📅 2026-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 29 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ТАРКИБИ
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
ТАРТИБИ
АСОСИЙ МЕЗОНЛАР
ҲИСОБОТ ШАКЛИ
«Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Электр энергиясидан фойдаланишда инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳоли, айниқса, болалар ўртасида электр токидан шикастланиш, ёнғин, авария ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ҳар бир хонадон, таълим ва ижтимоий соҳа объекти, тадбиркорлик субъектига электр хавфсизлиги бўйича аниқ ва содда тавсияларни етказиш, электр энергиясидан хавфсиз, оқилона ҳамда самарали фойдаланиш маданиятини юксалтириш, шунингдек, ҳудудларда профилактика тадбирлари ва тарғибот-тушунтириш ишларини тизимли асосда ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарори билан истеъмолчилар ва энергетика ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда электр хавфсизлигига доир талаблар белгилангани;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёқилғи-энергетика тармоғида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 23 августдаги ПФ-118-сон Фармонига мувофиқ ёқилғи — энергетика соҳасида давлат назорати тизими такомиллаштирилиб, профилактика тадбирларини тизимли асосда ташкил этиш чоралари кўрилаётгани;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 17 апрелдаги ПФ-63-сон Фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувлар чекланиб, профилактика тадбирлари огоҳлантириш ва тушунтириш ишларининг устуворлигига асосланган ҳолда амалга оширилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, ҳар йили октябрь ойида республика ҳудудида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари, ташкилотлар ва бошқа истеъмолчилар иштирокида «Электр хавфсизлиги ойлиги» (кейинги ўринларда — Ойлик) ўтказилади.
3. Қуйидагилар Ойликнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида электр хавфсизлиги бўйича билим ва амалий кўникмаларини ошириш, кундалик фаолият давомида эҳтиёткорлик ва масъулият маданиятини шакллантириш;
аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа истеъмолчиларда электр энергиясидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ҳамда ҳуқуқий ва техник билимини ошириш;
инсон ҳаёти ва соғлиғини электр токи билан боғлиқ хавф-хатарлардан муҳофаза қилиш, аҳоли, айниқса, болалар ўртасида электр токидан шикастланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини кенгайтириш;
аҳолида хавфли ҳолатни ўз вақтида аниқлаш, ушбу аниқланган объектларга тегмаслик ва тегишли хизматларга дарҳол хабар бериш кўникмасини шакллантириш;
электр тармоқлари, трансформатор пунктлари, электр қурилмалари, электр шчитлари, тақсимлаш қурилмалари ва бошқа электр ускуналарининг хавфсиз ва техник жиҳатдан созлигини ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини таъминлаш;
бегона шахслар, айниқса, ёш болаларнинг трансформатор пунктлари, электр қурилмалари, электр тармоқлари ва бошқа хавфли объектларга кириш имкониятини бартараф этиш;
аниқланган хавфли ҳолат ва камчиликларни хавф даражасига қараб зудлик билан, қисқа муддатда ёки режали тартибда бартараф этиш.
4. Қуйидагилар:
«Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага мувофиқ;
«Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг намунавий таркиби 2-иловага мувофиқ;
«Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ўтказиш тартиби 3-иловага мувофиқ;
Электр объектларини профилактика кўригидан ўтказиш бўйича асосий мезонлар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
ҳудудий ишчи гуруҳларни шакллантирсин;
ҳар йили 25 сентябрга қадар туман ва шаҳарлар кесимида тарғибот-тушунтириш ва профилактика тадбирларининг манзилли чора-тадбирлар режаларини тасдиқласин;
Ойлик давомида барча маҳаллалар, кўп квартирали уйлар, аҳоли гавжум жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларининг тушунтириш ишлари билан тўлиқ қамраб олинишини таъминласин;
маҳалла фаоллари ва хотин-қизлар фаоллари, профилактика инспекторлари, «маҳалла еттилиги», бошқарув сервис компаниялари ҳамда бошқа тегишли масъулларни жалб этган ҳолда аҳоли хонадонлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида аҳоли, ота-оналар, ёшлар ва болалар ўртасида электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш, носоз ва қўлбола жиҳозлардан фойдаланмаслик, тармоққа ортиқча юклама бермаслик, узилган симларга яқинлашмаслик ва электр қурилмаларига киришни чеклаш бўйича манзилли профилактика-тушунтириш ишларини ташкил этсин;
аҳоли, ота-оналар, ёшлар ва болаларга мўлжалланган кўргазмали материаллар тарқатилишини таъминласин;
инсон ҳаётига бевосита хавф туғдирувчи ҳолатлар аниқланганда, уларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўрсин;
аниқланган ҳар бир хавфли ҳолат бўйича масъул ташкилот, мансабдор шахс ва бартараф этиш муддатини белгилаб, ижросини Ойлик якунига қадар мониторинг қилиб борсин.
6. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ:
ҳудудларда Жамият тасарруфидаги ва эксплуатация қилаётган электр объектларининг техник ҳолатини ўрганиш ва уларни хавф даражаси бўйича гуруҳлаш;
мазкур объектларда профилактика кўриклари ўтказилишини, аниқланган хавфли ҳолатларнинг бартараф этилишини ва зарур ҳолларда электр қурилмаларини хавфсиз ҳолатга келтиришни, шунингдек, улардаги тўсиқлар, эшиклар, қулфлар, огоҳлантирувчи ва тақиқловчи белгиларни белгиланган талаб даражасига келтиришни таъминлаш;
электр объектларининг аҳоли яшаш жойлари, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, бозорлар, хиёбонлар, дам олиш масканлари ва бошқа жамоат жойларига яқин қисмларини, айниқса, болалар кириши мумкин бўлган электр объектларини алоҳида қўшимча профилактика кўригидан ўтказиш ҳамда назоратга олиш;
ортиқча юклама, шикастланган сим ва кабеллар, киришни чеклаш воситаларининг йўқлиги ёки носозлиги каби хавфларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
аниқланган хавфли ҳолатларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини таъминлаш;
истеъмолчиларга электр энергиясидан хавфсиз, оқилона ва самарали фойдаланиш талабларини тушунтириш чораларини кўрсин.
7. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига (кейинги ўринларда — Ўзэнергоинспекция) ўз ваколатлари доирасида:
электр хавфсизлиги талабларининг мазмунини аҳоли ва бошқа истеъмолчиларга содда ва тушунарли шаклда етказишга қаратилган тарғибот тадбирлари, ўқув семинарлари ва маслаҳатларни ташкил этиш;
электр энергиясидан фойдаланиш соҳасида белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этилиши бўйича профилактика тадбирларида иштирок этиш;
электр энергиясидан фойдаланиш соҳасида белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этилишини ўрганиш ва биринчи навбатда, болалар ҳамда аҳоли кириши осон бўлган ҳудудлардаги электр қурилмаларини профилактика кўригидан ўтказиш;
электр қурилмалари ва электр ускуналарининг белгиланган хавфсизлик талабларига мувофиқлигини ўрганиш;
профилактика кўрикларида аниқланган ҳолатлар бўйича масъул ташкилотларга уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериш чораларини кўрсин.
8. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
электр энергияси билан боғлиқ ёнғинларнинг олдини олиш бўйича профилактика-огоҳлантирув тадбирларини;
аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини тушунтириш ишларини;
электр иситиш қурилмалари, электр жиҳозлари ва электр тармоқларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тарғибот тадбирларини;
фавқулодда вазиятлар юзага келганда, ҳаракат қилиш тартибини тушунтиришни;
мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида амалий ўқув машғулотларини ташкил этсин.
9. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
таълим ташкилотларида «Энергия хавфсизлиги — ҳаёт хавфсизлиги» мавзусида очиқ дарсларни;
«Электр хавфсизлиги сабоғи»ни;
электр хавфсизлиги мавзусида расмлар ва видеороликлар танловларини;
викториналар ва интерактив машғулотларни;
электр қурилмалари билан боғлиқ хавфларни амалда тушунтиришга қаратилган машғулотларни ташкил этсин.
Бунда болаларга трансформатор пунктларига кирмаслик, электр симлари ва қурилмаларига яқинлашмаслик, электр устунларига чиқмаслик, узилган электр симларига тегмаслик ва хавфли ҳолат аниқланганда, катта ёшдаги инсонларларга ёки тегишли хизматларга хабар бериш зарурлиги алоҳида тушунтирилсин.
10. Энергетика вазирлиги:
Республика ишчи гуруҳининг ишини ташкил этсин ва Ойлик ўтказилишини мувофиқлаштириб борсин;
ахборот-тарғибот дастурини ишлаб чиқиш, аҳолининг турли тоифаларига мўлжалланган варақалар, тушунтирувчи расмли материаллар, анимацион ва ижтимоий видеолавҳаларни тайёрлаш, уларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориш ҳамда ҳудудларга етказилишида иштирок этсин;
аҳолига хавфли ҳолат аниқланганда мурожаат қилиш тартиби ва ишонч телефони рақамларини мунтазам етказиб борсин.
11. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар телерадиокомпаниялари, давлат оммавий ахборот воситалари Ойликни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни, аҳоли ўртасида электр энергиясидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тарғиб қилишга қаратилган махсус телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, ижтимоий роликлар, мақолалар, инфографикалар ва бошқа ахборот материалларини тайёрлаш ҳамда мунтазам эфирга узатишни таъминласинлар.
12. Ҳудудий ишчи гуруҳлар Ойлик якунлари бўйича ушбу қарорнинг 5-иловаси ««Электр хавфсизлиги ойлиги» якунлари бўйича ҳисобот шакли»га мувофиқ Ойлик якунланганидан кейин беш иш куни ичида Республика ишчи гуруҳига тақдим этсин.
Республика ишчи гуруҳи тақдим этилган ҳисоботларни умумлаштириб, таҳлил қилсин ҳамда ҳудудлар ва ташкилотлар доирасида ҳал этилмаган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин.
13. Ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ва бошқа объектлар раҳбарлари ўз тасарруфидаги электр қурилмаларининг техник созлиги, улардан хавфсиз фойдаланиш, электр хўжалиги учун масъул шахсларни белгилаш ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўрсин.
Белгилансинки, Ойлик доирасида ўтказиладиган кўрик ва тушунтириш ишлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳисобланмайди. Бунда аниқланган камчиликлар бўйича биринчи навбатда огоҳлантириш берилиб, уларни бартараф этиш учун оқилона муддат белгиланади.
Аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларининг ички электр қурилмаларини кўздан кечириш фақат мулкдор, истеъмолчи ёки объект раҳбарининг розилиги билан амалга оширилади. Давлат назорати тадбирлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган асос ва тартибда ўтказилади.
Инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи, шу жумладан болаларнинг электр қурилмаларига кириш имконини берувчи ҳолатлар бундан мустасно бўлиб, улар бўйича чоралар кечиктирмасдан кўрилади.
14. Ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар тегишли ташкилотларнинг тасдиқланган харажатлар сметалари, бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда энергетика вазири Ш.Х. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи
1. А.Ж. Раматов — Бош вазир ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари 2. Ш.Х. Ходжаев — энергетика вазири , Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. А.И. Икрамов — фавқулодда вазиятлар вазири, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари 4. С.И. Самадов — Бош прокурор ўринбосари 5. А.А. Ташпулатов — ички ишлар вазири 6. Ш.С. Ҳидоятов — қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири 7. К.А. Шарипов — олий таълим, фан ва инновациялар вазири 8. Э.Г. Каримова — мактабгача ва мактаб таълими вазири 9. С.А. Садуллаев — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари 10. А.И. Исоқжонов — Ўзэнергоинспекция бошлиғи 11. Ш.А. Мавлонов — Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари 12. С.Д. Исакулов — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси 13. А.А. Назиров — «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси 14. Б.И. Жураев — «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқаруви раиси 15. И.А. Абдурахмонов — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси 16. Қ.Р. Абдуллаев — Энергетика вазирлиги бўлим бошлиғи, Республика ишчи гуруҳи котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳларининг
Лавозим бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ўринбосарлари, Ишчи гуруҳ раҳбари Лавозим бўйича — Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармаси бошлиғи, И шчи гуруҳ раҳбари ўринбосари Лавозим бўйича — Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари Лавозим бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Прокурорларининг ўринбосарлари Лавозим бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, вилоятлар ички ишлар бошқармаси ва Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Лавозим бўйича — Давлат меҳнат инспекциясининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари Лавозим бўйича — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари Лавозим бўйича — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи Лавозим бўйича — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи Лавозим бўйича — Касбий таълим агентлигининг ҳудудий бошқармаси раҳбари Лавозим бўйича — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳудудий филиали раҳбари Лавозим бўйича — «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳудудий филиали раҳбари Лавозим бўйича — «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ҳудудий ташкилоти раҳбари Лавозим бўйича — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ҳудудий филиали раҳбари Келишилган ҳолда — тегишли ҳудудлардаги маҳалла фаоллари ва бошқа жалб этиладиган мутахассислар
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 3-ИЛОВА
«Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ўтказиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Тартиб «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни (кейинги ўринларда — Ойлик) ташкил этиш, тарғибот-тушунтириш ишлари ва хавф даражасига асосланган профилактика кўрикларини ўтказиш, аниқланган хавфли ҳолатларни бартараф этиш ҳамда Ойлик натижаларини баҳолаш тартибини белгилайди.
2. Ойлик ҳар йили аҳоли, айниқса, ёш болаларнинг электр токидан шикастланиши, электр билан боғлиқ ёнғинлар, авариялар ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган, электр хавфсизлиги бўйича билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида ўтказилади.
3. Ойлик тадбирлари аҳоли яшаш жойлари, кўп квартирали уйлар, маҳаллалар, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотлари, бозорлар, хиёбонлар, дам олиш масканлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа оммавий жойларни қамраб олади.
4. Ойлик доирасида ўтказиладиган тарғибот-тушунтириш, маслаҳат бериш профилактик кўриги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кундалик фаолиятини текшириш ҳисобланмайди ҳамда уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаган ҳолда амалга оширилади.
Бунда тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларининг ички электр қурилмаларини кўздан кечириш мулкдор, истеъмолчи ёки объект раҳбарининг розилиги билан амалга оширилади.
Ойлик доирасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш, ҳужжатлар талаб қилиш ва мажбурий кўрсатмалар беришга йўл қўйилмайди. Ушбу Тартиб давлат назорати тадбирларини ўтказиш учун мустақил асос ҳисобланмайди.
5. Ойлик қонунийлик, инсон ҳаёти ва соғлиғининг устуворлиги, огоҳлантириш ва тушунтиришнинг жазодан устунлиги, хавф даражасига асосланган ёндашув, профилактика, очиқлик ва идоралараро ҳамкорлик тамойиллари асосида ўтказилади.
2-боб. Ишчи гуруҳларни ташкил этиш
6. Ойликни республика миқёсида «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда — Республика ишчи гуруҳи) томонидан мувофиқлаштирилади.
7. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Электр хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда — ҳудудий ишчи гуруҳлар) тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан ташкил этилади.
8. Ҳудудий ишчи гуруҳлар таркибига энергетика, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, маҳаллий ҳокимликлар, Ўзэнергоинспекция, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий бўлинмалари, бошқарув — сервис компаниялари ва заруратга кўра, бошқа манфаатдор ташкилотларнинг масъул ходимлари киритилади.
9. Зарур ҳолларда ишчи гуруҳлар таркибига маҳалла фаоллари, таълим ташкилотлари раҳбарлари, хотин-қизлар фаоллари ва бошқа масъуллар жалб этилади.
10. Тегишли ҳудудий ишчи гуруҳлар:
туман ва шаҳарлар кесимида манзилли чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқади ва уларнинг ижросини мувофиқлаштиради;
аҳоли, айниқса, ёш болалар, ота-оналар, ёшлар ва объект раҳбарлари ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этади, уларнинг қамровини таъминлайди;
хавф даражаси юқори бўлган объект ва ҳудудларни аниқлаб, профилактика кўрикларининг устувор йўналишларини белгилайди;
аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилот, масъул шахс ва муддатларни белгилайди;
ҳафталик маълумотларни ва якуний ҳисоботни шакллантиради.
3-боб. Тарғибот-тушунтириш ва профилактика кўрикларини ўтказиш
11. Маҳаллаларда, кўп квартирали уйларда, таълим ва ижтимоий соҳа объектларида, бозорлар ҳамда аҳоли гавжум жойларда электр хавфсизлиги бўйича манзилли тушунтириш ишлари ташкил этилади. Тушунтириш ишлари хонадонларга кириб бориш, маҳалла йиғинлари, ота-оналар мажлислари ва меҳнат жамоаларида суҳбатлар шаклида ўтказилади.
12. Тушунтириш ишларида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:
қўлбола электр қурилмаларидан фойдаланмаслик;
носоз ҳолдаги электр жиҳозларини ишлатмаслик ва нам қўл билан уларни ушламаслик;
электр тармоғига меъёридан ортиқ юклама бермаслик, меъёрдан ортиқ қувватдаги жиҳозларни уламаслик;
электр жиҳозларини ўзбошимчалик билан очмаслик ва таъмирламаслик;
узилган электр симларига яқинлашмаслик ва уларга тегмаслик;
электр қурилмаларида носозлик аниқланганда, мутахассисга ёки тегишли хизматга дарҳол мурожаат қилиш;
электр токидан шикастланган шахсга ёрдам кўрсатишнинг дастлабки қоидаларини билиш ва ўз вақтида қўллаш.
13. Тушунтириш ишларида тарқатма материаллар, кўргазмали қуроллар, тушунтирувчи расмли материаллар ва видеолавҳалардан фойдаланилади.
Ушбу материаллар, шунингдек, хавфли ҳолат аниқланганда мурожаат қилиш тартиби ва ишонч телефони рақамлари маҳаллалар, кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиш жойлари ва жамоат жойларда жойлаштирилади.
14. Электр таъминоти корхоналари истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш бўлинмалари ва қисқа хабар бериш хизмати ҳамда «HET Billing» дастури орқали хавфсиз фойдаланиш бўйича эслатмаларни мунтазам етказиб боради.
15. Ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва кўп квартирали уйларни бошқарув органларининг электр хўжалиги учун масъул ходимлари учун хавфсизлик талаблари юзасидан ўқув семинарлари ва маслаҳатлар ташкил этилади.
16. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ҳудуддаги электр объектларининг рўйхатини шакллантиради.
Рўйхатда объектнинг манзили, масъул ташкилот, хавф даражаси ва профилактика кўриги ҳолати кўрсатилади.
17. Объектлар электр қурилмаларининг техник ҳолати, хавфсизлик талабларига мувофиқлиги ҳамда уларга аҳоли ва ёш болаларнинг кириш имконияти бўйича баҳоланиб, хавф даражаси бўйича гуруҳланади.
18. Профилактика кўриклари шу гуруҳлар асосида, биринчи навбатда, қуйидаги объектларда ўтказилади:
трансформатор пунктлари, тақсимлаш қурилмалари ва электр шчитлари;
аҳоли яшаш жойларига яқин электр қурилмалари;
мактаб ва мактабгача ҳамда бошқа таълим ташкилотларининг электр қурилмалари ва уларга яқин электр объектлари;
болалар майдончалари ва дам олиш масканларига яқин электр қурилмалари;
бозорлар ва аҳоли гавжум жойлардаги электр қурилмалари;
кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиш жойларидаги электр қурилмалари ва шчитлари;
аввал хавфли деб топилган, авария ёки ёнғин ҳолати қайд этилган, шунингдек, ортиқча юклама мавжуд бўлган объектлар.
19. Профилактика кўригини электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака ва рухсатномага эга ходимлар ўтказади. Ишчи гуруҳининг электр хавфсизлиги бўйича малакага эга бўлмаган аъзолари электр қурилмаларининг кучланиш остидаги қисмларига яқинлашмайди, уларни очмайди, таъмирламайди ва тармоққа қайта уламайди.
Кучланишни узиш, қайта улаш, электр қурилмасини таъмирлаш, синаш ёки ишга тушириш фақат ваколатли ва тегишли малакага эга ходимлар томонидан белгиланган эксплуатация ҳужжатлари, хавфсизлик чоралари ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Қурилма кучланишдан узилган деб фақат ваколатли ходим томонидан белгиланган тартибда текширилганидан кейин ҳисобланади.
20. Кўрик давомида қуйидагилар ўрганилади:
электр қурилмалари ва тармоқларининг техник ҳолати ҳамда электр хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши;
электр қурилмаларига бегона шахслар, айниқса, ёш болалар киришининг олдини олувчи тўсиқ, эшик, қулф ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳамда созлиги;
огоҳлантирувчи ва тақиқловчи белгилар, хавфсизлик плакатлари ҳамда объект идентификация белгиларининг мавжудлиги ва ҳолати;
очиқ ток ўтказувчи қисмлар, узилган ёки шикастланган симлар каби ташқи кўринишдан аниқланадиган хавфли ҳолатлар;
электр шчитлари, тақсимлаш қурилмалари, кабель каналлари тармоқлари ва улар атрофида ёнғин хавфи мавжудлиги;
трансформатор пунктлари ва электр тармоқларида ташқи аломатлар бўйича ортиқча юклама, қизиб кетиш ёки шикастланиш ҳолатлари;
хавф туғдирувчи ҳолатларда қурилмаларни тармоққа ўзбошимчалик билан улашлар ва электр қурилмаларидан фойдаланишдаги бошқа хавфли ҳолатлар;
ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларида электр хўжалиги учун масъул шахс белгилангани ҳамда электр қурилмаларидан фойдаланишнинг ташкил этилгани.
4-боб. Болалар хавфсизлиги
21. Таълим ташкилотларида ўқувчи ва талабаларнинг ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда, «Электр хавфсизлиги сабоғи», очиқ дарслар, расмлар ва видеороликлар танловлари, викториналар ҳамда интерактив машғулотлар ўтказилади.
22. Болалар иштирокидаги тадбирларда трансформатор пунктлари ва бошқа электр қурилмаларига кириш, электр симларига яқинлашиш ҳамда электр устунларига чиқишнинг оқибатлари тушунтирилади, хавфли ҳолат кўринганда унга тегмасдан катта ёшдаги инсонларга ёки тегишли хизматларга хабар бериш ўргатилади.
Машғулотлар хавфсиз шароитда, кўргазмали материаллар ва макетлар ёрдамида, кучланиш остидаги электр қурилмаларидан фойдаланмасдан ўтказилади.
23. Ота-оналарга болаларни электр қурилмалари билан боғлиқ хавфлардан асраш бўйича тавсиялар берилади.
24. Болалар кириши ёки яқинлашиши мумкин бўлган очиқ электр қурилмалари аниқланганда, уларга киришни дарҳол чеклаш, огоҳлантирувчи белгилар ва вақтинчалик тўсиқлар ўрнатиш, шунингдек, хавфни бартараф этиш бўйича масъул ташкилотга хабар бериш чоралари кўрилади.
5-боб. Аниқланган камчиликларни хавф даражаси бўйича таснифлаш ва бартараф этиш
25. Кўрик натижасида аниқланган камчиликлар хавф даражасига қараб қуйидаги тоифаларга ажратилади:
биринчи даража — инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи ва зудлик билан бартараф этилиши зарур бўлган камчиликлар. Бундай ҳолатларда хавф дарҳол бартараф этилади, зарур бўлганда қурилма ваколатли ходим томонидан кучланишдан узилади ва унга кириш чекланади;
иккинчи даража — электр токидан шикастланиш, ёнғин ёки авария хавфини оширувчи, бироқ зудлик билан авариявий узишни талаб қилмайдиган, қисқа муддатда бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар. Бундай камчиликлар, қоида тариқасида, ўн иш куни ичида бартараф этилади;
учинчи даража — хавфсизликка бевосита таъсир қилмайдиган, режали таъмирлаш ёки такомиллаштиришни талаб этувчи камчиликлар. Бундай камчиликлар тасдиқланган режа асосида бартараф этилади.
Инсон ҳаётига бевосита хавф туғдирувчи, шу жумладан, болаларнинг электр қурилмаларига кириш имконини берувчи ҳолатлар бўйича чоралар кечиктирмасдан кўрилиши шарт.
26. Кўрик натижасида аниқланган ҳар бир камчилик бўйича қуйидагиларни ўз ичига олган далолатнома расмийлаштирилади:
аниқланган объектнинг манзили;
аниқланган камчиликнинг мазмуни;
хавф даражаси;
уни бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар;
масъул ташкилот ва мансабдор шахс;
бартараф этиш муддати;
бартараф этилгани тўғрисидаги маълумот.
27. Бартараф этилган ҳар бир камчилик бўйича қайта кўрик ўтказилиб, унинг натижаси далолатнома ёки тегишли ҳужжатларда қайд этилади.
Қайта кўрик ўтказилмаган камчилик бартараф этилган ҳисобланмайди.
6-боб. Мониторинг ва натижаларни умумлаштириш
28. Ҳудудий ишчи гуруҳлар Ойлик давомида ҳар ҳафта якуни бўйича амалга оширилган тарғибот-тушунтириш ишлари, ўтказилган кўриклар, аниқланган камчиликлар ва уларнинг бартараф этилиши тўғрисидаги маълумотларни шакллантириб боради.
29. Ҳудудий ишчи гуруҳлар Ойлик якунланганидан кейин беш иш куни ичида ҳисоботларни Республика ишчи гуруҳига тақдим этади. Бунда:
тушунтириш ишлари билан қамраб олинган хонадонлар, маҳаллалар, таълим ва ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда истеъмолчилар сони;
ўтказилган тарғибот тадбирлари ва тарқатилган материаллар;
таълим ташкилотларида ўтказилган дарс ва машғулотлар ҳамда улар билан қамраб олинган болалар сони;
кўрикдан ўтказилган электр объектлари сони (соҳалар ва хавф даражалари кесимида);
аниқланган хавфли ҳолатлар сони, шу жумладан, болалар кириши мумкин бўлган нуқталар ва уларнинг бартараф этилгани;
биринчи даражали камчиликларнинг бартараф этилиши;
аниқланган камчиликларнинг умумий бартараф этилиш даражаси ва бошқа маълумотлар кўрсатилади.
30. Ойлик натижалари Республика ишчи гуруҳи томонидан таҳлил қилиниб, электр хавфсизлиги соҳасида тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланади.
31. Ойлик натижалари таҳлил қилинганда кўрик қамрови, аниқланган хавфли ҳолатлар, биринчи даражали камчиликларни бартараф этиш, болалар кириши мумкин бўлган хавфли нуқталар, профилактика тадбирлари қамрови ва тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилган чораларга алоҳида эътибор қаратилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
32. Ойликнинг белгиланган талаблар асосида ўтказилиши ва тегишли ҳисоботларнинг белгиланган муддатларда тақдим этилишига Республика ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар жавобгар ҳисобланади.
33. Ушбу Тартиб талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 4-ИЛОВА
Электр объектларини профилактика кўригидан ўтказиш бўйича
Т/р Текшириладиган масала Ҳолати Аниқланган камчилик Хавф даражаси Бартараф этиш учун масъул Бартараф этиш муддати 1. Трансформатор пунктининг умумий техник ҳолати, ерга улаш қурилмалари мавжудлиги ва ишлаш қобилияти 2. Трансформатор пунктига кириш эшиги, қулфи, ёпилиши ва бегона шахслар киришининг олдини олиш ҳолати 3. Трансформатор пункти ва электр қурилмалари атрофидаги тўсиқларнинг мавжудлиги ва бутлиги 4. Огоҳлантирувчи, тақиқловчи ва хавфсизлик белгиларининг мавжудлиги 5. Электр тармоқларидаги симлар, кабеллар, электр шчитлари ва тақсимлаш қурилмаларининг ҳолати 6. Электр устунлари ва таянч конструкцияларининг мустаҳкамлиги 7. Электр тармоқларида симларнинг осилиши, узилиши ёки хавфли яқинлашиш ҳолатлари 8. Электр шчитлари ва тақсимлаш қурилмаларининг техник ҳолати 9. Электр двигателлари, насослар, вентиляторлар ва бошқа электр юритмаларининг техник ҳолати 10. Электр иситиш қурилмалари ва бошқа юқори қувватли электр жиҳозларининг хавфсиз улангани 11. Кўчма электр қурилмалари, узайтиргичлар ва электр асбобларининг ҳолати 12. Электр қурилмалари жойлашган ҳудудда ёнғин хавфининг мавжудлиги 13. Электр қурилмалари яқинида ёнувчан материаллар сақланишига йўл қўйилган ёки қўйилмагани 14. Аҳоли яшаш жойларига яқин жойлашган хавфли электр қурилмаларининг ҳолати 15. Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳудуди ҳамда атрофидаги электр қурилмаларининг хавфсизлиги 16. Болалар майдончалари, спорт майдонлари ва оммавий жойлардаги электр қурилмаларининг хавфсизлиги 17. Кўп квартирали уйлар йўлаклари ва умумий фойдаланиш жойларидаги электр шчитларининг ҳолати 18. Барча турдаги кўча ёритиш чироқлари, реклама, иллюминация шчитлари, электр шкафлари ва бошқарув қурилмаларининг ҳолати 19. Истеъмолчиларга электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларининг олиб борилиши 20. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, масъулларни белгилаш ва қайта профилактика кўригини ўтказиш ҳолати 21. Қайта кўрик натижалари
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сон қарорига 5-ИЛОВА
«Электр хавфсизлиги ойлиги» якунлари бўйича
Ҳудуд: _______________________________ Туман (шаҳар): _______________________ Ҳисобот даври: 20__ йил 1 октябрдан 1 ноябрга қадар Т/р Кўрсаткич Сони 1. Профилактика кўригидан ўтказилган электр объектлари 2. Текширилган трансформатор пунктлари 3. Текширилган электр шчитлари ва тақсимлаш қурилмалари 4. Аниқланган жами камчиликлар 5. Зудлик билан бартараф этилган камчиликлар 6. Қисқа муддатда бартараф этилган камчиликлар 7. Режали тартибда бартараф этилаётган камчиликлар 8. Болалар кириши мумкин бўлган хавфли нуқталар 9. Бартараф этилган болалар учун хавфли нуқталар 10. Ортиқча электр юкламаси аниқланган объектлар 11. Аниқланган ноқонуний уланиш ҳолатлари 12. Аҳоли билан ўтказилган профилактика тадбирлари 13. Профилактика тадбирлари билан қамраб олинган аҳоли 14. Қамраб олинган маҳаллалар 15. Қамраб олинган таълим ташкилотлари 16. Қамраб олинган ижтимоий соҳа объектлари 17. Қамраб олинган тадбиркорлик субъектлари 18. Тайёрланган ва тарқатилган ахборот материаллари 19. Телевидение, радио ва интернетдаги ахборот материаллари 20. Қўшимча чора-тадбирлар ... бошқалар Аниқланган энг хавфли 10 та ҳолат: 1. 2. 3. … 10. Бартараф этилмаган камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари: Т/р Объект манзили Камчилик Хавф даражаси Масъул ташкилот Бартараф этиш муддати 1. 2. 3. Ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбари: ______________________ Имзо: ______________________ 20__ йил «___» __________
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 29 сентябрь,
523-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
TARKIBI
NAMUNAVIY TARKIBI
TARTIBI
ASOSIY MEZONLAR
HISOBOT SHAKLI
“Elektr xavfsizligi oyligi”ni oʻtkazish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Elektr energiyasidan foydalanishda inson hayoti va sogʻligʻini muhofaza qilish, aholi, ayniqsa, bolalar oʻrtasida elektr tokidan shikastlanish, yongʻin, avariya va boshqa baxtsiz hodisalarning oldini olish, har bir xonadon, taʼlim va ijtimoiy soha obyekti, tadbirkorlik subyektiga elektr xavfsizligi boʻyicha aniq va sodda tavsiyalarni yetkazish, elektr energiyasidan xavfsiz, oqilona hamda samarali foydalanish madaniyatini yuksaltirish, shuningdek, hududlarda profilaktika tadbirlari va targʻibot-tushuntirish ishlarini tizimli asosda tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasining “Elektr energetikasi toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Vazirlar Mahkamasining “Elektr energiyasi va tabiiy gazdan foydalanish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2024-yil 31-maydagi 319-son qarori bilan isteʼmolchilar va energetika tashkilotlarining huquq va majburiyatlari hamda elektr xavfsizligiga doir talablar belgilangani;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoqilgʻi-energetika tarmogʻida davlat nazorati tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 23-avgustdagi PF-118-son Farmoniga muvofiq yoqilgʻi — energetika sohasida davlat nazorati tizimi takomillashtirilib, profilaktika tadbirlarini tizimli asosda tashkil etish choralari koʻrilayotgani;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik faoliyatiga noqonuniy aralashuvlarni cheklash va nazorat tadbirlarining shaffofligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2026-yil 17-apreldagi PF-63-son Farmoniga muvofiq tadbirkorlik subyektlari faoliyatiga noqonuniy aralashuvlar cheklanib, profilaktika tadbirlari ogohlantirish va tushuntirish ishlarining ustuvorligiga asoslangan holda amalga oshirilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki, har yili oktabr oyida respublika hududida aholi, ijtimoiy soha obyektlari, tadbirkorlik subyektlari, tashkilotlar va boshqa isteʼmolchilar ishtirokida “Elektr xavfsizligi oyligi” (keyingi oʻrinlarda — Oylik) oʻtkaziladi.
3. Quyidagilar Oylikning asosiy maqsadlari etib belgilansin:
aholi, ayniqsa, bolalar va yoshlar oʻrtasida elektr xavfsizligi boʻyicha bilim va amaliy koʻnikmalarini oshirish, kundalik faoliyat davomida ehtiyotkorlik va masʼuliyat madaniyatini shakllantirish;
aholi, ijtimoiy soha obyektlari, tadbirkorlik subyektlari va boshqa isteʼmolchilarda elektr energiyasidan xavfsiz va oqilona foydalanish boʻyicha bilim va koʻnikmalarini hamda huquqiy va texnik bilimini oshirish;
inson hayoti va sogʻligʻini elektr toki bilan bogʻliq xavf-xatarlardan muhofaza qilish, aholi, ayniqsa, bolalar oʻrtasida elektr tokidan shikastlanish va boshqa baxtsiz hodisalarning oldini olishga qaratilgan targʻibot-tushuntirish ishlarini kengaytirish;
aholida xavfli holatni oʻz vaqtida aniqlash, ushbu aniqlangan obyektlarga tegmaslik va tegishli xizmatlarga darhol xabar berish koʻnikmasini shakllantirish;
elektr tarmoqlari, transformator punktlari, elektr qurilmalari, elektr shchitlari, taqsimlash qurilmalari va boshqa elektr uskunalarining xavfsiz va texnik jihatdan sozligini hamda yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini taʼminlash;
begona shaxslar, ayniqsa, yosh bolalarning transformator punktlari, elektr qurilmalari, elektr tarmoqlari va boshqa xavfli obyektlarga kirish imkoniyatini bartaraf etish;
aniqlangan xavfli holat va kamchiliklarni xavf darajasiga qarab zudlik bilan, qisqa muddatda yoki rejali tartibda bartaraf etish.
4. Quyidagilar:
“Elektr xavfsizligi oyligi”ni tashkil etish va muvofiqlashtirish boʻyicha Respublika ishchi guruhi tarkibi 1-ilovaga muvofiq;
“Elektr xavfsizligi oyligi”ni tashkil etish boʻyicha hududiy ishchi guruhlarining namunaviy tarkibi 2-ilovaga muvofiq;
“Elektr xavfsizligi oyligi”ni oʻtkazish tartibi 3-ilovaga muvofiq;
Elektr obyektlarini profilaktika koʻrigidan oʻtkazish boʻyicha asosiy mezonlar 4-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari:
hududiy ishchi guruhlarni shakllantirsin;
har yili 25-sentabrga qadar tuman va shaharlar kesimida targʻibot-tushuntirish va profilaktika tadbirlarining manzilli chora-tadbirlar rejalarini tasdiqlasin;
Oylik davomida barcha mahallalar, koʻp kvartirali uylar, aholi gavjum joylar, ijtimoiy soha obyektlari va tadbirkorlik subyektlarining tushuntirish ishlari bilan toʻliq qamrab olinishini taʼminlasin;
mahalla faollari va xotin-qizlar faollari, profilaktika inspektorlari, “mahalla yettiligi”, boshqaruv servis kompaniyalari hamda boshqa tegishli masʼullarni jalb etgan holda aholi xonadonlari, maktab va maktabgacha taʼlim tashkilotlarida aholi, ota-onalar, yoshlar va bolalar oʻrtasida elektr qurilmalaridan xavfsiz foydalanish, nosoz va qoʻlbola jihozlardan foydalanmaslik, tarmoqqa ortiqcha yuklama bermaslik, uzilgan simlarga yaqinlashmaslik va elektr qurilmalariga kirishni cheklash boʻyicha manzilli profilaktika-tushuntirish ishlarini tashkil etsin;
aholi, ota-onalar, yoshlar va bolalarga moʻljallangan koʻrgazmali materiallar tarqatilishini taʼminlasin;
inson hayotiga bevosita xavf tugʻdiruvchi holatlar aniqlanganda, ularni bartaraf etish boʻyicha kechiktirib boʻlmaydigan choralarni koʻrsin;
aniqlangan har bir xavfli holat boʻyicha masʼul tashkilot, mansabdor shaxs va bartaraf etish muddatini belgilab, ijrosini Oylik yakuniga qadar monitoring qilib borsin.
6. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ:
hududlarda Jamiyat tasarrufidagi va ekspluatatsiya qilayotgan elektr obyektlarining texnik holatini oʻrganish va ularni xavf darajasi boʻyicha guruhlash;
mazkur obyektlarda profilaktika koʻriklari oʻtkazilishini, aniqlangan xavfli holatlarning bartaraf etilishini va zarur hollarda elektr qurilmalarini xavfsiz holatga keltirishni, shuningdek, ulardagi toʻsiqlar, eshiklar, qulflar, ogohlantiruvchi va taqiqlovchi belgilarni belgilangan talab darajasiga keltirishni taʼminlash;
elektr obyektlarining aholi yashash joylari, maktablar, maktabgacha taʼlim tashkilotlari, bozorlar, xiyobonlar, dam olish maskanlari va boshqa jamoat joylariga yaqin qismlarini, ayniqsa, bolalar kirishi mumkin boʻlgan elektr obyektlarini alohida qoʻshimcha profilaktika koʻrigidan oʻtkazish hamda nazoratga olish;
ortiqcha yuklama, shikastlangan sim va kabellar, kirishni cheklash vositalarining yoʻqligi yoki nosozligi kabi xavflarni bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirish;
aniqlangan xavfli holatlarni bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqish va ularning ijrosini taʼminlash;
isteʼmolchilarga elektr energiyasidan xavfsiz, oqilona va samarali foydalanish talablarini tushuntirish choralarini koʻrsin.
7. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Oʻzenergoinspeksiya) oʻz vakolatlari doirasida:
elektr xavfsizligi talablarining mazmunini aholi va boshqa isteʼmolchilarga sodda va tushunarli shaklda yetkazishga qaratilgan targʻibot tadbirlari, oʻquv seminarlari va maslahatlarni tashkil etish;
elektr energiyasidan foydalanish sohasida belgilangan xavfsizlik talablariga rioya etilishi boʻyicha profilaktika tadbirlarida ishtirok etish;
elektr energiyasidan foydalanish sohasida belgilangan xavfsizlik talablariga rioya etilishini oʻrganish va birinchi navbatda, bolalar hamda aholi kirishi oson boʻlgan hududlardagi elektr qurilmalarini profilaktika koʻrigidan oʻtkazish;
elektr qurilmalari va elektr uskunalarining belgilangan xavfsizlik talablariga muvofiqligini oʻrganish;
profilaktika koʻriklarida aniqlangan holatlar boʻyicha masʼul tashkilotlarga ularni bartaraf etish yuzasidan tegishli koʻrsatma va tavsiyalar berish choralarini koʻrsin.
8. Favqulodda vaziyatlar vazirligi:
elektr energiyasi bilan bogʻliq yongʻinlarning oldini olish boʻyicha profilaktika-ogohlantiruv tadbirlarini;
aholi, ijtimoiy soha obyektlari va tadbirkorlik subyektlarida yongʻin xavfsizligi talablariga rioya etilishini tushuntirish ishlarini;
elektr isitish qurilmalari, elektr jihozlari va elektr tarmoqlaridan xavfsiz foydalanish boʻyicha targʻibot tadbirlarini;
favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganda, harakat qilish tartibini tushuntirishni;
maktab, maktabgacha taʼlim tashkilotlari va boshqa ijtimoiy soha obyektlarida amaliy oʻquv mashgʻulotlarini tashkil etsin.
9. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:
taʼlim tashkilotlarida “Energiya xavfsizligi — hayot xavfsizligi” mavzusida ochiq darslarni;
“Elektr xavfsizligi sabogʻi”ni;
elektr xavfsizligi mavzusida rasmlar va videoroliklar tanlovlarini;
viktorinalar va interaktiv mashgʻulotlarni;
elektr qurilmalari bilan bogʻliq xavflarni amalda tushuntirishga qaratilgan mashgʻulotlarni tashkil etsin.
Bunda bolalarga transformator punktlariga kirmaslik, elektr simlari va qurilmalariga yaqinlashmaslik, elektr ustunlariga chiqmaslik, uzilgan elektr simlariga tegmaslik va xavfli holat aniqlanganda, katta yoshdagi insonlarlarga yoki tegishli xizmatlarga xabar berish zarurligi alohida tushuntirilsin.
10. Energetika vazirligi:
Respublika ishchi guruhining ishini tashkil etsin va Oylik oʻtkazilishini muvofiqlashtirib borsin;
axborot-targʻibot dasturini ishlab chiqish, aholining turli toifalariga moʻljallangan varaqalar, tushuntiruvchi rasmli materiallar, animatsion va ijtimoiy videolavhalarni tayyorlash, ularni ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilib borish hamda hududlarga yetkazilishida ishtirok etsin;
aholiga xavfli holat aniqlanganda murojaat qilish tartibi va ishonch telefoni raqamlarini muntazam yetkazib borsin.
11. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar teleradiokompaniyalari, davlat ommaviy axborot vositalari Oylikni ommaviy axborot vositalarida keng yoritishni, aholi oʻrtasida elektr energiyasidan xavfsiz foydalanish qoidalarini targʻib qilishga qaratilgan maxsus telekoʻrsatuvlar, radioeshittirishlar, ijtimoiy roliklar, maqolalar, infografikalar va boshqa axborot materiallarini tayyorlash hamda muntazam efirga uzatishni taʼminlasinlar.
12. Hududiy ishchi guruhlar Oylik yakunlari boʻyicha ushbu qarorning 5-ilovasi ““Elektr xavfsizligi oyligi” yakunlari boʻyicha hisobot shakli”ga muvofiq Oylik yakunlanganidan keyin besh ish kuni ichida Respublika ishchi guruhiga taqdim etsin.
Respublika ishchi guruhi taqdim etilgan hisobotlarni umumlashtirib, tahlil qilsin hamda hududlar va tashkilotlar doirasida hal etilmagan muammo va kamchiliklarni bartaraf etish choralarini koʻrsin.
13. Tashkilotlar, tadbirkorlik subyektlari, koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari va boshqa obyektlar rahbarlari oʻz tasarrufidagi elektr qurilmalarining texnik sozligi, ulardan xavfsiz foydalanish, elektr xoʻjaligi uchun masʼul shaxslarni belgilash hamda aniqlangan kamchiliklarni oʻz vaqtida bartaraf etish choralarini koʻrsin.
Belgilansinki, Oylik doirasida oʻtkaziladigan koʻrik va tushuntirish ishlari tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish hisoblanmaydi. Bunda aniqlangan kamchiliklar boʻyicha birinchi navbatda ogohlantirish berilib, ularni bartaraf etish uchun oqilona muddat belgilanadi.
Aholi xonadonlari va tadbirkorlik subyektlarining ichki elektr qurilmalarini koʻzdan kechirish faqat mulkdor, isteʼmolchi yoki obyekt rahbarining roziligi bilan amalga oshiriladi. Davlat nazorati tadbirlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan asos va tartibda oʻtkaziladi.
Inson hayoti va sogʻligʻiga bevosita xavf tugʻdiruvchi, shu jumladan bolalarning elektr qurilmalariga kirish imkonini beruvchi holatlar bundan mustasno boʻlib, ular boʻyicha choralar kechiktirmasdan koʻriladi.
14. Ushbu qarorni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlar tegishli tashkilotlarning tasdiqlangan xarajatlar smetalari, budjetdan tashqari mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
15. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda energetika vaziri Sh.X. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-sentabrdagi 523-son qaroriga 1-ILOVA
“Elektr xavfsizligi oyligi”ni tashkil etish va muvofiqlashtirish boʻyicha Respublika ishchi guruhi
1. A.J. Ramatov — Bosh vazir oʻrinbosari, Ishchi guruh rahbari 2. Sh.X. Xodjayev — energetika vaziri , Ishchi guruh rahbari oʻrinbosari 3. A.I. Ikramov — favqulodda vaziyatlar vaziri, Ishchi guruh rahbari oʻrinbosari 4. S.I. Samadov — Bosh prokuror oʻrinbosari 5. A.A. Tashpulatov — ichki ishlar vaziri 6. Sh.S. Hidoyatov — qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri 7. K.A. Sharipov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri 8. E.G. Karimova — maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri 9. S.A. Sadullayev — Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi raisining birinchi oʻrinbosari 10. A.I. Isoqjonov — Oʻzenergoinspeksiya boshligʻi 11. Sh.A. Mavlonov — Davlat mehnat inspeksiyasi boshligʻi oʻrinbosari 12. S.D. Isakulov — “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ boshqaruvi raisi 13. A.A. Nazirov — “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ boshqaruvi raisi 14. B.I. Jurayev — “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ boshqaruvi raisi 15. I.A. Abduraxmonov — “Oʻzbekgidroenergo” AJ boshqaruvi raisi 16. Q.R. Abdullayev — Energetika vazirligi boʻlim boshligʻi, Respublika ishchi guruhi kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-sentabrdagi 523-son qaroriga 2-ILOVA
“Elektr xavfsizligi oyligi”ni tashkil etish boʻyicha hududiy ishchi guruhlarining
Lavozim boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlarining oʻrinbosarlari, Ishchi guruh rahbari Lavozim boʻyicha — Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmasi boshligʻi, I shchi guruh rahbari oʻrinbosari Lavozim boʻyicha — Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy boshqarmasi boshligʻi, Ishchi guruh rahbari oʻrinbosari Lavozim boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri Prokurorlarining oʻrinbosarlari Lavozim boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi ichki ishlar vaziri, viloyatlar ichki ishlar boshqarmasi va Toshkent shahri ichki ishlar bosh boshqarmasi boshligʻi oʻrinbosari Lavozim boʻyicha — Davlat mehnat inspeksiyasining hududiy boʻlinmasi rahbari Lavozim boʻyicha — Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligining hududiy boʻlinmasi rahbari Lavozim boʻyicha — Oʻzbekiston mahallalari uyushmasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boshqarmasi boshligʻi Lavozim boʻyicha — Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining hududiy boshqarmasi boshligʻi Lavozim boʻyicha — Kasbiy taʼlim agentligining hududiy boshqarmasi rahbari Lavozim boʻyicha — “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ hududiy filiali rahbari Lavozim boʻyicha — “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ hududiy filiali rahbari Lavozim boʻyicha — “Issiqlik elektr stansiyalari” AJ hududiy tashkiloti rahbari Lavozim boʻyicha — “Oʻzbekgidroenergo” AJ hududiy filiali rahbari Kelishilgan holda — tegishli hududlardagi mahalla faollari va boshqa jalb etiladigan mutaxassislar
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-sentabrdagi 523-son qaroriga 3-ILOVA
“Elektr xavfsizligi oyligi”ni oʻtkazish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Tartib “Elektr xavfsizligi oyligi”ni (keyingi oʻrinlarda — Oylik) tashkil etish, targʻibot-tushuntirish ishlari va xavf darajasiga asoslangan profilaktika koʻriklarini oʻtkazish, aniqlangan xavfli holatlarni bartaraf etish hamda Oylik natijalarini baholash tartibini belgilaydi.
2. Oylik har yili aholi, ayniqsa, yosh bolalarning elektr tokidan shikastlanishi, elektr bilan bogʻliq yongʻinlar, avariyalar va boshqa baxtsiz hodisalarning oldini olishga qaratilgan, elektr xavfsizligi boʻyicha bilim va koʻnikmalarni oshirish maqsadida oʻtkaziladi.
3. Oylik tadbirlari aholi yashash joylari, koʻp kvartirali uylar, mahallalar, maktablar, maktabgacha taʼlim tashkilotlari, oʻrta maxsus, kasbiy va oliy taʼlim tashkilotlari, bozorlar, xiyobonlar, dam olish maskanlari, tadbirkorlik subyektlari va boshqa ommaviy joylarni qamrab oladi.
4. Oylik doirasida oʻtkaziladigan targʻibot-tushuntirish, maslahat berish profilaktik koʻrigi aholi va tadbirkorlik subyektlarining kundalik faoliyatini tekshirish hisoblanmaydi hamda ularning faoliyatiga toʻsqinlik qilmagan holda amalga oshiriladi.
Bunda tadbirkorlik subyektlari va aholi xonadonlarining ichki elektr qurilmalarini koʻzdan kechirish mulkdor, isteʼmolchi yoki obyekt rahbarining roziligi bilan amalga oshiriladi.
Oylik doirasida tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish, hujjatlar talab qilish va majburiy koʻrsatmalar berishga yoʻl qoʻyilmaydi. Ushbu Tartib davlat nazorati tadbirlarini oʻtkazish uchun mustaqil asos hisoblanmaydi.
5. Oylik qonuniylik, inson hayoti va sogʻligʻining ustuvorligi, ogohlantirish va tushuntirishning jazodan ustunligi, xavf darajasiga asoslangan yondashuv, profilaktika, ochiqlik va idoralararo hamkorlik tamoyillari asosida oʻtkaziladi.
2-bob. Ishchi guruhlarni tashkil etish
6. Oylikni respublika miqyosida “Elektr xavfsizligi oyligi”ni tashkil etish va muvofiqlashtirish boʻyicha Respublika ishchi guruhi (keyingi oʻrinlarda — Respublika ishchi guruhi) tomonidan muvofiqlashtiriladi.
7. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida “Elektr xavfsizligi oyligi”ni tashkil etish boʻyicha hududiy ishchi guruhlar (keyingi oʻrinlarda — hududiy ishchi guruhlar) tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tomonidan tashkil etiladi.
8. Hududiy ishchi guruhlar tarkibiga energetika, favqulodda vaziyatlar, ichki ishlar, mahalliy hokimliklar, Oʻzenergoinspeksiya, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning hududiy boʻlinmalari, boshqaruv — servis kompaniyalari va zaruratga koʻra, boshqa manfaatdor tashkilotlarning masʼul xodimlari kiritiladi.
9. Zarur hollarda ishchi guruhlar tarkibiga mahalla faollari, taʼlim tashkilotlari rahbarlari, xotin-qizlar faollari va boshqa masʼullar jalb etiladi.
10. Tegishli hududiy ishchi guruhlar:
tuman va shaharlar kesimida manzilli chora-tadbirlar rejalarini ishlab chiqadi va ularning ijrosini muvofiqlashtiradi;
aholi, ayniqsa, yosh bolalar, ota-onalar, yoshlar va obyekt rahbarlari oʻrtasida targʻibot-tushuntirish ishlarini tashkil etadi, ularning qamrovini taʼminlaydi;
xavf darajasi yuqori boʻlgan obyekt va hududlarni aniqlab, profilaktika koʻriklarining ustuvor yoʻnalishlarini belgilaydi;
aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha masʼul tashkilot, masʼul shaxs va muddatlarni belgilaydi;
haftalik maʼlumotlarni va yakuniy hisobotni shakllantiradi.
3-bob. Targʻibot-tushuntirish va profilaktika koʻriklarini oʻtkazish
11. Mahallalarda, koʻp kvartirali uylarda, taʼlim va ijtimoiy soha obyektlarida, bozorlar hamda aholi gavjum joylarda elektr xavfsizligi boʻyicha manzilli tushuntirish ishlari tashkil etiladi. Tushuntirish ishlari xonadonlarga kirib borish, mahalla yigʻinlari, ota-onalar majlislari va mehnat jamoalarida suhbatlar shaklida oʻtkaziladi.
12. Tushuntirish ishlarida quyidagilarga alohida eʼtibor qaratiladi:
qoʻlbola elektr qurilmalaridan foydalanmaslik;
nosoz holdagi elektr jihozlarini ishlatmaslik va nam qoʻl bilan ularni ushlamaslik;
elektr tarmogʻiga meʼyoridan ortiq yuklama bermaslik, meʼyordan ortiq quvvatdagi jihozlarni ulamaslik;
elektr jihozlarini oʻzboshimchalik bilan ochmaslik va taʼmirlamaslik;
uzilgan elektr simlariga yaqinlashmaslik va ularga tegmaslik;
elektr qurilmalarida nosozlik aniqlanganda, mutaxassisga yoki tegishli xizmatga darhol murojaat qilish;
elektr tokidan shikastlangan shaxsga yordam koʻrsatishning dastlabki qoidalarini bilish va oʻz vaqtida qoʻllash.
13. Tushuntirish ishlarida tarqatma materiallar, koʻrgazmali qurollar, tushuntiruvchi rasmli materiallar va videolavhalardan foydalaniladi.
Ushbu materiallar, shuningdek, xavfli holat aniqlanganda murojaat qilish tartibi va ishonch telefoni raqamlari mahallalar, koʻp kvartirali uylarning umumiy foydalanish joylari va jamoat joylarda joylashtiriladi.
14. Elektr taʼminoti korxonalari isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish boʻlinmalari va qisqa xabar berish xizmati hamda “HET Billing” dasturi orqali xavfsiz foydalanish boʻyicha eslatmalarni muntazam yetkazib boradi.
15. Tashkilotlar, tadbirkorlik subyektlari va koʻp kvartirali uylarni boshqaruv organlarining elektr xoʻjaligi uchun masʼul xodimlari uchun xavfsizlik talablari yuzasidan oʻquv seminarlari va maslahatlar tashkil etiladi.
16. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning tuman va shahar elektr taʼminoti korxonalari Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari bilan birgalikda hududdagi elektr obyektlarining roʻyxatini shakllantiradi.
Roʻyxatda obyektning manzili, masʼul tashkilot, xavf darajasi va profilaktika koʻrigi holati koʻrsatiladi.
17. Obyektlar elektr qurilmalarining texnik holati, xavfsizlik talablariga muvofiqligi hamda ularga aholi va yosh bolalarning kirish imkoniyati boʻyicha baholanib, xavf darajasi boʻyicha guruhlanadi.
18. Profilaktika koʻriklari shu guruhlar asosida, birinchi navbatda, quyidagi obyektlarda oʻtkaziladi:
transformator punktlari, taqsimlash qurilmalari va elektr shchitlari;
aholi yashash joylariga yaqin elektr qurilmalari;
maktab va maktabgacha hamda boshqa taʼlim tashkilotlarining elektr qurilmalari va ularga yaqin elektr obyektlari;
bolalar maydonchalari va dam olish maskanlariga yaqin elektr qurilmalari;
bozorlar va aholi gavjum joylardagi elektr qurilmalari;
koʻp kvartirali uylarning umumiy foydalanish joylaridagi elektr qurilmalari va shchitlari;
avval xavfli deb topilgan, avariya yoki yongʻin holati qayd etilgan, shuningdek, ortiqcha yuklama mavjud boʻlgan obyektlar.
19. Profilaktika koʻrigini elektr xavfsizligi boʻyicha tegishli malaka va ruxsatnomaga ega xodimlar oʻtkazadi. Ishchi guruhining elektr xavfsizligi boʻyicha malakaga ega boʻlmagan aʼzolari elektr qurilmalarining kuchlanish ostidagi qismlariga yaqinlashmaydi, ularni ochmaydi, taʼmirlamaydi va tarmoqqa qayta ulamaydi.
Kuchlanishni uzish, qayta ulash, elektr qurilmasini taʼmirlash, sinash yoki ishga tushirish faqat vakolatli va tegishli malakaga ega xodimlar tomonidan belgilangan ekspluatatsiya hujjatlari, xavfsizlik choralari va shaxsiy himoya vositalaridan foydalangan holda amalga oshiriladi. Qurilma kuchlanishdan uzilgan deb faqat vakolatli xodim tomonidan belgilangan tartibda tekshirilganidan keyin hisoblanadi.
20. Koʻrik davomida quyidagilar oʻrganiladi:
elektr qurilmalari va tarmoqlarining texnik holati hamda elektr xavfsizligi qoidalariga rioya etilishi;
elektr qurilmalariga begona shaxslar, ayniqsa, yosh bolalar kirishining oldini oluvchi toʻsiq, eshik, qulf va boshqa vositalarning mavjudligi hamda sozligi;
ogohlantiruvchi va taqiqlovchi belgilar, xavfsizlik plakatlari hamda obyekt identifikatsiya belgilarining mavjudligi va holati;
ochiq tok oʻtkazuvchi qismlar, uzilgan yoki shikastlangan simlar kabi tashqi koʻrinishdan aniqlanadigan xavfli holatlar;
elektr shchitlari, taqsimlash qurilmalari, kabel kanallari tarmoqlari va ular atrofida yongʻin xavfi mavjudligi;
transformator punktlari va elektr tarmoqlarida tashqi alomatlar boʻyicha ortiqcha yuklama, qizib ketish yoki shikastlanish holatlari;
xavf tugʻdiruvchi holatlarda qurilmalarni tarmoqqa oʻzboshimchalik bilan ulashlar va elektr qurilmalaridan foydalanishdagi boshqa xavfli holatlar;
tashkilotlar va tadbirkorlik subyektlarida elektr xoʻjaligi uchun masʼul shaxs belgilangani hamda elektr qurilmalaridan foydalanishning tashkil etilgani.
4-bob. Bolalar xavfsizligi
21. Taʼlim tashkilotlarida oʻquvchi va talabalarning yosh xususiyatlarini inobatga olgan holda, “Elektr xavfsizligi sabogʻi”, ochiq darslar, rasmlar va videoroliklar tanlovlari, viktorinalar hamda interaktiv mashgʻulotlar oʻtkaziladi.
22. Bolalar ishtirokidagi tadbirlarda transformator punktlari va boshqa elektr qurilmalariga kirish, elektr simlariga yaqinlashish hamda elektr ustunlariga chiqishning oqibatlari tushuntiriladi, xavfli holat koʻringanda unga tegmasdan katta yoshdagi insonlarga yoki tegishli xizmatlarga xabar berish oʻrgatiladi.
Mashgʻulotlar xavfsiz sharoitda, koʻrgazmali materiallar va maketlar yordamida, kuchlanish ostidagi elektr qurilmalaridan foydalanmasdan oʻtkaziladi.
23. Ota-onalarga bolalarni elektr qurilmalari bilan bogʻliq xavflardan asrash boʻyicha tavsiyalar beriladi.
24. Bolalar kirishi yoki yaqinlashishi mumkin boʻlgan ochiq elektr qurilmalari aniqlanganda, ularga kirishni darhol cheklash, ogohlantiruvchi belgilar va vaqtinchalik toʻsiqlar oʻrnatish, shuningdek, xavfni bartaraf etish boʻyicha masʼul tashkilotga xabar berish choralari koʻriladi.
5-bob. Aniqlangan kamchiliklarni xavf darajasi boʻyicha tasniflash va bartaraf etish
25. Koʻrik natijasida aniqlangan kamchiliklar xavf darajasiga qarab quyidagi toifalarga ajratiladi:
birinchi daraja — inson hayoti va sogʻligʻiga bevosita xavf tugʻdiruvchi va zudlik bilan bartaraf etilishi zarur boʻlgan kamchiliklar. Bunday holatlarda xavf darhol bartaraf etiladi, zarur boʻlganda qurilma vakolatli xodim tomonidan kuchlanishdan uziladi va unga kirish cheklanadi;
ikkinchi daraja — elektr tokidan shikastlanish, yongʻin yoki avariya xavfini oshiruvchi, biroq zudlik bilan avariyaviy uzishni talab qilmaydigan, qisqa muddatda bartaraf etilishi lozim boʻlgan kamchiliklar. Bunday kamchiliklar, qoida tariqasida, oʻn ish kuni ichida bartaraf etiladi;
uchinchi daraja — xavfsizlikka bevosita taʼsir qilmaydigan, rejali taʼmirlash yoki takomillashtirishni talab etuvchi kamchiliklar. Bunday kamchiliklar tasdiqlangan reja asosida bartaraf etiladi.
Inson hayotiga bevosita xavf tugʻdiruvchi, shu jumladan, bolalarning elektr qurilmalariga kirish imkonini beruvchi holatlar boʻyicha choralar kechiktirmasdan koʻrilishi shart.
26. Koʻrik natijasida aniqlangan har bir kamchilik boʻyicha quyidagilarni oʻz ichiga olgan dalolatnoma rasmiylashtiriladi:
aniqlangan obyektning manzili;
aniqlangan kamchilikning mazmuni;
xavf darajasi;
uni bartaraf etish boʻyicha amalga oshiriladigan chora-tadbirlar;
masʼul tashkilot va mansabdor shaxs;
bartaraf etish muddati;
bartaraf etilgani toʻgʻrisidagi maʼlumot.
27. Bartaraf etilgan har bir kamchilik boʻyicha qayta koʻrik oʻtkazilib, uning natijasi dalolatnoma yoki tegishli hujjatlarda qayd etiladi.
Qayta koʻrik oʻtkazilmagan kamchilik bartaraf etilgan hisoblanmaydi.
6-bob. Monitoring va natijalarni umumlashtirish
28. Hududiy ishchi guruhlar Oylik davomida har hafta yakuni boʻyicha amalga oshirilgan targʻibot-tushuntirish ishlari, oʻtkazilgan koʻriklar, aniqlangan kamchiliklar va ularning bartaraf etilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirib boradi.
29. Hududiy ishchi guruhlar Oylik yakunlanganidan keyin besh ish kuni ichida hisobotlarni Respublika ishchi guruhiga taqdim etadi. Bunda:
tushuntirish ishlari bilan qamrab olingan xonadonlar, mahallalar, taʼlim va ijtimoiy soha obyektlari, tadbirkorlik subyektlari hamda isteʼmolchilar soni;
oʻtkazilgan targʻibot tadbirlari va tarqatilgan materiallar;
taʼlim tashkilotlarida oʻtkazilgan dars va mashgʻulotlar hamda ular bilan qamrab olingan bolalar soni;
koʻrikdan oʻtkazilgan elektr obyektlari soni (sohalar va xavf darajalari kesimida);
aniqlangan xavfli holatlar soni, shu jumladan, bolalar kirishi mumkin boʻlgan nuqtalar va ularning bartaraf etilgani;
birinchi darajali kamchiliklarning bartaraf etilishi;
aniqlangan kamchiliklarning umumiy bartaraf etilish darajasi va boshqa maʼlumotlar koʻrsatiladi.
30. Oylik natijalari Respublika ishchi guruhi tomonidan tahlil qilinib, elektr xavfsizligi sohasida tizimli muammolarni bartaraf etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar belgilanadi.
31. Oylik natijalari tahlil qilinganda koʻrik qamrovi, aniqlangan xavfli holatlar, birinchi darajali kamchiliklarni bartaraf etish, bolalar kirishi mumkin boʻlgan xavfli nuqtalar, profilaktika tadbirlari qamrovi va tizimli muammolarni bartaraf etish boʻyicha koʻrilgan choralarga alohida eʼtibor qaratiladi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
32. Oylikning belgilangan talablar asosida oʻtkazilishi va tegishli hisobotlarning belgilangan muddatlarda taqdim etilishiga Respublika ishchi guruhi va hududiy ishchi guruhlar javobgar hisoblanadi.
33. Ushbu Tartib talablarning buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-sentabrdagi 523-son qaroriga 4-ILOVA
Elektr obyektlarini profilaktika koʻrigidan oʻtkazish boʻyicha
T/r Tekshiriladigan masala Holati Aniqlangan kamchilik Xavf darajasi Bartaraf etish uchun masʼul Bartaraf etish muddati 1. Transformator punktining umumiy texnik holati, yerga ulash qurilmalari mavjudligi va ishlash qobiliyati 2. Transformator punktiga kirish eshigi, qulfi, yopilishi va begona shaxslar kirishining oldini olish holati 3. Transformator punkti va elektr qurilmalari atrofidagi toʻsiqlarning mavjudligi va butligi 4. Ogohlantiruvchi, taqiqlovchi va xavfsizlik belgilarining mavjudligi 5. Elektr tarmoqlaridagi simlar, kabellar, elektr shchitlari va taqsimlash qurilmalarining holati 6. Elektr ustunlari va tayanch konstruksiyalarining mustahkamligi 7. Elektr tarmoqlarida simlarning osilishi, uzilishi yoki xavfli yaqinlashish holatlari 8. Elektr shchitlari va taqsimlash qurilmalarining texnik holati 9. Elektr dvigatellari, nasoslar, ventilyatorlar va boshqa elektr yuritmalarining texnik holati 10. Elektr isitish qurilmalari va boshqa yuqori quvvatli elektr jihozlarining xavfsiz ulangani 11. Koʻchma elektr qurilmalari, uzaytirgichlar va elektr asboblarining holati 12. Elektr qurilmalari joylashgan hududda yongʻin xavfining mavjudligi 13. Elektr qurilmalari yaqinida yonuvchan materiallar saqlanishiga yoʻl qoʻyilgan yoki qoʻyilmagani 14. Aholi yashash joylariga yaqin joylashgan xavfli elektr qurilmalarining holati 15. Maktab va maktabgacha taʼlim tashkilotlari hududi hamda atrofidagi elektr qurilmalarining xavfsizligi 16. Bolalar maydonchalari, sport maydonlari va ommaviy joylardagi elektr qurilmalarining xavfsizligi 17. Koʻp kvartirali uylar yoʻlaklari va umumiy foydalanish joylaridagi elektr shchitlarining holati 18. Barcha turdagi koʻcha yoritish chiroqlari, reklama, illyuminatsiya shchitlari, elektr shkaflari va boshqaruv qurilmalarining holati 19. Isteʼmolchilarga elektr qurilmalaridan xavfsiz foydalanish boʻyicha tushuntirish ishlarining olib borilishi 20. Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish, masʼullarni belgilash va qayta profilaktika koʻrigini oʻtkazish holati 21. Qayta koʻrik natijalari
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-sentabrdagi 523-son qaroriga 5-ILOVA
“Elektr xavfsizligi oyligi” yakunlari boʻyicha
Hudud: _______________________________ Tuman (shahar): _______________________ Hisobot davri: 20__ yil 1-oktabrdan 1-noyabrga qadar T/r Koʻrsatkich Soni 1. Profilaktika koʻrigidan oʻtkazilgan elektr obyektlari 2. Tekshirilgan transformator punktlari 3. Tekshirilgan elektr shchitlari va taqsimlash qurilmalari 4. Aniqlangan jami kamchiliklar 5. Zudlik bilan bartaraf etilgan kamchiliklar 6. Qisqa muddatda bartaraf etilgan kamchiliklar 7. Rejali tartibda bartaraf etilayotgan kamchiliklar 8. Bolalar kirishi mumkin boʻlgan xavfli nuqtalar 9. Bartaraf etilgan bolalar uchun xavfli nuqtalar 10. Ortiqcha elektr yuklamasi aniqlangan obyektlar 11. Aniqlangan noqonuniy ulanish holatlari 12. Aholi bilan oʻtkazilgan profilaktika tadbirlari 13. Profilaktika tadbirlari bilan qamrab olingan aholi 14. Qamrab olingan mahallalar 15. Qamrab olingan taʼlim tashkilotlari 16. Qamrab olingan ijtimoiy soha obyektlari 17. Qamrab olingan tadbirkorlik subyektlari 18. Tayyorlangan va tarqatilgan axborot materiallari 19. Televideniye, radio va internetdagi axborot materiallari 20. Qoʻshimcha chora-tadbirlar ... boshqalar Aniqlangan eng xavfli 10 ta holat: 1. 2. 3. … 10. Bartaraf etilmagan kamchiliklar va ularni bartaraf etish choralari: T/r Obyekt manzili Kamchilik Xavf darajasi Masʼul tashkilot Bartaraf etish muddati 1. 2. 3. Hududiy ishchi guruh rahbari: ______________________ Imzo: ______________________ 20__ yil “___” __________
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 29-sentabr,
523-son