📅 2026-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2026 йил 30 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 сентября 2026 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 September 2026 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚОИДАЛАРИ
Электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори тамойилларига ўтиш даврининг биринчи босқичи — «Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар» босқичи учун бозор қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуни талаблари бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори тамойилларига ўтиш даврининг биринчи босқичи — «Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар» босқичи учун бозор қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин:
электр энергияси ва (ёки) қувватни харид қилиш ҳамда сотиш муносабатларини тартибга солиш;
электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш хизматларини кўрсатиш тизимини ташкил этиш;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаган ҳолда, электр энергиясини етказиб бериш жараёнида фаолият юритувчи улгуржи ва чакана бозор иштирокчилари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг аниқ тамойиллари ва қоидаларини белгилаш.
2. Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ушбу қарор билан тасдиқланаётган Қоидалар 2027 йилнинг 1 январидан эътиборан кучга киради.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 сентябрдаги 527-сон қарорига ИЛОВА
Электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори тамойилларига ўтиш даврининг биринчи босқичи — «Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар» босқичи учун бозор
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 сентябрдаги ПФ-166-сон Фармони билан тасдиқланган 2023 — 2030 йилларга мўлжалланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясига мувофиқ электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори тамойилларига ўтиш даврининг биринчи босқичида (кейинги ўринларда — икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар босқичи) бозор иштирокчиларининг ўзаро муносабатларини тартибга солади.
2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
бозор иштирокчиси — электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозорида (кейинги ўринларда — электр энергияси бозори) электр энергияси ёки хизматларни сотиш ва (ёки) сотиб олиш билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек, тегишли тизим оператори;
бозор оператори — бозорни шакллантириш ҳамда унинг хавфсиз ва самарали ишлаши учун бозор иштирокчилари номидан электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олишни ташкил этиш учун масъул бўлган юридик шахс;
график — электр энергиясини етказиб бериш даври учун тегишли кўрсаткичларнинг (электр энергиясини ишлаб чиқариш, сақлаш, узатиш, тақсимлаш, истеъмол қилиш ҳажмлари, мавжуд қувват, экспорт, импорт ва бошқа) 24 соатлик қийматлари тўплами (прогноз, режалаштирилган, ҳақиқий ва бошқа);
давлат электр станциялари — давлат улуши (капитали) 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ишлаб чиқарувчиларининг электр станциялари;
диспетчерлаш модули — ягона электр энергетикаси тизимига уланган ва тизим оператори томонидан диспетчерлик режалаштируви ва оператив-диспетчерлик бошқарувида алоҳида ҳисобга олинадиган, қуввати 5 MW ёки ундан ортиқ бўлган электр энергиясини ишлаб чиқариш ёки сақлаш модули;
диспетчерлик журнали — бозор иштирокчиларининг иш жадвалларидаги операцион ўзгаришларни ва диспетчерлаш модули юкламасини (ишчи кўрсаткичларини) ўзгартириш бўйича тизим оператори диспетчерининг кўрсатмаларини (фармойиш, топшириқ, рухсат) рўйхатга олиш учун мўлжалланган тизим операторининг ахборот тизими;
йирик истеъмолчи — 6кВ ва ундан юқори кучланишли тармоқларга уланган ҳамда йиллик электр энергияси истеъмоли 10 млн кВт соат ва ундан ортиқ бўлган, электр энергиясини Марказий харид қилувчи ёки улгуржи бозорда ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган истеъмолчи (бюджет ташкилотлари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, давлат бюджетидан молиялаштирилувчи сув таъминоти ва сув насос станциялари, фермер хўжаликлари ҳамда мобил алоқа операторлари бундан мустасно);
микро ва кичик электр станция — ягона электр энергетикаси тизимига уланган нуқтада ўрнатилган қуввати 5 МWгача бўлган электр станцияси;
мавжуд қувват — диспетчерлаш модулининг муайян вақтда техник ва технологик чекловларни ҳисобга олган ҳолда уланиш нуқтасида электр энергиясини максимал узатиши ва (ёки) истеъмол қилиши мумкин бўлган қуввати;
марказий харид қилувчи — («Ўзэнергосотиш» АЖ) — электр энергиясини марказлашган тарзда сотиш ва сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган, устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши юз фоиз бўлган акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган электр энергетикаси корхонаси;
мустақил ишлаб чиқарувчи — электр энергиясини узоқ муддатли кафолатланган сотиб олиш тўғрисидаги битимни имзоламаган, лицензия асосида фаолият юритадиган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи хусусий корхона;
тайинланган таъминотчи — таъминотчини танлаш имкониятига эга бўлмаган истеъмолчиларга кафолатланган тарзда ёки ваколатли истеъмолчининг мурожаатига кўра электр энергиясини етказиб бериш (сотиш) билан шуғулланадиган корхона;
тақсимлаш тизими оператори — Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда — Регулятор) томонидан бериладиган лицензия асосида муайян ҳудудда электр энергиясини тақсимлаш фаолиятини юритиш, бунда тақсимлаш тизимини эксплуатация қилиш, унга хизмат кўрсатиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган электр энергетикаси корхонаси;
тартибга солинадиган тариф — қонунчиликка мувофиқ ваколатли орган томонидан белгиланган (тасдиқланган) тариф ва тўловлар;
тижорат ҳисобга олиш — электр энергиясининг ҳажмини ўзаро ҳисоб-китоб қилиш ва бозор операцияларини амалга ошириш мақсадида ҳамда электр энергиясини етказиб берувчи ва қабул қилувчи томонлар ўртасидаги тўловларга асос бўладиган мансублик чегарасида ҳисобга олиш;
тижорат ҳисобга олиш нуқтаси — кўрсаткичлари бозор иштирокчилари томонидан электр энергиясини етказиб бериш, сақлаш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш ҳажми аниқланадиган мансублик чегараси;
электр энергиясини етказиб бериш даври (кун) — ягона электр энергетикаси тизими режимини режалаштирган ҳолда бозор иштирокчилари томонидан электр энергиясини харид қилиш ёки сотиш даври (кун);
электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимни имзолаган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи — марказий харид қилувчи томонидан электр энергияси кафолатланган тарзда узоқ муддатли сотиб олиниши кўзда тутилган электр энергиясини сотиб олиш битимларини имзолаган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи юридик шахс;
ҳисобот даври — электр энергияси бозорида ҳисобот маълумотлари (сотиб олиш ва (ёки) сотиш ҳажмлари, нархлар, тўловлар) шакллантириладиган давр (календарь ой);
«CAS» ва «Billing» тизимлари — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (CAS-тизими) ҳамда якуний истеъмолчилар билан етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш тизими (Billing-тизими).
2-боб. Электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори тузилмаси
3. Электр энергиясининг улгуржи бозорида қуйидаги иштирокчилар фаолият юритади:
марказий харид қилувчи;
давлат электр станциялари;
электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимни имзолаган электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар;
мустақил ишлаб чиқарувчилар;
электр энергиясини сақлаш тизимлари операторлари;
узатиш тизими оператори;
тақсимлаш тизими операторлари;
тайинланган таъминотчи;
йирик истеъмолчилар.
4. Электр энергиясининг чакана бозорида қуйидаги иштирокчилар фаолият юритади:
тайинланган таъминотчи;
микро ва кичик электр станциялар;
тақсимлаш тизимлари операторлари;
истеъмолчилар.
5. Ягона электр энергетикаси тизими режими тизим оператори томонидан узлуксиз равишда, реал вақт давомида бошқарилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:
ягона электр энергетикаси тизими режимининг белгиланган режадан оғиши, хусусан, истеъмол, электр станцияларнинг юкланиши ва тармоқдаги тартибни назорат қилиб бориш;
ягона электр энергетикаси тизимида электр энергиясининг ялпи истеъмоли ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бўйича прогноз графигини шакллантириш;
электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва электр энергиясини сақлаш тизими операторларидан уларнинг мавжуд қувватларининг янгиланган графикларини юритиш;
электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва электр энергиясини сақлаш тизими операторларига тезкор кўрсатмалар бериш орқали электр станцияларининг режалаштирган юкламасини ўзгартириб бориш;
диспетчерлик журналини юритиш;
электр энергияси ва мавжуд қувватнинг ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилиш бўйича якуний иқтисодий ва техник жиҳатдан энг мақбул графикларни шакллантириш ҳамда уларни бозор иштирокчиларига (истеъмолчилар бундан мустасно) ўз вақтида етказиб бориш.
6. Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар босқичида электр энергияси савдоси операцияларини амалга оширувчи бозор операторининг вазифалари марказий харид қилувчига юкланади ҳамда савдо операциялари «CAS» ва «Billing» тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
3-боб. Электр энергиясининг улгуржи бозори
7. Электр энергиясининг улгуржи бозорида:
а) давлат электр станциялари:
электр энергиясини марказий харид қилувчига тартибга солинадиган тарифлар ва намунавий шартнома асосида сотади;
ўз эҳтиёжлари учун (тақсимлаш тизимига уланган объектлар бундан мустасно) электр энергиясини марказий харид қилувчидан тартибга солинадиган тариф асосида сотиб олади;
б) электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимни имзолаган ишлаб чиқарувчилар:
электр энергияси (мавжуд қувват) ва хизматларни марказий харид қилувчига битимда белгиланган шартлар асосида сотади;
ўз эҳтиёжларини (тақсимлаш тизимига уланган объектлари бундан мустасно) электр энергиясини марказий харид қилувчидан тартибга солинадиган тариф асосида сотиб олади;
в) мустақил ишлаб чиқарувчилар:
йирик истеъмолчига электр энергиясини ўзаро келишилган нархда икки томонлама шартнома асосида сотади. Бунда электр энергиясини узатиш ва (ёки) тақсимлаш хизматидан фойдаланганлик учун тўлов шартнома шартларига мувофиқ ишлаб чиқарувчи ёки йирик истеъмолчи томонидан тўланади;
икки томонлама шартномалар асосида сотилмаган электр энергияси ҳажмини марказий харид қилувчига тартибга солинадиган тарифлар асосида сотади;
г) электр энергиясини сақлаш тизими операторлари:
марказий харид қилувчига электр энергиясини сақлаш хизматини кўрсатиш битимида белгиланган шартлар асосида электр энергиясини сақлаш хизматини кўрсатади;
электр энергиясини қабул қилиш, сақлаш, қайтариш, қувватланиш даражаси ва мавжуд қувват бўйича оператив-диспетчерлик бошқарувини тизим операторининг кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширади;
ўз эҳтиёжлари учун (тақсимлаш тизимига уланган объектлари бундан мустасно) ҳамда электр энергиясини сақлаш хизматини кўрсатиш битимида электр энергиясини сақлаш хизматини кўрсатишда сарфланиши лозим бўлган электр энергияси истеъмолидан ортган қисмини марказий харид қилувчидан тартибга солинадиган тариф асосида сотиб олади;
д) узатиш тизими оператори:
марказий харид қилувчига, икки томонлама шартномалар асосида савдо қилувчи томонлардан бирига электр энергиясини узатиш хизматини тартибга солинадиган тариф асосида кўрсатади;
хорижий мамлакатларнинг ваколатли компанияларига транзит хизматини кўрсатади ҳамда хизмат харажатлари узатиш тизими операторининг мазкур компанияларга узатиш хизматини кўрсатиш учун тарифи шаклланишида инобатга олинади;
узатиш тизимида юзага келадиган технологик сарфни қоплаш учун электр энергиясини марказий харид қилувчидан тартибга солинадиган тариф асосида сотиб олади;
узатиш тизимидаги қўшимча хизматлар, шу жумладан, частота (актив қувват) ёки кучланишни (реактив қувватни) ростлаш хизматини қўшимча хизмат кўрсатувчилардан (синхрон компенсатор режимида ишловчи генерацияловчи модуллар ва қўшимча хизматларни кўрсатувчи электр станциялари ҳамда қўшни давлатларнинг тегишли операторларидан) тартибга солинадиган тарифлар ва (ёки) ўзаро келишувлар (битимлар) асосида харид қилади ҳамда ушбу хизматларни сотиб олиш харажатлари узатиш тизими операторининг узатиш хизматини кўрсатиш учун тарифи шаклланишида инобатга олинади.
Қўшимча хизматлар кўрсатиш бўйича битимлар ҳажмлари ва ҳисобот даври якунида кўрсатилган қўшимча хизматлар бўйича тегишли далолатномалар тизим оператори томонидан тасдиқланади.
Узатиш тизими орқали узатилган электр энергияси ҳажми узатиш тизимининг кириш ва чиқиш нуқталаридаги тижорат ҳисобга олиш маълумотлари асосида электр энергиясини ҳисобга олиш тартибига мувофиқ аниқланади ва узатилган электр энергиясининг ҳисоби узатиш тизими оператори томонидан юритилади.
Узатиш хизматини кўрсатиш давомида юзага келадиган технологик сарф ҳажми узатиш тизимига кириш ва чиқиш ҳажмлари ўртасидаги умумий фарқ асосида, электр энергиясини ҳисобга олиш тартиби ҳамда технологик сарфни ҳисоблаш методикасига мувофиқ аниқланади;
е) тақсимлаш тизими операторлари тақсимлаш тармоқларидаги йўқотишларни қоплаш учун марказий харид қилувчидан тартибга солинадиган тарифлар асосида электр энергиясини харид қилади;
ж) тайинланган таъминотчи якуний истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида марказий харид қилувчидан тартибга солинадиган тарифлар асосида электр энергиясини харид қилади;
з) йирик истеъмолчилар:
электр энергиясини марказий харид қилувчидан тартибга солинадиган тариф асосида сотиб олади;
мустақил ишлаб чиқарувчилардан икки томонлама шартномалар асосида электр энергиясини ўзаро келишилган шартлар асосида сотиб олади;
ўз эҳтиёжларини қоплаш учун ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ягона электр энергетикаси тизимига узатилган ҳажми тартибга солинадиган тариф асосида марказий харид қилувчи томонидан сотиб олинади.
Бунда ягона электр энергетикаси тизимидан олинган ва ўз эҳтиёжидан орттириб тармоққа узатилган электр энергияси учун электрон ҳисоб-фактура ва солиштирма далолатнома тақдим этиш орқали ягона энергетика тизимига узатилган ва узатиш тизимидан қабул қилинган электр энергияси ҳажмлари учун тартибга солинадиган тариф асосида алоҳида ҳисоб-китоблар амалга оширилади.
4-боб. Электр энергиясининг чакана бозори
8. Электр энергиясининг чакана бозорида:
а) тайинланган таъминотчи:
марказий харид қилувчидан электр энергиясини тартибга солинадиган тариф асосида сотиб олади;
микро ва кичик электр станциялардан электр энергиясини тартибга солинадиган тариф ва (ёки) микро ва кичик гидроэлектр станциялардан аукцион орқали аниқланган нархлар асосида сотиб олади;
барча истеъмолчиларга (йирик истеъмолчилар бундан мустасно), электр станцияси, сақлаш тизимларнинг тақсимлаш тизимига уланган объектларга (ўз эҳтиёжини қоплаш учун) электр энергиясини тартибга солинадиган тариф асосида сотади;
тақсимлаш тизими операторлари билан тақсимлаш хизматини кўрсатиш бўйича шартнома тузади ва ушбу хизмат учун тартибга солинадиган тарифларда ҳақ тўлайди;
б) микро ва кичик электр станциялар:
ишлаб чиқарилган электр энергиясини тайинланган таъминотчига тартибга солинадиган тариф ва (ёки) микро ва кичик гидроэлектр станциялардан аукцион орқали аниқланган нархлар асосида сотади;
ўз ҳудудидаги (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида) тақсимлаш тизими операторининг тармоқларига уланган истеъмолчиларга (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) икки томонлама шартномалар асосида ўзаро келишилган нархларда электр энергиясини сотиши мумкин;
в) тақсимлаш тизими операторлари:
марказий харид қилувчидан фаолият юритадиган ҳудуддаги тақсимлаш тизимининг технологик сарфи ҳажмида электр энергиясини тартибга солинадиган тариф асосида сотиб олади;
тайинланган таъминотчига, чакана бозордаги икки томонлама шартномалар томонларининг бирига ҳамда марказий харид қилувчига электр энергиясини тақсимлаш хизматини тартибга солинадиган тариф асосида кўрсатади;
г) истеъмолчилар (йирик истеъмолчилар бундан мустасно):
тайинланган таъминотчидан электр энергиясини сотиб олади;
ўз эҳтиёжларини қоплаш учун ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ягона электр энергетикаси тизимига узатилган ҳажмини тартибга солинадиган тариф асосида тайинланган таъминотчига сотади.
9. Тақсимлаш тизими операторининг объектлари ва (ёки) унинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши хусусий секторга ишончли бошқарувга берилиши мумкин.
Бунда тақсимлаш хизмати учун молиявий ҳисоб-китоблар тақсимлаш хизматини кўрсатиш шартномалари шартларига мувофиқ амалга оширилади.
5-боб. Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар
10. Икки томонлама шартномалар улгуржи бозорда мустақил ишлаб чиқарувчилар ва йирик истеъмолчилар ўртасида, чакана бозорида микро ва кичик электр станциялар ва истеъмолчилар (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) ўртасида эркин (ўзаро келишилган) шартлар асосида электр энергиясининг ҳар соатлик тижорат ҳисоб-китобини амалга ошириш бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ томонларнинг ўзаро келишган муддатига тузилади.
Икки томонлама шартномалар бўйича ҳажмлар ҳар бир соат кесимида ҳар йил учун режалаштирилади ва ҳисоб-китоб қилинади.
Икки томонлама шартномаларнинг амал қилиш муддати бир йилдан ошмайди.
Шартнома шартлари тизим операторининг диспетчерлаш, тармоқ операторларининг тармоққа уланиш ва тармоқдан фойдаланиш талабларига зид бўлиши мумкин эмас.
11. Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар босқичида икки томонлама шартномалар орқали сотилмаган ёки харид қилинмаган электр энергияси ҳажмларини сотиб олиш ва (ёки) сотиш бўйича:
мустақил ишлаб чиқарувчилар ва йирик истеъмолчилар марказий харид қилувчи билан;
микро ва кичик электр станциялар ҳамда истеъмолчилар (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) тайинланган таъминотчи билан белгиланган тартибда тасдиқланган тариф асосида шартномалар тузади.
Бунда икки томонлама шартномалар орқали сотилмаган ёки харид қилинмаган электр энергияси ҳажмлари белгиланган тартибда тасдиқланган тариф асосида тегишлилигича марказий харид қилувчи ёки тайинланган таъминотчи томонидан сотиб олинади.
12. Икки томонлама шартномалар асосида электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш эркин (ўзаро келишилган шартлар) нархлар асосида амалга оширилади.
13. Мустақил ҳамда микро ва кичик электр станцияларга эга электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар электр энергиясини сотиш бўйича турли икки томонлама шартномалар, шу жумладан, ўзининг ҳар бир электр станцияси бўйича турли харид қилувчилар билан электр энергиясини сотиш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.
Бунда ушбу шартномалар асосида сотиладиган электр энергиясининг умумий ҳажми тегишли электр станцияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг ҳақиқий ҳажмидан ошмайди.
14. Йирик истеъмолчи бир нечта мустақил ишлаб чиқарувчилар, истеъмолчилар (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) бир нечта кичик ва микро электр станциялар билан электр энергиясини сотиб олиш бўйича икки томонлама шартномаларни тузиш ҳуқуқига эга.
Бунда йирик истеъмолчининг барча икки томонлама шартномалари бўйича умумий электр энергиясини сотиб олиш ҳажми у томондан истеъмол қилинадиган электр энергиясининг умумий ҳажмидан ошмайди.
15. Икки томонлама шартномаларда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
тарафларнинг номи, лицензияси, бозор иштирокчисининг рўйхатдан ўтган идентификация коди, шартнома рақами ва тузилган санаси;
шартноманинг амал қилиш муддати;
электр энергиясининг ҳажми, сотиш нархи ва (ёки) уни аниқлаш формуласи, шартнома қиймати;
электр энергияси учун ҳисоб-китоб шартлари, қолдиқ ҳажм, режадан оғиш ва диспетчерлик кўрсатмаси натижасидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш тартиби;
шартномани тўхтатиш ва (ёки) бекор қилиш шартлари, жумладан, томонларнинг шартнома шартларини бажармасликка олиб келган сабаблар;
томонларнинг шартномани рўйхатдан ўтказиш ва бозор операторига электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш режа-графикларини тақдим этиш мажбуриятлари;
узатиш ва тақсимлаш, диспетчерлаш хизматлари ҳамда бошқа хизматлар учун тўловларнинг тарафлар ўртасида тақсимланиши;
Икки томонлама шартнома доирасида томонлардан бирига тааллуқли айбли ҳаракат ёки ҳаракатсизлик натижасида вужудга келган камчиликлар оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланади.
16. Бозор оператори икки томонлама шартномани рўйхатдан ўтказади ва бу ҳақида узатиш ёки тақсимлаш тизими операторини ҳамда тизим операторини хабардор қилади.
Икки томонлама шартнома рўйхатга олинган вақтдан бошлаб кучга киради.
17. Бозор оператори икки томонлама шартномалар асосида электр энергиясини ҳар бир соат учун сотиб олиш ва (ёки) сотиш режа-графикларини қуйидаги шартларга мувофиқлигини текширади:
икки томонлама шартнома бўйича электр энергиясининг сотиладиган ҳажми ушбу шартнома бўйича истеъмолчи томонидан режалаштирилган электр энергиясини сотиб олиш ҳажмига мувофиқлигини;
харид қилувчининг икки томонлама шартномаси бўйича сотиб оладиган электр энергиясининг режалаштирилган ҳажми унинг режалаштирилган истеъмолидан ошмаслигини.
18. Мазкур Қоидаларнинг 17-бандидаги шартлар бузилган тақдирда, электр энергиясини етказиб бериш кунидан олдинги куннинг соат 10:00 га қадар бозор оператори икки томонлама шартнома томонларини тузатилган маълумотларни тақдим этиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.
19. Мазкур Қоидаларнинг 17-бандидаги шартлар бузилганлиги тўғрисида бозор операторидан билдиришнома олган икки томонлама шартнома томонлари зарур бўлса, шартноманинг иккинчи томони билан музокаралар олиб бориши ва бозор операторига тўғриланган маълумотларни электр энергиясини етказиб бериш кунидан олдинги куннинг соат 11:00 га қадар тақдим этиши шарт.
20. Агар икки томонлама шартноманинг тегишли томони мазкур Қоидаларнинг 19-бандида кўрсатилган муддатда тўғриланган маълумотларни бозор операторига тақдим этмаса ёки тақдим этилган маълумотлар мазкур Қоидаларнинг 17-бандидаги шартларга жавоб бермаса, бозор оператори қуйидаги тартибга асосан кетма-кетликда икки томонлама шартномаларнинг соатлик ҳажмларини қайта мувофиқлаштиради:
мазкур Қоидалар 17-бандининг иккинчи хатбошисидаги шартлар бузилган тақдирда, икки томонлама шартнома бўйича электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотишнинг режалаштирилган ҳажми сифатида электр энергиясини ишлаб чиқарувчи томонидан электр энергиясини сотиш ва йирик истеъмолчи томонидан электр энергиясини сотиб олишнинг режалаштирилган ҳажмларидан энг кичиги олинади;
мазкур Қоидалар 17-бандининг учинчи хатбошисидаги шартлар бузилган тақдирда, электр станциясининг ҳар бир икки томонлама шартнома бўйича электр энергиясини сотиш ҳажми станциянинг режалаштирилган етказиб бериш ҳажмининг барча шартномалар бўйича сотиш ҳажмлари йиғиндисига нисбатан мутаносиб равишда камайтирилади;
мазкур Қоидалар 17-бандининг тўртинчи хатбошисидаги шартлар бузилган тақдирда, йирик истеъмолчининг ҳар бир икки томонлама шартнома бўйича электр энергиясини харид қилиш ҳажми йирик истеъмолчининг режалаштирилган истеъмол ҳажмининг барча икки томонлама шартномалар бўйича электр энергияси харид ҳажмлари йиғиндисига нисбати асосида мутаносиб равишда камайтирилади.
21. Мазкур Қоидаларнинг 17-бандига мувофиқ тузилган икки томонлама шартномалар асосида электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш ҳажмларининг режа-жадваллари ва мазкур Қоидаларнинг 20-бандига мувофиқ бозор оператори томонидан тузатилган жадваллар (икки томонлама шартномалар асосида электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олишнинг маъқулланган жадваллари билан биргаликда) бозор оператори томонидан ушбу шартномалар тарафларига электр энергиясини етказиб бериш кунидан олдинги куннинг соат 12:00 га қадар етказилади.
22. Икки томонлама шартнома томонлари ўртасидаги молиявий ҳисоб-китоблар икки томонлама шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади.
23. Бозор оператори электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва йирик истеъмолчи ўртасидаги маъқулланган электр энергияси савдосининг ҳақиқий ҳажмини қуйидагиларга асосан электр энергиясини етказиб бериш даврининг ҳар бир соати учун текширади:
ишлаб чиқарувчининг барча икки томонлама шартномалари асосида сотган электр энергиясининг ҳажми унинг ишлаб чиқарган электр энергияси ҳажмидан;
йирик истеъмолчининг барча икки томонлама шартномалари асосида сотиб олган электр энергияси ҳажми унинг ҳақиқий истеъмолидан ошмаслигини.
24. Мазкур Қоидаларнинг 23-банди шартлари бузилган тақдирда, бозор оператори электр энергияси савдосининг соатлик ҳажмлари бўйича янгиланган маълумотларни тақдим этиш тўғрисида тарафларни электр энергиясини етказиб бериш кунидан кейинги куннинг соат 10:30га қадар хабардор қилади.
25. Бозор операторидан мазкур Қоидаларнинг 23-банди шартлари бузилганлиги тўғрисида хабардор қилинган икки томонлама шартноманинг масъул тарафи ўз контрагенти билан музокаралар олиб бориши ва бозор операторига электр энергияси савдосининг соатлик ҳажмлари тўғрисида янгиланган маълумотларни электр энергиясини етказиб беришдан кейинги куннинг соат 12:00га қадар тақдим этади.
26. Икки томонлама шартномалар томонлари мазкур Қоидаларнинг 25-бандида кўрсатилган муддатда янгиланган маълумотларни бозор операторига тақдим қилмаса ёки тақдим этилган маълумотлар мазкур Қоидаларнинг 23-банди шартларига жавоб бермаса, бозор оператори қуйидаги қоидаларни кетма-кет қўллаш орқали икки томонлама шартномаларнинг соатлик ҳажмларини белгилайди:
мазкур Қоидалар 23-бандининг иккинчи хатбошисида келтирилган шартлар бузилган тақдирда, ишлаб чиқарувчи томонидан ҳар бир икки томонлама шартнома асосида сотган электр энергиясининг ҳақиқий ҳажми ушбу шартномалар бўйича маъқулланган ҳажмлар мутаносиб равишда ишлаб чиқарувчининг ҳақиқий ишлаб чиқарган электр энергияси ҳажмини ҳар бир икки томонлама шартномаларида маъқулланган ҳажмлар йиғиндиси нисбатини аниқлаш орқали камайтирилади.
27. Мазкур Қоидалар 23-бандининг учинчи хатбошисида келтирилган шартлар бузилган тақдирда, йирик истеъмолчи томонидан ҳар бир икки томонлама шартнома асосида электр энергиясини сотиб олишнинг ҳақиқий ҳажми, ҳар бир икки томонлама шартнома бўйича маъқулланган ҳажмни йирик истеъмолчининг амалдаги истеъмол ҳажмини барча шартномалар бўйича умумий харид ҳажмлари йиғиндисига нисбатига кўпайтириш орқали аниқланади.
28. Марказий харид қилувчи томонидан сотиб олинадиган ҳажм — икки томонлама шартномалар асосида сотилмаган ва (ёки) харид қилинмаган электр энергиясининг ҳажми, яъни электр станциясининг умумий ишлаб чиқарган электр энергияси ҳажми билан унинг барча икки томонлама шартномалари бўйича сотилган ҳақиқий ҳажм орасидаги фарқдир.
29. Бозор оператори электр энергиясини етказиб бериш кунидан кейинги кун соат 13:00га қадар икки томонлама шартномалар асосида икки томонлама шартномалари бўйича электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотишнинг ҳақиқий жадвалларини шакллантиради ва нусхасини мустақил ишлаб чиқарувчи (ўзи иштирок этган икки томонлама шартномалар учун) ва йирик истеъмолчига тақдим этади.
30. Тайинланган таъминотчи микро ва кичик электр станциялардан сотиб олган электр энергиясининг ҳақиқий ҳажми микро ва кичик электр станция томонидан тизимга узатилган электр энергиясининг ҳақиқий ҳажми ва ҳар бир икки томонлама шартномалар асосида сотган электр энергияси ҳажмлари йиғиндиси орасидаги фарқни аниқлаш орқали ҳисобланади.
31. Икки томонлама шартноманинг амал қилиши:
а) қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:
томонлардан бирининг фаолияти тўхтатилганда;
лицензиат лицензияси тўхтатилганда;
суд қарорига мувофиқ;
ҳар икки томон ёзма мурожаат қилганда.
б) қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
томонлардан бирининг фаолияти якунланганда;
суд қарорига мувофиқ;
лицензия учун белгиланган муддатда давлат божи ёки лицензия тўловлари амалга оширилмаганида;
лицензиат лицензияси бекор қилинганда;
ҳар икки томон ёзма мурожаат қилганда.
32. Икки томонлама шартноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш шартнома томонларининг сотиб олинган электр энергияси учун ҳақни тўлиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.
6-боб. Электр энергияси савдоси операцияларини амалга оширувчи бозор иштирокчилари томонидан бозор операторига маълумотларни тақдим этиш
33. Ишлаб чиқариш ва электр энергиясини сақлаш тизими операторлари электр энергияси савдоси бошланишидан камида уч иш куни олдин бозор операторига диспетчерлаш модуллари кесимида қуйидаги маълумотларни тақдим этади:
станция номи, блок рақами (блокли электр станциялар учун);
ўрнатилган қуввати;
электр энергиясини узатиш коэффициенти;
электр энергиясини тизимга узатишда минимал ва максимал қувватлар;
юкламани ошириш ва камайтиришнинг регламент бўйича тезлиги;
минимал техник юклама (иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари учун);
асосий ва захира ёқилғи тури (иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари учун);
турли иссиқлик ҳолатларида диспетчерлаш модулини ишга туширишнинг регламент бўйича давомийлиги (иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари учун);
ускуна ва жиҳозларнинг (мавжуд бўлса) тасдиқланган энергетик жиҳатлари (иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари учун);
энергия сиғими (электр энергиясини сақлаш тизимлари учун);
электр энергиясини истеъмол қилишда минимал ва максимал қувватлар (электр энергиясини сақлаш тизимлари учун);
электр энергиясини тармоққа қайтариш коэффициенти (электр энергиясини сақлаш тизимлари учун).
Бозор оператори ушбу маълумотларни тегишлилиги бўйича тизим оператори ва узатиш тизими оператори билан келишади.
Электр энергиясини ишлаб чиқариш фаолиятини юритувчи бозор иштирокчилари мазкур маълумотлар ўзгарган ҳолда янгиланган маълумотларни зудлик билан бозор операторига тақдим қилади.
34. Бозор иштирокчилари ҳар ой бошланишидан камида уч иш кунидан олдин бозор операторига қуйидаги ойлик режавий маълумотларни тақдим этишлари шарт:
а) барча электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари:
электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича ойлик режавий ҳажм;
электр энергиясини шиналардан тизимга узатиш бўйича ойлик режавий ҳажм;
харид қилувчилар кесимида икки томонлама шартномалар асосида электр энергиясини сотишнинг ойлик режавий ҳажми (шартномалар асосида электр энергиясини сотиш ҳуқуқига эга субъектларга тааллуқли);
ой боши учун режалаштирилган ва ой якуни учун асосий ва захира ёқилғилар тўғрисида маълумот (иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари учун);
ой боши ва якуни учун сув омборларининг режавий сув ҳажми (сув омборлари мавжуд бўлган гидроэлектр станциялар учун);
б) электр энергиясини сақлаш тизимлари:
электр энергиясини тизимга узатиш бўйича ойлик режавий ҳажм;
электр энергиясини истеъмол қилиш бўйича ойлик режавий ҳажм.
в) тайинланган таъминотчи — истеъмолчилар томонидан (йирик истеъмолчилардан ташқари) электр энергияси истеъмолининг ойлик режавий ҳажми;
г) тақсимлаш тизимлари операторлари:
тақсимлаш тизимидаги йўқотишларнинг ойлик режавий ҳажми;
тақсимлаш тизимидаги йўқотишларнинг нормативи;
д) йирик истеъмолчилар:
электр энергияси истеъмолининг ойлик режавий ҳажми;
икки томонлама шартномалар асосида таъминотчилар кесимида электр энергияси харидининг ойлик режавий ҳажми.
Бозор оператори ушбу маълумотларни тегишлилиги бўйича тизим оператори ва узатиш тизими оператори билан келишади.
35. Бозор иштирокчилари бозор операторига электр энергиясини етказиб бериш кунидан бир кун олдинги кун соат 10:00 га қадар электр энергиясини етказиб бериш куни учун қуйидаги кунлик соатбай маълумотларни тақдим этади:
а) барча электр станциялар ва иссиқлик электр марказлари, диспетчерлаш модуллари кесимида:
шинадан тизимга узатиладиган электр энергияси бўйича режа-график;
мавжуд қувват бўйича режа-график;
харид қилувчилар кесимида икки томонлама шартномалар асосида электр энергиясини сотиш режа-графиги (икки томонлама шартномалар асосида электр энергиясини сотиш ҳуқуқига эга субъектларга тааллуқли);
б) электр энергияси сақлаш тизимлари:
тизимга узатиладиган электр энергияси бўйича режа-график;
мавжуд қувватни тизимга узатиш режа-графиги;
истеъмол қилинадиган электр энергияси бўйича режа-график;
истеъмол қилинадиган мавжуд қувватнинг режа-графиги;
электр энергиясини сақлаш тизимларининг қувватланганлик ҳолати бўйича режа-график.
в) тайинланган таъминотчи истеъмолчилар томонидан (йирик истеъмолчилардан ташқари) электр энергияси истеъмолининг режа-графигини;
г) йирик истеъмолчилар:
электр энергиясини истеъмол қилиш режаси;
икки томонлама шартномалар асосида таъминотчилар кесимида электр энергиясини сотиб олишнинг режа-графиги.
Бозор оператори ушбу маълумотларни тегишлилиги бўйича тизим оператори ва узатиш тизими оператори билан келишади.
36. Мазкур Қоидаларнинг 33 — 35-бандларига мувофиқ бозор иштирокчиларининг бозор операторига тақдим этган барча маълумотлари ягона электр энергетикаси тизими режимини режалаштириш ва бошқариш учун бозор оператори томонидан тизим операторига кечиктирмасдан юборилади.
37. Бозор иштирокчилари бозор операторига электр энергиясини етказиб бериш кунидан кейинги кун соат 10:00га қадар электр энергиясини етказиб бериш куни учун қуйидаги ҳақиқий соатбай маълумотларни тақдим этади:
а) барча электр станциялар ва иссиқлик электр марказлари, диспетчерлаш модуллари кесимида:
узатилган электр энергияси бўйича ҳақиқий график;
узатиш тизимига узатилган электр энергияси бўйича ҳақиқий график;
б) электр энергиясини сақлаш тизимлари:
узатилган электр энергияси бўйича ҳақиқий график;
узатиш тизимига узатилган электр энергияси бўйича ҳақиқий график;
истеъмол қилинган электр энергияси бўйича ҳақиқий график;
узатиш тизимидан истеъмол қилинган электр энергияси бўйича ҳақиқий график;
в) узатиш тизими оператори:
узатиш тизимига етказиб берилган электр энергияси бўйича ҳақиқий график;
электр энергиясини экспорт қилиш бўйича ҳақиқий график;
электр энергиясини импорт қилиш бўйича ҳақиқий график;
қўшни давлатлар билан ўзаро электр энергиясининг техник оқими бўйича ҳақиқий график;
г) тақсимлаш тизимлари операторлари:
тақсимлаш тизимига етказиб берилган электр энергияси бўйича ҳақиқий график;
узатиш тизимидан тақсимлаш тизимига келиб тушган электр энергияси бўйича ҳақиқий график;
д) йирик истеъмолчилар истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми бўйича, жумладан, ҳар икки томонлама шартномалар кесимида ҳақиқий график;
38. Бозор иштирокчилари бозор операторига ҳисобот давридан кейинги ойнинг еттинчи санасигача қуйидаги ҳақиқий ойлик ҳисоботларни тақдим этади:
а) барча электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари диспетчерлаш модули кесимида:
ишлаб чиқарилган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
тегишли тизим операторлари билан келишилган тармоққа узатилган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
тегишли тизим операторлари билан келишилган ўз истеъмолини қоплаш учун бир ой давомида сотиб олинган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
б) электр энергиясини сақлаш тизимлари тегишли тизим операторлари билан келишилган:
тармоққа узатилган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
истеъмол қилинган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
қабул қилинган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
в) тайинланган таъминотчи ўз истеъмолчилари (йирик истеъмолчилардан ташқари) томонидан истеъмол қилинган электр энергияси бўйича тегишли тизим операторлари билан келишилган ҳақиқий маълумотлар;
г) узатиш тизими оператори:
узатиш тизимига етказиб берилган ва ундан узатилган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
экспорт қилинган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
импорт қилинган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
қўшни давлатлар билан ўзаро электр энергиясининг техник оқими бўйича ҳақиқий график ҳамда кўрсатилган қўшимча хизматлар ҳажмлари;
қўшни давлатлар билан тузилган шартномалар орқали транзит хизмати кўрсатилган электр энергияси ҳажми;
узатиш тизимида йўқотилган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар.
Электр энергиясини экспорт, импорт қилиш, давлатлараро техник оқимлар ва транзит оқимлар тизим оператори ҳамда «Энергия» КДМ билан келишилган ҳолда тақдим этилиши лозим;
д) тақсимлаш тизимлари операторлари:
тақсимлаш тизимига етказиб берилган ҳамда тақсимланган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
узатиш тизимидан ҳамда тақсимлаш тизимига уланган ишлаб чиқарувчилардан, жумладан, истеъмолчилар томонидан тақсимлаш тизимига етказиб берилган электр энергияси бўйича ҳақиқий маълумотлар;
тақсимлаш тизимидаги электр энергияси йўқотишлари бўйича ҳақиқий маълумотлар;
қўшни давлатлар билан ўзаро амалга оширилган техник оқимларнинг ҳақиқий ҳажми;
агар мавжуд бўлса, тақсимлаш тизимидан бошқа тизимларга узатилган электр энергияси бўйича маълумотлар;
е) йирик истеъмолчилар икки томонлама шартномалар асосида электр энергияси истеъмоли бўйича ҳақиқий маълумотлар.
39. Мазкур Қоидаларнинг 38-бандида санаб ўтилган ва тақдим этиладиган ҳақиқий маълумотлар бозор иштирокчиларининг рўйхатдан ўтказилган тижорат ҳисобга олиш нуқталари ва тизимларининг ҳисобига олинган соатбай тижорат маълумотларига ҳамда электр энергиясини ҳисобга олиш ускунаси кўрсаткичининг тегишли методикалари асосида тузилган таққослаш далолатномаларига асосан шаклланади. Бунда ушбу иштирокчи мазкур маълумотларни ўзига боғлиқлиги бўлган бошқа иштирокчилар билан меъёрий-техник ҳужжатларга асосан келишади.
7-боб. Тизим оператори томонидан ягона электр энергетикаси тизими режимини режалаштириш ва бажариш
40. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва электр энергиясини сақлаш тизими операторлари томонидан электр энергияси ва мавжуд қувватларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш бўйича якуний жадвалларда белгиланган иш режимларини бажариши шарт.
Электр энергияси бозорининг барча иштирокчилари тизим операторининг тезкор-диспетчерлик кўрсатмаларини сўзсиз бажариши шарт.
Тизим оператори мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бир кун олдин тасдиқланган режимларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга. Тизим оператори тегишли томонларни ўзгартиришлар киритилганлиги юзасидан оператив хабар бериши орқали хабардор этади.
Ҳисобот даври якуни билан тизим оператори ўзи қабул қилган қарорлари сабабли икки томонлама шартномалар асосида ҳажмлар ўзгарганлиги ҳамда асосли сабабларни кўрсатган ҳолда бозор операторига ҳисобот тақдим этади.
41. Тизим оператори ҳар куни соат 14:00га қадар электр энергиясини етказиб бериш куни учун қуйидагиларни ўз ичига олувчи ягона электр энергетикаси тизимининг ялпи электр энергияси истеъмоли бўйича режа жадвални шакллантиради:
олдинги даврлар учун ягона электр энергетикаси тизимининг ялпи электр энергияси истеъмоли тўғрисидаги маълумот;
электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси бўйича прогноз кўрсаткичлар;
электр станциялар, электр энергиясини сақлаш тизимлари, узатиш тизимида режалаштирилган ва авариявий таъмирлаш ишлари тўғрисида маълумотлар;
электр энергиясини сақлаш тизимларининг электр энергиясини сақлаш имконияти кўрсаткичлари;
узатиш ва тақсимлаш тизимлари операторларининг қувват ўтказувчанлиги бўйича кўрсаткичлари;
электр энергиясини етказиб бериш куни учун об-ҳаво тўғрисида прогноз маълумотлар;
барча даврлар учун об-ҳаво тўғрисида маълумотлар;
тайинланган таъминотчи томонидан электр энергияси истеъмолининг режа-жадвали;
бозор оператори томонидан тақдим этилган электр энергияси истеъмолига таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар.
42. Қайта тикланувчи энергия манбалари — қуёш ва шамол электр станциялари, электр энергиясини сақлаш тизими операторлари, йирик истеъмолчилар электр энергиясини етказиб бериш куни бўйича қувват прогнози маълумотларини қуйидаги тартибда тизим операторига тақдим этади:
бир кун олдин соат 10:00гача кейинги куннинг прогнозини;
етказиб бериш кунида — кейинги 4 соатли, 1 соатли, 15 дақиқали прогнозни.
Ушбу маълумотлар «ЭҲНАТ» ахборот тизими ёки автоматлаштирилган маълумот алмашиш каналлари (SCADA/API) орқали белгиланган формат ва кесимда тақдим этилади.
43. Тақдим этилган прогноз билан амалдаги ишлаб чиқариш ёки истеъмол кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ белгиланган меъёрдан ошиб кетган тақдирда, тизим оператори тезкор диспетчерлик тартибида генерация ёки истеъмол қувватини чеклайди.
44. Электр станциялари, сақлаш тизимлари ва йирик истеъмолчилар, шу жумладан, ҚТЭМ объектлари, авария ёки ускуналар ҳолатининг ўзгариши аниқланган пайтдан эътиборан 5 дақиқа ичида тизим операторига янгиланган мавжуд қувват маълумотларини тақдим этиши шарт.
45. Тизим оператори қуйидаги формулага асосан ягона электр энергетикаси тизимининг электр энергиясига бўлган талабини қоплаш бўйича электр энергияси етказиб бериладиган кун учун электр энергиясини соатбай ишлаб чиқариш прогноз графигини шакллантиради:
бунда:
Pистеъмол — электр энергияси истеъмолининг режалаштирилган ҳажми;
Pэкс — электр энергияси экспортининг режалаштирилган ҳажми;
Pимп — электр энергияси импортининг режалаштирилган ҳажми.
46. Мавжуд қувват графиклари ва электр энергиясини етказиб бериш ва истеъмол қилиш графиклари тизим оператори томонидан бозор оператори билан ўзаро келишилган ҳолда, ҳар куни қуйидаги маълумотларга ҳамда минимал харажатлар принципи асосида тузилади:
ягона электр энергетикаси тизими талабини қоплаш бўйича электр энергиясини ишлаб чиқариш прогноз графиги;
диспетчерлаш модулларининг мавжуд қувватлари графиклари;
диспетчерлаш модулларининг талаб этиладиган техник маълумотлари ва кунлик режа кўрсаткичлари;
ягона электр энергетикаси тизимининг турғунлигини таъминлаш шартлари;
электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва электр энергиясини сақлаш тизими операторларининг нарх ва (ёки) тарифлари ҳамда бошқа иқтисодий маълумотлари.
47. Тизим оператори электр станцияси ва электр энергиясини сақлаш тизимларининг электр энергиясини етказиб бериш даврида улар томонидан фойдаланиладиган мавжуд қувват графиклари ва электр энергиясини етказиб бериш ва (ёки) истеъмол қилиш графикларини тузишда муҳимлик даражасининг кетма-кетлигини инобатга олган ҳолда қуйидаги омилларга риоя қилади:
магистрал ҳамда тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари талаблари, шунингдек, талаб этиладиган захира даражасини таъминлаш талаби;
гидроэлектр станцияларнинг сув омборлари ва деривацион каналлардаги сув даражаси учун белгиланган чекловлар;
электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимни имзолаган электр станцияларининг ушбу битимдаги шартларга мувофиқ электр энергиясини ишлаб чиқариш жадвали;
икки томонлама шартномалар доирасида маъқулланган электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш жадваллари;
бозор оператори билан ўзаро келишилган ҳолда, электр энергиясининг иқтисодий жиҳатдан мақбул нархлар асосида.
48. Тизим оператори ягона электр энергетикаси тизимини узлуксиз ва марказлашган шаклда Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига, Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига, диспетчерлик бошқарувига оид йўриқномаларга, ушбу Қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширишга жавобгар ҳисобланади.
Бунда тизимнинг барқарор ва ишончли ишлашини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
49. Бозор иштирокчилари улар томонидан қабул қилинган графикларни ва тизим оператори диспетчерларининг тезкор кўрсатмаларини бажариши шарт.
50. Электр станцияси ёки электр энергиясини сақлаш тизими ускуналари таркибида, шу жумладан, ёрдамчи ускуналарда, уларнинг мавжуд қувватига таъсир қилувчи ўзгаришлар бўлганда, электр энергияси ишлаб чиқарувчи ёки электр энергиясини сақлаш тизими оператори тизим оператори зудлик билан юқоридаги ўзгаришлар асосида янгиланган мавжуд қувват графигини тақдим этиши шарт. Ушбу маълумотлар диспетчерлик журналига киритилади.
51. Тизим оператори қуйидагиларни инобатга олган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва электр энергиясини сақлаш тизими операторларига диспетчерлаш модуллари кесимида электр энергиясини узатиш ва (ёки) истеъмол қилиш бўйича маъқулланган графикларни ўзгартириш юзасидан тезкор диспетчерлик кўрсатмаларини бериш ҳуқуқига эга:
ягона электр энергетика тизимининг электр энергияси ялпи истеъмоли ва ишлаб чиқаришнинг режа-графикларидан четлашиши;
узатиш ва тақсимлаш тизимлари схемалари топологиясининг амалдаги ёки кутилаётган ўзгариши;
электр станция ва электр энергиясини сақлаш тизимининг мавжуд қуввати графиклари янгиланиши.
52. Тизим оператори диспетчерининг кўрсатмаларидан келиб чиқиб, давлат иштирокидаги электр станцияси ва электр энергиясини сақлаш тизимининг мавжуд қувватлари ҳамда электр энергиясини узатиш ва (ёки) истеъмол қилиш бўйича якуний графиклари шакллантирилади ҳамда ушбу графиклар тезкорлик билан давлат иштирокидаги электр станциялари ва электр энергиясини сақлаш тизими операторига ижро учун тақдим этилади. Тизим оператори диспетчерининг кўрсатмаси ва электр энергиясини тизимга узатиш ва (ёки) истеъмол қилиш ҳамда мавжуд қувват бўйича якуний график диспетчерлик журналига киритилади.
53. Частота ва актив қувватни ростлашнинг автоматлаштирилган тизимига уланган диспетчерлаш модулларининг электр энергиясини узатиш ва (ёки) истеъмол қилиш бўйича якуний графиклари ушбу автоматлаштирилган тизимининг кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда шакллантирилади.
8-боб. Марказий харид қилувчининг тижорат қоидалари
54. Марказий харид қилувчи:
а) электр энергияси кафолатланган тарзда узоқ муддатли сотиб олиниши кўзда тутилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлар доирасида тизим операторидан диспетчерлик бошқаруви хизматини тартибга солинадиган тариф асосида сотиб олади;
б) давлат электр станцияларидан тартибга солинадиган тариф асосида электр энергиясини сотиб олади;
в) мустақил ишлаб чиқарувчилардан (икки томонлама шартнома ҳажмларидан ортган қисмини) кафолатланмаган ҳолда тартибга солинадиган тариф асосида электр энергиясини сотиб олади;
г) электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимни имзолаган электр энергиясини ишлаб чиқарувчилардан битимда белгиланган шартлар асосида электр энергияси (мавжуд қувват) ва хизматларни сотиб олади.
Бунда марказий харид қилувчи электр станциялардан сотиб олган электр энергияси (қувват) ва хизматлар учун тўловлар ҳар бир электр станцияси кесимида (микро ва кичик электр станциялардан ташқари) электр энергиясини етказиб бериш даврининг ҳар бир соати учун қуйидагиларга асосан ҳисобланади:
электр станциясининг тизимга узатган электр энергияси ва мавжуд қуввати ҳамда кўрсатилган хизматларнинг якуний жадвалларига;
электр станцияси томонидан тизимга узатилган электр энергиясининг ҳақиқий жадвалига;
электр станциясининг ҳар бир икки томонлама шартномаларидаги электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш бўйича ҳақиқий графикларга;
битимда белгиланган бошқа шартларга;
д) электр станцияларига ўз эҳтиёжларини қоплаш учун (тақсимлаш тизимига уланган объектлари бундан мустасно) электр энергиясини сақлаш тизимлари операторларига (электр энергиясини сақлаш хизматини кўрсатишда сарфланиши лозим бўлган электр энергиясидан ортган қисмини қоплаш учун) тартибга солинадиган тариф асосида сотади;
е) узатиш ва тақсимлаш тизимларидаги технологик сарфни қоплаш учун зарур электр энергиясини тегишли тармоқ операторларига тартибга солинадиган тариф асосида сотади;
ж) йирик истеъмолчиларга тартибга солинадиган тариф асосида электр энергиясини сотади.
Бунда йирик истеъмолчининг марказий харид қилувчидан сотиб олган электр энергияси учун тўловлари йирик истеъмолчи марказий харид қилувчидан сотиб олган электр энергиясининг ҳақиқий ҳажми бўйича жадвалга асосан марказий харид қилувчи томонидан электр энергиясини етказиб беришнинг ҳар бир даври учун ҳисоб-китоб қилинади.
Йирик истеъмолчилар ўз эҳтиёжларини қоплаш учун ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ягона энергетика тизимига узатилган ҳажми тартибга солинадиган тариф асосида марказий харид қилувчи томонидан сотиб олинади;
з) тайинланган таъминотчига электр энергиясини тартибга солинадиган тариф асосида сотади.
Бунда марказий харид қилувчи тайинланган таъминотчи томонидан сотиб олинган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар электр энергиясини етказиб беришнинг ҳар бир даври учун амалга оширилади;
и) электр энергиясини сақлаш тизими операторларидан электр энергиясини сақлаш хизматини сотиб олади;
к) хорижий мамлакатларнинг ваколатли компаниялари билан тузилган шартномалар асосида экспорт ва импорт операцияларини амалга оширади. Бунда марказий харид қилувчи:
экспорт ва импорт шартномаларининг шартларини Энергетика вазирлиги, Регулятор, тизим оператори ва узатиш тизими оператори билан келишади;
тизим оператори ва узатиш тизими оператори билан бирга электр энергиясининг экспорт ва импорт графикларини тезкор тарзда мувофиқлаштириб боради.
55. Марказий харид қилувчи контрагентлари (бозор иштирокчилари) томонидан сотиб олинган ва (ёки) сотилган электр энергияси ҳамда кўрсатилган электр энергиясини узатиш хизмати бўйича сотиб олинган ва сотилган электр энергияси ва кўрсатилган хизматлар ҳажмини тасдиқлаш далолатномалари ва ҳисобварақ-фактуралари марказий харид қилувчи томонидан шакллантирилади ва ҳисобот давридан кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар бозор иштирокчиларига юборилади.
56. Тасдиқлаш далолатномалари олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида бозор иштирокчилари томонидан имзоланади ва марказий харид қилувчига юборилади.
57. Ҳисобот давридан кейинги ойнинг ўн бешинчи санасига қадар бозор иштирокчилари марказий харид қилувчидан қабул қилиб олган ҳисобварақ-фактураларни имзолайди ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун ҳисобварақ-фактураларни юборади.
58. Марказий харид қилувчи ўзи имзолаган ҳисобварақ-фактураларни узатиш тизими оператори ва тақсимлаш тизими операторларига (узатиш ва тақсимлаш тизимларидаги йўқотишларни қоплаш учун) ва ўз эҳтиёжлари учун электр энергиясини сотиб олган электр энергиясини ишлаб чиқарувчиларга ва электр энергиясини сақлаш тизимлари операторларига ҳисобот давридан кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар юборади.
59. Марказий харид қилувчи ва бозор иштирокчилари ўртасидаги молиявий ҳисоб-китоблар (икки томонлама шартномалар асосида ҳисоб-китоблар бундан мустасно) марказий харид қилувчи билан электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотиш шартномалари шартлари ва қуйидагиларга асосан амалга оширилади:
марказий харид қилувчидан сотиб олинган электр энергияси учун оператив (оралиқ) молиявий ҳисоб-китоблар марказий харид қилувчининг барча контрагентлари томонидан амалга оширилади — электр энергиясини сотиб олувчилар тўловни ой бошидан бошлаб шаклланган оператив ҳисоб-китоб маълумотлари асосида ўсиб борувчи тарзда тўлайди;
марказий харид қилувчи электр энергиясини ишлаб чиқарувчилардан, электр энергиясини сақлаш тизими операторларидан сотиб олган электр энергияси ва (ёки) қувватни, шунингдек, узатиш тизими операторидан сотиб олган электр энергиясини узатиш хизмати учун оператив (оралиқ) ҳисоб-китобларни марказий харид қилувчи томонидан ой бошидан бошлаб шаклланган оператив ҳисоб-китоб маълумотлари асосида ўсиб борувчи тарзда амалга оширади;
марказий харид қилувчидан сотиб олинган электр энергияси учун якуний молиявий ҳисоб-китоблар электр энергиясини сотиб олувчилар томонидан ҳисобот давридан кейинги ойнинг охирги санасига қадар амалга оширилади;
марказий харид қилувчи электр энергиясини ишлаб чиқарувчилардан, электр энергиясини сақлаш тизими операторларидан сотиб олган электр энергияси ва (ёки) қувват ҳамда узатиш тизими операторидан сотиб олган электр энергиясини узатиш хизмати учун якуний ҳисоб-китоблар ҳисобот давридан кейинги ойнинг охирги санасига қадар амалга оширилади;
оператив ва якуний молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш доирасида тўланган тўловлар миқдори ушбу ҳисобот даврида аввалги амалга оширилган тўловларни инобатга олган ҳолда аниқланади.
60. Марказий харид қилувчи томонидан тақдим этилган маълумотларни тасдиқлаш ва (ёки) уларга аниқлик киритиш бозор иштирокчилари томонидан маълумотлар олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида амалга оширилади.
61. Марказий харид қилувчи электр энергиясини сотиб олиш ва сотишда бирор юридик ёки жисмоний шахсга асоссиз имтиёз, преференция ёки камситувчи шартларни бериши мумкин эмас.
9-боб. Электр энергияси бозори мониторинги ва маълумот алмашинуви
62. Бозор оператори:
бозор иштирокчиларидан олинган ва Электр энергияси бозори фаолиятининг камида беш йили давомида шакллантирилган маълумотлар базасини сақлайди;
маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари, уларга рухсатсиз кириш, улардаги маълумотларни ўзгариши ёки ўчишидан ҳимоя қилади;
бозор иштирокчиларининг мазкур Қоидаларга, тегишли кўрсатмаларга ва талабларга риоя қилишини таҳлил қилади;
бозори иштирокчилари мазкур Қоидаларда назарда тутилган тартибда маълумот билан таъминланишини назорат қилади.
63. Бозор оператори ўзининг расмий веб-сайтида қуйидагиларни эълон қилиб боради:
бозор иштирокчиларининг рўйхатини;
ўтган ҳисобот даврлари учун Электр энергияси бозорида электр энергиясини сотиб олиш ва (ёки) сотишнинг ҳақиқий ҳажмларини;
Электр энергияси бозори фаолияти юзасидан ҳисоботларни.
64. Узатиш тизими оператори ва тизим оператори:
бозор оператори ва бозор иштирокчиларидан олинган ҳамда Электр энергияси бозори фаолиятининг камида беш йили давомида шакллантирилган барча маълумотларни сақлайди;
маълумотлар базаси ва бошқа ахборот тизимларига рухсатсиз кириш, ундаги маълумотларни ўзгариши ёки ўчишидан ҳимоя қилади;
марказий харид қилувчи ва бозор иштирокчиларига мазкур Қоидаларда назарда тутилган ҳажмлар ва муддатларда маълумот беради.
65. Бозор оператори, узатиш тизими оператори ва тизим оператори Регуляторга бозор иштирокчиларининг мазкур Қоидаларга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиши тўғрисида ҳисоботлар ва бошқа маълумотларни Регулятор томонидан белгиланган муддатларда тақдим этади.
66. Электр энергиясининг улгуржи бозори фаолиятини мониторинги Регулятор томонидан бозор оператори, узатиш тизими оператори ва бозорнинг бошқа иштирокчилари томонидан тақдим этиладиган ҳисоботлар, ҳужжатлар ва маълумотларга асосан юритилади.
67. Электр энергиясининг улгуржи бозори мониторингини юритишнинг вазифалари:
электр энергиясининг улгуржи бозори фаолияти бўйича маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш тартибини йўлга қўйиш;
бозор иштирокчилари томонидан Қонунда, мазкур Қоидаларда ва бозорни тартибга солувчи бошқа ҳужжатларда белгиланган талаблар бузилган ҳолатларни аниқлаш;
бозор иштирокчиларининг фаолиятидаги ҳамда бозор фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш;
мониторинг мақсадларига эришишда Регулятор томонидан тегишли чоралар кўриш учун тақдим этиш.
10-боб. Якунловчи қоидалар
68. Бозор иштирокчиларининг рўйхати бозор операторининг расмий веб-сайтида Регулятор томонидан белгиланган тартибда эълон қилинади.
69. Бозорнинг барча иштирокчилари, тизим оператори ва бошқа томонлар Электр энергияси бозори фаолиятини такомиллаштириш ҳамда мазкур Қоидаларга ўзгартиришлар киритиш бўйича асосланган таклифларни Регуляторга киритиши мумкин.
70. Регулятор:
бозор иштирокчиларидан мазкур Қоидаларга ўзгартириш киритиш бўйича асосли таклифларни қабул қилади ва қайта ишлайди;
заруратга қараб, мазкур Қоидаларга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлайди ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Бунда таклифларнинг асослантирилмаганлиги уларни рад этиш учун асос бўлади.
Мазкур Қоидаларни такомиллаштириш ҳамда Электр энергияси бозорининг бошқа иштирокчилари билан муҳокама қилиш учун расмий веб-сайтида эълон қилади.
71. Бозор иштирокчилари мазкур Қоидаларга амал қилиш жараёнида юзага келган баҳсли масалалар бўйича ўзаро ҳал этишга ҳаракат қилади.
Ўзаро ҳал этилмаган тақдирда, ёзма ариза билан Регуляторга мурожаат қилади.
Бунда аризада мазкур Қоидалар шартларига, баҳсли масалага оид тегишли меъёрий ҳужжатларга ёки мазкур Қоидалар шартларини бажариш учун тузилган шартномаларга ҳаволалар билан масала моҳиятининг батафсил тавсифини тақдим этади.
72. Энергетика бозори Регулятори ариза келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида бозор иштирокчисига баҳсли масалани муҳокама қилиш санаси, вақти, жойи ва усули тўғрисида хабар беради.
73. Баҳсли масалани муҳокама қилиш ариза берилган кундан бошлаб беш иш куни ичида ўтказилади. Муҳокамадан кейин икки иш куни ичида баённома тайёрланади ва муҳокама иштирокчиларига юборилади, унда томонларнинг позициялари ва қабул қилинган қарор қайд этилади. Баённома тўрт иш куни ичида муҳокаманинг тегишли иштирокчилари томонидан имзоланади.
Тарафларнинг розилиги билан баҳсли масала бўйича иккинчи муҳокамаси ўтказилиши мумкин.
74. Агар томонлар баҳсли масала бўйича келишувга эришсалар, тарафлар томонидан далолатнома тасдиқланади ва кейинчалик бажарилади.
75. Агар тарафлар баҳсли масала бўйича ўттиз кун ичида келишувга эриша олмаса, ариза берган бозор иштирокчиси низони ҳал қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
76. Мазкур Қоидалар талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 сентябрь,
527-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
QOIDALARI
Elektr energiyasining ulgurji va chakana bozori tamoyillariga oʻtish davrining birinchi bosqichi — “Ikki tomonlama shartnomalar asosidagi xaridlar” bosqichi uchun bozor qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Elektr energetikasi toʻgʻrisida”gi Qonuni talablari bajarilishini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Elektr energiyasining ulgurji va chakana bozori tamoyillariga oʻtish davrining birinchi bosqichi — “Ikki tomonlama shartnomalar asosidagi xaridlar” bosqichi uchun bozor qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
elektr energiyasi va (yoki) quvvatni xarid qilish hamda sotish munosabatlarini tartibga solish;
elektr energiyasini uzatish va taqsimlash xizmatlarini koʻrsatish tizimini tashkil etish;
isteʼmolchilarning huquqlarini taʼminlagan holda, elektr energiyasini yetkazib berish jarayonida faoliyat yurituvchi ulgurji va chakana bozor ishtirokchilari oʻrtasidagi oʻzaro munosabatlarning aniq tamoyillari va qoidalarini belgilash.
2. Energetika bozorini rivojlantirish va tartibga solish agentligi manfaatdor vazirliklar hamda idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Ushbu qaror bilan tasdiqlanayotgan Qoidalar 2027-yilning 1-yanvaridan eʼtiboran kuchga kiradi.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2026-yil 30-sentabrdagi 527-son qaroriga ILOVA
Elektr energiyasining ulgurji va chakana bozori tamoyillariga oʻtish davrining birinchi bosqichi — “Ikki tomonlama shartnomalar asosidagi xaridlar” bosqichi uchun bozor
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasining “Elektr energetikasi toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 28-sentabrdagi PF-166-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2023 — 2030-yillarga moʻljallangan elektr energiyasining ulgurji va chakana bozori mexanizmlariga bosqichma-bosqich oʻtish konsepsiyasiga muvofiq elektr energiyasining ulgurji va chakana bozori tamoyillariga oʻtish davrining birinchi bosqichida (keyingi oʻrinlarda — ikki tomonlama shartnomalar asosidagi xaridlar bosqichi) bozor ishtirokchilarining oʻzaro munosabatlarini tartibga soladi.
2. Mazkur Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
bozor ishtirokchisi — elektr energiyasining ulgurji va chakana bozorida (keyingi oʻrinlarda — elektr energiyasi bozori) elektr energiyasi yoki xizmatlarni sotish va (yoki) sotib olish bilan shugʻullanish huquqiga ega boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxs, shuningdek, tegishli tizim operatori;
bozor operatori — bozorni shakllantirish hamda uning xavfsiz va samarali ishlashi uchun bozor ishtirokchilari nomidan elektr energiyasini sotish va (yoki) sotib olishni tashkil etish uchun masʼul boʻlgan yuridik shaxs;
grafik — elektr energiyasini yetkazib berish davri uchun tegishli koʻrsatkichlarning (elektr energiyasini ishlab chiqarish, saqlash, uzatish, taqsimlash, isteʼmol qilish hajmlari, mavjud quvvat, eksport, import va boshqa) 24 soatlik qiymatlari toʻplami (prognoz, rejalashtirilgan, haqiqiy va boshqa);
davlat elektr stansiyalari — davlat ulushi (kapitali) 50 foiz va undan ortiq boʻlgan ishlab chiqaruvchilarining elektr stansiyalari;
dispetcherlash moduli — yagona elektr energetikasi tizimiga ulangan va tizim operatori tomonidan dispetcherlik rejalashtiruvi va operativ-dispetcherlik boshqaruvida alohida hisobga olinadigan, quvvati 5 MW yoki undan ortiq boʻlgan elektr energiyasini ishlab chiqarish yoki saqlash moduli;
dispetcherlik jurnali — bozor ishtirokchilarining ish jadvallaridagi operatsion oʻzgarishlarni va dispetcherlash moduli yuklamasini (ishchi koʻrsatkichlarini) oʻzgartirish boʻyicha tizim operatori dispetcherining koʻrsatmalarini (farmoyish, topshiriq, ruxsat) roʻyxatga olish uchun moʻljallangan tizim operatorining axborot tizimi;
yirik isteʼmolchi — 6kV va undan yuqori kuchlanishli tarmoqlarga ulangan hamda yillik elektr energiyasi isteʼmoli 10 mln kVt soat va undan ortiq boʻlgan, elektr energiyasini Markaziy xarid qiluvchi yoki ulgurji bozorda ishlab chiqaruvchilardan sotib olish huquqiga ega boʻlgan isteʼmolchi (budjet tashkilotlari, kommunal xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar, davlat budjetidan moliyalashtiriluvchi suv taʼminoti va suv nasos stansiyalari, fermer xoʻjaliklari hamda mobil aloqa operatorlari bundan mustasno);
mikro va kichik elektr stansiya — yagona elektr energetikasi tizimiga ulangan nuqtada oʻrnatilgan quvvati 5 MWgacha boʻlgan elektr stansiyasi;
mavjud quvvat — dispetcherlash modulining muayyan vaqtda texnik va texnologik cheklovlarni hisobga olgan holda ulanish nuqtasida elektr energiyasini maksimal uzatishi va (yoki) isteʼmol qilishi mumkin boʻlgan quvvati;
markaziy xarid qiluvchi — (“Oʻzenergosotish” AJ) — elektr energiyasini markazlashgan tarzda sotish va sotib olish huquqiga ega boʻlgan, ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) davlat ulushi yuz foiz boʻlgan aksiyadorlik jamiyati shaklida tashkil etilgan elektr energetikasi korxonasi;
mustaqil ishlab chiqaruvchi — elektr energiyasini uzoq muddatli kafolatlangan sotib olish toʻgʻrisidagi bitimni imzolamagan, litsenziya asosida faoliyat yuritadigan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi xususiy korxona;
tayinlangan taʼminotchi — taʼminotchini tanlash imkoniyatiga ega boʻlmagan isteʼmolchilarga kafolatlangan tarzda yoki vakolatli isteʼmolchining murojaatiga koʻra elektr energiyasini yetkazib berish (sotish) bilan shugʻullanadigan korxona;
taqsimlash tizimi operatori — Energetika bozorini rivojlantirish va tartibga solish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Regulator) tomonidan beriladigan litsenziya asosida muayyan hududda elektr energiyasini taqsimlash faoliyatini yuritish, bunda taqsimlash tizimini ekspluatatsiya qilish, unga xizmat koʻrsatish va rivojlantirish uchun masʼul boʻlgan elektr energetikasi korxonasi;
tartibga solinadigan tarif — qonunchilikka muvofiq vakolatli organ tomonidan belgilangan (tasdiqlangan) tarif va toʻlovlar;
tijorat hisobga olish — elektr energiyasining hajmini oʻzaro hisob-kitob qilish va bozor operatsiyalarini amalga oshirish maqsadida hamda elektr energiyasini yetkazib beruvchi va qabul qiluvchi tomonlar oʻrtasidagi toʻlovlarga asos boʻladigan mansublik chegarasida hisobga olish;
tijorat hisobga olish nuqtasi — koʻrsatkichlari bozor ishtirokchilari tomonidan elektr energiyasini yetkazib berish, saqlash, uzatish, taqsimlash va isteʼmol qilish hajmi aniqlanadigan mansublik chegarasi;
elektr energiyasini yetkazib berish davri (kun) — yagona elektr energetikasi tizimi rejimini rejalashtirgan holda bozor ishtirokchilari tomonidan elektr energiyasini xarid qilish yoki sotish davri (kun);
elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitimni imzolagan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi — markaziy xarid qiluvchi tomonidan elektr energiyasi kafolatlangan tarzda uzoq muddatli sotib olinishi koʻzda tutilgan elektr energiyasini sotib olish bitimlarini imzolagan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi yuridik shaxs;
hisobot davri — elektr energiyasi bozorida hisobot maʼlumotlari (sotib olish va (yoki) sotish hajmlari, narxlar, toʻlovlar) shakllantiriladigan davr (kalendar oy);
“CAS” va “Billing” tizimlari — “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimi (CAS-tizimi) hamda yakuniy isteʼmolchilar bilan yetkazib berilgan elektr energiyasi uchun hisob-kitoblarni amalga oshirish tizimi (Billing-tizimi).
2-bob. Elektr energiyasining ulgurji va chakana bozori tuzilmasi
3. Elektr energiyasining ulgurji bozorida quyidagi ishtirokchilar faoliyat yuritadi:
markaziy xarid qiluvchi;
davlat elektr stansiyalari;
elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitimni imzolagan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar;
mustaqil ishlab chiqaruvchilar;
elektr energiyasini saqlash tizimlari operatorlari;
uzatish tizimi operatori;
taqsimlash tizimi operatorlari;
tayinlangan taʼminotchi;
yirik isteʼmolchilar.
4. Elektr energiyasining chakana bozorida quyidagi ishtirokchilar faoliyat yuritadi:
tayinlangan taʼminotchi;
mikro va kichik elektr stansiyalar;
taqsimlash tizimlari operatorlari;
isteʼmolchilar.
5. Yagona elektr energetikasi tizimi rejimi tizim operatori tomonidan uzluksiz ravishda, real vaqt davomida boshqariladi va quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
yagona elektr energetikasi tizimi rejimining belgilangan rejadan ogʻishi, xususan, isteʼmol, elektr stansiyalarning yuklanishi va tarmoqdagi tartibni nazorat qilib borish;
yagona elektr energetikasi tizimida elektr energiyasining yalpi isteʼmoli va ishlab chiqarish koʻrsatkichlari boʻyicha prognoz grafigini shakllantirish;
elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar va elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlaridan ularning mavjud quvvatlarining yangilangan grafiklarini yuritish;
elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar va elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlariga tezkor koʻrsatmalar berish orqali elektr stansiyalarining rejalashtirgan yuklamasini oʻzgartirib borish;
dispetcherlik jurnalini yuritish;
elektr energiyasi va mavjud quvvatning ishlab chiqarish hamda isteʼmol qilish boʻyicha yakuniy iqtisodiy va texnik jihatdan eng maqbul grafiklarni shakllantirish hamda ularni bozor ishtirokchilariga (isteʼmolchilar bundan mustasno) oʻz vaqtida yetkazib borish.
6. Ikki tomonlama shartnomalar asosidagi xaridlar bosqichida elektr energiyasi savdosi operatsiyalarini amalga oshiruvchi bozor operatorining vazifalari markaziy xarid qiluvchiga yuklanadi hamda savdo operatsiyalari “CAS” va “Billing” tizimlaridan foydalangan holda amalga oshiriladi.
3-bob. Elektr energiyasining ulgurji bozori
7. Elektr energiyasining ulgurji bozorida:
a) davlat elektr stansiyalari:
elektr energiyasini markaziy xarid qiluvchiga tartibga solinadigan tariflar va namunaviy shartnoma asosida sotadi;
oʻz ehtiyojlari uchun (taqsimlash tizimiga ulangan obyektlar bundan mustasno) elektr energiyasini markaziy xarid qiluvchidan tartibga solinadigan tarif asosida sotib oladi;
b) elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitimni imzolagan ishlab chiqaruvchilar:
elektr energiyasi (mavjud quvvat) va xizmatlarni markaziy xarid qiluvchiga bitimda belgilangan shartlar asosida sotadi;
oʻz ehtiyojlarini (taqsimlash tizimiga ulangan obyektlari bundan mustasno) elektr energiyasini markaziy xarid qiluvchidan tartibga solinadigan tarif asosida sotib oladi;
v) mustaqil ishlab chiqaruvchilar:
yirik isteʼmolchiga elektr energiyasini oʻzaro kelishilgan narxda ikki tomonlama shartnoma asosida sotadi. Bunda elektr energiyasini uzatish va (yoki) taqsimlash xizmatidan foydalanganlik uchun toʻlov shartnoma shartlariga muvofiq ishlab chiqaruvchi yoki yirik isteʼmolchi tomonidan toʻlanadi;
ikki tomonlama shartnomalar asosida sotilmagan elektr energiyasi hajmini markaziy xarid qiluvchiga tartibga solinadigan tariflar asosida sotadi;
g) elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlari:
markaziy xarid qiluvchiga elektr energiyasini saqlash xizmatini koʻrsatish bitimida belgilangan shartlar asosida elektr energiyasini saqlash xizmatini koʻrsatadi;
elektr energiyasini qabul qilish, saqlash, qaytarish, quvvatlanish darajasi va mavjud quvvat boʻyicha operativ-dispetcherlik boshqaruvini tizim operatorining koʻrsatmalariga muvofiq amalga oshiradi;
oʻz ehtiyojlari uchun (taqsimlash tizimiga ulangan obyektlari bundan mustasno) hamda elektr energiyasini saqlash xizmatini koʻrsatish bitimida elektr energiyasini saqlash xizmatini koʻrsatishda sarflanishi lozim boʻlgan elektr energiyasi isteʼmolidan ortgan qismini markaziy xarid qiluvchidan tartibga solinadigan tarif asosida sotib oladi;
d) uzatish tizimi operatori:
markaziy xarid qiluvchiga, ikki tomonlama shartnomalar asosida savdo qiluvchi tomonlardan biriga elektr energiyasini uzatish xizmatini tartibga solinadigan tarif asosida koʻrsatadi;
xorijiy mamlakatlarning vakolatli kompaniyalariga tranzit xizmatini koʻrsatadi hamda xizmat xarajatlari uzatish tizimi operatorining mazkur kompaniyalarga uzatish xizmatini koʻrsatish uchun tarifi shakllanishida inobatga olinadi;
uzatish tizimida yuzaga keladigan texnologik sarfni qoplash uchun elektr energiyasini markaziy xarid qiluvchidan tartibga solinadigan tarif asosida sotib oladi;
uzatish tizimidagi qoʻshimcha xizmatlar, shu jumladan, chastota (aktiv quvvat) yoki kuchlanishni (reaktiv quvvatni) rostlash xizmatini qoʻshimcha xizmat koʻrsatuvchilardan (sinxron kompensator rejimida ishlovchi generatsiyalovchi modullar va qoʻshimcha xizmatlarni koʻrsatuvchi elektr stansiyalari hamda qoʻshni davlatlarning tegishli operatorlaridan) tartibga solinadigan tariflar va (yoki) oʻzaro kelishuvlar (bitimlar) asosida xarid qiladi hamda ushbu xizmatlarni sotib olish xarajatlari uzatish tizimi operatorining uzatish xizmatini koʻrsatish uchun tarifi shakllanishida inobatga olinadi.
Qoʻshimcha xizmatlar koʻrsatish boʻyicha bitimlar hajmlari va hisobot davri yakunida koʻrsatilgan qoʻshimcha xizmatlar boʻyicha tegishli dalolatnomalar tizim operatori tomonidan tasdiqlanadi.
Uzatish tizimi orqali uzatilgan elektr energiyasi hajmi uzatish tizimining kirish va chiqish nuqtalaridagi tijorat hisobga olish maʼlumotlari asosida elektr energiyasini hisobga olish tartibiga muvofiq aniqlanadi va uzatilgan elektr energiyasining hisobi uzatish tizimi operatori tomonidan yuritiladi.
Uzatish xizmatini koʻrsatish davomida yuzaga keladigan texnologik sarf hajmi uzatish tizimiga kirish va chiqish hajmlari oʻrtasidagi umumiy farq asosida, elektr energiyasini hisobga olish tartibi hamda texnologik sarfni hisoblash metodikasiga muvofiq aniqlanadi;
e) taqsimlash tizimi operatorlari taqsimlash tarmoqlaridagi yoʻqotishlarni qoplash uchun markaziy xarid qiluvchidan tartibga solinadigan tariflar asosida elektr energiyasini xarid qiladi;
j) tayinlangan taʼminotchi yakuniy isteʼmolchilarni elektr energiyasi bilan taʼminlash maqsadida markaziy xarid qiluvchidan tartibga solinadigan tariflar asosida elektr energiyasini xarid qiladi;
z) yirik isteʼmolchilar:
elektr energiyasini markaziy xarid qiluvchidan tartibga solinadigan tarif asosida sotib oladi;
mustaqil ishlab chiqaruvchilardan ikki tomonlama shartnomalar asosida elektr energiyasini oʻzaro kelishilgan shartlar asosida sotib oladi;
oʻz ehtiyojlarini qoplash uchun oʻrnatilgan qayta tiklanuvchi energiya manbalari orqali ishlab chiqarilgan elektr energiyasining yagona elektr energetikasi tizimiga uzatilgan hajmi tartibga solinadigan tarif asosida markaziy xarid qiluvchi tomonidan sotib olinadi.
Bunda yagona elektr energetikasi tizimidan olingan va oʻz ehtiyojidan orttirib tarmoqqa uzatilgan elektr energiyasi uchun elektron hisob-faktura va solishtirma dalolatnoma taqdim etish orqali yagona energetika tizimiga uzatilgan va uzatish tizimidan qabul qilingan elektr energiyasi hajmlari uchun tartibga solinadigan tarif asosida alohida hisob-kitoblar amalga oshiriladi.
4-bob. Elektr energiyasining chakana bozori
8. Elektr energiyasining chakana bozorida:
a) tayinlangan taʼminotchi:
markaziy xarid qiluvchidan elektr energiyasini tartibga solinadigan tarif asosida sotib oladi;
mikro va kichik elektr stansiyalardan elektr energiyasini tartibga solinadigan tarif va (yoki) mikro va kichik gidroelektr stansiyalardan auksion orqali aniqlangan narxlar asosida sotib oladi;
barcha isteʼmolchilarga (yirik isteʼmolchilar bundan mustasno), elektr stansiyasi, saqlash tizimlarning taqsimlash tizimiga ulangan obyektlarga (oʻz ehtiyojini qoplash uchun) elektr energiyasini tartibga solinadigan tarif asosida sotadi;
taqsimlash tizimi operatorlari bilan taqsimlash xizmatini koʻrsatish boʻyicha shartnoma tuzadi va ushbu xizmat uchun tartibga solinadigan tariflarda haq toʻlaydi;
b) mikro va kichik elektr stansiyalar:
ishlab chiqarilgan elektr energiyasini tayinlangan taʼminotchiga tartibga solinadigan tarif va (yoki) mikro va kichik gidroelektr stansiyalardan auksion orqali aniqlangan narxlar asosida sotadi;
oʻz hududidagi (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri kesimida) taqsimlash tizimi operatorining tarmoqlariga ulangan isteʼmolchilarga (maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno) ikki tomonlama shartnomalar asosida oʻzaro kelishilgan narxlarda elektr energiyasini sotishi mumkin;
v) taqsimlash tizimi operatorlari:
markaziy xarid qiluvchidan faoliyat yuritadigan hududdagi taqsimlash tizimining texnologik sarfi hajmida elektr energiyasini tartibga solinadigan tarif asosida sotib oladi;
tayinlangan taʼminotchiga, chakana bozordagi ikki tomonlama shartnomalar tomonlarining biriga hamda markaziy xarid qiluvchiga elektr energiyasini taqsimlash xizmatini tartibga solinadigan tarif asosida koʻrsatadi;
g) isteʼmolchilar (yirik isteʼmolchilar bundan mustasno):
tayinlangan taʼminotchidan elektr energiyasini sotib oladi;
oʻz ehtiyojlarini qoplash uchun oʻrnatilgan qayta tiklanuvchi energiya manbalari orqali ishlab chiqarilgan elektr energiyasining yagona elektr energetikasi tizimiga uzatilgan hajmini tartibga solinadigan tarif asosida tayinlangan taʼminotchiga sotadi.
9. Taqsimlash tizimi operatorining obyektlari va (yoki) uning ustav fondidagi (ustav kapitalidagi) ulushi xususiy sektorga ishonchli boshqaruvga berilishi mumkin.
Bunda taqsimlash xizmati uchun moliyaviy hisob-kitoblar taqsimlash xizmatini koʻrsatish shartnomalari shartlariga muvofiq amalga oshiriladi.
5-bob. Ikki tomonlama shartnomalar asosidagi xaridlar
10. Ikki tomonlama shartnomalar ulgurji bozorda mustaqil ishlab chiqaruvchilar va yirik isteʼmolchilar oʻrtasida, chakana bozorida mikro va kichik elektr stansiyalar va isteʼmolchilar (maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno) oʻrtasida erkin (oʻzaro kelishilgan) shartlar asosida elektr energiyasining har soatlik tijorat hisob-kitobini amalga oshirish boʻyicha qonunchilik hujjatlariga muvofiq tomonlarning oʻzaro kelishgan muddatiga tuziladi.
Ikki tomonlama shartnomalar boʻyicha hajmlar har bir soat kesimida har yil uchun rejalashtiriladi va hisob-kitob qilinadi.
Ikki tomonlama shartnomalarning amal qilish muddati bir yildan oshmaydi.
Shartnoma shartlari tizim operatorining dispetcherlash, tarmoq operatorlarining tarmoqqa ulanish va tarmoqdan foydalanish talablariga zid boʻlishi mumkin emas.
11. Ikki tomonlama shartnomalar asosidagi xaridlar bosqichida ikki tomonlama shartnomalar orqali sotilmagan yoki xarid qilinmagan elektr energiyasi hajmlarini sotib olish va (yoki) sotish boʻyicha:
mustaqil ishlab chiqaruvchilar va yirik isteʼmolchilar markaziy xarid qiluvchi bilan;
mikro va kichik elektr stansiyalar hamda isteʼmolchilar (maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno) tayinlangan taʼminotchi bilan belgilangan tartibda tasdiqlangan tarif asosida shartnomalar tuzadi.
Bunda ikki tomonlama shartnomalar orqali sotilmagan yoki xarid qilinmagan elektr energiyasi hajmlari belgilangan tartibda tasdiqlangan tarif asosida tegishliligicha markaziy xarid qiluvchi yoki tayinlangan taʼminotchi tomonidan sotib olinadi.
12. Ikki tomonlama shartnomalar asosida elektr energiyasini sotib olish va (yoki) sotish erkin (oʻzaro kelishilgan shartlar) narxlar asosida amalga oshiriladi.
13. Mustaqil hamda mikro va kichik elektr stansiyalarga ega elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar elektr energiyasini sotish boʻyicha turli ikki tomonlama shartnomalar, shu jumladan, oʻzining har bir elektr stansiyasi boʻyicha turli xarid qiluvchilar bilan elektr energiyasini sotish boʻyicha shartnomalar tuzish huquqiga ega.
Bunda ushbu shartnomalar asosida sotiladigan elektr energiyasining umumiy hajmi tegishli elektr stansiyasi tomonidan ishlab chiqariladigan elektr energiyasining haqiqiy hajmidan oshmaydi.
14. Yirik isteʼmolchi bir nechta mustaqil ishlab chiqaruvchilar, isteʼmolchilar (maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno) bir nechta kichik va mikro elektr stansiyalar bilan elektr energiyasini sotib olish boʻyicha ikki tomonlama shartnomalarni tuzish huquqiga ega.
Bunda yirik isteʼmolchining barcha ikki tomonlama shartnomalari boʻyicha umumiy elektr energiyasini sotib olish hajmi u tomondan isteʼmol qilinadigan elektr energiyasining umumiy hajmidan oshmaydi.
15. Ikki tomonlama shartnomalarda quyidagilar aks ettirilishi lozim:
taraflarning nomi, litsenziyasi, bozor ishtirokchisining roʻyxatdan oʻtgan identifikatsiya kodi, shartnoma raqami va tuzilgan sanasi;
shartnomaning amal qilish muddati;
elektr energiyasining hajmi, sotish narxi va (yoki) uni aniqlash formulasi, shartnoma qiymati;
elektr energiyasi uchun hisob-kitob shartlari, qoldiq hajm, rejadan ogʻish va dispetcherlik koʻrsatmasi natijasidagi oʻzgarishlarni hisobga olish tartibi;
shartnomani toʻxtatish va (yoki) bekor qilish shartlari, jumladan, tomonlarning shartnoma shartlarini bajarmaslikka olib kelgan sabablar;
tomonlarning shartnomani roʻyxatdan oʻtkazish va bozor operatoriga elektr energiyasini sotib olish va (yoki) sotish reja-grafiklarini taqdim etish majburiyatlari;
uzatish va taqsimlash, dispetcherlash xizmatlari hamda boshqa xizmatlar uchun toʻlovlarning taraflar oʻrtasida taqsimlanishi;
Ikki tomonlama shartnoma doirasida tomonlardan biriga taalluqli aybli harakat yoki harakatsizlik natijasida vujudga kelgan kamchiliklar oqibatida yetkazilgan zararni qoplash tartibi belgilanadi.
16. Bozor operatori ikki tomonlama shartnomani roʻyxatdan oʻtkazadi va bu haqida uzatish yoki taqsimlash tizimi operatorini hamda tizim operatorini xabardor qiladi.
Ikki tomonlama shartnoma roʻyxatga olingan vaqtdan boshlab kuchga kiradi.
17. Bozor operatori ikki tomonlama shartnomalar asosida elektr energiyasini har bir soat uchun sotib olish va (yoki) sotish reja-grafiklarini quyidagi shartlarga muvofiqligini tekshiradi:
ikki tomonlama shartnoma boʻyicha elektr energiyasining sotiladigan hajmi ushbu shartnoma boʻyicha isteʼmolchi tomonidan rejalashtirilgan elektr energiyasini sotib olish hajmiga muvofiqligini;
xarid qiluvchining ikki tomonlama shartnomasi boʻyicha sotib oladigan elektr energiyasining rejalashtirilgan hajmi uning rejalashtirilgan isteʼmolidan oshmasligini.
18. Mazkur Qoidalarning 17-bandidagi shartlar buzilgan taqdirda, elektr energiyasini yetkazib berish kunidan oldingi kunning soat 10:00 ga qadar bozor operatori ikki tomonlama shartnoma tomonlarini tuzatilgan maʼlumotlarni taqdim etish zarurligi toʻgʻrisida xabardor qiladi.
19. Mazkur Qoidalarning 17-bandidagi shartlar buzilganligi toʻgʻrisida bozor operatoridan bildirishnoma olgan ikki tomonlama shartnoma tomonlari zarur boʻlsa, shartnomaning ikkinchi tomoni bilan muzokaralar olib borishi va bozor operatoriga toʻgʻrilangan maʼlumotlarni elektr energiyasini yetkazib berish kunidan oldingi kunning soat 11:00 ga qadar taqdim etishi shart.
20. Agar ikki tomonlama shartnomaning tegishli tomoni mazkur Qoidalarning 19-bandida koʻrsatilgan muddatda toʻgʻrilangan maʼlumotlarni bozor operatoriga taqdim etmasa yoki taqdim etilgan maʼlumotlar mazkur Qoidalarning 17-bandidagi shartlarga javob bermasa, bozor operatori quyidagi tartibga asosan ketma-ketlikda ikki tomonlama shartnomalarning soatlik hajmlarini qayta muvofiqlashtiradi:
mazkur Qoidalar 17-bandining ikkinchi xatboshisidagi shartlar buzilgan taqdirda, ikki tomonlama shartnoma boʻyicha elektr energiyasini sotib olish va (yoki) sotishning rejalashtirilgan hajmi sifatida elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi tomonidan elektr energiyasini sotish va yirik isteʼmolchi tomonidan elektr energiyasini sotib olishning rejalashtirilgan hajmlaridan eng kichigi olinadi;
mazkur Qoidalar 17-bandining uchinchi xatboshisidagi shartlar buzilgan taqdirda, elektr stansiyasining har bir ikki tomonlama shartnoma boʻyicha elektr energiyasini sotish hajmi stansiyaning rejalashtirilgan yetkazib berish hajmining barcha shartnomalar boʻyicha sotish hajmlari yigʻindisiga nisbatan mutanosib ravishda kamaytiriladi;
mazkur Qoidalar 17-bandining toʻrtinchi xatboshisidagi shartlar buzilgan taqdirda, yirik isteʼmolchining har bir ikki tomonlama shartnoma boʻyicha elektr energiyasini xarid qilish hajmi yirik isteʼmolchining rejalashtirilgan isteʼmol hajmining barcha ikki tomonlama shartnomalar boʻyicha elektr energiyasi xarid hajmlari yigʻindisiga nisbati asosida mutanosib ravishda kamaytiriladi.
21. Mazkur Qoidalarning 17-bandiga muvofiq tuzilgan ikki tomonlama shartnomalar asosida elektr energiyasini sotib olish va (yoki) sotish hajmlarining reja-jadvallari va mazkur Qoidalarning 20-bandiga muvofiq bozor operatori tomonidan tuzatilgan jadvallar (ikki tomonlama shartnomalar asosida elektr energiyasini sotish va (yoki) sotib olishning maʼqullangan jadvallari bilan birgalikda) bozor operatori tomonidan ushbu shartnomalar taraflariga elektr energiyasini yetkazib berish kunidan oldingi kunning soat 12:00 ga qadar yetkaziladi.
22. Ikki tomonlama shartnoma tomonlari oʻrtasidagi moliyaviy hisob-kitoblar ikki tomonlama shartnoma shartlariga muvofiq amalga oshiriladi.
23. Bozor operatori elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi va yirik isteʼmolchi oʻrtasidagi maʼqullangan elektr energiyasi savdosining haqiqiy hajmini quyidagilarga asosan elektr energiyasini yetkazib berish davrining har bir soati uchun tekshiradi:
ishlab chiqaruvchining barcha ikki tomonlama shartnomalari asosida sotgan elektr energiyasining hajmi uning ishlab chiqargan elektr energiyasi hajmidan;
yirik isteʼmolchining barcha ikki tomonlama shartnomalari asosida sotib olgan elektr energiyasi hajmi uning haqiqiy isteʼmolidan oshmasligini.
24. Mazkur Qoidalarning 23-bandi shartlari buzilgan taqdirda, bozor operatori elektr energiyasi savdosining soatlik hajmlari boʻyicha yangilangan maʼlumotlarni taqdim etish toʻgʻrisida taraflarni elektr energiyasini yetkazib berish kunidan keyingi kunning soat 10:30ga qadar xabardor qiladi.
25. Bozor operatoridan mazkur Qoidalarning 23-bandi shartlari buzilganligi toʻgʻrisida xabardor qilingan ikki tomonlama shartnomaning masʼul tarafi oʻz kontragenti bilan muzokaralar olib borishi va bozor operatoriga elektr energiyasi savdosining soatlik hajmlari toʻgʻrisida yangilangan maʼlumotlarni elektr energiyasini yetkazib berishdan keyingi kunning soat 12:00ga qadar taqdim etadi.
26. Ikki tomonlama shartnomalar tomonlari mazkur Qoidalarning 25-bandida koʻrsatilgan muddatda yangilangan maʼlumotlarni bozor operatoriga taqdim qilmasa yoki taqdim etilgan maʼlumotlar mazkur Qoidalarning 23-bandi shartlariga javob bermasa, bozor operatori quyidagi qoidalarni ketma-ket qoʻllash orqali ikki tomonlama shartnomalarning soatlik hajmlarini belgilaydi:
mazkur Qoidalar 23-bandining ikkinchi xatboshisida keltirilgan shartlar buzilgan taqdirda, ishlab chiqaruvchi tomonidan har bir ikki tomonlama shartnoma asosida sotgan elektr energiyasining haqiqiy hajmi ushbu shartnomalar boʻyicha maʼqullangan hajmlar mutanosib ravishda ishlab chiqaruvchining haqiqiy ishlab chiqargan elektr energiyasi hajmini har bir ikki tomonlama shartnomalarida maʼqullangan hajmlar yigʻindisi nisbatini aniqlash orqali kamaytiriladi.
27. Mazkur Qoidalar 23-bandining uchinchi xatboshisida keltirilgan shartlar buzilgan taqdirda, yirik isteʼmolchi tomonidan har bir ikki tomonlama shartnoma asosida elektr energiyasini sotib olishning haqiqiy hajmi, har bir ikki tomonlama shartnoma boʻyicha maʼqullangan hajmni yirik isteʼmolchining amaldagi isteʼmol hajmini barcha shartnomalar boʻyicha umumiy xarid hajmlari yigʻindisiga nisbatiga koʻpaytirish orqali aniqlanadi.
28. Markaziy xarid qiluvchi tomonidan sotib olinadigan hajm — ikki tomonlama shartnomalar asosida sotilmagan va (yoki) xarid qilinmagan elektr energiyasining hajmi, yaʼni elektr stansiyasining umumiy ishlab chiqargan elektr energiyasi hajmi bilan uning barcha ikki tomonlama shartnomalari boʻyicha sotilgan haqiqiy hajm orasidagi farqdir.
29. Bozor operatori elektr energiyasini yetkazib berish kunidan keyingi kun soat 13:00ga qadar ikki tomonlama shartnomalar asosida ikki tomonlama shartnomalari boʻyicha elektr energiyasini sotib olish va (yoki) sotishning haqiqiy jadvallarini shakllantiradi va nusxasini mustaqil ishlab chiqaruvchi (oʻzi ishtirok etgan ikki tomonlama shartnomalar uchun) va yirik isteʼmolchiga taqdim etadi.
30. Tayinlangan taʼminotchi mikro va kichik elektr stansiyalardan sotib olgan elektr energiyasining haqiqiy hajmi mikro va kichik elektr stansiya tomonidan tizimga uzatilgan elektr energiyasining haqiqiy hajmi va har bir ikki tomonlama shartnomalar asosida sotgan elektr energiyasi hajmlari yigʻindisi orasidagi farqni aniqlash orqali hisoblanadi.
31. Ikki tomonlama shartnomaning amal qilishi:
a) quyidagi hollarda toʻxtatiladi:
tomonlardan birining faoliyati toʻxtatilganda;
litsenziat litsenziyasi toʻxtatilganda;
sud qaroriga muvofiq;
har ikki tomon yozma murojaat qilganda.
b) quyidagi hollarda bekor qilinadi:
tomonlardan birining faoliyati yakunlanganda;
sud qaroriga muvofiq;
litsenziya uchun belgilangan muddatda davlat boji yoki litsenziya toʻlovlari amalga oshirilmaganida;
litsenziat litsenziyasi bekor qilinganda;
har ikki tomon yozma murojaat qilganda.
32. Ikki tomonlama shartnomaning amal qilishini toʻxtatib turish yoki bekor qilish shartnoma tomonlarining sotib olingan elektr energiyasi uchun haqni toʻliq toʻlash majburiyatidan ozod qilmaydi.
6-bob. Elektr energiyasi savdosi operatsiyalarini amalga oshiruvchi bozor ishtirokchilari tomonidan bozor operatoriga maʼlumotlarni taqdim etish
33. Ishlab chiqarish va elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlari elektr energiyasi savdosi boshlanishidan kamida uch ish kuni oldin bozor operatoriga dispetcherlash modullari kesimida quyidagi maʼlumotlarni taqdim etadi:
stansiya nomi, blok raqami (blokli elektr stansiyalar uchun);
oʻrnatilgan quvvati;
elektr energiyasini uzatish koeffitsiyenti;
elektr energiyasini tizimga uzatishda minimal va maksimal quvvatlar;
yuklamani oshirish va kamaytirishning reglament boʻyicha tezligi;
minimal texnik yuklama (issiqlik elektr stansiyalari va issiqlik elektr markazlari uchun);
asosiy va zaxira yoqilgʻi turi (issiqlik elektr stansiyalari va issiqlik elektr markazlari uchun);
turli issiqlik holatlarida dispetcherlash modulini ishga tushirishning reglament boʻyicha davomiyligi (issiqlik elektr stansiyalari va issiqlik elektr markazlari uchun);
uskuna va jihozlarning (mavjud boʻlsa) tasdiqlangan energetik jihatlari (issiqlik elektr stansiyalari va issiqlik elektr markazlari uchun);
energiya sigʻimi (elektr energiyasini saqlash tizimlari uchun);
elektr energiyasini isteʼmol qilishda minimal va maksimal quvvatlar (elektr energiyasini saqlash tizimlari uchun);
elektr energiyasini tarmoqqa qaytarish koeffitsiyenti (elektr energiyasini saqlash tizimlari uchun).
Bozor operatori ushbu maʼlumotlarni tegishliligi boʻyicha tizim operatori va uzatish tizimi operatori bilan kelishadi.
Elektr energiyasini ishlab chiqarish faoliyatini yurituvchi bozor ishtirokchilari mazkur maʼlumotlar oʻzgargan holda yangilangan maʼlumotlarni zudlik bilan bozor operatoriga taqdim qiladi.
34. Bozor ishtirokchilari har oy boshlanishidan kamida uch ish kunidan oldin bozor operatoriga quyidagi oylik rejaviy maʼlumotlarni taqdim etishlari shart:
a) barcha elektr stansiyalari va issiqlik elektr markazlari:
elektr energiyasini ishlab chiqarish boʻyicha oylik rejaviy hajm;
elektr energiyasini shinalardan tizimga uzatish boʻyicha oylik rejaviy hajm;
xarid qiluvchilar kesimida ikki tomonlama shartnomalar asosida elektr energiyasini sotishning oylik rejaviy hajmi (shartnomalar asosida elektr energiyasini sotish huquqiga ega subyektlarga taalluqli);
oy boshi uchun rejalashtirilgan va oy yakuni uchun asosiy va zaxira yoqilgʻilar toʻgʻrisida maʼlumot (issiqlik elektr stansiyalari va issiqlik elektr markazlari uchun);
oy boshi va yakuni uchun suv omborlarining rejaviy suv hajmi (suv omborlari mavjud boʻlgan gidroelektr stansiyalar uchun);
b) elektr energiyasini saqlash tizimlari:
elektr energiyasini tizimga uzatish boʻyicha oylik rejaviy hajm;
elektr energiyasini isteʼmol qilish boʻyicha oylik rejaviy hajm.
v) tayinlangan taʼminotchi — isteʼmolchilar tomonidan (yirik isteʼmolchilardan tashqari) elektr energiyasi isteʼmolining oylik rejaviy hajmi;
g) taqsimlash tizimlari operatorlari:
taqsimlash tizimidagi yoʻqotishlarning oylik rejaviy hajmi;
taqsimlash tizimidagi yoʻqotishlarning normativi;
d) yirik isteʼmolchilar:
elektr energiyasi isteʼmolining oylik rejaviy hajmi;
ikki tomonlama shartnomalar asosida taʼminotchilar kesimida elektr energiyasi xaridining oylik rejaviy hajmi.
Bozor operatori ushbu maʼlumotlarni tegishliligi boʻyicha tizim operatori va uzatish tizimi operatori bilan kelishadi.
35. Bozor ishtirokchilari bozor operatoriga elektr energiyasini yetkazib berish kunidan bir kun oldingi kun soat 10:00 ga qadar elektr energiyasini yetkazib berish kuni uchun quyidagi kunlik soatbay maʼlumotlarni taqdim etadi:
a) barcha elektr stansiyalar va issiqlik elektr markazlari, dispetcherlash modullari kesimida:
shinadan tizimga uzatiladigan elektr energiyasi boʻyicha reja-grafik;
mavjud quvvat boʻyicha reja-grafik;
xarid qiluvchilar kesimida ikki tomonlama shartnomalar asosida elektr energiyasini sotish reja-grafigi (ikki tomonlama shartnomalar asosida elektr energiyasini sotish huquqiga ega subyektlarga taalluqli);
b) elektr energiyasi saqlash tizimlari:
tizimga uzatiladigan elektr energiyasi boʻyicha reja-grafik;
mavjud quvvatni tizimga uzatish reja-grafigi;
isteʼmol qilinadigan elektr energiyasi boʻyicha reja-grafik;
isteʼmol qilinadigan mavjud quvvatning reja-grafigi;
elektr energiyasini saqlash tizimlarining quvvatlanganlik holati boʻyicha reja-grafik.
v) tayinlangan taʼminotchi isteʼmolchilar tomonidan (yirik isteʼmolchilardan tashqari) elektr energiyasi isteʼmolining reja-grafigini;
g) yirik isteʼmolchilar:
elektr energiyasini isteʼmol qilish rejasi;
ikki tomonlama shartnomalar asosida taʼminotchilar kesimida elektr energiyasini sotib olishning reja-grafigi.
Bozor operatori ushbu maʼlumotlarni tegishliligi boʻyicha tizim operatori va uzatish tizimi operatori bilan kelishadi.
36. Mazkur Qoidalarning 33 — 35-bandlariga muvofiq bozor ishtirokchilarining bozor operatoriga taqdim etgan barcha maʼlumotlari yagona elektr energetikasi tizimi rejimini rejalashtirish va boshqarish uchun bozor operatori tomonidan tizim operatoriga kechiktirmasdan yuboriladi.
37. Bozor ishtirokchilari bozor operatoriga elektr energiyasini yetkazib berish kunidan keyingi kun soat 10:00ga qadar elektr energiyasini yetkazib berish kuni uchun quyidagi haqiqiy soatbay maʼlumotlarni taqdim etadi:
a) barcha elektr stansiyalar va issiqlik elektr markazlari, dispetcherlash modullari kesimida:
uzatilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy grafik;
uzatish tizimiga uzatilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy grafik;
b) elektr energiyasini saqlash tizimlari:
uzatilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy grafik;
uzatish tizimiga uzatilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy grafik;
isteʼmol qilingan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy grafik;
uzatish tizimidan isteʼmol qilingan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy grafik;
v) uzatish tizimi operatori:
uzatish tizimiga yetkazib berilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy grafik;
elektr energiyasini eksport qilish boʻyicha haqiqiy grafik;
elektr energiyasini import qilish boʻyicha haqiqiy grafik;
qoʻshni davlatlar bilan oʻzaro elektr energiyasining texnik oqimi boʻyicha haqiqiy grafik;
g) taqsimlash tizimlari operatorlari:
taqsimlash tizimiga yetkazib berilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy grafik;
uzatish tizimidan taqsimlash tizimiga kelib tushgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy grafik;
d) yirik isteʼmolchilar isteʼmol qilingan elektr energiyasi hajmi boʻyicha, jumladan, har ikki tomonlama shartnomalar kesimida haqiqiy grafik;
38. Bozor ishtirokchilari bozor operatoriga hisobot davridan keyingi oyning yettinchi sanasigacha quyidagi haqiqiy oylik hisobotlarni taqdim etadi:
a) barcha elektr stansiyalari va issiqlik elektr markazlari dispetcherlash moduli kesimida:
ishlab chiqarilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
tegishli tizim operatorlari bilan kelishilgan tarmoqqa uzatilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
tegishli tizim operatorlari bilan kelishilgan oʻz isteʼmolini qoplash uchun bir oy davomida sotib olingan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
b) elektr energiyasini saqlash tizimlari tegishli tizim operatorlari bilan kelishilgan:
tarmoqqa uzatilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
isteʼmol qilingan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
qabul qilingan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
v) tayinlangan taʼminotchi oʻz isteʼmolchilari (yirik isteʼmolchilardan tashqari) tomonidan isteʼmol qilingan elektr energiyasi boʻyicha tegishli tizim operatorlari bilan kelishilgan haqiqiy maʼlumotlar;
g) uzatish tizimi operatori:
uzatish tizimiga yetkazib berilgan va undan uzatilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
eksport qilingan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
import qilingan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
qoʻshni davlatlar bilan oʻzaro elektr energiyasining texnik oqimi boʻyicha haqiqiy grafik hamda koʻrsatilgan qoʻshimcha xizmatlar hajmlari;
qoʻshni davlatlar bilan tuzilgan shartnomalar orqali tranzit xizmati koʻrsatilgan elektr energiyasi hajmi;
uzatish tizimida yoʻqotilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar.
Elektr energiyasini eksport, import qilish, davlatlararo texnik oqimlar va tranzit oqimlar tizim operatori hamda “Energiya” KDM bilan kelishilgan holda taqdim etilishi lozim;
d) taqsimlash tizimlari operatorlari:
taqsimlash tizimiga yetkazib berilgan hamda taqsimlangan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
uzatish tizimidan hamda taqsimlash tizimiga ulangan ishlab chiqaruvchilardan, jumladan, isteʼmolchilar tomonidan taqsimlash tizimiga yetkazib berilgan elektr energiyasi boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
taqsimlash tizimidagi elektr energiyasi yoʻqotishlari boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar;
qoʻshni davlatlar bilan oʻzaro amalga oshirilgan texnik oqimlarning haqiqiy hajmi;
agar mavjud boʻlsa, taqsimlash tizimidan boshqa tizimlarga uzatilgan elektr energiyasi boʻyicha maʼlumotlar;
e) yirik isteʼmolchilar ikki tomonlama shartnomalar asosida elektr energiyasi isteʼmoli boʻyicha haqiqiy maʼlumotlar.
39. Mazkur Qoidalarning 38-bandida sanab oʻtilgan va taqdim etiladigan haqiqiy maʼlumotlar bozor ishtirokchilarining roʻyxatdan oʻtkazilgan tijorat hisobga olish nuqtalari va tizimlarining hisobiga olingan soatbay tijorat maʼlumotlariga hamda elektr energiyasini hisobga olish uskunasi koʻrsatkichining tegishli metodikalari asosida tuzilgan taqqoslash dalolatnomalariga asosan shakllanadi. Bunda ushbu ishtirokchi mazkur maʼlumotlarni oʻziga bogʻliqligi boʻlgan boshqa ishtirokchilar bilan meʼyoriy-texnik hujjatlarga asosan kelishadi.
7-bob. Tizim operatori tomonidan yagona elektr energetikasi tizimi rejimini rejalashtirish va bajarish
40. Elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar va elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlari tomonidan elektr energiyasi va mavjud quvvatlarni ishlab chiqarish va isteʼmol qilish boʻyicha yakuniy jadvallarda belgilangan ish rejimlarini bajarishi shart.
Elektr energiyasi bozorining barcha ishtirokchilari tizim operatorining tezkor-dispetcherlik koʻrsatmalarini soʻzsiz bajarishi shart.
Tizim operatori mavjud vaziyatdan kelib chiqib, bir kun oldin tasdiqlangan rejimlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish huquqiga ega. Tizim operatori tegishli tomonlarni oʻzgartirishlar kiritilganligi yuzasidan operativ xabar berishi orqali xabardor etadi.
Hisobot davri yakuni bilan tizim operatori oʻzi qabul qilgan qarorlari sababli ikki tomonlama shartnomalar asosida hajmlar oʻzgarganligi hamda asosli sabablarni koʻrsatgan holda bozor operatoriga hisobot taqdim etadi.
41. Tizim operatori har kuni soat 14:00ga qadar elektr energiyasini yetkazib berish kuni uchun quyidagilarni oʻz ichiga oluvchi yagona elektr energetikasi tizimining yalpi elektr energiyasi isteʼmoli boʻyicha reja jadvalni shakllantiradi:
oldingi davrlar uchun yagona elektr energetikasi tizimining yalpi elektr energiyasi isteʼmoli toʻgʻrisidagi maʼlumot;
elektr energiyasini ishlab chiqarish va isteʼmol qilish balansi boʻyicha prognoz koʻrsatkichlar;
elektr stansiyalar, elektr energiyasini saqlash tizimlari, uzatish tizimida rejalashtirilgan va avariyaviy taʼmirlash ishlari toʻgʻrisida maʼlumotlar;
elektr energiyasini saqlash tizimlarining elektr energiyasini saqlash imkoniyati koʻrsatkichlari;
uzatish va taqsimlash tizimlari operatorlarining quvvat oʻtkazuvchanligi boʻyicha koʻrsatkichlari;
elektr energiyasini yetkazib berish kuni uchun ob-havo toʻgʻrisida prognoz maʼlumotlar;
barcha davrlar uchun ob-havo toʻgʻrisida maʼlumotlar;
tayinlangan taʼminotchi tomonidan elektr energiyasi isteʼmolining reja-jadvali;
bozor operatori tomonidan taqdim etilgan elektr energiyasi isteʼmoliga taʼsir qilishi mumkin boʻlgan boshqa maʼlumotlar.
42. Qayta tiklanuvchi energiya manbalari — quyosh va shamol elektr stansiyalari, elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlari, yirik isteʼmolchilar elektr energiyasini yetkazib berish kuni boʻyicha quvvat prognozi maʼlumotlarini quyidagi tartibda tizim operatoriga taqdim etadi:
bir kun oldin soat 10:00gacha keyingi kunning prognozini;
yetkazib berish kunida — keyingi 4 soatli, 1 soatli, 15 daqiqali prognozni.
Ushbu maʼlumotlar “EHNAT” axborot tizimi yoki avtomatlashtirilgan maʼlumot almashish kanallari (SCADA/API) orqali belgilangan format va kesimda taqdim etiladi.
43. Taqdim etilgan prognoz bilan amaldagi ishlab chiqarish yoki isteʼmol koʻrsatkichlari oʻrtasidagi farq belgilangan meʼyordan oshib ketgan taqdirda, tizim operatori tezkor dispetcherlik tartibida generatsiya yoki isteʼmol quvvatini cheklaydi.
44. Elektr stansiyalari, saqlash tizimlari va yirik isteʼmolchilar, shu jumladan, QTEM obyektlari, avariya yoki uskunalar holatining oʻzgarishi aniqlangan paytdan eʼtiboran 5 daqiqa ichida tizim operatoriga yangilangan mavjud quvvat maʼlumotlarini taqdim etishi shart.
45. Tizim operatori quyidagi formulaga asosan yagona elektr energetikasi tizimining elektr energiyasiga boʻlgan talabini qoplash boʻyicha elektr energiyasi yetkazib beriladigan kun uchun elektr energiyasini soatbay ishlab chiqarish prognoz grafigini shakllantiradi:
bunda:
Pisteʼmol — elektr energiyasi isteʼmolining rejalashtirilgan hajmi;
Peks — elektr energiyasi eksportining rejalashtirilgan hajmi;
Pimp — elektr energiyasi importining rejalashtirilgan hajmi.
46. Mavjud quvvat grafiklari va elektr energiyasini yetkazib berish va isteʼmol qilish grafiklari tizim operatori tomonidan bozor operatori bilan oʻzaro kelishilgan holda, har kuni quyidagi maʼlumotlarga hamda minimal xarajatlar prinsipi asosida tuziladi:
yagona elektr energetikasi tizimi talabini qoplash boʻyicha elektr energiyasini ishlab chiqarish prognoz grafigi;
dispetcherlash modullarining mavjud quvvatlari grafiklari;
dispetcherlash modullarining talab etiladigan texnik maʼlumotlari va kunlik reja koʻrsatkichlari;
yagona elektr energetikasi tizimining turgʻunligini taʼminlash shartlari;
elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar va elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlarining narx va (yoki) tariflari hamda boshqa iqtisodiy maʼlumotlari.
47. Tizim operatori elektr stansiyasi va elektr energiyasini saqlash tizimlarining elektr energiyasini yetkazib berish davrida ular tomonidan foydalaniladigan mavjud quvvat grafiklari va elektr energiyasini yetkazib berish va (yoki) isteʼmol qilish grafiklarini tuzishda muhimlik darajasining ketma-ketligini inobatga olgan holda quyidagi omillarga rioya qiladi:
magistral hamda taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalari talablari, shuningdek, talab etiladigan zaxira darajasini taʼminlash talabi;
gidroelektr stansiyalarning suv omborlari va derivatsion kanallardagi suv darajasi uchun belgilangan cheklovlar;
elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitimni imzolagan elektr stansiyalarining ushbu bitimdagi shartlarga muvofiq elektr energiyasini ishlab chiqarish jadvali;
ikki tomonlama shartnomalar doirasida maʼqullangan elektr energiyasini sotib olish va (yoki) sotish jadvallari;
bozor operatori bilan oʻzaro kelishilgan holda, elektr energiyasining iqtisodiy jihatdan maqbul narxlar asosida.
48. Tizim operatori yagona elektr energetikasi tizimini uzluksiz va markazlashgan shaklda Magistral elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalariga, Taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalariga, dispetcherlik boshqaruviga oid yoʻriqnomalarga, ushbu Qoidalarga rioya qilgan holda amalga oshirishga javobgar hisoblanadi.
Bunda tizimning barqaror va ishonchli ishlashini taʼminlash ustuvor vazifa hisoblanadi.
49. Bozor ishtirokchilari ular tomonidan qabul qilingan grafiklarni va tizim operatori dispetcherlarining tezkor koʻrsatmalarini bajarishi shart.
50. Elektr stansiyasi yoki elektr energiyasini saqlash tizimi uskunalari tarkibida, shu jumladan, yordamchi uskunalarda, ularning mavjud quvvatiga taʼsir qiluvchi oʻzgarishlar boʻlganda, elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi yoki elektr energiyasini saqlash tizimi operatori tizim operatori zudlik bilan yuqoridagi oʻzgarishlar asosida yangilangan mavjud quvvat grafigini taqdim etishi shart. Ushbu maʼlumotlar dispetcherlik jurnaliga kiritiladi.
51. Tizim operatori quyidagilarni inobatga olgan holda elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar va elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlariga dispetcherlash modullari kesimida elektr energiyasini uzatish va (yoki) isteʼmol qilish boʻyicha maʼqullangan grafiklarni oʻzgartirish yuzasidan tezkor dispetcherlik koʻrsatmalarini berish huquqiga ega:
yagona elektr energetika tizimining elektr energiyasi yalpi isteʼmoli va ishlab chiqarishning reja-grafiklaridan chetlashishi;
uzatish va taqsimlash tizimlari sxemalari topologiyasining amaldagi yoki kutilayotgan oʻzgarishi;
elektr stansiya va elektr energiyasini saqlash tizimining mavjud quvvati grafiklari yangilanishi.
52. Tizim operatori dispetcherining koʻrsatmalaridan kelib chiqib, davlat ishtirokidagi elektr stansiyasi va elektr energiyasini saqlash tizimining mavjud quvvatlari hamda elektr energiyasini uzatish va (yoki) isteʼmol qilish boʻyicha yakuniy grafiklari shakllantiriladi hamda ushbu grafiklar tezkorlik bilan davlat ishtirokidagi elektr stansiyalari va elektr energiyasini saqlash tizimi operatoriga ijro uchun taqdim etiladi. Tizim operatori dispetcherining koʻrsatmasi va elektr energiyasini tizimga uzatish va (yoki) isteʼmol qilish hamda mavjud quvvat boʻyicha yakuniy grafik dispetcherlik jurnaliga kiritiladi.
53. Chastota va aktiv quvvatni rostlashning avtomatlashtirilgan tizimiga ulangan dispetcherlash modullarining elektr energiyasini uzatish va (yoki) isteʼmol qilish boʻyicha yakuniy grafiklari ushbu avtomatlashtirilgan tizimining koʻrsatkichlarini inobatga olgan holda shakllantiriladi.
8-bob. Markaziy xarid qiluvchining tijorat qoidalari
54. Markaziy xarid qiluvchi:
a) elektr energiyasi kafolatlangan tarzda uzoq muddatli sotib olinishi koʻzda tutilgan elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitimlar doirasida tizim operatoridan dispetcherlik boshqaruvi xizmatini tartibga solinadigan tarif asosida sotib oladi;
b) davlat elektr stansiyalaridan tartibga solinadigan tarif asosida elektr energiyasini sotib oladi;
v) mustaqil ishlab chiqaruvchilardan (ikki tomonlama shartnoma hajmlaridan ortgan qismini) kafolatlanmagan holda tartibga solinadigan tarif asosida elektr energiyasini sotib oladi;
g) elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitimni imzolagan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilardan bitimda belgilangan shartlar asosida elektr energiyasi (mavjud quvvat) va xizmatlarni sotib oladi.
Bunda markaziy xarid qiluvchi elektr stansiyalardan sotib olgan elektr energiyasi (quvvat) va xizmatlar uchun toʻlovlar har bir elektr stansiyasi kesimida (mikro va kichik elektr stansiyalardan tashqari) elektr energiyasini yetkazib berish davrining har bir soati uchun quyidagilarga asosan hisoblanadi:
elektr stansiyasining tizimga uzatgan elektr energiyasi va mavjud quvvati hamda koʻrsatilgan xizmatlarning yakuniy jadvallariga;
elektr stansiyasi tomonidan tizimga uzatilgan elektr energiyasining haqiqiy jadvaliga;
elektr stansiyasining har bir ikki tomonlama shartnomalaridagi elektr energiyasini sotib olish va (yoki) sotish boʻyicha haqiqiy grafiklarga;
bitimda belgilangan boshqa shartlarga;
d) elektr stansiyalariga oʻz ehtiyojlarini qoplash uchun (taqsimlash tizimiga ulangan obyektlari bundan mustasno) elektr energiyasini saqlash tizimlari operatorlariga (elektr energiyasini saqlash xizmatini koʻrsatishda sarflanishi lozim boʻlgan elektr energiyasidan ortgan qismini qoplash uchun) tartibga solinadigan tarif asosida sotadi;
e) uzatish va taqsimlash tizimlaridagi texnologik sarfni qoplash uchun zarur elektr energiyasini tegishli tarmoq operatorlariga tartibga solinadigan tarif asosida sotadi;
j) yirik isteʼmolchilarga tartibga solinadigan tarif asosida elektr energiyasini sotadi.
Bunda yirik isteʼmolchining markaziy xarid qiluvchidan sotib olgan elektr energiyasi uchun toʻlovlari yirik isteʼmolchi markaziy xarid qiluvchidan sotib olgan elektr energiyasining haqiqiy hajmi boʻyicha jadvalga asosan markaziy xarid qiluvchi tomonidan elektr energiyasini yetkazib berishning har bir davri uchun hisob-kitob qilinadi.
Yirik isteʼmolchilar oʻz ehtiyojlarini qoplash uchun oʻrnatilgan qayta tiklanuvchi energiya manbalari orqali ishlab chiqarilgan elektr energiyasining yagona energetika tizimiga uzatilgan hajmi tartibga solinadigan tarif asosida markaziy xarid qiluvchi tomonidan sotib olinadi;
z) tayinlangan taʼminotchiga elektr energiyasini tartibga solinadigan tarif asosida sotadi.
Bunda markaziy xarid qiluvchi tayinlangan taʼminotchi tomonidan sotib olingan elektr energiyasi uchun hisob-kitoblar elektr energiyasini yetkazib berishning har bir davri uchun amalga oshiriladi;
i) elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlaridan elektr energiyasini saqlash xizmatini sotib oladi;
k) xorijiy mamlakatlarning vakolatli kompaniyalari bilan tuzilgan shartnomalar asosida eksport va import operatsiyalarini amalga oshiradi. Bunda markaziy xarid qiluvchi:
eksport va import shartnomalarining shartlarini Energetika vazirligi, Regulator, tizim operatori va uzatish tizimi operatori bilan kelishadi;
tizim operatori va uzatish tizimi operatori bilan birga elektr energiyasining eksport va import grafiklarini tezkor tarzda muvofiqlashtirib boradi.
55. Markaziy xarid qiluvchi kontragentlari (bozor ishtirokchilari) tomonidan sotib olingan va (yoki) sotilgan elektr energiyasi hamda koʻrsatilgan elektr energiyasini uzatish xizmati boʻyicha sotib olingan va sotilgan elektr energiyasi va koʻrsatilgan xizmatlar hajmini tasdiqlash dalolatnomalari va hisobvaraq-fakturalari markaziy xarid qiluvchi tomonidan shakllantiriladi va hisobot davridan keyingi oyning oʻninchi sanasiga qadar bozor ishtirokchilariga yuboriladi.
56. Tasdiqlash dalolatnomalari olingan kundan boshlab uch ish kuni ichida bozor ishtirokchilari tomonidan imzolanadi va markaziy xarid qiluvchiga yuboriladi.
57. Hisobot davridan keyingi oyning oʻn beshinchi sanasiga qadar bozor ishtirokchilari markaziy xarid qiluvchidan qabul qilib olgan hisobvaraq-fakturalarni imzolaydi va hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun hisobvaraq-fakturalarni yuboradi.
58. Markaziy xarid qiluvchi oʻzi imzolagan hisobvaraq-fakturalarni uzatish tizimi operatori va taqsimlash tizimi operatorlariga (uzatish va taqsimlash tizimlaridagi yoʻqotishlarni qoplash uchun) va oʻz ehtiyojlari uchun elektr energiyasini sotib olgan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilarga va elektr energiyasini saqlash tizimlari operatorlariga hisobot davridan keyingi oyning oʻninchi sanasiga qadar yuboradi.
59. Markaziy xarid qiluvchi va bozor ishtirokchilari oʻrtasidagi moliyaviy hisob-kitoblar (ikki tomonlama shartnomalar asosida hisob-kitoblar bundan mustasno) markaziy xarid qiluvchi bilan elektr energiyasini sotib olish va (yoki) sotish shartnomalari shartlari va quyidagilarga asosan amalga oshiriladi:
markaziy xarid qiluvchidan sotib olingan elektr energiyasi uchun operativ (oraliq) moliyaviy hisob-kitoblar markaziy xarid qiluvchining barcha kontragentlari tomonidan amalga oshiriladi — elektr energiyasini sotib oluvchilar toʻlovni oy boshidan boshlab shakllangan operativ hisob-kitob maʼlumotlari asosida oʻsib boruvchi tarzda toʻlaydi;
markaziy xarid qiluvchi elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilardan, elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlaridan sotib olgan elektr energiyasi va (yoki) quvvatni, shuningdek, uzatish tizimi operatoridan sotib olgan elektr energiyasini uzatish xizmati uchun operativ (oraliq) hisob-kitoblarni markaziy xarid qiluvchi tomonidan oy boshidan boshlab shakllangan operativ hisob-kitob maʼlumotlari asosida oʻsib boruvchi tarzda amalga oshiradi;
markaziy xarid qiluvchidan sotib olingan elektr energiyasi uchun yakuniy moliyaviy hisob-kitoblar elektr energiyasini sotib oluvchilar tomonidan hisobot davridan keyingi oyning oxirgi sanasiga qadar amalga oshiriladi;
markaziy xarid qiluvchi elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilardan, elektr energiyasini saqlash tizimi operatorlaridan sotib olgan elektr energiyasi va (yoki) quvvat hamda uzatish tizimi operatoridan sotib olgan elektr energiyasini uzatish xizmati uchun yakuniy hisob-kitoblar hisobot davridan keyingi oyning oxirgi sanasiga qadar amalga oshiriladi;
operativ va yakuniy moliyaviy hisob-kitoblarni amalga oshirish doirasida toʻlangan toʻlovlar miqdori ushbu hisobot davrida avvalgi amalga oshirilgan toʻlovlarni inobatga olgan holda aniqlanadi.
60. Markaziy xarid qiluvchi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni tasdiqlash va (yoki) ularga aniqlik kiritish bozor ishtirokchilari tomonidan maʼlumotlar olingan kundan boshlab uch ish kuni ichida amalga oshiriladi.
61. Markaziy xarid qiluvchi elektr energiyasini sotib olish va sotishda biror yuridik yoki jismoniy shaxsga asossiz imtiyoz, preferensiya yoki kamsituvchi shartlarni berishi mumkin emas.
9-bob. Elektr energiyasi bozori monitoringi va maʼlumot almashinuvi
62. Bozor operatori:
bozor ishtirokchilaridan olingan va Elektr energiyasi bozori faoliyatining kamida besh yili davomida shakllantirilgan maʼlumotlar bazasini saqlaydi;
maʼlumotlar bazasi va axborot tizimlari, ularga ruxsatsiz kirish, ulardagi maʼlumotlarni oʻzgarishi yoki oʻchishidan himoya qiladi;
bozor ishtirokchilarining mazkur Qoidalarga, tegishli koʻrsatmalarga va talablarga rioya qilishini tahlil qiladi;
bozori ishtirokchilari mazkur Qoidalarda nazarda tutilgan tartibda maʼlumot bilan taʼminlanishini nazorat qiladi.
63. Bozor operatori oʻzining rasmiy veb-saytida quyidagilarni eʼlon qilib boradi:
bozor ishtirokchilarining roʻyxatini;
oʻtgan hisobot davrlari uchun Elektr energiyasi bozorida elektr energiyasini sotib olish va (yoki) sotishning haqiqiy hajmlarini;
Elektr energiyasi bozori faoliyati yuzasidan hisobotlarni.
64. Uzatish tizimi operatori va tizim operatori:
bozor operatori va bozor ishtirokchilaridan olingan hamda Elektr energiyasi bozori faoliyatining kamida besh yili davomida shakllantirilgan barcha maʼlumotlarni saqlaydi;
maʼlumotlar bazasi va boshqa axborot tizimlariga ruxsatsiz kirish, undagi maʼlumotlarni oʻzgarishi yoki oʻchishidan himoya qiladi;
markaziy xarid qiluvchi va bozor ishtirokchilariga mazkur Qoidalarda nazarda tutilgan hajmlar va muddatlarda maʼlumot beradi.
65. Bozor operatori, uzatish tizimi operatori va tizim operatori Regulatorga bozor ishtirokchilarining mazkur Qoidalarga hamda boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilishi toʻgʻrisida hisobotlar va boshqa maʼlumotlarni Regulator tomonidan belgilangan muddatlarda taqdim etadi.
66. Elektr energiyasining ulgurji bozori faoliyatini monitoringi Regulator tomonidan bozor operatori, uzatish tizimi operatori va bozorning boshqa ishtirokchilari tomonidan taqdim etiladigan hisobotlar, hujjatlar va maʼlumotlarga asosan yuritiladi.
67. Elektr energiyasining ulgurji bozori monitoringini yuritishning vazifalari:
elektr energiyasining ulgurji bozori faoliyati boʻyicha maʼlumotlarni yigʻish, tahlil qilish va baholash tartibini yoʻlga qoʻyish;
bozor ishtirokchilari tomonidan Qonunda, mazkur Qoidalarda va bozorni tartibga soluvchi boshqa hujjatlarda belgilangan talablar buzilgan holatlarni aniqlash;
bozor ishtirokchilarining faoliyatidagi hamda bozor faoliyatidagi muammolarni aniqlash;
monitoring maqsadlariga erishishda Regulator tomonidan tegishli choralar koʻrish uchun taqdim etish.
10-bob. Yakunlovchi qoidalar
68. Bozor ishtirokchilarining roʻyxati bozor operatorining rasmiy veb-saytida Regulator tomonidan belgilangan tartibda eʼlon qilinadi.
69. Bozorning barcha ishtirokchilari, tizim operatori va boshqa tomonlar Elektr energiyasi bozori faoliyatini takomillashtirish hamda mazkur Qoidalarga oʻzgartirishlar kiritish boʻyicha asoslangan takliflarni Regulatorga kiritishi mumkin.
70. Regulator:
bozor ishtirokchilaridan mazkur Qoidalarga oʻzgartirish kiritish boʻyicha asosli takliflarni qabul qiladi va qayta ishlaydi;
zaruratga qarab, mazkur Qoidalarga oʻzgartirishlar kiritish boʻyicha takliflar tayyorlaydi va belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi.
Bunda takliflarning asoslantirilmaganligi ularni rad etish uchun asos boʻladi.
Mazkur Qoidalarni takomillashtirish hamda Elektr energiyasi bozorining boshqa ishtirokchilari bilan muhokama qilish uchun rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi.
71. Bozor ishtirokchilari mazkur Qoidalarga amal qilish jarayonida yuzaga kelgan bahsli masalalar boʻyicha oʻzaro hal etishga harakat qiladi.
Oʻzaro hal etilmagan taqdirda, yozma ariza bilan Regulatorga murojaat qiladi.
Bunda arizada mazkur Qoidalar shartlariga, bahsli masalaga oid tegishli meʼyoriy hujjatlarga yoki mazkur Qoidalar shartlarini bajarish uchun tuzilgan shartnomalarga havolalar bilan masala mohiyatining batafsil tavsifini taqdim etadi.
72. Energetika bozori Regulatori ariza kelib tushgan kundan boshlab ikki ish kuni ichida bozor ishtirokchisiga bahsli masalani muhokama qilish sanasi, vaqti, joyi va usuli toʻgʻrisida xabar beradi.
73. Bahsli masalani muhokama qilish ariza berilgan kundan boshlab besh ish kuni ichida oʻtkaziladi. Muhokamadan keyin ikki ish kuni ichida bayonnoma tayyorlanadi va muhokama ishtirokchilariga yuboriladi, unda tomonlarning pozitsiyalari va qabul qilingan qaror qayd etiladi. Bayonnoma toʻrt ish kuni ichida muhokamaning tegishli ishtirokchilari tomonidan imzolanadi.
Taraflarning roziligi bilan bahsli masala boʻyicha ikkinchi muhokamasi oʻtkazilishi mumkin.
74. Agar tomonlar bahsli masala boʻyicha kelishuvga erishsalar, taraflar tomonidan dalolatnoma tasdiqlanadi va keyinchalik bajariladi.
75. Agar taraflar bahsli masala boʻyicha oʻttiz kun ichida kelishuvga erisha olmasa, ariza bergan bozor ishtirokchisi nizoni hal qilish uchun sudga murojaat qilish huquqiga ega.
76. Mazkur Qoidalar talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2026-yil 30-sentabr,
527-son