📅 2026-yil 28-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 28-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 28 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ТАРТИБИ
ТАРТИБИ
ТАРТИБИ
РЎЙХАТИ
Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 21 сентябрдаги ПҚ-345-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда — Низом) 1-иловага мувофиқ;
2027 йил 1 январга қадар «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали (кейинги ўринларда — Портал) жорий этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) 2026 йил 1 декабрга қадар Низомга мувофиқ:
ходимлари ва мансабдор шахслари Бошқарув самарадорлиги агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) «edu.bsa.uz» ахборот тизими орқали меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича қисқа онлайн тренинг курсларида ўқитилишини таъминласин;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Агентлик томонидан тасдиқланадиган намунавий ички меҳнат тартиб-қоидаларига мувофиқ ўзларининг ички меҳнат тартиб-қоидаларини қайта ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
3. Белгилансинки, Портал қуйидаги босқичларда давлат органлари ва ташкилотларида жорий этилади ёки уларнинг мавжуд ахборот тизимларига интеграция қилинади:
2027 йил 1 январга қадар — ушбу қарорга 2-иловада келтирилган давлат органлари ва ташкилотларида;
2027 йил 1 июнга қадар — ушбу қарорга 2-иловада келтирилган давлат органлари ва ташкилотлари тизимига кирувчи барча даражадаги бошқа давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, давлат таълим ташкилотларида, туман (шаҳар) ҳокимликларида;
2028 йил 1 январга қадар — устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда.
4. Ушбу қарорга 2-иловада келтирилган давлат органлари ва ташкилотлари бир ҳафта муддатда Портални юритиш учун масъул ходимларини белгиласин ҳамда бу ҳақида Агентликка тегишли маълумотлар киритсин.
5. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларида:
меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича ички меҳнат тартиб-қоидалари қайта ишлаб чиқилгани ва тасдиқланганини;
ходимлари тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича қисқа онлайн тренинг курсларида ўқитилганини;
ахборот тизимлари Порталга доимий уланганини назорат қилсин.
6. Белгилансинки, давлат органлари ва ташкилотларида Низомда назарда тутилган барча тренинг курсларини ташкил этиш, ўқув материалларини тайёрлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини Порталга интеграция қилиш харажатлари давлат органлари ва ташкилотларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
7. Агентлик ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бир ҳафта муддатда давлат органлари ва ташкилотларининг меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича намунавий ички меҳнат тартиб-қоидаларини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини кенг жалб қилган ҳолда, давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ҳамда уларни қораловчи қисқа метражли фильмлар ва ижтимоий роликлар телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам узатилишини таъминласин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 сентябрдаги 518-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини жорий этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат органлари ва ташкилотларининг, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг ҳамда устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш амалиётини тартибга солади.
2. Ушбу Низом талаблари давлат органлари ва ташкилотларининг меҳнат соҳасида ва уларнинг фаолияти доирасида:
иш жойида ва масофадан ишлаш мобайнида;
давлат идораларининг бинолари, хоналари ва ҳудудида;
хизмат сафарлари, малака ошириш, йиғилиш ва конференциялар, шунингдек, хизмат фаолияти билан боғлиқ бошқа тадбирлар давомида;
таълим бериш, маслаҳат бериш, бошқарув, назорат ёки бошқа хизмат вазифаларини бажаришда;
ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланишда;
ишга бориш ёки ишдан қайтиш вақтида, шу жумладан, хизмат автотранспортида ёхуд бошқа ходимлар билан биргаликда автотранспорт воситасида бўлган ҳолатларда;
меҳнат ёки хизмат мажбуриятларини бажариш билан бевосита боғлиқ ва бошқа ҳолатларда татбиқ этилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
гувоҳ — давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига тааллуқли маълумот, кўрсатма ёки далилларга эга бўлган, шунингдек, ушбу ҳолатни бевосита кўрган ёки ундан хабардор бўлган ҳар қандай ходим ёки бошқа шахс;
жабрланган шахс — давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари натижасида ҳуқуқлари бузилган ёки чекланган, руҳий, мулкий ёки бошқа шаклда зиён кўрган шахс;
масъул ходим — давлат органлари ва ташкилотларида «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот порталини (кейинги ўринларда — Портал) юритиш учун масъул ходим;
давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари — давлат органлари ва ташкилотларида ходим томонидан ёки ходимга нисбатан бир марта ёки такроран содир этилган, унга жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий зарар етказишга ёхуд қўрқитувчи, душманона, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ёки ҳақоратловчи муҳитни яратишга қаратилган ёки шунга олиб келадиган номақбул ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), хулқ-атвор шакллари ёки амалиётлар, шунингдек, уларни содир этиш таҳдидлари, жумладан, тазйиқ, жинсий ва жисмоний зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик, руҳий босим, камситиш, хизмат мавқеи ёки хизматга боғлиқликдан ноқонуний фойдаланиш ва таъқиб қилиш ҳолатлари;
давлат меҳнат соҳасида тазйиқ — содир этилгани учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик, таъқиб этиш;
давлат меҳнат соҳасида зўравонлик — шахсга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий, иқтисодий ёки маъмурий таъсир ўтказиш ёхуд бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали унинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик);
давлат меҳнат соҳасида жинсий зўравонлик — шахсга нисбатан унинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали унинг жинсий дахлсизлиги ва жинсий эркинлигига тажовуз қиладиган, шунингдек, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд вояга етмаган шахсга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашга қаратилган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
давлат меҳнат соҳасида жисмоний зўравонлик — шахсга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли;
давлат меҳнат соҳасида руҳий босим — шахсга қўпол муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини мунтазам равишда камситиш натижасида уни ишдан бўшаш даражасига етказиш ёхуд унинг иш фаолиятини қийинлаштирадиган шароитларни яратишга қаратилган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
давлат меҳнат соҳасида камситиш — шахсга ишчанлик сифатлари билан боғлиқ бўлмаган белгилар бўйича меҳнат, хизмат, мартаба ёки бошқа ҳуқуқ ва имкониятларни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай асоссиз фарқлаш, истисно қилиш, чеклаш ёки афзаллик бериш;
давлат меҳнат соҳасида таъқиб этиш — мурожаатчи, жабрланган шахс, шунингдек, мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этаётган шахсга нисбатан унинг ҳаёти, соғлиғи, хавфсизлиги ёки яқин қариндошларининг хавфсизлиги учун асосли қўрқувни келтириб чиқарадиган ёхуд унинг одатий турмуш тарзини жиддий равишда бузадиган, унинг аниқ ифодаланган иродасига зид равишда ёки айбдорга бундай хатти-ҳаракатларнинг номақбуллиги олдиндан аён бўлган ҳолларда, қасддан ғайриқонуний равишда мунтазам содир этилган таъқиб қилиш, шу жумладан, изидан кузатиш, кузатув олиб бориш, алоқа ўрнатиш ёки алоқа ўрнатишга уриниш, телефон, почта, электрон ёки бошқа хабарларни юбориш, жабрланувчининг жойлашган жойини назорат қилиш ёки шахсан, учинчи шахслар орқали ёхуд ахборот-коммуникация технологиялари, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда бошқа шунга ўхшаш ҳаракатларни содир этиш;
давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича қарор қабул қилувчи шахс — мурожаатни кўриб чиқиш якунлари бўйича интизомий ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш ваколатига эга ёхуд уни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишга масъул давлат органи ва ташкилоти раҳбари, юқори турувчи орган раҳбари ёки бошқа мансабдор шахс;
мониторинг қилувчи давлат органи — Бошқарув самарадорлиги агентлиги;
мустақил назорат комиссияси — давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш жараёнлари устидан мустақил назоратни амалга оширувчи коллегиал орган;
мурожаат — давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари факти ёки тахмин қилинаётгани тўғрисидаги хабар;
мурожаатчи — давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари факти ёки тахмин қилинаётгани тўғрисида хабар берган шахс;
мурожаатни вертикал тартибда кўриб чиқиш — мурожаат тегишли давлат органи ва ташкилоти раҳбари, унинг ўринбосарлари, масъул ходим ёки масъул ходим бўйсунувида бўлган бошқа шахсга тааллуқли бўлган ҳолларда, шунингдек, мурожаат бўйича кўрилган ҳуқуқий таъсир чораси устидан шикоят берилган ҳолларда мурожаат ҳолатларини юқори турувчи органнинг ваколатли шахси томонидан кўриб чиқилиши ва текширилиши;
устидан мурожаат берилган шахс — давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари натижасида жабрланган шахснинг мурожаатида кўрсатилган ёки унинг асосида шубҳа қилинаётган шахс.
4. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш қуйидаги тамойилларга асосланади:
давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш;
лавозим, мақом, иш жойи ва меҳнат муносабатларининг хусусиятидан қатъи назар, мурожаат бериш имкониятини яратиш;
давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича ҳар бир мурожаатни Портал орқали мажбурий рўйхатга олиш;
мурожаатчи, жабрланган шахс, гувоҳлар ва мурожаатни кўриб чиқишнинг бошқа иштирокчиларининг шахсга доир маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш;
мурожаатчи, жабрланган шахс, гувоҳлар ва мурожаатни кўриб чиқишнинг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш;
мурожаатни холис, адолатли ва тўлиқ кўриб чиқиш;
давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича устидан мурожаат берилган шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан, мурожаат моҳиятини билиш ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятини яратиш;
давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва унга қарши курашишда ҳаракатлар, муддатлар, қарорлар ва чоралар ижросини рақамли қайд этиш;
содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг аҳамияти ва хусусиятидан келиб чиқиб, тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини белгилаш.
5. Қуйидагилар:
қонуний ва асослантирилган бошқарув қарорлари, меҳнат (хизмат) вазифаларини бажаришни талаб қилиш, ходим фаолиятини баҳолаш, интизомий чораларни қўллаш, хизмат текширувини ўтказиш ҳамда раҳбарнинг ўз ваколатлари доирасида амалга оширган бошқа асослантирилган ва объектив ҳаракатлари;
шахснинг қонуний бошқарув қароридан, унинг фаолият натижаларини баҳолашдан ёки унга нисбатан қўйилаётган касбий талаблардан норозилиги ўз-ўзидан давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳисобланмайди.
2-боб. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари профилактикаси
6. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари профилактикаси хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини тарғиб қилиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига оид таҳдидлар ва уларни юзага келтирувчи салбий омилларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш бўйича механизмларни жорий этишни назарда тутади.
7. Давлат органлари ва ташкилотлари давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари профилактикаси учун қуйидагиларни бажариши шарт:
мониторинг қилувчи давлат органи ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган намунавий ички меҳнат тартиб-қоидалари бўйича ўзларининг ички меҳнат тартиб-қоидаларини қайта ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни кузатиб бориш, кўриб чиқиш ва текшириш, жабрланган шахсга нисбатан вақтинча ҳимоя чораларини қўллаш, маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш;
масъул ходимлар, бошқа ходимлар ва раҳбарларнинг ушбу Низомга 1-иловада назарда тутилган давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича тренинг курсларини ўтказиш тартибига асосан тренинг курсларидан ўтишини таъминлаш;
мурожаат қилиш тартиби тўғрисидаги маълумотни тегишли идоравий ахборот-коммуникация воситаларига жойлаштириш;
мурожаатларни ҳисобга олиш, чоралар ижросини назорат қилиш ва шахсга доир маълумотлардан холи таҳлилни шакллантириш учун зарур маълумотлар Порталга киритилишини таъминлаш;
такрорланувчи мурожаатларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш.
8. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари хавфларини даврий баҳолаш ва ташкилий муҳитни таҳлил қилиш йилига камида бир марта ўтказилади. Бунда такрорий мурожаатлар ҳамда исботланган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари сони ортиши мазкур ўрганишларни режадан ташқари ўтказишга асос бўлади.
9. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари хавфларини даврий баҳолаш ва ташкилий муҳитни таҳлил қилиш, шу жумладан қуйидаги ахборот манбалари ва хавф индикаторларидан бири ёки бир нечтаси асосида амалга оширилиши мумкин:
келиб тушган мурожаатларнинг шахсга доир маълумотлардан холи таҳлили;
меҳнат ёки хизмат мажбуриятларини бажариш билан бевосита боғлиқ ва бошқа ҳолатларда содир бўлган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича такрорий, шу жумладан, аноним мурожаатлар ҳақидаги маълумотлар;
тасдиқланган ва тасдиқланмаган мурожаатлар ҳамда давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари билан боғлиқ хулқ-атвор турлари тўғрисидаги маълумотлар;
мурожаатчилар, жабрланган шахслар, гувоҳлар ва мурожаатни кўриб чиқишнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан таъқиб қилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар;
ходимлар, раҳбарлар ва масъул ходимларнинг мажбурий қисқа тренинг курсларидан ўтиши натижалари, шу жумладан, белгиланган тартибда мажбурий қисқа тренинг курсларидан ўтмаганлик ҳақидаги маълумотлар;
ходимларнинг аноним сўровлари натижалари ва иш муҳити таҳлили.
10. Давлат органлари ва ташкилотлари давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини ички баҳолаш натижалари бўйича аниқланган хавфларни бартараф этиш, хавфсиз иш муҳитини тиклаш ҳамда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари такрорланишининг олдини олишга қаратилган профилактик, ташкилий чоралар ва малака ошириш дастурлари режаси ишлаб чиқилиши ҳамда Порталга жойлаштирилишини таъминлайди.
3-боб. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаат қилиш
11. Порталда мурожаатнинг тўлиқ материалларидан, шу жумладан, улардаги шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш қатъий чекланади ва фақат хизмат зарурати доирасида қуйидагиларга берилади:
а) мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи ва ташкилоти раҳбари ҳамда масъул ходимига — мурожаатни кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, ҳимоя чораларини қўллаш ва қабул қилинган чоралар ижросини назорат қилиш учун (мурожаатни вертикал тартибда кўриб чиқиш ҳолатлари бундан мустасно);
б) юқори турувчи давлат органи ва ташкилотининг раҳбари ва масъул ходимига — мурожаатни вертикал тартибда кўриб чиқиш учун;
в) мониторинг қилувчи давлат органи раҳбари ва масъул ходимига — мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларига риоя этилиши, таъсир чоралари ижросини мониторинг қилиш, ҳаракатсизлик, мурожаатларни яшириш, таъқиб этиш ва бошқа қоидабузарлик ҳолатларини аниқлаш учун.
Юқори турувчи давлат органи ва ташкилоти мазкур банднинг «б» кичик бандида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, бўйсунувидаги давлат идоралари мурожаатларининг тўлиқ материалларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Устидан мурожаат берилган шахс, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви, хизмат бўйсунуви ёки шахсий манфаатдорлиги мавжуд шахс эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, мурожаатнинг тўлиқ материалларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.
12. Порталнинг фаолият юритиши ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ тартибда амалга оширилади.
13. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича барча ходимлар ва дахлдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
14. Мурожаатда келтирилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича маълумотларнинг тасдиқланмагани мурожаатчини жавобгарликка тортишга асос бўлмайди ҳамда ушбу тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича такрорий мурожаат қилишга монелик қилмайди.
15. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларнинг қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ тартибда амалга оширилади.
16. Тегишли давлат органи ва ташкилоти раҳбарлари масъул ходимларга мурожаатларни мустақил, холис, адолатли ва тўлиқ кўриб чиқиши учун зарур шарт-шароитлар яратади, жумладан, кўриб чиқиш жараёнларига аралашиш, кўриб чиқиш билан боғлиқ таъқиб қилиш ёки бошқа салбий оқибатларнинг олдини олишни таъминлайди.
17. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
а) мурожаатчининг розилигисиз мурожаат кўриб чиқилаётган даврда уни ишдан бўшатиш, унинг лавозимини пасайтириш ёки уни бошқа лавозимга ўтказиш;
б) мурожаатчига белгиланган қўшимча устамаларни бекор қилиш ва унинг меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини пасайтириш;
в) мурожаатчини лойиҳалар, ўқиш ва стажировкадан четлатиш;
г) мурожаатчи юзасидан салбий тавсифнома бериш, унга босим ўтказиш, уни таъқиб қилиш ёки яккалаб қўйиш;
д) гувоҳларга босим ўтказиш ёки далилларни йўқ қилиш ҳаракатларини амалга ошириш;
е) мурожаат бериш ёки уни кўриб чиқишда иштирок этиш билан боғлиқ бошқа номақбул ҳаракатларни амалга ошириш.
Ушбу банднинг «а» , «б» ва «в» кичик бандлари ходимнинг айбли хатти-ҳаракатлари туфайли вужудга келадиган муносабатларга ёки қонуний асосланган бошқа ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
18. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича ёлғон мурожаат қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
4-боб. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича чоралар кўриш
19. Давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари қуйидагилар учун шахсан жавобгар бўлади:
хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини шакллантириш, меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўриш;
масъул ходимларни тайинлаш;
мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш механизмининг доимий ишлашини таъминлаш;
мурожаатларни яшириш ёки уларнинг эътиборсиз қолдиришга йўл қўймаслик;
мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш юзасидан қарор қабул қилиш ва унинг ижро этилишини таъминлаш;
вақтинча ҳимоя чораларини таъминлаш ҳамда мурожаатчи, жабрланган шахс, гувоҳлар ва мурожаатни кўриб чиқишнинг бошқа иштирокчилари таъқиб этилишига йўл қўймаслик;
давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари профилактикасини амалга ошириш;
масъул ходимлар ва бошқа ходимларнинг ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ тартибда тренинг курсларидан ўтишини таъминлаш.
20. Масъул ходим қуйидагиларни амалга оширади:
мурожаатларни дастлабки баҳолаш ва кўриб чиқиш;
мурожаатчи, жабрланган шахс, гувоҳлар ва мурожаатни кўриб чиқишнинг бошқа иштирокчиларига мурожаатни кўриб чиқиш тартиби, ҳимоя чоралари ва мавжуд кўмак усуллари бўйича дастлабки тушунтиришларни бериш;
вақтинча ҳимоя чораларини қўллаш тўғрисида давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича қарор қабул қилувчи шахсга билдирги киритиш;
хулосани давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича қарор қабул қилувчи шахсга киритиш ва тайинланган таъсир чораси ижросини назорат қилиш.
5-боб. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мониторинг, таҳлил ва жавобгарлик
21. Мониторинг қилувчи давлат органи ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларининг меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити дастури амалга оширилишини қуйидаги кўрсаткичлар бўйича мониторинг қилади:
мурожаатлар сони ҳамда давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг хусусияти;
мурожаатларни рўйхатга олиш, кўриб чиқиш ва текшириш муддатлари;
мурожаатлар ички ва вертикал тартибда кўриб чиқилишининг сони ва натижаси;
давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахслари ва масъул ходимларга тааллуқли мурожаатлар сони;
ҳолати тасдиқланган ва тасдиқланмаган мурожаатлар сони;
мурожаатлар бўйича қўлланган вақтинча ҳимоя чоралари сони;
мурожаатлар бўйича қўлланган таъсир чораларининг турлари, муддатлари ва уларнинг ижро этилиши назоратига оид маълумотлар;
давлат меҳнат соҳасида таъқиб этиш ҳолатлари;
содир этилган давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари сони;
мурожаат натижаси бўйича ҳаракатсизлик, муддатларни бузиш ва чораларни номутаносиб равишда пасайтириш ҳолатлари;
давлат органлари ва ташкилотларида мансабдор шахслар, масъул ходимлар ва бошқа ходимларнинг барча тренинг курсларидан ўтгани;
давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари хавфларини баҳолаш, ходимларнинг аноним сўровлари, кадрлар ва ташкилий муҳит таҳлили натижалари;
хавфларни баҳолаш якунлари бўйича қабул қилинган профилактик, ташкилий ва ўқув чоралари ҳамда уларнинг ижроси ҳолати.
22. Давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш жараёнлари устидан мустақил назоратни амалга ошириш мақсадида мустақил назорат комиссияси ташкил этилади.
23. Мустақил назорат комиссияси таркиби мониторинг қилувчи давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
24. Мустақил назорат комиссияси давлат меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларида ҳеч қандай тўсиқларсиз мустақил ҳамда тўлиқ мониторинг ва ўрганишлар ўтказиш ҳуқуқига эга.
25. Мустақил назорат комиссияси мониторинг ва ўрганишлар натижаси юзасидан аниқланган камчиликлар ҳамда тизимли хавфларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, уларни мониторинг қилувчи давлат органи, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.
6-боб. Якунловчи қоида
26. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини жорий этиш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларининг меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича тренинг курсларини ўтказиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Тартиб давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда ҳамда устав капиталида ушбу юридик шахсларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларда (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари)да мансабдор шахслар ва ходимларни тегишлилиги бўйича тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича қисқа тренинг курслари ҳамда махсус тренинг курслари (кейинги ўринларда — тегишли тренинг курслари)дан ўтиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Тартибда фойдаланиладиган атамалар Давлат органлари ва ташкилотларининг меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган маъноларда қўлланади.
3. Давлат органлари ва ташкилотларида тегишли тренинг курсларидан ўтиш билан боғлиқ жараёнлар «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали (кейинги ўринларда — Портал) орқали, шунингдек, имконият мавжуд бўлган ҳолларда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларида амалга оширилади, тегишли тренинг курсларидан ўтиш ҳолати ва муддатларини назорат қилиш Портал орқали амалга оширилади.
4. Тегишли тренинг курсларидан ўтказиш қуйидаги турларга бўлинади:
а) умумий тренинг курслари;
б) янги ишга қабул қилинганда ўтказиладиган тренинг курслари;
в) мансабдор шахслар учун тренинг курслари;
г) масъул ходимлар учун махсус тренинг курслари;
д) қўшимча тренинг курслар.
2-боб. Тегишли тренинг курсларидан ўтказилиши лозим бўлган шахслар тоифалари
5. Давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари, эгаллаб турган лавозими ва амалга ошираётган фаолиятидан қатъи назар, мажбурий равишда умумий тренинг курсларидан ўтказилади.
6. Давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ҳамда бошқарув қарорларини қабул қилувчи бошқа мансабдор шахслар мансабдор шахслар учун белгиланган тренинг курсларидан ўтказилади.
7. Масъул ходимлар махсус тренинг курсларидан ўтказилади.
8. Давлат органлари ва ташкилотларида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра таъсир чоралари белгиланган ходимлар ва мансабдор шахслар қўшимча ўқитишдан ўтказилади.
9. Тегишли тренинг курслари белгиланган субъектлар учун ҳар йили ўтказилади, қўшимча тренинг курслари бундан мустасно.
10. Тегишли тренинг курслари якунлари бўйича белгиланган субъектларнинг ўзлаштирган билимлари тегишлилиги бўйича тест, вазиятли кейс ёки ўқув дастурида назарда тутилган бошқа усулда баҳоланади.
11. Белгиланган муддатда тегишли тренинг курсларидан ўтказилмаган ходимлар ва мансабдор шахслар Портал орқали ёки бошқа усулда огоҳлантирилади. Огоҳлантиришга қарамасдан тегишли тренинг курсларидан ўтмагани уларга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини кўришга асос бўлади.
12. Тегишли тренинг курслари якунлари бўйича билимларни баҳолашдан муваффақиятли ўтган субъектлар тизимда қайд этилади.
3-боб. Ходимлар учун умумий ва янги ишга қабул қилинганда ўтказиладиган тренинг курслари
13. Ходимлар учун умумий тренинг курслари давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан белгиланган режа-графикка асосан ўтказилади.
14. Янги ишга қабул қилинган ходимлар лавозим мажбуриятларини мустақил бажаришни бошлагунга қадар ёки бир ойдан кечиктирмасдан тегишли тренинг курсларидан ўтказилади.
15. Ходимларни умумий ва янги ишга қабул қилинганда ўтказиладиган тренинг курслари қуйидаги мавзуларни қамраб олади:
хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити тушунчаси;
иш жойида тақиқланган хулқ-атвор шакллари;
тазйиқ, шилқимлик, жинсий шилқимлик, руҳий босим, иғво, камситиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, носоғлом иш муҳити ва таъқиб қилиш;
бевосита, масофавий ва рақамли мулоқотда тазйиқ ва зўравонлик ҳолати мисоллари;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига оид мурожаатларни Портал орқали юбориш тартиби;
мурожаатчи, жабрланган шахс, гувоҳлар ва мурожаатни кўриб чиқишнинг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш чоралари;
мурожаат юборилгани ёки уни кўриб чиқишда иштирок этганлик муносабати билан таъқиб қилиш ва бошқа салбий хулқ-атворга йўл қўймаслик;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолати аниқланганда, ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
мурожаат қилиш ҳуқуқларидан виждонан фойдаланиш ва била туриб ёлғон маълумотлар тақдим этишга йўл қўймаслик;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларидан жабрланувчилар томонидан ёрдам олишнинг мавжуд ички ва ташқи усуллари;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари учун ҳуқуқий таъсир чоралари.
4-боб. Мансабдор шахслар учун тренинг курслари
16. Мансабдор шахсларни тренинг курсларидан ўтказиш мавзулари қуйидагиларни ўз ичига олади:
хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини яратиш учун раҳбарнинг шахсий жавобгарлиги;
мансабдор шахсларнинг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мажбурияти;
мурожаатларни яшириш, эътиборсиз қолдириш, холисона кўриб чиқмаслик ёки ариза берувчи, жабрланган шахс, гувоҳлар ва мурожаатни кўриб чиқишнинг бошқа иштирокчиларига босим ўтказишга йўл қўймаслик;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолати содир этилганда ёки содир этилиши мумкин бўлган ҳолатларда мансабдор шахсларнинг ҳаракат қилиш тартиби;
вақтинча ҳимоя чоралари ва жабрланган шахснинг ҳолатини ёмонлаштиришга йўл қўймаслик;
хизмат бўйича бўйсунув, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, камситишлар, номақбул мулоқот ва хавфсиз бўлмаган иш муҳитини қамраб олган ташкилий хавф омилларини бартараф этиш;
шахссизлантирилган таҳлилий маълумотлар, аноним сўровлар, кадрлар ва ташкилий кўрсаткичлардан фойдаланган ҳолда тазйиқ ва зўравонлик хавфларини баҳолаш ва ташкилий муҳитни таҳлил қилиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолати юзага келиши мумкин бўлган нуқталари, шу жумладан, ходимларнинг гендер таркиби, хизмат бўйича бўйсунув ва бошқа салбий омилларини ҳисобга олиш;
ҳаракатсизлик, чораларни ўз вақтида кўрмаслик, муддатларни бузиш, маълумотларни ошкор қилиш ва таъсир чораларини номутаносиб қўллаганлик учун жавобгарлик.
5-боб. Масъул ходимни махсус тренинг курсларидан ўтказиш
17. Масъул ходим махсус тренинг курсларидан унга тизимда мурожаатларни кўриб чиқиш имконияти яратилгунга қадар амалга ўтказилади.
18. Масъул ходим, шу жумладан, қуйидаги мавзуларни ўз ичига олган махсус тренинг курсидан ўтказилади:
мурожаатни кўриб чиқишнинг барча босқичларида жабрланган шахсга нисбатан устуворлик белгилаш;
руҳий жароҳат психологияси асослари, салбий оқибатлари, хулқ-атвор, ҳиссий ҳолат ва жабрланган шахснинг ҳолатларни баён этиш қобилиятига таъсири;
жабрланган шахс, мурожаатчи, гувоҳлар ва устидан мурожаат берилган шахс билан психологик жиҳатдан хавфсиз мулоқот қилиш;
такрорий руҳий жароҳат етказиш, айблов мазмунидаги саволлар, босим ўтказиш ёки жабрланган шахсни обрўсизлантиришга йўл қўймаган ҳолда суҳбат ўтказиш;
мурожаатни кўриб чиқиш давомида жабрланган шахсга ҳамроҳлик қилиш, шу жумладан, унинг ҳуқуқлари, мавжуд ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда ташқи органларга мурожаат қилиш тартибини тушунтириш;
мурожаатни кўриб чиқиш якунланганидан кейинги қўллаб-қувватлаш ва таъқиб қилинишнинг олдини олиш;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, бир-биридан фарқлаш ва дастлабки тушунтиришлар;
мурожаатни дастлабки баҳолаш, хавф даражаси ва вақтинча ҳимоя чораларига заруратни аниқлаш;
очиқ, махфий ва аноним мурожаатлар билан ишлаш хусусиятлари, шу жумладан, махсус кириш кодидан фойдаланиш, аниқлаштирувчи саволлар юбориш ва текширилиши мумкин бўлган маълумотларни баҳолаш;
мурожаатчи, жабрланган шахс, гувоҳлар ва мурожаатни кўриб чиқишнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан вақтинча ҳимоя чораларини қўллаш;
хизмат бўйсунуви, манфаатлар тўқнашуви, шахсий манфаатдорлик ва мурожаатни холис кўриб чиқишга тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатларни аниқлаш;
шахсга доир маълумотлар ҳимоясини таъминлаш ва маълумотлардан фақат хизмат зарурати доирасида фойдаланиш;
мурожаатчи, жабрланган шахс, гувоҳлар ва мурожаатни кўриб чиқишнинг бошқа иштирокчиларига босим ўтказилишининг олдини олиш;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари билан боғлиқ ишлар хусусиятларини инобатга олган ҳолда далилларни йиғиш, қайд этиш ва баҳолаш;
мурожаатни кўриб чиқиш ёки текшириш якунлари бўйича хулосалар тузиш, таъсир чоралари, профилактик ҳамда ташкилий чоралар бўйича таклифларни қайд этиш;
қоидабузарликнинг оғирлик даражасини аниқлаш ва таъсир чораларининг мутаносиблигини белгилаш тартиби;
мурожаатлар бўйича бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда уларни тегишлилигига кўра ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш;
Порталда ишлаш, шу жумладан, ҳаракатларни қайд этиш, муддатларга амал қилиш, материалларни юклаш, хабарномалар юбориш, электрон изни юритиш ва таъсир чоралар ижросини назорат қилиш.
19. Махсус тренинг курслардан ўтказиш амалий кейслар, вазиятлар ва хавфларни таҳлил қилиш, жабрланган шахс билан мулоқотдаги эҳтимолий хатоларга йўл қўймаслик ҳамда тизимдан фойдаланиш кўникмаларини қамраб олади.
20. Зарур ҳолларда махсус тренинг курслари бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва ўтказишга меҳнат ҳуқуқи, давлат хизмати, психология, гендер тенглиги, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, рақамли тизимлар, мурожаатларни кўриб чиқиш, этика ва камситишнинг олдини олиш соҳалари мутахассислари жалб этилиши мумкин.
21. Порталда масъул ходимнинг махсус тренинг курсидан муваффақиятли ўтганлиги юзасидан мавжуд қайдлар унга Порталда мурожаатларни кўриб чиқишга рухсат этишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
6-боб. Қўшимча тренинг курслари
22. Қўшимча тренинг курслари давлат органлари ва ташкилотларида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари такрорланишининг олдини олиш, касбий ва ахлоқий меъёрларга риоя этиш ҳамда хавфсиз ва ҳурматга асосланган мулоқот кўникмаларини шакллантиришга қаратилади.
23. Қўшимча тренинг курслари давлат органлари ва ташкилотларида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини содир этган мансабдор шахслар ва ходимларга бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашни истисно этмайди.
7-боб. Тегишли тренинг курсларини ташкил этиш ва улар бўйича ўқув материалларини ишлаб чиқиш
24. Тегишли тренинг курслари масофавий, анъанавий ёки аралаш шаклда ўтказилади.
25. Тегишли тренинг курсларига оид материаллар, тестлар, амалий кейслар ва услубий тавсиялар Порталга тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жойлаштирилади.
26. Тегишли тренинг курсларининг ўқув материаллари аниқ ва тушунарли бўлиб, амалий мисоллар, намунавий вазиятлар, ҳаракатлар алгоритмлари ҳамда хавфсиз иш муҳити талабларини бузиш оқибатларини қамраб олади.
27. Порталга масъул давлат органи ўқув материалларидан барча ходимлар тенг фойдаланиш имкониятини яратади.
Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини жорий этиш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА
«Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот порталининг фаолият юритиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Тартиб «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали (кейинги ўринларда — Портал) фаолиятини йўлга қўйиш мақсади, унинг вазифалари, функциялари ва ишлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Тартибда фойдаланиладиган атамалар Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низомда белгиланган маъноларда қўлланади.
3. Портал давлат органлари ва ташкилотларида Низомда белгиланган қоидаларни амалга оширишни таъминловчи ахборот портали ҳисобланади.
4. Портал фаолиятини йўлга қўйишдан мақсад тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан мурожаатларни қабул қилиш, рақамли ҳисобга олиш, кўриб чиқиш ва мониторинг қилиш ҳисобланади.
5. Мурожаатларни ўрганиб чиқиш якунлари юзасидан тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари ва бошқа қарорлар давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолатларда ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қабул қилинади ҳамда унинг натижалари Порталга юкланади.
2-боб. Порталнинг асосий вазифалари
6. Қуйидагилар Порталнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
мурожаатларни ягона рақамли ҳисобга олиш;
мурожаатларни қабул қилиш ва мурожаат бўйича иштирокчилар орасида мулоқот учун ҳимояланган электрон имкониятни таъминлаш;
мурожаатларни тегишлилигига кўра масъул шахсларга кўриб чиқиш учун йўналтириш;
мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ҳамда қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш;
мурожаатлар бўйича таҳлилий маълумотларни шакллантириш.
7. Порталда мурожаатни қабул қилиш, рўйхатга олиш, йўналтириш, дастлабки баҳолаш, кўриб чиқиш, текшириш, қарор қабул қилиш, қарор ижросини назорат қилиш, мурожаат бўйича кўрилган ҳуқуқий таъсир чораси устидан шикоятларни кўриб чиқиш ҳамда кейинги мониторинг жараёнларини рақамли шаклда юритиш ишлари амалга оширилади.
8. Порталда давлат органлари ва ташкилотларида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қуйидаги профилактик тадбирлар бўйича фаолият таъминланади:
ходимлар, мансабдор шахсларнинг тегишли тренинг курсларидан ўтказилишини ҳисобга олиш;
тегишли тренинг курслари бўйича ўқув ва услубий материалларни янгилаб бориш ва жойлаштириш;
профилактика тадбирлари ҳамда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига оид хавфларни баҳолаш натижаларини қайд этиш.
9. Портал такрорий мурожаатлар, тизимли хавфлар, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларининг бузилиши, ҳаракатсизлик, белгиланган чораларнинг самарадорлиги ҳамда хавфсиз иш муҳитини таъминлаш соҳасидаги бошқа муаммоларни аниқлаш учун шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган таҳлилий маълумотларни шакллантиради.
3-боб. Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг масъул ходимлари тўғрисидаги маълумотлар
10. Порталда давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг юқори турувчи инстанциялари, шунингдек, масъул ходимлар тўғрисидаги маълумотлар юритилади.
11. Давлат органлари ва ташкилотларида масъул ходим ва ҳуқуқий таъсир чорасини кўришга масъул ходим тўғрисидаги маълумотлар Портал орқали мурожаатларни кўриб чиқиш имконияти яратилгунга қадар киритилиши шарт.
12. Порталда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари содир этилишида гумон қилинаётган масъул ходимлар ва мансабдор шахсларнинг мурожаат кўриб чиқилишида иштирок этмаслигига оид чекловлар юритилади.
13. Масъул ходимлар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолати ҳамда чекловлардаги тегишли ўзгаришлар Порталда сақлаб қолинади ва уларнинг йўқ қилинишига йўл қўйилмайди.
4-боб. Портал орқали мурожаат қилиш ва рўйхатга олиш
14. Мурожаатлар Портал орқали электрон мурожаат шаклини тўлдириш орқали киритилади.
15. Мурожаатларни очиқ, махфий ёки аноним шаклда тақдим этиш имконияти яратилади.
16. Мурожаатларни рўйхатга олиш ва тегишлилиги бўйича йўналтиришда зарур бўлган маълумотлар, шу жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари, тазйиқ ва зўравонлик ҳолати сабабчиси бўлган шахс, жабрланган шахс, гувоҳлар, хизмат бўйича боғлиқлик, тазйиқ ва зўравонлик ҳолати тури, босим, таҳдид, таъқиб қилиш ёки бошқа хавфлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
17. Мурожаат Портал орқали тақдим этилган вақтда унга такрорланмайдиган рўйхатга олиш рақами берилган ҳолда автоматик равишда рўйхатга олинади.
18. Мурожаат рўйхатга олинганидан сўнг Портал мурожаатчига унинг рўйхатга олингани, рўйхат рақами ва мурожаат ҳолатини кузатиш тартиби тўғрисида хабарнома юборади.
19. Порталдан ташқарида келиб тушган мурожаатлар бир иш куни муддатда масъул ходим томонидан Портал орқали рўйхатга олиниши керак.
5-боб. Мурожаатни қабул қилиш, йўналтириш ва дастлабки баҳолаш
20. Мурожаат рўйхатга олинганидан сўнг Портал уни масъул ходимга иш юритуви учун юборади.
21. Масъул ходимда манфаатлар тўқнашуви аниқланган тақдирда, Портал бу ҳақдаги маълумотларни қайд этади, мазкур шахснинг мурожаат материалларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклайди ҳамда мурожаатни белгиланган тартибда бошқа масъул ходимга ёки давлат органи ва ташкилотининг юқори турувчи инстанциясига йўналтиради.
6-боб. Мурожаат бўйича электрон иш
22. Ҳар бир рўйхатга олинган мурожаат бўйича Портал электрон иш шакллантиради.
23. Электрон ишда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
мурожаат ва унинг рўйхатга олиш рақами;
мурожаатни тақдим этиш шакли;
илова қилинган материаллар;
мурожаатни йўналтириш тўғрисидаги маълумотлар;
дастлабки баҳолаш натижалари;
хабарномалар ва аниқлаштирувчи саволлар;
тушунтиришлар ва далиллар;
вақтинча ҳимоя чоралари тўғрисидаги маълумотлар;
суҳбат материаллари;
мурожаатни кўриб чиқиш ёки текшириш натижалари;
қабул қилинган қарорлар;
қўлланган ҳуқуқий таъсир чоралари ва уларнинг ижроси;
шикоятга оид маълумотлар.
24. Мурожаат бўйича ҳужжатлар, тушунтиришлар, далиллар, баённомалар, суҳбат материаллари, хабарномалар, қарорлар ва бошқа ҳужжатлар Порталда электрон шаклда сақланади.
25. Мурожаат бўйича амалга оширилган барча ҳаракатлар Порталда сана, вақт, ҳаракатни амалга оширган шахс, ҳаракат мазмуни ва натижаси кўрсатилган ҳолда қайд этилади.
7-боб. Портал орқали мулоқот ва ҳаракатлар
26. Мурожаатни кўриб чиқиш билан боғлиқ хабарномалар юбориш, аниқлаштирувчи саволлар бериш, тушунтиришлар олиш, суҳбат ўтказиш, қўшимча материалларни қабул қилиш, хулоса ва қарорларни юбориш, шикоятни кўриб чиқиш ҳамда иштирокчиларни хабардор қилиш Портал орқали амалга оширилади.
27. Портал ариза берувчи, жабрланган шахс, устидан мурожаат берилган шахс, гувоҳлар, масъул ходим ва мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этувчи бошқа шахслар ўртасида уларнинг ваколатлари ва маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқлари доирасида ҳимояланган электрон мулоқотни таъминлайди.
28. Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида Портал орқали ҳимояланган аудио, видео ёки матнли суҳбатлар ўтказилиши мумкин.
Суҳбат ўтказилганда унинг санаси, вақти, шакли, иштирокчилари, берилган тушунтиришлар ва тақдим этилган материаллар тўғрисидаги маълумотлар Порталда қайд этилади.
Суҳбат якунлари бўйича Порталда суҳбат мазмунини акс эттирувчи баённома, ёзув, хизмат қайди ёки бошқа электрон ҳужжат шакллантирилади.
Мазкур материаллар мурожаат бўйича электрон ишга қўшилади.
Суҳбат баённомаси автоматик шакллантирилган тақдирда, масъул ходим унинг мазмунини текширади ва Порталда тасдиқлайди.
Баённомага киритилган ўзгартиришлар Порталда сақлаб қолинади ва уларнинг йўқ қилинишига йўл қўйилмайди.
29. Порталда бир шахс томонидан ўзаро ўхшаш усулда тегишли даврда содир этилган бир нечта бир хил ҳаракатни такрорланувчи хулқ-атвор сифатида бирлаштирилган ҳолда кўриб чиқиш имконияти яратилади.
8-боб. Вақтинча ҳимоя чоралари, қарорлар ва чоралар ижроси
30. Мурожаатчи, жабрланган шахс, гувоҳ ёки мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этувчи бошқа шахсларга нисбатан қўлланадиган вақтинча ҳимоя чоралари Порталда қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда қайд этилади:
чорани қўллаш асослари;
чоранинг мазмуни;
чора қўлланган сана;
амал қилиш муддати;
қарор қабул қилган шахс;
ижро учун масъул шахс;
чорани қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш санаси.
31. Шахснинг ҳаёти, соғлиғи ёки хавфсизлигига бевосита таҳдид мавжуд бўлган ҳолларда қўлланган вақтинчалик ҳимоя чоралари тўғрисидаги маълумотлар Порталга дарҳол киритилади.
32. Мурожаатни кўриб чиқиш ёки текшириш натижалари бўйича тайёрланган хулоса Портал орқали тегишлилиги бўйича давлат органи ва ташкилотининг раҳбарига ёки ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади.
33. Мурожаат бўйича якуний қарор Порталда қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда қайд этилади:
мурожаатда келтирилган ҳолатларнинг тасдиқланган ёки тасдиқланмагани;
содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг хусусияти ва оғирлик даражаси;
қўлланган ҳуқуқий таъсир чоралари;
таъсир чораларини танлаш асослари;
уларнинг ижро муддатлари;
ижро учун масъул шахслар.
34. Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорларнинг (ҳуқуқий таъсир чоралари, превентив ва профилактик) ижроси Портал орқали назорат қилинади.
35. Тасдиқланган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича кўрилган ҳуқуқий таъсир чораларининг ёки превентив ва профилактик тадбирларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар Порталга киритилмагунга қадар мурожаат бўйича иш якунланган деб ҳисобланмайди.
36. Мурожаатларни кўриб чиқиш, текшириш ёки ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этиш муддатлари бузилганда, маълумотлар ўз вақтида киритилмаганда, ҳаракатсизликка йўл қўйилганда ёки қўлланган чоралар номутаносиб равишда енгиллаштирилганда, Портал бу ҳақидаги маълумотларни қайд этади ҳамда масъул шахслар ва мониторинг қилувчи давлат органига хабарнома юборади.
9-боб. Мурожаат бўйича кўрилган ҳуқуқий таъсир чораси устидан шикоятларни кўриб чиқиш
37. Мурожаат бўйича кўрилган ҳуқуқий таъсир чораси устидан шикоятлар Низомда белгиланган муддат ва тартибда Портал орқали берилади.
38. Порталда мурожаат бўйича кўрилган ҳуқуқий таъсир чораси устидан шикоятларга оид қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
шикоят бериш асослари;
илова қилинган материаллар;
шикоятни кўриб чиқувчи масъул ходим ёки ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари;
кўриб чиқиш муддатлари;
кўрилган ҳуқуқий таъсир чоралари;
мурожаатнинг рўйхатдан ўтган санаси ва рақамлари.
10-боб. Тегишли тренинг курсларидан ўтишни ва профилактик тадбирларни ҳисобга олиш
39. Порталда тегишли тренинг курсларини муваффақиятли ўтказиш, ўқув материалларини ўзлаштириш натижалари, кейинги тегишли тренинг курслари муддатлари, белгиланган муддатларда тегишли тренинг курсларидан ўтмаганлик сабаблари қайд этилади.
40. Порталда очиқ фойдаланиш учун давлат органлари ва ташкилотларида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, мурожаатларни тақдим этиш тартибини тушунтириш ва хавфсиз иш муҳитини таъминлашга қаратилган қуйидаги материаллар жойлаштирилади:
давлат органлари ва ташкилотларининг тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш сиёсати;
тартиб-таомиллар;
ўқув материаллари;
таҳлилий материаллар;
амалий мисоллар.
41. Хавфларни баҳолаш, аноним сўровлар ва ташкилий муҳит таҳлили натижалари Порталда шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган таҳлилий маълумотлар шаклида акс эттирилади.
Мурожаатларни яшириш, ҳаракатсизликка йўл қўйиш, таъқиб қилиш ёки бошқа қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш учун муайян шахсларга оид маълумотларни кўриб чиқиш зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно.
11-боб. Таҳлил ва мониторинг
42. Портал орқали давлат органлари ва ташкилотларида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш бўйича мурожаатларни рўйхатга олиш, йўналтириш, кўриб чиқиш, текшириш, қўлланган чораларнинг ижроси, ўқитиш, профилактик тадбирлар, хавфларни баҳолаш ва ташкилий муҳитни ўрганишга оид маълумотлар асосида таҳлиллар автоматик равишда шакллантирилади.
43. Портал орқали шакллантириладиган таҳлилий маълумотлар қуйидагиларни қамраб олади:
мурожаатлар сони;
мурожаатларда кўрсатилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг хусусияти;
дастлабки баҳолаш натижалари;
мурожаатларни кўриб чиқиш ва текшириш муддатлари;
ички текширувлар ҳамда кўриб чиқилган мурожаатлар сони;
қўлланган вақтинча ҳимоя чоралари;
тасдиқланган ва тасдиқланмаган ҳолатлар;
қўлланган ҳуқуқий таъсир чоралари ва уларнинг ижроси;
таъқиб қилиш ҳолатлари;
муддатлар бузилиши ва ҳаракатсизлик ҳолатлари;
такрорланувчи хавфлар;
тегишли тренингдан ўтказиш натижалари;
профилактик тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар.
44. Давлат органлари ва ташкилотлари Порталда фақат ўз фаолиятига тегишли маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Давлат органлари ва ташкилотларининг юқори турувчи инстанциялари ёки улар бўйсунувидаги давлат органлари ва ташкилотлари мурожаатлар бўйича тўлиқ материаллардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас, вертикал тартибда келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолатлари бундан мустасно.
Бундай ҳолларда маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқи давлат органи ва ташкилотининг юқори турувчи инстанцияси биринчи раҳбари ва масъул ходимига берилади.
12-боб. Маълумотлардан фойдаланиш ва уларни ҳимоя қилиш
45. Мурожаат бўйича маълумотлардан қуйидагилар фойдаланиши мумкин:
а) мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбари ва масъул ходими — мурожаатни дастлабки ўрганиш, йўналтириш, текшириш ва кўриб чиқиш учун;
б) юқори турувчи давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбари ва масъул ходими — мурожаатни вертикал тартибда кўриб чиқиш учун;
в) мониторинг қилувчи давлат органининг биринчи раҳбари ва Портал билан ишлаш учун масъул ходимлар — мониторинг ўтказиш учун.
46. Порталдан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар Порталнинг техник талабларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.
47. Мурожаатларни кўриб чиқиш доирасида шахсга доир маълумотлар билан ишлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
13-боб. Маълумотларни сақлаш, шахссизлантириш ва архивлаш
48. Қонунчилик ҳужжатларида бошқа муддат белгиланмаган бўлса, мурожаат материаллари мурожаатни кўриб чиқиш якунланган кундан эътиборан беш йил давомида Порталда сақланади.
49. Сақлаш муддати тугаганидан сўнг мурожаат материаллари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда архив сақловига топширилади.
14-боб. Порталнинг техник фаолияти ва уни такомиллаштириш
50. Мониторинг қилувчи давлат органи:
Порталнинг узлуксиз фаолият юритишини;
техник қўллаб-қувватлашни;
ахборот хавфсизлигини;
захира нусхаларини яратишни;
техник носозликлардан кейин иш қобилиятини тиклашни;
функционал имкониятларни такомиллаштиришни;
белгиланган тартибда бошқа ахборот порталлари билан ахборот алмашинувини таъминлайди.
51. Порталда техник носозлик юзага келганда, мурожаатлар, маълумотлар ёки жараёнларга оид маълумотлар мурожаат бўйича иштирокчи шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаган ҳолда бошқа усулда вақтинча қайд этилиб, Портал фаолияти тикланганидан сўнг улар Порталга киритилади.
52. Порталнинг бошқа давлат ахборот порталлари билан интеграцияси ахборот хавфсизлиги ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига риоя этилган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
53. Порталга қўйиладиган техник талаблар, уни эксплуатация қилиш тартиби, маълумотлар форматлари, интеграция, захира нусхалаш, маълумотларни тиклаш ва ахборот хавфсизлиги талаблари белгиланган тартибда тасдиқланадиган техник ҳужжатлар билан белгиланади.
Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини жорий этиш тартиби тўғрисида низомга 3-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Тартиб давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатни қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Тартибда фойдаланиладиган атамалар Давлат органлари ва ташкилотларининг меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастурини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низомда белгиланган маъноларда қўлланади.
3. Мурожаат махфийликни таъминлаш, таъқиб этишдан ҳимоя қилиш, холислик, адолатлилик, текширишнинг тўлиқлиги, иштирокчилар ҳуқуқларини таъминлаш, жабрланган шахснинг хавфсизлиги ва қадр-қимматини устувор қўйиш ҳамда унга такрорий руҳий зарар етказмаслик тамойиллари асосида кўриб чиқилади.
4. Мурожаатчи ва жабрланган шахс фақат ўзларида мавжуд тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига тегишли бўлган маълумот ва материалларни «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот порталига (кейинги ўринларда — Портал) киритади ёки масъул ходимга тақдим этади. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳужжатлари, хизмат ёзишмалари, ахборот порталлари маълумотлари, видеоёзувлар ва бошқа материалларни олиш масъул ходим томонидан таъминланади.
5. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш бўйича барча ҳаракатлар, сўровлар, олинган материаллар, хабарномалар, кўрилган ҳуқуқий таъсир чоралари ижросига оид маълумотлар Порталда қайд этилади.
6. Мурожаатчи, жабрланган шахс ва гувоҳнинг шахсига оид маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка амал қилган ҳолда ошкор этилади.
2-боб. Мурожаат бериш ва уни рўйхатга олиш
7. Мурожаат беришнинг асосий канали Портал ҳисобланади. Мурожаатчи Порталдан ташқари қуйидагиларга ҳам тўғридан-тўғри мурожаат қилишга ҳақли:
а) давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимига;
б) давлат органлари ва ташкилотларининг юқори турувчи инстанциясига;
в) бошқа ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига.
8. Порталдан ташқари келиб тушган мурожаат у келиб тушган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай Порталга киритилади. Портал орқали мурожаат бериш мурожаатчи ёки жабрланган шахснинг бир вақтнинг ўзида давлат органлари ва ташкилотларининг юқори турувчи инстанциясига ёки бошқа ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди.
9. Мурожаат очиқ, махфий ёки аноним шаклда берилиши мумкин. Махфий мурожаатда мурожаатчининг шахси масъул ходимга маълум бўлади, бироқ унинг аниқ ифодаланган розилигисиз ошкор этилмайди, қонунчиликда назарда тутилган ёки бевосита таҳдиднинг олдини олиш билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно.
10. Портал орқали берилган мурожаат унга рўйхатга олиш рақами берилган ҳолда автоматик рўйхатга олинади. Мурожаатчига рўйхатга олинганлиги тўғрисида тасдиқ ва мурожаат ҳолатини кузатиш тартиби тўғрисида хабарнома юборилади. Аноним мурожаат берилганда, Портал шахсий кириш кодини шакллантиради.
11. Мурожаат жабрланган шахс, гувоҳ ёки тазйиқ ва зўравонлик ҳолати факти ёхуд тахмин қилинаётган факти тўғрисида маълумотга эга бошқа шахс томонидан берилиши мумкин.
12. Мурожаатда қуйидагилар кўрсатилади:
а) тахмин қилинаётган тазйиқ ва зўравонлик ҳолати содир этилган давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари;
б) сана, вақт, давр, жой ёки алоқа канали, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатининг такрорланиши ҳақида маълумот;
в) муайян ҳаракат, ҳаракатсизлик, гап-сўзлар, хабарномалар, имо-ишоралар, жисмоний тегиниш ёки шуларга оид хулқ-атворнинг тавсифи ва мазмуни;
г) жабрланган шахс ва устидан мурожаат берилган шахс тўғрисидаги маълумотлар;
д) гувоҳлар, ҳолатдан хабардор бошқа шахслар ва мавжуд материаллар тўғрисидаги маълумотлар;
е) хизмат бўйича бўйсунув, таҳдид, босим, таъқиб этиш, такрорланиш ёки зарар етказиш хавфи тўғрисидаги маълумотлар.
13. Мурожаатга мурожаатчи ихтиёрида бўлган ҳужжатлар, ёзишмалар, аудио, видео, фото ва бошқа материаллар илова қилиниши мумкин.
14. Мурожаатдаги ноаниқлик, тўлиқсизлик, айрим маълумотлар, далиллар ёки ҳуқуқий малакалашнинг мавжуд эмаслиги уни рўйхатга олиш ёки кўриб чиқишни рад этиш учун асос бўлмайди.
15. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаат бериш муддати чекланмайди. Тахмин қилинаётган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатидан кейин ўтган вақт фақат айрим манбалардан фойдаланиш имкониятини аниқлашда ҳисобга олинади ва ўз-ўзидан мурожаатнинг ишончсизлигини англатмайди.
16. Махфий мурожаатда хавфсиз алоқа усули, ошкор этиш мумкин бўлган маълумотлар ҳамда босим ёки таъқиб хавфини келтириб чиқариши мумкин бўлган шахслар назарда тутилади.
17. Аноним мурожаат бўйича муайян шахсга нисбатан индивидуал чора фақат мурожаатчининг шахсидан мустақил равишда текширилган ва тасдиқланган маълумотлар мавжуд бўлганда қўлланиши мумкин. Бундай маълумотлар бўлмаганда, умумий профилактика чоралари ва тегишли тренинг курсларидан ўтказиш тадбирлари амалга оширилади. Аноним мурожаатчи ўз шахсини бошқа иштирокчиларга ошкор этишга розилик бермаган ҳолда махфий шаклга ўтишга ҳақли.
3-боб. Мурожаатни дастлабки баҳолаш, чекловлар ва йўналтириш
18. Мурожаатни дастлабки баҳолаш у рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.
19. Дастлабки баҳолаш жараёнида масъул ходим қуйидагиларни амалга оширади:
текширишнинг дастлабки предмети ва эҳтимолий эпизодларни белгилайди;
босим, таъқиб этиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолати такрорланиши, меҳнат шароитларининг ёмонлашиши, материалларни йўқ қилиш ёки бошқа зарар етказиш хавфини баҳолайди;
муносабат билдиришнинг шошилинчлиги ва вақтинча ҳимоя чораларига эҳтиёжни аниқлайди;
чекловлар, манфаатлар тўқнашуви ва вертикал тартибда кўриб чиқиш асосларини текширади;
жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатларини, шу жумладан, давлат органи ва ташкилотининг ҳуқуқий масалаларга оид таркибий бўлинмаси вакили билан биргаликда аниқлайди;
материалларни давлат органи ва ташкилотининг юқори турувчи инстанцияси ёки бошқа ваколатли давлат органларига юбориш заруратини аниқлайди;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бошқа давлат органи ёки ташкилотининг ходими ёки мансабдор шахси томонидан амалга оширилиши бўйича мурожаатлар бўлган тақдирда, мурожаат бўйича тегишли материалларни ушбу давлат органи ва ташкилотига, уларнинг масъул ходим ёки мансабдор шахслари томонидан содир этилганда эса тегишли давлат органи ва ташкилотининг юқори турувчи инстанцияси ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юбориш заруратини аниқлайди;
зудлик билан сақланиши лозим бўлган материалларни белгилайди.
20. Мурожаат жабрланган шахс томонидан берилмаган бўлса, унинг шахси ёки мурожаат мазмуни ошкор бўлиши мумкин бўлган ҳаракатлар амалга оширилишидан олдин жабрланган шахс билан ҳимояланган алоқа ўрнатилади. Бевосита таҳдид ёки материалларни йўқотиш хавфи мавжуд бўлганда, аввало, хавфсизлик ва маълумотларни сақлаш чоралари кўрилади.
21. Хавфсизликка таҳдид, зўравонлик, жинсий мажбурлаш, тизимли тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, таъқиб этиш ёки бошқа шахслар учун хавф мавжуд бўлганда, унинг иштирок этишдан воз кечиши тазйиқ ва зўравонлик ҳолатига оид мурожаатни кўриб чиқишни истисно қилмайди.
22. Текшириш предметини аниқлаш учун маълумотлар етарли бўлмаганда, мурожаатчига муайян аниқлаштирувчи саволлар юборилади. Бир вақтнинг ўзида масъул ходим мурожаатчининг иштирокидан мустақил равишда олиш мумкин бўлган ҳужжатлар, ахборот порталлари маълумотлари ва бошқа манбаларни текширади.
23. Қўшимча маълумот ёки ўзаро боғлиқ мурожаат келиб тушганда, кўриб чиқиш янги мурожаат бериш талаб этилмасдан қайта тикланади. Маълумотларни кутиш хавфни баҳолаш, материалларни сақлаш ва зарур ҳимоя чораларини қўллашни тўхтатмайди.
24. Масъул ходимларга Портал орқали мурожаатларни кўриб чиқиш ваколати берилгунга қадар давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан Порталда мурожаат кўриб чиқилишида иштирок этмасликка оид чекловлар тасдиқланади.
25. Порталда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари содир этилишида гумон қилинаётган қуйидаги шахсларнинг мурожаатнинг кўриб чиқилишида иштирок этмаслигига оид чекловлар киритилиб, мурожаат давлат органи ва ташкилотининг юқори турувчи инстанцияси томонидан кўриб чиқилади:
тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари ва унинг ўринбосарлари;
масъул ходимга бевосита бўйсунувчи шахслар;
масъул ходимнинг ўзи ва унинг бевосита раҳбари.
26. Давлат органи ва ташкилотининг юқори турувчи инстанцияси мавжуд бўлмаганда мурожаат тегишли шахсга нисбатан ҳуқуқий таъсир чорасини кўриш ваколатига эга давлат органи ва ташкилотига ёки мансабдор шахсга юборилади.
27. Масъул ходим томонидан чекловларга таъсир қилувчи маълумотлар ўзгарганлиги аниқланганда, уни зудлик билан Порталда қайд этиши шарт.
28. Портал мурожаатларни йўналтиришда чекловлардан автоматик фойдаланади. Чеклов мавжуд бўлган субъектга мурожаат бириктирилмайди ва унинг материаллардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланади.
29. Мурожаатни кўриб чиқиш бошланганидан кейин манфаатлар тўқнашуви ёки холисликка тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолат аниқланганда, масъул ходим кўриб чиқишни ва материаллардан фойдаланишни тўхтатади, асосни Порталда қайд этади ва мурожаатни вертикал тартибда кўриб чиқиш учун йўналтиради. Мурожаат топширилгунга қадар фақат мурожаат доирасида маълумотлар зарар кўриши (техник) ёки йўқотилишининг олдини олишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишга йўл қўйилади.
30. Ҳуқуқий таъсир чорасини ижро этиш муддати бузилганда, Портал кечикишни автоматик равишда қайд этади, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарига, мурожаат вертикал тартибда кўриб чиқилган ҳолларда юқори турувчи давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарига, шу жумладан, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига бу ҳақда хабарнома юборади.
31. Мурожаат вертикал тартибда кўриб чиқишга юборилган ёки хавфларни баҳолаш натижасида мустақил назорат зарурати аниқланган ҳолларда, мустақил назорат комиссияси мурожаатни кўриб чиқиш ҳамда белгиланган таъсир чораларини ижро этиш жараёнининг қонунийлиги, холислиги, тўлиқлиги ва белгиланган тартибга мувофиқлигини назорат қилади, зарур ҳолларда, мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида иштирок этади ва якунлари бўйича мониторинг қилувчи давлат органига тегишли хулосаларни киритади.
32. Мурожаатни тегишли асосларга кўра вертикал тартибда кўриб чиқиш бошланганда, бу ҳақдаги маълумотлар назорат учун мониторинг қилувчи давлат органига автоматик тарзда юборилади.
33. Маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари мавжуд бўлганда, материаллар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади. Бунда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари аниқланмаганда, ҳолат юзасидан мурожаат тегишли давлат органи ва ташкилотига ички тартиб-қоидаларига мувофиқ кўриб чиқиш учун қайтарилади.
34. Мурожаатларни ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юбориш вақтинча ҳимоя, материалларни сақлаш, таъқиб этишнинг олдини олиш ва давлат органлари ва ташкилотлари ваколати доирасида тегишли ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш қисмида ички текширишни ёки вертикал тартибда кўриб чиқишни тўхтатмайди. Бу ҳақдаги барча маълумотлар Порталда қайд этилади.
4-боб. Вақтинча ҳимоя чоралари
35. Мурожаатни вертикал тартибда кўриб чиқиш ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда у ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилган ҳолатларда мурожаатчи ёки жабрланувчига нисбатан вақтинча ҳимоя чоралари қўлланиши мумкин.
36. Масъул ходим жабрланган шахснинг алоҳида илтимоси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, вақтинча ҳимоя чораларини қўллаш ташаббусини киритади.
37. Вақтинча ҳимоя чоралари тўғрисидаги қарор давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ёки улар ваколат берган шахс томонидан қабул қилинади. Мурожаатни вертикал тартибда кўриб чиқишда вақтинча ҳимоя чоралари, шу жумладан, давлат органи ва ташкилотининг юқори турувчи инстанциясининг мансабдор шахси томонидан қўлланади.
38. Бевосита таҳдид мавжуд бўлганда, вақтинча ҳимоя чоралари бир иш куни ичида қўлланади. Бошқа ҳолларда вақтинча ҳимоя чораси хавф аниқланган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай қўлланади.
39. Устидан мурожаат берилган шахсга қуйидаги вақтинча чеклов чоралари қўлланади:
мурожаатни кўриб чиқиш иштирокчилари ўртасидаги мулоқот, шу жумладан, меҳнат муносабатларини чеклаш;
бошқарув ваколатларини вақтинча тўхтатиш;
қисман ёки тўлиқ лавозим мажбуриятларини бажаришдан четлаштириш;
мурожаат билан боғлиқ иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бошқа чеклов чоралари.
40. Жабрланган шахсга нисбатан қўлланадиган вақтинча ҳимоя чораларига қуйидагилар киради:
иш жойидаги хонасини ўзгартириш;
тегишли таркибий бўлинмадан иш ҳақи ва унга кирувчи барча қўшимча моддий рағбатлантириш пакети сақланган ҳолда бошқа тенг лавозимга ўтказиш;
масофавий ишлаш шароитини таъминлаш;
меҳнат қонунчилигига асосан таътиллар жадвалидан ташқари меҳнат таътилини бериш.
41. Жабрланган шахсга тааллуқли чоралар, унинг хавфсизлигини бошқа усулда таъминлаш имкони бўлмаган бевосита таҳдид ҳолларидан ташқари, унинг хоҳишига қарши қўлланмайди.
42. Вақтинча ҳимоя чоралари ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланмайди, текшириш натижасини олдиндан белгиламайди ва мурожаатчи, жабрланган шахс ёки гувоҳнинг ҳолати оғирлаштирилишига йўл қўйилмайди.
43. Масъул ходим камида ҳар ўн иш кунида вақтинча ҳимоя чораларини сақлаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш заруратини қайта кўриб чиқади, бошқа тенг лавозимга ўтказилган ҳоллар бундан мустасно. Хавф бартараф этилганда ёки кўриб чиқиш якунланганда, уларни давом эттириш учун асос бўлмаса, чоралар бекор қилинади.
44. Порталда вақтинча ҳимоя чорасининг тури, асоси, бошланиш санаси, амал қилиш муддати, чорани таклиф қилган ва қарор қабул қилган шахслар, ижро учун масъул ходим, қайта кўриб чиқиш натижалари, чорани ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари ва тегишли саналар қайд этилади.
6-боб. Мурожаат бўйича текширув ўтказиш
45. Мурожаат бўйича текширув уни ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошланади ва ўн беш кун ичида якунланади. Қўшимча материал кутилаётганда, зарур иштирокчи объектив сабабларга кўра текширувда иштирок эта олмаганда ёки янги муҳим эпизод аниқланганда, текширув муддати бир марта ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин.
46. Мурожаат бўйича текширув муддати узайтирилган ёки унинг давомийлиги ўн беш кунидан ошган тақдирда, мурожаатчи ва жабрланган шахс мурожаатни кўриб чиқишнинг бориши ва узайтириш сабаблари тўғрисида хабардор қилинади. Бунда муддатни узайтириш сабаблари ва янги муддат Порталда қайд этилади.
47. Турли вақтда, бошқа жойда, бошқа шахс томонидан содир этилган ёки мустақил баҳолашни талаб қиладиган ҳар бир алоҳида ҳаракат, гап-сўз, хабар, жисмоний мулоқот, таҳдид, кадрларга оид ёки бошқарув қарори мурожаатни кўриб чиқиш муддати доирасида алоҳида эпизод сифатида текширилади.
48. Бир шахс томонидан ўзаро ўхшаш усулда тегишли даврда содир этилган бир нечта бир хил ҳаракат такрорланувчи хулқ-атвор сифатида бирлаштирилган ҳолда кўриб чиқилиши мумкин.
49. Ҳар бир эпизод бўйича айнан қандай ҳаракат содир этилгани, иштирокчилар, вақт ёки давр, жой ёки алоқа канали, хизмат ёки бошқа бўйсунув, такрорийлик, таҳдид, босим, мажбурлаш, таъқиб этиш ва юзага келган оқибатлар аниқланади.
50. Мурожаат бўйича текширув қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:
жабрланган шахснинг асосий тушунтиришини олиш ёки аниқлаштириш;
материалларни белгиланган тартибда доимий сақлаш чораларини кўриш;
эрта хабардор қилиш таъсир кўрсатиши мумкин бўлган манбалардан маълумот йиғиш;
ҳужжатлар ва рақамли маълумотларни текшириш;
мавжуд материаллар ва ҳолат хусусиятидан келиб чиқиб, зарур гувоҳлар ва ходимларни сўраш;
эпизод бўйича хулоса ёки индивидуал чора учун зарур бўлганда, устидан мурожаат берилган шахснинг тушунтиришини олиш;
содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича олинган маълумотларнинг ўзаро мувофиқлигини текшириш;
текширув якунлари натижаларига асосан содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш юзасидан давлат органи ва ташкилоти раҳбарига таклифларни киритиш;
хулоса тайёрлаш.
51. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати, уни содир этган шахс ва мазмунни қайд этувчи аниқ исботловчи далиллар мавжуд бўлганда, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатини қайта исботлаш учун давлат органи ва ташкилотларида бошқа ходимлар текшириш жараёнларига жалб этилмайди. Фақат тазйиқ ва зўравонлик ҳолатининг мазмуни, такрорийлиги, оқибатлари, ундан келиб чиқадиган эҳтимолий босим ёки бошқа ходимлар учун хавфни аниқлашга зарур маълумотга эга шахслар қўшимча равишда текшириш жараёнларига жалб этилади.
52. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича аниқ исботловчи далиллар мавжуд бўлганда, масъул ходим бевосита гувоҳлар ҳамда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатини содир этишда гумон қилинаётган шахс билан мунтазам ишлаган ходимларнинг энг кам зарур сонини аниқлайди.
53. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича аниқ исботловчи далиллар мавжуд бўлмаганда, ва тарафларнинг тушунтиришлари ўзаро мувофиқ бўлмаганда бевосита гувоҳлар, жабрланган шахс воқеадан сўнг ёки низо келиб чиқишидан олдин хабар берган шахс, оқибатларни кузатган шахслар, вақт, жой ва алоқага оид объектив маълумотлар, шунингдек, ҳар икки тараф тақдим этган далиллар текширилади.
54. Ходимлар текшириш учун аҳамиятга эга муайян ҳолатни аниқлаш зарурати мавжуд бўлганда текширувга жалб қилинади. Жалб этиладиган шахслар доираси энг кам зарур ҳажм билан чекланади. Муайян мақсадсиз бошқа ходимларни текширувга жалб қилишга йўл қўйилмайди.
55. Ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, уларни моддий ва бошқа тарзда рағбатлантиришга оид, баҳолаш, молиявий ёки ташкилий қарорлар текширилганда, уларнинг асослари ва мезонлари, уларни тайёрлаш ва қабул қилишда иштирок этган ходимларнинг тушунтиришлари ҳамда худди шу мезонларнинг ўхшаш ҳолатдаги ходимларга қўлланиши тўғрисидаги маълумотлар аниқланади.
56. Таъқиб этиш текширилганда, давлат органлари ва ташкилотлари ёки тегишли шахс мурожаат тўғрисида хабар топганидан кейин юзага келган шахснинг ҳолатини оғирлаштирувчи ўзгаришлар ва уларнинг ҳужжатли асослари текширилади.
7-боб. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини текширишга жалб этилган ходимлар билан алоқа қилиш тартиби
57. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини текширишга жалб этилган ходимлар билан алоқа Портал орқали амалга оширилади. Бошқа шахслар иштирокисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш ва суҳбат мазмунини бошқалар эшитмаслиги учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, суҳбат бевосита ўтказилиши ҳам мумкин. Суҳбат натижалари баённома билан расмийлаштирилиб, Порталдаги электрон ишга қўшилади.
Бунда, биринчи навбатда, жабрланган шахсга мурожаатни кўриб чиқиш тартиби, махфийлик чегаралари, мавжуд қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя чоралари, материалларни тақдим этиш, ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш ва кўрилган ҳуқуқий таъсир чораси бўйича шикоят бериш тартиби тушунтирилади.
58. Жабрланган шахсга тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича унинг ихтиёрида бўлган материалларни масъул ходимга тақдим этиш таклиф қилинади. Давлат органлари ва ташкилотлари ёки учинчи шахслардан олиниши лозим бўлган бошқа ҳужжат ва маълумотларни масъул ходим олади.
59. Жабрланган шахснинг тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича асосий тушунтириши биринчи суҳбат давомида олинади. Мурожаатда ҳолатлар батафсил баён қилинган бўлса, фақат етишмаётган муҳим ҳолатлар, хавфлар ва манбалар кейинчалик аниқлаштирилиши мумкин.
60. Жабрланган шахсга тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича текширув давомида масъул ходим томонидан такрорий мурожаат қилишга фақат янги далиллар келиб тушганда, янги эпизод аниқланганда ёки хулосани ўзгартириши мумкин бўлган ва бошқа усулда бартараф этиб бўлмайдиган номувофиқлик ҳолатлари аниқланганда йўл қўйилади.
61. Жабрланган шахснинг хулқ-атвор хусусиятлари, обрўси, ташқи кўриниши ёки шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар мурожаатнинг ишончлилигини баҳолаш учун асос бўлмайди.
62. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари доирасида текширувларни ўтказишда шахсни айбловчи ёки камситувчи саволлар, ҳолатга тааллуқли бўлмаган шахсий ҳаёт тўғрисидаги саволларни бериш, шунингдек, шахснинг ҳолатига, шу жумладан, руҳий ҳолатига таъсир қилувчи далилларни қайта кўриш ёки эшитишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.
63. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича текширувларни ўтказишда ҳолат содир бўлганидан кейин қаршилик кўрсатилмагани, хизмат мулоқоти давом эттирилгани, тазйиқ ва зўравонлик ҳолати ҳақида кеч хабар берилгани ёки унинг иккинчи даражали тафсилотларини тўлиқ эслай олмаслик ўз-ўзидан мурожаатнинг ишончсизлигини англатмайди.
64. Устидан мурожаат берилган шахсга нисбатан мурожаат бўйича маълумотларни далил деб ҳисоблаш ёки тегишли ҳуқуқий таъсир чорасини қўллашдан олдин унга ҳар бир тегишли ҳолат бўйича тушунтириш бериш ҳамда ўзини ўзи ҳимоя қилиши учун барча имкониятлар яратилади. Текшириладиган маълумотлар мавжуд бўлмаганда ва фақат умумий профилактика чоралари қўлланганда, уни хабардор қилиш талаб этилмайди.
65. Устидан мурожаат берилган шахсга аниқ тушунтириш бериш учун зарур ҳажмда текширилаётган тазйиқ ва зўравонлик ҳаракатларининг аниқланган дастлабки мазмуни маълум қилинади.
66. Устидан мурожаат берилган шахс ҳолат бўйича тушунтириш беришдан бош тортган ҳоллар Порталда қайд этилади, бу ҳолат тазйиқ ва зўравонлик ҳолати содир этилган ёки этилмаган деб ҳисоблашга асос бўлмайди.
67. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича муайян ҳаракатлар, оқибатлар ёки ҳуқуқий таъсир чораларини кўришга таъсир қилиши мумкин бўлган асослар тўғрисида маълумотга эга бўлиши мумкин бўлган шахс текширувга жалб қилинади. Шахснинг умумий тавсифи, обрўси ёки унга нисбатан илгари мурожаат бўлмагани муайян тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари содир бўлганини тасдиқламайди ёки рад этмайди.
68. Устидан мурожаат берилган шахс билан бир таркибий бўлинмада ишлаган ходимлар текширувга жалб қилинганда, ҳолатни аниқлаштириш учун лозим бўлган энг зарур шахслар доирасини аниқлаш лозим.
69. Махфий мурожаат юзасидан текшириш бўйича саволлар тазйиқ ва зўравонлик ҳолатининг содир этилганлигига тўғридан-тўғри ишора қилиш характерига эга бўлмаслиги лозим. Махфий мурожаат бўйича маълумот фақатгина текширувга жалб этилган шахс томонидан тегишли ҳолат эркин баён қилганидан сўнг ошкор этилади.
70. Гувоҳ мурожаатга оид маълумотлардан фойдаланмайди, унга махфийлик ҳамда таъқиб этишдан ҳимоя кафолатлари тўғрисида маълумот берилади. Гувоҳ томонидан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича тушунтириш беришдан бош тортиш, унга нисбатан салбий оқибатларни келтириб чиқармайди.
8-боб. Маълумотларни йиғиш ва текшириш
71. Текшириш жараёнида иштирокчиларнинг тушунтиришлари, ҳужжатлар, хизмат ва кадрларга оид маълумотлар, электрон ёзишмалар, мессенжерлардаги хабарлар, аудио-, видео- ва фотоматериаллар, видеокузатув ва ахборот порталлари маълумотлари, зарур ҳолларда тиббий ҳужжатлар, ишга дахлдор бошқа маълумотлардан фойдаланилади.
72. Давлат органлари ва ташкилотларида барча маълумотларни масъул ходим мустақил равишда йиғади.
73. Сўралган маълумотлар тақдим этилмаса, такрорий сўров юборилади. Хулосада кўрилган ҳаракатлар ва маълумотлар олинмаганлигининг сабаби кўрсатилади.
74. Ҳар бир маълумот бўйича унинг манбаи, олинган сана ва усул, тегишли давр ҳамда уни тақдим этган ёки Порталдан олган шахс қайд этилади.
75. Рақамли маълумот дастлабки файл ёки мавжуд энг илк нусха, тўлиқ мазмун, ҳисоб ёзуви маълумотлари ва мавжуд техник маълумотлар ҳисобга олинган ҳолда текширилади.
76. Маълумотларнинг ҳақиқийлиги асосли равишда рад этилса, уни таҳрирлаш, монтаж ёки сунъий ўзгартириш аломатлари мавжуд бўлса, бундай маълумот ҳуқуқий таъсир чорасини кўриш учун ягона асос бўлмайди.
77. Дастлабки хабарсиз скриншот ёки келиб чиқиши тасдиқланмаган файл шаклидаги маълумотларни кўриб чиқиш тарзда рад этилмайди, бироқ қўшимча текширишсиз хулоса учун ягона асос бўлмайди.
78. Зарур ҳолларда тиббий ҳужжатлар ва шахсга доир бошқа маълумотлардан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда текшириш жараёнларида фойдаланилади. Фақат текшириш учун бевосита аҳамиятга эга маълумотлар йиғилади.
9-боб. Маълумотларни баҳолаш ва хулоса тайёрлаш
79. Йиғилган маълумотлар бир хил мезонлар асосида текширилади.
80. Йиғилган маълумотлар ўзаро номувофиқлик бўйича текширилади.
81. Ҳар бир ҳолат бўйича қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:
а) тазйиқ ва зўравонлик ҳолати содир этилгани аниқланди;
б) тазйиқ ва зўравонлик ҳолати содир этилгани тасдиқланмади.
82. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мавжуд маълумотлар хусусиятидан келиб чиқиб, зарур ҳаракатлар бажарилганидан ёки уларни бажаришнинг объектив имконсизлиги ҳамда кўрилган муқобил ҳаракатлар қайд этилганидан кейин хулоса тайёрлашга ўтилади.
83. Текшириш якунлари бўйича масъул ходим хулоса тайёрлайди. Хулосада қуйидагилар кўрсатилади:
мурожаатнинг рўйхатга олиш рақами ва қисқача мазмуни;
ҳар бир текширилган ҳолат;
амалга оширилган ҳаракатлар;
қўлланган вақтинча ҳимоя чоралари;
текширилган маълумотлар ва уларнинг манбалари;
маълумотларнинг ўзаро номувофиқлиги ва уларни текшириш натижалари;
таъқиб этиш, босим, маълумотни ошкор қилиш ёки текширишга аралашиш тўғрисидаги маълумотлар;
қўлланган ҳуқуқий таъсир чоралари ҳамда тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига оид маълумотларни тегишлилиги бўйича ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки Давлат меҳнат инспекциясига юбориш бўйича таклифлар.
10-боб. Тасдиқланган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича ҳуқуқий таъсир чоралари
84. Ҳуқуқий таъсир чораси текшириш хулосаси ва маълумотлари асосида устидан мурожаат берилган шахсга нисбатан тегишли қарор унга ваколатли шахс томонидан қабул қилинади.
85. Мурожаатлар қўшимча текшириш учун фақат бажарилмаган муайян ҳаракат, янги муҳим ҳолат ёки маълумотлар бўйича текширилмаган ўзаро номувофиқлик кўрсатилган ҳолда қайтарилиши мумкин.
86. Ҳуқуқий таъсир чоралари қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
меҳнат қонунчилигида назарда тутилган интизомий жазо чораларидан бирини қўллаш, шу жумладан, қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлган тақдирда, меҳнат шартномасини бекор қилиш;
кадрлар ва бошқарув чоралари, жумладан, жабрланган шахс билан хизмат фаолиятини чеклаш, бўйсунувни ўзгартириш ёки ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахснинг айрим ваколатларини чеклаш;
ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахсни жабрланган шахсга нисбатан кадрлар, баҳолаш, молиявий ва бошқа қарорларни қабул қилишда иштирок этишдан четлаштириш;
ҳуқуқбузарлик оқибатида қабул қилинган номақбул қарорни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш, аввалги меҳнат шароитлари, мажбуриятлари ёки жадвалини тиклаш, баҳолаш натижаларини ёки мукофотлаш тўғрисидаги қарорни қайта кўриб чиқиш;
қўшимча тренинг курсларидан ўтказиш, шунингдек, бошқа профилактика чораларини кўриш.
87. Мурожаат қилиш ёки текширишда иштирок этиш муносабати билан таъқиб этиш алоҳида ҳолат сифатида кўриб чиқилади ва бир вақтнинг ўзида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.
88. Тасдиқланган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари учун кўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари содир этилган ҳаракат даражасига мос равишда бўлиши лозим. Бунда содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг даражалари ва уларга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари рўйхати Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланади.
89. Мурожаатчи ёки жабрланган шахс ва устидан мурожаат берилган шахсга ҳуқуқий таъсир чорасини тушуниш ва у бўйича шикоят қилиш учун зарур маълумотлар етказилади, бунда текширувда иштирок этган бошқа ходимлар ва уларга оид маълумотлар берилмайди.
11-боб. Ҳуқуқий таъсир чораси ижроси ва назорати
90. Ҳар бир ҳуқуқий таъсир чораси ижро этилгани тасдиқланмагунга ёки уни ўзгартириш ёхуд объектив сабабларга кўра ижро этиш имкони йўқлиги тўғрисида асослантирилган қарор қабул қилинмагунига қадар мурожаат якунланган деб ҳисобланмайди.
91. Ҳар бир ҳуқуқий таъсир чораси бўйича унинг мазмуни, асоси, ижро муддати, масъул ходим, тасдиқловчи маълумотлар ва ижрони текшириш натижаси Порталда қайд этилади.
92. Ҳуқуқий таъсир чораси бўйича ижро муддати бузилганда, Портал орқали масъул ходимга, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарига, вертикал тартибда кўриб чиқилганда, уларнинг юқори турувчи инстанциясига ҳамда мониторинг қилувчи давлат органига бу ҳақда хабарнома юборилади.
93. Ҳуқуқий таъсир чорасини ижро этмаслик, ижро тўғрисида нотўғри маълумот киритиш мустақил қоидабузарлик ҳисобланади.
94. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолати тасдиқланганидан сўнг жабрланувчиларнинг ҳолати камида уч ой давомида, жинсий ва жисмоний зўравонлик, таҳдид, таъқиб этиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки тизимли тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларида эса камида олти ой давомида назорат қилинади.
95. Кейинги назорат давомида кадрларга оид, баҳолаш, молиявий ва ташкилий ўзгаришлар, алоқалар, босим, яккалаб қўйиш, маълумотларни ошкор қилиш ва бошқа салбий оқибатлар текширилади. Аниқланган таъқиб этиш янги эпизод сифатида рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.
12-боб. Мурожаатчи ва жабрланган шахсни қўллаб-қувватлаш
96. Мурожаатчи ва жабрланган шахсга қуйидагилар таъминланади:
ҳуқуқлар ва мурожаат бериш тартиби бўйича дастлабки маслаҳат;
мурожаатни кўриб чиқиш тартиби ва мавжуд ҳимоя чораларини тушунтириш;
белгиланган тартибда психологик, тиббий, ижтимоий ёки юридик ёрдам олишга кўмаклашиш;
бошқа ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига мурожаат қилиш тартибини тушунтириш.
97. Кўрсатилган қўллаб-қувватлаш ва ёрдам хизматларига йўналтириш ортиқча шахсга доир маълумотлар ошкор этилмаган ҳолда Порталда қайд этилади.
13-боб. Шикоят ва мустақил процессуал назорат
98. Мурожаатчи, жабрланган шахс ва устидан мурожаат берилган шахс қўлланган тегишли ҳуқуқий таъсир чораси тўғрисида хабарнома олган кундан эътиборан ўттиз иш куни ичида Портал орқали шикоят беришга ҳақли.
99. Шикоят дастлабки текширишда иштирок этмаган ва унинг натижасидан манфаатдор бўлмаган юқори турувчи орган ёки Давлат меҳнат инспекцияси томонидан у рўйхатга олинган кундан эътиборан ўттиз иш куни ичида кўриб чиқилади.
100. Шикоятни кўриб чиқишда ҳолатлар тўлиқ ажратилгани, зарур ҳаракатлар бажарилгани, манбалар ва гувоҳлар асосли танлангани, махфийликка риоя этилгани, материаллар ва қарама-қаршиликлар текширилгани, хулосалар йиғилган маълумотларга мослиги ҳамда чоранинг мутаносиблиги текширилади.
101. Шикоят босқичида жабрланган шахс билан такрорий тўлиқ суҳбат ўтказилмайди. Қўшимча алоқа фақат янги муҳим маълумот ёки иш материаллари ва бошқа манбалар орқали аниқлаш мумкин бўлмаган муайян ҳолат мавжуд бўлганда амалга оширилади.
102. Шикоят якунлари бўйича ҳуқуқий таъсир чораси ўзгаришсиз қолдирилиши, ўзгартирилиши, у бўйича янги қарор қабул қилиниши мумкин. Қўшимча ёки янги текшириш зарур бўлган тақдирда, у шикоятни кўриб чиқувчи юқори турувчи давлат органи ва ташкилоти томонидан амалга оширилади ва иш қуйи турувчи давлат органи ва ташкилотига қайта юборилмайди.
103. Шикоят бўйича қарор Порталда қайд этилади. Шикоят бўйича қарор устидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
104. Мониторинг қилувчи давлат органи Портал орқали муддатлар, йўналтириш ва чоралар ижросини мониторинг қилади ҳамда унинг натижасида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади.
105. Давлат органлари ва ташкилотлари ўрганиш натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва тизимли хавфларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўради ҳамда ўрганиш натижалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва мониторинг қилувчи давлат органига киритади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 сентябрдаги 518-сон қарорига 2-ИЛОВА
2027 йил 1 январга қадар «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали жорий этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари
I. Республика ташкилотлари 1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари 2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда унинг ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари 3. Олий Мажлис Сенати 4. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 5. Вазирлар Маҳкамаси 6. Олий суд 7. Конституциявий суд 8. Судьялар олий кенгаши 9. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати 10. Давлат хавфсизлик хизмати 11. Бош прокуратура 12. Миллий гвардия 13. Ҳисоб палатаси 14. Марказий банк 15. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили котибияти 16. Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили котибияти 17. Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси 18. Миллий статистика қўмитаси 19. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги 20. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти 21. Мажбурий ижро бюроси 22. Фанлар академияси 23. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси 24. Ўзбекистон бадиий академияси 25. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси II. Вазирликлар 26. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 27. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 28. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 29. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги 30. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 31. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 32. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 33. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 34. Маданият вазирлиги 35. Спорт вазирлиги 36. Сув хўжалиги вазирлиги 37. Мудофаа вазирлиги 38. Рақамли технологиялар вазирлиги 39. Адлия вазирлиги 40. Транспорт вазирлиги 41. Энергетика вазирлиги 42. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 43. Ташқи ишлар вазирлиги 44. Ички ишлар вазирлиги 45. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги III. Қўмиталар 46. Солиқ қўмитаси 47. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 48. Дин ишлари бўйича қўмита 49. Давлат захираларини бошқариш қўмитаси 50. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси 51. Туризм қўмитаси 52. Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси 53. Автомобиль йўллари қўмитаси 54. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси 55. Божхона қўмитаси 56. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 57. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси 58. Мудофаа саноати қўмитаси IV. Агентликлар 59. «Ўзархив» агентлиги 60. Кинематография агентлиги 61. Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги 62. Давлат активларини бошқариш агентлиги 63. Ёшлар ишлари агентлиги 64. Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги 65. Атом энергияси агентлиги 66. Маданий мерос агентлиги 67. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги 68. Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги 69. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги 70. Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги 71. Гидрометеорология хизмати агентлиги 72. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги 73. Кадастр агентлиги 74. Агросаноатни ривожлантириш агентлиги 75. Инновацион ривожланиш агентлиги 76. Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги 77. Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги 78. Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги 79. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги V. Инспекциялар 80. Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси 81. Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси 82. Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси 83. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси 84. Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси 85. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг давлат молиявий назорати инспекцияси VI. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари 86. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси 87. Вилоятлар ва Тошкент шаҳри халқ депутатлари Маҳаллий кенгашлари 88. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши 89. Андижон вилояти ҳокимлиги 90. Бухоро вилояти ҳокимлиги 91. Жиззах вилояти ҳокимлиги 92. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 93. Навоий вилояти ҳокимлиги 94. Наманган вилоят ҳокимлиги 95. Самарқанд вилояти ҳокимлиги 96. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 97. Сирдарё вилояти ҳокимлиги 98. Фарғона вилояти ҳокимлиги 99. Тошкент вилояти ҳокимлиги 100. Хоразм вилояти ҳокимлиги 101. Тошкент шаҳри ҳокимлиги
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 28 сентябрь,
518 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
TARTIBI
TARTIBI
TARTIBI
ROʻYXATI
Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash mexanizmlarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2026-yil 21-sentabrdagi PQ-345-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash dasturini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) 1-ilovaga muvofiq;
2027-yil 1-yanvarga qadar “Xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhiti” axborot portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) joriy etiladigan davlat organlari va tashkilotlari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Davlat organlari va tashkilotlari, ustav kapitalida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar hamda ustav kapitalida ushbu yuridik shaxslarning ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlari) 2026-yil 1-dekabrga qadar Nizomga muvofiq:
xodimlari va mansabdor shaxslari Boshqaruv samaradorligi agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) “edu.bsa.uz” axborot tizimi orqali mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlariga yoʻl qoʻyilishining oldini olish boʻyicha qisqa onlayn trening kurslarida oʻqitilishini taʼminlasin;
Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Agentlik tomonidan tasdiqlanadigan namunaviy ichki mehnat tartib-qoidalariga muvofiq oʻzlarining ichki mehnat tartib-qoidalarini qayta ishlab chiqsin va tasdiqlasin.
3. Belgilansinki, Portal quyidagi bosqichlarda davlat organlari va tashkilotlarida joriy etiladi yoki ularning mavjud axborot tizimlariga integratsiya qilinadi:
2027-yil 1-yanvarga qadar — ushbu qarorga 2-ilovada keltirilgan davlat organlari va tashkilotlarida;
2027-yil 1-iyunga qadar — ushbu qarorga 2-ilovada keltirilgan davlat organlari va tashkilotlari tizimiga kiruvchi barcha darajadagi boshqa davlat organlari va tashkilotlarida, shu jumladan, davlat taʼlim tashkilotlarida, tuman (shahar) hokimliklarida;
2028-yil 1-yanvarga qadar — ustav kapitalida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar hamda ustav kapitalida ushbu yuridik shaxslarning ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslarda.
4. Ushbu qarorga 2-ilovada keltirilgan davlat organlari va tashkilotlari bir hafta muddatda Portalni yuritish uchun masʼul xodimlarini belgilasin hamda bu haqida Agentlikka tegishli maʼlumotlar kiritsin.
5. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi davlat organlari va tashkilotlarida:
mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlariga yoʻl qoʻyilishining oldini olish boʻyicha ichki mehnat tartib-qoidalari qayta ishlab chiqilgani va tasdiqlanganini;
xodimlari tazyiq va zoʻravonlik holatlariga yoʻl qoʻyilishining oldini olish boʻyicha qisqa onlayn trening kurslarida oʻqitilganini;
axborot tizimlari Portalga doimiy ulanganini nazorat qilsin.
6. Belgilansinki, davlat organlari va tashkilotlarida Nizomda nazarda tutilgan barcha trening kurslarini tashkil etish, oʻquv materiallarini tayyorlash hamda davlat organlari va tashkilotlarining axborot tizimlarini Portalga integratsiya qilish xarajatlari davlat organlari va tashkilotlarining oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
7. Agentlik hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bir hafta muddatda davlat organlari va tashkilotlarining mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlariga yoʻl qoʻyilishining oldini olish boʻyicha namunaviy ichki mehnat tartib-qoidalarini ishlab chiqsin hamda tasdiqlasin.
8. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bosma va elektron ommaviy axborot vositalarini keng jalb qilgan holda, davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlarining oldini olishga qaratilgan hamda ularni qoralovchi qisqa metrajli filmlar va ijtimoiy roliklar televideniye va ijtimoiy tarmoqlar orqali muntazam uzatilishini taʼminlasin.
9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 28-sentabrdagi 518-son qaroriga 1-ILOVA
Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash dasturini joriy etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat organlari va tashkilotlarining, ustav kapitalida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslarning hamda ustav kapitalida ushbu yuridik shaxslarning ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslarning (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlari) mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash amaliyotini tartibga soladi.
2. Ushbu Nizom talablari davlat organlari va tashkilotlarining mehnat sohasida va ularning faoliyati doirasida:
ish joyida va masofadan ishlash mobaynida;
davlat idoralarining binolari, xonalari va hududida;
xizmat safarlari, malaka oshirish, yigʻilish va konferensiyalar, shuningdek, xizmat faoliyati bilan bogʻliq boshqa tadbirlar davomida;
taʼlim berish, maslahat berish, boshqaruv, nazorat yoki boshqa xizmat vazifalarini bajarishda;
axborot-kommunikatsiya vositalaridan foydalanishda;
ishga borish yoki ishdan qaytish vaqtida, shu jumladan, xizmat avtotransportida yoxud boshqa xodimlar bilan birgalikda avtotransport vositasida boʻlgan holatlarda;
mehnat yoki xizmat majburiyatlarini bajarish bilan bevosita bogʻliq va boshqa holatlarda tatbiq etiladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
guvoh — davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlariga taalluqli maʼlumot, koʻrsatma yoki dalillarga ega boʻlgan, shuningdek, ushbu holatni bevosita koʻrgan yoki undan xabardor boʻlgan har qanday xodim yoki boshqa shaxs;
jabrlangan shaxs — davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari natijasida huquqlari buzilgan yoki cheklangan, ruhiy, mulkiy yoki boshqa shaklda ziyon koʻrgan shaxs;
masʼul xodim — davlat organlari va tashkilotlarida “Xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhiti” axborot portalini (keyingi oʻrinlarda — Portal) yuritish uchun masʼul xodim;
davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari — davlat organlari va tashkilotlarida xodim tomonidan yoki xodimga nisbatan bir marta yoki takroran sodir etilgan, unga jismoniy, ruhiy, jinsiy yoki iqtisodiy zarar yetkazishga yoxud qoʻrqituvchi, dushmanona, shaxsning shaʼni va qadr-qimmatini kamsituvchi yoki haqoratlovchi muhitni yaratishga qaratilgan yoki shunga olib keladigan nomaqbul harakatlar (harakatsizlik), xulq-atvor shakllari yoki amaliyotlar, shuningdek, ularni sodir etish tahdidlari, jumladan, tazyiq, jinsiy va jismoniy zoʻravonlik, shahvoniy shilqimlik, ruhiy bosim, kamsitish, xizmat mavqeyi yoki xizmatga bogʻliqlikdan noqonuniy foydalanish va taʼqib qilish holatlari;
davlat mehnat sohasida tazyiq — sodir etilgani uchun maʼmuriy yoki jinoiy javobgarlik nazarda tutilmagan, shaxsning shaʼni va qadr-qimmatini kamsituvchi harakat (harakatsizlik), shilqimlik, taʼqib etish;
davlat mehnat sohasida zoʻravonlik — shaxsga nisbatan jismoniy, ruhiy, jinsiy, iqtisodiy yoki maʼmuriy taʼsir oʻtkazish yoxud bunday taʼsir oʻtkazish choralarini qoʻllash bilan tahdid qilish orqali uning hayoti, sogʻligʻi, jinsiy daxlsizligi, shaʼni, qadr-qimmati va qonun bilan himoya qilinadigan boshqa huquqlari hamda erkinliklariga tajovuz qiladigan gʻayrihuquqiy harakat (harakatsizlik);
davlat mehnat sohasida jinsiy zoʻravonlik — shaxsga nisbatan uning roziligisiz shahvoniy xususiyatga ega harakatlarni sodir etish orqali uning jinsiy daxlsizligi va jinsiy erkinligiga tajovuz qiladigan, shuningdek, zoʻrlik ishlatish yoki zoʻrlik ishlatish bilan tahdid qilish yoxud voyaga yetmagan shaxsga nisbatan axloqsiz harakatlar sodir etish orqali uchinchi shaxs bilan jinsiy aloqa qilishga majburlashga qaratilgan harakat (harakatsizlik);
davlat mehnat sohasida jismoniy zoʻravonlik — shaxsga nisbatan ogʻirligi turli darajada boʻlgan tan jarohatlari yetkazish, zoʻravonlik xususiyatiga ega boshqa huquqbuzarliklar sodir etish, jismoniy taʼsir oʻtkazish yoki bunday taʼsir oʻtkazishning oʻzga choralarini qoʻllash bilan tahdid qilish orqali uning hayoti, sogʻligʻi, erkinligi hamda qonun bilan himoya qilinadigan boshqa huquqlari va erkinliklariga tajovuz qiladigan zoʻravonlik shakli;
davlat mehnat sohasida ruhiy bosim — shaxsga qoʻpol muomala qilish yoki uning shaʼni va qadr-qimmatini muntazam ravishda kamsitish natijasida uni ishdan boʻshash darajasiga yetkazish yoxud uning ish faoliyatini qiyinlashtiradigan sharoitlarni yaratishga qaratilgan harakat (harakatsizlik);
davlat mehnat sohasida kamsitish — shaxsga ishchanlik sifatlari bilan bogʻliq boʻlmagan belgilar boʻyicha mehnat, xizmat, martaba yoki boshqa huquq va imkoniyatlarni cheklashga olib keladigan yoki olib kelishi mumkin boʻlgan har qanday asossiz farqlash, istisno qilish, cheklash yoki afzallik berish;
davlat mehnat sohasida taʼqib etish — murojaatchi, jabrlangan shaxs, shuningdek, murojaatni koʻrib chiqishda ishtirok etayotgan shaxsga nisbatan uning hayoti, sogʻligʻi, xavfsizligi yoki yaqin qarindoshlarining xavfsizligi uchun asosli qoʻrquvni keltirib chiqaradigan yoxud uning odatiy turmush tarzini jiddiy ravishda buzadigan, uning aniq ifodalangan irodasiga zid ravishda yoki aybdorga bunday xatti-harakatlarning nomaqbulligi oldindan ayon boʻlgan hollarda, qasddan gʻayriqonuniy ravishda muntazam sodir etilgan taʼqib qilish, shu jumladan, izidan kuzatish, kuzatuv olib borish, aloqa oʻrnatish yoki aloqa oʻrnatishga urinish, telefon, pochta, elektron yoki boshqa xabarlarni yuborish, jabrlanuvchining joylashgan joyini nazorat qilish yoki shaxsan, uchinchi shaxslar orqali yoxud axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, telekommunikatsiya tarmoqlari yoki Internet jahon axborot tarmogʻidan foydalangan holda boshqa shunga oʻxshash harakatlarni sodir etish;
davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha qaror qabul qiluvchi shaxs — murojaatni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha intizomiy yoki boshqa huquqiy taʼsir choralarini qoʻllash vakolatiga ega yoxud uni qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yuborishga masʼul davlat organi va tashkiloti rahbari, yuqori turuvchi organ rahbari yoki boshqa mansabdor shaxs;
monitoring qiluvchi davlat organi — Boshqaruv samaradorligi agentligi;
mustaqil nazorat komissiyasi — davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaatlarni koʻrib chiqish va belgilangan tartibda tegishli huquqiy taʼsir choralarini koʻrish jarayonlari ustidan mustaqil nazoratni amalga oshiruvchi kollegial organ;
murojaat — davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari fakti yoki taxmin qilinayotgani toʻgʻrisidagi xabar;
murojaatchi — davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari fakti yoki taxmin qilinayotgani toʻgʻrisida xabar bergan shaxs;
murojaatni vertikal tartibda koʻrib chiqish — murojaat tegishli davlat organi va tashkiloti rahbari, uning oʻrinbosarlari, masʼul xodim yoki masʼul xodim boʻysunuvida boʻlgan boshqa shaxsga taalluqli boʻlgan hollarda, shuningdek, murojaat boʻyicha koʻrilgan huquqiy taʼsir chorasi ustidan shikoyat berilgan hollarda murojaat holatlarini yuqori turuvchi organning vakolatli shaxsi tomonidan koʻrib chiqilishi va tekshirilishi;
ustidan murojaat berilgan shaxs — davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari natijasida jabrlangan shaxsning murojaatida koʻrsatilgan yoki uning asosida shubha qilinayotgan shaxs.
4. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlarining oldini olish quyidagi tamoyillarga asoslanadi:
davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlariga nisbatan toqatsiz munosabatni shakllantirish;
lavozim, maqom, ish joyi va mehnat munosabatlarining xususiyatidan qatʼi nazar, murojaat berish imkoniyatini yaratish;
davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha har bir murojaatni Portal orqali majburiy roʻyxatga olish;
murojaatchi, jabrlangan shaxs, guvohlar va murojaatni koʻrib chiqishning boshqa ishtirokchilarining shaxsga doir maʼlumotlari xavfsizligini taʼminlash;
murojaatchi, jabrlangan shaxs, guvohlar va murojaatni koʻrib chiqishning boshqa ishtirokchilarini himoya qilish;
murojaatni xolis, adolatli va toʻliq koʻrib chiqish;
davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holati boʻyicha ustidan murojaat berilgan shaxsning huquqlari, shu jumladan, murojaat mohiyatini bilish va oʻzini oʻzi himoya qilish imkoniyatini yaratish;
davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlarining oldini olish va unga qarshi kurashishda harakatlar, muddatlar, qarorlar va choralar ijrosini raqamli qayd etish;
sodir etilgan tazyiq va zoʻravonlik holatlarining ahamiyati va xususiyatidan kelib chiqib, tegishli huquqiy taʼsir choralarini belgilash.
5. Quyidagilar:
qonuniy va asoslantirilgan boshqaruv qarorlari, mehnat (xizmat) vazifalarini bajarishni talab qilish, xodim faoliyatini baholash, intizomiy choralarni qoʻllash, xizmat tekshiruvini oʻtkazish hamda rahbarning oʻz vakolatlari doirasida amalga oshirgan boshqa asoslantirilgan va obyektiv harakatlari;
shaxsning qonuniy boshqaruv qaroridan, uning faoliyat natijalarini baholashdan yoki unga nisbatan qoʻyilayotgan kasbiy talablardan noroziligi oʻz-oʻzidan davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari hisoblanmaydi.
2-bob. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari profilaktikasi
6. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari profilaktikasi xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini targʻib qilish, tazyiq va zoʻravonlik holatlariga oid tahdidlar va ularni yuzaga keltiruvchi salbiy omillarni aniqlash, ularning oldini olish boʻyicha mexanizmlarni joriy etishni nazarda tutadi.
7. Davlat organlari va tashkilotlari davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari profilaktikasi uchun quyidagilarni bajarishi shart:
monitoring qiluvchi davlat organi hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tomonidan ishlab chiqiladigan va tasdiqlanadigan namunaviy ichki mehnat tartib-qoidalari boʻyicha oʻzlarining ichki mehnat tartib-qoidalarini qayta ishlab chiqish va tasdiqlash;
tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaatlarni kuzatib borish, koʻrib chiqish va tekshirish, jabrlangan shaxsga nisbatan vaqtincha himoya choralarini qoʻllash, maʼlumotlar xavfsizligini taʼminlash;
masʼul xodimlar, boshqa xodimlar va rahbarlarning ushbu Nizomga 1-ilovada nazarda tutilgan davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlariga yoʻl qoʻyilishining oldini olish boʻyicha trening kurslarini oʻtkazish tartibiga asosan trening kurslaridan oʻtishini taʼminlash;
murojaat qilish tartibi toʻgʻrisidagi maʼlumotni tegishli idoraviy axborot-kommunikatsiya vositalariga joylashtirish;
murojaatlarni hisobga olish, choralar ijrosini nazorat qilish va shaxsga doir maʼlumotlardan xoli tahlilni shakllantirish uchun zarur maʼlumotlar Portalga kiritilishini taʼminlash;
takrorlanuvchi murojaatlarni tahlil qilish va ularni bartaraf etish boʻyicha tashkiliy chora-tadbirlarni amalga oshirish.
8. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari xavflarini davriy baholash va tashkiliy muhitni tahlil qilish yiliga kamida bir marta oʻtkaziladi. Bunda takroriy murojaatlar hamda isbotlangan tazyiq va zoʻravonlik holatlari soni ortishi mazkur oʻrganishlarni rejadan tashqari oʻtkazishga asos boʻladi.
9. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari xavflarini davriy baholash va tashkiliy muhitni tahlil qilish, shu jumladan quyidagi axborot manbalari va xavf indikatorlaridan biri yoki bir nechtasi asosida amalga oshirilishi mumkin:
kelib tushgan murojaatlarning shaxsga doir maʼlumotlardan xoli tahlili;
mehnat yoki xizmat majburiyatlarini bajarish bilan bevosita bogʻliq va boshqa holatlarda sodir boʻlgan tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha takroriy, shu jumladan, anonim murojaatlar haqidagi maʼlumotlar;
tasdiqlangan va tasdiqlanmagan murojaatlar hamda davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari bilan bogʻliq xulq-atvor turlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
murojaatchilar, jabrlangan shaxslar, guvohlar va murojaatni koʻrib chiqishning boshqa ishtirokchilariga nisbatan taʼqib qilish holatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
xodimlar, rahbarlar va masʼul xodimlarning majburiy qisqa trening kurslaridan oʻtishi natijalari, shu jumladan, belgilangan tartibda majburiy qisqa trening kurslaridan oʻtmaganlik haqidagi maʼlumotlar;
xodimlarning anonim soʻrovlari natijalari va ish muhiti tahlili.
10. Davlat organlari va tashkilotlari davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlarini ichki baholash natijalari boʻyicha aniqlangan xavflarni bartaraf etish, xavfsiz ish muhitini tiklash hamda tazyiq va zoʻravonlik holatlari takrorlanishining oldini olishga qaratilgan profilaktik, tashkiliy choralar va malaka oshirish dasturlari rejasi ishlab chiqilishi hamda Portalga joylashtirilishini taʼminlaydi.
3-bob. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaat qilish
11. Portalda murojaatning toʻliq materiallaridan, shu jumladan, ulardagi shaxsga doir maʼlumotlardan foydalanish qatʼiy cheklanadi va faqat xizmat zarurati doirasida quyidagilarga beriladi:
a) murojaatni koʻrib chiqayotgan davlat organi va tashkiloti rahbari hamda masʼul xodimiga — murojaatni koʻrib chiqish, qaror qabul qilish, himoya choralarini qoʻllash va qabul qilingan choralar ijrosini nazorat qilish uchun (murojaatni vertikal tartibda koʻrib chiqish holatlari bundan mustasno);
b) yuqori turuvchi davlat organi va tashkilotining rahbari va masʼul xodimiga — murojaatni vertikal tartibda koʻrib chiqish uchun;
v) monitoring qiluvchi davlat organi rahbari va masʼul xodimiga — murojaatlarni koʻrib chiqish tartibi va muddatlariga rioya etilishi, taʼsir choralari ijrosini monitoring qilish, harakatsizlik, murojaatlarni yashirish, taʼqib etish va boshqa qoidabuzarlik holatlarini aniqlash uchun.
Yuqori turuvchi davlat organi va tashkiloti mazkur bandning “b” kichik bandida nazarda tutilgan hollardan tashqari, boʻysunuvidagi davlat idoralari murojaatlarining toʻliq materiallaridan foydalanish huquqiga ega emas. Ustidan murojaat berilgan shaxs, shuningdek, manfaatlar toʻqnashuvi, xizmat boʻysunuvi yoki shaxsiy manfaatdorligi mavjud shaxs egallab turgan lavozimidan qatʼi nazar, murojaatning toʻliq materiallaridan foydalanish huquqiga ega emas.
12. Portalning faoliyat yuritishi ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq tartibda amalga oshiriladi.
13. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha barcha xodimlar va daxldor shaxslarga murojaat qilish huquqi kafolatlanadi.
14. Murojaatda keltirilgan tazyiq va zoʻravonlik holati boʻyicha maʼlumotlarning tasdiqlanmagani murojaatchini javobgarlikka tortishga asos boʻlmaydi hamda ushbu tazyiq va zoʻravonlik holati boʻyicha takroriy murojaat qilishga monelik qilmaydi.
15. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaatlarning qabul qilinishi va koʻrib chiqilishi ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq tartibda amalga oshiriladi.
16. Tegishli davlat organi va tashkiloti rahbarlari masʼul xodimlarga murojaatlarni mustaqil, xolis, adolatli va toʻliq koʻrib chiqishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratadi, jumladan, koʻrib chiqish jarayonlariga aralashish, koʻrib chiqish bilan bogʻliq taʼqib qilish yoki boshqa salbiy oqibatlarning oldini olishni taʼminlaydi.
17. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaatlarni koʻrib chiqish jarayonida qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan holatlardan tashqari quyidagilarga yoʻl qoʻyilmaydi:
a) murojaatchining roziligisiz murojaat koʻrib chiqilayotgan davrda uni ishdan boʻshatish, uning lavozimini pasaytirish yoki uni boshqa lavozimga oʻtkazish;
b) murojaatchiga belgilangan qoʻshimcha ustamalarni bekor qilish va uning mehnatga haq toʻlash miqdorini pasaytirish;
v) murojaatchini loyihalar, oʻqish va stajirovkadan chetlatish;
g) murojaatchi yuzasidan salbiy tavsifnoma berish, unga bosim oʻtkazish, uni taʼqib qilish yoki yakkalab qoʻyish;
d) guvohlarga bosim oʻtkazish yoki dalillarni yoʻq qilish harakatlarini amalga oshirish;
e) murojaat berish yoki uni koʻrib chiqishda ishtirok etish bilan bogʻliq boshqa nomaqbul harakatlarni amalga oshirish.
Ushbu bandning “a” , “b” va “v” kichik bandlari xodimning aybli xatti-harakatlari tufayli vujudga keladigan munosabatlarga yoki qonuniy asoslangan boshqa holatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
18. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha yolgʻon murojaat qilish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortish uchun asos boʻladi.
4-bob. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha choralar koʻrish
19. Davlat organlari va tashkilotlarining rahbarlari quyidagilar uchun shaxsan javobgar boʻladi:
xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini shakllantirish, mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlarining oldini olish uchun barcha zarur choralarni koʻrish;
masʼul xodimlarni tayinlash;
murojaatlarni qabul qilish, roʻyxatga olish va koʻrib chiqish mexanizmining doimiy ishlashini taʼminlash;
murojaatlarni yashirish yoki ularning eʼtiborsiz qoldirishga yoʻl qoʻymaslik;
murojaatlarni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha tegishli huquqiy taʼsir choralarini qoʻllash yuzasidan qaror qabul qilish va uning ijro etilishini taʼminlash;
vaqtincha himoya choralarini taʼminlash hamda murojaatchi, jabrlangan shaxs, guvohlar va murojaatni koʻrib chiqishning boshqa ishtirokchilari taʼqib etilishiga yoʻl qoʻymaslik;
davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari profilaktikasini amalga oshirish;
masʼul xodimlar va boshqa xodimlarning ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq tartibda trening kurslaridan oʻtishini taʼminlash.
20. Masʼul xodim quyidagilarni amalga oshiradi:
murojaatlarni dastlabki baholash va koʻrib chiqish;
murojaatchi, jabrlangan shaxs, guvohlar va murojaatni koʻrib chiqishning boshqa ishtirokchilariga murojaatni koʻrib chiqish tartibi, himoya choralari va mavjud koʻmak usullari boʻyicha dastlabki tushuntirishlarni berish;
vaqtincha himoya choralarini qoʻllash toʻgʻrisida davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha qaror qabul qiluvchi shaxsga bildirgi kiritish;
xulosani davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha qaror qabul qiluvchi shaxsga kiritish va tayinlangan taʼsir chorasi ijrosini nazorat qilish.
5-bob. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha monitoring, tahlil va javobgarlik
21. Monitoring qiluvchi davlat organi hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi davlat organlari va tashkilotlarining mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhiti dasturi amalga oshirilishini quyidagi koʻrsatkichlar boʻyicha monitoring qiladi:
murojaatlar soni hamda davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlarining xususiyati;
murojaatlarni roʻyxatga olish, koʻrib chiqish va tekshirish muddatlari;
murojaatlar ichki va vertikal tartibda koʻrib chiqilishining soni va natijasi;
davlat organlari va tashkilotlari mansabdor shaxslari va masʼul xodimlarga taalluqli murojaatlar soni;
holati tasdiqlangan va tasdiqlanmagan murojaatlar soni;
murojaatlar boʻyicha qoʻllangan vaqtincha himoya choralari soni;
murojaatlar boʻyicha qoʻllangan taʼsir choralarining turlari, muddatlari va ularning ijro etilishi nazoratiga oid maʼlumotlar;
davlat mehnat sohasida taʼqib etish holatlari;
sodir etilgan davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari soni;
murojaat natijasi boʻyicha harakatsizlik, muddatlarni buzish va choralarni nomutanosib ravishda pasaytirish holatlari;
davlat organlari va tashkilotlarida mansabdor shaxslar, masʼul xodimlar va boshqa xodimlarning barcha trening kurslaridan oʻtgani;
davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari xavflarini baholash, xodimlarning anonim soʻrovlari, kadrlar va tashkiliy muhit tahlili natijalari;
xavflarni baholash yakunlari boʻyicha qabul qilingan profilaktik, tashkiliy va oʻquv choralari hamda ularning ijrosi holati.
22. Davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaatlarni koʻrib chiqish va belgilangan tartibda tegishli huquqiy taʼsir choralarini koʻrish jarayonlari ustidan mustaqil nazoratni amalga oshirish maqsadida mustaqil nazorat komissiyasi tashkil etiladi.
23. Mustaqil nazorat komissiyasi tarkibi monitoring qiluvchi davlat organi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.
24. Mustaqil nazorat komissiyasi davlat mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha davlat organlari va tashkilotlarida hech qanday toʻsiqlarsiz mustaqil hamda toʻliq monitoring va oʻrganishlar oʻtkazish huquqiga ega.
25. Mustaqil nazorat komissiyasi monitoring va oʻrganishlar natijasi yuzasidan aniqlangan kamchiliklar hamda tizimli xavflarni bartaraf etish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi, ularni monitoring qiluvchi davlat organi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritadi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
26. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash dasturini joriy etish tartibi toʻgʻrisida nizomga 1-ILOVA
Davlat organlari va tashkilotlarining mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlariga yoʻl qoʻyilishining oldini olish boʻyicha trening kurslarini oʻtkazish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Tartib davlat organlari va tashkilotlari, ustav kapitalida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslarda hamda ustav kapitalida ushbu yuridik shaxslarning ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslarda (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari va tashkilotlari)da mansabdor shaxslar va xodimlarni tegishliligi boʻyicha tazyiq va zoʻravonlik holatlariga yoʻl qoʻyilishining oldini olish boʻyicha qisqa trening kurslari hamda maxsus trening kurslari (keyingi oʻrinlarda — tegishli trening kurslari)dan oʻtish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Tartibda foydalaniladigan atamalar Davlat organlari va tashkilotlarining mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash dasturini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan maʼnolarda qoʻllanadi.
3. Davlat organlari va tashkilotlarida tegishli trening kurslaridan oʻtish bilan bogʻliq jarayonlar “Xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhiti” axborot portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) orqali, shuningdek, imkoniyat mavjud boʻlgan hollarda davlat organlari va tashkilotlarining axborot tizimlarida amalga oshiriladi, tegishli trening kurslaridan oʻtish holati va muddatlarini nazorat qilish Portal orqali amalga oshiriladi.
4. Tegishli trening kurslaridan oʻtkazish quyidagi turlarga boʻlinadi:
a) umumiy trening kurslari;
b) yangi ishga qabul qilinganda oʻtkaziladigan trening kurslari;
v) mansabdor shaxslar uchun trening kurslari;
g) masʼul xodimlar uchun maxsus trening kurslari;
d) qoʻshimcha trening kurslar.
2-bob. Tegishli trening kurslaridan oʻtkazilishi lozim boʻlgan shaxslar toifalari
5. Davlat organlari va tashkilotlarining barcha xodimlari, egallab turgan lavozimi va amalga oshirayotgan faoliyatidan qatʼi nazar, majburiy ravishda umumiy trening kurslaridan oʻtkaziladi.
6. Davlat organlari va tashkilotlarining mansabdor shaxslari, tarkibiy boʻlinmalar rahbarlari hamda boshqaruv qarorlarini qabul qiluvchi boshqa mansabdor shaxslar mansabdor shaxslar uchun belgilangan trening kurslaridan oʻtkaziladi.
7. Masʼul xodimlar maxsus trening kurslaridan oʻtkaziladi.
8. Davlat organlari va tashkilotlarida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaatni koʻrib chiqish natijalariga koʻra taʼsir choralari belgilangan xodimlar va mansabdor shaxslar qoʻshimcha oʻqitishdan oʻtkaziladi.
9. Tegishli trening kurslari belgilangan subyektlar uchun har yili oʻtkaziladi, qoʻshimcha trening kurslari bundan mustasno.
10. Tegishli trening kurslari yakunlari boʻyicha belgilangan subyektlarning oʻzlashtirgan bilimlari tegishliligi boʻyicha test, vaziyatli keys yoki oʻquv dasturida nazarda tutilgan boshqa usulda baholanadi.
11. Belgilangan muddatda tegishli trening kurslaridan oʻtkazilmagan xodimlar va mansabdor shaxslar Portal orqali yoki boshqa usulda ogohlantiriladi. Ogohlantirishga qaramasdan tegishli trening kurslaridan oʻtmagani ularga nisbatan tegishli huquqiy taʼsir choralarini koʻrishga asos boʻladi.
12. Tegishli trening kurslari yakunlari boʻyicha bilimlarni baholashdan muvaffaqiyatli oʻtgan subyektlar tizimda qayd etiladi.
3-bob. Xodimlar uchun umumiy va yangi ishga qabul qilinganda oʻtkaziladigan trening kurslari
13. Xodimlar uchun umumiy trening kurslari davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari tomonidan belgilangan reja-grafikka asosan oʻtkaziladi.
14. Yangi ishga qabul qilingan xodimlar lavozim majburiyatlarini mustaqil bajarishni boshlagunga qadar yoki bir oydan kechiktirmasdan tegishli trening kurslaridan oʻtkaziladi.
15. Xodimlarni umumiy va yangi ishga qabul qilinganda oʻtkaziladigan trening kurslari quyidagi mavzularni qamrab oladi:
xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhiti tushunchasi;
ish joyida taqiqlangan xulq-atvor shakllari;
tazyiq, shilqimlik, jinsiy shilqimlik, ruhiy bosim, igʻvo, kamsitish, mansab mavqeyini suiisteʼmol qilish, nosogʻlom ish muhiti va taʼqib qilish;
bevosita, masofaviy va raqamli muloqotda tazyiq va zoʻravonlik holati misollari;
tazyiq va zoʻravonlik holatlariga oid murojaatlarni Portal orqali yuborish tartibi;
murojaatchi, jabrlangan shaxs, guvohlar va murojaatni koʻrib chiqishning boshqa ishtirokchilarini himoya qilish choralari;
murojaat yuborilgani yoki uni koʻrib chiqishda ishtirok etganlik munosabati bilan taʼqib qilish va boshqa salbiy xulq-atvorga yoʻl qoʻymaslik;
tazyiq va zoʻravonlik holati aniqlanganda, xodimlarning huquq va majburiyatlari;
murojaat qilish huquqlaridan vijdonan foydalanish va bila turib yolgʻon maʼlumotlar taqdim etishga yoʻl qoʻymaslik;
tazyiq va zoʻravonlik holatlaridan jabrlanuvchilar tomonidan yordam olishning mavjud ichki va tashqi usullari;
tazyiq va zoʻravonlik holatlari uchun huquqiy taʼsir choralari.
4-bob. Mansabdor shaxslar uchun trening kurslari
16. Mansabdor shaxslarni trening kurslaridan oʻtkazish mavzulari quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini yaratish uchun rahbarning shaxsiy javobgarligi;
mansabdor shaxslarning tazyiq va zoʻravonlik holatlarining oldini olish majburiyati;
murojaatlarni yashirish, eʼtiborsiz qoldirish, xolisona koʻrib chiqmaslik yoki ariza beruvchi, jabrlangan shaxs, guvohlar va murojaatni koʻrib chiqishning boshqa ishtirokchilariga bosim oʻtkazishga yoʻl qoʻymaslik;
tazyiq va zoʻravonlik holati sodir etilganda yoki sodir etilishi mumkin boʻlgan holatlarda mansabdor shaxslarning harakat qilish tartibi;
vaqtincha himoya choralari va jabrlangan shaxsning holatini yomonlashtirishga yoʻl qoʻymaslik;
xizmat boʻyicha boʻysunuv, mansab mavqeyini suiisteʼmol qilish, kamsitishlar, nomaqbul muloqot va xavfsiz boʻlmagan ish muhitini qamrab olgan tashkiliy xavf omillarini bartaraf etish;
shaxssizlantirilgan tahliliy maʼlumotlar, anonim soʻrovlar, kadrlar va tashkiliy koʻrsatkichlardan foydalangan holda tazyiq va zoʻravonlik xavflarini baholash va tashkiliy muhitni tahlil qilish;
davlat organlari va tashkilotlarining tazyiq va zoʻravonlik holati yuzaga kelishi mumkin boʻlgan nuqtalari, shu jumladan, xodimlarning gender tarkibi, xizmat boʻyicha boʻysunuv va boshqa salbiy omillarini hisobga olish;
harakatsizlik, choralarni oʻz vaqtida koʻrmaslik, muddatlarni buzish, maʼlumotlarni oshkor qilish va taʼsir choralarini nomutanosib qoʻllaganlik uchun javobgarlik.
5-bob. Masʼul xodimni maxsus trening kurslaridan oʻtkazish
17. Masʼul xodim maxsus trening kurslaridan unga tizimda murojaatlarni koʻrib chiqish imkoniyati yaratilgunga qadar amalga oʻtkaziladi.
18. Masʼul xodim, shu jumladan, quyidagi mavzularni oʻz ichiga olgan maxsus trening kursidan oʻtkaziladi:
murojaatni koʻrib chiqishning barcha bosqichlarida jabrlangan shaxsga nisbatan ustuvorlik belgilash;
ruhiy jarohat psixologiyasi asoslari, salbiy oqibatlari, xulq-atvor, hissiy holat va jabrlangan shaxsning holatlarni bayon etish qobiliyatiga taʼsiri;
jabrlangan shaxs, murojaatchi, guvohlar va ustidan murojaat berilgan shaxs bilan psixologik jihatdan xavfsiz muloqot qilish;
takroriy ruhiy jarohat yetkazish, ayblov mazmunidagi savollar, bosim oʻtkazish yoki jabrlangan shaxsni obroʻsizlantirishga yoʻl qoʻymagan holda suhbat oʻtkazish;
murojaatni koʻrib chiqish davomida jabrlangan shaxsga hamrohlik qilish, shu jumladan, uning huquqlari, mavjud himoya va qoʻllab-quvvatlash choralari hamda tashqi organlarga murojaat qilish tartibini tushuntirish;
murojaatni koʻrib chiqish yakunlanganidan keyingi qoʻllab-quvvatlash va taʼqib qilinishning oldini olish;
tazyiq va zoʻravonlik holatlarini aniqlash, bir-biridan farqlash va dastlabki tushuntirishlar;
murojaatni dastlabki baholash, xavf darajasi va vaqtincha himoya choralariga zaruratni aniqlash;
ochiq, maxfiy va anonim murojaatlar bilan ishlash xususiyatlari, shu jumladan, maxsus kirish kodidan foydalanish, aniqlashtiruvchi savollar yuborish va tekshirilishi mumkin boʻlgan maʼlumotlarni baholash;
murojaatchi, jabrlangan shaxs, guvohlar va murojaatni koʻrib chiqishning boshqa ishtirokchilariga nisbatan vaqtincha himoya choralarini qoʻllash;
xizmat boʻysunuvi, manfaatlar toʻqnashuvi, shaxsiy manfaatdorlik va murojaatni xolis koʻrib chiqishga toʻsqinlik qiluvchi boshqa holatlarni aniqlash;
shaxsga doir maʼlumotlar himoyasini taʼminlash va maʼlumotlardan faqat xizmat zarurati doirasida foydalanish;
murojaatchi, jabrlangan shaxs, guvohlar va murojaatni koʻrib chiqishning boshqa ishtirokchilariga bosim oʻtkazilishining oldini olish;
tazyiq va zoʻravonlik holatlari bilan bogʻliq ishlar xususiyatlarini inobatga olgan holda dalillarni yigʻish, qayd etish va baholash;
murojaatni koʻrib chiqish yoki tekshirish yakunlari boʻyicha xulosalar tuzish, taʼsir choralari, profilaktik hamda tashkiliy choralar boʻyicha takliflarni qayd etish;
qoidabuzarlikning ogʻirlik darajasini aniqlash va taʼsir choralarining mutanosibligini belgilash tartibi;
murojaatlar boʻyicha boʻyicha maʼmuriy huquqbuzarlik yoki jinoyat alomatlari mavjud boʻlgan hollarda ularni tegishliligiga koʻra vakolatli huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yuborish;
Portalda ishlash, shu jumladan, harakatlarni qayd etish, muddatlarga amal qilish, materiallarni yuklash, xabarnomalar yuborish, elektron izni yuritish va taʼsir choralar ijrosini nazorat qilish.
19. Maxsus trening kurslardan oʻtkazish amaliy keyslar, vaziyatlar va xavflarni tahlil qilish, jabrlangan shaxs bilan muloqotdagi ehtimoliy xatolarga yoʻl qoʻymaslik hamda tizimdan foydalanish koʻnikmalarini qamrab oladi.
20. Zarur hollarda maxsus trening kurslari boʻyicha oʻquv dasturlarini ishlab chiqish va oʻtkazishga mehnat huquqi, davlat xizmati, psixologiya, gender tengligi, shaxsga doir maʼlumotlarni himoya qilish, raqamli tizimlar, murojaatlarni koʻrib chiqish, etika va kamsitishning oldini olish sohalari mutaxassislari jalb etilishi mumkin.
21. Portalda masʼul xodimning maxsus trening kursidan muvaffaqiyatli oʻtganligi yuzasidan mavjud qaydlar unga Portalda murojaatlarni koʻrib chiqishga ruxsat etishning majburiy sharti hisoblanadi.
6-bob. Qoʻshimcha trening kurslari
22. Qoʻshimcha trening kurslari davlat organlari va tashkilotlarida tazyiq va zoʻravonlik holatlari takrorlanishining oldini olish, kasbiy va axloqiy meʼyorlarga rioya etish hamda xavfsiz va hurmatga asoslangan muloqot koʻnikmalarini shakllantirishga qaratiladi.
23. Qoʻshimcha trening kurslari davlat organlari va tashkilotlarida tazyiq va zoʻravonlik holatlarini sodir etgan mansabdor shaxslar va xodimlarga boshqa huquqiy taʼsir choralarini qoʻllashni istisno etmaydi.
7-bob. Tegishli trening kurslarini tashkil etish va ular boʻyicha oʻquv materiallarini ishlab chiqish
24. Tegishli trening kurslari masofaviy, anʼanaviy yoki aralash shaklda oʻtkaziladi.
25. Tegishli trening kurslariga oid materiallar, testlar, amaliy keyslar va uslubiy tavsiyalar Portalga tegishli davlat organlari va tashkilotlari tomonidan joylashtiriladi.
26. Tegishli trening kurslarining oʻquv materiallari aniq va tushunarli boʻlib, amaliy misollar, namunaviy vaziyatlar, harakatlar algoritmlari hamda xavfsiz ish muhiti talablarini buzish oqibatlarini qamrab oladi.
27. Portalga masʼul davlat organi oʻquv materiallaridan barcha xodimlar teng foydalanish imkoniyatini yaratadi.
Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash dasturini joriy etish tartibi toʻgʻrisida nizomga 2-ILOVA
“Xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhiti” axborot portalining faoliyat yuritish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Tartib “Xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhiti” axborot portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) faoliyatini yoʻlga qoʻyish maqsadi, uning vazifalari, funksiyalari va ishlash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Tartibda foydalaniladigan atamalar Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash dasturini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi Nizomda belgilangan maʼnolarda qoʻllanadi.
3. Portal davlat organlari va tashkilotlarida Nizomda belgilangan qoidalarni amalga oshirishni taʼminlovchi axborot portali hisoblanadi.
4. Portal faoliyatini yoʻlga qoʻyishdan maqsad tazyiq va zoʻravonlik holatlari yuzasidan murojaatlarni qabul qilish, raqamli hisobga olish, koʻrib chiqish va monitoring qilish hisoblanadi.
5. Murojaatlarni oʻrganib chiqish yakunlari yuzasidan tegishli huquqiy taʼsir choralari va boshqa qarorlar davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan holatlarda vakolatli huquqni muhofaza qiluvchi organlar tomonidan qabul qilinadi hamda uning natijalari Portalga yuklanadi.
2-bob. Portalning asosiy vazifalari
6. Quyidagilar Portalning asosiy vazifalari hisoblanadi:
murojaatlarni yagona raqamli hisobga olish;
murojaatlarni qabul qilish va murojaat boʻyicha ishtirokchilar orasida muloqot uchun himoyalangan elektron imkoniyatni taʼminlash;
murojaatlarni tegishliligiga koʻra masʼul shaxslarga koʻrib chiqish uchun yoʻnaltirish;
murojaatlarni koʻrib chiqish muddatlari hamda qabul qilingan qarorlar ijrosini nazorat qilish;
murojaatlar boʻyicha tahliliy maʼlumotlarni shakllantirish.
7. Portalda murojaatni qabul qilish, roʻyxatga olish, yoʻnaltirish, dastlabki baholash, koʻrib chiqish, tekshirish, qaror qabul qilish, qaror ijrosini nazorat qilish, murojaat boʻyicha koʻrilgan huquqiy taʼsir chorasi ustidan shikoyatlarni koʻrib chiqish hamda keyingi monitoring jarayonlarini raqamli shaklda yuritish ishlari amalga oshiriladi.
8. Portalda davlat organlari va tashkilotlarida tazyiq va zoʻravonlik holatlarining oldini olish boʻyicha quyidagi profilaktik tadbirlar boʻyicha faoliyat taʼminlanadi:
xodimlar, mansabdor shaxslarning tegishli trening kurslaridan oʻtkazilishini hisobga olish;
tegishli trening kurslari boʻyicha oʻquv va uslubiy materiallarni yangilab borish va joylashtirish;
profilaktika tadbirlari hamda tazyiq va zoʻravonlik holatlariga oid xavflarni baholash natijalarini qayd etish.
9. Portal takroriy murojaatlar, tizimli xavflar, murojaatlarni koʻrib chiqish muddatlarining buzilishi, harakatsizlik, belgilangan choralarning samaradorligi hamda xavfsiz ish muhitini taʼminlash sohasidagi boshqa muammolarni aniqlash uchun shaxsni identifikatsiya qilish imkonini bermaydigan tahliliy maʼlumotlarni shakllantiradi.
3-bob. Davlat organlari va tashkilotlari, ularning masʼul xodimlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar
10. Portalda davlat organlari va tashkilotlari, ularning yuqori turuvchi instansiyalari, shuningdek, masʼul xodimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar yuritiladi.
11. Davlat organlari va tashkilotlarida masʼul xodim va huquqiy taʼsir chorasini koʻrishga masʼul xodim toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Portal orqali murojaatlarni koʻrib chiqish imkoniyati yaratilgunga qadar kiritilishi shart.
12. Portalda tazyiq va zoʻravonlik holatlari sodir etilishida gumon qilinayotgan masʼul xodimlar va mansabdor shaxslarning murojaat koʻrib chiqilishida ishtirok etmasligiga oid cheklovlar yuritiladi.
13. Masʼul xodimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, ularning murojaatlarni koʻrib chiqish holati hamda cheklovlardagi tegishli oʻzgarishlar Portalda saqlab qolinadi va ularning yoʻq qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
4-bob. Portal orqali murojaat qilish va roʻyxatga olish
14. Murojaatlar Portal orqali elektron murojaat shaklini toʻldirish orqali kiritiladi.
15. Murojaatlarni ochiq, maxfiy yoki anonim shaklda taqdim etish imkoniyati yaratiladi.
16. Murojaatlarni roʻyxatga olish va tegishliligi boʻyicha yoʻnaltirishda zarur boʻlgan maʼlumotlar, shu jumladan, davlat organlari va tashkilotlari, ularning tarkibiy boʻlinmalari, tazyiq va zoʻravonlik holati sababchisi boʻlgan shaxs, jabrlangan shaxs, guvohlar, xizmat boʻyicha bogʻliqlik, tazyiq va zoʻravonlik holati turi, bosim, tahdid, taʼqib qilish yoki boshqa xavflar mavjudligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kiritiladi.
17. Murojaat Portal orqali taqdim etilgan vaqtda unga takrorlanmaydigan roʻyxatga olish raqami berilgan holda avtomatik ravishda roʻyxatga olinadi.
18. Murojaat roʻyxatga olinganidan soʻng Portal murojaatchiga uning roʻyxatga olingani, roʻyxat raqami va murojaat holatini kuzatish tartibi toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi.
19. Portaldan tashqarida kelib tushgan murojaatlar bir ish kuni muddatda masʼul xodim tomonidan Portal orqali roʻyxatga olinishi kerak.
5-bob. Murojaatni qabul qilish, yoʻnaltirish va dastlabki baholash
20. Murojaat roʻyxatga olinganidan soʻng Portal uni masʼul xodimga ish yurituvi uchun yuboradi.
21. Masʼul xodimda manfaatlar toʻqnashuvi aniqlangan taqdirda, Portal bu haqdagi maʼlumotlarni qayd etadi, mazkur shaxsning murojaat materiallaridan foydalanish huquqini cheklaydi hamda murojaatni belgilangan tartibda boshqa masʼul xodimga yoki davlat organi va tashkilotining yuqori turuvchi instansiyasiga yoʻnaltiradi.
6-bob. Murojaat boʻyicha elektron ish
22. Har bir roʻyxatga olingan murojaat boʻyicha Portal elektron ish shakllantiradi.
23. Elektron ishda quyidagi maʼlumotlar aks ettiriladi:
murojaat va uning roʻyxatga olish raqami;
murojaatni taqdim etish shakli;
ilova qilingan materiallar;
murojaatni yoʻnaltirish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
dastlabki baholash natijalari;
xabarnomalar va aniqlashtiruvchi savollar;
tushuntirishlar va dalillar;
vaqtincha himoya choralari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
suhbat materiallari;
murojaatni koʻrib chiqish yoki tekshirish natijalari;
qabul qilingan qarorlar;
qoʻllangan huquqiy taʼsir choralari va ularning ijrosi;
shikoyatga oid maʼlumotlar.
24. Murojaat boʻyicha hujjatlar, tushuntirishlar, dalillar, bayonnomalar, suhbat materiallari, xabarnomalar, qarorlar va boshqa hujjatlar Portalda elektron shaklda saqlanadi.
25. Murojaat boʻyicha amalga oshirilgan barcha harakatlar Portalda sana, vaqt, harakatni amalga oshirgan shaxs, harakat mazmuni va natijasi koʻrsatilgan holda qayd etiladi.
7-bob. Portal orqali muloqot va harakatlar
26. Murojaatni koʻrib chiqish bilan bogʻliq xabarnomalar yuborish, aniqlashtiruvchi savollar berish, tushuntirishlar olish, suhbat oʻtkazish, qoʻshimcha materiallarni qabul qilish, xulosa va qarorlarni yuborish, shikoyatni koʻrib chiqish hamda ishtirokchilarni xabardor qilish Portal orqali amalga oshiriladi.
27. Portal ariza beruvchi, jabrlangan shaxs, ustidan murojaat berilgan shaxs, guvohlar, masʼul xodim va murojaatni koʻrib chiqishda ishtirok etuvchi boshqa shaxslar oʻrtasida ularning vakolatlari va maʼlumotlardan foydalanish huquqlari doirasida himoyalangan elektron muloqotni taʼminlaydi.
28. Murojaatni koʻrib chiqish jarayonida Portal orqali himoyalangan audio, video yoki matnli suhbatlar oʻtkazilishi mumkin.
Suhbat oʻtkazilganda uning sanasi, vaqti, shakli, ishtirokchilari, berilgan tushuntirishlar va taqdim etilgan materiallar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Portalda qayd etiladi.
Suhbat yakunlari boʻyicha Portalda suhbat mazmunini aks ettiruvchi bayonnoma, yozuv, xizmat qaydi yoki boshqa elektron hujjat shakllantiriladi.
Mazkur materiallar murojaat boʻyicha elektron ishga qoʻshiladi.
Suhbat bayonnomasi avtomatik shakllantirilgan taqdirda, masʼul xodim uning mazmunini tekshiradi va Portalda tasdiqlaydi.
Bayonnomaga kiritilgan oʻzgartirishlar Portalda saqlab qolinadi va ularning yoʻq qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
29. Portalda bir shaxs tomonidan oʻzaro oʻxshash usulda tegishli davrda sodir etilgan bir nechta bir xil harakatni takrorlanuvchi xulq-atvor sifatida birlashtirilgan holda koʻrib chiqish imkoniyati yaratiladi.
8-bob. Vaqtincha himoya choralari, qarorlar va choralar ijrosi
30. Murojaatchi, jabrlangan shaxs, guvoh yoki murojaatni koʻrib chiqishda ishtirok etuvchi boshqa shaxslarga nisbatan qoʻllanadigan vaqtincha himoya choralari Portalda quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan holda qayd etiladi:
chorani qoʻllash asoslari;
choraning mazmuni;
chora qoʻllangan sana;
amal qilish muddati;
qaror qabul qilgan shaxs;
ijro uchun masʼul shaxs;
chorani qayta koʻrib chiqish, oʻzgartirish yoki bekor qilish sanasi.
31. Shaxsning hayoti, sogʻligʻi yoki xavfsizligiga bevosita tahdid mavjud boʻlgan hollarda qoʻllangan vaqtinchalik himoya choralari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Portalga darhol kiritiladi.
32. Murojaatni koʻrib chiqish yoki tekshirish natijalari boʻyicha tayyorlangan xulosa Portal orqali tegishliligi boʻyicha davlat organi va tashkilotining rahbariga yoki vakolatli huquqni muhofaza qiluvchi organga yuboriladi.
33. Murojaat boʻyicha yakuniy qaror Portalda quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan holda qayd etiladi:
murojaatda keltirilgan holatlarning tasdiqlangan yoki tasdiqlanmagani;
sodir etilgan tazyiq va zoʻravonlik holatlarining xususiyati va ogʻirlik darajasi;
qoʻllangan huquqiy taʼsir choralari;
taʼsir choralarini tanlash asoslari;
ularning ijro muddatlari;
ijro uchun masʼul shaxslar.
34. Murojaatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilingan qarorlarning (huquqiy taʼsir choralari, preventiv va profilaktik) ijrosi Portal orqali nazorat qilinadi.
35. Tasdiqlangan tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha koʻrilgan huquqiy taʼsir choralarining yoki preventiv va profilaktik tadbirlarning ijrosi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Portalga kiritilmagunga qadar murojaat boʻyicha ish yakunlangan deb hisoblanmaydi.
36. Murojaatlarni koʻrib chiqish, tekshirish yoki huquqiy taʼsir choralarini ijro etish muddatlari buzilganda, maʼlumotlar oʻz vaqtida kiritilmaganda, harakatsizlikka yoʻl qoʻyilganda yoki qoʻllangan choralar nomutanosib ravishda yengillashtirilganda, Portal bu haqidagi maʼlumotlarni qayd etadi hamda masʼul shaxslar va monitoring qiluvchi davlat organiga xabarnoma yuboradi.
9-bob. Murojaat boʻyicha koʻrilgan huquqiy taʼsir chorasi ustidan shikoyatlarni koʻrib chiqish
37. Murojaat boʻyicha koʻrilgan huquqiy taʼsir chorasi ustidan shikoyatlar Nizomda belgilangan muddat va tartibda Portal orqali beriladi.
38. Portalda murojaat boʻyicha koʻrilgan huquqiy taʼsir chorasi ustidan shikoyatlarga oid quyidagi maʼlumotlar qayd etiladi:
shikoyat berish asoslari;
ilova qilingan materiallar;
shikoyatni koʻrib chiquvchi masʼul xodim yoki vakolatli huquqni muhofaza qilish organlari;
koʻrib chiqish muddatlari;
koʻrilgan huquqiy taʼsir choralari;
murojaatning roʻyxatdan oʻtgan sanasi va raqamlari.
10-bob. Tegishli trening kurslaridan oʻtishni va profilaktik tadbirlarni hisobga olish
39. Portalda tegishli trening kurslarini muvaffaqiyatli oʻtkazish, oʻquv materiallarini oʻzlashtirish natijalari, keyingi tegishli trening kurslari muddatlari, belgilangan muddatlarda tegishli trening kurslaridan oʻtmaganlik sabablari qayd etiladi.
40. Portalda ochiq foydalanish uchun davlat organlari va tashkilotlarida tazyiq va zoʻravonlik holatlarining oldini olish, murojaatlarni taqdim etish tartibini tushuntirish va xavfsiz ish muhitini taʼminlashga qaratilgan quyidagi materiallar joylashtiriladi:
davlat organlari va tashkilotlarining tazyiq va zoʻravonlikka qarshi kurashish siyosati;
tartib-taomillar;
oʻquv materiallari;
tahliliy materiallar;
amaliy misollar.
41. Xavflarni baholash, anonim soʻrovlar va tashkiliy muhit tahlili natijalari Portalda shaxsni identifikatsiya qilish imkonini bermaydigan tahliliy maʼlumotlar shaklida aks ettiriladi.
Murojaatlarni yashirish, harakatsizlikka yoʻl qoʻyish, taʼqib qilish yoki boshqa qonunbuzilish holatlarini aniqlash uchun muayyan shaxslarga oid maʼlumotlarni koʻrib chiqish zarur boʻlgan hollar bundan mustasno.
11-bob. Tahlil va monitoring
42. Portal orqali davlat organlari va tashkilotlarida tazyiq va zoʻravonlik holatlariga qarshi kurashish boʻyicha murojaatlarni roʻyxatga olish, yoʻnaltirish, koʻrib chiqish, tekshirish, qoʻllangan choralarning ijrosi, oʻqitish, profilaktik tadbirlar, xavflarni baholash va tashkiliy muhitni oʻrganishga oid maʼlumotlar asosida tahlillar avtomatik ravishda shakllantiriladi.
43. Portal orqali shakllantiriladigan tahliliy maʼlumotlar quyidagilarni qamrab oladi:
murojaatlar soni;
murojaatlarda koʻrsatilgan tazyiq va zoʻravonlik holatlarining xususiyati;
dastlabki baholash natijalari;
murojaatlarni koʻrib chiqish va tekshirish muddatlari;
ichki tekshiruvlar hamda koʻrib chiqilgan murojaatlar soni;
qoʻllangan vaqtincha himoya choralari;
tasdiqlangan va tasdiqlanmagan holatlar;
qoʻllangan huquqiy taʼsir choralari va ularning ijrosi;
taʼqib qilish holatlari;
muddatlar buzilishi va harakatsizlik holatlari;
takrorlanuvchi xavflar;
tegishli treningdan oʻtkazish natijalari;
profilaktik tadbirlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
44. Davlat organlari va tashkilotlari Portalda faqat oʻz faoliyatiga tegishli maʼlumotlardan foydalanish huquqiga ega.
Davlat organlari va tashkilotlarining yuqori turuvchi instansiyalari yoki ular boʻysunuvidagi davlat organlari va tashkilotlari murojaatlar boʻyicha toʻliq materiallardan foydalanish huquqiga ega emas, vertikal tartibda kelib tushgan murojaatlarni koʻrib chiqish holatlari bundan mustasno.
Bunday hollarda maʼlumotlardan foydalanish huquqi davlat organi va tashkilotining yuqori turuvchi instansiyasi birinchi rahbari va masʼul xodimiga beriladi.
12-bob. Maʼlumotlardan foydalanish va ularni himoya qilish
45. Murojaat boʻyicha maʼlumotlardan quyidagilar foydalanishi mumkin:
a) murojaatni koʻrib chiqayotgan davlat organlari va tashkilotlarining birinchi rahbari va masʼul xodimi — murojaatni dastlabki oʻrganish, yoʻnaltirish, tekshirish va koʻrib chiqish uchun;
b) yuqori turuvchi davlat organlari va tashkilotlarining birinchi rahbari va masʼul xodimi — murojaatni vertikal tartibda koʻrib chiqish uchun;
v) monitoring qiluvchi davlat organining birinchi rahbari va Portal bilan ishlash uchun masʼul xodimlar — monitoring oʻtkazish uchun.
46. Portaldan foydalanish huquqiga ega shaxslar Portalning texnik talablariga muvofiq roʻyxatdan oʻtkaziladi.
47. Murojaatlarni koʻrib chiqish doirasida shaxsga doir maʼlumotlar bilan ishlash qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
13-bob. Maʼlumotlarni saqlash, shaxssizlantirish va arxivlash
48. Qonunchilik hujjatlarida boshqa muddat belgilanmagan boʻlsa, murojaat materiallari murojaatni koʻrib chiqish yakunlangan kundan eʼtiboran besh yil davomida Portalda saqlanadi.
49. Saqlash muddati tugaganidan soʻng murojaat materiallari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda arxiv saqloviga topshiriladi.
14-bob. Portalning texnik faoliyati va uni takomillashtirish
50. Monitoring qiluvchi davlat organi:
Portalning uzluksiz faoliyat yuritishini;
texnik qoʻllab-quvvatlashni;
axborot xavfsizligini;
zaxira nusxalarini yaratishni;
texnik nosozliklardan keyin ish qobiliyatini tiklashni;
funksional imkoniyatlarni takomillashtirishni;
belgilangan tartibda boshqa axborot portallari bilan axborot almashinuvini taʼminlaydi.
51. Portalda texnik nosozlik yuzaga kelganda, murojaatlar, maʼlumotlar yoki jarayonlarga oid maʼlumotlar murojaat boʻyicha ishtirokchi shaxslarning huquqlarini taʼminlagan holda boshqa usulda vaqtincha qayd etilib, Portal faoliyati tiklanganidan soʻng ular Portalga kiritiladi.
52. Portalning boshqa davlat axborot portallari bilan integratsiyasi axborot xavfsizligi va shaxsga doir maʼlumotlarni himoya qilish talablariga rioya etilgan holda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
53. Portalga qoʻyiladigan texnik talablar, uni ekspluatatsiya qilish tartibi, maʼlumotlar formatlari, integratsiya, zaxira nusxalash, maʼlumotlarni tiklash va axborot xavfsizligi talablari belgilangan tartibda tasdiqlanadigan texnik hujjatlar bilan belgilanadi.
Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash dasturini joriy etish tartibi toʻgʻrisida nizomga 3-ILOVA
Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaatni qabul qilish va koʻrib chiqish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Tartib davlat organlari va tashkilotlarida mehnat sohasida tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaatni qabul qilish hamda koʻrib chiqish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Tartibda foydalaniladigan atamalar Davlat organlari va tashkilotlarining mehnat sohasida xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhitini taʼminlash dasturini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi Nizomda belgilangan maʼnolarda qoʻllanadi.
3. Murojaat maxfiylikni taʼminlash, taʼqib etishdan himoya qilish, xolislik, adolatlilik, tekshirishning toʻliqligi, ishtirokchilar huquqlarini taʼminlash, jabrlangan shaxsning xavfsizligi va qadr-qimmatini ustuvor qoʻyish hamda unga takroriy ruhiy zarar yetkazmaslik tamoyillari asosida koʻrib chiqiladi.
4. Murojaatchi va jabrlangan shaxs faqat oʻzlarida mavjud tazyiq va zoʻravonlik holatlariga tegishli boʻlgan maʼlumot va materiallarni “Xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhiti” axborot portaliga (keyingi oʻrinlarda — Portal) kiritadi yoki masʼul xodimga taqdim etadi. Davlat organlari va tashkilotlari hujjatlari, xizmat yozishmalari, axborot portallari maʼlumotlari, videoyozuvlar va boshqa materiallarni olish masʼul xodim tomonidan taʼminlanadi.
5. Tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaatlarni qabul qilish va koʻrib chiqish boʻyicha barcha harakatlar, soʻrovlar, olingan materiallar, xabarnomalar, koʻrilgan huquqiy taʼsir choralari ijrosiga oid maʼlumotlar Portalda qayd etiladi.
6. Murojaatchi, jabrlangan shaxs va guvohning shaxsiga oid maʼlumotlar shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisidagi qonunchilikka amal qilgan holda oshkor etiladi.
2-bob. Murojaat berish va uni roʻyxatga olish
7. Murojaat berishning asosiy kanali Portal hisoblanadi. Murojaatchi Portaldan tashqari quyidagilarga ham toʻgʻridan-toʻgʻri murojaat qilishga haqli:
a) davlat organlari va tashkilotlarining masʼul xodimiga;
b) davlat organlari va tashkilotlarining yuqori turuvchi instansiyasiga;
v) boshqa vakolatli huquqni muhofaza qilish organlariga.
8. Portaldan tashqari kelib tushgan murojaat u kelib tushgan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay Portalga kiritiladi. Portal orqali murojaat berish murojaatchi yoki jabrlangan shaxsning bir vaqtning oʻzida davlat organlari va tashkilotlarining yuqori turuvchi instansiyasiga yoki boshqa vakolatli huquqni muhofaza qilish organlariga murojaat qilish huquqini cheklamaydi.
9. Murojaat ochiq, maxfiy yoki anonim shaklda berilishi mumkin. Maxfiy murojaatda murojaatchining shaxsi masʼul xodimga maʼlum boʻladi, biroq uning aniq ifodalangan roziligisiz oshkor etilmaydi, qonunchilikda nazarda tutilgan yoki bevosita tahdidning oldini olish bilan bogʻliq holatlar bundan mustasno.
10. Portal orqali berilgan murojaat unga roʻyxatga olish raqami berilgan holda avtomatik roʻyxatga olinadi. Murojaatchiga roʻyxatga olinganligi toʻgʻrisida tasdiq va murojaat holatini kuzatish tartibi toʻgʻrisida xabarnoma yuboriladi. Anonim murojaat berilganda, Portal shaxsiy kirish kodini shakllantiradi.
11. Murojaat jabrlangan shaxs, guvoh yoki tazyiq va zoʻravonlik holati fakti yoxud taxmin qilinayotgan fakti toʻgʻrisida maʼlumotga ega boshqa shaxs tomonidan berilishi mumkin.
12. Murojaatda quyidagilar koʻrsatiladi:
a) taxmin qilinayotgan tazyiq va zoʻravonlik holati sodir etilgan davlat organlari va tashkilotlari, ularning tarkibiy boʻlinmalari;
b) sana, vaqt, davr, joy yoki aloqa kanali, tazyiq va zoʻravonlik holatining takrorlanishi haqida maʼlumot;
v) muayyan harakat, harakatsizlik, gap-soʻzlar, xabarnomalar, imo-ishoralar, jismoniy teginish yoki shularga oid xulq-atvorning tavsifi va mazmuni;
g) jabrlangan shaxs va ustidan murojaat berilgan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
d) guvohlar, holatdan xabardor boshqa shaxslar va mavjud materiallar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
e) xizmat boʻyicha boʻysunuv, tahdid, bosim, taʼqib etish, takrorlanish yoki zarar yetkazish xavfi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
13. Murojaatga murojaatchi ixtiyorida boʻlgan hujjatlar, yozishmalar, audio, video, foto va boshqa materiallar ilova qilinishi mumkin.
14. Murojaatdagi noaniqlik, toʻliqsizlik, ayrim maʼlumotlar, dalillar yoki huquqiy malakalashning mavjud emasligi uni roʻyxatga olish yoki koʻrib chiqishni rad etish uchun asos boʻlmaydi.
15. Tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha murojaat berish muddati cheklanmaydi. Taxmin qilinayotgan tazyiq va zoʻravonlik holatidan keyin oʻtgan vaqt faqat ayrim manbalardan foydalanish imkoniyatini aniqlashda hisobga olinadi va oʻz-oʻzidan murojaatning ishonchsizligini anglatmaydi.
16. Maxfiy murojaatda xavfsiz aloqa usuli, oshkor etish mumkin boʻlgan maʼlumotlar hamda bosim yoki taʼqib xavfini keltirib chiqarishi mumkin boʻlgan shaxslar nazarda tutiladi.
17. Anonim murojaat boʻyicha muayyan shaxsga nisbatan individual chora faqat murojaatchining shaxsidan mustaqil ravishda tekshirilgan va tasdiqlangan maʼlumotlar mavjud boʻlganda qoʻllanishi mumkin. Bunday maʼlumotlar boʻlmaganda, umumiy profilaktika choralari va tegishli trening kurslaridan oʻtkazish tadbirlari amalga oshiriladi. Anonim murojaatchi oʻz shaxsini boshqa ishtirokchilarga oshkor etishga rozilik bermagan holda maxfiy shaklga oʻtishga haqli.
3-bob. Murojaatni dastlabki baholash, cheklovlar va yoʻnaltirish
18. Murojaatni dastlabki baholash u roʻyxatga olingan kundan eʼtiboran uch ish kunidan kechiktirmay amalga oshiriladi.
19. Dastlabki baholash jarayonida masʼul xodim quyidagilarni amalga oshiradi:
tekshirishning dastlabki predmeti va ehtimoliy epizodlarni belgilaydi;
bosim, taʼqib etish, tazyiq va zoʻravonlik holati takrorlanishi, mehnat sharoitlarining yomonlashishi, materiallarni yoʻq qilish yoki boshqa zarar yetkazish xavfini baholaydi;
munosabat bildirishning shoshilinchligi va vaqtincha himoya choralariga ehtiyojni aniqlaydi;
cheklovlar, manfaatlar toʻqnashuvi va vertikal tartibda koʻrib chiqish asoslarini tekshiradi;
jinoyat yoki maʼmuriy huquqbuzarlik alomatlarini, shu jumladan, davlat organi va tashkilotining huquqiy masalalarga oid tarkibiy boʻlinmasi vakili bilan birgalikda aniqlaydi;
materiallarni davlat organi va tashkilotining yuqori turuvchi instansiyasi yoki boshqa vakolatli davlat organlariga yuborish zaruratini aniqlaydi;
tazyiq va zoʻravonlik holati boshqa davlat organi yoki tashkilotining xodimi yoki mansabdor shaxsi tomonidan amalga oshirilishi boʻyicha murojaatlar boʻlgan taqdirda, murojaat boʻyicha tegishli materiallarni ushbu davlat organi va tashkilotiga, ularning masʼul xodim yoki mansabdor shaxslari tomonidan sodir etilganda esa tegishli davlat organi va tashkilotining yuqori turuvchi instansiyasi yoxud huquqni muhofaza qilish organlariga yuborish zaruratini aniqlaydi;
zudlik bilan saqlanishi lozim boʻlgan materiallarni belgilaydi.
20. Murojaat jabrlangan shaxs tomonidan berilmagan boʻlsa, uning shaxsi yoki murojaat mazmuni oshkor boʻlishi mumkin boʻlgan harakatlar amalga oshirilishidan oldin jabrlangan shaxs bilan himoyalangan aloqa oʻrnatiladi. Bevosita tahdid yoki materiallarni yoʻqotish xavfi mavjud boʻlganda, avvalo, xavfsizlik va maʼlumotlarni saqlash choralari koʻriladi.
21. Xavfsizlikka tahdid, zoʻravonlik, jinsiy majburlash, tizimli tazyiq va zoʻravonlik holatlari, mansab mavqeyini suiisteʼmol qilish, taʼqib etish yoki boshqa shaxslar uchun xavf mavjud boʻlganda, uning ishtirok etishdan voz kechishi tazyiq va zoʻravonlik holatiga oid murojaatni koʻrib chiqishni istisno qilmaydi.
22. Tekshirish predmetini aniqlash uchun maʼlumotlar yetarli boʻlmaganda, murojaatchiga muayyan aniqlashtiruvchi savollar yuboriladi. Bir vaqtning oʻzida masʼul xodim murojaatchining ishtirokidan mustaqil ravishda olish mumkin boʻlgan hujjatlar, axborot portallari maʼlumotlari va boshqa manbalarni tekshiradi.
23. Qoʻshimcha maʼlumot yoki oʻzaro bogʻliq murojaat kelib tushganda, koʻrib chiqish yangi murojaat berish talab etilmasdan qayta tiklanadi. Maʼlumotlarni kutish xavfni baholash, materiallarni saqlash va zarur himoya choralarini qoʻllashni toʻxtatmaydi.
24. Masʼul xodimlarga Portal orqali murojaatlarni koʻrib chiqish vakolati berilgunga qadar davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari tomonidan Portalda murojaat koʻrib chiqilishida ishtirok etmaslikka oid cheklovlar tasdiqlanadi.
25. Portalda tazyiq va zoʻravonlik holatlari sodir etilishida gumon qilinayotgan quyidagi shaxslarning murojaatning koʻrib chiqilishida ishtirok etmasligiga oid cheklovlar kiritilib, murojaat davlat organi va tashkilotining yuqori turuvchi instansiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi:
tegishli davlat organlari va tashkilotlari rahbari va uning oʻrinbosarlari;
masʼul xodimga bevosita boʻysunuvchi shaxslar;
masʼul xodimning oʻzi va uning bevosita rahbari.
26. Davlat organi va tashkilotining yuqori turuvchi instansiyasi mavjud boʻlmaganda murojaat tegishli shaxsga nisbatan huquqiy taʼsir chorasini koʻrish vakolatiga ega davlat organi va tashkilotiga yoki mansabdor shaxsga yuboriladi.
27. Masʼul xodim tomonidan cheklovlarga taʼsir qiluvchi maʼlumotlar oʻzgarganligi aniqlanganda, uni zudlik bilan Portalda qayd etishi shart.
28. Portal murojaatlarni yoʻnaltirishda cheklovlardan avtomatik foydalanadi. Cheklov mavjud boʻlgan subyektga murojaat biriktirilmaydi va uning materiallardan foydalanish huquqi cheklanadi.
29. Murojaatni koʻrib chiqish boshlanganidan keyin manfaatlar toʻqnashuvi yoki xolislikka toʻsqinlik qiluvchi boshqa holat aniqlanganda, masʼul xodim koʻrib chiqishni va materiallardan foydalanishni toʻxtatadi, asosni Portalda qayd etadi va murojaatni vertikal tartibda koʻrib chiqish uchun yoʻnaltiradi. Murojaat topshirilgunga qadar faqat murojaat doirasida maʼlumotlar zarar koʻrishi (texnik) yoki yoʻqotilishining oldini olishga qaratilgan harakatlarni amalga oshirishga yoʻl qoʻyiladi.
30. Huquqiy taʼsir chorasini ijro etish muddati buzilganda, Portal kechikishni avtomatik ravishda qayd etadi, davlat organlari va tashkilotlari rahbariga, murojaat vertikal tartibda koʻrib chiqilgan hollarda yuqori turuvchi davlat organlari va tashkilotlari rahbariga, shu jumladan, tegishli huquqni muhofaza qilish organiga bu haqda xabarnoma yuboradi.
31. Murojaat vertikal tartibda koʻrib chiqishga yuborilgan yoki xavflarni baholash natijasida mustaqil nazorat zarurati aniqlangan hollarda, mustaqil nazorat komissiyasi murojaatni koʻrib chiqish hamda belgilangan taʼsir choralarini ijro etish jarayonining qonuniyligi, xolisligi, toʻliqligi va belgilangan tartibga muvofiqligini nazorat qiladi, zarur hollarda, murojaatni koʻrib chiqish jarayonida ishtirok etadi va yakunlari boʻyicha monitoring qiluvchi davlat organiga tegishli xulosalarni kiritadi.
32. Murojaatni tegishli asoslarga koʻra vertikal tartibda koʻrib chiqish boshlanganda, bu haqdagi maʼlumotlar nazorat uchun monitoring qiluvchi davlat organiga avtomatik tarzda yuboriladi.
33. Maʼmuriy huquqbuzarlik yoki jinoyat alomatlari mavjud boʻlganda, materiallar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli huquqni muhofaza qiluvchi organga yuboriladi. Bunda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda, maʼmuriy huquqbuzarlik yoki jinoyat alomatlari aniqlanmaganda, holat yuzasidan murojaat tegishli davlat organi va tashkilotiga ichki tartib-qoidalariga muvofiq koʻrib chiqish uchun qaytariladi.
34. Murojaatlarni vakolatli huquqni muhofaza qiluvchi organga yuborish vaqtincha himoya, materiallarni saqlash, taʼqib etishning oldini olish va davlat organlari va tashkilotlari vakolati doirasida tegishli huquqiy taʼsir chorasini qoʻllash qismida ichki tekshirishni yoki vertikal tartibda koʻrib chiqishni toʻxtatmaydi. Bu haqdagi barcha maʼlumotlar Portalda qayd etiladi.
4-bob. Vaqtincha himoya choralari
35. Murojaatni vertikal tartibda koʻrib chiqish yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda u vakolatli huquqni muhofaza qiluvchi organga yuborilgan holatlarda murojaatchi yoki jabrlanuvchiga nisbatan vaqtincha himoya choralari qoʻllanishi mumkin.
36. Masʼul xodim jabrlangan shaxsning alohida iltimosi mavjud yoki mavjud emasligidan qatʼi nazar, vaqtincha himoya choralarini qoʻllash tashabbusini kiritadi.
37. Vaqtincha himoya choralari toʻgʻrisidagi qaror davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari yoki ular vakolat bergan shaxs tomonidan qabul qilinadi. Murojaatni vertikal tartibda koʻrib chiqishda vaqtincha himoya choralari, shu jumladan, davlat organi va tashkilotining yuqori turuvchi instansiyasining mansabdor shaxsi tomonidan qoʻllanadi.
38. Bevosita tahdid mavjud boʻlganda, vaqtincha himoya choralari bir ish kuni ichida qoʻllanadi. Boshqa hollarda vaqtincha himoya chorasi xavf aniqlangan kundan eʼtiboran uch ish kunidan kechiktirmay qoʻllanadi.
39. Ustidan murojaat berilgan shaxsga quyidagi vaqtincha cheklov choralari qoʻllanadi:
murojaatni koʻrib chiqish ishtirokchilari oʻrtasidagi muloqot, shu jumladan, mehnat munosabatlarini cheklash;
boshqaruv vakolatlarini vaqtincha toʻxtatish;
qisman yoki toʻliq lavozim majburiyatlarini bajarishdan chetlashtirish;
murojaat bilan bogʻliq ishtirokchilar xavfsizligini taʼminlash uchun zarur boshqa cheklov choralari.
40. Jabrlangan shaxsga nisbatan qoʻllanadigan vaqtincha himoya choralariga quyidagilar kiradi:
ish joyidagi xonasini oʻzgartirish;
tegishli tarkibiy boʻlinmadan ish haqi va unga kiruvchi barcha qoʻshimcha moddiy ragʻbatlantirish paketi saqlangan holda boshqa teng lavozimga oʻtkazish;
masofaviy ishlash sharoitini taʼminlash;
mehnat qonunchiligiga asosan taʼtillar jadvalidan tashqari mehnat taʼtilini berish.
41. Jabrlangan shaxsga taalluqli choralar, uning xavfsizligini boshqa usulda taʼminlash imkoni boʻlmagan bevosita tahdid hollaridan tashqari, uning xohishiga qarshi qoʻllanmaydi.
42. Vaqtincha himoya choralari huquqiy taʼsir chorasi hisoblanmaydi, tekshirish natijasini oldindan belgilamaydi va murojaatchi, jabrlangan shaxs yoki guvohning holati ogʻirlashtirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
43. Masʼul xodim kamida har oʻn ish kunida vaqtincha himoya choralarini saqlash, oʻzgartirish yoki bekor qilish zaruratini qayta koʻrib chiqadi, boshqa teng lavozimga oʻtkazilgan hollar bundan mustasno. Xavf bartaraf etilganda yoki koʻrib chiqish yakunlanganda, ularni davom ettirish uchun asos boʻlmasa, choralar bekor qilinadi.
44. Portalda vaqtincha himoya chorasining turi, asosi, boshlanish sanasi, amal qilish muddati, chorani taklif qilgan va qaror qabul qilgan shaxslar, ijro uchun masʼul xodim, qayta koʻrib chiqish natijalari, chorani oʻzgartirish yoki bekor qilish asoslari va tegishli sanalar qayd etiladi.
6-bob. Murojaat boʻyicha tekshiruv oʻtkazish
45. Murojaat boʻyicha tekshiruv uni oʻtkazish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan boshlanadi va oʻn besh kun ichida yakunlanadi. Qoʻshimcha material kutilayotganda, zarur ishtirokchi obyektiv sabablarga koʻra tekshiruvda ishtirok eta olmaganda yoki yangi muhim epizod aniqlanganda, tekshiruv muddati bir marta oʻttiz kungacha uzaytirilishi mumkin.
46. Murojaat boʻyicha tekshiruv muddati uzaytirilgan yoki uning davomiyligi oʻn besh kunidan oshgan taqdirda, murojaatchi va jabrlangan shaxs murojaatni koʻrib chiqishning borishi va uzaytirish sabablari toʻgʻrisida xabardor qilinadi. Bunda muddatni uzaytirish sabablari va yangi muddat Portalda qayd etiladi.
47. Turli vaqtda, boshqa joyda, boshqa shaxs tomonidan sodir etilgan yoki mustaqil baholashni talab qiladigan har bir alohida harakat, gap-soʻz, xabar, jismoniy muloqot, tahdid, kadrlarga oid yoki boshqaruv qarori murojaatni koʻrib chiqish muddati doirasida alohida epizod sifatida tekshiriladi.
48. Bir shaxs tomonidan oʻzaro oʻxshash usulda tegishli davrda sodir etilgan bir nechta bir xil harakat takrorlanuvchi xulq-atvor sifatida birlashtirilgan holda koʻrib chiqilishi mumkin.
49. Har bir epizod boʻyicha aynan qanday harakat sodir etilgani, ishtirokchilar, vaqt yoki davr, joy yoki aloqa kanali, xizmat yoki boshqa boʻysunuv, takroriylik, tahdid, bosim, majburlash, taʼqib etish va yuzaga kelgan oqibatlar aniqlanadi.
50. Murojaat boʻyicha tekshiruv quyidagi ketma-ketlikda oʻtkaziladi:
jabrlangan shaxsning asosiy tushuntirishini olish yoki aniqlashtirish;
materiallarni belgilangan tartibda doimiy saqlash choralarini koʻrish;
erta xabardor qilish taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan manbalardan maʼlumot yigʻish;
hujjatlar va raqamli maʼlumotlarni tekshirish;
mavjud materiallar va holat xususiyatidan kelib chiqib, zarur guvohlar va xodimlarni soʻrash;
epizod boʻyicha xulosa yoki individual chora uchun zarur boʻlganda, ustidan murojaat berilgan shaxsning tushuntirishini olish;
sodir etilgan tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha olingan maʼlumotlarning oʻzaro muvofiqligini tekshirish;
tekshiruv yakunlari natijalariga asosan sodir etilgan tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha tegishli huquqiy taʼsir choralarini koʻrish yuzasidan davlat organi va tashkiloti rahbariga takliflarni kiritish;
xulosa tayyorlash.
51. Tazyiq va zoʻravonlik holati, uni sodir etgan shaxs va mazmunni qayd etuvchi aniq isbotlovchi dalillar mavjud boʻlganda, sodir etilgan tazyiq va zoʻravonlik holatini qayta isbotlash uchun davlat organi va tashkilotlarida boshqa xodimlar tekshirish jarayonlariga jalb etilmaydi. Faqat tazyiq va zoʻravonlik holatining mazmuni, takroriyligi, oqibatlari, undan kelib chiqadigan ehtimoliy bosim yoki boshqa xodimlar uchun xavfni aniqlashga zarur maʼlumotga ega shaxslar qoʻshimcha ravishda tekshirish jarayonlariga jalb etiladi.
52. Tazyiq va zoʻravonlik holati boʻyicha aniq isbotlovchi dalillar mavjud boʻlganda, masʼul xodim bevosita guvohlar hamda tazyiq va zoʻravonlik holatini sodir etishda gumon qilinayotgan shaxs bilan muntazam ishlagan xodimlarning eng kam zarur sonini aniqlaydi.
53. Tazyiq va zoʻravonlik holati boʻyicha aniq isbotlovchi dalillar mavjud boʻlmaganda, va taraflarning tushuntirishlari oʻzaro muvofiq boʻlmaganda bevosita guvohlar, jabrlangan shaxs voqeadan soʻng yoki nizo kelib chiqishidan oldin xabar bergan shaxs, oqibatlarni kuzatgan shaxslar, vaqt, joy va aloqaga oid obyektiv maʼlumotlar, shuningdek, har ikki taraf taqdim etgan dalillar tekshiriladi.
54. Xodimlar tekshirish uchun ahamiyatga ega muayyan holatni aniqlash zarurati mavjud boʻlganda tekshiruvga jalb qilinadi. Jalb etiladigan shaxslar doirasi eng kam zarur hajm bilan cheklanadi. Muayyan maqsadsiz boshqa xodimlarni tekshiruvga jalb qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
55. Xodimlarni lavozimga tayinlash va lavozimidan ozod qilish, ularni moddiy va boshqa tarzda ragʻbatlantirishga oid, baholash, moliyaviy yoki tashkiliy qarorlar tekshirilganda, ularning asoslari va mezonlari, ularni tayyorlash va qabul qilishda ishtirok etgan xodimlarning tushuntirishlari hamda xuddi shu mezonlarning oʻxshash holatdagi xodimlarga qoʻllanishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aniqlanadi.
56. Taʼqib etish tekshirilganda, davlat organlari va tashkilotlari yoki tegishli shaxs murojaat toʻgʻrisida xabar topganidan keyin yuzaga kelgan shaxsning holatini ogʻirlashtiruvchi oʻzgarishlar va ularning hujjatli asoslari tekshiriladi.
7-bob. Tazyiq va zoʻravonlik holatlarini tekshirishga jalb etilgan xodimlar bilan aloqa qilish tartibi
57. Tazyiq va zoʻravonlik holatlarini tekshirishga jalb etilgan xodimlar bilan aloqa Portal orqali amalga oshiriladi. Boshqa shaxslar ishtirokisiz, yakka tartibda suhbat oʻtkazish va suhbat mazmunini boshqalar eshitmasligi uchun zarur sharoitlar mavjud boʻlganda, suhbat bevosita oʻtkazilishi ham mumkin. Suhbat natijalari bayonnoma bilan rasmiylashtirilib, Portaldagi elektron ishga qoʻshiladi.
Bunda, birinchi navbatda, jabrlangan shaxsga murojaatni koʻrib chiqish tartibi, maxfiylik chegaralari, mavjud qoʻllab-quvvatlash va himoya choralari, materiallarni taqdim etish, vakolatli huquqni muhofaza qiluvchi organlarga murojaat qilish va koʻrilgan huquqiy taʼsir chorasi boʻyicha shikoyat berish tartibi tushuntiriladi.
58. Jabrlangan shaxsga tazyiq va zoʻravonlik holati boʻyicha uning ixtiyorida boʻlgan materiallarni masʼul xodimga taqdim etish taklif qilinadi. Davlat organlari va tashkilotlari yoki uchinchi shaxslardan olinishi lozim boʻlgan boshqa hujjat va maʼlumotlarni masʼul xodim oladi.
59. Jabrlangan shaxsning tazyiq va zoʻravonlik holati boʻyicha asosiy tushuntirishi birinchi suhbat davomida olinadi. Murojaatda holatlar batafsil bayon qilingan boʻlsa, faqat yetishmayotgan muhim holatlar, xavflar va manbalar keyinchalik aniqlashtirilishi mumkin.
60. Jabrlangan shaxsga tazyiq va zoʻravonlik holati boʻyicha tekshiruv davomida masʼul xodim tomonidan takroriy murojaat qilishga faqat yangi dalillar kelib tushganda, yangi epizod aniqlanganda yoki xulosani oʻzgartirishi mumkin boʻlgan va boshqa usulda bartaraf etib boʻlmaydigan nomuvofiqlik holatlari aniqlanganda yoʻl qoʻyiladi.
61. Jabrlangan shaxsning xulq-atvor xususiyatlari, obroʻsi, tashqi koʻrinishi yoki shaxsiy hayoti toʻgʻrisidagi maʼlumotlar murojaatning ishonchliligini baholash uchun asos boʻlmaydi.
62. Tazyiq va zoʻravonlik holatlari doirasida tekshiruvlarni oʻtkazishda shaxsni ayblovchi yoki kamsituvchi savollar, holatga taalluqli boʻlmagan shaxsiy hayot toʻgʻrisidagi savollarni berish, shuningdek, shaxsning holatiga, shu jumladan, ruhiy holatiga taʼsir qiluvchi dalillarni qayta koʻrish yoki eshitishga majburlashga yoʻl qoʻyilmaydi.
63. Tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha tekshiruvlarni oʻtkazishda holat sodir boʻlganidan keyin qarshilik koʻrsatilmagani, xizmat muloqoti davom ettirilgani, tazyiq va zoʻravonlik holati haqida kech xabar berilgani yoki uning ikkinchi darajali tafsilotlarini toʻliq eslay olmaslik oʻz-oʻzidan murojaatning ishonchsizligini anglatmaydi.
64. Ustidan murojaat berilgan shaxsga nisbatan murojaat boʻyicha maʼlumotlarni dalil deb hisoblash yoki tegishli huquqiy taʼsir chorasini qoʻllashdan oldin unga har bir tegishli holat boʻyicha tushuntirish berish hamda oʻzini oʻzi himoya qilishi uchun barcha imkoniyatlar yaratiladi. Tekshiriladigan maʼlumotlar mavjud boʻlmaganda va faqat umumiy profilaktika choralari qoʻllanganda, uni xabardor qilish talab etilmaydi.
65. Ustidan murojaat berilgan shaxsga aniq tushuntirish berish uchun zarur hajmda tekshirilayotgan tazyiq va zoʻravonlik harakatlarining aniqlangan dastlabki mazmuni maʼlum qilinadi.
66. Ustidan murojaat berilgan shaxs holat boʻyicha tushuntirish berishdan bosh tortgan hollar Portalda qayd etiladi, bu holat tazyiq va zoʻravonlik holati sodir etilgan yoki etilmagan deb hisoblashga asos boʻlmaydi.
67. Tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha muayyan harakatlar, oqibatlar yoki huquqiy taʼsir choralarini koʻrishga taʼsir qilishi mumkin boʻlgan asoslar toʻgʻrisida maʼlumotga ega boʻlishi mumkin boʻlgan shaxs tekshiruvga jalb qilinadi. Shaxsning umumiy tavsifi, obroʻsi yoki unga nisbatan ilgari murojaat boʻlmagani muayyan tazyiq va zoʻravonlik holatlari sodir boʻlganini tasdiqlamaydi yoki rad etmaydi.
68. Ustidan murojaat berilgan shaxs bilan bir tarkibiy boʻlinmada ishlagan xodimlar tekshiruvga jalb qilinganda, holatni aniqlashtirish uchun lozim boʻlgan eng zarur shaxslar doirasini aniqlash lozim.
69. Maxfiy murojaat yuzasidan tekshirish boʻyicha savollar tazyiq va zoʻravonlik holatining sodir etilganligiga toʻgʻridan-toʻgʻri ishora qilish xarakteriga ega boʻlmasligi lozim. Maxfiy murojaat boʻyicha maʼlumot faqatgina tekshiruvga jalb etilgan shaxs tomonidan tegishli holat erkin bayon qilganidan soʻng oshkor etiladi.
70. Guvoh murojaatga oid maʼlumotlardan foydalanmaydi, unga maxfiylik hamda taʼqib etishdan himoya kafolatlari toʻgʻrisida maʼlumot beriladi. Guvoh tomonidan tazyiq va zoʻravonlik holati boʻyicha tushuntirish berishdan bosh tortish, unga nisbatan salbiy oqibatlarni keltirib chiqarmaydi.
8-bob. Maʼlumotlarni yigʻish va tekshirish
71. Tekshirish jarayonida ishtirokchilarning tushuntirishlari, hujjatlar, xizmat va kadrlarga oid maʼlumotlar, elektron yozishmalar, messenjerlardagi xabarlar, audio-, video- va fotomateriallar, videokuzatuv va axborot portallari maʼlumotlari, zarur hollarda tibbiy hujjatlar, ishga daxldor boshqa maʼlumotlardan foydalaniladi.
72. Davlat organlari va tashkilotlarida barcha maʼlumotlarni masʼul xodim mustaqil ravishda yigʻadi.
73. Soʻralgan maʼlumotlar taqdim etilmasa, takroriy soʻrov yuboriladi. Xulosada koʻrilgan harakatlar va maʼlumotlar olinmaganligining sababi koʻrsatiladi.
74. Har bir maʼlumot boʻyicha uning manbai, olingan sana va usul, tegishli davr hamda uni taqdim etgan yoki Portaldan olgan shaxs qayd etiladi.
75. Raqamli maʼlumot dastlabki fayl yoki mavjud eng ilk nusxa, toʻliq mazmun, hisob yozuvi maʼlumotlari va mavjud texnik maʼlumotlar hisobga olingan holda tekshiriladi.
76. Maʼlumotlarning haqiqiyligi asosli ravishda rad etilsa, uni tahrirlash, montaj yoki sunʼiy oʻzgartirish alomatlari mavjud boʻlsa, bunday maʼlumot huquqiy taʼsir chorasini koʻrish uchun yagona asos boʻlmaydi.
77. Dastlabki xabarsiz skrinshot yoki kelib chiqishi tasdiqlanmagan fayl shaklidagi maʼlumotlarni koʻrib chiqish tarzda rad etilmaydi, biroq qoʻshimcha tekshirishsiz xulosa uchun yagona asos boʻlmaydi.
78. Zarur hollarda tibbiy hujjatlar va shaxsga doir boshqa maʼlumotlardan qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda tekshirish jarayonlarida foydalaniladi. Faqat tekshirish uchun bevosita ahamiyatga ega maʼlumotlar yigʻiladi.
9-bob. Maʼlumotlarni baholash va xulosa tayyorlash
79. Yigʻilgan maʼlumotlar bir xil mezonlar asosida tekshiriladi.
80. Yigʻilgan maʼlumotlar oʻzaro nomuvofiqlik boʻyicha tekshiriladi.
81. Har bir holat boʻyicha quyidagi xulosalardan biri qabul qilinadi:
a) tazyiq va zoʻravonlik holati sodir etilgani aniqlandi;
b) tazyiq va zoʻravonlik holati sodir etilgani tasdiqlanmadi.
82. Tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha mavjud maʼlumotlar xususiyatidan kelib chiqib, zarur harakatlar bajarilganidan yoki ularni bajarishning obyektiv imkonsizligi hamda koʻrilgan muqobil harakatlar qayd etilganidan keyin xulosa tayyorlashga oʻtiladi.
83. Tekshirish yakunlari boʻyicha masʼul xodim xulosa tayyorlaydi. Xulosada quyidagilar koʻrsatiladi:
murojaatning roʻyxatga olish raqami va qisqacha mazmuni;
har bir tekshirilgan holat;
amalga oshirilgan harakatlar;
qoʻllangan vaqtincha himoya choralari;
tekshirilgan maʼlumotlar va ularning manbalari;
maʼlumotlarning oʻzaro nomuvofiqligi va ularni tekshirish natijalari;
taʼqib etish, bosim, maʼlumotni oshkor qilish yoki tekshirishga aralashish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
qoʻllangan huquqiy taʼsir choralari hamda tazyiq va zoʻravonlik holatlariga oid maʼlumotlarni tegishliligi boʻyicha vakolatli huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yoki Davlat mehnat inspeksiyasiga yuborish boʻyicha takliflar.
10-bob. Tasdiqlangan tazyiq va zoʻravonlik holatlari boʻyicha huquqiy taʼsir choralari
84. Huquqiy taʼsir chorasi tekshirish xulosasi va maʼlumotlari asosida ustidan murojaat berilgan shaxsga nisbatan tegishli qaror unga vakolatli shaxs tomonidan qabul qilinadi.
85. Murojaatlar qoʻshimcha tekshirish uchun faqat bajarilmagan muayyan harakat, yangi muhim holat yoki maʼlumotlar boʻyicha tekshirilmagan oʻzaro nomuvofiqlik koʻrsatilgan holda qaytarilishi mumkin.
86. Huquqiy taʼsir choralari quyidagilarni oʻz ichiga olishi mumkin:
mehnat qonunchiligida nazarda tutilgan intizomiy jazo choralaridan birini qoʻllash, shu jumladan, qonunda belgilangan asoslar mavjud boʻlgan taqdirda, mehnat shartnomasini bekor qilish;
kadrlar va boshqaruv choralari, jumladan, jabrlangan shaxs bilan xizmat faoliyatini cheklash, boʻysunuvni oʻzgartirish yoki huquqbuzarlikka yoʻl qoʻygan shaxsning ayrim vakolatlarini cheklash;
huquqbuzarlikka yoʻl qoʻygan shaxsni jabrlangan shaxsga nisbatan kadrlar, baholash, moliyaviy va boshqa qarorlarni qabul qilishda ishtirok etishdan chetlashtirish;
huquqbuzarlik oqibatida qabul qilingan nomaqbul qarorni bekor qilish yoki qayta koʻrib chiqish, avvalgi mehnat sharoitlari, majburiyatlari yoki jadvalini tiklash, baholash natijalarini yoki mukofotlash toʻgʻrisidagi qarorni qayta koʻrib chiqish;
qoʻshimcha trening kurslaridan oʻtkazish, shuningdek, boshqa profilaktika choralarini koʻrish.
87. Murojaat qilish yoki tekshirishda ishtirok etish munosabati bilan taʼqib etish alohida holat sifatida koʻrib chiqiladi va bir vaqtning oʻzida ogʻirlashtiruvchi holat sifatida baholanadi.
88. Tasdiqlangan tazyiq va zoʻravonlik holatlari uchun koʻllanadigan huquqiy taʼsir choralari sodir etilgan harakat darajasiga mos ravishda boʻlishi lozim. Bunda sodir etilgan tazyiq va zoʻravonlik holatlarining darajalari va ularga nisbatan qoʻllanadigan huquqiy taʼsir choralari roʻyxati Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Boshqaruv samaradorligi agentligi tomonidan amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq tasdiqlanadi.
89. Murojaatchi yoki jabrlangan shaxs va ustidan murojaat berilgan shaxsga huquqiy taʼsir chorasini tushunish va u boʻyicha shikoyat qilish uchun zarur maʼlumotlar yetkaziladi, bunda tekshiruvda ishtirok etgan boshqa xodimlar va ularga oid maʼlumotlar berilmaydi.
11-bob. Huquqiy taʼsir chorasi ijrosi va nazorati
90. Har bir huquqiy taʼsir chorasi ijro etilgani tasdiqlanmagunga yoki uni oʻzgartirish yoxud obyektiv sabablarga koʻra ijro etish imkoni yoʻqligi toʻgʻrisida asoslantirilgan qaror qabul qilinmaguniga qadar murojaat yakunlangan deb hisoblanmaydi.
91. Har bir huquqiy taʼsir chorasi boʻyicha uning mazmuni, asosi, ijro muddati, masʼul xodim, tasdiqlovchi maʼlumotlar va ijroni tekshirish natijasi Portalda qayd etiladi.
92. Huquqiy taʼsir chorasi boʻyicha ijro muddati buzilganda, Portal orqali masʼul xodimga, davlat organlari va tashkilotlari rahbariga, vertikal tartibda koʻrib chiqilganda, ularning yuqori turuvchi instansiyasiga hamda monitoring qiluvchi davlat organiga bu haqda xabarnoma yuboriladi.
93. Huquqiy taʼsir chorasini ijro etmaslik, ijro toʻgʻrisida notoʻgʻri maʼlumot kiritish mustaqil qoidabuzarlik hisoblanadi.
94. Tazyiq va zoʻravonlik holati tasdiqlanganidan soʻng jabrlanuvchilarning holati kamida uch oy davomida, jinsiy va jismoniy zoʻravonlik, tahdid, taʼqib etish, mansab mavqeyini suiisteʼmol qilish yoki tizimli tazyiq va zoʻravonlik holatlarida esa kamida olti oy davomida nazorat qilinadi.
95. Keyingi nazorat davomida kadrlarga oid, baholash, moliyaviy va tashkiliy oʻzgarishlar, aloqalar, bosim, yakkalab qoʻyish, maʼlumotlarni oshkor qilish va boshqa salbiy oqibatlar tekshiriladi. Aniqlangan taʼqib etish yangi epizod sifatida roʻyxatga olinadi va koʻrib chiqiladi.
12-bob. Murojaatchi va jabrlangan shaxsni qoʻllab-quvvatlash
96. Murojaatchi va jabrlangan shaxsga quyidagilar taʼminlanadi:
huquqlar va murojaat berish tartibi boʻyicha dastlabki maslahat;
murojaatni koʻrib chiqish tartibi va mavjud himoya choralarini tushuntirish;
belgilangan tartibda psixologik, tibbiy, ijtimoiy yoki yuridik yordam olishga koʻmaklashish;
boshqa vakolatli huquqni muhofaza qilish organiga murojaat qilish tartibini tushuntirish.
97. Koʻrsatilgan qoʻllab-quvvatlash va yordam xizmatlariga yoʻnaltirish ortiqcha shaxsga doir maʼlumotlar oshkor etilmagan holda Portalda qayd etiladi.
13-bob. Shikoyat va mustaqil protsessual nazorat
98. Murojaatchi, jabrlangan shaxs va ustidan murojaat berilgan shaxs qoʻllangan tegishli huquqiy taʼsir chorasi toʻgʻrisida xabarnoma olgan kundan eʼtiboran oʻttiz ish kuni ichida Portal orqali shikoyat berishga haqli.
99. Shikoyat dastlabki tekshirishda ishtirok etmagan va uning natijasidan manfaatdor boʻlmagan yuqori turuvchi organ yoki Davlat mehnat inspeksiyasi tomonidan u roʻyxatga olingan kundan eʼtiboran oʻttiz ish kuni ichida koʻrib chiqiladi.
100. Shikoyatni koʻrib chiqishda holatlar toʻliq ajratilgani, zarur harakatlar bajarilgani, manbalar va guvohlar asosli tanlangani, maxfiylikka rioya etilgani, materiallar va qarama-qarshiliklar tekshirilgani, xulosalar yigʻilgan maʼlumotlarga mosligi hamda choraning mutanosibligi tekshiriladi.
101. Shikoyat bosqichida jabrlangan shaxs bilan takroriy toʻliq suhbat oʻtkazilmaydi. Qoʻshimcha aloqa faqat yangi muhim maʼlumot yoki ish materiallari va boshqa manbalar orqali aniqlash mumkin boʻlmagan muayyan holat mavjud boʻlganda amalga oshiriladi.
102. Shikoyat yakunlari boʻyicha huquqiy taʼsir chorasi oʻzgarishsiz qoldirilishi, oʻzgartirilishi, u boʻyicha yangi qaror qabul qilinishi mumkin. Qoʻshimcha yoki yangi tekshirish zarur boʻlgan taqdirda, u shikoyatni koʻrib chiquvchi yuqori turuvchi davlat organi va tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi va ish quyi turuvchi davlat organi va tashkilotiga qayta yuborilmaydi.
103. Shikoyat boʻyicha qaror Portalda qayd etiladi. Shikoyat boʻyicha qaror ustidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq sud tartibida shikoyat qilinishi mumkin.
104. Monitoring qiluvchi davlat organi Portal orqali muddatlar, yoʻnaltirish va choralar ijrosini monitoring qiladi hamda uning natijasida aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish boʻyicha koʻrib chiqilishi majburiy boʻlgan taqdimnomalar kiritadi.
105. Davlat organlari va tashkilotlari oʻrganish natijalari boʻyicha aniqlangan huquqbuzarliklar va tizimli xavflarni bartaraf etish boʻyicha tegishli choralar koʻradi hamda oʻrganish natijalari boʻyicha takliflar ishlab chiqadi va monitoring qiluvchi davlat organiga kiritadi.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 28-sentabrdagi 518-son qaroriga 2-ILOVA
2027-yil 1-yanvarga qadar “Xavfsiz va hurmatga asoslangan ish muhiti” axborot portali joriy etiladigan davlat organlari va tashkilotlari
I. Respublika tashkilotlari 1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi davlat organlari va tashkilotlari 2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi hamda uning huzuridagi davlat organlari va tashkilotlari 3. Oliy Majlis Senati 4. Oliy Majlis Qonunchilik palatasi 5. Vazirlar Mahkamasi 6. Oliy sud 7. Konstitutsiyaviy sud 8. Sudyalar oliy kengashi 9. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti davlat xavfsizlik xizmati 10. Davlat xavfsizlik xizmati 11. Bosh prokuratura 12. Milliy gvardiya 13. Hisob palatasi 14. Markaziy bank 15. Oliy Majlisning Inson huquqlari boʻyicha vakili kotibiyati 16. Oliy Majlisning Bola huquqlari boʻyicha vakili kotibiyati 17. Urbanizatsiya va uy-joy bozorini barqaror rivojlantirish milliy qoʻmitasi 18. Milliy statistika qoʻmitasi 19. Istiqbolli loyihalar milliy agentligi 20. Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti 21. Majburiy ijro byurosi 22. Fanlar akademiyasi 23. Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi 24. Oʻzbekiston badiiy akademiyasi 25. Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi II. Vazirliklar 26. Iqtisodiyot va moliya vazirligi 27. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 28. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 29. Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi 30. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi 31. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi 32. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 33. Qishloq xoʻjaligi vazirligi 34. Madaniyat vazirligi 35. Sport vazirligi 36. Suv xoʻjaligi vazirligi 37. Mudofaa vazirligi 38. Raqamli texnologiyalar vazirligi 39. Adliya vazirligi 40. Transport vazirligi 41. Energetika vazirligi 42. Sogʻliqni saqlash vazirligi 43. Tashqi ishlar vazirligi 44. Ichki ishlar vazirligi 45. Favqulodda vaziyatlar vazirligi III. Qoʻmitalar 46. Soliq qoʻmitasi 47. Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi 48. Din ishlari boʻyicha qoʻmita 49. Davlat zaxiralarini boshqarish qoʻmitasi 50. Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi 51. Turizm qoʻmitasi 52. Millatlararo munosabatlar va xorijdagi vatandoshlar masalalari boʻyicha qoʻmitasi 53. Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi 54. Oziq-ovqat mahsulotlari xavfsizligi qoʻmitasi 55. Bojxona qoʻmitasi 56. Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi 57. Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi 58. Mudofaa sanoati qoʻmitasi IV. Agentliklar 59. “Oʻzarxiv” agentligi 60. Kinematografiya agentligi 61. Tibbiyot va farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi 62. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi 63. Yoshlar ishlari agentligi 64. Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi 65. Atom energiyasi agentligi 66. Madaniy meros agentligi 67. Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi 68. Oʻrmon va yashil hududlarni koʻpaytirish, choʻllanishga qarshi kurashish agentligi 69. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi 70. Chorvachilik va yaylov xoʻjaligini rivojlantirish agentligi 71. Gidrometeorologiya xizmati agentligi 72. Bilim va malakalarni baholash agentligi 73. Kadastr agentligi 74. Agrosanoatni rivojlantirish agentligi 75. Innovatsion rivojlanish agentligi 76. Suv xoʻjaligi obyektlarini ekspluatatsiya qilish agentligi 77. Yengil sanoatni rivojlantirish agentligi 78. Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi 79. Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi V. Inspeksiyalar 80. Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi 81. Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi 82. Axborotlashtirish va telekommunikatsiyalar sohasida nazorat inspeksiyasi 83. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi 84. Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi 85. Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamentining davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi VI. Mahalliy davlat hokimiyati organlari 86. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi 87. Viloyatlar va Toshkent shahri xalq deputatlari Mahalliy kengashlari 88. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi 89. Andijon viloyati hokimligi 90. Buxoro viloyati hokimligi 91. Jizzax viloyati hokimligi 92. Qashqadaryo viloyati hokimligi 93. Navoiy viloyati hokimligi 94. Namangan viloyat hokimligi 95. Samarqand viloyati hokimligi 96. Surxondaryo viloyati hokimligi 97. Sirdaryo viloyati hokimligi 98. Fargʻona viloyati hokimligi 99. Toshkent viloyati hokimligi 100. Xorazm viloyati hokimligi 101. Toshkent shahri hokimligi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 28-sentabr,
518 -son