарий ва амалий билимларни «устоз-шогирд» тамойилига асосланган амалиёт билан боғланган ҳолда эгаллаган мутахассис.
2-боб. Пахта ва ғалла етиштириш учун «янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этишнинг мақсади ва вазифалари
4. «Янги агроном» тайёрлаш тизимининг мақсади қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарор ривожлантириш учун агроном мутахассисларга илғор агротехнологиялардан, жумладан, сувни тежайдиган суғориш технологиялари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланган ҳолда пахта ва ғалла етиштиришни ўргатишдан иборат.
5. «Янги агроном» тайёрлаш тизимининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
илғор агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш бўйича амалий кўникмалар билан биргаликда назарий билим бериш;
ўсимлик ва тупроқ биологиясини, тупроқ унумдорлигини баҳолашни, ўсимликлар физиологияси ва экинлар агротехникасини ҳамда агрокимё ва ўғитлаш тизимларини тўғри қўллашни чуқур ўргатиш;
агрокластерлар ва фермер хўжаликларининг экин майдонларида агротехника тадбирларини ўтказиш, жумладан, сувни тежайдиган суғориш технологиялари ва замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариш ҳамда учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш усулларини ўргатиш;
экологик барқарорлик ва агро-экология тамойилларини сингдириш, ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияларини ишлаб чиқиш ва барқарор қишлоқ хўжалиги тизимларини яратиш бўйича билимлар бериш.
6. «Янги агроном» тайёрлаш тизими ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемада амалга оширилади.
3-боб. Махсус комиссия фаолиятини ташкил этиш
7. «Янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш, талабалар ўртасида танлов ўтказиш ва ушбу жараёнларни мувофиқлаштириш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда — махсус комиссия) танлов ўтказилишидан бир ой олдин тузилади ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
Махсус комиссиянинг таркиби камида 7 нафар (тоқ сонли) аъзолардан иборат бўлиб, унинг таркибига энг юқори ҳосилдорликка эришган «устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизимидаги олий таълим ташкилотларининг раҳбар-ходимлари киритилади.
Махсус комиссия аъзолигига танлашда қуйидаги номзодларга устуворлик берилади:
ўз йўналишида камида 2 йиллик меҳнат стажига эга;
олий маълумотга эга;
хорижий тажрибаси мавжуд;
илмий даражаси мавжуд;
сўнгги 5 йилда соҳада ютуқларга эришгани.
Бунда «устоз» агрокластер ва фермер хўжаликлари раҳбар-ходимларининг сони махсус комиссия аъзоларининг умумий сонида кўпчиликни ташкил қилиши керак.
Махсус комиссия раиси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёки унинг тизимидаги олий таълим ташкилотининг раҳбар-ходими бўлади.
4-боб. Талабалар ўртасида танловлар ташкил этиш ва ўтказиш
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили январь ойида устозлик қилиш ташаббусини билдирган тажрибали ва илғор агрокластерлар ва фермер хўжаликлари рўйхатини шакллантиради.
9. «Янги агроном» тайёрлаш тизими асосида ўқиш амалиётига Тошкент давлат аграр университети ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган бошқа олий таълим ташкилотларининг мос таълим йўналишларида таҳсил олаётган 2 ва 3-босқич талабалари ўртасида танловлар олий таълим ташкилотларида ҳар йили камида бир маротаба ўтказилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан «янги агроном» тайёрлаш тизимида ўқиш бўйича танловларни ташкил этиш учун ҳар йили январь-февраль ойларида ҳудудлар, соҳалар ва олий таълим ташкилотлари кесимида ўринлар ажратилади ҳамда танлов тўғрисида ўзининг веб-сайтида эълон беради.
11. Танловларда иштирок этиш учун талабалар 2 ва 3-босқичда таҳсил олаётган бўлиши ҳамда талабаларнинг таълим йўналишлари (ёки мутахассислиги) «устоз» агрокластер ва фермер хўжалиги фаолият йўналишига мос бўлиши талаб этилади.
Талабалар танловда иштирок этиш учун танлов эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида ўзи таҳсил олаётган олий таълим ташкилотига аризани тегишли ҳужжатлар билан бирга почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда тақдим этади.
Олий таълим ташкилоти танловда иштирок этиш учун ариза берган талабалар тўғрисидаги маълумотларни ариза тақдим этилган кундан сўнг 5 иш куни ичида йўлланма хат билан махсус комиссияга тақдим этади.
Махсус комиссия йўлланма хат билан тақдим этилган аризаларни 5 иш куни ичида кўриб чиқади, суҳбат жараёнини ташкил этади.
12. Талабалар «устоз» агрокластер ва фермер хўжаликлари томонидан махсус комиссия ўтказган суҳбат асосида қабул қилинади.
Суҳбат саволлари умумагрономик фанлар, шу жумладан, пахта ва ғалла етиштиришдаги янги инновацион технологиялар, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана олиш ва хорижий тилларни билиш даражаси, шунингдек, талабаларнинг агроном касбига, республикамиз қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётини ривожлантиришга қизиқиши бўйича тузилади.
Суҳбат офлайн ва онлайн шаклда ўтказилади ҳамда жараён видеоматериал шаклида ёзиб олинади.
Суҳбат натижалари 5 баҳолик тизимда, яъни «5» (аъло), «4» (яхши), «3» (қониқарли) ва «2» (қониқарсиз) баҳолари билан баҳоланади. Бунда махсус комиссия аъзолари томонидан қўйилган баҳолар жамланиб, ўртача кўрсаткич аниқланади.
Суҳбатда қатнашмаган талабага суҳбат қайдномасида «қатнашмади» деб ёзилади.
Суҳбат натижалари (яхши ва аъло баҳолар) ва ўртача ўзлаштириш кўрсаткичлари (академик транскрипт) юқори (GPA 3,5) бўлган талабаларга устуворлик берилади.
13. Махсус комиссия танлов асосида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни танлаб олади ва танлов натижаларидан сўнг 20 иш куни ичида уларни «устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликларига бириктириш бўйича якуний қарорни қабул қилади.
14. Махсус комиссия йиғилишида қабул қилинган якуний қарор баённома билан расмийлаштирилади. Баённома махсус комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади ва тасдиқланади.
15. Суҳбат натижаларидан норози бўлган талабалар натижалар эълон қилинган кундан эътиборан 24 соат мобайнида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тузиладиган апелляция комиссиясига (кейинги ўринларда — аппеляция комиссияси) шикоят қилиши мумкин.
Апелляция комиссияси томонидан шикоят келиб тушган вақтдан эътиборан ушбу низомнинг 14-бандига кўра 3 иш куни ичида кўриб чиқилади ва хулоса тақдим этилади.
Бунда шикоятда келтирилган эътирозлар суҳбат ёзиб олинган видеоматериал ва махсус комиссия баённомаси асосида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижаларига кўра тақдим этиладиган хулосада эътироз тасдиқлангани ёки эътироз тасдиғини топмагани тўғрисида қарор қабул қилинади.
16. Апелляция комиссияси томонидан шикоятлар қуйидаги тартибда кўриб чиқилади:
танловни ўтказиш тартиби ва ушбу Низом талабларига риоя этилгани;
баҳолаш мезонлари барча танлов иштирокчиларига бир хил қўлланилгани;
танлов иштирокчиларига экспертлар (баҳоловчилар) томонидан танлов иштирокчиларга қўйилган балларнинг баҳолаш мезонларига мувофиқлиги;
танлов иштирокчилари бўйича ҳисоб-китобларда техник ёки арифметик хатолар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
танлов материаллари, баҳолаш варақалари, баённомалар ҳамда бошқа тегишли ҳужжатлар мавжудлиги;
шикоят этувчи томонидан тақдим этилган далиллар ва асосларнинг мавжудлиги.
17. Апелляция комиссияси томонидан шикоятлар юзасидан қуйидаги тартибда қарор қабул қилинади:
шикоятни қаноатлантириш ва танлов натижаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш;
шикоятни қисман қаноатлантириш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ёки танлов натижаларини қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
шикоятни рад этиш ва танлов натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
танлов иштирокчиларини баҳолаш жараёнида ушбу Низом талаблари бузилгани аниқланган тақдирда, тегишли босқични ёки танлов натижаларини тўлиқ ёки қисман қайта кўриб чиқиш.
Юқоридагиларга мувофиқ апелляция комиссияси томонидан шикоятларни қаноатлантириш ёки рад этиш бўйича қарорлар қабул қилинади.
5-боб. « Янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва раҳбарлик қилиш
18. «Янги агроном» тайёрлаш тизимида ўқиш муддати ва жойи, масъул шахслар, амалиёт ўтайдиган талабалар рўйхати олий таълим ташкилотларининг ректорлари (филиал директорлари) буйруғи билан тасдиқланади.
Бунда олий таълим ташкилотларининг ўқув жараёни жадвалида талабалар ўқув йилининг май — июль ойларида ишлаб чиқариш амалиётига ва сентябрь-октябрь ойларида малака амалиётига юборилиши ҳисобга олинади.
19. «Янги агроном» тайёрлаш тизими бўйича ўқиш давомида талабаларга етарли билим ва кўникмаларни шакллантириш мақсадида иш жойини ўзгартиришга рухсат этилади.
20. Олий таълим ташкилотлари ректорлари (филиал директорлари) «устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари билан биргаликда ўзаро келишилган чора-тадбирлар дастури бўйича «янги агроном» тайёрлаш тизими асосида амалиётга чиқарилган талабаларнинг хавфсизлигини таъминлайди.
21. «Янги агроном» тайёрлаш тизими асосида амалиётга чиқарилган талабаларга «устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарларининг тегишли тартибда меҳнатни муҳофаза қилиш ва ички меҳнат тартиби қоидалари, шунингдек, амалда бўлган бошқа ҳужжатлар татбиқ қилинади.
22. «Янги агроном» тайёрлаш тизими асосида танлаб олинган иқтидорли талабаларга «устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан мавсум давомида илғор агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш ҳамда экин майдонларида агротехника тадбирларини ўтказиш, шу жумладан, сувни тежайдиган суғориш технологияларини ва замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариш, учувчисиз учадиган аппаратларидан фойдаланиш усуллари ўргатиб борилади.
23. «Янги агроном» тайёрлаш тизими асосида амалиётини аъло баҳолар билан тамомлаган талабалар махсус комиссия томонидан сараланиб, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида хорижий давлатларга тажриба ошириш учун юборилади.
Саралаш жараёни талабанинг амалиёт натижалари, ўзлаштириш кўрсаткичлари, касбий билим ва кўникмалари, чет тилини билиш даражаси, интизоми, инновацион ва илмий фаоллик кўрсаткичлари ҳамда хорижда орттирилган билим ва тажрибани республикада жорий этиш бўйича тақдим этилган режа асосида амалга оширилади.
Махсус комиссия танлов натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган талабаларни илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида хорижий давлатларга тажриба ошириш учун юбориш тўғрисида қарор қабул қилади.
24. «Устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари танлаб олинган талабаларнинг ишлаб чиқаришдаги фаолияти бўйича маслаҳатлар беради ҳамда иш натижаларини мунтазам равишда баҳолаб боради.
25. Талабаларга «янги агроном» тизими асосида ўқиш ва амалиёт ўташ дастурига тааллуқли зарур материаллардан фойдаланишга шароит яратилади ҳамда зарур маслаҳатлар ва кўрсатмалар берилади.
26. «Устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари олий таълим ташкилотлари (тегишлилиги бўйича кафедра, факультет, бўлим) билан ҳамкорликда машғулотлар якуни бўйича талабаларнинг олган билимини суҳбат шаклида 100 балли мезон бўйича қуйидагича баҳолайди: 0 — 54 балл — ўтмади (маълумотнома берилади); 55 — 100 балл — ўтди (сертификат берилади).
27. Талабаларнинг олган амалий билимларини холисона баҳолаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда, олий таълим ташкилотлари ректорлари (филиал директорлари) буйруғи билан аттестация комиссияси тузилади ва унинг аъзолари таркибига «устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари вакиллари ҳам киритилади (таркиб тоқ сонда ва камида беш нафар аъзодан иборат бўлади).
6-боб. « Янги агроном» тайёрлаш тизимини молиялаштириш
28. «Янги агроном» тайёрлаш тизими бўйича тадбирлар 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратиладиган маблағлар, 2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар доирасида марказлаштирилган тартибда режалаштириш орқали молиялаштирилади.
Бунда ушбу мақсад учун ажратилган маблағлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий таълим ташкилотларининг тегишли сўровномасига мувофиқ уларнинг ҳисобварақларига ўтказиб берилади.
29. «Янги агроном» тайёрлаш тизими бўйича тўловлар олий таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Бу учун олий таълим ташкилоти, «устоз» агрокластер ва фермер хўжаликлари ҳамда талаба ўртасида номуайян муддатга уч томонлама шартнома тузилади.
«Устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликларига «янги агроном» тайёрлаш тизими доирасида ҳар бир талабага устозлик қилиш учун йилига 5 млн сўм миқдорида тўловлар тўланади.
«Янги агроном» тайёрлаш тизими доирасида ҳар бир талабага жорий (кунлик) харажатлар учун ойига 1,5 млн сўм миқдоридаги маблағ талабанинг пластик картасига ҳар ойнинг 5-санасига қадар ўтказиб берилади.
«Устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан «янги агроном» тайёрлаш тизими бўйича уч томонлама шартномага мувофиқ амалиёт ўтаётган талабага ишлаб чиқаришдаги фаолияти учун иш ҳақи тўлаб берилади.
«Янги агроном» тайёрлаш тизими асосида ўқишни тамомлаган битирувчилар туманлар (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари тавсиясига асосан қишлоқ хўжалиги бўлимларига ишга қабул қилинади ва уларга 3 йил давомида қўшимча рағбатлантириш турини жорий этиш орқали 2 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида кафолатли ойлик иш ҳақи тўлаб берилади ҳамда уларнинг зиммасига тегишли ҳудудда пахтачилик ва ғаллачиликда юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича амалий чораларни кўриш вазифаси юкланади.
«Янги агроном» тайёрлаш тизими доирасида ҳар бир талабанинг жорий харажатлари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни танлаб олиш бўйича ўтказилган танлов натижалари юзасидан махсус комиссиянинг якуний қарори қабул қилингандан сўнг 15 иш куни ичида бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.
«Устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ўзига бириктирилган талабанинг фаолияти самарадорлигига қараб, ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда рағбатлантириб бориши мумкин.
30. «Устоз» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда олий таълим ташкилотлари томонидан аттестация комиссиясининг хулосаси асосида «янги агроном» тайёрлаш тизими бўйича машғулот талабларини бажарган ва имтиҳон (онлайн ёки офлайн суҳбат, тестдан ўтган) натижасидан ўтган талабаларга ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сертификат ва имтиҳондан ўтолмаган талабаларга ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги маълумотнома берилади.
31. Туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимларига ишга жалб қилинмаган ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган битирувчиларнинг хоҳишига кўра уларга пахта ва ғалла етиштириш учун 100 гектаргача ер участкаси электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ажратилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
32. «Янги агроном» тайёрлаш тизими доирасида бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юкланади.
33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
«Янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва молиялаштириш
Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш, талабалар ўртасида танлов ўтказиш ҳамда ушбу жараёнларни мувофиқлаштириш бўйича махсус комиссияни (кейинги ўринларда — махсус комиссия) тузади. Танлов ўтказилишидан камида бир ой олдин 2-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ҳудудлар, соҳалар, олий таълим ташкилотлари кесимида « я нги агроном» тизими учун ўринлар ажратади ҳамда танлов тўғрисида веб-сайтда эълон беради. Ҳар йили январь-февраль ойларида 3-босқич Талаба Танловда иштирок этиш учун ўзи таҳсил олаётган олий таълим ташкилотига аризани тегишли ҳужжатлар билан бирга почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда тақдим этади. Танлов эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида 4-босқич Олий таълим ташкилоти Танловда иштирок этиш учун ариза берган талабалар тўғрисидаги маълумотларни йўлланма хати билан махсус комиссияга тақдим этади. Ариза тақдим этилгандан сўнг 5 иш куни ичида 5-босқич Махсус комиссия Йўлланма хат билан тақдим этилган аризаларни кўриб чиқади, суҳбат жараёнини ташкил этади. Ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида 6-босқич Махсус комиссия Танлаб олинган талабаларни агрокластер ва фермер хўжаликларига бириктириш бўйича якуний қарорни қабул қилади. Танлов натижаларидан сўнг 20 иш куни ичида 7-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ушбу Низомга кўра «устоз» агрокластерлар ёки фермер хўжаликлари раҳбарларига йиллик ҳамда ҳар бир талаба га ойлик тўловлари тўланишини таъминлайди. Низомда белгиланган муддатда
«Янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
«Янги агроном» тайёрлаш тизимини ташкил этиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 сентябрдаги 513-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Устоз-шогирд» тизими асосида пахта етиштириш амалиётини жорий этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом пахта етиштиришда «устоз-шогирд» тизимини оммалаштириш ҳамда пахтачиликда юқори натижаларга эришган агрокластер ва фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Агропортал — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси;
назоратчилар — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда бошқа идораларнинг ҳудудий ва туман бўлимларида фаолият юритувчи масъул ходимлари;
«устоз» — ўтган ҳосил йилларида пахтадан гектарига 50 — 60 центнердан юқори ҳосил олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига гектаридан 30 центнердан паст ҳосил олган фермер хўжаликларига устозлик қилиш ташаббусини билдирган тажрибали агрокластерлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари;
«шогирд» — ўтган ҳосил йилларида пахтадан гектарига 30 центнердан паст ҳосил олган фермер хўжаликлари раҳбарлари;
ғўза (пахта)нинг вегетация даври — уруғнинг униши (ниҳол чиқиши), ниҳол фазаси (кўчат даври), шона чиқариш фазаси, гуллаш, кўсак тугиш ва ривожланиш фазаси, кўсакнинг очилиши (пишиш фазаси) ва тўлиқ пишиш ва ҳосил йиғиш фазалари.
3. «Устоз-шогирд» тизими доирасида амалга ошириладиган ишлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси (кейинги ўринларда — Агропортал) орқали назорат қилинади.
2-боб. « Устоз» ва «шогирд» сифатида агрокластер ва фермер хўжаликлари рўйхатини шакллантириш
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (ёки туманлар ҳокимликлари) ҳар йили 31 декабрга қадар пахтадан гектаридан 50 — 60 центнердан юқори ҳосил олган илғор агрокластерлар ва фермер хўжаликларига «устоз-шогирд» тизимида «устоз» сифатида танловда қатнашиши учун хат билан таклиф юборади.
5. Илғор агрокластерлар ва фермер хўжаликлари 5 кун ичида «устоз-шогирд» тизимида «устоз» сифатида танловда қатнашиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига (ёки туманлар ҳокимликларига) мурожаат қилади.
6. «Устоз» сифатида қуйидагилар танлов асосида танлаб олинади:
а) ўтган ҳосил йилларида пахтадан гектарига 50 — 60 центнердан юқори ҳосил олган агрокластер ёки фермер хўжаликлари;
б) устозлик қилиш бўйича ёзма ташаббус билдирган агрокластер ёки фермер хўжаликлари;
в) пахта етиштиришда агротехника тадбирларини яхши ўзлаштирган тажрибали ва илғор агрокластер ёки фермер хўжаликлари.
7. Пахта етиштиришда агротехника тадбирларини яхши ўзлаштирганлик қуйидаги мезонлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (ёки туман ҳокимликлари) томонидан аниқланади:
агротехника тадбирларининг белгиланган муддатларда ва тўлиқ ҳажмда бажарилгани;
уруғ экиш, суғориш, озиқлантириш, культивация, ҳимоя тадбирлари ҳамда терим ишларининг агротехнологик талабларга мувофиқ ташкил этилгани;
дала кузатувлари ва мониторинг натижаларининг тегишли электрон ахборот тизимлари маълумотлари билан тасдиқлангани;
охирги уч ҳосил йилида агротехника қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари аниқланмагани ҳамда пахта ҳосилдорлиги ва сифати бўйича барқарор юқори натижаларга эришилгани.
8. Ушбу Низомнинг 7-бандида келтирилган мезонларга агрокластерлар ва фермер хўжаликлари мувофиқлиги ҳудудий танлов комиссияси томонидан дала кўриклари, ваколатли ташкилотлар хулосалари ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар асосида баҳоланади ва танлов комиссияси баённомаси билан расмийлаштирилади.
9. «Устоз» сифатида иштирок этиш истагини билдирган агрокластер ва фермер хўжаликлари сони белгиланган эҳтиёждан ортиқ бўлган тақдирда, улар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (ёки туманлар ҳокимликлари) томонидан рейтинг асосида саралаб олинади.
Бунда қуйидаги мезонларга устуворлик берилади:
сўнгги уч ҳосил йилида пахта ҳосилдорлиги ва маҳсулот сифати бўйича барқарор юқори кўрсаткичларга эришилгани;
пахта етиштириш агротехнологияларига тўлиқ риоя этгани ҳамда агротехника тадбирлари белгиланган муддатларда сифатли бажарилгани;
замонавий агротехнологиялар, ресурс тежайдиган ва рақамли технологияларни амалиётга жорий этилгани;
малакали мутахассисларга ва моддий-техник базага эгалиги;
ёш мутахассислар ва талабаларга амалий кўникмалар бериш учун зарур шарт-шароитларни яратилгани.
10. Белгиланган муддатда «устоз» сифатида иштирок этиш бўйича ташаббус келиб тушмаган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (ёки туманлар ҳокимликлари) ушбу Низомнинг 6 — 9-бандларида назарда тутилган мезонларга жавоб берадиган агрокластер ва фермер хўжаликлари орасидан уларнинг розилиги асосида «устоз» сифатида иштирок этиш учун номзодларни тавсия этади.
11. Саралаш натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (ёки туманлар ҳокимликлари) баённомаси билан расмийлаштирилади ҳамда тасдиқланган рўйхат асосида «устоз» агрокластер ва фермер хўжаликлари белгиланади.
12. «Устоз» сифатида танлаб олинган ҳар бир агрокластер ёки фермер хўжалигига пахта ҳосилдорлиги 30 центнердан паст бўлган 20 тагача фермер хўжаликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (ёки туманлар ҳокимликлари) томонидан «шогирд» сифатида бириктирилади.
13. «Устоз» ҳамда «шогирд» агрокластерлар ва фермер хўжаликлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги реестрга киритилади ҳамда ҳар йили 10 январга қадар тасдиқланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этилади.
14. Ҳудудларда пахтадан гектарига 50 — 60 центнердан юқори ҳосил олган агрокластер ёки фермер хўжаликлари мавжуд бўлмаганда, бошқа ҳудуддан юқори ҳосилдорлик кўрсаткичларига эришган агрокластер ёки фермер хўжаликлари «устоз» сифатида жалб этилиши мумкин.
15. «Устоз-шогирд» тизимида қишлоқ хўжалиги субъектлари ихтиёрий равишда иштирок этиши мумкин.
3-боб. « Устоз» агрокластер ва фермер хўжаликларига «шогирд» фермер хўжаликларини бириктириш ҳамда уларни хабардор қилиш
16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳар бир «устоз» ҳамда «шогирд» агрокластер ва фермер хўжаликларини расмий хат билан хабардор қилади.
Хатда қуйидагилар кўрсатилади:
«устоз» агрокластер ёки фермер хўжалиги раҳбарининг Ф.И.О., хўжалик номи ва жойлашган жойи;
«шогирд» фермер хўжалиги раҳбарининг Ф.И.О., хўжалик номи ва жойлашган жойи;
бириктирилган муддат (мавсум);
масъул органнинг имзоси ва штампи.
17. «Устоз» агрокластер ва фермер хўжаликларига бириктириладиган «шогирд» фермер хўжаликларининг пахта етиштирадиган ер участкасининг ҳудудий масофаси яқинлиги, тупроқ ва иқлим шароитининг ўхшашлиги ҳисобга олинади.
4-боб. « Устоз» ҳамда «шогирд» агрокластер ва фермер хўжаликларининг ўзаро ҳамкорлиги
18. «Устоз» сифатида танлаб олинган агрокластер ва фермер хўжаликлари қуйидаги вазифаларни бажаради:
а) ҳар бир вегетация даврида камида бир маротаба «шогирд» фермер хўжалигига ташриф буюриш ва амалий кўрсатмалар бериш;
б) «шогирд» фермер хўжалигига ҳудудга мос ғўза навини тўғри танлаш ва уруғлик чигитни экиш муддатлари юзасидан амалий кўрсатмалар ва маслаҳатлар бериш;
в) далада амалий машғулот ўтказиб, «шогирд» фермер хўжалигининг билим ва кўникмасини ошириш;
г) агротехника тадбирлари ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ишларини тўғри ташкил этилишини назорат қилиш ва тавсиялар бериб бориш;
д) пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича тавсиялар бериш.
19. «Шогирд» фермер хўжалиги томонидан пахта майдонларида қуйидаги агротехника тадбирлари ўтказилади:
а) ерни экишга тайёрлаш;
б) ғўза навини танлаш, уруғлик чигитни экиш ва ниҳолларни яганалаш;
в) ғўза қатор ораларига ишлов бериш;
г) касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш;
д) ғўзани минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш;
е) ғўза майдонларини суғориш;
ж) ғўзани чилпиш;
з) дефолиация ва десикация қилиш;
и) пахта ҳосилини сифатли йиғиб олиш;
к) бошқа агротехника тадбирларини ўтказиш.
20. «Устоз» ҳамда «шогирд» агрокластер ва фермер хўжаликларининг ҳамкорлиги қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин бекор қилинади:
а) томонлардан бирининг асослантирилган мурожаатига кўра (вегетация даври бошланишидан камида 15 кун олдин);
б) субъектлар тугатилганда ёки уларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи бекор қилинганда;
в) ушбу Низомнинг 18 ва 19-бандларида юкланган мажбуриятлар узрли сабабларсиз бажарилмагани Агропорталда аниқланганда.
21. «Устоз» ҳамда «шогирд» агрокластер ва фермер хўжаликларининг ҳамкорлигини бекор қилиш бўйича мурожаатлар тегишли маҳаллий ҳокимликлар томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилиб, «шогирд» фермер хўжалигига 3 кун муддатда янги «устоз» агрокластер ва фермер хўжалиги бириктирилади.
5-боб. Агропортал орқали мониторинг қилиш
22. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан «устоз-шогирд» тизими назоратчилари (кейинги ўринларда — назоратчилар) рўйхати ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ тартибда шакллантирилади.
23. «Устоз» агрокластер ва фермер хўжаликлари назоратчилар билан биргаликда бириктирилган «шогирд» фермер хўжаликларининг пахта майдонларида ғўзанинг ҳар бир вегетация даври ҳолатини атрофлича таҳлил қилади, таҳлил натижаларига асосан «шогирд» фермер хўжаликларига ўтказилиши зарур бўлган тадбирларни белгилаб беради ҳамда назоратчилар ўзининг шахсий кабинети орқали ғўза парваришида амалга оширилган ишлар, агротехника тадбирлари ўтказилиши ва кўрсатмаларнинг бажарилиши бўйича маълумотларни (фото, видео) Агропорталга жойлаштириб боради.
24. Агропорталда қуйидаги маълумотлар доимий равишда янгилаб борилади:
а) ўтказилган агротехника тадбирлари;
б) «шогирд» фермер хўжалиги томонидан тавсияларнинг бажарилиши;
в) ғўзанинг ривожланиш ҳолати;
г) кутилаётган ҳосилдорлик кўрсаткичлари.
25. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Агропорталга маълумотларнинг тўғри ва ҳаққоний киритилишини таъминлайди ҳамда «устоз-шогирд» тизими доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ахборот тақдим этади.
26. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» масъулияти чекланган жамияти Агропорталга киритилаётган маълумотларни доимий мониторинг қилади, тизимдан самарали фойдаланиш бўйича тезкор техник амалий ёрдам кўрсатиб, тизимдан фойдаланувчиларнинг самарали фаолият юритишини таъминлайди.
6-боб. «Устоз» агрокластер ва фермер хўжаликларини рағбатлантириш
27. Ҳар ҳосил йили якунида «шогирд» фермер хўжалиги пахтадан гектарига 50 центнердан юқори ҳосил олган «устоз» агрокластер ёки фермер хўжаликлари ҳар бир «шогирд» фермер хўжалиги учун 5 млн сўмдан мукофот пули билан тақдирланади.
28. «Устоз» агрокластер ёки фермер хўжаликларига мукофот пуллари 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратиладиган маблағлар, 2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар доирасида марказлаштирилган тартибда режалаштириш орқали тўлаб борилади.
Ушбу мақсад учун ажратиладиган маблағлар «устоз» агрокластер ёки фермер хўжаликларининг ҳисобварақларига ўтказиб берилади.
29. Пахтадан гектарига 50 центнердан юқори ҳосил олган «шогирд» фермер хўжаликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан биржада сотилган пахта хомашёси, электрон тарози орқали топширилган ва расмийлаштирилган ҳамда Солиқ қўмитасидан рўйхатдан ўтган электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) асосида аниқланади.
Бунда «шогирд» фермер хўжалигининг Агропорталдаги шахсий кабинетига ЭҲФ маълумотлари Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидан интеграция орқали олинади.
30. «Устоз-шогирд» тизими асосида мукофотланадиган «устоз» агрокластер ва фермер хўжаликлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан жорий ҳосил йили якуни билан ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда ҳар йили 1 декабрга қадар тасдиқланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этилади.
31. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тақдим этилган рўйхатни «Ҳосил қабули» ахборот тизими орқали таҳлил қилиб, мукофотланадиган «устоз» агрокластер ва фермер хўжаликларининг якуний рўйхатини ҳар йили 10 декабрга қадар шакллантиради ҳамда унга асосан мукофот пулларини «устоз» агрокластер ва фермер хўжаликларининг банкдаги ҳисобварағига ҳар йили 31 декабрга қадар ўтказиб беради.
7-боб. «Устоз-шогирд» реестрини юритиш
32. «Устоз» агрокластер ва фермер хўжаликлари ҳамда уларга бириктирилган «шогирд» фермер хўжаликлари реестри Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан юритилади ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
33. Реестрда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
а) «устоз» ҳамда «шогирд» агрокластер ва фермер хўжаликлари номи;
б) ер участкаси ва пахта ҳосилдорлиги кўрсаткичлари;
в) ўтказилган агротехника тадбирлари.
8-боб. Якунловчи қоидалар
34. Ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари асосида ҳал этилади.
35. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
«Устоз-шогирд» тизими асосида пахта етиштириш амалиётини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
«Устоз-шогирд» тизими асосида тажрибали ва илғор агрокластер ёки фермер хўжаликларига бириктирилган фермер хўжаликлари
Т/р Туман номи «Устоз» агрокластер ёки фермер хўжалиги номи Стир «Шогирд» фермер хўжалиги номи Стир Пахта майдони, гектар Ялпи пахта ҳосили, тонна Ҳосилдорлик, ц/га 1. 2. 3.
«Устоз-шогирд» тизими асосида пахта етиштириш амалиётини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
«Устоз-шогирд» тизими назоратчилари
Т/р Туман номи Ҳудуд номи Бириктирилган назоратчи Бириктирилган «шогирд» фермер хўжаликлари номи Ф.И.О. Иш жойи Лавозими Мобил телефон рақами 1. 2. 3. 4. 5. Жами:
«Устоз-шогирд» тизими асосида пахта етиштириш амалиётини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
«Устоз-шогирд» тизими асосида мукофотланадиган «устоз» агрокластер ва фермер хўжаликлари
Т/р Туман номи Мукофотланадиган «устоз» агрокластер ёки фермер хўжалиги номи Стир МФО Банк ҳисобварағи «Шогирд» фермер хўжалиги номи Стир Пахта майдони, гектар Ялпи пахта ҳосили, тонна Ҳосилдорлик, ц/га 1. 2. 3.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 24 сентябрь,
513-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NIZOM
REYESTRI
ROʻYXATI
ROʻYXATI
Paxta va gʻalla yetishtirishda “yangi agronom” tayyorlash va “ustoz-shogird” tizimlarini joriy etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Paxtachilik va gʻallachilikda hosildorlikni oshirish uchun yuqori samarador intensiv agrotexnologiyalarni qoʻllashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 9-dekabrdagi PQ-370-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, talabalarning paxtachilik va gʻallachilik boʻyicha bilimlarini mustahkamlash, ularni kasbiy faoliyatga tayyorlash darajasi va sifatini oshirish hamda amaliyot oʻtash davrida qoʻllab-quvvatlash, ilgʻor tajribalarni ommalashtirish, yuqori hosildorlikka erishishni ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Paxtachilik va gʻallachilikda hosildorlikni oshirish uchun yuqori samarador intensiv agrotexnologiyalarni qoʻllashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 9-dekabrdagi PQ-370-son qaroriga muvofiq 2026-yildan boshlab yangi agrotexnologiyalar asosida paxta va gʻalla yetishtirish koʻnikmasiga ega boʻlgan “yangi agronom” tayyorlash va “ustoz-shogird” tizimlarini joriy etish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
“Yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
“Ustoz-shogird” tizimi asosida paxta yetishtirish amaliyotini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari:
ustoz va shogird boʻlgan agroklasterlar hamda fermer xoʻjaliklari roʻyxatini har yili 10-yanvarga qadar shakllantirib, Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga taqdim etib borsin;
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda “ustoz-shogird” tizimi “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasi orqali tashkil etilishini va monitoring qilib borilishini taʼminlasin.
4. Belgilansinki, ushbu qarorda nazarda tutilgan tadbirlarni moliyalashtirish xarajatlari 2026-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi, 2027-yildan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 24-sentabrdagi 513-son qaroriga 1-ILOVA
“Yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom ilgʻor agrotexnologiyalar asosida paxta va gʻalla yetishtirish koʻnikmasiga ega boʻlgan “yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish va moliyalashtirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom talablari Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tizimidagi va qishloq xoʻjaligi sohasida mutaxassislar tayyorlaydigan boshqa oliy taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etiladi.
“Yangi agronom” tayyorlash tizimi asosida amaliyot oʻtayotgan talabalar Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 8-yanvardagi 11-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining iqtisodiyot tarmoqlari korxonalarida haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda nazarda tutilgan haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotida ham ishtirok etishi mumkin.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
talaba — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tizimidagi va qishloq xoʻjaligi sohasida mutaxassislar tayyorlaydigan boshqa oliy taʼlim tashkilotlarida qishloq xoʻjaligi hamda oziq-ovqat sohalari boʻyicha tahsil olayotgan talabalar;
“ustoz” — oʻtgan hosil yillarida gektariga paxtadan 60 sentner va gʻalladan 100 sentnerdan yuqori hosil olib, Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga qishloq xoʻjaligi sohasidagi oliy taʼlim tashkilotlari talabalariga ustozlik qilish tashabbusini bildirgan tajribali va ilgʻor agroklasterlar hamda fermer xoʻjaliklari rahbarlari;
“yangi agronom” — qishloq xoʻjaligi va oziq-ovqat sohalarida ilgʻor agrotexnologiyalar asosida paxta va gʻalla yetishtirish boʻyicha nazariy va amaliy bilimlarni “ustoz-shogird” tamoyiliga asoslangan amaliyot bilan bogʻlangan holda egallagan mutaxassis.
2-bob. Paxta va gʻalla yetishtirish uchun “yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etishning maqsadi va vazifalari
4. “Yangi agronom” tayyorlash tizimining maqsadi qishloq xoʻjaligi sohasini barqaror rivojlantirish uchun agronom mutaxassislarga ilgʻor agrotexnologiyalardan, jumladan, suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalari, zamonaviy qishloq xoʻjaligi texnikalari hamda uchuvchisiz uchadigan apparatlardan foydalangan holda paxta va gʻalla yetishtirishni oʻrgatishdan iborat.
5. “Yangi agronom” tayyorlash tizimining asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
ilgʻor agrotexnologiyalar asosida paxta va gʻalla yetishtirish boʻyicha amaliy koʻnikmalar bilan birgalikda nazariy bilim berish;
oʻsimlik va tuproq biologiyasini, tuproq unumdorligini baholashni, oʻsimliklar fiziologiyasi va ekinlar agrotexnikasini hamda agrokimyo va oʻgʻitlash tizimlarini toʻgʻri qoʻllashni chuqur oʻrgatish;
agroklasterlar va fermer xoʻjaliklarining ekin maydonlarida agrotexnika tadbirlarini oʻtkazish, jumladan, suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalari va zamonaviy qishloq xoʻjaligi texnikalarini boshqarish hamda uchuvchisiz uchadigan apparatlardan foydalanish usullarini oʻrgatish;
ekologik barqarorlik va agro-ekologiya tamoyillarini singdirish, yer va suv resurslarini muhofaza qilish, iqlim oʻzgarishiga moslashish strategiyalarini ishlab chiqish va barqaror qishloq xoʻjaligi tizimlarini yaratish boʻyicha bilimlar berish.
6. “Yangi agronom” tayyorlash tizimi ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxemada amalga oshiriladi.
3-bob. Maxsus komissiya faoliyatini tashkil etish
7. “Yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish, talabalar oʻrtasida tanlov oʻtkazish va ushbu jarayonlarni muvofiqlashtirish boʻyicha maxsus komissiya (keyingi oʻrinlarda — maxsus komissiya) tanlov oʻtkazilishidan bir oy oldin tuziladi va Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
Maxsus komissiyaning tarkibi kamida 7 nafar (toq sonli) aʼzolardan iborat boʻlib, uning tarkibiga eng yuqori hosildorlikka erishgan “ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, uning hududiy boʻlinmalari va tizimidagi oliy taʼlim tashkilotlarining rahbar-xodimlari kiritiladi.
Maxsus komissiya aʼzoligiga tanlashda quyidagi nomzodlarga ustuvorlik beriladi:
oʻz yoʻnalishida kamida 2 yillik mehnat stajiga ega;
oliy maʼlumotga ega;
xorijiy tajribasi mavjud;
ilmiy darajasi mavjud;
soʻnggi 5 yilda sohada yutuqlarga erishgani.
Bunda “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklari rahbar-xodimlarining soni maxsus komissiya aʼzolarining umumiy sonida koʻpchilikni tashkil qilishi kerak.
Maxsus komissiya raisi Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi yoki uning tizimidagi oliy taʼlim tashkilotining rahbar-xodimi boʻladi.
4-bob. Talabalar oʻrtasida tanlovlar tashkil etish va oʻtkazish
8. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi har yili yanvar oyida ustozlik qilish tashabbusini bildirgan tajribali va ilgʻor agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari roʻyxatini shakllantiradi.
9. “Yangi agronom” tayyorlash tizimi asosida oʻqish amaliyotiga Toshkent davlat agrar universiteti va qishloq xoʻjaligi sohasida mutaxassislar tayyorlaydigan boshqa oliy taʼlim tashkilotlarining mos taʼlim yoʻnalishlarida tahsil olayotgan 2 va 3-bosqich talabalari oʻrtasida tanlovlar oliy taʼlim tashkilotlarida har yili kamida bir marotaba oʻtkaziladi.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan “yangi agronom” tayyorlash tizimida oʻqish boʻyicha tanlovlarni tashkil etish uchun har yili yanvar-fevral oylarida hududlar, sohalar va oliy taʼlim tashkilotlari kesimida oʻrinlar ajratiladi hamda tanlov toʻgʻrisida oʻzining veb-saytida eʼlon beradi.
11. Tanlovlarda ishtirok etish uchun talabalar 2 va 3-bosqichda tahsil olayotgan boʻlishi hamda talabalarning taʼlim yoʻnalishlari (yoki mutaxassisligi) “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaligi faoliyat yoʻnalishiga mos boʻlishi talab etiladi.
Talabalar tanlovda ishtirok etish uchun tanlov eʼlon qilingan kundan boshlab bir oy ichida oʻzi tahsil olayotgan oliy taʼlim tashkilotiga arizani tegishli hujjatlar bilan birga pochta aloqa vositalari orqali yoki elektron shaklda taqdim etadi.
Oliy taʼlim tashkiloti tanlovda ishtirok etish uchun ariza bergan talabalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ariza taqdim etilgan kundan soʻng 5 ish kuni ichida yoʻllanma xat bilan maxsus komissiyaga taqdim etadi.
Maxsus komissiya yoʻllanma xat bilan taqdim etilgan arizalarni 5 ish kuni ichida koʻrib chiqadi, suhbat jarayonini tashkil etadi.
12. Talabalar “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklari tomonidan maxsus komissiya oʻtkazgan suhbat asosida qabul qilinadi.
Suhbat savollari umumagronomik fanlar, shu jumladan, paxta va gʻalla yetishtirishdagi yangi innovatsion texnologiyalar, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalana olish va xorijiy tillarni bilish darajasi, shuningdek, talabalarning agronom kasbiga, respublikamiz qishloq xoʻjaligi va iqtisodiyotini rivojlantirishga qiziqishi boʻyicha tuziladi.
Suhbat oflayn va onlayn shaklda oʻtkaziladi hamda jarayon videomaterial shaklida yozib olinadi.
Suhbat natijalari 5 baholik tizimda, yaʼni “5” (aʼlo), “4” (yaxshi), “3” (qoniqarli) va “2” (qoniqarsiz) baholari bilan baholanadi. Bunda maxsus komissiya aʼzolari tomonidan qoʻyilgan baholar jamlanib, oʻrtacha koʻrsatkich aniqlanadi.
Suhbatda qatnashmagan talabaga suhbat qaydnomasida “qatnashmadi” deb yoziladi.
Suhbat natijalari (yaxshi va aʼlo baholar) va oʻrtacha oʻzlashtirish koʻrsatkichlari (akademik transkript) yuqori (GPA 3,5) boʻlgan talabalarga ustuvorlik beriladi.
13. Maxsus komissiya tanlov asosida qishloq xoʻjaligi sohasidagi oliy taʼlim tashkilotlarida tahsil olayotgan iqtidorli talabalarni tanlab oladi va tanlov natijalaridan soʻng 20 ish kuni ichida ularni “ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklariga biriktirish boʻyicha yakuniy qarorni qabul qiladi.
14. Maxsus komissiya yigʻilishida qabul qilingan yakuniy qaror bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi. Bayonnoma maxsus komissiya raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi va tasdiqlanadi.
15. Suhbat natijalaridan norozi boʻlgan talabalar natijalar eʼlon qilingan kundan eʼtiboran 24 soat mobaynida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan tuziladigan apellyatsiya komissiyasiga (keyingi oʻrinlarda — appelyatsiya komissiyasi) shikoyat qilishi mumkin.
Apellyatsiya komissiyasi tomonidan shikoyat kelib tushgan vaqtdan eʼtiboran ushbu nizomning 14-bandiga koʻra 3 ish kuni ichida koʻrib chiqiladi va xulosa taqdim etiladi.
Bunda shikoyatda keltirilgan eʼtirozlar suhbat yozib olingan videomaterial va maxsus komissiya bayonnomasi asosida koʻrib chiqiladi. Koʻrib chiqish natijalariga koʻra taqdim etiladigan xulosada eʼtiroz tasdiqlangani yoki eʼtiroz tasdigʻini topmagani toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.
16. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan shikoyatlar quyidagi tartibda koʻrib chiqiladi:
tanlovni oʻtkazish tartibi va ushbu Nizom talablariga rioya etilgani;
baholash mezonlari barcha tanlov ishtirokchilariga bir xil qoʻllanilgani;
tanlov ishtirokchilariga ekspertlar (baholovchilar) tomonidan tanlov ishtirokchilarga qoʻyilgan ballarning baholash mezonlariga muvofiqligi;
tanlov ishtirokchilari boʻyicha hisob-kitoblarda texnik yoki arifmetik xatolar mavjud yoki mavjud emasligi;
tanlov materiallari, baholash varaqalari, bayonnomalar hamda boshqa tegishli hujjatlar mavjudligi;
shikoyat etuvchi tomonidan taqdim etilgan dalillar va asoslarning mavjudligi.
17. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan shikoyatlar yuzasidan quyidagi tartibda qaror qabul qilinadi:
shikoyatni qanoatlantirish va tanlov natijalariga tegishli oʻzgartirishlar kiritish;
shikoyatni qisman qanoatlantirish hamda aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish yoki tanlov natijalarini qayta hisob-kitob qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;
shikoyatni rad etish va tanlov natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;
tanlov ishtirokchilarini baholash jarayonida ushbu Nizom talablari buzilgani aniqlangan taqdirda, tegishli bosqichni yoki tanlov natijalarini toʻliq yoki qisman qayta koʻrib chiqish.
Yuqoridagilarga muvofiq apellyatsiya komissiyasi tomonidan shikoyatlarni qanoatlantirish yoki rad etish boʻyicha qarorlar qabul qilinadi.
5-bob. “ Yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish va rahbarlik qilish
18. “Yangi agronom” tayyorlash tizimida oʻqish muddati va joyi, masʼul shaxslar, amaliyot oʻtaydigan talabalar roʻyxati oliy taʼlim tashkilotlarining rektorlari (filial direktorlari) buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
Bunda oliy taʼlim tashkilotlarining oʻquv jarayoni jadvalida talabalar oʻquv yilining may — iyul oylarida ishlab chiqarish amaliyotiga va sentabr-oktabr oylarida malaka amaliyotiga yuborilishi hisobga olinadi.
19. “Yangi agronom” tayyorlash tizimi boʻyicha oʻqish davomida talabalarga yetarli bilim va koʻnikmalarni shakllantirish maqsadida ish joyini oʻzgartirishga ruxsat etiladi.
20. Oliy taʼlim tashkilotlari rektorlari (filial direktorlari) “ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari rahbarlari bilan birgalikda oʻzaro kelishilgan chora-tadbirlar dasturi boʻyicha “yangi agronom” tayyorlash tizimi asosida amaliyotga chiqarilgan talabalarning xavfsizligini taʼminlaydi.
21. “Yangi agronom” tayyorlash tizimi asosida amaliyotga chiqarilgan talabalarga “ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari rahbarlarining tegishli tartibda mehnatni muhofaza qilish va ichki mehnat tartibi qoidalari, shuningdek, amalda boʻlgan boshqa hujjatlar tatbiq qilinadi.
22. “Yangi agronom” tayyorlash tizimi asosida tanlab olingan iqtidorli talabalarga “ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari rahbarlari tomonidan mavsum davomida ilgʻor agrotexnologiyalar asosida paxta va gʻalla yetishtirish hamda ekin maydonlarida agrotexnika tadbirlarini oʻtkazish, shu jumladan, suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalarini va zamonaviy qishloq xoʻjaligi texnikalarini boshqarish, uchuvchisiz uchadigan apparatlaridan foydalanish usullari oʻrgatib boriladi.
23. “Yangi agronom” tayyorlash tizimi asosida amaliyotini aʼlo baholar bilan tamomlagan talabalar maxsus komissiya tomonidan saralanib, ilgʻor xorijiy tajribalarni oʻrganish maqsadida xorijiy davlatlarga tajriba oshirish uchun yuboriladi.
Saralash jarayoni talabaning amaliyot natijalari, oʻzlashtirish koʻrsatkichlari, kasbiy bilim va koʻnikmalari, chet tilini bilish darajasi, intizomi, innovatsion va ilmiy faollik koʻrsatkichlari hamda xorijda orttirilgan bilim va tajribani respublikada joriy etish boʻyicha taqdim etilgan reja asosida amalga oshiriladi.
Maxsus komissiya tanlov natijalariga koʻra eng yuqori ball toʻplagan talabalarni ilgʻor xorijiy tajribalarni oʻrganish maqsadida xorijiy davlatlarga tajriba oshirish uchun yuborish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
24. “Ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari rahbarlari tanlab olingan talabalarning ishlab chiqarishdagi faoliyati boʻyicha maslahatlar beradi hamda ish natijalarini muntazam ravishda baholab boradi.
25. Talabalarga “yangi agronom” tizimi asosida oʻqish va amaliyot oʻtash dasturiga taalluqli zarur materiallardan foydalanishga sharoit yaratiladi hamda zarur maslahatlar va koʻrsatmalar beriladi.
26. “Ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari rahbarlari oliy taʼlim tashkilotlari (tegishliligi boʻyicha kafedra, fakultet, boʻlim) bilan hamkorlikda mashgʻulotlar yakuni boʻyicha talabalarning olgan bilimini suhbat shaklida 100 balli mezon boʻyicha quyidagicha baholaydi: 0 — 54 ball — oʻtmadi (maʼlumotnoma beriladi); 55 — 100 ball — oʻtdi (sertifikat beriladi).
27. Talabalarning olgan amaliy bilimlarini xolisona baholash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan kelishilgan holda, oliy taʼlim tashkilotlari rektorlari (filial direktorlari) buyrugʻi bilan attestatsiya komissiyasi tuziladi va uning aʼzolari tarkibiga “ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari vakillari ham kiritiladi (tarkib toq sonda va kamida besh nafar aʼzodan iborat boʻladi).
6-bob. “ Yangi agronom” tayyorlash tizimini moliyalashtirish
28. “Yangi agronom” tayyorlash tizimi boʻyicha tadbirlar 2026-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar, 2027-yildan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida markazlashtirilgan tartibda rejalashtirish orqali moliyalashtiriladi.
Bunda ushbu maqsad uchun ajratilgan mablagʻlar qishloq xoʻjaligi sohasidagi oliy taʼlim tashkilotlarining tegishli soʻrovnomasiga muvofiq ularning hisobvaraqlariga oʻtkazib beriladi.
29. “Yangi agronom” tayyorlash tizimi boʻyicha toʻlovlar oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan amalga oshiriladi.
Bu uchun oliy taʼlim tashkiloti, “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklari hamda talaba oʻrtasida nomuayyan muddatga uch tomonlama shartnoma tuziladi.
“Ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklariga “yangi agronom” tayyorlash tizimi doirasida har bir talabaga ustozlik qilish uchun yiliga 5 mln soʻm miqdorida toʻlovlar toʻlanadi.
“Yangi agronom” tayyorlash tizimi doirasida har bir talabaga joriy (kunlik) xarajatlar uchun oyiga 1,5 mln soʻm miqdoridagi mablagʻ talabaning plastik kartasiga har oyning 5-sanasiga qadar oʻtkazib beriladi.
“Ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari rahbarlari tomonidan “yangi agronom” tayyorlash tizimi boʻyicha uch tomonlama shartnomaga muvofiq amaliyot oʻtayotgan talabaga ishlab chiqarishdagi faoliyati uchun ish haqi toʻlab beriladi.
“Yangi agronom” tayyorlash tizimi asosida oʻqishni tamomlagan bitiruvchilar tumanlar (Quvasoy shahar) hokimliklari tavsiyasiga asosan qishloq xoʻjaligi boʻlimlariga ishga qabul qilinadi va ularga 3 yil davomida qoʻshimcha ragʻbatlantirish turini joriy etish orqali 2 ming AQSH dollari ekvivalenti miqdorida kafolatli oylik ish haqi toʻlab beriladi hamda ularning zimmasiga tegishli hududda paxtachilik va gʻallachilikda yuqori hosildorlikka erishish boʻyicha amaliy choralarni koʻrish vazifasi yuklanadi.
“Yangi agronom” tayyorlash tizimi doirasida har bir talabaning joriy xarajatlari qishloq xoʻjaligi sohasidagi oliy taʼlim tashkilotlarida tahsil olayotgan iqtidorli talabalarni tanlab olish boʻyicha oʻtkazilgan tanlov natijalari yuzasidan maxsus komissiyaning yakuniy qarori qabul qilingandan soʻng 15 ish kuni ichida budjet mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
“Ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari rahbarlari oʻziga biriktirilgan talabaning faoliyati samaradorligiga qarab, oʻz mablagʻlari hisobidan qoʻshimcha ravishda ragʻbatlantirib borishi mumkin.
30. “Ustoz” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari rahbarlari hamda oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan attestatsiya komissiyasining xulosasi asosida “yangi agronom” tayyorlash tizimi boʻyicha mashgʻulot talablarini bajargan va imtihon (onlayn yoki oflayn suhbat, testdan oʻtgan) natijasidan oʻtgan talabalarga ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi sertifikat va imtihondan oʻtolmagan talabalarga ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shakldagi maʼlumotnoma beriladi.
31. Tuman (Quvasoy shahar) qishloq xoʻjaligi boʻlimlariga ishga jalb qilinmagan yoki tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanish istagini bildirgan bitiruvchilarning xohishiga koʻra ularga paxta va gʻalla yetishtirish uchun 100 gektargacha yer uchastkasi elektron onlayn-auksion savdolari orqali ajratiladi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
32. “Yangi agronom” tayyorlash tizimi doirasida budjetdan ajratiladigan mablagʻlarning maqsadli ishlatilishi, shaffofligi va hisobdorligini taʼminlash Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga yuklanadi.
33. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
“Yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
“Yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish va moliyalashtirish
Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi “Yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish, talabalar oʻrtasida tanlov oʻtkazish hamda ushbu jarayonlarni muvofiqlashtirish boʻyicha maxsus komissiyani (keyingi oʻrinlarda — maxsus komissiya) tuzadi. Tanlov oʻtkazilishidan kamida bir oy oldin 2-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi Hududlar, sohalar, oliy taʼlim tashkilotlari kesimida “ ya ngi agronom” tizimi uchun oʻrinlar ajratadi hamda tanlov toʻgʻrisida veb-saytda eʼlon beradi. Har yili yanvar-fevral oylarida 3-bosqich Talaba Tanlovda ishtirok etish uchun oʻzi tahsil olayotgan oliy taʼlim tashkilotiga arizani tegishli hujjatlar bilan birga pochta aloqa vositalari orqali yoki elektron shaklda taqdim etadi. Tanlov eʼlon qilingan kundan boshlab bir oy ichida 4-bosqich Oliy taʼlim tashkiloti Tanlovda ishtirok etish uchun ariza bergan talabalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yoʻllanma xati bilan maxsus komissiyaga taqdim etadi. Ariza taqdim etilgandan soʻng 5 ish kuni ichida 5-bosqich Maxsus komissiya Yoʻllanma xat bilan taqdim etilgan arizalarni koʻrib chiqadi, suhbat jarayonini tashkil etadi. Ariza kelib tushgan kundan boshlab 5 ish kuni ichida 6-bosqich Maxsus komissiya Tanlab olingan talabalarni agroklaster va fermer xoʻjaliklariga biriktirish boʻyicha yakuniy qarorni qabul qiladi. Tanlov natijalaridan soʻng 20 ish kuni ichida 7-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi Ushbu Nizomga koʻra “ustoz” agroklasterlar yoki fermer xoʻjaliklari rahbarlariga yillik hamda har bir talaba ga oylik toʻlovlari toʻlanishini taʼminlaydi. Nizomda belgilangan muddatda
“Yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
“Yangi agronom” tayyorlash tizimini tashkil etish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 24-sentabrdagi 513-son qaroriga 2-ILOVA
“Ustoz-shogird” tizimi asosida paxta yetishtirish amaliyotini joriy etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom paxta yetishtirishda “ustoz-shogird” tizimini ommalashtirish hamda paxtachilikda yuqori natijalarga erishgan agroklaster va fermer xoʻjaliklarini ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
Agroportal — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasi;
nazoratchilar — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi, Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi hamda boshqa idoralarning hududiy va tuman boʻlimlarida faoliyat yurituvchi masʼul xodimlari;
“ustoz” — oʻtgan hosil yillarida paxtadan gektariga 50 — 60 sentnerdan yuqori hosil olib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga gektaridan 30 sentnerdan past hosil olgan fermer xoʻjaliklariga ustozlik qilish tashabbusini bildirgan tajribali agroklasterlar hamda fermer xoʻjaliklari rahbarlari;
“shogird” — oʻtgan hosil yillarida paxtadan gektariga 30 sentnerdan past hosil olgan fermer xoʻjaliklari rahbarlari;
gʻoʻza (paxta)ning vegetatsiya davri — urugʻning unishi (nihol chiqishi), nihol fazasi (koʻchat davri), shona chiqarish fazasi, gullash, koʻsak tugish va rivojlanish fazasi, koʻsakning ochilishi (pishish fazasi) va toʻliq pishish va hosil yigʻish fazalari.
3. “Ustoz-shogird” tizimi doirasida amalga oshiriladigan ishlar Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasi (keyingi oʻrinlarda — Agroportal) orqali nazorat qilinadi.
2-bob. “ Ustoz” va “shogird” sifatida agroklaster va fermer xoʻjaliklari roʻyxatini shakllantirish
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari (yoki tumanlar hokimliklari) har yili 31-dekabrga qadar paxtadan gektaridan 50 — 60 sentnerdan yuqori hosil olgan ilgʻor agroklasterlar va fermer xoʻjaliklariga “ustoz-shogird” tizimida “ustoz” sifatida tanlovda qatnashishi uchun xat bilan taklif yuboradi.
5. Ilgʻor agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari 5 kun ichida “ustoz-shogird” tizimida “ustoz” sifatida tanlovda qatnashish toʻgʻrisida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga (yoki tumanlar hokimliklariga) murojaat qiladi.
6. “Ustoz” sifatida quyidagilar tanlov asosida tanlab olinadi:
a) oʻtgan hosil yillarida paxtadan gektariga 50 — 60 sentnerdan yuqori hosil olgan agroklaster yoki fermer xoʻjaliklari;
b) ustozlik qilish boʻyicha yozma tashabbus bildirgan agroklaster yoki fermer xoʻjaliklari;
v) paxta yetishtirishda agrotexnika tadbirlarini yaxshi oʻzlashtirgan tajribali va ilgʻor agroklaster yoki fermer xoʻjaliklari.
7. Paxta yetishtirishda agrotexnika tadbirlarini yaxshi oʻzlashtirganlik quyidagi mezonlar asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari (yoki tuman hokimliklari) tomonidan aniqlanadi:
agrotexnika tadbirlarining belgilangan muddatlarda va toʻliq hajmda bajarilgani;
urugʻ ekish, sugʻorish, oziqlantirish, kultivatsiya, himoya tadbirlari hamda terim ishlarining agrotexnologik talablarga muvofiq tashkil etilgani;
dala kuzatuvlari va monitoring natijalarining tegishli elektron axborot tizimlari maʼlumotlari bilan tasdiqlangani;
oxirgi uch hosil yilida agrotexnika qoidalarini qoʻpol ravishda buzish holatlari aniqlanmagani hamda paxta hosildorligi va sifati boʻyicha barqaror yuqori natijalarga erishilgani.
8. Ushbu Nizomning 7-bandida keltirilgan mezonlarga agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari muvofiqligi hududiy tanlov komissiyasi tomonidan dala koʻriklari, vakolatli tashkilotlar xulosalari hamda taqdim etilgan hujjatlar asosida baholanadi va tanlov komissiyasi bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi.
9. “Ustoz” sifatida ishtirok etish istagini bildirgan agroklaster va fermer xoʻjaliklari soni belgilangan ehtiyojdan ortiq boʻlgan taqdirda, ular Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari (yoki tumanlar hokimliklari) tomonidan reyting asosida saralab olinadi.
Bunda quyidagi mezonlarga ustuvorlik beriladi:
soʻnggi uch hosil yilida paxta hosildorligi va mahsulot sifati boʻyicha barqaror yuqori koʻrsatkichlarga erishilgani;
paxta yetishtirish agrotexnologiyalariga toʻliq rioya etgani hamda agrotexnika tadbirlari belgilangan muddatlarda sifatli bajarilgani;
zamonaviy agrotexnologiyalar, resurs tejaydigan va raqamli texnologiyalarni amaliyotga joriy etilgani;
malakali mutaxassislarga va moddiy-texnik bazaga egaligi;
yosh mutaxassislar va talabalarga amaliy koʻnikmalar berish uchun zarur shart-sharoitlarni yaratilgani.
10. Belgilangan muddatda “ustoz” sifatida ishtirok etish boʻyicha tashabbus kelib tushmagan taqdirda, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari (yoki tumanlar hokimliklari) ushbu Nizomning 6 — 9-bandlarida nazarda tutilgan mezonlarga javob beradigan agroklaster va fermer xoʻjaliklari orasidan ularning roziligi asosida “ustoz” sifatida ishtirok etish uchun nomzodlarni tavsiya etadi.
11. Saralash natijalari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari (yoki tumanlar hokimliklari) bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi hamda tasdiqlangan roʻyxat asosida “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklari belgilanadi.
12. “Ustoz” sifatida tanlab olingan har bir agroklaster yoki fermer xoʻjaligiga paxta hosildorligi 30 sentnerdan past boʻlgan 20 tagacha fermer xoʻjaliklari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari (yoki tumanlar hokimliklari) tomonidan “shogird” sifatida biriktiriladi.
13. “Ustoz” hamda “shogird” agroklasterlar va fermer xoʻjaliklari roʻyxati Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq shakldagi reyestrga kiritiladi hamda har yili 10-yanvarga qadar tasdiqlangan holda Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga taqdim etiladi.
14. Hududlarda paxtadan gektariga 50 — 60 sentnerdan yuqori hosil olgan agroklaster yoki fermer xoʻjaliklari mavjud boʻlmaganda, boshqa hududdan yuqori hosildorlik koʻrsatkichlariga erishgan agroklaster yoki fermer xoʻjaliklari “ustoz” sifatida jalb etilishi mumkin.
15. “Ustoz-shogird” tizimida qishloq xoʻjaligi subyektlari ixtiyoriy ravishda ishtirok etishi mumkin.
3-bob. “ Ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklariga “shogird” fermer xoʻjaliklarini biriktirish hamda ularni xabardor qilish
16. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining hududiy boshqarmalari har bir “ustoz” hamda “shogird” agroklaster va fermer xoʻjaliklarini rasmiy xat bilan xabardor qiladi.
Xatda quyidagilar koʻrsatiladi:
“ustoz” agroklaster yoki fermer xoʻjaligi rahbarining F.I.O., xoʻjalik nomi va joylashgan joyi;
“shogird” fermer xoʻjaligi rahbarining F.I.O., xoʻjalik nomi va joylashgan joyi;
biriktirilgan muddat (mavsum);
masʼul organning imzosi va shtampi.
17. “Ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklariga biriktiriladigan “shogird” fermer xoʻjaliklarining paxta yetishtiradigan yer uchastkasining hududiy masofasi yaqinligi, tuproq va iqlim sharoitining oʻxshashligi hisobga olinadi.
4-bob. “ Ustoz” hamda “shogird” agroklaster va fermer xoʻjaliklarining oʻzaro hamkorligi
18. “Ustoz” sifatida tanlab olingan agroklaster va fermer xoʻjaliklari quyidagi vazifalarni bajaradi:
a) har bir vegetatsiya davrida kamida bir marotaba “shogird” fermer xoʻjaligiga tashrif buyurish va amaliy koʻrsatmalar berish;
b) “shogird” fermer xoʻjaligiga hududga mos gʻoʻza navini toʻgʻri tanlash va urugʻlik chigitni ekish muddatlari yuzasidan amaliy koʻrsatmalar va maslahatlar berish;
v) dalada amaliy mashgʻulot oʻtkazib, “shogird” fermer xoʻjaligining bilim va koʻnikmasini oshirish;
g) agrotexnika tadbirlari hamda kasallik va zararkunandalarga qarshi kurashish ishlarini toʻgʻri tashkil etilishini nazorat qilish va tavsiyalar berib borish;
d) paxta hosildorligini oshirish boʻyicha tavsiyalar berish.
19. “Shogird” fermer xoʻjaligi tomonidan paxta maydonlarida quyidagi agrotexnika tadbirlari oʻtkaziladi:
a) yerni ekishga tayyorlash;
b) gʻoʻza navini tanlash, urugʻlik chigitni ekish va nihollarni yaganalash;
v) gʻoʻza qator oralariga ishlov berish;
g) kasallik va zararkunandalarga qarshi kurashish;
d) gʻoʻzani mineral va mahalliy oʻgʻitlar bilan oziqlantirish;
e) gʻoʻza maydonlarini sugʻorish;
j) gʻoʻzani chilpish;
z) defoliatsiya va desikatsiya qilish;
i) paxta hosilini sifatli yigʻib olish;
k) boshqa agrotexnika tadbirlarini oʻtkazish.
20. “Ustoz” hamda “shogird” agroklaster va fermer xoʻjaliklarining hamkorligi quyidagi hollarda muddatidan oldin bekor qilinadi:
a) tomonlardan birining asoslantirilgan murojaatiga koʻra (vegetatsiya davri boshlanishidan kamida 15 kun oldin);
b) subyektlar tugatilganda yoki ularning yer uchastkasiga boʻlgan huquqi bekor qilinganda;
v) ushbu Nizomning 18 va 19-bandlarida yuklangan majburiyatlar uzrli sabablarsiz bajarilmagani Agroportalda aniqlanganda.
21. “Ustoz” hamda “shogird” agroklaster va fermer xoʻjaliklarining hamkorligini bekor qilish boʻyicha murojaatlar tegishli mahalliy hokimliklar tomonidan 3 ish kunida koʻrib chiqilib, “shogird” fermer xoʻjaligiga 3 kun muddatda yangi “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaligi biriktiriladi.
5-bob. Agroportal orqali monitoring qilish
22. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan “ustoz-shogird” tizimi nazoratchilari (keyingi oʻrinlarda — nazoratchilar) roʻyxati ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq tartibda shakllantiriladi.
23. “Ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklari nazoratchilar bilan birgalikda biriktirilgan “shogird” fermer xoʻjaliklarining paxta maydonlarida gʻoʻzaning har bir vegetatsiya davri holatini atroflicha tahlil qiladi, tahlil natijalariga asosan “shogird” fermer xoʻjaliklariga oʻtkazilishi zarur boʻlgan tadbirlarni belgilab beradi hamda nazoratchilar oʻzining shaxsiy kabineti orqali gʻoʻza parvarishida amalga oshirilgan ishlar, agrotexnika tadbirlari oʻtkazilishi va koʻrsatmalarning bajarilishi boʻyicha maʼlumotlarni (foto, video) Agroportalga joylashtirib boradi.
24. Agroportalda quyidagi maʼlumotlar doimiy ravishda yangilab boriladi:
a) oʻtkazilgan agrotexnika tadbirlari;
b) “shogird” fermer xoʻjaligi tomonidan tavsiyalarning bajarilishi;
v) gʻoʻzaning rivojlanish holati;
g) kutilayotgan hosildorlik koʻrsatkichlari.
25. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Agroportalga maʼlumotlarning toʻgʻri va haqqoniy kiritilishini taʼminlaydi hamda “ustoz-shogird” tizimi doirasida amalga oshirilayotgan ishlar yuzasidan har chorak yakuni boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga axborot taqdim etadi.
26. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Agrosanoatni raqamlashtirish markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyati Agroportalga kiritilayotgan maʼlumotlarni doimiy monitoring qiladi, tizimdan samarali foydalanish boʻyicha tezkor texnik amaliy yordam koʻrsatib, tizimdan foydalanuvchilarning samarali faoliyat yuritishini taʼminlaydi.
6-bob. “Ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklarini ragʻbatlantirish
27. Har hosil yili yakunida “shogird” fermer xoʻjaligi paxtadan gektariga 50 sentnerdan yuqori hosil olgan “ustoz” agroklaster yoki fermer xoʻjaliklari har bir “shogird” fermer xoʻjaligi uchun 5 mln soʻmdan mukofot puli bilan taqdirlanadi.
28. “Ustoz” agroklaster yoki fermer xoʻjaliklariga mukofot pullari 2026-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar, 2027-yildan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida markazlashtirilgan tartibda rejalashtirish orqali toʻlab boriladi.
Ushbu maqsad uchun ajratiladigan mablagʻlar “ustoz” agroklaster yoki fermer xoʻjaliklarining hisobvaraqlariga oʻtkazib beriladi.
29. Paxtadan gektariga 50 sentnerdan yuqori hosil olgan “shogird” fermer xoʻjaliklari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan birjada sotilgan paxta xomashyosi, elektron tarozi orqali topshirilgan va rasmiylashtirilgan hamda Soliq qoʻmitasidan roʻyxatdan oʻtgan elektron hisobvaraq-faktura (EHF) asosida aniqlanadi.
Bunda “shogird” fermer xoʻjaligining Agroportaldagi shaxsiy kabinetiga EHF maʼlumotlari Soliq qoʻmitasining axborot tizimidan integratsiya orqali olinadi.
30. “Ustoz-shogird” tizimi asosida mukofotlanadigan “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklari roʻyxati Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan joriy hosil yili yakuni bilan ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shaklda har yili 1-dekabrga qadar tasdiqlangan holda Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga taqdim etiladi.
31. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi taqdim etilgan roʻyxatni “Hosil qabuli” axborot tizimi orqali tahlil qilib, mukofotlanadigan “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklarining yakuniy roʻyxatini har yili 10-dekabrga qadar shakllantiradi hamda unga asosan mukofot pullarini “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklarining bankdagi hisobvaragʻiga har yili 31-dekabrga qadar oʻtkazib beradi.
7-bob. “Ustoz-shogird” reyestrini yuritish
32. “Ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklari hamda ularga biriktirilgan “shogird” fermer xoʻjaliklari reyestri Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan yuritiladi hamda vazirlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilib boriladi.
33. Reyestrda quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:
a) “ustoz” hamda “shogird” agroklaster va fermer xoʻjaliklari nomi;
b) yer uchastkasi va paxta hosildorligi koʻrsatkichlari;
v) oʻtkazilgan agrotexnika tadbirlari.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
34. Ushbu Nizomda nazarda tutilmagan masalalar amaldagi qonunchilik hujjatlari asosida hal etiladi.
35. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
“Ustoz-shogird” tizimi asosida paxta yetishtirish amaliyotini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
“Ustoz-shogird” tizimi asosida tajribali va ilgʻor agroklaster yoki fermer xoʻjaliklariga biriktirilgan fermer xoʻjaliklari
T/r Tuman nomi “Ustoz” agroklaster yoki fermer xoʻjaligi nomi Stir “Shogird” fermer xoʻjaligi nomi Stir Paxta maydoni, gektar Yalpi paxta hosili, tonna Hosildorlik, s/ga 1. 2. 3.
“Ustoz-shogird” tizimi asosida paxta yetishtirish amaliyotini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
“Ustoz-shogird” tizimi nazoratchilari
T/r Tuman nomi Hudud nomi Biriktirilgan nazoratchi Biriktirilgan “shogird” fermer xoʻjaliklari nomi F.I.O. Ish joyi Lavozimi Mobil telefon raqami 1. 2. 3. 4. 5. Jami:
“Ustoz-shogird” tizimi asosida paxta yetishtirish amaliyotini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
“Ustoz-shogird” tizimi asosida mukofotlanadigan “ustoz” agroklaster va fermer xoʻjaliklari
T/r Tuman nomi Mukofotlanadigan “ustoz” agroklaster yoki fermer xoʻjaligi nomi Stir MFO Bank hisobvaragʻi “Shogird” fermer xoʻjaligi nomi Stir Paxta maydoni, gektar Yalpi paxta hosili, tonna Hosildorlik, s/ga 1. 2. 3.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 24-sentabr,
513-son