UzbekAI

← Qonunlar

📅 2026-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2026 йил 29 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

Техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030» стратегиясини 2026-2027 йилларда амалга ошириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2026 йил 20 апрелдаги ПҚ-148-сон қарори ижросини таъминлаш ва касбий таълим тизимида инновацияларни жорий қилиш орқали битирувчилар бандлигини таъминлаш ҳамда техникум ўқувчиларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030» стратегиясини 2026-2027 йилларда амалга ошириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2026 йил 20 апрелдаги ПҚ-148-сон қарорига мувофиқ:

тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган стартап лойиҳалари асосида янги маҳсулотлар ва техника-технологияларни яратиш учун давлат техникумлари ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этишга рухсат берилиши;

«spin-off» корхоналарига техникум ўқувчиларининг стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўмгача грант ажратилиши;

2026 йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида камида биттадан техникумда намунали «spin-off» корхонаси ишга туширилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган стартап лойиҳалари асосида янги маҳсулотлар ва техника-технологияларни яратиш учун техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш тартиби;

техникумларнинг бўш турган бино ва иншоотларидаги майдонларни «spin-off» корхоналарини ташкил этиш учун 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга ижарага бериш тартиби;

«spin-off» корхоналарига стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун Касбий таълимни ривожлантириш жамғармасидан 1 миллиард сўмгача грант ажратиш тартиби.

3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик):

а) бир ой муддатда ҳузурида «spin-off» корхоналари ташкил этиладиган техникумлар рўйхатини белгиласин;

б) 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан техникум ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш чораларини кўрсин;

в) техникумлар ҳузурида ташкил этилган «spin-off» корхоналарининг реестрини «Касбий таълим жараёнларини бошқариш — EMIS PT» ахборот тизими орқали юритсин.

Бунда «Касбий таълим жараёнларини бошқариш — EMIS PT» ахборот тизимини такомиллаштириш харажатлари Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

а) «spin-off» корхоналари учун доимий хорижий инвесторларни жалб қилиш чораларини кўрсин;

б) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда:

«spin-off» корхоналарида ташкил этилган иш ўринларини мониторинг қилиб борсин;

техникум битирувчиларининг «spin-off» корхоналари орқали бандлигини таъминлаш чораларини кўрсин.

5. Белгилансинки, ҳузурида «spin-off» корхоналари ташкил этиладиган техникумларда корхоналар устав фондидаги давлат улушини 5 йил муддат давомида хусусийлаштириш ман этилади ҳамда ундан корхоналарнинг асосий фаолият йўналишидан ташқари бошқа мақсадларда фойдаланиши тақиқланади.

6. Агентлик Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 524-сон қарорига ИЛОВА

Техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган стартап лойиҳалари асосида янги маҳсулотлар ва техника-технологияларни яратиш ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини йўлга қўйиш мақсадида давлат техникумлари (кейинги ўринларда — техникумлар) ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом қоидалари нодавлат касбий таълим ташкилотлари учун татбиқ этилмайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

«spin-off» корхонаси — янги ишланмаларга асосланган стартап лойиҳалари асосида маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳамда бу жараёнга техникум ўқувчиларини жалб қилиш мақсадида техникум ҳузурида ташкил этиладиган хўжалик юритувчи субъект шаклидаги юридик шахс;

инвестиция даври — «spin-off» корхонаси устав капиталидаги давлат улуши сақланиб туриладиган ва 5 йил давомида давлат улушини хусусийлаштириш ман этиладиган муддат;

махсус комиссия — техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш ҳамда уларга Касбий таълимни ривожлантириш жамғармасидан (кейинги ўринларда — Жамғарма) грант ажратишни кўриб чиқадиган комиссия;

муассис — «spin-off» корхонаси ташкил этишда устав капиталига улуш киритган техникум ҳамда жисмоний ва юридик шахслар;

ташаббускор — «spin-off» корхонасига улуш киритмоқчи бўлган техникум ҳамда жисмоний ва юридик шахслар.

3. «spin-off» корхоналари фаолияти қонунийлик, очиқлик, янги ишланмаларни тижоратлаштиришнинг мақсадлилиги, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва рақамли тамойиллар асосида амалга оширилади.

4. «spin-off» корхоналари техникумда мавжуд касб ва йўналишлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.

5. Ҳудуднинг ихтисослигидан келиб чиқиб, қайси техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарининг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан белгиланади.

6. «spin-off» корхоналари фаолияти Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади.

2-боб. «Spin-off» корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш тартиби

7. Техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналари ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.

8. Ташаббускорларнинг янги ишланмалари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳалари мавжуд бўлганда, «spin-off» корхонаси ташкил этмоқчи бўлган техникум билан келишув асосида таъсис шартномасини имзолайди.

9. Ташаббускор техникумнинг ўзи бўлган тақдирда, таъсис шартномаси тузилмайди.

10. Ташаббускор техникум ҳузурида «spin-off» корхонаси ташкил этиш мақсадида Агентликнинг «Касбий таълим жараёнларини бошқариш — EMIS PT» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали ариза топширади.

Бунда аризага таъсис ҳужжатлари, лойиҳанинг бизнес-режаси ҳамда техник асос ва молиявий ҳисоб-китоблар илова қилинади.

11. Агентлик томонидан техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш ва уларга Жамғарма маблағларидан грант ажратиш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) ташкил этилади.

12. Комиссия таркиби ҳар йили январь ойининг 10-санасига қадар Агентлик директори томонидан бир йил муддатга тасдиқланади.

Комиссия таркибига тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари ҳамда хорижий мутахассислар жалб қилиниши мумкин. Бунда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари ҳамда хорижий мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма ҳисобидан қопланади.

Комиссиянинг таркиби камида 7 нафардан иборат бўлиб, Комиссия йиғилиши унинг аъзоларининг учдан икки қисми қатнашганда, ваколатли ҳисобланади.

13. Комиссия ташаббускорлар томонидан техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш бўйича аризаларни улар келиб тушган кундан бошлаб 10 кун муддат ичида кўриб чиқади.

Бунда ташаббускор очиқ муҳокама тарзида ўтказиладиган Комиссия йиғилишларида ўз тақдимоти билан иштирок этади.

Заруратга кўра лойиҳани кўриб чиқиш муддати беш кун муддатга чўзилиши мумкин. Бу ҳақида ташаббускорга хабар юборилади.

14. Комиссия техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш бўйича қуйидаги мезонлардан келиб чиқиб, аризаларни кўриб чиқади:

молиявий ва иқтисодий самарадорлик ҳамда инновационлик даражаси;

дуал таълимнинг жорий этилиши ва ушбу жараёнга ўқувчиларнинг жалб қилиниши;

ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш орқали қўшимча маблағ топиш имконияти;

меҳнат бозори ва иш берувчилар талаби ҳамда битирувчилар бандлигини таъминлаш имконияти.

15. Комиссия томонидан аризалар қуйидаги тартибда кўриб чиқилади:

аризага илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги, зарур имзо, муҳр ва штампларнинг мавжудлиги;

инвестиция даврида амалга оширилиши белгиланган бизнес-режа ва молиявий ҳисоб-китобларнинг мавжудлиги;

янги ишланманинг муассис томонидан яратилгани;

«spin-off» корхонасининг меҳнат жамоаси таркибида муассиснинг педагоглари, ўқувчилари бўлишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги.

16. Ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган ҳужжатлар етарли бўлмаган тақдирда, ташаббускорларга камчиликлар кўрсатилиб, ҳужжатлар қайтарилади. Ташаббускорлар камчиликларни бартараф этиб, бир ойдан сўнг ахборот тизими орқали қайта мурожаат қилиши мумкин.

17. Комиссия аъзолари тақдимот натижаларига кўра техникум ҳузурида «spin-off» корхонасини ташкил этиш ёки рад этиш бўйича овоз беради ҳамда тегишли қарор қабул қилади.

18. Комиссия қарор қабул қилгандан сўнг уч иш кунида техникум ҳузурида «spin-off» корхонасини ташкил этиш ёки рад этиш бўйича тегишли хулосани ариза берувчига Агентликнинг ахборот тизим орқали юборади.

19. Ташаббускор техникум ҳузурида «spin-off» корхонасини ташкил этиш бўйича ижобий хулоса олган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ «spin-off» корхонасини давлат рўйхатидан ўтказади.

Бунда техникумнинг «spin-off» корхонасининг устав фондидаги улуши камида 25 фоизни ташкил этиши лозим.

20. Техникумлар ҳузурида ташкил этилган «spin-off» корхоналари реестри Агентликнинг ахборот тизими орқали юритилади.

21. Техникумлар ҳузурида ташкил этилган «spin-off» корхоналари реестридан фойдаланиш имконияти «Startup Base» стартаплар экотизимининг ягона электрон платформаси орқали таъминланади.

22. «spin-off» корхонаси ўз фаолияти юзасидан Агентликка ҳар чоракда ҳисобот тақдим этиб боради.

23. «spin-off» корхоналарига техникум ўқувчиларининг стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўмгача грант ажратилади.

3-боб. «Spin-off» корхоналарига стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун грант ажратиш тартиби

24. «spin-off» корхоналарига стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан ушбу Низомга 2-иловадаги схема асосида грант ажратилади.

25. «spin-off» корхоналари стартап лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан грант олиш учун Агентликка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

грант олиш учун ариза;

«spin-off» корхоналари стартап лойиҳалари бўйича батафсил тақдимот;

«spin-off» корхонасининг меҳнат жамоаси таркибида камида бир нафар педагог ёки ишлаб чиқариш таълим устаси фаолият кўрсатаётганини тасдиқловчи меҳнат шартномаси;

техникумнинг камида 5 нафар ўқувчиси билан дуал таълим бўйича тузилган шартнома нусхалари;

стартап лойиҳалари доирасидаги лойиҳани амалга оширишнинг батафсил таснифи (лойиҳани амалга ошириш бўйича ташкил этиладиган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналиши ва унга жалб қилинадиган техникум ўқувчилари сони) ёки халқаро лойиҳалар ва дастурлардаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар.

26. «spin-off» корхоналарига стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун Жамғарма маблағларидан грант ажратиш масаласи ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган Комиссия томонидан кўриб чиқилади.

27. Комиссия ташаббускор ҳужжатларини 100 балли тизим асосида баҳолайди.

Бунда:

инновационлик даражаси — 30 балл;

иқтисодий самарадорлик — 25 балл;

бандликка таъсири — 20 балл;

экспорт салоҳияти — 15 балл;

экологик таъсири — 10 баллни ташкил этади.

Минимал ўтиш бали 71 балл этиб белгиланади. 70 балл ва ундан паст балл тўплаган лойиҳа танловдан ўтмаган ҳисобланади.

Тегишли ҳужжатлар Комиссия томонидан ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 кун муддат ичида кўриб чиқилади ва грант ажратиш ёки ажратмаслик бўйича қарор қабул қилинади.

Заруратга кўра, ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати беш кун муддатга чўзилиши мумкин. Бу ҳақида ташаббускорга хабар юборилади.

28. Комиссия қарор қабул қилингандан сўнг уч иш кунида ариза берувчига грант ажратиш ёки ажратмаслик бўйича комиссия қарорини Агентликнинг ахборот тизими орқали юборади.

29. Комиссия томонидан грант ажратиш бўйича ижобий хулоса берилганда, бир ойлик муддатда Агентлик билан техникум ўртасида грант ажратиш шартномаси тузилади.

Шартномада қуйидагилар назарда тутилади:

техникум ўқувчиларининг стартап лойиҳаларини амалга оширишнинг мақсади;

стартап лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари;

стартап лойиҳаларини амалга ошириш орқали эришиладиган натижа;

стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратилган грант миқдори;

маблағ билан таъминлаш муддатлари;

ажратилган грантлардан мақсадли фойдаланганлик юзасидан назорат шакллари;

амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботларни бериш муддатлари ва шакллари.

30. Агентлик Жамғарма маблағлари ҳисобидан тасдиқланган грантни «spin-off» корхонанинг муассиси бўлган техникумнинг шахсий ғазна ҳисобварағига грант ажратиш шартномаси асосида ўтказиб беради.

31. Грант ажратиш шартномасига асосан ажратилган маблағлар техникум ҳисобрақамига келиб тушганидан сўнг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатда техникум томонидан мол-мулк, асбоб-ускуналар, технологиялар, интеллектуал мулк объектлари ҳамда бошқа моддий ва номоддий активлар харид қилинади ҳамда уларни «spin-off» корхонасининг устав капиталига улуш сифатида киритади.

32. Комиссия томонидан грант ажратиш маъқул деб топилган «spin-off» корхонаси шартномани имзолашдан бош тортса ёки грант ажратиш жараёнида ўз фаолиятини тугатган бўлса, тугатиш, қайта ташкил этиш жараёнида бўлса ёхуд қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда банкрот деб эътироф этилган бўлса, ушбу «spin-off» корхонасига грант ажратиш жараёнлари тўхтатилади.

33. «spin-off» корхоналарининг муассиси бўлган техникумларнинг бўш турган бино, иншоотлари ва майдонлари ушбу корхонага 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ижарага берилади.

Бунда енгил конструкцияли, чуқурлаштирилган пойдеворларга ва ерости иншоотларига эга бўлмаган, бузиб олиб кўчириш имконияти мавжуд бўлган объектларни қуришга рухсат берилади.

34. Техникумлар ҳузурида бўш турган бино ва иншоотларида ташкил этилган «spin-off» корхоналари томонидан ишлаб чиқариш жараёнида сарфланадиган табиий газ, сув ва электр энергияси учун тўловлар алоҳида ўрнатиладиган ҳисоблагичларнинг кўрсаткичлари асосида «spin-off» корхонаси ҳисобидан қопланади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

35. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

36. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Техникумлар ҳузурида «spin-off» корхонасини ташкил этиш

Босқичлар Субъ е ктлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич «spin-off» корхонасига улуш киритмоқчи бўлган жисмоний ва юридик шахслар (Ташаббускор) Янги ишланмалари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳалари мавжуд бўлганда, «spin-off» корхонаси ташкил этмоқчи бўлган техникум билан таъсис шартномасини имзолаганидан сўнг Касбий таълим агентлигининг «Касбий таълим жараёнларини бошқариш — EMIS PT» ахборот тизими орқали ариза топширади. Эҳтиёжга кўра 2-босқич Касбий таълимни ривожлантириш жамғармасидан «spin-off» корхонасига грант ажратиш бўйича аризаларни кўриб чиқувчи махсус комиссия (Комиссия) Техникум ҳузурида «spin-off» корхонасини ташкил этиш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилади. 10 кун ичида 3-босқич Комиссия Техникум ҳузурида «spin-off» корхонасини ташкил этиш ёки рад этиш бўйича тегишли хулосани ариза берувчига ахборот тизим орқали юборади. 3 иш куни ичида 4-босқич Ташаббускор Техникум ҳузурида «spin-off» корхонасини ташкил этиш бўйича ижобий хулоса олган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ «spin-off» корхонасини давлат рўйхатидан ўтказади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда

Техникумлар ҳузурида «spin-off» корхоналарини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

«spin-off» корхоналарига стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грант ажратиш

Босқичлар Субъ е ктлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич «spin-off» корхонасига улуш киритмоқчи бўлган жисмоний ва юридик шахслар (Ташаббускор) «spin-off» корхоналари стартап лойиҳаларини амалга ошириш бўйича грант олиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) «Касбий таълим жараёнларини бошқариш — EMIS PT» ахборот тизими орқали ариза топширади. Эҳтиёжга кўра 2-босқич Касбий таълимни ривожлантириш жамғармасидан «spin-off» корхонасига грант ажратиш бўйича аризаларни кўриб чиқувчи махсус комиссия (Комиссия) Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, ташаббускорга грант ажратиш ёки ажратмаслик бўйича қарор қабул қилади. 10 кун ичида 3-босқич Комиссия Ташаббускорга грант ажратиш ёки ажратмаслик бўйича комиссия қарорини Агентликнинг «Касбий таълим жараёнларини бошқариш — EMIS PT» ахборот тизими орқали юборади. 3 иш куни ичида 4-босқич А гентли к, Техникум Агентлик билан техникум ўртасида грант ажратиш шартномаси тузилади. 1 ой ичида 5 -босқич Техникум Ажратилган грантлар ҳисобидан мол-мулк, асбоб-ускуналар, технологиялар, интеллектуал мулк объектлари ҳамда бошқа моддий ва номоддий активларни харид қилади ҳамда уларни «spin-off» корхонасининг устав капиталига улуш сифатида киритади. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2026 йил 29 сентябрь,

524-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.10.2026 й., 09/26/524/0992-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

SXEMASI

SXEMASI

Texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yangi Oʻzbekiston yoshlari — 2030” strategiyasini 2026-2027-yillarda amalga oshirish hamda yoshlar bandligini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2026-yil 20-apreldagi PQ-148-son qarori ijrosini taʼminlash va kasbiy taʼlim tizimida innovatsiyalarni joriy qilish orqali bitiruvchilar bandligini taʼminlash hamda texnikum oʻquvchilarini yanada qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yangi Oʻzbekiston yoshlari — 2030” strategiyasini 2026-2027-yillarda amalga oshirish hamda yoshlar bandligini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2026-yil 20-apreldagi PQ-148-son qaroriga muvofiq:

tijoratlashtirish salohiyati yuqori boʻlgan startap loyihalari asosida yangi mahsulotlar va texnika-texnologiyalarni yaratish uchun davlat texnikumlari huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etishga ruxsat berilishi;

“spin-off” korxonalariga texnikum oʻquvchilarining startap loyihalarini amalga oshirish uchun Kasbiy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan 1 milliard soʻmgacha grant ajratilishi;

2026-yil yakuniga qadar Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida kamida bittadan texnikumda namunali “spin-off” korxonasi ishga tushirilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

tijoratlashtirish salohiyati yuqori boʻlgan startap loyihalari asosida yangi mahsulotlar va texnika-texnologiyalarni yaratish uchun texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish tartibi;

texnikumlarning boʻsh turgan bino va inshootlaridagi maydonlarni “spin-off” korxonalarini tashkil etish uchun 5 yildan ortiq boʻlmagan muddatga ijaraga berish tartibi;

“spin-off” korxonalariga startap loyihalarini amalga oshirish uchun Kasbiy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasidan 1 milliard soʻmgacha grant ajratish tartibi.

3. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik):

a) bir oy muddatda huzurida “spin-off” korxonalari tashkil etiladigan texnikumlar roʻyxatini belgilasin;

b) 2026-yil yakuniga qadar har bir hududda kamida bittadan texnikum huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish choralarini koʻrsin;

v) texnikumlar huzurida tashkil etilgan “spin-off” korxonalarining reyestrini “Kasbiy taʼlim jarayonlarini boshqarish — EMIS PT” axborot tizimi orqali yuritsin.

Bunda “Kasbiy taʼlim jarayonlarini boshqarish — EMIS PT” axborot tizimini takomillashtirish xarajatlari Kasbiy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari:

a) “spin-off” korxonalari uchun doimiy xorijiy investorlarni jalb qilish choralarini koʻrsin;

b) Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bilan birgalikda:

“spin-off” korxonalarida tashkil etilgan ish oʻrinlarini monitoring qilib borsin;

texnikum bitiruvchilarining “spin-off” korxonalari orqali bandligini taʼminlash choralarini koʻrsin.

5. Belgilansinki, huzurida “spin-off” korxonalari tashkil etiladigan texnikumlarda korxonalar ustav fondidagi davlat ulushini 5 yil muddat davomida xususiylashtirish man etiladi hamda undan korxonalarning asosiy faoliyat yoʻnalishidan tashqari boshqa maqsadlarda foydalanishi taqiqlanadi.

6. Agentlik Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi va Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati va ahamiyatini ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin.

7. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 29-sentabrdagi 524-son qaroriga ILOVA

Texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom tijoratlashtirish salohiyati yuqori boʻlgan startap loyihalari asosida yangi mahsulotlar va texnika-texnologiyalarni yaratish hamda ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish jarayonlarini yoʻlga qoʻyish maqsadida davlat texnikumlari (keyingi oʻrinlarda — texnikumlar) huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish tartibini belgilaydi.

Mazkur Nizom qoidalari nodavlat kasbiy taʼlim tashkilotlari uchun tatbiq etilmaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

“spin-off” korxonasi — yangi ishlanmalarga asoslangan startap loyihalari asosida mahsulot va xizmatlar ishlab chiqarish hamda bu jarayonga texnikum oʻquvchilarini jalb qilish maqsadida texnikum huzurida tashkil etiladigan xoʻjalik yurituvchi subyekt shaklidagi yuridik shaxs;

investitsiya davri — “spin-off” korxonasi ustav kapitalidagi davlat ulushi saqlanib turiladigan va 5 yil davomida davlat ulushini xususiylashtirish man etiladigan muddat;

maxsus komissiya — texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish hamda ularga Kasbiy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasidan (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) grant ajratishni koʻrib chiqadigan komissiya;

muassis — “spin-off” korxonasi tashkil etishda ustav kapitaliga ulush kiritgan texnikum hamda jismoniy va yuridik shaxslar;

tashabbuskor — “spin-off” korxonasiga ulush kiritmoqchi boʻlgan texnikum hamda jismoniy va yuridik shaxslar.

3. “spin-off” korxonalari faoliyati qonuniylik, ochiqlik, yangi ishlanmalarni tijoratlashtirishning maqsadliligi, intellektual mulk huquqlarini himoya qilish, resurslardan samarali foydalanish va raqamli tamoyillar asosida amalga oshiriladi.

4. “spin-off” korxonalari texnikumda mavjud kasb va yoʻnalishlardan kelib chiqqan holda tashkil etiladi.

5. Hududning ixtisosligidan kelib chiqib, qaysi texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarining tashkil etilishi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan belgilanadi.

6. “spin-off” korxonalari faoliyati Agentlik tomonidan muvofiqlashtiriladi.

2-bob. “Spin-off” korxonalari faoliyatini yoʻlga qoʻyish tartibi

7. Texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalari ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq tashkil etiladi.

8. Tashabbuskorlarning yangi ishlanmalari, ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish boʻyicha loyihalari mavjud boʻlganda, “spin-off” korxonasi tashkil etmoqchi boʻlgan texnikum bilan kelishuv asosida taʼsis shartnomasini imzolaydi.

9. Tashabbuskor texnikumning oʻzi boʻlgan taqdirda, taʼsis shartnomasi tuzilmaydi.

10. Tashabbuskor texnikum huzurida “spin-off” korxonasi tashkil etish maqsadida Agentlikning “Kasbiy taʼlim jarayonlarini boshqarish — EMIS PT” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) orqali ariza topshiradi.

Bunda arizaga taʼsis hujjatlari, loyihaning biznes-rejasi hamda texnik asos va moliyaviy hisob-kitoblar ilova qilinadi.

11. Agentlik tomonidan texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish va ularga Jamgʻarma mablagʻlaridan grant ajratish boʻyicha maxsus komissiya (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tashkil etiladi.

12. Komissiya tarkibi har yili yanvar oyining 10-sanasiga qadar Agentlik direktori tomonidan bir yil muddatga tasdiqlanadi.

Komissiya tarkibiga tegishli vazirlik va idoralarning masʼul xodimlari hamda xorijiy mutaxassislar jalb qilinishi mumkin. Bunda tegishli vazirlik va idoralarning masʼul xodimlari hamda xorijiy mutaxassislarni jalb qilish bilan bogʻliq xarajatlar Jamgʻarma hisobidan qoplanadi.

Komissiyaning tarkibi kamida 7 nafardan iborat boʻlib, Komissiya yigʻilishi uning aʼzolarining uchdan ikki qismi qatnashganda, vakolatli hisoblanadi.

13. Komissiya tashabbuskorlar tomonidan texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish boʻyicha arizalarni ular kelib tushgan kundan boshlab 10 kun muddat ichida koʻrib chiqadi.

Bunda tashabbuskor ochiq muhokama tarzida oʻtkaziladigan Komissiya yigʻilishlarida oʻz taqdimoti bilan ishtirok etadi.

Zaruratga koʻra loyihani koʻrib chiqish muddati besh kun muddatga choʻzilishi mumkin. Bu haqida tashabbuskorga xabar yuboriladi.

14. Komissiya texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish boʻyicha quyidagi mezonlardan kelib chiqib, arizalarni koʻrib chiqadi:

moliyaviy va iqtisodiy samaradorlik hamda innovatsionlik darajasi;

dual taʼlimning joriy etilishi va ushbu jarayonga oʻquvchilarning jalb qilinishi;

ishlab chiqarilgan mahsulotlarni sotish orqali qoʻshimcha mablagʻ topish imkoniyati;

mehnat bozori va ish beruvchilar talabi hamda bitiruvchilar bandligini taʼminlash imkoniyati.

15. Komissiya tomonidan arizalar quyidagi tartibda koʻrib chiqiladi:

arizaga ilova qilingan hujjatlarning toʻliqligi va toʻgʻriligi, zarur imzo, muhr va shtamplarning mavjudligi;

investitsiya davrida amalga oshirilishi belgilangan biznes-reja va moliyaviy hisob-kitoblarning mavjudligi;

yangi ishlanmaning muassis tomonidan yaratilgani;

“spin-off” korxonasining mehnat jamoasi tarkibida muassisning pedagoglari, oʻquvchilari boʻlishini tasdiqlovchi hujjatlar mavjudligi.

16. Ushbu Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan hujjatlar yetarli boʻlmagan taqdirda, tashabbuskorlarga kamchiliklar koʻrsatilib, hujjatlar qaytariladi. Tashabbuskorlar kamchiliklarni bartaraf etib, bir oydan soʻng axborot tizimi orqali qayta murojaat qilishi mumkin.

17. Komissiya aʼzolari taqdimot natijalariga koʻra texnikum huzurida “spin-off” korxonasini tashkil etish yoki rad etish boʻyicha ovoz beradi hamda tegishli qaror qabul qiladi.

18. Komissiya qaror qabul qilgandan soʻng uch ish kunida texnikum huzurida “spin-off” korxonasini tashkil etish yoki rad etish boʻyicha tegishli xulosani ariza beruvchiga Agentlikning axborot tizim orqali yuboradi.

19. Tashabbuskor texnikum huzurida “spin-off” korxonasini tashkil etish boʻyicha ijobiy xulosa olgan taqdirda, qonunchilik hujjatlariga muvofiq “spin-off” korxonasini davlat roʻyxatidan oʻtkazadi.

Bunda texnikumning “spin-off” korxonasining ustav fondidagi ulushi kamida 25 foizni tashkil etishi lozim.

20. Texnikumlar huzurida tashkil etilgan “spin-off” korxonalari reyestri Agentlikning axborot tizimi orqali yuritiladi.

21. Texnikumlar huzurida tashkil etilgan “spin-off” korxonalari reyestridan foydalanish imkoniyati “Startup Base” startaplar ekotizimining yagona elektron platformasi orqali taʼminlanadi.

22. “spin-off” korxonasi oʻz faoliyati yuzasidan Agentlikka har chorakda hisobot taqdim etib boradi.

23. “spin-off” korxonalariga texnikum oʻquvchilarining startap loyihalarini amalga oshirish uchun Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan 1 milliard soʻmgacha grant ajratiladi.

3-bob. “Spin-off” korxonalariga startap loyihalarini amalga oshirish uchun grant ajratish tartibi

24. “spin-off” korxonalariga startap loyihalarini amalga oshirish uchun Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan ushbu Nizomga 2-ilovadagi sxema asosida grant ajratiladi.

25. “spin-off” korxonalari startap loyihalarini amalga oshirish yuzasidan grant olish uchun Agentlikka quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

grant olish uchun ariza;

“spin-off” korxonalari startap loyihalari boʻyicha batafsil taqdimot;

“spin-off” korxonasining mehnat jamoasi tarkibida kamida bir nafar pedagog yoki ishlab chiqarish taʼlim ustasi faoliyat koʻrsatayotganini tasdiqlovchi mehnat shartnomasi;

texnikumning kamida 5 nafar oʻquvchisi bilan dual taʼlim boʻyicha tuzilgan shartnoma nusxalari;

startap loyihalari doirasidagi loyihani amalga oshirishning batafsil tasnifi (loyihani amalga oshirish boʻyicha tashkil etiladigan ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish yoʻnalishi va unga jalb qilinadigan texnikum oʻquvchilari soni) yoki xalqaro loyihalar va dasturlardagi ishtiroki toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

26. “spin-off” korxonalariga startap loyihalarini amalga oshirish uchun Jamgʻarma mablagʻlaridan grant ajratish masalasi ushbu Nizomning 11-bandida belgilangan Komissiya tomonidan koʻrib chiqiladi.

27. Komissiya tashabbuskor hujjatlarini 100 balli tizim asosida baholaydi.

Bunda:

innovatsionlik darajasi — 30 ball;

iqtisodiy samaradorlik — 25 ball;

bandlikka taʼsiri — 20 ball;

eksport salohiyati — 15 ball;

ekologik taʼsiri — 10 ballni tashkil etadi.

Minimal oʻtish bali 71 ball etib belgilanadi. 70 ball va undan past ball toʻplagan loyiha tanlovdan oʻtmagan hisoblanadi.

Tegishli hujjatlar Komissiya tomonidan ariza kelib tushgan kundan boshlab 10 kun muddat ichida koʻrib chiqiladi va grant ajratish yoki ajratmaslik boʻyicha qaror qabul qilinadi.

Zaruratga koʻra, hujjatlarni koʻrib chiqish muddati besh kun muddatga choʻzilishi mumkin. Bu haqida tashabbuskorga xabar yuboriladi.

28. Komissiya qaror qabul qilingandan soʻng uch ish kunida ariza beruvchiga grant ajratish yoki ajratmaslik boʻyicha komissiya qarorini Agentlikning axborot tizimi orqali yuboradi.

29. Komissiya tomonidan grant ajratish boʻyicha ijobiy xulosa berilganda, bir oylik muddatda Agentlik bilan texnikum oʻrtasida grant ajratish shartnomasi tuziladi.

Shartnomada quyidagilar nazarda tutiladi:

texnikum oʻquvchilarining startap loyihalarini amalga oshirishning maqsadi;

startap loyihalarini amalga oshirish muddatlari;

startap loyihalarini amalga oshirish orqali erishiladigan natija;

startap loyihalarini amalga oshirish uchun ajratilgan grant miqdori;

mablagʻ bilan taʼminlash muddatlari;

ajratilgan grantlardan maqsadli foydalanganlik yuzasidan nazorat shakllari;

amalga oshirilgan ishlar boʻyicha hisobotlarni berish muddatlari va shakllari.

30. Agentlik Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan tasdiqlangan grantni “spin-off” korxonaning muassisi boʻlgan texnikumning shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga grant ajratish shartnomasi asosida oʻtkazib beradi.

31. Grant ajratish shartnomasiga asosan ajratilgan mablagʻlar texnikum hisobraqamiga kelib tushganidan soʻng qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatda texnikum tomonidan mol-mulk, asbob-uskunalar, texnologiyalar, intellektual mulk obyektlari hamda boshqa moddiy va nomoddiy aktivlar xarid qilinadi hamda ularni “spin-off” korxonasining ustav kapitaliga ulush sifatida kiritadi.

32. Komissiya tomonidan grant ajratish maʼqul deb topilgan “spin-off” korxonasi shartnomani imzolashdan bosh tortsa yoki grant ajratish jarayonida oʻz faoliyatini tugatgan boʻlsa, tugatish, qayta tashkil etish jarayonida boʻlsa yoxud qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bankrot deb eʼtirof etilgan boʻlsa, ushbu “spin-off” korxonasiga grant ajratish jarayonlari toʻxtatiladi.

33. “spin-off” korxonalarining muassisi boʻlgan texnikumlarning boʻsh turgan bino, inshootlari va maydonlari ushbu korxonaga 5 yildan ortiq boʻlmagan muddatga tekin foydalanish huquqi asosida ijaraga beriladi.

Bunda yengil konstruksiyali, chuqurlashtirilgan poydevorlarga va yerosti inshootlariga ega boʻlmagan, buzib olib koʻchirish imkoniyati mavjud boʻlgan obyektlarni qurishga ruxsat beriladi.

34. Texnikumlar huzurida boʻsh turgan bino va inshootlarida tashkil etilgan “spin-off” korxonalari tomonidan ishlab chiqarish jarayonida sarflanadigan tabiiy gaz, suv va elektr energiyasi uchun toʻlovlar alohida oʻrnatiladigan hisoblagichlarning koʻrsatkichlari asosida “spin-off” korxonasi hisobidan qoplanadi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

35. Mazkur Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

36. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Texnikumlar huzurida “spin-off” korxonasini tashkil etish

Bosqichlar Subʼ e ktlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich “spin-off” korxonasiga ulush kiritmoqchi boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslar (Tashabbuskor) Yangi ishlanmalari, ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish boʻyicha loyihalari mavjud boʻlganda, “spin-off” korxonasi tashkil etmoqchi boʻlgan texnikum bilan taʼsis shartnomasini imzolaganidan soʻng Kasbiy taʼlim agentligining “Kasbiy taʼlim jarayonlarini boshqarish — EMIS PT” axborot tizimi orqali ariza topshiradi. Ehtiyojga koʻra 2-bosqich Kasbiy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasidan “spin-off” korxonasiga grant ajratish boʻyicha arizalarni koʻrib chiquvchi maxsus komissiya (Komissiya) Texnikum huzurida “spin-off” korxonasini tashkil etish yoki rad etish boʻyicha qaror qabul qiladi. 10 kun ichida 3-bosqich Komissiya Texnikum huzurida “spin-off” korxonasini tashkil etish yoki rad etish boʻyicha tegishli xulosani ariza beruvchiga axborot tizim orqali yuboradi. 3 ish kuni ichida 4-bosqich Tashabbuskor Texnikum huzurida “spin-off” korxonasini tashkil etish boʻyicha ijobiy xulosa olgan taqdirda, qonunchilik hujjatlariga muvofiq “spin-off” korxonasini davlat roʻyxatidan oʻtkazadi. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda

Texnikumlar huzurida “spin-off” korxonalarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

“spin-off” korxonalariga startap loyihalarini amalga oshirish uchun Kasbiy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan grant ajratish

Bosqichlar Subʼ e ktlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich “spin-off” korxonasiga ulush kiritmoqchi boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslar (Tashabbuskor) “spin-off” korxonalari startap loyihalarini amalga oshirish boʻyicha grant olish uchun Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Kasbiy taʼlim agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) “Kasbiy taʼlim jarayonlarini boshqarish — EMIS PT” axborot tizimi orqali ariza topshiradi. Ehtiyojga koʻra 2-bosqich Kasbiy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasidan “spin-off” korxonasiga grant ajratish boʻyicha arizalarni koʻrib chiquvchi maxsus komissiya (Komissiya) Ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqib, tashabbuskorga grant ajratish yoki ajratmaslik boʻyicha qaror qabul qiladi. 10 kun ichida 3-bosqich Komissiya Tashabbuskorga grant ajratish yoki ajratmaslik boʻyicha komissiya qarorini Agentlikning “Kasbiy taʼlim jarayonlarini boshqarish — EMIS PT” axborot tizimi orqali yuboradi. 3 ish kuni ichida 4-bosqich A gentli k, Texnikum Agentlik bilan texnikum oʻrtasida grant ajratish shartnomasi tuziladi. 1 oy ichida 5 -bosqich Texnikum Ajratilgan grantlar hisobidan mol-mulk, asbob-uskunalar, texnologiyalar, intellektual mulk obyektlari hamda boshqa moddiy va nomoddiy aktivlarni xarid qiladi hamda ularni “spin-off” korxonasining ustav kapitaliga ulush sifatida kiritadi. Qonunchilik hujjatlariga muvofiq

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2026-yil 29-sentabr,

524-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 02.10.2026-y., 09/26/524/0992-son)

lex.uz