UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 28-sentabr · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 28 сентябрь · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 сентября 2026 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 September 2026 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

Аграр соҳада молиявий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш ва таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш, давлат томонидан ажратиладиган субсидияларни аниқ натижа кўрсаткичларига боғлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида таваккалчиликларни бошқариш ва суғурта механизмларини такомиллаштириш мақсадида қарор қиламан:

I. Қишлоқ хўжалиги субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш

1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг қуйидаги субсидияларни ажратиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

(а) 2026 йил ҳосилида пахта хомашёсининг ҳар бир тоннаси учун (4 ва 5-навли пахта бундан мустасно) 500 минг сўмдан:

(i) қишлоқ хўжалиги субъектларига — 2026 йил 31 декабрга қадар биржа савдолари орқали реализация қилганда;

(ii) пахта-тўқимачилик кластерлари ва тўқимачилик корхоналарига — қишлоқ хўжалиги субъектларидан биржа савдолари орқали харид қилинган пахта хомашёси учун тузилган шартнома асосида якуний ҳисоб-китоблар қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ амалга оширилганда;

(б) 2026 йилда ўзига бириктирилган ер майдонларида (иккиламчи ижарага берилган ер майдонлари бундан мустасно) пахта етиштирган пахта-тўқимачилик кластерлари ва улар таъсисчи бўлган корхоналарга пахта етиштирилган ҳар бир гектар ер майдони учун 1,5 миллион сўмдан. Бунда:

(i) Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги бир ой муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тақдим этган контурларда пахта-тўқимачилик кластерлари ва улар таъсисчи бўлган корхоналар ўзига бириктирилган ер майдонларида 2026 йил ҳосили учун пахта хомашёси (30 центнердан юқори) етиштирганлигини космик мониторинг маълумотлари асосида ўрганиб чиқади;

(ii) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳақиқатда экилган майдонлар бўйича тасдиқланган маълумотлар асосида бир ҳафта муддатда субсидия миқдорини ҳисоблаб чиқади ҳамда маблағ ажратиш бўйича ҳисоб-китобларни Аграр соҳада тўловлар агентлигига тақдим этади;

(в) 2027 — 2029 йилларда чорвачилик хўжаликларига асосий майдонларда озуқа экинлари етиштирилгани учун ҳар бир гектар экин майдонига Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг хулосасига асосан йиллик 500 минг сўм миқдорида;

(г) 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 июнга қадар тадбиркорлик субъектларига совутилган мол ва қўй гўштини импорт қилишда, ҳар бир килограмм гўшт учун 2,5 минг сўм миқдорида.

2. Белгилансинки:

(а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 7 апрелдаги «Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-130-сон қарорига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига мол ва қўй гўштини ҳаво транспортида импорт қилишда, ҳар бир килограмм гўшт учун ажратиладиган субсидия миқдори 1,2 АҚШ доллари этиб белгиланади ҳамда ажратиш муддати 2027 йил 1 июнга қадар узайтирилади;

(б) мазкур қарорнинг 1-бандид а назарда тутилган субсидиялар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилади;

(в) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳисоб-китобларига асосан мазкур қарорнинг 1-бандидаги субсидияларни молиялаштириш учун:

(i) 2026 йилда талаб этиладиган маблағларни республика бюджетининг 2026 йил III чораги якуни бўйича даромадларининг режадан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;

(ii) 2027 йилда талаб этиладиган маблағлар 2027 йил Давлат бюджети параметрларида инобатга олинишини таъминлайди.

II. Натижага асосланган тизим асосида субсидия ажратиш

3. 2027 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар ҳуқуқий тажриба тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича субсидияни натижага асосланган «Натижавий субсидия» тизими асосида ажратиш тартиби жорий этилсин.

4. Белгилансинки, «Натижавий субсидия» тизими доирасида:

(а) субсидия миқдори уни олувчининг харажатлари билан бир қаторда ҳосилдорлик, маҳсулот сифати, сақлаш, қайта ишлаш ёки экспорт кўрсаткичларининг ошиши, сарфланадиган ресурслар мақбуллаштирилиши, энергия тежамкор қурилма, ускуналар ишлатилиши, Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги тоифаси каби кўрсаткичлар асосида белгиланади;

(б) натижа кўрсаткичларига эришилганлиги инсон омилисиз автоматик равишда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида тасдиқланади.

5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

(а) икки ой муддатда субсидия ажратишдан кўзланган мақсад, натижа кўрсаткичлари, натижани баҳолаш мезонлари, маълумотларни тасдиқловчи ахборот манбаларини назарда тутувчи «Натижавий субсидия» тизимининг ҳисоблаш методикасини тасдиқласин ва «Агросубсидия» платформасида тегишли модул яратсин;

(б) 2027 йил 1 ноябрга қадар ҳуқуқий эксперимент ҳолатини таҳлил қилсин ва унинг ижобий натижалари асосида «Натижавий субсидия» тизимини бошқа аграр соҳадаги қўллаб-қувватлаш чораларига татбиқ этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

(в) 2027 йилдан бошлаб ҳар йили 1 декабрга қадар аграр соҳадаги қўллаб-қувватлаш чораларининг иқтисодий, ижтимоий ва ресурс тежамкорлик самарадорлигини баҳолаб, самарадорлиги паст субсидияларни қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиб борсин.

6. Аграр соҳада тўловлар агентлиги маблағларининг қонуний, мақсадли ва самарали сарфланиши, ички назорат тизимининг ишончлилиги ҳамда коррупциявий хавфларнинг олдини олиш тизимини жорий этсин ва бунинг учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг умумий штат бирликлари доирасида Агентликка қўшимча 15 та штат бирлиги ажратилсин.

III. Таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштириш

7. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган қишлоқ хўжалиги корхоналарига етказилган зарарларни тезкор ва холис баҳолаш ҳамда суғурта товонини ўз вақтида тўлаш мақсадида гидрометеорологик кузатув станциялари мавжуд бўлмаган ҳудудларда суғурта ҳодисасини мустақил эксперт хулосаси, халқаро муқобил провайдерларнинг реанализ маълумотлари, сунъий йўлдош тасвирлари ва масофадан кузатув маълумотлари асосида тасдиқлашга рухсат берилсин.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган ва уч йил давомида суғурта ҳодисаси кузатилмаган қишлоқ хўжалиги корхоналарига тўртинчи йилдан бошлаб суғурта мукофотига 10 фоиздан 20 фоизгача чегирма бериш амалиёти йўлга қўйилади;

(б) суғурта мукофотларининг 3 фоиздан 5 фоизигача бўлган қисми огоҳлантирувчи тадбирлар захирасига йўналтирилади ва ушбу маблағлар қуйидаги харажатларнинг 80 фоизигача қисмини қоплашга сарфланади:

(i) чорвачиликда — вакцинация, профилактика, ветеринария хизматлари ва дори-дармон харид қилиш;

(ii) пахта ва ғаллачиликда — биологик ҳимоя тадбирларини молиялаштириш;

(iii) боғдорчилик ва узумчиликда — дўл ва табиий хавфлар таъсирини камайтирувчи ҳимоя воситаларини ўрнатиш харажатларининг 50 фоиз қисмини, бироқ 5 миллион сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб бериш.

IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

(а) мустақил эксперт хулосаси, реанализ, метеорологик, сунъий йўлдош ва масофадан кузатиш маълумотларини суғурта ҳодисасини тасдиқловчи расмий далиллар сифатида қўллаш тартибини;

(б) мазкур қарор билан жорий қилинаётган субсидияларни ажратиш ҳамда огоҳлантирувчи тадбирлар захирасини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартибларини;

(в) қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни.

11. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров, қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдураҳмонов белгилансин.

12. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 сентябрдаги ПҚ–354-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 мартдаги «Аграр секторни замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашнинг навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-97-сон қарорида :

(а) 3-банддаги «тижорат банклари» сўзлари «тижорат банклари ва лизинг ташкилотлари» сўзлари билан алмаштирилсин;

(б) 4-банднинг «б» кичик бандидаги «тижорат банкларига» сўзлари «тижорат банклари ва лизинг ташкилотларига» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 7 апрелдаги «Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-130-сон қарори 1-банди «а» кичик бандидаги «2026 йил 31 декабрга» сўзлари «2027 йил 1 июнга» сўзлари билан, «0,8» рақами «1,2» рақами билан алмаштирилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги «Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-179-сон қарорининг 9-бандида :

(а) «в» кичик бандда :

«i» хатбошидаги «5» рақами «20» рақами билан алмаштирилсин;

«ii» хатбошидаги «20» рақами «50» рақами билан алмаштирилсин;

(б) қуйидаги мазмундаги «д» кичик банд билан тўлдирилсин:

«(д) мазкур банднинг «в» кичик бандидаги кредитлар барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман (шаҳар) штаблари қарорига асосан ажратилади. Бунда қўшимча кредит шартларини белгилашга йўл қўйилмайди».

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 июндаги «Пахта-тўқимачилик соҳасида молиявий барқарорликни ошириш ҳамда толани чуқур қайта ишлашни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-246-сон қарорида :

(а) 2-банднинг «а» кичик бандидаги «Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари» сўзлари «Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари» сўзлари билан алмаштирилсин;

(б) 6-бандда :

(i) «а» кичик банддаги «Иқтисодиёт ва молия вазирлигига» сўзлари «Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига» сўзлари билан алмаштирилсин;

(ii) «б» кичик банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

(iii) «в» кичик банддаги «Аграр соҳада тўловлар агентлиги республика бюджетидан ажратилган» сўзлари «Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси олдинги йилларда пахта хомашёси учун субсидия тўловларини молиялаштиришга Давлат бюджетидан ажратилиб, иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан ўзининг ҳисобрақами (21510) орқали» сўзлари билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2026 йил 28 сентябрь,

ПҚ-354

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2026 й., 07/26/354/0978-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING

QARORI

Agrar sohada moliyaviy qoʻllab-quvvatlash samaradorligini oshirish va tavakkalchiliklarni boshqarish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilarni moliyaviy qoʻllab-quvvatlash choralarini kengaytirish, davlat tomonidan ajratiladigan subsidiyalarni aniq natija koʻrsatkichlariga bogʻlash, shuningdek, qishloq xoʻjaligida tavakkalchiliklarni boshqarish va sugʻurta mexanizmlarini takomillashtirish maqsadida qaror qilaman:

I. Qishloq xoʻjaligi subyektlarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash

1. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Yengil sanoatni rivojlantirish agentligining quyidagi subsidiyalarni ajratish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin:

(a) 2026-yil hosilida paxta xomashyosining har bir tonnasi uchun (4 va 5-navli paxta bundan mustasno) 500 ming soʻmdan:

(i) qishloq xoʻjaligi subyektlariga — 2026-yil 31-dekabrga qadar birja savdolari orqali realizatsiya qilganda;

(ii) paxta-toʻqimachilik klasterlari va toʻqimachilik korxonalariga — qishloq xoʻjaligi subyektlaridan birja savdolari orqali xarid qilingan paxta xomashyosi uchun tuzilgan shartnoma asosida yakuniy hisob-kitoblar qonunchilikda belgilangan tartibda toʻliq amalga oshirilganda;

(b) 2026-yilda oʻziga biriktirilgan yer maydonlarida (ikkilamchi ijaraga berilgan yer maydonlari bundan mustasno) paxta yetishtirgan paxta-toʻqimachilik klasterlari va ular taʼsischi boʻlgan korxonalarga paxta yetishtirilgan har bir gektar yer maydoni uchun 1,5 million soʻmdan. Bunda:

(i) Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi bir oy muddatda Qishloq xoʻjaligi vazirligi taqdim etgan konturlarda paxta-toʻqimachilik klasterlari va ular taʼsischi boʻlgan korxonalar oʻziga biriktirilgan yer maydonlarida 2026-yil hosili uchun paxta xomashyosi (30 sentnerdan yuqori) yetishtirganligini kosmik monitoring maʼlumotlari asosida oʻrganib chiqadi;

(ii) Qishloq xoʻjaligi vazirligi haqiqatda ekilgan maydonlar boʻyicha tasdiqlangan maʼlumotlar asosida bir hafta muddatda subsidiya miqdorini hisoblab chiqadi hamda mablagʻ ajratish boʻyicha hisob-kitoblarni Agrar sohada toʻlovlar agentligiga taqdim etadi;

(v) 2027 — 2029-yillarda chorvachilik xoʻjaliklariga asosiy maydonlarda ozuqa ekinlari yetishtirilgani uchun har bir gektar ekin maydoniga Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligining xulosasiga asosan yillik 500 ming soʻm miqdorida;

(g) 2026-yil 1-oktabrdan 2027-yil 1-iyunga qadar tadbirkorlik subyektlariga sovutilgan mol va qoʻy goʻshtini import qilishda, har bir kilogramm goʻsht uchun 2,5 ming soʻm miqdorida.

2. Belgilansinki:

(a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 7-apreldagi “Aholini asosiy turdagi oziq-ovqat mahsulotlari bilan taʼminlashni qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-130-son qaroriga muvofiq tadbirkorlik subyektlariga mol va qoʻy goʻshtini havo transportida import qilishda, har bir kilogramm goʻsht uchun ajratiladigan subsidiya miqdori 1,2 AQSH dollari etib belgilanadi hamda ajratish muddati 2027-yil 1-iyunga qadar uzaytiriladi;

(b) mazkur qarorning 1-bandid a nazarda tutilgan subsidiyalar Agrar sohada toʻlovlar agentligi tomonidan Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan ajratiladi;

(v) Iqtisodiyot va moliya vazirligi Qishloq xoʻjaligi vazirligining hisob-kitoblariga asosan mazkur qarorning 1-bandidagi subsidiyalarni moliyalashtirish uchun:

(i) 2026-yilda talab etiladigan mablagʻlarni respublika budjetining 2026-yil III choragi yakuni boʻyicha daromadlarining rejadan oshirib bajarilgan qismi hisobidan ajratish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritadi;

(ii) 2027-yilda talab etiladigan mablagʻlar 2027-yil Davlat budjeti parametrlarida inobatga olinishini taʼminlaydi.

II. Natijaga asoslangan tizim asosida subsidiya ajratish

3. 2027-yil 1-yanvardan boshlab 2028-yil 1-yanvarga qadar huquqiy tajriba tariqasida qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilarning suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalarini joriy etish xarajatlarining bir qismini qoplash boʻyicha subsidiyani natijaga asoslangan “Natijaviy subsidiya” tizimi asosida ajratish tartibi joriy etilsin.

4. Belgilansinki, “Natijaviy subsidiya” tizimi doirasida:

(a) subsidiya miqdori uni oluvchining xarajatlari bilan bir qatorda hosildorlik, mahsulot sifati, saqlash, qayta ishlash yoki eksport koʻrsatkichlarining oshishi, sarflanadigan resurslar maqbullashtirilishi, energiya tejamkor qurilma, uskunalar ishlatilishi, Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingi toifasi kabi koʻrsatkichlar asosida belgilanadi;

(b) natija koʻrsatkichlariga erishilganligi inson omilisiz avtomatik ravishda davlat organlari va tashkilotlari axborot tizimlaridagi maʼlumotlar asosida tasdiqlanadi.

5. Qishloq xoʻjaligi vazirligi:

(a) ikki oy muddatda subsidiya ajratishdan koʻzlangan maqsad, natija koʻrsatkichlari, natijani baholash mezonlari, maʼlumotlarni tasdiqlovchi axborot manbalarini nazarda tutuvchi “Natijaviy subsidiya” tizimining hisoblash metodikasini tasdiqlasin va “Agrosubsidiya” platformasida tegishli modul yaratsin;

(b) 2027-yil 1-noyabrga qadar huquqiy eksperiment holatini tahlil qilsin va uning ijobiy natijalari asosida “Natijaviy subsidiya” tizimini boshqa agrar sohadagi qoʻllab-quvvatlash choralariga tatbiq etish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin;

(v) 2027-yildan boshlab har yili 1-dekabrga qadar agrar sohadagi qoʻllab-quvvatlash choralarining iqtisodiy, ijtimoiy va resurs tejamkorlik samaradorligini baholab, samaradorligi past subsidiyalarni qayta koʻrib chiqish yoki bekor qilish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritib borsin.

6. Agrar sohada toʻlovlar agentligi mablagʻlarining qonuniy, maqsadli va samarali sarflanishi, ichki nazorat tizimining ishonchliligi hamda korrupsiyaviy xavflarning oldini olish tizimini joriy etsin va buning uchun Qishloq xoʻjaligi vazirligining umumiy shtat birliklari doirasida Agentlikka qoʻshimcha 15 ta shtat birligi ajratilsin.

III. Tavakkalchiliklarni boshqarish tizimini takomillashtirish

7. Qishloq xoʻjaligi sugʻurtasi jamgʻarmasi bilan shartnoma tuzgan qishloq xoʻjaligi korxonalariga yetkazilgan zararlarni tezkor va xolis baholash hamda sugʻurta tovonini oʻz vaqtida toʻlash maqsadida gidrometeorologik kuzatuv stansiyalari mavjud boʻlmagan hududlarda sugʻurta hodisasini mustaqil ekspert xulosasi, xalqaro muqobil provayderlarning reanaliz maʼlumotlari, sunʼiy yoʻldosh tasvirlari va masofadan kuzatuv maʼlumotlari asosida tasdiqlashga ruxsat berilsin.

8. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

(a) Qishloq xoʻjaligi sugʻurtasi jamgʻarmasi bilan shartnoma tuzgan va uch yil davomida sugʻurta hodisasi kuzatilmagan qishloq xoʻjaligi korxonalariga toʻrtinchi yildan boshlab sugʻurta mukofotiga 10 foizdan 20 foizgacha chegirma berish amaliyoti yoʻlga qoʻyiladi;

(b) sugʻurta mukofotlarining 3 foizdan 5 foizigacha boʻlgan qismi ogohlantiruvchi tadbirlar zaxirasiga yoʻnaltiriladi va ushbu mablagʻlar quyidagi xarajatlarning 80 foizigacha qismini qoplashga sarflanadi:

(i) chorvachilikda — vaksinatsiya, profilaktika, veterinariya xizmatlari va dori-darmon xarid qilish;

(ii) paxta va gʻallachilikda — biologik himoya tadbirlarini moliyalashtirish;

(iii) bogʻdorchilik va uzumchilikda — doʻl va tabiiy xavflar taʼsirini kamaytiruvchi himoya vositalarini oʻrnatish xarajatlarining 50 foiz qismini, biroq 5 million soʻmdan oshmagan miqdorda qoplab berish.

IV. Qaror ijrosini tashkil etish, taʼminlash va nazorat

9. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim qarorlariga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

10. Qishloq xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda quyidagilarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:

(a) mustaqil ekspert xulosasi, reanaliz, meteorologik, sunʼiy yoʻldosh va masofadan kuzatish maʼlumotlarini sugʻurta hodisasini tasdiqlovchi rasmiy dalillar sifatida qoʻllash tartibini;

(b) mazkur qaror bilan joriy qilinayotgan subsidiyalarni ajratish hamda ogohlantiruvchi tadbirlar zaxirasini shakllantirish va undan foydalanish tartiblarini;

(v) qonunchilik hujjatlariga mazkur qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisidagi takliflarni.

11. Mazkur qaror ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsan javobgar etib Bosh vazir oʻrinbosarlari J.A. Xodjayev va J.A. Qoʻchqorov, qishloq xoʻjaligi vaziri I.Yu. Abdurahmonov belgilansin.

12. Qaror ijrosini muhokama qilib borish, ijro uchun masʼul idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 28-sentabrdagi PQ–354-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 13-martdagi “Agrar sektorni zamonaviy qishloq xoʻjaligi texnikalari bilan taʼminlashning navbatdagi chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-97-son qarorida :

(a) 3-banddagi “tijorat banklari” soʻzlari “tijorat banklari va lizing tashkilotlari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(b) 4-bandning “b” kichik bandidagi “tijorat banklariga” soʻzlari “tijorat banklari va lizing tashkilotlariga” soʻzlari bilan almashtirilsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 7-apreldagi “Aholini asosiy turdagi oziq-ovqat mahsulotlari bilan taʼminlashni qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-130-son qarori 1-bandi “a” kichik bandidagi “2026-yil 31-dekabrga” soʻzlari “2027-yil 1-iyunga” soʻzlari bilan, “0,8” raqami “1,2” raqami bilan almashtirilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 12-maydagi “Chorvachilik tarmogʻi va yaylov xoʻjaligini zamonaviy boshqaruv tizimi va yangicha yondashuvlar asosida rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-179-son qarorining 9-bandida :

(a) “v” kichik bandda :

“i” xatboshidagi “5” raqami “20” raqami bilan almashtirilsin;

“ii” xatboshidagi “20” raqami “50” raqami bilan almashtirilsin;

(b) quyidagi mazmundagi “d” kichik band bilan toʻldirilsin:

“(d) mazkur bandning “v” kichik bandidagi kreditlar barqaror ish oʻrinlarini yaratish va aholi daromadlarini oshirish boʻyicha tuman (shahar) shtablari qaroriga asosan ajratiladi. Bunda qoʻshimcha kredit shartlarini belgilashga yoʻl qoʻyilmaydi”.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2026-yil 29-iyundagi “Paxta-toʻqimachilik sohasida moliyaviy barqarorlikni oshirish hamda tolani chuqur qayta ishlashni qoʻshimcha qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-246-son qarorida :

(a) 2-bandning “a” kichik bandidagi “Agrar sohada toʻlovlar agentligi tomonidan Davlat budjeti mablagʻlari” soʻzlari “Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(b) 6-bandda :

(i) “a” kichik banddagi “Iqtisodiyot va moliya vazirligiga” soʻzlari “Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(ii) “b” kichik band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;

(iii) “v” kichik banddagi “Agrar sohada toʻlovlar agentligi respublika budjetidan ajratilgan” soʻzlari “Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi oldingi yillarda paxta xomashyosi uchun subsidiya toʻlovlarini moliyalashtirishga Davlat budjetidan ajratilib, iqtisod qilingan mablagʻlar hisobidan oʻzining hisobraqami (21510) orqali” soʻzlari bilan almashtirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2026-yil 28-sentabr,

PQ-354

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.09.2026-y., 07/26/354/0978-son)

lex.uz